📅 2024-yil 10-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 10-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 10 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 10 октября 2024 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 10 October 2024 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
НИЗОМ
СХЕМАСИ
РЕЕСТРИ
Нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларини давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлашга оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш ва ушбу жараёнга тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш имкониятларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 31 январдаги ПҚ-49-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 31 январдаги ПҚ-49-сон қарорига мувофиқ 2025 йил 1 январдан бошлаб:
нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш учун тижорат банкларининг ўз маблағлари ҳисобидан бозор фоиз ставкаларида миллий валютада ажратиладиган, қиймати 20 миллиард сўмгача бўлган кредитлар бўйича, фоиз ставкасининг Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, лекин унинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун Давлат бюджети ҳисобидан компенсация тақдим этилиши;
нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари учун биноларни янгидан қурган ёки ўзининг бино ва иншоотларида умумий ўрта таълим фаолиятини йўлга қўйган тадбиркорлик субъектларига 5 йил муддатга ушбу таълим ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ бўлган коммунал харажатларининг 50 фоизи Давлат бюджетидан қоплаб берилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш учун ажратилган кредитларнинг бир қисмини қоплаш учун компенсация тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Нодавлат умумий ўрта таълим хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига коммунал харажатларининг бир қисмини Давлат бюджетидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Мазкур қарор 2025 йил 1 январдан бошлаб кучга киради.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда мактабгача ва мактаб таълими вазири Х.У. Умарова зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 10 октябрдаги 660-сон қарорига 1-ИЛОВА
Нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш учун ажратилган кредитларнинг бир қисмини қоплаш учун компенсация тақдим этиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш учун тижорат банкларининг ўз маблағлари ҳисобидан ажратилган кредитлар бўйича фоиз тўловларининг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Кредит фоиз харажатларини компенсация қилиш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) ҳисобидан қоплаш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
компенсация — тижорат банкларининг ўз маблағлари ҳисобидан ажратилган кредитлар бўйича фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ (кейинги ўринларда — Компания) томонидан Жамғарма ҳисобидан ажратиладиган маблағлар;
компенсация олувчи — нодавлат умумий ўрта таълим ташкилоти фаолиятини йўлга қўйиш учун кредит олган тадбиркорлик субъекти;
кредит — нодавлат умумий ўрта таълим ташкилоти фаолиятини йўлга қўйиш, шу жумладан унинг бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва моддий-техника базасини шакллантириш мақсадлари учун миллий валютада ажратиладиган қиймати 20 млрд сўмгача бўлган кредит;
скоринг таҳлил — қарздорнинг кредит қобилиятини баҳолаш тизими;
нодавлат умумий ўрта таълим ташкилоти — тегишли лицензия асосида нодавлат умумий ўрта таълим хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъекти;
«TADBIRKOR» ахборот тизими (кейинги ўринларда — «Tadbirkor» АТ) — электрон рақамли имзо (ЭРИ)дан фойдаланган ҳолда қуйидагиларни амалга ошириш имконини берувчи ахборот тизими:
Компаниянинг молиявий ёрдамларидан фойдаланиш бўйича буюртмаларни қабул қилиш ва улар юзасидан қабул қилинган қарорларни мурожаат этувчига электрон тарзда етказиш;
Компания молиявий ёрдамларидан фойдаланишга оид электрон шартномалар ва ҳисоботларни тузиш;
Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси, Миллий статистика қўмитаси, тижорат банклари ва бошқа давлат ташкилотлари ахборот (маълумот) базаси билан маълумотлар алмашиш;
тижорат банклари ва уларнинг мижозлари томонидан реал вақт режимида буюртмаларнинг кўриб чиқилиши ҳамда бажарилиши ҳолатини кузатиб бориш;
асосий ставка — буюртма тақдим этилган санадаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкаси;
буюртма — компенсация олувчининг сўровномаси асосида тижорат банки томонидан компенсация олиш мақсадида лойиҳа ва кредит параметрларини кўрсатган ҳолда, «Tadbirkor» АТ орқали шакллантирилган ҳамда ЭРИ билан тасдиқланган ариза;
сўровнома — компенсация олувчи томонидан компенсация олиш мақсадида «Tadbirkor» АТ орқали шакллантирилган, ЭРИ билан тасдиқланган ҳамда тижорат банкига юборилган сўровнома.
3. Компенсация Компания ва тижорат банки ўртасида тузиладиган бош келишув (кейинги ўринларда — Келишув)га асосан тақдим этилади.
2-боб. Компенсация тақдим этиш шартлари ва тартиби
4. Компенсация ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ ажратилади.
5. Компенсация олиш учун компенсация олувчи қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
а) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтган ва фаолиятини амалга ошираётган бўлиши;
б) тугатилиш босқичида бўлмаслиги;
в) компенсация олувчига нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилмаганлиги;
г) компенсация олувчининг барқарорлик рейтинги кўрсаткичи «D» бўлмаслиги;
д) Компания молиявий ёрдамларидан фойдаланишга оид амалдаги шартномаси бўлмаслиги;
е) «ёмон» кредит тарихига ва Компания ёрдамлари бўйича салбий тарихга эга бўлмаслиги («Кредит-ахборот таҳлил маркази» Кредит бюроси маълумоти асосида аниқланади).
6. Компенсация фақат «Tadbirkor» АТ орқали юборилган буюртма асосида тақдим этилади.
7. Компенсация кредит фоиз ставкасининг асосий ставкадан ошадиган, лекин унинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун «1+2» тамойили асосида уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тақдим этилади.
8. Олдин ажратилган кредит бўйича Компаниядан компенсация олган нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотининг янги кредити бўйича қуйидаги ҳолларда яна компенсация ажратилиши мумкин:
муқаддам олинган кредит шартномаси бўйича кредит қарздорлиги тўлиқ қайтарилганда;
муқаддам олинган кредит шартномаси бекор қилинганда ёки ҳақиқий эмас деб топилганда;
муқаддам олинган кредит шартномаси бўйича Компания томонидан компенсация ажратишни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинганда.
9. Муқаддам Компаниядан молиявий ёрдам олган нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари Компанияга берилган буюртмалар асосида солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) бўйича аниқланади.
10. Компенсация мурожаат санасида тижорат банкларининг скоринг тизимидан ижобий хулоса олган, кредитлар ва солиқлар бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлмаган нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларининг кредитлари бўйича ажратилади.
11. Компенсация олувчининг компенсация олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни илова қилинган ҳолда тақдим этилган сўровномаси ҳамда тижорат банкининг буюртмаси компенсация бериш учун асос ҳисобланади.
Тижорат банкининг ҳудудий филиали томонидан кредит бериш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, компенсация олувчининг компенсация олиш бўйича сўровномаси буюртма шаклига келтирган ҳолда икки иш куни ичида кўриб чиқиш учун тижорат банкига жўнатилади.
Тижорат банки буюртманинг тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, банк кредит сиёсати ва мазкур Низомга мувофиқлигини кўриб чиқади, хато ва камчиликлар аниқланганда уларни бартараф этишни сўраб буюртмани ҳудудий филиалга қайтаради.
Ҳудудий филиалнинг масъул ходими буюртмага тегишли ўзгартириш киритиб, тижорат банкига кўриб чиқиш учун қайта юборади.
Тўғри шакллантирилган буюртмани тижорат банки 2 иш куни ичида Компанияга юборади.
Сўровнома ҳамда буюртмада кўрсатилган маълумотларнинг тўлиқлиги ва ҳаққонийлиги учун кредит олувчи ва тижорат банкининг уни имзолаган мансабдор шахси жавобгар ҳисобланади.
Компания буюртмани кўриб чиқиш жараёнида зарурат бўлган тақдирда, қўшимча маълумот ва ҳужжатларни тижорат банкидан талаб қилиш ҳуқуқига эга.
12. Буюртма ва унга илова қилинган ҳужжатлар Компанияга тушган санадан бошлаб уч иш куни ичида Компания томонидан кўриб чиқилади ҳамда мазкур Низомда белгиланган талаблардан келиб чиқиб, компенсация ажратиш ёки компенсация ажратишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Рад этилган буюртма тижорат банкига бир иш куни ичида компенсация ажратишни рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда қайтарилади.
Компания томонидан компенсация ажратилиши рад этилганлиги тўғрисидаги хабарномани олган тижорат банки бир иш куни ичида бу ҳақда ҳудудий филиалини хабардор қилади.
13. Тижорат банки ёки унинг ҳудудий филиали компенсация ажратилганлиги тўғрисида қарорни олгандан сўнг беш иш куни ичида компенсация ажратилиши тўғрисида қарз олувчини хабардор қилади.
14. Тижорат банки ёки унинг ҳудудий филиали ва компенсация олувчи ўн кун ичида компенсация бериш тўғрисидаги шартномани ЭРИ орқали имзолайдилар.
Компенсация бериш тўғрисидаги шартнома ўн кун муддатда ЭРИ орқали имзоланмаган тақдирда, шартнома тузилмаган ва мажбурият юзага келмаган ҳисобланади.
15. Компенсация бериш тўғрисидаги шартнома ЭРИ орқали имзолангандан сўнг расман кучга киради ва томонларнинг мажбурияти юзага келган ҳисобланади.
16. Нотўғри ва (ёки) ҳақиқий бўлмаган маълумотларнинг тақдим қилиниши натижасида компенсация тўлаганлиги, шунингдек, тижорат банки ва компенсация олувчи томонидан мажбуриятлар ўз вақтида бажарилмаганлиги учун Компания жавобгар ҳисобланмайди.
17. Компенсация қуйидаги тартибда тўланади:
кредитдан фойдаланишнинг биринчи йилида компенсация тижорат банки томонидан тақдим этилган реестр асосида ойма-ой ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-санасигача тўлаб берилади;
кредитдан фойдаланишнинг иккинчи ва кейинги йилларида компенсация компенсация олувчи томонидан янги ўқувчи ва иш ўринларини яратишга оид мажбуриятларнинг бажарилишига қараб ҳар йили бир маротаба 1 августга қадар тўлаб берилади.
Бунда:
компенсация олувчи томонидан янги ўқувчи ва иш ўринларини яратишга оид мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, кейинги йиллар учун компенсация тўлаб берилмайди;
компенсация олувчи томонидан янги ўқувчи ва иш ўринларини яратишга оид мажбуриятларнинг бажарилиши тўғрисидаги маълумотлар тегишли давлат органлари ва ташкилотларидан олинади.
3-боб. Компенсацияларнинг ҳисобини юритиш тартиби
18. Тижорат банки нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларига кредитларнинг қолдиқлари бўйича ҳисобланган фоизлардан келиб чиққан ҳолда компенсация реестрини (кейинги ўринларда — Реестр) тузади. Бунда тижорат банки:
нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларига ажратилган кредитларнинг маълумотларини «Tadbirkor» АТга интеграция қилинишини;
Реестрнинг Компания талабларига мувофиқ электрон тарзда шакллантирилишини;
ЭРИ орқали имзоланган Реестрни «Tadbirkor» АТ орқали Компанияга юборилишини таъминлайди.
19. Тижорат банки Реестрнинг барча ҳисоб-китобларини исталган муддатга онлайн режимда Компанияга тақдим этиш имконияти бўлган дастурий таъминотга эга бўлиши лозим.
20. Компенсация тижорат банки томонидан «Tadbirkor» АТ орқали бериладиган Реестр асосида ажратилади.
Тижорат банклари Реестрига киритилган маълумотларнинг тўғрилиги ва тўлиқлиги учун жавобгар ҳисобланади.
21. Компенсация маблағлари тижорат банки томонидан тақдим этилган Реестр асосида бир вақтнинг ўзида бир қанча кредит шартномалари бўйича тижорат банкининг 29801 — «Мижозлар билан ҳисоб-китоблар» транзит ҳисобварағига ўтказилади. Ўз навбатида, тижорат банки транзит ҳисобварағига тушган маблағларни ўн иш кунида ҳар бир компенсация олувчи учун алоҳида очилган «16325» ҳисобварағига ўтказади.
Белгиланган муддатда транзит ҳисобварағидаги маблағ ҳар бир компенсация олувчи учун алоҳида очилган «16325» ҳисобварағига ўтказилмаган тақдирда, қолдиқ маблағ тижорат банки томонидан Компанияга қайтарилади.
22. Компания қуйидаги ҳолатларда компенсация беришни тўхтатиб туради:
кредитнинг асосий қарзи ва фоиз тўловлари бўйича муддати ўтган қарздорлик юзага келган санадан ушбу қарздорлик бартараф этилгунга қадар;
компенсация олувчи ва тижорат банкининг буюртмасида нотўғри ва (ёки) ёлғон маълумотлар аниқланганда;
тижорат банки томонидан Компаниядан рухсат олинмасдан кредит параметрлари ўзгартирилганда.
Мазкур бандда назарда тутилган ҳолатлар натижасида ортиқча олинган компенсация маблағи тижорат банки томонидан беш иш куни ичида Компанияга қайтарилади.
Ортиқча олинган маблағ белгиланган муддатда қайтарилмаган тақдирда, улар кейинги тўловлар ҳисобидан ушлаб қолинади.
Тижорат банки компенсация беришни тўхтатиб туриш сабаблари бартараф этилганлиги ҳақида Компанияни хабардор қилган санадан бошлаб компенсацияни ҳисоблаш қайта тикланади.
Тўхтатилган давр учун компенсация тақдим этилмайди.
23. Компания қуйидаги ҳолатларда компенсация беришни тўхтатади:
компенсация олувчи томонидан кредит суммаси тўлиқ қайтарилганда;
кредит шартномасининг амал қилиши тўхтатилганда;
кредит белгиланган мақсадлар учун ишлатилмаганда;
мазкур Низом талабларига зид равишда компенсация олинганда;
компенсация ажратиш тўғрисидаги шартноманинг амал қилиши тўхтатилганда.
Компания қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолатларда ҳам компенсация беришни тўхтатиши мумкин.
Мазкур банднинг тўртинчи ва бешинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолатлар аниқланганда, компенсация шартномаси бир томонлама бекор қилинади.
Тўланган компенсация маблағлари тижорат банки томонидан беш иш куни ичида Компанияга қайтарилади. Ушбу маблағлар белгиланган муддатда қайтарилмаган тақдирда, улар тижорат банкига навбатдаги компенсация учун ўтказиладиган умумий тўлов суммасидан ушлаб қолинади.
24. Тижорат банки компенсация олувчининг фаолияти юзасидан бир йилда камида бир марта мониторинг олиб боради ҳамда компенсация беришни тўхтатиб туриш ва тўхтатишни назарда тутувчи ҳолатлар аниқланганда бу ҳақда Компанияни беш иш куни ичида хабардор қилади.
25. Компания компенсация беришни тўхтатиб туриш ва тўхтатиш учун асос бўладиган ҳолат аниқланганидан сўнг беш иш куни ичида компенсация беришни тўхтатиб туриш (тўхтатиш) тўғрисида қарор қабул қилади.
26. Тижорат банки ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига компенсация маблағларидан фойдаланиш тўғрисида ҳисоботлар тақдим этади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
27. Компенсация берилган нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларининг реестри Компания томонидан электрон шаклда юритилади.
28. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
Нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш учун ажратилган кредитларнинг бир қисмини қоплаш учун компенсация бериш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Кредит фоиз харажатларини компенсация қилиш жамғармаси ҳисобидан нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш учун ажратилган кредитларнинг бир қисмини қоплаш учун компенсация бериш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Кредит олувчи (Нодавлат умумий ўрта таълим ташкилоти) Тижорат банки ёки унинг ҳудудий филиалига кредит ажратиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади. Заруратга кўра 2-босқич Тижорат банкининг ҳудудий филиали Тижорат банкининг ҳудудий филиали томонидан кредит ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, компенсация олувчининг компенсация олиш ҳақидаги сўровномасини буюртма шаклига келтиради ҳамда кўриб чиқиш учун тижорат банкига юборади. 2 иш куни ичида 3-босқич Тижорат банки 1. Тижорат банки буюртманинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, банк кредит сиёсати ва мазкур Низомга мувофиқлигини кўриб чиқади, хато ва номувофиқликлар аниқланганда уларни бартараф этишни сўраб буюртмани ҳудудий филиалга қайтаради. 2. Шакллантирилган буюртмани Компанияга юборади. 2 иш куни ичида 4-босқич «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ, Тижорат банки 1. Тижорат банки томонидан юборилган буюртма ва тегишли ҳужжатларни кўриб чиқади ҳамда компенсация ажратиш ёки компенсация ажратишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. 3 иш куни ичида 2. Компания томонидан рад этилган буюртма тижорат банкига рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда қайтарилади. 1 иш куни ичида 3. Компания томонидан компенсация ажратилиши рад этилганлиги тўғрисидаги буюртмани олган тижорат банки ҳудудий филиалини хабардор қилади. 1 иш куни ичида 4. Тижорат банки ёки унинг ҳудудий филиали компенсация олувчига компенсация ажратилиши тўғрисида хабардор қилади. 5 иш куни ичида 5-босқич Тижорат банки, Компенсация олувчи Компания томонидан компенсация ажратилиши тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, тижорат банки ёки унинг ҳудудий филиали ва компенсация олувчи компенсация берилиши тўғрисида шартномани электрон рақамли имзо билан имзолайди. 10 кун ичида 6-босқич «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ Тижорат банки томонидан тақдим этилган реестр асосида компенсация тўловларини амалга оширади. Биринчи йилда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-санасига қадар, кейинги икки йил давомида ҳар йили бир маротаба 1 августга қадар
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 10 октябрдаги 660-сон қарорига 2-ИЛОВА
Нодавлат умумий ўрта таълим хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига коммунал харажатларининг бир қисмини Давлат бюджетидан қоплаб бериш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ўқувчиларга муносиб шарт-шароитлар яратиш мақсадида нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари учун биноларни янгидан қурган ёки ўзининг бино ва иншоотларида умумий ўрта таълим фаолиятини йўлга қўйган тадбиркорлик субъектларига коммунал харажатларининг бир қисмини қоплаш учун Давлат бюджети ҳисобидан компенсация тақдим этиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ахборот тизими — Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларига коммунал тўловлар учун компенсация тўлаб бериш жараёнларини амалга ошириш имкониятини берувчи дастурий таъминоти;
компенсация — нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотига коммунал тўловлар учун Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериладиган маблағ;
коммунал тўловлар — электр энергияси ва табиий газ (иситиш) хизматларидан фойдаланиш харажатлари;
нодавлат умумий ўрта таълим ташкилоти — нодавлат умумий ўрта таълим хизматларини кўрсатиш учун биноларни янгидан қурган ёки ўзининг бино ва иншоотларида таълим фаолиятини йўлга қўйган, тегишли лицензияга эга бўлган тадбиркорлик субъектлари.
2-боб. Компенсацияларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби
3. Нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан коммунал харажатларнинг бир қисмини қоплаб бериш учун компенсациялар тўлаш мазкур Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
4. Компенсацияни тўлаш бўйича буюртманомалар мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ ахборот тизими орқали автоматик тарзда шакллантирилади.
5. Нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларига коммунал тўловлар учун компенсациялар мазкур ташкилот нодавлат умумий ўрта таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти учун лицензияга эга бўлган даврида, ўқув йили ҳамда ёзги қўшимча имтиҳон ва машғулотлар даври мобайнида ҳисобланади ва тўланади.
Бунда компенсациялар ҳар бир нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотига компенсация ажратилиши бошланганидан 5 йил давомида тўлаб берилади.
6. Нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларига ҳисобот ойида фойдаланган коммунал тўловлари нархининг 50 фоизи миқдорида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан компенсация тўланади.
7. Нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларига тўланадиган электр энергияси хизматларидан фойдаланиш харажатлари учун компенсациянинг йиллик максимал суммаси қуйидаги формула асосида ахборот тизими орқали ҳисоб-китоб қилинади:
ЭЭК = ДМХ / УЎС / ИКС * 0,5
ЭКМ = ЭЭК * ИКС
Бунда:
ЭЭК — электр энергияси хизматларидан фойдаланиш харажатлари учун бир нафар ўқувчига тўланадиган компенсациянинг кунлик қатъий миқдори;
ДМХ — 9 соатлик иш режимидаги давлат умумий ўрта таълим ташкилотларига тегишли молия йилида Давлат бюджетидан электр энергияси хизматларидан фойдаланиш харажатлари учун ажратилган маблағларнинг умумий суммаси;
УЎС — давлат умумий ўрта таълим ташкилотларининг ахборот тизимида рўйхатга олинган умумий болалар сони;
ИКС — жорий йилда иш кунлари сони;
ЭКМ — электр энергияси хизматларидан фойдаланиш харажатлари учун тўланадиган компенсациянинг йиллик максимал миқдори.
8. Нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотига тўланадиган табиий газ (иситиш) хизматларидан фойдаланиш харажатлари учун компенсациянинг йиллик суммаси қуйидаги формула асосида ҳисоб-китоб қилинади:
ТГК = ДМХ / УЎС / ИКС * 0,5
ГКМ = ТГК * ИКС
Бунда:
ТГК — табиий газ хизматларидан фойдаланиш харажатлари учун бир нафар ўқувчига тўланадиган компенсациянинг кунлик қатъий миқдори;
ДМХ — 9 соатлик иш режимидаги давлат умумий ўрта таълим ташкилотларига тегишли молия йилида Давлат бюджетидан табиий газ хизматларидан фойдаланиш харажатлари учун ажратилган маблағларнинг умумий суммаси;
УЎС — давлат умумий ўрта таълим ташкилотларининг ахборот тизимида рўйхатга олинган умумий болалар сони;
ИКС — жорий йилда иш кунлари сони;
ГКМ — табиий газ хизматларидан фойдаланиш харажатлари учун тўланадиган компенсациянинг йиллик максимал миқдори.
9. Табиий газдан фойдаланиш харажатлари учун компенсация тўловлари барча нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотига, уларда марказлашган табиий газ таъминоти мавжуд бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, тўланади.
10. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда ҳар йили 1 май ҳолатига кўра бир нафар ўқувчига тўғри келадиган электр энергияси ва табиий газ (иситиш) хизматларидан фойдаланиш харажатлари бўйича бир кунлик компенсация миқдорини тасдиқлайди.
Бунда электр энергияси ва табиий газ (иситиш) хизматларидан фойдаланиш учун коммунал тўловлар нархлари оширилган тақдирда компенсация миқдори мос равишда оширилади.
11. Нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари таълим олувчилар ва педагог ходимлар тўғрисидаги тўғри, тўлиқ ва ишончли маълумотларни ахборот тизимида белгиланган тартибда шакллантиради.
12. Компенсациялар нодавлат умумий ўрта таълим ташкилоти томонидан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Ягона электрон дастурига (erp.maktab.uz) киритилган ўқувчилар сонидан келиб чиқиб ҳисобланади.
13. Коммунал тўловлар учун компенсациялар нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларининг ахборот тизими орқали Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига бир йилда бир маротаба юборган аризаси асосида ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-кунига қадар ҳисобланади.
14. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан коммунал тўловлари учун компенсация бериладиган нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари бўйича реестрни ва коммунал тўловларини молиялаштириш учун буюртманомалар ахборот тизими орқали Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этилади.
15. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги икки иш куни ичида тақдим этилган реестр ва буюртманомага асосан коммунал тўловлари учун компенсацияларни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг тегишли ғазна ҳисобварағига белгиланган тартибда ўтказиб беради.
16. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги икки иш куни ичида Давлат бюджетидан ажратилган компенсацияларни нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотининг тижорат банкидаги ҳисобварағига ўтказиб беради.
3-боб. Якунловчи қоидалар
17. Нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотига қоплаб бериладиган ойлик компенсацияларни тўлаш учун тақдим этилган маълумотларнинг асослилиги ва тўғрилигига таълим ташкилотининг директори шахсан жавобгар ҳисобланади.
18. Нодавлат умумий ўрта таълим ташкилоти томонидан ойлик компенсация тўловларини қоплаш учун ахборот тизимига киритилган маълумотлар ва ҳужжатларнинг сохталиги аниқланганда, таълим ташкилотининг директори ва тегишли ходимлари қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўлади ҳамда ушбу ташкилот электр энергияси ва табиий газ хизматлари учун Давлат бюджети ҳисобидан ойлик компенсация тўловлари қоплаб бериладиган нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларининг қаторидан чиқарилади.
19. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
Нодавлат умумий ўрта таълим хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига коммунал харажатларининг бир қисмини Давлат бюджетидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари томонидан фойдаланилган электр энергияси ва табиий газ хизматлари учун Давлат бюджетидан компенсация ажратиш ва тўлашнинг
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Нодавлат умумий ўрта таълим ташкилоти 1. Ахборот тизимида ўқувчилар рўйхатини белгиланган тартибда шакллантиради. 2. Ахборот тизимига ташкилот ва унинг ходимлари тўғрисидаги маълумотларни киритади. Ўқувчининг қонуний вакили ёки ходим билан меҳнат шартномаси тузилган кундан кейинги иш кунидан бошлаб 2-босқич Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Нодавлат умумий ўрта таълим ташкилоти нинг ходимлари ва ўқувчилари ҳамда коммунал тўловлари бўйича электрон шаклда маълумотларни йиғади, тўланадиган компенсация миқдорларини ҳисоблайди. Ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-кунигача 3-босқич Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Электрон шаклда реестр ва буюртманомаларни шакллантиради ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг тегишли ахборот тизимларига юборади. Ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-кунигача 4-босқич Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Давлат бюджетидан компенсациялар ажратиш бўйича ахборот тизимида шакллантирилган буюртманомалар асосида зарур маблағларни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг тегишли ғазна ҳисобварағига белгиланган тартибда ўтказиб беради. 2 иш куни ичида 5-босқич Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотининг тижорат банкидаги ҳисобварағига компенсацияларни белгиланган тартибда ўтказиб беради. 2 иш куни ичида
Нодавлат умумий ўрта таълим хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига коммунал харажатларининг бир қисмини Давлат бюджетидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
___________________ нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотига ажратиладиган компенсациялар учун БУЮРТМАНОМА
Ташкилот СТИРи ___________ Фаолият юритиш манзили ___________ Т/р Ўқувчининг Ф.И.О Ҳисобот ойидаги иш кунлари сони Ўқувчилар ва ходимлар сони Электр ва табиий газ истеъмоли учун ажратиладиган маблағ (5 уст+12 уст) Шундан: Электр энергияси учун компенсация миқдори Электр учун Табиий газ учун (суюлтирилган газ ёки кўмир маҳсулотлари) 1 кВт/соат нархи Ҳисобот ойида ҳақиқий харажат (кВт) Ҳақиқий истеъмол учун ҳисобланган сумманинг 50 фоизи (6 уст *7 уст *50%) Бир нафар ўқувчига компенсациянинг кунлик қатъий миқдори Компенсациянинг ойлик максимал суммаси (3 уст*9 уст) Бир нафар ўқувчига компенсациянинг кунлик қатъий миқдори Компенсация суммаси (3 уст*11 уст) а 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 1. 2. ... Жами
Нодавлат умумий ўрта таълим хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига коммунал харажатларининг бир қисмини Давлат бюджетидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
Коммунал харажатлар учун Давлат бюджети ҳисобидан ойлик компенсация тўловлари қоплаб бериладиган __________________ даги нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларининг
20__ йил _______ ойи учун минг сўм Т/р Нодавлат умумий ўрта таълим ташкилоти номи (тўлиқ кўрсатилади) Манзили СТИР Банк реквизитлари Табиий газ Электр энергияси Жами қоплаб бериладиган сумма Тўланган сумма Қоплаб бериладиган сумма Тўланган сумма Қоплаб бериладиган сумма Жами: х х 20__ йил «__» __________
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 10 октябрь,
660-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
NIZOM
SXEMASI
REYESTRI
Nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlarini davlat tomonidan qoʻshimcha qoʻllab-quvvatlashga oid ayrim normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari tarmogʻini kengaytirish va ushbu jarayonga tadbirkorlik subyektlarini jalb qilish imkoniyatlarini oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 31-yanvardagi PQ-49-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari tarmogʻini kengaytirish, sohani davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash tizimini takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2024-yil 31-yanvardagi PQ-49-son qaroriga muvofiq 2025-yil 1-yanvardan boshlab:
nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari faoliyatini yoʻlga qoʻyish uchun tijorat banklarining oʻz mablagʻlari hisobidan bozor foiz stavkalarida milliy valyutada ajratiladigan, qiymati 20 milliard soʻmgacha boʻlgan kreditlar boʻyicha, foiz stavkasining Markaziy bankning asosiy stavkasidan oshadigan, lekin uning 1,5 baravaridan koʻp boʻlmagan qismini qoplash uchun Davlat budjeti hisobidan kompensatsiya taqdim etilishi;
nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari uchun binolarni yangidan qurgan yoki oʻzining bino va inshootlarida umumiy oʻrta taʼlim faoliyatini yoʻlga qoʻygan tadbirkorlik subyektlariga 5 yil muddatga ushbu taʼlim tashkilotlari faoliyati bilan bogʻliq boʻlgan kommunal xarajatlarining 50 foizi Davlat budjetidan qoplab berilishi belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilar:
Nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari faoliyatini yoʻlga qoʻyish uchun ajratilgan kreditlarning bir qismini qoplash uchun kompensatsiya taqdim etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;
Nodavlat umumiy oʻrta taʼlim xizmatlarini koʻrsatuvchi tadbirkorlik subyektlariga kommunal xarajatlarining bir qismini Davlat budjetidan qoplab berish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Mazkur qaror 2025-yil 1-yanvardan boshlab kuchga kiradi.
4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri X.U. Umarova zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 10-oktabrdagi 660-son qaroriga 1-ILOVA
Nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari faoliyatini yoʻlga qoʻyish uchun ajratilgan kreditlarning bir qismini qoplash uchun kompensatsiya taqdim etish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari faoliyatini yoʻlga qoʻyish uchun tijorat banklarining oʻz mablagʻlari hisobidan ajratilgan kreditlar boʻyicha foiz toʻlovlarining bir qismini Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligining Kredit foiz xarajatlarini kompensatsiya qilish jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) hisobidan qoplash tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
kompensatsiya — tijorat banklarining oʻz mablagʻlari hisobidan ajratilgan kreditlar boʻyicha foiz toʻlovlarining bir qismini qoplash uchun “Tadbirkorlikni rivojlantirish kompaniyasi” AJ (keyingi oʻrinlarda — Kompaniya) tomonidan Jamgʻarma hisobidan ajratiladigan mablagʻlar;
kompensatsiya oluvchi — nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkiloti faoliyatini yoʻlga qoʻyish uchun kredit olgan tadbirkorlik subyekti;
kredit — nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkiloti faoliyatini yoʻlga qoʻyish, shu jumladan uning bino va inshootlarini qurish, rekonstruksiya qilish va moddiy-texnika bazasini shakllantirish maqsadlari uchun milliy valyutada ajratiladigan qiymati 20 mlrd soʻmgacha boʻlgan kredit;
skoring tahlil — qarzdorning kredit qobiliyatini baholash tizimi;
nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkiloti — tegishli litsenziya asosida nodavlat umumiy oʻrta taʼlim xizmatlarini koʻrsatuvchi tadbirkorlik subyekti;
“TADBIRKOR” axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — “Tadbirkor” AT) — elektron raqamli imzo (ERI)dan foydalangan holda quyidagilarni amalga oshirish imkonini beruvchi axborot tizimi:
Kompaniyaning moliyaviy yordamlaridan foydalanish boʻyicha buyurtmalarni qabul qilish va ular yuzasidan qabul qilingan qarorlarni murojaat etuvchiga elektron tarzda yetkazish;
Kompaniya moliyaviy yordamlaridan foydalanishga oid elektron shartnomalar va hisobotlarni tuzish;
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Soliq qoʻmitasi, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Statistika agentligi, tijorat banklari va boshqa davlat tashkilotlari axborot (maʼlumot) bazasi bilan maʼlumotlar almashish;
tijorat banklari va ularning mijozlari tomonidan real vaqt rejimida buyurtmalarning koʻrib chiqilishi hamda bajarilishi holatini kuzatib borish;
asosiy stavka — buyurtma taqdim etilgan sanadagi Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankining asosiy stavkasi;
buyurtma — kompensatsiya oluvchining soʻrovnomasi asosida tijorat banki tomonidan kompensatsiya olish maqsadida loyiha va kredit parametrlarini koʻrsatgan holda, “Tadbirkor” AT orqali shakllantirilgan hamda ERI bilan tasdiqlangan ariza;
soʻrovnoma — kompensatsiya oluvchi tomonidan kompensatsiya olish maqsadida “Tadbirkor” AT orqali shakllantirilgan, ERI bilan tasdiqlangan hamda tijorat bankiga yuborilgan soʻrovnoma.
3. Kompensatsiya Kompaniya va tijorat banki oʻrtasida tuziladigan bosh kelishuv (keyingi oʻrinlarda — Kelishuv)ga asosan taqdim etiladi.
2-bob. Kompensatsiya taqdim etish shartlari va tartibi
4. Kompensatsiya ushbu Nizomga ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq ajratiladi.
5. Kompensatsiya olish uchun kompensatsiya oluvchi quyidagi talablarga javob berishi lozim:
a) Oʻzbekiston Respublikasi hududida roʻyxatdan oʻtgan va faoliyatini amalga oshirayotgan boʻlishi;
b) tugatilish bosqichida boʻlmasligi;
v) kompensatsiya oluvchiga nisbatan toʻlovga qobiliyatsizlik toʻgʻrisida ish qoʻzgʻatilmaganligi;
g) kompensatsiya oluvchining barqarorlik reytingi koʻrsatkichi “D” boʻlmasligi;
d) Kompaniya moliyaviy yordamlaridan foydalanishga oid amaldagi shartnomasi boʻlmasligi;
e) “yomon” kredit tarixiga va Kompaniya yordamlari boʻyicha salbiy tarixga ega boʻlmasligi (“Kredit-axborot tahlil markazi” Kredit byurosi maʼlumoti asosida aniqlanadi).
6. Kompensatsiya faqat “Tadbirkor” AT orqali yuborilgan buyurtma asosida taqdim etiladi.
7. Kompensatsiya kredit foiz stavkasining asosiy stavkadan oshadigan, lekin uning 1,5 baravaridan koʻp boʻlmagan qismini qoplash uchun “1+2” tamoyili asosida uch yildan ortiq boʻlmagan muddatga taqdim etiladi.
8. Oldin ajratilgan kredit boʻyicha Kompaniyadan kompensatsiya olgan nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotining yangi krediti boʻyicha quyidagi hollarda yana kompensatsiya ajratilishi mumkin:
muqaddam olingan kredit shartnomasi boʻyicha kredit qarzdorligi toʻliq qaytarilganda;
muqaddam olingan kredit shartnomasi bekor qilinganda yoki haqiqiy emas deb topilganda;
muqaddam olingan kredit shartnomasi boʻyicha Kompaniya tomonidan kompensatsiya ajratishni toʻxtatish toʻgʻrisida qaror qabul qilinganda.
9. Muqaddam Kompaniyadan moliyaviy yordam olgan nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari Kompaniyaga berilgan buyurtmalar asosida soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami (STIR) boʻyicha aniqlanadi.
10. Kompensatsiya murojaat sanasida tijorat banklarining skoring tizimidan ijobiy xulosa olgan, kreditlar va soliqlar boʻyicha muddati oʻtgan qarzdorligi mavjud boʻlmagan nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlarining kreditlari boʻyicha ajratiladi.
11. Kompensatsiya oluvchining kompensatsiya olish uchun zarur boʻlgan hujjatlarni ilova qilingan holda taqdim etilgan soʻrovnomasi hamda tijorat bankining buyurtmasi kompensatsiya berish uchun asos hisoblanadi.
Tijorat bankining hududiy filiali tomonidan kredit berish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda, kompensatsiya oluvchining kompensatsiya olish boʻyicha soʻrovnomasi buyurtma shakliga keltirgan holda ikki ish kuni ichida koʻrib chiqish uchun tijorat bankiga joʻnatiladi.
Tijorat banki buyurtmaning tegishli normativ-huquqiy hujjatlar, bank kredit siyosati va mazkur Nizomga muvofiqligini koʻrib chiqadi, xato va kamchiliklar aniqlanganda ularni bartaraf etishni soʻrab buyurtmani hududiy filialga qaytaradi.
Hududiy filialning masʼul xodimi buyurtmaga tegishli oʻzgartirish kiritib, tijorat bankiga koʻrib chiqish uchun qayta yuboradi.
Toʻgʻri shakllantirilgan buyurtmani tijorat banki 2 ish kuni ichida Kompaniyaga yuboradi.
Soʻrovnoma hamda buyurtmada koʻrsatilgan maʼlumotlarning toʻliqligi va haqqoniyligi uchun kredit oluvchi va tijorat bankining uni imzolagan mansabdor shaxsi javobgar hisoblanadi.
Kompaniya buyurtmani koʻrib chiqish jarayonida zarurat boʻlgan taqdirda, qoʻshimcha maʼlumot va hujjatlarni tijorat bankidan talab qilish huquqiga ega.
12. Buyurtma va unga ilova qilingan hujjatlar Kompaniyaga tushgan sanadan boshlab uch ish kuni ichida Kompaniya tomonidan koʻrib chiqiladi hamda mazkur Nizomda belgilangan talablardan kelib chiqib, kompensatsiya ajratish yoki kompensatsiya ajratishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
Rad etilgan buyurtma tijorat bankiga bir ish kuni ichida kompensatsiya ajratishni rad etish sabablari koʻrsatilgan holda qaytariladi.
Kompaniya tomonidan kompensatsiya ajratilishi rad etilganligi toʻgʻrisidagi xabarnomani olgan tijorat banki bir ish kuni ichida bu haqda hududiy filialini xabardor qiladi.
13. Tijorat banki yoki uning hududiy filiali kompensatsiya ajratilganligi toʻgʻrisida qarorni olgandan soʻng besh ish kuni ichida kompensatsiya ajratilishi toʻgʻrisida qarz oluvchini xabardor qiladi.
14. Tijorat banki yoki uning hududiy filiali va kompensatsiya oluvchi oʻn kun ichida kompensatsiya berish toʻgʻrisidagi shartnomani ERI orqali imzolaydilar.
Kompensatsiya berish toʻgʻrisidagi shartnoma oʻn kun muddatda ERI orqali imzolanmagan taqdirda, shartnoma tuzilmagan va majburiyat yuzaga kelmagan hisoblanadi.
15. Kompensatsiya berish toʻgʻrisidagi shartnoma ERI orqali imzolangandan soʻng rasman kuchga kiradi va tomonlarning majburiyati yuzaga kelgan hisoblanadi.
16. Notoʻgʻri va (yoki) haqiqiy boʻlmagan maʼlumotlarning taqdim qilinishi natijasida kompensatsiya toʻlaganligi, shuningdek, tijorat banki va kompensatsiya oluvchi tomonidan majburiyatlar oʻz vaqtida bajarilmaganligi uchun Kompaniya javobgar hisoblanmaydi.
17. Kompensatsiya quyidagi tartibda toʻlanadi:
kreditdan foydalanishning birinchi yilida kompensatsiya tijorat banki tomonidan taqdim etilgan reyestr asosida oyma-oy hisobot oyidan keyingi oyning 25-sanasigacha toʻlab beriladi;
kreditdan foydalanishning ikkinchi va keyingi yillarida kompensatsiya kompensatsiya oluvchi tomonidan yangi oʻquvchi va ish oʻrinlarini yaratishga oid majburiyatlarning bajarilishiga qarab har yili bir marotaba 1-avgustga qadar toʻlab beriladi.
Bunda:
kompensatsiya oluvchi tomonidan yangi oʻquvchi va ish oʻrinlarini yaratishga oid majburiyatlar bajarilmagan taqdirda, keyingi yillar uchun kompensatsiya toʻlab berilmaydi;
kompensatsiya oluvchi tomonidan yangi oʻquvchi va ish oʻrinlarini yaratishga oid majburiyatlarning bajarilishi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar tegishli davlat organlari va tashkilotlaridan olinadi.
3-bob. Kompensatsiyalarning hisobini yuritish tartibi
18. Tijorat banki nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlariga kreditlarning qoldiqlari boʻyicha hisoblangan foizlardan kelib chiqqan holda kompensatsiya reyestrini (keyingi oʻrinlarda — Reyestr) tuzadi. Bunda tijorat banki:
nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlariga ajratilgan kreditlarning maʼlumotlarini “Tadbirkor” ATga integratsiya qilinishini;
Reyestrning Kompaniya talablariga muvofiq elektron tarzda shakllantirilishini;
ERI orqali imzolangan Reyestrni “Tadbirkor” AT orqali Kompaniyaga yuborilishini taʼminlaydi.
19. Tijorat banki Reyestrning barcha hisob-kitoblarini istalgan muddatga onlayn rejimda Kompaniyaga taqdim etish imkoniyati boʻlgan dasturiy taʼminotga ega boʻlishi lozim.
20. Kompensatsiya tijorat banki tomonidan “Tadbirkor” AT orqali beriladigan Reyestr asosida ajratiladi.
Tijorat banklari Reyestriga kiritilgan maʼlumotlarning toʻgʻriligi va toʻliqligi uchun javobgar hisoblanadi.
21. Kompensatsiya mablagʻlari tijorat banki tomonidan taqdim etilgan Reyestr asosida bir vaqtning oʻzida bir qancha kredit shartnomalari boʻyicha tijorat bankining 29801 — “Mijozlar bilan hisob-kitoblar” tranzit hisobvaragʻiga oʻtkaziladi. Oʻz navbatida, tijorat banki tranzit hisobvaragʻiga tushgan mablagʻlarni oʻn ish kunida har bir kompensatsiya oluvchi uchun alohida ochilgan “16325” hisobvaragʻiga oʻtkazadi.
Belgilangan muddatda tranzit hisobvaragʻidagi mablagʻ har bir kompensatsiya oluvchi uchun alohida ochilgan “16325” hisobvaragʻiga oʻtkazilmagan taqdirda, qoldiq mablagʻ tijorat banki tomonidan Kompaniyaga qaytariladi.
22. Kompaniya quyidagi holatlarda kompensatsiya berishni toʻxtatib turadi:
kreditning asosiy qarzi va foiz toʻlovlari boʻyicha muddati oʻtgan qarzdorlik yuzaga kelgan sanadan ushbu qarzdorlik bartaraf etilgunga qadar;
kompensatsiya oluvchi va tijorat bankining buyurtmasida notoʻgʻri va (yoki) yolgʻon maʼlumotlar aniqlanganda;
tijorat banki tomonidan Kompaniyadan ruxsat olinmasdan kredit parametrlari oʻzgartirilganda.
Mazkur bandda nazarda tutilgan holatlar natijasida ortiqcha olingan kompensatsiya mablagʻi tijorat banki tomonidan besh ish kuni ichida Kompaniyaga qaytariladi.
Ortiqcha olingan mablagʻ belgilangan muddatda qaytarilmagan taqdirda, ular keyingi toʻlovlar hisobidan ushlab qolinadi.
Tijorat banki kompensatsiya berishni toʻxtatib turish sabablari bartaraf etilganligi haqida Kompaniyani xabardor qilgan sanadan boshlab kompensatsiyani hisoblash qayta tiklanadi.
Toʻxtatilgan davr uchun kompensatsiya taqdim etilmaydi.
23. Kompaniya quyidagi holatlarda kompensatsiya berishni toʻxtatadi:
kompensatsiya oluvchi tomonidan kredit summasi toʻliq qaytarilganda;
kredit shartnomasining amal qilishi toʻxtatilganda;
kredit belgilangan maqsadlar uchun ishlatilmaganda;
mazkur Nizom talablariga zid ravishda kompensatsiya olinganda;
kompensatsiya ajratish toʻgʻrisidagi shartnomaning amal qilishi toʻxtatilganda.
Kompaniya qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa holatlarda ham kompensatsiya berishni toʻxtatishi mumkin.
Mazkur bandning toʻrtinchi va beshinchi xatboshilarida koʻrsatilgan holatlar aniqlanganda, kompensatsiya shartnomasi bir tomonlama bekor qilinadi.
Toʻlangan kompensatsiya mablagʻlari tijorat banki tomonidan besh ish kuni ichida Kompaniyaga qaytariladi. Ushbu mablagʻlar belgilangan muddatda qaytarilmagan taqdirda, ular tijorat bankiga navbatdagi kompensatsiya uchun oʻtkaziladigan umumiy toʻlov summasidan ushlab qolinadi.
24. Tijorat banki kompensatsiya oluvchining faoliyati yuzasidan bir yilda kamida bir marta monitoring olib boradi hamda kompensatsiya berishni toʻxtatib turish va toʻxtatishni nazarda tutuvchi holatlar aniqlanganda bu haqda Kompaniyani besh ish kuni ichida xabardor qiladi.
25. Kompaniya kompensatsiya berishni toʻxtatib turish va toʻxtatish uchun asos boʻladigan holat aniqlanganidan soʻng besh ish kuni ichida kompensatsiya berishni toʻxtatib turish (toʻxtatish) toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
26. Tijorat banki har oyda hisobot oyidan keyingi oyning 5-sanasiga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankiga kompensatsiya mablagʻlaridan foydalanish toʻgʻrisida hisobotlar taqdim etadi.
4-bob. Yakunlovchi qoidalar
27. Kompensatsiya berilgan nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlarining reyestri Kompaniya tomonidan elektron shaklda yuritiladi.
28. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.
Nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari faoliyatini yoʻlga qoʻyish uchun ajratilgan kreditlarning bir qismini qoplash uchun kompensatsiya berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Kredit foiz xarajatlarini kompensatsiya qilish jamgʻarmasi hisobidan nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari faoliyatini yoʻlga qoʻyish uchun ajratilgan kreditlarning bir qismini qoplash uchun kompensatsiya berish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Kredit oluvchi (Nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkiloti) Tijorat banki yoki uning hududiy filialiga kredit ajratish toʻgʻrisida ariza bilan murojaat qiladi. Zaruratga koʻra 2-bosqich Tijorat bankining hududiy filiali Tijorat bankining hududiy filiali tomonidan kredit ajratish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda, kompensatsiya oluvchining kompensatsiya olish haqidagi soʻrovnomasini buyurtma shakliga keltiradi hamda koʻrib chiqish uchun tijorat bankiga yuboradi. 2 ish kuni ichida 3-bosqich Tijorat banki 1. Tijorat banki buyurtmaning normativ-huquqiy hujjatlar, bank kredit siyosati va mazkur Nizomga muvofiqligini koʻrib chiqadi, xato va nomuvofiqliklar aniqlanganda ularni bartaraf etishni soʻrab buyurtmani hududiy filialga qaytaradi. 2. Shakllantirilgan buyurtmani Kompaniyaga yuboradi. 2 ish kuni ichida 4-bosqich “Tadbirkorlikni rivojlantirish kompaniyasi” AJ, Tijorat banki 1. Tijorat banki tomonidan yuborilgan buyurtma va tegishli hujjatlarni koʻrib chiqadi hamda kompensatsiya ajratish yoki kompensatsiya ajratishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. 3 ish kuni ichida 2. Kompaniya tomonidan rad etilgan buyurtma tijorat bankiga rad etish sabablari koʻrsatilgan holda qaytariladi. 1 ish kuni ichida 3. Kompaniya tomonidan kompensatsiya ajratilishi rad etilganligi toʻgʻrisidagi buyurtmani olgan tijorat banki hududiy filialini xabardor qiladi. 1 ish kuni ichida 4. Tijorat banki yoki uning hududiy filiali kompensatsiya oluvchiga kompensatsiya ajratilishi toʻgʻrisida xabardor qiladi. 5 ish kuni ichida 5-bosqich Tijorat banki, Kompensatsiya oluvchi Kompaniya tomonidan kompensatsiya ajratilishi toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda, tijorat banki yoki uning hududiy filiali va kompensatsiya oluvchi kompensatsiya berilishi toʻgʻrisida shartnomani elektron raqamli imzo bilan imzolaydi. 10 kun ichida 6-bosqich “Tadbirkorlikni rivojlantirish kompaniyasi” AJ Tijorat banki tomonidan taqdim etilgan reyestr asosida kompensatsiya toʻlovlarini amalga oshiradi. Birinchi yilda hisobot oyidan keyingi oyning 25-sanasiga qadar, keyingi ikki yil davomida har yili bir marotaba 1-avgustga qadar
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 10-oktabrdagi 660-son qaroriga 2-ILOVA
Nodavlat umumiy oʻrta taʼlim xizmatlarini koʻrsatuvchi tadbirkorlik subyektlariga kommunal xarajatlarining bir qismini Davlat budjetidan qoplab berish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlarini har tomonlama qoʻllab-quvvatlash, oʻquvchilarga munosib shart-sharoitlar yaratish maqsadida nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari uchun binolarni yangidan qurgan yoki oʻzining bino va inshootlarida umumiy oʻrta taʼlim faoliyatini yoʻlga qoʻygan tadbirkorlik subyektlariga kommunal xarajatlarining bir qismini qoplash uchun Davlat budjeti hisobidan kompensatsiya taqdim etish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
axborot tizimi — Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligining nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlariga kommunal toʻlovlar uchun kompensatsiya toʻlab berish jarayonlarini amalga oshirish imkoniyatini beruvchi dasturiy taʼminoti;
kompensatsiya — nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotiga kommunal toʻlovlar uchun Davlat budjeti hisobidan qoplab beriladigan mablagʻ;
kommunal toʻlovlar — elektr energiyasi va tabiiy gaz (isitish) xizmatlaridan foydalanish xarajatlari;
nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkiloti — nodavlat umumiy oʻrta taʼlim xizmatlarini koʻrsatish uchun binolarni yangidan qurgan yoki oʻzining bino va inshootlarida taʼlim faoliyatini yoʻlga qoʻygan, tegishli litsenziyaga ega boʻlgan tadbirkorlik subyektlari.
2-bob. Kompensatsiyalarni hisoblash va toʻlash tartibi
3. Nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlariga Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan kommunal xarajatlarning bir qismini qoplab berish uchun kompensatsiyalar toʻlash mazkur Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
4. Kompensatsiyani toʻlash boʻyicha buyurtmanomalar mazkur Nizomga 2-ilovaga muvofiq axborot tizimi orqali avtomatik tarzda shakllantiriladi.
5. Nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlariga kommunal toʻlovlar uchun kompensatsiyalar mazkur tashkilot nodavlat umumiy oʻrta taʼlim xizmatlarini koʻrsatish faoliyati uchun litsenziyaga ega boʻlgan davrida, oʻquv yili hamda yozgi qoʻshimcha imtihon va mashgʻulotlar davri mobaynida hisoblanadi va toʻlanadi.
Bunda kompensatsiyalar har bir nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotiga kompensatsiya ajratilishi boshlanganidan 5 yil davomida toʻlab beriladi.
6. Nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlariga hisobot oyida foydalangan kommunal toʻlovlari narxining 50 foizi miqdorida Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan kompensatsiya toʻlanadi.
7. Nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlariga toʻlanadigan elektr energiyasi xizmatlaridan foydalanish xarajatlari uchun kompensatsiyaning yillik maksimal summasi quyidagi formula asosida axborot tizimi orqali hisob-kitob qilinadi:
EEK = DMX / UOʻS / IKS * 0,5
EKM = EEK * IKS
Bunda:
EEK — elektr energiyasi xizmatlaridan foydalanish xarajatlari uchun bir nafar oʻquvchiga toʻlanadigan kompensatsiyaning kunlik qatʼiy miqdori;
DMX — 9 soatlik ish rejimidagi davlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlariga tegishli moliya yilida Davlat budjetidan elektr energiyasi xizmatlaridan foydalanish xarajatlari uchun ajratilgan mablagʻlarning umumiy summasi;
UOʻS — davlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlarining axborot tizimida roʻyxatga olingan umumiy bolalar soni;
IKS — joriy yilda ish kunlari soni;
EKM — elektr energiyasi xizmatlaridan foydalanish xarajatlari uchun toʻlanadigan kompensatsiyaning yillik maksimal miqdori.
8. Nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotiga toʻlanadigan tabiiy gaz (isitish) xizmatlaridan foydalanish xarajatlari uchun kompensatsiyaning yillik summasi quyidagi formula asosida hisob-kitob qilinadi:
TGK = DMX / UOʻS / IKS * 0,5
GKM = TGK * IKS
Bunda:
TGK — tabiiy gaz xizmatlaridan foydalanish xarajatlari uchun bir nafar oʻquvchiga toʻlanadigan kompensatsiyaning kunlik qatʼiy miqdori;
DMX — 9 soatlik ish rejimidagi davlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlariga tegishli moliya yilida Davlat budjetidan tabiiy gaz xizmatlaridan foydalanish xarajatlari uchun ajratilgan mablagʻlarning umumiy summasi;
UOʻS — davlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlarining axborot tizimida roʻyxatga olingan umumiy bolalar soni;
IKS — joriy yilda ish kunlari soni;
GKM — tabiiy gaz xizmatlaridan foydalanish xarajatlari uchun toʻlanadigan kompensatsiyaning yillik maksimal miqdori.
9. Tabiiy gazdan foydalanish xarajatlari uchun kompensatsiya toʻlovlari barcha nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotiga, ularda markazlashgan tabiiy gaz taʼminoti mavjud boʻlishi yoki boʻlmasligidan qatʼi nazar, toʻlanadi.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birgalikda har yili 1-may holatiga koʻra bir nafar oʻquvchiga toʻgʻri keladigan elektr energiyasi va tabiiy gaz (isitish) xizmatlaridan foydalanish xarajatlari boʻyicha bir kunlik kompensatsiya miqdorini tasdiqlaydi.
Bunda elektr energiyasi va tabiiy gaz (isitish) xizmatlaridan foydalanish uchun kommunal toʻlovlar narxlari oshirilgan taqdirda kompensatsiya miqdori mos ravishda oshiriladi.
11. Nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari taʼlim oluvchilar va pedagog xodimlar toʻgʻrisidagi toʻgʻri, toʻliq va ishonchli maʼlumotlarni axborot tizimida belgilangan tartibda shakllantiradi.
12. Kompensatsiyalar nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkiloti tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligining Yagona elektron dasturiga (erp.maktab.uz) kiritilgan oʻquvchilar sonidan kelib chiqib hisoblanadi.
13. Kommunal toʻlovlar uchun kompensatsiyalar nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlarining axborot tizimi orqali Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligiga bir yilda bir marotaba yuborgan arizasi asosida hisobot oyidan keyingi oyning 10-kuniga qadar hisoblanadi.
14. Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi tomonidan kommunal toʻlovlari uchun kompensatsiya beriladigan nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari boʻyicha reyestrni va kommunal toʻlovlarini moliyalashtirish uchun buyurtmanomalar axborot tizimi orqali Iqtisodiyot va moliya vazirligiga taqdim etiladi.
15. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi ikki ish kuni ichida taqdim etilgan reyestr va buyurtmanomaga asosan kommunal toʻlovlari uchun kompensatsiyalarni Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligining tegishli gʻazna hisobvaragʻiga belgilangan tartibda oʻtkazib beradi.
16. Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi ikki ish kuni ichida Davlat budjetidan ajratilgan kompensatsiyalarni nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotining tijorat bankidagi hisobvaragʻiga oʻtkazib beradi.
3-bob. Yakunlovchi qoidalar
17. Nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotiga qoplab beriladigan oylik kompensatsiyalarni toʻlash uchun taqdim etilgan maʼlumotlarning asosliligi va toʻgʻriligiga taʼlim tashkilotining direktori shaxsan javobgar hisoblanadi.
18. Nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkiloti tomonidan oylik kompensatsiya toʻlovlarini qoplash uchun axborot tizimiga kiritilgan maʼlumotlar va hujjatlarning soxtaligi aniqlanganda, taʼlim tashkilotining direktori va tegishli xodimlari qonunchilikda belgilangan tartibda javobgar boʻladi hamda ushbu tashkilot elektr energiyasi va tabiiy gaz xizmatlari uchun Davlat budjeti hisobidan oylik kompensatsiya toʻlovlari qoplab beriladigan nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlarining qatoridan chiqariladi.
19. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.
Nodavlat umumiy oʻrta taʼlim xizmatlarini koʻrsatuvchi tadbirkorlik subyektlariga kommunal xarajatlarining bir qismini Davlat budjetidan qoplab berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari tomonidan foydalanilgan elektr energiyasi va tabiiy gaz xizmatlari uchun Davlat budjetidan kompensatsiya ajratish va toʻlashning
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkiloti 1. Axborot tizimida oʻquvchilar roʻyxatini belgilangan tartibda shakllantiradi. 2. Axborot tizimiga tashkilot va uning xodimlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni kiritadi. Oʻquvchining qonuniy vakili yoki xodim bilan mehnat shartnomasi tuzilgan kundan keyingi ish kunidan boshlab 2-bosqich Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi Nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkiloti ning xodimlari va oʻquvchilari hamda kommunal toʻlovlari boʻyicha elektron shaklda maʼlumotlarni yigʻadi, toʻlanadigan kompensatsiya miqdorlarini hisoblaydi. Hisobot oyidan keyingi oyning 10-kunigacha 3-bosqich Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi Elektron shaklda reyestr va buyurtmanomalarni shakllantiradi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligining tegishli axborot tizimlariga yuboradi. Hisobot oyidan keyingi oyning 10-kunigacha 4-bosqich Iqtisodiyot va moliya vazirligi Davlat budjetidan kompensatsiyalar ajratish boʻyicha axborot tizimida shakllantirilgan buyurtmanomalar asosida zarur mablagʻlarni Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligining tegishli gʻazna hisobvaragʻiga belgilangan tartibda oʻtkazib beradi. 2 ish kuni ichida 5-bosqich Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi Nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotining tijorat bankidagi hisobvaragʻiga kompensatsiyalarni belgilangan tartibda oʻtkazib beradi. 2 ish kuni ichida
Nodavlat umumiy oʻrta taʼlim xizmatlarini koʻrsatuvchi tadbirkorlik subyektlariga kommunal xarajatlarining bir qismini Davlat budjetidan qoplab berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
___________________ nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotiga ajratiladigan kompensatsiyalar uchun BUYURTMANOMA
Tashkilot STIRi ___________ Faoliyat yuritish manzili ___________ T/r Oʻquvchining F.I.O Hisobot oyidagi ish kunlari soni Oʻquvchilar va xodimlar soni Elektr va tabiiy gaz isteʼmoli uchun ajratiladigan mablagʻ (5 ust+12 ust) Shundan: Elektr energiyasi uchun kompensatsiya miqdori Elektr uchun Tabiiy gaz uchun (suyultirilgan gaz yoki koʻmir mahsulotlari) 1 kVt/soat narxi Hisobot oyida haqiqiy xarajat (kVt) Haqiqiy isteʼmol uchun hisoblangan summaning 50 foizi (6 ust *7 ust *50%) Bir nafar oʻquvchiga kompensatsiyaning kunlik qatʼiy miqdori Kompensatsiyaning oylik maksimal summasi (3 ust*9 ust) Bir nafar oʻquvchiga kompensatsiyaning kunlik qatʼiy miqdori Kompensatsiya summasi (3 ust*11 ust) a 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 1. 2. ... Jami
Nodavlat umumiy oʻrta taʼlim xizmatlarini koʻrsatuvchi tadbirkorlik subyektlariga kommunal xarajatlarining bir qismini Davlat budjetidan qoplab berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
Kommunal xarajatlar uchun Davlat budjeti hisobidan oylik kompensatsiya toʻlovlari qoplab beriladigan __________________ dagi nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlarining
20__ yil _______ oyi uchun ming soʻm T/r Nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkiloti nomi (toʻliq koʻrsatiladi) Manzili STIR Bank rekvizitlari Tabiiy gaz Elektr energiyasi Jami qoplab beriladigan summa Toʻlangan summa Qoplab beriladigan summa Toʻlangan summa Qoplab beriladigan summa Jami: x x 20__ yil “__” __________
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2024-yil 10-oktabr,
660-son