📅 2024-yil 28-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 28-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 28 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 28 октября 2024 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 28 October 2024 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
НИЗОМ
ТАРКИБИ
НИЗОМ
РЎЙХАТИ
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлигининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлигининг фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 24 майдаги ПҚ-188-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлигининг Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;
Атом энергияси ва ядро технологияларини жорий этиш бўйича республика идоралараро илмий-техник кенгаши таркиби 3-иловага мувофиқ;
Атом энергияси ва ядро технологияларини жорий этиш бўйича республика идоралараро илмий-техник кенгаш тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 5-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорлари 6-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги директори А.И. Ахмедхаджаев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 28 октябрдаги 709-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, фаолиятини ташкил этиш тартиби, шунингдек, Агентлик директори ва унинг ўринбосарларининг асосий функционал вазифалари ва жавобгарлигини белгилайди.
2. Агентлик атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасида давлат сиёсати ва стратегик йўналишларини амалга оширувчи ягона республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.
3. Агентлик бевосита Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади ва фаолияти юзасидан ҳисобот беради.
4. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низом ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
5. Агентликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ижро этилиши мажбурий ҳисобланади.
6. Агентлик Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида шахсий ғазна ҳисобварақларига, шу жумладан хорижий валютадаги шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.
7. Агентликнинг расмий номи:
а) давлат тилида:
тўлиқ номи — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги;
қисқартирилган номи — «Ўзатом» агентлиги;
б) рус тилида:
тўлиқ номи — Агентство по атомной энергии при Кабинете Министров Республики Узбекистан;
қисқартирилган номи — Агентство «Узатом»;
в) инглиз тилида:
тўлиқ номи — Atomic energy agency under the Cabinet of Ministers of the Republic of Uzbekistan;
қисқартирилган номи — «Uzatom» Agency.
8. Агентликнинг жойлашган жойи (почта манзили):
Тошкент шаҳри, Ойбек кўчаси, 26/1.
9. Агентликнинг ташкилий тузилмасига қуйидагилар киради:
марказий аппарат;
«Атом электр станцияси қурилиши дирекцияси» давлат корхонаси;
Тошкент шаҳридаги «ММФИ» миллий тадқиқот ядро университети филиали.
Агентлик томонидан таъсис этилган ва улушида Агентликнинг ҳиссаси бўлган бошқа ташкилотлар.
2-боб. Агентликнинг асосий вазифалари ва функциялари
10. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;
атом энергиясидан фойдаланиш соҳасига доир давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;
атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида хавфсизликни таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш;
атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, шунингдек, мазкур соҳадаги норма ва қоидаларни ўз ваколатлари доирасида ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш;
тасарруфидаги атом энергиясидан фойдаланиш объектларида ёнғин хавфсизлиги чоралари ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини ташкил этиш;
тасарруфидаги атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг жисмоний ҳимоясини таъминлаш чораларини кўриш;
тасарруфидаги ядровий қурилмаларни ва (ёки) сақлаш пунктларини тадқиқ этишга, жойлаштиришга, лойиҳалаштиришга, барпо этишга ҳамда улардан фойдаланишга оид ишларни ташкил этиш;
фундаментал тадқиқотларнинг, илмий изланиш, тажриба-конструкторлик ва инновацион ишларнинг лойиҳаларини тайёрлаш ҳамда амалга оширишга, илғор технологияларни жорий этишга кўмаклашиш;
тасарруфидаги атом энергиясидан фойдаланиш объектларида радиация ва ядро хавфсизлиги тизимини яратиш ҳамда такомиллаштириш;
тасарруфидаги атом энергиясидан фойдаланиш объектларидаги ядровий материаллар ва технологияларнинг, радиоактив материалларнинг тарқалиб кетмаслиги, шунингдек, радиация ҳамда ядро хавфсизлигини таъминлашга доир тадбирларни амалга ошириш юзасидан чоралар кўриш;
атом энергиясидан фойдаланиш объектларини эксплуатация қилиш учун зарур бўлган кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини, шу жумладан, чет элда ташкил этиш;
аварияга оид ташқи ва ички режани ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида радиациявий вазиятни мониторинг қилишнинг ягона автоматлаштирилган давлат тизимини ташкил қилишда ва унинг ишлашида иштирок этиш;
ядровий материаллар, ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғи ва радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўйича дастурларнинг шакллантирилишини ва рўёбга чиқарилишини таъминлашни идоравий назорат қилиш;
ядровий қурилмаларнинг ва (ёки) сақлаш пунктларининг бош (илмий, конструкторлик ва лойиҳалаштириш) ташкилотларини белгилаш, улар тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш;
атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш, атом энергиясидан тинчлик йўлида фойдаланиш соҳасидаги халқаро шартномалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш.
11. Агентлик ўзига юкланган атом энергиясидан тинчлик мақсадида фойдаланиш йўналишида қуйидаги вазифа ва функцияларни амалга оширади:
а) атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш йўналишида:
атом энергиясидан фойдаланиш, ядро технологияларини жорий этиш ҳамда миллий ядровий инфратузилмани ривожлантириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишларини шакллантиради ва амалга оширади;
атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ҳамда Атом энергияси ва ядро технологияларини жорий этиш бўйича республика идоралараро илмий-техник кенгаши (кейинги ўринларда — Кенгаш) тавсияларини инобатга олган ҳолда белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади;
тиббиёт, саноат, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида ядро технологияларини, шу жумладан, ионлаштирувчи нурланиш асосида ишлайдиган қурилмаларни (тезлаткичлар, циклотронлар ва бошқалар) жорий этиш бўйича концепция, стратегия ва давлат дастурлари лойиҳаларини, ягона давлат сиёсатини амалга ошириш доирасида таклифлар ишлаб чиқади ва Кенгаш тавсияларини инобатга олган ҳолда белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади;
атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш билан боғлиқ товарларни (ишлар, хизматларни) экспорт ва импорт қилиш фаолиятини такомиллаштиришда тегишли таклифларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади;
б) республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш йўналишида:
республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотларининг атом энергиясидан фойдаланиш ва ядро технологияларини, шу жумладан, ионлаштирувчи нурланиш асосида ишлайдиган қурилмаларни (тезлаткичлар, циклотронлар ва бошқалар) жорий этиш ҳамда миллий ядровий инфратузилмани ривожлантириш бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради, такомиллаштиради, тавсиялар ишлаб чиқади ҳамда биргаликда ишларни амалга оширишни ташкил қилади;
в) атом энергиясидан фойдаланиш соҳасига доир давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш йўналишида;
атом энергиясидан фойдаланиш ва ядро технологияларини жорий этиш ҳамда миллий ядровий инфратузилмани ривожлантириш бўйича давлат сиёсатини амалга оширади;
миллий ядровий инфратузилмани ривожлантириш бўйича концепция, стратегия ва давлат дастурлари лойиҳаларини ишлаб чиқади ва Кенгаш тавсияларини инобатга олган ҳолда белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади;
радиация, ядро, саноат ва экологик хавфсизликнинг халқаро талабларига мувофиқ бўлган замонавий технологиялар ва асбоб-ускуналарни жорий этган ҳолда, атом энергетикаси объектларини қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича қисқа муддатли ва узоқ муддатли дастурларни ишлаб чиқади;
тиббиёт, саноат, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида инновацион ядро технологияларини жорий этиш бўйича инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади, шунингдек, атом энергиясидан фойдаланиш соҳасига хорижий инвестициялар ва илғор технологияларни жалб этиш мақсадида халқаро молия институтлари, донор мамлакатлар, компания ва банклар, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳамкорликни амалга оширади;
Агентлик ва тизим ташкилотлари фаолиятида замонавий рақамли технологияларни жорий этади;
г) атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида хавфсизликни таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш йўналишида:
атом энергиясидан фойдаланиш объектларини эксплуатация қилишда хавфсизлик чораларини таъминлайди;
объектнинг аҳоли ва атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш тузилмаси, жумладан, экологик хавфсизликни таъминлаш концепцияси ва мезонларини ишлаб чиқади;
тасарруфидаги энергетик атом реакторлари, ядро-физик қурилмалар, ядровий материаллар ва радиациявий манбаларни сақлаш пунктлари, шунингдек, радиоактив чиқиндиларни кўмиш пунктларини атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигини давлат томонидан тартибга солиш бўйича алоҳида ваколатларга эга бўлган давлат органлари талаблари ва тавсияларига кўра саноат, ядровий, радиациявий ва экологик хавфсизликни таъминлаш, уларнинг даражасини ошириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқади;
тизимидаги ташкилотлар билан биргаликда тегишли атом энергиясидан фойдаланиш объектларида хавфсизликни таъминлаш даражасини ошириш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирларни амалга оширишни таъминлайди;
атом энергиясидан фойдаланиш ва ядро технологияларини жорий этишда ва миллий ядровий инфратузилмани ривожлантириш фаолиятини илмий-технологик ва методик таъминлашни ташкил этади;
радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларини ўз ваколатлари доирасида ташкил этади ва методик жиҳатдан қўллаб-қувватлайди;
атом энергиясидан фойдаланиш объектлари ва радиациявий хавфли объектларнинг объект даражасидаги ўлчов воситалари ва тармоқлари самарали фаолият юритишини, шунингдек, уларнинг маҳаллий ва республика даражасидаги радиациявий вазиятни мониторинг қилиш тизими билан уйғунлашувини таъминлайди;
д) атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, шунингдек, мазкур соҳадаги норма ва қоидаларни ўз ваколатлари доирасида ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш йўналишида:
ўз ваколатлари доирасида атом энергиясидан фойдаланишни ва ядро технологияларини жорий этади, миллий ядровий инфратузилмани ривожлантириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади, бошқа манфаатдор вазирлик ва ташкилотлар билан белгиланган тартибда келишади ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритади;
республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ва бошқа манфаатдор ташкилотларининг атом энергиясидан фойдаланиш ва ядро технологияларини жорий этиш ҳамда миллий ядровий инфратузилмани ривожлантириш бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиб, белгиланган тартибда келишиб беради;
ўз ваколатлари доирасида идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни белгиланган тартибда қабул қилади;
е) тасарруфидаги атом энергиясидан фойдаланиш объектларида ёнғин хавфсизлиги чоралари ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини ташкил этиш йўналишида:
тасарруфидаги ядровий қурилмалар ва сақлаш пунктларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ва дастурларни ишлаб чиқади ва амалга оширишни ташкил этади;
ишлаб чиқилган ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларини ва дастурларини тизимидаги ташкилотлар томонидан амалга оширилишини мониторинг қилади ва тегишли чораларни кўради;
ж) тасарруфидаги атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг жисмоний ҳимоясини таъминлаш чораларини кўриш йўналишида:
тасарруфидаги атом энергиясидан фойдаланиш объектларини жисмоний ҳимоя қилишнинг техник ва ташкилий чораларини ишлаб чиқади ва амалга оширишни ташкил этади;
тасарруфидаги атом энергиясидан фойдаланиш объектларини жисмоний ҳимоя қилишни таъминлашда лойиҳалаштириш, барпо этиш, ишга тушириш, фойдаланиш ва фойдаланишдан чиқаришнинг барча босқичларида амалга оширилишини ташкил этади;
з) тасарруфидаги ядровий қурилмаларни ва (ёки) сақлаш пунктларини тадқиқ этишга, жойлаштиришга, лойиҳалаштиришга, барпо этишга ҳамда улардан фойдаланишга оид ишларни ташкил этиш йўналишида:
тасарруфидаги ядровий қурилмаларни ва (ёки) сақлаш пунктларини тадқиқ этишга, жойлаштиришга, лойиҳалаштиришга, қурилишига, улардан фойдаланишга, барпо этиш бўйича битим ва шартномалар тузишга оид чораларни кўради, ишларни мувофиқлаштиради;
тасарруфида ядровий қурилмалар ва (ёки) сақлаш пунктларини барпо этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини тегишли вазирлик ва идоралар билан келишади ҳамда Кенгаш тавсияларини инобатга олган ҳолда белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади;
и) фундаментал тадқиқотларнинг, илмий изланиш, тажриба-конструкторлик ва инновацион ишларнинг лойиҳаларини тайёрлаш ҳамда амалга оширишга, илғор технологияларни жорий этишга кўмаклашиш йўналишида:
атом илм-фани ва ядро технологияларини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни, фундаментал тадқиқотлар, илмий изланишлар, тажриба-конструкторлик ва инновацион ишлар лойиҳаларини тайёрлайди, амалга оширади ҳамда илғор технологияларни жорий этади;
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида илғор технологияларни жорий этиш бўйича фундаментал тадқиқотлар, илмий-қидирув, тажриба-конструкторлик ва инновацион ишлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан биргаликда тармоқни ривожлантиришнинг ҳар йилги, ўрта муддатли ва узоқ муддатли дастурлари доирасида атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларининг устувор йўналишларини белгилайди;
юкланган вазифалар доирасида бевосита ёки тизимидаги ташкилотлар орқали хорижий соҳавий идоралар, илмий ва таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилади;
к) тасарруфидаги атом энергиясидан фойдаланиш объектларида радиация ва ядро хавфсизлиги тизимини яратиш ҳамда такомиллаштириш йўналишида:
атом энергиясидан фойдаланиш объектларида радиациявий, ядровий ва экологик хавфсизлик тизимини яратади ва такомиллаштиради;
қурилиш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, объектни ишлатиш ва эксплуатация қилиш пайтида, шунингдек, бахтсиз ҳодисалар юз берганда, замонавий автоматлаштирилган тизимлар ва масофадан туриб мониторинг ёрдамида экотизимнинг барча таркибий қисмларининг ўзгариши бўйича саноат экологик назорати (мониторинги) дастурини ишлаб чиқади;
атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигини давлат томонидан тартибга солиш бўйича алоҳида ваколатларга эга бўлган давлат органлари кўрсатма ва тавсияларини инобатга олган ҳолда, тасарруфидаги атом энергиясидан фойдаланиш объектларида радиациявий ва ядровий хавфсизлик тизимини такомиллаштиради;
л) тасарруфидаги атом энергиясидан фойдаланиш объектларидаги ядровий материаллар ва технологияларнинг, радиоактив материалларнинг тарқалиб кетмаслиги, шунингдек, радиация ҳамда ядро хавфсизлигини таъминлашга доир тадбирларни амалга ошириш юзасидан чоралар кўриш йўналишида:
атом энергиясидан фойдаланиш объектларидаги ядровий материаллар ва технологияларнинг, радиоактив материалларнинг тарқалиб кетмаслигига доир тадбирларни амалга ошириш чораларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;
ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғи, атом энергиясидан фойдаланиш объектларини фаолият юритиш жараёнида ҳосил бўлган радиоактив чиқиндиларнинг ҳисоб-китоби юритилишини таъминлайди;
атом энергиясидан фойдаланиш объектларида энергия ресурсларини тежаш, уларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида энергоаудит жараёнини ўтказилишини таъминлайди;
атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги махфий маълумотларнинг айланмасини қонунчиликда белгиланган тартибда ҳимоя қилиш бўйича битим ва шартномалар тузади ва қабул қилинган мажбуриятлари бажарилишини таъминлайди;
радиациявий хавфсизликнинг асосий тамойиллари ва стандартларига риоя қилиш, шунингдек, атроф-муҳитга радиациявий таъсирни чеклаш орқали ходимлар ва аҳоли саломатлигини ионлаштирувчи нурланишнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида самарали радиациявий ҳимояни яратади;
лойиҳа ҳужжатларида қабул қилинган техник ечимлар амалдаги қонунчилик талабларига, қоидаларга, шунингдек, атроф-муҳит хавфсизлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, санитария-эпидемиология хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан Халқаро атом энергия агентлиги тавсияларига мувофиқлигини таъминлаш;
м) атом энергиясидан фойдаланиш объектларини эксплуатация қилиш учун зарур бўлган кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини, шу жумладан, чет элда ташкил этиш йўналишида:
атом энергиясидан фойдаланиш объектларини эксплуатация қилиш, ядровий технологиялардан фойдаланиш ва миллий ядровий инфратузилмани ривожлантириш учун зарур бўлган кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ташкил этади;
атом энергиясидан тинчлик мақсадида фойдаланиш соҳасида кадрлар тайёрлашни, етакчи хорижий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида уларнинг малакасини оширишни ташкил этади;
ягона кадрлар сиёсати амалга оширилишини ишлаб чиқади ва таъминлайди ҳамда Агентлик, идоравий мансуб муассасалари ходимлари меҳнатига иш ҳақи тўлаш ва уларни ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини шакллантиради;
н) аварияга оид ташқи ва ички режани ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш йўналишида:
тасарруфидаги ядровий қурилма ва сақлаш пунктларида авариявий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва уларнинг бажарилишини назорат қилади;
тасарруфидаги ядровий қурилма ва сақлаш пунктларида авариявий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар режасини Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқади ва келишади;
тасарруфидаги ядровий қурилма ва сақлаш пунктларини эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан аварияга оид ташқи режа ҳисобга олинган ҳолда, аварияга оид ички режа ишлаб чиқилишини ҳамда хавфсизликни давлат томонидан тартибга солувчи органлар билан келишилишини ва тасдиқланишини таъминлайди ҳамда унинг бажарилишини назорат қилади;
о) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида радиациявий вазиятни мониторинг қилишнинг ягона автоматлаштирилган давлат тизимини ташкил қилишда ва унинг ишлашида иштирок этиш йўналишида:
республика ҳудудида радиациявий аварияларни прогноз қилиш, барвақт аниқлаш ва ҳаракат қилиш ҳамда радиациявий вазиятни мониторинг қилиш ягона давлат тизимини яратишда ва улардан фойдаланишда иштирок этади;
тасарруфидаги объектларда радиациявий авариялар содир бўлган тақдирда, куч ва воситаларнинг ҳаракатга тайёрлигини таъминлаш, шунингдек, аварияларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилишини идоравий назорат қилади;
п) ядровий материаллар, ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғи ва радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўйича дастурларнинг шакллантирилишини ва рўёбга чиқарилишини таъминлаш устидан идоравий назоратни амалга ошириш йўналишида:
ядровий материаллар, ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғи ва радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўйича дастурлар ижросининг идоравий назоратини таъминлайди;
ядровий материаллар, ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғи ва радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишга оид тартиб ва қоидаларни ишлаб чиқишда иштирок этади ҳамда дастурлар ижросини идоравий назорат қилади;
р) ядровий қурилмаларнинг ва (ёки) сақлаш пунктларининг бош (илмий, конструкторлик ва лойиҳалаштириш) ташкилотларини белгилаш, улар тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш йўналишида:
ядровий қурилмаларнинг ва (ёки) сақлаш пунктларининг бош (илмий, конструкторлик ва лойиҳалаштириш) ташкилотларини ўз ваколатлари доирасида белгилайди ҳамда ушбу ташкилотларнинг низомларини белгиланган тартибда тасдиқлайди;
с) атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш, атом энергиясидан тинчлик йўлида фойдаланиш соҳасидаги халқаро шартномалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш йўналишида:
атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида халқаро ва минтақалараро ҳамкорликни, шу жумладан, Халқаро атом энергияси агентлиги ҳамда шу соҳадаги бошқа ташкилотлар билан атом энергиясидан фойдаланиш объектларини хавфсиз эксплуатация қилишни таъминлаш соҳасида ҳамкорлик қилади;
атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасидаги халқаро битим ва шартномаларни имзолайди ҳамда улардаги Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятларини ваколатлари доирасида бажарилишини таъминлайди.
3-боб. Агентликнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги
12. Агентлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўз ваколати доирасида, шу жумладан, бошқа давлат органлари билан биргаликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш;
атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш масалаларида давлат органлари, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини белгиланган тартибда мувофиқлаштириш;
ўз ваколатига кирадиган масалаларни ҳал этиш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни давлат ташкилотларидан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;
ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича зарур статистика ахборотларини статистика органларидан текин олиш;
атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасида бажариладиган давлат ва тижорат лойиҳалари ҳамда дастурларида иштирок этиш;
ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича кенгашларни республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари ва мутахассисларини жалб этган ҳолда белгиланган тартибда ташкил этиш;
атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасида кадрлар тайёрлаш ва ходимлар малакасини ошириш учун идоравий илмий ва ўқув марказларини, хўжалик ҳисобидаги ахборот марказларини белгиланган тартибда ташкил этиш;
Агентлик атом электр станцияларини қуриш учун таъсис этган хўжалик юритувчи субъектларнинг устав капиталида, шунингдек, ядро технологияларидан фойдаланишни назарда тутувчи бошқа лойиҳаларда биргаликда молиялаштириш йўли билан иштирок этиш;
Агентлик ўз фаолиятини ташкил этишда ва такомиллаштиришда, жумладан, дизайн, маркетинг, молиявий, юридик ва бошқа хизматларни олишда давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ҳамда харид қилиш тартиб-таомилларига асосан шартномалар тузиш орқали халқаро ташкилотларни жалб қилиш;
ўз ваколатига киритилган масалаларни ишлаб чиқиш учун илмий ва бошқа ташкилотларни, хорижий ва миллий олимларни, экспертлар ҳамда мутахассисларни белгиланган тартибда жалб этиш ва уларнинг меҳнати (хизмати)га шартномалар асосида ҳақ тўлаш;
юқори малакали хорижий мутахассисларни белгиланган тартибда ишга қабул қилиш, шунингдек, Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан уларнинг меҳнатига миллий ёки чет эл валютасида (хориждаги ҳисобварақларга ўтказган ҳолда) ҳақ тўлаш;
атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасидаги жорий ва стратегик вазифаларни ёритиш учун ноширлик фаолиятини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга ошириш ҳамда оммавий ахборот воситаларини (матбуот органларини) таъсис этиш;
тизимидаги ташкилотларга тегишли мол-мулкини оператив бошқарув ҳуқуқи асосида ўтказиш тўғрисида Давлат активларини бошқариш агентлиги билан келишувга кўра қарор қабул қилиш;
биноларга хизмат кўрсатиш ишларини бажариш, асосий воситалардан ва инвентарлардан ҳамда хўжалик буюмларидан, автотранспорт, алоқа воситалари, ҳисоблаш, компьютер ва ташкилий техникани сақлаш ва улардан фойдаланиш, дастурий таъминот воситаларини харид қилиш ишларини бажариш юзасидан белгиланган тартибда шартномалар тузиш;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Агентликнинг ижтимоий инфратузилмасини ташкил этиш ва такомиллаштириш, Агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимлари меҳнатини рағбатлантириш тизимларини шакллантириш;
Агентлик ходимларини ва унинг тизимидаги ташкилотлар раҳбарларини, улар томонидан тегишли соҳадаги фаолиятининг асосий кўрсаткичлари бўйича параметрларнинг бажарилишини ҳисобга олган ҳолда, моддий рағбатлантириш тартиби, миқдори ва шартларини белгилаш;
юкланган топшириқ ва вазифаларни амалга ошириш доирасида консультантлар сифатида давлат органлари ва ташкилотлари, лойиҳа институтлари, илм-фан ва таълим муассасалари мутахассисларини тўғридан-тўғри шартномалар тузиш йўли билан жалб этиш;
ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмаларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига киритиш;
ўз ваколатига тааллуқли бўлган масалалар бўйича хорижий мамлакатларда, халқаро ва хорижий ташкилотларда, форумлар ва майдончаларда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини белгиланган тартибда ифодалаш;
атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан халқаро шартномалари лойиҳаларини келишиш учун Вазирлар Маҳкамасига ва бошқа мутасадди органларга киритиш;
Агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар мутахассисларини стажировкалардан ўтказиш, уларнинг малакасини ошириш, халқаро конференцияларда, бизнес-форумларда ва бошқа тадбирларда қатнашиш учун хорижий мамлакатларга белгиланган тартибда юбориш;
ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича хорижий давлатлар, халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот институтлари вакиллари билан белгиланган тартибда музокаралар ўтказиш;
тизимидаги ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги бўйича ишларни мувофиқлаштириш;
ушбу Низомда белгиланган мақсадларга эришишга йўналтирилган, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа фаолият турларини амалга ошириш.
13. Агентлик қуйидагилар учун жавоб беради:
атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш ва ядро технологияларини жорий этиш бўйича ягона давлат сиёсати самарали амалга оширилиши, шунингдек, юкланган вазифаларнинг сифатли бажарилиши;
атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш бўйича олдиндан чоралар кўрилиши;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати топшириқларини ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажариш, ўрта ва узоқ муддатли ривожланиш дастурлари ишлаб чиқилиши, уларнинг ижроси таъминланиши;
атом энергетикаси учун юқори малакали, олий ва ўрта махсус маълумотли, профессионал билимга эга бўлган мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва ушбу тармоқ ходимлари малакасини ошириш, шунингдек, уларнинг меҳнатини рағбатлантириш механизмларини такомиллаштириш бўйича тизимли чора-тадбирларнинг амалга оширилиши;
Агентликнинг фаолияти билан боғлиқ бўлган прогноз кўрсаткичларга эришиш соҳасидаги ишларнинг самарали ташкил этилиши;
Вазирлар Маҳкамасига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг сифати, шунингдек, Агентлик томонидан қабул қилинадиган қарорлар самарадорлиги ва натижадорлиги таъминланиши.
4-боб. Агентлик директори ва унинг ўринбосарларининг асосий функционал мажбуриятлари
14. Қуйидагилар Агентлик директорининг асосий функционал мажбуриятлари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этиш;
Агентлик фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан Агентликка юкланган вазифа ва функциялар бажарилишини ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва Вазирлар Маҳкамасининг топшириқларини бажариш;
ўз ўринбосари ва Агентликнинг бошқа мансабдор шахслари ваколатларини белгилаш ва вазифаларни тақсимлаш;
Агентлик фаолияти режалаштирилишини ташкил этиш, Агентликнинг даврий иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси топшириқларига ва ўз ташаббусига кўра норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини сифатли ишлаб чиқилишини, улар Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуни , Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти талабларига мувофиқ равишда ўз вақтида киритилишини ташкил этиш, уларнинг Вазирлар Маҳкамасида пухта ишланишида, Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти ҳузурида ҳимоя қилинишида ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида кўриб чиқилишида иштирок этиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва энергетика вазирининг қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари бажарилишини таъминлаш, мутасаддилик қилинадиган йўналиш ва таркибий бўлинмаларда ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 10 февралдаги ПФ-6166-сон Фармонига ва «Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 31 майдаги ПҚ-5132-сон қарорига мувофиқ таркибий бўлинма раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;
Агентлик раҳбарлари ва ходимлари хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг « Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида » 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва «Хорижий хизмат сафарларида бўлиш самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифларини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий масъулиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига мувофиқ ташкил этиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;
Агентлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича кўрсатмалар чиқариш, буйруқлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, зарур бўлганда бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда тегишли қарорлар қабул қилиш;
Агентлик ходимлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 595-сон қарори билан тасдиқланган Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари асосида тасдиқланган Агентлик ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлашни назорат қилиш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ишларни Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни , Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги 341-сон қарори билан тасдиқланган Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низомга мувофиқ самарали ташкил этиш, жамоатчилик билан бевосита ва очиқ мулоқот ўрнатиш, шахсий қабуллар ўтказиш, шу жумладан, жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини жойларга бориб қабул қилишни ташкил этиш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотларда, Ўзбекистон Республикаси судларида, шунингдек, давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакат вакиллари иштирокида ўтказиладиган расмий тадбирларда Агентлик номидан иштирок этиш;
Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни ва коррупцияга қарши курашишга доир бошқа қонунчилик ҳужжатларига риоя этиш, фаолиятда коррупциявий хавф-хатарларни ва манфаатлар тўқнашувини ўз вақтида аниқлаш ҳамда уларга чек қўйиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш ҳамда тизимда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашишга доир ишларга раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш;
Ўзбекистон Республикасининг «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонуни ва манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга доир ишларга раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилишни ташкил этиш, Агентлик раҳбарлари ва ходимлари уларнинг фаолиятида фаол иштирок этишини, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан келиб тушган мурожаатларини ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқилишини таъминлаш;
Агентлик Ҳайъат мажлисларида раислик қилиш;
Агентликка юкланган вазифаларни бажариш учун шартнома асосида жалб этиладиган малакали хорижий мутахассислар хизматига ҳақ тўлаш шартларини халқаро амалиётдан келиб чиққан ҳолда белгилаш ҳамда уларга Жамғарма маблағлари ҳисобидан иш ҳақи ва бошқа тўловларни амалга ошириш;
Агентлик ходимларини уларнинг кўп йиллик ва самарали фаолияти, алоҳида хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотлари билан тақдирлаш учун белгиланган тартибда таклифлар киритишни таъминлаш ва тавсиялар бериш;
Агентлик мулкини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тасарруф этиш;
Агентлик ваколатига кирадиган масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини белгиланган тартибда имзолаш;
Агентликнинг ички ташкилий масалалари юзасидан қарорлар қабул қилиш;
Агентлик номидан бозор иштирокчиларига ёзма сўровлар юбориш;
Агентлик ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш, меҳнат шартномалари (буйруқлари)ни имзолаш;
Агентлик ходимларига вазифаларни юклаш;
Агентлик ходимларининг малакасини ошириш ва уларни хорижий давлатларга стажировка ва тажриба алмашиш учун юборишни ташкил этиш;
Агентлик ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилиш, ўз ўринбосарини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини, шу жумладан, келгусида унинг эгаллаб турган лавозимида қолишининг мақсадга мувофиқлиги масалаларини кўриб чиқиш тўғрисида таклифлар киритиш, унинг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича тизимли чораларни амалга ошириш;
Агентликнинг ташқи ва ички ташкилий фаолияти устидан доимий ва қатъий назорат ўрнатиш;
Агентликка киритилган таклифлар ва тақдим этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқилишини, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Регламенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламентида белгиланган муддатларда келишилиши (виза қўйилиши)ни таъминлаш;
давлат сирлари билан ишлашда қонунчилик талабларига риоя қилиш;
ходимларнинг белгиланган чекланган сони доирасида Агентлик штатлар жадвалини, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Агентликнинг харажатлари сметасини тасдиқлаш;
ушбу Низомда ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш.
15. Қуйидагилар Агентлик директори ўринбосарларининг асосий функционал мажбуриятлари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этиш;
Агентлик директори маълум сабабларга кўра (хизмат сафари, меҳнат таътили, бетоблиги даврида) йўқлигида унинг вазифаларини бажариш;
Агентликнинг ўзи назорат қиладиган таркибий тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат ва бевосита раҳбарлик қилиш, ходимлар ўртасида вазифаларни тақсимлаш;
Агентлик фаолиятининг ўзи мутасаддилик қиладиган йўналишларини янада такомиллаштириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан тасдиқланган комплекс дастур ва комплекс чора-тадбирлар ижросини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;
мутасаддилигидаги таркибий тузилмалар бўлинма раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам эшитиб бориш ва белгиланган кўрсаткичларга эришиш учун уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш;
Агентликнинг ва Агентлик директорининг буйруқ ҳамда топшириқлари ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш;
Агентликка киритилган таклифлар ва тақдим этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқиш;
ўзи назорат қиладиган идоравий мансуб тузилмаларда кадрларни белгиланган тартибда танлаш ва жой-жойига қўйиш бўйича Агентлик директорига таклифлар тақдим этиш, уларнинг профессионаллиги, ўз ишини билиши, юксак даражадаги ишчанлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлишини таъминлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш чораларини кўриш, мутасаддилик қилинадиган таркибий тузилмаларда кадрлар захирасини шакллантириш чораларини кўриш;
Агентлик ходимлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 595-сон қарори билан тасдиқланган Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари асосида тасдиқланган Агентлик ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ишларни Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни , Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги 341-сон қарори билан тасдиқланган Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низомга мувофиқ самарали ташкил этиш, жамоатчилик билан бевосита ва очиқ мулоқот ўрнатиш, шахсий қабуллар ўтказиш, шу жумладан, жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини жойларга бориб қабул қилишни ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни ва коррупцияга қарши курашишга доир бошқа қонунчилик ҳужжатларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонунига риоя қилиш ва манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга доир ишларни мувофиқлаштириш;
Агентлик фаолиятини такомиллаштириш бўйича амалий чоралар кўриш, ушбу соҳада қонунчиликни такомиллаштиришга доир таклифларни ишлаб чиқиб, кўриб чиқиш учун Агентлик директорига киритиш;
халқаро стандартларга мувофиқ атом энергияси соҳасидаги норматив базанинг тизимли асосда қайта кўриб чиқилишини ташкил этиш;
атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлаш;
хорижий давлатлар, халқаро ва хорижий ташкилотлар билан атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасини ривожлантириш ва тартибга солиш масалалари бўйича ҳамкорлик қилиш;
давлат сирлари билан ишлашда қонунчилик талабларига риоя қилиш.
5-боб. Агентлик раҳбарларининг жавобгарлиги
16. Агентлик директори:
Агентликка юкланган вазифа ва функцияларнинг бажарилиши учун;
Агентликнинг ушбу Низомда назарда тутилган жавобгарлик соҳалари бўйича ҳамда Низомнинг 14-бандида кўрсатилган ўз функционал мажбуриятларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.
17. Агентлик директори ўринбосарлари:
мутасаддилик қилинадиган йўналиш ва таркибий бўлинмаларда Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун;
ушбу Низомнинг 15-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб берадилар.
6-боб. Агентлик фаолиятини ташкил этиш
18. Агентликка Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.
Агентлик директорининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишган ҳолда, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.
Агентлик директори мақоми бўйича вазирнинг биринчи ўринбосарига тенглаштирилади.
19. Агентлик директори:
Агентлик фаолиятига якка тартибда раҳбарлик қилади;
Агентлик фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ва Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
Агентлик ходимларининг лавозим мажбуриятларини белгиланган тартибда тасдиқлайди;
ўз ваколати доирасида Агентлик ходимларининг бажариши мажбурий бўлган буйруқлар ва фармойишлар чиқаради, кўрсатмалар беради;
Директор қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин;
Директор бўлмаган даврда унинг ваколатларини вазифалар тақсимотига мувофиқ директор ўринбосарлари бажаради.
20. Агентлик ўз вазифалари ва функцияларини амалга оширишда республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.
7-боб. Агентлик Ҳайъати
21. Ҳайъат Агентликнинг коллегиал органи ҳисобланиб, директор (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари (лавозим бўйича), шунингдек, Агентлик фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинмалар раҳбарларидан иборат таркибда ташкил этилади.
Ҳайъат таркибининг сони ва шахсий таркиби белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
22. Ҳайъатга қуйидаги вазифалар юкланади:
Агентлик вазифаларининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларини ишлаб чиқиш ва амалга оширилишини назорат қилиш;
Агентлик фаолияти билан боғлиқ долзарб масалаларнинг жойларда муҳокама этилишини таъминлаган ҳолда ҳайъатнинг кенгайтирилган мажлислари ўтказилишини ташкил этиш, шунингдек, юзага келган муаммоларни ўз ваколатлари доирасида бартараф этиш бўйича тегишли қарорларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;
Агентлик таркибига кирувчи лавозимлар номенклатурасини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва топшириқларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Агентлик раҳбарлари ва ходимларининг ижро интизомини мустаҳкамлаш ва шахсий жавобгарлигини ошириш.
Ҳайъат, шунингдек, Агентлик ваколатига киритилган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқишга ҳақли.
23. Агентлик директори қарори билан қуйидагилар:
Ҳайъат иш режалари ва белгиланган вазифаларни бажариш муддатлари;
таклифлар ташаббуси билан чиқиш, лойиҳаларни бошлаш ва ҳисобот бериш тартиблари;
Ҳайъатнинг фаолиятини самарали таъминлаш учун Агентлик масъул таркибий бўлинмаларининг вазифалари тасдиқланиши мумкин.
24. Ҳайъат йиғилишига Агентлик ваколатига тегишли масалалар юзасидан республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари ва эксперт мутахассислар таклиф этилиши мумкин.
25. Ҳайъат мажлиси аъзоларининг ярмидан кўпи иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади. Ҳайъат қарорлари оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.
26. Директор ва Ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, директор ушбу келишмовчиликлар хусусида Вазирлар Маҳкамасига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот бериб, мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикрларини Вазирлар Маҳкамасига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига билдиришлари мумкин.
27. Ҳайъат ўз фаолияти учун зарур бўлган ҳужжатлар, ҳисоботлар ва бошқа маълумотларни сўраб олишга ҳақли.
28. Ҳайъат қарорлари Ҳайъат раиси томонидан имзоланади ва Агентлик буйруғи (қарори) билан амалга оширилади.
8-боб. Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторлари
29. Агентлик фаолиятининг самарадорлиги мунтазам баҳоланади.
30. Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигига берилган баҳо Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторларига асосланади.
31. Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича:
Агентлик раҳбарлари ва ходимларини қўшимча рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жавобгарликка тортиш;
Агентлик фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш чоралари кўрилади.
32. Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби ва услуби қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.
9-боб. Агентлик фаолиятини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш, унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ҳамда моддий рағбатлантириш
33. Агентликнинг моддий-техника таъминоти, ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш бўйича харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлигининг Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағлари ва қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.
34. Агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимларига умумий кўп йиллик хизмати учун (хусусий сектор, якка тартибдаги тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ишлаган давридан ташқари) рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда, лавозим маошига белгиланган коэффициентларда қуйидаги ҳажмларда ҳар чоракда устама тўланади:
3 йилдан 5 йилгача — 0,15;
5 йилдан 10 йилгача — 0,30;
10 йилдан 15 йилгача — 0,45;
15 йилдан 20 йилгача — 0,60;
20 йилдан ортиқ — 0,75.
Ушбу бандда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Жамғарма ҳисобидан тенг улушларда амалга оширилади.
35. Агентлик тузилмаси ва штатлар жадвали Агентлик директори томонидан тасдиқланади.
36. Агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлашда Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд органлари ва нотариал идоралар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг тариф сеткасини жорий этиш тўғрисида» 1996 йил 12 апрелдаги 147-сон қарорига 2-иловада кўрсатилган разрядлар қўлланилади.
Агентлик ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофот, қўшимча тўлов, устама ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа тўловлардан иборат бўлади;
Жамғарма маблағлари ҳисобидан Агентлик ходимларига эгаллаб турган лавозимлари бўйича лавозим маошларига қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан қатъи назар, устама ва бошқа рағбатлантирувчи тўловлар директор томонидан белгиланади;
Жамғарма маблағлари ёки қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан байрам саналари муносабати билан штат жадвалига кўра ходимлар лавозим маошига нисбатан мукофот тўланади.
37. Агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш қонунчиликда белгиланган разрядларига асосан бошқарув ходимларнинг лавозим маошини аниқлашда тариф коэффициентлари 1,8 бараварга оширилган ҳолда қўлланилади.
38. Агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимларига Жамғарма ҳисобидан қуйидагилар тўланади:
овқатланиш харажатларини қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача ҳар ойлик компенсация тўлови;
йўлкира харажатларини қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача ҳар ойлик компенсация тўлови (хизмат автотранспорт воситалари билан таъминланган ёки шахсий автотранспорт воситаларидан фойдаланганлик учун компенсация тўловларини оладиган ходимлар бундан мустасно);
ходим ҳар йиллик меҳнат таътилига чиқаётганда Жамоа шартномасида белгиланган миқдорларда моддий ёрдам ва компенсация тўловлари;
лавозим маошининг икки баравари миқдорида ҳар ойлик шахсий устама тўлов, бунда ушбу устама директор ва унинг ўринбосарларига лавозим маошининг бир ярим бараваридан ошмаслиги лозим;
Агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотлари раҳбарлари томонидан тасдиқланган энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) тизимига мувофиқ қуйидаги ҳажмларда:
директорга лавозим маошининг беш бараваригача;
директорнинг биринчи ўринбосари, бош муҳандиси ҳамда директор ўринбосарларига лавозим маошининг тўрт бараваригача;
директор маслаҳатчилари, бошқарма ва бўлим бошлиқларига лавозим маошининг уч ярим бараваригача;
бош мутахассисларга лавозим маошининг уч бараваригача;
етакчи мутахассислар ва ёрдамчи ходимларга лавозим маошининг икки ярим бараваригача ҳар ой мукофот пули тўланади;
хорижий тиллардан миллий ва халқаро сертификатга эга ходимларга лавозим маошига нисбатан 20 фоизгача қўшимча устама тўлов амалга оширилади.
Агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимларига умумий кўп йиллик хизмати учун рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда, лавозим маошига белгиланган коэффициентларда (мазкур Низомда белгиланган ҳажмларда) тўланадиган ҳар чораклик устаманинг тенг ярмини қоплаш орқали амалга оширилади.
39. Бир неча касб ва лавозимда ишлаганлик, хизмат кўрсатиш ҳудудини кенгайтирганлик, ходимлар сони камлиги (вакансиялар ҳисобига) сабабли иш ҳажми кўпайганлиги учун лавозим маошининг 50 фоизгача бўлган миқдорда қўшимча тўловлар амалга оширилади.
40. Хорижий мутахассислар ва халқаро маслаҳатчиларнинг иш ҳақи тузилган меҳнат шартномаларига мувофиқ тўланади.
41. Фахрий унвон ва илмий даражага эга бўлган ходимларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорларда қўшимча тўловлар амалга оширилади.
42. Агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимларининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) тизими асосида баҳолаш Агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотларида ташкил этиладиган комиссияси томонидан амалга оширилади.
Комиссия таркиби Агентлик (тизимидаги ташкилотлар) директорининг буйруғи билан тасдиқланади. Комиссия таркибига директор-комиссия раиси, директор ўринбосарлари, Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлими бошлиғи, юридик таъминлаш бўлими бошлиғи, молия-иқтисод бўлими бошлиғи, бош ҳисобчи ва касаба уюшма қўмитаси раиси киради.
Комиссия қарори кўпчилик овози билан қабул қилинади ва тегишли баён билан расмийлаштирилади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, Комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
43. Ҳар ойнинг моддий рағбатлантириш миқдори шу ойнинг 30-санасигача белгиланади.
44. Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ишланмайдиган байрам кунлари учун Агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимларига лавозим маошининг бир бараваригача миқдорида пул мукофоти тўланади.
45. Агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва хорижда хизмат сафарида бўлиш давридаги кунлик яшаш, транспорт ва турар-жой харажатлари белгиланган тартибда қопланади.
46. Меҳнат жароҳати туфайли ходимга етказилган зарар учун иш берувчи базавий ҳисоблаш миқдорининг камида ўн баравари миқдорида бир марталик нафақа тўлайди.
10-боб. Ижтимоий имтиёзлар ва кафолатлар
47. Иш берувчи ва ходим Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ҳар йили қабул қилинадиган давлат ижтимоий дастурларини амалга ошириш доирасида чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ва қатъий амалга оширилишини таъминлайди.
48. Иш берувчи йилига камида бир марта Жамғарма маблағлари ҳисобидан ходимларни эпидемиологик хавф туғдирувчи касалликларга қарши эмланишини таъминлайди.
49. Иш берувчи Жамғарма маблағлари ҳисобидан Агентлик ходимлари учун санаторий-курорт, дам олиш уйларига йўлланмаларни харид қилинишини амалга оширади.
50. Агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида оилавий шароити (никоҳ, бола туғилиши, яқин қариндошларнинг (ота-она, турмуш ўртоғи, болалар) вафоти) учун Жамғарма маблағлари ҳисобидан моддий ёрдам тўловлари (қўшимча тўловлар) базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача тўланади.
51. Агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимларига йилига бир марта, 1 ноябргача қонунчилик ҳужжатларида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг камида ўн баравари миқдорида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш учун моддий ёрдам тўланади.
52. Ёшга доир давлат пенсиясини олаётган ёки олиш ҳуқуқига эга бўлган ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда, ходимга базавий ҳисоблаш миқдорининг камида эллик баравари миқдорида моддий ёрдам тўланади.
53. Иш берувчи Жамғарманинг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда Агентликнинг зарур йўналишлар бўйича истеъдодли кадрларини маҳаллий ҳамда чет эл олий ўқув юртларида мақсадли ўқитиш, ўқув-контракт тўловларини ходимнинг иш ҳақи ёки Агентлик ҳисобидан кейинчалик ишлаб бериш шарти билан тўлаб бериши мумкин.
54. Жамғарма ҳисобидан мазкур Низомда назарда тутилмаган устама, мукофот, рағбат ва моддий ёрдамлар (қонунчилик ҳужжатларида ёки Жамоа шартномасида белгиланган ҳоллар бундан мустасно) тўлашни амалга ошириш қатъиян тақиқланади.
55. Агентлик ходимларига олдинги ташкилотларда берилган мартаба даражалари сақланади.
11-боб. Агентликнинг ҳисобдорлиги
56. Агентлик директори Агентлик фаолиятининг натижалари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси олдида мунтазам равишда ҳисобот беради.
57. Фаолият мониторинги ва баҳоси якунларига кўра Агентлик мансабдор шахслари ва ходимларига нисбатан юкланган вазифаларни виждонан ва ўз вақтида бажарганлик учун рағбатлантириш ёхуд йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун эгаллаб турган лавозимидан бўшатишгача бўлган жавобгарлик чоралари кўрилади.
12-боб. Якунловчи қоида
58. Агентлик қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 28 октябрдаги 709-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлигининг Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасини ривожлантириш жамғармаси тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлигининг Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағларини бошқариш, шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган шаклда ташкил этилади.
2-боб. Жамғармани бошқариш
3. Жамғарма маблағлари Агентлик томонидан қуйидаги асосий вазифаларни амалга оширган ҳолда бошқарилади:
Жамғарманинг йиллик тушуми (даромади) ва харажатлари сметасини тасдиқлаш;
Жамғарма маблағлари тушуми (даромади) ва харажатларининг ҳисоботларини белгиланган тартибда кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;
Жамғарма маблағларининг мақсадли ва самарали ишлатилишини таъминлаш;
Жамғармага халқаро молия институтлари ва донор ташкилотларнинг грантлари, имтиёзли кредитлари ва бошқа мақсадли маблағларни жалб қилиш;
Жамғармага маблағларни жалб қилиш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни амалга ошириш.
3-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш
4. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:
Жамғарманинг кутилаётган харажатларидан келиб чиқиб, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланадиган, «Навоийуран» давлат корхонаси йиллик фойдасидан ҳисобланган дивидендининг 5 фоизи миқдоридаги ажратмалари;
халқаро молия институтлари ва донор ташкилотларининг грантлари, имтиёзли кредитлари ва бошқа мақсадли маблағлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлари;
қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.
5. Мазкур Низомнинг 4-бандида кўрсатилган «Навоийуран» давлат корхонасида ҳар йилги таъсисчиларнинг умумий йиғилиши ўтказилиб, дивидендларни тўлаш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда, дивидендларнинг 5 фоизи миқдоридаги ажратмалари Жамғарманинг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида очилган шахсий ҳисобварақларига белгиланган тартибда ўтказилади.
Халқаро молия ва бошқа институтларнинг, хорижий ташкилотларнинг грантлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия бадаллари, ҳомийлик хайриялари, хорижий донорларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг маблағлари Жамғарманинг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида очилган шахсий ҳисобварақларига белгиланган тартибда ўтказилади.
Жамғармага тушган бошқа маблағлар ҳар бир валюта тури бўйича тегишли ҳисобварақларга белгиланган тартибда алоҳида ўтказилади.
4-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш
6. Жамғарма маблағларидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тасдиқланган тушум (даромад) ва харажатлар сметасига мувофиқ белгиланган тартибда фойдаланилади.
7. Жамғарма маблағлари қуйидаги чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади:
Агентлик марказий аппарати ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш, уларни моддий рағбатлантириш, мукофотлар ҳамда моддий ёрдам маблағларини тўлаб бериш ва ижтимоий ҳимоя қилишга;
Агентлик марказий аппарати ва унинг тизимидаги ташкилотлар моддий-техника базасини мустаҳкамлашга, шу жумладан, автотранспорт ва асосий воситаларини харид қилиш ва жорий таъмирлашга;
атом энергиясидан фойдаланиш объектларини, шу жумладан, ташқи, ички ва қурилиш инфратузилмаси объектларини, ходим ва ишчилар учун хизмат уйларини барпо этиш (лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш, асбоб-ускуна ва жиҳозларни харид қилиш ва етказиш, қурилиш, монтаж ва ишга тушириш ишлари ва бошқалар), ядро технологияларини кенг кўламда жорий этиш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ ишларга;
инновацион лойиҳалар ва замонавий технологияларни жорий қилишни рағбатлантиришга;
Агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар томонидан фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартномалар асосида жалб қилинган шахсларга ҳақ тўлашга;
Агентлик ва унинг тизим ташкилотлари томонидан ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва амалиёт ўташини, шу жумладан, маҳаллий ва хорижий хизмат сафарларини ташкил қилиш, халқаро конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбирларда иштирок этишини таъминлашга;
миллий ядро-энергетика дастурини амалга ошириш учун зарур бўлган кадрларни хорижий таълим муассасаларида таълим олиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш билан боғлиқ барча харажатларга, шу жумладан, стипендия, таълим муассасасигача бориш-келиш транспорт харажатлари (авиа ва темир йўл чипталари), виза, тиббий суғурта, яшаш учун (турар жойнинг ижараси бўйича), овқатланиш ва бошқа харажатларини молиялаштиришга;
маҳаллий ва хорижий хизмат сафари харажатлари ҳамда хорижий делегация ташрифи (хорижий делегацияни кутиб олиш, транспорт, овқатланиш, банкет, яшаш, маданий тадбирлар, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорларда совғалар бериш билан боғлиқ харажатлар ва бошқалар) билан боғлиқ харажатларга;
атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасида илмий тадқиқотлар, тажриба-конструкторлик ва инновацион ишларни қўллаб-қувватлаш, иқтисодиёт тармоқларида илғор ядро технологияларини жорий этиш билан боғлиқ комплекс чора-тадбирларни амалга оширишга;
Агентлик тасарруфидаги атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг жисмоний ҳимоясини таъминлаш билан боғлиқ барча харажатларга;
ядро ёқилғиси ва радиациявий манбаларни харид қилиш, ишлатиб бўлинган ядро ёқилғиси ва радиоактив чиқиндилар билан муомала қилишга оид барча харажатларга;
Агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотларда замонавий рақамли технологияларни жорий этишга, шу жумладан, корпоратив бошқарув жараёнларини рақамлаштириш билан боғлиқ харажатларга;
Агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотларга тегишли биноларни сақлаш, жорий ва капитал таъмирлашга;
жамоа шартномасида кўзда тутилган, иш берувчи томонидан тўланиши лозим бўлган ва қонунчиликда белгиланган меъёрлардан ошмаган ҳолда барча тадбирларни ва харажатларни молиялаштиришга.
8. Агентлик марказий аппарати ва унинг тизимидаги ташкилотлар раҳбарияти ва ходимларининг хизмат сафари (йўлкира, кунлик, яшаш ва бошқалар) харажатлари Агентлик директорининг буйруғи асосида тўлаб берилади.
9. Жамғарма маблағлари жорий молия йили учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигида рўйхатдан ўтказилган даромадлар ва харажатлар сметаси асосида ишлатилади.
10. Ҳисобот йилида фойдаланилмай қолган Жамғарма маблағлари кейинги йилларда мазкур Низомда назарда тутилган харажатларга йўналтирилади.
11. Жамғарманинг вақтинча бўш маблағлари тижорат банклари депозитларига жойлаштирилиши мумкин.
5-боб. Назорат, ҳисоб ва ҳисобдорлик
12. Жамғарма маблағларини жорий юритиш, шунингдек, ҳисоби ва ҳисоботи қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Агентликнинг масъул бўлими (молия-иқтисодий таҳлил ва инвестиция бўлими) томонидан амалга оширилади.
13. Жамғармага маблағларнинг белгиланган манбалардан тўлиқ келиб тушишини Агентлик назорат қилади.
14. Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланиш, шунингдек, тасдиқланган тушум (даромад) ва харажатлар сметасига мувофиқ чораклик ва йиллик ҳисоботларни Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этиб бориш мажбурияти Агентлик директорига юкланади.
15. Жамғарма маблағларининг мақсадли ишлатилиши юзасидан текширувлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилади.
6-боб. Якунловчи қоида
16. Мазкур Низом талабларини бузган айбдор шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 28 октябрдаги 709-сон қарорига 3-ИЛОВА
Атом энергияси ва ядро технологияларини жорий этиш бўйича республика идоралараро илмий-техник кенгаши
А.С. Султанов — Ўзбекистон Республикаси Президентининг энергетика хавфсизлиги масалалари бўйича маслаҳатчиси, Кенгаш раиси Лавозим бўйича — Фанлар академияси президенти, Кенгаш раисининг ўринбосари Лавозим бўйича — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппарати сектор бошлиғи (келишув асосида) Б.А. Хаджиханов — Вазирлар Маҳкамасининг Энергетика, геология ва тоғ-кон саноати масалалари бўлими бошлиғи М.М. Икрамов — адлия вазирининг ўринбосари И.И. Норқулов — иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Н.Қ. Холмуродов — инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг биринчи ўринбосари Т.Н. Бутунбаев — сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Ш.Х. Далиев — олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари О.М. Умаров — рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари У.М. Мамадаминов — энергетика вазирининг ўринбосари Ш.Х. Жураев — фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари Р.Э. Турдибоева — камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг ўринбосари Б.Т. Абдуллаев — ички ишлар вазирининг ўринбосари Ж.Э. Чориев — транспорт вазирининг ўринбосари Д.К. Адилов — қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг ўринбосари А.Ж. Бурханов — Ҳаво ҳужумидан мудофаа ва ҳарбий ҳаво кучлари қўмондони А.М. Қосимов — қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Э.И. Баситханова — соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари А.А. Кадирходжаев — тоғ-кон саноати ва геология вазирининг ўринбосари Ж.С. Казбеков — экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг ўринбосари Ш.Х. Ходжаев — Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги директори О.З. Тохиров — Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори ўринбосари Б.К. Юсупалиев — Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси И.А. Ниматуллаев — Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Лавозим бўйича — Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раиси ўринбосари — Радиация ва ядро хавфсизлиги департаменти бошлиғи И.И. Садиков — Фанлар академиясининг Ядро физикаси институти директори Ж.С. Файзуллаев — «Навоийуран» ДК бош директори Лавозим бўйича — Атом энергияси ва ядро технологияларини етказиб берувчи ташкилот вакили (келишув асосида) А.И. Ахмедхаджаев — Атом энергияси агентлиги директори, Кенгаш котиби
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 28 октябрдаги 709-сон қарорига 4-ИЛОВА
Атом энергияси ва ядро технологияларини жорий этиш бўйича республика идоралараро илмий-техник кенгаши тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Атом энергияси ва ядро технологияларини жорий этиш бўйича республика идоралараро илмий-техник кенгашининг (кейинги ўринларда — Кенгаш) мақоми, асосий вазифалари ва функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жавобгарлиги ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Кенгаш республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот ва лойиҳа-қидирув ташкилотларининг республикада атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш ва ядро технологияларини жорий этиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштирувчи коллегиал орган ҳисобланади.
3. Кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларига, мазкур Низом, шунингдек, бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
4. Кенгаш ўз фаолиятини Кенгаш раиси томонидан тасдиқланган иш режасига мувофиқ амалга оширади.
2-боб. Кенгашнинг асосий вазифалари ва функциялари
5. Кенгашнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида ва ядро технологияларини жорий этиш ҳамда миллий ядровий инфратузилмани ривожлантириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишларини шакллантириш тўғрисидаги таклифларни, концепция, стратегия ва давлат дастурлари лойиҳаларини кўриб чиқиш;
ядровий қурилмалар ва (ёки) сақлаш пунктларини барпо этиш доирасида қўлланиладиган халқаро стандартлар ва хавфсизлик талабларига жавоб берадиган замонавий технологияларни танлаш бўйича таклифларни кўриб чиқиш ва хулосалар тайёрлаш;
атом энергетикаси ва ядро технологиялари объектларини қуриш лойиҳаларини кўриб чиқиш ва келишиш, амалга оширишда ушбу соҳадаги энг муҳим нормалар ва стандартларга риоя қилинганлиги ҳақида мутасадди ташкилотларнинг (экспертларнинг) ҳисоботларини эшитиш;
атом энергиясидан фойдаланиш объектларини тадқиқ этиш, жойлаштириш, лойиҳалаштириш, конструкциялаш, барпо этиш, фойдаланишга топшириш, эксплуатация муддатини узайтириш, уларни реконструкция қилиш, эксплуатация хусусиятларини чеклаш, ушбу объектларни эксплуатациядан чиқариш (ёпиш), қайта ишлаш ва кўмиб ташлаш бўйича тавсия ва таклифларни кўриб чиқиш, келишиш ҳамда амалга оширилаётган ишлар юзасидан мутасадди ташкилотларнинг (экспертларнинг) ҳисоботларини эшитиш ва қабул қилиш;
тасарруфидаги атом энергиясидан фойдаланиш объектлари ва радиациявий хавфли объектларнинг объект даражасидаги ўлчаш воситалари ва тармоқларининг самарали фаолият юритишини, шунингдек, уларнинг маҳаллий ва республика даражасидаги радиациявий вазиятни мониторинг қилиш тизими билан уйғунлашувини ташкил этиш ва таъминлаш;
атом энергияси ва ядро технологияларидан тинчлик мақсадларда фойдаланиш соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалар бўйича мажбуриятларининг ижроси тўғрисидаги маълумот ва ҳисоботларни эшитиш ва заруратга кўра тавсиялар бериш.
6. Кенгаш ўзига юкланган вазифаларни бажариш мақсадида қуйидаги функцияларни амалга оширади:
атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида ва ядро технологияларини жорий этиш бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш ҳамда миллий ядровий инфратузилмани ривожлантириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишларини шакллантириш тўғрисида Атом энергияси агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан тақдим этилган таклифларни, концепция, стратегия ва давлат дастурлари лойиҳаларини муҳокама қилади ҳамда тегишли тавсияларни беради ва Кенгаш қарорларини қабул қилади;
ядровий қурилмалар ва (ёки) сақлаш пунктларини барпо этиш доирасида қўлланиладиган халқаро стандартлар ва хавфсизлик талабларига жавоб берадиган замонавий технологияларни танлаш бўйича таклифларни муҳокама қилади ҳамда тегишли тавсияларни беради ва йиғилиш қарорларини қабул қилади;
Агентлик директори, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг атом энергетикаси ва ядро технологияларини ривожлантириш концепциялари ва дастурлари ва ядро технологиялари объектларини қуриш лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан тегишли қисми бўйича ҳисоботларини кўриб чиқади;
атом энергиясидан фойдаланиш объектларини барпо этиш лойиҳаларини кўриб чиқади, келишади ва тасдиқлаш учун зарур тавсияларни беради;
белгиланган тартибда тасдиқланган атом энергиясидан фойдаланиш объектларини барпо этиш лойиҳаларига асослантирилган ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифларни кўриб чиқади, келишади ва тасдиқлаш учун зарур тавсияларни беради;
атом энергетикаси ва ядро технологиялари объектларини қуриш лойиҳаларини амалга ошириш жараёнида муҳим ҳисобланган нормаларни ва стандартларни ишлаб чиқади;
атом энергетикаси объектларининг алоҳида зоналари, шу жумладан, атом электр станциялари, тадқиқот реакторлари, радиоактив чиқиндиларни кўмиш пунктлари, янги ва ишлатилган ядро ёқилғисини сақлаш объектларини жойлашув зоналарини (ҳудудларини) белгилайди, шунингдек, тегишли объектлар ҳудудларида ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш тартибини белгилаш ҳужжатларини кўриб чиқади ва улар бўйича зарур тавсияларни ишлаб чиқади (қабул қилади);
атом энергияси ва ядро технологияларидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалар бўйича ўз мажбуриятларини бажарилишини таъминлаш чоралари тўғрисида мутасадди ташкилотларнинг маълумотлари ва ҳисоботларини муҳокама қилади ҳамда тегишли тавсияларни беради ва ушбу масалалар юзасидан Кенгаш қарорларини қабул қилади.
3-боб. Кенгашнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
7. Кенгаш қуйидаги ҳуқуқларга эга:
вақтинча ишчи гуруҳларни тузиш ва уларда ишлаш учун мутахассисларни, шу жумладан, чет эллик мутахассисларни жалб этиш;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, олий таълим муассасаларидан, илмий-тадқиқот ва лойиҳа-қидирув ташкилотларидан Кенгаш фаолиятига оид маълумотлар ва ҳужжатларни сўраш;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот ва лойиҳа-қидирув ташкилотлари томонидан атом энергетикаси ва ядро технологияларини ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолатини ўрганиш, шунингдек, уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар тайёрлаш.
8. Кенгаш ушбу Низом билан ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавобгардир.
4-боб. Кенгаш фаолиятини ташкил этиш
9. Кенгаш раҳбари Кенгаш раиси бўлиб, унинг ваколатига қуйидагилар киради:
Кенгаш йиғилишининг кун тартибини белгилаш ва йиғилишни чақириш;
Кенгаш томонидан тузилган ишчи гуруҳлар фаолиятини мониторинг қилиш;
Кенгаш томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши устидан назоратни ташкил этиш;
белгиланган вазифаларни бажаришда Кенгаш аъзолари фаолиятини мувофиқлаштириш;
Вазирлар Маҳкамасига Кенгаш аъзоларининг шахсий таркибини ўзгартириш бўйича таклифлар киритиш;
Кенгашнинг самарали ишлашини таъминлаш учун бошқа ваколатларни амалга ошириш.
10. Кенгаш аъзолари:
Кенгаш йиғилишларида кўриб чиқилган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал этишда иштирок этиш;
республикада атом энергетикаси ва ядро технологияларидан тинчлик мақсадларида фойдаланишни ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича Кенгашга таклифлар киритиш;
Кенгаш томонидан кўриб чиқилган масалалар бўйича хулосалар чиқариш.
Кенгаш аъзолари Кенгашда ўз фаолиятини ихтиёрийлик асосида амалга оширадилар.
11. Кенгаш аъзолари йиғилишдан камида уч кун олдин йиғилиш вақти, жойи ва кун тартиби тўғрисида хабардор қилинади.
12. Кенгаш мажлисини унинг раиси ўтказади. Кенгаш раиси йўқлигида, йиғилиш унинг ўринбосари томонидан ўтказилади.
Кенгаш йиғилиши, агар унинг аъзоларининг учдан икки қисми иштирок этса, ваколатли ҳисобланади.
13. Кенгаш йиғилишига республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шу жумладан, олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот, лойиҳа-қидирув ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассислари таклиф этилиши мумкин.
5-боб. Ишчи орган ва Кенгаш котиби
14. Агентлик Кенгашнинг ишчи органи (кейинги ўринларда — Ишчи орган), Агентлик директори Кенгаш котиби ҳисобланади.
15. Ишчи орган:
Кенгаш фаолиятини ташкилий ва техник қўллаб-қувватлайди;
иш режаси лойиҳасини тайёрлайди, Кенгаш муҳокамасига киритади ва тасдиқланган иш режасининг бажарилишини таъминлайди;
Кенгаш йиғилиши учун зарур бўлган материалларнинг тайёрланишини таъминлайди ва манфаатдор ташкилотлардан керакли материаллар ва эксперт хулосаларини олади;
Кенгаш йиғилиши кун тартиби бўйича таҳлилий материаллар тайёрлашни ташкил этади;
қабул қилинган мурожаатларни кўриб чиқади ва ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича Кенгаш қарорлари лойиҳаларини тайёрлайди.
16. Кенгаш котиби:
Кенгаш йиғилиши учун зарур бўлган ҳужжатларни ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди, Ишчи органнинг Кенгаш йиғилиши учун материалларни тайёрлаш бўйича ишларни ташкил қилади;
Кенгаш раиси билан йиғилиш ўтказиладиган сана ва жой, шунингдек, таклиф этилганлар рўйхати тўғрисида келишиб олади, Кенгаш аъзолари ва таклиф этилган шахсларни йиғилиш ўтказиладиган сана, вақт ва жой тўғрисида хабардор қилади;
кун тартибидаги масалалар бўйича Кенгаш йиғилишларини ташкил этади, Кенгаш йиғилишининг баённомаларини тузади ва тасдиқланган баённомаларнинг Кенгаш аъзолари ва манфаатдор ташкилотларга тарқатилишини таъминлайди;
Кенгаш қарорларининг бажарилишини назорат қилади ва унинг натижаларини кўриб чиқиш учун Кенгаш йиғилишига тақдим этади.
6-боб. Кенгаш томонидан қарорлар қабул қилиш ва уларнинг бажарилишини таъминлаш
17. Кенгаш қарори йиғилишда иштирок этаётган Кенгаш аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Агар овозлар тенг бўлса, Кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
Кенгашнинг ҳар бир аъзоси қабул қилинган қарорлар бўйича ўз фикрини ёзма равишда билдириш ҳуқуқига эга.
18. Тезкор қарор қабул қилиш мақсадида Кенгаш раиси кенгаш аъзолари билан келишилган айрим масалалар бўйича қарорни сўровнома орқали ишчи тартибда тасдиқлаши мумкин.
19. Кенгаш қарорлари Кенгаш йиғилишининг баённомаси билан расмийлаштирилади. Кенгаш йиғилишининг баённомаси Кенгаш котиби томонидан имзоланади, Кенгаш раиси томонидан тасдиқланади ва бир ҳафта ичида Кенгаш аъзоларига ва манфаатдор ташкилотларга юборилади.
20. Кенгашнинг баённомалари Ишчи органда сақланади.
21. Ишчи орган доимий равишда Кенгаш қарорларининг бажарилишини ўрганади ва кўриб чиқади, зарур ҳолларда тегишли маълумотлар ва таклифларни Кенгаш раисига тақдим этади.
7-боб. Якунловчи қоида
22. Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 28 октябрдаги 709-сон қарорига 5-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Атом энергетикаси соҳасида лойиҳа ва қурилиш ишлари самарадорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 6 февралдаги 102-сон қарорида:
1-банддаги «Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги» сўзлари «Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;
2-банднинг учинчи хатбошисидан «кейинчалик етакчи хорижий ташкилотларнинг иштироки юзасидан музокаралар олиб бориш натижалари бўйича уларни «Ўзатоминжиниринг» МЧЖ муассислари таркибига киритиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин» сўзлари чиқариб ташлансин;
4-банддаги «Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги» сўзлари «Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;
5-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Дирекция директори мақоми ҳамда тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт-шароитлари бўйича «Ўзатом» агентлиги директорининг ўринбосарига тенглаштирилади, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда, Агентлик директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади»;
6-банднинг иккинчи хатбошисидаги «Атом энергетикасини ривожлантириш жамғармаси» сўзлари «Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасини ривожлантириш жамғармаси» сўзлари билан алмаштирилсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 февралдаги 108-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги тўғрисидаги низомда :
9-бандда :
бешинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
олтинчи ва еттинчи хатбошилар тегишлича бешинчи ва олтинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
10-бандда :
ўн учинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
ўн тўртинчи-йигирманчи хатбошилар тегишлича ўн учинчи-ўн тўққизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
ўн тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«электр станцияларини қуриш, энергетика ва республика истеъмолчиларининг энергия таъминоти соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш (табиий газ, суюлтирилган газ, нефть маҳсулотлари, кўмир, электр энергияси ва бошқалар);
11-банднинг «д» кичик банди учинчи хатбошисидан «атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш» сўзлари чиқариб ташлансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 28 октябрдаги 709-сон қарорига 6-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган қарорлари
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида» 2018 йил 13 августдаги 653-сон қарори .
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 6 октябрдаги 800-сон қарори .
3. Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик вазифалари амалга оширилиши самарадорлиги учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг масъулиятини оширишга доир биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 28 январдаги ПФ-5644-сон, «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2019 йил 1 февралдаги ПФ-5650-сон фармонлари ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ишини ташкил этишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида» 2019 йил 28 январдаги ПҚ-4136-сон қарори) 2019 йил 13 майдаги 397-сон қарорига илованинг 103-банди .
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2020 йил 3 июндаги 348-сон қарорига 1-илованинг 14 ва 15-бандлари .
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рўйхатга олиш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 28 сентябрдаги 593-сон қарорига 4-илованинг 59-банди .
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирадиган вазирлик ва идораларда ҳаммом-кирхона хизматларини аутсорсинг шартлари асосида кўрсатишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 18 апрелдаги 217-сон қарорига 2-илованинг 2-банди .
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 28 октябрь,
709-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
NIZOM
TARKIBI
NIZOM
ROʻYXATI
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Atom energiyasi agentligining faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Atom energiyasi agentligining faoliyatini samarali tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 24-maydagi PQ-188-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Atom energiyasi agentligi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Atom energiyasi agentligining Atom energiyasidan foydalanish sohasini rivojlantirish jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq;
Atom energiyasi va yadro texnologiyalarini joriy etish boʻyicha respublika idoralararo ilmiy-texnik kengashi tarkibi 3-ilovaga muvofiq;
Atom energiyasi va yadro texnologiyalarini joriy etish boʻyicha respublika idoralararo ilmiy-texnik kengash toʻgʻrisidagi nizom 4-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga 5-ilovaga muvofiq oʻzgartirishlar kiritilsin.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlari 6-ilovaga muvofiq oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Atom energiyasi agentligi direktori A.I. Axmedxadjayev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 28-oktabrdagi 709-son qaroriga 1-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Atom energiyasi agentligi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Atom energiyasi agentligining (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) maqomi, asosiy vazifalari, funksiyalari, huquqlari va majburiyatlari, faoliyatini tashkil etish tartibi, shuningdek, Agentlik direktori va uning oʻrinbosarlarining asosiy funksional vazifalari va javobgarligini belgilaydi.
2. Agentlik atom energiyasidan tinchlik maqsadlarida foydalanish sohasida davlat siyosati va strategik yoʻnalishlarini amalga oshiruvchi yagona respublika ijro etuvchi hokimiyat organi hisoblanadi.
3. Agentlik bevosita Vazirlar Mahkamasiga boʻysunadi va faoliyati yuzasidan hisobot beradi.
4. Agentlik oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, shuningdek, ushbu Nizom va boshqa qonunchilik hujjatlariga amal qiladi.
5. Agentlikning oʻz vakolatlari doirasida qabul qilgan qarorlari respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, boshqa tashkilotlar, mansabdor shaxslar va fuqarolar tomonidan ijro etilishi majburiy hisoblanadi.
6. Agentlik Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbi tasviri tushirilgan va oʻz nomi yozilgan muhrga va blankalarga, mustaqil balansga, Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasida shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga, shu jumladan xorijiy valyutadagi shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga ega boʻladi.
7. Agentlikning rasmiy nomi:
a) davlat tilida:
toʻliq nomi — Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Atom energiyasi agentligi;
qisqartirilgan nomi — “Oʻzatom” agentligi;
b) rus tilida:
toʻliq nomi — Agentstvo po atomnoy energii pri Kabinete Ministrov Respubliki Uzbekistan;
qisqartirilgan nomi — Agentstvo “Uzatom”;
v) ingliz tilida:
toʻliq nomi — Atomic energy agency under the Cabinet of Ministers of the Republic of Uzbekistan;
qisqartirilgan nomi — “Uzatom” Agency.
8. Agentlikning joylashgan joyi (pochta manzili):
Toshkent shahri, Oybek koʻchasi, 26/1.
9. Agentlikning tashkiliy tuzilmasiga quyidagilar kiradi:
markaziy apparat;
“Atom elektr stansiyasi qurilishi direksiyasi” davlat korxonasi;
Toshkent shahridagi “MMFI” milliy tadqiqot yadro universiteti filiali.
Agentlik tomonidan taʼsis etilgan va ulushida Agentlikning hissasi boʻlgan boshqa tashkilotlar.
2-bob. Agentlikning asosiy vazifalari va funksiyalari
10. Quyidagilar Agentlikning asosiy vazifalari hisoblanadi:
atom energiyasidan foydalanish sohasida yagona davlat siyosatini amalga oshirish;
respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining atom energiyasidan foydalanish sohasidagi faoliyatini muvofiqlashtirish;
atom energiyasidan foydalanish sohasiga doir davlat dasturlari va boshqa dasturlarni ishlab chiqish hamda amalga oshirish;
atom energiyasidan foydalanish sohasida xavfsizlikni taʼminlash chora-tadbirlarini ishlab chiqish;
atom energiyasidan foydalanish sohasidagi normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini ishlab chiqishda ishtirok etish, shuningdek, mazkur sohadagi norma va qoidalarni oʻz vakolatlari doirasida ishlab chiqish hamda qabul qilish;
tasarrufidagi atom energiyasidan foydalanish obyektlarida yongʻin xavfsizligi choralari ishlab chiqilishi va amalga oshirilishini tashkil etish;
tasarrufidagi atom energiyasidan foydalanish obyektlarining jismoniy himoyasini taʼminlash choralarini koʻrish;
tasarrufidagi yadroviy qurilmalarni va (yoki) saqlash punktlarini tadqiq etishga, joylashtirishga, loyihalashtirishga, barpo etishga hamda ulardan foydalanishga oid ishlarni tashkil etish;
fundamental tadqiqotlarning, ilmiy izlanish, tajriba-konstruktorlik va innovatsion ishlarning loyihalarini tayyorlash hamda amalga oshirishga, ilgʻor texnologiyalarni joriy etishga koʻmaklashish;
tasarrufidagi atom energiyasidan foydalanish obyektlarida radiatsiya va yadro xavfsizligi tizimini yaratish hamda takomillashtirish;
tasarrufidagi atom energiyasidan foydalanish obyektlaridagi yadroviy materiallar va texnologiyalarning, radioaktiv materiallarning tarqalib ketmasligi, shuningdek, radiatsiya hamda yadro xavfsizligini taʼminlashga doir tadbirlarni amalga oshirish yuzasidan choralar koʻrish;
atom energiyasidan foydalanish obyektlarini ekspluatatsiya qilish uchun zarur boʻlgan kadrlarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tizimini, shu jumladan, chet elda tashkil etish;
avariyaga oid tashqi va ichki rejani ishlab chiqish hamda amalga oshirishda ishtirok etish;
Oʻzbekiston Respublikasi hududida radiatsiyaviy vaziyatni monitoring qilishning yagona avtomatlashtirilgan davlat tizimini tashkil qilishda va uning ishlashida ishtirok etish;
yadroviy materiallar, ishlatib boʻlingan yadroviy yoqilgʻi va radioaktiv chiqindilar bilan bogʻliq ishlarni amalga oshirish boʻyicha dasturlarning shakllantirilishini va roʻyobga chiqarilishini taʼminlashni idoraviy nazorat qilish;
yadroviy qurilmalarning va (yoki) saqlash punktlarining bosh (ilmiy, konstruktorlik va loyihalashtirish) tashkilotlarini belgilash, ular toʻgʻrisidagi nizomlarni tasdiqlash;
atom energiyasidan foydalanish sohasida xalqaro hamkorlikni amalga oshirish, atom energiyasidan tinchlik yoʻlida foydalanish sohasidagi xalqaro shartnomalar boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasining majburiyatlari bajarilishini taʼminlash.
11. Agentlik oʻziga yuklangan atom energiyasidan tinchlik maqsadida foydalanish yoʻnalishida quyidagi vazifa va funksiyalarni amalga oshiradi:
a) atom energiyasidan foydalanish sohasida yagona davlat siyosatini amalga oshirish yoʻnalishida:
atom energiyasidan foydalanish, yadro texnologiyalarini joriy etish hamda milliy yadroviy infratuzilmani rivojlantirish boʻyicha davlat siyosatining ustuvor yoʻnalishlarini shakllantiradi va amalga oshiradi;
atom energiyasidan foydalanish sohasida davlat siyosatini shakllantirish boʻyicha takliflar ishlab chiqadi hamda Atom energiyasi va yadro texnologiyalarini joriy etish boʻyicha respublika idoralararo ilmiy-texnik kengashi (keyingi oʻrinlarda — Kengash) tavsiyalarini inobatga olgan holda belgilangan tartibda Vazirlar Mahkamasiga kiritadi;
tibbiyot, sanoat, qishloq xoʻjaligi va iqtisodiyotning boshqa tarmoqlarida yadro texnologiyalarini, shu jumladan, ionlashtiruvchi nurlanish asosida ishlaydigan qurilmalarni (tezlatkichlar, siklotronlar va boshqalar) joriy etish boʻyicha konsepsiya, strategiya va davlat dasturlari loyihalarini, yagona davlat siyosatini amalga oshirish doirasida takliflar ishlab chiqadi va Kengash tavsiyalarini inobatga olgan holda belgilangan tartibda Vazirlar Mahkamasiga kiritadi;
atom energiyasidan tinchlik maqsadlarida foydalanish bilan bogʻliq tovarlarni (ishlar, xizmatlarni) eksport va import qilish faoliyatini takomillashtirishda tegishli takliflarni ishlab chiqadi va belgilangan tartibda Vazirlar Mahkamasiga kiritadi;
b) respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining atom energiyasidan foydalanish sohasidagi faoliyatini muvofiqlashtirish yoʻnalishida:
respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda boshqa manfaatdor tashkilotlarining atom energiyasidan foydalanish va yadro texnologiyalarini, shu jumladan, ionlashtiruvchi nurlanish asosida ishlaydigan qurilmalarni (tezlatkichlar, siklotronlar va boshqalar) joriy etish hamda milliy yadroviy infratuzilmani rivojlantirish boʻyicha faoliyatini muvofiqlashtiradi, takomillashtiradi, tavsiyalar ishlab chiqadi hamda birgalikda ishlarni amalga oshirishni tashkil qiladi;
v) atom energiyasidan foydalanish sohasiga doir davlat dasturlari va boshqa dasturlarni ishlab chiqish hamda amalga oshirish yoʻnalishida;
atom energiyasidan foydalanish va yadro texnologiyalarini joriy etish hamda milliy yadroviy infratuzilmani rivojlantirish boʻyicha davlat siyosatini amalga oshiradi;
milliy yadroviy infratuzilmani rivojlantirish boʻyicha konsepsiya, strategiya va davlat dasturlari loyihalarini ishlab chiqadi va Kengash tavsiyalarini inobatga olgan holda belgilangan tartibda Vazirlar Mahkamasiga kiritadi;
radiatsiya, yadro, sanoat va ekologik xavfsizlikning xalqaro talablariga muvofiq boʻlgan zamonaviy texnologiyalar va asbob-uskunalarni joriy etgan holda, atom energetikasi obyektlarini qurish va ulardan foydalanish boʻyicha qisqa muddatli va uzoq muddatli dasturlarni ishlab chiqadi;
tibbiyot, sanoat, qishloq xoʻjaligi va iqtisodiyotning boshqa tarmoqlarida innovatsion yadro texnologiyalarini joriy etish boʻyicha investitsiya loyihalarini ishlab chiqishda ishtirok etadi, shuningdek, atom energiyasidan foydalanish sohasiga xorijiy investitsiyalar va ilgʻor texnologiyalarni jalb etish maqsadida xalqaro moliya institutlari, donor mamlakatlar, kompaniya va banklar, manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda hamkorlikni amalga oshiradi;
Agentlik va tizim tashkilotlari faoliyatida zamonaviy raqamli texnologiyalarni joriy etadi;
g) atom energiyasidan foydalanish sohasida xavfsizlikni taʼminlash chora-tadbirlarini ishlab chiqish yoʻnalishida:
atom energiyasidan foydalanish obyektlarini ekspluatatsiya qilishda xavfsizlik choralarini taʼminlaydi;
obyektning aholi va atrof-muhitga taʼsirini baholash tuzilmasi, jumladan, ekologik xavfsizlikni taʼminlash konsepsiyasi va mezonlarini ishlab chiqadi;
tasarrufidagi energetik atom reaktorlari, yadro-fizik qurilmalar, yadroviy materiallar va radiatsiyaviy manbalarni saqlash punktlari, shuningdek, radioaktiv chiqindilarni koʻmish punktlarini atom energiyasidan foydalanish xavfsizligini davlat tomonidan tartibga solish boʻyicha alohida vakolatlarga ega boʻlgan davlat organlari talablari va tavsiyalariga koʻra sanoat, yadroviy, radiatsiyaviy va ekologik xavfsizlikni taʼminlash, ularning darajasini oshirish boʻyicha chora-tadbirlarni ishlab chiqadi;
tizimidagi tashkilotlar bilan birgalikda tegishli atom energiyasidan foydalanish obyektlarida xavfsizlikni taʼminlash darajasini oshirish boʻyicha ishlab chiqilgan chora-tadbirlarni amalga oshirishni taʼminlaydi;
atom energiyasidan foydalanish va yadro texnologiyalarini joriy etishda va milliy yadroviy infratuzilmani rivojlantirish faoliyatini ilmiy-texnologik va metodik taʼminlashni tashkil etadi;
radioaktiv chiqindilar bilan bogʻliq ishlarini oʻz vakolatlari doirasida tashkil etadi va metodik jihatdan qoʻllab-quvvatlaydi;
atom energiyasidan foydalanish obyektlari va radiatsiyaviy xavfli obyektlarning obyekt darajasidagi oʻlchov vositalari va tarmoqlari samarali faoliyat yuritishini, shuningdek, ularning mahalliy va respublika darajasidagi radiatsiyaviy vaziyatni monitoring qilish tizimi bilan uygʻunlashuvini taʼminlaydi;
d) atom energiyasidan foydalanish sohasidagi normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini ishlab chiqishda ishtirok etish, shuningdek, mazkur sohadagi norma va qoidalarni oʻz vakolatlari doirasida ishlab chiqish hamda qabul qilish yoʻnalishida:
oʻz vakolatlari doirasida atom energiyasidan foydalanishni va yadro texnologiyalarini joriy etadi, milliy yadroviy infratuzilmani rivojlantirish boʻyicha normativ-huquqiy hujjatlarni ishlab chiqadi, boshqa manfaatdor vazirlik va tashkilotlar bilan belgilangan tartibda kelishadi hamda Vazirlar Mahkamasiga kiritadi;
respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining va boshqa manfaatdor tashkilotlarining atom energiyasidan foydalanish va yadro texnologiyalarini joriy etish hamda milliy yadroviy infratuzilmani rivojlantirish boʻyicha tegishli normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini koʻrib chiqib, belgilangan tartibda kelishib beradi;
oʻz vakolatlari doirasida idoraviy normativ-huquqiy hujjatlarni belgilangan tartibda qabul qiladi;
e) tasarrufidagi atom energiyasidan foydalanish obyektlarida yongʻin xavfsizligi choralari ishlab chiqilishi va amalga oshirilishini tashkil etish yoʻnalishida:
tasarrufidagi yadroviy qurilmalar va saqlash punktlarida yongʻin xavfsizligini taʼminlash boʻyicha chora-tadbirlar va dasturlarni ishlab chiqadi va amalga oshirishni tashkil etadi;
ishlab chiqilgan yongʻin xavfsizligi chora-tadbirlarini va dasturlarini tizimidagi tashkilotlar tomonidan amalga oshirilishini monitoring qiladi va tegishli choralarni koʻradi;
j) tasarrufidagi atom energiyasidan foydalanish obyektlarining jismoniy himoyasini taʼminlash choralarini koʻrish yoʻnalishida:
tasarrufidagi atom energiyasidan foydalanish obyektlarini jismoniy himoya qilishning texnik va tashkiliy choralarini ishlab chiqadi va amalga oshirishni tashkil etadi;
tasarrufidagi atom energiyasidan foydalanish obyektlarini jismoniy himoya qilishni taʼminlashda loyihalashtirish, barpo etish, ishga tushirish, foydalanish va foydalanishdan chiqarishning barcha bosqichlarida amalga oshirilishini tashkil etadi;
z) tasarrufidagi yadroviy qurilmalarni va (yoki) saqlash punktlarini tadqiq etishga, joylashtirishga, loyihalashtirishga, barpo etishga hamda ulardan foydalanishga oid ishlarni tashkil etish yoʻnalishida:
tasarrufidagi yadroviy qurilmalarni va (yoki) saqlash punktlarini tadqiq etishga, joylashtirishga, loyihalashtirishga, qurilishiga, ulardan foydalanishga, barpo etish boʻyicha bitim va shartnomalar tuzishga oid choralarni koʻradi, ishlarni muvofiqlashtiradi;
tasarrufida yadroviy qurilmalar va (yoki) saqlash punktlarini barpo etish boʻyicha normativ-huquqiy hujjat loyihalarini tegishli vazirlik va idoralar bilan kelishadi hamda Kengash tavsiyalarini inobatga olgan holda belgilangan tartibda Vazirlar Mahkamasiga kiritadi;
i) fundamental tadqiqotlarning, ilmiy izlanish, tajriba-konstruktorlik va innovatsion ishlarning loyihalarini tayyorlash hamda amalga oshirishga, ilgʻor texnologiyalarni joriy etishga koʻmaklashish yoʻnalishida:
atom ilm-fani va yadro texnologiyalarini rivojlantirish boʻyicha kompleks chora-tadbirlarni, fundamental tadqiqotlar, ilmiy izlanishlar, tajriba-konstruktorlik va innovatsion ishlar loyihalarini tayyorlaydi, amalga oshiradi hamda ilgʻor texnologiyalarni joriy etadi;
Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi va boshqa manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda atom energiyasidan foydalanish sohasida ilgʻor texnologiyalarni joriy etish boʻyicha fundamental tadqiqotlar, ilmiy-qidiruv, tajriba-konstruktorlik va innovatsion ishlar loyihalarini ishlab chiqadi va amalga oshiradi;
Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi bilan birgalikda tarmoqni rivojlantirishning har yilgi, oʻrta muddatli va uzoq muddatli dasturlari doirasida atom energiyasidan tinchlik maqsadlarida foydalanish sohasida ilmiy-tadqiqot va tajriba-konstruktorlik ishlarining ustuvor yoʻnalishlarini belgilaydi;
yuklangan vazifalar doirasida bevosita yoki tizimidagi tashkilotlar orqali xorijiy sohaviy idoralar, ilmiy va taʼlim muassasalari bilan hamkorlik qiladi;
k) tasarrufidagi atom energiyasidan foydalanish obyektlarida radiatsiya va yadro xavfsizligi tizimini yaratish hamda takomillashtirish yoʻnalishida:
atom energiyasidan foydalanish obyektlarida radiatsiyaviy, yadroviy va ekologik xavfsizlik tizimini yaratadi va takomillashtiradi;
qurilish, rekonstruksiya qilish, kapital taʼmirlash, obyektni ishlatish va ekspluatatsiya qilish paytida, shuningdek, baxtsiz hodisalar yuz berganda, zamonaviy avtomatlashtirilgan tizimlar va masofadan turib monitoring yordamida ekotizimning barcha tarkibiy qismlarining oʻzgarishi boʻyicha sanoat ekologik nazorati (monitoringi) dasturini ishlab chiqadi;
atom energiyasidan foydalanish xavfsizligini davlat tomonidan tartibga solish boʻyicha alohida vakolatlarga ega boʻlgan davlat organlari koʻrsatma va tavsiyalarini inobatga olgan holda, tasarrufidagi atom energiyasidan foydalanish obyektlarida radiatsiyaviy va yadroviy xavfsizlik tizimini takomillashtiradi;
l) tasarrufidagi atom energiyasidan foydalanish obyektlaridagi yadroviy materiallar va texnologiyalarning, radioaktiv materiallarning tarqalib ketmasligi, shuningdek, radiatsiya hamda yadro xavfsizligini taʼminlashga doir tadbirlarni amalga oshirish yuzasidan choralar koʻrish yoʻnalishida:
atom energiyasidan foydalanish obyektlaridagi yadroviy materiallar va texnologiyalarning, radioaktiv materiallarning tarqalib ketmasligiga doir tadbirlarni amalga oshirish choralarini ishlab chiqadi va amalga oshiradi;
ishlatib boʻlingan yadroviy yoqilgʻi, atom energiyasidan foydalanish obyektlarini faoliyat yuritish jarayonida hosil boʻlgan radioaktiv chiqindilarning hisob-kitobi yuritilishini taʼminlaydi;
atom energiyasidan foydalanish obyektlarida energiya resurslarini tejash, ularning samaradorligini oshirish maqsadida energoaudit jarayonini oʻtkazilishini taʼminlaydi;
atom energiyasidan foydalanish sohasidagi maxfiy maʼlumotlarning aylanmasini qonunchilikda belgilangan tartibda himoya qilish boʻyicha bitim va shartnomalar tuzadi va qabul qilingan majburiyatlari bajarilishini taʼminlaydi;
radiatsiyaviy xavfsizlikning asosiy tamoyillari va standartlariga rioya qilish, shuningdek, atrof-muhitga radiatsiyaviy taʼsirni cheklash orqali xodimlar va aholi salomatligini ionlashtiruvchi nurlanishning zararli taʼsiridan himoya qilish maqsadida samarali radiatsiyaviy himoyani yaratadi;
loyiha hujjatlarida qabul qilingan texnik yechimlar amaldagi qonunchilik talablariga, qoidalarga, shuningdek, atrof-muhit xavfsizligi va atrof-muhitni muhofaza qilish, sanitariya-epidemiologiya xavfsizligini taʼminlash nuqtai nazaridan Xalqaro atom energiya agentligi tavsiyalariga muvofiqligini taʼminlash;
m) atom energiyasidan foydalanish obyektlarini ekspluatatsiya qilish uchun zarur boʻlgan kadrlarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tizimini, shu jumladan, chet elda tashkil etish yoʻnalishida:
atom energiyasidan foydalanish obyektlarini ekspluatatsiya qilish, yadroviy texnologiyalardan foydalanish va milliy yadroviy infratuzilmani rivojlantirish uchun zarur boʻlgan kadrlarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tizimini tashkil etadi;
atom energiyasidan tinchlik maqsadida foydalanish sohasida kadrlar tayyorlashni, yetakchi xorijiy taʼlim va ilmiy-tadqiqot muassasalarida ularning malakasini oshirishni tashkil etadi;
yagona kadrlar siyosati amalga oshirilishini ishlab chiqadi va taʼminlaydi hamda Agentlik, idoraviy mansub muassasalari xodimlari mehnatiga ish haqi toʻlash va ularni ijtimoiy muhofaza qilish tizimini shakllantiradi;
n) avariyaga oid tashqi va ichki rejani ishlab chiqish hamda amalga oshirishda ishtirok etish yoʻnalishida:
tasarrufidagi yadroviy qurilma va saqlash punktlarida avariyaviy holatlarning oldini olishga qaratilgan chora-tadbirlarni ishlab chiqadi, tasdiqlaydi va ularning bajarilishini nazorat qiladi;
tasarrufidagi yadroviy qurilma va saqlash punktlarida avariyaviy holatlarning oldini olishga qaratilgan chora-tadbirlar rejasini Favqulodda vaziyatlar vazirligi hamda boshqa manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda ishlab chiqadi va kelishadi;
tasarrufidagi yadroviy qurilma va saqlash punktlarini ekspluatatsiya qiluvchi tashkilot tomonidan avariyaga oid tashqi reja hisobga olingan holda, avariyaga oid ichki reja ishlab chiqilishini hamda xavfsizlikni davlat tomonidan tartibga soluvchi organlar bilan kelishilishini va tasdiqlanishini taʼminlaydi hamda uning bajarilishini nazorat qiladi;
o) Oʻzbekiston Respublikasi hududida radiatsiyaviy vaziyatni monitoring qilishning yagona avtomatlashtirilgan davlat tizimini tashkil qilishda va uning ishlashida ishtirok etish yoʻnalishida:
respublika hududida radiatsiyaviy avariyalarni prognoz qilish, barvaqt aniqlash va harakat qilish hamda radiatsiyaviy vaziyatni monitoring qilish yagona davlat tizimini yaratishda va ulardan foydalanishda ishtirok etadi;
tasarrufidagi obyektlarda radiatsiyaviy avariyalar sodir boʻlgan taqdirda, kuch va vositalarning harakatga tayyorligini taʼminlash, shuningdek, avariyalarning oldini olish boʻyicha chora-tadbirlarning amalga oshirilishini idoraviy nazorat qiladi;
p) yadroviy materiallar, ishlatib boʻlingan yadroviy yoqilgʻi va radioaktiv chiqindilar bilan bogʻliq ishlarni amalga oshirish boʻyicha dasturlarning shakllantirilishini va roʻyobga chiqarilishini taʼminlash ustidan idoraviy nazoratni amalga oshirish yoʻnalishida:
yadroviy materiallar, ishlatib boʻlingan yadroviy yoqilgʻi va radioaktiv chiqindilar bilan bogʻliq ishlarni amalga oshirish boʻyicha dasturlar ijrosining idoraviy nazoratini taʼminlaydi;
yadroviy materiallar, ishlatib boʻlingan yadroviy yoqilgʻi va radioaktiv chiqindilar bilan bogʻliq ishlarni amalga oshirishga oid tartib va qoidalarni ishlab chiqishda ishtirok etadi hamda dasturlar ijrosini idoraviy nazorat qiladi;
r) yadroviy qurilmalarning va (yoki) saqlash punktlarining bosh (ilmiy, konstruktorlik va loyihalashtirish) tashkilotlarini belgilash, ular toʻgʻrisidagi nizomlarni tasdiqlash yoʻnalishida:
yadroviy qurilmalarning va (yoki) saqlash punktlarining bosh (ilmiy, konstruktorlik va loyihalashtirish) tashkilotlarini oʻz vakolatlari doirasida belgilaydi hamda ushbu tashkilotlarning nizomlarini belgilangan tartibda tasdiqlaydi;
s) atom energiyasidan foydalanish sohasida xalqaro hamkorlikni amalga oshirish, atom energiyasidan tinchlik yoʻlida foydalanish sohasidagi xalqaro shartnomalar boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasining majburiyatlari bajarilishini taʼminlash yoʻnalishida:
atom energiyasidan foydalanish sohasida xalqaro va mintaqalararo hamkorlikni, shu jumladan, Xalqaro atom energiyasi agentligi hamda shu sohadagi boshqa tashkilotlar bilan atom energiyasidan foydalanish obyektlarini xavfsiz ekspluatatsiya qilishni taʼminlash sohasida hamkorlik qiladi;
atom energiyasidan tinchlik maqsadlarida foydalanish sohasidagi xalqaro bitim va shartnomalarni imzolaydi hamda ulardagi Oʻzbekiston Respublikasining majburiyatlarini vakolatlari doirasida bajarilishini taʼminlaydi.
3-bob. Agentlikning huquqlari va javobgarligi
12. Agentlik oʻziga yuklangan vazifalar va funksiyalarni bajarish uchun quyidagi huquqlarga ega:
oʻz vakolati doirasida, shu jumladan, boshqa davlat organlari bilan birgalikda normativ-huquqiy hujjatlarni qabul qilish;
atom energiyasidan tinchlik maqsadlarida foydalanish sohasidagi davlat siyosatini amalga oshirish masalalarida davlat organlari, xoʻjalik birlashmalari va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari faoliyatini belgilangan tartibda muvofiqlashtirish;
oʻz vakolatiga kiradigan masalalarni hal etish uchun zarur boʻlgan materiallar va maʼlumotlarni davlat tashkilotlaridan belgilangan tartibda soʻrash va olish;
oʻz vakolatiga kiradigan masalalar boʻyicha zarur statistika axborotlarini statistika organlaridan tekin olish;
atom energiyasidan tinchlik maqsadlarida foydalanish sohasida bajariladigan davlat va tijorat loyihalari hamda dasturlarida ishtirok etish;
oʻz vakolatiga kiradigan masalalar boʻyicha kengashlarni respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari va xoʻjalik birlashmalari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, shuningdek, xoʻjalik yurituvchi subyektlar rahbarlari va mutaxassislarini jalb etgan holda belgilangan tartibda tashkil etish;
atom energiyasidan tinchlik maqsadlarida foydalanish sohasida kadrlar tayyorlash va xodimlar malakasini oshirish uchun idoraviy ilmiy va oʻquv markazlarini, xoʻjalik hisobidagi axborot markazlarini belgilangan tartibda tashkil etish;
Agentlik atom elektr stansiyalarini qurish uchun taʼsis etgan xoʻjalik yurituvchi subyektlarning ustav kapitalida, shuningdek, yadro texnologiyalaridan foydalanishni nazarda tutuvchi boshqa loyihalarda birgalikda moliyalashtirish yoʻli bilan ishtirok etish;
Agentlik oʻz faoliyatini tashkil etishda va takomillashtirishda, jumladan, dizayn, marketing, moliyaviy, yuridik va boshqa xizmatlarni olishda davlat xaridlari toʻgʻrisidagi qonunchilik hamda xarid qilish tartib-taomillariga asosan shartnomalar tuzish orqali xalqaro tashkilotlarni jalb qilish;
oʻz vakolatiga kiritilgan masalalarni ishlab chiqish uchun ilmiy va boshqa tashkilotlarni, xorijiy va milliy olimlarni, ekspertlar hamda mutaxassislarni belgilangan tartibda jalb etish va ularning mehnati (xizmati)ga shartnomalar asosida haq toʻlash;
yuqori malakali xorijiy mutaxassislarni belgilangan tartibda ishga qabul qilish, shuningdek, Agentlikning budjetdan tashqari mablagʻlari va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan ularning mehnatiga milliy yoki chet el valyutasida (xorijdagi hisobvaraqlarga oʻtkazgan holda) haq toʻlash;
atom energiyasidan tinchlik maqsadlarida foydalanish sohasidagi joriy va strategik vazifalarni yoritish uchun noshirlik faoliyatini qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshirish hamda ommaviy axborot vositalarini (matbuot organlarini) taʼsis etish;
tizimidagi tashkilotlarga tegishli mol-mulkini operativ boshqaruv huquqi asosida oʻtkazish toʻgʻrisida Davlat aktivlarini boshqarish agentligi bilan kelishuvga koʻra qaror qabul qilish;
binolarga xizmat koʻrsatish ishlarini bajarish, asosiy vositalardan va inventarlardan hamda xoʻjalik buyumlaridan, avtotransport, aloqa vositalari, hisoblash, kompyuter va tashkiliy texnikani saqlash va ulardan foydalanish, dasturiy taʼminot vositalarini xarid qilish ishlarini bajarish yuzasidan belgilangan tartibda shartnomalar tuzish;
qonunchilik hujjatlariga muvofiq Agentlikning ijtimoiy infratuzilmasini tashkil etish va takomillashtirish, Agentlik va uning tizimidagi tashkilotlar xodimlari mehnatini ragʻbatlantirish tizimlarini shakllantirish;
Agentlik xodimlarini va uning tizimidagi tashkilotlar rahbarlarini, ular tomonidan tegishli sohadagi faoliyatining asosiy koʻrsatkichlari boʻyicha parametrlarning bajarilishini hisobga olgan holda, moddiy ragʻbatlantirish tartibi, miqdori va shartlarini belgilash;
yuklangan topshiriq va vazifalarni amalga oshirish doirasida konsultantlar sifatida davlat organlari va tashkilotlari, loyiha institutlari, ilm-fan va taʼlim muassasalari mutaxassislarini toʻgʻridan-toʻgʻri shartnomalar tuzish yoʻli bilan jalb etish;
oʻz vakolatiga kiradigan masalalar boʻyicha takliflarni koʻrib chiqish uchun Vazirlar Mahkamasiga, respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari va xoʻjalik birlashmalariga, mahalliy davlat hokimiyati organlariga kiritish;
oʻz vakolatiga taalluqli boʻlgan masalalar boʻyicha xorijiy mamlakatlarda, xalqaro va xorijiy tashkilotlarda, forumlar va maydonchalarda Oʻzbekiston Respublikasi manfaatlarini belgilangan tartibda ifodalash;
atom energiyasidan tinchlik maqsadlarida foydalanish boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasining xorijiy mamlakatlar va xalqaro tashkilotlar bilan xalqaro shartnomalari loyihalarini kelishish uchun Vazirlar Mahkamasiga va boshqa mutasaddi organlarga kiritish;
Agentlik va uning tizimidagi tashkilotlar mutaxassislarini stajirovkalardan oʻtkazish, ularning malakasini oshirish, xalqaro konferensiyalarda, biznes-forumlarda va boshqa tadbirlarda qatnashish uchun xorijiy mamlakatlarga belgilangan tartibda yuborish;
oʻz vakolatiga kiradigan masalalar boʻyicha xorijiy davlatlar, xalqaro va xorijiy tashkilotlar, ilmiy-tadqiqot institutlari vakillari bilan belgilangan tartibda muzokaralar oʻtkazish;
tizimidagi tashkilotlarda mehnatni muhofaza qilish va texnika xavfsizligi boʻyicha ishlarni muvofiqlashtirish;
ushbu Nizomda belgilangan maqsadlarga erishishga yoʻnaltirilgan, qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa faoliyat turlarini amalga oshirish.
13. Agentlik quyidagilar uchun javob beradi:
atom energiyasidan tinchlik maqsadlarida foydalanish va yadro texnologiyalarini joriy etish boʻyicha yagona davlat siyosati samarali amalga oshirilishi, shuningdek, yuklangan vazifalarning sifatli bajarilishi;
atom energiyasidan tinchlik maqsadlarida foydalanish boʻyicha oldindan choralar koʻrilishi;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Hukumati topshiriqlarini oʻz vaqtida, toʻliq va sifatli bajarish, oʻrta va uzoq muddatli rivojlanish dasturlari ishlab chiqilishi, ularning ijrosi taʼminlanishi;
atom energetikasi uchun yuqori malakali, oliy va oʻrta maxsus maʼlumotli, professional bilimga ega boʻlgan mutaxassislarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ushbu tarmoq xodimlari malakasini oshirish, shuningdek, ularning mehnatini ragʻbatlantirish mexanizmlarini takomillashtirish boʻyicha tizimli chora-tadbirlarning amalga oshirilishi;
Agentlikning faoliyati bilan bogʻliq boʻlgan prognoz koʻrsatkichlarga erishish sohasidagi ishlarning samarali tashkil etilishi;
Vazirlar Mahkamasiga va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasiga kiritiladigan normativ-huquqiy hujjatlar va boshqa hujjatlar loyihalarining sifati, shuningdek, Agentlik tomonidan qabul qilinadigan qarorlar samaradorligi va natijadorligi taʼminlanishi.
4-bob. Agentlik direktori va uning oʻrinbosarlarining asosiy funksional majburiyatlari
14. Quyidagilar Agentlik direktorining asosiy funksional majburiyatlari hisoblanadi:
Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlari hamda boshqa normativ-huquqiy hujjatlar talablariga rioya etish;
Agentlik faoliyatiga umumiy rahbarlik qilish, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining tegishli hujjatlari, Vazirlar Mahkamasining qarorlari va boshqa qonunchilik hujjatlari bilan Agentlikka yuklangan vazifa va funksiyalar bajarilishini tashkil etish;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti, Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri va Vazirlar Mahkamasining topshiriqlarini bajarish;
oʻz oʻrinbosari va Agentlikning boshqa mansabdor shaxslari vakolatlarini belgilash va vazifalarni taqsimlash;
Agentlik faoliyati rejalashtirilishini tashkil etish, Agentlikning davriy ish rejalarini tasdiqlash, ularning bajarilishi yuzasidan nazoratni taʼminlash;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti, Vazirlar Mahkamasi topshiriqlariga va oʻz tashabbusiga koʻra normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini sifatli ishlab chiqilishini, ular Oʻzbekiston Respublikasining “Normativ-huquqiy hujjatlar toʻgʻrisida”gi Qonuni , Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasining Reglamenti va Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Reglamenti talablariga muvofiq ravishda oʻz vaqtida kiritilishini tashkil etish, ularning Vazirlar Mahkamasida puxta ishlanishida, Vazirlar Mahkamasi rahbariyati huzurida himoya qilinishida va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasida koʻrib chiqilishida ishtirok etish;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari, farmoyishlari, Vazirlar Mahkamasining qarorlari va energetika vazirining qarorlari, farmoyishlari va topshiriqlari bajarilishini taʼminlash, mutasaddilik qilinadigan yoʻnalish va tarkibiy boʻlinmalarda ijro intizomini mustahkamlash boʻyicha kompleks chora-tadbirlarni amalga oshirish, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Qonunchilik hujjatlari ijrosini samarali tashkil etishda davlat boshqaruvi organlari va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari rahbarlarining shaxsiy javobgarligini kuchaytirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 10-fevraldagi PF-6166-son Farmoniga va “Ijro.gov.uz” ijro intizomi idoralararo yagona elektron tizimi samarali faoliyat koʻrsatishini taʼminlashga qaratilgan qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 31-maydagi PQ-5132-son qaroriga muvofiq tarkibiy boʻlinma rahbarlarining shaxsiy masʼuliyatini oshirish choralarini koʻrish;
Agentlik rahbarlari va xodimlari xizmat safarlarini Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “ Mansabdor shaxslarning xorijiy mamlakatlarga chiqish tartibini takomillashtirish choralari toʻgʻrisida ” 2014-yil 5-martdagi PQ-2142-son va “Xorijiy xizmat safarlarida boʻlish samaradorligi va xorijiy delegatsiyalarning Oʻzbekiston Respublikasiga tashriflarini tashkil etish uchun mansabdor shaxslarning shaxsiy masʼuliyatini yanada oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 3-avgustdagi PQ-3170-son qarorlari talablariga muvofiq tashkil etish, xizmat safarlarining asoslanganligi, samaradorligi va natijadorligini, safar uchun ajratiladigan mablagʻlardan maqsadli va oqilona foydalanishni taʼminlash;
Agentlik vakolatiga kiradigan masalalar boʻyicha koʻrsatmalar chiqarish, buyruqlar va normativ-huquqiy hujjatlarni qabul qilish, zarur boʻlganda boshqa vazirlik va idoralar bilan birgalikda tegishli qarorlar qabul qilish;
Agentlik xodimlari tomonidan Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 14-oktabrdagi 595-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat fuqarolik xizmatchilari odob-axloqining namunaviy qoidalari asosida tasdiqlangan Agentlik xodimlarining odob-axloq qoidalari talablariga rioya etilishini taʼminlashni nazorat qilish;
jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlarini koʻrib chiqish boʻyicha ishlarni Oʻzbekiston Respublikasining “Jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari toʻgʻrisida”gi Qonuni , Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 7-maydagi 341-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat organlarida, davlat muassasalarida va davlat ishtirokidagi tashkilotlarda jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari bilan ishlash tartibi toʻgʻrisidagi namunaviy nizomga muvofiq samarali tashkil etish, jamoatchilik bilan bevosita va ochiq muloqot oʻrnatish, shaxsiy qabullar oʻtkazish, shu jumladan, jismoniy va yuridik shaxslarning vakillarini joylarga borib qabul qilishni tashkil etish;
davlat organlari va boshqa tashkilotlarda, Oʻzbekiston Respublikasi sudlarida, shuningdek, davlat organlari, xalqaro tashkilotlar va xorijiy mamlakat vakillari ishtirokida oʻtkaziladigan rasmiy tadbirlarda Agentlik nomidan ishtirok etish;
Oʻzbekiston Respublikasining “Korrupsiyaga qarshi kurashish toʻgʻrisida”gi Qonuni va korrupsiyaga qarshi kurashishga doir boshqa qonunchilik hujjatlariga rioya etish, faoliyatda korrupsiyaviy xavf-xatarlarni va manfaatlar toʻqnashuvini oʻz vaqtida aniqlash hamda ularga chek qoʻyish, korrupsiyaga oid huquqbuzarliklarning oldini olish choralarini koʻrish hamda tizimda korrupsiyaning oldini olish va unga qarshi murosasiz kurashishga doir ishlarga rahbarlik qilish va muvofiqlashtirish;
Oʻzbekiston Respublikasining “Manfaatlar toʻqnashuvi toʻgʻrisida”gi Qonuni va manfaatlar toʻqnashuvi bilan bogʻliq munosabatlarni tartibga solishga doir ishlarga rahbarlik qilish va muvofiqlashtirish;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Xalq qabulxonalari bilan samarali hamkorlik qilishni tashkil etish, Agentlik rahbarlari va xodimlari ularning faoliyatida faol ishtirok etishini, jismoniy va yuridik shaxslarning Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Virtual qabulxonasidan kelib tushgan murojaatlarini oʻz vaqtida va toʻlaqonli koʻrib chiqilishini taʼminlash;
Agentlik Hayʼat majlislarida raislik qilish;
Agentlikka yuklangan vazifalarni bajarish uchun shartnoma asosida jalb etiladigan malakali xorijiy mutaxassislar xizmatiga haq toʻlash shartlarini xalqaro amaliyotdan kelib chiqqan holda belgilash hamda ularga Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan ish haqi va boshqa toʻlovlarni amalga oshirish;
Agentlik xodimlarini ularning koʻp yillik va samarali faoliyati, alohida xizmatlari uchun Oʻzbekiston Respublikasi davlat mukofotlari bilan taqdirlash uchun belgilangan tartibda takliflar kiritishni taʼminlash va tavsiyalar berish;
Agentlik mulkini qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda tasarruf etish;
Agentlik vakolatiga kiradigan masalalar yuzasidan Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalarini belgilangan tartibda imzolash;
Agentlikning ichki tashkiliy masalalari yuzasidan qarorlar qabul qilish;
Agentlik nomidan bozor ishtirokchilariga yozma soʻrovlar yuborish;
Agentlik xodimlarini lavozimga tayinlash va lavozimdan ozod etish, mehnat shartnomalari (buyruqlari)ni imzolash;
Agentlik xodimlariga vazifalarni yuklash;
Agentlik xodimlarining malakasini oshirish va ularni xorijiy davlatlarga stajirovka va tajriba almashish uchun yuborishni tashkil etish;
Agentlik xodimlarini ragʻbatlantirish va intizomiy javobgarlikka tortish masalalarini hal qilish, oʻz oʻrinbosarini ragʻbatlantirish va intizomiy javobgarlikka tortish masalalarini, shu jumladan, kelgusida uning egallab turgan lavozimida qolishining maqsadga muvofiqligi masalalarini koʻrib chiqish toʻgʻrisida takliflar kiritish, uning shaxsiy javobgarligini oshirish boʻyicha tizimli choralarni amalga oshirish;
Agentlikning tashqi va ichki tashkiliy faoliyati ustidan doimiy va qatʼiy nazorat oʻrnatish;
Agentlikka kiritilgan takliflar va taqdim etilgan normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarining toʻliq va har tomonlama koʻrib chiqilishini, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi Reglamenti va Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Reglamentida belgilangan muddatlarda kelishilishi (viza qoʻyilishi)ni taʼminlash;
davlat sirlari bilan ishlashda qonunchilik talablariga rioya qilish;
xodimlarning belgilangan cheklangan soni doirasida Agentlik shtatlar jadvalini, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasining budjet mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladigan Agentlikning xarajatlari smetasini tasdiqlash;
ushbu Nizomda va qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa vakolatlarni amalga oshirish.
15. Quyidagilar Agentlik direktori oʻrinbosarlarining asosiy funksional majburiyatlari hisoblanadi:
Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlari hamda boshqa normativ-huquqiy hujjatlar talablariga rioya etish;
Agentlik direktori maʼlum sabablarga koʻra (xizmat safari, mehnat taʼtili, betobligi davrida) yoʻqligida uning vazifalarini bajarish;
Agentlikning oʻzi nazorat qiladigan tarkibiy tuzilmalari faoliyatini muvofiqlashtirish, nazorat va bevosita rahbarlik qilish, xodimlar oʻrtasida vazifalarni taqsimlash;
Agentlik faoliyatining oʻzi mutasaddilik qiladigan yoʻnalishlarini yanada takomillashtirish yuzasidan Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining hujjatlari va Vazirlar Mahkamasi qarorlari bilan tasdiqlangan kompleks dastur va kompleks chora-tadbirlar ijrosini tanqidiy va chuqur tahlil qilish;
mutasaddiligidagi tarkibiy tuzilmalar boʻlinma rahbarlarining hisobotlarini muntazam eshitib borish va belgilangan koʻrsatkichlarga erishish uchun ularning shaxsiy javobgarligini oshirish;
Agentlikning va Agentlik direktorining buyruq hamda topshiriqlari ijrosini oʻz vaqtida va sifatli taʼminlash;
Agentlikka kiritilgan takliflar va taqdim etilgan normativ-huquqiy hujjatlarning loyihalarini toʻliq va har tomonlama koʻrib chiqish;
oʻzi nazorat qiladigan idoraviy mansub tuzilmalarda kadrlarni belgilangan tartibda tanlash va joy-joyiga qoʻyish boʻyicha Agentlik direktoriga takliflar taqdim etish, ularning professionalligi, oʻz ishini bilishi, yuksak darajadagi ishchanlik va maʼnaviy-axloqiy fazilatlarga ega boʻlishini taʼminlash, ularning kasbiy malakasini oshirish choralarini koʻrish, mutasaddilik qilinadigan tarkibiy tuzilmalarda kadrlar zaxirasini shakllantirish choralarini koʻrish;
Agentlik xodimlari tomonidan Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 14-oktabrdagi 595-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat fuqarolik xizmatchilari odob-axloqining namunaviy qoidalari asosida tasdiqlangan Agentlik xodimlarining odob-axloq qoidalari talablariga rioya etilishini taʼminlash;
jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlarini koʻrib chiqish boʻyicha ishlarni Oʻzbekiston Respublikasining “Jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari toʻgʻrisida”gi Qonuni , Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 7-maydagi 341-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat organlarida, davlat muassasalarida va davlat ishtirokidagi tashkilotlarda jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari bilan ishlash tartibi toʻgʻrisidagi namunaviy nizomga muvofiq samarali tashkil etish, jamoatchilik bilan bevosita va ochiq muloqot oʻrnatish, shaxsiy qabullar oʻtkazish, shu jumladan, jismoniy va yuridik shaxslarning vakillarini joylarga borib qabul qilishni tashkil etish;
Oʻzbekiston Respublikasining “Korrupsiyaga qarshi kurashish toʻgʻrisida”gi Qonuni va korrupsiyaga qarshi kurashishga doir boshqa qonunchilik hujjatlariga hamda Oʻzbekiston Respublikasining “Manfaatlar toʻqnashuvi toʻgʻrisida”gi Qonuniga rioya qilish va manfaatlar toʻqnashuvi bilan bogʻliq munosabatlarni tartibga solishga doir ishlarni muvofiqlashtirish;
Agentlik faoliyatini takomillashtirish boʻyicha amaliy choralar koʻrish, ushbu sohada qonunchilikni takomillashtirishga doir takliflarni ishlab chiqib, koʻrib chiqish uchun Agentlik direktoriga kiritish;
xalqaro standartlarga muvofiq atom energiyasi sohasidagi normativ bazaning tizimli asosda qayta koʻrib chiqilishini tashkil etish;
atom energiyasidan tinchlik maqsadlarida foydalanish sohasida davlat siyosatining asosiy yoʻnalishlari boʻyicha takliflar tayyorlash;
xorijiy davlatlar, xalqaro va xorijiy tashkilotlar bilan atom energiyasidan tinchlik maqsadlarida foydalanish sohasini rivojlantirish va tartibga solish masalalari boʻyicha hamkorlik qilish;
davlat sirlari bilan ishlashda qonunchilik talablariga rioya qilish.
5-bob. Agentlik rahbarlarining javobgarligi
16. Agentlik direktori:
Agentlikka yuklangan vazifa va funksiyalarning bajarilishi uchun;
Agentlikning ushbu Nizomda nazarda tutilgan javobgarlik sohalari boʻyicha hamda Nizomning 14-bandida koʻrsatilgan oʻz funksional majburiyatlarining sifatli bajarilishi uchun shaxsan javob beradi.
17. Agentlik direktori oʻrinbosarlari:
mutasaddilik qilinadigan yoʻnalish va tarkibiy boʻlinmalarda Agentlikka yuklangan vazifalar va funksiyalarning bajarilishi uchun;
ushbu Nizomning 15-bandida koʻrsatilgan oʻz funksional vazifalarining sifatli bajarilishi uchun shaxsan javob beradilar.
6-bob. Agentlik faoliyatini tashkil etish
18. Agentlikka Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan lavozimga tayinlanadigan va lavozimdan ozod etiladigan direktor rahbarlik qiladi.
Agentlik direktorining oʻrinbosarlari Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti bilan kelishgan holda, Vazirlar Mahkamasining qarori bilan lavozimga tayinlanadi va lavozimdan ozod qilinadi.
Agentlik direktori maqomi boʻyicha vazirning birinchi oʻrinbosariga tenglashtiriladi.
19. Agentlik direktori:
Agentlik faoliyatiga yakka tartibda rahbarlik qiladi;
Agentlik faoliyatiga umumiy rahbarlik qiladi va Agentlikka yuklangan vazifalar va funksiyalarning bajarilishi uchun shaxsan javob beradi;
Agentlik xodimlarining lavozim majburiyatlarini belgilangan tartibda tasdiqlaydi;
oʻz vakolati doirasida Agentlik xodimlarining bajarishi majburiy boʻlgan buyruqlar va farmoyishlar chiqaradi, koʻrsatmalar beradi;
Direktor qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa vakolatlarni ham amalga oshirishi mumkin;
Direktor boʻlmagan davrda uning vakolatlarini vazifalar taqsimotiga muvofiq direktor oʻrinbosarlari bajaradi.
20. Agentlik oʻz vazifalari va funksiyalarini amalga oshirishda respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari va xoʻjalik birlashmalari, mahalliy davlat hokimiyati organlari hamda boshqa tashkilotlar bilan hamkorlik qiladi.
7-bob. Agentlik Hayʼati
21. Hayʼat Agentlikning kollegial organi hisoblanib, direktor (hayʼat raisi), uning oʻrinbosarlari (lavozim boʻyicha), shuningdek, Agentlik faoliyatining asosiy yoʻnalishlarini muvofiqlashtiruvchi tarkibiy boʻlinmalar rahbarlaridan iborat tarkibda tashkil etiladi.
Hayʼat tarkibining soni va shaxsiy tarkibi belgilangan tartibda Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlanadi.
22. Hayʼatga quyidagi vazifalar yuklanadi:
Agentlik vazifalarining eng muhim samaradorlik koʻrsatkichlarini ishlab chiqish va amalga oshirilishini nazorat qilish;
Agentlik faoliyati bilan bogʻliq dolzarb masalalarning joylarda muhokama etilishini taʼminlagan holda hayʼatning kengaytirilgan majlislari oʻtkazilishini tashkil etish, shuningdek, yuzaga kelgan muammolarni oʻz vakolatlari doirasida bartaraf etish boʻyicha tegishli qarorlarni ishlab chiqish va qabul qilish;
Agentlik tarkibiga kiruvchi lavozimlar nomenklaturasini koʻrib chiqish va tasdiqlash;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Vazirlar Mahkamasining qaror va topshiriqlarida belgilangan vazifalarning oʻz vaqtida va sifatli amalga oshirilishini taʼminlash maqsadida Agentlik rahbarlari va xodimlarining ijro intizomini mustahkamlash va shaxsiy javobgarligini oshirish.
Hayʼat, shuningdek, Agentlik vakolatiga kiritilgan boshqa masalalarni ham koʻrib chiqishga haqli.
23. Agentlik direktori qarori bilan quyidagilar:
Hayʼat ish rejalari va belgilangan vazifalarni bajarish muddatlari;
takliflar tashabbusi bilan chiqish, loyihalarni boshlash va hisobot berish tartiblari;
Hayʼatning faoliyatini samarali taʼminlash uchun Agentlik masʼul tarkibiy boʻlinmalarining vazifalari tasdiqlanishi mumkin.
24. Hayʼat yigʻilishiga Agentlik vakolatiga tegishli masalalar yuzasidan respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, boshqa tashkilotlar rahbarlari va ekspert mutaxassislar taklif etilishi mumkin.
25. Hayʼat majlisi aʼzolarining yarmidan koʻpi ishtirok etgan taqdirda, vakolatli hisoblanadi. Hayʼat qarorlari oddiy koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi.
26. Direktor va Hayʼat aʼzolari oʻrtasida kelishmovchiliklar yuzaga kelgan taqdirda, direktor ushbu kelishmovchiliklar xususida Vazirlar Mahkamasiga va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasiga axborot berib, mustaqil ravishda qaror qabul qiladi. Hayʼat aʼzolari ham oʻz fikrlarini Vazirlar Mahkamasiga va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasiga bildirishlari mumkin.
27. Hayʼat oʻz faoliyati uchun zarur boʻlgan hujjatlar, hisobotlar va boshqa maʼlumotlarni soʻrab olishga haqli.
28. Hayʼat qarorlari Hayʼat raisi tomonidan imzolanadi va Agentlik buyrugʻi (qarori) bilan amalga oshiriladi.
8-bob. Agentlik faoliyati samaradorligi va natijadorligini baholash mezonlari va ish indikatorlari
29. Agentlik faoliyatining samaradorligi muntazam baholanadi.
30. Agentlik faoliyati samaradorligi va natijadorligiga berilgan baho Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlanadigan Agentlik faoliyati samaradorligi va natijadorligini baholash mezonlari va ish indikatorlariga asoslanadi.
31. Agentlik faoliyati samaradorligi va natijadorligini baholash yakunlari boʻyicha:
Agentlik rahbarlari va xodimlarini qoʻshimcha ragʻbatlantirish (mukofotlash) yoki intizomiy javobgarlikka tortish;
Agentlik faoliyatida aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish va uning faoliyatini yanada takomillashtirish choralari koʻriladi.
32. Agentlik faoliyati samaradorligi va natijadorligini baholash tartibi va uslubi qonunchilik hujjatlari bilan belgilanadi.
9-bob. Agentlik faoliyatini moliyalashtirish va moddiy-texnik taʼminlash, uning xodimlari mehnatiga haq toʻlash hamda moddiy ragʻbatlantirish
33. Agentlikning moddiy-texnika taʼminoti, xodimlari mehnatiga haq toʻlash va ularni moddiy ragʻbatlantirish boʻyicha xarajatlar Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Atom energiyasi agentligining Atom energiyasidan foydalanish sohasini rivojlantirish jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) mablagʻlari va qonunchilik bilan taqiqlanmagan boshqa mablagʻlar hisobidan moliyalashtiriladi.
34. Agentlik va uning tizimidagi tashkilotlar xodimlariga umumiy koʻp yillik xizmati uchun (xususiy sektor, yakka tartibdagi tadbirkorlik va oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida ishlagan davridan tashqari) ragʻbatlantirish koeffitsiyentini hisobga olgan holda, lavozim maoshiga belgilangan koeffitsiyentlarda quyidagi hajmlarda har chorakda ustama toʻlanadi:
3 yildan 5 yilgacha — 0,15;
5 yildan 10 yilgacha — 0,30;
10 yildan 15 yilgacha — 0,45;
15 yildan 20 yilgacha — 0,60;
20 yildan ortiq — 0,75.
Ushbu bandda nazarda tutilgan tadbirlarni amalga oshirish bilan bogʻliq xarajatlar Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti va Jamgʻarma hisobidan teng ulushlarda amalga oshiriladi.
35. Agentlik tuzilmasi va shtatlar jadvali Agentlik direktori tomonidan tasdiqlanadi.
36. Agentlik va uning tizimidagi tashkilotlar xodimlarining mehnatiga haq toʻlashda Vazirlar Mahkamasining “Davlat hokimiyati va boshqaruvi organlari, sud organlari va notarial idoralar xodimlari mehnatiga haq toʻlashning tarif setkasini joriy etish toʻgʻrisida” 1996-yil 12-apreldagi 147-son qaroriga 2-ilovada koʻrsatilgan razryadlar qoʻllaniladi.
Agentlik xodimlarining ish haqi lavozim maoshi, mukofot, qoʻshimcha toʻlov, ustama va qonunchilikda nazarda tutilgan boshqa toʻlovlardan iborat boʻladi;
Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan Agentlik xodimlariga egallab turgan lavozimlari boʻyicha lavozim maoshlariga qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa toʻlovlardan qatʼi nazar, ustama va boshqa ragʻbatlantiruvchi toʻlovlar direktor tomonidan belgilanadi;
Jamgʻarma mablagʻlari yoki qonunchilik bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan bayram sanalari munosabati bilan shtat jadvaliga koʻra xodimlar lavozim maoshiga nisbatan mukofot toʻlanadi.
37. Agentlik va uning tizimidagi tashkilotlar xodimlarining mehnatiga haq toʻlash qonunchilikda belgilangan razryadlariga asosan boshqaruv xodimlarning lavozim maoshini aniqlashda tarif koeffitsiyentlari 1,8 baravarga oshirilgan holda qoʻllaniladi.
38. Agentlik va uning tizimidagi tashkilotlar xodimlariga Jamgʻarma hisobidan quyidagilar toʻlanadi:
ovqatlanish xarajatlarini qoplash uchun bazaviy hisoblash miqdorining besh baravarigacha har oylik kompensatsiya toʻlovi;
yoʻlkira xarajatlarini qoplash uchun bazaviy hisoblash miqdorining besh baravarigacha har oylik kompensatsiya toʻlovi (xizmat avtotransport vositalari bilan taʼminlangan yoki shaxsiy avtotransport vositalaridan foydalanganlik uchun kompensatsiya toʻlovlarini oladigan xodimlar bundan mustasno);
xodim har yillik mehnat taʼtiliga chiqayotganda Jamoa shartnomasida belgilangan miqdorlarda moddiy yordam va kompensatsiya toʻlovlari;
lavozim maoshining ikki baravari miqdorida har oylik shaxsiy ustama toʻlov, bunda ushbu ustama direktor va uning oʻrinbosarlariga lavozim maoshining bir yarim baravaridan oshmasligi lozim;
Agentlik va uning tizimidagi tashkilotlari rahbarlari tomonidan tasdiqlangan eng muhim samaradorlik koʻrsatkichlari (KPI) tizimiga muvofiq quyidagi hajmlarda:
direktorga lavozim maoshining besh baravarigacha;
direktorning birinchi oʻrinbosari, bosh muhandisi hamda direktor oʻrinbosarlariga lavozim maoshining toʻrt baravarigacha;
direktor maslahatchilari, boshqarma va boʻlim boshliqlariga lavozim maoshining uch yarim baravarigacha;
bosh mutaxassislarga lavozim maoshining uch baravarigacha;
yetakchi mutaxassislar va yordamchi xodimlarga lavozim maoshining ikki yarim baravarigacha har oy mukofot puli toʻlanadi;
xorijiy tillardan milliy va xalqaro sertifikatga ega xodimlarga lavozim maoshiga nisbatan 20 foizgacha qoʻshimcha ustama toʻlov amalga oshiriladi.
Agentlik va uning tizimidagi tashkilotlar xodimlariga umumiy koʻp yillik xizmati uchun ragʻbatlantirish koeffitsiyentini hisobga olgan holda, lavozim maoshiga belgilangan koeffitsiyentlarda (mazkur Nizomda belgilangan hajmlarda) toʻlanadigan har choraklik ustamaning teng yarmini qoplash orqali amalga oshiriladi.
39. Bir necha kasb va lavozimda ishlaganlik, xizmat koʻrsatish hududini kengaytirganlik, xodimlar soni kamligi (vakansiyalar hisobiga) sababli ish hajmi koʻpayganligi uchun lavozim maoshining 50 foizgacha boʻlgan miqdorda qoʻshimcha toʻlovlar amalga oshiriladi.
40. Xorijiy mutaxassislar va xalqaro maslahatchilarning ish haqi tuzilgan mehnat shartnomalariga muvofiq toʻlanadi.
41. Faxriy unvon va ilmiy darajaga ega boʻlgan xodimlarga qonunchilik hujjatlarida belgilangan miqdorlarda qoʻshimcha toʻlovlar amalga oshiriladi.
42. Agentlik va uning tizimidagi tashkilotlar xodimlarining eng muhim samaradorlik koʻrsatkichlari (KPI) tizimi asosida baholash Agentlik va uning tizimidagi tashkilotlarida tashkil etiladigan komissiyasi tomonidan amalga oshiriladi.
Komissiya tarkibi Agentlik (tizimidagi tashkilotlar) direktorining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi. Komissiya tarkibiga direktor-komissiya raisi, direktor oʻrinbosarlari, Inson resurslarini rivojlantirish va boshqarish boʻlimi boshligʻi, yuridik taʼminlash boʻlimi boshligʻi, moliya-iqtisod boʻlimi boshligʻi, bosh hisobchi va kasaba uyushma qoʻmitasi raisi kiradi.
Komissiya qarori koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi va tegishli bayon bilan rasmiylashtiriladi. Ovozlar teng boʻlgan taqdirda, Komissiya raisining ovozi hal qiluvchi hisoblanadi.
43. Har oyning moddiy ragʻbatlantirish miqdori shu oyning 30-sanasigacha belgilanadi.
44. Qonunchilik hujjatlarida belgilangan ishlanmaydigan bayram kunlari uchun Agentlik va uning tizimidagi tashkilotlar xodimlariga lavozim maoshining bir baravarigacha miqdorida pul mukofoti toʻlanadi.
45. Agentlik va uning tizimidagi tashkilotlar xodimlariga Oʻzbekiston Respublikasi hududida va xorijda xizmat safarida boʻlish davridagi kunlik yashash, transport va turar-joy xarajatlari belgilangan tartibda qoplanadi.
46. Mehnat jarohati tufayli xodimga yetkazilgan zarar uchun ish beruvchi bazaviy hisoblash miqdorining kamida oʻn baravari miqdorida bir martalik nafaqa toʻlaydi.
10-bob. Ijtimoiy imtiyozlar va kafolatlar
47. Ish beruvchi va xodim Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti tashabbusi bilan har yili qabul qilinadigan davlat ijtimoiy dasturlarini amalga oshirish doirasida chora-tadbirlarning ishlab chiqilishi va qatʼiy amalga oshirilishini taʼminlaydi.
48. Ish beruvchi yiliga kamida bir marta Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan xodimlarni epidemiologik xavf tugʻdiruvchi kasalliklarga qarshi emlanishini taʼminlaydi.
49. Ish beruvchi Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan Agentlik xodimlari uchun sanatoriy-kurort, dam olish uylariga yoʻllanmalarni xarid qilinishini amalga oshiradi.
50. Agentlik va uning tizimidagi tashkilotlar xodimlarini ijtimoiy himoya qilish maqsadida oilaviy sharoiti (nikoh, bola tugʻilishi, yaqin qarindoshlarning (ota-ona, turmush oʻrtogʻi, bolalar) vafoti) uchun Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan moddiy yordam toʻlovlari (qoʻshimcha toʻlovlar) bazaviy hisoblash miqdorining ellik baravarigacha toʻlanadi.
51. Agentlik va uning tizimidagi tashkilotlar xodimlariga yiliga bir marta, 1-noyabrgacha qonunchilik hujjatlarida belgilangan bazaviy hisoblash miqdorining kamida oʻn baravari miqdorida qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini xarid qilish uchun moddiy yordam toʻlanadi.
52. Yoshga doir davlat pensiyasini olayotgan yoki olish huquqiga ega boʻlgan xodim bilan mehnat shartnomasi bekor qilinganda, xodimga bazaviy hisoblash miqdorining kamida ellik baravari miqdorida moddiy yordam toʻlanadi.
53. Ish beruvchi Jamgʻarmaning imkoniyatlaridan kelib chiqqan holda Agentlikning zarur yoʻnalishlar boʻyicha isteʼdodli kadrlarini mahalliy hamda chet el oliy oʻquv yurtlarida maqsadli oʻqitish, oʻquv-kontrakt toʻlovlarini xodimning ish haqi yoki Agentlik hisobidan keyinchalik ishlab berish sharti bilan toʻlab berishi mumkin.
54. Jamgʻarma hisobidan mazkur Nizomda nazarda tutilmagan ustama, mukofot, ragʻbat va moddiy yordamlar (qonunchilik hujjatlarida yoki Jamoa shartnomasida belgilangan hollar bundan mustasno) toʻlashni amalga oshirish qatʼiyan taqiqlanadi.
55. Agentlik xodimlariga oldingi tashkilotlarda berilgan martaba darajalari saqlanadi.
11-bob. Agentlikning hisobdorligi
56. Agentlik direktori Agentlik faoliyatining natijalari toʻgʻrisida Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Vazirlar Mahkamasi oldida muntazam ravishda hisobot beradi.
57. Faoliyat monitoringi va bahosi yakunlariga koʻra Agentlik mansabdor shaxslari va xodimlariga nisbatan yuklangan vazifalarni vijdonan va oʻz vaqtida bajarganlik uchun ragʻbatlantirish yoxud yoʻl qoʻyilgan jiddiy kamchiliklar uchun egallab turgan lavozimidan boʻshatishgacha boʻlgan javobgarlik choralari koʻriladi.
12-bob. Yakunlovchi qoida
58. Agentlik qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda qayta tashkil etiladi va tugatiladi.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 28-oktabrdagi 709-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Atom energiyasi agentligining Atom energiyasidan foydalanish sohasini rivojlantirish jamgʻarmasi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Atom energiyasi agentligining Atom energiyasidan foydalanish sohasini rivojlantirish jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) mablagʻlarini boshqarish, shakllantirish va ulardan foydalanish tartibini belgilaydi.
2. Jamgʻarma Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Atom energiyasi agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) huzurida yuridik shaxs maqomiga ega boʻlmagan shaklda tashkil etiladi.
2-bob. Jamgʻarmani boshqarish
3. Jamgʻarma mablagʻlari Agentlik tomonidan quyidagi asosiy vazifalarni amalga oshirgan holda boshqariladi:
Jamgʻarmaning yillik tushumi (daromadi) va xarajatlari smetasini tasdiqlash;
Jamgʻarma mablagʻlari tushumi (daromadi) va xarajatlarining hisobotlarini belgilangan tartibda koʻrib chiqish va tasdiqlash;
Jamgʻarma mablagʻlarining maqsadli va samarali ishlatilishini taʼminlash;
Jamgʻarmaga xalqaro moliya institutlari va donor tashkilotlarning grantlari, imtiyozli kreditlari va boshqa maqsadli mablagʻlarni jalb qilish;
Jamgʻarmaga mablagʻlarni jalb qilish va ulardan foydalanish bilan bogʻliq boshqa vakolatlarni amalga oshirish.
3-bob. Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish
4. Quyidagilar Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish manbalari hisoblanadi:
Jamgʻarmaning kutilayotgan xarajatlaridan kelib chiqib, Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishilgan holda belgilanadigan, “Navoiyuran” davlat korxonasi yillik foydasidan hisoblangan dividendining 5 foizi miqdoridagi ajratmalari;
xalqaro moliya institutlari va donor tashkilotlarining grantlari, imtiyozli kreditlari va boshqa maqsadli mablagʻlari;
jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;
Jamgʻarmaning vaqtincha boʻsh turgan mablagʻlarini tijorat banklari depozitlariga joylashtirishdan olinadigan daromadlari;
qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar.
5. Mazkur Nizomning 4-bandida koʻrsatilgan “Navoiyuran” davlat korxonasida har yilgi taʼsischilarning umumiy yigʻilishi oʻtkazilib, dividendlarni toʻlash toʻgʻrisida qaror qabul qilingandan soʻng Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishilgan holda, dividendlarning 5 foizi miqdoridagi ajratmalari Jamgʻarmaning Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasida ochilgan shaxsiy hisobvaraqlariga belgilangan tartibda oʻtkaziladi.
Xalqaro moliya va boshqa institutlarning, xorijiy tashkilotlarning grantlari, jismoniy va yuridik shaxslarning xayriya badallari, homiylik xayriyalari, xorijiy donorlarning, shu jumladan, Oʻzbekiston Respublikasi norezidentlarining mablagʻlari Jamgʻarmaning Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasida ochilgan shaxsiy hisobvaraqlariga belgilangan tartibda oʻtkaziladi.
Jamgʻarmaga tushgan boshqa mablagʻlar har bir valyuta turi boʻyicha tegishli hisobvaraqlarga belgilangan tartibda alohida oʻtkaziladi.
4-bob. Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanish
6. Jamgʻarma mablagʻlaridan Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan tasdiqlangan tushum (daromad) va xarajatlar smetasiga muvofiq belgilangan tartibda foydalaniladi.
7. Jamgʻarma mablagʻlari quyidagi chora-tadbirlarni moliyalashtirishga yoʻnaltiriladi:
Agentlik markaziy apparati va uning tizimidagi tashkilotlar xodimlari mehnatiga haq toʻlash, ularni moddiy ragʻbatlantirish, mukofotlar hamda moddiy yordam mablagʻlarini toʻlab berish va ijtimoiy himoya qilishga;
Agentlik markaziy apparati va uning tizimidagi tashkilotlar moddiy-texnika bazasini mustahkamlashga, shu jumladan, avtotransport va asosiy vositalarini xarid qilish va joriy taʼmirlashga;
atom energiyasidan foydalanish obyektlarini, shu jumladan, tashqi, ichki va qurilish infratuzilmasi obyektlarini, xodim va ishchilar uchun xizmat uylarini barpo etish (loyihaoldi va loyiha hujjatlarini ishlab chiqish va ekspertizadan oʻtkazish, asbob-uskuna va jihozlarni xarid qilish va yetkazish, qurilish, montaj va ishga tushirish ishlari va boshqalar), yadro texnologiyalarini keng koʻlamda joriy etish va investitsiya loyihalarini amalga oshirish bilan bogʻliq ishlarga;
innovatsion loyihalar va zamonaviy texnologiyalarni joriy qilishni ragʻbatlantirishga;
Agentlik va uning tizimidagi tashkilotlar tomonidan fuqarolik-huquqiy xususiyatga ega shartnomalar asosida jalb qilingan shaxslarga haq toʻlashga;
Agentlik va uning tizim tashkilotlari tomonidan xodimlarini tayyorlash, qayta tayyorlash, ularning malakasini oshirish va amaliyot oʻtashini, shu jumladan, mahalliy va xorijiy xizmat safarlarini tashkil qilish, xalqaro konferensiyalar, seminarlar va boshqa tadbirlarda ishtirok etishini taʼminlashga;
milliy yadro-energetika dasturini amalga oshirish uchun zarur boʻlgan kadrlarni xorijiy taʼlim muassasalarida taʼlim olish, tayyorlash, qayta tayyorlash va malakasini oshirish bilan bogʻliq barcha xarajatlarga, shu jumladan, stipendiya, taʼlim muassasasigacha borish-kelish transport xarajatlari (avia va temir yoʻl chiptalari), viza, tibbiy sugʻurta, yashash uchun (turar joyning ijarasi boʻyicha), ovqatlanish va boshqa xarajatlarini moliyalashtirishga;
mahalliy va xorijiy xizmat safari xarajatlari hamda xorijiy delegatsiya tashrifi (xorijiy delegatsiyani kutib olish, transport, ovqatlanish, banket, yashash, madaniy tadbirlar, qonunchilik hujjatlarida belgilangan miqdorlarda sovgʻalar berish bilan bogʻliq xarajatlar va boshqalar) bilan bogʻliq xarajatlarga;
atom energiyasidan tinchlik maqsadlarida foydalanish sohasida ilmiy tadqiqotlar, tajriba-konstruktorlik va innovatsion ishlarni qoʻllab-quvvatlash, iqtisodiyot tarmoqlarida ilgʻor yadro texnologiyalarini joriy etish bilan bogʻliq kompleks chora-tadbirlarni amalga oshirishga;
Agentlik tasarrufidagi atom energiyasidan foydalanish obyektlarining jismoniy himoyasini taʼminlash bilan bogʻliq barcha xarajatlarga;
yadro yoqilgʻisi va radiatsiyaviy manbalarni xarid qilish, ishlatib boʻlingan yadro yoqilgʻisi va radioaktiv chiqindilar bilan muomala qilishga oid barcha xarajatlarga;
Agentlik va uning tizimidagi tashkilotlarda zamonaviy raqamli texnologiyalarni joriy etishga, shu jumladan, korporativ boshqaruv jarayonlarini raqamlashtirish bilan bogʻliq xarajatlarga;
Agentlik va uning tizimidagi tashkilotlarga tegishli binolarni saqlash, joriy va kapital taʼmirlashga;
jamoa shartnomasida koʻzda tutilgan, ish beruvchi tomonidan toʻlanishi lozim boʻlgan va qonunchilikda belgilangan meʼyorlardan oshmagan holda barcha tadbirlarni va xarajatlarni moliyalashtirishga.
8. Agentlik markaziy apparati va uning tizimidagi tashkilotlar rahbariyati va xodimlarining xizmat safari (yoʻlkira, kunlik, yashash va boshqalar) xarajatlari Agentlik direktorining buyrugʻi asosida toʻlab beriladi.
9. Jamgʻarma mablagʻlari joriy moliya yili uchun Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligida roʻyxatdan oʻtkazilgan daromadlar va xarajatlar smetasi asosida ishlatiladi.
10. Hisobot yilida foydalanilmay qolgan Jamgʻarma mablagʻlari keyingi yillarda mazkur Nizomda nazarda tutilgan xarajatlarga yoʻnaltiriladi.
11. Jamgʻarmaning vaqtincha boʻsh mablagʻlari tijorat banklari depozitlariga joylashtirilishi mumkin.
5-bob. Nazorat, hisob va hisobdorlik
12. Jamgʻarma mablagʻlarini joriy yuritish, shuningdek, hisobi va hisoboti qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda Agentlikning masʼul boʻlimi (moliya-iqtisodiy tahlil va investitsiya boʻlimi) tomonidan amalga oshiriladi.
13. Jamgʻarmaga mablagʻlarning belgilangan manbalardan toʻliq kelib tushishini Agentlik nazorat qiladi.
14. Jamgʻarma mablagʻlaridan maqsadli foydalanish, shuningdek, tasdiqlangan tushum (daromad) va xarajatlar smetasiga muvofiq choraklik va yillik hisobotlarni Iqtisodiyot va moliya vazirligiga taqdim etib borish majburiyati Agentlik direktoriga yuklanadi.
15. Jamgʻarma mablagʻlarining maqsadli ishlatilishi yuzasidan tekshiruvlar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda oʻtkaziladi.
6-bob. Yakunlovchi qoida
16. Mazkur Nizom talablarini buzgan aybdor shaxslar qonunchilikda belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 28-oktabrdagi 709-son qaroriga 3-ILOVA
Atom energiyasi va yadro texnologiyalarini joriy etish boʻyicha respublika idoralararo ilmiy-texnik kengashi
A.S. Sultanov — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining energetika xavfsizligi masalalari boʻyicha maslahatchisi, Kengash raisi Lavozim boʻyicha — Fanlar akademiyasi prezidenti, Kengash raisining oʻrinbosari Lavozim boʻyicha — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Xavfsizlik kengashi apparati sektor boshligʻi (kelishuv asosida) B.A. Xadjixanov — Vazirlar Mahkamasining Energetika, geologiya va togʻ-kon sanoati masalalari boʻlimi boshligʻi M.M. Ikramov — adliya vazirining oʻrinbosari I.I. Norqulov — iqtisodiyot va moliya vazirining birinchi oʻrinbosari N.Q. Xolmurodov — investitsiyalar, sanoat va savdo vazirining birinchi oʻrinbosari T.N. Butunbayev — suv xoʻjaligi vazirining birinchi oʻrinbosari Sh.X. Daliyev — oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirining birinchi oʻrinbosari O.M. Umarov — raqamli texnologiyalar vazirining birinchi oʻrinbosari U.M. Mamadaminov — energetika vazirining oʻrinbosari Sh.X. Jurayev — favqulodda vaziyatlar vazirining oʻrinbosari R.E. Turdiboyeva — kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirining oʻrinbosari B.T. Abdullayev — ichki ishlar vazirining oʻrinbosari J.E. Choriyev — transport vazirining oʻrinbosari D.K. Adilov — qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirining oʻrinbosari A.J. Burxanov — Havo hujumidan mudofaa va harbiy havo kuchlari qoʻmondoni A.M. Qosimov — qishloq xoʻjaligi vazirining oʻrinbosari E.I. Basitxanova — sogʻliqni saqlash vazirining oʻrinbosari A.A. Kadirxodjayev — togʻ-kon sanoati va geologiya vazirining oʻrinbosari J.S. Kazbekov — ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirining oʻrinbosari Sh.X. Xodjayev — Energetika bozorini rivojlantirish va tartibga solish agentligi direktori O.Z. Toxirov — Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi direktori oʻrinbosari B.K. Yusupaliyev — Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi raisi I.A. Nimatullayev — Elektr energiyasi, neft mahsulotlari va gazdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi boshligʻi Lavozim boʻyicha — Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi raisi oʻrinbosari — Radiatsiya va yadro xavfsizligi departamenti boshligʻi I.I. Sadikov — Fanlar akademiyasining Yadro fizikasi instituti direktori J.S. Fayzullayev — “Navoiyuran” DK bosh direktori Lavozim boʻyicha — Atom energiyasi va yadro texnologiyalarini yetkazib beruvchi tashkilot vakili (kelishuv asosida) A.I. Axmedxadjayev — Atom energiyasi agentligi direktori, Kengash kotibi
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 28-oktabrdagi 709-son qaroriga 4-ILOVA
Atom energiyasi va yadro texnologiyalarini joriy etish boʻyicha respublika idoralararo ilmiy-texnik kengashi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom Atom energiyasi va yadro texnologiyalarini joriy etish boʻyicha respublika idoralararo ilmiy-texnik kengashining (keyingi oʻrinlarda — Kengash) maqomi, asosiy vazifalari va funksiyalari, huquq va majburiyatlari, javobgarligi hamda faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.
2. Kengash respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari va xoʻjalik birlashmalari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, oliy taʼlim muassasalari, ilmiy-tadqiqot va loyiha-qidiruv tashkilotlarining respublikada atom energiyasidan tinchlik maqsadlarida foydalanish va yadro texnologiyalarini joriy etish boʻyicha faoliyatini muvofiqlashtiruvchi kollegial organ hisoblanadi.
3. Kengash oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Vazirlar Mahkamasi qarorlari va farmoyishlariga, mazkur Nizom, shuningdek, boshqa qonunchilik hujjatlariga amal qiladi.
4. Kengash oʻz faoliyatini Kengash raisi tomonidan tasdiqlangan ish rejasiga muvofiq amalga oshiradi.
2-bob. Kengashning asosiy vazifalari va funksiyalari
5. Kengashning asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:
atom energiyasidan foydalanish sohasida va yadro texnologiyalarini joriy etish hamda milliy yadroviy infratuzilmani rivojlantirish boʻyicha davlat siyosatining ustuvor yoʻnalishlarini shakllantirish toʻgʻrisidagi takliflarni, konsepsiya, strategiya va davlat dasturlari loyihalarini koʻrib chiqish;
yadroviy qurilmalar va (yoki) saqlash punktlarini barpo etish doirasida qoʻllaniladigan xalqaro standartlar va xavfsizlik talablariga javob beradigan zamonaviy texnologiyalarni tanlash boʻyicha takliflarni koʻrib chiqish va xulosalar tayyorlash;
atom energetikasi va yadro texnologiyalari obyektlarini qurish loyihalarini koʻrib chiqish va kelishish, amalga oshirishda ushbu sohadagi eng muhim normalar va standartlarga rioya qilinganligi haqida mutasaddi tashkilotlarning (ekspertlarning) hisobotlarini eshitish;
atom energiyasidan foydalanish obyektlarini tadqiq etish, joylashtirish, loyihalashtirish, konstruksiyalash, barpo etish, foydalanishga topshirish, ekspluatatsiya muddatini uzaytirish, ularni rekonstruksiya qilish, ekspluatatsiya xususiyatlarini cheklash, ushbu obyektlarni ekspluatatsiyadan chiqarish (yopish), qayta ishlash va koʻmib tashlash boʻyicha tavsiya va takliflarni koʻrib chiqish, kelishish hamda amalga oshirilayotgan ishlar yuzasidan mutasaddi tashkilotlarning (ekspertlarning) hisobotlarini eshitish va qabul qilish;
tasarrufidagi atom energiyasidan foydalanish obyektlari va radiatsiyaviy xavfli obyektlarning obyekt darajasidagi oʻlchash vositalari va tarmoqlarining samarali faoliyat yuritishini, shuningdek, ularning mahalliy va respublika darajasidagi radiatsiyaviy vaziyatni monitoring qilish tizimi bilan uygʻunlashuvini tashkil etish va taʼminlash;
atom energiyasi va yadro texnologiyalaridan tinchlik maqsadlarda foydalanish sohasidagi Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalar boʻyicha majburiyatlarining ijrosi toʻgʻrisidagi maʼlumot va hisobotlarni eshitish va zaruratga koʻra tavsiyalar berish.
6. Kengash oʻziga yuklangan vazifalarni bajarish maqsadida quyidagi funksiyalarni amalga oshiradi:
atom energiyasidan foydalanish sohasida va yadro texnologiyalarini joriy etish boʻyicha davlat siyosatini amalga oshirish hamda milliy yadroviy infratuzilmani rivojlantirish boʻyicha davlat siyosatining ustuvor yoʻnalishlarini shakllantirish toʻgʻrisida Atom energiyasi agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) tomonidan taqdim etilgan takliflarni, konsepsiya, strategiya va davlat dasturlari loyihalarini muhokama qiladi hamda tegishli tavsiyalarni beradi va Kengash qarorlarini qabul qiladi;
yadroviy qurilmalar va (yoki) saqlash punktlarini barpo etish doirasida qoʻllaniladigan xalqaro standartlar va xavfsizlik talablariga javob beradigan zamonaviy texnologiyalarni tanlash boʻyicha takliflarni muhokama qiladi hamda tegishli tavsiyalarni beradi va yigʻilish qarorlarini qabul qiladi;
Agentlik direktori, vazirlik va idoralar rahbarlari, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlarining atom energetikasi va yadro texnologiyalarini rivojlantirish konsepsiyalari va dasturlari va yadro texnologiyalari obyektlarini qurish loyihalarini amalga oshirish yuzasidan tegishli qismi boʻyicha hisobotlarini koʻrib chiqadi;
atom energiyasidan foydalanish obyektlarini barpo etish loyihalarini koʻrib chiqadi, kelishadi va tasdiqlash uchun zarur tavsiyalarni beradi;
belgilangan tartibda tasdiqlangan atom energiyasidan foydalanish obyektlarini barpo etish loyihalariga asoslantirilgan oʻzgartirishlar kiritish boʻyicha takliflarni koʻrib chiqadi, kelishadi va tasdiqlash uchun zarur tavsiyalarni beradi;
atom energetikasi va yadro texnologiyalari obyektlarini qurish loyihalarini amalga oshirish jarayonida muhim hisoblangan normalarni va standartlarni ishlab chiqadi;
atom energetikasi obyektlarining alohida zonalari, shu jumladan, atom elektr stansiyalari, tadqiqot reaktorlari, radioaktiv chiqindilarni koʻmish punktlari, yangi va ishlatilgan yadro yoqilgʻisini saqlash obyektlarini joylashuv zonalarini (hududlarini) belgilaydi, shuningdek, tegishli obyektlar hududlarida har qanday faoliyatni amalga oshirish tartibini belgilash hujjatlarini koʻrib chiqadi va ular boʻyicha zarur tavsiyalarni ishlab chiqadi (qabul qiladi);
atom energiyasi va yadro texnologiyalaridan tinchlik maqsadlarida foydalanish sohasidagi Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalar boʻyicha oʻz majburiyatlarini bajarilishini taʼminlash choralari toʻgʻrisida mutasaddi tashkilotlarning maʼlumotlari va hisobotlarini muhokama qiladi hamda tegishli tavsiyalarni beradi va ushbu masalalar yuzasidan Kengash qarorlarini qabul qiladi.
3-bob. Kengashning huquq va majburiyatlari
7. Kengash quyidagi huquqlarga ega:
vaqtincha ishchi guruhlarni tuzish va ularda ishlash uchun mutaxassislarni, shu jumladan, chet ellik mutaxassislarni jalb etish;
respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari va xoʻjalik birlashmalari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, oliy taʼlim muassasalaridan, ilmiy-tadqiqot va loyiha-qidiruv tashkilotlaridan Kengash faoliyatiga oid maʼlumotlar va hujjatlarni soʻrash;
respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari va xoʻjalik birlashmalari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, oliy taʼlim muassasalari, ilmiy-tadqiqot va loyiha-qidiruv tashkilotlari tomonidan atom energetikasi va yadro texnologiyalarini rivojlantirish sohasida amalga oshirilayotgan ishlarning holatini oʻrganish, shuningdek, ularning ushbu yoʻnalishdagi faoliyatini takomillashtirish boʻyicha tavsiyalar tayyorlash.
8. Kengash ushbu Nizom bilan oʻziga yuklangan vazifalarning samarali bajarilishi uchun javobgardir.
4-bob. Kengash faoliyatini tashkil etish
9. Kengash rahbari Kengash raisi boʻlib, uning vakolatiga quyidagilar kiradi:
Kengash yigʻilishining kun tartibini belgilash va yigʻilishni chaqirish;
Kengash tomonidan tuzilgan ishchi guruhlar faoliyatini monitoring qilish;
Kengash tomonidan qabul qilingan qarorlarning bajarilishi ustidan nazoratni tashkil etish;
belgilangan vazifalarni bajarishda Kengash aʼzolari faoliyatini muvofiqlashtirish;
Vazirlar Mahkamasiga Kengash aʼzolarining shaxsiy tarkibini oʻzgartirish boʻyicha takliflar kiritish;
Kengashning samarali ishlashini taʼminlash uchun boshqa vakolatlarni amalga oshirish.
10. Kengash aʼzolari:
Kengash yigʻilishlarida koʻrib chiqilgan masalalarni muhokama qilish va hal etishda ishtirok etish;
respublikada atom energetikasi va yadro texnologiyalaridan tinchlik maqsadlarida foydalanishni rivojlantirishning dolzarb masalalari boʻyicha Kengashga takliflar kiritish;
Kengash tomonidan koʻrib chiqilgan masalalar boʻyicha xulosalar chiqarish.
Kengash aʼzolari Kengashda oʻz faoliyatini ixtiyoriylik asosida amalga oshiradilar.
11. Kengash aʼzolari yigʻilishdan kamida uch kun oldin yigʻilish vaqti, joyi va kun tartibi toʻgʻrisida xabardor qilinadi.
12. Kengash majlisini uning raisi oʻtkazadi. Kengash raisi yoʻqligida, yigʻilish uning oʻrinbosari tomonidan oʻtkaziladi.
Kengash yigʻilishi, agar uning aʼzolarining uchdan ikki qismi ishtirok etsa, vakolatli hisoblanadi.
13. Kengash yigʻilishiga respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari va xoʻjalik birlashmalari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, shu jumladan, oliy taʼlim muassasalari, ilmiy-tadqiqot, loyiha-qidiruv va boshqa tashkilotlar rahbarlari va mutaxassislari taklif etilishi mumkin.
5-bob. Ishchi organ va Kengash kotibi
14. Agentlik Kengashning ishchi organi (keyingi oʻrinlarda — Ishchi organ), Agentlik direktori Kengash kotibi hisoblanadi.
15. Ishchi organ:
Kengash faoliyatini tashkiliy va texnik qoʻllab-quvvatlaydi;
ish rejasi loyihasini tayyorlaydi, Kengash muhokamasiga kiritadi va tasdiqlangan ish rejasining bajarilishini taʼminlaydi;
Kengash yigʻilishi uchun zarur boʻlgan materiallarning tayyorlanishini taʼminlaydi va manfaatdor tashkilotlardan kerakli materiallar va ekspert xulosalarini oladi;
Kengash yigʻilishi kun tartibi boʻyicha tahliliy materiallar tayyorlashni tashkil etadi;
qabul qilingan murojaatlarni koʻrib chiqadi va oʻz vakolatiga kiradigan masalalar boʻyicha Kengash qarorlari loyihalarini tayyorlaydi.
16. Kengash kotibi:
Kengash yigʻilishi uchun zarur boʻlgan hujjatlarni oʻz vaqtida tayyorlanishini taʼminlaydi, Ishchi organning Kengash yigʻilishi uchun materiallarni tayyorlash boʻyicha ishlarni tashkil qiladi;
Kengash raisi bilan yigʻilish oʻtkaziladigan sana va joy, shuningdek, taklif etilganlar roʻyxati toʻgʻrisida kelishib oladi, Kengash aʼzolari va taklif etilgan shaxslarni yigʻilish oʻtkaziladigan sana, vaqt va joy toʻgʻrisida xabardor qiladi;
kun tartibidagi masalalar boʻyicha Kengash yigʻilishlarini tashkil etadi, Kengash yigʻilishining bayonnomalarini tuzadi va tasdiqlangan bayonnomalarning Kengash aʼzolari va manfaatdor tashkilotlarga tarqatilishini taʼminlaydi;
Kengash qarorlarining bajarilishini nazorat qiladi va uning natijalarini koʻrib chiqish uchun Kengash yigʻilishiga taqdim etadi.
6-bob. Kengash tomonidan qarorlar qabul qilish va ularning bajarilishini taʼminlash
17. Kengash qarori yigʻilishda ishtirok etayotgan Kengash aʼzolarining oddiy koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi. Agar ovozlar teng boʻlsa, Kengash raisining ovozi hal qiluvchi hisoblanadi.
Kengashning har bir aʼzosi qabul qilingan qarorlar boʻyicha oʻz fikrini yozma ravishda bildirish huquqiga ega.
18. Tezkor qaror qabul qilish maqsadida Kengash raisi kengash aʼzolari bilan kelishilgan ayrim masalalar boʻyicha qarorni soʻrovnoma orqali ishchi tartibda tasdiqlashi mumkin.
19. Kengash qarorlari Kengash yigʻilishining bayonnomasi bilan rasmiylashtiriladi. Kengash yigʻilishining bayonnomasi Kengash kotibi tomonidan imzolanadi, Kengash raisi tomonidan tasdiqlanadi va bir hafta ichida Kengash aʼzolariga va manfaatdor tashkilotlarga yuboriladi.
20. Kengashning bayonnomalari Ishchi organda saqlanadi.
21. Ishchi organ doimiy ravishda Kengash qarorlarining bajarilishini oʻrganadi va koʻrib chiqadi, zarur hollarda tegishli maʼlumotlar va takliflarni Kengash raisiga taqdim etadi.
7-bob. Yakunlovchi qoida
22. Ushbu Nizom talablarini buzganlikda aybdor shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladilar.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 28-oktabrdagi 709-son qaroriga 5-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirishlar
1. Vazirlar Mahkamasining “Atom energetikasi sohasida loyiha va qurilish ishlari samaradorligini taʼminlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 6-fevraldagi 102-son qarorida:
1-banddagi “Energetika vazirligi huzuridagi Atom energetikasini rivojlantirish agentligi” soʻzlari “Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Atom energiyasi agentligi” soʻzlari bilan almashtirilsin;
2-bandning uchinchi xatboshisidan “keyinchalik yetakchi xorijiy tashkilotlarning ishtiroki yuzasidan muzokaralar olib borish natijalari boʻyicha ularni “Oʻzatominjiniring” MCHJ muassislari tarkibiga kiritish toʻgʻrisidagi takliflari maʼqullansin” soʻzlari chiqarib tashlansin;
4-banddagi “Energetika vazirligi huzuridagi Atom energetikasini rivojlantirish agentligi” soʻzlari “Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Atom energiyasi agentligi” soʻzlari bilan almashtirilsin;
5-bandning ikkinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Direksiya direktori maqomi hamda tibbiy va transport xizmati koʻrsatish shart-sharoitlari boʻyicha “Oʻzatom” agentligi direktorining oʻrinbosariga tenglashtiriladi, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi bilan kelishilgan holda, Agentlik direktori tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimidan ozod etiladi”;
6-bandning ikkinchi xatboshisidagi “Atom energetikasini rivojlantirish jamgʻarmasi” soʻzlari “Atom energiyasidan foydalanish sohasini rivojlantirish jamgʻarmasi” soʻzlari bilan almashtirilsin.
2. Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 9-fevraldagi 108-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Energetika vazirligi toʻgʻrisidagi nizomda :
9-bandda :
beshinchi xatboshi chiqarib tashlansin;
oltinchi va yettinchi xatboshilar tegishlicha beshinchi va oltinchi xatboshilar deb hisoblansin;
10-bandda :
oʻn uchinchi xatboshi chiqarib tashlansin;
oʻn toʻrtinchi-yigirmanchi xatboshilar tegishlicha oʻn uchinchi-oʻn toʻqqizinchi xatboshilar deb hisoblansin;
oʻn toʻrtinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“elektr stansiyalarini qurish, energetika va respublika isteʼmolchilarining energiya taʼminoti sohasida davlat siyosatini amalga oshirish (tabiiy gaz, suyultirilgan gaz, neft mahsulotlari, koʻmir, elektr energiyasi va boshqalar);
11-bandning “d” kichik bandi uchinchi xatboshisidan “atom energiyasidan tinchlik maqsadlarida foydalanish” soʻzlari chiqarib tashlansin.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 28-oktabrdagi 709-son qaroriga 6-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanayotgan qarorlari
1. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Energetika vazirligi huzuridagi Atom energetikasini rivojlantirish agentligi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash toʻgʻrisida” 2018-yil 13-avgustdagi 653-son qarori .
2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Energetika vazirligi huzuridagi Atom energetikasini rivojlantirish agentligi faoliyatini tashkil etishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2018-yil 6-oktabrdagi 800-son qarori .
3. Vazirlar Mahkamasining Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Mamlakatni ijtimoiy-iqtisodiy rivojlantirishning strategik vazifalari amalga oshirilishi samaradorligi uchun Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining masʼuliyatini oshirishga doir birinchi navbatdagi chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2019-yil 28-yanvardagi PF-5644-son, “Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining ayrim hujjatlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2019-yil 1-fevraldagi PF-5650-son farmonlari va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumati ishini tashkil etishning sifat jihatidan yangi tizimini joriy etish toʻgʻrisida” 2019-yil 28-yanvardagi PQ-4136-son qarori) 2019-yil 13-maydagi 397-son qaroriga ilovaning 103-bandi .
4. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2020-yil 3-iyundagi 348-son qaroriga 1-ilovaning 14 va 15-bandlari .
5. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasida chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarni roʻyxatga olish tartibini soddalashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 28-sentabrdagi 593-son qaroriga 4-ilovaning 59-bandi .
6. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlari tarkibiga kiradigan vazirlik va idoralarda hammom-kirxona xizmatlarini autsorsing shartlari asosida koʻrsatishni tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 18-apreldagi 217-son qaroriga 2-ilovaning 2-bandi .
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2024-yil 28-oktabr,
709-son