📅 2024-yil 29-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 29-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 29 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 29 октября 2024 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 29 October 2024 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
НИЗОМ
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2024 йил 3 июндаги ПҚ-204-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бозорини тартибга солиш ҳамда уларнинг ноқонуний айланмасининг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш тўғрисида» 2024 йил 3 июндаги ПФ-84-сон Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошида Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси ташкил этилганлиги;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2024 йил 3 июндаги ПҚ-204-сон қарори билан Инспекция тузилмаси тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекциясининг бюджетдан ташқари жамғармаси тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 29 октябрдаги 713-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекциясининг (кейинги ўринларда — Инспекция) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Инспекция:
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти (кейинги ўринларда — Департамент) таркибидаги мустақил бўлинма ҳисобланади;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари — Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғига (кейинги ўринларда — Бош прокурор ўринбосари — Департамент бошлиғи) бўйсунув ва ҳисобдорлик асосида фаолият кўрсатади;
истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда улгуржи савдосини лицензиялаш, ушбу соҳасида лицензия ва хабардорлик тартиб-таомилларига риоя этилишини назорат қилувчи ваколатли давлат органи ҳисобланади.
3. Инспекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.
4. Инспекция юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида очиладиган ҳисобварақларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга эга бўлади.
5. Инспекциянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари барча давлат органлари, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
6. Инспекциянинг расмий номи:
а) давлат тилида:
тўлиқ номи — Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси, қисқартирилган номи — Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси;
б) инглиз тилида:
тўлиқ номи — Inspectorate for regulation of the alcohol and tobacco market at the Department on Combating Economic Crimes at the General Prosecutor's Office of the Republic of Uzbekistan, қисқартирилган номи — Inspectorate for regulation of the alcohol and tobacco market;
в) рус тилида:
тўлиқ номи — Инспекция по регулированию алкогольного и табачного рынка при Департаменте по борьбе с экономическими преступлениями при Генеральной прокуратуре Республики Узбекистан, қисқартирилган номи — Инспекция по регулированию алкогольного и табачного рынка.
7. Инспекция ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда, фақат қонунчилик ҳужжатларига бўйсунган ҳолда амалга оширади.
8. Инспекциянинг молиявий ва моддий-техник таъминоти Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ҳамда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.
9. Инспекцияда шакллантириш ва фойдаланиш тартиби қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланадиган бюджетдан ташқари жамғармалар ташкил этилади.
10. Инспекция ўзига юкланган вазифаларни бажариш мақсадида қонунчиликда белгиланган тартибда давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади ҳамда аниқланган ҳуқуқбузарликларга оид мавжуд материаллар тўғрисидаги ахборот билан, шу жумладан, бошқа ахборот билан электрон шаклда алмашади.
2-боб. Инспекциянинг вазифалари ва функциялари
11. Қуйидагилар Инспекциянинг асосий вазифалари ҳисобланади:
истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва реализация қилиш ҳамда унинг назоратини таъминлаш бўйича ягона давлат сиёсатини юритишда иштирок этиш;
истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва реализация қилиш соҳасини ривожлантиришга йўналтирилган комплекс дастурларни амалга ошириш;
истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, шунингдек, алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси бўйича фаолиятни лицензиялаш;
давлат стандартлари ва қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъий амал қилган ҳолда, истеъмол ҳамда техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришда техник ва технологик жорий этиш уларга риоя этилишини назорат қилиш ишларини тегишли ваколатли органлар билан биргаликда ташкил қилиш;
истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, уларнинг улгуржи савдоси соҳасида лицензия ва хабардорлик тартиб-таомилларига риоя этилишини текшириш ҳамда мониторинг қилиш;
истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, уларнинг айланмаси ҳажмларини мониторинг ва назорат қилиш бўйича замонавий ахборот тизимларини жорий этиш ҳамда ривожлантириш;
алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ноқонуний ишлаб чиқариш ҳамда айланмасининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга барҳам бериш, бунга имкон берувчи сабаблар ҳамда шароитларни бартараф этиш борасида ваколатли органлар билан ҳамкорлик қилиш;
алкоголь ва тамаки маҳсулотлари учун янги намунадаги акциз маркаларини ишлаб чиқишда қатнашиш ҳамда уларнинг ноқонуний ишлаб чиқарилиши ва сотилишига йўл қўймасликка қаратилган профилактика ҳамда тушунтириш ишларини амалга ошириш.
12. Инспекция ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва реализация қилиш ҳамда унинг назоратини таъминлаш бўйича ягона давлат сиёсатини юритишда иштирок этиш соҳасида:
алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш саноатини диверсификация қилиш ва рақобатбардошлигини ошириш, ушбу соҳага халқаро стандартларни жорий қилиш;
истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва реализация қилиш соҳасида давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш, ушбу йўналишда давлат органлари ва ташкилотлари, ишлаб чиқариш ва савдо фаолиятини амалга оширувчи субъектлар билан ҳамкорлик қилиш;
алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги давлат дастурларининг ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;
алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг улгуржи ва чакана савдоси тартибини белгилашда иштирок этиш;
б) истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва реализация қилиш соҳасини ривожлантиришга йўналтирилган комплекс дастурларни амалга ошириш соҳасида:
виночилик соҳасида мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, маҳаллий алкоголь, шу жумладан, вино маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ва сотишни халқаро майдонда тарғиб қилиш мақсадида фестиваллар, кўргазмалар ва ярмаркаларни ташкил этиш, шунингдек, уларда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг иштирок этишига кўмаклашиш;
коллекцион вино ва коньяк маҳсулотларини захирага қўйиш ҳамда сара миллий бренд маркаларининг коллекцион маҳсулотларини аукцион савдоларига қўйишга кўмаклашиш;
алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, салбий таъсирининг олдини олиш борасида давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш;
алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш соҳасида халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатларнинг ваколатли ташкилотлари билан халқаро ҳамкорлик қилиш;
алкоголь ва виночилик соҳасида юқори малакали хорижий мутахассислар ҳамда маслаҳатчиларни жалб қилиш, тармоқ мутахассисларининг республиканинг етакчи корхоналари, илмий-тадқиқот институтларида малакасини ошириш ва уларнинг қайта тайёрлашни, шунингдек, чет элда малакасини оширишни ташкил этишда кўмаклашиш;
алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга тегишли дегустация ҳудудлари туроператорларнинг йўналиш дастурларига киритилишини ташкил этишда кўмаклашиш;
в) истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, шунингдек, алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси бўйича фаолиятни лицензиялаш соҳасида:
истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, шунингдек, алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси бўйича фаолиятга қонунчилик ҳужжатлари талаблари асосида лицензия бериш, қайта расмийлаштириш ҳамда унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш;
лицензияни ўзгартириш, бекор қилиш ёки қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда лицензияни бекор қилиш тўғрисида судга мурожаат қилиш;
истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, шунингдек, алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензияга эга бўлган ташкилотлар реестрини юритиш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига асосан истеъмол ҳамда техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар, шунингдек, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи субъектлар томонидан лицензия ва хабардорлик тартиб-таомиллари талабларига риоя этилишини ўрганиш;
г) давлат стандартлари ва қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъий амал қилган ҳолда, истеъмол ҳамда техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришда техник ҳамда технологик жорий этиш, уларга риоя этилишини назорат қилиш ишларини тегишли ваколатли органлар билан биргаликда ташкил қилиш соҳасида:
ваколатли органлар билан биргаликда истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнларига стандартлар, техник ва технологик регламентлар, санитария-гигиена нормаларини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва такомиллаштириш ҳамда уларни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш;
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан биргаликда корхоналарда алкоголь, узум, мевалар ва реза мевалардан тайёрланадиган алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича халқаро стандартларни жорий қилишга кўмаклашиш;
истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришда техник ва технологик нормаларга риоя этилишини, маҳсулотларни сақлаш сифатини ҳамда уларни айланмасини, шу жумладан, фойдаланиладиган хомашё ва ёрдамчи материаллар сифатини назорат қилиш;
истеъмолчиларнинг ишлаб чиқарилаётган ва сотилаётган алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларининг сифати бўйича мурожаатларини тегишли ваколатли органлар билан ҳамкорликда ўрганиб чиқиш;
алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солишга қаратилган норматив-ҳуқуқий базани, шунингдек, техник ва технологик регламентлар, халқаро стандартларни такомиллаштириш масалалари бўйича халқаро ташкилотлар йиғилишларида, конференция ва семинарларида иштирок этиш;
зарур асбоб-ускуналар, приборлар, кимёвий реактивлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан жиҳозланган, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда назарда тутилган барча зарур физик-кимёвий, микробиологик ва бошқа кўрсаткичларни таҳлил қилиш имконини берувчи ишлаб чиқариш лабораториялари мавжудлигини ўрганиш;
д) истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг улгуржи савдоси соҳасида лицензия ва хабардорлик тартиб-таомилларига риоя этилишини текшириш ҳамда мониторинг қилиш соҳасида:
истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, уларнинг улгуржи савдоси соҳасида лицензия ва хабардорлик тартиб-таомилларига риоя этилишини ташкилотлар томонидан тақдим этиладиган маълумотлар ҳамда ахборот тизими маълумотлари асосида мониторинг қилиш;
истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, уларнинг улгуржи савдоси бўйича лицензия ва хабардорлик тартиб-таомиллари ўз вақтида ҳамда тўлиқ бажарилишини жойига чиққан ҳолда ўрганиш;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари билан ҳамкорликда этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ноқонуний ишлаб чиқариш ва сотиш ҳолатларини аниқлаш ҳамда бартараф этиш чораларини кўриш;
истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, уларнинг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи субъектларга нисбатан огоҳлантириш, молиявий санкция, лицензия ёки хабардорлик ҳужжатининг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш каби ҳуқуқий таъсир чораларини белгиланган тартибда қўллаш;
ишлаб чиқариш ва савдо соҳасида истеъмол ҳамда техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг назорат харидини амалга ошириш, ваколатли органлар билан ҳамкорликда уларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини назорат қилиш мақсадида синов лабораторияларида экспертизадан ўтказиш;
лицензия тартиб-таомили бўйича йиғимлар ва йиллик лицензия тўловлари ўз вақтида тўланишини назорат қилиш;
е) истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, уларнинг айланмаси ҳажмларини мониторинг ва назорат қилиш бўйича замонавий ахборот тизимларини жорий этиш ҳамда ривожлантириш соҳасида:
алкоголь ва тамаки бозори соҳасини рақамлаштириш ҳамда ривожлантириш чораларини амалга ошириш;
истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши ва айланмасини ҳисобга олиш, хавфларни аниқлаш, мониторинг ва назорат қилиш имконини берувчи ахборот тизимини жорий этиш ҳамда вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш чораларини кўриш;
мулкдорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан истеъмол ва техник этил спирти ҳамда алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ўлчов ускуналарини ва ҳисобга олиш ахборот тизимига ахборот узатувчи бошқа ҳисобга олиш ва қайд этиш воситаларини ўрнатишда кўмаклашиш;
ишлаб чиқариш корхоналарида «Asl belgisi» маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизими, ишлаб чиқариш ҳажмларини ҳисобга олиш ахборот тизими жорий этилишини таъминлаш;
ж) алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ноқонуний ишлаб чиқариш ҳамда айланмасининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга барҳам бериш, бунга имкон берувчи сабаблар ҳамда шароитларни бартараф этиш борасида ваколатли органлар билан ҳамкорлик қилиш:
алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар томонидан истеъмол этил спиртидан мақсадли фойдаланишини қонунчиликда белгиланган тартибда текшириш ва назорат қилиш;
истеъмол этил спиртининг ҳар бир ишлаб чиқарилган маҳсулот намуналари уларнинг сифати норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини аниқлаш мақсадида синовдан ўтказиш ҳамда синов натижалари бўйича истеъмол этил спирти маҳсулотларининг мувофиқлиги ёки ишлаб чиқариш жараёнига қайта ишлаш учун қайтариш тўғрисида хулосалар бериш;
истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришда техник ва технологик нормаларга риоя этилишини, маҳсулотларни сақлаш сифатини ва уларнинг айланмасини, шу жумладан, фойдаланиладиган хомашё ва ёрдамчи материаллар сифатини назорат қилиш;
алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ноқонуний ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг айланмасини аниқлаш ва чек қўйишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари билан ҳамкорлик қилиш;
лицензия ҳамда хабардорлик тартиб-таомилини бузган субъектлар, шунингдек, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ маълумотларнинг марказлашган ҳисобини юритиш, бундай ҳолатлар харитасини тузиш;
алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ноқонуний ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг айланмаси кўламини, шунингдек, бунга имкон бераётган шароитларни таҳлил қилиш ҳамда бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
з) алкоголь ва тамаки маҳсулотлари учун янги намунадаги акциз маркаларини ишлаб чиқишда қатнашиш ҳамда уларнинг ноқонуний ишлаб чиқарилиши ва сотилишига йўл қўймасликка қаратилган профилактика ҳамда тушунтириш йилларини амалга ошириш соҳасида:
алкоголь ва тамаки маҳсулотлари акциз маркаларининг ҳимоя даражасини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, янги намунадаги акциз маркаларини ишлаб чиқишда қатнашиш;
акциз маркалари айланмаси ҳисобини юритиш, эски намунадаги акциз маркаларини йўқ қилишда иштирок этиш;
ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари билан ҳамкорликда истеъмол ҳамда техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ноқонуний ишлаб чиқариш ва реализация қилиш ҳолатларининг олдини олиш чораларини кўриш;
алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ноқонуний айланмасига қарши курашишга кенг жамоатчиликни жалб қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш;
аҳоли ўртасида алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ноқонуний ишлаб чиқариш ҳамда сотиш оқибатлари ҳақида тарғибот тадбирларини амалга ошириш, ушбу соҳада оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш.
Инспекция қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.
3-боб. Инспекциянинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
13. Инспекция ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Инспекцияга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда киритиш;
ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролардан ўз ваколатларига кирувчи масалалар бўйича материаллар, маълумотлар ҳамда тушунтиришларни олиш;
ўзига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун давлат органлари ва ташкилотларининг маълумотлари базасига белгиланган тартибда уланиш ва улардан реал вақт режимида фойдаланиш;
ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича зарур статистика маълумотларни бепул олиш;
алкоголь ва тамаки маҳсулотлари сифатини белгилаш ҳамда назорат қилиш бўйича қўшма тадбирлар ўтказиш;
истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи ташкилотлар фаолиятини белгиланган тартибда текшириш;
текширилаётган ташкилотларнинг раҳбарлари ва мутахассисларидан уларнинг фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича зарур ҳужжатлар ва тушунтиришлар олиш;
истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш ва сотиш билан шуғулланувчи ташкилотларда аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича ҳужжатларни тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юбориш;
истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотлари улгуржи савдоси соҳасида лицензия ва хабардорлик тартиб-таомилларини бузган субъектларга нисбатан ҳуқуқий ва молиявий таъсир чораларини қўллаш;
солиқ органларидан алкоголь ва тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо қилувчи субъектлар ҳақидаги (савдо нуқталари сони, уларни жойлашув жойи ва бошқалар) маълумотларни сўраб олиш ва ҳисобини олиб бориш;
зарур ҳолларда, текширилаётган ташкилотларга аниқланган қонун бузилишларини бартараф этиш, шунингдек, давлат стандартлари ва техник регламентлар талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ҳамда сотилишини тўхтатиш тўғрисида тақдимнома киритиш;
қонунчиликка асосан истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, шунингдек, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия ва хабарнома ҳужжатининг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилиш ёки мазкур масалаларда судларга аризалар билан мурожаат қилиш.
Инспекция қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
14. Инспекция ўзига юкланган вазифа ва функцияларнинг бажарилиши, шунингдек, алкоголь ҳамда тамаки бозорини тартибга солиш бўйича давлат сиёсатини самарали амалий амалга оширилиши учун жавоб беради.
15. Инспекция қуйидагиларга мажбур:
ўзига юкланган вазифа ва функцияларни ўз вақтида ҳамда сифатли бажариш;
давлат, тижорат сирларининг ҳамда назорат объектларининг қонунчилик билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш.
16. Инспекция ходимларига ушбу Низомда белгиланмаган вазифаларни топшириш ҳамда фаолиятига боғлиқ бўлмаган вазифаларга жалб этиш тақиқланади.
4-боб. Инспекция фаолиятини ташкил этиш
17. Инспекцияга Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишган ҳолда Бош прокурор ўринбосари — Департамент бошлиғининг тақдимномасига асосан Бош прокурор томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бошлиқ раҳбарлик қилади.
18. Инспекция бошлиғи мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитлари бўйича Департамент бошлиғи ўринбосарига тенглаштирилади.
19. Инспекция ходимлари Инспекция бошлиғининг тақдимномасига асосан Бош прокурор ўринбосари — Департамент бошлиғи томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
20. Прокуратура органлари ходимлари хизматда қолдирилган ҳолда Инспекцияда лавозимга тайинланиши мумкин. Бунда лавозимга тайинланган ходимнинг фаолият даври навбатдаги даражали унвон бериш, кўп йиллик хизмати учун устама ҳақ тўлаш, маошини белгилаш, пуллик таъминот ва пенсия тайинлаш ҳуқуқини бериш учун прокуратура органларидаги хизмат стажига қўшиб ҳисобланади, шунингдек, даражали унвонлар ва меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун устамалар тўланади.
21. Инспекцияда хизматни ўташ тартиби Бош прокурор томонидан белгиланади. Бунда ходимларни лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этишда Департамент органларига хизматга қабул қилиш ва хизматдан бўшатиш талаблари ҳамда шартлари татбиқ этилади.
22. Инспекция бошлиғи:
Инспекция фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ҳамда Инспекцияга юкланган вазифа ва функцияларнинг самарали бажарилишини таъминлайди;
Инспекцияга юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
Инспекция ваколатига кирувчи масалалар бўйича буйруқ, кўрсатма ва фармойиш қабул қилади;
ходимларни хизмат сафарларига юбориш тўғрисида буйруқ чиқаради, ходимларни хорижий давлатларга хизмат сафарига юбориш масалалари бўйича Бош прокурор ўринбосари — Департамент бошлиғига таклиф киритади;
Бош прокурор ўринбосари — Департамент бошлиғига Инспекция ходимларини ишга қабул қилиш, ишдан бўшатиш ва бошқа ишга ўтказиш юзасидан таклифлар киритади;
Инспекция ходимларини интизомий жавобгарликка тортиш, рағбатлантириш ҳамда давлат мукофотларига тақдим этиш ҳақида таклифлар киритади;
Инспекция фаолиятини режалаштиришни ташкил қилади, Инспекция ва таркибий бўлинмаларининг иш режаларини тасдиқлайди;
Инспекция таркибий бўлинмалари бошлиқларининг ҳисоботларини эшитади;
Инспекция фаолиятига оид масалалар юзасидан тезкор йиғилишлар ўтказади;
бошқа давлат органлари ва ташкилотлари, корхоналар, муассасалар, шунингдек, чет эл давлатлари ваколатли органлари билан ҳамкорлик тўғрисида келишувлар ва бошқа шартномалар тузади;
Инспекция фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш чораларини кўради ва назорат қилади;
Инспекция ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил қилади.
Инспекция бошлиғи қонунчиликда назарда тутилган бошқа функцияларни ҳам бажариши мумкин.
23. Инспекция ходимларини рағбатлантириш ёки интизомий жазо чораларини қўллаш Инспекция ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш ваколатига эга бўлган Бош прокурор ва Бош прокурор ўринбосари — Департамент бошлиғи томонидан амалга оширилади.
24. Инспекциянинг бошқарув ходимлари тиббий хизмат шароитлари ва ижтимоий ҳимоя чоралари бўйича Департамент органлари ходимларига тенглаштирилади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
25. Инспекция фаолиятига ноқонуний аралашиш ёки тўсқинлик қилиш, нотўғри маълумотларни тақдим этиш ёки тақдим этишдан бўйин товлаш, шунингдек, Инспекциянинг мансабдор шахсларини қонунчилик ҳужжатлари билан юкланмаган вазифаларни бажаришга мажбурлаш ҳамда уларга ҳар қандай шаклда таъсир кўрсатиш тақиқланади ва қонунчиликда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
26. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 29 октябрдаги 713-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекциясининг бюджетдан ташқари жамғармаси тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекциясининг (кейинги ўринларда — Инспекция) бюджетдан ташқари жамғармасини (кейинги ўринларда — Жамғарма) ташкил этиш, Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Жамғарма юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармаси шаклида, маблағлардан Инспекциянинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилади.
2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш
3. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:
алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ноқонуний ишлаб чиқарганлик ёки истеъмол этил спирти ҳамда алкоголь маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси учун тўланадиган жарима суммасининг 50 фоизи;
истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, улгуржи ва чакана савдо йўналишида лицензиялаш ҳамда хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга солинадиган жарималар;
истеъмол ва техник этил спиртидан мақсадсиз фойдаланилганлик учун ундириладиган молиявий жарима суммасининг 20 фоизи. Бунда солиқ органлари томонидан қўлланиладиган харид қилинган истеъмол ва техник этил спирти ҳажмига ҳисобланадиган акциз солиғи суммасининг 2,5 баравари миқдоридаги молиявий жарима суммасидан келиб чиқилади;
истеъмол ва техник этил спиртини транспорт воситаларида ташиш бўйича лицензия талабларини бузганлик учун ундириладиган молиявий жарима суммасининг 50 фоизи;
тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳуқуқига лицензия берганлик учун давлат божи, шунингдек, истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришга, алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдосини амалга оширишга лицензиялар бериш учун тўланадиган йиғимлар ва йиллик лицензия тўловлари;
халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг кредитлари (қарзлари) ҳамда грантлари;
Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банкларига депозитга қўйишдан олинган фоиз тарзидаги даромадлар;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
4. Жамғармага тушган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида очилган махсус ҳисобварақда жамланади.
5. Тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметасидан ортиқча ҳақиқий тушумлар сметаларга тегишли ўзгартиришлар киритилгандан сўнг сарфланади.
3-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш
6. Жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:
а) Инспекция ходимларига кўп йиллик хизмати учун ҳар ойда тўланадиган устамаларни тўлаш учун (рағбатлантириш коэффициентини инобатга олган ҳолда лавозим маошига нисбатан коэффициентларда);
б) Инспекция ходимларини моддий рағбатлантириш учун:
ходимларни моддий рағбатлантириш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш;
мамлакат иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида шахсий ҳиссасини қўшган, меҳнатда юқори натижаларга эришган, хизмат вазифаларини сидқидилдан ва самарали бажараётган малакали, ташаббускор раҳбар ва ходимларга лавозим маошининг 300 фоизгача бўлган миқдорларда ойлик лавозим маошларига (рағбатлантириш коэффициентини инобатга олган ҳолда) белгиланадиган шахсий устамаларни тўлаш. Бунда, Инспекцияга прокуратура органларидан ўтган ходимларга нисбатан 200 фоизгача этиб белгилансин;
байрам саналарида — Мустақиллик куни, Конституция куни, Хотин-қизлар куни, Наврўз, Янги йил, диний байрамларда («Рўза ҳайити» (Ийд-ал-Фитр) ва «Қурбон ҳайити» (Ийд-ал-Адҳа) байрамларида ҳамда прокуратура органлари ходимлари куни муносабати билан ходимларни ойлик лавозим маошининг икки баробари миқдоригача мукофотлаш;
пенсияга чиқиши муносабати билан пенсияга чиқаётганда, ходимга лавозим маошининг уч баробари миқдоригача қимматбаҳо совғалар бериш ёки шу миқдорда пул мукофоти тўлаш;
ходимларнинг меҳнат таътили пулини, шунингдек, фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун пулли компенсация пулининг тегишли қисмини тўлаш;
в) Инспекция ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш учун:
уй-жой билан таъминланмаган ходимларга амалдаги сарф-харажатлар доирасида уй-жойни ижарага бериш шартномасига мувофиқ уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан ошмаган миқдорда ҳар ойлик компенсация тўлаш;
жамоат транспортидан (маршрут ва йўналишли таксилардан ташқари) фойдаланиш харажатларини қисман қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида компенсация тўлаш;
ходимларни ижтимоий муҳофаза қилиш ва уларнинг меҳнати самарадорлигини ошириш мақсадида ҳар ойда овқатланиш харажатларини қисман қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида компенсация тўлаш;
ходим вафот этганда, ходимнинг ойлик лавозим маошининг ўн бараваридан ошмаган миқдорда бир йўла моддий ёрдам бериш. Бунда моддий ёрдам турмуш ўртоғига тўлаб берилади, агар ходимнинг турмуш ўртоғи бўлмаса, моддий ёрдам фарзандларига ёки қонуний вакилларига (васийлари ва ҳомийларига) ёхуд уларнинг вояга етмаган фарзандларини асраб олган шахсларга тўланади, шунингдек, ходим турмуш қурмаган бўлса, моддий ёрдам унинг ота-онаси ёки боқимандалари ўртасида тенг улушларда тақсимланади;
алоҳида заруратга кўра (юбилей саналарида, ходимлар 50 ва 60 ёшга тўлганда, бахтсиз ҳодиса, оғир касаллиги сабабли даволаниш, соғлиғини тиклаш, оиланинг кам таъминланганлиги ва молиявий ҳолатининг оғирлиги) лавозим маошининг икки баравари миқдорида моддий ёрдам бериш;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун йилда бир марта (қоида тариқасида куз ойларида) базавий ҳисоблаш миқдорининг саккиз бараваригача миқдорида моддий ёрдам пули бериш;
ходим ёки унинг фарзандлари никоҳдан ўтиши муносабати билан лавозим маошининг (рағбатлантириш коэффициентини инобатга олган ҳолда) икки баравари миқдоригача моддий ёрдам бериш;
ходимнинг яқин қариндоши (ота-онаси, турмуш ўртоғи, фарзанди) вафот этганда — вафоти тўғрисида гувоҳнома нусхаси тақдим этилганда, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг тўрт ярим баравари миқдорида моддий ёрдам бериш;
ходимларнинг меҳнат шарт-шароитларини яхшилаш ва меҳнатини муҳофаза қилиш;
г) Инспекциянинг моддий-техник базасини ривожлантириш учун:
Инспекция бино ва иншоотларини мукаммал ҳамда жорий таъмирлаш, қўшимча объектларни (маъмурий бинолар ва бошқалар) қуриш, реконструкция қилиш, сотиб олиш, ижара ҳамда объектларни сақлаш харажатлари;
Инспекция фаолиятини таъминлаш билан боғлиқ маъмурий ва хўжалик харажатларини (коммунал хизматлар, сафар харажатлари, автотранспорт воситаларини ижара олиш ва бошқалар) қоплаш;
ахборот-коммуникация технологияларини такомиллаштириш, инновацион ва илғор технологияларни жорий этиш, алоқа воситалари, ҳисоблаш техникаси, жиҳозлар, компьютер ҳамда ташкилий техникани сотиб олиш, таъмирлаш, уларга техник хизмат кўрсатиш ва улардан фойдаланиш, дастурий таъминот воситаларини харид қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш;
Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари тўпламларини, ўқув-методик қўлланмалар ва матбаа маҳсулотларини сотиб олиш;
Инспекция фаолияти учун инвентарлар ва хўжалик жиҳозлари, автотранспорт воситалари, эҳтиёт қисмлар ҳамда бошқаларни сотиб олиш, шунингдек, жорий ва мукаммал таъмирлаш;
конференция, симпозиум, семинар, тренинг, йиғилиш, учрашув, байрам, маданий ва спорт тадбирларини ташкил қилиш ҳамда ўтказиш;
истеъмол этил спирти ишлаб чиқарувчи корхоналарда этил спиртнинг сифатини аниқлаш бўйича лабораторияларни ташкил этиш, сақлаш ва ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари.
Бунда, лаборатория ходимларига Инспекциянинг ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш шартлари татбиқ этилади. Лаборатория ходимларнинг тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан келишилади;
д) Инспекциянинг идоравий харажатлари учун:
хорижий делегацияларни кутиб олиш ва кузатиш билан боғлиқ харажатлар учун (меҳмонларни кутиб олиш ва кузатиш, меҳмонхона, транспорт, таржимонларни ёллаш харажатлари ҳамда эсдалик совғаларини харид қилиш билан боғлиқ бўлган харажатлар ва бошқалар);
Инспекция ходимларининг хорижий давлатларга хизмат сафарлари харажатлари, хизмат сафари давридаги вакиллик харажатларига (расмий қабуллар, таржимонларни ёллаш ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда эсдалик совғаларини харид қилиш билан боғлиқ бўлган харажатлар ва бошқалар);
алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг назорат харидини амалга ошириш ҳамда уларни экспертиза (тест)дан ўтказиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш;
кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш (шу жумладан, хорижий давлатларда) ҳамда Инспекция ходимларининг чет эл хизмат сафарларига бориши, шунингдек, хорижий давлатларда тажрибасини ошириши билан боғлиқ харажатларни қоплаш;
алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга ишлаб чиқариш жараёнларини мониторинг ва назорат қилиш имконини берувчи видеокузатув воситаларини ўрнатиш;
е) қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа харажатларга.
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилмаган бўлса, Жамғарма маблағлари ҳисобидан қўшимча штат бирликларини жорий этиш тақиқланади.
4-боб. Жамғармани бошқариш
8. Жамғарма маблағлари Жамғарма маблағларини тасарруф этиш бўйича кенгашнинг (кейинги ўринларда — Жамғарма кенгаши) қарори асосида сарфланади. Кенгаш Жамғарманинг юқори органи ҳисобланади.
9. Жамғарма кенгашининг таркиби Бош прокурор ўринбосари — Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи томонидан тасдиқланади.
10. Жамғарма кенгашининг қарори асосида Жамғарма маблағларини сарфлашнинг аниқ мақсадлари, йўналишлари ва унинг миқдорини кўрсатган ҳолда, Инспекция бошлиғининг буйруғи чиқарилади.
11. Жамғарма кенгаши:
Жамғарманинг кейинги йил учун даромадлар ва харажатлар сметасини ҳар йили 25 декабргача тасдиқлайди;
Жамғарманинг чорак якуни бўйича даромадлари ва маблағларининг харажатлари тўғрисидаги ҳисоботларини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;
Жамғарманинг фаолиятини, шу жумладан, маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланишини, молиявий ёрдам кўрсатиш тўғрисида ўз вақтида қарор қабул қилишни назорат қилади;
Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
5-боб. Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасини тузиш, тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш
12. Жамғарма тушумларининг прогноз кўрсаткичлари йил бошида кутилаётган Жамғармадаги қолдиқ маблағлар ҳамда молия йили давомида тушадиган тушумлардан келиб чиқиб, жорий йилдаги прогноз кўрсаткичлари белгиланади.
13. Жамғарма маблағлари тушуми ва харажатлари тўғрисидаги ҳисоботлар белгиланган тартибда ҳамда муддатларда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этилади.
14. Жамғарма бўйича даромадлар ва харажатлар сметасига тегишли ўзгартиришлар Жамғарма кенгаши томонидан киритилади. Бунда тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметасига қўшимча маблағ талаб этилганда, унга ўзгартиришлар тушумларнинг ҳақиқий ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, Жамғарма кенгаши томонидан киритилади ҳамда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади.
15. Жамғарма маблағларининг шакллантирилиши ва мақсадли фойдаланилиши бўйича Жамғарма кенгаши ҳамда Инспекция бошлиғи масъул ҳисобланади.
16. Жамғарма маблағларининг мақсадли ишлатилиши юзасидан назорат қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
17. Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмай қолган маблағлари кейинги молия йилига ўтказилади ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромадларига олиб қўйилмайди.
6-боб. Якунловчи қоида
18. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 29 октябрь,
713-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
NIZOM
Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamenti qoshidagi Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish inspeksiyasi faoliyatiga oid normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamenti qoshidagi Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish inspeksiyasi faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida” 2024-yil 3-iyundagi PQ-204-son qaroriga muvofiq Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Alkogol va tamaki mahsulotlari bozorini tartibga solish hamda ularning noqonuniy aylanmasining oldini olish chora-tadbirlarini kuchaytirish toʻgʻrisida” 2024-yil 3-iyundagi PF-84-son Farmoniga asosan Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamenti qoshida Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish inspeksiyasi tashkil etilganligi;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamenti qoshidagi Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish inspeksiyasi faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida” 2024-yil 3-iyundagi PQ-204-son qarori bilan Inspeksiya tuzilmasi tasdiqlanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilar:
Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamenti qoshidagi Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish inspeksiyasi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;
Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamenti qoshidagi Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish inspeksiyasining budjetdan tashqari jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazir oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 29-oktabrdagi 713-son qaroriga 1-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamenti qoshidagi Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish inspeksiyasi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamenti qoshidagi Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish inspeksiyasining (keyingi oʻrinlarda — Inspeksiya) asosiy vazifalari, funksiyalari, huquqlari va javobgarligini, shuningdek, faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.
2. Inspeksiya:
Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamenti (keyingi oʻrinlarda — Departament) tarkibidagi mustaqil boʻlinma hisoblanadi;
Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuroriga hamda Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokurorining oʻrinbosari — Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamenti boshligʻiga (keyingi oʻrinlarda — Bosh prokuror oʻrinbosari — Departament boshligʻi) boʻysunuv va hisobdorlik asosida faoliyat koʻrsatadi;
isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol va tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish hamda ulgurji savdosini litsenziyalash, ushbu sohasida litsenziya va xabardorlik tartib-taomillariga rioya etilishini nazorat qiluvchi vakolatli davlat organi hisoblanadi.
3. Inspeksiya oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlis palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, boshqa qonunchilik hujjatlariga, shuningdek, ushbu Nizomga amal qiladi.
4. Inspeksiya yuridik shaxs hisoblanadi, mustaqil balansga, Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasida ochiladigan hisobvaraqlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbi tasviri tushirilgan va oʻz nomi davlat tilida yozilgan muhrga va blankalarga ega boʻladi.
5. Inspeksiyaning oʻz vakolatlari doirasida qabul qilgan qarorlari barcha davlat organlari, tashkilotlar, mansabdor shaxslar va fuqarolar tomonidan bajarilishi majburiy hisoblanadi.
6. Inspeksiyaning rasmiy nomi:
a) davlat tilida:
toʻliq nomi — Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamenti qoshidagi Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish inspeksiyasi, qisqartirilgan nomi — Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish inspeksiyasi;
b) ingliz tilida:
toʻliq nomi — Inspectorate for regulation of the alcohol and tobacco market at the Department on Combating Economic Crimes at the General Prosecutor's Office of the Republic of Uzbekistan, qisqartirilgan nomi — Inspectorate for regulation of the alcohol and tobacco market;
v) rus tilida:
toʻliq nomi — Inspeksiya po regulirovaniyu alkogolnogo i tabachnogo rinka pri Departamente po borbe s ekonomicheskimi prestupleniyami pri Generalnoy prokurature Respubliki Uzbekistan, qisqartirilgan nomi — Inspeksiya po regulirovaniyu alkogolnogo i tabachnogo rinka.
7. Inspeksiya oʻz faoliyatini har qanday davlat organlari, boshqa tashkilotlar va ularning mansabdor shaxslaridan mustaqil ravishda, faqat qonunchilik hujjatlariga boʻysungan holda amalga oshiradi.
8. Inspeksiyaning moliyaviy va moddiy-texnik taʼminoti Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti hamda budjetdan tashqari mablagʻlar hisobidan moliyalashtiriladi.
9. Inspeksiyada shakllantirish va foydalanish tartibi qonunchilik hujjatlariga muvofiq belgilanadigan budjetdan tashqari jamgʻarmalar tashkil etiladi.
10. Inspeksiya oʻziga yuklangan vazifalarni bajarish maqsadida qonunchilikda belgilangan tartibda davlat organlari, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari va boshqa tashkilotlar bilan hamkorlik qiladi hamda aniqlangan huquqbuzarliklarga oid mavjud materiallar toʻgʻrisidagi axborot bilan, shu jumladan, boshqa axborot bilan elektron shaklda almashadi.
2-bob. Inspeksiyaning vazifalari va funksiyalari
11. Quyidagilar Inspeksiyaning asosiy vazifalari hisoblanadi:
isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlari ishlab chiqarish va realizatsiya qilish hamda uning nazoratini taʼminlash boʻyicha yagona davlat siyosatini yuritishda ishtirok etish;
isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish va realizatsiya qilish sohasini rivojlantirishga yoʻnaltirilgan kompleks dasturlarni amalga oshirish;
isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish, shuningdek, alkogol mahsulotlarining ulgurji savdosi boʻyicha faoliyatni litsenziyalash;
davlat standartlari va qonunchilik hujjatlari talablariga qatʼiy amal qilgan holda, isteʼmol hamda texnik etil spirti, alkogol va tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarishda texnik va texnologik joriy etish ularga rioya etilishini nazorat qilish ishlarini tegishli vakolatli organlar bilan birgalikda tashkil qilish;
isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol va tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish, ularning ulgurji savdosi sohasida litsenziya va xabardorlik tartib-taomillariga rioya etilishini tekshirish hamda monitoring qilish;
isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish, ularning aylanmasi hajmlarini monitoring va nazorat qilish boʻyicha zamonaviy axborot tizimlarini joriy etish hamda rivojlantirish;
alkogol va tamaki mahsulotlarini noqonuniy ishlab chiqarish hamda aylanmasining oldini olish, ularni aniqlash va ularga barham berish, bunga imkon beruvchi sabablar hamda sharoitlarni bartaraf etish borasida vakolatli organlar bilan hamkorlik qilish;
alkogol va tamaki mahsulotlari uchun yangi namunadagi aksiz markalarini ishlab chiqishda qatnashish hamda ularning noqonuniy ishlab chiqarilishi va sotilishiga yoʻl qoʻymaslikka qaratilgan profilaktika hamda tushuntirish ishlarini amalga oshirish.
12. Inspeksiya oʻziga yuklangan vazifalarga muvofiq quyidagi funksiyalarni amalga oshiradi:
a) isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlari ishlab chiqarish va realizatsiya qilish hamda uning nazoratini taʼminlash boʻyicha yagona davlat siyosatini yuritishda ishtirok etish sohasida:
alkogol mahsulotlarini ishlab chiqarish sanoatini diversifikatsiya qilish va raqobatbardoshligini oshirish, ushbu sohaga xalqaro standartlarni joriy qilish;
isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish va realizatsiya qilish sohasida davlat siyosati amalga oshirilishini taʼminlash, ushbu yoʻnalishda davlat organlari va tashkilotlari, ishlab chiqarish va savdo faoliyatini amalga oshiruvchi subyektlar bilan hamkorlik qilish;
alkogol va tamaki mahsulotlarining tarqatilishini hamda isteʼmol qilinishini cheklash sohasidagi davlat dasturlarining ishlab chiqish va amalga oshirishda ishtirok etish;
alkogol va tamaki mahsulotlarining, tamakini hamda nikotinni isteʼmol qilish moslamalarining ulgurji va chakana savdosi tartibini belgilashda ishtirok etish;
b) isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlari ishlab chiqarish va realizatsiya qilish sohasini rivojlantirishga yoʻnaltirilgan kompleks dasturlarni amalga oshirish sohasida:
vinochilik sohasida mutaxassislarni tayyorlash va qayta tayyorlash, mahalliy alkogol, shu jumladan, vino mahsulotlarini ishlab chiqarishni va sotishni xalqaro maydonda targʻib qilish maqsadida festivallar, koʻrgazmalar va yarmarkalarni tashkil etish, shuningdek, ularda mahalliy ishlab chiqaruvchilarning ishtirok etishiga koʻmaklashish;
kolleksion vino va konyak mahsulotlarini zaxiraga qoʻyish hamda sara milliy brend markalarining kolleksion mahsulotlarini auksion savdolariga qoʻyishga koʻmaklashish;
alkogol va tamaki mahsulotlarining tarqatilishini hamda isteʼmol qilinishini cheklash, salbiy taʼsirining oldini olish borasida davlat organlari bilan hamkorlik qilish;
alkogol va tamaki bozorini tartibga solish sohasida xalqaro tashkilotlar hamda xorijiy davlatlarning vakolatli tashkilotlari bilan xalqaro hamkorlik qilish;
alkogol va vinochilik sohasida yuqori malakali xorijiy mutaxassislar hamda maslahatchilarni jalb qilish, tarmoq mutaxassislarining respublikaning yetakchi korxonalari, ilmiy-tadqiqot institutlarida malakasini oshirish va ularning qayta tayyorlashni, shuningdek, chet elda malakasini oshirishni tashkil etishda koʻmaklashish;
alkogol mahsulotlarini ishlab chiqaruvchi korxonalarga tegishli degustatsiya hududlari turoperatorlarning yoʻnalish dasturlariga kiritilishini tashkil etishda koʻmaklashish;
v) isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish, shuningdek, alkogol mahsulotlarining ulgurji savdosi boʻyicha faoliyatni litsenziyalash sohasida:
isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish, shuningdek, alkogol mahsulotlarining ulgurji savdosi boʻyicha faoliyatga qonunchilik hujjatlari talablari asosida litsenziya berish, qayta rasmiylashtirish hamda uning amal qilishini toʻxtatib turish va qayta tiklash;
litsenziyani oʻzgartirish, bekor qilish yoki qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan hollarda va tartibda litsenziyani bekor qilish toʻgʻrisida sudga murojaat qilish;
isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish, shuningdek, alkogol mahsulotlarining ulgurji savdosi boʻyicha faoliyatni amalga oshirish huquqini beradigan litsenziyaga ega boʻlgan tashkilotlar reyestrini yuritish;
jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlariga asosan isteʼmol hamda texnik etil spirti, alkogol va tamaki mahsulotlarini ishlab chiqaruvchilar, shuningdek, alkogol va tamaki mahsulotlarining ulgurji savdosi bilan shugʻullanuvchi subyektlar tomonidan litsenziya va xabardorlik tartib-taomillari talablariga rioya etilishini oʻrganish;
g) davlat standartlari va qonunchilik hujjatlari talablariga qatʼiy amal qilgan holda, isteʼmol hamda texnik etil spirti, alkogol va tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarishda texnik hamda texnologik joriy etish, ularga rioya etilishini nazorat qilish ishlarini tegishli vakolatli organlar bilan birgalikda tashkil qilish sohasida:
vakolatli organlar bilan birgalikda isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish jarayonlariga standartlar, texnik va texnologik reglamentlar, sanitariya-gigiyena normalarini ishlab chiqish, joriy etish va takomillashtirish hamda ularni xalqaro standartlarga muvofiqlashtirish;
Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi bilan birgalikda korxonalarda alkogol, uzum, mevalar va reza mevalardan tayyorlanadigan alkogolli mahsulotlar ishlab chiqarish boʻyicha xalqaro standartlarni joriy qilishga koʻmaklashish;
isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarishda texnik va texnologik normalarga rioya etilishini, mahsulotlarni saqlash sifatini hamda ularni aylanmasini, shu jumladan, foydalaniladigan xomashyo va yordamchi materiallar sifatini nazorat qilish;
isteʼmolchilarning ishlab chiqarilayotgan va sotilayotgan alkogol hamda tamaki mahsulotlarining sifati boʻyicha murojaatlarini tegishli vakolatli organlar bilan hamkorlikda oʻrganib chiqish;
alkogol va tamaki bozorini tartibga solishga qaratilgan normativ-huquqiy bazani, shuningdek, texnik va texnologik reglamentlar, xalqaro standartlarni takomillashtirish masalalari boʻyicha xalqaro tashkilotlar yigʻilishlarida, konferensiya va seminarlarida ishtirok etish;
zarur asbob-uskunalar, priborlar, kimyoviy reaktivlar va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar bilan jihozlangan, texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarda nazarda tutilgan barcha zarur fizik-kimyoviy, mikrobiologik va boshqa koʻrsatkichlarni tahlil qilish imkonini beruvchi ishlab chiqarish laboratoriyalari mavjudligini oʻrganish;
d) isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol va tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish hamda ularning ulgurji savdosi sohasida litsenziya va xabardorlik tartib-taomillariga rioya etilishini tekshirish hamda monitoring qilish sohasida:
isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish, ularning ulgurji savdosi sohasida litsenziya va xabardorlik tartib-taomillariga rioya etilishini tashkilotlar tomonidan taqdim etiladigan maʼlumotlar hamda axborot tizimi maʼlumotlari asosida monitoring qilish;
isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish, ularning ulgurji savdosi boʻyicha litsenziya va xabardorlik tartib-taomillari oʻz vaqtida hamda toʻliq bajarilishini joyiga chiqqan holda oʻrganish;
huquqni muhofaza qiluvchi va nazorat organlari bilan hamkorlikda etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlarini noqonuniy ishlab chiqarish va sotish holatlarini aniqlash hamda bartaraf etish choralarini koʻrish;
isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish, ularning ulgurji savdosi bilan shugʻullanuvchi subyektlarga nisbatan ogohlantirish, moliyaviy sanksiya, litsenziya yoki xabardorlik hujjatining amal qilishini toʻxtatib turish yoki tugatish kabi huquqiy taʼsir choralarini belgilangan tartibda qoʻllash;
ishlab chiqarish va savdo sohasida isteʼmol hamda texnik etil spirti, alkogol va tamaki mahsulotlarining nazorat xaridini amalga oshirish, vakolatli organlar bilan hamkorlikda ularning texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga muvofiqligini nazorat qilish maqsadida sinov laboratoriyalarida ekspertizadan oʻtkazish;
litsenziya tartib-taomili boʻyicha yigʻimlar va yillik litsenziya toʻlovlari oʻz vaqtida toʻlanishini nazorat qilish;
e) isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish, ularning aylanmasi hajmlarini monitoring va nazorat qilish boʻyicha zamonaviy axborot tizimlarini joriy etish hamda rivojlantirish sohasida:
alkogol va tamaki bozori sohasini raqamlashtirish hamda rivojlantirish choralarini amalga oshirish;
isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlari ishlab chiqarilishi va aylanmasini hisobga olish, xavflarni aniqlash, monitoring va nazorat qilish imkonini beruvchi axborot tizimini joriy etish hamda vazirlik va idoralarning axborot tizimlari bilan integratsiya qilish choralarini koʻrish;
mulkdorlarning oʻz mablagʻlari hisobidan isteʼmol va texnik etil spirti hamda alkogol mahsulotlarini ishlab chiqarishda oʻlchov uskunalarini va hisobga olish axborot tizimiga axborot uzatuvchi boshqa hisobga olish va qayd etish vositalarini oʻrnatishda koʻmaklashish;
ishlab chiqarish korxonalarida “Asl belgisi” mahsulotlarni markirovkalash va kuzatib borish milliy axborot tizimi, ishlab chiqarish hajmlarini hisobga olish axborot tizimi joriy etilishini taʼminlash;
j) alkogol va tamaki mahsulotlarini noqonuniy ishlab chiqarish hamda aylanmasining oldini olish, ularni aniqlash va ularga barham berish, bunga imkon beruvchi sabablar hamda sharoitlarni bartaraf etish borasida vakolatli organlar bilan hamkorlik qilish:
alkogol mahsulotlarini ishlab chiqaruvchilar tomonidan isteʼmol etil spirtidan maqsadli foydalanishini qonunchilikda belgilangan tartibda tekshirish va nazorat qilish;
isteʼmol etil spirtining har bir ishlab chiqarilgan mahsulot namunalari ularning sifati normativ hujjatlar talablariga muvofiqligini aniqlash maqsadida sinovdan oʻtkazish hamda sinov natijalari boʻyicha isteʼmol etil spirti mahsulotlarining muvofiqligi yoki ishlab chiqarish jarayoniga qayta ishlash uchun qaytarish toʻgʻrisida xulosalar berish;
isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarishda texnik va texnologik normalarga rioya etilishini, mahsulotlarni saqlash sifatini va ularning aylanmasini, shu jumladan, foydalaniladigan xomashyo va yordamchi materiallar sifatini nazorat qilish;
alkogol va tamaki mahsulotlarini noqonuniy ishlab chiqarish hamda ularning aylanmasini aniqlash va chek qoʻyishda huquqni muhofaza qilish va nazorat organlari bilan hamkorlik qilish;
litsenziya hamda xabardorlik tartib-taomilini buzgan subyektlar, shuningdek, alkogol va tamaki mahsulotlarining noqonuniy aylanmasi bilan bogʻliq maʼlumotlarning markazlashgan hisobini yuritish, bunday holatlar xaritasini tuzish;
alkogol va tamaki mahsulotlarini noqonuniy ishlab chiqarish hamda ularning aylanmasi koʻlamini, shuningdek, bunga imkon berayotgan sharoitlarni tahlil qilish hamda bartaraf etish boʻyicha takliflar ishlab chiqish;
z) alkogol va tamaki mahsulotlari uchun yangi namunadagi aksiz markalarini ishlab chiqishda qatnashish hamda ularning noqonuniy ishlab chiqarilishi va sotilishiga yoʻl qoʻymaslikka qaratilgan profilaktika hamda tushuntirish yillarini amalga oshirish sohasida:
alkogol va tamaki mahsulotlari aksiz markalarining himoya darajasini oshirish boʻyicha takliflar ishlab chiqish, yangi namunadagi aksiz markalarini ishlab chiqishda qatnashish;
aksiz markalari aylanmasi hisobini yuritish, eski namunadagi aksiz markalarini yoʻq qilishda ishtirok etish;
huquqni muhofaza qilish va nazorat organlari bilan hamkorlikda isteʼmol hamda texnik etil spirti, alkogol va tamaki mahsulotlarini noqonuniy ishlab chiqarish va realizatsiya qilish holatlarining oldini olish choralarini koʻrish;
alkogol va tamaki mahsulotlari noqonuniy aylanmasiga qarshi kurashishga keng jamoatchilikni jalb qilish, huquqbuzarliklarning oldini olish;
aholi oʻrtasida alkogol va tamaki mahsulotlarini noqonuniy ishlab chiqarish hamda sotish oqibatlari haqida targʻibot tadbirlarini amalga oshirish, ushbu sohada ommaviy axborot vositalari bilan oʻzaro hamkorlik qilish.
Inspeksiya qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa funksiyalarni ham amalga oshirishi mumkin.
3-bob. Inspeksiyaning huquq va majburiyatlari
13. Inspeksiya oʻziga yuklangan vazifalar va funksiyalarni amalga oshirish uchun quyidagi huquqlarga ega:
Inspeksiyaga yuklangan vazifalar va funksiyalarning bajarilishi bilan bogʻliq normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini ishlab chiqish va belgilangan tartibda kiritish;
tashkilotlar, mansabdor shaxslar va fuqarolardan oʻz vakolatlariga kiruvchi masalalar boʻyicha materiallar, maʼlumotlar hamda tushuntirishlarni olish;
oʻziga yuklangan vazifalarni amalga oshirish uchun davlat organlari va tashkilotlarining maʼlumotlari bazasiga belgilangan tartibda ulanish va ulardan real vaqt rejimida foydalanish;
oʻz vakolatiga kiruvchi masalalar boʻyicha zarur statistika maʼlumotlarni bepul olish;
alkogol va tamaki mahsulotlari sifatini belgilash hamda nazorat qilish boʻyicha qoʻshma tadbirlar oʻtkazish;
isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlarini ishlab chiqaruvchilar, alkogol va tamaki mahsulotlarining ulgurji savdosi bilan shugʻullanuvchi tashkilotlar faoliyatini belgilangan tartibda tekshirish;
tekshirilayotgan tashkilotlarning rahbarlari va mutaxassislaridan ularning faoliyati bilan bogʻliq masalalar boʻyicha zarur hujjatlar va tushuntirishlar olish;
isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish, saqlash va sotish bilan shugʻullanuvchi tashkilotlarda aniqlangan huquqbuzarlik holatlari boʻyicha hujjatlarni tegishli huquqni muhofaza qiluvchi organlarga yuborish;
isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish, alkogol hamda tamaki mahsulotlari ulgurji savdosi sohasida litsenziya va xabardorlik tartib-taomillarini buzgan subyektlarga nisbatan huquqiy va moliyaviy taʼsir choralarini qoʻllash;
soliq organlaridan alkogol va tamaki mahsulotlari bilan chakana savdo qiluvchi subyektlar haqidagi (savdo nuqtalari soni, ularni joylashuv joyi va boshqalar) maʼlumotlarni soʻrab olish va hisobini olib borish;
zarur hollarda, tekshirilayotgan tashkilotlarga aniqlangan qonun buzilishlarini bartaraf etish, shuningdek, davlat standartlari va texnik reglamentlar talablariga javob bermaydigan mahsulotlar ishlab chiqarilishi hamda sotilishini toʻxtatish toʻgʻrisida taqdimnoma kiritish;
qonunchilikka asosan isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish, shuningdek, alkogol va tamaki mahsulotlarining ulgurji savdosi bilan shugʻullanish huquqini beruvchi litsenziya va xabarnoma hujjatining amal qilishini toʻxtatib turish yoki bekor qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilish yoki mazkur masalalarda sudlarga arizalar bilan murojaat qilish.
Inspeksiya qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
14. Inspeksiya oʻziga yuklangan vazifa va funksiyalarning bajarilishi, shuningdek, alkogol hamda tamaki bozorini tartibga solish boʻyicha davlat siyosatini samarali amaliy amalga oshirilishi uchun javob beradi.
15. Inspeksiya quyidagilarga majbur:
oʻziga yuklangan vazifa va funksiyalarni oʻz vaqtida hamda sifatli bajarish;
davlat, tijorat sirlarining hamda nazorat obyektlarining qonunchilik bilan qoʻriqlanadigan manfaatlari himoya qilinishini taʼminlash.
16. Inspeksiya xodimlariga ushbu Nizomda belgilanmagan vazifalarni topshirish hamda faoliyatiga bogʻliq boʻlmagan vazifalarga jalb etish taqiqlanadi.
4-bob. Inspeksiya faoliyatini tashkil etish
17. Inspeksiyaga Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi bilan kelishgan holda Bosh prokuror oʻrinbosari — Departament boshligʻining taqdimnomasiga asosan Bosh prokuror tomonidan lavozimga tayinlanadigan va lavozimdan ozod qilinadigan boshliq rahbarlik qiladi.
18. Inspeksiya boshligʻi maqomi, mehnatga haq toʻlash shartlari, tibbiy va transport xizmati koʻrsatish sharoitlari boʻyicha Departament boshligʻi oʻrinbosariga tenglashtiriladi.
19. Inspeksiya xodimlari Inspeksiya boshligʻining taqdimnomasiga asosan Bosh prokuror oʻrinbosari — Departament boshligʻi tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimdan ozod etiladi.
20. Prokuratura organlari xodimlari xizmatda qoldirilgan holda Inspeksiyada lavozimga tayinlanishi mumkin. Bunda lavozimga tayinlangan xodimning faoliyat davri navbatdagi darajali unvon berish, koʻp yillik xizmati uchun ustama haq toʻlash, maoshini belgilash, pullik taʼminot va pensiya tayinlash huquqini berish uchun prokuratura organlaridagi xizmat stajiga qoʻshib hisoblanadi, shuningdek, darajali unvonlar va mehnatning alohida sharoitlari uchun ustamalar toʻlanadi.
21. Inspeksiyada xizmatni oʻtash tartibi Bosh prokuror tomonidan belgilanadi. Bunda xodimlarni lavozimga tayinlash va lavozimdan ozod etishda Departament organlariga xizmatga qabul qilish va xizmatdan boʻshatish talablari hamda shartlari tatbiq etiladi.
22. Inspeksiya boshligʻi:
Inspeksiya faoliyatiga umumiy rahbarlik qiladi hamda Inspeksiyaga yuklangan vazifa va funksiyalarning samarali bajarilishini taʼminlaydi;
Inspeksiyaga yuklangan vazifalarning bajarilishi uchun shaxsan javob beradi;
Inspeksiya vakolatiga kiruvchi masalalar boʻyicha buyruq, koʻrsatma va farmoyish qabul qiladi;
xodimlarni xizmat safarlariga yuborish toʻgʻrisida buyruq chiqaradi, xodimlarni xorijiy davlatlarga xizmat safariga yuborish masalalari boʻyicha Bosh prokuror oʻrinbosari — Departament boshligʻiga taklif kiritadi;
Bosh prokuror oʻrinbosari — Departament boshligʻiga Inspeksiya xodimlarini ishga qabul qilish, ishdan boʻshatish va boshqa ishga oʻtkazish yuzasidan takliflar kiritadi;
Inspeksiya xodimlarini intizomiy javobgarlikka tortish, ragʻbatlantirish hamda davlat mukofotlariga taqdim etish haqida takliflar kiritadi;
Inspeksiya faoliyatini rejalashtirishni tashkil qiladi, Inspeksiya va tarkibiy boʻlinmalarining ish rejalarini tasdiqlaydi;
Inspeksiya tarkibiy boʻlinmalari boshliqlarining hisobotlarini eshitadi;
Inspeksiya faoliyatiga oid masalalar yuzasidan tezkor yigʻilishlar oʻtkazadi;
boshqa davlat organlari va tashkilotlari, korxonalar, muassasalar, shuningdek, chet el davlatlari vakolatli organlari bilan hamkorlik toʻgʻrisida kelishuvlar va boshqa shartnomalar tuzadi;
Inspeksiya faoliyatida ijro intizomini mustahkamlash choralarini koʻradi va nazorat qiladi;
Inspeksiya xodimlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirishni tashkil qiladi.
Inspeksiya boshligʻi qonunchilikda nazarda tutilgan boshqa funksiyalarni ham bajarishi mumkin.
23. Inspeksiya xodimlarini ragʻbatlantirish yoki intizomiy jazo choralarini qoʻllash Inspeksiya xodimlarini lavozimga tayinlash va lavozimdan ozod etish vakolatiga ega boʻlgan Bosh prokuror va Bosh prokuror oʻrinbosari — Departament boshligʻi tomonidan amalga oshiriladi.
24. Inspeksiyaning boshqaruv xodimlari tibbiy xizmat sharoitlari va ijtimoiy himoya choralari boʻyicha Departament organlari xodimlariga tenglashtiriladi.
5-bob. Yakunlovchi qoidalar
25. Inspeksiya faoliyatiga noqonuniy aralashish yoki toʻsqinlik qilish, notoʻgʻri maʼlumotlarni taqdim etish yoki taqdim etishdan boʻyin tovlash, shuningdek, Inspeksiyaning mansabdor shaxslarini qonunchilik hujjatlari bilan yuklanmagan vazifalarni bajarishga majburlash hamda ularga har qanday shaklda taʼsir koʻrsatish taqiqlanadi va qonunchilikda belgilangan javobgarlikka sabab boʻladi.
26. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 29-oktabrdagi 713-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamenti qoshidagi Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish inspeksiyasining budjetdan tashqari jamgʻarmasi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamenti qoshidagi Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish inspeksiyasining (keyingi oʻrinlarda — Inspeksiya) budjetdan tashqari jamgʻarmasini (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) tashkil etish, Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish tartibini belgilaydi.
2. Jamgʻarma yuridik shaxs tashkil etmagan holda, budjet tashkilotlarining budjetdan tashqari jamgʻarmasi shaklida, mablagʻlardan Inspeksiyaning moddiy-texnik bazasini mustahkamlash, xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish va ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash maqsadida tashkil etiladi.
2-bob. Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish
3. Jamgʻarma mablagʻlari quyidagi manbalar hisobidan shakllantiriladi:
alkogol va tamaki mahsulotlarini noqonuniy ishlab chiqarganlik yoki isteʼmol etil spirti hamda alkogol mahsulotlarining noqonuniy aylanmasi uchun toʻlanadigan jarima summasining 50 foizi;
isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish, ulgurji va chakana savdo yoʻnalishida litsenziyalash hamda xabardor qilish tartib-taomillari sohasidagi huquqbuzarliklar uchun yuridik shaxslarga solinadigan jarimalar;
isteʼmol va texnik etil spirtidan maqsadsiz foydalanilganlik uchun undiriladigan moliyaviy jarima summasining 20 foizi. Bunda soliq organlari tomonidan qoʻllaniladigan xarid qilingan isteʼmol va texnik etil spirti hajmiga hisoblanadigan aksiz soligʻi summasining 2,5 baravari miqdoridagi moliyaviy jarima summasidan kelib chiqiladi;
isteʼmol va texnik etil spirtini transport vositalarida tashish boʻyicha litsenziya talablarini buzganlik uchun undiriladigan moliyaviy jarima summasining 50 foizi;
tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish huquqiga litsenziya berganlik uchun davlat boji, shuningdek, isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol mahsulotlarini ishlab chiqarishga, alkogol mahsulotlarining ulgurji savdosini amalga oshirishga litsenziyalar berish uchun toʻlanadigan yigʻimlar va yillik litsenziya toʻlovlari;
xalqaro moliya institutlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlarining kreditlari (qarzlari) hamda grantlari;
Jamgʻarmaning vaqtincha boʻsh turgan mablagʻlarini tijorat banklariga depozitga qoʻyishdan olingan foiz tarzidagi daromadlar;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
4. Jamgʻarmaga tushgan mablagʻlar Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasida ochilgan maxsus hisobvaraqda jamlanadi.
5. Tasdiqlangan daromadlar va xarajatlar smetasidan ortiqcha haqiqiy tushumlar smetalarga tegishli oʻzgartirishlar kiritilgandan soʻng sarflanadi.
3-bob. Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanish
6. Jamgʻarma mablagʻlaridan quyidagi maqsadlarda foydalaniladi:
a) Inspeksiya xodimlariga koʻp yillik xizmati uchun har oyda toʻlanadigan ustamalarni toʻlash uchun (ragʻbatlantirish koeffitsiyentini inobatga olgan holda lavozim maoshiga nisbatan koeffitsiyentlarda);
b) Inspeksiya xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish uchun:
xodimlarni moddiy ragʻbatlantirish va ularga moddiy yordam koʻrsatish;
mamlakat iqtisodiy manfaatlarini himoya qilish borasida shaxsiy hissasini qoʻshgan, mehnatda yuqori natijalarga erishgan, xizmat vazifalarini sidqidildan va samarali bajarayotgan malakali, tashabbuskor rahbar va xodimlarga lavozim maoshining 300 foizgacha boʻlgan miqdorlarda oylik lavozim maoshlariga (ragʻbatlantirish koeffitsiyentini inobatga olgan holda) belgilanadigan shaxsiy ustamalarni toʻlash. Bunda, Inspeksiyaga prokuratura organlaridan oʻtgan xodimlarga nisbatan 200 foizgacha etib belgilansin;
bayram sanalarida — Mustaqillik kuni, Konstitutsiya kuni, Xotin-qizlar kuni, Navroʻz, Yangi yil, diniy bayramlarda (“Roʻza hayiti” (Iyd-al-Fitr) va “Qurbon hayiti” (Iyd-al-Adha) bayramlarida hamda prokuratura organlari xodimlari kuni munosabati bilan xodimlarni oylik lavozim maoshining ikki barobari miqdorigacha mukofotlash;
pensiyaga chiqishi munosabati bilan pensiyaga chiqayotganda, xodimga lavozim maoshining uch barobari miqdorigacha qimmatbaho sovgʻalar berish yoki shu miqdorda pul mukofoti toʻlash;
xodimlarning mehnat taʼtili pulini, shuningdek, foydalanilmagan mehnat taʼtillari uchun pulli kompensatsiya pulining tegishli qismini toʻlash;
v) Inspeksiya xodimlarini ijtimoiy himoya qilish uchun:
uy-joy bilan taʼminlanmagan xodimlarga amaldagi sarf-xarajatlar doirasida uy-joyni ijaraga berish shartnomasiga muvofiq uy-joylarni ijaraga olganlik (ijarada turganlik) uchun bazaviy hisoblash miqdorining yetti baravaridan oshmagan miqdorda har oylik kompensatsiya toʻlash;
jamoat transportidan (marshrut va yoʻnalishli taksilardan tashqari) foydalanish xarajatlarini qisman qoplash uchun bazaviy hisoblash miqdorining ikki baravari miqdorida kompensatsiya toʻlash;
xodimlarni ijtimoiy muhofaza qilish va ularning mehnati samaradorligini oshirish maqsadida har oyda ovqatlanish xarajatlarini qisman qoplash uchun bazaviy hisoblash miqdorining ikki baravari miqdorida kompensatsiya toʻlash;
xodim vafot etganda, xodimning oylik lavozim maoshining oʻn baravaridan oshmagan miqdorda bir yoʻla moddiy yordam berish. Bunda moddiy yordam turmush oʻrtogʻiga toʻlab beriladi, agar xodimning turmush oʻrtogʻi boʻlmasa, moddiy yordam farzandlariga yoki qonuniy vakillariga (vasiylari va homiylariga) yoxud ularning voyaga yetmagan farzandlarini asrab olgan shaxslarga toʻlanadi, shuningdek, xodim turmush qurmagan boʻlsa, moddiy yordam uning ota-onasi yoki boqimandalari oʻrtasida teng ulushlarda taqsimlanadi;
alohida zaruratga koʻra (yubiley sanalarida, xodimlar 50 va 60 yoshga toʻlganda, baxtsiz hodisa, ogʻir kasalligi sababli davolanish, sogʻligʻini tiklash, oilaning kam taʼminlanganligi va moliyaviy holatining ogʻirligi) lavozim maoshining ikki baravari miqdorida moddiy yordam berish;
qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini sotib olish uchun yilda bir marta (qoida tariqasida kuz oylarida) bazaviy hisoblash miqdorining sakkiz baravarigacha miqdorida moddiy yordam puli berish;
xodim yoki uning farzandlari nikohdan oʻtishi munosabati bilan lavozim maoshining (ragʻbatlantirish koeffitsiyentini inobatga olgan holda) ikki baravari miqdorigacha moddiy yordam berish;
xodimning yaqin qarindoshi (ota-onasi, turmush oʻrtogʻi, farzandi) vafot etganda — vafoti toʻgʻrisida guvohnoma nusxasi taqdim etilganda, mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining toʻrt yarim baravari miqdorida moddiy yordam berish;
xodimlarning mehnat shart-sharoitlarini yaxshilash va mehnatini muhofaza qilish;
g) Inspeksiyaning moddiy-texnik bazasini rivojlantirish uchun:
Inspeksiya bino va inshootlarini mukammal hamda joriy taʼmirlash, qoʻshimcha obyektlarni (maʼmuriy binolar va boshqalar) qurish, rekonstruksiya qilish, sotib olish, ijara hamda obyektlarni saqlash xarajatlari;
Inspeksiya faoliyatini taʼminlash bilan bogʻliq maʼmuriy va xoʻjalik xarajatlarini (kommunal xizmatlar, safar xarajatlari, avtotransport vositalarini ijara olish va boshqalar) qoplash;
axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini takomillashtirish, innovatsion va ilgʻor texnologiyalarni joriy etish, aloqa vositalari, hisoblash texnikasi, jihozlar, kompyuter hamda tashkiliy texnikani sotib olish, taʼmirlash, ularga texnik xizmat koʻrsatish va ulardan foydalanish, dasturiy taʼminot vositalarini xarid qilish va ularga xizmat koʻrsatish;
Oʻzbekiston Respublikasining normativ-huquqiy hujjatlari toʻplamlarini, oʻquv-metodik qoʻllanmalar va matbaa mahsulotlarini sotib olish;
Inspeksiya faoliyati uchun inventarlar va xoʻjalik jihozlari, avtotransport vositalari, ehtiyot qismlar hamda boshqalarni sotib olish, shuningdek, joriy va mukammal taʼmirlash;
konferensiya, simpozium, seminar, trening, yigʻilish, uchrashuv, bayram, madaniy va sport tadbirlarini tashkil qilish hamda oʻtkazish;
isteʼmol etil spirti ishlab chiqaruvchi korxonalarda etil spirtning sifatini aniqlash boʻyicha laboratoriyalarni tashkil etish, saqlash va xodimlar mehnatiga haq toʻlash xarajatlari.
Bunda, laboratoriya xodimlariga Inspeksiyaning xodimlari uchun belgilangan mehnatga haq toʻlash, moddiy ragʻbatlantirish va ijtimoiy himoya qilish shartlari tatbiq etiladi. Laboratoriya xodimlarning tarif setkasi boʻyicha mehnatga haq toʻlash razryadlari Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi bilan kelishiladi;
d) Inspeksiyaning idoraviy xarajatlari uchun:
xorijiy delegatsiyalarni kutib olish va kuzatish bilan bogʻliq xarajatlar uchun (mehmonlarni kutib olish va kuzatish, mehmonxona, transport, tarjimonlarni yollash xarajatlari hamda esdalik sovgʻalarini xarid qilish bilan bogʻliq boʻlgan xarajatlar va boshqalar);
Inspeksiya xodimlarining xorijiy davlatlarga xizmat safarlari xarajatlari, xizmat safari davridagi vakillik xarajatlariga (rasmiy qabullar, tarjimonlarni yollash hamda bazaviy hisoblash miqdorining ellik baravarigacha miqdorda esdalik sovgʻalarini xarid qilish bilan bogʻliq boʻlgan xarajatlar va boshqalar);
alkogol va tamaki mahsulotlarining nazorat xaridini amalga oshirish hamda ularni ekspertiza (test)dan oʻtkazish bilan bogʻliq xarajatlarni qoplash;
kadrlarni tayyorlash va qayta tayyorlash (shu jumladan, xorijiy davlatlarda) hamda Inspeksiya xodimlarining chet el xizmat safarlariga borishi, shuningdek, xorijiy davlatlarda tajribasini oshirishi bilan bogʻliq xarajatlarni qoplash;
alkogol mahsulotlari ishlab chiqaruvchi korxonalarga ishlab chiqarish jarayonlarini monitoring va nazorat qilish imkonini beruvchi videokuzatuv vositalarini oʻrnatish;
e) qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa xarajatlarga.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining yoki Vazirlar Mahkamasining qarorlarida nazarda tutilmagan boʻlsa, Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan qoʻshimcha shtat birliklarini joriy etish taqiqlanadi.
4-bob. Jamgʻarmani boshqarish
8. Jamgʻarma mablagʻlari Jamgʻarma mablagʻlarini tasarruf etish boʻyicha kengashning (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma kengashi) qarori asosida sarflanadi. Kengash Jamgʻarmaning yuqori organi hisoblanadi.
9. Jamgʻarma kengashining tarkibi Bosh prokuror oʻrinbosari — Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamenti boshligʻi tomonidan tasdiqlanadi.
10. Jamgʻarma kengashining qarori asosida Jamgʻarma mablagʻlarini sarflashning aniq maqsadlari, yoʻnalishlari va uning miqdorini koʻrsatgan holda, Inspeksiya boshligʻining buyrugʻi chiqariladi.
11. Jamgʻarma kengashi:
Jamgʻarmaning keyingi yil uchun daromadlar va xarajatlar smetasini har yili 25-dekabrgacha tasdiqlaydi;
Jamgʻarmaning chorak yakuni boʻyicha daromadlari va mablagʻlarining xarajatlari toʻgʻrisidagi hisobotlarini koʻrib chiqadi va tasdiqlaydi;
Jamgʻarmaning faoliyatini, shu jumladan, mablagʻlardan maqsadli va samarali foydalanishini, moliyaviy yordam koʻrsatish toʻgʻrisida oʻz vaqtida qaror qabul qilishni nazorat qiladi;
Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish bilan bogʻliq boshqa vakolatlarni amalga oshiradi.
5-bob. Jamgʻarma daromadlari va xarajatlari smetasini tuzish, tasdiqlash va roʻyxatdan oʻtkazish
12. Jamgʻarma tushumlarining prognoz koʻrsatkichlari yil boshida kutilayotgan Jamgʻarmadagi qoldiq mablagʻlar hamda moliya yili davomida tushadigan tushumlardan kelib chiqib, joriy yildagi prognoz koʻrsatkichlari belgilanadi.
13. Jamgʻarma mablagʻlari tushumi va xarajatlari toʻgʻrisidagi hisobotlar belgilangan tartibda hamda muddatlarda Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligiga taqdim etiladi.
14. Jamgʻarma boʻyicha daromadlar va xarajatlar smetasiga tegishli oʻzgartirishlar Jamgʻarma kengashi tomonidan kiritiladi. Bunda tasdiqlangan daromadlar va xarajatlar smetasiga qoʻshimcha mablagʻ talab etilganda, unga oʻzgartirishlar tushumlarning haqiqiy hajmidan kelib chiqqan holda, Jamgʻarma kengashi tomonidan kiritiladi hamda belgilangan tartibda roʻyxatdan oʻtkaziladi.
15. Jamgʻarma mablagʻlarining shakllantirilishi va maqsadli foydalanilishi boʻyicha Jamgʻarma kengashi hamda Inspeksiya boshligʻi masʼul hisoblanadi.
16. Jamgʻarma mablagʻlarining maqsadli ishlatilishi yuzasidan nazorat qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
17. Jamgʻarmaning joriy yilda foydalanilmay qolgan mablagʻlari keyingi moliya yiliga oʻtkaziladi va Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti daromadlariga olib qoʻyilmaydi.
6-bob. Yakunlovchi qoida
18. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2024-yil 29-oktabr,
713-son