UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 26-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 26 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 26 декабря 2024 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 26 December 2024 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ТУШУНЧАЛАР ВА АТАМАЛАР

ТАЛАБЛАР ВА ШАРТЛАР

Ўзбекистон Республикасида электрон тижорат соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

Электрон тижорат соҳасини янада ривожлантириш, замонавий логистика инфратузилмасига эга миллий электрон тижорат маконини шакллантириш, бозор иштирокчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Рақамли маҳсулотлар (хизматлар) истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақамли технологиялар воситасида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларга қарши курашишни кучайтириш чоралари тўғрисида» 2023 йил 30 ноябрдаги ПҚ-381-сон қарори билан Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) электрон тижоратни тартибга солиш ва ривожлантириш соҳасида ваколатли орган этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Агентлик, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Рақамли технологияларни ривожлантириш вазирлигининг:

электрон тижорат операторлари (электрон савдо платформаси, буюртмалар агрегатори ва рақамли стриминг хизмати операторлари) сифатида фақат юридик шахслар — Ўзбекистон Республикаси резидентлари фаолият юритиши мумкинлиги;

электрон шартнома ёки битимлар орқали ҳеч қандай мажбуриятлар олмайдиган, фойдаланувчиларга ўзининг ахборот ресурси ёки платформаси орқали товар (иш, хизмат) ҳамда рақамли маҳсулотлар ҳақида маълумот ёки ахборот бериш билан чекланадиган юридик шахс ва (ёки) якка тартибдаги тадбиркор электрон тижорат оператори ҳисобланмаслиги ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.

3. Агентлик манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қуйидагиларни назарда тутган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси , Ўзбекистон Республикаси « Электрон тижорат тўғрисида »ги ва « Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида »ги қонунлари ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

электрон тижорат тўғрисидаги қонунчиликка 1-иловага мувофиқ янги тушунча ва атамаларни киритиш;

2025 йил 1 июлдан бошлаб электрон тижорат операторлари фаолиятини амалга ошириши учун хабардор қилиш тартибини жорий қилиш, 2-иловага мувофиқ талаблар ва шартларни киритиш, электрон тижорат субъектлари реестрини юритиш.

4. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Автотранспорт воситалари бошқарувида ва йўналишли такси фаолиятини амалга оширишда қўшимча қулайликлар яратиш тўғрисида» 2022 йил 7 июлдаги ПҚ-311-сон қарорининг 5-бандида назарда тутилган тартибни такомиллаштириш ҳамда унинг амал қилиш муддатини узайтириш бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Бунда, истисно тариқасида, ушбу тартибнинг амал қилиши 2024 йил 31 декабрдан кейинги давр учун ҳам янги тартиб қабул қилингунга қадар давом эттирилсин.

5. Белгилансинки, 2025 йил 1 июлдан бошлаб:

электрон тижорат операторлари, электрон тижоратда сотувчи бўлган юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар, шунингдек, электрон тижоратда сотувчи ёки буюртма асосида товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчи ёхуд йўловчиларни енгил автотранспорт воситаларида ташиш фаолиятини амалга оширувчи ўзини ўзи банд қилган шахслар (кейинги ўринларда — ўзини ўзи банд қилган шахслар) электрон тижорат доирасида ҳисоб-китобларни фақат алоҳида банк ҳисобварақларидан фойдаланган ҳолда амалга оширади;

ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг электрон тижорат доирасидаги фаолияти натижасида пул маблағлари тарзида олинган даромадлари ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг банк картаси бириктирилган алоҳида банк ҳисобварағида ҳисобга олинади;

ўзини ўзи банд қилган шахснинг алоҳида банк ҳисобварағига тушадиган маблағлар суммаси товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан олинган даромадларни аниқлашда ўзини ўзи банд қилган шахсни айланмадан олинадиган солиқни тўловчи сифатида тан олиш учун фойдаланилади.

6. Электрон тижорат соҳасида фаолиятни амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида:

а) буюртма асосида товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчи ёки йўловчиларни енгил автотранспорт воситаларида ташиш фаолиятини амалга оширувчи ўзини ўзи банд қилган шахсларга, истисно тариқасида:

товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчиси ёки электрон тижорат субъектининг ҳисобварағига маблағларни кейинчалик инкассация учун ҳисобдан чиқариш учун ўзини ўзи банд қилган шахснинг алоҳида банк ҳисобварағига маблағларни олдиндан жойлаштиришга;

етказиб берилган товарлар (ишлар, хизматлар) учун тўлов сифатида нақд пул қабул қилишга, бунда алоҳида банк ҳисобварағидан товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчисига ўтказилган маблағларга тенг миқдорда нақд пулни инкассация қилмасдан ўз ихтиёрида қолдиришга рухсат берилсин;

б) электрон савдо платформалари орқали товарларни экспорт қилишда юридик шахсларга, якка тартибдаги тадбиркорларга ва ўзини ўзи банд қилган шахсларга электрон савдо платформалари, хусусан, хорижий электрон савдо платформалари орқали сотилган товарларни курьерлик ва почта жўнатмалари орқали хорижий давлатлардаги ўз харидорларига, шу жумладан, Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида шартномаларни рўйхатдан ўтказмасдан юборишга рухсат берилсин.

Бунда электрон савдо платформалари Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси ахборот тизимлари билан белгиланган тартибда интеграция қилиниши лозим.

7. Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси Агентлик билан биргаликда уч ой муддатда электрон шаклда хизматлар кўрсатаётган, хизматларни реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси бўлган хорижий юридик шахслар томонидан солиқ тўловлари ва қамровининг тўлиқлигини ўрганишни ташкил этиш ҳамда натижаларига кўра ушбу соҳада самарали назоратни таъминлайдиган механизмларни жорий этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги Агентлик билан биргаликда 2025 йил 1 июлга қадар хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда, халқаро тажриба асосида электрон тижорат субъектлари учун ҳисобот шаклларини жорий қилсин.

9. Агентлик ушбу қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда уч ой муддатда:

электрон тижоратда курьерлик хизмати фаолиятини амалга ошириш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида электрон тижоратни амалга ошириш қоидаларини тасдиқлашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан биргаликда Ўзбекистон Республикасида электрон тижорат соҳасидаги низоларни онлайн тарзда ҳал этиш механизмларини ишлаб чиқиб, тегишли таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

10. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси оммавий ахборот воситалари билан биргаликда ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти кенг ёритилишини таъминласин.

11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори Д.Р. Ли зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 26 декабрдаги 885-сон қарорига 1-ИЛОВА

Электрон тижорат тўғрисидаги қонунчиликка қўшимча киритиладиган

1. Буюртмалар агрегатори оператори — хизматлар харидорларига (буюртмачиларга) хизматларни қидириш, туркумлаштириш, тизимлаштириш, танлаш ва солиштириш имкониятини берувчи, буюртмалар агрегаторини оператив бошқарувчи электрон тижорат субъекти.

2. Рақамли стриминг хизмати оператори — рақамли стриминг хизматини оператив бошқарувчи, фойдаланувчиларга рақамли маҳсулотга, шу жумладан, реал вақт режимида киришга, реал вақт режимида (онлайн) электрон шартномалар тузиш ва электрон транзакцияларни амалга ошириш имкониятини берувчи электрон тижорат субъекти.

3. Электрон савдо платформаси оператори — электрон савдо платформаси ва (ёки) веб-сайт ва (ёки) Интернет тармоғидаги веб-сайт ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг оператив бошқарувчи ва (ёки) фойдаланувчи, сотувчилар ва харидорларга, шу жумладан, ўз номидан электрон шартномалар тузиш ва товарларнинг олди-сотдисига қаратилган электрон операцияларни амалга ошириш бўйича хизматлар кўрсатувчи электрон ҳисоблаш машиналари учун дастур эгаси ва (ёки) Интернет тармоғидаги веб-сайт ва (ёки) веб-сайт саҳифаси эгалари бўлган электрон тижорат субъекти.

4. Буюртмалар агрегатори — ахборот тизими бўлиб, унинг доирасида қуйидагилар амалга оширилади:

агрегатор платформасидаги хизматларга кириш ва улардан фойдаланиш бўйича аризаларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш, назорат қилиш ва уларга ишлов бериш;

электрон шартномалар ва буюртмаларни тузиш ва уларга ишлов бериш;

электрон битимларда иштирок этиш бўйича етказиб берувчилар ва харидорлар (буюртмачилар) томонидан берилган аризаларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш, назорат қилиш ва уларга ишлов бериш;

етказиб берувчилар томонидан хизмат (иш) ҳақидаги маълумотларни жойлаштириш ёки ўчириш бўйича аризаларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш, назорат қилиш ва уларга ишлов бериш;

хизматлар нархларини эълон қилиш;

харидор (буюртмачи)нинг шахсий кабинети (профили)ни яратиш жараёни;

хизмат кўрсатиш ва сотиб олиш бўйича аризаларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш, назорат қилиш ва уларга ишлов бериш;

электрон тўловларни амалга ошириш бўйича аризаларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш, назорат қилиш ва уларга ишлов бериш;

маблағларни депонентлаш (эскроу);

агрегатор оператори томонидан кўрсатилган хизматлар учун комиссия ундириш;

хизмат кўрсатиш усулини танлаш, шунингдек, хизматнинг ҳолатини кузатиб бориш;

хизматларни қидириш, тоифалаш, тизимлаштириш, танлаш ва солиштириш;

хизмат ҳақидаги маълумотларни янгилаш;

хизматлар, етказиб берувчилар ва (ёки) харидорлар (буюртмачилар) бўйича фикрлар ва рейтинглар шакллантириш;

кўрсатилган хизмат сифатини назорат қилиш;

хизмат етказиб берувчи ва харидор (буюртмачи) ўртасидаги ўзаро мулоқот;

танловлар ва аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш;

амалга оширилган электрон битимлар бўйича статистика маълумотлари, ҳисобот ҳужжатларини тайёрлаш;

электрон битимларни амалга ошириш ва бажариш учун зарур бўлган маълумотларни сақлаш, ошкор қилиш ва уларга ишлов бериш;

хизматлар агрегатори билан боғлиқ бошқа функциялар.

5. Рақамли стриминг хизмати — ахборот тизими бўлиб, унинг доирасида қуйидагилар амалга оширилади:

рақамли стриминг хизмати платформасида рақамли маҳсулотдан фойдаланишни таъминлаш учун аризаларни қабул қилиш, рўйхатга олиш, қайта ишлаш ва мониторинг қилиш;

платформада рақамли маҳсулотни ва (ёки) рақамли маҳсулот ҳақидаги маълумотларни жойлаштириш ёки олиб ташлаш учун аризаларни қабул қилиш, рўйхатга олиш, қайта ишлаш ва назорат қилиш;

фойдаланувчига тақдим этилаётган рақамли маҳсулот хизматлари нархларини эълон қилиш;

рақамли маҳсулот билан электрон битимларда иштирок этиш учун рақамли маҳсулот етказиб берувчилар ва фойдаланувчилардан аризаларни қабул қилиш, рўйхатга олиш, қайта ишлаш ва мониторинг қилиш;

электрон шартномалар ва буюртмаларни тузиш ва қайта ишлаш;

рақамли стриминг хизмати платформасида онлайн-стриминг (товарлар (хизматлар), рақамли маҳсулотлар рекламаси), танловлар ва аукционлар ўтказиш;

етказиб берувчи ва рақамли маҳсулотдан фойдаланувчи ўртасида электрон тўловларни амалга ошириш учун аризаларни қабул қилиш, рўйхатга олиш, қайта ишлаш ва назорат қилиш;

рақамли маҳсулот учун интеллектуал мулк объектларини, хусусан муаллифлик ҳуқуқлари, товар белгилари ва муаллифлик ҳуқуқи эгаларининг патентларига қўйиладиган талабларга риоя этилишини мониторинг ва ҳимоя қилиш;

рақамли контентни юклаб олиш имкониятини бериш (агар бундай хизмат кўрсатилса);

электрон шартномаларни тузиш ва қайта ишлаш, шу жумладан, электрон тўловларни амалга ошириш, маблағларни киритиш ва электрон операциялар учун электрон квитанцияни тақдим этиш бўйича кейинги операцияларни амалга ошириш учун фойдаланувчини учинчи томон платформасига йўналтириш;

рақамли стриминг оператори томонидан кўрсатилган хизматлар учун комиссия ундириш;

фойдаланувчининг шахсий кабинетини (профилини) яратиш;

фойдаланувчининг депозитини рақамли стриминг хизмати платформасидаги маблағлар билан тўлдириш;

рақамли маҳсулотдан фойдаланиш имкониятини (чекланган, чекланмаган) таъминлаш усулини танлаш;

рақамли маҳсулотни қидириш, туркумлаштириш, тизимлаштириш, танлаш ва таққослаш;

рақамли маҳсулот ҳақидаги маълумотларни янгилаш;

рақамли маҳсулот, провайдер ва (ёки) рақамли контент фойдаланувчиси учун шарҳлар ва рейтингларни яратиш;

тақдим этилган рақамли маҳсулот ва рақамли стриминг хизматлари сифатини назорат қилиш;

рақамли маҳсулот провайдери ва фойдаланувчи ўртасидаги ўзаро алоқа;

статистика маълумотларини, якунланган электрон операциялар бўйича ҳисобот ҳужжатларини тайёрлаш.

6. Электрон савдо платформаси — Интернет жаҳон ахборот ва телекоммуникация тармоғидан фойдаланган ҳолда, қуйидагиларни таъминлайдиган дастурий аппарат мажмуаси ёки ахборот-телекоммуникация тизими:

сотувчи томонидан истеъмолчини таништириш учун электрон тижорат товарларини сотиш бўйича таклифлар жойлаштириш, электрон тижорат товарларини реклама қилиш, олди-сотди шартномаси ёки бошқа шартномалар тузиш, электрон тўловларни амалга ошириш, тижорат товарларини истеъмолчига етказиб беришни ташкил этиш ҳисобидан товарни истеъмолчига масофадан сотиш имконияти;

электрон савдо платформасида товарлардан фойдаланиш имкониятини олиш учун аризаларни қабул қилиш, рўйхатга олиш, қайта ишлаш ва мониторинг қилиш;

электрон шартномалар ва буюртмаларни тузиш ва қайта ишлаш;

электрон битимларда иштирок этиш учун сотувчилар ва харидорларнинг аризаларини қабул қилиш, рўйхатга олиш, қайта ишлаш ва мониторинг қилиш;

сотувчилар томонидан маҳсулот ва (ёки) рақамли маҳсулот тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш ёки олиб ташлаш учун аризаларни қабул қилиш, рўйхатга олиш, қайта ишлаш ва мониторинг қилиш;

товарлар ва (ёки) рақамли маҳсулотлар нархларини эълон қилиш;

сотувчи ва харидор учун шахсий кабинет (профил) яратиш;

товарларни сотиш, сотиб олиш, сақлаш, ўтказиш, етказиб бериш ва (ёки) рақамли маҳсулотни рақамли дистрибуция қилиш учун аризаларни қабул қилиш, рўйхатга олиш, қайта ишлаш ва мониторинг қилиш, шу жумладан, ўз номидан;

товарларни етказиб бериш ва сақлаш;

сотувчилар ва харидорлар ўртасида электрон тўловларни қабул қилиш, рўйхатга олиш, қайта ишлаш ва назорат қилиш;

товар харидорга етказиб берилгандан сўнг маблағларни сотувчига ўтказиб бериш йўли билан маблағларни депонентлаш (эскроу);

электрон савдо платформаси оператори томонидан кўрсатилган хизматлар учун комиссия ундириш;

товарларни рақамли маркировкалаш ва тақсимлаш;

товарларни қабул қилиш ва (ёки) рақамли маҳсулотни рақамли дистрибуция қилиш усулини танлаш, шунингдек, етказиб бериш хизмати мавжуд бўлган ҳолларда, товарлар ва (ёки) рақамли маҳсулотларни етказиб бериш ҳолатини кузатиш;

товарлар, рақамли маҳсулотлар, сотувчилар ва (ёки) харидорлар учун шарҳлар ва рейтингларни яратиш;

товарлар ва (ёки) рақамли маҳсулотлар сифатини назорат қилиш;

сотувчи ва харидор ўртасидаги ўзаро муносабатлар;

электрон танловлар ва аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш;

амалга оширилган электрон операциялар бўйича статистика маълумотларини, ҳисобот ҳужжатларини тайёрлаш;

электрон битимларни амалга ошириш ва бунинг учун зарур бўлган маълумотларни сақлаш, қайта ишлаш ва ошкор қилиш;

электрон савдо платформаси билан боғлиқ бошқа функциялар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 26 декабрдаги 885-сон қарорига 2-ИЛОВА

Электрон тижорат субъектларининг фаолиятини хабардор қилиш тартибида амалга ошириш учун

Электрон тижорат субъектларининг фаолиятини хабардор қилиш тартибида амалга ошириш учун қуйидаги талаблар ва шартларга риоя қилиниши лозим:

Ўзбекистон Республикаси юридик шахси шаклида давлат рўйхатидан ўтиш;

Ўзбекистон Республикасининг электрон тижорат, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, реклама соҳасидаги қонунчилик ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этиш;

ваколатли органнинг сўровига мувофиқ электрон тижорат субъектларининг фаолиятига оид маълумотларни бепул тақдим этиш;

Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари талабларига риоя қилиш;

электрон тижорат иштирокчиларига хизматлар кўрсатиш учун зарур даражада ишлаши таъминланган ахборот тизимининг мавжудлиги;

фаолият бошланиши ҳақидаги хабарнома маълумотларининг ҳаққонийлигини таъминлаш;

ходимлар билан янги меҳнат шартномалари тузиш, шартномаларга ўзгартиришлар киритиш ва уларни бекор қилиш ҳолатларини, шунингдек, амалдаги меҳнат шартномалари тўғрисидаги маълумотларни «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексида мажбурий рўйхатга олиш — агар ходимлар учун тегишли фаолиятни (ҳаракатларни) амалга ошириш учун бундай талаб мавжуд бўлса;

хабардор қилувчининг номи, жойлашган жойи (яшаш манзили) ўзгарганлиги ёки филиал ва ваколатхона очилганлиги тўғрисида рўйхатга олингандан кейин ўн иш куни ичида ваколатли органни хабардор қилиш;

хабардор қилиш тартибига мувофиқ амалга ошириладиган фаолият (ҳаракат) турининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда бошқа талаблар ва шартлар.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 26 декабрь,

885-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.12.2024 й., 09/24/885/1077-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

TUSHUNCHALAR VA ATAMALAR

TALABLAR VA SHARTLAR

Oʻzbekiston Respublikasida elektron tijorat sohasini yanada rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Elektron tijorat sohasini yanada rivojlantirish, zamonaviy logistika infratuzilmasiga ega milliy elektron tijorat makonini shakllantirish, bozor ishtirokchilarining huquq va manfaatlarini himoya qilish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Raqamli mahsulotlar (xizmatlar) isteʼmolchilari huquqlarini himoya qilish va raqamli texnologiyalar vositasida sodir etiladigan huquqbuzarliklarga qarshi kurashishni kuchaytirish choralari toʻgʻrisida” 2023-yil 30-noyabrdagi PQ-381-son qarori bilan Istiqbolli loyihalar milliy agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) elektron tijoratni tartibga solish va rivojlantirish sohasida vakolatli organ etib belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Agentlik, Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Raqamli texnologiyalarni rivojlantirish vazirligining:

elektron tijorat operatorlari (elektron savdo platformasi, buyurtmalar agregatori va raqamli striming xizmati operatorlari) sifatida faqat yuridik shaxslar — Oʻzbekiston Respublikasi rezidentlari faoliyat yuritishi mumkinligi;

elektron shartnoma yoki bitimlar orqali hech qanday majburiyatlar olmaydigan, foydalanuvchilarga oʻzining axborot resursi yoki platformasi orqali tovar (ish, xizmat) hamda raqamli mahsulotlar haqida maʼlumot yoki axborot berish bilan cheklanadigan yuridik shaxs va (yoki) yakka tartibdagi tadbirkor elektron tijorat operatori hisoblanmasligi haqidagi takliflari maʼqullansin.

3. Agentlik manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda uch oy muddatda quyidagilarni nazarda tutgan holda, Oʻzbekiston Respublikasining Soliq kodeksi , Oʻzbekiston Respublikasi “ Elektron tijorat toʻgʻrisida ”gi va “ Litsenziyalash, ruxsat berish va xabardor qilish tartib-taomillari toʻgʻrisida ”gi qonunlari hamda boshqa qonunchilik hujjatlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish boʻyicha tegishli normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini Vazirlar Mahkamasiga kiritsin:

elektron tijorat toʻgʻrisidagi qonunchilikka 1-ilovaga muvofiq yangi tushuncha va atamalarni kiritish;

2025-yil 1-iyuldan boshlab elektron tijorat operatorlari faoliyatini amalga oshirishi uchun xabardor qilish tartibini joriy qilish, 2-ilovaga muvofiq talablar va shartlarni kiritish, elektron tijorat subyektlari reyestrini yuritish.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birgalikda bir oy muddatda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Avtotransport vositalari boshqaruvida va yoʻnalishli taksi faoliyatini amalga oshirishda qoʻshimcha qulayliklar yaratish toʻgʻrisida” 2022-yil 7-iyuldagi PQ-311-son qarorining 5-bandida nazarda tutilgan tartibni takomillashtirish hamda uning amal qilish muddatini uzaytirish boʻyicha tegishli normativ-huquqiy hujjat loyihasini Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.

Bunda, istisno tariqasida, ushbu tartibning amal qilishi 2024-yil 31-dekabrdan keyingi davr uchun ham yangi tartib qabul qilingunga qadar davom ettirilsin.

5. Belgilansinki, 2025-yil 1-iyuldan boshlab:

elektron tijorat operatorlari, elektron tijoratda sotuvchi boʻlgan yuridik shaxslar, yakka tartibdagi tadbirkorlar, shuningdek, elektron tijoratda sotuvchi yoki buyurtma asosida tovarlarni (ishlarni, xizmatlarni) yetkazib beruvchi yoxud yoʻlovchilarni yengil avtotransport vositalarida tashish faoliyatini amalga oshiruvchi oʻzini oʻzi band qilgan shaxslar (keyingi oʻrinlarda — oʻzini oʻzi band qilgan shaxslar) elektron tijorat doirasida hisob-kitoblarni faqat alohida bank hisobvaraqlaridan foydalangan holda amalga oshiradi;

oʻzini oʻzi band qilgan shaxslarning elektron tijorat doirasidagi faoliyati natijasida pul mablagʻlari tarzida olingan daromadlari oʻzini oʻzi band qilgan shaxslarning bank kartasi biriktirilgan alohida bank hisobvaragʻida hisobga olinadi;

oʻzini oʻzi band qilgan shaxsning alohida bank hisobvaragʻiga tushadigan mablagʻlar summasi tovarlarni (ishlarni, xizmatlarni) sotishdan olingan daromadlarni aniqlashda oʻzini oʻzi band qilgan shaxsni aylanmadan olinadigan soliqni toʻlovchi sifatida tan olish uchun foydalaniladi.

6. Elektron tijorat sohasida faoliyatni amalga oshirish uchun qulay shart-sharoitlar yaratish maqsadida:

a) buyurtma asosida tovarlar (ishlar, xizmatlar) yetkazib beruvchi yoki yoʻlovchilarni yengil avtotransport vositalarida tashish faoliyatini amalga oshiruvchi oʻzini oʻzi band qilgan shaxslarga, istisno tariqasida:

tovarlar (ishlar, xizmatlar) yetkazib beruvchisi yoki elektron tijorat subyektining hisobvaragʻiga mablagʻlarni keyinchalik inkassatsiya uchun hisobdan chiqarish uchun oʻzini oʻzi band qilgan shaxsning alohida bank hisobvaragʻiga mablagʻlarni oldindan joylashtirishga;

yetkazib berilgan tovarlar (ishlar, xizmatlar) uchun toʻlov sifatida naqd pul qabul qilishga, bunda alohida bank hisobvaragʻidan tovarlar (ishlar, xizmatlar) yetkazib beruvchisiga oʻtkazilgan mablagʻlarga teng miqdorda naqd pulni inkassatsiya qilmasdan oʻz ixtiyorida qoldirishga ruxsat berilsin;

b) elektron savdo platformalari orqali tovarlarni eksport qilishda yuridik shaxslarga, yakka tartibdagi tadbirkorlarga va oʻzini oʻzi band qilgan shaxslarga elektron savdo platformalari, xususan, xorijiy elektron savdo platformalari orqali sotilgan tovarlarni kuryerlik va pochta joʻnatmalari orqali xorijiy davlatlardagi oʻz xaridorlariga, shu jumladan, Tashqi savdo operatsiyalarining yagona elektron axborot tizimida shartnomalarni roʻyxatdan oʻtkazmasdan yuborishga ruxsat berilsin.

Bunda elektron savdo platformalari Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Bojxona qoʻmitasi axborot tizimlari bilan belgilangan tartibda integratsiya qilinishi lozim.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasi Agentlik bilan birgalikda uch oy muddatda elektron shaklda xizmatlar koʻrsatayotgan, xizmatlarni realizatsiya qilish joyi Oʻzbekiston Respublikasi boʻlgan xorijiy yuridik shaxslar tomonidan soliq toʻlovlari va qamrovining toʻliqligini oʻrganishni tashkil etish hamda natijalariga koʻra ushbu sohada samarali nazoratni taʼminlaydigan mexanizmlarni joriy etish yuzasidan Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritsin.

8. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Statistika agentligi Agentlik bilan birgalikda 2025-yil 1-iyulga qadar xorijiy ekspertlarni jalb qilgan holda, xalqaro tajriba asosida elektron tijorat subyektlari uchun hisobot shakllarini joriy qilsin.

9. Agentlik ushbu qaror talablaridan kelib chiqqan holda uch oy muddatda:

elektron tijoratda kuryerlik xizmati faoliyatini amalga oshirish tartibini ishlab chiqsin va tasdiqlasin;

Oʻzbekiston Respublikasi hududida elektron tijoratni amalga oshirish qoidalarini tasdiqlashni nazarda tutuvchi normativ-huquqiy hujjat loyihasini Vazirlar Mahkamasiga kiritsin;

Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi bilan birgalikda Oʻzbekiston Respublikasida elektron tijorat sohasidagi nizolarni onlayn tarzda hal etish mexanizmlarini ishlab chiqib, tegishli takliflarni Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.

10. Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi va Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi ommaviy axborot vositalari bilan birgalikda ushbu qarorning mazmun-mohiyati keng yoritilishini taʼminlasin.

11. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda Istiqbolli loyihalar milliy agentligi direktori D.R. Li zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 26-dekabrdagi 885-son qaroriga 1-ILOVA

Elektron tijorat toʻgʻrisidagi qonunchilikka qoʻshimcha kiritiladigan

1. Buyurtmalar agregatori operatori — xizmatlar xaridorlariga (buyurtmachilarga) xizmatlarni qidirish, turkumlashtirish, tizimlashtirish, tanlash va solishtirish imkoniyatini beruvchi, buyurtmalar agregatorini operativ boshqaruvchi elektron tijorat subyekti.

2. Raqamli striming xizmati operatori — raqamli striming xizmatini operativ boshqaruvchi, foydalanuvchilarga raqamli mahsulotga, shu jumladan, real vaqt rejimida kirishga, real vaqt rejimida (onlayn) elektron shartnomalar tuzish va elektron tranzaksiyalarni amalga oshirish imkoniyatini beruvchi elektron tijorat subyekti.

3. Elektron savdo platformasi operatori — elektron savdo platformasi va (yoki) veb-sayt va (yoki) Internet tarmogʻidagi veb-sayt va (yoki) veb-sayt sahifasining operativ boshqaruvchi va (yoki) foydalanuvchi, sotuvchilar va xaridorlarga, shu jumladan, oʻz nomidan elektron shartnomalar tuzish va tovarlarning oldi-sotdisiga qaratilgan elektron operatsiyalarni amalga oshirish boʻyicha xizmatlar koʻrsatuvchi elektron hisoblash mashinalari uchun dastur egasi va (yoki) Internet tarmogʻidagi veb-sayt va (yoki) veb-sayt sahifasi egalari boʻlgan elektron tijorat subyekti.

4. Buyurtmalar agregatori — axborot tizimi boʻlib, uning doirasida quyidagilar amalga oshiriladi:

agregator platformasidagi xizmatlarga kirish va ulardan foydalanish boʻyicha arizalarni qabul qilish, roʻyxatdan oʻtkazish, nazorat qilish va ularga ishlov berish;

elektron shartnomalar va buyurtmalarni tuzish va ularga ishlov berish;

elektron bitimlarda ishtirok etish boʻyicha yetkazib beruvchilar va xaridorlar (buyurtmachilar) tomonidan berilgan arizalarni qabul qilish, roʻyxatdan oʻtkazish, nazorat qilish va ularga ishlov berish;

yetkazib beruvchilar tomonidan xizmat (ish) haqidagi maʼlumotlarni joylashtirish yoki oʻchirish boʻyicha arizalarni qabul qilish, roʻyxatdan oʻtkazish, nazorat qilish va ularga ishlov berish;

xizmatlar narxlarini eʼlon qilish;

xaridor (buyurtmachi)ning shaxsiy kabineti (profili)ni yaratish jarayoni;

xizmat koʻrsatish va sotib olish boʻyicha arizalarni qabul qilish, roʻyxatdan oʻtkazish, nazorat qilish va ularga ishlov berish;

elektron toʻlovlarni amalga oshirish boʻyicha arizalarni qabul qilish, roʻyxatdan oʻtkazish, nazorat qilish va ularga ishlov berish;

mablagʻlarni deponentlash (eskrou);

agregator operatori tomonidan koʻrsatilgan xizmatlar uchun komissiya undirish;

xizmat koʻrsatish usulini tanlash, shuningdek, xizmatning holatini kuzatib borish;

xizmatlarni qidirish, toifalash, tizimlashtirish, tanlash va solishtirish;

xizmat haqidagi maʼlumotlarni yangilash;

xizmatlar, yetkazib beruvchilar va (yoki) xaridorlar (buyurtmachilar) boʻyicha fikrlar va reytinglar shakllantirish;

koʻrsatilgan xizmat sifatini nazorat qilish;

xizmat yetkazib beruvchi va xaridor (buyurtmachi) oʻrtasidagi oʻzaro muloqot;

tanlovlar va auksionlarni tashkil etish va oʻtkazish;

amalga oshirilgan elektron bitimlar boʻyicha statistika maʼlumotlari, hisobot hujjatlarini tayyorlash;

elektron bitimlarni amalga oshirish va bajarish uchun zarur boʻlgan maʼlumotlarni saqlash, oshkor qilish va ularga ishlov berish;

xizmatlar agregatori bilan bogʻliq boshqa funksiyalar.

5. Raqamli striming xizmati — axborot tizimi boʻlib, uning doirasida quyidagilar amalga oshiriladi:

raqamli striming xizmati platformasida raqamli mahsulotdan foydalanishni taʼminlash uchun arizalarni qabul qilish, roʻyxatga olish, qayta ishlash va monitoring qilish;

platformada raqamli mahsulotni va (yoki) raqamli mahsulot haqidagi maʼlumotlarni joylashtirish yoki olib tashlash uchun arizalarni qabul qilish, roʻyxatga olish, qayta ishlash va nazorat qilish;

foydalanuvchiga taqdim etilayotgan raqamli mahsulot xizmatlari narxlarini eʼlon qilish;

raqamli mahsulot bilan elektron bitimlarda ishtirok etish uchun raqamli mahsulot yetkazib beruvchilar va foydalanuvchilardan arizalarni qabul qilish, roʻyxatga olish, qayta ishlash va monitoring qilish;

elektron shartnomalar va buyurtmalarni tuzish va qayta ishlash;

raqamli striming xizmati platformasida onlayn-striming (tovarlar (xizmatlar), raqamli mahsulotlar reklamasi), tanlovlar va auksionlar oʻtkazish;

yetkazib beruvchi va raqamli mahsulotdan foydalanuvchi oʻrtasida elektron toʻlovlarni amalga oshirish uchun arizalarni qabul qilish, roʻyxatga olish, qayta ishlash va nazorat qilish;

raqamli mahsulot uchun intellektual mulk obyektlarini, xususan mualliflik huquqlari, tovar belgilari va mualliflik huquqi egalarining patentlariga qoʻyiladigan talablarga rioya etilishini monitoring va himoya qilish;

raqamli kontentni yuklab olish imkoniyatini berish (agar bunday xizmat koʻrsatilsa);

elektron shartnomalarni tuzish va qayta ishlash, shu jumladan, elektron toʻlovlarni amalga oshirish, mablagʻlarni kiritish va elektron operatsiyalar uchun elektron kvitansiyani taqdim etish boʻyicha keyingi operatsiyalarni amalga oshirish uchun foydalanuvchini uchinchi tomon platformasiga yoʻnaltirish;

raqamli striming operatori tomonidan koʻrsatilgan xizmatlar uchun komissiya undirish;

foydalanuvchining shaxsiy kabinetini (profilini) yaratish;

foydalanuvchining depozitini raqamli striming xizmati platformasidagi mablagʻlar bilan toʻldirish;

raqamli mahsulotdan foydalanish imkoniyatini (cheklangan, cheklanmagan) taʼminlash usulini tanlash;

raqamli mahsulotni qidirish, turkumlashtirish, tizimlashtirish, tanlash va taqqoslash;

raqamli mahsulot haqidagi maʼlumotlarni yangilash;

raqamli mahsulot, provayder va (yoki) raqamli kontent foydalanuvchisi uchun sharhlar va reytinglarni yaratish;

taqdim etilgan raqamli mahsulot va raqamli striming xizmatlari sifatini nazorat qilish;

raqamli mahsulot provayderi va foydalanuvchi oʻrtasidagi oʻzaro aloqa;

statistika maʼlumotlarini, yakunlangan elektron operatsiyalar boʻyicha hisobot hujjatlarini tayyorlash.

6. Elektron savdo platformasi — Internet jahon axborot va telekommunikatsiya tarmogʻidan foydalangan holda, quyidagilarni taʼminlaydigan dasturiy apparat majmuasi yoki axborot-telekommunikatsiya tizimi:

sotuvchi tomonidan isteʼmolchini tanishtirish uchun elektron tijorat tovarlarini sotish boʻyicha takliflar joylashtirish, elektron tijorat tovarlarini reklama qilish, oldi-sotdi shartnomasi yoki boshqa shartnomalar tuzish, elektron toʻlovlarni amalga oshirish, tijorat tovarlarini isteʼmolchiga yetkazib berishni tashkil etish hisobidan tovarni isteʼmolchiga masofadan sotish imkoniyati;

elektron savdo platformasida tovarlardan foydalanish imkoniyatini olish uchun arizalarni qabul qilish, roʻyxatga olish, qayta ishlash va monitoring qilish;

elektron shartnomalar va buyurtmalarni tuzish va qayta ishlash;

elektron bitimlarda ishtirok etish uchun sotuvchilar va xaridorlarning arizalarini qabul qilish, roʻyxatga olish, qayta ishlash va monitoring qilish;

sotuvchilar tomonidan mahsulot va (yoki) raqamli mahsulot toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni joylashtirish yoki olib tashlash uchun arizalarni qabul qilish, roʻyxatga olish, qayta ishlash va monitoring qilish;

tovarlar va (yoki) raqamli mahsulotlar narxlarini eʼlon qilish;

sotuvchi va xaridor uchun shaxsiy kabinet (profil) yaratish;

tovarlarni sotish, sotib olish, saqlash, oʻtkazish, yetkazib berish va (yoki) raqamli mahsulotni raqamli distributsiya qilish uchun arizalarni qabul qilish, roʻyxatga olish, qayta ishlash va monitoring qilish, shu jumladan, oʻz nomidan;

tovarlarni yetkazib berish va saqlash;

sotuvchilar va xaridorlar oʻrtasida elektron toʻlovlarni qabul qilish, roʻyxatga olish, qayta ishlash va nazorat qilish;

tovar xaridorga yetkazib berilgandan soʻng mablagʻlarni sotuvchiga oʻtkazib berish yoʻli bilan mablagʻlarni deponentlash (eskrou);

elektron savdo platformasi operatori tomonidan koʻrsatilgan xizmatlar uchun komissiya undirish;

tovarlarni raqamli markirovkalash va taqsimlash;

tovarlarni qabul qilish va (yoki) raqamli mahsulotni raqamli distributsiya qilish usulini tanlash, shuningdek, yetkazib berish xizmati mavjud boʻlgan hollarda, tovarlar va (yoki) raqamli mahsulotlarni yetkazib berish holatini kuzatish;

tovarlar, raqamli mahsulotlar, sotuvchilar va (yoki) xaridorlar uchun sharhlar va reytinglarni yaratish;

tovarlar va (yoki) raqamli mahsulotlar sifatini nazorat qilish;

sotuvchi va xaridor oʻrtasidagi oʻzaro munosabatlar;

elektron tanlovlar va auksionlarni tashkil etish va oʻtkazish;

amalga oshirilgan elektron operatsiyalar boʻyicha statistika maʼlumotlarini, hisobot hujjatlarini tayyorlash;

elektron bitimlarni amalga oshirish va buning uchun zarur boʻlgan maʼlumotlarni saqlash, qayta ishlash va oshkor qilish;

elektron savdo platformasi bilan bogʻliq boshqa funksiyalar.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 26-dekabrdagi 885-son qaroriga 2-ILOVA

Elektron tijorat subyektlarining faoliyatini xabardor qilish tartibida amalga oshirish uchun

Elektron tijorat subyektlarining faoliyatini xabardor qilish tartibida amalga oshirish uchun quyidagi talablar va shartlarga rioya qilinishi lozim:

Oʻzbekiston Respublikasi yuridik shaxsi shaklida davlat roʻyxatidan oʻtish;

Oʻzbekiston Respublikasining elektron tijorat, shaxsiy maʼlumotlarni himoya qilish, mualliflik va turdosh huquqlar, isteʼmolchilarning huquqlarini himoya qilish, reklama sohasidagi qonunchilik va boshqa qonunchilik hujjatlari talablariga rioya etish;

vakolatli organning soʻroviga muvofiq elektron tijorat subyektlarining faoliyatiga oid maʼlumotlarni bepul taqdim etish;

Oʻzbekiston Respublikasida chakana savdo qoidalari talablariga rioya qilish;

elektron tijorat ishtirokchilariga xizmatlar koʻrsatish uchun zarur darajada ishlashi taʼminlangan axborot tizimining mavjudligi;

faoliyat boshlanishi haqidagi xabarnoma maʼlumotlarining haqqoniyligini taʼminlash;

xodimlar bilan yangi mehnat shartnomalari tuzish, shartnomalarga oʻzgartirishlar kiritish va ularni bekor qilish holatlarini, shuningdek, amaldagi mehnat shartnomalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni “Yagona milliy mehnat tizimi” idoralararo dasturiy-apparat kompleksida majburiy roʻyxatga olish — agar xodimlar uchun tegishli faoliyatni (harakatlarni) amalga oshirish uchun bunday talab mavjud boʻlsa;

xabardor qiluvchining nomi, joylashgan joyi (yashash manzili) oʻzgarganligi yoki filial va vakolatxona ochilganligi toʻgʻrisida roʻyxatga olingandan keyin oʻn ish kuni ichida vakolatli organni xabardor qilish;

xabardor qilish tartibiga muvofiq amalga oshiriladigan faoliyat (harakat) turining oʻziga xos xususiyatlarini hisobga olgan holda boshqa talablar va shartlar.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2024-yil 26-dekabr,

885-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 28.12.2024-y., 09/24/885/1077-son)

lex.uz