📅 2024-yil 21-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 21-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 21 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 21 ноября 2024 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 21 November 2024 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
МАЪЛУМОТ
Уй-жой мулкдорлари ширкатини тугатишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилиши муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг «Тадбиркорлик субъектлари бўлмаган айрим юридик шахсларни ташкил этиш ва тугатишга доир норматив-ҳуқуқий хужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2022 йил 28 сентябрдаги 542-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кўп квартирали уйларни бошқаришни янада самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 15 августдаги ПҚ-278-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Тадбиркорлик субъектлари бўлмаган айрим юридик шахсларни ташкил этиш ва тугатишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2022 йил 28 сентябрдаги 542-сон қарорига иловага мувофиқ қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган уй-жой мулкдорлари ширкатларини аниқлаш;
солиқ хизмати органлари, тижорат банклари ҳамда Давлат хизматлари марказларининг уй-жой мулкдорлар ширкатини ҳаракатсиз ҳолатга ўтказиш ҳамда давлат реестридан чиқариш.
2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ҳамда Бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 21 ноябрдаги 778-сон қарорига ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Тадбиркорлик субъектлари бўлмаган айрим юридик шахсларни ташкил этиш ва тугатишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2022 йил 28 сентябрдаги 542-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 2-бандда :
еттинчи хатбошидан «тасдиқлансин» сўзи чиқариб ташлансин;
қуйидаги мазмундаги саккизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган уй-жой мулкдорлари ширкатларини давлат реестридан чиқариш тартиби тўғрисидаги низом 6 1 -иловага мувофиқ тасдиқлансин»;
2. Қуйидаги мазмундаги 6 1 -илова билан тўлдирилсин:
«Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 сентябрдаги 542-сон қарорига 6 1 -ИЛОВА
Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган уй-жой мулкдорлари ширкатларини давлат реестридан чиқариш тартиби тўғрисидаги
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган уй-жой мулкдорлари ширкатларини (кейинги ўринларда — ширкатлар) Тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестридан (кейинги ўринларда — давлат реестри) чиқариш тартибини белгилайди.
2. Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
молия-хўжалик фаолияти — ширкатларнинг ишларни бажариш, хизмат кўрсатиш, шунингдек, бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларни юритиш билан боғлиқ фаолияти;
рўйхатдан ўтказувчи орган — давлат хизматлари марказлари;
тугатиш — рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан давлат реестрига ширкатни тугатиш тўғрисидаги ёзувларни қайд этиш;
ҳаракатсиз ҳолатга ўтказиш — молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ширкатни ихтиёрий тугатиш чоралари кўрилмаганда, уни давлат реестридан чиқаришга қадар қўлланиладиган чора.
тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими (кейинги ўринларда — Тизим) — тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишни, шунингдек, рўйхатдан ўтказувчи орган ва ваколатли ташкилотларнинг алоқа каналлари орқали электрон ахборот алмашувини таъминловчи тизим.
3. Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган уй-жой мулкдорлари ширкатларини давлат реестридан ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича чиқарилади.
2-боб. Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ширкатларни аниқлаш
4. Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ширкатлар фаолиятини ҳаракатсиз ҳолатга ўтказиш учун қуйидагилар асос бўлади:
тўққиз ой мобайнида молия-хўжалик фаолияти бўйича банк ҳисобварақларига маблағлар тушмаганлиги;
тўққиз ой мобайнида солиқ ҳисоботлари тақдим этилмаганлиги.
5. Ширкатларнинг банк ҳисобварақларига тўққиз ой мобайнида молия-хўжалик фаолияти бўйича маблағлар тушмаганда, тижорат банклари уч иш куни ичида улар ҳисобга қўйилган жойдаги солиқ хизмати органига «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ маълумот тақдим этади.
Бунда солиқ хизмати органига маълумот тақдим этилгандан сўнг ширкатнинг банк ҳисобварақларига маблағлар келиб тушганда, тижорат банклари томонидан ушбу ўзгариш бўйича бир иш куни мобайнида қўшимча маълумот тақдим этилади.
6. Солиқ хизмати органи тижорат банкларидан маълумот келиб тушгач ва (ёки) ҳисобот топшириш муддати тугагач, уч иш куни мобайнида ушбу Низомнинг 4-банди талаблари бўйича ширкатлар фаоллик ҳолатини фаолият кўрсатмаётган ҳолатга ўзгартиради ва ушбу ташкилотлар тўғрисида Тизим орқали қуйидаги ташкилотларни хабардор қилади:
рўйхатдан ўтказувчи орган ва рўйхатдан ўтган жойдаги статистика органларини;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси туман (шаҳар) бўлимини (кейинги ўринларда — Бюро);
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигини;
Ички ишлар вазирлигини;
хизмат кўрсатувчи банкни;
Иқтисодиёт ва молия вазирлигини.
Ушбу банднинг учинчи — олтинчи хатбошиларида кўрсатилган ташкилотлар тегишли хабарнома тушган кундан бошлаб беш иш куни ичида ўзларининг маълумотлар базаларида ширкат тўғрисида мавжуд бўлган маълумотларни солиқ хизмати органларига Тизим орқали тақдим этади.
7. Солиқ хизмати органи ушбу Низомнинг 4-бандида кўрсатилган ширкатлар бўйича:
а) қуйидагиларни:
ширкат ҳақиқатда молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаганлиги;
мол-мулки мавжудлиги;
юридик ва фаолият кўрсатиш манзилида мавжудлиги;
ширкатнинг барча қарздорликлари (2-сон картотекаси) таҳлили;
солиқлар ва йиғимлар бўйича қарздорлиги мавжудлиги тўғрисида ахборот тақдим этади;
б) ширкатларнинг жойлашган жойини аниқлаш ва уларни тугатиш жараёнига жалб қилиш чораларини кўради;
в) ширкатларнинг аъзоларига (уй-жой мулкдорларига) ширкатни ихтиёрий тугатишни таклиф этади. Ширкат ўн иш кунида ихтиёрий тугатишга киришмаган, ширкат аъзолари (уй-жой мулкдорлари) ихтиёрий тугатишни амалга оширишни рад этган, шунингдек, кўрсатиб ўтилган шахсларни аниқлаш мумкин бўлмаган тақдирда, ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилган тадбирларни амалга оширади;
д) йиғилган ва мавжуд маълумотлар асосида ширкатнинг фаолиятини камерал солиқ текширувидан ўтказади.
3-боб. Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ширкатни ҳаракатсиз ҳолатга ўтказиш
8. Ширкатнинг солиқ ва йиғимлар бўйича қарздорликлари аниқланмаган, мол-мулки мавжуд бўлмаган, ширкат аъзоларини (уй-жой мулкдорларини), уларнинг вакиллари ва раҳбарини тугатиш жараёнига жалб этиш имкони бўлмаганда, солиқ хизмати органлари Тизим орқали рўйхатдан ўтказувчи органга ўн иш кунида ширкатни ҳаракатсиз ҳолатга ўтказиш тўғрисида тақдимнома юборади.
9. Рўйхатдан ўтказувчи орган:
а) солиқ хизмати органларининг тақдимномаси келиб тушгандан сўнг автоматик тарзда давлат реестрига ҳамда Тизимга тегишли ёзув киритади;
б) уч иш кунида:
ширкатнинг ҳаракатсиз ҳолатга ўтказилганлиги тўғрисида ўз расмий веб-сайтида эълонни жойлаштиради;
ширкат аъзоларига (уй-жой мулкдорларига) Тизимда ширкатнинг ҳаракатсиз ҳолатга ўтказилганлиги тўғрисида хабарнома юборади.
10. Тижорат банклари ҳаракатсиз ҳолатга ўтказилган ширкатларнинг ҳисобварақларини бир иш кунида ёпиб, уларнинг маблағларини ҳаракатсиз депозит ҳисобварақларига ўтказади.
Ҳаракатсиз ҳолатга ўтказилган ширкатларга келиб тушган маблағлар уларнинг ҳаракатсиз депозит ҳисобварақларига кирим қилинади. Ушбу ширкатларнинг ҳисобварақларига қўйилган талаблар ҳаракатсиз депозит ҳисобварақларидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 56-моддасида белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилади.
11. Солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилган таҳлиллар ва ўрганишлар натижасида солиқ қарздорликлари аниқланган тақдирда, уларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ундириш чоралари кўрилади.
Солиқлар бўйича қарздорликлари ундирилган ширкатлар бўйича иш юритиш ушбу Низомнинг 8-банди асосида давом эттирилади.
12. Ширкатнинг дебиторлик-кредиторлик қарздорликлари манфаатдор шахслар томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ундирилади.
13. Ширкат фаолият кўрсатмаётган корхоналар тоифасига ўтказилгандан кейин солиқ хизмати органлари томонидан солиқ ҳисоботларини қабул қилиш тўхтатилади.
14. Ҳаракатсиз ҳолатга ўтказилган ширкат фаолияти рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан қуйидаги ҳолатларда:
ширкатнинг аъзолари (уй-жой мулкдорлари) уч йил ичида ширкат фаолиятини давом эттириш тўғрисида рўйхатдан ўтказувчи органга мурожаат қилган тақдирда — ширкат аъзоларининг (уй-жой мулкдорларининг) қарорига асосан;
ширкат суд ёки ижро иши юритиш жараёнига даъвогар ёхуд жавобгар сифатида эътироф этилган тақдирда, қайта тикланади. Бунда ширкат янги ташкил этилган деб ҳисобланмайди, унинг фаолияти қайта тикланганлиги тўғрисида давлат реестрига ҳамда Тизимга тегишли ёзув киритилади.
Ширкат фаолияти қайта тикланган тақдирда, рўйхатдан ўтказувчи орган бу ҳақда тижорат банкларини, Солиқ қўмитасини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлигини Тизим орқали хабардор қилади.
4-боб. Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ширкатларни давлат реестридан чиқариш
15. Ширкатлар ҳаракатсиз ҳолатда сақланишига уч йил тўлганда рўйхатдан ўтказувчи орган:
ҳаракатсиз ҳолатга ўтказилган ширкатлар фаолияти тикланмаган тақдирда, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда уч иш кунида давлат реестридан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилади ва бу ҳақда давлат реестрига тегишли ёзув киритади;
давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани бекор қилади. Агар уларни топиш имкони мавжуд бўлмаса, уч иш кунида бекор қилиниши тўғрисидаги маълумотлар рўйхатга олиш органи веб-сайтида эълон қилинади;
тижорат банкларига, Солиқ қўмитасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлигига ширкат давлат реестридан чиқарилганлиги тўғрисида Тизим орқали хабарнома юборади.
Давлат реестрига тугатиш ҳақида ёзув киритилгандан сўнг ширкатни тугатиш якунланган, ширкатнинг фаолияти эса тугатилган ҳисобланади.
16. Давлат реестридан чиқарилган ширкатнинг банк ҳисобварақларидаги маблағларини кредиторларнинг талаблари қаноатлантирилгандан кейин тижорат банклари беш иш кун ичида миллий ва хорижий валютадаги ягона ҳисобварақларида жамлайди ва ширкат аъзолари ўртасида уларнинг ширкат мол-мулкини шакллантиришдаги иштирокига мутаносиб тарзда тақсимланади.
17. Ҳаракатсиз ҳолатда турган ширкат давлат реестридан чиқарилгандан сўнг унинг солиқ ва йиғимлар бўйича ортиқча тўланган суммалари маҳаллий бюджетларнинг даромади ҳисобланади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
18. Ширкат аъзолари (уй-жой мулкдорлари), ширкат, тугатувчи ўзлари тайёрлаган, рўйхатдан ўтказган органга ва солиқ хизмати органига тақдим этган ҳужжатларнинг тўғрилиги ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлиги учун жавоб берадилар.
19. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар, шу жумладан, ўзларига юкланган вазифаларни бажармаганлик ёки зарур даражада бажармаганлик натижасида кредиторларга ёки учинчи шахсларга етказилган зарар учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган уй-жой мулкдорлари ширкатларини давлат реестридан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган уй-жой мулкдорлари ширкатларини давлат реестридан чиқариш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Ижро муддати 1-босқич Тижорат банклари Банк ҳисобварақларига тўққиз ой мобайнида молия-хўжалик фаолияти бўйича маблағлар тушмаган ҳолларда, уй-жой мулкдорлари ширкатлар тўғрисидаги маълумотларни «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали тақдим этади. уч иш кунида 2-босқич Солиқ хизмати органлари Тижорат банкларидан маълумот тушган ва (ёки) тўққиз ой мобайнида солиқ ҳисоботларини тақдим этмаган уй-жой мулкдорлари ширкатлари тўғрисида Тизим орқали тегишли идора ва ташкилотларни хабардор қилади. уч иш кунида 3-босқич Идоралар ва ташкилотлар Тегишли хабарнома тушган кундан бошлаб ўзларининг маълумотлар базасида уй-жой мулкдорлари ширкатлари тўғрисида мавжуд бўлган маълумотларни Тизим орқали тақдим этади. беш иш кунида 4-босқич Давлат хизматлари маркази Уй-жой мулкдорлари ширкатининг ҳаракатсиз ҳолатга ўтказилганлиги тўғрисида ўз расмий веб-сайтида эълонни жойлаштиради; уй-жой мулкдорлари ширкатларининг қатнашчиларига тизимда ташкилотнинг ҳаракатсиз ҳолатга ўтказилганлиги тўғрисида хабарнома юборади. уч иш кунида 5-босқич Тижорат банки Ҳаракатсиз ҳолатга ўтказилган ширкатнинг ҳисобварақларини ёпиш ва маблағларни ҳаракатсиз депозит ҳисобварақларига ўтказади. бир иш кунида 6-босқич Давлат хизматлари маркази Уй-жой мулкдорлари ширкати ҳаракатсиз режимга ўтказилган пайтдан эътиборан уч йил ичида фаолияти тикланмаган тақдирда, давлат реестридан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш ва бу ҳақда давлат реестрига тегишли ёзув ҳамда Тизимга тегишли ўзгартириш киритади. уч иш кунида 7-босқич Давлат хизматлари маркази Уй-жой мулкдорлари ширкатининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларни бекор қилиш. Агар уларни топиш имкони мавжуд бўлмаса, бекор қилинганлиги тўғрисидаги маълумотларни расмий веб-сайтида эълон қилади. уч иш кунида
Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган уй-жой мулкдорлари ширкатларини давлат реестридан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Банк ҳисобварақларига тўққиз ой мобайнида молия-хўжалик фаолияти бўйича маблағлар тушмаган ширкат тўғрисида
Т/р Маълумот турлари Изоҳ 1. Ширкатнинг тўлиқ номи 2. Солиқ тўловчининг идентификация рақами 3. Почта манзили (жойлашган ери) 4. Хизмат кўрсатувчи тижорат банки номи 5. Банк ҳисобварағи 6. Ҳисобварағидаги қолдиқ маблағлар 7. Ҳисобварақ очилган сана 8. Ҳисобварақ тўхтатилган сана 9. 2-картотека бўйича қарздорлик тўғрисидаги маълумотлар (мавжуд бўлса)
».
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 21 ноябрь,
778-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
MAʼLUMOT
Uy-joy mulkdorlari shirkatini tugatishning soddalashtirilgan tartibi joriy etilishi munosabati bilan Vazirlar Mahkamasining “Tadbirkorlik subyektlari boʻlmagan ayrim yuridik shaxslarni tashkil etish va tugatishga doir normativ-huquqiy xujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida” 2022-yil 28-sentabrdagi 542-son qaroriga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Koʻp kvartirali uylarni boshqarishni yanada samarali tashkil qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 15-avgustdagi PQ-278-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Vazirlar Mahkamasining “Tadbirkorlik subyektlari boʻlmagan ayrim yuridik shaxslarni tashkil etish va tugatishga doir normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida” 2022-yil 28-sentabrdagi 542-son qaroriga ilovaga muvofiq quyidagilarni nazarda tutuvchi oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin:
moliya-xoʻjalik faoliyatini amalga oshirmayotgan uy-joy mulkdorlari shirkatlarini aniqlash;
soliq xizmati organlari, tijorat banklari hamda Davlat xizmatlari markazlarining uy-joy mulkdorlar shirkatini harakatsiz holatga oʻtkazish hamda davlat reyestridan chiqarish.
2. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.J. Ramatov hamda Bosh vazir oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 21-noyabrdagi 778-son qaroriga ILOVA
Vazirlar Mahkamasining “Tadbirkorlik subyektlari boʻlmagan ayrim yuridik shaxslarni tashkil etish va tugatishga doir normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida” 2022-yil 28-sentabrdagi 542-son qaroriga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. 2-bandda :
yettinchi xatboshidan “tasdiqlansin” soʻzi chiqarib tashlansin;
quyidagi mazmundagi sakkizinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“Moliya-xoʻjalik faoliyatini amalga oshirmayotgan uy-joy mulkdorlari shirkatlarini davlat reyestridan chiqarish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 6 1 -ilovaga muvofiq tasdiqlansin”;
2. Quyidagi mazmundagi 6 1 -ilova bilan toʻldirilsin:
“Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 28-sentabrdagi 542-son qaroriga 6 1 -ILOVA
Moliya-xoʻjalik faoliyatini amalga oshirmayotgan uy-joy mulkdorlari shirkatlarini davlat reyestridan chiqarish tartibi toʻgʻrisidagi
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom moliya-xoʻjalik faoliyatini amalga oshirmayotgan uy-joy mulkdorlari shirkatlarini (keyingi oʻrinlarda — shirkatlar) Tadbirkorlik subyektlarining yagona davlat reyestridan (keyingi oʻrinlarda — davlat reyestri) chiqarish tartibini belgilaydi.
2. Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
moliya-xoʻjalik faoliyati — shirkatlarning ishlarni bajarish, xizmat koʻrsatish, shuningdek, buxgalteriya, moliya, statistika, bank hujjatlari va boshqa hujjatlarni yuritish bilan bogʻliq faoliyati;
roʻyxatdan oʻtkazuvchi organ — davlat xizmatlari markazlari;
tugatish — roʻyxatdan oʻtkazuvchi organ tomonidan davlat reyestriga shirkatni tugatish toʻgʻrisidagi yozuvlarni qayd etish;
harakatsiz holatga oʻtkazish — moliya-xoʻjalik faoliyatini amalga oshirmayotgan shirkatni ixtiyoriy tugatish choralari koʻrilmaganda, uni davlat reyestridan chiqarishga qadar qoʻllaniladigan chora.
tadbirkorlik subyektlarini davlat roʻyxatidan oʻtkazish va hisobga qoʻyishning avtomatlashtirilgan tizimi (keyingi oʻrinlarda — Tizim) — tadbirkorlik subyektlarini davlat roʻyxatidan oʻtkazishni, shuningdek, roʻyxatdan oʻtkazuvchi organ va vakolatli tashkilotlarning aloqa kanallari orqali elektron axborot almashuvini taʼminlovchi tizim.
3. Moliya-xoʻjalik faoliyatini amalga oshirmayotgan uy-joy mulkdorlari shirkatlarini davlat reyestridan ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq sxema boʻyicha chiqariladi.
2-bob. Moliya-xoʻjalik faoliyatini amalga oshirmayotgan shirkatlarni aniqlash
4. Moliya-xoʻjalik faoliyatini amalga oshirmayotgan shirkatlar faoliyatini harakatsiz holatga oʻtkazish uchun quyidagilar asos boʻladi:
toʻqqiz oy mobaynida moliya-xoʻjalik faoliyati boʻyicha bank hisobvaraqlariga mablagʻlar tushmaganligi;
toʻqqiz oy mobaynida soliq hisobotlari taqdim etilmaganligi.
5. Shirkatlarning bank hisobvaraqlariga toʻqqiz oy mobaynida moliya-xoʻjalik faoliyati boʻyicha mablagʻlar tushmaganda, tijorat banklari uch ish kuni ichida ular hisobga qoʻyilgan joydagi soliq xizmati organiga “Elektron hukumat” tizimi idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq maʼlumot taqdim etadi.
Bunda soliq xizmati organiga maʼlumot taqdim etilgandan soʻng shirkatning bank hisobvaraqlariga mablagʻlar kelib tushganda, tijorat banklari tomonidan ushbu oʻzgarish boʻyicha bir ish kuni mobaynida qoʻshimcha maʼlumot taqdim etiladi.
6. Soliq xizmati organi tijorat banklaridan maʼlumot kelib tushgach va (yoki) hisobot topshirish muddati tugagach, uch ish kuni mobaynida ushbu Nizomning 4-bandi talablari boʻyicha shirkatlar faollik holatini faoliyat koʻrsatmayotgan holatga oʻzgartiradi va ushbu tashkilotlar toʻgʻrisida Tizim orqali quyidagi tashkilotlarni xabardor qiladi:
roʻyxatdan oʻtkazuvchi organ va roʻyxatdan oʻtgan joydagi statistika organlarini;
Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Majburiy ijro byurosi tuman (shahar) boʻlimini (keyingi oʻrinlarda — Byuro);
Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Kadastr agentligini;
Ichki ishlar vazirligini;
xizmat koʻrsatuvchi bankni;
Iqtisodiyot va moliya vazirligini.
Ushbu bandning uchinchi — oltinchi xatboshilarida koʻrsatilgan tashkilotlar tegishli xabarnoma tushgan kundan boshlab besh ish kuni ichida oʻzlarining maʼlumotlar bazalarida shirkat toʻgʻrisida mavjud boʻlgan maʼlumotlarni soliq xizmati organlariga Tizim orqali taqdim etadi.
7. Soliq xizmati organi ushbu Nizomning 4-bandida koʻrsatilgan shirkatlar boʻyicha:
a) quyidagilarni:
shirkat haqiqatda moliya-xoʻjalik faoliyatini amalga oshirmaganligi;
mol-mulki mavjudligi;
yuridik va faoliyat koʻrsatish manzilida mavjudligi;
shirkatning barcha qarzdorliklari (2-son kartotekasi) tahlili;
soliqlar va yigʻimlar boʻyicha qarzdorligi mavjudligi toʻgʻrisida axborot taqdim etadi;
b) shirkatlarning joylashgan joyini aniqlash va ularni tugatish jarayoniga jalb qilish choralarini koʻradi;
v) shirkatlarning aʼzolariga (uy-joy mulkdorlariga) shirkatni ixtiyoriy tugatishni taklif etadi. Shirkat oʻn ish kunida ixtiyoriy tugatishga kirishmagan, shirkat aʼzolari (uy-joy mulkdorlari) ixtiyoriy tugatishni amalga oshirishni rad etgan, shuningdek, koʻrsatib oʻtilgan shaxslarni aniqlash mumkin boʻlmagan taqdirda, ushbu Nizomning 8-bandida nazarda tutilgan tadbirlarni amalga oshiradi;
d) yigʻilgan va mavjud maʼlumotlar asosida shirkatning faoliyatini kameral soliq tekshiruvidan oʻtkazadi.
3-bob. Moliya-xoʻjalik faoliyatini amalga oshirmayotgan shirkatni harakatsiz holatga oʻtkazish
8. Shirkatning soliq va yigʻimlar boʻyicha qarzdorliklari aniqlanmagan, mol-mulki mavjud boʻlmagan, shirkat aʼzolarini (uy-joy mulkdorlarini), ularning vakillari va rahbarini tugatish jarayoniga jalb etish imkoni boʻlmaganda, soliq xizmati organlari Tizim orqali roʻyxatdan oʻtkazuvchi organga oʻn ish kunida shirkatni harakatsiz holatga oʻtkazish toʻgʻrisida taqdimnoma yuboradi.
9. Roʻyxatdan oʻtkazuvchi organ:
a) soliq xizmati organlarining taqdimnomasi kelib tushgandan soʻng avtomatik tarzda davlat reyestriga hamda Tizimga tegishli yozuv kiritadi;
b) uch ish kunida:
shirkatning harakatsiz holatga oʻtkazilganligi toʻgʻrisida oʻz rasmiy veb-saytida eʼlonni joylashtiradi;
shirkat aʼzolariga (uy-joy mulkdorlariga) Tizimda shirkatning harakatsiz holatga oʻtkazilganligi toʻgʻrisida xabarnoma yuboradi.
10. Tijorat banklari harakatsiz holatga oʻtkazilgan shirkatlarning hisobvaraqlarini bir ish kunida yopib, ularning mablagʻlarini harakatsiz depozit hisobvaraqlariga oʻtkazadi.
Harakatsiz holatga oʻtkazilgan shirkatlarga kelib tushgan mablagʻlar ularning harakatsiz depozit hisobvaraqlariga kirim qilinadi. Ushbu shirkatlarning hisobvaraqlariga qoʻyilgan talablar harakatsiz depozit hisobvaraqlaridan Oʻzbekiston Respublikasi Fuqarolik kodeksining 56-moddasida belgilangan tartibda hisobdan chiqariladi.
11. Soliq xizmati organlari tomonidan oʻtkazilgan tahlillar va oʻrganishlar natijasida soliq qarzdorliklari aniqlangan taqdirda, ularni qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda undirish choralari koʻriladi.
Soliqlar boʻyicha qarzdorliklari undirilgan shirkatlar boʻyicha ish yuritish ushbu Nizomning 8-bandi asosida davom ettiriladi.
12. Shirkatning debitorlik-kreditorlik qarzdorliklari manfaatdor shaxslar tomonidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda undiriladi.
13. Shirkat faoliyat koʻrsatmayotgan korxonalar toifasiga oʻtkazilgandan keyin soliq xizmati organlari tomonidan soliq hisobotlarini qabul qilish toʻxtatiladi.
14. Harakatsiz holatga oʻtkazilgan shirkat faoliyati roʻyxatdan oʻtkazuvchi organ tomonidan quyidagi holatlarda:
shirkatning aʼzolari (uy-joy mulkdorlari) uch yil ichida shirkat faoliyatini davom ettirish toʻgʻrisida roʻyxatdan oʻtkazuvchi organga murojaat qilgan taqdirda — shirkat aʼzolarining (uy-joy mulkdorlarining) qaroriga asosan;
shirkat sud yoki ijro ishi yuritish jarayoniga daʼvogar yoxud javobgar sifatida eʼtirof etilgan taqdirda, qayta tiklanadi. Bunda shirkat yangi tashkil etilgan deb hisoblanmaydi, uning faoliyati qayta tiklanganligi toʻgʻrisida davlat reyestriga hamda Tizimga tegishli yozuv kiritiladi.
Shirkat faoliyati qayta tiklangan taqdirda, roʻyxatdan oʻtkazuvchi organ bu haqda tijorat banklarini, Soliq qoʻmitasini hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Statistika agentligini Tizim orqali xabardor qiladi.
4-bob. Moliya-xoʻjalik faoliyatini amalga oshirmayotgan shirkatlarni davlat reyestridan chiqarish
15. Shirkatlar harakatsiz holatda saqlanishiga uch yil toʻlganda roʻyxatdan oʻtkazuvchi organ:
harakatsiz holatga oʻtkazilgan shirkatlar faoliyati tiklanmagan taqdirda, qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda uch ish kunida davlat reyestridan chiqarish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi va bu haqda davlat reyestriga tegishli yozuv kiritadi;
davlat roʻyxatidan oʻtkazilganligi toʻgʻrisidagi guvohnomani bekor qiladi. Agar ularni topish imkoni mavjud boʻlmasa, uch ish kunida bekor qilinishi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar roʻyxatga olish organi veb-saytida eʼlon qilinadi;
tijorat banklariga, Soliq qoʻmitasiga hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Statistika agentligiga shirkat davlat reyestridan chiqarilganligi toʻgʻrisida Tizim orqali xabarnoma yuboradi.
Davlat reyestriga tugatish haqida yozuv kiritilgandan soʻng shirkatni tugatish yakunlangan, shirkatning faoliyati esa tugatilgan hisoblanadi.
16. Davlat reyestridan chiqarilgan shirkatning bank hisobvaraqlaridagi mablagʻlarini kreditorlarning talablari qanoatlantirilgandan keyin tijorat banklari besh ish kun ichida milliy va xorijiy valyutadagi yagona hisobvaraqlarida jamlaydi va shirkat aʼzolari oʻrtasida ularning shirkat mol-mulkini shakllantirishdagi ishtirokiga mutanosib tarzda taqsimlanadi.
17. Harakatsiz holatda turgan shirkat davlat reyestridan chiqarilgandan soʻng uning soliq va yigʻimlar boʻyicha ortiqcha toʻlangan summalari mahalliy budjetlarning daromadi hisoblanadi.
5-bob. Yakunlovchi qoidalar
18. Shirkat aʼzolari (uy-joy mulkdorlari), shirkat, tugatuvchi oʻzlari tayyorlagan, roʻyxatdan oʻtkazgan organga va soliq xizmati organiga taqdim etgan hujjatlarning toʻgʻriligi va qonunchilik hujjatlariga muvofiqligi uchun javob beradilar.
19. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar, shu jumladan, oʻzlariga yuklangan vazifalarni bajarmaganlik yoki zarur darajada bajarmaganlik natijasida kreditorlarga yoki uchinchi shaxslarga yetkazilgan zarar uchun qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Moliya-xoʻjalik faoliyatini amalga oshirmayotgan uy-joy mulkdorlari shirkatlarini davlat reyestridan chiqarish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Moliya-xoʻjalik faoliyatini amalga oshirmayotgan uy-joy mulkdorlari shirkatlarini davlat reyestridan chiqarish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Ijro muddati 1-bosqich Tijorat banklari Bank hisobvaraqlariga toʻqqiz oy mobaynida moliya-xoʻjalik faoliyati boʻyicha mablagʻlar tushmagan hollarda, uy-joy mulkdorlari shirkatlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni “Elektron hukumat” tizimi idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali taqdim etadi. uch ish kunida 2-bosqich Soliq xizmati organlari Tijorat banklaridan maʼlumot tushgan va (yoki) toʻqqiz oy mobaynida soliq hisobotlarini taqdim etmagan uy-joy mulkdorlari shirkatlari toʻgʻrisida Tizim orqali tegishli idora va tashkilotlarni xabardor qiladi. uch ish kunida 3-bosqich Idoralar va tashkilotlar Tegishli xabarnoma tushgan kundan boshlab oʻzlarining maʼlumotlar bazasida uy-joy mulkdorlari shirkatlari toʻgʻrisida mavjud boʻlgan maʼlumotlarni Tizim orqali taqdim etadi. besh ish kunida 4-bosqich Davlat xizmatlari markazi Uy-joy mulkdorlari shirkatining harakatsiz holatga oʻtkazilganligi toʻgʻrisida oʻz rasmiy veb-saytida eʼlonni joylashtiradi; uy-joy mulkdorlari shirkatlarining qatnashchilariga tizimda tashkilotning harakatsiz holatga oʻtkazilganligi toʻgʻrisida xabarnoma yuboradi. uch ish kunida 5-bosqich Tijorat banki Harakatsiz holatga oʻtkazilgan shirkatning hisobvaraqlarini yopish va mablagʻlarni harakatsiz depozit hisobvaraqlariga oʻtkazadi. bir ish kunida 6-bosqich Davlat xizmatlari markazi Uy-joy mulkdorlari shirkati harakatsiz rejimga oʻtkazilgan paytdan eʼtiboran uch yil ichida faoliyati tiklanmagan taqdirda, davlat reyestridan chiqarish toʻgʻrisida qaror qabul qilish va bu haqda davlat reyestriga tegishli yozuv hamda Tizimga tegishli oʻzgartirish kiritadi. uch ish kunida 7-bosqich Davlat xizmatlari markazi Uy-joy mulkdorlari shirkatining davlat roʻyxatidan oʻtkazilganligi toʻgʻrisidagi guvohnomalarni bekor qilish. Agar ularni topish imkoni mavjud boʻlmasa, bekor qilinganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni rasmiy veb-saytida eʼlon qiladi. uch ish kunida
Moliya-xoʻjalik faoliyatini amalga oshirmayotgan uy-joy mulkdorlari shirkatlarini davlat reyestridan chiqarish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Bank hisobvaraqlariga toʻqqiz oy mobaynida moliya-xoʻjalik faoliyati boʻyicha mablagʻlar tushmagan shirkat toʻgʻrisida
T/r Maʼlumot turlari Izoh 1. Shirkatning toʻliq nomi 2. Soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami 3. Pochta manzili (joylashgan yeri) 4. Xizmat koʻrsatuvchi tijorat banki nomi 5. Bank hisobvaragʻi 6. Hisobvaragʻidagi qoldiq mablagʻlar 7. Hisobvaraq ochilgan sana 8. Hisobvaraq toʻxtatilgan sana 9. 2-kartoteka boʻyicha qarzdorlik toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (mavjud boʻlsa)
”.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2024-yil 21-noyabr,
778-son