📅 2024-yil 18-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 18-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 18 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 18 декабря 2024 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 18 December 2024 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТ
СЎРОВНОМА
СХЕМАСИ
ПАСПОРТИ
Кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг электрон реестрини юритиш бўйича маъмурий регламентни тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида» 2024 йил 21 февралдаги ПФ-37-сон Фармони ҳамда «Кўп квартирали уйларни бошқаришни янада самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 15 августдаги ПҚ-278-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасида рақобат муҳитини шакллантиришнинг таъсирчан механизмларини ҳамда кўп квартирали уйлардаги жойларнинг коммунал тўловлари бўйича ягона тўлов усулини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг электрон реестрини юритиш бўйича маъмурий регламент 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
давлат хизматларини кўрсатиш тартиби;
бошқариш органига кўп квартирали уйларни бириктириш тартиби.
2. Аҳолига қулайлик яратиш ва кўрсатилаётган хизматлар учун ўз вақтида тўловлар амалга оширилишини таъминлаш мақсадида «Менинг уйим» биллинг тизими орқали кўп квартирали уйдаги жой мулкдорининг уникал рақамидан фойдаланган ҳолда табиий газ, электр энергияси, иссиқлик таъминоти, ичимлик суви ва оқова сув ҳамда чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари учун коммунал тўловларни «ягона тўлов» тамойили асосида амалга ошириш имконияти жорий этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Кадастр агентлиги, «Ўзсувтаъминот» АЖ, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ, тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
уч ой муддатда коммунал хизмат кўрсатиш корхоналаридаги фойдаланувчиларнинг шахсий ҳисобрақамларини кўчмас мулк объектларининг кадастр рақамларига боғлаш орқали «Менинг уйим» биллинг тизимига тўғридан-тўғри интеграция қилинишини;
кўп квартирали уйларда коммунал хизматлар самарадорлигини фойдаланувчилар томонидан комплекс баҳолаш натижалари асосида хизматлар сифати оширилишини ва такомиллаштириб борилишини таъминлансин.
4. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қарорнинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамияти бўйича аҳоли ўртасида кенг тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширсин.
5. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
6. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 1 февралдаги 47-сон қарори билан тасдиқланган Кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг электрон реестри ҳамда рейтингини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
7. Ушбу қарор расман эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 18 декабрдаги 853-сон қарорига 1-ИЛОВА
Кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг электрон реестрини юритиш бўйича
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Регламент кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг электрон реестрини шакллантириш ва юритиш ҳамда кўп квартирали уйларни бошқариш органларига бириктириш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Регламентда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
сўровнома — талабгор ёки бошқариш органи томонидан электрон реестрда рўйхатдан ўтиш ёки уйни бошқариш учун бошқариш органига бириктириш юзасидан мазкур Низомда белгиланган тартибда йўлланган сўровнома;
ваколатли орган — Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги;
кўп квартирали уйни бошқариш органи (кейинги ўринларда — бошқариш органи) — қонунчиликда белгиланган тартибда электрон реестрда рўйхатдан ўтган ҳамда кўп квартирали уйни бошқариш ваколатига эга бўлган жисмоний (якка тартибдаги тадбиркор) ёки юридик шахс;
Кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг электрон реестри (кейинги ўринларда — электрон реестр) — ваколатли орган томонидан кўп квартирали уйларни бошқариш органлари тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш ва юритиш учун мўлжалланган электрон маълумотлар базаси;
кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг умумий йиғилиш баённомаси (кейинги ўринларда — умумий йиғилиш баённомаси) — «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида (кейинги ўринларда — Қонун) белгиланган тартибда чақирилган, ўтказилган ва кун тартибидаги масалалар юзасидан қарор қабул қилинган кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг йиғилишида тасдиқланган ҳужжат;
кўп квартирали уйни бошқариш ваколатини берувчи ҳужжатлар — Қонунда белгиланган тартибда расмийлаштирилган ҳамда кўп квартирали уйни бошқариш ваколатини берадиган қуйидаги ҳужжатлардан бири:
умумий йиғилиш баённомаси;
Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳри уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармасининг (кейинги ўринларда — ҳудудий бўлинма) вақтинча бошқарувчини белгилаш тўғрисидаги қарори (ҳужжати);
бошқарувчи ташкилот ёхуд бошқарувчини танлаш бўйича очиқ танлов натижалари ҳақида тузилган баённома;
қурувчи ва бошқарувчи ташкилот ўртасидаги уйни бошқариш шартномаси.
Кўп квартирали уйни бошқариш ваколати фақатгина электрон реестрда рўйхатдан ўтган жисмоний ва юридик шахсларга берилиши мумкин, кўп квартирали уйни бевосита бошқариш ҳолатлари бундан мустасно;
кўп квартирали уйни бошқариш органига бириктириш — кўп квартирали уйни бошқариш ваколатини берувчи ҳужжатларга мувофиқ электрон реестрда бошқариш органи бошқарувидаги уйни қайд этиш ҳамда «Менинг уйим» биллинг тизимида мазкур уй бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш имкониятини бериш;
кўп квартирали уйни бошқариш шартномаси — кўп квартирали уйдаги жой мулкдорлари (ёки умумий йиғилиш ваколат берган шахс) ёки қурувчи ва бошқарувчи ташкилот (бошқарувчи) ўртасида амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ ёзма шаклда тузилган шартнома.
Қурувчи ва бошқарувчи ташкилот ўртасида тузилган кўп квартирали уйни бошқариш шартномасида қурувчининг кўп квартирали уй-жойни эксплуатация қилиш бўйича қонунчиликда белгиланган кафолат муддати ҳамда учинчи шахсларнинг (уйнинг мулкдорлари) ҳуқуқ ва манфаатлари инобатга олиниши шарт;
малака сертификати — бошқарувчи ташкилотнинг раҳбар ва ходимларининг, шунингдек, бошқарувчининг, ширкат бошқаруви раисининг кўп квартирали уйларни бошқариш бўйича малакасини тасдиқловчи давлат намунасидаги ҳужжат;
талабгор — бошқариш органларининг электрон реестрида рўйхатдан ўтиш учун тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда сўровнома юборган жисмоний ёки юридик шахс;
топшириш-қабул қилиш далолатномаси — кўп квартирали уйдаги жой мулкдорларининг умумий йиғилиши қарорига асосан белгиланган бошқариш органи ҳамда йиғилиш ўтказилган кунга қадар мазкур уйни бошқариб келган бошқариш органи ўртасида тузилган кўп квартирали уйнинг техник ҳужжатлари, уйни бошқариш учун зарур бўладиган бошқа ҳужжатлар, техник воситалар ва асбоб-ускуналар, дебитор ҳамда кредитор қарздорликлар бўйича топшириш-қабул қилиш далолатномаси.
3. Электрон реестр ваколатли орган томонидан шакллантирилади ва юритилади ҳамда ваколатли органнинг расмий веб-сайтига (кейинги ўринларда — веб-сайт) жойлаштирилади.
2-боб. Давлат хизматларини кўрсатиш тартиби
4. Талабгор ёки бошқариш органи сўровнома бериш учун Давлат хизматлари марказларига шахсан келиб мурожаат этади ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (кейинги ўринларда — ЯИДХП) давлат хизматидан электрон шаклда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.
Сўровнома ЯИДХП орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, ҳар куни 24 соат давомида юборилиши мумкин.
Бунда сўровнома иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунларида тушганда, календарь бўйича навбатдаги иш куни сўровноманинг ваколатли органга тушган ва ваколатли орган томонидан қабул қилинган кун деб ҳисобланади.
5. Сўровнома берувчи ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, давлат хизматлари марказлари ходими сўровнома берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса, сўровнома берувчи мустақил равишда сўровномани ушбу Регламентнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда тўлдиради.
Сўровномага унинг турига қараб мазкур Регламентнинг 13 — 15-бандларида кўрсатилган ҳужжатлар илова қилинади. Илова қилинадиган ҳужжатлар PDF, PNG ёки JPEG форматда бўлиши керак.
Сўровнома берувчидан тегишли сўровнома тури бўйича мазкур Регламентнинг 13 — 15-бандларида кўрсатилмаган маълумотлар ва ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.
Сўровномага зарур маълумотлар киритилгандан сўнг сўровнома берувчи маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг замонавий воситалари (дактилоскопия, электрон имзо, Мобил-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.
Сўровнома берувчи ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда, сўровномани электрон рақамли имзо (кейинги ўринларда — ЭРИ) билан тасдиқлаш талаб этилади.
6. Давлат хизмати кўрсатилганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик фоизи миқдорида Давлат хизмати кўрсатилгани учун йиғим (кейинги ўринларда — йиғим) ундирилади.
йиғим тўланганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.
7. Йиғим учун тўланган сумма қуйидаги тартибда тақсимланади:
а) Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этганда:
18 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасининг шахсий ҳисоб-рақамига;
10 фоизи — Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш Республика марказининг шахсий ҳисобварағига;
қолган маблағлар — ваколатли органнинг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги махсус ҳисобварағига;
б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:
10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасининг шахсий ҳисобрақамига;
11,75 фоизи — «Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги шахсий ҳисобварағига (шу жумладан, 0,5 фоизи йиғим тўланганлиги Ягона биллинг тизими орқали тасдиқланганлиги учун);
10 фоизи — Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш Республика марказининг шахсий ҳисобварағига ўтказилади;
қолган маблағлар — ваколатли органнинг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги махсус ҳисобварағига ўтказилади.
8. Сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатларда нотўғри маълумотлар кўрсатилиши, шунингдек, давлат хизматларини кўрсатиш учун йиғимни тўламаслик давлат хизматларини кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.
Давлат хизматларини кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади (сўнгги бир йил ичида электрон реестрдан чиқариб юборилган бошқариш органлари бундан мустасно).
Сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатларда нотўғри маълумотлар аниқланганда, 1 иш куни ичида Давлат хизматлари марказларига (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки сўровнома берувчига (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) Ягона интерактив давлат хизматлари портал (ЯИДХП) орқали электрон равишда хабарнома юборади.
Сўровнома берувчи хабарномани олган кундан бошлаб ўн кун ичида ҳужжатлардаги камчиликларни бартараф қилиб, давлат хизматларини кўрсатиш учун йиғим тўламаган ҳолда, Давлат хизматлари марказларига ёки ЯИДХП орқали такроран мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
9. Сўровнома берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга.
Сўровнома берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўрилмасдан қолдирилади. Бунда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.
10. Ўзи келиб мурожаат этганда Давлат хизматлари марказлари сўровнома тўлдирилган вақтдан бошлаб уни бир соат мобайнида ваколатли органга юборади.
ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса, сўровнома автоматик равишда ваколатли органга юборилади.
11. Давлат хизмати кўрсатилгани учун йиғим сўровнома берувчи томонидан инвойс келиб тушгандан сўнг уч кун мобайнида инвойсда кўрсатилган миқдорда тўланади.
Инвойсда кўрсатилган сумма тўланганлиги ахборот-коммуникация тизими орқали тасдиқланади.
Давлат хизмати кўрсатилиши учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда, ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган йиғим суммасининг 90 фоизи ундирилади.
3-боб. Кўп квартирали уйни бошқариш органини электрон реестрда рўйхатдан ўтказиш ва кўп квартирали уйни бошқариш органига бириктириш тартиби
12. Кўп квартирали уйни бошқариш органини электрон реестрда рўйхатдан ўтказиш ва кўп квартирали уйни бошқариш органига бириктириш тартиби мазкур Регламентнинг 2-иловасига мувофиқ схемада амалга оширилади.
13. Электрон реестрга кириш учун сўровномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади (бундан кўп квартирали уйни бевосита бошқариш ҳолатлари мустасно):
мазкур Регламентга 3-иловага мувофиқ талабгорнинг кўп квартирали уйни бошқариш учун мавжуд ишчи-хизматчилари ҳамда моддий-техник базаси тўғрисидаги маълумотлар паспортининг тасдиқланган нусхаси;
тасдиқланган штатлар жадвали (бошқарувчи ташкилот ва ширкат учун);
тегишли малака сертификати (ширкат раиси, бошқарувчи (якка тартибдаги тадбиркор) ва бошқарувчи ташкилот — камида икки нафар ходим, шу жумладан, бошқарувчи ташкилотининг раҳбари учун талаб қилинади).
Бунда юридик шахсни (ёки якка тартибдаги тадбиркорни) рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳнома, Низом (тегишли малака сертификати тизимда мавжуд бўлса) «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олинади.
14. Кўп квартирали уй кенгаши электрон реестрга кириш учун сўровномага кўп квартирали уйни бошқариш ваколатини берувчи ҳужжат нусхаси ва топшириш-қабул қилиш далолатномасини илова қилади.
15. Кўп квартирали уйни бошқариш органига бириктириш учун сўровномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
а) бошқарувчи ташкилотлар (бошқарувчилар) ва ширкатлар:
кўп квартирали уйни бошқариш ваколатини берувчи ҳужжат нусхаси;
топшириш-қабул қилиш далолатномаси;
б) кўп квартирали уй кенгаши:
коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари ва уй кенгаши ўртасида уйдаги умумий мулкка коммунал хизмат кўрсатиш бўйича тузилган шартномалар;
кўп квартирали уйдаги авария ҳолатларини бартараф этиш учун авария-диспетчерлик хизматини кўрсатувчи ташкилот билан уй кенгаши ўртасида тузилган шартнома.
16. Келиб тушган сўровномани ҳудудий бўлинма беш иш куни мобайнида кўриб чиқади (зарур ҳолларда жойига чиққан ҳолда) ва ўрганиш натижалари бўйича сўровномани келишиб, ваколатли органга юборади ёки рад этишнинг аниқ сабабларини ва қонунчилик ҳужжатлари нормаларини кўрсатган ҳолда келишишни рад этади.
17. Ваколатли орган ҳудудий бўлинма томонидан келишилган сўровномани уч иш куни мобайнида кўриб чиқади ва сўровнома бўйича ижобий қарор қабул қилади ёки аниқ сабабларини ва қонунчилик ҳужжатлари нормаларини кўрсатган ҳолда рад этади.
18. Сўровнома берувчи томонидан мазкур Регламентнинг 13 — 15-бандларидан бирида назарда тутилган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганда, сўровномага илова қилинадиган ҳужжатларда нотўғри ёки уларда бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда, ҳудудий бўлинма ёки ваколатли орган томонидан сўровномани рад этишга асос бўлади.
Давлат хизматларини кўрсатишни бошқа асосларга кўра рад этиш тақиқланади.
19. Сўровнома берувчи кўп квартирали уйни бошқариш органига бириктириш учун келишиш рад этилган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида давлат хизматини кўрсатиш учун йигим тўламасдан, кўрсатилган камчиликни бартараф этган ҳолда келишиш учун такроран сўровнома бериш ҳуқуқига эга.
Кўп квартирали уйни бошқариш органига бириктириш учун келишишни рад этиш учун асос бўлган сабаблар сўровнома берувчи томонидан бартараф қилинган тақдирда, сўровнома такроран тушган кундан бошлаб беш иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилади.
20. Ваколатли орган томонидан сўровнома бўйича ижобий қарор қабул қилинганда:
талабгорни бошқариш органи сифатида электрон реестрга киритади ҳамда унга бошқариш органи сифатида рўйхатдан ўтган ID-рақами ва электрон реестрдаги шахсий кабинети ҳаволасини юборади;
кўп квартирали уйни электрон реестрда бошқариш органига бириктиради ҳамда мазкур уй бўйича «Менинг уйим» биллинг тизимидаги шахсий кабинетида ҳисоб-китоб юритиш имкониятини тақдим этади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
21. Қурилиши тугалланган, бироқ фойдаланишга топширилмаган уйлар бошқариш органларига мазкур Регламентда белгиланган тартибда бириктирилади.
22. Ваколатли давлат органларининг мансабдор шахслари қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш, қонунчилик бузилганлиги ҳақидаги сўровномалар ва ишларни кўриб чиқишда қонунчиликда белгиланган тартибда сўровноманинг ҳужжатлари ва ахборотини олиш ҳуқуқига эга.
23. Ваколатли орган қонунчиликка мувофиқ ўзига берилган ваколатларни амалга ошириши муносабати билан маълум бўлиб қолган тижорат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ва шахсга доир маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмас.
24. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва Давлат хизматлари марказлари ушбу Регламент талаблари ижроси бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти юзасидан, шу жумладан, ЯИДХП орқали доимий назоратни ва мониторингни амалга оширади.
25. Сўровномачи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
26. Ушбу Регламент талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
Кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг электрон реестрини юритиш бўйича маъмурий регламентга 1-ИЛОВА
Кўп квартирали уйни бошқариш органини электрон реестрда рўйхатдан ўтказиш ва кўп квартирали уйни бошқариш органига бириктириш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш учун
_______________ _______________ (санаси) (рақами) I. Буюртма берувчи — жисмоний шахс тўғрисида маълумот: 1. Ф.И.О.: 2. Паспорт маълумотлари (серияси ва рақами): 3. ЖШШИР: 4. Манзили: 5. Телефон рақами: 6. Электрон почта манзили: II. Буюртма берувчи — юридик шахс тўғрисида маълумот: 1. Тўлиқ номи: 2. Ташкилий-ҳуқуқий шакли: 3. СТИР: 4. Юридик манзили: 5. Телефон рақами: 6. Электрон почта манзили: III. Буюртма берувчи — якка тартибдаги тадбиркор: 1. Ф.И.О.: 2. Паспорт маълумотлари (серияси ва рақами): 3. СТИР: 4. Телефон рақами: 5. Электрон почта манзили:
Кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг электрон реестрини юритиш бўйича маъмурий регламентга 2-ИЛОВА
Кўп квартирали уйни бошқариш органини электрон реестрда рўйхатдан ўтказиш ва кўп квартирали уйни бошқариш органига бириктириш тартиби
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари I босқич Бошқариш органи Кўп квартирали уйни бошқариш органини электрон реестрда рўйхатдан ўтказиш ёки кўп квартирали уйни бошқариш органига бириктириш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб ёхуд ЯИДХП орқали мурожаат қилинади. Ўз хоҳишига кура Мурожаат қилганда II босқич 1. Давлат хизматлари маркази 2.ЯИДХП Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳри уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармасига юборилади. Автоматик равишда III босқич Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳри уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси Келиб тушган буюртмани кўриб чиқади ва ўрганиш натижалари бўйича буюртмани келишиб, ваколатли органга юборади ёки асослантирилган рад жавобини беради. 5 иш кунида IV босқич Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Ҳудудий бўлинма томонидан келишилган буюртмага асосан талабгорни бошқариш органи сифатида электрон реестрга киритади (ёки кўп квартирали уйни электрон реестрда бошқариш органига бириктириш) ёки асослантирилган рад жавобини беради. 3 иш кунида
Кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг электрон реестрини юритиш бўйича маъмурий регламентга 3-ИЛОВА
Талабгорнинг кўп квартирали уйни бошқариш учун мавжуд ишчи-хизматчилари ҳамда моддий-техник базаси тўғрисидаги маълумотлар
_______________ _______________ (санаси) (рақами) Авария-диспетчерлик хизмати Манзили: Алоқа рақамлари: Бошқа ташкилотга қарашли (шартнома асосда) бўлса, шартнома рақами, ташкилот номи ва СТИР рақами Ишчи-ходимлари Лавозими Доимий (сони) Фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида (сони) Раҳбар Ўринбосар Ҳисобчи Муҳандис Диспетчер Электр устаси Чилангар уста (сантехник) Тозалаш ва ободонлаштиришга масъул ходим Бошқа ходимлар Моддий-техник базаси Тури: сони Автотранспорт Мототранспорт Махсус транспорт Сантехника тўплами Компьютер жамланмаси Бошқа воситалар
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 18 декабрдаги 853-сон қарорига 2-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 1 февралдаги 47-сон қарори билан тасдиқланган Кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг электрон реестри ҳамда рейтингини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 2-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
2. «Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ваколатли давлат органи — Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги;
кўп квартирали уйни бошқариш органи (кейинги ўринларда — бошқариш органи) — қонунчиликда белгиланган тартибда электрон реестрда рўйхатдан ўтган ҳамда кўп квартирали уйни бошқариш ваколатига эга бўлган жисмоний (якка тартибдаги тадбиркор) ёки юридик шахс.
Кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг электрон реестри (кейинги ўринларда — электрон реестр) — ваколатли давлат органи томонидан кўп квартирали уйларни бошқариш органлари фаолиятини рўйхатдан ўтказиш/чиқариш ҳамда улар тўғрисидаги маълумотларни юритиш учун мўлжалланган электрон маълумотлар базаси;
рейтинг — кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг фикр-мулоҳазалари, солиқ, статистик ва бошқа ҳисоботлардаги мунтазам равишда янгиланиб туриладиган маълумотлар асосида автоматик равишда шаклланадиган кўп квартирани уйларни бошқариш органларини баҳолашнинг электрон тизими».
2. 4-банд қуйидаги мазмундаги бешинчи ва олтинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:
бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш;
кўп квартирали уйлардаги жойлар мулкдорлари ва фойдаланувчиларининг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
3. 6-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«6. Кўп квартирали уйни бошқариш органи Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 18 декабрдаги 853-сон қарори билан тасдиқланган Кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг электрон реестрини юритиш бўйича маъмурий регламентга мувофиқ электрон реестрда рўйхатдан ўтказилади»;
4. 7 ва 8-бандлар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. 10-банддаги «тугатилган» сўзи «электрон реестрдан чиқарилган» сўзлари билан алмаштирилсин.
6. 11 — 13 бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«11. Электрон реестрга бошқариш органи фаолияти билан боғлиқ бўлган ҳамда бошқариш органи бошқарувидаги уйлар тўғрисидаги маълумотлар киритилади ва мунтазам равишда янгилаб борилади.
Электрон реестр тегишли давлат органларидан «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали маълумотларни олади ва электрон реестрдаги маълумотларни ҳар чоракда автоматик равишда янгилаб боради.
12. Кўп квартирали уй бошқариш органига қонунчиликда белгиланган тартибда бириктирилади ва электрон реестрда қайд этилади.
13. Ваколатли давлат органи ўзида мавжуд электрон тизимларда бошқариш органига қонунчиликда тақиқланмаган маълумотлардан фойдаланиш ҳамда мазкур тизимларда амалиёт бажариш имкониятини тақдим этиши мумкин.
Бунда бошқариш органи ваколатли давлат органига тегишли электрон тизимлардан ваколатли давлат органи томонидан белгиланган тартиб ҳамда тарафларнинг келишувига кўра фойдаланади».
7. 14-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«14. Ваколатли давлат органи томонидан бошқариш органи куйидаги ҳолларда электрон реестрдан чиқарилади:
кўп квартирали уйни бошқариш органи қонунчиликка мувофиқ электрон реестрга кириш учун тақдим этган ҳужжатлар ҳаққоний эмаслиги, нотўғри ёки бузиб кўрсатилганлиги ҳолати тегишли давлат органлари томонидан тасдиқланган тақдирда;
бошқариш органи тугатилганда;
барча кўп квартирали уйлардаги жойлар мулкдорларининг умумий йиғилиши томонидан уйни бошқаришдан бир томонлама воз кечиш ҳақида қарор қабул қилинган вақтдан уч ой муддат ичида бошқариш органи бошқарувига уй бириктирилмаган тақдирда;
бошқариш органи томонидан кўп квартирали уйларни бошқариш қоидалари бир календарь йилда уч марта бузилганда ва ҳар бир ҳолат юзасидан тегишли давлат органлари томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилганда;
бошқариш органи инсофсиз бошқариш органлари рўйхатига киритилганда.
Бошқариш органини электрон реестрдан чиқариш тўғрисида қарор ваколатли давлат органи томонидан қабул қилинади.
Бунда ваколатли давлат органи томонидан бошқариш органини электрон реестрдан чиқариш тўғрисида унинг шахсий кабинетига уч кун олдин хабар юборилади».
8. 15-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
9. 23-банддаги «Веб-сайтда» сўзлари «Электрон реестрда» сўзлари билан алмаштирилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 18 декабрь,
853-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
MAʼMURIY REGLAMENT
SOʻROVNOMA
SXEMASI
PASPORTI
Koʻp kvartirali uylarni boshqarish organlarining elektron reyestrini yuritish boʻyicha maʼmuriy reglamentni tasdiqlash toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston — 2030” strategiyasini “Yoshlar va biznesni qoʻllab-quvvatlash yili”da amalga oshirishga oid davlat dasturi toʻgʻrisida” 2024-yil 21-fevraldagi PF-37-son Farmoni hamda “Koʻp kvartirali uylarni boshqarishni yanada samarali tashkil qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 15-avgustdagi PQ-278-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, koʻp kvartirali uylarni boshqarish sohasida raqobat muhitini shakllantirishning taʼsirchan mexanizmlarini hamda koʻp kvartirali uylardagi joylarning kommunal toʻlovlari boʻyicha yagona toʻlov usulini yaratish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Koʻp kvartirali uylarni boshqarish organlarining elektron reyestrini yuritish boʻyicha maʼmuriy reglament 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
davlat xizmatlarini koʻrsatish tartibi;
boshqarish organiga koʻp kvartirali uylarni biriktirish tartibi.
2. Aholiga qulaylik yaratish va koʻrsatilayotgan xizmatlar uchun oʻz vaqtida toʻlovlar amalga oshirilishini taʼminlash maqsadida “Mening uyim” billing tizimi orqali koʻp kvartirali uydagi joy mulkdorining unikal raqamidan foydalangan holda tabiiy gaz, elektr energiyasi, issiqlik taʼminoti, ichimlik suvi va oqova suv hamda chiqindilarni olib chiqish xizmatlari uchun kommunal toʻlovlarni “yagona toʻlov” tamoyili asosida amalga oshirish imkoniyati joriy etilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
3. Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi Raqamli texnologiyalar vazirligi, Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi, Kadastr agentligi, “Oʻzsuvtaʼminot” AJ, “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ, “Hududgaztaʼminot” AJ, tegishli vazirlik va idoralar bilan birgalikda:
uch oy muddatda kommunal xizmat koʻrsatish korxonalaridagi foydalanuvchilarning shaxsiy hisobraqamlarini koʻchmas mulk obyektlarining kadastr raqamlariga bogʻlash orqali “Mening uyim” billing tizimiga toʻgʻridan-toʻgʻri integratsiya qilinishini;
koʻp kvartirali uylarda kommunal xizmatlar samaradorligini foydalanuvchilar tomonidan kompleks baholash natijalari asosida xizmatlar sifati oshirilishini va takomillashtirib borilishini taʼminlansin.
4. Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari hamda manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda qarorning mazmun-mohiyati va amaliy ahamiyati boʻyicha aholi oʻrtasida keng targʻibot-tashviqot ishlarini amalga oshirsin.
5. Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda bir oy muddatda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarini ushbu qarorga muvofiqlashtirsinlar.
6. Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 1-fevraldagi 47-son qarori bilan tasdiqlangan Koʻp kvartirali uylarni boshqarish organlarining elektron reyestri hamda reytingini shakllantirish va yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ilovaga muvofiq oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.
7. Ushbu qaror rasman eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy oʻtgach kuchga kiradi.
8. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.J. Ramatov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 18-dekabrdagi 853-son qaroriga 1-ILOVA
Koʻp kvartirali uylarni boshqarish organlarining elektron reyestrini yuritish boʻyicha
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Reglament koʻp kvartirali uylarni boshqarish organlarining elektron reyestrini shakllantirish va yuritish hamda koʻp kvartirali uylarni boshqarish organlariga biriktirish boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Reglamentda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
soʻrovnoma — talabgor yoki boshqarish organi tomonidan elektron reyestrda roʻyxatdan oʻtish yoki uyni boshqarish uchun boshqarish organiga biriktirish yuzasidan mazkur Nizomda belgilangan tartibda yoʻllangan soʻrovnoma;
vakolatli organ — Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi;
koʻp kvartirali uyni boshqarish organi (keyingi oʻrinlarda — boshqarish organi) — qonunchilikda belgilangan tartibda elektron reyestrda roʻyxatdan oʻtgan hamda koʻp kvartirali uyni boshqarish vakolatiga ega boʻlgan jismoniy (yakka tartibdagi tadbirkor) yoki yuridik shaxs;
Koʻp kvartirali uylarni boshqarish organlarining elektron reyestri (keyingi oʻrinlarda — elektron reyestr) — vakolatli organ tomonidan koʻp kvartirali uylarni boshqarish organlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni shakllantirish va yuritish uchun moʻljallangan elektron maʼlumotlar bazasi;
koʻp kvartirali uydagi joylar mulkdorlarining umumiy yigʻilish bayonnomasi (keyingi oʻrinlarda — umumiy yigʻilish bayonnomasi) — “Koʻp kvartirali uylarni boshqarish toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasining Qonunida (keyingi oʻrinlarda — Qonun) belgilangan tartibda chaqirilgan, oʻtkazilgan va kun tartibidagi masalalar yuzasidan qaror qabul qilingan koʻp kvartirali uydagi joylar mulkdorlarining yigʻilishida tasdiqlangan hujjat;
koʻp kvartirali uyni boshqarish vakolatini beruvchi hujjatlar — Qonunda belgilangan tartibda rasmiylashtirilgan hamda koʻp kvartirali uyni boshqarish vakolatini beradigan quyidagi hujjatlardan biri:
umumiy yigʻilish bayonnomasi;
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi, viloyatlar qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi bosh boshqarmalari hamda Toshkent shahri uy-joy kommunal xoʻjaligi bosh boshqarmasining (keyingi oʻrinlarda — hududiy boʻlinma) vaqtincha boshqaruvchini belgilash toʻgʻrisidagi qarori (hujjati);
boshqaruvchi tashkilot yoxud boshqaruvchini tanlash boʻyicha ochiq tanlov natijalari haqida tuzilgan bayonnoma;
quruvchi va boshqaruvchi tashkilot oʻrtasidagi uyni boshqarish shartnomasi.
Koʻp kvartirali uyni boshqarish vakolati faqatgina elektron reyestrda roʻyxatdan oʻtgan jismoniy va yuridik shaxslarga berilishi mumkin, koʻp kvartirali uyni bevosita boshqarish holatlari bundan mustasno;
koʻp kvartirali uyni boshqarish organiga biriktirish — koʻp kvartirali uyni boshqarish vakolatini beruvchi hujjatlarga muvofiq elektron reyestrda boshqarish organi boshqaruvidagi uyni qayd etish hamda “Mening uyim” billing tizimida mazkur uy boʻyicha hisob-kitoblarni amalga oshirish imkoniyatini berish;
koʻp kvartirali uyni boshqarish shartnomasi — koʻp kvartirali uydagi joy mulkdorlari (yoki umumiy yigʻilish vakolat bergan shaxs) yoki quruvchi va boshqaruvchi tashkilot (boshqaruvchi) oʻrtasida amaldagi qonunchilik talablariga muvofiq yozma shaklda tuzilgan shartnoma.
Quruvchi va boshqaruvchi tashkilot oʻrtasida tuzilgan koʻp kvartirali uyni boshqarish shartnomasida quruvchining koʻp kvartirali uy-joyni ekspluatatsiya qilish boʻyicha qonunchilikda belgilangan kafolat muddati hamda uchinchi shaxslarning (uyning mulkdorlari) huquq va manfaatlari inobatga olinishi shart;
malaka sertifikati — boshqaruvchi tashkilotning rahbar va xodimlarining, shuningdek, boshqaruvchining, shirkat boshqaruvi raisining koʻp kvartirali uylarni boshqarish boʻyicha malakasini tasdiqlovchi davlat namunasidagi hujjat;
talabgor — boshqarish organlarining elektron reyestrida roʻyxatdan oʻtish uchun tegishli hujjatlarni ilova qilgan holda soʻrovnoma yuborgan jismoniy yoki yuridik shaxs;
topshirish-qabul qilish dalolatnomasi — koʻp kvartirali uydagi joy mulkdorlarining umumiy yigʻilishi qaroriga asosan belgilangan boshqarish organi hamda yigʻilish oʻtkazilgan kunga qadar mazkur uyni boshqarib kelgan boshqarish organi oʻrtasida tuzilgan koʻp kvartirali uyning texnik hujjatlari, uyni boshqarish uchun zarur boʻladigan boshqa hujjatlar, texnik vositalar va asbob-uskunalar, debitor hamda kreditor qarzdorliklar boʻyicha topshirish-qabul qilish dalolatnomasi.
3. Elektron reyestr vakolatli organ tomonidan shakllantiriladi va yuritiladi hamda vakolatli organning rasmiy veb-saytiga (keyingi oʻrinlarda — veb-sayt) joylashtiriladi.
2-bob. Davlat xizmatlarini koʻrsatish tartibi
4. Talabgor yoki boshqarish organi soʻrovnoma berish uchun Davlat xizmatlari markazlariga shaxsan kelib murojaat etadi yoki Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portalida (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) davlat xizmatidan elektron shaklda foydalanish uchun roʻyxatdan oʻtadi.
Soʻrovnoma YIDXP orqali dam olish va bayram kunlaridan qatʼi nazar, har kuni 24 soat davomida yuborilishi mumkin.
Bunda soʻrovnoma ish vaqtidan keyin yoki dam olish va bayram kunlarida tushganda, kalendar boʻyicha navbatdagi ish kuni soʻrovnomaning vakolatli organga tushgan va vakolatli organ tomonidan qabul qilingan kun deb hisoblanadi.
5. Soʻrovnoma beruvchi oʻzi kelib murojaat etgan taqdirda, davlat xizmatlari markazlari xodimi soʻrovnoma beruvchi nomidan, YIDXP orqali murojaat etgan taqdirda esa, soʻrovnoma beruvchi mustaqil ravishda soʻrovnomani ushbu Reglamentning 1-ilovasiga muvofiq shaklda toʻldiradi.
Soʻrovnomaga uning turiga qarab mazkur Reglamentning 13 — 15-bandlarida koʻrsatilgan hujjatlar ilova qilinadi. Ilova qilinadigan hujjatlar PDF, PNG yoki JPEG formatda boʻlishi kerak.
Soʻrovnoma beruvchidan tegishli soʻrovnoma turi boʻyicha mazkur Reglamentning 13 — 15-bandlarida koʻrsatilmagan maʼlumotlar va hujjatlarni talab qilish taqiqlanadi.
Soʻrovnomaga zarur maʼlumotlar kiritilgandan soʻng soʻrovnoma beruvchi maʼlumotlarning toʻgʻriligini tekshiradi va imzolarni identifikatsiya qilishning zamonaviy vositalari (daktiloskopiya, elektron imzo, Mobil-ID va boshqalar) bilan tasdiqlaydi.
Soʻrovnoma beruvchi YIDXP orqali murojaat etgan taqdirda, soʻrovnomani elektron raqamli imzo (keyingi oʻrinlarda — ERI) bilan tasdiqlash talab etiladi.
6. Davlat xizmati koʻrsatilganligi uchun bazaviy hisoblash miqdorining ellik foizi miqdorida Davlat xizmati koʻrsatilgani uchun yigʻim (keyingi oʻrinlarda — yigʻim) undiriladi.
yigʻim toʻlanganligi axborot-kommunikatsiya tizimlari orqali tasdiqlanadi.
7. Yigʻim uchun toʻlangan summa quyidagi tartibda taqsimlanadi:
a) Davlat xizmatlari markazlariga oʻzi kelib murojaat etganda:
18 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining Davlat xizmatlarini rivojlantirish jamgʻarmasining shaxsiy hisob-raqamiga;
10 foizi — Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini rivojlantirish Respublika markazining shaxsiy hisobvaragʻiga;
qolgan mablagʻlar — vakolatli organning Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasidagi maxsus hisobvaragʻiga;
b) YIDXP orqali murojaat etilganda:
10 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining Davlat xizmatlarini rivojlantirish jamgʻarmasining shaxsiy hisobraqamiga;
11,75 foizi — “Raqamli hukumat loyihalarini boshqarish markazi” davlat muassasasining Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasidagi shaxsiy hisobvaragʻiga (shu jumladan, 0,5 foizi yigʻim toʻlanganligi Yagona billing tizimi orqali tasdiqlanganligi uchun);
10 foizi — Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini rivojlantirish Respublika markazining shaxsiy hisobvaragʻiga oʻtkaziladi;
qolgan mablagʻlar — vakolatli organning Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasidagi maxsus hisobvaragʻiga oʻtkaziladi.
8. Soʻrovnoma va unga ilova qilingan hujjatlarda notoʻgʻri maʼlumotlar koʻrsatilishi, shuningdek, davlat xizmatlarini koʻrsatish uchun yigʻimni toʻlamaslik davlat xizmatlarini koʻrsatishni rad etish uchun asos hisoblanadi.
Davlat xizmatlarini koʻrsatishni boshqa asoslar boʻyicha rad etish taqiqlanadi (soʻnggi bir yil ichida elektron reyestrdan chiqarib yuborilgan boshqarish organlari bundan mustasno).
Soʻrovnoma va unga ilova qilingan hujjatlarda notoʻgʻri maʼlumotlar aniqlanganda, 1 ish kuni ichida Davlat xizmatlari markazlariga (oʻzi kelib murojaat etgan taqdirda) yoki soʻrovnoma beruvchiga (elektron tarzda murojaat etgan taqdirda) Yagona interaktiv davlat xizmatlari portal (YIDXP) orqali elektron ravishda xabarnoma yuboradi.
Soʻrovnoma beruvchi xabarnomani olgan kundan boshlab oʻn kun ichida hujjatlardagi kamchiliklarni bartaraf qilib, davlat xizmatlarini koʻrsatish uchun yigʻim toʻlamagan holda, Davlat xizmatlari markazlariga yoki YIDXP orqali takroran murojaat qilish huquqiga ega.
9. Soʻrovnoma beruvchi davlat xizmatidan foydalanishdan uni koʻrsatishning har qanday bosqichida bosh tortish huquqiga ega.
Soʻrovnoma beruvchi davlat xizmatidan foydalanishdan bosh tortganda, uning soʻrovnomasi koʻrilmasdan qoldiriladi. Bunda toʻlangan yigʻim summasi qaytarilmaydi.
10. Oʻzi kelib murojaat etganda Davlat xizmatlari markazlari soʻrovnoma toʻldirilgan vaqtdan boshlab uni bir soat mobaynida vakolatli organga yuboradi.
YIDXP orqali murojaat qilinganda esa, soʻrovnoma avtomatik ravishda vakolatli organga yuboriladi.
11. Davlat xizmati koʻrsatilgani uchun yigʻim soʻrovnoma beruvchi tomonidan invoys kelib tushgandan soʻng uch kun mobaynida invoysda koʻrsatilgan miqdorda toʻlanadi.
Invoysda koʻrsatilgan summa toʻlanganligi axborot-kommunikatsiya tizimi orqali tasdiqlanadi.
Davlat xizmati koʻrsatilishi uchun YIDXP orqali murojaat etilganda, ushbu bandning birinchi xatboshisida koʻrsatilgan yigʻim summasining 90 foizi undiriladi.
3-bob. Koʻp kvartirali uyni boshqarish organini elektron reyestrda roʻyxatdan oʻtkazish va koʻp kvartirali uyni boshqarish organiga biriktirish tartibi
12. Koʻp kvartirali uyni boshqarish organini elektron reyestrda roʻyxatdan oʻtkazish va koʻp kvartirali uyni boshqarish organiga biriktirish tartibi mazkur Reglamentning 2-ilovasiga muvofiq sxemada amalga oshiriladi.
13. Elektron reyestrga kirish uchun soʻrovnomaga quyidagi hujjatlar ilova qilinadi (bundan koʻp kvartirali uyni bevosita boshqarish holatlari mustasno):
mazkur Reglamentga 3-ilovaga muvofiq talabgorning koʻp kvartirali uyni boshqarish uchun mavjud ishchi-xizmatchilari hamda moddiy-texnik bazasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar pasportining tasdiqlangan nusxasi;
tasdiqlangan shtatlar jadvali (boshqaruvchi tashkilot va shirkat uchun);
tegishli malaka sertifikati (shirkat raisi, boshqaruvchi (yakka tartibdagi tadbirkor) va boshqaruvchi tashkilot — kamida ikki nafar xodim, shu jumladan, boshqaruvchi tashkilotining rahbari uchun talab qilinadi).
Bunda yuridik shaxsni (yoki yakka tartibdagi tadbirkorni) roʻyxatdan oʻtkazish toʻgʻrisidagi guvohnoma, Nizom (tegishli malaka sertifikati tizimda mavjud boʻlsa) “Elektron hukumat” tizimi idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali soʻrab olinadi.
14. Koʻp kvartirali uy kengashi elektron reyestrga kirish uchun soʻrovnomaga koʻp kvartirali uyni boshqarish vakolatini beruvchi hujjat nusxasi va topshirish-qabul qilish dalolatnomasini ilova qiladi.
15. Koʻp kvartirali uyni boshqarish organiga biriktirish uchun soʻrovnomaga quyidagi hujjatlar ilova qilinadi:
a) boshqaruvchi tashkilotlar (boshqaruvchilar) va shirkatlar:
koʻp kvartirali uyni boshqarish vakolatini beruvchi hujjat nusxasi;
topshirish-qabul qilish dalolatnomasi;
b) koʻp kvartirali uy kengashi:
kommunal xizmat koʻrsatish korxonalari va uy kengashi oʻrtasida uydagi umumiy mulkka kommunal xizmat koʻrsatish boʻyicha tuzilgan shartnomalar;
koʻp kvartirali uydagi avariya holatlarini bartaraf etish uchun avariya-dispetcherlik xizmatini koʻrsatuvchi tashkilot bilan uy kengashi oʻrtasida tuzilgan shartnoma.
16. Kelib tushgan soʻrovnomani hududiy boʻlinma besh ish kuni mobaynida koʻrib chiqadi (zarur hollarda joyiga chiqqan holda) va oʻrganish natijalari boʻyicha soʻrovnomani kelishib, vakolatli organga yuboradi yoki rad etishning aniq sabablarini va qonunchilik hujjatlari normalarini koʻrsatgan holda kelishishni rad etadi.
17. Vakolatli organ hududiy boʻlinma tomonidan kelishilgan soʻrovnomani uch ish kuni mobaynida koʻrib chiqadi va soʻrovnoma boʻyicha ijobiy qaror qabul qiladi yoki aniq sabablarini va qonunchilik hujjatlari normalarini koʻrsatgan holda rad etadi.
18. Soʻrovnoma beruvchi tomonidan mazkur Reglamentning 13 — 15-bandlaridan birida nazarda tutilgan hujjatlar toʻliq taqdim etilmaganda, soʻrovnomaga ilova qilinadigan hujjatlarda notoʻgʻri yoki ularda buzib koʻrsatilgan maʼlumotlar mavjud boʻlganda, hududiy boʻlinma yoki vakolatli organ tomonidan soʻrovnomani rad etishga asos boʻladi.
Davlat xizmatlarini koʻrsatishni boshqa asoslarga koʻra rad etish taqiqlanadi.
19. Soʻrovnoma beruvchi koʻp kvartirali uyni boshqarish organiga biriktirish uchun kelishish rad etilgan kundan boshlab besh ish kuni mobaynida davlat xizmatini koʻrsatish uchun yigim toʻlamasdan, koʻrsatilgan kamchilikni bartaraf etgan holda kelishish uchun takroran soʻrovnoma berish huquqiga ega.
Koʻp kvartirali uyni boshqarish organiga biriktirish uchun kelishishni rad etish uchun asos boʻlgan sabablar soʻrovnoma beruvchi tomonidan bartaraf qilingan taqdirda, soʻrovnoma takroran tushgan kundan boshlab besh ish kunidan ortiq boʻlmagan muddatda koʻrib chiqiladi.
20. Vakolatli organ tomonidan soʻrovnoma boʻyicha ijobiy qaror qabul qilinganda:
talabgorni boshqarish organi sifatida elektron reyestrga kiritadi hamda unga boshqarish organi sifatida roʻyxatdan oʻtgan ID-raqami va elektron reyestrdagi shaxsiy kabineti havolasini yuboradi;
koʻp kvartirali uyni elektron reyestrda boshqarish organiga biriktiradi hamda mazkur uy boʻyicha “Mening uyim” billing tizimidagi shaxsiy kabinetida hisob-kitob yuritish imkoniyatini taqdim etadi.
4-bob. Yakunlovchi qoidalar
21. Qurilishi tugallangan, biroq foydalanishga topshirilmagan uylar boshqarish organlariga mazkur Reglamentda belgilangan tartibda biriktiriladi.
22. Vakolatli davlat organlarining mansabdor shaxslari qonunchilikka rioya etilishi ustidan nazoratni amalga oshirish, qonunchilik buzilganligi haqidagi soʻrovnomalar va ishlarni koʻrib chiqishda qonunchilikda belgilangan tartibda soʻrovnomaning hujjatlari va axborotini olish huquqiga ega.
23. Vakolatli organ qonunchilikka muvofiq oʻziga berilgan vakolatlarni amalga oshirishi munosabati bilan maʼlum boʻlib qolgan tijorat sirini yoki qonun bilan qoʻriqlanadigan boshqa sirni tashkil etuvchi maʼlumotlarni va shaxsga doir maʼlumotlarni oshkor qilishga haqli emas.
24. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi, uning hududiy boshqarmalari va Davlat xizmatlari markazlari ushbu Reglament talablari ijrosi boʻyicha davlat organlari va boshqa tashkilotlarning faoliyati yuzasidan, shu jumladan, YIDXP orqali doimiy nazoratni va monitoringni amalga oshiradi.
25. Soʻrovnomachi davlat organlari va boshqa tashkilotlar xodimlarining xatti-harakatlari yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda shikoyat qilishi mumkin.
26. Ushbu Reglament talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.
Koʻp kvartirali uylarni boshqarish organlarining elektron reyestrini yuritish boʻyicha maʼmuriy reglamentga 1-ILOVA
Koʻp kvartirali uyni boshqarish organini elektron reyestrda roʻyxatdan oʻtkazish va koʻp kvartirali uyni boshqarish organiga biriktirish boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatish uchun
_______________ _______________ (sanasi) (raqami) I. Buyurtma beruvchi — jismoniy shaxs toʻgʻrisida maʼlumot: 1. F.I.O.: 2. Pasport maʼlumotlari (seriyasi va raqami): 3. JSHSHIR: 4. Manzili: 5. Telefon raqami: 6. Elektron pochta manzili: II. Buyurtma beruvchi — yuridik shaxs toʻgʻrisida maʼlumot: 1. Toʻliq nomi: 2. Tashkiliy-huquqiy shakli: 3. STIR: 4. Yuridik manzili: 5. Telefon raqami: 6. Elektron pochta manzili: III. Buyurtma beruvchi — yakka tartibdagi tadbirkor: 1. F.I.O.: 2. Pasport maʼlumotlari (seriyasi va raqami): 3. STIR: 4. Telefon raqami: 5. Elektron pochta manzili:
Koʻp kvartirali uylarni boshqarish organlarining elektron reyestrini yuritish boʻyicha maʼmuriy reglamentga 2-ILOVA
Koʻp kvartirali uyni boshqarish organini elektron reyestrda roʻyxatdan oʻtkazish va koʻp kvartirali uyni boshqarish organiga biriktirish tartibi
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari I bosqich Boshqarish organi Koʻp kvartirali uyni boshqarish organini elektron reyestrda roʻyxatdan oʻtkazish yoki koʻp kvartirali uyni boshqarish organiga biriktirish uchun Davlat xizmatlari markaziga oʻzi kelib yoxud YIDXP orqali murojaat qilinadi. Oʻz xohishiga kura Murojaat qilganda II bosqich 1. Davlat xizmatlari markazi 2.YIDXP Qoraqalpogʻiston Respublikasi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi, viloyatlar qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi bosh boshqarmalari hamda Toshkent shahri uy-joy kommunal xoʻjaligi bosh boshqarmasiga yuboriladi. Avtomatik ravishda III bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi, viloyatlar qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi bosh boshqarmalari hamda Toshkent shahri uy-joy kommunal xoʻjaligi bosh boshqarmasi Kelib tushgan buyurtmani koʻrib chiqadi va oʻrganish natijalari boʻyicha buyurtmani kelishib, vakolatli organga yuboradi yoki asoslantirilgan rad javobini beradi. 5 ish kunida IV bosqich Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi Hududiy boʻlinma tomonidan kelishilgan buyurtmaga asosan talabgorni boshqarish organi sifatida elektron reyestrga kiritadi (yoki koʻp kvartirali uyni elektron reyestrda boshqarish organiga biriktirish) yoki asoslantirilgan rad javobini beradi. 3 ish kunida
Koʻp kvartirali uylarni boshqarish organlarining elektron reyestrini yuritish boʻyicha maʼmuriy reglamentga 3-ILOVA
Talabgorning koʻp kvartirali uyni boshqarish uchun mavjud ishchi-xizmatchilari hamda moddiy-texnik bazasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar
_______________ _______________ (sanasi) (raqami) Avariya-dispetcherlik xizmati Manzili: Aloqa raqamlari: Boshqa tashkilotga qarashli (shartnoma asosda) boʻlsa, shartnoma raqami, tashkilot nomi va STIR raqami Ishchi-xodimlari Lavozimi Doimiy (soni) Fuqarolik-huquqiy shartnoma asosida (soni) Rahbar Oʻrinbosar Hisobchi Muhandis Dispetcher Elektr ustasi Chilangar usta (santexnik) Tozalash va obodonlashtirishga masʼul xodim Boshqa xodimlar Moddiy-texnik bazasi Turi: soni Avtotransport Mototransport Maxsus transport Santexnika toʻplami Kompyuter jamlanmasi Boshqa vositalar
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 18-dekabrdagi 853-son qaroriga 2-ILOVA
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 1-fevraldagi 47-son qarori bilan tasdiqlangan Koʻp kvartirali uylarni boshqarish organlarining elektron reyestri hamda reytingini shakllantirish va yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. 2-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
2. “Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
vakolatli davlat organi — Oʻzbekiston Respublikasi qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi;
koʻp kvartirali uyni boshqarish organi (keyingi oʻrinlarda — boshqarish organi) — qonunchilikda belgilangan tartibda elektron reyestrda roʻyxatdan oʻtgan hamda koʻp kvartirali uyni boshqarish vakolatiga ega boʻlgan jismoniy (yakka tartibdagi tadbirkor) yoki yuridik shaxs.
Koʻp kvartirali uylarni boshqarish organlarining elektron reyestri (keyingi oʻrinlarda — elektron reyestr) — vakolatli davlat organi tomonidan koʻp kvartirali uylarni boshqarish organlari faoliyatini roʻyxatdan oʻtkazish/chiqarish hamda ular toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni yuritish uchun moʻljallangan elektron maʼlumotlar bazasi;
reyting — koʻp kvartirali uydagi joylar mulkdorlarining fikr-mulohazalari, soliq, statistik va boshqa hisobotlardagi muntazam ravishda yangilanib turiladigan maʼlumotlar asosida avtomatik ravishda shakllanadigan koʻp kvartirani uylarni boshqarish organlarini baholashning elektron tizimi”.
2. 4-band quyidagi mazmundagi beshinchi va oltinchi xatboshilar bilan toʻldirilsin:
boshqarish organlari faoliyatini muvofiqlashtirib borish;
koʻp kvartirali uylardagi joylar mulkdorlari va foydalanuvchilarining isteʼmolchi sifatidagi huquqlarini himoya qilish;
3. 6-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“6. Koʻp kvartirali uyni boshqarish organi Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 18-dekabrdagi 853-son qarori bilan tasdiqlangan Koʻp kvartirali uylarni boshqarish organlarining elektron reyestrini yuritish boʻyicha maʼmuriy reglamentga muvofiq elektron reyestrda roʻyxatdan oʻtkaziladi”;
4. 7 va 8-bandlar oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
5. 10-banddagi “tugatilgan” soʻzi “elektron reyestrdan chiqarilgan” soʻzlari bilan almashtirilsin.
6. 11 — 13 bandlar quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“11. Elektron reyestrga boshqarish organi faoliyati bilan bogʻliq boʻlgan hamda boshqarish organi boshqaruvidagi uylar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar kiritiladi va muntazam ravishda yangilab boriladi.
Elektron reyestr tegishli davlat organlaridan “Elektron hukumat” tizimi idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali maʼlumotlarni oladi va elektron reyestrdagi maʼlumotlarni har chorakda avtomatik ravishda yangilab boradi.
12. Koʻp kvartirali uy boshqarish organiga qonunchilikda belgilangan tartibda biriktiriladi va elektron reyestrda qayd etiladi.
13. Vakolatli davlat organi oʻzida mavjud elektron tizimlarda boshqarish organiga qonunchilikda taqiqlanmagan maʼlumotlardan foydalanish hamda mazkur tizimlarda amaliyot bajarish imkoniyatini taqdim etishi mumkin.
Bunda boshqarish organi vakolatli davlat organiga tegishli elektron tizimlardan vakolatli davlat organi tomonidan belgilangan tartib hamda taraflarning kelishuviga koʻra foydalanadi”.
7. 14-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“14. Vakolatli davlat organi tomonidan boshqarish organi kuyidagi hollarda elektron reyestrdan chiqariladi:
koʻp kvartirali uyni boshqarish organi qonunchilikka muvofiq elektron reyestrga kirish uchun taqdim etgan hujjatlar haqqoniy emasligi, notoʻgʻri yoki buzib koʻrsatilganligi holati tegishli davlat organlari tomonidan tasdiqlangan taqdirda;
boshqarish organi tugatilganda;
barcha koʻp kvartirali uylardagi joylar mulkdorlarining umumiy yigʻilishi tomonidan uyni boshqarishdan bir tomonlama voz kechish haqida qaror qabul qilingan vaqtdan uch oy muddat ichida boshqarish organi boshqaruviga uy biriktirilmagan taqdirda;
boshqarish organi tomonidan koʻp kvartirali uylarni boshqarish qoidalari bir kalendar yilda uch marta buzilganda va har bir holat yuzasidan tegishli davlat organlari tomonidan qonunchilikda belgilangan tartibda choralar koʻrilganda;
boshqarish organi insofsiz boshqarish organlari roʻyxatiga kiritilganda.
Boshqarish organini elektron reyestrdan chiqarish toʻgʻrisida qaror vakolatli davlat organi tomonidan qabul qilinadi.
Bunda vakolatli davlat organi tomonidan boshqarish organini elektron reyestrdan chiqarish toʻgʻrisida uning shaxsiy kabinetiga uch kun oldin xabar yuboriladi”.
8. 15-band oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
9. 23-banddagi “Veb-saytda” soʻzlari “Elektron reyestrda” soʻzlari bilan almashtirilsin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2024-yil 18-dekabr,
853-son