📅 2024-yil 30-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 30-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 30 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 30 ноября 2024 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 30 November 2024 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Йўл ҳаракати соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Мамлакатимизда сўнгги йилларда йўл ҳаракати соҳасини тартибга солишга қаратилган қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилиб, йўлларда ҳаракат иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, йўл ҳаракати соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларини ўзаро мувофиқлаштириш, шунингдек, йўлларда ҳаракат иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш ва мол-мулкига етказилган зарарни қоплаш механизмларини такомиллаштириш зарурати мавжуд.
Қонунчилик ҳужжатларини Ўзбекистон Республикасининг «Йўл ҳаракати тўғрисида»ги Қонунига мувофиқлаштириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантиришнинг комплекс чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 1 мартдаги ПҚ-108-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сон қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларига иловага мувофиқ қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
Йўл ҳаракати қоидаларида қўлланилган айрим тушунчаларни Ўзбекистон Республикасининг «Йўл ҳаракати тўғрисида»ги Қонунига мувофиқлаштириш;
ташиш фаолиятини амалга оширувчи шахслар учун ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта полисига эга бўлиш талабини белгилаш.
2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ушбу қарорнинг мазмуни ва моҳияти оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ҳамда аҳоли эътиборига етказилишини таъминласин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 ноябрдаги 806-сон қарорига ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сон қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 3-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3. Йўл ҳаракати иштирокчилари Ўзбекистон Республикасининг «Йўл ҳаракати тўғрисида»ги Қонунини, ушбу Қоидаларни ва уларда келтирилган светофор ишоралари, йўл белгилари (ушбу Қоидаларга 1-илова), йўл чизиқларининг (ушбу Қоидаларга 2-илова) талабларини билишлари, уларга амал қилишлари, шунингдек, уларга берилган ваколат доирасида йўлларда ҳаракатни тартибга солувчиларнинг кўрсатмаларини сўзсиз бажаришлари шарт».
2. 4-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«4. Йўл ҳаракати иштирокчилари йўлдаги бошқа ҳаракат иштирокчиларининг ҳаракатланишига тўсқинлик қилмаслиги ва хавф туғдирмасликлари керак.
Тегишли ваколатга эга бўлмаган юридик ва жисмоний шахсларга йўл қопламасини бузиш, ўзгартириш ёки унга зарар етказиш, ифлослантириш, йўл белгиларини, светофорларни, шунингдек, йўл ҳаракатини ташкил этишнинг бошқа техник воситаларини ўзбошимчалик билан олиб ташлаш, ўрнатиш, тўсиб қўйиш, шикастлантириш, йўлларда ҳаракатланишга тўсқинлик қилувчи қурилма ва нарсаларни қолдириш, тегишли рухсатсиз йўлнинг қатнов қисмига тўсиқлар ўрнатиш ёки уларни тўсиб қўйиш, «сунъий нотекислик» қурилмаларини ўрнатиш тақиқланади.
Ҳаракатланишга тўсқинликни юзага келтирадиган шахс уни тезда бартараф қилиш учун имконияти даражасида барча чораларни кўриши, агар бунинг иложи бўлмаса, мавжуд барча воситалар билан хавф-хатар ҳақида йўл ҳаракати иштирокчиларини огоҳлантириши ва ички ишлар органларига (кейинги ўринларда — ИИО) хабар бериши шарт».
3. 6-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«6. Қоидаларда қуйидаги асосий тушунча ва атамалардан фойдаланилади:
авария ҳолатини юзага келтириш — йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларини ҳаракат йўналиши ёки тезлигини кескин ўзгартиришга, шунингдек, ўз хавфсизлигини ёхуд бошқа фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш учун ўзга чораларни кўришга мажбур қилиш;
автомагистрал — 5.1. йўл белгиси билан белгиланган, ҳар бир йўналишнинг қатнов қисмлари ажратувчи минтақа билан ажратилган (у бўлмаганда, йўл тўсиқлари билан) ҳамда бошқа йўллар, трамвай ва темир йўллар, пиёда ва велосипед йўлкалари билан бир сатҳда кесишмайдиган йўл;
автопоезд — улагич мосламалари билан уланган эгарли шатакка олувчи ва ярим тиркама ёки юк автомобили ҳамда тиркама (тиркамалар)дан иборат транспорт воситаси таркиби;
ажратувчи минтақа — йўлнинг ёнма-ён жойлашган қатнов қисмларини ажратувчи, транспорт воситалари ҳаракатланиши ёки тўхташи учун мўлжалланмаган, йўл сатҳидан кўтарилган ёки майсазор, ариқ, махсус тўсиқлар билан ажратилган баланд қисми;
арава — отга (ёки бошқа ҳайвонларга) қўшиб тортиладиган ёки одам мушак кучи билан ҳаракатга келтириладиган двигатель билан жиҳозланмаган, юк ташишга мўлжалланган қурилма;
асосий йўл — тупроқли ёки шағалли йўлга нисбатан қаттиқ қопламали (асфальт, цемент-бетонли ва шунга ўхшашлар ётқизилган), кесишаётган ёки туташган йўлга нисбатан 2.1, 2.3.1 — 2.3.3 ёки 5.1 йўл белгилари билан белгиланган ёхуд ёндош ҳудуддан чиқадиган йўлга нисбатан ҳар қандай йўл. Иккинчи даражали йўлнинг бевосита чорраҳага туташ қисмининг қопламали бўлиши уни асосий йўл билан тенг ҳуқуқли қилмайди;
аҳоли пункти — кириш ва чиқиш йўллари 5.22 — 5.25 йўл белгилари билан белгиланган ҳудуд;
болалар гуруҳини ташкилий ташиш — йўналишли транспорт воситаларига дахли бўлмаган автобусларда саккиз ва ундан ортиқ болаларнинг ташкил этилган тартибда ташилиши;
велосипед — камида иккита ғилдиракка эга бўлган ва одатда миниб олган шахс(лар)нинг мускул кучи билан, хусусан, тепкилар ёки дастаклар ёрдамида ҳаракатлантириладиган транспорт воситаси (ногиронлиги бўлган шахслар кажавасидан ташқари). Велосипед номинал (белгиланган) қуввати 0,25 киловаттдан, тезлиги соатига 25 километрдан ошмайдиган двигателга эга бўлиши мумкин;
велосипедчи — велосипедни бошқарадиган шахс;
велосипед йўлкаси — алоҳида йўл ёки конструктив жиҳатдан қатнов қисми ва тротуардан ажратилган йўлнинг таркибий қисми бўлиб, тегишли йўл белгиси билан белгиланади;
велосипедчилар учун тасма — йўлнинг бошқа қисмларидан йўл чизиғи билан ажратилган, тегишли йўл белгилари билан белгиланган йўл қисми бўлиб, фақат велосипед ва индивидуал ҳаракатланиш воситалари ҳаракатланиши учун мўлжалланган;
гибрид автомобиль — ички ёнув двигатели ва (ёки) ташқи электр манбаи орқали зарядланувчи электр мотор ёрдамида ҳаракатланувчи транспорт воситаси;
етарлича кўринмаслик — ёмғир, қор ёғиши, туман тушиши ва шунга ўхшаш шароитларда, шунингдек, куннинг ғира-шира вақтида йўлнинг кўриниш масофаси 300 метрдан кам бўлиши;
ёндош ҳудуд — бевосита йўлга туташган ва транспорт воситалари ўтиб кетиши учун мўлжалланмаган ҳудуд (ҳовлилар, маҳаллалар, турар жой даҳалари, транспорт воситаси тўхтаб туриш жойлари, ёнилғи қуйиш шохобчалари, корхона ва шунга ўхшашлар).
Ёндош ҳудуддан чиқаётган транспорт воситалари барча йўл ҳаракати иштирокчиларига йўл бериши шарт;
имтиёз — мўлжалланган йўналишда бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларига нисбатан олдин ҳаракатланиш ҳуқуқи;
индивидуал ҳаракатланиш воситалари — двигатель (двигателлар) (электросамокат, электр скейтбордлар, сегвейлар, уницикллар, моноғилдирак ва бошқа шунга ўхшаш воситалар) ёрдамида одамнинг индивидуал ҳаракатланиши учун мўлжалланган бир ёки бир нечта ғилдираклари (роликлари) бўлган транспорт воситаси;
йўл — транспорт воситалари ва пиёдалар ҳаракатланиши учун жиҳозланган, мослаштирилган ҳамда транспорт воситалари ва пиёдаларнинг ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга мўлжалланган, йўл объектлари мажмуасини жойлаштириш учун ажратилган ер участкалари ҳамда ер участкалари устидаги бўшлиқ йўл.
Йўллар умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларига (бундан буён матнда умумий фойдаланишдаги йўллар деб юритилади), туманлар (шаҳарлар), шаҳарчалар, қишлоқлар ва овулларнинг кўчаларига, хўжалик йўлларига, шаҳар электр транспорти йўлларига, велосипед ва пиёдалар йўлкаларига ажратилади.
Қишлоқ жойлардан ўтадиган ва хўжаликларни ўзаро боғлайдиган йўллар хўжаликлараро қишлоқ йўлларидир;
йўловчи — транспорт воситасидаги (ҳайдовчидан ташқари) шахс, шунингдек, транспорт воситасига кираётган (унга чиқиб ўтираётган) ёки транспорт воситасидан чиқаётган (ундан тушаётган) шахс;
йўл бериш (тўсқинлик қилмаслик) — йўл ҳаракати иштирокчиларига нисбатан имтиёзи бўлган бошқа йўл ҳаракати иштирокчисининг ҳаракат йўналиши ёки тезлигини ўзгартиришга мажбур этиши мумкин бўлган ҳолларда, ҳаракатни давом эттирмаслигини ёки бошламаслигини, бирор-бир манёвр бажариши мумкин эмаслигини билдирувчи талаб;
йўл ёқаси — йўлнинг қатнов қисмига у билан бир сатҳда бевосита туташган, қоплама тури билан фарқ қиладиган ёки 1.1 йўл чизиғи ёрдамида ажратилган, ушбу Қоидаларга мувофиқ ҳаракатланиш, тўхташ ва тўхтаб туриш учун мўлжалланган бўлаги;
йўналишли транспорт воситаси — белгиланган йўналиши ва бекатлари бўлган, йўловчи ташиш учун мўлжалланган умумий фойдаланишдаги транспорт воситалари (троллейбус, трамвай, автобус, йўналишли такси);
йўл-транспорт ҳодисаси — транспорт воситасининг йўлда ҳаракатланиш жараёнида ва унинг иштирокида содир бўлган, фуқаролар вафот этган ёки уларнинг соғлиғига зарар етказилган, транспорт воситалари, иншоотлар, юклар шикастланган ёхуд бошқа моддий зарар етказилган ҳодиса;
йўл ҳаракати — йўл ҳаракатини ташкил этишда йўллар доирасида транспорт воситалари ва йўл ҳаракати иштирокчилари иштирокида юзага келадиган ижтимоий муносабатлар мажмуи;
йўл ҳаракати иштирокчиси — йўл ҳаракати жараёнида транспорт воситасининг ҳайдовчиси, йўловчиси ёки пиёда сифатида бевосита иштирок этаётган шахс;
йўл ҳаракатини ташкил этиш — йўлларда ҳаракатни бошқариш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ташкилий-ҳуқуқий, ташкилий-техника тадбирлар ва бошқарув ҳаракатлари мажмуи;
йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситалари — йўл ҳаракатини ташкил этиш учун мўлжалланган қурилмалар ва иншоотлар (йўл белгилари, ҳаракатланиш полосалари, светофорлар, милтилловчи маёқчалар, йўл чизиқлари, йўл устунлари, тўсиқлар, тезликни чекловчи қурилмалар, шлагбаумлар, хавфсизлик оролчалари, йўл ҳаракатини автоматик бошқариш тизимлари (воситалари), шунингдек, бошқа қурилмалар ва иншоотлар);
йўл ҳаракати хавфсизлиги — йўл ҳаракати иштирокчиларининг йўл-транспорт ҳодисалари ва уларнинг оқибатларидан ҳимояланганлик даражасини акс эттирувчи йўл ҳаракати ҳолати;
йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш — йўл-транспорт ҳодисаларининг келиб чиқиш сабабларининг олдини олишга, уларнинг оғир оқибатларини камайтиришга қаратилган фаолият;
кўриниши чекланган жойлар — жойлардаги паст-баландликлар, бурилишлар, ўсимликлар, дарахтлар, қурилишлар, иншоотлар ёки бошқа объектлар, шу жумладан, транспорт воситалари туфайли ҳаракатланиш йўналишида йўл кўринишининг чекланиши;
мажбурий тўхташ — техник нуқсон, ташилаётган юк, ҳайдовчи ва йўловчининг ҳолати, йўлдаги бирор тўсиқ туфайли хавф юзага келганда ёхуд об-ҳаво шароитига боғлиқ ҳолда транспорт воситаси ҳаракатини тўхтатиш. Ҳайдовчининг ушбу хатти-ҳаракати охирги зарур чора бўлиб, қоидабузарлик деб эътироф этилмайди;
механик транспорт воситаси — двигатель билан ҳаракатга келтириладиган транспорт воситаси. Бу атама барча трактор ва ўзи юрар мосламаларга ҳам тааллуқлидир;
мопед — двигателининг иш ҳажми 25 см 3 ва ундан ортиқ, лекин 50 см 3 дан ошмайдиган, конструктив тезлиги соатига 25 километр ва ундан ортиқ, 50 километрдан ошмайдиган икки ёки уч (тўрт) ғилдиракли транспорт воситаси. Худди шундай тавсифларга эга бўлган квадрицикл (квадроцикл), трицикл ҳамда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланишга мослаштирилган бошқа транспорт воситалари мопедларга тенглаштирилади;
мотоцикл — двигателининг иш ҳажми 50 см 3 ва ундан ошадиган, конструктив тезлиги соатига 50 километр ва ундан ошадиган, ён тиркамасиз ёки ён тиркамали (кажавали) икки ёхуд уч (тўрт) ғилдиракли транспорт воситаси;
огоҳлантирувчи ишоралар — авария ҳолатларининг олдини олиш мақсадида, шунингдек, ҳаракат йўналишини ўзгартиришда, тўхтатишда қўлланиладиган ишоралар;
пиёда — транспорт воситасидан ташқарида бўлган ва йўлда бирор-бир юмуш билан банд бўлмаган шахс. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг двигателсиз аравачасида ҳаракатланаётган, велосипед, мопед, мотоцикл, электромотоцикл, скутер, индивидуал ҳаракатланиш воситалари, чана, аравача ва болалар ёки ногиронлиги бўлган шахслар аравачасини етаклаган, шунингдек, ҳаракатланиш учун роликли конькилар, двигателсиз самокатлар ва бошқа шуларга ўхшаш воситалардан фойдаланаётган шахслар ҳам пиёдаларга тенглаштирилади;
пиёда ва велосипед йўлкаси — қатнов қисмидан ажратилган, велосипедчилар, индивидуал ҳаракатланиш воситаларини бошқараётган шахсларнинг ва пиёдаларнинг алоҳида-алоҳида ёки биргаликда ҳаракатланиши учун мўлжалланган ва 4.6.1 — 4.6.6 йўл белгилари ўрнатилган йўлнинг таркибий қисми ёхуд алоҳида йўл;
пиёдалар йўлкаси — пиёдалар ҳаракатланиши учун қурилган ёки мослаштирилган, тегишли йўл белгиси билан белгиланган алоҳида йўл ёки сунъий иншоот юзаси. Транспорт воситалари ҳаракати тақиқланган қисми;
пиёдаларнинг ташкилий жамланмаси — Қоидаларнинг 16-банди талабларига мувофиқ йўлда бир йўналишда биргаликда ҳаракатланаётган одамлар гуруҳи;
пиёдалар ўтиш жойи — қатнов қисмидаги 5.16.1, 5.16.2, 5.48 йўл белгилари ва 1.14.1 — 1.14.4 ёки 1.29.1 — 1.29.3 йўл чизиқлари билан белгиланган ва пиёдалар йўлни кесиб ўтишда ҳаракатланишлари учун ажратилган жой.
Йўл чизиқлари бўлмаса, пиёдалар ўтиш жойининг кенглиги 5.16.1 ва 5.16.2 йўл белгилари орасидаги масофа билан аниқланади;
пулли тўхтаб туриш жойи — тўлов асосида фойдаланиладиган тўхтаб туриш жойи;
реверсив ҳаракатланиш — қатнов қисмининг махсус ажратилган, 5.35 — 5.37 йўл белгилари, 1.9 йўл чизиғи билан белгиланган ва устида реверсив светофор ўрнатилган бўлагида ҳаракатланиш йўналишининг қарама-қарши томонга ўзгариши;
рухсат этилган тўлиқ вазн — жиҳозланган транспорт воситасининг ишлаб чиқарган корхона томонидан белгиланган юк, ҳайдовчи ва йўловчилари билан биргаликдаги энг юқори вазни (ўлчови).
Бир таркибда ҳаракатланаётган (тиркама ва бошқалар) транспорт воситаларининг рухсат этилган тўлиқ вазнига шу таркибга кирувчи транспорт воситаларининг рухсат этилган тўлиқ вазнлари йиғиндиси киради;
скутер — электродвигателининг қуввати 0,25 киловатт ва ундан ортиқ, лекин 4 киловаттдан ошмайдиган, конструктив тезлиги соатига 25 километрдан ортиқ, бироқ 50 километрдан ошмайдиган икки ёки уч (тўрт) ғилдиракли транспорт воситаси. Худди шундай тавсифларга эга бўлган квадрицикл (квадроцикл), трицикл ҳамда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланишига мослаштирилган бошқа транспорт воситалари скутерларга тенглаштирилади;
сутканинг қоронғи вақти — кечки ғира-ширанинг охиридан тонгги ғира-ширанинг бошланишигача бўлган оралиқдаги вақт;
тартибга солувчи — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг (кейинги ўринларда — ДЙҲХХ), ҳарбий автомобиль назорати органлари ходими, ўз хизмат вазифаларини бажараётган, ушбу Қоидаларда кўзда тутилган ишоралар ёрдамида йўл ҳаракатини тартибга солиш ваколатига эга бўлган ва уни бевосита амалга ошираётган йўлдан фойдаланиш хизмати ходимлари, темир йўл кесишмаси ва сол кечувларидаги навбатчилар ҳамда жамоатчилик вакиллари. Тартибга солувчи махсус кийим ва (ёки) таниқлик белгиси (қўл боғичи, жезл, қизил ишорали ёруғлик қайтаргич, қизил чироқ ёки байроқча)га эга бўлиши шарт;
ташувчи — мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосларда транспорт воситасига эгалик қиладиган, қонунчиликка мувофиқ йўловчиларни ҳамда уларнинг мол-мулкини тижорат асосида ташиш бўйича хизматлар кўрсатадиган ва бунинг учун тегишли лицензияга эга бўлган ёхуд рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжати бўлган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор (ўзини ўзи банд қилган шахс);
темир йўл кесишмаси — йўлнинг темир йўллар билан бир сатҳда кесишган жойи;
тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситаси — тезкор вазифаларни бажаришга мўлжалланган, кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялтироқ маёқча билан жиҳозланган ҳамда махсус рангли бўёқ схемалар ва ёзувлар билан белгиланган транспорт воситаси;
тиркама — механик транспорт воситаси таркибида ҳаракатланишга мўлжалланган ва двигатель билан жиҳозланмаган транспорт воситаси. Ушбу атама ярим тиркама ва узайтириладиган тиркамаларга ҳам тааллуқлидир;
транспорт воситаси — йўловчиларнинг, багажнинг, юк багажининг, юкларнинг, почта ва курьерлик жўнатмаларининг ёки махсус ишларни амалга ошириш учун ускуналарнинг йўлларда ҳаракатланиши ёки ташилиши учун мўлжалланган қурилма;
транспорт воситасининг эгаси — транспорт воситасига мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида эгалик қилувчи юридик ёки жисмоний шахс;
транспорт воситаларининг ташкилий жамланмаси — олдида кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялтироқ маёқчаси ёқилган транспорт воситаси кузатиб бораётган, бевосита бир-бирининг кетидан, битта ҳаракатланиш бўлагида, яқинни ёритувчи фаралар чироқларини ёқиб келаётган, уч ва ундан ортиқ механик транспорт воситалари гуруҳи;
транспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойлари (бундан буён матнда тўхтаб туриш жойи деб юритилади) — транспорт воситаларини вақтинча ёки доимий сақлаш учун мўлжалланган, йўлнинг кенгайтирилиб қатнов қисмидан ажратилган участкаси, бино, иншоот (уларнинг бир қисми), махсус очиқ майдонча;
тротуар — қатнов қисмига туташган ёки ундан майсазор, ариқ, махсус тўсиқлар билан ажратилган ва пиёдаларнинг ҳаракатланиши учун мўлжалланган йўл қисми;
тўсиқ — йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатсиз ҳолда бўлган жисм (бузилиб қолган транспорт воситаси, тушиб қолган юк, йиқилган дарахт ва бошқалар).
Тирбандлик туфайли ёки Қоидалар талабига биноан ушбу тасмада тўхтаган транспорт воситаси тўсиқ ҳисобланмайди;
тўхтаб туриш — транспорт воситасига йўловчиларни чиқариш ёки тушириш, юк ортиш ёки тушириш билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда ҳаракатни 10 дақиқадан кўпроқ вақтга атайин тўхтатиш;
тўхташ — транспорт воситаси ҳаракатини 10 дақиқагача бўлган муддатга тўхтатиш (ҳаракатсиз ҳолатга келтириш);
фото ва видео қайд этиш — йўл ҳаракати қоидалари бузилишини махсус автоматлаштирилган фото ва видео техник воситалари, шунингдек, видеокузатув ва тасвирга олиш техника воситалари ҳамда мобиль қурилмалар ёрдамида қайд этиш;
хавф — йўл ҳаракати хавфсизлигига хавф солувчи ҳар қандай омил;
хавфли юк — ўзига хос хоссалари ва хусусиятлари туфайли муайян омиллар мавжуд бўлган тақдирда ташиш, юк ортиш-тушириш ишлари жараёнида ташилаётган юклар, техника воситалари, қурилмалар, бино ва иншоотлар, бошқа объектларнинг портлаши, ёниши ёки шикастланишига, шунингдек одамлар ҳаёти ва соғлиғига, атроф-муҳитга зарар етказилишига сабаб бўлиши мумкин бўлган моддалар, материаллар, буюмлар, чиқиндилар;
хавфсизлик оролчаси — ҳаракатланиш тасмаларини (шу жумладан велосипедчилар тасмаларини) ажратувчи, конструкциясига кўра қатнов қисми устига бордюр тошлари билан кўтарилган ёки ҳаракатни ташкил этиш техник воситалари билан белгиланган қатнов қисмидан ўтаётган пиёдалар, талаб қилинган ҳолда тўхтаб ўтишлари учун мўлжалланган йўл қурилмаси. Ажратувчи минтақа оралиғидан ўтказилган пиёдалар ўтиш жойи ҳам хавфсизлик оролчаси ҳисобланади. Икки томонлама ҳаракатланишли йўлларда қарама — қарши йўналишларни ажратувчи хавфсизлик оролчаларини ўнг томондан айланиб ўтилади;
хорижий автотранспорт воситалари — хорижий давлатларнинг рўйхатга олиш идораларида рўйхатда турган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига чет эл фуқаролари ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаш жойига эга бўлмаган фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг шахсий эҳтиёжларини қондириш, юклар ва йўловчиларни халқаро ташиш мақсадларида вақтинча олиб кириладиган автотранспорт воситалари;
чорраҳа — йўлларнинг ўзаро бир сатҳда кесишадиган, туташадиган ва айриладиган жойи. Чорраҳа чегараси унинг марказидан қатнов қисмлари охиридаги қарама-қарши томонларнинг энг узоқ бурилиш жойларини туташтирувчи тасаввур қилинадиган чизиқлар билан аниқланади.
Ёндош ҳудудлардан чиқиш жойлари чорраҳа ҳисобланмайди;
электромобиль — ташқи электр манбаидан қувватланиб, фақат электр двигатели билан ҳаракатланадиган транспорт воситаси;
электромотоцикл — электродвигателининг қуввати 4 киловатт ва ундан ошадиган, конструктив тезлиги соатига 50 километр ва ундан ошадиган ён тиркамасиз ёки ён тиркамали (кажавали) икки ёхуд уч (тўрт) ғилдиракли транспорт воситаси;
яшил ҳудудлар — шаҳарлар ва аҳоли пунктларининг рекреацион мақсаддаги ҳудудлари, шунингдек, яшил экинлар билан қопланган ва табиатни муҳофаза қилиш функцияларини бажарадиган ҳамда аҳолининг дам олиши учун фойдаланиладиган уларга туташ ҳудудлар.
ўзиб кетиш — транспорт воситасининг бир йўналишда транспорт воситаси тезлигидан ортиқ тезликда ҳаракатланиши;
қайта тизилиш — дастлабки ҳаракат йўналишини сақлаган ҳолда ўз ҳаракатланиш тасмасидан бошқа ҳаракатланиш қаторига ўтиш;
қатнов қисми — йўлнинг рельссиз транспорт воситалари ҳаракатланиши учун мўлжалланган қисми;
қатнов қисмлари кесишмаси — йўлларнинг қатнов қисмлари ўзаро кесишиб ўтадиган ва тасаввур қилинадиган чизиқлар билан аниқланган ҳудуд;
қувиб ўтиш — бир ёки бир нечта транспорт воситаларини қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиш учун мўлжалланган тасмага чиқиб, сўнгра илгари эгаллаган қаторига қайтиб ўтиш билан боғлиқ бўлган ўзиб кетиш;
ҳайдовчи — транспорт воситасини бошқарувчи шахс. Транспорт воситасини бошқариш ўргатилаётганда ўргатувчи шахс ҳайдовчи ҳисобланади.
От аравани бошқараётган ҳамда ҳайвонларни миниб ҳаракатланаётган шахслар ҳайдовчига тенглаштирилади;
ҳаракатланиш тасмаси — автомобилларнинг бир қатор бўлиб ҳаракатланиши учун етарлича кенг бўлган, йўл чизиқлари билан белгиланган ёки белгиланмаган йўл қатнов қисмининг ҳар қандай бўйлама тасмаси;
ҳаракатланиш учун хавф — йўл ҳаракати жараёнидан ўша йўналишда ва ўша тезликда ҳаракатланишни давом эттириш йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлишига таҳдид қиладиган омил;
ҳақиқий вазн — транспорт воситасининг юки, ҳайдовчи ва йўловчилари билан биргаликдаги вазни.».
4. 11-банднинг «г» кичик бандидаги , 23-банднинг иккинчи хатбошисидаги , 25-банднинг иккинчи хатбошисидаги , 28-банднинг олтинчи хатбошисидаги , 37-банднинг иккинчи хатбошисидаги , 40-банддаги , 46-банднинг иккинчи хатбошисидаги , 50-банднинг иккинчи хатбошисидаги , 53-банддаги , 63-банднинг биринчи хатбошисидаги , 77-банднинг учинчи хатбошисидаги , 82-банднинг иккинчи хатбошисидаги , 89-банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларидаги , 94-банддаги ҳамда 181-банднинг учинчи хатбошисидаги тегишли келишикдаги «қатнашчилар» сўзи тегишли келишикдаги «иштирокчилар» сўзи билан алмаштирилсин.
5. 72-банднинг биринчи хатбошиси «алоҳида ҳаракатланадиган йўлакларда» сўзларидан кейин «, яшил ҳудуд майдонларида» сўзлари билан тўлдирилсин.
6. 126-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«126. Турар жой даҳаларидан чиқишда ҳайдовчилар йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларига йўл беришлари керак».
7. 174-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«174. Йўл ҳаракатида иштирок этадиган транспорт воситаларининг техник ҳолати ва жиҳозлари Ўзбекистон Республикасининг «Йўл ҳаракати тўғрисида»ги Қонуни, шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлиши керак.
Транспорт воситаларини ДЙҲХХда рўйхатдан ўтказиш ҳамда эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда амалга оширилиши керак.
Ташувчи йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурталаши шарт».
8. 183-бандда :
а) иккинчи хатбошидаги «йўлларни ҳаракатланишни ташкил этувчи техник воситалар» сўзлари «йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситалари» сўзлари билан алмаштирилсин;
б) тўққизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«йўлларни, темир йўллар кесишмаларини, шунингдек, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларини ва йўллар бўйлаб ҳамда йўл бўйи ҳудудларида жойлашган бошқа иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ҳамда капитал таъмирлаш лойиҳаларини йўл ҳаракатини ташкил этишга оид қисм бўйича».
9. 1-иловаси 7.19-бандидаги «қатнашчиларининг» сўзи «иштирокчиларининг» сўзи билан алмаштирилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 30 ноябрь,
806-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
Yoʻl harakati sohasidagi qonunchilik takomillashtirilishi munosabati bilan Yoʻl harakati qoidalariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida
Mamlakatimizda soʻnggi yillarda yoʻl harakati sohasini tartibga solishga qaratilgan qonunchilik hujjatlari takomillashtirilib, yoʻllarda harakat ishtirokchilarining xavfsizligini taʼminlash boʻyicha tizimli chora-tadbirlar amalga oshirilmoqda.
Shu bilan birga, yoʻl harakati sohasidagi munosabatlarni tartibga soluvchi qonunchilik hujjatlarini oʻzaro muvofiqlashtirish, shuningdek, yoʻllarda harakat ishtirokchilarining xavfsizligini taʼminlash va mol-mulkiga yetkazilgan zararni qoplash mexanizmlarini takomillashtirish zarurati mavjud.
Qonunchilik hujjatlarini Oʻzbekiston Respublikasining “Yoʻl harakati toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiqlashtirish, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Sugʻurta xizmatlari bozorini yanada rivojlantirishning kompleks chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 1-martdagi PQ-108-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 12-apreldagi 172-son qarori bilan tasdiqlangan Yoʻl harakati qoidalariga ilovaga muvofiq quyidagilarni nazarda tutuvchi oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin:
Yoʻl harakati qoidalarida qoʻllanilgan ayrim tushunchalarni Oʻzbekiston Respublikasining “Yoʻl harakati toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiqlashtirish;
tashish faoliyatini amalga oshiruvchi shaxslar uchun tashuvchining fuqarolik javobgarligini majburiy sugʻurta polisiga ega boʻlish talabini belgilash.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi ushbu qarorning mazmuni va mohiyati ommaviy axborot vositalarida keng yoritilishini hamda aholi eʼtiboriga yetkazilishini taʼminlasin.
3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziri P.R. Bobojonov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 30-noyabrdagi 806-son qaroriga ILOVA
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 12-apreldagi 172-son qarori bilan tasdiqlangan Yoʻl harakati qoidalariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. 3-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“3. Yoʻl harakati ishtirokchilari Oʻzbekiston Respublikasining “Yoʻl harakati toʻgʻrisida”gi Qonunini, ushbu Qoidalarni va ularda keltirilgan svetofor ishoralari, yoʻl belgilari (ushbu Qoidalarga 1-ilova), yoʻl chiziqlarining (ushbu Qoidalarga 2-ilova) talablarini bilishlari, ularga amal qilishlari, shuningdek, ularga berilgan vakolat doirasida yoʻllarda harakatni tartibga soluvchilarning koʻrsatmalarini soʻzsiz bajarishlari shart”.
2. 4-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“4. Yoʻl harakati ishtirokchilari yoʻldagi boshqa harakat ishtirokchilarining harakatlanishiga toʻsqinlik qilmasligi va xavf tugʻdirmasliklari kerak.
Tegishli vakolatga ega boʻlmagan yuridik va jismoniy shaxslarga yoʻl qoplamasini buzish, oʻzgartirish yoki unga zarar yetkazish, ifloslantirish, yoʻl belgilarini, svetoforlarni, shuningdek, yoʻl harakatini tashkil etishning boshqa texnik vositalarini oʻzboshimchalik bilan olib tashlash, oʻrnatish, toʻsib qoʻyish, shikastlantirish, yoʻllarda harakatlanishga toʻsqinlik qiluvchi qurilma va narsalarni qoldirish, tegishli ruxsatsiz yoʻlning qatnov qismiga toʻsiqlar oʻrnatish yoki ularni toʻsib qoʻyish, “sunʼiy notekislik” qurilmalarini oʻrnatish taqiqlanadi.
Harakatlanishga toʻsqinlikni yuzaga keltiradigan shaxs uni tezda bartaraf qilish uchun imkoniyati darajasida barcha choralarni koʻrishi, agar buning iloji boʻlmasa, mavjud barcha vositalar bilan xavf-xatar haqida yoʻl harakati ishtirokchilarini ogohlantirishi va ichki ishlar organlariga (keyingi oʻrinlarda — IIO) xabar berishi shart”.
3. 6-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“6. Qoidalarda quyidagi asosiy tushuncha va atamalardan foydalaniladi:
avariya holatini yuzaga keltirish — yoʻl harakatining boshqa ishtirokchilarini harakat yoʻnalishi yoki tezligini keskin oʻzgartirishga, shuningdek, oʻz xavfsizligini yoxud boshqa fuqarolar xavfsizligini taʼminlash uchun oʻzga choralarni koʻrishga majbur qilish;
avtomagistral — 5.1. yoʻl belgisi bilan belgilangan, har bir yoʻnalishning qatnov qismlari ajratuvchi mintaqa bilan ajratilgan (u boʻlmaganda, yoʻl toʻsiqlari bilan) hamda boshqa yoʻllar, tramvay va temir yoʻllar, piyoda va velosiped yoʻlkalari bilan bir sathda kesishmaydigan yoʻl;
avtopoyezd — ulagich moslamalari bilan ulangan egarli shatakka oluvchi va yarim tirkama yoki yuk avtomobili hamda tirkama (tirkamalar)dan iborat transport vositasi tarkibi;
ajratuvchi mintaqa — yoʻlning yonma-yon joylashgan qatnov qismlarini ajratuvchi, transport vositalari harakatlanishi yoki toʻxtashi uchun moʻljallanmagan, yoʻl sathidan koʻtarilgan yoki maysazor, ariq, maxsus toʻsiqlar bilan ajratilgan baland qismi;
arava — otga (yoki boshqa hayvonlarga) qoʻshib tortiladigan yoki odam mushak kuchi bilan harakatga keltiriladigan dvigatel bilan jihozlanmagan, yuk tashishga moʻljallangan qurilma;
asosiy yoʻl — tuproqli yoki shagʻalli yoʻlga nisbatan qattiq qoplamali (asfalt, sement-betonli va shunga oʻxshashlar yotqizilgan), kesishayotgan yoki tutashgan yoʻlga nisbatan 2.1, 2.3.1 — 2.3.3 yoki 5.1 yoʻl belgilari bilan belgilangan yoxud yondosh hududdan chiqadigan yoʻlga nisbatan har qanday yoʻl. Ikkinchi darajali yoʻlning bevosita chorrahaga tutash qismining qoplamali boʻlishi uni asosiy yoʻl bilan teng huquqli qilmaydi;
aholi punkti — kirish va chiqish yoʻllari 5.22 — 5.25 yoʻl belgilari bilan belgilangan hudud;
bolalar guruhini tashkiliy tashish — yoʻnalishli transport vositalariga daxli boʻlmagan avtobuslarda sakkiz va undan ortiq bolalarning tashkil etilgan tartibda tashilishi;
velosiped — kamida ikkita gʻildirakka ega boʻlgan va odatda minib olgan shaxs(lar)ning muskul kuchi bilan, xususan, tepkilar yoki dastaklar yordamida harakatlantiriladigan transport vositasi (nogironligi boʻlgan shaxslar kajavasidan tashqari). Velosiped nominal (belgilangan) quvvati 0,25 kilovattdan, tezligi soatiga 25 kilometrdan oshmaydigan dvigatelga ega boʻlishi mumkin;
velosipedchi — velosipedni boshqaradigan shaxs;
velosiped yoʻlkasi — alohida yoʻl yoki konstruktiv jihatdan qatnov qismi va trotuardan ajratilgan yoʻlning tarkibiy qismi boʻlib, tegishli yoʻl belgisi bilan belgilanadi;
velosipedchilar uchun tasma — yoʻlning boshqa qismlaridan yoʻl chizigʻi bilan ajratilgan, tegishli yoʻl belgilari bilan belgilangan yoʻl qismi boʻlib, faqat velosiped va individual harakatlanish vositalari harakatlanishi uchun moʻljallangan;
gibrid avtomobil — ichki yonuv dvigateli va (yoki) tashqi elektr manbai orqali zaryadlanuvchi elektr motor yordamida harakatlanuvchi transport vositasi;
yetarlicha koʻrinmaslik — yomgʻir, qor yogʻishi, tuman tushishi va shunga oʻxshash sharoitlarda, shuningdek, kunning gʻira-shira vaqtida yoʻlning koʻrinish masofasi 300 metrdan kam boʻlishi;
yondosh hudud — bevosita yoʻlga tutashgan va transport vositalari oʻtib ketishi uchun moʻljallanmagan hudud (hovlilar, mahallalar, turar joy dahalari, transport vositasi toʻxtab turish joylari, yonilgʻi quyish shoxobchalari, korxona va shunga oʻxshashlar).
Yondosh hududdan chiqayotgan transport vositalari barcha yoʻl harakati ishtirokchilariga yoʻl berishi shart;
imtiyoz — moʻljallangan yoʻnalishda boshqa yoʻl harakati ishtirokchilariga nisbatan oldin harakatlanish huquqi;
individual harakatlanish vositalari — dvigatel (dvigatellar) (elektrosamokat, elektr skeytbordlar, segveylar, unitsikllar, monogʻildirak va boshqa shunga oʻxshash vositalar) yordamida odamning individual harakatlanishi uchun moʻljallangan bir yoki bir nechta gʻildiraklari (roliklari) boʻlgan transport vositasi;
yoʻl — transport vositalari va piyodalar harakatlanishi uchun jihozlangan, moslashtirilgan hamda transport vositalari va piyodalarning harakat xavfsizligini taʼminlashga moʻljallangan, yoʻl obyektlari majmuasini joylashtirish uchun ajratilgan yer uchastkalari hamda yer uchastkalari ustidagi boʻshliq yoʻl.
Yoʻllar umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllariga (bundan buyon matnda umumiy foydalanishdagi yoʻllar deb yuritiladi), tumanlar (shaharlar), shaharchalar, qishloqlar va ovullarning koʻchalariga, xoʻjalik yoʻllariga, shahar elektr transporti yoʻllariga, velosiped va piyodalar yoʻlkalariga ajratiladi.
Qishloq joylardan oʻtadigan va xoʻjaliklarni oʻzaro bogʻlaydigan yoʻllar xoʻjaliklararo qishloq yoʻllaridir;
yoʻlovchi — transport vositasidagi (haydovchidan tashqari) shaxs, shuningdek, transport vositasiga kirayotgan (unga chiqib oʻtirayotgan) yoki transport vositasidan chiqayotgan (undan tushayotgan) shaxs;
yoʻl berish (toʻsqinlik qilmaslik) — yoʻl harakati ishtirokchilariga nisbatan imtiyozi boʻlgan boshqa yoʻl harakati ishtirokchisining harakat yoʻnalishi yoki tezligini oʻzgartirishga majbur etishi mumkin boʻlgan hollarda, harakatni davom ettirmasligini yoki boshlamasligini, biror-bir manyovr bajarishi mumkin emasligini bildiruvchi talab;
yoʻl yoqasi — yoʻlning qatnov qismiga u bilan bir sathda bevosita tutashgan, qoplama turi bilan farq qiladigan yoki 1.1 yoʻl chizigʻi yordamida ajratilgan, ushbu Qoidalarga muvofiq harakatlanish, toʻxtash va toʻxtab turish uchun moʻljallangan boʻlagi;
yoʻnalishli transport vositasi — belgilangan yoʻnalishi va bekatlari boʻlgan, yoʻlovchi tashish uchun moʻljallangan umumiy foydalanishdagi transport vositalari (trolleybus, tramvay, avtobus, yoʻnalishli taksi);
yoʻl-transport hodisasi — transport vositasining yoʻlda harakatlanish jarayonida va uning ishtirokida sodir boʻlgan, fuqarolar vafot etgan yoki ularning sogʻligʻiga zarar yetkazilgan, transport vositalari, inshootlar, yuklar shikastlangan yoxud boshqa moddiy zarar yetkazilgan hodisa;
yoʻl harakati — yoʻl harakatini tashkil etishda yoʻllar doirasida transport vositalari va yoʻl harakati ishtirokchilari ishtirokida yuzaga keladigan ijtimoiy munosabatlar majmui;
yoʻl harakati ishtirokchisi — yoʻl harakati jarayonida transport vositasining haydovchisi, yoʻlovchisi yoki piyoda sifatida bevosita ishtirok etayotgan shaxs;
yoʻl harakatini tashkil etish — yoʻllarda harakatni boshqarish hamda yoʻl harakati xavfsizligini taʼminlash boʻyicha tashkiliy-huquqiy, tashkiliy-texnika tadbirlar va boshqaruv harakatlari majmui;
yoʻl harakatini tashkil etishning texnik vositalari — yoʻl harakatini tashkil etish uchun moʻljallangan qurilmalar va inshootlar (yoʻl belgilari, harakatlanish polosalari, svetoforlar, miltillovchi mayoqchalar, yoʻl chiziqlari, yoʻl ustunlari, toʻsiqlar, tezlikni cheklovchi qurilmalar, shlagbaumlar, xavfsizlik orolchalari, yoʻl harakatini avtomatik boshqarish tizimlari (vositalari), shuningdek, boshqa qurilmalar va inshootlar);
yoʻl harakati xavfsizligi — yoʻl harakati ishtirokchilarining yoʻl-transport hodisalari va ularning oqibatlaridan himoyalanganlik darajasini aks ettiruvchi yoʻl harakati holati;
yoʻl harakati xavfsizligini taʼminlash — yoʻl-transport hodisalarining kelib chiqish sabablarining oldini olishga, ularning ogʻir oqibatlarini kamaytirishga qaratilgan faoliyat;
koʻrinishi cheklangan joylar — joylardagi past-balandliklar, burilishlar, oʻsimliklar, daraxtlar, qurilishlar, inshootlar yoki boshqa obyektlar, shu jumladan, transport vositalari tufayli harakatlanish yoʻnalishida yoʻl koʻrinishining cheklanishi;
majburiy toʻxtash — texnik nuqson, tashilayotgan yuk, haydovchi va yoʻlovchining holati, yoʻldagi biror toʻsiq tufayli xavf yuzaga kelganda yoxud ob-havo sharoitiga bogʻliq holda transport vositasi harakatini toʻxtatish. Haydovchining ushbu xatti-harakati oxirgi zarur chora boʻlib, qoidabuzarlik deb eʼtirof etilmaydi;
mexanik transport vositasi — dvigatel bilan harakatga keltiriladigan transport vositasi. Bu atama barcha traktor va oʻzi yurar moslamalarga ham taalluqlidir;
moped — dvigatelining ish hajmi 25 sm 3 va undan ortiq, lekin 50 sm 3 dan oshmaydigan, konstruktiv tezligi soatiga 25 kilometr va undan ortiq, 50 kilometrdan oshmaydigan ikki yoki uch (toʻrt) gʻildirakli transport vositasi. Xuddi shunday tavsiflarga ega boʻlgan kvadritsikl (kvadrotsikl), tritsikl hamda yoʻlning qatnov qismida harakatlanishga moslashtirilgan boshqa transport vositalari mopedlarga tenglashtiriladi;
mototsikl — dvigatelining ish hajmi 50 sm 3 va undan oshadigan, konstruktiv tezligi soatiga 50 kilometr va undan oshadigan, yon tirkamasiz yoki yon tirkamali (kajavali) ikki yoxud uch (toʻrt) gʻildirakli transport vositasi;
ogohlantiruvchi ishoralar — avariya holatlarining oldini olish maqsadida, shuningdek, harakat yoʻnalishini oʻzgartirishda, toʻxtatishda qoʻllaniladigan ishoralar;
piyoda — transport vositasidan tashqarida boʻlgan va yoʻlda biror-bir yumush bilan band boʻlmagan shaxs. Nogironligi boʻlgan shaxslarning dvigatelsiz aravachasida harakatlanayotgan, velosiped, moped, mototsikl, elektromototsikl, skuter, individual harakatlanish vositalari, chana, aravacha va bolalar yoki nogironligi boʻlgan shaxslar aravachasini yetaklagan, shuningdek, harakatlanish uchun rolikli konkilar, dvigatelsiz samokatlar va boshqa shularga oʻxshash vositalardan foydalanayotgan shaxslar ham piyodalarga tenglashtiriladi;
piyoda va velosiped yoʻlkasi — qatnov qismidan ajratilgan, velosipedchilar, individual harakatlanish vositalarini boshqarayotgan shaxslarning va piyodalarning alohida-alohida yoki birgalikda harakatlanishi uchun moʻljallangan va 4.6.1 — 4.6.6 yoʻl belgilari oʻrnatilgan yoʻlning tarkibiy qismi yoxud alohida yoʻl;
piyodalar yoʻlkasi — piyodalar harakatlanishi uchun qurilgan yoki moslashtirilgan, tegishli yoʻl belgisi bilan belgilangan alohida yoʻl yoki sunʼiy inshoot yuzasi. Transport vositalari harakati taqiqlangan qismi;
piyodalarning tashkiliy jamlanmasi — Qoidalarning 16-bandi talablariga muvofiq yoʻlda bir yoʻnalishda birgalikda harakatlanayotgan odamlar guruhi;
piyodalar oʻtish joyi — qatnov qismidagi 5.16.1, 5.16.2, 5.48 yoʻl belgilari va 1.14.1 — 1.14.4 yoki 1.29.1 — 1.29.3 yoʻl chiziqlari bilan belgilangan va piyodalar yoʻlni kesib oʻtishda harakatlanishlari uchun ajratilgan joy.
Yoʻl chiziqlari boʻlmasa, piyodalar oʻtish joyining kengligi 5.16.1 va 5.16.2 yoʻl belgilari orasidagi masofa bilan aniqlanadi;
pulli toʻxtab turish joyi — toʻlov asosida foydalaniladigan toʻxtab turish joyi;
reversiv harakatlanish — qatnov qismining maxsus ajratilgan, 5.35 — 5.37 yoʻl belgilari, 1.9 yoʻl chizigʻi bilan belgilangan va ustida reversiv svetofor oʻrnatilgan boʻlagida harakatlanish yoʻnalishining qarama-qarshi tomonga oʻzgarishi;
ruxsat etilgan toʻliq vazn — jihozlangan transport vositasining ishlab chiqargan korxona tomonidan belgilangan yuk, haydovchi va yoʻlovchilari bilan birgalikdagi eng yuqori vazni (oʻlchovi).
Bir tarkibda harakatlanayotgan (tirkama va boshqalar) transport vositalarining ruxsat etilgan toʻliq vazniga shu tarkibga kiruvchi transport vositalarining ruxsat etilgan toʻliq vaznlari yigʻindisi kiradi;
skuter — elektrodvigatelining quvvati 0,25 kilovatt va undan ortiq, lekin 4 kilovattdan oshmaydigan, konstruktiv tezligi soatiga 25 kilometrdan ortiq, biroq 50 kilometrdan oshmaydigan ikki yoki uch (toʻrt) gʻildirakli transport vositasi. Xuddi shunday tavsiflarga ega boʻlgan kvadritsikl (kvadrotsikl), tritsikl hamda yoʻlning qatnov qismida harakatlanishiga moslashtirilgan boshqa transport vositalari skuterlarga tenglashtiriladi;
sutkaning qorongʻi vaqti — kechki gʻira-shiraning oxiridan tonggi gʻira-shiraning boshlanishigacha boʻlgan oraliqdagi vaqt;
tartibga soluvchi — Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Davlat yoʻl harakati xavfsizligi xizmatining (keyingi oʻrinlarda — DYHXX), harbiy avtomobil nazorati organlari xodimi, oʻz xizmat vazifalarini bajarayotgan, ushbu Qoidalarda koʻzda tutilgan ishoralar yordamida yoʻl harakatini tartibga solish vakolatiga ega boʻlgan va uni bevosita amalga oshirayotgan yoʻldan foydalanish xizmati xodimlari, temir yoʻl kesishmasi va sol kechuvlaridagi navbatchilar hamda jamoatchilik vakillari. Tartibga soluvchi maxsus kiyim va (yoki) taniqlik belgisi (qoʻl bogʻichi, jezl, qizil ishorali yorugʻlik qaytargich, qizil chiroq yoki bayroqcha)ga ega boʻlishi shart;
tashuvchi — mulk huquqi asosida yoki boshqa qonuniy asoslarda transport vositasiga egalik qiladigan, qonunchilikka muvofiq yoʻlovchilarni hamda ularning mol-mulkini tijorat asosida tashish boʻyicha xizmatlar koʻrsatadigan va buning uchun tegishli litsenziyaga ega boʻlgan yoxud ruxsat etish xususiyatiga ega hujjati boʻlgan yuridik shaxs yoki yakka tartibdagi tadbirkor (oʻzini oʻzi band qilgan shaxs);
temir yoʻl kesishmasi — yoʻlning temir yoʻllar bilan bir sathda kesishgan joyi;
tezkor va maxsus xizmatlarning transport vositasi — tezkor vazifalarni bajarishga moʻljallangan, koʻk yoki qizil yoxud koʻk va qizil rangli yaltiroq mayoqcha bilan jihozlangan hamda maxsus rangli boʻyoq sxemalar va yozuvlar bilan belgilangan transport vositasi;
tirkama — mexanik transport vositasi tarkibida harakatlanishga moʻljallangan va dvigatel bilan jihozlanmagan transport vositasi. Ushbu atama yarim tirkama va uzaytiriladigan tirkamalarga ham taalluqlidir;
transport vositasi — yoʻlovchilarning, bagajning, yuk bagajining, yuklarning, pochta va kuryerlik joʻnatmalarining yoki maxsus ishlarni amalga oshirish uchun uskunalarning yoʻllarda harakatlanishi yoki tashilishi uchun moʻljallangan qurilma;
transport vositasining egasi — transport vositasiga mulk huquqi yoki boshqa ashyoviy huquqlar asosida egalik qiluvchi yuridik yoki jismoniy shaxs;
transport vositalarining tashkiliy jamlanmasi — oldida koʻk yoki qizil yoxud koʻk va qizil rangli yaltiroq mayoqchasi yoqilgan transport vositasi kuzatib borayotgan, bevosita bir-birining ketidan, bitta harakatlanish boʻlagida, yaqinni yorituvchi faralar chiroqlarini yoqib kelayotgan, uch va undan ortiq mexanik transport vositalari guruhi;
transport vositalarining toʻxtab turish joylari (bundan buyon matnda toʻxtab turish joyi deb yuritiladi) — transport vositalarini vaqtincha yoki doimiy saqlash uchun moʻljallangan, yoʻlning kengaytirilib qatnov qismidan ajratilgan uchastkasi, bino, inshoot (ularning bir qismi), maxsus ochiq maydoncha;
trotuar — qatnov qismiga tutashgan yoki undan maysazor, ariq, maxsus toʻsiqlar bilan ajratilgan va piyodalarning harakatlanishi uchun moʻljallangan yoʻl qismi;
toʻsiq — yoʻlning qatnov qismida harakatsiz holda boʻlgan jism (buzilib qolgan transport vositasi, tushib qolgan yuk, yiqilgan daraxt va boshqalar).
Tirbandlik tufayli yoki Qoidalar talabiga binoan ushbu tasmada toʻxtagan transport vositasi toʻsiq hisoblanmaydi;
toʻxtab turish — transport vositasiga yoʻlovchilarni chiqarish yoki tushirish, yuk ortish yoki tushirish bilan bogʻliq boʻlmagan hollarda harakatni 10 daqiqadan koʻproq vaqtga atayin toʻxtatish;
toʻxtash — transport vositasi harakatini 10 daqiqagacha boʻlgan muddatga toʻxtatish (harakatsiz holatga keltirish);
foto va video qayd etish — yoʻl harakati qoidalari buzilishini maxsus avtomatlashtirilgan foto va video texnik vositalari, shuningdek, videokuzatuv va tasvirga olish texnika vositalari hamda mobil qurilmalar yordamida qayd etish;
xavf — yoʻl harakati xavfsizligiga xavf soluvchi har qanday omil;
xavfli yuk — oʻziga xos xossalari va xususiyatlari tufayli muayyan omillar mavjud boʻlgan taqdirda tashish, yuk ortish-tushirish ishlari jarayonida tashilayotgan yuklar, texnika vositalari, qurilmalar, bino va inshootlar, boshqa obyektlarning portlashi, yonishi yoki shikastlanishiga, shuningdek odamlar hayoti va sogʻligʻiga, atrof-muhitga zarar yetkazilishiga sabab boʻlishi mumkin boʻlgan moddalar, materiallar, buyumlar, chiqindilar;
xavfsizlik orolchasi — harakatlanish tasmalarini (shu jumladan velosipedchilar tasmalarini) ajratuvchi, konstruksiyasiga koʻra qatnov qismi ustiga bordyur toshlari bilan koʻtarilgan yoki harakatni tashkil etish texnik vositalari bilan belgilangan qatnov qismidan oʻtayotgan piyodalar, talab qilingan holda toʻxtab oʻtishlari uchun moʻljallangan yoʻl qurilmasi. Ajratuvchi mintaqa oraligʻidan oʻtkazilgan piyodalar oʻtish joyi ham xavfsizlik orolchasi hisoblanadi. Ikki tomonlama harakatlanishli yoʻllarda qarama — qarshi yoʻnalishlarni ajratuvchi xavfsizlik orolchalarini oʻng tomondan aylanib oʻtiladi;
xorijiy avtotransport vositalari — xorijiy davlatlarning roʻyxatga olish idoralarida roʻyxatda turgan va Oʻzbekiston Respublikasi hududiga chet el fuqarolari va Oʻzbekiston Respublikasi hududida doimiy yashash joyiga ega boʻlmagan fuqaroligi boʻlmagan shaxslarning shaxsiy ehtiyojlarini qondirish, yuklar va yoʻlovchilarni xalqaro tashish maqsadlarida vaqtincha olib kiriladigan avtotransport vositalari;
chorraha — yoʻllarning oʻzaro bir sathda kesishadigan, tutashadigan va ayriladigan joyi. Chorraha chegarasi uning markazidan qatnov qismlari oxiridagi qarama-qarshi tomonlarning eng uzoq burilish joylarini tutashtiruvchi tasavvur qilinadigan chiziqlar bilan aniqlanadi.
Yondosh hududlardan chiqish joylari chorraha hisoblanmaydi;
elektromobil — tashqi elektr manbaidan quvvatlanib, faqat elektr dvigateli bilan harakatlanadigan transport vositasi;
elektromototsikl — elektrodvigatelining quvvati 4 kilovatt va undan oshadigan, konstruktiv tezligi soatiga 50 kilometr va undan oshadigan yon tirkamasiz yoki yon tirkamali (kajavali) ikki yoxud uch (toʻrt) gʻildirakli transport vositasi;
yashil hududlar — shaharlar va aholi punktlarining rekreatsion maqsaddagi hududlari, shuningdek, yashil ekinlar bilan qoplangan va tabiatni muhofaza qilish funksiyalarini bajaradigan hamda aholining dam olishi uchun foydalaniladigan ularga tutash hududlar.
oʻzib ketish — transport vositasining bir yoʻnalishda transport vositasi tezligidan ortiq tezlikda harakatlanishi;
qayta tizilish — dastlabki harakat yoʻnalishini saqlagan holda oʻz harakatlanish tasmasidan boshqa harakatlanish qatoriga oʻtish;
qatnov qismi — yoʻlning relssiz transport vositalari harakatlanishi uchun moʻljallangan qismi;
qatnov qismlari kesishmasi — yoʻllarning qatnov qismlari oʻzaro kesishib oʻtadigan va tasavvur qilinadigan chiziqlar bilan aniqlangan hudud;
quvib oʻtish — bir yoki bir nechta transport vositalarini qarama-qarshi yoʻnalishda harakatlanish uchun moʻljallangan tasmaga chiqib, soʻngra ilgari egallagan qatoriga qaytib oʻtish bilan bogʻliq boʻlgan oʻzib ketish;
haydovchi — transport vositasini boshqaruvchi shaxs. Transport vositasini boshqarish oʻrgatilayotganda oʻrgatuvchi shaxs haydovchi hisoblanadi.
Ot aravani boshqarayotgan hamda hayvonlarni minib harakatlanayotgan shaxslar haydovchiga tenglashtiriladi;
harakatlanish tasmasi — avtomobillarning bir qator boʻlib harakatlanishi uchun yetarlicha keng boʻlgan, yoʻl chiziqlari bilan belgilangan yoki belgilanmagan yoʻl qatnov qismining har qanday boʻylama tasmasi;
harakatlanish uchun xavf — yoʻl harakati jarayonidan oʻsha yoʻnalishda va oʻsha tezlikda harakatlanishni davom ettirish yoʻl-transport hodisasi sodir boʻlishiga tahdid qiladigan omil;
haqiqiy vazn — transport vositasining yuki, haydovchi va yoʻlovchilari bilan birgalikdagi vazni.”.
4. 11-bandning “g” kichik bandidagi , 23-bandning ikkinchi xatboshisidagi , 25-bandning ikkinchi xatboshisidagi , 28-bandning oltinchi xatboshisidagi , 37-bandning ikkinchi xatboshisidagi , 40-banddagi , 46-bandning ikkinchi xatboshisidagi , 50-bandning ikkinchi xatboshisidagi , 53-banddagi , 63-bandning birinchi xatboshisidagi , 77-bandning uchinchi xatboshisidagi , 82-bandning ikkinchi xatboshisidagi , 89-bandning birinchi va ikkinchi xatboshilaridagi , 94-banddagi hamda 181-bandning uchinchi xatboshisidagi tegishli kelishikdagi “qatnashchilar” soʻzi tegishli kelishikdagi “ishtirokchilar” soʻzi bilan almashtirilsin.
5. 72-bandning birinchi xatboshisi “alohida harakatlanadigan yoʻlaklarda” soʻzlaridan keyin “, yashil hudud maydonlarida” soʻzlari bilan toʻldirilsin.
6. 126-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“126. Turar joy dahalaridan chiqishda haydovchilar yoʻl harakatining boshqa ishtirokchilariga yoʻl berishlari kerak”.
7. 174-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“174. Yoʻl harakatida ishtirok etadigan transport vositalarining texnik holati va jihozlari Oʻzbekiston Respublikasining “Yoʻl harakati toʻgʻrisida”gi Qonuni, shuningdek, texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga muvofiq boʻlishi kerak.
Transport vositalarini DYHXXda roʻyxatdan oʻtkazish hamda egalarining fuqarolik javobgarligini majburiy sugʻurta qilish qonunchilik hujjatlarida belgilangan muddatlarda amalga oshirilishi kerak.
Tashuvchi yoʻlovchilarning hayoti, sogʻligʻi va (yoki) mol-mulkiga yetkazilgan zararning oʻrnini qoplash uchun oʻz fuqarolik javobgarligini sugʻurtalashi shart”.
8. 183-bandda :
a) ikkinchi xatboshidagi “yoʻllarni harakatlanishni tashkil etuvchi texnik vositalar” soʻzlari “yoʻl harakatini tashkil etishning texnik vositalari” soʻzlari bilan almashtirilsin;
b) toʻqqizinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“yoʻllarni, temir yoʻllar kesishmalarini, shuningdek, avtomobillarga yoqilgʻi quyish shoxobchalarini va yoʻllar boʻylab hamda yoʻl boʻyi hududlarida joylashgan boshqa inshootlarni qurish, rekonstruksiya qilish hamda kapital taʼmirlash loyihalarini yoʻl harakatini tashkil etishga oid qism boʻyicha”.
9. 1-ilovasi 7.19-bandidagi “qatnashchilarining” soʻzi “ishtirokchilarining” soʻzi bilan almashtirilsin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2024-yil 30-noyabr,
806-son