UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 20-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 20 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 20 декабря 2024 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 20 December 2024 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

СХЕМАСИ

СХЕМАСИ

РЎЙХАТИ

Мактабгача ва мактаб таълими ходимларининг узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 21 июндаги ПҚ-231-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, педагогларнинг узлуксиз касбий ривожланиши учун етарли шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 21 июндаги ПҚ-231-сон қарорига мувофиқ:

а) мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари раҳбар, педагог ва мутахассис кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг яхлит тизими жорий қилинганлиги;

б) Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бўйсунувига ўтказилганлиги;

в) 2025 йил 1 январдан бошлаб:

мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантиришнинг вертикал тизими (вазирлик — малака ошириш муассасаси — таълим ташкилоти) йўлга қўйилиши;

мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларининг ходимлари учун беш йилда бир маротаба ишдан ажралган ҳолда ўтказиладиган малака ошириш курслари жорий қилиниши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантиришни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

узлуксиз касбий ривожлантириш тизими, унинг мақсади ва асосий вазифалари;

узлуксиз касбий ривожлантиришнинг турлари ва уларни ташкил этиш тартиби;

узлуксиз касбий ривожлантириш сифатини баҳолаш ва назорат қилиш.

3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимча киритилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ баъзи қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

5. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Х.У. Умарова зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 20 декабрдаги 867-сон қарорига 1-ИЛОВА

Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантиришни ташкил этиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги раҳбар, педагог ва мутахассис ходимларни (кейинги ўринларда — раҳбар, педагог ва мутахассис ходимларни) узлуксиз касбий ривожлантиришни ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

буюртмачи — Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари, тизимида мактабгача, умумий ўрта, қўшимча таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар, шунингдек, нодавлат мактабгача ва умумтаълим ташкилотлари;

касбий ривожлантириш таълим ташкилоти — А. Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институти, Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти, Педагогик маҳорат марказлари, малака ошириш фаолияти билан шуғулланадиган нодавлат таълим ташкилотлари, педагог кадрлар тайёрланадиган олий таълим муассасалари;

мактабгача ва мактаб таълими ходимларининг малакасини ошириш фаолияти билан шуғулланадиган касбий ривожлантириш таълим ташкилотлари реестри (кейинги ўринларда — Реестр) — мактабгача ва мактаб таълими ходимларининг малакасини ошириш фаолияти билан шуғулланувчи таълим ташкилотлари тўғрисидаги маълумотлар базасини ўз ичига олган электрон ахборот тизими;

малака талаблари — касбий ривожланиш курси битирувчисининг умумий билим ва касбий тайёргарлик даражасига қўйиладиган талаблар;

малака ошириш курси — малака оширишнинг тасдиқланган ўқув режаси ва дастурлари асосида ишлаб чиқилган машғулотлар тизими;

мутахассис ходимлар — мактабгача ва мактаб таълими тизими ташкилотларида психолог, методист, кутубхоначи, кадрлар бўйича менежер, лаборант, йўриқчи лавозимларида фаолият кўрсатувчи шахслар;

оралиқ назорат — курс давомида ўқув дастурининг муайян бўлими (модули) тугаллангандан кейин тингловчининг билим ва амалий кўникма даражасини аниқлаш ва баҳолаш усули;

педагог ходимлар — мактабгача, мактаб ва қўшимча таълим ташкилотларида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тузилган меҳнат шартномаси асосида таълим ва тарбия соҳасида касбий фаолиятни амалга оширувчи ҳамда тегишли маълумотга, касбий тайёргарликка ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлган жисмоний шахслар;

раҳбар ходимлар — мактабгача, қўшимча ва мактаб таълими ташкилотлари, уларнинг таркибий бўлинмаларида бошқарув функциялари ва вазифаларини бажарувчи шахслар;

табақалашган таълим дастурлари — раҳбар, педагог ва мутахассис ходимларнинг малака тоифаси, касбий маҳорати ва билим кўрсаткичларидан келиб чиқиб, касбий билимлар, кўникмалар ва маҳоратларни мунтазам равишда янгилаб боришга мўлжалланган таълим дастурлари;

тингловчи — касбий ривожлантириш таълим ташкилотининг қайта тайёрлаш ёки малака ошириш курсига қабул қилинган ходим;

узлуксиз касбий ривожлантириш тизими (кейинги ўринларда — узлуксиз касбий ривожлантириш) — ходимларнинг касбий компетентлигини замонавий талаблар билан уйғунлаштириш, мунтазам равишда ривожлантириб бориш имкониятини берувчи тизим;

«Узлуксиз касбий таълим» махсус электрон платформаси (кейинги ўринларда — электрон платформа) — ўқув модуллари контентларини яратиш, сақлаш ва таълим олувчиларга тақдим этиш, шунингдек, таълим олувчиларни рўйхатга олиш ва уларга ўқув модулларини онлайн тарзда ўзлаштириш имкониятини берувчи махсус электрон дастурий тизим;

қайта тайёрлаш курси — қайта тайёрлашнинг тасдиқланган ўқув режаси ва дастурлари асосида ишлаб чиқилган машғулотлар тизими;

электрон портфолио — раҳбар, педагог ва мутахассис ходимларнинг касбий фаолияти ва мустақил малака ошириш натижаларини баҳолашга қаратилган ўқув-методик, илмий-тадқиқот ва ижодий иш материалларни қамраб олувчи маълумотлар базаси;

якуний аттестация — малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари охиридаги якуний назорат синови, илғор педагогик услуб ва технологияларни қўллаш бўйича топшириқларни бажаришдан иборат малака иши ёки битирув ишини ҳимоя қилиш шаклида ўтказиладиган баҳолаш жараёнлари;

якуний назорат синови — курс якунида унинг дастурига кирувчи фанлар бўйича назарий билим ва амалий кўникмаларни тингловчилар томонидан ўзлаштириш даражасини баҳолаш усули;

ўқув модули — нисбатан мустақил, мазмунан яхлит ўқув курси ёки таълим технологиясининг минимал ҳажмдаги таркибий бирлиги.

2-боб. Узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мақсади ва асосий вазифалари

3. Узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мақсади — ходимларнинг эгаллаб турган лавозимлари, мутахассислиги ёки дарс берадиган фанлари бўйича касбий ва педагогик маҳорати доимий равишда ўсиб боришини, уларнинг илғор педагогик ва ахборот технологиялари, шунингдек, ўқитишнинг интерактив усуллари бўйича касбий билимлари, малака ва кўникмалари мунтазам равишда янгилаб борилишини таъминлашдан иборат.

4. Узлуксиз касбий ривожлантиришнинг асосий вазифалари:

раҳбар, педагог ва мутахассис ходимларнинг касбий билимлари, кўникмалари ва маҳоратларини узлуксиз янгилаб бориш механизмларини жорий этиш, замонавий талабларга мувофиқ таълим сифатини таъминлаш учун зарур даражада касбий тайёргарлигини амалга ошириш;

педагог ходимларни касбий маҳорати ва билим салоҳиятидан келиб чиқиб, касбий эҳтиёжларига мос келадиган табақалашган таълим дастурларини ўзлаштиришга йўналтириш, методик компетентлик даражасини ошириш ва касбий маҳоратини такомиллаштириш, замонавий таълим ва тарбия методикаларини ўзлаштириш;

таълим сифатини оширишнинг асосий манбаи сифатида педагог ходимларнинг касбий ривожланиши, ташаббускорлиги, ижодкорлиги ва маҳоратини рағбатлантириш;

ходимларнинг тайёргарлик сифатига қўйиладиган малака талабларини такомиллаштириш;

ходимларнинг доимий касбий ривожланиши учун кенг имкониятлар тақдим этадиган таълим муҳитини яратиш.

3-боб. Узлуксиз касбий ривожлантиришнинг вертикал тизими

5. Узлуксиз касбий ривожлантиришнинг вертикал тизимига қуйидагилар киради:

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик);

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик);

Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари (кейинги ўринларда — Ҳудудий бошқармалар);

туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари;

А. Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институти (кейинги ўринларда — Институт);

Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти (кейинги ўринларда — Мактабгача таълим институти);

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар Педагогик маҳорат марказлари (кейинги ўринларда — Ҳудудий марказлар);

педагогика йўналишидаги олий таълим муассасалари;

малака ошириш фаолияти билан шуғулланадиган нодавлат таълим ташкилотлари;

мактабгача таълим ташкилоти, Президент, ижод, ихтисослаштирилган, умумий ўрта таълим ва қўшимча таълим муассасалари.

6. Вазирлик:

замонавий талабларга мувофиқ узлуксиз касбий ривожлантириш тизими такомиллаштириб борилишини таъминлайди;

тасарруфидаги касбий ривожлантириш таълим ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиради, уларнинг ўқув-методик ва моддий-техник базасини такомиллаштириш чораларини кўради;

узлуксиз касбий ривожлантириш жараёнларини хорижий тажрибалар асосида доимий такомиллаштириб боради;

узлуксиз касбий ривожлантириш курслари ўқув режалари ва дастурларининг белгиланган талабларга мос бўлишини таъминлайди;

ҳар йиллик режа кўрсаткичларини тасдиқлайди ҳамда уларнинг бажарилишини назорат қилади;

узлуксиз касбий ривожлантириш жараёнларини Давлат бюджетидан молиялаштириш чораларини кўради;

тизимдаги раҳбар, педагог ва мутахассис ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фаолияти билан шуғулланувчи касбий ривожлантириш таълим ташкилотлари фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг давлат таълим талабларини, малака ошириш курсларининг малака талабларини, ўқув режаси ва дастурларини тасдиқлайди.

7. Агентлик:

тасарруфидаги таълим муассасалари ходимларининг узлуксиз касбий ривожлантириш курслари ўқув режалари ва дастурларини шакллантиради ва тасдиқлаш учун Вазирликка тақдим этади;

ходимларни касбий ривожлантириш бўйича умумлаштирилган буюртмаларни Институтга тақдим этади;

тасарруфидаги таълим муассасалари ходимларининг узлуксиз касбий ривожлантириш курсларига ўз вақтида ва тўла жалб қилинишини таъминлайди.

8. Ҳудудий бошқармалар:

ходимларнинг узлуксиз касбий ривожлантириш курсларига ўз вақтида ва тўла жалб қилинишини таъминлайди;

навбатдаги календарь йилда ходимларни касбий ривожлантириш буюртмаларини шакллантиради ҳамда малака ошириш йўналишлари ва ташкилотлари бўйича гуруҳларга ажратган ҳолда умумлаштиради;

ходимларнинг ҳудуд, туман ва шаҳарлар миқёсидаги, шунингдек, мактаб ва қўшимча таълим муассасаларидаги касбий ривожланиш кунлари ва касбий ривожланиш соатлари тадбирларини ташкил қилади;

ходимларни касбий ривожлантириш бўйича умумлаштирилган буюртмаларни Вазирликка тақдим этади, шунингдек, туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимларининг электрон платформа билан ишлаш фаолиятини мувофиқлаштиради;

узлуксиз касбий ривожлантириш курсларининг ўқув режаси, дастури, ўқув-методик ва бошқа ҳужжатларини тайёрлаш, ўқув курсларининг давомийлиги ҳамда уларни ташкил этиш шакллари бўйича Институтга таклифлар киритади.

9. Туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари:

электрон платформага ходимлар тўғрисидаги маълумотлар тўғри киритилишини назорат қилади;

мактаб, мактабгача таълим ва қўшимча таълим ташкилотлари томонидан навбатдаги календарь йил учун малака оширишнинг режа кўрсаткичларига таклифларни йиғади, умумлаштиради ва Ҳудудий бошқармага тақдим этади;

педагог ходимларнинг тасдиқланган режа кўрсаткичлари бўйича малака ошириш курсларига юборилишини назорат қилади;

ходимларнинг туман (шаҳар) миқёсидаги, шунингдек, мактаб, мактабгача таълим ва қўшимча таълим ташкилотларидаги узлуксиз малака ошириш тадбирларини ташкил қилади;

ходимларнинг ишдан ажралмаган шаклдаги малака ошириш жараёнлари мониторингини юритади.

10. Институт:

Вазирлик тасарруфидаги касбий ривожлантириш таълим ташкилотлари учун бош таълим муассасаси ҳисобланади ҳамда уларнинг ўқув, методик ва илмий фаолиятига раҳбарлик қилади;

Президент мактабларида ўқувчиларни ўқитиш, касб-ҳунарга йўналтириш, уларда танқидий фикрлаш, ахборотни излаш ва таҳлил қилиш кўникмаларини шакллантириш, олинган билимларни амалиётда қўллаш бўйича тўпланган илғор тажрибаларни узлуксиз касбий ривожлантириш тизими орқали умумий ўрта таълим муассасаларига кенг татбиқ этади;

ходимларни узлуксиз касбий ривожлантириш тизими самарадорлигини таъминлайди, уларнинг касбий билим, кўникма ва маҳоратини мунтазам ошириб боради, малака ошириш ва қайта тайёрлашнинг анъанавий, муқобил, дуал ва мустақил шаклларини амалиётга кенг жорий этади;

малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларининг ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқади ҳамда уларни замон талаблари ва хорижий илғор тажрибалар асосида такомиллаштириш бўйича Вазирликка таклиф киритади;

келажак мактаби, унинг раҳбари ва ўқитувчисининг моделини яратиш асосида умумий ўрта таълим муассасалари ходимларининг касбий стандартларини ишлаб чиқади ва доимий равишда ривожлантириб боради, ўқув-методик фаолиятнинг таълим жараёни билан боғлиқлигини мустаҳкамлайди;

давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари учун узлуксиз касбий ривожлантириш курсларининг намунавий ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқади, доимий янгилаб боради ва тасдиқлаш учун Вазирликка киритади;

умумий ўрта таълим соҳасидаги илғор хорижий тажрибаларни ўрганади ва мамлакатимизда жорий этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади, хорижий етакчи таълим ташкилотлари билан халқаро алоқаларни ривожлантиради;

малака ошириш курсларининг таълим мазмунига халқаро баҳолаш дастурлари (PISA, TIMSS, PIRLS) бўйича модулларни киритиб боради;

умумий ўрта таълимнинг долзарб муаммолари юзасидан турли дастур ва лойиҳаларни амалга оширади, илмий-услубий конференция ва семинарлар ташкил қилади;

докторантура йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича юқори малакали кадрларни тайёрлайди, илмий ходимларнинг касбий билим даражасини доимий ошириб боради;

электрон платформани юритади ва унинг фаолиятини такомиллаштириб боради.

11. Мактабгача таълим институти:

мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари учун узлуксиз касбий ривожлантириш курсларини ташкил этади;

мактабгача таълим ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш бўйича электрон платформага маълумотларни киритишни ташкил қилади;

ходимларни узлуксиз касбий ривожлантириш бўйича ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқади;

мактабгача таълим ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш фаолияти билан шуғулланаётган нодавлат таълим ташкилотлари учун намунавий ўқув режаси, дастур, ўқув-методик ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқади, шунингдек, курсларнинг ўқув-услубий таъминотини доимий янгилаб боришга кўмаклашади ва тасдиқлаш учун Вазирликка киритади;

мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг узлуксиз касбий ривожлантириш жараёнларининг якуний аттестацияси топшириқларини ишлаб чиқади;

мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг узлуксиз малакасини ошириш жараёнларини назорат қилади ва мониторингини юритади;

мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини илмий-методик жиҳатдан таъминлайди, фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар ўтказади, тадқиқот натижаларини амалиётга кенг жорий этади;

мактабгача таълим ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш бўйича хорижий тажрибани ва таълим муассасаларининг эътироф этилган ютуқларини таҳлил қилади ва умумлаштиради;

мактабгача таълимнинг долзарб муаммолари юзасидан тизимли асосда илмий-тадқиқот дастурлари ва лойиҳаларини амалга оширади, илмий, илмий-амалий конференциялар, семинарлар, йиғилишлар ташкил қилади;

мактабгача таълимни ташкил этишнинг янги технологиялари, воситалари ва шаклларини ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш ва экспертиза қилишда иштирок этади;

Ҳудудий марказларнинг мактабгача таълим ташкилотлари ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фаолиятини мувофиқлаштиради.

12. Ҳудудий марказлар:

ходимларни узлуксиз касбий ривожлантиришга ихтисослашган ўқув муассасаси ҳисобланиб, ушбу йўналишдаги ўқув, илмий ҳамда ташкилий-методик ишларни амалга оширади;

тегишли ҳудуддаги ходимлар учун узлуксиз касбий ривожлантириш курсларини ташкил қилади;

педагогика, психология, ўқув фанлари ва уларни ўқитиш методикасининг мамлакатимиздаги ва жаҳондаги энг янги ютуқлари, шунингдек, замонавий ахборот ва педагогик технологияларнинг тингловчилар томонидан чуқур ўзлаштирилишини таъминлайди;

қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг илғор шакл ва усулларини жорий қилади;

ходимларни узлуксиз касбий ривожлантириш бўйича педагогика олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари ва марказлари билан ҳамкорлик қилади;

ҳудуддаги эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда, алоҳида курсларни ташкил этиш учун ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқади ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлаш учун Институтга тақдим этади;

тингловчиларнинг якуний аттестациясини ўтказадиган комиссия таркибини шакллантиради ва тасдиқлайди;

тингловчиларнинг якуний аттестациясини ташкил этади ва ўтказади;

тингловчиларнинг электрон портфолиога киритилган мустақил малака ошириш натижаларини баҳолайди;

узлуксиз касбий ривожлантириш жараёнларининг таълим дастурларини якунлаган ва якуний аттестациядан муваффақиятли ўтган тингловчиларга сертификатларни расмийлаштиради.

13. Педагогика йўналишидаги олий таълим муассасалари:

тегишли ҳудудлардаги педагог ходимларни узлуксиз касбий ривожлантириш курсларини буюртма асосида ташкил қилади;

педагогика, психология, ўқув фанлари ва уларни ўқитиш методикасининг мамлакатимиздаги ва жаҳондаги энг янги ютуқлари, шунингдек, замонавий ахборот ва педагогик технологияларнинг педагоглар томонидан чуқур ўзлаштирилишини таъминлайди;

тингловчиларнинг ўз касбий малакаларини такомиллаштиришга бўлган эҳтиёжларини тўла қондириш мақсадида малака оширишнинг илғор шакл ва усулларини жорий қилади;

тингловчиларнинг малака ошириш курсларида ўқиганлиги ҳақидаги маълумотлар электрон платформага киритилишини таъминлайди;

ташкил қилинган гуруҳлар ҳақида ҳар ойлик ҳисоботларни шакллантиради ва Институтга тақдим қилади.

14. Малака ошириш фаолияти билан шуғулланадиган нодавлат таълим ташкилотлари:

тегишли ҳудудлардаги педагог ходимларни узлуксиз касбий ривожлантириш курсларини буюртма асосида ташкил қилади;

педагогика, психология, ўқув фанлари ва уларни ўқитиш методикасининг мамлакатимиздаги ва жаҳондаги энг янги ютуқлари, шунингдек, замонавий ахборот ва педагогик технологияларнинг педагоглар томонидан чуқур ўзлаштирилишини таъминлайди;

тингловчиларнинг ўз касбий малакаларини такомиллаштиришга бўлган эҳтиёжларини тўла қондириш мақсадида малака оширишнинг илғор шакл ва усулларини жорий этади;

тингловчиларнинг малака ошириш курсларида ўқиганлиги ҳақидаги маълумотларни электрон платформага киритилишини таъминлайди;

ташкил қилинган гуруҳлар ҳақида ҳар ойлик ҳисоботларни шакллантиради ва Институтга тақдим қилади.

15. Мактабгача таълим ташкилоти, Президент, ижод, ихтисослаштирилган, умумий ўрта ва қўшимча таълим муассасалари:

ходимларни тасдиқланган режа бўйича малака ошириш курсларига юборади;

ходимларнинг малака ошириши ҳақидаги маълумотларни электрон платформага киритади;

таълим муассасасида узлуксиз касбий ривожлантириш бўйича турли тадбирларни амалга оширади;

педагог ходимларнинг узлуксиз касбий ривожланиш натижаларини таҳлил қилади.

4-боб. Узлуксиз касбий ривожлантириш курсларининг тингловчилари

16. Узлуксиз касбий ривожлантириш курсларининг тингловчилари касбий ривожлантириш таълим ташкилотидаги ўқув-лаборатория, ахборот-ресурс марказлари, соғломлаштириш ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

17. Узлуксиз касбий ривожлантириш курси тингловчиси қуйидаги сабабларга кўра тингловчилар сафидан четлаштирилади:

ўқув интизомини ва касбий ривожлантириш таълим ташкилотининг ички тартиб-қоидаларини бузганлиги учун;

қайта тайёрлаш курсидаги дарс машғулотларини узрли сабабларсиз 36 соат, малака ошириш курсларида — 18 соат дарс қолдиргани учун;

саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);

тингловчига нисбатан суднинг ҳукми асосида;

шартнома асосида ўқитиш учун белгиланган миқдордаги тўловни ўз вақтида амалга оширмаганлиги учун;

вафот этганлиги сабабли.

18. Тингловчини курсдан четлатиш тўғрисида қарор чиқарилган кундан бошлаб уч кун ичида унга четлатиш сабаблари кўрсатилган ҳолда маълумотнома берилади, шунингдек, бу ҳақида уни малака оширишга юборган буюртмачига тегишли касбий ривожлантириш таълим ташкилоти томонидан маълум қилинади.

Малака ошириш курсидан четлатилган тингловчи буюртмачи томонидан унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда, таътил берилиши тартибида уч ой ичида қайта малака ошириши шарт.

19. Малака ошириш курсларига қайта юборилган ходим якуний аттестациядан такроран ўтмаган ёки белгиланган муддатда малака ошириш курсларидан ўтмаган тақдирда, у билан тузилган меҳнат шартномаси амал қилиш муддатидан қатъи назар, иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилинади.

Бунда ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли эгаллаб турган лавозимига ёки бажараётган ишига мувофиқ эмаслиги меҳнат шартномасини бекор қилишнинг асоси сифатида кўрсатилади.

Ушбу ходим ўз педагогик фаолиятини давлат мактабгача, мактаб ва қўшимча таълим муассасаларида давом эттириши учун касбий ривожлантириш таълим ташкилоти билан бевосита тузилган шартнома асосида малакасини оширган бўлиши талаб қилинади.

5-боб. Узлуксиз касбий ривожлантириш шакллари

20. Узлуксиз касбий ривожлантиришда таълим олишнинг қуйидаги шаклларидан фойдаланилади:

ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олиш;

ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олиш;

масофавий таълим;

дуал таълим;

мустақил таълим;

муқобил шаклларда таълим олиш.

21. Узлуксиз касбий ривожлантириш курсларидаги ўқув жараёни касбий ривожлантириш таълим ташкилоти раҳбари томонидан тасдиқланадиган машғулотлар жадвали асосида амалга оширилади. Аудитория машғулотларининг барча турлари учун 80 дақиқа давом этадиган дарс жуфтлиги белгиланади.

22. Узлуксиз касбий ривожлантириш курсларидаги ўқув машғулотлари маъруза, амалий машғулот, лаборатория иши, семинар, тажриба алмашиш дарси, тренинг, интерфаол машғулотлар ва бошқа шаклларда ўтказади.

23. Ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олиш — ходимларнинг ўз иш жойларидан тўла ажралган тарзда касбий ривожлантириш таълим ташкилотларида ўқишини назарда тутади.

Таълим олишнинг мазкур шакли кўчма курс тарзида ҳам ташкил этилиши мумкин. Кўчма курс касбий ривожлантириш таълим ташкилоти томонидан тингловчиларнинг яшаш ҳудудида ташкил этиладиган ўқув машғулотлари ҳисобланади.

24. Ходимлар ўз меҳнат фаолиятидан бўш вақтида (ўқувчиларнинг таътили, ўқитувчиларнинг касбий ривожланиш кунлари, касбий ривожланиш соатлари ёки бошқа ҳолларда) касбий ривожлантириш таълим ташкилотида, шунингдек, бевосита иш жойида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олади.

Шунингдек, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда масофавий шаклда ҳам таълим олиши мумкин.

25. Масофавий таълим ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ таълим олувчилар томонидан зарур билим, малака ва кўникмаларни ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда масофадан туриб олишни назарда тутади.

Масофадан ўқитиш шакли бўйича малака оширишда ўқув машғулотлари профессор-ўқитувчининг тингловчилар билан Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали интерактив дастурий тизимлардан фойдаланган ҳолда (реал вақт режимида) жонли мулоқот тарзида амалга оширилади.

Машғулотларнинг бир қисми тингловчилар билан контакт-сессиялар (аудиториядаги юзма-юз мулоқот) тарзида амалга оширилиши мумкин.

Масофадан ўқитиш шакли бўйича ўқитиш жараёнида тингловчилар фаолиятини назорат қилиш, таълим жараёнини мувофиқлаштириш ва бошқариш касбий ривожлантириш таълим ташкилоти томонидан амалга оширилади.

26. Дуал таълим ўқув курсининг назарий қисми тингловчи томонидан касбий ривожлантириш таълим ташкилотида, амалий қисми эса таълим олувчининг иш жойида амалга оширилади.

Касбий ривожлантириш таълим ташкилоти малака ошириш курсини дуал таълим шаклида Вазирлик билан келишган ҳолда ташкил этади. Бунда дуал таълим шаклидаги малака ошириш курсининг ўқув режаси ва дастури Вазирлик томонидан белгиланган тартибда тасдиқланади.

27. Мустақил таълим орқали касбий маҳоратни ошириш — педагог ва мутахассис ходимлар томонидан ўз лавозими ва мутахассислиги бўйича мустақил равишда янги билимларни ўзлаштириш, малака, кўникма ва компетенцияларни шакллантиришни назарда тутади.

Уч ёшга тўлмаган ёш боласи бўлган аёллар, пенсия ёшидагилар ҳамда ногиронлиги бўлган педагог ва мутахассис ходимлар мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари педагогик кенгашларининг қарори ҳамда ўз аризасига мувофиқ электрон платформа орқали мустақил малака ошириши мумкин. Бунда:

касбий ривожлантириш таълим ташкилоти мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари педагогик кенгашларининг қарори ҳамда педагог ва мутахассис ходимларнинг аризаси асосида тингловчининг мустақил малака ошириши бўйича тегишли буйруқни расмийлаштиради;

мустақил малака ошириши белгиланган тингловчиларнинг якуний аттестацияси Касбий ривожлантириш таълим ташкилотида тузилган комиссия томонидан бевосита ташкил этилади. Уларнинг оралиқ назоратлари электрон платформа орқали ташкил этилади;

мустақил таълим шаклидаги малака ошириш курси дастурини тўлиқ ўзлаштирган ва якуний аттестацияда ижобий баҳоланган тингловчиларга белгиланган тартибда сертификат берилади.

28. Малака оширишнинг муқобил (таълим дастурларисиз малака орттириш) шакллари қуйидагилардан иборат:

дарсликка муаллифлик қилиш;

докторлик илмий даражасини олиш учун диссертацияни ҳимоя қилиш;

халқаро ва республика миқёсидаги илмий анжуманларда (семинар, конференция, симпозиум ва бошқаларда) маъруза билан иштирок этиш;

илмий-тадқиқот натижалари асосида халқаро индексацияланган базаларда (Scopus, Web of Science) эътироф этилган журналларда мақола нашр этиш;

рўйхати Вазирлик томонидан тасдиқланадиган бошқа фаолиятлар.

Вазирлик томонидан ҳар йили келгуси календарь йил учун муқобил малака ошириш сифатида тан олинадиган фаолият турлари ва уларнинг амал қилиш муддатлари рўйхати тасдиқланади.

6-боб. Узлуксиз касбий ривожлантириш турлари

29. Узлуксиз касбий ривожлантириш жараёнлари қуйидагилар орқали амалга оширилади:

менежерлик ўқув курслари;

малака ошириш курслари;

малака ошириш курслари оралиғида ташкил қилинадиган узлуксиз касбий ривожлантириш тадбирлари;

қайта тайёрлаш курслари.

Менежерлик ўқув курсларининг мақсади — мактабгача ёки умумий ўрта таълим мактаби директори лавозимига номзодларни таълим бошқаруви соҳасидаги билим ва кўникмаларини замонавий менежмент талабларига мос равишда такомиллаштиришдан иборат.

Малака ошириш курсларининг мақсади — ходимларнинг малака даражасига ортиб бораётган талаблар ва касбий фаолиятни амалга оширишнинг замонавий усулларини ўзлаштириш зарурати билан боғлиқ ҳолда назарий ва амалий билимларини янгилашдан иборат.

Педагог ходимлар учун ҳар йили ташкил қилинадиган узлуксиз касбий ривожлантириш тадбирлари — педагог ходимларнинг малака ошириш курслари оралиғидаги касбий ривожланиш жараёнлари узлуксизлигини таъминлаш, улардаги касб маҳорати ва малака савиясининг доимий ўсиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш асосида мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларида таълим сифатини оширишга йўналтирилади.

Ходимларни қайта тайёрлашнинг мақсади — меҳнат бозори, шахс, давлат ва жамиятнинг ўзгарувчан эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, мактабгача ва мактаб таълими тизимида фаолият юритаётган олий маълумотли, лекин тегишли педагогик ёки касбий маълумотга эга бўлмаган ходимларнинг қўшимча ихтисослик бўйича касбий билим ва кўникмаларини мавжуд давлат таълим стандартлари ёки давлат таълим талаблари асосида шакллантиришдан иборат.

1-§. Менежерлик ўқув курслари

30. Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари директорлари беш йилда бир маротаба ишдан ажралган ҳолда, Мактабгача таълим институти ва Институт томонидан ташкил қилинган менежерлик ўқув курсларида ўқитилади.

31. Менежерлик ўқув курслари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартиб асосида ташкил этилади.

2-§. Малака ошириш курслари

32. Малака ошириш курслари мазкур Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ ташкил қилинади.

Малака ошириш мактабгача ва мактаб таълими ҳудудий бошқарув органлари ёки бевосита Вазирликнинг буюртмаларига биноан касбий ривожлантириш таълим ташкилотлари томонидан амалга оширилади.

Малака ошириш Институт ва Мактабгача таълим институти томонидан ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда Вазирлик томонидан тасдиқланган ўқув дастурлари бўйича амалга оширилади.

33. Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар (кейинги ўринларда — Ихтисослаштирилган мактаблар) раҳбар ва педагог ходимларининг малакасини ошириш Агентлик томонидан мувофиқлаштирилади.

34. Ихтисослаштирилган мактабларнинг ходимлари учун малака ошириш курслари Агентлик томонидан малакали олимлар ҳамда педагог ходимларни, шу жумладан, хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда тасдиқланган ўқув дастурлари бўйича ўтказилади.

35. Уқув дастурининг мазмунидан келиб чиқиб, Ихтисослаштирилган мактаблар ходимларининг малакасини ошириш касбий ривожлантириш таълим ташкилотларида, Агентлик тизимидаги таянч ихтисослаштирилган мактабларида, етакчи олий таълим муассасаларида, шу жумладан, хорижий илғор таълим ташкилотларида ташкил этилиши мумкин.

36. Ихтисослаштирилган мактаблар ходимлари учун ташкил этилган малака ошириш курсларидаги дарс машғулотларини амалга оширишга хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган мутахассислар ҳам белгиланган тартибда жалб қилиниши мумкин.

37. Малака ошириш курсларидаги ўқув жараёни гуруҳларнинг тўлдирилишига боғлиқ ҳолда, тингловчилар сони 25 нафардан кам бўлмаган ва 30 нафардан кўп бўлмаган академик гуруҳларда ташкил этилади.

Тингловчилар контингентини бир гуруҳ меъёрида шакллантириб бўлмайдиган алоҳида йўналишлар бўйича ўқув жараёнини ташкил этишда, истисно тариқасида, Вазирликнинг рухсати билан бир гуруҳдаги тингловчилар сони камида 15 нафар этиб белгиланиши мумкин.

38. Ходим унинг меҳнат таътили ёки вақтинча меҳнатга қобилиятсизлиги даврида малака оширишга жалб қилинмайди.

39. Ходимларнинг ҳар 5 йилда белгиланган давомийликдаги малака ошириш дастурларини ўзлаштириши мажбурий ҳисобланади.

40. Педагог ва мутахассис ходимлар учун малака ошириш курсининг давомийлиги камида 100 соат, раҳбар ходимлар учун камида 144 соат этиб белгиланади.

41. Ҳар йили 15 октябргача мактабгача, умумий ўрта таълим, Ихтисослаштирилган мактаб ва қўшимча таълим ташкилотларининг раҳбари томонидан навбатдаги календарь йилда малака оширадиган педагог ва мутахассис ходимлар ҳақидаги маълумотларни электрон платформага киритиш орқали малака оширишга буюртма шакллантирилади. Бунда педагог ёки мутахассис ходимнинг аввалги малака оширган муддати, шунингдек, ташкилот ходимларининг ҳар йили ўртача 20 фоизи малака ошириши лозимлиги назарда тутилади.

42. Электрон платформада шаклланган буюртмада ходимнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, диплом бўйича мутахассислиги, иш жойи, лавозими, дарс берадиган фани, ўқийдиган малака ошириш курси ва касбий ривожлантириш таълим ташкилоти кўрсатилади.

Бунда касбий ривожлантириш таълим ташкилоти педагог ёки мутахассис ходим томонидан танланади.

43. Ҳар йили 30 октябргача туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан тизимдаги барча таълим муассасалари ходимларининг навбатдаги календарь йил учун малака оширишга бўлган буюртмалари касбий ривожлантириш таълим ташкилотлари кесимида умумлаштирилади ва рақамли режа шаклида тегишли Ҳудудий бошқармага тақдим этилади.

Бунда туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбарияти тизимдаги барча мактабгача, мактаб ва қўшимча таълим муассасалари ҳамда туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимида асосий штатда фаолият кўрсатаётган ҳар бир ходимнинг малака ошириш бўйича тегишли буюртмага киритилишини таъминлайди ва назорат қилади.

44. Ҳудудий бошқармалар томонидан туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимларининг навбатдаги календарь йил учун малака оширишга бўлган эҳтиёжлари буюртма кўринишида касбий ривожлантириш таълим ташкилотлари бўйича умумлаштирилади ва рақамли режа шаклида жорий йилнинг 5 ноябрига қадар Институтга тақдим этилади.

Ҳудудий бошқармалар раҳбарияти ўз ҳудудларидаги барча мактабгача ва мактаб таълими муассасалари, туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари ҳамда ҳудудий мактабгача ва мактаб таълими бошқарув органида фаолият кўрсатаётган ҳар бир ходимнинг мазкур буюртмага киритилишини таъминлайди ҳамда назорат қилади.

45. Ҳар йили 30 октябргача Агентлик томонидан тасарруфдаги Ихтисослаштирилган мактабларнинг навбатдаги календарь йил учун малака оширишга бўлган эҳтиёжлари буюртма кўринишида касбий ривожлантириш таълим ташкилотлари бўйича умумлаштирилади ва рақамли режа шаклида жорий йилнинг 5 ноябрига қадар Институтга тақдим этилади.

46. Институт томонидан мазкур буюртмалар асосида мактабгача ва мактаб таълими ходимларининг Агентлик, ҳудудлар ва касбий ривожлантириш таълим ташкилотлари бўйича тақсимоти шакллантирилади ҳамда 15 ноябрга қадар Вазирликка тасдиқлаш учун тақдим этилади.

Мазкур тақсимот Вазирлик томонидан 5 декабрга қадар тасдиқланади ва Институт томонидан электрон платформага жойлаштирилади.

47. Касбий ривожлантириш таълим ташкилотлари тақсимот асосида малака ошириш курсларини ташкил этиш бўйича ўзларининг режаларини ишлаб чиқади ва буюртмачиларга етказилишини таъминлайди.

48. Буюртмачилар (Агентлик, ҳудудий бошқармалар, туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари ва таълим муассасалари) Реестрдаги тақсимот ва касбий ривожлантириш таълим ташкилотларининг малака ошириш курсларини ташкил этиш бўйича режаларига биноан тизимларидаги таълим муассасалари раҳбар, педагог ва мутахассис ходимларининг тегишлилиги бўйича касбий ривожлантириш таълим ташкилотларига ўқишга белгиланган муддатда етиб боришларини таъминлайди.

49. Малака ошириш курси тингловчиси курснинг ўқув режасида назарда тутилган барча оралиқ назоратлар ва якуний аттестацияда ижобий натижа кўрсатса, курснинг ўқув дастури тўлиқ ўзлаштирилган ҳисобланади.

Оралиқ назоратларда етарли балл тўплай олмаган тингловчига касбий ривожлантириш таълим ташкилоти раҳбари рухсати билан (бир кундан сўнг) қайта топширишга имконият берилади. Оралиқ назорат топшириқларини бажармаган тингловчилар якуний аттестацияга қўйилмайди.

Малака ошириш курсининг якуний аттестациясини ўтказиш учун касбий ривожлантириш таълим ташкилоти раҳбари тегишли буйруқ билан якуний аттестация комиссиясини ташкил этади.

Малака ошириш курсининг якуний аттестацияси якуний назорат синови ва илғор педагогик услуб ва технологияларни қўллаш бўйича топшириқларни бажаришдан иборат малака ишини баҳолаш шаклида ўтказилади.

Малака ошириш курсининг якуний аттестациясида тингловчи ижобий натижага эришмаганда икки ой ичида бир марта касбий ривожлантириш таълим ташкилотида тузилган якуний аттестацияни ўтказадиган комиссияга қайта топширишга имкон берилади.

Амалий фанлар (мусиқа маданияти, тасвирий санъат ва чизмачилик, технология фанлари) ўқитувчиларининг якуний аттестацияси якуний назорат синови ва тегишли фан бўйича амалий топшириқлар шаклида ўтказилиши мумкин.

50. Малака ошириш курсларини ташкил қилиш, талаб даражасида ўтказиш, таълим самарадорлигини таъминлаш ҳамда тингловчиларнинг яшаши учун шарт-шароитлар яратиш (касбий ривожлантириш таълим ташкилотида тингловчилар турар жойи мавжуд бўлса) масъулияти тегишли касбий ривожлантириш таълим ташкилоти раҳбари зиммасига юкланади.

51. Малака ошириш курси тингловчиси курснинг ўқув режасида назарда тутилган барча назорат (оралиқ, якуний) турларида ижобий натижа кўрсатса, курснинг ўқув дастури тўлиқ ўзлаштирилган ҳисобланади.

Оралиқ назоратларда етарли балл тўплай олмаган тингловчига касбий ривожлантириш таълим ташкилоти раҳбари рухсати билан (бир кундан сўнг) қайта топширишга имконият берилади. Оралиқ назорат топшириқларини бажармаган тингловчилар якуний назоратга қўйилмайди.

Малака ошириш курсининг якуний назоратида тингловчи ижобий натижага эришмаганда, икки ой ичида бир марта касбий ривожлантириш таълим ташкилотида тузилган якуний назоратни ўтказадиган комиссияга қайта топшириш имконияти берилади.

52. Малака ошириш курси дастурини тўлиқ ўзлаштирган тингловчиларга курсни ташкил қилган таълим муассасаси томонидан давлат намунасидаги электрон генерация қилинган ва электрон рақамли имзо (QR-код) билан тасдиқланган ҳужжат (сертификат) берилади.

53. Ҳар бир ходим ҳақидаги малака ошириш курси бошланган ва тугалланган вақт ҳамда курсни тамомлаганлик ҳақидаги ҳужжат (сертификат) бўйича маълумотлар касбий ривожлантириш таълим ташкилоти томонидан электрон платформага киритилади.

Мазкур маълумотлар ўз вақтида, аниқ ва тўлиқ киритилиши учун касбий ривожлантириш таълим ташкилоти раҳбари шахсан масъул ҳисобланади.

54. Бошқа вазирликлар ва идоралар тасарруфидаги таълим муассасалари педагог ходимларининг Вазирлик тасарруфидаги касбий ривожлантириш таълим ташкилотларида малака ошириши Вазирлик билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Бунда тизимида мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари бўлган вазирликлар ва идоралар ҳар йили 15 ноябргача таълим ташкилотларида фаолият юритаётган педагог ходимларнинг эгаллаб турган лавозимига қараб курслардан ўтиши бўйича белгиланган даврийликни инобатга олган ҳолда, кейинги календарь йилда Вазирлик тизимидаги касбий ривожлантириш курсларида ўқишга юбориладиган тингловчилар контингентини шакллантиради ва Вазирликка тақдим этади.

3-§. Малака ошириш курслари оралиғида ташкил қилинадиган узлуксиз касбий ривожлантириш тадбирлари

55. Ҳар йили ташкил қилинадиган узлуксиз касбий ривожлантириш тадбирлари — педагог ходимларнинг малака ошириш курслари оралиғидаги касбий ривожланиш жараёнлари узлуксизлигини таъминлаш, улардаги касб маҳорати ва малака даражасининг доимий ўсиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш асосида мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларида таълим сифатини оширишга йўналтирилган.

Малака ошириш курслари оралигида ташкил қилинадиган узлуксиз касбий ривожлантириш тадбирлари мазкур Низомга 2-иловадаги схемага мувофиқ ташкил қилинади.

56. Мактабгача таълим ташкилотлари педагог ходимларининг узлуксиз касбий ривожлантириш тадбирлари ҳар йили малака ошириш курслари оралиғида ташкил қилинадиган «Методик маҳорат соати», «Методик маҳорат куни» «Виртуал касбий ривожлантириш» электрон дастури орқали касбий ривожлантириш курсларидан иборат.

«Методик маҳорат куни» доирасида таянч мактабгача таълим ташкилотлари тренерлари томонидан бошқа мактабгача таълим ташкилотлари директор ўринбосарлари учун ўқув машғулотлари ва семинарлар ўтказилади.

«Методик маҳорат соати» доирасида директор ўринбосарлари томонидан мактабгача таълим ташкилотлари педагоглари фаолияти таҳлил қилинади, уларга методик ёрдам кўрсатилади ва касбий ривожланиши бўйича тавсиялар берилади.

Мактабгача таълим ташкилотлари педагог ходимларининг касбий ривожлантириш курсларида иштирок этиши ва ўқувлар дастурини ўзлаштиришлари мажбурий ҳисобланади.

57. Умумий ўрта таълим муассасалари ўқитувчиларининг узлуксиз касбий ривожлантириш тадбирлари малака ошириш курслари оралиғида ҳар йили ташкил қилинадиган «Касбий ривожланиш куни» ва «Касбий ривожланиш соати» тадбирларидан иборат.

Касбий ривожланиш куни тадбирларининг мақсади — ҳафтанинг белгиланган муайян кунида ўқув-семинар, тренинг, маҳорат дарслари ва мустақил таълим тадбирлари ўтказиш орқали ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, ижодий ишлаш ва ўз билимини мунтазам бойитиб бориш, замонавий ўқитиш методикаси ва ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланиш кўникмаларини ривожлантиришдан иборат.

Касбий ривожланиш соати тадбирларининг мақсади — дарсни кузатиш, рефлексив амалиёт ҳамда мактаб негизида малака ошириш тадбирлари ўтказиш орқали касбий ривожланиш кунларида ташкил этилган ўқувларда ўқитувчилар томонидан ўзлаштирилган янги билим ва кўникмаларни ўзлари фаолият кўрсатаётган умумтаълим мактабларида қўллашларини таҳлил қилиш, уларга зарур методик ёрдам кўрсатиш, касбий ривожланиш учун тавсиялар беришдан иборат.

58. «Касбий ривожланиш куни» ва «Касбий ривожланиш соати» тадбирлари ўқув йили давомида ҳафтанинг белгиланган кунларида, шунингдек, ўқувчиларнинг таътил кунларида ўтказилади.

Ўқитувчининг ҳар йили белгиланган давомийликдаги «Касбий ривожланиш куни» ва «Касбий ривожланиш соати» тадбирларида иштирок этиши ва тегишли ўқув дастурларини ўзлаштириши мажбурий ҳисобланади.

59. «Касбий ривожланиш куни» ва «Касбий ривожланиш соати» тадбирларини ташкил этиш тартиби Вазирлик томонидан белгиланади.

4-§. Қайта тайёрлаш курслари

60. Ходимларни қайта тайёрлаш янги лавозимга тайинлаш ёки мутахассисликнинг малака таснифига мувофиқ кейинчалик профессионал фаолиятнинг янги турини бажариш мақсадида янги касбий билим, кўникма ва малакаларни ўзлаштиришга йўналтирилади.

Қайта тайёрлаш курслари мазкур Низомга 3-иловадаги схемага мувофиқ ташкил қилинади.

61. Қайта тайёрлашнинг асосий турлари:

педагогик қайта тайёрлаш;

касбий қайта тайёрлаш (ихтисослашув).

62. Педагогик қайта тайёрлаш — олий таълим муассасаларининг нопедагогик йўналишларини битирган мутахассисларнинг базавий касбий маълумотини таълимнинг тегишли тури Давлат таълим стандарти (Давлат таълим талаблари) билан белгиланадиган ўқув-тарбия жараёнининг талаб этиладиган сифатини таъминлайдиган даражада педагогик фаолиятни юритиш учун зарур ва етарли бўлган педагогик тайёргарлик талабларига мувофиқлаштириш мақсадида мутахассисларни ўқитиш ҳисобланади.

63. Касбий қайта тайёрлаш (ихтисослашув) — олий педагогик маълумотли мутахассислар томонидан таълимнинг тегишли тури Давлат таълим стандарти (Давлат таълим талаблари) билан белгиланадиган ўқитишнинг талаб этиладиган сифатини таъминлайдиган даражада ўқув фани ёки курс бўйича педагогик фаолиятни юритиш учун зарур ва етарли ҳажмда янги касбий билимлар, малака ва кўникмаларни ўзлаштириш ҳисобланади.

64. Педагогик маълумотга эга бўлмаган бошқа соҳа мутахассисларига педагогик фаолият юритиши учун соҳасига мос фандан касбий ҳамда педагогик қайта тайёрлашдан ўтиши талаб қилинади.

65. Педагог ҳамда мутахассис ходимларни қайта тайёрлаш, ўқув режаларига янги ўқув фанлари ёки курслар жорий этилиши, буюртмачилар ёки меҳнат бозорининг талаблари билан белгиланадиган айрим педагог ҳамда мутахассисларнинг қайта ихтисослашуви ёки янги мутахассисликка эга бўлиши муносабати билан юзага келган эҳтиёжларга кўра ташкил этилади.

Вақтинча ишламайдиган педагоглар ҳам ўз хоҳишига кўра қайта тайёрлаш курсларида ўқиши мумкин.

66. Педагог ва мутахассис ходимларни қайта тайёрлаш уларнинг эҳтиёжлари ва мурожаатларига биноан тўлов шартномалари асосида ташкил этилади. Тўловлар қайта тайёрлаш курси тингловчиси ёки ҳомийлар (юридик ёки жисмоний шахслар) томонидан шартномада кўзда тутилган муддатлар ва миқдорларда амалга оширилади.

Қайта тайёрлаш курслари Вазирлик тизимидаги касбий ривожлантириш таълим ташкилотлари томонидан ўтказилади.

67. Қайта тайёрлаш курслари давлат таълим талаблари, шунингдек таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органи талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган дастурлар асосида ўтказилади.

Қайта тайёрлаш натижасида бериладиган ҳужжат (диплом) фақат муайян лавозимда фаолият кўрсатиш ёки муайян фанлар бўйича ўқув машғулотларини ўтказиш ҳуқуқини беради.

68. Педагог ва мутахассис ходимлар белгиланган тартибда Вазирлик томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва дастурлари бўйича қайта тайёрланади. Уқув юкламасини режалаштиришда тингловчиларнинг мустақил ишлашига алоҳида эътибор қаратилади.

69. Қайта тайёрлаш дастурларини ўзлаштириш муддати ўқув режасига киритилган фанлар сони ҳамда уларнинг юкламалари ҳажмидан келиб чиқиб белгиланади ва камида 576 соатни ташкил қилади. Аудитория машғулотлари ҳафталик юкламасининг энг юқори ҳажми ҳафтасига 36 соат этиб белгиланади.

70. Қайта тайёрлаш курслари ишлаб чиқаришдан ажралган ва ажралмаган ҳолда таълим олиш, масофавий таълим ёки дуал таълим шакллари орқали ўтказилиши мумкин.

Бунда ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олиш, масофавий таълим ёки дуал таълим шаклларида ташкил этилган курсларнинг камида бир ойи ёки камида 144 соати бевосита касбий ривожлантириш таълим ташкилотида ўтказилиши шарт.

71. Қайта тайёрлаш курслари ўтказиладиган касбий ривожлантириш таълим ташкилотлари қайта тайёрлаш курсларини ташкил этишда қуйидагиларни амалга оширади:

қайта тайёрлаш курслари учун таянч ўқув режаси ва дастурлари асосида ўқув-методик материалларни (ишчи ўқув режаси, ишчи дастурлар, ўқув-методик мажмуаларни) тайёрлайди;

қайта тайёрлаш курслари тўғрисидаги маълумотларни махсус электрон тизимга (кейинги ўринларда — Портал) жойлаштиради.

72. Педагогларни қайта тайёрлашни ташкил этиш жараёнлари (талабгорларни рўйхатга олиш, ҳужжатларни қабул қилиш, курсга қабул қилиш, ўқув жараёнлари, билимлар назорати) Портал орқали амалга оширилади. Бунда:

талабгорлар портал орқали электрон шаклда рўйхатдан ўтади ҳамда ўқув курсида ўқиш учун ариза топширади;

касбий ривожлантириш ташкилоти томонидан қайта тайёрлаш курсларида ўқиш истагини билдирган талабгорларга доир ҳужжатлар (ариза, қачон ва қайси олий таълим муассасасини битирганлиги, диплом бўйича мутахассислиги, қайта тайёрлаш йўналишига мослиги) тўлиқ ўрганиб чиқилади;

ўрганиш натижалари асосида қайта тайёрлаш курсларига қабул қилинган талабгорларнинг аризаси Портал орқали тасдиқланади.

73. Қайта тайёрлаш курслари етарли илмий-педагогик ва моддий-техник базага эга касбий ривожлантириш таълим ташкилоти томонидан ташкил этилади.

Касбий ривожлантириш таълим ташкилоти раҳбари қайта тайёрлаш курслари белгиланган талаблар ва тартибга қатъий риоя қилган ҳолда ташкил этилиши юзасидан шахсан жавобгар ҳисобланади.

74. Қайта тайёрлаш жараёнида гуруҳдаги курс тингловчиларининг сони 25 нафардан 30 нафаргача бўлиши лозим. Эҳтиёж юқори бўлган мутахассисликларга, истисно тариқасида, вазирлик билан келишган ҳолда тингловчилар сони 15 нафардан кам бўлмаганда ташкил этилиши мумкин.

75. Қайта тайёрлаш курсларидаги ўқув жараёни таянч ўқув режаларига мос равишда тузилган ва ҳар бири бир нечта ўқув фани модулларини ўз таркибига олган блоклардан иборат ишчи ўқув режалари асосида ташкил этилади.

76. Қайта тайёрлаш курсларидан ўтувчи ходимлар касбий ривожлантириш таълим ташкилоти раҳбарининг буйруғи билан тингловчилар сафига қабул қилинади.

77. Қайта тайёрлаш курси тингловчиси курснинг ўқув режасида кўзда тутилган барча оралиқ назоратлар ва якуний аттестацияда ижобий натижа кўрсатса, курснинг ўқув дастури тўлиқ ўзлаштирилган ҳисобланади.

Қайта тайёрлаш курсининг оралиқ назорат топшириқларини муваффақиятли бажарган тингловчи якуний аттестацияга қўйилади.

Қайта тайёрлаш курсларининг назорат турларида баҳолаш мезонлари Вазирлик томонидан тасдиқланади.

78. Қайта тайёрлаш курсининг оралиқ назоратларда етарли балл тўплай олмаган тингловчига 1 ой муддат давомида қайта топширишга имконият берилади.

Белгиланган муддатларда оралиқ назоратни қайта топшира олмаган тингловчи тингловчилар сафидан чиқарилади.

79. Қайта тайёрлаш курсининг якуний аттестациясини ўтказиш учун касбий ривожлантириш таълим ташкилоти раҳбари тегишли буйруқ билан якуний аттестация комиссиясини ташкил этади.

Қайта тайёрлаш курсининг якуний аттестацияси якуний назорат синовлари ва битирув ишини ҳимоя қилиш орқали ўтказилади.

80. Қайта тайёрлаш курсининг якуний назорат синовлари Вазирлик томонидан белгиланган ташкилот томонидан ўтказилади. Бунда мазкур ташкилотга касбий ривожлантириш таълим ташкилоти томонидан якуний синовларда иштирок этган ҳар бир номзод учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида маблағлар ўтказилади.

Қайта тайёрлаш курсининг якуний назорат синовларидан муваффақиятли ўтган тингловчиларга битирув ишини ҳимоя қилишга рухсат берилади.

81. Битирув иши ҳимояси курсни ташкил қилган касбий ривожлантириш таълим ташкилоти томонидан ўтказилади.

82. Якуний аттестациядан муваффақиятли ўтган тингловчиларга давлат намунасидаги ҳужжат (диплом) берилади.

83. Якуний аттестация синовларида етарли балл тўплай олмаган ёки узрли сабабларга кўра (меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик, туғиш ҳамда болани парвариш қилиш таътили, хизмат сафарида бўлиш ва бошқалар) қатнаша олмаган тингловчиларга бир йил давомида қайта топшириш имконияти берилади. Бунда якуний аттестация синовларида етарли балл тўплай олмаган тингловчиларнинг такрорий аттестацияси тўлов-шартнома асосида ўтказилади.

84. Якуний аттестация синовларини қайта топшириш натижалари салбий бўлган тақдирда, тингловчига курсни тугатганлик тўғрисида маълумотнома берилади ва бир йил давомида тўлов-шартнома асосида қайта топширишга рухсат берилади.

7-боб. Узлуксиз касбий ривожлантириш курсларини тамомлаганлик тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжатлар

85. Узлуксиз касбий ривожлантириш бўйича таълим дастурлари талабларини муваффақиятли бажарган тингловчиларга тегишли равишда давлат намунасидаги қуйидаги ҳужжатлар:

малака ошириш тўғрисидаги сертификат — камида 100 соат ҳажмдаги таълим дастурларидан ўтган педагог ва мутахассис ходимлар ҳамда камида 144 соат ҳажмда таълим дастурларидан муваффақиятли ўтган раҳбар ходимлар учун;

менежерлик сертификати — мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларининг камида 144 соат ҳажмдаги менежерлик ўқув курслари таълим дастурларини муваффақиятли ўзлаштирган директорлар учун;

қайта тайёрлаш тўғрисидаги диплом — педагог ва мутахассис ходимлар учун камида 16 ҳафта (576 соат) ҳажмида таълим дастурларидан муваффақиятли ўтгандан сўнг якуний аттестация натижасига кўра берилади.

Малака ошириш курслари оралиғида ташкил қилинадиган узлуксиз касбий ривожлантириш тадбирларида тўлиқ иштирок этган ва тегишли топшириқларни бажарган педагог ва мутахассис ходимларга электрон платформада электрон генерация қилинган ва электрон рақамли имзо (QR-kod) билан тасдиқланган сертификат берилади.

86. Малака ошириш курси дастурини ўзлаштирганлик тўғрисидаги сертификатларнинг реестри электрон платформада ва қайта тайёрлаш курси дастурини ўзлаштирганлик тўғрисидаги дипломларнинг реестри Портал орқали юритилади.

87. Диплом ва сертификатларни расмийлаштириш тартиби Вазирлик томонидан тасдиқланади.

8-боб. Узлуксиз касбий ривожлантириш жараёнларида электрон платформадан фойдаланиш

88. Узлуксиз касбий ривожлантиришни таъминлаш учун электрон платформадан фойдаланилиши мумкин.

89. Электрон платформа барча мактабгача ва мактаб таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантиришга доир маълумотлар ўзида жамлаб борилишини таъминлайди.

Электрон платформада мактабгача ва мактаб таълими ходимларининг электрон портфолиоси шакллантирилади.

90. Таълимнинг долзарб масалаларига оид қўшимча (қисқа муддатли) малака ошириш курслари электрон платформа орқали ташкил этилиши мумкин.

91. Узлуксиз касбий ривожлантириш курслари ўқув режаси ва дастурлари таркибига кирувчи ҳар бир ўқув модулларини муваффақиятли ўзлаштирган ва назорат топшириқларини бажарган ходимга курсни муваффақиятли тугатганлиги ҳақида давлат намунасидаги электрон генерация қилинган ва электрон рақамли имзо (QR-код) билан тасдиқланган ҳужжат (сертификат) шакллантирилади.

92. Ҳар бир ўқув модули ёки курсни муваффақиятли ўзлаштирганлик ҳақидаги маълумотлар ходимларнинг электрон портфолиосида акс эттирилади.

9-боб. Узлуксиз касбий ривожлантириш сифатини баҳолаш ва назорат қилиш

93. Ходимларнинг узлуксиз касбий ривожланиши сифати улар тайёргарлигининг зарур ва етарли даражаси, улардаги билим ва амалий маҳоратнинг мазкур ходимларга қўйиладиган малака талабларига мувофиқлиги билан белгиланади.

94. Мактабгача ва мактаб таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифатини назорат қилиш қуйидагиларни ўз ичига олади:

Вазирлик томонидан тасдиқланган низом асосида қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасаси томонидан амалга ошириладиган ички назорат (кириш тести орқали дастлабки назорат, ўқитилаётган фан модуллари бўйича оралиқ назорат ва якуний аттестация);

Вазирлик томонидан аттестация ва тезкор диагностика шаклида амалга ошириладиган ташқи назорат.

95. Касбий ривожлантириш таълим ташкилотларининг малака ошириш курсларини ташкил этиш бўйича фаолияти Вазирлик томонидан назорат қилинади.

96. Таълим сифатини назорат қилишда тегишли касбий ривожлантириш таълим ташкилотларида мактабгача ва мактаб таълими ходимларини касбий ривожлантириш сифатини назорат қилиш ҳамда мунтазам равишда малака ошириш дастурлари асосида таълим беришнинг самарадорлиги баҳоланади ва дастурларни такомиллаштириш бўйича чоралар кўрилади.

97. Реестрга киритилган касбий ривожлантириш таълим ташкилотлари томонидан ўтказилган малака ошириш курсларининг самарадорлигини аниқлаш мақсадида тингловчиларнинг якуний синовларини ўтказиш ва баҳолаш Вазирлик томонидан ташкил этилиши мумкин.

Вазирлик мазкур синовларни ўтказиш бўйича касбий ривожлантириш таълим ташкилотини белгилаши мумкин.

Бунда:

якуний назорат натижасида малака ошириш курс тингловчиларининг камида 70 фоизи ижобий баҳоланган тақдирда, курсдаги таълим сифати ижобий деб топилади. Якуний назорат натижасида максимал баллнинг камида 56 фоизини тўплаган тингловчи ижобий баҳоланган деб ҳисобланади;

якуний назорат натижасида малака ошириш курс тингловчиларининг 31 фоиз ва ундан кўпи ижобий баҳоланмаган тақдирда, малака ошириш курси сифатсиз ташкил этилган ҳисобланади.

Малака ошириш курси сифатсиз ташкил этилган деб топилган касбий ривожлантириш таълим ташкилоти Реестрдан чиқарилади.

10-боб. Мактабгача ва мактаб таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган талаблар

98. Мактабгача ва мактаб таълими ходимларини қайта тайёрлаш (малака ошириш) курси битирувчисининг умумий билим ва касбий тайёргарлиги даражасига қўйиладиган малака талаблари тегишли йўналишлар бўйича курсларнинг ўқув режалари ва дастурларини шакллантириш, шунингдек, ўқув жараёнини ва таълим сифатини назорат қилиш тартибини ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш учун асос ҳисобланади.

99. Мактабгача ва мактаб таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш таълимининг ўқув режаси ва дастурлари Президент мактаби ўқитувчилари, етакчи олимлар, мутахассислар, профессор-ўқитувчилар ҳамда методистлардан шакллантирилган гуруҳлар томонидан тингловчиларнинг эҳтиёжларини ўрганиш (педагогик диагностика) натижалари асосида тузилади ва таълим жараёнини методик таъминлашнинг ажралмас қисми ҳисобланади.

Педагог ва мутахассис ходимлар малакасини ошириш таълимининг ўқув режаси ва дастурлари замонавий компетенцияларни шакллантиришга йўналтирилган тарзда ишлаб чиқилади ҳамда вариатив (ихтиёрий танлов) ва инвариант (мажбурий) модуллардан иборат бўлади.

100. Қуйидагилар қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича таълим дастурлари мазмунига қўйиладиган базавий талаблар ҳисобланади:

касблар ва лавозимларга бўлган касбий малака талабларига мувофиқлик;

таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини билишга, таълим турлари ва босқичлари бўйича давлат таълим талабларининг (давлат таълим стандартининг) узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлашга, тингловчиларнинг касбий билимларини янгилаш ва чуқурлаштиришга, янги, қўшимча касбий малака ва кўникмаларни ҳосил қилишга, таълим-тарбиянинг самарали усуллари ҳамда технологияларини эгаллаш ва такомиллаштиришга қаратилганлик;

замонавий ахборот технологияларидан фойдалана олишни назарда тутиш;

давлат таълим талаблари ҳажм ва мазмунининг қайта тайёрлаш ҳамда малака ошириш муддатларига мувофиқлик.

11-боб. Реестрни юритиш тартиби

101. Педагог кадрлар тайёрланадиган олий таълим ташкилотлари ва нодавлат таълим ташкилотларининг мактабгача ва мактаб таълими ходимлари малакасини ошириш билан боғлиқ харажатларини Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш учун Вазирлик томонидан Реестр шакллантирилади ва у бир йил муддатга амал қилади.

102. Реестр Вазирлик томонидан тасдиқланади ва ҳар йили янгиланиб борилади.

103. Қуйидагилар тўғрисидаги маълумотлар Реестрга тўғридан-тўғри киритилади:

Институт;

Мактабгача таълим институти;

Ҳудудий марказлар;

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг расмий мурожаати асосида педагог кадрлар тайёрланадиган олий таълим ташкилотлари.

104. Нодавлат таълим ташкилоти мактабгача ва мактаб таълими ходимлари малакасини оширганлиги учун Давлат бюджетидан маблағлар олиш учун Реестрда белгиланган шаклдаги сўровнома тўлдиради.

Сўровномада нодавлат таълим ташкилоти номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган жойи (почта манзили), таълим фаолиятини амалга ошириш жой(лар)ининг манзили, банк муассасасининг номи ва банкдаги ҳисобварағи, Реестрга киритилаётган малака ошириш курслари йўналишлари, сўровномани тўлдирган ва уни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми ҳамда лавозими кўрсатилади.

Сўровномани Вазирликка юборишдан олдин нодавлат таълим ташкилоти мактабгача ва мактаб таълими ходимларининг малакасини ошириш курсларини ташкил этиш талаблари ва шартларига риоя қилишга розилиги, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жавобгарлиги ва бошқа ҳолатларни назарда тутувчи оммавий оферта билан танишиб, уни тасдиқлайди.

105. Оммавий офертани тасдиқлаш Вазирлик ва нодавлат таълим ташкилоти ўртасида шартнома тузилишига тенглаштирилади ҳамда талаблар ва шартларга тўлиқ амал қилишга розилигини билдиради.

106. Сўровномага қуйидаги ҳужжатлар электрон тарзда илова қилинади:

малака ошириш курси ўқув режаси ва дастурларининг электрон нусхалари;

ёнғин ва санитария-эпидемиология назорати органлари томонидан мавжуд бинолар ва хоналарнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига ва санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосалар.

107. Қуйидаги ҳолатларда касбий ривожлантириш таълим ташкилотининг Реестрга киритиш бўйича мурожаатига рад жавоби берилиши мумкин:

ёнғин хавфсизлиги талабларига ва санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосалар салбий бўлганда;

сўровномага нодавлат ташкилот тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ киритилмаганда ёки сохта маълумотлар тақдим этилганда.

108. Вазирлик Реестрга киритиш ёки Реестрга киритишни рад этиш бўйича қарорни нодавлат таълим ташкилотига Реестр орқали етказади.

12-боб. Узлуксиз касбий ривожлантиришни молиялаштириш

109. Узлуксиз касбий ривожлантириш тизимида Институт, Мактабгача таълим институти, Ҳудудий марказлар, педагог кадрлар тайёрланадиган олий таълим муассасалари ҳамда нодавлат таълим ташкилотлари томонидан мактабгача ва мактаб таълими ходимларининг малакасини ошириш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Вазирликка ажратилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.

110. Давлат бюджети маблағларидан самарали фойдаланиш мақсадида Вазирлик томонидан Реестр юритилади.

111. Педагог кадрлар тайёрланадиган олий таълим муассасалари ҳамда Реестрга киритилган касбий ривожлантириш таълим ташкилотларининг мактабгача ва мактаб таълими ходимлари малакасини ошириш билан боғлиқ харажатлар ҳар бирида 25 нафар тингловчи бўлган гуруҳда малака ошириш курсининг якуни бўйича гуруҳдаги тингловчилар курсни муваффақиятли тугатиб, тегишли сертификатга эга бўлган ҳар бир тингловчи учун қоплаб берилади.

Бунда педагог кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари ҳамда Реестрга киритилган нодавлат таълим ташкилотлари билан Вазирлик ўртасида тўғридан-тўғри тузиладиган шартномалар асосида тўловлар амалга оширилади.

112. Институт ҳар йили 15 ноябрга қадар келгуси йилда ҳудудий малака ошириш марказлари, педагог кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари ҳамда Реестрга киритилган нодавлат таълим ташкилотларида малака оширадиган мактабгача ва мактаб таълими ходимларининг ҳудудлар бўйича тақсимотини тасдиқлаш учун Вазирликка тақдим этади ва тасдиқланган тақсимот асосида келгуси йил учун педагог кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари ҳамда Реестрга киритилган нодавлат таълим ташкилотларида малака оширадиган тингловчилар учун тегишли маблағлар режалаштирилади.

113. Педагог кадрлар тайёрланадиган олий таълим муассасалари ҳамда Реестрга киритилган нодавлат таълим ташкилотларида малака оширадиган тингловчилар учун маблағлар алоҳида ғазна ҳисобварағида юритилади.

114. Бир нафар тингловчи учун тўланадиган маблағ миқдори Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан кейинги молия йили бошланишидан олдин ходимларнинг малака ошириши учун сарфланган ўртача харажатдан келиб чиқиб белгиланади.

115. Молия йили давомида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ иш ҳақи миқдорлари ва шартлари ўзгарган ҳолларда, бир нафар тингловчи учун сарфланадиган харажатлар миқдори Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан қайта кўриб чиқилиши мумкин.

116. Институт педагог кадрлар тайёрланадиган олий таълим муассасалари ҳамда Реестрга киритилган нодавлат таълим ташкилотларида ҳақиқатда малака оширган ва белгиланган тартибда сертификатга эга бўлган тингловчилар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этган ҳолда, кейинги ойнинг 3-санасига қадар тегишли маблағ тўланиши юзасидан Вазирликка мурожаат қилади.

117. Мурожаатга қуйидагилар илова қилинади:

мактабгача ва мактаб таълими ходимларининг малакасини ошириш курсларини ташкил этган педагог кадрлар тайёрланадиган олий таълим муассасалари ҳамда Реестрга киритилган нодавлат таълим ташкилотларининг номи, жойлашган жойи (почта манзили) ва ташкилий-ҳуқуқий шаклини тасдиқловчи гувоҳнома, банк реквизитлари;

ҳақиқатда малака оширган ва сертификатга эга бўлган тингловчиларнинг тасдиқланган рўйхати;

педагог кадрлар тайёрланадиган олий таълим муассасалари ҳамда Реестрга киритилган нодавлат таълим ташкилотлари бўйича уларга тўланиши лозим бўлган тегишли ҳисоб-китоблар билан биргаликда маблағларга буюртма.

118. Маблағ ажратиш учун тақдим этилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва тўғрилигига тегишли касбий ривожлантириш ташкилоти ва Институт жавобгар ҳисобланади.

119. Тақдим этилган маълумотлар ва ҳужжатларнинг сохталиги аниқланганда, педагог кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари ҳамда Реестрга киритилган нодавлат таълим ташкилотларининг мактабгача ва мактаб таълими ходимлари малакасини ошириш бўйича ҳуқуқи бекор қилинади ҳамда ортиқча олинган маблағлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Давлат бюджетига қайтарилади.

120. Педагог кадрлар тайёрланадиган олий таълим муассасалари ҳамда Реестрга киритилган нодавлат таълим ташкилотларида ҳақиқатда малака оширган тингловчилар сони ҳар ой якуни бўйича уларда малака ошириши режалаштирилган тингловчилар сонидан кам бўлган ҳолларда, ушбу тингловчилар учун режалаштирилган маблағлар Вазирлик томонидан Институт ва ҳудудий марказларга йўналтирилади.

121. Институтда, Мактабгача таълим институти ҳамда Ҳудудий марказларда бир нафар профессор-ўқитувчи ҳисобига тўғри келадиган тингловчилар нисбатининг чекланган нормативи 1:12 нисбатда белгиланади.

Бунда келгуси молия йили учун профессор-ўқитувчилар сони (штат бирлиги) қуйидагича аниқланади:

ПЎс = Тс : 12 : 10 : (144 : МОс)

ПЎс — Институтда ҳамда ҳудудий марказларда тингловчилар учун ажратиладиган профессор-ўқитувчилар сони (штат бирлиги);

Тс — бир йилда малака оширадиган тингловчилар сони;

12 — бир нафар профессор-ўқитувчи ҳисобига тўғри келадиган тингловчиларнинг чекланган сони;

10 — молия йилидаги малака ошириладиган ойлар сони;

144 — бир нафар тингловчи учун бир йилда малака оширишнинг максимал соати;

МОс — бир нафар тингловчи учун бир йилда малака оширишга ажратилган соат.

Профессор-ўқитувчилар сони (штат бирлиги) тингловчиларнинг малака ошириши учун белгиланган соатига кўра алоҳида ҳисобланади.

122. Институт, Мактабгача таълим институти ҳамда Ҳудудий марказларнинг бюджет маблағлари ҳисобидан сақлаш билан боғлиқ харажатлар Вазирликка республика бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилади.

123. Касбий ривожлантириш таълим ташкилотларига ишдан ажралган ҳолда малака оширишга юборилган тингловчиларнинг ўқиши ҳамда мустақил малака ошириши белгиланган тингловчиларнинг якуний аттестацияси ўтказиладиган даврда уларнинг асосий иш жойи бўйича лавозими ва ўртача иш ҳақи сақланиб қолади, ўқув юкламалари эса бошқа педагог ходимлар ўртасида тақсимланади.

Ишдан ажралган ҳолда малака ошириш учун бошқа ҳудудлардан юборилган тингловчиларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўқишга бориш ва ундан қайтиш бўйича бир марталик йўл ҳақи харажатлари уларни юборган ташкилот ҳисобидан қопланади.

Малака ошириш курсидан четлатилган тингловчи қайта малака оширишга юборилганда, унга сафар харажатлари тўланмайди.

13-боб. Якунловчи қоидалар

124. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантиришни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Малака ошириш курсларини ташкил этиш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари 1. Навбатдаги календарь йили учун таълим ташкилоти буюртмасини шакллантиради. 2. Буюртмани туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимига тақдим этади. Ҳар йили 15 октябргача 2-босқич Туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлими 1. Буюртмаларни мактабгача ва мактаб таълими таълим ташкилотлари кесимида умумлаштиради. 2. Буюртмани тегишли Ҳудудий бошқармага тақдим этади. Ҳар йили 30 октябргача 3-босқич Ҳудудий бошқармалар 1. Буюртмани туман (шаҳар)лар кесимида умумлаштиради. 2. Буюртмани режа шаклида Институтга тақдим этади. Ҳар йили 5 ноябргача 4-босқич А.Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институти 1. Мактабгача ва мактаб таълими ходимларининг ҳудудлар ва касбий ривожлантириш таълим ташкилотлари бўйича режа кўрсаткичлари тақсимотини шакллантиради. 2. Режа кўрсаткичларини Вазирликка тасдиқлаш учун тақдим этади. Ҳар йили 15 ноябргача 5-босқич Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ҳудудлар ва касбий ривожлантириш таълим ташкилотлари бўйича режа кўрсаткичлари тақсимотини тасдиқлайди. Ҳар йили 5 декабргача 6-босқич А.Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институти Ҳудудлар ва касбий ривожлантириш таълим ташкилотлари бўйича режа кўрсаткичлари тақсимотини электрон платформага жойлаштиради. Ҳар йили 5 декабргача 7-босқич Ҳудудий бошқармалар, туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари, мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари Электрон платформадаги режа кўрсаткичлари тақсимотини мувофиқ раҳбар, педагог ва мутахассис ходимларнинг ўқишга белгиланган муддатда етиб боришларини таъминлайди. Йил давомида 8-босқич Касбий ривожлантириш таълим ташкилотлари 1. Малака ошириш курсларини ва улардаги ўқув машғулотларини ташкил қилади. 2. Курс якуни бўйича якуний аттестацияни ўтказади. 3. Якуний аттестация натижаларига кўра давлат намунасидаги ҳужжат (сертификат)ни беради. 4. Малака оширишдан ўтган ҳар бир ходим ҳақидаги маълумотларни электрон платформага киритади. Йил давомида

Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантиришни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Малака ошириш курслари орасидаги узлуксиз касбий ривожлантириш тадбирларини ташкил этиш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 1. Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари педагог кадрларини узлуксиз касбий ривожлантириш тадбирларини режалаштиради. 2. Уқув режа ва дастурларни тасдиқлайди. Ҳар йили август ойида 2-босқич Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти 1. Контент материалларини тайёрлайди ва «Виртуал касбий ривожлантириш» электрон дастурига киритади. 2. Мактабгача таълим ташкилотларининг педагог кадрлари ҳақидаги маълумотларни «Виртуал касбий ривожлантириш» электрон дастурига киритилишини таъминлайди. Ҳар йили август ойида А. Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институти 1. «Касбий ривожланиш куни» ва «Касбий ривожланиш соати» тадбирларининг контент материалларини тайёрлайди. 2. Ўқитувчилар ҳақидаги маълумотларни «Узлуксиз касбий таълим» электрон платформасига киритилишини таъминлайди. Ҳар йили август ойида 3-босқич Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти 1. Мактабгача таълим ташкилотлари педагог кадрларини «Виртуал касбий ривожлантириш» электрон дастуридан фойдаланиб мустақил таълим олишларини ташкил қилади ва мувофиқлаштиради. Ўқув йили давомида А. Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институти 1. «Касбий ривожланиш куни» ва «Касбий ривожланиш» соатлари тадбирларининг ўқув жараёнларини ташкил қилади ва мувофиқлаштиради. Ўқув йили давомида Ҳудудий бошқармалар ва туман(шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари, мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари 1. Мактабгача таълим ташкилотлари педагоглари ва мактаб ўқитувчиларининг узлуксиз касбий ривожлантириш тадбирларини ташкил этиш учун зарур шароитларни яратади. 2. Мактабгача таълим ташкилотлари педагоглари ва мактаб ўқитувчиларининг узлуксиз касбий ривожлантириш тадбирларидаги иштирокини таъминлайди. Ўқув йили давомида

Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантиришни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА

Қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Касбий ривожлантириш таълим ташкилотлари 1. Қайта тайёрлаш курслари тўғрисидаги маълумотларни махсус порталга жойлаштиради. Доимий 2-босқич Талабгорлар 1. Махсус портал орқали электрон шаклда рўйхатдан ўтади ҳамда ўқув курсида ўқиш учун ариза топширади. Доимий 3-босқич Касбий ривожлантириш таълим ташкилотлари 1. Талабгорларга доир ҳужжатларни тўлиқ ўрганиб чиқади. 2. Қайта тайёрлаш курсларига қабул қилинган талабгорларнинг аризаси электрон тизим орқали тасдиқланади. 3. Талабгорлар ташкилот раҳбарининг буйруғи билан тингловчилар сафига қабул қилинади. Доимий 4-босқич Касбий ривожлантириш таълим ташкилотлари 1. Қайта тайёрлаш курсларидаги ўқув жараёнини ташкил қилади. 2. Қайта тайёрлаш курсининг ўқув режасида кўзда тутилган барча оралиқ назоратларни ташкил қилади ва ўтказади. Курснинг ўқув режасига мувофиқ 5-босқич Вазирлик томонидан белгиланган ташкилот 1. Қайта тайёрлаш курсининг якуний назорат синовларини ўтказади. Қайта тайёрлаш курси якунида Касбий ривожлантириш таълим ташкилотлари 2. Қайта тайёрлаш курси тингловчиларининг битирув иши ҳимоясини ўтказади. 3. Тингловчиларга давлат намунасидаги ҳужжат (диплом) беради.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 20 декабрдаги 867-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимча

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2006 йил 16 февралдаги 25-сон қарорининг 2-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«2. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳар йили қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасалари ўқув-методик жараёни сифати ва улар педагоглари касб малакаси даражасининг мазкур қарор билан тасдиқланган Давлат талабларига мувофиқлигининг тезкор диагностикасини амалга оширсинлар».

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги 823-сон қарори билан тасдиқланган Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармасини ташкил этиш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом қуйидаги таҳрирдаги 26 1 -банд билан тўлдирилсин:

«26 1 . Касбий ривожланиш соати» ва «Касбий ривожланиш куни» тадбирларида ментор-ўқитувчи сифатида фаолият юритаётган фан ўқитувчиларига асосий иш жойи бўлган умумий ўрта таълим муассасаси директор жамғармаси ҳисобидан ушбу Низомнинг 20-бандига асосан олиши мумкин бўлган устамага қўшимча равишда лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама ҳақ белгиланади.

Бунда ментор-ўқитувчилар рўйхати туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудирининг буйруғи билан ҳар ўқув йили бошида тасдиқланади».

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 20 декабрдаги 867-сон қарорига 3-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги тўғрисидаги низомни ҳамда Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти уставини тасдиқлаш ҳақида» 2017 йил 21 ноябрдаги 929-сон қарори .

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 28 декабрдаги 1026-сон қарори .

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик вазифалари амалга оширилиши самарадорлиги учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг масъулиятини оширишга доир биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 28 январдаги ПФ-5644-сон, «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2019 йил 1 февралдаги ПФ-5650-сон фармонлари ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ишини ташкил этишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида» 2019 йил 28 январдаги ПҚ-4136-сон қарори)» 2019 йил 13 майдаги 397-сон қарорига илованинг 71-банди .

4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 5 сентябрдаги ПФ-5538-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 5 сентябрдаги ПҚ-3931-сон ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 20 февралдаги ПҚ-4199-сон қарори)» 2019 йил 30 сентябрдаги 822-сон қарорига илованинг 23-банди .

5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида» 2019 йил 10 декабрдаги ЎРҚ-591-сон Қонуни)» 2020 йил 16 апрелдаги 234-сон қарорига илованинг 9-банди .

6. Вазирлар Маҳкамасининг «Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 6 апрелдаги 189-сон қарорига 2-илованинг 7-банди .

7. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида» 2019 йил 16 декабрдаги ЎРҚ-595-сон Қонуни)» 2021 йил 20 майдаги 320-сон қарорига 1-илованинг 8 ва 10-бандлари .

8. Вазирлар Маҳкамасининг «Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари рейтингини аниқлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 3 июндаги 345-сон қарорига 3-илованинг 27-банди .

9. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмаси такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2021 йил 16 августдаги 524-сон қарорига 1-илованинг 11-банди .

10. Вазирлар Маҳкамасининг «Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2022 йил 17 январдаги 25-сон қарори .

11. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон Қонуни)» 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 470-банди .

12. Вазирлар Маҳкамасининг «Халқ таълими вазири жамғармаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 2 августдаги 425-сон қарорига 2-илованинг 16-банди .

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 20 декабрь,

867-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.12.2024 й., 09/24/867/1045-сон; 11.12.2025 й., 09/25/776/1149-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

SXEMASI

SXEMASI

ROʻYXATI

Maktabgacha va maktab taʼlimi xodimlarining uzluksiz kasbiy rivojlantirish tizimini takomillashtirish toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Maktabgacha va maktab taʼlimi tashkilotlari xodimlarini uzluksiz kasbiy rivojlantirish tizimini takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2024-yil 21-iyundagi PQ-231-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, pedagoglarning uzluksiz kasbiy rivojlanishi uchun yetarli sharoitlar yaratish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Maktabgacha va maktab taʼlimi tashkilotlari xodimlarini uzluksiz kasbiy rivojlantirish tizimini takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2024-yil 21-iyundagi PQ-231-son qaroriga muvofiq:

a) maktabgacha va maktab taʼlimi tashkilotlari rahbar, pedagog va mutaxassis kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirishning yaxlit tizimi joriy qilinganligi;

b) Maktabgacha taʼlim tashkilotlari direktor va mutaxassislarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish instituti Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi boʻysunuviga oʻtkazilganligi;

v) 2025-yil 1-yanvardan boshlab:

maktabgacha va maktab taʼlimi tashkilotlari xodimlarini uzluksiz kasbiy rivojlantirishning vertikal tizimi (vazirlik — malaka oshirish muassasasi — taʼlim tashkiloti) yoʻlga qoʻyilishi;

maktabgacha va maktab taʼlimi tashkilotlarining xodimlari uchun besh yilda bir marotaba ishdan ajralgan holda oʻtkaziladigan malaka oshirish kurslari joriy qilinishi belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Maktabgacha va maktab taʼlimi tashkilotlari xodimlarini uzluksiz kasbiy rivojlantirishni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

uzluksiz kasbiy rivojlantirish tizimi, uning maqsadi va asosiy vazifalari;

uzluksiz kasbiy rivojlantirishning turlari va ularni tashkil etish tartibi;

uzluksiz kasbiy rivojlantirish sifatini baholash va nazorat qilish.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimcha kiritilsin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 3-ilovaga muvofiq baʼzi qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

5. Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri X.U. Umarova zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 20-dekabrdagi 867-son qaroriga 1-ILOVA

Maktabgacha va maktab taʼlimi tashkilotlari xodimlarini uzluksiz kasbiy rivojlantirishni tashkil etish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom maktabgacha va maktab taʼlimi tizimidagi rahbar, pedagog va mutaxassis xodimlarni (keyingi oʻrinlarda — rahbar, pedagog va mutaxassis xodimlarni) uzluksiz kasbiy rivojlantirishni tashkil etish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

buyurtmachi — Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi va uning hududiy boʻlinmalari, tizimida maktabgacha, umumiy oʻrta, qoʻshimcha taʼlim muassasalari mavjud boʻlgan vazirliklar, idoralar va boshqa tashkilotlar, shuningdek, nodavlat maktabgacha va umumtaʼlim tashkilotlari;

kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkiloti — A. Avloniy nomidagi Pedagogik mahorat milliy instituti, Maktabgacha taʼlim tashkilotlari direktor va mutaxassislarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish instituti, Pedagogik mahorat markazlari, malaka oshirish faoliyati bilan shugʻullanadigan nodavlat taʼlim tashkilotlari, pedagog kadrlar tayyorlanadigan oliy taʼlim muassasalari;

maktabgacha va maktab taʼlimi xodimlarining malakasini oshirish faoliyati bilan shugʻullanadigan kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotlari reyestri (keyingi oʻrinlarda — Reyestr) — maktabgacha va maktab taʼlimi xodimlarining malakasini oshirish faoliyati bilan shugʻullanuvchi taʼlim tashkilotlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar bazasini oʻz ichiga olgan elektron axborot tizimi;

malaka talablari — kasbiy rivojlanish kursi bitiruvchisining umumiy bilim va kasbiy tayyorgarlik darajasiga qoʻyiladigan talablar;

malaka oshirish kursi — malaka oshirishning tasdiqlangan oʻquv rejasi va dasturlari asosida ishlab chiqilgan mashgʻulotlar tizimi;

mutaxassis xodimlar — maktabgacha va maktab taʼlimi tizimi tashkilotlarida psixolog, metodist, kutubxonachi, kadrlar boʻyicha menejer, laborant, yoʻriqchi lavozimlarida faoliyat koʻrsatuvchi shaxslar;

oraliq nazorat — kurs davomida oʻquv dasturining muayyan boʻlimi (moduli) tugallangandan keyin tinglovchining bilim va amaliy koʻnikma darajasini aniqlash va baholash usuli;

pedagog xodimlar — maktabgacha, maktab va qoʻshimcha taʼlim tashkilotlarida qonunchilik hujjatlariga muvofiq tuzilgan mehnat shartnomasi asosida taʼlim va tarbiya sohasida kasbiy faoliyatni amalga oshiruvchi hamda tegishli maʼlumotga, kasbiy tayyorgarlikka va maʼnaviy-axloqiy fazilatlarga ega boʻlgan jismoniy shaxslar;

rahbar xodimlar — maktabgacha, qoʻshimcha va maktab taʼlimi tashkilotlari, ularning tarkibiy boʻlinmalarida boshqaruv funksiyalari va vazifalarini bajaruvchi shaxslar;

tabaqalashgan taʼlim dasturlari — rahbar, pedagog va mutaxassis xodimlarning malaka toifasi, kasbiy mahorati va bilim koʻrsatkichlaridan kelib chiqib, kasbiy bilimlar, koʻnikmalar va mahoratlarni muntazam ravishda yangilab borishga moʻljallangan taʼlim dasturlari;

tinglovchi — kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotining qayta tayyorlash yoki malaka oshirish kursiga qabul qilingan xodim;

uzluksiz kasbiy rivojlantirish tizimi (keyingi oʻrinlarda — uzluksiz kasbiy rivojlantirish) — xodimlarning kasbiy kompetentligini zamonaviy talablar bilan uygʻunlashtirish, muntazam ravishda rivojlantirib borish imkoniyatini beruvchi tizim;

“Uzluksiz kasbiy taʼlim” maxsus elektron platformasi (keyingi oʻrinlarda — elektron platforma) — oʻquv modullari kontentlarini yaratish, saqlash va taʼlim oluvchilarga taqdim etish, shuningdek, taʼlim oluvchilarni roʻyxatga olish va ularga oʻquv modullarini onlayn tarzda oʻzlashtirish imkoniyatini beruvchi maxsus elektron dasturiy tizim;

qayta tayyorlash kursi — qayta tayyorlashning tasdiqlangan oʻquv rejasi va dasturlari asosida ishlab chiqilgan mashgʻulotlar tizimi;

elektron portfolio — rahbar, pedagog va mutaxassis xodimlarning kasbiy faoliyati va mustaqil malaka oshirish natijalarini baholashga qaratilgan oʻquv-metodik, ilmiy-tadqiqot va ijodiy ish materiallarni qamrab oluvchi maʼlumotlar bazasi;

yakuniy attestatsiya — malaka oshirish va qayta tayyorlash kurslari oxiridagi yakuniy nazorat sinovi, ilgʻor pedagogik uslub va texnologiyalarni qoʻllash boʻyicha topshiriqlarni bajarishdan iborat malaka ishi yoki bitiruv ishini himoya qilish shaklida oʻtkaziladigan baholash jarayonlari;

yakuniy nazorat sinovi — kurs yakunida uning dasturiga kiruvchi fanlar boʻyicha nazariy bilim va amaliy koʻnikmalarni tinglovchilar tomonidan oʻzlashtirish darajasini baholash usuli;

oʻquv moduli — nisbatan mustaqil, mazmunan yaxlit oʻquv kursi yoki taʼlim texnologiyasining minimal hajmdagi tarkibiy birligi.

2-bob. Uzluksiz kasbiy rivojlantirishning maqsadi va asosiy vazifalari

3. Uzluksiz kasbiy rivojlantirishning maqsadi — xodimlarning egallab turgan lavozimlari, mutaxassisligi yoki dars beradigan fanlari boʻyicha kasbiy va pedagogik mahorati doimiy ravishda oʻsib borishini, ularning ilgʻor pedagogik va axborot texnologiyalari, shuningdek, oʻqitishning interaktiv usullari boʻyicha kasbiy bilimlari, malaka va koʻnikmalari muntazam ravishda yangilab borilishini taʼminlashdan iborat.

4. Uzluksiz kasbiy rivojlantirishning asosiy vazifalari:

rahbar, pedagog va mutaxassis xodimlarning kasbiy bilimlari, koʻnikmalari va mahoratlarini uzluksiz yangilab borish mexanizmlarini joriy etish, zamonaviy talablarga muvofiq taʼlim sifatini taʼminlash uchun zarur darajada kasbiy tayyorgarligini amalga oshirish;

pedagog xodimlarni kasbiy mahorati va bilim salohiyatidan kelib chiqib, kasbiy ehtiyojlariga mos keladigan tabaqalashgan taʼlim dasturlarini oʻzlashtirishga yoʻnaltirish, metodik kompetentlik darajasini oshirish va kasbiy mahoratini takomillashtirish, zamonaviy taʼlim va tarbiya metodikalarini oʻzlashtirish;

taʼlim sifatini oshirishning asosiy manbai sifatida pedagog xodimlarning kasbiy rivojlanishi, tashabbuskorligi, ijodkorligi va mahoratini ragʻbatlantirish;

xodimlarning tayyorgarlik sifatiga qoʻyiladigan malaka talablarini takomillashtirish;

xodimlarning doimiy kasbiy rivojlanishi uchun keng imkoniyatlar taqdim etadigan taʼlim muhitini yaratish.

3-bob. Uzluksiz kasbiy rivojlantirishning vertikal tizimi

5. Uzluksiz kasbiy rivojlantirishning vertikal tizimiga quyidagilar kiradi:

Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Vazirlik);

Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik);

Qoraqalpogʻiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, Toshkent shahar va viloyatlar maktabgacha va maktab taʼlimi boshqarmalari (keyingi oʻrinlarda — Hududiy boshqarmalar);

tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimlari;

A. Avloniy nomidagi Pedagogik mahorat milliy instituti (keyingi oʻrinlarda — Institut);

Maktabgacha taʼlim tashkilotlari direktor va mutaxassislarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish instituti (keyingi oʻrinlarda — Maktabgacha taʼlim instituti);

Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlar Pedagogik mahorat markazlari (keyingi oʻrinlarda — Hududiy markazlar);

pedagogika yoʻnalishidagi oliy taʼlim muassasalari;

malaka oshirish faoliyati bilan shugʻullanadigan nodavlat taʼlim tashkilotlari;

maktabgacha taʼlim tashkiloti, Prezident, ijod, ixtisoslashtirilgan, umumiy oʻrta taʼlim va qoʻshimcha taʼlim muassasalari.

6. Vazirlik:

zamonaviy talablarga muvofiq uzluksiz kasbiy rivojlantirish tizimi takomillashtirib borilishini taʼminlaydi;

tasarrufidagi kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotlari faoliyatini muvofiqlashtiradi, ularning oʻquv-metodik va moddiy-texnik bazasini takomillashtirish choralarini koʻradi;

uzluksiz kasbiy rivojlantirish jarayonlarini xorijiy tajribalar asosida doimiy takomillashtirib boradi;

uzluksiz kasbiy rivojlantirish kurslari oʻquv rejalari va dasturlarining belgilangan talablarga mos boʻlishini taʼminlaydi;

har yillik reja koʻrsatkichlarini tasdiqlaydi hamda ularning bajarilishini nazorat qiladi;

uzluksiz kasbiy rivojlantirish jarayonlarini Davlat budjetidan moliyalashtirish choralarini koʻradi;

tizimdagi rahbar, pedagog va mutaxassis xodimlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish faoliyati bilan shugʻullanuvchi kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotlari faoliyatiga umumiy rahbarlik qiladi;

qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarining davlat taʼlim talablarini, malaka oshirish kurslarining malaka talablarini, oʻquv rejasi va dasturlarini tasdiqlaydi.

7. Agentlik:

tasarrufidagi taʼlim muassasalari xodimlarining uzluksiz kasbiy rivojlantirish kurslari oʻquv rejalari va dasturlarini shakllantiradi va tasdiqlash uchun Vazirlikka taqdim etadi;

xodimlarni kasbiy rivojlantirish boʻyicha umumlashtirilgan buyurtmalarni Institutga taqdim etadi;

tasarrufidagi taʼlim muassasalari xodimlarining uzluksiz kasbiy rivojlantirish kurslariga oʻz vaqtida va toʻla jalb qilinishini taʼminlaydi.

8. Hududiy boshqarmalar:

xodimlarning uzluksiz kasbiy rivojlantirish kurslariga oʻz vaqtida va toʻla jalb qilinishini taʼminlaydi;

navbatdagi kalendar yilda xodimlarni kasbiy rivojlantirish buyurtmalarini shakllantiradi hamda malaka oshirish yoʻnalishlari va tashkilotlari boʻyicha guruhlarga ajratgan holda umumlashtiradi;

xodimlarning hudud, tuman va shaharlar miqyosidagi, shuningdek, maktab va qoʻshimcha taʼlim muassasalaridagi kasbiy rivojlanish kunlari va kasbiy rivojlanish soatlari tadbirlarini tashkil qiladi;

xodimlarni kasbiy rivojlantirish boʻyicha umumlashtirilgan buyurtmalarni Vazirlikka taqdim etadi, shuningdek, tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimlarining elektron platforma bilan ishlash faoliyatini muvofiqlashtiradi;

uzluksiz kasbiy rivojlantirish kurslarining oʻquv rejasi, dasturi, oʻquv-metodik va boshqa hujjatlarini tayyorlash, oʻquv kurslarining davomiyligi hamda ularni tashkil etish shakllari boʻyicha Institutga takliflar kiritadi.

9. Tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimlari:

elektron platformaga xodimlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar toʻgʻri kiritilishini nazorat qiladi;

maktab, maktabgacha taʼlim va qoʻshimcha taʼlim tashkilotlari tomonidan navbatdagi kalendar yil uchun malaka oshirishning reja koʻrsatkichlariga takliflarni yigʻadi, umumlashtiradi va Hududiy boshqarmaga taqdim etadi;

pedagog xodimlarning tasdiqlangan reja koʻrsatkichlari boʻyicha malaka oshirish kurslariga yuborilishini nazorat qiladi;

xodimlarning tuman (shahar) miqyosidagi, shuningdek, maktab, maktabgacha taʼlim va qoʻshimcha taʼlim tashkilotlaridagi uzluksiz malaka oshirish tadbirlarini tashkil qiladi;

xodimlarning ishdan ajralmagan shakldagi malaka oshirish jarayonlari monitoringini yuritadi.

10. Institut:

Vazirlik tasarrufidagi kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotlari uchun bosh taʼlim muassasasi hisoblanadi hamda ularning oʻquv, metodik va ilmiy faoliyatiga rahbarlik qiladi;

Prezident maktablarida oʻquvchilarni oʻqitish, kasb-hunarga yoʻnaltirish, ularda tanqidiy fikrlash, axborotni izlash va tahlil qilish koʻnikmalarini shakllantirish, olingan bilimlarni amaliyotda qoʻllash boʻyicha toʻplangan ilgʻor tajribalarni uzluksiz kasbiy rivojlantirish tizimi orqali umumiy oʻrta taʼlim muassasalariga keng tatbiq etadi;

xodimlarni uzluksiz kasbiy rivojlantirish tizimi samaradorligini taʼminlaydi, ularning kasbiy bilim, koʻnikma va mahoratini muntazam oshirib boradi, malaka oshirish va qayta tayyorlashning anʼanaviy, muqobil, dual va mustaqil shakllarini amaliyotga keng joriy etadi;

malaka oshirish va qayta tayyorlash kurslarining oʻquv rejalari va dasturlarini ishlab chiqadi hamda ularni zamon talablari va xorijiy ilgʻor tajribalar asosida takomillashtirish boʻyicha Vazirlikka taklif kiritadi;

kelajak maktabi, uning rahbari va oʻqituvchisining modelini yaratish asosida umumiy oʻrta taʼlim muassasalari xodimlarining kasbiy standartlarini ishlab chiqadi va doimiy ravishda rivojlantirib boradi, oʻquv-metodik faoliyatning taʼlim jarayoni bilan bogʻliqligini mustahkamlaydi;

davlat va nodavlat taʼlim tashkilotlari uchun uzluksiz kasbiy rivojlantirish kurslarining namunaviy oʻquv rejalari va dasturlarini ishlab chiqadi, doimiy yangilab boradi va tasdiqlash uchun Vazirlikka kiritadi;

umumiy oʻrta taʼlim sohasidagi ilgʻor xorijiy tajribalarni oʻrganadi va mamlakatimizda joriy etish boʻyicha tavsiyalar ishlab chiqadi, xorijiy yetakchi taʼlim tashkilotlari bilan xalqaro aloqalarni rivojlantiradi;

malaka oshirish kurslarining taʼlim mazmuniga xalqaro baholash dasturlari (PISA, TIMSS, PIRLS) boʻyicha modullarni kiritib boradi;

umumiy oʻrta taʼlimning dolzarb muammolari yuzasidan turli dastur va loyihalarni amalga oshiradi, ilmiy-uslubiy konferensiya va seminarlar tashkil qiladi;

doktorantura yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklari boʻyicha yuqori malakali kadrlarni tayyorlaydi, ilmiy xodimlarning kasbiy bilim darajasini doimiy oshirib boradi;

elektron platformani yuritadi va uning faoliyatini takomillashtirib boradi.

11. Maktabgacha taʼlim instituti:

maktabgacha taʼlim tashkilotlari xodimlari uchun uzluksiz kasbiy rivojlantirish kurslarini tashkil etadi;

maktabgacha taʼlim tashkilotlari xodimlarini uzluksiz kasbiy rivojlantirish boʻyicha elektron platformaga maʼlumotlarni kiritishni tashkil qiladi;

xodimlarni uzluksiz kasbiy rivojlantirish boʻyicha oʻquv rejalari va dasturlarini ishlab chiqadi;

maktabgacha taʼlim tashkilotlari xodimlarini uzluksiz kasbiy rivojlantirish faoliyati bilan shugʻullanayotgan nodavlat taʼlim tashkilotlari uchun namunaviy oʻquv rejasi, dastur, oʻquv-metodik va boshqa hujjatlarni ishlab chiqadi, shuningdek, kurslarning oʻquv-uslubiy taʼminotini doimiy yangilab borishga koʻmaklashadi va tasdiqlash uchun Vazirlikka kiritadi;

maktabgacha taʼlim tashkilotlari xodimlarining uzluksiz kasbiy rivojlantirish jarayonlarining yakuniy attestatsiyasi topshiriqlarini ishlab chiqadi;

maktabgacha taʼlim tashkilotlari xodimlarining uzluksiz malakasini oshirish jarayonlarini nazorat qiladi va monitoringini yuritadi;

maktabgacha taʼlim tashkilotlari xodimlarining uzluksiz kasbiy rivojlantirish tizimini ilmiy-metodik jihatdan taʼminlaydi, fundamental, amaliy va innovatsion tadqiqotlar oʻtkazadi, tadqiqot natijalarini amaliyotga keng joriy etadi;

maktabgacha taʼlim tashkilotlari xodimlarini uzluksiz kasbiy rivojlantirish boʻyicha xorijiy tajribani va taʼlim muassasalarining eʼtirof etilgan yutuqlarini tahlil qiladi va umumlashtiradi;

maktabgacha taʼlimning dolzarb muammolari yuzasidan tizimli asosda ilmiy-tadqiqot dasturlari va loyihalarini amalga oshiradi, ilmiy, ilmiy-amaliy konferensiyalar, seminarlar, yigʻilishlar tashkil qiladi;

maktabgacha taʼlimni tashkil etishning yangi texnologiyalari, vositalari va shakllarini ishlab chiqish, sinovdan oʻtkazish va ekspertiza qilishda ishtirok etadi;

Hududiy markazlarning maktabgacha taʼlim tashkilotlari xodimlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish faoliyatini muvofiqlashtiradi.

12. Hududiy markazlar:

xodimlarni uzluksiz kasbiy rivojlantirishga ixtisoslashgan oʻquv muassasasi hisoblanib, ushbu yoʻnalishdagi oʻquv, ilmiy hamda tashkiliy-metodik ishlarni amalga oshiradi;

tegishli hududdagi xodimlar uchun uzluksiz kasbiy rivojlantirish kurslarini tashkil qiladi;

pedagogika, psixologiya, oʻquv fanlari va ularni oʻqitish metodikasining mamlakatimizdagi va jahondagi eng yangi yutuqlari, shuningdek, zamonaviy axborot va pedagogik texnologiyalarning tinglovchilar tomonidan chuqur oʻzlashtirilishini taʼminlaydi;

qayta tayyorlash va malaka oshirishning ilgʻor shakl va usullarini joriy qiladi;

xodimlarni uzluksiz kasbiy rivojlantirish boʻyicha pedagogika oliy taʼlim muassasalari, ilmiy-tadqiqot institutlari va markazlari bilan hamkorlik qiladi;

hududdagi ehtiyojdan kelib chiqqan holda, alohida kurslarni tashkil etish uchun oʻquv rejalari va dasturlarini ishlab chiqadi hamda belgilangan tartibda tasdiqlash uchun Institutga taqdim etadi;

tinglovchilarning yakuniy attestatsiyasini oʻtkazadigan komissiya tarkibini shakllantiradi va tasdiqlaydi;

tinglovchilarning yakuniy attestatsiyasini tashkil etadi va oʻtkazadi;

tinglovchilarning elektron portfolioga kiritilgan mustaqil malaka oshirish natijalarini baholaydi;

uzluksiz kasbiy rivojlantirish jarayonlarining taʼlim dasturlarini yakunlagan va yakuniy attestatsiyadan muvaffaqiyatli oʻtgan tinglovchilarga sertifikatlarni rasmiylashtiradi.

13. Pedagogika yoʻnalishidagi oliy taʼlim muassasalari:

tegishli hududlardagi pedagog xodimlarni uzluksiz kasbiy rivojlantirish kurslarini buyurtma asosida tashkil qiladi;

pedagogika, psixologiya, oʻquv fanlari va ularni oʻqitish metodikasining mamlakatimizdagi va jahondagi eng yangi yutuqlari, shuningdek, zamonaviy axborot va pedagogik texnologiyalarning pedagoglar tomonidan chuqur oʻzlashtirilishini taʼminlaydi;

tinglovchilarning oʻz kasbiy malakalarini takomillashtirishga boʻlgan ehtiyojlarini toʻla qondirish maqsadida malaka oshirishning ilgʻor shakl va usullarini joriy qiladi;

tinglovchilarning malaka oshirish kurslarida oʻqiganligi haqidagi maʼlumotlar elektron platformaga kiritilishini taʼminlaydi;

tashkil qilingan guruhlar haqida har oylik hisobotlarni shakllantiradi va Institutga taqdim qiladi.

14. Malaka oshirish faoliyati bilan shugʻullanadigan nodavlat taʼlim tashkilotlari:

tegishli hududlardagi pedagog xodimlarni uzluksiz kasbiy rivojlantirish kurslarini buyurtma asosida tashkil qiladi;

pedagogika, psixologiya, oʻquv fanlari va ularni oʻqitish metodikasining mamlakatimizdagi va jahondagi eng yangi yutuqlari, shuningdek, zamonaviy axborot va pedagogik texnologiyalarning pedagoglar tomonidan chuqur oʻzlashtirilishini taʼminlaydi;

tinglovchilarning oʻz kasbiy malakalarini takomillashtirishga boʻlgan ehtiyojlarini toʻla qondirish maqsadida malaka oshirishning ilgʻor shakl va usullarini joriy etadi;

tinglovchilarning malaka oshirish kurslarida oʻqiganligi haqidagi maʼlumotlarni elektron platformaga kiritilishini taʼminlaydi;

tashkil qilingan guruhlar haqida har oylik hisobotlarni shakllantiradi va Institutga taqdim qiladi.

15. Maktabgacha taʼlim tashkiloti, Prezident, ijod, ixtisoslashtirilgan, umumiy oʻrta va qoʻshimcha taʼlim muassasalari:

xodimlarni tasdiqlangan reja boʻyicha malaka oshirish kurslariga yuboradi;

xodimlarning malaka oshirishi haqidagi maʼlumotlarni elektron platformaga kiritadi;

taʼlim muassasasida uzluksiz kasbiy rivojlantirish boʻyicha turli tadbirlarni amalga oshiradi;

pedagog xodimlarning uzluksiz kasbiy rivojlanish natijalarini tahlil qiladi.

4-bob. Uzluksiz kasbiy rivojlantirish kurslarining tinglovchilari

16. Uzluksiz kasbiy rivojlantirish kurslarining tinglovchilari kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotidagi oʻquv-laboratoriya, axborot-resurs markazlari, sogʻlomlashtirish va maishiy xizmat koʻrsatish shoxobchalaridan foydalanish huquqiga ega.

17. Uzluksiz kasbiy rivojlantirish kursi tinglovchisi quyidagi sabablarga koʻra tinglovchilar safidan chetlashtiriladi:

oʻquv intizomini va kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotining ichki tartib-qoidalarini buzganligi uchun;

qayta tayyorlash kursidagi dars mashgʻulotlarini uzrli sabablarsiz 36 soat, malaka oshirish kurslarida — 18 soat dars qoldirgani uchun;

salomatligi tufayli (tibbiy komissiya maʼlumotnomasi asosida);

tinglovchiga nisbatan sudning hukmi asosida;

shartnoma asosida oʻqitish uchun belgilangan miqdordagi toʻlovni oʻz vaqtida amalga oshirmaganligi uchun;

vafot etganligi sababli.

18. Tinglovchini kursdan chetlatish toʻgʻrisida qaror chiqarilgan kundan boshlab uch kun ichida unga chetlatish sabablari koʻrsatilgan holda maʼlumotnoma beriladi, shuningdek, bu haqida uni malaka oshirishga yuborgan buyurtmachiga tegishli kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkiloti tomonidan maʼlum qilinadi.

Malaka oshirish kursidan chetlatilgan tinglovchi buyurtmachi tomonidan unga ish haqi saqlanmagan holda, taʼtil berilishi tartibida uch oy ichida qayta malaka oshirishi shart.

19. Malaka oshirish kurslariga qayta yuborilgan xodim yakuniy attestatsiyadan takroran oʻtmagan yoki belgilangan muddatda malaka oshirish kurslaridan oʻtmagan taqdirda, u bilan tuzilgan mehnat shartnomasi amal qilish muddatidan qatʼi nazar, ish beruvchining tashabbusiga koʻra bekor qilinadi.

Bunda xodimning malakasi yetarli boʻlmaganligi sababli egallab turgan lavozimiga yoki bajarayotgan ishiga muvofiq emasligi mehnat shartnomasini bekor qilishning asosi sifatida koʻrsatiladi.

Ushbu xodim oʻz pedagogik faoliyatini davlat maktabgacha, maktab va qoʻshimcha taʼlim muassasalarida davom ettirishi uchun kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkiloti bilan bevosita tuzilgan shartnoma asosida malakasini oshirgan boʻlishi talab qilinadi.

5-bob. Uzluksiz kasbiy rivojlantirish shakllari

20. Uzluksiz kasbiy rivojlantirishda taʼlim olishning quyidagi shakllaridan foydalaniladi:

ishlab chiqarishdan ajralgan holda taʼlim olish;

ishlab chiqarishdan ajralmagan holda taʼlim olish;

masofaviy taʼlim;

dual taʼlim;

mustaqil taʼlim;

muqobil shakllarda taʼlim olish.

21. Uzluksiz kasbiy rivojlantirish kurslaridagi oʻquv jarayoni kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkiloti rahbari tomonidan tasdiqlanadigan mashgʻulotlar jadvali asosida amalga oshiriladi. Auditoriya mashgʻulotlarining barcha turlari uchun 80 daqiqa davom etadigan dars juftligi belgilanadi.

22. Uzluksiz kasbiy rivojlantirish kurslaridagi oʻquv mashgʻulotlari maʼruza, amaliy mashgʻulot, laboratoriya ishi, seminar, tajriba almashish darsi, trening, interfaol mashgʻulotlar va boshqa shakllarda oʻtkazadi.

23. Ishlab chiqarishdan ajralgan holda taʼlim olish — xodimlarning oʻz ish joylaridan toʻla ajralgan tarzda kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotlarida oʻqishini nazarda tutadi.

Taʼlim olishning mazkur shakli koʻchma kurs tarzida ham tashkil etilishi mumkin. Koʻchma kurs kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkiloti tomonidan tinglovchilarning yashash hududida tashkil etiladigan oʻquv mashgʻulotlari hisoblanadi.

24. Xodimlar oʻz mehnat faoliyatidan boʻsh vaqtida (oʻquvchilarning taʼtili, oʻqituvchilarning kasbiy rivojlanish kunlari, kasbiy rivojlanish soatlari yoki boshqa hollarda) kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotida, shuningdek, bevosita ish joyida ishlab chiqarishdan ajralmagan holda taʼlim oladi.

Shuningdek, ishlab chiqarishdan ajralmagan holda masofaviy shaklda ham taʼlim olishi mumkin.

25. Masofaviy taʼlim oʻquv rejalari va dasturlariga muvofiq taʼlim oluvchilar tomonidan zarur bilim, malaka va koʻnikmalarni axborot-kommunikatsiya texnologiyalari hamda Internet jahon axborot tarmogʻidan foydalangan holda masofadan turib olishni nazarda tutadi.

Masofadan oʻqitish shakli boʻyicha malaka oshirishda oʻquv mashgʻulotlari professor-oʻqituvchining tinglovchilar bilan Internet jahon axborot tarmogʻi orqali interaktiv dasturiy tizimlardan foydalangan holda (real vaqt rejimida) jonli muloqot tarzida amalga oshiriladi.

Mashgʻulotlarning bir qismi tinglovchilar bilan kontakt-sessiyalar (auditoriyadagi yuzma-yuz muloqot) tarzida amalga oshirilishi mumkin.

Masofadan oʻqitish shakli boʻyicha oʻqitish jarayonida tinglovchilar faoliyatini nazorat qilish, taʼlim jarayonini muvofiqlashtirish va boshqarish kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkiloti tomonidan amalga oshiriladi.

26. Dual taʼlim oʻquv kursining nazariy qismi tinglovchi tomonidan kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotida, amaliy qismi esa taʼlim oluvchining ish joyida amalga oshiriladi.

Kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkiloti malaka oshirish kursini dual taʼlim shaklida Vazirlik bilan kelishgan holda tashkil etadi. Bunda dual taʼlim shaklidagi malaka oshirish kursining oʻquv rejasi va dasturi Vazirlik tomonidan belgilangan tartibda tasdiqlanadi.

27. Mustaqil taʼlim orqali kasbiy mahoratni oshirish — pedagog va mutaxassis xodimlar tomonidan oʻz lavozimi va mutaxassisligi boʻyicha mustaqil ravishda yangi bilimlarni oʻzlashtirish, malaka, koʻnikma va kompetensiyalarni shakllantirishni nazarda tutadi.

Uch yoshga toʻlmagan yosh bolasi boʻlgan ayollar, pensiya yoshidagilar hamda nogironligi boʻlgan pedagog va mutaxassis xodimlar maktabgacha va maktab taʼlimi tashkilotlari pedagogik kengashlarining qarori hamda oʻz arizasiga muvofiq elektron platforma orqali mustaqil malaka oshirishi mumkin. Bunda:

kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkiloti maktabgacha va maktab taʼlimi tashkilotlari pedagogik kengashlarining qarori hamda pedagog va mutaxassis xodimlarning arizasi asosida tinglovchining mustaqil malaka oshirishi boʻyicha tegishli buyruqni rasmiylashtiradi;

mustaqil malaka oshirishi belgilangan tinglovchilarning yakuniy attestatsiyasi Kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotida tuzilgan komissiya tomonidan bevosita tashkil etiladi. Ularning oraliq nazoratlari elektron platforma orqali tashkil etiladi;

mustaqil taʼlim shaklidagi malaka oshirish kursi dasturini toʻliq oʻzlashtirgan va yakuniy attestatsiyada ijobiy baholangan tinglovchilarga belgilangan tartibda sertifikat beriladi.

28. Malaka oshirishning muqobil (taʼlim dasturlarisiz malaka orttirish) shakllari quyidagilardan iborat:

darslikka mualliflik qilish;

doktorlik ilmiy darajasini olish uchun dissertatsiyani himoya qilish;

xalqaro va respublika miqyosidagi ilmiy anjumanlarda (seminar, konferensiya, simpozium va boshqalarda) maʼruza bilan ishtirok etish;

ilmiy-tadqiqot natijalari asosida xalqaro indeksatsiyalangan bazalarda (Scopus, Web of Science) eʼtirof etilgan jurnallarda maqola nashr etish;

roʻyxati Vazirlik tomonidan tasdiqlanadigan boshqa faoliyatlar.

Vazirlik tomonidan har yili kelgusi kalendar yil uchun muqobil malaka oshirish sifatida tan olinadigan faoliyat turlari va ularning amal qilish muddatlari roʻyxati tasdiqlanadi.

6-bob. Uzluksiz kasbiy rivojlantirish turlari

29. Uzluksiz kasbiy rivojlantirish jarayonlari quyidagilar orqali amalga oshiriladi:

menejerlik oʻquv kurslari;

malaka oshirish kurslari;

malaka oshirish kurslari oraligʻida tashkil qilinadigan uzluksiz kasbiy rivojlantirish tadbirlari;

qayta tayyorlash kurslari.

Menejerlik oʻquv kurslarining maqsadi — maktabgacha yoki umumiy oʻrta taʼlim maktabi direktori lavozimiga nomzodlarni taʼlim boshqaruvi sohasidagi bilim va koʻnikmalarini zamonaviy menejment talablariga mos ravishda takomillashtirishdan iborat.

Malaka oshirish kurslarining maqsadi — xodimlarning malaka darajasiga ortib borayotgan talablar va kasbiy faoliyatni amalga oshirishning zamonaviy usullarini oʻzlashtirish zarurati bilan bogʻliq holda nazariy va amaliy bilimlarini yangilashdan iborat.

Pedagog xodimlar uchun har yili tashkil qilinadigan uzluksiz kasbiy rivojlantirish tadbirlari — pedagog xodimlarning malaka oshirish kurslari oraligʻidagi kasbiy rivojlanish jarayonlari uzluksizligini taʼminlash, ulardagi kasb mahorati va malaka saviyasining doimiy oʻsishi uchun zarur shart-sharoitlar yaratish asosida maktabgacha va umumiy oʻrta taʼlim muassasalarida taʼlim sifatini oshirishga yoʻnaltiriladi.

Xodimlarni qayta tayyorlashning maqsadi — mehnat bozori, shaxs, davlat va jamiyatning oʻzgaruvchan ehtiyojlarini hisobga olgan holda, maktabgacha va maktab taʼlimi tizimida faoliyat yuritayotgan oliy maʼlumotli, lekin tegishli pedagogik yoki kasbiy maʼlumotga ega boʻlmagan xodimlarning qoʻshimcha ixtisoslik boʻyicha kasbiy bilim va koʻnikmalarini mavjud davlat taʼlim standartlari yoki davlat taʼlim talablari asosida shakllantirishdan iborat.

1-§. Menejerlik oʻquv kurslari

30. Maktabgacha va maktab taʼlimi tashkilotlari direktorlari besh yilda bir marotaba ishdan ajralgan holda, Maktabgacha taʼlim instituti va Institut tomonidan tashkil qilingan menejerlik oʻquv kurslarida oʻqitiladi.

31. Menejerlik oʻquv kurslari Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilangan tartib asosida tashkil etiladi.

2-§. Malaka oshirish kurslari

32. Malaka oshirish kurslari mazkur Nizomga 1-ilovadagi sxemaga muvofiq tashkil qilinadi.

Malaka oshirish maktabgacha va maktab taʼlimi hududiy boshqaruv organlari yoki bevosita Vazirlikning buyurtmalariga binoan kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotlari tomonidan amalga oshiriladi.

Malaka oshirish Institut va Maktabgacha taʼlim instituti tomonidan ishlab chiqilgan va belgilangan tartibda Vazirlik tomonidan tasdiqlangan oʻquv dasturlari boʻyicha amalga oshiriladi.

33. Prezident, ijod va ixtisoslashtirilgan maktablar (keyingi oʻrinlarda — Ixtisoslashtirilgan maktablar) rahbar va pedagog xodimlarining malakasini oshirish Agentlik tomonidan muvofiqlashtiriladi.

34. Ixtisoslashtirilgan maktablarning xodimlari uchun malaka oshirish kurslari Agentlik tomonidan malakali olimlar hamda pedagog xodimlarni, shu jumladan, xorijiy mutaxassislarni jalb qilgan holda ishlab chiqilgan va belgilangan tartibda tasdiqlangan oʻquv dasturlari boʻyicha oʻtkaziladi.

35. Uquv dasturining mazmunidan kelib chiqib, Ixtisoslashtirilgan maktablar xodimlarining malakasini oshirish kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotlarida, Agentlik tizimidagi tayanch ixtisoslashtirilgan maktablarida, yetakchi oliy taʼlim muassasalarida, shu jumladan, xorijiy ilgʻor taʼlim tashkilotlarida tashkil etilishi mumkin.

36. Ixtisoslashtirilgan maktablar xodimlari uchun tashkil etilgan malaka oshirish kurslaridagi dars mashgʻulotlarini amalga oshirishga xorijiy mamlakatlarda faoliyat yuritayotgan mutaxassislar ham belgilangan tartibda jalb qilinishi mumkin.

37. Malaka oshirish kurslaridagi oʻquv jarayoni guruhlarning toʻldirilishiga bogʻliq holda, tinglovchilar soni 25 nafardan kam boʻlmagan va 30 nafardan koʻp boʻlmagan akademik guruhlarda tashkil etiladi.

Tinglovchilar kontingentini bir guruh meʼyorida shakllantirib boʻlmaydigan alohida yoʻnalishlar boʻyicha oʻquv jarayonini tashkil etishda, istisno tariqasida, Vazirlikning ruxsati bilan bir guruhdagi tinglovchilar soni kamida 15 nafar etib belgilanishi mumkin.

38. Xodim uning mehnat taʼtili yoki vaqtincha mehnatga qobiliyatsizligi davrida malaka oshirishga jalb qilinmaydi.

39. Xodimlarning har 5 yilda belgilangan davomiylikdagi malaka oshirish dasturlarini oʻzlashtirishi majburiy hisoblanadi.

40. Pedagog va mutaxassis xodimlar uchun malaka oshirish kursining davomiyligi kamida 100 soat, rahbar xodimlar uchun kamida 144 soat etib belgilanadi.

41. Har yili 15-oktabrgacha maktabgacha, umumiy oʻrta taʼlim, Ixtisoslashtirilgan maktab va qoʻshimcha taʼlim tashkilotlarining rahbari tomonidan navbatdagi kalendar yilda malaka oshiradigan pedagog va mutaxassis xodimlar haqidagi maʼlumotlarni elektron platformaga kiritish orqali malaka oshirishga buyurtma shakllantiriladi. Bunda pedagog yoki mutaxassis xodimning avvalgi malaka oshirgan muddati, shuningdek, tashkilot xodimlarining har yili oʻrtacha 20 foizi malaka oshirishi lozimligi nazarda tutiladi.

42. Elektron platformada shakllangan buyurtmada xodimning familiyasi, ismi va otasining ismi, diplom boʻyicha mutaxassisligi, ish joyi, lavozimi, dars beradigan fani, oʻqiydigan malaka oshirish kursi va kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkiloti koʻrsatiladi.

Bunda kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkiloti pedagog yoki mutaxassis xodim tomonidan tanlanadi.

43. Har yili 30-oktabrgacha tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimi tomonidan tizimdagi barcha taʼlim muassasalari xodimlarining navbatdagi kalendar yil uchun malaka oshirishga boʻlgan buyurtmalari kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotlari kesimida umumlashtiriladi va raqamli reja shaklida tegishli Hududiy boshqarmaga taqdim etiladi.

Bunda tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimi rahbariyati tizimdagi barcha maktabgacha, maktab va qoʻshimcha taʼlim muassasalari hamda tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimida asosiy shtatda faoliyat koʻrsatayotgan har bir xodimning malaka oshirish boʻyicha tegishli buyurtmaga kiritilishini taʼminlaydi va nazorat qiladi.

44. Hududiy boshqarmalar tomonidan tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimlarining navbatdagi kalendar yil uchun malaka oshirishga boʻlgan ehtiyojlari buyurtma koʻrinishida kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotlari boʻyicha umumlashtiriladi va raqamli reja shaklida joriy yilning 5-noyabriga qadar Institutga taqdim etiladi.

Hududiy boshqarmalar rahbariyati oʻz hududlaridagi barcha maktabgacha va maktab taʼlimi muassasalari, tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimlari hamda hududiy maktabgacha va maktab taʼlimi boshqaruv organida faoliyat koʻrsatayotgan har bir xodimning mazkur buyurtmaga kiritilishini taʼminlaydi hamda nazorat qiladi.

45. Har yili 30-oktabrgacha Agentlik tomonidan tasarrufdagi Ixtisoslashtirilgan maktablarning navbatdagi kalendar yil uchun malaka oshirishga boʻlgan ehtiyojlari buyurtma koʻrinishida kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotlari boʻyicha umumlashtiriladi va raqamli reja shaklida joriy yilning 5-noyabriga qadar Institutga taqdim etiladi.

46. Institut tomonidan mazkur buyurtmalar asosida maktabgacha va maktab taʼlimi xodimlarining Agentlik, hududlar va kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotlari boʻyicha taqsimoti shakllantiriladi hamda 15-noyabrga qadar Vazirlikka tasdiqlash uchun taqdim etiladi.

Mazkur taqsimot Vazirlik tomonidan 5-dekabrga qadar tasdiqlanadi va Institut tomonidan elektron platformaga joylashtiriladi.

47. Kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotlari taqsimot asosida malaka oshirish kurslarini tashkil etish boʻyicha oʻzlarining rejalarini ishlab chiqadi va buyurtmachilarga yetkazilishini taʼminlaydi.

48. Buyurtmachilar (Agentlik, hududiy boshqarmalar, tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimlari va taʼlim muassasalari) Reyestrdagi taqsimot va kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotlarining malaka oshirish kurslarini tashkil etish boʻyicha rejalariga binoan tizimlaridagi taʼlim muassasalari rahbar, pedagog va mutaxassis xodimlarining tegishliligi boʻyicha kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotlariga oʻqishga belgilangan muddatda yetib borishlarini taʼminlaydi.

49. Malaka oshirish kursi tinglovchisi kursning oʻquv rejasida nazarda tutilgan barcha oraliq nazoratlar va yakuniy attestatsiyada ijobiy natija koʻrsatsa, kursning oʻquv dasturi toʻliq oʻzlashtirilgan hisoblanadi.

Oraliq nazoratlarda yetarli ball toʻplay olmagan tinglovchiga kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkiloti rahbari ruxsati bilan (bir kundan soʻng) qayta topshirishga imkoniyat beriladi. Oraliq nazorat topshiriqlarini bajarmagan tinglovchilar yakuniy attestatsiyaga qoʻyilmaydi.

Malaka oshirish kursining yakuniy attestatsiyasini oʻtkazish uchun kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkiloti rahbari tegishli buyruq bilan yakuniy attestatsiya komissiyasini tashkil etadi.

Malaka oshirish kursining yakuniy attestatsiyasi yakuniy nazorat sinovi va ilgʻor pedagogik uslub va texnologiyalarni qoʻllash boʻyicha topshiriqlarni bajarishdan iborat malaka ishini baholash shaklida oʻtkaziladi.

Malaka oshirish kursining yakuniy attestatsiyasida tinglovchi ijobiy natijaga erishmaganda ikki oy ichida bir marta kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotida tuzilgan yakuniy attestatsiyani oʻtkazadigan komissiyaga qayta topshirishga imkon beriladi.

Amaliy fanlar (musiqa madaniyati, tasviriy sanʼat va chizmachilik, texnologiya fanlari) oʻqituvchilarining yakuniy attestatsiyasi yakuniy nazorat sinovi va tegishli fan boʻyicha amaliy topshiriqlar shaklida oʻtkazilishi mumkin.

50. Malaka oshirish kurslarini tashkil qilish, talab darajasida oʻtkazish, taʼlim samaradorligini taʼminlash hamda tinglovchilarning yashashi uchun shart-sharoitlar yaratish (kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotida tinglovchilar turar joyi mavjud boʻlsa) masʼuliyati tegishli kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkiloti rahbari zimmasiga yuklanadi.

51. Malaka oshirish kursi tinglovchisi kursning oʻquv rejasida nazarda tutilgan barcha nazorat (oraliq, yakuniy) turlarida ijobiy natija koʻrsatsa, kursning oʻquv dasturi toʻliq oʻzlashtirilgan hisoblanadi.

Oraliq nazoratlarda yetarli ball toʻplay olmagan tinglovchiga kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkiloti rahbari ruxsati bilan (bir kundan soʻng) qayta topshirishga imkoniyat beriladi. Oraliq nazorat topshiriqlarini bajarmagan tinglovchilar yakuniy nazoratga qoʻyilmaydi.

Malaka oshirish kursining yakuniy nazoratida tinglovchi ijobiy natijaga erishmaganda, ikki oy ichida bir marta kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotida tuzilgan yakuniy nazoratni oʻtkazadigan komissiyaga qayta topshirish imkoniyati beriladi.

52. Malaka oshirish kursi dasturini toʻliq oʻzlashtirgan tinglovchilarga kursni tashkil qilgan taʼlim muassasasi tomonidan davlat namunasidagi elektron generatsiya qilingan va elektron raqamli imzo (QR-kod) bilan tasdiqlangan hujjat (sertifikat) beriladi.

53. Har bir xodim haqidagi malaka oshirish kursi boshlangan va tugallangan vaqt hamda kursni tamomlaganlik haqidagi hujjat (sertifikat) boʻyicha maʼlumotlar kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkiloti tomonidan elektron platformaga kiritiladi.

Mazkur maʼlumotlar oʻz vaqtida, aniq va toʻliq kiritilishi uchun kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkiloti rahbari shaxsan masʼul hisoblanadi.

54. Boshqa vazirliklar va idoralar tasarrufidagi taʼlim muassasalari pedagog xodimlarining Vazirlik tasarrufidagi kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotlarida malaka oshirishi Vazirlik bilan kelishilgan holda amalga oshiriladi.

Bunda tizimida maktabgacha va maktab taʼlimi tashkilotlari boʻlgan vazirliklar va idoralar har yili 15-noyabrgacha taʼlim tashkilotlarida faoliyat yuritayotgan pedagog xodimlarning egallab turgan lavozimiga qarab kurslardan oʻtishi boʻyicha belgilangan davriylikni inobatga olgan holda, keyingi kalendar yilda Vazirlik tizimidagi kasbiy rivojlantirish kurslarida oʻqishga yuboriladigan tinglovchilar kontingentini shakllantiradi va Vazirlikka taqdim etadi.

3-§. Malaka oshirish kurslari oraligʻida tashkil qilinadigan uzluksiz kasbiy rivojlantirish tadbirlari

55. Har yili tashkil qilinadigan uzluksiz kasbiy rivojlantirish tadbirlari — pedagog xodimlarning malaka oshirish kurslari oraligʻidagi kasbiy rivojlanish jarayonlari uzluksizligini taʼminlash, ulardagi kasb mahorati va malaka darajasining doimiy oʻsishi uchun zarur shart-sharoitlar yaratish asosida maktabgacha va umumiy oʻrta taʼlim muassasalarida taʼlim sifatini oshirishga yoʻnaltirilgan.

Malaka oshirish kurslari oraligida tashkil qilinadigan uzluksiz kasbiy rivojlantirish tadbirlari mazkur Nizomga 2-ilovadagi sxemaga muvofiq tashkil qilinadi.

56. Maktabgacha taʼlim tashkilotlari pedagog xodimlarining uzluksiz kasbiy rivojlantirish tadbirlari har yili malaka oshirish kurslari oraligʻida tashkil qilinadigan “Metodik mahorat soati”, “Metodik mahorat kuni” “Virtual kasbiy rivojlantirish” elektron dasturi orqali kasbiy rivojlantirish kurslaridan iborat.

“Metodik mahorat kuni” doirasida tayanch maktabgacha taʼlim tashkilotlari trenerlari tomonidan boshqa maktabgacha taʼlim tashkilotlari direktor oʻrinbosarlari uchun oʻquv mashgʻulotlari va seminarlar oʻtkaziladi.

“Metodik mahorat soati” doirasida direktor oʻrinbosarlari tomonidan maktabgacha taʼlim tashkilotlari pedagoglari faoliyati tahlil qilinadi, ularga metodik yordam koʻrsatiladi va kasbiy rivojlanishi boʻyicha tavsiyalar beriladi.

Maktabgacha taʼlim tashkilotlari pedagog xodimlarining kasbiy rivojlantirish kurslarida ishtirok etishi va oʻquvlar dasturini oʻzlashtirishlari majburiy hisoblanadi.

57. Umumiy oʻrta taʼlim muassasalari oʻqituvchilarining uzluksiz kasbiy rivojlantirish tadbirlari malaka oshirish kurslari oraligʻida har yili tashkil qilinadigan “Kasbiy rivojlanish kuni” va “Kasbiy rivojlanish soati” tadbirlaridan iborat.

Kasbiy rivojlanish kuni tadbirlarining maqsadi — haftaning belgilangan muayyan kunida oʻquv-seminar, trening, mahorat darslari va mustaqil taʼlim tadbirlari oʻtkazish orqali oʻqituvchilarning kasbiy mahoratini oshirish, ijodiy ishlash va oʻz bilimini muntazam boyitib borish, zamonaviy oʻqitish metodikasi va axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan unumli foydalanish koʻnikmalarini rivojlantirishdan iborat.

Kasbiy rivojlanish soati tadbirlarining maqsadi — darsni kuzatish, refleksiv amaliyot hamda maktab negizida malaka oshirish tadbirlari oʻtkazish orqali kasbiy rivojlanish kunlarida tashkil etilgan oʻquvlarda oʻqituvchilar tomonidan oʻzlashtirilgan yangi bilim va koʻnikmalarni oʻzlari faoliyat koʻrsatayotgan umumtaʼlim maktablarida qoʻllashlarini tahlil qilish, ularga zarur metodik yordam koʻrsatish, kasbiy rivojlanish uchun tavsiyalar berishdan iborat.

58. “Kasbiy rivojlanish kuni” va “Kasbiy rivojlanish soati” tadbirlari oʻquv yili davomida haftaning belgilangan kunlarida, shuningdek, oʻquvchilarning taʼtil kunlarida oʻtkaziladi.

Oʻqituvchining har yili belgilangan davomiylikdagi “Kasbiy rivojlanish kuni” va “Kasbiy rivojlanish soati” tadbirlarida ishtirok etishi va tegishli oʻquv dasturlarini oʻzlashtirishi majburiy hisoblanadi.

59. “Kasbiy rivojlanish kuni” va “Kasbiy rivojlanish soati” tadbirlarini tashkil etish tartibi Vazirlik tomonidan belgilanadi.

4-§. Qayta tayyorlash kurslari

60. Xodimlarni qayta tayyorlash yangi lavozimga tayinlash yoki mutaxassislikning malaka tasnifiga muvofiq keyinchalik professional faoliyatning yangi turini bajarish maqsadida yangi kasbiy bilim, koʻnikma va malakalarni oʻzlashtirishga yoʻnaltiriladi.

Qayta tayyorlash kurslari mazkur Nizomga 3-ilovadagi sxemaga muvofiq tashkil qilinadi.

61. Qayta tayyorlashning asosiy turlari:

pedagogik qayta tayyorlash;

kasbiy qayta tayyorlash (ixtisoslashuv).

62. Pedagogik qayta tayyorlash — oliy taʼlim muassasalarining nopedagogik yoʻnalishlarini bitirgan mutaxassislarning bazaviy kasbiy maʼlumotini taʼlimning tegishli turi Davlat taʼlim standarti (Davlat taʼlim talablari) bilan belgilanadigan oʻquv-tarbiya jarayonining talab etiladigan sifatini taʼminlaydigan darajada pedagogik faoliyatni yuritish uchun zarur va yetarli boʻlgan pedagogik tayyorgarlik talablariga muvofiqlashtirish maqsadida mutaxassislarni oʻqitish hisoblanadi.

63. Kasbiy qayta tayyorlash (ixtisoslashuv) — oliy pedagogik maʼlumotli mutaxassislar tomonidan taʼlimning tegishli turi Davlat taʼlim standarti (Davlat taʼlim talablari) bilan belgilanadigan oʻqitishning talab etiladigan sifatini taʼminlaydigan darajada oʻquv fani yoki kurs boʻyicha pedagogik faoliyatni yuritish uchun zarur va yetarli hajmda yangi kasbiy bilimlar, malaka va koʻnikmalarni oʻzlashtirish hisoblanadi.

64. Pedagogik maʼlumotga ega boʻlmagan boshqa soha mutaxassislariga pedagogik faoliyat yuritishi uchun sohasiga mos fandan kasbiy hamda pedagogik qayta tayyorlashdan oʻtishi talab qilinadi.

65. Pedagog hamda mutaxassis xodimlarni qayta tayyorlash, oʻquv rejalariga yangi oʻquv fanlari yoki kurslar joriy etilishi, buyurtmachilar yoki mehnat bozorining talablari bilan belgilanadigan ayrim pedagog hamda mutaxassislarning qayta ixtisoslashuvi yoki yangi mutaxassislikka ega boʻlishi munosabati bilan yuzaga kelgan ehtiyojlarga koʻra tashkil etiladi.

Vaqtincha ishlamaydigan pedagoglar ham oʻz xohishiga koʻra qayta tayyorlash kurslarida oʻqishi mumkin.

66. Pedagog va mutaxassis xodimlarni qayta tayyorlash ularning ehtiyojlari va murojaatlariga binoan toʻlov shartnomalari asosida tashkil etiladi. Toʻlovlar qayta tayyorlash kursi tinglovchisi yoki homiylar (yuridik yoki jismoniy shaxslar) tomonidan shartnomada koʻzda tutilgan muddatlar va miqdorlarda amalga oshiriladi.

Qayta tayyorlash kurslari Vazirlik tizimidagi kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotlari tomonidan oʻtkaziladi.

67. Qayta tayyorlash kurslari davlat taʼlim talablari, shuningdek taʼlimni boshqarish boʻyicha vakolatli davlat organi talablariga muvofiq ishlab chiqilgan dasturlar asosida oʻtkaziladi.

Qayta tayyorlash natijasida beriladigan hujjat (diplom) faqat muayyan lavozimda faoliyat koʻrsatish yoki muayyan fanlar boʻyicha oʻquv mashgʻulotlarini oʻtkazish huquqini beradi.

68. Pedagog va mutaxassis xodimlar belgilangan tartibda Vazirlik tomonidan tasdiqlanadigan oʻquv rejalari va dasturlari boʻyicha qayta tayyorlanadi. Uquv yuklamasini rejalashtirishda tinglovchilarning mustaqil ishlashiga alohida eʼtibor qaratiladi.

69. Qayta tayyorlash dasturlarini oʻzlashtirish muddati oʻquv rejasiga kiritilgan fanlar soni hamda ularning yuklamalari hajmidan kelib chiqib belgilanadi va kamida 576 soatni tashkil qiladi. Auditoriya mashgʻulotlari haftalik yuklamasining eng yuqori hajmi haftasiga 36 soat etib belgilanadi.

70. Qayta tayyorlash kurslari ishlab chiqarishdan ajralgan va ajralmagan holda taʼlim olish, masofaviy taʼlim yoki dual taʼlim shakllari orqali oʻtkazilishi mumkin.

Bunda ishlab chiqarishdan ajralmagan holda taʼlim olish, masofaviy taʼlim yoki dual taʼlim shakllarida tashkil etilgan kurslarning kamida bir oyi yoki kamida 144 soati bevosita kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotida oʻtkazilishi shart.

71. Qayta tayyorlash kurslari oʻtkaziladigan kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotlari qayta tayyorlash kurslarini tashkil etishda quyidagilarni amalga oshiradi:

qayta tayyorlash kurslari uchun tayanch oʻquv rejasi va dasturlari asosida oʻquv-metodik materiallarni (ishchi oʻquv rejasi, ishchi dasturlar, oʻquv-metodik majmualarni) tayyorlaydi;

qayta tayyorlash kurslari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni maxsus elektron tizimga (keyingi oʻrinlarda — Portal) joylashtiradi.

72. Pedagoglarni qayta tayyorlashni tashkil etish jarayonlari (talabgorlarni roʻyxatga olish, hujjatlarni qabul qilish, kursga qabul qilish, oʻquv jarayonlari, bilimlar nazorati) Portal orqali amalga oshiriladi. Bunda:

talabgorlar portal orqali elektron shaklda roʻyxatdan oʻtadi hamda oʻquv kursida oʻqish uchun ariza topshiradi;

kasbiy rivojlantirish tashkiloti tomonidan qayta tayyorlash kurslarida oʻqish istagini bildirgan talabgorlarga doir hujjatlar (ariza, qachon va qaysi oliy taʼlim muassasasini bitirganligi, diplom boʻyicha mutaxassisligi, qayta tayyorlash yoʻnalishiga mosligi) toʻliq oʻrganib chiqiladi;

oʻrganish natijalari asosida qayta tayyorlash kurslariga qabul qilingan talabgorlarning arizasi Portal orqali tasdiqlanadi.

73. Qayta tayyorlash kurslari yetarli ilmiy-pedagogik va moddiy-texnik bazaga ega kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkiloti tomonidan tashkil etiladi.

Kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkiloti rahbari qayta tayyorlash kurslari belgilangan talablar va tartibga qatʼiy rioya qilgan holda tashkil etilishi yuzasidan shaxsan javobgar hisoblanadi.

74. Qayta tayyorlash jarayonida guruhdagi kurs tinglovchilarining soni 25 nafardan 30 nafargacha boʻlishi lozim. Ehtiyoj yuqori boʻlgan mutaxassisliklarga, istisno tariqasida, vazirlik bilan kelishgan holda tinglovchilar soni 15 nafardan kam boʻlmaganda tashkil etilishi mumkin.

75. Qayta tayyorlash kurslaridagi oʻquv jarayoni tayanch oʻquv rejalariga mos ravishda tuzilgan va har biri bir nechta oʻquv fani modullarini oʻz tarkibiga olgan bloklardan iborat ishchi oʻquv rejalari asosida tashkil etiladi.

76. Qayta tayyorlash kurslaridan oʻtuvchi xodimlar kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkiloti rahbarining buyrugʻi bilan tinglovchilar safiga qabul qilinadi.

77. Qayta tayyorlash kursi tinglovchisi kursning oʻquv rejasida koʻzda tutilgan barcha oraliq nazoratlar va yakuniy attestatsiyada ijobiy natija koʻrsatsa, kursning oʻquv dasturi toʻliq oʻzlashtirilgan hisoblanadi.

Qayta tayyorlash kursining oraliq nazorat topshiriqlarini muvaffaqiyatli bajargan tinglovchi yakuniy attestatsiyaga qoʻyiladi.

Qayta tayyorlash kurslarining nazorat turlarida baholash mezonlari Vazirlik tomonidan tasdiqlanadi.

78. Qayta tayyorlash kursining oraliq nazoratlarda yetarli ball toʻplay olmagan tinglovchiga 1 oy muddat davomida qayta topshirishga imkoniyat beriladi.

Belgilangan muddatlarda oraliq nazoratni qayta topshira olmagan tinglovchi tinglovchilar safidan chiqariladi.

79. Qayta tayyorlash kursining yakuniy attestatsiyasini oʻtkazish uchun kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkiloti rahbari tegishli buyruq bilan yakuniy attestatsiya komissiyasini tashkil etadi.

Qayta tayyorlash kursining yakuniy attestatsiyasi yakuniy nazorat sinovlari va bitiruv ishini himoya qilish orqali oʻtkaziladi.

80. Qayta tayyorlash kursining yakuniy nazorat sinovlari Vazirlik tomonidan belgilangan tashkilot tomonidan oʻtkaziladi. Bunda mazkur tashkilotga kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkiloti tomonidan yakuniy sinovlarda ishtirok etgan har bir nomzod uchun bazaviy hisoblash miqdorining bir baravari miqdorida mablagʻlar oʻtkaziladi.

Qayta tayyorlash kursining yakuniy nazorat sinovlaridan muvaffaqiyatli oʻtgan tinglovchilarga bitiruv ishini himoya qilishga ruxsat beriladi.

81. Bitiruv ishi himoyasi kursni tashkil qilgan kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkiloti tomonidan oʻtkaziladi.

82. Yakuniy attestatsiyadan muvaffaqiyatli oʻtgan tinglovchilarga davlat namunasidagi hujjat (diplom) beriladi.

83. Yakuniy attestatsiya sinovlarida yetarli ball toʻplay olmagan yoki uzrli sabablarga koʻra (mehnatga layoqatsizlik, homiladorlik, tugʻish hamda bolani parvarish qilish taʼtili, xizmat safarida boʻlish va boshqalar) qatnasha olmagan tinglovchilarga bir yil davomida qayta topshirish imkoniyati beriladi. Bunda yakuniy attestatsiya sinovlarida yetarli ball toʻplay olmagan tinglovchilarning takroriy attestatsiyasi toʻlov-shartnoma asosida oʻtkaziladi.

84. Yakuniy attestatsiya sinovlarini qayta topshirish natijalari salbiy boʻlgan taqdirda, tinglovchiga kursni tugatganlik toʻgʻrisida maʼlumotnoma beriladi va bir yil davomida toʻlov-shartnoma asosida qayta topshirishga ruxsat beriladi.

7-bob. Uzluksiz kasbiy rivojlantirish kurslarini tamomlaganlik toʻgʻrisida davlat namunasidagi hujjatlar

85. Uzluksiz kasbiy rivojlantirish boʻyicha taʼlim dasturlari talablarini muvaffaqiyatli bajargan tinglovchilarga tegishli ravishda davlat namunasidagi quyidagi hujjatlar:

malaka oshirish toʻgʻrisidagi sertifikat — kamida 100 soat hajmdagi taʼlim dasturlaridan oʻtgan pedagog va mutaxassis xodimlar hamda kamida 144 soat hajmda taʼlim dasturlaridan muvaffaqiyatli oʻtgan rahbar xodimlar uchun;

menejerlik sertifikati — maktabgacha va maktab taʼlimi tashkilotlarining kamida 144 soat hajmdagi menejerlik oʻquv kurslari taʼlim dasturlarini muvaffaqiyatli oʻzlashtirgan direktorlar uchun;

qayta tayyorlash toʻgʻrisidagi diplom — pedagog va mutaxassis xodimlar uchun kamida 16 hafta (576 soat) hajmida taʼlim dasturlaridan muvaffaqiyatli oʻtgandan soʻng yakuniy attestatsiya natijasiga koʻra beriladi.

Malaka oshirish kurslari oraligʻida tashkil qilinadigan uzluksiz kasbiy rivojlantirish tadbirlarida toʻliq ishtirok etgan va tegishli topshiriqlarni bajargan pedagog va mutaxassis xodimlarga elektron platformada elektron generatsiya qilingan va elektron raqamli imzo (QR-kod) bilan tasdiqlangan sertifikat beriladi.

86. Malaka oshirish kursi dasturini oʻzlashtirganlik toʻgʻrisidagi sertifikatlarning reyestri elektron platformada va qayta tayyorlash kursi dasturini oʻzlashtirganlik toʻgʻrisidagi diplomlarning reyestri Portal orqali yuritiladi.

87. Diplom va sertifikatlarni rasmiylashtirish tartibi Vazirlik tomonidan tasdiqlanadi.

8-bob. Uzluksiz kasbiy rivojlantirish jarayonlarida elektron platformadan foydalanish

88. Uzluksiz kasbiy rivojlantirishni taʼminlash uchun elektron platformadan foydalanilishi mumkin.

89. Elektron platforma barcha maktabgacha va maktab taʼlimi xodimlarini uzluksiz kasbiy rivojlantirishga doir maʼlumotlar oʻzida jamlab borilishini taʼminlaydi.

Elektron platformada maktabgacha va maktab taʼlimi xodimlarining elektron portfoliosi shakllantiriladi.

90. Taʼlimning dolzarb masalalariga oid qoʻshimcha (qisqa muddatli) malaka oshirish kurslari elektron platforma orqali tashkil etilishi mumkin.

91. Uzluksiz kasbiy rivojlantirish kurslari oʻquv rejasi va dasturlari tarkibiga kiruvchi har bir oʻquv modullarini muvaffaqiyatli oʻzlashtirgan va nazorat topshiriqlarini bajargan xodimga kursni muvaffaqiyatli tugatganligi haqida davlat namunasidagi elektron generatsiya qilingan va elektron raqamli imzo (QR-kod) bilan tasdiqlangan hujjat (sertifikat) shakllantiriladi.

92. Har bir oʻquv moduli yoki kursni muvaffaqiyatli oʻzlashtirganlik haqidagi maʼlumotlar xodimlarning elektron portfoliosida aks ettiriladi.

9-bob. Uzluksiz kasbiy rivojlantirish sifatini baholash va nazorat qilish

93. Xodimlarning uzluksiz kasbiy rivojlanishi sifati ular tayyorgarligining zarur va yetarli darajasi, ulardagi bilim va amaliy mahoratning mazkur xodimlarga qoʻyiladigan malaka talablariga muvofiqligi bilan belgilanadi.

94. Maktabgacha va maktab taʼlimi xodimlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish sifatini nazorat qilish quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

Vazirlik tomonidan tasdiqlangan nizom asosida qayta tayyorlash va malaka oshirish taʼlim muassasasi tomonidan amalga oshiriladigan ichki nazorat (kirish testi orqali dastlabki nazorat, oʻqitilayotgan fan modullari boʻyicha oraliq nazorat va yakuniy attestatsiya);

Vazirlik tomonidan attestatsiya va tezkor diagnostika shaklida amalga oshiriladigan tashqi nazorat.

95. Kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotlarining malaka oshirish kurslarini tashkil etish boʻyicha faoliyati Vazirlik tomonidan nazorat qilinadi.

96. Taʼlim sifatini nazorat qilishda tegishli kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotlarida maktabgacha va maktab taʼlimi xodimlarini kasbiy rivojlantirish sifatini nazorat qilish hamda muntazam ravishda malaka oshirish dasturlari asosida taʼlim berishning samaradorligi baholanadi va dasturlarni takomillashtirish boʻyicha choralar koʻriladi.

97. Reyestrga kiritilgan kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotlari tomonidan oʻtkazilgan malaka oshirish kurslarining samaradorligini aniqlash maqsadida tinglovchilarning yakuniy sinovlarini oʻtkazish va baholash Vazirlik tomonidan tashkil etilishi mumkin.

Vazirlik mazkur sinovlarni oʻtkazish boʻyicha kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotini belgilashi mumkin.

Bunda:

yakuniy nazorat natijasida malaka oshirish kurs tinglovchilarining kamida 70 foizi ijobiy baholangan taqdirda, kursdagi taʼlim sifati ijobiy deb topiladi. Yakuniy nazorat natijasida maksimal ballning kamida 56 foizini toʻplagan tinglovchi ijobiy baholangan deb hisoblanadi;

yakuniy nazorat natijasida malaka oshirish kurs tinglovchilarining 31 foiz va undan koʻpi ijobiy baholanmagan taqdirda, malaka oshirish kursi sifatsiz tashkil etilgan hisoblanadi.

Malaka oshirish kursi sifatsiz tashkil etilgan deb topilgan kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkiloti Reyestrdan chiqariladi.

10-bob. Maktabgacha va maktab taʼlimi xodimlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirishga qoʻyiladigan talablar

98. Maktabgacha va maktab taʼlimi xodimlarini qayta tayyorlash (malaka oshirish) kursi bitiruvchisining umumiy bilim va kasbiy tayyorgarligi darajasiga qoʻyiladigan malaka talablari tegishli yoʻnalishlar boʻyicha kurslarning oʻquv rejalari va dasturlarini shakllantirish, shuningdek, oʻquv jarayonini va taʼlim sifatini nazorat qilish tartibini va boshqa hujjatlarni ishlab chiqish uchun asos hisoblanadi.

99. Maktabgacha va maktab taʼlimi xodimlarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish taʼlimining oʻquv rejasi va dasturlari Prezident maktabi oʻqituvchilari, yetakchi olimlar, mutaxassislar, professor-oʻqituvchilar hamda metodistlardan shakllantirilgan guruhlar tomonidan tinglovchilarning ehtiyojlarini oʻrganish (pedagogik diagnostika) natijalari asosida tuziladi va taʼlim jarayonini metodik taʼminlashning ajralmas qismi hisoblanadi.

Pedagog va mutaxassis xodimlar malakasini oshirish taʼlimining oʻquv rejasi va dasturlari zamonaviy kompetensiyalarni shakllantirishga yoʻnaltirilgan tarzda ishlab chiqiladi hamda variativ (ixtiyoriy tanlov) va invariant (majburiy) modullardan iborat boʻladi.

100. Quyidagilar qayta tayyorlash va malaka oshirish boʻyicha taʼlim dasturlari mazmuniga qoʻyiladigan bazaviy talablar hisoblanadi:

kasblar va lavozimlarga boʻlgan kasbiy malaka talablariga muvofiqlik;

taʼlim va kadrlar tayyorlash sohasidagi davlat siyosatining asosiy yoʻnalishlarini bilishga, taʼlim turlari va bosqichlari boʻyicha davlat taʼlim talablarining (davlat taʼlim standartining) uzviyligi va uzluksizligini taʼminlashga, tinglovchilarning kasbiy bilimlarini yangilash va chuqurlashtirishga, yangi, qoʻshimcha kasbiy malaka va koʻnikmalarni hosil qilishga, taʼlim-tarbiyaning samarali usullari hamda texnologiyalarini egallash va takomillashtirishga qaratilganlik;

zamonaviy axborot texnologiyalaridan foydalana olishni nazarda tutish;

davlat taʼlim talablari hajm va mazmunining qayta tayyorlash hamda malaka oshirish muddatlariga muvofiqlik.

11-bob. Reyestrni yuritish tartibi

101. Pedagog kadrlar tayyorlanadigan oliy taʼlim tashkilotlari va nodavlat taʼlim tashkilotlarining maktabgacha va maktab taʼlimi xodimlari malakasini oshirish bilan bogʻliq xarajatlarini Davlat budjeti hisobidan qoplab berish uchun Vazirlik tomonidan Reyestr shakllantiriladi va u bir yil muddatga amal qiladi.

102. Reyestr Vazirlik tomonidan tasdiqlanadi va har yili yangilanib boriladi.

103. Quyidagilar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Reyestrga toʻgʻridan-toʻgʻri kiritiladi:

Institut;

Maktabgacha taʼlim instituti;

Hududiy markazlar;

Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligining rasmiy murojaati asosida pedagog kadrlar tayyorlanadigan oliy taʼlim tashkilotlari.

104. Nodavlat taʼlim tashkiloti maktabgacha va maktab taʼlimi xodimlari malakasini oshirganligi uchun Davlat budjetidan mablagʻlar olish uchun Reyestrda belgilangan shakldagi soʻrovnoma toʻldiradi.

Soʻrovnomada nodavlat taʼlim tashkiloti nomi, tashkiliy-huquqiy shakli, joylashgan joyi (pochta manzili), taʼlim faoliyatini amalga oshirish joy(lar)ining manzili, bank muassasasining nomi va bankdagi hisobvaragʻi, Reyestrga kiritilayotgan malaka oshirish kurslari yoʻnalishlari, soʻrovnomani toʻldirgan va uni imzolagan shaxslarning familiyasi, ismi va otasining ismi hamda lavozimi koʻrsatiladi.

Soʻrovnomani Vazirlikka yuborishdan oldin nodavlat taʼlim tashkiloti maktabgacha va maktab taʼlimi xodimlarining malakasini oshirish kurslarini tashkil etish talablari va shartlariga rioya qilishga roziligi, tomonlarning huquq va majburiyatlari, javobgarligi va boshqa holatlarni nazarda tutuvchi ommaviy oferta bilan tanishib, uni tasdiqlaydi.

105. Ommaviy ofertani tasdiqlash Vazirlik va nodavlat taʼlim tashkiloti oʻrtasida shartnoma tuzilishiga tenglashtiriladi hamda talablar va shartlarga toʻliq amal qilishga roziligini bildiradi.

106. Soʻrovnomaga quyidagi hujjatlar elektron tarzda ilova qilinadi:

malaka oshirish kursi oʻquv rejasi va dasturlarining elektron nusxalari;

yongʻin va sanitariya-epidemiologiya nazorati organlari tomonidan mavjud binolar va xonalarning yongʻin xavfsizligi talablariga va sanitariya normalari, qoidalari va gigiyena normativlariga muvofiqligi toʻgʻrisidagi xulosalar.

107. Quyidagi holatlarda kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotining Reyestrga kiritish boʻyicha murojaatiga rad javobi berilishi mumkin:

yongʻin xavfsizligi talablariga va sanitariya normalari, qoidalari va gigiyena normativlariga muvofiqligi toʻgʻrisidagi xulosalar salbiy boʻlganda;

soʻrovnomaga nodavlat tashkilot toʻgʻrisidagi maʼlumotlar toʻliq kiritilmaganda yoki soxta maʼlumotlar taqdim etilganda.

108. Vazirlik Reyestrga kiritish yoki Reyestrga kiritishni rad etish boʻyicha qarorni nodavlat taʼlim tashkilotiga Reyestr orqali yetkazadi.

12-bob. Uzluksiz kasbiy rivojlantirishni moliyalashtirish

109. Uzluksiz kasbiy rivojlantirish tizimida Institut, Maktabgacha taʼlim instituti, Hududiy markazlar, pedagog kadrlar tayyorlanadigan oliy taʼlim muassasalari hamda nodavlat taʼlim tashkilotlari tomonidan maktabgacha va maktab taʼlimi xodimlarining malakasini oshirish bilan bogʻliq xarajatlar Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjetidan birinchi darajali budjet mablagʻlarini taqsimlovchi sifatida Vazirlikka ajratilgan mablagʻlar hisobidan moliyalashtiriladi.

110. Davlat budjeti mablagʻlaridan samarali foydalanish maqsadida Vazirlik tomonidan Reyestr yuritiladi.

111. Pedagog kadrlar tayyorlanadigan oliy taʼlim muassasalari hamda Reyestrga kiritilgan kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotlarining maktabgacha va maktab taʼlimi xodimlari malakasini oshirish bilan bogʻliq xarajatlar har birida 25 nafar tinglovchi boʻlgan guruhda malaka oshirish kursining yakuni boʻyicha guruhdagi tinglovchilar kursni muvaffaqiyatli tugatib, tegishli sertifikatga ega boʻlgan har bir tinglovchi uchun qoplab beriladi.

Bunda pedagog kadrlar tayyorlaydigan oliy taʼlim muassasalari hamda Reyestrga kiritilgan nodavlat taʼlim tashkilotlari bilan Vazirlik oʻrtasida toʻgʻridan-toʻgʻri tuziladigan shartnomalar asosida toʻlovlar amalga oshiriladi.

112. Institut har yili 15-noyabrga qadar kelgusi yilda hududiy malaka oshirish markazlari, pedagog kadrlar tayyorlaydigan oliy taʼlim muassasalari hamda Reyestrga kiritilgan nodavlat taʼlim tashkilotlarida malaka oshiradigan maktabgacha va maktab taʼlimi xodimlarining hududlar boʻyicha taqsimotini tasdiqlash uchun Vazirlikka taqdim etadi va tasdiqlangan taqsimot asosida kelgusi yil uchun pedagog kadrlar tayyorlaydigan oliy taʼlim muassasalari hamda Reyestrga kiritilgan nodavlat taʼlim tashkilotlarida malaka oshiradigan tinglovchilar uchun tegishli mablagʻlar rejalashtiriladi.

113. Pedagog kadrlar tayyorlanadigan oliy taʼlim muassasalari hamda Reyestrga kiritilgan nodavlat taʼlim tashkilotlarida malaka oshiradigan tinglovchilar uchun mablagʻlar alohida gʻazna hisobvaragʻida yuritiladi.

114. Bir nafar tinglovchi uchun toʻlanadigan mablagʻ miqdori Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan keyingi moliya yili boshlanishidan oldin xodimlarning malaka oshirishi uchun sarflangan oʻrtacha xarajatdan kelib chiqib belgilanadi.

115. Moliya yili davomida qonunchilik hujjatlariga muvofiq ish haqi miqdorlari va shartlari oʻzgargan hollarda, bir nafar tinglovchi uchun sarflanadigan xarajatlar miqdori Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan qayta koʻrib chiqilishi mumkin.

116. Institut pedagog kadrlar tayyorlanadigan oliy taʼlim muassasalari hamda Reyestrga kiritilgan nodavlat taʼlim tashkilotlarida haqiqatda malaka oshirgan va belgilangan tartibda sertifikatga ega boʻlgan tinglovchilar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni taqdim etgan holda, keyingi oyning 3-sanasiga qadar tegishli mablagʻ toʻlanishi yuzasidan Vazirlikka murojaat qiladi.

117. Murojaatga quyidagilar ilova qilinadi:

maktabgacha va maktab taʼlimi xodimlarining malakasini oshirish kurslarini tashkil etgan pedagog kadrlar tayyorlanadigan oliy taʼlim muassasalari hamda Reyestrga kiritilgan nodavlat taʼlim tashkilotlarining nomi, joylashgan joyi (pochta manzili) va tashkiliy-huquqiy shaklini tasdiqlovchi guvohnoma, bank rekvizitlari;

haqiqatda malaka oshirgan va sertifikatga ega boʻlgan tinglovchilarning tasdiqlangan roʻyxati;

pedagog kadrlar tayyorlanadigan oliy taʼlim muassasalari hamda Reyestrga kiritilgan nodavlat taʼlim tashkilotlari boʻyicha ularga toʻlanishi lozim boʻlgan tegishli hisob-kitoblar bilan birgalikda mablagʻlarga buyurtma.

118. Mablagʻ ajratish uchun taqdim etilgan maʼlumotlarning haqqoniyligi va toʻgʻriligiga tegishli kasbiy rivojlantirish tashkiloti va Institut javobgar hisoblanadi.

119. Taqdim etilgan maʼlumotlar va hujjatlarning soxtaligi aniqlanganda, pedagog kadrlar tayyorlaydigan oliy taʼlim muassasalari hamda Reyestrga kiritilgan nodavlat taʼlim tashkilotlarining maktabgacha va maktab taʼlimi xodimlari malakasini oshirish boʻyicha huquqi bekor qilinadi hamda ortiqcha olingan mablagʻlar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda Davlat budjetiga qaytariladi.

120. Pedagog kadrlar tayyorlanadigan oliy taʼlim muassasalari hamda Reyestrga kiritilgan nodavlat taʼlim tashkilotlarida haqiqatda malaka oshirgan tinglovchilar soni har oy yakuni boʻyicha ularda malaka oshirishi rejalashtirilgan tinglovchilar sonidan kam boʻlgan hollarda, ushbu tinglovchilar uchun rejalashtirilgan mablagʻlar Vazirlik tomonidan Institut va hududiy markazlarga yoʻnaltiriladi.

121. Institutda, Maktabgacha taʼlim instituti hamda Hududiy markazlarda bir nafar professor-oʻqituvchi hisobiga toʻgʻri keladigan tinglovchilar nisbatining cheklangan normativi 1:12 nisbatda belgilanadi.

Bunda kelgusi moliya yili uchun professor-oʻqituvchilar soni (shtat birligi) quyidagicha aniqlanadi:

POʻs = Ts : 12 : 10 : (144 : MOs)

POʻs — Institutda hamda hududiy markazlarda tinglovchilar uchun ajratiladigan professor-oʻqituvchilar soni (shtat birligi);

Ts — bir yilda malaka oshiradigan tinglovchilar soni;

12 — bir nafar professor-oʻqituvchi hisobiga toʻgʻri keladigan tinglovchilarning cheklangan soni;

10 — moliya yilidagi malaka oshiriladigan oylar soni;

144 — bir nafar tinglovchi uchun bir yilda malaka oshirishning maksimal soati;

MOs — bir nafar tinglovchi uchun bir yilda malaka oshirishga ajratilgan soat.

Professor-oʻqituvchilar soni (shtat birligi) tinglovchilarning malaka oshirishi uchun belgilangan soatiga koʻra alohida hisoblanadi.

122. Institut, Maktabgacha taʼlim instituti hamda Hududiy markazlarning budjet mablagʻlari hisobidan saqlash bilan bogʻliq xarajatlar Vazirlikka respublika budjetidan ajratilgan mablagʻlar doirasida moliyalashtiriladi.

123. Kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotlariga ishdan ajralgan holda malaka oshirishga yuborilgan tinglovchilarning oʻqishi hamda mustaqil malaka oshirishi belgilangan tinglovchilarning yakuniy attestatsiyasi oʻtkaziladigan davrda ularning asosiy ish joyi boʻyicha lavozimi va oʻrtacha ish haqi saqlanib qoladi, oʻquv yuklamalari esa boshqa pedagog xodimlar oʻrtasida taqsimlanadi.

Ishdan ajralgan holda malaka oshirish uchun boshqa hududlardan yuborilgan tinglovchilarga qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda oʻqishga borish va undan qaytish boʻyicha bir martalik yoʻl haqi xarajatlari ularni yuborgan tashkilot hisobidan qoplanadi.

Malaka oshirish kursidan chetlatilgan tinglovchi qayta malaka oshirishga yuborilganda, unga safar xarajatlari toʻlanmaydi.

13-bob. Yakunlovchi qoidalar

124. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Maktabgacha va maktab taʼlimi tashkilotlari xodimlarini uzluksiz kasbiy rivojlantirishni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Malaka oshirish kurslarini tashkil etish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Maktabgacha va maktab taʼlimi tashkilotlari 1. Navbatdagi kalendar yili uchun taʼlim tashkiloti buyurtmasini shakllantiradi. 2. Buyurtmani tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimiga taqdim etadi. Har yili 15-oktabrgacha 2-bosqich Tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimi 1. Buyurtmalarni maktabgacha va maktab taʼlimi taʼlim tashkilotlari kesimida umumlashtiradi. 2. Buyurtmani tegishli Hududiy boshqarmaga taqdim etadi. Har yili 30-oktabrgacha 3-bosqich Hududiy boshqarmalar 1. Buyurtmani tuman (shahar)lar kesimida umumlashtiradi. 2. Buyurtmani reja shaklida Institutga taqdim etadi. Har yili 5-noyabrgacha 4-bosqich A.Avloniy nomidagi Pedagogik mahorat milliy instituti 1. Maktabgacha va maktab taʼlimi xodimlarining hududlar va kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotlari boʻyicha reja koʻrsatkichlari taqsimotini shakllantiradi. 2. Reja koʻrsatkichlarini Vazirlikka tasdiqlash uchun taqdim etadi. Har yili 15-noyabrgacha 5-bosqich Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi Hududlar va kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotlari boʻyicha reja koʻrsatkichlari taqsimotini tasdiqlaydi. Har yili 5-dekabrgacha 6-bosqich A.Avloniy nomidagi Pedagogik mahorat milliy instituti Hududlar va kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotlari boʻyicha reja koʻrsatkichlari taqsimotini elektron platformaga joylashtiradi. Har yili 5-dekabrgacha 7-bosqich Hududiy boshqarmalar, tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimlari, maktabgacha va maktab taʼlimi tashkilotlari Elektron platformadagi reja koʻrsatkichlari taqsimotini muvofiq rahbar, pedagog va mutaxassis xodimlarning oʻqishga belgilangan muddatda yetib borishlarini taʼminlaydi. Yil davomida 8-bosqich Kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotlari 1. Malaka oshirish kurslarini va ulardagi oʻquv mashgʻulotlarini tashkil qiladi. 2. Kurs yakuni boʻyicha yakuniy attestatsiyani oʻtkazadi. 3. Yakuniy attestatsiya natijalariga koʻra davlat namunasidagi hujjat (sertifikat)ni beradi. 4. Malaka oshirishdan oʻtgan har bir xodim haqidagi maʼlumotlarni elektron platformaga kiritadi. Yil davomida

Maktabgacha va maktab taʼlimi tashkilotlari xodimlarini uzluksiz kasbiy rivojlantirishni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Malaka oshirish kurslari orasidagi uzluksiz kasbiy rivojlantirish tadbirlarini tashkil etish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi 1. Maktabgacha va maktab taʼlimi tashkilotlari pedagog kadrlarini uzluksiz kasbiy rivojlantirish tadbirlarini rejalashtiradi. 2. Uquv reja va dasturlarni tasdiqlaydi. Har yili avgust oyida 2-bosqich Maktabgacha taʼlim tashkilotlari direktor va mutaxassislarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish instituti 1. Kontent materiallarini tayyorlaydi va “Virtual kasbiy rivojlantirish” elektron dasturiga kiritadi. 2. Maktabgacha taʼlim tashkilotlarining pedagog kadrlari haqidagi maʼlumotlarni “Virtual kasbiy rivojlantirish” elektron dasturiga kiritilishini taʼminlaydi. Har yili avgust oyida A. Avloniy nomidagi Pedagogik mahorat milliy instituti 1. “Kasbiy rivojlanish kuni” va “Kasbiy rivojlanish soati” tadbirlarining kontent materiallarini tayyorlaydi. 2. Oʻqituvchilar haqidagi maʼlumotlarni “Uzluksiz kasbiy taʼlim” elektron platformasiga kiritilishini taʼminlaydi. Har yili avgust oyida 3-bosqich Maktabgacha taʼlim tashkilotlari direktor va mutaxassislarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish instituti 1. Maktabgacha taʼlim tashkilotlari pedagog kadrlarini “Virtual kasbiy rivojlantirish” elektron dasturidan foydalanib mustaqil taʼlim olishlarini tashkil qiladi va muvofiqlashtiradi. Oʻquv yili davomida A. Avloniy nomidagi Pedagogik mahorat milliy instituti 1. “Kasbiy rivojlanish kuni” va “Kasbiy rivojlanish” soatlari tadbirlarining oʻquv jarayonlarini tashkil qiladi va muvofiqlashtiradi. Oʻquv yili davomida Hududiy boshqarmalar va tuman(shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimlari, maktabgacha va maktab taʼlimi tashkilotlari 1. Maktabgacha taʼlim tashkilotlari pedagoglari va maktab oʻqituvchilarining uzluksiz kasbiy rivojlantirish tadbirlarini tashkil etish uchun zarur sharoitlarni yaratadi. 2. Maktabgacha taʼlim tashkilotlari pedagoglari va maktab oʻqituvchilarining uzluksiz kasbiy rivojlantirish tadbirlaridagi ishtirokini taʼminlaydi. Oʻquv yili davomida

Maktabgacha va maktab taʼlimi tashkilotlari xodimlarini uzluksiz kasbiy rivojlantirishni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA

Qayta tayyorlash kurslarini tashkil etish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotlari 1. Qayta tayyorlash kurslari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni maxsus portalga joylashtiradi. Doimiy 2-bosqich Talabgorlar 1. Maxsus portal orqali elektron shaklda roʻyxatdan oʻtadi hamda oʻquv kursida oʻqish uchun ariza topshiradi. Doimiy 3-bosqich Kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotlari 1. Talabgorlarga doir hujjatlarni toʻliq oʻrganib chiqadi. 2. Qayta tayyorlash kurslariga qabul qilingan talabgorlarning arizasi elektron tizim orqali tasdiqlanadi. 3. Talabgorlar tashkilot rahbarining buyrugʻi bilan tinglovchilar safiga qabul qilinadi. Doimiy 4-bosqich Kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotlari 1. Qayta tayyorlash kurslaridagi oʻquv jarayonini tashkil qiladi. 2. Qayta tayyorlash kursining oʻquv rejasida koʻzda tutilgan barcha oraliq nazoratlarni tashkil qiladi va oʻtkazadi. Kursning oʻquv rejasiga muvofiq 5-bosqich Vazirlik tomonidan belgilangan tashkilot 1. Qayta tayyorlash kursining yakuniy nazorat sinovlarini oʻtkazadi. Qayta tayyorlash kursi yakunida Kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotlari 2. Qayta tayyorlash kursi tinglovchilarining bitiruv ishi himoyasini oʻtkazadi. 3. Tinglovchilarga davlat namunasidagi hujjat (diplom) beradi.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 20-dekabrdagi 867-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimcha

1. Vazirlar Mahkamasining “Pedagog kadrlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tizimini yanada takomillashtirish toʻgʻrisida” 2006-yil 16-fevraldagi 25-son qarorining 2-bandi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“2. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi har yili qayta tayyorlash va malaka oshirish taʼlim muassasalari oʻquv-metodik jarayoni sifati va ular pedagoglari kasb malakasi darajasining mazkur qaror bilan tasdiqlangan Davlat talablariga muvofiqligining tezkor diagnostikasini amalga oshirsinlar”.

2. Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 30-sentabrdagi 823-son qarori bilan tasdiqlangan Umumiy oʻrta taʼlim muassasalarining oʻrnak koʻrsatgan xodimlarini ragʻbatlantirishning direktor jamgʻarmasini tashkil etish va uning mablagʻlaridan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizom quyidagi tahrirdagi 26 1 -band bilan toʻldirilsin:

“26 1 . Kasbiy rivojlanish soati” va “Kasbiy rivojlanish kuni” tadbirlarida mentor-oʻqituvchi sifatida faoliyat yuritayotgan fan oʻqituvchilariga asosiy ish joyi boʻlgan umumiy oʻrta taʼlim muassasasi direktor jamgʻarmasi hisobidan ushbu Nizomning 20-bandiga asosan olishi mumkin boʻlgan ustamaga qoʻshimcha ravishda lavozim maoshining 20 foizi miqdorida har oylik ustama haq belgilanadi.

Bunda mentor-oʻqituvchilar roʻyxati tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimi mudirining buyrugʻi bilan har oʻquv yili boshida tasdiqlanadi”.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 20-dekabrdagi 867-son qaroriga 3-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanayotgan ayrim qarorlari

1. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha taʼlim vazirligi toʻgʻrisidagi nizomni hamda Maktabgacha taʼlim tashkilotlari direktor va mutaxassislarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish instituti ustavini tasdiqlash haqida” 2017-yil 21-noyabrdagi 929-son qarori .

2. Vazirlar Mahkamasining “Pedagog xodimlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirishni tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 28-dekabrdagi 1026-son qarori .

3. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Mamlakatni ijtimoiy-iqtisodiy rivojlantirishning strategik vazifalari amalga oshirilishi samaradorligi uchun Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining masʼuliyatini oshirishga doir birinchi navbatdagi chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2019-yil 28-yanvardagi PF-5644-son, “Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining ayrim hujjatlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2019-yil 1-fevraldagi PF-5650-son farmonlari va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumati ishini tashkil etishning sifat jihatidan yangi tizimini joriy etish toʻgʻrisida” 2019-yil 28-yanvardagi PQ-4136-son qarori)” 2019-yil 13-maydagi 397-son qaroriga ilovaning 71-bandi .

4. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Xalq taʼlimini boshqarish tizimini takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2018-yil 5-sentabrdagi PF-5538-son Farmoni, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Xalq taʼlimi tizimiga boshqaruvning yangi tamoyillarini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 5-sentabrdagi PQ-3931-son va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Prezident maktablarini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 20-fevraldagi PQ-4199-son qarori)” 2019-yil 30-sentabrdagi 822-son qaroriga ilovaning 23-bandi .

5. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasining “Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi toʻgʻrisida” 2019-yil 10-dekabrdagi OʻRQ-591-son Qonuni)” 2020-yil 16-apreldagi 234-son qaroriga ilovaning 9-bandi .

6. Vazirlar Mahkamasining “Yuridik kadrlarni xalqaro standartlar boʻyicha tayyorlash tizimini yanada takomillashtirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 6-apreldagi 189-son qaroriga 2-ilovaning 7-bandi .

7. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar va qoʻshimcha kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasining “Maktabgacha taʼlim va tarbiya toʻgʻrisida” 2019-yil 16-dekabrdagi OʻRQ-595-son Qonuni)” 2021-yil 20-maydagi 320-son qaroriga 1-ilovaning 8 va 10-bandlari .

8. Vazirlar Mahkamasining “Umumiy oʻrta va oʻrta maxsus taʼlim muassasalari reytingini aniqlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 3-iyundagi 345-son qaroriga 3-ilovaning 27-bandi .

9. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining ijro etuvchi tuzilmasi takomillashtirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar va qoʻshimcha kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2021-yil 16-avgustdagi 524-son qaroriga 1-ilovaning 11-bandi .

10. Vazirlar Mahkamasining “Xalq taʼlimi xodimlarini uzluksiz kasbiy rivojlantirish tizimini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2022-yil 17-yanvardagi 25-son qarori .

11. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasining “Normativ-huquqiy hujjatlar toʻgʻrisida” 2021-yil 20-apreldagi OʻRQ-682-son Qonuni)” 2022-yil 4-apreldagi 153-son qaroriga ilovaning 470-bandi .

12. Vazirlar Mahkamasining “Xalq taʼlimi vaziri jamgʻarmasi faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 2-avgustdagi 425-son qaroriga 2-ilovaning 16-bandi .

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2024-yil 20-dekabr,

867-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 23.12.2024-y., 09/24/867/1045-son; 11.12.2025-y., 09/25/776/1149-son)

lex.uz