UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 30-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 30 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 30 ноября 2024 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 30 November 2024 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

ТАРКИБИ

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган тадбирларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республикада яшиллик даражасини янада ошириш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини изчил амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 23 ноябрдаги ПФ-199-сон Фармони ҳамда «Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 31 майдаги ПҚ-171-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республикада яшиллик даражасини янада ошириш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини изчил амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 23 ноябрдаги ПФ-199-сон Фармонига мувофиқ:

жисмоний ва юридик шахсларнинг буюртманомалари асосида дарахт ва бута кўчатларини экишни ташкил этишни қўллаб-қувватлаш мақсадида электрон тўлов тизимларидан фойдаланувчилар ва бошқа истеъмолчилар томонидан ихтиёрий хайрия ўтказмалари бўйича хизмат кўрсатувчи «Яшил тўлов» платформасини жорий қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, «Яшил тўлов» платформаси орқали республикада дарахт ва бута кўчатларини экишга аҳолини кенг жалб қилиш бўйича Яшил хайрия жамғармасини ташкил этиш;

б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 31 майдаги ПҚ-171-сон қарорига мувофиқ:

товар ва хизматларни реализация қилишда истеъмолчилар томонидан ихтиёрий равишда амалга ошириладиган «Яшил тўлов» устама турини жорий қилиш;

республикадаги, шу жумладан, давлат ўрмон фондига кирадиган дарахт ва буталарнинг Миллий яшил фаровонлик фондини ташкил этиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Белгилансинки, 2025 йил 1 мартдан бошлаб:

жисмоний ва юридик шахслар томонидан ихтиёрий равишда «Яшил тўлов» хайрия тўловларини «Яшил олам» ва «Яшил тўлов» электрон платформалари орқали амалга ошириш имконияти яратилади;

жисмоний ва юридик шахслар томонидан амалга оширилган «Яшил тўлов» хайрия тўловлари Яшил хайрия жамғармасида жамланади, бунда «Яшил олам» электрон платформаси орқали амалга оширилган хайрия тўловлари Яшил хайрия жамғармасининг алоҳида ҳисобварағига йўналтирилади;

Яшил хайрия жамғармасида жамланган маблағлар «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг буюртманомалари асосида дарахт ва бута кўчатларини экишни ташкил қилиш, шунингдек, мамлакатда экологик ҳолатни яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади;

Яшил хайрия жамғармасига келиб тушган маблағлардан очиқлик ва жамоатчиликка ҳисобдорлик тамойиллари асосида фойдаланилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Яшил хайрия жамғармаси ташкил этилсин.

4. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Яшил хайрия жамғармаси тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Яшил хайрия жамғармаси бошқарув кенгашининг таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги:

икки ой муддатда Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда ихтиёрий хайрия тўловлари бўйича хизмат кўрсатувчи «Яшил олам» ва «Яшил тўлов» электрон платформаларини ишлаб чиқиб, уларнинг ишга туширилишини;

«Яшил олам» ва «Яшил тўлов» электрон платформаларини ишлаб чиқиш, ишга тушириш ва техник қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатлар Экология жамғармасининг маблағлари ҳисобидан молиялаштирилишини;

2025 йил 1 июнга қадар Миллий яшил фаровонлик фондини (электрон маълумотлар базасини) шакллантириб, унга республикадаги, шу жумладан, давлат ўрмон фондига кирадиган дарахт ва буталар ҳақидаги маълумотларни киритиш орқали ўсимлик дунёси объектлари давлат кадастри юритилишини;

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан биргаликда ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти, шу жумладан, аҳоли ташаббуси билан республика ҳудудларини кўкаламзорлаштириш тадбирларининг аҳамиятини назарда тутувчи тарғибот ишлари амалга оширилиши ҳамда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиб борилишини таъминласин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 ноябрдаги 804-сон қарорига 1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Яшил хайрия жамғармаси тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги (кейинги ўринларда — Экология вазирлиги) ҳузуридаги Яшил хайрия жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.

2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ҳамда унинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида очилган алоҳида ҳисобварақда жамланади.

3. Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда ушбу Низомга мувофиқ бошқарилади.

2-боб. Жамғарманинг мақсад ва вазифалари

4. Жамғарманинг асосий мақсади «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида мевали, манзарали дарахт ва бута кўчатлари ҳамда қаламчаларини экиш орқали республика ҳудудларининг яшиллик даражасини оширишга қаратилган тадбирларни молиявий қўллаб-қувватлаш ҳисобланади.

5. Қуйидагилар Жамғарманинг асосий вазифалари ҳисобланади:

жисмоний ва юридик шахслар томонидан ихтиёрий равишда Жамғармага йўналтириладиган маблағларни тегишли ҳисобварақда жамлаш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг буюртманомалари асосида дарахт (дарахтзорлар, «яшил боғлар», «яшил жамоат парклари», «яшил қалқон», «яшил қоплама», иҳотазорлар ва ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш ва бошқалар), бута кўчатлари ва қаламчаларини экиш ҳамда давлат ўрмон фонди ерларида ўрмон барпо қилишни молиялаштириш.

3-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳамда маблағлардан фойдаланиш йўналишлари

6. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, мақсадли жамғармаларнинг ҳомийлик хайриялари;

истеъмолчилар томонидан харид қилинган товар ва хизматлар қийматидаги ихтиёрий «Яшил тўлов» устамалари;

халқаро молия институтлари ва донор ташкилотларнинг грантлари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

7. Жамғарма маблағларидан «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги қуйидаги тадбирларни молиялаштиришда фойдаланилади:

дарахт ва бута кўчатларини экиш (дарахтзорлар, «яшил боғлар», «яшил жамоат парклари», «яшил қалқон», «яшил белбоғ», «яшил қоплама», иҳотазорлар ва ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш) учун танланган ер майдонларини тайёрлаш;

дарахт ва бута кўчатларини экиш учун лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш;

дарахт ва бута кўчатлари экиладиган ер майдонларида суғориш тизимини жорий этиш;

экиладиган дарахт ва бута кўчатлари ҳамда қаламчалар турларини танлаш ва харид қилиш ишларини молиялаштириш;

кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш, дарахтзорлар, «яшил боғлар», «яшил жамоат парклари», «яшил қалқон», «яшил белбоғ», «яшил қоплама», иҳотазорлар ва ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш;

экилган кўчатларни уч йил муддатда сақлаш, эгалигига бириктирилгунга қадар парваришлаш;

ёпиқ илдизли катта ҳажмдаги дарахт ва бута кўчатларини етиштириш ва етказиб бериш.

4-боб. Жамғарма маблағларини бошқариш

8. Жамғарма маблағлари жамоатчилик асосида Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири раҳбарлик қиладиган Жамғарманинг бошқарув кенгаши (кейинги ўринларда — Кенгаш) томонидан бошқарилади.

Кенгаш мазкур Низом талабларига мувофиқ Яшил хайрия жамғармасига келиб тушган маблағлардан очиқлик ва жамоатчиликка ҳисобдорлик тамойиллари асосида фойдаланишни таъминлайди.

9. Кенгаш йиғилишларини ташкил этиш, Кенгаш аъзоларини хабардор қилиш ҳамда Кенгашнинг йиғилиш баёнларини расмийлаштириш Кенгаш котиби томонидан амалга оширилади.

Жамғарма маблағларидан молиялаштириладиган тадбирлар Кенгаш йиғилишида аниқланади. Мазкур Низом талабларига мос деб топилган тадбирлар Кенгаш аъзоларининг овоз бериш йўли билан танланади.

Кенгаш йиғилишлари аъзоларнинг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади.

Кенгаш аъзоларининг овоз бериш жараёнида овозлар тенг бўлган тақдирда, Кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Кенгаш йиғилишининг баёни Кенгаш аъзолари томонидан имзоланиб, Кенгаш раиси томонидан тасдиқланади.

10. Жамғармага маблағларнинг тушиши ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотлар Экология вазирлигининг расмий веб-сайтида мунтазам равишда эълон қилиб борилади.

Кенгаш йилида камида икки марта Жамғармада тўпланган маблағлар ва уларнинг сарф-харажатлари тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчиликка ҳисобот беради.

11. Кенгаш раиси:

Кенгаш ваколати доирасида қарор қабул қилади ҳамда Кенгаш фаолиятини мувофиқлаштиради;

Кенгаш баёнини тасдиқлайди, Жамғарма ва Кенгаш фаолиятини мувофиқлаштиради, улар фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;

Жамғарма номидан ишончномасиз иш кўради, бошқа, шу жумладан, хорижий юридик шахслар билан муносабатларда Жамғарма манфаатларини ифодалайди;

Жамғарма маблағларидан молиялаштирилиши кўзда тутилаётган мақсадли дастурлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини ташкил этади;

Жамғарма маблағларини тўғри йўналтириш учун жавоб беради.

12. Экология вазирлигининг Молия-иқтисод бошқармаси Жамғарманинг ижро этувчи органи ҳисобланади.

13. Ижро этувчи орган:

Жамғарма даромадлари ва харажатлари бўйича ҳисоботларни белгиланган тартибда шакллантиради;

Жамғарма даромадлари ва харажатларининг ижроси бўйича ҳисоб ва ҳисобот юритилишини таъминлайди.

14. Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмай қолган маблағлари кейинги молия йилига ўтказилади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

15. Жамғарма маблағларининг мақсадли ишлатилиши юзасидан назорат қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

16. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 ноябрдаги 804-сон қарорига 2-ИЛОВА

Яшил хайрия жамғармаси бошқарув кенгашининг

1. А. Абдухакимов — экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири, Кенгаш раиси 2. И. Норқулов — иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари, Кенгаш раиси ўринбосари 3. Н. Холмуродов — инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг биринчи ўринбосари 4. А. Қосимов — қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари 5. Р. Турдибоева — камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари 6. Х. Қувондиқов — сув хўжалиги вазири ўринбосари 7. У. Садуллаев — Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари 8. А. Қаюмов — Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари 9. Н. Бакиров — Ўрмон хўжалиги агентлиги директори 10. 3 та вакил — жамоатчилик вакиллари 11. О. Хакимов — Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Яшил ҳудуд ва ўрмонларни ривожлантириш департаменти раҳбари, Кенгаш котиби

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 30 ноябрь,

804-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.12.2024 й., 09/24/804/0991)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

TARKIBI

“Yashil makon” umummilliy loyihasi doirasida amalga oshirilayotgan tadbirlarni qoʻllab-quvvatlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Respublikada yashillik darajasini yanada oshirish, “Yashil makon” umummilliy loyihasini izchil amalga oshirish orqali ekologik barqarorlikni taʼminlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 23-noyabrdagi PF-199-son Farmoni hamda “Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi faoliyatini samarali tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 31-maydagi PQ-171-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

a) Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Respublikada yashillik darajasini yanada oshirish, “Yashil makon” umummilliy loyihasini izchil amalga oshirish orqali ekologik barqarorlikni taʼminlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 23-noyabrdagi PF-199-son Farmoniga muvofiq:

jismoniy va yuridik shaxslarning buyurtmanomalari asosida daraxt va buta koʻchatlarini ekishni tashkil etishni qoʻllab-quvvatlash maqsadida elektron toʻlov tizimlaridan foydalanuvchilar va boshqa isteʼmolchilar tomonidan ixtiyoriy xayriya oʻtkazmalari boʻyicha xizmat koʻrsatuvchi “Yashil toʻlov” platformasini joriy qilish;

Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi huzurida yuridik shaxs tashkil etmagan holda, “Yashil toʻlov” platformasi orqali respublikada daraxt va buta koʻchatlarini ekishga aholini keng jalb qilish boʻyicha Yashil xayriya jamgʻarmasini tashkil etish;

b) Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi faoliyatini samarali tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 31-maydagi PQ-171-son qaroriga muvofiq:

tovar va xizmatlarni realizatsiya qilishda isteʼmolchilar tomonidan ixtiyoriy ravishda amalga oshiriladigan “Yashil toʻlov” ustama turini joriy qilish;

respublikadagi, shu jumladan, davlat oʻrmon fondiga kiradigan daraxt va butalarning Milliy yashil farovonlik fondini tashkil etish belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Belgilansinki, 2025-yil 1-martdan boshlab:

jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan ixtiyoriy ravishda “Yashil toʻlov” xayriya toʻlovlarini “Yashil olam” va “Yashil toʻlov” elektron platformalari orqali amalga oshirish imkoniyati yaratiladi;

jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan amalga oshirilgan “Yashil toʻlov” xayriya toʻlovlari Yashil xayriya jamgʻarmasida jamlanadi, bunda “Yashil olam” elektron platformasi orqali amalga oshirilgan xayriya toʻlovlari Yashil xayriya jamgʻarmasining alohida hisobvaragʻiga yoʻnaltiriladi;

Yashil xayriya jamgʻarmasida jamlangan mablagʻlar “Yashil makon” umummilliy loyihasi doirasida jismoniy va yuridik shaxslarning buyurtmanomalari asosida daraxt va buta koʻchatlarini ekishni tashkil qilish, shuningdek, mamlakatda ekologik holatni yaxshilashga qaratilgan chora-tadbirlarni moliyalashtirishga yoʻnaltiriladi;

Yashil xayriya jamgʻarmasiga kelib tushgan mablagʻlardan ochiqlik va jamoatchilikka hisobdorlik tamoyillari asosida foydalaniladi.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi huzurida yuridik shaxs maqomiga ega boʻlmagan Yashil xayriya jamgʻarmasi tashkil etilsin.

4. Quyidagilar:

Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi huzuridagi Yashil xayriya jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;

Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi huzuridagi Yashil xayriya jamgʻarmasi boshqaruv kengashining tarkibi 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi:

ikki oy muddatda Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda ixtiyoriy xayriya toʻlovlari boʻyicha xizmat koʻrsatuvchi “Yashil olam” va “Yashil toʻlov” elektron platformalarini ishlab chiqib, ularning ishga tushirilishini;

“Yashil olam” va “Yashil toʻlov” elektron platformalarini ishlab chiqish, ishga tushirish va texnik qoʻllab-quvvatlash bilan bogʻliq xarajatlar Ekologiya jamgʻarmasining mablagʻlari hisobidan moliyalashtirilishini;

2025-yil 1-iyunga qadar Milliy yashil farovonlik fondini (elektron maʼlumotlar bazasini) shakllantirib, unga respublikadagi, shu jumladan, davlat oʻrmon fondiga kiradigan daraxt va butalar haqidagi maʼlumotlarni kiritish orqali oʻsimlik dunyosi obyektlari davlat kadastri yuritilishini;

Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi hamda Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi bilan birgalikda ushbu qarorning mazmun-mohiyati, shu jumladan, aholi tashabbusi bilan respublika hududlarini koʻkalamzorlashtirish tadbirlarining ahamiyatini nazarda tutuvchi targʻibot ishlari amalga oshirilishi hamda ommaviy axborot vositalari va ijtimoiy tarmoqlarda keng yoritib borilishini taʼminlasin.

6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vaziri A.A. Abduxakimov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 30-noyabrdagi 804-son qaroriga 1-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi huzuridagi Yashil xayriya jamgʻarmasi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Ekologiya vazirligi) huzuridagi Yashil xayriya jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish tartibini belgilaydi.

2. Jamgʻarma yuridik shaxs hisoblanmaydi hamda uning mablagʻlari Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasida ochilgan alohida hisobvaraqda jamlanadi.

3. Jamgʻarma mablagʻlari Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlari, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlari, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Vazirlar Mahkamasining hujjatlari, boshqa normativ-huquqiy hujjatlar hamda ushbu Nizomga muvofiq boshqariladi.

2-bob. Jamgʻarmaning maqsad va vazifalari

4. Jamgʻarmaning asosiy maqsadi “Yashil makon” umummilliy loyihasi doirasida mevali, manzarali daraxt va buta koʻchatlari hamda qalamchalarini ekish orqali respublika hududlarining yashillik darajasini oshirishga qaratilgan tadbirlarni moliyaviy qoʻllab-quvvatlash hisoblanadi.

5. Quyidagilar Jamgʻarmaning asosiy vazifalari hisoblanadi:

jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan ixtiyoriy ravishda Jamgʻarmaga yoʻnaltiriladigan mablagʻlarni tegishli hisobvaraqda jamlash;

jismoniy va yuridik shaxslarning buyurtmanomalari asosida daraxt (daraxtzorlar, “yashil bogʻlar”, “yashil jamoat parklari”, “yashil qalqon”, “yashil qoplama”, ihotazorlar va himoya oʻrmonzorlarini barpo etish va boshqalar), buta koʻchatlari va qalamchalarini ekish hamda davlat oʻrmon fondi yerlarida oʻrmon barpo qilishni moliyalashtirish.

3-bob. Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish manbalari hamda mablagʻlardan foydalanish yoʻnalishlari

6. Jamgʻarma mablagʻlari quyidagi manbalar hisobidan shakllantiriladi:

jismoniy va yuridik shaxslarning, shu jumladan, maqsadli jamgʻarmalarning homiylik xayriyalari;

isteʼmolchilar tomonidan xarid qilingan tovar va xizmatlar qiymatidagi ixtiyoriy “Yashil toʻlov” ustamalari;

xalqaro moliya institutlari va donor tashkilotlarning grantlari;

qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.

7. Jamgʻarma mablagʻlaridan “Yashil makon” umummilliy loyihasi doirasidagi quyidagi tadbirlarni moliyalashtirishda foydalaniladi:

daraxt va buta koʻchatlarini ekish (daraxtzorlar, “yashil bogʻlar”, “yashil jamoat parklari”, “yashil qalqon”, “yashil belbogʻ”, “yashil qoplama”, ihotazorlar va himoya oʻrmonzorlarini barpo etish) uchun tanlangan yer maydonlarini tayyorlash;

daraxt va buta koʻchatlarini ekish uchun loyiha-smeta hujjatlarini ishlab chiqish;

daraxt va buta koʻchatlari ekiladigan yer maydonlarida sugʻorish tizimini joriy etish;

ekiladigan daraxt va buta koʻchatlari hamda qalamchalar turlarini tanlash va xarid qilish ishlarini moliyalashtirish;

koʻkalamzorlashtirish ishlarini amalga oshirish, daraxtzorlar, “yashil bogʻlar”, “yashil jamoat parklari”, “yashil qalqon”, “yashil belbogʻ”, “yashil qoplama”, ihotazorlar va himoya oʻrmonzorlarini barpo etish;

ekilgan koʻchatlarni uch yil muddatda saqlash, egaligiga biriktirilgunga qadar parvarishlash;

yopiq ildizli katta hajmdagi daraxt va buta koʻchatlarini yetishtirish va yetkazib berish.

4-bob. Jamgʻarma mablagʻlarini boshqarish

8. Jamgʻarma mablagʻlari jamoatchilik asosida Oʻzbekiston Respublikasi ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vaziri rahbarlik qiladigan Jamgʻarmaning boshqaruv kengashi (keyingi oʻrinlarda — Kengash) tomonidan boshqariladi.

Kengash mazkur Nizom talablariga muvofiq Yashil xayriya jamgʻarmasiga kelib tushgan mablagʻlardan ochiqlik va jamoatchilikka hisobdorlik tamoyillari asosida foydalanishni taʼminlaydi.

9. Kengash yigʻilishlarini tashkil etish, Kengash aʼzolarini xabardor qilish hamda Kengashning yigʻilish bayonlarini rasmiylashtirish Kengash kotibi tomonidan amalga oshiriladi.

Jamgʻarma mablagʻlaridan moliyalashtiriladigan tadbirlar Kengash yigʻilishida aniqlanadi. Mazkur Nizom talablariga mos deb topilgan tadbirlar Kengash aʼzolarining ovoz berish yoʻli bilan tanlanadi.

Kengash yigʻilishlari aʼzolarning kamida uchdan ikki qismi ishtirok etganda vakolatli hisoblanadi.

Kengash aʼzolarining ovoz berish jarayonida ovozlar teng boʻlgan taqdirda, Kengash raisining ovozi hal qiluvchi hisoblanadi.

Kengash yigʻilishining bayoni Kengash aʼzolari tomonidan imzolanib, Kengash raisi tomonidan tasdiqlanadi.

10. Jamgʻarmaga mablagʻlarning tushishi va ulardan foydalanish toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Ekologiya vazirligining rasmiy veb-saytida muntazam ravishda eʼlon qilib boriladi.

Kengash yilida kamida ikki marta Jamgʻarmada toʻplangan mablagʻlar va ularning sarf-xarajatlari toʻgʻrisida ommaviy axborot vositalari orqali jamoatchilikka hisobot beradi.

11. Kengash raisi:

Kengash vakolati doirasida qaror qabul qiladi hamda Kengash faoliyatini muvofiqlashtiradi;

Kengash bayonini tasdiqlaydi, Jamgʻarma va Kengash faoliyatini muvofiqlashtiradi, ular faoliyatiga umumiy rahbarlik qiladi;

Jamgʻarma nomidan ishonchnomasiz ish koʻradi, boshqa, shu jumladan, xorijiy yuridik shaxslar bilan munosabatlarda Jamgʻarma manfaatlarini ifodalaydi;

Jamgʻarma mablagʻlaridan moliyalashtirilishi koʻzda tutilayotgan maqsadli dasturlar ishlab chiqilishi va amalga oshirilishini tashkil etadi;

Jamgʻarma mablagʻlarini toʻgʻri yoʻnaltirish uchun javob beradi.

12. Ekologiya vazirligining Moliya-iqtisod boshqarmasi Jamgʻarmaning ijro etuvchi organi hisoblanadi.

13. Ijro etuvchi organ:

Jamgʻarma daromadlari va xarajatlari boʻyicha hisobotlarni belgilangan tartibda shakllantiradi;

Jamgʻarma daromadlari va xarajatlarining ijrosi boʻyicha hisob va hisobot yuritilishini taʼminlaydi.

14. Jamgʻarmaning joriy yilda foydalanilmay qolgan mablagʻlari keyingi moliya yiliga oʻtkaziladi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

15. Jamgʻarma mablagʻlarining maqsadli ishlatilishi yuzasidan nazorat qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

16. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 30-noyabrdagi 804-son qaroriga 2-ILOVA

Yashil xayriya jamgʻarmasi boshqaruv kengashining

1. A. Abduxakimov — ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vaziri, Kengash raisi 2. I. Norqulov — iqtisodiyot va moliya vazirining birinchi oʻrinbosari, Kengash raisi oʻrinbosari 3. N. Xolmurodov — investitsiyalar, sanoat va savdo vazirining birinchi oʻrinbosari 4. A. Qosimov — qishloq xoʻjaligi vaziri oʻrinbosari 5. R. Turdiboyeva — kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vaziri oʻrinbosari 6. X. Quvondiqov — suv xoʻjaligi vaziri oʻrinbosari 7. U. Sadullayev — Soliq qoʻmitasi raisi oʻrinbosari 8. A. Qayumov — Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi raisi oʻrinbosari 9. N. Bakirov — Oʻrmon xoʻjaligi agentligi direktori 10. 3 ta vakil — jamoatchilik vakillari 11. O. Xakimov — Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi huzuridagi Yashil hudud va oʻrmonlarni rivojlantirish departamenti rahbari, Kengash kotibi

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2024-yil 30-noyabr,

804-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 02.12.2024-y., 09/24/804/0991)

lex.uz