UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 9-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 9 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 9 октября 2024 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 9 October 2024 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ҚОИДАЛАРИ

Тақсимлаш электр тармоқларидан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Энергетика соҳасини ислоҳ қилишнинг навбатдаги босқичини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 28 сентябрдаги ПФ-166-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозори механизмларини босқичма-босқич жорий этиш, электр энергиясини тақсимлаш тизимининг хавфсиз ва самарали ишлашини ташкил этиш ҳамда истеъмолчиларнинг электр таъминоти барқарорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Тақсимлаш электр тармоқларидан фойдаланиш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин:

тақсимлаш тизими операторларининг вазифа ва мажбуриятларини белгилаш орқали тақсимлаш тизимларини ишончли ва барқарор ишлашини таъминлаш;

истеъмолчилар ва кичик қувватдаги электр энергиясини ишлаб чиқарувчиларни тақсимлаш электр тармоқларига улаш;

электр энергияси сифатини ва истеъмолчиларининг электр таъминоти барқарорлигини ошириш;

тақсимлаш тизимларидан самарали ва хавфсиз фойдаланишни ташкил этиш ҳамда барча фойдаланувчилар учун тенг шарт-шароитларни яратиш;

тақсимлаш электр тармоқларидан оқилона ва шаффоф фойдаланиш шартларини белгилаш орқали электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозорида фаолият юритувчи томонлар учун умумий техник талабларни ўрнатиш.

2. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Ж.Т. Мирзамаҳмудов ҳамда Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги директори Ш.Х. Ходжаев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 9 октябрдаги 652-сон қарорига ИЛОВА

Тақсимлаш электр тармоқларидан фойдаланиш

I бўлим. Умумий қоидалар

1. Мазкур Қоидалар тақсимлаш электр тармоқларидан оқилона ва шаффоф фойдаланиш орқали барча иштирокчиларга тенг шарт-шароитлар яратиш, уни хавфсиз ва ишончли эксплуатация қилиш, тақсимлаш тизимини ривожлантириш, шунингдек, истеъмолчиларга электр энергиясини ишончли, хавфсиз ва самарали етказиб беришдаги муносабатларни тартибга солади.

2. Мазкур Қоидаларда маиший истеъмолчиларга фақатгина генерацияловчи модулларни ўрнатган ёки улардан фойдаланганда генерация модулларига нисбатан қўйилган талаб ва мажбуриятлар қўлланилади.

3. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

барқарор режим — тизим частотаси, кучланиш, узатиш тармоғи ва ускуналарнинг юкламаси нормал иш чегараларида ва оператив рентабеллик етарли бўлган ҳамда тизим конфигурацияси ҳар қандай қисқа туташув токини тўхтатиш, шунингдек, носоз ускуналар (қурилма) тармоқдан ажратилган тизимнинг ишчи ҳолати;

генерацияловчи модул — электр энергиясини синхрон ёки синхрон бўлмаган ҳолда генерация қилувчи (ишлаб чиқарувчи) қурилма ёки қурилмалар мажмуаси;

истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш — Тақсимлаш тизими оператори ва унинг истеъмолчилари ўртасидаги кундалик операциялар, жумладан, тўловлар, уланиш сўровлари ва истеъмолчиларнинг шикоятлари, шунингдек, Тақсимлаш тизими оператори ушбу операцияларнинг самарадорлигини ошириш учун ўз зиммасига оладиган ҳар қандай фаолият;

иҳоталанган тармоқ — тармоқнинг қолган қисмидан ажратилган, лекин иҳоталанган ҳудудда электр энергияси ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларни барқарор электр энергияси билан таъминлаш имкониятига эга электр станция ёки генерацияловчи модуллар жамланмаси ҳамда улар билан боғлиқ юклама.

иҳоталаш — ягона электр энергетикаси тизимнинг бир қисмини ёки компонентини, ушбу қисм ёки компонентга хизмат кўрсатиш лозим бўлганда хавфсизликни таъминлаш ёки электр таъминоти талаб этилмаганида электр тармоғидан алоҳида ажратиш;

муҳим ҳодиса — тақсимлаш тизими ва (ёки) Фойдаланувчи тизимига сезиларли ва кенг тарқалган таъсир кўрсатадиган тақсимлаш тизими ёки Фойдаланувчи тизимида юз берган вазият (носозлик);

Назорат қилувчи орган — электр энергетика соҳасида қонунчилик ҳужжатлари ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга оширувчи орган — Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ёки қонун ҳужжатларга мувофиқ белгиланиши мумкин бўлган бошқа ташкилот;

паст кучланиш — 1000 V дан ошмайдиган кучланиш даражаси.

тақсимлаш тизими — узатиш тизимидан ёки ишлаб чиқарувчилардан то якуний истеъмолчиларнинг уланиш нуқтасигача кучланиши 35 kV ва ундан паст бўлган электр тармоғи хўжалиги объектлари мажмуи (35 kV кучланишли фидерлар ва ушбу фидерга уланган тақсимлаш қурилмалари ва трансформаторлар ҳам тақсимлаш тизими ҳисобланади);

Тақсимлаш тизими оператори — Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги (кейинги ўринларда — Энергетика бозори регулятори) томонидан берилган лицензия асосида Ўзбекистон Республикасининг муайян ҳудудида электр энергиясини тақсимлаш бўйича фаолиятни амалга ошириш ваколати берилган юридик шахс;

Таъминотчи — электр энергиясини истеъмолчиларга етказиб бериш (сотиш) билан шуғулланадиган корхона;

Тизим оператори — электр энергиясига бўлган талаб ва таклифга таъсир қилувчи омилларни ҳисобга олган ҳолда тезкор-диспетчерлик бошқарувини амалга оширувчи юридик шахс;

Узатиш тизими оператори — Ўзбекистон Республикасида узатиш тизимларини эксплуатация қилиш ва ривожлантириш бўйича фаолиятни амалга ошириш ваколатига эга бўлган юридик шахс;

узиш — истеъмолчини электр энергияси етказишни тўхтатиш, шунингдек, бир вақтнинг ўзида бир нечта электр узатиш тармоқлари орқали электр энергиясини қабул қилувчи истеъмолчилар учун электр энергияси истеъмолини чекламасдан бир ёки бир нечта электр таъминоти тармоқларини узиш, автоматик ҳимоя воситаларининг муваффақиятли ишлаши натижасида юзага келган узилишлар бундан мустасно;

уланиш нуқтаси — уланиш шартномасида кўрсатилган, Фойдаланувчининг тизимини тақсимлаш тизимига жисмоний улаш жойи(жойлари);

уланиш шартномаси — Фойдаланувчи ва Тақсимлаш тизими оператори ўртасида Фойдаланувчи ускуна ва қурилмаларини тақсимлаш тизимига (янги уланиш нуқтасига) улаш шартларини белгиловчи шартнома;

ўткинчи кучланиш — қисқа муддатли кучланиш тебранишларидан қисқароқ вақтдаги юқори частотали ўта кучланишлар;

ўрта кучланиш — 1 kV дан 35 kV гача бўлган кучланиш даражаси;

ўчиргич — барқарор шароитларда электр занжирини узиш, улаш ва ўтказиш учун ҳамда қисқа туташув каби авария ҳолатларида электр занжирларини узиш ва маълум муддатда улаш имкониятига эга бўлган механик коммутация ускунаси;

ўчириш — электр энергетика тизимининг таркибий қисми ушбу компонент билан бевосита боғлиқ бўлган баъзи бир ҳодиса сабабли ўз вазифасини бажара олмайдиган ҳолат. Учириш истеъмолчиларнинг электр таъминотидан узилишига ёки узилмаслигига олиб келиши мумкин. Чақмоқ чақиши, конденсатор батареялари ёки кабелни алмашлаб улаш, токнинг узилиши, ерга туташув ёйи, феррорезонанс ва бошқа шунга ўхшаш ҳодисалар натижасида юзага келган юқори частотали ўта кучланиш;

фликерлар — милтиллаш, электр тармоғида юкламанинг тез ёки тез-тез ўзгариши ёхуд бошқа сабабларга кўра кучланишнинг тебраниши натижасида юзага келадиган ҳолат. Бу ҳолат ёруғликнинг милтиллашига олиб келади ёки сезгир ускуналарнинг ишлашига таъсир қилади;

Фойдаланувчи — ўз тармоқлари орқали тақсимлаш тизимига уланган ёки уланиши режалаштирилган истеъмолчи ва электр энергиясини ишлаб чиқарувчи (тақсимлаш тизимидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний ёки юридик шахс);

хавфсизлик — электр энергетика тизимининг барқарор ҳолатда узлуксиз ишлаши, тизимнинг баъзи қисмлари ёки компонентлари ўчирилган ҳолатида ҳам якуний истеъмолчиларни хавфсиз ва етарли даражада электр энергияси билан таъминлаш;

ҳодиса — қисқа туташув, ускунанинг ишдан чиқиши, ноқулай об-ҳаво шароити ёки табиий ҳодиса туфайли тизимидаги фавқулодда ўзгариш ёки узилишнинг режадан ташқари ёки режалаштирилмаган ҳолда содир бўлиши;

чеклаш — шартномада назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш оқибатида муайян вақт оралиғи давомида, шунингдек, Тақсимлаш тизими операторининг электр тармоқларида форс-мажор ҳолатлар туфайли пайдо бўлган авария режимлари вақтида истеъмолчига шартномада белгиланган электр энергиясини етказиб бериш миқдорининг камайиши;

Электр станцияси оператори — Электр станцияларига ёки генерацияловчи модулларга эга бўлган жисмоний ёки юридик шахс, жумладан генерацияловчи модул оператори деб ҳам юритилади;

электр схемаси — ускуналар ёки электр энергетика тизимининг таркибий қисмларини бир-бирига ёки ташқи тизимларга улашни кўрсатадиган соҳага оид белгилардан фойдаланган схематик чизма (диаграмма);

электр энергияси сифати — электр энергияси параметрларининг миллий стандартлари бўйича белгиланган талабларга мувофиқлиги;

электр энергияси таъминотидаги танаффус — истеъмолчига электр энергияси етказиб беришни тўхтатиш, автоматика қурилмаларининг муваффақиятли ишлаши туфайли ёки электр энергияси истеъмол қилишнинг чекланишига олиб келмайдиган, бир вақтнинг ўзида бир нечта линиялар бўйича электр энергиясини олувчи истеъмолчилар учун битта ёки бир нечта электр энергияси етказиб бериш линияларининг узиб қўйилиши туфайли содир бўладиган танаффуслар бундан мустасно;

юқори кучланиш — 110 kV дан 500 kV гача бўлган кучланиш даражаси.

4. Юқори ва ўрта кучланишли подстанциялар Узатиш тизими оператори томонидан, 0,4 — 10 kV кучланишли электр тармоғи хўжалиги объектлари ва 35 kV кучланишли фидерлар (ушбу фидерга уланган тақсимлаш қурилмалари ва трансформаторлар) Тақсимлаш тизими операторлари томонидан эксплуатация қилинади ҳамда узатиш ва тақсимлаш тизимлари ўртасидаги мансублик чегараси ўрта кучланишли подстанциянинг ячейкаларида (фидерларнинг чиқиш нуқтасида) белгиланади.

II бўлим. Электр таъминоти меъёрлари

1-боб. Электр энергияси сифати меъёрлари (талаблари)

1-§ Электр энергияси сифати бузилиши

5. Электр энергиясининг сифати техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан белгиланади ва сифат кўрсаткичларининг ушбу ҳужжатларда белгиланган чегаралардан четга чиқиши (оғиши) электр энергиясининг сифати бузилишига олиб келади. Электр энергиясининг сифати ягона электр энергетикаси тизимини ишончли ва самарали ишлашини таъминлаш ҳамда истеъмолчиларнинг электр таъминотидаги асосий кўрсаткич ҳисобланади.

6. Электр энергиясининг сифати кучланиш ва частота даражалари ҳамда уларни ташкил этувчиларнинг тўлқин шакли бузилиши билан ўлчанади. Қуйидагилардан камида биттаси мавжуд бўлиб, у тақсимлаш тизимининг барқарор ишлашига сезиларли таъсир кўрсатса, электр энергияси сифати бузилган ҳисобланади:

частотанинг 50 Нz номинал қийматдан оғиши рухсат этилган диапазондан ошганда;

кучланиш белгиланган номинал қийматдан оғганда;

кучланиш тебраниши рухсат этилган диапазондан ошганда;

кучланиш номутаносиблигида (носимметриялик ёки носинусоидаллик);

тизимда гармоник частоталар мавжуд бўлганда;

кучланиш тебранишлари интенсивлиги рухсат этилган чегаралардан ташқарига чиқувчи фликерлар (милтиллаш)га олиб келганда;

тақсимлаш тизимида юқори частотали ўта кучланишлар мавжуд бўлганда.

2-§. Частота тебранишлари (оғиши)

7. Тақсимлаш тизимида номинал частота 50 Нz га тенг бўлиши шарт. Тақсимлаш тизими частотасининг номинал қийматдан оғиши (кўтарилиши ёки тушиши) частота тебраниши (оғиши) ҳисобланади.

Бир ҳафта давомида 95 фоиз вақт оралиғида ±0,2 Нz дан ва 100 фоиз вақт оралиғида ±0,4 Нz дан ошиши электр энергиясининг сифатини бузилиши ҳисобланади.

8. Тақсимлаш тизими оператори ўз тизимини Тизим операторига ягона электр энергетикаси тизимида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ асосий частотани сақлаб туришга ёрдам берадиган тарзда лойиҳалаштириши ва эксплуатация қилиши керак.

9. Барқарор эксплуатация шароитлари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга (Техник жиҳозларнинг электромагнит мослиги, Умумий мақсадлар учун электр таъминоти тизимларида электр энергияси сифати стандартлари) мос бўлиши шарт.

3-§. Кучланиш тебраниши (оғиши), носимметриялиги ва ўткинчи кучланишлар

10. Кучланиши тебраниши (оғиши) кучланишнинг ўртача квадратик оғишининг фоизларда ифодаланган номинал қийматидан четга чиқиши сифатида аниқланади. Барқарор эксплуатация режимларида кучланиш ўзгариши ±10 фоиздан ошмаслиги шарт. Кучланиш тебранишлари қисқа ёки узоқ муддатли бўлиши мумкин.

11. Кучланишнинг қисқа муддатли тебраниши номинал частотанинг ярим циклидан (10 миллисония) ортиқ, лекин бир дақиқадан кўп бўлмаган вақт давомида кучланиш ўртача квадратик қийматининг номинал қийматидан оғиши сифатида аниқланади.

Кучланишнинг ўртача квадратик қиймати номинал қийматнинг:

110 фоиздан 180 фоизгача ошса кучланишнинг қисқа муддатли тебраниши кучланишнинг сакраши (лаҳзада кўтарилиши);

90 фоизидан 10 фоизигача камайса кучланишнинг қисқа муддатли тебраниши кучланишнинг қисқа вақтли пасайиши (ёки лаҳзада пасайиши) ҳисобланади.

12. Кучланишнинг узоқ муддатли тебранишлари кучланиш ўртача квадратик қийматининг номинал қийматдан бир дақиқадан ортиқ вақт давомида оғиши сифатида аниқланади.

Кучланишнинг ўртача квадратик қиймати номинал қийматнинг:

90 фоиз миқдорига тенг ёки ундан камни ташкил этса кучланишнинг узоқ муддатли ўзгариши — паст кучланиш;

110 фоиз миқдорига тенг ёки ундан юқори бўлса кучланишнинг узоқ муддатли ўзгариши — ўта кучланиш ҳисобланади.

13. Тақсимлаш тизими операторлари барқарор эксплуатация шароитида Фойдаланувчининг тақсимлаш тизимига уланиш нуқтасида кучланишнинг пасайиши ёки ўта кучланиш юзага келмаслигини таъминлаши шарт.

14. Тақсимлаш тизими оператори катта қувватли асинхрон двигателларни ишга тушириш вақтидаги кучланиш пасайишлари бошқа Фойдаланувчилар қурилмалари ёки жиҳозларига салбий таъсир кўрсатмаслигини таъминлаш учун тақсимлаш тизимининг етарли қувват ўтказувчанликка эга бўлишини таъминлаши шарт.

15. Кучланиш носимметриялиги фаза кучланиши ўртача қийматининг уч фазали кучланишнинг ўртача қийматидан максимал оғиши ҳисобланади. Кучланиш носимметриялиги фаза кучланишини уч фазали кучланишнинг ўртача қийматига нисбати билан (фоизларда) аниқланади.

16. Барқарор эксплуатация шароитларида Фойдаланувчининг уланиш нуқтасида максимал кучланиш носимметриялиги (номутаносиблиги) электр энергияси сифати кўрсаткичларида белгиланган қийматдан ошмаслиги шарт. Бунда 10 дақиқанинг 95 фоизи давомида 2 фоиз, 100 фоизи давомида эса 4 фоиздан ошмаслиги керак.

4-§. Гармоникалар ва фликерлар (милтиллаш) интенсивлиги

17. Гармоникалар кучланиш ва токнинг синусоидалиги частотасининг асосий частота бутун сони каррасига тенглиги билан аниқланади.

18. Жами гармоник бузилиш индивидуал гармоникалар амплитудалари квадратлари йиғиндисининг ўртача квадратик қийматининг асосий тўлқин частотасининг ўртача квадратик қийматига нисбати билан аниқланади ва бу гармоник ташкил этувчиларнинг умумий коэффициенти деб юритилади.

19. Максимал юкламадаги умумий гармоник бузилиш максимал юкламадаги токнинг гармоник бузилишлари ўртача квадрат қийматининг (15 ёки 30 дақиқа давомида) жорий максимал истеъмол ток кучининг улуши сифатида фоизларда аниқланади.

20. Кучланишнинг гармоник ташкил этувчиларининг умумий коэффициенти қийматлари қуйидагича:

1000 V кучланишгача — 12,0;

6 — 10 kV кучланишларда — 8,0;

35 kV кучланишда — 6,0.

21. Фликерлар (милтиллаш) таъсирини баҳолашда:

қисқа даврли фликерлар интенсивлиги уларни келтириб чиқарувчи манбадан келиб чиқадиган таъсир 10 дақиқалик давр учун аниқланади;

узоқ муддатли ва ўзгарувчан даврийлик (цикл)даги фликерлар интенсивлиги уларни келтириб чиқарган манбадан келиб чиқадиган қисқа муддатли фликерлар интенсивлиги билан аниқланади.

Узоқ муддатли фликерлар интенсивлиги икки соатлик вақт мобайнида кетма-кет 12 қисқа муддатли фликерлар интенсивлигини ўлчашдан олинган қиймат билан ўлчанади.

Қисқа муддатли фликерлар интенсивлиги 10 дақиқа вақт давомида милтиллашни ҳисоблаш ускунаси кўрсаткичларидаги вақт оралиқларида аниқланган милтиллашнинг визуал интенсивлиги даражаси билан ўлчанади.

22. Фойдаланувчиларнинг уланиш нуқтасида фликерлар интенсивлиги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган қийматдан ошмаслиги лозим, бунда мос равишда қисқа давр учун 1,38 бирликдан ва узоқ муддат давомида 1,0 бирликдан ошмаслиги талаб этилади.

2-боб. Электр таъминоти ишончлилиги кўрсаткичлари

1-§. Тақсимлаш тизимининг ишончлилик кўрсаткичларини белгилаш мезонлари ва ҳисоботларини юритиш тартиби

23. Энергетика вазирлиги тақсимлаш тизимининг ишончлилик кўрсаткичларини ўрнатиш, ҳисобга (рўйхатга) олиш ва ҳисобот юритишнинг ягона тизимини жорий этади.

24. Тақсимлаш тизими операторлари учун бир хил ишончлилик кўрсаткичлари (ёки мақсадли кўрсаткичлар) қўлланилади. Бунда кўрсаткичлар даражалари ҳар бир тақсимлаш тизимига хос бўлиши ва дастлаб унинг ўтган даврлардаги кўрсаткичларига асосланган бўлиши талаб этилади.

25. Тақсимлаш тизими операторлари юклама зичлиги, тақсимлаш (сотиш) тузилмаси, хизмат кўрсатиш нархи, ишчи кучланиши ва Энергетика вазирлигининг мос деб ҳисоблайдиган бошқа техник кўрсаткичлар каби хусусиятлар асосида турли тоифаларга гуруҳланади.

26. Тақсимлаш тизими операторлари Энергетика вазирлиги томонидан ҳар йили уларнинг ҳақиқий кўрсаткичлари, жумладан ишончлилик ва самарадорликнинг амалдаги кўрсаткичлари билан мақсадли кўрсаткичларини солиштириш орқали баҳолаб борилади.

27. Тақсимлаш тизими оператори ҳар чоракда Энергетика вазирлигига ўз тақсимлаш тизимининг иши, содир бўлган узилишлар уларнинг сабаблари тўғрисида ойлар кесимида ҳисобот тақдим этиб боради.

Йил якуни билан умумлаштирилган батафсил ҳисобот ва юз берган муҳим ҳодисалар тавсифи Энергетика вазирлигига тақдим этилади. Энергетика вазирлиги ҳар бир Тақсимлаш тизими операторини баҳолайди.

Энергетика вазирлиги баҳолаш натижалари, йил якуни билан Ўзбекистон Республикаси тақсимлаш тизими бўйича умумлаштирилган йиллик ҳисоботни ҳамда тегишли таклифларни ҳар йили 1 февралга қадар Энергетика бозори регуляторига киритади.

Баҳолаш ҳужжатлари ва умумлаштирилган ҳисоботда Тақсимлаш тизими операторлари томонидан йўл қўйилган камчиликлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бузилиши ва бошқа фактлар кўрсатиб ўтилиши керак.

28. Энергетика вазирлиги эшитувлар ва муҳокамалардан сўнг ҳар йили 1 декабрга қадар ҳар бир тақсимлаш тизими учун келгуси йилга самарадорлик ва ишончлиликнинг мақсадли кўрсаткичларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.

2-§. Тақсимлаш тизимининг ишончлилик кўрсаткичлари (индекслари)

29. Тақсимлаш тизими операторлари учун тақсимлаш тизимининг ишончлилиги бўйича қуйидаги кўрсаткичлар белгиланади:

тақсимлаш тизими ишида узилишларнинг ўртача частотаси индекси (SAIFI);

тақсимлаш тизими ишида узилишларнинг ўртача давомийлиги индекси (SAIDI);

истеъмолчилар учун ўртача узилишлар муддати индекси (CAIDI);

истеъмолчилар электр таъминотидаги лаҳзалик узилишларининг ўртача частотаси индекси (MAIFI).

30. Тақсимлаш тизими ишида узилишларнинг ўртача частотаси индекси (SAIFI) ўртача истеъмолчи учун белгиланган вақт оралиғида электр энергияси таъминотидаги узилишлар содир бўлиши доимийлигини (частотасини) кўрсатиб беради. Ушбу кўрсаткич Фойдаланувчида (истеъмолчи) маълум вақт давомида ўртача узилишлар сонини ифодалайди.

SAIFI маълум вақт оралиғида тақсимлаш тизимида содир бўлган умумий узилишлар сонининг тақимлаш тизимининг жами Фойдаланувчилари (истеъмолчи) сонига нисбати билан аниқланади:

SAIFI = ∑ n i = 1 N i N f

бу ерда:

i — узилишлар сони;

N i — электр таъминотида узилиш бўлган Фойдаланувчилар сони;

N f — тақсимлаш тизимидаги жами Фойдаланувчилар сони.

31. Тақсимлаш тизими ишида узилишларнинг ўртача давомийлиги индекси (SAIDI) ўртача Фойдаланувчи (истеъмолчи) учун белгиланган вақт оралиғида содир бўлган узилишларнинг умумий давомийлигини кўрсатиб беради. Ушбу кўрсаткич фойдаланувчида (истеъмолчи) маълум вақт давомида узилишларнинг ўртача давомийлигини дақиқалар ёки соатларда ифодалайди.

SAIDI маълум вақт оралиғида барча узилишлар давомийлиги йиғиндисининг тақсимлаш тизими Фойдаланувчиларининг умумий сонига нисбати билан аниқланади:

SAIDI = ∑ n i = 1 (N i × t i ) N f

бу ерда:

t i — ҳар бир алоҳида ўчишнинг давомийлиги (дақиқа ёки соатларда);

N i — электр таъминотида узилиш бўлган Фойдаланувчилар сони;

N f — тақсимлаш тизимидаги жами Фойдаланувчилар сони.

32. Истеъмолчилар учун ўртача узилишлар муддати индекси (CAIDI) электр таъминотини (хизмат кўрсатиш) тиклаш учун зарур бўлган ўртача вақтни ифодалайди. Ушбу индекс узилишдан кейин электр таъминотини тиклаш учун талаб этилган ўртача вақтни ифодалайди:

CAIDI = SAIDI SAIFI

33. Истеъмолчилар электр таъминотидаги лаҳзалик узилишларининг ўртача частотаси индекси (MAIFI) лаҳзалик узилишларининг ўртача частотасини кўрсатиб беради. Ушбу индекс маълум вақт ичида ўртача қисқа муддатли узилишларнинг қанчалик тез-тез содир бўлиши частотасини ифодалайди ва куйидаги формула орқали аниқланади:

MAIFI = D i N f

бу ерда:

D i — маълум вақт оралигида содир бўлган қисқа муддатли узилишларнинг умумий сони;

N f — тақсимлаш тизими Фойдаланувчиларининг умумий сони.

3-§. Электр таъминотида танаффуслар киритиш, узилишлар ва истисно ҳолатлар

34. Электр таъминотидаги узилишлар қисқа туташувлар, бирламчи тақсимлаш тармоқлари ва (ёки) трансформаторлардаги носозликлар вақтида ҳимоя воситаларининг ишлаши натижасида подстанциядан тақсимлаш трансформаторигача бўлган ҳар қандай узилишларни ўз ичига олади.

35. Ишончлилик кўрсаткичларини (индексларини) ҳисоблашда қуйидаги ҳодисалар истисно қилинади:

тақсимлаш тизимининг трансформатор пунктидан истеъмолчиларга қадар бўлган тармоқларидаги узилишлар;

узатиш тизими тармоқлари ёки подстанциялари ва генерация объектларидаги узилишлар ёки фавқулодда ўчишлар натижасида юзага келган узилишлар;

электр таъминоти узилиши ҳақида Фойдаланувчиларни узилишдан камида уч кун олдин хабардор қилинган режали ўчиришлар;

Фойдаланувчининг ёки уларнинг ваколатли вакили талабига биноан амалга оширилган узилишлар;

Тизим оператори кўрсатмасига биноан, ягона электр энергетикаси тизимининг лойиҳавий ва (ёки) меъёрий эксплуатация чегарасидан ташқаридаги иш режимларига олиб келган йирик ҳодисалар содир бўлган вақтдаги ёки ягона электр энергетикаси тизими объектларининг ишдан чиқиши натижасида амалга оширилган ўчиришлар;

Тақсимлаш тизими операторининг хизмат кўрсатиш ҳудудида фавқулодда ҳолат эълон қилингандаги ёки шундай ҳолат эълон қилинишига олиб келадиган форс-мажор ҳолатлари натижасида юзага келган узилишлар;

Энергетика вазирлиги томонидан муҳокамалардан сўнг тасдиқланган ва тегишли хабарномалар орқали билдирилган муҳим ҳодисалар, шу жумладан йирик ҳодиса сабабли узилишлар.

36. Ягона электр энергетикаси тизимининг лойиҳавий ва (ёки) меъёрий эксплуатация чегарасидан ташқаридаги иш режимларига олиб келган йирик ҳодисалар камида бир куни мобайнида давом этса муҳим ҳодиса ҳисобланади.

Муҳим ҳодиса куни истеъмолчиларга хизмат кўрсатишдаги кунлик SAIDI индексининг қиймати чегара қийматидан ошиб кетган кун.

Кундалик SAIDI индексини ҳисоблаш учун бир календарь кундан ортиқ давом этадиган ҳар қандай электр таъминотида узилишлар бошланган кунга ҳисобланади.

Кунлик SAIDI индекси муҳим ҳодиса кунидан ошиб кетган кунлар тақсимлаш тизими одатдагидан (кутилганидан) кўпроқ юкламалар билан ишлайдиган кунлар ҳисобланади.

Тақсимлаш тизими операторлари томонидан муҳим ҳодисалар содир бўлгандаги ҳаракатлар қайд этиб борилади ва Энергетика вазирлигига тақдим этилади. Энергетика вазирлиги томонидан ушбу қайдлар алоҳида таҳлил қилинади ва ҳисоботи юритилади.

37. Форс-мажор ҳолатлари томонларнинг хоҳиш-иродаси ва фаолиятига боғлиқ бўлмаган табиат ҳодисалари ёки ижтимоий-иқтисодий ҳолатлар (оммавий норозиликлар, уруш ҳолати, қамал, давлат манфаатларини кўзлаб импорт ва экспортни тақиқлаш, халқаро санкцияларнинг жорий этилиши ва бошқалар), объектив тўсқинлик қилувчи ҳолатлар (эпидемия, пандемия, карантин), техноген офатлар (ёнғинлар, портлашлар ва бошқалар), фавқулодда ва кенг миқёсдаги кутилмаган авариялар, узилишлар сабабли юзага келган шароитларда тарафларга қабул қилинган мажбуриятларни бажариш имконини бермайдиган фавқулодда, олдини олиб бўлмайдиган ва кутилмаган ҳолатлар натижасида мазкур Қоидалар шартларининг бажарилмаслигига олиб келувчи ҳодисалар, хусусан:

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан эълон қилинган фавқулодда ҳолатлар;

республика ёки маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан эълон қилинган фавқулодда вазиятлар;

электр энергетика тизимида Энергетика вазирлиги ёки Энергетика бозори регулятори томонидан эълон қилинган форс-мажор ҳолатларнинг алоҳида вазиятлари;

Тақсимлаш тизими операторининг тизими ишига сезиларли таъсир кўрсатадиган ва тегишли равишда юқорида таърифланган форс-мажор ҳолатларга олиб келадиган боғлиқ тизимлардаги (узатиш тизими, қўшни тақсимлаш тизимлари ёки электр станциялар) йирик ҳодисалар.

3-боб. Тақсимлаш тизимининг самарадорлик мезонлари

1-§. Тақсимлаш тизимидаги йўқотишлар таснифи ва меъёрлари

38. Тақсимлаш тизимига қабул қилинган электр энергияси ва якуний Фойдаланувчиларга етказиб бериладиган электр энергияси ўртасидаги фарқ тақсимлаш тизимининг йўқотишлари ҳисобланади. Тақсимлаш тизими объектларининг ўз эҳтиёжлари учун сарфлаган электр энергияси миқдори йўқотишлар ҳисобланмайди ва йўқотишлар таркибига киритилмайди.

39. Тақсимлаш тизимида электр энергияси йўқотишлари техник ва техник бўлмаган (иқтисодий) тоифаларга бўлинади.

40. Техник йўқотишлар тақсимлаш электр тармоқларидаги ва ускуналаридаги физик жараёнлар (трансформаторлар чулғамларидаги) натижасида ва ўлчаш воситаларидаги техник хатолар сабабли келиб чиқадиган ҳар қандай йўқотишларни ўз ичига олади.

41. Техник бўлмаган (иқтисодий) йўқотишлар ўғирлик, электр энергияси ҳисоблагичлари кўрсаткичларини ёзиб олишдаги хатоликлар, электр энергияси ҳисоблагичларини улаш схемаси ўзгартириш, электр энергияси ҳисоблагичларига ташқи аралашув (таъсир), шунингдек, электр энергетика тизимининг жисмоний хусусиятлари ва функциялари билан боғлиқ бўлмаган бошқа йўқотишлар натижасида йўқотилган электр энергиясининг йиғиндисини англатади.

42. Тақсимлаш тизими операторлари белгиланган тартибга кўра ўз тақсимлаш тизимидаги техник ва техник бўлмаган (иқтисодий) йўқотишлар меъёрларини ишлаб чиқиб, бирламчи маълумотлар ва асослантирувчи ҳисоб-китоблар билан Назорат қилувчи орган ҳамда Энергетика вазирлигига келишиш учун киритади.

43. Назорат қилувчи орган бирламчи маълумотлар (трансформаторлар сони, электр тармоқлари узунлиги), ҳисоб-китобларни текширади ва келишиб беради.

Бирламчи маълумотлар тегишли ҳужжатлар ва (ёки) жойига чиққан ҳолда Назорат қилувчи органнинг тегишли бўлинмалари томонидан текширилади.

Назорат қилувчи орган томонидан бирламчи маълумотлар ва ҳисоб-китобларда ноаниқликлар ёки камчиликлар аниқланган тақдирда уларни баён қилган ҳолда Тақсимлаш тизими операторига қайтаради. Тақсимлаш тизими оператори эътирозларни қабул қилгандан сўнг беш иш куни давомида техник йўқотишлар бўйича барча ҳужжатларни уларга қайта киритади.

44. Назорат қилувчи орган кўриб чиқиб, келишганидан сўнг, Энергетика вазирлиги билан келишилади ва тасдиқлаш учун Энергетика бозори регуляторига киритилади.

Бунда Энергетика вазирлиги мазкур техник йўқотиш меъёрларини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ишлаб чиқилганлигини ҳамда электр энергияси ишлаб чиқариш ва истеъмол балансига мувофиқлигини текширади.

45. Энергетика бозори регулятори белгиланган тартибда тақсимлаш тизимида юзага келадиган технологик йўқотишларнинг рухсат этилган меъёрларини тасдиқлайди.

2-§. Тақсимлаш тизими операторининг ўз эҳтиёжлари

46. Тақсимлаш тизими операторининг ўз эҳтиёжлари тақсимлаш тизимининг барқарор ишлаши учун зарур бўлган электр энергияси миқдорини ўз ичига олади.

47. Тақсимлаш тизими оператори ўз эҳтиёжлари учун зарур бўладиган электр энергияси миқдорларини тасдиқлаш учун асосли ҳисоб-китоблар билан Энергетика вазирлигига киритади.

Энергетика вазирлиги Тақсимлаш тизими оператори буюртмаси асосида, тақсимлаш тизимининг структураси ва юкланганлик даражасидан келиб чиқиб унинг ўз эҳтиёжи учун сарфланиши мумкин бўлган электр энергияси миқдорини белгилайди.

48. Тақсимлаш тизими операторининг ўз эҳтиёжи учун ҳақиқий истеъмоли эксплуатация ва техник хизмат кўрсатиш харажатларининг бир қисми сифатида қабул қилинади ҳамда унинг хизмат кўрсатиш харажатларига киритилади.

3-§. Уланиш нуқтасида қувват коэффициенти

49. Тақсимлаш тизимининг Фойдаланувчилари уланиш нуқтасида кучланиш даражасига мувофиқ камида қуйидаги қувват коэффициентини таъминлашлари (сақлаб туришлари) шарт:

0,4 kV кучланиш учун — 0,97;

6 — 10 kV кучланиш учун — 0,90 — 0,95 оралиғида (аниқ қиймат уланиш шартномасида белгиланади).

50. Фойдаланувчиларга белгиланган мақсадли даражадан паст бўлган қувват коэффициенти учун, шунингдек, мақсадли даражадан ошиб кетган қувват коэффициенти учун белгиланган тартибда чоралар қўлланади.

Қувват коэффициентининг белгиланган қийматдан пасайиши ёки ортиши юзасидан чоралар Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ёки электр таъминоти шартномасига мувофиқ амалга оширилади.

51. Тақсимлаш тизими оператори фидерлар ва подстанция шиналаридаги реактив қувват истеъмолини подстанция ва фидерларда йўқотишларни иқтисодий жиҳатдан энг мақбул даражага қадар қисқартириш имконини берадиган ҳажмга мослаштириши керак.

4-боб. Фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш талаблари ва меъёрлари

1-§. Фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш талаблари

52. Тақсимлаш тизими оператори ёки Таъминотчининг ўз истеъмолчилари билан ўзаро ҳамкорлигининг самарадорлигини белгилайдиган, истеъмолчилар эҳтиёжларини тўлиқ қондириш учун мўлжалланган талаблар хизмат кўрсатиш талаблари ҳисобланади.

Фойдаланувчиларга (истеъмолчиларга) хизмат кўрсатиш талаблари кафолатланган ва умумий талаблардан иборат.

53. Истеъмолчиларга хизмат кўрсатишда кафолатланган талаблар кўрсаткичларига риоя этилмаганлиги ёки уларнинг белгиланган мақсадли қийматларига эришилмаганлиги учун Тақсимлаш тизими оператори ёки таъминотчиларга жарималар қўлланиладиган талаблардир. Бундай талабларни бузилиши натижасида жабрланган истеъмолчининг зарари Тақсимлаш тизими операторлари ёки Таъминотчилар томонидан қоплаб берилади.

54. Умумий талаблар истеъмолчиларга хизмат кўрсатишда кафолат бериш муҳим аҳамиятга эга бўлмаган (талаб этилмайдиган) жиҳатларга тааллуқли бўлиб, истеъмолчилар Тақсимлаш тизими операторидан (Таъминотчидан) оқилона даражада хизмат кўрсатилишини кутишга ҳақли.

2-§. Фойдаланувчиларга (истеъмолчиларга) хизмат кўрсатиш самарадорлигини баҳолаш

55. Тақсимлаш тизими операторининг (Таъминотчи) истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш самарадорлигини баҳолаш директив ёндашув ва истеъмолчиларнинг хизматлардан қониқишини баҳолаш билан аниқланади.

56. Директив ёндашувда Тақсимлаш тизими оператори (ёки Таъминотчи) истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш дастурига асосан амалдаги самарадорлик кўрсаткичлари ёки мақсадли кўрсаткичларни баҳолаш учун Энергетика вазирлигига киритади.

57. Истеъмолчиларнинг хизматлардан қониқишини баҳолаш бўйича ўрганиш усулидан фойдаланилганида Тақсимлаш тизими оператори (ёки Таъминотчи) Энергетика вазирлиги томонидан ваколат берилган мустақил ташкилот томонидан истеъмолчиларга кўрсатилган хизматларни баҳолаш бўйича буюртма юборади ҳамда баҳолаш ушбу ташкилот томонидан амалга оширилади.

58. Тақсимлаш тизими операторлари учун истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш мақсадли кўрсаткичлари мазкур Қоидаларга 1-иловага мувофиқ, Таъминотчилар учун истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш мақсадли кўрсаткичлари мазкур Қоидаларга 2-иловага мувофиқ намунавий шаклларда тайёрланади.

Тақсимлаш тизими оператори ва Таъминотчилар ушбу мақсадли кўрсаткичларни Энергетика вазирлигига тасдиқлаш учун тақдим этади.

59. Тақсимлаш тизими оператори ва Таъминотчиларнинг ҳар йиллик ҳақиқий (амалдаги) ишончлилик, самарадорлик ва мақсадли кўрсаткичлари Энергетика вазирлиги томонидан тасдиқланган кўрсаткичларга нисбатан баҳолашдан ўтказиб борилади.

5-боб. Тақсимлаш тизими операторлари ва Таъминотчилар учун хавфсизлик техникаси ва меҳнат муҳофазаси талаблари

60. Тақсимлаш тизими оператори ўзининг тақсимлаш тизимини хавфсизлик талабларига мувофиқ тарзда ишлаб чиқиши (лойиҳалаштириши ва қуриши), эксплуатация қилиши ва техник хизмат кўрсатиши ҳамда ўз ходимлари учун ҳар доим хавфсиз иш муҳитини яратиши шарт.

61. Тақсимлаш тизими ва Фойдаланувчилар тизимларида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ хавфсизлик тизими жорий қилинади ва Назорат қилувчи орган билан келишилади. Хавфсизлик техникаси қоидаларга риоя этилиши барча томонлар учун мажбурийдир.

62. Меҳнат хавфсизлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ҳаёт ва соғлиқ учун хавфсиз меҳнат шароитлари билан таъминлаш, жароҳатлар, касалликлар ва ўлимларнинг олдини олишга қаратилган бўлиши лозим.

63. Меҳнат хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазаси қоидалари ходимлар хавфсизлиги кўрсаткичларини ўлчаш тартибини белгилайди ва Тақсимлаш тизими операторларига нисбатан куйидаги кўрсаткичларни ўз ичига олади:

ишлаб чиқариш билан боғлиқ жароҳатлар кўрсаткичи ҳар бир корхона ходимлари ёки ҳисобот бирлигидаги ходимларнинг ишлаган умумий соатлар сонига нисбати билан ўлчанади;

ишлаб чиқариш билан боғлиқ жароҳатлар даражаси кўрсаткичи ҳар бир ходимга тўғри келган ҳақиқатда (амалда) иш соатлардан фойдаланган ҳолда аниқланади. Ҳақиқий иш соатлари мавжуд бўлмаса, ҳисоб китобларга асосланган тахминий соатлардан фойдаланишга йўл қўйилади;

ишга яроқсизликка (ногиронликка) олиб келадиган жароҳатлар даражаси кўрсаткичи ҳисоб-китоб даврида содир бўлган ўлимларнинг умумий сони, доимий тўлиқ, доимий қисман ва вақтинчалик тўлиқ меҳнатга лаёқатсизлик сони асосида ҳисобланади. Кўрсаткич жароҳатлар/касалликлар сонини маълум бир даврда ишлаган киши-соатлари сонига боғлайди ва бундай жароҳатларнинг даражасини миллион киши-соатига нисбати бирлигида ифодалайди;

ногиронликка олиб келиши мумкин бўлган жароҳатлар/касалликнинг оғирлиги даражаси кўрсаткичи барча ўлимлар, доимий тўлиқ ва қисман меҳнатга лаёқатсизлик ва ҳисоб-китоб даврида содир бўлган вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик кунларининг умумий сонидан келиб чиққан барча йўқотилган иш соатларининг йиғиндисига асосланади. Кўрсаткич йўқотилган соатлар сонини давр мобайнида ишлаган киши-соатлари сонига боғлайди ва йўқотишни миллион киши-соатларида ифодалайди.

64. Тақсимлаш тизими оператори хавфсизлик техникаси, меҳнат хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазаси қоидаларига мувофиқ журналлар ва ҳисоботларнинг нусхаларини Назорат қилувчи органга тақдим этади. Ҳисоботлар мазкур Қоидаларнинг 63-бандида келтирилган кўрсаткичларни ўз ичига олиши шарт.

III бўлим. Тақсимлаш тизимига уланиш қоидалари

1-боб. Уланиш қоидаларининг мақсади ва қўлланиш соҳаси

65. Тармоққа уланиш бўйича талабларнинг мақсади қуйидагилардан иборат:

Фойдаланувчилар уланиш нуқтасида техник, конструктив (лойиҳалаш) ва эксплуатация мезонларни белгилаш;

тақсимлаш тизимига уланиш барча Фойдаланувчилар учун адолатли бўлиши ва камситилишига йўл қўйилмаслигини таъминлаш;

Фойдаланувчилар томонидан Тақсимлаш тизими операторига ва аксинча Тақсимлаш тизими оператори томонидан Фойдаланувчиларга тақдим этилиши зарур бўлган маълумотларни кўрсатиб ўтиш ҳамда уланиш тартибини оммавий фойдаланиш учун очиқлаш.

2-боб. Тақсимлаш тизимининг техник, конструктив (лойиҳалаш) ва эксплуатация мезонлари

66. Тақсимлаш тизими операторлари тақсимлаш тизимининг исталган уланиш нуқтасида электр таъминоти меъёрлари, жумладан электр энергияси сифати кўрсаткичлари ва уларга нисбатан қўйилган талабларни бажарилишини таъминлаши шарт.

Тақсимлаш тизимини лойиҳалаштириш, модернизация (реконструкция) ёки кенгайтириш ва эксплуатация жараёнларида ушбу талаблар бажарилиши биринчи навбатда таъминланиши керак.

67. Фойдаланувчилар ва тақсимлаш тизимига уланишни ёки мавжуд уланишни ўзгартиришни режалаштирган потенциал Фойдаланувчилар барқарор эксплуатация шароитларда ўзларининг ускуналарини (қурилмаларини) электр таъминоти меъёрларини сақлаган ҳолда ишончли ва хавфсиз ишлаши таъминлашлари шарт.

Мавжуд уланишни ўзгартириш ёки янги уланишни лойиҳалаштиришда ушбу шартлар бажарилиши биринчи навбатда таъминланиши керак.

68. Тақсимлаш тизимида частота бир лаҳзада (кескин) 1 Нz га оғса, Тизим операторига ушбу ҳолатни бартараф этиш чораларини кўришга имкон бериш учун тақсимлаш тизимига уланган барча генерацияловчи модуллар камида 5 сония давомида тармоқ билан синхрон ҳолатда қолиши шарт.

69. Тақсимлаш тизими операторлари тақсимлаш тизимида ускуналар ва уларни ҳимоя тизимларини танлаш ҳамда лойиҳалашда авария (фавқулодда) вазиятларида юзага келиши мумкин бўлган частотанинг максимал тебранишлари (оғиши)ни ҳисобга олиши керак.

70. Тақсимлаш тизими оператори тақсимлаш ускунасининг кучланиш номиналларини танлашда максимал ҳисобланган ўта кучланишларни ҳисобга олиши ва тақсимлаш тизимининг ҳар қандай кенгайиши ёки янги уланиш лойиҳаларини тақсимлаш тизимида кучланиш тебранишларига салбий таъсир кўрсатмайдиган тарзда ишлаб чиқиши керак.

71. Тақсимлаш тизими оператори ва Фойдаланувчилар ўзларининг тизимларини ўткинчи кучланишларнинг бир-бирларининг тизимларига таъсирини юмшатишга ёрдам берадиган қурилмаларни ўз ичига олган ҳолда лойиҳалаштиради ва эксплуатация қиладилар.

Тақсимлаш тизими оператори ва Фойдаланувчи электр ускуналарининг изоляциясини танлашда электр тармоқларида ўткинчи жараёнларнинг таъсирини ҳисобга олишлари керак.

72. Фойдаланувчи ўз тизимини тақсимлаш тизимида гармоник бузилишлар ва фликерлар интенсивлигининг белгиланган чегаралардан ошиб кетишига олиб келмаслигини таъминлаш учун жавобгардир.

73. Тақсимлаш тизими оператори тақсимлаш тизимини лойиҳалаштириш ва эксплуатация қилишда хавфсизликни таъминлаш ҳамда Фойдаланувчиларга хизмат кўрсатишда узилишлар частотаси ва давомийлигини (SAIFI ва SAIDI) чеклаш учун етарли даражада ҳимоя тизимлари жорий этилишини таъминлаши шарт.

74. Фойдаланувчи ўз тизимини лойиҳалаштириш ва эксплуатация қилишни Электр ускуналарининг тузилиши қоидалари ҳамда Истеъмолчилар электр қурилмаларини техник эксплуатация қилиш қоидалари ва Истеъмолчилар электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидалари ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ амалга ошириши керак.

75. Уланиш нуқтасидаги ҳимоя тизимига қўйиладиган талаблар Тақсимлаш тизими оператори ва Фойдаланувчи томонидан уланиш ёки мавжуд уланишни ўзгартиришни кўриб чиқиш вақтида келишилади ҳамда келгусида Фойдаланувчининг розилиги билан Тақсимлаш тизими оператори томонидан вақти-вақти билан қайта кўриб чиқилади.

76. Фойдаланувчи ўз тизимини лойиҳалаш ва эксплуатация қилишда Тақсимлаш тизими операторининг талабларига мувофиқ ҳимоя воситалари билан таъминлаш чораларини кўради.

Бунда Тақсимлаш тизими оператори томонидан талабларни белгилашда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларидан четга чиқишига йўл қўйилмайди.

77. Қисқа туташувда ўчириш вақти тақсимлаш тизимида жорий этилган ҳимоя сиёсатига мувофиқ Тақсимлаш тизими оператори томонидан белгиланган чегаралар доирасида бўлиши керак.

78. Тақсимлаш тизими оператори Фойдаланувчилар ўз ҳимоя тизимларини лойиҳалаш ва ишга туширишда ҳисобга олишлари учун тақсимлаш тизимдаги автоматик қайта улаш ёки кетма-кет қайта улаш функциялари ҳақида батафсил маълумотларни Фойдаланувчига тақдим этиши шарт.

79. Фойдаланувчи ҳимоя тизимини лойиҳалашда носозликлар (қисқа туташув) содир бўлганда фақат битта ёки иккита фаза ўчиши мумкин бўлган вазиятларни ҳисобга олиши ҳамда ўз тизимини кузатилиши мумкин бўлган шикастланишлардан ҳимоя қилиш имкониятларини таъминлаши керак.

80. Тақсимлаш тизими оператори Фойдаланувчиларни тақсимлаш тизимининг уланиш нуқтасида қисқа туташув токининг лойиҳавий ва ҳақиқий қийматлари тўғрисида хабардор қилади.

Фойдаланувчилар ўз тизимини лойиҳалаш ва эксплуатация қилишда уланиш нуқтасидаги қисқа туташув токининг лойиҳавий ва ҳақиқий қийматларини ҳисобга олишлари шарт.

81. Тақсимлаш тизими оператори Фойдаланувчиларни тақсимлаш тизимида қўлланиладиган ерга улаш усули ҳақида хабардор қилади. Тақсимлаш ускунасининг тузилмасида ерга туташув вақтида ускунага таъсир кўрсатиши мумкин бўлган кучланишнинг максимал сакрашини ҳисобга олиши керак.

Фойдаланувчилар тизимидаги ерга улаш усули Тақсимлаш тизими операторининг ерга улаш шартлари ва техник хусусиятларига мос келиши шарт.

82. Бир нечта таъминот манбалари мавжуд бўлган Фойдаланувчилар айланма токларнинг ерга уланган нейтралга таъсирини олдини олиш ёки юмшатишни таъминлаш чораларини кўришлари керак.

83. Тақсимлаш тизими оператори ва Фойдаланувчи мониторинг қилиш ва бошқарув режимини келишиб оладилар.

Фойдаланувчи Тақсимлаш тизими оператори томонидан унинг тизимидаги коммутация қурилмаларини бошқаришига рози бўлса, Фойдаланувчи Тақсимлаш тизими операторига зарур бўлган коммутация қурилмаларини масофадан бошқариш тизими ва интерфейсини ўрнатади ва уларга техник хизмат кўрсатади.

3-боб. Уланиш ва мавжуд уланишни ўзгартириш тартиби

1-§. Уланишнинг умумий шартлари

84. Фойдаланувчи янги объектларини лойиҳалаш ва эксплуатацияга киритишдан ёки мавжуд уланишни ўзгартиришдан олдин Тақсимлаш тизими операторининг тизимига янги ёки қўшимча электр қурилмаларини улаш учун техник шартлар олиши шарт.

85. Фойдаланувчи Тақсимлаш тизими операторига ўз объектини тақсимлаш тизимига улашга ёки мавжуд уланишни ўзгартириш учун тегишли талабнома юборади.

Талабнома сўралган уланишни баҳолаш учун Тақсимлаш тизими операторига зарур бўлган маълумотларни ўз ичига олиши ва Тақсимлаш тизими операторининг веб-сайтида эълон қилинган шаклда тақдим этилиши керак.

86. Фойдаланувчиларга техник шартлар бериш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ягона интерактив давлат хизматлари портали, Давлат хизматлари марказлари ёки «ELEKTR» дастурий таъминоти орқали амалга оширилади.

Фойдаланувчиларнинг ихтиёрига кўра тақсимлаш тизимига улаш бўйича лойиҳалаштириш, қурилиш-монтаж ва созлаш-ишга тушириш ишлари Тақсимлаш тизими операторлари томонидан «тайёр ҳолда» топшириш шартномаси асосида амалга оширилиши мумкин.

2-§. Янги уланишлар тартиби ва уланиш шартномаси

87. Тақсимлаш тизимига янги уланмоқчи бўлган Фойдаланувчи, техник шарт берилганидан сўнг Тақсимлаш тизими оператори билан тегишли уланиш шартномасини тузади.

88. Уланиш шартномаси маълумот ва ҳисоботларни тақдим этиш тартибини, хавфсизлик қоидаларини, синов ва созлаш-ишга тушириш дастурларини, электр схемаларини, уланишга тайёрлик ҳамда уланишга рухсат бериш тўғрисидаги далолатномани ва бошқа шартларни ўз ичига олади.

89. Янги уланиш учун техник шартлар тақсимлаш тизимининг энг яқин элементига (электр тармоқлари ёки тақсимлаш ускуналарига), уларнинг амалдаги ишчи ва лойиҳавий юкламасини ҳисобга олган ҳолда берилади ва қуйидагиларни кўрсатади:

уланиш учун рухсат этилган янги ёки қўшимча электр қурилмаларининг қувватини;

уланиш нуқталари (электр станциялари, подстанциялар ёки электр тармоқлари), таъминот объекти, ҳаво ёки кабель тармоқларининг зарур кучланиши ва заруратга кўра ташқи электр таъминоти вариантларини;

янги истеъмолчи пайдо бўлиши муносабати билан мавжуд электр тармоғини мустаҳкамлаш бўйича асослантирилган талаблар (ўтказгичлар кесимини ошириш, трансформаторларни алмаштириш ёки қувватини ошириш, захира ячейкаларини қуриш ва бошқалар);

қисқа туташув токларининг ҳисобланган қийматлари, реле ҳимоясига, автоматикага, алоқага, изоляция ва ўта кучланишдан ҳимояга талаблар;

рухсат этилган қуввати 50 kW ва ундан юқори бўлган истеъмолчилар учун реактив қувват компенсациясига қўйиладиган талаблар;

электр энергиясини ҳисобга олишга қўйиладиган талаблар;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ қабул қилувчиларда барқарорлаштирувчи қурилмалар ва электр энергияси сифатини назорат қилиш мосламаларини ўрнатиш учун махсус талаблар;

истеъмолчининг кунлик юклама жадвалини тартибга солиш талаблари;

электр қурилмалари учун намунавий лойиҳалардан фойдаланиш бўйича тавсиялар;

тақсимлаш тизимига уланган истеъмолчиларнинг электр қурилмаларига қўйиладиган махсус талаблар (захира электр таъминотига бўлган эҳтиёж, киришларда автоматик ҳимоя, таъминловчи тармоқларининг параллел ишлашига рухсат берилиши, ажратиш учун тақсимлаш. Ягона электр энергетика тизимида электр қуввати танқислиги бўлган тақдирда муҳим юкламаларни электр энергияси билан таъминлаш учун уларни захира тармоқларига тақсимлаш ва бошқалар);

лойиҳада (ишчи лойиҳада) корхона ва бино электр қурилмаларини эксплуатация қилишни ташкиллаштириш учун лойиҳа ечимларининг мавжудлигига қўйиладиган талаблар;

истеъмолчининг электр тармоғига уланган субистеъмолчиларнинг рўйхати, уларнинг юкламалари ва электр энергияси истеъмоли бўйича асосий дастлабки маълумотлар;

техник шартлар амал қилиш муддати.

3-§. Мавжуд уланишни ўзгартириш шартномаси

90. Тақсимлаш тармоғида мавжуд уланишни ўзгартиришдан олдин Фойдаланувчи Тақсимлаш тизими оператори билан уланиш шартномасини тегишли равишда ўзгартиради.

91. Уланишни ўзгартириш тўғрисидаги шартнома Тақсимлаш тизими оператори томонидан талаб қилинадиган ва Энергетика вазирлиги томонидан белгиланган қўшимча маълумотларни тақдим этиш талабларини ўз ичига олади.

4-§. Уланиш ёки мавжуд уланишни ўзгартириш учун талабнома киритиш ва уни кўриб чиқиш тартиби

92. Тақсимлаш тизимига уланиш ёки мавжуд уланишни ўзгартириш учун буюртма берган Фойдаланувчи мазкур Қоидаларнинг 85-бандида белгиланган талабномани Тақсимлаш тизими операторига юборади. Талабномада қуйидаги маълумотлар бўлиши шарт:

лойиҳа ва унинг режалаштириш маълумотлари;

фойдаланувчи томонидан таклиф қилинган уланишни (қурилиш-монтаж ишларини) тугатиш санаси.

93. Фойдаланувчи режалаштириш маълумотларини учта босқичда тақдим этади:

лойиҳанинг дастлабки маълумотлари — уланиш шартномаси ёки мавжуд уланишни ўзгартириш шартномаси учун талабнома топшириш вақтида таклиф этилаётган Фойдаланувчининг лойиҳа маълумотлари;

лойиҳанинг режалаштирилган маълумотлари — уланиш шартномаси ёки мавжуд уланишни ўзгартириш шартномаси бўйича таклиф қабул қилингандан сўнг, Фойдаланувчи ривожланишига тегишли маълумотлар;

лойиҳанинг уланишдан кейинги режалаштириш маълумотлари — прогнозларнинг янгиланган, келажак учун ҳисоб-китоблари ва маълумотлари.

94. Тақсимлаш тизими оператори тақсимлаш тизимига уланиш ёки мавжуд уланишни ўзгартириш учун талабномани кўриб чиқиш тартибини белгилаши ва расмий веб-сайтида эълон қилиши керак.

95. Тақсимлаш тизими оператори талабнома топширилганидан кейин уч иш кунида буюртмани кўриб чиқади.

96. Тақсимлаш тизими оператори таклиф этилаётган янги Фойдаланувчининг тақсимлаш тизимига таъсирини баҳолайди.

97. Фойдаланувчи томонидан тақдим этилган талабномани кўриб чиқилганидан сўнг, Тақсимлаш тизими оператори ва Фойдаланувчи уланиш ёки мавжуд уланишни ўзгартириш тўғрисида шартнома имзолайди.

98. Тақсимлаш тизими оператори томонидан таклиф этилаётган уланиш ёки мавжуд уланишни ўзгартириш бўйича келишувга эришилмаса, томонлардан бири ушбу масалани кўриб чиқиш учун Энергетика вазирлигига юбориши мумкин.

99. Уланиш ёки мавжуд уланишни ўзгартириш шартномаси имзоланган бўлса, Фойдаланувчи имзоланган кундан бошлаб ўн иш кунида ёки томонлар ўртасида келишилган бошқа муддатда Тақсимлаш тизими операторига батафсил режалаштириш маълумотларини тақдим этади.

5-§. Тақсимлаш тизимига таъсирни ўрганиш

100. Тақсимлаш тизимига уланиш ёки мавжуд уланишни ўзгартириш мақсадида мурожаат қилган Фойдаланувчи таклиф этилаётган уланиш ёки мавжуд уланишни ўзгартириш тармоқда салбий оқибатларга олиб келмаслигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўради.

101. Таклиф этилаётган уланиш ёки мавжуд уланишни ўзгартириш оқибатлари ва унинг натижасида юзага келиши мумкин бўлган муҳим ҳодисаларни ўрганиш ва баҳолаш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади. Баҳолаш қуйидагиларни ўз ичига олиши шарт:

барқарор шароитларда ҳамда авария вазиятларида тақсимлаш тизимидаги қувват оқимлари тўғри тақсимланишини (генерацияловчи модуллардан истеъмолчига хавфсиз тарзда тақсимланишини таъминлашга ишонч ҳосил қилишни);

кучланишни белгиланган чегараларда сақлаб туришни таъминлаш учун кучланишни бошқариш тадқиқоти;

қисқа туташув токининг рухсат этилган чегаралардан ошиб кетмаганлигини текшириш ҳамда унинг тақсимлаш тизими ва Фойдаланувчи тизимига таъсирини баҳолаш;

ҳимоя тизимини (реле ҳимояси ва аварияга қарши автоматика) белгилаш ва мувофиқлаштириш;

таклиф қилинаётган Фойдаланувчининг уланиши ёки кенгайишини электр энергияси сифатига таъсирини ўрганишни.

102. Ўрта ва ундан юқори қувватли генерацияловчи модуллар мавжуд бўлган ҳолатда Тақсимлаш тизими оператори уланишга талабнома ва Фойдаланувчи томонидан тақдим этилган бошқа маълумотларни Тизим операторига тақдим этади.

Тизим оператори талабномани кўриб чиқади ва Тақсимлаш тизими операторига қуйидагилар ҳақида хабар беради:

электр станциясини улаш мумкинлиги;

аниқ кўрсатилиши ва асосланиши керак бўлган муайян шартлар ёки махсус талаблар бажарилган тақдирдагина, таклиф этилаётган электр станциясини улаш имконияти. Бунда шартлар ва талаблар илова қилинади;

сабабларини аниқ кўрсатган ҳолда, таклиф этилаётган электр станциясини улашни рад этилишини.

Уланишга муайян шартлар ёки махсус талаблар асосида рухсат берилса, Тизим оператори объект ишга тушириш вақтида ушбу шартлар ва талабларнинг бажарилишини текширишга ҳақли.

Уланишга рухсат берилган ҳолатларда, Тизим оператори тегишли тартибда Тақсимлаш тизими операторини генерацияловчи модулнинг тўлиқ қувватини етказиб беришга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган тармоқ ёки тизимдаги чеклаш ёки ўта юкланишлар тўғрисида хабардор қилиши керак.

103. Бошқа уланган истеъмолчилари бўлган мавжуд ўрта кучланишли фидерга уланадиган кичик ва ўрта қувватли генерацияловчи модуллар уланишига буюртма қилинганда қуйидаги қоидалар қўлланилади:

кичик ёки ўрта қувватли генерацияловчи модулларнинг умумий ўрнатилган қуввати, шунингдек, ушбу фидерга уланган бошқа барча генерацияловчи модулларнинг умумий қуввати уларнинг туридан қатъий назар фидернинг белгиланган максимал юкланиш даражасидан ошмаслиги шарт;

уланиши кўриб чиқилаётган кичик ёки ўрта қувватли генерацияловчи модулларнинг умумий ўрнатилган қуввати, шунингдек, ўрта кучланишли фидер уланган подстанцияга уланган бошқа генерацияловчи модулларнинг умумий қуввати подстанциядаги трансформаторнинг ўртача минимал юкламасидан ошишига йўл қўйилмайди. Ўртача минимал юклама аввалги йиллар давомида қайд этилган кунлик минимал юкламаларнинг ўртача арифметик қиймати бўлиб, бундай минимал юклама учун белгиланган қийматлар қайд этилмаган бўлмаса, унинг қиймати трансформатор максимал қувватининг 25 фоизи миқдорида қабул қилинади.

кичик ёки ўрта қувватли генерацияловчи модуллар коммутациялаш натижасида уланиш нуқтасида кучланишнинг максимал ўзгариши номинал кучланишнинг 2 фоизидан ошмаслиги шарт.

104. Фақат битта Фойдаланувчи (истеъмолчи ёки генерацияловчи модул) учун ишлатиладиган фидер (ўз фидери) орқали подстанцияга уланган ўрта қувватли генерацияловчи модулларнинг умумий ўрнатилган қуввати, шунингдек, подстанцияга уланган генерацияловчи модулларнинг умумий қуввати подстанциядаги трансформаторнинг ўртача минимал юкламасидан ошмаслиги таъминланади.

Бундай минимал юклама қийматлари қайд этилмаган бўлса, унинг қиймати трансформатор максимал қувватининг 25 фоизи миқдорида қабул қилинади.

105. Кичик қувватли генерацияловчи модуллар учун буюртма қилинган уланиш учун қуйидаги талаблар қўлланилади:

бошқа уланган истеъмолчилари бўлган мавжуд паст кучланишли фидерга уланадиган кичик қувватли генерацияловчи модулнинг умумий ўрнатилган қуввати, шунингдек, ушбу фидерга уланган барча генерацияловчи модулларнинг умумий қуввати фидернинг белгиланган номинал қувватининг 25 фоиздан ошмаслиги;

буюртма қилинган кичик қувватли генерацияловчи модулнинг умумий ўрнатилган қуввати, шунингдек, подстанциянинг битта шинасига уланган барча генерацияловчи модулларнинг умумий қуввати трансформаторнинг максимал қувватининг учдан бир қисмидан ошмаслиги;

кичик ёки ўрта қувватли генерацияловчи модулларни коммутациялаш натижасида уланиш нуқтасида кучланишнинг максимал ўзгариши номинал кучланишнинг 2 фоизидан ошмаслиги талаб этилади.

106. Мазкур Қоидаларнинг 100 — 105-бандлари қўлланилиши мумкин бўлмаган ёки ушбу бандларда кўрсатилган шартлар бажарилмаган тақдирда, Тақсимлаш тизими оператори сўралган уланишга рухсат бериш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш мақсадида қўшимча ўрганиш ўтказади.

Бундай ҳолда, Тақсимлаш тизими оператори буюртма қилинган генерацияловчи модулни тақсимлаш тизимига улаш имкониятини таъминлаш учун мазкур Қоидаларнинг 113 — 152-бандларида белгиланган талаблардан фарқли бошқа шартларни белгилашга ҳақли. Бунда Тақсимлаш тизими оператори ушбу шартларни асослаб бериши талаб этилади.

107. Микро электр станцияларни улаш учун соддалаштирилган уланиш тадқиқотлари ўтказилади ва ушбу тадқиқотлар қуйидагиларни аниқлашга қаратилади:

уланиши режалаштирилган микро электр станция Тақсимлаш тизими оператори томонидан намунавий синови ва мувофиқлик синашларидан ўтказилганлиги;

паст кучланишли фидерга уланган микро генерацияловчи модулларнинг умумий қуввати паст кучланишли фидернинг рухсат этилган юкламасидан ошмаслиги.

108. Буюртма қилинаётган янги уланиш ёки мавжуд уланишни ўзгартириш таъсирини ўрганиш натижалари тақсимлаш тизими учун салбий оқибатларга олиб келишини аниқласа, Тақсимлаш тизими оператори тақсимлаш тизимига уланишни ёки мавжуд уланишни ўзгартириш тўғрисидаги талабномани рад этиши мумкин.

6-§. Тақсимлаш тизимига улаш ва ускуналарни эксплуатацияга киритиш

109. Фойдаланувчи қурилмаларини эксплуатацияга киритиш санасидан олдин уланиш шартномасида кўрсатилган шартлар ва жадвалларга мувофиқ Тақсимлаш тизими операторига қуйидагиларни тақдим этади:

талаб этилган режалаштириш ва батафсил режалаштириш маълумотларига киритилмаган асосий ускуналарнинг техник хусусиятларини;

генерацияловчи модуллар учун мазкур Қоидалар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда талаб этилган ҳимоя тизимлари, уларнинг созламалари ва алоқа линиялари созламалари тафсилотларини;

активларни белгиловчи ҳужжатни тайёрлаш имконини берувчи маълумотларни;

уланиш нуқтасида Фойдаланувчи ускунасининг электр схемаларини;

уланиш нуқтаси чизмаларини тайёрлаш имконини берувчи маълумотларни;

Фойдаланувчи ускунасига тегишли хавфсизлик қоидалари, ички хавфсизлик йўриқномаларининг нусхалари ҳамда хавфсизлик координаторларн рўйхатини;

ваколатли вакилларнинг исмлари ва телефон рақамлари рўйхати, шу жумладан муҳим ҳодисалар юз берганда Фойдаланувчи номидан қарорлар қабул қилишга тўлиқ ваколат берилганлигини тасдиқлаш ва тасдиқлаш ҳужжатларни;

тавсия этилган техник хизмат кўрсатиш дастурини;

уланиш нуқтасида синашларни ўтказиш ва ишга тушириш дастури ва Фойдаланувчининг ривожланиш лойиҳасини.

110. Фойдаланувчи қурилиш ишларини, шу жумладан уланиш нуқтасидаги барча ишларни тугатгандан сўнг, уланиш нуқтасидаги ускуналар ва Фойдаланувчи тизими синовдан ўтказилади ва Назорат қилувчи органга қурилиш-монтаж ва созлаш-ишга тушириш ишлари ҳамда электр қурилмаларини техник кўрикдан ўтказиш бўйича далолатномани (кейинги ўринларда — техник кўрикдан ўтказиш бўйича далолатнома) олиш учун сўровнома юборади.

111. Фойдаланувчи Тақсимлаш тизими операторига техник кўрикдан ўтказиш бўйича далолатномани ҳамда синов натижалари ва эксплуатацияга киритишга рухсат бериш тўғрисида буюртмани тақдим этади.

112. Фойдаланувчининг уланишга тайёрлиги тўғрисидаги далолатнома расмийлаштирилганидан сўнг, Тақсимлаш тизими оператори бир иш кунида улаб беради.

4-боб. Электр энергиясини ишлаб чиқарувчилар учун уланиш шартлари

1-§. Электр энергиясини ишлаб чиқарувчилар учун умумий талаблар

113. Мазкур Қоидаларни татбиқ этишда электр станциялар (генерацияловчи модуллар) ўзининг хусусиятлари ва ўрнатилган қувватига кўра қуйидаги тоифалардан бирига таснифланади:

ўрта — ўрнатилган қуввати 1 MW ва ундан юқори, лекин 2 MW дан паст бўлган электр станциялар (генерацияловчи модуллар);

кичик — ўрнатилган қуввати 500 kW ва ундан юқори, лекин 1 MW дан паст бўлган электр станциялар (генерацияловчи модуллар);

микро — ўрнатилган қуввати 500 kW дан паст генерацияловчи модуллар.

114. Электр станциялари (генерацияловчи модуллар) тақсимлаш тизимига таъсирни ўрганиш асосида Тақсимлаш тизими оператори билан келишилган кучланиш даражасидаги тақсимлаш тизими элементига уланади.

115. Уланиш нуқтасида юзага келиши мумкин бўлган максимал қисқа туташув токини ўчириш имкониятига эга автоматик ўчиргич уланиш нуқтасида ўрнатилиши шарт.

Автоматик ўчиргичга техник хизмат кўрсатиш мақсадида ажратиш учун ажраткичлар ёки бошқа изоляциялаш воситалари билан таъминланади ва ўрнатилади.

116. Уланиш нуқтасида генерацияловчи модул томонидан ҳосил қилиниши мумкин бўлган максимал узоқ муддатли фликерлар, генерацияловчи модул қувватини мазкур уланиш нуқтасига уланган бошқа барча таъсир қилувчи манбаларининг умумий қуввати нисбатига тақсимлаш тизимида рухсат этилган максимал узоқ муддатли фликерлар қийматига кўпайтмасига тенг бўлади.

117. Уланиши режалаштирилган генерацияловчи модул томонидан ҳосил қилиниши мумкин бўлган гармоник бузилишлар уланиш нуқтасидаги максимал рухсат этилган гармоник бузилишларнинг улуши сифатида, генерацияловчи модул ўрнатилган қувватининг уланиш нуқтасига уланган бошқа барча гармоник бузилишлар манбаларнинг умумий қуввати нисбатининг тақсимлаш тизимида рухсат этилган жами гармоник бузилишлар қийматига кўпайтмасига тенг.

118. Генерацияловчи модулнинг уланиш нуқтасида кучланиш тебранишлари қуйидаги рухсат этилган чегараларга мос келиши керак:

вақти-вақти билан даврий содир бўлиши мумкин бўлган поғонавий ўзгаришлар учун кучланиш тебранишлари чегараси 1 фоизни;

поғонавий ўзгаришларидан ташқари тасодифий тебранишлар учун кучланиш тебранишлари чегараси 3 фоизни ташкил этади.

Ушбу чегаралар ҳар қандай коммутациялаш (конденсатор батареялари, генерацияловчи модулларни ишга тушиши/тўхташи, генерацияловчи модулларни алмашлаб улаш ва бошқалар) натижасида содир бўладиган кучланиш тебранишлари ва (ёки) қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларидаги бирламчи энергиянинг ҳар қандай тебранишларига нисбатан қўлланилади.

119. Генерацияловчи модул оператори Тақсимлаш тизими операторига унинг электр қурилмалари мазкур Қоидаларнинг 116 — 118-бандлари талабларига мувофиқлигини қурилмаларни ишлаб чиқарувчи томонидан берилган мувофиқлик ҳужжатлари (сертификатлар) орқали унинг генерацияловчи модули ваколатли органларнинг лабораторияларда синовдан ўтганлиги ва сертификатланганлиги ҳамда белгиланган талабларга мувофиқлигини кўрсатади.

Лаборатория сертификатининг нусхаси Тақсимлаш тизими операторига тақдим этилади (талабномага илова қилинади), бундай сертификатлар мавжуд бўлмаса мувофиқликни баҳолаш учун белгиланган тартибда махсус синашлар ўтказилади.

2-§. Нолдан ишга тушириш ва тезкор ишга тушириш имконияти

120. Генерацияловчи модуллар операторлари уланиш ёки мавжуд уланишни ўзгартириш тўғрисидаги талабномада ўзларининг генерацияловчи модуллари қуйидаги имкониятларга эгалиги ёки бундай имконият мавжуд эмаслигини кўрсатишлари керак:

нолдан ишга тушириш — ташқи қувват манбаисиз ишга тушириш ва тармоққа синхронлаш қобилияти;

тезкор ишга тушиш-ишга туширишга кўрсатма берилганидан сўнг 15 дақиқа ичида ишга тушиш ва тармоққа синхронлаш қобилияти.

121. Нолдан ишга тушириш бўйича қўшимча хизматлар кўрсатувчи генерацияловчи модул мазкур Қоидаларнинг 328 — 331-бандларига мувофиқ нолдан ишга туширишни амалга оширади.

122. Тезкор ишга тушириш бўйича қўшимча хизматлар кўрсатувчи генерацияловчи модул частотанинг 49 Нz дан 51 Нz гача бўлган диапазонида частота релеси сигналларига жавобан автоматик равишда ишга тушиши лозим.

3-§. Генерацияловчи модулларнинг чиқишдаги қуввати

123. Урта ва кичик қувватли генерацияловчи модуллар частотанинг 49,5 Нz дан 50,5 Нz гача бўлган диапазонида доимий равишда актив қувват ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлиши талаб этилади. Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари ҳолатида бу бирламчи энергия манбаси мавжудлигига боғлиқ бўлади.

124. Ўрта ва кичик қувватли генерацияловчи модул барқарор иш шароитида уланиш нуқтасида кучланишнинг ±5 фоиз оралиғида ўзгаришида тармоққа уланган ҳолатда қолиш ҳамда актив қувват етказиб бериш ва реактив қувватни ростлаш (компенсация қилиш) имкониятига эга бўлиши шарт.

Кучланиш ушбу диапазондан ташқарига чиқса ва кучланиш ўзгариши номинал кучланишга нисбатан ±10 фоизга етса актив қувватни пасайтиришга рухсат берилади. Бунда уланиш нуқтасидаги қувват коэффициенти мазкур Қоидаларнинг 133-бандида белгиланган чегараларда қолиши шарти билан рухсат берилади.

125. Кичик ва микро генерацияловчи модуллар учун барқарор иш шароитида уланиш нуқтасида кучланишнинг ±10 фоиз оралигида ўзгаришида тармоқда қолишнинг ўзи етарли ҳисобланади.

4-§. Генерацияловчи модулларнинг частота ўзгаришидаги турғунлиги

126. Ягона электр энергетикаси тизимида частотанинг 48,5 Нz дан 51,5 Нz гача бўлган диапазонида ҳар қандай ўзгариши ўрта ва кичик қувватли генерацияловчи модулларни ўчиришга олиб келмаслиги талаб этилади.

127. Урта ва кичик қувватли генерацияловчи модуллар частота 51,5 Нz дан 52,0 Нz гача ошган диапазонида ва 48,5 Нz дан 48,0 Нz гача пасайган диапазонда ҳамда бунда тармоқдаги кучланиш номинал кучланишнинг ±10 фоизида бўлганда камида 5 дақиқа ишлаш имкониятига эга бўлиши шарт.

128. Ўрта ва кичик қувватли ишлаб чиқарувчилар ўз генерацияловчи модулларини ягона электр энергетикаси тизими частотасининг 48,0 Нz ва 52,0 Нz диапазонидан ташқаридаги оғишлари натижасида шикастланишдан ҳимоя қилишлари, бунда тегишли ҳимоя тизимларини ўрнатишлари керак.

Бунда частотанинг бир лаҳзада 48,0 Нz дан пасайишида ўрта қувватли генерацияловчи модуллар камида 5 сония давомида тармоққа уланган ҳолатда қолиши шарти бажарилиши талаб этилади.

Ягона электр энергетикаси тизимида частота 52,0 Нz дан ошса, ўрта ва кичик қувватли ишлаб чиқарувчилар ўз электр станциясини ва (ёки) алоҳида генерацияловчи модулларини тармоқдан узилишини (ўчишини) таъминлайдиган ҳимоя тизимларини ўрнатишлари керак.

129. Ўрта ва кичик қувватли генерацияловчи модуллар частота 500 миллисонияда ўлчаниши шарти билан, частотанинг сониясига ±1 Нz гача ўзгариши тезлигида тармоқда синхрон ҳолатда қолиши керак.

Кучланишнинг пасайиши қисқа вақт ичида частотани сониясига 1 Нz дан ортиқ ўзгаришига олиб келиши мумкинлиги сабабли, ўрта ва кичик қувватли ишлаб чиқарувчилари мазкур Қоидаларнинг 134-135-бандларида белгиланган чегаралар доирасида уланиш нуқтасида кучланиш пасайганда тармоқда синхрон ҳолатда қолиши талаб этилади.

130. Ўрта ва кичик қувватли генерацияловчи модуллар учун турли частота диапазонлари учун қуйидаги талаблар бажарилиши керак:

f < 48,0 Нz — 5 сония тармоқда қолиши ва ундан кейин автоматик ўчиши;

48,0 < f < 48,5 Нz — 5 дақиқа давомида тармоқда қолиши;

48,5 < f < 51,5 Нz — узлуксиз ишлаши;

51,5 < f < 52,0 Нz — 5 дақиқа давомида тармоқда қолиши;

f > 52,0 Нz — автоматик ўчиши керак.

131. Ягона электр энергетикаси тизимидаги частотанинг ҳар қандай кичик диапазондаги ўзгариши кичик қувватли генерацияловчи модулларни ўчиришга олиб келмаслиги керак.

5-§. Актив ва реактив қувватни бошқаришга талаблар

132. Урта қувватли генерацияловчи модуллар ягона электр энергетикаси тизими частотаси 51,0 Нz дан ошганда актив қувватни пасайтириш имкониятига эга бўлган актив қувватни бошқариш тизими билан жиҳозланган бўлиши керак. Актив қувватни зарур миқдоргача камайтириш қуйидаги формула бўйича ҳисобланади:

∆P = 45 • P m • ( 51 . 0 – f n ) 50

бу ерда:

∆P — чиқиш актив қувватининг ўзгариши;

P m — ростлаш бошланишидан олдинги бошланғич актив қувват;

f n — тармоқ частотаси;

Актив қувватни камайтириш ўрта қувватли генерацияловчи модулнинг ишлаб чиқарувчи заводи томонидан белгиланган техник имкониятларини ҳисобга олган ҳолда энг юқори градиент билан амалга оширилади.

Ҳар қандай ўрта қувватли генерацияловчи модулнинг актив қуввати минимал техник юкламасидан пастга тушса, уни ўчиришга рухсат берилади.

133. Ўрта ва кичик қувватли генерацияловчи модул оператори Тақсимлаш тизими оператори билан уланиш ёки мавжуд уланишни ўзгартириш шартномасида бошқа кўрсаткичларни келишмаган бўлса, уланиш нуқтасида қувват коэффициенти индуктив характерда 0,95 ҳамда сиғим характерда 0,95 гача сақлаб туриш имкониятига эга бўлиши керак.

Уланиш ёки мавжуд уланишни ўзгартириш шартномасида бошқа шартлар (кўрсаткичлар) келишилиши мумкин.

6-§. Генерацияловчи модулларнинг тизимда барқарор иш режими бузилган вақтда ишлаши

134. Тақсимлаш тизимидаги қисқа туташувлар ёки тармоқдаги носозликлар натижасида уланиш нуқтасида кучланиш пасайишида генерацияловчи модуллар мазкур Қоидаларга 3-иловага мувофиқ белгиланган чегараларда ишлаши лозим.

Генерацияловчи модуллар оператори Тақсимлаш тизими оператори ва Тизим операторига ўз генерацияловчи модуллари юқоридаги чегараларда ишлашга қодирлигини қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш орқали кўрсатиб беради:

генерацияловчи модулни ишлаб чиқарувчи завод томонидан берилган, мазкур қурилма ваколатли (нуфузли) лабораторияларда синовдан ўтганлиги ва сертификатланганлиги ҳамда буюртма қилинган талабларга мослиги тасдиқловчи сертификат;

қайта тикланувчи энергия манбаларининг оператори ва (ёки) унинг «тайёр ҳолда топшириш» тамойили асосида ишларни бажарувчи пудратчиси (ЕРС-пудратчи) томонидан ўрта ва кичик қувватли генерацияловчи модуллар тўпламининг ўрнатилган ҳимоя тизими ва унинг созламалари мувофиқлигини кўрсатиб берувчи ҳужжат.

Мазкур ҳужжатлар нусхаси уланиш ёки уланишни ўзгартириш шартномасига илова қилинади.

135. Генерацияловчи модуллар қисқа туташув ёки тармоқдаги носозликлар сабабли уланиш нуқтасида кучланиш пасайишида қуйидаги диапазонларида ўчиб қолмасдан, тармоқда қолиш имкониятини таъминлаши керак:

U < 0,3 U nom — 0,15 сония;

U = 0,3 U nom — 0,625 сония;

0,3 U nom < U < 0,9 U nom — номинал кучланишнинг 30 фоизида 0,625 сония, номинал кучланишнинг 90 фоизида 3,0 сония оралигида чизиқли интерполяция;

0,9 U nom < U < 1,1 U nom — узлуксиз ишлаши;

1,1 U nom < U < 1,2 U nom 1 сония;

U > 1,2 U nom — 0,16 сония.

7-§. Генерацияловчи модулларнинг ҳимоя тизимларига талаблар

136. Генерацияловчи модуллар қурилмалари, ускуналари ва уларнинг тақсимлаш тизимига уланишлари учун ҳимоя тизимлари авариявий ўчишлар ва тақсимлаш тизимига салбий таъсирни минималлаштиришда селективликни ва сезгирликни, тезликнинг зарур даражасига эришишни ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаштирилади, мувофиқлаштирилади ва синовдан ўтказилади.

137. Тақсимлаш тизими оператори билан бошқа шартлар келишилмаган ва уланиш шартномасида кўрсатиб ўтилмаган бўлса, ўрта ва кичик қувватли генерацияловчи модуллар ушбу модуллар уланган тақсимлаш тизимининг ҳар қандай қисмида бирор ҳодиса содир бўлганда уни тақсимлаш тизимидан ўчирувчи ва ажратувчи ҳимоя тизимига эга бўлиши шарт.

138. Тақсимлаш тизими оператори ва генерацияловчи модуллар оператори уланиш нуқтасининг ўзларига тегишли томонларида электр ускуналари ва объектлари ҳимоя тизими учун шахсий жавобгардирлар.

139. Генерацияловчи модуллар операторлари уларнинг генерацияловчи модуллари иш жараёнида ёки тармоққа уланган ҳолда турганлигидан қатъий назар тақсимлаш тизимида эксплуатациянинг барча шароитларида (бир фазали таъминот, носозликлар, қисқа туташувлар, ноодатий кучланиш ва частоталар, чақмоқ ва коммутация импульслари кузатилганда) ўз объектини тегишли ҳимоясини таъминлаш учун жавобгар ҳисобланади.

140. Генерацияловчи модуллар операторлари Тақсимлаш тизими оператори билан бирга генерацияловчи модулини тақсимлаш тизимига синхронлаштириш учун синхронлаш мосламалари билан таъминлаши керак.

Синхронлаштиришни кузатиш ва бошқариш учун автоматик синхронлаш қурилмалари ўрнатилади. Тақсимлаш тизими оператори синхронлаш усулини кўриб чиқади, тасдиқлайди ва текширади. Автоматик синхронизация созламалари Тақсимлаш тизими операторининг розилигисиз ўзгартирилмайди.

Синхронлаш параметрларининг намунавий чегаралари қуйидагича:

максимал частота фарқи — ∆f = 0,3 Нz;

максимал кучланиш фарқи — ∆U = 10%;

максимал фазалар бурчаги фарқи — ∆Ф = 20 градус;

141. Генерацияловчи модул оператори унинг генерацияловчи модули уланган тақсимлаш тизимининг қисми (секцияси ёки тақсимлаш ускунаси) асосий тақсимлаш тизимидан ажралиб кетганлигини (иҳоталанган) аниқлаш ва ушбу ҳолат аниқланганда қайта улашни олдини олувчи ҳамда ушбу ҳолат аниқланиши билан 2 сония ичида генерацияловчи модулни тармоқдан узиш ускунаси билан жиҳозланган бўлишини таъминлаши керак.

Кичик ёки микро генерацияловчи модул тизимининг иш режими барқарорлашганидан 10 дақиқа ўтгунига қадар тармоққа қайта уланмаслиги ва иҳоталанган ҳолда ҳамда тақсимлаш тизимига объектни қайта уланишдан блоклаш орқали ҳимоя қилинишини таъминлаши керак.

142. Генерацияловчи модулларни ерга улаш схемаси тақсимлаш тизимига уланган ускунанинг номинал қийматидан ошиб кетадиган ўта юкланишни келтириб чиқармаслиги ва тақсимлаш тизимида ерга туташувдан ҳимояни мувофиқлаштиришга тўсқинлик қилмаслиги шарт.

Барча ускуна ва тизимлар техник эксплуатация қилиш қоидалари талабларига мувофиқ ерга уланган бўлиши талаб этилади.

143. Генерацияловчи модуллар операторлари Тақсимлаш тизими операторига кўриб чиқиш ва келишиш учун таклиф этилаётган сақлагичлар тури ва (ёки) релеларнинг созламаларини тақдим этиши керак.

Релелар ёки сақлагичларни ҳар қандай кейинги алмаштирилиши ёки созламалари ўзгартирилиши Тақсимлаш тизими оператори билан келишилган ҳолда амалга оширилиши шарт.

144. Хавфсизликни таъминлашни ҳисобга олган ҳолда, кичик ва микро электр станцияларини тақсимлаш тизимидан алоҳидалаш (изоляциялаш) ва техник хизмат кўрсатиш мақсадида ўчирилишида Тақсимлаш тизими оператори фойдаланиши учун кўринадиган ажратиш қурилмаси билан жиҳозланган бўлиши талаб этилади.

Ажратиш қурилмаси Тақсимлаш тизими оператори ходимлари жисмонан фойдалана оладиган ҳолатда уланиш нуқтасидан камида 3 метрдан узоқ бўлмаган масофада жойлашган бўлиши шарт. Бунинг имконияти мавжуд бўлмаса ўчириш қурилмаси кичик қувватли электр станцияси ва уланиш нуқтаси орасида ўрнатилади.

Ажратиш қурилмаси блокировка қилувчи контакт ҳолатининг визуал кўрсаткичига эга бўлиши ҳамда ҳар доим Тақсимлаш тизими оператори ходимлари учун фойдаланишга қулай бўлиши таъминланади.

Корхона ҳудудида ўрнатилган генерацияловчи модул ҳақида Тақсимлаш тизими оператори ходимларини хабардор қилиш учун уланиш нуқтасида огоҳлантирувчи белгилар, плакатлар ва белгилар ўрнатилади.

145. Кўзда тутилмаган шароитларда тегишли автоматик ўчиргични узиш учун ҳимоя релелари ўрнатилиши керак.

Микро ва кичик қувватли генерацияловчи модулларнинг ҳимоя тизимига мазкур Қоидаларга 4-иловадаги талаблар қўйилади.

146. Ягона электр энергетикаси тизими ёки унинг бир қисми бўлган тақсимлаш тизими тўлиқ ўчганда, кичик ёки микро электр станцияси тақсимлаш тизимидан дарҳол узилиши шарт.

Автоматик қайта улаш мосламаси бўлган тақсимлаш тизими учун кичик ёки микро электр станцияси тақсимлаш тизими билан қайта синхронлашишдан олдин кичик ёки микро электр станцияси уланган тақсимлаш тизими қисмини қайта улаш мосламаси барқарор ҳолатга келтиргунига қадар 10 дақиқа кутиши талаб этилади.

147. Тақсимлаш тизими оператори ўз тизими учун трансформаторни улаш ва ерга улаш тартибини белгилайди ва барчани ушбу тартиб билан хабардор қилади.

148. Бир нечта таъминот манбалари мавжуд бўлганда, генерацияловчи модул айланма токларнинг ерга уланган нейтралга таъсирини олдини олиш ёки юмшатиш имкониятига эга бўлиши талаб этилади.

8-§. Ахборот алмашинувига талаблар

149. Тақсимлаш тизими оператори уланишни ўрганиш (баҳолаш) натижасига кўра, ўрта ва кичик қувватли генерацияловчи модуллар оператори ва Тақсимлаш тизими оператори ўртасида барқарор иш шароитлари ва авария вазиятларида генерацияловчи модуллар ва уланиш нуқтасидаги бошқарув (коммутация) қурилмаларини бошқариш ҳамда мониторинг қилиш учун алоқа тизимига заруриятни аниқлайди.

150. Бундай алоқа тизими зарур деб ҳисобланса, ўрта ва кичик қувватли генерацияловчи модуллар оператори Тақсимлаш тизими оператори бошқарув маркази билан генерацияловчи модуллар ва уланиш нуқталарини бошқарув (коммутация) ҳамда мониторинг қилиш учун зарур алоқа тизимини ўрнатади.

151. Алоқа, масофадан мониторинг қилиш ва бошқариш тизимларига талаблар техник шартда кўрсатилиши лозим.

152. Тақсимлаш тизими операторига тақдим этиладиган маълумотлар ўрта ва кичик қувватли генерацияловчи модуллар оператори ва Тақсимлаш тизими оператори билан ўзаро келишилган бўлиши ҳамда уланиш ёки мавжуд уланишни ўзгартириш шартномасида акс эттирилган бўлиши керак.

5-боб. Фойдаланувчилар учун уланиш шартлари

153. Фойдаланувчи ускунаси тақсимлаш тизимига таъсирни ўрганиш натижаси асосида Тақсимлаш тизими оператори томонидан берилган техник шартга биноан келишилган кучланиш даражасидаги тақсимлаш тизими элементига уланади.

154. Паст кучланишли тақсимлаш тизими элементларига уланишлар учун уланиш нуқтаси одатда Фойдаланувчи томонидаги ҳисобга олиш ускунасининг клеммасида бўлади.

155. Ўрта кучланишли тармоққа уланиш учун уланиш нуқтасининг жойлашуви Фойдаланувчи томонидаги ҳисобга олиш ускунасининг клеммасида бўлиши шарт.

Ҳисобга олиш ускунасининг клеммасида уланиш имкони бўлмаса, уланиш нуқтасининг жойлашуви Тақсимлаш тизими оператори ва Фойдаланувчи ўртасида келишилади ҳамда уланиш шартномасида кўрсатилади.

156. Уланиш нуқтаси ушбу нуқтада юзага келиши мумкин бўлган максимал қисқа туташув токини ўчиришга қодир бўлган автоматик ўчиргич томонидан бошқарилади.

Техник хизмат кўрсатиш мақсадида автоматик ўчиргични ажратиш (изоляциялаш) учун ажраткич ва бошқа изоляцияловчи воситалар билан таъминланади ва ўрнатилади.

157. Фойдаланувчининг уланиш нуқтасидаги қурилмалари, ҳимоя тизими авариявий ўчишлар ва тақсимлаш тизимига салбий таъсирни минималлаштиришда селективликни ва сезгирликни, тезликнинг зарур даражасига эришишни ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаштирилади, мувофиқлаштирилади ва синовдан ўтказилади.

158. Тақсимлаш тизими оператори ва Фойдаланувчи уланиш нуқтасининг тегишли томонларида электр ускуналари ва объектлари ҳимоя тизими учун шахсий жавобгардир.

Фойдаланувчининг сўровига биноан Тақсимлаш тизими оператори унинг ҳимоя тизимини лойиҳалаши учун зарур бўлган уланиш нуқтасидаги ҳимоя тизимининг техник маълумотларини тақдим этади.

159. Тақсимлаш тизими оператори маълум Фойдаланувчилардан тақсимлаш тизимининг барқарор ишлашидаги бузилишлар хавфи ва (ёки) оқибатларини минималлаштириш мақсадида лойиҳалаштирилган ва ишлаб чиқилган бошқа ҳимоя схемаларини тақдим этишни талаб қилиши мумкин. Ушбу талаб Тақсимлаш тизими оператори томонидан етарли даражада асослантирилиши керак.

160. Фойдаланувчилар Тақсимлаш тизими оператори томонидан Уланиш ёки мавжуд уланишни ўзгартириш шартномасига мувофиқ юкламани автоматик тушириши учун истеъмолини мегаваттлардаги дискрет блок (бирлик)ларига бўлиниш ва паст частотали релени фаоллаштириш усулини белгилаши керак.

161. Юкламани автоматик туширишда фойдаланиладиган паст частотали реле тўлиқ рақамлаштирилган ва қуйидаги хусусият (характеристика)ларга эга бўлиши керак:

частотани созлаш диапазони — 0,1 Нz қадамлар (афзалроғи 0,05 Нz) билан 48,0 Нz дан 52,0 Нz гача;

созланиши мумкин бўлган кечикиш вақти — 0,1 сониялик қадамлар билан 0 дан 60 сониягача;

частотани ўзгартириш тезлигини — 0,1 Нz/s қадамлар билан 0 дан ±10 Нz/s гача;

ишга тушиш вақти — 0,1 сониядан кам;

кучланиш блокировкаси — номинал кучланишнинг 55 фоизидан 90 фоизи гача оралиғида танланади;

ишлаш поғоналари — камида икки поғонали ишлаш режими;

чиқиш контактлари: ҳар бир поғонада камида учта чиқиш.

162. Паст частотали реле номинал кучланиши 230 V бўлган ўзгарувчан токда ишлаш учун мос бўлиши шарт.

Паст частотали реленинг электр таъминоти ушбу реленинг чиқиш частотаси асосий тизимдаги частота билан бир хил бўлишини кафолатлаш мақсадида асосий тизимдаги таъминот нуқтаси орқали амалга оширилади.

163. Ўчириш функцияси қуйидаги ишончлилик мезонларига мувофиқ лойиҳалаштирилади ва мувофиқлаштирилади:

ишончлилик — юкламанинг ҳар қандай маълум нуқтага тушишида ўчиришнинг имконсизлиги функциянинг (схеманинг) умумий ишига зарар етказмаслиги керак. Функциянинг умумий ишончлилиги камида 96 фоиз бўлиши керак;

узилишлар — ускунани ўчириш ёки унга техник хизмат кўрсатиш юкламани назорат қилишга ёки истеъмолни ўчириш сезиларли таъсир кўрсатмаслиги талаб этилади.

6-боб. Активларни белгилаш ҳужжатига талаблар

164. Ҳар қандай уланиш нуқтаси учун активларни белгилаш бўйича ҳужжатлар қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши ва Тақсимлаш тизими оператори ва Фойдаланувчининг эксплуатацияга доир мажбуриятларини белгилаши керак:

юқори/ўрта кучланишли ускуналар;

паст кучланишли ускуналар;

алоқа ва ҳисобга олиш ускуналари.

165. Активларни белгилаш тўғрисидаги ҳужжатлар уланиш нуқтасини тўғри акс эттириши ва қуйидагиларни кўрсатиши шарт:

ускуна ва унинг эгаси;

хавфсизлик қоидалари ва тартиблари, шу жумладан ички хавфсизлик йўриқномалари ва хавфсизлик координатор(лар)и ёки хавфсизлик учун масъул бўлган бошқа шахслар;

эксплуатация тартиб-қоидалари ҳамда эксплуатация ва назорат учун масъул томонни;

техник хизмат кўрсатиш талаблари ва техник хизмат кўрсатиш учун масъул бўлган томонни;

фавқулодда вазиятларга оид ҳар қандай келишув.

166. Активларни белгилаш тўғрисидаги ҳужжатлар доимо Тақсимлаш тизими операторининг оператив ходимлари ва фойдаланувчига фойдаланиш учун мавжуд ҳолатда бўлиши таъминланади.

167. Тақсимлаш тизими оператори активларни белгилаш тўғрисидаги ҳужжатларни тайёрлаш ва ундан фойдаланиш тартибини белгилайди.

168. Фойдаланувчи Тақсимлаш тизими операторига уланиш ёки мавжуд уланишни ўзгартириш шартномасида кўрсатилган жадвалга мувофиқ активларни белгилаш тўғрисидаги ҳужжатни тайёрлашга имкон берадиган маълумотларни тақдим этишга мажбурдир.

169. Тақсимлаш тизими оператори уланиш нуқтаси учун активларни белгилаш тўғрисидаги ҳужжатни уланиш санасидан камида икки ҳафта олдин тайёрлайди.

170. Уланиш нуқтасидаги ускунанинг активларни белгилаш тўғрисидаги ҳужжати Тақсимлаш тизими оператори ва Фойдаланувчи томондан чиқувчи тармоқлар ёки кабеллар тафсилотларини ўз ичига олади.

171. Активларни белгилаш тўғрисидаги ҳужжатнинг ҳар бир саҳифасида сана ва ҳужжат рақами кўрсатилади.

172. Активларни белгилаш тўғрисидаги ҳужжатни имзолашдан олдин, Тақсимлаш тизими оператори ўзгартиришлар киритиш ёки унинг тўғрилигини тасдиқлаш учун Фойдаланувчига активларни белгилаш тўғрисида тайёрланган ҳужжатнинг нусхасини юборади.

173. Имзолангандан сўнг, лекин уланиш санасидан камида икки ҳафта олдин, Тақсимлаш тизими оператори Фойдаланувчига ҳужжатнинг санаси ва рақами ҳамда кучга кириш санасини кўрсатилган хабарнома билан икки нусхада активларни белгилаш тўғрисидаги ҳужжатни тақдим этади.

174. Фойдаланувчи активларни белгилаш тўғрисидаги ҳужжатга ўзгартиришлар киритиш кераклигини аниқласа, у Тақсимлаш тизими операторини хабардор қилади.

Тақсимлаш тизими оператори қайта кўриб чиқилган активларни белгилаш тўғрисидаги ҳужжатни шакллантиради.

175. Тақсимлаш тизими оператори ёки Фойдаланувчи активларни белгилаш тўғрисидаги ҳужжатни авария ҳолатини акс эттириш учун ўзгартириш лозим деб топса, Тақсимлаш тизими оператори ёки Фойдаланувчи шароитга кўра дарҳол иккинчи томонни хабардор қилади.

Тақсимлаш тизими оператори ёки Фойдаланувчи активларни белгилаш тўғрисидаги ҳужжатга киритилиши лозим бўлган ўзгаришларни муҳокама қилиш ва ўзгариш вақтинчалик ёки доимий характерга эга эканлиги тўғрисида қарор қабул қилиш мақсадида муҳокама ўтказиши мумкин.

Тақсимлаш тизими оператори ва Фойдаланувчи ўртасидаги муҳокамадан сўнг етти кун ичида Тақсимлаш тизими оператори Фойдаланувчига қайта кўриб чиқилган активларни белгилаш тўғрисидаги ҳужжатни тақдим этади.

7-боб. Электр схемаларига талаблар

176. Тақсимлаш тизими оператори ҳар қандай уланиш нуқтаси учун электр схемаларини тайёрлаш тартиби ва форматини белгилайди.

177. Фойдаланувчи Тақсимлаш тизими операторига уланиш ёки мавжуд уланишни ўзгартириш шартномасида белгиланган жадвалга мувофиқ Фойдаланувчи томонидаги уланиш нуқтасидан бошлаб барча ускуналарнинг электр схемасини тайёрлаш ва тақдим этиш мажбуриятини олади.

178. Тақсимлаш тизими оператори Фойдаланувчига уланиш ёки мавжуд уланишни ўзгартириш шартномасида белгиланган жадвалга мувофиқ уланиш нуқтасидан ўзи томонидаги барча ускуналарнинг электр схемаларини тақдим этишга мажбурдир.

179. Уланиш нуқтаси Фойдаланувчининг ҳудудида жойлашган бўлса, Фойдаланувчи уланиш нуқтасининг ҳар икки томонини бириктирувчи (ташкил этувчи) электр схемасини тайёрлайди ва тақдим этади.

180. Электр схемалари схемани бириктирувчи ва жойлашув нуқталари, ускуналарнинг номланиши ҳамда техник тавсифлари, шунингдек, уланиш нуқтасидаги тегишли ускуна ва қурилмалар ҳақида аниқ маълумотлардан иборат бўлиши керак.

181. Имкониятга кўра, уланиш нуқтасидаги барча ускуналар битта электр схемасида кўрсатилади.

Биттадан ортиқ электр схемаси зарур бўлса, бир хил маълумотларнинг такрорланиши минимумга келтирилади. Электр схемалари ускунанинг жисмоний жойлашуви ва электр уланишларини имкон қадар аниқ кўрсатиб бериши шарт.

182. Электр схемалари объект жойлашуви ва ускуналарнинг белгиларидан (идентификацияси) фойдаланган ҳолда тузилади. Ускуналарнинг жорий ҳолати схемада кўрсатилади.

183. Электр схемасининг сарлавҳали ёзуви масъул шахсларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, шунингдек, таҳрирлар, саналар ва имзолар ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олади.

184. Тақсимлаш тизими оператори ёки Фойдаланувчи янги ускунани қўшишга ёки мавжуд ускунанинг идентификацияни ўзгартиришга қарор қилса, Тақсимлаш тизими оператори ёки Фойдаланувчи ўзгартиришдан камида бир ой олдин бошқа томонга қайта кўриб чиқилган электр схемасини таклиф этилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар билан тақдим этади.

185. Ўзгартириш мавжуд ускунани алмаштиришни назарда тутса, қайта кўриб чиқилган электр схемаси мавжуд уланишни ўзгартириш шартномасида кўрсатилган жадвалга мувофиқ бошқа томонга тақдим этилиши шарт.

186. Таркибий электр схемасининг аниқлиги билан боғлиқ низо юзага келса, низони ҳал этиш учун имкон қадар қисқа муддатда Тақсимлаш тизими оператори ва Фойдаланувчи ўртасида муҳокама ўтказилади ва мақбул ечим қабул қилинади.

8-боб. Уланиш нуқталари чизмаларига талаблар

187. Тақсимлаш тизими оператори ҳар қандай уланиш нуқтаси учун уланиш нуқтаси чизмасини тайёрлашда риоя этилиш зарар бўлган тартиб ва талабни белгилайди.

188. Фойдаланувчи уланиш ёки мавжуд уланишни ўзгартириш шартномасида белгиланган жадвалга мувофиқ Фойдаланувчи томонидаги уланиш нуқтаси чизмасини тайёрлаш ва Тақсимлаш тизими операторига тақдим этиш мажбуриятини олади.

189. Тақсимлаш тизими оператори Фойдаланувчига уланиш ёки мавжуд уланиш ўзгартириш шартномасида белгиланган жадвалга мувофиқ Тақсимлаш тизими оператори тарафидаги уланиш нуқтасининг чизмасини тақдим этиши шарт.

190. Уланиш нуқтаси Фойдаланувчининг ҳудудида жойлашган бўлса, Фойдаланувчи уланиш нуқтасининг ҳар икки томонининг таркибий чизмасини тайёрлайди ва тақдим этади.

191. Уланиш нуқтасининг чизмаси уланиш бирикмалари ва жойлашув нуқталари, ускуналарнинг номланиши ҳамда техник тавсифлари, шунингдек, уланиш нуқтасидаги тегишли ускуна ва қурилмалар ҳақида аниқ маълумотлардан иборат бўлади.

192. Уланиш нуқтаси чизмасида ускунанинг жойлашиши, умумий ҳимоя тизимини, шунингдек, бошқарув ва ёрдамчи қурилмалар кўрсатиб берилади.

Уланиш нуқтаси чизмаси ускунанинг жисмоний жойлашуви ва уланишларини имкон қадар аниқ кўрсатиб бериши шарт.

193. Уланиш нуқтасининг чизмаси объект жойлашуви ва ускуналарнинг белгиларидан (идентификацияси) фойдаланган ҳолда тузилади ҳамда бунда ускунанинг жорий ҳолати кўрсатилади.

194. Уланиш нуқтаси чизмасининг сарлавҳали ёзуви масъул шахсларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, шунингдек, таҳрирлар, саналар ва имзолар ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олади.

195. Тақсимлаш тизими оператори ёки Фойдаланувчи янги ускунани қўшишга ёки мавжуд ускунанинг идентификацияни ўзгартиришга қарор қилса, Тақсимлаш тизими оператори ёки Фойдаланувчи таклиф этилган вақтдан камида бир ой олдин бошқа томонга қайта кўриб чиқилган уланиш нуқтаси чизмасини таклиф этилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар билан тақдим этилади.

196. Ўзгартириш мавжуд ускунани алмаштиришни назарда тутса, қайта кўриб чиқилган уланиш нуқтаси чизмаси мавжуд уланишни ўзгартириш шартномасида кўрсатилган жадвалга мувофиқ бошқа томонга тақдим этилиши шарт.

197. Қайта кўриб чиқилган уланиш нуқтаси чизмаси янги ускуналарни қўшиш, мавжуд ускуналарни алмаштириш ёки ускунанинг идентификациясини ўзгартиришни ўз ичига олади.

198. Тақсимлаш тизими оператори ва Фойдаланувчи буларни ёзма равишда амалга оширишга келишса, уланиш ёки мавжуд уланишни ўзгартириш шартномасида белгиланган жадвалга мувофиқ келишилган ўзгаришларни акс эттириш учун уланиш нуқтаси чизмаларининг тегишли нусхаларига ўзгартиришлар киритади.

199. Тақсимлаш тизими оператори ва Фойдаланувчи томонидан тайёрланган уланиш нуқтасининг тўлиқ чизмаси уланиш нуқтаси билан боғлиқ бўлган барча эксплуатация ва режалаштириш жараёнлари учун фойдаланилади.

200. Уланиш нуқтаси таркибий чизмаси аниқлиги билан боғлиқ низо юзага келса, низони ҳал қилиш учун имкон қадар қисқа муддатда Тақсимлаш тизими оператори ва Фойдаланувчи ўртасида муҳокама ўтказилади.

9-боб. Тақсимлаш тизимида маълумот алмашиш ва уларни рўйхатга олиш

201. Фойдаланувчи Тақсимлаш тизими операторига тақдим этадиган уланиш нуқтаси ва хусусиятларига оид маълумотлар қуйидаги маълумотлар тоифаларига кўра рўйхатга олинади:

Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларида кўрсатиб ўтилган прогноз маълумотлари;

ускуна маълумотлари;

ускунанинг рўйхатга олинган маълумотлари.

202. Прогноз маълумотлари, Фойдаланувчининг келгуси беш йил учун жами истеъмол ва актив энергия истеъмолини ҳисобга олган ҳолдаги аниқ прогнозини кўрсатиб беради.

203. Ускуна маълумотлари Фойдаланувчининг келгуси беш йил учун ускунанинг параметр қийматлари ва ускуна маълумотларининг энг аниқ баҳосини ўз ичига олади.

204. Фойдаланувчи томонидан Тақсимлаш тизими операторига тақдим этиладиган ускунанинг рўйхатга олиш маълумотлари тасдиқланган ҳақиқий параметр қийматларини ва уланиш санасидаги ускуна тўғрисидаги маълумотлардан ташкил топади.

Рўйхатга олинган ускуна маълумотлари уланишдан кейинги режалаштирилган лойиҳа маълумотларини (дастлабки режалаштириш лойиҳа маълумотлари ва рўйхатга олинган режалаштириш лойиҳа маълумотлари), ускуна тўғрисида ва ўрнатилган параметр қийматлари тўғрисидаги маълумотлардан иборат бўлади.

205. Уланиш ёки мавжуд уланишни ўзгартириш учун ариза берган Фойдаланувчи томонидан тақдим этилган уланиш нуқтаси ва янги Фойдаланувчи билан боғлиқ маълумотлар уч босқичда рўйхатга олинади ва мос равишда қуйидагича таснифланади:

дастлабки режалаштириш маълумотлари;

рўйхатга олинган режалаштириш маълумотлари;

уланишдан кейинги режалаштириш маълумотлари;

206. Уланиш ёки мавжуд уланишни ўзгартириш учун ариза бериш вақтида тақдим этилган маълумотлар дастлабки режалаштириш маълумотлари ҳисобланади.

Уланиш ёки мавжуд уланиш шартномасини ўзгартиришда кўрсатилган жадвалдан олдинроқ ушбу маълумотлар талаб қилинса, у ҳолда ушбу маълумотлар режалаштириш маълумотлари ва батафсил режалаштириш маълумотларини ўз ичига олади.

207. Уланиш ёки мавжуд уланишни ўзгартириш шартномаси имзоланганидан сўнг, дастлабки режалаштириш маълумотлари тақсимлаш тизимини ривожлантириш режасини тайёрлаш ва тақсимлаш тизимга уланишга буюртмаларни баҳолаш учун фойдаланиладиган рўйхатга олинган режалаштириш маълумотлари сифатида қабул қилинади.

208. Ускунанинг ҳисобланган маълумотлари уланишдан кейинги режалаштириш маълумотлари сифатида қабул қилинганидан сўнг, текширилиши, янгиланиши ва уланиш вақтида тасдиқланган ҳақиқий параметр қийматлари ва ускуна маълумотлари билан алмаштирилиши керак.

209. Тақсимлаш тизими оператори уланиш ёки мавжуд уланишни ўзгартириш буюртмасига мувофиқ зарур барча маълумотларни тақдим этиш тартибини ишлаб чиқади ва ўз расмий веб-сайтида эълон қилади.

IV бўлим. Тақсимлаш тизимини режалаштириш

1-боб. Тақсимлаш тизимини режалаштириш тартиби

1-§. Тақсимлаш тизимини режалаштириш бўйича мажбуриятлар

210. Тақсимлаш тизимини режалаштиришда Тақсимлаш тизими оператори қуйидагиларга жавобгар ҳисобланади:

янги объектлар уланишини тақсимлаш тизими ва унинг Фойдаланувчиларига таъсирини таҳлил қилиш, жумладан, генерацияловчи модуллар, истеъмолчилар, тақсимлаш электр тармоқлари ёки подстанциялар;

прогнозлаштирилган истеъмол талабини қондириш ва янги генерацияловчи модулларни улашни таъминлаш учун тақсимлаш тизимини кенгайтиришни режалаштириш;

тақсимлаш тизимидаги электр энергияси сифат кўрсаткичлари, йўқотишлар ва тизимнинг ишончлилиги билан боғлиқ муаммоларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш.

211. Фойдаланувчилар, шу жумладан тақсимлаш тизимига уланган ишлаб чиқарувчилар режалаштириш маълумотларини тақдим этадилар ва режалаштириш жараёнида Тақсимлаш тизими оператори билан ҳамкорлик қиладилар.

2-§. Режалаштириш маълумотларини тақдим этиш

212. Тақсимлаш тизимига уланиш ёки мавжуд уланишни ўзгартириш учун мурожаат қилган Фойдаланувчи уланишда талаб этиладиган ҳамда тегишли режалаштириш ва батафсил режалаштириш маълумотларини тақдим этади.

213. Фойдаланувчи ҳар йили 1 июнига қадар Тақсимлаш тизими операторига:

ўтган йил учун тегишли режалаштириш маълумотларини ва унинг ижросини;

кейинги беш йил учун прогноз қилинаётган режалаштириш маълумотларини тақдим этиш мажбуриятини олади.

Ушбу маълумотлар янгиланган режалаштириш ва батафсил режалаштириш маълумотларини ўз ичига олиши керак.

214. Режалаштириш маълумотлари Тақсимлаш тизими операторига Фойдаланувчининг ривожланишини (кенгайишини) тақсимлаш тизимига кўрсатадиган таъсирини баҳолаш учун зарур бўлган маълумотлардан иборат бўлиши керак.

215. Тақсимлаш тизимини режалаштиришда янада аниқроқ тадқиқотларни ўтказиш мақсадида батафсил режалаштириш маълумотлари талаб этилади. Ушбу батафсил режалаштириш маълумотлари зарур бўлган қўшимча маълумотларни ўз ичига олади.

Ушбу маълумотлар бевосита тақсимлаш тизимига уланган ёки унга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган занжирлар, коммутация қурилмалари уларнинг ва ҳимоя тизимлари параметрларидан ташкил топади.

Маълумотлар Тақсимлаш тизими оператори учун уланиш нуқталари билан боғлиқ ҳар қандай таъсирларни баҳолаш учун етарли бўлиши шарт.

216. Ускунанинг қайд этилган маълумотлари тасдиқланган ҳақиқий параметр қийматлари ва Фойдаланувчи ускунаси ҳақидаги тўлиқ маълумотларни ўз ичига олиши керак ва ушбу маълумотлар уланиш вақтида Фойдаланувчи томонидан Тақсимлаш тизими операторига лойиҳавий маълумотларнинг бир қисми сифатида тақдим этилади.

217. Режалаштириш маълумотларидаги ҳар қандай ўзгаришлар Фойдаланувчи томонидан бир иш куни ичида Тақсимлаш тизими операторини ушбу ўзгариш ҳақида хабардор қилиниши шарт. Хабарномада ўзгартириш амалга ошириладиган ёки вазиятдан келиб чиқиб ўзгартирилиши кутилаётган вақт ва сана кўрсатилади.

Ўзгартириш вақтинчалик бўлса, хабарномада кўрсаткичлар аввал қайд этилган қийматга қайтиши кутилаётган вақт ва сана ҳам кўрсатиб ўтилади.

3-§. Таклиф этилаётган уланишни баҳолаш

218. Тақсимлаш тизими оператори Фойдаланувчи томонидан таклиф этилаётган янги уланиш ёки унинг уланишни ўзгартириш ва (ёки) ривожлантиришни тақсимлаш тизимига ва унинг бошқа Фойдаланувчилари тизимларига таъсирини баҳолаш бўйича тадқиқот ўтказади.

Тақсимлаш тизимига таъсирни ўрганиш натижалари тўғрисида Фойдаланувчини хабардор қилиш шарт.

219. Тақсимлаш тизими оператори, шунингдек, Фойдаланувчи тизимига таъсир қилиши мумкин бўлган тақсимлаш тизимидаги ҳар қандай режалаштирилган ўзгаришлар ҳақида хабар бериб боради.

4-§.Тақсимлаш тизимини ривожлантириш режасини тайёрлаш

220. Тақсимлаш тизими оператори Фойдаланувчилар томонидан тақдим этилган режалаштириш маълумотларини умумлаштиради ва улардан фойдаланган ҳолда тақсимлаш тизимини ривожлантириш режасини ишлаб чиқади.

221. Тақсимлаш тизими оператори тақсимлаш тизимини ривожлантириш режасининг янгиланган нашрини Узатиш тизими оператори ва Энергетика вазирлигига тақдим этиб боради.

Тақсимлаш тизимининг ривожлантириш режасининг нусхаси Энергетика бозори регуляторига ҳам киритиб борилади.

222. Тақсимлаш тизимини ривожлантириш режаси қуйидагиларни ўз ичига олади:

Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларида кўрсатиб ўтилган прогноз маълумотлари;

Магистрал электр тармоқларидан фойдаланиш қоидаларида талаб этилган режалаштириш маълумотларини;

узатиш тизимидан қуйида (тақсимлаш тизимида) қувват ўтказувчанликни ошириш;

тақсимлаш тармоқларининг (фидерларнинг) жойлашуви ва техник тавсифлари;

реактив қувват компенсация қилиш режаси;

тақсимлаш тизимини мустаҳкамлаш бўйича бошқа режалар;

тақсимлаш тизимини ривожлантириш режасининг техник ва иқтисодий таҳлили.

223. Фойдаланувчи Тақсимлаш тизими оператори томонидан тайёрланган ривожлантириш режаси унинг режалари ва таклифларини тўлиқ акс эттирмаган деб ҳисобласа, у бу тўғрисида Тақсимлаш тизими операторига уч иш кунида хабар бериши керак.

2-боб. Тақсимлаш тизимини режалаштириш тадқиқоти

224. Тақсимлаш тизими оператори қуйидаги ҳолларда тақсимлаш тизимининг хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлаш мақсадида тақсимлаш тизимини режалаштириш учун тадқиқот (кейинги ўринларда — тадқиқот) ўтказади:

ҳар йили Энергетика вазирлигига тақдим этиладиган Тақсимлаш тизимини ривожлантириш дастурини тайёрлаш;

тақсимлаш тизимини ривожлантириш лойиҳаларини баҳолаш;

уланиш ёки мавжуд уланишни ўзгартириш тўғрисидаги аризага мувофиқ Фойдаланувчи томонидан тақдим этилган ҳар қандай таклифни баҳолаш.

225. Тақсимлаш тизимини режалаштириш бўйича тадқиқотлар тақсимлаш тизимига ёки Фойдаланувчи тизимидаги ҳар қандай ускунанинг, Фойдаланувчи истеъмолнинг ўзгаришидаги таъсирни баҳолаш учун ҳамда тақсимлаш тизимида ёки фойдалануви тизимидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур чораларни кўриш учун ўтказилади.

226. Тадқиқотларни ўтказишда ушбу бобда баён этилган техник тадқиқотлар ҳамда режалаштириш ва батафсил режалаштириш маълумотларидан фойдаланилади.

227. Тақсимлаш тизими оператори қуйидагиларни ўз ичига олган тақсимлаш тизимини режалаштириш таҳлилини ўтказиши лозим:

фидерларни ривожланишининг оптимал схемаларини аниқлаш;

реактив қувват компенсациясининг оптимал дастурларини ишлаб чиқиш;

тақсимловчи фидерларни бошқариш воситалари ва фидерларнинг мақбул конфигурацияларини ишлаб чиқиш;

тақсимловчи подстанциялар эҳтиёж, уларни қуришнинг мақбул жойлашуви ва ҳажми.

228. Тадқиқотлар ҳаётий жараёнларни баҳолаш усулларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши лозим, бунда фойдаланиладиган капитал қиймат ва дисконт ставкалар Энергетика бозори регулятори томонидан белгиланади.

229. Кучланишнинг қисқа вақтли пасайишини ўрганиш, мавжуд тақсимлаш тизимининг режалаштирилган истеъмоли ва ҳар қандай режалаштирилган кенгайтириш, мустаҳкамлаш ёки ривожлантириш учун уланиш нуқталарида кучланишни аниқлаш мақсадида ўтказилади.

230. Янги генерацияловчи модулларни, истеъмолчиларни ёки берк тақсимлаш тармоқларини улашнинг таъсирини баҳолаш учун кучланишнинг қисқа вақтли пасайиши бўйича тадқиқотлар ўтказилади.

231. Қисқа туташувларни ўрганиш, тақсимлаш тизими ускуналарига юкламани оширадиган янги электр станциялари ва бошқа объектларни қўшиш натижасида тақсимлаш тизими ускуналарига таъсирни баҳолаш учун ўтказилади.

Ушбу тадқиқотлар қисқа туташув токи чегарасидан ошиб кетиши натижасида шикастланиши мумкин бўлган ускунани аниқлаб беради.

232. Уч фазали қисқа туташув ўрганишлари тақсимлаш тизимининг барча тугунлари учун тармоқда электр энергияси ишлаб чиқаришнинг максимал ва минимал сценарийлари ва тақсимлаш тизими занжирининг турли конфигурациялари учун ўтказилади.

Ерга якка туташувни ўрганиш тақсимлаш тизимининг шикастланишга мойил тугунлари учун амалга оширилиши керак. Ушбу ўрганишлар давомида тақсимлаш тизими ускуналари эксплуатация давомида ҳар қандай оғир шароитга чидамлиги аниқланади.

233. Тақсимлаш тизими оператори ва Фойдаланувчи уланиш нуқтасида фавқулодда авария таъминоти даражалари юзасидан маълумот алмашади. Маълумот алмашинуви қуйидагиларни ўз ичига олади:

уч фазали туташув ва ерга туташувнинг максимал ва минимал токлари;

қисқа туташув шароитида қаршилик коэффициенти;

ўзаро боғланган тизимлар бўлган тақдирда, қисқа туташувларни ҳисоблаш учун мақбул эквивалент тармоқни моделлаштириш.

234. Мавжуд ускунада қисқа туташув токини камайтириш учун занжирларнинг муқобил конфигурациялари ўрганилиши мумкин.

Қисқа туташув токлари ускунанинг лойиҳа спецификациялари доирасида бўлса ва тавсия этилган тақсимлаш тизимининг конфигурацияси мослашувчан ва хавфсиз ишлаш учун мос бўлса, натижалар қониқарли деб ҳисобланади.

235. Тақсимлаш тизимидаги йўқотишларни таснифлаш ва миқдорини баҳолаш учун тақсимлаш тизимидаги йўқотишлар ўрганилади ҳамда таҳлил қилинади.

Фойдаланувчи тизими ва тақсимлаш тизимидаги ўзгаришларнинг тақсимлаш тизими ишининг самарадорлигига таъсирини аниқлаш учун йўқотишларни аниқлаш юзасидан ўрганишлар ўтказилиши талаб этилади.

236. Тақсимлаш тизимидаги истеъмолчиларнинг электр таъминотидаги узилишлар частотаси ва давомийлигини аниқлаш учун электр таъминоти ишончлилиги бўйича ўрганишлар ўтказилади.

237. Тақсимлаш тизимининг ишончлилик кўрсаткичлари электр таъминотидаги узилишлар ҳақидаги маълумотлар асосида аниқланади.

3-боб. Режалаштириш маълумотлари

1-§. Электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш прогнози

238. Фойдаланувчи кейинги беш йил учун ҳар бир уланиш нуқтасида ўзининг ишлаб чиқариш ва (ёки) истеъмол қилиш прогнозларини Тақсимлаш тизими операторига тақдим этади.

Бунда, биринчи йил учун прогноз маълумотлари ойлар кесимида, қолган тўрт йил учун фақат йиллик прогноз маълумотларини ўз ичига олади.

239. Фойдаланувчилар ўзлари электр энергияси ишлаб чиқарса (ўз генерацияловчи модулларига эга бўлса) ва истеъмол қилса, белгиланган давр учун прогноз маълумотларида жами (тўлиқ) истеъмол ва ишлаб чиқариш ҳажмларини ҳамда жами истеъмолдан ўзининг ишлаб чиқаришини чегириб ташлагандаги тармоқдан қабул қиладиган истеъмол ҳажмларини алоҳида кўрсатиши керак.

240. Тақсимлаш тизими оператори ва Фойдаланувчи истеъмолни прогноз қилишда қуйидаги омилларни ҳисобга олиши талаб этилади:

ўтган давр истеъмол маълумотлари;

истеъмол (талаб) тенденциялари;

муҳим ҳодисалар;

Фойдаланувчилар генерацияловчи модуллари маълумотлари;

истеъмол графиги ўзгариши, алмаштирилиши ёки вақти ўзгартирилиши (кундузги вақтдан тунги вақтга, тиғиз бўлмаган соатлардан тиғиз соатларга ўтказилиши ва ҳоказо);

қўшни тақсимлаш тизимлари билан ўзаро боғланишлар.

2-§. Генерацияловчи модуллар маълумотлари

241. Электр станцияси оператори (генерацияловчи модулларга эгалик қилувчилар) ўзининг генерацияловчи модулларига тегишли маълумотларни Тақсимлаш тизими операторига тақдим этади.

242. Анъанавий генерацияловчи модулларга эгалик қилувчилар қуйидаги маълумотларни тақдим этади:

генерацияловчи модулларнинг номинал қуввати (MVA ва MW);

номинал кучланиш (V);

генерацияловчи модулнинг тури ва унинг иш режимлари;

тўғри ўқ бўйича ўта ўтказувчан реактив қаршилик (фоиз);

генерацияловчи модулда кучайтирувчи трансформаторнинг номинал қуввати, кучланиши ва тўлиқ қаршилиги.

243. Шамол генераторлари учун қуйидаги маълумотлар тақдим этилади:

шамол электр станциясининг номи ва жойлашган жойи;

умумий ўрнатилган қуввати (MVA ва MW);

қайта тикланувчи энергия манбаларининг жами ўрнатилган қуввати(МУА ва MW);

шамол турбиналари сони ва бирлик ўлчамлари;

шамол турбиналарининг тури (белгиланган тезлик/ўзгарувчан тезлик);

шамол турбинасини ишлаб чиқарувчиси;

ҳар бир шамол турбинасининг номинал қуввати (kW);

тўлиқ номинал қувват (kVA);

номинал частотаси (Нz);

шамолнинг номинал тезлиги (m/s);

шамолнинг минимал тезлиги (m/s);

шамолнинг максимал тезлиги (m/s);

номинал кучланиш (V).

244. Қуёш фотоэлектр станциялари (панеллари) бўйича қуйидаги маълумотлар тақдим этилади:

фотоэлектр станциясининг номи ва жойлашган жойи;

умумий ўрнатилган қувват (kW);

панеллар сони;

инверторнинг номинал қуввати (kW);

инвертор модели;

қуёш панели технологияси;

фотоэлектр станцияси трансформаторига тегишли маълумотлар (трансформаторнинг ўзгартириш коэффициенти, қаршилиги, чулғамлар уланиши, алмашлаб улаш созламалари).

245. Генерацияловчи модуллар уланиш нуқтасида тақсимлаш тизимига алоҳида секцияларда ишлайдиган ёки ишлаши мумкин бўлган шиналар тизими орқали уланган бўлса, ҳар бир генерацияловчи модул ва (ёки) блок қайси шиналар тизимига (секцияга) уланганлиги кўрсатилиши керак.

3-§. Фойдаланувчи тизими маълумотлари

246. Паст кучланишли тармоқларга уланган Фойдаланувчилар Тақсимлаш тизими операторига уланган юклама қуввати ва максимал истеъмол бўйича маълумотларни тақдим этади.

247. Ўрта кучланишли тармоқларга уланган Фойдаланувчилар Тақсимлаш тизими операторига қуйидаги маълумотларни тақдим этади:

а) барча турдаги юкламалар:

уланган юклама, шу жумладан тури ва бошқарув механизмлари;

максимал истеъмол;

б) ўзгарувчан (тебранувчан) ва циклик юкламалар:

истеъмолнинг ўзгариш тезлиги;

алмашлаб улаш оралиғи;

энг катта қадам ўзгаришининг катталиги.

248. Фойдаланувчилар мазкур Қоидаларнинг 176 — 200-бандларида назарда тутилган, ўз тизимининг электр схемалари ва уланиш нуқтасининг чизмаларини тақдим этилиши шарт.

Схемалар ва чизмалар қуйидагиларнинг сони, номинал ва ишчи параметрларини кўрсатиб бериши керак:

ускуналар (генерацияловчи модул, куч трансформатори ва ўчиргичлар);

электр узатиш тармоқлари (ҳаво ёки кабел);

подстанция шинаси қурилмаси ва схемаси;

ерга улаш қурилмаси ва схемаси;

тақсимлаш қурилмаси.

249. Фойдаланувчи подстанциясидан тақсимлаш тизимидаги уланиш нуқтасигача ҳаво тармоқлари ва (ёки) ер ости кабелларининг қуйидаги параметрларининг тақдим этади:

номинал ва ишчи кучланиш (V);

тўғри кетма-кетликдаги қаршилик ва реактив қаршилик (Ω);

тўғри кетма-кетликдаги параллель реактив ўтказувчанлик;

ноль кетма-кетликдаги қаршилик ва реактив қаршилик (Ω);

ноль кетма-кетликдаги реактив ўтказувчанлик.

250. Фойдаланувчи тизими тақсимлаш тизимига трансформатор орқали уланган бўлса, куч трансформаторлари учун қуйидаги маълумотлар тақдим этилади:

номинал қуввати (MVA);

номинал кучланиши (V);

чулғам уланиши;

тўғри кетма-кетликдаги қаршилик ва реактив қаршилик;

уч ўзакли трансформатор учун нол кетма-кетликдаги реактив қувват;

кучланишни ростлаш мосламалари диапазони, қадам ўлчами ва тури (юклама остида ёки юкламасиз);

чақмоқ импульсларининг асосий изоляцияси даражаси (kV).

251. Фойдаланувчи тақсимлаш қурилмаси бўйича қуйидаги маълумотларни, жумладан фойдаланувчи подстанцияси ва уланиш нуқтасидаги ажраткичлар ва юкламани ўчиргичлар, автоматик ўчиргичлар тўғрисида маълумотларни тақдим этади:

номинал кучланиш (V);

номинал ток (А);

номинал носимметрик ўрта квадратик қисқа туташув токи (kA);

чақмоқ импульсларининг асосий изоляцияси даражаси (kV).

252. Фойдаланувчи ўзининг объектларидаги ерга улаш тизими бўйича батафсил маълумотлар (ерга уланиш ускунасининг номинал қуввати ва тўлиқ қаршилиги)ни тақдим этади.

253. Фойдаланувчи уланиш нуқтасида ва Фойдаланувчи подстанциясида мустақил бошқариладиган (ўз-ўзидан уланадиган) реактив қувват компенсацияси ускунаси тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади. Ушбу маълумотлар қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

номинал қувват (MVAr);

номинал кучланиш (V);

компенсация ускунаси тури (шунтловчи реактори, шунтловчи конденсатор, реактив қувват статик компенсатори);

эксплуатация қилиш ва бошқариш тафсилотлари.

254. Фойдаланувчи истеъмолининг асосий қисми муқобил уланиш нуқтасидан таъминланиши мумкин бўлса, истеъмолни алмашлаб улаш имконияти тўғрисида тегишли маълумот Фойдаланувчи томонидан тақдим этилади, жумладан:

муқобил уланиш нуқтаси;

муқобил уланиш нуқтасидаги одатий (нормал) истеъмол;

муқобил уланиш нуқтасида ёки алмашлаб улаш мумкин бўлган истеъмол;

алмашлаб улашни бошқариш механизмлари (қўлда ёки автоматик), шу жумладан узилишлар ва режалаштирилган техник хизмат кўрсатиш вақтида узатишни амалга ошириш учун зарур бўлган вақт.

255. Фойдаланувчи генерацияловчи модул ва (ёки) юқори қувватли двигателларга эга бўлса, у уланиш нуқтасидаги қисқа туташув токи тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши керак. Қисқа туташув токи техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ ҳисобланади.

4-боб. Батафсил режалаштириш маълумотлари

1-§. Ишлаб чиқарувчилар томонидан тақдим этиладиган батафсил маълумотлар

256. Ўрта қувватли генерацияловчи модул учун қуйидаги қўшимча маълумотлар тақдим этилади:

номинал қувват (MVA)

номинал частота (Нz);

номинал кучланиш (kV);

қувват коэффициенти;

тўғри кетма-кетликдаги реактив қаршилик;

тўғри кетма-кетликдаги қаршилик (максимал, минимал ва номинал);

нол кетма-кетликдаги реактив қаршилик;

кучланишни ростлаш диапазони;

кучланишни ростлашнинг қадам ўлчами;

кучланишни ростлаш тури: юклама остида ёки юкламасиз.

257. Ўрта қувватли анъанавий генерацияловчи модул учун қуйидаги қўшимча маълумотлар тақдим этилади:

ҳар ойлик амалдаги қувват (MW);

генерацияловчи модулларнинг буюртма қилинган қувватидан юқори ҳақиқий қўшимча қуввати (MW);

минимал барқарор юклама (MW);

реактив қувват эгри чизиғи;

статор якорининг қаршилиги;

тўғри ўқнинг синхрон, ўткинчи ва ўта ўткинчи реактив қаршилиги;

кўндаланг ўқнинг синхрон, ўткинчи ва ўта ўткинчи реактив қаршилиги;

тўғри ўқнинг ўткинчи ва ўта ўткинчи вақт константалари;

кўндаланг ўқнинг ўткинчи ва ўта ўткинчи вақт константалари;

турбиналар ва генератор қурилмаларининг инерция константаси;

клеммалардаги номинал қўзғатиш токи (А);

қисқа туташув ва очиқ занжирнинг ўзига хос эгри чизиқлари.

258. Ўрта қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича қуйидаги қўшимча маълумотлар тақдим этилади:

шамол станциясининг динамик модели;

реактив қувват компенсацияси, жумладан, қувват коэффициентининг ишчи диапазонида реактив қувват компенсация ҳақида батафсил маълумот;

трансформаторга тегишли маълумотлар (қаршилик, ўзгартириш коэффициенти, чулғамнинг уланиши, кучланишни ростлаш созламалари).

259. Анъанавий оралиқ иситилмайдиган буғ, газ турбиналари, геотермал ва гидроэлектростанциялар учун куйидаги тезлик кўрсаткичлари тақдим этилади:

ростлагичнинг ўртача кучайтирилиши;

тезлик двигателининг созлаш диапазони;

тезлик пасайиши эгри чизиғининг характеристикаси;

буғ, ёнилғини ёки сув босими инерциясини ростлаш вақти константаси;

ростлаш клапанининг очилиш чегаралари;

ростлаш клапанининг тезлиги чегаралари;

турбинанинг вақт константаси.

260. Ҳар бир генерацияловчи модулнинг ҳаракатчанлиги (маневрлик) даражасини белгиловчи қуйидаги маълумотлар тақдим этилади:

дам олиш кунлари ўчирилганидан кейинги ишга тушириш тезлиги;

тунда тўхтатилгандан кейин ишга тушириш тезлиги;

синхронизациядан сўнгги блок-юклама;

номинал қувват (MW) дан юкламани пасайтириш тезлиги;

ростлаш диапазони;

синхронлашган ва электр энергиясини етказиб бериш имкониятини сақлаган ҳолда юкламани оғиш қобилияти.

261. Электр станцияси ёки генерацияловчи модулнинг ўз эҳтиёжи учун истеъмоли, шунингдек, ўз эҳтиёжи учун тармоқдан сотиб олинадиган электр энергияси ҳажми тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилиши керак.

2-§. Фойдаланувчи томонидан тақдим этиладиган батафсил режалаштириш маълумотлари

262. Тақсимлаш тизимига уланган истеъмолчилар (маиший истеъмолчилар бундан мустасно) Тақсимлаш тизими операторига юкламага тегишли қуйидаги характеристикаларни тақдим этади:

чўққи (ўта юқори) юклама шароитида ҳар бир фазадаги максимал истеъмол;

кучланиш номутаносиблиги (носимметрияси);

гармоник ташкил этувчи.

263. Тақсимлаш тизими оператори ва Фойдаланувчи тақсимлаш тизими ёки Фойдаланувчи тизимидаги ўткинчи ўта кучланишлар самарадорлигини баҳолаш учун зарур бўлган маълумотларни, жумладан тизимларнинг физик ва электр схемалари, параметрлари, тавсифлари ва ҳимоясига тегишли батафсил маълумотлар билан ўзаро алмашишади.

V бўлим. Тақсимлаш тизимини эксплуатация қилиш

1-боб. Эксплуатация қилишнинг умумий шартлари ва томонларнинг эксплуатация мажбуриятлари

1-§. Эксплуатация қилишнинг мақсадли йўналишлари

264. Тақсимлаш тизимини эксплуатация қилишнинг мақсадли йўналишлари қуйидагилар:

Тақсимлаш тизими оператори ва тақсимлаш тизимининг барча Фойдаланувчиларининг эксплуатация қилиш бўйича мажбуриятларини тақсимлаш;

Тақсимлаш тизими операторлари ўртасида ўзаро ёрдам, ускуналар ва захиралардан биргаликда фойдаланиш, шунингдек, биргаликда харид қилиш бўйича оператив механизмларни белгилаш;

Тақсимлаш тизими оператори, таъминотчилар ва Фойдаланувчилар ўртасида юбориладиган хабарномалар ва алоқага воситаларига қўйиладиган талабларни белгилаш;

тақсимлаш тизими объектлари ва ускуналарга техник хизмат кўрсатиш дастурларини ишлаб чиқиш;

тақсимлаш тизимида частотасини назорат қилиш учун қўлланиладиган истеъмолни бошқариш ва кучланишни назорат қилиш учун ишлатиладиган усулларни белгилаш;

фавқулодда вазиятларда Тақсимлаш тизими оператори ва Фойдаланувчилар томонидан амалга оширилиши керак бўлган ҳаракатлар тартибини белгилаш;

тақсимлаш тизими ёки Фойдаланувчи тизимида ишларни бажариш ва синовлар ўтказиш жараёнида хавфсизлик чораларини белгилаш ҳамда уларни мувофиқлаштириш ва бекор қилиш тартибларини ўрнатиш;

тақсимлаш ва Фойдаланувчи тизимига етказиб бериладиган электр энергияси сифатини синовдан ўтказиш ва назорат қилиш тартибларини белгилаш;

тақсимлаш ёки фойдаланувчи тизимига таъсир кўрсатиши мумкин фавқулодда ёки ғайри оддий шароитларни моделлаштириш ва назорат остида қўллашни ўз ичига олган тизим синовларини ўтказиш тартиб-тамойилларини белгилаш;

генерацияловчи модулнинг рўйхатдан ўтган параметрларига ва қўшимча хизматларни кўрсатиш қобилиятига мос келишини текшириш учун амалга оширилиши керак бўлган синовлар ва тартибларни белгилаш;

уланиш нуқтасида қурилмаларни (ускуналарни) идентификациялаш талабларини белгилаш.

2-§. Тақсимлаш тизими операторининг эксплуатация бўйича мажбуриятлари ва жавобгарлиги

265. Тақсимлаш тизими оператори мазкур Қоидаларнинг III бўлим 2-боби талабларига биноан тақсимлаш тизимини барқарор шароитларда эксплуатация қилиш ва электр энергияси сифат кўрсаткичларини таъминлаш, шунингдек, электр энергияси сифат кўрсаткичлари билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш мажбуриятини олади.

266. Тақсимлаш тизими оператори ўз қурилмалари (ускуналари) ва объектига техник хизмат кўрсатиш учун тақсимлаш тизимига техник хизмат кўрсатиш дастурини тайёрлаш ҳамда унинг ижроси учун масъулдир.

267. Тақсимлаш тизими оператори эксплуатация талаблари бўйича қуйидагилар учун жавобгардир:

ўзининг барча тақсимлаш ускуналарини (қурилмаларини) ишончли ишлашини таъминлаш ва уларга хизмат кўрсатиш ҳамда Фойдаланувчиларга узлуксиз сифатли электр энергиясини етказиб бериш;

носозликлар кузатилган ускуналар ва объектларни ўз вақтида ўчирилишини таъминловчи тақсимлаш тизими ҳимоясини лойиҳалаштириш, ўрнатиш ва уларга хизмат кўрсатиш;

хавфсиз ва тежамкор тақсимлаш ишчи тартиб-қоидаларга доимий риоя этилишини таъминлаш;

Тизим оператори билан келишилган мақсадларга эришиш учун зарур вақтларда юкламани автоматик равишда ростлаш схемасига хизмат кўрсатиш.

3-§. Фойдаланувчиларнинг эксплуатация бўйича мажбуриятлари ва жавобгарлиги

268. Фойдаланувчилар тақсимлаш тизимидаги барқарор иш режимларида электр энергияси сифат кўрсаткичларини сақлаш бўйича Тақсимлаш тизими операторига ёрдам берадилар. Бунда ўзларининг ускуналарида (қурилмалари) электр энергияси сифат кўрсаткичларини бузилишига олиб келадиган ҳолатларни олдини олиш ва (ёки) зудлик билан шундай ҳолатларни бартараф этиш учун жавобгардирлар.

269. Фойдаланувчи ўз тизимининг (қурилмалари) тақсимлаш тизими иш режимларини бузишига, носозликларни келтириб чиқармаслиги ва салбий оқибатларга олиб келмаслигини таъминлаш мажбуриятини олади.

Фойдаланувчи ўзининг тизими томонидан тақсимлаш тизимига етказилган ҳар қандай зарарни бартараф этиш учун барча зарур чораларни кўриш учун жавобгар ҳисобланади.

270. Фойдаланувчи фавқулодда ёки авария вазиятларида Тақсимлаш тизими операторининг барча кўрсатмаларига риоя этиши шарт.

4-§. Электр энергиясини ишлаб чиқарувчиларнинг эксплуатация бўйича мажбуриятлари ва жавобгарлиги

271. Тақсимлаш тизимига уланган электр энергиясини ишлаб чиқарувчилар Магистрал электр тармоқларидан фойдаланиш қоидалари ва Электр станциялари ва тармоқларини техник эксплуатация қилиш қоидаларига риоя қилишлари шарт.

272. Электр энергиясини ишлаб чиқарувчилар қуйидагилар учун жавобгардир:

доимий равишда ўзининг генерацияловчи модулларини уланиш ёки мавжуд уланишни ўзгартириш шартномасида кўрсатилган оператив (техник) кўрсаткичлари ва параметрларига мувофиқлигини таъминлаш;

Тақсимлаш тизими операторига ўз вақтида режалаштириш ва эксплуатацияга доир маълумотларни тақдим этиш;

Тақсимлаш тизими оператори ва (ёки) Тизим операторининг барқарор, авария ва фавқулодда вазиятлардаги кўрсатмаларига риоя қилиш.

273. Электр энергиясини ишлаб чиқарувчилар барқарор ишлаш режими бузилганда ўзларининг генерацияловчи модуллари тармоқдан ўчирилмаслигини таъминлаши керак. Куйидаги ҳолатлар бундан мустасно:

частота ёки кучланишнинг ўзгариши генерацияловчи модул ёки унинг ёрдамчи ускуналарига зарар етказиши мумкин бўлса;

частота ёки кучланишнинг ўзгариши белгиланган чегарасидан ташқарига чиқса;

Тизим оператори ёки Тақсимлаш тизими операторининг рухсати (кўрсатмаси) билан ўчирилса.

274. Барқарор режимда ўрта ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари эркин актив қувват ишлаб чиқариш режимида ёки бошқа ҳар қандай режимда ишлаши керак.

Тизим оператори қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини эркин актив қувват ишлаб чиқариш режимида ишлашини таъминлаш бўйича барча саъй-ҳаракатларни амалга оширади.

275. Фавқулодда, авария вазиятлари, ноодатий иш режимлари ёки қайта тиклаш шароитида Тизим оператори ёки Тақсимлаш тизими операторлари кичик ва ўрта қувватли генерацияловчи модуллар операторларига уларнинг объектларининг ишлаши бўйича кўрсатмалар беради.

Ушбу кўрсатмалар кичик ва ўрта қувватли генерацияловчи модулларни тармоқдан дарҳол узиб қўйишни ўз ичига олиши мумкин.

276. Уланиш ёки мавжуд уланишни ўзгартириш шартномасида ўрта қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини масофадан туриб тўғридан-тўғри бошқариш тизими интерфейсларини ўрнатиш назарда тутилмаган бўлса, қайта тикланувчи энергия манбалари оператори Тизим оператори ёки Тақсимлаш тизими оператори кўрсатмаларини бажарувчи оператив ходимларни доимо хизмат доирасида бўлишини таъминлаши шарт.

277. Ўрта қувватли генерацияловчи модуллар операторлари Тизим оператори ёки Тақсимлаш тизими операторининг кўрсатмаларини ва шу кўрсатмалар асосида ўз тизимида амалга оширилиши керак бўлган ҳаракатларни ҳеч бир кечиктиришсиз зудлик билан бажариши шарт.

5-§. Оператив чора-тадбирлар

278. Энергетика вазирлиги Энергетика бозори регулятори, Узатиш тизими оператори, Тизим оператори ва Назорат қилувчи орган билан биргаликда Тақсимлаш тизими операторларига:

фавқулодда вазиятларда ҳаракатлар тартибини, шу жумладан Тақсимлаш тизими операторлари учун ўзаро ёрдам дастурини;

ускуналар ва материаллардан ҳамкорликда фойдаланиш тартибини, шу жумладан Тақсимлаш тизими операторлари учун ускуналар ва материаллардан ҳамкорликда фойдаланиш дастурини;

қўшма харидларни ташкил этиш тартибини, шу жумладан Тақсимлаш тизими операторлари учун қўшма харидлар дастурини ишлаб чиқади ва (ёки) тавсиялар беради.

279. Тақсимлаш тизими операторлари:

фавқулодда вазиятларда ўзаро ёрдам кўрсатиш ва мувофиқлаштирилган тезкор чора-тадбирларни кўриш бўйича тартибларни белгилайдилар ва ҳамкорлик қиладилар.

ускуналар ва материаллардан ҳамкорликда фойдаланиш тартиб-қоидаларини ишлаб чиқиш ҳамда харидлар учун харажатларни минималлаштириш мақсадида ҳамкорликда фойдаланиш дастурини амалга оширилишини таъминлашда ҳамкорлик қиладилар;

қўшма харидларни ташкил этиш тартиб-қоидаларини ўрнатиш ҳамда ускуналар ва материалларни харид қилишда самарадорликка эришиш мақсадида қўшма харидлар дастурини ҳамкорликда амалга оширади.

2-боб. Алоқа воситаларига талаблар, ҳисоботларни юритиш, хабарномалар ва билдиргиларни тақдим этиш

1-§. Тақсимлаш тизимида тезкор алоқа

280. Тақсимлаш тизими оператори ва Фойдаланувчи ўзаро оғзаки алоқани таъминлаш, электр энергиясини ҳисоб-китоби (сотиш) ва бошқа эксплуатацияга тааллуқли ишлар учун зарур бўлган маълумотлар алмашинувини таъминлаш мақсадида алоқа каналини ўрнатади.

Алоқа канали Тақсимлаш тизими оператори, Фойдаланувчилар ва таъминотчилар ўртасида имкон қадар тўғридан-тўғри бўлиши керак.

281. Тақсимлаш тизими оператори тақсимлаш тизими ва Фойдаланувчи тизимларининг хавфсиз ишлаши учун захира ёки муқобил алоқа йўналиши ва (ёки) фавқулодда алоқа зарур деб ҳисобласа, улар ўртасида қўшимча алоқа воситалари ўзаро келишилган ҳолда жорий этилади.

282. Тақсимлаш тизими оператори ва Фойдаланувчи назорат ва бошқарув фаолиятини самарали таъминлаш ҳамда мувофиқлаштириш учун тегишли равишда ваколат берилган ходимлар рўйхатини ва уларнинг телефон рақамларини алмашишади.

2-§. Оператив хабарномалар

283. Тақсимлаш ёки Фойдаланувчи тизимида муҳим ҳодиса содир бўлса, Тақсимлаш тизими оператори ёки Фойдаланувчи муҳим ҳодиса тўғрисида бошқа томонга тегишли хабарнома беради, тегишли бўлса таъминотчига ҳам хабарнома нусхаси тақдим этилади.

Хабарнома муҳим ҳодиса содир бўлганидан кейин 15 дақиқа ичида эълон қилиниши керак ва унинг тақсимлаш тизимига ва (ёки) бошқа Фойдаланувчилар тизимларига потенциал таъсири, шунингдек, вазиятга кўра Тақсимлаш тизими оператори ёки Фойдаланувчи томонидан амалга оширилган дастлабки тиклаш (тузатиш) ҳаракатлари баён этилиши лозим.

284. Режалаштирилган техник тадбирлар тўғрисидаги билдирги Фойдаланувчи томонидан Тақсимлаш тизими операторига ва тегишли бўлса таъминотчига тадбир бошланишидан камида уч кун олдин юборилади.

3-§. Тақсимлаш тизимини эксплуатация қилиш юзасидан ҳисоботлар

285. Тақсимлаш тизими оператори ўзининг тақсимлаш тизимини эксплуатация қилиш юзасидан ҳар ойлик ҳисоботларни тайёрлайди ва Энергетика вазирлиги ҳамда Назорат қилувчи органга тақдим этади.

Ушбу ҳисоботлар ой давомида тақсимлаш тизимида содир бўлган ҳодисалар ва бошқа муаммоларни баҳолашни, уларни бартараф этиш бўйича Тақсимлаш тизими оператори амалга оширган чора-тадбирларни ва келгусида бу каби ҳолатларнинг такрорланишини олдини олиш бўйича тавсияларни ўз ичига олиши керак.

286. Тақсимлаш тизими оператори мазкур Қоидаларнинг 322 — 325-бандларига мувофиқ муҳим ҳодисалар тўғрисидаги ҳисоботларни Энергетика вазирлиги ва Назорат қилувчи органга юборади.

287. Тақсимлаш тизими оператори эксплуатация бўйича йиллик ҳисоботни тайёрлайди ва Энергетика вазирлиги ҳамда Назорат қилувчи органга тақдим этади. Ушбу ҳисобот тақсимлаш тизимидаги ёки Фойдаланувчининг тизимига сезиларли таъсир кўрсатган муҳим ҳодисаларни ўз ичига олиши шарт.

3-боб Тақсимлаш тизимига техник хизмат кўрсатиш дастури

1-§. Техник хизмат кўрсатиш дастурини тайёрлаш

288. Тақсимлаш тизими оператори режалаштирилган (прогноз қилинаётган) истеъмол, Фойдаланувчиларнинг ўз тизимларига техник хизмат кўрсатиш бўйича дастлабки дастурлари ва техник хизмат кўрсатиш графиклари бўйича сўровлар асосида тақсимлаш тизимига хизмат кўрсатиш юзасидан ойлик, йиллик ва уч йиллик дастурларни тайёрлайди.

289. Ойлик техник хизмат кўрсатиш дастурлари Магистрал электр тармоқларидан фойдаланиш қоидаларида кўзда тутилган оператив режалаштириш дастурини тайёрлаш учун Тизим операторига зарур бўлган маълумотларни ўз ичига олади.

Йиллик техник хизмат кўрсатиш дастури уч йиллик дастурнинг биринчи йили учун техник хизмат кўрсатиш жадвали асосида ишлаб чиқилади.

Уч йиллик техник хизмат кўрсатиш дастури келгуси уч йил учун ишлаб чиқилади ва ҳар йили янгилаб борилади.

290. Техник хизмат кўрсатиш дастури куйидаги омилларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади:

истеъмол прогнози;

техник хизмат кўрсатиш дастури ижроси;

Фойдаланувчиларнинг техник хизмат кўрсатиш жадвалларини ўзгартириш ҳақидаги сўровлари;

тизимга (тармоққа) техник хизмат кўрсатиш талаблари;

техник хизмат кўрсатишнинг умумий харажатларини минималлаштириш зарурияти;

бошқа тегишли омиллар.

2-§. Техник хизмат кўрсатиш дастурини тасдиқлаш

291. Фойдаланувчилар ҳар йил 1 июнга қадар Тақсимлаш тизими операторига кейинги уч йил учун техник хизмат кўрсатишнинг дастлабки дастурини тақдим этади.

Фойдаланувчининг техник хизмат кўрсатиш бўйича дастлабки дастурини тақдим этганда, шунингдек, Фойдаланувчи тизими ёки ускунасига техник хизмат кўрсатиш жадвалига сўров берганда улар қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

таъсирга учрайдиган ускуналар идентификацияси ва қуввати маълумотлари;

техник хизмат кўрсатиш сабаблари;

техник хизмат кўрсатиш ишларининг кутилаётган давомийлиги;

техник хизмат кўрсатиш ишларини бошлаш ва ишларни якунлаш санаси. Саналарда мослашувчанлик мавжуд бўлса, ишларни энг эрта бошланиш санаси ва энг кеч тугатиш санаси инобатга олинади.

292. Тақсимлаш тизими оператори ҳар йили 1 июлга қадар Тизим операторига Магистрал электр тармоқларидан фойдаланиш қоидаларида назарда тутилган кейинги уч йил учун техник хизмат кўрсатишнинг дастлабки дастурини тақдим этиши шарт.

293. Генерацияловчи модуллар операторлари томонидан режалаштирилган ишлаб чиқарувчи (генерацияловчи) модуллар учун тақдим этилган техник хизмат кўрсатиш дастури ҳар йили 1 июлга қадар Тақсимлаш тизими оператори томонидан Тизим операторига тақдим этилади.

294. Техник хизмат кўрсатиш дастурини тайёрлашда Тақсимлаш тизими оператори Фойдаланувчининг техник хизмат кўрсатиш дастурида белгиланган саналарда сўровларини имкон қадар қондиришга ҳаракат қилади.

295. Тақсимлаш тизими оператори Фойдаланувчига уларнинг техник хизмат кўрсатиш дастурининг тасдиқланган ёзма нусхасини тақдим этади.

296. Фойдаланувчи ўз ускуналарига ёки тизимига техник хизмат кўрсатиш жадвалидан қониқмаса, эътирозларини батафсил тушунтирган ҳолда Тақсимлаш тизими операторини хабардор қилиши ва техник хизмат кўрсатиш дастурига ўзгартиришлар бўйича таклиф киритишга ҳақли.

297. Тақсимлаш тизими оператори ва Фойдаланувчи эътирозларни ўзаро муҳокама қиладилар ва ҳал этиш чораларини кўрадилар.

298. Тақсимлаш тизими оператори томонидан Фойдаланувчининг эътирозларини инобатга олган ҳолда техник хизмат кўрсатиш дастури қайта кўриб чиқилади.

4-боб. Кучланиш ва юкламани (истеъмолни) бошқариш

1-§. Юкламани бошқаришни мувофиқлаштириш

299. Тизим оператори ягона электр энергетикаси тизимидаги ишлаб чиқариш (генерация) тақчиллиги кузатилганда ёки электр тармоғининг алоҳидаланган режимга ўтишига олиб келадиган кутилмаган узилиш ҳолатларидан огоҳлантириш берганда, Тақсимлаш тизими оператори юкламани бошқаришни амалга оширади.

Тақсимлаш тизими оператори Тизим оператори томонидан тармоқ хавфсизлиги учун юкламани бошқаришни амалга ошириш бўйича кўрсатма берган заҳоти кўрсатмани бажариши шарт.

300. Тақсимлаш тизими оператори томонидан амалга ошириладиган юкламани бошқариш қуйидагиларни ўз ичига олади:

юкламани автоматик ўчириш (тушириш);

юкламани қўлда ўчириш (тушириш);

Фойдаланувчи ташаббуси билан ўчиришлар;

юкламани ихтиёрий равишда пасайтириш.

301. Тақсимлаш тизими оператори ўзининг тақсимлаш тизимини ҳимоя қилиш учун юкламани бошқаришни амалга ошириши талаб этилса, у тегишли Фойдаланувчилар ва Таъминотчилар билан юкламани бошқаришни мувофиқлаштиради.

302. Тақсимлаш тизими оператори Тизим операторининг истеъмолни тиклаш бўйича кўрсатмаларига риоя этиши шарт.

Тиклаш имкон қадар қисқа муддатларда амалга оширилиши керак ва тиклаш жараёни Тизим операторидан кўрсатма олинганидан кейин икки дақиқа ичида бошланиши шарт.

303. Фойдаланувчи юкламани бошқариш сабабли ўчирилган бўлса, у Тақсимлаш тизими оператори ёки Тизим операторидан кўрсатма олмагунича ўз тизимини тармоққа қайта улаши тақиқланади.

2-§. Юкламани автоматик бошқариш

304. Тизим оператори ишлаб чиқариш (генерация)нинг йирик йўқотишларини (ўчишларни) олдини олиш мақсадида юкламани автоматик равишда камайтиришни талаб этилган даражаларини белгилайди.

Тизим оператори мақсадли кўрсаткичларни асослаши ва (ёки) заруриятга кўра мослаштириш учун тегишли тадқиқотлар ўтказади.

305. Тақсимлаш тизими оператори ўзининг юкламани автоматик бошқариш дастурини Тизим оператори билан келишилган ҳолда тайёрлайди.

Юкламани автоматик равишда камайтириш амал қиладиган Тақсимлаш тизими оператори истеъмоли айланувчи (веер) усулидаги дискрет блокларга бўлинади.

Тизим оператори Тақсимлаш тизими оператори билан биргаликда блоклар сонини ва ҳар бир блок учун частота пасайиши созламаларини белгилайди.

306. Частота пасайганида ўчириш схемаси устувор юкламаларни ва бутун тақсимлаш тизими бўйлаб ҳар қандай эксплуатация талабларини ҳисобга олган ҳолда истеъмолни бир маромда пасайтиришни таъминлаш имкониятини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилади.

307. Частотанинг келгусида пасайиши юкламани автоматик равишда камайтириш орқали сақлаб турилишини кафолатлаш учун, Тақсимлаш тизими оператори юкламани автоматик равишда тушириш натижасида ўчирилган юкламалар қайта уланишини таъминлаш мақсадида қўшимча равишда юкламани камайтиришни амалга ошириши керак.

308. Тақсимлаш тизими оператори юкламани автоматик равишда камайтириш дастурига киритилган муҳим объектларни дарҳол қайта тиклаш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга ошириши шарт.

309. Юкламани автоматик равишда камайтириш таъсирига тушган Фойдаланувчи ўчирилган фидерни Тақсимлаш тизими операторининг рухсатисиз қайта улашга ҳақли эмас.

Тақсимлаш тизими оператори Тизим оператори кўрсатмасига асосан қайта ишга тушириш кўрсатмасини беради.

3-§. Юкламани қўлда бошқариш

310. Тақсимлаш тизими оператори Тизим оператори томонидан юкламани қўлда камайтириш кўрсатмаси берилгандан сўнг дарҳол ўз истеъмолчиларини узиб қўйиш имконини берувчи чораларни кўриши шарт.

311. Тақсимлаш тизими оператори Тизим оператори билан келишилган ҳолда юкламани тенг равишда тақсимлаш асосида юкламани қўлда камайтиришнинг устувор схемасини ўрнатади.

312. Тақсимлаш тизими оператори Фойдаланувчининг тизимини узиб қўйган бўлса, Фойдаланувчи Тақсимлаш тизими оператори томонидан кўрсатма берилмагунча ўз тизимини қайта уламаслиги талаб этилади.

4-§. Фойдаланувчи ташаббуси билан истеъмолни (юкламани) бошқариш

313. Фойдаланувчи кейинги кун учун уланиш нуқтасида юкламани ўчириш орқали истеъмолни бошқармоқчи бўлса, у бозор қоидаларида белгиланган соатда Тақсимлаш тизими операторини соатлик иш жадвали ҳақида хабардор қилади. Хабарнома қуйидаги маълумотларни ўз ичига олади:

истеъмолни ўчиришнинг тахминий (олдиндан огоҳлантирилганда) ва ҳақиқий (кейин хабардор қилинганида) санаси, вақти ва давомийлиги;

истеъмолни узилиши ҳисобига кутилаётган талабни камайиш ҳажми.

314. Истеъмолни бошқариш саноат корхоналарида ишлаб чиқариш занжирини ўчиришни талаб қилса, истеъмолни ихтиёрий равишда пасайтирувчи ёки шунга ўхшаш Фойдаланувчилар ҳафта кунлари бўйича юкламани ихтиёрий равишда пасайтириш гуруҳларига бўлинган схема орқали амалга оширилади (душанба гуруҳи, сешанба гуруҳи ва бошқалар).

Юкламани ихтиёрий равишда пасайтиришда иштирок этувчи истеъмолчилар ишлаб чиқариш (генерация) танқислиги даражасига қараб маълум вақт давомида тегишли юкламаларни ихтиёрий равишда пасайтиришлари талаб этилади.

Юкламани ихтиёрий равишда пасайтириш схемасида иштирок этаётган саноат истеъмолчилари Тақсимлаш тизими операторига юкламани ихтиёрий равишда пасайтириш схемасидан фойдаланган ҳолда истеъмолнинг ҳақиқий пасайиши миқдори тўғрисида маълумот бериб боришлари керак.

5-§. Кучланиш назорати

315. Тақсимлаш тизимидаги реактив қувватни бошқариш орқали кучланишни бошқариш амалга оширилади. Бу қуйидаги ускуналарни бошқариш орқали амалга оширилади:

генерацияловчи модуллар;

синхрон конденсаторлар;

статик реактив қувват компенсаторлари;

шунт реакторлари ва конденсаторлар;

юклама остида кучланишни ростловчи трансформаторлар.

316. Кучланишни бошқаришни амалга ошириш учун Тақсимлаш тизими оператори Фойдаланувчиларга (генерацияловчи модуллар операторларига) манбага қараб реактив қувват ишлаб чиқаришни назарда тутувчи кўрсатмаларни беради.

5-боб. Авария вазиятларида ҳаракатлар тартиби

1-§. Тақсимлаш тизимида авария вазиятларига тайёргарлик

317. Тақсимлаш тизими оператори Фойдаланувчига табиий офат, оммавий тартибсизликлар ҳамда муҳим ҳодисалар натижасида юзага келган электр таъминотидаги узилиш оқибатларини юмшатиш бўйича кўрсатмалар беради.

318. Фойдаланувчи Тақсимлаш тизими операторига муҳим ҳодиса содир бўлганида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг алоқа рақамларини ёзма равишда тақдим этиши шарт. Бунда ушбу маълумотларнинг нусхалари Таъминотчига ҳам юборилади.

319. Тақсимлаш тизими оператори авария вазиятларида ҳаракатланиш тартиб-қоидаларини ишлаб чиқиши ва бошқариши керак. Ушбу тартиб-қоидаларда огоҳлантирилиши керак бўлган барча томонлар, уларнинг иш ва уй телефон рақамлари кўрсатилиши шарт.

320. Авария ва фавқулодда вазиятлар учун масъул бўлган барча ходимларни малакасини ошириш мақсадида йилига камида бир марта тактик ўқув-машғулотлар ўтказилиб борилади.

Ўқув-машғулотлари ҳақиқий авария вазиятларини моделлаштириши талаб этилади.

Ўқув-машғулотлари якуни билан баҳоланиши, камчиликлар аниқланиши ва бартараф этилиши таъминланиши керак.

321. Фойдаланувчилар Тақсимлаш тизими оператори томонидан ташкил этилган барча ўқув-машғулотларида қатнашиши шарт.

2-§. Муҳим ҳодиса содир бўлгандаги ҳаракатлар тартиби

322. Муҳим ҳодиса ҳақида Тақсимлаш тизими оператори ёки Фойдаланувчи томонидан хабар берилганда, Фойдаланувчи муҳим ҳодиса юзасидан қўшма текширув ўтказиш тўғрисида Тақсимлаш тизими операторига ёзма сўров юбориши мумкин.

Бир нечта муҳим ҳодиса содир бўлган бўлса, қўшма текширувлар ўтказилади ва у барча муҳим ҳодисаларни ўз ичига олади.

323. Муҳим ҳодиса бўйича қўшма текширув фақат Тақсимлаш тизими оператори ва Фойдаланувчи ўртасида қўшма текширув ўтказишга келишувга эришилганда амалга оширилади.

324. Тақсимлаш тизими оператори Назорат қилувчи орган ва Энергетика вазирлигига муҳим ҳодиса бўйича барча маълумотлар, хулосалар ва тавсиялар ҳақида ёзма ҳисобот тақдим этади.

325. Муҳим ҳодиса бўйича қўшма текширувдан сўнг ёзма ҳисобот камида қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:

муҳим ҳодиса вақти ва санаси;

муҳим ҳодиса содир бўлган жой;

муҳим ҳодисадан таъсирга учраган ва бевосита иштирок этган ускуналар;

муҳим ҳодиса тавсифи;

узилган истеъмол ва ишлаб чиқариш ҳажми ҳамда узилиш давомийлиги.

3-§. Иҳоталанган тармоқ ҳолатида генерацияловчи модулнинг ишлаши

326. Генерацияловчи модул уланган тақсимлаш тизимининг қисми ягона электр энергетикаси тизимидан иҳоталанган бўлса, Тақсимлаш тизими оператори генерацияловчи модул оператори билан генерацияловчи модулни ишлатишни давом эттириш мақсадга мувофиқлигини ёки мувофиқ эмаслигини келишиб олади.

327. Иҳоталанган тармоқнинг ягона электр энергетикаси тизимининг қолган қисми билан кейинчалик қайта синхронлаш имконияти мавжуд бўлмаса, Тақсимлаш тизими оператори генерацияловчи модул операторига иҳоталанган тармоқни тақсимлаш тизимининг қолган қисмига қайта уланиши учун генерацияловчи модулни ўчириш бўйича кўрсатма бериши керак.

4-§. Нолдан ишга тушириш ва қайта синхронлаш тартиби

328. Муҳим ҳодиса тизимнинг тўлиқ ёки қисман ишдан чиқишига олиб келган ва иҳоталанган тақсимлаш тизимида нолдан ишга тушириш қобилиятига эга генерацияловчи модуллар мавжуд бўлса, Тақсимлаш тизими оператори Тизим операторининг кўрсатмасига асосан нолдан ишга тушириш жараёнини бошлайди.

329. Тизим оператори Магистрал электр тармоқларидан фойдаланиш қоидаларига мувофиқ нолдан ишга тушириш амалга оширилганидан сўнг ёки муҳим ҳодиса натижасида тармоқ бўлинишидан кейин иҳоталанган тармоқларни қайта синхронлаш учун жавобгардир.

330. Тизим тўлиқ ёки қисман ўчганидан сўнг ва тўлиқ тиклаш жараёнида ўрта қувватли генерацияловчи модуллар Тизим оператори ва Тақсимлаш тизими операторининг кўрсатмаларига қатъий риоя этишлари шарт.

Тизим оператори ёки Тақсимлаш тизими операторларининг кўрсатмалари ёки рухсатисиз улар тармоққа қайта уланиши тақиқланади.

331. Кичик ва микро қувватли генерацияловчи модуллар ягона электр энергетикаси тизимига электр таъминоти берилганидан сўнг камида 10 дақиқадан кейин тармоққа қайта уланиш ҳуқуқига эга.

6-боб. Хавфсизликни мувофиқлаштириш

1-§. Хавфсизликни мувофиқлаштириш тартиблари

332. Тақсимлаш тизими оператори ва Фойдаланувчи ўрта кучланишли ускуналарда хавфсизлик чораларини амалга ошириш учун хавфсизлик техникаси қоидаларини жорий этадилар ва хавфсизлик техникаси йўриқномалари тўпламини тасдиқлайди.

Тақсимлаш тизими оператори ва Фойдаланувчининг тегишли хавфсизлик техникаси қоидалари ва ички хавфсизлик йўриқномалари тақсимлаш ва Фойдаланувчи тизимларида ҳар қандай иш ёки синовларни тартибга солади.

333. Тақсимлаш тизими оператори Фойдаланувчига ўзининг ўрта кучланишли ускуналарига тааллуқли хавфсизлик техникаси қоидалари ва хавфсизлик йўриқномаларининг нусхасини тақдим этади.

Фойдаланувчи Тақсимлаш тизими операторига ўзининг ўрта кучланишли ускуналаридаги хавфсизлик чораларига оид хавфсизлик техникаси қоидалари ва хавфсизлик йўриқномаларининг нусхасини тақдим этади.

334. Ички хавфсизлик йўриқномаларига ўзгартириш киритмоқчи бўлган ҳар қандай томон бошқа томонга ўзгаришларнинг ёзма нусхасини юборади.

335. Тақсимлаш ёки Фойдаланувчи тизими иш давомида ёки синов вақтида ўрта кучланишли ускуналар учун хавфсизлик чораларини мувофиқлаштириш, ўрнатиш, назорат қилиш ва бекор қилиш учун хавфсизлик техникасини мувофиқлаштириш тартиби белгиланади.

336. Уланиш нуқтасидаги ҳар қандай ускунадаги ишлар ёки синовлар фақат Тақсимлаш тизими оператори ва Фойдаланувчининг вакиллари иштирокида амалга оширилади.

337. Фойдаланувчи Тақсимлаш тизими операторининг объектига киришда, Тақсимлаш тизими операторидан ва аксинча Тақсимлаш тизими оператори Фойдаланувчи объектларига киришда Фойдаланувчидан рухсат олиши керак.

338. Тақсимлаш тизимида бир нечта Фойдаланувчиларнинг ўрта кучланишли ускуналари учун хавфсизлик чораларини талаб қиладиган иш ёки синов амалга оширилиши лозим бўлса, Тақсимлаш тизими оператори тақсимлаш тизимида ва иштирок этувчи Фойдаланувчи тизимида хавфсизлик чораларини мувофиқлаштирилишини ва хавфсизлик техникаси талабларига риоя этилишини таъминлайди.

Бунда Тақсимлаш тизими оператори барча таъсирга учрайдиган Фойдаланувчиларни олиб бориладиган ишлар ёки синовлар ҳамда уларнинг тизимларида кўрилиши зарур бўлган хавфсизлик чоралари тўғрисида хабардор қилади.

Тақсимлаш тизими оператори тақсимлаш тизими ва таъсирга учраган Фойдаланувчилар тизимларида хавфсизлик чораларини мувофиқлаштириши ва амалга оширилишини таъминлаши керак.

2-§. Хавфсизлик координатори

339. Тақсимлаш тизими оператори ва Фойдаланувчи уланиш нуқтасининг тегишли томонларида ўрта кучланишли қурилмаларда хавфсизлик чораларини мувофиқлаштириш учун масъул бўлган хавфсизлик координаторини тайинлайди.

Хавфсизлик координаторини ўзгартирмоқчи бўлган томон бошқа томонни ўзгартириш ҳақида хабардор қилади.

340. Хавфсизликни мувофиқлаштириш мақсадида бошқа томоннинг тизимида хавфсизлик чораларини қўллашни сўраган хавфсизлик координатори сўров юборувчи хавфсизлик координатори, сўралаётган хавфсизлик чораларини амалга оширадиган хавфсизлик координатори эса амалга оширувчи хавфсизлик координатори деб аталади.

341. Фойдаланувчи тизимининг (ёки тақсимлаш тизимининг) ўрта кучланишли ускуналарида хавфсизлик чораларига риоя қилишни талаб қиладиган тақсимлаш тизимида (ёки Фойдаланувчи тизимида) иш ёки синов бажарилиши керак бўлса, сўров юборувчи хавфсизлик координатори хавфсизлик чораларини амалга оширувчи хавфсизлик координаторига хавфсизлик чораларини мувофиқлаштириш юзасидан мурожаат юборади.

Сўровда кўрсатилмаган бошқа Фойдаланувчиларнинг ўрта кучланишли ускуналари учун хавфсизлик чоралари талаб этилса, хавфсизлик чораларини амалга оширувчи хавфсизлик координатори дарҳол сўров юборувчи хавфсизлик координаторига хабар беради.

342. Хавфсизлик чоралари самарасиз бўлиб қолса, тегишли хавфсизлик координатори хавфсизлик чоралари самарасизлигининг сабабларини кўрсатган ҳолда бошқа хавфсизлик координаторларини дарҳол хабардор қилади.

3-§. Хавфсизлик журналлари ва тизимлар аро хавфсизлик чораларини қайд этиш

343. Тақсимлаш тизими оператори ва Фойдаланувчи хавфсизликни мувофиқлаштириш билан боғлиқ хабарларни хронологик тартибда қайд этиш учун хавфсизлик журналларини юритади, хавфсизлик журналлари камида бир йил давомида сақланиши шарт.

344. Тақсимлаш тизими оператори ўрта кучланишли ускуналарда хавфсизлик чораларини мувофиқлаштиришда сўров юборувчи ва хавфсизлик чораларини амалга оширувчи хавфсизлик координаторлари фойдаланиши учун тизимлар аро хавфсизлик чораларини қайд этиш журналини юритади. Тизимлар аро хавфсизлик чораларини қайд этиш журнали қуйидаги маълумотларни ўз ичига олади:

хавфсизлик чоралари кўрилиши ёки ўрнатилиши керак бўлган ускуналар жойи ва идентификацияси;

хавфсизлик чораларини қўллаш жойи ва усуллари;

хавфсизлик координатори томонидан хавфсизлик чоралари кўрилганлигининг тасдиқланганлиги;

хавфсизлик координатори томонидан хавфсизлик чоралари энди зарур эмаслиги ва олиб ташланганлигининг тасдиқланганлиги.

4-§. Хавфсизлик чораларини қўллаш жойлари

345. Фойдаланувчи тизимида (ёки тақсимлаш тизимида) ишлаб ва синашлар бажарилишида тақсимлаш тизимида (ёки Фойдаланувчи тизимида) хавфсизлик чораларини кўришни талаб этилса, сўров юборувчи хавфсизлик координатори хавфсизлик чораларини амалга оширувчи хавфсизлик координаторига хавфсизлик чоралари амалга оширилиши лозим бўлган жойни келишиш ҳақида мурожаат этади.

Сўров юборувчи хавфсизлик координатори иҳоталаш ва ёки ерга улаш амалга оширилиши тавсия этиладиган жойларни кўрсатади.

346. Иҳоталаниши керак бўлган ҳолатда хавфсизлик чораларини амалга оширувчи хавфсизлик координатори сўров юборувчи хавфсизлик координаторини қуйидагилар ҳақида хабардор қилади:

жой ва ускунани идентификациясидан фойдаланган ҳолда ҳар бир иҳоталаш нуқтаси идентификацияси;

ўтилган иҳоталашни амалга ошириш воситалари.

347. Ерга улаш амалга оширилган тақдирда, хавфсизлик чораларини амалга оширувчи хавфсизлик координатори дарҳол сўров юборувчи хавфсизлик координаторига куйидагилар ҳақида хабар беради:

жой ва ускунани идентификациясидан фойдаланган ҳолда ҳар бир ерга улаш нуқтаси идентификацияси;

ерга улашни амалга ошириш воситалари.

348. Сўров юборувчи хавфсизлик координатори ва хавфсизлик чораларини амалга оширувчи хавфсизлик координатори чораларни амалга ошириш жойи бўйича келишувга эришмаса, ерга улагич ўрта кучланишли ускуналар чиқишидаги энг яқин ўрнатиш мумкин бўлган нуқтага ўрнатилади.

5-§. Хавфсизлик чораларини амалга ошириш

349. Иҳоталаш ва ерга улаш жойлари келишилганидан сўнг, хавфсизлик чораларини амалга оширувчи хавфсизлик координатори иҳоталашни амалга оширилишини таъминлайди.

350. Иҳоталаш қуйидаги усуллардан бири билан амалга оширилади:

Тақсимлаш тизими оператори ёки Фойдаланувчининг ички хавфсизлик йўриқномаларига асосан, ҳолатга кўра очиқ ҳолатда қулфланадиган ва хавфсизлик белгилари бириктирилган ёки бошқа усулда мустаҳкамланган иҳоталаш воситалари ёки ўчиргич;

Тақсимлаш тизими оператори ёки Фойдаланувчининг ички хавфсизлик йўриқномаларига мувофиқ, тегишли жисмоний ажратиш (ерга улагичлар).

Қайта улаш нуқталарида хавфсизлик белгилари ўрнатилиши шарт.

351. Хавфсизлик чораларини амалга оширувчи хавфсизлик координатори ўз тизимининг барча жойларида талаб қилинган иҳоталашни амалга оширганидан сўнг, сўров юборувчи хавфсизлик координаторини талаб қилинган иҳоталаш тугаганлиги ҳақида хабардор қилади.

352. Иҳоталаш тасдиқлангандан сўнг, сўров юборувчи хавфсизлик координатори талаб этилган иҳоталаш амалга оширилганлиги ҳақида хабар беради ҳамда зарур бўлса ерга улашни бажаришни сўрайди.

353. Хавфсизлик чораларини амалга оширувчи хавфсизлик координатори ерга улашни бажариши ва сўров юборувчи хавфсизлик координаторини унинг тизимида ерга улаш бажарилганлиги ҳақида хабар беради.

354. Ерга улаш қуйидаги усуллар ёки коммутация воситаларидан бири билан бажарилади:

Тақсимлаш тизими оператори ёки Фойдаланувчининг ички хавфсизлик йўриқномаларига асосан, ҳолатга кўра ёпиқ ҳолатда қулфланадиган ва хавфсизлик белгилари бириктирилган ёки бошқа усулда мустаҳкамланган ерга уловчи ўчиргич;

Тақсимлаш тизими оператори ёки фойдаланувчининг ички хавфсизлик йўриқномаларига мувофиқ, тегишли жисмоний ажратиш (ерга улагичлар).

Бундан ташқари, хавфсизлик белгиси уланиш нуқтасида ва барча тегишли боғлиқ қайта улаш нуқталарида ўрнатилиши шарт.

355. Ажраткич ёки ерга улагич ўзининг қулфлаш механизми ёки блокировкаси билан қулфланган бўлса, калитлар махсус шкафда сақланади.

6-§. Синов ўтказишга рухсат бериш ва хавфсизлик чораларини бекор қилиш

356. Сўров юборувчи хавфсизлик координатори ўрта кучланишли ускуналарни синовдан ўтказишга фақат қуйидаги талабларни бажарганидан сўнг рухсат беради:

хавфсизлик чораларини амалга оширувчи хавфсизлик координаторидан иҳоталанган унинг тизимидаги бирор бир жойида ишлаш ёки синов ўтказишга рухсат берилмаганлиги ва ҳеч ким ишламаётганлиги ёки синов ўтказмаётганлиги тўғрисида тасдиқнома олинган;

жорий хавфсизлик чораларидан ташқари барча хавфсизлик чоралари бекор қилинган;

Хавфсизлик чораларини амалга оширувчи хавфсизлик координатор тизимнинг ушбу қисмида синовларни ўтказишни сўров юборувчи хавфсизлик координатори билан келишади.

357. Сўров юборувчи хавфсизлик координатори хавфсизлик чоралари талаб қилинмайди деб ҳисобласа, хавфсизлик чораларини амалга оширувчи хавфсизлик координатори билан боғланиши ва унга хавфсизлик чоралари талаб этилмаслиги ҳақида хабар беради ҳамда иккала хавфсизлик координатори хавфсизлик чораларини бекор қилади.

7-боб. Тақсимлаш тизимини синовдан ўтказиш

1-§. Синов ўтказиш талаблари

358. Тақсимлаш тизими оператори вақти-вақти билан тақсимлаш тизимининг турли нуқталарида электр энергияси сифати кўрсаткичларини синовдан ўтказиш ва (ёки) мониторинг қилиш зарурлигини белгилайди.

359. Тақсимлаш тизими оператори томонидан махсус синов ўтказиш ва (ёки) мониторинг қилиш учун асос бўлиб, тақсимлаш тизимидаги электр энергияси сифат кўрсаткичлари юзасидан шикоятлар ҳисобланади.

360. Муайян ҳолатларда Тақсимлаш тизими оператори фойдаланувчи вакилининг кузатуви остида Фойдаланувчининг уланиш нуқтасида синов ўтказиш ва (ёки) мониторинг қилишни талаб этиш ҳуқуқига эга.

361. Уланиш нуқтасида синов ўтказиш ва (ёки) мониторинг қилиш зарур бўлса, Тақсимлаш тизими оператори Фойдаланувчини хабардор қилади ва Фойдаланувчига бундай синовлар натижаларини тақдим этади.

362. Фойдаланувчининг талабига биноан такрорий синовлар ўтказилиши мумкин. Бунда харажатлар Фойдаланувчи томонидан қопланади.

363. Синов натижалари Фойдаланувчининг техник параметрлари электр энергияси сифати меъёрлари чегараларидан ташқарида эканлигини кўрсатса, Фойдаланувчи бу ҳақида хабардор қилинади. Фойдаланувчи Тақсимлаш тизими оператори билан келишилган муддатда вазиятни тузатиши шарт.

Фойдаланувчи вазиятни тўғрилай олмаса, Тақсимлаш тизими оператори уланиш ёки мавжуд уланишни ўзгартириш шартномасига мувофиқ Фойдаланувчини тақсимлаш тизимидан узиб қўйиши мумкин.

2-§. Фойдаланувчининг тақсимлаш тизимига таъсирини мониторинг қилиш

364. Тақсимлаш тизими оператори вақти-вақти билан Фойдаланувчи тизимининг тақсимлаш тизимига таъсирини кузатиб боради.

Мониторинг одатда уланиш нуқтаси орқали узатиладиган актив ва реактив қувват миқдори билан боғлиқ бўлади.

365. Фойдаланувчи тақсимлаш тизимидан уланиш шартномасида кўрсатилганидан ортиқ ҳажмни қабул қилган (узатган) ёки уланишни ўзгартирган тақдирда, Тақсимлаш тизими оператори Фойдаланувчини бу ҳақида хабардор қилади.

Фойдаланувчининг сўровига биноан Тақсимлаш тизими оператори бундай мониторинг натижаларини тақдим этиши шарт.

366. Фойдаланувчи мониторинг қилиш усули ҳақида техник маълумот сўраши ва керак бўлса, Тақсимлаш тизими оператори учун мақбул бўлган бошқа усулни сўраш ҳуқуқига эга.

367. Фойдаланувчи мазкур Қоидаларнинг 66 — 83-бандаларида белгиланган чегаралардан ташқарида ишлаётган бўлса, фойдаланувчи дарҳол уланиш ёки мавжуд уланишни ўзгартириш шартномасида кўрсатилган қийматгача электр энергияси узатишни чеклаши талаб этилади.

Чеклов янги ўзгартирилган уланиш шартномаси имзоланмагунча ва уланиш нуқтасига керакли ўзгартиришлар киритилгунга қадар амал қилади.

368. Фойдаланувчининг истеъмоли уланиш нуқтасининг номинал қувватидан ошса, Фойдаланувчи уланиш ёки мавжуд уланишни ўзгартириш шартномасида кўрсатилган қийматгача қувват узатишни чеклаши шарт.

3-§. Тизим синовларига талаблар

369. Тақсимлаш тизимига ёки Фойдаланувчи тизимига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳар қандай ноодатий ёки экстремал шароитларни моделлаштириш ёки бошқарув остида қўлланилишини ўз ичига олган тизим синовлари ходимлар ёки жамоатчиликка хавф туғдирмайдиган тарзда ўтказилади.

370. Тақсимлаш тизимини ёки Фойдаланувчи тизимини тизимли синовдан ўтказишда асбоб-ускуналар, тақсимлаш тизими ва фойдаланувчи тизимларининг шикастланиш эҳтимоли минималлаштирилиши талаб этилади.

4-§.Тизим синовларини ўтказиш бўйича сўров юбориш

371. Фойдаланувчи ўз тизимида синовлар ўтказишни режалаштирилган бўлса, у ҳолда Тақсимлаш тизими операторига қуйидагиларни ўз ичига олган тизим синовларини ўтказиш бўйича сўров юборади:

режалаштирилган тизим синовининг мақсади ва тавсифлари;

тегишли ускуналарнинг қуввати ва ҳолати;

алмашлаб улаш кетма-кетлиги ва вақтини белгиловчи тизим синовининг режалаштирилган тартиби.

372. Тизим синови ташаббускори Тақсимлаш тизими операторига таклиф этилаётган тизим синовини режалаштириш учун етарли вақт бериши лозим. Тақсимлаш тизими оператори тизим синовининг ҳар бир тури учун зарур бўлган вақтни белгилайди.

373. Сўровда мавжуд бўлган маълумотлар етарли бўлмаса ёки тавсия этилган синов тартиби ходимларнинг хавфсизлиги ва тақсимлаш тизимининг ишончлилигини таъминлай олмаса, таклиф этилган тизим синовини тасдиқлашдан олдин Тақсимлаш тизими оператори қўшимча маълумот сўрайди.

374. Тақсимлаш тизими оператори таклиф этилаётган тизим синови таъсир этиши мумкин бўлган тизим синови ташаббускоридан ташқари бошқа Фойдаланувчиларни аниқлайди ва хабардор қилади.

375. Тақсимлаш тизими оператори тизим синовлари тақсимлаш тизимининг хавфсизлиги ва ишончлилигини таъминлаш учун зарур деб ҳисобласа, тизимни синовдан ўтказишни бошлайди.

5-§. Тизим синовларини ўтказиш гуруҳи

376. Тақсимлаш тизими оператори тизим синовларининг ташаббускори бўлса, у барча синовлар таъсир этиши мумкин бўлган Фойдаланувчиларни режалаштирилган синовлар ҳақида хабардор қилади.

Тақсимлаш тизими оператори тизим синовлари ташаббускори бўлмаса, у тизим синовларини ўтказиш бўйича сўров қабул қилинган кундан бошлаб бир ой ичида режалаштирилган синов ташаббускорини ва синовлар таъсир этиши мумкин бўлган Фойдаланувчиларни хабардор қилиши лозим.

377. Хабарнома қуйидагиларни ўз ичига олади:

таклиф этилаётган тизим синовларининг мақсади, синов ўтказиладиган ускунанинг ҳажми ва ҳолати, тизим синови ташаббускори ва синовлар таъсир этиши мумкин бўлган Фойдаланувчиларни;

таклиф этилаётган тизим синовини мувофиқлаштириш учун ташкил этиладиган тизим синовлари гуруҳига вакилларни тайинлаш таклифни;

тизим синови ўрта кучланишли ускуналарда иш ёки синовдан ўтказишни назарда тутса, хавфсизлик тартибини.

378. Тақсимлаш тизими оператори, тизим синови ташаббускори ва синовлар таъсир этиши мумкин бўлган Фойдаланувчилар Тақсимлаш тизими операторидан хабарнома олинган кундан бошлаб бир ой ичида тизим синови гуруҳига ўз вакилларини тайинлайди.

Ушбу муддат ичида синовлар таъсир этиши мумкин бўлган Фойдаланувчилар хабарномага жавоб бермаса, Тақсимлаш тизими оператори режалаштирилган тизим синовларини ўтказишни бошлайди.

379. Тақсимлаш тизими оператори тизим синовларини ўтказиш гуруҳини ташкил этиши ва гуруҳ раҳбари вазифасини бажарувчи тизим синови координаторини тайинлайди. Тизим синови координатори Тақсимлаш тизими операторининг ходими ёки тизимни синовдан ўтказиш ташаббускори бўлади.

380. Тизим синовларини ўтказиш гуруҳи аъзолари гуруҳ тузилганидан кейин бир ой ичида йиғилади. Тизим синовларини ўтказиш гуруҳи йиғилишининг кун тартиби қуйидагиларни ўз ичига олади:

ўтказилаётган тизим синовларининг мақсади ва тавсифи, шунингдек, тизим синови сўровига киритилган бошқа масалалар тафсилотлари;

ташаббускор томонидан тақдим этилган тизимни синовдан ўтказиш тартибини баҳолаш ва тизим синовларининг якуний тартибини ишлаб чиқиш учун зарур ўзгартиришларни киритиш;

таклиф этилаётган тизим синовини тақсимлаш тизими ёки Фойдаланувчи тизимларига техник хизмат кўрсатиш дастурлари доирасида юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай бошқа ускуна синовлари ва техник хизмат кўрсатиш билан бир вақтда ўтказиш имконияти;

тақсимлаш тизими, бошқа фойдаланувчилар тизимлари ва генерацияловчи модулни диспетчерлаш ва режалаштириш учун тавсия этилган синовларнинг иқтисодий ва эксплуатация қилиш оқибатлари ва хавфлари.

381. Тақсимлаш тизими оператори, тизимни синовдан ўтказиш ташаббускори (Тақсимлаш тизими оператори бўлмаса) ва синовлар таъсир этиши мумкин бўлган Фойдаланувчилар (жумладан, тизим синов гуруҳида бўлмаганлар) тизим синов гуруҳига сўров бўйича синовларни ўтказиш учун зарур бўладиган ҳар қандай батафсил маълумотни тақдим этади.

6-§. Тизим синовлари дастури

382. Биринчи йиғилишдан кейин икки ой ичида ва режалаштирилган тизим синови санасидан камида бир ой олдин, тизим синови гуруҳи Тақсимлаш тизими операторига, синов ташаббускорига (Тақсимлаш тизими оператори бўлмаса) ва синовлар таъсир этиши мумкин бўлган Фойдаланувчиларга қуйидагиларни ўз ичига олиши керак бўлган режалаштирилган тизим синови дастурини тақдим этади:

тизим синовларини ўтказиш режаси;

тизим синовларини ўтказиш тартиби ва синовларни назорат қилиш усули;

тизим синовларини ўтказишда иштирок этадиган масъул шахслар, шу жумладан тегишли равишда хавфсизлик координаторлари рўйхати;

тизим синовлари харажатларини иштирокчилар ўртасидаги тақсимоти;

томонлар раҳбариятининг розилиги билан тизим синови гуруҳи тегишли ва зарур деб ҳисоблайдиган бошқа масалалар.

383. Таклиф этилаётган тизим синови дастури Тақсимлаш тизими оператори, ташаббускор ва синовлар таъсир этиши мумкин бўлган Фойдаланувчилар учун маъқул бўлса, тизим синовининг якуний дастури тасдиқланади ва унга мувофиқ синовлар ўтказилади.

Акс ҳолда, тизим синови гуруҳи тизим синови дастурини қайта кўриб чиқади.

384. Тизим синов гуруҳи синов дастурини ишлаб чиқа олмаса ёки уни амалга оширишни келиша олмаса, Тақсимлаш тизими оператори тақсимлаш тизимининг хавфсизлиги ва ишончлилигини таъминлаш мақсадида тизим синовларини ўтказиш зарурлигига нисбатан қарор қабул қилади.

385. Тизим синови координатори синовлар ўтказиш санасидан олдин тизим синови дастурига таклиф қилинган ҳар қандай қайта кўриб чиқиш ёки ўзгартириш тўғрисида имкон қадар қисқа муддатда ёзма равишда хабардор қилиниши шарт.

Тизим синови координатори таклиф этилаётган қайта кўриб чиқиш ёки ўзгартиришни кўриб чиқишга лойиқ деб ҳисобласа, у Тақсимлаш тизими операторини, синов ташаббускорини ва синовлар таъсир этиши мумкин бўлган Фойдаланувчиларни таклиф этилган ўзгартиришларни киритиш учун тегишли ҳаракатларни амалга оширишлари ҳақида хабардор қилади.

Тизим синови координаторига эътирозлар келиб тушмаса, тизим синови дастури ўзгартиришлар ёки тузатишлар билан давом эттирилади.

386. Режалаштирилган тизим синови кунида тизим ҳолати барқарор бўлмаса, тизим синов координатори синовни кейинга қолдиришни тавсия этади.

7-§. Тизим синовлари ҳисоботи

387. Тизим синови тугагандан сўнг икки ой ичида синов ташаббускори тизим синови ҳисоботини тайёрлайди ва уни Тақсимлаш тизими операторига, синовлар таъсир этган Фойдаланувчиларга ва гуруҳ аъзоларига тақдим этади.

388. Тизим синови ҳисоботи топширилгандан сўнг тизим синов гуруҳи фаолияти автоматик равишда тўхтатилади.

389. Тақсимлаш тизими оператори тизим синови ҳисоботини кўриб чиқиш ва тавсиялар бериш учун Назорат қилувчи органга тақдим этади.

8-боб. Генерацияловчи модуллар синови

390. Қувват синовлари ўрта қувватли генерацияловчи модулларнинг қайд этилган қувват ишлаб чиқариши мазкур Қоидаларнинг III бўлими 2 ва 4-боблари талабларига мувофиқлигини кўрсатиб бериши талаб этилади.

Ўлчанган қийматлар Тизим оператори томонидан Тақсимлаш тизими оператори орқали қайд этилган қувватнинг ±5 фоизи атрофида бўлса, генерацияловчи модул синовдан ўтган деб ҳисобланади.

391. Частотага чидамлилик синови ўрта қувватли генерацияловчи модулларни мазкур Қоидаларнинг 126 — 131-бандларда кўрсатилган вақт давомида тармоқ билан синхрон ҳолатда қолиш имкониятига эга эканлигини кўрсатиши шарт.

Ягона электр энергетикаси тизими частотаси рухсат этилган қийматлар чегарасида бўлганида генератор юқорида кўрсатилган талабларга мос келмаса, ушбу генератор синовдан ўтказилади.

392. Актив қувватни бошқариш синови ўрта қувватли генерацияловчи модулларни актив қувватни ростлашни таъминлаш имкониятига эга эканлигини кўрсатиб беради.

Ўлчанган кўрсаткич MW/Нz да беш сония ичида талаб этилган кўрсаткичнинг ±5 фоизи чегарасида бўлса, генерацияловчи модул синовдан ўтган деб ҳисобланади.

393. Реактив қувватни бошқариш синовлари ўрта қувватли генерацияловчи модулларининг уланиш нуқтасида реактив қувватни бошқариш имкониятига эга эканлигини кўрсатиб беради. Генерацияловчи модул қуйидаги ҳолатларда синовдан ўтган деб ҳисобланади:

кучланишни бошқариш режимида уланиш нуқтасидаги кучланишни максимал 0,01 н.б. га қадар бошқариш имкониятига эга бўлганда;

қувват коэффициентини бошқариш режимида уланиш нуқтасида 0,01 н.б дан ортиқ бўлмаган қадамларда белгиланган қувват коэффициенти билан зарур реактив қувват оралигида қувват коэффициенти бошқаришга қодир бўлганда.

394. Тез ишга тушириш синовлари генерацияловчи модулнинг автоматик равишда ишга тушиш, тақсимлаш тизими орқали тармоқ билан синхронлаш ва мазкур Қоидаларнинг 122-бандида кўрсатиб ўтилганидек ўрнатилган қувватгача юкланиш имкониятини кўрсатиб бериши керак.

395. Нолдан ишга тушириш синови нолдан ишга тушириш имкониятига эга генерацияловчи модул мазкур Қоидаларнинг 120-121-бандларига мувофиқ, нолдан ишга тушириш жараёнини амалга ошириш имкониятини кўрсатади.

Генерацияловчи модул нолдан ишга туширилса, тақсимлаш тизими орқали тармоқ билан синхронлашса ва ташқи таъминот манбаисиз белгиланган қувватга эришса, синовлар муваффақиятли ўтган ҳисобланади.

396. Ўрта қувватли генерацияловчи модулнинг ўрнатилган (лойиҳавий) тавсифларининг синовлари генерацияловчи модулни буюртма қилинган параметрларга мувофиқ электр энергетикаси режимлари режасига киритиш мумкинлигини кўрсатиб беради.

397. Ўрта қувватли генерацияловчи модулларни диспетчерлашнинг аниқлиги бўйича синовлар, генерацияловчи модулнинг ишчи параметрлари режалаштириш ва диспетчерлаш параметрларига мос келишини кўрсатиб беради. Генерацияловчи модул куйидаги ҳолатларда синовдан ўтган деб ҳисобланади:

синхронлаш ҳолатида жараён белгиланган синхронлаш вақтидан ±5 дақиқа оралиғида содир бўлганда;

синхронлашган генерация ҳолатида (режалаштириш ва диспетчерлаш параметрлари сифатида қайд этилган бўлса) эришилган синхронлашган генерация ўрнатилган қувватнинг 2,5 фоиз эквивалентига тенг хатолик даражасида ишлаганда;

ўзгариш тезлиги белгиланган кўрсаткичнинг ±10 фоизи доирасида бўлганда;

юкламани пасайтириш тезлиги белгиланган кўрсаткичнинг ±10 фоизи оралиғида бўлганда.

бошқа барча режалаштириш ва диспетчерлаш параметрлари учун қийматлар белгиланган кўрсаткичларнинг ±1,5 фоизи оралиғида бўлганда.

398. Диспетчерлик бошқаруви ва маълумотларни йиғиш дастурий-аппарат комплекси (SCADA) ҳамда алоқа тизимлари синовлари ўрта ва кичик қувватли генерацияловчи модулнинг қуйидаги имкониятларини кўрсатиб беради:

уланиш ёки мавжуд уланишни ўзгартириш шартномасида кўрсатиб ўтилган Тақсимлаш тизими оператори ёки Тизим операторининг SCADA тизимидан актив қувватнинг ёки кучланиш белгиланган қийматини ва (ёки) ўчириш сигналларини қабул қилишни;

Тақсимлаш тизими операторига уланиш ёки мавжуд уланишни ўзгартириш шартномасида кўрсатилган сигналларни юборишни;

399. Ҳимоя тизимларини синовдан ўтказишда барча ҳимоя воситалари (ускуналари) Тақсимлаш тизими оператори билан келишилган, талаб этилган созламалар ва селективлик (танловчанлик) билан ишлашини кўрсатиб бериши шарт.

Ушбу синовлар электр таъминоти узилган тақдирда генерацияловчи модул тақсимлаш тизимидан ўчирилишини кўрсатиб бериши керак.

400. Қўшимча хизматлар кўрсатишни синовдан ўтказиш, кўрсатилаётган хизматларнинг миқдори ва ҳажми, хизматларнинг ўз вақтида кўрсатилаётганлиги ҳамда бошқа эксплуатация талабларига мақбуллигини кўрсатади.

Шу билан бирга, Тизим оператори ёки Тақсимлаш тизими оператори томонидан тизимдан олинган маълумотларга асосан, қўшимча хизматлар кўрсатиш сифати юзасидан назорат олиб борилади.

401. Энергетика вазирлиги бир ёки бир нечта муҳим ҳодисалар ёки Тизим оператори ва Тақсимлаш тизими оператори эътирозлари таҳлили асосида генерацияловчи модул мазкур Қоидалар талабларига жавоб бермайди деб ҳисобласа, ўрта ва кичик қувватли генерацияловчи модуллар учун қуйидаги синовлар ўтказилади:

электр энергияси сифат кўрсаткичлари синови генерацияловчи модулни мазкур Қоидаларнинг II бўлими 1-боб ва III бўлими 4-бобларида кўрсатиб ўтилган талабларга жавоб беришини кўрсатади. Уланиш нуқтасида ўлчанган кўрсаткичлар белгиланган қийматларнинг ±5 фоизи чегарасида бўлса, генерацияловчи модул синовдан ўтган ҳисобланади;

тармоқнинг барқарор режимлари бузилган ҳолатлардаги синовлар, генерацияловчи модул мазкур Қоидаларнинг 134-135-бандларида белгиланган кучланиш пасайишига бардош бера олишини кўрсатади.

402. Кичик ва микро қувватли генерацияловчи модулларнинг мувофиқлигини кўрсатиш учун келишилган тартибда қуйидаги синовлар амалга оширилади:

реактив қувват синови — кичик ва микро қувватли генерацияловчи модул тақсимлаш тизимига уланиши, актив қувват ишлаб чиқариши ва реактив қувватни компенсация қилиши мумкинлигини кўрсатиб беради. Бунда қувват коэффициенти индуктив характерда 0,95 ҳамда сиғим характерда 0,95 гача бўлса, генерацияловчи модул синовдан ўтган деб ҳисобланади;

ҳимоя тизимлари синови — талаб этилган созламалар ва ҳимоянинг селективлик (танловчанлик) билан ишлашини кўрсатиб бериши ҳамда электр энергияси таъминоти узилган тақдирда генерацияловчи модул тақсимлаш тизимидан ўчирилишини кўрсатиб бериши;

қайта уланиш вақтини текшириш (блокировкани синаш) — электр энергияси таъминоти йўқолишидан ҳимоя ишга тушганидан сўнг, генерацияловчи модул блокировка ҳолатида қолишини ва тармоқда таъминот тикланганидан сўнг камида 10 дақиқа давомида автоматик равишда қайта улаш амалга оширилмаслигини кўрсатиб бериши;

синхронлаш синовлари — генерацияловчи модулнинг тақсимлаш тизими билан автоматик равишда синхронлаш қобилиятига эга эканлигини кўрсатиши;

алоқа воситалари синовлари — Тақсимлаш тизими оператори талабига асосан, SCADA ва алоқа воситалари ўрнатилган кичик қувватли генерацияловчи модуллар Тақсимлаш тизими операторига уланиш ёки мавжуд уланишни ўзгартириш шартномасида кўрсатиб ўтилган сигналларни узатиш имкониятига эга эканлигини кўрсатиб бериши талаб этилади.

403. Барча синовлар Тақсимлаш тизими оператори, электр энергияси ишлаб чиқарувчиси ва (ёки) Фойдаланувчининг ваколатли вакиллари томонидан тасдиқланади ва қайд этилади.

404. Генерацияловчи модуллар синовдан ўта олмаса, генерацияловчи модул оператори тегишли қайд этилган параметрларга эришиш учун келишилган муддат ичида камчиликларни бартараф этади.

405. Генерацияловчи модулнинг маълум синовлардан ўтмаганлиги билан боғлиқ низо юзага келса, Тақсимлаш тизими оператори, генерацияловчи модул оператори ва (ёки) Фойдаланувчи низони ўзаро ҳал этишга ҳаракат қилади.

Бунда низони ҳал этишнинг имконияти бўлмаса, томонлардан бири ушбу масала юзасидан Энергетика вазирлигига мурожаат қилади.

406. Генерацияловчи модуллар операторлари Тақсимлаш тизими операторининг талабига биноан, генерацияловчи модулнинг муайян модели ушбу Қоидалар талабларига мувофиқлиги юзасидан синовдан ўтганлигини тасдиқловчи ушбу модулларни ишлаб чиқарувчиси томонидан берилган синов ҳисоботини тақдим этиши мумкин.

Ҳисоботда синовдан ўтган генерацияловчи модулнинг модели, синов шартлари ва қайд этилган натижалар батафсил тавсифланади ҳамда ушбу маълумотларнинг барчаси синов ҳисоботига киритилади.

9-боб. Объект ва ускунани идентификациялаш

407. Тақсимлаш тизими оператори барча электр схемаларида, уланиш нуқтаси чизмаларида, эксплуатация қилиш бўйича йўриқномаларда, хабарномаларда ва бошқа ҳужжатларда ҳар қандай объект ёки ускунани аниқлаш учун фойдаланиладиган белгиланган объект ва ускуналарни идентификациялаш тизимини ишлаб чиқади ва жорий этади.

Объект ва ускуналарни идентификациялаш тизими техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлиши талаб этилади.

408. Объектнинг идентификация рақами уланиш нуқтаси, подстанция ва тақсимловчи қурилманинг номини ўз ичига олиши ҳамда ҳар бир объект учун ягона бўлиши керак.

409. Ускунанинг идентификация рақами ҳар бир трансформатор, тақсимлаш тармоғи, шина, ўчиргич, ажраткич, ерга улагич, конденсатор батареяси, реактор, яшиндан ҳимоялагич (разрядник), алоқа конденсатори ва уланиш нуқтасидаги бошқа ўрта кучланишли ускуналар учун ягона бўлиши шарт.

410. Тақсимлаш тизими оператори объектлар ва ускуналарни идентификациялаш учун белгилар ўлчами ва ранги, ёрлиқлар ўлчами ва рангини ўз ичига олган стандарт маркировкалаш (белги) тизимини ишлаб чиқади ва жорий этади.

411. Тақсимлаш тизими оператори ёки Фойдаланувчи ўз тизимидаги ҳар бир объект ва ускунани идентификациялашда аниқ ва бехато белгиларни ишлаб чиқиш ва уларни ўрнатиш учун жавобгардир.

VI бўлим. Электр энергиясини ҳисобга олиш

1-боб. Ҳисобга олиш ускуналарига қўйиладиган талаблар

412. Электр энергияси сарфи ҳажмини ҳисобга олишда ҳисобга олиш тизими қонунчилик, шу жумладан техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари асосида жорий этилиши ва қуйидаги таркибий қисмларни ўз ичига олиши мумкин:

электр энергияси сарфи ҳажмини ҳисобга олиш ускунаси (кейинги ўринларда — ҳисоблагич) ва унга қўшимча равишда ўрнатилган импульсни қайд этиш мосламаси, вақт манбаи ва батареяси;

ўлчов трансформаторлари;

улаш кабеллари ва тегишли қурилмалар, шунингдек, синаш блоки ёки ўчириб-ёқиш қурилмаси, юклама резисторлари, ҳисоблагич шкафи, хавфсизлик муҳрлари ва қулфлари.

413. Ҳисобга олиш нуқтаси (ҳисоб-китоб нуқтаси) Фойдаланувчиларнинг тақсимлаш тизимига уланиш нуқтасида жойлашган бўлиши лозим. Ҳисоблагични ўрнатиш техник томондан мураккаб, иқтисодий жиҳатдан самарасиз ва мақсадга мувофиқ эмас деб топилган ҳолатлар бундан мустасно.

414. Ҳисоб-китоб нуқтасини маълум асосли сабабларга кўра уланиш нуқтасига жойлаштириш имконияти бўлмаса, ҳисоблагич ўзаро келишув ёки Таъминотчининг таклифига мувофиқ бошқа жойда ўрнатилади.

Бунда ҳисоб-китоб қилинадиган миқдорни аниқлашда Тақсимлаш тизими оператори томонидан етказиб бериладиган ёки истеъмолчи томонидан истеъмол қилинадиган электр энергияси ҳисоблагич кўрсаткичларига келишилган ҳисоб-китоб нуқтаси ва уланиш нуқтаси орасидаги йўқотишларни ҳисобга олган ҳолда тузатишлар киритилади.

415. Тақсимлаш тизими операторининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

ҳисобга олиш тизимининг яхлитлиги ва аниқлигини таъминлаш учун ҳисобга олиш тизими ва унинг таркибий қисмларини лойиҳалаш, ўрнатиш, ишлатиш ва техник хизмат кўрсатиш учун жавобгар бўлиш;

ушбу бобга мувофиқ ҳисобга олиш тизимини ўрнатиш, эксплуатация қилиш, техник хизмат кўрсатиш ва синовдан ўтказилишини таъминлаш;

Таъминотчи томонидан белгиланган ёки электр таъминоти шартномасида кўрсатилган жойда ҳисобга олиш тизимини ўрнатиш;

ҳисобга олиш тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш;

ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун ҳисоблагич кўрсаткичларини қайд этиш, жамлаш, текшириш ва юбориш;

ҳисобга олиш тизимини, маълумотларни йиғиш ускуналари ва унга тегишли ускуналарни муҳрлаш.

416. Тақсимлаш тизими оператори ва Фойдаланувчилар мазкур боб талабларига мувофиқ ваколатли шахсларнинг ҳисобга олиш ускуналарини тўсқинликсиз бориб кўриш имкониятини яратиши керак.

417. Ҳисоблагичларни етказиб бериш бўйича жавобгарлик ва бошқа мажбуриятлар Фойдаланувчи ва Тақсимлаш тизими оператори ўртасида тузилган шартномага мувофиқ белгиланади.

418. Уланиш шартномаси ва электр таъминоти шартномасига мувофиқ Фойдаланувчининг барча уланиш нуқталарида тақсимлаш тизимидан қабул қилинган ва (ёки) унга узатилган актив ва реактив электр энергияси ҳажми ҳамда қуввати ҳисобга олинади.

Уланиш нуқтаси ҳисоблаш, қайд этиш ва текшириш учун очиқ бўлиши шарт.

419. Ҳисобга олиш тизими реактив энергия узатилиши ва истеъмолини ҳисобга олиш воситалари билан таъминланиши ҳамда реактив энергия оқимларини ўлчаши талаб этилади.

420. Ўлчов (кучланиш, ток) трансформаторларига қуйидаги талаблар қўйилади:

аниқлик синфи техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларида белгиланган кўрсаткичлар доирасидан ошмаслиги;

ишлаб чиқарувчининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжат мавжудлиги;

минимал ёки максимал доимий иккиламчи ишчи кўрсаткичлар (кучланиш, ток ва фазалар кетма кетлиги белгиланган диапазонга мос бўлиши) ҳисоблагичнинг аниқлигига ёки ишлашига таъсир қилмаслиги;

иккиламчи клемма қутисидан ҳисобга олиш тизими шкафигача бўлган оралиқдаги барча ўтказгичлар қаттиқ металл ўтказгич орқали ўтказилган бўлиши.

421. Ҳисобга олиш тизимлари ташқи таъсирдан ва электр энергиясини нотўғри ҳисоблашга олиб келувчи ҳаракатлардан ҳимояланган бўлиши шарт.

Ҳисобга олиш тизимлари махсус шкафга жойлаштирилган бўлиши ва ташқи аралашувнинг олдини олиш мақсадида муҳр ва қулф билан ҳимояланган бўлиши ҳамда кўрсаткичларни қайд этиш ва назорат учун қулай бўлиши талаб этилади.

Тақсимлаш тизими оператори вақти-вақти билан хавфсизлик қулфлари ва муҳрларини бутлигини текширади.

422. Тақсимлаш тизими оператори ва Фойдаланувчилар ўзларининг объектларидаги мавжуд ҳисобга олиш тизимининг яроқли ҳолда сақланиши учун жавобгардир.

423. Тақсимлаш тизими оператори (ёки унинг ваколатли шахси), Таъминотчи, Назорат қилувчи органнинг ваколатли вакиллари ва Фойдаланувчи иштирокида ҳисобга олиш тизими муҳрланади. Ҳисобга олиш тизимига ўрнатилган ёки ундан олиб ташланган барча муҳрлар рўйхатдан ўтказилади ҳамда тузилган далолатномалар иккала томон ва Таъминотчи вакили томонидан имзоланади.

424. Ҳисобга олиш тизимининг бутунлиги бузилганлиги (қулфлар ва пломбаларнинг рухсатсиз очилганлиги) ҳақида аниқлаган томон бошқа томонни ва Назорат қилувчи органни хабардор қилиши шарт.

425. Тақсимлаш тизими оператори ҳар қандай бутунликни бузилиши ҳақидаги хабарни ушбу бузилишни ҳисобга олиш тизимига, электр энергияси ҳажмини ҳисоблашга таъсирини аниқлаш мақсадида ўрганиб чиқади ҳамда ўрганиш натижалари юзасидан хулосалар Назорат қилувчи орган, Таъминотчи ва Фойдаланувчига тақдим этилади.

2-боб. Ҳисобга олиш тизимини эксплуатацияга киритиш, синаш ва хизмат кўрсатишга қўйиладиган талаблар

426. Ҳисобга олиш тизимлари қуйидаги шартлар бажарилган тақдирда тижорат ҳисобга олишга тайёр деб ҳисобланади:

ўлчов трансформаторлари уларнинг паспорт маълумотлари (ёрлиқлари) ва ишлаб чиқарувчи корхонада ўтказилган синаш ҳисоботларининг талабларга мувофиқлиги текширилган ҳамда кўрсаткичлари мослиги тасдиқланганда;

ҳисоблагичлар техник талабларга мослиги тасдиқланганда;

ҳисобга олиш тизими ушбу бўлим талабларига мувофиқ ўрнатилган, уланган ва синашдан ўтказилганда.

427. Тақсимлаш тизими оператори ёки аккредитацияланган синов лабораторияси томонидан синашдан ўтказилмаган ва мувофиқликни тасдиқловчи ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ўлчов трансформаторининг ўрнатилиши ва эксплуатацияга киритилиши тақиқланади.

428. Ўлчов трансформаторларини синашдан ўтказиш Тақсимлаш тизими оператори ва Фойдаланувчининг ваколатли вакили иштирокида синовлар ва эксплуатацияга киритиш босқичида, шунингдек, ушбу трансформаторнинг аниқлик даражасини кўриб чиқиш зарурияти тугилганда қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

429. Эксплуатацияга киритишдан олдин ўлчов трансформаторлари қуйидаги кўрсаткичлар бўйича синашдан ўтказилади:

бирламчи чулғамга бериладиган кучланиш ва токнинг белгиланган юкламасида фаза хатолиги ва коэффициенти;

изоляциянинг яхлитлиги;

юкламани текшириш.

430. Ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

431. Фойдаланувчи ва Таъминотчи ўртасида ҳисоблагичнинг тўғри ишлаши бўйича келишувга эришилмаса ёки ҳисобга олиш бўйича низолар юзага келса, бу масалага Тақсимлаш тизими оператори ҳам жалб этилади.

432. Тақсимлаш тизими оператори ҳисобга олиш тизимларига белгиланган тартибда хизмат кўрсатиши, шу билан бирга барча қиёслаш ва синаш натижалари, техник хизмат кўрсатиш дастурлари ва муҳрлаш ёзувларини сақлаши керак.

Маълумотлар, қиёслаш ва синаш натижалари Тақсимлаш тизими оператори томонидан Фойдаланувчининг сўровига биноан тақдим этилади.

433. Ҳисобга олиш тизимлари ҳисоблагичларни синаш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича қонунчилик, шу жумладан техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ эксплуатация қилиниши ва техник хизмат кўрсатилиши керак. Мунтазам техник хизмат кўрсатиш қуйидагиларни ўз ичига олади:

ҳисобга олиш тизимини аниқлигини даврий қиёслаш, синаш ҳамда текшириш;

вақти-вақти билан ҳисоблагич соатини Ўзбекистон Республикасининг Мувофиқлаштирилган универсал вақтидан оғишини текшириш.

434. Хабар қилинган носозлик ёки ҳисобга олиш тизимининг ишдан чиқиши, шунингдек, ҳисобга олиш маълумотларидаги ноаниқликлар Тақсимлаш тизими оператори томонидан текширилади ва бартараф этилади.

Ҳисоблагич ишдан чиқиши ёки нотўғри ишлаши тасдиқланса, Тақсимлаш тизими оператори томонидан носозликлар бартараф этилгунига қадар ҳисоблагич маълумотларига тузатишлар ёки ўзгартиришлар киритилади.

3-боб. Ҳисоблагич кўрсаткичларни ёзиб олиш ва ҳисобга олиш маълумотлари

435. Ҳисоблагичлар кўрсаткичлари Тақсимлаш тизими операторининг ваколатли вакили томонидан Таъминотчи ва Фойдаланувчининг ваколатли вакили иштирокида электр таъминоти шартномасида белгиланган санада ёзиб олинади (қайд этилади).

436. Тўлов ҳужжатларини тақдим этиш учун асос бўладиган ҳисоблагич кўрсаткичлари Тақсимлаш тизими оператори томонидан ҳисоблагичидан олинган маълумотларининг яхлитлиги ва хавфсизлигини таъминлайдиган дастурий таъминот орқали йиғилиши (олиниши) шарт.

Ҳисоблагичнинг қабул қилинган маълумотлари Тақсимлаш тизими оператори томонидан қуйидаги манзилларга етказилади:

электр таъминоти шартномаси ва чакана бозор қоидаларига мувофиқ тўлов ҳужжатларини шакллантириш учун Таъминотчига;

шартномага мувофиқ Фойдаланувчиларга;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатли томонларга.

437. Ҳисобга олиш маълумотларини текшириш қонунчиликда белгиланган усуллар, жараёнлар ва мезонларга мувофиқ амалга оширилади.

438. Ҳисоблагич ёки ўлчаш маълумотлари бўлмаган ҳолатда Тақсимлаш тизими оператори маълумотларни текшириш ва арифметик усулларидан фойдаланган ҳолда ўрта қийматни ҳисоблайди.

439. Тақсимлаш тизими оператори ҳисоблагичларнинг ҳисобга олинган ва тузатишлар киритилган маълумотларини алоҳида бошқариладиган сақлаш тизимларида камида беш йил давомида сақлаши ҳамда ваколатли томонлар низоларни ҳал этиш ва бошқа қонуний мақсадларда маълумот сифатида фойдаланиш учун тақдим этади.

Маълумотлар базасида сақланган ҳисобга олиш маълумотларини ўзгартиришга йўл қўйилмайди.

440. Ҳисоблагич маълумотларига киритилган тузатишлар юзасидан ҳужжатлаштирилган ёзувлар Тақсимлаш тизими операторларида ва Фойдаланувчиларда, шунингдек тузатишлар киритишда Назорат қилувчи орган иштирок этганда Назорат қилувчи органда сақланади.

441. Ҳисобга олиш маълумотларига конфиденциал маълумот сифатида қаралади ва улардан фақат қуйидаги ваколатли шахслар фойдаланишлари мумкин:

ҳисоб-китоблар ва мониторингни амалга ошириш мақсадида Тақсимлаш тизими оператори;

ҳисоб-китобларни амалга ошириш ва тўлов ҳужжатларини шакллантириш мақсадида Таъминотчи;

ҳисоб-китоб учун Фойдаланувчи;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатли томонлар.

VII бўлим. Тақсимлаш электр тармоқларидан фойдаланиш қоидаларини татбиқ этиш

442. Мазкур Қоидалар доирасида Энергетика вазирлиги:

мазкур Қоидалар ижросини назорат қилади;

тақсимлаш тизимларини ишончлилик кўрсаткичлари ва самарадорлик мезонларини баҳолайди ва тавсиялар беради;

тақсимлаш тизимларини ривожлантириш, техник хизмат кўрсатиш, эксплуатация қилиш дастурлари ҳамда уланишга тааллуқли меъёрлар ва талабларни бажарилишини таҳлил қилади;

тақсимлаш тизимлари иши ва мазкур Қоидалар бўйича заруратга кўра махсус ҳисоботларни тайёрлайди ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ва Энергетика бозори регуляторига киритиб боради.

443. Мазкур қоидаларнинг ҳар қандай талабларини талқин қилиш ва (ёки) қўллаш билан боғлиқ саволлар Энергетика вазирлиги томонидан қуйидаги тартибда кўриб чиқилади:

томон ёзма равишда мазкур Қоидаларнинг кўриб чиқилаётган шартлари ва талабларини аниқ кўрсатган ҳолда мурожаат қилади;

сўров келтирилган важлар асосида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ кўриб чиқилади. Энергетика вазирлиги мазкур масалани кўриб чиқиш учун тегишли техник ишчи гуруҳ тузиши ва жойида ўрганиш ўтказиши мумкин;

техник ишчи гуруҳи сўровнинг моҳиятини муҳокама қилиш ва керак бўлса, тасдиқловчи ҳужжатларни тўплаш учун тегишли томонларни жалб этади ва муҳокама ўтказади;

амалга оширилган ишлар, сўровга жавоб ва техник ишчи гуруҳининг ҳар қандай тавсиялари расмийлаштирилади ҳамда Энергетика вазирлигига тақдим этилади;

Энергетика вазирлиги сўровга расмий жавобни, шу жумладан тушунтиришлар ва тавсияларни мурожаатчига ҳамда нусхаси Тақсимлаш тизими операторига тақдим этади.

444. Мазкур Қоидаларда кўзда тутилмаган ҳолатлар юзага келса, Тақсимлаш тизими оператори имкон қадар қисқа муддатда барча жалб этилган Фойдаланувчилар билан кўзда тутилмаган ҳолатларни бартараф этиш бўйича келгуси ҳаракатлар юзасидан музокара ўтказади.

445. Мазкур Қоидаларда назарда тутилмаган фавқулодда вазиятларда Тақсимлаш тизими оператори зарур деб ҳисоблаган ҳар қандай чораларни кўриши шарт. Амалга оширилган ҳаракатлар, натижалар ва баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботлар ҳужжатларни расмийлаштириш ва ҳисобини юритиш учун Энергетика вазирлигига, жалб қилинган Фойдаланувчилар ва Таъминотчиларга тақдим этилади.

446. Тақсимлаш тизими оператори Фойдаланувчига нисбатан асоссиз бир томонлама хатти-ҳаракатлари ёки кўрилган чоралари учун жавобгардир.

447. Тақсимлаш тизими оператори ҳар чоракдан кейинги ойнинг охиригача Энергетика вазирлигига ҳисобот тақдим этиб боради.

448. Кўзда тутилмаган ҳолатлар ва фавқулодда вазиятларда томонлар ўртасида келишувга эришилган тақдирда, ушбу масала Энергетика вазирлиги томонидан кўриб чиқилади ва тегишли тавсиялар берилади.

449. Тақсимлаш тизимига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган янги технологиялар ва ноанъанавий ускуналардан фойдаланадиган генерацияловчи модуллар учун қўшимча талаблар Энергетика вазирлиги томонидан белгиланади.

450. Тақсимлаш тизими операторлари ёки Фойдаланувчилар мазкур Қоидаларнинг бир ёки бир нечта бандлари талабларига доир енгиллик берилишини сўрашлари мумкин. Бунда қуйидагиларни ўз ичига сўровнома Энергетика вазирлигига тақдим этилади:

енгиллик берилиши сўралаётган тизимнинг (жойнинг) батафсил тавсифи;

енгиллик сўралаётган мазкур Қоидаларнинг талабларига ҳаволалар ва сўралаётган енгилликнинг батафсил тавсифи;

тегишли тасдиқловчи ҳужжатлар билан асослаб бериш ва харажат ва фойданинг таҳлили;

сўралаётган енгилликнинг бошқа томонларга салбий таъсир кўрсатмаслигининг исботи.

451. Энергетика вазирлиги мазкур Қоидаларнинг бир ёки бир нечта бандлари талабларини енгилроқ ёки татбиқ этмаслик бўйича истисноларни тақдим этишни кўриб чиқади ва бериш мумкин деб топса, ўз хулосаси билан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади. Бунда енгиллик бериш мезонлари Вазирлик томонидан асослантирилиши шарт.

Енгилликлар фақатгина тақсимлаш тизимини ривожлантириш, уни барқарорлиги ва ишончли ишлашини таъминлаш ҳамда истеъмолчилар электр таъминоти ишончлилигини ошириш мақсадида ушбу тизимнинг чекланган қисмларини (заиф нуқталари) ривожлантириш мақсадида, ишончлилик мезонлари бузилмаслиги ҳамда иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлмаган ҳолларда тақдим этилади.

452. Ушбу Қоидалар талаблари тасдиқланган кундан олти ойдан сўнг Тақсимлаш тизими оператори тизимида амалга ошириладиган модернизация (реконструкция) ва янги қурилишларда ҳамда барча янги уланишлар (мавжуд уланишни ўзгартиришлар) учун тўлиқ татбиқ этилади.

453. Тақсимлаш тизими операторлари ва Фойдаланувчилар мазкур Қоидалар кучга киргунига қадар мавжуд бўлган, аммо ушбу Қоидалар талабларига жавоб бермайдиган, эксплуатацияга киритиш вақтда амалда бўлган талабларга тўлиқ жавоб берадиган ускуналардан фойдаланишлари мумкин.

Бунда томонлар имкон қадар ўз тизимларини мазкур Қоидалар талабларига жавоб берадиган тарзда ўзгартиришни режалаштиришлари ва бу ҳақида Энергетика вазирлигига батафсил ахборот киритишлари лозим.

454. Мазкур Қоидалар талабларини Қоидалар тасдиқлангунига қадар амалда эксплуатацияда бўлган ускуналарга кўллаш учун Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Энергетика вазирлиги томонидан аниқ муддатлар белгиланади.

Тақсимлаш тизимининг бирон қисмида олиб бориладиган модернизация (реконструкция) жараёнларида ушбу қисмга боғлиқ Фойдаланувчилар ҳам уланиш нуқтасидаги қурилмаларини мазкур Қоидалар талабларига мослаштиришлари керак. Тақсимлаш тизими оператори модернизация жараёни юзасидан муддатлар ва техник лойиҳавий кўрсаткичлар бўйича тегишли Фойдаланувчиларни камида олти ой олдин огоҳлантириши шарт.

VIII бўлим. Якуний қоидалар

455. Томонларнинг мазкур Қоидалар талабларини бажармаслик ҳаракатларидан норози бўлган ёки бузаётганлиги тўғрисида далилларга эга бўлган бошқа томон қонунчиликка мувофиқ Энергетика бозори регуляторига даъво йўллаши мумкин.

Энергетика бозори регулятори даъвони белгиланган тартибга кўра кўриб чиқади ва айбдор томоннинг лицензиясини тўхтатиш ёки бекор қилиш бўйича тегишли қарор қабул қилади. Энергетика бозори регулятори қўшимча маълумотлар сўраса, даъвони кўриб чиқиш муддати яна икки ойга узайтирилиши мумкин. Энергетика бозори регуляторининг қарори суд тартибида бекор қилинмагунича мажбурий кучга эгадир.

456. Қоидалар талабларини ёки ўз мажбуриятларини бажармаслик билан боғлиқ низолар қонунчиликда белгиланган тартибида ҳал этилади.

457. Мазкур Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Тақсимлаш электр тармоқларидан фойдаланиш қоидаларига 1-ИЛОВА

Тақсимлаш тизими операторлари учун истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш мақсадли кўрсаткичларининг намунавий шакли

Истеъмолчиларга кўрсатиладиган хизматлар Самарадорлик кўрсаткичлари 1. Харажатлар сметасини ҳисобга олган ҳолда буюртма (ариза)ларни кўриб чиқиш. Ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилганидан кейин ____ кун ичида. 2. Уланиш. Ваколатли томонлар ва Тақсимлаш тизими операторининг барча талаблари бажарилгандан кейин ____ кун ичида. 3. Иккиламчи томонда электр таъминоти узилишидан кейин хизмат кўрсатишни тиклаш, шу жумладан хизмат кўрсатишнинг тўхтатилиши / икки томонлама ўчиши (узилиш) 100% тикланишгача бўлган соатлар сони. 4. Электр энергияси сифати бўйича шикоятлар. а) шикоятни олгандан кейин ____ иш куни ичида жойига чиқиш ёки ____ кун ичида асосли жавоб бериш; б) ____ ой ичида электр энергияси сифати бўйича муаммоларни бартараф этиш. 5. Истеъмолчиларни электр таъминотидан узилишлар жадвали ҳақида хабардор қилиш. Режалаштирилган узилишлардан ____ кун олдин хабарнома бериш (хабардор қилиш). 6. Фавқулодда қўнғироқларга жавоб бериш. Қўнғироқдан кейин ____ соат ичида. 7. Ҳисоб-китобларга оид саволлар ва шикоятлар. а) саволларга ____ соат ичида жавоб бериш; б) Ҳисоб-китоблардаги хатоларни ____ соат (ёки кун) ичида тузатиш. 8. Тўловлар бўйича саволлар ва шикоятлар. а) ____ соат ичида саволларга жавоб бериш; б) ____ соат (ёки кун) ичида тўловлардаги хатоларни тузатиш. 9. Ҳисоблагичларнинг ишлаши юзасидан шикоятлар. а) шикоятни олгандан кейин 3 иш куни ичида жойига чиқиш ёки 10 кун ичида асосли жавоб бериш; б) ____ ҳафта ичида ҳисоблагичлар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш. 10. Электр таъминотини тиклаш. Белгиланган тўлов муддати тугагунга қадар тўлов амалга оширилган, қарз тўлиқ тўланганидан кейин соат ичида. 11. Истеъмолчиларни қабул қилиш вақтини белгилаш ва қабул қилиш. а) истеъмолчини қабул қилишнинг аниқ вақти белгиланади; б) белгиланган вақтда истеъмолчини қабул қилиш. 12. Фойдаланувчиларнинг мурожаатларига жавоб бериш ____ иш куни ичида.

Тақсимлаш электр тармоқларидан фойдаланиш қоидаларига 2-ИЛОВА

Таъминотчилар учун истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш мақсадли кўрсаткичларининг намунавий шакли

Истеъмолчиларга кўрсатиладиган хизматлар Самарадорлик кўрсаткичлари 1. Электр энергиясини сотиш ва ҳисобга олиш бўйича хизматлар кўрсатиш. Электр энергиясини етказиб бериш бўйича шартнома тузилгандан кейин ____ кун ичида. 2. Ҳисоб-китобларга оид саволлар ва шикоятлар. а) ____ соат ичида саволларга жавоб бериш; б) ҳисоб-китоблардаги хатоларни ____ соат (ёки кун) ичида тузатиш. 3. Тўловлар бўйича саволлар ва шикоятлар. а) ____ соат ичида саволларга жавоб бериш; б) ____ соат (ёки кун) ичида тўлов тизимидаги хатоларни тузатиш. 4. Ҳисоблагичларнинг ишлаши юзасидан шикоятлар. а) шикоятни олгандан кейин ____ иш куни ичида жойига чиқиш ёки ____ кун ичида асосли жавоб бериш; б) ____ ҳафта ичида ҳисоблагичлар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш. 5. Электр таъминотини тиклаш. Белгиланган тўлов муддати тугагунга қадар тўлов амалга оширилган, қарз тўлиқ тўланганидан кейин ____ соат ичида қайта уланиш. 6. Истеъмолчиларни қабул қилиш вақтини белгилаш ва қабул қилиш. а) истеъмолчини қабул қилишнинг аниқ вақти белгиланади; б) белгиланган вақтда истеъмолчини қабул қилиш. 7. Истеъмолчиларнинг мурожаатларига жавоб бериш. ____ иш куни ичида.

Тақсимлаш электр тармоқларидан фойдаланиш қоидаларига 3-ИЛОВА

Кучланиш пасайишида генерацияловчи модулларнинг ишлаш чегаралари

Тақсимлаш электр тармоқларидан фойдаланиш қоидаларига 4-ИЛОВА

Микро ва кичик қувватли генерацияловчи модулларнинг ҳимоя тизимига қўйиладиган талаблар

Ҳимоя ускунаси Қурилма Генерацияловчи модул қуввати <20 кВт >20 кВт Асинхрон генераторлар учун Кучланиш пасайиши релеси 27 + + Кучланишни бошқариш релеси 27 Ген + + Ўта кучланиш релеси 59 + Частота релеси 81/ O — 81/У + Секцияланишдан (ихоталанишдан) ҳимоя релеси (фаза силжиши ёки R oCoF) + + Синхрон генераторлар учун Синхронизацияни бошқариш релеси 25 + + Кучланиш пасайиши релеси 27 + + Максимал ток релеси 51 B + Ўта кучланиш релеси 59 + Частота релеси 81/ O — 81/У + Инверторлар учун Кучланиш пасайиши релеси 27 + + Ўта кучланиш релеси 59 + + Частота релеси 81/ O — 81/У + + Секцияланишдан (ихоталанишдан) ҳимоя релеси (фаза силжиши ёки R oCoF) + +

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 9 октябрь,

652-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.10.2024 й., 09/24/652/0801-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

QOIDALARI

Taqsimlash elektr tarmoqlaridan foydalanish qoidalarini tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Energetika sohasini isloh qilishning navbatdagi bosqichini amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 28-sentabrdagi PF-166-son Farmoni ijrosini taʼminlash hamda elektr energiyasining ulgurji va chakana bozori mexanizmlarini bosqichma-bosqich joriy etish, elektr energiyasini taqsimlash tizimining xavfsiz va samarali ishlashini tashkil etish hamda isteʼmolchilarning elektr taʼminoti barqarorligini oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Taqsimlash elektr tarmoqlaridan foydalanish qoidalari ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

taqsimlash tizimi operatorlarining vazifa va majburiyatlarini belgilash orqali taqsimlash tizimlarini ishonchli va barqaror ishlashini taʼminlash;

isteʼmolchilar va kichik quvvatdagi elektr energiyasini ishlab chiqaruvchilarni taqsimlash elektr tarmoqlariga ulash;

elektr energiyasi sifatini va isteʼmolchilarining elektr taʼminoti barqarorligini oshirish;

taqsimlash tizimlaridan samarali va xavfsiz foydalanishni tashkil etish hamda barcha foydalanuvchilar uchun teng shart-sharoitlarni yaratish;

taqsimlash elektr tarmoqlaridan oqilona va shaffof foydalanish shartlarini belgilash orqali elektr energiyasining ulgurji va chakana bozorida faoliyat yurituvchi tomonlar uchun umumiy texnik talablarni oʻrnatish.

2. Ushbu qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy oʻtgach kuchga kiradi.

3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi energetika vaziri J.T. Mirzamahmudov hamda Energetika bozorini rivojlantirish va tartibga solish agentligi direktori Sh.X. Xodjayev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 9-oktabrdagi 652-son qaroriga ILOVA

Taqsimlash elektr tarmoqlaridan foydalanish

I boʻlim. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Qoidalar taqsimlash elektr tarmoqlaridan oqilona va shaffof foydalanish orqali barcha ishtirokchilarga teng shart-sharoitlar yaratish, uni xavfsiz va ishonchli ekspluatatsiya qilish, taqsimlash tizimini rivojlantirish, shuningdek, isteʼmolchilarga elektr energiyasini ishonchli, xavfsiz va samarali yetkazib berishdagi munosabatlarni tartibga soladi.

2. Mazkur Qoidalarda maishiy isteʼmolchilarga faqatgina generatsiyalovchi modullarni oʻrnatgan yoki ulardan foydalanganda generatsiya modullariga nisbatan qoʻyilgan talab va majburiyatlar qoʻllaniladi.

3. Ushbu Qoidalarda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

barqaror rejim — tizim chastotasi, kuchlanish, uzatish tarmogʻi va uskunalarning yuklamasi normal ish chegaralarida va operativ rentabellik yetarli boʻlgan hamda tizim konfiguratsiyasi har qanday qisqa tutashuv tokini toʻxtatish, shuningdek, nosoz uskunalar (qurilma) tarmoqdan ajratilgan tizimning ishchi holati;

generatsiyalovchi modul — elektr energiyasini sinxron yoki sinxron boʻlmagan holda generatsiya qiluvchi (ishlab chiqaruvchi) qurilma yoki qurilmalar majmuasi;

isteʼmolchilarga xizmat koʻrsatish — Taqsimlash tizimi operatori va uning isteʼmolchilari oʻrtasidagi kundalik operatsiyalar, jumladan, toʻlovlar, ulanish soʻrovlari va isteʼmolchilarning shikoyatlari, shuningdek, Taqsimlash tizimi operatori ushbu operatsiyalarning samaradorligini oshirish uchun oʻz zimmasiga oladigan har qanday faoliyat;

ihotalangan tarmoq — tarmoqning qolgan qismidan ajratilgan, lekin ihotalangan hududda elektr energiyasi ishlab chiqarish va isteʼmolchilarni barqaror elektr energiyasi bilan taʼminlash imkoniyatiga ega elektr stansiya yoki generatsiyalovchi modullar jamlanmasi hamda ular bilan bogʻliq yuklama.

ihotalash — yagona elektr energetikasi tizimning bir qismini yoki komponentini, ushbu qism yoki komponentga xizmat koʻrsatish lozim boʻlganda xavfsizlikni taʼminlash yoki elektr taʼminoti talab etilmaganida elektr tarmogʻidan alohida ajratish;

muhim hodisa — taqsimlash tizimi va (yoki) Foydalanuvchi tizimiga sezilarli va keng tarqalgan taʼsir koʻrsatadigan taqsimlash tizimi yoki Foydalanuvchi tizimida yuz bergan vaziyat (nosozlik);

Nazorat qiluvchi organ — elektr energetika sohasida qonunchilik hujjatlari hamda texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga rioya qilinishi ustidan davlat nazoratini amalga oshiruvchi organ — Elektr energiyasi, neft mahsulotlari va gazdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi yoki qonun hujjatlarga muvofiq belgilanishi mumkin boʻlgan boshqa tashkilot;

past kuchlanish — 1000 V dan oshmaydigan kuchlanish darajasi.

taqsimlash tizimi — uzatish tizimidan yoki ishlab chiqaruvchilardan to yakuniy isteʼmolchilarning ulanish nuqtasigacha kuchlanishi 35 kV va undan past boʻlgan elektr tarmogʻi xoʻjaligi obyektlari majmui (35 kV kuchlanishli fiderlar va ushbu fiderga ulangan taqsimlash qurilmalari va transformatorlar ham taqsimlash tizimi hisoblanadi);

Taqsimlash tizimi operatori — Energetika bozorini rivojlantirish va tartibga solish agentligi (keyingi oʻrinlarda — Energetika bozori regulatori) tomonidan berilgan litsenziya asosida Oʻzbekiston Respublikasining muayyan hududida elektr energiyasini taqsimlash boʻyicha faoliyatni amalga oshirish vakolati berilgan yuridik shaxs;

Taʼminotchi — elektr energiyasini isteʼmolchilarga yetkazib berish (sotish) bilan shugʻullanadigan korxona;

Tizim operatori — elektr energiyasiga boʻlgan talab va taklifga taʼsir qiluvchi omillarni hisobga olgan holda tezkor-dispetcherlik boshqaruvini amalga oshiruvchi yuridik shaxs;

Uzatish tizimi operatori — Oʻzbekiston Respublikasida uzatish tizimlarini ekspluatatsiya qilish va rivojlantirish boʻyicha faoliyatni amalga oshirish vakolatiga ega boʻlgan yuridik shaxs;

uzish — isteʼmolchini elektr energiyasi yetkazishni toʻxtatish, shuningdek, bir vaqtning oʻzida bir nechta elektr uzatish tarmoqlari orqali elektr energiyasini qabul qiluvchi isteʼmolchilar uchun elektr energiyasi isteʼmolini cheklamasdan bir yoki bir nechta elektr taʼminoti tarmoqlarini uzish, avtomatik himoya vositalarining muvaffaqiyatli ishlashi natijasida yuzaga kelgan uzilishlar bundan mustasno;

ulanish nuqtasi — ulanish shartnomasida koʻrsatilgan, Foydalanuvchining tizimini taqsimlash tizimiga jismoniy ulash joyi(joylari);

ulanish shartnomasi — Foydalanuvchi va Taqsimlash tizimi operatori oʻrtasida Foydalanuvchi uskuna va qurilmalarini taqsimlash tizimiga (yangi ulanish nuqtasiga) ulash shartlarini belgilovchi shartnoma;

oʻtkinchi kuchlanish — qisqa muddatli kuchlanish tebranishlaridan qisqaroq vaqtdagi yuqori chastotali oʻta kuchlanishlar;

oʻrta kuchlanish — 1 kV dan 35 kV gacha boʻlgan kuchlanish darajasi;

oʻchirgich — barqaror sharoitlarda elektr zanjirini uzish, ulash va oʻtkazish uchun hamda qisqa tutashuv kabi avariya holatlarida elektr zanjirlarini uzish va maʼlum muddatda ulash imkoniyatiga ega boʻlgan mexanik kommutatsiya uskunasi;

oʻchirish — elektr energetika tizimining tarkibiy qismi ushbu komponent bilan bevosita bogʻliq boʻlgan baʼzi bir hodisa sababli oʻz vazifasini bajara olmaydigan holat. Uchirish isteʼmolchilarning elektr taʼminotidan uzilishiga yoki uzilmasligiga olib kelishi mumkin. Chaqmoq chaqishi, kondensator batareyalari yoki kabelni almashlab ulash, tokning uzilishi, yerga tutashuv yoyi, ferrorezonans va boshqa shunga oʻxshash hodisalar natijasida yuzaga kelgan yuqori chastotali oʻta kuchlanish;

flikerlar — miltillash, elektr tarmogʻida yuklamaning tez yoki tez-tez oʻzgarishi yoxud boshqa sabablarga koʻra kuchlanishning tebranishi natijasida yuzaga keladigan holat. Bu holat yorugʻlikning miltillashiga olib keladi yoki sezgir uskunalarning ishlashiga taʼsir qiladi;

Foydalanuvchi — oʻz tarmoqlari orqali taqsimlash tizimiga ulangan yoki ulanishi rejalashtirilgan isteʼmolchi va elektr energiyasini ishlab chiqaruvchi (taqsimlash tizimidan foydalanish huquqiga ega boʻlgan jismoniy yoki yuridik shaxs);

xavfsizlik — elektr energetika tizimining barqaror holatda uzluksiz ishlashi, tizimning baʼzi qismlari yoki komponentlari oʻchirilgan holatida ham yakuniy isteʼmolchilarni xavfsiz va yetarli darajada elektr energiyasi bilan taʼminlash;

hodisa — qisqa tutashuv, uskunaning ishdan chiqishi, noqulay ob-havo sharoiti yoki tabiiy hodisa tufayli tizimidagi favqulodda oʻzgarish yoki uzilishning rejadan tashqari yoki rejalashtirilmagan holda sodir boʻlishi;

cheklash — shartnomada nazarda tutilgan tadbirlarni amalga oshirish oqibatida muayyan vaqt oraligʻi davomida, shuningdek, Taqsimlash tizimi operatorining elektr tarmoqlarida fors-major holatlar tufayli paydo boʻlgan avariya rejimlari vaqtida isteʼmolchiga shartnomada belgilangan elektr energiyasini yetkazib berish miqdorining kamayishi;

Elektr stansiyasi operatori — Elektr stansiyalariga yoki generatsiyalovchi modullarga ega boʻlgan jismoniy yoki yuridik shaxs, jumladan generatsiyalovchi modul operatori deb ham yuritiladi;

elektr sxemasi — uskunalar yoki elektr energetika tizimining tarkibiy qismlarini bir-biriga yoki tashqi tizimlarga ulashni koʻrsatadigan sohaga oid belgilardan foydalangan sxematik chizma (diagramma);

elektr energiyasi sifati — elektr energiyasi parametrlarining milliy standartlari boʻyicha belgilangan talablarga muvofiqligi;

elektr energiyasi taʼminotidagi tanaffus — isteʼmolchiga elektr energiyasi yetkazib berishni toʻxtatish, avtomatika qurilmalarining muvaffaqiyatli ishlashi tufayli yoki elektr energiyasi isteʼmol qilishning cheklanishiga olib kelmaydigan, bir vaqtning oʻzida bir nechta liniyalar boʻyicha elektr energiyasini oluvchi isteʼmolchilar uchun bitta yoki bir nechta elektr energiyasi yetkazib berish liniyalarining uzib qoʻyilishi tufayli sodir boʻladigan tanaffuslar bundan mustasno;

yuqori kuchlanish — 110 kV dan 500 kV gacha boʻlgan kuchlanish darajasi.

4. Yuqori va oʻrta kuchlanishli podstansiyalar Uzatish tizimi operatori tomonidan, 0,4 — 10 kV kuchlanishli elektr tarmogʻi xoʻjaligi obyektlari va 35 kV kuchlanishli fiderlar (ushbu fiderga ulangan taqsimlash qurilmalari va transformatorlar) Taqsimlash tizimi operatorlari tomonidan ekspluatatsiya qilinadi hamda uzatish va taqsimlash tizimlari oʻrtasidagi mansublik chegarasi oʻrta kuchlanishli podstansiyaning yacheykalarida (fiderlarning chiqish nuqtasida) belgilanadi.

II boʻlim. Elektr taʼminoti meʼyorlari

1-bob. Elektr energiyasi sifati meʼyorlari (talablari)

1-§ Elektr energiyasi sifati buzilishi

5. Elektr energiyasining sifati texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar bilan belgilanadi va sifat koʻrsatkichlarining ushbu hujjatlarda belgilangan chegaralardan chetga chiqishi (ogʻishi) elektr energiyasining sifati buzilishiga olib keladi. Elektr energiyasining sifati yagona elektr energetikasi tizimini ishonchli va samarali ishlashini taʼminlash hamda isteʼmolchilarning elektr taʼminotidagi asosiy koʻrsatkich hisoblanadi.

6. Elektr energiyasining sifati kuchlanish va chastota darajalari hamda ularni tashkil etuvchilarning toʻlqin shakli buzilishi bilan oʻlchanadi. Quyidagilardan kamida bittasi mavjud boʻlib, u taqsimlash tizimining barqaror ishlashiga sezilarli taʼsir koʻrsatsa, elektr energiyasi sifati buzilgan hisoblanadi:

chastotaning 50 Nz nominal qiymatdan ogʻishi ruxsat etilgan diapazondan oshganda;

kuchlanish belgilangan nominal qiymatdan ogʻganda;

kuchlanish tebranishi ruxsat etilgan diapazondan oshganda;

kuchlanish nomutanosibligida (nosimmetriyalik yoki nosinusoidallik);

tizimda garmonik chastotalar mavjud boʻlganda;

kuchlanish tebranishlari intensivligi ruxsat etilgan chegaralardan tashqariga chiquvchi flikerlar (miltillash)ga olib kelganda;

taqsimlash tizimida yuqori chastotali oʻta kuchlanishlar mavjud boʻlganda.

2-§. Chastota tebranishlari (ogʻishi)

7. Taqsimlash tizimida nominal chastota 50 Nz ga teng boʻlishi shart. Taqsimlash tizimi chastotasining nominal qiymatdan ogʻishi (koʻtarilishi yoki tushishi) chastota tebranishi (ogʻishi) hisoblanadi.

Bir hafta davomida 95 foiz vaqt oraligʻida ±0,2 Nz dan va 100 foiz vaqt oraligʻida ±0,4 Nz dan oshishi elektr energiyasining sifatini buzilishi hisoblanadi.

8. Taqsimlash tizimi operatori oʻz tizimini Tizim operatoriga yagona elektr energetikasi tizimida texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga muvofiq asosiy chastotani saqlab turishga yordam beradigan tarzda loyihalashtirishi va ekspluatatsiya qilishi kerak.

9. Barqaror ekspluatatsiya sharoitlari texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarga (Texnik jihozlarning elektromagnit mosligi, Umumiy maqsadlar uchun elektr taʼminoti tizimlarida elektr energiyasi sifati standartlari) mos boʻlishi shart.

3-§. Kuchlanish tebranishi (ogʻishi), nosimmetriyaligi va oʻtkinchi kuchlanishlar

10. Kuchlanishi tebranishi (ogʻishi) kuchlanishning oʻrtacha kvadratik ogʻishining foizlarda ifodalangan nominal qiymatidan chetga chiqishi sifatida aniqlanadi. Barqaror ekspluatatsiya rejimlarida kuchlanish oʻzgarishi ±10 foizdan oshmasligi shart. Kuchlanish tebranishlari qisqa yoki uzoq muddatli boʻlishi mumkin.

11. Kuchlanishning qisqa muddatli tebranishi nominal chastotaning yarim siklidan (10 millisoniya) ortiq, lekin bir daqiqadan koʻp boʻlmagan vaqt davomida kuchlanish oʻrtacha kvadratik qiymatining nominal qiymatidan ogʻishi sifatida aniqlanadi.

Kuchlanishning oʻrtacha kvadratik qiymati nominal qiymatning:

110 foizdan 180 foizgacha oshsa kuchlanishning qisqa muddatli tebranishi kuchlanishning sakrashi (lahzada koʻtarilishi);

90 foizidan 10 foizigacha kamaysa kuchlanishning qisqa muddatli tebranishi kuchlanishning qisqa vaqtli pasayishi (yoki lahzada pasayishi) hisoblanadi.

12. Kuchlanishning uzoq muddatli tebranishlari kuchlanish oʻrtacha kvadratik qiymatining nominal qiymatdan bir daqiqadan ortiq vaqt davomida ogʻishi sifatida aniqlanadi.

Kuchlanishning oʻrtacha kvadratik qiymati nominal qiymatning:

90 foiz miqdoriga teng yoki undan kamni tashkil etsa kuchlanishning uzoq muddatli oʻzgarishi — past kuchlanish;

110 foiz miqdoriga teng yoki undan yuqori boʻlsa kuchlanishning uzoq muddatli oʻzgarishi — oʻta kuchlanish hisoblanadi.

13. Taqsimlash tizimi operatorlari barqaror ekspluatatsiya sharoitida Foydalanuvchining taqsimlash tizimiga ulanish nuqtasida kuchlanishning pasayishi yoki oʻta kuchlanish yuzaga kelmasligini taʼminlashi shart.

14. Taqsimlash tizimi operatori katta quvvatli asinxron dvigatellarni ishga tushirish vaqtidagi kuchlanish pasayishlari boshqa Foydalanuvchilar qurilmalari yoki jihozlariga salbiy taʼsir koʻrsatmasligini taʼminlash uchun taqsimlash tizimining yetarli quvvat oʻtkazuvchanlikka ega boʻlishini taʼminlashi shart.

15. Kuchlanish nosimmetriyaligi faza kuchlanishi oʻrtacha qiymatining uch fazali kuchlanishning oʻrtacha qiymatidan maksimal ogʻishi hisoblanadi. Kuchlanish nosimmetriyaligi faza kuchlanishini uch fazali kuchlanishning oʻrtacha qiymatiga nisbati bilan (foizlarda) aniqlanadi.

16. Barqaror ekspluatatsiya sharoitlarida Foydalanuvchining ulanish nuqtasida maksimal kuchlanish nosimmetriyaligi (nomutanosibligi) elektr energiyasi sifati koʻrsatkichlarida belgilangan qiymatdan oshmasligi shart. Bunda 10 daqiqaning 95 foizi davomida 2 foiz, 100 foizi davomida esa 4 foizdan oshmasligi kerak.

4-§. Garmonikalar va flikerlar (miltillash) intensivligi

17. Garmonikalar kuchlanish va tokning sinusoidaligi chastotasining asosiy chastota butun soni karrasiga tengligi bilan aniqlanadi.

18. Jami garmonik buzilish individual garmonikalar amplitudalari kvadratlari yigʻindisining oʻrtacha kvadratik qiymatining asosiy toʻlqin chastotasining oʻrtacha kvadratik qiymatiga nisbati bilan aniqlanadi va bu garmonik tashkil etuvchilarning umumiy koeffitsiyenti deb yuritiladi.

19. Maksimal yuklamadagi umumiy garmonik buzilish maksimal yuklamadagi tokning garmonik buzilishlari oʻrtacha kvadrat qiymatining (15 yoki 30 daqiqa davomida) joriy maksimal isteʼmol tok kuchining ulushi sifatida foizlarda aniqlanadi.

20. Kuchlanishning garmonik tashkil etuvchilarining umumiy koeffitsiyenti qiymatlari quyidagicha:

1000 V kuchlanishgacha — 12,0;

6 — 10 kV kuchlanishlarda — 8,0;

35 kV kuchlanishda — 6,0.

21. Flikerlar (miltillash) taʼsirini baholashda:

qisqa davrli flikerlar intensivligi ularni keltirib chiqaruvchi manbadan kelib chiqadigan taʼsir 10 daqiqalik davr uchun aniqlanadi;

uzoq muddatli va oʻzgaruvchan davriylik (sikl)dagi flikerlar intensivligi ularni keltirib chiqargan manbadan kelib chiqadigan qisqa muddatli flikerlar intensivligi bilan aniqlanadi.

Uzoq muddatli flikerlar intensivligi ikki soatlik vaqt mobaynida ketma-ket 12 qisqa muddatli flikerlar intensivligini oʻlchashdan olingan qiymat bilan oʻlchanadi.

Qisqa muddatli flikerlar intensivligi 10 daqiqa vaqt davomida miltillashni hisoblash uskunasi koʻrsatkichlaridagi vaqt oraliqlarida aniqlangan miltillashning vizual intensivligi darajasi bilan oʻlchanadi.

22. Foydalanuvchilarning ulanish nuqtasida flikerlar intensivligi texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarda belgilangan qiymatdan oshmasligi lozim, bunda mos ravishda qisqa davr uchun 1,38 birlikdan va uzoq muddat davomida 1,0 birlikdan oshmasligi talab etiladi.

2-bob. Elektr taʼminoti ishonchliligi koʻrsatkichlari

1-§. Taqsimlash tizimining ishonchlilik koʻrsatkichlarini belgilash mezonlari va hisobotlarini yuritish tartibi

23. Energetika vazirligi taqsimlash tizimining ishonchlilik koʻrsatkichlarini oʻrnatish, hisobga (roʻyxatga) olish va hisobot yuritishning yagona tizimini joriy etadi.

24. Taqsimlash tizimi operatorlari uchun bir xil ishonchlilik koʻrsatkichlari (yoki maqsadli koʻrsatkichlar) qoʻllaniladi. Bunda koʻrsatkichlar darajalari har bir taqsimlash tizimiga xos boʻlishi va dastlab uning oʻtgan davrlardagi koʻrsatkichlariga asoslangan boʻlishi talab etiladi.

25. Taqsimlash tizimi operatorlari yuklama zichligi, taqsimlash (sotish) tuzilmasi, xizmat koʻrsatish narxi, ishchi kuchlanishi va Energetika vazirligining mos deb hisoblaydigan boshqa texnik koʻrsatkichlar kabi xususiyatlar asosida turli toifalarga guruhlanadi.

26. Taqsimlash tizimi operatorlari Energetika vazirligi tomonidan har yili ularning haqiqiy koʻrsatkichlari, jumladan ishonchlilik va samaradorlikning amaldagi koʻrsatkichlari bilan maqsadli koʻrsatkichlarini solishtirish orqali baholab boriladi.

27. Taqsimlash tizimi operatori har chorakda Energetika vazirligiga oʻz taqsimlash tizimining ishi, sodir boʻlgan uzilishlar ularning sabablari toʻgʻrisida oylar kesimida hisobot taqdim etib boradi.

Yil yakuni bilan umumlashtirilgan batafsil hisobot va yuz bergan muhim hodisalar tavsifi Energetika vazirligiga taqdim etiladi. Energetika vazirligi har bir Taqsimlash tizimi operatorini baholaydi.

Energetika vazirligi baholash natijalari, yil yakuni bilan Oʻzbekiston Respublikasi taqsimlash tizimi boʻyicha umumlashtirilgan yillik hisobotni hamda tegishli takliflarni har yili 1-fevralga qadar Energetika bozori regulatoriga kiritadi.

Baholash hujjatlari va umumlashtirilgan hisobotda Taqsimlash tizimi operatorlari tomonidan yoʻl qoʻyilgan kamchiliklar, normativ-huquqiy hujjatlar talablari buzilishi va boshqa faktlar koʻrsatib oʻtilishi kerak.

28. Energetika vazirligi eshituvlar va muhokamalardan soʻng har yili 1-dekabrga qadar har bir taqsimlash tizimi uchun kelgusi yilga samaradorlik va ishonchlilikning maqsadli koʻrsatkichlarini ishlab chiqadi va tasdiqlaydi.

2-§. Taqsimlash tizimining ishonchlilik koʻrsatkichlari (indekslari)

29. Taqsimlash tizimi operatorlari uchun taqsimlash tizimining ishonchliligi boʻyicha quyidagi koʻrsatkichlar belgilanadi:

taqsimlash tizimi ishida uzilishlarning oʻrtacha chastotasi indeksi (SAIFI);

taqsimlash tizimi ishida uzilishlarning oʻrtacha davomiyligi indeksi (SAIDI);

isteʼmolchilar uchun oʻrtacha uzilishlar muddati indeksi (CAIDI);

isteʼmolchilar elektr taʼminotidagi lahzalik uzilishlarining oʻrtacha chastotasi indeksi (MAIFI).

30. Taqsimlash tizimi ishida uzilishlarning oʻrtacha chastotasi indeksi (SAIFI) oʻrtacha isteʼmolchi uchun belgilangan vaqt oraligʻida elektr energiyasi taʼminotidagi uzilishlar sodir boʻlishi doimiyligini (chastotasini) koʻrsatib beradi. Ushbu koʻrsatkich Foydalanuvchida (isteʼmolchi) maʼlum vaqt davomida oʻrtacha uzilishlar sonini ifodalaydi.

SAIFI maʼlum vaqt oraligʻida taqsimlash tizimida sodir boʻlgan umumiy uzilishlar sonining taqimlash tizimining jami Foydalanuvchilari (isteʼmolchi) soniga nisbati bilan aniqlanadi:

SAIFI = ∑ n i = 1 N i N f

bu yerda:

i — uzilishlar soni;

N i — elektr taʼminotida uzilish boʻlgan Foydalanuvchilar soni;

N f — taqsimlash tizimidagi jami Foydalanuvchilar soni.

31. Taqsimlash tizimi ishida uzilishlarning oʻrtacha davomiyligi indeksi (SAIDI) oʻrtacha Foydalanuvchi (isteʼmolchi) uchun belgilangan vaqt oraligʻida sodir boʻlgan uzilishlarning umumiy davomiyligini koʻrsatib beradi. Ushbu koʻrsatkich foydalanuvchida (isteʼmolchi) maʼlum vaqt davomida uzilishlarning oʻrtacha davomiyligini daqiqalar yoki soatlarda ifodalaydi.

SAIDI maʼlum vaqt oraligʻida barcha uzilishlar davomiyligi yigʻindisining taqsimlash tizimi Foydalanuvchilarining umumiy soniga nisbati bilan aniqlanadi:

SAIDI = ∑ n i = 1 (N i × t i ) N f

bu yerda:

t i — har bir alohida oʻchishning davomiyligi (daqiqa yoki soatlarda);

N i — elektr taʼminotida uzilish boʻlgan Foydalanuvchilar soni;

N f — taqsimlash tizimidagi jami Foydalanuvchilar soni.

32. Isteʼmolchilar uchun oʻrtacha uzilishlar muddati indeksi (CAIDI) elektr taʼminotini (xizmat koʻrsatish) tiklash uchun zarur boʻlgan oʻrtacha vaqtni ifodalaydi. Ushbu indeks uzilishdan keyin elektr taʼminotini tiklash uchun talab etilgan oʻrtacha vaqtni ifodalaydi:

CAIDI = SAIDI SAIFI

33. Isteʼmolchilar elektr taʼminotidagi lahzalik uzilishlarining oʻrtacha chastotasi indeksi (MAIFI) lahzalik uzilishlarining oʻrtacha chastotasini koʻrsatib beradi. Ushbu indeks maʼlum vaqt ichida oʻrtacha qisqa muddatli uzilishlarning qanchalik tez-tez sodir boʻlishi chastotasini ifodalaydi va kuyidagi formula orqali aniqlanadi:

MAIFI = D i N f

bu yerda:

D i — maʼlum vaqt oraligida sodir boʻlgan qisqa muddatli uzilishlarning umumiy soni;

N f — taqsimlash tizimi Foydalanuvchilarining umumiy soni.

3-§. Elektr taʼminotida tanaffuslar kiritish, uzilishlar va istisno holatlar

34. Elektr taʼminotidagi uzilishlar qisqa tutashuvlar, birlamchi taqsimlash tarmoqlari va (yoki) transformatorlardagi nosozliklar vaqtida himoya vositalarining ishlashi natijasida podstansiyadan taqsimlash transformatorigacha boʻlgan har qanday uzilishlarni oʻz ichiga oladi.

35. Ishonchlilik koʻrsatkichlarini (indekslarini) hisoblashda quyidagi hodisalar istisno qilinadi:

taqsimlash tizimining transformator punktidan isteʼmolchilarga qadar boʻlgan tarmoqlaridagi uzilishlar;

uzatish tizimi tarmoqlari yoki podstansiyalari va generatsiya obyektlaridagi uzilishlar yoki favqulodda oʻchishlar natijasida yuzaga kelgan uzilishlar;

elektr taʼminoti uzilishi haqida Foydalanuvchilarni uzilishdan kamida uch kun oldin xabardor qilingan rejali oʻchirishlar;

Foydalanuvchining yoki ularning vakolatli vakili talabiga binoan amalga oshirilgan uzilishlar;

Tizim operatori koʻrsatmasiga binoan, yagona elektr energetikasi tizimining loyihaviy va (yoki) meʼyoriy ekspluatatsiya chegarasidan tashqaridagi ish rejimlariga olib kelgan yirik hodisalar sodir boʻlgan vaqtdagi yoki yagona elektr energetikasi tizimi obyektlarining ishdan chiqishi natijasida amalga oshirilgan oʻchirishlar;

Taqsimlash tizimi operatorining xizmat koʻrsatish hududida favqulodda holat eʼlon qilingandagi yoki shunday holat eʼlon qilinishiga olib keladigan fors-major holatlari natijasida yuzaga kelgan uzilishlar;

Energetika vazirligi tomonidan muhokamalardan soʻng tasdiqlangan va tegishli xabarnomalar orqali bildirilgan muhim hodisalar, shu jumladan yirik hodisa sababli uzilishlar.

36. Yagona elektr energetikasi tizimining loyihaviy va (yoki) meʼyoriy ekspluatatsiya chegarasidan tashqaridagi ish rejimlariga olib kelgan yirik hodisalar kamida bir kuni mobaynida davom etsa muhim hodisa hisoblanadi.

Muhim hodisa kuni isteʼmolchilarga xizmat koʻrsatishdagi kunlik SAIDI indeksining qiymati chegara qiymatidan oshib ketgan kun.

Kundalik SAIDI indeksini hisoblash uchun bir kalendar kundan ortiq davom etadigan har qanday elektr taʼminotida uzilishlar boshlangan kunga hisoblanadi.

Kunlik SAIDI indeksi muhim hodisa kunidan oshib ketgan kunlar taqsimlash tizimi odatdagidan (kutilganidan) koʻproq yuklamalar bilan ishlaydigan kunlar hisoblanadi.

Taqsimlash tizimi operatorlari tomonidan muhim hodisalar sodir boʻlgandagi harakatlar qayd etib boriladi va Energetika vazirligiga taqdim etiladi. Energetika vazirligi tomonidan ushbu qaydlar alohida tahlil qilinadi va hisoboti yuritiladi.

37. Fors-major holatlari tomonlarning xohish-irodasi va faoliyatiga bogʻliq boʻlmagan tabiat hodisalari yoki ijtimoiy-iqtisodiy holatlar (ommaviy noroziliklar, urush holati, qamal, davlat manfaatlarini koʻzlab import va eksportni taqiqlash, xalqaro sanksiyalarning joriy etilishi va boshqalar), obyektiv toʻsqinlik qiluvchi holatlar (epidemiya, pandemiya, karantin), texnogen ofatlar (yongʻinlar, portlashlar va boshqalar), favqulodda va keng miqyosdagi kutilmagan avariyalar, uzilishlar sababli yuzaga kelgan sharoitlarda taraflarga qabul qilingan majburiyatlarni bajarish imkonini bermaydigan favqulodda, oldini olib boʻlmaydigan va kutilmagan holatlar natijasida mazkur Qoidalar shartlarining bajarilmasligiga olib keluvchi hodisalar, xususan:

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan eʼlon qilingan favqulodda holatlar;

respublika yoki mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari tomonidan eʼlon qilingan favqulodda vaziyatlar;

elektr energetika tizimida Energetika vazirligi yoki Energetika bozori regulatori tomonidan eʼlon qilingan fors-major holatlarning alohida vaziyatlari;

Taqsimlash tizimi operatorining tizimi ishiga sezilarli taʼsir koʻrsatadigan va tegishli ravishda yuqorida taʼriflangan fors-major holatlarga olib keladigan bogʻliq tizimlardagi (uzatish tizimi, qoʻshni taqsimlash tizimlari yoki elektr stansiyalar) yirik hodisalar.

3-bob. Taqsimlash tizimining samaradorlik mezonlari

1-§. Taqsimlash tizimidagi yoʻqotishlar tasnifi va meʼyorlari

38. Taqsimlash tizimiga qabul qilingan elektr energiyasi va yakuniy Foydalanuvchilarga yetkazib beriladigan elektr energiyasi oʻrtasidagi farq taqsimlash tizimining yoʻqotishlari hisoblanadi. Taqsimlash tizimi obyektlarining oʻz ehtiyojlari uchun sarflagan elektr energiyasi miqdori yoʻqotishlar hisoblanmaydi va yoʻqotishlar tarkibiga kiritilmaydi.

39. Taqsimlash tizimida elektr energiyasi yoʻqotishlari texnik va texnik boʻlmagan (iqtisodiy) toifalarga boʻlinadi.

40. Texnik yoʻqotishlar taqsimlash elektr tarmoqlaridagi va uskunalaridagi fizik jarayonlar (transformatorlar chulgʻamlaridagi) natijasida va oʻlchash vositalaridagi texnik xatolar sababli kelib chiqadigan har qanday yoʻqotishlarni oʻz ichiga oladi.

41. Texnik boʻlmagan (iqtisodiy) yoʻqotishlar oʻgʻirlik, elektr energiyasi hisoblagichlari koʻrsatkichlarini yozib olishdagi xatoliklar, elektr energiyasi hisoblagichlarini ulash sxemasi oʻzgartirish, elektr energiyasi hisoblagichlariga tashqi aralashuv (taʼsir), shuningdek, elektr energetika tizimining jismoniy xususiyatlari va funksiyalari bilan bogʻliq boʻlmagan boshqa yoʻqotishlar natijasida yoʻqotilgan elektr energiyasining yigʻindisini anglatadi.

42. Taqsimlash tizimi operatorlari belgilangan tartibga koʻra oʻz taqsimlash tizimidagi texnik va texnik boʻlmagan (iqtisodiy) yoʻqotishlar meʼyorlarini ishlab chiqib, birlamchi maʼlumotlar va asoslantiruvchi hisob-kitoblar bilan Nazorat qiluvchi organ hamda Energetika vazirligiga kelishish uchun kiritadi.

43. Nazorat qiluvchi organ birlamchi maʼlumotlar (transformatorlar soni, elektr tarmoqlari uzunligi), hisob-kitoblarni tekshiradi va kelishib beradi.

Birlamchi maʼlumotlar tegishli hujjatlar va (yoki) joyiga chiqqan holda Nazorat qiluvchi organning tegishli boʻlinmalari tomonidan tekshiriladi.

Nazorat qiluvchi organ tomonidan birlamchi maʼlumotlar va hisob-kitoblarda noaniqliklar yoki kamchiliklar aniqlangan taqdirda ularni bayon qilgan holda Taqsimlash tizimi operatoriga qaytaradi. Taqsimlash tizimi operatori eʼtirozlarni qabul qilgandan soʻng besh ish kuni davomida texnik yoʻqotishlar boʻyicha barcha hujjatlarni ularga qayta kiritadi.

44. Nazorat qiluvchi organ koʻrib chiqib, kelishganidan soʻng, Energetika vazirligi bilan kelishiladi va tasdiqlash uchun Energetika bozori regulatoriga kiritiladi.

Bunda Energetika vazirligi mazkur texnik yoʻqotish meʼyorlarini normativ-huquqiy hujjatlar asosida ishlab chiqilganligini hamda elektr energiyasi ishlab chiqarish va isteʼmol balansiga muvofiqligini tekshiradi.

45. Energetika bozori regulatori belgilangan tartibda taqsimlash tizimida yuzaga keladigan texnologik yoʻqotishlarning ruxsat etilgan meʼyorlarini tasdiqlaydi.

2-§. Taqsimlash tizimi operatorining oʻz ehtiyojlari

46. Taqsimlash tizimi operatorining oʻz ehtiyojlari taqsimlash tizimining barqaror ishlashi uchun zarur boʻlgan elektr energiyasi miqdorini oʻz ichiga oladi.

47. Taqsimlash tizimi operatori oʻz ehtiyojlari uchun zarur boʻladigan elektr energiyasi miqdorlarini tasdiqlash uchun asosli hisob-kitoblar bilan Energetika vazirligiga kiritadi.

Energetika vazirligi Taqsimlash tizimi operatori buyurtmasi asosida, taqsimlash tizimining strukturasi va yuklanganlik darajasidan kelib chiqib uning oʻz ehtiyoji uchun sarflanishi mumkin boʻlgan elektr energiyasi miqdorini belgilaydi.

48. Taqsimlash tizimi operatorining oʻz ehtiyoji uchun haqiqiy isteʼmoli ekspluatatsiya va texnik xizmat koʻrsatish xarajatlarining bir qismi sifatida qabul qilinadi hamda uning xizmat koʻrsatish xarajatlariga kiritiladi.

3-§. Ulanish nuqtasida quvvat koeffitsiyenti

49. Taqsimlash tizimining Foydalanuvchilari ulanish nuqtasida kuchlanish darajasiga muvofiq kamida quyidagi quvvat koeffitsiyentini taʼminlashlari (saqlab turishlari) shart:

0,4 kV kuchlanish uchun — 0,97;

6 — 10 kV kuchlanish uchun — 0,90 — 0,95 oraligʻida (aniq qiymat ulanish shartnomasida belgilanadi).

50. Foydalanuvchilarga belgilangan maqsadli darajadan past boʻlgan quvvat koeffitsiyenti uchun, shuningdek, maqsadli darajadan oshib ketgan quvvat koeffitsiyenti uchun belgilangan tartibda choralar qoʻllanadi.

Quvvat koeffitsiyentining belgilangan qiymatdan pasayishi yoki ortishi yuzasidan choralar Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilangan tartibda yoki elektr taʼminoti shartnomasiga muvofiq amalga oshiriladi.

51. Taqsimlash tizimi operatori fiderlar va podstansiya shinalaridagi reaktiv quvvat isteʼmolini podstansiya va fiderlarda yoʻqotishlarni iqtisodiy jihatdan eng maqbul darajaga qadar qisqartirish imkonini beradigan hajmga moslashtirishi kerak.

4-bob. Foydalanuvchilarga xizmat koʻrsatish talablari va meʼyorlari

1-§. Foydalanuvchilarga xizmat koʻrsatish talablari

52. Taqsimlash tizimi operatori yoki Taʼminotchining oʻz isteʼmolchilari bilan oʻzaro hamkorligining samaradorligini belgilaydigan, isteʼmolchilar ehtiyojlarini toʻliq qondirish uchun moʻljallangan talablar xizmat koʻrsatish talablari hisoblanadi.

Foydalanuvchilarga (isteʼmolchilarga) xizmat koʻrsatish talablari kafolatlangan va umumiy talablardan iborat.

53. Isteʼmolchilarga xizmat koʻrsatishda kafolatlangan talablar koʻrsatkichlariga rioya etilmaganligi yoki ularning belgilangan maqsadli qiymatlariga erishilmaganligi uchun Taqsimlash tizimi operatori yoki taʼminotchilarga jarimalar qoʻllaniladigan talablardir. Bunday talablarni buzilishi natijasida jabrlangan isteʼmolchining zarari Taqsimlash tizimi operatorlari yoki Taʼminotchilar tomonidan qoplab beriladi.

54. Umumiy talablar isteʼmolchilarga xizmat koʻrsatishda kafolat berish muhim ahamiyatga ega boʻlmagan (talab etilmaydigan) jihatlarga taalluqli boʻlib, isteʼmolchilar Taqsimlash tizimi operatoridan (Taʼminotchidan) oqilona darajada xizmat koʻrsatilishini kutishga haqli.

2-§. Foydalanuvchilarga (isteʼmolchilarga) xizmat koʻrsatish samaradorligini baholash

55. Taqsimlash tizimi operatorining (Taʼminotchi) isteʼmolchilarga xizmat koʻrsatish samaradorligini baholash direktiv yondashuv va isteʼmolchilarning xizmatlardan qoniqishini baholash bilan aniqlanadi.

56. Direktiv yondashuvda Taqsimlash tizimi operatori (yoki Taʼminotchi) isteʼmolchilarga xizmat koʻrsatish dasturiga asosan amaldagi samaradorlik koʻrsatkichlari yoki maqsadli koʻrsatkichlarni baholash uchun Energetika vazirligiga kiritadi.

57. Isteʼmolchilarning xizmatlardan qoniqishini baholash boʻyicha oʻrganish usulidan foydalanilganida Taqsimlash tizimi operatori (yoki Taʼminotchi) Energetika vazirligi tomonidan vakolat berilgan mustaqil tashkilot tomonidan isteʼmolchilarga koʻrsatilgan xizmatlarni baholash boʻyicha buyurtma yuboradi hamda baholash ushbu tashkilot tomonidan amalga oshiriladi.

58. Taqsimlash tizimi operatorlari uchun isteʼmolchilarga xizmat koʻrsatish maqsadli koʻrsatkichlari mazkur Qoidalarga 1-ilovaga muvofiq, Taʼminotchilar uchun isteʼmolchilarga xizmat koʻrsatish maqsadli koʻrsatkichlari mazkur Qoidalarga 2-ilovaga muvofiq namunaviy shakllarda tayyorlanadi.

Taqsimlash tizimi operatori va Taʼminotchilar ushbu maqsadli koʻrsatkichlarni Energetika vazirligiga tasdiqlash uchun taqdim etadi.

59. Taqsimlash tizimi operatori va Taʼminotchilarning har yillik haqiqiy (amaldagi) ishonchlilik, samaradorlik va maqsadli koʻrsatkichlari Energetika vazirligi tomonidan tasdiqlangan koʻrsatkichlarga nisbatan baholashdan oʻtkazib boriladi.

5-bob. Taqsimlash tizimi operatorlari va Taʼminotchilar uchun xavfsizlik texnikasi va mehnat muhofazasi talablari

60. Taqsimlash tizimi operatori oʻzining taqsimlash tizimini xavfsizlik talablariga muvofiq tarzda ishlab chiqishi (loyihalashtirishi va qurishi), ekspluatatsiya qilishi va texnik xizmat koʻrsatishi hamda oʻz xodimlari uchun har doim xavfsiz ish muhitini yaratishi shart.

61. Taqsimlash tizimi va Foydalanuvchilar tizimlarida qonunchilik hujjatlariga muvofiq xavfsizlik tizimi joriy qilinadi va Nazorat qiluvchi organ bilan kelishiladi. Xavfsizlik texnikasi qoidalarga rioya etilishi barcha tomonlar uchun majburiydir.

62. Mehnat xavfsizligi va mehnatni muhofaza qilish qoidalari hayot va sogʻliq uchun xavfsiz mehnat sharoitlari bilan taʼminlash, jarohatlar, kasalliklar va oʻlimlarning oldini olishga qaratilgan boʻlishi lozim.

63. Mehnat xavfsizligi va mehnat muhofazasi qoidalari xodimlar xavfsizligi koʻrsatkichlarini oʻlchash tartibini belgilaydi va Taqsimlash tizimi operatorlariga nisbatan kuyidagi koʻrsatkichlarni oʻz ichiga oladi:

ishlab chiqarish bilan bogʻliq jarohatlar koʻrsatkichi har bir korxona xodimlari yoki hisobot birligidagi xodimlarning ishlagan umumiy soatlar soniga nisbati bilan oʻlchanadi;

ishlab chiqarish bilan bogʻliq jarohatlar darajasi koʻrsatkichi har bir xodimga toʻgʻri kelgan haqiqatda (amalda) ish soatlardan foydalangan holda aniqlanadi. Haqiqiy ish soatlari mavjud boʻlmasa, hisob kitoblarga asoslangan taxminiy soatlardan foydalanishga yoʻl qoʻyiladi;

ishga yaroqsizlikka (nogironlikka) olib keladigan jarohatlar darajasi koʻrsatkichi hisob-kitob davrida sodir boʻlgan oʻlimlarning umumiy soni, doimiy toʻliq, doimiy qisman va vaqtinchalik toʻliq mehnatga layoqatsizlik soni asosida hisoblanadi. Koʻrsatkich jarohatlar/kasalliklar sonini maʼlum bir davrda ishlagan kishi-soatlari soniga bogʻlaydi va bunday jarohatlarning darajasini million kishi-soatiga nisbati birligida ifodalaydi;

nogironlikka olib kelishi mumkin boʻlgan jarohatlar/kasallikning ogʻirligi darajasi koʻrsatkichi barcha oʻlimlar, doimiy toʻliq va qisman mehnatga layoqatsizlik va hisob-kitob davrida sodir boʻlgan vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik kunlarining umumiy sonidan kelib chiqqan barcha yoʻqotilgan ish soatlarining yigʻindisiga asoslanadi. Koʻrsatkich yoʻqotilgan soatlar sonini davr mobaynida ishlagan kishi-soatlari soniga bogʻlaydi va yoʻqotishni million kishi-soatlarida ifodalaydi.

64. Taqsimlash tizimi operatori xavfsizlik texnikasi, mehnat xavfsizligi va mehnat muhofazasi qoidalariga muvofiq jurnallar va hisobotlarning nusxalarini Nazorat qiluvchi organga taqdim etadi. Hisobotlar mazkur Qoidalarning 63-bandida keltirilgan koʻrsatkichlarni oʻz ichiga olishi shart.

III boʻlim. Taqsimlash tizimiga ulanish qoidalari

1-bob. Ulanish qoidalarining maqsadi va qoʻllanish sohasi

65. Tarmoqqa ulanish boʻyicha talablarning maqsadi quyidagilardan iborat:

Foydalanuvchilar ulanish nuqtasida texnik, konstruktiv (loyihalash) va ekspluatatsiya mezonlarni belgilash;

taqsimlash tizimiga ulanish barcha Foydalanuvchilar uchun adolatli boʻlishi va kamsitilishiga yoʻl qoʻyilmasligini taʼminlash;

Foydalanuvchilar tomonidan Taqsimlash tizimi operatoriga va aksincha Taqsimlash tizimi operatori tomonidan Foydalanuvchilarga taqdim etilishi zarur boʻlgan maʼlumotlarni koʻrsatib oʻtish hamda ulanish tartibini ommaviy foydalanish uchun ochiqlash.

2-bob. Taqsimlash tizimining texnik, konstruktiv (loyihalash) va ekspluatatsiya mezonlari

66. Taqsimlash tizimi operatorlari taqsimlash tizimining istalgan ulanish nuqtasida elektr taʼminoti meʼyorlari, jumladan elektr energiyasi sifati koʻrsatkichlari va ularga nisbatan qoʻyilgan talablarni bajarilishini taʼminlashi shart.

Taqsimlash tizimini loyihalashtirish, modernizatsiya (rekonstruksiya) yoki kengaytirish va ekspluatatsiya jarayonlarida ushbu talablar bajarilishi birinchi navbatda taʼminlanishi kerak.

67. Foydalanuvchilar va taqsimlash tizimiga ulanishni yoki mavjud ulanishni oʻzgartirishni rejalashtirgan potensial Foydalanuvchilar barqaror ekspluatatsiya sharoitlarda oʻzlarining uskunalarini (qurilmalarini) elektr taʼminoti meʼyorlarini saqlagan holda ishonchli va xavfsiz ishlashi taʼminlashlari shart.

Mavjud ulanishni oʻzgartirish yoki yangi ulanishni loyihalashtirishda ushbu shartlar bajarilishi birinchi navbatda taʼminlanishi kerak.

68. Taqsimlash tizimida chastota bir lahzada (keskin) 1 Nz ga ogʻsa, Tizim operatoriga ushbu holatni bartaraf etish choralarini koʻrishga imkon berish uchun taqsimlash tizimiga ulangan barcha generatsiyalovchi modullar kamida 5 soniya davomida tarmoq bilan sinxron holatda qolishi shart.

69. Taqsimlash tizimi operatorlari taqsimlash tizimida uskunalar va ularni himoya tizimlarini tanlash hamda loyihalashda avariya (favqulodda) vaziyatlarida yuzaga kelishi mumkin boʻlgan chastotaning maksimal tebranishlari (ogʻishi)ni hisobga olishi kerak.

70. Taqsimlash tizimi operatori taqsimlash uskunasining kuchlanish nominallarini tanlashda maksimal hisoblangan oʻta kuchlanishlarni hisobga olishi va taqsimlash tizimining har qanday kengayishi yoki yangi ulanish loyihalarini taqsimlash tizimida kuchlanish tebranishlariga salbiy taʼsir koʻrsatmaydigan tarzda ishlab chiqishi kerak.

71. Taqsimlash tizimi operatori va Foydalanuvchilar oʻzlarining tizimlarini oʻtkinchi kuchlanishlarning bir-birlarining tizimlariga taʼsirini yumshatishga yordam beradigan qurilmalarni oʻz ichiga olgan holda loyihalashtiradi va ekspluatatsiya qiladilar.

Taqsimlash tizimi operatori va Foydalanuvchi elektr uskunalarining izolyatsiyasini tanlashda elektr tarmoqlarida oʻtkinchi jarayonlarning taʼsirini hisobga olishlari kerak.

72. Foydalanuvchi oʻz tizimini taqsimlash tizimida garmonik buzilishlar va flikerlar intensivligining belgilangan chegaralardan oshib ketishiga olib kelmasligini taʼminlash uchun javobgardir.

73. Taqsimlash tizimi operatori taqsimlash tizimini loyihalashtirish va ekspluatatsiya qilishda xavfsizlikni taʼminlash hamda Foydalanuvchilarga xizmat koʻrsatishda uzilishlar chastotasi va davomiyligini (SAIFI va SAIDI) cheklash uchun yetarli darajada himoya tizimlari joriy etilishini taʼminlashi shart.

74. Foydalanuvchi oʻz tizimini loyihalashtirish va ekspluatatsiya qilishni Elektr uskunalarining tuzilishi qoidalari hamda Isteʼmolchilar elektr qurilmalarini texnik ekspluatatsiya qilish qoidalari va Isteʼmolchilar elektr qurilmalarini ekspluatatsiya qilishda xavfsizlik texnikasi qoidalari hamda texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga muvofiq amalga oshirishi kerak.

75. Ulanish nuqtasidagi himoya tizimiga qoʻyiladigan talablar Taqsimlash tizimi operatori va Foydalanuvchi tomonidan ulanish yoki mavjud ulanishni oʻzgartirishni koʻrib chiqish vaqtida kelishiladi hamda kelgusida Foydalanuvchining roziligi bilan Taqsimlash tizimi operatori tomonidan vaqti-vaqti bilan qayta koʻrib chiqiladi.

76. Foydalanuvchi oʻz tizimini loyihalash va ekspluatatsiya qilishda Taqsimlash tizimi operatorining talablariga muvofiq himoya vositalari bilan taʼminlash choralarini koʻradi.

Bunda Taqsimlash tizimi operatori tomonidan talablarni belgilashda normativ-huquqiy hujjatlar va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablaridan chetga chiqishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

77. Qisqa tutashuvda oʻchirish vaqti taqsimlash tizimida joriy etilgan himoya siyosatiga muvofiq Taqsimlash tizimi operatori tomonidan belgilangan chegaralar doirasida boʻlishi kerak.

78. Taqsimlash tizimi operatori Foydalanuvchilar oʻz himoya tizimlarini loyihalash va ishga tushirishda hisobga olishlari uchun taqsimlash tizimdagi avtomatik qayta ulash yoki ketma-ket qayta ulash funksiyalari haqida batafsil maʼlumotlarni Foydalanuvchiga taqdim etishi shart.

79. Foydalanuvchi himoya tizimini loyihalashda nosozliklar (qisqa tutashuv) sodir boʻlganda faqat bitta yoki ikkita faza oʻchishi mumkin boʻlgan vaziyatlarni hisobga olishi hamda oʻz tizimini kuzatilishi mumkin boʻlgan shikastlanishlardan himoya qilish imkoniyatlarini taʼminlashi kerak.

80. Taqsimlash tizimi operatori Foydalanuvchilarni taqsimlash tizimining ulanish nuqtasida qisqa tutashuv tokining loyihaviy va haqiqiy qiymatlari toʻgʻrisida xabardor qiladi.

Foydalanuvchilar oʻz tizimini loyihalash va ekspluatatsiya qilishda ulanish nuqtasidagi qisqa tutashuv tokining loyihaviy va haqiqiy qiymatlarini hisobga olishlari shart.

81. Taqsimlash tizimi operatori Foydalanuvchilarni taqsimlash tizimida qoʻllaniladigan yerga ulash usuli haqida xabardor qiladi. Taqsimlash uskunasining tuzilmasida yerga tutashuv vaqtida uskunaga taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan kuchlanishning maksimal sakrashini hisobga olishi kerak.

Foydalanuvchilar tizimidagi yerga ulash usuli Taqsimlash tizimi operatorining yerga ulash shartlari va texnik xususiyatlariga mos kelishi shart.

82. Bir nechta taʼminot manbalari mavjud boʻlgan Foydalanuvchilar aylanma toklarning yerga ulangan neytralga taʼsirini oldini olish yoki yumshatishni taʼminlash choralarini koʻrishlari kerak.

83. Taqsimlash tizimi operatori va Foydalanuvchi monitoring qilish va boshqaruv rejimini kelishib oladilar.

Foydalanuvchi Taqsimlash tizimi operatori tomonidan uning tizimidagi kommutatsiya qurilmalarini boshqarishiga rozi boʻlsa, Foydalanuvchi Taqsimlash tizimi operatoriga zarur boʻlgan kommutatsiya qurilmalarini masofadan boshqarish tizimi va interfeysini oʻrnatadi va ularga texnik xizmat koʻrsatadi.

3-bob. Ulanish va mavjud ulanishni oʻzgartirish tartibi

1-§. Ulanishning umumiy shartlari

84. Foydalanuvchi yangi obyektlarini loyihalash va ekspluatatsiyaga kiritishdan yoki mavjud ulanishni oʻzgartirishdan oldin Taqsimlash tizimi operatorining tizimiga yangi yoki qoʻshimcha elektr qurilmalarini ulash uchun texnik shartlar olishi shart.

85. Foydalanuvchi Taqsimlash tizimi operatoriga oʻz obyektini taqsimlash tizimiga ulashga yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish uchun tegishli talabnoma yuboradi.

Talabnoma soʻralgan ulanishni baholash uchun Taqsimlash tizimi operatoriga zarur boʻlgan maʼlumotlarni oʻz ichiga olishi va Taqsimlash tizimi operatorining veb-saytida eʼlon qilingan shaklda taqdim etilishi kerak.

86. Foydalanuvchilarga texnik shartlar berish qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda yagona interaktiv davlat xizmatlari portali, Davlat xizmatlari markazlari yoki “ELEKTR” dasturiy taʼminoti orqali amalga oshiriladi.

Foydalanuvchilarning ixtiyoriga koʻra taqsimlash tizimiga ulash boʻyicha loyihalashtirish, qurilish-montaj va sozlash-ishga tushirish ishlari Taqsimlash tizimi operatorlari tomonidan “tayyor holda” topshirish shartnomasi asosida amalga oshirilishi mumkin.

2-§. Yangi ulanishlar tartibi va ulanish shartnomasi

87. Taqsimlash tizimiga yangi ulanmoqchi boʻlgan Foydalanuvchi, texnik shart berilganidan soʻng Taqsimlash tizimi operatori bilan tegishli ulanish shartnomasini tuzadi.

88. Ulanish shartnomasi maʼlumot va hisobotlarni taqdim etish tartibini, xavfsizlik qoidalarini, sinov va sozlash-ishga tushirish dasturlarini, elektr sxemalarini, ulanishga tayyorlik hamda ulanishga ruxsat berish toʻgʻrisidagi dalolatnomani va boshqa shartlarni oʻz ichiga oladi.

89. Yangi ulanish uchun texnik shartlar taqsimlash tizimining eng yaqin elementiga (elektr tarmoqlari yoki taqsimlash uskunalariga), ularning amaldagi ishchi va loyihaviy yuklamasini hisobga olgan holda beriladi va quyidagilarni koʻrsatadi:

ulanish uchun ruxsat etilgan yangi yoki qoʻshimcha elektr qurilmalarining quvvatini;

ulanish nuqtalari (elektr stansiyalari, podstansiyalar yoki elektr tarmoqlari), taʼminot obyekti, havo yoki kabel tarmoqlarining zarur kuchlanishi va zaruratga koʻra tashqi elektr taʼminoti variantlarini;

yangi isteʼmolchi paydo boʻlishi munosabati bilan mavjud elektr tarmogʻini mustahkamlash boʻyicha asoslantirilgan talablar (oʻtkazgichlar kesimini oshirish, transformatorlarni almashtirish yoki quvvatini oshirish, zaxira yacheykalarini qurish va boshqalar);

qisqa tutashuv toklarining hisoblangan qiymatlari, rele himoyasiga, avtomatikaga, aloqaga, izolyatsiya va oʻta kuchlanishdan himoyaga talablar;

ruxsat etilgan quvvati 50 kW va undan yuqori boʻlgan isteʼmolchilar uchun reaktiv quvvat kompensatsiyasiga qoʻyiladigan talablar;

elektr energiyasini hisobga olishga qoʻyiladigan talablar;

texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarga muvofiq qabul qiluvchilarda barqarorlashtiruvchi qurilmalar va elektr energiyasi sifatini nazorat qilish moslamalarini oʻrnatish uchun maxsus talablar;

isteʼmolchining kunlik yuklama jadvalini tartibga solish talablari;

elektr qurilmalari uchun namunaviy loyihalardan foydalanish boʻyicha tavsiyalar;

taqsimlash tizimiga ulangan isteʼmolchilarning elektr qurilmalariga qoʻyiladigan maxsus talablar (zaxira elektr taʼminotiga boʻlgan ehtiyoj, kirishlarda avtomatik himoya, taʼminlovchi tarmoqlarining parallel ishlashiga ruxsat berilishi, ajratish uchun taqsimlash. Yagona elektr energetika tizimida elektr quvvati tanqisligi boʻlgan taqdirda muhim yuklamalarni elektr energiyasi bilan taʼminlash uchun ularni zaxira tarmoqlariga taqsimlash va boshqalar);

loyihada (ishchi loyihada) korxona va bino elektr qurilmalarini ekspluatatsiya qilishni tashkillashtirish uchun loyiha yechimlarining mavjudligiga qoʻyiladigan talablar;

isteʼmolchining elektr tarmogʻiga ulangan subisteʼmolchilarning roʻyxati, ularning yuklamalari va elektr energiyasi isteʼmoli boʻyicha asosiy dastlabki maʼlumotlar;

texnik shartlar amal qilish muddati.

3-§. Mavjud ulanishni oʻzgartirish shartnomasi

90. Taqsimlash tarmogʻida mavjud ulanishni oʻzgartirishdan oldin Foydalanuvchi Taqsimlash tizimi operatori bilan ulanish shartnomasini tegishli ravishda oʻzgartiradi.

91. Ulanishni oʻzgartirish toʻgʻrisidagi shartnoma Taqsimlash tizimi operatori tomonidan talab qilinadigan va Energetika vazirligi tomonidan belgilangan qoʻshimcha maʼlumotlarni taqdim etish talablarini oʻz ichiga oladi.

4-§. Ulanish yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish uchun talabnoma kiritish va uni koʻrib chiqish tartibi

92. Taqsimlash tizimiga ulanish yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish uchun buyurtma bergan Foydalanuvchi mazkur Qoidalarning 85-bandida belgilangan talabnomani Taqsimlash tizimi operatoriga yuboradi. Talabnomada quyidagi maʼlumotlar boʻlishi shart:

loyiha va uning rejalashtirish maʼlumotlari;

foydalanuvchi tomonidan taklif qilingan ulanishni (qurilish-montaj ishlarini) tugatish sanasi.

93. Foydalanuvchi rejalashtirish maʼlumotlarini uchta bosqichda taqdim etadi:

loyihaning dastlabki maʼlumotlari — ulanish shartnomasi yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish shartnomasi uchun talabnoma topshirish vaqtida taklif etilayotgan Foydalanuvchining loyiha maʼlumotlari;

loyihaning rejalashtirilgan maʼlumotlari — ulanish shartnomasi yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish shartnomasi boʻyicha taklif qabul qilingandan soʻng, Foydalanuvchi rivojlanishiga tegishli maʼlumotlar;

loyihaning ulanishdan keyingi rejalashtirish maʼlumotlari — prognozlarning yangilangan, kelajak uchun hisob-kitoblari va maʼlumotlari.

94. Taqsimlash tizimi operatori taqsimlash tizimiga ulanish yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish uchun talabnomani koʻrib chiqish tartibini belgilashi va rasmiy veb-saytida eʼlon qilishi kerak.

95. Taqsimlash tizimi operatori talabnoma topshirilganidan keyin uch ish kunida buyurtmani koʻrib chiqadi.

96. Taqsimlash tizimi operatori taklif etilayotgan yangi Foydalanuvchining taqsimlash tizimiga taʼsirini baholaydi.

97. Foydalanuvchi tomonidan taqdim etilgan talabnomani koʻrib chiqilganidan soʻng, Taqsimlash tizimi operatori va Foydalanuvchi ulanish yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish toʻgʻrisida shartnoma imzolaydi.

98. Taqsimlash tizimi operatori tomonidan taklif etilayotgan ulanish yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish boʻyicha kelishuvga erishilmasa, tomonlardan biri ushbu masalani koʻrib chiqish uchun Energetika vazirligiga yuborishi mumkin.

99. Ulanish yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish shartnomasi imzolangan boʻlsa, Foydalanuvchi imzolangan kundan boshlab oʻn ish kunida yoki tomonlar oʻrtasida kelishilgan boshqa muddatda Taqsimlash tizimi operatoriga batafsil rejalashtirish maʼlumotlarini taqdim etadi.

5-§. Taqsimlash tizimiga taʼsirni oʻrganish

100. Taqsimlash tizimiga ulanish yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish maqsadida murojaat qilgan Foydalanuvchi taklif etilayotgan ulanish yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish tarmoqda salbiy oqibatlarga olib kelmasligini taʼminlash uchun barcha zarur choralarni koʻradi.

101. Taklif etilayotgan ulanish yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish oqibatlari va uning natijasida yuzaga kelishi mumkin boʻlgan muhim hodisalarni oʻrganish va baholash qonunchilikda belgilangan tartibda amalga oshiriladi. Baholash quyidagilarni oʻz ichiga olishi shart:

barqaror sharoitlarda hamda avariya vaziyatlarida taqsimlash tizimidagi quvvat oqimlari toʻgʻri taqsimlanishini (generatsiyalovchi modullardan isteʼmolchiga xavfsiz tarzda taqsimlanishini taʼminlashga ishonch hosil qilishni);

kuchlanishni belgilangan chegaralarda saqlab turishni taʼminlash uchun kuchlanishni boshqarish tadqiqoti;

qisqa tutashuv tokining ruxsat etilgan chegaralardan oshib ketmaganligini tekshirish hamda uning taqsimlash tizimi va Foydalanuvchi tizimiga taʼsirini baholash;

himoya tizimini (rele himoyasi va avariyaga qarshi avtomatika) belgilash va muvofiqlashtirish;

taklif qilinayotgan Foydalanuvchining ulanishi yoki kengayishini elektr energiyasi sifatiga taʼsirini oʻrganishni.

102. Oʻrta va undan yuqori quvvatli generatsiyalovchi modullar mavjud boʻlgan holatda Taqsimlash tizimi operatori ulanishga talabnoma va Foydalanuvchi tomonidan taqdim etilgan boshqa maʼlumotlarni Tizim operatoriga taqdim etadi.

Tizim operatori talabnomani koʻrib chiqadi va Taqsimlash tizimi operatoriga quyidagilar haqida xabar beradi:

elektr stansiyasini ulash mumkinligi;

aniq koʻrsatilishi va asoslanishi kerak boʻlgan muayyan shartlar yoki maxsus talablar bajarilgan taqdirdagina, taklif etilayotgan elektr stansiyasini ulash imkoniyati. Bunda shartlar va talablar ilova qilinadi;

sabablarini aniq koʻrsatgan holda, taklif etilayotgan elektr stansiyasini ulashni rad etilishini.

Ulanishga muayyan shartlar yoki maxsus talablar asosida ruxsat berilsa, Tizim operatori obyekt ishga tushirish vaqtida ushbu shartlar va talablarning bajarilishini tekshirishga haqli.

Ulanishga ruxsat berilgan holatlarda, Tizim operatori tegishli tartibda Taqsimlash tizimi operatorini generatsiyalovchi modulning toʻliq quvvatini yetkazib berishga taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan tarmoq yoki tizimdagi cheklash yoki oʻta yuklanishlar toʻgʻrisida xabardor qilishi kerak.

103. Boshqa ulangan isteʼmolchilari boʻlgan mavjud oʻrta kuchlanishli fiderga ulanadigan kichik va oʻrta quvvatli generatsiyalovchi modullar ulanishiga buyurtma qilinganda quyidagi qoidalar qoʻllaniladi:

kichik yoki oʻrta quvvatli generatsiyalovchi modullarning umumiy oʻrnatilgan quvvati, shuningdek, ushbu fiderga ulangan boshqa barcha generatsiyalovchi modullarning umumiy quvvati ularning turidan qatʼiy nazar fiderning belgilangan maksimal yuklanish darajasidan oshmasligi shart;

ulanishi koʻrib chiqilayotgan kichik yoki oʻrta quvvatli generatsiyalovchi modullarning umumiy oʻrnatilgan quvvati, shuningdek, oʻrta kuchlanishli fider ulangan podstansiyaga ulangan boshqa generatsiyalovchi modullarning umumiy quvvati podstansiyadagi transformatorning oʻrtacha minimal yuklamasidan oshishiga yoʻl qoʻyilmaydi. Oʻrtacha minimal yuklama avvalgi yillar davomida qayd etilgan kunlik minimal yuklamalarning oʻrtacha arifmetik qiymati boʻlib, bunday minimal yuklama uchun belgilangan qiymatlar qayd etilmagan boʻlmasa, uning qiymati transformator maksimal quvvatining 25 foizi miqdorida qabul qilinadi.

kichik yoki oʻrta quvvatli generatsiyalovchi modullar kommutatsiyalash natijasida ulanish nuqtasida kuchlanishning maksimal oʻzgarishi nominal kuchlanishning 2 foizidan oshmasligi shart.

104. Faqat bitta Foydalanuvchi (isteʼmolchi yoki generatsiyalovchi modul) uchun ishlatiladigan fider (oʻz fideri) orqali podstansiyaga ulangan oʻrta quvvatli generatsiyalovchi modullarning umumiy oʻrnatilgan quvvati, shuningdek, podstansiyaga ulangan generatsiyalovchi modullarning umumiy quvvati podstansiyadagi transformatorning oʻrtacha minimal yuklamasidan oshmasligi taʼminlanadi.

Bunday minimal yuklama qiymatlari qayd etilmagan boʻlsa, uning qiymati transformator maksimal quvvatining 25 foizi miqdorida qabul qilinadi.

105. Kichik quvvatli generatsiyalovchi modullar uchun buyurtma qilingan ulanish uchun quyidagi talablar qoʻllaniladi:

boshqa ulangan isteʼmolchilari boʻlgan mavjud past kuchlanishli fiderga ulanadigan kichik quvvatli generatsiyalovchi modulning umumiy oʻrnatilgan quvvati, shuningdek, ushbu fiderga ulangan barcha generatsiyalovchi modullarning umumiy quvvati fiderning belgilangan nominal quvvatining 25 foizdan oshmasligi;

buyurtma qilingan kichik quvvatli generatsiyalovchi modulning umumiy oʻrnatilgan quvvati, shuningdek, podstansiyaning bitta shinasiga ulangan barcha generatsiyalovchi modullarning umumiy quvvati transformatorning maksimal quvvatining uchdan bir qismidan oshmasligi;

kichik yoki oʻrta quvvatli generatsiyalovchi modullarni kommutatsiyalash natijasida ulanish nuqtasida kuchlanishning maksimal oʻzgarishi nominal kuchlanishning 2 foizidan oshmasligi talab etiladi.

106. Mazkur Qoidalarning 100 — 105-bandlari qoʻllanilishi mumkin boʻlmagan yoki ushbu bandlarda koʻrsatilgan shartlar bajarilmagan taqdirda, Taqsimlash tizimi operatori soʻralgan ulanishga ruxsat berish yoki rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilish maqsadida qoʻshimcha oʻrganish oʻtkazadi.

Bunday holda, Taqsimlash tizimi operatori buyurtma qilingan generatsiyalovchi modulni taqsimlash tizimiga ulash imkoniyatini taʼminlash uchun mazkur Qoidalarning 113 — 152-bandlarida belgilangan talablardan farqli boshqa shartlarni belgilashga haqli. Bunda Taqsimlash tizimi operatori ushbu shartlarni asoslab berishi talab etiladi.

107. Mikro elektr stansiyalarni ulash uchun soddalashtirilgan ulanish tadqiqotlari oʻtkaziladi va ushbu tadqiqotlar quyidagilarni aniqlashga qaratiladi:

ulanishi rejalashtirilgan mikro elektr stansiya Taqsimlash tizimi operatori tomonidan namunaviy sinovi va muvofiqlik sinashlaridan oʻtkazilganligi;

past kuchlanishli fiderga ulangan mikro generatsiyalovchi modullarning umumiy quvvati past kuchlanishli fiderning ruxsat etilgan yuklamasidan oshmasligi.

108. Buyurtma qilinayotgan yangi ulanish yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish taʼsirini oʻrganish natijalari taqsimlash tizimi uchun salbiy oqibatlarga olib kelishini aniqlasa, Taqsimlash tizimi operatori taqsimlash tizimiga ulanishni yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish toʻgʻrisidagi talabnomani rad etishi mumkin.

6-§. Taqsimlash tizimiga ulash va uskunalarni ekspluatatsiyaga kiritish

109. Foydalanuvchi qurilmalarini ekspluatatsiyaga kiritish sanasidan oldin ulanish shartnomasida koʻrsatilgan shartlar va jadvallarga muvofiq Taqsimlash tizimi operatoriga quyidagilarni taqdim etadi:

talab etilgan rejalashtirish va batafsil rejalashtirish maʼlumotlariga kiritilmagan asosiy uskunalarning texnik xususiyatlarini;

generatsiyalovchi modullar uchun mazkur Qoidalar hamda boshqa normativ-huquqiy hujjatlarda talab etilgan himoya tizimlari, ularning sozlamalari va aloqa liniyalari sozlamalari tafsilotlarini;

aktivlarni belgilovchi hujjatni tayyorlash imkonini beruvchi maʼlumotlarni;

ulanish nuqtasida Foydalanuvchi uskunasining elektr sxemalarini;

ulanish nuqtasi chizmalarini tayyorlash imkonini beruvchi maʼlumotlarni;

Foydalanuvchi uskunasiga tegishli xavfsizlik qoidalari, ichki xavfsizlik yoʻriqnomalarining nusxalari hamda xavfsizlik koordinatorlarn roʻyxatini;

vakolatli vakillarning ismlari va telefon raqamlari roʻyxati, shu jumladan muhim hodisalar yuz berganda Foydalanuvchi nomidan qarorlar qabul qilishga toʻliq vakolat berilganligini tasdiqlash va tasdiqlash hujjatlarni;

tavsiya etilgan texnik xizmat koʻrsatish dasturini;

ulanish nuqtasida sinashlarni oʻtkazish va ishga tushirish dasturi va Foydalanuvchining rivojlanish loyihasini.

110. Foydalanuvchi qurilish ishlarini, shu jumladan ulanish nuqtasidagi barcha ishlarni tugatgandan soʻng, ulanish nuqtasidagi uskunalar va Foydalanuvchi tizimi sinovdan oʻtkaziladi va Nazorat qiluvchi organga qurilish-montaj va sozlash-ishga tushirish ishlari hamda elektr qurilmalarini texnik koʻrikdan oʻtkazish boʻyicha dalolatnomani (keyingi oʻrinlarda — texnik koʻrikdan oʻtkazish boʻyicha dalolatnoma) olish uchun soʻrovnoma yuboradi.

111. Foydalanuvchi Taqsimlash tizimi operatoriga texnik koʻrikdan oʻtkazish boʻyicha dalolatnomani hamda sinov natijalari va ekspluatatsiyaga kiritishga ruxsat berish toʻgʻrisida buyurtmani taqdim etadi.

112. Foydalanuvchining ulanishga tayyorligi toʻgʻrisidagi dalolatnoma rasmiylashtirilganidan soʻng, Taqsimlash tizimi operatori bir ish kunida ulab beradi.

4-bob. Elektr energiyasini ishlab chiqaruvchilar uchun ulanish shartlari

1-§. Elektr energiyasini ishlab chiqaruvchilar uchun umumiy talablar

113. Mazkur Qoidalarni tatbiq etishda elektr stansiyalar (generatsiyalovchi modullar) oʻzining xususiyatlari va oʻrnatilgan quvvatiga koʻra quyidagi toifalardan biriga tasniflanadi:

oʻrta — oʻrnatilgan quvvati 1 MW va undan yuqori, lekin 2 MW dan past boʻlgan elektr stansiyalar (generatsiyalovchi modullar);

kichik — oʻrnatilgan quvvati 500 kW va undan yuqori, lekin 1 MW dan past boʻlgan elektr stansiyalar (generatsiyalovchi modullar);

mikro — oʻrnatilgan quvvati 500 kW dan past generatsiyalovchi modullar.

114. Elektr stansiyalari (generatsiyalovchi modullar) taqsimlash tizimiga taʼsirni oʻrganish asosida Taqsimlash tizimi operatori bilan kelishilgan kuchlanish darajasidagi taqsimlash tizimi elementiga ulanadi.

115. Ulanish nuqtasida yuzaga kelishi mumkin boʻlgan maksimal qisqa tutashuv tokini oʻchirish imkoniyatiga ega avtomatik oʻchirgich ulanish nuqtasida oʻrnatilishi shart.

Avtomatik oʻchirgichga texnik xizmat koʻrsatish maqsadida ajratish uchun ajratkichlar yoki boshqa izolyatsiyalash vositalari bilan taʼminlanadi va oʻrnatiladi.

116. Ulanish nuqtasida generatsiyalovchi modul tomonidan hosil qilinishi mumkin boʻlgan maksimal uzoq muddatli flikerlar, generatsiyalovchi modul quvvatini mazkur ulanish nuqtasiga ulangan boshqa barcha taʼsir qiluvchi manbalarining umumiy quvvati nisbatiga taqsimlash tizimida ruxsat etilgan maksimal uzoq muddatli flikerlar qiymatiga koʻpaytmasiga teng boʻladi.

117. Ulanishi rejalashtirilgan generatsiyalovchi modul tomonidan hosil qilinishi mumkin boʻlgan garmonik buzilishlar ulanish nuqtasidagi maksimal ruxsat etilgan garmonik buzilishlarning ulushi sifatida, generatsiyalovchi modul oʻrnatilgan quvvatining ulanish nuqtasiga ulangan boshqa barcha garmonik buzilishlar manbalarning umumiy quvvati nisbatining taqsimlash tizimida ruxsat etilgan jami garmonik buzilishlar qiymatiga koʻpaytmasiga teng.

118. Generatsiyalovchi modulning ulanish nuqtasida kuchlanish tebranishlari quyidagi ruxsat etilgan chegaralarga mos kelishi kerak:

vaqti-vaqti bilan davriy sodir boʻlishi mumkin boʻlgan pogʻonaviy oʻzgarishlar uchun kuchlanish tebranishlari chegarasi 1 foizni;

pogʻonaviy oʻzgarishlaridan tashqari tasodifiy tebranishlar uchun kuchlanish tebranishlari chegarasi 3 foizni tashkil etadi.

Ushbu chegaralar har qanday kommutatsiyalash (kondensator batareyalari, generatsiyalovchi modullarni ishga tushishi/toʻxtashi, generatsiyalovchi modullarni almashlab ulash va boshqalar) natijasida sodir boʻladigan kuchlanish tebranishlari va (yoki) qayta tiklanuvchi energiya manbalari qurilmalaridagi birlamchi energiyaning har qanday tebranishlariga nisbatan qoʻllaniladi.

119. Generatsiyalovchi modul operatori Taqsimlash tizimi operatoriga uning elektr qurilmalari mazkur Qoidalarning 116 — 118-bandlari talablariga muvofiqligini qurilmalarni ishlab chiqaruvchi tomonidan berilgan muvofiqlik hujjatlari (sertifikatlar) orqali uning generatsiyalovchi moduli vakolatli organlarning laboratoriyalarda sinovdan oʻtganligi va sertifikatlanganligi hamda belgilangan talablarga muvofiqligini koʻrsatadi.

Laboratoriya sertifikatining nusxasi Taqsimlash tizimi operatoriga taqdim etiladi (talabnomaga ilova qilinadi), bunday sertifikatlar mavjud boʻlmasa muvofiqlikni baholash uchun belgilangan tartibda maxsus sinashlar oʻtkaziladi.

2-§. Noldan ishga tushirish va tezkor ishga tushirish imkoniyati

120. Generatsiyalovchi modullar operatorlari ulanish yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish toʻgʻrisidagi talabnomada oʻzlarining generatsiyalovchi modullari quyidagi imkoniyatlarga egaligi yoki bunday imkoniyat mavjud emasligini koʻrsatishlari kerak:

noldan ishga tushirish — tashqi quvvat manbaisiz ishga tushirish va tarmoqqa sinxronlash qobiliyati;

tezkor ishga tushish-ishga tushirishga koʻrsatma berilganidan soʻng 15 daqiqa ichida ishga tushish va tarmoqqa sinxronlash qobiliyati.

121. Noldan ishga tushirish boʻyicha qoʻshimcha xizmatlar koʻrsatuvchi generatsiyalovchi modul mazkur Qoidalarning 328 — 331-bandlariga muvofiq noldan ishga tushirishni amalga oshiradi.

122. Tezkor ishga tushirish boʻyicha qoʻshimcha xizmatlar koʻrsatuvchi generatsiyalovchi modul chastotaning 49 Nz dan 51 Nz gacha boʻlgan diapazonida chastota relesi signallariga javoban avtomatik ravishda ishga tushishi lozim.

3-§. Generatsiyalovchi modullarning chiqishdagi quvvati

123. Urta va kichik quvvatli generatsiyalovchi modullar chastotaning 49,5 Nz dan 50,5 Nz gacha boʻlgan diapazonida doimiy ravishda aktiv quvvat ishlab chiqarish imkoniyatiga ega boʻlishi talab etiladi. Qayta tiklanuvchi energiya manbalari qurilmalari holatida bu birlamchi energiya manbasi mavjudligiga bogʻliq boʻladi.

124. Oʻrta va kichik quvvatli generatsiyalovchi modul barqaror ish sharoitida ulanish nuqtasida kuchlanishning ±5 foiz oraligʻida oʻzgarishida tarmoqqa ulangan holatda qolish hamda aktiv quvvat yetkazib berish va reaktiv quvvatni rostlash (kompensatsiya qilish) imkoniyatiga ega boʻlishi shart.

Kuchlanish ushbu diapazondan tashqariga chiqsa va kuchlanish oʻzgarishi nominal kuchlanishga nisbatan ±10 foizga yetsa aktiv quvvatni pasaytirishga ruxsat beriladi. Bunda ulanish nuqtasidagi quvvat koeffitsiyenti mazkur Qoidalarning 133-bandida belgilangan chegaralarda qolishi sharti bilan ruxsat beriladi.

125. Kichik va mikro generatsiyalovchi modullar uchun barqaror ish sharoitida ulanish nuqtasida kuchlanishning ±10 foiz oraligida oʻzgarishida tarmoqda qolishning oʻzi yetarli hisoblanadi.

4-§. Generatsiyalovchi modullarning chastota oʻzgarishidagi turgʻunligi

126. Yagona elektr energetikasi tizimida chastotaning 48,5 Nz dan 51,5 Nz gacha boʻlgan diapazonida har qanday oʻzgarishi oʻrta va kichik quvvatli generatsiyalovchi modullarni oʻchirishga olib kelmasligi talab etiladi.

127. Urta va kichik quvvatli generatsiyalovchi modullar chastota 51,5 Nz dan 52,0 Nz gacha oshgan diapazonida va 48,5 Nz dan 48,0 Nz gacha pasaygan diapazonda hamda bunda tarmoqdagi kuchlanish nominal kuchlanishning ±10 foizida boʻlganda kamida 5 daqiqa ishlash imkoniyatiga ega boʻlishi shart.

128. Oʻrta va kichik quvvatli ishlab chiqaruvchilar oʻz generatsiyalovchi modullarini yagona elektr energetikasi tizimi chastotasining 48,0 Nz va 52,0 Nz diapazonidan tashqaridagi ogʻishlari natijasida shikastlanishdan himoya qilishlari, bunda tegishli himoya tizimlarini oʻrnatishlari kerak.

Bunda chastotaning bir lahzada 48,0 Nz dan pasayishida oʻrta quvvatli generatsiyalovchi modullar kamida 5 soniya davomida tarmoqqa ulangan holatda qolishi sharti bajarilishi talab etiladi.

Yagona elektr energetikasi tizimida chastota 52,0 Nz dan oshsa, oʻrta va kichik quvvatli ishlab chiqaruvchilar oʻz elektr stansiyasini va (yoki) alohida generatsiyalovchi modullarini tarmoqdan uzilishini (oʻchishini) taʼminlaydigan himoya tizimlarini oʻrnatishlari kerak.

129. Oʻrta va kichik quvvatli generatsiyalovchi modullar chastota 500 millisoniyada oʻlchanishi sharti bilan, chastotaning soniyasiga ±1 Nz gacha oʻzgarishi tezligida tarmoqda sinxron holatda qolishi kerak.

Kuchlanishning pasayishi qisqa vaqt ichida chastotani soniyasiga 1 Nz dan ortiq oʻzgarishiga olib kelishi mumkinligi sababli, oʻrta va kichik quvvatli ishlab chiqaruvchilari mazkur Qoidalarning 134-135-bandlarida belgilangan chegaralar doirasida ulanish nuqtasida kuchlanish pasayganda tarmoqda sinxron holatda qolishi talab etiladi.

130. Oʻrta va kichik quvvatli generatsiyalovchi modullar uchun turli chastota diapazonlari uchun quyidagi talablar bajarilishi kerak:

f < 48,0 Nz — 5 soniya tarmoqda qolishi va undan keyin avtomatik oʻchishi;

48,0 < f < 48,5 Nz — 5 daqiqa davomida tarmoqda qolishi;

48,5 < f < 51,5 Nz — uzluksiz ishlashi;

51,5 < f < 52,0 Nz — 5 daqiqa davomida tarmoqda qolishi;

f > 52,0 Nz — avtomatik oʻchishi kerak.

131. Yagona elektr energetikasi tizimidagi chastotaning har qanday kichik diapazondagi oʻzgarishi kichik quvvatli generatsiyalovchi modullarni oʻchirishga olib kelmasligi kerak.

5-§. Aktiv va reaktiv quvvatni boshqarishga talablar

132. Urta quvvatli generatsiyalovchi modullar yagona elektr energetikasi tizimi chastotasi 51,0 Nz dan oshganda aktiv quvvatni pasaytirish imkoniyatiga ega boʻlgan aktiv quvvatni boshqarish tizimi bilan jihozlangan boʻlishi kerak. Aktiv quvvatni zarur miqdorgacha kamaytirish quyidagi formula boʻyicha hisoblanadi:

∆P = 45 • P m • ( 51 . 0 – f n ) 50

bu yerda:

∆P — chiqish aktiv quvvatining oʻzgarishi;

P m — rostlash boshlanishidan oldingi boshlangʻich aktiv quvvat;

f n — tarmoq chastotasi;

Aktiv quvvatni kamaytirish oʻrta quvvatli generatsiyalovchi modulning ishlab chiqaruvchi zavodi tomonidan belgilangan texnik imkoniyatlarini hisobga olgan holda eng yuqori gradiyent bilan amalga oshiriladi.

Har qanday oʻrta quvvatli generatsiyalovchi modulning aktiv quvvati minimal texnik yuklamasidan pastga tushsa, uni oʻchirishga ruxsat beriladi.

133. Oʻrta va kichik quvvatli generatsiyalovchi modul operatori Taqsimlash tizimi operatori bilan ulanish yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish shartnomasida boshqa koʻrsatkichlarni kelishmagan boʻlsa, ulanish nuqtasida quvvat koeffitsiyenti induktiv xarakterda 0,95 hamda sigʻim xarakterda 0,95 gacha saqlab turish imkoniyatiga ega boʻlishi kerak.

Ulanish yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish shartnomasida boshqa shartlar (koʻrsatkichlar) kelishilishi mumkin.

6-§. Generatsiyalovchi modullarning tizimda barqaror ish rejimi buzilgan vaqtda ishlashi

134. Taqsimlash tizimidagi qisqa tutashuvlar yoki tarmoqdagi nosozliklar natijasida ulanish nuqtasida kuchlanish pasayishida generatsiyalovchi modullar mazkur Qoidalarga 3-ilovaga muvofiq belgilangan chegaralarda ishlashi lozim.

Generatsiyalovchi modullar operatori Taqsimlash tizimi operatori va Tizim operatoriga oʻz generatsiyalovchi modullari yuqoridagi chegaralarda ishlashga qodirligini quyidagi hujjatlarni taqdim etish orqali koʻrsatib beradi:

generatsiyalovchi modulni ishlab chiqaruvchi zavod tomonidan berilgan, mazkur qurilma vakolatli (nufuzli) laboratoriyalarda sinovdan oʻtganligi va sertifikatlanganligi hamda buyurtma qilingan talablarga mosligi tasdiqlovchi sertifikat;

qayta tiklanuvchi energiya manbalarining operatori va (yoki) uning “tayyor holda topshirish” tamoyili asosida ishlarni bajaruvchi pudratchisi (YERS-pudratchi) tomonidan oʻrta va kichik quvvatli generatsiyalovchi modullar toʻplamining oʻrnatilgan himoya tizimi va uning sozlamalari muvofiqligini koʻrsatib beruvchi hujjat.

Mazkur hujjatlar nusxasi ulanish yoki ulanishni oʻzgartirish shartnomasiga ilova qilinadi.

135. Generatsiyalovchi modullar qisqa tutashuv yoki tarmoqdagi nosozliklar sababli ulanish nuqtasida kuchlanish pasayishida quyidagi diapazonlarida oʻchib qolmasdan, tarmoqda qolish imkoniyatini taʼminlashi kerak:

U < 0,3 U nom — 0,15 soniya;

U = 0,3 U nom — 0,625 soniya;

0,3 U nom < U < 0,9 U nom — nominal kuchlanishning 30 foizida 0,625 soniya, nominal kuchlanishning 90 foizida 3,0 soniya oraligida chiziqli interpolyatsiya;

0,9 U nom < U < 1,1 U nom — uzluksiz ishlashi;

1,1 U nom < U < 1,2 U nom 1 soniya;

U > 1,2 U nom — 0,16 soniya.

7-§. Generatsiyalovchi modullarning himoya tizimlariga talablar

136. Generatsiyalovchi modullar qurilmalari, uskunalari va ularning taqsimlash tizimiga ulanishlari uchun himoya tizimlari avariyaviy oʻchishlar va taqsimlash tizimiga salbiy taʼsirni minimallashtirishda selektivlikni va sezgirlikni, tezlikning zarur darajasiga erishishni hisobga olgan holda loyihalashtiriladi, muvofiqlashtiriladi va sinovdan oʻtkaziladi.

137. Taqsimlash tizimi operatori bilan boshqa shartlar kelishilmagan va ulanish shartnomasida koʻrsatib oʻtilmagan boʻlsa, oʻrta va kichik quvvatli generatsiyalovchi modullar ushbu modullar ulangan taqsimlash tizimining har qanday qismida biror hodisa sodir boʻlganda uni taqsimlash tizimidan oʻchiruvchi va ajratuvchi himoya tizimiga ega boʻlishi shart.

138. Taqsimlash tizimi operatori va generatsiyalovchi modullar operatori ulanish nuqtasining oʻzlariga tegishli tomonlarida elektr uskunalari va obyektlari himoya tizimi uchun shaxsiy javobgardirlar.

139. Generatsiyalovchi modullar operatorlari ularning generatsiyalovchi modullari ish jarayonida yoki tarmoqqa ulangan holda turganligidan qatʼiy nazar taqsimlash tizimida ekspluatatsiyaning barcha sharoitlarida (bir fazali taʼminot, nosozliklar, qisqa tutashuvlar, noodatiy kuchlanish va chastotalar, chaqmoq va kommutatsiya impulslari kuzatilganda) oʻz obyektini tegishli himoyasini taʼminlash uchun javobgar hisoblanadi.

140. Generatsiyalovchi modullar operatorlari Taqsimlash tizimi operatori bilan birga generatsiyalovchi modulini taqsimlash tizimiga sinxronlashtirish uchun sinxronlash moslamalari bilan taʼminlashi kerak.

Sinxronlashtirishni kuzatish va boshqarish uchun avtomatik sinxronlash qurilmalari oʻrnatiladi. Taqsimlash tizimi operatori sinxronlash usulini koʻrib chiqadi, tasdiqlaydi va tekshiradi. Avtomatik sinxronizatsiya sozlamalari Taqsimlash tizimi operatorining roziligisiz oʻzgartirilmaydi.

Sinxronlash parametrlarining namunaviy chegaralari quyidagicha:

maksimal chastota farqi — ∆f = 0,3 Nz;

maksimal kuchlanish farqi — ∆U = 10%;

maksimal fazalar burchagi farqi — ∆F = 20 gradus;

141. Generatsiyalovchi modul operatori uning generatsiyalovchi moduli ulangan taqsimlash tizimining qismi (seksiyasi yoki taqsimlash uskunasi) asosiy taqsimlash tizimidan ajralib ketganligini (ihotalangan) aniqlash va ushbu holat aniqlanganda qayta ulashni oldini oluvchi hamda ushbu holat aniqlanishi bilan 2 soniya ichida generatsiyalovchi modulni tarmoqdan uzish uskunasi bilan jihozlangan boʻlishini taʼminlashi kerak.

Kichik yoki mikro generatsiyalovchi modul tizimining ish rejimi barqarorlashganidan 10 daqiqa oʻtguniga qadar tarmoqqa qayta ulanmasligi va ihotalangan holda hamda taqsimlash tizimiga obyektni qayta ulanishdan bloklash orqali himoya qilinishini taʼminlashi kerak.

142. Generatsiyalovchi modullarni yerga ulash sxemasi taqsimlash tizimiga ulangan uskunaning nominal qiymatidan oshib ketadigan oʻta yuklanishni keltirib chiqarmasligi va taqsimlash tizimida yerga tutashuvdan himoyani muvofiqlashtirishga toʻsqinlik qilmasligi shart.

Barcha uskuna va tizimlar texnik ekspluatatsiya qilish qoidalari talablariga muvofiq yerga ulangan boʻlishi talab etiladi.

143. Generatsiyalovchi modullar operatorlari Taqsimlash tizimi operatoriga koʻrib chiqish va kelishish uchun taklif etilayotgan saqlagichlar turi va (yoki) relelarning sozlamalarini taqdim etishi kerak.

Relelar yoki saqlagichlarni har qanday keyingi almashtirilishi yoki sozlamalari oʻzgartirilishi Taqsimlash tizimi operatori bilan kelishilgan holda amalga oshirilishi shart.

144. Xavfsizlikni taʼminlashni hisobga olgan holda, kichik va mikro elektr stansiyalarini taqsimlash tizimidan alohidalash (izolyatsiyalash) va texnik xizmat koʻrsatish maqsadida oʻchirilishida Taqsimlash tizimi operatori foydalanishi uchun koʻrinadigan ajratish qurilmasi bilan jihozlangan boʻlishi talab etiladi.

Ajratish qurilmasi Taqsimlash tizimi operatori xodimlari jismonan foydalana oladigan holatda ulanish nuqtasidan kamida 3 metrdan uzoq boʻlmagan masofada joylashgan boʻlishi shart. Buning imkoniyati mavjud boʻlmasa oʻchirish qurilmasi kichik quvvatli elektr stansiyasi va ulanish nuqtasi orasida oʻrnatiladi.

Ajratish qurilmasi blokirovka qiluvchi kontakt holatining vizual koʻrsatkichiga ega boʻlishi hamda har doim Taqsimlash tizimi operatori xodimlari uchun foydalanishga qulay boʻlishi taʼminlanadi.

Korxona hududida oʻrnatilgan generatsiyalovchi modul haqida Taqsimlash tizimi operatori xodimlarini xabardor qilish uchun ulanish nuqtasida ogohlantiruvchi belgilar, plakatlar va belgilar oʻrnatiladi.

145. Koʻzda tutilmagan sharoitlarda tegishli avtomatik oʻchirgichni uzish uchun himoya relelari oʻrnatilishi kerak.

Mikro va kichik quvvatli generatsiyalovchi modullarning himoya tizimiga mazkur Qoidalarga 4-ilovadagi talablar qoʻyiladi.

146. Yagona elektr energetikasi tizimi yoki uning bir qismi boʻlgan taqsimlash tizimi toʻliq oʻchganda, kichik yoki mikro elektr stansiyasi taqsimlash tizimidan darhol uzilishi shart.

Avtomatik qayta ulash moslamasi boʻlgan taqsimlash tizimi uchun kichik yoki mikro elektr stansiyasi taqsimlash tizimi bilan qayta sinxronlashishdan oldin kichik yoki mikro elektr stansiyasi ulangan taqsimlash tizimi qismini qayta ulash moslamasi barqaror holatga keltirguniga qadar 10 daqiqa kutishi talab etiladi.

147. Taqsimlash tizimi operatori oʻz tizimi uchun transformatorni ulash va yerga ulash tartibini belgilaydi va barchani ushbu tartib bilan xabardor qiladi.

148. Bir nechta taʼminot manbalari mavjud boʻlganda, generatsiyalovchi modul aylanma toklarning yerga ulangan neytralga taʼsirini oldini olish yoki yumshatish imkoniyatiga ega boʻlishi talab etiladi.

8-§. Axborot almashinuviga talablar

149. Taqsimlash tizimi operatori ulanishni oʻrganish (baholash) natijasiga koʻra, oʻrta va kichik quvvatli generatsiyalovchi modullar operatori va Taqsimlash tizimi operatori oʻrtasida barqaror ish sharoitlari va avariya vaziyatlarida generatsiyalovchi modullar va ulanish nuqtasidagi boshqaruv (kommutatsiya) qurilmalarini boshqarish hamda monitoring qilish uchun aloqa tizimiga zaruriyatni aniqlaydi.

150. Bunday aloqa tizimi zarur deb hisoblansa, oʻrta va kichik quvvatli generatsiyalovchi modullar operatori Taqsimlash tizimi operatori boshqaruv markazi bilan generatsiyalovchi modullar va ulanish nuqtalarini boshqaruv (kommutatsiya) hamda monitoring qilish uchun zarur aloqa tizimini oʻrnatadi.

151. Aloqa, masofadan monitoring qilish va boshqarish tizimlariga talablar texnik shartda koʻrsatilishi lozim.

152. Taqsimlash tizimi operatoriga taqdim etiladigan maʼlumotlar oʻrta va kichik quvvatli generatsiyalovchi modullar operatori va Taqsimlash tizimi operatori bilan oʻzaro kelishilgan boʻlishi hamda ulanish yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish shartnomasida aks ettirilgan boʻlishi kerak.

5-bob. Foydalanuvchilar uchun ulanish shartlari

153. Foydalanuvchi uskunasi taqsimlash tizimiga taʼsirni oʻrganish natijasi asosida Taqsimlash tizimi operatori tomonidan berilgan texnik shartga binoan kelishilgan kuchlanish darajasidagi taqsimlash tizimi elementiga ulanadi.

154. Past kuchlanishli taqsimlash tizimi elementlariga ulanishlar uchun ulanish nuqtasi odatda Foydalanuvchi tomonidagi hisobga olish uskunasining klemmasida boʻladi.

155. Oʻrta kuchlanishli tarmoqqa ulanish uchun ulanish nuqtasining joylashuvi Foydalanuvchi tomonidagi hisobga olish uskunasining klemmasida boʻlishi shart.

Hisobga olish uskunasining klemmasida ulanish imkoni boʻlmasa, ulanish nuqtasining joylashuvi Taqsimlash tizimi operatori va Foydalanuvchi oʻrtasida kelishiladi hamda ulanish shartnomasida koʻrsatiladi.

156. Ulanish nuqtasi ushbu nuqtada yuzaga kelishi mumkin boʻlgan maksimal qisqa tutashuv tokini oʻchirishga qodir boʻlgan avtomatik oʻchirgich tomonidan boshqariladi.

Texnik xizmat koʻrsatish maqsadida avtomatik oʻchirgichni ajratish (izolyatsiyalash) uchun ajratkich va boshqa izolyatsiyalovchi vositalar bilan taʼminlanadi va oʻrnatiladi.

157. Foydalanuvchining ulanish nuqtasidagi qurilmalari, himoya tizimi avariyaviy oʻchishlar va taqsimlash tizimiga salbiy taʼsirni minimallashtirishda selektivlikni va sezgirlikni, tezlikning zarur darajasiga erishishni hisobga olgan holda loyihalashtiriladi, muvofiqlashtiriladi va sinovdan oʻtkaziladi.

158. Taqsimlash tizimi operatori va Foydalanuvchi ulanish nuqtasining tegishli tomonlarida elektr uskunalari va obyektlari himoya tizimi uchun shaxsiy javobgardir.

Foydalanuvchining soʻroviga binoan Taqsimlash tizimi operatori uning himoya tizimini loyihalashi uchun zarur boʻlgan ulanish nuqtasidagi himoya tizimining texnik maʼlumotlarini taqdim etadi.

159. Taqsimlash tizimi operatori maʼlum Foydalanuvchilardan taqsimlash tizimining barqaror ishlashidagi buzilishlar xavfi va (yoki) oqibatlarini minimallashtirish maqsadida loyihalashtirilgan va ishlab chiqilgan boshqa himoya sxemalarini taqdim etishni talab qilishi mumkin. Ushbu talab Taqsimlash tizimi operatori tomonidan yetarli darajada asoslantirilishi kerak.

160. Foydalanuvchilar Taqsimlash tizimi operatori tomonidan Ulanish yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish shartnomasiga muvofiq yuklamani avtomatik tushirishi uchun isteʼmolini megavattlardagi diskret blok (birlik)lariga boʻlinish va past chastotali releni faollashtirish usulini belgilashi kerak.

161. Yuklamani avtomatik tushirishda foydalaniladigan past chastotali rele toʻliq raqamlashtirilgan va quyidagi xususiyat (xarakteristika)larga ega boʻlishi kerak:

chastotani sozlash diapazoni — 0,1 Nz qadamlar (afzalrogʻi 0,05 Nz) bilan 48,0 Nz dan 52,0 Nz gacha;

sozlanishi mumkin boʻlgan kechikish vaqti — 0,1 soniyalik qadamlar bilan 0 dan 60 soniyagacha;

chastotani oʻzgartirish tezligini — 0,1 Nz/s qadamlar bilan 0 dan ±10 Nz/s gacha;

ishga tushish vaqti — 0,1 soniyadan kam;

kuchlanish blokirovkasi — nominal kuchlanishning 55 foizidan 90 foizi gacha oraligʻida tanlanadi;

ishlash pogʻonalari — kamida ikki pogʻonali ishlash rejimi;

chiqish kontaktlari: har bir pogʻonada kamida uchta chiqish.

162. Past chastotali rele nominal kuchlanishi 230 V boʻlgan oʻzgaruvchan tokda ishlash uchun mos boʻlishi shart.

Past chastotali relening elektr taʼminoti ushbu relening chiqish chastotasi asosiy tizimdagi chastota bilan bir xil boʻlishini kafolatlash maqsadida asosiy tizimdagi taʼminot nuqtasi orqali amalga oshiriladi.

163. Oʻchirish funksiyasi quyidagi ishonchlilik mezonlariga muvofiq loyihalashtiriladi va muvofiqlashtiriladi:

ishonchlilik — yuklamaning har qanday maʼlum nuqtaga tushishida oʻchirishning imkonsizligi funksiyaning (sxemaning) umumiy ishiga zarar yetkazmasligi kerak. Funksiyaning umumiy ishonchliligi kamida 96 foiz boʻlishi kerak;

uzilishlar — uskunani oʻchirish yoki unga texnik xizmat koʻrsatish yuklamani nazorat qilishga yoki isteʼmolni oʻchirish sezilarli taʼsir koʻrsatmasligi talab etiladi.

6-bob. Aktivlarni belgilash hujjatiga talablar

164. Har qanday ulanish nuqtasi uchun aktivlarni belgilash boʻyicha hujjatlar quyidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olishi va Taqsimlash tizimi operatori va Foydalanuvchining ekspluatatsiyaga doir majburiyatlarini belgilashi kerak:

yuqori/oʻrta kuchlanishli uskunalar;

past kuchlanishli uskunalar;

aloqa va hisobga olish uskunalari.

165. Aktivlarni belgilash toʻgʻrisidagi hujjatlar ulanish nuqtasini toʻgʻri aks ettirishi va quyidagilarni koʻrsatishi shart:

uskuna va uning egasi;

xavfsizlik qoidalari va tartiblari, shu jumladan ichki xavfsizlik yoʻriqnomalari va xavfsizlik koordinator(lar)i yoki xavfsizlik uchun masʼul boʻlgan boshqa shaxslar;

ekspluatatsiya tartib-qoidalari hamda ekspluatatsiya va nazorat uchun masʼul tomonni;

texnik xizmat koʻrsatish talablari va texnik xizmat koʻrsatish uchun masʼul boʻlgan tomonni;

favqulodda vaziyatlarga oid har qanday kelishuv.

166. Aktivlarni belgilash toʻgʻrisidagi hujjatlar doimo Taqsimlash tizimi operatorining operativ xodimlari va foydalanuvchiga foydalanish uchun mavjud holatda boʻlishi taʼminlanadi.

167. Taqsimlash tizimi operatori aktivlarni belgilash toʻgʻrisidagi hujjatlarni tayyorlash va undan foydalanish tartibini belgilaydi.

168. Foydalanuvchi Taqsimlash tizimi operatoriga ulanish yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish shartnomasida koʻrsatilgan jadvalga muvofiq aktivlarni belgilash toʻgʻrisidagi hujjatni tayyorlashga imkon beradigan maʼlumotlarni taqdim etishga majburdir.

169. Taqsimlash tizimi operatori ulanish nuqtasi uchun aktivlarni belgilash toʻgʻrisidagi hujjatni ulanish sanasidan kamida ikki hafta oldin tayyorlaydi.

170. Ulanish nuqtasidagi uskunaning aktivlarni belgilash toʻgʻrisidagi hujjati Taqsimlash tizimi operatori va Foydalanuvchi tomondan chiquvchi tarmoqlar yoki kabellar tafsilotlarini oʻz ichiga oladi.

171. Aktivlarni belgilash toʻgʻrisidagi hujjatning har bir sahifasida sana va hujjat raqami koʻrsatiladi.

172. Aktivlarni belgilash toʻgʻrisidagi hujjatni imzolashdan oldin, Taqsimlash tizimi operatori oʻzgartirishlar kiritish yoki uning toʻgʻriligini tasdiqlash uchun Foydalanuvchiga aktivlarni belgilash toʻgʻrisida tayyorlangan hujjatning nusxasini yuboradi.

173. Imzolangandan soʻng, lekin ulanish sanasidan kamida ikki hafta oldin, Taqsimlash tizimi operatori Foydalanuvchiga hujjatning sanasi va raqami hamda kuchga kirish sanasini koʻrsatilgan xabarnoma bilan ikki nusxada aktivlarni belgilash toʻgʻrisidagi hujjatni taqdim etadi.

174. Foydalanuvchi aktivlarni belgilash toʻgʻrisidagi hujjatga oʻzgartirishlar kiritish kerakligini aniqlasa, u Taqsimlash tizimi operatorini xabardor qiladi.

Taqsimlash tizimi operatori qayta koʻrib chiqilgan aktivlarni belgilash toʻgʻrisidagi hujjatni shakllantiradi.

175. Taqsimlash tizimi operatori yoki Foydalanuvchi aktivlarni belgilash toʻgʻrisidagi hujjatni avariya holatini aks ettirish uchun oʻzgartirish lozim deb topsa, Taqsimlash tizimi operatori yoki Foydalanuvchi sharoitga koʻra darhol ikkinchi tomonni xabardor qiladi.

Taqsimlash tizimi operatori yoki Foydalanuvchi aktivlarni belgilash toʻgʻrisidagi hujjatga kiritilishi lozim boʻlgan oʻzgarishlarni muhokama qilish va oʻzgarish vaqtinchalik yoki doimiy xarakterga ega ekanligi toʻgʻrisida qaror qabul qilish maqsadida muhokama oʻtkazishi mumkin.

Taqsimlash tizimi operatori va Foydalanuvchi oʻrtasidagi muhokamadan soʻng yetti kun ichida Taqsimlash tizimi operatori Foydalanuvchiga qayta koʻrib chiqilgan aktivlarni belgilash toʻgʻrisidagi hujjatni taqdim etadi.

7-bob. Elektr sxemalariga talablar

176. Taqsimlash tizimi operatori har qanday ulanish nuqtasi uchun elektr sxemalarini tayyorlash tartibi va formatini belgilaydi.

177. Foydalanuvchi Taqsimlash tizimi operatoriga ulanish yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish shartnomasida belgilangan jadvalga muvofiq Foydalanuvchi tomonidagi ulanish nuqtasidan boshlab barcha uskunalarning elektr sxemasini tayyorlash va taqdim etish majburiyatini oladi.

178. Taqsimlash tizimi operatori Foydalanuvchiga ulanish yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish shartnomasida belgilangan jadvalga muvofiq ulanish nuqtasidan oʻzi tomonidagi barcha uskunalarning elektr sxemalarini taqdim etishga majburdir.

179. Ulanish nuqtasi Foydalanuvchining hududida joylashgan boʻlsa, Foydalanuvchi ulanish nuqtasining har ikki tomonini biriktiruvchi (tashkil etuvchi) elektr sxemasini tayyorlaydi va taqdim etadi.

180. Elektr sxemalari sxemani biriktiruvchi va joylashuv nuqtalari, uskunalarning nomlanishi hamda texnik tavsiflari, shuningdek, ulanish nuqtasidagi tegishli uskuna va qurilmalar haqida aniq maʼlumotlardan iborat boʻlishi kerak.

181. Imkoniyatga koʻra, ulanish nuqtasidagi barcha uskunalar bitta elektr sxemasida koʻrsatiladi.

Bittadan ortiq elektr sxemasi zarur boʻlsa, bir xil maʼlumotlarning takrorlanishi minimumga keltiriladi. Elektr sxemalari uskunaning jismoniy joylashuvi va elektr ulanishlarini imkon qadar aniq koʻrsatib berishi shart.

182. Elektr sxemalari obyekt joylashuvi va uskunalarning belgilaridan (identifikatsiyasi) foydalangan holda tuziladi. Uskunalarning joriy holati sxemada koʻrsatiladi.

183. Elektr sxemasining sarlavhali yozuvi masʼul shaxslarning familiyasi, ismi va otasining ismi, shuningdek, tahrirlar, sanalar va imzolar haqidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga oladi.

184. Taqsimlash tizimi operatori yoki Foydalanuvchi yangi uskunani qoʻshishga yoki mavjud uskunaning identifikatsiyani oʻzgartirishga qaror qilsa, Taqsimlash tizimi operatori yoki Foydalanuvchi oʻzgartirishdan kamida bir oy oldin boshqa tomonga qayta koʻrib chiqilgan elektr sxemasini taklif etilayotgan qoʻshimcha va oʻzgartirishlar bilan taqdim etadi.

185. Oʻzgartirish mavjud uskunani almashtirishni nazarda tutsa, qayta koʻrib chiqilgan elektr sxemasi mavjud ulanishni oʻzgartirish shartnomasida koʻrsatilgan jadvalga muvofiq boshqa tomonga taqdim etilishi shart.

186. Tarkibiy elektr sxemasining aniqligi bilan bogʻliq nizo yuzaga kelsa, nizoni hal etish uchun imkon qadar qisqa muddatda Taqsimlash tizimi operatori va Foydalanuvchi oʻrtasida muhokama oʻtkaziladi va maqbul yechim qabul qilinadi.

8-bob. Ulanish nuqtalari chizmalariga talablar

187. Taqsimlash tizimi operatori har qanday ulanish nuqtasi uchun ulanish nuqtasi chizmasini tayyorlashda rioya etilish zarar boʻlgan tartib va talabni belgilaydi.

188. Foydalanuvchi ulanish yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish shartnomasida belgilangan jadvalga muvofiq Foydalanuvchi tomonidagi ulanish nuqtasi chizmasini tayyorlash va Taqsimlash tizimi operatoriga taqdim etish majburiyatini oladi.

189. Taqsimlash tizimi operatori Foydalanuvchiga ulanish yoki mavjud ulanish oʻzgartirish shartnomasida belgilangan jadvalga muvofiq Taqsimlash tizimi operatori tarafidagi ulanish nuqtasining chizmasini taqdim etishi shart.

190. Ulanish nuqtasi Foydalanuvchining hududida joylashgan boʻlsa, Foydalanuvchi ulanish nuqtasining har ikki tomonining tarkibiy chizmasini tayyorlaydi va taqdim etadi.

191. Ulanish nuqtasining chizmasi ulanish birikmalari va joylashuv nuqtalari, uskunalarning nomlanishi hamda texnik tavsiflari, shuningdek, ulanish nuqtasidagi tegishli uskuna va qurilmalar haqida aniq maʼlumotlardan iborat boʻladi.

192. Ulanish nuqtasi chizmasida uskunaning joylashishi, umumiy himoya tizimini, shuningdek, boshqaruv va yordamchi qurilmalar koʻrsatib beriladi.

Ulanish nuqtasi chizmasi uskunaning jismoniy joylashuvi va ulanishlarini imkon qadar aniq koʻrsatib berishi shart.

193. Ulanish nuqtasining chizmasi obyekt joylashuvi va uskunalarning belgilaridan (identifikatsiyasi) foydalangan holda tuziladi hamda bunda uskunaning joriy holati koʻrsatiladi.

194. Ulanish nuqtasi chizmasining sarlavhali yozuvi masʼul shaxslarning familiyasi, ismi va otasining ismi, shuningdek, tahrirlar, sanalar va imzolar haqidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga oladi.

195. Taqsimlash tizimi operatori yoki Foydalanuvchi yangi uskunani qoʻshishga yoki mavjud uskunaning identifikatsiyani oʻzgartirishga qaror qilsa, Taqsimlash tizimi operatori yoki Foydalanuvchi taklif etilgan vaqtdan kamida bir oy oldin boshqa tomonga qayta koʻrib chiqilgan ulanish nuqtasi chizmasini taklif etilayotgan qoʻshimcha va oʻzgartirishlar bilan taqdim etiladi.

196. Oʻzgartirish mavjud uskunani almashtirishni nazarda tutsa, qayta koʻrib chiqilgan ulanish nuqtasi chizmasi mavjud ulanishni oʻzgartirish shartnomasida koʻrsatilgan jadvalga muvofiq boshqa tomonga taqdim etilishi shart.

197. Qayta koʻrib chiqilgan ulanish nuqtasi chizmasi yangi uskunalarni qoʻshish, mavjud uskunalarni almashtirish yoki uskunaning identifikatsiyasini oʻzgartirishni oʻz ichiga oladi.

198. Taqsimlash tizimi operatori va Foydalanuvchi bularni yozma ravishda amalga oshirishga kelishsa, ulanish yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish shartnomasida belgilangan jadvalga muvofiq kelishilgan oʻzgarishlarni aks ettirish uchun ulanish nuqtasi chizmalarining tegishli nusxalariga oʻzgartirishlar kiritadi.

199. Taqsimlash tizimi operatori va Foydalanuvchi tomonidan tayyorlangan ulanish nuqtasining toʻliq chizmasi ulanish nuqtasi bilan bogʻliq boʻlgan barcha ekspluatatsiya va rejalashtirish jarayonlari uchun foydalaniladi.

200. Ulanish nuqtasi tarkibiy chizmasi aniqligi bilan bogʻliq nizo yuzaga kelsa, nizoni hal qilish uchun imkon qadar qisqa muddatda Taqsimlash tizimi operatori va Foydalanuvchi oʻrtasida muhokama oʻtkaziladi.

9-bob. Taqsimlash tizimida maʼlumot almashish va ularni roʻyxatga olish

201. Foydalanuvchi Taqsimlash tizimi operatoriga taqdim etadigan ulanish nuqtasi va xususiyatlariga oid maʼlumotlar quyidagi maʼlumotlar toifalariga koʻra roʻyxatga olinadi:

Elektr energiyasidan foydalanish qoidalarida koʻrsatib oʻtilgan prognoz maʼlumotlari;

uskuna maʼlumotlari;

uskunaning roʻyxatga olingan maʼlumotlari.

202. Prognoz maʼlumotlari, Foydalanuvchining kelgusi besh yil uchun jami isteʼmol va aktiv energiya isteʼmolini hisobga olgan holdagi aniq prognozini koʻrsatib beradi.

203. Uskuna maʼlumotlari Foydalanuvchining kelgusi besh yil uchun uskunaning parametr qiymatlari va uskuna maʼlumotlarining eng aniq bahosini oʻz ichiga oladi.

204. Foydalanuvchi tomonidan Taqsimlash tizimi operatoriga taqdim etiladigan uskunaning roʻyxatga olish maʼlumotlari tasdiqlangan haqiqiy parametr qiymatlarini va ulanish sanasidagi uskuna toʻgʻrisidagi maʼlumotlardan tashkil topadi.

Roʻyxatga olingan uskuna maʼlumotlari ulanishdan keyingi rejalashtirilgan loyiha maʼlumotlarini (dastlabki rejalashtirish loyiha maʼlumotlari va roʻyxatga olingan rejalashtirish loyiha maʼlumotlari), uskuna toʻgʻrisida va oʻrnatilgan parametr qiymatlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlardan iborat boʻladi.

205. Ulanish yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish uchun ariza bergan Foydalanuvchi tomonidan taqdim etilgan ulanish nuqtasi va yangi Foydalanuvchi bilan bogʻliq maʼlumotlar uch bosqichda roʻyxatga olinadi va mos ravishda quyidagicha tasniflanadi:

dastlabki rejalashtirish maʼlumotlari;

roʻyxatga olingan rejalashtirish maʼlumotlari;

ulanishdan keyingi rejalashtirish maʼlumotlari;

206. Ulanish yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish uchun ariza berish vaqtida taqdim etilgan maʼlumotlar dastlabki rejalashtirish maʼlumotlari hisoblanadi.

Ulanish yoki mavjud ulanish shartnomasini oʻzgartirishda koʻrsatilgan jadvaldan oldinroq ushbu maʼlumotlar talab qilinsa, u holda ushbu maʼlumotlar rejalashtirish maʼlumotlari va batafsil rejalashtirish maʼlumotlarini oʻz ichiga oladi.

207. Ulanish yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish shartnomasi imzolanganidan soʻng, dastlabki rejalashtirish maʼlumotlari taqsimlash tizimini rivojlantirish rejasini tayyorlash va taqsimlash tizimga ulanishga buyurtmalarni baholash uchun foydalaniladigan roʻyxatga olingan rejalashtirish maʼlumotlari sifatida qabul qilinadi.

208. Uskunaning hisoblangan maʼlumotlari ulanishdan keyingi rejalashtirish maʼlumotlari sifatida qabul qilinganidan soʻng, tekshirilishi, yangilanishi va ulanish vaqtida tasdiqlangan haqiqiy parametr qiymatlari va uskuna maʼlumotlari bilan almashtirilishi kerak.

209. Taqsimlash tizimi operatori ulanish yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish buyurtmasiga muvofiq zarur barcha maʼlumotlarni taqdim etish tartibini ishlab chiqadi va oʻz rasmiy veb-saytida eʼlon qiladi.

IV boʻlim. Taqsimlash tizimini rejalashtirish

1-bob. Taqsimlash tizimini rejalashtirish tartibi

1-§. Taqsimlash tizimini rejalashtirish boʻyicha majburiyatlar

210. Taqsimlash tizimini rejalashtirishda Taqsimlash tizimi operatori quyidagilarga javobgar hisoblanadi:

yangi obyektlar ulanishini taqsimlash tizimi va uning Foydalanuvchilariga taʼsirini tahlil qilish, jumladan, generatsiyalovchi modullar, isteʼmolchilar, taqsimlash elektr tarmoqlari yoki podstansiyalar;

prognozlashtirilgan isteʼmol talabini qondirish va yangi generatsiyalovchi modullarni ulashni taʼminlash uchun taqsimlash tizimini kengaytirishni rejalashtirish;

taqsimlash tizimidagi elektr energiyasi sifat koʻrsatkichlari, yoʻqotishlar va tizimning ishonchliligi bilan bogʻliq muammolarini aniqlash va ularni bartaraf etish.

211. Foydalanuvchilar, shu jumladan taqsimlash tizimiga ulangan ishlab chiqaruvchilar rejalashtirish maʼlumotlarini taqdim etadilar va rejalashtirish jarayonida Taqsimlash tizimi operatori bilan hamkorlik qiladilar.

2-§. Rejalashtirish maʼlumotlarini taqdim etish

212. Taqsimlash tizimiga ulanish yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish uchun murojaat qilgan Foydalanuvchi ulanishda talab etiladigan hamda tegishli rejalashtirish va batafsil rejalashtirish maʼlumotlarini taqdim etadi.

213. Foydalanuvchi har yili 1-iyuniga qadar Taqsimlash tizimi operatoriga:

oʻtgan yil uchun tegishli rejalashtirish maʼlumotlarini va uning ijrosini;

keyingi besh yil uchun prognoz qilinayotgan rejalashtirish maʼlumotlarini taqdim etish majburiyatini oladi.

Ushbu maʼlumotlar yangilangan rejalashtirish va batafsil rejalashtirish maʼlumotlarini oʻz ichiga olishi kerak.

214. Rejalashtirish maʼlumotlari Taqsimlash tizimi operatoriga Foydalanuvchining rivojlanishini (kengayishini) taqsimlash tizimiga koʻrsatadigan taʼsirini baholash uchun zarur boʻlgan maʼlumotlardan iborat boʻlishi kerak.

215. Taqsimlash tizimini rejalashtirishda yanada aniqroq tadqiqotlarni oʻtkazish maqsadida batafsil rejalashtirish maʼlumotlari talab etiladi. Ushbu batafsil rejalashtirish maʼlumotlari zarur boʻlgan qoʻshimcha maʼlumotlarni oʻz ichiga oladi.

Ushbu maʼlumotlar bevosita taqsimlash tizimiga ulangan yoki unga taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan zanjirlar, kommutatsiya qurilmalari ularning va himoya tizimlari parametrlaridan tashkil topadi.

Maʼlumotlar Taqsimlash tizimi operatori uchun ulanish nuqtalari bilan bogʻliq har qanday taʼsirlarni baholash uchun yetarli boʻlishi shart.

216. Uskunaning qayd etilgan maʼlumotlari tasdiqlangan haqiqiy parametr qiymatlari va Foydalanuvchi uskunasi haqidagi toʻliq maʼlumotlarni oʻz ichiga olishi kerak va ushbu maʼlumotlar ulanish vaqtida Foydalanuvchi tomonidan Taqsimlash tizimi operatoriga loyihaviy maʼlumotlarning bir qismi sifatida taqdim etiladi.

217. Rejalashtirish maʼlumotlaridagi har qanday oʻzgarishlar Foydalanuvchi tomonidan bir ish kuni ichida Taqsimlash tizimi operatorini ushbu oʻzgarish haqida xabardor qilinishi shart. Xabarnomada oʻzgartirish amalga oshiriladigan yoki vaziyatdan kelib chiqib oʻzgartirilishi kutilayotgan vaqt va sana koʻrsatiladi.

Oʻzgartirish vaqtinchalik boʻlsa, xabarnomada koʻrsatkichlar avval qayd etilgan qiymatga qaytishi kutilayotgan vaqt va sana ham koʻrsatib oʻtiladi.

3-§. Taklif etilayotgan ulanishni baholash

218. Taqsimlash tizimi operatori Foydalanuvchi tomonidan taklif etilayotgan yangi ulanish yoki uning ulanishni oʻzgartirish va (yoki) rivojlantirishni taqsimlash tizimiga va uning boshqa Foydalanuvchilari tizimlariga taʼsirini baholash boʻyicha tadqiqot oʻtkazadi.

Taqsimlash tizimiga taʼsirni oʻrganish natijalari toʻgʻrisida Foydalanuvchini xabardor qilish shart.

219. Taqsimlash tizimi operatori, shuningdek, Foydalanuvchi tizimiga taʼsir qilishi mumkin boʻlgan taqsimlash tizimidagi har qanday rejalashtirilgan oʻzgarishlar haqida xabar berib boradi.

4-§.Taqsimlash tizimini rivojlantirish rejasini tayyorlash

220. Taqsimlash tizimi operatori Foydalanuvchilar tomonidan taqdim etilgan rejalashtirish maʼlumotlarini umumlashtiradi va ulardan foydalangan holda taqsimlash tizimini rivojlantirish rejasini ishlab chiqadi.

221. Taqsimlash tizimi operatori taqsimlash tizimini rivojlantirish rejasining yangilangan nashrini Uzatish tizimi operatori va Energetika vazirligiga taqdim etib boradi.

Taqsimlash tizimining rivojlantirish rejasining nusxasi Energetika bozori regulatoriga ham kiritib boriladi.

222. Taqsimlash tizimini rivojlantirish rejasi quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

Elektr energiyasidan foydalanish qoidalarida koʻrsatib oʻtilgan prognoz maʼlumotlari;

Magistral elektr tarmoqlaridan foydalanish qoidalarida talab etilgan rejalashtirish maʼlumotlarini;

uzatish tizimidan quyida (taqsimlash tizimida) quvvat oʻtkazuvchanlikni oshirish;

taqsimlash tarmoqlarining (fiderlarning) joylashuvi va texnik tavsiflari;

reaktiv quvvat kompensatsiya qilish rejasi;

taqsimlash tizimini mustahkamlash boʻyicha boshqa rejalar;

taqsimlash tizimini rivojlantirish rejasining texnik va iqtisodiy tahlili.

223. Foydalanuvchi Taqsimlash tizimi operatori tomonidan tayyorlangan rivojlantirish rejasi uning rejalari va takliflarini toʻliq aks ettirmagan deb hisoblasa, u bu toʻgʻrisida Taqsimlash tizimi operatoriga uch ish kunida xabar berishi kerak.

2-bob. Taqsimlash tizimini rejalashtirish tadqiqoti

224. Taqsimlash tizimi operatori quyidagi hollarda taqsimlash tizimining xavfsiz va ishonchli ishlashini taʼminlash maqsadida taqsimlash tizimini rejalashtirish uchun tadqiqot (keyingi oʻrinlarda — tadqiqot) oʻtkazadi:

har yili Energetika vazirligiga taqdim etiladigan Taqsimlash tizimini rivojlantirish dasturini tayyorlash;

taqsimlash tizimini rivojlantirish loyihalarini baholash;

ulanish yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish toʻgʻrisidagi arizaga muvofiq Foydalanuvchi tomonidan taqdim etilgan har qanday taklifni baholash.

225. Taqsimlash tizimini rejalashtirish boʻyicha tadqiqotlar taqsimlash tizimiga yoki Foydalanuvchi tizimidagi har qanday uskunaning, Foydalanuvchi isteʼmolning oʻzgarishidagi taʼsirni baholash uchun hamda taqsimlash tizimida yoki foydalanuvi tizimidagi kamchiliklarni bartaraf etish boʻyicha zarur choralarni koʻrish uchun oʻtkaziladi.

226. Tadqiqotlarni oʻtkazishda ushbu bobda bayon etilgan texnik tadqiqotlar hamda rejalashtirish va batafsil rejalashtirish maʼlumotlaridan foydalaniladi.

227. Taqsimlash tizimi operatori quyidagilarni oʻz ichiga olgan taqsimlash tizimini rejalashtirish tahlilini oʻtkazishi lozim:

fiderlarni rivojlanishining optimal sxemalarini aniqlash;

reaktiv quvvat kompensatsiyasining optimal dasturlarini ishlab chiqish;

taqsimlovchi fiderlarni boshqarish vositalari va fiderlarning maqbul konfiguratsiyalarini ishlab chiqish;

taqsimlovchi podstansiyalar ehtiyoj, ularni qurishning maqbul joylashuvi va hajmi.

228. Tadqiqotlar hayotiy jarayonlarni baholash usullaridan foydalangan holda amalga oshirilishi lozim, bunda foydalaniladigan kapital qiymat va diskont stavkalar Energetika bozori regulatori tomonidan belgilanadi.

229. Kuchlanishning qisqa vaqtli pasayishini oʻrganish, mavjud taqsimlash tizimining rejalashtirilgan isteʼmoli va har qanday rejalashtirilgan kengaytirish, mustahkamlash yoki rivojlantirish uchun ulanish nuqtalarida kuchlanishni aniqlash maqsadida oʻtkaziladi.

230. Yangi generatsiyalovchi modullarni, isteʼmolchilarni yoki berk taqsimlash tarmoqlarini ulashning taʼsirini baholash uchun kuchlanishning qisqa vaqtli pasayishi boʻyicha tadqiqotlar oʻtkaziladi.

231. Qisqa tutashuvlarni oʻrganish, taqsimlash tizimi uskunalariga yuklamani oshiradigan yangi elektr stansiyalari va boshqa obyektlarni qoʻshish natijasida taqsimlash tizimi uskunalariga taʼsirni baholash uchun oʻtkaziladi.

Ushbu tadqiqotlar qisqa tutashuv toki chegarasidan oshib ketishi natijasida shikastlanishi mumkin boʻlgan uskunani aniqlab beradi.

232. Uch fazali qisqa tutashuv oʻrganishlari taqsimlash tizimining barcha tugunlari uchun tarmoqda elektr energiyasi ishlab chiqarishning maksimal va minimal ssenariylari va taqsimlash tizimi zanjirining turli konfiguratsiyalari uchun oʻtkaziladi.

Yerga yakka tutashuvni oʻrganish taqsimlash tizimining shikastlanishga moyil tugunlari uchun amalga oshirilishi kerak. Ushbu oʻrganishlar davomida taqsimlash tizimi uskunalari ekspluatatsiya davomida har qanday ogʻir sharoitga chidamligi aniqlanadi.

233. Taqsimlash tizimi operatori va Foydalanuvchi ulanish nuqtasida favqulodda avariya taʼminoti darajalari yuzasidan maʼlumot almashadi. Maʼlumot almashinuvi quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

uch fazali tutashuv va yerga tutashuvning maksimal va minimal toklari;

qisqa tutashuv sharoitida qarshilik koeffitsiyenti;

oʻzaro bogʻlangan tizimlar boʻlgan taqdirda, qisqa tutashuvlarni hisoblash uchun maqbul ekvivalent tarmoqni modellashtirish.

234. Mavjud uskunada qisqa tutashuv tokini kamaytirish uchun zanjirlarning muqobil konfiguratsiyalari oʻrganilishi mumkin.

Qisqa tutashuv toklari uskunaning loyiha spetsifikatsiyalari doirasida boʻlsa va tavsiya etilgan taqsimlash tizimining konfiguratsiyasi moslashuvchan va xavfsiz ishlash uchun mos boʻlsa, natijalar qoniqarli deb hisoblanadi.

235. Taqsimlash tizimidagi yoʻqotishlarni tasniflash va miqdorini baholash uchun taqsimlash tizimidagi yoʻqotishlar oʻrganiladi hamda tahlil qilinadi.

Foydalanuvchi tizimi va taqsimlash tizimidagi oʻzgarishlarning taqsimlash tizimi ishining samaradorligiga taʼsirini aniqlash uchun yoʻqotishlarni aniqlash yuzasidan oʻrganishlar oʻtkazilishi talab etiladi.

236. Taqsimlash tizimidagi isteʼmolchilarning elektr taʼminotidagi uzilishlar chastotasi va davomiyligini aniqlash uchun elektr taʼminoti ishonchliligi boʻyicha oʻrganishlar oʻtkaziladi.

237. Taqsimlash tizimining ishonchlilik koʻrsatkichlari elektr taʼminotidagi uzilishlar haqidagi maʼlumotlar asosida aniqlanadi.

3-bob. Rejalashtirish maʼlumotlari

1-§. Elektr energiyasini ishlab chiqarish va isteʼmol qilish prognozi

238. Foydalanuvchi keyingi besh yil uchun har bir ulanish nuqtasida oʻzining ishlab chiqarish va (yoki) isteʼmol qilish prognozlarini Taqsimlash tizimi operatoriga taqdim etadi.

Bunda, birinchi yil uchun prognoz maʼlumotlari oylar kesimida, qolgan toʻrt yil uchun faqat yillik prognoz maʼlumotlarini oʻz ichiga oladi.

239. Foydalanuvchilar oʻzlari elektr energiyasi ishlab chiqarsa (oʻz generatsiyalovchi modullariga ega boʻlsa) va isteʼmol qilsa, belgilangan davr uchun prognoz maʼlumotlarida jami (toʻliq) isteʼmol va ishlab chiqarish hajmlarini hamda jami isteʼmoldan oʻzining ishlab chiqarishini chegirib tashlagandagi tarmoqdan qabul qiladigan isteʼmol hajmlarini alohida koʻrsatishi kerak.

240. Taqsimlash tizimi operatori va Foydalanuvchi isteʼmolni prognoz qilishda quyidagi omillarni hisobga olishi talab etiladi:

oʻtgan davr isteʼmol maʼlumotlari;

isteʼmol (talab) tendensiyalari;

muhim hodisalar;

Foydalanuvchilar generatsiyalovchi modullari maʼlumotlari;

isteʼmol grafigi oʻzgarishi, almashtirilishi yoki vaqti oʻzgartirilishi (kunduzgi vaqtdan tungi vaqtga, tigʻiz boʻlmagan soatlardan tigʻiz soatlarga oʻtkazilishi va hokazo);

qoʻshni taqsimlash tizimlari bilan oʻzaro bogʻlanishlar.

2-§. Generatsiyalovchi modullar maʼlumotlari

241. Elektr stansiyasi operatori (generatsiyalovchi modullarga egalik qiluvchilar) oʻzining generatsiyalovchi modullariga tegishli maʼlumotlarni Taqsimlash tizimi operatoriga taqdim etadi.

242. Anʼanaviy generatsiyalovchi modullarga egalik qiluvchilar quyidagi maʼlumotlarni taqdim etadi:

generatsiyalovchi modullarning nominal quvvati (MVA va MW);

nominal kuchlanish (V);

generatsiyalovchi modulning turi va uning ish rejimlari;

toʻgʻri oʻq boʻyicha oʻta oʻtkazuvchan reaktiv qarshilik (foiz);

generatsiyalovchi modulda kuchaytiruvchi transformatorning nominal quvvati, kuchlanishi va toʻliq qarshiligi.

243. Shamol generatorlari uchun quyidagi maʼlumotlar taqdim etiladi:

shamol elektr stansiyasining nomi va joylashgan joyi;

umumiy oʻrnatilgan quvvati (MVA va MW);

qayta tiklanuvchi energiya manbalarining jami oʻrnatilgan quvvati(MUA va MW);

shamol turbinalari soni va birlik oʻlchamlari;

shamol turbinalarining turi (belgilangan tezlik/oʻzgaruvchan tezlik);

shamol turbinasini ishlab chiqaruvchisi;

har bir shamol turbinasining nominal quvvati (kW);

toʻliq nominal quvvat (kVA);

nominal chastotasi (Nz);

shamolning nominal tezligi (m/s);

shamolning minimal tezligi (m/s);

shamolning maksimal tezligi (m/s);

nominal kuchlanish (V).

244. Quyosh fotoelektr stansiyalari (panellari) boʻyicha quyidagi maʼlumotlar taqdim etiladi:

fotoelektr stansiyasining nomi va joylashgan joyi;

umumiy oʻrnatilgan quvvat (kW);

panellar soni;

invertorning nominal quvvati (kW);

invertor modeli;

quyosh paneli texnologiyasi;

fotoelektr stansiyasi transformatoriga tegishli maʼlumotlar (transformatorning oʻzgartirish koeffitsiyenti, qarshiligi, chulgʻamlar ulanishi, almashlab ulash sozlamalari).

245. Generatsiyalovchi modullar ulanish nuqtasida taqsimlash tizimiga alohida seksiyalarda ishlaydigan yoki ishlashi mumkin boʻlgan shinalar tizimi orqali ulangan boʻlsa, har bir generatsiyalovchi modul va (yoki) blok qaysi shinalar tizimiga (seksiyaga) ulanganligi koʻrsatilishi kerak.

3-§. Foydalanuvchi tizimi maʼlumotlari

246. Past kuchlanishli tarmoqlarga ulangan Foydalanuvchilar Taqsimlash tizimi operatoriga ulangan yuklama quvvati va maksimal isteʼmol boʻyicha maʼlumotlarni taqdim etadi.

247. Oʻrta kuchlanishli tarmoqlarga ulangan Foydalanuvchilar Taqsimlash tizimi operatoriga quyidagi maʼlumotlarni taqdim etadi:

a) barcha turdagi yuklamalar:

ulangan yuklama, shu jumladan turi va boshqaruv mexanizmlari;

maksimal isteʼmol;

b) oʻzgaruvchan (tebranuvchan) va siklik yuklamalar:

isteʼmolning oʻzgarish tezligi;

almashlab ulash oraligʻi;

eng katta qadam oʻzgarishining kattaligi.

248. Foydalanuvchilar mazkur Qoidalarning 176 — 200-bandlarida nazarda tutilgan, oʻz tizimining elektr sxemalari va ulanish nuqtasining chizmalarini taqdim etilishi shart.

Sxemalar va chizmalar quyidagilarning soni, nominal va ishchi parametrlarini koʻrsatib berishi kerak:

uskunalar (generatsiyalovchi modul, kuch transformatori va oʻchirgichlar);

elektr uzatish tarmoqlari (havo yoki kabel);

podstansiya shinasi qurilmasi va sxemasi;

yerga ulash qurilmasi va sxemasi;

taqsimlash qurilmasi.

249. Foydalanuvchi podstansiyasidan taqsimlash tizimidagi ulanish nuqtasigacha havo tarmoqlari va (yoki) yer osti kabellarining quyidagi parametrlarining taqdim etadi:

nominal va ishchi kuchlanish (V);

toʻgʻri ketma-ketlikdagi qarshilik va reaktiv qarshilik (Ω);

toʻgʻri ketma-ketlikdagi parallel reaktiv oʻtkazuvchanlik;

nol ketma-ketlikdagi qarshilik va reaktiv qarshilik (Ω);

nol ketma-ketlikdagi reaktiv oʻtkazuvchanlik.

250. Foydalanuvchi tizimi taqsimlash tizimiga transformator orqali ulangan boʻlsa, kuch transformatorlari uchun quyidagi maʼlumotlar taqdim etiladi:

nominal quvvati (MVA);

nominal kuchlanishi (V);

chulgʻam ulanishi;

toʻgʻri ketma-ketlikdagi qarshilik va reaktiv qarshilik;

uch oʻzakli transformator uchun nol ketma-ketlikdagi reaktiv quvvat;

kuchlanishni rostlash moslamalari diapazoni, qadam oʻlchami va turi (yuklama ostida yoki yuklamasiz);

chaqmoq impulslarining asosiy izolyatsiyasi darajasi (kV).

251. Foydalanuvchi taqsimlash qurilmasi boʻyicha quyidagi maʼlumotlarni, jumladan foydalanuvchi podstansiyasi va ulanish nuqtasidagi ajratkichlar va yuklamani oʻchirgichlar, avtomatik oʻchirgichlar toʻgʻrisida maʼlumotlarni taqdim etadi:

nominal kuchlanish (V);

nominal tok (A);

nominal nosimmetrik oʻrta kvadratik qisqa tutashuv toki (kA);

chaqmoq impulslarining asosiy izolyatsiyasi darajasi (kV).

252. Foydalanuvchi oʻzining obyektlaridagi yerga ulash tizimi boʻyicha batafsil maʼlumotlar (yerga ulanish uskunasining nominal quvvati va toʻliq qarshiligi)ni taqdim etadi.

253. Foydalanuvchi ulanish nuqtasida va Foydalanuvchi podstansiyasida mustaqil boshqariladigan (oʻz-oʻzidan ulanadigan) reaktiv quvvat kompensatsiyasi uskunasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni taqdim etadi. Ushbu maʼlumotlar quyidagilarni oʻz ichiga olishi kerak:

nominal quvvat (MVAr);

nominal kuchlanish (V);

kompensatsiya uskunasi turi (shuntlovchi reaktori, shuntlovchi kondensator, reaktiv quvvat statik kompensatori);

ekspluatatsiya qilish va boshqarish tafsilotlari.

254. Foydalanuvchi isteʼmolining asosiy qismi muqobil ulanish nuqtasidan taʼminlanishi mumkin boʻlsa, isteʼmolni almashlab ulash imkoniyati toʻgʻrisida tegishli maʼlumot Foydalanuvchi tomonidan taqdim etiladi, jumladan:

muqobil ulanish nuqtasi;

muqobil ulanish nuqtasidagi odatiy (normal) isteʼmol;

muqobil ulanish nuqtasida yoki almashlab ulash mumkin boʻlgan isteʼmol;

almashlab ulashni boshqarish mexanizmlari (qoʻlda yoki avtomatik), shu jumladan uzilishlar va rejalashtirilgan texnik xizmat koʻrsatish vaqtida uzatishni amalga oshirish uchun zarur boʻlgan vaqt.

255. Foydalanuvchi generatsiyalovchi modul va (yoki) yuqori quvvatli dvigatellarga ega boʻlsa, u ulanish nuqtasidagi qisqa tutashuv toki toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni taqdim etishi kerak. Qisqa tutashuv toki texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarga muvofiq hisoblanadi.

4-bob. Batafsil rejalashtirish maʼlumotlari

1-§. Ishlab chiqaruvchilar tomonidan taqdim etiladigan batafsil maʼlumotlar

256. Oʻrta quvvatli generatsiyalovchi modul uchun quyidagi qoʻshimcha maʼlumotlar taqdim etiladi:

nominal quvvat (MVA)

nominal chastota (Nz);

nominal kuchlanish (kV);

quvvat koeffitsiyenti;

toʻgʻri ketma-ketlikdagi reaktiv qarshilik;

toʻgʻri ketma-ketlikdagi qarshilik (maksimal, minimal va nominal);

nol ketma-ketlikdagi reaktiv qarshilik;

kuchlanishni rostlash diapazoni;

kuchlanishni rostlashning qadam oʻlchami;

kuchlanishni rostlash turi: yuklama ostida yoki yuklamasiz.

257. Oʻrta quvvatli anʼanaviy generatsiyalovchi modul uchun quyidagi qoʻshimcha maʼlumotlar taqdim etiladi:

har oylik amaldagi quvvat (MW);

generatsiyalovchi modullarning buyurtma qilingan quvvatidan yuqori haqiqiy qoʻshimcha quvvati (MW);

minimal barqaror yuklama (MW);

reaktiv quvvat egri chizigʻi;

stator yakorining qarshiligi;

toʻgʻri oʻqning sinxron, oʻtkinchi va oʻta oʻtkinchi reaktiv qarshiligi;

koʻndalang oʻqning sinxron, oʻtkinchi va oʻta oʻtkinchi reaktiv qarshiligi;

toʻgʻri oʻqning oʻtkinchi va oʻta oʻtkinchi vaqt konstantalari;

koʻndalang oʻqning oʻtkinchi va oʻta oʻtkinchi vaqt konstantalari;

turbinalar va generator qurilmalarining inersiya konstantasi;

klemmalardagi nominal qoʻzgʻatish toki (A);

qisqa tutashuv va ochiq zanjirning oʻziga xos egri chiziqlari.

258. Oʻrta quvvatli qayta tiklanuvchi energiya manbalari boʻyicha quyidagi qoʻshimcha maʼlumotlar taqdim etiladi:

shamol stansiyasining dinamik modeli;

reaktiv quvvat kompensatsiyasi, jumladan, quvvat koeffitsiyentining ishchi diapazonida reaktiv quvvat kompensatsiya haqida batafsil maʼlumot;

transformatorga tegishli maʼlumotlar (qarshilik, oʻzgartirish koeffitsiyenti, chulgʻamning ulanishi, kuchlanishni rostlash sozlamalari).

259. Anʼanaviy oraliq isitilmaydigan bugʻ, gaz turbinalari, geotermal va gidroelektrostansiyalar uchun kuyidagi tezlik koʻrsatkichlari taqdim etiladi:

rostlagichning oʻrtacha kuchaytirilishi;

tezlik dvigatelining sozlash diapazoni;

tezlik pasayishi egri chizigʻining xarakteristikasi;

bugʻ, yonilgʻini yoki suv bosimi inersiyasini rostlash vaqti konstantasi;

rostlash klapanining ochilish chegaralari;

rostlash klapanining tezligi chegaralari;

turbinaning vaqt konstantasi.

260. Har bir generatsiyalovchi modulning harakatchanligi (manevrlik) darajasini belgilovchi quyidagi maʼlumotlar taqdim etiladi:

dam olish kunlari oʻchirilganidan keyingi ishga tushirish tezligi;

tunda toʻxtatilgandan keyin ishga tushirish tezligi;

sinxronizatsiyadan soʻnggi blok-yuklama;

nominal quvvat (MW) dan yuklamani pasaytirish tezligi;

rostlash diapazoni;

sinxronlashgan va elektr energiyasini yetkazib berish imkoniyatini saqlagan holda yuklamani ogʻish qobiliyati.

261. Elektr stansiyasi yoki generatsiyalovchi modulning oʻz ehtiyoji uchun isteʼmoli, shuningdek, oʻz ehtiyoji uchun tarmoqdan sotib olinadigan elektr energiyasi hajmi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar taqdim etilishi kerak.

2-§. Foydalanuvchi tomonidan taqdim etiladigan batafsil rejalashtirish maʼlumotlari

262. Taqsimlash tizimiga ulangan isteʼmolchilar (maishiy isteʼmolchilar bundan mustasno) Taqsimlash tizimi operatoriga yuklamaga tegishli quyidagi xarakteristikalarni taqdim etadi:

choʻqqi (oʻta yuqori) yuklama sharoitida har bir fazadagi maksimal isteʼmol;

kuchlanish nomutanosibligi (nosimmetriyasi);

garmonik tashkil etuvchi.

263. Taqsimlash tizimi operatori va Foydalanuvchi taqsimlash tizimi yoki Foydalanuvchi tizimidagi oʻtkinchi oʻta kuchlanishlar samaradorligini baholash uchun zarur boʻlgan maʼlumotlarni, jumladan tizimlarning fizik va elektr sxemalari, parametrlari, tavsiflari va himoyasiga tegishli batafsil maʼlumotlar bilan oʻzaro almashishadi.

V boʻlim. Taqsimlash tizimini ekspluatatsiya qilish

1-bob. Ekspluatatsiya qilishning umumiy shartlari va tomonlarning ekspluatatsiya majburiyatlari

1-§. Ekspluatatsiya qilishning maqsadli yoʻnalishlari

264. Taqsimlash tizimini ekspluatatsiya qilishning maqsadli yoʻnalishlari quyidagilar:

Taqsimlash tizimi operatori va taqsimlash tizimining barcha Foydalanuvchilarining ekspluatatsiya qilish boʻyicha majburiyatlarini taqsimlash;

Taqsimlash tizimi operatorlari oʻrtasida oʻzaro yordam, uskunalar va zaxiralardan birgalikda foydalanish, shuningdek, birgalikda xarid qilish boʻyicha operativ mexanizmlarni belgilash;

Taqsimlash tizimi operatori, taʼminotchilar va Foydalanuvchilar oʻrtasida yuboriladigan xabarnomalar va aloqaga vositalariga qoʻyiladigan talablarni belgilash;

taqsimlash tizimi obyektlari va uskunalarga texnik xizmat koʻrsatish dasturlarini ishlab chiqish;

taqsimlash tizimida chastotasini nazorat qilish uchun qoʻllaniladigan isteʼmolni boshqarish va kuchlanishni nazorat qilish uchun ishlatiladigan usullarni belgilash;

favqulodda vaziyatlarda Taqsimlash tizimi operatori va Foydalanuvchilar tomonidan amalga oshirilishi kerak boʻlgan harakatlar tartibini belgilash;

taqsimlash tizimi yoki Foydalanuvchi tizimida ishlarni bajarish va sinovlar oʻtkazish jarayonida xavfsizlik choralarini belgilash hamda ularni muvofiqlashtirish va bekor qilish tartiblarini oʻrnatish;

taqsimlash va Foydalanuvchi tizimiga yetkazib beriladigan elektr energiyasi sifatini sinovdan oʻtkazish va nazorat qilish tartiblarini belgilash;

taqsimlash yoki foydalanuvchi tizimiga taʼsir koʻrsatishi mumkin favqulodda yoki gʻayri oddiy sharoitlarni modellashtirish va nazorat ostida qoʻllashni oʻz ichiga olgan tizim sinovlarini oʻtkazish tartib-tamoyillarini belgilash;

generatsiyalovchi modulning roʻyxatdan oʻtgan parametrlariga va qoʻshimcha xizmatlarni koʻrsatish qobiliyatiga mos kelishini tekshirish uchun amalga oshirilishi kerak boʻlgan sinovlar va tartiblarni belgilash;

ulanish nuqtasida qurilmalarni (uskunalarni) identifikatsiyalash talablarini belgilash.

2-§. Taqsimlash tizimi operatorining ekspluatatsiya boʻyicha majburiyatlari va javobgarligi

265. Taqsimlash tizimi operatori mazkur Qoidalarning III boʻlim 2-bobi talablariga binoan taqsimlash tizimini barqaror sharoitlarda ekspluatatsiya qilish va elektr energiyasi sifat koʻrsatkichlarini taʼminlash, shuningdek, elektr energiyasi sifat koʻrsatkichlari bilan bogʻliq muammolarni hal etish majburiyatini oladi.

266. Taqsimlash tizimi operatori oʻz qurilmalari (uskunalari) va obyektiga texnik xizmat koʻrsatish uchun taqsimlash tizimiga texnik xizmat koʻrsatish dasturini tayyorlash hamda uning ijrosi uchun masʼuldir.

267. Taqsimlash tizimi operatori ekspluatatsiya talablari boʻyicha quyidagilar uchun javobgardir:

oʻzining barcha taqsimlash uskunalarini (qurilmalarini) ishonchli ishlashini taʼminlash va ularga xizmat koʻrsatish hamda Foydalanuvchilarga uzluksiz sifatli elektr energiyasini yetkazib berish;

nosozliklar kuzatilgan uskunalar va obyektlarni oʻz vaqtida oʻchirilishini taʼminlovchi taqsimlash tizimi himoyasini loyihalashtirish, oʻrnatish va ularga xizmat koʻrsatish;

xavfsiz va tejamkor taqsimlash ishchi tartib-qoidalarga doimiy rioya etilishini taʼminlash;

Tizim operatori bilan kelishilgan maqsadlarga erishish uchun zarur vaqtlarda yuklamani avtomatik ravishda rostlash sxemasiga xizmat koʻrsatish.

3-§. Foydalanuvchilarning ekspluatatsiya boʻyicha majburiyatlari va javobgarligi

268. Foydalanuvchilar taqsimlash tizimidagi barqaror ish rejimlarida elektr energiyasi sifat koʻrsatkichlarini saqlash boʻyicha Taqsimlash tizimi operatoriga yordam beradilar. Bunda oʻzlarining uskunalarida (qurilmalari) elektr energiyasi sifat koʻrsatkichlarini buzilishiga olib keladigan holatlarni oldini olish va (yoki) zudlik bilan shunday holatlarni bartaraf etish uchun javobgardirlar.

269. Foydalanuvchi oʻz tizimining (qurilmalari) taqsimlash tizimi ish rejimlarini buzishiga, nosozliklarni keltirib chiqarmasligi va salbiy oqibatlarga olib kelmasligini taʼminlash majburiyatini oladi.

Foydalanuvchi oʻzining tizimi tomonidan taqsimlash tizimiga yetkazilgan har qanday zararni bartaraf etish uchun barcha zarur choralarni koʻrish uchun javobgar hisoblanadi.

270. Foydalanuvchi favqulodda yoki avariya vaziyatlarida Taqsimlash tizimi operatorining barcha koʻrsatmalariga rioya etishi shart.

4-§. Elektr energiyasini ishlab chiqaruvchilarning ekspluatatsiya boʻyicha majburiyatlari va javobgarligi

271. Taqsimlash tizimiga ulangan elektr energiyasini ishlab chiqaruvchilar Magistral elektr tarmoqlaridan foydalanish qoidalari va Elektr stansiyalari va tarmoqlarini texnik ekspluatatsiya qilish qoidalariga rioya qilishlari shart.

272. Elektr energiyasini ishlab chiqaruvchilar quyidagilar uchun javobgardir:

doimiy ravishda oʻzining generatsiyalovchi modullarini ulanish yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish shartnomasida koʻrsatilgan operativ (texnik) koʻrsatkichlari va parametrlariga muvofiqligini taʼminlash;

Taqsimlash tizimi operatoriga oʻz vaqtida rejalashtirish va ekspluatatsiyaga doir maʼlumotlarni taqdim etish;

Taqsimlash tizimi operatori va (yoki) Tizim operatorining barqaror, avariya va favqulodda vaziyatlardagi koʻrsatmalariga rioya qilish.

273. Elektr energiyasini ishlab chiqaruvchilar barqaror ishlash rejimi buzilganda oʻzlarining generatsiyalovchi modullari tarmoqdan oʻchirilmasligini taʼminlashi kerak. Kuyidagi holatlar bundan mustasno:

chastota yoki kuchlanishning oʻzgarishi generatsiyalovchi modul yoki uning yordamchi uskunalariga zarar yetkazishi mumkin boʻlsa;

chastota yoki kuchlanishning oʻzgarishi belgilangan chegarasidan tashqariga chiqsa;

Tizim operatori yoki Taqsimlash tizimi operatorining ruxsati (koʻrsatmasi) bilan oʻchirilsa.

274. Barqaror rejimda oʻrta va kichik quvvatli qayta tiklanuvchi energiya manbalari qurilmalari erkin aktiv quvvat ishlab chiqarish rejimida yoki boshqa har qanday rejimda ishlashi kerak.

Tizim operatori qayta tiklanuvchi energiya manbalari qurilmalarini erkin aktiv quvvat ishlab chiqarish rejimida ishlashini taʼminlash boʻyicha barcha saʼy-harakatlarni amalga oshiradi.

275. Favqulodda, avariya vaziyatlari, noodatiy ish rejimlari yoki qayta tiklash sharoitida Tizim operatori yoki Taqsimlash tizimi operatorlari kichik va oʻrta quvvatli generatsiyalovchi modullar operatorlariga ularning obyektlarining ishlashi boʻyicha koʻrsatmalar beradi.

Ushbu koʻrsatmalar kichik va oʻrta quvvatli generatsiyalovchi modullarni tarmoqdan darhol uzib qoʻyishni oʻz ichiga olishi mumkin.

276. Ulanish yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish shartnomasida oʻrta quvvatli qayta tiklanuvchi energiya manbalari qurilmalarini masofadan turib toʻgʻridan-toʻgʻri boshqarish tizimi interfeyslarini oʻrnatish nazarda tutilmagan boʻlsa, qayta tiklanuvchi energiya manbalari operatori Tizim operatori yoki Taqsimlash tizimi operatori koʻrsatmalarini bajaruvchi operativ xodimlarni doimo xizmat doirasida boʻlishini taʼminlashi shart.

277. Oʻrta quvvatli generatsiyalovchi modullar operatorlari Tizim operatori yoki Taqsimlash tizimi operatorining koʻrsatmalarini va shu koʻrsatmalar asosida oʻz tizimida amalga oshirilishi kerak boʻlgan harakatlarni hech bir kechiktirishsiz zudlik bilan bajarishi shart.

5-§. Operativ chora-tadbirlar

278. Energetika vazirligi Energetika bozori regulatori, Uzatish tizimi operatori, Tizim operatori va Nazorat qiluvchi organ bilan birgalikda Taqsimlash tizimi operatorlariga:

favqulodda vaziyatlarda harakatlar tartibini, shu jumladan Taqsimlash tizimi operatorlari uchun oʻzaro yordam dasturini;

uskunalar va materiallardan hamkorlikda foydalanish tartibini, shu jumladan Taqsimlash tizimi operatorlari uchun uskunalar va materiallardan hamkorlikda foydalanish dasturini;

qoʻshma xaridlarni tashkil etish tartibini, shu jumladan Taqsimlash tizimi operatorlari uchun qoʻshma xaridlar dasturini ishlab chiqadi va (yoki) tavsiyalar beradi.

279. Taqsimlash tizimi operatorlari:

favqulodda vaziyatlarda oʻzaro yordam koʻrsatish va muvofiqlashtirilgan tezkor chora-tadbirlarni koʻrish boʻyicha tartiblarni belgilaydilar va hamkorlik qiladilar.

uskunalar va materiallardan hamkorlikda foydalanish tartib-qoidalarini ishlab chiqish hamda xaridlar uchun xarajatlarni minimallashtirish maqsadida hamkorlikda foydalanish dasturini amalga oshirilishini taʼminlashda hamkorlik qiladilar;

qoʻshma xaridlarni tashkil etish tartib-qoidalarini oʻrnatish hamda uskunalar va materiallarni xarid qilishda samaradorlikka erishish maqsadida qoʻshma xaridlar dasturini hamkorlikda amalga oshiradi.

2-bob. Aloqa vositalariga talablar, hisobotlarni yuritish, xabarnomalar va bildirgilarni taqdim etish

1-§. Taqsimlash tizimida tezkor aloqa

280. Taqsimlash tizimi operatori va Foydalanuvchi oʻzaro ogʻzaki aloqani taʼminlash, elektr energiyasini hisob-kitobi (sotish) va boshqa ekspluatatsiyaga taalluqli ishlar uchun zarur boʻlgan maʼlumotlar almashinuvini taʼminlash maqsadida aloqa kanalini oʻrnatadi.

Aloqa kanali Taqsimlash tizimi operatori, Foydalanuvchilar va taʼminotchilar oʻrtasida imkon qadar toʻgʻridan-toʻgʻri boʻlishi kerak.

281. Taqsimlash tizimi operatori taqsimlash tizimi va Foydalanuvchi tizimlarining xavfsiz ishlashi uchun zaxira yoki muqobil aloqa yoʻnalishi va (yoki) favqulodda aloqa zarur deb hisoblasa, ular oʻrtasida qoʻshimcha aloqa vositalari oʻzaro kelishilgan holda joriy etiladi.

282. Taqsimlash tizimi operatori va Foydalanuvchi nazorat va boshqaruv faoliyatini samarali taʼminlash hamda muvofiqlashtirish uchun tegishli ravishda vakolat berilgan xodimlar roʻyxatini va ularning telefon raqamlarini almashishadi.

2-§. Operativ xabarnomalar

283. Taqsimlash yoki Foydalanuvchi tizimida muhim hodisa sodir boʻlsa, Taqsimlash tizimi operatori yoki Foydalanuvchi muhim hodisa toʻgʻrisida boshqa tomonga tegishli xabarnoma beradi, tegishli boʻlsa taʼminotchiga ham xabarnoma nusxasi taqdim etiladi.

Xabarnoma muhim hodisa sodir boʻlganidan keyin 15 daqiqa ichida eʼlon qilinishi kerak va uning taqsimlash tizimiga va (yoki) boshqa Foydalanuvchilar tizimlariga potensial taʼsiri, shuningdek, vaziyatga koʻra Taqsimlash tizimi operatori yoki Foydalanuvchi tomonidan amalga oshirilgan dastlabki tiklash (tuzatish) harakatlari bayon etilishi lozim.

284. Rejalashtirilgan texnik tadbirlar toʻgʻrisidagi bildirgi Foydalanuvchi tomonidan Taqsimlash tizimi operatoriga va tegishli boʻlsa taʼminotchiga tadbir boshlanishidan kamida uch kun oldin yuboriladi.

3-§. Taqsimlash tizimini ekspluatatsiya qilish yuzasidan hisobotlar

285. Taqsimlash tizimi operatori oʻzining taqsimlash tizimini ekspluatatsiya qilish yuzasidan har oylik hisobotlarni tayyorlaydi va Energetika vazirligi hamda Nazorat qiluvchi organga taqdim etadi.

Ushbu hisobotlar oy davomida taqsimlash tizimida sodir boʻlgan hodisalar va boshqa muammolarni baholashni, ularni bartaraf etish boʻyicha Taqsimlash tizimi operatori amalga oshirgan chora-tadbirlarni va kelgusida bu kabi holatlarning takrorlanishini oldini olish boʻyicha tavsiyalarni oʻz ichiga olishi kerak.

286. Taqsimlash tizimi operatori mazkur Qoidalarning 322 — 325-bandlariga muvofiq muhim hodisalar toʻgʻrisidagi hisobotlarni Energetika vazirligi va Nazorat qiluvchi organga yuboradi.

287. Taqsimlash tizimi operatori ekspluatatsiya boʻyicha yillik hisobotni tayyorlaydi va Energetika vazirligi hamda Nazorat qiluvchi organga taqdim etadi. Ushbu hisobot taqsimlash tizimidagi yoki Foydalanuvchining tizimiga sezilarli taʼsir koʻrsatgan muhim hodisalarni oʻz ichiga olishi shart.

3-bob Taqsimlash tizimiga texnik xizmat koʻrsatish dasturi

1-§. Texnik xizmat koʻrsatish dasturini tayyorlash

288. Taqsimlash tizimi operatori rejalashtirilgan (prognoz qilinayotgan) isteʼmol, Foydalanuvchilarning oʻz tizimlariga texnik xizmat koʻrsatish boʻyicha dastlabki dasturlari va texnik xizmat koʻrsatish grafiklari boʻyicha soʻrovlar asosida taqsimlash tizimiga xizmat koʻrsatish yuzasidan oylik, yillik va uch yillik dasturlarni tayyorlaydi.

289. Oylik texnik xizmat koʻrsatish dasturlari Magistral elektr tarmoqlaridan foydalanish qoidalarida koʻzda tutilgan operativ rejalashtirish dasturini tayyorlash uchun Tizim operatoriga zarur boʻlgan maʼlumotlarni oʻz ichiga oladi.

Yillik texnik xizmat koʻrsatish dasturi uch yillik dasturning birinchi yili uchun texnik xizmat koʻrsatish jadvali asosida ishlab chiqiladi.

Uch yillik texnik xizmat koʻrsatish dasturi kelgusi uch yil uchun ishlab chiqiladi va har yili yangilab boriladi.

290. Texnik xizmat koʻrsatish dasturi kuyidagi omillarni hisobga olgan holda ishlab chiqiladi:

isteʼmol prognozi;

texnik xizmat koʻrsatish dasturi ijrosi;

Foydalanuvchilarning texnik xizmat koʻrsatish jadvallarini oʻzgartirish haqidagi soʻrovlari;

tizimga (tarmoqqa) texnik xizmat koʻrsatish talablari;

texnik xizmat koʻrsatishning umumiy xarajatlarini minimallashtirish zaruriyati;

boshqa tegishli omillar.

2-§. Texnik xizmat koʻrsatish dasturini tasdiqlash

291. Foydalanuvchilar har yil 1-iyunga qadar Taqsimlash tizimi operatoriga keyingi uch yil uchun texnik xizmat koʻrsatishning dastlabki dasturini taqdim etadi.

Foydalanuvchining texnik xizmat koʻrsatish boʻyicha dastlabki dasturini taqdim etganda, shuningdek, Foydalanuvchi tizimi yoki uskunasiga texnik xizmat koʻrsatish jadvaliga soʻrov berganda ular quyidagilarni oʻz ichiga olishi kerak:

taʼsirga uchraydigan uskunalar identifikatsiyasi va quvvati maʼlumotlari;

texnik xizmat koʻrsatish sabablari;

texnik xizmat koʻrsatish ishlarining kutilayotgan davomiyligi;

texnik xizmat koʻrsatish ishlarini boshlash va ishlarni yakunlash sanasi. Sanalarda moslashuvchanlik mavjud boʻlsa, ishlarni eng erta boshlanish sanasi va eng kech tugatish sanasi inobatga olinadi.

292. Taqsimlash tizimi operatori har yili 1-iyulga qadar Tizim operatoriga Magistral elektr tarmoqlaridan foydalanish qoidalarida nazarda tutilgan keyingi uch yil uchun texnik xizmat koʻrsatishning dastlabki dasturini taqdim etishi shart.

293. Generatsiyalovchi modullar operatorlari tomonidan rejalashtirilgan ishlab chiqaruvchi (generatsiyalovchi) modullar uchun taqdim etilgan texnik xizmat koʻrsatish dasturi har yili 1-iyulga qadar Taqsimlash tizimi operatori tomonidan Tizim operatoriga taqdim etiladi.

294. Texnik xizmat koʻrsatish dasturini tayyorlashda Taqsimlash tizimi operatori Foydalanuvchining texnik xizmat koʻrsatish dasturida belgilangan sanalarda soʻrovlarini imkon qadar qondirishga harakat qiladi.

295. Taqsimlash tizimi operatori Foydalanuvchiga ularning texnik xizmat koʻrsatish dasturining tasdiqlangan yozma nusxasini taqdim etadi.

296. Foydalanuvchi oʻz uskunalariga yoki tizimiga texnik xizmat koʻrsatish jadvalidan qoniqmasa, eʼtirozlarini batafsil tushuntirgan holda Taqsimlash tizimi operatorini xabardor qilishi va texnik xizmat koʻrsatish dasturiga oʻzgartirishlar boʻyicha taklif kiritishga haqli.

297. Taqsimlash tizimi operatori va Foydalanuvchi eʼtirozlarni oʻzaro muhokama qiladilar va hal etish choralarini koʻradilar.

298. Taqsimlash tizimi operatori tomonidan Foydalanuvchining eʼtirozlarini inobatga olgan holda texnik xizmat koʻrsatish dasturi qayta koʻrib chiqiladi.

4-bob. Kuchlanish va yuklamani (isteʼmolni) boshqarish

1-§. Yuklamani boshqarishni muvofiqlashtirish

299. Tizim operatori yagona elektr energetikasi tizimidagi ishlab chiqarish (generatsiya) taqchilligi kuzatilganda yoki elektr tarmogʻining alohidalangan rejimga oʻtishiga olib keladigan kutilmagan uzilish holatlaridan ogohlantirish berganda, Taqsimlash tizimi operatori yuklamani boshqarishni amalga oshiradi.

Taqsimlash tizimi operatori Tizim operatori tomonidan tarmoq xavfsizligi uchun yuklamani boshqarishni amalga oshirish boʻyicha koʻrsatma bergan zahoti koʻrsatmani bajarishi shart.

300. Taqsimlash tizimi operatori tomonidan amalga oshiriladigan yuklamani boshqarish quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

yuklamani avtomatik oʻchirish (tushirish);

yuklamani qoʻlda oʻchirish (tushirish);

Foydalanuvchi tashabbusi bilan oʻchirishlar;

yuklamani ixtiyoriy ravishda pasaytirish.

301. Taqsimlash tizimi operatori oʻzining taqsimlash tizimini himoya qilish uchun yuklamani boshqarishni amalga oshirishi talab etilsa, u tegishli Foydalanuvchilar va Taʼminotchilar bilan yuklamani boshqarishni muvofiqlashtiradi.

302. Taqsimlash tizimi operatori Tizim operatorining isteʼmolni tiklash boʻyicha koʻrsatmalariga rioya etishi shart.

Tiklash imkon qadar qisqa muddatlarda amalga oshirilishi kerak va tiklash jarayoni Tizim operatoridan koʻrsatma olinganidan keyin ikki daqiqa ichida boshlanishi shart.

303. Foydalanuvchi yuklamani boshqarish sababli oʻchirilgan boʻlsa, u Taqsimlash tizimi operatori yoki Tizim operatoridan koʻrsatma olmagunicha oʻz tizimini tarmoqqa qayta ulashi taqiqlanadi.

2-§. Yuklamani avtomatik boshqarish

304. Tizim operatori ishlab chiqarish (generatsiya)ning yirik yoʻqotishlarini (oʻchishlarni) oldini olish maqsadida yuklamani avtomatik ravishda kamaytirishni talab etilgan darajalarini belgilaydi.

Tizim operatori maqsadli koʻrsatkichlarni asoslashi va (yoki) zaruriyatga koʻra moslashtirish uchun tegishli tadqiqotlar oʻtkazadi.

305. Taqsimlash tizimi operatori oʻzining yuklamani avtomatik boshqarish dasturini Tizim operatori bilan kelishilgan holda tayyorlaydi.

Yuklamani avtomatik ravishda kamaytirish amal qiladigan Taqsimlash tizimi operatori isteʼmoli aylanuvchi (veyer) usulidagi diskret bloklarga boʻlinadi.

Tizim operatori Taqsimlash tizimi operatori bilan birgalikda bloklar sonini va har bir blok uchun chastota pasayishi sozlamalarini belgilaydi.

306. Chastota pasayganida oʻchirish sxemasi ustuvor yuklamalarni va butun taqsimlash tizimi boʻylab har qanday ekspluatatsiya talablarini hisobga olgan holda isteʼmolni bir maromda pasaytirishni taʼminlash imkoniyatini inobatga olgan holda ishlab chiqiladi.

307. Chastotaning kelgusida pasayishi yuklamani avtomatik ravishda kamaytirish orqali saqlab turilishini kafolatlash uchun, Taqsimlash tizimi operatori yuklamani avtomatik ravishda tushirish natijasida oʻchirilgan yuklamalar qayta ulanishini taʼminlash maqsadida qoʻshimcha ravishda yuklamani kamaytirishni amalga oshirishi kerak.

308. Taqsimlash tizimi operatori yuklamani avtomatik ravishda kamaytirish dasturiga kiritilgan muhim obyektlarni darhol qayta tiklash uchun barcha saʼy-harakatlarni amalga oshirishi shart.

309. Yuklamani avtomatik ravishda kamaytirish taʼsiriga tushgan Foydalanuvchi oʻchirilgan fiderni Taqsimlash tizimi operatorining ruxsatisiz qayta ulashga haqli emas.

Taqsimlash tizimi operatori Tizim operatori koʻrsatmasiga asosan qayta ishga tushirish koʻrsatmasini beradi.

3-§. Yuklamani qoʻlda boshqarish

310. Taqsimlash tizimi operatori Tizim operatori tomonidan yuklamani qoʻlda kamaytirish koʻrsatmasi berilgandan soʻng darhol oʻz isteʼmolchilarini uzib qoʻyish imkonini beruvchi choralarni koʻrishi shart.

311. Taqsimlash tizimi operatori Tizim operatori bilan kelishilgan holda yuklamani teng ravishda taqsimlash asosida yuklamani qoʻlda kamaytirishning ustuvor sxemasini oʻrnatadi.

312. Taqsimlash tizimi operatori Foydalanuvchining tizimini uzib qoʻygan boʻlsa, Foydalanuvchi Taqsimlash tizimi operatori tomonidan koʻrsatma berilmaguncha oʻz tizimini qayta ulamasligi talab etiladi.

4-§. Foydalanuvchi tashabbusi bilan isteʼmolni (yuklamani) boshqarish

313. Foydalanuvchi keyingi kun uchun ulanish nuqtasida yuklamani oʻchirish orqali isteʼmolni boshqarmoqchi boʻlsa, u bozor qoidalarida belgilangan soatda Taqsimlash tizimi operatorini soatlik ish jadvali haqida xabardor qiladi. Xabarnoma quyidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga oladi:

isteʼmolni oʻchirishning taxminiy (oldindan ogohlantirilganda) va haqiqiy (keyin xabardor qilinganida) sanasi, vaqti va davomiyligi;

isteʼmolni uzilishi hisobiga kutilayotgan talabni kamayish hajmi.

314. Isteʼmolni boshqarish sanoat korxonalarida ishlab chiqarish zanjirini oʻchirishni talab qilsa, isteʼmolni ixtiyoriy ravishda pasaytiruvchi yoki shunga oʻxshash Foydalanuvchilar hafta kunlari boʻyicha yuklamani ixtiyoriy ravishda pasaytirish guruhlariga boʻlingan sxema orqali amalga oshiriladi (dushanba guruhi, seshanba guruhi va boshqalar).

Yuklamani ixtiyoriy ravishda pasaytirishda ishtirok etuvchi isteʼmolchilar ishlab chiqarish (generatsiya) tanqisligi darajasiga qarab maʼlum vaqt davomida tegishli yuklamalarni ixtiyoriy ravishda pasaytirishlari talab etiladi.

Yuklamani ixtiyoriy ravishda pasaytirish sxemasida ishtirok etayotgan sanoat isteʼmolchilari Taqsimlash tizimi operatoriga yuklamani ixtiyoriy ravishda pasaytirish sxemasidan foydalangan holda isteʼmolning haqiqiy pasayishi miqdori toʻgʻrisida maʼlumot berib borishlari kerak.

5-§. Kuchlanish nazorati

315. Taqsimlash tizimidagi reaktiv quvvatni boshqarish orqali kuchlanishni boshqarish amalga oshiriladi. Bu quyidagi uskunalarni boshqarish orqali amalga oshiriladi:

generatsiyalovchi modullar;

sinxron kondensatorlar;

statik reaktiv quvvat kompensatorlari;

shunt reaktorlari va kondensatorlar;

yuklama ostida kuchlanishni rostlovchi transformatorlar.

316. Kuchlanishni boshqarishni amalga oshirish uchun Taqsimlash tizimi operatori Foydalanuvchilarga (generatsiyalovchi modullar operatorlariga) manbaga qarab reaktiv quvvat ishlab chiqarishni nazarda tutuvchi koʻrsatmalarni beradi.

5-bob. Avariya vaziyatlarida harakatlar tartibi

1-§. Taqsimlash tizimida avariya vaziyatlariga tayyorgarlik

317. Taqsimlash tizimi operatori Foydalanuvchiga tabiiy ofat, ommaviy tartibsizliklar hamda muhim hodisalar natijasida yuzaga kelgan elektr taʼminotidagi uzilish oqibatlarini yumshatish boʻyicha koʻrsatmalar beradi.

318. Foydalanuvchi Taqsimlash tizimi operatoriga muhim hodisa sodir boʻlganida qaror qabul qilish huquqiga ega boʻlgan shaxslarning aloqa raqamlarini yozma ravishda taqdim etishi shart. Bunda ushbu maʼlumotlarning nusxalari Taʼminotchiga ham yuboriladi.

319. Taqsimlash tizimi operatori avariya vaziyatlarida harakatlanish tartib-qoidalarini ishlab chiqishi va boshqarishi kerak. Ushbu tartib-qoidalarda ogohlantirilishi kerak boʻlgan barcha tomonlar, ularning ish va uy telefon raqamlari koʻrsatilishi shart.

320. Avariya va favqulodda vaziyatlar uchun masʼul boʻlgan barcha xodimlarni malakasini oshirish maqsadida yiliga kamida bir marta taktik oʻquv-mashgʻulotlar oʻtkazilib boriladi.

Oʻquv-mashgʻulotlari haqiqiy avariya vaziyatlarini modellashtirishi talab etiladi.

Oʻquv-mashgʻulotlari yakuni bilan baholanishi, kamchiliklar aniqlanishi va bartaraf etilishi taʼminlanishi kerak.

321. Foydalanuvchilar Taqsimlash tizimi operatori tomonidan tashkil etilgan barcha oʻquv-mashgʻulotlarida qatnashishi shart.

2-§. Muhim hodisa sodir boʻlgandagi harakatlar tartibi

322. Muhim hodisa haqida Taqsimlash tizimi operatori yoki Foydalanuvchi tomonidan xabar berilganda, Foydalanuvchi muhim hodisa yuzasidan qoʻshma tekshiruv oʻtkazish toʻgʻrisida Taqsimlash tizimi operatoriga yozma soʻrov yuborishi mumkin.

Bir nechta muhim hodisa sodir boʻlgan boʻlsa, qoʻshma tekshiruvlar oʻtkaziladi va u barcha muhim hodisalarni oʻz ichiga oladi.

323. Muhim hodisa boʻyicha qoʻshma tekshiruv faqat Taqsimlash tizimi operatori va Foydalanuvchi oʻrtasida qoʻshma tekshiruv oʻtkazishga kelishuvga erishilganda amalga oshiriladi.

324. Taqsimlash tizimi operatori Nazorat qiluvchi organ va Energetika vazirligiga muhim hodisa boʻyicha barcha maʼlumotlar, xulosalar va tavsiyalar haqida yozma hisobot taqdim etadi.

325. Muhim hodisa boʻyicha qoʻshma tekshiruvdan soʻng yozma hisobot kamida quyidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olishi kerak:

muhim hodisa vaqti va sanasi;

muhim hodisa sodir boʻlgan joy;

muhim hodisadan taʼsirga uchragan va bevosita ishtirok etgan uskunalar;

muhim hodisa tavsifi;

uzilgan isteʼmol va ishlab chiqarish hajmi hamda uzilish davomiyligi.

3-§. Ihotalangan tarmoq holatida generatsiyalovchi modulning ishlashi

326. Generatsiyalovchi modul ulangan taqsimlash tizimining qismi yagona elektr energetikasi tizimidan ihotalangan boʻlsa, Taqsimlash tizimi operatori generatsiyalovchi modul operatori bilan generatsiyalovchi modulni ishlatishni davom ettirish maqsadga muvofiqligini yoki muvofiq emasligini kelishib oladi.

327. Ihotalangan tarmoqning yagona elektr energetikasi tizimining qolgan qismi bilan keyinchalik qayta sinxronlash imkoniyati mavjud boʻlmasa, Taqsimlash tizimi operatori generatsiyalovchi modul operatoriga ihotalangan tarmoqni taqsimlash tizimining qolgan qismiga qayta ulanishi uchun generatsiyalovchi modulni oʻchirish boʻyicha koʻrsatma berishi kerak.

4-§. Noldan ishga tushirish va qayta sinxronlash tartibi

328. Muhim hodisa tizimning toʻliq yoki qisman ishdan chiqishiga olib kelgan va ihotalangan taqsimlash tizimida noldan ishga tushirish qobiliyatiga ega generatsiyalovchi modullar mavjud boʻlsa, Taqsimlash tizimi operatori Tizim operatorining koʻrsatmasiga asosan noldan ishga tushirish jarayonini boshlaydi.

329. Tizim operatori Magistral elektr tarmoqlaridan foydalanish qoidalariga muvofiq noldan ishga tushirish amalga oshirilganidan soʻng yoki muhim hodisa natijasida tarmoq boʻlinishidan keyin ihotalangan tarmoqlarni qayta sinxronlash uchun javobgardir.

330. Tizim toʻliq yoki qisman oʻchganidan soʻng va toʻliq tiklash jarayonida oʻrta quvvatli generatsiyalovchi modullar Tizim operatori va Taqsimlash tizimi operatorining koʻrsatmalariga qatʼiy rioya etishlari shart.

Tizim operatori yoki Taqsimlash tizimi operatorlarining koʻrsatmalari yoki ruxsatisiz ular tarmoqqa qayta ulanishi taqiqlanadi.

331. Kichik va mikro quvvatli generatsiyalovchi modullar yagona elektr energetikasi tizimiga elektr taʼminoti berilganidan soʻng kamida 10 daqiqadan keyin tarmoqqa qayta ulanish huquqiga ega.

6-bob. Xavfsizlikni muvofiqlashtirish

1-§. Xavfsizlikni muvofiqlashtirish tartiblari

332. Taqsimlash tizimi operatori va Foydalanuvchi oʻrta kuchlanishli uskunalarda xavfsizlik choralarini amalga oshirish uchun xavfsizlik texnikasi qoidalarini joriy etadilar va xavfsizlik texnikasi yoʻriqnomalari toʻplamini tasdiqlaydi.

Taqsimlash tizimi operatori va Foydalanuvchining tegishli xavfsizlik texnikasi qoidalari va ichki xavfsizlik yoʻriqnomalari taqsimlash va Foydalanuvchi tizimlarida har qanday ish yoki sinovlarni tartibga soladi.

333. Taqsimlash tizimi operatori Foydalanuvchiga oʻzining oʻrta kuchlanishli uskunalariga taalluqli xavfsizlik texnikasi qoidalari va xavfsizlik yoʻriqnomalarining nusxasini taqdim etadi.

Foydalanuvchi Taqsimlash tizimi operatoriga oʻzining oʻrta kuchlanishli uskunalaridagi xavfsizlik choralariga oid xavfsizlik texnikasi qoidalari va xavfsizlik yoʻriqnomalarining nusxasini taqdim etadi.

334. Ichki xavfsizlik yoʻriqnomalariga oʻzgartirish kiritmoqchi boʻlgan har qanday tomon boshqa tomonga oʻzgarishlarning yozma nusxasini yuboradi.

335. Taqsimlash yoki Foydalanuvchi tizimi ish davomida yoki sinov vaqtida oʻrta kuchlanishli uskunalar uchun xavfsizlik choralarini muvofiqlashtirish, oʻrnatish, nazorat qilish va bekor qilish uchun xavfsizlik texnikasini muvofiqlashtirish tartibi belgilanadi.

336. Ulanish nuqtasidagi har qanday uskunadagi ishlar yoki sinovlar faqat Taqsimlash tizimi operatori va Foydalanuvchining vakillari ishtirokida amalga oshiriladi.

337. Foydalanuvchi Taqsimlash tizimi operatorining obyektiga kirishda, Taqsimlash tizimi operatoridan va aksincha Taqsimlash tizimi operatori Foydalanuvchi obyektlariga kirishda Foydalanuvchidan ruxsat olishi kerak.

338. Taqsimlash tizimida bir nechta Foydalanuvchilarning oʻrta kuchlanishli uskunalari uchun xavfsizlik choralarini talab qiladigan ish yoki sinov amalga oshirilishi lozim boʻlsa, Taqsimlash tizimi operatori taqsimlash tizimida va ishtirok etuvchi Foydalanuvchi tizimida xavfsizlik choralarini muvofiqlashtirilishini va xavfsizlik texnikasi talablariga rioya etilishini taʼminlaydi.

Bunda Taqsimlash tizimi operatori barcha taʼsirga uchraydigan Foydalanuvchilarni olib boriladigan ishlar yoki sinovlar hamda ularning tizimlarida koʻrilishi zarur boʻlgan xavfsizlik choralari toʻgʻrisida xabardor qiladi.

Taqsimlash tizimi operatori taqsimlash tizimi va taʼsirga uchragan Foydalanuvchilar tizimlarida xavfsizlik choralarini muvofiqlashtirishi va amalga oshirilishini taʼminlashi kerak.

2-§. Xavfsizlik koordinatori

339. Taqsimlash tizimi operatori va Foydalanuvchi ulanish nuqtasining tegishli tomonlarida oʻrta kuchlanishli qurilmalarda xavfsizlik choralarini muvofiqlashtirish uchun masʼul boʻlgan xavfsizlik koordinatorini tayinlaydi.

Xavfsizlik koordinatorini oʻzgartirmoqchi boʻlgan tomon boshqa tomonni oʻzgartirish haqida xabardor qiladi.

340. Xavfsizlikni muvofiqlashtirish maqsadida boshqa tomonning tizimida xavfsizlik choralarini qoʻllashni soʻragan xavfsizlik koordinatori soʻrov yuboruvchi xavfsizlik koordinatori, soʻralayotgan xavfsizlik choralarini amalga oshiradigan xavfsizlik koordinatori esa amalga oshiruvchi xavfsizlik koordinatori deb ataladi.

341. Foydalanuvchi tizimining (yoki taqsimlash tizimining) oʻrta kuchlanishli uskunalarida xavfsizlik choralariga rioya qilishni talab qiladigan taqsimlash tizimida (yoki Foydalanuvchi tizimida) ish yoki sinov bajarilishi kerak boʻlsa, soʻrov yuboruvchi xavfsizlik koordinatori xavfsizlik choralarini amalga oshiruvchi xavfsizlik koordinatoriga xavfsizlik choralarini muvofiqlashtirish yuzasidan murojaat yuboradi.

Soʻrovda koʻrsatilmagan boshqa Foydalanuvchilarning oʻrta kuchlanishli uskunalari uchun xavfsizlik choralari talab etilsa, xavfsizlik choralarini amalga oshiruvchi xavfsizlik koordinatori darhol soʻrov yuboruvchi xavfsizlik koordinatoriga xabar beradi.

342. Xavfsizlik choralari samarasiz boʻlib qolsa, tegishli xavfsizlik koordinatori xavfsizlik choralari samarasizligining sabablarini koʻrsatgan holda boshqa xavfsizlik koordinatorlarini darhol xabardor qiladi.

3-§. Xavfsizlik jurnallari va tizimlar aro xavfsizlik choralarini qayd etish

343. Taqsimlash tizimi operatori va Foydalanuvchi xavfsizlikni muvofiqlashtirish bilan bogʻliq xabarlarni xronologik tartibda qayd etish uchun xavfsizlik jurnallarini yuritadi, xavfsizlik jurnallari kamida bir yil davomida saqlanishi shart.

344. Taqsimlash tizimi operatori oʻrta kuchlanishli uskunalarda xavfsizlik choralarini muvofiqlashtirishda soʻrov yuboruvchi va xavfsizlik choralarini amalga oshiruvchi xavfsizlik koordinatorlari foydalanishi uchun tizimlar aro xavfsizlik choralarini qayd etish jurnalini yuritadi. Tizimlar aro xavfsizlik choralarini qayd etish jurnali quyidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga oladi:

xavfsizlik choralari koʻrilishi yoki oʻrnatilishi kerak boʻlgan uskunalar joyi va identifikatsiyasi;

xavfsizlik choralarini qoʻllash joyi va usullari;

xavfsizlik koordinatori tomonidan xavfsizlik choralari koʻrilganligining tasdiqlanganligi;

xavfsizlik koordinatori tomonidan xavfsizlik choralari endi zarur emasligi va olib tashlanganligining tasdiqlanganligi.

4-§. Xavfsizlik choralarini qoʻllash joylari

345. Foydalanuvchi tizimida (yoki taqsimlash tizimida) ishlab va sinashlar bajarilishida taqsimlash tizimida (yoki Foydalanuvchi tizimida) xavfsizlik choralarini koʻrishni talab etilsa, soʻrov yuboruvchi xavfsizlik koordinatori xavfsizlik choralarini amalga oshiruvchi xavfsizlik koordinatoriga xavfsizlik choralari amalga oshirilishi lozim boʻlgan joyni kelishish haqida murojaat etadi.

Soʻrov yuboruvchi xavfsizlik koordinatori ihotalash va yoki yerga ulash amalga oshirilishi tavsiya etiladigan joylarni koʻrsatadi.

346. Ihotalanishi kerak boʻlgan holatda xavfsizlik choralarini amalga oshiruvchi xavfsizlik koordinatori soʻrov yuboruvchi xavfsizlik koordinatorini quyidagilar haqida xabardor qiladi:

joy va uskunani identifikatsiyasidan foydalangan holda har bir ihotalash nuqtasi identifikatsiyasi;

oʻtilgan ihotalashni amalga oshirish vositalari.

347. Yerga ulash amalga oshirilgan taqdirda, xavfsizlik choralarini amalga oshiruvchi xavfsizlik koordinatori darhol soʻrov yuboruvchi xavfsizlik koordinatoriga kuyidagilar haqida xabar beradi:

joy va uskunani identifikatsiyasidan foydalangan holda har bir yerga ulash nuqtasi identifikatsiyasi;

yerga ulashni amalga oshirish vositalari.

348. Soʻrov yuboruvchi xavfsizlik koordinatori va xavfsizlik choralarini amalga oshiruvchi xavfsizlik koordinatori choralarni amalga oshirish joyi boʻyicha kelishuvga erishmasa, yerga ulagich oʻrta kuchlanishli uskunalar chiqishidagi eng yaqin oʻrnatish mumkin boʻlgan nuqtaga oʻrnatiladi.

5-§. Xavfsizlik choralarini amalga oshirish

349. Ihotalash va yerga ulash joylari kelishilganidan soʻng, xavfsizlik choralarini amalga oshiruvchi xavfsizlik koordinatori ihotalashni amalga oshirilishini taʼminlaydi.

350. Ihotalash quyidagi usullardan biri bilan amalga oshiriladi:

Taqsimlash tizimi operatori yoki Foydalanuvchining ichki xavfsizlik yoʻriqnomalariga asosan, holatga koʻra ochiq holatda qulflanadigan va xavfsizlik belgilari biriktirilgan yoki boshqa usulda mustahkamlangan ihotalash vositalari yoki oʻchirgich;

Taqsimlash tizimi operatori yoki Foydalanuvchining ichki xavfsizlik yoʻriqnomalariga muvofiq, tegishli jismoniy ajratish (yerga ulagichlar).

Qayta ulash nuqtalarida xavfsizlik belgilari oʻrnatilishi shart.

351. Xavfsizlik choralarini amalga oshiruvchi xavfsizlik koordinatori oʻz tizimining barcha joylarida talab qilingan ihotalashni amalga oshirganidan soʻng, soʻrov yuboruvchi xavfsizlik koordinatorini talab qilingan ihotalash tugaganligi haqida xabardor qiladi.

352. Ihotalash tasdiqlangandan soʻng, soʻrov yuboruvchi xavfsizlik koordinatori talab etilgan ihotalash amalga oshirilganligi haqida xabar beradi hamda zarur boʻlsa yerga ulashni bajarishni soʻraydi.

353. Xavfsizlik choralarini amalga oshiruvchi xavfsizlik koordinatori yerga ulashni bajarishi va soʻrov yuboruvchi xavfsizlik koordinatorini uning tizimida yerga ulash bajarilganligi haqida xabar beradi.

354. Yerga ulash quyidagi usullar yoki kommutatsiya vositalaridan biri bilan bajariladi:

Taqsimlash tizimi operatori yoki Foydalanuvchining ichki xavfsizlik yoʻriqnomalariga asosan, holatga koʻra yopiq holatda qulflanadigan va xavfsizlik belgilari biriktirilgan yoki boshqa usulda mustahkamlangan yerga ulovchi oʻchirgich;

Taqsimlash tizimi operatori yoki foydalanuvchining ichki xavfsizlik yoʻriqnomalariga muvofiq, tegishli jismoniy ajratish (yerga ulagichlar).

Bundan tashqari, xavfsizlik belgisi ulanish nuqtasida va barcha tegishli bogʻliq qayta ulash nuqtalarida oʻrnatilishi shart.

355. Ajratkich yoki yerga ulagich oʻzining qulflash mexanizmi yoki blokirovkasi bilan qulflangan boʻlsa, kalitlar maxsus shkafda saqlanadi.

6-§. Sinov oʻtkazishga ruxsat berish va xavfsizlik choralarini bekor qilish

356. Soʻrov yuboruvchi xavfsizlik koordinatori oʻrta kuchlanishli uskunalarni sinovdan oʻtkazishga faqat quyidagi talablarni bajarganidan soʻng ruxsat beradi:

xavfsizlik choralarini amalga oshiruvchi xavfsizlik koordinatoridan ihotalangan uning tizimidagi biror bir joyida ishlash yoki sinov oʻtkazishga ruxsat berilmaganligi va hech kim ishlamayotganligi yoki sinov oʻtkazmayotganligi toʻgʻrisida tasdiqnoma olingan;

joriy xavfsizlik choralaridan tashqari barcha xavfsizlik choralari bekor qilingan;

Xavfsizlik choralarini amalga oshiruvchi xavfsizlik koordinator tizimning ushbu qismida sinovlarni oʻtkazishni soʻrov yuboruvchi xavfsizlik koordinatori bilan kelishadi.

357. Soʻrov yuboruvchi xavfsizlik koordinatori xavfsizlik choralari talab qilinmaydi deb hisoblasa, xavfsizlik choralarini amalga oshiruvchi xavfsizlik koordinatori bilan bogʻlanishi va unga xavfsizlik choralari talab etilmasligi haqida xabar beradi hamda ikkala xavfsizlik koordinatori xavfsizlik choralarini bekor qiladi.

7-bob. Taqsimlash tizimini sinovdan oʻtkazish

1-§. Sinov oʻtkazish talablari

358. Taqsimlash tizimi operatori vaqti-vaqti bilan taqsimlash tizimining turli nuqtalarida elektr energiyasi sifati koʻrsatkichlarini sinovdan oʻtkazish va (yoki) monitoring qilish zarurligini belgilaydi.

359. Taqsimlash tizimi operatori tomonidan maxsus sinov oʻtkazish va (yoki) monitoring qilish uchun asos boʻlib, taqsimlash tizimidagi elektr energiyasi sifat koʻrsatkichlari yuzasidan shikoyatlar hisoblanadi.

360. Muayyan holatlarda Taqsimlash tizimi operatori foydalanuvchi vakilining kuzatuvi ostida Foydalanuvchining ulanish nuqtasida sinov oʻtkazish va (yoki) monitoring qilishni talab etish huquqiga ega.

361. Ulanish nuqtasida sinov oʻtkazish va (yoki) monitoring qilish zarur boʻlsa, Taqsimlash tizimi operatori Foydalanuvchini xabardor qiladi va Foydalanuvchiga bunday sinovlar natijalarini taqdim etadi.

362. Foydalanuvchining talabiga binoan takroriy sinovlar oʻtkazilishi mumkin. Bunda xarajatlar Foydalanuvchi tomonidan qoplanadi.

363. Sinov natijalari Foydalanuvchining texnik parametrlari elektr energiyasi sifati meʼyorlari chegaralaridan tashqarida ekanligini koʻrsatsa, Foydalanuvchi bu haqida xabardor qilinadi. Foydalanuvchi Taqsimlash tizimi operatori bilan kelishilgan muddatda vaziyatni tuzatishi shart.

Foydalanuvchi vaziyatni toʻgʻrilay olmasa, Taqsimlash tizimi operatori ulanish yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish shartnomasiga muvofiq Foydalanuvchini taqsimlash tizimidan uzib qoʻyishi mumkin.

2-§. Foydalanuvchining taqsimlash tizimiga taʼsirini monitoring qilish

364. Taqsimlash tizimi operatori vaqti-vaqti bilan Foydalanuvchi tizimining taqsimlash tizimiga taʼsirini kuzatib boradi.

Monitoring odatda ulanish nuqtasi orqali uzatiladigan aktiv va reaktiv quvvat miqdori bilan bogʻliq boʻladi.

365. Foydalanuvchi taqsimlash tizimidan ulanish shartnomasida koʻrsatilganidan ortiq hajmni qabul qilgan (uzatgan) yoki ulanishni oʻzgartirgan taqdirda, Taqsimlash tizimi operatori Foydalanuvchini bu haqida xabardor qiladi.

Foydalanuvchining soʻroviga binoan Taqsimlash tizimi operatori bunday monitoring natijalarini taqdim etishi shart.

366. Foydalanuvchi monitoring qilish usuli haqida texnik maʼlumot soʻrashi va kerak boʻlsa, Taqsimlash tizimi operatori uchun maqbul boʻlgan boshqa usulni soʻrash huquqiga ega.

367. Foydalanuvchi mazkur Qoidalarning 66 — 83-bandalarida belgilangan chegaralardan tashqarida ishlayotgan boʻlsa, foydalanuvchi darhol ulanish yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish shartnomasida koʻrsatilgan qiymatgacha elektr energiyasi uzatishni cheklashi talab etiladi.

Cheklov yangi oʻzgartirilgan ulanish shartnomasi imzolanmaguncha va ulanish nuqtasiga kerakli oʻzgartirishlar kiritilgunga qadar amal qiladi.

368. Foydalanuvchining isteʼmoli ulanish nuqtasining nominal quvvatidan oshsa, Foydalanuvchi ulanish yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish shartnomasida koʻrsatilgan qiymatgacha quvvat uzatishni cheklashi shart.

3-§. Tizim sinovlariga talablar

369. Taqsimlash tizimiga yoki Foydalanuvchi tizimiga taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan har qanday noodatiy yoki ekstremal sharoitlarni modellashtirish yoki boshqaruv ostida qoʻllanilishini oʻz ichiga olgan tizim sinovlari xodimlar yoki jamoatchilikka xavf tugʻdirmaydigan tarzda oʻtkaziladi.

370. Taqsimlash tizimini yoki Foydalanuvchi tizimini tizimli sinovdan oʻtkazishda asbob-uskunalar, taqsimlash tizimi va foydalanuvchi tizimlarining shikastlanish ehtimoli minimallashtirilishi talab etiladi.

4-§.Tizim sinovlarini oʻtkazish boʻyicha soʻrov yuborish

371. Foydalanuvchi oʻz tizimida sinovlar oʻtkazishni rejalashtirilgan boʻlsa, u holda Taqsimlash tizimi operatoriga quyidagilarni oʻz ichiga olgan tizim sinovlarini oʻtkazish boʻyicha soʻrov yuboradi:

rejalashtirilgan tizim sinovining maqsadi va tavsiflari;

tegishli uskunalarning quvvati va holati;

almashlab ulash ketma-ketligi va vaqtini belgilovchi tizim sinovining rejalashtirilgan tartibi.

372. Tizim sinovi tashabbuskori Taqsimlash tizimi operatoriga taklif etilayotgan tizim sinovini rejalashtirish uchun yetarli vaqt berishi lozim. Taqsimlash tizimi operatori tizim sinovining har bir turi uchun zarur boʻlgan vaqtni belgilaydi.

373. Soʻrovda mavjud boʻlgan maʼlumotlar yetarli boʻlmasa yoki tavsiya etilgan sinov tartibi xodimlarning xavfsizligi va taqsimlash tizimining ishonchliligini taʼminlay olmasa, taklif etilgan tizim sinovini tasdiqlashdan oldin Taqsimlash tizimi operatori qoʻshimcha maʼlumot soʻraydi.

374. Taqsimlash tizimi operatori taklif etilayotgan tizim sinovi taʼsir etishi mumkin boʻlgan tizim sinovi tashabbuskoridan tashqari boshqa Foydalanuvchilarni aniqlaydi va xabardor qiladi.

375. Taqsimlash tizimi operatori tizim sinovlari taqsimlash tizimining xavfsizligi va ishonchliligini taʼminlash uchun zarur deb hisoblasa, tizimni sinovdan oʻtkazishni boshlaydi.

5-§. Tizim sinovlarini oʻtkazish guruhi

376. Taqsimlash tizimi operatori tizim sinovlarining tashabbuskori boʻlsa, u barcha sinovlar taʼsir etishi mumkin boʻlgan Foydalanuvchilarni rejalashtirilgan sinovlar haqida xabardor qiladi.

Taqsimlash tizimi operatori tizim sinovlari tashabbuskori boʻlmasa, u tizim sinovlarini oʻtkazish boʻyicha soʻrov qabul qilingan kundan boshlab bir oy ichida rejalashtirilgan sinov tashabbuskorini va sinovlar taʼsir etishi mumkin boʻlgan Foydalanuvchilarni xabardor qilishi lozim.

377. Xabarnoma quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

taklif etilayotgan tizim sinovlarining maqsadi, sinov oʻtkaziladigan uskunaning hajmi va holati, tizim sinovi tashabbuskori va sinovlar taʼsir etishi mumkin boʻlgan Foydalanuvchilarni;

taklif etilayotgan tizim sinovini muvofiqlashtirish uchun tashkil etiladigan tizim sinovlari guruhiga vakillarni tayinlash taklifni;

tizim sinovi oʻrta kuchlanishli uskunalarda ish yoki sinovdan oʻtkazishni nazarda tutsa, xavfsizlik tartibini.

378. Taqsimlash tizimi operatori, tizim sinovi tashabbuskori va sinovlar taʼsir etishi mumkin boʻlgan Foydalanuvchilar Taqsimlash tizimi operatoridan xabarnoma olingan kundan boshlab bir oy ichida tizim sinovi guruhiga oʻz vakillarini tayinlaydi.

Ushbu muddat ichida sinovlar taʼsir etishi mumkin boʻlgan Foydalanuvchilar xabarnomaga javob bermasa, Taqsimlash tizimi operatori rejalashtirilgan tizim sinovlarini oʻtkazishni boshlaydi.

379. Taqsimlash tizimi operatori tizim sinovlarini oʻtkazish guruhini tashkil etishi va guruh rahbari vazifasini bajaruvchi tizim sinovi koordinatorini tayinlaydi. Tizim sinovi koordinatori Taqsimlash tizimi operatorining xodimi yoki tizimni sinovdan oʻtkazish tashabbuskori boʻladi.

380. Tizim sinovlarini oʻtkazish guruhi aʼzolari guruh tuzilganidan keyin bir oy ichida yigʻiladi. Tizim sinovlarini oʻtkazish guruhi yigʻilishining kun tartibi quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

oʻtkazilayotgan tizim sinovlarining maqsadi va tavsifi, shuningdek, tizim sinovi soʻroviga kiritilgan boshqa masalalar tafsilotlari;

tashabbuskor tomonidan taqdim etilgan tizimni sinovdan oʻtkazish tartibini baholash va tizim sinovlarining yakuniy tartibini ishlab chiqish uchun zarur oʻzgartirishlarni kiritish;

taklif etilayotgan tizim sinovini taqsimlash tizimi yoki Foydalanuvchi tizimlariga texnik xizmat koʻrsatish dasturlari doirasida yuzaga kelishi mumkin boʻlgan har qanday boshqa uskuna sinovlari va texnik xizmat koʻrsatish bilan bir vaqtda oʻtkazish imkoniyati;

taqsimlash tizimi, boshqa foydalanuvchilar tizimlari va generatsiyalovchi modulni dispetcherlash va rejalashtirish uchun tavsiya etilgan sinovlarning iqtisodiy va ekspluatatsiya qilish oqibatlari va xavflari.

381. Taqsimlash tizimi operatori, tizimni sinovdan oʻtkazish tashabbuskori (Taqsimlash tizimi operatori boʻlmasa) va sinovlar taʼsir etishi mumkin boʻlgan Foydalanuvchilar (jumladan, tizim sinov guruhida boʻlmaganlar) tizim sinov guruhiga soʻrov boʻyicha sinovlarni oʻtkazish uchun zarur boʻladigan har qanday batafsil maʼlumotni taqdim etadi.

6-§. Tizim sinovlari dasturi

382. Birinchi yigʻilishdan keyin ikki oy ichida va rejalashtirilgan tizim sinovi sanasidan kamida bir oy oldin, tizim sinovi guruhi Taqsimlash tizimi operatoriga, sinov tashabbuskoriga (Taqsimlash tizimi operatori boʻlmasa) va sinovlar taʼsir etishi mumkin boʻlgan Foydalanuvchilarga quyidagilarni oʻz ichiga olishi kerak boʻlgan rejalashtirilgan tizim sinovi dasturini taqdim etadi:

tizim sinovlarini oʻtkazish rejasi;

tizim sinovlarini oʻtkazish tartibi va sinovlarni nazorat qilish usuli;

tizim sinovlarini oʻtkazishda ishtirok etadigan masʼul shaxslar, shu jumladan tegishli ravishda xavfsizlik koordinatorlari roʻyxati;

tizim sinovlari xarajatlarini ishtirokchilar oʻrtasidagi taqsimoti;

tomonlar rahbariyatining roziligi bilan tizim sinovi guruhi tegishli va zarur deb hisoblaydigan boshqa masalalar.

383. Taklif etilayotgan tizim sinovi dasturi Taqsimlash tizimi operatori, tashabbuskor va sinovlar taʼsir etishi mumkin boʻlgan Foydalanuvchilar uchun maʼqul boʻlsa, tizim sinovining yakuniy dasturi tasdiqlanadi va unga muvofiq sinovlar oʻtkaziladi.

Aks holda, tizim sinovi guruhi tizim sinovi dasturini qayta koʻrib chiqadi.

384. Tizim sinov guruhi sinov dasturini ishlab chiqa olmasa yoki uni amalga oshirishni kelisha olmasa, Taqsimlash tizimi operatori taqsimlash tizimining xavfsizligi va ishonchliligini taʼminlash maqsadida tizim sinovlarini oʻtkazish zarurligiga nisbatan qaror qabul qiladi.

385. Tizim sinovi koordinatori sinovlar oʻtkazish sanasidan oldin tizim sinovi dasturiga taklif qilingan har qanday qayta koʻrib chiqish yoki oʻzgartirish toʻgʻrisida imkon qadar qisqa muddatda yozma ravishda xabardor qilinishi shart.

Tizim sinovi koordinatori taklif etilayotgan qayta koʻrib chiqish yoki oʻzgartirishni koʻrib chiqishga loyiq deb hisoblasa, u Taqsimlash tizimi operatorini, sinov tashabbuskorini va sinovlar taʼsir etishi mumkin boʻlgan Foydalanuvchilarni taklif etilgan oʻzgartirishlarni kiritish uchun tegishli harakatlarni amalga oshirishlari haqida xabardor qiladi.

Tizim sinovi koordinatoriga eʼtirozlar kelib tushmasa, tizim sinovi dasturi oʻzgartirishlar yoki tuzatishlar bilan davom ettiriladi.

386. Rejalashtirilgan tizim sinovi kunida tizim holati barqaror boʻlmasa, tizim sinov koordinatori sinovni keyinga qoldirishni tavsiya etadi.

7-§. Tizim sinovlari hisoboti

387. Tizim sinovi tugagandan soʻng ikki oy ichida sinov tashabbuskori tizim sinovi hisobotini tayyorlaydi va uni Taqsimlash tizimi operatoriga, sinovlar taʼsir etgan Foydalanuvchilarga va guruh aʼzolariga taqdim etadi.

388. Tizim sinovi hisoboti topshirilgandan soʻng tizim sinov guruhi faoliyati avtomatik ravishda toʻxtatiladi.

389. Taqsimlash tizimi operatori tizim sinovi hisobotini koʻrib chiqish va tavsiyalar berish uchun Nazorat qiluvchi organga taqdim etadi.

8-bob. Generatsiyalovchi modullar sinovi

390. Quvvat sinovlari oʻrta quvvatli generatsiyalovchi modullarning qayd etilgan quvvat ishlab chiqarishi mazkur Qoidalarning III boʻlimi 2 va 4-boblari talablariga muvofiqligini koʻrsatib berishi talab etiladi.

Oʻlchangan qiymatlar Tizim operatori tomonidan Taqsimlash tizimi operatori orqali qayd etilgan quvvatning ±5 foizi atrofida boʻlsa, generatsiyalovchi modul sinovdan oʻtgan deb hisoblanadi.

391. Chastotaga chidamlilik sinovi oʻrta quvvatli generatsiyalovchi modullarni mazkur Qoidalarning 126 — 131-bandlarda koʻrsatilgan vaqt davomida tarmoq bilan sinxron holatda qolish imkoniyatiga ega ekanligini koʻrsatishi shart.

Yagona elektr energetikasi tizimi chastotasi ruxsat etilgan qiymatlar chegarasida boʻlganida generator yuqorida koʻrsatilgan talablarga mos kelmasa, ushbu generator sinovdan oʻtkaziladi.

392. Aktiv quvvatni boshqarish sinovi oʻrta quvvatli generatsiyalovchi modullarni aktiv quvvatni rostlashni taʼminlash imkoniyatiga ega ekanligini koʻrsatib beradi.

Oʻlchangan koʻrsatkich MW/Nz da besh soniya ichida talab etilgan koʻrsatkichning ±5 foizi chegarasida boʻlsa, generatsiyalovchi modul sinovdan oʻtgan deb hisoblanadi.

393. Reaktiv quvvatni boshqarish sinovlari oʻrta quvvatli generatsiyalovchi modullarining ulanish nuqtasida reaktiv quvvatni boshqarish imkoniyatiga ega ekanligini koʻrsatib beradi. Generatsiyalovchi modul quyidagi holatlarda sinovdan oʻtgan deb hisoblanadi:

kuchlanishni boshqarish rejimida ulanish nuqtasidagi kuchlanishni maksimal 0,01 n.b. ga qadar boshqarish imkoniyatiga ega boʻlganda;

quvvat koeffitsiyentini boshqarish rejimida ulanish nuqtasida 0,01 n.b dan ortiq boʻlmagan qadamlarda belgilangan quvvat koeffitsiyenti bilan zarur reaktiv quvvat oraligida quvvat koeffitsiyenti boshqarishga qodir boʻlganda.

394. Tez ishga tushirish sinovlari generatsiyalovchi modulning avtomatik ravishda ishga tushish, taqsimlash tizimi orqali tarmoq bilan sinxronlash va mazkur Qoidalarning 122-bandida koʻrsatib oʻtilganidek oʻrnatilgan quvvatgacha yuklanish imkoniyatini koʻrsatib berishi kerak.

395. Noldan ishga tushirish sinovi noldan ishga tushirish imkoniyatiga ega generatsiyalovchi modul mazkur Qoidalarning 120-121-bandlariga muvofiq, noldan ishga tushirish jarayonini amalga oshirish imkoniyatini koʻrsatadi.

Generatsiyalovchi modul noldan ishga tushirilsa, taqsimlash tizimi orqali tarmoq bilan sinxronlashsa va tashqi taʼminot manbaisiz belgilangan quvvatga erishsa, sinovlar muvaffaqiyatli oʻtgan hisoblanadi.

396. Oʻrta quvvatli generatsiyalovchi modulning oʻrnatilgan (loyihaviy) tavsiflarining sinovlari generatsiyalovchi modulni buyurtma qilingan parametrlarga muvofiq elektr energetikasi rejimlari rejasiga kiritish mumkinligini koʻrsatib beradi.

397. Oʻrta quvvatli generatsiyalovchi modullarni dispetcherlashning aniqligi boʻyicha sinovlar, generatsiyalovchi modulning ishchi parametrlari rejalashtirish va dispetcherlash parametrlariga mos kelishini koʻrsatib beradi. Generatsiyalovchi modul kuyidagi holatlarda sinovdan oʻtgan deb hisoblanadi:

sinxronlash holatida jarayon belgilangan sinxronlash vaqtidan ±5 daqiqa oraligʻida sodir boʻlganda;

sinxronlashgan generatsiya holatida (rejalashtirish va dispetcherlash parametrlari sifatida qayd etilgan boʻlsa) erishilgan sinxronlashgan generatsiya oʻrnatilgan quvvatning 2,5 foiz ekvivalentiga teng xatolik darajasida ishlaganda;

oʻzgarish tezligi belgilangan koʻrsatkichning ±10 foizi doirasida boʻlganda;

yuklamani pasaytirish tezligi belgilangan koʻrsatkichning ±10 foizi oraligʻida boʻlganda.

boshqa barcha rejalashtirish va dispetcherlash parametrlari uchun qiymatlar belgilangan koʻrsatkichlarning ±1,5 foizi oraligʻida boʻlganda.

398. Dispetcherlik boshqaruvi va maʼlumotlarni yigʻish dasturiy-apparat kompleksi (SCADA) hamda aloqa tizimlari sinovlari oʻrta va kichik quvvatli generatsiyalovchi modulning quyidagi imkoniyatlarini koʻrsatib beradi:

ulanish yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish shartnomasida koʻrsatib oʻtilgan Taqsimlash tizimi operatori yoki Tizim operatorining SCADA tizimidan aktiv quvvatning yoki kuchlanish belgilangan qiymatini va (yoki) oʻchirish signallarini qabul qilishni;

Taqsimlash tizimi operatoriga ulanish yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish shartnomasida koʻrsatilgan signallarni yuborishni;

399. Himoya tizimlarini sinovdan oʻtkazishda barcha himoya vositalari (uskunalari) Taqsimlash tizimi operatori bilan kelishilgan, talab etilgan sozlamalar va selektivlik (tanlovchanlik) bilan ishlashini koʻrsatib berishi shart.

Ushbu sinovlar elektr taʼminoti uzilgan taqdirda generatsiyalovchi modul taqsimlash tizimidan oʻchirilishini koʻrsatib berishi kerak.

400. Qoʻshimcha xizmatlar koʻrsatishni sinovdan oʻtkazish, koʻrsatilayotgan xizmatlarning miqdori va hajmi, xizmatlarning oʻz vaqtida koʻrsatilayotganligi hamda boshqa ekspluatatsiya talablariga maqbulligini koʻrsatadi.

Shu bilan birga, Tizim operatori yoki Taqsimlash tizimi operatori tomonidan tizimdan olingan maʼlumotlarga asosan, qoʻshimcha xizmatlar koʻrsatish sifati yuzasidan nazorat olib boriladi.

401. Energetika vazirligi bir yoki bir nechta muhim hodisalar yoki Tizim operatori va Taqsimlash tizimi operatori eʼtirozlari tahlili asosida generatsiyalovchi modul mazkur Qoidalar talablariga javob bermaydi deb hisoblasa, oʻrta va kichik quvvatli generatsiyalovchi modullar uchun quyidagi sinovlar oʻtkaziladi:

elektr energiyasi sifat koʻrsatkichlari sinovi generatsiyalovchi modulni mazkur Qoidalarning II boʻlimi 1-bob va III boʻlimi 4-boblarida koʻrsatib oʻtilgan talablarga javob berishini koʻrsatadi. Ulanish nuqtasida oʻlchangan koʻrsatkichlar belgilangan qiymatlarning ±5 foizi chegarasida boʻlsa, generatsiyalovchi modul sinovdan oʻtgan hisoblanadi;

tarmoqning barqaror rejimlari buzilgan holatlardagi sinovlar, generatsiyalovchi modul mazkur Qoidalarning 134-135-bandlarida belgilangan kuchlanish pasayishiga bardosh bera olishini koʻrsatadi.

402. Kichik va mikro quvvatli generatsiyalovchi modullarning muvofiqligini koʻrsatish uchun kelishilgan tartibda quyidagi sinovlar amalga oshiriladi:

reaktiv quvvat sinovi — kichik va mikro quvvatli generatsiyalovchi modul taqsimlash tizimiga ulanishi, aktiv quvvat ishlab chiqarishi va reaktiv quvvatni kompensatsiya qilishi mumkinligini koʻrsatib beradi. Bunda quvvat koeffitsiyenti induktiv xarakterda 0,95 hamda sigʻim xarakterda 0,95 gacha boʻlsa, generatsiyalovchi modul sinovdan oʻtgan deb hisoblanadi;

himoya tizimlari sinovi — talab etilgan sozlamalar va himoyaning selektivlik (tanlovchanlik) bilan ishlashini koʻrsatib berishi hamda elektr energiyasi taʼminoti uzilgan taqdirda generatsiyalovchi modul taqsimlash tizimidan oʻchirilishini koʻrsatib berishi;

qayta ulanish vaqtini tekshirish (blokirovkani sinash) — elektr energiyasi taʼminoti yoʻqolishidan himoya ishga tushganidan soʻng, generatsiyalovchi modul blokirovka holatida qolishini va tarmoqda taʼminot tiklanganidan soʻng kamida 10 daqiqa davomida avtomatik ravishda qayta ulash amalga oshirilmasligini koʻrsatib berishi;

sinxronlash sinovlari — generatsiyalovchi modulning taqsimlash tizimi bilan avtomatik ravishda sinxronlash qobiliyatiga ega ekanligini koʻrsatishi;

aloqa vositalari sinovlari — Taqsimlash tizimi operatori talabiga asosan, SCADA va aloqa vositalari oʻrnatilgan kichik quvvatli generatsiyalovchi modullar Taqsimlash tizimi operatoriga ulanish yoki mavjud ulanishni oʻzgartirish shartnomasida koʻrsatib oʻtilgan signallarni uzatish imkoniyatiga ega ekanligini koʻrsatib berishi talab etiladi.

403. Barcha sinovlar Taqsimlash tizimi operatori, elektr energiyasi ishlab chiqaruvchisi va (yoki) Foydalanuvchining vakolatli vakillari tomonidan tasdiqlanadi va qayd etiladi.

404. Generatsiyalovchi modullar sinovdan oʻta olmasa, generatsiyalovchi modul operatori tegishli qayd etilgan parametrlarga erishish uchun kelishilgan muddat ichida kamchiliklarni bartaraf etadi.

405. Generatsiyalovchi modulning maʼlum sinovlardan oʻtmaganligi bilan bogʻliq nizo yuzaga kelsa, Taqsimlash tizimi operatori, generatsiyalovchi modul operatori va (yoki) Foydalanuvchi nizoni oʻzaro hal etishga harakat qiladi.

Bunda nizoni hal etishning imkoniyati boʻlmasa, tomonlardan biri ushbu masala yuzasidan Energetika vazirligiga murojaat qiladi.

406. Generatsiyalovchi modullar operatorlari Taqsimlash tizimi operatorining talabiga binoan, generatsiyalovchi modulning muayyan modeli ushbu Qoidalar talablariga muvofiqligi yuzasidan sinovdan oʻtganligini tasdiqlovchi ushbu modullarni ishlab chiqaruvchisi tomonidan berilgan sinov hisobotini taqdim etishi mumkin.

Hisobotda sinovdan oʻtgan generatsiyalovchi modulning modeli, sinov shartlari va qayd etilgan natijalar batafsil tavsiflanadi hamda ushbu maʼlumotlarning barchasi sinov hisobotiga kiritiladi.

9-bob. Obyekt va uskunani identifikatsiyalash

407. Taqsimlash tizimi operatori barcha elektr sxemalarida, ulanish nuqtasi chizmalarida, ekspluatatsiya qilish boʻyicha yoʻriqnomalarda, xabarnomalarda va boshqa hujjatlarda har qanday obyekt yoki uskunani aniqlash uchun foydalaniladigan belgilangan obyekt va uskunalarni identifikatsiyalash tizimini ishlab chiqadi va joriy etadi.

Obyekt va uskunalarni identifikatsiyalash tizimi texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga muvofiq boʻlishi talab etiladi.

408. Obyektning identifikatsiya raqami ulanish nuqtasi, podstansiya va taqsimlovchi qurilmaning nomini oʻz ichiga olishi hamda har bir obyekt uchun yagona boʻlishi kerak.

409. Uskunaning identifikatsiya raqami har bir transformator, taqsimlash tarmogʻi, shina, oʻchirgich, ajratkich, yerga ulagich, kondensator batareyasi, reaktor, yashindan himoyalagich (razryadnik), aloqa kondensatori va ulanish nuqtasidagi boshqa oʻrta kuchlanishli uskunalar uchun yagona boʻlishi shart.

410. Taqsimlash tizimi operatori obyektlar va uskunalarni identifikatsiyalash uchun belgilar oʻlchami va rangi, yorliqlar oʻlchami va rangini oʻz ichiga olgan standart markirovkalash (belgi) tizimini ishlab chiqadi va joriy etadi.

411. Taqsimlash tizimi operatori yoki Foydalanuvchi oʻz tizimidagi har bir obyekt va uskunani identifikatsiyalashda aniq va bexato belgilarni ishlab chiqish va ularni oʻrnatish uchun javobgardir.

VI boʻlim. Elektr energiyasini hisobga olish

1-bob. Hisobga olish uskunalariga qoʻyiladigan talablar

412. Elektr energiyasi sarfi hajmini hisobga olishda hisobga olish tizimi qonunchilik, shu jumladan texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablari asosida joriy etilishi va quyidagi tarkibiy qismlarni oʻz ichiga olishi mumkin:

elektr energiyasi sarfi hajmini hisobga olish uskunasi (keyingi oʻrinlarda — hisoblagich) va unga qoʻshimcha ravishda oʻrnatilgan impulsni qayd etish moslamasi, vaqt manbai va batareyasi;

oʻlchov transformatorlari;

ulash kabellari va tegishli qurilmalar, shuningdek, sinash bloki yoki oʻchirib-yoqish qurilmasi, yuklama rezistorlari, hisoblagich shkafi, xavfsizlik muhrlari va qulflari.

413. Hisobga olish nuqtasi (hisob-kitob nuqtasi) Foydalanuvchilarning taqsimlash tizimiga ulanish nuqtasida joylashgan boʻlishi lozim. Hisoblagichni oʻrnatish texnik tomondan murakkab, iqtisodiy jihatdan samarasiz va maqsadga muvofiq emas deb topilgan holatlar bundan mustasno.

414. Hisob-kitob nuqtasini maʼlum asosli sabablarga koʻra ulanish nuqtasiga joylashtirish imkoniyati boʻlmasa, hisoblagich oʻzaro kelishuv yoki Taʼminotchining taklifiga muvofiq boshqa joyda oʻrnatiladi.

Bunda hisob-kitob qilinadigan miqdorni aniqlashda Taqsimlash tizimi operatori tomonidan yetkazib beriladigan yoki isteʼmolchi tomonidan isteʼmol qilinadigan elektr energiyasi hisoblagich koʻrsatkichlariga kelishilgan hisob-kitob nuqtasi va ulanish nuqtasi orasidagi yoʻqotishlarni hisobga olgan holda tuzatishlar kiritiladi.

415. Taqsimlash tizimi operatorining majburiyatlari quyidagilardan iborat:

hisobga olish tizimining yaxlitligi va aniqligini taʼminlash uchun hisobga olish tizimi va uning tarkibiy qismlarini loyihalash, oʻrnatish, ishlatish va texnik xizmat koʻrsatish uchun javobgar boʻlish;

ushbu bobga muvofiq hisobga olish tizimini oʻrnatish, ekspluatatsiya qilish, texnik xizmat koʻrsatish va sinovdan oʻtkazilishini taʼminlash;

Taʼminotchi tomonidan belgilangan yoki elektr taʼminoti shartnomasida koʻrsatilgan joyda hisobga olish tizimini oʻrnatish;

hisobga olish tizimining barqaror ishlashini taʼminlash;

hisob-kitoblarni amalga oshirish uchun hisoblagich koʻrsatkichlarini qayd etish, jamlash, tekshirish va yuborish;

hisobga olish tizimini, maʼlumotlarni yigʻish uskunalari va unga tegishli uskunalarni muhrlash.

416. Taqsimlash tizimi operatori va Foydalanuvchilar mazkur bob talablariga muvofiq vakolatli shaxslarning hisobga olish uskunalarini toʻsqinliksiz borib koʻrish imkoniyatini yaratishi kerak.

417. Hisoblagichlarni yetkazib berish boʻyicha javobgarlik va boshqa majburiyatlar Foydalanuvchi va Taqsimlash tizimi operatori oʻrtasida tuzilgan shartnomaga muvofiq belgilanadi.

418. Ulanish shartnomasi va elektr taʼminoti shartnomasiga muvofiq Foydalanuvchining barcha ulanish nuqtalarida taqsimlash tizimidan qabul qilingan va (yoki) unga uzatilgan aktiv va reaktiv elektr energiyasi hajmi hamda quvvati hisobga olinadi.

Ulanish nuqtasi hisoblash, qayd etish va tekshirish uchun ochiq boʻlishi shart.

419. Hisobga olish tizimi reaktiv energiya uzatilishi va isteʼmolini hisobga olish vositalari bilan taʼminlanishi hamda reaktiv energiya oqimlarini oʻlchashi talab etiladi.

420. Oʻlchov (kuchlanish, tok) transformatorlariga quyidagi talablar qoʻyiladi:

aniqlik sinfi texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarida belgilangan koʻrsatkichlar doirasidan oshmasligi;

ishlab chiqaruvchining texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlariga muvofiqligini tasdiqlovchi hujjat mavjudligi;

minimal yoki maksimal doimiy ikkilamchi ishchi koʻrsatkichlar (kuchlanish, tok va fazalar ketma ketligi belgilangan diapazonga mos boʻlishi) hisoblagichning aniqligiga yoki ishlashiga taʼsir qilmasligi;

ikkilamchi klemma qutisidan hisobga olish tizimi shkafigacha boʻlgan oraliqdagi barcha oʻtkazgichlar qattiq metall oʻtkazgich orqali oʻtkazilgan boʻlishi.

421. Hisobga olish tizimlari tashqi taʼsirdan va elektr energiyasini notoʻgʻri hisoblashga olib keluvchi harakatlardan himoyalangan boʻlishi shart.

Hisobga olish tizimlari maxsus shkafga joylashtirilgan boʻlishi va tashqi aralashuvning oldini olish maqsadida muhr va qulf bilan himoyalangan boʻlishi hamda koʻrsatkichlarni qayd etish va nazorat uchun qulay boʻlishi talab etiladi.

Taqsimlash tizimi operatori vaqti-vaqti bilan xavfsizlik qulflari va muhrlarini butligini tekshiradi.

422. Taqsimlash tizimi operatori va Foydalanuvchilar oʻzlarining obyektlaridagi mavjud hisobga olish tizimining yaroqli holda saqlanishi uchun javobgardir.

423. Taqsimlash tizimi operatori (yoki uning vakolatli shaxsi), Taʼminotchi, Nazorat qiluvchi organning vakolatli vakillari va Foydalanuvchi ishtirokida hisobga olish tizimi muhrlanadi. Hisobga olish tizimiga oʻrnatilgan yoki undan olib tashlangan barcha muhrlar roʻyxatdan oʻtkaziladi hamda tuzilgan dalolatnomalar ikkala tomon va Taʼminotchi vakili tomonidan imzolanadi.

424. Hisobga olish tizimining butunligi buzilganligi (qulflar va plombalarning ruxsatsiz ochilganligi) haqida aniqlagan tomon boshqa tomonni va Nazorat qiluvchi organni xabardor qilishi shart.

425. Taqsimlash tizimi operatori har qanday butunlikni buzilishi haqidagi xabarni ushbu buzilishni hisobga olish tizimiga, elektr energiyasi hajmini hisoblashga taʼsirini aniqlash maqsadida oʻrganib chiqadi hamda oʻrganish natijalari yuzasidan xulosalar Nazorat qiluvchi organ, Taʼminotchi va Foydalanuvchiga taqdim etiladi.

2-bob. Hisobga olish tizimini ekspluatatsiyaga kiritish, sinash va xizmat koʻrsatishga qoʻyiladigan talablar

426. Hisobga olish tizimlari quyidagi shartlar bajarilgan taqdirda tijorat hisobga olishga tayyor deb hisoblanadi:

oʻlchov transformatorlari ularning pasport maʼlumotlari (yorliqlari) va ishlab chiqaruvchi korxonada oʻtkazilgan sinash hisobotlarining talablarga muvofiqligi tekshirilgan hamda koʻrsatkichlari mosligi tasdiqlanganda;

hisoblagichlar texnik talablarga mosligi tasdiqlanganda;

hisobga olish tizimi ushbu boʻlim talablariga muvofiq oʻrnatilgan, ulangan va sinashdan oʻtkazilganda.

427. Taqsimlash tizimi operatori yoki akkreditatsiyalangan sinov laboratoriyasi tomonidan sinashdan oʻtkazilmagan va muvofiqlikni tasdiqlovchi hujjatlari mavjud boʻlmagan oʻlchov transformatorining oʻrnatilishi va ekspluatatsiyaga kiritilishi taqiqlanadi.

428. Oʻlchov transformatorlarini sinashdan oʻtkazish Taqsimlash tizimi operatori va Foydalanuvchining vakolatli vakili ishtirokida sinovlar va ekspluatatsiyaga kiritish bosqichida, shuningdek, ushbu transformatorning aniqlik darajasini koʻrib chiqish zaruriyati tugilganda qonunchilikda belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

429. Ekspluatatsiyaga kiritishdan oldin oʻlchov transformatorlari quyidagi koʻrsatkichlar boʻyicha sinashdan oʻtkaziladi:

birlamchi chulgʻamga beriladigan kuchlanish va tokning belgilangan yuklamasida faza xatoligi va koeffitsiyenti;

izolyatsiyaning yaxlitligi;

yuklamani tekshirish.

430. Hisoblagichlarni qiyoslashdan oʻtkazish qonunchilikda belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

431. Foydalanuvchi va Taʼminotchi oʻrtasida hisoblagichning toʻgʻri ishlashi boʻyicha kelishuvga erishilmasa yoki hisobga olish boʻyicha nizolar yuzaga kelsa, bu masalaga Taqsimlash tizimi operatori ham jalb etiladi.

432. Taqsimlash tizimi operatori hisobga olish tizimlariga belgilangan tartibda xizmat koʻrsatishi, shu bilan birga barcha qiyoslash va sinash natijalari, texnik xizmat koʻrsatish dasturlari va muhrlash yozuvlarini saqlashi kerak.

Maʼlumotlar, qiyoslash va sinash natijalari Taqsimlash tizimi operatori tomonidan Foydalanuvchining soʻroviga binoan taqdim etiladi.

433. Hisobga olish tizimlari hisoblagichlarni sinash va texnik xizmat koʻrsatish boʻyicha qonunchilik, shu jumladan texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga muvofiq ekspluatatsiya qilinishi va texnik xizmat koʻrsatilishi kerak. Muntazam texnik xizmat koʻrsatish quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

hisobga olish tizimini aniqligini davriy qiyoslash, sinash hamda tekshirish;

vaqti-vaqti bilan hisoblagich soatini Oʻzbekiston Respublikasining Muvofiqlashtirilgan universal vaqtidan ogʻishini tekshirish.

434. Xabar qilingan nosozlik yoki hisobga olish tizimining ishdan chiqishi, shuningdek, hisobga olish maʼlumotlaridagi noaniqliklar Taqsimlash tizimi operatori tomonidan tekshiriladi va bartaraf etiladi.

Hisoblagich ishdan chiqishi yoki notoʻgʻri ishlashi tasdiqlansa, Taqsimlash tizimi operatori tomonidan nosozliklar bartaraf etilguniga qadar hisoblagich maʼlumotlariga tuzatishlar yoki oʻzgartirishlar kiritiladi.

3-bob. Hisoblagich koʻrsatkichlarni yozib olish va hisobga olish maʼlumotlari

435. Hisoblagichlar koʻrsatkichlari Taqsimlash tizimi operatorining vakolatli vakili tomonidan Taʼminotchi va Foydalanuvchining vakolatli vakili ishtirokida elektr taʼminoti shartnomasida belgilangan sanada yozib olinadi (qayd etiladi).

436. Toʻlov hujjatlarini taqdim etish uchun asos boʻladigan hisoblagich koʻrsatkichlari Taqsimlash tizimi operatori tomonidan hisoblagichidan olingan maʼlumotlarining yaxlitligi va xavfsizligini taʼminlaydigan dasturiy taʼminot orqali yigʻilishi (olinishi) shart.

Hisoblagichning qabul qilingan maʼlumotlari Taqsimlash tizimi operatori tomonidan quyidagi manzillarga yetkaziladi:

elektr taʼminoti shartnomasi va chakana bozor qoidalariga muvofiq toʻlov hujjatlarini shakllantirish uchun Taʼminotchiga;

shartnomaga muvofiq Foydalanuvchilarga;

qonunchilikka muvofiq boshqa vakolatli tomonlarga.

437. Hisobga olish maʼlumotlarini tekshirish qonunchilikda belgilangan usullar, jarayonlar va mezonlarga muvofiq amalga oshiriladi.

438. Hisoblagich yoki oʻlchash maʼlumotlari boʻlmagan holatda Taqsimlash tizimi operatori maʼlumotlarni tekshirish va arifmetik usullaridan foydalangan holda oʻrta qiymatni hisoblaydi.

439. Taqsimlash tizimi operatori hisoblagichlarning hisobga olingan va tuzatishlar kiritilgan maʼlumotlarini alohida boshqariladigan saqlash tizimlarida kamida besh yil davomida saqlashi hamda vakolatli tomonlar nizolarni hal etish va boshqa qonuniy maqsadlarda maʼlumot sifatida foydalanish uchun taqdim etadi.

Maʼlumotlar bazasida saqlangan hisobga olish maʼlumotlarini oʻzgartirishga yoʻl qoʻyilmaydi.

440. Hisoblagich maʼlumotlariga kiritilgan tuzatishlar yuzasidan hujjatlashtirilgan yozuvlar Taqsimlash tizimi operatorlarida va Foydalanuvchilarda, shuningdek tuzatishlar kiritishda Nazorat qiluvchi organ ishtirok etganda Nazorat qiluvchi organda saqlanadi.

441. Hisobga olish maʼlumotlariga konfidensial maʼlumot sifatida qaraladi va ulardan faqat quyidagi vakolatli shaxslar foydalanishlari mumkin:

hisob-kitoblar va monitoringni amalga oshirish maqsadida Taqsimlash tizimi operatori;

hisob-kitoblarni amalga oshirish va toʻlov hujjatlarini shakllantirish maqsadida Taʼminotchi;

hisob-kitob uchun Foydalanuvchi;

qonunchilikka muvofiq boshqa vakolatli tomonlar.

VII boʻlim. Taqsimlash elektr tarmoqlaridan foydalanish qoidalarini tatbiq etish

442. Mazkur Qoidalar doirasida Energetika vazirligi:

mazkur Qoidalar ijrosini nazorat qiladi;

taqsimlash tizimlarini ishonchlilik koʻrsatkichlari va samaradorlik mezonlarini baholaydi va tavsiyalar beradi;

taqsimlash tizimlarini rivojlantirish, texnik xizmat koʻrsatish, ekspluatatsiya qilish dasturlari hamda ulanishga taalluqli meʼyorlar va talablarni bajarilishini tahlil qiladi;

taqsimlash tizimlari ishi va mazkur Qoidalar boʻyicha zaruratga koʻra maxsus hisobotlarni tayyorlaydi hamda Vazirlar Mahkamasi va Energetika bozori regulatoriga kiritib boradi.

443. Mazkur qoidalarning har qanday talablarini talqin qilish va (yoki) qoʻllash bilan bogʻliq savollar Energetika vazirligi tomonidan quyidagi tartibda koʻrib chiqiladi:

tomon yozma ravishda mazkur Qoidalarning koʻrib chiqilayotgan shartlari va talablarini aniq koʻrsatgan holda murojaat qiladi;

soʻrov keltirilgan vajlar asosida qonunchilik hujjatlariga muvofiq koʻrib chiqiladi. Energetika vazirligi mazkur masalani koʻrib chiqish uchun tegishli texnik ishchi guruh tuzishi va joyida oʻrganish oʻtkazishi mumkin;

texnik ishchi guruhi soʻrovning mohiyatini muhokama qilish va kerak boʻlsa, tasdiqlovchi hujjatlarni toʻplash uchun tegishli tomonlarni jalb etadi va muhokama oʻtkazadi;

amalga oshirilgan ishlar, soʻrovga javob va texnik ishchi guruhining har qanday tavsiyalari rasmiylashtiriladi hamda Energetika vazirligiga taqdim etiladi;

Energetika vazirligi soʻrovga rasmiy javobni, shu jumladan tushuntirishlar va tavsiyalarni murojaatchiga hamda nusxasi Taqsimlash tizimi operatoriga taqdim etadi.

444. Mazkur Qoidalarda koʻzda tutilmagan holatlar yuzaga kelsa, Taqsimlash tizimi operatori imkon qadar qisqa muddatda barcha jalb etilgan Foydalanuvchilar bilan koʻzda tutilmagan holatlarni bartaraf etish boʻyicha kelgusi harakatlar yuzasidan muzokara oʻtkazadi.

445. Mazkur Qoidalarda nazarda tutilmagan favqulodda vaziyatlarda Taqsimlash tizimi operatori zarur deb hisoblagan har qanday choralarni koʻrishi shart. Amalga oshirilgan harakatlar, natijalar va baholash toʻgʻrisidagi hisobotlar hujjatlarni rasmiylashtirish va hisobini yuritish uchun Energetika vazirligiga, jalb qilingan Foydalanuvchilar va Taʼminotchilarga taqdim etiladi.

446. Taqsimlash tizimi operatori Foydalanuvchiga nisbatan asossiz bir tomonlama xatti-harakatlari yoki koʻrilgan choralari uchun javobgardir.

447. Taqsimlash tizimi operatori har chorakdan keyingi oyning oxirigacha Energetika vazirligiga hisobot taqdim etib boradi.

448. Koʻzda tutilmagan holatlar va favqulodda vaziyatlarda tomonlar oʻrtasida kelishuvga erishilgan taqdirda, ushbu masala Energetika vazirligi tomonidan koʻrib chiqiladi va tegishli tavsiyalar beriladi.

449. Taqsimlash tizimiga taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan yangi texnologiyalar va noanʼanaviy uskunalardan foydalanadigan generatsiyalovchi modullar uchun qoʻshimcha talablar Energetika vazirligi tomonidan belgilanadi.

450. Taqsimlash tizimi operatorlari yoki Foydalanuvchilar mazkur Qoidalarning bir yoki bir nechta bandlari talablariga doir yengillik berilishini soʻrashlari mumkin. Bunda quyidagilarni oʻz ichiga soʻrovnoma Energetika vazirligiga taqdim etiladi:

yengillik berilishi soʻralayotgan tizimning (joyning) batafsil tavsifi;

yengillik soʻralayotgan mazkur Qoidalarning talablariga havolalar va soʻralayotgan yengillikning batafsil tavsifi;

tegishli tasdiqlovchi hujjatlar bilan asoslab berish va xarajat va foydaning tahlili;

soʻralayotgan yengillikning boshqa tomonlarga salbiy taʼsir koʻrsatmasligining isboti.

451. Energetika vazirligi mazkur Qoidalarning bir yoki bir nechta bandlari talablarini yengilroq yoki tatbiq etmaslik boʻyicha istisnolarni taqdim etishni koʻrib chiqadi va berish mumkin deb topsa, oʻz xulosasi bilan Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritadi. Bunda yengillik berish mezonlari Vazirlik tomonidan asoslantirilishi shart.

Yengilliklar faqatgina taqsimlash tizimini rivojlantirish, uni barqarorligi va ishonchli ishlashini taʼminlash hamda isteʼmolchilar elektr taʼminoti ishonchliligini oshirish maqsadida ushbu tizimning cheklangan qismlarini (zaif nuqtalari) rivojlantirish maqsadida, ishonchlilik mezonlari buzilmasligi hamda iqtisodiy jihatdan maqsadga muvofiq boʻlmagan hollarda taqdim etiladi.

452. Ushbu Qoidalar talablari tasdiqlangan kundan olti oydan soʻng Taqsimlash tizimi operatori tizimida amalga oshiriladigan modernizatsiya (rekonstruksiya) va yangi qurilishlarda hamda barcha yangi ulanishlar (mavjud ulanishni oʻzgartirishlar) uchun toʻliq tatbiq etiladi.

453. Taqsimlash tizimi operatorlari va Foydalanuvchilar mazkur Qoidalar kuchga kirguniga qadar mavjud boʻlgan, ammo ushbu Qoidalar talablariga javob bermaydigan, ekspluatatsiyaga kiritish vaqtda amalda boʻlgan talablarga toʻliq javob beradigan uskunalardan foydalanishlari mumkin.

Bunda tomonlar imkon qadar oʻz tizimlarini mazkur Qoidalar talablariga javob beradigan tarzda oʻzgartirishni rejalashtirishlari va bu haqida Energetika vazirligiga batafsil axborot kiritishlari lozim.

454. Mazkur Qoidalar talablarini Qoidalar tasdiqlanguniga qadar amalda ekspluatatsiyada boʻlgan uskunalarga koʻllash uchun Vazirlar Mahkamasi bilan kelishilgan holda Energetika vazirligi tomonidan aniq muddatlar belgilanadi.

Taqsimlash tizimining biron qismida olib boriladigan modernizatsiya (rekonstruksiya) jarayonlarida ushbu qismga bogʻliq Foydalanuvchilar ham ulanish nuqtasidagi qurilmalarini mazkur Qoidalar talablariga moslashtirishlari kerak. Taqsimlash tizimi operatori modernizatsiya jarayoni yuzasidan muddatlar va texnik loyihaviy koʻrsatkichlar boʻyicha tegishli Foydalanuvchilarni kamida olti oy oldin ogohlantirishi shart.

VIII boʻlim. Yakuniy qoidalar

455. Tomonlarning mazkur Qoidalar talablarini bajarmaslik harakatlaridan norozi boʻlgan yoki buzayotganligi toʻgʻrisida dalillarga ega boʻlgan boshqa tomon qonunchilikka muvofiq Energetika bozori regulatoriga daʼvo yoʻllashi mumkin.

Energetika bozori regulatori daʼvoni belgilangan tartibga koʻra koʻrib chiqadi va aybdor tomonning litsenziyasini toʻxtatish yoki bekor qilish boʻyicha tegishli qaror qabul qiladi. Energetika bozori regulatori qoʻshimcha maʼlumotlar soʻrasa, daʼvoni koʻrib chiqish muddati yana ikki oyga uzaytirilishi mumkin. Energetika bozori regulatorining qarori sud tartibida bekor qilinmagunicha majburiy kuchga egadir.

456. Qoidalar talablarini yoki oʻz majburiyatlarini bajarmaslik bilan bogʻliq nizolar qonunchilikda belgilangan tartibida hal etiladi.

457. Mazkur Qoidalar talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Taqsimlash elektr tarmoqlaridan foydalanish qoidalariga 1-ILOVA

Taqsimlash tizimi operatorlari uchun isteʼmolchilarga xizmat koʻrsatish maqsadli koʻrsatkichlarining namunaviy shakli

Isteʼmolchilarga koʻrsatiladigan xizmatlar Samaradorlik koʻrsatkichlari 1. Xarajatlar smetasini hisobga olgan holda buyurtma (ariza)larni koʻrib chiqish. Hujjatlar toʻliq taqdim etilganidan keyin ____ kun ichida. 2. Ulanish. Vakolatli tomonlar va Taqsimlash tizimi operatorining barcha talablari bajarilgandan keyin ____ kun ichida. 3. Ikkilamchi tomonda elektr taʼminoti uzilishidan keyin xizmat koʻrsatishni tiklash, shu jumladan xizmat koʻrsatishning toʻxtatilishi / ikki tomonlama oʻchishi (uzilish) 100% tiklanishgacha boʻlgan soatlar soni. 4. Elektr energiyasi sifati boʻyicha shikoyatlar. a) shikoyatni olgandan keyin ____ ish kuni ichida joyiga chiqish yoki ____ kun ichida asosli javob berish; b) ____ oy ichida elektr energiyasi sifati boʻyicha muammolarni bartaraf etish. 5. Isteʼmolchilarni elektr taʼminotidan uzilishlar jadvali haqida xabardor qilish. Rejalashtirilgan uzilishlardan ____ kun oldin xabarnoma berish (xabardor qilish). 6. Favqulodda qoʻngʻiroqlarga javob berish. Qoʻngʻiroqdan keyin ____ soat ichida. 7. Hisob-kitoblarga oid savollar va shikoyatlar. a) savollarga ____ soat ichida javob berish; b) Hisob-kitoblardagi xatolarni ____ soat (yoki kun) ichida tuzatish. 8. Toʻlovlar boʻyicha savollar va shikoyatlar. a) ____ soat ichida savollarga javob berish; b) ____ soat (yoki kun) ichida toʻlovlardagi xatolarni tuzatish. 9. Hisoblagichlarning ishlashi yuzasidan shikoyatlar. a) shikoyatni olgandan keyin 3 ish kuni ichida joyiga chiqish yoki 10 kun ichida asosli javob berish; b) ____ hafta ichida hisoblagichlar bilan bogʻliq muammolarni bartaraf etish. 10. Elektr taʼminotini tiklash. Belgilangan toʻlov muddati tugagunga qadar toʻlov amalga oshirilgan, qarz toʻliq toʻlanganidan keyin soat ichida. 11. Isteʼmolchilarni qabul qilish vaqtini belgilash va qabul qilish. a) isteʼmolchini qabul qilishning aniq vaqti belgilanadi; b) belgilangan vaqtda isteʼmolchini qabul qilish. 12. Foydalanuvchilarning murojaatlariga javob berish ____ ish kuni ichida.

Taqsimlash elektr tarmoqlaridan foydalanish qoidalariga 2-ILOVA

Taʼminotchilar uchun isteʼmolchilarga xizmat koʻrsatish maqsadli koʻrsatkichlarining namunaviy shakli

Isteʼmolchilarga koʻrsatiladigan xizmatlar Samaradorlik koʻrsatkichlari 1. Elektr energiyasini sotish va hisobga olish boʻyicha xizmatlar koʻrsatish. Elektr energiyasini yetkazib berish boʻyicha shartnoma tuzilgandan keyin ____ kun ichida. 2. Hisob-kitoblarga oid savollar va shikoyatlar. a) ____ soat ichida savollarga javob berish; b) hisob-kitoblardagi xatolarni ____ soat (yoki kun) ichida tuzatish. 3. Toʻlovlar boʻyicha savollar va shikoyatlar. a) ____ soat ichida savollarga javob berish; b) ____ soat (yoki kun) ichida toʻlov tizimidagi xatolarni tuzatish. 4. Hisoblagichlarning ishlashi yuzasidan shikoyatlar. a) shikoyatni olgandan keyin ____ ish kuni ichida joyiga chiqish yoki ____ kun ichida asosli javob berish; b) ____ hafta ichida hisoblagichlar bilan bogʻliq muammolarni bartaraf etish. 5. Elektr taʼminotini tiklash. Belgilangan toʻlov muddati tugagunga qadar toʻlov amalga oshirilgan, qarz toʻliq toʻlanganidan keyin ____ soat ichida qayta ulanish. 6. Isteʼmolchilarni qabul qilish vaqtini belgilash va qabul qilish. a) isteʼmolchini qabul qilishning aniq vaqti belgilanadi; b) belgilangan vaqtda isteʼmolchini qabul qilish. 7. Isteʼmolchilarning murojaatlariga javob berish. ____ ish kuni ichida.

Taqsimlash elektr tarmoqlaridan foydalanish qoidalariga 3-ILOVA

Kuchlanish pasayishida generatsiyalovchi modullarning ishlash chegaralari

Taqsimlash elektr tarmoqlaridan foydalanish qoidalariga 4-ILOVA

Mikro va kichik quvvatli generatsiyalovchi modullarning himoya tizimiga qoʻyiladigan talablar

Himoya uskunasi Qurilma Generatsiyalovchi modul quvvati <20 kVt >20 kVt Asinxron generatorlar uchun Kuchlanish pasayishi relesi 27 + + Kuchlanishni boshqarish relesi 27 Gen + + Oʻta kuchlanish relesi 59 + Chastota relesi 81/ O — 81/U + Seksiyalanishdan (ixotalanishdan) himoya relesi (faza siljishi yoki R oCoF) + + Sinxron generatorlar uchun Sinxronizatsiyani boshqarish relesi 25 + + Kuchlanish pasayishi relesi 27 + + Maksimal tok relesi 51 B + Oʻta kuchlanish relesi 59 + Chastota relesi 81/ O — 81/U + Invertorlar uchun Kuchlanish pasayishi relesi 27 + + Oʻta kuchlanish relesi 59 + + Chastota relesi 81/ O — 81/U + + Seksiyalanishdan (ixotalanishdan) himoya relesi (faza siljishi yoki R oCoF) + +

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2024-yil 9-oktabr,

652-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 10.10.2024-y., 09/24/652/0801-son)

lex.uz