UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 6-dekabr · Boshqa hujjatlar · Konstitutsiyaviy sudi

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 6 декабрь · Бошқа ҳужжатлар · Конституциявий суди

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 6 декабря 2024 г. · Другие документы · Конституционного суда

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 6 December 2024 · Other documents · Konstitutsiyaviy sudi

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг

қарори

АХБОРОТИ

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотини тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 133-моддаси биринчи қисми 7-бандига ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонуннинг 4-моддаси биринчи қисми 6-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қарор қилди:

1. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг 2024 йилда мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахбороти иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилсин.

3. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базаси ва Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг 2024 йил 6 декабрдаги КСҚ-4-сон қарорига ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг 2024 йилда мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида

I. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ҳаётга татбиқ этиш бўйича 2024 йилда амалга оширилган ишлар

Мамлакатимизда конституциявий қонунийликни таъминлаш давлатчиликни мустаҳкамлаш ва унинг барқарор ривожланишининг муҳим шарти ҳисобланади. 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (кейинги ўринларда — Конституция) мамлакатимизнинг келгусидаги конституциявий ривожланиш йўлини ҳамда халқ иродасига асосланган ва халқ манфаатларига хизмат қиладиган замонавий ўзбек давлатчилигининг асосларини белгилаб берди.

Конституция давлат бошқарувини демократлаштириш, давлатнинг ижтимоий ролини ва мажбуриятларини кенгайтириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш асосларини мустаҳкамлади. Бош қомусимиздаги норма ва принципларни ҳаётга татбиқ этиш, шу жумладан, жамият ва давлатни Конституцияга мувофиқ, ҳуқуқий модернизация қилиш, мамлакатда конституциявий қонунийликни янада мустаҳкамлаш бўйича ишлар 2024 йил давомида ҳам фаол давом эттирилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди (кейинги ўринларда — Конституциявий суд) қуйидаги йўналишлар бўйича амалга оширилган ишларни алоҳида эътирофга молик, деб ҳисоблайди:

Биринчидан , Конституция асосида жорий этилган ҳокимиятларнинг бўлиниши принципи ҳамда ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимининг замонавий янги концепциясидан келиб чиқиб, бир қатор давлат органлари, хусусан, Конституциявий суд, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари Конституцияга мувофиқлаштирилиб, уларнинг фаолияти янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйилди.

Маълумот учун: 2024 йил 12 январдаги ЎРҚ-895-сонли Қонун , 2024 йил 19 февралдаги ЎРҚ-909-сонли Қонун , 2024 йил 17 октябрдаги ЎРҚ-976-сонли Қонун , 2024 йил 25 октябрдаги ЎРҚ-982-сонли Конституциявий Қонун

Парламент палаталари ваколатларининг кучайтирилиши, аралаш сайлов тизимининг жорий этилиши Олий Мажлис ва сиёсий партияларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги фаоллигини оширишга, маҳаллий Кенгашлар фаолиятини ташкил этишнинг янги принципларининг жорий этилиши эса, маҳаллий давлат бошқарувида аҳоли иродасини янада яққолроқ ифода этишга хизмат қилади.

Иккинчидан , ўтган даврда сиёсий институтлар ва вакиллик ҳокимияти органларининг ҳуқуқий мақомини янада мустаҳкамлашга, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар муваффақиятли амалга оширилди. Хусусан, сиёсий партиялар фаолиятининг ташкилий ва молиявий имкониятлари кенгайтирилди. Марказий сайлов комиссияси бошчилигидаги профессионал сайлов комиссиялари тизими йўлга қўйилди ва ҳудудий сайлов комиссиялари тузилди. Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг очиқлик ва шаффофлик тамойилларига асосланган янги тизими шакллантирилди.

Маълумот учун: 2024 йил 2 июлдаги ЎРҚ-934-сонли Қонун , 2024 йил 22 январдаги ПФ-19-сон Фармон , 2024 йил 26 августдаги ПФ-124-сон Фармон

Халқ депутатлари Кенгашларининг ҳудудларни ривожлантириш борасидаги роли янада кучайтирилди, вакиллик назоратининг Кенгаш сўрови, Кенгаш текшируви каби янги шакллари жорий этилди, ҳокимларнинг тегишли Кенгашлар олдидаги масъулияти ва ҳисобдорлиги кучайтирилди, хусусан, халқ депутатлари Кенгашида ҳоким номзоди кўриб чиқилаётганда унинг ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурини тақдим этиши белгиланди. Экология, таълим, илм-фан, транспорт, бандлик, шаҳарсозлик, ижтимоий ҳимоя, спорт каби муҳим ижтимоий-иқтисодий ва социал аҳамиятга эга бўлган ҳокимларнинг 33 та ваколати маҳаллий Кенгашларга ўтказилди.

Маълумот учун: 2024 йил 17 октябрдаги ЎРҚ-976-сонли Қонун , 2024 йил 2 февралдаги ПФ-28-сон Фармон

Давлат органлари ва ташкилотларида манфаатлар тўқнашувини аниқлаш, олдини олиш ва бу борада самарали назорат тизимини ўрнатишга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонуни ва унинг ижросини самарали ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди.

Маълумот учун: 2024 йил 15 июндаги ЎРҚ-931-сонли Қонун , 2024 йил 5 июндаги ПҚ-210-сон қарор

Учинчидан , 2024 йилда Конституциянинг 20 , 26 — 28-моддаларида инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, шахснинг судланганлиги унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслигига оид кафолатлар кучайтирилди. Хусусан, қариндошининг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш ва уни ўташ чоғида фуқаролар ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлмаслиги белгиланди.

Маълумот учун: 2024 йил 20 сентябрдаги ЎРҚ-963-сонли Қонун

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ваколатлари кенгайтирилди, хусусан, у огоҳлантириш, хулоса, илтимоснома, тақдимнома ва даъво ариза каби беш турдаги таъсир ҳужжатларини қўллаш ҳуқуқига эга бўлди.

Маълумот учун: 2024 йил 15 ноябрдаги ЎРҚ-1002-сонли Қонун

Хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни тазйиқ ва зўравонликдан муҳофаза қилиш тизими такомиллаштирилди. Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган ёки жабрланиш хавфи остида бўлган хотин-қизларга ҳимоя ордери талаб этмаган ҳолда ижтимоий, психологик ва юридик хизмат кўрсатиш тартиби жорий этилди.

Маълумот учун: 2024 йил 10 майдаги ПҚ-175-сонли қарор

Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан оилавий зўравонлик содир этганлик учун жавобгарликнинг кучайтирилиши, шунингдек, «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши ҳам Конституциянинг 78-моддасида белгиланган боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш бўйича давлатнинг зиммасидаги мажбуриятини таъминлайди.

Маълумот учун: 2024 йил 21 октябрдаги ЎРҚ-978-сонли , 2024 йил 14 ноябрдаги ЎРҚ-996-сонли қонунлар

Конституциянинг 28-моддасига мувофиқ, озодликдан маҳрум этилган шахслар ҳуқуқларини кафолатлаш мақсадида уларнинг Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакилларига, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат қилиш, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этилган маҳкумларнинг сайлов ва референдумда иштирок этиш ҳуқуқлари мустаҳкамланди. Маҳкумларнинг озодликдан маҳрум қилинган даврда амалга оширган фаолияти даврини пенсия олиш ҳуқуқини берадиган фаолият тури сифатида ҳисобга олиш тартиби жорий этилди.

Маълумот учун: 2024 йил 28 августдаги ЎРҚ-948-сонли Қонун , 2024 йил 18 мартдаги ЎРҚ-922-сон Қонун

Тўртинчидан , Конституциянинг 33-моддасида давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиши белгиланган. Мазкур конституциявий норма ушбу соҳада янги технологияларни жорий этиш, республика ҳудудида Интернет ва замонавий сифатли алоқа қамровини кенгайтириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратади. Хусусан, жорий йилда қонун ҳужжатларига республика ҳудудида Интернет ва алоқа қамровини кенгайтириш учун шароитларни яхшилашга қаратилган ўзгартиришлар киритилди.

Маълумот учун: 2024 йил 23 февралдаги ЎРҚ-912-сон Қонун

Бешинчидан , ўтган даврда Конституциянинг 43-моддасида мустаҳкамланган давлатнинг камбағалликни қисқартириш чораларини кўриш бўйича мажбурияти доирасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, ҳар бир фуқарони ўзи ва фарзандлари келажаги учун масъулият билан ёндашишга ундайдиган ва салоҳиятини рўёбга чиқариш учун имконият яратишга қаратилган «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури «Камбағал оилалар учун еттита имконият ва масъулият» тамойили асосида амалга оширилмоқда. Камбағал оилалар реестрига киритилган оила аъзоси учун ижтимоий солиқ 3 йил 1 фоиз ставкада тўланиши белгиланди.

Маълумот учун: 2024 йил 23 сентябрдаги ПФ-143-сон Фармон , 2024 йил 23 сентябрдаги ПҚ-330-сон қарор , 2024 йил 4 октябрдаги ПҚ-347-сон қарор

Олтинчидан , Конституциянинг 48-моддасига мувофиқ, ҳар кимнинг соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланган, давлат соғлиқни сақлаш тизимини, тиббий суғуртани ривожлантириш чораларини кўриши мустаҳкамланган. Бу борада оғир гематологик, онкологик ва клиник иммунологик касалликлари бор беморларга паллиатив ёрдам кўрсатувчи хоспислар ташкил этилаётгани, давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш бошланиб, ушбу тизим 2024 йилда Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида, 2025 ва 2026 йилларда эса, 6 тадан вилоятларда жорий этилиши белгиланганлигини алоҳида қайд этиш зарур. Шунингдек, аҳолини спорт мусобақаларини ташкил этиш орқали оммавий спортга жалб қилиш орқали аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратишни назарда тутувчи конституциявий норма ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Маълумот учун: 2024 йил 21 февралдаги ПФ-37-сон Фармон , 2024 йил 5 сентябрдаги ПҚ-311-сон қарор

Еттинчидан , жорий йилда Конституциянинг 49-моддасига мувофиқ, давлат томонидан атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш, фуқароларнинг атроф-муҳит ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлаш бўйича ҳам тизимли ишлар олиб борилди.

Жумладан, Ўзбекистон Қизил китобига киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ўсимлик ва ҳайвонлар турларини табиий муҳитдан ажратиб олиш чекланди. Чанг бўронларига қарши курашиш ва атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш чора-тадбирлари кучайтирилди. Экологик ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш, аҳолининг экологик маданиятни юксалтириш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида очиқликни таъминлаш бўйича янги механизмлар жорий этилди.

Маълумот учун: 2024 йил 29 августдаги ЎРҚ-950-сонли Қонун , 2024 йил 24 сентябрдаги ПҚ-338-сон қарор , 2024 йил 4 январдаги ПФ-5-сон Фармон , 2024 йил 26 сентябрдаги ПФ-149-сон Фармон

2025 йилнинг «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили» деб эълон қилиниши ва алоҳида давлат дастури ишлаб чиқилиши режалаштирилаётганлиги, унда «яшил» технологияларни жорий этиш, сувни тежаш, кўкаламзор ҳудудларни кескин кўпайтириш, Орол фожиасининг оқибатларини юмшатиш, чиқиндилар муаммосини ҳал қилиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш каби устувор йўналишлар қамраб олиниши белгиланганлиги ҳам бу борадаги конституциявий нормаларни ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилади.

Саккизинчидан , Конституциянинг 50-моддасига мувофиқ, таълим олиш конституциявий ҳуқуқини, шунингдек, алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбияни таъминлаш бўйича ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, олий ва профессионал таълим ташкилотлари талабалари ва ўқувчиларига бюджет маблағлари ҳисобидан таълим кредитини ажратиш тартиби такомиллаштирилди. Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг таълим олишларини ташкил этиш ва уларни реабилитация қилиш соҳасида маъмурий тўсиқлар бартараф этилди.

Маълумот учун: 2024 йил 21 февралдаги ПФ-37-сон Фармон , 2024 йил 4 мартдаги ПҚ-109-сон қарор , 2024 йил 27 майдаги ПФ-82-сон Фармон , Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 25 январдаги 46-сон қарори

Тўққизинчидан , Конституциянинг 52-моддасига мувофиқ, давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади.

Ушбу конституциявий норма ижроси доирасида «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди ва уларнинг ўз касбий фаолиятини юритиши учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилиши, уларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланиши ва ҳуқуқлари амалга оширилиши учун кафолатлар кучайтирилди.

Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари раҳбар, педагог ва мутахассис кадрларини узлуксиз касбий ривожлантириш, касбий билим, кўникма ва маҳоратини мунтазам ошириб боришнинг янги тизими йўлга қўйилди.

Маълумот учун: 2024 йил 1 февралдаги ЎРҚ-901-сонли Қонун , 2024 йил 21 июндаги ПҚ-231-сон қарор

Ўнинчидан , Конституциянинг 53-моддасидаги интеллектуал мулк қонун билан муҳофаза қилиниши ҳақидаги нормани ривожлантиришга қаратилган ҳуқуқий механизмлар яратилди.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг интеллектуал фаолияти натижасида яратилган мулкнинг дахлсизлигини таъминлаш мақсадида интеллектуал мулк объектларидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун ҳуқуқ эгасининг талабига кўра ҳуқуқбузар томонидан товон тўлаш тартиби жорий этилди.

Маълумот учун: 2024 йил 10 сентябрдаги ЎРҚ-959-сонли Қонун

Ўн биринчидан , Конституциянинг 55-моддасида кафолатланган ҳар кимнинг суд орқали ҳимояланиш ва судга шикоят қилишга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш учун қулай шарт-шароитлар яратилди. Хусусан, давлат органлари, ташкилотлар, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга мурожаат қилишда давлат божи фуқаролардан олдиндан ундирмасдан, ишни кўриб чиқиш натижаларига кўра айбдор тарафдан ундириш тартиби жорий этилди.

Солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарорлари устидан тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри судга шикоят қилишига доир чекловлар бекор қилинди.

Маълумот учун: 2024 йил 16 январдаги ЎРҚ-897-сонли Қонун , 2024 йил 20 февралдаги ЎРҚ-910-сонли Қонун

Ўн иккинчидан , жорий йилда Конституциянинг 57-моддаси асосида меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг ҳуқуқларини давлат томонидан ҳимоя қилишга ҳамда ижтимоий давлат принципини амалга оширишга қаратилган тизимли ишлар олиб борилди.

Пенсионер ҳисобланган, лекин унинг томонидан талаб қилиб олинмаган пенсия суммасини тўлаш муддати 12 ойдан 24 ойгача узайтирилди.

Пенсиялар миқдорларини йил давомида товар ва хизматлар истеъмол нархлари индекси даражасининг ўсиш суръатларини инобатга олган ҳолда ошириб бориш, пенсия тайинлашда бир вақтнинг ўзида шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги пулни олиш проактив тарзда амалга ошириш тартиби белгиланди.

Маълумот учун: 2024 йил 18 мартдаги ЎРҚ-922-сон Қонун , 2024 йил 21 февралдаги ПФ-37-сон Фармон

Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексаларга, ёлғиз яшовчи кексаларга ва ногиронлиги бўлган шахсларга шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилди, улар йўқолган ёхуд яроқсиз ҳолга келган ID-карта ёки биометрик паспортини алмаштиришда давлат божидан озод этилди.

Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексаларга, ёлғиз яшовчи кексаларга ва ногиронлиги бўлган шахсларга ҳомийлик қилиш учун йўналтирилган маблағлар солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланадиган харажатлар жумласига киритилди.

Маълумот учун: 2024 йил 18 октябрдаги ЎРҚ-977-сонли Қонун

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг бошқа фуқаролар билан тенг равишда ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш имкониятини бериш мақсадида уларнинг одил судловдан фойдаланиш, сайлаш ва сайланиш, референдумда иштирок этиш, таълим олишга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш бўйича қўшимча ҳуқуқий кафолатлар яратилди.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг хавфсиз ва тўсиқларсиз ҳаракатланиши учун қулай муҳит яратиш, бу борада шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳаларини мажбурий экспертизадан ўтказиш тартиби босқичма-босқич жорий этилиши белгиланди.

Маълумот учун: 2024 йил 5 сентябрдаги ЎРҚ-955-сонли Қонун , 2024 йил 18 июлдаги ПҚ-267-сонли қарор , 2024 йил 16 июлдаги ПҚ-257-сонли қарор

Ўн учинчидан , Конституциянинг 65-моддасида мустаҳкамланган иқтисодий фаолият ва тадбиркорлик эркинлигини кафолатлаш борасида ҳуқуқий механизмлар ҳам сезиларли даражада кучайтирилди.

Жорий йилда лицензияланадиган фаолият ва рухсат этиш хусусиятига эга 22 та ҳужжат ҳамда 4 та тартиб ва талаблар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларидан талаб қилинадиган 8 та ҳисобот ва статистика маълумотлари бекор қилинди ҳамда солиққа оид айрим ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари мақбуллаштирилди.

Маълумот учун: 2024 йил 9 январдаги ПФ-8-сон Фармон , 2024 йил 9 январдаги ПҚ-8-сон қарор , 2024 йил 26 февралдаги ПФ-39-сон Фармон

Ўн тўртинчидан , Конституциянинг 136-моддасидан келиб чиқиб, жорий йилда судьялар мустақиллиги кафолатларини кучайтириш борасида ҳам муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, судлар раисларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ахборот тақдим этиши ҳақидаги қоида бекор қилиниб, судларнинг ўз фаолияти тўғрисида жамоатчиликни ҳар чоракда оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб бориш тартиби белгиланди.

Суд қарорлари қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилди. Шунингдек, жиноятда айбланаётган шахснинг эркинлик ва шахсий дахлсизликка оид конституциявий ҳуқуқларини суд орқали ишончли таъминлаш, ишни судга қадар юритишда тарафларнинг тенглиги ва тортишуви принципини амалда таъминлаш мақсадида тергов судьялари институтини жорий этилди.

Маълумот учун: 2024 йил 14 августдаги ЎРҚ-943-сонли Қонун , 2024 йил 10 июндаги ПФ-89-сонли Фармон

Ўн бешинчидан , Конституцияда белгиланган ҳуқуқий давлат принципидан келиб чиқиб, қонунийлик муҳитини таъминлаш ва норма ижодкорлиги сифатини яхшилаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг барқарорлигини таъминлаш, қонунларнинг ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги ролини ҳамда норма ижодкорлиги жараёни сифатини янада ошириш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳамда қонунчилик ҳужжатлари натижадорлигини мониторинг қилиш механизмлари такомиллаштирилди ҳамда қонунлардаги ҳаволаки нормаларни амалга ошириш бўйича янгича тизим жорий этилди.

Маълумот учун: 2024 йил 16 августдаги ПФ-111-сон Фармон , 2024 йил 19 февралдаги ПҚ-75-сон қарор

Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини такомиллаштириб бориш орқали аҳолининг барча қатламлари ҳуқуқий саводхонликка эришишини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳам ҳуқуқий давлат қуриш борасидаги интилишларимизга мос келади. Бу борада 2024-2025 йилларда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастурининг тасдиқланиши шахс, давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириши, ёшларни салбий таъсир кўрсатувчи турли омилларга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли.

Маълумот учун: Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 18 сентябрдаги 588-сон қарори

Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 17 октябрдаги Ф-53-сон фармойиши билан тасдиқланган 53 банддан иборат дастурда нафақат бир марталик, вақтинчалик, балки доимий хусусиятга эга чора-тадбирлар, айниқса, электрон Конституция кутубхонасини яратиш бўйича чора-тадбирлар ҳам белгиланганлигини қўллаб-қувватлайди.

Шу билан бирга Конституцияни ҳаётга татбиқ этиш юқори даражадаги ҳуқуқий онг ва маданиятни шакллантиришни тақозо этади. Шундан келиб чиқиб, Конституциявий суд биринчи навбатда давлат хизматчилари ўртасида Конституция тарғиботини кучайтиришга, ҳуқуқшунослик йўналишида дарслик ва қўлланмаларни Конституция асосида янгилаш бўйича ишларни якунига етказишга чақиради.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари, жамият томонидан конституциявий принцип, нормаларга риоя этиш ва ижро этишнинг аҳамиятини чуқур англаб етиш конституциявий қонунийлик ва жамият барқарор ривожланишининг кафолати бўлиб хизмат қилади.

Бу борада «Янги Ўзбекистон — маърифий жамият» концепцияси асосида конституциявий таълим масаласига алоҳида эътибор қаратиш, хусусан, парламент томонидан Конституцияни ўқиб-ўрганиш бўйича Миллий фаолият дастури қабул қилишни, Асосий қонунимизни ўрганишни болалар боғчасидан бошлаш, барча даражадаги таълим муассасалари, аҳолининг турли қатламлари, айниқса, давлат хизматчиларини ушбу жараёнга тўлиқ жалб этиб, давлат хизматига ишга киришда Конституция асослари бўйича имтиҳонлар ўтказиш тизимини амалда татбиқ этиш бўйича ишларни жадаллаштириш зарур.

Конституцияни ҳаётга татбиқ этишда мамлакатимизда 2024 йил 27 октябрь кунида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сайловлар ҳам муҳим аҳамият касб этди. Сайловлар натижасида илк маротаба халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларига маҳаллий Кенгаш депутатлари орасидан сайланган Кенгаш раислари бошчилик қилиши бўйича конституциявий нормалар ҳаётга татбиқ этилди. Шунингдек, янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ парламент ва Ҳукумат шакллантирилди.

Конституциявий суд вилоят ва Тошкент шаҳрида Кенгаш раислари ва ҳокимлар бошчилик қиладиган вакиллик ва ижро этувчи ҳокимият тармоқлари алоҳида ажратилганлигини инобатга олиб, қонунлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти ваколатларига оид умумий нормаларни ҳокимлик ва маҳаллий Кенгашлар ўртасида ажратган ҳолда аниқ таҳрирда баён этиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.

Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2024 йил 2 февралдаги ПФ-28-сон Фармонида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасидаги вазифаларни аниқ белгилаб қўйилганини қўллаб-қувватлайди.

Конституциявий суд давлат органлари судлар томонидан янги таҳрирдаги Конституцияни бевосита қўллаган ҳолда қарорлар қабул қилиш амалиётини қўллаб-қувватлайди. Хусусан, суд амалиёти таҳлили Конституция ва унинг моддаларига жиноят ишлари бўйича судларнинг 73 242 (2023 йилга нисбатан 4,8 баравар кўп), фуқаролик ишлари бўйича судларнинг 25 083 (2023 йилга нисбатан 5,6 баравар кўп), иқтисодий ишлар бўйича судларнинг 30 301 (2023 йилга нисбатан 13,6 баравар кўп) ҳамда маъмурий ишлар бўйича судларнинг 8 837 (2023 йилга нисбатан 13 баравар кўп) ҳужжатларида тўғридан-тўғри ҳавола қилганликларини кўрсатмоқда.

Судлар томонидан кўпроқ Конституциянинг 26 , 27 , 28 , 29 , 31 (жиноят ишлари бўйича судлар), 15 , 20 , 26 , 29 , 31 , 33 , 41 , 42 , 46 , 47 , 55 , 60 , 62 — 68 , 76 — 78 , 80 (фуқаролик ишлари судлар), 15 , 16 , 55 , 65 — 68 , 99 , 134 , 138 (иқтисодий ишлар бўйича судлар) ҳамда 15 , 20 , 21 , 29 , 30 , 40 , 41 , 46 , 54 , 55 , 65 — 67 , 138-моддаларига (маъмурий ишлар бўйича судлар) мурожаат этилган.

Конституциявий суд Конституция нормаларини тўғридан тўғри қўллаш бўйича амалга оширилаётган ишларни эътироф этган ҳолда қонунчиликни Конституцияга мувофиқлаштириш бўйича бошланган ишларни янада жадаллаштириш зарурлигига эътибор қаратади.

Конституциявий суд айниқса, Конституциянинг шахснинг ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар, почта, электрон ва бошқа хабарларини сир сақлашга бўлган ҳуқуқини чеклашни, уй-жойда тинтув ўтказишни фақат суд қарорига асосан амалга оширишга оид қоидалари асосида Жиноят-процессуал кодекси тегишли нормалари ҳали ҳам қайта кўриб чиқилмаганлигини қайд этади ҳамда масъул давлат органларини тегишли қонун лойиҳасини қисқа фурсатларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритишга чақиради.

Шунингдек, Конституциявий суд шахснинг сукут сақлашга оид конституциявий ҳуқуқларини жиноят процессида ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича иш юритиш жараёнида тўлақонли таъминлаш мақсадида ушбу институтни жиноят-процессуал, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликда батафсил акс эттириш орқали Конституцияни ҳаётга татбиқ этишга чақириб қолади.

Шу билан бирга Конституциявий суд вазирлик ва идоралар низомларида Конституцияни амалга ошириш бўйича масъул бўлган вазифа ва функцияларини аниқ белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди ҳамда Ҳукуматни вазирлик ва идораларнинг низомларини қайта кўриб чиқиб, уларда ушбу масала бўйича алоҳида нормалар белгилашга чақиради.

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, Конституциявий суд:

1) вилоят ва Тошкент шаҳрида Кенгаш раислари ва ҳокимлар бошчилик қиладиган вакиллик ва ижро этувчи ҳокимият тармоқлари алоҳида ажратилганлигини инобатга олиб, қонунлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти ваколатларига оид умумий нормаларни ҳокимлик ва маҳаллий Кенгашлар ўртасида ажратган ҳолда аниқ таҳрирда баён этишни тавсия этади;

2) Конституцияни тўғридан-тўғри қўллаш масаласини давлат хизматчиларини, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини ўқитиш ва малакасини ошириш тизимининг муҳим қисми сифатида мустаҳкамлашга даъват қилади;

3) конституциявий таълим масаласига алоҳида эътибор қаратиш, хусусан, Конституцияни ўқиб-ўрганиш бўйича Миллий фаолият дастурини қабул қилиш, давлат хизматига ишга киришда Конституция асослари бўйича имтиҳонлар ўтказиш тизимини амалда татбиқ этиш бўйича ишларни жадаллаштиришга чақиради;

4) ҳуқуқшунослик йўналишида дарсликлар ва бошқа қўлланмаларни Конституция асосида янгилаш бўйича ишларни якунига етказишни жадаллаштириш лозимлигини қайд этади;

5) шахснинг ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар, почта, электрон ва бошқа хабарларини сир сақлашга бўлган ҳуқуқини чеклашни, уй-жойда тинтув ўтказишни фақат суд қарорига асосан амалга оширишга оид конституциявий қоидалар асосида Жиноят-процессуал кодекси тегишли нормаларни қисқа муддатларда қайта кўриб чиқишга чақиради;

6) шахснинг сукут сақлашга оид конституциявий ҳуқуқларини жиноят процессида ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича иш юритиш жараёнида тўлақонли таъминлаш мақсадида ушбу институтни жиноят-процессуал, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликда батафсил акс эттиришни таклиф қилади;

7) вазирлик ва идоралар низомларида уларнинг Конституцияни амалга оширишга қаратилган вазифа ва функцияларини аниқ белгилаб қўйиш мақсадида Ҳукуматни вазирлик ва идораларнинг низомларини қайта кўриб чиқиб, уларда ушбу масала бўйича алоҳида нормалар белгилашга чақиради.

II. Конституциявий суд томонидан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қўллаш бўйича амалга оширилган ишлар

Конституциявий одил судлов демократик-ҳуқуқий давлат учун муҳим бўлган фундаментал қадриятларни кафолатловчи ҳамда тўғридан-тўғри амал қилувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат сифатида Конституция устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.

Конституциявий суд томонидан фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш орқали уларнинг Конституция билан кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларига бевосита тааллуқли бўлган қонунларнинг Конституцияга мувофиқлиги текширилади.

Ушбу институт конституциявий одил судловга эришиш ва конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда. 2024 йил давомида Конституциявий судга жами 1400 та мурожаатлар, шундан 1 350 таси фуқаролар, 50 таси юридик шахслардан келиб тушган. Фуқаролар томонидан пенсия, фуқаролик, уй-жой, меҳнат қонунчилигининг алоҳида нормаларини конституциявийлигини текшириш юзасидан мурожаатлар келиб тушган.

Шу билан бирга йўлланган мурожаатларининг аксарияти умумий юрисдикция судларининг қарорларини бекор қилиш ёки қайта кўриб чиқиш, судга қадар иш юритишнинг қонунийлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари қарорлари ва ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан берилган.

Бундай мурожаатлар Конституциявий суд томонидан эмас, балки умумий юрисдикция судлари ёки бошқа органлар томонидан кўриб чиқилиши (суд ва терговга, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатига, иш ёки ўқишга тиклашга оид) лозим. Таҳлиллар кўпинча Конституциявий судга мурожаат қилган фуқаролар ҳуқуқни муҳофаза қилиш институтлари тўғрисида етарлича хабардор эмаслигини кўрсатмоқда.

Хусусан, Конституциявий судга «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонун талабларига мувофиқ бўлмаган шикоятлар билан мурожаат этиш ҳолатлари кўпайиши тенденцияси сақланиб қолмоқда. Конституциявий суд Ҳукумат ва бошқа масъул давлат органларининг эътиборини ҳуқуқий тарғибот-ташвиқот ишларини янада фаоллаштиришга қаратади.

Фуқароларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг конституциявийлигини текшириш ҳақидаги мурожаатлари Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий Қонуни 29-моддасида белгиланган талабларга жавоб бериши керак.

Унда қўйилган масала юзасидан мурожаат қилувчининг нуқтаи назари ва мурожаатни Конституциянинг тегишли нормаларига ҳавола қилинган ҳолдаги ҳуқуқий асослантирилган бўлиши лозим. Шу мақсадда Конституциявий суд фуқароларга юридик маслаҳат бериш ва малакали юридик ёрдам кўрсатиш бўйича зарур шарт-шароитларни яратиш борасидаги ишларни қўллаб-қувватлайди.

Бу борада давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизими муҳим аҳамият касб этишини инобатга олиб, юридик ёрдамни давлат ҳисобидан кўрсатиш тўғрисидаги ( 29-модда ) конституциявий норма ижросини самарали ташкил этиш мақсадида «Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги Қонунда давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган кам таъминланган шахсларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг конституциявийлигини текшириш бўйича мурожаатларини Конституциявий суд мажлисида кўриб чиқишни ҳам киритиш мақсадга мувофиқ.

Конституциявий судга мурожаатларнинг 14 та маъмурий-ҳудудий бирликлар кесимидаги таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, энг кўп мурожаат Тошкент шаҳри, Наманган ва Тошкент вилоятларидан келиб тушган.

Конституциявий суд томонидан 2024 йилда конституциявий назорат тартибида 70 та қонун ва 218 та бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлиги ўрганилган. Конституциявий назорат тартибида текширилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича Конституциявий суд ҳужжатларида замонавий конституционализм амалиётини ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқий тизимни такомиллаштириш бўйича конституциявий-доктринал ёндашувлар баён этилган, ижтимоий муносабатларни тартибга солишнинг аниқ йўналишлари кўрсатиб берилган, ҳуқуқий нормаларни қўллашнинг конституциявий-ҳуқуқий масалаларига эътибор қаратилган.

Масалан, Конституциявий суднинг 2024 йил 23 июлда бўлиб ўтган суд мажлисида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказнинг мурожаати бўйича «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунининг 86-моддаси биринчи қисмига шарҳ бериш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.

Хусусан, Конституциявий суд томонидан конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари муайян ишда қўлланилган ва Конституцияга мувофиқ бўлмаган қонунда бузилган, деб ҳисобловчи фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг шикоятлари, агар судда ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда ишни кўриб чиқиш тугаган кундан эътиборан бир йилдан кечиктирмай берилади, деган нормага аниқлик киритилди.

Конституциявий суд ҳузурида жамоатчилик асосида илмий-маслаҳат кенгаши фаолият кўрсатиб, у Конституциявий суднинг фаолиятига оид масалалар, шу жумладан, Конституция устуворлигини таъминлаш, конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилиш механизмлари самарадорлигини ошириш бўйича илмий асосланган тавсиялар киритади. Хусусан, Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари 2024 йилда 13 та масала бўйича таклифлар киритган ва улар Конституциявий суд томонидан қарор қабул қилишда инобатга олинган.

Юқоридагилар асосида Конституциявий суд:

1) Конституциявий суд ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотида вазирлик ва идоралар фаолиятига оид тавсиялар мазкур вазирлик ва идоралар томонидан кўриб чиқилишини мажбурий этиб белгилаш таклиф этилади;

2) Конституциявий суд Ҳукумат ва бошқа масъул давлат органларини, авваламбор, Адлия вазирлигини ўз ваколати доирасида фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини муҳофаза қилишнинг барча ҳуқуқий воситалари ҳақида хабардорлик даражасини оширишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот-ташвиқот ишларини янада фаоллаштиришга ҳамда ушбу фаолият сифати устидан доимий мониторинг қилиб боришга чақиради;

3) конституциявий судлов бўйича юридик маслаҳат бериш ва малакали юридик ёрдам кўрсатиш бўйича зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизими муҳим аҳамият касб этишини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги Қонунида назарда тутилган кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш доирасига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки унинг алоҳида нормаларининг конституциявийлигини текшириш бўйича мурожаат Конституциявий суд иш юритувига қабул қилинганда ушбу тоифа шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилишни киритиш таклиф этилади.

III. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини тўғридан тўғри қўллаш ва уни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар ва таклифлар

Ўтган даврда конституциявий суд иш юритуви давомида, шунингдек, Илмий-маслаҳат кенгаши томонидан киритилган таклифларни кўриб чиқиш натижалари бўйича Конституциявий суд Конституцияни тўғридан тўғри қўллаш ва уни амалга ошириш билан боғлиқ қуйидаги айрим масалаларга эътибор қаратади.

Биринчидан , инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг моҳияти ва мазмунини белгилаши ҳақидаги конституциявий қоида норма ижодкорлигида муҳим ўрин тутиши лозим.

Конституциявий суд бу борада инсон ҳуқуқ ва эркинликларини чекловчи чораларни жорий этишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда конституциявий талабларга риоя этиш зарурлигига эътибор қаратади.

Конституциявий суд инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан чеклаш мумкин эмаслигига ва ушбу масала парламентнинг мутлақ ваколатига киритилганлигини яна бир бор эслатиб ўтишни жоиз деб билади.

Шу билан бирга инсон ҳуқуқ ва эркинликларини чекловчи нормалар бўлган қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда ҳам қуйидаги конституциявий нормаларга риоя этиш лозим:

мазкур чораларнинг асослари ва чегаралари мутаносиблик ва етарлилик конституциявий принципларига қатъий мувофиқ бўлиши керак (Конституциянинг 20-моддаси );

инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш мақсадида зарур бўлган доирада чекланиши мумкин (Конституциянинг 21-моддаси ).

Шунга кўра, қонун чиқарувчи бу мазмундаги қонунларни қабул қилишда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклашнинг конституциявий чегараларидан келиб чиқиб ёндашиши, конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларни Конституциянинг 21-моддасида белгиланган мақсадлардан бошқа мақсадларда ёхуд зарур бўлган ҳажмдан ортиқча чекланиши мумкин эмаслигига, бундай чоралар адолатлилик, мутаносиблик ва етарлилик принципларига мос бўлишига эътибор қаратиши зарур.

Ушбу конституциявий норма асосида Конституциявий суд норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлашда ишлаб чиқувчилардан бир қатор жиҳатларга риоя этишни, хусусан, инсон, жамият ва давлат манфаатлари мувозанатини таъминлаш, давлат органлари фаолияти самарадорлигини таъминлаш ва ҳуқуқий тартибга солишда суистеъмолчиликларга йўл қўймаслик, ҳуқуқ нормаларининг турлича, ўзбошимчалик билан шарҳлашга йўл қўймайдиган даражадаги аниқлиги ҳамда инсон ҳуқуқларини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этиш ва ҳаволаки нормаларни амалга ошириш заруратини ҳам эътибордан четда қолдирмасликка чақиради.

Бу борада Конституциявий суд ўзининг 2023 йилдаги ахборотида таклиф этган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда унинг Конституцияга мувофиқлиги нуқтаи назардан баҳолашни энг асосий, бирламчи мезон сифатида алоҳида белгилаб қўйиш тўғрисидаги таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қонунларнинг ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги ролини ҳамда норма ижодкорлиги жараёни сифатини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 19 февралдаги ПҚ-75-сон қарорида мустаҳкамланганлигини қўллаб-қувватлайди.

Шу билан бирга Конституциявий суд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда унинг Конституцияга мувофиқлигини баҳолаш фақат Адлия вазирлиги эмас, балки барча вазирлик ва идоралар, шунингдек, Олий Мажлис палаталари юридик хизматлари томонидан таъминланиши лозим, деб ҳисоблайди ҳамда Адлия вазирлиги томонидан вазирлик ва идоралар ҳуқуқшунос кадрларини малакасини ошириш жараёнида ҳам уларнинг ушбу масала бўйича кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиш ташаббусини илгари суради.

Иккинчидан , Конституциявий суд фуқаролар мурожаатларида кўтарилган конституциявий ҳуқуқларни таъминлаш билан боғлиқ қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратади:

тартибсиз қурилишлар, қурилиш ишларида хавфсизлик чоралари кўрилмаганлиги аҳоли ҳаёти сифат даражасига салбий таъсир кўрсатишини, шу жумладан, ёш болалар ўлимига сабаб бўлганлигини инобатга олиб, барча йирик қурилиш ишларида хавфсизлик кафолатларини ҳамда ушбу масалада қурувчи ташкилотлар фаолияти устидан назоратни кучайтириш, шунингдек, реновацияга оид муносабатларни қонун даражасида тартибга солиш мақсадга мувофиқ;

масъул идоралар тергов ва суд жараёнида вақтинча тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларга байрам кунларида озиқ-овқат, кийим-кечак киритиш, тоза ҳавода сайр қилиш, яқин қариндошлари ва адвокатлари билан учрашувга рухсат берадиган тизимни жорий этиш масаласига эътибор қаратиши зарур;

баъзи ҳудудларда фермерлар ўзлари етиштирган маҳсулотни эркин тасарруф этишда тўсқинликларга учраши ҳолатларини эътиборга олиб, барча масъуллардан товар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиши бўйича конституциявий кафолатларга сўзсиз риоя этиш талаб этилади.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Конституциявий суд конституциявий ҳуқуқларга риоя этмаслик ҳолатлари ваколатли давлат органлари диққат-эътибори марказида бўлиши кераклиги, бу билан боғлиқ ҳар бир ҳолат зудлик билан ўрганилиши ҳамда бузилган ҳуқуқларни тиклаш бўйича зарур чоралар кўрилиши лозимлигини таъкидлайди ҳамда Олий Мажлисни, Ҳукуматни ва масъул ташкилотларни аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тезкор чоралар кўриш билан бир қаторда, уларни юзага келтирган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича тизимли чоралар кўриб боришга чақиради.

Учинчидан , Конституциявий суд Конституциядан келиб чиқиб, махсус қонунларда халқаро шартномаларнинг юридик кучи масаласи аниқ тартибга солиниши лозимлигига эътибор қаратади. Хусусан, Конституцияга кўра, агар халқаро шартномада қонундан бошқача қоида белгиланган бўлса халқаро шартнома қоидалари қўлланилади ( 15-модда ).

Ушбу конституциявий норма мазмунидан келиб чиқиб, барча халқаро шартномалар ёки фақатгина қонун билан ратификация қилинган халқаро шартномалар қонунлардан устун бўлиши, шунингдек, ратификация қилиш тўғрисидаги қонуннинг юридик кучи оддий қонунга нисбатан устунроқ бўлиши каби масалаларга аниқлик киритиш зарур.

Шунингдек, халқаро шартномалар нормаларининг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш механизмлари ҳам етарли эмас. Қонунчиликда фақат ратификация қилинадиган халқаро шартноманинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш тартиби назарда тутилмаган, халқаро шартномани Конституцияга мувофиқ эмас деб топишнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳам қонунларда аниқ белгилаб берилмаган.

Халқаро шартномаларни судлар томонидан тўғридан-тўғри қўллаш учун ҳуқуқий ва процессуал асосларни такомиллаштириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Конституциявий суд Конституциядан келиб чиқувчи халқаро шартномаларга оид ушбу масалаларни қонун даражасида тартибга солиш лозим, деб ҳисоблайди.

Тўртинчидан , Конституцияда ҳуқуқий давлатчилик, Конституция ва ҳуқуқ устуворлиги, конституциявий ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш ва фуқароларни суд ҳимоясида бўлишга оид конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишнинг муҳим шарти сифатида одил судлов ҳокимиятига алоҳида эътибор қаратилган. Умуман олганда, суд ҳимоясида бўлиш конституциявий ҳуқуқи бир вақтнинг ўзида бошқа конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларга нисбатан кафолатловчи механизм сифатида ҳам намоён бўлади.

Бу борада Конституциявий суднинг 2023 йилги ахборотидаги вилоят, туман (шаҳар) судьяларининг тегишли халқ депутатлари Кенгашлари олдида ахборот бериш амалиётини бекор қилиш ҳақидаги таклифини инобатга олиб, Олий Мажлис томонидан тегишли қонун қабул қилинганлигини юқори баҳолайди.

Ушбу йўналишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-300-сонли қарорида белгиланган тезкор-қидирув ва тергов ҳаракатларига санкция бериш масаласини кўриб чиқувчи алоҳида тергов судьялари институтини жорий этилиши судлар мустақиллигига оид конституциявий кафолатларни янада мустаҳкамлайди. Шу билан бирга Конституциявий суд тергов судьяси ваколатларининг қонуний асосларини яратиш чораларини тезлаштириш зарур, деб ҳисоблайди.

Бешинчидан , «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида бошқа шахсларнинг манфаатларини кўзлаб давлат божини тўлашдан озод қилинган шахслар томонидан киритилган даъволар кўрмасдан қолдирилганда давлат божини тўлаш масаласи бўйича ҳуқуқий бўшлиқни бартараф этиш мақсадга мувофиқ.

Суд ҳимоясида бўлишга оид конституциявий нормани тўлақонли амалга ошириш мақсадида Конституциявий суд «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунда бошқа шахслар манфаатини кўзлаб қилинган даъволар юзасидан, хусусан, жавобгарга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилган бўлса ва даъво кўрмасдан қолдирилганда манфаатдор шахсдан давлат божини ундирмаслик масаласини кўриб чиқишни таклиф этади.

IV. Хулоса

Янгиланган Конституция ва унга мувофиқлаштирилаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасини суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат сифатида барқарор ва изчил ривожланиши учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлмоқда.

Айни дамда Конституцияда белгиланган мақсадларга эришиш нафақат давлат органлари, балки жамоат бирлашмалари ва кенг жамоатчилик учун ҳам устувор вазифа бўлиб, жамиятнинг барча аъзоларининг фаол саъй-ҳаракатларини талаб этади.

Шу маънода Конституциявий суд барча давлат органларини Конституцияни амалга ошириш ва мамлакатда конституциявий қонунийликни таъминлашда масъулиятни тўлақонли ҳис қилишга, шу жумладан, ўз фаолиятида Конституцияда кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларнинг чекланишига йўл қўймасликка, конституциявий ҳуқуқлар бузилишининг ҳар қандай ҳолатлари бўйича тезкор ва қатъий чораларни кўриб боришга чақиради.

Зеро, конституциявий қонунийликни таъминлаш, ҳар бир фуқаронинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш ҳар бир давлат ҳокимияти органи, давлат институти ва мансабдор шахснинг бош мақсади бўлиб қолиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди

Тошкент ш.,

2024 йил 6 декабрь,

КСҚ-4-сон

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudining

qarori

AXBOROTI

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudining mamlakatdagi konstitutsiyaviy qonuniylikning holati toʻgʻrisidagi axborotini tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasining 133-moddasi birinchi qismi 7-bandiga va “Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisida”gi Konstitutsiyaviy qonunning 4-moddasi birinchi qismi 6-bandiga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudi qaror qildi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudining 2024-yilda mamlakatdagi konstitutsiyaviy qonuniylikning holati toʻgʻrisidagi axboroti ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur qaror Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalariga va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentiga yuborilsin.

3. Mazkur qaror Oʻzbekiston Respublikasi qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi va Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudining rasmiy veb-saytida eʼlon qilinsin.

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudining 2024-yil 6-dekabrdagi KSQ-4-son qaroriga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudining 2024-yilda mamlakatdagi konstitutsiyaviy qonuniylikning holati toʻgʻrisida

I. Yangi tahrirdagi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasini hayotga tatbiq etish boʻyicha 2024-yilda amalga oshirilgan ishlar

Mamlakatimizda konstitutsiyaviy qonuniylikni taʼminlash davlatchilikni mustahkamlash va uning barqaror rivojlanishining muhim sharti hisoblanadi. 2023-yil 30-aprel kuni oʻtkazilgan Oʻzbekiston Respublikasi referendumida umumxalq ovoz berish orqali qabul qilingan yangi tahrirdagi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi (keyingi oʻrinlarda — Konstitutsiya) mamlakatimizning kelgusidagi konstitutsiyaviy rivojlanish yoʻlini hamda xalq irodasiga asoslangan va xalq manfaatlariga xizmat qiladigan zamonaviy oʻzbek davlatchiligining asoslarini belgilab berdi.

Konstitutsiya davlat boshqaruvini demokratlashtirish, davlatning ijtimoiy rolini va majburiyatlarini kengaytirish, inson huquq va erkinliklarini muhofaza qilish asoslarini mustahkamladi. Bosh qomusimizdagi norma va prinsiplarni hayotga tatbiq etish, shu jumladan, jamiyat va davlatni Konstitutsiyaga muvofiq, huquqiy modernizatsiya qilish, mamlakatda konstitutsiyaviy qonuniylikni yanada mustahkamlash boʻyicha ishlar 2024-yil davomida ham faol davom ettirildi.

Xususan, Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi (keyingi oʻrinlarda — Konstitutsiyaviy sud) quyidagi yoʻnalishlar boʻyicha amalga oshirilgan ishlarni alohida eʼtirofga molik, deb hisoblaydi:

Birinchidan , Konstitutsiya asosida joriy etilgan hokimiyatlarning boʻlinishi prinsipi hamda oʻzaro tiyib turish va manfaatlar muvozanati tizimining zamonaviy yangi konsepsiyasidan kelib chiqib, bir qator davlat organlari, xususan, Konstitutsiyaviy sud, Oliy Majlis palatalari, Vazirlar Mahkamasi hamda mahalliy davlat hokimiyati organlari faoliyatini tartibga soluvchi qonun hujjatlari Konstitutsiyaga muvofiqlashtirilib, ularning faoliyati yangicha konstitutsiyaviy-huquqiy sharoitlarda yoʻlga qoʻyildi.

Maʼlumot uchun: 2024-yil 12-yanvardagi OʻRQ-895-sonli Qonun , 2024-yil 19-fevraldagi OʻRQ-909-sonli Qonun , 2024-yil 17-oktabrdagi OʻRQ-976-sonli Qonun , 2024-yil 25-oktabrdagi OʻRQ-982-sonli Konstitutsiyaviy Qonun

Parlament palatalari vakolatlarining kuchaytirilishi, aralash saylov tizimining joriy etilishi Oliy Majlis va siyosiy partiyalarning davlat va jamiyat boshqaruvidagi faolligini oshirishga, mahalliy Kengashlar faoliyatini tashkil etishning yangi prinsiplarining joriy etilishi esa, mahalliy davlat boshqaruvida aholi irodasini yanada yaqqolroq ifoda etishga xizmat qiladi.

Ikkinchidan , oʻtgan davrda siyosiy institutlar va vakillik hokimiyati organlarining huquqiy maqomini yanada mustahkamlashga, ularning tashkiliy-huquqiy asoslarini takomillashtirishga qaratilgan islohotlar muvaffaqiyatli amalga oshirildi. Xususan, siyosiy partiyalar faoliyatining tashkiliy va moliyaviy imkoniyatlari kengaytirildi. Markaziy saylov komissiyasi boshchiligidagi professional saylov komissiyalari tizimi yoʻlga qoʻyildi va hududiy saylov komissiyalari tuzildi. Fuqarolik jamiyati institutlarini davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlashning ochiqlik va shaffoflik tamoyillariga asoslangan yangi tizimi shakllantirildi.

Maʼlumot uchun: 2024-yil 2-iyuldagi OʻRQ-934-sonli Qonun , 2024-yil 22-yanvardagi PF-19-son Farmon , 2024-yil 26-avgustdagi PF-124-son Farmon

Xalq deputatlari Kengashlarining hududlarni rivojlantirish borasidagi roli yanada kuchaytirildi, vakillik nazoratining Kengash soʻrovi, Kengash tekshiruvi kabi yangi shakllari joriy etildi, hokimlarning tegishli Kengashlar oldidagi masʼuliyati va hisobdorligi kuchaytirildi, xususan, xalq deputatlari Kengashida hokim nomzodi koʻrib chiqilayotganda uning hududni ijtimoiy-iqtisodiy rivojlantirishning istiqbolga moʻljallangan dasturini taqdim etishi belgilandi. Ekologiya, taʼlim, ilm-fan, transport, bandlik, shaharsozlik, ijtimoiy himoya, sport kabi muhim ijtimoiy-iqtisodiy va sotsial ahamiyatga ega boʻlgan hokimlarning 33 ta vakolati mahalliy Kengashlarga oʻtkazildi.

Maʼlumot uchun: 2024-yil 17-oktabrdagi OʻRQ-976-sonli Qonun , 2024-yil 2-fevraldagi PF-28-son Farmon

Davlat organlari va tashkilotlarida manfaatlar toʻqnashuvini aniqlash, oldini olish va bu borada samarali nazorat tizimini oʻrnatishga qaratilgan Oʻzbekiston Respublikasining “Manfaatlar toʻqnashuvi toʻgʻrisida”gi Qonuni va uning ijrosini samarali tashkil etish boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining qarori qabul qilindi.

Maʼlumot uchun: 2024-yil 15-iyundagi OʻRQ-931-sonli Qonun , 2024-yil 5-iyundagi PQ-210-son qaror

Uchinchidan , 2024-yilda Konstitutsiyaning 20 , 26 — 28-moddalarida insonning Konstitutsiya va qonunlarda mustahkamlangan huquq va erkinliklari, shaʼni va qadr-qimmati daxlsizligi, shaxsning sudlanganligi uning qarindoshlari huquqlarini cheklash uchun asos boʻlishi mumkin emasligiga oid kafolatlar kuchaytirildi. Xususan, qarindoshining sudlanganligi va bundan kelib chiqadigan huquqiy oqibatlar davlat fuqarolik xizmatiga qabul qilish va uni oʻtash chogʻida fuqarolar huquqlarini cheklash uchun asos boʻlmasligi belgilandi.

Maʼlumot uchun: 2024-yil 20-sentabrdagi OʻRQ-963-sonli Qonun

Oliy Majlisning Inson huquqlari boʻyicha vakili (Ombudsman) vakolatlari kengaytirildi, xususan, u ogohlantirish, xulosa, iltimosnoma, taqdimnoma va daʼvo ariza kabi besh turdagi taʼsir hujjatlarini qoʻllash huquqiga ega boʻldi.

Maʼlumot uchun: 2024-yil 15-noyabrdagi OʻRQ-1002-sonli Qonun

Xotin-qizlarning huquqlarini himoya qilish, ularni tazyiq va zoʻravonlikdan muhofaza qilish tizimi takomillashtirildi. Tazyiq va zoʻravonlikdan jabrlangan yoki jabrlanish xavfi ostida boʻlgan xotin-qizlarga himoya orderi talab etmagan holda ijtimoiy, psixologik va yuridik xizmat koʻrsatish tartibi joriy etildi.

Maʼlumot uchun: 2024-yil 10-maydagi PQ-175-sonli qaror

Bolalar huquqlarini himoya qilish, ularga nisbatan oilaviy zoʻravonlik sodir etganlik uchun javobgarlikning kuchaytirilishi, shuningdek, “Bolalarni zoʻravonlikning barcha shakllaridan himoya qilish toʻgʻrisida”gi Qonunning qabul qilinishi ham Konstitutsiyaning 78-moddasida belgilangan bolaning huquqlari, erkinliklari va qonuniy manfaatlarini taʼminlash hamda himoya qilish boʻyicha davlatning zimmasidagi majburiyatini taʼminlaydi.

Maʼlumot uchun: 2024-yil 21-oktabrdagi OʻRQ-978-sonli , 2024-yil 14-noyabrdagi OʻRQ-996-sonli qonunlar

Konstitutsiyaning 28-moddasiga muvofiq, ozodlikdan mahrum etilgan shaxslar huquqlarini kafolatlash maqsadida ularning Oliy Majlisning Inson huquqlari va Bola huquqlari boʻyicha vakillariga, inson huquq va erkinliklarini himoya qiluvchi xalqaro organlarga murojaat qilish, ogʻir va oʻta ogʻir jinoyatlar sodir etganligi uchun ozodlikdan mahrum etilgan mahkumlarning saylov va referendumda ishtirok etish huquqlari mustahkamlandi. Mahkumlarning ozodlikdan mahrum qilingan davrda amalga oshirgan faoliyati davrini pensiya olish huquqini beradigan faoliyat turi sifatida hisobga olish tartibi joriy etildi.

Maʼlumot uchun: 2024-yil 28-avgustdagi OʻRQ-948-sonli Qonun , 2024-yil 18-martdagi OʻRQ-922-son Qonun

Toʻrtinchidan , Konstitutsiyaning 33-moddasida davlat Internet jahon axborot tarmogʻidan foydalanishni taʼminlash uchun shart-sharoitlar yaratishi belgilangan. Mazkur konstitutsiyaviy norma ushbu sohada yangi texnologiyalarni joriy etish, respublika hududida Internet va zamonaviy sifatli aloqa qamrovini kengaytirish uchun mustahkam huquqiy zamin yaratadi. Xususan, joriy yilda qonun hujjatlariga respublika hududida Internet va aloqa qamrovini kengaytirish uchun sharoitlarni yaxshilashga qaratilgan oʻzgartirishlar kiritildi.

Maʼlumot uchun: 2024-yil 23-fevraldagi OʻRQ-912-son Qonun

Beshinchidan , oʻtgan davrda Konstitutsiyaning 43-moddasida mustahkamlangan davlatning kambagʻallikni qisqartirish choralarini koʻrish boʻyicha majburiyati doirasida kompleks chora-tadbirlar amalga oshirildi. Xususan, har bir fuqaroni oʻzi va farzandlari kelajagi uchun masʼuliyat bilan yondashishga undaydigan va salohiyatini roʻyobga chiqarish uchun imkoniyat yaratishga qaratilgan “Kambagʻallikdan farovonlik sari” dasturi “Kambagʻal oilalar uchun yettita imkoniyat va masʼuliyat” tamoyili asosida amalga oshirilmoqda. Kambagʻal oilalar reyestriga kiritilgan oila aʼzosi uchun ijtimoiy soliq 3 yil 1 foiz stavkada toʻlanishi belgilandi.

Maʼlumot uchun: 2024-yil 23-sentabrdagi PF-143-son Farmon , 2024-yil 23-sentabrdagi PQ-330-son qaror , 2024-yil 4-oktabrdagi PQ-347-son qaror

Oltinchidan , Konstitutsiyaning 48-moddasiga muvofiq, har kimning sogʻligʻini saqlash va malakali tibbiy xizmatdan foydalanish huquqi kafolatlangan, davlat sogʻliqni saqlash tizimini, tibbiy sugʻurtani rivojlantirish choralarini koʻrishi mustahkamlangan. Bu borada ogʻir gematologik, onkologik va klinik immunologik kasalliklari bor bemorlarga palliativ yordam koʻrsatuvchi xospislar tashkil etilayotgani, davlat tibbiy sugʻurtasi mexanizmlarini joriy etish boshlanib, ushbu tizim 2024-yilda Toshkent shahri va Sirdaryo viloyatida, 2025 va 2026-yillarda esa, 6 tadan viloyatlarda joriy etilishi belgilanganligini alohida qayd etish zarur. Shuningdek, aholini sport musobaqalarini tashkil etish orqali ommaviy sportga jalb qilish orqali aholi oʻrtasida sogʻlom turmush tarzini shakllantirish uchun shart-sharoitlar yaratishni nazarda tutuvchi konstitutsiyaviy norma hayotga tatbiq etilmoqda.

Maʼlumot uchun: 2024-yil 21-fevraldagi PF-37-son Farmon , 2024-yil 5-sentabrdagi PQ-311-son qaror

Yettinchidan , joriy yilda Konstitutsiyaning 49-moddasiga muvofiq, davlat tomonidan atrof-muhitni yaxshilash, tiklash va muhofaza qilish, ekologik muvozanatni saqlash, fuqarolarning atrof-muhit holati toʻgʻrisidagi ishonchli axborotga ega boʻlish huquqini taʼminlash boʻyicha ham tizimli ishlar olib borildi.

Jumladan, Oʻzbekiston Qizil kitobiga kiritilgan kamyob va yoʻqolib ketish xavfi ostida turgan yovvoyi oʻsimlik va hayvonlar turlarini tabiiy muhitdan ajratib olish cheklandi. Chang boʻronlariga qarshi kurashish va atmosfera havosi sifatini yaxshilash chora-tadbirlari kuchaytirildi. Ekologik huquqbuzarliklar profilaktikasi samaradorligini oshirish, aholining ekologik madaniyatni yuksaltirish, ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish sohalarida ochiqlikni taʼminlash boʻyicha yangi mexanizmlar joriy etildi.

Maʼlumot uchun: 2024-yil 29-avgustdagi OʻRQ-950-sonli Qonun , 2024-yil 24-sentabrdagi PQ-338-son qaror , 2024-yil 4-yanvardagi PF-5-son Farmon , 2024-yil 26-sentabrdagi PF-149-son Farmon

2025-yilning “Atrof-muhitni asrash va “yashil” iqtisodiyot yili” deb eʼlon qilinishi va alohida davlat dasturi ishlab chiqilishi rejalashtirilayotganligi, unda “yashil” texnologiyalarni joriy etish, suvni tejash, koʻkalamzor hududlarni keskin koʻpaytirish, Orol fojiasining oqibatlarini yumshatish, chiqindilar muammosini hal qilish, aholi salomatligini mustahkamlash kabi ustuvor yoʻnalishlar qamrab olinishi belgilanganligi ham bu boradagi konstitutsiyaviy normalarni hayotga tatbiq etishga xizmat qiladi.

Sakkizinchidan , Konstitutsiyaning 50-moddasiga muvofiq, taʼlim olish konstitutsiyaviy huquqini, shuningdek, alohida taʼlim ehtiyojlariga ega boʻlgan bolalar uchun inklyuziv taʼlim va tarbiyani taʼminlash boʻyicha ham keng koʻlamli islohotlar amalga oshirildi. Xususan, oliy va professional taʼlim tashkilotlari talabalari va oʻquvchilariga budjet mablagʻlari hisobidan taʼlim kreditini ajratish tartibi takomillashtirildi. Alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan bolalarning taʼlim olishlarini tashkil etish va ularni reabilitatsiya qilish sohasida maʼmuriy toʻsiqlar bartaraf etildi.

Maʼlumot uchun: 2024-yil 21-fevraldagi PF-37-son Farmon , 2024-yil 4-martdagi PQ-109-son qaror , 2024-yil 27-maydagi PF-82-son Farmon , Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 25-yanvardagi 46-son qarori

Toʻqqizinchidan , Konstitutsiyaning 52-moddasiga muvofiq, davlat oʻqituvchilarning shaʼni va qadr-qimmatini himoya qilish, ularning ijtimoiy va moddiy farovonligi, kasbiy jihatdan oʻsishi toʻgʻrisida gʻamxoʻrlik qiladi.

Ushbu konstitutsiyaviy norma ijrosi doirasida “Pedagogning maqomi toʻgʻrisida”gi Qonun qabul qilindi va ularning oʻz kasbiy faoliyatini yuritishi uchun tashkiliy-huquqiy shart-sharoitlar yaratilishi, ularning ijtimoiy himoyasi taʼminlanishi va huquqlari amalga oshirilishi uchun kafolatlar kuchaytirildi.

Maktabgacha va maktab taʼlimi tashkilotlari rahbar, pedagog va mutaxassis kadrlarini uzluksiz kasbiy rivojlantirish, kasbiy bilim, koʻnikma va mahoratini muntazam oshirib borishning yangi tizimi yoʻlga qoʻyildi.

Maʼlumot uchun: 2024-yil 1-fevraldagi OʻRQ-901-sonli Qonun , 2024-yil 21-iyundagi PQ-231-son qaror

Oʻninchidan , Konstitutsiyaning 53-moddasidagi intellektual mulk qonun bilan muhofaza qilinishi haqidagi normani rivojlantirishga qaratilgan huquqiy mexanizmlar yaratildi.

Jismoniy va yuridik shaxslarning intellektual faoliyati natijasida yaratilgan mulkning daxlsizligini taʼminlash maqsadida intellektual mulk obyektlaridan qonunga xilof ravishda foydalanganlik uchun huquq egasining talabiga koʻra huquqbuzar tomonidan tovon toʻlash tartibi joriy etildi.

Maʼlumot uchun: 2024-yil 10-sentabrdagi OʻRQ-959-sonli Qonun

Oʻn birinchidan , Konstitutsiyaning 55-moddasida kafolatlangan har kimning sud orqali himoyalanish va sudga shikoyat qilishga boʻlgan huquqlarini taʼminlash uchun qulay shart-sharoitlar yaratildi. Xususan, davlat organlari, tashkilotlar, ular mansabdor shaxslarining qarorlari, harakatlari (harakatsizligi) ustidan maʼmuriy sudlarga murojaat qilishda davlat boji fuqarolardan oldindan undirmasdan, ishni koʻrib chiqish natijalariga koʻra aybdor tarafdan undirish tartibi joriy etildi.

Soliq organlarining sayyor soliq tekshiruvlari va soliq auditi natijalari boʻyicha qabul qilingan qarorlari ustidan tadbirkorlarning toʻgʻridan-toʻgʻri sudga shikoyat qilishiga doir cheklovlar bekor qilindi.

Maʼlumot uchun: 2024-yil 16-yanvardagi OʻRQ-897-sonli Qonun , 2024-yil 20-fevraldagi OʻRQ-910-sonli Qonun

Oʻn ikkinchidan , joriy yilda Konstitutsiyaning 57-moddasi asosida mehnatga layoqatsiz va yolgʻiz keksalar, nogironligi boʻlgan shaxslar hamda aholining ijtimoiy jihatdan ehtiyojmand toifalarining huquqlarini davlat tomonidan himoya qilishga hamda ijtimoiy davlat prinsipini amalga oshirishga qaratilgan tizimli ishlar olib borildi.

Pensioner hisoblangan, lekin uning tomonidan talab qilib olinmagan pensiya summasini toʻlash muddati 12 oydan 24 oygacha uzaytirildi.

Pensiyalar miqdorlarini yil davomida tovar va xizmatlar isteʼmol narxlari indeksi darajasining oʻsish surʼatlarini inobatga olgan holda oshirib borish, pensiya tayinlashda bir vaqtning oʻzida shaxsiy jamgʻarib boriladigan pensiya hisobvaragʻidagi pulni olish proaktiv tarzda amalga oshirish tartibi belgilandi.

Maʼlumot uchun: 2024-yil 18-martdagi OʻRQ-922-son Qonun , 2024-yil 21-fevraldagi PF-37-son Farmon

Oʻzgalar parvarishiga muhtoj boʻlgan yolgʻiz keksalarga, yolgʻiz yashovchi keksalarga va nogironligi boʻlgan shaxslarga shahar yoʻlovchilar transportidan bepul foydalanish huquqi berildi, ular yoʻqolgan yoxud yaroqsiz holga kelgan ID-karta yoki biometrik pasportini almashtirishda davlat bojidan ozod etildi.

Oʻzgalar parvarishiga muhtoj boʻlgan yolgʻiz keksalarga, yolgʻiz yashovchi keksalarga va nogironligi boʻlgan shaxslarga homiylik qilish uchun yoʻnaltirilgan mablagʻlar soliq bazasini aniqlashda chegirib tashlanadigan xarajatlar jumlasiga kiritildi.

Maʼlumot uchun: 2024-yil 18-oktabrdagi OʻRQ-977-sonli Qonun

Nogironligi boʻlgan shaxslarning boshqa fuqarolar bilan teng ravishda oʻz huquq va erkinliklarini amalga oshirish imkoniyatini berish maqsadida ularning odil sudlovdan foydalanish, saylash va saylanish, referendumda ishtirok etish, taʼlim olishga boʻlgan huquqlarini taʼminlash boʻyicha qoʻshimcha huquqiy kafolatlar yaratildi.

Nogironligi boʻlgan shaxslarning xavfsiz va toʻsiqlarsiz harakatlanishi uchun qulay muhit yaratish, bu borada shaharsozlik hujjatlari loyihalarini majburiy ekspertizadan oʻtkazish tartibi bosqichma-bosqich joriy etilishi belgilandi.

Maʼlumot uchun: 2024-yil 5-sentabrdagi OʻRQ-955-sonli Qonun , 2024-yil 18-iyuldagi PQ-267-sonli qaror , 2024-yil 16-iyuldagi PQ-257-sonli qaror

Oʻn uchinchidan , Konstitutsiyaning 65-moddasida mustahkamlangan iqtisodiy faoliyat va tadbirkorlik erkinligini kafolatlash borasida huquqiy mexanizmlar ham sezilarli darajada kuchaytirildi.

Joriy yilda litsenziyalanadigan faoliyat va ruxsat etish xususiyatiga ega 22 ta hujjat hamda 4 ta tartib va talablar, shuningdek, tadbirkorlik subyektlaridan talab qilinadigan 8 ta hisobot va statistika maʼlumotlari bekor qilindi hamda soliqqa oid ayrim huquqbuzarliklar uchun javobgarlik choralari maqbullashtirildi.

Maʼlumot uchun: 2024-yil 9-yanvardagi PF-8-son Farmon , 2024-yil 9-yanvardagi PQ-8-son qaror , 2024-yil 26-fevraldagi PF-39-son Farmon

Oʻn toʻrtinchidan , Konstitutsiyaning 136-moddasidan kelib chiqib, joriy yilda sudyalar mustaqilligi kafolatlarini kuchaytirish borasida ham muhim islohotlar amalga oshirildi. Xususan, sudlar raislarining xalq deputatlari mahalliy Kengashlariga axborot taqdim etishi haqidagi qoida bekor qilinib, sudlarning oʻz faoliyati toʻgʻrisida jamoatchilikni har chorakda ommaviy axborot vositalari orqali xabardor qilib borish tartibi belgilandi.

Sud qarorlari qonuniyligi, asosliligi va adolatliligini tekshirish instituti takomillashtirildi. Shuningdek, jinoyatda ayblanayotgan shaxsning erkinlik va shaxsiy daxlsizlikka oid konstitutsiyaviy huquqlarini sud orqali ishonchli taʼminlash, ishni sudga qadar yuritishda taraflarning tengligi va tortishuvi prinsipini amalda taʼminlash maqsadida tergov sudyalari institutini joriy etildi.

Maʼlumot uchun: 2024-yil 14-avgustdagi OʻRQ-943-sonli Qonun , 2024-yil 10-iyundagi PF-89-sonli Farmon

Oʻn beshinchidan , Konstitutsiyada belgilangan huquqiy davlat prinsipidan kelib chiqib, qonuniylik muhitini taʼminlash va norma ijodkorligi sifatini yaxshilash boʻyicha tizimli ishlar amalga oshirildi.

Xususan, ijtimoiy munosabatlarni huquqiy tartibga solishning barqarorligini taʼminlash, qonunlarning ijtimoiy munosabatlarni tartibga solishdagi rolini hamda norma ijodkorligi jarayoni sifatini yanada oshirish maqsadida normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarining tartibga solish taʼsirini baholash hamda qonunchilik hujjatlari natijadorligini monitoring qilish mexanizmlari takomillashtirildi hamda qonunlardagi havolaki normalarni amalga oshirish boʻyicha yangicha tizim joriy etildi.

Maʼlumot uchun: 2024-yil 16-avgustdagi PF-111-son Farmon , 2024-yil 19-fevraldagi PQ-75-son qaror

Jamiyatda huquqiy ong va huquqiy madaniyatni yuksaltirish tizimini takomillashtirib borish orqali aholining barcha qatlamlari huquqiy savodxonlikka erishishini taʼminlash boʻyicha koʻrilayotgan chora-tadbirlar ham huquqiy davlat qurish borasidagi intilishlarimizga mos keladi. Bu borada 2024-2025-yillarda jamiyatda huquqiy madaniyatni yuksaltirish boʻyicha chora-tadbirlar dasturining tasdiqlanishi shaxs, davlat va jamiyatning oʻzaro munosabatlarida aholining huquqiy madaniyatini yuksaltirishi, yoshlarni salbiy taʼsir koʻrsatuvchi turli omillarga nisbatan huquqiy immunitetni shakllantirishga xizmat qilishi bilan ahamiyatli.

Maʼlumot uchun: Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 18-sentabrdagi 588-son qarori

Konstitutsiyaviy sud Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2024-yil 17-oktabrdagi F-53-son farmoyishi bilan tasdiqlangan 53 banddan iborat dasturda nafaqat bir martalik, vaqtinchalik, balki doimiy xususiyatga ega chora-tadbirlar, ayniqsa, elektron Konstitutsiya kutubxonasini yaratish boʻyicha chora-tadbirlar ham belgilanganligini qoʻllab-quvvatlaydi.

Shu bilan birga Konstitutsiyani hayotga tatbiq etish yuqori darajadagi huquqiy ong va madaniyatni shakllantirishni taqozo etadi. Shundan kelib chiqib, Konstitutsiyaviy sud birinchi navbatda davlat xizmatchilari oʻrtasida Konstitutsiya targʻibotini kuchaytirishga, huquqshunoslik yoʻnalishida darslik va qoʻllanmalarni Konstitutsiya asosida yangilash boʻyicha ishlarni yakuniga yetkazishga chaqiradi.

Davlat hokimiyati va boshqaruvi organlarining mansabdor shaxslari, jamiyat tomonidan konstitutsiyaviy prinsip, normalarga rioya etish va ijro etishning ahamiyatini chuqur anglab yetish konstitutsiyaviy qonuniylik va jamiyat barqaror rivojlanishining kafolati boʻlib xizmat qiladi.

Bu borada “Yangi Oʻzbekiston — maʼrifiy jamiyat” konsepsiyasi asosida konstitutsiyaviy taʼlim masalasiga alohida eʼtibor qaratish, xususan, parlament tomonidan Konstitutsiyani oʻqib-oʻrganish boʻyicha Milliy faoliyat dasturi qabul qilishni, Asosiy qonunimizni oʻrganishni bolalar bogʻchasidan boshlash, barcha darajadagi taʼlim muassasalari, aholining turli qatlamlari, ayniqsa, davlat xizmatchilarini ushbu jarayonga toʻliq jalb etib, davlat xizmatiga ishga kirishda Konstitutsiya asoslari boʻyicha imtihonlar oʻtkazish tizimini amalda tatbiq etish boʻyicha ishlarni jadallashtirish zarur.

Konstitutsiyani hayotga tatbiq etishda mamlakatimizda 2024-yil 27-oktabr kunida Oliy Majlis Qonunchilik palatasiga va mahalliy Kengashlarga boʻlib oʻtgan saylovlar ham muhim ahamiyat kasb etdi. Saylovlar natijasida ilk marotaba xalq deputatlari viloyat va Toshkent shahar Kengashlariga mahalliy Kengash deputatlari orasidan saylangan Kengash raislari boshchilik qilishi boʻyicha konstitutsiyaviy normalar hayotga tatbiq etildi. Shuningdek, yangi tahrirdagi Konstitutsiyaga muvofiq parlament va Hukumat shakllantirildi.

Konstitutsiyaviy sud viloyat va Toshkent shahrida Kengash raislari va hokimlar boshchilik qiladigan vakillik va ijro etuvchi hokimiyat tarmoqlari alohida ajratilganligini inobatga olib, qonunlardagi mahalliy davlat hokimiyati vakolatlariga oid umumiy normalarni hokimlik va mahalliy Kengashlar oʻrtasida ajratgan holda aniq tahrirda bayon etish maqsadga muvofiq, deb hisoblaydi.

Konstitutsiyaviy sud Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Mahalliy davlat hokimiyati organlari faoliyatining samaradorligini oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi 2024-yil 2-fevraldagi PF-28-son Farmonida normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini ishlab chiqish jarayonida mahalliy davlat hokimiyati vakillik organlari va ijro etuvchi hokimiyat organlari oʻrtasidagi vazifalarni aniq belgilab qoʻyilganini qoʻllab-quvvatlaydi.

Konstitutsiyaviy sud davlat organlari sudlar tomonidan yangi tahrirdagi Konstitutsiyani bevosita qoʻllagan holda qarorlar qabul qilish amaliyotini qoʻllab-quvvatlaydi. Xususan, sud amaliyoti tahlili Konstitutsiya va uning moddalariga jinoyat ishlari boʻyicha sudlarning 73 242 (2023-yilga nisbatan 4,8 baravar koʻp), fuqarolik ishlari boʻyicha sudlarning 25 083 (2023-yilga nisbatan 5,6 baravar koʻp), iqtisodiy ishlar boʻyicha sudlarning 30 301 (2023-yilga nisbatan 13,6 baravar koʻp) hamda maʼmuriy ishlar boʻyicha sudlarning 8 837 (2023-yilga nisbatan 13 baravar koʻp) hujjatlarida toʻgʻridan-toʻgʻri havola qilganliklarini koʻrsatmoqda.

Sudlar tomonidan koʻproq Konstitutsiyaning 26 , 27 , 28 , 29 , 31 (jinoyat ishlari boʻyicha sudlar), 15 , 20 , 26 , 29 , 31 , 33 , 41 , 42 , 46 , 47 , 55 , 60 , 62 — 68 , 76 — 78 , 80 (fuqarolik ishlari sudlar), 15 , 16 , 55 , 65 — 68 , 99 , 134 , 138 (iqtisodiy ishlar boʻyicha sudlar) hamda 15 , 20 , 21 , 29 , 30 , 40 , 41 , 46 , 54 , 55 , 65 — 67 , 138-moddalariga (maʼmuriy ishlar boʻyicha sudlar) murojaat etilgan.

Konstitutsiyaviy sud Konstitutsiya normalarini toʻgʻridan toʻgʻri qoʻllash boʻyicha amalga oshirilayotgan ishlarni eʼtirof etgan holda qonunchilikni Konstitutsiyaga muvofiqlashtirish boʻyicha boshlangan ishlarni yanada jadallashtirish zarurligiga eʼtibor qaratadi.

Konstitutsiyaviy sud ayniqsa, Konstitutsiyaning shaxsning yozishmalar, telefon orqali soʻzlashuvlar, pochta, elektron va boshqa xabarlarini sir saqlashga boʻlgan huquqini cheklashni, uy-joyda tintuv oʻtkazishni faqat sud qaroriga asosan amalga oshirishga oid qoidalari asosida Jinoyat-protsessual kodeksi tegishli normalari hali ham qayta koʻrib chiqilmaganligini qayd etadi hamda masʼul davlat organlarini tegishli qonun loyihasini qisqa fursatlarda Oliy Majlis Qonunchilik palatasiga kiritishga chaqiradi.

Shuningdek, Konstitutsiyaviy sud shaxsning sukut saqlashga oid konstitutsiyaviy huquqlarini jinoyat protsessida va maʼmuriy huquqbuzarliklar boʻyicha ish yuritish jarayonida toʻlaqonli taʼminlash maqsadida ushbu institutni jinoyat-protsessual, maʼmuriy javobgarlik toʻgʻrisidagi qonunchilikda batafsil aks ettirish orqali Konstitutsiyani hayotga tatbiq etishga chaqirib qoladi.

Shu bilan birga Konstitutsiyaviy sud vazirlik va idoralar nizomlarida Konstitutsiyani amalga oshirish boʻyicha masʼul boʻlgan vazifa va funksiyalarini aniq belgilab qoʻyish maqsadga muvofiq, deb hisoblaydi hamda Hukumatni vazirlik va idoralarning nizomlarini qayta koʻrib chiqib, ularda ushbu masala boʻyicha alohida normalar belgilashga chaqiradi.

Yuqoridagi holatlardan kelib chiqib, Konstitutsiyaviy sud:

1) viloyat va Toshkent shahrida Kengash raislari va hokimlar boshchilik qiladigan vakillik va ijro etuvchi hokimiyat tarmoqlari alohida ajratilganligini inobatga olib, qonunlardagi mahalliy davlat hokimiyati vakolatlariga oid umumiy normalarni hokimlik va mahalliy Kengashlar oʻrtasida ajratgan holda aniq tahrirda bayon etishni tavsiya etadi;

2) Konstitutsiyani toʻgʻridan-toʻgʻri qoʻllash masalasini davlat xizmatchilarini, shu jumladan, sud va huquqni muhofaza qilish organlari xodimlarini oʻqitish va malakasini oshirish tizimining muhim qismi sifatida mustahkamlashga daʼvat qiladi;

3) konstitutsiyaviy taʼlim masalasiga alohida eʼtibor qaratish, xususan, Konstitutsiyani oʻqib-oʻrganish boʻyicha Milliy faoliyat dasturini qabul qilish, davlat xizmatiga ishga kirishda Konstitutsiya asoslari boʻyicha imtihonlar oʻtkazish tizimini amalda tatbiq etish boʻyicha ishlarni jadallashtirishga chaqiradi;

4) huquqshunoslik yoʻnalishida darsliklar va boshqa qoʻllanmalarni Konstitutsiya asosida yangilash boʻyicha ishlarni yakuniga yetkazishni jadallashtirish lozimligini qayd etadi;

5) shaxsning yozishmalar, telefon orqali soʻzlashuvlar, pochta, elektron va boshqa xabarlarini sir saqlashga boʻlgan huquqini cheklashni, uy-joyda tintuv oʻtkazishni faqat sud qaroriga asosan amalga oshirishga oid konstitutsiyaviy qoidalar asosida Jinoyat-protsessual kodeksi tegishli normalarni qisqa muddatlarda qayta koʻrib chiqishga chaqiradi;

6) shaxsning sukut saqlashga oid konstitutsiyaviy huquqlarini jinoyat protsessida va maʼmuriy huquqbuzarliklar boʻyicha ish yuritish jarayonida toʻlaqonli taʼminlash maqsadida ushbu institutni jinoyat-protsessual, maʼmuriy javobgarlik toʻgʻrisidagi qonunchilikda batafsil aks ettirishni taklif qiladi;

7) vazirlik va idoralar nizomlarida ularning Konstitutsiyani amalga oshirishga qaratilgan vazifa va funksiyalarini aniq belgilab qoʻyish maqsadida Hukumatni vazirlik va idoralarning nizomlarini qayta koʻrib chiqib, ularda ushbu masala boʻyicha alohida normalar belgilashga chaqiradi.

II. Konstitutsiyaviy sud tomonidan yangi tahrirdagi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasini qoʻllash boʻyicha amalga oshirilgan ishlar

Konstitutsiyaviy odil sudlov demokratik-huquqiy davlat uchun muhim boʻlgan fundamental qadriyatlarni kafolatlovchi hamda toʻgʻridan-toʻgʻri amal qiluvchi normativ-huquqiy hujjat sifatida Konstitutsiya ustuvorligini taʼminlashga xizmat qiladi.

Konstitutsiyaviy sud tomonidan fuqarolar va yuridik shaxslarning murojaatlarini koʻrib chiqish orqali ularning Konstitutsiya bilan kafolatlangan huquq va erkinliklariga bevosita taalluqli boʻlgan qonunlarning Konstitutsiyaga muvofiqligi tekshiriladi.

Ushbu institut konstitutsiyaviy odil sudlovga erishish va konstitutsiyaviy huquq va erkinliklarini himoya qilishning muhim omili boʻlib xizmat qilmoqda. 2024-yil davomida Konstitutsiyaviy sudga jami 1400 ta murojaatlar, shundan 1 350 tasi fuqarolar, 50 tasi yuridik shaxslardan kelib tushgan. Fuqarolar tomonidan pensiya, fuqarolik, uy-joy, mehnat qonunchiligining alohida normalarini konstitutsiyaviyligini tekshirish yuzasidan murojaatlar kelib tushgan.

Shu bilan birga yoʻllangan murojaatlarining aksariyati umumiy yurisdiksiya sudlarining qarorlarini bekor qilish yoki qayta koʻrib chiqish, sudga qadar ish yuritishning qonuniyligi, huquqni muhofaza qiluvchi organlar xodimlari qarorlari va harakatlari (harakatsizligi) yuzasidan berilgan.

Bunday murojaatlar Konstitutsiyaviy sud tomonidan emas, balki umumiy yurisdiksiya sudlari yoki boshqa organlar tomonidan koʻrib chiqilishi (sud va tergovga, mansabdor shaxslarning xatti-harakatiga, ish yoki oʻqishga tiklashga oid) lozim. Tahlillar koʻpincha Konstitutsiyaviy sudga murojaat qilgan fuqarolar huquqni muhofaza qilish institutlari toʻgʻrisida yetarlicha xabardor emasligini koʻrsatmoqda.

Xususan, Konstitutsiyaviy sudga “Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisida”gi Konstitutsiyaviy qonun talablariga muvofiq boʻlmagan shikoyatlar bilan murojaat etish holatlari koʻpayishi tendensiyasi saqlanib qolmoqda. Konstitutsiyaviy sud Hukumat va boshqa masʼul davlat organlarining eʼtiborini huquqiy targʻibot-tashviqot ishlarini yanada faollashtirishga qaratadi.

Fuqarolarning normativ-huquqiy hujjatlarning konstitutsiyaviyligini tekshirish haqidagi murojaatlari Oʻzbekiston Respublikasining “Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisida”gi Konstitutsiyaviy Qonuni 29-moddasida belgilangan talablarga javob berishi kerak.

Unda qoʻyilgan masala yuzasidan murojaat qiluvchining nuqtai nazari va murojaatni Konstitutsiyaning tegishli normalariga havola qilingan holdagi huquqiy asoslantirilgan boʻlishi lozim. Shu maqsadda Konstitutsiyaviy sud fuqarolarga yuridik maslahat berish va malakali yuridik yordam koʻrsatish boʻyicha zarur shart-sharoitlarni yaratish borasidagi ishlarni qoʻllab-quvvatlaydi.

Bu borada davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish tizimi muhim ahamiyat kasb etishini inobatga olib, yuridik yordamni davlat hisobidan koʻrsatish toʻgʻrisidagi ( 29-modda ) konstitutsiyaviy norma ijrosini samarali tashkil etish maqsadida “Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish toʻgʻrisida”gi Qonunda davlat hisobidan yuridik yordam olish huquqiga ega boʻlgan kam taʼminlangan shaxslarning normativ-huquqiy hujjatlarning konstitutsiyaviyligini tekshirish boʻyicha murojaatlarini Konstitutsiyaviy sud majlisida koʻrib chiqishni ham kiritish maqsadga muvofiq.

Konstitutsiyaviy sudga murojaatlarning 14 ta maʼmuriy-hududiy birliklar kesimidagi tahlili shuni koʻrsatmoqdaki, eng koʻp murojaat Toshkent shahri, Namangan va Toshkent viloyatlaridan kelib tushgan.

Konstitutsiyaviy sud tomonidan 2024-yilda konstitutsiyaviy nazorat tartibida 70 ta qonun va 218 ta boshqa normativ-huquqiy hujjatlarning Konstitutsiyaga muvofiqligi oʻrganilgan. Konstitutsiyaviy nazorat tartibida tekshirilgan normativ-huquqiy hujjatlar boʻyicha Konstitutsiyaviy sud hujjatlarida zamonaviy konstitutsionalizm amaliyotini hisobga olgan holda huquqiy tizimni takomillashtirish boʻyicha konstitutsiyaviy-doktrinal yondashuvlar bayon etilgan, ijtimoiy munosabatlarni tartibga solishning aniq yoʻnalishlari koʻrsatib berilgan, huquqiy normalarni qoʻllashning konstitutsiyaviy-huquqiy masalalariga eʼtibor qaratilgan.

Masalan, Konstitutsiyaviy sudning 2024-yil 23-iyulda boʻlib oʻtgan sud majlisida Inson huquqlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Milliy markazning murojaati boʻyicha “Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy qonunining 86-moddasi birinchi qismiga sharh berish haqidagi masala koʻrib chiqildi.

Xususan, Konstitutsiyaviy sud tomonidan konstitutsiyaviy huquq va erkinliklari muayyan ishda qoʻllanilgan va Konstitutsiyaga muvofiq boʻlmagan qonunda buzilgan, deb hisoblovchi fuqarolar hamda yuridik shaxslarning shikoyatlari, agar sudda himoya qilishning boshqa barcha vositalaridan foydalanib boʻlingan boʻlsa, sudda ishni koʻrib chiqish tugagan kundan eʼtiboran bir yildan kechiktirmay beriladi, degan normaga aniqlik kiritildi.

Konstitutsiyaviy sud huzurida jamoatchilik asosida ilmiy-maslahat kengashi faoliyat koʻrsatib, u Konstitutsiyaviy sudning faoliyatiga oid masalalar, shu jumladan, Konstitutsiya ustuvorligini taʼminlash, konstitutsiyaviy huquq va erkinliklarni himoya qilish mexanizmlari samaradorligini oshirish boʻyicha ilmiy asoslangan tavsiyalar kiritadi. Xususan, Ilmiy-maslahat kengashi aʼzolari 2024-yilda 13 ta masala boʻyicha takliflar kiritgan va ular Konstitutsiyaviy sud tomonidan qaror qabul qilishda inobatga olingan.

Yuqoridagilar asosida Konstitutsiyaviy sud:

1) Konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritish amaliyotini umumlashtirish natijalari yuzasidan mamlakatdagi konstitutsiyaviy qonuniylikning holati toʻgʻrisidagi axborotida vazirlik va idoralar faoliyatiga oid tavsiyalar mazkur vazirlik va idoralar tomonidan koʻrib chiqilishini majburiy etib belgilash taklif etiladi;

2) Konstitutsiyaviy sud Hukumat va boshqa masʼul davlat organlarini, avvalambor, Adliya vazirligini oʻz vakolati doirasida fuqarolarning oʻz huquqlarini muhofaza qilishning barcha huquqiy vositalari haqida xabardorlik darajasini oshirishga qaratilgan huquqiy targʻibot-tashviqot ishlarini yanada faollashtirishga hamda ushbu faoliyat sifati ustidan doimiy monitoring qilib borishga chaqiradi;

3) konstitutsiyaviy sudlov boʻyicha yuridik maslahat berish va malakali yuridik yordam koʻrsatish boʻyicha zarur shart-sharoitlarni yaratish maqsadida davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish tizimi muhim ahamiyat kasb etishini inobatga olib, Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish toʻgʻrisida”gi Qonunida nazarda tutilgan kam taʼminlangan shaxslarga davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish doirasiga normativ-huquqiy hujjatlar yoki uning alohida normalarining konstitutsiyaviyligini tekshirish boʻyicha murojaat Konstitutsiyaviy sud ish yurituviga qabul qilinganda ushbu toifa shaxslarning manfaatlarini himoya qilishni kiritish taklif etiladi.

III. Yangi tahrirdagi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasini toʻgʻridan toʻgʻri qoʻllash va uni amalga oshirish bilan bogʻliq masalalar va takliflar

Oʻtgan davrda konstitutsiyaviy sud ish yurituvi davomida, shuningdek, Ilmiy-maslahat kengashi tomonidan kiritilgan takliflarni koʻrib chiqish natijalari boʻyicha Konstitutsiyaviy sud Konstitutsiyani toʻgʻridan toʻgʻri qoʻllash va uni amalga oshirish bilan bogʻliq quyidagi ayrim masalalarga eʼtibor qaratadi.

Birinchidan , insonning huquq va erkinliklari qonunlarning mohiyati va mazmunini belgilashi haqidagi konstitutsiyaviy qoida norma ijodkorligida muhim oʻrin tutishi lozim.

Konstitutsiyaviy sud bu borada inson huquq va erkinliklarini cheklovchi choralarni joriy etishga qaratilgan normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini ishlab chiqishda konstitutsiyaviy talablarga rioya etish zarurligiga eʼtibor qaratadi.

Konstitutsiyaviy sud insonning huquq va erkinliklari qonunosti normativ-huquqiy hujjatlar bilan cheklash mumkin emasligiga va ushbu masala parlamentning mutlaq vakolatiga kiritilganligini yana bir bor eslatib oʻtishni joiz deb biladi.

Shu bilan birga inson huquq va erkinliklarini cheklovchi normalar boʻlgan qonun loyihalarini ishlab chiqishda ham quyidagi konstitutsiyaviy normalarga rioya etish lozim:

mazkur choralarning asoslari va chegaralari mutanosiblik va yetarlilik konstitutsiyaviy prinsiplariga qatʼiy muvofiq boʻlishi kerak (Konstitutsiyaning 20-moddasi );

insonning huquq va erkinliklari faqat konstitutsiyaviy tuzumni, aholining sogʻligʻini, ijtimoiy axloqni, boshqa shaxslarning huquq va erkinliklarini himoya qilish, jamoat xavfsizligini hamda jamoat tartibini taʼminlash maqsadida zarur boʻlgan doirada cheklanishi mumkin (Konstitutsiyaning 21-moddasi ).

Shunga koʻra, qonun chiqaruvchi bu mazmundagi qonunlarni qabul qilishda insonning huquq va erkinliklarini cheklashning konstitutsiyaviy chegaralaridan kelib chiqib yondashishi, konstitutsiyaviy huquq va erkinliklarni Konstitutsiyaning 21-moddasida belgilangan maqsadlardan boshqa maqsadlarda yoxud zarur boʻlgan hajmdan ortiqcha cheklanishi mumkin emasligiga, bunday choralar adolatlilik, mutanosiblik va yetarlilik prinsiplariga mos boʻlishiga eʼtibor qaratishi zarur.

Ushbu konstitutsiyaviy norma asosida Konstitutsiyaviy sud normativ-huquqiy hujjatlarni tayyorlashda ishlab chiquvchilardan bir qator jihatlarga rioya etishni, xususan, inson, jamiyat va davlat manfaatlari muvozanatini taʼminlash, davlat organlari faoliyati samaradorligini taʼminlash va huquqiy tartibga solishda suisteʼmolchiliklarga yoʻl qoʻymaslik, huquq normalarining turlicha, oʻzboshimchalik bilan sharhlashga yoʻl qoʻymaydigan darajadagi aniqligi hamda inson huquqlarini amalga oshirishga toʻsqinlik qiluvchi qonunchilikdagi boʻshliqlarni bartaraf etish va havolaki normalarni amalga oshirish zaruratini ham eʼtibordan chetda qoldirmaslikka chaqiradi.

Bu borada Konstitutsiyaviy sud oʻzining 2023-yildagi axborotida taklif etgan normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini huquqiy ekspertizadan oʻtkazishda uning Konstitutsiyaga muvofiqligi nuqtai nazardan baholashni eng asosiy, birlamchi mezon sifatida alohida belgilab qoʻyish toʻgʻrisidagi taklifi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Qonunlarning ijtimoiy munosabatlarni tartibga solishdagi rolini hamda norma ijodkorligi jarayoni sifatini yanada oshirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2024-yil 19-fevraldagi PQ-75-son qarorida mustahkamlanganligini qoʻllab-quvvatlaydi.

Shu bilan birga Konstitutsiyaviy sud normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini huquqiy ekspertizadan oʻtkazishda uning Konstitutsiyaga muvofiqligini baholash faqat Adliya vazirligi emas, balki barcha vazirlik va idoralar, shuningdek, Oliy Majlis palatalari yuridik xizmatlari tomonidan taʼminlanishi lozim, deb hisoblaydi hamda Adliya vazirligi tomonidan vazirlik va idoralar huquqshunos kadrlarini malakasini oshirish jarayonida ham ularning ushbu masala boʻyicha koʻnikmalarini shakllantirishga alohida eʼtibor qaratish tashabbusini ilgari suradi.

Ikkinchidan , Konstitutsiyaviy sud fuqarolar murojaatlarida koʻtarilgan konstitutsiyaviy huquqlarni taʼminlash bilan bogʻliq quyidagi masalalarga alohida eʼtibor qaratadi:

tartibsiz qurilishlar, qurilish ishlarida xavfsizlik choralari koʻrilmaganligi aholi hayoti sifat darajasiga salbiy taʼsir koʻrsatishini, shu jumladan, yosh bolalar oʻlimiga sabab boʻlganligini inobatga olib, barcha yirik qurilish ishlarida xavfsizlik kafolatlarini hamda ushbu masalada quruvchi tashkilotlar faoliyati ustidan nazoratni kuchaytirish, shuningdek, renovatsiyaga oid munosabatlarni qonun darajasida tartibga solish maqsadga muvofiq;

masʼul idoralar tergov va sud jarayonida vaqtincha tergov hibsxonalarida saqlanayotgan shaxslarga bayram kunlarida oziq-ovqat, kiyim-kechak kiritish, toza havoda sayr qilish, yaqin qarindoshlari va advokatlari bilan uchrashuvga ruxsat beradigan tizimni joriy etish masalasiga eʼtibor qaratishi zarur;

baʼzi hududlarda fermerlar oʻzlari yetishtirgan mahsulotni erkin tasarruf etishda toʻsqinliklarga uchrashi holatlarini eʼtiborga olib, barcha masʼullardan tovar va xizmatlarning erkin harakatlanishi boʻyicha konstitutsiyaviy kafolatlarga soʻzsiz rioya etish talab etiladi.

Mazkur holatlar yuzasidan Konstitutsiyaviy sud konstitutsiyaviy huquqlarga rioya etmaslik holatlari vakolatli davlat organlari diqqat-eʼtibori markazida boʻlishi kerakligi, bu bilan bogʻliq har bir holat zudlik bilan oʻrganilishi hamda buzilgan huquqlarni tiklash boʻyicha zarur choralar koʻrilishi lozimligini taʼkidlaydi hamda Oliy Majlisni, Hukumatni va masʼul tashkilotlarni aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish boʻyicha tezkor choralar koʻrish bilan bir qatorda, ularni yuzaga keltirgan sabab va shart-sharoitlarni aniqlash va bartaraf etish boʻyicha tizimli choralar koʻrib borishga chaqiradi.

Uchinchidan , Konstitutsiyaviy sud Konstitutsiyadan kelib chiqib, maxsus qonunlarda xalqaro shartnomalarning yuridik kuchi masalasi aniq tartibga solinishi lozimligiga eʼtibor qaratadi. Xususan, Konstitutsiyaga koʻra, agar xalqaro shartnomada qonundan boshqacha qoida belgilangan boʻlsa xalqaro shartnoma qoidalari qoʻllaniladi ( 15-modda ).

Ushbu konstitutsiyaviy norma mazmunidan kelib chiqib, barcha xalqaro shartnomalar yoki faqatgina qonun bilan ratifikatsiya qilingan xalqaro shartnomalar qonunlardan ustun boʻlishi, shuningdek, ratifikatsiya qilish toʻgʻrisidagi qonunning yuridik kuchi oddiy qonunga nisbatan ustunroq boʻlishi kabi masalalarga aniqlik kiritish zarur.

Shuningdek, xalqaro shartnomalar normalarining Konstitutsiyaga muvofiqligini aniqlash mexanizmlari ham yetarli emas. Qonunchilikda faqat ratifikatsiya qilinadigan xalqaro shartnomaning Konstitutsiyaga muvofiqligini aniqlash tartibi nazarda tutilmagan, xalqaro shartnomani Konstitutsiyaga muvofiq emas deb topishning huquqiy oqibatlari ham qonunlarda aniq belgilab berilmagan.

Xalqaro shartnomalarni sudlar tomonidan toʻgʻridan-toʻgʻri qoʻllash uchun huquqiy va protsessual asoslarni takomillashtirish ham muhim ahamiyatga ega. Konstitutsiyaviy sud Konstitutsiyadan kelib chiquvchi xalqaro shartnomalarga oid ushbu masalalarni qonun darajasida tartibga solish lozim, deb hisoblaydi.

Toʻrtinchidan , Konstitutsiyada huquqiy davlatchilik, Konstitutsiya va huquq ustuvorligi, konstitutsiyaviy huquq-tartibotni taʼminlash va fuqarolarni sud himoyasida boʻlishga oid konstitutsiyaviy huquqlarini amalga oshirishning muhim sharti sifatida odil sudlov hokimiyatiga alohida eʼtibor qaratilgan. Umuman olganda, sud himoyasida boʻlish konstitutsiyaviy huquqi bir vaqtning oʻzida boshqa konstitutsiyaviy huquq va erkinliklarga nisbatan kafolatlovchi mexanizm sifatida ham namoyon boʻladi.

Bu borada Konstitutsiyaviy sudning 2023-yilgi axborotidagi viloyat, tuman (shahar) sudyalarining tegishli xalq deputatlari Kengashlari oldida axborot berish amaliyotini bekor qilish haqidagi taklifini inobatga olib, Oliy Majlis tomonidan tegishli qonun qabul qilinganligini yuqori baholaydi.

Ushbu yoʻnalishda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2023-yil 11-sentabrdagi “Oʻzbekiston — 2030” strategiyasini 2023-yilda sifatli va oʻz vaqtida amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi PQ-300-sonli qarorida belgilangan tezkor-qidiruv va tergov harakatlariga sanksiya berish masalasini koʻrib chiquvchi alohida tergov sudyalari institutini joriy etilishi sudlar mustaqilligiga oid konstitutsiyaviy kafolatlarni yanada mustahkamlaydi. Shu bilan birga Konstitutsiyaviy sud tergov sudyasi vakolatlarining qonuniy asoslarini yaratish choralarini tezlashtirish zarur, deb hisoblaydi.

Beshinchidan , “Davlat boji toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasining Qonunida boshqa shaxslarning manfaatlarini koʻzlab davlat bojini toʻlashdan ozod qilingan shaxslar tomonidan kiritilgan daʼvolar koʻrmasdan qoldirilganda davlat bojini toʻlash masalasi boʻyicha huquqiy boʻshliqni bartaraf etish maqsadga muvofiq.

Sud himoyasida boʻlishga oid konstitutsiyaviy normani toʻlaqonli amalga oshirish maqsadida Konstitutsiyaviy sud “Davlat boji toʻgʻrisida”gi Qonunda boshqa shaxslar manfaatini koʻzlab qilingan daʼvolar yuzasidan, xususan, javobgarga nisbatan toʻlovga qobiliyatsizlik toʻgʻrisida ish qoʻzgʻatilgan boʻlsa va daʼvo koʻrmasdan qoldirilganda manfaatdor shaxsdan davlat bojini undirmaslik masalasini koʻrib chiqishni taklif etadi.

IV. Xulosa

Yangilangan Konstitutsiya va unga muvofiqlashtirilayotgan qonunlar va boshqa normativ-huquqiy hujjatlar Oʻzbekiston Respublikasini suveren, demokratik, huquqiy, ijtimoiy va dunyoviy davlat sifatida barqaror va izchil rivojlanishi uchun mustahkam huquqiy poydevor boʻlmoqda.

Ayni damda Konstitutsiyada belgilangan maqsadlarga erishish nafaqat davlat organlari, balki jamoat birlashmalari va keng jamoatchilik uchun ham ustuvor vazifa boʻlib, jamiyatning barcha aʼzolarining faol saʼy-harakatlarini talab etadi.

Shu maʼnoda Konstitutsiyaviy sud barcha davlat organlarini Konstitutsiyani amalga oshirish va mamlakatda konstitutsiyaviy qonuniylikni taʼminlashda masʼuliyatni toʻlaqonli his qilishga, shu jumladan, oʻz faoliyatida Konstitutsiyada kafolatlangan huquq va erkinliklarning cheklanishiga yoʻl qoʻymaslikka, konstitutsiyaviy huquqlar buzilishining har qanday holatlari boʻyicha tezkor va qatʼiy choralarni koʻrib borishga chaqiradi.

Zero, konstitutsiyaviy qonuniylikni taʼminlash, har bir fuqaroning konstitutsiyaviy huquq va erkinliklarini amalga oshirish uchun zarur shart-sharoitlarni yaratish har bir davlat hokimiyati organi, davlat instituti va mansabdor shaxsning bosh maqsadi boʻlib qolishi lozim.

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudi

Toshkent sh.,

2024-yil 6-dekabr,

KSQ-4-son

lex.uz