UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 24-oktabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Davlat xavfsizlik xizmati raisi

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 24 октябрь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Давлат хавфсизлик хизмати раиси

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 24 октября 2024 г. · Документы министерств и ведомств · Председатель службы государственной безопасности

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 24 October 2024 · Ministry and agency documents · Davlat xavfsizlik xizmati raisi

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раисининг

буйруғи

ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ

АРИЗА

СХЕМАСИ

Ўзбекистон Республикаси муҳим ахборот инфратузилмаси объектларини тоифалаш ва уларнинг ягона реестрини шакллантириш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 майдаги ПҚ-167-сон «Ўзбекистон Республикасининг муҳим ахборот инфратузилмаси объектлари киберхавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:

1. Ўзбекистон Республикаси муҳим ахборот инфратузилмаси объектларини тоифалаш ва уларнинг ягона реестрини шакллантириш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

3. Мазкур буйруқ 2029 йил 1 январга қадар амал қилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раисининг 2024 йил 24 октябрдаги 118-сон буйруғига ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси муҳим ахборот инфратузилмаси объектларини тоифалаш ва уларнинг ягона реестрини шакллантириш тартиби тўғрисидаги

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси муҳим ахборот инфратузилмаси объектларини тоифалаш ва уларнинг тоифасини қайта кўриб чиқиш, шунингдек муҳим ахборот инфратузилмаси объектларининг вақтинчалик ягона реестрини (бундан буён матнда Реестр деб юритилади) юритиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

муҳим ахборот инфратузилмаси (бундан буён матнда МАИ деб юритилади) — муҳим стратегик ва ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган автоматлаштирилган бошқарув тизимларининг, ахборот тизимлари ҳамда тармоқлар ва технологик жараёнлар ресурсларининг мажмуи;

муҳим ахборот инфратузилмаси объектлари — давлат бошқаруви ва давлат хизматлари кўрсатиш, мудофаа, давлат хавфсизлигини, ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, ёқилғи-энергетика мажмуи (атом энергетикаси), кимё, нефть-кимё тармоқлари, металлургия, сувдан фойдаланиш ва сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, уй-жой коммунал хизматлар кўрсатиш, банк-молия тизими, транспорт, ахборот-коммуникация технологиялари, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, стратегик аҳамиятига эга бўлган фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида, ишлаб чиқариш соҳасида, шунингдек иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида ва ижтимоий соҳада қўлланиладиган ахборотлаштириш тизимлари;

МАИ субъектлари — давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек мулк, ижара ҳуқуқлари асосида ёки бошқа қонуний асосларда муҳим ахборот инфратузилмаси объектларига эгалик қилувчи юридик шахслар, шу жумладан муҳим ахборот инфратузилмаси объектларининг ишлашини ҳамда ҳамкорлигини таъминловчи юридик шахслар ва (ёки) якка тартибдаги тадбиркорлар;

киберхавфсизлик ҳодисаси — кибермаконда ахборот тизимларининг ишлашида узилишларга ва (ёки) улардаги ахборотнинг очиқлиги, яхлитлиги ва ундан эркин фойдаланилишининг бузилишига олиб келган ҳодиса.

2. МАИ объектларини тоифалаш ва Реестрни юритиш Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати (бундан буён матнда ваколатли давлат органи деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

МАИ объектларини тоифалаш ва Реестрни юритиш бевосита ваколатли давлат органи ташаббусига кўра ёки унинг ёзма топшириғи асосида ваколатли давлат органининг ишчи органи — «Киберхавфсизлик маркази» ДУК (бундан буён матнда ишчи орган деб юритилади) томонидан амалга оширилиши мумкин.

2-боб. Муҳим ахборот инфратузилмаси объектларини тоифалаш тартиби ва мезонлари

3. МАИ объектларига эгалик қилувчи МАИ субъектлари (бундан буён матнда МАИ объекти эгаси деб юритилади) ҳар йили камида бир марта МАИ объектларини тоифалаши лозим.

4. МАИ объектини тоифалаш учун қуйидаги таркибда комиссия (бундан буён матнда комиссия деб юритилади) тузилади:

МАИ объекти эгаси;

МАИ объекти ишлаши ва ҳамкорлигини таъминловчи шахслар;

МАИ объектининг фаолияти хавфсизлигини таъминловчи шахслар.

МАИ объекти эгасининг қарорига мувофиқ комиссия таркибига бошқа шахслар ҳам киритилиши мумкин.

МАИ объекти эгаси Комиссия раҳбари ҳисобланади.

5. Ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда МАИ объектини тоифалаш ишлари бошқа ташкилотлар (бундан буён матнда тоифаловчи ташкилот деб юритилади) томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин. Бунда, МАИ объектини тоифалаш натижаларининг ҳаққонийлиги учун жавобгарлик МАИ объекти эгаси зиммасига юкланади.

6. Комиссия ёки тоифаловчи ташкилот томонидан МАИ объектини тоифалаш ишлари ўттиз иш куни ичида амалга оширилади.

7. Комиссия ёки тоифаловчи ташкилот МАИ объектининг тоифасини аниқлаш учун қуйидаги ишларни амалга оширади:

МАИ объекти томонидан амалга ошириладиган ахборотни қайта ишлаш (тўплаш, сақлаш, излаш, унга ишлов бериш ва бошқалар) жараёнларини аниқлаш;

МАИ объекти томонидан муҳим жараёнлар бажарилишини таъминлаш ва (ёки) уларни бажарилишини бошқариш, назорат қилиш ёки кузатишни амалга ошириш учун зарур маълумотларни қайта ишлаш жараёнларини аниқлаш;

МАИ объектида киберхавфсизлик ҳодисалари юз беришига сабаб бўлиши мумкин бўлган кибертаҳдид ва заифликларни, шу жумладан бузғунчи хатти-ҳаракатлар ҳамда киберхавфсизлик таҳдидларининг бошқа манбаларини кўриб чиқиш ва таҳлил қилиш;

МАИ объектида киберхавфсизлик ҳодисалари натижасида юзага келиши мумкин бўлган оқибатлар ва зарар кўламини баҳолаш;

мазкур Низомнинг 9-бандида белгиланган мезонлардан келиб чиқиб МАИ объектини тоифасини белгилаш.

8. Комиссия ёки тоифаловчи ташкилот МАИ объектини тоифалашда МАИ объектида киберхавфсизлик ҳодисалари натижасида қуйидаги оқибатлар юзага келиши мумкинлигини аниқлайди:

давлат ёки маълум бир ҳудудни бошқариш функцияларининг бузилиши ёки тугатилиши;

давлат органига юклатилган вазифаларнинг бажарилмаслиги;

хизмат кўрсатиш объектларининг техник регламентлар ёки бошқа ҳужжатларда рухсат этилган максимал вақт давомида ишлашининг бузилиши ёки тўхташи;

давлатнинг нуфузи ва обрўсига зарар етиши;

халқаро барқарорликнинг бузилиши;

конфиденциал ва давлат сирларини ўз ичига олган маълумотларнинг ошкор қилиниши;

давлат мудофаа қобилияти ва хавфсизлиги таъминланишининг бузилиши;

банк-молия тизими барқарорлигининг бузилиши, шунингдек давлатнинг бевосита ёки билвосита молиявий зарар кўриши;

транспорт тизими хавфсизлигининг бузилиши;

телекоммуникация хизматларининг ишдан чиқиши ва телекоммуникация тармоқлари фаолият кўрсатишида бузилишлар юзага келиши;

аҳоли пунктлари ва шаҳарларда ҳаёт фаолиятини таъминлаш тизимларининг бузилиши;

инсон соғлиғига зарар етиши;

давлат иқтисодий кўрсаткичларининг пасайиши, ижтимоий ва иқтисодий аҳамиятга эга товарларни узлуксиз ишлаб чиқарилишининг тўхташи;

ҳуқуқ-тартиботнинг оммавий бузилиши;

аҳоли саломатлиги ва ҳаётига зарар етишига, миллий ресурсларнинг (табиий, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, ишлаб чиқариш, ахборот ресурслари ва бошқалар) йўқ қилинишига, шунингдек атроф-муҳитга зарар етишига олиб келадиган минтақавий миқёсдаги авария ва ҳалокатларнинг содир бўлиши.

9. МАИ объектлари қуйидаги мезонлар асосида тоифаларга бўлинади:

а) юқори даражадаги МАИ объектлари — киберхавфсизлик ҳодисаси натижасида ишдан чиқиши туфайли жуда кўп миқдорда зарар етиши, 20 дан ортиқ одамнинг соғлиғига зарар етиши, 500 дан ортиқ одамнинг ҳаёт фаолияти шароитлари бузилиши ёки катта экин майдонига тенг бўлган ҳудудда атроф-муҳитга зарар етиши мумкин бўлган МАИ объектлари.

Мазкур кичик банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган оқибатлар келиб чиқишидан қатъи назар давлат сирларига оид маълумотлар айланмаси мавжуд бўлган, шунингдек ёқилғи-энергетика, атом энергетикаси, соғлиқни сақлаш, телекоммуникация ва қўриқланадиган шахслар доимий ёки вақтинчалик турган жойлардаги МАИ объектлари юқори даражадаги МАИ объекти ҳисобланади;

б) ўрта даражадаги МАИ объектлари — киберхавфсизлик ҳодисаси натижасида ишдан чиқиши туфайли кўп миқдорда зарар етиши, 10 дан ортиқ, бироқ 20 дан кўп бўлмаган одамнинг соғлиғига зарар етиши, 100 дан ортиқ, бироқ 500 дан кўп бўлмаган одамнинг ҳаёт фаолияти шароитлари бузилиши, ўртача катталикдаги экин майдонига тенг бўлган ҳудудда атроф-муҳитга зарар етиши ёки давлатнинг нуфузи ва обрўсига зарар етиши мумкин бўлган МАИ объектлари.

в) паст даражадаги МАИ объектлари — юқори ва ўрта даражадаги МАИ объектлари тоифасига кирмайдиган МАИ объектлари.

3-боб. МАИ объектларини тоифалаш натижаларини расмийлаштириш

10. Комиссия ёки тоифаловчи ташкилот томонидан МАИ объектини тоифалаш натижалари бўйича қуйидаги маълумотларни ўз ичига олган далолатнома расмийлаштирилади:

МАИ объектининг номи;

МАИ объекти эгаси тўғрисидаги маълумотлар (юридик шахснинг тўлиқ номи, жойлашган жойи (почта манзили), ташкилий-ҳуқуқий шакли);

МАИ объектида киберхавфсизликни таъминлашга масъул бўлган ходим тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми ва отасининг исми, маълумоти, киберхавфсизликни таъминлаш учун масъул этиб тайинланганлиги ҳақидаги буйруқ, аттестациядан ўтганлиги тўғрисида маълумот, малакасини оширганлиги тўғрисидаги маълумот, телефон рақами, электрон почтаси);

МАИ объектининг кўлами ва мақсади;

МАИ объектида қўлланиладиган ахборотлаштириш, аппарат, аппарат-дастурий ва дастурий воситаларнинг номи ва тури ҳамда уларга берилган лицензия ва мувофиқлик сертификатининг рақами ҳамда санаси;

МАИ объектининг киберҳимоясини таъминлашда фойдаланиладиган воситаларнинг номи ва тури ҳамда уларга берилган лицензия ва мувофиқлик сертификатининг рақами ҳамда санаси;

МАИ объектининг телекоммуникация тармоғи ва Интернет жаҳон ахборот тармоғига уланиши ҳақидаги маълумотлар;

МАИ объектида юзага келиши мумкин бўлган заифликлар, кибертаҳдидлар, киберҳужумлар ва бошқа бузғунчи хатти-ҳаракатлар ҳақидаги маълумотлар;

МАИ объектида киберхавфсизлик ҳодисаси натижасида ишдан чиқиши туфайли юзага келиши мумкин бўлган оқибат ва зарарлар;

МАИ объектининг тегишли тоифаси.

11. МАИ объектини тоифалаш натижалари бўйича далолатнома икки нусхада, тоифалаш тоифаловчи ташкилот томонидан амалга оширилганда эса уч нусхада тузилади.

12. МАИ объектини тоифалаш натижалари бўйича далолатнома комиссия аъзолари томонидан, тоифалаш тоифаловчи ташкилот томонидан амалга оширилганда, тоифаловчи ташкилот раҳбари ва тоифалашда иштирок этган ходимлар томонидан имзоланади ҳамда МАИ объекти эгаси томонидан тасдиқланади.

13. МАИ объектини тоифалаш натижалари бўйича далолатномага уни тузиш ва тоифалаш учун фойдаланилган ҳужжатлар ва маълумотлар илова қилинади.

14. МАИ объекти эгаси томонидан МАИ объектини тоифалаш натижалари бўйича далолатнома тузилган кундан бошлаб беш иш куни ичида МАИ объектини Реестрга киритиш тўғрисида ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклдаги ариза қоғоз ёки электрон шаклда ваколатли давлат органига тақдим этилади. Аризага МАИ объектини тоифалаш натижалари бўйича далолатнома илова қилинади.

4-боб. МАИ объектларининг тоифасини қайта кўриб чиқиш

15. Комиссия ёки тоифаловчи ташкилот томонидан ҳар йили камида бир марта илгари тоифаланган МАИ объектларининг тоифалари мазкур Низомнинг 2-бобида белгиланган тартибда қайта кўриб чиқилади.

МАИ объектига дастурий ва техник таъминот воситаларини қўшиш ёки ўчириш, МАИ объектининг конфигурацияси ҳамда киберҳимоя воситалари ёхуд унинг кўлами ва мақсади ўзгарганда, комиссия ёки тоифаловчи ташкилот томонидан МАИ объектларининг тоифалари ўттиз иш куни ичида мазкур Низомнинг 2-бобида белгиланган тартибда қайта кўриб чиқилади.

16. МАИ объектларининг тоифаларини қайта кўриб чиқишда мазкур Низомнинг 9-бандида кўрсатилган мезонлар асосида МАИ объектлари бир тоифадан бошқа тоифага ўтказилиши ёки ўзгаришсиз қолдирилиши мумкин.

17. МАИ объектларининг тоифасини қайта кўриб чиқиш натижалари бўйича мазкур Низомнинг 3-бобида белгиланган тартибда далолатнома тузилади.

18. МАИ объекти эгаси томонидан МАИ объектларининг тоифаларини қайта кўриб чиқиш ҳақидаги далолатнома тузилган кундан бошлаб беш иш куни ичида ушбу далолатнома ҳамда МАИ объектининг тоифаси ўзгарган тақдирда, мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклдаги ариза қоғоз ёки электрон шаклда ваколатли давлат органига тақдим этилади.

5-боб. МАИ объектларини Реестрга киритиш ва Реестрни юритиш

19. Ваколатли давлат органи МАИ объектларини мазкур Низомнинг 2-иловасидаги схемага мувофиқ Реестрга киритади.

МАИ объектларини Реестрга киритиш бевосита ваколатли давлат органи ташаббусига кўра ёки унинг ёзма топшириғи асосида ишчи орган томонидан амалга оширилиши мумкин.

20. МАИ объектини Реестрга киритиш тўғрисидаги ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар (бундан буён матнда ариза деб юритилади) ваколатли давлат органига келиб тушган кундан бошлаб ўттиз иш кунидан кўп бўлмаган муддатда ваколатли давлат органи ёки ишчи орган томонидан кўриб чиқилади.

21. Аризани кўриб чиқишда ваколатли давлат органи ва ишчи орган қуйидаги ҳуқуқларга эга:

МАИ объекти эгасидан аризада келтирилган маълумотларга изоҳ ва қўшимчалар сўраш;

МАИ объектининг тоифасини аниқлашда МАИ объекти эгаси томонидан берилган маълумотларининг ишончлилигини ва тўғрилигини жойига чиққан ҳолда текшириш.

22. Ваколатли давлат органи ёки ишчи орган ариза келиб тушган кундан бошлаб ўн иш куни ичида аризанинг тўғри ва тўлиқлигини текширади.

Ариза мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда тақдим этилмаган тақдирда, ваколатли давлат органи ёки ишчи орган ариза келиб тушган кундан ўн кундан кўп бўлмаган муддатда МАИ объекти эгасига камчиликларни кўрсатган ҳолда қоғоз ёки электрон шаклда хабарнома юборади.

МАИ объекти эгаси ўн иш куни ичида камчиликларни бартараф этади ва натижаси бўйича маълумотларни ваколатли давлат органи ёки ишчи органга юборади.

Камчиликлар ўн иш куни ичида бартараф этилмаса, МАИ объекти эгаси МАИ объектини Реестрга киритиш учун ваколатли давлат органига янги ариза билан мурожаат қилади.

23. Ваколатли давлат органи ёки ишчи орган аризанинг тўғри ва тўлиқлигини текширганидан сўнг ўн иш куни ичида аризада кўрсатилган маълумотларнинг ишончлилиги ва тўғрилигини жойига чиққан ҳолда текширади.

24. Ваколатли давлат органи ёки ишчи орган томонидан аризани кўриб чиқиш қуйидаги ҳолларда рад этилади:

аризага далолатнома илова қилинмаса ёки далолатнома ушбу Низомнинг 3-бобида белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган бўлса;

аризада назарда тутилган маълумотлар нотўғри ва ҳужжатлар билан тасдиқланмаган ахборотга асосланган бўлса;

тақдим қилинган аризадаги маълумотлар ўртасида номувофиқликлар мавжуд бўлса ёки аризада кўрсатилган маълумотларни жойига чиққан ҳолда текширишда номувофиқликлар аниқланса.

25. Мазкур Низомнинг 24-бандига мувофиқ аризани кўриб чиқиш рад этилган тақдирда, бу ҳақда шу куннинг ўзида МАИ объекти эгасига ёзма хабарнома юборилади. Хабарномада аризани кўриб чиқишнинг рад этилиши сабаблари кўрсатилади.

26. МАИ объекти эгаси аризани кўриб чиқишнинг рад этилишига асос бўлган сабабларни бартараф этган ҳолда, ўттиз беш иш куни ичида МАИ объектини Реестрга киритиш учун такроран мурожаат қилиши керак.

27. Аризани кўриб чиқиш рад этилган тақдирда, такроран киритилган ариза ушбу Низомга мувофиқ умумий асосларда ва белгиланган муддатларда кўриб чиқилади.

28. Ваколатли давлат органи ёки ишчи орган томонидан ўн иш куни ичида МАИ объектларини Реестрга киритиш тўғрисида қарор қабул қилинади ҳамда мазкур Низомнинг 32-бандидаги маълумотлар Реестрга киритилади ва МАИ объекти эгасига бу ҳақда қоғоз ёки электрон шаклда хабарнома юборилади.

29. Реестрга киритилган маълумотларнинг долзарблиги ва ишончлилигини таъминлаш учун ваколатли давлат органи ёки ишчи орган МАИ объекти эгаси томонидан Реестрга киритилган МАИ объектлари тўғрисидаги маълумотларни бериш муддатларини белгилайди.

30. Реестрга киритилган маълумотларга ваколатли давлат органи ёки ишчи орган томонидан қуйидаги ҳолатларда ўзгартиришлар киритилиши мумкин:

МАИ объекти эгасининг Реестрга киритилган МАИ объекти маълумотлари ўзгарганлиги ҳақидаги қоғоз ёки электрон шаклда юборилган хабарномаси ёхуд аризаси асосида;

ваколатли орган ёки ишчи орган, шу жумладан ваколатли орган топшириғи асосида МАИ объектининг киберхавфсизлик талабларига мувофиқлиги юзасидан ўтказилган тадбирлар натижалари асосида.

31. МАИ объектининг фаолияти тугатилганлиги ҳақида МАИ объекти эгасининг мурожаатига мувофиқ ваколатли давлат органи ёки ишчи орган МАИ объектини Реестрдан чиқаради.

6-боб. Реестрга киритиладиган асосий маълумотлар рўйхати

32. Реестрга МАИ объектлари тўғрисидаги қуйидаги маълумотлар киритилади:

МАИ объектининг номи;

МАИ объекти эгаси тўғрисидаги маълумотлар (юридик шахснинг тўлиқ номи, жойлашган жойи (почта манзили), ташкилий-ҳуқуқий шакли, банк реквизитлари, СТИР, телефон рақами, факси, электрон почтаси);

МАИ объектининг киберхавфсизлигини таъминлашга масъул бўлган ходим тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми ва отасининг исми, маълумоти, киберхавфсизликни таъминлаш учун масъул этиб тайинланганлиги ҳақидаги буйруқ, аттестациядан ўтганлиги тўғрисида маълумот, малакасини оширганлиги тўғрисидаги маълумот, телефон рақами, электрон почтаси);

МАИ объектининг кўлами ва мақсади;

МАИ объектида қўлланиладиган ахборотлаштириш аппарат, аппарат-дастурий ва дастурий воситаларнинг номи ва тури ҳамда уларга берилган лицензия ва мувофиқлик сертификатининг рақами ҳамда санаси;

МАИ объектининг киберҳимоясини таъминлашда фойдаланиладиган воситаларнинг номи ва тури ҳамда уларга берилган лицензия ва мувофиқлик сертификатининг рақами ҳамда санаси;

МАИ объектининг телекоммуникация тармоғи ва Интернет жаҳон ахборот тармоғига уланиши ҳақидаги маълумотлар;

МАИ объектида юзага келиши мумкин бўлган заифликлар, кибертаҳдидлар, киберҳужумлар ва бошқа бузғунчи хатти-ҳаракатлар ҳақидаги маълумотлар;

МАИ объекти киберхавфсизлик ҳодисаси натижасида ишдан чиқиши туфайли юзага келиши мумкин бўлган оқибат ва зарарлар;

МАИ объектининг тегишли тоифаси.

33. Реестрдаги маълумотлар базаси махфийлаштирилади ва ундаги маълумотлар қонунчиликка мувофиқ ҳимоя қилиниши керак.

34. Киберҳужумларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш мақсадида ваколатли давлат органи томонидан Реестрда мавжуд бўлган маълумотлар бошқа давлат органлари ва ташкилотларига тақдим этилиши мумкин.

7-боб. МАИ объектига идентификация рақамини бериш

35. Реестрга киритилган МАИ объекти учун лотин алифбосининг бош ҳарфлари ва рақамлардан ташкил топган дефис билан ажратилган уч қисмдан иборат «ХХ-Х-ХХХХХ» кўринишдаги идентификация рақами (бундан буён матнда идентификация рақами деб юритилади) берилади.

36. Идентификация рақамининг биринчи қисми МАИ объекти жойлашган ҳудудни англатувчи 01 дан 14 гача бўлган қуйидаги рақамлар билан белгиланади:

01 — Тошкент шаҳри;

02 — Тошкент вилояти;

03 — Сирдарё вилояти;

04 — Жиззах вилояти;

05 — Самарқанд вилояти;

06 — Фарғона вилояти;

07 — Наманган вилояти;

08 — Андижон вилояти;

09 — Қашқадарё вилояти;

10 — Сурхондарё вилояти;

11 — Бухоро вилояти;

12 — Навоий вилояти;

13 — Хоразм вилояти;

14 — Қорақалпоғистон Республикаси.

37. Идентификация рақамининг иккинчи қисми лотин алифбосининг бош ҳарфлари билан белгиланиб, МАИ объектининг қуйидаги соҳаларга тегишлилигини англатади:

A — давлат бошқаруви ва давлат хизматлари;

B — мудофаа;

С — давлат хавфсизлиги;

D — ҳуқуқ-тартибот;

E — ёқилғи-энергетика мажмуи (атом энергетикаси);

F — кимё;

G — нефть-кимё;

I — металлургия;

J — сувдан фойдаланиш ва сув таъминоти;

K — қишлоқ хўжалиги;

L — соғлиқни сақлаш;

M — уй-жой коммунал хизматлари;

N — банк-молия тизими;

O — транспорт;

P — ахборот-коммуникация технологиялари;

Q — экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;

R — стратегик аҳамиятга эга бўлган фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш;

S — ишлаб чиқариш;

T — иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари.

38. Идентификация рақамининг учинчи қисми 00001 дан 99999 гача бўлган рақамлардан иборат бўлиб, МАИ объектининг Реестрдаги тартиб рақамини англатади.

39. МАИ объекти маълумотларига ўзгартириш киритилганда, унинг идентификация рақами ўзгармайди.

МАИ объекти Реестрдан чиқариб юборилганда, унинг идентификация рақамидан қайта фойдаланилмайди.

8-боб. Якуний қоида

40. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Ўзбекистон Республикаси муҳим ахборот инфратузилмаси объектларини тоифалаш ва ягона давлат реестрини юритиш тартибини белгиловчи вақтинчалик низомга 1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси муҳим ахборот инфратузилмаси объекти маълумотларини вақтинчалик ягона реестрга киритиш учун

Қуйида келтирилган маълумотларга мувофиқ муҳим ахборот инфратузилмаси объекти маълумотларини вақтинчалик ягона реестрга киритишингизни сўрайман. 1. МАИ объектининг номи 2. Мулк ҳуқуқи, ижара ёки бошқа ҳуқуқий асосларда МАИ объектига эгалик қилувчи субъект тўғрисидаги маълумотлар (юридик шахснинг тўлиқ номи, жойлашган жойи (почта манзили), ташкилий-ҳуқуқий шакли, банк реквизитлари, СТИРи, телефон рақами, факси, электрон почтаси) 3. МАИ объектининг киберхавфсизлигини таъминлашга масъул бўлган ходим тўғрисида маълумотлар 4. МАИ объектининг татбиқ қилиш даражаси ва вазифаси 5. МАИ объектининг тоифаси 6. МАИ объектида қўлланиладиган ахборотлаштириш аппарат, аппарат-дастурий ва дастурий воситаларнинг номи ва тури ҳамда уларга берилган лицензия ва мувофиқлик сертификатининг рақами ҳамда санаси 7. МАИ объектининг киберҳимоясини таъминлашда фойдаланиладиган воситаларнинг номи ва тури ҳамда уларга берилган лицензия ва мувофиқлик сертификатининг рақами ҳамда санаси 8. МАИ объектини умумий телекоммуникация тармоғи, шунингдек Интернет тармоғига уланиши ҳақида маълумот 9. МАИ объектига нисбатан киберхавфсизлик таҳдидлари ва қоидабузарлик тоифалари ҳақида маълумотлар 10. МАИ объекти фаолиятида киберхавфсизлик ҳодисаси натижасида хатолик юз берганда ёки у ишдан чиққан тақдирда, юзага келиши мумкин бўлган оқибат ва зарарлар МАИ объекти ҳақидаги маълумотлар электрон шаклда илова қилинади. ____________________________________ _____________________ (раҳбар) (имзо, Ф.И.О.)

Ўзбекистон Республикаси муҳим ахборот инфратузилмаси объектларини тоифалаш ва ягона давлат реестрини юритиш тартибини белгиловчи вақтинчалик низомга 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикасининг муҳим ахборот инфратузилмаси объектларининг вақтинчалик ягона реестрига маълумотларни киритиш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддати 1-босқич МАИ объекти эгаси МАИ объектини МАИ объектларининг вақтинчалик ягона реестрига киритиш учун ваколатли давлат органига ариза юборади. Объект тайёр бўлганда 2-босқич Ваколатли давлат органи Тоифалаш объектни МАИ объектлари вақтинчалик ягона реестрига киритиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқади, таҳлил қилади ва ишчи органга юборади. 10 иш куни ичида 3-босқич Ваколатли давлат органи (ишчи орган) Маълумотлар нотўғри ёки тўлиқ тақдим этилмаган тақдирда МАИ объекти эгасига камчиликларни бартараф этиш бўйича мурожаат юборади. 4-босқич МАИ объекти эгаси Аниқланган камчиликларни бартараф этади ва маълумотни ваколатли давлат органига ёки ишчи органга юборади. Камчиликлар ўн иш куни ичида бартараф этилмаса, 35 иш куни ичида МАИ объекти эгаси МАИ объектини реестрга киритиш учун ваколатли давлат органига такроран ариза билан мурожаат қилади. 10 иш куни ичида 5-босқич Ваколатли давлат органи (ишчи орган) Аризада кўрсатилган маълумотларнинг ишончлилиги ва тўғрилигини жойига чиққан ҳолда текширади. 10 иш куни ичида 6-босқич Ваколатли давлат органи (ишчи орган) Аризани кўриб чиқиш рад этилган тақдирда, бу ҳақда шу куннинг ўзида МАИ объекти эгасига ёзма хабарнома юборилади. Хабарномада аризани кўриб чиқишнинг рад этилиши сабаблари кўрсатилади. 1 иш куни 7-босқич Ваколатли давлат органи (ишчи орган) Маълумотларнинг ишончлилиги ва тўғрилигини жойига чиққан ҳолда текшириш натижасида номувофиқликлар аниқланмаса МАИ объектларини Реестрга киритиш тўғрисида қарор қабул қилинади ҳамда маълумотлар Реестрга киритилади ва МАИ объекти эгасига бу ҳақда қоғоз ёки электрон шаклда хабарнома юборилади 10 иш куни ичида

Раис А. АЗИЗОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 24 октябрь,

118-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.11.2024 й., 10/24/3570/0914-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati raisining

buyrugʻi

VAQTINCHALIK NIZOM

ARIZA

SXEMASI

Oʻzbekiston Respublikasi muhim axborot infratuzilmasi obyektlarini toifalash va ularning yagona reyestrini shakllantirish tartibi toʻgʻrisidagi vaqtinchalik nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasining “Kiberxavfsizlik toʻgʻrisida”gi Qonuni va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2023-yil 31-maydagi PQ-167-son “Oʻzbekiston Respublikasining muhim axborot infratuzilmasi obyektlari kiberxavfsizligini taʼminlash tizimini takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq buyuraman:

1. Oʻzbekiston Respublikasi muhim axborot infratuzilmasi obyektlarini toifalash va ularning yagona reyestrini shakllantirish tartibi toʻgʻrisidagi vaqtinchalik nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

3. Mazkur buyruq 2029-yil 1-yanvarga qadar amal qiladi.

Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati raisining 2024-yil 24-oktabrdagi 118-son buyrugʻiga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi muhim axborot infratuzilmasi obyektlarini toifalash va ularning yagona reyestrini shakllantirish tartibi toʻgʻrisidagi

Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi muhim axborot infratuzilmasi obyektlarini toifalash va ularning toifasini qayta koʻrib chiqish, shuningdek muhim axborot infratuzilmasi obyektlarining vaqtinchalik yagona reyestrini (bundan buyon matnda Reyestr deb yuritiladi) yuritish tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

muhim axborot infratuzilmasi (bundan buyon matnda MAI deb yuritiladi) — muhim strategik va ijtimoiy-iqtisodiy ahamiyatga ega boʻlgan avtomatlashtirilgan boshqaruv tizimlarining, axborot tizimlari hamda tarmoqlar va texnologik jarayonlar resurslarining majmui;

muhim axborot infratuzilmasi obyektlari — davlat boshqaruvi va davlat xizmatlari koʻrsatish, mudofaa, davlat xavfsizligini, huquq-tartibotni taʼminlash, yoqilgʻi-energetika majmui (atom energetikasi), kimyo, neft-kimyo tarmoqlari, metallurgiya, suvdan foydalanish va suv taʼminoti, qishloq xoʻjaligi, sogʻliqni saqlash, uy-joy kommunal xizmatlar koʻrsatish, bank-moliya tizimi, transport, axborot-kommunikatsiya texnologiyalari, ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish, strategik ahamiyatiga ega boʻlgan foydali qazilmalarni qazib olish va qayta ishlash sohasida, ishlab chiqarish sohasida, shuningdek iqtisodiyotning boshqa tarmoqlarida va ijtimoiy sohada qoʻllaniladigan axborotlashtirish tizimlari;

MAI subyektlari — davlat organlari va tashkilotlari, shuningdek mulk, ijara huquqlari asosida yoki boshqa qonuniy asoslarda muhim axborot infratuzilmasi obyektlariga egalik qiluvchi yuridik shaxslar, shu jumladan muhim axborot infratuzilmasi obyektlarining ishlashini hamda hamkorligini taʼminlovchi yuridik shaxslar va (yoki) yakka tartibdagi tadbirkorlar;

kiberxavfsizlik hodisasi — kibermakonda axborot tizimlarining ishlashida uzilishlarga va (yoki) ulardagi axborotning ochiqligi, yaxlitligi va undan erkin foydalanilishining buzilishiga olib kelgan hodisa.

2. MAI obyektlarini toifalash va Reyestrni yuritish Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati (bundan buyon matnda vakolatli davlat organi deb yuritiladi) tomonidan amalga oshiriladi.

MAI obyektlarini toifalash va Reyestrni yuritish bevosita vakolatli davlat organi tashabbusiga koʻra yoki uning yozma topshirigʻi asosida vakolatli davlat organining ishchi organi — “Kiberxavfsizlik markazi” DUK (bundan buyon matnda ishchi organ deb yuritiladi) tomonidan amalga oshirilishi mumkin.

2-bob. Muhim axborot infratuzilmasi obyektlarini toifalash tartibi va mezonlari

3. MAI obyektlariga egalik qiluvchi MAI subyektlari (bundan buyon matnda MAI obyekti egasi deb yuritiladi) har yili kamida bir marta MAI obyektlarini toifalashi lozim.

4. MAI obyektini toifalash uchun quyidagi tarkibda komissiya (bundan buyon matnda komissiya deb yuritiladi) tuziladi:

MAI obyekti egasi;

MAI obyekti ishlashi va hamkorligini taʼminlovchi shaxslar;

MAI obyektining faoliyati xavfsizligini taʼminlovchi shaxslar.

MAI obyekti egasining qaroriga muvofiq komissiya tarkibiga boshqa shaxslar ham kiritilishi mumkin.

MAI obyekti egasi Komissiya rahbari hisoblanadi.

5. Vakolatli davlat organi bilan kelishilgan holda MAI obyektini toifalash ishlari boshqa tashkilotlar (bundan buyon matnda toifalovchi tashkilot deb yuritiladi) tomonidan ham amalga oshirilishi mumkin. Bunda, MAI obyektini toifalash natijalarining haqqoniyligi uchun javobgarlik MAI obyekti egasi zimmasiga yuklanadi.

6. Komissiya yoki toifalovchi tashkilot tomonidan MAI obyektini toifalash ishlari oʻttiz ish kuni ichida amalga oshiriladi.

7. Komissiya yoki toifalovchi tashkilot MAI obyektining toifasini aniqlash uchun quyidagi ishlarni amalga oshiradi:

MAI obyekti tomonidan amalga oshiriladigan axborotni qayta ishlash (toʻplash, saqlash, izlash, unga ishlov berish va boshqalar) jarayonlarini aniqlash;

MAI obyekti tomonidan muhim jarayonlar bajarilishini taʼminlash va (yoki) ularni bajarilishini boshqarish, nazorat qilish yoki kuzatishni amalga oshirish uchun zarur maʼlumotlarni qayta ishlash jarayonlarini aniqlash;

MAI obyektida kiberxavfsizlik hodisalari yuz berishiga sabab boʻlishi mumkin boʻlgan kibertahdid va zaifliklarni, shu jumladan buzgʻunchi xatti-harakatlar hamda kiberxavfsizlik tahdidlarining boshqa manbalarini koʻrib chiqish va tahlil qilish;

MAI obyektida kiberxavfsizlik hodisalari natijasida yuzaga kelishi mumkin boʻlgan oqibatlar va zarar koʻlamini baholash;

mazkur Nizomning 9-bandida belgilangan mezonlardan kelib chiqib MAI obyektini toifasini belgilash.

8. Komissiya yoki toifalovchi tashkilot MAI obyektini toifalashda MAI obyektida kiberxavfsizlik hodisalari natijasida quyidagi oqibatlar yuzaga kelishi mumkinligini aniqlaydi:

davlat yoki maʼlum bir hududni boshqarish funksiyalarining buzilishi yoki tugatilishi;

davlat organiga yuklatilgan vazifalarning bajarilmasligi;

xizmat koʻrsatish obyektlarining texnik reglamentlar yoki boshqa hujjatlarda ruxsat etilgan maksimal vaqt davomida ishlashining buzilishi yoki toʻxtashi;

davlatning nufuzi va obroʻsiga zarar yetishi;

xalqaro barqarorlikning buzilishi;

konfidensial va davlat sirlarini oʻz ichiga olgan maʼlumotlarning oshkor qilinishi;

davlat mudofaa qobiliyati va xavfsizligi taʼminlanishining buzilishi;

bank-moliya tizimi barqarorligining buzilishi, shuningdek davlatning bevosita yoki bilvosita moliyaviy zarar koʻrishi;

transport tizimi xavfsizligining buzilishi;

telekommunikatsiya xizmatlarining ishdan chiqishi va telekommunikatsiya tarmoqlari faoliyat koʻrsatishida buzilishlar yuzaga kelishi;

aholi punktlari va shaharlarda hayot faoliyatini taʼminlash tizimlarining buzilishi;

inson sogʻligʻiga zarar yetishi;

davlat iqtisodiy koʻrsatkichlarining pasayishi, ijtimoiy va iqtisodiy ahamiyatga ega tovarlarni uzluksiz ishlab chiqarilishining toʻxtashi;

huquq-tartibotning ommaviy buzilishi;

aholi salomatligi va hayotiga zarar yetishiga, milliy resurslarning (tabiiy, qishloq xoʻjaligi, oziq-ovqat, ishlab chiqarish, axborot resurslari va boshqalar) yoʻq qilinishiga, shuningdek atrof-muhitga zarar yetishiga olib keladigan mintaqaviy miqyosdagi avariya va halokatlarning sodir boʻlishi.

9. MAI obyektlari quyidagi mezonlar asosida toifalarga boʻlinadi:

a) yuqori darajadagi MAI obyektlari — kiberxavfsizlik hodisasi natijasida ishdan chiqishi tufayli juda koʻp miqdorda zarar yetishi, 20 dan ortiq odamning sogʻligʻiga zarar yetishi, 500 dan ortiq odamning hayot faoliyati sharoitlari buzilishi yoki katta ekin maydoniga teng boʻlgan hududda atrof-muhitga zarar yetishi mumkin boʻlgan MAI obyektlari.

Mazkur kichik bandning birinchi xatboshisida koʻrsatilgan oqibatlar kelib chiqishidan qatʼi nazar davlat sirlariga oid maʼlumotlar aylanmasi mavjud boʻlgan, shuningdek yoqilgʻi-energetika, atom energetikasi, sogʻliqni saqlash, telekommunikatsiya va qoʻriqlanadigan shaxslar doimiy yoki vaqtinchalik turgan joylardagi MAI obyektlari yuqori darajadagi MAI obyekti hisoblanadi;

b) oʻrta darajadagi MAI obyektlari — kiberxavfsizlik hodisasi natijasida ishdan chiqishi tufayli koʻp miqdorda zarar yetishi, 10 dan ortiq, biroq 20 dan koʻp boʻlmagan odamning sogʻligʻiga zarar yetishi, 100 dan ortiq, biroq 500 dan koʻp boʻlmagan odamning hayot faoliyati sharoitlari buzilishi, oʻrtacha kattalikdagi ekin maydoniga teng boʻlgan hududda atrof-muhitga zarar yetishi yoki davlatning nufuzi va obroʻsiga zarar yetishi mumkin boʻlgan MAI obyektlari.

v) past darajadagi MAI obyektlari — yuqori va oʻrta darajadagi MAI obyektlari toifasiga kirmaydigan MAI obyektlari.

3-bob. MAI obyektlarini toifalash natijalarini rasmiylashtirish

10. Komissiya yoki toifalovchi tashkilot tomonidan MAI obyektini toifalash natijalari boʻyicha quyidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan dalolatnoma rasmiylashtiriladi:

MAI obyektining nomi;

MAI obyekti egasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (yuridik shaxsning toʻliq nomi, joylashgan joyi (pochta manzili), tashkiliy-huquqiy shakli);

MAI obyektida kiberxavfsizlikni taʼminlashga masʼul boʻlgan xodim toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (familiyasi, ismi va otasining ismi, maʼlumoti, kiberxavfsizlikni taʼminlash uchun masʼul etib tayinlanganligi haqidagi buyruq, attestatsiyadan oʻtganligi toʻgʻrisida maʼlumot, malakasini oshirganligi toʻgʻrisidagi maʼlumot, telefon raqami, elektron pochtasi);

MAI obyektining koʻlami va maqsadi;

MAI obyektida qoʻllaniladigan axborotlashtirish, apparat, apparat-dasturiy va dasturiy vositalarning nomi va turi hamda ularga berilgan litsenziya va muvofiqlik sertifikatining raqami hamda sanasi;

MAI obyektining kiberhimoyasini taʼminlashda foydalaniladigan vositalarning nomi va turi hamda ularga berilgan litsenziya va muvofiqlik sertifikatining raqami hamda sanasi;

MAI obyektining telekommunikatsiya tarmogʻi va Internet jahon axborot tarmogʻiga ulanishi haqidagi maʼlumotlar;

MAI obyektida yuzaga kelishi mumkin boʻlgan zaifliklar, kibertahdidlar, kiberhujumlar va boshqa buzgʻunchi xatti-harakatlar haqidagi maʼlumotlar;

MAI obyektida kiberxavfsizlik hodisasi natijasida ishdan chiqishi tufayli yuzaga kelishi mumkin boʻlgan oqibat va zararlar;

MAI obyektining tegishli toifasi.

11. MAI obyektini toifalash natijalari boʻyicha dalolatnoma ikki nusxada, toifalash toifalovchi tashkilot tomonidan amalga oshirilganda esa uch nusxada tuziladi.

12. MAI obyektini toifalash natijalari boʻyicha dalolatnoma komissiya aʼzolari tomonidan, toifalash toifalovchi tashkilot tomonidan amalga oshirilganda, toifalovchi tashkilot rahbari va toifalashda ishtirok etgan xodimlar tomonidan imzolanadi hamda MAI obyekti egasi tomonidan tasdiqlanadi.

13. MAI obyektini toifalash natijalari boʻyicha dalolatnomaga uni tuzish va toifalash uchun foydalanilgan hujjatlar va maʼlumotlar ilova qilinadi.

14. MAI obyekti egasi tomonidan MAI obyektini toifalash natijalari boʻyicha dalolatnoma tuzilgan kundan boshlab besh ish kuni ichida MAI obyektini Reyestrga kiritish toʻgʻrisida ushbu Nizomning 1-ilovasiga muvofiq shakldagi ariza qogʻoz yoki elektron shaklda vakolatli davlat organiga taqdim etiladi. Arizaga MAI obyektini toifalash natijalari boʻyicha dalolatnoma ilova qilinadi.

4-bob. MAI obyektlarining toifasini qayta koʻrib chiqish

15. Komissiya yoki toifalovchi tashkilot tomonidan har yili kamida bir marta ilgari toifalangan MAI obyektlarining toifalari mazkur Nizomning 2-bobida belgilangan tartibda qayta koʻrib chiqiladi.

MAI obyektiga dasturiy va texnik taʼminot vositalarini qoʻshish yoki oʻchirish, MAI obyektining konfiguratsiyasi hamda kiberhimoya vositalari yoxud uning koʻlami va maqsadi oʻzgarganda, komissiya yoki toifalovchi tashkilot tomonidan MAI obyektlarining toifalari oʻttiz ish kuni ichida mazkur Nizomning 2-bobida belgilangan tartibda qayta koʻrib chiqiladi.

16. MAI obyektlarining toifalarini qayta koʻrib chiqishda mazkur Nizomning 9-bandida koʻrsatilgan mezonlar asosida MAI obyektlari bir toifadan boshqa toifaga oʻtkazilishi yoki oʻzgarishsiz qoldirilishi mumkin.

17. MAI obyektlarining toifasini qayta koʻrib chiqish natijalari boʻyicha mazkur Nizomning 3-bobida belgilangan tartibda dalolatnoma tuziladi.

18. MAI obyekti egasi tomonidan MAI obyektlarining toifalarini qayta koʻrib chiqish haqidagi dalolatnoma tuzilgan kundan boshlab besh ish kuni ichida ushbu dalolatnoma hamda MAI obyektining toifasi oʻzgargan taqdirda, mazkur Nizomning 1-ilovasiga muvofiq shakldagi ariza qogʻoz yoki elektron shaklda vakolatli davlat organiga taqdim etiladi.

5-bob. MAI obyektlarini Reyestrga kiritish va Reyestrni yuritish

19. Vakolatli davlat organi MAI obyektlarini mazkur Nizomning 2-ilovasidagi sxemaga muvofiq Reyestrga kiritadi.

MAI obyektlarini Reyestrga kiritish bevosita vakolatli davlat organi tashabbusiga koʻra yoki uning yozma topshirigʻi asosida ishchi organ tomonidan amalga oshirilishi mumkin.

20. MAI obyektini Reyestrga kiritish toʻgʻrisidagi ariza va unga ilova qilingan hujjatlar (bundan buyon matnda ariza deb yuritiladi) vakolatli davlat organiga kelib tushgan kundan boshlab oʻttiz ish kunidan koʻp boʻlmagan muddatda vakolatli davlat organi yoki ishchi organ tomonidan koʻrib chiqiladi.

21. Arizani koʻrib chiqishda vakolatli davlat organi va ishchi organ quyidagi huquqlarga ega:

MAI obyekti egasidan arizada keltirilgan maʼlumotlarga izoh va qoʻshimchalar soʻrash;

MAI obyektining toifasini aniqlashda MAI obyekti egasi tomonidan berilgan maʼlumotlarining ishonchliligini va toʻgʻriligini joyiga chiqqan holda tekshirish.

22. Vakolatli davlat organi yoki ishchi organ ariza kelib tushgan kundan boshlab oʻn ish kuni ichida arizaning toʻgʻri va toʻliqligini tekshiradi.

Ariza mazkur Nizomning 1-ilovasiga muvofiq shaklda taqdim etilmagan taqdirda, vakolatli davlat organi yoki ishchi organ ariza kelib tushgan kundan oʻn kundan koʻp boʻlmagan muddatda MAI obyekti egasiga kamchiliklarni koʻrsatgan holda qogʻoz yoki elektron shaklda xabarnoma yuboradi.

MAI obyekti egasi oʻn ish kuni ichida kamchiliklarni bartaraf etadi va natijasi boʻyicha maʼlumotlarni vakolatli davlat organi yoki ishchi organga yuboradi.

Kamchiliklar oʻn ish kuni ichida bartaraf etilmasa, MAI obyekti egasi MAI obyektini Reyestrga kiritish uchun vakolatli davlat organiga yangi ariza bilan murojaat qiladi.

23. Vakolatli davlat organi yoki ishchi organ arizaning toʻgʻri va toʻliqligini tekshirganidan soʻng oʻn ish kuni ichida arizada koʻrsatilgan maʼlumotlarning ishonchliligi va toʻgʻriligini joyiga chiqqan holda tekshiradi.

24. Vakolatli davlat organi yoki ishchi organ tomonidan arizani koʻrib chiqish quyidagi hollarda rad etiladi:

arizaga dalolatnoma ilova qilinmasa yoki dalolatnoma ushbu Nizomning 3-bobida belgilangan tartibda rasmiylashtirilmagan boʻlsa;

arizada nazarda tutilgan maʼlumotlar notoʻgʻri va hujjatlar bilan tasdiqlanmagan axborotga asoslangan boʻlsa;

taqdim qilingan arizadagi maʼlumotlar oʻrtasida nomuvofiqliklar mavjud boʻlsa yoki arizada koʻrsatilgan maʼlumotlarni joyiga chiqqan holda tekshirishda nomuvofiqliklar aniqlansa.

25. Mazkur Nizomning 24-bandiga muvofiq arizani koʻrib chiqish rad etilgan taqdirda, bu haqda shu kunning oʻzida MAI obyekti egasiga yozma xabarnoma yuboriladi. Xabarnomada arizani koʻrib chiqishning rad etilishi sabablari koʻrsatiladi.

26. MAI obyekti egasi arizani koʻrib chiqishning rad etilishiga asos boʻlgan sabablarni bartaraf etgan holda, oʻttiz besh ish kuni ichida MAI obyektini Reyestrga kiritish uchun takroran murojaat qilishi kerak.

27. Arizani koʻrib chiqish rad etilgan taqdirda, takroran kiritilgan ariza ushbu Nizomga muvofiq umumiy asoslarda va belgilangan muddatlarda koʻrib chiqiladi.

28. Vakolatli davlat organi yoki ishchi organ tomonidan oʻn ish kuni ichida MAI obyektlarini Reyestrga kiritish toʻgʻrisida qaror qabul qilinadi hamda mazkur Nizomning 32-bandidagi maʼlumotlar Reyestrga kiritiladi va MAI obyekti egasiga bu haqda qogʻoz yoki elektron shaklda xabarnoma yuboriladi.

29. Reyestrga kiritilgan maʼlumotlarning dolzarbligi va ishonchliligini taʼminlash uchun vakolatli davlat organi yoki ishchi organ MAI obyekti egasi tomonidan Reyestrga kiritilgan MAI obyektlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni berish muddatlarini belgilaydi.

30. Reyestrga kiritilgan maʼlumotlarga vakolatli davlat organi yoki ishchi organ tomonidan quyidagi holatlarda oʻzgartirishlar kiritilishi mumkin:

MAI obyekti egasining Reyestrga kiritilgan MAI obyekti maʼlumotlari oʻzgarganligi haqidagi qogʻoz yoki elektron shaklda yuborilgan xabarnomasi yoxud arizasi asosida;

vakolatli organ yoki ishchi organ, shu jumladan vakolatli organ topshirigʻi asosida MAI obyektining kiberxavfsizlik talablariga muvofiqligi yuzasidan oʻtkazilgan tadbirlar natijalari asosida.

31. MAI obyektining faoliyati tugatilganligi haqida MAI obyekti egasining murojaatiga muvofiq vakolatli davlat organi yoki ishchi organ MAI obyektini Reyestrdan chiqaradi.

6-bob. Reyestrga kiritiladigan asosiy maʼlumotlar roʻyxati

32. Reyestrga MAI obyektlari toʻgʻrisidagi quyidagi maʼlumotlar kiritiladi:

MAI obyektining nomi;

MAI obyekti egasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (yuridik shaxsning toʻliq nomi, joylashgan joyi (pochta manzili), tashkiliy-huquqiy shakli, bank rekvizitlari, STIR, telefon raqami, faksi, elektron pochtasi);

MAI obyektining kiberxavfsizligini taʼminlashga masʼul boʻlgan xodim toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (familiyasi, ismi va otasining ismi, maʼlumoti, kiberxavfsizlikni taʼminlash uchun masʼul etib tayinlanganligi haqidagi buyruq, attestatsiyadan oʻtganligi toʻgʻrisida maʼlumot, malakasini oshirganligi toʻgʻrisidagi maʼlumot, telefon raqami, elektron pochtasi);

MAI obyektining koʻlami va maqsadi;

MAI obyektida qoʻllaniladigan axborotlashtirish apparat, apparat-dasturiy va dasturiy vositalarning nomi va turi hamda ularga berilgan litsenziya va muvofiqlik sertifikatining raqami hamda sanasi;

MAI obyektining kiberhimoyasini taʼminlashda foydalaniladigan vositalarning nomi va turi hamda ularga berilgan litsenziya va muvofiqlik sertifikatining raqami hamda sanasi;

MAI obyektining telekommunikatsiya tarmogʻi va Internet jahon axborot tarmogʻiga ulanishi haqidagi maʼlumotlar;

MAI obyektida yuzaga kelishi mumkin boʻlgan zaifliklar, kibertahdidlar, kiberhujumlar va boshqa buzgʻunchi xatti-harakatlar haqidagi maʼlumotlar;

MAI obyekti kiberxavfsizlik hodisasi natijasida ishdan chiqishi tufayli yuzaga kelishi mumkin boʻlgan oqibat va zararlar;

MAI obyektining tegishli toifasi.

33. Reyestrdagi maʼlumotlar bazasi maxfiylashtiriladi va undagi maʼlumotlar qonunchilikka muvofiq himoya qilinishi kerak.

34. Kiberhujumlarni aniqlash, ularning oldini olish va oqibatlarini bartaraf etish maqsadida vakolatli davlat organi tomonidan Reyestrda mavjud boʻlgan maʼlumotlar boshqa davlat organlari va tashkilotlariga taqdim etilishi mumkin.

7-bob. MAI obyektiga identifikatsiya raqamini berish

35. Reyestrga kiritilgan MAI obyekti uchun lotin alifbosining bosh harflari va raqamlardan tashkil topgan defis bilan ajratilgan uch qismdan iborat “XX-X-XXXXX” koʻrinishdagi identifikatsiya raqami (bundan buyon matnda identifikatsiya raqami deb yuritiladi) beriladi.

36. Identifikatsiya raqamining birinchi qismi MAI obyekti joylashgan hududni anglatuvchi 01 dan 14 gacha boʻlgan quyidagi raqamlar bilan belgilanadi:

01 — Toshkent shahri;

02 — Toshkent viloyati;

03 — Sirdaryo viloyati;

04 — Jizzax viloyati;

05 — Samarqand viloyati;

06 — Fargʻona viloyati;

07 — Namangan viloyati;

08 — Andijon viloyati;

09 — Qashqadaryo viloyati;

10 — Surxondaryo viloyati;

11 — Buxoro viloyati;

12 — Navoiy viloyati;

13 — Xorazm viloyati;

14 — Qoraqalpogʻiston Respublikasi.

37. Identifikatsiya raqamining ikkinchi qismi lotin alifbosining bosh harflari bilan belgilanib, MAI obyektining quyidagi sohalarga tegishliligini anglatadi:

A — davlat boshqaruvi va davlat xizmatlari;

B — mudofaa;

S — davlat xavfsizligi;

D — huquq-tartibot;

E — yoqilgʻi-energetika majmui (atom energetikasi);

F — kimyo;

G — neft-kimyo;

I — metallurgiya;

J — suvdan foydalanish va suv taʼminoti;

K — qishloq xoʻjaligi;

L — sogʻliqni saqlash;

M — uy-joy kommunal xizmatlari;

N — bank-moliya tizimi;

O — transport;

P — axborot-kommunikatsiya texnologiyalari;

Q — ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish;

R — strategik ahamiyatga ega boʻlgan foydali qazilmalarni qazib olish va qayta ishlash;

S — ishlab chiqarish;

T — iqtisodiyotning boshqa tarmoqlari.

38. Identifikatsiya raqamining uchinchi qismi 00001 dan 99999 gacha boʻlgan raqamlardan iborat boʻlib, MAI obyektining Reyestrdagi tartib raqamini anglatadi.

39. MAI obyekti maʼlumotlariga oʻzgartirish kiritilganda, uning identifikatsiya raqami oʻzgarmaydi.

MAI obyekti Reyestrdan chiqarib yuborilganda, uning identifikatsiya raqamidan qayta foydalanilmaydi.

8-bob. Yakuniy qoida

40. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikda belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.

Oʻzbekiston Respublikasi muhim axborot infratuzilmasi obyektlarini toifalash va yagona davlat reyestrini yuritish tartibini belgilovchi vaqtinchalik nizomga 1-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi muhim axborot infratuzilmasi obyekti maʼlumotlarini vaqtinchalik yagona reyestrga kiritish uchun

Quyida keltirilgan maʼlumotlarga muvofiq muhim axborot infratuzilmasi obyekti maʼlumotlarini vaqtinchalik yagona reyestrga kiritishingizni soʻrayman. 1. MAI obyektining nomi 2. Mulk huquqi, ijara yoki boshqa huquqiy asoslarda MAI obyektiga egalik qiluvchi subyekt toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (yuridik shaxsning toʻliq nomi, joylashgan joyi (pochta manzili), tashkiliy-huquqiy shakli, bank rekvizitlari, STIRi, telefon raqami, faksi, elektron pochtasi) 3. MAI obyektining kiberxavfsizligini taʼminlashga masʼul boʻlgan xodim toʻgʻrisida maʼlumotlar 4. MAI obyektining tatbiq qilish darajasi va vazifasi 5. MAI obyektining toifasi 6. MAI obyektida qoʻllaniladigan axborotlashtirish apparat, apparat-dasturiy va dasturiy vositalarning nomi va turi hamda ularga berilgan litsenziya va muvofiqlik sertifikatining raqami hamda sanasi 7. MAI obyektining kiberhimoyasini taʼminlashda foydalaniladigan vositalarning nomi va turi hamda ularga berilgan litsenziya va muvofiqlik sertifikatining raqami hamda sanasi 8. MAI obyektini umumiy telekommunikatsiya tarmogʻi, shuningdek Internet tarmogʻiga ulanishi haqida maʼlumot 9. MAI obyektiga nisbatan kiberxavfsizlik tahdidlari va qoidabuzarlik toifalari haqida maʼlumotlar 10. MAI obyekti faoliyatida kiberxavfsizlik hodisasi natijasida xatolik yuz berganda yoki u ishdan chiqqan taqdirda, yuzaga kelishi mumkin boʻlgan oqibat va zararlar MAI obyekti haqidagi maʼlumotlar elektron shaklda ilova qilinadi. ____________________________________ _____________________ (rahbar) (imzo, F.I.O.)

Oʻzbekiston Respublikasi muhim axborot infratuzilmasi obyektlarini toifalash va yagona davlat reyestrini yuritish tartibini belgilovchi vaqtinchalik nizomga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasining muhim axborot infratuzilmasi obyektlarining vaqtinchalik yagona reyestriga maʼlumotlarni kiritish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddati 1-bosqich MAI obyekti egasi MAI obyektini MAI obyektlarining vaqtinchalik yagona reyestriga kiritish uchun vakolatli davlat organiga ariza yuboradi. Obyekt tayyor boʻlganda 2-bosqich Vakolatli davlat organi Toifalash obyektni MAI obyektlari vaqtinchalik yagona reyestriga kiritish toʻgʻrisidagi arizani koʻrib chiqadi, tahlil qiladi va ishchi organga yuboradi. 10 ish kuni ichida 3-bosqich Vakolatli davlat organi (ishchi organ) Maʼlumotlar notoʻgʻri yoki toʻliq taqdim etilmagan taqdirda MAI obyekti egasiga kamchiliklarni bartaraf etish boʻyicha murojaat yuboradi. 4-bosqich MAI obyekti egasi Aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etadi va maʼlumotni vakolatli davlat organiga yoki ishchi organga yuboradi. Kamchiliklar oʻn ish kuni ichida bartaraf etilmasa, 35 ish kuni ichida MAI obyekti egasi MAI obyektini reyestrga kiritish uchun vakolatli davlat organiga takroran ariza bilan murojaat qiladi. 10 ish kuni ichida 5-bosqich Vakolatli davlat organi (ishchi organ) Arizada koʻrsatilgan maʼlumotlarning ishonchliligi va toʻgʻriligini joyiga chiqqan holda tekshiradi. 10 ish kuni ichida 6-bosqich Vakolatli davlat organi (ishchi organ) Arizani koʻrib chiqish rad etilgan taqdirda, bu haqda shu kunning oʻzida MAI obyekti egasiga yozma xabarnoma yuboriladi. Xabarnomada arizani koʻrib chiqishning rad etilishi sabablari koʻrsatiladi. 1 ish kuni 7-bosqich Vakolatli davlat organi (ishchi organ) Maʼlumotlarning ishonchliligi va toʻgʻriligini joyiga chiqqan holda tekshirish natijasida nomuvofiqliklar aniqlanmasa MAI obyektlarini Reyestrga kiritish toʻgʻrisida qaror qabul qilinadi hamda maʼlumotlar Reyestrga kiritiladi va MAI obyekti egasiga bu haqda qogʻoz yoki elektron shaklda xabarnoma yuboriladi 10 ish kuni ichida

Rais A. AZIZOV

Toshkent sh.,

2024-yil 24-oktabr,

118-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 13.11.2024-y., 10/24/3570/0914-son)

lex.uz