📅 2025-yil 6-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 6-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 6 январь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 6 января 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 6 January 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТЕХНИК РЕГЛАМЕНТ
РЎЙХАТИ
ТАСНИФИ
СХЕМАСИ
РЎЙХАТИ
Портлаш хавфи бўлган муҳитларда ишлатиладиган асбоб-ускуналар хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 28 февралдаги ПҚ-91-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, портлаш хавфи бўлган муҳитларда ишлатиладиган асбоб-ускуналарнинг хавфсизлигига қўйиладиган талабларни янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
портлаш хавфи бўлган муҳитларда ишлатиладиган асбоб-ускуналарга қўйиладиган талаблар, шунингдек, уларни тамғалаш, идентификация қилиш ҳамда мувофиқлигини баҳолаш тартибини назарда тутувчи Портлаш хавфи бўлган муҳитларда ишлатиладиган асбоб-ускуналар хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламент (кейинги ўринларда — техник регламент) 1-иловага мувофиқ;
Портлаш хавфи бўлган муҳитларда ишлатиладиган асбоб-ускуналар хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентни жорий этиш схемаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Техник регламент расмий эълон қилинган кундан бошлаб олти ой ўтгач амалга киритилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ушбу қарор расман эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгандан сўнг ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда ушбу қарорнинг мақсадлари, мазмуни ва уни қўллаш тартиби тўғрисида аҳоли, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг кенг хабардор қилинишини таъминласин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси тоғ-кон саноати ва геология вазири Б.Ф. Исламов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раиси А.В. Рафиқов ҳамда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори А.Р. Жуманазаров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 январдаги 2-сон қарорига 1-ИЛОВА
Портлаш хавфи бўлган муҳитларда ишлатиладиган асбоб-ускуналар хавфсизлиги тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Техник регламент инсон ҳаёти ва саломатлигини, мол-мулки ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда истеъмолчиларни чалғитадиган хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида портлаш хавфи бўлган муҳитда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўлланилиши ва бажарилиши мажбурий бўлган ягона талабларни белгилайди.
2. Техник регламентнинг талаблари мазкур Техник регламентга 1-иловада келтирилган Техник регламент талаблари қўлланиладиган мажбурий тартибда мувофиқлиги баҳоланадиган портлаш хавфи бўлган муҳитларда ишлатиладиган асбоб-ускуналар рўйхатига (кейинги ўринларда — асбоб-ускуналар) нисбатан қўлланилади.
Портлаш хавфи бўлган муҳитларда ишлатиладиган асбоб-ускуналарнинг портлаш хавфсизлигини белгиловчи кўрсаткичлар таснифи мазкур Техник регламентга 2-иловада келтирилган.
3. Мазкур Техник регламент қуйидагиларга татбиқ этилмайди:
портлаш муҳитида фойдаланиш мумкин бўлмаган техник қурилмалар, ўз таркибида портлаш хавфи мавжуд бўлган моддалар ва беқарор кимёвий бирикмаларга (портловчи моддалар, порох ва бошқалар);
ёнувчан газнинг кутилмаганда сизиб чиқиши натижасида портлаш муҳити ҳосил бўлган шароитларда маиший ва носаноат мақсадларида фойдаланиш учун газдан фойдаланиладиган ускуналарга;
Ўзбекистон Республикаси чегараси орқали транзит олиб ўтилаётган асбоб-ускуналарга;
тиббий маҳсулотларга;
шахсий ҳимоя воситаларига;
умумий фойдаланишда бўлган ҳаво, автомобиль йўли, темир йўл ёки сув транспортида ўрнатилган асбоб-ускуналарга;
ядровий тадқиқот асбоб-ускуналарига ва улардаги портлаш муҳитида жойлашган асбоб-ускуналарга.
4. Портлаш хавфи бўлган муҳитларда ишлатиладиган асбоб-ускуналарни ишлатиш қоидалари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси томонидан ўрнатилган тартибда белгиланади.
5. Мазкур Техник регламентда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
авария ҳолати — портлаш муҳитида ишлаётган асбоб-ускуналарнинг кўрсаткичлари ишлаб чиқарувчи томонидан техник ҳужжатларда белгиланган чегаралардан ошиб кетиш ҳолати;
ишлаб чиқарувчи — асбоб-ускуналарни портлаш муҳитида ишлатиш учун ишлаб чиқариладиган ва (ёки) сотиладиган ва унинг Техник регламент талабларига мувофиқлиги учун жавобгар бўлган юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркор;
ишлаб чиқарувчининг ишлаб чиқариш ҳолати таҳлили — ишлаб чиқарувчи томонидан асбоб-ускуналар Техник регламент талабларига мувофиқ ишлаб чиқарилиши учун зарур шарт-шароитлар мавжудлигини баҳолаш;
нормал иш режими — электр ва механик хусусиятлари ишлаб чиқарувчи томонидан техник ҳужжатларда белгиланган меъёрий чегаралардан ошмайдиган асбоб-ускуналарнинг ишлаш режими;
носозлик — асбоб-ускуналар ишлашининг ҳолатини бузилиш ҳолати;
портлаш хавфи бўлган муҳит — газ, буғ, туман, чанг, толалар ёки учиб юрадиган заррачалар кўринишидаги ёнувчан моддаларнинг атмосфера шароитида ҳаво билан аралашмаси бўлиб, уларда ўзини ўзи таъминлайдиган алангаланиш ва тарқалиш содир бўлиши;
портлаш хавфи бўлган ҳудуд — асбоб-ускунани лойиҳалаштириш, ишлаб чиқариш, ўрнатиш ва улардан фойдаланиш жараёнида махсус ҳимоя чораларини талаб қиладиган даражада портлаш муҳити мавжуд бўлган ёки ҳосил бўлиши мумкин бўлган ёпиқ ёки очиқ майдоннинг бир қисми;
портлаш хавфсизлиги — зарар ва (ёки) шикаст етказиш эҳтимоли билан боғлиқ бўлган атрофдаги портлаш муҳитининг ёниш хавфи мавжуд эмаслиги;
портлаш хавфсизлигининг махсус белгиси — асбоб-ускуналарни ва Ех-компоненти портлашдан ҳимояланганлигини аниқлаштирувчи, ишлаб чиқарувчининг техник ҳужжатларида кўрсатиб ўтилган, асбоб-ускуналар ва Ех-компонентида кўрсатиладиган махсус портлашдан ҳимоя қилиш белгиси ва идентификация кўрсаткичларининг белгилари;
портлашдан ҳимоя қилиш тури — портлаш муҳитида ишлаш учун мўлжалланган асбоб-ускуналарда атрофдаги портлаши муҳити алангаланишининг олдини олишга қаратилган махсус восита ва чора-тадбирлар;
портлашдан ҳимояланиш — портлаш муҳитида ишлаш учун асбоб-ускуналарнинг портлаш хавфсизлигини таъминлаш чоралари;
портлашдан ҳимояланиш даражаси — портлашдан ҳимояланиш даражаси, портлаш муҳитида ёниш манбаи бўлиши хавфи ва фойдаланиш шартларига кўра жиҳозланиши;
портлаш муҳитида ишлатиш учун мўлжалланган асбоб-ускуналар — портлаш хавфи бўлган муҳитда ишлатиш учун мўлжалланган ва ўз потенциал манбаларидан келиб чиқиб, атроф-муҳитда портлаш хавфи бўлган муҳитни юзага келтириши мумкин бўлган асбоб-ускуналар (машина, аппаратлар, стационар ёки мобил қурилма, уларни бошқариш тизимларининг элементи, ҳимоя, ҳимоя қилувчи қурилма, назорат ўлчаш воситалари), лекин унинг конструкцияси ушбу хавф яратилишига йўл қўйиб бермайдиган асбоб-ускуналар;
портлаш хавфи бўлган газ муҳитининг ўзидан-ўзи алангаланиш ҳарорати — қизиган сиртнинг энг паст ҳароратидаги маълум шароитларда газ ёки буғ-ҳаво аралашмаси алангаланиши;
сиртнинг максимал ҳарорати — ишлаб чиқарувчининг техник ҳужжатларида назарда тутилган белгиланган иш режимлари бузилганда ёки шикастланганда, лекин бир вақтнинг ўзида белгиланган оғишлар доирасида асбоб-ускуналарнинг қисмлари ёки юзасида ишлаш пайтида юзага келадиган энг юқори ҳароратининг портлашдан ҳимоя қилишнинг ўзига хос тури;
техник ҳужжатлар — портлаш хавфи бўлган муҳитда ишлатиш учун мўлжалланган асбоб-ускуналарни (қисмлар, йиғиш бирликлари, комплекслар ва тўпламлар) лойиҳалаштириш, ишлаб чиқариш ва ишлатишда, шунингдек, ҳимоя тизимларини лойиҳалаштириш, ўрнатиш ва улардан фойдаланишдаги график ва матнли ҳужжатлар тўплами;
чанг қатламининг ўзидан-ўзи алангаланиш ҳарорати — қизиган сиртнинг энг паст ҳароратидаги сирт маълум қалинликдаги чанг қатламининг ўзидан-ўзи алангаланиши;
қобиқ (герметик) конструкция — асбоб-ускуналарнинг ишлаши натижасида ўзидан ташқарига ёки ичкарига газ ва чангларни ўтказмайдиган конструкция;
Ех-компоненти — портлаш хавфли бўлган муҳитда асбоб-ускуналарнинг хавфсиз ишлаши учун зарур бўлган, асбоб-ускуналарга ўрнатиладиган, портлашдан ҳимояланиб ясалган, лекин мустақил фойдаланиш учун мўлжалланмаган техник қурилмалар.
2-боб. Портлаш хавфи бўлган муҳитларда ишлатиладиган асбоб-ускуналарга хавфсизлик талаблари
1-§. Ёнғин хавфсизлиги талаблари
6. Асбоб-ускуналарга ёнғин хавфсизлиги талаблари Ўзбекистон Республикасининг «Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуни ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан белгиланади.
7. Асбоб-ускуналар портлаш хавфи бўйича хавфсиз ишлаш ва фойдаланиш учун зарур бўлган қуйидаги талабларга:
асбоб-ускуналардан ёнувчи моддаларнинг чиқиши натижасида юзага келиши мумкин бўлган портлаш муҳитининг ҳосил бўлишига йўл қўймаслик;
портлаш содир бўладиган ҳар бир манбанинг хусусиятини ҳисобга олган ҳолда, портлаш муҳити алангаланишининг олдини олиш;
асбоб-ускуналарнинг қўлланиш соҳасига қараб, мазкур Техник регламентга 2-иловага мувофиқ Портлаш хавфи бўлган муҳитларда ишлатиладиган асбоб-ускуналарнинг портлаш хавфсизлигини белгиловчи кўрсаткичлар таснифига жавоб бериши керак.
8. Асбоб-ускуналарнинг портлаш хавфсизлиги нормал иш шароитида ва ундан фойдаланиш шартларини ҳисобга олган ҳолда, техник ҳужжатларда белгиланган оғишлар доирасида таъминланиши керак.
2-§. Электр хавфсизлигига қўйиладиган талаблар
9. Электр кучланишининг тебраниши ёки ёрдамчи энергия тавсифининг ўзгариши, шунингдек, электр энергиясининг узилиши ва кейинчалик қайта тикланиши, асбоб-ускуналарнинг хавфсизлигини бузмаслиги керак.
10. Электр тармоғига уланган асбоб-ускуналар электр токи таъсиридан ҳимояланган бўлиши керак.
11. Асбоб-ускуналарни лойиҳалаштиришда ва ишлаб чиқаришда электромагнит ҳодисалар (жараёнлар) билан боғлиқ ҳар қандай хавфлардан ҳимояланган бўлиши керак.
12. Асбоб-ускуналар статик электрдан (хавфли қувватга олиб келиши мумкин бўлган электростатик зарядлар) ҳимояланган бўлиши керак.
3-боб. Асбоб-ускуналарни лойиҳалаштириш ва техник ҳужжатларга қўйиладиган талаблар
1-§. Лойиҳалаштиришга қўйиладиган талаблар
13. Асбоб-ускуналар мақсади бўйича фойдаланилганда ҳамда ўрнатиш, фойдаланиш (ишлатиш), ташиш (жўнатиш), техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлашга қўйиладиган талаблар бажарилганда, қуйидаги хавфсизлик талаблари таъминланиши керак:
асбоб-ускуналар тўлиқ (лойиҳавий) хизмат муддати давомида фойдаланилганда портлаш хавфсизлигини;
асбоб-ускуналар ва унинг таркибий қисмлари тегишли механик ва иссиқлик кучланишига бардош берадиган тарзда ишлаб чиқилиши ва ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган иш шароитлари чегараларини ҳисобга олган ҳолда, атроф-муҳит ва мавжуд ёки шубҳали агрессив моддалар таъсирига бардош бериши;
агар асбоб-ускуналарда алангаланиш манбалари бўлиши мумкин бўлган қисмлар мавжуд бўлса, у ўчирилган тақдирдагина очилиши ёки чақнашга хавфсиз занжирлардан ташкил топиши ёки ходимларни тегиб кетишидан ва огоҳлантириш белгилари билан ҳимояланган бўлиши;
агар асбоб-ускунанинг қобиқ (герметик) конструкциясида туташув манбалари бўлиши мумкин бўлган электр қувватини сақлаш мосламалари (конденсаторлар) ва қиздирилган элементлар мавжуд бўлса, қобиқ (герметик) конструкцияларида ўрнатилган конденсаторларни хавфсиз қолдиқ энергия қийматига тушириш ёки қувватни камайтириш учун етарли вақтни кечиктириш билан очилиши;
иситиладиган элементларнинг ҳарорати жиҳозда кўрсатилган максимал сирт ҳарорати ёки ҳарорат синфидан паст бўлиши.
агар электр узилишидан кейин асбоб-ускунани ҳимоя гази билан тозалаш ҳамда ўрнатилган конденсаторлар қувватсизлангунга ёки қизиган элементларнинг ҳарорати паст қийматларга тушгунга қадар ҳимоя гази билан тозалашни давом эттириш назарда тутилган бўлса, ишлаб чиқарувчи томонидан асбоб-ускунанинг очилиш қисмларида огоҳлантириш белгилари ўрнатилган бўлиши;
портлашдан ҳимояланганлик даражаси «юқори портлашдан хавфсиз» («жуда юқори») ва «портлашдан хавфсиз» («юқори») ва (ёки) унинг қисмлари сиртининг ҳарорати ўзидан-ўзи ёниш ҳароратидан паст бўлиши ва белгиланган авария ҳолатларида ва атроф-муҳит шароитлари ўзгарганда, портловчи газ муҳити ва ишчи ҳолатида (техник ҳужжатларда белгиланган оғишлар доирасида) чанг қатламининг ўзидан-ўзи ёниш ҳароратидан паст бўлиши;
ишчи ҳолатда атрофдаги газ атмосферасининг ўзидан-ўзи ёниш ҳароратидан юқори ҳароратга (техник ҳужжатларда белгиланган оғишлар доирасида) фақат ишлаб чиқарувчи томонидан асбоб-ускуналарни ҳимоя қилиш учун қўшимча чоралар кўрилган тақдирдагина рухсат этилади. Бундай ҳолатда ташқи иситиш манбалари ва кимёвий реакциялар натижасида юзага келадиган ҳарорат ошишини ҳисобга олиш;
портлашдан ҳимоя қилиш даражаси «портлашга қарши юқори ишончлилик» («юқорилаштирилган») бўлган асбоб-ускуналарнинг сирти ҳарорати, нормал иш шароитида максимал сирт ҳароратидан юқори бўлмаслиги керак. Бундай асбоб-ускуналарнинг конструкциясида учқун чиқармайдиган ва унинг натижасида портлаш муҳитини юзага келтирмайдиган қисмлардан ташкил топиши;
ёнувчан газлар ёки чанг ажралиши мумкин бўлган асбоб-ускуналар қобиқ (герметик) конструкцияга эга бўлиши керак. Асбоб-ускуналардаги мавжуд ҳар қандай тешиклар ёки герметик бўлмаган бирикмалар, ҳосил бўладиган газлар ёки чанглар асбоб-ускуналарнинг ташқи қисмида портлаш муҳитини юзага келтирмайдиган қилиб лойиҳалаштирилиши лозим. Материаллар кирадиган ёки чиқадиган тешиклар ёнувчан материалларнинг чиқишини чеклаш учун мўлжалланган ва жиҳозланган бўлиши;
портловчи чанг бўлган объектларда ва (ёки) уларнинг жойларида фойдаланиш учун мўлжалланган асбоб-ускуналар юзасида тўпланган чанг ёниб кетмаслиги учун мўлжалланган бўлиши керак. Асбоб-ускуналар қисмларининг сирти ҳарорати чанг қатламининг ўзидан-ўзи ёниш ҳароратидан паст бўлиши керак. Бундай ҳолда хавфли иссиқлик ҳосил бўлишининг олдини олиш учун асбоб-ускуналарнинг қисмлари сирти ҳароратини чеклаш учун воситалар билан таъминлаш керак. Сирт қисми чангдан тозаланиб турилиши ва чанг қатлами меъёри техник ҳужжатларда кўрсатилган бўлиши;
техник ҳужжатларда назарда тутилган белгиланган иш режимлари бузилган тақдирда, агар бу хавфсизликка салбий таъсир кўрсатмаса, автоматик жараёнларга киритилган асбоб-ускуналарни хавфсиз қўлда ўчиришни таъминлаши;
асбоб-ускуналарнинг авария содир бўлиши ҳолатида ўчирилишида тўпланган энергия очиладиган қопқоқларга ўрнатилган огоҳлантириш белгиларида кўрсатилган вақт ичида хавфсиз қийматга тарқалиши;
асбоб-ускуналар тегишли кириш мосламалари билан жиҳозланган бўлиши ва агар асбоб-ускуналар бошқа жиҳозлар билан биргаликда фойдаланиш учун мўлжалланган бўлса, уларнинг уланиши хавфсиз бўлиши;
агар асбоб-ускуналар портлаш муҳитини аниқлаш ёки огоҳлантириш асбоблари билан жиҳозланган бўлса, уларни жойлаштириш жойлари ва шартлари техник ҳужжатларда кўрсатилиши;
асбоб-ускуналарда портлаш муҳитини яратувчи ёнувчан моддаларни ажратишга қодир бўлган материаллар бўлмаслиги;
техник ҳужжатларда белгиланган иш шароитлари доирасида асбоб-ускуналарнинг портлашдан ҳимояланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган портлаш хавфи мавжуд бўлган муҳитни ҳосил қилувчи материаллар ва моддалар ўртасида кимёвий реакция эҳтимоли истисно қилинган бўлиши;
асбоб-ускуналарда атроф-муҳит ҳарорати ва иш шароитлари таъсирида кўрсаткичлари ўзгарганда, шунингдек, бошқа материаллар билан биргаликда асбоб-ускуналарнинг портлашдан ҳимояланиш даражасини пасайтирадиган материаллар бўлмаслиги;
асбоб-ускуналарга ўрнатилган Ех-компонентлари техник ҳужжатларга мувофиқ ўрнатилганда, портлаш хавфсизлигини таъминлаш талабларига мувофиқ хавфсиз ишлаши;
ташқи таъсирга тушиши мумкин бўлган асбоб-ускуналар қўшимча ҳимоя воситалари билан таъминланиши керак. Асбоб-ускуналар унинг портлашдан ҳимояланишига путур етмаган ҳолда ташқи таъсирларга бардош бериши;
асбоб-ускуналар ёпиқ жойларда ёки контейнерда жойлашган бўлса, агар бу ҳолат портлашдан ҳимоя қилишнинг бир турини ташкил этса, бундай ёпиқ жойлар ёки контейнерларни фақат махсус асбоб ёрдамида ёки тегишли хавфсизлик чораларига риоя этган ҳолда очилиши ва рухсатсиз очилишининг олди олиниши;
асбоб-ускуналарнинг ортиқча юкланишининг олдини олиш мақсадида ўлчаш, тартибга солиш ва назорат воситалари (максимал ўчириш, ҳарорат чекловлари, дифференциал босим ўтказгичлари, оқим ўлчагичлари, вақтни кечиктириш релелари, ҳаракат кўрсаткичлари ва (ёки) шунга ўхшаш турдаги қурилмалар) билан таъминланиши.
14. Асбоб-ускуналарнинг конструкцияси қуйидаги потенциал алангаланиш манбаларидан ҳимояланган бўлиши керак:
учқунлар (электр ва ишқаланишдан), олов, қизиган сиртларнинг юқори ҳарорати, электромагнит, ультратовуш, оптик ва ионлаштирувчи нурланишдан;
хавфли коррозияга олиб келиши мумкин бўлган, учқун пайдо бўлишига ёки юзаларнинг ҳаддан ташқари қизиб кетишига олиб келадиган ва шу билан ёниш эҳтимолини яратадиган адашган оқимлар ва оқиш оқимларидан;
материал ва қисмларнинг ҳаракати натижасида ёки бошқа бегона жисмларнинг айланишида бир-бирига ишқаланиш ёки зарба натижасида юзага келиши мумкин бўлган қизишдан;
ростлаш қурилмалари томонидан амалга ошириладиган ва алангаланишга олиб келадиган зарба тўлқинлари ёки сиқилиш пайдо бўлишига олиб келиши мумкин бўлган босим компенсациясидан;
яшин уришидан;
экзотермик реакциялар, шу жумладан, чанг қатламининг ўзидан-ўзи алангаланишидан.
15. Асбоб-ускуналарни конструкциялаш пайтида портлаш пайдо бўлишининг барча хавфли омиллари ҳисобга олинган ва портлашга хавфли муҳитнинг алангаланиш манбалари аниқланган бўлиши керак.
Хавфли омилларни баҳолашни ҳисобга олган ҳолда портлаш муҳитида фойдаланиш учун асбоб-ускуналарни портлашдан ҳимоя қилишни (портлашдан ҳимоя қилиш турларини) таъминлаш усуллари танланиши керак.
16. Авария ҳолатларида асбоб-ускуналарни ҳимоя қилишни таъминлайдиган қурилмалар қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
ишлаши учун зарур бўлган ҳар қандай ўлчаш ёки назорат қилиш воситасидан мустақил равишда ишлаши керак. Ҳимоя қурилмасининг ишдан чиқиши техник ҳужжатларда назарда тутилган техник воситалар ёрдамида аниқланиши керак;
авария ҳолатидаги ўчириш, тегишли бошқарув қурилмаларини дастурий таъминотнинг оралиқ буйруғисиз бевосита фаоллаштириши керак;
авария ҳолатларининг олдини олиш ҳимоя қурилмалари, қайта ишга туширишини ҳимоя қилувчи механизмлар ёки бошқа қурилмалар билан жиҳозланиши керак. Янги буйруқни бажариш ва нормал иш режимини тиклаш фақат қайта ишга туширишни махсус блокировка олиб ташлангандан сўнг амалга оширилиши мумкин.
17. Портлаш муҳитида ишлатиладиган бошқа қурилмалар ва дастурлар қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
бошқарув элементлари ва кўрсаткичлар портлаш хавфи бўйича иш хавфсизлигининг мумкин бўлган энг юқори даражаси таъминланган ҳолда ишлаб чиқилиши;
ўлчаш функциясига эга бўлган қурилмалар портлаш муҳитида фойдаланиш талаблари ва шартларини ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаштирилиши ва ишлаб чиқарилиши ва ўлчашларнинг бир хиллигини таъминлаш талабларига жавоб бериши;
дастурлаш функциясига эга қурилмалар ва кўрсаткичлар аниқ бўлишини ва ишлашини текшириш имконияти таъминланиши;
ўлчаш функциясига эга қурилмалар учун потенциал аланга манбасининг авария чегараси, техник ҳужжатларда, иш шароитларида белгиланган хавфсизлик омилини ҳисобга олган ҳолда, рўйхатга олинган портлаш муҳитининг портлаши ва (ёки) алангаланиши учун чегара шартларидан ўлчаш тизимининг йўл қўйилиши мумкин бўлган жами хатоларини ҳисобга олган ҳолда паст бўлиши;
назорат қиладиган ускунанинг дастурий таъминоти дастурдаги хатолар билан боғлиқ хавфларни ҳисобга олиши.
2-§. Техник ҳужжатларга қўйиладиган талаблар
18. Асбоб-ускуналарни истеъмолчига етказиб беришда техник ҳужжатлар илова қилиниши ва унда қуйидагилар кўрсатилиши керак:
асбоб-ускуналарнинг номи ва (ёки) тамғаланиши (тури, маркаси, модели), унинг хавфсизлигига таъсир қилувчи параметрлари ва хусусиятлари, ишлаб чиқарувчининг номи ва (ёки) товар белгиси;
унинг мақсади ҳақида маълумот;
ўрнатиш, йиғиш, мослаш ёки созлаш бўйича кўрсатмалар;
асбоб-ускуналардан фойдаланиш бўйича кўрсатмаларда ва фойдаланиш вақтида кўрилиши зарур бўлган хавфсизлик чоралари (шу жумладан, ишга тушириш, белгиланган мақсадда фойдаланиш, техник хизмат кўрсатиш, барча турдаги таъмирлаш ва техник кўриклар, зарарли ишлаб чиқариш омилларининг жадаллигини камайтириш ва маҳаллийлаштиришга қаратилган ҳимоя воситалари, транспорт қилиш ва сақлаш шартлари);
белгиланган хизмат муддатлари кўрсаткичлари ва (ёки) белгиланган ишлаш ресурси;
кескин носозликлар рўйхати, асбоб-ускуналарнинг авария ҳолатларига олиб келадиган ходимларнинг (фойдаланувчиларнинг) мумкин бўлган хатолари ва бу хатоларнинг олдини олиш бўйича ҳаракатлар;
чегара ҳолати (режимлари) параметрлари;
ушбу асбоб-ускуналарнинг нотўғри ишлаши аниқланган тақдирда, бартараф этиш чоралари тўғрисида маълумоти;
қўшимча компонентларга бўлган эҳтиёж тўғрисидаги маълумотлар (кабель киришлари ва бошқалар);
асбоб-ускуналарнинг портлаш хавфсизлигини белгилайдиган техник тавсифларини сақлашни таъминлашга қўйиладиган талаблари;
қадоқлаш, сақлаш ва ташиш шартларига қўйиладиган талаблар, белгиланган сақлаш муддатлари, ҳолатини қайта текшириш, яроқлилик муддати ўтган алоҳида элементларни, қисмларни, йиғмаларни алмаштиришнинг норматив муддатлари бўйича кўрсатмалари;
асбоб-ускуналарни утилизация қилиш талаблари;
сақлаш ва ташиш қоидалари ва шартлари;
ходимларга қўйиладиган талаблар;
ишлаб чиқарувчининг ва/ёки импорт қилувчининг ёки ваколатли вакилнинг жойлашган жойи (почта манзили), у билан боғланиш учун маълумот;
ишлаб чиқарилган сана.
19. Техник ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси давлат тилида ишлаб чиқилади.
20. Асбоб-ускуналарнинг техник ҳужжатлари ишлаб чиқарувчи (ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили) томонидан ушбу асбоб-ускуналарни ишлаб чиқариш тугагандан сўнг ҳам хизмат муддати тугангунга қадар сақланади.
4-боб. Асбоб-ускуналарни тамғалашга қўйиладиган талаблар
21. Асбоб-ускуналар махсус белги билан тамғаланиши шарт.
22. Асбоб-ускуналарнинг тамғаланиши давлат тилида бўлиши шарт ва қуйидаги мажбурий маълумотларни ўз ичига олиши керак:
ишлаб чиқарувчининг номи ва унинг товар белгиси (агар мавжуд бўлса);
асбоб-ускунанинг тури, маркаси, модели;
ишлаб чиқарилган сана;
ишлаб чиқарувчининг рақами;
ишлаб чиқарувчи мамлакат номи;
мазкур Техник регламентга 3-иловага мувофиқ Портлаш хавфсизлигининг махсус белгиси тасвири.
Тамғаларни бошқа тилларда такрорлашга рухсат берилади.
Тамғалаш ушбу асбоб-ускуналарнинг юзасига ёки қисмларга ажратилмасдан ва қўшимча асбоблардан фойдаланмасдан, кўриш мумкин бўлган жойга қўйилиши ва бунда асбоб-ускуналарнинг бутун ишлаш муддати давомида сақланиши лозим.
23. Ишлаб чиқарувчининг қарорига биноан ёки етказиб бериш шартномасига мувофиқ асбоб-ускуналарни тамғалаш ундан хавфсиз фойдаланиш учун муҳим бўлган қўшимча қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши мумкин:
номинал кучланиш ёки номинал кучланиш оралиқлари;
узоқ муддатли рухсат этилган иш кучланиши;
оқим турининг белгиси (агар номинал частота кўрсатилмаган бўлса);
инсоннинг электр токи уришидан ҳимоя қилиш синфининг рамзи;
қобиқ (герметик) конструкция билан таъминланган ҳимоя даражаси;
номинал истеъмол қилинган ёки фойдали қувват ёки номинал оқим;
оғирлик;
габарит ўлчамлари.
5-боб. Асбоб-ускуналарнинг мувофиқлигини баҳолаш
1-§. Асбоб-ускуналарни идентификация қилиш
24. Асбоб-ускуналар идентификация қилинади. Уларнинг тавсифлари Техник регламентнинг 22 ва 23-бандларида кўрсатилган маълумотлар билан бир хиллигини таъминлаш йўли билан идентификация қилинади.
25. Асбоб-ускуналар ва Ех-компонентнинг идентификация белгиси — техник ҳужжатларда кўрсатилган портлашдан ҳимояланиш ҳолатининг мавжудлиги ва асбоб-ускуналар ва Ех-компонентда кўрсатилган махсус портлашдан ҳимояланганлик белгиси ҳисобланади.
2-§. Асбоб-ускуналарни мувофиқлигини баҳолаш
26. Эркин муомалага чиқарилишидан олдин асбоб-ускуналарнинг мазкур Техник регламент талабларига мувофиқлиги мувофиқликни сертификатлаш шаклида тасдиқланади.
27. Мувофиқлик сертификати туркум ишлаб чиқариладиган асбоб-ускуналарга уч йил муддатга, асбоб-ускуналар тўпига эса маҳсулотнинг яроқлилик ёки кафолат муддатига расмийлаштирилади.
28. Мувофиқликни тасдиқлашдан олдин Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ асбоб-ускуналар идентификация қилинади.
29. Асбоб-ускуналарни мазкур Техник регламент талабларига сертификатлаштириш орқали мувофиқлиги қуйидаги схемалар асосида баҳоланади:
1С схема — туркум ишлаб чиқариладиган асбоб-ускуналарни сертификатлаштиришда қўлланилади. Бунда ариза берувчи ишлаб чиқарувчи (ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили) ҳисобланади ва сертификатланган маҳсулотларни мувофиқлик белгиси билан тамғаланишини таъминлайди;
3С схема — асбоб-ускуналарни тўпи учун қўлланилади. Бунда ариза берувчи ишлаб чиқарувчи (ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили) ёки сотувчи (импорт қилувчи) ҳисобланади ва сертификатланган маҳсулотларни мувофиқлик белгиси билан (импорт қилинган маҳсулотлар ариза берувчига қулай шаклда) тамғаланишини таъминлайди;
4С схема — ягона (битта) асбоб-ускуна учун Техник регламентда белгиланган синов ва ўлчаш жараёнида ушбу буюмга путур етказилмаса қўлланилади. Бунда ариза берувчи ишлаб чиқарувчи (ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили) ёки сотувчи (импорт қилувчи) ҳисобланади;
30. Мувофиқлик сертификати Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 14 августдаги 502-сон қарори билан тасдиқланган Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиби тўғрисида низом талабларига мувофиқ расмийлаштирилади.
6-боб. Ўтиш даври
31. Мазкур Техник регламент кучга кирган вақтдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалда бўлган ва асбоб-ускуналар учун хавфсизлик талабларини белгилайдиган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Техник регламент билан мослаштирилгунига қадар ушбу техник регламентга зид бўлмаган қисмлари амалда қўлланилади.
32. Техник регламент кучга киргунга қадар асбоб-ускуналар учун олинган мувофиқликни тасдиқловчи ҳужжатлар ушбу ҳужжатларда белгиланган муддатлар давомида амалда бўлади.
7-боб. Техник регламент талабларига риоя этилиши бўйича давлат назорати
33. Мазкур Техник регламент талабларига риоя этилиши устидан давлат назорати Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси, Ички ишлар вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, шунингдек, портлаш хавфи бўлган муҳитларда ишлатиладиган асбоб-ускуналар хавфсизлиги соҳасидаги ваколатли давлат органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
8-боб. Техник регламент талабларини бузганлик учун жавобгарлик
34. Мазкур Техник регламент талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Портлаш хавфи бўлган муҳитларда ишлатиладиган асбоб-ускуналар хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентга 1-ИЛОВА
Техник регламент талаблари қўлланиладиган ва мажбурий тартибда мувофиқлиги баҳоланадиган портлаш хавфи бўлган муҳитларда ишлатиладиган асбоб-ускуналар
Т/р Асбоб-ускуналар номи ТИФ ТН коди 1. Буғ қозонлари, марказий иситиш қозонлари, газгенераторлар ёки тозалаш қурилмалари билан ёки уларсиз сувли газ генераторлари; ацителенли газгенераторлари ва тозалаш ускуналари билан ёки уларсиз шунга ўхшаш газ генераторлари; ички ёниш двигателлари, турбореактив гидротурбиналар, куч қурилмалари (ускуналари), компрессорлар, ҳаво тортиш вентиляторлари, ёқиш горелкалари, саноат ёки лаборатория печкалари ва камералари, суюқликлар ёки газларни фильтрлаш ва тозалаш учун ускуналар ва қурилмалар. 8402 11 000 — 8402 20000 9 (8402 11 000 1, 8402 12 000 1, 8402 19 100 1, 8402 19 900 1, 8402 20 000 1 дан ташқари), 8403 10, 8405 10 000 0, 8407 дан, 8410 11 000 0, 8410 12 000 0, 8410 13 000 0, 8412 10 — 8412 80, 8416 10 — 8416 20 800 0, 8417 10 000 0 — 8417 80 700 0 дан, 8421 11 000 0 — 8421 39, 8444 00 — 8447 90 000 9 дан, 8450 11 — 8450 20 000 0, 8452 10 — 8452 29 000 0 (фақат двигателли машиналар), 8471 30 000 0, 8471 41 000 0, 8471 49 000 0, 8471 50 000 0, 8472 10 000 0, 8481 10 050 0 — 8481 80 990 7 2. Электр машиналар ва ускуналар; двигателлар (фуқаролик авиацияси учун мўлжалланганидан ташқари) ва генераторлар, электргенераторли қурилмалар ва айланадиган электр ўзгартирувчилар, ўзгарувчан ток электр трансформаторлари, аккумуляторлар, печлар ва саноат камералари. 8501 — 8502, (8501 20 000 1, 8501 32 000 1, 8501 33 000 1, 8501 40 200 1, 8501 40 800 1, 8501 52 900 1 дан ташқари), 8504 10 — 8504 50 950 0 (8504 40 300 3, 8504 40 300 4 дан ташқари), 8507 10 — 8507 80 000 0 (8507 10 200 1, 8507 10 200 2, 8507 10 800 1 дан ташқари), 8508 11 000 0 — 8508 60 000 0, 8509 (8509 90 000 0 дан ташқари), 8514 10 — 8514 40 000 0, 8515 11 000 0 — 8515 80 900 0, 8517 11 000 0 — 8517 69 900 0, 8518 21 000 0, 8518 22 000 0, 8518 29 960 0, 8530 10 000 0, 8530 80 000 0, 8531 10 — 8531 10 950 0, 8531 20 200 0, 8535 — 8537, 8536 61 дан, 8540 11 000 — 8540 89 000 0, 8541 42 000 0, 8541 43 000 0
Портлаш хавфи бўлган муҳитларда ишлатиладиган асбоб-ускуналар хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентга 2-ИЛОВА
Портлаш хавфи бўлган муҳитларда ишлатиладиган асбоб-ускуналарнинг портлаш хавфсизлигини белгиловчи кўрсаткичлар
I. Портлаш хавфи бўлган ҳудудларнинг таснифи
1. Портлаш хавфи бўлган ҳудудларнинг таснифи ускуна тегишли портлаш хавфи бўлган ҳудудда хавфсиз ишлатилишини таъминловчи портлашдан ҳимоя қилиш даражаси бўйича мос ускунани танлаб олиш мақсадида қўлланилади.
2. Портлаш хавфи бўлган аралашманинг мавжудлиги частотаси ва давомийлигига қараб, хавфли ҳудудлар қуйидаги синфларга бўлинади:
0-синф — газлар ёки суюқ буғларнинг ҳаво билан портлаш хавфи бўлган аралашманинг доимий ёки камида бир соат давомида мавжуд бўлган ҳудудлар;
1-синф — асбоб-ускунанинг нормал ишлаши вақтида ҳаво билан портлаш хавфи бўлган аралашмалар ҳосил қилувчи ёнувчи газлар ёки ёнувчи суюқликларнинг буғлари ажралиб чиқадиган ҳудудлар;
2-синф — асбоб-ускунанинг нормал ишлаш вақтида портлаш хавфи бўлган газлар ёки суюқлик буғларининг ҳаво билан аралашмалари ҳосил бўлмайдиган, аммо авария ёки технологиянинг ишдан чиқиши натижасида портлаш хавфи бўлган газлар ёки суюқлик буғларининг ҳаво билан аралашмаси ҳосил бўлиши мумкин бўлган ҳудудлар;
20-синф — портлаш хавфи бўлган ёнувчи чангнинг ҳаво билан аралашмаси ҳар бир кубометр учун 65 g дан пастроқ концентрацияда алангаланиш чегарасига эга бўлган ва доимий равишда мавжуд бўлган ҳудудлар;
21-синф — хоналарда жойлаштирилган асбоб-ускуналарнинг нормал иш режимида ишлашида ажраладиган чанглар ёки толаларнинг жамланмаси ҳосил бўладиган ва натижада ҳар бир кубометр учун 65 g ва ундан кам миқдорда ҳаво билан аралашиб портлаш хавфи бўлган муҳитни яратиши мумкин бўлган ҳудудлар;
22-синф — хоналарда жойлаштирилган асбоб-ускуналарнинг нормал иш режимида ишлашида ажраладиган чанглар ёки толаларнинг жамланмаси ҳосил бўладиган ва натижада ҳар бир кубометр учун 65 g ва ундан кам миқдорда ҳаво билан аралашиб портлаш хавфи бўлган муҳитни яратмайдиган, аммо авария ёки технологик қурилмани бузилиши натижасида ёнувчи чанглар ёки толаларни ҳаво билан аралашиши натижасида портлаш хавфи мумкин бўлган ҳудудлар.
II. Портлаш хавфи бўлган муҳитларда ишлатиладиган асбоб-ускуналарнинг гуруҳлар бўйича таснифи
3. Қўллаш соҳасига қараб асбоб-ускуналар қуйидаги гуруҳларга бўлинади:
I гуруҳ асбоб-ускуналари — руда газлари ва (ёки) ёнувчи чанг туфайли хавфли бўлган шахталар ва уларнинг ер усти ва ер ости иншоотларида фойдаланиш учун мўлжалланган ускуналар. Конструкциясига қараб, I гуруҳ асбоб-ускуналари портлашдан ҳимоя қилинганлиги ҳолати учта даражадан бирига эга бўлиши мумкин;
II гуруҳ асбоб-ускуналари — портловчи газ муҳити таъсирида хавфли жойларда фойдаланиш учун мўлжалланган асбоб-ускуналар (шахталар ва уларнинг ер усти ва ер ости иншоотлари бундан мустасно). Конструкциясига қараб, II гуруҳ асбоб-ускуналари портлашдан ҳимоя қилинганлиги учта даражадан бирига эга бўлиши мумкин. II гуруҳ асбоб-ускуналари портлашдан ҳимоя қилинганлик тоифасига қараб IIA, IIB, IIC кичик гуруҳларга бўлиниши мумкин;
III гуруҳ асбоб-ускуналари — портловчи чанг муҳити таъсирида хавфли жойларда фойдаланиш учун мўлжалланган асбоб-ускуналар (шахталар ва уларнинг ер усти ва ер ости иншоотлари ишлари бундан мустасно). Конструкциясига қараб, у портлашдан ҳимоя қилишнинг учта даражадан бирига эга бўлиши мумкин. III гуруҳ жиҳозларини портлаш муҳитининг хусусиятларига қараб IIIA, IIIB, IIIC кичик гуруҳларга бўлиш мумкин.
III. Портлаш хавфи бўлган муҳитларда ишлатиладиган асбоб-ускуналарни портлашдан ҳимоя қилиш даражалари бўйича таснифи
4. Алангаланиш манбаига айланиш хавфи ва уни портловчи муҳитда ишлатиш шартларига қараб, асбоб-ускуналар портлашдан ҳимояланиш даражаларига кўра қуйидагича таснифланади:
«портлашга чидамли» («жуда юқори»);
«портлашдан ҳимояланган» («юқори»);
«портлашга қарши юқори ишончлилик» («юқорилаштирилган»).
5. Портлашдан ҳимояланишнинг «портлашга чидамли» («жуда юқори») даражаси ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган иш параметрларига мувофиқ ишлашга мўлжалланган, ҳатто портлашдан ҳимояланишнинг зарур даражасини таъминлайдиган асбоб-ускуналарга нисбатан қўлланилади. Эҳтимолдан йироқ бўлмаган ҳолда, портлаш муҳити мавжуд бўлганда ҳам ишлайдиган ва агар ҳимоя воситаларидан бири ишламай қолган тақдирда ҳам, иккинчи мустақил ҳимоя тизими билан портлашдан ҳимоя қилиш орқали ёки иккита бир-биридан мустақил ҳимоя тизимида узилишлар содир бўлганда портлашдан ҳимояланганлиги.
Мазкур ҳимояланиш ҳолати мавжуд ускуналар, руда газлари ва (ёки) ёнувчи чанглар (I гуруҳ ускуналари) ёки объектлар ва (ёки) уларнинг участкаларида (II ва III гуруҳ ускуналари) газ, буғ, туман ёки чанг, тола, учувчи моддалар сифатида ҳаво билан ёнувчи моддаларнинг аралашмаси натижасида доимий ёки тез-тез портлашга хавфли муҳитни яратиши мумкин бўлган ер ости конларида ва уларнинг ер усти иншоотларида фойдаланиш учун мўлжалланган жойларда фойдаланилади.
6. Портлашдан ҳимояланиш даражаси «портлашдан ҳимояланган» («юқори») ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган иш параметрларига мувофиқ ишлашга мўлжалланган ва портлашдан ҳимоя қилишнинг зарур даражасини таъминлайдиган ва бир эътироф этилган эҳтимолий зарар билан нормал ишлашни таъминлайдиган ускуналарга нисбатан қўлланилади.
I гуруҳ асбоб-ускуналари ушбу портлашдан ҳимояланиш даражаси атроф-муҳитдаги руда газларини концентрацияси тартибга солинадиган миқдорига етганда хавфсиз тарзда ўчириш имкониятига эга бўлиши керак.
Мазкур ҳимояланиш ҳолати мавжуд асбоб-ускуналар, руда газлари ва (ёки) ёнувчи чанглар (I гуруҳ ускуналари) ёки объектлар ва (ёки) уларнинг участкаларида (II ва III гуруҳ асбоб-ускуналари) газ, буғ, туман ёки чанг, тола, учувчи моддаларнинг эҳтимолий мавжуд бўлиши мумкин бўлган ва унинг натижасида портлашга хавфли муҳитни яратиши мумкин бўлган ер ости конларида ва уларнинг ер усти иншоотларида фойдаланилади.
7. Портлашдан ҳимоя қилиш даражаси «портлашга қарши юқори ишончлилик» («юқорилаштирилган») ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган иш параметрларига мувофиқ ишлашга мўлжалланган ва фақат ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган нормал иш режимида ишлашини таъминлайдиган асбоб-ускуналарга нисбатан қўлланилади.
I гуруҳ асбоб-ускуналари ушбу портлашдан ҳимояланиш даражаси атроф-муҳитдаги руда газларини концентрацияси тартибга солинадиган миқдорига етганда хавфсиз тарзда ўчириш имкониятига эга бўлиши керак.
Мазкур ҳимояланиш ҳолати мавжуд асбоб-ускуналар, нормал режимда ишлаши жараёнида руда газлари ва (ёки) ёнувчи чанглар ёки портлаш муҳитини, ҳаво билан газ, буғ, туман ёки чанг, тола, учувчи моддаларнинг аралашмаси натижасида кам миқдорда мавжуд бўлиши, аммо портлаш муҳити мавжуд бўлса, фақатгина қисқа муддатда пайдо бўладиган ер ости конларида ва уларнинг ер усти иншоотларида (I гуруҳ асбоб-ускуналари) ёки уларнинг объектлари ва (ёки) уларнинг участкаларида (II ва III гуруҳ асбоб-ускуналари) фойдаланилади.
IV. Асбоб-ускуналарни портлашдан ҳимоя қилувчи воситаларнинг турлари
8. Атрофдаги портлаш хавфи бўлган муҳит алангаланишининг олдини олиш бўйича инобатга олинган махсус чора-тадбирларга қараб, асбоб-ускуналар портлашдан ҳимоя қилиш воситаларининг бир тури ёки бир нечта қўшма турларига эга бўлиши мумкин:
1) портлаш хавфи бўлган газ муҳитида ишлаш учун мўлжалланган электр асбоб-ускуналарига нисбатан:
«d» — портлашга чидамли қобиқ;
«е» — кучайтирилган ҳимоя;
«i» («iа», «ib», «ic») — чақнашга хавфсиз (ички хавфсиз электр даври);
«m» («mа», «mб», «mc») — бирикма билан муҳрлаш;
«nА» — учқун чиқмайдиган асбоб-ускуналар;
«nC» — портлашдан ҳимояланган қобиқдаги контакт қурилмаси ёки герметик орқали муҳрланган ёки ёнмайдиган компонент;
«nR» — газ ўтиши чекланган қобиқ;
«nL» — чекланган энергияга эга электр занжирларини ўз ичига олган ускуналар;
«nZ» — ортиқча босим остида қобиқ;
«о» — мой билан тўлдирилган қобиқ;
«p» — («pх», «py», «pz») — ортиқча босим остида қобиқни тўлдириш ёки тозалаш;
«q» — қобиқни кварц билан тўлдириш;
«s» — портлашдан ҳимоя қилишнинг махсус тури;
2) портлаш хавфи бўлган чангли муҳитда ишлатиладиган электр асбоб-ускуналарига нисбатан:
«t» — («tа», «tb», «tc») — қобиқ билан ҳимоялаш;
«i» — («iа», «iб») — учқундан ҳимоя қилиш (электр занжирини учқундан ҳимояланиши);
«m» — («mа», «mб», «mc») — бирикма билан муҳрлаш;
«p» — ортиқча босим остида қобиқни тўлдириш ёки тозалаш;
«s» — портлашдан ҳимоя қилишнинг махсус тури;
3) портловчи муҳитда фойдаланиш учун мўлжалланган электр бўлмаган асбоб-ускуналарга нисбатан:
«c» — конструкциявий хавфсизлик;
«b» — алангаланиш манбасини бошқариш;
«k» — суюқликка ботириш орқали ҳимоя қилиш;
«d» — портлашдан ҳимояланган қобиқ билан ҳимоя қилиш;
«fr» — газ ўтказувчанлиги чекланган қобиқ билан ҳимоя қилиш;
«p» — юқори босимдан ҳимоя қилиш;
4) портлашдан ҳимоя қилишнинг бошқа турлари.
9. Асбоб-ускуналарни портлашдан ҳимоя қилувчи воситаларнинг турлари атрофдаги портлаш муҳити алангаланишининг олдини олиш учун турли даражадаги портлашдан ҳимояланган ускуналарда назарда тутилган қуйидаги махсус чора-тадбирлар билан белгиланади:
портлашдан ўтказмайдиган қобиқ «d» — ускунани портлашдан ҳимоя қилиш тури бўлиб, унинг қисмлари портлаш газ муҳитини алангалантириб, қобиқ ичидаги портлаш натижасида ҳосил бўлган босимни ушлаши натижасида атроф-муҳитга портлаш хавфи бўлган муҳит тарқалмаслигининг олдини олиш тури;
«t» ҳимоя қобиғи — портлашдан ҳимоя қилиш тури бўлиб, унда ускуна қобиқ билан ҳимояланган бўлиб, чангнинг киришидан ва сирт ҳароратини чеклаш воситалари билан ҳимояланганлик тури;
кучайтирилган ҳимоя тури «е» — портлашдан ҳимоя қилиш тури бўлиб, рухсат этилган ҳароратнинг ошиб кетишига қўшимча чоралар кўрилиши, шунингдек нормал ёки белгиланган (фавқулодда) иш режимларида учқун пайдо бўлишига қарши қўшимча чоралар қўлланиладиган портлашдан ҳимоя қилиш тури;
учқунга хавфсиз (учқунга хавфсиз электр занжири) «i» — портлашдан ҳимоя қилиш тури бўлиб, электр зарядланишини электр энергияси (қуввати) ва электр жиҳозлари элементларининг ҳароратини учқун ёки иссиқлик таъсиридан алангаланишни келтириб чиқарадиган даражадан пастроқ қийматга чеклаш тури;
«m» бирикма билан пломбалаш — портлашдан ҳимоя қилишнинг тури бўлиб, унда ускунанинг қисмларини ишлатиши ёки монтаж жараёнида портлаш хавфи бўлган муҳитни учқун ёки қизиши натижасида алангаланишига олиб келиши, пломбалаш орқали бартараф этиш тури;
«n» ҳимоя тури — портлашдан ҳимоя қилиш тури бўлиб, электр қурилмаларини нормал ва белгиланган (фавқулодда) иш жараёнларида ишлашида атроф муҳитда портлаш хавфи бўлган газ муҳитини олдини олиш учун қўшимча ҳимоя тури;
«о» қобиқни мой билан тўлдириш — портлашдан ҳимоя қилиш тури бўлиб, ускуна ёки унинг қисмини ҳимоя суюқлигига чўктирилиши натижасида, унинг суюқлик ичида ёки ташқарисида портлаш хавфи бўлган газ муҳитини алангаланиши олдини олиш тури;
ортиқча босим остида қобиқни тўлдириш ёки тозалаш «р» — портлашдан ҳимоя қилиш тури бўлиб, қобиқни ёки хонани ташқи босимдан кўп бўлган миқдорда ҳимоя гази босими билан тўлдирилиши натижасида, ташқи муҳит таъсиридан ҳимоялаш тури;
қобиқни кварц билан тўлдириш «q» — портлашдан ҳимоя қилиш тури бўлиб, портлаш муҳитини алангаланишига олиб келиши мумкин бўлган қисмларни маълум бир ҳолатда ўрнатилади ва ташқи портлаш муҳитидан олдини оладиган қобиқ билан тўлиқ ўралган портлашдан ҳимоя қилиш тури;
портлашдан ҳимоя қилишнинг махсус тури «s» — портлашдан ҳимоя қилиш тури бўлиб, ушбу банднинг иккинчи — ўнинчи хат бошларида назарда тутилган ҳимоя чораларидан фарқли, аммо баҳолаш ёки синов вақтларида портлашдан ҳимоя қилишни таъминлаш учун етарли деб тан олинган ҳимоя чораларига асосланган портлашдан ҳимоя қилиш тури;
конструктив хавфсизлик «c» — портлашдан ҳимоя қилиш тури бўлиб, ускунанинг ҳаракатланувчи қисмларидан пайдо бўладиган адиабатик сиқилиш, учқун ва юзаларнинг қизиши натижасида портлаш хавфи бўлган муҳитнинг яратилишини олдини олишга қаратилган қўшимча чоралар тури;
алангаланиш манбаси назорати «b» — портлашдан ҳимоя қилишнинг бир тури бўлиб, қурилманинг электр бўлмаган қисмига ўрнатилиб, бу билан алангаланиш манбасини ва унга ўрнатилган хавфсизлик қурилмалар орқали, қурилма кўрсаткичларини назорат қилади ва автоматик ҳимоя воситаларини ёки сигнализаторларни ишга туширадиган тури;
суюқликка чўктириш орқали ҳимоя қилиш «k» — портлашдан ҳимоя қилишнинг бир тури бўлиб, бунда алангаланиш салоҳияти хавфсиз ёки портлаш хавфи бўлган муҳитдан суюқликка тўлиқ ёки қисман чўктириш орқали ажратилган бўлиб, бунда хавфли сиртлар доимо ҳимоя суюқлиги билан шундай қопланган бўлиши керакки портлаш хавфи бўлган муҳит ҳимоя суюқлигидан юқори сатҳда ёки қобиқ ташқарисида жойлашган бўлиши натижасида алангаланиш олди олинган бўлиши лозим;
«fr» газ оқими ўтиши чекланган қобиқ билан ҳимоя қилиш — портлашдан ҳимоя қилиш тури бўлиб, бунда қобиқ ёрдамида портлаш хавфи бўлган муҳитга паст даражада портлаш хавфи камайтириш орқали чеклаш, бунинг натижасида қобиқдаги портлаш хавфи бўлган муҳитни алангаланиш чегарасидан ҳам паст даражада бўлиши.
V. Асбоб-ускуналарни ҳарорат синфлари бўйича таснифи
10. Энг юқори рухсат этилган сирт ҳароратига қараб II гуруҳ асбоб-ускуналари қуйидаги ҳарорат синфларига бўлинади:
1) Т1 — 450 °C;
2) Т2 — 300 °C;
3) Т3 — 200 °C;
4) Т4 — 135 °C;
5) Т5 — 100 °C;
6) Т6 — 85 °C.
Портлаш хавфи бўлган муҳитларда ишлатиладиган асбоб-ускуналар хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентга 3-ИЛОВА
Портлаш хавфсизлигининг махсус белгиси тасвири
«Ех» махсус белгиси асбоб-ускуналарнинг портлашдан ҳимояланиш ҳолатини англатади (Explosion-proof).
Портлаш хавфсизлигининг махсус белгиси лотин алифбосидаги «Е» ва «х» ҳарфлари жамланмасидан ташкил топган бўлиб, «х» ҳарфининг баландлиги «Е» ҳарфи баландлигининг 5/9 қисмини ташкил этади ва ёруғ фонда тўртбурчак шаклда (1-расм) ёки контрастли фонда (2-расм) баландлик ва кенглик нисбати 11/8 кўринишда бўлади.
Портлаш хавфсизлигининг махсус белгиси ўлчамларини портлаш муҳитида ишлайдиган асбоб-ускуналарни ишлаб чиқарувчиси томонидан белгиланади.
Тўртбурчакнинг базавий баландлиги камида 10 mm бўлиши керак. Портлаш хавфсизлигининг махсус белгиси ўлчамлари унинг элементларини аниқ ва бевосита кўз билан ускуна ёки Ех-компонентининг умумий рангли фонида кўриш имконини бериши керак.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 январдаги 2-сон қарорига 2-ИЛОВА
Портлаш хавфи бўлган муҳитларда ишлатиладиган асбоб-ускуналар хавфсизлиги тўғрисида техник регламентни жорий этиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси 1. Портлаш хавфи бўлган муҳитларда ишлатиладиган асбоб-ускуналарга доир амалдаги стандартлар рўйхатини тузади ва хатловдан ўтказади. Уч ой муддатда 2. Мазкур Техник регламент талабларига риоя этилишини таъминлайдиган ҳамда техник регламентларда белгиланган асбоб-ускуналарнинг мувофиқлигини баҳолаш учун зарур бўлган намуналарни олиш, синаш ва ўлчаш усулларини белгилайдиган стандартлар рўйхатларини шакллантиради ва белгиланган тартибда тасдиқлайди. Бир ой муддатда 2-босқич Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Портлаш хавфи бўлган муҳитларда ишлатиладиган асбоб-ускуналарнинг Техник регламент талабларига мувофиқлигини баҳолаш учун сертификатлаштириш органлари ва синов лабораторияларини аккредитациядан ўтказиш кўламини кенгайтириш бўйича чораларни кўради. Олти ой муддатда 3-босқич Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Техник регламентнинг мақсадлари, мазмуни ва уни қўллаш тартиби тўғрисида аҳолини, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари, тадбиркорлик субъектларини кенг миқёсда хабардор қилишни таъминлайди. Жадвалга мувофиқ 4-босқич Тадбиркорлик субъектлари 1. Техник регламентни ўрганади, масъул ходимларни ўқитади ва Техник регламентни ўз фаолиятида жорий қилади. Келишилган муддатларда 2. Мувофиқликни баҳолаш тартиботидан ўтказиш учун тегишли маҳсулот намуналарини Техник регламент талабларига мувофиқ тайёрлайди. Техник регламент кучга кирган кундан бошлаб 5-босқич Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Техник регламент талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади. Белгиланган тартибда 6-босқич Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Техник регламентни қўллаш амалиётини мониторинг қилади ва маълумотларни тизимли асосда Вазирлар Маҳкамасига киритади. Ҳар чоракда
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 январдаги 2-сон қарорига 3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Портлаш хавфи бўлган муҳитларда ишловчи асбоб-ускуналарнинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида» 2017 йил 24 ноябрдаги 941-сон қарори .
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат бошқаруви ва назорати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 12 декабрдаги ПФ-5594-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2018 йил 12 декабрдаги ПҚ-4058-сон қарори)» 2019 йил 6 мартдаги 195-сон қарорига илованинг 43-банди .
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 6 январь,
2-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
TEXNIK REGLAMENT
ROʻYXATI
TASNIFI
SXEMASI
ROʻYXATI
Portlash xavfi boʻlgan muhitlarda ishlatiladigan asbob-uskunalar xavfsizligi toʻgʻrisidagi texnik reglamentni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligining faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 28-fevraldagi PQ-91-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, portlash xavfi boʻlgan muhitlarda ishlatiladigan asbob-uskunalarning xavfsizligiga qoʻyiladigan talablarni yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
portlash xavfi boʻlgan muhitlarda ishlatiladigan asbob-uskunalarga qoʻyiladigan talablar, shuningdek, ularni tamgʻalash, identifikatsiya qilish hamda muvofiqligini baholash tartibini nazarda tutuvchi Portlash xavfi boʻlgan muhitlarda ishlatiladigan asbob-uskunalar xavfsizligi toʻgʻrisidagi texnik reglament (keyingi oʻrinlarda — texnik reglament) 1-ilovaga muvofiq;
Portlash xavfi boʻlgan muhitlarda ishlatiladigan asbob-uskunalar xavfsizligi toʻgʻrisidagi texnik reglamentni joriy etish sxemasi 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Texnik reglament rasmiy eʼlon qilingan kundan boshlab olti oy oʻtgach amalga kiritilsin.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 3-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari ushbu qaror rasman eʼlon qilingan kundan eʼtiboran olti oy oʻtgandan soʻng oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi, Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi, Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi bilan birgalikda ushbu qarorning maqsadlari, mazmuni va uni qoʻllash tartibi toʻgʻrisida aholi, vazirliklar, idoralar va boshqa tashkilotlar hamda tadbirkorlik subyektlarining keng xabardor qilinishini taʼminlasin.
5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi togʻ-kon sanoati va geologiya vaziri B.F. Islamov, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi raisi A.V. Rafiqov hamda Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi direktori A.R. Jumanazarov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 6 yanvardagi 2-son qaroriga 1-ILOVA
Portlash xavfi boʻlgan muhitlarda ishlatiladigan asbob-uskunalar xavfsizligi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Texnik reglament inson hayoti va salomatligini, mol-mulki va atrof-muhitni muhofaza qilish hamda isteʼmolchilarni chalgʻitadigan xatti-harakatlarning oldini olish maqsadida portlash xavfi boʻlgan muhitda Oʻzbekiston Respublikasi hududida qoʻllanilishi va bajarilishi majburiy boʻlgan yagona talablarni belgilaydi.
2. Texnik reglamentning talablari mazkur Texnik reglamentga 1-ilovada keltirilgan Texnik reglament talablari qoʻllaniladigan majburiy tartibda muvofiqligi baholanadigan portlash xavfi boʻlgan muhitlarda ishlatiladigan asbob-uskunalar roʻyxatiga (keyingi oʻrinlarda — asbob-uskunalar) nisbatan qoʻllaniladi.
Portlash xavfi boʻlgan muhitlarda ishlatiladigan asbob-uskunalarning portlash xavfsizligini belgilovchi koʻrsatkichlar tasnifi mazkur Texnik reglamentga 2-ilovada keltirilgan.
3. Mazkur Texnik reglament quyidagilarga tatbiq etilmaydi:
portlash muhitida foydalanish mumkin boʻlmagan texnik qurilmalar, oʻz tarkibida portlash xavfi mavjud boʻlgan moddalar va beqaror kimyoviy birikmalarga (portlovchi moddalar, porox va boshqalar);
yonuvchan gazning kutilmaganda sizib chiqishi natijasida portlash muhiti hosil boʻlgan sharoitlarda maishiy va nosanoat maqsadlarida foydalanish uchun gazdan foydalaniladigan uskunalarga;
Oʻzbekiston Respublikasi chegarasi orqali tranzit olib oʻtilayotgan asbob-uskunalarga;
tibbiy mahsulotlarga;
shaxsiy himoya vositalariga;
umumiy foydalanishda boʻlgan havo, avtomobil yoʻli, temir yoʻl yoki suv transportida oʻrnatilgan asbob-uskunalarga;
yadroviy tadqiqot asbob-uskunalariga va ulardagi portlash muhitida joylashgan asbob-uskunalarga.
4. Portlash xavfi boʻlgan muhitlarda ishlatiladigan asbob-uskunalarni ishlatish qoidalari Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi tomonidan oʻrnatilgan tartibda belgilanadi.
5. Mazkur Texnik reglamentda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
avariya holati — portlash muhitida ishlayotgan asbob-uskunalarning koʻrsatkichlari ishlab chiqaruvchi tomonidan texnik hujjatlarda belgilangan chegaralardan oshib ketish holati;
ishlab chiqaruvchi — asbob-uskunalarni portlash muhitida ishlatish uchun ishlab chiqariladigan va (yoki) sotiladigan va uning Texnik reglament talablariga muvofiqligi uchun javobgar boʻlgan yuridik shaxs va yakka tartibdagi tadbirkor;
ishlab chiqaruvchining ishlab chiqarish holati tahlili — ishlab chiqaruvchi tomonidan asbob-uskunalar Texnik reglament talablariga muvofiq ishlab chiqarilishi uchun zarur shart-sharoitlar mavjudligini baholash;
normal ish rejimi — elektr va mexanik xususiyatlari ishlab chiqaruvchi tomonidan texnik hujjatlarda belgilangan meʼyoriy chegaralardan oshmaydigan asbob-uskunalarning ishlash rejimi;
nosozlik — asbob-uskunalar ishlashining holatini buzilish holati;
portlash xavfi boʻlgan muhit — gaz, bugʻ, tuman, chang, tolalar yoki uchib yuradigan zarrachalar koʻrinishidagi yonuvchan moddalarning atmosfera sharoitida havo bilan aralashmasi boʻlib, ularda oʻzini oʻzi taʼminlaydigan alangalanish va tarqalish sodir boʻlishi;
portlash xavfi boʻlgan hudud — asbob-uskunani loyihalashtirish, ishlab chiqarish, oʻrnatish va ulardan foydalanish jarayonida maxsus himoya choralarini talab qiladigan darajada portlash muhiti mavjud boʻlgan yoki hosil boʻlishi mumkin boʻlgan yopiq yoki ochiq maydonning bir qismi;
portlash xavfsizligi — zarar va (yoki) shikast yetkazish ehtimoli bilan bogʻliq boʻlgan atrofdagi portlash muhitining yonish xavfi mavjud emasligi;
portlash xavfsizligining maxsus belgisi — asbob-uskunalarni va Yex-komponenti portlashdan himoyalanganligini aniqlashtiruvchi, ishlab chiqaruvchining texnik hujjatlarida koʻrsatib oʻtilgan, asbob-uskunalar va Yex-komponentida koʻrsatiladigan maxsus portlashdan himoya qilish belgisi va identifikatsiya koʻrsatkichlarining belgilari;
portlashdan himoya qilish turi — portlash muhitida ishlash uchun moʻljallangan asbob-uskunalarda atrofdagi portlashi muhiti alangalanishining oldini olishga qaratilgan maxsus vosita va chora-tadbirlar;
portlashdan himoyalanish — portlash muhitida ishlash uchun asbob-uskunalarning portlash xavfsizligini taʼminlash choralari;
portlashdan himoyalanish darajasi — portlashdan himoyalanish darajasi, portlash muhitida yonish manbai boʻlishi xavfi va foydalanish shartlariga koʻra jihozlanishi;
portlash muhitida ishlatish uchun moʻljallangan asbob-uskunalar — portlash xavfi boʻlgan muhitda ishlatish uchun moʻljallangan va oʻz potensial manbalaridan kelib chiqib, atrof-muhitda portlash xavfi boʻlgan muhitni yuzaga keltirishi mumkin boʻlgan asbob-uskunalar (mashina, apparatlar, statsionar yoki mobil qurilma, ularni boshqarish tizimlarining elementi, himoya, himoya qiluvchi qurilma, nazorat oʻlchash vositalari), lekin uning konstruksiyasi ushbu xavf yaratilishiga yoʻl qoʻyib bermaydigan asbob-uskunalar;
portlash xavfi boʻlgan gaz muhitining oʻzidan-oʻzi alangalanish harorati — qizigan sirtning eng past haroratidagi maʼlum sharoitlarda gaz yoki bugʻ-havo aralashmasi alangalanishi;
sirtning maksimal harorati — ishlab chiqaruvchining texnik hujjatlarida nazarda tutilgan belgilangan ish rejimlari buzilganda yoki shikastlanganda, lekin bir vaqtning oʻzida belgilangan ogʻishlar doirasida asbob-uskunalarning qismlari yoki yuzasida ishlash paytida yuzaga keladigan eng yuqori haroratining portlashdan himoya qilishning oʻziga xos turi;
texnik hujjatlar — portlash xavfi boʻlgan muhitda ishlatish uchun moʻljallangan asbob-uskunalarni (qismlar, yigʻish birliklari, komplekslar va toʻplamlar) loyihalashtirish, ishlab chiqarish va ishlatishda, shuningdek, himoya tizimlarini loyihalashtirish, oʻrnatish va ulardan foydalanishdagi grafik va matnli hujjatlar toʻplami;
chang qatlamining oʻzidan-oʻzi alangalanish harorati — qizigan sirtning eng past haroratidagi sirt maʼlum qalinlikdagi chang qatlamining oʻzidan-oʻzi alangalanishi;
qobiq (germetik) konstruksiya — asbob-uskunalarning ishlashi natijasida oʻzidan tashqariga yoki ichkariga gaz va changlarni oʻtkazmaydigan konstruksiya;
Yex-komponenti — portlash xavfli boʻlgan muhitda asbob-uskunalarning xavfsiz ishlashi uchun zarur boʻlgan, asbob-uskunalarga oʻrnatiladigan, portlashdan himoyalanib yasalgan, lekin mustaqil foydalanish uchun moʻljallanmagan texnik qurilmalar.
2-bob. Portlash xavfi boʻlgan muhitlarda ishlatiladigan asbob-uskunalarga xavfsizlik talablari
1-§. Yongʻin xavfsizligi talablari
6. Asbob-uskunalarga yongʻin xavfsizligi talablari Oʻzbekiston Respublikasining “Yongʻin xavfsizligi toʻgʻrisida”gi Qonuni va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar bilan belgilanadi.
7. Asbob-uskunalar portlash xavfi boʻyicha xavfsiz ishlash va foydalanish uchun zarur boʻlgan quyidagi talablarga:
asbob-uskunalardan yonuvchi moddalarning chiqishi natijasida yuzaga kelishi mumkin boʻlgan portlash muhitining hosil boʻlishiga yoʻl qoʻymaslik;
portlash sodir boʻladigan har bir manbaning xususiyatini hisobga olgan holda, portlash muhiti alangalanishining oldini olish;
asbob-uskunalarning qoʻllanish sohasiga qarab, mazkur Texnik reglamentga 2-ilovaga muvofiq Portlash xavfi boʻlgan muhitlarda ishlatiladigan asbob-uskunalarning portlash xavfsizligini belgilovchi koʻrsatkichlar tasnifiga javob berishi kerak.
8. Asbob-uskunalarning portlash xavfsizligi normal ish sharoitida va undan foydalanish shartlarini hisobga olgan holda, texnik hujjatlarda belgilangan ogʻishlar doirasida taʼminlanishi kerak.
2-§. Elektr xavfsizligiga qoʻyiladigan talablar
9. Elektr kuchlanishining tebranishi yoki yordamchi energiya tavsifining oʻzgarishi, shuningdek, elektr energiyasining uzilishi va keyinchalik qayta tiklanishi, asbob-uskunalarning xavfsizligini buzmasligi kerak.
10. Elektr tarmogʻiga ulangan asbob-uskunalar elektr toki taʼsiridan himoyalangan boʻlishi kerak.
11. Asbob-uskunalarni loyihalashtirishda va ishlab chiqarishda elektromagnit hodisalar (jarayonlar) bilan bogʻliq har qanday xavflardan himoyalangan boʻlishi kerak.
12. Asbob-uskunalar statik elektrdan (xavfli quvvatga olib kelishi mumkin boʻlgan elektrostatik zaryadlar) himoyalangan boʻlishi kerak.
3-bob. Asbob-uskunalarni loyihalashtirish va texnik hujjatlarga qoʻyiladigan talablar
1-§. Loyihalashtirishga qoʻyiladigan talablar
13. Asbob-uskunalar maqsadi boʻyicha foydalanilganda hamda oʻrnatish, foydalanish (ishlatish), tashish (joʻnatish), texnik xizmat koʻrsatish va taʼmirlashga qoʻyiladigan talablar bajarilganda, quyidagi xavfsizlik talablari taʼminlanishi kerak:
asbob-uskunalar toʻliq (loyihaviy) xizmat muddati davomida foydalanilganda portlash xavfsizligini;
asbob-uskunalar va uning tarkibiy qismlari tegishli mexanik va issiqlik kuchlanishiga bardosh beradigan tarzda ishlab chiqilishi va ishlab chiqaruvchi tomonidan belgilangan ish sharoitlari chegaralarini hisobga olgan holda, atrof-muhit va mavjud yoki shubhali agressiv moddalar taʼsiriga bardosh berishi;
agar asbob-uskunalarda alangalanish manbalari boʻlishi mumkin boʻlgan qismlar mavjud boʻlsa, u oʻchirilgan taqdirdagina ochilishi yoki chaqnashga xavfsiz zanjirlardan tashkil topishi yoki xodimlarni tegib ketishidan va ogohlantirish belgilari bilan himoyalangan boʻlishi;
agar asbob-uskunaning qobiq (germetik) konstruksiyasida tutashuv manbalari boʻlishi mumkin boʻlgan elektr quvvatini saqlash moslamalari (kondensatorlar) va qizdirilgan elementlar mavjud boʻlsa, qobiq (germetik) konstruksiyalarida oʻrnatilgan kondensatorlarni xavfsiz qoldiq energiya qiymatiga tushirish yoki quvvatni kamaytirish uchun yetarli vaqtni kechiktirish bilan ochilishi;
isitiladigan elementlarning harorati jihozda koʻrsatilgan maksimal sirt harorati yoki harorat sinfidan past boʻlishi.
agar elektr uzilishidan keyin asbob-uskunani himoya gazi bilan tozalash hamda oʻrnatilgan kondensatorlar quvvatsizlangunga yoki qizigan elementlarning harorati past qiymatlarga tushgunga qadar himoya gazi bilan tozalashni davom ettirish nazarda tutilgan boʻlsa, ishlab chiqaruvchi tomonidan asbob-uskunaning ochilish qismlarida ogohlantirish belgilari oʻrnatilgan boʻlishi;
portlashdan himoyalanganlik darajasi “yuqori portlashdan xavfsiz” (“juda yuqori”) va “portlashdan xavfsiz” (“yuqori”) va (yoki) uning qismlari sirtining harorati oʻzidan-oʻzi yonish haroratidan past boʻlishi va belgilangan avariya holatlarida va atrof-muhit sharoitlari oʻzgarganda, portlovchi gaz muhiti va ishchi holatida (texnik hujjatlarda belgilangan ogʻishlar doirasida) chang qatlamining oʻzidan-oʻzi yonish haroratidan past boʻlishi;
ishchi holatda atrofdagi gaz atmosferasining oʻzidan-oʻzi yonish haroratidan yuqori haroratga (texnik hujjatlarda belgilangan ogʻishlar doirasida) faqat ishlab chiqaruvchi tomonidan asbob-uskunalarni himoya qilish uchun qoʻshimcha choralar koʻrilgan taqdirdagina ruxsat etiladi. Bunday holatda tashqi isitish manbalari va kimyoviy reaksiyalar natijasida yuzaga keladigan harorat oshishini hisobga olish;
portlashdan himoya qilish darajasi “portlashga qarshi yuqori ishonchlilik” (“yuqorilashtirilgan”) boʻlgan asbob-uskunalarning sirti harorati, normal ish sharoitida maksimal sirt haroratidan yuqori boʻlmasligi kerak. Bunday asbob-uskunalarning konstruksiyasida uchqun chiqarmaydigan va uning natijasida portlash muhitini yuzaga keltirmaydigan qismlardan tashkil topishi;
yonuvchan gazlar yoki chang ajralishi mumkin boʻlgan asbob-uskunalar qobiq (germetik) konstruksiyaga ega boʻlishi kerak. Asbob-uskunalardagi mavjud har qanday teshiklar yoki germetik boʻlmagan birikmalar, hosil boʻladigan gazlar yoki changlar asbob-uskunalarning tashqi qismida portlash muhitini yuzaga keltirmaydigan qilib loyihalashtirilishi lozim. Materiallar kiradigan yoki chiqadigan teshiklar yonuvchan materiallarning chiqishini cheklash uchun moʻljallangan va jihozlangan boʻlishi;
portlovchi chang boʻlgan obyektlarda va (yoki) ularning joylarida foydalanish uchun moʻljallangan asbob-uskunalar yuzasida toʻplangan chang yonib ketmasligi uchun moʻljallangan boʻlishi kerak. Asbob-uskunalar qismlarining sirti harorati chang qatlamining oʻzidan-oʻzi yonish haroratidan past boʻlishi kerak. Bunday holda xavfli issiqlik hosil boʻlishining oldini olish uchun asbob-uskunalarning qismlari sirti haroratini cheklash uchun vositalar bilan taʼminlash kerak. Sirt qismi changdan tozalanib turilishi va chang qatlami meʼyori texnik hujjatlarda koʻrsatilgan boʻlishi;
texnik hujjatlarda nazarda tutilgan belgilangan ish rejimlari buzilgan taqdirda, agar bu xavfsizlikka salbiy taʼsir koʻrsatmasa, avtomatik jarayonlarga kiritilgan asbob-uskunalarni xavfsiz qoʻlda oʻchirishni taʼminlashi;
asbob-uskunalarning avariya sodir boʻlishi holatida oʻchirilishida toʻplangan energiya ochiladigan qopqoqlarga oʻrnatilgan ogohlantirish belgilarida koʻrsatilgan vaqt ichida xavfsiz qiymatga tarqalishi;
asbob-uskunalar tegishli kirish moslamalari bilan jihozlangan boʻlishi va agar asbob-uskunalar boshqa jihozlar bilan birgalikda foydalanish uchun moʻljallangan boʻlsa, ularning ulanishi xavfsiz boʻlishi;
agar asbob-uskunalar portlash muhitini aniqlash yoki ogohlantirish asboblari bilan jihozlangan boʻlsa, ularni joylashtirish joylari va shartlari texnik hujjatlarda koʻrsatilishi;
asbob-uskunalarda portlash muhitini yaratuvchi yonuvchan moddalarni ajratishga qodir boʻlgan materiallar boʻlmasligi;
texnik hujjatlarda belgilangan ish sharoitlari doirasida asbob-uskunalarning portlashdan himoyalanishiga salbiy taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan portlash xavfi mavjud boʻlgan muhitni hosil qiluvchi materiallar va moddalar oʻrtasida kimyoviy reaksiya ehtimoli istisno qilingan boʻlishi;
asbob-uskunalarda atrof-muhit harorati va ish sharoitlari taʼsirida koʻrsatkichlari oʻzgarganda, shuningdek, boshqa materiallar bilan birgalikda asbob-uskunalarning portlashdan himoyalanish darajasini pasaytiradigan materiallar boʻlmasligi;
asbob-uskunalarga oʻrnatilgan Yex-komponentlari texnik hujjatlarga muvofiq oʻrnatilganda, portlash xavfsizligini taʼminlash talablariga muvofiq xavfsiz ishlashi;
tashqi taʼsirga tushishi mumkin boʻlgan asbob-uskunalar qoʻshimcha himoya vositalari bilan taʼminlanishi kerak. Asbob-uskunalar uning portlashdan himoyalanishiga putur yetmagan holda tashqi taʼsirlarga bardosh berishi;
asbob-uskunalar yopiq joylarda yoki konteynerda joylashgan boʻlsa, agar bu holat portlashdan himoya qilishning bir turini tashkil etsa, bunday yopiq joylar yoki konteynerlarni faqat maxsus asbob yordamida yoki tegishli xavfsizlik choralariga rioya etgan holda ochilishi va ruxsatsiz ochilishining oldi olinishi;
asbob-uskunalarning ortiqcha yuklanishining oldini olish maqsadida oʻlchash, tartibga solish va nazorat vositalari (maksimal oʻchirish, harorat cheklovlari, differensial bosim oʻtkazgichlari, oqim oʻlchagichlari, vaqtni kechiktirish relelari, harakat koʻrsatkichlari va (yoki) shunga oʻxshash turdagi qurilmalar) bilan taʼminlanishi.
14. Asbob-uskunalarning konstruksiyasi quyidagi potensial alangalanish manbalaridan himoyalangan boʻlishi kerak:
uchqunlar (elektr va ishqalanishdan), olov, qizigan sirtlarning yuqori harorati, elektromagnit, ultratovush, optik va ionlashtiruvchi nurlanishdan;
xavfli korroziyaga olib kelishi mumkin boʻlgan, uchqun paydo boʻlishiga yoki yuzalarning haddan tashqari qizib ketishiga olib keladigan va shu bilan yonish ehtimolini yaratadigan adashgan oqimlar va oqish oqimlaridan;
material va qismlarning harakati natijasida yoki boshqa begona jismlarning aylanishida bir-biriga ishqalanish yoki zarba natijasida yuzaga kelishi mumkin boʻlgan qizishdan;
rostlash qurilmalari tomonidan amalga oshiriladigan va alangalanishga olib keladigan zarba toʻlqinlari yoki siqilish paydo boʻlishiga olib kelishi mumkin boʻlgan bosim kompensatsiyasidan;
yashin urishidan;
ekzotermik reaksiyalar, shu jumladan, chang qatlamining oʻzidan-oʻzi alangalanishidan.
15. Asbob-uskunalarni konstruksiyalash paytida portlash paydo boʻlishining barcha xavfli omillari hisobga olingan va portlashga xavfli muhitning alangalanish manbalari aniqlangan boʻlishi kerak.
Xavfli omillarni baholashni hisobga olgan holda portlash muhitida foydalanish uchun asbob-uskunalarni portlashdan himoya qilishni (portlashdan himoya qilish turlarini) taʼminlash usullari tanlanishi kerak.
16. Avariya holatlarida asbob-uskunalarni himoya qilishni taʼminlaydigan qurilmalar quyidagi talablarga javob berishi kerak:
ishlashi uchun zarur boʻlgan har qanday oʻlchash yoki nazorat qilish vositasidan mustaqil ravishda ishlashi kerak. Himoya qurilmasining ishdan chiqishi texnik hujjatlarda nazarda tutilgan texnik vositalar yordamida aniqlanishi kerak;
avariya holatidagi oʻchirish, tegishli boshqaruv qurilmalarini dasturiy taʼminotning oraliq buyrugʻisiz bevosita faollashtirishi kerak;
avariya holatlarining oldini olish himoya qurilmalari, qayta ishga tushirishini himoya qiluvchi mexanizmlar yoki boshqa qurilmalar bilan jihozlanishi kerak. Yangi buyruqni bajarish va normal ish rejimini tiklash faqat qayta ishga tushirishni maxsus blokirovka olib tashlangandan soʻng amalga oshirilishi mumkin.
17. Portlash muhitida ishlatiladigan boshqa qurilmalar va dasturlar quyidagi talablarga javob berishi kerak:
boshqaruv elementlari va koʻrsatkichlar portlash xavfi boʻyicha ish xavfsizligining mumkin boʻlgan eng yuqori darajasi taʼminlangan holda ishlab chiqilishi;
oʻlchash funksiyasiga ega boʻlgan qurilmalar portlash muhitida foydalanish talablari va shartlarini hisobga olgan holda loyihalashtirilishi va ishlab chiqarilishi va oʻlchashlarning bir xilligini taʼminlash talablariga javob berishi;
dasturlash funksiyasiga ega qurilmalar va koʻrsatkichlar aniq boʻlishini va ishlashini tekshirish imkoniyati taʼminlanishi;
oʻlchash funksiyasiga ega qurilmalar uchun potensial alanga manbasining avariya chegarasi, texnik hujjatlarda, ish sharoitlarida belgilangan xavfsizlik omilini hisobga olgan holda, roʻyxatga olingan portlash muhitining portlashi va (yoki) alangalanishi uchun chegara shartlaridan oʻlchash tizimining yoʻl qoʻyilishi mumkin boʻlgan jami xatolarini hisobga olgan holda past boʻlishi;
nazorat qiladigan uskunaning dasturiy taʼminoti dasturdagi xatolar bilan bogʻliq xavflarni hisobga olishi.
2-§. Texnik hujjatlarga qoʻyiladigan talablar
18. Asbob-uskunalarni isteʼmolchiga yetkazib berishda texnik hujjatlar ilova qilinishi va unda quyidagilar koʻrsatilishi kerak:
asbob-uskunalarning nomi va (yoki) tamgʻalanishi (turi, markasi, modeli), uning xavfsizligiga taʼsir qiluvchi parametrlari va xususiyatlari, ishlab chiqaruvchining nomi va (yoki) tovar belgisi;
uning maqsadi haqida maʼlumot;
oʻrnatish, yigʻish, moslash yoki sozlash boʻyicha koʻrsatmalar;
asbob-uskunalardan foydalanish boʻyicha koʻrsatmalarda va foydalanish vaqtida koʻrilishi zarur boʻlgan xavfsizlik choralari (shu jumladan, ishga tushirish, belgilangan maqsadda foydalanish, texnik xizmat koʻrsatish, barcha turdagi taʼmirlash va texnik koʻriklar, zararli ishlab chiqarish omillarining jadalligini kamaytirish va mahalliylashtirishga qaratilgan himoya vositalari, transport qilish va saqlash shartlari);
belgilangan xizmat muddatlari koʻrsatkichlari va (yoki) belgilangan ishlash resursi;
keskin nosozliklar roʻyxati, asbob-uskunalarning avariya holatlariga olib keladigan xodimlarning (foydalanuvchilarning) mumkin boʻlgan xatolari va bu xatolarning oldini olish boʻyicha harakatlar;
chegara holati (rejimlari) parametrlari;
ushbu asbob-uskunalarning notoʻgʻri ishlashi aniqlangan taqdirda, bartaraf etish choralari toʻgʻrisida maʼlumoti;
qoʻshimcha komponentlarga boʻlgan ehtiyoj toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (kabel kirishlari va boshqalar);
asbob-uskunalarning portlash xavfsizligini belgilaydigan texnik tavsiflarini saqlashni taʼminlashga qoʻyiladigan talablari;
qadoqlash, saqlash va tashish shartlariga qoʻyiladigan talablar, belgilangan saqlash muddatlari, holatini qayta tekshirish, yaroqlilik muddati oʻtgan alohida elementlarni, qismlarni, yigʻmalarni almashtirishning normativ muddatlari boʻyicha koʻrsatmalari;
asbob-uskunalarni utilizatsiya qilish talablari;
saqlash va tashish qoidalari va shartlari;
xodimlarga qoʻyiladigan talablar;
ishlab chiqaruvchining va/yoki import qiluvchining yoki vakolatli vakilning joylashgan joyi (pochta manzili), u bilan bogʻlanish uchun maʼlumot;
ishlab chiqarilgan sana.
19. Texnik hujjatlar Oʻzbekiston Respublikasi davlat tilida ishlab chiqiladi.
20. Asbob-uskunalarning texnik hujjatlari ishlab chiqaruvchi (ishlab chiqaruvchining vakolatli vakili) tomonidan ushbu asbob-uskunalarni ishlab chiqarish tugagandan soʻng ham xizmat muddati tugangunga qadar saqlanadi.
4-bob. Asbob-uskunalarni tamgʻalashga qoʻyiladigan talablar
21. Asbob-uskunalar maxsus belgi bilan tamgʻalanishi shart.
22. Asbob-uskunalarning tamgʻalanishi davlat tilida boʻlishi shart va quyidagi majburiy maʼlumotlarni oʻz ichiga olishi kerak:
ishlab chiqaruvchining nomi va uning tovar belgisi (agar mavjud boʻlsa);
asbob-uskunaning turi, markasi, modeli;
ishlab chiqarilgan sana;
ishlab chiqaruvchining raqami;
ishlab chiqaruvchi mamlakat nomi;
mazkur Texnik reglamentga 3-ilovaga muvofiq Portlash xavfsizligining maxsus belgisi tasviri.
Tamgʻalarni boshqa tillarda takrorlashga ruxsat beriladi.
Tamgʻalash ushbu asbob-uskunalarning yuzasiga yoki qismlarga ajratilmasdan va qoʻshimcha asboblardan foydalanmasdan, koʻrish mumkin boʻlgan joyga qoʻyilishi va bunda asbob-uskunalarning butun ishlash muddati davomida saqlanishi lozim.
23. Ishlab chiqaruvchining qaroriga binoan yoki yetkazib berish shartnomasiga muvofiq asbob-uskunalarni tamgʻalash undan xavfsiz foydalanish uchun muhim boʻlgan qoʻshimcha quyidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olishi mumkin:
nominal kuchlanish yoki nominal kuchlanish oraliqlari;
uzoq muddatli ruxsat etilgan ish kuchlanishi;
oqim turining belgisi (agar nominal chastota koʻrsatilmagan boʻlsa);
insonning elektr toki urishidan himoya qilish sinfining ramzi;
qobiq (germetik) konstruksiya bilan taʼminlangan himoya darajasi;
nominal isteʼmol qilingan yoki foydali quvvat yoki nominal oqim;
ogʻirlik;
gabarit oʻlchamlari.
5-bob. Asbob-uskunalarning muvofiqligini baholash
1-§. Asbob-uskunalarni identifikatsiya qilish
24. Asbob-uskunalar identifikatsiya qilinadi. Ularning tavsiflari Texnik reglamentning 22 va 23-bandlarida koʻrsatilgan maʼlumotlar bilan bir xilligini taʼminlash yoʻli bilan identifikatsiya qilinadi.
25. Asbob-uskunalar va Yex-komponentning identifikatsiya belgisi — texnik hujjatlarda koʻrsatilgan portlashdan himoyalanish holatining mavjudligi va asbob-uskunalar va Yex-komponentda koʻrsatilgan maxsus portlashdan himoyalanganlik belgisi hisoblanadi.
2-§. Asbob-uskunalarni muvofiqligini baholash
26. Erkin muomalaga chiqarilishidan oldin asbob-uskunalarning mazkur Texnik reglament talablariga muvofiqligi muvofiqlikni sertifikatlash shaklida tasdiqlanadi.
27. Muvofiqlik sertifikati turkum ishlab chiqariladigan asbob-uskunalarga uch yil muddatga, asbob-uskunalar toʻpiga esa mahsulotning yaroqlilik yoki kafolat muddatiga rasmiylashtiriladi.
28. Muvofiqlikni tasdiqlashdan oldin Oʻzbekiston Respublikasi qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq asbob-uskunalar identifikatsiya qilinadi.
29. Asbob-uskunalarni mazkur Texnik reglament talablariga sertifikatlashtirish orqali muvofiqligi quyidagi sxemalar asosida baholanadi:
1S sxema — turkum ishlab chiqariladigan asbob-uskunalarni sertifikatlashtirishda qoʻllaniladi. Bunda ariza beruvchi ishlab chiqaruvchi (ishlab chiqaruvchining vakolatli vakili) hisoblanadi va sertifikatlangan mahsulotlarni muvofiqlik belgisi bilan tamgʻalanishini taʼminlaydi;
3S sxema — asbob-uskunalarni toʻpi uchun qoʻllaniladi. Bunda ariza beruvchi ishlab chiqaruvchi (ishlab chiqaruvchining vakolatli vakili) yoki sotuvchi (import qiluvchi) hisoblanadi va sertifikatlangan mahsulotlarni muvofiqlik belgisi bilan (import qilingan mahsulotlar ariza beruvchiga qulay shaklda) tamgʻalanishini taʼminlaydi;
4S sxema — yagona (bitta) asbob-uskuna uchun Texnik reglamentda belgilangan sinov va oʻlchash jarayonida ushbu buyumga putur yetkazilmasa qoʻllaniladi. Bunda ariza beruvchi ishlab chiqaruvchi (ishlab chiqaruvchining vakolatli vakili) yoki sotuvchi (import qiluvchi) hisoblanadi;
30. Muvofiqlik sertifikati Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 14-avgustdagi 502-son qarori bilan tasdiqlangan Mahsulotlarni sertifikatlashtirish tartibi toʻgʻrisida nizom talablariga muvofiq rasmiylashtiriladi.
6-bob. Oʻtish davri
31. Mazkur Texnik reglament kuchga kirgan vaqtdan boshlab Oʻzbekiston Respublikasi hududida amalda boʻlgan va asbob-uskunalar uchun xavfsizlik talablarini belgilaydigan texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ-huquqiy hujjatlar Texnik reglament bilan moslashtirilguniga qadar ushbu texnik reglamentga zid boʻlmagan qismlari amalda qoʻllaniladi.
32. Texnik reglament kuchga kirgunga qadar asbob-uskunalar uchun olingan muvofiqlikni tasdiqlovchi hujjatlar ushbu hujjatlarda belgilangan muddatlar davomida amalda boʻladi.
7-bob. Texnik reglament talablariga rioya etilishi boʻyicha davlat nazorati
33. Mazkur Texnik reglament talablariga rioya etilishi ustidan davlat nazorati Oʻzbekiston Respublikasi Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi huzuridagi Togʻ-kon sanoati va geologiya sohasini nazorat qilish inspeksiyasi, Ichki ishlar vazirligi, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi, Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi, shuningdek, portlash xavfi boʻlgan muhitlarda ishlatiladigan asbob-uskunalar xavfsizligi sohasidagi vakolatli davlat organlari tomonidan oʻz vakolatlari doirasida qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
8-bob. Texnik reglament talablarini buzganlik uchun javobgarlik
34. Mazkur Texnik reglament talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar Oʻzbekiston Respublikasi qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Portlash xavfi boʻlgan muhitlarda ishlatiladigan asbob-uskunalar xavfsizligi toʻgʻrisidagi texnik reglamentga 1-ILOVA
Texnik reglament talablari qoʻllaniladigan va majburiy tartibda muvofiqligi baholanadigan portlash xavfi boʻlgan muhitlarda ishlatiladigan asbob-uskunalar
T/r Asbob-uskunalar nomi TIF TN kodi 1. Bugʻ qozonlari, markaziy isitish qozonlari, gazgeneratorlar yoki tozalash qurilmalari bilan yoki ularsiz suvli gaz generatorlari; atsitelenli gazgeneratorlari va tozalash uskunalari bilan yoki ularsiz shunga oʻxshash gaz generatorlari; ichki yonish dvigatellari, turboreaktiv gidroturbinalar, kuch qurilmalari (uskunalari), kompressorlar, havo tortish ventilyatorlari, yoqish gorelkalari, sanoat yoki laboratoriya pechkalari va kameralari, suyuqliklar yoki gazlarni filtrlash va tozalash uchun uskunalar va qurilmalar. 8402 11 000 — 8402 20000 9 (8402 11 000 1, 8402 12 000 1, 8402 19 100 1, 8402 19 900 1, 8402 20 000 1 dan tashqari), 8403 10, 8405 10 000 0, 8407 dan, 8410 11 000 0, 8410 12 000 0, 8410 13 000 0, 8412 10 — 8412 80, 8416 10 — 8416 20 800 0, 8417 10 000 0 — 8417 80 700 0 dan, 8421 11 000 0 — 8421 39, 8444 00 — 8447 90 000 9 dan, 8450 11 — 8450 20 000 0, 8452 10 — 8452 29 000 0 (faqat dvigatelli mashinalar), 8471 30 000 0, 8471 41 000 0, 8471 49 000 0, 8471 50 000 0, 8472 10 000 0, 8481 10 050 0 — 8481 80 990 7 2. Elektr mashinalar va uskunalar; dvigatellar (fuqarolik aviatsiyasi uchun moʻljallanganidan tashqari) va generatorlar, elektrgeneratorli qurilmalar va aylanadigan elektr oʻzgartiruvchilar, oʻzgaruvchan tok elektr transformatorlari, akkumulyatorlar, pechlar va sanoat kameralari. 8501 — 8502, (8501 20 000 1, 8501 32 000 1, 8501 33 000 1, 8501 40 200 1, 8501 40 800 1, 8501 52 900 1 dan tashqari), 8504 10 — 8504 50 950 0 (8504 40 300 3, 8504 40 300 4 dan tashqari), 8507 10 — 8507 80 000 0 (8507 10 200 1, 8507 10 200 2, 8507 10 800 1 dan tashqari), 8508 11 000 0 — 8508 60 000 0, 8509 (8509 90 000 0 dan tashqari), 8514 10 — 8514 40 000 0, 8515 11 000 0 — 8515 80 900 0, 8517 11 000 0 — 8517 69 900 0, 8518 21 000 0, 8518 22 000 0, 8518 29 960 0, 8530 10 000 0, 8530 80 000 0, 8531 10 — 8531 10 950 0, 8531 20 200 0, 8535 — 8537, 8536 61 dan, 8540 11 000 — 8540 89 000 0, 8541 42 000 0, 8541 43 000 0
Portlash xavfi boʻlgan muhitlarda ishlatiladigan asbob-uskunalar xavfsizligi toʻgʻrisidagi texnik reglamentga 2-ILOVA
Portlash xavfi boʻlgan muhitlarda ishlatiladigan asbob-uskunalarning portlash xavfsizligini belgilovchi koʻrsatkichlar
I. Portlash xavfi boʻlgan hududlarning tasnifi
1. Portlash xavfi boʻlgan hududlarning tasnifi uskuna tegishli portlash xavfi boʻlgan hududda xavfsiz ishlatilishini taʼminlovchi portlashdan himoya qilish darajasi boʻyicha mos uskunani tanlab olish maqsadida qoʻllaniladi.
2. Portlash xavfi boʻlgan aralashmaning mavjudligi chastotasi va davomiyligiga qarab, xavfli hududlar quyidagi sinflarga boʻlinadi:
0-sinf — gazlar yoki suyuq bugʻlarning havo bilan portlash xavfi boʻlgan aralashmaning doimiy yoki kamida bir soat davomida mavjud boʻlgan hududlar;
1-sinf — asbob-uskunaning normal ishlashi vaqtida havo bilan portlash xavfi boʻlgan aralashmalar hosil qiluvchi yonuvchi gazlar yoki yonuvchi suyuqliklarning bugʻlari ajralib chiqadigan hududlar;
2-sinf — asbob-uskunaning normal ishlash vaqtida portlash xavfi boʻlgan gazlar yoki suyuqlik bugʻlarining havo bilan aralashmalari hosil boʻlmaydigan, ammo avariya yoki texnologiyaning ishdan chiqishi natijasida portlash xavfi boʻlgan gazlar yoki suyuqlik bugʻlarining havo bilan aralashmasi hosil boʻlishi mumkin boʻlgan hududlar;
20-sinf — portlash xavfi boʻlgan yonuvchi changning havo bilan aralashmasi har bir kubometr uchun 65 g dan pastroq konsentratsiyada alangalanish chegarasiga ega boʻlgan va doimiy ravishda mavjud boʻlgan hududlar;
21-sinf — xonalarda joylashtirilgan asbob-uskunalarning normal ish rejimida ishlashida ajraladigan changlar yoki tolalarning jamlanmasi hosil boʻladigan va natijada har bir kubometr uchun 65 g va undan kam miqdorda havo bilan aralashib portlash xavfi boʻlgan muhitni yaratishi mumkin boʻlgan hududlar;
22-sinf — xonalarda joylashtirilgan asbob-uskunalarning normal ish rejimida ishlashida ajraladigan changlar yoki tolalarning jamlanmasi hosil boʻladigan va natijada har bir kubometr uchun 65 g va undan kam miqdorda havo bilan aralashib portlash xavfi boʻlgan muhitni yaratmaydigan, ammo avariya yoki texnologik qurilmani buzilishi natijasida yonuvchi changlar yoki tolalarni havo bilan aralashishi natijasida portlash xavfi mumkin boʻlgan hududlar.
II. Portlash xavfi boʻlgan muhitlarda ishlatiladigan asbob-uskunalarning guruhlar boʻyicha tasnifi
3. Qoʻllash sohasiga qarab asbob-uskunalar quyidagi guruhlarga boʻlinadi:
I guruh asbob-uskunalari — ruda gazlari va (yoki) yonuvchi chang tufayli xavfli boʻlgan shaxtalar va ularning yer usti va yer osti inshootlarida foydalanish uchun moʻljallangan uskunalar. Konstruksiyasiga qarab, I guruh asbob-uskunalari portlashdan himoya qilinganligi holati uchta darajadan biriga ega boʻlishi mumkin;
II guruh asbob-uskunalari — portlovchi gaz muhiti taʼsirida xavfli joylarda foydalanish uchun moʻljallangan asbob-uskunalar (shaxtalar va ularning yer usti va yer osti inshootlari bundan mustasno). Konstruksiyasiga qarab, II guruh asbob-uskunalari portlashdan himoya qilinganligi uchta darajadan biriga ega boʻlishi mumkin. II guruh asbob-uskunalari portlashdan himoya qilinganlik toifasiga qarab IIA, IIB, IIC kichik guruhlarga boʻlinishi mumkin;
III guruh asbob-uskunalari — portlovchi chang muhiti taʼsirida xavfli joylarda foydalanish uchun moʻljallangan asbob-uskunalar (shaxtalar va ularning yer usti va yer osti inshootlari ishlari bundan mustasno). Konstruksiyasiga qarab, u portlashdan himoya qilishning uchta darajadan biriga ega boʻlishi mumkin. III guruh jihozlarini portlash muhitining xususiyatlariga qarab IIIA, IIIB, IIIC kichik guruhlarga boʻlish mumkin.
III. Portlash xavfi boʻlgan muhitlarda ishlatiladigan asbob-uskunalarni portlashdan himoya qilish darajalari boʻyicha tasnifi
4. Alangalanish manbaiga aylanish xavfi va uni portlovchi muhitda ishlatish shartlariga qarab, asbob-uskunalar portlashdan himoyalanish darajalariga koʻra quyidagicha tasniflanadi:
“portlashga chidamli” (“juda yuqori”);
“portlashdan himoyalangan” (“yuqori”);
“portlashga qarshi yuqori ishonchlilik” (“yuqorilashtirilgan”).
5. Portlashdan himoyalanishning “portlashga chidamli” (“juda yuqori”) darajasi ishlab chiqaruvchi tomonidan belgilangan ish parametrlariga muvofiq ishlashga moʻljallangan, hatto portlashdan himoyalanishning zarur darajasini taʼminlaydigan asbob-uskunalarga nisbatan qoʻllaniladi. Ehtimoldan yiroq boʻlmagan holda, portlash muhiti mavjud boʻlganda ham ishlaydigan va agar himoya vositalaridan biri ishlamay qolgan taqdirda ham, ikkinchi mustaqil himoya tizimi bilan portlashdan himoya qilish orqali yoki ikkita bir-biridan mustaqil himoya tizimida uzilishlar sodir boʻlganda portlashdan himoyalanganligi.
Mazkur himoyalanish holati mavjud uskunalar, ruda gazlari va (yoki) yonuvchi changlar (I guruh uskunalari) yoki obyektlar va (yoki) ularning uchastkalarida (II va III guruh uskunalari) gaz, bugʻ, tuman yoki chang, tola, uchuvchi moddalar sifatida havo bilan yonuvchi moddalarning aralashmasi natijasida doimiy yoki tez-tez portlashga xavfli muhitni yaratishi mumkin boʻlgan yer osti konlarida va ularning yer usti inshootlarida foydalanish uchun moʻljallangan joylarda foydalaniladi.
6. Portlashdan himoyalanish darajasi “portlashdan himoyalangan” (“yuqori”) ishlab chiqaruvchi tomonidan belgilangan ish parametrlariga muvofiq ishlashga moʻljallangan va portlashdan himoya qilishning zarur darajasini taʼminlaydigan va bir eʼtirof etilgan ehtimoliy zarar bilan normal ishlashni taʼminlaydigan uskunalarga nisbatan qoʻllaniladi.
I guruh asbob-uskunalari ushbu portlashdan himoyalanish darajasi atrof-muhitdagi ruda gazlarini konsentratsiyasi tartibga solinadigan miqdoriga yetganda xavfsiz tarzda oʻchirish imkoniyatiga ega boʻlishi kerak.
Mazkur himoyalanish holati mavjud asbob-uskunalar, ruda gazlari va (yoki) yonuvchi changlar (I guruh uskunalari) yoki obyektlar va (yoki) ularning uchastkalarida (II va III guruh asbob-uskunalari) gaz, bugʻ, tuman yoki chang, tola, uchuvchi moddalarning ehtimoliy mavjud boʻlishi mumkin boʻlgan va uning natijasida portlashga xavfli muhitni yaratishi mumkin boʻlgan yer osti konlarida va ularning yer usti inshootlarida foydalaniladi.
7. Portlashdan himoya qilish darajasi “portlashga qarshi yuqori ishonchlilik” (“yuqorilashtirilgan”) ishlab chiqaruvchi tomonidan belgilangan ish parametrlariga muvofiq ishlashga moʻljallangan va faqat ishlab chiqaruvchi tomonidan belgilangan normal ish rejimida ishlashini taʼminlaydigan asbob-uskunalarga nisbatan qoʻllaniladi.
I guruh asbob-uskunalari ushbu portlashdan himoyalanish darajasi atrof-muhitdagi ruda gazlarini konsentratsiyasi tartibga solinadigan miqdoriga yetganda xavfsiz tarzda oʻchirish imkoniyatiga ega boʻlishi kerak.
Mazkur himoyalanish holati mavjud asbob-uskunalar, normal rejimda ishlashi jarayonida ruda gazlari va (yoki) yonuvchi changlar yoki portlash muhitini, havo bilan gaz, bugʻ, tuman yoki chang, tola, uchuvchi moddalarning aralashmasi natijasida kam miqdorda mavjud boʻlishi, ammo portlash muhiti mavjud boʻlsa, faqatgina qisqa muddatda paydo boʻladigan yer osti konlarida va ularning yer usti inshootlarida (I guruh asbob-uskunalari) yoki ularning obyektlari va (yoki) ularning uchastkalarida (II va III guruh asbob-uskunalari) foydalaniladi.
IV. Asbob-uskunalarni portlashdan himoya qiluvchi vositalarning turlari
8. Atrofdagi portlash xavfi boʻlgan muhit alangalanishining oldini olish boʻyicha inobatga olingan maxsus chora-tadbirlarga qarab, asbob-uskunalar portlashdan himoya qilish vositalarining bir turi yoki bir nechta qoʻshma turlariga ega boʻlishi mumkin:
1) portlash xavfi boʻlgan gaz muhitida ishlash uchun moʻljallangan elektr asbob-uskunalariga nisbatan:
“d” — portlashga chidamli qobiq;
“e” — kuchaytirilgan himoya;
“i” (“ia”, “ib”, “ic”) — chaqnashga xavfsiz (ichki xavfsiz elektr davri);
“m” (“ma”, “mb”, “mc”) — birikma bilan muhrlash;
“nA” — uchqun chiqmaydigan asbob-uskunalar;
“nC” — portlashdan himoyalangan qobiqdagi kontakt qurilmasi yoki germetik orqali muhrlangan yoki yonmaydigan komponent;
“nR” — gaz oʻtishi cheklangan qobiq;
“nL” — cheklangan energiyaga ega elektr zanjirlarini oʻz ichiga olgan uskunalar;
“nZ” — ortiqcha bosim ostida qobiq;
“o” — moy bilan toʻldirilgan qobiq;
“p” — (“px”, “py”, “pz”) — ortiqcha bosim ostida qobiqni toʻldirish yoki tozalash;
“q” — qobiqni kvars bilan toʻldirish;
“s” — portlashdan himoya qilishning maxsus turi;
2) portlash xavfi boʻlgan changli muhitda ishlatiladigan elektr asbob-uskunalariga nisbatan:
“t” — (“ta”, “tb”, “tc”) — qobiq bilan himoyalash;
“i” — (“ia”, “ib”) — uchqundan himoya qilish (elektr zanjirini uchqundan himoyalanishi);
“m” — (“ma”, “mb”, “mc”) — birikma bilan muhrlash;
“p” — ortiqcha bosim ostida qobiqni toʻldirish yoki tozalash;
“s” — portlashdan himoya qilishning maxsus turi;
3) portlovchi muhitda foydalanish uchun moʻljallangan elektr boʻlmagan asbob-uskunalarga nisbatan:
“c” — konstruksiyaviy xavfsizlik;
“b” — alangalanish manbasini boshqarish;
“k” — suyuqlikka botirish orqali himoya qilish;
“d” — portlashdan himoyalangan qobiq bilan himoya qilish;
“fr” — gaz oʻtkazuvchanligi cheklangan qobiq bilan himoya qilish;
“p” — yuqori bosimdan himoya qilish;
4) portlashdan himoya qilishning boshqa turlari.
9. Asbob-uskunalarni portlashdan himoya qiluvchi vositalarning turlari atrofdagi portlash muhiti alangalanishining oldini olish uchun turli darajadagi portlashdan himoyalangan uskunalarda nazarda tutilgan quyidagi maxsus chora-tadbirlar bilan belgilanadi:
portlashdan oʻtkazmaydigan qobiq “d” — uskunani portlashdan himoya qilish turi boʻlib, uning qismlari portlash gaz muhitini alangalantirib, qobiq ichidagi portlash natijasida hosil boʻlgan bosimni ushlashi natijasida atrof-muhitga portlash xavfi boʻlgan muhit tarqalmasligining oldini olish turi;
“t” himoya qobigʻi — portlashdan himoya qilish turi boʻlib, unda uskuna qobiq bilan himoyalangan boʻlib, changning kirishidan va sirt haroratini cheklash vositalari bilan himoyalanganlik turi;
kuchaytirilgan himoya turi “e” — portlashdan himoya qilish turi boʻlib, ruxsat etilgan haroratning oshib ketishiga qoʻshimcha choralar koʻrilishi, shuningdek normal yoki belgilangan (favqulodda) ish rejimlarida uchqun paydo boʻlishiga qarshi qoʻshimcha choralar qoʻllaniladigan portlashdan himoya qilish turi;
uchqunga xavfsiz (uchqunga xavfsiz elektr zanjiri) “i” — portlashdan himoya qilish turi boʻlib, elektr zaryadlanishini elektr energiyasi (quvvati) va elektr jihozlari elementlarining haroratini uchqun yoki issiqlik taʼsiridan alangalanishni keltirib chiqaradigan darajadan pastroq qiymatga cheklash turi;
“m” birikma bilan plombalash — portlashdan himoya qilishning turi boʻlib, unda uskunaning qismlarini ishlatishi yoki montaj jarayonida portlash xavfi boʻlgan muhitni uchqun yoki qizishi natijasida alangalanishiga olib kelishi, plombalash orqali bartaraf etish turi;
“n” himoya turi — portlashdan himoya qilish turi boʻlib, elektr qurilmalarini normal va belgilangan (favqulodda) ish jarayonlarida ishlashida atrof muhitda portlash xavfi boʻlgan gaz muhitini oldini olish uchun qoʻshimcha himoya turi;
“o” qobiqni moy bilan toʻldirish — portlashdan himoya qilish turi boʻlib, uskuna yoki uning qismini himoya suyuqligiga choʻktirilishi natijasida, uning suyuqlik ichida yoki tashqarisida portlash xavfi boʻlgan gaz muhitini alangalanishi oldini olish turi;
ortiqcha bosim ostida qobiqni toʻldirish yoki tozalash “r” — portlashdan himoya qilish turi boʻlib, qobiqni yoki xonani tashqi bosimdan koʻp boʻlgan miqdorda himoya gazi bosimi bilan toʻldirilishi natijasida, tashqi muhit taʼsiridan himoyalash turi;
qobiqni kvars bilan toʻldirish “q” — portlashdan himoya qilish turi boʻlib, portlash muhitini alangalanishiga olib kelishi mumkin boʻlgan qismlarni maʼlum bir holatda oʻrnatiladi va tashqi portlash muhitidan oldini oladigan qobiq bilan toʻliq oʻralgan portlashdan himoya qilish turi;
portlashdan himoya qilishning maxsus turi “s” — portlashdan himoya qilish turi boʻlib, ushbu bandning ikkinchi — oʻninchi xat boshlarida nazarda tutilgan himoya choralaridan farqli, ammo baholash yoki sinov vaqtlarida portlashdan himoya qilishni taʼminlash uchun yetarli deb tan olingan himoya choralariga asoslangan portlashdan himoya qilish turi;
konstruktiv xavfsizlik “c” — portlashdan himoya qilish turi boʻlib, uskunaning harakatlanuvchi qismlaridan paydo boʻladigan adiabatik siqilish, uchqun va yuzalarning qizishi natijasida portlash xavfi boʻlgan muhitning yaratilishini oldini olishga qaratilgan qoʻshimcha choralar turi;
alangalanish manbasi nazorati “b” — portlashdan himoya qilishning bir turi boʻlib, qurilmaning elektr boʻlmagan qismiga oʻrnatilib, bu bilan alangalanish manbasini va unga oʻrnatilgan xavfsizlik qurilmalar orqali, qurilma koʻrsatkichlarini nazorat qiladi va avtomatik himoya vositalarini yoki signalizatorlarni ishga tushiradigan turi;
suyuqlikka choʻktirish orqali himoya qilish “k” — portlashdan himoya qilishning bir turi boʻlib, bunda alangalanish salohiyati xavfsiz yoki portlash xavfi boʻlgan muhitdan suyuqlikka toʻliq yoki qisman choʻktirish orqali ajratilgan boʻlib, bunda xavfli sirtlar doimo himoya suyuqligi bilan shunday qoplangan boʻlishi kerakki portlash xavfi boʻlgan muhit himoya suyuqligidan yuqori sathda yoki qobiq tashqarisida joylashgan boʻlishi natijasida alangalanish oldi olingan boʻlishi lozim;
“fr” gaz oqimi oʻtishi cheklangan qobiq bilan himoya qilish — portlashdan himoya qilish turi boʻlib, bunda qobiq yordamida portlash xavfi boʻlgan muhitga past darajada portlash xavfi kamaytirish orqali cheklash, buning natijasida qobiqdagi portlash xavfi boʻlgan muhitni alangalanish chegarasidan ham past darajada boʻlishi.
V. Asbob-uskunalarni harorat sinflari boʻyicha tasnifi
10. Eng yuqori ruxsat etilgan sirt haroratiga qarab II guruh asbob-uskunalari quyidagi harorat sinflariga boʻlinadi:
1) T1 — 450 °C;
2) T2 — 300 °C;
3) T3 — 200 °C;
4) T4 — 135 °C;
5) T5 — 100 °C;
6) T6 — 85 °C.
Portlash xavfi boʻlgan muhitlarda ishlatiladigan asbob-uskunalar xavfsizligi toʻgʻrisidagi texnik reglamentga 3-ILOVA
Portlash xavfsizligining maxsus belgisi tasviri
“Yex” maxsus belgisi asbob-uskunalarning portlashdan himoyalanish holatini anglatadi (Explosion-proof).
Portlash xavfsizligining maxsus belgisi lotin alifbosidagi “E” va “x” harflari jamlanmasidan tashkil topgan boʻlib, “x” harfining balandligi “E” harfi balandligining 5/9 qismini tashkil etadi va yorugʻ fonda toʻrtburchak shaklda (1-rasm) yoki kontrastli fonda (2-rasm) balandlik va kenglik nisbati 11/8 koʻrinishda boʻladi.
Portlash xavfsizligining maxsus belgisi oʻlchamlarini portlash muhitida ishlaydigan asbob-uskunalarni ishlab chiqaruvchisi tomonidan belgilanadi.
Toʻrtburchakning bazaviy balandligi kamida 10 mm boʻlishi kerak. Portlash xavfsizligining maxsus belgisi oʻlchamlari uning elementlarini aniq va bevosita koʻz bilan uskuna yoki Yex-komponentining umumiy rangli fonida koʻrish imkonini berishi kerak.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 6-yanvardagi 2-son qaroriga 2-ILOVA
Portlash xavfi boʻlgan muhitlarda ishlatiladigan asbob-uskunalar xavfsizligi toʻgʻrisida texnik reglamentni joriy etish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi, Togʻ-kon sanoati va geologiya sohasini nazorat qilish inspeksiyasi 1. Portlash xavfi boʻlgan muhitlarda ishlatiladigan asbob-uskunalarga doir amaldagi standartlar roʻyxatini tuzadi va xatlovdan oʻtkazadi. Uch oy muddatda 2. Mazkur Texnik reglament talablariga rioya etilishini taʼminlaydigan hamda texnik reglamentlarda belgilangan asbob-uskunalarning muvofiqligini baholash uchun zarur boʻlgan namunalarni olish, sinash va oʻlchash usullarini belgilaydigan standartlar roʻyxatlarini shakllantiradi va belgilangan tartibda tasdiqlaydi. Bir oy muddatda 2-bosqich Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi Portlash xavfi boʻlgan muhitlarda ishlatiladigan asbob-uskunalarning Texnik reglament talablariga muvofiqligini baholash uchun sertifikatlashtirish organlari va sinov laboratoriyalarini akkreditatsiyadan oʻtkazish koʻlamini kengaytirish boʻyicha choralarni koʻradi. Olti oy muddatda 3-bosqich Togʻ-kon sanoati va geologiya sohasini nazorat qilish inspeksiyasi, Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi, Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi Texnik reglamentning maqsadlari, mazmuni va uni qoʻllash tartibi toʻgʻrisida aholini, respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari va xoʻjalik birlashmalari, tadbirkorlik subyektlarini keng miqyosda xabardor qilishni taʼminlaydi. Jadvalga muvofiq 4-bosqich Tadbirkorlik subyektlari 1. Texnik reglamentni oʻrganadi, masʼul xodimlarni oʻqitadi va Texnik reglamentni oʻz faoliyatida joriy qiladi. Kelishilgan muddatlarda 2. Muvofiqlikni baholash tartibotidan oʻtkazish uchun tegishli mahsulot namunalarini Texnik reglament talablariga muvofiq tayyorlaydi. Texnik reglament kuchga kirgan kundan boshlab 5-bosqich Togʻ-kon sanoati va geologiya sohasini nazorat qilish inspeksiyasi, Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi, Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi Texnik reglament talablariga rioya etilishi ustidan davlat nazoratini amalga oshiradi. Belgilangan tartibda 6-bosqich Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi Texnik reglamentni qoʻllash amaliyotini monitoring qiladi va maʼlumotlarni tizimli asosda Vazirlar Mahkamasiga kiritadi. Har chorakda
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 6-yanvardagi 2-son qaroriga 3-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanayotgan ayrim qarorlari
1. Vazirlar Mahkamasining “Portlash xavfi boʻlgan muhitlarda ishlovchi asbob-uskunalarning xavfsizligi toʻgʻrisidagi umumiy texnik reglamentni tasdiqlash haqida” 2017-yil 24-noyabrdagi 941-son qarori .
2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi sohasida davlat boshqaruvi va nazorati tizimini tubdan takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 12-dekabrdagi PF-5594-son Farmoni va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Sanoat xavfsizligi davlat qoʻmitasi faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida” 2018-yil 12-dekabrdagi PQ-4058-son qarori)” 2019-yil 6-martdagi 195-son qaroriga ilovaning 43-bandi .
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 6-yanvar,
2-son