📅 2024-yil 29-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 29-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 29 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 29 ноября 2024 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 29 November 2024 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Республика ижро этувчи ҳокимият органлари функцияларининг очиқ реестрини юритиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари доирасида республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 21 декабрдаги ПҚ-447-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Республика ижро этувчи ҳокимият органлари функцияларининг очиқ реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
республика ижро этувчи ҳокимият органларининг функциялари тўғрисидаги маълумотларни Республика ижро этувчи ҳокимият органлари функцияларининг очиқ реестрига (кейинги ўринларда — реестр) киритиш, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, ундан маълумотларни чиқариб ташлаш;
реестрга киритиладиган республика ижро этувчи ҳокимият органларининг функциялари тўғрисидаги маълумотларнинг манбалари ва турлари;
республика ижро этувчи ҳокимият органларининг функциялари паспортини шакллантириш;
ваколатли орган ва республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари.
2. Белгилансинки, реестр Адлия вазирлиги томонидан «Давлат функциялари» автоматлаштирилган онлайн ахборот тизимига республика ижро этувчи ҳокимият органлари функциялари тўғрисидаги маълумотларни киритиш ҳамда ушбу маълумотларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки уларни чиқариб ташлаш орқали шакллантирилади ва юритилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 январдаги ПФ-14-сон Фармони билан тасдиқланган Республика ижро этувчи ҳокимият органлари — вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва инспекцияларнинг ягона рўйхатидаги республика ижро этувчи ҳокимият органлари:
икки ой муддатда Адлия вазирлиги билан биргаликда ўзларининг функцияларини реестрга киритиш учун зарур чораларни кўрсин;
2025 йил 15 февралга қадар ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда, функциялар доирасида фойдаланилаётган ахборот тизимларининг «Давлат функциялари» автоматлаштирилган онлайн ахборот тизими билан интеграция қилинишини таъминласин;
2025 йил 1 мартга қадар Адлия вазирлиги билан биргаликда ўзларининг функциялари белгиланган қонунчилик ҳужжатларини тўлиқ хатловдан ўтказсин, хатлов натижасида аниқланган функцияларни ўз низомларида белгиланган тартибда назарда тутиш ҳамда ўз аҳамиятини йўқотган функцияларни бекор қилиш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг биринчи раҳбарлари ушбу бандда назарда тутилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши учун шахсан жавобгар эканликлари белгилаб қўйилсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 29 ноябрдаги 796-сон қарорига ИЛОВА
Республика ижро этувчи ҳокимият органлари функциялари очиқ реестрини юритиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом республика ижро этувчи ҳокимият органлари функцияларининг очиқ реестрини (кейинги ўринларда — Реестр) юритиш тартибини белгилайди.
Мазкур Низом талаблари маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари функцияларининг очиқ реестрини юритишга ҳам татбиқ этилади.
2. Мазкур Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:
маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарлар ҳокимликлари;
республика ижро этувчи ҳокимият органи — вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва инспекциялар;
республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органининг функцияси (кейинги ўринларда — функция) — норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи зиммасига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган фаолият йўналишлари;
функциянинг паспорти — функцияни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари, молиявий-иқтисодий ва кадрлар ресурслари билан таъминланганлик ҳолати бўйича маълумотларни ўз ичига олган ахборот.
3. Реестрни юритишнинг асосий мақсади республика ижро этувчи ҳокимият органларининг функцияларини тизимлаштириш, мониторинг қилиш ва улар тўғрисидаги маълумотларнинг ягона очиқ электрон ахборот базасини шакллантириш, шунингдек, уларнинг фаолияти самарадорлиги ҳамда натижадорлигини ошириш бўйича таъсирчан чораларни белгилаш ҳисобланади.
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Реестрни шакллантириш ва юритиш соҳасидаги ваколатли орган (кейинги ўринларда — ваколатли орган) ҳисобланади.
5. Реестр ваколатли орган томонидан «Давлат функциялари» автоматлаштирилган онлайн ахборот тизими (кейинги ўринларда — ахборот тизими) орқали шакллантирилади ва юритилади.
6. Реестрдаги маълумотлар танишиб чиқиш учун очиқ ҳисобланади. Бунда давлат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар Реестрга киритилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан республика ижро этувчи ҳокимият органларига ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорларини белгилашда Реестрда белгиланган функциялар мезон сифатида инобатга олинади.
7. Реестр давлат тилида юритилади.
8. Республика ижро этувчи ҳокимият органларида стратегик режалаштириш ва методология бўлинмалари (лавозимлари) маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида Ташкилий — кадрлар гуруҳи (ушбу бўлинмалар мавжуд бўлмаганда, унинг вазифаларини бажарувчи бўлинма) функцияга оид маълумотларни Реестрга киритиш учун масъул ҳисобланади.
Республика ижро этувчи ҳокимият органлари белгиланган тартибда Реестрга маълумотларни киритишга масъул бўлган ходимни (ходимларни) белгилайдилар, уларни «Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизимида (id.gov.uz) рўйхатдан ўтказади.
9. Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг биринчи раҳбарлари Реестрга киритиладиган маълумотларнинг ваколатли органга ўз вақтида, тўлиқ ва тўғри тақдим қилиниши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
10. Реестр ушбу Низомга иловага мувофиқ схема бўйича шакллантирилади ва юритилади.
2-боб. Реестрга киритиладиган маълумотларнинг манбалари ва турлари
11. Реестр республика ижро этувчи ҳокимият органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган функциялари тўғрисидаги маълумотлар асосида шакллантирилади.
12. Реестрга функцияга оид қуйидаги маълумотлар киритилади:
функцияни белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ функция номи;
функцияни белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг реквизитлари;
функцияни амалга ошириш юкланган республика ижро этувчи ҳокимият органининг расмий номи ва даражаси (марказий аппарат, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) бўлинмалари ва бошқалар);
республика ижро этувчи ҳокимият органининг функцияни амалга оширишга масъул таркибий бўлинмасининг номи ва функцияни амалга ошириш учун ажратилган штатлар сони;
функцияни амалга ошириш механизми;
функцияни амалга оширишга йўналтириладиган маблағларнинг миқдори ва уларни ўзлаштириш фоизи;
юкланган функция ижроси юзасидан республика ижро этувчи ҳокимият органи томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумот;
функциянинг хусусий секторга ўтказилганлиги ёки ўтказилмаганлиги;
функциянинг рақамлаштирилганлик ҳолати;
функция доирасида фойдаланилаётган ахборот тизими;
функцияни амалга оширишда коррупция ҳолатларининг мавжудлиги.
13. Ушбу Низомнинг 12-бандига мувофиқ шакллантирилган ва Реестрга киритилган ҳар бир функция тўғрисидаги маълумотлар ваколатли орган томонидан ахборот тизимида қайд этилгандан сўнг функциянинг паспорти шакллантирилади. Бунда ахборот тизимида ҳар бир функция паспортининг идентификация рақами ва қайд этилган санаси кўрсатилади.
3-боб. Функцияларга оид маълумотларни Реестрга киритиш тартиби
14. Функцияларни белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат кучга кирган кундан бошлаб ўн беш иш куни давомида тегишли республика ижро этувчи ҳокимият органининг ахборот тизимида ушбу Низом 12-бандининг иккинчи — олтинчи ва тўққизинчи — ўн иккинчи хатбошиларида назарда тутилган маълумотлар шакллантирилади ва Реестрга киритиш учун ваколатли органга юборилади.
Ушбу Низом 12-бандининг еттинчи ва саккизинчи хатбошиларида назарда тутилган маълумотлар ахборот тизими орқали ҳар олти ойда ваколатли органга киритиб борилади.
15. Ахборот тизимига функцияларга оид маълумотлар киритилган кундан бошлаб ўн беш иш куни ичида ваколатли орган уларнинг тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади.
Функцияларга оид маълумотлар ушбу Низомнинг 12-бандида кўрсатилган талабларга мувофиқ тўлиқ ва ҳаққоний бўлган тақдирда, ваколатли орган ушбу маълумотларни тасдиқлайди.
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг функцияларига оид киритиладиган маълумотларнинг тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текшириш ҳамда тасдиқлаш тегишлилиги бўйича ҳудудий адлия органлари томонидан мазкур банднинг биринчи ва бешинчи хатбошиларида назарда тутилган муддатларда амалга оширилади.
Бунда функциянинг паспорти автоматик равишда шакллантирилади.
Функцияларга оид маълумотлар ушбу Низомнинг 12-банди талабларига номувофиқ, тўлиқ ёки ҳаққоний бўлмаган тақдирда, ваколатли орган беш иш куни ичида ушбу маълумотларни тасдиқлашнинг рад этилиши сабабларини кўрсатиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун уларни ахборот тизими орқали тегишли республика ижро этувчи ҳокимият органига қайта ишлашга юборади. Бунда функция паспорти шакллантирилмайди (ўзгартирилмайди).
Республика ижро этувчи ҳокимият органи ваколатли органнинг эътирозлари билан қайта ишлашга юборилган функцияга оид маълумотларни олган кундан бошлаб етти иш куни ичида аниқланган камчиликларни бартараф этади ва тегишли маълумотларни ахборот тизимига қайта киритади.
Ахборот тизими орқали киритилган маълумотларни ўрганиш натижасида уларда техник тусдаги (маълумотлар мазмунининг ўзгаришига олиб келмайдиган) камчиликлар мавжудлиги аниқланса, мазкур камчиликлар ваколатли орган томонидан ахборот тизимида бартараф этилади.
4-боб. Реестрга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, ундан маълумотларни чиқариб ташлаш
16. Функциянинг паспортига ўзгартириш, қўшимчалар киритиш ёки функцияни Реестрдан чиқариб ташлаш учун қуйидагилар асос ҳисобланади:
функцияни белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши;
функцияни белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг бир қисми бекор қилиниши;
функцияни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари, шунингдек, унинг зарур молиявий-иқтисодий, кадрлар ва бошқа ресурслар билан таъминланганлик ҳолати ўзгариши;
функцияни амалга ошириш юкланган республика ижро этувчи ҳокимият органи қайта ташкил қилиниши (қўшиб юборилиши, қўшиб олиниши, бўлиниши, ажратиб чиқарилиши, ўзгартирилиши).
17. Ушбу Низомнинг 16-бандида кўрсатилган асослардан бири мавжуд бўлганда, республика ижро этувчи ҳокимият органи ўн беш иш куни ичида функциянинг паспортига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки Реестрдан тегишли функцияни чиқариб ташлаш тўғрисидаги маълумотларни ахборот тизими орқали ушбу Низомнинг 12-банди талабларига мувофиқ шакллантиради ҳамда Реестрга киритиш учун ахборот тизими орқали ваколатли органга юборади.
18. Ваколатли орган мазкур Низомнинг 15-бандида белгиланган тартибда ва муддатда функциянинг паспортига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки тегишли функцияни Реестрдан чиқариб ташлаш тўғрисидаги маълумотларни кўриб чиқади. Бунда:
функциянинг паспортига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган тақдирда, ваколатли орган киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг санаси ва мазмуни тўғрисида Реестрда тегишли белги қўяди;
функция Реестрдан чиқарилган тақдирда, ваколатли орган функцияга оид маълумотларни Реестрдан тўлиқ чиқариб ташламайди ва Реестрга ушбу функция бекор қилинганлиги, шунингдек, мазкур функция бекор қилинган сана ва бунинг учун асос тўғрисида тегишли белги киритади.
Бекор қилинган функция идентификация рақами Реестрдан чиқарилмайди ва Реестрда янги қайд этилган бошқа функцияларга берилмайди.
5-боб. Ваколатли орган ва республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
19. Ваколатли орган қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда республика ижро этувчи ҳокимият органлари функцияларининг бизнес жараёнларини қайта бошқариш усулларидан (Business Process Reengineering) фойдаланган ҳолда ахборот тизими орқали тизимли таҳлил ва мониторинг қилиш;
ахборот тизимига киритилган маълумотларнинг тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини ўрганиш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни республика ижро этувчи ҳокимият органларидан бепул асосда сўраш ва олиш (давлат, ҳарбий ва хизмат сирини ташкил этувчи махфий маълумотлар бундан мустасно), ўрганиш натижалари бўйича маълумотномалар тузиш;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларига ушбу Низом талаблари бузилиши, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шароитларни бартараф этиш бўйича ижро этилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;
ушбу Низом талабларига мувофиқ бўлмаган ахборот тизимига киритилган функциялар тўғрисидаги маълумотларни Реестрда қайд этмаслик;
Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда республика ижро этувчи ҳокимият органлари функцияларини рақамлаштириш ва инсон омилини қисқартирган ҳолда автоматлаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;
заруратга кўра республика ижро этувчи ҳокимият органларининг амалга ошириш механизми бўлмаган функцияларини зарур ташкилий-ҳуқуқий механизмлар, молиявий-иқтисодий ва кадрлар ресурслари билан таъминлаш, ўз аҳамиятини йўқотган функцияларни бекор қилиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш.
20. Ваколатли орган қуйидагиларга мажбур:
мазкур Низом талабларига мувофиқ функциялар Реестрда қайд этилиши ёки ундан чиқарилиши, шунингдек, функцияларга оид маълумотларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини таъминлаш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг Реестрда қайд этилган функциялар тўғрисидаги маълумотлардан фойдалана олиши учун зарур шароит яратиш;
функциялар тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш ва юритиш учун республика ижро этувчи ҳокимият органларининг Реестрдан фойдалана олишларини таъминлаш;
ахборот тизимига киритилган функциялар тўғрисидаги маълумотларни Реестрда қайд этишдан олдин уларнинг ушбу Низом талабларига мувофиқлигини текшириш;
ахборот тизимига функцияларга оид тегишли маълумотларнинг киритилишида республика ижро этувчи ҳокимият органларига услубий ва техник ёрдам кўрсатиш.
21. Республика ижро этувчи ҳокимият органлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ахборот тизимидан мазкур Низом талаблари доирасида фойдаланиш, шунингдек, ахборот тизимидан фойдаланиш жараёнида юзага келадиган муаммолар ва уларнинг ечими тўғрисида ваколатли органга таклифлар киритиш;
ахборот тизимидан фойдаланишда, хусусан, функцияларга оид маълумотларнинг шакллантирилиши ва ахборот тизимига киритилишида ваколатли органдан услубий тавсиялар ва техник ёрдам олиш;
функцияларга оид маълумотларни шакллантиришда ўзаро идоралараро ҳамкорликни амалга ошириш;
ўзларининг амалга ошириш механизми бўлмаган функцияларини зарур ташкилий-ҳуқуқий механизмлар, молиявий-иқтисодий ва кадрлар ресурслари билан таъминлаш, ўз аҳамиятини йўқотган функцияларини бекор қилиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш;
ўрганиш натижалари билан танишиш ва ваколатли органни улар билан рози ёки рози эмаслиги ҳақида хабардор қилиш.
22. Республика ижро этувчи ҳокимият органлари қуйидагиларга мажбур:
ушбу Низом талабларига мувофиқ функциялар тўғрисидаги маълумотлар Реестрда қайд этилиши учун улар тўғрисида ваколатли органга ўз вақтида, тўлиқ ва ишончли маълумотларни тақдим этиш;
тегишли функцияни белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган ёки функцияни амалга ошириш юкланган республика ижро этувчи ҳокимият органи қайта ташкил қилинган тақдирда, ваколатли органга функциянинг паспортига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича маълумотлар киритиш;
ваколатли органнинг сўрови асосида ахборот тизимига киритилган маълумотларнинг тўлиқлигини ва ҳаққонийлигини ўрганиш билан бевосита боғлиқ бўлган зарур ҳужжатлар ва бошқа маълумотларни бериш.
Республика ижро этувчи ҳокимият органлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
6-боб. Якунловчи қоида
23. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Республика ижро этувчи ҳокимият органлари функциялари реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Республика ижро этувчи ҳокимият органлари функциялари реестрини юритиш
Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Муддатлар 1-босқич Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари «Давлат функциялари» автоматлаштирилган онлайн ахборот тизимига функциялар тўғрисидаги маълумотларни киритиш. 15 иш куни ичида 2-босқич Адлия вазирлиги ва ҳудудий адлия органлари Ахборот тизимига киритилган функциялар тўғрисидаги маълумотларнинг тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини юзасидан уларни текшириш ва Республика ижро этувчи ҳокимият органлари функцияларининг очиқ реестрида қайд этиш. 15 иш куни ичида 3-босқич Адлия вазирлиги ва ҳудудий адлия органлари Функцияларга оид маълумотлар тўлиқ ва ҳаққоний бўлмаган тақдирда функциялар тўғрисидаги маълумотларнинг Реестрда қайд этилишини рад этиш ва аниқланган камчиликларни бартараф қилиш учун ушбу маълумотларни ахборот тизими орқали тегишли республика ёки маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органига қайта ишлашга юбориш. 5 иш куни ичида 4-босқич Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва функциялар тўғрисидаги тегишли маълумотларни ахборот тизимига қайтадан киритиш. 7 иш куни ичида 5-босқич Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари Функция паспортига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича маълумотларни ахборот тизими орқали шакллантириш ва ваколатли органга тақдим этиш. 15 иш куни ичида 6-босқич Адлия вазирлиги ва ҳудудий адлия органлари Функция паспортига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича маълумотларни ушбу схеманинг 2 — 4-босқичларида белгиланган тартибда кўриб чиқиш. 15 иш куни ичида
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 29 ноябрь,
796-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
Respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari funksiyalarining ochiq reyestrini yuritish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Yangi Oʻzbekiston maʼmuriy islohotlari doirasida respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari faoliyatini samarali tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 21-dekabrdagi PQ-447-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari funksiyalarining ochiq reyestrini yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
respublika ijro etuvchi hokimiyat organlarining funksiyalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni Respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari funksiyalarining ochiq reyestriga (keyingi oʻrinlarda — reyestr) kiritish, oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, undan maʼlumotlarni chiqarib tashlash;
reyestrga kiritiladigan respublika ijro etuvchi hokimiyat organlarining funksiyalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning manbalari va turlari;
respublika ijro etuvchi hokimiyat organlarining funksiyalari pasportini shakllantirish;
vakolatli organ va respublika ijro etuvchi hokimiyat organlarining huquqlari va majburiyatlari.
2. Belgilansinki, reyestr Adliya vazirligi tomonidan “Davlat funksiyalari” avtomatlashtirilgan onlayn axborot tizimiga respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari funksiyalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni kiritish hamda ushbu maʼlumotlarga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish yoki ularni chiqarib tashlash orqali shakllantiriladi va yuritiladi.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2023-yil 25-yanvardagi PF-14-son Farmoni bilan tasdiqlangan Respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari — vazirliklar, qoʻmitalar, agentliklar va inspeksiyalarning yagona roʻyxatidagi respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari:
ikki oy muddatda Adliya vazirligi bilan birgalikda oʻzlarining funksiyalarini reyestrga kiritish uchun zarur choralarni koʻrsin;
2025-yil 15-fevralga qadar axborot xavfsizligi talablariga rioya etgan holda, funksiyalar doirasida foydalanilayotgan axborot tizimlarining “Davlat funksiyalari” avtomatlashtirilgan onlayn axborot tizimi bilan integratsiya qilinishini taʼminlasin;
2025-yil 1-martga qadar Adliya vazirligi bilan birgalikda oʻzlarining funksiyalari belgilangan qonunchilik hujjatlarini toʻliq xatlovdan oʻtkazsin, xatlov natijasida aniqlangan funksiyalarni oʻz nizomlarida belgilangan tartibda nazarda tutish hamda oʻz ahamiyatini yoʻqotgan funksiyalarni bekor qilish yuzasidan takliflarni Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.
Respublika ijro etuvchi hokimiyat organlarining birinchi rahbarlari ushbu bandda nazarda tutilgan chora-tadbirlarning oʻz vaqtida va sifatli amalga oshirilishi uchun shaxsan javobgar ekanliklari belgilab qoʻyilsin.
4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosarlari zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 29-noyabrdagi 796-son qaroriga ILOVA
Respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari funksiyalari ochiq reyestrini yuritish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari funksiyalarining ochiq reyestrini (keyingi oʻrinlarda — Reyestr) yuritish tartibini belgilaydi.
Mazkur Nizom talablari mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari funksiyalarining ochiq reyestrini yuritishga ham tatbiq etiladi.
2. Mazkur Nizomda quyidagi tushunchalardan foydalaniladi:
mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri, tuman va shaharlar hokimliklari;
respublika ijro etuvchi hokimiyat organi — vazirliklar, qoʻmitalar, agentliklar va inspeksiyalar;
respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organining funksiyasi (keyingi oʻrinlarda — funksiya) — normativ-huquqiy hujjatlar bilan respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organi zimmasiga yuklangan vazifalarni amalga oshirish uchun zarur boʻlgan faoliyat yoʻnalishlari;
funksiyaning pasporti — funksiyani amalga oshirishning tashkiliy-huquqiy mexanizmlari, moliyaviy-iqtisodiy va kadrlar resurslari bilan taʼminlanganlik holati boʻyicha maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan axborot.
3. Reyestrni yuritishning asosiy maqsadi respublika ijro etuvchi hokimiyat organlarining funksiyalarini tizimlashtirish, monitoring qilish va ular toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning yagona ochiq elektron axborot bazasini shakllantirish, shuningdek, ularning faoliyati samaradorligi hamda natijadorligini oshirish boʻyicha taʼsirchan choralarni belgilash hisoblanadi.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi Reyestrni shakllantirish va yuritish sohasidagi vakolatli organ (keyingi oʻrinlarda — vakolatli organ) hisoblanadi.
5. Reyestr vakolatli organ tomonidan “Davlat funksiyalari” avtomatlashtirilgan onlayn axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — axborot tizimi) orqali shakllantiriladi va yuritiladi.
6. Reyestrdagi maʼlumotlar tanishib chiqish uchun ochiq hisoblanadi. Bunda davlat siri va qonun bilan qoʻriqlanadigan boshqa sirni tashkil etuvchi maʼlumotlar Reyestrga kiritilmaydi.
Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan har yili Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjetidan respublika ijro etuvchi hokimiyat organlariga ajratiladigan mablagʻlarning cheklangan miqdorlarini belgilashda Reyestrda belgilangan funksiyalar mezon sifatida inobatga olinadi.
7. Reyestr davlat tilida yuritiladi.
8. Respublika ijro etuvchi hokimiyat organlarida strategik rejalashtirish va metodologiya boʻlinmalari (lavozimlari) mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarida Tashkiliy — kadrlar guruhi (ushbu boʻlinmalar mavjud boʻlmaganda, uning vazifalarini bajaruvchi boʻlinma) funksiyaga oid maʼlumotlarni Reyestrga kiritish uchun masʼul hisoblanadi.
Respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari belgilangan tartibda Reyestrga maʼlumotlarni kiritishga masʼul boʻlgan xodimni (xodimlarni) belgilaydilar, ularni “Elektron hukumat” tizimi foydalanuvchilarini identifikatsiyalashning yagona axborot tizimida (id.gov.uz) roʻyxatdan oʻtkazadi.
9. Respublika ijro etuvchi hokimiyat organlarining birinchi rahbarlari Reyestrga kiritiladigan maʼlumotlarning vakolatli organga oʻz vaqtida, toʻliq va toʻgʻri taqdim qilinishi uchun shaxsan javobgar hisoblanadi.
10. Reyestr ushbu Nizomga ilovaga muvofiq sxema boʻyicha shakllantiriladi va yuritiladi.
2-bob. Reyestrga kiritiladigan maʼlumotlarning manbalari va turlari
11. Reyestr respublika ijro etuvchi hokimiyat organlarining normativ-huquqiy hujjatlarda nazarda tutilgan funksiyalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar asosida shakllantiriladi.
12. Reyestrga funksiyaga oid quyidagi maʼlumotlar kiritiladi:
funksiyani belgilovchi normativ-huquqiy hujjatga muvofiq funksiya nomi;
funksiyani belgilovchi normativ-huquqiy hujjatning rekvizitlari;
funksiyani amalga oshirish yuklangan respublika ijro etuvchi hokimiyat organining rasmiy nomi va darajasi (markaziy apparat, Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar, Toshkent shahar, tuman (shahar) boʻlinmalari va boshqalar);
respublika ijro etuvchi hokimiyat organining funksiyani amalga oshirishga masʼul tarkibiy boʻlinmasining nomi va funksiyani amalga oshirish uchun ajratilgan shtatlar soni;
funksiyani amalga oshirish mexanizmi;
funksiyani amalga oshirishga yoʻnaltiriladigan mablagʻlarning miqdori va ularni oʻzlashtirish foizi;
yuklangan funksiya ijrosi yuzasidan respublika ijro etuvchi hokimiyat organi tomonidan amalga oshirilgan ishlar toʻgʻrisidagi maʼlumot;
funksiyaning xususiy sektorga oʻtkazilganligi yoki oʻtkazilmaganligi;
funksiyaning raqamlashtirilganlik holati;
funksiya doirasida foydalanilayotgan axborot tizimi;
funksiyani amalga oshirishda korrupsiya holatlarining mavjudligi.
13. Ushbu Nizomning 12-bandiga muvofiq shakllantirilgan va Reyestrga kiritilgan har bir funksiya toʻgʻrisidagi maʼlumotlar vakolatli organ tomonidan axborot tizimida qayd etilgandan soʻng funksiyaning pasporti shakllantiriladi. Bunda axborot tizimida har bir funksiya pasportining identifikatsiya raqami va qayd etilgan sanasi koʻrsatiladi.
3-bob. Funksiyalarga oid maʼlumotlarni Reyestrga kiritish tartibi
14. Funksiyalarni belgilovchi normativ-huquqiy hujjat kuchga kirgan kundan boshlab oʻn besh ish kuni davomida tegishli respublika ijro etuvchi hokimiyat organining axborot tizimida ushbu Nizom 12-bandining ikkinchi — oltinchi va toʻqqizinchi — oʻn ikkinchi xatboshilarida nazarda tutilgan maʼlumotlar shakllantiriladi va Reyestrga kiritish uchun vakolatli organga yuboriladi.
Ushbu Nizom 12-bandining yettinchi va sakkizinchi xatboshilarida nazarda tutilgan maʼlumotlar axborot tizimi orqali har olti oyda vakolatli organga kiritib boriladi.
15. Axborot tizimiga funksiyalarga oid maʼlumotlar kiritilgan kundan boshlab oʻn besh ish kuni ichida vakolatli organ ularning toʻliqligi va haqqoniyligini tekshiradi.
Funksiyalarga oid maʼlumotlar ushbu Nizomning 12-bandida koʻrsatilgan talablarga muvofiq toʻliq va haqqoniy boʻlgan taqdirda, vakolatli organ ushbu maʼlumotlarni tasdiqlaydi.
Mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining funksiyalariga oid kiritiladigan maʼlumotlarning toʻliqligi va haqqoniyligini tekshirish hamda tasdiqlash tegishliligi boʻyicha hududiy adliya organlari tomonidan mazkur bandning birinchi va beshinchi xatboshilarida nazarda tutilgan muddatlarda amalga oshiriladi.
Bunda funksiyaning pasporti avtomatik ravishda shakllantiriladi.
Funksiyalarga oid maʼlumotlar ushbu Nizomning 12-bandi talablariga nomuvofiq, toʻliq yoki haqqoniy boʻlmagan taqdirda, vakolatli organ besh ish kuni ichida ushbu maʼlumotlarni tasdiqlashning rad etilishi sabablarini koʻrsatib, aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish uchun ularni axborot tizimi orqali tegishli respublika ijro etuvchi hokimiyat organiga qayta ishlashga yuboradi. Bunda funksiya pasporti shakllantirilmaydi (oʻzgartirilmaydi).
Respublika ijro etuvchi hokimiyat organi vakolatli organning eʼtirozlari bilan qayta ishlashga yuborilgan funksiyaga oid maʼlumotlarni olgan kundan boshlab yetti ish kuni ichida aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etadi va tegishli maʼlumotlarni axborot tizimiga qayta kiritadi.
Axborot tizimi orqali kiritilgan maʼlumotlarni oʻrganish natijasida ularda texnik tusdagi (maʼlumotlar mazmunining oʻzgarishiga olib kelmaydigan) kamchiliklar mavjudligi aniqlansa, mazkur kamchiliklar vakolatli organ tomonidan axborot tizimida bartaraf etiladi.
4-bob. Reyestrga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, undan maʼlumotlarni chiqarib tashlash
16. Funksiyaning pasportiga oʻzgartirish, qoʻshimchalar kiritish yoki funksiyani Reyestrdan chiqarib tashlash uchun quyidagilar asos hisoblanadi:
funksiyani belgilovchi normativ-huquqiy hujjatga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilishi;
funksiyani belgilovchi normativ-huquqiy hujjat yoki uning bir qismi bekor qilinishi;
funksiyani amalga oshirishning tashkiliy-huquqiy mexanizmlari, shuningdek, uning zarur moliyaviy-iqtisodiy, kadrlar va boshqa resurslar bilan taʼminlanganlik holati oʻzgarishi;
funksiyani amalga oshirish yuklangan respublika ijro etuvchi hokimiyat organi qayta tashkil qilinishi (qoʻshib yuborilishi, qoʻshib olinishi, boʻlinishi, ajratib chiqarilishi, oʻzgartirilishi).
17. Ushbu Nizomning 16-bandida koʻrsatilgan asoslardan biri mavjud boʻlganda, respublika ijro etuvchi hokimiyat organi oʻn besh ish kuni ichida funksiyaning pasportiga tegishli oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish yoki Reyestrdan tegishli funksiyani chiqarib tashlash toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni axborot tizimi orqali ushbu Nizomning 12-bandi talablariga muvofiq shakllantiradi hamda Reyestrga kiritish uchun axborot tizimi orqali vakolatli organga yuboradi.
18. Vakolatli organ mazkur Nizomning 15-bandida belgilangan tartibda va muddatda funksiyaning pasportiga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish yoki tegishli funksiyani Reyestrdan chiqarib tashlash toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni koʻrib chiqadi. Bunda:
funksiyaning pasportiga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilgan taqdirda, vakolatli organ kiritilgan oʻzgartirish va qoʻshimchalarning sanasi va mazmuni toʻgʻrisida Reyestrda tegishli belgi qoʻyadi;
funksiya Reyestrdan chiqarilgan taqdirda, vakolatli organ funksiyaga oid maʼlumotlarni Reyestrdan toʻliq chiqarib tashlamaydi va Reyestrga ushbu funksiya bekor qilinganligi, shuningdek, mazkur funksiya bekor qilingan sana va buning uchun asos toʻgʻrisida tegishli belgi kiritadi.
Bekor qilingan funksiya identifikatsiya raqami Reyestrdan chiqarilmaydi va Reyestrda yangi qayd etilgan boshqa funksiyalarga berilmaydi.
5-bob. Vakolatli organ va respublika ijro etuvchi hokimiyat organlarining huquqlari va majburiyatlari
19. Vakolatli organ quyidagi huquqlarga ega:
Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari funksiyalarining biznes jarayonlarini qayta boshqarish usullaridan (Business Process Reengineering) foydalangan holda axborot tizimi orqali tizimli tahlil va monitoring qilish;
axborot tizimiga kiritilgan maʼlumotlarning toʻliqligi va haqqoniyligini oʻrganish uchun zarur boʻlgan hujjatlar va maʼlumotlarni respublika ijro etuvchi hokimiyat organlaridan bepul asosda soʻrash va olish (davlat, harbiy va xizmat sirini tashkil etuvchi maxfiy maʼlumotlar bundan mustasno), oʻrganish natijalari boʻyicha maʼlumotnomalar tuzish;
respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari rahbarlariga ushbu Nizom talablari buzilishi, ularni keltirib chiqaruvchi sabab va sharoitlarni bartaraf etish boʻyicha ijro etilishi majburiy boʻlgan taqdimnomalar kiritish;
ushbu Nizom talablariga muvofiq boʻlmagan axborot tizimiga kiritilgan funksiyalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni Reyestrda qayd etmaslik;
Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari funksiyalarini raqamlashtirish va inson omilini qisqartirgan holda avtomatlashtirish yuzasidan takliflar tayyorlash;
zaruratga koʻra respublika ijro etuvchi hokimiyat organlarining amalga oshirish mexanizmi boʻlmagan funksiyalarini zarur tashkiliy-huquqiy mexanizmlar, moliyaviy-iqtisodiy va kadrlar resurslari bilan taʼminlash, oʻz ahamiyatini yoʻqotgan funksiyalarni bekor qilish toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritish.
20. Vakolatli organ quyidagilarga majbur:
mazkur Nizom talablariga muvofiq funksiyalar Reyestrda qayd etilishi yoki undan chiqarilishi, shuningdek, funksiyalarga oid maʼlumotlarga tegishli oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilishini taʼminlash;
jismoniy va yuridik shaxslarning Reyestrda qayd etilgan funksiyalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlardan foydalana olishi uchun zarur sharoit yaratish;
funksiyalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni shakllantirish va yuritish uchun respublika ijro etuvchi hokimiyat organlarining Reyestrdan foydalana olishlarini taʼminlash;
axborot tizimiga kiritilgan funksiyalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni Reyestrda qayd etishdan oldin ularning ushbu Nizom talablariga muvofiqligini tekshirish;
axborot tizimiga funksiyalarga oid tegishli maʼlumotlarning kiritilishida respublika ijro etuvchi hokimiyat organlariga uslubiy va texnik yordam koʻrsatish.
21. Respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari quyidagi huquqlarga ega:
axborot tizimidan mazkur Nizom talablari doirasida foydalanish, shuningdek, axborot tizimidan foydalanish jarayonida yuzaga keladigan muammolar va ularning yechimi toʻgʻrisida vakolatli organga takliflar kiritish;
axborot tizimidan foydalanishda, xususan, funksiyalarga oid maʼlumotlarning shakllantirilishi va axborot tizimiga kiritilishida vakolatli organdan uslubiy tavsiyalar va texnik yordam olish;
funksiyalarga oid maʼlumotlarni shakllantirishda oʻzaro idoralararo hamkorlikni amalga oshirish;
oʻzlarining amalga oshirish mexanizmi boʻlmagan funksiyalarini zarur tashkiliy-huquqiy mexanizmlar, moliyaviy-iqtisodiy va kadrlar resurslari bilan taʼminlash, oʻz ahamiyatini yoʻqotgan funksiyalarini bekor qilish toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritish;
oʻrganish natijalari bilan tanishish va vakolatli organni ular bilan rozi yoki rozi emasligi haqida xabardor qilish.
22. Respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari quyidagilarga majbur:
ushbu Nizom talablariga muvofiq funksiyalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Reyestrda qayd etilishi uchun ular toʻgʻrisida vakolatli organga oʻz vaqtida, toʻliq va ishonchli maʼlumotlarni taqdim etish;
tegishli funksiyani belgilovchi normativ-huquqiy hujjatga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilgan yoki funksiyani amalga oshirish yuklangan respublika ijro etuvchi hokimiyat organi qayta tashkil qilingan taqdirda, vakolatli organga funksiyaning pasportiga tegishli oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish boʻyicha maʼlumotlar kiritish;
vakolatli organning soʻrovi asosida axborot tizimiga kiritilgan maʼlumotlarning toʻliqligini va haqqoniyligini oʻrganish bilan bevosita bogʻliq boʻlgan zarur hujjatlar va boshqa maʼlumotlarni berish.
Respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlarga ham ega boʻlishi mumkin.
6-bob. Yakunlovchi qoida
23. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari funksiyalari reyestrini yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari funksiyalari reyestrini yuritish
Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari “Davlat funksiyalari” avtomatlashtirilgan onlayn axborot tizimiga funksiyalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni kiritish. 15 ish kuni ichida 2-bosqich Adliya vazirligi va hududiy adliya organlari Axborot tizimiga kiritilgan funksiyalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning toʻliqligi va haqqoniyligini yuzasidan ularni tekshirish va Respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari funksiyalarining ochiq reyestrida qayd etish. 15 ish kuni ichida 3-bosqich Adliya vazirligi va hududiy adliya organlari Funksiyalarga oid maʼlumotlar toʻliq va haqqoniy boʻlmagan taqdirda funksiyalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning Reyestrda qayd etilishini rad etish va aniqlangan kamchiliklarni bartaraf qilish uchun ushbu maʼlumotlarni axborot tizimi orqali tegishli respublika yoki mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organiga qayta ishlashga yuborish. 5 ish kuni ichida 4-bosqich Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari Aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish va funksiyalar toʻgʻrisidagi tegishli maʼlumotlarni axborot tizimiga qaytadan kiritish. 7 ish kuni ichida 5-bosqich Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari Funksiya pasportiga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish boʻyicha maʼlumotlarni axborot tizimi orqali shakllantirish va vakolatli organga taqdim etish. 15 ish kuni ichida 6-bosqich Adliya vazirligi va hududiy adliya organlari Funksiya pasportiga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish boʻyicha maʼlumotlarni ushbu sxemaning 2 — 4-bosqichlarida belgilangan tartibda koʻrib chiqish. 15 ish kuni ichida
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2024-yil 29-noyabr,
796-son