📅 2024-yil 21-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 21-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 21 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 21 ноября 2024 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 21 November 2024 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
МАЪЛУМОТНОМА
СХЕМАСИ
АРИЗА
СХЕМАСИ
МИҚДОРЛАРИ
РЎЙХАТИ
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни жалб этиш ва уларга ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ адвокатлар томонидан давлат ҳисобидан кўрсатилган юридик ёрдам учун ҳақ тўлаш миқдори ва тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни жалб этиш ва уларга ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрини юритиш тартиби;
давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш бўйича ариза ва сўровларни кўриб чиқиш тартиби;
давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни жалб этиш тартиби;
давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатган адвокатларга ҳақ тўлаш тартиби.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Адлия вазирлиги:
давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизимини молиялаштириш масаласи бўйича ҳар йили навбатдаги давр учун бюджет сўровларини шакллантирсин;
бир ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда адлия вазири А.Ж. Ташкулов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 21 ноябрдаги 774-сон қарорига 1-ИЛОВА
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни жалб этиш ва уларга ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги Қонунига (кейинги ўринларда — Қонун) мувофиқ давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни жалб этиш ва уларга ҳақ тўлаш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
давлат ҳисобидан кўрсатиладиган юридик ёрдам — Қонунда белгиланган тартиб-таомиллар ва шартларга мувофиқ давлат ҳисобидан тўлиқ ёки қисман кўрсатиладиган, жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган малакали юридик ёрдам;
давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестри (кейинги ўринларда — реестр) — Қонунга мувофиқ давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида шартнома тузган адвокатлар ҳақидаги маълумотлар базаси;
давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (кейинги ўринларда — тасдиқловчи ҳужжатлар) — давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилганлиги тўғрисида ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ маълумотнома, шунингдек, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш рад этилганлиги ҳақидаги баённома ёки адвокатдан воз кечиш тўғрисидаги баённома;
«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими — кам таъминланган деб эътироф этилган оилалар ва шахслар тўғрисидаги маълумотлар базаси;
иш кўриб чиқилаётган ҳудуд — давлат ҳисобидан юридик ёрдам олувчи шахсга тегишли фуқаролик, маъмурий, жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки муайян ишда суд томонидан қўлланилган қонуннинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётган ёки кўриб чиқилиши мумкин бўлган ҳудуд (республика, вилоят, туман ёки шаҳар);
кам таъминланган шахс — «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими воситасида кам таъминланган шахс деб эътироф этилган шахс;
« Юридик ёрдам» ахборот тизими — тасодифий электрон тарзда танлаб олиш йўли билан жисмоний шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокатларни жалб этиш, шунингдек, қонунчиликда назарда тутилган ва давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ бўлмаган вазифаларни бажариш учун мўлжалланган махсус электрон ахборот тизими;
яқин ҳудуд — тегишинча иш кўриб чиқилаётган ҳудудга ёки адвокатнинг давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида шартномасида танланган ҳудудларга 50 км дан ортиқ бўлмаган масофадаги ҳудуд.
3. Қуйидаги жисмоний шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади:
кам таъминланган шахслар, агар улар муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий судига мурожаат этса, фуқаролик ишлари бўйича даъвогарлар ёки жавобгарлар, маъмурий ишлар бўйича ариза берувчилар, маъмурий қамоқ тарзидаги маъмурий жазо назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахслар ҳамда жиноят ишлари бўйича гумон қилинувчилар, айбланувчилар, судланувчилар, шунингдек, маҳкумлар бўлса;
руҳий ҳолати бузилган жисмоний шахслар, уларга Ўзбекистон Республикасининг «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ психиатрия ёрдами кўрсатилаётганда;
ўз ҳуқуқлари бузилган, Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Қонунида назарда тутилган хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги муносабати билан судга мурожаат қилган жисмоний шахслар;
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ жиноят иши бўйича адвокат иштирок этиши шарт бўлган тақдирда, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи.
4. Ушбу Низомнинг 3-банди иккинчи хатбошисида кўрсатилган жисмоний шахсларга Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди, фуқаролик ишлари бўйича судлар ва маъмурий судларга тааллуқли бўлган қуйидаги ишлар бўйича давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади:
муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш;
ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ҳамда тўлаш;
ишга тиклаш;
иш ҳақини ундириш;
алиментларни ундириш;
уйга киритиш, турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ва кўчириш;
меҳнатда майиб бўлганлик ёки соғлиқнинг бошқача тарзда шикастланганлиги, шунингдек, боқувчининг вафот этганлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш;
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 991-моддасида назарда тутилган тартибда терговга қадар текширувни амалга оширувчи органларнинг, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органларининг ва суднинг қонунга хилоф ҳаракатлари туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам ушбу шахслар томонидан маъмурий қамоқ жазоси назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилган ҳолларда кўрсатилади.
Руҳий ҳолати бузилган жисмоний шахсларга психиатрия ёрдами кўрсатилаётганда давлат ҳисобидан юридик ёрдам:
ташхис қўйиш, даволаш ва реабилитация қилиш;
тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш;
жиноят, фуқаролик ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича суд-психиатрия экспертизасини ўтказиш чоғида кўрсатилади.
Хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги тўғрисидаги ишларни судларда кўриш чоғида давлат ҳисобидан юридик ёрдам хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлашнинг қуйидаги йўналишлари бўйича кўрсатилади:
давлат фуқаролик хизмати соҳасида;
сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда;
иқтисодий соҳада ҳамда тадбиркорлик фаолиятида;
меҳнат муносабатларида;
ижтимоий ҳимоя соҳасида;
оилавий муносабатлар ҳамда болалар тарбияси соҳасида;
таълим, илм-фан, маданият ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида.
Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчиларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган тартибда кўрсатилади.
Кам таъминланган шахс бўлган маҳкумларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам суднинг ҳукми, ажрими ва қарорларини қайта кўриб чиқишда, шунингдек, уларни ижро этиш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда кўрсатилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги қуйидаги вазифа ва функциялари Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (кейинги ўринларда — ҳудудий адлия органлари) томонидан амалга оширилади:
реестрга кириш истагини билдирган адвокатлар билан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида шартномалар тузиш, уларни ўзгартириш ва бекор қилиш;
шартномаларнинг бажарилишини назорат қилиш;
адвокатларни реестрга киритиш, реестрдан чиқариш ва ундаги маълумотларни янгилаб бориш;
давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатларнинг навбатчилик жадвалини тасдиқлаш ва эълон қилиш.
6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги қуйидаги вазифа ва функциялари туман (шаҳар) адлия бўлимлари (кейинги ўринларда — адлия бўлимлари) томонидан амалга оширилади:
давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳақидаги мурожаат ва сўровларни кўриб чиқиш;
давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишни рад этиш ва тугатиш, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатаётган адвокатни алмаштириш билан боғлиқ ҳаракатларни амалга ошириш;
«Юридик ёрдам» ахборот тизими орқали танланган ёки навбатчилик жадвалига киритилган адвокатни ишга жалб этиш чораларини кўриш;
давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилиши билан боғлиқ маълумотларни текшириш;
заруратга кўра, давлат ҳисобидан кўрсатилган юридик ёрдамнинг сифати, тури, ҳажми ва муддатларини тасдиқлаш мақсадида давлат ҳисобидан юридик ёрдам олган жисмоний шахслардан ва ишни юритаётган ваколатли органдан (мансабдор шахсдан) тегишли ахборот ва маълумотларни сўраб олиш;
давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини қоплаш чораларини кўриш.
7. Ҳудудий адлия органлари адлия бўлимлари томонидан ушбу Низомнинг 6-бандида назарда тутилган вазифа ва функциялар бажарилишини назорат қилиб боради.
2-боб. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрини юритиш тартиби
8. Адвокат реестрга ушбу Низомга 2-иловадаги схемага мувофиқ киритилади.
9. Реестрга кириш истагини билдирган адвокат «Юридик ёрдам» ахборот тизими орқали реестрга кириш ҳақида тегишли ҳудудий адлия органига ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ ариза юборади.
10. Адвокатнинг реестрга кириш ҳақидаги аризаси ҳудудий адлия органлари томонидан уч иш куни ичида кўриб чиқилиб, натижаси бўйича ариза қаноатлантирилади ёки рад этилади.
11. Қуйидаги ҳолларда адвокатнинг реестрга кириш ҳақидаги аризаси рад этилади:
адвокатнинг мақоми тўхтатиб турилган бўлса;
адвокатнинг адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияси тугатилган бўлса;
давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида шартнома (кейинги ўринларда — шартнома) тузган адвокат яқин ҳудуд ҳисобланмаган бошқа ҳудудий адлия органи билан шартнома тузмоқчи бўлса.
12. Адвокатнинг реестрга кириш ҳақидаги аризаси қаноатлантирилган тақдирда, адвокатга «Юридик ёрдам» ахборот тизими орқали шартнома юборилади.
13. Шартнома Қонуннинг 13-моддаси талабларига мувофиқ расмийлаштирилади ва ҳудудий адлия органи раҳбари ҳамда адвокатнинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.
Адвокат беш кун ичида шартномани имзолаши ёки рад этиши мумкин. Агар шартнома белгиланган муддатда имзоланмаган тақдирда, шартномани имзолаш рад этилган деб ҳисобланади.
Шартномани имзолашни рад этган адвокат реестрга қайта кириш истаги бўлганда, унинг аризаси умумий тартибда кўриб чиқилади.
14. Шартнома адвокатнинг ихтиёрига кўра муддатли ёки муддатсиз тузилиши мумкин. Бунда муддатли шартнома олти ойдан кам бўлмаган муддатга тузилади.
Адвокат фаолият юритаётган адвокатлик тузилмаси ўзгарган ҳолларда, адвокат бошқа адвокатлик тузилмасида иш бошлаган куни шартномага ўзгартириш киритиш ҳақида ҳудудий адлия органига «Юридик ёрдам» ахборот тизими орқали мурожаат қилиши шарт.
15. Шартнома адвокат томонидан имзоланган тақдирда, у автоматик равишда реестрга киритилади.
16. Адвокат қуйидаги ҳолларда реестрдан чиқарилади:
адвокат билан тузилган давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартноманинг амал қилиш муддати тугаганда;
адвокат билан тузилган давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартнома бекор қилинганда;
адвокатнинг мақоми тўхтатиб турилганда;
адвокатнинг адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиясининг амал қилиши тугатилганда.
17. Реестр «Юридик ёрдам» ахборот тизимида ҳудудий адлия органлари билан шартнома тузган адвокатлар тўғрисидаги маълумотлар асосида шакллантирилади.
Реестрда адвокат ҳақидаги қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:
реестрдаги тартиб рақами;
адвокатнинг фамилияси, исми ва отасининг исми;
адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиянинг берилган санаси ва тартиб рақами;
адвокат ўз фаолиятини амалга ошираётган адвокатлик тузилмасининг номи, жойлашган жойи (почта манзили) ва телефон рақами;
адвокат қайси ҳудудлар доирасида давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш истагини билдирган бўлса, ўша ҳудудлар номи;
адвокатнинг рухсат этилган ихтисосликлари турлари;
иш юритиш тили;
иш вақти;
адвокат билан тузилган шартнома ҳақидаги маълумотлар.
Реестрдан барча жисмоний ва юридик шахслар фойдаланиши мумкин. Ҳудудий адлия органлари реестрдаги маълумотларнинг тўғри юритилиши учун масъул ҳисобланади.
18. Адвокат шартнома тузган ҳудудий адлия органи жойлашган ҳудуддаги ўзи танлаган туман (шаҳар)ларда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатади.
Бир ҳудуд доирасида давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокат мавжуд бўлмаган тақдирда, иш кўриб чиқилаётган ҳудудга энг яқин бўлган ҳудудда фаолият кўрсатаётган адвокат ишга жалб этилиши мумкин.
3-боб. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни жалб этиш тартиби
19. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокат ушбу Низомга 4-иловадаги схемага мувофиқ ишга жалб этилади ва унга ҳақ тўланади.
20. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш учун жисмоний шахслар экстерриториаллик принципи асосида адлия бўлимига оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳақидаги электрон шаклдаги мурожаатлар Ягона идентификация тизимидан (OneID) рўйхатдан ўтган ҳолда, «Юридик ёрдам» ахборот тизими орқали юборилади.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳақидаги оғзаки ва ёзма мурожаатлар тегишли адлия бўлими томонидан мурожаат келиб тушган куннинг кейинги иш кунидан кечиктирмай «Юридик ёрдам» ахборот тизимига киритилади.
21. Жисмоний шахслар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш учун қуйидагиларни тақдим этади:
а) давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисида ариза, аризада қуйидагилар акс эттирилади:
давлат ҳисобидан юридик ёрдам олувчи шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, шахсий идентификацион рақами (ЖШШИР), паспорт (идентификацияловчи ID-карта) рақами;
шахсий телефон рақами;
иш кўриб чиқилаётган ҳудуд (республика, вилоят, туман ёки шаҳар);
давлат ҳисобидан юридик ёрдам олувчи шахс тоифаси (кам таъминланган шахс, психиатрия ёрдами кўрсатилаётган ёки хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилган шахслар);
иш тури ва тоифаси;
иш юритиш тили;
ишнинг мазмуни;
б) ариза давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахснинг вакили томонидан берилган тақдирда, жисмоний шахснинг вакилига берилган ишончнома ва (ёки) унинг ваколатларини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар ёхуд қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахс ва унинг вакили ўртасидаги қариндошлик муносабатларини тасдиқловчи ҳужжатлар;
в) ариза руҳий ҳолати бузилган ва психиатрия ёрдами кўрсатилаётган жисмоний шахснинг қонуний вакили ёки психиатрия муассасаси томонидан берилган тақдирда, психиатрия ёрдамини кўрсатувчи психиатрия муассасасининг жисмоний шахсга психиатрия ёрдами кўрсатилаётганлиги ҳақидаги маълумотномаси;
г) ўз ҳуқуқлари бузилган, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги муносабати билан судга мурожаат қилган жисмоний шахс томонидан ариза берилган тақдирда, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги билан боғлиқ иш судда кўриб чиқилаётганлиги тўғрисида маълумотнома.
Ушбу банднинг «б» , «в» ва «г» кичик бандларида назарда тутилган маълумотлар адлия бўлими томонидан давлат органлари ўртасидаги электрон ахборот алмашинуви тизимлари орқали мустақил равишда олиниши мумкин.
22. Ваколатли орган ёки муассасанинг ёхуд мансабдор шахснинг давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги қарори, шунингдек, суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажрими (кейинги ўринларда — сўров) Қонуннинг 17-моддасида белгиланган тартибда «Юридик ёрдам» ахборот тизими орқали адлия бўлимига юборилади.
23. Агар жисмоний шахс «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида ҳисобда турмаган бўлса, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳақидаги ариза ёки сўров «Юридик ёрдам» ахборот тизимида рўйхатга олинмайди, ушбу банднинг учинчи — бешинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно.
Қуйидаги ҳолларда давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳақидаги ариза ёки сўров жисмоний шахс «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида ҳисобда турмаганлигидан қатъи назар, «Юридик ёрдам» ахборот тизимида рўйхатга олинади:
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексининг 51 ва 52-моддаларига мувофиқ жиноят иши бўйича адвокат иштирок этиши шарт бўлса, ҳимоячи (адвокат) тайинлаш тўғрисидаги суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажрими мавжуд бўлганда;
ариза ёки сўров руҳий ҳолати бузилган, психиатрия ёрдами кўрсатилаётган жисмоний шахснинг қонуний вакили ёки психиатрия муассасаси томонидан берилган тақдирда;
ариза ёки сўров ўз ҳуқуқлари бузилган, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги муносабати билан судга мурожаат қилган жисмоний шахс ёки суд томонидан берилган тақдирда.
24. Ариза ёки сўров Қонуннинг 18-моддасига мувофиқ уч иш куни ичида адлия бўлимлари томонидан кўриб чиқилади, ушбу банднинг иккинчи хатбошисида кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно.
Суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг жиноят ишлари бўйича ҳимоячи (адвокат) тайинлаш тўғрисидаги қарори ёки суднинг ажрими адлия бўлимлари томонидан кўриб чиқилиши талаб этилмайди ва ушбу Низомнинг 27-бандига асосан адвокатни танлашга асос бўлади.
25. Адлия бўлими томонидан ариза ёки сўровни кўриб чиқиш натижаси бўйича «Юридик ёрдам» ахборот тизимида давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ёки кўрсатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади ва рўйхатга олинади.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш қуйидаги ҳолларда рад этилади:
давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисидаги ариза ёки сўров ушбу Низом ва Қонун талабларига мувофиқ бўлмаганда;
давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисидаги ариза жисмоний шахснинг вакили томонидан унинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар ёки қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда, жисмоний шахс ва унинг вакили ўртасидаги қариндошлик муносабатларини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмасдан берилганда;
психиатрия ёрдамини кўрсатувчи психиатрия муассасасининг жисмоний шахсга психиатрия ёрдами кўрсатилаётганлигини тасдиқловчи маълумотномаси мавжуд бўлмаганда;
хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги билан боғлиқ иш судда кўриб чиқилаётганлиги тўғрисидаги маълумотнома мавжуд бўлмаганда;
жисмоний шахс (унинг вакили) томонидан тақдим этилган ҳужжатларда ёлғон ёки нотўғри ахборот мавжуд бўлганда;
жисмоний шахсга илгари фуқаролик ишлари ёки маъмурий ишлар бўйича айнан ўша тарафлар ўртасидаги низо юзасидан айни ўша предмет тўғрисидаги ва айни ўша асослар бўйича ҳуқуқий ҳимоянинг барча воситалари қўлланилган ҳолда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилган бўлса (янги очилган ҳолатлар бўйича қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ҳоллари бундан мустасно).
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш рад этилган тақдирда, адлия бўлими давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида ариза берган жисмоний шахсни ёки сўров юборган суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд ёхуд ваколатли органни (мансабдор шахсни) рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда электрон ёки ёзма равишда дарҳол хабардор қилади.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш рад этилганлиги устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиниши мумкин.
26. Адлия бўлимининг давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қарори, суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ҳимоячи (адвокат) тайинлаш ҳақидаги қарори ёки суднинг ажрими «Юридик ёрдам» ахборот тизимида рўйхатга олинаётганда, ахборот тизимига қуйидаги маълумотлар киритилади:
давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, фуқаролик паспорти (идентификацияловчи ID-карта)га оид маълумотлар;
юридик ёрдам кўрсатиладиган ишнинг тури ва тоифаси;
иш юритиладиган тил;
иш кўриб чиқилаётган ҳудуд;
адвокатнинг ишда иштирок этиш санаси ва вақти.
Бунда заруратга кўра, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишга оид бошқа маълумотлар ҳам «Юридик ёрдам» ахборот тизимига киритилиши мумкин.
27. Адлия бўлимининг давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қарори, шунингдек, суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ҳимоячи (адвокат) тайинлаш тўғрисидаги қарори ёки суднинг ажрими «Юридик ёрдам» ахборот тизимида рўйхатга олингандан сўнг ахборот тизими иш кўриб чиқилаётган ҳудуд бўйича адвокатни тасодифий электрон тарзда танлайди.
«Юридик ёрдам» ахборот тизими томонидан адвокатни электрон танлашда ушбу тизимнинг «саралаш» функцияси орқали қуйидагилар ҳисобга олинади:
адвокатнинг ихтисослиги;
адвокат шартнома тузган ҳудудлар бўйича иш кўриб чиқилаётганлиги, ушбу Низомнинг 18-банди иккинчи хатбошисида белгиланган ҳоллар бундан мустасно;
иш юритилаётган тилни билиш даражаси.
28. Танланган адвокатнинг телефон рақамига ҳамда «Юридик ёрдам» ахборот тизимидаги шахсий электрон кабинетига давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш учун ишни қабул қилиш ёки рад этиш ҳақида автоматик равишда «SMS» шаклида хабарнома юборилади.
Танланган адвокат «Юридик ёрдам» ахборот тизимидаги шахсий кабинети орқали ишни қабул қилади ёки рад этади.
Агар «Юридик ёрдам» ахборот тизими орқали танланган адвокат ишда иштирок этишни рад этадиган бўлса, у рад этиш асосларини дарҳол «Юридик ёрдам» ахборот тизимига киритиши керак.
29. Танланган адвокат жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича бир соат, бошқа турдаги ишлар бўйича беш иш соати мобайнида ишни қабул қилишни рад этган ёки хабарномага жавоб бермаган тақдирда, «Юридик ёрдам» ахборот тизими иш кўриб чиқилаётган ҳудуд ёки иш кўриб чиқилаётган ҳудудга яқин ҳудудлар доирасида бошқа адвокатни танлайди.
«Юридик ёрдам» ахборот тизими орқали адвокатни танлаш жараёни тизим орқали танланган адвокатлардан бири ўзининг ишда иштирок этишини тасдиқланмагунига қадар давом этади, ушбу банднинг учинчи хатбошисида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.
Жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатни танлаш жараёнида икки соатдан ортиқ вақт давомида электрон танлаш йўли билан адвокат топилмаган ёки танланган адвокатларнинг ҳеч бири ишни қабул қилмаган ҳолатлар «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатларини ўтказиш зарур бўлган» деб топилиши ва навбатчилик жадвалига асосан адвокатни ишга жалб қилишга асос бўлади.
30. «Юридик ёрдам» ахборот тизими орқали танланган ҳамда тегишли ишда ўзининг иштирок этишини тасдиқлаган адвокат процессуал қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда ва тартибда юридик ёрдам кўрсатишга киришиши шарт.
«Юридик ёрдам» ахборот тизими орқали танланган адвокат ҳақидаги ахборот давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисида ариза берган жисмоний шахсга ёки давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақида сўров юборган ваколатли органга (мансабдор шахсга) жўнатилади.
31. Суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд ҳудудий адлия органи томонидан тасдиқланган давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатларнинг навбатчилик жадвалига асосан қуйидаги ҳолларда адвокатлардан бирини ишда иштирок этиш учун жалб қилиши мумкин:
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатларини ўтказиш зарур бўлганда;
техник муаммолар сабабли «Юридик ёрдам» ахборот тизими орқали адвокатни танлаш имконияти мавжуд бўлмаганда;
дам олиш ёки ишланмайдиган байрам кунлари бошланганда.
Бунда навбатчилик жадвали ҳудуд бўйича, бир ҳудудда шартнома тузган адвокатлар топилмаган ҳолларда яқин ҳудудлар бўйича реестрга киритилган адвокатлар орасидан «Юридик ёрдам» ахборот тизими орқали шакллантирилади ва ҳудудий адлия органи томонидан ҳар ойнинг биринчи санасига қадар тасдиқланиб, «Юридик ёрдам» ахборот тизимида эълон қилинади.
32. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокат қуйидаги ҳолларда адлия бўлимининг қарори асосида бошқа адвокат билан алмаштирилади:
адвокат реестрдан чиқарилганда;
Ўзбекистон Республикасининг «Адвокатура тўғрисида»ги Қонуни 7-моддасининг иккинчи қисмида белгиланган ҳолатлар қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда тасдиқланса;
адвокат касаллиги сабабли вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ҳақида тиббий хулоса тақдим этганда;
давлат ҳисобидан юридик ёрдам олувчи шахснинг мурожаатига асосан адвокатга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилганда.
Мазкур бандда кўрсатилган асослардан ташқари бошқа ҳолларда адвокатни алмаштиришга йўл қўйилмайди.
Бир адвокатни бошқа адвокат билан алмаштириш чоғида давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг узлуксизлиги таъминланади.
33. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш адлия бўлимининг қарори билан қуйидаги асосларга кўра тугатилади:
давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида ариза берган жисмоний шахснинг аризасига кўра;
давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилаётган жисмоний шахс «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида кам таъминланган шахслар тоифасидан чиқарилган бўлса;
давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилаётган иш бўйича жисмоний шахсга юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартнома асосида бошқа адвокат томонидан юридик ёрдам кўрсатилаётган бўлса;
жисмоний шахснинг аризасида кўрсатилган масала бўйича юридик ёрдам кўрсатиш суднинг тегишли ҳукми, қарори ёки ажрими чиқарилганлиги муносабати билан якунланган бўлса;
психиатрия муассасаси томонидан жисмоний шахсга психиатрия ёрдамини кўрсатиш тугатилган бўлса;
давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилаётган жисмоний шахс вафот этган ёки вафот этган деб эълон қилинган ёхуд бедарак йўқолган деб топилган бўлса;
давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилаётган шахс адвокатдан белгиланган тартибда ёзма равишда воз кечганда.
Адлия бўлимининг давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишни тугатиш тўғрисидаги қарори «Юридик ёрдам» ахборот тизими орқали қабул қилинади.
Ушбу банднинг учинчи ва тўртинчи хатбошиларида белгиланган ҳолатлар юзага келганда, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олувчи шахс ҳамда ушбу банднинг олтинчи хатбошисида белгиланган ҳолатлар юзага келганда эса, психиатрия муассасаси адлия бўлимига уч кун муддатда бу ҳақда хабар бериши шарт.
4-боб. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилганлигини тасдиқлаш тартиби
34. Реестрга киритилган адвокатлар давлат ҳисобидан юридик ёрдамни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибга, шунингдек, Адвокатнинг касб этикаси қоидалари ҳамда ушбу соҳага оид бошқа ҳужжатларга мувофиқ сифатли кўрсатиши шарт.
35. Адвокат давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тегишинча терговга қадар текширув, суриштирув, тергов ва суд жараёни, шунингдек, психиатрия ёрдами кўрсатиш якунланган кундан бошлаб, бир ой муддат ичида «Юридик ёрдам» ахборот тизимига киритиши лозим.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилганлиги тўғрисидаги маълумотнома адвокатнинг имзоси ёки электрон имзоси билан тасдиқланади.
36. Тасдиқловчи ҳужжатларнинг процессуал ҳаракатларни амалга оширишда адвокатнинг иштирок этиши ҳақидаги қисми ишни юритаётган суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд ёки бошқа ваколатли орган (мансабдор шахс) билан уч иш куни ичида «Юридик ёрдам» ахборот тизими орқали электрон ёки ёзма шаклда келишилади.
Ёзма шаклда келишилган тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхаси рангли «PDF», «JPG», «JPEG» ёки «PNG» кўринишида, сифатли ҳолатда «Юридик ёрдам» ахборот тизимига киритилади.
Агар суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд ёки бошқа ваколатли орган (мансабдор шахс) адвокатнинг мурожаатидан кейин уч иш куни ичида тасдиқловчи ҳужжатларни келишиб бермаса, тасдиқловчи ҳужжатлар келишилган деб ҳисобланади. Бунда ёзма равишда келишиш учун тақдим қилинган тасдиқловчи ҳужжатларни келишиш учун қабул қилинган санаси мазкур ҳужжатнинг нусхасида қайд этилади.
37. Тасдиқловчи ҳужжатларда адвокат ўзининг иштирокини белгилаган кунларда тегишинча терговга қадар текширув, суриштирув, тергов ва суд жараёнида, шунингдек, психиатрия ёрдами кўрсатилаётганда иштирок этмаган бўлса, тасдиқловчи ҳужжатни келишиш рад этилади.
Тасдиқловчи ҳужжатларни суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан келишиш рад этилганда, рад этиш асоси кўрсатилади.
38. Тасдиқловчи ҳужжатлар суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд ёки бошқа ваколатли орган (мансабдор шахс) билан келишилгандан сўнг «Юридик ёрдам» ахборот тизими орқали давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилган ҳудуддаги адлия бўлимига юборилади.
Тасдиқловчи ҳужжатлар адлия бўлимига келиб тушган кундан эътиборан уч иш куни ичида текширилади ҳамда давлат ҳисобидан кўрсатилган юридик ёрдам бўйича адвокатга ҳақ тўлаш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг туман (шаҳар) бўлимига юборилади.
Агар тасдиқловчи ҳужжатларни текшириш натижаларига кўра ёлғон ёки нотўғри маълумотлар аниқланган тақдирда, уларни Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг туман (шаҳар) бўлимига юбориш рад этилади.
39. Адлия бўлими адвокат томонидан кўрсатилган юридик ёрдамнинг сифати, тури, ҳажми ва муддатларини тасдиқлаш мақсадида давлат ҳисобидан юридик ёрдам олган жисмоний шахслардан ва ишни юритаётган ваколатли органдан (мансабдор шахсдан) ахборот ва маълумотлар сўраб олишга ҳақли. Бунда ушбу ахборот ва маълумотлардан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш соҳасининг умумий мониторингини юритиш учун фойдаланилади ва давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилганлиги учун ҳақ тўлашга таъсир қилмайди.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатдан юридик ёрдам кўрсатилганлигини тасдиқлаш учун тасдиқловчи ҳужжатлардан бошқа қўшимча ҳужжатлар талаб этилишига йўл қўйилмайди.
5-боб. Давлат ҳисобидан кўрсатилган юридик ёрдамни молиялаштириш асослари, миқдорлари ва ҳақ тўлаш тартиби
40. Адвокат томонидан тасдиқловчи ҳужжатлар тегишли адлия бўлимига «Юридик ёрдам» ахборот тизими орқали юборилганлиги кўрсатилган давлат ҳисобидан юридик ёрдамни молиялаштириш учун асос бўлади.
41. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатаётган адвокат алмаштирилганда ёки давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тугатилганда ёхуд қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ иш юритиш тўхтатиб турилганда, адвокатга амалда кўрсатилган давлат ҳисобидан юридик ёрдами учун ҳақ тўланади.
42. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатган адвокатга ушбу Низомга 5-иловага мувофиқ миқдорларда ҳақ тўланади.
43. Икки ва ундан ортиқ шахсларга битта фуқаролик, маъмурий, жиноий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларда, муайян ишда суд томонидан қўлланилган қонуннинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги ишларда, психиатрия ёрдами кўрсатилаётганда, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги бўйича ишларда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатган адвокатга ҳар бир ишонч билдирувчи (ҳимоя остидаги шахс) учун ушбу Низомга 5-иловада белгиланган миқдорларнинг 80 фоизи миқдорида ҳақ тўланади.
44. Адвокат томонидан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ бўлган хизмат сафари ва транспорт харажатлари адвокат шартнома тузган жойдан 50 км масофадан узоқ бўлган ҳудудда юридик ёрдам кўрсатилган ҳолларда қопланади.
45. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг туман (шаҳар) бўлими томонидан унга тасдиқловчи ҳужжатлар келиб тушгандан сўнг ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг биринчи ўн беш куни давомида давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатган адвокатга у фаолият юритаётган адвокатлик тузилмасининг банк ҳисобварағига пул ўтказиб бериш йўли билан ҳақ тўланади.
46. Агар фуқаролик ишлари бўйича суднинг ҳал қилув қарори давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилган жисмоний шахснинг фойдасига қабул қилинган бўлса, суд иккинчи тарафдан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ харажатларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорда ва тартибда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети фойдасига ундириб олади, иккала тараф Қонунга мувофиқ давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар деб эътироф этилган ҳоллар бундан мустасно.
Жисмоний шахс давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар тоифаларидан бирига кириш мақсадида ёлғон ёки чалғитувчи маълумотлар тақдим этганлиги аниқланган тақдирда, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ барча харажатларнинг ўрни юридик ёрдам олган жисмоний шахс томонидан қопланади.
Ушбу Низомнинг 33-банди ўнинчи хатбошисига мувофиқ давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишни тугатиш асослари вужудга келганлиги ҳақида давлат ҳисобидан юридик ёрдам олувчи шахс ёки психиатрия муассасаси томонидан адлия бўлимига хабар берилмаган тақдирда, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрни тегишлича давлат ҳисобидан юридик ёрдам олувчи шахс ёки психиатрия муассасаси томонидан қопланади.
Адвокат давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилганлиги тўғрисида ёлғон ёки нотўғри маълумотлар тақдим этганлиги аниқланган тақдирда, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрни адвокат томонидан қопланади.
Ушбу банднинг иккинчи — тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган шахслар томонидан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаш рад этилган тақдирда, бундай харажатлар суд тартибида ундирилади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
47. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокат давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилганлиги ҳақидаги маълумотномада кўрсатилган маълумотларнинг ишончлилиги учун шахсан жавобгардир.
Тасдиқловчи ҳужжатларнинг процессуал ҳаракатларни амалга оширишдаги иштирокига оид қисмини келишган суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд ёки бошқа ваколатли орган (мансабдор шахс) маълумотларнинг келишилган қисмига жавобгар ҳисобланади.
48. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг туман (шаҳар) бўлимлари адвокатларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилганлиги учун харажатларни ушбу Низомда белгиланган миқдорда ва муддатларда тўлаб бериши шарт.
49. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни жалб этиш ва уларга ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилганлиги тўғрисида
1. Адвокатлик тузилмасининг номи 2. Адвокатнинг фамилияси, исми ва отасининг исми 3. Адвокатлик тузилмасининг манзили ва телефон рақами 4. Адвокатлик тузилмасининг СТИР маълумотлари 5. Хизмат кўрсатаётган банкнинг номи, МФО ва ҳисобварағи 6. Ишонч билдирувчи (ҳимоя остидаги) шахслар сони 7. Ишонч билдирувчи (ҳимоя остидаги) шахс(лар)нинг фамилияси, исми ва отасининг исми 1. 2. 3. ... 8. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилган ҳудуд ёки ҳудудлар доираси 9. Юридик ёрдам кўрсатилган жой, ташкилот, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ёки судлар номи 1. 2. 3. ... 10. Юридик ёрдам кўрсатилган иш тури □ фуқаролик; □ маъмурий; □ маъмурий ҳуқуқбузарлик; □ жиноий; □ хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги бўйича ишлар; □ психиатрия ёрдами кўрсатиш билан боғлиқ ишлар; □ қонуннинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги ишлар. 11. Юридик ёрдам кўрсатилган иш туркуми * 12. Иш рақами 13. Судга ариза (даъво ариза) ва шикоят киритилганлиги ҳақида маълумот ** 14. Терговга қадар текширув ҳаракатларида иштирок этган кунлари сони ва санаси 15. Суриштирув ҳаракатларида иштирок этган кунлари сони ва санаси 16. Тергов ҳаракатларида иштирок этган кунлари сони ва санаси 17. Биринчи инстанция судида иштирок этган кунлари сони ва санаси 18. Апелляция инстанцияси судида иштирок этган кунлари сони ва санаси 19. Кассация инстанцияси судида иштирок этган кунлари сони ва санаси 20. Тафтиш инстанцияси судида иштирок этган кунлари сони ва санаси 21. Бошқа суд муҳокамаларида иштирок этган кунлари сони ва санаси 22. Психиатрия ёрдамини кўрсатиш жараёнларида иштирок этган кунлари сони ва санаси 23. Хизмат сафари ва транспорт харажатлари 24. Ишда муваффақият қозонганлиги ҳақидаги маълумотлар *** 25. Адвокатнинг имзоси ва муҳри ёки электрон имзоси **** 26. Келишилди (келишган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, иш жойи, лавозими имзоси ва муҳри ёки электрон имзоси) ***** 27. Тўловга тасдиқланди (адлия органи мансабдор шахсининг фамилияси, исми, отасининг исми, иш жойи, лавозими, имзоси ёки электрон имзоси)
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни жалб этиш ва уларга ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида низомга 2-ИЛОВА
Адвокатни Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрига киритиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Адвокат «Юридик ёрдам» ахборот тизими орқали ҳудудий адлия органига реестрга кириш ҳақида ариза юборади. Ўз хоҳишига кўра 2-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари 1. Адвокатнинг реестрга кириш ҳақидаги аризасини кўриб чиқиб, қаноатлантиради ёки рад этади. 2. Адвокатнинг реестрга кириш ҳақидаги аризаси қаноатлантирилган тақдирда, унга «Юридик ёрдам» ахборот тизими орқали шартномани юборади. Уч иш куни ичида 3-босқич Адвокат Шартномани имзолайди ёки рад этади. Беш кун ичида 4-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари Адвокат шартномани имзолаган тақдирда, уни реестрга киритади. Автоматик равишда
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни жалб этиш ва уларга ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрига кириш ҳақида
1. Адвокатнинг фамилияси, исми ва отасининг исми 2. Адвокатлик тузилмасининг номи 3. Адвокатлик тузилмасининг манзили ва телефон рақами 4. Адвокатлик тузилмасининг ҳисобварағи маълумотлари 5. Юридик ёрдам кўрсатиладиган ҳудуд ёки ҳудудлар доираси 6. Адвокатлик гувоҳномасининг реквизитлари (рақами, берилган санаси, ким томонидан берилганлиги) 7. Адвокатнинг лицензия бўйича ихтисослиги □ фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритиш □ маъмурий ва жиноий суд ишларини юритиш 8. Қайси тилда юридик ёрдам кўрсатилиши □ ўзбек □ қорақалпоқ □ рус □ инглиз □ тожик □ қирғиз □ қозоқ □ турк □ бошқалар Мазкур аризада келтирилган маълумотлар: — «Юридик ёрдам» ахборот тизимидаги Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрига киритилишига ва эълон қилинишига; — Заруратга кўра, ушбу аризанинг 5-бандида келтирилганларга яқин ҳудудларда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишга розиман. QR-код
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни жалб этиш ва уларга ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида низомга 4-ИЛОВА
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатни ишга жалб этиш ва унга ҳақ тўлаш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Жисмоний шахс Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш учун экстерриториаллик принципи асосида адлия бўлимига оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади. Ўз хоҳишига кўра Суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд, ваколатли орган ёки муассаса ёхуд мансабдор шахс Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақида сўров (қарор ёки ажрим)ни «Юридик ёрдам» ахборот тизими орқали адлия бўлимига юборади. Заруратга кўра 2-босқич Туман (шаҳар) адлия бўлими Ариза ёки сўровни кўриб чиқиб, натижаси бўйича «Юридик ёрдам» ахборот тизимида давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ёки кўрсатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ва рўйхатга олади. Уч иш куни ичида 3-босқич «Юридик ёрдам» ахборот тизими 1. Адлия бўлимининг давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қарори, шунингдек, суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ҳимоячи (адвокат) тайинлаш тўғрисидаги қарори ёки суднинг ажрими иш кўриб чиқилаётган ҳудуд бўйича адвокатни тасодифий электрон тарзда танлайди. Қарор рўйхатга олингандан сўнг 2. Танланган адвокатнинг телефон рақамига ҳамда «Юридик ёрдам» ахборот тизимидаги шахсий электрон кабинетига давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш учун ишни қабул қилиш ёки рад этиш ҳақида «SMS» шаклида хабарнома юборади. Автоматик равишда 3. Танланган адвокат жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича бир соат, бошқа турдаги ишлар бўйича беш иш соати мобайнида ишни қабул қилишни рад этган ёки хабарномага жавоб бермаган тақдирда, иш кўриб чиқилаётган ҳудуд ёки иш кўриб чиқилаётган ҳудудга яқин ҳудудлар доирасида бошқа адвокатни танлайди. Танланган адвокатлардан бири ўзининг ишда иштирок этишини тасдиқламагунига қадар 4-босқич Адвокат 1. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатади. Белгиланган муддатларда 2. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни «Юридик ёрдам» ахборот тизимига киритади. Терговга қадар текширув, суриштирув, тергов ва суд жараёни, шунингдек, психиатрия ёрдами кўрсатиш якунланган кундан бошлаб, бир ой муддат ичида 3. Тасдиқловчи ҳужжатларнинг процессуал ҳаракатларни амалга оширишда адвокатнинг иштирок этиши ҳақидаги қисмини ишни юритаётган суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд ёки бошқа ваколатли орган (мансабдор шахс) билан «Юридик ёрдам» ахборот тизими орқали келишади. Уч иш куни ичида 4. Тасдиқловчи ҳужжатларни «Юридик ёрдам» ахборот тизими орқали давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилган ҳудуддаги адлия бўлимига юборади. Келишилгандан сўнг 5-босқич Туман (шаҳар) адлия бўлими Тасдиқловчи ҳужжатларни текширади ҳамда давлат ҳисобидан кўрсатилган юридик ёрдам бўйича адвокатга ҳақ тўлаш учун туман (шаҳар) иқтисодиёт ва молия бўлимига юборади. Келиб тушган кундан эътиборан уч иш куни ичида 6-босқич Туман (шаҳар) иқтисодиёт ва молия бўлими Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатган адвокатга у фаолият юритаётган адвокатлик тузилмасининг банк ҳисобварағига пул ўтказиб бериш йўли билан ҳақ тўлайди. Тасдиқловчи ҳужжатлар келиб тушгандан сўнг ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг биринчи ўн беш куни давомида
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни жалб этиш ва уларга ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга 5-ИЛОВА
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатган адвокат учун тўланадиган ҳақ
Т/р Амалга оширилган ҳаракат номи Амалга оширилган вақти Ҳақ миқдори (базавий ҳисоблаш миқдорига нисбатан) 1. Терговга қадар текширув, суриштирув, тергов жараёнида, судда кўрилаётган ишларда ва психиатрия ёрдами кўрсатилаётганда юридик ёрдам кўрсатилган ҳар бир кун учун Кун давомида 50 фоиз Тунги вақтларда 75 фоиз Дам олиш ва байрам (ишланмайдиган) кунлари 100 фоиз 2. Гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчи томонидан ҳимоячидан воз кечиш билан боғлиқ процессуал ҳаракатларда иштирок этганлиги учун (ҳар бир процессуал ҳаракат учун алоҳида ҳисобланади) Кун давомида 30 фоиз Тунги вақтларда 45 фоиз Дам олиш ва байрам (ишланмайдиган) кунлари 70 фоиз 3. Судга ариза ва шикоятлар киритганлик учун Амалга оширилган вақтдан қатъи назар 20 фоиз 4. Хизмат сафари ва транспорт харажатлари учун (юридик ёрдам кўрсатилган ҳар бир кун учун ҳисобланади) Амалга оширилган вақтдан қатъи назар 25 фоиз
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 21 ноябрдаги 774-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим ҳужжатлари
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Адвокатлар томонидан кўрсатилган юридик ёрдам учун давлат ҳисобидан ҳақ тўлаш механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2008 йил 20 июндаги 137-сон қарори .
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2019 йил 21 майдаги ПФ-5723-сон Фармони)» 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сон қарорига илованинг 76-банди .
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 21 ноябрь,
774-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
MAʼLUMOTNOMA
SXEMASI
ARIZA
SXEMASI
MIQDORLARI
ROʻYXATI
Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatadigan advokatlarni jalb etish va ularga haq toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish tizimini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq advokatlar tomonidan davlat hisobidan koʻrsatilgan yuridik yordam uchun haq toʻlash miqdori va tartibi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanishi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatadigan advokatlarni jalb etish va ularga haq toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatuvchi advokatlar reyestrini yuritish tartibi;
davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish boʻyicha ariza va soʻrovlarni koʻrib chiqish tartibi;
davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatadigan advokatlarni jalb etish tartibi;
davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatgan advokatlarga haq toʻlash tartibi.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
4. Adliya vazirligi:
davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish tizimini moliyalashtirish masalasi boʻyicha har yili navbatdagi davr uchun budjet soʻrovlarini shakllantirsin;
bir oy muddatda manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda adliya vaziri A.J. Tashkulov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 21-noyabrdagi 774-son qaroriga 1-ILOVA
Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatadigan advokatlarni jalb etish va ularga haq toʻlash tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish toʻgʻrisida”gi Qonuniga (keyingi oʻrinlarda — Qonun) muvofiq davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatadigan advokatlarni jalb etish va ularga haq toʻlash tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
davlat hisobidan koʻrsatiladigan yuridik yordam — Qonunda belgilangan tartib-taomillar va shartlarga muvofiq davlat hisobidan toʻliq yoki qisman koʻrsatiladigan, jismoniy shaxslarning huquqlari, erkinliklari va qonuniy manfaatlarini himoya qilishga qaratilgan malakali yuridik yordam;
davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatuvchi advokatlar reyestri (keyingi oʻrinlarda — reyestr) — Qonunga muvofiq davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish toʻgʻrisida shartnoma tuzgan advokatlar haqidagi maʼlumotlar bazasi;
davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatilganligini tasdiqlovchi hujjatlar (keyingi oʻrinlarda — tasdiqlovchi hujjatlar) — davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatilganligi toʻgʻrisida ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq maʼlumotnoma, shuningdek, davlat hisobidan yuridik yordam olish rad etilganligi haqidagi bayonnoma yoki advokatdan voz kechish toʻgʻrisidagi bayonnoma;
“Ijtimoiy himoya yagona reyestri” axborot tizimi — kam taʼminlangan deb eʼtirof etilgan oilalar va shaxslar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar bazasi;
ish koʻrib chiqilayotgan hudud — davlat hisobidan yuridik yordam oluvchi shaxsga tegishli fuqarolik, maʼmuriy, jinoyat, maʼmuriy huquqbuzarlik yoki muayyan ishda sud tomonidan qoʻllanilgan qonunning Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligi toʻgʻrisidagi ish koʻrib chiqilayotgan yoki koʻrib chiqilishi mumkin boʻlgan hudud (respublika, viloyat, tuman yoki shahar);
kam taʼminlangan shaxs — “Ijtimoiy himoya yagona reyestri” axborot tizimi vositasida kam taʼminlangan shaxs deb eʼtirof etilgan shaxs;
“ Yuridik yordam” axborot tizimi — tasodifiy elektron tarzda tanlab olish yoʻli bilan jismoniy shaxslarga davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish uchun advokatlarni jalb etish, shuningdek, qonunchilikda nazarda tutilgan va davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish bilan bogʻliq boʻlmagan vazifalarni bajarish uchun moʻljallangan maxsus elektron axborot tizimi;
yaqin hudud — tegishincha ish koʻrib chiqilayotgan hududga yoki advokatning davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish toʻgʻrisida shartnomasida tanlangan hududlarga 50 km dan ortiq boʻlmagan masofadagi hudud.
3. Quyidagi jismoniy shaxslarga davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatiladi:
kam taʼminlangan shaxslar, agar ular muayyan ishda sud tomonidan oʻziga nisbatan qoʻllanilgan qonunning Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligi toʻgʻrisida Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudiga murojaat etsa, fuqarolik ishlari boʻyicha daʼvogarlar yoki javobgarlar, maʼmuriy ishlar boʻyicha ariza beruvchilar, maʼmuriy qamoq tarzidagi maʼmuriy jazo nazarda tutilgan maʼmuriy huquqbuzarlikni sodir etgan shaxslar hamda jinoyat ishlari boʻyicha gumon qilinuvchilar, ayblanuvchilar, sudlanuvchilar, shuningdek, mahkumlar boʻlsa;
ruhiy holati buzilgan jismoniy shaxslar, ularga Oʻzbekiston Respublikasining “Psixiatriya yordami toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq psixiatriya yordami koʻrsatilayotganda;
oʻz huquqlari buzilgan, Oʻzbekiston Respublikasining “Xotin-qizlar va erkaklar uchun teng huquq hamda imkoniyatlar kafolatlari toʻgʻrisida”gi Qonunida nazarda tutilgan xotin-qizlar va erkaklarning teng huquqliligi buzilganligi munosabati bilan sudga murojaat qilgan jismoniy shaxslar;
Oʻzbekiston Respublikasining Jinoyat-protsessual kodeksiga muvofiq jinoyat ishi boʻyicha advokat ishtirok etishi shart boʻlgan taqdirda, gumon qilinuvchi, ayblanuvchi yoki sudlanuvchi.
4. Ushbu Nizomning 3-bandi ikkinchi xatboshisida koʻrsatilgan jismoniy shaxslarga Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi, fuqarolik ishlari boʻyicha sudlar va maʼmuriy sudlarga taalluqli boʻlgan quyidagi ishlar boʻyicha davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatiladi:
muayyan ishda sud tomonidan oʻziga nisbatan qoʻllanilgan qonunning Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligini aniqlash;
ijtimoiy nafaqalar va moddiy yordam tayinlash hamda toʻlash;
ishga tiklash;
ish haqini undirish;
alimentlarni undirish;
uyga kiritish, turar joydan foydalanish huquqini yoʻqotgan deb topish va koʻchirish;
mehnatda mayib boʻlganlik yoki sogʻliqning boshqacha tarzda shikastlanganligi, shuningdek, boquvchining vafot etganligi tufayli yetkazilgan zararning oʻrnini qoplash;
Oʻzbekiston Respublikasi Fuqarolik kodeksining 991-moddasida nazarda tutilgan tartibda tergovga qadar tekshiruvni amalga oshiruvchi organlarning, surishtiruv, dastlabki tergov, prokuratura organlarining va sudning qonunga xilof harakatlari tufayli yetkazilgan zararning oʻrnini qoplash.
Maʼmuriy huquqbuzarlik sodir etgan kam taʼminlangan shaxslarga davlat hisobidan yuridik yordam ushbu shaxslar tomonidan maʼmuriy qamoq jazosi nazarda tutilgan huquqbuzarlik sodir etilgan hollarda koʻrsatiladi.
Ruhiy holati buzilgan jismoniy shaxslarga psixiatriya yordami koʻrsatilayotganda davlat hisobidan yuridik yordam:
tashxis qoʻyish, davolash va reabilitatsiya qilish;
tibbiy yoʻsindagi majburlov choralarini qoʻllash;
jinoyat, fuqarolik ishlari va maʼmuriy huquqbuzarliklar toʻgʻrisidagi ishlar boʻyicha sud-psixiatriya ekspertizasini oʻtkazish chogʻida koʻrsatiladi.
Xotin-qizlar va erkaklarning teng huquqliligi buzilganligi toʻgʻrisidagi ishlarni sudlarda koʻrish chogʻida davlat hisobidan yuridik yordam xotin-qizlar va erkaklar uchun teng huquq hamda imkoniyatlar kafolatlarini taʼminlashning quyidagi yoʻnalishlari boʻyicha koʻrsatiladi:
davlat fuqarolik xizmati sohasida;
saylov huquqlarini amalga oshirishda;
iqtisodiy sohada hamda tadbirkorlik faoliyatida;
mehnat munosabatlarida;
ijtimoiy himoya sohasida;
oilaviy munosabatlar hamda bolalar tarbiyasi sohasida;
taʼlim, ilm-fan, madaniyat hamda sogʻliqni saqlash sohasida.
Gumon qilinuvchi, ayblanuvchi yoki sudlanuvchilarga davlat hisobidan yuridik yordam Oʻzbekiston Respublikasining Jinoyat-protsessual kodeksida nazarda tutilgan tartibda koʻrsatiladi.
Kam taʼminlangan shaxs boʻlgan mahkumlarga davlat hisobidan yuridik yordam sudning hukmi, ajrimi va qarorlarini qayta koʻrib chiqishda, shuningdek, ularni ijro etish bilan bogʻliq masalalarni hal qilishda koʻrsatiladi.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish sohasidagi quyidagi vazifa va funksiyalari Qoraqalpogʻiston Respublikasi Adliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar adliya boshqarmalari (keyingi oʻrinlarda — hududiy adliya organlari) tomonidan amalga oshiriladi:
reyestrga kirish istagini bildirgan advokatlar bilan davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish toʻgʻrisida shartnomalar tuzish, ularni oʻzgartirish va bekor qilish;
shartnomalarning bajarilishini nazorat qilish;
advokatlarni reyestrga kiritish, reyestrdan chiqarish va undagi maʼlumotlarni yangilab borish;
davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatuvchi advokatlarning navbatchilik jadvalini tasdiqlash va eʼlon qilish.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish sohasidagi quyidagi vazifa va funksiyalari tuman (shahar) adliya boʻlimlari (keyingi oʻrinlarda — adliya boʻlimlari) tomonidan amalga oshiriladi:
davlat hisobidan yuridik yordam olish haqidagi murojaat va soʻrovlarni koʻrib chiqish;
davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish, davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatishni rad etish va tugatish, davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatayotgan advokatni almashtirish bilan bogʻliq harakatlarni amalga oshirish;
“Yuridik yordam” axborot tizimi orqali tanlangan yoki navbatchilik jadvaliga kiritilgan advokatni ishga jalb etish choralarini koʻrish;
davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatilishi bilan bogʻliq maʼlumotlarni tekshirish;
zaruratga koʻra, davlat hisobidan koʻrsatilgan yuridik yordamning sifati, turi, hajmi va muddatlarini tasdiqlash maqsadida davlat hisobidan yuridik yordam olgan jismoniy shaxslardan va ishni yuritayotgan vakolatli organdan (mansabdor shaxsdan) tegishli axborot va maʼlumotlarni soʻrab olish;
davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish bilan bogʻliq xarajatlarning oʻrnini qoplash choralarini koʻrish.
7. Hududiy adliya organlari adliya boʻlimlari tomonidan ushbu Nizomning 6-bandida nazarda tutilgan vazifa va funksiyalar bajarilishini nazorat qilib boradi.
2-bob. Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatuvchi advokatlar reyestrini yuritish tartibi
8. Advokat reyestrga ushbu Nizomga 2-ilovadagi sxemaga muvofiq kiritiladi.
9. Reyestrga kirish istagini bildirgan advokat “Yuridik yordam” axborot tizimi orqali reyestrga kirish haqida tegishli hududiy adliya organiga ushbu Nizomga 3-ilovaga muvofiq ariza yuboradi.
10. Advokatning reyestrga kirish haqidagi arizasi hududiy adliya organlari tomonidan uch ish kuni ichida koʻrib chiqilib, natijasi boʻyicha ariza qanoatlantiriladi yoki rad etiladi.
11. Quyidagi hollarda advokatning reyestrga kirish haqidagi arizasi rad etiladi:
advokatning maqomi toʻxtatib turilgan boʻlsa;
advokatning advokatlik faoliyati bilan shugʻullanish huquqini beruvchi litsenziyasi tugatilgan boʻlsa;
davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish toʻgʻrisida shartnoma (keyingi oʻrinlarda — shartnoma) tuzgan advokat yaqin hudud hisoblanmagan boshqa hududiy adliya organi bilan shartnoma tuzmoqchi boʻlsa.
12. Advokatning reyestrga kirish haqidagi arizasi qanoatlantirilgan taqdirda, advokatga “Yuridik yordam” axborot tizimi orqali shartnoma yuboriladi.
13. Shartnoma Qonunning 13-moddasi talablariga muvofiq rasmiylashtiriladi va hududiy adliya organi rahbari hamda advokatning elektron raqamli imzosi bilan tasdiqlanadi.
Advokat besh kun ichida shartnomani imzolashi yoki rad etishi mumkin. Agar shartnoma belgilangan muddatda imzolanmagan taqdirda, shartnomani imzolash rad etilgan deb hisoblanadi.
Shartnomani imzolashni rad etgan advokat reyestrga qayta kirish istagi boʻlganda, uning arizasi umumiy tartibda koʻrib chiqiladi.
14. Shartnoma advokatning ixtiyoriga koʻra muddatli yoki muddatsiz tuzilishi mumkin. Bunda muddatli shartnoma olti oydan kam boʻlmagan muddatga tuziladi.
Advokat faoliyat yuritayotgan advokatlik tuzilmasi oʻzgargan hollarda, advokat boshqa advokatlik tuzilmasida ish boshlagan kuni shartnomaga oʻzgartirish kiritish haqida hududiy adliya organiga “Yuridik yordam” axborot tizimi orqali murojaat qilishi shart.
15. Shartnoma advokat tomonidan imzolangan taqdirda, u avtomatik ravishda reyestrga kiritiladi.
16. Advokat quyidagi hollarda reyestrdan chiqariladi:
advokat bilan tuzilgan davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish toʻgʻrisidagi shartnomaning amal qilish muddati tugaganda;
advokat bilan tuzilgan davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish toʻgʻrisidagi shartnoma bekor qilinganda;
advokatning maqomi toʻxtatib turilganda;
advokatning advokatlik faoliyati bilan shugʻullanish huquqini beruvchi litsenziyasining amal qilishi tugatilganda.
17. Reyestr “Yuridik yordam” axborot tizimida hududiy adliya organlari bilan shartnoma tuzgan advokatlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar asosida shakllantiriladi.
Reyestrda advokat haqidagi quyidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi:
reyestrdagi tartib raqami;
advokatning familiyasi, ismi va otasining ismi;
advokatlik faoliyati bilan shugʻullanish huquqini beruvchi litsenziyaning berilgan sanasi va tartib raqami;
advokat oʻz faoliyatini amalga oshirayotgan advokatlik tuzilmasining nomi, joylashgan joyi (pochta manzili) va telefon raqami;
advokat qaysi hududlar doirasida davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish istagini bildirgan boʻlsa, oʻsha hududlar nomi;
advokatning ruxsat etilgan ixtisosliklari turlari;
ish yuritish tili;
ish vaqti;
advokat bilan tuzilgan shartnoma haqidagi maʼlumotlar.
Reyestrdan barcha jismoniy va yuridik shaxslar foydalanishi mumkin. Hududiy adliya organlari reyestrdagi maʼlumotlarning toʻgʻri yuritilishi uchun masʼul hisoblanadi.
18. Advokat shartnoma tuzgan hududiy adliya organi joylashgan hududdagi oʻzi tanlagan tuman (shahar)larda davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatadi.
Bir hudud doirasida davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatuvchi advokat mavjud boʻlmagan taqdirda, ish koʻrib chiqilayotgan hududga eng yaqin boʻlgan hududda faoliyat koʻrsatayotgan advokat ishga jalb etilishi mumkin.
3-bob. Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatadigan advokatlarni jalb etish tartibi
19. Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatadigan advokat ushbu Nizomga 4-ilovadagi sxemaga muvofiq ishga jalb etiladi va unga haq toʻlanadi.
20. Davlat hisobidan yuridik yordam olish uchun jismoniy shaxslar eksterritoriallik prinsipi asosida adliya boʻlimiga ogʻzaki, yozma yoki elektron shaklda murojaat qiladi.
Davlat hisobidan yuridik yordam olish haqidagi elektron shakldagi murojaatlar Yagona identifikatsiya tizimidan (OneID) roʻyxatdan oʻtgan holda, “Yuridik yordam” axborot tizimi orqali yuboriladi.
Davlat hisobidan yuridik yordam olish haqidagi ogʻzaki va yozma murojaatlar tegishli adliya boʻlimi tomonidan murojaat kelib tushgan kunning keyingi ish kunidan kechiktirmay “Yuridik yordam” axborot tizimiga kiritiladi.
21. Jismoniy shaxslar davlat hisobidan yuridik yordam olish uchun quyidagilarni taqdim etadi:
a) davlat hisobidan yuridik yordam olish toʻgʻrisida ariza, arizada quyidagilar aks ettiriladi:
davlat hisobidan yuridik yordam oluvchi shaxsning familiyasi, ismi va otasining ismi, shaxsiy identifikatsion raqami (JSHSHIR), pasport (identifikatsiyalovchi ID-karta) raqami;
shaxsiy telefon raqami;
ish koʻrib chiqilayotgan hudud (respublika, viloyat, tuman yoki shahar);
davlat hisobidan yuridik yordam oluvchi shaxs toifasi (kam taʼminlangan shaxs, psixiatriya yordami koʻrsatilayotgan yoki xotin-qizlar va erkaklarning teng huquqliligi buzilgan shaxslar);
ish turi va toifasi;
ish yuritish tili;
ishning mazmuni;
b) ariza davlat hisobidan yuridik yordam olish huquqiga ega boʻlgan jismoniy shaxsning vakili tomonidan berilgan taqdirda, jismoniy shaxsning vakiliga berilgan ishonchnoma va (yoki) uning vakolatlarini tasdiqlovchi boshqa hujjatlar yoxud qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan hollarda, davlat hisobidan yuridik yordam olish huquqiga ega boʻlgan jismoniy shaxs va uning vakili oʻrtasidagi qarindoshlik munosabatlarini tasdiqlovchi hujjatlar;
v) ariza ruhiy holati buzilgan va psixiatriya yordami koʻrsatilayotgan jismoniy shaxsning qonuniy vakili yoki psixiatriya muassasasi tomonidan berilgan taqdirda, psixiatriya yordamini koʻrsatuvchi psixiatriya muassasasining jismoniy shaxsga psixiatriya yordami koʻrsatilayotganligi haqidagi maʼlumotnomasi;
g) oʻz huquqlari buzilgan, xotin-qizlar va erkaklarning teng huquqliligi buzilganligi munosabati bilan sudga murojaat qilgan jismoniy shaxs tomonidan ariza berilgan taqdirda, xotin-qizlar va erkaklarning teng huquqliligi buzilganligi bilan bogʻliq ish sudda koʻrib chiqilayotganligi toʻgʻrisida maʼlumotnoma.
Ushbu bandning “b” , “v” va “g” kichik bandlarida nazarda tutilgan maʼlumotlar adliya boʻlimi tomonidan davlat organlari oʻrtasidagi elektron axborot almashinuvi tizimlari orqali mustaqil ravishda olinishi mumkin.
22. Vakolatli organ yoki muassasaning yoxud mansabdor shaxsning davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish haqidagi qarori, shuningdek, surishtiruvchining, tergovchining, prokurorning qarori yoki sudning ajrimi (keyingi oʻrinlarda — soʻrov) Qonunning 17-moddasida belgilangan tartibda “Yuridik yordam” axborot tizimi orqali adliya boʻlimiga yuboriladi.
23. Agar jismoniy shaxs “Ijtimoiy himoya yagona reyestri” axborot tizimida hisobda turmagan boʻlsa, davlat hisobidan yuridik yordam olish haqidagi ariza yoki soʻrov “Yuridik yordam” axborot tizimida roʻyxatga olinmaydi, ushbu bandning uchinchi — beshinchi xatboshilarida koʻrsatilgan hollar bundan mustasno.
Quyidagi hollarda davlat hisobidan yuridik yordam olish haqidagi ariza yoki soʻrov jismoniy shaxs “Ijtimoiy himoya yagona reyestri” axborot tizimida hisobda turmaganligidan qatʼi nazar, “Yuridik yordam” axborot tizimida roʻyxatga olinadi:
Oʻzbekiston Respublikasining Jinoyat-protsessual kodeksining 51 va 52-moddalariga muvofiq jinoyat ishi boʻyicha advokat ishtirok etishi shart boʻlsa, himoyachi (advokat) tayinlash toʻgʻrisidagi surishtiruvchining, tergovchining, prokurorning qarori yoki sudning ajrimi mavjud boʻlganda;
ariza yoki soʻrov ruhiy holati buzilgan, psixiatriya yordami koʻrsatilayotgan jismoniy shaxsning qonuniy vakili yoki psixiatriya muassasasi tomonidan berilgan taqdirda;
ariza yoki soʻrov oʻz huquqlari buzilgan, xotin-qizlar va erkaklarning teng huquqliligi buzilganligi munosabati bilan sudga murojaat qilgan jismoniy shaxs yoki sud tomonidan berilgan taqdirda.
24. Ariza yoki soʻrov Qonunning 18-moddasiga muvofiq uch ish kuni ichida adliya boʻlimlari tomonidan koʻrib chiqiladi, ushbu bandning ikkinchi xatboshisida koʻrsatilgan hollar bundan mustasno.
Surishtiruvchining, tergovchining, prokurorning jinoyat ishlari boʻyicha himoyachi (advokat) tayinlash toʻgʻrisidagi qarori yoki sudning ajrimi adliya boʻlimlari tomonidan koʻrib chiqilishi talab etilmaydi va ushbu Nizomning 27-bandiga asosan advokatni tanlashga asos boʻladi.
25. Adliya boʻlimi tomonidan ariza yoki soʻrovni koʻrib chiqish natijasi boʻyicha “Yuridik yordam” axborot tizimida davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish yoki koʻrsatishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilinadi va roʻyxatga olinadi.
Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish quyidagi hollarda rad etiladi:
davlat hisobidan yuridik yordam olish toʻgʻrisidagi ariza yoki soʻrov ushbu Nizom va Qonun talablariga muvofiq boʻlmaganda;
davlat hisobidan yuridik yordam olish toʻgʻrisidagi ariza jismoniy shaxsning vakili tomonidan uning vakolatlarini tasdiqlovchi hujjatlar yoki qonunchilikda nazarda tutilgan hollarda, jismoniy shaxs va uning vakili oʻrtasidagi qarindoshlik munosabatlarini tasdiqlovchi hujjatlar taqdim etilmasdan berilganda;
psixiatriya yordamini koʻrsatuvchi psixiatriya muassasasining jismoniy shaxsga psixiatriya yordami koʻrsatilayotganligini tasdiqlovchi maʼlumotnomasi mavjud boʻlmaganda;
xotin-qizlar va erkaklarning teng huquqliligi buzilganligi bilan bogʻliq ish sudda koʻrib chiqilayotganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotnoma mavjud boʻlmaganda;
jismoniy shaxs (uning vakili) tomonidan taqdim etilgan hujjatlarda yolgʻon yoki notoʻgʻri axborot mavjud boʻlganda;
jismoniy shaxsga ilgari fuqarolik ishlari yoki maʼmuriy ishlar boʻyicha aynan oʻsha taraflar oʻrtasidagi nizo yuzasidan ayni oʻsha predmet toʻgʻrisidagi va ayni oʻsha asoslar boʻyicha huquqiy himoyaning barcha vositalari qoʻllanilgan holda davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatilgan boʻlsa (yangi ochilgan holatlar boʻyicha qonuniy kuchga kirgan sud hujjatlarini qayta koʻrib chiqish hollari bundan mustasno).
Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish rad etilgan taqdirda, adliya boʻlimi davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish toʻgʻrisida ariza bergan jismoniy shaxsni yoki soʻrov yuborgan surishtiruvchi, tergovchi, prokuror, sud yoxud vakolatli organni (mansabdor shaxsni) rad etish sabablarini koʻrsatgan holda elektron yoki yozma ravishda darhol xabardor qiladi.
Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish rad etilganligi ustidan yuqori turuvchi organga yoki sudga shikoyat qilinishi mumkin.
26. Adliya boʻlimining davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish toʻgʻrisidagi qarori, surishtiruvchining, tergovchining, prokurorning himoyachi (advokat) tayinlash haqidagi qarori yoki sudning ajrimi “Yuridik yordam” axborot tizimida roʻyxatga olinayotganda, axborot tizimiga quyidagi maʼlumotlar kiritiladi:
davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatiladigan shaxsning familiyasi, ismi, otasining ismi, fuqarolik pasporti (identifikatsiyalovchi ID-karta)ga oid maʼlumotlar;
yuridik yordam koʻrsatiladigan ishning turi va toifasi;
ish yuritiladigan til;
ish koʻrib chiqilayotgan hudud;
advokatning ishda ishtirok etish sanasi va vaqti.
Bunda zaruratga koʻra, davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatishga oid boshqa maʼlumotlar ham “Yuridik yordam” axborot tizimiga kiritilishi mumkin.
27. Adliya boʻlimining davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish toʻgʻrisidagi qarori, shuningdek, surishtiruvchining, tergovchining, prokurorning himoyachi (advokat) tayinlash toʻgʻrisidagi qarori yoki sudning ajrimi “Yuridik yordam” axborot tizimida roʻyxatga olingandan soʻng axborot tizimi ish koʻrib chiqilayotgan hudud boʻyicha advokatni tasodifiy elektron tarzda tanlaydi.
“Yuridik yordam” axborot tizimi tomonidan advokatni elektron tanlashda ushbu tizimning “saralash” funksiyasi orqali quyidagilar hisobga olinadi:
advokatning ixtisosligi;
advokat shartnoma tuzgan hududlar boʻyicha ish koʻrib chiqilayotganligi, ushbu Nizomning 18-bandi ikkinchi xatboshisida belgilangan hollar bundan mustasno;
ish yuritilayotgan tilni bilish darajasi.
28. Tanlangan advokatning telefon raqamiga hamda “Yuridik yordam” axborot tizimidagi shaxsiy elektron kabinetiga davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish uchun ishni qabul qilish yoki rad etish haqida avtomatik ravishda “SMS” shaklida xabarnoma yuboriladi.
Tanlangan advokat “Yuridik yordam” axborot tizimidagi shaxsiy kabineti orqali ishni qabul qiladi yoki rad etadi.
Agar “Yuridik yordam” axborot tizimi orqali tanlangan advokat ishda ishtirok etishni rad etadigan boʻlsa, u rad etish asoslarini darhol “Yuridik yordam” axborot tizimiga kiritishi kerak.
29. Tanlangan advokat jinoyat va maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi ishlar boʻyicha bir soat, boshqa turdagi ishlar boʻyicha besh ish soati mobaynida ishni qabul qilishni rad etgan yoki xabarnomaga javob bermagan taqdirda, “Yuridik yordam” axborot tizimi ish koʻrib chiqilayotgan hudud yoki ish koʻrib chiqilayotgan hududga yaqin hududlar doirasida boshqa advokatni tanlaydi.
“Yuridik yordam” axborot tizimi orqali advokatni tanlash jarayoni tizim orqali tanlangan advokatlardan biri oʻzining ishda ishtirok etishini tasdiqlanmaguniga qadar davom etadi, ushbu bandning uchinchi xatboshisida belgilangan hollar bundan mustasno.
Jinoyat va maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi ishlar boʻyicha davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatadigan advokatni tanlash jarayonida ikki soatdan ortiq vaqt davomida elektron tanlash yoʻli bilan advokat topilmagan yoki tanlangan advokatlarning hech biri ishni qabul qilmagan holatlar “Oʻzbekiston Respublikasining Jinoyat-protsessual kodeksiga muvofiq kechiktirib boʻlmaydigan tergov harakatlarini oʻtkazish zarur boʻlgan” deb topilishi va navbatchilik jadvaliga asosan advokatni ishga jalb qilishga asos boʻladi.
30. “Yuridik yordam” axborot tizimi orqali tanlangan hamda tegishli ishda oʻzining ishtirok etishini tasdiqlagan advokat protsessual qonunchilik hujjatlarida belgilangan muddatlarda va tartibda yuridik yordam koʻrsatishga kirishishi shart.
“Yuridik yordam” axborot tizimi orqali tanlangan advokat haqidagi axborot davlat hisobidan yuridik yordam olish toʻgʻrisida ariza bergan jismoniy shaxsga yoki davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish haqida soʻrov yuborgan vakolatli organga (mansabdor shaxsga) joʻnatiladi.
31. Surishtiruvchi, tergovchi, prokuror yoki sud hududiy adliya organi tomonidan tasdiqlangan davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatuvchi advokatlarning navbatchilik jadvaliga asosan quyidagi hollarda advokatlardan birini ishda ishtirok etish uchun jalb qilishi mumkin:
Oʻzbekiston Respublikasining Jinoyat-protsessual kodeksiga muvofiq kechiktirib boʻlmaydigan tergov harakatlarini oʻtkazish zarur boʻlganda;
texnik muammolar sababli “Yuridik yordam” axborot tizimi orqali advokatni tanlash imkoniyati mavjud boʻlmaganda;
dam olish yoki ishlanmaydigan bayram kunlari boshlanganda.
Bunda navbatchilik jadvali hudud boʻyicha, bir hududda shartnoma tuzgan advokatlar topilmagan hollarda yaqin hududlar boʻyicha reyestrga kiritilgan advokatlar orasidan “Yuridik yordam” axborot tizimi orqali shakllantiriladi va hududiy adliya organi tomonidan har oyning birinchi sanasiga qadar tasdiqlanib, “Yuridik yordam” axborot tizimida eʼlon qilinadi.
32. Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatuvchi advokat quyidagi hollarda adliya boʻlimining qarori asosida boshqa advokat bilan almashtiriladi:
advokat reyestrdan chiqarilganda;
Oʻzbekiston Respublikasining “Advokatura toʻgʻrisida”gi Qonuni 7-moddasining ikkinchi qismida belgilangan holatlar qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan tartibda tasdiqlansa;
advokat kasalligi sababli vaqtincha mehnatga qobiliyatsizlik haqida tibbiy xulosa taqdim etganda;
davlat hisobidan yuridik yordam oluvchi shaxsning murojaatiga asosan advokatga nisbatan intizomiy jazo chorasi qoʻllanilganda.
Mazkur bandda koʻrsatilgan asoslardan tashqari boshqa hollarda advokatni almashtirishga yoʻl qoʻyilmaydi.
Bir advokatni boshqa advokat bilan almashtirish chogʻida davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatishning uzluksizligi taʼminlanadi.
33. Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish adliya boʻlimining qarori bilan quyidagi asoslarga koʻra tugatiladi:
davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish toʻgʻrisida ariza bergan jismoniy shaxsning arizasiga koʻra;
davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatilayotgan jismoniy shaxs “Ijtimoiy himoya yagona reyestri” axborot tizimida kam taʼminlangan shaxslar toifasidan chiqarilgan boʻlsa;
davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatilayotgan ish boʻyicha jismoniy shaxsga yuridik yordam koʻrsatish toʻgʻrisidagi shartnoma asosida boshqa advokat tomonidan yuridik yordam koʻrsatilayotgan boʻlsa;
jismoniy shaxsning arizasida koʻrsatilgan masala boʻyicha yuridik yordam koʻrsatish sudning tegishli hukmi, qarori yoki ajrimi chiqarilganligi munosabati bilan yakunlangan boʻlsa;
psixiatriya muassasasi tomonidan jismoniy shaxsga psixiatriya yordamini koʻrsatish tugatilgan boʻlsa;
davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatilayotgan jismoniy shaxs vafot etgan yoki vafot etgan deb eʼlon qilingan yoxud bedarak yoʻqolgan deb topilgan boʻlsa;
davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatilayotgan shaxs advokatdan belgilangan tartibda yozma ravishda voz kechganda.
Adliya boʻlimining davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatishni tugatish toʻgʻrisidagi qarori “Yuridik yordam” axborot tizimi orqali qabul qilinadi.
Ushbu bandning uchinchi va toʻrtinchi xatboshilarida belgilangan holatlar yuzaga kelganda, davlat hisobidan yuridik yordam oluvchi shaxs hamda ushbu bandning oltinchi xatboshisida belgilangan holatlar yuzaga kelganda esa, psixiatriya muassasasi adliya boʻlimiga uch kun muddatda bu haqda xabar berishi shart.
4-bob. Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatilganligini tasdiqlash tartibi
34. Reyestrga kiritilgan advokatlar davlat hisobidan yuridik yordamni qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibga, shuningdek, Advokatning kasb etikasi qoidalari hamda ushbu sohaga oid boshqa hujjatlarga muvofiq sifatli koʻrsatishi shart.
35. Advokat davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatilganligini tasdiqlovchi hujjatlarni tegishincha tergovga qadar tekshiruv, surishtiruv, tergov va sud jarayoni, shuningdek, psixiatriya yordami koʻrsatish yakunlangan kundan boshlab, bir oy muddat ichida “Yuridik yordam” axborot tizimiga kiritishi lozim.
Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatilganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotnoma advokatning imzosi yoki elektron imzosi bilan tasdiqlanadi.
36. Tasdiqlovchi hujjatlarning protsessual harakatlarni amalga oshirishda advokatning ishtirok etishi haqidagi qismi ishni yuritayotgan surishtiruvchi, tergovchi, prokuror, sud yoki boshqa vakolatli organ (mansabdor shaxs) bilan uch ish kuni ichida “Yuridik yordam” axborot tizimi orqali elektron yoki yozma shaklda kelishiladi.
Yozma shaklda kelishilgan tasdiqlovchi hujjatlarning nusxasi rangli “PDF”, “JPG”, “JPEG” yoki “PNG” koʻrinishida, sifatli holatda “Yuridik yordam” axborot tizimiga kiritiladi.
Agar surishtiruvchi, tergovchi, prokuror, sud yoki boshqa vakolatli organ (mansabdor shaxs) advokatning murojaatidan keyin uch ish kuni ichida tasdiqlovchi hujjatlarni kelishib bermasa, tasdiqlovchi hujjatlar kelishilgan deb hisoblanadi. Bunda yozma ravishda kelishish uchun taqdim qilingan tasdiqlovchi hujjatlarni kelishish uchun qabul qilingan sanasi mazkur hujjatning nusxasida qayd etiladi.
37. Tasdiqlovchi hujjatlarda advokat oʻzining ishtirokini belgilagan kunlarda tegishincha tergovga qadar tekshiruv, surishtiruv, tergov va sud jarayonida, shuningdek, psixiatriya yordami koʻrsatilayotganda ishtirok etmagan boʻlsa, tasdiqlovchi hujjatni kelishish rad etiladi.
Tasdiqlovchi hujjatlarni surishtiruvchi, tergovchi, prokuror, sud yoki boshqa vakolatli organ tomonidan kelishish rad etilganda, rad etish asosi koʻrsatiladi.
38. Tasdiqlovchi hujjatlar surishtiruvchi, tergovchi, prokuror, sud yoki boshqa vakolatli organ (mansabdor shaxs) bilan kelishilgandan soʻng “Yuridik yordam” axborot tizimi orqali davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatilgan hududdagi adliya boʻlimiga yuboriladi.
Tasdiqlovchi hujjatlar adliya boʻlimiga kelib tushgan kundan eʼtiboran uch ish kuni ichida tekshiriladi hamda davlat hisobidan koʻrsatilgan yuridik yordam boʻyicha advokatga haq toʻlash uchun Iqtisodiyot va moliya vazirligining tuman (shahar) boʻlimiga yuboriladi.
Agar tasdiqlovchi hujjatlarni tekshirish natijalariga koʻra yolgʻon yoki notoʻgʻri maʼlumotlar aniqlangan taqdirda, ularni Iqtisodiyot va moliya vazirligining tuman (shahar) boʻlimiga yuborish rad etiladi.
39. Adliya boʻlimi advokat tomonidan koʻrsatilgan yuridik yordamning sifati, turi, hajmi va muddatlarini tasdiqlash maqsadida davlat hisobidan yuridik yordam olgan jismoniy shaxslardan va ishni yuritayotgan vakolatli organdan (mansabdor shaxsdan) axborot va maʼlumotlar soʻrab olishga haqli. Bunda ushbu axborot va maʼlumotlardan davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish sohasining umumiy monitoringini yuritish uchun foydalaniladi va davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatilganligi uchun haq toʻlashga taʼsir qilmaydi.
Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatuvchi advokatdan yuridik yordam koʻrsatilganligini tasdiqlash uchun tasdiqlovchi hujjatlardan boshqa qoʻshimcha hujjatlar talab etilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
5-bob. Davlat hisobidan koʻrsatilgan yuridik yordamni moliyalashtirish asoslari, miqdorlari va haq toʻlash tartibi
40. Advokat tomonidan tasdiqlovchi hujjatlar tegishli adliya boʻlimiga “Yuridik yordam” axborot tizimi orqali yuborilganligi koʻrsatilgan davlat hisobidan yuridik yordamni moliyalashtirish uchun asos boʻladi.
41. Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatayotgan advokat almashtirilganda yoki davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish tugatilganda yoxud qonunchilik hujjatlariga muvofiq ish yuritish toʻxtatib turilganda, advokatga amalda koʻrsatilgan davlat hisobidan yuridik yordami uchun haq toʻlanadi.
42. Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatgan advokatga ushbu Nizomga 5-ilovaga muvofiq miqdorlarda haq toʻlanadi.
43. Ikki va undan ortiq shaxslarga bitta fuqarolik, maʼmuriy, jinoiy va maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi ishlarda, muayyan ishda sud tomonidan qoʻllanilgan qonunning Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligini aniqlash toʻgʻrisidagi ishlarda, psixiatriya yordami koʻrsatilayotganda, xotin-qizlar va erkaklarning teng huquqliligi buzilganligi boʻyicha ishlarda davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatgan advokatga har bir ishonch bildiruvchi (himoya ostidagi shaxs) uchun ushbu Nizomga 5-ilovada belgilangan miqdorlarning 80 foizi miqdorida haq toʻlanadi.
44. Advokat tomonidan davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish bilan bogʻliq boʻlgan xizmat safari va transport xarajatlari advokat shartnoma tuzgan joydan 50 km masofadan uzoq boʻlgan hududda yuridik yordam koʻrsatilgan hollarda qoplanadi.
45. Iqtisodiyot va moliya vazirligining tuman (shahar) boʻlimi tomonidan unga tasdiqlovchi hujjatlar kelib tushgandan soʻng har oy yakuni boʻyicha keyingi oyning birinchi oʻn besh kuni davomida davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatgan advokatga u faoliyat yuritayotgan advokatlik tuzilmasining bank hisobvaragʻiga pul oʻtkazib berish yoʻli bilan haq toʻlanadi.
46. Agar fuqarolik ishlari boʻyicha sudning hal qiluv qarori davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatilgan jismoniy shaxsning foydasiga qabul qilingan boʻlsa, sud ikkinchi tarafdan davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish bilan bogʻliq xarajatlarni qonunchilik hujjatlarida belgilangan miqdorda va tartibda Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti foydasiga undirib oladi, ikkala taraf Qonunga muvofiq davlat hisobidan yuridik yordam olish huquqiga ega boʻlgan shaxslar deb eʼtirof etilgan hollar bundan mustasno.
Jismoniy shaxs davlat hisobidan yuridik yordam olish huquqiga ega boʻlgan jismoniy shaxslar toifalaridan biriga kirish maqsadida yolgʻon yoki chalgʻituvchi maʼlumotlar taqdim etganligi aniqlangan taqdirda, davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish bilan bogʻliq barcha xarajatlarning oʻrni yuridik yordam olgan jismoniy shaxs tomonidan qoplanadi.
Ushbu Nizomning 33-bandi oʻninchi xatboshisiga muvofiq davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatishni tugatish asoslari vujudga kelganligi haqida davlat hisobidan yuridik yordam oluvchi shaxs yoki psixiatriya muassasasi tomonidan adliya boʻlimiga xabar berilmagan taqdirda, davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish bilan bogʻliq xarajatlarning oʻrni tegishlicha davlat hisobidan yuridik yordam oluvchi shaxs yoki psixiatriya muassasasi tomonidan qoplanadi.
Advokat davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatilganligi toʻgʻrisida yolgʻon yoki notoʻgʻri maʼlumotlar taqdim etganligi aniqlangan taqdirda, davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish bilan bogʻliq xarajatlarning oʻrni advokat tomonidan qoplanadi.
Ushbu bandning ikkinchi — toʻrtinchi xatboshilarida nazarda tutilgan shaxslar tomonidan davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish bilan bogʻliq xarajatlarning oʻrnini ixtiyoriy ravishda qoplash rad etilgan taqdirda, bunday xarajatlar sud tartibida undiriladi.
6-bob. Yakunlovchi qoidalar
47. Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatuvchi advokat davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatilganligi haqidagi maʼlumotnomada koʻrsatilgan maʼlumotlarning ishonchliligi uchun shaxsan javobgardir.
Tasdiqlovchi hujjatlarning protsessual harakatlarni amalga oshirishdagi ishtirokiga oid qismini kelishgan surishtiruvchi, tergovchi, prokuror, sud yoki boshqa vakolatli organ (mansabdor shaxs) maʼlumotlarning kelishilgan qismiga javobgar hisoblanadi.
48. Iqtisodiyot va moliya vazirligining tuman (shahar) boʻlimlari advokatlarga davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatilganligi uchun xarajatlarni ushbu Nizomda belgilangan miqdorda va muddatlarda toʻlab berishi shart.
49. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.
Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatadigan advokatlarni jalb etish va ularga haq toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatilganligi toʻgʻrisida
1. Advokatlik tuzilmasining nomi 2. Advokatning familiyasi, ismi va otasining ismi 3. Advokatlik tuzilmasining manzili va telefon raqami 4. Advokatlik tuzilmasining STIR maʼlumotlari 5. Xizmat koʻrsatayotgan bankning nomi, MFO va hisobvaragʻi 6. Ishonch bildiruvchi (himoya ostidagi) shaxslar soni 7. Ishonch bildiruvchi (himoya ostidagi) shaxs(lar)ning familiyasi, ismi va otasining ismi 1. 2. 3. ... 8. Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatilgan hudud yoki hududlar doirasi 9. Yuridik yordam koʻrsatilgan joy, tashkilot, huquqni muhofaza qiluvchi organ yoki sudlar nomi 1. 2. 3. ... 10. Yuridik yordam koʻrsatilgan ish turi □ fuqarolik; □ maʼmuriy; □ maʼmuriy huquqbuzarlik; □ jinoiy; □ xotin-qizlar va erkaklarning teng huquqliligi buzilganligi boʻyicha ishlar; □ psixiatriya yordami koʻrsatish bilan bogʻliq ishlar; □ qonunning Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga muvofiqligini aniqlash toʻgʻrisidagi ishlar. 11. Yuridik yordam koʻrsatilgan ish turkumi * 12. Ish raqami 13. Sudga ariza (daʼvo ariza) va shikoyat kiritilganligi haqida maʼlumot ** 14. Tergovga qadar tekshiruv harakatlarida ishtirok etgan kunlari soni va sanasi 15. Surishtiruv harakatlarida ishtirok etgan kunlari soni va sanasi 16. Tergov harakatlarida ishtirok etgan kunlari soni va sanasi 17. Birinchi instansiya sudida ishtirok etgan kunlari soni va sanasi 18. Apellyatsiya instansiyasi sudida ishtirok etgan kunlari soni va sanasi 19. Kassatsiya instansiyasi sudida ishtirok etgan kunlari soni va sanasi 20. Taftish instansiyasi sudida ishtirok etgan kunlari soni va sanasi 21. Boshqa sud muhokamalarida ishtirok etgan kunlari soni va sanasi 22. Psixiatriya yordamini koʻrsatish jarayonlarida ishtirok etgan kunlari soni va sanasi 23. Xizmat safari va transport xarajatlari 24. Ishda muvaffaqiyat qozonganligi haqidagi maʼlumotlar *** 25. Advokatning imzosi va muhri yoki elektron imzosi **** 26. Kelishildi (kelishgan shaxsning familiyasi, ismi, otasining ismi, ish joyi, lavozimi imzosi va muhri yoki elektron imzosi) ***** 27. Toʻlovga tasdiqlandi (adliya organi mansabdor shaxsining familiyasi, ismi, otasining ismi, ish joyi, lavozimi, imzosi yoki elektron imzosi)
Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatadigan advokatlarni jalb etish va ularga haq toʻlash tartibi toʻgʻrisida nizomga 2-ILOVA
Advokatni Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatuvchi advokatlar reyestriga kiritish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Advokat “Yuridik yordam” axborot tizimi orqali hududiy adliya organiga reyestrga kirish haqida ariza yuboradi. Oʻz xohishiga koʻra 2-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Adliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar adliya boshqarmalari 1. Advokatning reyestrga kirish haqidagi arizasini koʻrib chiqib, qanoatlantiradi yoki rad etadi. 2. Advokatning reyestrga kirish haqidagi arizasi qanoatlantirilgan taqdirda, unga “Yuridik yordam” axborot tizimi orqali shartnomani yuboradi. Uch ish kuni ichida 3-bosqich Advokat Shartnomani imzolaydi yoki rad etadi. Besh kun ichida 4-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Adliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar adliya boshqarmalari Advokat shartnomani imzolagan taqdirda, uni reyestrga kiritadi. Avtomatik ravishda
Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatadigan advokatlarni jalb etish va ularga haq toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatuvchi advokatlar reyestriga kirish haqida
1. Advokatning familiyasi, ismi va otasining ismi 2. Advokatlik tuzilmasining nomi 3. Advokatlik tuzilmasining manzili va telefon raqami 4. Advokatlik tuzilmasining hisobvaragʻi maʼlumotlari 5. Yuridik yordam koʻrsatiladigan hudud yoki hududlar doirasi 6. Advokatlik guvohnomasining rekvizitlari (raqami, berilgan sanasi, kim tomonidan berilganligi) 7. Advokatning litsenziya boʻyicha ixtisosligi □ fuqarolik va iqtisodiy sud ishlarini yuritish □ maʼmuriy va jinoiy sud ishlarini yuritish 8. Qaysi tilda yuridik yordam koʻrsatilishi □ oʻzbek □ qoraqalpoq □ rus □ ingliz □ tojik □ qirgʻiz □ qozoq □ turk □ boshqalar Mazkur arizada keltirilgan maʼlumotlar: — “Yuridik yordam” axborot tizimidagi Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatuvchi advokatlar reyestriga kiritilishiga va eʼlon qilinishiga; — Zaruratga koʻra, ushbu arizaning 5-bandida keltirilganlarga yaqin hududlarda davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatishga roziman. QR-kod
Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatadigan advokatlarni jalb etish va ularga haq toʻlash tartibi toʻgʻrisida nizomga 4-ILOVA
Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatadigan advokatni ishga jalb etish va unga haq toʻlash
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Jismoniy shaxs Davlat hisobidan yuridik yordam olish uchun eksterritoriallik prinsipi asosida adliya boʻlimiga ogʻzaki, yozma yoki elektron shaklda murojaat qiladi. Oʻz xohishiga koʻra Surishtiruvchi, tergovchi, prokuror, sud, vakolatli organ yoki muassasa yoxud mansabdor shaxs Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish haqida soʻrov (qaror yoki ajrim)ni “Yuridik yordam” axborot tizimi orqali adliya boʻlimiga yuboradi. Zaruratga koʻra 2-bosqich Tuman (shahar) adliya boʻlimi Ariza yoki soʻrovni koʻrib chiqib, natijasi boʻyicha “Yuridik yordam” axborot tizimida davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish yoki koʻrsatishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi va roʻyxatga oladi. Uch ish kuni ichida 3-bosqich “Yuridik yordam” axborot tizimi 1. Adliya boʻlimining davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish toʻgʻrisidagi qarori, shuningdek, surishtiruvchining, tergovchining, prokurorning himoyachi (advokat) tayinlash toʻgʻrisidagi qarori yoki sudning ajrimi ish koʻrib chiqilayotgan hudud boʻyicha advokatni tasodifiy elektron tarzda tanlaydi. Qaror roʻyxatga olingandan soʻng 2. Tanlangan advokatning telefon raqamiga hamda “Yuridik yordam” axborot tizimidagi shaxsiy elektron kabinetiga davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish uchun ishni qabul qilish yoki rad etish haqida “SMS” shaklida xabarnoma yuboradi. Avtomatik ravishda 3. Tanlangan advokat jinoyat va maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi ishlar boʻyicha bir soat, boshqa turdagi ishlar boʻyicha besh ish soati mobaynida ishni qabul qilishni rad etgan yoki xabarnomaga javob bermagan taqdirda, ish koʻrib chiqilayotgan hudud yoki ish koʻrib chiqilayotgan hududga yaqin hududlar doirasida boshqa advokatni tanlaydi. Tanlangan advokatlardan biri oʻzining ishda ishtirok etishini tasdiqlamaguniga qadar 4-bosqich Advokat 1. Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatadi. Belgilangan muddatlarda 2. Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatilganligini tasdiqlovchi hujjatlarni “Yuridik yordam” axborot tizimiga kiritadi. Tergovga qadar tekshiruv, surishtiruv, tergov va sud jarayoni, shuningdek, psixiatriya yordami koʻrsatish yakunlangan kundan boshlab, bir oy muddat ichida 3. Tasdiqlovchi hujjatlarning protsessual harakatlarni amalga oshirishda advokatning ishtirok etishi haqidagi qismini ishni yuritayotgan surishtiruvchi, tergovchi, prokuror, sud yoki boshqa vakolatli organ (mansabdor shaxs) bilan “Yuridik yordam” axborot tizimi orqali kelishadi. Uch ish kuni ichida 4. Tasdiqlovchi hujjatlarni “Yuridik yordam” axborot tizimi orqali davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatilgan hududdagi adliya boʻlimiga yuboradi. Kelishilgandan soʻng 5-bosqich Tuman (shahar) adliya boʻlimi Tasdiqlovchi hujjatlarni tekshiradi hamda davlat hisobidan koʻrsatilgan yuridik yordam boʻyicha advokatga haq toʻlash uchun tuman (shahar) iqtisodiyot va moliya boʻlimiga yuboradi. Kelib tushgan kundan eʼtiboran uch ish kuni ichida 6-bosqich Tuman (shahar) iqtisodiyot va moliya boʻlimi Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatgan advokatga u faoliyat yuritayotgan advokatlik tuzilmasining bank hisobvaragʻiga pul oʻtkazib berish yoʻli bilan haq toʻlaydi. Tasdiqlovchi hujjatlar kelib tushgandan soʻng har oy yakuni boʻyicha keyingi oyning birinchi oʻn besh kuni davomida
Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatadigan advokatlarni jalb etish va ularga haq toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 5-ILOVA
Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatgan advokat uchun toʻlanadigan haq
T/r Amalga oshirilgan harakat nomi Amalga oshirilgan vaqti Haq miqdori (bazaviy hisoblash miqdoriga nisbatan) 1. Tergovga qadar tekshiruv, surishtiruv, tergov jarayonida, sudda koʻrilayotgan ishlarda va psixiatriya yordami koʻrsatilayotganda yuridik yordam koʻrsatilgan har bir kun uchun Kun davomida 50 foiz Tungi vaqtlarda 75 foiz Dam olish va bayram (ishlanmaydigan) kunlari 100 foiz 2. Gumon qilinuvchi, ayblanuvchi va sudlanuvchi tomonidan himoyachidan voz kechish bilan bogʻliq protsessual harakatlarda ishtirok etganligi uchun (har bir protsessual harakat uchun alohida hisoblanadi) Kun davomida 30 foiz Tungi vaqtlarda 45 foiz Dam olish va bayram (ishlanmaydigan) kunlari 70 foiz 3. Sudga ariza va shikoyatlar kiritganlik uchun Amalga oshirilgan vaqtdan qatʼi nazar 20 foiz 4. Xizmat safari va transport xarajatlari uchun (yuridik yordam koʻrsatilgan har bir kun uchun hisoblanadi) Amalga oshirilgan vaqtdan qatʼi nazar 25 foiz
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 21-noyabrdagi 774-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanayotgan ayrim hujjatlari
1. Vazirlar Mahkamasining “Advokatlar tomonidan koʻrsatilgan yuridik yordam uchun davlat hisobidan haq toʻlash mexanizmini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2008-yil 20-iyundagi 137-son qarori .
2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Mehnatga haq toʻlash, pensiyalar va boshqa toʻlovlar miqdorlarini aniqlash tartibini takomillashtirish toʻgʻrisida” 2019-yil 21-maydagi PF-5723-son Farmoni)” 2019-yil 28-dekabrdagi 1046-son qaroriga ilovaning 76-bandi .
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2024-yil 21-noyabr,
774-son