📅 2024-yil 30-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 30-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 30 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 30 декабря 2024 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 30 December 2024 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТАРКИБИ
НИЗОМ
НИЗОМ
РЎЙХАТИ
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда илмий ёндашувларни кенгайтириш ва бошқарув кадрларини тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 4 апрелдаги ПҚ-108-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 4 апрелдаги ПҚ-108-сон қарорига мувофиқ Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби (кейинги ўринларда — Олий мактаб) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки:
Олий мактаб «Бизнесни бошқариш (MBA)», корпоратив ва лойиҳа бошқаруви, шунингдек, бизнес ва тадбиркорлик соҳалари бўйича кадрлар тайёрланадиган таянч давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади;
Олий мактабда таълим жараёни давлат гранти ва тўлов-контракт асосида кундузги, сиртқи, кечки ва масофавий таълим шакллари бўйича ўзбек, рус, инглиз тилларида амалга оширилади ҳамда ўқишни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга давлат намунасидаги диплом берилади;
Олий мактаб тингловчилари — давлат органлари ва муассасалари, бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ҳамда устав фондида (устав капиталида) ушбу ташкилотларнинг улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ходимларининг асосий иш жойидаги лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи (кундузги таълим шаклида таълим олаётганда ўртача иш ҳақи, бироқ меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 15 бараваридан ошмаган қисми) ўқишнинг бутун даври учун сақлаб қолинади;
Олий мактаб Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ҳамда тузилган шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабининг васийлик кенгаши 1-иловага мувофиқ таркибда тузилсин.
4. Қуйидагилар Васийлик кенгашининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Олий мактаб ҳамда унинг ҳудудий филиаллари фаолиятини умумий назорат қилиш ва мувофиқлаштириш;
хўжалик ва молиявий ҳисоботларнинг тўғрилигини текшириш ва назорат қилиш учун Тафтиш комиссиясини тузиш;
хорижий давлатларнинг олий таълим ташкилотлари билан алоқа ўрнатиш, ҳомийлик хайриялари ва грантларни жалб этишга кўмаклашиш;
моддий-техник, ўқув-методик базани такомиллаштириш, бинолар ва ҳудудий филиаллар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
Олий мактабда иқтисодиётнинг турли тармоқлари учун долзарб бўлган янги мутахассисликлар бўйича кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
5. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби магистратурасига ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Қуйидагилар Олий мактаб фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Давлат бюджети маблағлари;
тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;
асосий фаолиятдан ва пулли хизматлар кўрсатишдан, шу жумладан, ўқув курслари ва семинарларни ташкил этиш, адабиёт материалларини чоп этишдан тушадиган тушумлар;
хўжалик, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятдан, стартап лойиҳаларини амалга оширишдан олинадиган маблағлар;
вақтинча бўш турган маблағларни белгиланган тартибда тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан ва молия бозорининг бошқа воситаларидан олинадиган даромадлар;
халқаро ташкилотларнинг грантлари ва техник кўмаклари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
7. Олий мактаб Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Олий мактабнинг бюджетдан ташқари Ривожлантириш ва моддий рағбатлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағларини шакллантириш ва сарфлаш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда 2026 йил 1 майга қадар қуйидагиларни тасдиқлашни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
Олий мактабнинг бакалавриатига ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом;
Олий мактабнинг Executive MBA магистратура мутахассисликларига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом.
8. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Олий мактабнинг моддий-техник воситаларининг эскириш даражасини инобатга олиб, ўқув ва ахборот-кутубхона фонди ва моддий-техник базасини янгилаш харажатларини бюджет маблағлари ҳамда Жамғарма ҳисобидан белгиланган тартибда молиялаштирсин.
9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
а) бир ой муддатда Олий мактабнинг ҳудудий филиалларини аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун ўқув курсларини ташкил этишда фойдаланиладиган давлат мулки бўлган бино ва хоналарга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштириш чораларини кўрсин;
б) доимий равишда Олий мактабнинг ҳудудий филиалларига маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчилари учун малака ошириш курсларини, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлар учун молиявий саводхонлик даражасини ошириш ҳамда тадбиркорлик фаолияти асослари ва кўникмалари бўйича ўқув курсларини ташкил этишда кўмаклашсин;
в) барча даражадаги ҳоким ўринбосарларининг малакасини ошириш ишларини тизимли ташкил этиш мақсадида:
ҳар йили 20 февралга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги билан биргаликда ташкил этиладиган қисқа муддатли малака ошириш ўқув курсларида иштирок этиш учун ҳоким ўринбосарларининг таркиби тасдиқланган рўйхат ва режа-жадваллар асосида Олий мактабга тақдим этилишини таъминласин;
қисқа муддатли малака ошириш ўқув курсларининг ўқув дастурлари ва ўтказиладиган мавзуга оид семинарларни такомиллаштиришга қаратилган таклифларни Олий мактабга тақдим этиб борсин.
10. Давлат активларини бошқариш агентлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда ўқув жараёнини ташкил этиш учун Олий мактабга қўшимча бино ажратиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
11. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси бир ой муддатда Олий мактаб учун қуйидагиларни бепул таъминласин:
Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг ягона электрон кутубхона платформасига (unilibrary.uz) уланиш, ундаги ахборот-таълим ресурсларидан фойдаланиш;
Олий мактаб ва унинг ҳудудий филиалларини Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг ахборот-кутубхона фондлари ҳамда етакчи хорижий лицензияланган электрон ахборот-кутубхона ресурслари фондларига улаш.
12. Олий мактаб қуйидаги жўнатмалар реестрига киритилсин:
вазирлик ва идораларнинг статистика маълумотлари;
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодиёт ва минтақавий тадқиқотлар институти ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджет ва солиқ тадқиқотлари институтининг хорижий матбуот ва таҳлилий ҳисоботлари (материаллари) шарҳлари;
Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси, Марказий банк, бошқа вазирлик ва идораларнинг статистика маълумотлари бюллетенлари.
13. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 4-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 декабрдаги 904-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби васийлик кенгашининг
1. Ж.А. Қўчқоров — Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири, Васийлик кенгаши раиси 2. И.И. Норқулов — иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари, Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари 3. И.Р. Тангриев — Вазирлар Маҳкамасининг котибияти мудири 4. К.А. Шарипов — олий таълим, фан ва инновациялар вазири 5. Н.Н. Сайдуллаев — Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари 6. Н.Ж. Хусанов — Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари 7. Ж.Т. Махсудов — рақамли технологиялар вазири ўринбосари 8. Б.Қ. Абдиназаров — «UzAssets» инвестиция компанияси» АЖ бошқаруви раиси 9. Қ.С. Санақулов — «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ бошқаруви раиси 10. А.Х. Хурсанов — «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ бошқаруви раиси 11. Лавозими бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосарлари 12. Ш.Ш. Шарахметов — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби директорининг биринчи ўринбосари, Васийлик кенгаши котиби
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 декабрдаги 904-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабининг (кейинги ўринларда — Олий мактаб) мақоми, асосий вазифалари ва функциялари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Олий мактаб ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.
3. Олий мактаб корпоратив ва лойиҳа бошқаруви, шунингдек, бизнес ва тадбиркорлик соҳалари бўйича кадрлар тайёрланадиган таянч давлат олий таълим муассасаси ҳисобланиб, Вазирлар Маҳкамаси Олий мактабнинг муассиси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Олий мактабнинг фаолиятига умумий раҳбарлик қилади.
4. Олий мактаб мустақил балансга, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида шахсий ғазна ҳисобварақларига, шунингдек, банкларда миллий ва хорижий валютада ҳисобварақларига, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрлар, штамплар, рамзлар ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа реквизитларга эга бўлади.
5. Олий мактабнинг расмий номи:
а) давлат тилида:
тўлиқ номи — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби;
қисқартирилган номи — Олий бизнес мактаби;
б) рус тилида:
тўлиқ номи — Высшая школа бизнеса и предпринимательства при Кабинете Министров Республики Узбекистан;
қисқартирилган номи — Высшая школа бизнеса;
в) инглиз тилида:
тўлиқ номи — Graduate School of Business and Entrepreneurship under the Cabinet of Ministers of the Republic of Uzbekistan;
қисқартирилган номи — Graduate School of Business.
6. Олий мактабнинг жойлашган жойи (почта манзили): Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Миробод кўчаси, 25-уй, 100060.
7. Олий мактабда бакалавриат ва магистратура босқичлари тингловчилари тўлов-контракт ва давлат гранти ҳисобидан ўқитилади.
2-боб. Олий мактабнинг асосий вазифалари ва функциялари
8. Қуйидагилар Олий мактабнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
«Бизнесни бошқариш (MBA)», корпоратив ва лойиҳа бошқаруви, шунингдек, бизнес ва тадбиркорлик соҳалари учун бакалавриат ва магистратура босқичлари бўйича кадрларни тайёрлаш, соҳадаги кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
трансформация жараёнлари ва корпоратив бошқарув, тадбиркорликни ривожлантириш ва «яшил» иқтисодиёт тамойилларини жорий этиш бўйича илмий-тадқиқотлар, лойиҳалаштириш, ахборот-таҳлилий, стартап лойиҳалар бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳамда эксперт ва консалтинг хизматларини кўрсатиш;
рақамли иқтисодиёт, тадбиркорлик экотизими ва «яшил» иқтисодиётни ривожлантиришда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, шу жумладан, етакчи хорижий таълим муассасалари ва илмий марказлар билан тренинг, қисқа курс, семинар, давра суҳбатлари ҳамда анжуманларни ташкил этиш;
таълим жараёнига халқаро таълим стандартларини жорий этиш, жумладан, нуфузли хорижий университетлар ва бизнес мактаблари билан «икки диплом» (Double degree) таълим модели бўйича ҳамкорлик қилиш;
халқаро таълим стандартларига босқичма-босқич интеграция қилиш, AACSB (Университетларнинг бизнес мактабларини ривожлантириш ассоциацияси), АМВА (МВА ассоциацияси) ва бизнес таълим сифатини баҳоловчи бошқа халқаро ташкилотларда Олий мактабни аккредитациядан ўтказиш.
9. Олий мактаб ўзига юкланган асосий вазифалардан келиб чиқиб, қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) корпоратив ва лойиҳа бошқаруви, шунингдек, бизнес ва тадбиркорлик соҳалари учун бакалавриат ва магистратура босқичлари бўйича кадрларни тайёрлаш, соҳадаги кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасида:
давлат таълим стандартлари асосида «Бизнесни бошқариш (МВА)», «Лойиҳа бошқаруви (РМ)», «Корпоратив бошқарув» ҳамда бошқа иқтисодиёт ва бошқарув соҳаси магистратура мутахассисликлари бўйича иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришнинг устувор вазифаларини ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали бошқарув кадрларини тайёрлашни ташкил этиш;
ўқув режалари, дастурлари, ўқитишнинг шаклларини давлат органлари, корхоналар, аҳоли эҳтиёжлари ва таълим хизматлари бозоридаги мавжуд талабга мувофиқ белгиланган тартибда ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
ўқув жараёнини таълим беришнинг кредит-модуль тизими ва инновацион ўқитиш усулларини қўллаган ҳолда, умумэътироф этилган халқаро таълим стандартлари ва талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда тингловчиларда бизнес ва бошқарув фаолиятининг тегишли соҳалари бўйича тизимли таҳлил қилиш қобилияти ва амалий кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган ўқув дастурлари асосида ташкил этиш;
бизнес ва бошқарувга оид замонавий ютуқларни, давлат ва корпоратив бошқарувдаги ўзгаришлар тажрибасини инобатга олган ҳолда ўқув, ўқув-услубий ва илмий адабиётларни тайёрлаш;
вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда иқтисодиёт тармоқлари вакиллари учун нуфузли хорижий олий таълим муассасаларининг етакчи профессор-ўқитувчиларини жалб этган ҳолда, давлат бошқаруви, бизнес бошқаруви, корпоратив ва лойиҳавий бошқарув, замонавий менежмент бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш;
туман (шаҳар) ҳокимлари ёрдамчилари, шунингдек, маҳаллаларда тадбиркорликка қизиқувчи аҳоли учун иқтисодий билимлар бериш, ишбилармонлик ҳамда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш мақсадида қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш;
Макроиқтисодиёт, Саноат иқтисодиёти, Хизмат кўрсатиш тармоқлари иқтисодиёти, Молия, пул муомаласи ва кредит, Маркетинг, Минтақавий иқтисодиёт, Менежмент, Иқтисодиётда ахборот тизимлари ва технологиялари, Тадбиркорлик ва кичик бизнес иқтисодиёти, Рақамли иқтисодиёт ва халқаро рақамли интеграция ихтисосликлари бўйича илмий-педагог кадрларни тайёрлаш;
мутасадди вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари ва ташкилотларнинг раҳбар ҳамда ходимлари, давлат улуши бўлган хўжалик субъектларининг давлат ишончли вакиллари ҳамда бошқарувчилари, шунингдек, кузатув кенгаши раиси, унинг аъзоларини ва тафтиш комиссияси аъзоларини ҳамда бошқа иқтисодий тузилмаларнинг хусусийлаштириш соҳаларида фаолият юритаётган мутахассислар учун корпоратив бошқарув бўйича махсус қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш ва давлат намунасидаги сертификат ҳамда корпоратив бошқарувчи малака аттестатини бериш;
аҳолини бизнес юритиш ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишни ташкил этиш ҳамда бу соҳада малакали тренерларни тайёрлаш;
Олий мактаб ҳудудий филиаллари ўқув-услубий, инновацион ва бошқа фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;
б) трансформация жараёнлари ва корпоратив бошқарув, тадбиркорликни ривожлантириш ва «яшил» иқтисодиёт тамойилларини жорий этиш бўйича илмий-тадқиқотлар, лойиҳалаштириш, ахборот-таҳлилий, стартап лойиҳалар бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳамда эксперт ва консалтинг хизматларини кўрсатиш соҳасида:
илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаган ҳолда, таълим жараёни самарадорлиги ва сифатини оширишга қаратилган бошқарув кадрларини тайёрлашнинг замонавий халқаро таълим стандартлари ва услубларини, шу жумладан, масофавий таълим технологияларини таълим жараёнига жорий этиш;
тадбиркорлик ташаббуслари ва стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, халқаро, давлат ҳамда хусусий корхоналар, ташкилотлар, бирлашмалар билан ҳамкорлик қилиш, шунингдек, бизнес ташаббуслари ва стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун тажрибали тадбиркорлар ҳамда хорижий экспертларни жалб этиш;
бизнес юритиш ва тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш бўйича ўқув-услубий материалларни (шу жумладан, электрон шаклда) тайёрлаш орқали хўжалик субъектлари ва тадбиркорларга услубий ёрдам кўрсатиш;
ташкилотларда корпоратив бошқарув ва менежмент тизимларини баҳолаш, диагностика қилиш ҳамда таҳлил қилиш хизматларини кўрсатиш;
матбаа, ноширлик ва ҳужжатлардан нусха кўчириш фаолиятини амалга ошириш;
в) рақамли иқтисодиёт, тадбиркорлик экотизими ва «яшил» иқтисодиётни ривожлантиришда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, шу жумладан, етакчи хорижий таълим муассасалари ва илмий марказлар билан тренинг, қисқа курс, семинар, давра суҳбатлари ҳамда анжуманларни ташкил этиш соҳасида:
давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари ва мутахассисларини «яшил» иқтисодиётга ўтиш масалалари бўйича ўқитиш;
Олий мактабда бизнес ва бошқарув назарияси ҳамда амалиётининг долзарб масалалари бўйича вазирлик ва идораларнинг раҳбар ва масъул ходимлари томонидан маъруза ўқиш (шу жумладан, соатбай ҳақ тўлаш асосида), машғулотлар ва маҳорат дарсларини ташкил этиш;
тингловчилар билимини баҳолаш усулларини такомиллаштириш;
маҳаллий ва хорижий юридик ҳамда жисмоний шахслар иштирокида илмий тадбирларни ташкил этиш;
г) таълим жараёнига халқаро таълим стандартларини жорий этиш, жумладан, нуфузли хорижий университетлар ва бизнес мактаблари билан «икки диплом» (Double degree) таълим модели бўйича ҳамкорлик қилиш соҳасида:
хорижий ҳамкорлар билан биргаликда кадрларни тайёрлаш бўйича қўшма таълим дастурларини (double degree) амалга ошириш, ўқув жараёнига хорижий олимлар ва мутахассисларни фаол жалб қилиш;
халқаро ташкилотлар (CFA Institute, ACCA, ICA, SES ва бошқалар) билан кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ҳамкорлик қилиш;
д) халқаро таълим стандартларига босқичма-босқич интеграция қилиш, AACSB (Университетларнинг бизнес мактабларини ривожлантириш ассоциацияси), АМВА (МВА ассоциацияси) ва бизнес таълим сифатини баҳоловчи бошқа халқаро ташкилотларда Олий мактабни аккредитациядан ўтказиш соҳасида:
ижтимоий-иқтисодий ва бошқа масалалар бўйича маълумотлар базаларини яратиш ва юритиш, маълумотларни қайта ишлаш ва Олий мактаб фаолияти йўналишлари бўйича таҳлилий шарҳлар тайёрлаш;
тадбиркорлик ва бизнесни бошқариш соҳасида илм-фаннинг энг янги ютуқлари ва илғор жаҳон тажрибасини мунтазам ўрганиш, хўжалик юритувчи субъектларда замонавий бошқарувнинг самарали шакллари ва усулларини жорий этиш, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича илмий асосланган услуб ва тавсиялар ишлаб чиқиш;
Олий мактабни халқаро тан олинган бизнес мактабларининг рейтингларига киритиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
иқтисод фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун диссертациялар ҳимояси бўйича ихтисослаштирилган илмий кенгашлар фаолиятини ташкил этиш;
Олий мактаб халқаро рейтинги ва рақобатбардошлигини ошириш мақсадида чет эл фуқаролари учун таълим олиш имкониятини кенгайтириш.
3-боб. Олий мактабнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги
10. Олий мактаб қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўқув режалари, дастурлари, ўқитиш турлари ва шаклларини республика ижро этувчи ҳокимият органлари, ташкилотлар, аҳоли эҳтиёжлари ва таълим хизматлари бозоридаги талабга мувофиқ ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
бакалавриат ва магистратура босқичлари бўйича таълим ва бошқа хизматлар, шу жумладан, тўлов-шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлар нархини белгилаш;
Олий мактаб бакалавриат ва магистратура босқичларига хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда амалга ошириладиган «икки диплом» (Double degree) модели доирасида қабул параметрларини, тўлов-шартнома асосидаги кўрсатиладиган хизматлар миқдори ва нархларини ҳамкор хорижий олий таълим ташкилоти ҳамда Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда тасдиқлаш;
Олий мактаб таълим дастурлари хусусиятидан келиб чиқиб, профессор-ўқитувчилар таркибини шакллантириш. Шунингдек, вазирликлар, идоралар, корхона ва ташкилотларнинг тегишли компетенцияга эга бўлган (илмий даража ёки унвонсиз) мутахассисларини ҳам ўқув жараёнига жалб этиш;
Олий мактаб Илмий кенгаши қарорига асосан Олий мактабда ва хорижий ҳамкор таълим муассасалари билан ҳамкорликдаги қўшма «икки диплом» (duаl degree) модели бўйича таҳсил олаётган тингловчиларнинг узрли сабабларини (соғлиги, турмушга чиққанлиги, молиявий аҳволи ва бошқалар) инобатга олган ҳолда уларнинг ўқишини кундузгидан сиртқига, сиртқидан кундузги шаклга кўчиришга ҳамда қўшма дипломдаги тингловчилар ўқишининг иккинчи йилини Олий мактабдаги мутахассислиги бўйича давом эттиришга рухсат бериш;
шартнома асосида жалб қилинган профессор-ўқитувчилар ва мутахассислар меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш миқдорини тасдиқлаш;
Олий мактаб профессор-ўқитувчилари ва ходимларининг ўқитилаётган фанлардан дарслик ва ўқув-услубий қўлланмаларни ҳамда илмий мақолаларини халқаро илмий журналларда нашр этганлиги учун уларнинг харажатларини тўлиқ қоплаш;
чет эллик мутахассисларни маслаҳатчи, ўқитувчи (тренер) ва эксперт сифатида жалб этиш, уларга ойлик иш ҳақини ва бошқа тўловларни Олий мактабнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан белгилаш ҳамда тўлаш;
мулк, интеллектуал ва бошқа мулк, хўжалик ёки бошқа фаолият натижасида олинган маҳсулотлар, даромадлар, шунингдек, амалдаги қонунчилик асосларида олинган бошқа мол-мулкка эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш;
бакалавриат таълим йўналиши бўйича давлат имтиҳони ёки битирув малакавий иши ҳамда магистрлик диссертацияси ёки лойиҳа ишини бажаришга илмий раҳбарлик қилиш ёки бошқа турдаги мажбурий давлат якуний аттестацияси жараёнларида иштирок этиш тартиби, шунингдек, тегишли ўқув юкламалари меъёрларини белгилаш;
шартнома асосида илмий-тадқиқот ишлари ва бошқа турдаги хизматларни кўрсатиш;
давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари раҳбарлари ва мутахассислари, илмий-тадқиқот ташкилотлари ходимларини, олий таълим муассасалари, шу жумладан, хорижий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчиларини шартнома асосида соҳа экспертлари сифатида илмий-тадқиқот ишларига жалб этиш;
қонунчилик ҳужжатларига асосан давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари ҳамда ташкилотларига ахборот ва маслаҳат хизматларини кўрсатиш;
халқаро ҳамкорликни амалга ошириш, ходимлар ва мутахассисларни хорижий мамлакатларга хизмат сафарларига юбориш, чет эллик мутахассисларни, халқаро ижтимоий, молиявий ва иқтисодий ташкилотлар, хорижий компаниялар ҳамда банклар вакилларини таклиф қилиш ва қабул қилиш;
давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари, Миллий статистика қўмитаси, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа давлат ташкилотларидан зарур услубий, статистика, ахборот-таҳлилий материалларни бепул олиш;
Олий мактабнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, капитал қурилиш ва асосий воситаларни реконструкция қилиш, таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириш;
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида шахсий ғазна ҳисобварақларида, шунингдек, банкларда ва бошқа молия ташкилотларида миллий ва хорижий валютада ҳисобварақлар очиш ва улар бўйича тегишли операцияларни амалга ошириш;
ходимларнинг хорижий ҳамкорлар билан қўшма лойиҳаларда (семинарлар, конференцияларда) иштирок этиш, илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш, таълим дастурлари, қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари контентларини яратишда халқаро ҳамда хорижий илмий-статистика маълумотлари базалари, илмий нашрлар, сунъий интеллект ва ахборот технологияларидан фойдаланиш;
Олий мактаб томонидан кўрсатиладиган хизматлар ва бажариладиган ишлар учун нархлар ва тарифларни мустақил белгилаш;
хорижий ҳамкор таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма «икки диплом» (Double degree) модели бўйича ўқитиш, битирувчиларни аттестациядан ўтказиш тартиби, тўлов қийматини белгилаш;
профессор-ўқитувчиларни ва бошқа ходимларни Олий мактаб кафедраларига 1 йилдан 5 йилгача муддатга белгиланган тартибда шартнома билан ишга қабул қилиш;
Олий мактаб Илмий кенгаши қарори асосида ўқув курслари учун тўлов миқдорини белгилаш;
Олий мактабнинг йиллик харажатлар сметасини, автотранспорт воситаларининг масофа босиб ўтиш лимитлари ва уларга техник хизмат кўрсатишга қўйиладиган талабларни тасдиқлаш;
Олий мактаб қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
11. Олий мактаб:
ўз ваколатига киритилган вазифаларни бажармаганлиги;
таълим жараёнида ўқув режасига мувофиқ ўқув дастурлари ҳажми тўлиқ бажарилмаганлиги;
таълим жараёни вақтида тингловчи ҳамда ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғи;
тингловчи ҳамда ходимларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилганлиги учун жавобгар ҳисобланади.
4-боб. Олий мактаб фаолиятини ташкил этиш
1-§. Олий мактаб раҳбарияти
12. Олий мактабга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.
13. Директор:
Олий мактаб фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ҳамда Олий мактабга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини таъминлайди;
Олий мактаб номидан барча давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларда, шунингдек, чет элда вакиллик қилади;
Олий мактабга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида директорнинг биринчи ўринбосари, ўринбосарлари ва ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди, уларнинг ваколатларини белгилайди;
Олий мактабнинг мол-мулки ва маблағларини ишончномасиз, ўз ваколатлари доирасида белгиланган тартибда тасарруф этади;
Олий мактаб номидан шартномалар тузиш ва товар-моддий қимматликларни сотиб олиш учун ишончномалар беради;
Олий мактабнинг Илмий кенгаши таркибини ва унинг низомини тасдиқлайди;
Олий мактаб ва унинг ҳудудий филиаллари фаолиятига оид ички ҳужжатларни тасдиқлайди;
Олий мактабнинг маблағларини ишончномасиз, ўз ваколатлари доирасида белгиланган тартибда тасарруф этади;
Олий мактабнинг барча ходим, профессор-ўқитувчи ҳамда тингловчилари томонидан қатъий бажарилиши шарт бўлган буйруқ ва кўрсатмаларни тасдиқлайди;
Олий мактаб ва унинг ҳудудий филиаллари раҳбар ҳамда ходимларини ишга қабул қилади, лавозимларини ўзгартиради ва лавозимдан озод этади;
Олий мактабнинг штат жадвалини, ходимлар ва профессор-ўқитувчиларнинг иш ҳақи, устамалар, моддий рағбатлантириш, моддий ёрдам миқдорларини тасдиқлайди;
зарур ҳолларда, тасдиқланган штатдаги ходимлар сони доирасида Олий мактаб ва унинг ҳудудий филиаллари тузилмаларига Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда ўзгартиришлар киритади;
белгиланган тартибда илмий-тадқиқот жамоалари ҳамда эксперт гуруҳларини тузади;
Олий мактабнинг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни, раҳбарият ва ходимларнинг лавозим йўриқномаларини тасдиқлайди;
Олий мактабнинг Илмий кенгашига раислик қилади;
Олий мактаб фаолияти билан боғлиқ бошқа масалаларни қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ кўриб чиқади ва қарор қабул қилади.
14. Директор ўринбосарлари Олий мактабнинг ўқув жараёнини ташкил этиш, илмий-инновацион ишларни ташкил этиш, ҳудудий бўлинмалар фаолиятини мувофиқлаштириш, халқаро алоқаларни ривожлантириш, молия-хўжалик, шунингдек, уларга бириктирилган таркибий бўлинмалар фаолиятига раҳбарлик қилади.
2-§. Олий мактабнинг васийлик кенгаши
15. Олий мактабнинг васийлик кенгаши (кейинги ўринларда — Васийлик кенгаши) Олий мактабнинг олий бошқарув органи ҳисобланади.
16. Қуйидагилар Васийлик кенгашининг асосий вазифалари ҳисобланади:
Олий мактаб ҳамда унинг ҳудудий филиаллари фаолиятини умумий назорат қилиш ва мувофиқлаштириш;
хўжалик ва молиявий ҳисоботларнинг тўғрилигини текшириш ва назорат қилиш учун Тафтиш комиссиясини тузиш;
хорижий давлатларнинг олий таълим ташкилотлари билан алоқа ўрнатиш, ҳомийлик хайриялари ва грантларни жалб этишга кўмаклашиш;
моддий-техник, ўқув-методик базани такомиллаштириш, бинолар ва ҳудудий филиаллар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
Олий мактабда иқтисодиётнинг турли тармоқлари учун долзарб бўлган янги мутахассисликлар бўйича кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш тўғрисида таклифлар ишлаб чиқиш.
17. Васийлик кенгаши қарорлари унинг аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади ва кенгаш мажлислари баённомалари билан расмийлаштирилади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, раиснинг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
18. Васийлик кенгашининг мажлислари йилига камида бир марта ёки зарурат бўлганда, Васийлик кенгаши раиси ёки унинг ўринбосари қарори билан, шунингдек, Васийлар кенгаши, Илмий кенгаш ва Тафтиш комиссияси аъзолари таклифларига биноан ўтказилади.
3-§. Олий мактабнинг илмий кенгаши
19. Олий мактабнинг илмий кенгаши (кейинги ўринларда — Илмий кенгаш) таркибига Олий мактаб директорининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари, илмий котиб, бўлим бошлиқлари, кафедра мудирлари, бошқа таркибий бўлинмалар бошлиқлари, етакчи профессор-ўқитувчилар, шунингдек, бошқа таълим ва илмий муассасаларнинг етакчи олим ҳамда мутахассислари киритилиши мумкин.
20. Илмий кенгаш таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Олий мактаб директори томонидан тасдиқланади.
21. Илмий кенгаш:
давлат ва халқаро таълим стандартларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилган ўқув режалари ҳамда дастурларини тасдиқлайди ва уларнинг бажарилишини таъминлайди;
Олий мактабни янада ривожлантиришнинг устувор масалалари бўйича тавсиялар ва кўрсатмалар беради;
Олий мактабни ривожлантиришнинг йиллик ва истиқболли режаларини тасдиқлайди, кадрларни (тингловчиларни) тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг ўқув дастурларини белгиланган тартибда тасдиқлайди;
ўқув-педагогик, илмий-тадқиқот фаолиятининг сифати ва тайёрланадиган кадрларнинг рақобатбардошлилигини таъминлашга қаратилган хорижий илғор тизимларни бошқарув ва таълим жараёнига жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
профессор-ўқитувчиларнинг ўқув юкламаси меъёрини, бир ўқитувчига тўғри келадиган тингловчиларнинг чегаравий сони ва профессор-ўқитувчилар ҳамда шартнома асосида жалб қилинган профессор-ўқитувчилар меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш миқдорини белгилайди;
илмий-тадқиқот, маънавий-маърифий ишлар режалари ижросини, профессор-ўқитувчилар таркибининг малака ошириш ва қайта тайёрлаш масалаларини муҳокама қилади ҳамда тегишли қарорлар қабул қилади;
кафедра мудири, профессор-ўқитувчилар лавозимларини эгаллаш бўйича белгиланган тартибда танловлар эълон қилади ва ўтказади;
профессор, доцент илмий унвонини олишга тавсия этиладиган ходимларнинг ҳужжатларини ўрганиб чиқади ва белгиланган тартибда илмий унвонга тасдиқлаш учун тавсия этади;
хорижий мамлакатларнинг олий таълим муассасалари билан алоқаларни ўрнатиш бўйича қарорлар қабул қилади;
кафедраларни очиш, тугатиш, ўзгартириш масалалари бўйича раҳбариятга таклиф киритади;
кадрлар тайёрлаш бўйича буюртмачилар ва маркетинг хизмати таклифларини ҳисобга олган ҳолда, янги бакалавриат ва магистратура босқичларини очиш тўғрисида таклиф киритади;
соҳага оид ўқув адабиётларини белгиланган тартибда нашр қилишга тавсия қилади;
Олий мактабда амалга ошириладиган ўқув, методик, илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлил ишлари, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифати юзасидан назоратни амалга оширади;
кафедра мудирларининг ҳисоботларини эшитади ва тегишли тартибда қарорлар қабул қилади;
Олий мактабнинг фахрий профессори даражасини бериш тўғрисида қарор қабул қилади.
22. Илмий кенгаш унинг мажлисида таркибининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади. Кўриб чиқилаётган масалалар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.
23. Илмий кенгаш қарори Илмий кенгаш раиси ёки раис ўринбосари томонидан тасдиқланади.
4-§. Олий мактабнинг тафтиш комиссияси
24. Олий мактабнинг тафтиш комиссияси (кейинги ўринларда — Тафтиш комиссияси) Васийлик кенгаши томонидан тузилади.
25. Тафтиш комиссияси амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Олий мактабда хўжалик, молия-ҳисоб фаолияти ҳамда молиявий ҳисоботларнинг юритилишини текширади ва назорат қилади.
26. Тафтиш комиссиясининг раиси ва аъзолари, уларнинг ваколатлари муддатлари ва текширишларни ўтказиш даврийлиги (бир йилда бир марта) Васийлик кенгашининг қарори билан белгиланади.
27. Тафтиш комиссияси:
молиявий ва бухгалтерия ҳисоб-китобларнинг тўғрилигини текширишни камида бир йилда бир марта, шунингдек, Васийлик кенгаши раисининг қарорларига биноан текширади;
зарурат бўлганда, Васийлик кенгашининг навбатдан ташқари мажлисини чақиришни талаб этиш ҳуқуқига эга;
Олий мактаб ҳамда Жамғарма маблағларининг тўғри ва мақсадли сарфланишини таҳлил қилади, йиллик ҳисобот ва баланс бўйича Васийлик кенгашига хулоса тайёрлайди;
келгуси йилга Олий мактаб ҳамда Жамғарма маблағлари тушуми ва уларнинг сарфланиши бўйича молиявий режаси тўғрилиги ва асосланганлигини кўриб чиқади.
5-боб. Олий мактабнинг таълим жараёнини, ўқув-методик ва илмий фаолиятини ташкил этиш
28. Олий мактабда таълим жараёни давлат таълим стандартларига, замонавий халқаро таълим стандартлари ва талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган ўқув режалари ва ўқув дастурлари асосида, шунингдек, ўқитишнинг замонавий шакллари ва усулларидан, илғор педагогика, ахборот-коммуникация ҳамда инновация технологияларидан фойдаланган ҳолда кредит-модуль тизими шаклида амалга оширилади.
29. Бакалавриат ва магистратура босқичлари бўйича ўқитишнинг мақсадлари ва вазифаларидан келиб чиқиб, бошқарув кадрлари тегишли ўқув дастурлари асосида тайёрланади.
30. Олий мактаб тингловчиларининг мажбурий давлат якуний аттестацияси турлари ва шакллари Ўзбекистон Республикасининг таълим тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари асосида белгиланади.
31. Олий мактабни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга давлат намунасидаги диплом берилади. Шунингдек, диплом йўқолган ёки фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келганда ҳамда шахснинг исми (фамилияси, отасининг исми) ўзгарганда, дипломнинг дубликати берилади.
6-боб. Олий мактаб фаолиятини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш, унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш
32. Олий мактаб ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, уларнинг Олий мактаб маъмурияти билан ўзаро муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари, жамоа шартномаси, якка тартибдаги меҳнат шартномалари, Олий мактабнинг ички ҳужжатлари ва ушбу Низом билан тартибга солинади.
33. Олий мактаб ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, уларни мукофотлаш ва моддий рағбатлантириш Давлат бюджети, тўлов-контракт маблағлари ҳамда Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Олий мактабнинг профессор-ўқитувчилари ва барча ходимлари меҳнатига Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш тариф коэффициентини икки бараварга оширилган ҳолда ҳақ тўланади. Бунда меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари ва иш ҳақини ҳисоблашнинг барча турлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги учун белгиланган тартиблар асосида қўлланилади.
Ходимлар ва профессор-ўқитувчилар таркибини (шу жумладан, бошқа ташкилотлардан жалб этилганларни) магистрлик диссертациялари ёки бошқа турдаги мажбурий давлат якуний аттестациясига илмий раҳбарлик бўйича қўшимча ўқув юкламалари учун бир ўқув йилида 400 соатдан ошмаган миқдорда соатбай ҳақ тўлашга рухсат этилади.
Қўшма таълим дастурларида дарс машғулотларини олиб борувчи профессор-ўқитувчилар таркибига ва жалб этилган мутахассисларга ўқув юкламаси учун амалдаги соатбай ҳақ тўлаш миқдорининг тўрт бараваридан юқори бўлмаган миқдоригача ҳақ тўланиши мумкин.
34. Жамғарма маблағлари ҳисобидан профессор-ўқитувчилар ва барча ходимларга қуйидаги рағбатлантириш тўловлари амалга оширилади:
лавозим маошининг (рағбатлантириш коэффициентини инобатга олган ҳолда) тўрт бараваридан кўп бўлмаган миқдорда ойлик устамалар;
даврий ҳисобот натижаларига кўра, шу жумладан, алоҳида топшириқларни бажарганлик учун лавозим маошининг (рағбатлантириш коэффициентини инобатга олган ҳолда) беш бараваригача бўлган рағбатлантириш тўловлари;
кадрлар тайёрлаш бўйича тузилган меҳнат шартномалари асосида хорижий профессор-ўқитувчилар ва етук мутахассисларга рағбатлантириш ва иш ҳақи тўловлари;
умумхалқ байрамлари, чорак ва йил якунлари муносабати билан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ўн баравари миқдоригача мукофотлар;
Олий мактаб марказий аппарати ва ҳудудий филиалларнинг ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида Олий мактаб директорининг буйруғига асосан маданий — оммавий тадбирларга Олий мактаб касаба уюшмаси ҳисобрақамига маблағ ўтказиш орқали йўналтириши мумкин.
Бунда тўлов-контракт маблағлари ҳамда Жамғармага тушган барча маблағлар Олий мактаб фаолиятини амалга оширишини таъминлаш учун зарур бўлган харажатлар қоплангандан кейин қолдиқ маблағларнинг 50 фоиздан кўп бўлмаган қисми ходимларни моддий рағбатлантиришга йўналтирилади.
35. Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби, шунингдек, Олий мактабнинг кафедра мудирлари, профессор-ўқитувчилари ва бошқа бўлимлар ходимлари, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар учун ойлик устамалар белгилаш мезонлари Олий мактаб директори томонидан белгиланади.
36. Олий мактаб профессор-ўқитувчилари ва ходимларига Scopus, Web of Science ва бошқа шу каби йирик нашриётлар ёки маълумотлар базаси асосида «импакт-фактор»га эга бўлган илмий хорижий журналларда чоп этилган илмий мақолалари учун ойлик иш ҳақининг (рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда) уч бараваригача миқдорда моддий ёрдам кўрсатилади. Агар илмий мақола ҳаммуаллифликда чоп этилган бўлса, биринчи муаллифга ойлик иш ҳақининг бир бараварида, иккинчи муаллифга ойлик иш ҳақининг 60 фоизи ва учинчи муаллифга 40 фоизи миқдорида Жамғарма маблағлари ҳисобидан тўлаб берилиши мумкин.
37. Қуйидагилар Олий мактаб фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:
Давлат бюджети маблағлари;
тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;
асосий фаолиятдан ва пулли хизматлар кўрсатишдан, шу жумладан, ўқув курслари ва семинарларни ташкил этиш, адабиёт материалларини чоп этишдан тушадиган тушумлар;
хўжалик, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятдан, стартап лойиҳаларни амалга оширишдан олинган маблағлар;
вақтинча бўш турган маблағларни белгиланган тартибда тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан ва молия бозорининг бошқа воситаларидан олинадиган даромадлар;
халқаро ташкилотларнинг грантлари ва техник кўмаклари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
7-боб. Олий мактабнинг мол-мулки
38. Асосий фондлар (бино ва иншоотлар, асбоб-ускуналар, транспорт воситалари ва шу кабилар), айланма маблағлар, шунингдек, молиявий ресурслар ва молиялаштиришнинг бошқа манбалари ҳисобидан сотиб олинадиган ҳамда турли маҳаллий ва хорижий корхоналар ва ташкилотлардан ҳомийлик тариқасида бериладиган моддий бойликлар Олий мактабнинг мол-мулкини ташкил этади. Олий мактаб мол-мулкининг қиймати унинг мустақил балансида акс эттирилади.
39. Олий мактаб ўзига бириктирилган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини белгиланган тартибда амалга оширади.
8-боб. Олий мактабнинг халқаро фаолияти
40. Олий мактаб етакчи хорижий таълим ташкилотлари ва компаниялар, халқаро ташкилотлар ва фондлар билан менежмент, бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш, корпоратив ва лойиҳа бошқаруви ҳамда иқтисодиётнинг бошқа талаб юқори бўлган соҳаларида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, ўқув-методик ишлар ва илмий фаолиятни янада такомиллаштириш ҳамда Олий мактаб профессор-ўқитувчилари, ходим ва тингловчиларининг хорижий амалиётларини ташкил қилиш бўйича халқаро ҳамкорликни амалга оширади.
41. Халқаро ҳамкорлик, шу жумладан, Олий мактаб ходим ва тингловчиларининг чет элдаги стажировкаси Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, Олий мактабнинг шартномалари ва бошқа шартномалар (контрактлар) асосида белгиланган тартибда амалга оширилади.
9-боб. Якунловчи қоидалар
42. Олий мактаб қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.
43. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 декабрдаги 904-сон қарорига 3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби магистратурасига ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби (кейинги ўринларда — Олий мактаб) магистратурасига кундузги, сиртқи, кечки ва масофавий таълим шакллари бўйича ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартибини белгилайди.
Ушбу Низом Олий мактабнинг Executive MBA магистратура мутахассисликларига ўқишга қабул қилиш тартибига татбиқ этилмайди. Executive MBA магистратура мутахассисликларига ўқишга қабул қилиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан алоҳида белгиланади.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
Олий мактаб магистратурасига ўқишга қабул қилиш комиссияси (кейинги ўринларда — Қабул комиссияси) — Олий мактаб директорининг буйруғи билан магистратурага ўқишга қабул қилишни ташкил этиш учун ҳар йили тузиладиган комиссия;
номзод — магистратурага ўқишга кириш учун ҳужжат топширган жисмоний шахс;
Номзодлар билан суҳбат ўтказиш бўйича махсус комиссия (кейинги ўринларда — Махсус комиссия) — Олий мактаб директорининг буйруғи билан номзодни тест синовларидан ўтказишга тавсия этиш учун ҳар йили тузиладиган профессор-ўқитувчилар, соҳа мутахассислари ва бошқа ташкилотлар ходимларидан иборат гуруҳ.
3. Олий мактаб магистратурасига давлат органлари ва хўжалик бирлашмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан берилган тавсияномага асосан номзодлар иқтисодиёт, молия, менежмент, маркетинг ҳамда соҳага оид бошқа йўналишлар доирасида ўтказилган суҳбат ва тест синовлари натижалари бўйича очиқ танлов асосида ўқишга қабул қилинади.
Бунда номзод МВА мутахассислигига ҳужжат топшириш учун олий маълумотга (бакалавр дипломи мавжуд бўлганда) ҳамда уч йил меҳнат стажига эга бўлиши талаб этилади.
Олий мактабнинг бошқа барча мутахассисликлари бўйича ҳужжат топширган номзодлардан меҳнат стажи талаб этилмайди.
4. Олий мактаб тингловчилари — давлат органлари ва муассасалари, бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ҳамда устав фондида (устав капиталида) ушбу ташкилотларнинг улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ходимларининг асосий иш жойидаги лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи (кундузги таълим шаклида таълим олаётганда ўртача иш ҳақи, бироқ меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 15 бараваридан ошмаган қисми) ўқишнинг бутун даври учун сақлаб қолинади.
2-боб. Олий мактаб магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби
5. Олий мактаб магистратурасига ўқишга йиллик қабул параметрлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (кейинги ўринларда — Вазирлар Маҳкамаси) томонидан тасдиқланади.
6. Олий мактаб магистратурасига ҳужжатларни қабул қилиш муддатлари қабул бошланишидан камида бир ой олдин Олий мактабнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
7. Ҳужжатларни қабул қилиш, шунингдек, магистратурага кириш имтиҳонлари йилига икки марта Қабул комиссияси томонидан белгиланган вақтда (ёзги ва қишки қабул даври) амалга оширилади.
Бунда Олий мактаб магистратурасига белгиланган параметрларга асосан тўлов-контракт ва давлат гранти асосида кундузги, сиртқи, кечки ва масофавий таълим шаклларида ўқишга қабул қилинади.
8. Магистратурага қабул икки босқичда амалга оширилади:
номзодлар билан суҳбат;
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (кейинги ўринларда — Билим ва малакани баҳолаш агентлиги) томонидан ўтказиладиган кириш тест синовлари.
9. Тест синовлари топшириладиган фанлар рўйхати магистратура мутахассислиги хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда қабул комиссияси томонидан белгиланади.
10. Инглиз тилини В2 ва ундан юқори даражада билишини тасдиқловчи амалдаги миллий малака сертификати ёки CEFR (Common European Framework of Reference) бўйича B2, IELTS (International English Language Testing System) бўйича 5,0 балл, TOEFL (Test of English as a Foreign Language) бўйича 72 баллдан кам бўлмаган даражада инглиз тилини билишини тасдиқловчи халқаро сертификатларга эга бўлган, шунингдек, олий таълим ташкилотларини инглиз таълим тилида битирган номзодлар инглиз тили бўйича имтиҳон топширишдан озод қилинади. Уларга мазкур фандан белгиланган максимал балл берилади.
11. Суҳбат саволлари ва тест ўтказиладиган фанлар дастурлари Олий мактабнинг расмий веб-сайтида суҳбат ва тест ўтказишдан камида бир ой олдин эълон қилинади.
12. Номзодлар Олий мактабнинг расмий веб-сайти орқали қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:
магистратура таълим йўналиши ва ўқиш шакли кўрсатилган ҳолда Олий мактаб директори номига ариза;
номзоднинг иш жойидаги биринчи раҳбари томонидан имзоланган тавсиянома;
олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат нусхаси;
белгиланган тартибда меҳнат дафтарчасидан кўчирма;
инглиз тилини билиш даражасини тасдиқловчи белгиланган намунадаги ҳужжат ёки сертификат (агар мавжуд бўлса).
13. Олий мактаб таълим йўналишларига мос келадиган олий маълумотга эга бўлган чет эллик фуқаролар магистратурага тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади.
14. Кириш имтиҳонларини (суҳбат ва тест синовлари) муваффақиятли топширган номзодлар Қабул комиссиясига юқоридаги ҳужжатларнинг асл нусхаларини ёки уларнинг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаларини тақдим этадилар.
3-боб. Номзодларнинг суҳбатдан ўтиш тартиби
15. Номзодлар билан суҳбат Махсус комиссия томонидан ўтказилади.
16. Суҳбат ўтказиш қоидалари ва унинг натижаларини баҳолаш мезонлари Илмий кенгаш тавсиясига асосан Олий мактаб директорининг буйруғи билан тасдиқланади.
17. Махсус комиссия ўз фаолиятини қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, объективлик ва холислик тамойиллари асосида амалга оширади.
18. Суҳбат номзоддан қуйидагиларни аниқлаш мақсадида оғзаки ўтказилади:
иқтисодиёт, молия ва менежмент соҳасидаги касбий билим ҳамда назарий асослар даражаси, билим ва амалий кўникмаларни тизимлаштириш қобилияти;
таҳлил қилиш, илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш қобилияти, асосий илмий тушунчалар ва тадқиқот ишлари усулларини эгаллаганлик даражаси;
ўзини ўзи тарбиялаш ва малака ошириш истаги, касбий ўзини ўзи англаш, жамоада ишлаш қобилияти ва етакчилик фазилатларининг мавжудлиги;
бошқарув кўникмаларини эгаллаганлик, мантиқий, тизимли ва таҳлилий фикрлаш қобилиятларига эгалик даражаси.
19. Номзодни тест синовларидан ўтказишга тавсия этиш бўйича махсус комиссия қарори суҳбат натижаларига кўра қабул қилинади.
20. Суҳбат натижалари бўйича номзодларнинг шикоятлари улар эълон қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида Апелляция комиссиясига берилади.
21. Номзодларнинг шикоятларини кўриб чиқиш муддати улар берилган кундан бошлаб уч иш кунидан ошмаслиги керак.
22. Суҳбатдан муваффақиятли ўтган ва магистратурага ўқишга кириш учун тест синовларида қатнашишга рухсат этилган номзодлар рўйхати Олий мактабнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
4-боб. Номзодларнинг тест синовларидан ўтиш тартиби
23. Тест саволларини тасдиқлаш ва тест синовларини ўтказиш Олий мактаб билан келишилган ҳолда, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан амалга оширилади.
24. Тест синовлари натижалари бўйича тўпланган максимал баллнинг камида 25 фоизини тўплаган номзодлар Олий мактаб тингловчиси сифатида қабул комиссияси тавсиясига асосан қабул қилинади.
25. Номзодларга кириш суҳбати ва тест синовларини қайта топширишга рухсат этилмайди.
26. Магистратурага кириш имтиҳонини муваффақиятли топширган номзодлар рўйхати Олий мактабнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
27. Номзод билан ўқишга кириш бўйича шартнома унинг магистратурага тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги комиссия қарори асосида тузилади.
28. Шартнома шартлари, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, тўловларни амалга ошириш тартиби қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади ва Олий мактабнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
29. Комиссия қарорига мувофиқ ва тузилган шартнома асосида Олий мактаб директорининг буйруғи билан магистратурага ўқишга қабул қилинади.
30. Агар ўқишга кирувчи номзод шартномада кўрсатилган муддатда тўловни амалга оширмаса, унинг ўрнига тўпланган баллар сонига кўра кейинги талабгор қабул қилинади.
31. Магистратура тингловчиси Олий мактабнинг ички тартиб қоидаларини бузганлиги ёки академик қарздорлиги сабабли ўқишдан четлаштирилган тақдирда, тўланган тўлов-контракт суммаси қайтарилмайди.
32. Номзодларнинг тест синовлари натижалари бўйича шикоятлари натижалар эълон қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигига тақдим этилади.
33. Апелляция комиссияси шикоятни шикоят берилган кундан бошлаб уч иш куни ичида кўриб чиқади ва қарор қабул қилинган куни номзодни шикоят қаноатлантирилган ёки рад этилганлигини кўрсатган ҳолда ёзма равишда хабар қилади.
34. Апелляция комиссиясининг таркиби ва иш тартиби Олий мактаб директорининг буйруғи билан тасдиқланади.
35. Апелляция комиссиясининг таркиби танлов комиссияси ишида иштирок этмаган шахслардан тузилади.
36. Тест натижаларини асослаш учун зарур ҳолларда, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг масъул ходими ёки эксперти жалб қилиниши мумкин.
37. Номзод мурожаатни кўриб чиқишда шахсан иштирок этиш ҳуқуқига эга.
5-боб. Якунловчи қоидалар
38. Олий мактабнинг магистратурасига кириш имтиҳонларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Олий мактабга ўқишга кирувчи номзодлар маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида тўланади.
39. Ушбу Низомни қўллашдан келиб чиқадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
40. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 декабрдаги 904-сон қарорига 4-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 30 июлдаги 460-сон қарори .
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 870-банди .
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Корпоратив бошқарувчи малака аттестатини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида» 2022 йил 29 ноябрдаги 679-сон қарорининг 6-банди ва унга 2-илова .
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Қонунчилик ҳужжатларида коррупциявий омилларни бартараф этиш ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 11 сентябрдаги 562-сон қарорига 5-илованинг 37-банди.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 30 декабрь,
904-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
TARKIBI
NIZOM
NIZOM
ROʻYXATI
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Biznes va tadbirkorlik oliy maktabi faoliyatini samarali tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Iqtisodiy islohotlarni amalga oshirishda ilmiy yondashuvlarni kengaytirish va boshqaruv kadrlarini tayyorlash tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 4-apreldagi PQ-108-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2023-yil 4-apreldagi PQ-108-son qaroriga muvofiq Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Biznes va tadbirkorlik oliy maktabi negizida Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Biznes va tadbirkorlik oliy maktabi (keyingi oʻrinlarda — Oliy maktab) tashkil etilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Belgilansinki:
Oliy maktab “Biznesni boshqarish (MBA)”, korporativ va loyiha boshqaruvi, shuningdek, biznes va tadbirkorlik sohalari boʻyicha kadrlar tayyorlanadigan tayanch davlat oliy taʼlim muassasasi hisoblanadi;
Oliy maktabda taʼlim jarayoni davlat granti va toʻlov-kontrakt asosida kunduzgi, sirtqi, kechki va masofaviy taʼlim shakllari boʻyicha oʻzbek, rus, ingliz tillarida amalga oshiriladi hamda oʻqishni muvaffaqiyatli tamomlagan bitiruvchilarga davlat namunasidagi diplom beriladi;
Oliy maktab tinglovchilari — davlat organlari va muassasalari, budjet tashkilotlari, davlat korxonalari, ustav fondida (ustav kapitalida) davlat ulushi 50 foiz va undan ortiq boʻlgan yuridik shaxslar hamda ustav fondida (ustav kapitalida) ushbu tashkilotlarning ulushi 50 foiz va undan ortiq boʻlgan yuridik shaxslar xodimlarining asosiy ish joyidagi lavozimi va oʻrtacha oylik ish haqi (kunduzgi taʼlim shaklida taʼlim olayotganda oʻrtacha ish haqi, biroq mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 15 baravaridan oshmagan qismi) oʻqishning butun davri uchun saqlab qolinadi;
Oliy maktab Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Biznes va tadbirkorlik oliy maktabining barcha huquqlari, majburiyatlari hamda tuzilgan shartnomalari boʻyicha huquqiy vorisi hisoblanadi.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Biznes va tadbirkorlik oliy maktabining vasiylik kengashi 1-ilovaga muvofiq tarkibda tuzilsin.
4. Quyidagilar Vasiylik kengashining asosiy vazifalari etib belgilansin:
Oliy maktab hamda uning hududiy filiallari faoliyatini umumiy nazorat qilish va muvofiqlashtirish;
xoʻjalik va moliyaviy hisobotlarning toʻgʻriligini tekshirish va nazorat qilish uchun Taftish komissiyasini tuzish;
xorijiy davlatlarning oliy taʼlim tashkilotlari bilan aloqa oʻrnatish, homiylik xayriyalari va grantlarni jalb etishga koʻmaklashish;
moddiy-texnik, oʻquv-metodik bazani takomillashtirish, binolar va hududiy filiallar infratuzilmasini rivojlantirish boʻyicha takliflar ishlab chiqish;
Oliy maktabda iqtisodiyotning turli tarmoqlari uchun dolzarb boʻlgan yangi mutaxassisliklar boʻyicha kadrlarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirishni tashkil etish boʻyicha takliflar ishlab chiqish.
5. Quyidagilar:
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Biznes va tadbirkorlik oliy maktabi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq;
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Biznes va tadbirkorlik oliy maktabi magistraturasiga oʻqishga qabul qilishni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 3-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
6. Quyidagilar Oliy maktab faoliyatini moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:
Davlat budjeti mablagʻlari;
toʻlov-kontrakt asosida oʻqitishdan tushadigan mablagʻlar;
asosiy faoliyatdan va pulli xizmatlar koʻrsatishdan, shu jumladan, oʻquv kurslari va seminarlarni tashkil etish, adabiyot materiallarini chop etishdan tushadigan tushumlar;
xoʻjalik, ilmiy-tadqiqot va innovatsion faoliyatdan, startap loyihalarini amalga oshirishdan olinadigan mablagʻlar;
vaqtincha boʻsh turgan mablagʻlarni belgilangan tartibda tijorat banklari depozitlariga joylashtirishdan va moliya bozorining boshqa vositalaridan olinadigan daromadlar;
xalqaro tashkilotlarning grantlari va texnik koʻmaklari;
jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
7. Oliy maktab Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birgalikda bir oy muddatda Oliy maktabning budjetdan tashqari Rivojlantirish va moddiy ragʻbatlantirish jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) mablagʻlarini shakllantirish va sarflash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni ishlab chiqsin va tasdiqlasin.
Iqtisodiyot va moliya vazirligi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan birgalikda 2026-yil 1-mayga qadar quyidagilarni tasdiqlashni nazarda tutuvchi Hukumat qarori loyihasini Vazirlar Mahkamasiga kiritsin:
Oliy maktabning bakalavriatiga oʻqishga qabul qilishni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom;
Oliy maktabning Executive MBA magistratura mutaxassisliklariga oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizom.
8. Iqtisodiyot va moliya vazirligi Oliy maktabning moddiy-texnik vositalarining eskirish darajasini inobatga olib, oʻquv va axborot-kutubxona fondi va moddiy-texnik bazasini yangilash xarajatlarini budjet mablagʻlari hamda Jamgʻarma hisobidan belgilangan tartibda moliyalashtirsin.
9. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari:
a) bir oy muddatda Oliy maktabning hududiy filiallarini aholi va tadbirkorlik subyektlari uchun oʻquv kurslarini tashkil etishda foydalaniladigan davlat mulki boʻlgan bino va xonalarga tekin foydalanish huquqi asosida joylashtirish choralarini koʻrsin;
b) doimiy ravishda Oliy maktabning hududiy filiallariga mahallada tadbirkorlikni rivojlantirish, aholi bandligini taʼminlash va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha tuman (shahar) hokimi yordamchilari uchun malaka oshirish kurslarini, shuningdek, aholi va tadbirkorlar uchun moliyaviy savodxonlik darajasini oshirish hamda tadbirkorlik faoliyati asoslari va koʻnikmalari boʻyicha oʻquv kurslarini tashkil etishda koʻmaklashsin;
v) barcha darajadagi hokim oʻrinbosarlarining malakasini oshirish ishlarini tizimli tashkil etish maqsadida:
har yili 20-fevralga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Boshqaruv samaradorligi agentligi bilan birgalikda tashkil etiladigan qisqa muddatli malaka oshirish oʻquv kurslarida ishtirok etish uchun hokim oʻrinbosarlarining tarkibi tasdiqlangan roʻyxat va reja-jadvallar asosida Oliy maktabga taqdim etilishini taʼminlasin;
qisqa muddatli malaka oshirish oʻquv kurslarining oʻquv dasturlari va oʻtkaziladigan mavzuga oid seminarlarni takomillashtirishga qaratilgan takliflarni Oliy maktabga taqdim etib borsin.
10. Davlat aktivlarini boshqarish agentligi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birgalikda bir oy muddatda oʻquv jarayonini tashkil etish uchun Oliy maktabga qoʻshimcha bino ajratish toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritsin.
11. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi hamda Alisher Navoiy nomidagi Oʻzbekiston Milliy kutubxonasi bir oy muddatda Oliy maktab uchun quyidagilarni bepul taʼminlasin:
Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim muassasalarining yagona elektron kutubxona platformasiga (unilibrary.uz) ulanish, undagi axborot-taʼlim resurslaridan foydalanish;
Oliy maktab va uning hududiy filiallarini Alisher Navoiy nomidagi Oʻzbekiston Milliy kutubxonasining axborot-kutubxona fondlari hamda yetakchi xorijiy litsenziyalangan elektron axborot-kutubxona resurslari fondlariga ulash.
12. Oliy maktab quyidagi joʻnatmalar reyestriga kiritilsin:
vazirlik va idoralarning statistika maʼlumotlari;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi huzuridagi Iqtisodiy tadqiqotlar va islohotlar markazi, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Makroiqtisodiyot va mintaqaviy tadqiqotlar instituti hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Budjet va soliq tadqiqotlari institutining xorijiy matbuot va tahliliy hisobotlari (materiallari) sharhlari;
Oʻzbekiston Respublikasi Milliy statistika qoʻmitasi, Markaziy bank, boshqa vazirlik va idoralarning statistika maʼlumotlari byulletenlari.
13. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 4-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
14. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 30-dekabrdagi 904-son qaroriga 1-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Biznes va tadbirkorlik oliy maktabi vasiylik kengashining
1. J.A. Qoʻchqorov — Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri, Vasiylik kengashi raisi 2. I.I. Norqulov — iqtisodiyot va moliya vazirining birinchi oʻrinbosari, Vasiylik kengashi raisining oʻrinbosari 3. I.R. Tangriyev — Vazirlar Mahkamasining kotibiyati mudiri 4. K.A. Sharipov — oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri 5. N.N. Saydullayev — Markaziy bank raisining birinchi oʻrinbosari 6. N.J. Xusanov — Davlat aktivlarini boshqarish agentligi direktorining birinchi oʻrinbosari 7. J.T. Maxsudov — raqamli texnologiyalar vaziri oʻrinbosari 8. B.Q. Abdinazarov — “UzAssets” investitsiya kompaniyasi” AJ boshqaruvi raisi 9. Q.S. Sanaqulov — “Navoiy kon-metallurgiya kombinati” AJ boshqaruvi raisi 10. A.X. Xursanov — “Olmaliq kon-metallurgiya kombinati” AJ boshqaruvi raisi 11. Lavozimi boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisining, viloyatlar va Toshkent shahar hokimining birinchi oʻrinbosarlari 12. Sh.Sh. Sharaxmetov — Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Biznes va tadbirkorlik oliy maktabi direktorining birinchi oʻrinbosari, Vasiylik kengashi kotibi
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 30-dekabrdagi 904-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Biznes va tadbirkorlik oliy maktabi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Biznes va tadbirkorlik oliy maktabining (keyingi oʻrinlarda — Oliy maktab) maqomi, asosiy vazifalari va funksiyalari, shuningdek, faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.
2. Oliy maktab oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalari qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti farmonlari, qarorlari va farmoyishlari hamda Vazirlar Mahkamasining qarorlariga va farmoyishlariga, shuningdek, ushbu Nizomga amal qiladi.
3. Oliy maktab korporativ va loyiha boshqaruvi, shuningdek, biznes va tadbirkorlik sohalari boʻyicha kadrlar tayyorlanadigan tayanch davlat oliy taʼlim muassasasi hisoblanib, Vazirlar Mahkamasi Oliy maktabning muassisi hisoblanadi.
Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri Oliy maktabning faoliyatiga umumiy rahbarlik qiladi.
4. Oliy maktab mustaqil balansga, Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasida shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga, shuningdek, banklarda milliy va xorijiy valyutada hisobvaraqlariga, Oʻzbekiston Respublikasining Davlat gerbi tasviri tushirilgan va oʻz nomi davlat tilida yozilgan muhrlar, shtamplar, ramzlar va qonunchilik hujjatlariga muvofiq faoliyatini amalga oshirish uchun zarur boʻlgan boshqa rekvizitlarga ega boʻladi.
5. Oliy maktabning rasmiy nomi:
a) davlat tilida:
toʻliq nomi — Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Biznes va tadbirkorlik oliy maktabi;
qisqartirilgan nomi — Oliy biznes maktabi;
b) rus tilida:
toʻliq nomi — Visshaya shkola biznesa i predprinimatelstva pri Kabinete Ministrov Respubliki Uzbekistan;
qisqartirilgan nomi — Visshaya shkola biznesa;
v) ingliz tilida:
toʻliq nomi — Graduate School of Business and Entrepreneurship under the Cabinet of Ministers of the Republic of Uzbekistan;
qisqartirilgan nomi — Graduate School of Business.
6. Oliy maktabning joylashgan joyi (pochta manzili): Toshkent shahri, Mirobod tumani, Mirobod koʻchasi, 25-uy, 100060.
7. Oliy maktabda bakalavriat va magistratura bosqichlari tinglovchilari toʻlov-kontrakt va davlat granti hisobidan oʻqitiladi.
2-bob. Oliy maktabning asosiy vazifalari va funksiyalari
8. Quyidagilar Oliy maktabning asosiy vazifalari hisoblanadi:
“Biznesni boshqarish (MBA)”, korporativ va loyiha boshqaruvi, shuningdek, biznes va tadbirkorlik sohalari uchun bakalavriat va magistratura bosqichlari boʻyicha kadrlarni tayyorlash, sohadagi kadrlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish;
transformatsiya jarayonlari va korporativ boshqaruv, tadbirkorlikni rivojlantirish va “yashil” iqtisodiyot tamoyillarini joriy etish boʻyicha ilmiy-tadqiqotlar, loyihalashtirish, axborot-tahliliy, startap loyihalar boʻyicha tashabbuslarni qoʻllab-quvvatlash hamda ekspert va konsalting xizmatlarini koʻrsatish;
raqamli iqtisodiyot, tadbirkorlik ekotizimi va “yashil” iqtisodiyotni rivojlantirishda xalqaro hamkorlikni kengaytirish, shu jumladan, yetakchi xorijiy taʼlim muassasalari va ilmiy markazlar bilan trening, qisqa kurs, seminar, davra suhbatlari hamda anjumanlarni tashkil etish;
taʼlim jarayoniga xalqaro taʼlim standartlarini joriy etish, jumladan, nufuzli xorijiy universitetlar va biznes maktablari bilan “ikki diplom” (Double degree) taʼlim modeli boʻyicha hamkorlik qilish;
xalqaro taʼlim standartlariga bosqichma-bosqich integratsiya qilish, AACSB (Universitetlarning biznes maktablarini rivojlantirish assotsiatsiyasi), AMVA (MVA assotsiatsiyasi) va biznes taʼlim sifatini baholovchi boshqa xalqaro tashkilotlarda Oliy maktabni akkreditatsiyadan oʻtkazish.
9. Oliy maktab oʻziga yuklangan asosiy vazifalardan kelib chiqib, quyidagi funksiyalarni amalga oshiradi:
a) korporativ va loyiha boshqaruvi, shuningdek, biznes va tadbirkorlik sohalari uchun bakalavriat va magistratura bosqichlari boʻyicha kadrlarni tayyorlash, sohadagi kadrlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish sohasida:
davlat taʼlim standartlari asosida “Biznesni boshqarish (MVA)”, “Loyiha boshqaruvi (RM)”, “Korporativ boshqaruv” hamda boshqa iqtisodiyot va boshqaruv sohasi magistratura mutaxassisliklari boʻyicha iqtisodiyot tarmoqlarini rivojlantirishning ustuvor vazifalarini hal etishga qodir boʻlgan yuqori malakali boshqaruv kadrlarini tayyorlashni tashkil etish;
oʻquv rejalari, dasturlari, oʻqitishning shakllarini davlat organlari, korxonalar, aholi ehtiyojlari va taʼlim xizmatlari bozoridagi mavjud talabga muvofiq belgilangan tartibda ishlab chiqish va tasdiqlash;
oʻquv jarayonini taʼlim berishning kredit-modul tizimi va innovatsion oʻqitish usullarini qoʻllagan holda, umumeʼtirof etilgan xalqaro taʼlim standartlari va talablariga muvofiq ishlab chiqilgan hamda tinglovchilarda biznes va boshqaruv faoliyatining tegishli sohalari boʻyicha tizimli tahlil qilish qobiliyati va amaliy koʻnikmalarini rivojlantirishga qaratilgan oʻquv dasturlari asosida tashkil etish;
biznes va boshqaruvga oid zamonaviy yutuqlarni, davlat va korporativ boshqaruvdagi oʻzgarishlar tajribasini inobatga olgan holda oʻquv, oʻquv-uslubiy va ilmiy adabiyotlarni tayyorlash;
vazirlik va idoralar, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda iqtisodiyot tarmoqlari vakillari uchun nufuzli xorijiy oliy taʼlim muassasalarining yetakchi professor-oʻqituvchilarini jalb etgan holda, davlat boshqaruvi, biznes boshqaruvi, korporativ va loyihaviy boshqaruv, zamonaviy menejment boʻyicha qisqa muddatli oʻquv kurslarini tashkil etish;
tuman (shahar) hokimlari yordamchilari, shuningdek, mahallalarda tadbirkorlikka qiziquvchi aholi uchun iqtisodiy bilimlar berish, ishbilarmonlik hamda tadbirkorlik koʻnikmalarini shakllantirish maqsadida qisqa muddatli oʻquv kurslarini tashkil etish;
Makroiqtisodiyot, Sanoat iqtisodiyoti, Xizmat koʻrsatish tarmoqlari iqtisodiyoti, Moliya, pul muomalasi va kredit, Marketing, Mintaqaviy iqtisodiyot, Menejment, Iqtisodiyotda axborot tizimlari va texnologiyalari, Tadbirkorlik va kichik biznes iqtisodiyoti, Raqamli iqtisodiyot va xalqaro raqamli integratsiya ixtisosliklari boʻyicha ilmiy-pedagog kadrlarni tayyorlash;
mutasaddi vazirlik, idora, xoʻjalik birlashmalari va tashkilotlarning rahbar hamda xodimlari, davlat ulushi boʻlgan xoʻjalik subyektlarining davlat ishonchli vakillari hamda boshqaruvchilari, shuningdek, kuzatuv kengashi raisi, uning aʼzolarini va taftish komissiyasi aʼzolarini hamda boshqa iqtisodiy tuzilmalarning xususiylashtirish sohalarida faoliyat yuritayotgan mutaxassislar uchun korporativ boshqaruv boʻyicha maxsus qisqa muddatli oʻquv kurslarini tashkil etish va davlat namunasidagi sertifikat hamda korporativ boshqaruvchi malaka attestatini berish;
aholini biznes yuritish va tadbirkorlik koʻnikmalariga oʻqitishni tashkil etish hamda bu sohada malakali trenerlarni tayyorlash;
Oliy maktab hududiy filiallari oʻquv-uslubiy, innovatsion va boshqa faoliyatini muvofiqlashtirish va nazorat qilish;
b) transformatsiya jarayonlari va korporativ boshqaruv, tadbirkorlikni rivojlantirish va “yashil” iqtisodiyot tamoyillarini joriy etish boʻyicha ilmiy-tadqiqotlar, loyihalashtirish, axborot-tahliliy, startap loyihalar boʻyicha tashabbuslarni qoʻllab-quvvatlash hamda ekspert va konsalting xizmatlarini koʻrsatish sohasida:
ilgʻor pedagogik va axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini keng qoʻllagan holda, taʼlim jarayoni samaradorligi va sifatini oshirishga qaratilgan boshqaruv kadrlarini tayyorlashning zamonaviy xalqaro taʼlim standartlari va uslublarini, shu jumladan, masofaviy taʼlim texnologiyalarini taʼlim jarayoniga joriy etish;
tadbirkorlik tashabbuslari va startap loyihalarni qoʻllab-quvvatlash, xalqaro, davlat hamda xususiy korxonalar, tashkilotlar, birlashmalar bilan hamkorlik qilish, shuningdek, biznes tashabbuslari va startap loyihalarni qoʻllab-quvvatlash uchun tajribali tadbirkorlar hamda xorijiy ekspertlarni jalb etish;
biznes yuritish va tadbirkorlik faoliyatini tashkil etish boʻyicha oʻquv-uslubiy materiallarni (shu jumladan, elektron shaklda) tayyorlash orqali xoʻjalik subyektlari va tadbirkorlarga uslubiy yordam koʻrsatish;
tashkilotlarda korporativ boshqaruv va menejment tizimlarini baholash, diagnostika qilish hamda tahlil qilish xizmatlarini koʻrsatish;
matbaa, noshirlik va hujjatlardan nusxa koʻchirish faoliyatini amalga oshirish;
v) raqamli iqtisodiyot, tadbirkorlik ekotizimi va “yashil” iqtisodiyotni rivojlantirishda xalqaro hamkorlikni kengaytirish, shu jumladan, yetakchi xorijiy taʼlim muassasalari va ilmiy markazlar bilan trening, qisqa kurs, seminar, davra suhbatlari hamda anjumanlarni tashkil etish sohasida:
davlat organlari va tashkilotlari hamda xoʻjalik yurituvchi subyektlar rahbarlari va mutaxassislarini “yashil” iqtisodiyotga oʻtish masalalari boʻyicha oʻqitish;
Oliy maktabda biznes va boshqaruv nazariyasi hamda amaliyotining dolzarb masalalari boʻyicha vazirlik va idoralarning rahbar va masʼul xodimlari tomonidan maʼruza oʻqish (shu jumladan, soatbay haq toʻlash asosida), mashgʻulotlar va mahorat darslarini tashkil etish;
tinglovchilar bilimini baholash usullarini takomillashtirish;
mahalliy va xorijiy yuridik hamda jismoniy shaxslar ishtirokida ilmiy tadbirlarni tashkil etish;
g) taʼlim jarayoniga xalqaro taʼlim standartlarini joriy etish, jumladan, nufuzli xorijiy universitetlar va biznes maktablari bilan “ikki diplom” (Double degree) taʼlim modeli boʻyicha hamkorlik qilish sohasida:
xorijiy hamkorlar bilan birgalikda kadrlarni tayyorlash boʻyicha qoʻshma taʼlim dasturlarini (double degree) amalga oshirish, oʻquv jarayoniga xorijiy olimlar va mutaxassislarni faol jalb qilish;
xalqaro tashkilotlar (CFA Institute, ACCA, ICA, SES va boshqalar) bilan kadrlarni tayyorlash va ularning malakasini oshirish boʻyicha hamkorlik qilish;
d) xalqaro taʼlim standartlariga bosqichma-bosqich integratsiya qilish, AACSB (Universitetlarning biznes maktablarini rivojlantirish assotsiatsiyasi), AMVA (MVA assotsiatsiyasi) va biznes taʼlim sifatini baholovchi boshqa xalqaro tashkilotlarda Oliy maktabni akkreditatsiyadan oʻtkazish sohasida:
ijtimoiy-iqtisodiy va boshqa masalalar boʻyicha maʼlumotlar bazalarini yaratish va yuritish, maʼlumotlarni qayta ishlash va Oliy maktab faoliyati yoʻnalishlari boʻyicha tahliliy sharhlar tayyorlash;
tadbirkorlik va biznesni boshqarish sohasida ilm-fanning eng yangi yutuqlari va ilgʻor jahon tajribasini muntazam oʻrganish, xoʻjalik yurituvchi subyektlarda zamonaviy boshqaruvning samarali shakllari va usullarini joriy etish, tadbirkorlikni rivojlantirish boʻyicha ilmiy asoslangan uslub va tavsiyalar ishlab chiqish;
Oliy maktabni xalqaro tan olingan biznes maktablarining reytinglariga kiritish boʻyicha chora-tadbirlarni amalga oshirish;
iqtisod fanlari boʻyicha falsafa doktori (PhD) va fan doktori (DSc) ilmiy darajasini olish uchun dissertatsiyalar himoyasi boʻyicha ixtisoslashtirilgan ilmiy kengashlar faoliyatini tashkil etish;
Oliy maktab xalqaro reytingi va raqobatbardoshligini oshirish maqsadida chet el fuqarolari uchun taʼlim olish imkoniyatini kengaytirish.
3-bob. Oliy maktabning huquqlari va javobgarligi
10. Oliy maktab quyidagi huquqlarga ega:
oʻquv rejalari, dasturlari, oʻqitish turlari va shakllarini respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari, tashkilotlar, aholi ehtiyojlari va taʼlim xizmatlari bozoridagi talabga muvofiq ishlab chiqish va tasdiqlash;
bakalavriat va magistratura bosqichlari boʻyicha taʼlim va boshqa xizmatlar, shu jumladan, toʻlov-shartnoma asosida koʻrsatiladigan xizmatlar narxini belgilash;
Oliy maktab bakalavriat va magistratura bosqichlariga xorijiy taʼlim muassasalari bilan hamkorlikda amalga oshiriladigan “ikki diplom” (Double degree) modeli doirasida qabul parametrlarini, toʻlov-shartnoma asosidagi koʻrsatiladigan xizmatlar miqdori va narxlarini hamkor xorijiy oliy taʼlim tashkiloti hamda Vazirlar Mahkamasi bilan kelishgan holda tasdiqlash;
Oliy maktab taʼlim dasturlari xususiyatidan kelib chiqib, professor-oʻqituvchilar tarkibini shakllantirish. Shuningdek, vazirliklar, idoralar, korxona va tashkilotlarning tegishli kompetensiyaga ega boʻlgan (ilmiy daraja yoki unvonsiz) mutaxassislarini ham oʻquv jarayoniga jalb etish;
Oliy maktab Ilmiy kengashi qaroriga asosan Oliy maktabda va xorijiy hamkor taʼlim muassasalari bilan hamkorlikdagi qoʻshma “ikki diplom” (dual degree) modeli boʻyicha tahsil olayotgan tinglovchilarning uzrli sabablarini (sogʻligi, turmushga chiqqanligi, moliyaviy ahvoli va boshqalar) inobatga olgan holda ularning oʻqishini kunduzgidan sirtqiga, sirtqidan kunduzgi shaklga koʻchirishga hamda qoʻshma diplomdagi tinglovchilar oʻqishining ikkinchi yilini Oliy maktabdagi mutaxassisligi boʻyicha davom ettirishga ruxsat berish;
shartnoma asosida jalb qilingan professor-oʻqituvchilar va mutaxassislar mehnatiga soatbay haq toʻlash miqdorini tasdiqlash;
Oliy maktab professor-oʻqituvchilari va xodimlarining oʻqitilayotgan fanlardan darslik va oʻquv-uslubiy qoʻllanmalarni hamda ilmiy maqolalarini xalqaro ilmiy jurnallarda nashr etganligi uchun ularning xarajatlarini toʻliq qoplash;
chet ellik mutaxassislarni maslahatchi, oʻqituvchi (trener) va ekspert sifatida jalb etish, ularga oylik ish haqini va boshqa toʻlovlarni Oliy maktabning budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan belgilash hamda toʻlash;
mulk, intellektual va boshqa mulk, xoʻjalik yoki boshqa faoliyat natijasida olingan mahsulotlar, daromadlar, shuningdek, amaldagi qonunchilik asoslarida olingan boshqa mol-mulkka egalik qilish, ulardan foydalanish va ularni tasarruf etish;
bakalavriat taʼlim yoʻnalishi boʻyicha davlat imtihoni yoki bitiruv malakaviy ishi hamda magistrlik dissertatsiyasi yoki loyiha ishini bajarishga ilmiy rahbarlik qilish yoki boshqa turdagi majburiy davlat yakuniy attestatsiyasi jarayonlarida ishtirok etish tartibi, shuningdek, tegishli oʻquv yuklamalari meʼyorlarini belgilash;
shartnoma asosida ilmiy-tadqiqot ishlari va boshqa turdagi xizmatlarni koʻrsatish;
davlat boshqaruvi organlari va xoʻjalik birlashmalari, tijorat banklari rahbarlari va mutaxassislari, ilmiy-tadqiqot tashkilotlari xodimlarini, oliy taʼlim muassasalari, shu jumladan, xorijiy oliy taʼlim muassasalarining professor-oʻqituvchilarini shartnoma asosida soha ekspertlari sifatida ilmiy-tadqiqot ishlariga jalb etish;
qonunchilik hujjatlariga asosan davlat boshqaruvi organlari va xoʻjalik birlashmalari hamda tashkilotlariga axborot va maslahat xizmatlarini koʻrsatish;
xalqaro hamkorlikni amalga oshirish, xodimlar va mutaxassislarni xorijiy mamlakatlarga xizmat safarlariga yuborish, chet ellik mutaxassislarni, xalqaro ijtimoiy, moliyaviy va iqtisodiy tashkilotlar, xorijiy kompaniyalar hamda banklar vakillarini taklif qilish va qabul qilish;
davlat boshqaruvi organlari va xoʻjalik birlashmalari, Milliy statistika qoʻmitasi, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari va boshqa davlat tashkilotlaridan zarur uslubiy, statistika, axborot-tahliliy materiallarni bepul olish;
Oliy maktabning moddiy-texnik bazasini mustahkamlash, kapital qurilish va asosiy vositalarni rekonstruksiya qilish, taʼmirlash-tiklash ishlarini amalga oshirish;
Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasida shaxsiy gʻazna hisobvaraqlarida, shuningdek, banklarda va boshqa moliya tashkilotlarida milliy va xorijiy valyutada hisobvaraqlar ochish va ular boʻyicha tegishli operatsiyalarni amalga oshirish;
xodimlarning xorijiy hamkorlar bilan qoʻshma loyihalarda (seminarlar, konferensiyalarda) ishtirok etish, ilmiy-tadqiqot faoliyatini amalga oshirish, taʼlim dasturlari, qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslari kontentlarini yaratishda xalqaro hamda xorijiy ilmiy-statistika maʼlumotlari bazalari, ilmiy nashrlar, sunʼiy intellekt va axborot texnologiyalaridan foydalanish;
Oliy maktab tomonidan koʻrsatiladigan xizmatlar va bajariladigan ishlar uchun narxlar va tariflarni mustaqil belgilash;
xorijiy hamkor taʼlim muassasalari bilan hamkorlikda qoʻshma “ikki diplom” (Double degree) modeli boʻyicha oʻqitish, bitiruvchilarni attestatsiyadan oʻtkazish tartibi, toʻlov qiymatini belgilash;
professor-oʻqituvchilarni va boshqa xodimlarni Oliy maktab kafedralariga 1 yildan 5 yilgacha muddatga belgilangan tartibda shartnoma bilan ishga qabul qilish;
Oliy maktab Ilmiy kengashi qarori asosida oʻquv kurslari uchun toʻlov miqdorini belgilash;
Oliy maktabning yillik xarajatlar smetasini, avtotransport vositalarining masofa bosib oʻtish limitlari va ularga texnik xizmat koʻrsatishga qoʻyiladigan talablarni tasdiqlash;
Oliy maktab qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
11. Oliy maktab:
oʻz vakolatiga kiritilgan vazifalarni bajarmaganligi;
taʼlim jarayonida oʻquv rejasiga muvofiq oʻquv dasturlari hajmi toʻliq bajarilmaganligi;
taʼlim jarayoni vaqtida tinglovchi hamda xodimlarning hayoti va sogʻligʻi;
tinglovchi hamda xodimlarning huquq va erkinliklari buzilganligi uchun javobgar hisoblanadi.
4-bob. Oliy maktab faoliyatini tashkil etish
1-§. Oliy maktab rahbariyati
12. Oliy maktabga Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan lavozimga tayinlanadigan va lavozimdan ozod etiladigan direktor rahbarlik qiladi.
13. Direktor:
Oliy maktab faoliyatiga umumiy rahbarlik qiladi hamda Oliy maktabga yuklangan vazifalar va funksiyalarning bajarilishini taʼminlaydi;
Oliy maktab nomidan barcha davlat organlari va tashkilotlari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari va boshqa tashkilotlarda, shuningdek, chet elda vakillik qiladi;
Oliy maktabga yuklangan vazifalar va funksiyalarning bajarilishini taʼminlash maqsadida direktorning birinchi oʻrinbosari, oʻrinbosarlari va xodimlari oʻrtasida vazifalarni taqsimlaydi, ularning vakolatlarini belgilaydi;
Oliy maktabning mol-mulki va mablagʻlarini ishonchnomasiz, oʻz vakolatlari doirasida belgilangan tartibda tasarruf etadi;
Oliy maktab nomidan shartnomalar tuzish va tovar-moddiy qimmatliklarni sotib olish uchun ishonchnomalar beradi;
Oliy maktabning Ilmiy kengashi tarkibini va uning nizomini tasdiqlaydi;
Oliy maktab va uning hududiy filiallari faoliyatiga oid ichki hujjatlarni tasdiqlaydi;
Oliy maktabning mablagʻlarini ishonchnomasiz, oʻz vakolatlari doirasida belgilangan tartibda tasarruf etadi;
Oliy maktabning barcha xodim, professor-oʻqituvchi hamda tinglovchilari tomonidan qatʼiy bajarilishi shart boʻlgan buyruq va koʻrsatmalarni tasdiqlaydi;
Oliy maktab va uning hududiy filiallari rahbar hamda xodimlarini ishga qabul qiladi, lavozimlarini oʻzgartiradi va lavozimdan ozod etadi;
Oliy maktabning shtat jadvalini, xodimlar va professor-oʻqituvchilarning ish haqi, ustamalar, moddiy ragʻbatlantirish, moddiy yordam miqdorlarini tasdiqlaydi;
zarur hollarda, tasdiqlangan shtatdagi xodimlar soni doirasida Oliy maktab va uning hududiy filiallari tuzilmalariga Vazirlar Mahkamasi bilan kelishgan holda oʻzgartirishlar kiritadi;
belgilangan tartibda ilmiy-tadqiqot jamoalari hamda ekspert guruhlarini tuzadi;
Oliy maktabning tarkibiy boʻlinmalari toʻgʻrisidagi nizomlarni, rahbariyat va xodimlarning lavozim yoʻriqnomalarini tasdiqlaydi;
Oliy maktabning Ilmiy kengashiga raislik qiladi;
Oliy maktab faoliyati bilan bogʻliq boshqa masalalarni qonunchilik hujjatlariga muvofiq koʻrib chiqadi va qaror qabul qiladi.
14. Direktor oʻrinbosarlari Oliy maktabning oʻquv jarayonini tashkil etish, ilmiy-innovatsion ishlarni tashkil etish, hududiy boʻlinmalar faoliyatini muvofiqlashtirish, xalqaro aloqalarni rivojlantirish, moliya-xoʻjalik, shuningdek, ularga biriktirilgan tarkibiy boʻlinmalar faoliyatiga rahbarlik qiladi.
2-§. Oliy maktabning vasiylik kengashi
15. Oliy maktabning vasiylik kengashi (keyingi oʻrinlarda — Vasiylik kengashi) Oliy maktabning oliy boshqaruv organi hisoblanadi.
16. Quyidagilar Vasiylik kengashining asosiy vazifalari hisoblanadi:
Oliy maktab hamda uning hududiy filiallari faoliyatini umumiy nazorat qilish va muvofiqlashtirish;
xoʻjalik va moliyaviy hisobotlarning toʻgʻriligini tekshirish va nazorat qilish uchun Taftish komissiyasini tuzish;
xorijiy davlatlarning oliy taʼlim tashkilotlari bilan aloqa oʻrnatish, homiylik xayriyalari va grantlarni jalb etishga koʻmaklashish;
moddiy-texnik, oʻquv-metodik bazani takomillashtirish, binolar va hududiy filiallar infratuzilmasini rivojlantirish boʻyicha takliflar ishlab chiqish;
Oliy maktabda iqtisodiyotning turli tarmoqlari uchun dolzarb boʻlgan yangi mutaxassisliklar boʻyicha kadrlarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirishni tashkil etish toʻgʻrisida takliflar ishlab chiqish.
17. Vasiylik kengashi qarorlari uning aʼzolarining koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi va kengash majlislari bayonnomalari bilan rasmiylashtiriladi. Ovozlar teng boʻlgan taqdirda, raisning ovozi hal qiluvchi hisoblanadi.
18. Vasiylik kengashining majlislari yiliga kamida bir marta yoki zarurat boʻlganda, Vasiylik kengashi raisi yoki uning oʻrinbosari qarori bilan, shuningdek, Vasiylar kengashi, Ilmiy kengash va Taftish komissiyasi aʼzolari takliflariga binoan oʻtkaziladi.
3-§. Oliy maktabning ilmiy kengashi
19. Oliy maktabning ilmiy kengashi (keyingi oʻrinlarda — Ilmiy kengash) tarkibiga Oliy maktab direktorining birinchi oʻrinbosari va oʻrinbosarlari, ilmiy kotib, boʻlim boshliqlari, kafedra mudirlari, boshqa tarkibiy boʻlinmalar boshliqlari, yetakchi professor-oʻqituvchilar, shuningdek, boshqa taʼlim va ilmiy muassasalarning yetakchi olim hamda mutaxassislari kiritilishi mumkin.
20. Ilmiy kengash tarkibi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi bilan kelishilgan holda Oliy maktab direktori tomonidan tasdiqlanadi.
21. Ilmiy kengash:
davlat va xalqaro taʼlim standartlaridan foydalangan holda ishlab chiqilgan oʻquv rejalari hamda dasturlarini tasdiqlaydi va ularning bajarilishini taʼminlaydi;
Oliy maktabni yanada rivojlantirishning ustuvor masalalari boʻyicha tavsiyalar va koʻrsatmalar beradi;
Oliy maktabni rivojlantirishning yillik va istiqbolli rejalarini tasdiqlaydi, kadrlarni (tinglovchilarni) tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirishning oʻquv dasturlarini belgilangan tartibda tasdiqlaydi;
oʻquv-pedagogik, ilmiy-tadqiqot faoliyatining sifati va tayyorlanadigan kadrlarning raqobatbardoshliligini taʼminlashga qaratilgan xorijiy ilgʻor tizimlarni boshqaruv va taʼlim jarayoniga joriy etish boʻyicha takliflar ishlab chiqadi;
professor-oʻqituvchilarning oʻquv yuklamasi meʼyorini, bir oʻqituvchiga toʻgʻri keladigan tinglovchilarning chegaraviy soni va professor-oʻqituvchilar hamda shartnoma asosida jalb qilingan professor-oʻqituvchilar mehnatiga soatbay haq toʻlash miqdorini belgilaydi;
ilmiy-tadqiqot, maʼnaviy-maʼrifiy ishlar rejalari ijrosini, professor-oʻqituvchilar tarkibining malaka oshirish va qayta tayyorlash masalalarini muhokama qiladi hamda tegishli qarorlar qabul qiladi;
kafedra mudiri, professor-oʻqituvchilar lavozimlarini egallash boʻyicha belgilangan tartibda tanlovlar eʼlon qiladi va oʻtkazadi;
professor, dotsent ilmiy unvonini olishga tavsiya etiladigan xodimlarning hujjatlarini oʻrganib chiqadi va belgilangan tartibda ilmiy unvonga tasdiqlash uchun tavsiya etadi;
xorijiy mamlakatlarning oliy taʼlim muassasalari bilan aloqalarni oʻrnatish boʻyicha qarorlar qabul qiladi;
kafedralarni ochish, tugatish, oʻzgartirish masalalari boʻyicha rahbariyatga taklif kiritadi;
kadrlar tayyorlash boʻyicha buyurtmachilar va marketing xizmati takliflarini hisobga olgan holda, yangi bakalavriat va magistratura bosqichlarini ochish toʻgʻrisida taklif kiritadi;
sohaga oid oʻquv adabiyotlarini belgilangan tartibda nashr qilishga tavsiya qiladi;
Oliy maktabda amalga oshiriladigan oʻquv, metodik, ilmiy-tadqiqot, axborot-tahlil ishlari, kadrlarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish sifati yuzasidan nazoratni amalga oshiradi;
kafedra mudirlarining hisobotlarini eshitadi va tegishli tartibda qarorlar qabul qiladi;
Oliy maktabning faxriy professori darajasini berish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
22. Ilmiy kengash uning majlisida tarkibining kamida uchdan ikki qismi ishtirok etgan taqdirda, vakolatli hisoblanadi. Koʻrib chiqilayotgan masalalar oddiy koʻpchilik ovoz bilan qabul qilinadi.
23. Ilmiy kengash qarori Ilmiy kengash raisi yoki rais oʻrinbosari tomonidan tasdiqlanadi.
4-§. Oliy maktabning taftish komissiyasi
24. Oliy maktabning taftish komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — Taftish komissiyasi) Vasiylik kengashi tomonidan tuziladi.
25. Taftish komissiyasi amaldagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq Oliy maktabda xoʻjalik, moliya-hisob faoliyati hamda moliyaviy hisobotlarning yuritilishini tekshiradi va nazorat qiladi.
26. Taftish komissiyasining raisi va aʼzolari, ularning vakolatlari muddatlari va tekshirishlarni oʻtkazish davriyligi (bir yilda bir marta) Vasiylik kengashining qarori bilan belgilanadi.
27. Taftish komissiyasi:
moliyaviy va buxgalteriya hisob-kitoblarning toʻgʻriligini tekshirishni kamida bir yilda bir marta, shuningdek, Vasiylik kengashi raisining qarorlariga binoan tekshiradi;
zarurat boʻlganda, Vasiylik kengashining navbatdan tashqari majlisini chaqirishni talab etish huquqiga ega;
Oliy maktab hamda Jamgʻarma mablagʻlarining toʻgʻri va maqsadli sarflanishini tahlil qiladi, yillik hisobot va balans boʻyicha Vasiylik kengashiga xulosa tayyorlaydi;
kelgusi yilga Oliy maktab hamda Jamgʻarma mablagʻlari tushumi va ularning sarflanishi boʻyicha moliyaviy rejasi toʻgʻriligi va asoslanganligini koʻrib chiqadi.
5-bob. Oliy maktabning taʼlim jarayonini, oʻquv-metodik va ilmiy faoliyatini tashkil etish
28. Oliy maktabda taʼlim jarayoni davlat taʼlim standartlariga, zamonaviy xalqaro taʼlim standartlari va talablariga muvofiq ishlab chiqilgan oʻquv rejalari va oʻquv dasturlari asosida, shuningdek, oʻqitishning zamonaviy shakllari va usullaridan, ilgʻor pedagogika, axborot-kommunikatsiya hamda innovatsiya texnologiyalaridan foydalangan holda kredit-modul tizimi shaklida amalga oshiriladi.
29. Bakalavriat va magistratura bosqichlari boʻyicha oʻqitishning maqsadlari va vazifalaridan kelib chiqib, boshqaruv kadrlari tegishli oʻquv dasturlari asosida tayyorlanadi.
30. Oliy maktab tinglovchilarining majburiy davlat yakuniy attestatsiyasi turlari va shakllari Oʻzbekiston Respublikasining taʼlim toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari asosida belgilanadi.
31. Oliy maktabni muvaffaqiyatli tamomlagan bitiruvchilarga davlat namunasidagi diplom beriladi. Shuningdek, diplom yoʻqolgan yoki foydalanish uchun yaroqsiz holga kelganda hamda shaxsning ismi (familiyasi, otasining ismi) oʻzgarganda, diplomning dublikati beriladi.
6-bob. Oliy maktab faoliyatini moliyalashtirish va moddiy-texnik taʼminlash, uning xodimlari mehnatiga haq toʻlash va moddiy ragʻbatlantirish
32. Oliy maktab xodimlarining huquq va majburiyatlari, shuningdek, ularning Oliy maktab maʼmuriyati bilan oʻzaro munosabatlari mehnat toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari, jamoa shartnomasi, yakka tartibdagi mehnat shartnomalari, Oliy maktabning ichki hujjatlari va ushbu Nizom bilan tartibga solinadi.
33. Oliy maktab xodimlarining mehnatiga haq toʻlash, ularni mukofotlash va moddiy ragʻbatlantirish Davlat budjeti, toʻlov-kontrakt mablagʻlari hamda Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.
Oliy maktabning professor-oʻqituvchilari va barcha xodimlari mehnatiga Yagona tarif setkasi boʻyicha mehnatga haq toʻlash tarif koeffitsiyentini ikki baravarga oshirilgan holda haq toʻlanadi. Bunda mehnatga haq toʻlash razryadlari va ish haqini hisoblashning barcha turlari Iqtisodiyot va moliya vazirligi uchun belgilangan tartiblar asosida qoʻllaniladi.
Xodimlar va professor-oʻqituvchilar tarkibini (shu jumladan, boshqa tashkilotlardan jalb etilganlarni) magistrlik dissertatsiyalari yoki boshqa turdagi majburiy davlat yakuniy attestatsiyasiga ilmiy rahbarlik boʻyicha qoʻshimcha oʻquv yuklamalari uchun bir oʻquv yilida 400 soatdan oshmagan miqdorda soatbay haq toʻlashga ruxsat etiladi.
Qoʻshma taʼlim dasturlarida dars mashgʻulotlarini olib boruvchi professor-oʻqituvchilar tarkibiga va jalb etilgan mutaxassislarga oʻquv yuklamasi uchun amaldagi soatbay haq toʻlash miqdorining toʻrt baravaridan yuqori boʻlmagan miqdorigacha haq toʻlanishi mumkin.
34. Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan professor-oʻqituvchilar va barcha xodimlarga quyidagi ragʻbatlantirish toʻlovlari amalga oshiriladi:
lavozim maoshining (ragʻbatlantirish koeffitsiyentini inobatga olgan holda) toʻrt baravaridan koʻp boʻlmagan miqdorda oylik ustamalar;
davriy hisobot natijalariga koʻra, shu jumladan, alohida topshiriqlarni bajarganlik uchun lavozim maoshining (ragʻbatlantirish koeffitsiyentini inobatga olgan holda) besh baravarigacha boʻlgan ragʻbatlantirish toʻlovlari;
kadrlar tayyorlash boʻyicha tuzilgan mehnat shartnomalari asosida xorijiy professor-oʻqituvchilar va yetuk mutaxassislarga ragʻbatlantirish va ish haqi toʻlovlari;
umumxalq bayramlari, chorak va yil yakunlari munosabati bilan mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining oʻn baravari miqdorigacha mukofotlar;
Oliy maktab markaziy apparati va hududiy filiallarning xodimlarini ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash maqsadida Oliy maktab direktorining buyrugʻiga asosan madaniy — ommaviy tadbirlarga Oliy maktab kasaba uyushmasi hisobraqamiga mablagʻ oʻtkazish orqali yoʻnaltirishi mumkin.
Bunda toʻlov-kontrakt mablagʻlari hamda Jamgʻarmaga tushgan barcha mablagʻlar Oliy maktab faoliyatini amalga oshirishini taʼminlash uchun zarur boʻlgan xarajatlar qoplangandan keyin qoldiq mablagʻlarning 50 foizdan koʻp boʻlmagan qismi xodimlarni moddiy ragʻbatlantirishga yoʻnaltiriladi.
35. Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish tartibi, shuningdek, Oliy maktabning kafedra mudirlari, professor-oʻqituvchilari va boshqa boʻlimlar xodimlari, texnik va xizmat koʻrsatuvchi xodimlar uchun oylik ustamalar belgilash mezonlari Oliy maktab direktori tomonidan belgilanadi.
36. Oliy maktab professor-oʻqituvchilari va xodimlariga Scopus, Web of Science va boshqa shu kabi yirik nashriyotlar yoki maʼlumotlar bazasi asosida “impakt-faktor”ga ega boʻlgan ilmiy xorijiy jurnallarda chop etilgan ilmiy maqolalari uchun oylik ish haqining (ragʻbatlantirish koeffitsiyentini hisobga olgan holda) uch baravarigacha miqdorda moddiy yordam koʻrsatiladi. Agar ilmiy maqola hammualliflikda chop etilgan boʻlsa, birinchi muallifga oylik ish haqining bir baravarida, ikkinchi muallifga oylik ish haqining 60 foizi va uchinchi muallifga 40 foizi miqdorida Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan toʻlab berilishi mumkin.
37. Quyidagilar Oliy maktab faoliyatini moliyalashtirish manbalari hisoblanadi:
Davlat budjeti mablagʻlari;
toʻlov-kontrakt asosida oʻqitishdan tushadigan mablagʻlar;
asosiy faoliyatdan va pulli xizmatlar koʻrsatishdan, shu jumladan, oʻquv kurslari va seminarlarni tashkil etish, adabiyot materiallarini chop etishdan tushadigan tushumlar;
xoʻjalik, ilmiy-tadqiqot va innovatsion faoliyatdan, startap loyihalarni amalga oshirishdan olingan mablagʻlar;
vaqtincha boʻsh turgan mablagʻlarni belgilangan tartibda tijorat banklari depozitlariga joylashtirishdan va moliya bozorining boshqa vositalaridan olinadigan daromadlar;
xalqaro tashkilotlarning grantlari va texnik koʻmaklari;
jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
7-bob. Oliy maktabning mol-mulki
38. Asosiy fondlar (bino va inshootlar, asbob-uskunalar, transport vositalari va shu kabilar), aylanma mablagʻlar, shuningdek, moliyaviy resurslar va moliyalashtirishning boshqa manbalari hisobidan sotib olinadigan hamda turli mahalliy va xorijiy korxonalar va tashkilotlardan homiylik tariqasida beriladigan moddiy boyliklar Oliy maktabning mol-mulkini tashkil etadi. Oliy maktab mol-mulkining qiymati uning mustaqil balansida aks ettiriladi.
39. Oliy maktab oʻziga biriktirilgan mol-mulkka egalik qilish, undan foydalanish va uni tasarruf etish huquqini belgilangan tartibda amalga oshiradi.
8-bob. Oliy maktabning xalqaro faoliyati
40. Oliy maktab yetakchi xorijiy taʼlim tashkilotlari va kompaniyalar, xalqaro tashkilotlar va fondlar bilan menejment, biznes va tadbirkorlikni rivojlantirish, korporativ va loyiha boshqaruvi hamda iqtisodiyotning boshqa talab yuqori boʻlgan sohalarida kadrlarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish, oʻquv-metodik ishlar va ilmiy faoliyatni yanada takomillashtirish hamda Oliy maktab professor-oʻqituvchilari, xodim va tinglovchilarining xorijiy amaliyotlarini tashkil qilish boʻyicha xalqaro hamkorlikni amalga oshiradi.
41. Xalqaro hamkorlik, shu jumladan, Oliy maktab xodim va tinglovchilarining chet eldagi stajirovkasi Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalari, Oliy maktabning shartnomalari va boshqa shartnomalar (kontraktlar) asosida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
9-bob. Yakunlovchi qoidalar
42. Oliy maktab qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda qayta tashkil etiladi va tugatiladi.
43. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 30-dekabrdagi 904-son qaroriga 3-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Biznes va tadbirkorlik oliy maktabi magistraturasiga oʻqishga qabul qilishni tashkil etish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Biznes va tadbirkorlik oliy maktabi (keyingi oʻrinlarda — Oliy maktab) magistraturasiga kunduzgi, sirtqi, kechki va masofaviy taʼlim shakllari boʻyicha oʻqishga qabul qilishni tashkil etish tartibini belgilaydi.
Ushbu Nizom Oliy maktabning Executive MBA magistratura mutaxassisliklariga oʻqishga qabul qilish tartibiga tatbiq etilmaydi. Executive MBA magistratura mutaxassisliklariga oʻqishga qabul qilish tartibi Vazirlar Mahkamasi tomonidan alohida belgilanadi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
Oliy maktab magistraturasiga oʻqishga qabul qilish komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — Qabul komissiyasi) — Oliy maktab direktorining buyrugʻi bilan magistraturaga oʻqishga qabul qilishni tashkil etish uchun har yili tuziladigan komissiya;
nomzod — magistraturaga oʻqishga kirish uchun hujjat topshirgan jismoniy shaxs;
Nomzodlar bilan suhbat oʻtkazish boʻyicha maxsus komissiya (keyingi oʻrinlarda — Maxsus komissiya) — Oliy maktab direktorining buyrugʻi bilan nomzodni test sinovlaridan oʻtkazishga tavsiya etish uchun har yili tuziladigan professor-oʻqituvchilar, soha mutaxassislari va boshqa tashkilotlar xodimlaridan iborat guruh.
3. Oliy maktab magistraturasiga davlat organlari va xoʻjalik birlashmalari, nodavlat notijorat tashkilotlar va tadbirkorlik subyektlari tomonidan berilgan tavsiyanomaga asosan nomzodlar iqtisodiyot, moliya, menejment, marketing hamda sohaga oid boshqa yoʻnalishlar doirasida oʻtkazilgan suhbat va test sinovlari natijalari boʻyicha ochiq tanlov asosida oʻqishga qabul qilinadi.
Bunda nomzod MVA mutaxassisligiga hujjat topshirish uchun oliy maʼlumotga (bakalavr diplomi mavjud boʻlganda) hamda uch yil mehnat stajiga ega boʻlishi talab etiladi.
Oliy maktabning boshqa barcha mutaxassisliklari boʻyicha hujjat topshirgan nomzodlardan mehnat staji talab etilmaydi.
4. Oliy maktab tinglovchilari — davlat organlari va muassasalari, budjet tashkilotlari, davlat korxonalari, ustav fondida (ustav kapitalida) davlat ulushi 50 foiz va undan ortiq boʻlgan yuridik shaxslar hamda ustav fondida (ustav kapitalida) ushbu tashkilotlarning ulushi 50 foiz va undan ortiq boʻlgan yuridik shaxslar xodimlarining asosiy ish joyidagi lavozimi va oʻrtacha oylik ish haqi (kunduzgi taʼlim shaklida taʼlim olayotganda oʻrtacha ish haqi, biroq mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 15 baravaridan oshmagan qismi) oʻqishning butun davri uchun saqlab qolinadi.
2-bob. Oliy maktab magistraturasiga oʻqishga qabul qilish tartibi
5. Oliy maktab magistraturasiga oʻqishga yillik qabul parametrlari Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi (keyingi oʻrinlarda — Vazirlar Mahkamasi) tomonidan tasdiqlanadi.
6. Oliy maktab magistraturasiga hujjatlarni qabul qilish muddatlari qabul boshlanishidan kamida bir oy oldin Oliy maktabning rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.
7. Hujjatlarni qabul qilish, shuningdek, magistraturaga kirish imtihonlari yiliga ikki marta Qabul komissiyasi tomonidan belgilangan vaqtda (yozgi va qishki qabul davri) amalga oshiriladi.
Bunda Oliy maktab magistraturasiga belgilangan parametrlarga asosan toʻlov-kontrakt va davlat granti asosida kunduzgi, sirtqi, kechki va masofaviy taʼlim shakllarida oʻqishga qabul qilinadi.
8. Magistraturaga qabul ikki bosqichda amalga oshiriladi:
nomzodlar bilan suhbat;
Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Bilim va malakalarni baholash agentligi (keyingi oʻrinlarda — Bilim va malakani baholash agentligi) tomonidan oʻtkaziladigan kirish test sinovlari.
9. Test sinovlari topshiriladigan fanlar roʻyxati magistratura mutaxassisligi xususiyatlaridan kelib chiqqan holda qabul komissiyasi tomonidan belgilanadi.
10. Ingliz tilini V2 va undan yuqori darajada bilishini tasdiqlovchi amaldagi milliy malaka sertifikati yoki CEFR (Common European Framework of Reference) boʻyicha B2, IELTS (International English Language Testing System) boʻyicha 5,0 ball, TOEFL (Test of English as a Foreign Language) boʻyicha 72 balldan kam boʻlmagan darajada ingliz tilini bilishini tasdiqlovchi xalqaro sertifikatlarga ega boʻlgan, shuningdek, oliy taʼlim tashkilotlarini ingliz taʼlim tilida bitirgan nomzodlar ingliz tili boʻyicha imtihon topshirishdan ozod qilinadi. Ularga mazkur fandan belgilangan maksimal ball beriladi.
11. Suhbat savollari va test oʻtkaziladigan fanlar dasturlari Oliy maktabning rasmiy veb-saytida suhbat va test oʻtkazishdan kamida bir oy oldin eʼlon qilinadi.
12. Nomzodlar Oliy maktabning rasmiy veb-sayti orqali qabul komissiyasiga quyidagi hujjatlarni taqdim etadilar:
magistratura taʼlim yoʻnalishi va oʻqish shakli koʻrsatilgan holda Oliy maktab direktori nomiga ariza;
nomzodning ish joyidagi birinchi rahbari tomonidan imzolangan tavsiyanoma;
oliy maʼlumot toʻgʻrisidagi hujjat nusxasi;
belgilangan tartibda mehnat daftarchasidan koʻchirma;
ingliz tilini bilish darajasini tasdiqlovchi belgilangan namunadagi hujjat yoki sertifikat (agar mavjud boʻlsa).
13. Oliy maktab taʼlim yoʻnalishlariga mos keladigan oliy maʼlumotga ega boʻlgan chet ellik fuqarolar magistraturaga toʻlov-kontrakt asosida oʻqishga qabul qilinadi.
14. Kirish imtihonlarini (suhbat va test sinovlari) muvaffaqiyatli topshirgan nomzodlar Qabul komissiyasiga yuqoridagi hujjatlarning asl nusxalarini yoki ularning belgilangan tartibda tasdiqlangan nusxalarini taqdim etadilar.
3-bob. Nomzodlarning suhbatdan oʻtish tartibi
15. Nomzodlar bilan suhbat Maxsus komissiya tomonidan oʻtkaziladi.
16. Suhbat oʻtkazish qoidalari va uning natijalarini baholash mezonlari Ilmiy kengash tavsiyasiga asosan Oliy maktab direktorining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.
17. Maxsus komissiya oʻz faoliyatini qonuniylik, kollegiallik, oshkoralik, obyektivlik va xolislik tamoyillari asosida amalga oshiradi.
18. Suhbat nomzoddan quyidagilarni aniqlash maqsadida ogʻzaki oʻtkaziladi:
iqtisodiyot, moliya va menejment sohasidagi kasbiy bilim hamda nazariy asoslar darajasi, bilim va amaliy koʻnikmalarni tizimlashtirish qobiliyati;
tahlil qilish, ilmiy-tadqiqot ishlarini amalga oshirish qobiliyati, asosiy ilmiy tushunchalar va tadqiqot ishlari usullarini egallaganlik darajasi;
oʻzini oʻzi tarbiyalash va malaka oshirish istagi, kasbiy oʻzini oʻzi anglash, jamoada ishlash qobiliyati va yetakchilik fazilatlarining mavjudligi;
boshqaruv koʻnikmalarini egallaganlik, mantiqiy, tizimli va tahliliy fikrlash qobiliyatlariga egalik darajasi.
19. Nomzodni test sinovlaridan oʻtkazishga tavsiya etish boʻyicha maxsus komissiya qarori suhbat natijalariga koʻra qabul qilinadi.
20. Suhbat natijalari boʻyicha nomzodlarning shikoyatlari ular eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch ish kuni ichida Apellyatsiya komissiyasiga beriladi.
21. Nomzodlarning shikoyatlarini koʻrib chiqish muddati ular berilgan kundan boshlab uch ish kunidan oshmasligi kerak.
22. Suhbatdan muvaffaqiyatli oʻtgan va magistraturaga oʻqishga kirish uchun test sinovlarida qatnashishga ruxsat etilgan nomzodlar roʻyxati Oliy maktabning rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.
4-bob. Nomzodlarning test sinovlaridan oʻtish tartibi
23. Test savollarini tasdiqlash va test sinovlarini oʻtkazish Oliy maktab bilan kelishilgan holda, Bilim va malakalarni baholash agentligi tomonidan amalga oshiriladi.
24. Test sinovlari natijalari boʻyicha toʻplangan maksimal ballning kamida 25 foizini toʻplagan nomzodlar Oliy maktab tinglovchisi sifatida qabul komissiyasi tavsiyasiga asosan qabul qilinadi.
25. Nomzodlarga kirish suhbati va test sinovlarini qayta topshirishga ruxsat etilmaydi.
26. Magistraturaga kirish imtihonini muvaffaqiyatli topshirgan nomzodlar roʻyxati Oliy maktabning rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.
27. Nomzod bilan oʻqishga kirish boʻyicha shartnoma uning magistraturaga toʻlov-kontrakt asosida oʻqishga qabul qilinganligi toʻgʻrisidagi komissiya qarori asosida tuziladi.
28. Shartnoma shartlari, taraflarning huquq va majburiyatlari, toʻlovlarni amalga oshirish tartibi qonunchilik hujjatlariga muvofiq belgilanadi va Oliy maktabning rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.
29. Komissiya qaroriga muvofiq va tuzilgan shartnoma asosida Oliy maktab direktorining buyrugʻi bilan magistraturaga oʻqishga qabul qilinadi.
30. Agar oʻqishga kiruvchi nomzod shartnomada koʻrsatilgan muddatda toʻlovni amalga oshirmasa, uning oʻrniga toʻplangan ballar soniga koʻra keyingi talabgor qabul qilinadi.
31. Magistratura tinglovchisi Oliy maktabning ichki tartib qoidalarini buzganligi yoki akademik qarzdorligi sababli oʻqishdan chetlashtirilgan taqdirda, toʻlangan toʻlov-kontrakt summasi qaytarilmaydi.
32. Nomzodlarning test sinovlari natijalari boʻyicha shikoyatlari natijalar eʼlon qilingan kundan boshlab uch ish kuni ichida Bilim va malakalarni baholash agentligiga taqdim etiladi.
33. Apellyatsiya komissiyasi shikoyatni shikoyat berilgan kundan boshlab uch ish kuni ichida koʻrib chiqadi va qaror qabul qilingan kuni nomzodni shikoyat qanoatlantirilgan yoki rad etilganligini koʻrsatgan holda yozma ravishda xabar qiladi.
34. Apellyatsiya komissiyasining tarkibi va ish tartibi Oliy maktab direktorining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.
35. Apellyatsiya komissiyasining tarkibi tanlov komissiyasi ishida ishtirok etmagan shaxslardan tuziladi.
36. Test natijalarini asoslash uchun zarur hollarda, Bilim va malakalarni baholash agentligining masʼul xodimi yoki eksperti jalb qilinishi mumkin.
37. Nomzod murojaatni koʻrib chiqishda shaxsan ishtirok etish huquqiga ega.
5-bob. Yakunlovchi qoidalar
38. Oliy maktabning magistraturasiga kirish imtihonlarini tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq xarajatlar Oliy maktabga oʻqishga kiruvchi nomzodlar mablagʻlari hisobidan bazaviy hisoblash miqdorining 50 foizi miqdorida toʻlanadi.
39. Ushbu Nizomni qoʻllashdan kelib chiqadigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
40. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 30-dekabrdagi 904-son qaroriga 4-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanayotgan ayrim qarorlari
1. Vazirlar Mahkamasining “Biznes va tadbirkorlik oliy maktabi faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 30-iyuldagi 460-son qarori .
2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida” 2022-yil 4-apreldagi 153-son qaroriga ilovaning 870-bandi .
4. Vazirlar Mahkamasining “Korporativ boshqaruvchi malaka attestatini berish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatishning maʼmuriy reglamentini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2022-yil 29-noyabrdagi 679-son qarorining 6-bandi va unga 2-ilova .
5. Vazirlar Mahkamasining “Qonunchilik hujjatlarida korrupsiyaviy omillarni bartaraf etish hamda normativ-huquqiy hujjatlarni korrupsiyaga qarshi ekspertizadan oʻtkazish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 11-sentabrdagi 562-son qaroriga 5-ilovaning 37-bandi.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2024-yil 30-dekabr,
904-son