UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 25-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 25 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 25 октября 2024 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 25 October 2024 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Аутстаффинг хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонуни 16-моддасига мувофиқ, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида» 2024 йил 21 февралдаги ПФ-37-сон Фармони ижроси юзасидан ҳамда аҳолини иш билан таъминлашнинг илғор шаклларини ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини янада ошириш ва тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча имкониятлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонуни 16-моддасида аутстаффинг хизматларини кўрсатиш тартиби ва аутстаффинг хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартномалар бўйича бажарилишига йўл қўйилмайдиган ишлар турларининг рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралдаги ПФ-37-сон Фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш йўналиши бўйича 2024 йилда ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари рўйхати 14-бандида аҳолини иш билан таъминлашнинг илғор шаклларини ривожлантириш орқали бандликни янада кенгайтириш ва тадбиркорлик субъектлари учун имкониятлар яратиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Аутстаффинг хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

аутстаффинг хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартномалар бўйича бажарилишига йўл қўйилмайдиган ишлар турлари;

аутстаффинг шартномасининг шартлари, ушбу шартнома бўйича аутстаффер томонидан юборилган ходимлар билан меҳнат муносабатларини тартибга солиш.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.Э. Захидов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 25 октябрдаги 706-сон қарорига ИЛОВА

Аутстаффинг хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом юридик шахслар томонидан бошқа юридик шахсларга аутстаффинг хизматлари кўрсатилиши тартибини белгилайди.

2. Мазкур Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:

аутстаффер — белгиланган тартибда аутстаффинг хизматларини кўрсатиш учун қабул қилувчи ташкилот билан аутстаффинг шартномасини тузган юридик шахс (иш берувчи);

аутстаффинг хизмати — аутстаффер томонидан ўз ходимларини уларнинг розилиги билан бошқа юридик шахсларга (қабул қилувчи ташкилотга) ушбу ходимлар томонидан аутстаффер ва унинг ходими ўртасида тузилган меҳнат шартномаларида ҳамда жамоа келишувларида белгиланган меҳнат вазифаларини бажариш учун вақтинча юбориш йўли билан кўрсатиладиган хизмат тури;

аутстаффинг шартномаси — қонунчиликка мувофиқ аутстаффер ва қабул қилувчи ташкилот ўртасида ходимларни вақтинча иш билан таъминлаш бўйича пулли хизматларни кўрсатиш тўғрисида тузилган шартнома. Бунда шартномага мувофиқ аутстаффер ўз ходимларининг розилиги билан қабул қилувчи ташкилотнинг манфаатлари, бошқаруви ва назорати остида ушбу ходимларни меҳнат вазифаларини бажариш учун вақтинча юборади;

қабул қилувчи ташкилот — аутстаффер билан аутстаффинг шартномасини тузган юридик шахс. Бунда шартномага мувофиқ қабул қилувчи ташкилот вақтинча ўз манфаатлари нуқтаи назаридан ўз бошқаруви ва назорати остида юборилган ходимларнинг меҳнатидан фойдаланади;

юборилган ходим — меҳнат шартномаси тузилган ҳолда аутстаффернинг штатида туриб, аутстаффинг тартибида қабул қилувчи ташкилотнинг бошқаруви ва назорати остида унинг манфаатлари учун ишлашга ёзма розилик берган ходим.

3. Аутстаффер томонидан ўз ходимларининг меҳнат вазифаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бажариш учун юборилиши билан боғлиқ аутстаффинг хизматларини кўрсатишга йўл қўйилмайди.

4. Аутстаффинг хизматлари ушбу Низомга иловага мувофиқ схема бўйича белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтган юридик шахслар томонидан кўрсатилади.

2-боб. Аутстаффинг шартномаси

5. Аутстаффер қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ қабул қилувчи ташкилот билан аутстаффинг шартномасини тузади.

6. Қабул қилувчи ташкилотга аутстаффер томонидан касбий малака талабларига мувофиқ зарур миқдордаги ходимларнинг ишга юборилиши аутстаффинг шартномасининг предмети ҳисобланади ва пулли хизматлар кўрсатилиши аниқ белгиланади.

7. Аутстаффинг шартномаси бўйича:

а) аутстаффернинг асосий мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

ходимларнинг розилиги билан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат шартномаларини тузиш, шунингдек, меҳнат қонунчилиги ҳамда ушбу меҳнат шартномалари шартларига риоя қилиш;

қабул қилувчи ташкилотларга тегишли малакага эга бўлган ва зарур миқдордаги ходимларни юбориш;

юборилган ходимлар иш жойларига ўз вақтида келишини таъминлаш;

юборилган ходимларга иш ҳақи ўз вақтида тўланишини таъминлаш;

юборилган ходимларнинг ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш;

юборилган ходимларни қонунчилик ҳужжатларида ҳамда ички ҳужжатларда (жамоа шартномаси, меҳнат шартномаси ва бошқалар) назарда тутилган кафолатлар, имтиёзлар ва бошқа тўловлар билан таъминлаш;

юборилган ходимларнинг қонунчилик ҳужжатларида, жамоа келишувида, жамоа шартномасида ва меҳнат шартномасида белгиланган тартибда ҳамда муддатларда дам олишини таъминлаш;

юборилган ходимлар билан меҳнат шартномасини тузишда қабул қилувчи ташкилотга оид тижорат ва хизмат маълумотлари (ахборотлари) қабул қилувчи ташкилотнинг рухсатисиз ошкор этилмаслигини белгилаш;

б) қабул қилувчи ташкилотнинг асосий мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

юборилган ходимларни иш билан таъминлаш ва иш вақти режимига риоя қилиш;

юборилган ходимларни меҳнатни ташкил этиш талаблари, меҳнатни муҳофаза қилиш ва ёнғин хавфсизлиги ҳамда бошқа зарур талаблар билан таништириш;

юборилган ходимларни меҳнат вазифаларини бажариши учун талаб қилинадиган малакага мувофиқ зарур бўлган асбоб ва ускуналар, техник ҳужжатлар ҳамда бошқа воситалар билан таъминлаш;

юборилган ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш норматив талабларига мувофиқ бўлган меҳнат хавфсизлиги ва шарт-шароитларини таъминлаш;

юборилган ходимлар меҳнатини бошқариш, шу жумладан, меҳнатни ташкил этиш, иш вақтини ҳисобга олиш ва меҳнат меъёрларига риоя қилиш;

аутстафферга юборилган ходимлар меҳнатидан қабул қилувчи ташкилот томонидан амалда фойдаланишнинг мувофиқлиги, шунингдек, меҳнат қонунчилиги нормаларига мувофиқлиги устидан назоратни амалга ошириш учун шароит яратиш.

Аутстаффинг шартномасининг тарафлари қонунчилик ҳужжатларида ёки шартномада тўғридан-тўғри белгиланган бошқа, шунингдек, аутстаффинг шартномаси орқали ходим қабул қилувчи ташкилотга юборилганда, унинг яшаш жойи билан боғлиқ харажатларни бартараф этиш ҳамда фарзандларининг таълим (давлат умумтаълим мактаби ва мактабгача таълим ташкилоти) билан таъминланиши каби мажбуриятларга эга бўлиши мумкин.

8. Аутстаффинг хизматлари учун тўлов аутстафферга қабул қилувчи ташкилот томонидан тўланади ва қуйидагиларни ўз ичига олади:

юборилган ходимларнинг иш ҳақи, иш ҳақига тенглаштирилган бошқа тўловлар ва нафақаларни тўлаш учун аутстаффернинг харажатлари;

аутстаффинг хизматларини бажариш билан боғлиқ бўлган аутстаффернинг қўшимча харажатлари;

аутстаффернинг кўрсатилган хизмат учун тадбиркорлик даромадлари.

Аутстаффинг шартномасида аутстаффинг хизматлари учун тўловларни тўлаш тартиби (ҳисоб-китоб қилиш тартиби, даврийлиги ва бошқалар) кўзда тутилади.

9. Аутстаффинг шартномасида аутстаффер томонидан қабул қилувчи ташкилот манфаатлари учун ишларни бажаришда ходимларни юбориш муддати, шунингдек, қабул қилувчи ташкилотга юборилган ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этиши устидан аутстаффер томонидан назорат механизмлари белгилаб қўйилиши шарт.

10. Шартномага илова сифатида юборилган ходимлар бўйича маълумотлар, уларнинг малакасини кўрсатган ҳолда иш турлари рўйхати ва аутстаффинг шартномаси шартларини аниқ кўрсатадиган бошқа маълумотлар бўлиши мумкин.

11. Аутстаффинг шартномаси бўйича қабул қилувчи ташкилотга юборилган ходим билан меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган аутстаффернинг мажбуриятлари, шу жумладан:

иш ҳақи, меҳнат таътили тўлови ва меҳнатга вақтинча қобилиятсизлик бўйича нафақа, меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин тўловлар;

меҳнатда майиб бўлиш ёки касб касаллиги билан боғлиқ компенсация тўловлар;

қонунчилик ҳужжатлари ва меҳнат шартномасига асосан ходимга тегишли бўлган бошқа тўловлар тўғрисида қабул қилувчи ташкилот субсидиар жавобгарликни ўз зиммасига олади.

12. Аутстаффинг шартномаси тарафларнинг келишуви ёки шартноманинг ўзида назарда тутилган шартлар асосида бекор қилинади.

3-боб. Аутстаффинг шартномаси бўйича бажарилишига йўл қўйилмайдиган ишлар турлари

13. Аутстаффинг шартномаси бўйича қуйидаги ишлар бажарилишига йўл қўйилмайди:

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ юқори хавфли объектлар (ускуналар) сифатида таснифланган объектлар ва ускуналар, шу жумладан, портлаш ва ёнғин хавфи бор, агрессив (тажовузкор) ва (ёки) радиоактив хавфли асбоб-ускуналар бўйича ишларни бажаришда;

қабул қилувчи ташкилотида тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларини амалга ошириш ишлари бажарилганда, иш жойларини сақлаб қолиш учун тўлиқ бўлмаган иш вақтини киритганда, шунингдек, ходимларни оммавий равишда ишдан озод қилиш хавфи мавжуд бўлган тақдирда.

Қонунчилик ҳужжатларида ходимларни аутстаффинг хизматларини кўрсатиш тартибида йўналтириш бўйича бошқа чекловлар ҳам кўзда тутилиши мумкин.

14. Аутстаффинг шартномаси орқали ходимларни қабул қилувчи ташкилотга юбориш муддати бир календарь йил давомида тўққиз ойдан ошмаслиги керак.

Тарафларнинг келишуви ва ходимнинг розилиги билан ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган муддат узайтирилиши мумкин.

4-боб. Аутстаффинг шартномаси бўйича аутстаффер томонидан юборилган ходимлар билан меҳнат муносабатларини тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари

15. Аутстаффер ходимни аутстаффинг шартномаси бўйича қабул қилувчи ташкилотга ишлашга юборганда, ходим ва аутстаффер ўртасидаги меҳнат муносабатлари давом этади.

16. Аутстаффинг шартномаси асосида ходимларни қабул қилувчи ташкилотга юбориш аутстаффер ва ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномасидаги аутстаффернинг мажбуриятларини бажариш жавобгарлигидан озод қилмайди.

17. Қабул қилувчи ташкилотга ишлашга юборилган ходим билан аутстаффер томонидан тузилган меҳнат шартномаси ходимнинг аутстаффер буйруғи билан қабул қилувчи ташкилотнинг манфаатлари, бошқаруви ва назорати остида маълум бир меҳнат вазифасининг ходим томонидан бажарилиши шартини ўз ичига олиши керак.

18. Аутстаффер томонидан қабул қилувчи ташкилотга юборилган ходимлар иш ҳақи ва меҳнат шароитлари худди шундай меҳнат вазифаларини бажарадиган ва бир хил малакага эга бўлган қабул қилувчи ташкилот ходимларининг иш ҳақи ва меҳнат шароитларидан паст (ёмон) бўлмаслиги керак.

19. Ходим ва аутстаффер ўртасидаги якка тартибдаги меҳнат муносабатлари даври тўғрисидаги маълумотлар белгиланган тартибда ходимнинг меҳнат дафтарчасига (электрон меҳнат дафтарчасига) киритилади.

Ходимнинг илтимосига биноан қабул қилувчи ташкилотдаги меҳнат тўғрисидаги маълумотлар ходимнинг меҳнат дафтарчасига (электрон меҳнат дафтарчасига) аутстаффер томонидан киритилади.

20. Аутстаффер томонидан юборилган ходимларнинг аутстаффинг тартибида ишлашига оид маълумотлар (меҳнат шартномаси, қўшимча келишув, буйруқ рақами ва санаси, қабул қилувчи ташкилот номи ва солиқ тўловчининг идентификация рақами ва жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР), ходимларни қабул қилувчи ташкилотга юбориш муддати) «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексига киритилади.

21. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги аутстафферлар ва юборилган ходимларга оид маълумотларнинг «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексида рўйхатдан ўтказилишини, ушбу Низом ва бошқа меҳнат қонунчилиги талабларига риоя этилишини назорат қилади.

22. Юборилган ходимлар қабул қилувчи ташкилотнинг меҳнатни ташкил этиш, меҳнатни муҳофаза қилиш, ёнғин хавфсизлиги ва меҳнат вазифаларини бажариш учун зарур бўлган бошқа талабларга риоя қилиши шарт.

23. Қабул қилувчи ташкилотда юборилган ходим билан ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса содир бўлган тақдирда, ушбу ташкилот томонидан аутстаффер вакилининг мажбурий иштирокида бахтсиз ҳодисани текшириш учун комиссия тузилади.

Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ текширилади.

24. Давлат ташкилотлари қабул қилувчи ташкилот бўлган тақдирда:

юборилган ходимларнинг малака талаблари ушбу ходим томонидан вазифасини бажарадиган касб (лавозим) учун қонунчиликда белгиланган малака талабларига мос бўлиши;

юборилган ходимларни штатлар жадвалида белгиланган ходимлар сони доирасида қабул қилиши лозим.

5-боб. Якунловчи қоидалар

25. Аутстаффер ва ходим ўртасидаги меҳнат низолари қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.

26. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Аутстаффинг хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Аутстаффинг хизматларини кўрсатиш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Қабул қилувчи ташкилот (юридик шахс) 1. Аутстаффинг асосида қабул қилиш учун зарур бўлган қўшимча ходимларга бўлган эҳтиёжни ходимлар сонига қараб белгилайди. 2. Аутстаффинг хизматларини кўрсатиш бўйича аутстафферга таклиф (оферта) билан мурожаат қилади. Заруратдан келиб чиқиб 2-босқич Аутстаффер, қабул қилувчи ташкилот Аутстаффинг шартномасини тузади. Келишув асосида 3-босқич Аутстаффер Аутстаффер штатидаги ходимлар билан қабул қилувчи ташкилотда ишларни аутстаффинг тартибида амалга ошириш учун меҳнат шартномасига қўшимча келишувлар (меҳнат шартномасига илова) тузади. Заруратга кўра кейинчалик қабул қилувчи ташкилотга жўнатиш учун талаб қилинадиган малакага эга қўшимча ходимларни жалб қилади. Заруратга кўра шартномага мувофиқ қабул қилувчи ташкилотга юбориладиган ходимларнинг рўйхатини шакллантиради. Аутстаффинг шартномасида назарда тутилган муддатда 4-босқич Аутстаффер Ходимларни қабул қилувчи ташкилотга етказиб беради. Заруратга кўра қабул қилувчи ташкилотга юборилган ходимлар томонидан меҳнат шартномаси ва қўшимча келишув шартларига риоя қилинишини назорат қилади. Ҳар бир қабул қилинган ходим учун ишлаган вақти ва иш ҳақи тўғрисида ҳисобот тузади 5-босқич Қабул қилувчи ташкилот 1. Ҳар бир юборилган ходим учун ишлаган вақти ва иш ҳақи тўғрисида ҳисобот тузади. Ҳар ойда 2. Аутстаффинг шартномасига мувофиқ аутстафферга хизматлари учун тўловни амалга оширади. Аутстаффинг шартномасидаги шартларга мувофиқ 6-босқич Аутстаффер Қабул қилувчи ташкилотга юборилган ходимларга иш ҳақи тўлайди. Ҳар ойда камида 2 маротаба 7-босқич Аутстаффер, қабул қилувчи ташкилот 1. Бажарилган ишларнинг далолатномасини тузади. 2. Талабнома юборади. 3. Аутстаффинг шартномаси шартларига мувофиқ тўлиқ ҳисоб-китобни амалга оширади. Аутстаффинг шартномаси муддати тугагандан 10 кундан кечикмай

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 25 октябрь,

706-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.10.2024 й., 09/24/706/0853-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

Autstaffing xizmatlarini koʻrsatish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasining “Aholi bandligi toʻgʻrisida”gi Qonuni 16-moddasiga muvofiq, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston — 2030” strategiyasini “Yoshlar va biznesni qoʻllab-quvvatlash yili”da amalga oshirishga oid davlat dasturi toʻgʻrisida” 2024-yil 21-fevraldagi PF-37-son Farmoni ijrosi yuzasidan hamda aholini ish bilan taʼminlashning ilgʻor shakllarini rivojlantirish orqali aholi bandligini yanada oshirish va tadbirkorlik subyektlari uchun qoʻshimcha imkoniyatlar yaratish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

Oʻzbekiston Respublikasining “Aholi bandligi toʻgʻrisida”gi Qonuni 16-moddasida autstaffing xizmatlarini koʻrsatish tartibi va autstaffing xizmatlarini koʻrsatish toʻgʻrisidagi shartnomalar boʻyicha bajarilishiga yoʻl qoʻyilmaydigan ishlar turlarining roʻyxati Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanishi;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2024-yil 21-fevraldagi PF-37-son Farmoni bilan tasdiqlangan “Oʻzbekiston — 2030” strategiyasining Har bir insonga oʻz salohiyatini roʻyobga chiqarish uchun munosib sharoitlar yaratish yoʻnalishi boʻyicha 2024-yilda ishlab chiqiladigan normativ-huquqiy hujjatlar loyihalari roʻyxati 14-bandida aholini ish bilan taʼminlashning ilgʻor shakllarini rivojlantirish orqali bandlikni yanada kengaytirish va tadbirkorlik subyektlari uchun imkoniyatlar yaratish belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Autstaffing xizmatlarini koʻrsatish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

autstaffing xizmatlarini koʻrsatish toʻgʻrisidagi shartnomalar boʻyicha bajarilishiga yoʻl qoʻyilmaydigan ishlar turlari;

autstaffing shartnomasining shartlari, ushbu shartnoma boʻyicha autstaffer tomonidan yuborilgan xodimlar bilan mehnat munosabatlarini tartibga solish.

3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda Oʻzbekiston Respublikasi kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vaziri B.E. Zaxidov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 25-oktabrdagi 706-son qaroriga ILOVA

Autstaffing xizmatlarini koʻrsatish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom yuridik shaxslar tomonidan boshqa yuridik shaxslarga autstaffing xizmatlari koʻrsatilishi tartibini belgilaydi.

2. Mazkur Nizomda quyidagi tushunchalardan foydalaniladi:

autstaffer — belgilangan tartibda autstaffing xizmatlarini koʻrsatish uchun qabul qiluvchi tashkilot bilan autstaffing shartnomasini tuzgan yuridik shaxs (ish beruvchi);

autstaffing xizmati — autstaffer tomonidan oʻz xodimlarini ularning roziligi bilan boshqa yuridik shaxslarga (qabul qiluvchi tashkilotga) ushbu xodimlar tomonidan autstaffer va uning xodimi oʻrtasida tuzilgan mehnat shartnomalarida hamda jamoa kelishuvlarida belgilangan mehnat vazifalarini bajarish uchun vaqtincha yuborish yoʻli bilan koʻrsatiladigan xizmat turi;

autstaffing shartnomasi — qonunchilikka muvofiq autstaffer va qabul qiluvchi tashkilot oʻrtasida xodimlarni vaqtincha ish bilan taʼminlash boʻyicha pulli xizmatlarni koʻrsatish toʻgʻrisida tuzilgan shartnoma. Bunda shartnomaga muvofiq autstaffer oʻz xodimlarining roziligi bilan qabul qiluvchi tashkilotning manfaatlari, boshqaruvi va nazorati ostida ushbu xodimlarni mehnat vazifalarini bajarish uchun vaqtincha yuboradi;

qabul qiluvchi tashkilot — autstaffer bilan autstaffing shartnomasini tuzgan yuridik shaxs. Bunda shartnomaga muvofiq qabul qiluvchi tashkilot vaqtincha oʻz manfaatlari nuqtai nazaridan oʻz boshqaruvi va nazorati ostida yuborilgan xodimlarning mehnatidan foydalanadi;

yuborilgan xodim — mehnat shartnomasi tuzilgan holda autstafferning shtatida turib, autstaffing tartibida qabul qiluvchi tashkilotning boshqaruvi va nazorati ostida uning manfaatlari uchun ishlashga yozma rozilik bergan xodim.

3. Autstaffer tomonidan oʻz xodimlarining mehnat vazifalarini Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqarida bajarish uchun yuborilishi bilan bogʻliq autstaffing xizmatlarini koʻrsatishga yoʻl qoʻyilmaydi.

4. Autstaffing xizmatlari ushbu Nizomga ilovaga muvofiq sxema boʻyicha belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasi hududida roʻyxatdan oʻtgan yuridik shaxslar tomonidan koʻrsatiladi.

2-bob. Autstaffing shartnomasi

5. Autstaffer qonunchilik hujjatlariga muvofiq qabul qiluvchi tashkilot bilan autstaffing shartnomasini tuzadi.

6. Qabul qiluvchi tashkilotga autstaffer tomonidan kasbiy malaka talablariga muvofiq zarur miqdordagi xodimlarning ishga yuborilishi autstaffing shartnomasining predmeti hisoblanadi va pulli xizmatlar koʻrsatilishi aniq belgilanadi.

7. Autstaffing shartnomasi boʻyicha:

a) autstafferning asosiy majburiyatlari quyidagilardan iborat:

xodimlarning roziligi bilan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda mehnat shartnomalarini tuzish, shuningdek, mehnat qonunchiligi hamda ushbu mehnat shartnomalari shartlariga rioya qilish;

qabul qiluvchi tashkilotlarga tegishli malakaga ega boʻlgan va zarur miqdordagi xodimlarni yuborish;

yuborilgan xodimlar ish joylariga oʻz vaqtida kelishini taʼminlash;

yuborilgan xodimlarga ish haqi oʻz vaqtida toʻlanishini taʼminlash;

yuborilgan xodimlarning ishlab chiqarishdagi baxtsiz hodisalar va kasb kasalliklaridan ish beruvchining fuqarolik javobgarligini majburiy sugʻurtalash;

yuborilgan xodimlarni qonunchilik hujjatlarida hamda ichki hujjatlarda (jamoa shartnomasi, mehnat shartnomasi va boshqalar) nazarda tutilgan kafolatlar, imtiyozlar va boshqa toʻlovlar bilan taʼminlash;

yuborilgan xodimlarning qonunchilik hujjatlarida, jamoa kelishuvida, jamoa shartnomasida va mehnat shartnomasida belgilangan tartibda hamda muddatlarda dam olishini taʼminlash;

yuborilgan xodimlar bilan mehnat shartnomasini tuzishda qabul qiluvchi tashkilotga oid tijorat va xizmat maʼlumotlari (axborotlari) qabul qiluvchi tashkilotning ruxsatisiz oshkor etilmasligini belgilash;

b) qabul qiluvchi tashkilotning asosiy majburiyatlari quyidagilardan iborat:

yuborilgan xodimlarni ish bilan taʼminlash va ish vaqti rejimiga rioya qilish;

yuborilgan xodimlarni mehnatni tashkil etish talablari, mehnatni muhofaza qilish va yongʻin xavfsizligi hamda boshqa zarur talablar bilan tanishtirish;

yuborilgan xodimlarni mehnat vazifalarini bajarishi uchun talab qilinadigan malakaga muvofiq zarur boʻlgan asbob va uskunalar, texnik hujjatlar hamda boshqa vositalar bilan taʼminlash;

yuborilgan xodimlarning mehnatni muhofaza qilish normativ talablariga muvofiq boʻlgan mehnat xavfsizligi va shart-sharoitlarini taʼminlash;

yuborilgan xodimlar mehnatini boshqarish, shu jumladan, mehnatni tashkil etish, ish vaqtini hisobga olish va mehnat meʼyorlariga rioya qilish;

autstafferga yuborilgan xodimlar mehnatidan qabul qiluvchi tashkilot tomonidan amalda foydalanishning muvofiqligi, shuningdek, mehnat qonunchiligi normalariga muvofiqligi ustidan nazoratni amalga oshirish uchun sharoit yaratish.

Autstaffing shartnomasining taraflari qonunchilik hujjatlarida yoki shartnomada toʻgʻridan-toʻgʻri belgilangan boshqa, shuningdek, autstaffing shartnomasi orqali xodim qabul qiluvchi tashkilotga yuborilganda, uning yashash joyi bilan bogʻliq xarajatlarni bartaraf etish hamda farzandlarining taʼlim (davlat umumtaʼlim maktabi va maktabgacha taʼlim tashkiloti) bilan taʼminlanishi kabi majburiyatlarga ega boʻlishi mumkin.

8. Autstaffing xizmatlari uchun toʻlov autstafferga qabul qiluvchi tashkilot tomonidan toʻlanadi va quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

yuborilgan xodimlarning ish haqi, ish haqiga tenglashtirilgan boshqa toʻlovlar va nafaqalarni toʻlash uchun autstafferning xarajatlari;

autstaffing xizmatlarini bajarish bilan bogʻliq boʻlgan autstafferning qoʻshimcha xarajatlari;

autstafferning koʻrsatilgan xizmat uchun tadbirkorlik daromadlari.

Autstaffing shartnomasida autstaffing xizmatlari uchun toʻlovlarni toʻlash tartibi (hisob-kitob qilish tartibi, davriyligi va boshqalar) koʻzda tutiladi.

9. Autstaffing shartnomasida autstaffer tomonidan qabul qiluvchi tashkilot manfaatlari uchun ishlarni bajarishda xodimlarni yuborish muddati, shuningdek, qabul qiluvchi tashkilotga yuborilgan xodimlarning mehnat huquqlariga rioya etishi ustidan autstaffer tomonidan nazorat mexanizmlari belgilab qoʻyilishi shart.

10. Shartnomaga ilova sifatida yuborilgan xodimlar boʻyicha maʼlumotlar, ularning malakasini koʻrsatgan holda ish turlari roʻyxati va autstaffing shartnomasi shartlarini aniq koʻrsatadigan boshqa maʼlumotlar boʻlishi mumkin.

11. Autstaffing shartnomasi boʻyicha qabul qiluvchi tashkilotga yuborilgan xodim bilan mehnat munosabatlaridan kelib chiqadigan autstafferning majburiyatlari, shu jumladan:

ish haqi, mehnat taʼtili toʻlovi va mehnatga vaqtincha qobiliyatsizlik boʻyicha nafaqa, mehnat shartnomasi bekor qilinganidan keyin toʻlovlar;

mehnatda mayib boʻlish yoki kasb kasalligi bilan bogʻliq kompensatsiya toʻlovlar;

qonunchilik hujjatlari va mehnat shartnomasiga asosan xodimga tegishli boʻlgan boshqa toʻlovlar toʻgʻrisida qabul qiluvchi tashkilot subsidiar javobgarlikni oʻz zimmasiga oladi.

12. Autstaffing shartnomasi taraflarning kelishuvi yoki shartnomaning oʻzida nazarda tutilgan shartlar asosida bekor qilinadi.

3-bob. Autstaffing shartnomasi boʻyicha bajarilishiga yoʻl qoʻyilmaydigan ishlar turlari

13. Autstaffing shartnomasi boʻyicha quyidagi ishlar bajarilishiga yoʻl qoʻyilmaydi:

qonunchilik hujjatlariga muvofiq yuqori xavfli obyektlar (uskunalar) sifatida tasniflangan obyektlar va uskunalar, shu jumladan, portlash va yongʻin xavfi bor, agressiv (tajovuzkor) va (yoki) radioaktiv xavfli asbob-uskunalar boʻyicha ishlarni bajarishda;

qabul qiluvchi tashkilotida toʻlovga qobiliyatsizlik tartib-taomillarini amalga oshirish ishlari bajarilganda, ish joylarini saqlab qolish uchun toʻliq boʻlmagan ish vaqtini kiritganda, shuningdek, xodimlarni ommaviy ravishda ishdan ozod qilish xavfi mavjud boʻlgan taqdirda.

Qonunchilik hujjatlarida xodimlarni autstaffing xizmatlarini koʻrsatish tartibida yoʻnaltirish boʻyicha boshqa cheklovlar ham koʻzda tutilishi mumkin.

14. Autstaffing shartnomasi orqali xodimlarni qabul qiluvchi tashkilotga yuborish muddati bir kalendar yil davomida toʻqqiz oydan oshmasligi kerak.

Taraflarning kelishuvi va xodimning roziligi bilan ushbu bandning birinchi xatboshisida koʻrsatilgan muddat uzaytirilishi mumkin.

4-bob. Autstaffing shartnomasi boʻyicha autstaffer tomonidan yuborilgan xodimlar bilan mehnat munosabatlarini tartibga solishning oʻziga xos xususiyatlari

15. Autstaffer xodimni autstaffing shartnomasi boʻyicha qabul qiluvchi tashkilotga ishlashga yuborganda, xodim va autstaffer oʻrtasidagi mehnat munosabatlari davom etadi.

16. Autstaffing shartnomasi asosida xodimlarni qabul qiluvchi tashkilotga yuborish autstaffer va xodim oʻrtasida tuzilgan mehnat shartnomasidagi autstafferning majburiyatlarini bajarish javobgarligidan ozod qilmaydi.

17. Qabul qiluvchi tashkilotga ishlashga yuborilgan xodim bilan autstaffer tomonidan tuzilgan mehnat shartnomasi xodimning autstaffer buyrugʻi bilan qabul qiluvchi tashkilotning manfaatlari, boshqaruvi va nazorati ostida maʼlum bir mehnat vazifasining xodim tomonidan bajarilishi shartini oʻz ichiga olishi kerak.

18. Autstaffer tomonidan qabul qiluvchi tashkilotga yuborilgan xodimlar ish haqi va mehnat sharoitlari xuddi shunday mehnat vazifalarini bajaradigan va bir xil malakaga ega boʻlgan qabul qiluvchi tashkilot xodimlarining ish haqi va mehnat sharoitlaridan past (yomon) boʻlmasligi kerak.

19. Xodim va autstaffer oʻrtasidagi yakka tartibdagi mehnat munosabatlari davri toʻgʻrisidagi maʼlumotlar belgilangan tartibda xodimning mehnat daftarchasiga (elektron mehnat daftarchasiga) kiritiladi.

Xodimning iltimosiga binoan qabul qiluvchi tashkilotdagi mehnat toʻgʻrisidagi maʼlumotlar xodimning mehnat daftarchasiga (elektron mehnat daftarchasiga) autstaffer tomonidan kiritiladi.

20. Autstaffer tomonidan yuborilgan xodimlarning autstaffing tartibida ishlashiga oid maʼlumotlar (mehnat shartnomasi, qoʻshimcha kelishuv, buyruq raqami va sanasi, qabul qiluvchi tashkilot nomi va soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami va jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR), xodimlarni qabul qiluvchi tashkilotga yuborish muddati) “Yagona milliy mehnat tizimi” idoralararo dasturiy-apparat kompleksiga kiritiladi.

21. Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi autstafferlar va yuborilgan xodimlarga oid maʼlumotlarning “Yagona milliy mehnat tizimi” idoralararo dasturiy-apparat kompleksida roʻyxatdan oʻtkazilishini, ushbu Nizom va boshqa mehnat qonunchiligi talablariga rioya etilishini nazorat qiladi.

22. Yuborilgan xodimlar qabul qiluvchi tashkilotning mehnatni tashkil etish, mehnatni muhofaza qilish, yongʻin xavfsizligi va mehnat vazifalarini bajarish uchun zarur boʻlgan boshqa talablarga rioya qilishi shart.

23. Qabul qiluvchi tashkilotda yuborilgan xodim bilan ishlab chiqarishdagi baxtsiz hodisa sodir boʻlgan taqdirda, ushbu tashkilot tomonidan autstaffer vakilining majburiy ishtirokida baxtsiz hodisani tekshirish uchun komissiya tuziladi.

Ishlab chiqarishdagi baxtsiz hodisa qonunchilik hujjatlariga muvofiq tekshiriladi.

24. Davlat tashkilotlari qabul qiluvchi tashkilot boʻlgan taqdirda:

yuborilgan xodimlarning malaka talablari ushbu xodim tomonidan vazifasini bajaradigan kasb (lavozim) uchun qonunchilikda belgilangan malaka talablariga mos boʻlishi;

yuborilgan xodimlarni shtatlar jadvalida belgilangan xodimlar soni doirasida qabul qilishi lozim.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

25. Autstaffer va xodim oʻrtasidagi mehnat nizolari qonunchilikda belgilangan tartibda hal etiladi.

26. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

Autstaffing xizmatlarini koʻrsatish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Autstaffing xizmatlarini koʻrsatish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Qabul qiluvchi tashkilot (yuridik shaxs) 1. Autstaffing asosida qabul qilish uchun zarur boʻlgan qoʻshimcha xodimlarga boʻlgan ehtiyojni xodimlar soniga qarab belgilaydi. 2. Autstaffing xizmatlarini koʻrsatish boʻyicha autstafferga taklif (oferta) bilan murojaat qiladi. Zaruratdan kelib chiqib 2-bosqich Autstaffer, qabul qiluvchi tashkilot Autstaffing shartnomasini tuzadi. Kelishuv asosida 3-bosqich Autstaffer Autstaffer shtatidagi xodimlar bilan qabul qiluvchi tashkilotda ishlarni autstaffing tartibida amalga oshirish uchun mehnat shartnomasiga qoʻshimcha kelishuvlar (mehnat shartnomasiga ilova) tuzadi. Zaruratga koʻra keyinchalik qabul qiluvchi tashkilotga joʻnatish uchun talab qilinadigan malakaga ega qoʻshimcha xodimlarni jalb qiladi. Zaruratga koʻra shartnomaga muvofiq qabul qiluvchi tashkilotga yuboriladigan xodimlarning roʻyxatini shakllantiradi. Autstaffing shartnomasida nazarda tutilgan muddatda 4-bosqich Autstaffer Xodimlarni qabul qiluvchi tashkilotga yetkazib beradi. Zaruratga koʻra qabul qiluvchi tashkilotga yuborilgan xodimlar tomonidan mehnat shartnomasi va qoʻshimcha kelishuv shartlariga rioya qilinishini nazorat qiladi. Har bir qabul qilingan xodim uchun ishlagan vaqti va ish haqi toʻgʻrisida hisobot tuzadi 5-bosqich Qabul qiluvchi tashkilot 1. Har bir yuborilgan xodim uchun ishlagan vaqti va ish haqi toʻgʻrisida hisobot tuzadi. Har oyda 2. Autstaffing shartnomasiga muvofiq autstafferga xizmatlari uchun toʻlovni amalga oshiradi. Autstaffing shartnomasidagi shartlarga muvofiq 6-bosqich Autstaffer Qabul qiluvchi tashkilotga yuborilgan xodimlarga ish haqi toʻlaydi. Har oyda kamida 2 marotaba 7-bosqich Autstaffer, qabul qiluvchi tashkilot 1. Bajarilgan ishlarning dalolatnomasini tuzadi. 2. Talabnoma yuboradi. 3. Autstaffing shartnomasi shartlariga muvofiq toʻliq hisob-kitobni amalga oshiradi. Autstaffing shartnomasi muddati tugagandan 10 kundan kechikmay

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2024-yil 25-oktabr,

706-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 26.10.2024-y., 09/24/706/0853-son)

lex.uz