UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 19-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 19 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 19 октября 2024 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 19 October 2024 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

НИЗОМ

СХЕМАСИ

ЖАДВАЛИ

РЎЙХАТИ

Ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчиларини ҳамда бино ва иншоотларни энергия истеъмолини энергия аудитидан ўтказиш тартибларини белгилаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг «Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ республика иқтисодиёт тармоқларида энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини оширишни таъминлаш ҳамда энергия истеъмолчиларини энергия аудитидан ўтказиш жараёнларини самарали ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчиларини мажбурий энергия аудитидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Бино ва иншоотларни энергия истеъмолини энергия аудитидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлигини оширишда энергия аудитидан ўтказиш ишларини ташкил этиш, мувофиқлаштириш ва назорат қилиш бўйича ваколатли орган этиб белгилансин.

3. 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб фойдаланиш майдони 200 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлиги тоифасини аниқлаш учун «A», «B», «C», «D», «E», «F» ва «G» белгилари жорий этилади.

Бунда «A» тоифаси энергия самарадорлиги энг юқори бўлган бино ва иншоотларни белгилаш ва тегишли равишда «G» тоифаси энергия самарадорлиги энг кам бўлган бино ва иншоотларни белгилаш учун қўлланилади.

4. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда жорий йил якунига қадар фойдаланиш майдони 200 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотлар учун энергия аудиторлари томонидан ўтказилган энергия аудити якунлари бўйича тайёрланган ҳисоботлар ва энергетика паспортларининг электрон реестрини юритиш учун мўлжалланган махсус электрон платформани ишлаб чиқиб, ишга туширилишини таъминласин.

5. Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (кейинги ўринларда — Ўзэнергоинспекция) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳар йили 1 октябрга қадар кейинги беш йилда энергия аудитидан ўтказиладиган истеъмолчилар рўйхатини шакллантириб, Давлат энергетика реестрига киритсин ва унинг эълон қилинишини таъминласин.

6. Ўзэнергоинспекция Энергетика вазирлиги ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда энергия аудиторлар учун ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчиларида ҳамда бино ва иншоотларда энергия аудитидан ўтказишни белгиловчи техник топшириқ, дастурлар, энергетика паспорти ва ташкилий-техник чора-тадбирлар режаларининг намунавий шаклларини ҳамда энергия аудиторларига қўйиладиган минимал талабларни ишлаб чиқиб, қўшма қарор билан тасдиқласин.

7. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилишини ташкил этсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

9. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ҳамда энергетика вазири Ж.Т. Мирзамаҳмудов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 19 октябрдаги 690-сон қарорига 1-ИЛОВА

Ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчиларини мажбурий энергия аудитидан ўтказиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ ёқилғи-энергетика ресурсларининг истеъмолчиларида энергияни тежаш ва энергия самарадорлиги кўрсаткичларини аниқлаш ва сарфини камайтириш имкониятларини аниқлаш мақсадида Давлат энергетика реестрига киритилган субъектларни (кейинги ўринларда — истеъмолчи) мажбурий энергия аудитидан ўтказиш тартибини белгилайди.

Давлат энергетика реестрига киритилмаган субъектлар томонидан ўз объектлари ихтиёрий равишда энергия аудитидан ўтказилган тақдирда, ушбу объектларга мазкур Низом талаблари қўлланилади.

2. Энергия аудити истеъмолчиларни энергияни тежаш ва энергия самарадорлиги кўрсаткичларини аниқлаш ва уларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган ташкилий-техник чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш мақсадида ўтказилади.

3. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

Давлат энергетика реестрига киритилган субъектлар (истеъмолчи) — йилига беш юз ҳамда ундан ортиқ тонна шартли ёқилғини ва (ёки) икки юз эллик ва ундан ортиқ тонна мотор ёқилғисини истеъмол қиладиган юридик шахслар;

ёқилғи-энергетика ресурслари — табиий ва бошқа манбалардан ишлаб чиқариладиган ёқилғи ва энергиянинг барча турлари йиғиндиси;

ташкилий-техник чора-тадбирлар режаси — истеъмолчиларни энергия аудитидан ўтказиш натижаси бўйича энергия самарадорлигини оширишга қаратилган техник-иқтисодий асосланган чора-тадбирлар режаси.

техник топшириқ — энергия аудитини ўтказиш мақсади ва иш ҳажмини белгилаб берувчи истеъмолчи томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат;

энергия аудити — фойдаланилган ёқилғи-энергетика ресурслари ва энергия самарадорлиги кўрсаткичлари тўғрисидаги ишончли маълумотларни тўплашга, уларга ишлов беришга ҳамда уларни таҳлил қилишга, шунингдек, хулоса тайёрлашга қаратилган фаолият;

энергия аудитори — энергия истеъмолчиларини энергия аудитидан (энергетика текшируви) ўтказадиган, етарли билим ва тажрибага ҳамда соҳа бўйича малака сертификатларига эга ва белгиланган минимал талабларга жавоб берувчи шахс;

энергия аудитидан ўтказиш дастури — энергияни тежаш ва энергия самарадорлиги кўрсаткичларини, шу жумладан, энергия йўқотишларини камайтириш, энергия сиғимини қисқартириш, бирламчи ва иккиламчи энергия ресурслари ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўрсаткичларини қамраб олган дастур;

энергия аудити натижаси бўйича ҳисобот — энергия аудитидан ўтказиш натижалари бўйича таклифлар, ташкилий-техник чора-тадбирлар режасини ўз ичига олган ҳисобот;

энергетика паспорти — ўтказилган энергия аудити натижасида ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланиш тўғрисида ишлаб чиқиладиган ҳужжат;

Ягона реестр — Энергия самарадорлиги миллий агентлигининг Энергия самарадорлигини ошириш соҳасидаги энергия аудиторларининг ягона реестри.

4. Истеъмолчилар мазкур Низомга иловада келтирилган ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчиларини энергия аудитидан ўтказиш схемасига мувофиқ энергия аудитидан ўтказилади.

2-боб. Энергия аудитидан ўтказишни ташкил этиш

5. Истеъмолчиларни энергия аудитидан ўтказиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Энергия самарадорлиги миллий агентлиги (махсус ваколатли давлат органи) энергия аудиторларга уларнинг аттестациясини амалга ошириш натижалари бўйича белгиланган тартибда малака сертификатларини беради.

Энергия аудиторларига малака сертификатини бериш тартиби Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Энергия самарадорлиги миллий агентлиги томонидан белгиланади.

6. Истеъмолчиларни навбатдан ташқари энергия аудитидан ўтказиш мақсадида Ўзэнергоинспекция талабига кўра истеъмолчилар томонидан шартнома асосида энергия аудитори жалб қилиниши мумкин.

7. Энергия аудитидан ўтказиш бўйича харажатлар истеъмолчи маблағлари ва (ёки) энергия сервис компаниялари маблағлари ва қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.

3-боб. Энергия аудити турлари

8. Энергия аудити мажбурий ва ихтиёрий тарзда ташкил этиладиган дастлабки, даврий, навбатдан ташқари ҳамда экспресс энергия аудити турлардан иборат.

9. Дастлабки энергия аудити энергияни тежаш, ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини оширишни баҳолаш мақсадида ўтказилади.

Дастлабки энергия аудити Давлат энергетика реестрига киритилган янги субъектларда энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигига баҳо берилади.

Шунингдек, истеъмолчида асбоб-ускуналари самарадорлиги, фойдаланиладиган энергия ресурсларини ҳисобга олишнинг ҳолати, улардан фойдаланиш, ҳисобот бериш, ёқилғи сарф-харажатлари ва энергия таъминоти таҳлили ўтказилади.

10. Даврий энергия аудити давлат энергетика реестрига киритилган субъектларда аввал берилган таклифларнинг бажарилиши ҳамда энергия ресурслари истеъмоли ва уларнинг маҳсулот ва кўрсатилган хизмат бирлигига тўғри келадиган сарф динамикаси (энергия сиғими, ишлаб чиқариш таннархида энергия ресурсларининг улуши ва бошқалар) таҳлил қилиниб, баҳолаш мақсадида ҳар беш йилда бир марта мажбурий тартибда ўтказилади.

Энергия аудитидан ўтказиш натижалари бўйича истеъмолчининг энергетика паспортига ўзгартиришлар киритилади, унга берилган таклифларни бажарилиши юзасидан ёзма кўрсатмалар ва таклифлар берилади.

11. Навбатдан ташқари энергия аудити Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ қуйидаги ҳолларда ўтказилади:

истеъмолчида ёқилғи-энергетика ресурсларининг умумий ва маҳсулот бирлигига сарфи ҳамда маҳсулот таннархи ортганида;

истеъмолчида ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги кескин пасайганда;

энергия аудитори томонидан тайёрланган ҳисобот суднинг қонуний кучга кирган қарорига кўра била туриб сохта тузилган деб топилганда;

қонунчиликда белгиланган бошқа сабабларга мувофиқ.

12. Экспресс энергия аудити энергия ресурсларнинг алоҳида бир тури, иккиламчи энергия ресурсларидан фойдаланиш, алоҳида агрегат (агрегатлар гуруҳи) ёки энергия самарадорлигини алоҳида кўрсаткичлари бўйича энергия аудитидан ўтказилади. Экспресс энергия аудити дастлабки ва даврий энергия аудити ҳисобланмайди.

4-боб. Истеъмолчиларни энергия аудитидан ўтказиш босқичи

13. Энергия аудитидан ўтказиш жараёни қуйидаги тўрт босқичлардан иборат:

биринчи босқич — техник ҳужжатларни тўплаш ва текшириш. Бунда охирги беш йилни ўз ичига олган энергия аудитидан ўтказишни режалаштириш, маълумотларни тақдим этиш бўйича масъул шахслар ва муддатларни белгилаган ҳолда, энергия аудитидан ўтказиш дастури ишлаб чиқилиб, Ўзэнергоинспекция билан келишади ва тасдиқлайди;

иккинчи босқич — ўлчов қурилмаларидан фойдаланган ҳолда техник текширув. Бунда энергия самарадорлигини оширишни баҳолаш учун Ўзэнергоинспекция томонидан белгиланган минимал талабларга жавоб берадиган замонавий ўлчов лабораториялари бўлган ўлчов қурилмаларидан фойдаланган ҳолда ўтказилади;

учинчи босқич — таҳлилий текширув. Энергия аудитидан ўтказиш натижасини расмийлаштириш, йиғилган маълумотларни жамлаш, қайта ишлаш ва таҳлил қилиш. Бунда ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш бўйича энергетика паспорти ва кейинги беш йил учун ташкилий-техник чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади;

тўртинчи босқич — якуний текширув. Бунда ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланиш бўйича маълумотларнинг таҳлилий натижалари умумлаштирилади, энергия аудити натижаси бўйича ҳисобот ҳамда энергетика паспорти тайёрланади ва тасдиқланади.

5-боб. Истеъмолчиларни энергия аудитидан ўтказиш тартиби

14. Ўзэнергоинспекция ҳар йили 1 октябрга қадар кейинги йилда мажбурий энергия аудитидан ўтказилиш муддати белгиланган Давлат энергетика реестрига киритилган субъектлар рўйхатини шакллантириб, оммавий ахборот воситалари ҳамда Энергетика вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Энергия самарадорлиги миллий агентлиги ва Ўзэнергоинспекциянинг расмий веб-сайтларида эълон қилади.

15. Истеъмолчилар мажбурий энергия аудитидан ўтказиш учун Ўзэнергоинспекциянинг ҳудудий бошқармалари билан келишган дастур асосида оммавий ахборот воситалари ҳамда Энергетика вазирлиги ва Ўзэнергоинспекциянинг расмий веб-сайтларида эълон берилган кундан бошлаб мустақил тарзда, бир ой муддатда Ягона реестрдаги энергия аудитори билан шартнома имзолайди ва ўз объектларини энергия аудитидан ўтказади. Давлат иштирокидаги ташкилотлар ва давлат муассасалари энергия аудитори билан Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунида белгиланган тартибда аниқлайди.

16. Имзоланган шартнома асосида энергия аудитори энергия аудитидан ўтказишдан олдин энергия аудитидан ўтказиш дастурини шакллантиради ва истеъмолчи билан келишилган ҳолда, Ўзэнергоинспекцияга «Энергоназорат» платформаси орқали тасдиқлаш учун киритади.

17. Ўзэнергоинспекция тақдим этилган дастурни ўн иш кунида ўрганиб чиқади ва натижасига кўра тасдиқлайди ёки камчиликларни бартараф этиш юзасидан асослантирилган кўрсатмалар билан «Энергоназорат» платформаси орқали энергия аудиторига қайтаради.

Бунда энергия аудитори Ўзэнергоинспекциянинг кўрсатмаларига мувофиқ дастурни қайта кўриб чиқиб, беш иш кунида тасдиқлаш учун Ўзэнергоинспекцияга такроран «Энергоназорат» платформаси орқали киритади.

Энергия аудитидан ўтказиш дастурлари ҳар йили 1 апрелга қадар тасдиқланади.

18. Тасдиқланган дастурга асосан энергия аудитори томонидан энергия аудити ўтказилади ва унинг натижаси бўйича ҳисоботни, асосланган ва тегишли ҳисоб-китоблар билан тасдиқланган энергияни тежаш бўйича, шу жумладан, иккиламчи энергия ресурсларидан фойдаланиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этишни назарда тутувчи, иқтисод қилинадиган энергиянинг физик миқдорини ва пул ифодасини ҳамда уларни амалга ошириш харажатларини ўз ичига олган таклифларни истеъмолчига тақдим этади.

Энергия аудитидан ўтказиш учун энергия аудиторига тақдим этилган маълумотларнинг ҳаққонийлигига истеъмолчи жавоб беради.

19. Энергия аудитидан ўтказиш дастурининг амал қилиш муддати Ўзэнергоинспекция томонидан тасдиқланган кундан бошлаб дастлабки ва даврий энергия аудитидан ўтказишда бир йилдан кўп бўлмаган ҳамда экспресс энергия аудитидан икки ойдан кўп бўлмаган муддатга тенг бўлади.

20. Энергия аудитидан ўтказилгандан сўнг истеъмолчи томонидан энергия аудиторининг энергия аудити натижаси бўйича ҳисобот ҳамда энергетика паспорти кўриб чиқилади ва имзолаган ҳолда қабул қилинади.

Агар истеъмолчи энергия аудитори томонидан тақдим этилган энергия аудити натижаси бўйича ҳисобот ва паспортни имзолашдан бош тортса, энергия аудитори бу ҳақида энергия аудити натижаси бўйича ҳисоботида тегишли қайдни киритади ва истеъмолчининг энергия аудити натижаси бўйича ҳисоботини имзолашдан бош тортганлиги сабабларини ёзма равишда баён этади.

21. Энергия аудити натижаси бўйича ҳисобот ва энергетика паспорти истеъмолчи томонидан қабул қилингандан сўнг ўн иш кунида энергия аудитори томонидан энергия аудити натижаси бўйича ҳисобот ва энергетика паспорти Ўзэнергоинспекциянинг ҳудудий бошқармаларига «Энергоназорат» платформаси орқали тақдим этилади.

22. Ўзэнергоинспекциянинг ҳудудий бошқармалари томонидан энергия аудитори томонидан тақдим этилган энергия аудити натижаси бўйича ҳисобот ва энергетика паспорти тасдиқланган дастур талабларига мувофиқлигини, энергия аудити натижаси бўйича ҳисобот ва энергетика паспорти кўрсаткичлари йигирма иш кунида кўриб чиқилади.

Энергия аудити натижаси бўйича ҳисобот ва энергетика паспортини кўриб чиқиш натижасига кўра тасдиқлайди ёки аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан асослантирилган кўрсатмалар билан энергия аудиторига қайтаради.

23. Тақдим этилган энергия аудити натижаси бўйича ҳисобот ва/ёки энергетика паспорти тасдиқланган дастур талабларга мувофиқ эмас деб топилган тақдирда, Ўзэнергоинспекциянинг ҳудудий бошқармалари аниқлаган камчиликларни бартараф этиш юзасидан асослантирилган кўрсатмалар билан энергия аудиторига қайтаради.

24. Энергия аудитори ўн иш кунида Ўзэнергоинспекциянинг ҳудудий бошқармалари томонидан тақдим этилган кўрсатмаларни инобатга олган ҳолда, энергия аудити натижаси бўйича ҳисобот ва таклифларни қайта ишлаб чиқади ҳамда такроран Ўзэнергоинспекциянинг ҳудудий бошқармаларига киритади.

Бунда энергия аудити натижаси бўйича ҳисобот ва энергетика паспорти Ўзэнергоинспекциянинг ҳудудий бошқармалари томонидан белгиланган тартибда қабул қилинмагунга қадар истеъмолчида энергия аудити тамомланган деб ҳисобланмайди.

25. Ўзэнергоинспекциянинг ҳудудий бошқармасига тақдим этилган энергия аудити натижаси бўйича ҳисобот ва энергетика паспорти қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилишига энергия аудитори жавобгар ҳисобланади.

26. Истеъмолчи энергия аудитидан ўтказиш натижалари бўйича ҳисоботдаги ташкилий-техник чора-тадбирлар ижросини белгиланган муддатларда «Энергоназорат» платформасига киритиб боради.

27. Ўзэнергоинспекция ҳудудий бошқармаси истеъмолчи томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган чора-тадбирлар режаси ижросининг мониторингини юритади ҳамда белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида сифатли бажарилишини «Энергоназорат» платформаси орқали назорат қилади.

6-боб. Мажбурий энергия аудитидан ўтмаган ва ўтказилган энергия аудит натижаси бўйича энергоаудиторнинг берган тавсияларини бажармаганлиги учун кўриладиган чоралар

28. Ўзэнергоинспекция томонидан ҳар йили 15 январга қадар ўтган ҳисобот даврида Давлат энергетика реестрига киритилган субъектларни энергия аудитидан ўтмаган ва энергия аудити натижаси бўйича энергия аудиториларнинг ҳисоботига асосан ташкилий-техник чора-тадбирлар режасини белгиланган муддатларда бажарилишини таъминламаган истеъмолчилар рўйхати шакллантирилади ҳамда электр ва газ таъминотчиларига етказиб берилган энергия ресурслари учун 1,5 баравар миқдорда ўсувчи коэффициентни қўллаш тўғрисида расмий кўрсатма киритилади.

29. Ўзэнергоинспекциянинг расмий кўрсатмасига мувофиқ объектларини мажбурий энергия аудитидан ўтказмаган ёхуд ўтказилган энергия аудити натижаси бўйича ҳисоботдаги тавсияларни бажармаган Давлат энергетика реестрига киритилган субъектларга ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 1 санадан бошлаб, кейинчалик улар томонидан энергия аудити ўтказилиб, унинг натижалари Ўзэнергоинспекциянинг ҳудудий бошқармаларига киритилгунга ёки ўтказилган энергия аудит натижаси бўйича энергия аудиторнинг берган тавсиялари тўлиқ бажарилгунига қадар етказиб берилган электр энергияси ва табиий газ учун белгиланган тарифга нисбатан 1,5 баравар миқдорда ўсувчи коэффициентни қўллаган ҳолда тўлов ундирилади.

30. Энергия аудити тўлиқ ўтказилган ҳамда энергия аудит натижаси бўйича ҳисоботдаги тавсияларни ўз муддатларида амалга оширган истеъмолчилар бу тўғрисида барча ҳужжатларни илова қилган ҳолда, Ўзэнергоинспекциянинг ҳудудий бошқармаларига «Энергоназорат» платформаси орқали мурожаат қилади.

31. Ўзэнергоинспекциянинг ҳудудий бошқармалари мажбурий энергия аудити ўтказилмаган истеъмолчиларнинг мажбурий энергия аудити натижаси бўйича ҳисоботни ва энергетика паспортини, шунингдек, мажбурий энергия аудити ўтказган, бироқ энергия аудити натижаси бўйича ҳисоботидаги тавсияларни белгиланган муддатларда амалга оширмаган истеъмолчиларнинг барча тасдиқловчи ҳужжатларни қабул қилган кундан бошлаб бир иш куни муддатида ҳужжатларни Ўзэнергоинспекцияга кўриб чиқиш учун киритади.

32. Ўзэнергоинспекция томонидан уч кунлик муддатда электр ва газ таъминотчиларига ушбу истеъмолчи томонидан энергия аудити ўтказилганлиги, шунингдек, энергия аудит натижаси бўйича ҳисоботдаги тавсиялар тўлиқ амалга оширилганлиги бўйича маълумотнома ҳамда 1,5 баравар миқдорда ўсувчи коэффициентни қўллашни тўхтатиш тўғрисида расмий кўрсатма тақдим этилади.

Электр ва газ таъминотчилари Ўзэнергоинспекция томонидан истеъмолчиларда мажбурий энергия аудити ўтказилганлиги тўғрисида расмий маълумотномани олган кундан кейинги кундан (санадан) бошлаб ушбу истеъмолчига нисбатан энергия ресурслари учун оширилган коэффициентларни қўллашни тўхтатади.

7-боб. Якунловчи қоидалар

33. Энергия аудитори энергия аудитидан ўтказилишида истеъмолчининг хўжалик фаолиятига тўсқинлик қилмасликка, давлат ва тижорат сирларига риоя қилишга ҳамда энергия аудитидан ўтказиш бўйича имзоланган шартнома шартларини тўлақонли таъминлашга мажбурдир.

34. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларда белгиланган тартибда жавоб беради.

Ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчиларини мажбурий энергия аудитидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчиларини энергия аудитидан ўтказиш

Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Истеъмолчи 1. Энергия аудитидан ўтказиш бўйича Ўзэнергоинспекциянинг ҳудудий бошқармалари билан келишган дастур асосида расмий эълон беради. Давлат энергетика реестрига асосан, ҳар беш йилда бир марта 2. Энергия аудитидан ўтказиш учун энергия аудитори билан шартномани расмийлаштиради. 1 ойда 2-босқич Энергия аудитори 1. Энергия аудитидан ўтказиш дастурини ишлаб чиқади ва истеъмолчига келишиш учун киритади. 10 иш кунида 2. Энергия аудитидан ўтказиш дастурини истеъмолчи билан келишилган ҳолда, Ўзэнергоинспекцияга тасдиқлаш учун киритади. 1 иш кунида 3-босқич Ўзэнергоинспекциянинг ҳудудий бошқармалари Энергия аудитидан ўтказиш дастурини кўриб чиқади ва тасдиқлаш ёки асослантирилган кўрсатмалар билан энергия аудиторига қайтаради. 20 иш кунида 4-босқич Энергия аудитори 1. Истеъмолчини энергия аудитидан ўтказиш натижалари бўйича ҳисобот ва энергетика паспортини Ўзэнергоинспекциянинг ҳудудий бошқармаларига тақдим этади. Дастур тасдиқланган кундан бошлаб, бир йилдан кўп бўлмаган муддатда 2. Истеъмолчининг энергия аудитидан ўтказиш натижалари бўйича ҳисоботини ва энергетика паспортини «Энергоназорат» платформасига киритади. 5 иш кунида 5-босқич Ўзэнергоинспекция Ўзэнергоинспекция томонидан ташкилий-техник чора-тадбирлар режаси ижросини назорат (мониторинг) қилади. Доимий 6-босқич Истеъмолчи 1. Энергия аудитидан ўтказиш натижалари бўйича ҳисоботдаги самарадорликни оширишга қаратилган ташкилий-техник чора-тадбирларни ва эришилган кўрсаткичлар истеъмолчининг йиллик бизнес-режаларга киритилган ҳолда тегишли кузатув кенгашида тасдиқлайди ва ижросини таъминлайди. Доимий 2. Энергия аудитидан ўтказиш натижалари бўйича ҳисоботдаги ташкилий-техник чора-тадбирлар ижросини «Энергоназорат» платформасига киритиб боради. Ташкилий-техник чора-тадбирларда белгиланган муддатларда

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 19 октябрдаги 690-сон қарорига 2-ИЛОВА

Бино ва иншоотларни энергия истеъмолини энергия аудитидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом фойдаланиш майдони 200 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотлар, жумладан, кўп квартирали уйлар, ижтимоий соҳа ва жамоат бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлиги бўйича энергия аудитидан ўтказиш, энергетика паспортини ишлаб чиқиш ҳамда энергия самарадорлиги тоифасини белгилашнинг умумий қоидалари ва тартибини белгилайди.

Жисмоний шахслар ўзларининг якка тартибдаги уй-жойларини ихтиёрий равишда энергия аудитидан ўтказган тақдирда, ушбу уй-жойларга мазкур Низом талаблари қўлланилади.

2. Энергия аудити янги қурилган, мавжуд, функционал мақсадлари ўзгартирилган (қайта ихтисослаштирилган), реконструкция қилинган, капитал таъмирланган ва модернизация қилинган бино ва иншоотларининг энергетика паспортларини ишлаб чиқиш ва энергияни тежашга қаратилган бошқа тадбирлар давомида амалга оширилади.

3. Энергия аудити бино ва иншоотларнинг истеъмол қиладиган ёқилғи-энергетика ресурслари ҳажми бўйича объектив маълумотларни олиш, энергия самарадорлиги кўрсаткичларини аниқлаш, энергия йўқотишларини камайтириш, иссиқлик йўқотилиш жойларини аниқлаш ва бартараф этиш, энергия тежаш ва энергия самарадорлигини ошириш имкониятларини аниқлаш, энергия самарадорлигини ошириш бўйича техник-иқтисодий асосланган тадбирларни ишлаб чиқиш орқали коммунал харажатларни камайтириш, бино ва иншоотларни ёритиш (шинамлик) даражасини ошириш, энергетика паспортини ишлаб чиқиш, энергия самарадорлиги тоифасини белгилаш мақсадида амалга оширилади.

4. Энергия аудити энергия аудитори томонидан шартнома асосида амалга оширилади.

5. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

бино ва иншоотларнинг энергетика паспорти — бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлигини тавсифлайдиган, уларнинг иссиқлик-техник ва энергетик тавсифларини ўз ичига олган, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқлигини белгилайдиган ҳужжат;

«Бино ва иншоотларнинг энергия аудити» электрон платформаси — энергия аудит якунлари бўйича тайёрланган энергетик паспортни электрон рўйхатдан ўтказиш орқали уларни электрон реестрини ҳамда энергия аудит ташкилотлари электрон рейтингини юритишни ўз ичига оладиган махсус электрон платформа (кейинги ўринларда — Махсус электрон платформа);

бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлиги тоифаси — бино ва иншоотларнинг ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолини тавсифлайдиган самарадорлик даражаси;

ёқилғи-энергетика ресурслари — табиий ва бошқа манбалардан ишлаб чиқариладиган ёқилғи ва энергиянинг барча турлари йиғиндиси;

энергия аудити — фойдаланилган ёқилғи-энергетика ресурслари ва энергия самарадорлиги кўрсаткичлари тўғрисидаги ишончли маълумотларни тўплашга, уларга ишлов беришга ҳамда уларни таҳлил қилишга, шунингдек хулоса тайёрлашга қаратилган фаолият;

энергия аудитори — энергия истеъмолчиларини энергия аудитидан (энергетика текшируви) ўтказадиган, етарли билим ва тажрибага ҳамда соҳа бўйича малака сертификатларига эга ва белгиланган минимал талабларга жавоб берувчи шахс;

энергия аудитидан ўтказиш дастури — объектни энергия аудитидан ўтказиш учун иссиқлик ва энергия хусусиятларини ҳисоблаш ва (ёки) инструментал ўлчаш усуллари ва муддатларини белгиловчи, энергия аудитори томонидан тузиладиган ҳужжат;

энергияни тежаш — қурилиш ресурслари ва технологиялари ривожланишини амалдаги даражасида ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қўйиладиган талабларга риоя қилган ҳолда ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланишнинг иқтисодий самарадорлигига эришишга йўналтирилган ҳуқуқий, ташкилий, илмий, ишлаб чиқариш, техник ва иқтисодий чораларни амалга ошириш.

2-боб. Энергия аудити турлари

6. Энергия аудитидан ўтказишнинг дастлабки, даврий ва навбатдан ташқари турлари мавжуд.

7. Дастлабки энергия аудитида бино ва иншоотларда ёқилғи-энергетика ресурсидан фойдаланиш самарадорлигига баҳо берилади.

8. Даврий энергия аудитини ўтказишда аввал берилган энергия аудитори томонидан бино ва иншоотларнинг энергия тежамкорлик имкониятларини аниқлаш натижасида энергия самарадорлигини ошириш бўйича кўрсатмаларнинг (кейинги ўринларда — кўрсатма) бажарилиши ҳамда ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмоли ва уларнинг бино ва иншоотларининг иситиладиган ҳажми ёки майдон бирлигига иситиш ва совитиш учун ёқилғи-энергетика ресурслари сарфи динамикаси таҳлил қилиниб, баҳо берилади.

Даврий энергия аудити беш йилда камида бир маротаба ўтказилади.

9. Навбатдан ташқари энергия аудити қуйидаги ҳолларда ўтказилади:

ёқилғи-энергетика ресурсларини бино ва иншоотларнинг иситиладиган майдон бирлигига сарфи ортганида;

ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги кескин пасайганлиги юзасидан ҳолатлар (фактлар) пайдо бўлганда;

энергия аудитори томонидан ўтказилган энергия аудити ҳаққоний ўтказилмаганлиги аниқланганда.

10. Даврий ва навбатдан ташқари энергия аудити натижалари бўйича бино ва иншоотларнинг энергетика паспортига ўзгартиришлар киритилади, энергия самарадорликни ошириш бўйича таклифлар берилади.

3-боб. Энергия аудитини ташкил этиш

11. Энергия аудити бино ва иншоотларнинг эгаси ёки унинг вакилининг энергия аудитидан ўтказиш тўғрисида энергия аудиторига тақдим этиладиган аризасига асосан амалга оширилади.

12. Энергия аудити томонлар ўртасида тузилган шартнома асосида ариза берувчининг (кейинги ўринларда — буюртмачи) маблағлари ҳисобидан ўтказилади.

13. Энергия аудити ўтказилаётган объектнинг мавсумий хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.

14. Энергия аудитининг мақсади ва вазифалари ушбу соҳада қабул қилинган миллий ва халқаро стандартларга ҳамда энергетика ва экологик хавфсизликни таъминлаш бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.

15. Энергия аудити ўтказиш учун энергия аудиторида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида белгиланган синовларини амалга ошириш учун зарур бўладиган синов ускуналари бўлиши лозим.

16. Энергия аудитори буюртмачиларга уларнинг сўровига биноан бино ва иншоотларни энергия аудитдан ўтказиш дастури ҳамда энергия аудити бўйича режалаштирилган ишлар нархининг калькуляциясини тақдим этиши керак.

17. Энергия аудитидан ўтказиш учун энергия аудиторига тақдим этилган маълумотлар ҳаққонийлигига уни тақдим этган ташкилот жавоб беради.

18. Энергия аудити натижаси бўйича ҳисобот ва тавсиялар, шунингдек, энергетика паспортининг ҳаққонийлигига энергия аудитори жавоб беради.

19. Энергия аудити тугагандан сўнг буюртмачи ишларни қабул қилиш-топшириш далолатномасида кўрсатилган энергия аудити хизматларини қабул қилади.

20. Энергия аудитидан ўтказилаётган бино ва иншоотларнинг эгаси (буюртмачи) аудит доирасида режалаштирилган ишларни амалга оширишда энергия аудиторига кўмаклашиши керак. Бунда буюртмачи:

энергия аудиторининг ходимларини текширилаётган объектларга киришини таъминлаши;

текширув ўтказилиши учун масъул шахс тайинлаши;

технология ва хавфсизлик талабларига зид бўлмаган ҳолларда, тегишли технологик ускуналарни, уларда ўлчовларни ўтказиш учун, зарур бўлган ишлаш режимини ўрнатилишини таъминлаши шарт.

21. Буюртмачи қуйидаги зарур ҳужжатларни энергия аудиторига тақдим этиши шарт:

ёқилғи-энергетика ресурсларининг истеъмоли маълумотларини;

фойдаланилган ёқилғи-энергетика ресурслари бўйича буюртмачининг ўлчов воситалари кўрсаткичлари асосида шакллантирилган статистика ҳисоботларини;

энергетика паспортини (даврий ва навбатдан ташқари энергия аудитини ўтказишда).

22. Буюртмачи бино ва иншоотни энергия аудитдан ўтказиш жараёнида унинг натижасига таъсир қилувчи ҳар қандай ўзгаришлар ҳақида энергия аудиторини ўз вақтида хабардор қилиши лозим. Бунда энергия аудитори бино ва иншоотларни энергия аудити натижасига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатларни текширади ва ҳисоботда қайд этади.

23. Агар энергия аудитори томонидан ўтказилган энергия аудитининг натижалари ҳаққоний эмаслиги тасдиқланса, ушбу энергия аудитори буюртмачининг ушбу текширув ўтказилиши учун харажатларини ҳамда бунинг натижасида келтирилган зарарларни тўлиқлигича қоплашга мажбурдир.

4-боб. Бино ва иншоотларни энергия аудитидан ўтказиш тартиби

24. Бино ва иншоотларни энергия аудитдан ўтказишлари мазкур Низомга 1-иловада келтирилган схема бўйича амалга оширилади.

25. Энергия аудитидан ўтказиш учун энергия аудиторлари уларнинг махсус электрон платформада шакллантириб бериладиган рейтинг кўрсаткичлари асосида аниқланади.

Бунда давлат иштирокидаги ташкилотлар ва давлат муассасалари энергия аудиторини Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунда белгиланган тартибда аниқлайди.

26. Энергия аудитини ўтказиш бўйича шартнома тузиш учун буюртмачининг аризасига қуйидаги ҳужжат ва маълумотлар илова қилинади:

энергия аудитини ўтказиш мақсади ва иш ҳажмини белгилаб берувчи ҳужжат (техник топшириқ);

бино ва иншоотни тавсифловчи маълумотлар: манзили, фойдаланиш тоифаси, бино ва иншоотда яшовчилар (фаолият юритувчилар) сони, қурилган йили, иситиладиган майдони ва ҳажми, иссиқлик таъминоти манбаи;

ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмоли тўғрисидаги маълумот (бино ва иншоотларда истеъмол қилинган ёқилғи-энергетика ресурслари ҳисоблагичларининг кўрсаткичлари);

бино ва иншоотларнинг лойиҳа ҳужжатлари (мавжуд бўлганда);

кадастр ҳужжатлари;

бино ва иншоотларда қўлланилаётган ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмоли билан боғлик ускуналар ва жиҳозларнинг техник ҳужжатлари;

аввал ўтказилган энергия аудити натижалари бўйича расмийлаштирилган ҳужжатлар (даврий ва навбатдан ташқари энергия аудитини ўтказишда);

энергия менежменти тизими халқаро стандарти (ISO 50001) бўйича сертификати (мавжуд бўлганда).

27. Бино ва иншоотларни энергия аудитидан ўтказишда энергия аудитори бино ва иншоотлар эгаси, бино ва иншоотларда фаолият олиб борувчи ходимлар (кўп квартирали уйларда яшовчилар) билан сўровнома ўтказиш йўли билан қўшимча маълумотларни олиши мумкин.

28. Энергия аудитори буюртмачининг аризаси унга илова қилинган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва тўғрилигини текширади.

29. Буюртмачи томонидан ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилгандан сўнг энергия аудитори буюртмачи билан шартнома имзолаши мумкин.

Бунда давлат буюртмачилари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган харид қилиш тартиб-таомиллари натижаларига кўра томонлар ўртасида шартнома тузилганидан сўнг энергия аудиторига тегишли ҳужжатларни топширадилар.

30. Энергия аудитидан ўтказишнинг умумий муддати камида икки ой бўлиши, лекин шартнома тузилган кундан бошлаб бир йилдан ошмаслиги, шунингдек, давлат буюртмачилари учун жорий молия йили доирасида ўтказилиши керак.

31. Бино ва иншоотларни энергия аудитига тайёрлаш босқичида энергия аудитори:

энергия аудитини ўтказиш дастурини шакллантиради ва буюртмачи билан келишади;

буюртмачи томонидан тақдим этилган бино ва иншоотни тавсифловчи маълумотлар асосида бино ва иншоотларни тузилиши (таркиби), уларнинг хусусиятлари ва ҳажм-режавий ечимлари, девор ва том қисмининг материаллари, ойналар тури ва майдони, иситиладиган майдон ва ҳажми, иссиқлик таъминоти манбаи, муҳандислик тизимларини схематик ечимларини ўрганади;

жойига чиққан ҳолда буюртмачи ёки унинг вакили иштирокида объектнинг асосий таркибий элементларининг ҳақиқий ҳолатини унинг лойиҳасига ва энергия паспортига (мавжуд бўлганда) нисбатан, жумладан, ҳажмий-режалаштириш ечимлари, муҳандислик тизимлари ва ускуналари бўйича қиёсий баҳолашдан ўтказади;

тегишли ташкилотлар ва хонадон эгаларидан электр таъминоти, иссиқлик таъминоти, сув таъминоти, газ таъминоти, вентиляция, оқова сув ва совитиш тизимлари, энергетик ва технологик ускуналар, электр энергиясини истеъмол қилувчи қурилманинг қуввати, уларнинг солиштирма энергия сарфи тўғрисидаги маълумотларни, энергия ташувчиси параметрлари, бино ва иншоотларнинг иситиладиган майдон бирлигига иситиш учун ёқилғи-энергетика ресурслари сарфи, ўлчаш воситаларининг охирги уч йиллик кўрсаткичларини шакллантиради (тўплайди);

бино ва иншоотлардан фойдаланиш шароитлари ҳамда тартибини ўрганади.

32. Бино ва иншоотларнинг лойиҳа ҳужжатлари мавжуд бўлмаган тақдирда, ўлчаш ишлари ва ўраб турувчи конструкциялар, муҳандислик тизимлари ва жиҳозларининг техник ҳолатини текшириш натижалари асосида ҳақиқий ҳолатга уларнинг асосланган чизмалари ва схемалари ишлаб чиқилади.

33. Ўлчашлар ва текширишлар ўтказиш босқичида қуйидагилар бажарилади:

бино ва иншоотларнинг техник ҳолати визуал кўрикдан ўтказилади. Бунда, бино ва иншоотнинг конструкциялари, муҳандислик тизимлари ва жиҳозлари техник ҳолати, энергия самарадорлигига салбий таъсир кўрсатувчи нуқсонлари мавжудлиги текширилади. Конструкцияларнинг мустаҳкамлигига баҳо бериш зарурати мавжуд бўлганда, бино ва иншоотларнинг техник ҳолати инструментал текширувдан ўтказилади;

бино ва иншоотнинг тўсувчи конструкциялари (ташқи девор, пойдевор, ойна, ташқи эшиклар, том, чордоқ, ертўла) иссиқлик ҳимояси даражаси, муҳандислик тизимлари (иситиш, электр, сув (иссиқ ва совуқ), газ таъминоти ва вентиляция, кондициялаш, ёритиш тизимлари), лифтлар ва бошқа жиҳозларнинг энергетик тавсифлари, ҳамда бино ва иншоотларнинг микроиқлими техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида белгиланган синов усуллари асосида текширилади;

ёқилғи-энергетика ресурсларининг истеъмоли ҳажми ва йўқотилиш сабаблари аниқланади.

34. Ўлчашлар ва текширишлар ёз ва қиш мавсумида амалга оширилиши керак.

35. Бино ва иншоотларнинг техник ҳолати буюртмачи ёки унинг вакили иштирокида текширилади.

36. Ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш параметрларига билвосита (таҳлиллар ва ўлчовларни ўтказмасдан) баҳо беришга йўл қўйилмайди.

37. Таҳлил босқичида энергия аудитори қуйидаги тадбирларни амалга оширади:

тайёргарлик босқичида олинган дастлабки маълумотларни таҳлил қилиш;

ўлчашлар ва текширишлар ўтказиш босқичида олинган маълумотларни таҳлил қилиш;

бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлигининг амалдаги кўрсаткичларини ҳисоблаш;

амалдаги кўрсаткичларни белгиланган меъёрий қийматлар билан ўзаро таққослаш;

амалдаги энергия самарадорлиги кўрсаткичлари ва белгиланган меъёрий қийматлар ўртасидаги номувофиқлик сабабларини аниқлаш ва таҳлил қилиш;

бино ва иншоотлар учун мумкин бўлган энергия тежаш қийматларини ҳисоблаш;

бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлиги тоифасини белгилаш.

38. Бино ва иншоотларнинг иссиқлик-техник ва энергетик тавсифлари ҳамда энергия самарадорлиги кўрсаткичларини аниқлаш учун ҳисоблаш усуллари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги тегишли норматив ҳужжатлари ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари билан белгиланади.

39. Якуний босқичда бино ва иншоотларнинг ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланиш таҳлили натижалари умумлаштирилади.

40. Энергия аудити натижасида энергия ресурсларини тежаш ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича ҳисобот (кейинги ўринларда — Ҳисобот) энергия аудитори томонидан тузилади.

41. Ҳисобот энергия аудиторининг бланкида расмийлаштирилади ва унинг раҳбари томонидан имзоланади.

42. Ҳисобот учта асосий қисмдан иборат бўлади:

кириш қисми — ариза берувчининг ҳамда энергия аудиторининг маълумотлари, тузилган шартноманинг рақами ва энергия аудити объектининг умумий тавсифи кўрсатилади;

асосий қисм — дастлабки маълумотлар таҳлили, ўлчовларни бажариш усуллари ва қўлланилган асбоблар, бино ва иншоотларнинг визуал кўриги ҳамда сўровнома натижалари, ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмоли ҳамда электр энергияси таъминоти, иссиқлик таъминоти, газ таъминоти, сув таъминоти тизимлари ҳолати, ўлчашлар ва текширишлар натижалари бўйича ҳисоб-китоблар ва ёқилғи-энергетика ресурсларининг солиштирма сарфини таҳлили келтирилади;

якуний қисм — хулосалар ва техник-иқтисодий жиҳатдан асосланган кўрсатмаларни (кейинги ўринларда — кўрсатмалар) ўз ичига олади.

43. Ҳисоботда ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланиш кўрсаткичининг қурилиш нормалари ва қоидалари талабларига мувофиқлиги, улардан фойдаланишдаги йўл қўйилган камчиликлар кўрсатилиши, объектнинг энергия тежашнинг мумкин бўлган имкониятлари бўйича маълумот берилиши керак.

44. Ҳисобот бино ва иншоотнинг энергия паспортини шакллантириш ва энергия самарадорлиги тоифасини белгилаш учун асос бўлади.

45. Кўрсатмаларда бино ва иншоотлар майдони бирлигига иситиш учун ёқилғи-энергетика ресурсларини камайтиришни ҳисобга олган ҳолда, энергияни тежаш ва объектнинг энергия самарадорлигини ошириш бўйича техник-иқтисодий жиҳатдан асосланган ва уларни бажариш муддатлари кўрсатилган чора-тадбирлар назарда тутилади.

46. Кўрсатмада келтирилган тадбирларнинг иқтисодий самарадорлиги ва қопланиш муддатлари, рентабеллиги асослантирилади.

47. Техник жиҳатдан имконият бўлган тақдирда бино ва иншоотларда иккиламчи энергетика ресурсларидан ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича ташкилий-техник чора-тадбирлар юзасидан тавсиялар қилинади.

48. Кўрсатмалар ишлаётган асбоб-ускуналар ва технологик жараёнларнинг экологик тавсифини, ходимлар ишининг хавфсизлиги ва қулайлиги даражасини камайтирилмаслигини таъминлаши зарур.

49. Энергия аудитори кўрсатмаларни бажариш бўйича режа-жадвал ишлаб чиқади ва уни буюртмачи билан келишади.

50. Бино ва иншоотларнинг энергия аудити натижаларига кўра энергия аудитори энергетика паспортини шакллантиради.

51. Бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлиги тоифаси мазкур Низомга 2-иловада келтирилган жадвалга мувофиқ энергия ресурсларининг истеъмоли қийматининг оғиш катталиги (энергия самарадорлик индекси) бўйича аниқланади.

Бунда фойдаланиш майдони 200 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлиги тоифасини аниқлаш учун «A», «B», «C», «D», «E», «F» ва «G» белгиларидан фойдаланилади.

52. Кўрсатмалар энергия самарадорлиги тоифаси «D» ва ундан паст бўлган бино ва иншоотлар учун бажарилиши мажбурий ҳисобланади (якка тартибдаги уй-жойлар бундан мустасно).

53. Энергия аудити натижалари бўйича тайёрланган ҳисобот, кўрсатмалар ва бино ва иншоотларнинг энергетика паспорти энергия аудитори томонидан тасдиқлангандан сўнг бир иш кунида Махсус электрон платформага жойлаштирилади.

54. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) ўн иш кунида Махсус электрон платформага жойлаштирилган бино ва иншоотларнинг энергия аудити якунлари бўйича тайёрланган ҳисоботи ва энергетика паспортининг мазкур Низом талабларига мувофиқлигини, берилган кўрсатмаларнинг самарадорлигини ва уларнинг техник-иқтисодий жиҳатдан асосланганини, шу жумладан, энергетика паспорти кўрсаткичлари тўғрилигини кўриб чиқади.

55. Ҳисобот ва паспорт тўғри ишлаб чиқилган бўлса, улар уч иш куни ичида Махсус электрон платформада рўйхатдан ўтказилади ва энергетика паспортига тегишли реестр рақами берилади.

56. Расмийлаштирилган ҳисобот ва энергетика паспорти мазкур Низомнинг 13 , 14 , 24 , 30 , 34 ҳамда 41 — 49 бандлари талабларга мувофиқ эмас деб топилса, Вазирлик бир иш кунида аниқлаган камчиликларни асослантирилган ҳолда уларни энергия аудиторига қайтаради.

57. Энергия аудитори Вазирлик томонидан тақдим этилган таклифларни инобатга олган ҳолда, энергия аудити натижаси бўйича ҳисобот ва паспортни қайта ишлаб чиқади (тўлдиради) ва такроран махсус платформага киритади.

Бунда ҳисобот ва энергетика паспортини қайта ишлашга қайтариш ва қайта киритиш Махсус электрон платформа орқали амалга оширилади.

58. Ҳисобот ва энергетика паспорти Вазирлик томонидан белгиланган тартибда Махсус электрон платформада рўйхатдан ўтказилгунига қадар энергия аудити тугатилган деб ҳисобланмайди.

59. Ҳисобот ва энергетика паспорти Махсус электрон платформада рўйхатдан ўтгандан сўнг унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тақиқланади.

60. Махсус электрон платформада ҳисобот ва энергетика паспорти рўйхатдан ўтказиш орқали энергетика паспортларнинг электрон реестри шакллантирилади.

61. Энергия аудиторлари тўғрисидаги маълумотлар Махсус электрон платформада юритилади ва энергия аудиторларнинг рейтингини шакллантиришда фойдаланилади.

62. Кўрсатмани бажариш бўйича белгиланган ишларнинг ўз вақтида сифатли бажарилиши қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси ҳамда туман (шаҳар) қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлимлари (Тошкент шаҳрида — туман қурилиш бўлимлари) (кейинги ўринларда — назорат қилувчи орган) томонидан назорат қилинади.

63. Назорат қилувчи орган Махсус электрон платформа орқали кўрсатмани олади ва уни бажариш бўйича ишларни ўз вақтида, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқ, режалаштирилган ишларни сифатли бажарилишини назорат қилинади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

64. Энергия аудитори энергия аудити ўтказилишида буюртмачининг хўжалик фаолиятига аралашмасликка ҳамда тўсқинлик қилмасликка, давлат ва тижорат сирларига риоя қилишга ҳамда шартнома шартларининг бажарилиши тўлақонли таъминлашга мажбурдир.

65. Энергия аудитори томонидан ўтказилган энергия аудити натижалари ҳаққоний эмаслиги бир неча бор тасдиқланган тақдирда, ушбу энергия аудиторига нисбатан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган чораларни кўриш учун тегишли органга таклиф киритишга асос бўлади.

66. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

Бино ва иншоотларни энергия истеъмолини энергия аудитидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Бино ва иншоотларни энергия аудитидан ўтказиш

Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Буюртмачи Энергия аудиторини белгиланган тартибда аниқлайди. Заруратга кўра (ихтиёрий равишда) 2-босқич Буюртмачи 1. Энергия аудитини ўтказиш учун энергия аудиторига ариза топширади. 2. Энергия аудитори билан белгиланган тартибда шартнома тузади. Заруратга кўра (ихтиёрий равишда) 3-босқич Энергия аудитори 1. Энергия аудитини ўтказиш дастурини ишлаб чиқади ва буюртмачи билан келишади. 2. Бино ва иншоотларнинг ҳажм-режавий ечимлари ҳамда муҳандислик тизимларининг схематик ечимларини ўрганади. 3. Бино ва иншоотларни идентификация қилади. 4. Ёқилғи-энергетика ресурсларини истеъмол қилувчи қурилмаларнинг тавсифлари бўйича маълумотлар, ўлчаш воситаларининг охирги уч йиллик кўрсаткичларини шакллантиради (тўплайди). 5. Бино ва иншоотлардан фойдаланиш шароитлари ҳамда тартибини ўрганади. Шартномада белгиланган муддатларда 4-босқич Энергия аудитори 1. Бино ва иншоотларнинг техник ҳолатини визуал кўрикдан ўтказади. 2. Бино ва иншоотнинг тўсувчи конструкцияларининг иссиқлик ҳимояси даражаси, муҳандислик тизимлари, лифтлар ва бошқа жиҳозларнинг энергетик тавсифлари, ҳамда бино ва иншоотларнинг микроиқлимини текширади. 3. Ёқилғи-энергетика ресурсларининг истеъмоли ҳажми ва йўқотилиш сабабларини аниқлайди. Энергия аудити дастурида белгиланган муддатларда 5-босқич Энергия аудитори 1. Дастлабки маълумотлар ҳамда ўлчаш ва текширишлар натижасида тўпланган маълумотларни таҳлил қилади. 2. Бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлигининг амалдаги кўрсаткичларини ҳисоблайди. 3. Амалдаги кўрсаткичларни белгиланган меъёрий қийматлар билан таққослайди. 4. Амалдаги энергия самарадорлик кўрсаткичлари ва белгиланган меъёрий қийматлар ўртасидаги номувофиқлик сабабларини аниқлайди ва таҳлил қилади. 5. Бино ва иншоотлар учун мумкин бўлган энергия тежаш қийматларини ҳисоблайди. 6. Бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлиги тоифасини қабул қилинган кўрсаткичлар асосида белгилайди. Энергия аудити дастурида белгиланган муддатларда 6-босқич Энергия аудитори 1. Бино ва иншоотларнинг энергия ресурсларидан фойдаланиш таҳлили натижаларини умумлаштиради. 2. Энергия аудити натижасида энергия тежаш ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича ҳисоботни тузади. 3. Энергия самарадорликни оширишга қаратилган кўрсатмаларни ишлаб чиқади. 4. Кўрсатмаларни бажариш бўйича режа-жадвални ишлаб чиқиш ва буюртмачи билан келишади. 5. Энергетика паспортини шакллантиради (тўлдиради). 6. Бино ва иншоотнинг энергия самарадорлиги тоифасини қабул қилинган кўрсаткичлар асосида аниқлайди. 7. Ҳисобот, кўрсатмалар ва энергетика паспортини «Бино ва иншоотларнинг энергия аудити» электрон платформасига жойлаштиради. Энергия аудити дастурида белгиланган муддатларда 7-босқич Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги 1. Ҳисобот, кўрсатмалар ва энергетика паспортини белгиланган талабларга мувофиқлигини (тўғрилигини) кўриб чиқади. Ўн иш кунида 2. Махсус электрон платформада ҳисобот, кўрсатмалар ва энергетика паспортини рўйхатдан ўтказади, реестр рақами беради. Уч иш кунида 8-босқич Назорат қилувчи орган 1. Электрон платформа орқали кўрсатмани олади. 2. Кўрсатмани бажарилиши бўйича ишларни сифатли таъминланишини назорат қилади. Белгиланган муддатларда

Бино ва иншоотларни энергия истеъмолини энергия аудитидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлиги тоифасини белгилаш

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 19 октябрдаги 690-сон қарорига 3-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчиларини энергетика текширувидан ва экспертизадан ўтказиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида» 2006 йил 7 августдаги 164-сон қарори .

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Статистик, солиқ ва молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2012 йил 16 июлдаги ПФ-4453-сон Фармони)» 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сон қарорига 1-илованинг 80-банди .

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида («Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-396-сон Қонунининг 13-моддаси)» 2016 йил 24 майдаги 175-сон қарори .

4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 5 февралдаги ПҚ-4160-сон қарори)» 2019 йил 10 августдаги 661-сон қарорига илованинг 13-банди .

5. Вазирлар Маҳкамасининг «Иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга оид давлат сиёсати тубдан такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2020 йил 14 декабрдаги 777-сон қарорига 1-илованинг 5-банди .

6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон Қонуни)» 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 158-банди .

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 19 октябрь,

690-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.10.2024 й., 09/24/690/0834-сон; 27.10.2025 й., 09/25/673/0980-сон; 15.05.2026 й., 09/26/242/0485-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

NIZOM

SXEMASI

JADVALI

ROʻYXATI

Yoqilgʻi-energetika resurslari isteʼmolchilarini hamda bino va inshootlarni energiya isteʼmolini energiya auditidan oʻtkazish tartiblarini belgilash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasining “Energiyani tejash, undan oqilona foydalanish va energiya samaradorligini oshirish toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq respublika iqtisodiyot tarmoqlarida energiyani tejash, undan oqilona foydalanish va energiya samaradorligini oshirishni taʼminlash hamda energiya isteʼmolchilarini energiya auditidan oʻtkazish jarayonlarini samarali tashkil etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

Yoqilgʻi-energetika resurslari isteʼmolchilarini majburiy energiya auditidan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;

Bino va inshootlarni energiya isteʼmolini energiya auditidan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi bino va inshootlarning energiya samaradorligini oshirishda energiya auditidan oʻtkazish ishlarini tashkil etish, muvofiqlashtirish va nazorat qilish boʻyicha vakolatli organ etib belgilansin.

3. 2024-yil 1-noyabrdan boshlab foydalanish maydoni 200 kvadrat metrdan ortiq boʻlgan bino va inshootlarning energiya samaradorligi toifasini aniqlash uchun “A”, “B”, “C”, “D”, “E”, “F” va “G” belgilari joriy etiladi.

Bunda “A” toifasi energiya samaradorligi eng yuqori boʻlgan bino va inshootlarni belgilash va tegishli ravishda “G” toifasi energiya samaradorligi eng kam boʻlgan bino va inshootlarni belgilash uchun qoʻllaniladi.

4. Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda joriy yil yakuniga qadar foydalanish maydoni 200 kvadrat metrdan ortiq boʻlgan bino va inshootlar uchun energiya auditorlari tomonidan oʻtkazilgan energiya auditi yakunlari boʻyicha tayyorlangan hisobotlar va energetika pasportlarining elektron reyestrini yuritish uchun moʻljallangan maxsus elektron platformani ishlab chiqib, ishga tushirilishini taʼminlasin.

5. Elektr energiyasi, neft mahsulotlari va gazdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi (keyingi oʻrinlarda — Oʻzenergoinspeksiya) manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda har yili 1-oktabrga qadar keyingi besh yilda energiya auditidan oʻtkaziladigan isteʼmolchilar roʻyxatini shakllantirib, Davlat energetika reyestriga kiritsin va uning eʼlon qilinishini taʼminlasin.

6. Oʻzenergoinspeksiya Energetika vazirligi hamda Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi bilan birgalikda bir oy muddatda energiya auditorlar uchun yoqilgʻi-energetika resurslari isteʼmolchilarida hamda bino va inshootlarda energiya auditidan oʻtkazishni belgilovchi texnik topshiriq, dasturlar, energetika pasporti va tashkiliy-texnik chora-tadbirlar rejalarining namunaviy shakllarini hamda energiya auditorlariga qoʻyiladigan minimal talablarni ishlab chiqib, qoʻshma qaror bilan tasdiqlasin.

7. Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi, Energetika vazirligi, Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi, Axborot va ommaviy kommunikatsiyalar agentligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari hamda manfaatdor tashkilotlar bilan birgalikda ushbu qarorning mazmun-mohiyatini ommaviy axborot vositalari va ijtimoiy tarmoqlarda keng yoritilishini tashkil etsin.

8. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 3-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

9. Mazkur qaror bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.J. Ramatov hamda energetika vaziri J.T. Mirzamahmudov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 19-oktabrdagi 690-son qaroriga 1-ILOVA

Yoqilgʻi-energetika resurslari isteʼmolchilarini majburiy energiya auditidan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasining “Energiyani tejash, undan oqilona foydalanish va energiya samaradorligini oshirish toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq yoqilgʻi-energetika resurslarining isteʼmolchilarida energiyani tejash va energiya samaradorligi koʻrsatkichlarini aniqlash va sarfini kamaytirish imkoniyatlarini aniqlash maqsadida Davlat energetika reyestriga kiritilgan subyektlarni (keyingi oʻrinlarda — isteʼmolchi) majburiy energiya auditidan oʻtkazish tartibini belgilaydi.

Davlat energetika reyestriga kiritilmagan subyektlar tomonidan oʻz obyektlari ixtiyoriy ravishda energiya auditidan oʻtkazilgan taqdirda, ushbu obyektlarga mazkur Nizom talablari qoʻllaniladi.

2. Energiya auditi isteʼmolchilarni energiyani tejash va energiya samaradorligi koʻrsatkichlarini aniqlash va ularning samaradorligini oshirishga qaratilgan tashkiliy-texnik chora-tadbirlar rejasini ishlab chiqish maqsadida oʻtkaziladi.

3. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

Davlat energetika reyestriga kiritilgan subyektlar (isteʼmolchi) — yiliga besh yuz hamda undan ortiq tonna shartli yoqilgʻini va (yoki) ikki yuz ellik va undan ortiq tonna motor yoqilgʻisini isteʼmol qiladigan yuridik shaxslar;

yoqilgʻi-energetika resurslari — tabiiy va boshqa manbalardan ishlab chiqariladigan yoqilgʻi va energiyaning barcha turlari yigʻindisi;

tashkiliy-texnik chora-tadbirlar rejasi — isteʼmolchilarni energiya auditidan oʻtkazish natijasi boʻyicha energiya samaradorligini oshirishga qaratilgan texnik-iqtisodiy asoslangan chora-tadbirlar rejasi.

texnik topshiriq — energiya auditini oʻtkazish maqsadi va ish hajmini belgilab beruvchi isteʼmolchi tomonidan ishlab chiqilgan hujjat;

energiya auditi — foydalanilgan yoqilgʻi-energetika resurslari va energiya samaradorligi koʻrsatkichlari toʻgʻrisidagi ishonchli maʼlumotlarni toʻplashga, ularga ishlov berishga hamda ularni tahlil qilishga, shuningdek, xulosa tayyorlashga qaratilgan faoliyat;

energiya auditori — energiya isteʼmolchilarini energiya auditidan (energetika tekshiruvi) oʻtkazadigan, yetarli bilim va tajribaga hamda soha boʻyicha malaka sertifikatlariga ega va belgilangan minimal talablarga javob beruvchi shaxs;

energiya auditidan oʻtkazish dasturi — energiyani tejash va energiya samaradorligi koʻrsatkichlarini, shu jumladan, energiya yoʻqotishlarini kamaytirish, energiya sigʻimini qisqartirish, birlamchi va ikkilamchi energiya resurslari hamda qayta tiklanuvchi energiya manbalaridan foydalanish koʻrsatkichlarini qamrab olgan dastur;

energiya auditi natijasi boʻyicha hisobot — energiya auditidan oʻtkazish natijalari boʻyicha takliflar, tashkiliy-texnik chora-tadbirlar rejasini oʻz ichiga olgan hisobot;

energetika pasporti — oʻtkazilgan energiya auditi natijasida yoqilgʻi-energetika resurslaridan foydalanish toʻgʻrisida ishlab chiqiladigan hujjat;

Yagona reyestr — Energiya samaradorligi milliy agentligining Energiya samaradorligini oshirish sohasidagi energiya auditorlarining yagona reyestri.

4. Isteʼmolchilar mazkur Nizomga ilovada keltirilgan yoqilgʻi-energetika resurslari isteʼmolchilarini energiya auditidan oʻtkazish sxemasiga muvofiq energiya auditidan oʻtkaziladi.

2-bob. Energiya auditidan oʻtkazishni tashkil etish

5. Isteʼmolchilarni energiya auditidan oʻtkazish boʻyicha Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Energiya samaradorligi milliy agentligi (maxsus vakolatli davlat organi) energiya auditorlarga ularning attestatsiyasini amalga oshirish natijalari boʻyicha belgilangan tartibda malaka sertifikatlarini beradi.

Energiya auditorlariga malaka sertifikatini berish tartibi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Energiya samaradorligi milliy agentligi tomonidan belgilanadi.

6. Isteʼmolchilarni navbatdan tashqari energiya auditidan oʻtkazish maqsadida Oʻzenergoinspeksiya talabiga koʻra isteʼmolchilar tomonidan shartnoma asosida energiya auditori jalb qilinishi mumkin.

7. Energiya auditidan oʻtkazish boʻyicha xarajatlar isteʼmolchi mablagʻlari va (yoki) energiya servis kompaniyalari mablagʻlari va qonunchilik bilan taqiqlanmagan boshqa mablagʻlar hisobidan moliyalashtiriladi.

3-bob. Energiya auditi turlari

8. Energiya auditi majburiy va ixtiyoriy tarzda tashkil etiladigan dastlabki, davriy, navbatdan tashqari hamda ekspress energiya auditi turlardan iborat.

9. Dastlabki energiya auditi energiyani tejash, yoqilgʻi-energetika resurslaridan oqilona foydalanish va energiya samaradorligini oshirishni baholash maqsadida oʻtkaziladi.

Dastlabki energiya auditi Davlat energetika reyestriga kiritilgan yangi subyektlarda energiya resurslaridan foydalanish samaradorligiga baho beriladi.

Shuningdek, isteʼmolchida asbob-uskunalari samaradorligi, foydalaniladigan energiya resurslarini hisobga olishning holati, ulardan foydalanish, hisobot berish, yoqilgʻi sarf-xarajatlari va energiya taʼminoti tahlili oʻtkaziladi.

10. Davriy energiya auditi davlat energetika reyestriga kiritilgan subyektlarda avval berilgan takliflarning bajarilishi hamda energiya resurslari isteʼmoli va ularning mahsulot va koʻrsatilgan xizmat birligiga toʻgʻri keladigan sarf dinamikasi (energiya sigʻimi, ishlab chiqarish tannarxida energiya resurslarining ulushi va boshqalar) tahlil qilinib, baholash maqsadida har besh yilda bir marta majburiy tartibda oʻtkaziladi.

Energiya auditidan oʻtkazish natijalari boʻyicha isteʼmolchining energetika pasportiga oʻzgartirishlar kiritiladi, unga berilgan takliflarni bajarilishi yuzasidan yozma koʻrsatmalar va takliflar beriladi.

11. Navbatdan tashqari energiya auditi Vazirlar Mahkamasining qarorlariga muvofiq quyidagi hollarda oʻtkaziladi:

isteʼmolchida yoqilgʻi-energetika resurslarining umumiy va mahsulot birligiga sarfi hamda mahsulot tannarxi ortganida;

isteʼmolchida yoqilgʻi-energetika resurslaridan foydalanish samaradorligi keskin pasayganda;

energiya auditori tomonidan tayyorlangan hisobot sudning qonuniy kuchga kirgan qaroriga koʻra bila turib soxta tuzilgan deb topilganda;

qonunchilikda belgilangan boshqa sabablarga muvofiq.

12. Ekspress energiya auditi energiya resurslarning alohida bir turi, ikkilamchi energiya resurslaridan foydalanish, alohida agregat (agregatlar guruhi) yoki energiya samaradorligini alohida koʻrsatkichlari boʻyicha energiya auditidan oʻtkaziladi. Ekspress energiya auditi dastlabki va davriy energiya auditi hisoblanmaydi.

4-bob. Isteʼmolchilarni energiya auditidan oʻtkazish bosqichi

13. Energiya auditidan oʻtkazish jarayoni quyidagi toʻrt bosqichlardan iborat:

birinchi bosqich — texnik hujjatlarni toʻplash va tekshirish. Bunda oxirgi besh yilni oʻz ichiga olgan energiya auditidan oʻtkazishni rejalashtirish, maʼlumotlarni taqdim etish boʻyicha masʼul shaxslar va muddatlarni belgilagan holda, energiya auditidan oʻtkazish dasturi ishlab chiqilib, Oʻzenergoinspeksiya bilan kelishadi va tasdiqlaydi;

ikkinchi bosqich — oʻlchov qurilmalaridan foydalangan holda texnik tekshiruv. Bunda energiya samaradorligini oshirishni baholash uchun Oʻzenergoinspeksiya tomonidan belgilangan minimal talablarga javob beradigan zamonaviy oʻlchov laboratoriyalari boʻlgan oʻlchov qurilmalaridan foydalangan holda oʻtkaziladi;

uchinchi bosqich — tahliliy tekshiruv. Energiya auditidan oʻtkazish natijasini rasmiylashtirish, yigʻilgan maʼlumotlarni jamlash, qayta ishlash va tahlil qilish. Bunda yoqilgʻi-energetika resurslarini tejash boʻyicha energetika pasporti va keyingi besh yil uchun tashkiliy-texnik chora-tadbirlar rejasi ishlab chiqiladi;

toʻrtinchi bosqich — yakuniy tekshiruv. Bunda yoqilgʻi-energetika resurslaridan foydalanish boʻyicha maʼlumotlarning tahliliy natijalari umumlashtiriladi, energiya auditi natijasi boʻyicha hisobot hamda energetika pasporti tayyorlanadi va tasdiqlanadi.

5-bob. Isteʼmolchilarni energiya auditidan oʻtkazish tartibi

14. Oʻzenergoinspeksiya har yili 1-oktabrga qadar keyingi yilda majburiy energiya auditidan oʻtkazilish muddati belgilangan Davlat energetika reyestriga kiritilgan subyektlar roʻyxatini shakllantirib, ommaviy axborot vositalari hamda Energetika vazirligi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Energiya samaradorligi milliy agentligi va Oʻzenergoinspeksiyaning rasmiy veb-saytlarida eʼlon qiladi.

15. Isteʼmolchilar majburiy energiya auditidan oʻtkazish uchun Oʻzenergoinspeksiyaning hududiy boshqarmalari bilan kelishgan dastur asosida ommaviy axborot vositalari hamda Energetika vazirligi va Oʻzenergoinspeksiyaning rasmiy veb-saytlarida eʼlon berilgan kundan boshlab mustaqil tarzda, bir oy muddatda Yagona reyestrdagi energiya auditori bilan shartnoma imzolaydi va oʻz obyektlarini energiya auditidan oʻtkazadi. Davlat ishtirokidagi tashkilotlar va davlat muassasalari energiya auditori bilan Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat xaridlari toʻgʻrisida”gi Qonunida belgilangan tartibda aniqlaydi.

16. Imzolangan shartnoma asosida energiya auditori energiya auditidan oʻtkazishdan oldin energiya auditidan oʻtkazish dasturini shakllantiradi va isteʼmolchi bilan kelishilgan holda, Oʻzenergoinspeksiyaga “Energonazorat” platformasi orqali tasdiqlash uchun kiritadi.

17. Oʻzenergoinspeksiya taqdim etilgan dasturni oʻn ish kunida oʻrganib chiqadi va natijasiga koʻra tasdiqlaydi yoki kamchiliklarni bartaraf etish yuzasidan asoslantirilgan koʻrsatmalar bilan “Energonazorat” platformasi orqali energiya auditoriga qaytaradi.

Bunda energiya auditori Oʻzenergoinspeksiyaning koʻrsatmalariga muvofiq dasturni qayta koʻrib chiqib, besh ish kunida tasdiqlash uchun Oʻzenergoinspeksiyaga takroran “Energonazorat” platformasi orqali kiritadi.

Energiya auditidan oʻtkazish dasturlari har yili 1-aprelga qadar tasdiqlanadi.

18. Tasdiqlangan dasturga asosan energiya auditori tomonidan energiya auditi oʻtkaziladi va uning natijasi boʻyicha hisobotni, asoslangan va tegishli hisob-kitoblar bilan tasdiqlangan energiyani tejash boʻyicha, shu jumladan, ikkilamchi energiya resurslaridan foydalanish va qayta tiklanuvchi energiya manbalarini joriy etishni nazarda tutuvchi, iqtisod qilinadigan energiyaning fizik miqdorini va pul ifodasini hamda ularni amalga oshirish xarajatlarini oʻz ichiga olgan takliflarni isteʼmolchiga taqdim etadi.

Energiya auditidan oʻtkazish uchun energiya auditoriga taqdim etilgan maʼlumotlarning haqqoniyligiga isteʼmolchi javob beradi.

19. Energiya auditidan oʻtkazish dasturining amal qilish muddati Oʻzenergoinspeksiya tomonidan tasdiqlangan kundan boshlab dastlabki va davriy energiya auditidan oʻtkazishda bir yildan koʻp boʻlmagan hamda ekspress energiya auditidan ikki oydan koʻp boʻlmagan muddatga teng boʻladi.

20. Energiya auditidan oʻtkazilgandan soʻng isteʼmolchi tomonidan energiya auditorining energiya auditi natijasi boʻyicha hisobot hamda energetika pasporti koʻrib chiqiladi va imzolagan holda qabul qilinadi.

Agar isteʼmolchi energiya auditori tomonidan taqdim etilgan energiya auditi natijasi boʻyicha hisobot va pasportni imzolashdan bosh tortsa, energiya auditori bu haqida energiya auditi natijasi boʻyicha hisobotida tegishli qaydni kiritadi va isteʼmolchining energiya auditi natijasi boʻyicha hisobotini imzolashdan bosh tortganligi sabablarini yozma ravishda bayon etadi.

21. Energiya auditi natijasi boʻyicha hisobot va energetika pasporti isteʼmolchi tomonidan qabul qilingandan soʻng oʻn ish kunida energiya auditori tomonidan energiya auditi natijasi boʻyicha hisobot va energetika pasporti Oʻzenergoinspeksiyaning hududiy boshqarmalariga “Energonazorat” platformasi orqali taqdim etiladi.

22. Oʻzenergoinspeksiyaning hududiy boshqarmalari tomonidan energiya auditori tomonidan taqdim etilgan energiya auditi natijasi boʻyicha hisobot va energetika pasporti tasdiqlangan dastur talablariga muvofiqligini, energiya auditi natijasi boʻyicha hisobot va energetika pasporti koʻrsatkichlari yigirma ish kunida koʻrib chiqiladi.

Energiya auditi natijasi boʻyicha hisobot va energetika pasportini koʻrib chiqish natijasiga koʻra tasdiqlaydi yoki aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish yuzasidan asoslantirilgan koʻrsatmalar bilan energiya auditoriga qaytaradi.

23. Taqdim etilgan energiya auditi natijasi boʻyicha hisobot va/yoki energetika pasporti tasdiqlangan dastur talablarga muvofiq emas deb topilgan taqdirda, Oʻzenergoinspeksiyaning hududiy boshqarmalari aniqlagan kamchiliklarni bartaraf etish yuzasidan asoslantirilgan koʻrsatmalar bilan energiya auditoriga qaytaradi.

24. Energiya auditori oʻn ish kunida Oʻzenergoinspeksiyaning hududiy boshqarmalari tomonidan taqdim etilgan koʻrsatmalarni inobatga olgan holda, energiya auditi natijasi boʻyicha hisobot va takliflarni qayta ishlab chiqadi hamda takroran Oʻzenergoinspeksiyaning hududiy boshqarmalariga kiritadi.

Bunda energiya auditi natijasi boʻyicha hisobot va energetika pasporti Oʻzenergoinspeksiyaning hududiy boshqarmalari tomonidan belgilangan tartibda qabul qilinmagunga qadar isteʼmolchida energiya auditi tamomlangan deb hisoblanmaydi.

25. Oʻzenergoinspeksiyaning hududiy boshqarmasiga taqdim etilgan energiya auditi natijasi boʻyicha hisobot va energetika pasporti qonunchilik hujjatlariga muvofiq ishlab chiqilishiga energiya auditori javobgar hisoblanadi.

26. Isteʼmolchi energiya auditidan oʻtkazish natijalari boʻyicha hisobotdagi tashkiliy-texnik chora-tadbirlar ijrosini belgilangan muddatlarda “Energonazorat” platformasiga kiritib boradi.

27. Oʻzenergoinspeksiya hududiy boshqarmasi isteʼmolchi tomonidan ishlab chiqilgan va tasdiqlangan chora-tadbirlar rejasi ijrosining monitoringini yuritadi hamda belgilangan tadbirlarning oʻz vaqtida sifatli bajarilishini “Energonazorat” platformasi orqali nazorat qiladi.

6-bob. Majburiy energiya auditidan oʻtmagan va oʻtkazilgan energiya audit natijasi boʻyicha energoauditorning bergan tavsiyalarini bajarmaganligi uchun koʻriladigan choralar

28. Oʻzenergoinspeksiya tomonidan har yili 15-yanvarga qadar oʻtgan hisobot davrida Davlat energetika reyestriga kiritilgan subyektlarni energiya auditidan oʻtmagan va energiya auditi natijasi boʻyicha energiya auditorilarning hisobotiga asosan tashkiliy-texnik chora-tadbirlar rejasini belgilangan muddatlarda bajarilishini taʼminlamagan isteʼmolchilar roʻyxati shakllantiriladi hamda elektr va gaz taʼminotchilariga yetkazib berilgan energiya resurslari uchun 1,5 baravar miqdorda oʻsuvchi koeffitsiyentni qoʻllash toʻgʻrisida rasmiy koʻrsatma kiritiladi.

29. Oʻzenergoinspeksiyaning rasmiy koʻrsatmasiga muvofiq obyektlarini majburiy energiya auditidan oʻtkazmagan yoxud oʻtkazilgan energiya auditi natijasi boʻyicha hisobotdagi tavsiyalarni bajarmagan Davlat energetika reyestriga kiritilgan subyektlarga hisobot oyidan keyingi oyning 1 sanadan boshlab, keyinchalik ular tomonidan energiya auditi oʻtkazilib, uning natijalari Oʻzenergoinspeksiyaning hududiy boshqarmalariga kiritilgunga yoki oʻtkazilgan energiya audit natijasi boʻyicha energiya auditorning bergan tavsiyalari toʻliq bajarilguniga qadar yetkazib berilgan elektr energiyasi va tabiiy gaz uchun belgilangan tarifga nisbatan 1,5 baravar miqdorda oʻsuvchi koeffitsiyentni qoʻllagan holda toʻlov undiriladi.

30. Energiya auditi toʻliq oʻtkazilgan hamda energiya audit natijasi boʻyicha hisobotdagi tavsiyalarni oʻz muddatlarida amalga oshirgan isteʼmolchilar bu toʻgʻrisida barcha hujjatlarni ilova qilgan holda, Oʻzenergoinspeksiyaning hududiy boshqarmalariga “Energonazorat” platformasi orqali murojaat qiladi.

31. Oʻzenergoinspeksiyaning hududiy boshqarmalari majburiy energiya auditi oʻtkazilmagan isteʼmolchilarning majburiy energiya auditi natijasi boʻyicha hisobotni va energetika pasportini, shuningdek, majburiy energiya auditi oʻtkazgan, biroq energiya auditi natijasi boʻyicha hisobotidagi tavsiyalarni belgilangan muddatlarda amalga oshirmagan isteʼmolchilarning barcha tasdiqlovchi hujjatlarni qabul qilgan kundan boshlab bir ish kuni muddatida hujjatlarni Oʻzenergoinspeksiyaga koʻrib chiqish uchun kiritadi.

32. Oʻzenergoinspeksiya tomonidan uch kunlik muddatda elektr va gaz taʼminotchilariga ushbu isteʼmolchi tomonidan energiya auditi oʻtkazilganligi, shuningdek, energiya audit natijasi boʻyicha hisobotdagi tavsiyalar toʻliq amalga oshirilganligi boʻyicha maʼlumotnoma hamda 1,5 baravar miqdorda oʻsuvchi koeffitsiyentni qoʻllashni toʻxtatish toʻgʻrisida rasmiy koʻrsatma taqdim etiladi.

Elektr va gaz taʼminotchilari Oʻzenergoinspeksiya tomonidan isteʼmolchilarda majburiy energiya auditi oʻtkazilganligi toʻgʻrisida rasmiy maʼlumotnomani olgan kundan keyingi kundan (sanadan) boshlab ushbu isteʼmolchiga nisbatan energiya resurslari uchun oshirilgan koeffitsiyentlarni qoʻllashni toʻxtatadi.

7-bob. Yakunlovchi qoidalar

33. Energiya auditori energiya auditidan oʻtkazilishida isteʼmolchining xoʻjalik faoliyatiga toʻsqinlik qilmaslikka, davlat va tijorat sirlariga rioya qilishga hamda energiya auditidan oʻtkazish boʻyicha imzolangan shartnoma shartlarini toʻlaqonli taʼminlashga majburdir.

34. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarda belgilangan tartibda javob beradi.

Yoqilgʻi-energetika resurslari isteʼmolchilarini majburiy energiya auditidan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Yoqilgʻi-energetika resurslari isteʼmolchilarini energiya auditidan oʻtkazish

Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Isteʼmolchi 1. Energiya auditidan oʻtkazish boʻyicha Oʻzenergoinspeksiyaning hududiy boshqarmalari bilan kelishgan dastur asosida rasmiy eʼlon beradi. Davlat energetika reyestriga asosan, har besh yilda bir marta 2. Energiya auditidan oʻtkazish uchun energiya auditori bilan shartnomani rasmiylashtiradi. 1 oyda 2-bosqich Energiya auditori 1. Energiya auditidan oʻtkazish dasturini ishlab chiqadi va isteʼmolchiga kelishish uchun kiritadi. 10 ish kunida 2. Energiya auditidan oʻtkazish dasturini isteʼmolchi bilan kelishilgan holda, Oʻzenergoinspeksiyaga tasdiqlash uchun kiritadi. 1 ish kunida 3-bosqich Oʻzenergoinspeksiyaning hududiy boshqarmalari Energiya auditidan oʻtkazish dasturini koʻrib chiqadi va tasdiqlash yoki asoslantirilgan koʻrsatmalar bilan energiya auditoriga qaytaradi. 20 ish kunida 4-bosqich Energiya auditori 1. Isteʼmolchini energiya auditidan oʻtkazish natijalari boʻyicha hisobot va energetika pasportini Oʻzenergoinspeksiyaning hududiy boshqarmalariga taqdim etadi. Dastur tasdiqlangan kundan boshlab, bir yildan koʻp boʻlmagan muddatda 2. Isteʼmolchining energiya auditidan oʻtkazish natijalari boʻyicha hisobotini va energetika pasportini “Energonazorat” platformasiga kiritadi. 5 ish kunida 5-bosqich Oʻzenergoinspeksiya Oʻzenergoinspeksiya tomonidan tashkiliy-texnik chora-tadbirlar rejasi ijrosini nazorat (monitoring) qiladi. Doimiy 6-bosqich Isteʼmolchi 1. Energiya auditidan oʻtkazish natijalari boʻyicha hisobotdagi samaradorlikni oshirishga qaratilgan tashkiliy-texnik chora-tadbirlarni va erishilgan koʻrsatkichlar isteʼmolchining yillik biznes-rejalarga kiritilgan holda tegishli kuzatuv kengashida tasdiqlaydi va ijrosini taʼminlaydi. Doimiy 2. Energiya auditidan oʻtkazish natijalari boʻyicha hisobotdagi tashkiliy-texnik chora-tadbirlar ijrosini “Energonazorat” platformasiga kiritib boradi. Tashkiliy-texnik chora-tadbirlarda belgilangan muddatlarda

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 19-oktabrdagi 690-son qaroriga 2-ILOVA

Bino va inshootlarni energiya isteʼmolini energiya auditidan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom foydalanish maydoni 200 kvadrat metrdan ortiq boʻlgan bino va inshootlar, jumladan, koʻp kvartirali uylar, ijtimoiy soha va jamoat bino va inshootlarning energiya samaradorligi boʻyicha energiya auditidan oʻtkazish, energetika pasportini ishlab chiqish hamda energiya samaradorligi toifasini belgilashning umumiy qoidalari va tartibini belgilaydi.

Jismoniy shaxslar oʻzlarining yakka tartibdagi uy-joylarini ixtiyoriy ravishda energiya auditidan oʻtkazgan taqdirda, ushbu uy-joylarga mazkur Nizom talablari qoʻllaniladi.

2. Energiya auditi yangi qurilgan, mavjud, funksional maqsadlari oʻzgartirilgan (qayta ixtisoslashtirilgan), rekonstruksiya qilingan, kapital taʼmirlangan va modernizatsiya qilingan bino va inshootlarining energetika pasportlarini ishlab chiqish va energiyani tejashga qaratilgan boshqa tadbirlar davomida amalga oshiriladi.

3. Energiya auditi bino va inshootlarning isteʼmol qiladigan yoqilgʻi-energetika resurslari hajmi boʻyicha obyektiv maʼlumotlarni olish, energiya samaradorligi koʻrsatkichlarini aniqlash, energiya yoʻqotishlarini kamaytirish, issiqlik yoʻqotilish joylarini aniqlash va bartaraf etish, energiya tejash va energiya samaradorligini oshirish imkoniyatlarini aniqlash, energiya samaradorligini oshirish boʻyicha texnik-iqtisodiy asoslangan tadbirlarni ishlab chiqish orqali kommunal xarajatlarni kamaytirish, bino va inshootlarni yoritish (shinamlik) darajasini oshirish, energetika pasportini ishlab chiqish, energiya samaradorligi toifasini belgilash maqsadida amalga oshiriladi.

4. Energiya auditi energiya auditori tomonidan shartnoma asosida amalga oshiriladi.

5. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

bino va inshootlarning energetika pasporti — bino va inshootlarning energiya samaradorligini tavsiflaydigan, ularning issiqlik-texnik va energetik tavsiflarini oʻz ichiga olgan, shaharsozlik normalari va qoidalari hamda texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarga muvofiqligini belgilaydigan hujjat;

“Bino va inshootlarning energiya auditi” elektron platformasi — energiya audit yakunlari boʻyicha tayyorlangan energetik pasportni elektron roʻyxatdan oʻtkazish orqali ularni elektron reyestrini hamda energiya audit tashkilotlari elektron reytingini yuritishni oʻz ichiga oladigan maxsus elektron platforma (keyingi oʻrinlarda — Maxsus elektron platforma);

bino va inshootlarning energiya samaradorligi toifasi — bino va inshootlarning yoqilgʻi-energetika resurslari isteʼmolini tavsiflaydigan samaradorlik darajasi;

yoqilgʻi-energetika resurslari — tabiiy va boshqa manbalardan ishlab chiqariladigan yoqilgʻi va energiyaning barcha turlari yigʻindisi;

energiya auditi — foydalanilgan yoqilgʻi-energetika resurslari va energiya samaradorligi koʻrsatkichlari toʻgʻrisidagi ishonchli maʼlumotlarni toʻplashga, ularga ishlov berishga hamda ularni tahlil qilishga, shuningdek xulosa tayyorlashga qaratilgan faoliyat;

energiya auditori — energiya isteʼmolchilarini energiya auditidan (energetika tekshiruvi) oʻtkazadigan, yetarli bilim va tajribaga hamda soha boʻyicha malaka sertifikatlariga ega va belgilangan minimal talablarga javob beruvchi shaxs;

energiya auditidan oʻtkazish dasturi — obyektni energiya auditidan oʻtkazish uchun issiqlik va energiya xususiyatlarini hisoblash va (yoki) instrumental oʻlchash usullari va muddatlarini belgilovchi, energiya auditori tomonidan tuziladigan hujjat;

energiyani tejash — qurilish resurslari va texnologiyalari rivojlanishini amaldagi darajasida va atrof-muhitni muhofaza qilishga qoʻyiladigan talablarga rioya qilgan holda yoqilgʻi-energetika resurslaridan foydalanishning iqtisodiy samaradorligiga erishishga yoʻnaltirilgan huquqiy, tashkiliy, ilmiy, ishlab chiqarish, texnik va iqtisodiy choralarni amalga oshirish.

2-bob. Energiya auditi turlari

6. Energiya auditidan oʻtkazishning dastlabki, davriy va navbatdan tashqari turlari mavjud.

7. Dastlabki energiya auditida bino va inshootlarda yoqilgʻi-energetika resursidan foydalanish samaradorligiga baho beriladi.

8. Davriy energiya auditini oʻtkazishda avval berilgan energiya auditori tomonidan bino va inshootlarning energiya tejamkorlik imkoniyatlarini aniqlash natijasida energiya samaradorligini oshirish boʻyicha koʻrsatmalarning (keyingi oʻrinlarda — koʻrsatma) bajarilishi hamda yoqilgʻi-energetika resurslari isteʼmoli va ularning bino va inshootlarining isitiladigan hajmi yoki maydon birligiga isitish va sovitish uchun yoqilgʻi-energetika resurslari sarfi dinamikasi tahlil qilinib, baho beriladi.

Davriy energiya auditi besh yilda kamida bir marotaba oʻtkaziladi.

9. Navbatdan tashqari energiya auditi quyidagi hollarda oʻtkaziladi:

yoqilgʻi-energetika resurslarini bino va inshootlarning isitiladigan maydon birligiga sarfi ortganida;

yoqilgʻi-energetika resurslaridan foydalanish samaradorligi keskin pasayganligi yuzasidan holatlar (faktlar) paydo boʻlganda;

energiya auditori tomonidan oʻtkazilgan energiya auditi haqqoniy oʻtkazilmaganligi aniqlanganda.

10. Davriy va navbatdan tashqari energiya auditi natijalari boʻyicha bino va inshootlarning energetika pasportiga oʻzgartirishlar kiritiladi, energiya samaradorlikni oshirish boʻyicha takliflar beriladi.

3-bob. Energiya auditini tashkil etish

11. Energiya auditi bino va inshootlarning egasi yoki uning vakilining energiya auditidan oʻtkazish toʻgʻrisida energiya auditoriga taqdim etiladigan arizasiga asosan amalga oshiriladi.

12. Energiya auditi tomonlar oʻrtasida tuzilgan shartnoma asosida ariza beruvchining (keyingi oʻrinlarda — buyurtmachi) mablagʻlari hisobidan oʻtkaziladi.

13. Energiya auditi oʻtkazilayotgan obyektning mavsumiy xususiyatlarini hisobga olgan holda amalga oshiriladi.

14. Energiya auditining maqsadi va vazifalari ushbu sohada qabul qilingan milliy va xalqaro standartlarga hamda energetika va ekologik xavfsizlikni taʼminlash boʻyicha qonunchilik hujjatlarida belgilangan talablarga muvofiq boʻlishi kerak.

15. Energiya auditi oʻtkazish uchun energiya auditorida texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar hamda shaharsozlik normalari va qoidalarida belgilangan sinovlarini amalga oshirish uchun zarur boʻladigan sinov uskunalari boʻlishi lozim.

16. Energiya auditori buyurtmachilarga ularning soʻroviga binoan bino va inshootlarni energiya auditdan oʻtkazish dasturi hamda energiya auditi boʻyicha rejalashtirilgan ishlar narxining kalkulyatsiyasini taqdim etishi kerak.

17. Energiya auditidan oʻtkazish uchun energiya auditoriga taqdim etilgan maʼlumotlar haqqoniyligiga uni taqdim etgan tashkilot javob beradi.

18. Energiya auditi natijasi boʻyicha hisobot va tavsiyalar, shuningdek, energetika pasportining haqqoniyligiga energiya auditori javob beradi.

19. Energiya auditi tugagandan soʻng buyurtmachi ishlarni qabul qilish-topshirish dalolatnomasida koʻrsatilgan energiya auditi xizmatlarini qabul qiladi.

20. Energiya auditidan oʻtkazilayotgan bino va inshootlarning egasi (buyurtmachi) audit doirasida rejalashtirilgan ishlarni amalga oshirishda energiya auditoriga koʻmaklashishi kerak. Bunda buyurtmachi:

energiya auditorining xodimlarini tekshirilayotgan obyektlarga kirishini taʼminlashi;

tekshiruv oʻtkazilishi uchun masʼul shaxs tayinlashi;

texnologiya va xavfsizlik talablariga zid boʻlmagan hollarda, tegishli texnologik uskunalarni, ularda oʻlchovlarni oʻtkazish uchun, zarur boʻlgan ishlash rejimini oʻrnatilishini taʼminlashi shart.

21. Buyurtmachi quyidagi zarur hujjatlarni energiya auditoriga taqdim etishi shart:

yoqilgʻi-energetika resurslarining isteʼmoli maʼlumotlarini;

foydalanilgan yoqilgʻi-energetika resurslari boʻyicha buyurtmachining oʻlchov vositalari koʻrsatkichlari asosida shakllantirilgan statistika hisobotlarini;

energetika pasportini (davriy va navbatdan tashqari energiya auditini oʻtkazishda).

22. Buyurtmachi bino va inshootni energiya auditdan oʻtkazish jarayonida uning natijasiga taʼsir qiluvchi har qanday oʻzgarishlar haqida energiya auditorini oʻz vaqtida xabardor qilishi lozim. Bunda energiya auditori bino va inshootlarni energiya auditi natijasiga taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan holatlarni tekshiradi va hisobotda qayd etadi.

23. Agar energiya auditori tomonidan oʻtkazilgan energiya auditining natijalari haqqoniy emasligi tasdiqlansa, ushbu energiya auditori buyurtmachining ushbu tekshiruv oʻtkazilishi uchun xarajatlarini hamda buning natijasida keltirilgan zararlarni toʻliqligicha qoplashga majburdir.

4-bob. Bino va inshootlarni energiya auditidan oʻtkazish tartibi

24. Bino va inshootlarni energiya auditdan oʻtkazishlari mazkur Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxema boʻyicha amalga oshiriladi.

25. Energiya auditidan oʻtkazish uchun energiya auditorlari ularning maxsus elektron platformada shakllantirib beriladigan reyting koʻrsatkichlari asosida aniqlanadi.

Bunda davlat ishtirokidagi tashkilotlar va davlat muassasalari energiya auditorini Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat xaridlari toʻgʻrisida”gi Qonunda belgilangan tartibda aniqlaydi.

26. Energiya auditini oʻtkazish boʻyicha shartnoma tuzish uchun buyurtmachining arizasiga quyidagi hujjat va maʼlumotlar ilova qilinadi:

energiya auditini oʻtkazish maqsadi va ish hajmini belgilab beruvchi hujjat (texnik topshiriq);

bino va inshootni tavsiflovchi maʼlumotlar: manzili, foydalanish toifasi, bino va inshootda yashovchilar (faoliyat yurituvchilar) soni, qurilgan yili, isitiladigan maydoni va hajmi, issiqlik taʼminoti manbai;

yoqilgʻi-energetika resurslari isteʼmoli toʻgʻrisidagi maʼlumot (bino va inshootlarda isteʼmol qilingan yoqilgʻi-energetika resurslari hisoblagichlarining koʻrsatkichlari);

bino va inshootlarning loyiha hujjatlari (mavjud boʻlganda);

kadastr hujjatlari;

bino va inshootlarda qoʻllanilayotgan yoqilgʻi-energetika resurslari isteʼmoli bilan bogʻlik uskunalar va jihozlarning texnik hujjatlari;

avval oʻtkazilgan energiya auditi natijalari boʻyicha rasmiylashtirilgan hujjatlar (davriy va navbatdan tashqari energiya auditini oʻtkazishda);

energiya menejmenti tizimi xalqaro standarti (ISO 50001) boʻyicha sertifikati (mavjud boʻlganda).

27. Bino va inshootlarni energiya auditidan oʻtkazishda energiya auditori bino va inshootlar egasi, bino va inshootlarda faoliyat olib boruvchi xodimlar (koʻp kvartirali uylarda yashovchilar) bilan soʻrovnoma oʻtkazish yoʻli bilan qoʻshimcha maʼlumotlarni olishi mumkin.

28. Energiya auditori buyurtmachining arizasi unga ilova qilingan hujjatlarning toʻliqligi va toʻgʻriligini tekshiradi.

29. Buyurtmachi tomonidan ariza va unga ilova qilingan hujjatlar toʻliq taqdim etilgandan soʻng energiya auditori buyurtmachi bilan shartnoma imzolashi mumkin.

Bunda davlat buyurtmachilari qonunchilik hujjatlarida belgilangan xarid qilish tartib-taomillari natijalariga koʻra tomonlar oʻrtasida shartnoma tuzilganidan soʻng energiya auditoriga tegishli hujjatlarni topshiradilar.

30. Energiya auditidan oʻtkazishning umumiy muddati kamida ikki oy boʻlishi, lekin shartnoma tuzilgan kundan boshlab bir yildan oshmasligi, shuningdek, davlat buyurtmachilari uchun joriy moliya yili doirasida oʻtkazilishi kerak.

31. Bino va inshootlarni energiya auditiga tayyorlash bosqichida energiya auditori:

energiya auditini oʻtkazish dasturini shakllantiradi va buyurtmachi bilan kelishadi;

buyurtmachi tomonidan taqdim etilgan bino va inshootni tavsiflovchi maʼlumotlar asosida bino va inshootlarni tuzilishi (tarkibi), ularning xususiyatlari va hajm-rejaviy yechimlari, devor va tom qismining materiallari, oynalar turi va maydoni, isitiladigan maydon va hajmi, issiqlik taʼminoti manbai, muhandislik tizimlarini sxematik yechimlarini oʻrganadi;

joyiga chiqqan holda buyurtmachi yoki uning vakili ishtirokida obyektning asosiy tarkibiy elementlarining haqiqiy holatini uning loyihasiga va energiya pasportiga (mavjud boʻlganda) nisbatan, jumladan, hajmiy-rejalashtirish yechimlari, muhandislik tizimlari va uskunalari boʻyicha qiyosiy baholashdan oʻtkazadi;

tegishli tashkilotlar va xonadon egalaridan elektr taʼminoti, issiqlik taʼminoti, suv taʼminoti, gaz taʼminoti, ventilyatsiya, oqova suv va sovitish tizimlari, energetik va texnologik uskunalar, elektr energiyasini isteʼmol qiluvchi qurilmaning quvvati, ularning solishtirma energiya sarfi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni, energiya tashuvchisi parametrlari, bino va inshootlarning isitiladigan maydon birligiga isitish uchun yoqilgʻi-energetika resurslari sarfi, oʻlchash vositalarining oxirgi uch yillik koʻrsatkichlarini shakllantiradi (toʻplaydi);

bino va inshootlardan foydalanish sharoitlari hamda tartibini oʻrganadi.

32. Bino va inshootlarning loyiha hujjatlari mavjud boʻlmagan taqdirda, oʻlchash ishlari va oʻrab turuvchi konstruksiyalar, muhandislik tizimlari va jihozlarining texnik holatini tekshirish natijalari asosida haqiqiy holatga ularning asoslangan chizmalari va sxemalari ishlab chiqiladi.

33. Oʻlchashlar va tekshirishlar oʻtkazish bosqichida quyidagilar bajariladi:

bino va inshootlarning texnik holati vizual koʻrikdan oʻtkaziladi. Bunda, bino va inshootning konstruksiyalari, muhandislik tizimlari va jihozlari texnik holati, energiya samaradorligiga salbiy taʼsir koʻrsatuvchi nuqsonlari mavjudligi tekshiriladi. Konstruksiyalarning mustahkamligiga baho berish zarurati mavjud boʻlganda, bino va inshootlarning texnik holati instrumental tekshiruvdan oʻtkaziladi;

bino va inshootning toʻsuvchi konstruksiyalari (tashqi devor, poydevor, oyna, tashqi eshiklar, tom, chordoq, yertoʻla) issiqlik himoyasi darajasi, muhandislik tizimlari (isitish, elektr, suv (issiq va sovuq), gaz taʼminoti va ventilyatsiya, konditsiyalash, yoritish tizimlari), liftlar va boshqa jihozlarning energetik tavsiflari, hamda bino va inshootlarning mikroiqlimi texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar hamda shaharsozlik normalari va qoidalarida belgilangan sinov usullari asosida tekshiriladi;

yoqilgʻi-energetika resurslarining isteʼmoli hajmi va yoʻqotilish sabablari aniqlanadi.

34. Oʻlchashlar va tekshirishlar yoz va qish mavsumida amalga oshirilishi kerak.

35. Bino va inshootlarning texnik holati buyurtmachi yoki uning vakili ishtirokida tekshiriladi.

36. Yoqilgʻi-energetika resurslaridan oqilona foydalanish parametrlariga bilvosita (tahlillar va oʻlchovlarni oʻtkazmasdan) baho berishga yoʻl qoʻyilmaydi.

37. Tahlil bosqichida energiya auditori quyidagi tadbirlarni amalga oshiradi:

tayyorgarlik bosqichida olingan dastlabki maʼlumotlarni tahlil qilish;

oʻlchashlar va tekshirishlar oʻtkazish bosqichida olingan maʼlumotlarni tahlil qilish;

bino va inshootlarning energiya samaradorligining amaldagi koʻrsatkichlarini hisoblash;

amaldagi koʻrsatkichlarni belgilangan meʼyoriy qiymatlar bilan oʻzaro taqqoslash;

amaldagi energiya samaradorligi koʻrsatkichlari va belgilangan meʼyoriy qiymatlar oʻrtasidagi nomuvofiqlik sabablarini aniqlash va tahlil qilish;

bino va inshootlar uchun mumkin boʻlgan energiya tejash qiymatlarini hisoblash;

bino va inshootlarning energiya samaradorligi toifasini belgilash.

38. Bino va inshootlarning issiqlik-texnik va energetik tavsiflari hamda energiya samaradorligi koʻrsatkichlarini aniqlash uchun hisoblash usullari texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi tegishli normativ hujjatlari hamda shaharsozlik normalari va qoidalari bilan belgilanadi.

39. Yakuniy bosqichda bino va inshootlarning yoqilgʻi-energetika resurslaridan foydalanish tahlili natijalari umumlashtiriladi.

40. Energiya auditi natijasida energiya resurslarini tejash va energiya samaradorligini oshirish boʻyicha hisobot (keyingi oʻrinlarda — Hisobot) energiya auditori tomonidan tuziladi.

41. Hisobot energiya auditorining blankida rasmiylashtiriladi va uning rahbari tomonidan imzolanadi.

42. Hisobot uchta asosiy qismdan iborat boʻladi:

kirish qismi — ariza beruvchining hamda energiya auditorining maʼlumotlari, tuzilgan shartnomaning raqami va energiya auditi obyektining umumiy tavsifi koʻrsatiladi;

asosiy qism — dastlabki maʼlumotlar tahlili, oʻlchovlarni bajarish usullari va qoʻllanilgan asboblar, bino va inshootlarning vizual koʻrigi hamda soʻrovnoma natijalari, yoqilgʻi-energetika resurslari isteʼmoli hamda elektr energiyasi taʼminoti, issiqlik taʼminoti, gaz taʼminoti, suv taʼminoti tizimlari holati, oʻlchashlar va tekshirishlar natijalari boʻyicha hisob-kitoblar va yoqilgʻi-energetika resurslarining solishtirma sarfini tahlili keltiriladi;

yakuniy qism — xulosalar va texnik-iqtisodiy jihatdan asoslangan koʻrsatmalarni (keyingi oʻrinlarda — koʻrsatmalar) oʻz ichiga oladi.

43. Hisobotda yoqilgʻi-energetika resurslaridan foydalanish koʻrsatkichining qurilish normalari va qoidalari talablariga muvofiqligi, ulardan foydalanishdagi yoʻl qoʻyilgan kamchiliklar koʻrsatilishi, obyektning energiya tejashning mumkin boʻlgan imkoniyatlari boʻyicha maʼlumot berilishi kerak.

44. Hisobot bino va inshootning energiya pasportini shakllantirish va energiya samaradorligi toifasini belgilash uchun asos boʻladi.

45. Koʻrsatmalarda bino va inshootlar maydoni birligiga isitish uchun yoqilgʻi-energetika resurslarini kamaytirishni hisobga olgan holda, energiyani tejash va obyektning energiya samaradorligini oshirish boʻyicha texnik-iqtisodiy jihatdan asoslangan va ularni bajarish muddatlari koʻrsatilgan chora-tadbirlar nazarda tutiladi.

46. Koʻrsatmada keltirilgan tadbirlarning iqtisodiy samaradorligi va qoplanish muddatlari, rentabelligi asoslantiriladi.

47. Texnik jihatdan imkoniyat boʻlgan taqdirda bino va inshootlarda ikkilamchi energetika resurslaridan hamda qayta tiklanuvchi energiya manbalaridan foydalanish boʻyicha tashkiliy-texnik chora-tadbirlar yuzasidan tavsiyalar qilinadi.

48. Koʻrsatmalar ishlayotgan asbob-uskunalar va texnologik jarayonlarning ekologik tavsifini, xodimlar ishining xavfsizligi va qulayligi darajasini kamaytirilmasligini taʼminlashi zarur.

49. Energiya auditori koʻrsatmalarni bajarish boʻyicha reja-jadval ishlab chiqadi va uni buyurtmachi bilan kelishadi.

50. Bino va inshootlarning energiya auditi natijalariga koʻra energiya auditori energetika pasportini shakllantiradi.

51. Bino va inshootlarning energiya samaradorligi toifasi mazkur Nizomga 2-ilovada keltirilgan jadvalga muvofiq energiya resurslarining isteʼmoli qiymatining ogʻish kattaligi (energiya samaradorlik indeksi) boʻyicha aniqlanadi.

Bunda foydalanish maydoni 200 kvadrat metrdan ortiq boʻlgan bino va inshootlarning energiya samaradorligi toifasini aniqlash uchun “A”, “B”, “C”, “D”, “E”, “F” va “G” belgilaridan foydalaniladi.

52. Koʻrsatmalar energiya samaradorligi toifasi “D” va undan past boʻlgan bino va inshootlar uchun bajarilishi majburiy hisoblanadi (yakka tartibdagi uy-joylar bundan mustasno).

53. Energiya auditi natijalari boʻyicha tayyorlangan hisobot, koʻrsatmalar va bino va inshootlarning energetika pasporti energiya auditori tomonidan tasdiqlangandan soʻng bir ish kunida Maxsus elektron platformaga joylashtiriladi.

54. Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Vazirlik) oʻn ish kunida Maxsus elektron platformaga joylashtirilgan bino va inshootlarning energiya auditi yakunlari boʻyicha tayyorlangan hisoboti va energetika pasportining mazkur Nizom talablariga muvofiqligini, berilgan koʻrsatmalarning samaradorligini va ularning texnik-iqtisodiy jihatdan asoslanganini, shu jumladan, energetika pasporti koʻrsatkichlari toʻgʻriligini koʻrib chiqadi.

55. Hisobot va pasport toʻgʻri ishlab chiqilgan boʻlsa, ular uch ish kuni ichida Maxsus elektron platformada roʻyxatdan oʻtkaziladi va energetika pasportiga tegishli reyestr raqami beriladi.

56. Rasmiylashtirilgan hisobot va energetika pasporti mazkur Nizomning 13 , 14 , 24 , 30 , 34 hamda 41 — 49 bandlari talablarga muvofiq emas deb topilsa, Vazirlik bir ish kunida aniqlagan kamchiliklarni asoslantirilgan holda ularni energiya auditoriga qaytaradi.

57. Energiya auditori Vazirlik tomonidan taqdim etilgan takliflarni inobatga olgan holda, energiya auditi natijasi boʻyicha hisobot va pasportni qayta ishlab chiqadi (toʻldiradi) va takroran maxsus platformaga kiritadi.

Bunda hisobot va energetika pasportini qayta ishlashga qaytarish va qayta kiritish Maxsus elektron platforma orqali amalga oshiriladi.

58. Hisobot va energetika pasporti Vazirlik tomonidan belgilangan tartibda Maxsus elektron platformada roʻyxatdan oʻtkazilguniga qadar energiya auditi tugatilgan deb hisoblanmaydi.

59. Hisobot va energetika pasporti Maxsus elektron platformada roʻyxatdan oʻtgandan soʻng unga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish taqiqlanadi.

60. Maxsus elektron platformada hisobot va energetika pasporti roʻyxatdan oʻtkazish orqali energetika pasportlarning elektron reyestri shakllantiriladi.

61. Energiya auditorlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Maxsus elektron platformada yuritiladi va energiya auditorlarning reytingini shakllantirishda foydalaniladi.

62. Koʻrsatmani bajarish boʻyicha belgilangan ishlarning oʻz vaqtida sifatli bajarilishi qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohasida hududiy nazorat qilish inspeksiyasi hamda tuman (shahar) qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi boʻlimlari (Toshkent shahrida — tuman qurilish boʻlimlari) (keyingi oʻrinlarda — nazorat qiluvchi organ) tomonidan nazorat qilinadi.

63. Nazorat qiluvchi organ Maxsus elektron platforma orqali koʻrsatmani oladi va uni bajarish boʻyicha ishlarni oʻz vaqtida, shaharsozlik normalari va qoidalarida belgilangan talablarga muvofiq, rejalashtirilgan ishlarni sifatli bajarilishini nazorat qilinadi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

64. Energiya auditori energiya auditi oʻtkazilishida buyurtmachining xoʻjalik faoliyatiga aralashmaslikka hamda toʻsqinlik qilmaslikka, davlat va tijorat sirlariga rioya qilishga hamda shartnoma shartlarining bajarilishi toʻlaqonli taʼminlashga majburdir.

65. Energiya auditori tomonidan oʻtkazilgan energiya auditi natijalari haqqoniy emasligi bir necha bor tasdiqlangan taqdirda, ushbu energiya auditoriga nisbatan qonunchilik hujjatlarida belgilangan choralarni koʻrish uchun tegishli organga taklif kiritishga asos boʻladi.

66. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.

Bino va inshootlarni energiya isteʼmolini energiya auditidan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Bino va inshootlarni energiya auditidan oʻtkazish

Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Buyurtmachi Energiya auditorini belgilangan tartibda aniqlaydi. Zaruratga koʻra (ixtiyoriy ravishda) 2-bosqich Buyurtmachi 1. Energiya auditini oʻtkazish uchun energiya auditoriga ariza topshiradi. 2. Energiya auditori bilan belgilangan tartibda shartnoma tuzadi. Zaruratga koʻra (ixtiyoriy ravishda) 3-bosqich Energiya auditori 1. Energiya auditini oʻtkazish dasturini ishlab chiqadi va buyurtmachi bilan kelishadi. 2. Bino va inshootlarning hajm-rejaviy yechimlari hamda muhandislik tizimlarining sxematik yechimlarini oʻrganadi. 3. Bino va inshootlarni identifikatsiya qiladi. 4. Yoqilgʻi-energetika resurslarini isteʼmol qiluvchi qurilmalarning tavsiflari boʻyicha maʼlumotlar, oʻlchash vositalarining oxirgi uch yillik koʻrsatkichlarini shakllantiradi (toʻplaydi). 5. Bino va inshootlardan foydalanish sharoitlari hamda tartibini oʻrganadi. Shartnomada belgilangan muddatlarda 4-bosqich Energiya auditori 1. Bino va inshootlarning texnik holatini vizual koʻrikdan oʻtkazadi. 2. Bino va inshootning toʻsuvchi konstruksiyalarining issiqlik himoyasi darajasi, muhandislik tizimlari, liftlar va boshqa jihozlarning energetik tavsiflari, hamda bino va inshootlarning mikroiqlimini tekshiradi. 3. Yoqilgʻi-energetika resurslarining isteʼmoli hajmi va yoʻqotilish sabablarini aniqlaydi. Energiya auditi dasturida belgilangan muddatlarda 5-bosqich Energiya auditori 1. Dastlabki maʼlumotlar hamda oʻlchash va tekshirishlar natijasida toʻplangan maʼlumotlarni tahlil qiladi. 2. Bino va inshootlarning energiya samaradorligining amaldagi koʻrsatkichlarini hisoblaydi. 3. Amaldagi koʻrsatkichlarni belgilangan meʼyoriy qiymatlar bilan taqqoslaydi. 4. Amaldagi energiya samaradorlik koʻrsatkichlari va belgilangan meʼyoriy qiymatlar oʻrtasidagi nomuvofiqlik sabablarini aniqlaydi va tahlil qiladi. 5. Bino va inshootlar uchun mumkin boʻlgan energiya tejash qiymatlarini hisoblaydi. 6. Bino va inshootlarning energiya samaradorligi toifasini qabul qilingan koʻrsatkichlar asosida belgilaydi. Energiya auditi dasturida belgilangan muddatlarda 6-bosqich Energiya auditori 1. Bino va inshootlarning energiya resurslaridan foydalanish tahlili natijalarini umumlashtiradi. 2. Energiya auditi natijasida energiya tejash va energiya samaradorligini oshirish boʻyicha hisobotni tuzadi. 3. Energiya samaradorlikni oshirishga qaratilgan koʻrsatmalarni ishlab chiqadi. 4. Koʻrsatmalarni bajarish boʻyicha reja-jadvalni ishlab chiqish va buyurtmachi bilan kelishadi. 5. Energetika pasportini shakllantiradi (toʻldiradi). 6. Bino va inshootning energiya samaradorligi toifasini qabul qilingan koʻrsatkichlar asosida aniqlaydi. 7. Hisobot, koʻrsatmalar va energetika pasportini “Bino va inshootlarning energiya auditi” elektron platformasiga joylashtiradi. Energiya auditi dasturida belgilangan muddatlarda 7-bosqich Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi 1. Hisobot, koʻrsatmalar va energetika pasportini belgilangan talablarga muvofiqligini (toʻgʻriligini) koʻrib chiqadi. Oʻn ish kunida 2. Maxsus elektron platformada hisobot, koʻrsatmalar va energetika pasportini roʻyxatdan oʻtkazadi, reyestr raqami beradi. Uch ish kunida 8-bosqich Nazorat qiluvchi organ 1. Elektron platforma orqali koʻrsatmani oladi. 2. Koʻrsatmani bajarilishi boʻyicha ishlarni sifatli taʼminlanishini nazorat qiladi. Belgilangan muddatlarda

Bino va inshootlarni energiya isteʼmolini energiya auditidan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Bino va inshootlarning energiya samaradorligi toifasini belgilash

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 19-oktabrdagi 690-son qaroriga 3-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanayotgan ayrim qarorlari

1. Vazirlar Mahkamasining “Yoqilgʻi-energetika resurslari isteʼmolchilarini energetika tekshiruvidan va ekspertizadan oʻtkazish qoidalarini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2006-yil 7-avgustdagi 164-son qarori .

2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Statistik, soliq va moliyaviy hisobotlarni, litsenziyalanadigan faoliyat turlarini va ruxsat berish tartib-taomillarini tubdan qisqartirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2012-yil 16-iyuldagi PF-4453-son Farmoni)” 2012-yil 1-noyabrdagi 313-son qaroriga 1-ilovaning 80-bandi .

3. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (“Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” Oʻzbekiston Respublikasining 2015-yil 29-dekabrdagi OʻRQ-396-son Qonunining 13-moddasi)” 2016-yil 24-maydagi 175-son qarori .

4. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Jahon banki va Xalqaro moliya korporatsiyasining “Biznes yuritish” yillik hisobotida Oʻzbekiston Respublikasining reytingini yaxshilashga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2019-yil 5-fevraldagi PQ-4160-son qarori)” 2019-yil 10-avgustdagi 661-son qaroriga ilovaning 13-bandi .

5. Vazirlar Mahkamasining “Iqtisodiyotni rivojlantirish va kambagʻallikni qisqartirishga oid davlat siyosati tubdan takomillashtirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2020-yil 14-dekabrdagi 777-son qaroriga 1-ilovaning 5-bandi .

6. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasining “Normativ-huquqiy hujjatlar toʻgʻrisida” 2021-yil 20-apreldagi OʻRQ-682-son Qonuni)” 2022-yil 4-apreldagi 153-son qaroriga ilovaning 158-bandi .

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2024-yil 19-oktabr,

690-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 21.10.2024-y., 09/24/690/0834-son; 27.10.2025-y., 09/25/673/0980-son; 15.05.2026-y., 09/26/242/0485-son)

lex.uz