📅 2024-yil 21-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 21-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 21 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 21 октября 2024 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 21 October 2024 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
«Маҳалла еттилиги» тавсияси асосида камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга ипотека кредитини ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2024 йилда ипотека кредитларини ажратиш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 30 апрелдаги ПФ-70-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2024 йилда ипотека кредитларини ажратиш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 30 апрелдаги ПФ-70-сон Фармонида «маҳалла еттилиги» тавсияси асосида камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга ипотека кредитларини ажратиш амалиётини жорий этиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи «Маҳалла еттилиги» тавсияси асосида камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга ипотека кредитини ажратиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш мақсадлари учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасидан тўрт фоиз бандга юқори ставкада 120 миллион сўмгача миқдорда, 20 йилгача муддатга ипотека кредитларини ажратиш;
ипотека кредити бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун ажратиладиган кредитнинг 15 фоизи миқдорида ҳамда фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун кредит муддатининг биринчи беш йили давомида 12 фоиздан ошган қисмига субсидия тўлаб бериш;
ипотека кредитлари ва улар бўйича субсидияларни расмийлаштириш ҳамда ажратиш тартиби.
3. Белгилансинки:
камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга ипотека кредитлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маблағлари ҳисобидан, қоида тариқасида, «Агробанк» АТБ, АТ «Халқ банки», «Микрокредитбанк» АТБ ва «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ томонидан ажратилади;
камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашда кадастр паспортини расмийлаштириш ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ тўловлар қиймати 50 фоизга камайтирилади;
якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун ажратилган ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадал ва фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар «subsidyplatform.mf.uz» тўлов платформаси орқали ажратилади.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари «маҳалла еттилиги» билан биргаликда камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ҳамда таъмирлашга эҳтиёжи бўлган фуқароларга ипотека кредитларини ажратиш ва уларнинг мақсадли ўзлаштирилиши жараёнини самарали ташкил этиш, кредит олган фуқароларнинг даромадли доимий меҳнат фаолияти билан банд бўлишларини таъминлаш чораларини кўриб борсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги уч ой муддатда:
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, «Агробанк» АТБ, АТ «Халқ банки», «Микрокредитбанк» АТБ ва «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ, Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда «Онлайн маҳалла» ва «Рақамли маҳалла» платформалари, «subsidyplatform.mf.uz» тўлов платформаси ҳамда тегишли тижорат банкларининг ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинишини таъминласин;
манфаатдор вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ушбу қарорнинг моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида кенг тушунтирилишини ташкил этсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 21 октябрдаги 691-сон қарорига ИЛОВА
«Маҳалла еттилиги» тавсияси асосида камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга ипотека кредитини ажратиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом «маҳалла еттилиги» тавсияси асосида «Онлайн маҳалла» платформасида камбағалликдан чиқариш индивидуал дастурига (кейинги ўринларда — Дастур) киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш мақсадлари учун ипотека кредитларини ажратиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ариза берувчи — Дастурга киритилган, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган ҳамда якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш мақсадлари учун ипотека кредитларини ажратиш бўйича ариза билан мурожаат қилган шахс;
камбағалликдан чиқариш дастури — «маҳалла еттилиги» томонидан камбағал оила даромадини ошириш ва муаммоларини ҳал этиш учун «Онлайн маҳалла» платформасида тузилган индивидуал дастур;
«маҳалла еттилиги» — маҳалла фуқаролари йигини раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим, солиқ инспекторидан иборат жамоа;
«маҳалла еттилиги» тавсияси — Дастурга киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахснинг ижтимоий шарт-шароитини ўрганишдан сўнг унга якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш учун ипотека кредитини ажратиш мақсадга мувофиқлигини ифодаловчи «маҳалла еттилиги» томонидан имзоланадиган ҳужжат;
ипотека кредити — Дастурга киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун дастлабки бадални инобатга олган ҳолда 120 миллион сўмгача ажратиладиган ипотека кредити;
тижорат банки — Дастурга киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маблағлари ҳисобидан ипотека кредитларини ажратадиган тижорат банклари;
пудрат ташкилоти — якка тартибдаги уй-жойларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини бажарадиган тадбиркорлик субъекти;
қарз олувчи — Дастурга киритилган, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган, мазкур Низомда белгиланган мезонларга мувофиқ бўлган ҳамда якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун ипотека кредитини олган шахс;
уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахс — Ижтимоий реестрга киритилган оиланинг уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож аъзоси;
якка тартибдаги уй-жойни қуриш — қарз олувчининг ўзига ёки у билан биргаликда яшаётган яқин қариндошига тегишли ер участкасида мавжуд якка тартибдаги уй-жойга туташиб кетувчи ва (ёки) алоҳида қўшимча якка тартибдаги уй-жойни қуриш, шунингдек, мавжуд уй-жойни бузиб қайта қуриш;
якка тартибдаги уй-жойни реконструкция қилиш — якка тартибдаги уй-жойнинг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичларини (юкламаси, хоналарнинг режалаштирилиши, уй-жойнинг қурилиш ҳажми ва умумий майдони, муҳандислик жиҳатдан жиҳозланиши) ўзгартириш билан боғлиқ қурилиш ишлари ва ташкилий-техник тадбирлар мажмуи;
якка тартибдаги уй-жойни таъмирлаш — якка тартибдаги уй-жойнинг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичларини сақлаб қолган ҳолда унинг фойдаланиш кўрсаткичларини яхшилаш ёки қайта тиклаш билан боғлиқ қурилиш ишлари ва ташкилий-техник тадбирлар мажмуи.
2-боб. Қарз олувчиларга нисбатан белгиланган мувофиқлик мезонлари
3. Қарз олувчилар қуйидаги мувофиқлик мезонларига мос бўлиши лозим:
18 ёшга тўлган ва 60 ёшдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши;
кредит бўйича ҳисобланган фоизларни ва асосий қарзни тўлов жадвалига мувофиқ ҳар ойда тўлаш учун етарли ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган даромад манбаига, шу жумладан, шахсий ёрдамчи ёки деҳқон хўжалигидан ёхуд якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятидан даромадга эга бўлиши;
қарз юки кўрсаткичи қарз олувчининг барча кредитлари ва микроқарзлари бўйича ўртача ойлик тўловларининг ушбу қарз олувчининг тасдиқланган ўртача ойлик даромадларининг 60 фоизидан юқори бўлмаслиги;
кредит ажратишни кўриб чиқиш вақтида қарз олувчининг кредит ташкилотларидан аввал олинган кредитлар бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлмаслиги;
илгари бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури доирасида ипотека кредитларидан ва ипотека кредитлари бўйича субсидиялардан фойдаланмаган бўлиши;
реконструкция қилинадиган ва таъмирланадиган якка тартибдаги уй-жой ёки якка тартибдаги уй-жой қуриладиган ер участкаси қарз олувчининг ўзига ёки у билан биргаликда яшовчи яқин қариндошларидан бирига тегишли эканлиги ва қарз олувчи мазкур манзилда камида 6 ой давомида доимий рўйхатда турган бўлиши.
4. Қарз юки кўрсаткичини ҳисоб-китоб қилишда қарз олувчининг ўртача ойлик даромадлари миқдори унинг охирги 12 ой мобайнида (12 ойдан кам ишланган тақдирда ишланган давр учун, бироқ 6 ойдан кам бўлмаган муддат давомида) олган даромадлари миқдорининг ўртача арифметик қийматидан келиб чиқиб аниқланади.
5. Тижорат банки қарз олувчининг ўртача ойлик даромадини аниқлашда унинг розилигига кўра қуйидаги тасдиқловчи ҳужжатлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга:
иш ҳақи тўғрисидаги маълумот;
пенсия тўловлари миқдори тўғрисидаги маълумот;
жамғариб бориладиган пенсия бадаллари тўғрисидаги маълумот;
фоизлар, дивидендлар, мол-мулкни ижарага беришдан олинган доимий тарздаги даромадларини тасдиқловчи маълумотлар;
ўзини ўзи банд қилиш натижасида олинган даромадлар;
мавжуд шароитдан келиб чиқиб, анкета сўровномаси асосида аниқлаштирилган даромадлар;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа даромадларни тасдиқловчи маълумотлар.
6. Тижорат банки қарз олувчининг тўлов қобилиятини аниқлашда муқобил усуллардан, шу жумладан, қарз олувчининг банк картаси айланмаси, унинг коммунал харажатлари ҳамда белгиланган талаблардан юқори миқдордаги ихтиёрий тарзда тўланган дастлабки бадал маблағлари тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланиши мумкин.
3-боб. Ипотека кредитини расмийлаштириш ва ажратиш тартиби
7. Ипотека кредити ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ ажратилади.
8. Ипотека кредитининг таъминоти сифатида қарз олувчи ёки у билан биргаликда яшовчи яқин қариндошларининг мулкий эгалигида бўлган:
реконструкция қилинадиган ёки таъмирланадиган якка тартибдаги уй-жойнинг ўзи;
янги қуриладиган якка тартибдаги уй-жойларда қурилиш битгунга қадар учинчи шахс кафиллиги ва (ёки) бошқа таъминот тақдим этилади.
Бунда ушбу таъминотни нотариал расмийлаштириш учун давлат божи ундирилмайди.
9. Якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари қарз олувчининг ўз кучи билан ёхуд ёлланма ишчилар ёки пудрат ташкилотларини жалб қилиш орқали амалга оширилади.
10. Ипотека кредити тижорат банклари томонидан 20 йилгача муддатга Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасидан 4 фоиз бандга юқори ставкада дастлабки бадални инобатга олган ҳолда 120 миллион сўмдан ошмаган миқдорда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маблағлари ҳисобидан ажратилади.
11. Ипотека кредити бўйича дастлабки бадални қоплаш учун ажратиладиган кредитнинг 15 фоизи миқдорида ҳамда фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун кредит муддатининг биринчи беш йили давомида 12 фоиздан ошган қисмига субсидия тўланади.
12. «Маҳалла еттилиги» доимий равишда ўтказиладиган хатлов ва ўрганишлар натижаларига кўра уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларни аниқлаб боради, уларни Дастурга киритиш ва ипотека кредитини олиш бўйича тавсия бериш чораларини кўради.
13. Уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахслар уларни Дастурга киритиш ҳамда якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш мақсадлари учун ипотека кредитини ажратиш бўйича тавсия олиш учун бевосита «маҳалла еттилиги»га мурожаат қилишга ҳақли.
Бунда ушбу шахсларнинг мурожаати «маҳалла еттилиги» томонидан икки иш куни ичида кўриб чиқилиши ва ўрганиш натижаларига кўра, улар Дастурга киритилиши ва тавсия берилиши ёки уларга Дастурга киритиш ва тавсия беришни рад этиш сабаби кўрсатилган ёзма хулоса тақдим этилиши лозим.
14. Қуйидагилар «маҳалла еттилиги» томонидан тавсия беришни рад қилишга асос бўлади:
ариза берувчининг оиласи Дастурга киритилмаган бўлса;
ариза берувчи уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож ҳисобланмаса;
ариза берувчи шахс ёки унинг турмуш ўртоғи мазкур имтиёздан аввал фойдаланган бўлса;
ариза берувчи шахс давлат томонидан аввал берилган ижтимоий ёрдам ва кўмаклардан мақсадсиз фойдаланганлиги тўғрисида тегишли ташкилотларнинг маълумотлари мавжуд бўлса;
қурилиши, реконструкция қилиниши ва таъмирланиши назарда тутилаётган уй-жой ёки у жойлашган ер участкасига нисбатан ашёвий ҳуқуқ низоли бўлса.
15. Дастурга киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахслар ипотека кредити олиш учун тегишли ҳужжатларни (қурилиш материаллари ва қурилиш-монтаж ишлари ҳисоб-китоби) илова қилган ҳолда, ариза билан тижорат банкига мурожаат қилади.
16. Тижорат банкининг масъул ходими ариза берувчига ипотека кредитининг асосий йўналишлари бўйича изоҳ беради, талаб этиладиган барча ҳужжатлар рўйхати ва тахминий харажатлар турлари билан таништиради.
17. Тижорат банки бир иш кунида онлайн скорингни амалга ошириш мақсадида ариза берувчига тегишли қуйидаги маълумотларни «Рақамли ҳукумат» тизимининг рақамли маълумотлар платформаси ва/ёки бошқа расмий манбалар орқали текширади:
ариза берувчи Дастурга киритилганлигини;
ариза берувчи даромад манбаига эга эканлигини;
ариза берувчининг кредит тарихини;
реконструкция қилинадиган ва таъмирланадиган якка тартибдаги уй-жой ёки якка тартибдаги уй-жой қуриладиган ер участкаси ариза берувчининг ўзига ёки у билан биргаликда яшовчи яқин қариндошларидан бирига тегишли эканлигини ва ариза берувчи мазкур манзил бўйича камида 6 ой давомида доимий рўйхатда турган бўлишини.
18. Тегишли ҳужжатлар тўлиқ тақдим қилинганидан сўнг тижорат банки уч иш куни ичида ариза берувчига кредит бериш масаласини кўриб чиқади ҳамда аризани қаноатлантириш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
19. Ипотека кредити беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, бир иш куни ичида қарз олувчига ипотека кредити беришни рад этишнинг сабаблари аниқ ва тушунарли кўрсатилган ҳолда ёзма хулоса юборилади.
Бунда қуйидагилар ипотека кредитини беришни рад қилишга асос бўлади:
қарз олувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг умумий даромади ипотека кредити бўйича бир ойлик тўловларни амалга ошириш учун етарли бўлмаганда;
ариза берувчининг бошқа кредитлари бўйича тўлов муддати кечиккан қарздорликлари мавжуд бўлганда;
ариза берувчи томонидан нотўғри маълумотлар тақдим этилганда.
20. «Маҳалла еттилиги» ариза берувчига тижорат банкининг ипотека кредити беришни рад этиш хулосасидаги камчиликларни бартараф этишга кўмаклашади.
Ариза берувчи тижорат банки хулосасида кўрсатилган камчиликлар бартараф этилгандан сўнг кредит бериш тўғрисидаги ариза билан тижорат банкига қайта мурожаат қилишга ҳақли.
21. Кредит бериш тўғрисида ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, тижорат банки бир иш кунида бу ҳақида ариза берувчини ёзма равишда ёки телефон рақамига SMS хабар юбориш орқали хабардор қилади.
Бунда тижорат банки томонидан ариза берувчига танишиб чиқиш ва ўзи билан олиб кетиши мумкин бўлган кредит шартномаси ва кредитни қайтариш жадвали лойиҳаси тақдим этилади ҳамда тижорат банки ва ариза берувчи ўртасида икки иш кунида кредит шартномаси имзоланади.
22. Тижорат банки кредит шартномаси имзоланганидан сўнг икки иш кунида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг «subsidyplatform.mf.uz» платформаси орқали якка тартибда қуриладиган, реконструкция қилинадиган ва таъмирланадиган уй-жойнинг кадастр ҳужжатларини илова қилган ҳолда, ипотека кредитининг дастлабки бадалини ҳамда фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидия маблағларини тўлашга буюртманома юборади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги буюртманома асосида ипотека кредитининг дастлабки бадали учун субсидияни беш иш кунида тижорат банкига ўтказиб беради.
Ипотека кредитлари бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидия буюртманома тақдим этилган ойдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ҳар ойнинг 25-санасига қадар тижорат банкининг Бош офисига фуқаролар кесимида ўтказиб берилади.
23. Кредит суммаси Якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари қарз олувчининг ўз кучи билан ёки ёлланма ишчилар жалб этилган ҳолда бажарилганда кредит суммаси бажарилган ишлар ҳажмига мутаносиб равишда босқичма-босқич қарз олувчининг банк пластик картасига, пудрат ташкилоти жалб этилган ҳолларда эса, пудрат ташкилотининг ҳисобварағига ўтказиб берилади.
Бунда якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини бошлаш учун тижорат банки томонидан умумий қарз суммасининг 30 фоиздан ортиқ бўлмаган қисми дастлабки тўлов сифатида ўтказилади.
Кейинги босқич тўловлари тижорат банки ходими ва ҳоким ёрдамчиси томонидан бажарилган ишларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш натижаси бўйича тузилган хулосасига асосан ажратилади.
24. Қарз олувчи ажратилган ипотека кредитини ва унга ҳисобланган фоиз тўловларини ипотека кредитини қайтариш жадвалига асосан тўлаб боради.
25. Тижорат банклари ажратилган кредитларнинг мақсадли ишлатилиши мониторинг қилишда улардан бошқа мақсадда фойдаланилган ҳолатларни аниқлаган тақдирда, кредитнинг қолган қисмини тўлашни тўхтатиш ҳамда белгиланган тартибда субсидия ва кредитларни муддатидан олдин ундириш чораларини кўради.
Бунда қарз олувчига дастлабки бадал ва фоиз учун ажратилган субсидия белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига ушбу тижорат банклари томондан тўлиқ миқдорда қайтарилади.
4-боб. Қарз олувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш
26. Ариза берувчи кредит олиш учун тижорат банкига мурожаат қилганда, банк кредитнинг асосий шартлари тўғрисидаги ахборот варақасини бепул тақдим этади.
27. Тижорат банки ариза берувчига кредит бўйича тўланиши лозим бўлган ойлик тўловлар миқдори ҳамда ариза берувчининг даромадларини таҳлил қилган ҳолда ушбу тўловларни тўлаш учун унинг имконияти етиши (ёки етмаслиги) ҳақида тушунтириш беради.
28. Тижорат банки ипотека кредити шартномасини имзолашдан олдин ариза берувчига ушбу шартнома ҳамда ипотека кредитини қайтариш жадвали лойиҳаларини танишиб чиқиш учун ўзи билан олиб кетиш ҳуқуқига эга эканлиги тўғрисида хабардор қилиши лозим.
29. Банк қарз олувчига кредит шартномаси имзоланган кунда шартноманинг битта асл нусхасини кредитни қайтариш жадвалини илова қилган ҳолда тақдим этиши керак.
30. Банк кредит ажратишда банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда банклар фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ қарз олувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаши шарт.
31. Мазкур Низом асосида якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун ипотека кредитларини ажратишда қарз олувчига ипотека предметини суғурта хавфларидан ва кредитнинг қайтмаслик хатаридан суғурта қилиш талаби қўлланилмайди.
5-боб. Якунловчи қоидалар
32. Ариза берувчи (қарз олувчи) давлат органлари ва ташкилотлари, тижорат банклари хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда юқори турувчи ташкилотга ёки судга шикоят қилиши мумкин.
33. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
«Маҳалла еттилиги» тавсияси асосида камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга ипотека кредитини ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Камбағалликни қисқартириш дастурига киритилган ва уй жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга ипотека кредитини ажратиш
Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Муддатлар 1-босқич «Маҳалла еттилиги» 1. Фуқаро Дастурга кириш учун тавсия сўраб мурожаат қилганда ўрганиш ўтказади. 2. Ўрганиш натижаларига кўра фуқарони Дастурга киритади ёки рад этиш сабабини кўрсатган ҳолда ёзма хулоса беради. Доимий 3. Ўрганиш натижаларига кўра, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож камбағал оилаларни «Онлайн маҳалла» платформасининг Камбағалликни қисқартириш дастурига киритиб боради. Икки иш кунида 2-босқич Ариза берувчи Ипотека кредитини олиш учун ариза ва тегишли ҳужжатларни банкка тақдим этади. Ўз ихтиёрига кўра белгиланган муддатларда 3-босқич Тижорат банки 1. Ариза билан тақдим этилган ҳужжатларни тегишли «Рақамли ҳукумат» тизимининг рақамли маълумотлар платформаси ва/ёки бошқа расмий манбалар орқали текширади: 2. Кредит олиш бўйича тақдим этилган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларни кўриб чиқиб, аризани қаноатлантириш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. 3. Ариза берувчига рад этиш ёки кредит ажратиш тўғрисида хабарни юборади. Уч иш кунида 4-босқич Тижорат банки 1. Ариза берувчи билан ипотека кредити ажратиш тўғрисида шартнома имзолайди, кредит таъминоти ҳужжатларини расмийлаштиради. Ариза берувчининг ўз ихтиёрига кўра 2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига субсидия олиш бўйича буюртманома юборади. Икки иш кунида 5-босқич Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 1. Буюртманома асосида ипотека кредитининг бошланғич бадали учун субсидияни тижорат банкига ўтказиб беради. Беш иш кунида 2. Ипотека кредитлари бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидияни буюртманомалар асосида тижорат банкига фуқаролар кесимида ўтказиб беради. Ҳар ойнинг 25-санасига қадар 6-босқич Тижорат банки Шартномага асосан ажратилган кредит суммаси ҳамда субсидияни қарз олувчининг банк пластик картасига, пудрат ташкилоти жалб этилган ҳолларда пудрат ташкилотининг ҳисобварағига ўтказиб беради. Бажарилган ишлар ҳажмига мутаносиб равишда босқичма-босқич 7-босқич Пудрат ташкилоти ёки ёлланма ишчи ёхуд қарз олувчи фуқаро Якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини амалга оширади. Шартномада белгиланган муддатларда 8-босқич Тижорат банки ва хоким ёрдамчиси Ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилишини назоратга олади ва қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларни мониторинг қилиб боради. Қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари якунига қадар 9-босқич Қарз олувчи Кредит шартномасини қайтариш жадвалига асосан кредит ва унга ҳисобланган фоиз тўловларини тўлаб боради. Шартномада белгиланган муддатларда
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 21 октябрь,
691-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
“Mahalla yettiligi” tavsiyasi asosida kambagʻallikdan chiqarish dasturiga kiritilgan va uy-joy sharoitini yaxshilashga muhtoj boʻlgan shaxslarga ipoteka kreditini ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2024-yilda ipoteka kreditlarini ajratish mexanizmlarini takomillashtirish va aholining uy-joy sharoitlarini yaxshilashga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2024-yil 30-apreldagi PF-70-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2024-yilda ipoteka kreditlarini ajratish mexanizmlarini takomillashtirish va aholining uy-joy sharoitlarini yaxshilashga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2024-yil 30-apreldagi PF-70-son Farmonida “mahalla yettiligi” tavsiyasi asosida kambagʻallikdan chiqarish dasturiga kiritilgan va uy-joy sharoitini yaxshilashga muhtoj boʻlgan shaxslarga ipoteka kreditlarini ajratish amaliyotini joriy etish belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi “Mahalla yettiligi” tavsiyasi asosida kambagʻallikdan chiqarish dasturiga kiritilgan va uy-joy sharoitini yaxshilashga muhtoj boʻlgan shaxslarga ipoteka kreditini ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
yakka tartibdagi uy-joyni qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash maqsadlari uchun Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankining asosiy stavkasidan toʻrt foiz bandga yuqori stavkada 120 million soʻmgacha miqdorda, 20 yilgacha muddatga ipoteka kreditlarini ajratish;
ipoteka krediti boʻyicha dastlabki badalning bir qismini qoplash uchun ajratiladigan kreditning 15 foizi miqdorida hamda foiz toʻlovlarining bir qismini qoplash uchun kredit muddatining birinchi besh yili davomida 12 foizdan oshgan qismiga subsidiya toʻlab berish;
ipoteka kreditlari va ular boʻyicha subsidiyalarni rasmiylashtirish hamda ajratish tartibi.
3. Belgilansinki:
kambagʻallikdan chiqarish dasturiga kiritilgan va uy-joy sharoitini yaxshilashga muhtoj boʻlgan shaxslarga ipoteka kreditlari Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligining mablagʻlari hisobidan, qoida tariqasida, “Agrobank” ATB, AT “Xalq banki”, “Mikrokreditbank” ATB va “Biznesni rivojlantirish banki” ATB tomonidan ajratiladi;
kambagʻallikdan chiqarish dasturiga kiritilgan va uy-joy sharoitini yaxshilashga muhtoj boʻlgan shaxslarga yakka tartibdagi uy-joyni qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlashda kadastr pasportini rasmiylashtirish va koʻchmas mulkka boʻlgan huquqlarni davlat roʻyxatidan oʻtkazish bilan bogʻliq toʻlovlar qiymati 50 foizga kamaytiriladi;
yakka tartibdagi uy-joyni qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash uchun ajratilgan ipoteka kreditlari boʻyicha dastlabki badal va foiz xarajatlarining bir qismini qoplash uchun subsidiyalar “subsidyplatform.mf.uz” toʻlov platformasi orqali ajratiladi.
4. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari “mahalla yettiligi” bilan birgalikda kambagʻallikdan chiqarish dasturiga kiritilgan va yakka tartibdagi uy-joyni qurish, rekonstruksiya qilish hamda taʼmirlashga ehtiyoji boʻlgan fuqarolarga ipoteka kreditlarini ajratish va ularning maqsadli oʻzlashtirilishi jarayonini samarali tashkil etish, kredit olgan fuqarolarning daromadli doimiy mehnat faoliyati bilan band boʻlishlarini taʼminlash choralarini koʻrib borsin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi uch oy muddatda:
Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Oʻzbekiston mahallalari uyushmasi, “Agrobank” ATB, AT “Xalq banki”, “Mikrokreditbank” ATB va “Biznesni rivojlantirish banki” ATB, Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda “Onlayn mahalla” va “Raqamli mahalla” platformalari, “subsidyplatform.mf.uz” toʻlov platformasi hamda tegishli tijorat banklarining axborot tizimlari oʻzaro integratsiya qilinishini taʼminlasin;
manfaatdor vazirliklar va idoralar, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari bilan birgalikda ushbu qarorning mohiyati va ahamiyati aholi oʻrtasida keng tushuntirilishini tashkil etsin.
6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 21-oktabrdagi 691-son qaroriga ILOVA
“Mahalla yettiligi” tavsiyasi asosida kambagʻallikdan chiqarish dasturiga kiritilgan va uy-joy sharoitini yaxshilashga muhtoj boʻlgan shaxslarga ipoteka kreditini ajratish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom “mahalla yettiligi” tavsiyasi asosida “Onlayn mahalla” platformasida kambagʻallikdan chiqarish individual dasturiga (keyingi oʻrinlarda — Dastur) kiritilgan va uy-joy sharoitini yaxshilashga muhtoj boʻlgan shaxslarga yakka tartibdagi uy-joyni qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash maqsadlari uchun ipoteka kreditlarini ajratish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
ariza beruvchi — Dasturga kiritilgan, uy-joy sharoitini yaxshilashga muhtoj boʻlgan hamda yakka tartibdagi uy-joyni qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash maqsadlari uchun ipoteka kreditlarini ajratish boʻyicha ariza bilan murojaat qilgan shaxs;
kambagʻallikdan chiqarish dasturi — “mahalla yettiligi” tomonidan kambagʻal oila daromadini oshirish va muammolarini hal etish uchun “Onlayn mahalla” platformasida tuzilgan individual dastur;
“mahalla yettiligi” — mahalla fuqarolari yigini raisi, hokim yordamchisi, yoshlar yetakchisi, xotin-qizlar faoli, profilaktika inspektori, ijtimoiy xodim, soliq inspektoridan iborat jamoa;
“mahalla yettiligi” tavsiyasi — Dasturga kiritilgan va uy-joy sharoitini yaxshilashga muhtoj boʻlgan shaxsning ijtimoiy shart-sharoitini oʻrganishdan soʻng unga yakka tartibdagi uy-joyni qurish, rekonstruksiya qilish, taʼmirlash uchun ipoteka kreditini ajratish maqsadga muvofiqligini ifodalovchi “mahalla yettiligi” tomonidan imzolanadigan hujjat;
ipoteka krediti — Dasturga kiritilgan va uy-joy sharoitini yaxshilashga muhtoj boʻlgan shaxslarga yakka tartibdagi uy-joyni qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash uchun dastlabki badalni inobatga olgan holda 120 million soʻmgacha ajratiladigan ipoteka krediti;
tijorat banki — Dasturga kiritilgan va uy-joy sharoitini yaxshilashga muhtoj boʻlgan shaxslarga Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligining mablagʻlari hisobidan ipoteka kreditlarini ajratadigan tijorat banklari;
pudrat tashkiloti — yakka tartibdagi uy-joylarni qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash ishlarini bajaradigan tadbirkorlik subyekti;
qarz oluvchi — Dasturga kiritilgan, uy-joy sharoitini yaxshilashga muhtoj boʻlgan, mazkur Nizomda belgilangan mezonlarga muvofiq boʻlgan hamda yakka tartibdagi uy-joyni qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash uchun ipoteka kreditini olgan shaxs;
uy-joy sharoitini yaxshilashga muhtoj boʻlgan shaxs — Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilaning uy-joy sharoitini yaxshilashga muhtoj aʼzosi;
yakka tartibdagi uy-joyni qurish — qarz oluvchining oʻziga yoki u bilan birgalikda yashayotgan yaqin qarindoshiga tegishli yer uchastkasida mavjud yakka tartibdagi uy-joyga tutashib ketuvchi va (yoki) alohida qoʻshimcha yakka tartibdagi uy-joyni qurish, shuningdek, mavjud uy-joyni buzib qayta qurish;
yakka tartibdagi uy-joyni rekonstruksiya qilish — yakka tartibdagi uy-joyning asosiy texnik-iqtisodiy koʻrsatkichlarini (yuklamasi, xonalarning rejalashtirilishi, uy-joyning qurilish hajmi va umumiy maydoni, muhandislik jihatdan jihozlanishi) oʻzgartirish bilan bogʻliq qurilish ishlari va tashkiliy-texnik tadbirlar majmui;
yakka tartibdagi uy-joyni taʼmirlash — yakka tartibdagi uy-joyning asosiy texnik-iqtisodiy koʻrsatkichlarini saqlab qolgan holda uning foydalanish koʻrsatkichlarini yaxshilash yoki qayta tiklash bilan bogʻliq qurilish ishlari va tashkiliy-texnik tadbirlar majmui.
2-bob. Qarz oluvchilarga nisbatan belgilangan muvofiqlik mezonlari
3. Qarz oluvchilar quyidagi muvofiqlik mezonlariga mos boʻlishi lozim:
18 yoshga toʻlgan va 60 yoshdan oshmagan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi boʻlishi;
kredit boʻyicha hisoblangan foizlarni va asosiy qarzni toʻlov jadvaliga muvofiq har oyda toʻlash uchun yetarli hamda qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan daromad manbaiga, shu jumladan, shaxsiy yordamchi yoki dehqon xoʻjaligidan yoxud yakka tartibdagi tadbirkorlik faoliyatidan daromadga ega boʻlishi;
qarz yuki koʻrsatkichi qarz oluvchining barcha kreditlari va mikroqarzlari boʻyicha oʻrtacha oylik toʻlovlarining ushbu qarz oluvchining tasdiqlangan oʻrtacha oylik daromadlarining 60 foizidan yuqori boʻlmasligi;
kredit ajratishni koʻrib chiqish vaqtida qarz oluvchining kredit tashkilotlaridan avval olingan kreditlar boʻyicha muddati oʻtgan qarzdorligi mavjud boʻlmasligi;
ilgari bozor tamoyillariga asoslangan ipoteka kreditlari orqali aholini uy-joy bilan taʼminlash dasturi doirasida ipoteka kreditlaridan va ipoteka kreditlari boʻyicha subsidiyalardan foydalanmagan boʻlishi;
rekonstruksiya qilinadigan va taʼmirlanadigan yakka tartibdagi uy-joy yoki yakka tartibdagi uy-joy quriladigan yer uchastkasi qarz oluvchining oʻziga yoki u bilan birgalikda yashovchi yaqin qarindoshlaridan biriga tegishli ekanligi va qarz oluvchi mazkur manzilda kamida 6 oy davomida doimiy roʻyxatda turgan boʻlishi.
4. Qarz yuki koʻrsatkichini hisob-kitob qilishda qarz oluvchining oʻrtacha oylik daromadlari miqdori uning oxirgi 12 oy mobaynida (12 oydan kam ishlangan taqdirda ishlangan davr uchun, biroq 6 oydan kam boʻlmagan muddat davomida) olgan daromadlari miqdorining oʻrtacha arifmetik qiymatidan kelib chiqib aniqlanadi.
5. Tijorat banki qarz oluvchining oʻrtacha oylik daromadini aniqlashda uning roziligiga koʻra quyidagi tasdiqlovchi hujjatlardan foydalanish huquqiga ega:
ish haqi toʻgʻrisidagi maʼlumot;
pensiya toʻlovlari miqdori toʻgʻrisidagi maʼlumot;
jamgʻarib boriladigan pensiya badallari toʻgʻrisidagi maʼlumot;
foizlar, dividendlar, mol-mulkni ijaraga berishdan olingan doimiy tarzdagi daromadlarini tasdiqlovchi maʼlumotlar;
oʻzini oʻzi band qilish natijasida olingan daromadlar;
mavjud sharoitdan kelib chiqib, anketa soʻrovnomasi asosida aniqlashtirilgan daromadlar;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa daromadlarni tasdiqlovchi maʼlumotlar.
6. Tijorat banki qarz oluvchining toʻlov qobiliyatini aniqlashda muqobil usullardan, shu jumladan, qarz oluvchining bank kartasi aylanmasi, uning kommunal xarajatlari hamda belgilangan talablardan yuqori miqdordagi ixtiyoriy tarzda toʻlangan dastlabki badal mablagʻlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlardan foydalanishi mumkin.
3-bob. Ipoteka kreditini rasmiylashtirish va ajratish tartibi
7. Ipoteka krediti ushbu Nizomga ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq ajratiladi.
8. Ipoteka kreditining taʼminoti sifatida qarz oluvchi yoki u bilan birgalikda yashovchi yaqin qarindoshlarining mulkiy egaligida boʻlgan:
rekonstruksiya qilinadigan yoki taʼmirlanadigan yakka tartibdagi uy-joyning oʻzi;
yangi quriladigan yakka tartibdagi uy-joylarda qurilish bitgunga qadar uchinchi shaxs kafilligi va (yoki) boshqa taʼminot taqdim etiladi.
Bunda ushbu taʼminotni notarial rasmiylashtirish uchun davlat boji undirilmaydi.
9. Yakka tartibdagi uy-joyni qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash ishlari qarz oluvchining oʻz kuchi bilan yoxud yollanma ishchilar yoki pudrat tashkilotlarini jalb qilish orqali amalga oshiriladi.
10. Ipoteka krediti tijorat banklari tomonidan 20 yilgacha muddatga Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankining asosiy stavkasidan 4 foiz bandga yuqori stavkada dastlabki badalni inobatga olgan holda 120 million soʻmdan oshmagan miqdorda Iqtisodiyot va moliya vazirligining mablagʻlari hisobidan ajratiladi.
11. Ipoteka krediti boʻyicha dastlabki badalni qoplash uchun ajratiladigan kreditning 15 foizi miqdorida hamda foiz toʻlovlarining bir qismini qoplash uchun kredit muddatining birinchi besh yili davomida 12 foizdan oshgan qismiga subsidiya toʻlanadi.
12. “Mahalla yettiligi” doimiy ravishda oʻtkaziladigan xatlov va oʻrganishlar natijalariga koʻra uy-joy sharoitini yaxshilashga muhtoj boʻlgan shaxslarni aniqlab boradi, ularni Dasturga kiritish va ipoteka kreditini olish boʻyicha tavsiya berish choralarini koʻradi.
13. Uy-joy sharoitini yaxshilashga muhtoj boʻlgan shaxslar ularni Dasturga kiritish hamda yakka tartibdagi uy-joyni qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash maqsadlari uchun ipoteka kreditini ajratish boʻyicha tavsiya olish uchun bevosita “mahalla yettiligi”ga murojaat qilishga haqli.
Bunda ushbu shaxslarning murojaati “mahalla yettiligi” tomonidan ikki ish kuni ichida koʻrib chiqilishi va oʻrganish natijalariga koʻra, ular Dasturga kiritilishi va tavsiya berilishi yoki ularga Dasturga kiritish va tavsiya berishni rad etish sababi koʻrsatilgan yozma xulosa taqdim etilishi lozim.
14. Quyidagilar “mahalla yettiligi” tomonidan tavsiya berishni rad qilishga asos boʻladi:
ariza beruvchining oilasi Dasturga kiritilmagan boʻlsa;
ariza beruvchi uy-joy sharoitini yaxshilashga muhtoj hisoblanmasa;
ariza beruvchi shaxs yoki uning turmush oʻrtogʻi mazkur imtiyozdan avval foydalangan boʻlsa;
ariza beruvchi shaxs davlat tomonidan avval berilgan ijtimoiy yordam va koʻmaklardan maqsadsiz foydalanganligi toʻgʻrisida tegishli tashkilotlarning maʼlumotlari mavjud boʻlsa;
qurilishi, rekonstruksiya qilinishi va taʼmirlanishi nazarda tutilayotgan uy-joy yoki u joylashgan yer uchastkasiga nisbatan ashyoviy huquq nizoli boʻlsa.
15. Dasturga kiritilgan va uy-joy sharoitini yaxshilashga muhtoj boʻlgan shaxslar ipoteka krediti olish uchun tegishli hujjatlarni (qurilish materiallari va qurilish-montaj ishlari hisob-kitobi) ilova qilgan holda, ariza bilan tijorat bankiga murojaat qiladi.
16. Tijorat bankining masʼul xodimi ariza beruvchiga ipoteka kreditining asosiy yoʻnalishlari boʻyicha izoh beradi, talab etiladigan barcha hujjatlar roʻyxati va taxminiy xarajatlar turlari bilan tanishtiradi.
17. Tijorat banki bir ish kunida onlayn skoringni amalga oshirish maqsadida ariza beruvchiga tegishli quyidagi maʼlumotlarni “Raqamli hukumat” tizimining raqamli maʼlumotlar platformasi va/yoki boshqa rasmiy manbalar orqali tekshiradi:
ariza beruvchi Dasturga kiritilganligini;
ariza beruvchi daromad manbaiga ega ekanligini;
ariza beruvchining kredit tarixini;
rekonstruksiya qilinadigan va taʼmirlanadigan yakka tartibdagi uy-joy yoki yakka tartibdagi uy-joy quriladigan yer uchastkasi ariza beruvchining oʻziga yoki u bilan birgalikda yashovchi yaqin qarindoshlaridan biriga tegishli ekanligini va ariza beruvchi mazkur manzil boʻyicha kamida 6 oy davomida doimiy roʻyxatda turgan boʻlishini.
18. Tegishli hujjatlar toʻliq taqdim qilinganidan soʻng tijorat banki uch ish kuni ichida ariza beruvchiga kredit berish masalasini koʻrib chiqadi hamda arizani qanoatlantirish yoki rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
19. Ipoteka krediti berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda, bir ish kuni ichida qarz oluvchiga ipoteka krediti berishni rad etishning sabablari aniq va tushunarli koʻrsatilgan holda yozma xulosa yuboriladi.
Bunda quyidagilar ipoteka kreditini berishni rad qilishga asos boʻladi:
qarz oluvchi va birgalikda qarz oluvchilarning umumiy daromadi ipoteka krediti boʻyicha bir oylik toʻlovlarni amalga oshirish uchun yetarli boʻlmaganda;
ariza beruvchining boshqa kreditlari boʻyicha toʻlov muddati kechikkan qarzdorliklari mavjud boʻlganda;
ariza beruvchi tomonidan notoʻgʻri maʼlumotlar taqdim etilganda.
20. “Mahalla yettiligi” ariza beruvchiga tijorat bankining ipoteka krediti berishni rad etish xulosasidagi kamchiliklarni bartaraf etishga koʻmaklashadi.
Ariza beruvchi tijorat banki xulosasida koʻrsatilgan kamchiliklar bartaraf etilgandan soʻng kredit berish toʻgʻrisidagi ariza bilan tijorat bankiga qayta murojaat qilishga haqli.
21. Kredit berish toʻgʻrisida ijobiy qaror qabul qilingan taqdirda, tijorat banki bir ish kunida bu haqida ariza beruvchini yozma ravishda yoki telefon raqamiga SMS xabar yuborish orqali xabardor qiladi.
Bunda tijorat banki tomonidan ariza beruvchiga tanishib chiqish va oʻzi bilan olib ketishi mumkin boʻlgan kredit shartnomasi va kreditni qaytarish jadvali loyihasi taqdim etiladi hamda tijorat banki va ariza beruvchi oʻrtasida ikki ish kunida kredit shartnomasi imzolanadi.
22. Tijorat banki kredit shartnomasi imzolanganidan soʻng ikki ish kunida Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligining “subsidyplatform.mf.uz” platformasi orqali yakka tartibda quriladigan, rekonstruksiya qilinadigan va taʼmirlanadigan uy-joyning kadastr hujjatlarini ilova qilgan holda, ipoteka kreditining dastlabki badalini hamda foiz toʻlovlarining bir qismini qoplash uchun subsidiya mablagʻlarini toʻlashga buyurtmanoma yuboradi.
Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi buyurtmanoma asosida ipoteka kreditining dastlabki badali uchun subsidiyani besh ish kunida tijorat bankiga oʻtkazib beradi.
Ipoteka kreditlari boʻyicha foiz xarajatlarining bir qismini qoplash uchun subsidiya buyurtmanoma taqdim etilgan oydan boshlab Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan har oyning 25-sanasiga qadar tijorat bankining Bosh ofisiga fuqarolar kesimida oʻtkazib beriladi.
23. Kredit summasi Yakka tartibdagi uy-joyni qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash ishlari qarz oluvchining oʻz kuchi bilan yoki yollanma ishchilar jalb etilgan holda bajarilganda kredit summasi bajarilgan ishlar hajmiga mutanosib ravishda bosqichma-bosqich qarz oluvchining bank plastik kartasiga, pudrat tashkiloti jalb etilgan hollarda esa, pudrat tashkilotining hisobvaragʻiga oʻtkazib beriladi.
Bunda yakka tartibdagi uy-joyni qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash ishlarini boshlash uchun tijorat banki tomonidan umumiy qarz summasining 30 foizdan ortiq boʻlmagan qismi dastlabki toʻlov sifatida oʻtkaziladi.
Keyingi bosqich toʻlovlari tijorat banki xodimi va hokim yordamchisi tomonidan bajarilgan ishlarni joyiga chiqqan holda oʻrganish natijasi boʻyicha tuzilgan xulosasiga asosan ajratiladi.
24. Qarz oluvchi ajratilgan ipoteka kreditini va unga hisoblangan foiz toʻlovlarini ipoteka kreditini qaytarish jadvaliga asosan toʻlab boradi.
25. Tijorat banklari ajratilgan kreditlarning maqsadli ishlatilishi monitoring qilishda ulardan boshqa maqsadda foydalanilgan holatlarni aniqlagan taqdirda, kreditning qolgan qismini toʻlashni toʻxtatish hamda belgilangan tartibda subsidiya va kreditlarni muddatidan oldin undirish choralarini koʻradi.
Bunda qarz oluvchiga dastlabki badal va foiz uchun ajratilgan subsidiya belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjetiga ushbu tijorat banklari tomondan toʻliq miqdorda qaytariladi.
4-bob. Qarz oluvchilarning huquqlari va qonuniy manfaatlarini taʼminlash
26. Ariza beruvchi kredit olish uchun tijorat bankiga murojaat qilganda, bank kreditning asosiy shartlari toʻgʻrisidagi axborot varaqasini bepul taqdim etadi.
27. Tijorat banki ariza beruvchiga kredit boʻyicha toʻlanishi lozim boʻlgan oylik toʻlovlar miqdori hamda ariza beruvchining daromadlarini tahlil qilgan holda ushbu toʻlovlarni toʻlash uchun uning imkoniyati yetishi (yoki yetmasligi) haqida tushuntirish beradi.
28. Tijorat banki ipoteka krediti shartnomasini imzolashdan oldin ariza beruvchiga ushbu shartnoma hamda ipoteka kreditini qaytarish jadvali loyihalarini tanishib chiqish uchun oʻzi bilan olib ketish huquqiga ega ekanligi toʻgʻrisida xabardor qilishi lozim.
29. Bank qarz oluvchiga kredit shartnomasi imzolangan kunda shartnomaning bitta asl nusxasini kreditni qaytarish jadvalini ilova qilgan holda taqdim etishi kerak.
30. Bank kredit ajratishda bank xizmatlari isteʼmolchilari bilan oʻzaro munosabatlarni amalga oshirishda banklar faoliyatiga qoʻyiladigan minimal talablar toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq qarz oluvchilarning huquqlari va qonuniy manfaatlarini taʼminlashi shart.
31. Mazkur Nizom asosida yakka tartibdagi uy-joyni qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash uchun ipoteka kreditlarini ajratishda qarz oluvchiga ipoteka predmetini sugʻurta xavflaridan va kreditning qaytmaslik xataridan sugʻurta qilish talabi qoʻllanilmaydi.
5-bob. Yakunlovchi qoidalar
32. Ariza beruvchi (qarz oluvchi) davlat organlari va tashkilotlari, tijorat banklari xatti-harakatlari yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda yuqori turuvchi tashkilotga yoki sudga shikoyat qilishi mumkin.
33. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
“Mahalla yettiligi” tavsiyasi asosida kambagʻallikdan chiqarish dasturiga kiritilgan va uy-joy sharoitini yaxshilashga muhtoj boʻlgan shaxslarga ipoteka kreditini ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Kambagʻallikni qisqartirish dasturiga kiritilgan va uy joy sharoitini yaxshilashga muhtoj boʻlgan shaxslarga ipoteka kreditini ajratish
Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Muddatlar 1-bosqich “Mahalla yettiligi” 1. Fuqaro Dasturga kirish uchun tavsiya soʻrab murojaat qilganda oʻrganish oʻtkazadi. 2. Oʻrganish natijalariga koʻra fuqaroni Dasturga kiritadi yoki rad etish sababini koʻrsatgan holda yozma xulosa beradi. Doimiy 3. Oʻrganish natijalariga koʻra, uy-joy sharoitini yaxshilashga muhtoj kambagʻal oilalarni “Onlayn mahalla” platformasining Kambagʻallikni qisqartirish dasturiga kiritib boradi. Ikki ish kunida 2-bosqich Ariza beruvchi Ipoteka kreditini olish uchun ariza va tegishli hujjatlarni bankka taqdim etadi. Oʻz ixtiyoriga koʻra belgilangan muddatlarda 3-bosqich Tijorat banki 1. Ariza bilan taqdim etilgan hujjatlarni tegishli “Raqamli hukumat” tizimining raqamli maʼlumotlar platformasi va/yoki boshqa rasmiy manbalar orqali tekshiradi: 2. Kredit olish boʻyicha taqdim etilgan ariza va unga ilova qilingan hujjatlarni koʻrib chiqib, arizani qanoatlantirish yoki rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. 3. Ariza beruvchiga rad etish yoki kredit ajratish toʻgʻrisida xabarni yuboradi. Uch ish kunida 4-bosqich Tijorat banki 1. Ariza beruvchi bilan ipoteka krediti ajratish toʻgʻrisida shartnoma imzolaydi, kredit taʼminoti hujjatlarini rasmiylashtiradi. Ariza beruvchining oʻz ixtiyoriga koʻra 2. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligiga subsidiya olish boʻyicha buyurtmanoma yuboradi. Ikki ish kunida 5-bosqich Iqtisodiyot va moliya vazirligi 1. Buyurtmanoma asosida ipoteka kreditining boshlangʻich badali uchun subsidiyani tijorat bankiga oʻtkazib beradi. Besh ish kunida 2. Ipoteka kreditlari boʻyicha foiz xarajatlarining bir qismini qoplash uchun subsidiyani buyurtmanomalar asosida tijorat bankiga fuqarolar kesimida oʻtkazib beradi. Har oyning 25-sanasiga qadar 6-bosqich Tijorat banki Shartnomaga asosan ajratilgan kredit summasi hamda subsidiyani qarz oluvchining bank plastik kartasiga, pudrat tashkiloti jalb etilgan hollarda pudrat tashkilotining hisobvaragʻiga oʻtkazib beradi. Bajarilgan ishlar hajmiga mutanosib ravishda bosqichma-bosqich 7-bosqich Pudrat tashkiloti yoki yollanma ishchi yoxud qarz oluvchi fuqaro Yakka tartibdagi uy-joyni qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash ishlarini amalga oshiradi. Shartnomada belgilangan muddatlarda 8-bosqich Tijorat banki va xokim yordamchisi Ajratilgan mablagʻlarning maqsadli ishlatilishini nazoratga oladi va qurilish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash ishlarni monitoring qilib boradi. Qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash ishlari yakuniga qadar 9-bosqich Qarz oluvchi Kredit shartnomasini qaytarish jadvaliga asosan kredit va unga hisoblangan foiz toʻlovlarini toʻlab boradi. Shartnomada belgilangan muddatlarda
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2024-yil 21-oktabr,
691-son