UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 24-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 24 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 24 октября 2024 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 24 October 2024 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

НИЗОМ

СЎРОВНОМА

РЎЙХАТИ

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасига оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси режими ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чегара режимини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Куйидагилар:

Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси режими тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чегара режими тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги икки ой муддатда «Паспорт-виза» автоматлаштирилган ахборот тизимлари мажмуасида чегара зонасида рўйхатга олиш модулини яратсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 24 октябрдаги 700-сон қарорига 1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси режими тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини (кейинги ўринларда — Давлат чегараси) жиҳозлаш, Давлат чегарасини шахслар ва транспорт воситалари томонидан кесиб ўтиш, Давлат чегараси орқали товарларни олиб ўтиш, шахсларни, транспорт воситаларини ва товарларни ўтказиш, Давлат чегарасида ва чегара минтақасида хўжалик фаолиятини ҳамда бошқа фаолиятни амалга ошириш, шунингдек, чегаравий можароларни ҳал этиш тартибини белгилайди.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

Давлат чегараси — Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди доирасини (қуруқликни, сувни, ер қаърини ва самовий ҳудудни) белгиловчи чизиқдан ва бу чизиқ бўйлаб ўтувчи вертикал сатҳдан иборат;

Давлат чегараси режими — Давлат чегарасида ва чегара минтақасида амал қилиб, Давлат чегарасини жиҳозлаш, Давлат чегарасини шахслар ва транспорт воситалари томонидан кесиб ўтиш, Давлат чегараси орқали товарларни олиб ўтиш, шахсларни, транспорт воситаларини ва товарларни ўтказиш, Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида (кейинги ўринларда — ўтказиш пунктлари) чегара назоратини амалга ошириш, шахсларнинг, транспорт воситаларининг ва товарларнинг Давлат чегараси орқали ўтказилишини вақтинча чеклаш ёки тўхтатиб туриш, Давлат чегарасида ва чегара минтақасида хўжалик фаолиятини ҳамда бошқа фаолиятни амалга ошириш, чегаравий можароларни ҳал этиш тартибини белгиловчи қоидалар мажмуи;

профилактик минтақа — Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ҳайвонларнинг юқумли касалликлари кириб келиши ва тарқалишидан муҳофаза қилиш мақсадида белгиланадиган Давлат чегараси бўйлаб, шунингдек, чегара дарёлари ва сув ҳавзаларининг қирғоқларида унинг техник тавсифларига мувофиқ сувни муҳофаза қилиш зонасининг ташқи чегараси бўйлаб ўтган жойнинг 100 метр кенглигидаги минтақа;

тозалаш минтақаси — чегарадош давлатлар ўртасида Давлат чегараси яхши кўриниб туриши учун жойларда чегаранинг бутун узунлиги бўйича, шунингдек, чегара дарёлари, кўллари ва бошқа сув ҳавзалари сувни муҳофаза қилиш зоналарининг техник тавсифларига мувофиқ ташқи чегаралари бўйлаб ўтган жойнинг 5 метр кенгликдаги минтақаси;

хўжалик фаолиятини ҳамда бошқа фаолиятни амалга ошириш — Ўзбекистон Республикасининг чегарабўйи сув ҳавзаларидан фойдаланиш, сув иншоотларини барпо этиш, деҳқончилик, чорвачилик, ишлаб чиқариш, тадқиқот, изланиш ишларини амалга ошириш учун ердан, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш, кончилик ишларини, геологик изланишларни ҳамда бошқа фаолиятни амалга ошириш;

чегара белгиси — бир ёки бир неча элементлардан ташкил топган Давлат чегарасини жойларда белгилаш учун мўлжалланган қурилма;

чегара дарёлари, кўллари ва бошқа сув ҳавзалари — Давлат чегараси ўтадиган, шунингдек, бевосита Давлат чегараси чизиғига туташ бўлган ҳамда чегара минтақасида жойлашган сув объектлари;

чегара минтақаси — Давлат чегарасига бевосита туташ бўлган, Давлат чегараси режими жорий этиладиган чегараолди ҳудуднинг бир қисми;

чегараолди ҳудуд — Давлат чегарасига туташ бўлган маъмурий-ҳудудий бирлик (туман, шаҳар) доирасидаги ҳудуд.

3. Давлат чегараси режими Давлат чегараси тўғрисидаги қонунчилик ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан белгиланади.

2-боб. Давлат чегарасини жиҳозлаш тартиби

4. Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари томонидан Давлат чегарасини жиҳозлаш мақсадида чегара белгилари, тозалаш минтақаси, чегара минтақаси бунёд этилади ҳамда улар соз ҳолда бўлиши таъминланади, улар назорат тарзида кўздан кечирилади, шунингдек, чегарадош давлатлар билан биргаликда Давлат чегараси чизиғининг ўтиши текширилади.

5. Чегара белгиларини ўрнатиш, уларга ишлов бериш ва уларни соз ҳолда ушлаб туриш тартиби чегарадош давлат билан тузилган Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.

6. Давлат чегарасини жиҳозлаш мақсадида чегара дарёлари, кўллари ва бошқа сув ҳавзаларининг Ўзбекистон Республикасига тегишли бир қисмини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ушбу сувларда жойлашган оролларини ўз ичига олган қуруқликдаги участкалари бўйлаб чегара минтақаси белгиланади.

7. Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг таклифлари асосида Давлат чегарасини делимитация, демаркация ва редемаркация қилиш, чегара муаммоларини ҳал этиш, ноқонуний миграцияни, республика ҳудудига товарлар ва контрафакт маҳсулотларини ноқонуний олиб киришга қарши курашиш масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги ҳудудий комиссиялар томонидан тегишли ҳудудлар бўйича чегара минтақасини аниқлаш, белгилаш ва зарурат юзасидан ўзгартириш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинади.

Бунда мазкур ҳудудий комиссияларнинг чегара минтақасини белгилаш тўғрисидаги қарорлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларига тасдиқлаш учун киритилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашлари томонидан ҳудудий комиссияларнинг чегара минтақасини белгилаш тўғрисидаги қарорлари тасдиқланганидан сўнг чегара минтақаси белгиланган ҳудудда Давлат чегараси режими жорий этилади.

8. Чегара минтақаси Давлат чегараси чизиғидан чегара минтақасининг мамлакат ичкарисидаги чегарасигача бўлган ҳудудни ва ушбу ҳудудда жойлашган тозалаш минтақасини, профилактик минтақани, чегара дарёлари, кўллари ва бошқа сув ҳавзаларининг Ўзбекистон Республикасига тегишли бир қисмини, уларнинг муҳофаза зоналарини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ушбу сувларда жойлашган оролларини ўз ичига олади.

Чегара минтақасининг таркибига давлат захира ерлари ва чегара минтақасида фаолият юритиш тақиқланмаган бошқа ерлар ҳам киритилиши мумкин.

9. Чегара минтақасининг кенглиги Давлат чегарасини бузишга бўлган жисмоний уринишларнинг ҳамда Давлат чегарасини қўриқлаш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ҳаракатларни таъминлаши лозим.

Чегара минтақасида шахсларнинг турар жойлари бўлишига йўл қўйилмайди.

10. Чегара минтақасининг мамлакат ичкарисидаги чизиғи жойнинг табиий географик жойлашувидан келиб чиқиб, муҳандислик-техник иншоотлар, тўсиқлар, чегара йўллари, кўприклар ва қўриқлашнинг бошқа техник воситалари объектларини барпо этиш имконини берадиган кенгликдаги текисликда ўтиши лозим.

11. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига чегара минтақаси ҳудудида:

жойнинг физик-географик шарт-шароитларидан келиб чиққан ҳолда, чегара минтақасининг ички чегарасидан бошлаб муҳандислик-техник иншоотларни, тўсиқларини барпо этиш, чегара йўллари, кўприклар ва бошқа объектлар қуриш имконини берадиган 50 метргача кенгликда (айрим ҳолларда жойнинг физик-географик шароитларидан келиб чиққан ҳолда ажратиладиган ер участкасининг эни кенгайтирилиши мумкин) бўлган ер участкалари;

тозалаш минтақасини жиҳозлаш учун чегара белгиларини, бошқа муҳандислик-техник иншоотлар ва тўсиқларни ўрнатиш ҳамда сақлаш мақсадида Давлат чегарасидан эни 5 метрдан кам бўлмаган ер участкалари;

чегара минтақасида жойлашган барча ер участкалари Ўзбекистон Республикаси билан қўшни давлатлар ўртасида Давлат чегарасининг демаркацияси тўғрисидаги халқаро шартнома имзолангандан сўнг доимий фойдаланишга берилади.

3-боб. Давлат чегарасини шахслар ва транспорт воситалари томонидан кесиб ўтиш тартиби

1-§. Давлат чегарасини кесиб ўтишнинг умумий қоидалари

12. Давлат чегараси қуйидагича кесиб ўтилади:

қуруқликда, чегара дарёларида, кўлларида ва бошқа сув ҳавзаларида — халқаро темир йўлларнинг, автомобиль йўлларининг, дарё қатнови ва бошқа қатнов йўлларининг Давлат чегарасини кесиб ўтиш учун белгиланган жойларида;

самовий ҳудудда — халқаро трассаларнинг Давлат чегарасини кесиб ўтиш жойларида ёки ушбу мақсадлар учун ажратилган ҳаво йўлакларида.

13. Давлат чегарасини ўтказиш пунктларидан ташқарида кесиб ўтишга Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган ҳолларда ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ йўл қўйилади.

14. Шахслар ва транспорт воситалари Давлат чегарасидан автомобиль йўли ва темир йўл ўтказиш пунктларигача ёки қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётганда:

белгиланган йўналишни ўзгартириш ва заруратсиз тўхташ;

транспорт воситаларига шахсларни чиқариш, товарларни юклаш, транспорт воситаларидан шахслар, товарларни тушириш ҳамда транспорт воситасини тўхтатиш ёки қаровсиз ташлаб кетиш;

ҳар қандай учувчи аппаратларни ва учувчисиз учиш аппаратларини ҳавога кўтариш, қўндириш ёки қабул қилиш тақиқланади.

2-§. Чегара дарёларида, кўлларида ва бошқа сув ҳавзаларида Давлат чегарасини кесиб ўтиш тартиби

15. Ўзбекистон Республикасининг ёки чет давлатларнинг кемалари ҳамда ҳарбий кемалари чегара дарёлари, кўллари ва бошқа сув ҳавзаларида Давлат чегарасини Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ кесиб ўтади.

16. Чегара дарёлари, кўллари ва бошқа сув ҳавзаларида Ўзбекистон Республикасининг ҳамда чет давлатларнинг ички сувларига ва портларига кирмасдан Давлат чегарасини кесиб ўтувчи кемалар қатнови халқаро шартномалар асосида тартибга солинади.

17. Ўзбекистон Республикасининг ва чет давлатларнинг кемалари ҳамда ҳарбий кемалари Давлат чегарасини кесиб ўтиш жараёнида ва ички сувларда Ўзбекистон Республикаси портларига кирган ёки кирмаган ҳолда ҳаракатланаётганда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси портларидан Давлат чегараси томон ҳаракатланаётганда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг талабига кўра:

агар мансублик (давлат ёки ҳарбий денгиз) байроғи кўтарилмаган бўлса, ўз мансублик байроғини кўтариши;

агар кеманинг ҳаракат йўналиши сузиш учун тақиқланган ёки вақтинча хавфли бўлган ҳудудга, шунингдек, сунъий орол, қурилма ёки иншоот атрофида белгиланган хавфсизлик ҳудудига олиб борса ёхуд сузиш тартибининг бошқача тарзда бузилишига олиб келса, кеманинг ҳаракат йўналишини (курсини) ўзгартириши;

кеманинг ички сувларга кириш мақсади, ҳаракатланиш схемасидан (чизиғидан) четга чиқиши сабаблари тўғрисида хабардор қилиши;

тўхташи ва кўздан кечирувчи гуруҳни кема бортига текшириш учун қабул қилиши, кемага ва навигацияга оид ҳужжатларни, экипаж аъзолари ва йўловчиларнинг, юклар ва товарларнинг ҳужжатларини тақдим этиши;

ҳаракат йўналишини (курсини) ўзгартириши ва Ўзбекистон Республикаси портига ёки кўрсатилган бошқа пунктга бориши шарт.

18. Ўзбекистон Республикасининг ва чет давлатларнинг кемалари ҳамда ҳарбий кемаларига қуйидагилар тақиқланади:

сузиш (ҳаракатланиш) учун тақиқланган ёки вақтинча хавфли бўлган ҳудудга, шунингдек, сунъий орол атрофида белгиланган хавфсизлик ҳудудига кириш ёки мазкур йўналишнинг ҳаракатланиш схемасини (чизиғини) ўзгартириш, агар улар Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари томонидан олдиндан огоҳлантирилган бўлса;

чегара назорати амалга оширилганидан кейин Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг рухсатисиз ёки бундай рухсатнома шартларини бузган ҳолда тўхташ, одамларни тушириш (чиқариш), товарларни юклаш (тушириш), сузувчи воситаларни бортга қабул қилиш ёки сувга тушириш, учувчи (учувчисиз учиш) аппаратларини ҳавога кўтариш, бортга қўндириш (қабул қилиш), шунингдек, овчилик, тадқиқот, изланиш фаолиятини ёхуд бошқа фаолиятни амалга ошириш, бундан одамларни ва кемаларни қутқариш зарурати ёки бошқа фавқулодда вазиятлар рўй бериши билан боғлиқ ҳоллар мустасно.

3-§. Давлат чегарасини самовий ҳудудда кесиб ўтиш тартиби

19. Давлат чегарасини кесиб ўтиш жойидан ўтказиш пункти томонга бораётган ва ортга қайтаётган, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг самовий ҳудуди орқали транзит тарзида учиб ўтаётган ҳаво кемалари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари ва (ёки) Транспорт вазирлиги тизимидаги тегишли ташкилотнинг қуйидаги талабларини бажариши шарт:

агар йўналиш тақиқланган ёки парвозлар учун вақтинча хавфли бўлган ҳудудга олиб борса, йўналишни ўзгартириши;

Ўзбекистон Республикасининг самовий ҳудудига киришдан мақсади ёки учиш режасидан четга чиқиш сабаблари тўғрисида хабардор қилиши;

белгиланган жойда қўниш.

20. Ҳаво кемаларига Давлат чегарасидан ўтказиш пунктигача бориш ёки ортга қайтиш вақтида, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг самовий ҳудуди орқали транзит тарзида учиб ўтиш вақтида қуйидагилар тақиқланади:

халқаро парвозлар учун очиқ бўлмаган аэропортларга ёки аэродромларга қўниш, шунингдек, улардан учиш;

учиш режасида кўрсатилмаган аэропортларга ёки аэродромларга қўниш, шунингдек, улардан учиш;

аэропортлардан ва аэродромлардан ташқарига қўниш;

белгиланган (тавсия этилган) ҳаво трассаларидан ва ҳаракат йўналишларидан четга чиқиш;

аэронавигацияга оид ахборот ҳужжатларида эълон қилинган тақиқланган зоналарнинг ва парвозлар чекланган зоналарнинг ҳудудлари устидан учиб ўтиш.

Табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар ёки ҳаво ҳудудини мажбурий тарзда кесиб ўтишга олиб келган форс-мажор ҳолатлар рўй берган ёки рўй бериш хавфи юзага келган вазиятлар бундан мустасно.

21. Инсонпарварлик рейсларини, шунингдек, давлат вазифаларини амалга ошириш билан боғлиқ халқаро парвозларни бажариш жараёнида ҳаво кемалари халқаро парвозлар учун очиқ бўлмаган аэропортларга ёки аэродромларга истисно тариқасида, қўниши мумкин. Мазкур парвозлар Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлат органлари ва ташкилотлари билан келишилган ҳолда, Транспорт вазирлиги тизимидаги тегишли ташкилот томонидан берилган махсус рухсатнома мавжуд бўлганда бажарилади.

22. Ҳаво кемалари Давлат чегарасини Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ белгиланган тартибда махсус ажратилган халқаро ҳаво трассалари ёки ҳаво йўлкалари бўйлаб кесиб ўтадилар.

23. Ўзбекистон Республикасининг асосий ва эксклав ҳудудлари оралигида ҳаво кемаларининг парвозлари чегара назорати ва давлат назоратининг бошқа турларидан ўтказилмаган ҳолда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг асосий ва эксклав ҳудудлари оралиғида амалга ошириладиган авиақатновлар маҳаллий авиақатновларга тенглаштирилади.

Мазкур йўналишда Давлат чегарасини самовий ҳудудда кесиб ўтаётган шахслар, ҳаво кемалари ва товарлар жўнаб кетиш ва етиб бориш аэропортларида чегара, божхона ва давлат назоратининг бошқа турларидан ўтказилмайди.

4-§. Давлат чегарасини ўтказиш пунктларидан ва ҳаво йўлакларидан ташқарида кесиб ўтиш тартиби

24. Ўтказиш пунктларидан ташқарида Давлат чегарасини кесиб ўтиш Ўзбекистон Республикасининг чегарадош давлатлар билан келишувларига мувофиқ амалга оширилади.

25. Ўтказиш пунктларидан ва ҳаво йўлакларидан ташқарида Давлат чегарасини кесиб ўтишга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади:

фавқулодда ҳолат жорий этилганда, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар рўй берганда, ҳаво кемалари тарафидан ҳаво ҳудудини мажбурий тарзда кесиб ўтишга олиб келувчи форс-мажор ҳолатлар ёки инсонларнинг ҳаётига, соғлигига ҳамда хавфсизлигига, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг ёки чет давлатларнинг ҳаво кемалари, кемалари ва ҳарбий кемалари хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа ҳолларда;

Ўзбекистон Республикасининг ёки чет давлатларнинг шикастланган дарё кемалари, чет давлатларнинг ҳарбий кемалари шатакка олинганда;

қутқарилган инсонларни ташишда;

Ўзбекистон Республикаси ёки чет давлатлар кемаларининг экипажи аъзоларига бирламчи шошилинч ёрдам кўрсатишда.

Ўзбекистон Республикасининг чегарадош давлатлар билан келишувларига мувофиқ, давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилишда ўтказиш пункти орқали ҳаракатланиш имкони бўлмаган катта ҳажмли ва оғир юкли автотранспорт воситаларининг ҳаракатланишида ўтказиш пунктларидан ташқарида Давлат чегарасини кесиб ўтиши мумкин.

26. Алоҳида ҳолларда, хўжалик фаолиятини амалга оширишда (чорва молларини ҳайдаб ўтишда ва бошқа ҳолларда), шунингдек, сув, транспорт, саноат ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган чегаралараро объектларга, телекоммуникациялар тармоқлари ва электр узатиш линияларига хизмат кўрсатишда, уларни таъмирлашда, улардан фойдаланишда Давлат чегарасини кесиб ўтиш, ушбу масала Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органлари томонидан чегарадош давлатнинг ваколатли органлари билан келишилгандан сўнг Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг рухсати билан ўтказиш пунктларидан ташқарида ҳам амалга оширилиши мумкин.

Бунда шахслар ва транспорт воситалари ўтказиш пунктларидан ташқарида Давлат чегарасини чегарадош давлатларнинг ваколатли органлари билан келишилганидан сўнг доимий ёки вақтинча ташкил этилган назорат постлари орқали кесиб ўтади.

Зарур ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси ва чегарадош давлатларнинг чегараолди ҳудудларида (Ўзбекистон Республикаси ва чегарадош давлатларнинг эксклав ҳудудларида) яшовчи шахсларга қулайликлар яратиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси ва қўшни давлатларнинг чегара идоралари ўртасидаги келишувга биноан ўтказиш пунктларидан ташқарида белгиланган жойларда назорат постларини ташкил қилган ҳолда, томонларнинг фуқаролари ва транспорт воситалари ўтказилиши мумкин.

27. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш бўйича мажбуриятларини бажариш жараёнида чегарадош давлатнинг ваколатли органлари билан келишувга кўра Давлат чегарасини ўтказиш пунктларидан ташқарида кесиб ўтиш ҳуқуқи берилади.

4-боб. Давлат чегараси орқали шахсларни, транспорт воситаларини ва товарларни ўтказиш тартиби

1-§. Ўтказишнинг умумий қоидалари

28. Шахслар, транспорт воситалари ва товарларни Давлат чегараси орқали ўтказиш белгиланган ўтказиш пунктларида амалга оширилади.

29. Давлат чегараси орқали ўтказиш шахсларнинг ва транспорт воситаларининг Давлат чегарасини кесиб ўтишига, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарларни олиб киришни ёки Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишни амалга оширишга рухсат беришдан иборатдир.

30. Давлат чегараси орқали ўтказиш учун қуйидагилар асос бўлади:

жисмоний шахслар учун — Ўзбекистон Республикасига кириш ёки Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқига доир ҳақиқий ҳужжатларнинг мавжудлиги;

транспорт воситалари ва товарлар учун — транспорт воситаларига ва товарларга доир қонунчиликда назарда тутилган ҳужжатларнинг мавжудлиги.

31. Ўтказиш пунктида назорат тартиб-таомиллари тугалланганидан кейин ҳамда шахс, транспорт воситаси ўтказиш пунктидан ташқарига чиқиб кетганда ва товарлар олиб чиқилганда, Давлат чегараси орқали ўтказиш якунланган деб ҳисобланади.

32. Ўзбекистон Республикасига киришига қонунчиликка мувофиқ рухсат этилмаган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқи вақтинча чекланган шахслар Давлат чегараси орқали ўтказилмайди.

33. Товарларни Давлат чегараси орқали олиб ўтиш Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида ҳамда халқаро шартномаларида белгиланган жойларда ва тартибда амалга оширилади.

2-§. Ўтказиш пунктларида чегара назоратини амалга ошириш тартиби

34. Чегара назорати ўтказиш пунктларида шахсларга, транспорт воситаларига ва товарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари томонидан амалга ошириладиган давлат назоратининг бир тури бўлиб, у қуйидагиларни ўз ичига олади:

шахсларнинг шахсни тасдиқловчи ҳужжатларини, шу жумладан, шахсга доир биометрик маълумотларга ишлов бериш орқали текшириш;

шахсларни оғзаки сўров қилиш;

Ўзбекистон Республикасига киришига қонунчиликка мувофиқ рухсат этилмаган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг, шунингдек, Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқи вақтинча чекланган шахслар Давлат чегараси орқали ўтказилишининг олдини олиш;

божхона органлари билан ҳамкорликда транспорт воситаларини ва товарларни қонунчиликда белгиланган тартибда кўздан кечириш ҳамда кўрикдан ўтказиш;

транспорт воситалари ва товарларни кузатиб туриш, шунингдек, ўтказиш пунктидан Давлат чегарасигача кузатиб бориш ва ундан ортга қайтишда кузатиб келиш;

давлат назорати органларининг ўтказиш пунктларида тегишли назорат тартиб-таомиллари амалга оширганлиги тўғрисидаги қайдлари мавжудлигини текшириш;

Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида ва халқаро шартномаларида белгиланган бошқа назорат тартиб-таомилларини.

35. Ўтказиш пунктининг фаолият кўрсатиши хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг ва бошқа ваколатли давлат органларининг ҳарбий хизматчилари (ходимлари) томонидан Давлат чегараси орқали ҳаракатланаётган шахсларни шахсий кўрикдан ўтказиш тартиб-таомили амалга оширилиши мумкин.

Давлат чегараси орқали ҳаракатланаётган шахсларни шахсий кўрикдан ўтказиш шартлари ва тартиби қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.

3-§. Шахслар, транспорт воситалари ва товарларнинг Давлат чегараси орқали ўтказилишини вақтинча чеклаш ёки тўхтатиб туриш тартиби

36. Айрим ўтказиш пунктларида қуйидаги ҳолларда Давлат чегараси орқали шахслар, транспорт воситалари ҳамда товарларнинг ўтказилиши қонунчиликка мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси томонидан вақтинча чекланиши ёки тўхтатиб турилиши мумкин:

Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида;

ваколатли давлат органининг Ўзбекистон Республикаси ёки чет давлатлар ҳудудида одамлар, ҳайвонлар ва ўсимликларнинг карантинли ҳамда бошқа хавфли юқумли касалликлари юзага келиши ва тарқалиши тўғрисидаги ахборотига асосан;

табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар рўй берганда;

чегарадош давлат ваколатли органларининг мурожаатларига асосан;

ўтказиш пункти ҳудудида қурилиш-техник ишлари олиб борилаётганда.

37. Давлат чегараси орқали ўтказиш вақтинча чекланганлиги ёки тўхтатиб турилганлиги тўғрисида қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан 48 соат ичида тегишли давлатларга Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан хабарнома юборилади.

38. Давлат чегараси орқали ўтказиш вақтинча чекланиши ёки тўхтатиб турилиши юзасидан чоралар жорий этилишидан 24 соат олдин Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари томонидан чегарадош давлатларнинг чегара органлари хабардор қилинади.

5-боб. Давлат чегараси ва чегара минтақасига кириш (бўлиш), хўжалик фаолиятини ҳамда бошқа фаолиятни амалга ошириш

39. Чегара минтақасида бўладиган шахслар қуйидагиларга мажбур:

ўзлари билан шахсини тасдиқловчи, шунингдек, чегара минтақасида бўлиш ҳуқуқини берадиган ҳужжатларини олиб юришга;

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати вакилларининг талабига биноан ҳужжатлари, транспорт воситалари ва товарларни текшириш учун тақдим этишга, чегара минтақасида бўлишининг сабабини тушунтиришга;

чегара минтақасидаги ерларнинг маиший ва бошқа чиқиндилар билан ифлосланишига, экин ва ҳайвонот дунёсига зарар етказилишига йўл қўймасликка ҳамда ёнгин хавфсизлигига риоя этишга;

тегишли восита ва усуллар орқали йиғиб-териб олишда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг доривор ва техник хомашёси ўсимликлар ресурслари нобуд бўлишига йўл қўймасликка.

40. Чегара минтақаси доирасида:

хўжалик фаолиятини ҳамда бошқа фаолиятни амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг рухсатномаси бўйича — давлат ўрмон фонди ёки Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасининг доимий фойдаланишида бўлган яйлов ерлар, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар тизимдаги ер майдонлари тегишлилигича ўрмон хўжалиги органлари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси ёки жисмоний ва юридик шахслар билан келишилган ҳолда;

барча турдаги ҳаво кемалари, шу жумладан учувчисиз учиш аппаратларининг парвозлари, аэрофото суратга олиш — Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларини парвозлар бошланишидан 10 кун олдин хабардор қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигидан рухсат олинганидан сўнг амалга оширилиши мумкин.

41. Чегара минтақасида қуйидаги режим чекловлари белгиланади:

хўжалик фаолияти ҳамда бошқа фаолиятни амалга ошириш Ўзбекистон Республикасининг ва чегарадош давлатларнинг миллий хавфсизлигига зарар етказмаслиги ёки зарар етказиш хавфини юзага келтирмаслиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари томонидан Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш бўйича вазифаларни бажаришда тўсқинликларни вужудга келтирмаслик;

спорт ва ҳаваскорлик ови, балиқ овлаш, табиат қўйнида дам олиш мақсадида, шунингдек, шахсларнинг бирон-бир ишлаб чиқариш ёки хизмат заруратисиз бўлиши ман этилади;

жойлар ва объектлар фото ва видео қайд этиш воситалари орқали Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлиги хизматининг рухсатномаси билан тасвирга олинади;

ёввойи ҳайвонлар уларнинг сонини тартибга солиш доирасида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари билан келишилган ҳолда ов қилинади;

шахслар ва транспорт воситаларига фақат ишлаб чиқариш ёки хизмат зарурати билан Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари томонидан бериладиган рухсатномалар бўйича чегара минтақасида бўлиш рухсат этилади;

чегара минтақасида шахсларни куннинг қоронғу пайтида қолишига йўл қўйилмайди, фақат моддий мулкка зарар етказмаслик ёки хавфсизлик нуқтаи-назардан қисқартирилган таркибда шахслар қолишига рухсат берилиши мумкин, агарда инсон ҳаёти ва соғлиғига зарар етмайдиган бўлса.

42. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қонунчиликка мувофиқ чегара минтақасида ҳамда унинг ташқарисида жанговар-хизмат (тезкор) фаолиятини амалга оширади.

43. Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш мақсадида унинг айрим участкаларидаги чегара минтақасида шахсларнинг бўлиши Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари томонидан назорат постлари қўйилган ҳолда назоратга олинади.

44. Давлат чегарасидаги вазият мураккаблашганда, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари томонидан чегара минтақасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилган ҳолда, қуйидагиларга нисбатан вақтинча қўшимча режим чекловлари ва тақиқлари жорий этилиши мумкин:

чегара минтақасига бегона шахсларнинг киришига;

хўжалик фаолияти ҳамда бошқа фаолият амалга ошириладиган ҳудудларга киришга;

сузиш воситаларининг чегара дарёларига, кўлларига ва бошқа сув ҳавзаларига киришига.

45. Юридик шахслар ёки якка тадбиркор чегара минтақасидаги белгиланган тартибда ўзларига ажратилган ердан фойдаланувчининг фойдаланиш ҳуқуқи тугаганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларини 10 кун муддат ичида хабардор қилишлари шарт.

46. Тозалаш минтақасида Давлат чегарасини жиҳозлаш, қўриқлаш ва ҳимоя қилиш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай фаолият ман этилади.

47. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хавфли юқумли касалликларнинг тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида профилактика минтақасида чорва молларини боқиш ва сақлаш ман этилади.

48. Профилактика минтақасида ветеринария-санитария режимига риоя этилиши Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари билан келишилган ҳолда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан назорат қилинади.

49. Давлат чегарасига туташ ҳудудлар ва чегарадош давлат ҳудудида барқарор эпизоотик вазият бўлганда, чегара минтақасида чорва моллари бунинг учун махсус ажратилган жойларда фақат кундузи боқилади.

50. Чорва молларини боқадиган жисмоний ва юридик шахслар чегара минтақасида чорва молларини боқиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари томонидан белгиланган талабларни сўзсиз бажариш чораларини кўришга мажбур.

51. Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ чегара минтақасида бошқа режим чекловлари ҳам жорий этилиши мумкин.

52. Жисмоний ва юридик шахслар чегара минтақасига киришга (бўлиш, хўжалик фаолияти ҳамда бошқа фаолиятни амалга ошириш) рухсатнома олиш учун ушбу шахслар тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили, санаси ва жойи, иш жойи, мутахассислиги, эгаллаб турган лавозими, яшаш жойи, шахсини тасдиқловчи ҳужжатининг серияси ва рақами, ишлар амалга ошириладиган жой, уларнинг вақти ва хусусияти) акс эттирилган ҳамда шахсини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинган рўйхатларни уч нусхада ариза-хатга илова қилган ҳолда, ишлар (фаолият) бошланишидан 30 сутка олдин, чегара минтақаси тегишлилиги бўйича жойлардаги Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг бўлинмаларига тақдим этадилар.

53. Ариза-хатни йўллаган жисмоний ва юридик шахсларга чегара минтақасида бўлиш учун рухсатномалар бериш қуйидаги асослар бўйича рад этилиши мумкин:

ариза-хатда ахборот тўлиқ кўрсатилмагани ёки атайлаб ёлғон маълумотлар маълум қилинганлиги;

қайд этилган бўлиш ҳудудида (жойида) ҳарбий ва бошқа ҳаракатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари томонидан амалга оширилиши;

қайд этилган бўлиш ҳудудида (жойида) техноген ва табиий тусдаги фавқулодда вазият эълон қилиниши;

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тегишли ҳудудий органларининг рад этиши.

54. Чегара минтақасига кириш (бўлиш, хўжалик фаолиятини ва бошқа фаолиятни амалга ошириш) рад этилган сабаблар хат йўллаган жисмоний ва юридик шахсларга маълум қилинмайди.

55. Чегара минтақасида жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган балиқ овлаш, ов қилиш, илмий-тадқиқот ва бошқа мақсадларда фойдаланиш учун мўлжалланган ўзи юрар ва ўзи юрмас кемалар (кейинги ўринларда — сузиш воситалари) белгиланган тартибда рўйхатга олинади ҳамда тўхташ учун ажратилган доимий жойлар билан бирга пристанлар, причаллар, тўхташ пунктларига рўйхатга қўйилади.

Рўйхатга олинмаган пристанлар, причаллар, тўхташ пунктлари ва бунинг учун ажратилмаган бошқа жойларда сузиш воситаларини сақлаш, уларнинг туриши, одамларни чиқариш ва тушириш, юкларни ортиш ҳамда тушириш ман этилади, табиий офатлар ва авария ҳолатлари бундан мустасно.

56. Сузиш воситаларининг чегара дарёларида, кўлларида ва Ўзбекистон Республикасининг ички сувларидаги бошқа сув ҳавзаларига чиқиши учун рухсатномаларни расмийлаштириш тартиби, уларнинг ушбу сувларда бўлиши ва ҳаракатланиш тартиби, шунингдек, қайд этилган кемалар ва уларни назорат қилиш воситалари учун пристанлар, причаллар ҳамда тўхташ пунктларини жиҳозлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари билан келишган ҳолда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ўрнатилади.

Кемаларни давлат рўйхатидан ва техник назоратдан ўтказиш органларининг мансабдор шахслари ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни бажариш учун пристанлар, причаллар ва тўхташ пунктларини, шунингдек сув объектларини Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари билан келишган ҳолда бориб кўриш ҳуқуқига эга.

57. Жисмоний ва юридик шахслар тегишли пристанлар, причаллар ва ўзларига қарашли кемалар тўхташ пунктларини белгиланган тартибда жиҳозлаши, уларнинг қўриқланишини ва Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг бўлинмалари билан алоқани таъминлашга мажбур.

58. Чегара минтақасида ўрмондан фойдаланиш ва ўрмон хўжалигини юритиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

6-боб. Чегаравий можароларни ҳал этиш тартиби

59. Давлат чегарасидаги Давлат чегараси режимининг Ўзбекистон Республикасининг ёки чегарадош давлатларнинг манфаатларига дахлдор тарзда бузилиши билан боғлиқ бўлган ҳодиса чегаравий можародир.

60. Чегаравий можароларни ҳал этиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ белгиланади.

61. Давлат чегараси режимига риоя этилишига доир масалаларни ҳал қилиш ва чегаравий можароларни бартараф этиш учун Ўзбекистон Республикасининг чегара бўйича вакиллари тайинланади.

62. Ўзбекистон Республикаси чегара бўйича вакилларининг ваколатлари ва фаолиятни амалга ошириш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ белгиланади.

63. Ўзбекистон Республикаси ва чет давлатлар ҳарбий ҳаво кемаларининг, бошқа ҳарбий объектларининг ёки ҳарбий хизматчиларининг ҳаракатлари билан боғлиқ бўлган чегаравий можароларни ҳал этиш Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, шунингдек тегишли давлат органлари вакилларининг иштирокида амалга оширилади.

64. Ўзбекистон Республикасининг чегара бўйича вакиллари ёки Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг вакиллари томонидан ҳал этилмаган масалалар ва чегаравий можаролар дипломатик тартибда ҳал қилинади.

7-боб. Якунловчи қоидалар

65. Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида мазкур низомда назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси қоидалари қўлланилади.

66. Давлат чегараси режими қоидаларини бузган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 24 октябрдаги 700-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чегара режими тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган чегара зонасига кириш (ундан чиқиш), ундан ўтиш, у ерда бўлиш (яшаш), ҳаракатланиш, хўжалик фаолиятини ҳамда бошқа фаолиятни амалга ошириш тартибини белгилайди.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси (кейинги ўринларда — Давлат чегараси) — Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди доирасини (қуруқликни, сувни, ер қаърини ва самовий ҳудудни) белгиловчи чизиқдан ва бу чизиқ бўйлаб ўтувчи вертикал сатҳдан иборат;

хўжалик фаолиятини ҳамда бошқа фаолиятни амалга ошириш — Ўзбекистон Республикасининг чегарабўйи сув ҳавзаларидан фойдаланиш, сув иншоотларини барпо этиш, деҳқончилик, чорвачилик, ишлаб чиқариш, тадқиқот, изланиш ишларини амалга ошириш учун ердан, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш, кончилик ишларини, геологик изланишларни ҳамда бошқа фаолиятни амалга ошириш;

чегара зонаси — чегара минтақасига туташ бўлган, чегара режими жорий этиладиган чегараолди ҳудуди ёки унинг бир қисми;

чегара минтақаси — Давлат чегарасига бевосита туташ бўлган, Давлат чегараси режими жорий этиладиган чегараолди ҳудудининг бир қисми;

чегараолди ҳудуд — Давлат чегарасига туташ бўлган маъмурий-ҳудудий бирлик (туман, шаҳар) доирасидаги ҳудуд;

чегара режими — чегара зонасига кириш (ундан чиқиш), ундан ўтиш, у ерда бўлиш (яшаш), ҳаракатланиш, хўжалик фаолиятини ҳамда бошқа фаолиятни амалга ошириш тартиби ва қоидалари мажмуи.

3. Чегара зонасида чегара режимига риоя этилиши устидан назорат қилиш ички ишлар органларининг, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига ўз ваколатлари доирасида юкланади.

2-боб. Чегара зонасини белгилаш ҳамда жиҳозлаш тартиби

4. Чегара зонаси доираси, шунингдек, чегара зонасига кирадиган туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар ҳамда темир йўл станциялари, аэропортлар ва бошқа объектлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг таклифлари асосида Давлат чегарасини делимитация, демаркация ва редемаркация қилиш, чегара муаммоларини ҳал этиш, ноқонуний миграцияни, республика ҳудудига товарлар ва контрафакт маҳсулотларини ноқонуний олиб киришга қарши курашиш масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги ҳудудий комиссиялар (кейинги ўринларда — ҳудудий комиссиялар) томонидан тегишли ҳудудлар бўйича аниқланади ва белгиланади (ўзгартириш киритилади).

Бунда ҳудудий комиссиялар томонидан:

чегара зонаси чизиғини белгилаш, унинг таркибига кирадиган мамлакат маъмурий-ҳудудий тузилишига мувофиқ туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар, темир йўл станциялари, аэропортлар ва бошқа объектлар рўйхатини тасдиқлаш бўйича қарор қабул қилинади;

ҳудудий комиссияларнинг чегара зонасини белгилаш тўғрисидаги қарорлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларига тасдиқлаш учун киритилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашлари томонидан ҳудудий комиссияларнинг чегара зонасини белгилаш тўғрисидаги қарорлари тасдиқланганидан сўнг чегара зонаси белгиланган ҳудудда чегара режими жорий этилади.

5. Чегара зонасининг чизиғи Давлат чегараси ёки (ва) чегара минтақасига туташ бўлган мамлакат маъмурий-ҳудудий тузилишига мувофиқ туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар, овулларнинг маъмурий чегараси ёки жойларда ўзгармас топоэлементлар бўйлаб белгиланади.

Чегара зонаси рўйхатига Давлат чегараси ёки чегара минтақасига туташ бўлган туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ, овуллар маъмурий-ҳудудий тузилишига мувофиқ тўлиқ ёки қисман, темир йўл станциялари, аэропортлар ва бошқа объектлар яхлитлигича киритилади.

6. Чегара зонасига киришда огоҳлантирувчи белгилар, ахборот доскалари ўрнатилади ва ички ишлар ҳудудий органи навбатчисининг пультига ахборот чиқариб берадиган техник воситалар жиҳозланади.

Чегара зонасига киришни техник жиҳозлаш (кузатув ва назорат воситалари) маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, огоҳлантирувчи белгилар, ахборот доскалари сақланишининг назорати ҳудудий ички ишлар органларига юкланади.

3-боб. Чегара режимига риоя этилишини назорат қилиш тартиби

7. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қонунчиликка мувофиқ чегара зонаси ва унинг ташқарисида жанговар-хизмат (тезкор) фаолиятини амалга оширади.

8. Чегара зонасига келадиган ва шу ерда яшайдиган шахсларнинг ҳужжатлари, зарур бўлганда ушбу зонада ҳаракатланадиган транспорт воситалари ва юклар Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари томонидан текширилади.

9. Чегара зонасига кириш (чиқиш) назорати ички ишлар органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Давлат чегарасида вазият мураккаблашганда эса Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари томонидан ҳам амалга оширилади.

10. Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш мақсадида, унинг айрим участкаларидаги чегара зонасида шахсларнинг бўлиши Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари томонидан назорат постлари қўйилган ҳолда назоратга олиниши мумкин.

11. Чегара зонасида ўрмондан фойдаланиш ва ўрмон хўжалигини юритиш тартиби ушбу Низом ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.

4-боб. Шахсларнинг чегара зонасига кириши (ундан чиқиши), ундан ўтиши, у ерда бўлиши (яшаши), ҳаракатланиши, хўжалик фаолиятини ҳамда бошқа фаолиятни амалга ошириш тартиби

12. Чегара зонасида доимий яшайдиган шахслар чегара зонаси доирасида рўйхатга олиш варақасини олмасдан, яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган туман, шаҳар ва вилоят ҳудудида ҳаракатланиши мумкин.

13. Чегара зонасида доимий яшамайдиган ва беш кундан ортиқ муддатга келадиган фуқароларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари, шу жумладан фуқаролик биометрик паспорти, идентификацияловчи ID-картаси, хизмат гувоҳномаси, ҳарбий гувоҳномаси, тугилганлик ҳақида гувоҳномасидан (кейинги ўринларда — шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар) ташқари чегара зонасида бўлиш учун ички ишлар органлари томонидан бериладиган алоҳида рўйхатга олиш варақаси ҳам бўлиши шарт.

14. Давлат ўрмон фонди ҳудудида жойлашган чегара зонасига ўрмондан фойдаланиш мақсадида келадиган шахсларда юқорида қайд этилган рухсат берувчи ҳужжатлардан ташқари ўрмон хўжалиги органларининг рухсатномаси (розилиги) ҳам бўлиши шарт.

15. Чегара зонасида доимий яшамайдиган ва беш кундан ортиқ муддатга келадиган шахслар чегара режими қоидаларида белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида маълумот олиш учун профилактика инспекторига ёки маҳалла фуқаролар йигини раисига мурожаат қилишлари, шунингдек, чегара зонасига келган шахсларнинг ушбу Низомда белгиланган тартибга риоя этиб яшашлари турар жой бераётган (яшашларига йўл қўяётган) шахслар томонидан таъминланади.

16. Ўқишга кетгунича чегара зонасидаги аҳоли пунктларида яшаган олий, ўрта махсус ва бошқа таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда талабалари ушбу пунктларда, уларнинг таълим муассасаларида ўқишини тасдиқловчи ҳужжатлари ҳамда чегара зонасидаги аввалги яшаш ва рўйхатга олинган жойлари бўйича бўлиши мумкин.

17. Чегара зонасида жойлашган аҳоли пунктларига хизмат сафарига юбориладиган шахслар ушбу пунктларда уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари ва хизмат сафари ҳужжатлари бўйича бўлади.

18. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура, Божхона қўмитасининг ҳарбий хизматчилари ва ходимлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси чегараларини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича ишчи гуруҳ аъзолари чегара зонасига уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари (ҳарбий ёки хизмат гувоҳномаси) бўйича келади ва бўлади. Ушбу шахсларнинг оила аъзолари чегара зонасида улар хизмат қилаётган жойдан бериладиган маълумотнома асосида бўлади.

Дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари, халқаро ташкилотлар ходимлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган бошқа шахслар чегара зонасига кириш учун рухсатни Ташқи ишлар вазирлигидан оладилар.

19. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафларидан бўшатилган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари хизматга ушбу жойлардан чақирилган ёхуд бу ҳудудда яқин қариндошлари бўлса, чегара зонасига хизмат кўрсатмалари ёки ўтиш гувоҳномалари бўйича киради ва бўлади.

Ҳақиқий ҳарбий хизматга чақирилган шахслар чегара зонасида илова қилинадиган, номма-ном тузилган рўйхатлар ва мудофаа ишлари бўйича тегишли туман (шаҳар) бўлимлари кўрсатмалари бўйича борадиган пункти кўрсатилган ҳолда ҳаракатланадилар.

20. Чегара зонасида жойлашган санаторий, дам олиш уйлари, пансионатлар, туристик базалар ва бошқа даволаш-соғломлаштириш муассасаларига борадиган фуқаролар ушбу зонада шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар, санатория ва туристик йўлланмалар ёки ушбу муассасалар томонидан бериладиган маълумотномалар бўйича бўладилар.

21.Болалар чегара зонасида жойлашган дам олиш оромгоҳлари ва болалар учун бошқа муассасаларда йўлланмалар асосида бўлади. Ушбу муассасалардаги болаларнинг ота-оналари фарзандларини кўриш учун чегара зонасида шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар асосида беш кун давомида бўладилар.

22. Чегара зонасига беш кундан ортиқ муддатга келадиган шахслар рўйхатга олиш карточкаларида кўрсатилган маъмурий ҳудуд доирасида яшаш ҳуқуқига эга бўладилар.

23. Чегара зонаси доирасида маъмурий марказ, мактаб, шифохона ва бошқа ташкилотлар жойлашган бўлса ҳамда уларга хизмат кўрсатадиган шахсларнинг бир қисми чегара зонаси ташқарисида яшаса, ушбу шахсларга чегара зонасида шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар, чегара зонаси доирасида жойлашган тегишли муассасалар ва ташкилотларда уларнинг ишлаб чиқариш фаолиятини тасдиқловчи ҳужжатлар бўйича бўлишига рухсат этилади.

24. Ўзбекистон Республикаси билан чегарадош давлатларнинг чегараолди ҳудудларида яшовчи фуқаролари Ўзбекистон Республикасининг чегарадош туман ва шаҳарларининг чегара зонасига халқаро шартномалар асосида кириб келишлари ва бўлишлари мумкин.

25. Ўзбекистон Республикасида вақтинча яшаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг чегара зонасида бўлишлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

26. Чет элга чиқувчи ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит ҳаракатланадиган шахслар Давлат чегарасидан ўтиш ҳуқуқини берадиган тегишли ҳужжатлар бўлгандагина чегара зонасидан ўтадилар.

Ушбу бандда кўрсатилган шахслар транзит ҳаракатланаётган чегара зонаси пунктларида умумий асосларда тўхташ ва бўлиш ҳуқуқига эга. Чегара зонаси орқали транзит ҳаракатланаётган ушбу шахслар тўхташга мажбур бўлган ҳолатларда бу ҳақида ички ишлар органларига зудлик билан хабар беришлари шарт.

5-боб. Чегара зонасида бўлиш ҳуқуқини берувчи рўйхатга олиш варақасини расмийлаштириш ва бериш тартиби

27. Чегара зонасида рўйхатга олиш варақалари чегара зонаси белгиланган айнан шу маъмурий ҳудуд (туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ, овул) доирасида бўлиш учун берилади.

Чегара зонасида яшаш ҳуқуқини берувчи рўйхатга олиш варақасини олиш учун бу ерга беш кундан ортиқ муддатга келадиган фуқаролар келган жойлари бўйича ички ишлар органларининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига (кейинги ўринларда — МваФР бўлинмалари) келган кунларидан бошлаб, дам олиш ва байрам кунларини ҳисобга олмаган ҳолда, бир иш кунидан кечикмасдан мурожаат этишлари лозим.

28. Рўйхатга олиш варақасини олиш учун аризачи ички ишлар органларига шахсан ташриф буюришлари шарт.

29. Рўйхатга олиш варақасини олиш учун ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ ариза ва 2-иловага мувофиқ сўровнома ариза берувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари асосида «Паспорт-виза» автоматлаштирилган ахборот тизимлари мажмуасида (кейинги ўринларда — «Паспорт-виза» тизими) шакллантирилади ва ариза берувчи томонидан имзоланади.

30. Рўйхатга олиш варақасини берилиши ҳақидаги электрон сўровнома «Паспорт-виза» тизимида шахс текшируви, ҳужжат текшируви ва фуқаролик текширувидан, шунингдек, Ички ишлар вазирлигининг Ҳуқуқий статистика ва тезкор-ҳисоб маълумотлар маркази, Жамоат хавфсизлиги департаменти Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати ҳамда Тезкор қидирув департаменти Терроризмга қарши курашиш хизматининг маълумотлар базасидан электрон текширувдан ўтказилади.

31. Рўйхатга олиш варақасининг берилиши ҳақидаги электрон сўровнома «Паспорт-виза» тизимида текширувдан ўтгандан сўнг ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ QR-код (матрицали штрих-код) қўйилган рўйхатга олиш варақаси чоп этилади.

МваФР бўлинмалари ходимлари рўйхатга олиш варақаларини топшириш вақтида варақа олувчиларни чегара зонасида бўлиш қоидалари билан таништиришлари шарт.

32. Чегара зонасига ота-онаси ёки ҳамроҳлик қилувчи шахслар билан келадиган 16 ёшгача бўлган вояга етмаганларга рўйхатга олиш варақалари ота-онаси ёхуд ҳамроҳлик қилувчи шахсларга берилади.

Рўйхатга олиш варақаси бир иш кунида берилади.

33. Чегара зонасига вақтинча яшаш учун келадиган шахсларга рўйхатга олиш карточкалари бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатга берилади.

34. Озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод этилган ва аввал чегара зонасида яшаган ҳамда доимий яшаш учун қайтиб келган шахсларга рўйхатга олиш варақалари уларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини расмийлаштириш учун белгиланган муддатга берилади.

35. Юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчиларнинг фаолият тури бўйича беш кундан ортиқ муддат чегара зонасида бўладиган ходимларига рўйхатга олиш варақалари олти ойгача бўлган муддатга берилади ва улар ҳар ой ички ишлар органларида рўйхатдан ўтади.

36. Шахсларга вақтинча яшаш даврида ёки чегара зонасида бир неча марта бўлиши зарурлиги туфайли бериладиган рўйхатга олиш варақалари амал қилиш муддати тугагандан сўнг ҳақиқий ҳисобланмайди.

Рўйхатга олиш варақаларининг амал қилиш муддатини узайтириш учун юридик ва жисмоний шахслар ички ишлар органларига уларнинг амал қилиш муддати тугашидан беш кун аввал мурожаат қилишлари шарт.

37. Профилактика инспектори ва маҳалла раиси чегара зонасига келган шахсларга чегара режими қоидаларида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида тушунча беради, уларнинг яшаш ва ҳаракатланиш қоидаларига риоя этишлари, шунингдек, рўйхатга олиш варақасининг амал қилиш муддати тугагандан сўнг ўз вақтида чиқиб кетишларини назорат қиладилар.

38. Чегара зонаси ҳудудида бўлган шахслар ўзлари билан паспорт ёки шахсларини тасдиқловчи бошқа ҳужжат, шунингдек, чегара зонасида бўлиш ҳуқуқини берадиган ҳужжатни олиб юришлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар талабларига мувофиқ кўрсатишлари, чегара зонасида бўлиш сабабларига оид тушунтиришлар беришлари шарт.

39. Чегара зонасида яшаш ҳуқуқини берувчи рўйхатга олиш варақалари чегара зонасида бўлишлари мақсадга мувофиқ бўлмаган шахсларга берилмайди.

40. Рўйхатга олиш варақаларини бериш рад этилган тақдирда, рад этилганлик бўйича ўрнатилган тартибда шикоят билан мурожаат қилиш мумкин.

6-боб. Чегара зонасидаги яйлов ерлардан фойдаланиш тартиби

41. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасининг (кейинги ўринларда — Қўмита) доимий фойдаланишида бўлган чегара зонасидаги яйлов ерлардан (кейинги ўринларда — яйлов ерлар) Қўмита томонидан Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ва ички ишлар органларига календарь йилда бир марта тақдим этиладиган рўйхатга киритилган шахслар (кейинги ўринларда — фойдаланувчилар) фойдаланади.

42. Яйлов ерлардан ижара ҳуқуқи асосида ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланилади.

43. Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг доривор ва техник хомашёси ўсимликлар ресурслари нобуд бўлишига йўл қўймаган ва яйлов хўжалигига зарар етказмаган ҳолда тегишли восита ва усуллар орқали йиғиб-териб олинади.

44. Ердан фойдаланувчилар яйлов ерлардан самарали ва мақсадли фойдаланиши, шунингдек, экинларга ва ҳайвонот дунёсига зарар етказилишига, яйлов ерларнинг маиший ва бошқа чиқиндилар билан ифлосланишига йўл қўймаслиги ҳамда ёнгин хавфсизлигига ва қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган бошқа талабларга риоя этишлари шарт.

45. Яйлов ерларда ёнгин юзага келганда ва уларни бартараф этиш вақтида ердан фойдаланувчиларнинг яйлов ерларга кириши чекланади ҳамда транспорт воситаларининг умумий фойдаланишда бўлган автомобиль йўлларидан бошқа йўлларда ҳаракатланиши тақиқланади.

46. Қўмита ердан фойдаланувчининг яйлов ерлардан фойдаланиш ҳуқуқи тугаганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларини ва ички ишлар органларини 10 кун муддат ичида хабардор қилади.

7-боб. Чегара зонасида белгиланадиган режим чекловлари

47. Чегара зонаси доирасида бўладиган шахслар:

ўзлари билан шахсини тасдиқловчи, шунингдек, чегара зонасида бўлиш ҳуқуқини берадиган ҳужжатларини олиб юриши;

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ва Давлат хавфсизлик хизмати вакилларининг талабига биноан ҳужжатлари, транспорт воситалари ва товарларни текшириш учун тақдим этишга, чегара зонасида бўлишининг сабабини тушунтириши лозим.

48. Чегара зонасида жойлашган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарларига чегара зонасида бўлиш ва яшаш учун рухсатномаси бўлмаган шахсларни ишга қабул қилиш тақиқланади.

49. Чегара зонасидаги давлат ўрмон фонди ерларида ҳайвонларни тутиш (ов қилиш) ўрмон хўжалиги органлари томонидан бериладиган йўлланма ва варақлар, бошқа ҳудудларда эса Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари рухсатномаси бўйича амалга оширилади.

Барча ҳолатларда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари билан келишилган ҳолда махсус ажратилган жойларда ов қилинади.

50. Чегара зонасида чегара режимига риоя этилишини таъминлаш ва назорат қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ҳамкорликда профилактика тадбирларини ўтказади.

51. Чегара зонаси доирасида:

хўжалик фаолиятини ҳамда бошқа фаолиятни амалга ошириш—Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари билан келишилган ҳолда ҳамда давлат ўрмон фонди ёки Қўмитанинг доимий фойдаланишида бўлган яйлов ерлар тегишлилигича ўрмон хўжалиги органлари ёки Қўмита билан келишилган ҳолда;

барча турдаги ҳаво кемалари, шу жумладан, учувчисиз учиш аппаратларининг парвозлари, аэрофото суратга олиш — Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларини парвозлар бошланишидан 10 кун аввал хабардор қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг рухсатномаси бўйича амалга оширилиши мумкин.

52. Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ чегара зонасида бошқа режим чекловлари ҳам жорий этилиши мумкин.

8-боб. Якунловчи қоида

53. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чегара режими тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

_______________________________________ туман (шаҳар) номи _______________________________________ ИИБ бошлиғига (Ф.И.О.), имзо ва сана АРИЗА Мен _______________________________________________________ ___________________________________________________________________________________________________ ____________ (фамилияси, исми, отасининг исми) Сиздан ___________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________ ____________________да (келган манзил) 2024 йил «____» ______________дан 2024 йил «____» ______________гача яшаш учун (келиш муддати) рўйхатга олиш варақаси расмийлаштирилишига рухсат беришингизни сўрайман. ____________________ ____________________ ____________________ (сана) (имзо) (Ф.И.О.)

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чегара режими тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Чегара зонасига вақтинча яшашга келган фуқарони рўйхатга олиш тўғрисида

I. Ариза берувчи тўғрисида маълумот 1. Фамилияси 2. Исми 3. Отасининг исми 4. Туғилган йили, санаси ва жойи 5. Шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар (фуқаролик биометрик паспорти, идентификацияловчи ID-карта, хизмат гувоҳномаси, тугилганлик ҳақида гувоҳнома маълумотлари (серияси ва рақами) 6. Ҳарбий хизматга алоқадорлиги: 6.1. Ҳарбий гувоҳнома ва захирадаги офицернинг гувоҳномаси (ҳарбий хизматга мажбурлар учун) (серияси ва рақами) 7. Яшаш жойи манзили 8. Рўйхатга олинаётган манзил 9. Келишдан мақсади 10. Иш жойи ва лавозими 11. Телефон рақами 12. Электрон почта манзили (мавжуд бўлса) II. Уй-жой мулкдори (мулкдорлари) ҳақида маълумот 1. Ф.И.О. 2. Рўйхатга олинаётган манзил III. Иш берувчи юридик шахс ҳақида маълумот Юридик шахс номи Почта манзили IV. Вояга етмаган оила фарзандлари Қариндошлик даражаси Ф.И.О. Туғилган йили, санаси ва жойи Ўғли Қизи

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чегара режими тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси Чегара зонасига вақтинча яшашга келган шахсларнинг рўйхатга олиш варақаси Манзил: Республика: Вилоят: Шаҳар: Туман: МФЙ: Кўча: Уй: ҚОИДАЛАР 1. Рўйхатга олиш варақаси унда кўрсатилган муддатгача миллий паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати билан ҳақиқийдир. 2. Рўйхатга олиш варақаси фақатгина унда кўрсатилган аҳоли пункти ҳудудида яшаш ҳуқуқини беради. 3. Фуқаролар, рўйхатга олиш варақасини йўқотиб қўйган тақдирда, бу тўғрисида зудлик билан варақани берган ички ишлар органига мурожаат этиб, янги рўйхатга олиш варақасини олишлари зарур. 3.1. Чегара зонасида бўлиб турган шахслар рўйхатга олиш варақаларининг амал қилиш муддати тугашидан беш кун аввал ҳудудий ички ишлар органига янги рўйхатга олиш варақасини расмийлаштириш юзасидан мурожаат қилишлари шарт. 4. Чегара зонасида чегара режими қоидаларини бузган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган маъмурий таъсир чоралари қўлланилади. Юқорида қайд этилганлар билан таништирилдим. _____________ (имзо) 1. Фамилияси: 2. Исми: 3. Отасининг исми: 4. Туғилган йили ва санаси: 5. Шахсни тасдиқловчи ҳужжати (фуқаролик биометрик паспорти, идентификацияловчи ID-карта, хизмат гувоҳномаси, ҳарбий гувоҳнома, туғилганлик ҳақида гувоҳнома): 5.1. Серияси ва рақами: 5.2. Амал қилиш муддати: 6. Келишдан мақсади: 7. Бирга келганлар сони: 8. Берилган вақти: 9. Амал қилиш муддати: 00.00.0000 й. 00:00:00 (Чоп этилган сана ва вақти)

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 24 октябрдаги 700-сон қарорига 3-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим қарорлари

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чегара режими тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2018 йил 5 июлдаги 504-сон қарори .

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат ўрмон хўжалиги органларининг фаолиятини такомиллаштириш ва ўрмон хўжаликларининг чегара ҳудудлари табиий ресурсларидан фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 10 сентябрдаги 717-сон қарорига 3-илованинг 2-банди .

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2019 йил 27 июндаги 532-сон қарорига 5-илованинг 26-банди .

4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2019 йил 10 августдаги 661-сон қарорига илованинг 61-банди .

5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рўйхатга олиш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 28 сентябрдаги 593-сон қарорига 4-илованинг 58-банди .

6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чегара зонаси ва чегара минтақасини белгилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 4 декабрдаги 735-сон қарорининг 2, 3-бандлари ва қарорга илова.

7. Вазирлар Маҳкамасининг «Яйлов ерлардан фойдаланиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилганлиги муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 июлдаги 504-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чегара режими тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимча киритиш ҳақида» 2023 йил 9 октябрдаги 534-сон қарорига илова .

8. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига республика ижро этувчи ҳокимият органларининг номларини ўзаро мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2024 йил 25 июлдаги 453-сон қарорига илованинг 4-банди .

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 24 октябрь,

700-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.10.2024 й., 09/24/700/0850-сон; 06.05.2026 й., 09/26/224/0457-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

NIZOM

SOʻROVNOMA

ROʻYXATI

Oʻzbekiston Respublikasi Davlat chegarasiga oid ayrim normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasining “Oʻzbekiston Respublikasining Davlat chegarasi toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasining Davlat chegarasi rejimi hamda Oʻzbekiston Respublikasi hududida chegara rejimini taʼminlashning huquqiy asoslarini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Kuyidagilar:

Oʻzbekiston Respublikasining Davlat chegarasi rejimi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;

Oʻzbekiston Respublikasi hududida chegara rejimi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi ikki oy muddatda “Pasport-viza” avtomatlashtirilgan axborot tizimlari majmuasida chegara zonasida roʻyxatga olish modulini yaratsin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 3-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.J. Ramatov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 24-oktabrdagi 700-son qaroriga 1-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasining Davlat chegarasi rejimi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasining Davlat chegarasini (keyingi oʻrinlarda — Davlat chegarasi) jihozlash, Davlat chegarasini shaxslar va transport vositalari tomonidan kesib oʻtish, Davlat chegarasi orqali tovarlarni olib oʻtish, shaxslarni, transport vositalarini va tovarlarni oʻtkazish, Davlat chegarasida va chegara mintaqasida xoʻjalik faoliyatini hamda boshqa faoliyatni amalga oshirish, shuningdek, chegaraviy mojarolarni hal etish tartibini belgilaydi.

2. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

Davlat chegarasi — Oʻzbekiston Respublikasining hududi doirasini (quruqlikni, suvni, yer qaʼrini va samoviy hududni) belgilovchi chiziqdan va bu chiziq boʻylab oʻtuvchi vertikal sathdan iborat;

Davlat chegarasi rejimi — Davlat chegarasida va chegara mintaqasida amal qilib, Davlat chegarasini jihozlash, Davlat chegarasini shaxslar va transport vositalari tomonidan kesib oʻtish, Davlat chegarasi orqali tovarlarni olib oʻtish, shaxslarni, transport vositalarini va tovarlarni oʻtkazish, Davlat chegarasi orqali oʻtkazish punktlarida (keyingi oʻrinlarda — oʻtkazish punktlari) chegara nazoratini amalga oshirish, shaxslarning, transport vositalarining va tovarlarning Davlat chegarasi orqali oʻtkazilishini vaqtincha cheklash yoki toʻxtatib turish, Davlat chegarasida va chegara mintaqasida xoʻjalik faoliyatini hamda boshqa faoliyatni amalga oshirish, chegaraviy mojarolarni hal etish tartibini belgilovchi qoidalar majmui;

profilaktik mintaqa — Oʻzbekiston Respublikasi hududini hayvonlarning yuqumli kasalliklari kirib kelishi va tarqalishidan muhofaza qilish maqsadida belgilanadigan Davlat chegarasi boʻylab, shuningdek, chegara daryolari va suv havzalarining qirgʻoqlarida uning texnik tavsiflariga muvofiq suvni muhofaza qilish zonasining tashqi chegarasi boʻylab oʻtgan joyning 100 metr kengligidagi mintaqa;

tozalash mintaqasi — chegaradosh davlatlar oʻrtasida Davlat chegarasi yaxshi koʻrinib turishi uchun joylarda chegaraning butun uzunligi boʻyicha, shuningdek, chegara daryolari, koʻllari va boshqa suv havzalari suvni muhofaza qilish zonalarining texnik tavsiflariga muvofiq tashqi chegaralari boʻylab oʻtgan joyning 5 metr kenglikdagi mintaqasi;

xoʻjalik faoliyatini hamda boshqa faoliyatni amalga oshirish — Oʻzbekiston Respublikasining chegaraboʻyi suv havzalaridan foydalanish, suv inshootlarini barpo etish, dehqonchilik, chorvachilik, ishlab chiqarish, tadqiqot, izlanish ishlarini amalga oshirish uchun yerdan, oʻsimlik va hayvonot dunyosidan foydalanish, konchilik ishlarini, geologik izlanishlarni hamda boshqa faoliyatni amalga oshirish;

chegara belgisi — bir yoki bir necha elementlardan tashkil topgan Davlat chegarasini joylarda belgilash uchun moʻljallangan qurilma;

chegara daryolari, koʻllari va boshqa suv havzalari — Davlat chegarasi oʻtadigan, shuningdek, bevosita Davlat chegarasi chizigʻiga tutash boʻlgan hamda chegara mintaqasida joylashgan suv obyektlari;

chegara mintaqasi — Davlat chegarasiga bevosita tutash boʻlgan, Davlat chegarasi rejimi joriy etiladigan chegaraoldi hududning bir qismi;

chegaraoldi hudud — Davlat chegarasiga tutash boʻlgan maʼmuriy-hududiy birlik (tuman, shahar) doirasidagi hudud.

3. Davlat chegarasi rejimi Davlat chegarasi toʻgʻrisidagi qonunchilik va Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalari bilan belgilanadi.

2-bob. Davlat chegarasini jihozlash tartibi

4. Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlari tomonidan Davlat chegarasini jihozlash maqsadida chegara belgilari, tozalash mintaqasi, chegara mintaqasi bunyod etiladi hamda ular soz holda boʻlishi taʼminlanadi, ular nazorat tarzida koʻzdan kechiriladi, shuningdek, chegaradosh davlatlar bilan birgalikda Davlat chegarasi chizigʻining oʻtishi tekshiriladi.

5. Chegara belgilarini oʻrnatish, ularga ishlov berish va ularni soz holda ushlab turish tartibi chegaradosh davlat bilan tuzilgan Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalari va qonunchiligiga muvofiq amalga oshiriladi.

6. Davlat chegarasini jihozlash maqsadida chegara daryolari, koʻllari va boshqa suv havzalarining Oʻzbekiston Respublikasiga tegishli bir qismini hamda Oʻzbekiston Respublikasining ushbu suvlarda joylashgan orollarini oʻz ichiga olgan quruqlikdagi uchastkalari boʻylab chegara mintaqasi belgilanadi.

7. Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlarining takliflari asosida Davlat chegarasini delimitatsiya, demarkatsiya va redemarkatsiya qilish, chegara muammolarini hal etish, noqonuniy migratsiyani, respublika hududiga tovarlar va kontrafakt mahsulotlarini noqonuniy olib kirishga qarshi kurashish masalalari boʻyicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi hamda viloyatlar hokimliklari huzuridagi hududiy komissiyalar tomonidan tegishli hududlar boʻyicha chegara mintaqasini aniqlash, belgilash va zarurat yuzasidan oʻzgartirish boʻyicha tegishli qarorlar qabul qilinadi.

Bunda mazkur hududiy komissiyalarning chegara mintaqasini belgilash toʻgʻrisidagi qarorlari Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi va xalq deputatlari viloyatlar Kengashlariga tasdiqlash uchun kiritiladi.

Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi va xalq deputatlari viloyatlar Kengashlari tomonidan hududiy komissiyalarning chegara mintaqasini belgilash toʻgʻrisidagi qarorlari tasdiqlanganidan soʻng chegara mintaqasi belgilangan hududda Davlat chegarasi rejimi joriy etiladi.

8. Chegara mintaqasi Davlat chegarasi chizigʻidan chegara mintaqasining mamlakat ichkarisidagi chegarasigacha boʻlgan hududni va ushbu hududda joylashgan tozalash mintaqasini, profilaktik mintaqani, chegara daryolari, koʻllari va boshqa suv havzalarining Oʻzbekiston Respublikasiga tegishli bir qismini, ularning muhofaza zonalarini hamda Oʻzbekiston Respublikasining ushbu suvlarda joylashgan orollarini oʻz ichiga oladi.

Chegara mintaqasining tarkibiga davlat zaxira yerlari va chegara mintaqasida faoliyat yuritish taqiqlanmagan boshqa yerlar ham kiritilishi mumkin.

9. Chegara mintaqasining kengligi Davlat chegarasini buzishga boʻlgan jismoniy urinishlarning hamda Davlat chegarasini qoʻriqlash sohasidagi huquqbuzarliklarning oldini olish boʻyicha harakatlarni taʼminlashi lozim.

Chegara mintaqasida shaxslarning turar joylari boʻlishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

10. Chegara mintaqasining mamlakat ichkarisidagi chizigʻi joyning tabiiy geografik joylashuvidan kelib chiqib, muhandislik-texnik inshootlar, toʻsiqlar, chegara yoʻllari, koʻpriklar va qoʻriqlashning boshqa texnik vositalari obyektlarini barpo etish imkonini beradigan kenglikdagi tekislikda oʻtishi lozim.

11. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlariga chegara mintaqasi hududida:

joyning fizik-geografik shart-sharoitlaridan kelib chiqqan holda, chegara mintaqasining ichki chegarasidan boshlab muhandislik-texnik inshootlarni, toʻsiqlarini barpo etish, chegara yoʻllari, koʻpriklar va boshqa obyektlar qurish imkonini beradigan 50 metrgacha kenglikda (ayrim hollarda joyning fizik-geografik sharoitlaridan kelib chiqqan holda ajratiladigan yer uchastkasining eni kengaytirilishi mumkin) boʻlgan yer uchastkalari;

tozalash mintaqasini jihozlash uchun chegara belgilarini, boshqa muhandislik-texnik inshootlar va toʻsiqlarni oʻrnatish hamda saqlash maqsadida Davlat chegarasidan eni 5 metrdan kam boʻlmagan yer uchastkalari;

chegara mintaqasida joylashgan barcha yer uchastkalari Oʻzbekiston Respublikasi bilan qoʻshni davlatlar oʻrtasida Davlat chegarasining demarkatsiyasi toʻgʻrisidagi xalqaro shartnoma imzolangandan soʻng doimiy foydalanishga beriladi.

3-bob. Davlat chegarasini shaxslar va transport vositalari tomonidan kesib oʻtish tartibi

1-§. Davlat chegarasini kesib oʻtishning umumiy qoidalari

12. Davlat chegarasi quyidagicha kesib oʻtiladi:

quruqlikda, chegara daryolarida, koʻllarida va boshqa suv havzalarida — xalqaro temir yoʻllarning, avtomobil yoʻllarining, daryo qatnovi va boshqa qatnov yoʻllarining Davlat chegarasini kesib oʻtish uchun belgilangan joylarida;

samoviy hududda — xalqaro trassalarning Davlat chegarasini kesib oʻtish joylarida yoki ushbu maqsadlar uchun ajratilgan havo yoʻlaklarida.

13. Davlat chegarasini oʻtkazish punktlaridan tashqarida kesib oʻtishga Oʻzbekiston Respublikasi qonunchiligida nazarda tutilgan hollarda va Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalariga muvofiq yoʻl qoʻyiladi.

14. Shaxslar va transport vositalari Davlat chegarasidan avtomobil yoʻli va temir yoʻl oʻtkazish punktlarigacha yoki qarama-qarshi yoʻnalishda harakatlanayotganda:

belgilangan yoʻnalishni oʻzgartirish va zaruratsiz toʻxtash;

transport vositalariga shaxslarni chiqarish, tovarlarni yuklash, transport vositalaridan shaxslar, tovarlarni tushirish hamda transport vositasini toʻxtatish yoki qarovsiz tashlab ketish;

har qanday uchuvchi apparatlarni va uchuvchisiz uchish apparatlarini havoga koʻtarish, qoʻndirish yoki qabul qilish taqiqlanadi.

2-§. Chegara daryolarida, koʻllarida va boshqa suv havzalarida Davlat chegarasini kesib oʻtish tartibi

15. Oʻzbekiston Respublikasining yoki chet davlatlarning kemalari hamda harbiy kemalari chegara daryolari, koʻllari va boshqa suv havzalarida Davlat chegarasini Oʻzbekiston Respublikasining qonunchiligiga va xalqaro shartnomalariga muvofiq kesib oʻtadi.

16. Chegara daryolari, koʻllari va boshqa suv havzalarida Oʻzbekiston Respublikasining hamda chet davlatlarning ichki suvlariga va portlariga kirmasdan Davlat chegarasini kesib oʻtuvchi kemalar qatnovi xalqaro shartnomalar asosida tartibga solinadi.

17. Oʻzbekiston Respublikasining va chet davlatlarning kemalari hamda harbiy kemalari Davlat chegarasini kesib oʻtish jarayonida va ichki suvlarda Oʻzbekiston Respublikasi portlariga kirgan yoki kirmagan holda harakatlanayotganda, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi portlaridan Davlat chegarasi tomon harakatlanayotganda Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlarining talabiga koʻra:

agar mansublik (davlat yoki harbiy dengiz) bayrogʻi koʻtarilmagan boʻlsa, oʻz mansublik bayrogʻini koʻtarishi;

agar kemaning harakat yoʻnalishi suzish uchun taqiqlangan yoki vaqtincha xavfli boʻlgan hududga, shuningdek, sunʼiy orol, qurilma yoki inshoot atrofida belgilangan xavfsizlik hududiga olib borsa yoxud suzish tartibining boshqacha tarzda buzilishiga olib kelsa, kemaning harakat yoʻnalishini (kursini) oʻzgartirishi;

kemaning ichki suvlarga kirish maqsadi, harakatlanish sxemasidan (chizigʻidan) chetga chiqishi sabablari toʻgʻrisida xabardor qilishi;

toʻxtashi va koʻzdan kechiruvchi guruhni kema bortiga tekshirish uchun qabul qilishi, kemaga va navigatsiyaga oid hujjatlarni, ekipaj aʼzolari va yoʻlovchilarning, yuklar va tovarlarning hujjatlarini taqdim etishi;

harakat yoʻnalishini (kursini) oʻzgartirishi va Oʻzbekiston Respublikasi portiga yoki koʻrsatilgan boshqa punktga borishi shart.

18. Oʻzbekiston Respublikasining va chet davlatlarning kemalari hamda harbiy kemalariga quyidagilar taqiqlanadi:

suzish (harakatlanish) uchun taqiqlangan yoki vaqtincha xavfli boʻlgan hududga, shuningdek, sunʼiy orol atrofida belgilangan xavfsizlik hududiga kirish yoki mazkur yoʻnalishning harakatlanish sxemasini (chizigʻini) oʻzgartirish, agar ular Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlari tomonidan oldindan ogohlantirilgan boʻlsa;

chegara nazorati amalga oshirilganidan keyin Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlarining ruxsatisiz yoki bunday ruxsatnoma shartlarini buzgan holda toʻxtash, odamlarni tushirish (chiqarish), tovarlarni yuklash (tushirish), suzuvchi vositalarni bortga qabul qilish yoki suvga tushirish, uchuvchi (uchuvchisiz uchish) apparatlarini havoga koʻtarish, bortga qoʻndirish (qabul qilish), shuningdek, ovchilik, tadqiqot, izlanish faoliyatini yoxud boshqa faoliyatni amalga oshirish, bundan odamlarni va kemalarni qutqarish zarurati yoki boshqa favqulodda vaziyatlar roʻy berishi bilan bogʻliq hollar mustasno.

3-§. Davlat chegarasini samoviy hududda kesib oʻtish tartibi

19. Davlat chegarasini kesib oʻtish joyidan oʻtkazish punkti tomonga borayotgan va ortga qaytayotgan, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasining samoviy hududi orqali tranzit tarzida uchib oʻtayotgan havo kemalari Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligining Havo hujumidan mudofaa qoʻshinlari va Harbiy havo kuchlari va (yoki) Transport vazirligi tizimidagi tegishli tashkilotning quyidagi talablarini bajarishi shart:

agar yoʻnalish taqiqlangan yoki parvozlar uchun vaqtincha xavfli boʻlgan hududga olib borsa, yoʻnalishni oʻzgartirishi;

Oʻzbekiston Respublikasining samoviy hududiga kirishdan maqsadi yoki uchish rejasidan chetga chiqish sabablari toʻgʻrisida xabardor qilishi;

belgilangan joyda qoʻnish.

20. Havo kemalariga Davlat chegarasidan oʻtkazish punktigacha borish yoki ortga qaytish vaqtida, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasining samoviy hududi orqali tranzit tarzida uchib oʻtish vaqtida quyidagilar taqiqlanadi:

xalqaro parvozlar uchun ochiq boʻlmagan aeroportlarga yoki aerodromlarga qoʻnish, shuningdek, ulardan uchish;

uchish rejasida koʻrsatilmagan aeroportlarga yoki aerodromlarga qoʻnish, shuningdek, ulardan uchish;

aeroportlardan va aerodromlardan tashqariga qoʻnish;

belgilangan (tavsiya etilgan) havo trassalaridan va harakat yoʻnalishlaridan chetga chiqish;

aeronavigatsiyaga oid axborot hujjatlarida eʼlon qilingan taqiqlangan zonalarning va parvozlar cheklangan zonalarning hududlari ustidan uchib oʻtish.

Tabiiy hamda texnogen xususiyatli favqulodda vaziyatlar yoki havo hududini majburiy tarzda kesib oʻtishga olib kelgan fors-major holatlar roʻy bergan yoki roʻy berish xavfi yuzaga kelgan vaziyatlar bundan mustasno.

21. Insonparvarlik reyslarini, shuningdek, davlat vazifalarini amalga oshirish bilan bogʻliq xalqaro parvozlarni bajarish jarayonida havo kemalari xalqaro parvozlar uchun ochiq boʻlmagan aeroportlarga yoki aerodromlarga istisno tariqasida, qoʻnishi mumkin. Mazkur parvozlar Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati hamda Oʻzbekiston Respublikasining boshqa davlat organlari va tashkilotlari bilan kelishilgan holda, Transport vazirligi tizimidagi tegishli tashkilot tomonidan berilgan maxsus ruxsatnoma mavjud boʻlganda bajariladi.

22. Havo kemalari Davlat chegarasini Oʻzbekiston Respublikasining qonunchiligiga muvofiq belgilangan tartibda maxsus ajratilgan xalqaro havo trassalari yoki havo yoʻlkalari boʻylab kesib oʻtadilar.

23. Oʻzbekiston Respublikasining asosiy va eksklav hududlari oraligida havo kemalarining parvozlari chegara nazorati va davlat nazoratining boshqa turlaridan oʻtkazilmagan holda amalga oshiriladi.

Oʻzbekiston Respublikasining asosiy va eksklav hududlari oraligʻida amalga oshiriladigan aviaqatnovlar mahalliy aviaqatnovlarga tenglashtiriladi.

Mazkur yoʻnalishda Davlat chegarasini samoviy hududda kesib oʻtayotgan shaxslar, havo kemalari va tovarlar joʻnab ketish va yetib borish aeroportlarida chegara, bojxona va davlat nazoratining boshqa turlaridan oʻtkazilmaydi.

4-§. Davlat chegarasini oʻtkazish punktlaridan va havo yoʻlaklaridan tashqarida kesib oʻtish tartibi

24. Oʻtkazish punktlaridan tashqarida Davlat chegarasini kesib oʻtish Oʻzbekiston Respublikasining chegaradosh davlatlar bilan kelishuvlariga muvofiq amalga oshiriladi.

25. Oʻtkazish punktlaridan va havo yoʻlaklaridan tashqarida Davlat chegarasini kesib oʻtishga quyidagi hollarda yoʻl qoʻyiladi:

favqulodda holat joriy etilganda, tabiiy va texnogen xususiyatli favqulodda vaziyatlar roʻy berganda, havo kemalari tarafidan havo hududini majburiy tarzda kesib oʻtishga olib keluvchi fors-major holatlar yoki insonlarning hayotiga, sogʻligiga hamda xavfsizligiga, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasining yoki chet davlatlarning havo kemalari, kemalari va harbiy kemalari xavfsizligiga tahdid soluvchi boshqa hollarda;

Oʻzbekiston Respublikasining yoki chet davlatlarning shikastlangan daryo kemalari, chet davlatlarning harbiy kemalari shatakka olinganda;

qutqarilgan insonlarni tashishda;

Oʻzbekiston Respublikasi yoki chet davlatlar kemalarining ekipaji aʼzolariga birlamchi shoshilinch yordam koʻrsatishda.

Oʻzbekiston Respublikasining chegaradosh davlatlar bilan kelishuvlariga muvofiq, davlat chegaralarini delimitatsiya va demarkatsiya qilishda oʻtkazish punkti orqali harakatlanish imkoni boʻlmagan katta hajmli va ogʻir yukli avtotransport vositalarining harakatlanishida oʻtkazish punktlaridan tashqarida Davlat chegarasini kesib oʻtishi mumkin.

26. Alohida hollarda, xoʻjalik faoliyatini amalga oshirishda (chorva mollarini haydab oʻtishda va boshqa hollarda), shuningdek, suv, transport, sanoat va qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan chegaralararo obyektlarga, telekommunikatsiyalar tarmoqlari va elektr uzatish liniyalariga xizmat koʻrsatishda, ularni taʼmirlashda, ulardan foydalanishda Davlat chegarasini kesib oʻtish, ushbu masala Oʻzbekiston Respublikasining vakolatli organlari tomonidan chegaradosh davlatning vakolatli organlari bilan kelishilgandan soʻng Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlarining ruxsati bilan oʻtkazish punktlaridan tashqarida ham amalga oshirilishi mumkin.

Bunda shaxslar va transport vositalari oʻtkazish punktlaridan tashqarida Davlat chegarasini chegaradosh davlatlarning vakolatli organlari bilan kelishilganidan soʻng doimiy yoki vaqtincha tashkil etilgan nazorat postlari orqali kesib oʻtadi.

Zarur hollarda, Oʻzbekiston Respublikasi va chegaradosh davlatlarning chegaraoldi hududlarida (Oʻzbekiston Respublikasi va chegaradosh davlatlarning eksklav hududlarida) yashovchi shaxslarga qulayliklar yaratish maqsadida, Oʻzbekiston Respublikasi va qoʻshni davlatlarning chegara idoralari oʻrtasidagi kelishuvga binoan oʻtkazish punktlaridan tashqarida belgilangan joylarda nazorat postlarini tashkil qilgan holda, tomonlarning fuqarolari va transport vositalari oʻtkazilishi mumkin.

27. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlariga Davlat chegarasini qoʻriqlash va himoya qilish boʻyicha majburiyatlarini bajarish jarayonida chegaradosh davlatning vakolatli organlari bilan kelishuvga koʻra Davlat chegarasini oʻtkazish punktlaridan tashqarida kesib oʻtish huquqi beriladi.

4-bob. Davlat chegarasi orqali shaxslarni, transport vositalarini va tovarlarni oʻtkazish tartibi

1-§. Oʻtkazishning umumiy qoidalari

28. Shaxslar, transport vositalari va tovarlarni Davlat chegarasi orqali oʻtkazish belgilangan oʻtkazish punktlarida amalga oshiriladi.

29. Davlat chegarasi orqali oʻtkazish shaxslarning va transport vositalarining Davlat chegarasini kesib oʻtishiga, Oʻzbekiston Respublikasi hududiga tovarlarni olib kirishni yoki Oʻzbekiston Respublikasidan olib chiqishni amalga oshirishga ruxsat berishdan iboratdir.

30. Davlat chegarasi orqali oʻtkazish uchun quyidagilar asos boʻladi:

jismoniy shaxslar uchun — Oʻzbekiston Respublikasiga kirish yoki Oʻzbekiston Respublikasidan chiqish huquqiga doir haqiqiy hujjatlarning mavjudligi;

transport vositalari va tovarlar uchun — transport vositalariga va tovarlarga doir qonunchilikda nazarda tutilgan hujjatlarning mavjudligi.

31. Oʻtkazish punktida nazorat tartib-taomillari tugallanganidan keyin hamda shaxs, transport vositasi oʻtkazish punktidan tashqariga chiqib ketganda va tovarlar olib chiqilganda, Davlat chegarasi orqali oʻtkazish yakunlangan deb hisoblanadi.

32. Oʻzbekiston Respublikasiga kirishiga qonunchilikka muvofiq ruxsat etilmagan chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslar, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasidan chiqish huquqi vaqtincha cheklangan shaxslar Davlat chegarasi orqali oʻtkazilmaydi.

33. Tovarlarni Davlat chegarasi orqali olib oʻtish Oʻzbekiston Respublikasining qonunchiligida hamda xalqaro shartnomalarida belgilangan joylarda va tartibda amalga oshiriladi.

2-§. Oʻtkazish punktlarida chegara nazoratini amalga oshirish tartibi

34. Chegara nazorati oʻtkazish punktlarida shaxslarga, transport vositalariga va tovarlarga nisbatan Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlari tomonidan amalga oshiriladigan davlat nazoratining bir turi boʻlib, u quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

shaxslarning shaxsni tasdiqlovchi hujjatlarini, shu jumladan, shaxsga doir biometrik maʼlumotlarga ishlov berish orqali tekshirish;

shaxslarni ogʻzaki soʻrov qilish;

Oʻzbekiston Respublikasiga kirishiga qonunchilikka muvofiq ruxsat etilmagan chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarning, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasidan chiqish huquqi vaqtincha cheklangan shaxslar Davlat chegarasi orqali oʻtkazilishining oldini olish;

bojxona organlari bilan hamkorlikda transport vositalarini va tovarlarni qonunchilikda belgilangan tartibda koʻzdan kechirish hamda koʻrikdan oʻtkazish;

transport vositalari va tovarlarni kuzatib turish, shuningdek, oʻtkazish punktidan Davlat chegarasigacha kuzatib borish va undan ortga qaytishda kuzatib kelish;

davlat nazorati organlarining oʻtkazish punktlarida tegishli nazorat tartib-taomillari amalga oshirganligi toʻgʻrisidagi qaydlari mavjudligini tekshirish;

Oʻzbekiston Respublikasining qonunchiligida va xalqaro shartnomalarida belgilangan boshqa nazorat tartib-taomillarini.

35. Oʻtkazish punktining faoliyat koʻrsatishi xavfsizligini taʼminlash maqsadida, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlarining va boshqa vakolatli davlat organlarining harbiy xizmatchilari (xodimlari) tomonidan Davlat chegarasi orqali harakatlanayotgan shaxslarni shaxsiy koʻrikdan oʻtkazish tartib-taomili amalga oshirilishi mumkin.

Davlat chegarasi orqali harakatlanayotgan shaxslarni shaxsiy koʻrikdan oʻtkazish shartlari va tartibi qonunchilik hujjatlari bilan belgilanadi.

3-§. Shaxslar, transport vositalari va tovarlarning Davlat chegarasi orqali oʻtkazilishini vaqtincha cheklash yoki toʻxtatib turish tartibi

36. Ayrim oʻtkazish punktlarida quyidagi hollarda Davlat chegarasi orqali shaxslar, transport vositalari hamda tovarlarning oʻtkazilishi qonunchilikka muvofiq Vazirlar Mahkamasi tomonidan vaqtincha cheklanishi yoki toʻxtatib turilishi mumkin:

Oʻzbekiston Respublikasining davlat xavfsizligini taʼminlash maqsadida;

vakolatli davlat organining Oʻzbekiston Respublikasi yoki chet davlatlar hududida odamlar, hayvonlar va oʻsimliklarning karantinli hamda boshqa xavfli yuqumli kasalliklari yuzaga kelishi va tarqalishi toʻgʻrisidagi axborotiga asosan;

tabiiy va texnogen xususiyatli favqulodda vaziyatlar roʻy berganda;

chegaradosh davlat vakolatli organlarining murojaatlariga asosan;

oʻtkazish punkti hududida qurilish-texnik ishlari olib borilayotganda.

37. Davlat chegarasi orqali oʻtkazish vaqtincha cheklanganligi yoki toʻxtatib turilganligi toʻgʻrisida qaror qabul qilingan paytdan eʼtiboran 48 soat ichida tegishli davlatlarga Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligi tomonidan xabarnoma yuboriladi.

38. Davlat chegarasi orqali oʻtkazish vaqtincha cheklanishi yoki toʻxtatib turilishi yuzasidan choralar joriy etilishidan 24 soat oldin Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlari tomonidan chegaradosh davlatlarning chegara organlari xabardor qilinadi.

5-bob. Davlat chegarasi va chegara mintaqasiga kirish (boʻlish), xoʻjalik faoliyatini hamda boshqa faoliyatni amalga oshirish

39. Chegara mintaqasida boʻladigan shaxslar quyidagilarga majbur:

oʻzlari bilan shaxsini tasdiqlovchi, shuningdek, chegara mintaqasida boʻlish huquqini beradigan hujjatlarini olib yurishga;

Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati vakillarining talabiga binoan hujjatlari, transport vositalari va tovarlarni tekshirish uchun taqdim etishga, chegara mintaqasida boʻlishining sababini tushuntirishga;

chegara mintaqasidagi yerlarning maishiy va boshqa chiqindilar bilan ifloslanishiga, ekin va hayvonot dunyosiga zarar yetkazilishiga yoʻl qoʻymaslikka hamda yongin xavfsizligiga rioya etishga;

tegishli vosita va usullar orqali yigʻib-terib olishda yovvoyi holda oʻsuvchi oʻsimliklarning dorivor va texnik xomashyosi oʻsimliklar resurslari nobud boʻlishiga yoʻl qoʻymaslikka.

40. Chegara mintaqasi doirasida:

xoʻjalik faoliyatini hamda boshqa faoliyatni amalga oshirish Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlarining ruxsatnomasi boʻyicha — davlat oʻrmon fondi yoki Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Ipakchilik va jun sanoatini rivojlantirish qoʻmitasining doimiy foydalanishida boʻlgan yaylov yerlar, shuningdek, jismoniy va yuridik shaxslar tizimdagi yer maydonlari tegishliligicha oʻrmon xoʻjaligi organlari, Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Ipakchilik va jun sanoatini rivojlantirish qoʻmitasi yoki jismoniy va yuridik shaxslar bilan kelishilgan holda;

barcha turdagi havo kemalari, shu jumladan uchuvchisiz uchish apparatlarining parvozlari, aerofoto suratga olish — Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlarini parvozlar boshlanishidan 10 kun oldin xabardor qilgan holda, Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligidan ruxsat olinganidan soʻng amalga oshirilishi mumkin.

41. Chegara mintaqasida quyidagi rejim cheklovlari belgilanadi:

xoʻjalik faoliyati hamda boshqa faoliyatni amalga oshirish Oʻzbekiston Respublikasining va chegaradosh davlatlarning milliy xavfsizligiga zarar yetkazmasligi yoki zarar yetkazish xavfini yuzaga keltirmasligi, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlari tomonidan Davlat chegarasini qoʻriqlash va himoya qilish boʻyicha vazifalarni bajarishda toʻsqinliklarni vujudga keltirmaslik;

sport va havaskorlik ovi, baliq ovlash, tabiat qoʻynida dam olish maqsadida, shuningdek, shaxslarning biron-bir ishlab chiqarish yoki xizmat zaruratisiz boʻlishi man etiladi;

joylar va obyektlar foto va video qayd etish vositalari orqali Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizligi xizmatining ruxsatnomasi bilan tasvirga olinadi;

yovvoyi hayvonlar ularning sonini tartibga solish doirasida Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlari bilan kelishilgan holda ov qilinadi;

shaxslar va transport vositalariga faqat ishlab chiqarish yoki xizmat zarurati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlari tomonidan beriladigan ruxsatnomalar boʻyicha chegara mintaqasida boʻlish ruxsat etiladi;

chegara mintaqasida shaxslarni kunning qorongʻu paytida qolishiga yoʻl qoʻyilmaydi, faqat moddiy mulkka zarar yetkazmaslik yoki xavfsizlik nuqtai-nazardan qisqartirilgan tarkibda shaxslar qolishiga ruxsat berilishi mumkin, agarda inson hayoti va sogʻligʻiga zarar yetmaydigan boʻlsa.

42. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlari qonunchilikka muvofiq chegara mintaqasida hamda uning tashqarisida jangovar-xizmat (tezkor) faoliyatini amalga oshiradi.

43. Davlat chegarasini qoʻriqlash va himoya qilish maqsadida uning ayrim uchastkalaridagi chegara mintaqasida shaxslarning boʻlishi Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlari tomonidan nazorat postlari qoʻyilgan holda nazoratga olinadi.

44. Davlat chegarasidagi vaziyat murakkablashganda, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlari tomonidan chegara mintaqasida fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlarini xabardor qilgan holda, quyidagilarga nisbatan vaqtincha qoʻshimcha rejim cheklovlari va taqiqlari joriy etilishi mumkin:

chegara mintaqasiga begona shaxslarning kirishiga;

xoʻjalik faoliyati hamda boshqa faoliyat amalga oshiriladigan hududlarga kirishga;

suzish vositalarining chegara daryolariga, koʻllariga va boshqa suv havzalariga kirishiga.

45. Yuridik shaxslar yoki yakka tadbirkor chegara mintaqasidagi belgilangan tartibda oʻzlariga ajratilgan yerdan foydalanuvchining foydalanish huquqi tugaganligi toʻgʻrisida Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlarini 10 kun muddat ichida xabardor qilishlari shart.

46. Tozalash mintaqasida Davlat chegarasini jihozlash, qoʻriqlash va himoya qilish bilan bogʻliq boʻlmagan har qanday faoliyat man etiladi.

47. Oʻzbekiston Respublikasi hududida xavfli yuqumli kasalliklarning tarqalishiga yoʻl qoʻymaslik maqsadida profilaktika mintaqasida chorva mollarini boqish va saqlash man etiladi.

48. Profilaktika mintaqasida veterinariya-sanitariya rejimiga rioya etilishi Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish qoʻmitasi, Sogʻliqni saqlash vazirligi va Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlari bilan kelishilgan holda mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari tomonidan nazorat qilinadi.

49. Davlat chegarasiga tutash hududlar va chegaradosh davlat hududida barqaror epizootik vaziyat boʻlganda, chegara mintaqasida chorva mollari buning uchun maxsus ajratilgan joylarda faqat kunduzi boqiladi.

50. Chorva mollarini boqadigan jismoniy va yuridik shaxslar chegara mintaqasida chorva mollarini boqish boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlari tomonidan belgilangan talablarni soʻzsiz bajarish choralarini koʻrishga majbur.

51. Vazirlar Mahkamasining qaroriga muvofiq chegara mintaqasida boshqa rejim cheklovlari ham joriy etilishi mumkin.

52. Jismoniy va yuridik shaxslar chegara mintaqasiga kirishga (boʻlish, xoʻjalik faoliyati hamda boshqa faoliyatni amalga oshirish) ruxsatnoma olish uchun ushbu shaxslar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (familiyasi, ismi, otasining ismi, tugʻilgan yili, sanasi va joyi, ish joyi, mutaxassisligi, egallab turgan lavozimi, yashash joyi, shaxsini tasdiqlovchi hujjatining seriyasi va raqami, ishlar amalga oshiriladigan joy, ularning vaqti va xususiyati) aks ettirilgan hamda shaxsini tasdiqlovchi hujjatlarning nusxalari ilova qilingan roʻyxatlarni uch nusxada ariza-xatga ilova qilgan holda, ishlar (faoliyat) boshlanishidan 30 sutka oldin, chegara mintaqasi tegishliligi boʻyicha joylardagi Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlarining boʻlinmalariga taqdim etadilar.

53. Ariza-xatni yoʻllagan jismoniy va yuridik shaxslarga chegara mintaqasida boʻlish uchun ruxsatnomalar berish quyidagi asoslar boʻyicha rad etilishi mumkin:

ariza-xatda axborot toʻliq koʻrsatilmagani yoki ataylab yolgʻon maʼlumotlar maʼlum qilinganligi;

qayd etilgan boʻlish hududida (joyida) harbiy va boshqa harakatlar Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlari tomonidan amalga oshirilishi;

qayd etilgan boʻlish hududida (joyida) texnogen va tabiiy tusdagi favqulodda vaziyat eʼlon qilinishi;

Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati tegishli hududiy organlarining rad etishi.

54. Chegara mintaqasiga kirish (boʻlish, xoʻjalik faoliyatini va boshqa faoliyatni amalga oshirish) rad etilgan sabablar xat yoʻllagan jismoniy va yuridik shaxslarga maʼlum qilinmaydi.

55. Chegara mintaqasida jismoniy va yuridik shaxslarga tegishli boʻlgan baliq ovlash, ov qilish, ilmiy-tadqiqot va boshqa maqsadlarda foydalanish uchun moʻljallangan oʻzi yurar va oʻzi yurmas kemalar (keyingi oʻrinlarda — suzish vositalari) belgilangan tartibda roʻyxatga olinadi hamda toʻxtash uchun ajratilgan doimiy joylar bilan birga pristanlar, prichallar, toʻxtash punktlariga roʻyxatga qoʻyiladi.

Roʻyxatga olinmagan pristanlar, prichallar, toʻxtash punktlari va buning uchun ajratilmagan boshqa joylarda suzish vositalarini saqlash, ularning turishi, odamlarni chiqarish va tushirish, yuklarni ortish hamda tushirish man etiladi, tabiiy ofatlar va avariya holatlari bundan mustasno.

56. Suzish vositalarining chegara daryolarida, koʻllarida va Oʻzbekiston Respublikasining ichki suvlaridagi boshqa suv havzalariga chiqishi uchun ruxsatnomalarni rasmiylashtirish tartibi, ularning ushbu suvlarda boʻlishi va harakatlanish tartibi, shuningdek, qayd etilgan kemalar va ularni nazorat qilish vositalari uchun pristanlar, prichallar hamda toʻxtash punktlarini jihozlash tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlari bilan kelishgan holda mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari tomonidan oʻrnatiladi.

Kemalarni davlat roʻyxatidan va texnik nazoratdan oʻtkazish organlarining mansabdor shaxslari oʻz zimmasiga yuklangan majburiyatlarni bajarish uchun pristanlar, prichallar va toʻxtash punktlarini, shuningdek suv obyektlarini Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlari bilan kelishgan holda borib koʻrish huquqiga ega.

57. Jismoniy va yuridik shaxslar tegishli pristanlar, prichallar va oʻzlariga qarashli kemalar toʻxtash punktlarini belgilangan tartibda jihozlashi, ularning qoʻriqlanishini va Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlarining boʻlinmalari bilan aloqani taʼminlashga majbur.

58. Chegara mintaqasida oʻrmondan foydalanish va oʻrmon xoʻjaligini yuritish tartibi qonun hujjatlari bilan belgilanadi.

6-bob. Chegaraviy mojarolarni hal etish tartibi

59. Davlat chegarasidagi Davlat chegarasi rejimining Oʻzbekiston Respublikasining yoki chegaradosh davlatlarning manfaatlariga daxldor tarzda buzilishi bilan bogʻliq boʻlgan hodisa chegaraviy mojarodir.

60. Chegaraviy mojarolarni hal etish tartibi Oʻzbekiston Respublikasining qonunchiligiga va xalqaro shartnomalariga muvofiq belgilanadi.

61. Davlat chegarasi rejimiga rioya etilishiga doir masalalarni hal qilish va chegaraviy mojarolarni bartaraf etish uchun Oʻzbekiston Respublikasining chegara boʻyicha vakillari tayinlanadi.

62. Oʻzbekiston Respublikasi chegara boʻyicha vakillarining vakolatlari va faoliyatni amalga oshirish tartibi Vazirlar Mahkamasining qaroriga muvofiq belgilanadi.

63. Oʻzbekiston Respublikasi va chet davlatlar harbiy havo kemalarining, boshqa harbiy obyektlarining yoki harbiy xizmatchilarining harakatlari bilan bogʻliq boʻlgan chegaraviy mojarolarni hal etish Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi, shuningdek tegishli davlat organlari vakillarining ishtirokida amalga oshiriladi.

64. Oʻzbekiston Respublikasining chegara boʻyicha vakillari yoki Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligining vakillari tomonidan hal etilmagan masalalar va chegaraviy mojarolar diplomatik tartibda hal qilinadi.

7-bob. Yakunlovchi qoidalar

65. Agar Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomasida mazkur nizomda nazarda tutilganidan boshqacha qoidalar belgilangan boʻlsa, Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomasi qoidalari qoʻllaniladi.

66. Davlat chegarasi rejimi qoidalarini buzgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq belgilangan tartibda javob beradilar.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 24-oktabrdagi 700-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi hududida chegara rejimi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi hududida belgilangan chegara zonasiga kirish (undan chiqish), undan oʻtish, u yerda boʻlish (yashash), harakatlanish, xoʻjalik faoliyatini hamda boshqa faoliyatni amalga oshirish tartibini belgilaydi.

2. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

Oʻzbekiston Respublikasining Davlat chegarasi (keyingi oʻrinlarda — Davlat chegarasi) — Oʻzbekiston Respublikasining hududi doirasini (quruqlikni, suvni, yer qaʼrini va samoviy hududni) belgilovchi chiziqdan va bu chiziq boʻylab oʻtuvchi vertikal sathdan iborat;

xoʻjalik faoliyatini hamda boshqa faoliyatni amalga oshirish — Oʻzbekiston Respublikasining chegaraboʻyi suv havzalaridan foydalanish, suv inshootlarini barpo etish, dehqonchilik, chorvachilik, ishlab chiqarish, tadqiqot, izlanish ishlarini amalga oshirish uchun yerdan, oʻsimlik va hayvonot dunyosidan foydalanish, konchilik ishlarini, geologik izlanishlarni hamda boshqa faoliyatni amalga oshirish;

chegara zonasi — chegara mintaqasiga tutash boʻlgan, chegara rejimi joriy etiladigan chegaraoldi hududi yoki uning bir qismi;

chegara mintaqasi — Davlat chegarasiga bevosita tutash boʻlgan, Davlat chegarasi rejimi joriy etiladigan chegaraoldi hududining bir qismi;

chegaraoldi hudud — Davlat chegarasiga tutash boʻlgan maʼmuriy-hududiy birlik (tuman, shahar) doirasidagi hudud;

chegara rejimi — chegara zonasiga kirish (undan chiqish), undan oʻtish, u yerda boʻlish (yashash), harakatlanish, xoʻjalik faoliyatini hamda boshqa faoliyatni amalga oshirish tartibi va qoidalari majmui.

3. Chegara zonasida chegara rejimiga rioya etilishi ustidan nazorat qilish ichki ishlar organlarining, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlariga oʻz vakolatlari doirasida yuklanadi.

2-bob. Chegara zonasini belgilash hamda jihozlash tartibi

4. Chegara zonasi doirasi, shuningdek, chegara zonasiga kiradigan tumanlar, shaharlar, shaharchalar, qishloqlar va ovullar hamda temir yoʻl stansiyalari, aeroportlar va boshqa obyektlar roʻyxati Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi hamda Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlarining takliflari asosida Davlat chegarasini delimitatsiya, demarkatsiya va redemarkatsiya qilish, chegara muammolarini hal etish, noqonuniy migratsiyani, respublika hududiga tovarlar va kontrafakt mahsulotlarini noqonuniy olib kirishga qarshi kurashish masalalari boʻyicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi hamda viloyatlar hokimliklari huzuridagi hududiy komissiyalar (keyingi oʻrinlarda — hududiy komissiyalar) tomonidan tegishli hududlar boʻyicha aniqlanadi va belgilanadi (oʻzgartirish kiritiladi).

Bunda hududiy komissiyalar tomonidan:

chegara zonasi chizigʻini belgilash, uning tarkibiga kiradigan mamlakat maʼmuriy-hududiy tuzilishiga muvofiq tumanlar, shaharlar, shaharchalar, qishloqlar, ovullar, temir yoʻl stansiyalari, aeroportlar va boshqa obyektlar roʻyxatini tasdiqlash boʻyicha qaror qabul qilinadi;

hududiy komissiyalarning chegara zonasini belgilash toʻgʻrisidagi qarorlari Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi va xalq deputatlari viloyatlar Kengashlariga tasdiqlash uchun kiritiladi.

Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi va xalq deputatlari viloyatlar Kengashlari tomonidan hududiy komissiyalarning chegara zonasini belgilash toʻgʻrisidagi qarorlari tasdiqlanganidan soʻng chegara zonasi belgilangan hududda chegara rejimi joriy etiladi.

5. Chegara zonasining chizigʻi Davlat chegarasi yoki (va) chegara mintaqasiga tutash boʻlgan mamlakat maʼmuriy-hududiy tuzilishiga muvofiq tumanlar, shaharlar, shaharchalar, qishloqlar, ovullarning maʼmuriy chegarasi yoki joylarda oʻzgarmas topoelementlar boʻylab belgilanadi.

Chegara zonasi roʻyxatiga Davlat chegarasi yoki chegara mintaqasiga tutash boʻlgan tuman, shahar, shaharcha, qishloq, ovullar maʼmuriy-hududiy tuzilishiga muvofiq toʻliq yoki qisman, temir yoʻl stansiyalari, aeroportlar va boshqa obyektlar yaxlitligicha kiritiladi.

6. Chegara zonasiga kirishda ogohlantiruvchi belgilar, axborot doskalari oʻrnatiladi va ichki ishlar hududiy organi navbatchisining pultiga axborot chiqarib beradigan texnik vositalar jihozlanadi.

Chegara zonasiga kirishni texnik jihozlash (kuzatuv va nazorat vositalari) mahalliy davlat hokimiyati organlari, ogohlantiruvchi belgilar, axborot doskalari saqlanishining nazorati hududiy ichki ishlar organlariga yuklanadi.

3-bob. Chegara rejimiga rioya etilishini nazorat qilish tartibi

7. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlari qonunchilikka muvofiq chegara zonasi va uning tashqarisida jangovar-xizmat (tezkor) faoliyatini amalga oshiradi.

8. Chegara zonasiga keladigan va shu yerda yashaydigan shaxslarning hujjatlari, zarur boʻlganda ushbu zonada harakatlanadigan transport vositalari va yuklar Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar organlari va Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlari tomonidan tekshiriladi.

9. Chegara zonasiga kirish (chiqish) nazorati ichki ishlar organlari, mahalliy davlat hokimiyati organlari, Davlat chegarasida vaziyat murakkablashganda esa Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlari tomonidan ham amalga oshiriladi.

10. Davlat chegarasini qoʻriqlash va himoya qilish maqsadida, uning ayrim uchastkalaridagi chegara zonasida shaxslarning boʻlishi Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlari tomonidan nazorat postlari qoʻyilgan holda nazoratga olinishi mumkin.

11. Chegara zonasida oʻrmondan foydalanish va oʻrmon xoʻjaligini yuritish tartibi ushbu Nizom va boshqa qonunchilik hujjatlari bilan belgilanadi.

4-bob. Shaxslarning chegara zonasiga kirishi (undan chiqishi), undan oʻtishi, u yerda boʻlishi (yashashi), harakatlanishi, xoʻjalik faoliyatini hamda boshqa faoliyatni amalga oshirish tartibi

12. Chegara zonasida doimiy yashaydigan shaxslar chegara zonasi doirasida roʻyxatga olish varaqasini olmasdan, yashash joyi boʻyicha roʻyxatdan oʻtgan tuman, shahar va viloyat hududida harakatlanishi mumkin.

13. Chegara zonasida doimiy yashamaydigan va besh kundan ortiq muddatga keladigan fuqarolarning shaxsini tasdiqlovchi hujjatlari, shu jumladan fuqarolik biometrik pasporti, identifikatsiyalovchi ID-kartasi, xizmat guvohnomasi, harbiy guvohnomasi, tugilganlik haqida guvohnomasidan (keyingi oʻrinlarda — shaxsni tasdiqlovchi hujjatlar) tashqari chegara zonasida boʻlish uchun ichki ishlar organlari tomonidan beriladigan alohida roʻyxatga olish varaqasi ham boʻlishi shart.

14. Davlat oʻrmon fondi hududida joylashgan chegara zonasiga oʻrmondan foydalanish maqsadida keladigan shaxslarda yuqorida qayd etilgan ruxsat beruvchi hujjatlardan tashqari oʻrmon xoʻjaligi organlarining ruxsatnomasi (roziligi) ham boʻlishi shart.

15. Chegara zonasida doimiy yashamaydigan va besh kundan ortiq muddatga keladigan shaxslar chegara rejimi qoidalarida belgilangan huquq va majburiyatlari haqida maʼlumot olish uchun profilaktika inspektoriga yoki mahalla fuqarolar yigini raisiga murojaat qilishlari, shuningdek, chegara zonasiga kelgan shaxslarning ushbu Nizomda belgilangan tartibga rioya etib yashashlari turar joy berayotgan (yashashlariga yoʻl qoʻyayotgan) shaxslar tomonidan taʼminlanadi.

16. Oʻqishga ketgunicha chegara zonasidagi aholi punktlarida yashagan oliy, oʻrta maxsus va boshqa taʼlim muassasalari oʻquvchilari hamda talabalari ushbu punktlarda, ularning taʼlim muassasalarida oʻqishini tasdiqlovchi hujjatlari hamda chegara zonasidagi avvalgi yashash va roʻyxatga olingan joylari boʻyicha boʻlishi mumkin.

17. Chegara zonasida joylashgan aholi punktlariga xizmat safariga yuboriladigan shaxslar ushbu punktlarda ularning shaxsini tasdiqlovchi hujjatlari va xizmat safari hujjatlari boʻyicha boʻladi.

18. Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Davlat xavfsizlik xizmati, Milliy gvardiya, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti davlat xavfsizlik xizmati, Bosh prokuratura, Bojxona qoʻmitasining harbiy xizmatchilari va xodimlari hamda Oʻzbekiston Respublikasi chegaralarini delimitatsiya va demarkatsiya qilish masalalari boʻyicha ishchi guruh aʼzolari chegara zonasiga ularning shaxsini tasdiqlovchi hujjatlari (harbiy yoki xizmat guvohnomasi) boʻyicha keladi va boʻladi. Ushbu shaxslarning oila aʼzolari chegara zonasida ular xizmat qilayotgan joydan beriladigan maʼlumotnoma asosida boʻladi.

Diplomatik vakolatxonalar, konsullik muassasalari, xalqaro tashkilotlar xodimlari, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligida akkreditatsiyadan oʻtgan boshqa shaxslar chegara zonasiga kirish uchun ruxsatni Tashqi ishlar vazirligidan oladilar.

19. Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlari saflaridan boʻshatilgan harbiy xizmatchilar va huquqni muhofaza qiluvchi organlar xodimlari xizmatga ushbu joylardan chaqirilgan yoxud bu hududda yaqin qarindoshlari boʻlsa, chegara zonasiga xizmat koʻrsatmalari yoki oʻtish guvohnomalari boʻyicha kiradi va boʻladi.

Haqiqiy harbiy xizmatga chaqirilgan shaxslar chegara zonasida ilova qilinadigan, nomma-nom tuzilgan roʻyxatlar va mudofaa ishlari boʻyicha tegishli tuman (shahar) boʻlimlari koʻrsatmalari boʻyicha boradigan punkti koʻrsatilgan holda harakatlanadilar.

20. Chegara zonasida joylashgan sanatoriy, dam olish uylari, pansionatlar, turistik bazalar va boshqa davolash-sogʻlomlashtirish muassasalariga boradigan fuqarolar ushbu zonada shaxsni tasdiqlovchi hujjatlar, sanatoriya va turistik yoʻllanmalar yoki ushbu muassasalar tomonidan beriladigan maʼlumotnomalar boʻyicha boʻladilar.

21.Bolalar chegara zonasida joylashgan dam olish oromgohlari va bolalar uchun boshqa muassasalarda yoʻllanmalar asosida boʻladi. Ushbu muassasalardagi bolalarning ota-onalari farzandlarini koʻrish uchun chegara zonasida shaxsni tasdiqlovchi hujjatlar asosida besh kun davomida boʻladilar.

22. Chegara zonasiga besh kundan ortiq muddatga keladigan shaxslar roʻyxatga olish kartochkalarida koʻrsatilgan maʼmuriy hudud doirasida yashash huquqiga ega boʻladilar.

23. Chegara zonasi doirasida maʼmuriy markaz, maktab, shifoxona va boshqa tashkilotlar joylashgan boʻlsa hamda ularga xizmat koʻrsatadigan shaxslarning bir qismi chegara zonasi tashqarisida yashasa, ushbu shaxslarga chegara zonasida shaxsni tasdiqlovchi hujjatlar, chegara zonasi doirasida joylashgan tegishli muassasalar va tashkilotlarda ularning ishlab chiqarish faoliyatini tasdiqlovchi hujjatlar boʻyicha boʻlishiga ruxsat etiladi.

24. Oʻzbekiston Respublikasi bilan chegaradosh davlatlarning chegaraoldi hududlarida yashovchi fuqarolari Oʻzbekiston Respublikasining chegaradosh tuman va shaharlarining chegara zonasiga xalqaro shartnomalar asosida kirib kelishlari va boʻlishlari mumkin.

25. Oʻzbekiston Respublikasida vaqtincha yashayotgan chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarning chegara zonasida boʻlishlari qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

26. Chet elga chiquvchi yoki Oʻzbekiston Respublikasi hududi orqali tranzit harakatlanadigan shaxslar Davlat chegarasidan oʻtish huquqini beradigan tegishli hujjatlar boʻlgandagina chegara zonasidan oʻtadilar.

Ushbu bandda koʻrsatilgan shaxslar tranzit harakatlanayotgan chegara zonasi punktlarida umumiy asoslarda toʻxtash va boʻlish huquqiga ega. Chegara zonasi orqali tranzit harakatlanayotgan ushbu shaxslar toʻxtashga majbur boʻlgan holatlarda bu haqida ichki ishlar organlariga zudlik bilan xabar berishlari shart.

5-bob. Chegara zonasida boʻlish huquqini beruvchi roʻyxatga olish varaqasini rasmiylashtirish va berish tartibi

27. Chegara zonasida roʻyxatga olish varaqalari chegara zonasi belgilangan aynan shu maʼmuriy hudud (tuman, shahar, shaharcha, qishloq, ovul) doirasida boʻlish uchun beriladi.

Chegara zonasida yashash huquqini beruvchi roʻyxatga olish varaqasini olish uchun bu yerga besh kundan ortiq muddatga keladigan fuqarolar kelgan joylari boʻyicha ichki ishlar organlarining Migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish boʻlinmalariga (keyingi oʻrinlarda — MvaFR boʻlinmalari) kelgan kunlaridan boshlab, dam olish va bayram kunlarini hisobga olmagan holda, bir ish kunidan kechikmasdan murojaat etishlari lozim.

28. Roʻyxatga olish varaqasini olish uchun arizachi ichki ishlar organlariga shaxsan tashrif buyurishlari shart.

29. Roʻyxatga olish varaqasini olish uchun ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq ariza va 2-ilovaga muvofiq soʻrovnoma ariza beruvchining shaxsini tasdiqlovchi hujjatlari asosida “Pasport-viza” avtomatlashtirilgan axborot tizimlari majmuasida (keyingi oʻrinlarda — “Pasport-viza” tizimi) shakllantiriladi va ariza beruvchi tomonidan imzolanadi.

30. Roʻyxatga olish varaqasini berilishi haqidagi elektron soʻrovnoma “Pasport-viza” tizimida shaxs tekshiruvi, hujjat tekshiruvi va fuqarolik tekshiruvidan, shuningdek, Ichki ishlar vazirligining Huquqiy statistika va tezkor-hisob maʼlumotlar markazi, Jamoat xavfsizligi departamenti Huquqbuzarliklar profilaktikasi xizmati hamda Tezkor qidiruv departamenti Terrorizmga qarshi kurashish xizmatining maʼlumotlar bazasidan elektron tekshiruvdan oʻtkaziladi.

31. Roʻyxatga olish varaqasining berilishi haqidagi elektron soʻrovnoma “Pasport-viza” tizimida tekshiruvdan oʻtgandan soʻng ushbu Nizomga 3-ilovaga muvofiq QR-kod (matritsali shtrix-kod) qoʻyilgan roʻyxatga olish varaqasi chop etiladi.

MvaFR boʻlinmalari xodimlari roʻyxatga olish varaqalarini topshirish vaqtida varaqa oluvchilarni chegara zonasida boʻlish qoidalari bilan tanishtirishlari shart.

32. Chegara zonasiga ota-onasi yoki hamrohlik qiluvchi shaxslar bilan keladigan 16 yoshgacha boʻlgan voyaga yetmaganlarga roʻyxatga olish varaqalari ota-onasi yoxud hamrohlik qiluvchi shaxslarga beriladi.

Roʻyxatga olish varaqasi bir ish kunida beriladi.

33. Chegara zonasiga vaqtincha yashash uchun keladigan shaxslarga roʻyxatga olish kartochkalari bir oydan ortiq boʻlmagan muddatga beriladi.

34. Ozodlikdan mahrum etish joylaridan ozod etilgan va avval chegara zonasida yashagan hamda doimiy yashash uchun qaytib kelgan shaxslarga roʻyxatga olish varaqalari ularning yashash joyi boʻyicha roʻyxatdan oʻtkazish va shaxsini tasdiqlovchi hujjatlarini rasmiylashtirish uchun belgilangan muddatga beriladi.

35. Yuridik shaxslar yoki yakka tartibdagi tadbirkorlik faoliyati bilan shugʻullanuvchilarning faoliyat turi boʻyicha besh kundan ortiq muddat chegara zonasida boʻladigan xodimlariga roʻyxatga olish varaqalari olti oygacha boʻlgan muddatga beriladi va ular har oy ichki ishlar organlarida roʻyxatdan oʻtadi.

36. Shaxslarga vaqtincha yashash davrida yoki chegara zonasida bir necha marta boʻlishi zarurligi tufayli beriladigan roʻyxatga olish varaqalari amal qilish muddati tugagandan soʻng haqiqiy hisoblanmaydi.

Roʻyxatga olish varaqalarining amal qilish muddatini uzaytirish uchun yuridik va jismoniy shaxslar ichki ishlar organlariga ularning amal qilish muddati tugashidan besh kun avval murojaat qilishlari shart.

37. Profilaktika inspektori va mahalla raisi chegara zonasiga kelgan shaxslarga chegara rejimi qoidalarida nazarda tutilgan huquq va majburiyatlari haqida tushuncha beradi, ularning yashash va harakatlanish qoidalariga rioya etishlari, shuningdek, roʻyxatga olish varaqasining amal qilish muddati tugagandan soʻng oʻz vaqtida chiqib ketishlarini nazorat qiladilar.

38. Chegara zonasi hududida boʻlgan shaxslar oʻzlari bilan pasport yoki shaxslarini tasdiqlovchi boshqa hujjat, shuningdek, chegara zonasida boʻlish huquqini beradigan hujjatni olib yurishlari huquqni muhofaza qiluvchi organlar talablariga muvofiq koʻrsatishlari, chegara zonasida boʻlish sabablariga oid tushuntirishlar berishlari shart.

39. Chegara zonasida yashash huquqini beruvchi roʻyxatga olish varaqalari chegara zonasida boʻlishlari maqsadga muvofiq boʻlmagan shaxslarga berilmaydi.

40. Roʻyxatga olish varaqalarini berish rad etilgan taqdirda, rad etilganlik boʻyicha oʻrnatilgan tartibda shikoyat bilan murojaat qilish mumkin.

6-bob. Chegara zonasidagi yaylov yerlardan foydalanish tartibi

41. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Ipakchilik va jun sanoatini rivojlantirish qoʻmitasining (keyingi oʻrinlarda — Qoʻmita) doimiy foydalanishida boʻlgan chegara zonasidagi yaylov yerlardan (keyingi oʻrinlarda — yaylov yerlar) Qoʻmita tomonidan Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlari va ichki ishlar organlariga kalendar yilda bir marta taqdim etiladigan roʻyxatga kiritilgan shaxslar (keyingi oʻrinlarda — foydalanuvchilar) foydalanadi.

42. Yaylov yerlardan ijara huquqi asosida yer toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda foydalaniladi.

43. Yovvoyi holda oʻsuvchi oʻsimliklarning dorivor va texnik xomashyosi oʻsimliklar resurslari nobud boʻlishiga yoʻl qoʻymagan va yaylov xoʻjaligiga zarar yetkazmagan holda tegishli vosita va usullar orqali yigʻib-terib olinadi.

44. Yerdan foydalanuvchilar yaylov yerlardan samarali va maqsadli foydalanishi, shuningdek, ekinlarga va hayvonot dunyosiga zarar yetkazilishiga, yaylov yerlarning maishiy va boshqa chiqindilar bilan ifloslanishiga yoʻl qoʻymasligi hamda yongin xavfsizligiga va qonunchilik hujjatlari bilan belgilangan boshqa talablarga rioya etishlari shart.

45. Yaylov yerlarda yongin yuzaga kelganda va ularni bartaraf etish vaqtida yerdan foydalanuvchilarning yaylov yerlarga kirishi cheklanadi hamda transport vositalarining umumiy foydalanishda boʻlgan avtomobil yoʻllaridan boshqa yoʻllarda harakatlanishi taqiqlanadi.

46. Qoʻmita yerdan foydalanuvchining yaylov yerlardan foydalanish huquqi tugaganligi toʻgʻrisida Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlarini va ichki ishlar organlarini 10 kun muddat ichida xabardor qiladi.

7-bob. Chegara zonasida belgilanadigan rejim cheklovlari

47. Chegara zonasi doirasida boʻladigan shaxslar:

oʻzlari bilan shaxsini tasdiqlovchi, shuningdek, chegara zonasida boʻlish huquqini beradigan hujjatlarini olib yurishi;

Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar organlari va Davlat xavfsizlik xizmati vakillarining talabiga binoan hujjatlari, transport vositalari va tovarlarni tekshirish uchun taqdim etishga, chegara zonasida boʻlishining sababini tushuntirishi lozim.

48. Chegara zonasida joylashgan korxonalar, muassasalar, tashkilotlar rahbarlariga chegara zonasida boʻlish va yashash uchun ruxsatnomasi boʻlmagan shaxslarni ishga qabul qilish taqiqlanadi.

49. Chegara zonasidagi davlat oʻrmon fondi yerlarida hayvonlarni tutish (ov qilish) oʻrmon xoʻjaligi organlari tomonidan beriladigan yoʻllanma va varaqlar, boshqa hududlarda esa Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi va uning hududiy boʻlinmalari ruxsatnomasi boʻyicha amalga oshiriladi.

Barcha holatlarda Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar organlari va Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlari bilan kelishilgan holda maxsus ajratilgan joylarda ov qilinadi.

50. Chegara zonasida chegara rejimiga rioya etilishini taʼminlash va nazorat qilish maqsadida Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati va ichki ishlar organlari hamkorlikda profilaktika tadbirlarini oʻtkazadi.

51. Chegara zonasi doirasida:

xoʻjalik faoliyatini hamda boshqa faoliyatni amalga oshirish—Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar organlari va Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlari bilan kelishilgan holda hamda davlat oʻrmon fondi yoki Qoʻmitaning doimiy foydalanishida boʻlgan yaylov yerlar tegishliligicha oʻrmon xoʻjaligi organlari yoki Qoʻmita bilan kelishilgan holda;

barcha turdagi havo kemalari, shu jumladan, uchuvchisiz uchish apparatlarining parvozlari, aerofoto suratga olish — Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlarini parvozlar boshlanishidan 10 kun avval xabardor qilgan holda, Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligining ruxsatnomasi boʻyicha amalga oshirilishi mumkin.

52. Vazirlar Mahkamasining qaroriga muvofiq chegara zonasida boshqa rejim cheklovlari ham joriy etilishi mumkin.

8-bob. Yakunlovchi qoida

53. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Oʻzbekiston Respublikasi hududida chegara rejimi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

_______________________________________ tuman (shahar) nomi _______________________________________ IIB boshligʻiga (F.I.O.), imzo va sana ARIZA Men _______________________________________________________ ___________________________________________________________________________________________________ ____________ (familiyasi, ismi, otasining ismi) Sizdan ___________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________ ____________________da (kelgan manzil) 2024-yil “____” ______________dan 2024-yil “____” ______________gacha yashash uchun (kelish muddati) roʻyxatga olish varaqasi rasmiylashtirilishiga ruxsat berishingizni soʻrayman. ____________________ ____________________ ____________________ (sana) (imzo) (F.I.O.)

Oʻzbekiston Respublikasi hududida chegara rejimi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Chegara zonasiga vaqtincha yashashga kelgan fuqaroni roʻyxatga olish toʻgʻrisida

I. Ariza beruvchi toʻgʻrisida maʼlumot 1. Familiyasi 2. Ismi 3. Otasining ismi 4. Tugʻilgan yili, sanasi va joyi 5. Shaxsni tasdiqlovchi hujjatlar (fuqarolik biometrik pasporti, identifikatsiyalovchi ID-karta, xizmat guvohnomasi, tugilganlik haqida guvohnoma maʼlumotlari (seriyasi va raqami) 6. Harbiy xizmatga aloqadorligi: 6.1. Harbiy guvohnoma va zaxiradagi ofitserning guvohnomasi (harbiy xizmatga majburlar uchun) (seriyasi va raqami) 7. Yashash joyi manzili 8. Roʻyxatga olinayotgan manzil 9. Kelishdan maqsadi 10. Ish joyi va lavozimi 11. Telefon raqami 12. Elektron pochta manzili (mavjud boʻlsa) II. Uy-joy mulkdori (mulkdorlari) haqida maʼlumot 1. F.I.O. 2. Roʻyxatga olinayotgan manzil III. Ish beruvchi yuridik shaxs haqida maʼlumot Yuridik shaxs nomi Pochta manzili IV. Voyaga yetmagan oila farzandlari Qarindoshlik darajasi F.I.O. Tugʻilgan yili, sanasi va joyi Oʻgʻli Qizi

Oʻzbekiston Respublikasi hududida chegara rejimi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish bosh boshqarmasi Chegara zonasiga vaqtincha yashashga kelgan shaxslarning roʻyxatga olish varaqasi Manzil: Respublika: Viloyat: Shahar: Tuman: MFY: Koʻcha: Uy: QOIDALAR 1. Roʻyxatga olish varaqasi unda koʻrsatilgan muddatgacha milliy pasport yoki harakatlanish hujjati bilan haqiqiydir. 2. Roʻyxatga olish varaqasi faqatgina unda koʻrsatilgan aholi punkti hududida yashash huquqini beradi. 3. Fuqarolar, roʻyxatga olish varaqasini yoʻqotib qoʻygan taqdirda, bu toʻgʻrisida zudlik bilan varaqani bergan ichki ishlar organiga murojaat etib, yangi roʻyxatga olish varaqasini olishlari zarur. 3.1. Chegara zonasida boʻlib turgan shaxslar roʻyxatga olish varaqalarining amal qilish muddati tugashidan besh kun avval hududiy ichki ishlar organiga yangi roʻyxatga olish varaqasini rasmiylashtirish yuzasidan murojaat qilishlari shart. 4. Chegara zonasida chegara rejimi qoidalarini buzgan shaxslarga nisbatan Oʻzbekiston Respublikasi qonunchiligida nazarda tutilgan maʼmuriy taʼsir choralari qoʻllaniladi. Yuqorida qayd etilganlar bilan tanishtirildim. _____________ (imzo) 1. Familiyasi: 2. Ismi: 3. Otasining ismi: 4. Tugʻilgan yili va sanasi: 5. Shaxsni tasdiqlovchi hujjati (fuqarolik biometrik pasporti, identifikatsiyalovchi ID-karta, xizmat guvohnomasi, harbiy guvohnoma, tugʻilganlik haqida guvohnoma): 5.1. Seriyasi va raqami: 5.2. Amal qilish muddati: 6. Kelishdan maqsadi: 7. Birga kelganlar soni: 8. Berilgan vaqti: 9. Amal qilish muddati: 00.00.0000-y. 00:00:00 (Chop etilgan sana va vaqti)

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 24-oktabrdagi 700-son qaroriga 3-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb eʼtirof etilayotgan ayrim qarorlari

1. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi hududida chegara rejimi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2018-yil 5-iyuldagi 504-son qarori .

2. Vazirlar Mahkamasining “Davlat oʻrmon xoʻjaligi organlarining faoliyatini takomillashtirish va oʻrmon xoʻjaliklarining chegara hududlari tabiiy resurslaridan foydalanish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2018-yil 10-sentabrdagi 717-son qaroriga 3-ilovaning 2-bandi .

3. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish davlat qoʻmitasi faoliyatini tartibga soluvchi normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida” 2019-yil 27-iyundagi 532-son qaroriga 5-ilovaning 26-bandi .

4. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” 2019-yil 10-avgustdagi 661-son qaroriga ilovaning 61-bandi .

5. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasida chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarni roʻyxatga olish tartibini soddalashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 28-sentabrdagi 593-son qaroriga 4-ilovaning 58-bandi .

6. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi hududida chegara zonasi va chegara mintaqasini belgilashga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 4-dekabrdagi 735-son qarorining 2, 3-bandlari va qarorga ilova.

7. Vazirlar Mahkamasining “Yaylov yerlardan foydalanish sohasidagi qonunchilik hujjatlari takomillashtirilganligi munosabati bilan Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 5-iyuldagi 504-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi hududida chegara rejimi toʻgʻrisidagi nizomga oʻzgartirish va qoʻshimcha kiritish haqida” 2023-yil 9-oktabrdagi 534-son qaroriga ilova .

8. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga respublika ijro etuvchi hokimiyat organlarining nomlarini oʻzaro muvofiqlashtirishni nazarda tutuvchi oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” 2024-yil 25-iyuldagi 453-son qaroriga ilovaning 4-bandi .

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2024-yil 24-oktabr,

700-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 25.10.2024-y., 09/24/700/0850-son; 06.05.2026-y., 09/26/224/0457-son)

lex.uz