UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 9-sentabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Iqtisodiyot va moliya vaziri

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 9 сентябрь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Иқтисодиёт ва молия вазири

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 9 сентября 2024 г. · Документы министерств и ведомств · Министр экономики и финансов

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 9 September 2024 · Ministry and agency documents · Iqtisodiyot va moliya vaziri

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг

буйруғи

Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (16-сонли БҲС) «Баҳоланган мажбуриятлар, шартли мажбуриятлар ва шартли активлар»ни тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси , Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ ва давлат секторида бюджет ҳисобини халқаро молиявий ҳисобот стандартларига мувофиқлаштириш мақсадида буюраман:

1. Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (16-сонли БҲС) «Баҳоланган мажбуриятлар, шартли мажбуриятлар ва шартли активлар» иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ 2025 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2024 йил 9 сентябрдаги 175-сон буйруғига ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (16-сонли БҲС) «Баҳоланган мажбуриятлар, шартли мажбуриятлар ва шартли активлар»

Мазкур Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (16-сонли БҲС) «Баҳоланган мажбуриятлар, шартли мажбуриятлар ва шартли активлар» (бундан буён матнда Стандарт деб юритилади) бюджет ташкилотлари, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда бошқа бюджетдан ташқари жамғармалар (бундан буён матнда ташкилот деб юритилади) томонидан баҳоланган мажбуриятлар, шартли мажбуриятлар ва шартли активлар ҳисобини юритиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Стандартда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

мажбурият — ташкилотда бўлиб ўтган ҳодисалардан келиб чиқадиган жорий муносабатлар бўлиб, унда тўловлар иқтисодий фойда ёки хизмат кўрсатиш потенциалини ўзида мужассам этган ресурсларни ташкилотдан чиқиб кетиши орқали юзага келади;

баҳоланган мажбурият — муддати ёки миқдори ноаниқ бўлган мажбуриятдир;

юридик жавобгарлик — шартнома шартлари, қонунчилик ёки бошқа ҳуқуқий нормаларнинг қўлланиши натижасида юзага келадиган жавобгарлик;

конструктив жавобгарлик — ташкилотнинг қуйидаги хатти-ҳаракатлари орқали юзага келадиган жавобгарлик:

олдинги шаклланган тажриба, эълон қилинган сиёсат ёки етарлича жорий баёнотига кўра, ташкилотнинг бошқа томонларга муайян масъулиятни ўз зиммасига олишини билдириши;

бунинг натижасида ташкилот ўз зиммасига олган жавобгарликлар бажарилиши тўғрисида бошқа томонларда умид ҳосил қилиши;

жавобгарлик юклайдиган ҳодиса — ташкилотнинг жавобгарликни сўндиришдан бошқа муқобил амалий чораси бўлмаслиги билан натижаланадиган, юридик ёки конструктив жавобгарликни юзага келтирадиган ҳодисадир;

реструктуризация — ташкилотнинг раҳбарияти томонидан режалаштириладиган ва назорат қилинадиган дастур бўлиб, унга кўра ташкилотнинг фаолияти доираси ёки ушбу фаолиятни амалга ошириш усулларининг ўзгартирилиши;

шартли актив — олдинги ҳодисалар натижасида юзага келиши мумкин бўлган актив бўлиб, унинг мавжудлиги (вужудга келиши) фақат ташкилотнинг тўлиқ назорати остида бўлмаган келгусидаги бир ёки бир нечта ноаниқ ҳодисаларнинг содир бўлиши ёки содир бўлмаслиги билан тасдиқланади;

шартли мажбурият — олдинги ҳодисалар натижасида юзага келиши мумкин бўлган жавобгарлик бўлиб, унинг мавжудлиги фақат ташкилотнинг тўлиқ назорати остида бўлмаган келгусидаги бир ёки бир нечта ноаниқ ҳодисаларнинг содир бўлиши ёки содир бўлмаслиги билан тасдиқланади;

зарар келтирувчи шартнома — шартнома бўйича вужудга келган жавобгарликларни бажариш учун амалга ошиши аниқ бўлган харажатлар ушбу шартнома бўйича олиниши кутилаётган иқтисодий нафдан ошиб кетадиган шартномадир;

ҳисобот санаси — молиявий ҳисоботлар тегишли бўлган ҳисобот даврининг охирги куни;

ҳодиса — олдинги ва келгуси даврларда амалга оширилган фаолият натижасида ташкилотга жавобгарликни юзага келтириши мумкин бўлган муносабатлар.

2. Мазкур Стандартнинг мақсади баҳоланган мажбуриятлар, шартли мажбуриятлар ва шартли активларга таъриф бериш, уларни тан олиш, баҳолаш ва очиб бериш тартибини белгилашдан иборат.

Мазкур Стандарт фойдаланувчиларга шартли активлар ва шартли мажбуриятларнинг хусусияти, вақти ва миқдорини тушунишга имкон бериш учун молиявий ҳисоботларнинг изоҳлар қисмида муайян маълумотлар очиб берилишини талаб қилади.

3. Баҳоланган мажбуриятлар молиявий ҳисоботларда кредиторлик қарзлар ва ҳисобланган харажатлар каби мажбуриятлар сифатида акс эттирилади.

Кредитор қарздорлик ва ҳисобланган мажбуриятлардан фарқли ўлароқ, баҳоланган мажбуриятлар баҳоланиши керак, чунки улар муддат ва миқдор жиҳатидан ноаниқликларга боғлиқдир. Шунинг учун баҳоланган мажбуриятлар молиявий ҳисоботларни тайёрловчилардан харажатларнинг муддатлари ва миқдорлари бўйича энг яхши тахминлар (баҳолаш)дан фойдаланишни талаб қилади.

4. Олдинги ҳодисалар ва зарар келтирувчи шартномалар билан боғлиқ бўлмаган ҳамда ташкилотнинг одатий фаолияти билан боғлиқ зарарлар баҳоланган мажбуриятлар сифатида акс эттирилиши мумкин эмас.

Активларнинг қадрсизланиши ҳам баҳоланган мажбурият бўлиши мумкин эмас. Бироқ, келгусидаги ҳодисалар, яъни нарх инфляцияси ёки валюта айирбошлаш курсидаги ўзгаришлар мажбуриятни баҳолашга таъсир этишини шубҳасиз исботлаш мумкин бўлса, мазкур келгусидаги ҳодисалар молиявий ҳисоботларда баҳоланган мажбуриятлар сифатида акс эттирилади.

5. Шартли активлар ва шартли мажбуриятлар молиявий ҳисоботда тан олинмайди.

Шартли активлар ва шартли мажбуриятлар тан олинмаслигига қарамасдан уларни молиявий ҳисоботларнинг изоҳларида очиб беришда мазкур Стандарт талабларига амал қилиниши керак.

6. Ташкилот баҳоланган мажбуриятлар, шартли активлар ва шартли мажбуриятларни мазкур Стандартда белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисобида ҳисобга олиши керак.

7. Мазкур Стандарт ташкилот томонидан қуйидаги баҳоланган мажбуриятлар, шартли мажбуриятлар ва шартли активларни ҳисобга олишда қўлланилмайди:

ташкилот томонидан тақдим этиладиган ижтимоий ёрдамлардан келиб чиқадиган мажбуриятлар (бунда, ташкилот мазкур манфаатларни олувчилардан тақдим этилаётган товар ва хизматлар учун уларни қийматига тенг компенсация олмайди);

ҳаққоний қийматда ҳисобга олинадиган молиявий инструментларнинг натижаси ҳисобланадиган мажбуриятлар (амортизация қийматида баҳоланадиган молиявий инструментлар бундан мустасно);

зарар келтирувчи шартномалар бўлмаган, ижро этиладиган шартномалар натижасида келиб чиқадиган мажбуриятлар ва активлар;

ходимларни рағбатлантириш тўловлари билан боғлиқ бўлган мажбурият ёки активлар (бундан ишдан бўшатиш билан боғлиқ нафақалар мустасно);

бюджет ҳисобининг бошқа стандарти билан тартибга солинган мажбурият ва активлар.

8. Аҳолига соғлиқни сақлаш, таълим, уй-жой, транспорт ва ижтимоий ёрдамлар каби ижтимоий хизматлар тақдим этилишига нисбатан ушбу Стандарт татбиқ этилмайди.

2-боб. Баҳоланган мажбуриятни тан олиш, ўзгаришлар, фойдаланиш ва ҳисоблаш

1-§. Баҳоланган мажбуриятларни тан олиш

9. Баҳоланган мажбуриятлар қуйидаги ҳолларда ташкилот томонидан тан олиниши лозим:

олдинги ҳодиса натижасида ташкилот юридик ёки конструктив жавобгарликка эга бўлса;

жавобгарликни бажариш учун иқтисодий фойда ёки хизмат кўрсатиш потенциалини ўзида мужассам этган ресурсларнинг чиқиб кетиши талаб қилинса;

жавобгарлик қиймати ишончли баҳоланса.

Агар ушбу ҳолатлар бажарилмаса, баҳоланган мажбурият тан олинмаслиги лозим.

Баҳоланган мажбуриятлар ташкилот реструктуризация ёки юридик жиҳатдан мажбурий бўлган фаолиятни тугатиш билан боғлиқ харажатларини амалга оширишга тўғри келганида ҳам юзага келади.

10. Олдинги ҳодиса бўйича ҳисобот даврининг охирида жавобгарликнинг юзага келиш эҳтимоли унинг юзага келмаслиги эҳтимолидан кўпроқ бўлса, олдинги ҳодиса жавобгарликни юзага келтиради деб ҳисобланади.

2-§. Баҳоланган мажбуриятлардаги ўзгаришлар ва баҳоланган мажбуриятлардан фойдаланиш

11. Баҳоланган мажбуриятлар ҳар йили ҳисобот санаси ҳолатига қайта кўриб чиқилиши ва жорий энг тўғри баҳони акс эттириш учун тузатишлар киритилиши керак. Агар жавобгарликни кўрсатилган миқдорда тўлаш учун иқтисодий фойда ёки хизмат кўрсатиш потенциалини ўзида мужассам этган ресурсларнинг чиқими юзага келмаса, баҳоланган мажбуриятни бекор қилиш керак.

12. Баҳоланган мажбуриятдан фақатгина мазкур баҳоланган мажбурият дастлаб қопланиши режалаштирилган харажатлар учун фойдаланилиши керак.

3-§. Баҳоланган мажбуриятларни ҳисоблаш

13. Баҳоланган мажбурият сифатида тан олинган сумма ҳисобот санасида мавжуд жавобгарликни бажариш учун зарур бўлган харажатларнинг энг тўғри ҳисоб баҳоси бўлиши керак. Баҳоланган мажбуриятлар солиқларни инобатга олмаган ҳолда ҳисобланади.

14. Баҳоланган мажбурият сифатида тан олиниши керак бўлган сумма у билан боғлиқ ноаниқликлардан келиб чиқиб турли усуллар орқали ҳисобланади.

Баҳоланган мажбуриятни ҳисоблашда жавобгарлик келтириб чиқариши мумкин бўлган объектлар кўп миқдорни ташкил этса, жавобгарлик барча объектлар бўйича келиб чиқиши мумкин бўлган натижаларни уларга тегишли бўлган эҳтимолликлар билан ҳисобга олган ҳолдаги қийматини аниқлаш орқали баҳоланади.

Баҳолашнинг бу усули «кутилаётган қиймат» деб номланади. Шунинг учун баҳоланган мажбурият бу суммани йўқотиш эҳтимолига (масалан, 60 фоизга ёки 90 фоизга тенг бўлишига) қараб фарқланади. Мумкин бўлган натижаларнинг оралиғи узлуксиз бўлса ва бу оралиқнинг ҳар бир йўқотиш эҳтимоли бошқаси каби бир хил бўлса, ўртачаси олинади.

Масалан: Давлат тиббий лабораторияси давлат ва хусусий тиббиёт марказлари ва шифохоналарга диагностика ультратовуш сканерларини тўлиқ таъмирлаш шарти билан тақдим этади. Ускуналар кафолат билан таъминланади, унга кўра диагностика ультратовуш сканерлари сотиб олинганидан кейин биринчи олти ой ичида аниқ бўлган ҳар қандай нуқсонларни таъмирлаш харажатлари қопланади. Агар тақдим этилган барча жиҳозларда кичик нуқсонлар аниқланса, 1 миллион сўм таъмирлаш харажатлари келиб чиқади. Агар тақдим этилган барча жиҳозларда катта нуқсонлар аниқланса, таъмирлаш харажатлари 4 миллион сўмга олиб келади. Лабораториянинг олдинги тажрибаси ва келгусидаги тахминлари шуни кўрсатадики, келгуси йил учун ускунанинг 75 фоизида нуқсонлар бўлмайди, ускунанинг 20 фоизида кичик нуқсонлар ва 5 фоиз ускунада катта нуқсонлар бўлади. Бунда, мазкур Стандартнинг 22-бандига мувофиқ лаборатория барча етказиб берилган жиҳозлар бўйича кафолат мажбуриятлари юзага келиш эҳтимолини баҳолайди.

Жиҳозларни таъмирлаш мажбуриятининг кутилаётган қиймати:

(нолдан 75%) + (1 млн сўмдан 20%) + (4 млн сўмдан 5%) = 400 000.

15. Алоҳида олинган жавобгарлик баҳоланганда, энг кўп аниқ натижа мажбуриятнинг энг тўғри ҳисоб баҳоси бўлиши мумкин. Агар бошқа натижалар юзага келиши учун асосли имкониятга эга бўлса, молиявий ҳисоботдаги баҳоланган мажбурият учун потенциал жавобгарликни баҳолашда улар эътиборга олиниши керак.

3-боб. Жавобгарлик ва унинг ишончли баҳоси

16. Ташкилот ҳисобот санасида жавобгарликларнинг мавжудлигини барча далиллар асосида, шу жумладан эксперт ёки мутахассислар фикрини ҳисобга олган ҳолда аниқлайди. Кўриб чиқилган далиллар ҳисобот санасидан кейинги фаолият бўйича тақдим этилган қўшимча далилларни ҳам ўз ичига олади.

Ҳисобот санасида жавобгарликнинг юзага келиш эҳтимоли юқори бўлмаса ҳамда иқтисодий фойда ёки хизмат кўрсатиш потенциалини ўзида мужассам этган ресурсларнинг чиқиб кетиш эҳтимоли йўқ бўлса, ташкилот шартли мажбуриятни молиявий ҳисоботга изоҳларда очиб беради.

17. Жавобгарликнинг ҳисоб баҳоларидан фойдаланиш молиявий ҳисоботларни тайёрлашнинг муҳим қисмидир ва унинг ишончлилигини камайтирмайди. Камдан-кам ҳолатларда ташкилот бир қатор мумкин бўлган натижаларни аниқлай олади ҳамда шунинг учун мажбуриятни баҳолаш ва тан олишда фойдаланиш учун етарлича ишончли бўлган жавобгарликнинг ҳисоб баҳосини аниқлайди.

18. Жавобгарликнинг ишончли ҳисоб баҳосини аниқлаш мумкин бўлмаган ҳолларда, тан олинмайдиган мажбурият мавжуд бўлади. Ушбу мажбурият молиявий ҳисоботда шартли мажбурият сифатида очиб берилади.

4-боб. Олдинги ҳодиса

19. Ҳодиса жавобгарлик юклайдиган ҳодиса бўлиши учун ташкилотда ушбу ҳодиса туфайли юзага келган жавобгарликни қоплашдан бошқа чора бўлмаслиги керак.

Мазкур ҳолат фақатгина қуйидаги ҳолларда содир бўлиши мумкин:

жавобгарлик сўндирилиши қонунчилик ҳужжатлари, шартномалар ва суд ҳужжатларига мувофиқ таъминланадиган бўлганда;

конструктив жавобгарликда ҳодиса (бу ташкилотнинг хатти-ҳаракати бўлиши мумкин) ташкилот ўз зиммасига олган жавобгарликларни бажариши юзасидан бошқа томонларда ташкилот жавобгарликни бажариши тўғрисида асосли кутишларни ҳосил қилганда.

Молиявий ҳисоботда ташкилотнинг келгусидаги ҳолати эмас, балки ҳисобот даврининг охиридаги молиявий ҳолати акс эттирилади. Шунинг учун келгусида ташкилот фаолиятини давом эттириш учун амалга оширилиши керак бўлган харажатлар бўйича баҳоланган мажбуриятлар ҳисобга олинмайди. Ташкилотнинг молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботида тан олинадиган мажбуриятлар фақат ҳисобот даври охирида мавжуд бўлган мажбуриятлардир.

20. Ташкилот томонидан ҳодиса содир бўлган вақтда жавобгарлик юзага келмаслиги, бироқ қонунчиликка ўзгартиришлар киритилиши ёки ташкилот томонидан етарлича аниқ баёнот берилиши (конструктив) натижасида жавобгарлик юзага келиши мумкин.

Масалан, ваколатли орган томонидан табиатга зарар етказилганда, унинг оқибатларни бартараф этиш бўйича жавобгарлик юзага келмаслиги мумкин. Бироқ, янги қабул қилинган қонунчилик зарарни тўғрилашни талаб қилса ёки ваколатли органи ёхуд бошқа ташкилот зарар оқибатларини бартараф этиш жавобгарлигини ўз зиммасига олса, бу ҳолат жавобгарлик юклайдиган ҳодиса ҳисобланади.

5-боб. Иқтисодий фойда ёки хизмат кўрсатиш потенциалини ўзида мужассам этган ресурсларнинг эҳтимолий чиқиб кетиши

21. Мажбуриятнинг баҳоланган мажбурият сифатида тан олиниши учун нафақат мавжуд жавобгарлик бўлиши, балки ушбу жавобгарликни бажариш учун иқтисодий фойда ёки хизмат кўрсатиш потенциалини ўзида мужассам этган ресурсларнинг чиқиб кетиш эҳтимоли ҳам мавжуд бўлиши лозим.

Агар ҳодиса содир бўлиш эҳтимоли юқори бўлса, яъни ҳодиса содир бўлиш эҳтимоли содир бўлмаслиги эҳтимолидан каттароқ бўлса, ресурсларнинг чиқиб кетиши ёки бошқа ҳодиса эҳтимолий деб ҳисобланади.

22. Бир қанча ўхшаш жавобгарликлар мавжуд бўлганда (масалан, товар бўйича кафолатлар ёки шунга ўхшаш шартномалар), жавобгарликни сўндириш учун ресурсларнинг чиқиб кетиши эҳтимоли бундай жавобгарликларни бутун синфига нисбатан аниқланади. Ҳар бир шартнома бўйича ресурсларнинг чиқиб кетиши эҳтимоли кам бўлиши мумкинлигига қарамай, бундай жавобгарликларнинг бутун бир синфини сўндириш учун бир қанча ресурсларнинг чиқиб кетиши талаб этилиши мумкин. Бундай ҳолларда, баҳоланган мажбурият тан олинади (агар бошқа тан олиш мезонлари бажарилса).

6-боб. Шартли мажбуриятлар ва шартли активларни тан олиш

23. Шартли мажбурият қуйидагилардан иборат:

1) олдинги фаолиятдан келиб чиқадиган ва мавжудлиги фақат ташкилотнинг тўлиқ назоратига кирмайдиган бир ёки бир нечта ноаниқ келгусидаги ҳодисаларнинг содир бўлиши ёки содир бўлмаслиги билан тасдиқланиши мумкин бўлган жавобгарликлар;

2) олдинги фаолиятлардан келиб чиқадиган, аммо қуйидаги сабабларга кўра тан олинмайдиган жорий жавобгарликларни ҳам ўз ичига олади:

жавобгарликни бажариш учун иқтисодий фойда ёки хизмат кўрсатиш потенциалини ўзида мужассам этган ресурсларнинг чиқиб кетиши талаб қилинмаганда;

жавобгарлик миқдорини етарлича ишончлилик билан аниқлаш мумкин бўлмаганда.

24. Шартли мажбурият иқтисодий фойда ёки хизмат кўрсатиш потенциалини ўзида мужассам этган ресурсларнинг чиқиб кетиш эҳтимоли бўлса, очиб берилади.

25. Ташкилот томонидан шартли мажбуриятлар иқтисодий фойда ёки хизмат кўрсатиш потенциалини ўзида мужассам этган ресурсларнинг чиқиб кетиши эҳтимоли борлигини аниқлаш учун доимий равишда баҳолаб борилади. Агар олдиндан шартли мажбурият сифатида кўриб чиқилган объект бўйича келгусидаги иқтисодий фойда ёки хизмат кўрсатиш потенциалининг чиқиб кетиш эҳтимоли юзага келса, баҳоланган мажбурият эҳтимоллик ўзгариши содир бўлган даврнинг молиявий ҳисоботида тан олинади.

Масалан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи атроф-муҳитга оид қонунчиликни бузган бўлса, бироқ атроф-муҳитга бирор-бир зарар етказилганлиги номаълум бўлиб, кейинчалик зарар етказилганлиги ва уни бартараф этиш зарурлиги аниқ бўлса, ташкилот баҳоланган мажбуриятни тан олади, чунки иқтисодий ресурс чиқимининг эҳтимоли юзага келади. Аксинча, агар мавжуд жавобгарликнинг иқтисодий фойда ёки хизмат кўрсатиш потенциалини ўзида мужассам этган ресурсларнинг чиқиб кетиши эҳтимоли кам бўлса, жавобгарлик тан олинмаслиги ёки изоҳлар қисмида очиб берилмаслиги керак.

26. Ташкилот жавобгарлик бўйича бошқа томонлар билан биргаликда солидар жавобгар бўлса, мажбуриятнинг бошқа томонлар томонидан бажарилиши кутилаётган қисми шартли мажбурият сифатида кўриб чиқилади, чунки бошқа томонлар мажбуриятининг ташкилотга таъсири қандай бўлиши аниқ эмас.

Масалан, қўшма корхонанинг қарзи бўлса, мажбуриятни қўшма корхонанинг бошқа иштирокчилари томонидан бажарилиши керак бўлган қисми шартли мажбурият сифатида кўриб чиқилади.

27. Ташкилотнинг назорати остида бўлмаган кутилмаган ҳодисалар натижасида юзага келадиган иқтисодий фойда ёки хизмат кўрсатиш потенциалининг кирими эҳтимоли бўлса, ташкилот ушбу шартли активни тан олмаслиги, балки уни молиявий ҳисоботнинг изоҳлар қисмида очиб бериши керак.

28. Шартли активлар молиявий ҳисоботда тегишли тартибда акс эттирилишини таъминлаш учун доимий равишда баҳоланади. Агар иқтисодий фойда ёки хизмат кўрсатиш потенциалининг юзага келиши аниқ бўлса ҳамда активнинг қиймати ишончли тарзда баҳоланиши мумкин бўлса, актив ва тегишли даромад ўзгаришлар содир бўлган даврнинг молиявий ҳисоботида тан олинади. Агар иқтисодий фойда ёки хизматлар кирими эҳтимоли кам бўлса, шартли актив тан олинмаслиги ёки очиб берилмаслиги керак.

7-боб. Дисконтланган қиймат

29. Баҳоланган мажбурият ҳисобот санасидан кейин бир йилдан кўпроқ вақт ўтгач тўланиши кутилса, баҳоланган мажбурият миқдори «пулнинг вақт қийматини» акс эттириш учун дисконтлашдан фойдаланган ҳолда молиявий ҳисоботда унинг жорий қиймати бўйича кўрсатилиши керак. Келгусида тўланиши керак бўлган баҳоланган мажбурият дисконтланганда, молиявий ҳисоботда баҳоланган мажбуриятнинг баланс қиймати ҳар тўлов йилида баҳоланган мажбуриятнинг номинал қийматига етгунга қадар ортади. Баҳоланган мажбуриятнинг баланс қиймати ҳар бир ҳисобот даврида ортади ва ҳар бир даврда фоизлар харажатлари сифатида тан олинади.

30. Дисконт ставкаси (ёки ставкалари) солиқларни ҳисоблашдан олдинги ставка (ёки ставкалар) бўлиши керак, бу пулнинг вақт қиймати бўйича жорий бозор баҳоларини ва мажбуриятга хос бўлган рискларни акс эттиради. Дисконт ставкаси (ставкалари) келгусидаги пул оқимлари ҳисоб-китоблари бўйича тузатилган рискларни акс эттирмаслиги керак.

8-боб. Келгуси ҳодисалар

31. Баҳоланган мажбуриятлар ҳисобот санасидан олдин содир бўлган ҳодиса натижасида юзага келган жавобгарликни қоплаш учун шакллантирилади. Жавобгарликни сўндириш учун талаб этиладиган суммага таъсир қилиши мумкин бўлган келгуси ҳодисалар, улар содир бўлишига етарлича объектив далиллар мавжуд бўлганда, баҳоланган мажбурият қийматида акс эттирилиши лозим. Масалан, баҳоланган мажбурият олувчилар учун инфляция ёки бошқа ўзига хос харажатлар ўзгаришлари оқибатларини қоплаш учун маълум баҳоланган мажбуриятлар индекс билан боғланган бўлиши мумкин (кутилаётган инфляцияга тузатишлар «келгуси ҳодиса»). Бундай ҳолларда келгуси ҳодисалар баҳоланган мажбуриятларни баҳолашга таъсир қилиши мумкин.

32. Баҳоланган мажбурият миқдорига таъсир кўрсатадиган келгуси ҳодисаларга қуйидаги ҳолат мисол бўлиши мумкин:

Масалан, Ҳукумат хизмат муддати охирида электр станцияси билан боғлиқ ифлослантирувчи моддаларни тозалаш харажатлари келгусида технологиядаги ўзгаришлар (ишлаб чиқариш харажатлари) ҳисобидан камаяди деб ҳисоблаганда, технологиядаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда тозалаш бўйича кутилаётган харажатларни акс эттиради.

Ташкилот томонидан технологиядан фойдаланиш тажрибаси ошиши билан боғлиқ тарзда кутилаётган харажатларнинг камайишини ёки олдин амалга оширилган тозалаш ишларига нисбатан мураккаброқ ёки каттароқ кўламдаги ишларни амалга ошириш учун мавжуд бўлган технологияни ишлатиш бўйича кутилаётган харажатларини баҳоланган мажбурият миқдорига киритиш мақсадга мувофиқдир. Бироқ, агар бу етарлича объектив далиллар билан асосланган бўлмаса, ташкилот тозалаш ишларини амалга ошириш учун янги технологиянинг ишлаб чиқилишига умид қила олмайди.

33. Ташкилотнинг амалдаги жавобгарлиги миқдорига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган янги қонунчилик ҳужжатларининг таъсири ушбу жавобгарликни баҳолашда, қонунчиликнинг амалда кучга кириши аниқ бўлган етарли объектив далиллар мавжуд бўлганда, ҳисобга олинади.

9-боб. Компенсацияларнинг баҳоланган мажбуриятларга таъсири ҳамда активларнинг ҳисобдан чиқарилиши

34. Баҳоланган мажбуриятни тўлаш учун зарур бўлган харажатларнинг бир қисми ёки ҳаммаси бошқа томон ҳисобидан қопланиши кутилса, компенсация фақатгина ташкилот жавобгарликни қоплаган тақдирда ёки компенсация олиниши аниқ бўлганда тан олиниши керак. Компенсация алоҳида актив (дебиторлик қарзи) сифатида кўриб чиқилиши керак. Компенсация учун тан олинган миқдор баҳоланган мажбурият миқдоридан ошмаслиги керак.

35. Молиявий ҳисоботда баҳоланган мажбурият билан боғлиқ харажатлар ушбу Стандартга мувофиқ компенсациядан олинадиган даромад сифатида тан олинган суммани чегириб ташлаган ҳолда тақдим этилиши мумкин.

36. Ташкилот баҳоланган мажбуриятнинг бир қисми ёки ҳаммасини учинчи шахсга тўлаш учун мурожаат қилиши мумкин (масалан, суғурта шартномалари, товон тўлаш шартлари ёки етказиб берувчиларнинг кафолатлари орқали). Бошқа томон ташкилот томонидан тўланган суммаларни қоплаши ёки тўғридан-тўғри тўлаши мумкин.

Аксарият ҳолларда, ташкилот кўриб чиқилаётган сумма учун жавобгар бўлиб қолади ва учинчи шахс товон тўламаса, тўлиқ суммани тўлаши керак бўлади.

Бунда, мажбуриятнинг тўлиқ миқдори бўйича баҳоланган мажбурият тан олинади ва ташкилот мажбуриятни тўлаган ҳамда компенсация олиниши аниқ бўлса, кутилаётган компенсация алоҳида актив сифатида тан олинади.

37. Активларнинг ҳисобдан чиқарилишидан кутилаётган даромадлар, кутилаётган йўқотиш баҳоланган мажбуриятнинг юзага келишига сабаб бўлган ҳодиса билан чамбарчас боғлиқ бўлса ҳам, баҳоланган мажбуриятни баҳолашда ҳисобга олинмайди. Бунинг ўрнига, ташкилот тегишли активлар билан боғлиқ бюджет ҳисоби стандартларида белгиланган тартибда активларни ҳисобдан чиқаришдан даромадларни тан олади.

10-боб. Зарар келтирувчи шартномалар

38. Шартнома бўйича вужудга келган жавобгарликларни бажариш учун амалга ошиши аниқ бўлган харажатлар ушбу шартнома бўйича олиниши кутилаётган иқтисодий нафдан ошиб кетадиган шартнома зарар келтирувчи шартнома ҳисобланади.

Бунда, шартнома бўйича амалга ошиши аниқ бўлган харажатлар шартномани бажариш учун талаб этиладиган харажатлардан ва уни бажармаслик натижасида юзага келадиган ҳар қандай компенсациялар ёки жарималардан кичиги бўлган, шартномадан чиқишнинг энг кам харажатини акс эттиради.

39. Ташкилот зарар келтирувчи шартномага эга бўлса, шартнома бўйича мавжуд жавобгарлик (ундирилган тўловни чегирган ҳолда) баҳоланган мажбурият сифатида тан олинади ва баҳоланади. Ҳодисалар натижасида шартнома зарар келтирувчи шартнома бўлса, шартнома ушбу Стандартда белгиланган тартибда тан олинади.

40. Шартномани бажариш шартнома билан бевосита боғлиқ бўлган харажатларни ўз ичига олади. Шартнома билан бевосита боғлиқ бўлган харажатлар қуйидагилардан иборат:

шартномани бажаришнинг қўшимча харажатлари (масалан, бевосита меҳнатга ҳақ тўлаш ва хом ашёлар);

шартномаларни бажариш билан бевосита боғлиқ бўлган харажатларни тақсимлаш (масалан, бошқалари орасида ушбу шартномани бажаришда фойдаланиладиган асосий воситалар объекти учун амортизация суммасини тақсимлаш).

11-боб. Реструктуризация харажатлари

41. Реструктуризация харажатлари, фаолият ёки хизматни тугатиш, тасарруф этиш, филиални ёпиш, бошқа жойга кўчириш, бошқарув тузилмасидаги ўзгаришлар, бошқа қайта ташкил этиш билан боғлиқ бўлганда, баҳоланган мажбурият сифатида тан олиниши мумкин.

42. Тўғридан-тўғри реструктуризация натижасида юзага келадиган ва реструктуризация бўлмаганда юзага келмаслиги аниқ бўлган ҳамда ташкилотнинг жорий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган харажатлар бўйича баҳоланган мажбуриятлар яратилиши мумкин. Шунинг учун реструктуризациядан сўнг ходимларни ишдан бўшатиш харажатлари, агар улар ушбу Стандартнинг 41-бандида кўрсатилган шартларга жавоб берса, давр харажатлари сифатида кўрсатилиши керак.

Ташкилотда ишлашда давом этаётган ходимларни бошқа жойга кўчириш ёки қайта тайёрлаш харажатлари реструктуризация харажатлари сифатида тан олинмайди.

Ушбу харажатлар келгусида фаолиятни юритишга тааллуқли бўлади ва ҳисобот даври охирида реструктуризация бўйича мажбуриятларни ифода этмайди. Бундай харажатлар реструктуризацияга боғлиқ бўлмаган ҳолда юзага келган харажатлар учун белгиланган тартибда тан олинади.

43. Ташкилотни реструктуризация қилиш унинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши билан боғлиқ бўлса, реструктуризация қилингунгача кутилаётган келгусидаги зарарлар мазкур Стандартнинг 38 — 40-бандларида назарда тутилган зарар келтирувчи шартномага тааллуқли бўлмаса, баҳоланган мажбуриятга киритилмайди.

44. Баҳоланган мажбуриятни юзага келтирувчи жавобгарлик юридик ёки конструктив ҳолатларнинг натижаси бўлиши мумкин. Реструктуризация харажатлари учун юридик жавобгарлик аниқ белгиланган бўлиши керак. Бироқ, конструктив жавобгарлик фақат қуйидаги ҳолларда юзага келади:

реструктуризация режаси мавжуд бўлиб, унда режа қаерда ва қачон амалга оширилиши, ишдан бўшатиш учун компенсация оладиган ходимларнинг тахминий сони ва режа бўйича амалга ошириладиган харажатлар аниқланганда;

реструктуризацияга таъсир этадиган ходимлар ва манфаатдор томонларни реструктуризация режасининг асосий тафсилотлари ва уни келгусида амалга ошириш ниятида эканлиги ёки уни амалга оширишга киришганлиги тўғрисида оммавий равишда хабардор қилинганда.

45. Мазкур Стандартнинг 44-бандидаги шартларнинг иккаласи ҳам ҳисобот санасидан олдин қўлланилса, баҳоланган мажбурият ушбу даврда тан олиниши мумкин. Реструктуризация яқин вақтда амалга оширилиши кераклиги ҳақидаги шарт муҳим аҳамиятга эга, чунки амалга оширишдаги ҳар қандай кечикиш конструктив жавобгарлик юзага келмаганлигини кўрсатади ҳамда шунинг учун кутилаётган харажатлар учун баҳоланган мажбуриятни ушбу Стандарт бўйича тан олиб бўлмайди.

12-боб. Ахборотни очиб бериш

46. Ташкилот молиявий ҳисоботга изоҳларда баҳоланган мажбуриятнинг ҳар бир тоифаси учун қуйидаги маълумотларни очиб бериши лозим:

ҳисобот даври бошидаги ва охиридаги баланс қиймати;

ҳисобот даври мобайнида қўшимча баҳоланган мажбуриятлар яратилиши, шу жумладан мавжуд баҳоланган мажбуриятлар оширилиши;

ҳисобот даври мобайнида сарфланган харажатлар миқдори (баҳоланган мажбуриятдан чегирилган миқдори);

ҳисобот даври мобайнида бекор қилинган ва фойдаланилмаган баҳоланган мажбурият суммалари;

вақт ўтиши ва дисконт ставкасининг ҳар қандай ўзгариши таъсиридан келиб чиқадиган дисконтланган миқдорнинг давр мобайнида кўпайиши;

баҳоланган мажбурият мазмунининг қисқача тавсифи ва иқтисодий фойда ёки хизмат кўрсатиш потенциалининг чиқими кутилаётган муддатлари;

ушбу чиқимлар миқдори ёки муддатига оид ноаниқликлар (адекват маълумотни тақдим этиш зарур бўлганда, ташкилот келгусидаги ҳодисаларга оид асосий тахминларни очиб бериши);

кутилаётган компенсация учун тан олинган ҳар қандай актив суммасини кўрсатувчи кутилаётган компенсация суммаси.

Бунда, қиёсий маълумотлар талаб қилинмайди.

47. Ташкилот ҳисобот санасида мазкур Стандартда белгиланган шартли мажбуриятларнинг ҳар бир тоифаси учун:

шартли мажбурият моҳиятининг қисқача тавсифини;

ушбу Стандартдан келиб чиққан ҳолда шартли мажбуриятнинг молиявий самарасини баҳолаши;

ҳар қандай чиқиб кетиш миқдори ёки муддати билан боғлиқ ноаниқликларни кўрсатиши;

ҳар қандай товонни қайтариш имкониятини очиб бериши лозим.

48. Баҳоланган мажбурият ва шартли мажбурият бир хил ҳодисалар натижасида келиб чиқса, ташкилот тегишли тушунтиришларни баҳоланган мажбурият ва шартли мажбурият ўртасидаги боғлиқликни кўрсатадиган тарзда очиб беради.

49. Ташкилот баҳоланган мажбуриятни баҳолаш учун экспертларга баҳолашга доир маълумотларни очиб бериши лозим.

50. Иқтисодий фойда ёки хизмат кўрсатиш потенциалининг кирими эҳтимоли бўлган тақдирда, ташкилот ҳисобот санасида шартли активлар хусусиятининг қисқача тавсифини ва молиявий таъсирини баҳолашни очиб бериши керак.

51. Шартли актив ва шартли мажбуриятлар бўйича очиб берилиши талаб қилинадиган маълумотлар очиб берилмаса, бунинг сабаби кўрсатилиши керак.

Шартли мажбурият ёки шартли актив бўйича бошқа томонлар билан низолашилаётган ҳолатлар (маълумотлар) очиб берилмаслиги мумкин. Бунда, ташкилот маълумотларни очиб бермаган ҳолда низонинг умумий моҳиятини ва маълумот очиб берилмаслиги сабабларини ёритиши керак.

Вазир Д. КУЧКАРОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 9 сентябрь,

175-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.10.2024 й., 10/24/3562/0863-сон; 14.02.2026 й., 10/26/3562-1/0137-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi iqtisodiyot va moliya vazirining

buyrugʻi

Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (16-sonli BHS) “Baholangan majburiyatlar, shartli majburiyatlar va shartli aktivlar”ni tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasining Budjet kodeksi , Oʻzbekiston Respublikasining “Buxgalteriya hisobi toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq va davlat sektorida budjet hisobini xalqaro moliyaviy hisobot standartlariga muvofiqlashtirish maqsadida buyuraman:

1. Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (16-sonli BHS) “Baholangan majburiyatlar, shartli majburiyatlar va shartli aktivlar” ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur buyruq 2025-yil 1-yanvardan eʼtiboran kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi iqtisodiyot va moliya vazirining 2024-yil 9-sentabrdagi 175-son buyrugʻiga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (16-sonli BHS) “Baholangan majburiyatlar, shartli majburiyatlar va shartli aktivlar”

Mazkur Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (16-sonli BHS) “Baholangan majburiyatlar, shartli majburiyatlar va shartli aktivlar” (bundan buyon matnda Standart deb yuritiladi) budjet tashkilotlari, davlat maqsadli jamgʻarmalari hamda boshqa budjetdan tashqari jamgʻarmalar (bundan buyon matnda tashkilot deb yuritiladi) tomonidan baholangan majburiyatlar, shartli majburiyatlar va shartli aktivlar hisobini yuritish tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Standartda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

majburiyat — tashkilotda boʻlib oʻtgan hodisalardan kelib chiqadigan joriy munosabatlar boʻlib, unda toʻlovlar iqtisodiy foyda yoki xizmat koʻrsatish potensialini oʻzida mujassam etgan resurslarni tashkilotdan chiqib ketishi orqali yuzaga keladi;

baholangan majburiyat — muddati yoki miqdori noaniq boʻlgan majburiyatdir;

yuridik javobgarlik — shartnoma shartlari, qonunchilik yoki boshqa huquqiy normalarning qoʻllanishi natijasida yuzaga keladigan javobgarlik;

konstruktiv javobgarlik — tashkilotning quyidagi xatti-harakatlari orqali yuzaga keladigan javobgarlik:

oldingi shakllangan tajriba, eʼlon qilingan siyosat yoki yetarlicha joriy bayonotiga koʻra, tashkilotning boshqa tomonlarga muayyan masʼuliyatni oʻz zimmasiga olishini bildirishi;

buning natijasida tashkilot oʻz zimmasiga olgan javobgarliklar bajarilishi toʻgʻrisida boshqa tomonlarda umid hosil qilishi;

javobgarlik yuklaydigan hodisa — tashkilotning javobgarlikni soʻndirishdan boshqa muqobil amaliy chorasi boʻlmasligi bilan natijalanadigan, yuridik yoki konstruktiv javobgarlikni yuzaga keltiradigan hodisadir;

restrukturizatsiya — tashkilotning rahbariyati tomonidan rejalashtiriladigan va nazorat qilinadigan dastur boʻlib, unga koʻra tashkilotning faoliyati doirasi yoki ushbu faoliyatni amalga oshirish usullarining oʻzgartirilishi;

shartli aktiv — oldingi hodisalar natijasida yuzaga kelishi mumkin boʻlgan aktiv boʻlib, uning mavjudligi (vujudga kelishi) faqat tashkilotning toʻliq nazorati ostida boʻlmagan kelgusidagi bir yoki bir nechta noaniq hodisalarning sodir boʻlishi yoki sodir boʻlmasligi bilan tasdiqlanadi;

shartli majburiyat — oldingi hodisalar natijasida yuzaga kelishi mumkin boʻlgan javobgarlik boʻlib, uning mavjudligi faqat tashkilotning toʻliq nazorati ostida boʻlmagan kelgusidagi bir yoki bir nechta noaniq hodisalarning sodir boʻlishi yoki sodir boʻlmasligi bilan tasdiqlanadi;

zarar keltiruvchi shartnoma — shartnoma boʻyicha vujudga kelgan javobgarliklarni bajarish uchun amalga oshishi aniq boʻlgan xarajatlar ushbu shartnoma boʻyicha olinishi kutilayotgan iqtisodiy nafdan oshib ketadigan shartnomadir;

hisobot sanasi — moliyaviy hisobotlar tegishli boʻlgan hisobot davrining oxirgi kuni;

hodisa — oldingi va kelgusi davrlarda amalga oshirilgan faoliyat natijasida tashkilotga javobgarlikni yuzaga keltirishi mumkin boʻlgan munosabatlar.

2. Mazkur Standartning maqsadi baholangan majburiyatlar, shartli majburiyatlar va shartli aktivlarga taʼrif berish, ularni tan olish, baholash va ochib berish tartibini belgilashdan iborat.

Mazkur Standart foydalanuvchilarga shartli aktivlar va shartli majburiyatlarning xususiyati, vaqti va miqdorini tushunishga imkon berish uchun moliyaviy hisobotlarning izohlar qismida muayyan maʼlumotlar ochib berilishini talab qiladi.

3. Baholangan majburiyatlar moliyaviy hisobotlarda kreditorlik qarzlar va hisoblangan xarajatlar kabi majburiyatlar sifatida aks ettiriladi.

Kreditor qarzdorlik va hisoblangan majburiyatlardan farqli oʻlaroq, baholangan majburiyatlar baholanishi kerak, chunki ular muddat va miqdor jihatidan noaniqliklarga bogʻliqdir. Shuning uchun baholangan majburiyatlar moliyaviy hisobotlarni tayyorlovchilardan xarajatlarning muddatlari va miqdorlari boʻyicha eng yaxshi taxminlar (baholash)dan foydalanishni talab qiladi.

4. Oldingi hodisalar va zarar keltiruvchi shartnomalar bilan bogʻliq boʻlmagan hamda tashkilotning odatiy faoliyati bilan bogʻliq zararlar baholangan majburiyatlar sifatida aks ettirilishi mumkin emas.

Aktivlarning qadrsizlanishi ham baholangan majburiyat boʻlishi mumkin emas. Biroq, kelgusidagi hodisalar, yaʼni narx inflyatsiyasi yoki valyuta ayirboshlash kursidagi oʻzgarishlar majburiyatni baholashga taʼsir etishini shubhasiz isbotlash mumkin boʻlsa, mazkur kelgusidagi hodisalar moliyaviy hisobotlarda baholangan majburiyatlar sifatida aks ettiriladi.

5. Shartli aktivlar va shartli majburiyatlar moliyaviy hisobotda tan olinmaydi.

Shartli aktivlar va shartli majburiyatlar tan olinmasligiga qaramasdan ularni moliyaviy hisobotlarning izohlarida ochib berishda mazkur Standart talablariga amal qilinishi kerak.

6. Tashkilot baholangan majburiyatlar, shartli aktivlar va shartli majburiyatlarni mazkur Standartda belgilangan tartibda buxgalteriya hisobida hisobga olishi kerak.

7. Mazkur Standart tashkilot tomonidan quyidagi baholangan majburiyatlar, shartli majburiyatlar va shartli aktivlarni hisobga olishda qoʻllanilmaydi:

tashkilot tomonidan taqdim etiladigan ijtimoiy yordamlardan kelib chiqadigan majburiyatlar (bunda, tashkilot mazkur manfaatlarni oluvchilardan taqdim etilayotgan tovar va xizmatlar uchun ularni qiymatiga teng kompensatsiya olmaydi);

haqqoniy qiymatda hisobga olinadigan moliyaviy instrumentlarning natijasi hisoblanadigan majburiyatlar (amortizatsiya qiymatida baholanadigan moliyaviy instrumentlar bundan mustasno);

zarar keltiruvchi shartnomalar boʻlmagan, ijro etiladigan shartnomalar natijasida kelib chiqadigan majburiyatlar va aktivlar;

xodimlarni ragʻbatlantirish toʻlovlari bilan bogʻliq boʻlgan majburiyat yoki aktivlar (bundan ishdan boʻshatish bilan bogʻliq nafaqalar mustasno);

budjet hisobining boshqa standarti bilan tartibga solingan majburiyat va aktivlar.

8. Aholiga sogʻliqni saqlash, taʼlim, uy-joy, transport va ijtimoiy yordamlar kabi ijtimoiy xizmatlar taqdim etilishiga nisbatan ushbu Standart tatbiq etilmaydi.

2-bob. Baholangan majburiyatni tan olish, oʻzgarishlar, foydalanish va hisoblash

1-§. Baholangan majburiyatlarni tan olish

9. Baholangan majburiyatlar quyidagi hollarda tashkilot tomonidan tan olinishi lozim:

oldingi hodisa natijasida tashkilot yuridik yoki konstruktiv javobgarlikka ega boʻlsa;

javobgarlikni bajarish uchun iqtisodiy foyda yoki xizmat koʻrsatish potensialini oʻzida mujassam etgan resurslarning chiqib ketishi talab qilinsa;

javobgarlik qiymati ishonchli baholansa.

Agar ushbu holatlar bajarilmasa, baholangan majburiyat tan olinmasligi lozim.

Baholangan majburiyatlar tashkilot restrukturizatsiya yoki yuridik jihatdan majburiy boʻlgan faoliyatni tugatish bilan bogʻliq xarajatlarini amalga oshirishga toʻgʻri kelganida ham yuzaga keladi.

10. Oldingi hodisa boʻyicha hisobot davrining oxirida javobgarlikning yuzaga kelish ehtimoli uning yuzaga kelmasligi ehtimolidan koʻproq boʻlsa, oldingi hodisa javobgarlikni yuzaga keltiradi deb hisoblanadi.

2-§. Baholangan majburiyatlardagi oʻzgarishlar va baholangan majburiyatlardan foydalanish

11. Baholangan majburiyatlar har yili hisobot sanasi holatiga qayta koʻrib chiqilishi va joriy eng toʻgʻri bahoni aks ettirish uchun tuzatishlar kiritilishi kerak. Agar javobgarlikni koʻrsatilgan miqdorda toʻlash uchun iqtisodiy foyda yoki xizmat koʻrsatish potensialini oʻzida mujassam etgan resurslarning chiqimi yuzaga kelmasa, baholangan majburiyatni bekor qilish kerak.

12. Baholangan majburiyatdan faqatgina mazkur baholangan majburiyat dastlab qoplanishi rejalashtirilgan xarajatlar uchun foydalanilishi kerak.

3-§. Baholangan majburiyatlarni hisoblash

13. Baholangan majburiyat sifatida tan olingan summa hisobot sanasida mavjud javobgarlikni bajarish uchun zarur boʻlgan xarajatlarning eng toʻgʻri hisob bahosi boʻlishi kerak. Baholangan majburiyatlar soliqlarni inobatga olmagan holda hisoblanadi.

14. Baholangan majburiyat sifatida tan olinishi kerak boʻlgan summa u bilan bogʻliq noaniqliklardan kelib chiqib turli usullar orqali hisoblanadi.

Baholangan majburiyatni hisoblashda javobgarlik keltirib chiqarishi mumkin boʻlgan obyektlar koʻp miqdorni tashkil etsa, javobgarlik barcha obyektlar boʻyicha kelib chiqishi mumkin boʻlgan natijalarni ularga tegishli boʻlgan ehtimolliklar bilan hisobga olgan holdagi qiymatini aniqlash orqali baholanadi.

Baholashning bu usuli “kutilayotgan qiymat” deb nomlanadi. Shuning uchun baholangan majburiyat bu summani yoʻqotish ehtimoliga (masalan, 60 foizga yoki 90 foizga teng boʻlishiga) qarab farqlanadi. Mumkin boʻlgan natijalarning oraligʻi uzluksiz boʻlsa va bu oraliqning har bir yoʻqotish ehtimoli boshqasi kabi bir xil boʻlsa, oʻrtachasi olinadi.

Masalan: Davlat tibbiy laboratoriyasi davlat va xususiy tibbiyot markazlari va shifoxonalarga diagnostika ultratovush skanerlarini toʻliq taʼmirlash sharti bilan taqdim etadi. Uskunalar kafolat bilan taʼminlanadi, unga koʻra diagnostika ultratovush skanerlari sotib olinganidan keyin birinchi olti oy ichida aniq boʻlgan har qanday nuqsonlarni taʼmirlash xarajatlari qoplanadi. Agar taqdim etilgan barcha jihozlarda kichik nuqsonlar aniqlansa, 1 million soʻm taʼmirlash xarajatlari kelib chiqadi. Agar taqdim etilgan barcha jihozlarda katta nuqsonlar aniqlansa, taʼmirlash xarajatlari 4 million soʻmga olib keladi. Laboratoriyaning oldingi tajribasi va kelgusidagi taxminlari shuni koʻrsatadiki, kelgusi yil uchun uskunaning 75 foizida nuqsonlar boʻlmaydi, uskunaning 20 foizida kichik nuqsonlar va 5 foiz uskunada katta nuqsonlar boʻladi. Bunda, mazkur Standartning 22-bandiga muvofiq laboratoriya barcha yetkazib berilgan jihozlar boʻyicha kafolat majburiyatlari yuzaga kelish ehtimolini baholaydi.

Jihozlarni taʼmirlash majburiyatining kutilayotgan qiymati:

(noldan 75%) + (1 mln soʻmdan 20%) + (4 mln soʻmdan 5%) = 400 000.

15. Alohida olingan javobgarlik baholanganda, eng koʻp aniq natija majburiyatning eng toʻgʻri hisob bahosi boʻlishi mumkin. Agar boshqa natijalar yuzaga kelishi uchun asosli imkoniyatga ega boʻlsa, moliyaviy hisobotdagi baholangan majburiyat uchun potensial javobgarlikni baholashda ular eʼtiborga olinishi kerak.

3-bob. Javobgarlik va uning ishonchli bahosi

16. Tashkilot hisobot sanasida javobgarliklarning mavjudligini barcha dalillar asosida, shu jumladan ekspert yoki mutaxassislar fikrini hisobga olgan holda aniqlaydi. Koʻrib chiqilgan dalillar hisobot sanasidan keyingi faoliyat boʻyicha taqdim etilgan qoʻshimcha dalillarni ham oʻz ichiga oladi.

Hisobot sanasida javobgarlikning yuzaga kelish ehtimoli yuqori boʻlmasa hamda iqtisodiy foyda yoki xizmat koʻrsatish potensialini oʻzida mujassam etgan resurslarning chiqib ketish ehtimoli yoʻq boʻlsa, tashkilot shartli majburiyatni moliyaviy hisobotga izohlarda ochib beradi.

17. Javobgarlikning hisob baholaridan foydalanish moliyaviy hisobotlarni tayyorlashning muhim qismidir va uning ishonchliligini kamaytirmaydi. Kamdan-kam holatlarda tashkilot bir qator mumkin boʻlgan natijalarni aniqlay oladi hamda shuning uchun majburiyatni baholash va tan olishda foydalanish uchun yetarlicha ishonchli boʻlgan javobgarlikning hisob bahosini aniqlaydi.

18. Javobgarlikning ishonchli hisob bahosini aniqlash mumkin boʻlmagan hollarda, tan olinmaydigan majburiyat mavjud boʻladi. Ushbu majburiyat moliyaviy hisobotda shartli majburiyat sifatida ochib beriladi.

4-bob. Oldingi hodisa

19. Hodisa javobgarlik yuklaydigan hodisa boʻlishi uchun tashkilotda ushbu hodisa tufayli yuzaga kelgan javobgarlikni qoplashdan boshqa chora boʻlmasligi kerak.

Mazkur holat faqatgina quyidagi hollarda sodir boʻlishi mumkin:

javobgarlik soʻndirilishi qonunchilik hujjatlari, shartnomalar va sud hujjatlariga muvofiq taʼminlanadigan boʻlganda;

konstruktiv javobgarlikda hodisa (bu tashkilotning xatti-harakati boʻlishi mumkin) tashkilot oʻz zimmasiga olgan javobgarliklarni bajarishi yuzasidan boshqa tomonlarda tashkilot javobgarlikni bajarishi toʻgʻrisida asosli kutishlarni hosil qilganda.

Moliyaviy hisobotda tashkilotning kelgusidagi holati emas, balki hisobot davrining oxiridagi moliyaviy holati aks ettiriladi. Shuning uchun kelgusida tashkilot faoliyatini davom ettirish uchun amalga oshirilishi kerak boʻlgan xarajatlar boʻyicha baholangan majburiyatlar hisobga olinmaydi. Tashkilotning moliyaviy holat toʻgʻrisidagi hisobotida tan olinadigan majburiyatlar faqat hisobot davri oxirida mavjud boʻlgan majburiyatlardir.

20. Tashkilot tomonidan hodisa sodir boʻlgan vaqtda javobgarlik yuzaga kelmasligi, biroq qonunchilikka oʻzgartirishlar kiritilishi yoki tashkilot tomonidan yetarlicha aniq bayonot berilishi (konstruktiv) natijasida javobgarlik yuzaga kelishi mumkin.

Masalan, vakolatli organ tomonidan tabiatga zarar yetkazilganda, uning oqibatlarni bartaraf etish boʻyicha javobgarlik yuzaga kelmasligi mumkin. Biroq, yangi qabul qilingan qonunchilik zararni toʻgʻrilashni talab qilsa yoki vakolatli organi yoxud boshqa tashkilot zarar oqibatlarini bartaraf etish javobgarligini oʻz zimmasiga olsa, bu holat javobgarlik yuklaydigan hodisa hisoblanadi.

5-bob. Iqtisodiy foyda yoki xizmat koʻrsatish potensialini oʻzida mujassam etgan resurslarning ehtimoliy chiqib ketishi

21. Majburiyatning baholangan majburiyat sifatida tan olinishi uchun nafaqat mavjud javobgarlik boʻlishi, balki ushbu javobgarlikni bajarish uchun iqtisodiy foyda yoki xizmat koʻrsatish potensialini oʻzida mujassam etgan resurslarning chiqib ketish ehtimoli ham mavjud boʻlishi lozim.

Agar hodisa sodir boʻlish ehtimoli yuqori boʻlsa, yaʼni hodisa sodir boʻlish ehtimoli sodir boʻlmasligi ehtimolidan kattaroq boʻlsa, resurslarning chiqib ketishi yoki boshqa hodisa ehtimoliy deb hisoblanadi.

22. Bir qancha oʻxshash javobgarliklar mavjud boʻlganda (masalan, tovar boʻyicha kafolatlar yoki shunga oʻxshash shartnomalar), javobgarlikni soʻndirish uchun resurslarning chiqib ketishi ehtimoli bunday javobgarliklarni butun sinfiga nisbatan aniqlanadi. Har bir shartnoma boʻyicha resurslarning chiqib ketishi ehtimoli kam boʻlishi mumkinligiga qaramay, bunday javobgarliklarning butun bir sinfini soʻndirish uchun bir qancha resurslarning chiqib ketishi talab etilishi mumkin. Bunday hollarda, baholangan majburiyat tan olinadi (agar boshqa tan olish mezonlari bajarilsa).

6-bob. Shartli majburiyatlar va shartli aktivlarni tan olish

23. Shartli majburiyat quyidagilardan iborat:

1) oldingi faoliyatdan kelib chiqadigan va mavjudligi faqat tashkilotning toʻliq nazoratiga kirmaydigan bir yoki bir nechta noaniq kelgusidagi hodisalarning sodir boʻlishi yoki sodir boʻlmasligi bilan tasdiqlanishi mumkin boʻlgan javobgarliklar;

2) oldingi faoliyatlardan kelib chiqadigan, ammo quyidagi sabablarga koʻra tan olinmaydigan joriy javobgarliklarni ham oʻz ichiga oladi:

javobgarlikni bajarish uchun iqtisodiy foyda yoki xizmat koʻrsatish potensialini oʻzida mujassam etgan resurslarning chiqib ketishi talab qilinmaganda;

javobgarlik miqdorini yetarlicha ishonchlilik bilan aniqlash mumkin boʻlmaganda.

24. Shartli majburiyat iqtisodiy foyda yoki xizmat koʻrsatish potensialini oʻzida mujassam etgan resurslarning chiqib ketish ehtimoli boʻlsa, ochib beriladi.

25. Tashkilot tomonidan shartli majburiyatlar iqtisodiy foyda yoki xizmat koʻrsatish potensialini oʻzida mujassam etgan resurslarning chiqib ketishi ehtimoli borligini aniqlash uchun doimiy ravishda baholab boriladi. Agar oldindan shartli majburiyat sifatida koʻrib chiqilgan obyekt boʻyicha kelgusidagi iqtisodiy foyda yoki xizmat koʻrsatish potensialining chiqib ketish ehtimoli yuzaga kelsa, baholangan majburiyat ehtimollik oʻzgarishi sodir boʻlgan davrning moliyaviy hisobotida tan olinadi.

Masalan, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organi atrof-muhitga oid qonunchilikni buzgan boʻlsa, biroq atrof-muhitga biror-bir zarar yetkazilganligi nomaʼlum boʻlib, keyinchalik zarar yetkazilganligi va uni bartaraf etish zarurligi aniq boʻlsa, tashkilot baholangan majburiyatni tan oladi, chunki iqtisodiy resurs chiqimining ehtimoli yuzaga keladi. Aksincha, agar mavjud javobgarlikning iqtisodiy foyda yoki xizmat koʻrsatish potensialini oʻzida mujassam etgan resurslarning chiqib ketishi ehtimoli kam boʻlsa, javobgarlik tan olinmasligi yoki izohlar qismida ochib berilmasligi kerak.

26. Tashkilot javobgarlik boʻyicha boshqa tomonlar bilan birgalikda solidar javobgar boʻlsa, majburiyatning boshqa tomonlar tomonidan bajarilishi kutilayotgan qismi shartli majburiyat sifatida koʻrib chiqiladi, chunki boshqa tomonlar majburiyatining tashkilotga taʼsiri qanday boʻlishi aniq emas.

Masalan, qoʻshma korxonaning qarzi boʻlsa, majburiyatni qoʻshma korxonaning boshqa ishtirokchilari tomonidan bajarilishi kerak boʻlgan qismi shartli majburiyat sifatida koʻrib chiqiladi.

27. Tashkilotning nazorati ostida boʻlmagan kutilmagan hodisalar natijasida yuzaga keladigan iqtisodiy foyda yoki xizmat koʻrsatish potensialining kirimi ehtimoli boʻlsa, tashkilot ushbu shartli aktivni tan olmasligi, balki uni moliyaviy hisobotning izohlar qismida ochib berishi kerak.

28. Shartli aktivlar moliyaviy hisobotda tegishli tartibda aks ettirilishini taʼminlash uchun doimiy ravishda baholanadi. Agar iqtisodiy foyda yoki xizmat koʻrsatish potensialining yuzaga kelishi aniq boʻlsa hamda aktivning qiymati ishonchli tarzda baholanishi mumkin boʻlsa, aktiv va tegishli daromad oʻzgarishlar sodir boʻlgan davrning moliyaviy hisobotida tan olinadi. Agar iqtisodiy foyda yoki xizmatlar kirimi ehtimoli kam boʻlsa, shartli aktiv tan olinmasligi yoki ochib berilmasligi kerak.

7-bob. Diskontlangan qiymat

29. Baholangan majburiyat hisobot sanasidan keyin bir yildan koʻproq vaqt oʻtgach toʻlanishi kutilsa, baholangan majburiyat miqdori “pulning vaqt qiymatini” aks ettirish uchun diskontlashdan foydalangan holda moliyaviy hisobotda uning joriy qiymati boʻyicha koʻrsatilishi kerak. Kelgusida toʻlanishi kerak boʻlgan baholangan majburiyat diskontlanganda, moliyaviy hisobotda baholangan majburiyatning balans qiymati har toʻlov yilida baholangan majburiyatning nominal qiymatiga yetgunga qadar ortadi. Baholangan majburiyatning balans qiymati har bir hisobot davrida ortadi va har bir davrda foizlar xarajatlari sifatida tan olinadi.

30. Diskont stavkasi (yoki stavkalari) soliqlarni hisoblashdan oldingi stavka (yoki stavkalar) boʻlishi kerak, bu pulning vaqt qiymati boʻyicha joriy bozor baholarini va majburiyatga xos boʻlgan risklarni aks ettiradi. Diskont stavkasi (stavkalari) kelgusidagi pul oqimlari hisob-kitoblari boʻyicha tuzatilgan risklarni aks ettirmasligi kerak.

8-bob. Kelgusi hodisalar

31. Baholangan majburiyatlar hisobot sanasidan oldin sodir boʻlgan hodisa natijasida yuzaga kelgan javobgarlikni qoplash uchun shakllantiriladi. Javobgarlikni soʻndirish uchun talab etiladigan summaga taʼsir qilishi mumkin boʻlgan kelgusi hodisalar, ular sodir boʻlishiga yetarlicha obyektiv dalillar mavjud boʻlganda, baholangan majburiyat qiymatida aks ettirilishi lozim. Masalan, baholangan majburiyat oluvchilar uchun inflyatsiya yoki boshqa oʻziga xos xarajatlar oʻzgarishlari oqibatlarini qoplash uchun maʼlum baholangan majburiyatlar indeks bilan bogʻlangan boʻlishi mumkin (kutilayotgan inflyatsiyaga tuzatishlar “kelgusi hodisa”). Bunday hollarda kelgusi hodisalar baholangan majburiyatlarni baholashga taʼsir qilishi mumkin.

32. Baholangan majburiyat miqdoriga taʼsir koʻrsatadigan kelgusi hodisalarga quyidagi holat misol boʻlishi mumkin:

Masalan, Hukumat xizmat muddati oxirida elektr stansiyasi bilan bogʻliq ifloslantiruvchi moddalarni tozalash xarajatlari kelgusida texnologiyadagi oʻzgarishlar (ishlab chiqarish xarajatlari) hisobidan kamayadi deb hisoblaganda, texnologiyadagi oʻzgarishlarni hisobga olgan holda tozalash boʻyicha kutilayotgan xarajatlarni aks ettiradi.

Tashkilot tomonidan texnologiyadan foydalanish tajribasi oshishi bilan bogʻliq tarzda kutilayotgan xarajatlarning kamayishini yoki oldin amalga oshirilgan tozalash ishlariga nisbatan murakkabroq yoki kattaroq koʻlamdagi ishlarni amalga oshirish uchun mavjud boʻlgan texnologiyani ishlatish boʻyicha kutilayotgan xarajatlarini baholangan majburiyat miqdoriga kiritish maqsadga muvofiqdir. Biroq, agar bu yetarlicha obyektiv dalillar bilan asoslangan boʻlmasa, tashkilot tozalash ishlarini amalga oshirish uchun yangi texnologiyaning ishlab chiqilishiga umid qila olmaydi.

33. Tashkilotning amaldagi javobgarligi miqdoriga taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan yangi qonunchilik hujjatlarining taʼsiri ushbu javobgarlikni baholashda, qonunchilikning amalda kuchga kirishi aniq boʻlgan yetarli obyektiv dalillar mavjud boʻlganda, hisobga olinadi.

9-bob. Kompensatsiyalarning baholangan majburiyatlarga taʼsiri hamda aktivlarning hisobdan chiqarilishi

34. Baholangan majburiyatni toʻlash uchun zarur boʻlgan xarajatlarning bir qismi yoki hammasi boshqa tomon hisobidan qoplanishi kutilsa, kompensatsiya faqatgina tashkilot javobgarlikni qoplagan taqdirda yoki kompensatsiya olinishi aniq boʻlganda tan olinishi kerak. Kompensatsiya alohida aktiv (debitorlik qarzi) sifatida koʻrib chiqilishi kerak. Kompensatsiya uchun tan olingan miqdor baholangan majburiyat miqdoridan oshmasligi kerak.

35. Moliyaviy hisobotda baholangan majburiyat bilan bogʻliq xarajatlar ushbu Standartga muvofiq kompensatsiyadan olinadigan daromad sifatida tan olingan summani chegirib tashlagan holda taqdim etilishi mumkin.

36. Tashkilot baholangan majburiyatning bir qismi yoki hammasini uchinchi shaxsga toʻlash uchun murojaat qilishi mumkin (masalan, sugʻurta shartnomalari, tovon toʻlash shartlari yoki yetkazib beruvchilarning kafolatlari orqali). Boshqa tomon tashkilot tomonidan toʻlangan summalarni qoplashi yoki toʻgʻridan-toʻgʻri toʻlashi mumkin.

Aksariyat hollarda, tashkilot koʻrib chiqilayotgan summa uchun javobgar boʻlib qoladi va uchinchi shaxs tovon toʻlamasa, toʻliq summani toʻlashi kerak boʻladi.

Bunda, majburiyatning toʻliq miqdori boʻyicha baholangan majburiyat tan olinadi va tashkilot majburiyatni toʻlagan hamda kompensatsiya olinishi aniq boʻlsa, kutilayotgan kompensatsiya alohida aktiv sifatida tan olinadi.

37. Aktivlarning hisobdan chiqarilishidan kutilayotgan daromadlar, kutilayotgan yoʻqotish baholangan majburiyatning yuzaga kelishiga sabab boʻlgan hodisa bilan chambarchas bogʻliq boʻlsa ham, baholangan majburiyatni baholashda hisobga olinmaydi. Buning oʻrniga, tashkilot tegishli aktivlar bilan bogʻliq budjet hisobi standartlarida belgilangan tartibda aktivlarni hisobdan chiqarishdan daromadlarni tan oladi.

10-bob. Zarar keltiruvchi shartnomalar

38. Shartnoma boʻyicha vujudga kelgan javobgarliklarni bajarish uchun amalga oshishi aniq boʻlgan xarajatlar ushbu shartnoma boʻyicha olinishi kutilayotgan iqtisodiy nafdan oshib ketadigan shartnoma zarar keltiruvchi shartnoma hisoblanadi.

Bunda, shartnoma boʻyicha amalga oshishi aniq boʻlgan xarajatlar shartnomani bajarish uchun talab etiladigan xarajatlardan va uni bajarmaslik natijasida yuzaga keladigan har qanday kompensatsiyalar yoki jarimalardan kichigi boʻlgan, shartnomadan chiqishning eng kam xarajatini aks ettiradi.

39. Tashkilot zarar keltiruvchi shartnomaga ega boʻlsa, shartnoma boʻyicha mavjud javobgarlik (undirilgan toʻlovni chegirgan holda) baholangan majburiyat sifatida tan olinadi va baholanadi. Hodisalar natijasida shartnoma zarar keltiruvchi shartnoma boʻlsa, shartnoma ushbu Standartda belgilangan tartibda tan olinadi.

40. Shartnomani bajarish shartnoma bilan bevosita bogʻliq boʻlgan xarajatlarni oʻz ichiga oladi. Shartnoma bilan bevosita bogʻliq boʻlgan xarajatlar quyidagilardan iborat:

shartnomani bajarishning qoʻshimcha xarajatlari (masalan, bevosita mehnatga haq toʻlash va xom ashyolar);

shartnomalarni bajarish bilan bevosita bogʻliq boʻlgan xarajatlarni taqsimlash (masalan, boshqalari orasida ushbu shartnomani bajarishda foydalaniladigan asosiy vositalar obyekti uchun amortizatsiya summasini taqsimlash).

11-bob. Restrukturizatsiya xarajatlari

41. Restrukturizatsiya xarajatlari, faoliyat yoki xizmatni tugatish, tasarruf etish, filialni yopish, boshqa joyga koʻchirish, boshqaruv tuzilmasidagi oʻzgarishlar, boshqa qayta tashkil etish bilan bogʻliq boʻlganda, baholangan majburiyat sifatida tan olinishi mumkin.

42. Toʻgʻridan-toʻgʻri restrukturizatsiya natijasida yuzaga keladigan va restrukturizatsiya boʻlmaganda yuzaga kelmasligi aniq boʻlgan hamda tashkilotning joriy faoliyati bilan bogʻliq boʻlmagan xarajatlar boʻyicha baholangan majburiyatlar yaratilishi mumkin. Shuning uchun restrukturizatsiyadan soʻng xodimlarni ishdan boʻshatish xarajatlari, agar ular ushbu Standartning 41-bandida koʻrsatilgan shartlarga javob bersa, davr xarajatlari sifatida koʻrsatilishi kerak.

Tashkilotda ishlashda davom etayotgan xodimlarni boshqa joyga koʻchirish yoki qayta tayyorlash xarajatlari restrukturizatsiya xarajatlari sifatida tan olinmaydi.

Ushbu xarajatlar kelgusida faoliyatni yuritishga taalluqli boʻladi va hisobot davri oxirida restrukturizatsiya boʻyicha majburiyatlarni ifoda etmaydi. Bunday xarajatlar restrukturizatsiyaga bogʻliq boʻlmagan holda yuzaga kelgan xarajatlar uchun belgilangan tartibda tan olinadi.

43. Tashkilotni restrukturizatsiya qilish uning faoliyatiga salbiy taʼsir koʻrsatishi bilan bogʻliq boʻlsa, restrukturizatsiya qilingungacha kutilayotgan kelgusidagi zararlar mazkur Standartning 38 — 40-bandlarida nazarda tutilgan zarar keltiruvchi shartnomaga taalluqli boʻlmasa, baholangan majburiyatga kiritilmaydi.

44. Baholangan majburiyatni yuzaga keltiruvchi javobgarlik yuridik yoki konstruktiv holatlarning natijasi boʻlishi mumkin. Restrukturizatsiya xarajatlari uchun yuridik javobgarlik aniq belgilangan boʻlishi kerak. Biroq, konstruktiv javobgarlik faqat quyidagi hollarda yuzaga keladi:

restrukturizatsiya rejasi mavjud boʻlib, unda reja qayerda va qachon amalga oshirilishi, ishdan boʻshatish uchun kompensatsiya oladigan xodimlarning taxminiy soni va reja boʻyicha amalga oshiriladigan xarajatlar aniqlanganda;

restrukturizatsiyaga taʼsir etadigan xodimlar va manfaatdor tomonlarni restrukturizatsiya rejasining asosiy tafsilotlari va uni kelgusida amalga oshirish niyatida ekanligi yoki uni amalga oshirishga kirishganligi toʻgʻrisida ommaviy ravishda xabardor qilinganda.

45. Mazkur Standartning 44-bandidagi shartlarning ikkalasi ham hisobot sanasidan oldin qoʻllanilsa, baholangan majburiyat ushbu davrda tan olinishi mumkin. Restrukturizatsiya yaqin vaqtda amalga oshirilishi kerakligi haqidagi shart muhim ahamiyatga ega, chunki amalga oshirishdagi har qanday kechikish konstruktiv javobgarlik yuzaga kelmaganligini koʻrsatadi hamda shuning uchun kutilayotgan xarajatlar uchun baholangan majburiyatni ushbu Standart boʻyicha tan olib boʻlmaydi.

12-bob. Axborotni ochib berish

46. Tashkilot moliyaviy hisobotga izohlarda baholangan majburiyatning har bir toifasi uchun quyidagi maʼlumotlarni ochib berishi lozim:

hisobot davri boshidagi va oxiridagi balans qiymati;

hisobot davri mobaynida qoʻshimcha baholangan majburiyatlar yaratilishi, shu jumladan mavjud baholangan majburiyatlar oshirilishi;

hisobot davri mobaynida sarflangan xarajatlar miqdori (baholangan majburiyatdan chegirilgan miqdori);

hisobot davri mobaynida bekor qilingan va foydalanilmagan baholangan majburiyat summalari;

vaqt oʻtishi va diskont stavkasining har qanday oʻzgarishi taʼsiridan kelib chiqadigan diskontlangan miqdorning davr mobaynida koʻpayishi;

baholangan majburiyat mazmunining qisqacha tavsifi va iqtisodiy foyda yoki xizmat koʻrsatish potensialining chiqimi kutilayotgan muddatlari;

ushbu chiqimlar miqdori yoki muddatiga oid noaniqliklar (adekvat maʼlumotni taqdim etish zarur boʻlganda, tashkilot kelgusidagi hodisalarga oid asosiy taxminlarni ochib berishi);

kutilayotgan kompensatsiya uchun tan olingan har qanday aktiv summasini koʻrsatuvchi kutilayotgan kompensatsiya summasi.

Bunda, qiyosiy maʼlumotlar talab qilinmaydi.

47. Tashkilot hisobot sanasida mazkur Standartda belgilangan shartli majburiyatlarning har bir toifasi uchun:

shartli majburiyat mohiyatining qisqacha tavsifini;

ushbu Standartdan kelib chiqqan holda shartli majburiyatning moliyaviy samarasini baholashi;

har qanday chiqib ketish miqdori yoki muddati bilan bogʻliq noaniqliklarni koʻrsatishi;

har qanday tovonni qaytarish imkoniyatini ochib berishi lozim.

48. Baholangan majburiyat va shartli majburiyat bir xil hodisalar natijasida kelib chiqsa, tashkilot tegishli tushuntirishlarni baholangan majburiyat va shartli majburiyat oʻrtasidagi bogʻliqlikni koʻrsatadigan tarzda ochib beradi.

49. Tashkilot baholangan majburiyatni baholash uchun ekspertlarga baholashga doir maʼlumotlarni ochib berishi lozim.

50. Iqtisodiy foyda yoki xizmat koʻrsatish potensialining kirimi ehtimoli boʻlgan taqdirda, tashkilot hisobot sanasida shartli aktivlar xususiyatining qisqacha tavsifini va moliyaviy taʼsirini baholashni ochib berishi kerak.

51. Shartli aktiv va shartli majburiyatlar boʻyicha ochib berilishi talab qilinadigan maʼlumotlar ochib berilmasa, buning sababi koʻrsatilishi kerak.

Shartli majburiyat yoki shartli aktiv boʻyicha boshqa tomonlar bilan nizolashilayotgan holatlar (maʼlumotlar) ochib berilmasligi mumkin. Bunda, tashkilot maʼlumotlarni ochib bermagan holda nizoning umumiy mohiyatini va maʼlumot ochib berilmasligi sabablarini yoritishi kerak.

Vazir D. KUCHKAROV

Toshkent sh.,

2024-yil 9-sentabr,

175-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 29.10.2024-y., 10/24/3562/0863-son; 14.02.2026-y., 10/26/3562-1/0137-son)

lex.uz