📅 2024-yil 21-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 21-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 21 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 21 ноября 2024 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 21 November 2024 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ДАСТУРИ
Физика-техника ва материалшунослик соҳаларида илмий фаолиятни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Физика-техника ва материалшунослик соҳаларидаги илмий-тадқиқот ишларининг сифатини ва самарадорлигини янада ошириш, ушбу соҳада етук малакали кадрларни тайёрлаш ишларини жадаллаштириш, халқаро илмий-техникавий ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда атоқли физик олим, академик С.А. Азимов хотирасини абадийлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Физика-техника ва материалшунослик соҳаларида илмий фаолиятни янада такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:
физика-техника ва материалшунослик соҳаларида илмий-тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этишнинг узлуксиз тизимини йўлга қўйиш, бу борада олий таълим ташкилотлари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш;
физика-техника ва материалшунослик соҳаларида, шу жумладан, яшил энергетика технологиялари, янги «ақлли», нанокомпозицион материаллар, юқори самарали яримўтказгичли тузилма, фотоэлектрик ва фотоиссиқлик қурилмаларини яратиш бўйича халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш;
ишлаб чиқариш корхоналари ва тадбиркорлик субъектларига илмий хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш;
соҳага етук олий малакали илмий, илмий-педагогик кадрларни мақсадли тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш.
2. 2025 — 2027 йилларда физика-техника ва материалшунослик соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари дастури 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Фанлар академияси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2025 — 2027 йилларда физика-техника ва материалшунослик соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари дастурида белгиланган вазифалар ижроси устидан таъсирчан назоратни ўрнатсин.
4. Физика-техника ва материалшунослик соҳаларида илмий тадқиқотларни мувофиқлаштириш, тадқиқот натижаларини тарғиб қилиш, жорий қилишни ташкил этиш ва илмий кадрларни тайёрлаш мақсадида «Физика — Қуёш» илмий мувофиқлаштириш кенгаши (кейинги ўринларда — Кенгаш) ташкил этилсин. Бунда:
Кенгаш кенгаш раиси, унинг ўринбосарлари, котиб ва кенгаш аъзоларидан иборат бўлади. Кенгаш аъзолари унинг ишида жамоатчилик асосида қатнашадилар;
Физика-техника институти директори Кенгаш раиси ҳисобланади;
Кенгаш мажлисларини тайёрлаш ва ўтказиш, шунингдек, Кенгашнинг жорий масалаларини ҳал қилиш Физика-техника институти томонидан амалга оширилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва кенг илмий жамоатчиликнинг Физика-техника институтига Содиқ Азимович Азимов номини бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий ташкилотларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 8 июндаги 366-сон қарорига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти С.З. Мирзаев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 21 ноябрдаги 776-сон қарорига 1-ИЛОВА
2025 — 2027 йилларда физика-техника ва материалшунослик соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари
Т/р Чора-тадбирлар номи Муддат Молиялаштириш манбалари Масъул ижрочилар I. Физика-техника ва материалшунослик соҳаларида илмий фаолиятни жадаллаштириш чора-тадбирлари 1. Материалшунослик институтида материалларни табиий шароитларда қуёш нурланишига турғунлигини ўрганиш сертификацион лабораториясини ташкил этиш. 2025 йил ноябрь Материалшунослик институти маблағлари, халқаро ҳамкорлар маблағлари Фанлар академияси, Материалшунослик институти 2. Материалшунослик институтида композит нанокукунларни ишлаб чиқариш тажриба-саноат майдонини ташкил этиш. 2025 йил декабрь Материалшунослик институти маблағлари, халқаро ҳамкорлар маблағлари Фанлар академияси, Материалшунослик институти 3. «Катта Қуёш қурилмаси» ноёб илмий объектида водород энергетикаси учун янги яшил технологиялари ва материалларини яратиш бўйича тадқиқотлар ўтказиш. 2025 — 2027 йиллар Давлат илмий дастурлари доирасида Фанлар академияси, Физика-техника институти, Материалшунослик институти 4. «Uzbekistan GTL» МЧЖ корхонаси техноген чиқиндиларидан қимматбаҳо металларини ажратиб олиш технологиясини ишлаб чиқиш. 2025-2026 йиллар «Uzbekistan GTL» МЧЖ маблағлари Фанлар академияси, Материалшунослик институти, «Uzbekneftgaz» АЖ 5. Ҳаво, сув ва тупроқда радоннинг ҳажмий фаоллигини ўлчашга мўлжалланган ва онлайн режимда ишловчи такомиллашган радонометр ўлчов воситасини яратиш. 2025 йил декабрь Давлат илмий дастурлари доирасида Фанлар академияси, Физика-техника институти, «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ, «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ 6. Физика-техника ва материалшунослик соҳаларининг долзарб мавзулари бўйича қўшма илмий ва оммабоп семинарлар ўтказиш. режа-график асосида Маблағ талаб этилмайди Фанлар академияси, Физика-техника институти, Материалшунослик институти 7. Хусусиятлари олдиндан белгиланган функционал материалларни яратиш бўйича тадқиқотлар ўтказиш. 2025 — 2027 йиллар Давлат илмий дастурлари доирасида Фанлар академияси, Материалшунослик институти, Физика-техника институти 8. Электроника, кон-металлургия ва қурилиш йўналишлари учун «ақлли» материаллар бўйича тадқиқотлар ўтказиш. 2025 — 2027 йиллар Давлат илмий дастурлари доирасида Фанлар академияси, Материалшунослик институти, Физика-техника институти 9. Янги турдаги юқори самарали фотоэлектрик ва фотоиссиқлик қурилмаларини яратиш. 2025 — 2027 йиллар Давлат илмий дастурлари доирасида, хусусий буюртмачилар маблағлари Фанлар академияси, Физика-техника институти 10. Янги турдаги юқори самарали яримўтказгичли датчикларни яратиш. 2025 — 2027 йиллар Давлат илмий дастурлари доирасида Фанлар академияси, Физика-техника институти II. Физика-техника ва материалшунослик соҳаларида кадрларни тайёрлаш чора-тадбирлари 11. Яримўтказгичлар физикаси, қайта тикланувчи, жумладан, водород энергетикаси илмий йўналишларида олий малакали илмий кадрларни тайёрлаш. режа-график асосида Давлат бюджети маблағлари Фанлар академияси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Физика-техника институти, Материалшунослик институти 12. Материалшунослик институти ва Тошкент кимё технологиялари институти ўртасида «Материалшунослик» қўшма кафедрасини ташкил этиш. 2025 йил сентябрь Маблағ талаб этилмайди Фанлар академияси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Материалшунослик институти 13. Физика-техника институти ва Тошкент давлат техника университети ўртасида «Қайта тикланувчи энергия манбалари» қўшма кафедрасини ташкил этиш. 2025 йил сентябрь Маблағ талаб этилмайди Фанлар академияси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Физика-техника институти 14. Материалшунослик институти ва «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» миллий тадқиқот университети ҳузуридаги Назарий ва амалий тадқиқотлар институти ўртасида нанотехнологиялар бўйича қўшма лабораторияни ташкил этиш. 2025 йил сентябрь Маблағ талаб этилмайди Фанлар академияси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Материалшунослик институти 15. «Катта Қуёш қурилмаси» ноёб илмий объектида олий ўқув юртлари талабалари учун «Ёзги мактаб»ларни ташкил этиш. режа-график асосида Маблағ талаб этилмайди Фанлар академияси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Материалшунослик институти, Физика-техника институти III. Физика-техника ва материалшунослик соҳаларида халқаро илмий-техникавий алоқаларни ривожлантириш чора-тадбирлари 16. «Катта Қуёш қурилмаси» ноёб илмий объекти негизида янги материаллар синтези бўйича халқаро илмий хаб ташкил этиш. 2025 йил декабрь Халқаро ҳамкорлар маблағлари Фанлар академияси, Материалшунослик институти, Физика-техника институти 17. Материалшунослик институтини «Кам карбонли технологиялар ва инновациялар халқаро альянси (ALTIC)»ra аъзо бўлиш чораларини кўриш. 2025 йил декабрь Маблағ талаб этилмайди Фанлар академияси, Материалшунослик институти 18. «Катта Қуёш қурилмаси» ноёб илмий объектида Бутунроссия авиация материаллари институти билан учувчи аппаратлар элементларини юқори ҳароратларга бардошлигини синовлардан ўтказиш. 2025 йилдан бошлаб режа-график асосида Буюртмачилар маблағлари Фанлар академияси, Материалшунослик институти 19. Материалшунослик институти ёш олимларини Корея саноат технологиялари институтида водород энергетикаси материалларини яратиш йўналишида амалиётларини ташкил этиш. 2025 йилдан бошлаб режа-график асосида Инновацион ривожланиш агентлиги маблағлари ҳисобидан Фанлар академияси, Материалшунослик институти, Инновацион ривожланиш агентлиги 20. Янги яримўтказгичли тузилма ва материалларни яратиш бўйича халқаро ҳамкорликда (Италия, Германия, Швейцария, Россия, Хитой, Жанубий Корея в.б.) илмий тадқиқотларини амалга ошириш. 2025 йилдан бошлаб режа-график асосида Давлат илмий дастурлари ва лойиҳалари доирасида Фанлар академияси, Физика-техника институти, Материалшунослик институти IV. Академик С.А. Азимовнинг хотирасини абадийлаштириш чора-тадбирлари 21. «Катта Қуёш қурилмаси» ноёб илмий объекти ҳудудида С.А. Азимовнинг бюстини ўрнатиш. 2025 йил июнь Ташаббускорлар маблағлари Фанлар академияси, Маданий мерос агентлиги 22. Фанлар академияси Ядро физикаси институти биносининг кириш қисмига академик С.А. Азимовнинг хотирасига бағишланган ёдгорлик лавҳасини ўрнатиш. 2025 йил июнь Ташаббускорлар маблағлари Фанлар академияси, Ядро физикаси институти 23. Академик С.А. Азимов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган хотира китобини тайёрлаш ва чоп этиш. 2025 йил июнь Ташаббускорлар маблағлари Фанлар академияси, Физика-техника институти, Материалшунослик институти 24. С.А. Азимов хотирасига физиканинг замонавий муаммоларига бағишланган халқаро конференция ўтказиш. 2025 йил октябрь Фанлар академияси маблағлари Фанлар академияси, Физика-техника институти, Материалшунослик институти 25. С.А. Азимов хотирасига бағишланган ҳужжатли фильм яратиш. 2025 йил октябрь Фанлар академияси маблағлари Кинематография агентлиги, Фанлар академияси 26. С.А. Азимов ҳаёти ва илмий ижодига бағишланган телекўрсатувлар рукнини тайёрлаш. 2025 йил давомида Маблағ талаб этилмайди Фанлар академияси, Ўзбекистон телерадиокомпанияси
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 21 ноябрдаги 776-сон қарорига 2-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий ташкилотларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 8 июндаги 366-сон қарорига киритилаётган ўзгартиришлар
1. 2-банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларидаги «Физика-техника институти» сўзлари «С.А. Азимов номидаги Физика-техника институти» сўзлари билан алмаштирилсин.
2. 2-илованинг номидаги «Физика-техника институтининг» сўзлари «С.А. Азимов номидаги Физика-техника институтининг» сўзлари билан алмаштирилсин.
3. 13-илованинг номидаги «Физика-техника институтининг» сўзлари «С.А. Азимов номидаги Физика-техника институтининг» сўзлари билан алмаштирилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 21 ноябрь,
776-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
DASTURI
Fizika-texnika va materialshunoslik sohalarida ilmiy faoliyatni yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Fizika-texnika va materialshunoslik sohalaridagi ilmiy-tadqiqot ishlarining sifatini va samaradorligini yanada oshirish, ushbu sohada yetuk malakali kadrlarni tayyorlash ishlarini jadallashtirish, xalqaro ilmiy-texnikaviy hamkorlikni yanada rivojlantirish hamda atoqli fizik olim, akademik S.A. Azimov xotirasini abadiylashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Fizika-texnika va materialshunoslik sohalarida ilmiy faoliyatni yanada takomillashtirishning ustuvor yoʻnalishlari etib quyidagilar belgilansin:
fizika-texnika va materialshunoslik sohalarida ilmiy-tadqiqot natijalarini amaliyotga joriy etishning uzluksiz tizimini yoʻlga qoʻyish, bu borada oliy taʼlim tashkilotlari hamda ishlab chiqarish korxonalari bilan oʻzaro hamkorlikni kuchaytirish;
fizika-texnika va materialshunoslik sohalarida, shu jumladan, yashil energetika texnologiyalari, yangi “aqlli”, nanokompozitsion materiallar, yuqori samarali yarimoʻtkazgichli tuzilma, fotoelektrik va fotoissiqlik qurilmalarini yaratish boʻyicha xalqaro ilmiy hamkorlikni kengaytirish;
ishlab chiqarish korxonalari va tadbirkorlik subyektlariga ilmiy xizmatlar koʻrsatish koʻlamini kengaytirish;
sohaga yetuk oliy malakali ilmiy, ilmiy-pedagogik kadrlarni maqsadli tayyorlash tizimini yoʻlga qoʻyish.
2. 2025 — 2027-yillarda fizika-texnika va materialshunoslik sohalarini rivojlantirish chora-tadbirlari dasturi 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Fanlar akademiyasi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda 2025 — 2027-yillarda fizika-texnika va materialshunoslik sohalarini rivojlantirish chora-tadbirlari dasturida belgilangan vazifalar ijrosi ustidan taʼsirchan nazoratni oʻrnatsin.
4. Fizika-texnika va materialshunoslik sohalarida ilmiy tadqiqotlarni muvofiqlashtirish, tadqiqot natijalarini targʻib qilish, joriy qilishni tashkil etish va ilmiy kadrlarni tayyorlash maqsadida “Fizika — Quyosh” ilmiy muvofiqlashtirish kengashi (keyingi oʻrinlarda — Kengash) tashkil etilsin. Bunda:
Kengash kengash raisi, uning oʻrinbosarlari, kotib va kengash aʼzolaridan iborat boʻladi. Kengash aʼzolari uning ishida jamoatchilik asosida qatnashadilar;
Fizika-texnika instituti direktori Kengash raisi hisoblanadi;
Kengash majlislarini tayyorlash va oʻtkazish, shuningdek, Kengashning joriy masalalarini hal qilish Fizika-texnika instituti tomonidan amalga oshiriladi.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi va keng ilmiy jamoatchilikning Fizika-texnika institutiga Sodiq Azimovich Azimov nomini berish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.
6. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi ilmiy tashkilotlarini moliyalashtirish tizimini takomillashtirish hamda samaradorligini oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 8-iyundagi 366-son qaroriga 2-ilovaga muvofiq oʻzgartirishlar kiritilsin.
7. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi vitse-prezidenti S.Z. Mirzayev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 21-noyabrdagi 776-son qaroriga 1-ILOVA
2025 — 2027-yillarda fizika-texnika va materialshunoslik sohalarini rivojlantirish chora-tadbirlari
T/r Chora-tadbirlar nomi Muddat Moliyalashtirish manbalari Masʼul ijrochilar I. Fizika-texnika va materialshunoslik sohalarida ilmiy faoliyatni jadallashtirish chora-tadbirlari 1. Materialshunoslik institutida materiallarni tabiiy sharoitlarda quyosh nurlanishiga turgʻunligini oʻrganish sertifikatsion laboratoriyasini tashkil etish. 2025-yil noyabr Materialshunoslik instituti mablagʻlari, xalqaro hamkorlar mablagʻlari Fanlar akademiyasi, Materialshunoslik instituti 2. Materialshunoslik institutida kompozit nanokukunlarni ishlab chiqarish tajriba-sanoat maydonini tashkil etish. 2025-yil dekabr Materialshunoslik instituti mablagʻlari, xalqaro hamkorlar mablagʻlari Fanlar akademiyasi, Materialshunoslik instituti 3. “Katta Quyosh qurilmasi” noyob ilmiy obyektida vodorod energetikasi uchun yangi yashil texnologiyalari va materiallarini yaratish boʻyicha tadqiqotlar oʻtkazish. 2025 — 2027-yillar Davlat ilmiy dasturlari doirasida Fanlar akademiyasi, Fizika-texnika instituti, Materialshunoslik instituti 4. “Uzbekistan GTL” MChJ korxonasi texnogen chiqindilaridan qimmatbaho metallarini ajratib olish texnologiyasini ishlab chiqish. 2025-2026-yillar “Uzbekistan GTL” MChJ mablagʻlari Fanlar akademiyasi, Materialshunoslik instituti, “Uzbekneftgaz” AJ 5. Havo, suv va tuproqda radonning hajmiy faolligini oʻlchashga moʻljallangan va onlayn rejimda ishlovchi takomillashgan radonometr oʻlchov vositasini yaratish. 2025-yil dekabr Davlat ilmiy dasturlari doirasida Fanlar akademiyasi, Fizika-texnika instituti, “Navoiy kon-metallurgiya kombinati” AJ, “Olmaliq kon-metallurgiya kombinati” AJ 6. Fizika-texnika va materialshunoslik sohalarining dolzarb mavzulari boʻyicha qoʻshma ilmiy va ommabop seminarlar oʻtkazish. reja-grafik asosida Mablagʻ talab etilmaydi Fanlar akademiyasi, Fizika-texnika instituti, Materialshunoslik instituti 7. Xususiyatlari oldindan belgilangan funksional materiallarni yaratish boʻyicha tadqiqotlar oʻtkazish. 2025 — 2027-yillar Davlat ilmiy dasturlari doirasida Fanlar akademiyasi, Materialshunoslik instituti, Fizika-texnika instituti 8. Elektronika, kon-metallurgiya va qurilish yoʻnalishlari uchun “aqlli” materiallar boʻyicha tadqiqotlar oʻtkazish. 2025 — 2027-yillar Davlat ilmiy dasturlari doirasida Fanlar akademiyasi, Materialshunoslik instituti, Fizika-texnika instituti 9. Yangi turdagi yuqori samarali fotoelektrik va fotoissiqlik qurilmalarini yaratish. 2025 — 2027-yillar Davlat ilmiy dasturlari doirasida, xususiy buyurtmachilar mablagʻlari Fanlar akademiyasi, Fizika-texnika instituti 10. Yangi turdagi yuqori samarali yarimoʻtkazgichli datchiklarni yaratish. 2025 — 2027-yillar Davlat ilmiy dasturlari doirasida Fanlar akademiyasi, Fizika-texnika instituti II. Fizika-texnika va materialshunoslik sohalarida kadrlarni tayyorlash chora-tadbirlari 11. Yarimoʻtkazgichlar fizikasi, qayta tiklanuvchi, jumladan, vodorod energetikasi ilmiy yoʻnalishlarida oliy malakali ilmiy kadrlarni tayyorlash. reja-grafik asosida Davlat budjeti mablagʻlari Fanlar akademiyasi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Fizika-texnika instituti, Materialshunoslik instituti 12. Materialshunoslik instituti va Toshkent kimyo texnologiyalari instituti oʻrtasida “Materialshunoslik” qoʻshma kafedrasini tashkil etish. 2025-yil sentabr Mablagʻ talab etilmaydi Fanlar akademiyasi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Materialshunoslik instituti 13. Fizika-texnika instituti va Toshkent davlat texnika universiteti oʻrtasida “Qayta tiklanuvchi energiya manbalari” qoʻshma kafedrasini tashkil etish. 2025-yil sentabr Mablagʻ talab etilmaydi Fanlar akademiyasi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Fizika-texnika instituti 14. Materialshunoslik instituti va “Toshkent irrigatsiya va qishloq xoʻjaligini mexanizatsiyalash muhandislari instituti” milliy tadqiqot universiteti huzuridagi Nazariy va amaliy tadqiqotlar instituti oʻrtasida nanotexnologiyalar boʻyicha qoʻshma laboratoriyani tashkil etish. 2025-yil sentabr Mablagʻ talab etilmaydi Fanlar akademiyasi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Materialshunoslik instituti 15. “Katta Quyosh qurilmasi” noyob ilmiy obyektida oliy oʻquv yurtlari talabalari uchun “Yozgi maktab”larni tashkil etish. reja-grafik asosida Mablagʻ talab etilmaydi Fanlar akademiyasi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Materialshunoslik instituti, Fizika-texnika instituti III. Fizika-texnika va materialshunoslik sohalarida xalqaro ilmiy-texnikaviy aloqalarni rivojlantirish chora-tadbirlari 16. “Katta Quyosh qurilmasi” noyob ilmiy obyekti negizida yangi materiallar sintezi boʻyicha xalqaro ilmiy xab tashkil etish. 2025-yil dekabr Xalqaro hamkorlar mablagʻlari Fanlar akademiyasi, Materialshunoslik instituti, Fizika-texnika instituti 17. Materialshunoslik institutini “Kam karbonli texnologiyalar va innovatsiyalar xalqaro alyansi (ALTIC)”ra aʼzo boʻlish choralarini koʻrish. 2025-yil dekabr Mablagʻ talab etilmaydi Fanlar akademiyasi, Materialshunoslik instituti 18. “Katta Quyosh qurilmasi” noyob ilmiy obyektida Butunrossiya aviatsiya materiallari instituti bilan uchuvchi apparatlar elementlarini yuqori haroratlarga bardoshligini sinovlardan oʻtkazish. 2025-yildan boshlab reja-grafik asosida Buyurtmachilar mablagʻlari Fanlar akademiyasi, Materialshunoslik instituti 19. Materialshunoslik instituti yosh olimlarini Koreya sanoat texnologiyalari institutida vodorod energetikasi materiallarini yaratish yoʻnalishida amaliyotlarini tashkil etish. 2025-yildan boshlab reja-grafik asosida Innovatsion rivojlanish agentligi mablagʻlari hisobidan Fanlar akademiyasi, Materialshunoslik instituti, Innovatsion rivojlanish agentligi 20. Yangi yarimoʻtkazgichli tuzilma va materiallarni yaratish boʻyicha xalqaro hamkorlikda (Italiya, Germaniya, Shveysariya, Rossiya, Xitoy, Janubiy Koreya v.b.) ilmiy tadqiqotlarini amalga oshirish. 2025-yildan boshlab reja-grafik asosida Davlat ilmiy dasturlari va loyihalari doirasida Fanlar akademiyasi, Fizika-texnika instituti, Materialshunoslik instituti IV. Akademik S.A. Azimovning xotirasini abadiylashtirish chora-tadbirlari 21. “Katta Quyosh qurilmasi” noyob ilmiy obyekti hududida S.A. Azimovning byustini oʻrnatish. 2025-yil iyun Tashabbuskorlar mablagʻlari Fanlar akademiyasi, Madaniy meros agentligi 22. Fanlar akademiyasi Yadro fizikasi instituti binosining kirish qismiga akademik S.A. Azimovning xotirasiga bagʻishlangan yodgorlik lavhasini oʻrnatish. 2025-yil iyun Tashabbuskorlar mablagʻlari Fanlar akademiyasi, Yadro fizikasi instituti 23. Akademik S.A. Azimov hayoti va faoliyatiga bagʻishlangan xotira kitobini tayyorlash va chop etish. 2025-yil iyun Tashabbuskorlar mablagʻlari Fanlar akademiyasi, Fizika-texnika instituti, Materialshunoslik instituti 24. S.A. Azimov xotirasiga fizikaning zamonaviy muammolariga bagʻishlangan xalqaro konferensiya oʻtkazish. 2025-yil oktabr Fanlar akademiyasi mablagʻlari Fanlar akademiyasi, Fizika-texnika instituti, Materialshunoslik instituti 25. S.A. Azimov xotirasiga bagʻishlangan hujjatli film yaratish. 2025-yil oktabr Fanlar akademiyasi mablagʻlari Kinematografiya agentligi, Fanlar akademiyasi 26. S.A. Azimov hayoti va ilmiy ijodiga bagʻishlangan telekoʻrsatuvlar ruknini tayyorlash. 2025-yil davomida Mablagʻ talab etilmaydi Fanlar akademiyasi, Oʻzbekiston teleradiokompaniyasi
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 21-noyabrdagi 776-son qaroriga 2-ILOVA
Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi ilmiy tashkilotlarini moliyalashtirish tizimini takomillashtirish hamda samaradorligini oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 8-iyundagi 366-son qaroriga kiritilayotgan oʻzgartirishlar
1. 2-bandning ikkinchi va uchinchi xatboshilaridagi “Fizika-texnika instituti” soʻzlari “S.A. Azimov nomidagi Fizika-texnika instituti” soʻzlari bilan almashtirilsin.
2. 2-ilovaning nomidagi “Fizika-texnika institutining” soʻzlari “S.A. Azimov nomidagi Fizika-texnika institutining” soʻzlari bilan almashtirilsin.
3. 13-ilovaning nomidagi “Fizika-texnika institutining” soʻzlari “S.A. Azimov nomidagi Fizika-texnika institutining” soʻzlari bilan almashtirilsin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2024-yil 21-noyabr,
776-son