📅 2024-yil 12-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 12-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 12 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 12 октября 2024 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 12 October 2024 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
ПАСПОРТИ
НИЗОМ
ПАСПОРТИ
«Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида
«Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш учун лицензия олиш талабларини белгилаш, зиёратчиларга амалларни муносиб ва хавфсиз бажаришлари учун шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, сифатли ва кафолатланган хизматлардан фойдаланишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
«Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятини лицензиялаш соҳасидаги ваколатли орган этиб Дин ишлари бўйича қўмита белгиланганлиги;
«Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ лицензияларни ёки уларга доир ҳуқуқларни бошқа шахсларга бериш тақиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки, «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолияти учун лицензия якка тартибдаги лицензия тури ҳисобланади.
Бунда лицензиялар сони Дин ишлари бўйича қўмита томонидан белгиланади ҳамда лицензияларни бериш танлов асосида амалга оширилади.
3. Қуйидагиларни назарда тутувчи «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
«Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятини амалга ошириш талаблари ва шартлари;
танлов ўтказиш, аризаларни кўриб чиқиш тартиби, танлов комиссияси ишини ташкил этиш;
лицензияни расмийлаштириш ва қайта расмийлаштириш, тўхтатиб туриш, бекор қилиш ва тугатиш асослари;
ваколатли органнинг қарори устидан шикоят бериш ва уни кўриб чиқиш.
4. Дин ишлари бўйича қўмита ҳузурида юридик шахс ҳисобланмайдиган «Зиёрат» жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) ташкил этилсин.
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги «Зиёрат» жамғармаси тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Белгилансинки, «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолияти учун лицензия олган юридик шахс (кейинги ўринларда — лицензиат) томонидан «Зиёрат» жамғармасига захира қилиб қўйилган маблағлардан:
«Умра» хизматларини сифатсиз кўрсатишдан жабр кўрган фуқароларга етказилган моддий ва маънавий зарар ўрнини қоплаш учун зарар кўрган фуқаро (вакили)нинг ва (ёки) Дин ишлари бўйича қўмитанинг мурожаатига кўра суд қарорига мувофиқ;
зиёратчиларга етказилган ёки етказилиши мумкин бўлган моддий зарарни зудлик билан бартараф этиш зарурати юзага келганда лицензиатнинг сўровига асосан Дин ишлари бўйича қўмита томонидан фойдаланилади.
6. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмитанинг зиёратчиларга «Умра» амалларини бажаришда диний билим ва кўникмаларга эга мутахассисларни гуруҳ раҳбари сифатида ажратиш бўйича қуйидаги тартибни жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:
мутахассис зиёратчиларнинг «Умра» тадбирларига доир фақат диний амалларни бажаришга раҳбарлик қилади;
мутахассиснинг зиёратчилар гуруҳига раҳбарлик қилиш мажбурият ва вазифалари, шунингдек, тўлов миқдори ҳамда ажратиладиган мутахассислар сони Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартномада белгиланади;
1 нафар мутахассисга 50 нафардан ошмаган зиёратчилар гуруҳи бириктирилади.
7. Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 2 июлда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-935-сонли Қонун 2024 йил 5 октябрдан кучга кирганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Дин ишлари бўйича қўмитага «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича фаолият учун лицензиянинг илк танловни ўтказишда, истисно тариқасида, танловини ўтказиш тўғрисидаги эълонни танлов ўтказилишидан 10 кун олдин белгиланган тартибда жойлаштиришга рухсат берилсин.
8. Белгилансинки, фуқароларни диний амаллар («Ҳаж» ва «Умра»)ни бажариш учун Саудия Арабистони Подшоҳлигига тегишли турдаги визасиз юбориш тақиқланади.
9. Қуйидагилар:
Дин ишлари бўйича қўмита — «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар томонидан ўз фаолиятини лицензия талаб ва шартларига мувофиқ амалга оширилиши юзасидан;
Ички ишлар вазирлиги — фуқароларга «Умра» хизматларини лицензиясиз кўрсатиш ҳолатларини барвақт аниқлаш ва тегишли ҳуқуқий чоралар кўрилиши юзасидан Дин ишлари бўйича қўмитага кўмаклашсин;
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси — «Умра» хизматларини кўрсатиш бўйича рекламаларни жойлаштиришда қонунчилик талаблари бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича доимий мониторинг ўрнатилишини таъминласин.
10. Дин ишлари бўйича қўмита:
икки ой муддатда «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш лицензиясига эга юридик шахсларнинг фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш тизими жорий этилишини ҳамда ушбу рейтингнинг ўз расмий веб-сайтида бериб борилишини;
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда доимий равишда ушбу қарор мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказилишини таъминласин.
11. Вазирлар Маҳкамасининг «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишда зиёратчиларнинг манфаатларини самарали ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2023 йил 8 августдаги 345-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
12. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 3-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
13. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси С.Д. Тошбоев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 октябрдаги 668-сон қарорига 1-ИЛОВА
«Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия бериш тартибини белгилайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан «Умра» тадбирини ташкил этиш билан боғлиқ фаолият Вазирлар Маҳкамасининг «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 7 июндаги 364-сон қарори билан тартибга солинади.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
лицензиат — «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган юридик шахс;
талабгор — «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятини амалга ошириш учун якка тартибдаги лицензияни олиш мақсадида белгиланган тартибда мурожаат қилган юридик шахс;
лицензияловчи орган — Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси;
лицензиялаш паспорти — «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятини лицензиялаш учун талабгор томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар ва тўланадиган йиғим (давлат божи), мурожаатни кўриб чиқиш муддатлари ҳамда лицензиат томонидан бажарилиши мажбурий бўлган талаблар ва шартлар мажмуи;
якка тартибдаги лицензия — лицензиялар сони лицензияловчи орган томонидан чегараланадиган ҳамда ҳар бир лицензия танлов асосида талабгорларга бериладиган лицензия тури.
3. «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятини амалга ошириш жараёнида қуйидагилар талаб этилади:
мазкур Низомнинг иловасида назарда тутилган лицензиялаш паспортида назарда тутилган лицензия талаблари ва шартларига риоя этиш;
лицензия олиш ва қайта расмийлаштириш учун тақдим этиладиган маълумотларнинг сохта, ёлғон ва нотўғри эмаслигини таъминлаш;
ходимлар билан меҳнат шартномаларини тузиш, меҳнат шартномаларига ўзгартириш киритиш ва уларни бекор қилиш тўғрисидаги маълумотларни «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексидан фойдаланган ҳолда юритиш;
лицензиат қайта ташкил этилганда, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, бу ҳақда беш иш кунида лицензияловчи органга тегишли маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида мурожаат қилиш.
2-боб. Лицензия бериш учун танлов ўтказишга тайёргарлик кўриш
4. «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятини амалга ошириш учун якка тартибдаги лицензия берилади.
Бунда:
лицензиялар сони Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда лицензияловчи орган томонидан белгиланади;
якка тартибдаги лицензияларни бериш танлов асосида амалга оширилади.
Танлов зиёратчиларнинг «Умра» амалларини муносиб ва хавфсиз бажаришларини таъминлаш, хорижда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва кафолатланган хизматлардан фойдаланишини таъминлаш учун муносиб талабгорни танлаб олиш мақсадида ўтказилади.
5. Қўмита танлов ўтказилишидан камида 30 кун олдин оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, ўзининг расмий веб-сайтида танлов ўтказилиши тўғрисидаги эълон беради.
Эълонда қуйидаги маълумотлар бўлиши лозим:
танлов ўтказиладиган сана;
аризаларни қабул қилишнинг бошланиш ва сўнгги муддатлари;
танловда қатнашиш шартлари;
аризани кўриб чиқиш йиғими учун тўлов реквизитлари.
6. Танловда Ўзбекистон Республикасида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган юридик шахслар қатнашиши мумкин.
Танловда қатнашиш учун талабгор эълонда кўрсатилган муддат давомида ариза тақдим этади.
Талабгор ариза билан бирга лицензиялаш паспортининг 5-бандига мувофиқ барча ҳужжатларни лицензияловчи органга тақдим этиши лозим.
Талабгор аризани ва у билан бирга тақдим этган ҳужжатларини аризани қабул қилишнинг сўнгги муддатига қадар ўзгартиришга ҳақли.
7. Аризани кўриб чиқиш учун йиғим ундирилади.
Йиғим тўланганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.
Йиғим суммаси лицензияловчи органнинг бюджетдан ташқари ҳисобварағига йўналтирилади.
8. Ариза қуйидаги ҳолларда қабул қилинмайди:
танловдан ташқари ёки танловнинг аризаларни қабул қилиш муддати бузиб берилган тақдирда;
сохта, ёлғон ёки нотўғри маълумотлар киритилганлиги аниқланганда;
йиғим тўланмаганда;
лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши тасдиқланмаганда;
талабгорнинг «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолияти муайян муддатга тўхтатилганда;
талабгорнинг тегишли фаолият билан шуғулланиши суднинг қарорига асосан муайян муддатга тақиқланганда.
Мазкур бандда кўрсатилганлардан ташқари бошқа асослар билан аризани қабул қилмасликка йўл қўйилмайди.
9. Лицензияловчи орган томонидан талабгорнинг ҳужжатларида камчиликлар аниқланган тақдирда уларни бартараф этиш учун 10 кундан ортиқ бўлмаган муддат берилади.
Белгиланган муддат давомида камчиликлар бартараф этилмаган тақдирда аризани кўриб чиқиш рад этилади.
Белгиланган муддат ўтганидан кейин талабгор томонидан топширилган ариза янгидан топширилган ҳисобланади ва лицензияловчи орган томонидан умумий асосларда кўриб чиқилади.
10. Талабгор ўз аризасидан уни кўриб чиқишнинг ҳар қандай босқичида воз кечиш ҳуқуқига эга ҳамда бундай ҳолларда унинг аризаси кўриб чиқилмасдан қолдирилади ва тўланган йиғим қайтарилмайди.
11. Белгиланган муддат тугагандан кейин аризаларни қабул қилиш тўхтатилади.
Агар белгиланган муддатда танловда қатнашиш учун фақат битта лицензия талабгоридан ариза келиб тушса, у ҳолда аризаларни қабул қилиш муддати 15 кунга узайтирилади.
3-боб. Танлов комиссияси ишини ташкил этиш
12. Танловни ўтказиш ва талабгорлар орасидан энг мақбулини танлаб олиш мақсадида лицензияловчи орган томонидан тоқ сондан иборат, бироқ, 7 нафар аъзодан ошмаган таркибда Танлов комиссияси тузилади.
Танлов комиссияси ўз фаолиятини амалга ошириш учун мутахассисларни, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг вакилларини овоз бериш ҳуқуқисиз жалб этиши мумкин.
13. Дин ишлари бўйича қўмита раиси бир вақтнинг ўзида Танлов комиссиясининг ишига раҳбарлик қилади.
Танлов комиссияси раиси йўқлигида унинг вазифаларини ўринбосари бажаради.
14. Танлов комиссияси йиғилиши ўз ваколатига кирадиган масалаларнинг тайёрланишига қараб ўтказилади.
Танлов комиссияси йиғилиши ўз аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади.
Лицензияловчи органнинг лицензиялаш учун масъул таркибий бўлинмаси Танлов комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади ҳамда талабгор томонидан лицензия паспортининг 5-бандида белгиланган ҳужжатларнинг тўлиқ ва тўғри тақдим этилганлигини текшириш учун жавобгар бўлади.
15. Танлов комиссиясининг аъзоси қуйидаги ҳолларда комиссия йиғилишида иштирок этиши мумкин эмас ва у рад этилиши (ўзини ўзи рад этиши) шарт:
танловда кўриб чиқилаётган талабгор юридик шахс таъсисчисига ва (ёки) унинг аъзосига яқин қариндош бўлса ёхуд ушбу шахсга хизмат жиҳатидан, моддий ёки бошқа томондан қарам бўлса;
Танлов комиссияси йиғилишининг натижасидан ва унда қабул қилинадиган қарордан бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлса ёхуд унинг беғаразлигига шубҳа туғдирадиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса.
16. Рад этиш билдирилган Танлов комиссияси аъзоси рад этиш тўғрисидаги масала кўрилишидан олдин ўз тушунтиришларини беришга ҳақли.
Рад этиш тўғрисидаги масала рад қилинаётган шахснинг йўқлигида Танлов комиссиясининг қолган аъзолари томонидан оддий кўпчилик овози билан ҳал этилади.
17. Танлов комиссиясининг қарори баённома шаклида расмийлаштирилади ҳамда очиқ овоз бериш орқали йиғилиш иштирокчиларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Танлов комиссиясининг аъзолари овоз беришда иштирок этишдан бош тортиш ҳуқуқига эга эмас.
Раислик қилувчи охирида овоз беради. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи бўлади.
18. Танлов комиссиясининг қарорига рози бўлмаган аъзо иштирокчи баённомани имзолайди ва у ўзининг алоҳида фикрини ёзма тарзда баён қилишга ҳақли.
Алоҳида фикр йиғилиш баённомасига қўшиб қўйилади, лекин эълон қилинмайди.
4-боб. Танловни ўтказиш тартиби
19. Аризалар Танлов комиссияси томонидан ҳужжатларни қабул қилиш муддати якунланганидан сўнг бир ой муддатда кўриб чиқилади.
20. Агар танловда иштирок этиш учун аризаларни тақдим этишнинг қўшимча муддати тугаган пайтда фақат битта талабгор томонидан ҳужжатлар тақдим этилган ёки бирорта ҳам аризалар тақдим этилмаган бўлса, танлов ўтказилмаган деб ҳисобланади ва қайта эълон берилади.
21. Танлов комиссияси талабгорлар орасидан энг мақбулини қуйидаги қўшимча мезонлар асосида саралайди:
талабгорнинг Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги ҳамкор ташкилотининг расмий фаолият юритиши. Бунда, ушбу маълумотлар Ўзбекистон Республикасининг Жидда шаҳридаги Бош консуллиги томонидан тақдим этилади;
талабгорнинг Саудия Арабистони Подшоҳлиги Макка ва Мадина шаҳарларида зиёратчилар учун тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этиш даражаси;
зиёратчиларни ташиш ва парвозларни амалга ошириш учун танланган авиакомпания(лар)нинг имиджи ҳамда Ўзбекистон Республикасининг резиденти эканлиги. Бунда, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида баҳоланади;
зиёратчиларга кўрсатиладиган қўшимча хизматлар ҳамда улар билан «туну-кун» режимида қайта алоқа ўрнатиш имкониятлари;
талабгор томонидан «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш режалаштирилган бино-иншоотларнинг ҳолати;
талабгор томонидан захира қилиб қўйилган маблағлар миқдори;
талабгорнинг бошқа тадбиркорлик фаолияти бўйича қонунчилик ҳужжатларига риоя этилганлик ҳолати, фуқароларнинг қонуний манфаатлари таъминланганлиги.
22. Қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек лицензиялаш паспортининг 9-бандида назарда тутилган лицензия талаблари ва шартларига мослиги ҳамда ушбу Низомнинг 21-бандида назарда тутилган қўшимча мезонлар бўйича устунликка эга бўлган талабгор(лар) танлов ғолиби деб эътироф этилади.
Танлов комиссиясининг қарорига мувофиқ асосий ғолибдан сўнг энг яхши натижа кўрсатган талабгор захирадаги ғолиб деб эътироф этилади.
Бунда танлов ғолиблари томонидан тақдим этилаётган қўшимча таклифлар танловнинг қўшимча талаб ва шартлари сифатида белгиланади.
23. Лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензияловчи орган томонидан Танлов комиссиясининг баённомаси асосида лицензиялаш паспортининг 8-бандида белгиланган муддатда қабул қилинади.
Лицензияловчи орган аризани кўриб чиқиш муддати давомида ҳужжатларни текшириши, заруратга кўра бошқа давлат органларида мавжуд, қарор қабул қилиш учун зарур бўлган маълумотларни мустақил равишда олиши, объектларни жойига чиқиб ўрганиши, ушбу ҳаракатларни амалга ошириш учун ўз ходимлари таркибидан ёки ўз ҳисобидан бошқа шахсларни жалб қилган ҳолда эксперт ва ишчи гуруҳлар ташкил этиши, шунингдек, талабгорнинг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлигини белгилайдиган қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа ҳаракатларни амалга ошириши мумкин.
24. Танлов якуни баённомаси 3 иш куни давомида расмийлаштирилиши ва унда қуйидагилар кўрсатилиши лозим:
Танлов комиссия йиғилишида қатнашган аъзолар тўғрисида маълумот;
лицензия талабгорлари тўғрисида маълумот;
талабгорларнинг ушбу Низомнинг 21-бандида белгиланган мезонлар бўйича устунлиги ҳақида маълумотлар;
танлов ғолиби тўғрисидаги маълумотлар.
25. Танлов якунлари тўғрисидаги билдиришнома айнан унинг ўтказилиши тўғрисида хабар қилинган нашрларда, танлов якунлари тўғрисидаги баённома имзоланган куннинг эртасидан кечиктирмай эълон қилинади.
26. Агар танлов ғолиби танлов натижалари эълон қилинган кундан бошлаб 10 календарь кун давомида лицензия учун давлат божини тўламаса ёки Танлов комиссияси томонидан танлов ғолиби тақдим этган ҳужжатларнинг ҳақиқатга тўғри келмаслиги аниқланган тақдирда, Танлов комиссияси уни четлаштириш тўғрисида қарор қабул қилади.
Танловнинг асосий ғолиби четлаштирилган тақдирда, танловнинг захирадаги ғолиби танлов ғолиби сифатида эътироф этилади.
Захирадаги ғолиб томонидан 30 календарь кун давомида ижобий жавоб берилмаса, Танлов комиссияси танловни бўлиб ўтмаган деб топади ва такрорий танлов эълон қилади.
27. Танлов ўтказилмаган деб эътироф этилган тақдирда ва танловда ғолиб деб эътироф этилмаган талабгорларнинг лицензияловчи органнинг тегишли ҳисобварағида захира қилинган маблағлари 3 иш куни мобайнида қайтариб берилади.
29. Жойларда аҳолининг «Умра» хизматларини кўрсатувчи ташкилотларга бўлган эҳтиёжига кўра, истисно тариқасида, Танлов комиссиясининг хулосасига асосан лицензия талаб ва шартларига қатъий амал қилувчи, фаолиятида ижобий натижаларга эришган лицензиатга «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятини юридик шахс мақомига эга бўлмаган ваколатхона ва филиал орқали амалга оширишга рухсат берилиши мумкин.
Бунда, ваколатхона ва филиал манзили лицензияда кўрсатилади. Лицензияда кўрсатилмаган манзил бўйича «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолияти билан шуғулланишга йўл қўйилмайди.
5-боб. Лицензияни қайта расмийлаштириш
30. Лицензиат қайта ташкил этилганда, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, юридик шахс қайта рўйхатдан ўтганидан кейин беш иш кунида лицензияловчи органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида мурожаат қилади.
Янгидан юзага келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензияси мавжуд бўлган юридик шахслар қўшиб юборилган тақдирда, лицензияни ушбу банднинг биринчи хатбошисида белгиланган тартибда қайта расмийлаштиришга йўл қўйилади.
31. Лицензияни қайта расмийлаштириш учун ҳужжатлар лицензияловчи органга тақдим этилади.
Лицензияни қайта расмийлаштириш учун лицензия бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун ундириладиган йиғимнинг ярми ундирилади.
Лицензияни қайта расмийлаштириш учун давлат божи ундирилмайди.
32. Лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияловчи органга келиб тушган кундан бошлаб 10 иш куни ичида лицензия қайта расмийлаштириб берилади.
Лицензия қайта расмийлаштирилгунига қадар лицензиат унда кўрсатилган фаолиятни лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги аризаси асосида амалга оширади.
Лицензияловчи орган лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади.
Ушбу Низомнинг 29-бандида кўрсатилган асослар мавжуд бўлганда лицензияловчи орган томонидан лицензияни қайта расмийлаштиришни рад этиш тақиқланади.
6-боб. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, бекор қилиш ва тугатиш
33. Лицензиянинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда лицензияловчи орган ташаббуси билан тўхтатиб турилиши мумкин:
лицензия талаблари ва шартлари лицензиат томонидан бузилганлиги аниқланганда;
лицензиат томонидан лицензияловчи органнинг лицензиат зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарори бажарилмаганда.
34. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш лицензияловчи орган ёки суд томонидан амалга оширилади. Лицензиянинг амал қилиши лицензияловчи орган томонидан 10 кундан кўп бўлмаган муддатга, суд томонидан эса 10 кундан ортиқ, лекин олти ойдан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб турилиши мумкин.
Белгиланган муддат ичида лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш учун асос бўлган сабаб ва камчиликлар бартараф қилинмаса, лицензияловчи орган лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш муддатини узайтириш бўйича судга даъво ариза киритиши лозим.
Лицензиатлар ушбу Низомнинг 32-бандида назарда тутилган лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни лицензияловчи органлар ёки суд белгилаган муддатда бартараф этмаганда, лицензияловчи орган лицензияни бекор қилиш тўғрисида судга даъво аризаси киритади.
35. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор лицензияловчи орган томонидан қабул қилинади.
Лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор қабул қилинган куннинг ўзида лицензиатга етказилади ва бу ҳақида лицензиялар реестрига тегишли ёзув киритилади.
36. Лицензияловчи орган ёки суд лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилишига сабаб бўлган ҳолатларнинг лицензиат томонидан бартараф этилиши учун етарли, аммо беш иш кунидан кам ва олти ойдан кўп бўлмаган муддат тақдим этади.
37. Лицензиат лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилиши ҳақида қарор келиб тушганидан сўнг қарорда кўрсатилган камчиликларни бартараф этиши ва қарорда кўрсатилган муддат якунлангунига қадар лицензияловчи органга камчиликлар бартараф этилганлиги тўғрисидаги тасдиқнома ва асословчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда маълумот юбориши лозим.
Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ҳақидаги қарор суд томонидан қабул қилинган бўлса, камчиликлар бартараф этилганлиги тўғрисидаги тасдиқнома ва асословчи ҳужжатлар қарорда кўрсатилган муддат якунлангунига қадар судга ва лицензияловчи органга тақдим этилиши лозим.
38. Лицензияловчи орган камчиликлар бартараф этилганлиги тўғрисидаги маълумот тушган кундан бошлаб 3 иш куни ичида маълумотларни таҳлил қилади ва заруратга кўра камчиликлар бартараф этилганлигини жойига чиққан ҳолда ўрганиши мумкин.
39. Таҳлил ёки ўрганишлар натижасида лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар лицензиат томонидан бартараф этилганлиги аниқланган тақдирда, лицензияловчи орган камчиликлар бартараф этилганлиги тўғрисида тасдиқнома олинган кундан эътиборан 3 иш куни ичида лицензиянинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисидаги қарорни қабул қилади.
40. Суднинг лицензиянинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисидаги қарори лицензияловчи органга келиб тушганда, лицензияловчи орган лицензиянинг амал қилиши қайта тикланганлиги тўғрисидаги ёзувни бир иш куни давомида лицензиялар реестрига киритади.
41. Лицензиянинг амал қилишини бекор қилиш қуйидаги ҳолларда лицензияловчи органнинг қарорига биноан амалга оширилади:
лицензиат лицензиянинг амал қилишини бекор қилиш тўғрисида мурожаат қилганда;
юридик шахс тугатилганда — тугатилган пайтдан эътиборан ёки унинг фаолияти қайта ташкил этиш натижасида тугатилганда — қайта ташкил этилган пайтдан эътиборан, бундан унинг ўзгартирилиши, шунингдек, янгидан юзага келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида қайта ташкил этилаётган юридик шахсда «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолияти учун лицензияси мавжуд бўлган тақдирда, қўшиб юборилиши мустасно;
лицензия берганлик учун лицензиат тўлаши лозим бўлган давлат божи белгиланган муддатда тўланмаганда.
42. Лицензиат лицензиянинг амал қилишини бекор қилиш учун лицензияловчи органга хабарнома юборади.
Лицензияловчи орган хабарномага асосан ёки ушбу Низомнинг 40-банди учинчи-тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолатлар юзага келганда лицензиянинг амал қилишини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилади ва бу ҳақида лицензиатга маълум қилади.
Бунда, лицензиянинг амал қилиши бекор қилинганлиги ҳақида лицензиялар реестрига маълумот киритади.
43. Лицензияловчи орган қуйидаги ҳолларда лицензиянинг амал қилишини бекор қилиш тўғрисида судга мурожаат қилади:
лицензиат лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни лицензияловчи орган ёки суд белгилаган муддатда бартараф этмаганда;
лицензияловчи органнинг лицензия бериш тўғрисидаги қарорининг қонунга хилофлиги аниқланганда;
лицензиат лицензия талаблари ва шартларини бир йил давомида мунтазам равишда (икки ва ундан ортиқ маротаба) ёки бир маротаба қўпол равишда бузганда, агар мазкур қоидабузарликлар фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зиён, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат хавфсизлигига зарар ҳамда атроф муҳитга зиён етказилишига олиб келган бўлса. Лицензиянинг бекор қилинишига асос бўладиган қўпол қоидабузарликлар лицензия паспортида назарда тутилади;
лицензия қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда.
Лицензияловчи органнинг лицензияни бекор қилиш юзасидан судга даъво аризаси киритилганлиги ҳақидаги маълумоти судга даъво аризаси киритилган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай лицензиатга лицензиянинг амал қилишини бекор қилиш юзасидан судга даъво аризаси киритиш сабаблари ва қонунчилик ҳужжатларининг аниқ нормалари кўрсатилган ҳолда етказилади.
Суднинг лицензиянинг амал қилишини бекор қилиш тўғрисидаги қарори лицензиатга ва лицензияловчи органга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда етказилади ҳамда лицензияловчи орган ушбу маълумотни бир иш куни ичида лицензиялар реестрига киритади.
Лицензия ушбу банднинг бешинчи хатбошисида кўрсатилган асосга кўра бекор қилинган тақдирда, лицензия берилган санадан эътиборан бекор қилинган деб ҳисобланади.
44. Лицензиянинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилади:
лицензиялаш тартиби бекор қилинганда;
лицензиат томонидан лицензияловчи органга лицензиянинг амал қилишини олти ойгача тўхтатиб туриш тўғрисида мурожаат берилиб, мазкур хатбошида назарда тутилган муддат давомида лицензиянинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида лицензияловчи органга мурожаат қилинмаган тақдирда.
Лицензиянинг амал қилиши ушбу банднинг учинчи хатбошисида назарда тутилган асос бўйича тўхтатилган тақдирда, лицензияловчи орган бу ҳақида лицензиатга хабарнома юборади.
45. Лицензиянинг амал қилиши бекор қилинганда, лицензиат томонидан захира қилиб қўйилган маблағлар 3 иш кунида қайтарилади.
7-боб. «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятини назорат қилиш тартиби
46. Лицензиялар реестрига киритилган ҳамда фаолиятини амалга ошираётган лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши лицензияловчи орган томонидан назорат қилинади.
47. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат амалга оширилаётганда лицензияловчи орган ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
лицензиатларни лицензия талаблари ва шартларига риоя этаётганлиги юзасидан жойига чиққан ҳолда текшириш ўтказиш;
лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан текширувлар ўтказилаётганда юзага келадиган масалалар бўйича лицензиатдан зарур маълумотларни сўраш ва олиш;
текширув натижалари асосида лицензиатлар йўл қўйган лицензия талаблари ва шартларининг аниқ қоида бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;
лицензиат зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай қоидабузарликларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;
лицензиянинг амал қилишини ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш, шунингдек, судга лицензиянинг амал қилишини олти ойдан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш, лицензияни бекор қилиш ташаббуси билан мурожаат қилиш;
лицензия бериш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар бўйича юридик шахсларга жарима қўллаш тўғрисида қонунда белгиланган тартибда қарор қабул қилиш.
48. Назорат қилиш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
масофавий назорат;
лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини асослар мавжуд бўлган тақдирда ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда жойга чиққан ҳолда ўрганиш;
статистик ахборотларни ва лицензиатлардан сўраб олинадиган маълумотларни таҳлил қилиш.
49. Лицензияловчи орган масофавий назоратни ваколатли органлар ва идоралардан олинган ахборотлар асосида амалга оширади.
Лицензиат масофавий назорат асосида лицензияловчи орган томонидан берилган кўрсатмада баён этилган талабларни ўн иш куни ичида бажариши ва бу ҳақида лицензияловчи органга хабар бериши лозим.
Кўрсатма лицензиат томонидан ўз вақтида ижро этилмаганда ёки бажарилиши таъминланмаганда лицензияловчи орган «хавфни таҳлил қилиш» тизими асосида уларнинг фаолиятини текшириши мумкин.
50. Лицензиатнинг фаолиятини жойига чиққан ҳолда текшириш қуйидагилар асосида амалга оширилади:
«хавфни таҳлил этиш» тизими;
жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, жамоатчилик назорати субъектларининг мурожаатлари;
лицензиялаш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини бузишга доир ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисида ваколатли органлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг маълумотлари.
51. Лицензиатнинг фаолиятини жойига чиққан ҳолда ўтказиладиган текширишлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
52. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини жойига чиққан ҳолда текшириш 10 кунгача бўлган муддатда ўтказилади.
Лицензияловчи орган томонидан белгиланган тартибда жойига чиққан ҳолда ўтказиладиган текширишдан бош тортиш лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш учун асос бўладиган ҳаракат ҳисобланади.
53. Қуйидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун юридик шахсларга «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонуннинг 4-иловасида белгиланган миқдорда жарималар солинади:
«Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш, шунингдек, ушбу фаолияти билан лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилганда шуғулланиш;
лицензияни қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олиш.
Ундирилган жарима миқдорининг ўн фоизи ваколатли органнинг бюджетдан ташқари жамғармасига, қолган қисми Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига йўналтирилади.
54. Жарима солиш учун асос бўлган ҳуқуқбузарлик аниқланганлиги тўғрисида далолатнома расмийлаштирилган кундан эътиборан беш иш куни ичида лицензияловчи орган ёки бошқа ваколатли орган жарима солиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Жарима солиш тўғрисидаги қарор уни қабул қилган органнинг биринчи раҳбари (унинг ўрнини босувчи шахс) томонидан имзоланади ва бир иш куни ичида ҳуқуқбузарга юборилади.
55. Тегишли фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш ҳолатлари билан боғлиқ қонун бузилишлари жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида аниқланган тақдирда, уларни рағбатлантириш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
56. Юридик шахснинг жаримага тортилиши тегишли асослар мавжуд бўлган тақдирда унинг мансабдор шахсларини маъмурий, жиноий ёки қонунда назарда тутилган бошқа жавобгарликдан озод этмайди.
8-боб. Лицензияловчи орган қарори ва унинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят бериш ва уни кўриб чиқиш тартиби
57. Талабгор (лицензиат) лицензияловчи органнинг қарорлари ва ҳужжатлари устидан, шунингдек, мансабдор шахслари ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
58. Талабгор (лицензиат) шикоятни:
Дин ишлари бўйича қўмитанинг ҳудудий бўлинмаларига нисбатан Дин ишлари бўйича қўмитага;
Дин ишлари бўйича қўмитага нисбатан қўмитада ташкил этилган шикоятларни кўриб чиқиш бўйича апелляция кенгашига (кейинги ўринларда — Апелляция кенгаши) тақдим этади.
Талабгор (лицензиат) белгиланган тартибда лицензияловчи органнинг қарори ҳамда унинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бевосита судга ва (ёки) бошқа ваколатли органларга шикоят қилишга ҳақли.
59. Республика даражасида Апелляция кенгаши таркиби лицензияловчи органнинг раҳбари томонидан беш нафар таркибда тасдиқланади. Апелляция кенгаши йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси вакили кузатувчи сифатида иштирок этади.
Апелляция кенгаши йиғилиши унинг аъзоларининг кўпчилиги ҳозир бўлганда ваколатли ҳисобланади.
Апелляция кенгашининг шикоят бўйича қарори аъзолари томонидан бир овоздан ҳал қилинади. Ҳеч бир аъзо овоз беришда бетараф қолишга ҳақли эмас.
60. Агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, шикоят қарор (бошқа ҳужжат) тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган пайтдан ёки талабгор/лицензиатга лицензияловчи органлар қарори ва уларнинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ҳақида маълум бўлган пайтдан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай берилиши мумкин.
Шикоят бериш муддати, агар у узрли сабабга кўра ўтказиб юборилган бўлса, шикоятни кўриб чиқувчи орган томонидан тикланиши мумкин.
61. Лицензияловчи орган ёки Апелляция кенгаши шикоят бўйича ўн беш кун ичида қарор қабул қилиши шарт.
Талабгор (лицензиат) шикояти унинг иштирокида кўриб чиқилишини сўраши мумкин.
Шикоятни кўриб чиқиш якуни бўйича баённома тузилиши ва лицензияловчи орган ёки Апелляция кенгашининг раҳбари томонидан имзоланади.
62. Лицензияловчи орган ёки Апелляция кенгаши шикоят бўйича қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилишга ҳақли:
устидан шикоят қилинаётган қарорни ўзгаришсиз қолдириш;
устидан шикоят қилинаётган қарорга ўзгартишлар киритиш, қарорни бекор қилиш ёки янги қарор қабул қилиш тўғрисида хулоса бериш.
9-боб. Лицензиялар реестрини юритиш тартиби
63. Лицензиялар реестри лицензияловчи орган томонидан юритилади ва ундаги маълумот барча учун очиқ ҳисобланади.
64. Лицензияловчи орган қуйидаги маълумотларни лицензиялар реестрига ўз вақтида киритиб боришга жавобгар:
лицензия қайта расмийлаштирилганлиги;
лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилганлиги;
лицензиянинг амал қилиши қайта тикланганлиги;
лицензиянинг амал қилиши тугатилганлиги;
лицензия бекор қилинганлиги.
65. Лицензиялар реестрида лицензиатнинг реестр тартиб рақами ва реестрга киритилган сана, юридик шахс номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, юридик манзили, солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР), лицензиянинг ҳолати (амалда, тўхтатиб турилган, бекор қилинган, тугатилган) ва лицензия ҳолати ҳар бир ўзгаришининг асослари ва санаси ҳамда лицензиат фаолиятининг бошқа муҳим жиҳатлари кўрсатилган бўлиши керак.
10-боб. Якуний қоидалар
66. Лицензиат лицензия талаб ва шартларининг бажарилганлиги юзасидан лицензияловчи органга сохта, ёлғон ёки нотўғри маълумотлар берганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
67. Лицензияловчи орган (унинг мансабдор шахслари) лицензиатга нисбатан қўллаган жавобгарлик чоралари, шунингдек, лицензияни тўхтатиб туриш ва (ёки) бекор қилиш ноқонуний деб топилган тақдирда, лицензиатга келтирган зарарларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қоплайди.
«Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
«Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятини лицензиялаш
1. Лицензия номи: «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолияти учун лицензия 2. Лицензия тури: якка тартибдаги лицензия 3. Ариза берувчилар тоифаси: юридик шахс 4. Лицензияловчи орган: Дин ишлари бўйича қўмита 5. Лицензияни олиш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар: а) ариза. Аризада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади: юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган ери (почта манзили), фаолиятни амалга ошириш жойининг манзили, СТИР, банк муассасасининг номи ва банк ҳисобварағи, лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига риоя қилишга розилиги; тадбиркорлик субъекти раҳбари ва ходимларининг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган йили, манзили, паспорт (идентификацияловчи ID-карта) маълумотлари; б) лицензия талабгори томонидан Дин ишлари бўйича қўмитанинг «Зиёрат» жамғармасига 1 млн АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдордаги маблағларни тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат; в) «Умра» тадбирлари давомида зиёратчиларга гуруҳ раҳбари этиб диний билим ва кўникмаларга эга мутахассисни жалб қилиш бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузилган шартнома нусхаси; г) «Умра» хизматлари кўрсатиш бўйича Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра вазирлигининг «Умра» лицензиясига эга бўлган ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартнома нусхаси; д) зиёратчиларни ташиш ва парвозларни амалга ошириш бўйича авиакомпания(лар) билан тузилган ҳамкорлик шартномаси нусхаси; е) тадбиркорлик субъектининг зиёратчиларга сифатли хизмат кўрсатиши учун замонавий жиҳозланган бинода фаолият юритиши тўғрисидаги маълумот; ж) тадбиркорлик субъектининг фуқаролик жавобгарлигини суғурталашни тасдиқловчи суғурта полисининг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси. 6. Аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғим миқдори: базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари 7. Лицензия берилганлиги учун давлат божи миқдори: базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари. Давлат божи қуйидаги тартибда тақсимланади: 70 фоизи — Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига; 30 фоизи — Дин ишлари бўйича қўмитанинг бюджетдан ташқари жамғармасига. 8. Аризани кўриб чиқиш муддатлари: Ҳужжатлар қабул қилиш якунланган кундан бошлаб 30 кун давомида 9. Лицензия талаб ва шартлари: а) қонунчилик ҳужжатларига қатъий риоя қилиш; б) тадбиркорлик субъектлари томонидан «Зиёрат» жамғармасига 1 млн АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдордаги маблағларни захира қилиб қўйиш ҳамда ушбу маблағларнинг етарли миқдорини таъминлаб бориш;* в) «Умра» амалларини бажаришда зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб фақат Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисни тайинлаш;* г) штатида диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича таълим муассасаси, Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг «Диншунослик», «Исломшунослик», «Ислом тарихи ва манбашунослиги», «Зиёрат туризми» ва «Ислом ҳуқуқи» таълим йўналишлари (мутахассисликлар) битирувчиси бўлган камида бир нафар мутахассиснинг мавжудлиги; д) вояга етмаган фуқароларга хизмат кўрсатмаслик; е) ўз фаолиятини туроператор ва турагентлар орқали амалга оширмаслик;* ж) «Умра» тадбирларини ташкил этиш билан боғлиқ барча ҳаракатларни Портал орқали амалга ошириш, шу жумладан «Умра» тадбирига борадиган зиёратчилар тўғрисидаги маълумотларни сафардан олдин Порталга тўлиқ киритиб бориш;* з) зиёратчилар учун Саудия Арабистони Подшоҳлигининг фақат «Умра» визасини расмийлаштириш; и) «Умра» хизматларини Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга ошириш ҳамда улар томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун тўловларни банк муассасалари орқали амалга ошириш;* к) зиёратчиларга «Умра» амалларини бажаришлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш ва сифатли «Умра» хизматларини кўрсатиш, шунингдек, Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Макка ва Мадина шаҳарларида зиёратчиларга ўз вақтида тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этиш; л) халқаро йўналишларда йўловчи ва юк ташиш бўйича 2 йилдан кам бўлмаган тажрибага эга ҳамда ушбу давр мобайнида йўловчи ташишнинг халқаро ва миллий қонунчилик талабларини бузмаган авиакомпаниялар билан ҳамкорлик қилиш, шунингдек, зиёратчиларни юборишдан олдин уларга бориш-келиш авиачипталарини харид қилиш;* м) зиёратчиларни тоифаси 3 юлдуздан кам бўлмаган меҳмонхоналарга жойлаштириш; н) «Умра» хизматини учинчи давлатлар орқали кўрсатмаслик;* о) «Умра» хизматини лицензияда кўрсатилган манзилдан бошқа жойда жойлашган ваколатхона ва филиал орқали амалга оширмаслик;* п) электрон тўловлар, брон қилиш хизматларини кўрсатадиган веб-сайтга эга бўлиш. 10. Лицензия беришда келишиладиган органлар: мавжуд эмас 11. Лицензиянинг амал қилиш муддати: чекланмаган 12. Изоҳ. * қўпол равишда бузиш деб ҳисобланадиган лицензия талаб ва шартлари.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 октябрдаги 668-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ҳузуридаги «Зиёрат» жамғармаси тўғрисидаги
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ҳузуридаги «Зиёрат» жамғармасининг (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Жамғарма ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек, мазкур Низомга мувофиқ амалга оширади.
4. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида очилган Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси (кейинги ўринларда — Дин ишлари бўйича қўмита)нинг шахсий ғазна ҳисобварақларида жамланади ва ушбу Низомда белгиланган мақсадларга сарфланади.
2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш
5. Куйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:
диний мазмундаги материалларни диншунослик экспертизасидан ўтказиш учун ундириладиган тўловлар;
диний таълим муассасалари ҳамда «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятини лицензиялашда аризани кўриб чиқиш учун ундириладиган йиғимнинг қонунчиликда белгиланган қисми;
диний таълим муассасалари ҳамда «Умра» тадбирларини ташкил этиш фаолиятини лицензиялашда ундириладиган давлат божининг 30 фоизи;
лицензиялаш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун юридик шахслардан ундирилган жариманинг 10 фоизи;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банкларидаги депозитларга жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
халқаро ташкилотларнинг грантлари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
6. «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолияти учун лицензия олган юридик шахс (кейинги ўринларда — лицензиат) томонидан 1 млн АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдордаги маблағлар Жамғармага захира қилиб қўйилади ҳамда лицензиат ушбу маблағларнинг етарли миқдорини таъминлаб боради.
Ушбу маблағлардан «Умра» хизматлари сифатсиз кўрсатилишидан жабр кўрган зиёратчиларга етказилган моддий ва маънавий зарар ўрнини қоплашдан бошқа мақсадда фойдаланишга йўл қўйилмайди.
7. Жамғарманинг вақтинчалик бўш турган маблағлари Дин ишлари бўйича қўмита томонидан Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларининг депозит ҳисобварақларига жойлаштирилиши мумкин.
Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жамғармага маблағлар тушишининг тўлиқлиги ва сақланишини назорат қилади.
3-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш
8. Жамғарма маблағлари қуйидагиларга йўналтирилади:
«Умра» хизматлари сифатсиз кўрсатилишидан жабр кўрган зиёратчиларга етказилган моддий ва маънавий зарар ўрнини қоплаш;
Дин ишлари бўйича қўмитага юклатилган вазифаларни бажариш, жумладан диний-маърифий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш;
Дин ишлари бўйича қўмита ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий муҳофаза қилиш (санатория, курорт ва тиббий хизмат кўрсатиш, мукофотлар тўлаш, маошларга устамалар белгилаш, моддий ёрдам кўрсатиш);
Дин ишлари бўйича қўмита ходимларининг хизмат сафари харажатлари, шу жумладан хорижий давлатлардаги хизмат сафарлари харажатларини қоплаш;
Дин ишлари бўйича қўмитанинг ходимларини ўқитиш, малакасини ошириш ҳамда стажировка ўташи, шу жумладан, уларнинг хорижий давлатларга ташрифларини ташкил этиш ва хорижий давлатларда ўтказиладиган конференция, семинарлар ва бошқа тадбирларда иштирок этиш харажатларини қоплаш;
Дин ишлари бўйича қўмита фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрадиган хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар делегацияларининг ташрифларини ташкил этиш;
Дин ишлари бўйича қўмита бино ва иншоотларини сақлаш ҳамда бошқа жорий харажатлар, ёрдамчи техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлари таъминоти, ушбу Қўмита фаолиятини янада яхшилаш билан боғлиқ бошқа тадбирларни ўтказиш;
Дин ишлари бўйича қўмитанинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга ва фаолиятини ривожлантиришга йўналтирилган бошқа тадбирларни амалга ошириш.
9. Лицензиат томонидан «Зиёрат» жамғармасига захира қилиб қўйилган маблағлардан:
«Умра» хизматларини сифатсиз кўрсатишдан жабр кўрган фуқароларга етказилган моддий ва маънавий зарар ўрнини қоплаш учун зарар кўрган фуқаро (вакили)нинг ва (ёки) Дин ишлари бўйича қўмитанинг мурожаатига кўра суд қарорига мувофиқ;
зиёратчиларга етказилган ёки етказилиши мумкин бўлган моддий зарарни зудлик билан бартараф этиш зарурати юзага келганда лицензиатнинг сўровига асосан Дин ишлари бўйича қўмита томонидан фойдаланилади.
Бунда, фойдаланилган маблағлар тадбиркорлик субъекти томонидан 15 кун муддатда лицензия шартларига мувофиқ 1 млн АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорга етказилиши шарт.
9 1 . Жамғарма маблағларидан фойдаланиш Дин ишлари бўйича қўмитанинг ривожлантириш дастурларини маблағ билан таъминлаш орқали амалга оширилади ҳамда ушбу дастурлар ҳар йили маблағлар ва эҳтиёжлар прогнози асосида шакллантирилади.
9 2 . Жамғарма маблағларини сарфлаш Дин ишлари бўйича қўмита томонидан тасдиқланган Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ тегишли ғазна ҳисобварақларидан амалга оширилади.
9 3 . Жамғармадан пул маблағларини ажратиш тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметаси доирасида қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
9 4 . Жамғармадан ажратилган пул маблағларининг сарфланиши тўғрисидаги даромадлар ва харажатлар акс эттирилган ҳисобот ҳар чорак якуни бўйича бухгалтерия балансида акс эттирилади.
3 1 -боб. Жамғармани бошқариш
9 5 . Жамғарма маблағларини бошқариш ва тақсимлаш Дин ишлари бўйича қўмита раиси томонидан амалга оширилади.
9 6 . Дин ишлари бўйича қўмитанинг Молия-иқтисод бўлими Жамғарманинг ишчи органи ҳисобланади.
9 7 . Жамғарма маблағларининг ҳисоб ва ҳисоботини юритиш ҳамда жорий хизмат кўрсатиш ишлари Дин ишлари бўйича қўмитанинг Молия-иқтисод бўлими томонидан амалга оширилади. Жумладан:
Жамғарманинг келгуси йил учун даромадлари ва харажатлари прогноз кўрсаткичларини ишлаб чиқади;
Жамғарманинг даромадлар ва харажатлари сметасини тайёрлайди, зарур ҳолларда, тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметасига тузатишлар киритиш бўйича таклифлар киритади;
Жамғарма тушумларини кўпайтириш ва унинг маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлайди;
ушбу Низомда ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган харажатларни амалга оширади;
Жамғарма маблағларининг тушуми ва улардан фойдаланиш ҳисобини юритади;
Жамғармадан ажратилган пул маблағларининг сарфланиши тўғрисидаги даромадлар ва харажатларини бухгалтерия балансида акс эттирилишини таъминлайди;
Жамғарма сметасининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тузади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Жамғарма сметасининг ижроси тўғрисида ҳисобот тақдим этилишини таъминлайди.
3 2 -боб. Жамғарманинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш
9 8 . Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича ҳисоб ва ҳисоботлар Дин ишлари бўйича қўмитанинг бюджетдан ташқари ғазна ҳисобварақларида алоҳида юритилади.
9 9 . Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмаган маблағлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига олиб қўйилмайди ва улардан кейинги йилда фойдаланилади.
9 10 . Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилади ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси томонидан тасдиқланади.
9 11 . Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси ҳамда унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар, шунингдек, товарлар (ишлар, хизматлар)ни харид қилиш бўйича тузилган шартномалар рўйхатлари Дин ишлари бўйича қўмитанинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
9 12 . Жамғарма маблағларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилиши юзасидан давлат молиявий назорати қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда молиявий назорат хизматлари томонидан амалга оширилади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
11. Жамғарма маблағларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
12. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
12 1 . Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 октябрдаги 668-сон қарорига 3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги 364-сон қарори билан тасдиқланган «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 2-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«2. «Ҳаж» тадбири Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги (кейинги ўринларда Саудия Арабистони деб аталади) Ҳаж ва умра вазирлиги ўртасида ҳар йили имзоланадиган шартнома асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилади ҳамда бундай фаолият билан бошқа ташкилотларнинг шуғулланишига йўл қўйилмайди.
«Умра» тадбири Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва тегишли лицензияга эга юридик шахслар томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ташкил этиладиган «Умра» тадбири унинг Саудия Арабистонидаги ҳамкор ташкилоти ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ҳар йилги «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича жамоатчилик кенгашини ташкил этиш тўғрисида» 2006 йил 28 августдаги ПФ-3793-сон Фармони билан ташкил қилинган Ҳар йилги «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши (кейинги ўринларда Жамоатчилик кенгаши деб аталади) билан келишган ҳолда ҳар йили имзоланадиган шартномага мувофиқ Ушбу Низом талаблари асосида амалга оширилади.
Юридик шахслар томонидан «Умра» тадбирини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ фаолият Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарори билан тартибга солинади».
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомнинг 5-иловаси матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Туризм фаолиятини лицензиялаш
1. Лицензия номи: туристик фаолиятни амалга ошириш учун лицензия 2. Лицензияланадиган фаолиятнинг кичик турлари: а) ички туризм фаолияти (Ўзбекистон Республикаси ичкарисида туристик фаолиятни амалга ошириш); б) чиқиш туризми фаолияти (Ўзбекистон Республикасидан ташқарида туристик фаолиятни (шу жумладан, тиббий ва таълим туризмини) амалга ошириш); в) кириш туризми фаолияти (Ўзбекистон Республикасига чет эл фуқароларини жалб этишга оид туристик фаолиятни амалга ошириш). 3. Ариза берувчилар тоифаси: Жисмоний ва юридик шахслар 4. Лицензияловчи орган: Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар туризм бошқармалари 5. Лицензияни олиш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар: Туроператорлик фаолиятини амалга ошириш учун: а) ариза; аризада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади: юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган ери (почта манзили), фаолиятни амалга ошириш жойининг манзили, СТИР, банк муассасасининг номи ва банк ҳисобварағи, фаолиятнинг лицензияланаётган тури, лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига риоя қилишга розилиги, ариза тўлдириш сабаби (янги лицензия олиш, қайта расмийлаштириш); б) талабгорнинг камида икки чет тилидаги, брон қилиш хизматларини кўрсатадиган веб-сайтга эга бўлиши (ушбу талабнинг чет тиллари бўйича қисми «ички туризм» йўналишидаги лицензиатларга тааллуқли эмас) тўғрисидаги маълумотлар; в) юридик шахс штатида «туризм» йўналиши бўйича олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар, профессионал маълумотга ёки малака сертификатига эга бўлган камида бир нафар мутахассиснинг бўлиши; г) туроператорларнинг фуқаролик жавобгарлигини суғурталашни тасдиқловчи суғурта полисининг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг электрон нусхалари; д) раҳбарнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, тугилган йили, паспорт (идентификацияловчи ID-карта) маълумотлари, уй манзили, маълумоти, алоқа телефонлари кўрсатилган маълумотлар. маблағларни Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилинганлиги ҳақидаги маълумотни ўзи мустақил тарзда олади. Турагентлик фаолиятини амалга ошириш учун: а) ариза; юридик шахслар учун: юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган ери (почта манзили), фаолиятни амалга ошириш жойининг манзили, банк муассасасининг номи ва банк ҳисобварағи, СТИР, фаолиятнинг лицензияланаётган тури, лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига риоя қилишга розилиги, ариза тўлдириш сабаби (янги лицензия олиш, қайта расмийлаштириш); жисмоний шахслар учун: фамилияси, исми, отасининг исми, ЖШШИР (мавжуд бўлса), фаолиятни амалга ошириш жойи, яшаш жойи, электрон почта манзили (мавжуд бўлса), телефон рақами, лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига риоя қилишга розилиги, лицензия тоифалари бўйича танлаш, ариза тўлдириш сабаби (янги лицензия олиш, қайта расмийлаштириш). б) мижозга лицензиатнинг иш режими, жойлашган ери (почта манзили), тегишли лицензия, лицензиатнинг фамилияси, исми, отасининг исми тўғрисида тўлиқ ва батафсил маълумот бериш, жумладан, ушбу кўрсатилган маълумотларни ўзининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтига жойлаштирилганлиги тўғрисида маълумотлар; в) лицензияловчи орган «чиқиш туризми» йўналиши бўйича туризм фаолиятини амалга ошириш учун лицензия талабгорларига 15 минг АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги маблағларни Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилинганлигини ҳақидаги маълумотни ўзи мустақил тарзда олади. 6. Аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғим миқдори: базавий ҳисоблаш миқдорининг 2,5 баравари 7. Лицензия берилганлиги учун давлат божи миқдори: «Ички туризм» йўналиши бўйича туризм фаолияти учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари; «чиқиш туризми» ёки «кириш туризми» йўналиши бўйича туризм фаолияти ёхуд биттадан ортиқ йўналиш тури бўйича туризм фаолиятини амалга ошириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари. 8. Аризани кўриб чиқиш муддатлари: 3 кун. 9. Лицензия талаблари ва шартлари: Туроператорлар фаолиятини амалга ошириш учун лицензиялаш талаблари ва шартлари қуйидагилардан иборат: а) туризм тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига қатъий риоя қилиш; б) юридик шахс штатида «туризм» йўналиши бўйича олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига ёки малака сертификатига эга бўлган камида бир нафар мутахассиснинг бўлиши;* в) юридик шахс ходимлари (гидлар (гид-таржимонлар), экскурсия етакчилари ва йўриқчи-йўл бошловчилар) уч йилда камида бир марта белгиланган тартибда малака сертификатини олиши;* г) туризм маҳсулоти буюртмачиси билан, шу жумладан, ўзбекистон Республикасининг туризм хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига жавоб берадиган электрон тижорат шартномаси тузилганидан кейин туризм хизматларини кўрсатиш; д) ҳар бир туристга ва экскурсантга туристик саёҳат вақтида Ўзбекистон Республикасига ҳамда чет давлатларга кириш, улардан чиқиш ва уларда бўлишнинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисидаги ахборотни етказиш; е) мижозга лицензиатнинг иш режими, унинг жойлашган жойи (почта манзили), тегишли лицензия, туризм хизматлари сертификатининг мавжудлиги (агар мавжуд бўлса), туризм фаолиятининг аниқ йўналишлари учун масъул бўлган лицензиатнинг мутахассислари фамилияси, исми, отасининг исми тўғрисида тўлиқ ва батафсил маълумот бериш, жумладан, ушбу кўрсатилган маълумотларни ўзининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтига жойлаштириш; ж) лицензиат камида икки чет тилидаги, брон қилиш хизматларини кўрсатадиган веб-сайтга эга бўлиши (ушбу талабнинг чет тиллари бўйича қисми «ички туризм» йўналишидаги лицензиатларга тааллуқли эмас); з) туроператорларнинг фуқаролик жавобгарлигини суғурталашни тасдиқловчи суғурта полисининг мавжудлиги;* и) хорижий мамлакатлардаги таълим ва (ёки) тиббиёт муассасаси томонидан берилган белгиланган фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат нусхасининг мавжудлиги («чиқиш туризми» йўналиши бўйича таълим ва (ёки) тиббиёт туризми фаолиятини амалга ошириш учун);* к) хорижий мамлакатлардаги таълим ва (ёки) тиббиёт муассасаси билан ҳамкорлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг мавжудлиги («чиқиш туризми» йўналиши бўйича таълим ва (ёки) тиббиёт туризми фаолиятини амалга ошириш учун);* л) фаолиятни фақат лицензияда кўрсатилган йўналиш(лар) бўйича амалга ошириш;* м) мижозлар ва чет эллик ҳамкорлар билан тузилган тегишли шартномасиз туризм хизматларини кўрсатмаслик;* н) туризм хизматлари сертификати билан тасдиқланган туристлар ва экскурсиячиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфсизликни таъминлаш тизимининг лицензиатда мавжудлиги. Турагентлар фаолиятини лицензиялаш талаблари ва шартлари қуйидагилардан иборат: а) туризм тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига қатъий риоя қилиш; б) туризм фаолиятининг «чиқиш туризми» йўналишидаги фаолиятни фақат юридик шахс ташкил этган ҳолда амалга ошириш;* в) «чиқиш туризми» йўналиши бўйича туризм фаолиятини амалга ошириш учун лицензия талабгорларига 15 минг АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги маблағларни Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиши;* г) туроператор билан шартнома тузилгандан сўнг туроператорлар томонидан яратилган туризм маҳсулотини тарғиб ва реализация қилиш;* д) ҳар бир туристга ва экскурсиячига туристик саёҳат вақтида Ўзбекистон Республикасига ҳамда чет давлатларга кириш, улардан чиқиш ва уларда бўлишнинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисидаги ахборотни етказиш; е) мижозга лицензиатнинг иш режими, жойлашган ери (почта манзили), тегишли лицензия, лицензиатнинг фамилияси, исми, отасининг исми тўғрисида тўлиқ ва батафсил маълумот бериш, жумладан, ушбу кўрсатилган маълумотларни ўзининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтига жойлаштириш. 10. Лицензия беришда келишиладиган органлар: мавжуд эмас. 11. Лицензиянинг амал қилиш муддати: чекланмаган 12. Изоҳ. * Қўпол равишда бузиш деб ҳисобланадиган талаб ва шартлар. ».
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 12 октябрь,
668-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
PASPORTI
NIZOM
PASPORTI
“Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq chora-tadbirlarni yanada takomillashtirish toʻgʻrisida
“Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish uchun litsenziya olish talablarini belgilash, ziyoratchilarga amallarni munosib va xavfsiz bajarishlari uchun shart-sharoitlar yaratish, ularning huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish, shuningdek, sifatli va kafolatlangan xizmatlardan foydalanishini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
“Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish faoliyatini litsenziyalash sohasidagi vakolatli organ etib Din ishlari boʻyicha qoʻmita belgilanganligi;
“Litsenziyalash, ruxsat berish va xabardor qilish tartib-taomillari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasining Qonuniga muvofiq litsenziyalarni yoki ularga doir huquqlarni boshqa shaxslarga berish taqiqlanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Belgilansinki, “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish faoliyati uchun litsenziya yakka tartibdagi litsenziya turi hisoblanadi.
Bunda litsenziyalar soni Din ishlari boʻyicha qoʻmita tomonidan belgilanadi hamda litsenziyalarni berish tanlov asosida amalga oshiriladi.
3. Quyidagilarni nazarda tutuvchi “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish faoliyatini litsenziyalash tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
“Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish faoliyatini amalga oshirish talablari va shartlari;
tanlov oʻtkazish, arizalarni koʻrib chiqish tartibi, tanlov komissiyasi ishini tashkil etish;
litsenziyani rasmiylashtirish va qayta rasmiylashtirish, toʻxtatib turish, bekor qilish va tugatish asoslari;
vakolatli organning qarori ustidan shikoyat berish va uni koʻrib chiqish.
4. Din ishlari boʻyicha qoʻmita huzurida yuridik shaxs hisoblanmaydigan “Ziyorat” jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) tashkil etilsin.
Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmita huzuridagi “Ziyorat” jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
5. Belgilansinki, “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish faoliyati uchun litsenziya olgan yuridik shaxs (keyingi oʻrinlarda — litsenziat) tomonidan “Ziyorat” jamgʻarmasiga zaxira qilib qoʻyilgan mablagʻlardan:
“Umra” xizmatlarini sifatsiz koʻrsatishdan jabr koʻrgan fuqarolarga yetkazilgan moddiy va maʼnaviy zarar oʻrnini qoplash uchun zarar koʻrgan fuqaro (vakili)ning va (yoki) Din ishlari boʻyicha qoʻmitaning murojaatiga koʻra sud qaroriga muvofiq;
ziyoratchilarga yetkazilgan yoki yetkazilishi mumkin boʻlgan moddiy zararni zudlik bilan bartaraf etish zarurati yuzaga kelganda litsenziatning soʻroviga asosan Din ishlari boʻyicha qoʻmita tomonidan foydalaniladi.
6. Oʻzbekiston musulmonlari idorasi va Din ishlari boʻyicha qoʻmitaning ziyoratchilarga “Umra” amallarini bajarishda diniy bilim va koʻnikmalarga ega mutaxassislarni guruh rahbari sifatida ajratish boʻyicha quyidagi tartibni joriy etish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin:
mutaxassis ziyoratchilarning “Umra” tadbirlariga doir faqat diniy amallarni bajarishga rahbarlik qiladi;
mutaxassisning ziyoratchilar guruhiga rahbarlik qilish majburiyat va vazifalari, shuningdek, toʻlov miqdori hamda ajratiladigan mutaxassislar soni Oʻzbekiston musulmonlari idorasi bilan tuziladigan shartnomada belgilanadi;
1 nafar mutaxassisga 50 nafardan oshmagan ziyoratchilar guruhi biriktiriladi.
7. Oʻzbekiston Respublikasining 2024-yil 2-iyulda qabul qilingan “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi OʻRQ-935-sonli Qonun 2024-yil 5-oktabrdan kuchga kirganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
Din ishlari boʻyicha qoʻmitaga “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha faoliyat uchun litsenziyaning ilk tanlovni oʻtkazishda, istisno tariqasida, tanlovini oʻtkazish toʻgʻrisidagi eʼlonni tanlov oʻtkazilishidan 10 kun oldin belgilangan tartibda joylashtirishga ruxsat berilsin.
8. Belgilansinki, fuqarolarni diniy amallar (“Haj” va “Umra”)ni bajarish uchun Saudiya Arabistoni Podshohligiga tegishli turdagi vizasiz yuborish taqiqlanadi.
9. Quyidagilar:
Din ishlari boʻyicha qoʻmita — “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish faoliyati bilan shugʻullanuvchi yuridik shaxslar tomonidan oʻz faoliyatini litsenziya talab va shartlariga muvofiq amalga oshirilishi yuzasidan;
Ichki ishlar vazirligi — fuqarolarga “Umra” xizmatlarini litsenziyasiz koʻrsatish holatlarini barvaqt aniqlash va tegishli huquqiy choralar koʻrilishi yuzasidan Din ishlari boʻyicha qoʻmitaga koʻmaklashsin;
Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi — “Umra” xizmatlarini koʻrsatish boʻyicha reklamalarni joylashtirishda qonunchilik talablari buzilishi holatlarini bartaraf etish boʻyicha doimiy monitoring oʻrnatilishini taʼminlasin.
10. Din ishlari boʻyicha qoʻmita:
ikki oy muddatda “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish litsenziyasiga ega yuridik shaxslarning faoliyatini reyting asosida baholash tizimi joriy etilishini hamda ushbu reytingning oʻz rasmiy veb-saytida berib borilishini;
Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi va Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi bilan birgalikda doimiy ravishda ushbu qaror mazmun-mohiyatini keng jamoatchilikka yetkazilishini taʼminlasin.
11. Vazirlar Mahkamasining “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazishda ziyoratchilarning manfaatlarini samarali himoya qilish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi 2023-yil 8-avgustdagi 345-son qarori oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
12. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga 3-ilovaga muvofiq oʻzgartirishlar kiritilsin.
13. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmitasi raisi S.D. Toshboyev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 12-oktabrdagi 668-son qaroriga 1-ILOVA
“Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish faoliyatini litsenziyalash tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish faoliyatini amalga oshirish huquqi uchun litsenziya berish tartibini belgilaydi.
Oʻzbekiston musulmonlari idorasi tomonidan “Umra” tadbirini tashkil etish bilan bogʻliq faoliyat Vazirlar Mahkamasining “Haj” va “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazishni yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 7-iyundagi 364-son qarori bilan tartibga solinadi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
litsenziat — “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish faoliyatini amalga oshirish uchun litsenziyaga ega boʻlgan yuridik shaxs;
talabgor — “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish faoliyatini amalga oshirish uchun yakka tartibdagi litsenziyani olish maqsadida belgilangan tartibda murojaat qilgan yuridik shaxs;
litsenziyalovchi organ — Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmitasi;
litsenziyalash pasporti — “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish faoliyatini litsenziyalash uchun talabgor tomonidan taqdim etiladigan hujjatlar va toʻlanadigan yigʻim (davlat boji), murojaatni koʻrib chiqish muddatlari hamda litsenziat tomonidan bajarilishi majburiy boʻlgan talablar va shartlar majmui;
yakka tartibdagi litsenziya — litsenziyalar soni litsenziyalovchi organ tomonidan chegaralanadigan hamda har bir litsenziya tanlov asosida talabgorlarga beriladigan litsenziya turi.
3. “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish faoliyatini amalga oshirish jarayonida quyidagilar talab etiladi:
mazkur Nizomning ilovasida nazarda tutilgan litsenziyalash pasportida nazarda tutilgan litsenziya talablari va shartlariga rioya etish;
litsenziya olish va qayta rasmiylashtirish uchun taqdim etiladigan maʼlumotlarning soxta, yolgʻon va notoʻgʻri emasligini taʼminlash;
xodimlar bilan mehnat shartnomalarini tuzish, mehnat shartnomalariga oʻzgartirish kiritish va ularni bekor qilish toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni “Yagona milliy mehnat tizimi” idoralararo dasturiy-apparat kompleksidan foydalangan holda yuritish;
litsenziat qayta tashkil etilganda, uning nomi yoki joylashgan joyi (pochta manzili) oʻzgargan taqdirda, bu haqda besh ish kunida litsenziyalovchi organga tegishli maʼlumotlarni tasdiqlovchi hujjatlarni ilova qilgan holda litsenziyani qayta rasmiylashtirish toʻgʻrisida murojaat qilish.
2-bob. Litsenziya berish uchun tanlov oʻtkazishga tayyorgarlik koʻrish
4. “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish faoliyatini amalga oshirish uchun yakka tartibdagi litsenziya beriladi.
Bunda:
litsenziyalar soni Vazirlar Mahkamasi bilan kelishilgan holda litsenziyalovchi organ tomonidan belgilanadi;
yakka tartibdagi litsenziyalarni berish tanlov asosida amalga oshiriladi.
Tanlov ziyoratchilarning “Umra” amallarini munosib va xavfsiz bajarishlarini taʼminlash, xorijda ularning huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish va kafolatlangan xizmatlardan foydalanishini taʼminlash uchun munosib talabgorni tanlab olish maqsadida oʻtkaziladi.
5. Qoʻmita tanlov oʻtkazilishidan kamida 30 kun oldin ommaviy axborot vositalarida, shuningdek, oʻzining rasmiy veb-saytida tanlov oʻtkazilishi toʻgʻrisidagi eʼlon beradi.
Eʼlonda quyidagi maʼlumotlar boʻlishi lozim:
tanlov oʻtkaziladigan sana;
arizalarni qabul qilishning boshlanish va soʻnggi muddatlari;
tanlovda qatnashish shartlari;
arizani koʻrib chiqish yigʻimi uchun toʻlov rekvizitlari.
6. Tanlovda Oʻzbekiston Respublikasida belgilangan tartibda roʻyxatdan oʻtgan yuridik shaxslar qatnashishi mumkin.
Tanlovda qatnashish uchun talabgor eʼlonda koʻrsatilgan muddat davomida ariza taqdim etadi.
Talabgor ariza bilan birga litsenziyalash pasportining 5-bandiga muvofiq barcha hujjatlarni litsenziyalovchi organga taqdim etishi lozim.
Talabgor arizani va u bilan birga taqdim etgan hujjatlarini arizani qabul qilishning soʻnggi muddatiga qadar oʻzgartirishga haqli.
7. Arizani koʻrib chiqish uchun yigʻim undiriladi.
Yigʻim toʻlanganligi axborot-kommunikatsiya tizimlari orqali tasdiqlanadi.
Yigʻim summasi litsenziyalovchi organning budjetdan tashqari hisobvaragʻiga yoʻnaltiriladi.
8. Ariza quyidagi hollarda qabul qilinmaydi:
tanlovdan tashqari yoki tanlovning arizalarni qabul qilish muddati buzib berilgan taqdirda;
soxta, yolgʻon yoki notoʻgʻri maʼlumotlar kiritilganligi aniqlanganda;
yigʻim toʻlanmaganda;
litsenziya talablari va shartlariga rioya etilishi tasdiqlanmaganda;
talabgorning “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish faoliyati muayyan muddatga toʻxtatilganda;
talabgorning tegishli faoliyat bilan shugʻullanishi sudning qaroriga asosan muayyan muddatga taqiqlanganda.
Mazkur bandda koʻrsatilganlardan tashqari boshqa asoslar bilan arizani qabul qilmaslikka yoʻl qoʻyilmaydi.
9. Litsenziyalovchi organ tomonidan talabgorning hujjatlarida kamchiliklar aniqlangan taqdirda ularni bartaraf etish uchun 10 kundan ortiq boʻlmagan muddat beriladi.
Belgilangan muddat davomida kamchiliklar bartaraf etilmagan taqdirda arizani koʻrib chiqish rad etiladi.
Belgilangan muddat oʻtganidan keyin talabgor tomonidan topshirilgan ariza yangidan topshirilgan hisoblanadi va litsenziyalovchi organ tomonidan umumiy asoslarda koʻrib chiqiladi.
10. Talabgor oʻz arizasidan uni koʻrib chiqishning har qanday bosqichida voz kechish huquqiga ega hamda bunday hollarda uning arizasi koʻrib chiqilmasdan qoldiriladi va toʻlangan yigʻim qaytarilmaydi.
11. Belgilangan muddat tugagandan keyin arizalarni qabul qilish toʻxtatiladi.
Agar belgilangan muddatda tanlovda qatnashish uchun faqat bitta litsenziya talabgoridan ariza kelib tushsa, u holda arizalarni qabul qilish muddati 15 kunga uzaytiriladi.
3-bob. Tanlov komissiyasi ishini tashkil etish
12. Tanlovni oʻtkazish va talabgorlar orasidan eng maqbulini tanlab olish maqsadida litsenziyalovchi organ tomonidan toq sondan iborat, biroq, 7 nafar aʼzodan oshmagan tarkibda Tanlov komissiyasi tuziladi.
Tanlov komissiyasi oʻz faoliyatini amalga oshirish uchun mutaxassislarni, boshqa manfaatdor vazirliklar va idoralarning vakillarini ovoz berish huquqisiz jalb etishi mumkin.
13. Din ishlari boʻyicha qoʻmita raisi bir vaqtning oʻzida Tanlov komissiyasining ishiga rahbarlik qiladi.
Tanlov komissiyasi raisi yoʻqligida uning vazifalarini oʻrinbosari bajaradi.
14. Tanlov komissiyasi yigʻilishi oʻz vakolatiga kiradigan masalalarning tayyorlanishiga qarab oʻtkaziladi.
Tanlov komissiyasi yigʻilishi oʻz aʼzolarining kamida uchdan ikki qismi ishtirok etgan taqdirda, vakolatli hisoblanadi.
Litsenziyalovchi organning litsenziyalash uchun masʼul tarkibiy boʻlinmasi Tanlov komissiyasining ishchi organi hisoblanadi hamda talabgor tomonidan litsenziya pasportining 5-bandida belgilangan hujjatlarning toʻliq va toʻgʻri taqdim etilganligini tekshirish uchun javobgar boʻladi.
15. Tanlov komissiyasining aʼzosi quyidagi hollarda komissiya yigʻilishida ishtirok etishi mumkin emas va u rad etilishi (oʻzini oʻzi rad etishi) shart:
tanlovda koʻrib chiqilayotgan talabgor yuridik shaxs taʼsischisiga va (yoki) uning aʼzosiga yaqin qarindosh boʻlsa yoxud ushbu shaxsga xizmat jihatidan, moddiy yoki boshqa tomondan qaram boʻlsa;
Tanlov komissiyasi yigʻilishining natijasidan va unda qabul qilinadigan qarordan bevosita yoki bilvosita manfaatdor boʻlsa yoxud uning begʻarazligiga shubha tugʻdiradigan boshqa holatlar mavjud boʻlsa.
16. Rad etish bildirilgan Tanlov komissiyasi aʼzosi rad etish toʻgʻrisidagi masala koʻrilishidan oldin oʻz tushuntirishlarini berishga haqli.
Rad etish toʻgʻrisidagi masala rad qilinayotgan shaxsning yoʻqligida Tanlov komissiyasining qolgan aʼzolari tomonidan oddiy koʻpchilik ovozi bilan hal etiladi.
17. Tanlov komissiyasining qarori bayonnoma shaklida rasmiylashtiriladi hamda ochiq ovoz berish orqali yigʻilish ishtirokchilarining oddiy koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi.
Tanlov komissiyasining aʼzolari ovoz berishda ishtirok etishdan bosh tortish huquqiga ega emas.
Raislik qiluvchi oxirida ovoz beradi. Ovozlar teng boʻlib qolgan taqdirda, raislik qiluvchining ovozi hal qiluvchi boʻladi.
18. Tanlov komissiyasining qaroriga rozi boʻlmagan aʼzo ishtirokchi bayonnomani imzolaydi va u oʻzining alohida fikrini yozma tarzda bayon qilishga haqli.
Alohida fikr yigʻilish bayonnomasiga qoʻshib qoʻyiladi, lekin eʼlon qilinmaydi.
4-bob. Tanlovni oʻtkazish tartibi
19. Arizalar Tanlov komissiyasi tomonidan hujjatlarni qabul qilish muddati yakunlanganidan soʻng bir oy muddatda koʻrib chiqiladi.
20. Agar tanlovda ishtirok etish uchun arizalarni taqdim etishning qoʻshimcha muddati tugagan paytda faqat bitta talabgor tomonidan hujjatlar taqdim etilgan yoki birorta ham arizalar taqdim etilmagan boʻlsa, tanlov oʻtkazilmagan deb hisoblanadi va qayta eʼlon beriladi.
21. Tanlov komissiyasi talabgorlar orasidan eng maqbulini quyidagi qoʻshimcha mezonlar asosida saralaydi:
talabgorning Saudiya Arabistoni Podshohligidagi hamkor tashkilotining rasmiy faoliyat yuritishi. Bunda, ushbu maʼlumotlar Oʻzbekiston Respublikasining Jidda shahridagi Bosh konsulligi tomonidan taqdim etiladi;
talabgorning Saudiya Arabistoni Podshohligi Makka va Madina shaharlarida ziyoratchilar uchun tibbiy xizmat koʻrsatishni tashkil etish darajasi;
ziyoratchilarni tashish va parvozlarni amalga oshirish uchun tanlangan aviakompaniya(lar)ning imidji hamda Oʻzbekiston Respublikasining rezidenti ekanligi. Bunda, Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlar asosida baholanadi;
ziyoratchilarga koʻrsatiladigan qoʻshimcha xizmatlar hamda ular bilan “tunu-kun” rejimida qayta aloqa oʻrnatish imkoniyatlari;
talabgor tomonidan “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish rejalashtirilgan bino-inshootlarning holati;
talabgor tomonidan zaxira qilib qoʻyilgan mablagʻlar miqdori;
talabgorning boshqa tadbirkorlik faoliyati boʻyicha qonunchilik hujjatlariga rioya etilganlik holati, fuqarolarning qonuniy manfaatlari taʼminlanganligi.
22. Qonunchilik hujjatlari, shuningdek litsenziyalash pasportining 9-bandida nazarda tutilgan litsenziya talablari va shartlariga mosligi hamda ushbu Nizomning 21-bandida nazarda tutilgan qoʻshimcha mezonlar boʻyicha ustunlikka ega boʻlgan talabgor(lar) tanlov gʻolibi deb eʼtirof etiladi.
Tanlov komissiyasining qaroriga muvofiq asosiy gʻolibdan soʻng eng yaxshi natija koʻrsatgan talabgor zaxiradagi gʻolib deb eʼtirof etiladi.
Bunda tanlov gʻoliblari tomonidan taqdim etilayotgan qoʻshimcha takliflar tanlovning qoʻshimcha talab va shartlari sifatida belgilanadi.
23. Litsenziya berish yoki berishni rad etish toʻgʻrisidagi qaror litsenziyalovchi organ tomonidan Tanlov komissiyasining bayonnomasi asosida litsenziyalash pasportining 8-bandida belgilangan muddatda qabul qilinadi.
Litsenziyalovchi organ arizani koʻrib chiqish muddati davomida hujjatlarni tekshirishi, zaruratga koʻra boshqa davlat organlarida mavjud, qaror qabul qilish uchun zarur boʻlgan maʼlumotlarni mustaqil ravishda olishi, obyektlarni joyiga chiqib oʻrganishi, ushbu harakatlarni amalga oshirish uchun oʻz xodimlari tarkibidan yoki oʻz hisobidan boshqa shaxslarni jalb qilgan holda ekspert va ishchi guruhlar tashkil etishi, shuningdek, talabgorning litsenziya talablari va shartlariga muvofiqligini belgilaydigan qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa harakatlarni amalga oshirishi mumkin.
24. Tanlov yakuni bayonnomasi 3 ish kuni davomida rasmiylashtirilishi va unda quyidagilar koʻrsatilishi lozim:
Tanlov komissiya yigʻilishida qatnashgan aʼzolar toʻgʻrisida maʼlumot;
litsenziya talabgorlari toʻgʻrisida maʼlumot;
talabgorlarning ushbu Nizomning 21-bandida belgilangan mezonlar boʻyicha ustunligi haqida maʼlumotlar;
tanlov gʻolibi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar.
25. Tanlov yakunlari toʻgʻrisidagi bildirishnoma aynan uning oʻtkazilishi toʻgʻrisida xabar qilingan nashrlarda, tanlov yakunlari toʻgʻrisidagi bayonnoma imzolangan kunning ertasidan kechiktirmay eʼlon qilinadi.
26. Agar tanlov gʻolibi tanlov natijalari eʼlon qilingan kundan boshlab 10 kalendar kun davomida litsenziya uchun davlat bojini toʻlamasa yoki Tanlov komissiyasi tomonidan tanlov gʻolibi taqdim etgan hujjatlarning haqiqatga toʻgʻri kelmasligi aniqlangan taqdirda, Tanlov komissiyasi uni chetlashtirish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
Tanlovning asosiy gʻolibi chetlashtirilgan taqdirda, tanlovning zaxiradagi gʻolibi tanlov gʻolibi sifatida eʼtirof etiladi.
Zaxiradagi gʻolib tomonidan 30 kalendar kun davomida ijobiy javob berilmasa, Tanlov komissiyasi tanlovni boʻlib oʻtmagan deb topadi va takroriy tanlov eʼlon qiladi.
27. Tanlov oʻtkazilmagan deb eʼtirof etilgan taqdirda va tanlovda gʻolib deb eʼtirof etilmagan talabgorlarning litsenziyalovchi organning tegishli hisobvaragʻida zaxira qilingan mablagʻlari 3 ish kuni mobaynida qaytarib beriladi.
29. Joylarda aholining “Umra” xizmatlarini koʻrsatuvchi tashkilotlarga boʻlgan ehtiyojiga koʻra, istisno tariqasida, Tanlov komissiyasining xulosasiga asosan litsenziya talab va shartlariga qatʼiy amal qiluvchi, faoliyatida ijobiy natijalarga erishgan litsenziatga “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish faoliyatini yuridik shaxs maqomiga ega boʻlmagan vakolatxona va filial orqali amalga oshirishga ruxsat berilishi mumkin.
Bunda, vakolatxona va filial manzili litsenziyada koʻrsatiladi. Litsenziyada koʻrsatilmagan manzil boʻyicha “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish faoliyati bilan shugʻullanishga yoʻl qoʻyilmaydi.
5-bob. Litsenziyani qayta rasmiylashtirish
30. Litsenziat qayta tashkil etilganda, uning nomi yoki joylashgan joyi (pochta manzili) oʻzgargan taqdirda, yuridik shaxs qayta roʻyxatdan oʻtganidan keyin besh ish kunida litsenziyalovchi organga koʻrsatib oʻtilgan maʼlumotlarni tasdiqlovchi tegishli hujjatlarni ilova qilgan holda litsenziyani qayta rasmiylashtirish toʻgʻrisida murojaat qiladi.
Yangidan yuzaga kelgan yuridik shaxsni davlat roʻyxatidan oʻtkazish sanasida “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish faoliyatini amalga oshirish uchun litsenziyasi mavjud boʻlgan yuridik shaxslar qoʻshib yuborilgan taqdirda, litsenziyani ushbu bandning birinchi xatboshisida belgilangan tartibda qayta rasmiylashtirishga yoʻl qoʻyiladi.
31. Litsenziyani qayta rasmiylashtirish uchun hujjatlar litsenziyalovchi organga taqdim etiladi.
Litsenziyani qayta rasmiylashtirish uchun litsenziya berish toʻgʻrisidagi arizani koʻrib chiqish uchun undiriladigan yigʻimning yarmi undiriladi.
Litsenziyani qayta rasmiylashtirish uchun davlat boji undirilmaydi.
32. Litsenziyani qayta rasmiylashtirish toʻgʻrisidagi ariza tegishli hujjatlar ilova qilingan holda litsenziyalovchi organga kelib tushgan kundan boshlab 10 ish kuni ichida litsenziya qayta rasmiylashtirib beriladi.
Litsenziya qayta rasmiylashtirilguniga qadar litsenziat unda koʻrsatilgan faoliyatni litsenziyani qayta rasmiylashtirish toʻgʻrisidagi arizasi asosida amalga oshiradi.
Litsenziyalovchi organ litsenziyani qayta rasmiylashtirishda litsenziyalar reyestriga tegishli oʻzgartirishlar kiritadi.
Ushbu Nizomning 29-bandida koʻrsatilgan asoslar mavjud boʻlganda litsenziyalovchi organ tomonidan litsenziyani qayta rasmiylashtirishni rad etish taqiqlanadi.
6-bob. Litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish, bekor qilish va tugatish
33. Litsenziyaning amal qilishi quyidagi hollarda litsenziyalovchi organ tashabbusi bilan toʻxtatib turilishi mumkin:
litsenziya talablari va shartlari litsenziat tomonidan buzilganligi aniqlanganda;
litsenziat tomonidan litsenziyalovchi organning litsenziat zimmasiga aniqlangan qoidabuzarliklarni bartaraf etish majburiyatini yuklovchi qarori bajarilmaganda.
34. Litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish litsenziyalovchi organ yoki sud tomonidan amalga oshiriladi. Litsenziyaning amal qilishi litsenziyalovchi organ tomonidan 10 kundan koʻp boʻlmagan muddatga, sud tomonidan esa 10 kundan ortiq, lekin olti oydan koʻp boʻlmagan muddatga toʻxtatib turilishi mumkin.
Belgilangan muddat ichida litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish uchun asos boʻlgan sabab va kamchiliklar bartaraf qilinmasa, litsenziyalovchi organ litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish muddatini uzaytirish boʻyicha sudga daʼvo ariza kiritishi lozim.
Litsenziatlar ushbu Nizomning 32-bandida nazarda tutilgan litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turishga olib kelgan holatlarni litsenziyalovchi organlar yoki sud belgilagan muddatda bartaraf etmaganda, litsenziyalovchi organ litsenziyani bekor qilish toʻgʻrisida sudga daʼvo arizasi kiritadi.
35. Litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish toʻgʻrisidagi qaror litsenziyalovchi organ tomonidan qabul qilinadi.
Litsenziyaning amal qilishi toʻxtatib turish toʻgʻrisidagi qaror qabul qilingan kunning oʻzida litsenziatga yetkaziladi va bu haqida litsenziyalar reyestriga tegishli yozuv kiritiladi.
36. Litsenziyalovchi organ yoki sud litsenziyaning amal qilishi toʻxtatib turilishiga sabab boʻlgan holatlarning litsenziat tomonidan bartaraf etilishi uchun yetarli, ammo besh ish kunidan kam va olti oydan koʻp boʻlmagan muddat taqdim etadi.
37. Litsenziat litsenziyaning amal qilishi toʻxtatib turilishi haqida qaror kelib tushganidan soʻng qarorda koʻrsatilgan kamchiliklarni bartaraf etishi va qarorda koʻrsatilgan muddat yakunlanguniga qadar litsenziyalovchi organga kamchiliklar bartaraf etilganligi toʻgʻrisidagi tasdiqnoma va asoslovchi hujjatlarni ilova qilgan holda maʼlumot yuborishi lozim.
Litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish haqidagi qaror sud tomonidan qabul qilingan boʻlsa, kamchiliklar bartaraf etilganligi toʻgʻrisidagi tasdiqnoma va asoslovchi hujjatlar qarorda koʻrsatilgan muddat yakunlanguniga qadar sudga va litsenziyalovchi organga taqdim etilishi lozim.
38. Litsenziyalovchi organ kamchiliklar bartaraf etilganligi toʻgʻrisidagi maʼlumot tushgan kundan boshlab 3 ish kuni ichida maʼlumotlarni tahlil qiladi va zaruratga koʻra kamchiliklar bartaraf etilganligini joyiga chiqqan holda oʻrganishi mumkin.
39. Tahlil yoki oʻrganishlar natijasida litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turishga sabab boʻlgan holatlar litsenziat tomonidan bartaraf etilganligi aniqlangan taqdirda, litsenziyalovchi organ kamchiliklar bartaraf etilganligi toʻgʻrisida tasdiqnoma olingan kundan eʼtiboran 3 ish kuni ichida litsenziyaning amal qilishini qayta tiklash toʻgʻrisidagi qarorni qabul qiladi.
40. Sudning litsenziyaning amal qilishini qayta tiklash toʻgʻrisidagi qarori litsenziyalovchi organga kelib tushganda, litsenziyalovchi organ litsenziyaning amal qilishi qayta tiklanganligi toʻgʻrisidagi yozuvni bir ish kuni davomida litsenziyalar reyestriga kiritadi.
41. Litsenziyaning amal qilishini bekor qilish quyidagi hollarda litsenziyalovchi organning qaroriga binoan amalga oshiriladi:
litsenziat litsenziyaning amal qilishini bekor qilish toʻgʻrisida murojaat qilganda;
yuridik shaxs tugatilganda — tugatilgan paytdan eʼtiboran yoki uning faoliyati qayta tashkil etish natijasida tugatilganda — qayta tashkil etilgan paytdan eʼtiboran, bundan uning oʻzgartirilishi, shuningdek, yangidan yuzaga kelgan yuridik shaxsni davlat roʻyxatidan oʻtkazish sanasida qayta tashkil etilayotgan yuridik shaxsda “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish faoliyati uchun litsenziyasi mavjud boʻlgan taqdirda, qoʻshib yuborilishi mustasno;
litsenziya berganlik uchun litsenziat toʻlashi lozim boʻlgan davlat boji belgilangan muddatda toʻlanmaganda.
42. Litsenziat litsenziyaning amal qilishini bekor qilish uchun litsenziyalovchi organga xabarnoma yuboradi.
Litsenziyalovchi organ xabarnomaga asosan yoki ushbu Nizomning 40-bandi uchinchi-toʻrtinchi xatboshilarida nazarda tutilgan holatlar yuzaga kelganda litsenziyaning amal qilishini bekor qilish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi va bu haqida litsenziatga maʼlum qiladi.
Bunda, litsenziyaning amal qilishi bekor qilinganligi haqida litsenziyalar reyestriga maʼlumot kiritadi.
43. Litsenziyalovchi organ quyidagi hollarda litsenziyaning amal qilishini bekor qilish toʻgʻrisida sudga murojaat qiladi:
litsenziat litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turishga olib kelgan holatlarni litsenziyalovchi organ yoki sud belgilagan muddatda bartaraf etmaganda;
litsenziyalovchi organning litsenziya berish toʻgʻrisidagi qarorining qonunga xilofligi aniqlanganda;
litsenziat litsenziya talablari va shartlarini bir yil davomida muntazam ravishda (ikki va undan ortiq marotaba) yoki bir marotaba qoʻpol ravishda buzganda, agar mazkur qoidabuzarliklar fuqarolarning hayoti va sogʻligʻiga ziyon, jismoniy va yuridik shaxslarning huquqlari va qonuniy manfaatlariga, jamoat xavfsizligiga zarar hamda atrof muhitga ziyon yetkazilishiga olib kelgan boʻlsa. Litsenziyaning bekor qilinishiga asos boʻladigan qoʻpol qoidabuzarliklar litsenziya pasportida nazarda tutiladi;
litsenziya qalbaki hujjatlardan foydalangan holda olinganligi fakti aniqlanganda.
Litsenziyalovchi organning litsenziyani bekor qilish yuzasidan sudga daʼvo arizasi kiritilganligi haqidagi maʼlumoti sudga daʼvo arizasi kiritilgan kundan eʼtiboran bir ish kunidan kechiktirmay litsenziatga litsenziyaning amal qilishini bekor qilish yuzasidan sudga daʼvo arizasi kiritish sabablari va qonunchilik hujjatlarining aniq normalari koʻrsatilgan holda yetkaziladi.
Sudning litsenziyaning amal qilishini bekor qilish toʻgʻrisidagi qarori litsenziatga va litsenziyalovchi organga qonunchilik hujjatlarida belgilangan muddatlarda yetkaziladi hamda litsenziyalovchi organ ushbu maʼlumotni bir ish kuni ichida litsenziyalar reyestriga kiritadi.
Litsenziya ushbu bandning beshinchi xatboshisida koʻrsatilgan asosga koʻra bekor qilingan taqdirda, litsenziya berilgan sanadan eʼtiboran bekor qilingan deb hisoblanadi.
44. Litsenziyaning amal qilishi quyidagi hollarda tugatiladi:
litsenziyalash tartibi bekor qilinganda;
litsenziat tomonidan litsenziyalovchi organga litsenziyaning amal qilishini olti oygacha toʻxtatib turish toʻgʻrisida murojaat berilib, mazkur xatboshida nazarda tutilgan muddat davomida litsenziyaning amal qilishini qayta tiklash toʻgʻrisida litsenziyalovchi organga murojaat qilinmagan taqdirda.
Litsenziyaning amal qilishi ushbu bandning uchinchi xatboshisida nazarda tutilgan asos boʻyicha toʻxtatilgan taqdirda, litsenziyalovchi organ bu haqida litsenziatga xabarnoma yuboradi.
45. Litsenziyaning amal qilishi bekor qilinganda, litsenziat tomonidan zaxira qilib qoʻyilgan mablagʻlar 3 ish kunida qaytariladi.
7-bob. “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish faoliyatini nazorat qilish tartibi
46. Litsenziyalar reyestriga kiritilgan hamda faoliyatini amalga oshirayotgan litsenziatlar tomonidan litsenziya talablari va shartlariga rioya etilishi litsenziyalovchi organ tomonidan nazorat qilinadi.
47. Litsenziya talablari va shartlariga rioya etilishi ustidan nazorat amalga oshirilayotganda litsenziyalovchi organ oʻz vakolatlari doirasida quyidagi huquqlarga ega:
litsenziatlarni litsenziya talablari va shartlariga rioya etayotganligi yuzasidan joyiga chiqqan holda tekshirish oʻtkazish;
litsenziya talablari va shartlariga rioya etilishi ustidan tekshiruvlar oʻtkazilayotganda yuzaga keladigan masalalar boʻyicha litsenziatdan zarur maʼlumotlarni soʻrash va olish;
tekshiruv natijalari asosida litsenziatlar yoʻl qoʻygan litsenziya talablari va shartlarining aniq qoida buzilishlarini koʻrsatgan holda dalolatnomalar (maʼlumotnomalar) tuzish;
litsenziat zimmasiga aniqlangan qoidabuzarliklarni bartaraf etish majburiyatini yuklovchi qarorlar chiqarish, bunday qoidabuzarliklarni bartaraf etish muddatlarini belgilash;
litsenziyaning amal qilishini oʻn ish kunidan ortiq boʻlmagan muddatga toʻxtatib turish, shuningdek, sudga litsenziyaning amal qilishini olti oydan ortiq boʻlmagan muddatga toʻxtatib turish, litsenziyani bekor qilish tashabbusi bilan murojaat qilish;
litsenziya berish tartib-taomillari sohasidagi huquqbuzarliklar boʻyicha yuridik shaxslarga jarima qoʻllash toʻgʻrisida qonunda belgilangan tartibda qaror qabul qilish.
48. Nazorat qilish quyidagi shakllarda amalga oshiriladi:
masofaviy nazorat;
litsenziya talablari va shartlariga rioya etilishini asoslar mavjud boʻlgan taqdirda hamda qonunchilikda belgilangan tartibda joyga chiqqan holda oʻrganish;
statistik axborotlarni va litsenziatlardan soʻrab olinadigan maʼlumotlarni tahlil qilish.
49. Litsenziyalovchi organ masofaviy nazoratni vakolatli organlar va idoralardan olingan axborotlar asosida amalga oshiradi.
Litsenziat masofaviy nazorat asosida litsenziyalovchi organ tomonidan berilgan koʻrsatmada bayon etilgan talablarni oʻn ish kuni ichida bajarishi va bu haqida litsenziyalovchi organga xabar berishi lozim.
Koʻrsatma litsenziat tomonidan oʻz vaqtida ijro etilmaganda yoki bajarilishi taʼminlanmaganda litsenziyalovchi organ “xavfni tahlil qilish” tizimi asosida ularning faoliyatini tekshirishi mumkin.
50. Litsenziatning faoliyatini joyiga chiqqan holda tekshirish quyidagilar asosida amalga oshiriladi:
“xavfni tahlil etish” tizimi;
jismoniy va yuridik shaxslarning, shu jumladan, jamoatchilik nazorati subyektlarining murojaatlari;
litsenziyalash sohasidagi qonunchilik hujjatlarini buzishga doir huquqbuzarlik holatlari toʻgʻrisida vakolatli organlar, yuridik va jismoniy shaxslarning maʼlumotlari.
51. Litsenziatning faoliyatini joyiga chiqqan holda oʻtkaziladigan tekshirishlar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
52. Litsenziya talablari va shartlariga rioya etilishini joyiga chiqqan holda tekshirish 10 kungacha boʻlgan muddatda oʻtkaziladi.
Litsenziyalovchi organ tomonidan belgilangan tartibda joyiga chiqqan holda oʻtkaziladigan tekshirishdan bosh tortish litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish uchun asos boʻladigan harakat hisoblanadi.
53. Quyidagi huquqbuzarliklarni sodir etganlik uchun yuridik shaxslarga “Litsenziyalash, ruxsat berish va xabardor qilish tartib-taomillari toʻgʻrisida”gi Qonunning 4-ilovasida belgilangan miqdorda jarimalar solinadi:
“Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish faoliyati bilan litsenziyasiz shugʻullanish, shuningdek, ushbu faoliyati bilan litsenziyaning amal qilishi toʻxtatib turilganda shugʻullanish;
litsenziyani qalbaki hujjatlardan foydalangan holda olish.
Undirilgan jarima miqdorining oʻn foizi vakolatli organning budjetdan tashqari jamgʻarmasiga, qolgan qismi Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjetiga yoʻnaltiriladi.
54. Jarima solish uchun asos boʻlgan huquqbuzarlik aniqlanganligi toʻgʻrisida dalolatnoma rasmiylashtirilgan kundan eʼtiboran besh ish kuni ichida litsenziyalovchi organ yoki boshqa vakolatli organ jarima solish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
Jarima solish toʻgʻrisidagi qaror uni qabul qilgan organning birinchi rahbari (uning oʻrnini bosuvchi shaxs) tomonidan imzolanadi va bir ish kuni ichida huquqbuzarga yuboriladi.
55. Tegishli faoliyat bilan litsenziyasiz shugʻullanish holatlari bilan bogʻliq qonun buzilishlari jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari asosida aniqlangan taqdirda, ularni ragʻbatlantirish qonunchilikda belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
56. Yuridik shaxsning jarimaga tortilishi tegishli asoslar mavjud boʻlgan taqdirda uning mansabdor shaxslarini maʼmuriy, jinoiy yoki qonunda nazarda tutilgan boshqa javobgarlikdan ozod etmaydi.
8-bob. Litsenziyalovchi organ qarori va uning mansabdor shaxslarining harakatlari (harakatsizligi) ustidan shikoyat berish va uni koʻrib chiqish tartibi
57. Talabgor (litsenziat) litsenziyalovchi organning qarorlari va hujjatlari ustidan, shuningdek, mansabdor shaxslari harakatlari (harakatsizligi) ustidan belgilangan tartibda shikoyat qilishi mumkin.
58. Talabgor (litsenziat) shikoyatni:
Din ishlari boʻyicha qoʻmitaning hududiy boʻlinmalariga nisbatan Din ishlari boʻyicha qoʻmitaga;
Din ishlari boʻyicha qoʻmitaga nisbatan qoʻmitada tashkil etilgan shikoyatlarni koʻrib chiqish boʻyicha apellyatsiya kengashiga (keyingi oʻrinlarda — Apellyatsiya kengashi) taqdim etadi.
Talabgor (litsenziat) belgilangan tartibda litsenziyalovchi organning qarori hamda uning mansabdor shaxslarining harakatlari (harakatsizligi) ustidan bevosita sudga va (yoki) boshqa vakolatli organlarga shikoyat qilishga haqli.
59. Respublika darajasida Apellyatsiya kengashi tarkibi litsenziyalovchi organning rahbari tomonidan besh nafar tarkibda tasdiqlanadi. Apellyatsiya kengashi yigʻilishida Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi vakili kuzatuvchi sifatida ishtirok etadi.
Apellyatsiya kengashi yigʻilishi uning aʼzolarining koʻpchiligi hozir boʻlganda vakolatli hisoblanadi.
Apellyatsiya kengashining shikoyat boʻyicha qarori aʼzolari tomonidan bir ovozdan hal qilinadi. Hech bir aʼzo ovoz berishda betaraf qolishga haqli emas.
60. Agar qonunda boshqacha qoida nazarda tutilmagan boʻlsa, shikoyat qaror (boshqa hujjat) toʻgʻrisida tegishli tarzda xabardor qilingan paytdan yoki talabgor/litsenziatga litsenziyalovchi organlar qarori va ularning mansabdor shaxslarining harakatlari (harakatsizligi) haqida maʼlum boʻlgan paytdan eʼtiboran oʻttiz kundan kechiktirmay berilishi mumkin.
Shikoyat berish muddati, agar u uzrli sababga koʻra oʻtkazib yuborilgan boʻlsa, shikoyatni koʻrib chiquvchi organ tomonidan tiklanishi mumkin.
61. Litsenziyalovchi organ yoki Apellyatsiya kengashi shikoyat boʻyicha oʻn besh kun ichida qaror qabul qilishi shart.
Talabgor (litsenziat) shikoyati uning ishtirokida koʻrib chiqilishini soʻrashi mumkin.
Shikoyatni koʻrib chiqish yakuni boʻyicha bayonnoma tuzilishi va litsenziyalovchi organ yoki Apellyatsiya kengashining rahbari tomonidan imzolanadi.
62. Litsenziyalovchi organ yoki Apellyatsiya kengashi shikoyat boʻyicha quyidagi qarorlardan birini qabul qilishga haqli:
ustidan shikoyat qilinayotgan qarorni oʻzgarishsiz qoldirish;
ustidan shikoyat qilinayotgan qarorga oʻzgartishlar kiritish, qarorni bekor qilish yoki yangi qaror qabul qilish toʻgʻrisida xulosa berish.
9-bob. Litsenziyalar reyestrini yuritish tartibi
63. Litsenziyalar reyestri litsenziyalovchi organ tomonidan yuritiladi va undagi maʼlumot barcha uchun ochiq hisoblanadi.
64. Litsenziyalovchi organ quyidagi maʼlumotlarni litsenziyalar reyestriga oʻz vaqtida kiritib borishga javobgar:
litsenziya qayta rasmiylashtirilganligi;
litsenziyaning amal qilishi toʻxtatib turilganligi;
litsenziyaning amal qilishi qayta tiklanganligi;
litsenziyaning amal qilishi tugatilganligi;
litsenziya bekor qilinganligi.
65. Litsenziyalar reyestrida litsenziatning reyestr tartib raqami va reyestrga kiritilgan sana, yuridik shaxs nomi, tashkiliy-huquqiy shakli, yuridik manzili, soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami (STIR), litsenziyaning holati (amalda, toʻxtatib turilgan, bekor qilingan, tugatilgan) va litsenziya holati har bir oʻzgarishining asoslari va sanasi hamda litsenziat faoliyatining boshqa muhim jihatlari koʻrsatilgan boʻlishi kerak.
10-bob. Yakuniy qoidalar
66. Litsenziat litsenziya talab va shartlarining bajarilganligi yuzasidan litsenziyalovchi organga soxta, yolgʻon yoki notoʻgʻri maʼlumotlar berganligi uchun qonun hujjatlarida belgilangan tartibda javobgarlikka tortiladi.
67. Litsenziyalovchi organ (uning mansabdor shaxslari) litsenziatga nisbatan qoʻllagan javobgarlik choralari, shuningdek, litsenziyani toʻxtatib turish va (yoki) bekor qilish noqonuniy deb topilgan taqdirda, litsenziatga keltirgan zararlarni qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda qoplaydi.
“Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish faoliyatini litsenziyalash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
“Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish faoliyatini litsenziyalash
1. Litsenziya nomi: “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish faoliyati uchun litsenziya 2. Litsenziya turi: yakka tartibdagi litsenziya 3. Ariza beruvchilar toifasi: yuridik shaxs 4. Litsenziyalovchi organ: Din ishlari boʻyicha qoʻmita 5. Litsenziyani olish uchun taqdim qilinadigan hujjatlar: a) ariza. Arizada quyidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi: yuridik shaxsning nomi va tashkiliy-huquqiy shakli, joylashgan yeri (pochta manzili), faoliyatni amalga oshirish joyining manzili, STIR, bank muassasasining nomi va bank hisobvaragʻi, litsenziya talabgorining litsenziya talablari va shartlariga rioya qilishga roziligi; tadbirkorlik subyekti rahbari va xodimlarining familiyasi, ismi va otasining ismi, tugʻilgan yili, manzili, pasport (identifikatsiyalovchi ID-karta) maʼlumotlari; b) litsenziya talabgori tomonidan Din ishlari boʻyicha qoʻmitaning “Ziyorat” jamgʻarmasiga 1 mln AQSH dollari ekvivalentidan kam boʻlmagan miqdordagi mablagʻlarni toʻlanganligini tasdiqlovchi hujjat; v) “Umra” tadbirlari davomida ziyoratchilarga guruh rahbari etib diniy bilim va koʻnikmalarga ega mutaxassisni jalb qilish boʻyicha Oʻzbekiston musulmonlari idorasi bilan tuzilgan shartnoma nusxasi; g) “Umra” xizmatlari koʻrsatish boʻyicha Saudiya Arabistoni Podshohligi Haj va umra vazirligining “Umra” litsenziyasiga ega boʻlgan hamkor tashkilot oʻrtasida imzolanadigan shartnoma nusxasi; d) ziyoratchilarni tashish va parvozlarni amalga oshirish boʻyicha aviakompaniya(lar) bilan tuzilgan hamkorlik shartnomasi nusxasi; e) tadbirkorlik subyektining ziyoratchilarga sifatli xizmat koʻrsatishi uchun zamonaviy jihozlangan binoda faoliyat yuritishi toʻgʻrisidagi maʼlumot; j) tadbirkorlik subyektining fuqarolik javobgarligini sugʻurtalashni tasdiqlovchi sugʻurta polisining mavjudligini tasdiqlovchi hujjatlar nusxasi. 6. Arizani koʻrib chiqish uchun toʻlanadigan yigʻim miqdori: bazaviy hisoblash miqdorining 3 baravari 7. Litsenziya berilganligi uchun davlat boji miqdori: bazaviy hisoblash miqdorining 10 baravari. Davlat boji quyidagi tartibda taqsimlanadi: 70 foizi — Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetiga; 30 foizi — Din ishlari boʻyicha qoʻmitaning budjetdan tashqari jamgʻarmasiga. 8. Arizani koʻrib chiqish muddatlari: Hujjatlar qabul qilish yakunlangan kundan boshlab 30 kun davomida 9. Litsenziya talab va shartlari: a) qonunchilik hujjatlariga qatʼiy rioya qilish; b) tadbirkorlik subyektlari tomonidan “Ziyorat” jamgʻarmasiga 1 mln AQSH dollari ekvivalentidan kam boʻlmagan miqdordagi mablagʻlarni zaxira qilib qoʻyish hamda ushbu mablagʻlarning yetarli miqdorini taʼminlab borish;* v) “Umra” amallarini bajarishda ziyoratchilarning guruh rahbari etib faqat Oʻzbekiston musulmonlari idorasi bilan tuziladigan shartnoma asosida diniy bilim va koʻnikmalarga ega boʻlgan mutaxassisni tayinlash;* g) shtatida diniy (islomiy) taʼlim yoʻnalishlari boʻyicha taʼlim muassasasi, Oʻzbekiston xalqaro islom akademiyasining “Dinshunoslik”, “Islomshunoslik”, “Islom tarixi va manbashunosligi”, “Ziyorat turizmi” va “Islom huquqi” taʼlim yoʻnalishlari (mutaxassisliklar) bitiruvchisi boʻlgan kamida bir nafar mutaxassisning mavjudligi; d) voyaga yetmagan fuqarolarga xizmat koʻrsatmaslik; e) oʻz faoliyatini turoperator va turagentlar orqali amalga oshirmaslik;* j) “Umra” tadbirlarini tashkil etish bilan bogʻliq barcha harakatlarni Portal orqali amalga oshirish, shu jumladan “Umra” tadbiriga boradigan ziyoratchilar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni safardan oldin Portalga toʻliq kiritib borish;* z) ziyoratchilar uchun Saudiya Arabistoni Podshohligining faqat “Umra” vizasini rasmiylashtirish; i) “Umra” xizmatlarini Saudiya Arabistoni Podshohligidagi hamkor tashkilot oʻrtasida imzolanadigan shartnomaga muvofiq amalga oshirish hamda ular tomonidan koʻrsatiladigan xizmatlar uchun toʻlovlarni bank muassasalari orqali amalga oshirish;* k) ziyoratchilarga “Umra” amallarini bajarishlari uchun zarur shart-sharoitlar yaratish va sifatli “Umra” xizmatlarini koʻrsatish, shuningdek, Saudiya Arabistoni Podshohligining Makka va Madina shaharlarida ziyoratchilarga oʻz vaqtida tibbiy xizmat koʻrsatishni tashkil etish; l) xalqaro yoʻnalishlarda yoʻlovchi va yuk tashish boʻyicha 2 yildan kam boʻlmagan tajribaga ega hamda ushbu davr mobaynida yoʻlovchi tashishning xalqaro va milliy qonunchilik talablarini buzmagan aviakompaniyalar bilan hamkorlik qilish, shuningdek, ziyoratchilarni yuborishdan oldin ularga borish-kelish aviachiptalarini xarid qilish;* m) ziyoratchilarni toifasi 3 yulduzdan kam boʻlmagan mehmonxonalarga joylashtirish; n) “Umra” xizmatini uchinchi davlatlar orqali koʻrsatmaslik;* o) “Umra” xizmatini litsenziyada koʻrsatilgan manzildan boshqa joyda joylashgan vakolatxona va filial orqali amalga oshirmaslik;* p) elektron toʻlovlar, bron qilish xizmatlarini koʻrsatadigan veb-saytga ega boʻlish. 10. Litsenziya berishda kelishiladigan organlar: mavjud emas 11. Litsenziyaning amal qilish muddati: cheklanmagan 12. Izoh. * qoʻpol ravishda buzish deb hisoblanadigan litsenziya talab va shartlari.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 12-oktabrdagi 668-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmitasi huzuridagi “Ziyorat” jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmitasi huzuridagi “Ziyorat” jamgʻarmasining (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish tartibini belgilaydi.
2. Jamgʻarma oʻz faoliyatini Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, boshqa qonunchilik hujjatlariga, shuningdek, mazkur Nizomga muvofiq amalga oshiradi.
4. Jamgʻarma yuridik shaxs hisoblanmaydi va uning mablagʻlari Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasida ochilgan Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmitasi (keyingi oʻrinlarda — Din ishlari boʻyicha qoʻmita)ning shaxsiy gʻazna hisobvaraqlarida jamlanadi va ushbu Nizomda belgilangan maqsadlarga sarflanadi.
2-bob. Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish
5. Kuyidagilar Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish manbalari hisoblanadi:
diniy mazmundagi materiallarni dinshunoslik ekspertizasidan oʻtkazish uchun undiriladigan toʻlovlar;
diniy taʼlim muassasalari hamda “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish faoliyatini litsenziyalashda arizani koʻrib chiqish uchun undiriladigan yigʻimning qonunchilikda belgilangan qismi;
diniy taʼlim muassasalari hamda “Umra” tadbirlarini tashkil etish faoliyatini litsenziyalashda undiriladigan davlat bojining 30 foizi;
litsenziyalash sohasidagi huquqbuzarliklarni sodir etganlik uchun yuridik shaxslardan undirilgan jarimaning 10 foizi;
jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;
Jamgʻarmaning vaqtincha boʻsh mablagʻlarini tijorat banklaridagi depozitlarga joylashtirishdan olinadigan daromadlar;
xalqaro tashkilotlarning grantlari;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
6. “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish faoliyati uchun litsenziya olgan yuridik shaxs (keyingi oʻrinlarda — litsenziat) tomonidan 1 mln AQSH dollari ekvivalentidan kam boʻlmagan miqdordagi mablagʻlar Jamgʻarmaga zaxira qilib qoʻyiladi hamda litsenziat ushbu mablagʻlarning yetarli miqdorini taʼminlab boradi.
Ushbu mablagʻlardan “Umra” xizmatlari sifatsiz koʻrsatilishidan jabr koʻrgan ziyoratchilarga yetkazilgan moddiy va maʼnaviy zarar oʻrnini qoplashdan boshqa maqsadda foydalanishga yoʻl qoʻyilmaydi.
7. Jamgʻarmaning vaqtinchalik boʻsh turgan mablagʻlari Din ishlari boʻyicha qoʻmita tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi tijorat banklarining depozit hisobvaraqlariga joylashtirilishi mumkin.
Din ishlari boʻyicha qoʻmita raisi Jamgʻarmaga mablagʻlar tushishining toʻliqligi va saqlanishini nazorat qiladi.
3-bob. Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanish
8. Jamgʻarma mablagʻlari quyidagilarga yoʻnaltiriladi:
“Umra” xizmatlari sifatsiz koʻrsatilishidan jabr koʻrgan ziyoratchilarga yetkazilgan moddiy va maʼnaviy zarar oʻrnini qoplash;
Din ishlari boʻyicha qoʻmitaga yuklatilgan vazifalarni bajarish, jumladan diniy-maʼrifiy tadbirlarni tashkil etish va oʻtkazish;
Din ishlari boʻyicha qoʻmita xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish va ijtimoiy muhofaza qilish (sanatoriya, kurort va tibbiy xizmat koʻrsatish, mukofotlar toʻlash, maoshlarga ustamalar belgilash, moddiy yordam koʻrsatish);
Din ishlari boʻyicha qoʻmita xodimlarining xizmat safari xarajatlari, shu jumladan xorijiy davlatlardagi xizmat safarlari xarajatlarini qoplash;
Din ishlari boʻyicha qoʻmitaning xodimlarini oʻqitish, malakasini oshirish hamda stajirovka oʻtashi, shu jumladan, ularning xorijiy davlatlarga tashriflarini tashkil etish va xorijiy davlatlarda oʻtkaziladigan konferensiya, seminarlar va boshqa tadbirlarda ishtirok etish xarajatlarini qoplash;
Din ishlari boʻyicha qoʻmita faoliyati bilan bogʻliq masalalar boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasiga tashrif buyuradigan xorijiy davlatlar, xalqaro tashkilotlar delegatsiyalarining tashriflarini tashkil etish;
Din ishlari boʻyicha qoʻmita bino va inshootlarini saqlash hamda boshqa joriy xarajatlar, yordamchi texnik va xizmat koʻrsatuvchi xodimlari taʼminoti, ushbu Qoʻmita faoliyatini yanada yaxshilash bilan bogʻliq boshqa tadbirlarni oʻtkazish;
Din ishlari boʻyicha qoʻmitaning moddiy-texnika bazasini mustahkamlashga va faoliyatini rivojlantirishga yoʻnaltirilgan boshqa tadbirlarni amalga oshirish.
9. Litsenziat tomonidan “Ziyorat” jamgʻarmasiga zaxira qilib qoʻyilgan mablagʻlardan:
“Umra” xizmatlarini sifatsiz koʻrsatishdan jabr koʻrgan fuqarolarga yetkazilgan moddiy va maʼnaviy zarar oʻrnini qoplash uchun zarar koʻrgan fuqaro (vakili)ning va (yoki) Din ishlari boʻyicha qoʻmitaning murojaatiga koʻra sud qaroriga muvofiq;
ziyoratchilarga yetkazilgan yoki yetkazilishi mumkin boʻlgan moddiy zararni zudlik bilan bartaraf etish zarurati yuzaga kelganda litsenziatning soʻroviga asosan Din ishlari boʻyicha qoʻmita tomonidan foydalaniladi.
Bunda, foydalanilgan mablagʻlar tadbirkorlik subyekti tomonidan 15 kun muddatda litsenziya shartlariga muvofiq 1 mln AQSH dollari ekvivalentidan kam boʻlmagan miqdorga yetkazilishi shart.
9 1 . Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanish Din ishlari boʻyicha qoʻmitaning rivojlantirish dasturlarini mablagʻ bilan taʼminlash orqali amalga oshiriladi hamda ushbu dasturlar har yili mablagʻlar va ehtiyojlar prognozi asosida shakllantiriladi.
9 2 . Jamgʻarma mablagʻlarini sarflash Din ishlari boʻyicha qoʻmita tomonidan tasdiqlangan Jamgʻarmaning daromadlar va xarajatlar smetasiga muvofiq tegishli gʻazna hisobvaraqlaridan amalga oshiriladi.
9 3 . Jamgʻarmadan pul mablagʻlarini ajratish tasdiqlangan daromadlar va xarajatlar smetasi doirasida qonunchilikda belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
9 4 . Jamgʻarmadan ajratilgan pul mablagʻlarining sarflanishi toʻgʻrisidagi daromadlar va xarajatlar aks ettirilgan hisobot har chorak yakuni boʻyicha buxgalteriya balansida aks ettiriladi.
3 1 -bob. Jamgʻarmani boshqarish
9 5 . Jamgʻarma mablagʻlarini boshqarish va taqsimlash Din ishlari boʻyicha qoʻmita raisi tomonidan amalga oshiriladi.
9 6 . Din ishlari boʻyicha qoʻmitaning Moliya-iqtisod boʻlimi Jamgʻarmaning ishchi organi hisoblanadi.
9 7 . Jamgʻarma mablagʻlarining hisob va hisobotini yuritish hamda joriy xizmat koʻrsatish ishlari Din ishlari boʻyicha qoʻmitaning Moliya-iqtisod boʻlimi tomonidan amalga oshiriladi. Jumladan:
Jamgʻarmaning kelgusi yil uchun daromadlari va xarajatlari prognoz koʻrsatkichlarini ishlab chiqadi;
Jamgʻarmaning daromadlar va xarajatlari smetasini tayyorlaydi, zarur hollarda, tasdiqlangan daromadlar va xarajatlar smetasiga tuzatishlar kiritish boʻyicha takliflar kiritadi;
Jamgʻarma tushumlarini koʻpaytirish va uning mablagʻlaridan samarali foydalanish boʻyicha takliflar tayyorlaydi;
ushbu Nizomda va qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan xarajatlarni amalga oshiradi;
Jamgʻarma mablagʻlarining tushumi va ulardan foydalanish hisobini yuritadi;
Jamgʻarmadan ajratilgan pul mablagʻlarining sarflanishi toʻgʻrisidagi daromadlar va xarajatlarini buxgalteriya balansida aks ettirilishini taʼminlaydi;
Jamgʻarma smetasining ijrosi toʻgʻrisidagi hisobotni tuzadi.
Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligiga qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda Jamgʻarma smetasining ijrosi toʻgʻrisida hisobot taqdim etilishini taʼminlaydi.
3 2 -bob. Jamgʻarmaning hisobi va hisobotini yuritish
9 8 . Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanish boʻyicha hisob va hisobotlar Din ishlari boʻyicha qoʻmitaning budjetdan tashqari gʻazna hisobvaraqlarida alohida yuritiladi.
9 9 . Jamgʻarmaning joriy yilda foydalanilmagan mablagʻlari Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjetiga olib qoʻyilmaydi va ulardan keyingi yilda foydalaniladi.
9 10 . Jamgʻarmaning daromadlar va xarajatlar smetasining ijrosi toʻgʻrisidagi hisobotlar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda tuziladi va Din ishlari boʻyicha qoʻmita raisi tomonidan tasdiqlanadi.
9 11 . Jamgʻarmaning daromadlar va xarajatlar smetasi hamda uning ijrosi toʻgʻrisidagi hisobotlar, shuningdek, tovarlar (ishlar, xizmatlar)ni xarid qilish boʻyicha tuzilgan shartnomalar roʻyxatlari Din ishlari boʻyicha qoʻmitaning rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.
9 12 . Jamgʻarma mablagʻlaridan oqilona va maqsadli foydalanilishi yuzasidan davlat moliyaviy nazorati qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda moliyaviy nazorat xizmatlari tomonidan amalga oshiriladi.
4-bob. Yakunlovchi qoidalar
11. Jamgʻarma mablagʻlaridan oqilona va maqsadli foydalanilishini nazorat qilish qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
12. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
12 1 . Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 12-oktabrdagi 668-son qaroriga 3-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirishlar
1. Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 7-iyundagi 364-son qarori bilan tasdiqlangan “Haj” va “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomning 2-bandi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“2. “Haj” tadbiri Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmita va Saudiya Arabistoni Podshohligi (keyingi oʻrinlarda Saudiya Arabistoni deb ataladi) Haj va umra vazirligi oʻrtasida har yili imzolanadigan shartnoma asosida Oʻzbekiston musulmonlari idorasi tomonidan amalga oshiriladi hamda bunday faoliyat bilan boshqa tashkilotlarning shugʻullanishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
“Umra” tadbiri Oʻzbekiston musulmonlari idorasi va tegishli litsenziyaga ega yuridik shaxslar tomonidan amalga oshiriladi.
Oʻzbekiston musulmonlari idorasi tomonidan tashkil etiladigan “Umra” tadbiri uning Saudiya Arabistonidagi hamkor tashkiloti oʻrtasida Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Har yilgi “Haj” va “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish masalalari boʻyicha jamoatchilik kengashini tashkil etish toʻgʻrisida” 2006-yil 28-avgustdagi PF-3793-son Farmoni bilan tashkil qilingan Har yilgi “Haj” va “Umra” tadbirlarini tashkil etish va oʻtkazish masalalari boʻyicha jamoatchilik kengashi (keyingi oʻrinlarda Jamoatchilik kengashi deb ataladi) bilan kelishgan holda har yili imzolanadigan shartnomaga muvofiq Ushbu Nizom talablari asosida amalga oshiriladi.
Yuridik shaxslar tomonidan “Umra” tadbirini tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq faoliyat Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining alohida qarori bilan tartibga solinadi”.
2. Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 21-fevraldagi 80-son qarori bilan tasdiqlangan Maxsus elektron tizim orqali ayrim faoliyat turlarini litsenziyalash tartibi toʻgʻrisidagi yagona nizomning 5-ilovasi matni quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Turizm faoliyatini litsenziyalash
1. Litsenziya nomi: turistik faoliyatni amalga oshirish uchun litsenziya 2. Litsenziyalanadigan faoliyatning kichik turlari: a) ichki turizm faoliyati (Oʻzbekiston Respublikasi ichkarisida turistik faoliyatni amalga oshirish); b) chiqish turizmi faoliyati (Oʻzbekiston Respublikasidan tashqarida turistik faoliyatni (shu jumladan, tibbiy va taʼlim turizmini) amalga oshirish); v) kirish turizmi faoliyati (Oʻzbekiston Respublikasiga chet el fuqarolarini jalb etishga oid turistik faoliyatni amalga oshirish). 3. Ariza beruvchilar toifasi: Jismoniy va yuridik shaxslar 4. Litsenziyalovchi organ: Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar turizm boshqarmalari 5. Litsenziyani olish uchun taqdim qilinadigan hujjatlar: Turoperatorlik faoliyatini amalga oshirish uchun: a) ariza; arizada quyidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi: yuridik shaxsning nomi va tashkiliy-huquqiy shakli, joylashgan yeri (pochta manzili), faoliyatni amalga oshirish joyining manzili, STIR, bank muassasasining nomi va bank hisobvaragʻi, faoliyatning litsenziyalanayotgan turi, litsenziya talabgorining litsenziya talablari va shartlariga rioya qilishga roziligi, ariza toʻldirish sababi (yangi litsenziya olish, qayta rasmiylashtirish); b) talabgorning kamida ikki chet tilidagi, bron qilish xizmatlarini koʻrsatadigan veb-saytga ega boʻlishi (ushbu talabning chet tillari boʻyicha qismi “ichki turizm” yoʻnalishidagi litsenziatlarga taalluqli emas) toʻgʻrisidagi maʼlumotlar; v) yuridik shaxs shtatida “turizm” yoʻnalishi boʻyicha oliy yoki oʻrta maxsus, kasb-hunar, professional maʼlumotga yoki malaka sertifikatiga ega boʻlgan kamida bir nafar mutaxassisning boʻlishi; g) turoperatorlarning fuqarolik javobgarligini sugʻurtalashni tasdiqlovchi sugʻurta polisining mavjudligini tasdiqlovchi hujjatlarning elektron nusxalari; d) rahbarning familiyasi, ismi va otasining ismi, tugilgan yili, pasport (identifikatsiyalovchi ID-karta) maʼlumotlari, uy manzili, maʼlumoti, aloqa telefonlari koʻrsatilgan maʼlumotlar. mablagʻlarni Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi huzuridagi Turizm qoʻmitasining Xavfsiz turizm jamgʻarmasiga zaxira qilinganligi haqidagi maʼlumotni oʻzi mustaqil tarzda oladi. Turagentlik faoliyatini amalga oshirish uchun: a) ariza; yuridik shaxslar uchun: yuridik shaxsning nomi va tashkiliy-huquqiy shakli, joylashgan yeri (pochta manzili), faoliyatni amalga oshirish joyining manzili, bank muassasasining nomi va bank hisobvaragʻi, STIR, faoliyatning litsenziyalanayotgan turi, litsenziya talabgorining litsenziya talablari va shartlariga rioya qilishga roziligi, ariza toʻldirish sababi (yangi litsenziya olish, qayta rasmiylashtirish); jismoniy shaxslar uchun: familiyasi, ismi, otasining ismi, JSHSHIR (mavjud boʻlsa), faoliyatni amalga oshirish joyi, yashash joyi, elektron pochta manzili (mavjud boʻlsa), telefon raqami, litsenziya talabgorining litsenziya talablari va shartlariga rioya qilishga roziligi, litsenziya toifalari boʻyicha tanlash, ariza toʻldirish sababi (yangi litsenziya olish, qayta rasmiylashtirish). b) mijozga litsenziatning ish rejimi, joylashgan yeri (pochta manzili), tegishli litsenziya, litsenziatning familiyasi, ismi, otasining ismi toʻgʻrisida toʻliq va batafsil maʼlumot berish, jumladan, ushbu koʻrsatilgan maʼlumotlarni oʻzining Internet jahon axborot tarmogʻidagi rasmiy veb-saytiga joylashtirilganligi toʻgʻrisida maʼlumotlar; v) litsenziyalovchi organ “chiqish turizmi” yoʻnalishi boʻyicha turizm faoliyatini amalga oshirish uchun litsenziya talabgorlariga 15 ming AQSH dollari ekvivalenti miqdoridagi mablagʻlarni Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi huzuridagi Turizm qoʻmitasining Xavfsiz turizm jamgʻarmasiga zaxira qilinganligini haqidagi maʼlumotni oʻzi mustaqil tarzda oladi. 6. Arizani koʻrib chiqish uchun toʻlanadigan yigʻim miqdori: bazaviy hisoblash miqdorining 2,5 baravari 7. Litsenziya berilganligi uchun davlat boji miqdori: “Ichki turizm” yoʻnalishi boʻyicha turizm faoliyati uchun bazaviy hisoblash miqdorining 2 baravari; “chiqish turizmi” yoki “kirish turizmi” yoʻnalishi boʻyicha turizm faoliyati yoxud bittadan ortiq yoʻnalish turi boʻyicha turizm faoliyatini amalga oshirish uchun bazaviy hisoblash miqdorining 5 baravari. 8. Arizani koʻrib chiqish muddatlari: 3 kun. 9. Litsenziya talablari va shartlari: Turoperatorlar faoliyatini amalga oshirish uchun litsenziyalash talablari va shartlari quyidagilardan iborat: a) turizm toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlariga qatʼiy rioya qilish; b) yuridik shaxs shtatida “turizm” yoʻnalishi boʻyicha oliy yoki oʻrta maxsus, kasb-hunar maʼlumotiga yoki malaka sertifikatiga ega boʻlgan kamida bir nafar mutaxassisning boʻlishi;* v) yuridik shaxs xodimlari (gidlar (gid-tarjimonlar), ekskursiya yetakchilari va yoʻriqchi-yoʻl boshlovchilar) uch yilda kamida bir marta belgilangan tartibda malaka sertifikatini olishi;* g) turizm mahsuloti buyurtmachisi bilan, shu jumladan, oʻzbekiston Respublikasining turizm xizmatlarini koʻrsatish toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari talablariga javob beradigan elektron tijorat shartnomasi tuzilganidan keyin turizm xizmatlarini koʻrsatish; d) har bir turistga va ekskursantga turistik sayohat vaqtida Oʻzbekiston Respublikasiga hamda chet davlatlarga kirish, ulardan chiqish va ularda boʻlishning oʻziga xos xususiyatlari toʻgʻrisidagi axborotni yetkazish; e) mijozga litsenziatning ish rejimi, uning joylashgan joyi (pochta manzili), tegishli litsenziya, turizm xizmatlari sertifikatining mavjudligi (agar mavjud boʻlsa), turizm faoliyatining aniq yoʻnalishlari uchun masʼul boʻlgan litsenziatning mutaxassislari familiyasi, ismi, otasining ismi toʻgʻrisida toʻliq va batafsil maʼlumot berish, jumladan, ushbu koʻrsatilgan maʼlumotlarni oʻzining Internet jahon axborot tarmogʻidagi rasmiy veb-saytiga joylashtirish; j) litsenziat kamida ikki chet tilidagi, bron qilish xizmatlarini koʻrsatadigan veb-saytga ega boʻlishi (ushbu talabning chet tillari boʻyicha qismi “ichki turizm” yoʻnalishidagi litsenziatlarga taalluqli emas); z) turoperatorlarning fuqarolik javobgarligini sugʻurtalashni tasdiqlovchi sugʻurta polisining mavjudligi;* i) xorijiy mamlakatlardagi taʼlim va (yoki) tibbiyot muassasasi tomonidan berilgan belgilangan faoliyat bilan shugʻullanish huquqini tasdiqlovchi hujjat nusxasining mavjudligi (“chiqish turizmi” yoʻnalishi boʻyicha taʼlim va (yoki) tibbiyot turizmi faoliyatini amalga oshirish uchun);* k) xorijiy mamlakatlardagi taʼlim va (yoki) tibbiyot muassasasi bilan hamkorligini tasdiqlovchi hujjatning mavjudligi (“chiqish turizmi” yoʻnalishi boʻyicha taʼlim va (yoki) tibbiyot turizmi faoliyatini amalga oshirish uchun);* l) faoliyatni faqat litsenziyada koʻrsatilgan yoʻnalish(lar) boʻyicha amalga oshirish;* m) mijozlar va chet ellik hamkorlar bilan tuzilgan tegishli shartnomasiz turizm xizmatlarini koʻrsatmaslik;* n) turizm xizmatlari sertifikati bilan tasdiqlangan turistlar va ekskursiyachilarning hayoti, sogʻligʻi va mol-mulki uchun xavfsizlikni taʼminlash tizimining litsenziatda mavjudligi. Turagentlar faoliyatini litsenziyalash talablari va shartlari quyidagilardan iborat: a) turizm toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlariga qatʼiy rioya qilish; b) turizm faoliyatining “chiqish turizmi” yoʻnalishidagi faoliyatni faqat yuridik shaxs tashkil etgan holda amalga oshirish;* v) “chiqish turizmi” yoʻnalishi boʻyicha turizm faoliyatini amalga oshirish uchun litsenziya talabgorlariga 15 ming AQSH dollari ekvivalenti miqdoridagi mablagʻlarni Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi huzuridagi Turizm qoʻmitasining Xavfsiz turizm jamgʻarmasiga zaxira qilishi;* g) turoperator bilan shartnoma tuzilgandan soʻng turoperatorlar tomonidan yaratilgan turizm mahsulotini targʻib va realizatsiya qilish;* d) har bir turistga va ekskursiyachiga turistik sayohat vaqtida Oʻzbekiston Respublikasiga hamda chet davlatlarga kirish, ulardan chiqish va ularda boʻlishning oʻziga xos xususiyatlari toʻgʻrisidagi axborotni yetkazish; e) mijozga litsenziatning ish rejimi, joylashgan yeri (pochta manzili), tegishli litsenziya, litsenziatning familiyasi, ismi, otasining ismi toʻgʻrisida toʻliq va batafsil maʼlumot berish, jumladan, ushbu koʻrsatilgan maʼlumotlarni oʻzining Internet jahon axborot tarmogʻidagi rasmiy veb-saytiga joylashtirish. 10. Litsenziya berishda kelishiladigan organlar: mavjud emas. 11. Litsenziyaning amal qilish muddati: cheklanmagan 12. Izoh. * Qoʻpol ravishda buzish deb hisoblanadigan talab va shartlar. ”.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2024-yil 12-oktabr,
668-son