📅 2024-yil 24-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 24-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 24 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 24 октября 2024 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 24 October 2024 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
«ЙЎЛ ХАРИТАСИ»
РЎЙХАТИ *
Аҳоли муаммоларини ҳал қилишда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақамли технологиялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 24 майдаги ПФ-76-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, жойларда аҳоли муаммоларини ҳал қилишнинг самарали механизмини йўлга қўйиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақамли технологиялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 24 майдаги ПФ-76-сон Фармонига мувофиқ:
«Рақамли Тошкент» тажрибасини босқичма-босқич Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда жорий этиш;
жойларда аҳоли муаммоларини ҳал қилишга қаратилган «Халқ назорати» платформасини (кейинги ўринларда — платформа) ишга тушириш, шунингдек, платформа орқали келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари ҳамда уларга масъул бўлган вазирлик ва идоралар, шу жумладан, уларни назоратдан ечишга ваколатли идорани белгилашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда 2025 йил 1 апрелдан бошлаб платформа орқали қуйидагиларни амалга оширишни назарда тутувчи тизим жорий этилади:
аҳолига қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, сув, канализация, иситиш тизими, электр ва бошқа муҳандислик таъминоти, транспорт ва йўл, шунингдек, ҳудуд инфратузилмасида мавжуд муаммолар ҳамда аҳолини қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан реал вақт режимида хабар бериш имконияти яратилади, бунда келиб тушган хабарлар тегишли масъул идораларга йўналтирилади ҳамда улар томонидан кўриб чиқилади ва ҳал этилади;
келиб тушган хабарларни масъул идоралар томонидан кўриб чиқиш ва ҳал этиш жараёнининг ҳар бир босқичида хабар берувчиларга кузатиб бориш имконияти яратилади;
аҳоли муаммоларини ҳал қилишда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати ўрнатилади;
жойларда муаммоли масалаларни аниқлаш ва ҳал этиш бўйича ваколатли органларнинг аҳоли билан самарали ҳамкорлиги йўлга қўйилади;
келиб тушган хабарлар аҳолининг розилиги асосида назоратдан ечилади;
аҳоли муаммоларини ҳал қилишда давлат органлари ва ташкилотларининг рейтинги юритилади ҳамда рейтинг натижалари жамоатчиликка эълон қилиб борилади.
3. Қуйидагилар:
Платформага юборилган хабарларни ваколатли органлар томонидан кўриб чиқиш ва ҳал этиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Платформа фаолиятини янада такомиллаштириш ва унинг самарадорлигини ошириш бўйича «йўл харитаси» 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилаб қўйилсинки, аҳоли томонидан платформага юборилган хабарларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш доирасида:
тегишли ҳудудда платформанинг ишга туширилиши, у орқали келиб тушадиган хабарлар ваколатли органлар томонидан белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши ва ижроси таъминланиши устидан назорат юритиш учун — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари;
хабарларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш учун ваколатли органларга йўналтириш ҳамда ушбу хабарлар ҳал этилиши юзасидан таҳлилий мониторингни юритиш учун платформа оператори Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти (кейинги ўринларда — Рақамли департамент);
платформага уланиш, у орқали йўналтирилган хабарларни кўриб чиқиш ва белгиланган муддатларда ижросини таъминлаш ҳамда натижаси юзасидан маълумотларни киритиш, шунингдек, платформада ўзларига бириктирилган шахсий саҳифаларни доимий ишчи ҳолатда юритиш учун — белгиланган ваколатли органлар масъул ва жавобгар ҳисобланади.
5. Платформага уланадиган ваколатли органлар рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ваколатли органлар раҳбарлари 2025 йил 1 мартга қадар ваколатли органларни ҳамда уларнинг туман (шаҳар) бўлинмаларини платформага улаш чораларини кўрсин.
Бунда Халқ қабулхоналарига платформадан «кузатувчи» (маълумотларни таҳрирлаш ҳуқуқисиз) мақоми берилган ҳолда фойдаланишга рухсат берилади.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Рақамли хизматлар қамрови ва сифатини ошириш ҳамда соҳа, тармоқ ва ҳудудларни рақамли трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 24 майдаги ПҚ-162-сон қарори билан Рақамли департаментга платформани жорий этиш бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш ҳуқуқи берилганлиги;
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳокимликларини платформага улаш ва уларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатларни Рақамли департамент билан тузиладиган шартномаларга мувофиқ маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Шу билан бирга платформани такомиллаштириш, ишчи ҳолатда сақлаш ҳамда доимий техник қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ вазифалар ва харажатлар тузилган шартномага мувофиқ Рақамли департамент томонидан амалга оширилиши тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
7. Белгилансинки, ҳудудларда платформа фаолиятини кенгайтириш ҳамда уни техник қўллаб-қувватлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда Рақамли департамент ҳузурида лойиҳа офислари (кейинги ўринларда — лойиҳа офислари) ташкил этилади.
Бунда:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари лойиҳа офисларини жойлаштириш учун уларни зарур хона ва инфратузилма тармоқлари билан таъминлайди;
Рақамли департамент ўз маблағлари ҳисобидан лойиҳа офисларини моддий-техник жиҳозлар ҳамда малакали мутахассислар билан тўлдиради.
8. Қуйидагилар лойиҳа офисларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
жойларда платформанинг узлуксиз ишлашини таъминлаш;
хабарларни қабул қилиш ҳамда тегишлилиги бўйича ваколатли органларга автоматик тарзда юбориш;
юборилган хабарларнинг ваколатли органлар томонидан кўриб чиқилиши ва ҳал этилиши бўйича таҳлилий маълумотларни шакллантириш;
ваколатли органларга платформа билан боғлиқ ташкилий-техник тадбирларни амалга оширишда кўмаклашиш.
9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 4-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 24 октябрдаги 695-сон қарорига 1-ИЛОВА
«Халқ назорати» платформасига юборилган хабарларни ваколатли органлар томонидан кўриб чиқиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом аҳоли томонидан «Халқ назорати» платформасига (кейинги ўринларда — платформа) юборилган хабарларни ваколатли органлар томонидан кўриб чиқиш тартибини белгилайди.
2. Аҳоли томонидан қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат, сув, канализация, иситиш тизими, электр ва бошқа муҳандислик таъминоти, транспорт ва йўл, шунингдек, ҳудуд инфратузилмасида мавжуд муаммолар ҳамда аҳолини қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан платформага юборилган хабарлар ваколатли органлар томонидан кўриб чиқилади.
3. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчилик ушбу Низом билан тартибга солинаётган муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.
4. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
бан — ижрочининг рейтингини сунъий равишда ошириш мақсадида уларнинг хабар берувчилар билан ўзаро тил бириктириш орқали юборган хабарларига нисбатан қўлланиладиган техник чора;
блоклаш — платформанинг хизматларидан фойдаланиш имкониятларини чекловчи техник чора;
ижрочи — аҳоли томонидан платформага юборилган хабарларни кўриб чиқиш учун масъул этиб белгиланган ваколатли орган;
кузатувчи — платформа орқали хабарларни (маълумотларни таҳрирлаш ҳуқуқисиз) мақоми берилган ҳолда фойдаланишга рухсат берилади.
платформа модератори — платформа операторининг масъул ходими;
платформа — «Халқ назорати» платформасининг Интернет тармоғидаги xalqnazorati.uz, 1055.uz манзили, шунингдек, платформанинг мобил иловаси;
платформа оператори — Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти;
рейтинг — платформага келиб тушган хабарларнинг ижрочилар томонидан кўриб чиқилганлик ҳолати ва даражасини баҳоловчи кўрсаткичлар;
тайм-аут бўйича хабарнинг ёпилиши — хабарни кўриб чиқиш доирасида ижрочи томонидан тақдим этилган маълумотлар бўйича 7 календарь кун давомида хабар берувчининг эътирози ёки розилиги билдирилмаган тақдирда, хабарга нисбатан қўлланиладиган техник чора;
хабар — аҳоли томонидан қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат, сув, канализация, иситиш тизими, электр ва бошқа муҳандислик таъминоти, транспорт ва йўл, шунингдек, ҳудуд инфратузилмасида мавжуд муаммолар ҳамда аҳолини қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан платформага юборилган хабарлар (шу жумладан, матн ва заруратга кўра фотосурат);
хабар берувчи — платформа орқали хабар юборадиган Ўзбекистон Республикаси резидентлари;
хабар мавзулари таснифлагичи — юзага келган муаммоларни тоифага ажратиш ҳамда улар бўйича юбориш имконини берувчи платформадаги мавзулар рўйхати;
чат — юборилган хабарлар доирасида хабар берувчи ва ижрочилар ўртасида платформа орқали матнли хабар (шу жумладан, фотоматериаллар ва/ёки ҳужжатлар нусхаси) алмашиш имконияти;
шахсий кабинет платформа орқали хабарларни юбориш, кўриб чиқиш ҳамда натижаси юзасидан маълумотларни кўриш имконини берувчи тегишлилиги бўйича барча иштирокчилар томонидан фойдаланиладиган шахсий саҳифа;
5. Платформага юборилган хабарлар ваколатли органлар томонидан ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ кўриб чиқилади.
2-боб. Платформада рўйхатдан ўтиш тартиби
6. Хабар берувчилар шахсини тасдиқловчи ҳужжат (биометрик паспорт ёки идентификацияловчи ID-карта) маълумотлари ва телефон рақамини киритган ҳолда платформада рўйхатдан ўтади.
Киритилган маълумотлар шахснинг розилигини ифодалайдиган ҳамда уни идентификация ва аутентификация қилиш имконини берадиган электрон тасдиқлаш усуллари (СМС-хабарнома, «Face-ID») ёки платформада яратилган махсус идентификация қилиш (Ягона идентификация тизими (OnelD), Mobile-ID) орқали тасдиқлангандан сўнг рўйхатдан ўтказилади.
Рўйхатдан ўтган хабар берувчиларга платформада шахсий кабинет очилади.
7. Платформада рўйхатдан ўтишда хабар берувчилардан олинган шахсга доир маълумотлар уларнинг розилигисиз учинчи шахсларга берилмайди.
8. Хабар берувчилар томонидан ушбу Низомнинг 6-бандида белгиланган маълумотларнинг нотўғри кўрсатилиш Платформада рўйхатдан ўтказишни рад этиш учун асос бўлади.
9. Платформада рўйхатдан ўтиш, шунингдек, хабарларни юбориш, кўриб чиқиш учун ҳақ ундирилмайди.
10. Платформада рўйхатдан ўтиш жараёнида шахсий маълумотларни узатиш тармоғининг ҳимояланганлиги учун хабар берувчи жавобгар ҳисобланади.
11. Платформадан фойдаланиш учун ижрочиларга алоҳида логин ва пароль берилади. Ижрочилар раҳбарлари платформадан фойдаланишга масъул бўлган ходимларни ички буйруқ билан белгилайди ва бу ҳақда платформа операторига маълум қилади.
3-боб. Платформа орқали хабарларни юбориш тартиби
12. Хабар берувчи платформада аниқланган муаммога мос келувчи хабар мавзулари таснифлагичини танлаб ўз шахсий кабинети орқали муаммони тавсифловчи маълумотларни шакллантиради ҳамда муаммонинг манзили ва геолокациясини белгилаган ҳолда хабарни юборади. Бунда хабарнинг матни давлат тилида, шунингдек, бошқа тилда бўлиши мумкин.
13. Хабар матнида қуйидаги фотоматериалларнинг жойлаштирилишга йўл қўйилмайди:
фуқаро ҳақидаги шахсга оид маълумотлар;
объектларни ва уларда бажарилган ишларни идентификация қилиш учун етарли бўлмаган фотоматериаллар;
таҳрир қилинган ва/ёки фоторедакторлар орқали ўзгартирилган, шунингдек, бир неча тасвирлардан иборат бўлган фотоматериаллар (коллаж);
таҳрирни (шу жумладан, айлантириш) кадрлаштириш ёки кўламлаштиришни талаб қилувчи маълумот ёки фотоматериаллар.
14. Платформада чоп этиш учун .jpg, .png форматдаги ва ўхшаш форматдаги, умумий ўлчами 10 Мб дан ортиқ бўлмаган ҳамда 5 тагача фотосуратлар қабул қилинади.
4-боб. Платформага келиб тушган хабарларни кўриб чиқиш тартиби
15. Платформага келиб тушган хабарлар платформа модератори томонидан кўриб чиқилади.
16. Хабарни кўриб чиқиш платформа модератори томонидан қуйидаги асослар аниқ кўрсатилган холда рад этилади:
хабарнинг мавзуси ва/ёки мазмуни платформада мавжуд мавзуларга тегишли бўлмаса;
хабарда текширилиши мумкин бўлмаган ҳолатлар келтирилган ҳолларда;
хабар хабар берувчининг платформада аввал жойлаштирилган хабарини такрорлаб, унга ижрочи томонидан илгари жавоб берилган бўлса;
хабарда платформа оператори ва модератори ҳамда ижрочиларга нисбатан ҳақоратли сўзлар келтирилган бўлса ва улар умумқабул қилинган ахлоқ меъёрларига ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид бўлса;
хабарда учинчи шахсларга оид маълумотлар ва/ёки фотосуратлар келтирилган бўлиб, уларнинг розилигисиз тарқатилаётган бўлса;
хабар ва/ёки фотосурат матнида тижорий мақсадларда тарқатилаётган ёки платформани яратиш мақсадлари ва фаолиятидан фарқ қилувчи маълумотлар (спам, реклама, Интернет тармоғининг бошқа ресурсларига ҳавола, уларда жойлаштирилган ҳужжатлар, тасвирлар, видеофайллар) келтирилган бўлса;
муаммо мавжудлигини акс этувчи фотосурат ушбу Низомнинг 13 ва 14-бандлари талабларига жавоб бермаса;
хабар матнида уни тушунишни қийинлаштирувчи хатолар ва/ёки нуқсонлар мавжуд бўлса, матн ялпи тартибда (сўзлар бирикиб кетган ҳолда), тиниш белгиларисиз ёзилган бўлиб, унда умумқабул қилинган тарзда қўлланилмайдиган атамалар ва қисқартмалар келтирилган бўлса, турлича шарҳланиши мумкин бўлган ва қўшимча изоҳлашни талаб қилган ҳолларда;
хабарда турли мавзуларга оид бир неча муаммонинг таърифи келтирилган бўлса (хабарлар мавзулари таснифлагичининг имкониятларидан келиб чиқиб, битта хабар доирасида битта мавзуга оид масала кўриб чиқилишига йўл қўйилади);
хабарда бажарилган ишлар учун миннатдорлик билдирилган бўлса;
хабарда кўрсатилган манзил танланган объект манзилига (геолокациясига) мос келмаса ҳамда қўшимча аниқлаштиришни талаб қилса, хабар берувчи эса икки кун давомида модераторнинг аниқлаштирувчи саволларига жавоб бермаса.
Хабар берувчи модератор томонидан келтирилган рад этиш асосларини тўғирлаб, хабарни қайтадан юборишга ҳақли.
17. Муайян хабарларга нисбатан банни қўллаш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда вазият синчковлик билан ўрганиб чиқилганидан сўнг (заруратга кўра) модератор томонидан қабул қилинади:
хабар берувчи — ижрочининг ходими бўлса;
хабар берувчининг хабарида кўрсатилган муаммо платформада жойлаштирилиши билан ҳал қилинса;
қариндошлик алоқалари, шахсан танишлиги ёки хизмат муносабатлари (қарамлиги) туфайли хабар берувчи билан ижрочи ўртасида тил бириктириш аломатлари мавжуд бўлса.
18. Хабар берувчи томонидан платформага юборилган хабарлар қуйидаги ҳолларда платформа модератори томонидан блокланиши мумкин:
ижрочилар ва/ёки учинчи шахслар ҳақоратлаганда;
хабарлар умумқабул қилинган ахлоқ меъёрларига ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид бўлса;
хабарда учинчи шахсларга оид маълумотлар ва/ёки фотосуратлар келтирилган бўлиб, уларнинг розилигисиз тарқатилаётган бўлса;
хабар ва/ёки фотосурат матнида тижорий мақсадларда тарқатилаётган ёки платформани яратиш мақсадлари ва фаолиятидан фарқ қилувчи маълумотлар (спам, реклама, Интернет тармоғининг бошқа ресурсларига ҳавола, уларда жойлаштирилган ҳужжатлар, тасвирлар, видеофайллар) келтирилган бўлса.
19. Платформага келиб тушган хабарлар кўриб чиқиш учун платформа модератори томонидан ижрочига юборилади.
20. Хабарда кўрсатилган муаммони қўриб чиқиш учун платформа модератори томонидан 10 календарь кунгача муддат белгиланади, бунда:
зудлик билан бартараф этишни талаб этадиган (инсон ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирадиган) муаммолар учун — 3 кунгача;
мавсумий ишларни бажариш билан боғлиқ бўлмаган муаммолар учун — 7 кунгача;
қўшимча ўрганишни талаб этадиган муаммолар учун — 10 кунгача муддат белгиланади.
21. Хабарда кўрсатилган муаммони кўриб чиқиш ва ҳал этиш муддати қуйидаги ҳолларда ижрочи томонидан асослантирувчи ҳужжатлар илова қилиниб узайтирилиши мумкин:
муаммо бартараф этилишини кўзда тутувчи тасдиқланган режалар ҳамда дастурлар мавжуд бўлганда;
муаммони бартараф этиш учун мажбурий лойиҳавий ишларни бажариш ва молиялаштириш манбаини аниқлаш зарур бўлганда — 6 ойдан кўп бўлмаган муддатга;
муаммони бартараф этиш учун мавсумий тусдаги ишларни бажариш йилнинг тегишли фаслига ёки қулай об-ҳаволи кунларига боғлиқ бўлганда — 12 ойдан кўп бўлмаган муддатга;
муаммони бартараф этиш учун тегишли бино ва иншоот, шу жумладан, турар жой хонасига кириш имконияти мавжуд бўлмаганда (бундай имконият зарур бўлса) — кириш имконияти таъминлангунига қадар муддати узайтирилади.
22. Ижрочи хабарда кўрсатилган муаммони кўриб чиқиш ва ҳал этиш муддатини узайтириш юзасидан тегишли асословчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда платформа модераторига маълумот юборади.
23. Хабарда кўрсатилган муаммони кўриб чиқиш ва ҳал этиш муддатини ўзгартириш платформа модератори томонидан хабарлар мавзуларининг таснифлагичига мувофиқ ўзгартирилади ҳамда тегишли ҳокимликлар, заруратга кўра ижрочи билан келишилади.
24. Хабарда кўрсатилган муаммони кўриб чиқиш ва ҳал этиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарор платформа модератори томонидан асослар мавжуд бўлган тақдирда, ҳар бир муайян вазиятдан келиб чиқиб қабул қилинади. Бунда хабар берувчининг шахсий кабинетига хабарда кўрсатилган муаммони ҳал қилиш муддати узайтирилганлиги тўғрисида маълумот юборилади.
25. Келиб тушган хабарлар матнида ижрочининг ваколатига кирмайдиган масалаларни ҳал қилиш ва ишларни бажариш кўзда тутилган бўлса, ижрочи уч иш куни давомида асословчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда, хабарда кўрсатилган муаммо ижрочисини ўзгартириш тўғрисида платформа модераторига сўров юборади.
Мазкур банднинг биринчи хатбошисида белгиланган муддатда ижрочи томонидан хабарда кўрсатилган муаммони ҳал қилиш унинг ваколатига кирмаслиги ҳақида платформа модераторга маълумот кеч юборилганда ижрочининг рейтингига салбий таъсир кўрсатади.
Ижрочи томонидан хабарда кўрсатилган муаммони ҳал қилиш унинг ваколатига кирмаслиги ҳақида платформа модераторига маълумот асослантирилмаган ҳолда юборилганда, ижрочининг хабарда кўрсатилган муаммо ижрочисини ўзгартириш тўғрисидаги сўрови платформа модератори томонидан рад этилишига асос бўлади.
5-боб. Платформага келиб тушган хабарларни ҳал этиш тартиби
26. Ижрочи хабар келиб тушгач, уни уч соат ичида ўзи ёки ўзининг масъул таркибий (пудратчи) бўлинмалари хабарда кўрсатилган муаммонинг тезкор ва ҳар томонлама ўрганилишини таъминлайди, белгиланган муддатда уни бартараф этиш учун зарур ташкилий ва техник чораларни кўради.
27. Ижрочи хабарда кўрсатилган муаммони кўриб чиқишни якунлагандан сўнг платформа модераторига муаммони ҳал қилиш бўйича амалга оширилган ишлар натижалари тўғрисида зарур ҳужжат ва фотоматериалларни илова қилган холда жавобни юборади.
28. Платформа модератори ижрочининг жавоби келиб тушган пайтдан бошлаб уч соат ичида муаммони ҳал қилиш бўйича ижрочининг жавобини тегишли ҳужжатлар ва фотоматериалларни илова қилган ҳолда хабар берувчига юборади.
Хабар берувчи ижрочининг жавобидан рози бўлганда, платформа модератори хабарни ижро этилган сифатида қабул қилади ва уни назоратдан ечади.
29. Хабарда кўрсатилган муаммони ҳал қилишнинг имкони бўлмаганда, ижрочи хабар берувчига ҳамда платформа модераторига муаммони ҳал қилишнинг имкони йўқлиги бўйича сабабини кўрсатиб, тегишли асослантирувчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда жавоб юборади.
30. Ижрочининг жавобидан хабар берувчи норози бўлса, платформа модератори хабар берувчининг эътирози ҳамда ижрочи жавобининг мазмунини ўрганиб чиқиб, 3 календарь кун ичида қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
хабарни ижро этилган сифатида қабул қилади ва уни назоратдан ечади;
хабарни ижрочига қайта кўриб чиқиш учун қайтаради, бунда хабарларни қайтариш сони чегараланмаган.
31. Ижрочининг жавоблари бўйича хабар берувчи томонидан 7 календарь кун давомида муносабат билдирилмаса, хабар «Тайм-аут бўйича ёпилган» мақоми билан ёпилади ва «хабар берувчи розилик билдирди» деб ҳисобланади.
6-боб. Платформада ижрочиларнинг рейтингини юритиш
32. Платформада хабарларнинг кўриб чиқилганлик ҳолати бўйича қуйидаги кўрсаткичлар асосида ижрочиларнинг рейтинги платформа оператори томонидан юритилади:
ҳал қилинган — ижобий ҳал этилган хабарлар сони;
кечиктирилган — белгиланган муддатлардан кечиктириб кўриб чиқилган хабарлар сони;
таранглик — ҳал этилиши жараёнида бўлган аризалар сони;
фаоллик — 10 000 кишилик аҳолига нисбатан аризалар сони;
ваъдабозлик — ижрочилар томонидан аҳолига юборилган «қуруқ» жавоблар сони;
рад этилган — 3 ёки ундан кўп маротаба рад этилган жавоблар сони.
Шу билан бирга, ҳудудларнинг географик жойлашуви, аҳоли зичлиги ҳамда ишлаб чиқариш инфратузилмасига қараб, рейтинг баҳолашнинг қўшимча кўрсаткичлари платформа оператори томонидан белгиланиши мумкин. Рейтинг баҳолашнинг кўрсаткичлари платформада шаффоф ва адолатли бўлиши керак.
33. Ижрочиларнинг рейтинг баҳолаш кўрсаткичлари платформада очиқ шаклда чоп этиб борилади.
34. Платформа орқали юборилган хабарлар ҳамда уларнинг кўриб чиқилиши ҳолати тўғрисидаги таҳлилий маълумотлар платформа оператори томонидан юритилади ҳамда ҳар ҳафтанинг жума куни тегишли ҳокимликларга тақдим этиб борилади. Бунда ҳокимликлар таҳлилий маълумотлар асосида идоравий муҳокамаларни ташкил этган ҳолда ижрочиларнинг масъулиятини ошириш ҳамда интизомий чораларни қўллаш бўйича тегишли чораларни кўради.
35. Платформа орқали юборилган хабарлар ҳамда уларнинг кўриб чиқилиш ҳолати тўғрисидаги таҳлилий маълумотлар ҳар чоракда умумлаштирилиб, ҳокимликлар томонидан тегишли халқ депутатлари Кенгашларига тақдим этиб борилади.
7-боб. Якунловчи қоидалар
36. Ушбу Низомни қўллашда келиб чиқадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
37. Ушбу Низомнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
«Халқ назорати» платформасига юборилган хабарларни ваколатли органлар томонидан кўриб чиқиш ва ҳал этиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
«Халқ назорати» платформасига юборилган хабарларни ваколатли органлар томонидан кўриб чиқиш ва ҳал этиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Хабар берувчи Шахсни тасдиқловчи ҳужжат (биометрик паспорт ёки идентификацияловчи ID-карта) маълумотлари ва телефон рақамини киритган ҳолда Электрон ҳукумат фойдаланувчиларининг Ягона идентификация тизими орқали Платформада рўйхатдан ўтади. Хоҳишига кўра 2-босқич Хабар берувчи Платформада аниқланган муаммога мос келувчи хабар мавзулари таснифлагичини танлаган ҳолда, ўз шахсий кабинети орқали муаммони тавсифловчи маълумотларни шакллантиради ҳамда муаммонинг манзили ва геолокациясини белгилаган ҳолда хабарни юборади. Хоҳишига кўра 3-босқич Рақамли ривожланиш департаменти масъул ходими (кейинги ўринларда — Платформа модератори) 1. Платформага келиб тушган хабарлар томонидан кўриб чиқилади. 2. Платформага келиб тушган хабарлар Платформа модератори томонидан белгиланган муддатларда кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун ваколатли органга йўналтирилади. Хабар келиб тушган пайтдан бошлаб уч соат ичида 4-босқич Ваколатли органлар 1. Келиб тушган хабарларни қабул қилади, ўрганади ҳамда муаммони бартараф этиш чораларини кўради. 2. Муаммони ҳал қилиш бўйича амалга оширилган ишлар натижалари тўғрисида зарур ҳужжат ва фотоматериалларни илова қилган холда Платформа модераторига жавобни юборади. 3. Заруратга кўра, муаммони кўриб чиқиш ва ҳал этиш муддатини узайтириш ёки уни ҳап қилишнинг имкони йўқлиги юзасидан тегишли асословчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда Платформа модераторига маълумот юборади. Белгиланган муддатларда 5-босқич Платформа модератори 1. Ижрочининг жавоби келиб тушган пайтдан бошлаб уч соат ичида муаммони ҳал қилиш бўйича ижрочининг жавобини тегишли ҳужжатлар ва фотоматериалларни илова қилган ҳолда хабар берувчига юборади. 2. Хабар берувчи ижрочининг жавобидан рози бўлганда Платформа модератори хабарни ижро этилган сифатида қабул қилади ва уни назоратдан ечади. Жавоб келиб тушган пайтдан бошлаб уч соат ичида 3. Хабар берувчи ижрочининг жавобидан норози бўлганда, хабар берувчининг эътирози ҳамда ижрочи жавобининг мазмунини ўрганиб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади: хабарни ижро этилган сифатида қабул қилади ва уни назоратдан ечади; хабарни ижрочига қайта кўриб чиқиш учун қайтаради. 3 календарь куни ичида
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 24 октябрдаги 695-сон қарорига 2-ИЛОВА
«Халқ назорати» платформаси фаолиятини янада такомиллаштириш ва унинг самарадорлигини ошириш бўйича
Т/р Амалга ошириладиган тадбирлар Бажариш муддати Молиялаштириш манбаи Масъул ижрочилар 1. «Халқ назорати» платформаси (кейинги ўринларда — платформа) доирасида: 1. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаментининг (кейинги ўринларда — Рақамли департамент) лойиҳа офислари учун зарур инфратузилма ва жиҳозларга эга хоналарни ажратиш. 2025 йил январь Маҳаллий бюджет маблағлари Тошкент, Жиззах ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари 2. Лойиҳа офислари учун ходимларни ишга олиш ва зарур моддий-техник жиҳозлар билан таъминлаш. 2025 йил февраль Рақамли департамент маблағлари Рақамли департамент 2. Платформанинг Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда тўлиқ ишга туширилишини таъминлаш бўйича барча ташкилий тадбирларни амалга ошириш. 2025 йил февраль Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари 1. Платформани жорий этиш бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва Рақамли департамент ўртасида шартнома тузиш. 2024 йил декабрь Маҳаллий бюджет маблағлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, Рақамли департамент 2. Қорақалпоғистон Республикаси ва қолган вилоятларда Лойиҳа офислари учун зарур инфратузилма ва жиҳозларга эга хоналарни ажратиш. 2025 йил январь 3. Қорақалпоғистон Республикаси ва қолган вилоятларда Лойиҳа офислари учун ходимларни ишга олиш ва зарур моддий-техник жиҳозлар билан таъминлаш. 2025 йил январь Рақамли департамент маблағлари Рақамли департамент, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, Рақамли департамент 4. Платформани синов тарзида Қорақалпоғистон Республикаси ва қолган вилоятларда ишга тушириш. 2025 йил январь - 3. Платформа иш фаолиятини янада фаоллаштириш учун аҳолининг платформадан хабардорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш: 1. Платформа тўғрисида «Ўзбекистон», «Ёшлар», «Ўзбекистон 24», «Тошкент» телеканалларида ижтимоий роликлар ва қисқа репортажлар тайёрлаб намойиш қилиш: а) фойдаланиш учун рўйхатдан ўтиш шартлари, қулайликлари ва ҳал этилаётган масалалар тўғрисида; б) кейинги босқичларда жорий қилинадиган ҳудудлар тўғрисида. 2025 йил давомида Рақамли департамент маблағлари Рақамли департамент, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси 2. Платформанинг ижтимоий тармоқлардаги тарғиботини кучайтириш. 2025 йил давомида - Рақамли департамент 4. Платформага аҳоли томонидан келиб тушган хабарларнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилган ҳолда аҳоли турмуш даражаси ва маданиятини яхшилашга қаратилган зарур чора-тадбирларни ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда инобатга олиш. Доимий равишда - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 5. Аҳолига вақтинча ноқулайлик келтириб чиқарувчи ҳолатлар, хусусан, коммуникация тармоқларидаги профилактика ишлари ёки таъмирланиши сабабли коммунал хизматларнинг (сув, табиий газ, электр энергияси) тўхтатилиши ва бошқа ноқулайлик ҳолатларини платформада аввалдан эълон қилиб боришни йўлга қўйиш, бунда: амалга ошириладиган режали ишлар ва ўчиришлар ҳақида — улар бошланишидан 2 кун аввал; аниқланган носозликлар ва авариялар ҳақида — дарҳол. Доимий равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Рақамли департамент 6. Платформага келиб тушаётган хабарларни бартараф этилиши натижаларидан келиб чиқиб, тегишли ҳудуд (туман, шаҳар, вилоят) ва ташкилотларнинг рейтингини тузиш методологиясини такомиллаштириш. 2025 йил апрель Рақамли департамент
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 24 октябрдаги 695-сон қарорига 3-ИЛОВА
«Халқ назорати» платформасига уланадиган ваколатли органлар
1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармалари, Тошкент шаҳар Қурилиш бош бошқармаси, Тошкент шаҳар Уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси хамда туман (шаҳар) қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлимлари.
3. Ички ишлар вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлимлари.
4. Транспорт вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри транспорт бошқармалари.
5. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудий бошқармалари.
6. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий филиаллари.
7. «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий филиаллари.
8. «Ўзсувтаъминот» Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий филиаллари.
9. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш билан шуғулланувчи корхона ва ташкилотлар.
10. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида иссиқ сув таъминоти ҳамда иссиқлик манбаи билан шуғулланувчи корхона ва ташкилотлар.
11. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида йўл инфратузилмасини таъмирлаш билан шуғулланувчи ташкилотлар.
12. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлимлари.
13. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг ҳудудий бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлимлари.
14. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида кўп квартирали уйларни бошқариш органлари.
15. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ободонлаштириш билан шуғулланувчи корхона ва ташкилотлар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 24 октябрдаги 695-сон қарорига 4-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида» 2020 йил 20 февралдаги 104-сон қарорида :
а) 2-банднинг «б» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«б) қалбакилаштирилган ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда, ташқи реклама объектларига (конструкцияларига) олинган паспортлар, гувоҳномалар, рухсатномалар ва ҳуқуқни белгиловчи бошқа ҳужжатлар, шунингдек, тегишли ваколатли органнинг қарорисиз ўрнатилган ташқи реклама объектлари (конструкциялари) бўйича ҳужжатларнинг муддатини узайтиришга рухсат берилмайди ва улар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
Бунда илгари суд қарорлари (ҳукмлари) асосида қалбакилаштирилганлик ҳолати белгиланган ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда янги кўринишдаги паспорт олинган бўлса, янгиланган паспорт Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг тегишли қарорлари билан бекор қилинади ва реклама жойининг паспортини янги шаклдаги реклама жойининг паспортига алмаштиришда тегишли тўлов ва йиғимлар бўйича тўланган тўловлар ва ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқи учун ойлик йиғимлар қайтарилмайди ва ушбу тадбиркорлик субъектининг ёзма мурожаатига кўра, унга тегишли бошқа реклама жойлари паспортлари асосида ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқи учун ойлик йиғимлар ҳисобига олиниши мумкин»;
б) 9 5 -банднинг «б» кичик банди куйидаги таҳрирда баён этилсин:
«б) видео экранли (электрон дисплейли) ташқи реклама объектларини масофавий бошқариш бўйича тадбиркорлик субъектларининг махсус платформалари электрон тизимга интеграция қилинади. Бунда мазкур махсус платформалар «Киберхавфсизлик маркази» ДУКда киберхавфсизлик талабларига мувофиқ комплекс экспертизадан ўтказилган бўлиши лозим»;
в) 9 6 -бандда :
«д» кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«д) Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда тегишли ташкилот ва идоралар вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳлар тузади. Бунда махсус ишчи гуруҳлар:
камида олти ойда бир марта барча турдаги ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ушбу қарор талабларига мувофиқлиги юзасидан хатловдан ўтказишни ҳамда жойлаштирилган ташқи реклама ва ахборот объектларининг (конструкцияларининг) қонунчилик талабларига мувофиқлигини ўрганишни таъминлайди;
реклама жойи паспортларидаги техник хатоликларни бартараф қилиш мақсадида уларга ўзгартиришлар киритиш, ариза берувчилар томонидан берилган аризаларда хатоликлар ёки номувофиқликлар паспорт янгилаб берилганидан кейин аниқланганда ва реклама жойи паспортини янгилаб беришда тўлов ҳисоб-китобида хатолик ёки номувофиқлик бўлганда, уларни бартараф қилиш (тўловни камайтириш, кўпайтириш, тўловчининг аризасига асосан тўловни унга тегишли бошқа реклама жойи паспорти учун тўланадиган йиғимлар ҳисобига ўтказиш ёки келажакдаги ташқи реклама объектини жойлаштириш учун йиғимлар ҳисобига олиш) тўғрисида қарор қабул қилади;
эски турдаги реклама жойи паспортларини янгилаш жараёнида вужудга келаётган низоли масалалар бўйича белгиланган тартибда назарда тутилмаган асосли ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, тадбиркор фойдасига қарор қабул қилишга ҳақли.
Махсус ишчи гуруҳга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан бошқа ваколатлар ҳам берилиши мумкин. Махсус ишчи гуруҳ қарорлари йиғилиш баённомаси кўринишида расмийлаштирилади»;
«ж» кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«ж) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари реклама жойи паспортларини бекор қилиш тўғрисида тадбиркорлик субъектларини қуйидаги тартибда хабардор қилади:
қарор лойиҳаларини қабул қилишдан 15 (ўн беш) кун олдин уларни махсус веб-сайтларга жойлаштиради;
қарор қабул қилинганидан кейин қарорни уч иш куни ичида махсус веб-сайтларга жойлаштиради»;
г) 6-илова 8-бандининг «б» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«б) ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) рекламадан холи ҳудудлар ер чегарасидан 50 метр ёки ундан кам бўлган масофада жойлаштиришга (қуришга) йўл қўйилмайди. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари мазкур кичик бандда назарда тутилгандан 50 метрлик масофани камайтириш ёки кўпайтириш ҳуқуқига эга»;
д) 7-иловада :
6-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«6. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтади ҳамда ушбу Регламентга 2-иловада келтирилган сўровномани мустақил равишда электрон шаклда тўлдиради.
Бунда сўровномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
а) ер участкаларида, шунингдек, хусусий мулк бўлган бинолар ва иншоотларда ташқи реклама ва ахборот объектини (конструкциясини) ўрнатиш учун реклама жойининг паспортини расмийлаштириш учун:
ташқи реклама ва ахборот объектининг (конструкциясининг) эскиз лойиҳаси (эскиз лойиҳада техник хусусиятлари акс эттирилади ва ўрнатиш манзили ҳамда ўрнатиш чизмасида мавжуд бўлса, реклама жойининг рақами белгиланади);
ташқи реклама ва ахборот объекти (конструкцияси) ўрнатиладиган жойнинг охирги бир ҳафта ичида олинган фотосуратлари (JPEG форматида);
кадастр ҳужжатлари;
ер участкалари, бинолар ҳамда иншоотлар мулкдорлари билан тузилган шартномалар (ариза берувчи мулкдор бўлмаган тақдирда);
ер участкалари, бинолар ҳамда иншоотларнинг мулкдорларининг розилик хати (ариза берувчи мулкдор бўлмаган тақдирда);
кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг умумий йиғилиши қарорлари (агар ташқи реклама ва ахборот объекти кўп квартирали уйнинг том қисми ёки фасадига ўрнатилиши назарда тутилаётган бўлса);
кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорлар номидан тузилган шартнома (учинчи шахслар манфаати учун ҳаракат қилаётганда);
белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома (учинчи шахслар манфаати учун ҳаракат қилаётганда);
б) транспорт воситаларида ташқи реклама ва ахборот объектини (конструкциясини) ўрнатиш учун реклама жойининг паспортини расмийлаштириш учун:
автомототранспорт воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги гувоҳнома серияси ва рақами;
транспорт воситасида жойлаштирилиши назарда тутилган реклама ва ахборотнинг (транспорт воситасининг тўрт тарафдан кўриниш) эскизи;
автомототранспорт воситасининг давлат рақами;
в) илгари берилган реклама жойи паспортларини янги шаклдаги паспортга алмаштириш, шу жумладан, амал қилиш муддатини белгилаш учун:
ташқи реклама бўйича тегишли тўлов ва йиғимлардан охирги беш йил муддат учун қарздорлиги мавжуд бўлмаганлигини асословчи ҳужжатлар ёки тўлов ва йиғимлардан бўлган қарздорлик суммасидан камида 30 фоиз миқдорида биринчи тўлов амалга оширилганлигини асословчи ҳужжатлар ва қарздорликни бўлиб тўлаш ҳақида илтимоснома (бунда реклама жойининг паспортида кўрсатилган конструкцияга тури ва ўлчами ўзгартирилган холларда, тўлов ўзгартирилган конструкцияга тўлов тўланади);
бериладиган реклама жойининг паспорти ва техник хавфсизлик талабларига мувофиқ ўрнатилганлиги ҳақида тегишли лицензияга эга бўлган ваколатли ташкилотнинг жорий йилдаги хулосаси (ўрнатилган манзили (мўлжал) ва локацияси кўрсатилган бўлиши шарт);
илгари берилган реклама жойи паспортининг электрон нусхаси ёки автобус бекатлари учун тегишли давлат органи томонидан берилган автобус бекатини ўрнатиш учун асос бўлган ҳужжат (агар паспорт эгаси қайта ташкил этилган тақдирда, ҳуқуқий ворислигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси, паспортга эгалик қилиш ҳуқуқи тўғрисида суд қарори нусхаси);
ташқи реклама ва ахборот конструкцияси тўлиқ кўринишининг орқа ва олд томонини акс эттирувчи (фундаменти ва юқори қисми) охирги бир ҳафта ичида олинган фотосуратлари (JPEG форматида);
белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома (учинчи шахслар манфаати учун ҳаракат қилаётганда).
Ариза берувчилардан ушбу бандда ва сўровномада кўрсатилмаган маълумотларни ва бошқа ҳужжатларни тақдим этишни талаб этиш қатъиян тақиқланади.
Аризада кўрсатилган ташқи реклама ва ахборот объекти (конструкцияси) ўрнатиш чизмасига киритилмаган бўлса, ариза ижобий кўриб чиқилган тақдирда, у кейинчалик ўрнатиш чизмасига киритилади»;
10-бандда :
биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва Тошкент шаҳрида Департамент томонидан аризалар ўн беш иш куни ичида (автотранспорт воситаларида ташқи рекламани ўрнатиш учун реклама жойининг паспортини расмийлаштириш учун аризалар беш иш куни ичида) кўриб чиқилади ва электрон рақамли имзо (ЭРИ) билан тасдиқланган, QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ташқи реклама ва ахборот объектини (конструкциясини) ўрнатиш учун реклама жойининг паспорти расмийлаштирилади ёки рад этишга асослар мавжуд бўлганда, расмийлаштириш рад этилади»;
қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилсин:
«Масъул орган ва ташкилотлар уларга сўров келиб тушган кундан бошлаб ўн иш куни (автотранспорт воситаларида ташқи рекламани ўрнатиш учун реклама жойининг паспортини расмийлаштириш учун тўрт иш куни) ичида электрон тизимга тегишли хулосани жойлаштириш орқали электрон рақамли имзо билан тасдиқлаган ҳолда, ташқи реклама объектларининг (конструкцияларининг) паспортини бериш мумкинлигини келишади ёки келишишни рад этади.
Белгиланган муддатда масъул орган ва ташкилотлар жавоб тақдим этмаган тақдирда, ташқи реклама ва ахборот объектининг (конструкциясининг) паспортини бериш мумкинлиги тўғрисида хулоса олинган ҳисобланади.
Бунда масъул орган ва ташкилотларнинг раҳбарлари ташқи реклама ва ахборот объектининг (конструкциясининг) паспортини бериш бўйича ўз вақтида келишилиши ва хулосалар чиқарилиши, шунингдек, уларни ўз вақтида кўриб чиқмаслик оқибатлари учун шахсий жавобгарликни ўз зиммасига олади»;
13-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«13. Реклама жойининг паспортини расмийлаштиришни (унинг муддатини белгилаш ёки янги шаклдаги паспортга алмаштиришни) рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:
давлат хизматларини кўрсатиш учун йиғим тўланмаганлиги;
ташқи реклама ва ахборот объектининг (конструкциясининг) тури, кўриниши, жойлашуви ва бошқа жиҳатлари Ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) қуриш тартиби тўғрисидаги низомга ёхуд Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тегишинча ўз маъмурий ҳудудларида ишлаб чиқиб тасдиқлаган Ташқи реклама объектлари намунавий тўпламига зидлиги;
сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилганлиги, ҳужжатлар сўровномага асосан тўлиқ тақдим этилмаганлиги, аризада кўрсатилган паспорт бўйича бошқа ариза мавжудлиги ёхуд аризада (иловаларида) ёлғон маълумотлар тақдим этилганлиги;
ташқи реклама ва ахборот объектлари (конструкциялари) хавфсизлигининг умумий техник регламентида назарда тутилган талабларга мувофиқ эмаслиги;
транспорт воситаларида рекламани жойлаштириш бўйича ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига мос келмаслиги;
ваколати бўлмаган шахс томонидан ариза берилганлиги;
илгари берилган реклама жойининг паспортида кўрсатилган эгаси тўғрисидаги маълумотлар, ташқи реклама ва ахборот объектларининг (конструкцияларининг) жойлашган жойи (локацияси), ўлчами, тури унинг жорий ҳолатига тўғри келмаслиги (махсус ишчи гуруҳнинг ушбу паспорт ва ҳолат бўйича тегишли ижобий қарори мавжудлиги бундан мустасно) ҳамда охирги беш йил учун ташқи реклама бўйича тегишли тўлов ва йиғимлардан қарздорлик тўлиқ қопланмаганлиги.
Бунда илгари берилган реклама жойининг паспорти бўйича тегишли тўлов ва йиғимлардан қарздорлик ва улар бўйича тўловларни тасдиқловчи ҳужжатлар солиштирма далолатномасига асосан ўрганилиб, қарздорлик аниқланганда, реклама жойининг паспорти эгаларига қарздорликни тўлаш учун инвойс ва қўшимча 10 иш кун муддат берилади.
Давлат хизматларини кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади»;
14-бандда :
тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Илгари берилган реклама жойининг паспортини янги шаклдаги реклама жойининг паспортига алмаштиришда тегишли тўлов ва йиғимлар бўйича реклама жойининг паспорти эгаларига қарздорликни тўлаш учун инвойс ўз муддатида тўланмаганда, ушбу аризалар бўйича реклама жойининг паспорти эгаларига 2024 йил 1 декабрга қадар аризани қайта юбориш имконияти берилади. Бунда илгари берилган инвойсда кўрсатилган қарздорлик суммасига инвойс чиқарилган вақтдан бошлаб, қайта ариза юборилган вақт оралиғидаги ойлар учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан тасдиқланган тарифлар миқдорида йиғим миқдори қўшилади»;
қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Агар ариза берувчини аризани қайта юбориб, ушбу ариза бўйича юборилган инвойсни ўз муддатида тўламаса, ушбу инвойс суммаси суд тартибида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ундирилади. Реклама жойининг паспортини олиш учун қайта мурожаат рад этилган тақдирда, кейинги мурожаатлар 2025 йил 30 январга қадар юборилиши мумкин ва улар ушбу Регламентга асосан умумий тартибда кўриб чиқилади»;
1-илова 3-босқичининг «в» кичик бандидаги «15 иш кун ичида» сўзлари «5 иш кун ичида» сўзлари билан алмаштирилсин;
2-илова V бўлимнинг 3-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3. Автомототранспорт воситасини давлат рақами».
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ташқи реклама ва ижтимоий ахборотнинг айланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 31 августдаги 428-сон қарорида :
а) 5-бандда :
«б» кичик банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
қуйидаги мазмундаги «в» кичик банд билан тўлдирилсин:
«в) илгари берилган реклама жойининг паспорт эгалари томонидан 2024 йил 1 декабрга қадар уларни янги шаклдаги реклама жойининг паспортига алмаштириш учун ЯИДХП ахборот тизими орқали ариза топширилади.
Белгилансинки, илгари берилган реклама жойининг паспортлари янги шаклдаги реклама жойининг паспортига алмаштирилмаганда, ушбу паспортлар ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади»;
б) 7-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Белгилансинки, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг ташқи реклама жойининг паспортларини расмийлаштириш ва бериш (имзолаш) вазифаси юкланган ваколати мансабдор шахси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари қарорларига асосан белгиланади»;
в) 9-бандда :
олтинчи хатбоши «Бунда йиғим миқдори расман эълон қилинмаган ва кучга кирмаган тақдирда, мазкур давр учун йиғим ундиришга йўл қўйилмайди.» жумласи билан тўлдирилсин;
еттинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«электрон тизим ишга туширилгандан бошлаб ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) ўрнатишга бўлган ҳуқуқ учун ойлик йиғимлардан тушадиган маблағлар 2-иловага мувофиқ тақсимланади. Бунда йиғимдан тушумни тақсимлашдан олдин «Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги махсус ҳисобварағига ўтказиладиган Ягона биллинг тизими орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун 0,5 фоиз миқдордаги тўлов чегириб қолинади».
қуйидаги мазмундаги саккизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Белгилансинки, 2024 йил 1 декабрдан бошлаб транспорт воситаларида (йўналишлардаги автобуслар бундан мустасно) рекламани жойлаштириш учун йиғим транспорт воситаларида ташқи рекламани ўрнатиш учун реклама жойининг паспортини беришда тўланади. Бунда 2024 йил 1 декабрга қадар берилган транспорт воситаларида ташқи рекламани ўрнатиш учун реклама жойининг паспортлари учун йиғим 2025 йил 1 январга қадар тўлиқ тўланиши лозим»;
саккизинчи хатбоши тўққизинчи хатбоши деб ҳисоблансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 24 октябрь,
695-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
“YOʻL XARITASI”
ROʻYXATI *
Aholi muammolarini hal qilishda davlat organlari va tashkilotlari faoliyati ustidan jamoatchilik nazorati tizimi samaradorligini oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Maʼmuriy islohotlar doirasida raqamli texnologiyalar sohasida davlat boshqaruvini samarali tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 24-maydagi PF-76-son Farmoni ijrosini taʼminlash, shuningdek, joylarda aholi muammolarini hal qilishning samarali mexanizmini yoʻlga qoʻyish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Maʼmuriy islohotlar doirasida raqamli texnologiyalar sohasida davlat boshqaruvini samarali tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 24-maydagi PF-76-son Farmoniga muvofiq:
“Raqamli Toshkent” tajribasini bosqichma-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi va barcha viloyatlarda joriy etish;
joylarda aholi muammolarini hal qilishga qaratilgan “Xalq nazorati” platformasini (keyingi oʻrinlarda — platforma) ishga tushirish, shuningdek, platforma orqali kelib tushgan murojaatlarni koʻrib chiqish muddatlari hamda ularga masʼul boʻlgan vazirlik va idoralar, shu jumladan, ularni nazoratdan yechishga vakolatli idorani belgilashni nazarda tutuvchi normativ-huquqiy hujjat loyihasini ishlab chiqish belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Qoraqalpogʻiston Respublikasi va barcha viloyatlarda 2025-yil 1-apreldan boshlab platforma orqali quyidagilarni amalga oshirishni nazarda tutuvchi tizim joriy etiladi:
aholiga qurilish va uy-joy kommunal xizmat koʻrsatish, suv, kanalizatsiya, isitish tizimi, elektr va boshqa muhandislik taʼminoti, transport va yoʻl, shuningdek, hudud infratuzilmasida mavjud muammolar hamda aholini qiziqtirgan boshqa masalalar yuzasidan real vaqt rejimida xabar berish imkoniyati yaratiladi, bunda kelib tushgan xabarlar tegishli masʼul idoralarga yoʻnaltiriladi hamda ular tomonidan koʻrib chiqiladi va hal etiladi;
kelib tushgan xabarlarni masʼul idoralar tomonidan koʻrib chiqish va hal etish jarayonining har bir bosqichida xabar beruvchilarga kuzatib borish imkoniyati yaratiladi;
aholi muammolarini hal qilishda davlat organlari va tashkilotlari faoliyati ustidan jamoatchilik nazorati oʻrnatiladi;
joylarda muammoli masalalarni aniqlash va hal etish boʻyicha vakolatli organlarning aholi bilan samarali hamkorligi yoʻlga qoʻyiladi;
kelib tushgan xabarlar aholining roziligi asosida nazoratdan yechiladi;
aholi muammolarini hal qilishda davlat organlari va tashkilotlarining reytingi yuritiladi hamda reyting natijalari jamoatchilikka eʼlon qilib boriladi.
3. Quyidagilar:
Platformaga yuborilgan xabarlarni vakolatli organlar tomonidan koʻrib chiqish va hal etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;
Platforma faoliyatini yanada takomillashtirish va uning samaradorligini oshirish boʻyicha “yoʻl xaritasi” 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
4. Belgilab qoʻyilsinki, aholi tomonidan platformaga yuborilgan xabarlarni koʻrib chiqish va hal etish doirasida:
tegishli hududda platformaning ishga tushirilishi, u orqali kelib tushadigan xabarlar vakolatli organlar tomonidan belgilangan muddatlarda koʻrib chiqilishi va ijrosi taʼminlanishi ustidan nazorat yuritish uchun — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari;
xabarlarni qabul qilish va koʻrib chiqish uchun vakolatli organlarga yoʻnaltirish hamda ushbu xabarlar hal etilishi yuzasidan tahliliy monitoringni yuritish uchun platforma operatori Toshkent shahar hokimligi huzuridagi Raqamli rivojlanish departamenti (keyingi oʻrinlarda — Raqamli departament);
platformaga ulanish, u orqali yoʻnaltirilgan xabarlarni koʻrib chiqish va belgilangan muddatlarda ijrosini taʼminlash hamda natijasi yuzasidan maʼlumotlarni kiritish, shuningdek, platformada oʻzlariga biriktirilgan shaxsiy sahifalarni doimiy ishchi holatda yuritish uchun — belgilangan vakolatli organlar masʼul va javobgar hisoblanadi.
5. Platformaga ulanadigan vakolatli organlar roʻyxati 3-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
Vakolatli organlar rahbarlari 2025-yil 1-martga qadar vakolatli organlarni hamda ularning tuman (shahar) boʻlinmalarini platformaga ulash choralarini koʻrsin.
Bunda Xalq qabulxonalariga platformadan “kuzatuvchi” (maʼlumotlarni tahrirlash huquqisiz) maqomi berilgan holda foydalanishga ruxsat beriladi.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Raqamli xizmatlar qamrovi va sifatini oshirish hamda soha, tarmoq va hududlarni raqamli transformatsiya qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 24-maydagi PQ-162-son qarori bilan Raqamli departamentga platformani joriy etish boʻyicha mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari bilan toʻgʻridan-toʻgʻri shartnoma tuzish huquqi berilganligi;
Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlar hokimliklarini platformaga ulash va ularga xizmat koʻrsatish bilan bogʻliq xarajatlarni Raqamli departament bilan tuziladigan shartnomalarga muvofiq mahalliy budjet mablagʻlari hisobidan moliyalashtirish belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
Shu bilan birga platformani takomillashtirish, ishchi holatda saqlash hamda doimiy texnik qoʻllab-quvvatlash bilan bogʻliq vazifalar va xarajatlar tuzilgan shartnomaga muvofiq Raqamli departament tomonidan amalga oshirilishi toʻgʻrisidagi takliflariga rozilik berilsin.
7. Belgilansinki, hududlarda platforma faoliyatini kengaytirish hamda uni texnik qoʻllab-quvvatlash uchun Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlarda Raqamli departament huzurida loyiha ofislari (keyingi oʻrinlarda — loyiha ofislari) tashkil etiladi.
Bunda:
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari loyiha ofislarini joylashtirish uchun ularni zarur xona va infratuzilma tarmoqlari bilan taʼminlaydi;
Raqamli departament oʻz mablagʻlari hisobidan loyiha ofislarini moddiy-texnik jihozlar hamda malakali mutaxassislar bilan toʻldiradi.
8. Quyidagilar loyiha ofislarining asosiy vazifalari etib belgilansin:
joylarda platformaning uzluksiz ishlashini taʼminlash;
xabarlarni qabul qilish hamda tegishliligi boʻyicha vakolatli organlarga avtomatik tarzda yuborish;
yuborilgan xabarlarning vakolatli organlar tomonidan koʻrib chiqilishi va hal etilishi boʻyicha tahliliy maʼlumotlarni shakllantirish;
vakolatli organlarga platforma bilan bogʻliq tashkiliy-texnik tadbirlarni amalga oshirishda koʻmaklashish.
9. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 4-ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.
10. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.J. Ramatov hamda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlari zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 24-oktabrdagi 695-son qaroriga 1-ILOVA
“Xalq nazorati” platformasiga yuborilgan xabarlarni vakolatli organlar tomonidan koʻrib chiqish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom aholi tomonidan “Xalq nazorati” platformasiga (keyingi oʻrinlarda — platforma) yuborilgan xabarlarni vakolatli organlar tomonidan koʻrib chiqish tartibini belgilaydi.
2. Aholi tomonidan qurilish va uy-joy kommunal xizmat, suv, kanalizatsiya, isitish tizimi, elektr va boshqa muhandislik taʼminoti, transport va yoʻl, shuningdek, hudud infratuzilmasida mavjud muammolar hamda aholini qiziqtirgan boshqa masalalar yuzasidan platformaga yuborilgan xabarlar vakolatli organlar tomonidan koʻrib chiqiladi.
3. Jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari toʻgʻrisidagi qonunchilik ushbu Nizom bilan tartibga solinayotgan munosabatlarga nisbatan tatbiq etilmaydi.
4. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
ban — ijrochining reytingini sunʼiy ravishda oshirish maqsadida ularning xabar beruvchilar bilan oʻzaro til biriktirish orqali yuborgan xabarlariga nisbatan qoʻllaniladigan texnik chora;
bloklash — platformaning xizmatlaridan foydalanish imkoniyatlarini cheklovchi texnik chora;
ijrochi — aholi tomonidan platformaga yuborilgan xabarlarni koʻrib chiqish uchun masʼul etib belgilangan vakolatli organ;
kuzatuvchi — platforma orqali xabarlarni (maʼlumotlarni tahrirlash huquqisiz) maqomi berilgan holda foydalanishga ruxsat beriladi.
platforma moderatori — platforma operatorining masʼul xodimi;
platforma — “Xalq nazorati” platformasining Internet tarmogʻidagi xalqnazorati.uz, 1055.uz manzili, shuningdek, platformaning mobil ilovasi;
platforma operatori — Toshkent shahar hokimligi huzuridagi Raqamli rivojlanish departamenti;
reyting — platformaga kelib tushgan xabarlarning ijrochilar tomonidan koʻrib chiqilganlik holati va darajasini baholovchi koʻrsatkichlar;
taym-aut boʻyicha xabarning yopilishi — xabarni koʻrib chiqish doirasida ijrochi tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlar boʻyicha 7 kalendar kun davomida xabar beruvchining eʼtirozi yoki roziligi bildirilmagan taqdirda, xabarga nisbatan qoʻllaniladigan texnik chora;
xabar — aholi tomonidan qurilish va uy-joy kommunal xizmat, suv, kanalizatsiya, isitish tizimi, elektr va boshqa muhandislik taʼminoti, transport va yoʻl, shuningdek, hudud infratuzilmasida mavjud muammolar hamda aholini qiziqtirgan boshqa masalalar yuzasidan platformaga yuborilgan xabarlar (shu jumladan, matn va zaruratga koʻra fotosurat);
xabar beruvchi — platforma orqali xabar yuboradigan Oʻzbekiston Respublikasi rezidentlari;
xabar mavzulari tasniflagichi — yuzaga kelgan muammolarni toifaga ajratish hamda ular boʻyicha yuborish imkonini beruvchi platformadagi mavzular roʻyxati;
chat — yuborilgan xabarlar doirasida xabar beruvchi va ijrochilar oʻrtasida platforma orqali matnli xabar (shu jumladan, fotomateriallar va/yoki hujjatlar nusxasi) almashish imkoniyati;
shaxsiy kabinet platforma orqali xabarlarni yuborish, koʻrib chiqish hamda natijasi yuzasidan maʼlumotlarni koʻrish imkonini beruvchi tegishliligi boʻyicha barcha ishtirokchilar tomonidan foydalaniladigan shaxsiy sahifa;
5. Platformaga yuborilgan xabarlar vakolatli organlar tomonidan ushbu Nizomga ilovadagi sxemaga muvofiq koʻrib chiqiladi.
2-bob. Platformada roʻyxatdan oʻtish tartibi
6. Xabar beruvchilar shaxsini tasdiqlovchi hujjat (biometrik pasport yoki identifikatsiyalovchi ID-karta) maʼlumotlari va telefon raqamini kiritgan holda platformada roʻyxatdan oʻtadi.
Kiritilgan maʼlumotlar shaxsning roziligini ifodalaydigan hamda uni identifikatsiya va autentifikatsiya qilish imkonini beradigan elektron tasdiqlash usullari (SMS-xabarnoma, “Face-ID”) yoki platformada yaratilgan maxsus identifikatsiya qilish (Yagona identifikatsiya tizimi (OnelD), Mobile-ID) orqali tasdiqlangandan soʻng roʻyxatdan oʻtkaziladi.
Roʻyxatdan oʻtgan xabar beruvchilarga platformada shaxsiy kabinet ochiladi.
7. Platformada roʻyxatdan oʻtishda xabar beruvchilardan olingan shaxsga doir maʼlumotlar ularning roziligisiz uchinchi shaxslarga berilmaydi.
8. Xabar beruvchilar tomonidan ushbu Nizomning 6-bandida belgilangan maʼlumotlarning notoʻgʻri koʻrsatilish Platformada roʻyxatdan oʻtkazishni rad etish uchun asos boʻladi.
9. Platformada roʻyxatdan oʻtish, shuningdek, xabarlarni yuborish, koʻrib chiqish uchun haq undirilmaydi.
10. Platformada roʻyxatdan oʻtish jarayonida shaxsiy maʼlumotlarni uzatish tarmogʻining himoyalanganligi uchun xabar beruvchi javobgar hisoblanadi.
11. Platformadan foydalanish uchun ijrochilarga alohida login va parol beriladi. Ijrochilar rahbarlari platformadan foydalanishga masʼul boʻlgan xodimlarni ichki buyruq bilan belgilaydi va bu haqda platforma operatoriga maʼlum qiladi.
3-bob. Platforma orqali xabarlarni yuborish tartibi
12. Xabar beruvchi platformada aniqlangan muammoga mos keluvchi xabar mavzulari tasniflagichini tanlab oʻz shaxsiy kabineti orqali muammoni tavsiflovchi maʼlumotlarni shakllantiradi hamda muammoning manzili va geolokatsiyasini belgilagan holda xabarni yuboradi. Bunda xabarning matni davlat tilida, shuningdek, boshqa tilda boʻlishi mumkin.
13. Xabar matnida quyidagi fotomateriallarning joylashtirilishga yoʻl qoʻyilmaydi:
fuqaro haqidagi shaxsga oid maʼlumotlar;
obyektlarni va ularda bajarilgan ishlarni identifikatsiya qilish uchun yetarli boʻlmagan fotomateriallar;
tahrir qilingan va/yoki fotoredaktorlar orqali oʻzgartirilgan, shuningdek, bir necha tasvirlardan iborat boʻlgan fotomateriallar (kollaj);
tahrirni (shu jumladan, aylantirish) kadrlashtirish yoki koʻlamlashtirishni talab qiluvchi maʼlumot yoki fotomateriallar.
14. Platformada chop etish uchun .jpg, .png formatdagi va oʻxshash formatdagi, umumiy oʻlchami 10 Mb dan ortiq boʻlmagan hamda 5 tagacha fotosuratlar qabul qilinadi.
4-bob. Platformaga kelib tushgan xabarlarni koʻrib chiqish tartibi
15. Platformaga kelib tushgan xabarlar platforma moderatori tomonidan koʻrib chiqiladi.
16. Xabarni koʻrib chiqish platforma moderatori tomonidan quyidagi asoslar aniq koʻrsatilgan xolda rad etiladi:
xabarning mavzusi va/yoki mazmuni platformada mavjud mavzularga tegishli boʻlmasa;
xabarda tekshirilishi mumkin boʻlmagan holatlar keltirilgan hollarda;
xabar xabar beruvchining platformada avval joylashtirilgan xabarini takrorlab, unga ijrochi tomonidan ilgari javob berilgan boʻlsa;
xabarda platforma operatori va moderatori hamda ijrochilarga nisbatan haqoratli soʻzlar keltirilgan boʻlsa va ular umumqabul qilingan axloq meʼyorlariga va Oʻzbekiston Respublikasi qonunchiligiga zid boʻlsa;
xabarda uchinchi shaxslarga oid maʼlumotlar va/yoki fotosuratlar keltirilgan boʻlib, ularning roziligisiz tarqatilayotgan boʻlsa;
xabar va/yoki fotosurat matnida tijoriy maqsadlarda tarqatilayotgan yoki platformani yaratish maqsadlari va faoliyatidan farq qiluvchi maʼlumotlar (spam, reklama, Internet tarmogʻining boshqa resurslariga havola, ularda joylashtirilgan hujjatlar, tasvirlar, videofayllar) keltirilgan boʻlsa;
muammo mavjudligini aks etuvchi fotosurat ushbu Nizomning 13 va 14-bandlari talablariga javob bermasa;
xabar matnida uni tushunishni qiyinlashtiruvchi xatolar va/yoki nuqsonlar mavjud boʻlsa, matn yalpi tartibda (soʻzlar birikib ketgan holda), tinish belgilarisiz yozilgan boʻlib, unda umumqabul qilingan tarzda qoʻllanilmaydigan atamalar va qisqartmalar keltirilgan boʻlsa, turlicha sharhlanishi mumkin boʻlgan va qoʻshimcha izohlashni talab qilgan hollarda;
xabarda turli mavzularga oid bir necha muammoning taʼrifi keltirilgan boʻlsa (xabarlar mavzulari tasniflagichining imkoniyatlaridan kelib chiqib, bitta xabar doirasida bitta mavzuga oid masala koʻrib chiqilishiga yoʻl qoʻyiladi);
xabarda bajarilgan ishlar uchun minnatdorlik bildirilgan boʻlsa;
xabarda koʻrsatilgan manzil tanlangan obyekt manziliga (geolokatsiyasiga) mos kelmasa hamda qoʻshimcha aniqlashtirishni talab qilsa, xabar beruvchi esa ikki kun davomida moderatorning aniqlashtiruvchi savollariga javob bermasa.
Xabar beruvchi moderator tomonidan keltirilgan rad etish asoslarini toʻgʻirlab, xabarni qaytadan yuborishga haqli.
17. Muayyan xabarlarga nisbatan banni qoʻllash toʻgʻrisidagi qaror quyidagi hollarda vaziyat sinchkovlik bilan oʻrganib chiqilganidan soʻng (zaruratga koʻra) moderator tomonidan qabul qilinadi:
xabar beruvchi — ijrochining xodimi boʻlsa;
xabar beruvchining xabarida koʻrsatilgan muammo platformada joylashtirilishi bilan hal qilinsa;
qarindoshlik aloqalari, shaxsan tanishligi yoki xizmat munosabatlari (qaramligi) tufayli xabar beruvchi bilan ijrochi oʻrtasida til biriktirish alomatlari mavjud boʻlsa.
18. Xabar beruvchi tomonidan platformaga yuborilgan xabarlar quyidagi hollarda platforma moderatori tomonidan bloklanishi mumkin:
ijrochilar va/yoki uchinchi shaxslar haqoratlaganda;
xabarlar umumqabul qilingan axloq meʼyorlariga va Oʻzbekiston Respublikasi qonunchiligiga zid boʻlsa;
xabarda uchinchi shaxslarga oid maʼlumotlar va/yoki fotosuratlar keltirilgan boʻlib, ularning roziligisiz tarqatilayotgan boʻlsa;
xabar va/yoki fotosurat matnida tijoriy maqsadlarda tarqatilayotgan yoki platformani yaratish maqsadlari va faoliyatidan farq qiluvchi maʼlumotlar (spam, reklama, Internet tarmogʻining boshqa resurslariga havola, ularda joylashtirilgan hujjatlar, tasvirlar, videofayllar) keltirilgan boʻlsa.
19. Platformaga kelib tushgan xabarlar koʻrib chiqish uchun platforma moderatori tomonidan ijrochiga yuboriladi.
20. Xabarda koʻrsatilgan muammoni qoʻrib chiqish uchun platforma moderatori tomonidan 10 kalendar kungacha muddat belgilanadi, bunda:
zudlik bilan bartaraf etishni talab etadigan (inson hayoti va sogʻligʻiga xavf tugʻdiradigan) muammolar uchun — 3 kungacha;
mavsumiy ishlarni bajarish bilan bogʻliq boʻlmagan muammolar uchun — 7 kungacha;
qoʻshimcha oʻrganishni talab etadigan muammolar uchun — 10 kungacha muddat belgilanadi.
21. Xabarda koʻrsatilgan muammoni koʻrib chiqish va hal etish muddati quyidagi hollarda ijrochi tomonidan asoslantiruvchi hujjatlar ilova qilinib uzaytirilishi mumkin:
muammo bartaraf etilishini koʻzda tutuvchi tasdiqlangan rejalar hamda dasturlar mavjud boʻlganda;
muammoni bartaraf etish uchun majburiy loyihaviy ishlarni bajarish va moliyalashtirish manbaini aniqlash zarur boʻlganda — 6 oydan koʻp boʻlmagan muddatga;
muammoni bartaraf etish uchun mavsumiy tusdagi ishlarni bajarish yilning tegishli fasliga yoki qulay ob-havoli kunlariga bogʻliq boʻlganda — 12 oydan koʻp boʻlmagan muddatga;
muammoni bartaraf etish uchun tegishli bino va inshoot, shu jumladan, turar joy xonasiga kirish imkoniyati mavjud boʻlmaganda (bunday imkoniyat zarur boʻlsa) — kirish imkoniyati taʼminlanguniga qadar muddati uzaytiriladi.
22. Ijrochi xabarda koʻrsatilgan muammoni koʻrib chiqish va hal etish muddatini uzaytirish yuzasidan tegishli asoslovchi hujjatlarni ilova qilgan holda platforma moderatoriga maʼlumot yuboradi.
23. Xabarda koʻrsatilgan muammoni koʻrib chiqish va hal etish muddatini oʻzgartirish platforma moderatori tomonidan xabarlar mavzularining tasniflagichiga muvofiq oʻzgartiriladi hamda tegishli hokimliklar, zaruratga koʻra ijrochi bilan kelishiladi.
24. Xabarda koʻrsatilgan muammoni koʻrib chiqish va hal etish muddatini uzaytirish toʻgʻrisidagi qaror platforma moderatori tomonidan asoslar mavjud boʻlgan taqdirda, har bir muayyan vaziyatdan kelib chiqib qabul qilinadi. Bunda xabar beruvchining shaxsiy kabinetiga xabarda koʻrsatilgan muammoni hal qilish muddati uzaytirilganligi toʻgʻrisida maʼlumot yuboriladi.
25. Kelib tushgan xabarlar matnida ijrochining vakolatiga kirmaydigan masalalarni hal qilish va ishlarni bajarish koʻzda tutilgan boʻlsa, ijrochi uch ish kuni davomida asoslovchi hujjatlarni ilova qilgan holda, xabarda koʻrsatilgan muammo ijrochisini oʻzgartirish toʻgʻrisida platforma moderatoriga soʻrov yuboradi.
Mazkur bandning birinchi xatboshisida belgilangan muddatda ijrochi tomonidan xabarda koʻrsatilgan muammoni hal qilish uning vakolatiga kirmasligi haqida platforma moderatorga maʼlumot kech yuborilganda ijrochining reytingiga salbiy taʼsir koʻrsatadi.
Ijrochi tomonidan xabarda koʻrsatilgan muammoni hal qilish uning vakolatiga kirmasligi haqida platforma moderatoriga maʼlumot asoslantirilmagan holda yuborilganda, ijrochining xabarda koʻrsatilgan muammo ijrochisini oʻzgartirish toʻgʻrisidagi soʻrovi platforma moderatori tomonidan rad etilishiga asos boʻladi.
5-bob. Platformaga kelib tushgan xabarlarni hal etish tartibi
26. Ijrochi xabar kelib tushgach, uni uch soat ichida oʻzi yoki oʻzining masʼul tarkibiy (pudratchi) boʻlinmalari xabarda koʻrsatilgan muammoning tezkor va har tomonlama oʻrganilishini taʼminlaydi, belgilangan muddatda uni bartaraf etish uchun zarur tashkiliy va texnik choralarni koʻradi.
27. Ijrochi xabarda koʻrsatilgan muammoni koʻrib chiqishni yakunlagandan soʻng platforma moderatoriga muammoni hal qilish boʻyicha amalga oshirilgan ishlar natijalari toʻgʻrisida zarur hujjat va fotomateriallarni ilova qilgan xolda javobni yuboradi.
28. Platforma moderatori ijrochining javobi kelib tushgan paytdan boshlab uch soat ichida muammoni hal qilish boʻyicha ijrochining javobini tegishli hujjatlar va fotomateriallarni ilova qilgan holda xabar beruvchiga yuboradi.
Xabar beruvchi ijrochining javobidan rozi boʻlganda, platforma moderatori xabarni ijro etilgan sifatida qabul qiladi va uni nazoratdan yechadi.
29. Xabarda koʻrsatilgan muammoni hal qilishning imkoni boʻlmaganda, ijrochi xabar beruvchiga hamda platforma moderatoriga muammoni hal qilishning imkoni yoʻqligi boʻyicha sababini koʻrsatib, tegishli asoslantiruvchi hujjatlarni ilova qilgan holda javob yuboradi.
30. Ijrochining javobidan xabar beruvchi norozi boʻlsa, platforma moderatori xabar beruvchining eʼtirozi hamda ijrochi javobining mazmunini oʻrganib chiqib, 3 kalendar kun ichida quyidagi qarorlardan birini qabul qiladi:
xabarni ijro etilgan sifatida qabul qiladi va uni nazoratdan yechadi;
xabarni ijrochiga qayta koʻrib chiqish uchun qaytaradi, bunda xabarlarni qaytarish soni chegaralanmagan.
31. Ijrochining javoblari boʻyicha xabar beruvchi tomonidan 7 kalendar kun davomida munosabat bildirilmasa, xabar “Taym-aut boʻyicha yopilgan” maqomi bilan yopiladi va “xabar beruvchi rozilik bildirdi” deb hisoblanadi.
6-bob. Platformada ijrochilarning reytingini yuritish
32. Platformada xabarlarning koʻrib chiqilganlik holati boʻyicha quyidagi koʻrsatkichlar asosida ijrochilarning reytingi platforma operatori tomonidan yuritiladi:
hal qilingan — ijobiy hal etilgan xabarlar soni;
kechiktirilgan — belgilangan muddatlardan kechiktirib koʻrib chiqilgan xabarlar soni;
taranglik — hal etilishi jarayonida boʻlgan arizalar soni;
faollik — 10 000 kishilik aholiga nisbatan arizalar soni;
vaʼdabozlik — ijrochilar tomonidan aholiga yuborilgan “quruq” javoblar soni;
rad etilgan — 3 yoki undan koʻp marotaba rad etilgan javoblar soni.
Shu bilan birga, hududlarning geografik joylashuvi, aholi zichligi hamda ishlab chiqarish infratuzilmasiga qarab, reyting baholashning qoʻshimcha koʻrsatkichlari platforma operatori tomonidan belgilanishi mumkin. Reyting baholashning koʻrsatkichlari platformada shaffof va adolatli boʻlishi kerak.
33. Ijrochilarning reyting baholash koʻrsatkichlari platformada ochiq shaklda chop etib boriladi.
34. Platforma orqali yuborilgan xabarlar hamda ularning koʻrib chiqilishi holati toʻgʻrisidagi tahliliy maʼlumotlar platforma operatori tomonidan yuritiladi hamda har haftaning juma kuni tegishli hokimliklarga taqdim etib boriladi. Bunda hokimliklar tahliliy maʼlumotlar asosida idoraviy muhokamalarni tashkil etgan holda ijrochilarning masʼuliyatini oshirish hamda intizomiy choralarni qoʻllash boʻyicha tegishli choralarni koʻradi.
35. Platforma orqali yuborilgan xabarlar hamda ularning koʻrib chiqilish holati toʻgʻrisidagi tahliliy maʼlumotlar har chorakda umumlashtirilib, hokimliklar tomonidan tegishli xalq deputatlari Kengashlariga taqdim etib boriladi.
7-bob. Yakunlovchi qoidalar
36. Ushbu Nizomni qoʻllashda kelib chiqadigan nizolar qonunchilikda belgilangan tartibda hal etiladi.
37. Ushbu Nizomning buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi.
“Xalq nazorati” platformasiga yuborilgan xabarlarni vakolatli organlar tomonidan koʻrib chiqish va hal etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
“Xalq nazorati” platformasiga yuborilgan xabarlarni vakolatli organlar tomonidan koʻrib chiqish va hal etish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Xabar beruvchi Shaxsni tasdiqlovchi hujjat (biometrik pasport yoki identifikatsiyalovchi ID-karta) maʼlumotlari va telefon raqamini kiritgan holda Elektron hukumat foydalanuvchilarining Yagona identifikatsiya tizimi orqali Platformada roʻyxatdan oʻtadi. Xohishiga koʻra 2-bosqich Xabar beruvchi Platformada aniqlangan muammoga mos keluvchi xabar mavzulari tasniflagichini tanlagan holda, oʻz shaxsiy kabineti orqali muammoni tavsiflovchi maʼlumotlarni shakllantiradi hamda muammoning manzili va geolokatsiyasini belgilagan holda xabarni yuboradi. Xohishiga koʻra 3-bosqich Raqamli rivojlanish departamenti masʼul xodimi (keyingi oʻrinlarda — Platforma moderatori) 1. Platformaga kelib tushgan xabarlar tomonidan koʻrib chiqiladi. 2. Platformaga kelib tushgan xabarlar Platforma moderatori tomonidan belgilangan muddatlarda koʻrib chiqish va hal etish uchun vakolatli organga yoʻnaltiriladi. Xabar kelib tushgan paytdan boshlab uch soat ichida 4-bosqich Vakolatli organlar 1. Kelib tushgan xabarlarni qabul qiladi, oʻrganadi hamda muammoni bartaraf etish choralarini koʻradi. 2. Muammoni hal qilish boʻyicha amalga oshirilgan ishlar natijalari toʻgʻrisida zarur hujjat va fotomateriallarni ilova qilgan xolda Platforma moderatoriga javobni yuboradi. 3. Zaruratga koʻra, muammoni koʻrib chiqish va hal etish muddatini uzaytirish yoki uni hap qilishning imkoni yoʻqligi yuzasidan tegishli asoslovchi hujjatlarni ilova qilgan holda Platforma moderatoriga maʼlumot yuboradi. Belgilangan muddatlarda 5-bosqich Platforma moderatori 1. Ijrochining javobi kelib tushgan paytdan boshlab uch soat ichida muammoni hal qilish boʻyicha ijrochining javobini tegishli hujjatlar va fotomateriallarni ilova qilgan holda xabar beruvchiga yuboradi. 2. Xabar beruvchi ijrochining javobidan rozi boʻlganda Platforma moderatori xabarni ijro etilgan sifatida qabul qiladi va uni nazoratdan yechadi. Javob kelib tushgan paytdan boshlab uch soat ichida 3. Xabar beruvchi ijrochining javobidan norozi boʻlganda, xabar beruvchining eʼtirozi hamda ijrochi javobining mazmunini oʻrganib chiqib, quyidagi qarorlardan birini qabul qiladi: xabarni ijro etilgan sifatida qabul qiladi va uni nazoratdan yechadi; xabarni ijrochiga qayta koʻrib chiqish uchun qaytaradi. 3 kalendar kuni ichida
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 24-oktabrdagi 695-son qaroriga 2-ILOVA
“Xalq nazorati” platformasi faoliyatini yanada takomillashtirish va uning samaradorligini oshirish boʻyicha
T/r Amalga oshiriladigan tadbirlar Bajarish muddati Moliyalashtirish manbai Masʼul ijrochilar 1. “Xalq nazorati” platformasi (keyingi oʻrinlarda — platforma) doirasida: 1. Toshkent shahar hokimligi huzuridagi Raqamli rivojlanish departamentining (keyingi oʻrinlarda — Raqamli departament) loyiha ofislari uchun zarur infratuzilma va jihozlarga ega xonalarni ajratish. 2025-yil yanvar Mahalliy budjet mablagʻlari Toshkent, Jizzax va Xorazm viloyatlari hokimliklari 2. Loyiha ofislari uchun xodimlarni ishga olish va zarur moddiy-texnik jihozlar bilan taʼminlash. 2025-yil fevral Raqamli departament mablagʻlari Raqamli departament 2. Platformaning Qoraqalpogʻiston Respublikasi va barcha viloyatlarda toʻliq ishga tushirilishini taʼminlash boʻyicha barcha tashkiliy tadbirlarni amalga oshirish. 2025-yil fevral Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari 1. Platformani joriy etish boʻyicha mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari va Raqamli departament oʻrtasida shartnoma tuzish. 2024-yil dekabr Mahalliy budjet mablagʻlari Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari, Raqamli departament 2. Qoraqalpogʻiston Respublikasi va qolgan viloyatlarda Loyiha ofislari uchun zarur infratuzilma va jihozlarga ega xonalarni ajratish. 2025-yil yanvar 3. Qoraqalpogʻiston Respublikasi va qolgan viloyatlarda Loyiha ofislari uchun xodimlarni ishga olish va zarur moddiy-texnik jihozlar bilan taʼminlash. 2025-yil yanvar Raqamli departament mablagʻlari Raqamli departament, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari, Raqamli departament 4. Platformani sinov tarzida Qoraqalpogʻiston Respublikasi va qolgan viloyatlarda ishga tushirish. 2025-yil yanvar - 3. Platforma ish faoliyatini yanada faollashtirish uchun aholining platformadan xabardorligini oshirishga qaratilgan chora-tadbirlarni amalga oshirish: 1. Platforma toʻgʻrisida “Oʻzbekiston”, “Yoshlar”, “Oʻzbekiston 24”, “Toshkent” telekanallarida ijtimoiy roliklar va qisqa reportajlar tayyorlab namoyish qilish: a) foydalanish uchun roʻyxatdan oʻtish shartlari, qulayliklari va hal etilayotgan masalalar toʻgʻrisida; b) keyingi bosqichlarda joriy qilinadigan hududlar toʻgʻrisida. 2025-yil davomida Raqamli departament mablagʻlari Raqamli departament, Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi 2. Platformaning ijtimoiy tarmoqlardagi targʻibotini kuchaytirish. 2025-yil davomida - Raqamli departament 4. Platformaga aholi tomonidan kelib tushgan xabarlarning kelib chiqish sabablarini tahlil qilgan holda aholi turmush darajasi va madaniyatini yaxshilashga qaratilgan zarur chora-tadbirlarni hududlarni ijtimoiy-iqtisodiy rivojlantirish dasturlarini ishlab chiqishda inobatga olish. Doimiy ravishda - Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari 5. Aholiga vaqtincha noqulaylik keltirib chiqaruvchi holatlar, xususan, kommunikatsiya tarmoqlaridagi profilaktika ishlari yoki taʼmirlanishi sababli kommunal xizmatlarning (suv, tabiiy gaz, elektr energiyasi) toʻxtatilishi va boshqa noqulaylik holatlarini platformada avvaldan eʼlon qilib borishni yoʻlga qoʻyish, bunda: amalga oshiriladigan rejali ishlar va oʻchirishlar haqida — ular boshlanishidan 2 kun avval; aniqlangan nosozliklar va avariyalar haqida — darhol. Doimiy ravishda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari, Raqamli departament 6. Platformaga kelib tushayotgan xabarlarni bartaraf etilishi natijalaridan kelib chiqib, tegishli hudud (tuman, shahar, viloyat) va tashkilotlarning reytingini tuzish metodologiyasini takomillashtirish. 2025-yil aprel Raqamli departament
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 24-oktabrdagi 695-son qaroriga 3-ILOVA
“Xalq nazorati” platformasiga ulanadigan vakolatli organlar
1. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hamda tuman (shahar) hokimliklari.
2. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi, viloyatlar qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi bosh boshqarmalari, Toshkent shahar Qurilish bosh boshqarmasi, Toshkent shahar Uy-joy kommunal xoʻjaligi bosh boshqarmasi xamda tuman (shahar) qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi boʻlimlari.
3. Ichki ishlar vazirligining Qoraqalpogʻiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar Ichki ishlar boshqarmalari hamda tuman (shahar) boʻlimlari.
4. Transport vazirligining Qoraqalpogʻiston Respublikasi Transport vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahri transport boshqarmalari.
5. Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasining Qoraqalpogʻiston Respublikasi Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi, viloyatlar va Toshkent shahri hududiy boshqarmalari.
6. “Hududiy elektr tarmoqlari” AJning Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar hududiy filiallari.
7. “Hududgaztaʼminot” AJning Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar hududiy filiallari.
8. “Oʻzsuvtaʼminot” Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar hududiy filiallari.
9. Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahrida qattiq maishiy chiqindilarni olib chiqish bilan shugʻullanuvchi korxona va tashkilotlar.
10. Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahrida issiq suv taʼminoti hamda issiqlik manbai bilan shugʻullanuvchi korxona va tashkilotlar.
11. Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahrida yoʻl infratuzilmasini taʼmirlash bilan shugʻullanuvchi tashkilotlar.
12. Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligining Qoraqalpogʻiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar boshqarmalari hamda tuman (shahar) ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish boʻlimlari.
13. Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasining hududiy boshqarmalari hamda tuman (shahar) boʻlimlari.
14. Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahrida koʻp kvartirali uylarni boshqarish organlari.
15. Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahrida obodonlashtirish bilan shugʻullanuvchi korxona va tashkilotlar.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 24-oktabrdagi 695-son qaroriga 4-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. Vazirlar Mahkamasining “Tashqi reklama bozorini tartibga solish toʻgʻrisida” 2020-yil 20-fevraldagi 104-son qarorida :
a) 2-bandning “b” kichik bandi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“b) qalbakilashtirilgan hujjatlardan foydalanilgan holda, tashqi reklama obyektlariga (konstruksiyalariga) olingan pasportlar, guvohnomalar, ruxsatnomalar va huquqni belgilovchi boshqa hujjatlar, shuningdek, tegishli vakolatli organning qarorisiz oʻrnatilgan tashqi reklama obyektlari (konstruksiyalari) boʻyicha hujjatlarning muddatini uzaytirishga ruxsat berilmaydi va ular haqiqiy emas deb hisoblanadi.
Bunda ilgari sud qarorlari (hukmlari) asosida qalbakilashtirilganlik holati belgilangan hujjatlardan foydalanilgan holda yangi koʻrinishdagi pasport olingan boʻlsa, yangilangan pasport Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklarining tegishli qarorlari bilan bekor qilinadi va reklama joyining pasportini yangi shakldagi reklama joyining pasportiga almashtirishda tegishli toʻlov va yigʻimlar boʻyicha toʻlangan toʻlovlar va tashqi reklamani joylashtirish huquqi uchun oylik yigʻimlar qaytarilmaydi va ushbu tadbirkorlik subyektining yozma murojaatiga koʻra, unga tegishli boshqa reklama joylari pasportlari asosida tashqi reklamani joylashtirish huquqi uchun oylik yigʻimlar hisobiga olinishi mumkin”;
b) 9 5 -bandning “b” kichik bandi kuyidagi tahrirda bayon etilsin:
“b) video ekranli (elektron displeyli) tashqi reklama obyektlarini masofaviy boshqarish boʻyicha tadbirkorlik subyektlarining maxsus platformalari elektron tizimga integratsiya qilinadi. Bunda mazkur maxsus platformalar “Kiberxavfsizlik markazi” DUKda kiberxavfsizlik talablariga muvofiq kompleks ekspertizadan oʻtkazilgan boʻlishi lozim”;
v) 9 6 -bandda :
“d” kichik band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“d) Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi hamda tegishli tashkilot va idoralar vakillaridan iborat maxsus ishchi guruhlar tuzadi. Bunda maxsus ishchi guruhlar:
kamida olti oyda bir marta barcha turdagi tashqi reklama obyektlarini (konstruksiyalarini) ushbu qaror talablariga muvofiqligi yuzasidan xatlovdan oʻtkazishni hamda joylashtirilgan tashqi reklama va axborot obyektlarining (konstruksiyalarining) qonunchilik talablariga muvofiqligini oʻrganishni taʼminlaydi;
reklama joyi pasportlaridagi texnik xatoliklarni bartaraf qilish maqsadida ularga oʻzgartirishlar kiritish, ariza beruvchilar tomonidan berilgan arizalarda xatoliklar yoki nomuvofiqliklar pasport yangilab berilganidan keyin aniqlanganda va reklama joyi pasportini yangilab berishda toʻlov hisob-kitobida xatolik yoki nomuvofiqlik boʻlganda, ularni bartaraf qilish (toʻlovni kamaytirish, koʻpaytirish, toʻlovchining arizasiga asosan toʻlovni unga tegishli boshqa reklama joyi pasporti uchun toʻlanadigan yigʻimlar hisobiga oʻtkazish yoki kelajakdagi tashqi reklama obyektini joylashtirish uchun yigʻimlar hisobiga olish) toʻgʻrisida qaror qabul qiladi;
eski turdagi reklama joyi pasportlarini yangilash jarayonida vujudga kelayotgan nizoli masalalar boʻyicha belgilangan tartibda nazarda tutilmagan asosli holatlar mavjud boʻlgan taqdirda, tadbirkor foydasiga qaror qabul qilishga haqli.
Maxsus ishchi guruhga Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari tomonidan boshqa vakolatlar ham berilishi mumkin. Maxsus ishchi guruh qarorlari yigʻilish bayonnomasi koʻrinishida rasmiylashtiriladi”;
“j” kichik band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“j) Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari reklama joyi pasportlarini bekor qilish toʻgʻrisida tadbirkorlik subyektlarini quyidagi tartibda xabardor qiladi:
qaror loyihalarini qabul qilishdan 15 (oʻn besh) kun oldin ularni maxsus veb-saytlarga joylashtiradi;
qaror qabul qilinganidan keyin qarorni uch ish kuni ichida maxsus veb-saytlarga joylashtiradi”;
g) 6-ilova 8-bandining “b” kichik bandi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“b) tashqi reklama obyektlarini (konstruksiyalarini) reklamadan xoli hududlar yer chegarasidan 50 metr yoki undan kam boʻlgan masofada joylashtirishga (qurishga) yoʻl qoʻyilmaydi. Bunda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi, xalq deputatlari viloyatlar va Toshkent shahar Kengashlari mazkur kichik bandda nazarda tutilgandan 50 metrlik masofani kamaytirish yoki koʻpaytirish huquqiga ega”;
d) 7-ilovada :
6-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“6. Ariza beruvchi davlat xizmatidan foydalanish uchun YIDXPda roʻyxatdan oʻtadi hamda ushbu Reglamentga 2-ilovada keltirilgan soʻrovnomani mustaqil ravishda elektron shaklda toʻldiradi.
Bunda soʻrovnomaga quyidagi hujjatlar ilova qilinadi:
a) yer uchastkalarida, shuningdek, xususiy mulk boʻlgan binolar va inshootlarda tashqi reklama va axborot obyektini (konstruksiyasini) oʻrnatish uchun reklama joyining pasportini rasmiylashtirish uchun:
tashqi reklama va axborot obyektining (konstruksiyasining) eskiz loyihasi (eskiz loyihada texnik xususiyatlari aks ettiriladi va oʻrnatish manzili hamda oʻrnatish chizmasida mavjud boʻlsa, reklama joyining raqami belgilanadi);
tashqi reklama va axborot obyekti (konstruksiyasi) oʻrnatiladigan joyning oxirgi bir hafta ichida olingan fotosuratlari (JPEG formatida);
kadastr hujjatlari;
yer uchastkalari, binolar hamda inshootlar mulkdorlari bilan tuzilgan shartnomalar (ariza beruvchi mulkdor boʻlmagan taqdirda);
yer uchastkalari, binolar hamda inshootlarning mulkdorlarining rozilik xati (ariza beruvchi mulkdor boʻlmagan taqdirda);
koʻp kvartirali uydagi joylar mulkdorlarining umumiy yigʻilishi qarorlari (agar tashqi reklama va axborot obyekti koʻp kvartirali uyning tom qismi yoki fasadiga oʻrnatilishi nazarda tutilayotgan boʻlsa);
koʻp kvartirali uydagi joylar mulkdorlar nomidan tuzilgan shartnoma (uchinchi shaxslar manfaati uchun harakat qilayotganda);
belgilangan tartibda rasmiylashtirilgan ishonchnoma (uchinchi shaxslar manfaati uchun harakat qilayotganda);
b) transport vositalarida tashqi reklama va axborot obyektini (konstruksiyasini) oʻrnatish uchun reklama joyining pasportini rasmiylashtirish uchun:
avtomototransport vositasini davlat roʻyxatidan oʻtkazish haqidagi guvohnoma seriyasi va raqami;
transport vositasida joylashtirilishi nazarda tutilgan reklama va axborotning (transport vositasining toʻrt tarafdan koʻrinish) eskizi;
avtomototransport vositasining davlat raqami;
v) ilgari berilgan reklama joyi pasportlarini yangi shakldagi pasportga almashtirish, shu jumladan, amal qilish muddatini belgilash uchun:
tashqi reklama boʻyicha tegishli toʻlov va yigʻimlardan oxirgi besh yil muddat uchun qarzdorligi mavjud boʻlmaganligini asoslovchi hujjatlar yoki toʻlov va yigʻimlardan boʻlgan qarzdorlik summasidan kamida 30 foiz miqdorida birinchi toʻlov amalga oshirilganligini asoslovchi hujjatlar va qarzdorlikni boʻlib toʻlash haqida iltimosnoma (bunda reklama joyining pasportida koʻrsatilgan konstruksiyaga turi va oʻlchami oʻzgartirilgan xollarda, toʻlov oʻzgartirilgan konstruksiyaga toʻlov toʻlanadi);
beriladigan reklama joyining pasporti va texnik xavfsizlik talablariga muvofiq oʻrnatilganligi haqida tegishli litsenziyaga ega boʻlgan vakolatli tashkilotning joriy yildagi xulosasi (oʻrnatilgan manzili (moʻljal) va lokatsiyasi koʻrsatilgan boʻlishi shart);
ilgari berilgan reklama joyi pasportining elektron nusxasi yoki avtobus bekatlari uchun tegishli davlat organi tomonidan berilgan avtobus bekatini oʻrnatish uchun asos boʻlgan hujjat (agar pasport egasi qayta tashkil etilgan taqdirda, huquqiy vorisligini tasdiqlovchi hujjat nusxasi, pasportga egalik qilish huquqi toʻgʻrisida sud qarori nusxasi);
tashqi reklama va axborot konstruksiyasi toʻliq koʻrinishining orqa va old tomonini aks ettiruvchi (fundamenti va yuqori qismi) oxirgi bir hafta ichida olingan fotosuratlari (JPEG formatida);
belgilangan tartibda rasmiylashtirilgan ishonchnoma (uchinchi shaxslar manfaati uchun harakat qilayotganda).
Ariza beruvchilardan ushbu bandda va soʻrovnomada koʻrsatilmagan maʼlumotlarni va boshqa hujjatlarni taqdim etishni talab etish qatʼiyan taqiqlanadi.
Arizada koʻrsatilgan tashqi reklama va axborot obyekti (konstruksiyasi) oʻrnatish chizmasiga kiritilmagan boʻlsa, ariza ijobiy koʻrib chiqilgan taqdirda, u keyinchalik oʻrnatish chizmasiga kiritiladi”;
10-bandda :
birinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“10. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hokimliklari va Toshkent shahrida Departament tomonidan arizalar oʻn besh ish kuni ichida (avtotransport vositalarida tashqi reklamani oʻrnatish uchun reklama joyining pasportini rasmiylashtirish uchun arizalar besh ish kuni ichida) koʻrib chiqiladi va elektron raqamli imzo (ERI) bilan tasdiqlangan, QR-kod (matrik shtrixli kod) qoʻyilgan tashqi reklama va axborot obyektini (konstruksiyasini) oʻrnatish uchun reklama joyining pasporti rasmiylashtiriladi yoki rad etishga asoslar mavjud boʻlganda, rasmiylashtirish rad etiladi”;
quyidagi mazmundagi xatboshilar bilan toʻldirilsin:
“Masʼul organ va tashkilotlar ularga soʻrov kelib tushgan kundan boshlab oʻn ish kuni (avtotransport vositalarida tashqi reklamani oʻrnatish uchun reklama joyining pasportini rasmiylashtirish uchun toʻrt ish kuni) ichida elektron tizimga tegishli xulosani joylashtirish orqali elektron raqamli imzo bilan tasdiqlagan holda, tashqi reklama obyektlarining (konstruksiyalarining) pasportini berish mumkinligini kelishadi yoki kelishishni rad etadi.
Belgilangan muddatda masʼul organ va tashkilotlar javob taqdim etmagan taqdirda, tashqi reklama va axborot obyektining (konstruksiyasining) pasportini berish mumkinligi toʻgʻrisida xulosa olingan hisoblanadi.
Bunda masʼul organ va tashkilotlarning rahbarlari tashqi reklama va axborot obyektining (konstruksiyasining) pasportini berish boʻyicha oʻz vaqtida kelishilishi va xulosalar chiqarilishi, shuningdek, ularni oʻz vaqtida koʻrib chiqmaslik oqibatlari uchun shaxsiy javobgarlikni oʻz zimmasiga oladi”;
13-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“13. Reklama joyining pasportini rasmiylashtirishni (uning muddatini belgilash yoki yangi shakldagi pasportga almashtirishni) rad etish uchun quyidagilar asos boʻladi:
davlat xizmatlarini koʻrsatish uchun yigʻim toʻlanmaganligi;
tashqi reklama va axborot obyektining (konstruksiyasining) turi, koʻrinishi, joylashuvi va boshqa jihatlari Tashqi reklama va axborot obyektlarini (konstruksiyalarini) qurish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga yoxud Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari tegishincha oʻz maʼmuriy hududlarida ishlab chiqib tasdiqlagan Tashqi reklama obyektlari namunaviy toʻplamiga zidligi;
soʻrovnomada notoʻgʻri maʼlumotlar koʻrsatilganligi, hujjatlar soʻrovnomaga asosan toʻliq taqdim etilmaganligi, arizada koʻrsatilgan pasport boʻyicha boshqa ariza mavjudligi yoxud arizada (ilovalarida) yolgʻon maʼlumotlar taqdim etilganligi;
tashqi reklama va axborot obyektlari (konstruksiyalari) xavfsizligining umumiy texnik reglamentida nazarda tutilgan talablarga muvofiq emasligi;
transport vositalarida reklamani joylashtirish boʻyicha harakat xavfsizligi qoidalariga mos kelmasligi;
vakolati boʻlmagan shaxs tomonidan ariza berilganligi;
ilgari berilgan reklama joyining pasportida koʻrsatilgan egasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar, tashqi reklama va axborot obyektlarining (konstruksiyalarining) joylashgan joyi (lokatsiyasi), oʻlchami, turi uning joriy holatiga toʻgʻri kelmasligi (maxsus ishchi guruhning ushbu pasport va holat boʻyicha tegishli ijobiy qarori mavjudligi bundan mustasno) hamda oxirgi besh yil uchun tashqi reklama boʻyicha tegishli toʻlov va yigʻimlardan qarzdorlik toʻliq qoplanmaganligi.
Bunda ilgari berilgan reklama joyining pasporti boʻyicha tegishli toʻlov va yigʻimlardan qarzdorlik va ular boʻyicha toʻlovlarni tasdiqlovchi hujjatlar solishtirma dalolatnomasiga asosan oʻrganilib, qarzdorlik aniqlanganda, reklama joyining pasporti egalariga qarzdorlikni toʻlash uchun invoys va qoʻshimcha 10 ish kun muddat beriladi.
Davlat xizmatlarini koʻrsatishni boshqa asoslar boʻyicha rad etish taqiqlanadi”;
14-bandda :
toʻrtinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Ilgari berilgan reklama joyining pasportini yangi shakldagi reklama joyining pasportiga almashtirishda tegishli toʻlov va yigʻimlar boʻyicha reklama joyining pasporti egalariga qarzdorlikni toʻlash uchun invoys oʻz muddatida toʻlanmaganda, ushbu arizalar boʻyicha reklama joyining pasporti egalariga 2024-yil 1-dekabrga qadar arizani qayta yuborish imkoniyati beriladi. Bunda ilgari berilgan invoysda koʻrsatilgan qarzdorlik summasiga invoys chiqarilgan vaqtdan boshlab, qayta ariza yuborilgan vaqt oraligʻidagi oylar uchun Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi, xalq deputatlari viloyatlar va Toshkent shahar Kengashlari tomonidan tasdiqlangan tariflar miqdorida yigʻim miqdori qoʻshiladi”;
quyidagi mazmundagi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“Agar ariza beruvchini arizani qayta yuborib, ushbu ariza boʻyicha yuborilgan invoysni oʻz muddatida toʻlamasa, ushbu invoys summasi sud tartibida Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari tomonidan undiriladi. Reklama joyining pasportini olish uchun qayta murojaat rad etilgan taqdirda, keyingi murojaatlar 2025-yil 30-yanvarga qadar yuborilishi mumkin va ular ushbu Reglamentga asosan umumiy tartibda koʻrib chiqiladi”;
1-ilova 3-bosqichining “v” kichik bandidagi “15 ish kun ichida” soʻzlari “5 ish kun ichida” soʻzlari bilan almashtirilsin;
2-ilova V boʻlimning 3-bandi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“3. Avtomototransport vositasini davlat raqami”.
2. Vazirlar Mahkamasining “Tashqi reklama va ijtimoiy axborotning aylanish sohasidagi munosabatlarni tartibga solishni yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 31-avgustdagi 428-son qarorida :
a) 5-bandda :
“b” kichik band oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin;
quyidagi mazmundagi “v” kichik band bilan toʻldirilsin:
“v) ilgari berilgan reklama joyining pasport egalari tomonidan 2024-yil 1-dekabrga qadar ularni yangi shakldagi reklama joyining pasportiga almashtirish uchun YIDXP axborot tizimi orqali ariza topshiriladi.
Belgilansinki, ilgari berilgan reklama joyining pasportlari yangi shakldagi reklama joyining pasportiga almashtirilmaganda, ushbu pasportlar oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanadi”;
b) 7-band quyidagi mazmundagi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“Belgilansinki, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklarining tashqi reklama joyining pasportlarini rasmiylashtirish va berish (imzolash) vazifasi yuklangan vakolati mansabdor shaxsi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi va viloyatlar hokimlari qarorlariga asosan belgilanadi”;
v) 9-bandda :
oltinchi xatboshi “Bunda yigʻim miqdori rasman eʼlon qilinmagan va kuchga kirmagan taqdirda, mazkur davr uchun yigʻim undirishga yoʻl qoʻyilmaydi.” jumlasi bilan toʻldirilsin;
yettinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“elektron tizim ishga tushirilgandan boshlab tashqi reklama va axborot obyektlarini (konstruksiyalarini) oʻrnatishga boʻlgan huquq uchun oylik yigʻimlardan tushadigan mablagʻlar 2-ilovaga muvofiq taqsimlanadi. Bunda yigʻimdan tushumni taqsimlashdan oldin “Raqamli hukumat loyihalarini boshqarish markazi” davlat muassasasining Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasidagi maxsus hisobvaragʻiga oʻtkaziladigan Yagona billing tizimi orqali davlat xizmatlarini koʻrsatganlik uchun 0,5 foiz miqdordagi toʻlov chegirib qolinadi”.
quyidagi mazmundagi sakkizinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“Belgilansinki, 2024-yil 1-dekabrdan boshlab transport vositalarida (yoʻnalishlardagi avtobuslar bundan mustasno) reklamani joylashtirish uchun yigʻim transport vositalarida tashqi reklamani oʻrnatish uchun reklama joyining pasportini berishda toʻlanadi. Bunda 2024-yil 1-dekabrga qadar berilgan transport vositalarida tashqi reklamani oʻrnatish uchun reklama joyining pasportlari uchun yigʻim 2025-yil 1-yanvarga qadar toʻliq toʻlanishi lozim”;
sakkizinchi xatboshi toʻqqizinchi xatboshi deb hisoblansin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2024-yil 24-oktabr,
695-son