📅 2024-yil 28-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 28-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 28 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 28 октября 2024 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 28 October 2024 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
СЎРОВНОМА
Судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қонунларнинг ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги ролини ҳамда норма ижодкорлиги жараёни сифатини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 19 февралдаги ПҚ-75-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Қонунининг 34-моддасига асосан судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ваколат берилган органнинг қарори асосида амалга оширилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (кейинги ўринларда — Низом) иловага мувофиқ тасдиқлансин:
судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказишнинг объекти, субъекти ва хусусиятлари;
судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш ва унинг мониторингини юритиш;
корхонани судгача санация қилиш даврида махсус санация ҳисобварағининг очилиши ва ишлаш тартиби;
судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказишни тугатиш.
3. Белгилансинки, кредиторларга тўланадиган тўловлар муддатини кечиктириш ва (ёки) уни бўлиб-бўлиб тўлаш ёхуд қарзлардан чегирма бериш тўғрисида қарздор ҳамда кредиторлар ўртасида келишувга эришишга қаратилган битимлар, солиқ ва бошқа ваколатли органларнинг қарорлари асосида юридик шахсларни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда судгача санация қилиш Давлат активларини бошқариш агентлигининг қарорига мувофиқ жорий этилади.
Бунда давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда судгача санация қилишни жорий этиш хизматидан фойдаланиш учун манфаатдор шахслар ёки уларнинг ишончли вакиллари фақатгина Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали мурожаат қиладилар.
4. Давлат активларини бошқариш агентлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда:
ушбу қарор билан тасдиқланган Низомга мувофиқ давлат хизматларини кўрсатиш Давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП орқали жорий этилишини таъминласин;
ЯИДХПда мазкур хизмат кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатларнинг кўриб чиқилишини кузатиб бориш имкониятини яратсин.
5. Адлия вазирлиги:
давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатилишининг белгиланган тартибига риоя этилиши юзасидан ЯИДХП орқали доимий назорат ўрнатсин;
Низом талабларини бузганлик учун давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жазоларни қўлласин.
6. Давлат активларини бошқариш агентлиги икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ушбу қарорга мувофиқлаштирилишини таъминласин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори А.Ж. Ортиқов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 28 октябрдаги 708-сон қарорига ИЛОВА
Судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ тўловга қобилиятсизлик аломатига эга бўлган корхоналарни молиявий соғломлаштириш ҳамда уларнинг тўлов қобилиятини тиклаш учун судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш масалаларини тартибга солади.
Ушбу Низомнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикасининг «Қишлоқ хўжалиги корхоналарини санациялаш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ амалга ошириладиган қишлоқ хўжалиги корхоналарини судгача санация қилишга татбиқ этилмайди.
2. Тўловга қобилиятсизлик аломатига эга бўлган корхонага нисбатан унинг тўлов қобилиятини тиклаш ва молиявий соғломлаштириш судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказишнинг асосий мақсади ҳисобланади.
3. Судгача санация қилиш давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда тўловга қобилиятсизлик аломатига эга бўлган корхонага нисбатан суд томонидан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилгунига қадар ўтказилади ва корхонанинг тўлов қобилиятини тиклаш ҳамда келгусида самарали фаолият кўрсатиши учун шароитлар яратишни назарда тутади.
4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
жорий тўловлар — ушбу Низомнинг 37-бандида назарда тутилган давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда судгача санация қилиш жорий этилган корхона томонидан амалга ошириладиган тўловлар;
судгача санация қилиш — қарздор юридик шахснинг муассислари (иштирокчилари) ёки унинг мол-мулки эгаси, кредиторлар ва бошқа шахслар томонидан қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклаш ҳамда тўловга қобилиятсизлигининг олдини олиш учун кўриладиган чора-тадбирлар;
солиқлар ва йиғимлар — Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ва (ёки) давлат мақсадли жамғармасига тўланадиган мажбурий тўловлар;
тўловга қобилиятсизлик аломатлари — Ўзбекистон Республикасининг «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Қонуни 5-моддасида назарда тутилган вақтинча ёки доимий тўловга қобилиятсизлик аломатлари;
шаҳарни ташкил этувчи ва унга тенглаштирилган корхона — ходимлари, уларнинг оила аъзолари ҳам қўшиб ҳисобланганда, тегишли аҳоли пункти аҳолисининг камида ярмини ёки ходимларининг сони камида уч минг нафарни ташкил этадиган ёхуд давлатнинг мудофаа қобилияти ва хавфсизлиги сақлаб турилишини таъминлайдиган, шунингдек, стратегик аҳамиятга эга бўлган ёки табиий монополиялар субъекти бўлган юридик шахс.
5. Судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш ўн икки ойдан йигирма тўрт ойгача муддатга жорий этилади.
2-боб. Судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказишнинг объекти ва субъекти
6. Тўловга қобилиятсизлик аломатига эга бўлган корхона судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказишнинг объекти ҳисобланади.
7. Тўловга қобилиятсизлик аломатига эга бўлган корхонанинг муассислари (иштирокчилари), корхона мол-мулкининг эгаси, давлат органлари ва бошқа шахслар судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказишнинг субъектлари бўлиши мумкин.
8. Қуйидагилар биринчи навбатда судгача санация қилинадиган корхоналар ҳисобланади:
ҳаётий муҳим озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат халқ истеъмоли моллари ҳамда дори-дармонлар ишлаб чиқарувчи корхоналар;
давлат мудофааси ва хавфсизлиги сақлаб турилишини таъминловчи корхоналар;
республика иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим ўрин эгаллаган базавий тармоқ (кон қазиш, энергетика, металлургия, кимё ва бошқа тармоқ) корхоналари;
рақобатбардош, экспортбоп ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган корхоналар;
замонавий, юқори унумли техника ишлаб чиқаришни ва иқтисодиёт соҳасига янги, прогрессив, ресурс тежайдиган технологияларни жорий этишни таъминлайдиган корхоналар;
шаҳарни ташкил этувчи ва унга тенглаштирилган корхоналар.
3-боб. Судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш чора-тадбирлари
9. Судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш жараёни қуйидаги асосий чора-тадбирларни ўз ичига олади:
корхонанинг тўлов муддати ўтказиб юборилган қарзларини тўлиқ ёки қисман бошқа корхоналар ёки шахслар, шу жумладан, корхонанинг кредиторлари томонидан сотиб олиш;
ишлаб чиқаришни рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга мослаб қайта ихтисослаштириш;
четдан юқори малакали мутахассисларни жалб этиш;
ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
қарздорнинг тўлов қобилияти тикланиши ҳамда фаолиятини давом эттиришидан манфаатдор бўлган юридик ва жисмоний шахслар томонидан молиявий ёрдам кўрсатиш;
қарздорнинг фаолиятини давом эттириши учун кредиторларга тўланадиган тўловлар муддатини кечиктириш ва (ёки) уни бўлиб-бўлиб тўлаш ёхуд қарзлардан чегирма бериш тўғрисида қарздор ва кредиторлар ўртасида келишувга эришишга қаратилган битим;
солиқлар ҳамда йиғимларни тўлашни ва кредитларни қайтаришни судгача санация қилиш муддатига кечиктириш;
қарздор юридик шахсни қайта ташкил этиш.
Судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказишда бошқа чора-тадбирлар ҳам амалга оширилиши мумкин.
10. Судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказишда қуйидаги кўмаклар берилиши мумкин:
тўловга қобилиятсизлик аломатига эга бўлган корхонага хизмат кўрсатувчи банкда илгари амал қилган ҳисобварақлари тўхтатилган ҳолда санация ҳисобварағини очишга рухсат бериш;
тижорат банкларидан кредит олишда ёки кредиторлар билан келишув даврида кафилликлар бериш шаклида молиявий ёрдам кўрсатиш;
халқаро молия институтлари ва хорижий молия ташкилотлари билан корхоналарни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш, уларга техник ва маслаҳат кўмаги кўрсатилишини ташкил этиш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш;
фойдаланилмаётган асосий воситаларни ва қурилиши тугалланмаган объектларни консервация қилиш;
қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа кўмаклар.
4-боб. Судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш ва унинг мониторингини юритиш тартиби
11. Судгача санация қилиш давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича ўтказилади.
12. Тўловга қобилиятсизлик аломати мавжуд бўлган корхонани судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш тўғрисидаги қарорни Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) қабул қилади.
13. Тўловга қобилиятсизлик аломати мавжуд бўлган корхонани давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда судгача санация қилиш тўғрисидаги мурожаатни ушбу корхона раҳбари ёки унинг номидан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахс Агентликка тақдим этади.
Бунда корхона мазкур хизматдан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (кейинги ўринларда — ЯИДХП) рўйхатдан ўтади.
Мурожаатлар ЯИДХП орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, ҳар куни 24 соат давомида юборилиши мумкин.
Бунда мурожаатлар иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунлари тушганда, навбатдаги иш куни аризаларнинг Агентликка тушган ҳамда Агентлик томонидан қабул қилинган кун ҳисобланади.
14. Корхона раҳбари ёки унинг номидан ариза бериш ҳуқуқига эга бўлган шахс Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, Давлат хизматлари маркази ходими мурожаат қилувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса, мустақил равишда ушбу Низомга 2-илова шаклида сўровномани электрон шаклда тўлдиради.
15. Сўровномада қуйидагилар кўрсатилади:
корхонанинг номи, юридик манзили ва солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР);
корхона раҳбари ёки унинг номидан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахс фамилияси, исми ва отасининг исми;
электрон почта манзили (мавжуд бўлса) ва телефон рақами;
давлат хизматини жорий этиш сўралган муддат.
16. Тўловга қобилиятсизлик аломати мавжуд бўлган корхонани судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш учун қуйидаги ҳужжатлар сўровномага илова қилинади:
ички захиралардан фойдаланиш имкониятлари пухта таҳлил қилинган, шу жумладан, ишлаб чиқариладиган маҳсулотга ҳақ тўлашга қодир эҳтиёж мавжудлигини тасдиқловчи тегишли шартномалар кўрсатилган, қарздор корхона таъсисчилари (иштирокчилари) томонидан тасдиқланган бизнес-режа ва қарзни узиш режаси нусхаси;
корхонанинг солиқлар ва йиғимлардан қарзлари бўйича солиштириш далолатномаси ҳамда қарздор корхонанинг солиқ қарзини тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш тўғрисида ваколатли органнинг қарори нусхаси;
ҳисобварақларининг ҳолати ва картотека тўғрисида хизмат кўрсатувчи банкнинг маълумотномаси нусхаси;
кредиторларга тўланадиган тўловлар муддатини кечиктириш ва (ёки) уни бўлиб-бўлиб тўлаш ёхуд қарзлардан чегирма бериш тўғрисида қарздор ва кредиторлар ўртасида келишувга эришишга қаратилган битимлар нусхаси;
Агентлик заруратга кўра ваколатли органларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатлар ва ахборотларни белгиланган тартибда ўзаро маълумотлар алмашиш йўли билан, шу жумладан, электрон шаклда мустақил равишда сўраб олади.
17. Судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказишни жорий этиш бўйича давлат хизматини кўрсатишда йиғим ундирилмайди.
18. Корхона раҳбари ёки унинг номидан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахс судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказишни жорий этиш хизматидан фойдаланиш давомида бош тортиш ҳуқуқига эга. Бу ҳолатда мурожаатни кўриб чиқиш тўхтатилади.
Бунда судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказишни жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, мазкур қарор бекор қилинади.
19. Корхона раҳбари ёки унинг номидан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахс томонидан Давлат хизматлари марказига келиб мурожаат қилган тақдирда, унинг мурожаати Давлат хизматлари маркази ходими томонидан сўровнома шаклида тўлдирилиб, корхона раҳбари ёки унинг номидан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахс томонидан тасдиқлангандан сўнг ушбу Низомнинг 16-бандида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинган ҳолда, ўн дақиқада Агентликка электрон шаклда юборилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда, мурожаат автоматик тарзда Агентликка юборилади.
20. Агентлик бир ой муддатда тўловга қобилиятсизлик аломатлари мавжуд корхонанинг мурожаатини ва унга илова қилинган ушбу Низомнинг 16-бандида назарда тутилган ҳужжатларини кўриб чиқиб, кредиторларга тўланадиган тўловлар муддатини кечиктириш ва (ёки) уни бўлиб-бўлиб тўлаш ёхуд қарзлардан чегирма бериш тўғрисида қарздор ҳамда кредиторлар ўртасида келишувга эришишга қаратилган битимлар, солиқ ва бошқа ваколатли органларнинг қарорлари асосида корхонага нисбатан судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказишни жорий этиш тўғрисида қарор (кейинги ўринларда — санация) қабул қилади.
21. Корхона раҳбари ёки унинг номидан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахс томонидан ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганда, мурожаат ва унга илова қилинган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда, Агентлик корхона раҳбарига беш иш куни ичида хатоларни бартараф этиш ҳамда етишмаётган ҳужжатларни тақдим этиш имкониятини беради.
Бунда корхона раҳбари ЯИДХП орқали мурожаат этган бўлса, Агентлик унинг шахсий кабинетига асослантирилган хабарнома юборади ёки корхона раҳбари Давлат хизматлари маркази орқали мурожаат этган бўлса, Давлат хизматлари маркази уни ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.
22. Қуйидагилар судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказишни жорий этиш бўйича корхонанинг мурожаатини қайтариш учун асос бўлади:
ушбу Низомнинг 16-бандида назарда тутилган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганда;
ҳужжатларда ёлғон ёки қалбаки маълумотлар кўрсатилгани аниқланганда;
корхона томонидан тақдим этилган бизнес-режа кўрсаткичлари асоссиз маълумотлар ёки нотўғри ҳисоб-китобларга кўра шакллантирилганлиги аниқланганда;
корхона раҳбари томонидан мазкур Низомнинг 21-бандида белгиланган муддатда ҳужжатлар қайта тақдим этилмаганда.
Мурожаатни қабул қилишни бошқа сабабларга кўра рад этиш қатъиян тақиқланади.
23. Корхона раҳбари ушбу Низомнинг 22-бандида назарда тутилган рад этишга сабаб бўлган камчиликларни бартараф этгандан кейин Давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХП орқали қайта мурожаат қилиши мумкин.
Камчиликлар бартараф этилганлиги ҳақидаги мурожаат олинган кундан бошлаб уч иш кунида тақдим этилган ҳужжатлар Агентлик томонидан такроран кўриб чиқилади.
Ҳужжатларни такроран кўриб чиқишда Агентлик томонидан аввалги рад этиш учун асосларда баён этилмаган сабаблар келтирилишига йўл қўйилмайди, аввал кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи маълумотлар билан боғлиқ рад этиш сабабларининг келтирилиши бундан мустасно.
24. Агентлик санация тўғрисида уч иш куни муддатда корхонага хизмат кўрсатувчи тижорат банкини, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитасини ва мурожаат қилган корхонани хабардор қилади.
25. Агентлик санацияни QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ҳолда, мазкур Низомга 3-иловадаги шаклда расмийлаштиради ва уни ўз ЭРИси билан тасдиқлайди ҳамда Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки корхона раҳбарига (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали юборади.
26. Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш жорий этилган корхоналар мониторингини юритади.
27. Судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш жорий этилган корхона ҳар чорак якунига кўра кейинги ойининг 15-санасига қадар судгача санация қилиш ҳамда белгиланган молиявий соғломлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар бажарилиши тўғрисидаги маълумотларни корхона рўйхатдан ўтган жойдаги Агентликнинг тегишли ҳудудий бошқармасига тақдим этади.
Судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш жорий этилган корхоналар рўйхати ҳар чорак якунига кўра кейинги ойнинг 15-санасига қадар Агентликнинг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.
28. Судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш жорий этилган корхона раҳбари ва унинг бошқарув органлари корхонани молиявий соғломлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни бажаришга масъул ҳисобланади.
5-боб. Судгача санация қилинаётган корхона санация ҳисобварағининг ишлаш тартиби
29. Агентликнинг қарорига асосан судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш жорий этилган корхонага миллий ва (ёки) чет эл валютадаги санация ҳисобварағи очилади.
30. Санация ҳисобварағини очиш учун судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш жорий этилган корхона унинг талаб қилиб олингунча асосий депозит ҳисобварағига хизмат кўрсатаётган банкка санация ҳисобварағи очиш тўғрисида ариза билан мурожаат этади. Аризага Агентликнинг корхонага нисбатан судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказишни жорий этиш тўғрисидаги қарорининг нусхаси, тасдиқланган бизнес-режа ва қарзни узиш жадваллари илова қилинади.
31. Хизмат кўрсатувчи банк ариза келиб тушган санадан эътиборан бир иш кунида 2-картотеканинг ва судгача санацияни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш жорий этилган корхонанинг ушбу банкдаги бошқа барча ҳисобварақларининг амал қилишини тўхтатиб, улардаги мавжуд маблағларни корхонанинг санация ҳисобварағига ўтказади. Бунда корхонанинг чет эл валютасидаги талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағи аввалги режимда фаолиятни давом эттиради, уни тасарруф этиш ҳуқуқи судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш жорий этилган корхонага ўтади.
32. Хизмат кўрсатувчи банк электрон почта орқали судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш жорий этилган корхонага талаб қилиб олингунча иккиламчи депозит ҳисобварақлари очилган бошқа барча банкларга, унинг рақами ва қабул қилиш санасини кўрсатган ҳолда Агентликнинг қарорига ҳавола қилиб, ушбу ҳисобварақларни ёпиш ва улардаги мавжуд маблағларни судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш жорий этилган корхонанинг санация ҳисобварағига ўтказиш талабини юборади.
1-картотекада акцептни кутаётган тўлов ҳужжатлари маблағларни олувчиларга корхонага нисбатан Агентликнинг қарори билан судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш жорий этилганлиги тўғрисида белги билан қайтарилади.
33. Агентлик томонидан судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказишнинг муддати ушбу Низомнинг 4-бандида назарда тутилган умумий муддатидан ошмаган муддатга узайтириш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда санация ҳисобварағи санация якунланишигача амал қилишда давом этади.
34. Маблағларни санация ҳисобварағидан ҳисобдан чиқаришга фақат судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш жорий этилган корхонанинг тўлов топшириқномалари асосида йўл қўйилади.
35. Санация ҳисобварағига қуйидагилар қайд этилади:
асосий фаолиятдан, ортиқча мол-мулкни, товар-моддий бойликларни сотишдан тушаётган маблағлар;
валюта тушумини сотишдан тушадиган маблағлар;
илгари тузилган шартномавий мажбуриятлар бўйича тўхтатилган ҳисобварақларга келиб тушган маблағлар ва бошқа тушумлар.
36. Санация ҳисобварағидаги судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш жорий этилган корхонанинг тўлов топшириқномаси билан қарзни узиш жадвалига мувофиқ жорий тўловлар ва тўловлар амалга оширилади.
37. Судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш жорий этилган санадан эътиборан юзага келган жорий тўловларга қуйидагилар киради:
меҳнатга ҳақ тўлаш, алиментлар, муаллифлик шартномалари бўйича ҳақлар, фуқароларнинг ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарни қоплаш талаблари бўйича ҳисоб-китоблар;
солиқлар ва йиғимлар бўйича тўловлар;
ижро муддати судгача санация қилиш даврида бошланган кредитлар бўйича жорий тўловлар ва банк комиссиялари;
улар етказиб берадиган маҳсулот ва бажарадиган ишлар учун маҳсулот етказиб берувчилар ва пудратчиларга бўнак ҳамда асосий тўловлар;
ишлаб чиқариш эҳтиёжлари бўйича ҳисоб-китоблар, шу жумладан, энергия ресурсларининг барча турлари, алоқа хизматлари, хом ашё, материаллар, бутловчи буюмлар, таъмирлаш-фойдаланиш харажатлари;
олинган кредитлар бўйича, шунингдек, ижро муддати санация даврида бошланган, ҳукумат кафолати билан таъминланган кредитлар бўйича банк ва Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси олдидаги мажбуриятларга доир ҳисоб-китоблар.
Жорий тўловларга эҳтиёж бўлмаганда, санация ҳисобварағи маблағларининг қолдиқлари қарзни узиш жадвалини муддатидан аввал ижро этишга йўналтирилади.
38. Судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш жорий этилган корхонанинг чет эл валютасидаги талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағи бўйича операциялар Марказий банкнинг ушбу ҳисобварақнинг амал қилишини тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлари билан белгиланган тартибда, судгача санация қилинаётган корхонанинг топшириқларига кўра ўтказилади.
39. Санация ҳисобварағининг амал қилиши белгиланган судгача санация қилиш муддати якунланганда ёки Агентлик томонидан судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказишни муддатидан аввал тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда тўхтатилади.
6-боб. Судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказишни тугатиш
40. Мониторинг натижасида судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш самарасиз эканлиги аниқланганда (бизнес режаси ва (ёки) қарзни узиш жадвали кетма кет уч чорак давомида бажарилмаса) ёки судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш муддати тугаганда ёхуд солиқ органи томонидан солиқларни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашнинг амал қилиши муддатидан олдин тугатилганда, Агентлик судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказишни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади.
41. Судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказишни тугатиш тўғрисидаги Агентликнинг қарори қабул қилинганидан сўнг мазкур қарорнинг нусхаси уч иш кунидан кечиктирилмай корхонага хизмат кўрсатувчи тижорат банкига ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитасига ҳамда судгача санация қилиш тугатилган корхонага юборилади.
Хизмат кўрсатувчи банкка Агентликнинг судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказишни муддатидан аввал тугатиш тўғрисидаги қарори нусхаси тақдим этилган кундан бошлаб санация ҳисобварағининг амал қилиши тўхтатилади ва у талаб қилиб олингунча асосий депозит ҳисобварағи сифатида амал қилишда давом этади.
Шунингдек, хизмат кўрсатувчи банк 2-картотеканинг амал қилишини тиклайди.
7-боб. Якунловчи қоидалар
42. Корхона раҳбари судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш билан боғлиқ маълумот ва ҳужжатларнинг тўғрилигига ва ҳаққонийлиги учун жавоб беради.
43. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар, шу жумладан, ўзларига юкланган вазифаларни бажармаганлик ёки зарур даражада бажармаганлик натижасида кредиторларга, муассисларга (қатнашчиларга) ёки учинчи шахсларга етказилган зарар учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.
Судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Ижро муддати 1-босқич Корхона Кредиторларга тўланадиган тўловлар муддатини 12 ойдан 24 ойгача кечиктириш ва (ёки) уни бўлиб-бўлиб тўлаш ёхуд қарзлардан чегирма бериш тўғрисида кредиторларга, шу жумладан, солиқ ва бошқа ваколатли органларга мурожаат юборади ва белгиланган тартибда розилик олади. Ташаббусга кўра 2-босқич Корхона Судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 16-бандида назарда тутилган ҳужжатларни илова қилган ҳолда, Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали Давлат активларини бошқариш агентлигига мурожаат қилади. Ташаббусга кўра 3-босқич Давлат активларини бошқариш агентлиги Корхонанинг мурожаатини ва унга илова қилинган ҳужжатларни кўриб чиқиб, ушбу корхонага нисбатан судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказишни жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Бир ой 4-босқич Давлат активларини бошқариш агентлиги Давлат активларини бошқариш агентлигининг судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказишни жорий этиш тўғрисидаги қарори ҳақида корхонага хизмат кўрсатувчи тижорат банкини, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитасини ва мурожаат қилган корхонани хабардор қилади. Уч иш куни муддатда 5-босқич Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари Судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш жорий этилган корхоналар мониторингини юритади. Судгача санация қилиш жорий этилган муддат давомида 6-босқич Корхона Судгача санация қилишнинг бориши ҳамда белгиланган молиявий соғломлаштиришга қаратилган чора-тадбирларнинг бажарилиши тўғрисидаги маълумотларни корхона рўйхатдан ўтган жойидаги Давлат активларини бошқариш агентлигининг тегишли ҳудудий бошқармасига тақдим этади. Ҳар чорак якунига кўра кейинги ойининг 15-санасига қадар 7-босқич Давлат активларини бошқариш агентлиги Мониторинг натижасида судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш самарасиз эканлиги аниқланганда, судгача санация қилишни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади. Белгиланган чора-тадбирлар кўрсаткичлари кетма-кет уч чорак давомида бажарилмаса 8-босқич Давлат активларини бошқариш агентлиги Қарордан нусха корхонага хизмат кўрсатувчи тижорат банкига, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитасига ҳамда судгача санация қилиш тугатилган корхонага юборади. Уч иш кунида
Судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказишни жорий этиш тўғрисида мурожаат юзасидан
Корхонанинг номи Корхона раҳбари ёки унинг номидан мурожаат бериш ҳуқуқига эга бўлган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми Юридик манзили Солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) Электрон почта манзили (мавжуд бўлса): Телефон рақами Давлат хизматини жорий этиш сўралган муддат
Судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
Ягона интерактив давлат хизматлари портали логотипининг тасвири Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Қарор рақами ва санаси: ___________________ ____________________________________________________ га (корхонанинг номи (олувчи) нисбатан судгача санация қилишни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда ўтказишни жорий этиш ёки уни тугатиш тўғрисида ҚАРОР Корхонанинг СТИРи: _________ Жорий этилган ёки тугатилган сана ______________ Давлат активларини бошқариш агентлиги директори ___________________________________________ Ф.И.О. Ҳужжатнинг ҳақиқийлигини тасдиқловчи QR-код
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 28 октябрь,
708-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
SOʻROVNOMA
Sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasining “Toʻlovga qobiliyatsizlik toʻgʻrisida”gi Qonuni hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Qonunlarning ijtimoiy munosabatlarni tartibga solishdagi rolini hamda norma ijodkorligi jarayoni sifatini yanada oshirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2024-yil 19-fevraldagi PQ-75-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasining “Toʻlovga qobiliyatsizlik toʻgʻrisida”gi Qonunining 34-moddasiga asosan sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan vakolat berilgan organning qarori asosida amalga oshirilishi belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom (keyingi oʻrinlarda — Nizom) ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazishning obyekti, subyekti va xususiyatlari;
sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish va uning monitoringini yuritish;
korxonani sudgacha sanatsiya qilish davrida maxsus sanatsiya hisobvaragʻining ochilishi va ishlash tartibi;
sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazishni tugatish.
3. Belgilansinki, kreditorlarga toʻlanadigan toʻlovlar muddatini kechiktirish va (yoki) uni boʻlib-boʻlib toʻlash yoxud qarzlardan chegirma berish toʻgʻrisida qarzdor hamda kreditorlar oʻrtasida kelishuvga erishishga qaratilgan bitimlar, soliq va boshqa vakolatli organlarning qarorlari asosida yuridik shaxslarni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda sudgacha sanatsiya qilish Davlat aktivlarini boshqarish agentligining qaroriga muvofiq joriy etiladi.
Bunda davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda sudgacha sanatsiya qilishni joriy etish xizmatidan foydalanish uchun manfaatdor shaxslar yoki ularning ishonchli vakillari faqatgina Davlat xizmatlari markazlari yoki Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali murojaat qiladilar.
4. Davlat aktivlarini boshqarish agentligi Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda ikki oy muddatda:
ushbu qaror bilan tasdiqlangan Nizomga muvofiq davlat xizmatlarini koʻrsatish Davlat xizmatlari markazlari va YIDXP orqali joriy etilishini taʼminlasin;
YIDXPda mazkur xizmat koʻrsatilishining har bir bosqichida murojaatlarning koʻrib chiqilishini kuzatib borish imkoniyatini yaratsin.
5. Adliya vazirligi:
davlat organlari va boshqa tashkilotlar tomonidan davlat xizmatlari koʻrsatilishining belgilangan tartibiga rioya etilishi yuzasidan YIDXP orqali doimiy nazorat oʻrnatsin;
Nizom talablarini buzganlik uchun davlat organlari va boshqa tashkilotlarning mansabdor shaxslariga nisbatan belgilangan tartibda maʼmuriy jazolarni qoʻllasin.
6. Davlat aktivlarini boshqarish agentligi ikki oy muddatda manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlar ushbu qarorga muvofiqlashtirilishini taʼminlasin.
7. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi direktori A.J. Ortiqov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 28-oktabrdagi 708-son qaroriga ILOVA
Sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasining “Toʻlovga qobiliyatsizlik toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq toʻlovga qobiliyatsizlik alomatiga ega boʻlgan korxonalarni moliyaviy sogʻlomlashtirish hamda ularning toʻlov qobiliyatini tiklash uchun sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish masalalarini tartibga soladi.
Ushbu Nizomning amal qilishi Oʻzbekiston Respublikasining “Qishloq xoʻjaligi korxonalarini sanatsiyalash toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq amalga oshiriladigan qishloq xoʻjaligi korxonalarini sudgacha sanatsiya qilishga tatbiq etilmaydi.
2. Toʻlovga qobiliyatsizlik alomatiga ega boʻlgan korxonaga nisbatan uning toʻlov qobiliyatini tiklash va moliyaviy sogʻlomlashtirish sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazishning asosiy maqsadi hisoblanadi.
3. Sudgacha sanatsiya qilish davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda toʻlovga qobiliyatsizlik alomatiga ega boʻlgan korxonaga nisbatan sud tomonidan toʻlovga qobiliyatsizlik toʻgʻrisida ish qoʻzgʻatilguniga qadar oʻtkaziladi va korxonaning toʻlov qobiliyatini tiklash hamda kelgusida samarali faoliyat koʻrsatishi uchun sharoitlar yaratishni nazarda tutadi.
4. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
joriy toʻlovlar — ushbu Nizomning 37-bandida nazarda tutilgan davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda sudgacha sanatsiya qilish joriy etilgan korxona tomonidan amalga oshiriladigan toʻlovlar;
sudgacha sanatsiya qilish — qarzdor yuridik shaxsning muassislari (ishtirokchilari) yoki uning mol-mulki egasi, kreditorlar va boshqa shaxslar tomonidan qarzdorning toʻlov qobiliyatini tiklash hamda toʻlovga qobiliyatsizligining oldini olish uchun koʻriladigan chora-tadbirlar;
soliqlar va yigʻimlar — Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetiga va (yoki) davlat maqsadli jamgʻarmasiga toʻlanadigan majburiy toʻlovlar;
toʻlovga qobiliyatsizlik alomatlari — Oʻzbekiston Respublikasining “Toʻlovga qobiliyatsizlik toʻgʻrisida”gi Qonuni 5-moddasida nazarda tutilgan vaqtincha yoki doimiy toʻlovga qobiliyatsizlik alomatlari;
shaharni tashkil etuvchi va unga tenglashtirilgan korxona — xodimlari, ularning oila aʼzolari ham qoʻshib hisoblanganda, tegishli aholi punkti aholisining kamida yarmini yoki xodimlarining soni kamida uch ming nafarni tashkil etadigan yoxud davlatning mudofaa qobiliyati va xavfsizligi saqlab turilishini taʼminlaydigan, shuningdek, strategik ahamiyatga ega boʻlgan yoki tabiiy monopoliyalar subyekti boʻlgan yuridik shaxs.
5. Sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish oʻn ikki oydan yigirma toʻrt oygacha muddatga joriy etiladi.
2-bob. Sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazishning obyekti va subyekti
6. Toʻlovga qobiliyatsizlik alomatiga ega boʻlgan korxona sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazishning obyekti hisoblanadi.
7. Toʻlovga qobiliyatsizlik alomatiga ega boʻlgan korxonaning muassislari (ishtirokchilari), korxona mol-mulkining egasi, davlat organlari va boshqa shaxslar sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazishning subyektlari boʻlishi mumkin.
8. Quyidagilar birinchi navbatda sudgacha sanatsiya qilinadigan korxonalar hisoblanadi:
hayotiy muhim oziq-ovqat va nooziq-ovqat xalq isteʼmoli mollari hamda dori-darmonlar ishlab chiqaruvchi korxonalar;
davlat mudofaasi va xavfsizligi saqlab turilishini taʼminlovchi korxonalar;
respublika iqtisodiyotini rivojlantirishda muhim oʻrin egallagan bazaviy tarmoq (kon qazish, energetika, metallurgiya, kimyo va boshqa tarmoq) korxonalari;
raqobatbardosh, eksportbop va import oʻrnini bosadigan mahsulotlar ishlab chiqaradigan korxonalar;
zamonaviy, yuqori unumli texnika ishlab chiqarishni va iqtisodiyot sohasiga yangi, progressiv, resurs tejaydigan texnologiyalarni joriy etishni taʼminlaydigan korxonalar;
shaharni tashkil etuvchi va unga tenglashtirilgan korxonalar.
3-bob. Sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish chora-tadbirlari
9. Sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish jarayoni quyidagi asosiy chora-tadbirlarni oʻz ichiga oladi:
korxonaning toʻlov muddati oʻtkazib yuborilgan qarzlarini toʻliq yoki qisman boshqa korxonalar yoki shaxslar, shu jumladan, korxonaning kreditorlari tomonidan sotib olish;
ishlab chiqarishni raqobatbardosh mahsulot ishlab chiqarishga moslab qayta ixtisoslashtirish;
chetdan yuqori malakali mutaxassislarni jalb etish;
xodimlarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish;
qarzdorning toʻlov qobiliyati tiklanishi hamda faoliyatini davom ettirishidan manfaatdor boʻlgan yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan moliyaviy yordam koʻrsatish;
qarzdorning faoliyatini davom ettirishi uchun kreditorlarga toʻlanadigan toʻlovlar muddatini kechiktirish va (yoki) uni boʻlib-boʻlib toʻlash yoxud qarzlardan chegirma berish toʻgʻrisida qarzdor va kreditorlar oʻrtasida kelishuvga erishishga qaratilgan bitim;
soliqlar hamda yigʻimlarni toʻlashni va kreditlarni qaytarishni sudgacha sanatsiya qilish muddatiga kechiktirish;
qarzdor yuridik shaxsni qayta tashkil etish.
Sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazishda boshqa chora-tadbirlar ham amalga oshirilishi mumkin.
10. Sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazishda quyidagi koʻmaklar berilishi mumkin:
toʻlovga qobiliyatsizlik alomatiga ega boʻlgan korxonaga xizmat koʻrsatuvchi bankda ilgari amal qilgan hisobvaraqlari toʻxtatilgan holda sanatsiya hisobvaragʻini ochishga ruxsat berish;
tijorat banklaridan kredit olishda yoki kreditorlar bilan kelishuv davrida kafilliklar berish shaklida moliyaviy yordam koʻrsatish;
xalqaro moliya institutlari va xorijiy moliya tashkilotlari bilan korxonalarni qoʻllab-quvvatlashga qaratilgan loyihalarni amalga oshirish, ularga texnik va maslahat koʻmagi koʻrsatilishini tashkil etish boʻyicha oʻzaro hamkorlik qilish;
foydalanilmayotgan asosiy vositalarni va qurilishi tugallanmagan obyektlarni konservatsiya qilish;
qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa koʻmaklar.
4-bob. Sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish va uning monitoringini yuritish tartibi
11. Sudgacha sanatsiya qilish davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda mazkur Nizomga 1-ilovaga muvofiq sxema boʻyicha oʻtkaziladi.
12. Toʻlovga qobiliyatsizlik alomati mavjud boʻlgan korxonani sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish toʻgʻrisidagi qarorni Davlat aktivlarini boshqarish agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) qabul qiladi.
13. Toʻlovga qobiliyatsizlik alomati mavjud boʻlgan korxonani davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda sudgacha sanatsiya qilish toʻgʻrisidagi murojaatni ushbu korxona rahbari yoki uning nomidan murojaat qilish huquqiga ega boʻlgan shaxs Agentlikka taqdim etadi.
Bunda korxona mazkur xizmatdan foydalanish uchun Davlat xizmatlari markaziga oʻzi kelib murojaat etadi yoki davlat xizmatlaridan elektron shaklda foydalanish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portalida (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) roʻyxatdan oʻtadi.
Murojaatlar YIDXP orqali dam olish va bayram kunlaridan qatʼi nazar, har kuni 24 soat davomida yuborilishi mumkin.
Bunda murojaatlar ish vaqtidan keyin yoki dam olish va bayram kunlari tushganda, navbatdagi ish kuni arizalarning Agentlikka tushgan hamda Agentlik tomonidan qabul qilingan kun hisoblanadi.
14. Korxona rahbari yoki uning nomidan ariza berish huquqiga ega boʻlgan shaxs Davlat xizmatlari markaziga oʻzi kelib murojaat etgan taqdirda, Davlat xizmatlari markazi xodimi murojaat qiluvchi nomidan, YIDXP orqali murojaat etgan taqdirda esa, mustaqil ravishda ushbu Nizomga 2-ilova shaklida soʻrovnomani elektron shaklda toʻldiradi.
15. Soʻrovnomada quyidagilar koʻrsatiladi:
korxonaning nomi, yuridik manzili va soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami (STIR);
korxona rahbari yoki uning nomidan murojaat qilish huquqiga ega boʻlgan shaxs familiyasi, ismi va otasining ismi;
elektron pochta manzili (mavjud boʻlsa) va telefon raqami;
davlat xizmatini joriy etish soʻralgan muddat.
16. Toʻlovga qobiliyatsizlik alomati mavjud boʻlgan korxonani sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish uchun quyidagi hujjatlar soʻrovnomaga ilova qilinadi:
ichki zaxiralardan foydalanish imkoniyatlari puxta tahlil qilingan, shu jumladan, ishlab chiqariladigan mahsulotga haq toʻlashga qodir ehtiyoj mavjudligini tasdiqlovchi tegishli shartnomalar koʻrsatilgan, qarzdor korxona taʼsischilari (ishtirokchilari) tomonidan tasdiqlangan biznes-reja va qarzni uzish rejasi nusxasi;
korxonaning soliqlar va yigʻimlardan qarzlari boʻyicha solishtirish dalolatnomasi hamda qarzdor korxonaning soliq qarzini toʻlashni kechiktirish yoki boʻlib-boʻlib toʻlash toʻgʻrisida vakolatli organning qarori nusxasi;
hisobvaraqlarining holati va kartoteka toʻgʻrisida xizmat koʻrsatuvchi bankning maʼlumotnomasi nusxasi;
kreditorlarga toʻlanadigan toʻlovlar muddatini kechiktirish va (yoki) uni boʻlib-boʻlib toʻlash yoxud qarzlardan chegirma berish toʻgʻrisida qarzdor va kreditorlar oʻrtasida kelishuvga erishishga qaratilgan bitimlar nusxasi;
Agentlik zaruratga koʻra vakolatli organlarda mavjud boʻlgan zarur hujjatlar va axborotlarni belgilangan tartibda oʻzaro maʼlumotlar almashish yoʻli bilan, shu jumladan, elektron shaklda mustaqil ravishda soʻrab oladi.
17. Sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazishni joriy etish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishda yigʻim undirilmaydi.
18. Korxona rahbari yoki uning nomidan murojaat qilish huquqiga ega boʻlgan shaxs sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazishni joriy etish xizmatidan foydalanish davomida bosh tortish huquqiga ega. Bu holatda murojaatni koʻrib chiqish toʻxtatiladi.
Bunda sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazishni joriy etish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan boʻlsa, mazkur qaror bekor qilinadi.
19. Korxona rahbari yoki uning nomidan murojaat qilish huquqiga ega boʻlgan shaxs tomonidan Davlat xizmatlari markaziga kelib murojaat qilgan taqdirda, uning murojaati Davlat xizmatlari markazi xodimi tomonidan soʻrovnoma shaklida toʻldirilib, korxona rahbari yoki uning nomidan murojaat qilish huquqiga ega boʻlgan shaxs tomonidan tasdiqlangandan soʻng ushbu Nizomning 16-bandida nazarda tutilgan hujjatlar ilova qilingan holda, oʻn daqiqada Agentlikka elektron shaklda yuboriladi. YIDXP orqali murojaat qilinganda, murojaat avtomatik tarzda Agentlikka yuboriladi.
20. Agentlik bir oy muddatda toʻlovga qobiliyatsizlik alomatlari mavjud korxonaning murojaatini va unga ilova qilingan ushbu Nizomning 16-bandida nazarda tutilgan hujjatlarini koʻrib chiqib, kreditorlarga toʻlanadigan toʻlovlar muddatini kechiktirish va (yoki) uni boʻlib-boʻlib toʻlash yoxud qarzlardan chegirma berish toʻgʻrisida qarzdor hamda kreditorlar oʻrtasida kelishuvga erishishga qaratilgan bitimlar, soliq va boshqa vakolatli organlarning qarorlari asosida korxonaga nisbatan sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazishni joriy etish toʻgʻrisida qaror (keyingi oʻrinlarda — sanatsiya) qabul qiladi.
21. Korxona rahbari yoki uning nomidan murojaat qilish huquqiga ega boʻlgan shaxs tomonidan hujjatlar toʻliq taqdim etilmaganda, murojaat va unga ilova qilingan hujjatlarda notoʻgʻri yoki buzib koʻrsatilgan maʼlumotlar mavjud boʻlganda, Agentlik korxona rahbariga besh ish kuni ichida xatolarni bartaraf etish hamda yetishmayotgan hujjatlarni taqdim etish imkoniyatini beradi.
Bunda korxona rahbari YIDXP orqali murojaat etgan boʻlsa, Agentlik uning shaxsiy kabinetiga asoslantirilgan xabarnoma yuboradi yoki korxona rahbari Davlat xizmatlari markazi orqali murojaat etgan boʻlsa, Davlat xizmatlari markazi uni axborot-kommunikatsiya tizimi orqali xabardor qiladi.
22. Quyidagilar sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazishni joriy etish boʻyicha korxonaning murojaatini qaytarish uchun asos boʻladi:
ushbu Nizomning 16-bandida nazarda tutilgan hujjatlar toʻliq taqdim etilmaganda;
hujjatlarda yolgʻon yoki qalbaki maʼlumotlar koʻrsatilgani aniqlanganda;
korxona tomonidan taqdim etilgan biznes-reja koʻrsatkichlari asossiz maʼlumotlar yoki notoʻgʻri hisob-kitoblarga koʻra shakllantirilganligi aniqlanganda;
korxona rahbari tomonidan mazkur Nizomning 21-bandida belgilangan muddatda hujjatlar qayta taqdim etilmaganda.
Murojaatni qabul qilishni boshqa sabablarga koʻra rad etish qatʼiyan taqiqlanadi.
23. Korxona rahbari ushbu Nizomning 22-bandida nazarda tutilgan rad etishga sabab boʻlgan kamchiliklarni bartaraf etgandan keyin Davlat xizmatlari markaziga yoki YIDXP orqali qayta murojaat qilishi mumkin.
Kamchiliklar bartaraf etilganligi haqidagi murojaat olingan kundan boshlab uch ish kunida taqdim etilgan hujjatlar Agentlik tomonidan takroran koʻrib chiqiladi.
Hujjatlarni takroran koʻrib chiqishda Agentlik tomonidan avvalgi rad etish uchun asoslarda bayon etilmagan sabablar keltirilishiga yoʻl qoʻyilmaydi, avval koʻrsatilgan sabablar bartaraf etilganligini tasdiqlovchi maʼlumotlar bilan bogʻliq rad etish sabablarining keltirilishi bundan mustasno.
24. Agentlik sanatsiya toʻgʻrisida uch ish kuni muddatda korxonaga xizmat koʻrsatuvchi tijorat bankini, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Soliq qoʻmitasini va murojaat qilgan korxonani xabardor qiladi.
25. Agentlik sanatsiyani QR-kod (matrik shtrixli kod) qoʻyilgan holda, mazkur Nizomga 3-ilovadagi shaklda rasmiylashtiradi va uni oʻz ERIsi bilan tasdiqlaydi hamda Davlat xizmatlari markaziga (oʻzi kelib murojaat etgan taqdirda) yoki korxona rahbariga (elektron tarzda murojaat etgan taqdirda) YIDXP orqali yuboradi.
26. Agentlik va uning hududiy boshqarmalari sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish joriy etilgan korxonalar monitoringini yuritadi.
27. Sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish joriy etilgan korxona har chorak yakuniga koʻra keyingi oyining 15-sanasiga qadar sudgacha sanatsiya qilish hamda belgilangan moliyaviy sogʻlomlashtirishga qaratilgan chora-tadbirlar bajarilishi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni korxona roʻyxatdan oʻtgan joydagi Agentlikning tegishli hududiy boshqarmasiga taqdim etadi.
Sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish joriy etilgan korxonalar roʻyxati har chorak yakuniga koʻra keyingi oyning 15-sanasiga qadar Agentlikning rasmiy veb-saytida eʼlon qilib boriladi.
28. Sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish joriy etilgan korxona rahbari va uning boshqaruv organlari korxonani moliyaviy sogʻlomlashtirishga qaratilgan chora-tadbirlarni bajarishga masʼul hisoblanadi.
5-bob. Sudgacha sanatsiya qilinayotgan korxona sanatsiya hisobvaragʻining ishlash tartibi
29. Agentlikning qaroriga asosan sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish joriy etilgan korxonaga milliy va (yoki) chet el valyutadagi sanatsiya hisobvaragʻi ochiladi.
30. Sanatsiya hisobvaragʻini ochish uchun sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish joriy etilgan korxona uning talab qilib olinguncha asosiy depozit hisobvaragʻiga xizmat koʻrsatayotgan bankka sanatsiya hisobvaragʻi ochish toʻgʻrisida ariza bilan murojaat etadi. Arizaga Agentlikning korxonaga nisbatan sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazishni joriy etish toʻgʻrisidagi qarorining nusxasi, tasdiqlangan biznes-reja va qarzni uzish jadvallari ilova qilinadi.
31. Xizmat koʻrsatuvchi bank ariza kelib tushgan sanadan eʼtiboran bir ish kunida 2-kartotekaning va sudgacha sanatsiyani davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish joriy etilgan korxonaning ushbu bankdagi boshqa barcha hisobvaraqlarining amal qilishini toʻxtatib, ulardagi mavjud mablagʻlarni korxonaning sanatsiya hisobvaragʻiga oʻtkazadi. Bunda korxonaning chet el valyutasidagi talab qilib olinguncha depozit hisobvaragʻi avvalgi rejimda faoliyatni davom ettiradi, uni tasarruf etish huquqi sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish joriy etilgan korxonaga oʻtadi.
32. Xizmat koʻrsatuvchi bank elektron pochta orqali sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish joriy etilgan korxonaga talab qilib olinguncha ikkilamchi depozit hisobvaraqlari ochilgan boshqa barcha banklarga, uning raqami va qabul qilish sanasini koʻrsatgan holda Agentlikning qaroriga havola qilib, ushbu hisobvaraqlarni yopish va ulardagi mavjud mablagʻlarni sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish joriy etilgan korxonaning sanatsiya hisobvaragʻiga oʻtkazish talabini yuboradi.
1-kartotekada akseptni kutayotgan toʻlov hujjatlari mablagʻlarni oluvchilarga korxonaga nisbatan Agentlikning qarori bilan sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish joriy etilganligi toʻgʻrisida belgi bilan qaytariladi.
33. Agentlik tomonidan sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazishning muddati ushbu Nizomning 4-bandida nazarda tutilgan umumiy muddatidan oshmagan muddatga uzaytirish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda sanatsiya hisobvaragʻi sanatsiya yakunlanishigacha amal qilishda davom etadi.
34. Mablagʻlarni sanatsiya hisobvaragʻidan hisobdan chiqarishga faqat sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish joriy etilgan korxonaning toʻlov topshiriqnomalari asosida yoʻl qoʻyiladi.
35. Sanatsiya hisobvaragʻiga quyidagilar qayd etiladi:
asosiy faoliyatdan, ortiqcha mol-mulkni, tovar-moddiy boyliklarni sotishdan tushayotgan mablagʻlar;
valyuta tushumini sotishdan tushadigan mablagʻlar;
ilgari tuzilgan shartnomaviy majburiyatlar boʻyicha toʻxtatilgan hisobvaraqlarga kelib tushgan mablagʻlar va boshqa tushumlar.
36. Sanatsiya hisobvaragʻidagi sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish joriy etilgan korxonaning toʻlov topshiriqnomasi bilan qarzni uzish jadvaliga muvofiq joriy toʻlovlar va toʻlovlar amalga oshiriladi.
37. Sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish joriy etilgan sanadan eʼtiboran yuzaga kelgan joriy toʻlovlarga quyidagilar kiradi:
mehnatga haq toʻlash, alimentlar, mualliflik shartnomalari boʻyicha haqlar, fuqarolarning hayoti yoki sogʻligʻiga yetkazilgan zararni qoplash talablari boʻyicha hisob-kitoblar;
soliqlar va yigʻimlar boʻyicha toʻlovlar;
ijro muddati sudgacha sanatsiya qilish davrida boshlangan kreditlar boʻyicha joriy toʻlovlar va bank komissiyalari;
ular yetkazib beradigan mahsulot va bajaradigan ishlar uchun mahsulot yetkazib beruvchilar va pudratchilarga boʻnak hamda asosiy toʻlovlar;
ishlab chiqarish ehtiyojlari boʻyicha hisob-kitoblar, shu jumladan, energiya resurslarining barcha turlari, aloqa xizmatlari, xom ashyo, materiallar, butlovchi buyumlar, taʼmirlash-foydalanish xarajatlari;
olingan kreditlar boʻyicha, shuningdek, ijro muddati sanatsiya davrida boshlangan, hukumat kafolati bilan taʼminlangan kreditlar boʻyicha bank va Oʻzbekiston Respublikasining Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasi oldidagi majburiyatlarga doir hisob-kitoblar.
Joriy toʻlovlarga ehtiyoj boʻlmaganda, sanatsiya hisobvaragʻi mablagʻlarining qoldiqlari qarzni uzish jadvalini muddatidan avval ijro etishga yoʻnaltiriladi.
38. Sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish joriy etilgan korxonaning chet el valyutasidagi talab qilib olinguncha depozit hisobvaragʻi boʻyicha operatsiyalar Markaziy bankning ushbu hisobvaraqning amal qilishini tartibga soluvchi meʼyoriy hujjatlari bilan belgilangan tartibda, sudgacha sanatsiya qilinayotgan korxonaning topshiriqlariga koʻra oʻtkaziladi.
39. Sanatsiya hisobvaragʻining amal qilishi belgilangan sudgacha sanatsiya qilish muddati yakunlanganda yoki Agentlik tomonidan sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazishni muddatidan avval tugatish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda toʻxtatiladi.
6-bob. Sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazishni tugatish
40. Monitoring natijasida sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish samarasiz ekanligi aniqlanganda (biznes rejasi va (yoki) qarzni uzish jadvali ketma ket uch chorak davomida bajarilmasa) yoki sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish muddati tugaganda yoxud soliq organi tomonidan soliqlarni toʻlash boʻyicha kechiktirish yoki boʻlib-boʻlib toʻlashning amal qilishi muddatidan oldin tugatilganda, Agentlik sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazishni tugatish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
41. Sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazishni tugatish toʻgʻrisidagi Agentlikning qarori qabul qilinganidan soʻng mazkur qarorning nusxasi uch ish kunidan kechiktirilmay korxonaga xizmat koʻrsatuvchi tijorat bankiga va Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Soliq qoʻmitasiga hamda sudgacha sanatsiya qilish tugatilgan korxonaga yuboriladi.
Xizmat koʻrsatuvchi bankka Agentlikning sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazishni muddatidan avval tugatish toʻgʻrisidagi qarori nusxasi taqdim etilgan kundan boshlab sanatsiya hisobvaragʻining amal qilishi toʻxtatiladi va u talab qilib olinguncha asosiy depozit hisobvaragʻi sifatida amal qilishda davom etadi.
Shuningdek, xizmat koʻrsatuvchi bank 2-kartotekaning amal qilishini tiklaydi.
7-bob. Yakunlovchi qoidalar
42. Korxona rahbari sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish bilan bogʻliq maʼlumot va hujjatlarning toʻgʻriligiga va haqqoniyligi uchun javob beradi.
43. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar, shu jumladan, oʻzlariga yuklangan vazifalarni bajarmaganlik yoki zarur darajada bajarmaganlik natijasida kreditorlarga, muassislarga (qatnashchilarga) yoki uchinchi shaxslarga yetkazilgan zarar uchun qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladi.
Sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Ijro muddati 1-bosqich Korxona Kreditorlarga toʻlanadigan toʻlovlar muddatini 12 oydan 24 oygacha kechiktirish va (yoki) uni boʻlib-boʻlib toʻlash yoxud qarzlardan chegirma berish toʻgʻrisida kreditorlarga, shu jumladan, soliq va boshqa vakolatli organlarga murojaat yuboradi va belgilangan tartibda rozilik oladi. Tashabbusga koʻra 2-bosqich Korxona Sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomning 16-bandida nazarda tutilgan hujjatlarni ilova qilgan holda, Davlat xizmatlari markazi yoki YIDXP orqali Davlat aktivlarini boshqarish agentligiga murojaat qiladi. Tashabbusga koʻra 3-bosqich Davlat aktivlarini boshqarish agentligi Korxonaning murojaatini va unga ilova qilingan hujjatlarni koʻrib chiqib, ushbu korxonaga nisbatan sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazishni joriy etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. Bir oy 4-bosqich Davlat aktivlarini boshqarish agentligi Davlat aktivlarini boshqarish agentligining sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazishni joriy etish toʻgʻrisidagi qarori haqida korxonaga xizmat koʻrsatuvchi tijorat bankini, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Soliq qoʻmitasini va murojaat qilgan korxonani xabardor qiladi. Uch ish kuni muddatda 5-bosqich Davlat aktivlarini boshqarish agentligi va uning hududiy boshqarmalari Sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish joriy etilgan korxonalar monitoringini yuritadi. Sudgacha sanatsiya qilish joriy etilgan muddat davomida 6-bosqich Korxona Sudgacha sanatsiya qilishning borishi hamda belgilangan moliyaviy sogʻlomlashtirishga qaratilgan chora-tadbirlarning bajarilishi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni korxona roʻyxatdan oʻtgan joyidagi Davlat aktivlarini boshqarish agentligining tegishli hududiy boshqarmasiga taqdim etadi. Har chorak yakuniga koʻra keyingi oyining 15-sanasiga qadar 7-bosqich Davlat aktivlarini boshqarish agentligi Monitoring natijasida sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish samarasiz ekanligi aniqlanganda, sudgacha sanatsiya qilishni tugatish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. Belgilangan chora-tadbirlar koʻrsatkichlari ketma-ket uch chorak davomida bajarilmasa 8-bosqich Davlat aktivlarini boshqarish agentligi Qarordan nusxa korxonaga xizmat koʻrsatuvchi tijorat bankiga, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Soliq qoʻmitasiga hamda sudgacha sanatsiya qilish tugatilgan korxonaga yuboradi. Uch ish kunida
Sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazishni joriy etish toʻgʻrisida murojaat yuzasidan
Korxonaning nomi Korxona rahbari yoki uning nomidan murojaat berish huquqiga ega boʻlgan shaxsning familiyasi, ismi va otasining ismi Yuridik manzili Soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami (STIR) Elektron pochta manzili (mavjud boʻlsa): Telefon raqami Davlat xizmatini joriy etish soʻralgan muddat
Sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali logotipining tasviri Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbining tasviri Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi Qaror raqami va sanasi: ___________________ ____________________________________________________ ga (korxonaning nomi (oluvchi) nisbatan sudgacha sanatsiya qilishni davlat tomonidan yordam koʻrsatgan holda oʻtkazishni joriy etish yoki uni tugatish toʻgʻrisida QAROR Korxonaning STIRi: _________ Joriy etilgan yoki tugatilgan sana ______________ Davlat aktivlarini boshqarish agentligi direktori ___________________________________________ F.I.O. Hujjatning haqiqiyligini tasdiqlovchi QR-kod
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2024-yil 28-oktabr,
708-son