UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 6-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 6 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 6 декабря 2024 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 6 December 2024 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

Ўзбекистон Республикасида санитария ва фитосанитария чоралари бўйича Жаҳон савдо ташкилотига аъзо давлатларни хабардор қилиш тартиб-таомилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бозор ислоҳотларини янада жадаллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 3 июндаги ПФ-85-сон Фармонига мувофиқ санитария ва фитосанитария чоралари бўйича Жаҳон савдо ташкилотига аъзо давлатларни хабардор қилиш ва уларнинг асосланган сўровларига жавоб бериш тартиб-таомилларини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 3 июндаги ПФ-85-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг (кейинги ўринларда — Қўмита) марказий аппаратида 3 та штат бирлигидан иборат Санитария ва фитосанитария чоралари бўйича ахборот маркази (кейинги ўринларда — Ахборот маркази) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикасида санитария ва фитосанитария чоралари бўйича Жаҳон савдо ташкилотига (кейинги ўринларда — ЖСТ) аъзо давлатларни хабардор қилиш ва уларнинг асосланган сўровларига жавоб бериш тартиб-таомилларини жорий этиш мақсадида Қўмитага қуйидаги қўшимча вазифалар юклансин:

озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини таъминлаш соҳасида қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, нормативлар, қоидалар (кейинги ўринларда — СФС чоралари) тўғрисида ЖСТга аъзо давлатлар мунтазам хабардор қилинишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикасининг ваколатли давлат органлари томонидан ЖСТга аъзо давлатлар учун умумий бўлган тилда ишлаб чиқилган ёки ўзгартириш киритилган СФС чораларига оид лойиҳаларни ЖСТга аъзо давлатларга улар бўйича шарҳлар ёки таклиф ва эътирозларни олиш учун юбориш;

ЖСТга аъзо давлатлар томонидан берилган шарҳлар ёки таклиф ва эътирозлар асосида СФС чораларига оид лойиҳаларни қайта кўриб чиқиш учун ташаббускор ваколатли давлат органларига етказиш;

ЖСТга аъзо давлатлар ва бошқа манфаатдор томонларнинг асосланган сўровларига жавоб беришни таъминлаш.

Ахборот маркази Қўмитага юкланаётган қўшимча вазифалар бўйича ишларни ташкил этишга масъул этиб белгилансин.

3. Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

икки ҳафта муддатда Ахборот маркази тўғрисидаги низомини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

4. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Қўмитанинг Ўзбекистон Республикасининг Кодекс Алиментариус миллий комиссиясини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

5. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг Кодекс Алиментариус миллий комиссияси тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

Комиссияни ЖСТга аъзо бўлиш бўйича СФС чораларини Кодекс Алиментариус стандартлари талабларига мослаштириш ишларини мувофиқлаштирувчи коллегиал орган этиб белгилаш;

Комиссия фаолиятини бир йилда камида икки марта йиғилишлар шаклида амалга ошириш;

Комиссия йиғилишларига материалларни тайёрлаш ва қарорлар қабул қилиш, Комиссия томонидан қабул қилинган қарорлар бўйича унинг аъзолари томонидан таклифлар ёки фикрларни Комиссияга тақдим этиш тартиби.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.А. Худаяров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 декабрдаги 816-сон қарорига ИЛОВА

Ўзбекистон Республикасининг Кодекс Алиментариус миллий комиссияси тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Кодекс Алиментариус миллий комиссиясининг (кейинги ўринларда — Комиссия) мақоми, асосий вазифалари ва функциялари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Комиссия Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига (кейинги ўринларда — ЖСТ) аъзо бўлиши бўйича озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, нормативлар, қоидаларни (кейинги ўринларда — СФС чоралари) Кодекс Алиментариус стандартлари талабларига мослаштириш ишларини мувофиқлаштирувчи коллегиал орган ҳисобланади.

3. Комиссия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, шунингдек, бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.

4. Комиссия ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга оширишда давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

5. Комиссиянинг таркиби Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия томонидан тасдиқланади.

2-боб. Комиссиянинг асосий вазифалари ва функциялари

6. Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Кодекс Алиментариус Комиссиясига келгусида юбориш мақсадида Комиссияга кўриб чиқиш учун тақдим этилган ҳужжатларни келишиш ва тасдиқлаш;

Кодекс Алиментариус стандартлари талабларига мослаштириш мақсадида Комиссия аъзолари ва соҳага оид ишчи гуруҳларнинг Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларини келишиш;

Кодекс Алиментариус Комиссияси ҳужжатларининг лойиҳалари бўйича шарҳлар ва таклифларни тайёрлаш ҳамда Кодекс Алиментариус Комиссияси ёки унинг ёрдамчи органларига юбориш;

Кодекс Алиментариус Комиссияси ёки унинг ёрдамчи органларига озиқ-овқат маҳсулоти сифати ва хавфсизлиги соҳасида стандартлар ишлаб чиқиш бўйича таклифлар киритиш;

озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш, реализация қилиш, тайёрлаш жараёнларида санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативлари, ветеринария-санитария стандартлари, қоида ва нормаларини ишлаб чиқишга илмий ва услубий ёндашувларни бирлаштириш;

озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги соҳасидаги стандартлар, қоидалар ва нормалар бўйича жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш.

7. Комиссия унга юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Кодекс Алиментариус Комиссияси билан маслаҳатлар ва музокараларни ташкил этади ва ўтказади, шу жумладан, маслаҳатлар ва музокараларнинг кун тартиби, муддатлари ва ўтказиш жойи, маслаҳатлар ва музокараларда қатнашувчилар рўйхати ва бошқа масалаларни кўриб чиқади;

Кодекс Алиментариус Комиссияси билан ишлаш бўйича музокаралар гуруҳи ва соҳага оид ишчи гуруҳларнинг ишини мувофиқлаштиради;

республиканинг масъул вазирлик ва идоралари вакилларидан иборат таркибда соҳага оид ишчи гуруҳларнинг таркибини шакллантиради ва тасдиқлайди;

Комиссияга юкланган вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотни, ҳужжатларни, маълумот ва материалларни давлат органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмаларидан белгиланган тартибда сўраб олади;

Комиссия таркибини ўзгартириш юзасидан Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссияга таклифлар киритади;

зарур ҳолларда, Комиссия йиғилишларида иштирок этиш учун халқаро экспертларни, вазирликлар ва идораларнинг вакилларини, шунингдек, Комиссия таркибига кирмайдиган бошқа шахсларни жалб қилади;

ўзига юкланган вазифалардан келиб чиқиб бошқа функцияларни бажаради.

3-боб. Комиссия фаолиятини ташкил этиш ва қарорларни қабул қилиш тартиби

8. Комиссия ўз фаолиятини йиғилишлар шаклида амалга оширади, комиссиянинг йиғилишлари бир йилда камида икки марта ўтказилади.

9. Комиссиянинг йиғилишлари комиссия раисининг қарори, раис бўлмаган ҳолларда ўринбосарларидан бирининг қарори асосида, шунингдек, комиссия раиси билан келишилган ҳолда комиссия аъзоларининг ташаббуси билан чақирилади.

Комиссия йиғилишларига материаллар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг санитария ва фитосанитария чоралари бўйича ахборот маркази томонидан тайёрланади.

10. Комиссия раиси:

Комиссия мажлисларида раислик қилади;

Комиссия иш режасига таклифлар киритади;

Комиссия мажлисларини чақиради, мажлисларда кўриб чиқилаётган масалалар тайёрланишини ва қабул қилинган қарорлар ижросини ташкил этади, шунингдек, ҳар чоракда томонларни уларнинг ижроси бўйича хабардор қилади;

томонлар ҳамкорлигига ва Комиссия қарорларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда улар ўртасида келишувга эришилишига кўмаклашади;

Комиссия ишида иштирок этиш учун уларнинг таркибига кирмайдиган мансабдор шахслар ва бошқа шахсларни таклиф қилади;

ўз ваколатлари доирасида бошқа вазифаларни бажаради.

11. Комиссия котиби:

Комиссия раиси билан келишиш учун йиғилишларни ўтказиш муддатлари, жойи ва кун тартиби бўйича таклифларни шакллантиради;

Комиссия аъзоларини навбатдаги йиғилишнинг муддати, ўтказиш жойи ва кун тартиби бўйича хабардор қилади, уларни зарур материаллар билан таъминлайди;

Комиссиянинг баённомаларини юритади, йиғилиш ўтказилишини ва иш юритишини ташкил этади;

Комиссия қарорларини комиссия аъзоларига тарқатади;

Комиссия қарорларининг ижроси мониторингини юритади;

Комиссия раисининг комиссия фаолиятига оид топшириқларини бажаради;

Комиссиянинг кун тартиби масалалари бўйича таҳлилий материалларни тайёрлайди.

12. Комиссия аъзолари:

Комиссия йиғилишида иштирок этади ва қарорлар қабул қилишда овоз беради;

Комиссиянинг қарорларини ижро этиш натижалари бўйича Комиссияга ҳисобот тақдим этади;

Комиссия йиғилишининг кун тартиби ва масалаларни муҳокама қилиш тартиби бўйича таклифлар киритади;

Комиссиянинг йиғилишларига материалларни тайёрлашда иштирок этади;

Комиссиянинг ўз вақтида ва самарали ишлашини таъминлаш бўйича бошқа вазифаларни бажаради.

13. Комиссия аъзолари йиғилишларда шахсан иштирок этадилар. Комиссия аъзолари асоссиз сабабларга кўра уч мартадан ортиқ йиғилишларда иштирок этмаган ҳолларда, Комиссия Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссияга унинг аъзоларини ўзгартириш бўйича таклифлар киритиш ҳуқуқига эга.

14. Комиссия йиғилишида аъзоларнинг камида учдан икки қисми иштирок этганда, қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга.

15. Кўриб чиқиладиган масалалар бўйича қарорлар очиқ овоз бериш орқали кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Комиссиянинг ҳар бир аъзоси, шу жумладан, раис ҳам битта овозга эга бўлади.

Комиссия қарорлари унинг барча аъзолари учун мажбурийдир.

16. Комиссиянинг йиғилишларида кўриб чиқилган масалалар ва қабул қилинган қарорлар йиғилиш баённомаси шаклида расмийлаштирилади.

17. Комиссия томонидан қабул қилинган қарор норози бўлган Комиссия аъзолари (аъзоси) тегишли қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида ўз таклифлари ёки фикрларини ёзма равишда Комиссияга тақдим этишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 6 декабрь,

816-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.12.2024 й., 09/24/816/1012-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

Oʻzbekiston Respublikasida sanitariya va fitosanitariya choralari boʻyicha Jahon savdo tashkilotiga aʼzo davlatlarni xabardor qilish tartib-taomillarini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Bozor islohotlarini yanada jadallashtirish va Oʻzbekiston Respublikasi milliy qonunchiligini Jahon savdo tashkiloti bitimlariga muvofiqlashtirish boʻyicha navbatdagi chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2024-yil 3-iyundagi PF-85-son Farmoniga muvofiq sanitariya va fitosanitariya choralari boʻyicha Jahon savdo tashkilotiga aʼzo davlatlarni xabardor qilish va ularning asoslangan soʻrovlariga javob berish tartib-taomillarini joriy etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2024-yil 3-iyundagi PF-85-son Farmoniga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasining (keyingi oʻrinlarda — Qoʻmita) markaziy apparatida 3 ta shtat birligidan iborat Sanitariya va fitosanitariya choralari boʻyicha axborot markazi (keyingi oʻrinlarda — Axborot markazi) tashkil etilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Oʻzbekiston Respublikasida sanitariya va fitosanitariya choralari boʻyicha Jahon savdo tashkilotiga (keyingi oʻrinlarda — JST) aʼzo davlatlarni xabardor qilish va ularning asoslangan soʻrovlariga javob berish tartib-taomillarini joriy etish maqsadida Qoʻmitaga quyidagi qoʻshimcha vazifalar yuklansin:

oziq-ovqat mahsulotlarining xavfsizligini taʼminlash sohasida qabul qilinayotgan normativ-huquqiy hujjatlar, normativlar, qoidalar (keyingi oʻrinlarda — SFS choralari) toʻgʻrisida JSTga aʼzo davlatlar muntazam xabardor qilinishini taʼminlash;

Oʻzbekiston Respublikasining vakolatli davlat organlari tomonidan JSTga aʼzo davlatlar uchun umumiy boʻlgan tilda ishlab chiqilgan yoki oʻzgartirish kiritilgan SFS choralariga oid loyihalarni JSTga aʼzo davlatlarga ular boʻyicha sharhlar yoki taklif va eʼtirozlarni olish uchun yuborish;

JSTga aʼzo davlatlar tomonidan berilgan sharhlar yoki taklif va eʼtirozlar asosida SFS choralariga oid loyihalarni qayta koʻrib chiqish uchun tashabbuskor vakolatli davlat organlariga yetkazish;

JSTga aʼzo davlatlar va boshqa manfaatdor tomonlarning asoslangan soʻrovlariga javob berishni taʼminlash.

Axborot markazi Qoʻmitaga yuklanayotgan qoʻshimcha vazifalar boʻyicha ishlarni tashkil etishga masʼul etib belgilansin.

3. Sogʻliqni saqlash vazirligi:

ikki hafta muddatda Axborot markazi toʻgʻrisidagi nizomini ishlab chiqsin va tasdiqlasin;

ikki oy muddatda manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

4. Sogʻliqni saqlash vazirligi va Qoʻmitaning Oʻzbekiston Respublikasining Kodeks Alimentarius milliy komissiyasini tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.

5. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oʻzbekiston Respublikasining Kodeks Alimentarius milliy komissiyasi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

Komissiyani JSTga aʼzo boʻlish boʻyicha SFS choralarini Kodeks Alimentarius standartlari talablariga moslashtirish ishlarini muvofiqlashtiruvchi kollegial organ etib belgilash;

Komissiya faoliyatini bir yilda kamida ikki marta yigʻilishlar shaklida amalga oshirish;

Komissiya yigʻilishlariga materiallarni tayyorlash va qarorlar qabul qilish, Komissiya tomonidan qabul qilingan qarorlar boʻyicha uning aʼzolari tomonidan takliflar yoki fikrlarni Komissiyaga taqdim etish tartibi.

6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari J.A. Xodjayev hamda Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vaziri A.A. Xudayarov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 6-dekabrdagi 816-son qaroriga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasining Kodeks Alimentarius milliy komissiyasi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Kodeks Alimentarius milliy komissiyasining (keyingi oʻrinlarda — Komissiya) maqomi, asosiy vazifalari va funksiyalari, shuningdek, faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.

2. Komissiya Oʻzbekiston Respublikasining Jahon savdo tashkilotiga (keyingi oʻrinlarda — JST) aʼzo boʻlishi boʻyicha oziq-ovqat mahsulotlarining sifati va xavfsizligini taʼminlash sohasidagi normativ-huquqiy hujjatlar, normativlar, qoidalarni (keyingi oʻrinlarda — SFS choralari) Kodeks Alimentarius standartlari talablariga moslashtirish ishlarini muvofiqlashtiruvchi kollegial organ hisoblanadi.

3. Komissiya oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, ushbu Nizomga, shuningdek, boshqa qonunchilik hujjatlariga amal qiladi.

4. Komissiya oʻziga yuklangan vazifalar va funksiyalarni amalga oshirishda davlat organlari va tashkilotlari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, jamoat birlashmalari va boshqa tashkilotlar bilan oʻzaro hamkorlik qiladi.

5. Komissiyaning tarkibi Jahon savdo tashkiloti bilan ishlash boʻyicha idoralararo komissiya tomonidan tasdiqlanadi.

2-bob. Komissiyaning asosiy vazifalari va funksiyalari

6. Quyidagilar Komissiyaning asosiy vazifalari hisoblanadi:

Kodeks Alimentarius Komissiyasiga kelgusida yuborish maqsadida Komissiyaga koʻrib chiqish uchun taqdim etilgan hujjatlarni kelishish va tasdiqlash;

Kodeks Alimentarius standartlari talablariga moslashtirish maqsadida Komissiya aʼzolari va sohaga oid ishchi guruhlarning Oʻzbekiston Respublikasi qonunchilik hujjatlariga zarur oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisidagi takliflarini kelishish;

Kodeks Alimentarius Komissiyasi hujjatlarining loyihalari boʻyicha sharhlar va takliflarni tayyorlash hamda Kodeks Alimentarius Komissiyasi yoki uning yordamchi organlariga yuborish;

Kodeks Alimentarius Komissiyasi yoki uning yordamchi organlariga oziq-ovqat mahsuloti sifati va xavfsizligi sohasida standartlar ishlab chiqish boʻyicha takliflar kiritish;

oziq-ovqat mahsulotini ishlab chiqarish, qayta ishlash, saqlash, tashish, realizatsiya qilish, tayyorlash jarayonlarida sanitariya normalari, qoidalari va gigiyena normativlari, veterinariya-sanitariya standartlari, qoida va normalarini ishlab chiqishga ilmiy va uslubiy yondashuvlarni birlashtirish;

oziq-ovqat mahsulotlarining xavfsizligi sohasidagi standartlar, qoidalar va normalar boʻyicha jismoniy va yuridik shaxslardan kelib tushgan murojaatlarni koʻrib chiqish.

7. Komissiya unga yuklangan vazifalarga muvofiq quyidagi funksiyalarni amalga oshiradi:

Kodeks Alimentarius Komissiyasi bilan maslahatlar va muzokaralarni tashkil etadi va oʻtkazadi, shu jumladan, maslahatlar va muzokaralarning kun tartibi, muddatlari va oʻtkazish joyi, maslahatlar va muzokaralarda qatnashuvchilar roʻyxati va boshqa masalalarni koʻrib chiqadi;

Kodeks Alimentarius Komissiyasi bilan ishlash boʻyicha muzokaralar guruhi va sohaga oid ishchi guruhlarning ishini muvofiqlashtiradi;

respublikaning masʼul vazirlik va idoralari vakillaridan iborat tarkibda sohaga oid ishchi guruhlarning tarkibini shakllantiradi va tasdiqlaydi;

Komissiyaga yuklangan vazifalarni amalga oshirish uchun zarur boʻlgan axborotni, hujjatlarni, maʼlumot va materiallarni davlat organlari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari va xoʻjalik birlashmalaridan belgilangan tartibda soʻrab oladi;

Komissiya tarkibini oʻzgartirish yuzasidan Jahon savdo tashkiloti bilan ishlash boʻyicha idoralararo komissiyaga takliflar kiritadi;

zarur hollarda, Komissiya yigʻilishlarida ishtirok etish uchun xalqaro ekspertlarni, vazirliklar va idoralarning vakillarini, shuningdek, Komissiya tarkibiga kirmaydigan boshqa shaxslarni jalb qiladi;

oʻziga yuklangan vazifalardan kelib chiqib boshqa funksiyalarni bajaradi.

3-bob. Komissiya faoliyatini tashkil etish va qarorlarni qabul qilish tartibi

8. Komissiya oʻz faoliyatini yigʻilishlar shaklida amalga oshiradi, komissiyaning yigʻilishlari bir yilda kamida ikki marta oʻtkaziladi.

9. Komissiyaning yigʻilishlari komissiya raisining qarori, rais boʻlmagan hollarda oʻrinbosarlaridan birining qarori asosida, shuningdek, komissiya raisi bilan kelishilgan holda komissiya aʼzolarining tashabbusi bilan chaqiriladi.

Komissiya yigʻilishlariga materiallar Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasining sanitariya va fitosanitariya choralari boʻyicha axborot markazi tomonidan tayyorlanadi.

10. Komissiya raisi:

Komissiya majlislarida raislik qiladi;

Komissiya ish rejasiga takliflar kiritadi;

Komissiya majlislarini chaqiradi, majlislarda koʻrib chiqilayotgan masalalar tayyorlanishini va qabul qilingan qarorlar ijrosini tashkil etadi, shuningdek, har chorakda tomonlarni ularning ijrosi boʻyicha xabardor qiladi;

tomonlar hamkorligiga va Komissiya qarorlarini ishlab chiqish hamda amalga oshirishda ular oʻrtasida kelishuvga erishilishiga koʻmaklashadi;

Komissiya ishida ishtirok etish uchun ularning tarkibiga kirmaydigan mansabdor shaxslar va boshqa shaxslarni taklif qiladi;

oʻz vakolatlari doirasida boshqa vazifalarni bajaradi.

11. Komissiya kotibi:

Komissiya raisi bilan kelishish uchun yigʻilishlarni oʻtkazish muddatlari, joyi va kun tartibi boʻyicha takliflarni shakllantiradi;

Komissiya aʼzolarini navbatdagi yigʻilishning muddati, oʻtkazish joyi va kun tartibi boʻyicha xabardor qiladi, ularni zarur materiallar bilan taʼminlaydi;

Komissiyaning bayonnomalarini yuritadi, yigʻilish oʻtkazilishini va ish yuritishini tashkil etadi;

Komissiya qarorlarini komissiya aʼzolariga tarqatadi;

Komissiya qarorlarining ijrosi monitoringini yuritadi;

Komissiya raisining komissiya faoliyatiga oid topshiriqlarini bajaradi;

Komissiyaning kun tartibi masalalari boʻyicha tahliliy materiallarni tayyorlaydi.

12. Komissiya aʼzolari:

Komissiya yigʻilishida ishtirok etadi va qarorlar qabul qilishda ovoz beradi;

Komissiyaning qarorlarini ijro etish natijalari boʻyicha Komissiyaga hisobot taqdim etadi;

Komissiya yigʻilishining kun tartibi va masalalarni muhokama qilish tartibi boʻyicha takliflar kiritadi;

Komissiyaning yigʻilishlariga materiallarni tayyorlashda ishtirok etadi;

Komissiyaning oʻz vaqtida va samarali ishlashini taʼminlash boʻyicha boshqa vazifalarni bajaradi.

13. Komissiya aʼzolari yigʻilishlarda shaxsan ishtirok etadilar. Komissiya aʼzolari asossiz sabablarga koʻra uch martadan ortiq yigʻilishlarda ishtirok etmagan hollarda, Komissiya Jahon savdo tashkiloti bilan ishlash boʻyicha idoralararo komissiyaga uning aʼzolarini oʻzgartirish boʻyicha takliflar kiritish huquqiga ega.

14. Komissiya yigʻilishida aʼzolarning kamida uchdan ikki qismi ishtirok etganda, qaror qabul qilish huquqiga ega.

15. Koʻrib chiqiladigan masalalar boʻyicha qarorlar ochiq ovoz berish orqali koʻpchilik ovoz bilan qabul qilinadi. Komissiyaning har bir aʼzosi, shu jumladan, rais ham bitta ovozga ega boʻladi.

Komissiya qarorlari uning barcha aʼzolari uchun majburiydir.

16. Komissiyaning yigʻilishlarida koʻrib chiqilgan masalalar va qabul qilingan qarorlar yigʻilish bayonnomasi shaklida rasmiylashtiriladi.

17. Komissiya tomonidan qabul qilingan qaror norozi boʻlgan Komissiya aʼzolari (aʼzosi) tegishli qaror qabul qilingan kundan boshlab uch ish kuni ichida oʻz takliflari yoki fikrlarini yozma ravishda Komissiyaga taqdim etishlari mumkin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2024-yil 6-dekabr,

816-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 07.12.2024-y., 09/24/816/1012-son)

lex.uz