UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 6-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 6 январь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 6 января 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 6 January 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

НАМУНАСИ

МАЪЛУМОТЛАР

НАМУНАСИ

СХЕМАСИ

РЎЙХАТИ

Давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантиришнинг замонавий усулларини жорий этиш орқали болаларга таълим ва тарбия бериш самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг:

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) тизимидаги давлат мактабгача таълим ташкилотларини босқичма-босқич аутсорсинг усулида овқатлантириш тизимига ўтказиш;

«Ягона мавсумий таомнома»ни жорий этиш ҳамда озиқ-овқат харажатларининг (натура кўринишида) ҳисобини «Болалар боғчаси» мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизимида яратилган модуллар орқали юритиш;

давлат мактабгача таълим ташкилотларида (кейинги ўринларда — давлат МТТлари) тарбияланувчиларни «Ягона мавсумий таомнома» асосида республика ҳудудлари кесимида бир тарбияланувчи учун кунлик овқатлантириш харажатини белгилаш орқали овқатлантириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

2. Вазирлик ҳузурида давлат муассасаси шаклида Таълим соҳасида овқатлантиришни ташкил этиш ва назорат қилиш маркази (кейинги ўринларда — Марказ) ташкил этилсин.

Қуйидагилар Марказнинг асосий фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

давлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларида соғлом овқатлантиришни ташкил этишни мувофиқлаштириш;

овқатлантиришни ташкил этиш билан боғлиқ жараёнларни босқичма-босқич рақамлаштириш;

аутсорсинг асосида соғлом овқатлантиришни ташкил этишда давлат харидларини амалга ошириш;

мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларида соғлом овқатлантириш тизимини такомиллаштиришга қаратилган илмий тадқиқотлар ўтказиш;

аутсорсер томонидан тайёрлаб берилаётган таомларнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқлигини ҳамда инвестиция мажбуриятларига риоя этилишини мониторинг қилиш.

3. Белгилансинки:

а) Марказнинг чекланган бошқарув штат бирликлари сони 36 тани ташкил қилади ҳамда Вазирлик тизимининг умумий штат бирликлари доирасида шакллантирилади;

б) Марказ ходимларига Вазирлик ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади.

Бунда:

Марказ директорининг лавозим маоши Вазирлик департаменти директори лавозим маошига, директор ўринбосарининг лавозим маоши Вазирлик бошқарма бошлиғи лавозим маошига, таркибий бўлинмалар бошлиқларининг лавозим маоши Вазирлик бўлим бошлиғи лавозим маошига, бошқа мутахассис ходимларнинг лавозим маоши Вазирликнинг тегишли даражадаги мутахассислари лавозим маошига тенглаштирилади;

Марказга маҳаллий ва хорижий мутахассисларни тўғридан-тўғри фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида жалб этишга рухсат берилади;

в) Марказга давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўловининг 1 фоизи йўналтирилади ҳамда ушбу маблағлар соғлом овқатлантириш тизимини такомиллаштиришга қаратилган илмий тадқиқотлар ўтказиш, ходимларни рағбатлантириш, малакали мутахассисларни жалб қилиш ҳамда давлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари учун ошхона жиҳозларини харид қилишга сарфланади;

Вазирлик икки ҳафта муддатда Марказ тўғрисидаги низомни тасдиқлаб, белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказсин.

4. Давлат мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги икки ой муддатда махсус ахборот портали орқали давлат харидлари электрон тизимларида:

Марказ томонидан туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари номидан давлат харидлари жараёнини амалга ошириш учун давлат харидлари электрон тизимларида режа-жадвалларни жойлаштириш, харид ҳужжатларини электрон шаклда ишлаб чиқиш, келишиш, тасдиқлаш ҳамда эълон жойлаштириш;

Марказ томонидан ўтказилган давлат харидлари жараёнлари якунларига кўра туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари ва ғолиб бўлган аутсорсерлар билан имзоланган электрон шартномаларни туман (шаҳар) ғазначилик хизмати бўлимларида рўйхатдан ўтказиш;

Марказ томонидан овқатлантиришни ташкил этиш юзасидан давлат харидлари жараёнини амалга ошириш учун туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимларига келгуси давр учун аутсорсерларни белгилашда маблағлар бюджетдан режалаштирилмаган тақдирда, мазкур харидлар бўйича эълонларни жойлаштириш имкониятларини яратсин.

6. Давлат МТТлари тарбияланувчиларнинг соғлом, хавфсиз ва сифатли овқатланишини таъминлаш мақсадида:

а) 2025 йил 1 июлга қадар Вазирлик ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан тасдиқланадиган «Ягона мавсумий таомнома» жорий этилади.

Бунда давлат МТТларида «Ягона мавсумий таомнома» асосида озиқ-овқат харажатларининг (натура кўринишида) ҳисоби «Болалар боғчаси» ахборот тизимида яратилган модуллар орқали юритилади ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ахборот тизимига Электрон ҳукуматнинг идоралараро маълумотлар узатиш тармоғи орқали автоматик тарзда юборилади;

б) давлат МТТларида «Ягона мавсумий таомнома» асосида бир тарбияланувчи учун кунлик овқатлантириш харажати ҳудудлар кесимида қуйидаги тартибда белгиланади:

республика ҳудудлари бўйича тегишли озиқ-овқат маҳсулотларининг ўртача бозор нархлари (қўшилган қиймат солиғи билан) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан Вазирликка ҳар йили 1 сентябрга қадар тақдим этилади;

озиқ-овқат маҳсулотларининг ўртача бозор нархлари ҳамда «Ягона мавсумий таомнома»да кўрсатилган озиқ-овқат маҳсулотлари меъёрларидан келиб чиқиб, Вазирлик томонидан ҳар бир ҳудуд бўйича бир тарбияланувчи учун кунлик овқатлантириш нархи шакллантирилади ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан белгиланади;

келгуси молия йили учун озиқ-овқат харажатлари учун маблағларни режалаштиришда, бир тарбияланувчи учун тасдиқланган кунлик овқатлантириш нархига истеъмол нархлари индекси коэффициенти қўлланилади.

7. Белгилаб қўйилсинки:

а) барча давлат МТТлари овқатлантиришни ташкил этиш усулидан қатъи назар, бир тарбияланувчи учун кунлик овқатлантириш нархига мажбурий тартибда риоя қилади.

Бунда молия йили давомида озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари алоҳида ҳолатларда ошганда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг нархлар ошганлигининг аниқ сабаблари кўрсатилган таклифларига кўра давлат МТТларининг бир нафар тарбияланувчисини бир кунда соғлом овқатлантириш нархи Вазирлик ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан қайта кўриб чиқилиши мумкин;

б) аутсорсер томонидан кўрсатилаётган хизмат бўйича таклиф ва шикоятлар жамоатчилик назорати ҳамда ота-оналар томонидан Марказнинг «QR-Feedback» ахборот тизими орқали киритиб борилади.

8. Вазирлар Маҳкамасининг «Мактабгача таълим тизимини рақамлаштириш ва мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 18 декабрдаги 848-сон қарорининг 3-банди т ўртинчи хатбошисидаги «2 фоиз» сўзлари «1 фоиз» сўзлари билан алмаштирилсин.

9. Вазирлик:

а) 2025 йил 1 мартга қадар бюджет харажатларини режалаштириш учун 2025 молия йилида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантириш ташкил этиладиган давлат мактабгача таълим ташкилотлари сонини ҳудудлар кесимида белгиласин;

б) 2025 йил 1 июлга қадар соғлом овқатлантириш ташкил этиладиган давлат мактабгача таълим ташкилотларида тадбиркорлик субъектлари билан белгиланган тартибда шартномалар тузилишини ва аутсорсинг усулида соғлом овқатлантириш йўлга қўйилишини таъминласин.

Бунда республика ҳудудлари бўйича тегишли озиқ-овқат маҳсулотларининг 2025 йил учун ўртача бозор нархлари (қўшилган қиймат солиғи билан) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан Вазирликка 2025 йил 1 апрелга қадар тақдим этилади;

в) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

10. Белгилансинки, мазкур қарор ижроси учун талаб этиладиган маблағлар Давлат бюджети параметрларида назарда тутиб борилади.

11. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Х.У. Умарова зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 январдаги 1-сон қарорига 1-ИЛОВА

Давлат мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) тизимидаги давлат мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Давлат мактабгача таълим ташкилотларида (кейинги ўринларда — давлат МТТлари) аутсорсинг усулида соғлом овқатлантириш белгиланган тартибда тасдиқланган «Ягона мавсумий таомнома», санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ шарт-шароитлар яратилган ҳолда ташкил этилади.

3. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

аутсорсер — харид қилиш тартиб-таомиллари якунлари бўйича ғолиб деб топилган аутсорсинг хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик субъекти;

аутсорсинг — Вазирлик тизимидаги давлат МТТларида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш хизматларини аутсорсерга ўтказиш;

давлат буюртмачиси — туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлими;

иштирокчи — давлат МТТларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш хизматларини кўрсатиш истагини билдириб, харид қилиш тартиб-таомилида давлат харидларини амалга ошириш учун талабгор сифатида иштирок этувчи тадбиркорлик субъекти;

Мониторинг гуруҳи — аутсорсер томонидан тайёрлаб берилаётган таомларнинг «Ягона мавсумий таомнома»га, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқлиги ҳамда киритилган инвестиция мажбуриятларига риоя этилишини ўрганиб чиқувчи гуруҳ;

овқатлантиришнинг анъанавий усули — давлат МТТларига ошхона учун зарур штат бирликлари ажратилган ва озиқ-овқат маҳсулотлари таъминотчилар томонидан етказиб бериладиган ҳолда тарбияланувчиларни овқатлантириш жараёни;

устама ҳақ — аутсорсернинг даромадини ва барча харажатларни ( солиқлар, ходимларнинг иш ҳақи, транспорт хизматлари ҳамда асбоб-ускуналарни таъмирлаш ва улардан фойдаланиш каби ) ўз ичига оладиган ҳар бир мавсум учун белгиланадиган бир нафар тарбияланувчини бир кунда соғлом овқатлантириш нархига нисбатан 30 (ўттиз) фоиздан ошмайдиган устама ҳақ миқдори;

«Ягона мавсумий таомнома» (баҳор, ёз, куз, қиш мавсумлари учун) — давлат МТТларида тарбияланувчиларни санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ тайёр таомларнинг вазни, нархи, таркибидаги маҳсулотлар миқдорлари, технологик карталарни ўз ичига олган ҳамда тўрт фасл учун республика миқёсида қўлланиладиган Вазирлик ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан ишлаб чиқилиб, тасдиқланадиган таомномалар тўплами.

4. Ушбу Низом талаблари давлат МТТларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш бўйича хизмат кўрсатувчи Ўзбекистон Республикасининг резиденти ёки норезиденти бўлган жисмоний ёки юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилади.

5. Аутсорсинг усулида соғлом овқатлантириш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ ташкил этилади.

2-боб. Аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этишнинг мақсади ва асосий вазифалари

6. Давлат МТТларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришнинг мақсадлари қуйидагилардан иборат:

тарбияланувчиларни тўлақонли соғлом овқатлантириш, уларнинг соғлигини мустаҳкамлаш ва таълим-тарбия жараёнини самарали ташкил этишни таъминлаш;

сифатли таомлар тайёрлаш орқали тарбияланувчиларнинг соғлом ва баркамол ўсишини таъминлаш;

таомларни истеъмол қилиш учун гигиеник талабларга мувофиқ шароитлар яратиш;

тарбияланувчиларни санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига мувофиқ белгиланган тартибда тасдиқланган «Ягона мавсумий таомнома» асосида соғлом овқатлантириш.

7. Аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этишнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

тарбияланувчиларнинг физиологик ёшига мувофиқ озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабларини инобатга олган ҳолда, уларнинг рационал овқатланишини таъминлаш;

озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомларни тарбияланувчиларнинг соғлом ўсишида муҳим аҳамиятга эга бўлган зарур моддалар билан таъминлаш;

озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомларнинг хавфсизлиги ҳамда сифатини кафолатлаш;

тарбияланувчилар орасида овқатланиш билан боғлиқ юқумли ва юқумли бўлмаган касалликларнинг тарқалишига йўл қўймаслик;

тарбияланувчилар ўртасида тўғри овқатланиш кўникмаларини шакллантириш;

таомларни тайёрлашда ва озиқ-овқат хом ашёсини сақлашда, ташишда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига қатъий риоя қилиш;

«Болалар боғчаси» ахборот тизимида (кейинги ўринларда — ахборот тизими) давомати қайд этилган тарбияланувчилар сонидан келиб чиқиб тегишли иш куни учун «Ягона мавсумий таомнома» асосида овқатлантиришни ташкил этиш.

3-боб. Аутсорсинг усулида соғлом овқатлантириш ташкил этиладиган давлат МТТларининг рўйхатини шакллантириш

8. Давлат буюртмачилари аутсорсинг усулида соғлом овқатлантириш ташкил этиладиган давлат МТТлари рўйхатини шакллантириб, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаларига (кейинги ўринларда — ҳудудий бошқармалар) ҳар йили 10 июнга қадар тақдим қилади.

Бунда ушбу рўйхатда ҳар бир давлат МТТларининг қуввати, тарбияланувчилар сони, ошхонасининг ҳолати (таъмирталаблиги, санитария-гигиена ва жиҳозларининг ҳолати, бошқалар) тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади.

9. Ҳудудий бошқармалар давлат буюртмачилари томонидан тақдим этилган аутсорсинг усулида соғлом овқатлантириш ташкил этиладиган давлат МТТлари рўйхатини ўрганиб чиққан ҳолда умумлаштириб, ҳар йили 20 июнга қадар Вазирликка тақдим этади.

10. Вазирлик ҳудудий бошқармалар томонидан тақдим этилган давлат МТТлари рўйхати асосида келгуси молия йилида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантириш ташкил этиладиган давлат МТТлари сонини ҳудудлар кесимида ҳар йили 15 июлга қадар белгилайди ва келгуси молия йилида зарур маблағларни режалаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этади.

11. Вазирлик аутсорсинг усулида соғлом овқатлантириш ташкил этиладиган давлат МТТларининг белгиланган сони, рўйхати ва тегишли маълумотларни ҳар йили 5 августга қадар Вазирлик ҳузуридаги «Таълим соҳасида овқатлантиришни ташкил этиш ва назорат қилиш маркази» давлат муассасасига (кейинги ўринларда — Марказ) тақдим этади.

4-боб. «Ягона мавсумий таомнома»ни ишлаб чиқиш ва нархларни шакллантириш

12. «Ягона мавсумий таомнома» тарбияланувчиларни санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ тайёр таомларнинг вазни, нархи, таркибидаги маҳсулотлар миқдорлари, технологик карталарни ўз ичига олган ҳолда, тўрт фасл учун республика миқёсида қўлланилади.

«Ягона мавсумий таомнома» Вазирлик ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан ҳар йили 1 июлга қадар ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳар йили 20 августга қадар «Ягона мавсумий таомнома»да кўрсатилган озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳар бири бўйича жорий йил тўрт мавсум учун ўртача ҳақиқий бозор нархларини (қўшилган қиймат солиғи билан) Вазирликка тасдиқланган ҳолда тақдим этади.

14. Вазирлик «Ягона мавсумий таомнома»да кўрсатилган озиқ-овқат маҳсулотларининг меъёрлари ва тақдим этилган нархлари (қўшилган қиймат солиғи билан) асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича бир нафар тарбияланувчини бир кунда соғлом овқатлантириш нархини ҳар бир мавсум бўйича Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига киритади.

Бунда «Ягона мавсумий таомнома»да кўрсатилган озиқ-овқат маҳсулотларнинг меъёрлари ва тақдим этилган нархлари асосида ҳар бир мавсум учун белгиланадиган бир нафар тарбияланувчини бир кунда соғлом овқатлантириш нархларини белгилашда, тегишли мавсум учун тузилган ҳар бир «Ягона мавсумий таомнома»нинг ўртача нархлари олинади.

15. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Вазирлик томонидан киритилган бир нафар тарбияланувчини бир кунда соғлом овқатлантириш нархини келгуси молия йили учун истеъмол нархлари индексининг энг юқори коэффициентидан кам бўлмаган миқдорга оширган ҳолда, келгуси молия йили учун нархни белгилайди.

16. Молия йили давомида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари алоҳида ҳолатларда ошганда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг нархлар ошганлигининг аниқ сабаблари кўрсатилган таклифларига кўра давлат МТТларининг бир нафар тарбияланувчисининг бир кунда соғлом овқатлантириш нархи Вазирлик ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан қайта кўриб чиқилиши мумкин.

5-боб. Аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш учун давлат харидларини амалга ошириш

17. Аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш учун давлат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомиллар Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуни , Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида» 2022 йил 20 майдаги 276-сон қарори ва ушбу Низом талаблари асосида ташкил этилади ва амалга оширилади.

18. Марказ аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш учун танловни (тендерни) ташкил этиш учун Харид комиссияси таркибини тасдиқлайди.

19. Келгуси молия йили учун давлат МТТларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш бўйича харид жараёнлари жорий молия йилининг 25 декабрига қадар амалга оширилади.

Бунда, заруратга кўра, жорий йил учун давлат МТТларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш бўйича харид жараёнлари жорий молия йили давомида ҳам амалга оширилиши мумкин.

20. Аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш бўйича харид ҳужжатлари, шу жумладан, баҳолаш мезонлари ҳамда давлат харидлари билан боғлиқ бошқа ҳужжатлар Марказ томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Бунда аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш бўйича давлат харидлари бир ёки бир нечта давлат буюртмачилари (туман, шаҳар), шунингдек, бир ёки бир нечта давлат МТТлари кесимида амалга оширилиши мумкин.

21. Иштирокчининг соғлом овқатлантиришни ташкил этиш учун хизмат кўрсатиш устама ҳақи миқдори бўйича таклифи давлат хариди нархи сифатида қабул қилинади ҳамда унинг миқдори 30 (ўттиз) фоиздан кўп ва 15 (ўн беш) фоиздан кам бўлишига йўл қўйилмайди.

22. Иштирокчига нисбатан қуйидаги талаблар қўйилади:

умумий овқатланиш хизматини кўрсатиш бўйича камида икки йиллик тажрибага эга бўлиш;

танловда (тендерда) иштирок этиш учун ариза берилган кундан камида бир ой олдин тегишли ташкилотлардан солиқ қарздорлиги, тўловлар, бошқа мажбурий тўловлар ва молиявий санкцияларнинг мавжуд эмаслиги;

инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрида қайд этилмаган бўлиши;

танловда (тендерда) иштирок этиш учун техник топшириқ ва танлов (тендер) ҳужжатлари талабларига мослиги;

соғлом овқатлантиришни ташкил этиш юзасидан таомлар тайёрлаш технологияси бўйича камида икки йиллик иш тажрибасига эга бўлган малакали мутахассисларга (муҳандис-технолог, диетолог, ошпазлар) эга бўлиши.

23. Харид комиссияси томонидан харид қилиш тартиб-таомили натижаларига кўра ғолиб сифатида белгиланган иштирокчи билан давлат буюртмачиси ўртасида кейинги молия йили учун электрон шартнома имзоланади.

Бунда молия йилидан кейинги йилга ўтувчи шартномаларда шартнома муддати 12 (ўн икки) ой этиб белгиланади.

24. Харид комиссияси қарори билан харид қилиш ҳужжатларида ва таклифда кўрсатилган мезонларга мувофиқ аутсорсернинг таклифидан кейинги энг мақбул таклифни тақдим этган иштирокчи сифатида эътироф этилган захирадаги ғолиб аниқланиши мумкин.

25. Давлат харидларини амалга ошириш жараёни якунланмаган ёки танлов (тендер) ўтказилмаган деб ҳисобланган тақдирда, шунингдек, аутсорсер билан шартнома бекор қилинганда, ушбу давлат МТТларида аутсорсер аниқлангунга қадар белгиланган тартибда овқатлантириш анъанавий усулида ташкил этилиши мумкин.

Бунда ошхона ходимлари билан меҳнат қонунчилигига мувофиқ муддатли (аутсорсер аниқлангунга қадар) меҳнат шартномаси тузилади.

6-боб. Аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш

26. Соғлом овқатлантириш аутсорсинг усулида ташкил этиладиган давлат МТТларининг аутсорсер билан тузиладиган шартнома умумий миқдори (12 ойга) қуйидагича ҳисобланади:

Шм = РТ * (Ос(қиш) * Нм(қиш) + Ос(баҳор) * Нм(баҳор) +

+ Ос(ёз) * Нм(ёз) + Ос(куз) * Нм(куз)) * Ум * 5 * 4,2

Шм — соғлом овқатлантириш аутсорсинг усулида ташкил этиладиган давлат МТТнинг аутсорсер билан тузиладиган шартнома умумий миқдори;

РТ — соғлом овқатлантириш аутсорсинг усулида ташкил этиладиган давлат МТТларининг рўйхатдаги тарбияланувчилар сони;

Ос — тегишли мавсум бўйича (қиш, баҳор, ёз, куз) ойлар сони;

Нм — тегишли мавсум бўйича (қиш, баҳор, ёз, куз) бир нафар тарбияланувчини бир кунда соғлом овқатлантириш нархи;

Ум — аутсорсер учун белгиланган устама ҳақ миқдори, коэффициент ҳисобида олинади (мисол учун, устама ҳақ миқдори 30 фоизни ташкил қилса, формулада 1,30 коэффициент этиб қўлланилади).

Бунда молия йилидан кейинги йилга ўтувчи шартномаларда тегишли йилнинг кўрсаткичлари инобатга олинган ҳолда, келгуси йил учун қўшимча келишув тузилади.

Шартноманинг умумий суммаси давлат МТТларининг жорий ва келгуси молия йили учун шакллантириладиган бюджет ва бюджетдан ташқари (ота-оналар тўловлари ҳисобидан шакллантириладиган) маблағлари бўйича харажатлар сметасида тўлиқ режалаштирилади.

Шартномада кўрсатилган маълумотлар шартнома белгиланган тартибда имзоланган кундан кейинги 3 (уч) иш куни ичида давлат буюртмачисининг марказлашган молия-бухгалтерия хизмати томонидан ахборот тизимига киритилади.

27. Давлат МТТларида йилнинг мавсумидан келиб чиқиб, «Ягона мавсумий таомнома»да кўрсатилган таомлар танланади. Бунда:

а) аутсорсер томонидан «Ягона мавсумий таомнома»да кўрсатилган кунлик таомлар камида икки иш кунидан олдин ахборот тизими орқали танланади;

б) тегишли иш кунида:

нонушта тайёрлаш учун тарбияланувчилар сони ахборот тизими рўйхатида бир кун олдинги белгиланган тарбияланувчилар сони доирасида аутсорсер томонидан режалаштирилади;

соат 07.00 дан 09.00 га қадар ахборот тизимида қайд этилган тарбияланувчиларнинг давоматидан келиб чиқиб, давлат МТТларида тушлик ва иккинчи тушлик ташкил этилади;

в) аутсорсер томонидан тегишли иш кунида давлат МТТлари тарбияланувчилари учун «Ягона мавсумий таомнома» асосида ахборот тизими орқали тайёрланадиган таомлар белгиланмаган тақдирда, ахборот тизими томонидан навбатдаги кунлик таомлар автоматик равишда танланади ва аутсорсер томонидан ушбу таомлар тайёрланиши мажбурий ҳисобланади;

г) давлат МТТлари директори аутсорсер томонидан «Ягона мавсумий таомнома» асосида танланган кунлик таомлар тўғрисидаги маълумотни ахборот тизими орқали назорат қилади ва бу ҳақидаги маълумотларни Бракераж комиссиясига тақдим этади.

28. «Ягона мавсумий таомнома»да тайёр таомлар вазни, нархи, сарфланган маҳсулотлар тури ва уларнинг миқдорлари кўрсатилади.

29. Аутсорсер томонидан олиб келинаётган барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, тез айнийдиган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда тайёрлаб берилаётган тайёр таомлар сифати, вазни, таркибининг «Ягона мавсумий таомнома»га мувофиқлиги давлат МТТлари ходимлари ҳамда тарбияланувчиларнинг ота-оналаридан ташкил топган давлат МТТларининг Бракераж комиссияси томонидан назорат қилинади.

Давлат МТТлари директорининг Бракераж комиссиясини тасдиқлаш тўғрисидаги буйруғи ҳар йил учун алоҳида қабул қилинади.

Давлат МТТлари тиббиёт ходими Бракераж комиссиясининг раиси бўлиб, унинг таркибига тарбиячи, ошпаз, давлат МТТлари касаба уюшмаси қўмитаси раиси ва тарбияланувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар вакиллари аъзо сифатида киритилади.

30. Бракераж комиссияси ҳар иш куни аутсорсер томонидан етказиб берилган тайёр таомлар сифатини ўрганиб чиқади ҳамда назорат якунлари бўйича маълумотларни ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклда юритиладиган «Тайёр таомлар сифатини назорат қилиш бўйича бракераж дафтари»да ҳар куни қайд этиб боради.

31. Бракераж дафтари озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, таъми, кунлик синама олинганлиги, овқатни тарқатишга рухсат берилганлиги ҳақидаги маълумотлар белгиланган тартибда тўлдирилиб, ҳар куни давлат МТТлари тиббиёт ходимининг имзоси билан тасдиқланади.

32. Бракераж комиссияси аъзолари томонидан бракераж дафтари юритилишининг доимий мониторинги олиб борилади. Бракераж дафтарининг биринчи саҳифасида Бракераж комиссиясини тасдиқлаш ҳақидаги буйруқдан кўчирма бўлиши, дафтар рақамланган, ип ўтказиб тикилган, давлат МТТлари директори томонидан имзоланган ва муҳрланган бўлиши шарт.

33. Аутсорсер томонидан санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига амал қилиш ҳолатини ўрганиш ҳамда кунлик синамалар олиш давлат МТТлари тиббиёт ходими зиммасига юкланади.

Давлат МТТларида тарбияланувчиларнинг хавфсиз овқатланишини таъминлаш мақсадида ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шаклдаги давлат МТТларига келтирилган хом озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ҳақидаги маълумотлар ва 4-иловага мувофиқ шаклдаги тез айнийдиган озиқ-овқат маҳсулотларини қайд этиш дафтари ахборот тизимида давлат МТТлари тиббиёт ходими томонидан юритилади.

34. Тарбияланувчиларни соғлом овқатлантириш умумий типда ёки гуруҳ хоналарида ташкил этилганда, тайёр таомлар «Ягона мавсумий таомнома»да белгиланган миқдорларда ва санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мос равишда бўлишини таъминлашга давлат МТТлари директори масъул ҳисобланади.

35. Жамоатчилик назорати ва ота-оналар томонидан аутсорсернинг кўрсатилаётган хизмати юзасидан таклиф ва шикоятлар «QR-Feedback» ахборот тизимига киритиб борилиши мумкин.

36. Аутсорсер томонидан шартнома умумий суммасининг камида 3 (уч) фоизидан кам бўлмаган миқдорда у хизмат кўрсатаётган давлат МТТларига инвестиция киритилиши зарур.

Бунда инвестиция шартнома тузилган санадан бошлаб 6 (олти) ой муддат ичида тўлиқ ҳажмда киритилиши лозим.

Инвестиция маблағлари давлат МТТларининг, биринчи навбатда, давлат МТТлари ошхонасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таъмирлаш ва бошқа ишларига, кейинчалик давлат МТТларининг бошқа зарур муаммоларини ҳал қилиш учун сарфланади ҳамда ушбу товар-моддий бойликлар белгиланган тартибда давлат МТТлари балансига кирим қилинади.

37. Аутсорсерга давлат МТТларининг ишлаб чиқариш хоналари, асбоб-ускуналари, идиш-товоқлари ва мебель текин фойдаланишга берилади.

38. Ошхона ва ошхона жиҳозларини таъмирлаш, ўз ходимлари иш ҳақи, уларнинг мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши, малака ошириши, ошпазлар кийими, ошхонада ишлатиладиган зарарсизлантирувчи ва ювиш воситалари билан таъминлаш ишлари аутсорсер томонидан амалга оширилади.

39. Давлат МТТларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантириш фаолиятини юритувчи ошпазларининг малакасини ошириш жараёни Вазирлик томонидан ваколатли идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилган ўқув режаси ва дастури асосида ташкил этилади.

40. Аутсорсер томонидан кўрсатилган хизматлар учун тўловлар тарбияланувчиларнинг ҳақиқатда давлат МТТларига келган кунлари сонидан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилинади.

Давлат буюртмачиси томонидан аутсорсерга аутсорсинг хизматлари бўйича «Ягона мавсумий таомнома» асосида бир нафар тарбияланувчини бир кунда соғлом овқатлантириш учун белгиланган нарх ва унга нисбатан олинган устама ҳақ миқдори тўлаб берилади.

41. Аутсорсер ҳар ўн кунда давлат МТТлари директори томонидан тасдиқланган таомнома нусхалари, кўрсатилган хизматлар бўйича ҳисобварақ-фактура ҳужжатлари ҳамда буюртмани тегишли туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматига тақдим этади.

Давлат буюртмачиси юқорида қайд этилган маълумотлар асосида аутсорсерга кўрсатган хизматлари учун тегишли маблағларни хизмат кўрсатилган ойдан кейинги ойнинг 15-санасига қадар ўтказиб беради.

42. Аутсорсинг усулида овқатлантириш ташкил этиладиган давлат МТТларида тарбияланувчиларни овқатлантириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, ота-оналар тўловдан тушган тушумлар, ҳомийлик маблағлари, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига молиялаштирилади.

Бунда аутсорсинг усулида овқатлантириш ташкил этилган давлат МТТларида ошпаз, ошхона ишчилари штат бирликлари назарда тутилмайди.

43. Аутсорсер томонидан шартнома ва инвестиция мажбуриятлари тўлиқ бажарилганда, ўз фаолияти санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ амалга оширилганда, давлат буюртмачиси ҳамда аутсорсер билан тузилган шартнома харид комиссияси қарорига кўра узайтирилиши мумкин. Бунда:

аутсорсер томонидан таклиф этилган устама ҳақ миқдори ўзгартиришсиз қолдирилади;

аутсорсер билан шартномани икки йилдан ортиқ узайтириш мумкин эмас.

44. Давлат МТТлари ходимларининг ушбу давлат МТТларида овқатланиш аутсорсер билан ходим ўртасида тузилган шартномага мувофиқ тўлов асосида ташкил этилади.

7-боб. Аутсорсер ва давлат буюртмачисининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

45. Аутсорсер қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат МТТларида ҳар кунлик ҳақиқатда бўлган тарбияланувчилар сонига қараб уларни овқатлантириш учун эҳтиёждан ошмаган ҳолда фойдаланиладиган коммунал хизматлар учун сарфланадиган харажатлар давлат МТТларига ажратилган бюджет маблағлари доирасида қопланишини талаб қилиш;

давлат МТТлари ошхонасининг ишлаб чиқариш хоналари, асбоб-ускуналари, идиш-товоқлари, мебелидан шартнома амал қилиш даврида текин фойдаланиш ва уларнинг ишчи ҳолатда сақланишини назорат қилиш;

давлат МТТларига кўрсатган хизматлари учун тўловни ўз вақтида олиш;

давлат МТТларида ҳақиқатда кўрсатилган хизматлар бўйича томонлар ўртасида имзоланиб, тасдиқланган далолатнома асосида тўловни амалга ошириш юзасидан мурожаат қилиш.

Аутсорсер қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

46. Аутсорсерга қуйидаги мажбуриятлар юкланади:

харид қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва фойдаланиладиган жиҳозларнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқлигини таъминлаш;

тарбияланувчиларни соғлом овқатлантириш хизматини давлат МТТлари ошхонасининг ўзида тўлиқ ва сифатли ташкил этиш;

таомларни амалдаги санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига ҳамда овқат тайёрлаш технологиясига тўлиқ амал қилган ҳолда тайёрлаш;

таомлар тайёрлаш технологияси бўйича соҳа мутахассислари (муҳандис-технолог, диетолог, ошпазлар) билан таъминлаш;

«Ягона мавсумий таомнома» бўйича тайёр таомларнинг вазни, таркибидаги маҳсулотлар миқдори тўғри бўлишини ҳамда технологик карталарнинг тўғри юритилишини таъминлаш;

технологик жиҳозлар ва асбоб-ускуналарини мунтазам равишда жорий таъмирлаб бориш;

Мониторинг гуруҳи, ҳудудий бошқарма ҳамда давлат буюртмачиси томонидан ўтказиладиган мониторинг жараёнларига тўсқинлик қилмаслик ва сўралган маълумотларни ўз вақтида тақдим қилиш;

шартнома умумий суммасининг камида 3 (уч) фоизи миқдорида хизмат кўрсатаётган давлат МТТларига инвестиция киритиш;

ошпазларни белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтган ҳолда ишга қабул қилишни ва ўз маблағлари ҳисобидан уларнинг ҳар уч йилда камида бир марта малака оширишини таъминлаш.

Аутсорсерга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.

47. Давлат буюртмачиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

аутсорсинг усулида овқатлантириш учун қўйилган талаблар бажарилишини ҳамда тайёр таомлар сифатининг «Ягона мавсумий таомнома»га мувофиқлигини мониторинг қилишда иштирок этиш;

харид қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёрланаётган таомлар, уларда фойдаланиладиган технологик санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига мослигини, ошхоналар ходимларининг санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар бажарилишига риоя этилишини тасдиқланган режага асосан назорат қилиш.

Давлат буюртмачиси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

48. Давлат буюртмачисига қуйидаги мажбуриятлар юкланади:

аутсорсернинг хизмат кўрсатиш билан боғлиқ коммунал хизматлари харажатларини белгиланган нормалар асосида давлат МТТларига ажратилган бюджет маблағлари доирасида қоплаш;

аутсорсерга технологик жиҳозлар, ошхона ва омборхоналар, асбоб-ускуналар, идиш-товоқлар ва мебеллардан ижара шартномаси асосида вақтинча фойдаланиш учун ноль ставкада топшириш ва уларнинг ишчи ҳолатда сақланишини назорат қилиш;

кўрсатилган хизматлар учун шартномада белгиланган миқдор ва муддатда тўловни амалга ошириш.

Давлат буюртмачисига қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.

8-боб. Мониторинг гуруҳи

49. Аутсорсернинг мажбуриятлари бажарилиши юзасидан Вазирлик томонидан Мониторинг гуруҳи ташкил этилади.

Мониторинг гуруҳи таркиби Вазирлик, Марказ, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, ҳудудий бошқармалар, туман (шаҳар) иқтисодиёт ва молия бўлимлари, Ўзбекистон Аутсорсинг хизматлари кўрсатувчи корхоналар уюшмаси, туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлими вакилларидан шакллантирилади.

Мониторинг гуруҳи Вазирлик томонидан тасдиқланадиган мониторинг юритиш режа-жадвалига мувофиқ ғолиб деб топилган аутсорсер мажбуриятларининг бажарилиши юзасидан мониторинг юритади.

50. Мониторинг гуруҳи аутсорсер «Ягона мавсумий таомнома» ҳамда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари асосида фаолият юритаётгани, тайёр таомларнинг вазни, нархи, таркибидаги маҳсулотлар миқдорлари, таом тайёрлашда технологик карталардан фойдаланаётгани, киритилган инвестиция миқдори ва нархи, технологик жиҳозлар ва асбоб-ускуналарини мунтазам равишда жорий таъмирлаб борилиши юзасидан мониторинг ўтказади.

51. Мониторинг гуруҳи мониторинг ўтказиш жараёнида аутсорсер томонидан йўл қўйилган камчиликлар бўйича белгиланган тартибда далолатнома расмийлаштиради ҳамда Марказга тақдим этади.

52. Марказ Мониторинг гуруҳи томонидан тақдим этилган далолатномадаги камчиликларни ўрганиб чиққан ҳолда, аниқланган камчиликларни бартараф этиш тўғрисида аутсорсерга огоҳлантириш беради.

53. Огоҳлантиришда белгиланган муддат давомида аутсорсер томонидан камчиликлар бартараф этилмаган тақдирда, харид комиссияси аутсорсер билан шартномани бир томонлама бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилади ва давлат буюртмачисига юборади.

Аутсорсер билан шартномани бир томонлама бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинганда, шартнома тузиш ва унга доир мажбуриятларни бажариш ҳуқуқи захирадаги ғолибга ўтади. Бунда захирадаги ғолиб аутсорсер томонидан таклиф этилган устама ҳақ миқдорида шартнома тузиши ёки шартнома тузишни рад этиши мумкин.

54. Аутсорсинг усулида овқатлантиришни ташкил этиш бўйича мониторинг 5-иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.

55. Давлат буюртмачиси мониторинг натижалари юзасидан аутсорсер шартномадаги мажбуриятларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда, аниқланган камчиликлар тўғрисида ҳудудий бошқармаларга мазкур ҳолатлар бўйича маълумот киритади, ҳудудий бошқармалар киритилган маълумотларни умумлаштирган ҳолда Вазирлик ҳамда Марказга тақдим этади.

56. Мониторинг гуруҳи «QR-Feedback» ахборот тизимига жамоатчилик назорати ва ота-оналардан келиб тушган шикоят ва таклифларни мувофиқлаштириб боради ҳамда ўрганиш натижаси тўғрисида Марказга доимий равишда маълумот киритиб боради.

9-боб. Якунловчи қоида

57. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

Давлат мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Аутсорсинг усулида овқатлантиришни ташкил этиш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари Аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш учун тавсия этиладиган мактабгача таълим ташкилотлари рўйхатини шакллантириб, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаларига тақдим этади. Рўйхатда ҳар бир ташкилотнинг қуввати, тарбияланувчилар сони, ошхонасининг ҳолати (таъмирталаблиги, санитария-гигиена ва жиҳозларининг ҳолати ҳамда бошқалар) тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади. Ҳар йили 10 июнга қадар 2-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари Туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари томонидан тақдим этилган аутсорсинг усулида соғлом овқатлантириш ташкил этиладиган давлат МТТлари рўйхатини ва тегишли маълумотларни ўрганиб чиққан ҳолда умумлаштириб, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдим этади. Ҳар йили 20 июнга қадар 3-босқич Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоатчилик саломатлиги қўмитаси Тарбияланувчиларни санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ тайёр таомларнинг вазни, нархи, таркибидаги маҳсулотлар миқдорлари, технологик карталарни ўз ичига олган ҳолда, тўрт фасл учун «Ягона мавсумий таомнома» ҳамда технологик картасини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди. Ҳар йили 1 июлга қадар 4-босқич Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ҳудудий бошқармалар томонидан тақдим этилган давлат МТТлари рўйхати асосида келгуси молия йилида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантириш ташкил этиладиган давлат МТТлари сонини ҳудудлар кесимида белгилайди ва Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этади. Ҳар йили 15 июлга қадар 5-босқич Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Аутсорсинг усулида соғлом овқатлантириш ташкил этиладиган давлат МТТларининг белгиланган сони, рўйхати ва тегишли маълумотларни Таълим соҳасида овқатлантиришни ташкил этиш ва назорат қилиш марказига тақдим этади. Ҳар йили 5 августга қадар 6-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари «Ягона мавсумий таомнома»да кўрсатилган озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳар бири бўйича жорий йил тўрт мавсуми учун ўртача бозор нархларини (қўшилган қиймат солиғи билан) Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тасдиқланган ҳолда тақдим этади. Ҳар йили 20 августга қадар 7-босқич Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги «Ягона мавсумий таомнома»да кўрсатилган озиқ-овқат маҳсулотларининг меъёрлари ва тақдим этилган нархлари (қўшилган қиймат солиғи билан) асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича бир нафар тарбияланувчини бир кунда соғлом овқатлантириш нархини ҳар бир мавсум бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлигига киритади. Ҳар йили 15 сентябрга қадар 8-босқич Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан киритилган бир нафар тарбияланувчини бир кунда соғлом овқатлантириш нархини келгуси молия йили учун истеъмол нархлари индексининг энг юқори коэффициентидан кам бўлмаган миқдорга оширган ҳолда, келгуси молия йили учун бир нафар тарбияланувчини бир кунда соғлом овқатлантириш нархини белгилайди. Ҳар йили 1 октябрга қадар 9-босқич Таълим соҳасида овқатлантиришни ташкил этиш ва назорат қилиш маркази Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунининг асосий принципларига қатъий риоя этган ҳолда, давлат харидларини амалга оширади. Ҳар йили 15 декабрга қадар (заруратга кўра йил давомида) 10-босқич Туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари Ғолиб аутсорсерлар аниқланган баённомаларига мувофиқ белгиланган тартибда шартномалар тузади. Ҳар йили 25 декабрга қадар (заруратга кўра йил давомида)

Давлат мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Давлат мактабгача таълим ташкилотларида тайёр таомлар сифатини назорат қилиш бўйича бракераж дафтари

Тайёр овқатнинг номланиши Баҳоланиши Синама олинган вақти Тиббиёт ходимининг рухсати Имзо таомноманинг бажарилиши сифати овқат тайёрлаш технологиясига риоя қилинганлиги 20___ йил ____ ___________ Нонушта Тушлик Иккинчи тушлик Кечки овқат 20___ йил ____ __________ Нонушта Тушлик Иккинчи тушлик Кечки овқат

Давлат мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА

Давлат мактабгача таълим ташкилотларига келтирилган хом озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ҳақидаги

Аутсорсер (ташкилот номи) Маҳсулот келтирилган сана Маҳсулот номи Миқдори (кг, литр, дона) Баҳолаш Бракераж комиссияси рухсати Бракераж комиссияси аъзоси имзоси маҳсулот сифатини органолептик усулда баҳолаш сифатсизлик аломатларини изоҳлаш

Давлат мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга 4-ИЛОВА

Давлат мактабгача таълим ташкилотларида сифати тез айнийдиган озиқ-овқат маҳсулотларини назорат қилиш бўйича дафтар

Т/р Аутсорсер (ташкилот номи) Маҳсулотнинг келган вақти ва санаси Сифати тез айнийдиган маҳсулотлар ва уларнинг миқдори (кг, литр, дона) Сифати ҳақида маълумот Фойдаланиш муддатининг охирги санаси ва вақти Имзо 1. 2. 3. 4. 5. ...

Давлат мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга 5-ИЛОВА

Аутсорсинг усулида овқатлантиришни ташкил этиш бўйича мониторинг юритиш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Мониторнинг юритиш юзасидан режа-жадвални тасдиқлайди ҳамда ҳудудий бошқармалар ва давлат буюртмачиларига тақдим этади. Ҳар чоракда 2-босқич Мониторинг гуруҳи Ғолиб деб топилган аутсорсернинг мажбуриятлари бажарилиши юзасидан ҳар чоракда мониторинг юритади. Ҳар чоракда 3-босқич Мониторинг гуруҳи Аутсорсер томонидан тайёрлаб берилаётган таомларнинг «Ягона мавсумий таомнома»га, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқлигини ҳамда киритилган инвестиция мажбуриятлари ижросини ўрганади. Камчиликлар аниқланган тақдирда, белгиланган тартибда далолатнома расмийлаштиради ва Таълим соҳасида овқатлантиришни ташкил этиш ва назорат қилиш марказига маълумот киритади. Йил давомида заруратга кўра 4 босқич Таълим соҳасида овқатлантиришни ташкил этиш ва назорат қилиш маркази Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича муддатни белгилайди ва бу ҳақда аутсорсерга огоҳлантириш беради. Йил давомида заруратга кўра 5-босқич Харид комиссияси Огоҳлантиришда белгиланган муддат давомида аутсорсер томонидан камчиликлар бартараф этилмаган тақдирда, аутсорсер билан шартномани бир томонлама бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимларига юборади. Йил давомида заруратга кўра 6-босқич Туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари Харид комиссияси қарорига асосан амалдаги аутсорсер билан шартномани бекор қилади ва захирадаги ғолиб билан шартнома тузади. Йил давомида заруратга кўра

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 январдаги 1-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим қарорлари

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2019 йил 25 июлдаги 626-сон қарорининг 2-банди учинчи хатбошиси ва 2-иловаси .

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантириш тизимини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 30 июндаги 407-сон қарори .

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коронавирус пандемиясини юмшатиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 25 июлдаги ПФ-6035-сон Фармони)» 2021 йил 19 ноябрдаги 694-сон қарорига 1-илованинг 65-банди «в» кичик банди .

4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон Қонуни)» 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 674-банди «б» кичик банди .

5. Вазирлар Маҳкамасининг «Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида жамоатчилик назорати самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2022 йил 12 майдаги 255-сон қарорига 3-илованинг 22-банди .

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 6 январь,

1-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.01.2025 й., 09/25/1/0020-сон; 15.10.2026 й., 09/26/563/1041-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

NAMUNASI

MAʼLUMOTLAR

NAMUNASI

SXEMASI

ROʻYXATI

Davlat maktabgacha taʼlim tashkilotlarida sogʻlom ovqatlantirish tartibini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi tizimidagi davlat maktabgacha taʼlim tashkilotlarida sogʻlom ovqatlantirishning zamonaviy usullarini joriy etish orqali bolalarga taʼlim va tarbiya berish samaradorligini oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligining:

Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Vazirlik) tizimidagi davlat maktabgacha taʼlim tashkilotlarini bosqichma-bosqich autsorsing usulida ovqatlantirish tizimiga oʻtkazish;

“Yagona mavsumiy taomnoma”ni joriy etish hamda oziq-ovqat xarajatlarining (natura koʻrinishida) hisobini “Bolalar bogʻchasi” maktabgacha taʼlimni boshqarish axborot tizimida yaratilgan modullar orqali yuritish;

davlat maktabgacha taʼlim tashkilotlarida (keyingi oʻrinlarda — davlat MTTlari) tarbiyalanuvchilarni “Yagona mavsumiy taomnoma” asosida respublika hududlari kesimida bir tarbiyalanuvchi uchun kunlik ovqatlantirish xarajatini belgilash orqali ovqatlantirish toʻgʻrisidagi takliflariga rozilik berilsin.

2. Vazirlik huzurida davlat muassasasi shaklida Taʼlim sohasida ovqatlantirishni tashkil etish va nazorat qilish markazi (keyingi oʻrinlarda — Markaz) tashkil etilsin.

Quyidagilar Markazning asosiy faoliyat yoʻnalishlari etib belgilansin:

davlat maktabgacha va umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlarida sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etishni muvofiqlashtirish;

ovqatlantirishni tashkil etish bilan bogʻliq jarayonlarni bosqichma-bosqich raqamlashtirish;

autsorsing asosida sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etishda davlat xaridlarini amalga oshirish;

maktabgacha va umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlarida sogʻlom ovqatlantirish tizimini takomillashtirishga qaratilgan ilmiy tadqiqotlar oʻtkazish;

autsorser tomonidan tayyorlab berilayotgan taomlarning sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga muvofiqligini hamda investitsiya majburiyatlariga rioya etilishini monitoring qilish.

3. Belgilansinki:

a) Markazning cheklangan boshqaruv shtat birliklari soni 36 tani tashkil qiladi hamda Vazirlik tizimining umumiy shtat birliklari doirasida shakllantiriladi;

b) Markaz xodimlariga Vazirlik xodimlari uchun belgilangan mehnatga haq toʻlash shartlari tatbiq etiladi.

Bunda:

Markaz direktorining lavozim maoshi Vazirlik departamenti direktori lavozim maoshiga, direktor oʻrinbosarining lavozim maoshi Vazirlik boshqarma boshligʻi lavozim maoshiga, tarkibiy boʻlinmalar boshliqlarining lavozim maoshi Vazirlik boʻlim boshligʻi lavozim maoshiga, boshqa mutaxassis xodimlarning lavozim maoshi Vazirlikning tegishli darajadagi mutaxassislari lavozim maoshiga tenglashtiriladi;

Markazga mahalliy va xorijiy mutaxassislarni toʻgʻridan-toʻgʻri fuqarolik-huquqiy shartnomalar asosida jalb etishga ruxsat beriladi;

v) Markazga davlat maktabgacha taʼlim tashkilotlarida bolalar taʼminoti uchun ota-onalar toʻlovining 1 foizi yoʻnaltiriladi hamda ushbu mablagʻlar sogʻlom ovqatlantirish tizimini takomillashtirishga qaratilgan ilmiy tadqiqotlar oʻtkazish, xodimlarni ragʻbatlantirish, malakali mutaxassislarni jalb qilish hamda davlat maktabgacha va umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari uchun oshxona jihozlarini xarid qilishga sarflanadi;

Vazirlik ikki hafta muddatda Markaz toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlab, belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazsin.

4. Davlat maktabgacha taʼlim tashkilotlarida autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

5. Iqtisodiyot va moliya vazirligi ikki oy muddatda maxsus axborot portali orqali davlat xaridlari elektron tizimlarida:

Markaz tomonidan tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimlari nomidan davlat xaridlari jarayonini amalga oshirish uchun davlat xaridlari elektron tizimlarida reja-jadvallarni joylashtirish, xarid hujjatlarini elektron shaklda ishlab chiqish, kelishish, tasdiqlash hamda eʼlon joylashtirish;

Markaz tomonidan oʻtkazilgan davlat xaridlari jarayonlari yakunlariga koʻra tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimlari va gʻolib boʻlgan autsorserlar bilan imzolangan elektron shartnomalarni tuman (shahar) gʻaznachilik xizmati boʻlimlarida roʻyxatdan oʻtkazish;

Markaz tomonidan ovqatlantirishni tashkil etish yuzasidan davlat xaridlari jarayonini amalga oshirish uchun tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimlariga kelgusi davr uchun autsorserlarni belgilashda mablagʻlar budjetdan rejalashtirilmagan taqdirda, mazkur xaridlar boʻyicha eʼlonlarni joylashtirish imkoniyatlarini yaratsin.

6. Davlat MTTlari tarbiyalanuvchilarning sogʻlom, xavfsiz va sifatli ovqatlanishini taʼminlash maqsadida:

a) 2025-yil 1-iyulga qadar Vazirlik hamda Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi tomonidan tasdiqlanadigan “Yagona mavsumiy taomnoma” joriy etiladi.

Bunda davlat MTTlarida “Yagona mavsumiy taomnoma” asosida oziq-ovqat xarajatlarining (natura koʻrinishida) hisobi “Bolalar bogʻchasi” axborot tizimida yaratilgan modullar orqali yuritiladi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligining axborot tizimiga Elektron hukumatning idoralararo maʼlumotlar uzatish tarmogʻi orqali avtomatik tarzda yuboriladi;

b) davlat MTTlarida “Yagona mavsumiy taomnoma” asosida bir tarbiyalanuvchi uchun kunlik ovqatlantirish xarajati hududlar kesimida quyidagi tartibda belgilanadi:

respublika hududlari boʻyicha tegishli oziq-ovqat mahsulotlarining oʻrtacha bozor narxlari (qoʻshilgan qiymat soligʻi bilan) Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hamda Toshkent shahar hokimliklari tomonidan Vazirlikka har yili 1-sentabrga qadar taqdim etiladi;

oziq-ovqat mahsulotlarining oʻrtacha bozor narxlari hamda “Yagona mavsumiy taomnoma”da koʻrsatilgan oziq-ovqat mahsulotlari meʼyorlaridan kelib chiqib, Vazirlik tomonidan har bir hudud boʻyicha bir tarbiyalanuvchi uchun kunlik ovqatlantirish narxi shakllantiriladi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan belgilanadi;

kelgusi moliya yili uchun oziq-ovqat xarajatlari uchun mablagʻlarni rejalashtirishda, bir tarbiyalanuvchi uchun tasdiqlangan kunlik ovqatlantirish narxiga isteʼmol narxlari indeksi koeffitsiyenti qoʻllaniladi.

7. Belgilab qoʻyilsinki:

a) barcha davlat MTTlari ovqatlantirishni tashkil etish usulidan qatʼi nazar, bir tarbiyalanuvchi uchun kunlik ovqatlantirish narxiga majburiy tartibda rioya qiladi.

Bunda moliya yili davomida oziq-ovqat mahsulotlarining narxlari alohida holatlarda oshganda, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklarining narxlar oshganligining aniq sabablari koʻrsatilgan takliflariga koʻra davlat MTTlarining bir nafar tarbiyalanuvchisini bir kunda sogʻlom ovqatlantirish narxi Vazirlik hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan qayta koʻrib chiqilishi mumkin;

b) autsorser tomonidan koʻrsatilayotgan xizmat boʻyicha taklif va shikoyatlar jamoatchilik nazorati hamda ota-onalar tomonidan Markazning “QR-Feedback” axborot tizimi orqali kiritib boriladi.

8. Vazirlar Mahkamasining “Maktabgacha taʼlim tizimini raqamlashtirish va maktabgacha taʼlim tashkilotlari faoliyatini yanada takomillashtirishning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 18-dekabrdagi 848-son qarorining 3-bandi t oʻrtinchi xatboshisidagi “2 foiz” soʻzlari “1 foiz” soʻzlari bilan almashtirilsin.

9. Vazirlik:

a) 2025-yil 1-martga qadar budjet xarajatlarini rejalashtirish uchun 2025 moliya yilida autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirish tashkil etiladigan davlat maktabgacha taʼlim tashkilotlari sonini hududlar kesimida belgilasin;

b) 2025-yil 1-iyulga qadar sogʻlom ovqatlantirish tashkil etiladigan davlat maktabgacha taʼlim tashkilotlarida tadbirkorlik subyektlari bilan belgilangan tartibda shartnomalar tuzilishini va autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirish yoʻlga qoʻyilishini taʼminlasin.

Bunda respublika hududlari boʻyicha tegishli oziq-ovqat mahsulotlarining 2025-yil uchun oʻrtacha bozor narxlari (qoʻshilgan qiymat soligʻi bilan) Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hamda Toshkent shahar hokimliklari tomonidan Vazirlikka 2025-yil 1-aprelga qadar taqdim etiladi;

v) manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

10. Belgilansinki, mazkur qaror ijrosi uchun talab etiladigan mablagʻlar Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutib boriladi.

11. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

12. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri X.U. Umarova zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 6-yanvardagi 1-son qaroriga 1-ILOVA

Davlat maktabgacha taʼlim tashkilotlarida autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Vazirlik) tizimidagi davlat maktabgacha taʼlim tashkilotlarida autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etish tartibini belgilaydi.

2. Davlat maktabgacha taʼlim tashkilotlarida (keyingi oʻrinlarda — davlat MTTlari) autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirish belgilangan tartibda tasdiqlangan “Yagona mavsumiy taomnoma”, sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga muvofiq shart-sharoitlar yaratilgan holda tashkil etiladi.

3. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

autsorser — xarid qilish tartib-taomillari yakunlari boʻyicha gʻolib deb topilgan autsorsing xizmatini koʻrsatuvchi tadbirkorlik subyekti;

autsorsing — Vazirlik tizimidagi davlat MTTlarida sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etish xizmatlarini autsorserga oʻtkazish;

davlat buyurtmachisi — tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimi;

ishtirokchi — davlat MTTlarida autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etish xizmatlarini koʻrsatish istagini bildirib, xarid qilish tartib-taomilida davlat xaridlarini amalga oshirish uchun talabgor sifatida ishtirok etuvchi tadbirkorlik subyekti;

Monitoring guruhi — autsorser tomonidan tayyorlab berilayotgan taomlarning “Yagona mavsumiy taomnoma”ga, sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga muvofiqligi hamda kiritilgan investitsiya majburiyatlariga rioya etilishini oʻrganib chiquvchi guruh;

ovqatlantirishning anʼanaviy usuli — davlat MTTlariga oshxona uchun zarur shtat birliklari ajratilgan va oziq-ovqat mahsulotlari taʼminotchilar tomonidan yetkazib beriladigan holda tarbiyalanuvchilarni ovqatlantirish jarayoni;

ustama haq — autsorserning daromadini va barcha xarajatlarni ( soliqlar, xodimlarning ish haqi, transport xizmatlari hamda asbob-uskunalarni taʼmirlash va ulardan foydalanish kabi ) oʻz ichiga oladigan har bir mavsum uchun belgilanadigan bir nafar tarbiyalanuvchini bir kunda sogʻlom ovqatlantirish narxiga nisbatan 30 (oʻttiz) foizdan oshmaydigan ustama haq miqdori;

“Yagona mavsumiy taomnoma” (bahor, yoz, kuz, qish mavsumlari uchun) — davlat MTTlarida tarbiyalanuvchilarni sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga muvofiq tayyor taomlarning vazni, narxi, tarkibidagi mahsulotlar miqdorlari, texnologik kartalarni oʻz ichiga olgan hamda toʻrt fasl uchun respublika miqyosida qoʻllaniladigan Vazirlik hamda Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi tomonidan ishlab chiqilib, tasdiqlanadigan taomnomalar toʻplami.

4. Ushbu Nizom talablari davlat MTTlarida autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etish boʻyicha xizmat koʻrsatuvchi Oʻzbekiston Respublikasining rezidenti yoki norezidenti boʻlgan jismoniy yoki yuridik shaxslarga nisbatan tatbiq etiladi.

5. Autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirish ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq tashkil etiladi.

2-bob. Autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etishning maqsadi va asosiy vazifalari

6. Davlat MTTlarida autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirishning maqsadlari quyidagilardan iborat:

tarbiyalanuvchilarni toʻlaqonli sogʻlom ovqatlantirish, ularning sogʻligini mustahkamlash va taʼlim-tarbiya jarayonini samarali tashkil etishni taʼminlash;

sifatli taomlar tayyorlash orqali tarbiyalanuvchilarning sogʻlom va barkamol oʻsishini taʼminlash;

taomlarni isteʼmol qilish uchun gigiyenik talablarga muvofiq sharoitlar yaratish;

tarbiyalanuvchilarni sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlari talablariga muvofiq belgilangan tartibda tasdiqlangan “Yagona mavsumiy taomnoma” asosida sogʻlom ovqatlantirish.

7. Autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etishning asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:

tarbiyalanuvchilarning fiziologik yoshiga muvofiq oziq-ovqat mahsulotlariga boʻlgan talablarini inobatga olgan holda, ularning ratsional ovqatlanishini taʼminlash;

oziq-ovqat mahsulotlari va taomlarni tarbiyalanuvchilarning sogʻlom oʻsishida muhim ahamiyatga ega boʻlgan zarur moddalar bilan taʼminlash;

oziq-ovqat mahsulotlari va taomlarning xavfsizligi hamda sifatini kafolatlash;

tarbiyalanuvchilar orasida ovqatlanish bilan bogʻliq yuqumli va yuqumli boʻlmagan kasalliklarning tarqalishiga yoʻl qoʻymaslik;

tarbiyalanuvchilar oʻrtasida toʻgʻri ovqatlanish koʻnikmalarini shakllantirish;

taomlarni tayyorlashda va oziq-ovqat xom ashyosini saqlashda, tashishda sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga qatʼiy rioya qilish;

“Bolalar bogʻchasi” axborot tizimida (keyingi oʻrinlarda — axborot tizimi) davomati qayd etilgan tarbiyalanuvchilar sonidan kelib chiqib tegishli ish kuni uchun “Yagona mavsumiy taomnoma” asosida ovqatlantirishni tashkil etish.

3-bob. Autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirish tashkil etiladigan davlat MTTlarining roʻyxatini shakllantirish

8. Davlat buyurtmachilari autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirish tashkil etiladigan davlat MTTlari roʻyxatini shakllantirib, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, viloyatlar hamda Toshkent shahar maktabgacha va maktab taʼlimi boshqarmalariga (keyingi oʻrinlarda — hududiy boshqarmalar) har yili 10-iyunga qadar taqdim qiladi.

Bunda ushbu roʻyxatda har bir davlat MTTlarining quvvati, tarbiyalanuvchilar soni, oshxonasining holati (taʼmirtalabligi, sanitariya-gigiyena va jihozlarining holati, boshqalar) toʻgʻrisidagi maʼlumotlar aks ettiriladi.

9. Hududiy boshqarmalar davlat buyurtmachilari tomonidan taqdim etilgan autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirish tashkil etiladigan davlat MTTlari roʻyxatini oʻrganib chiqqan holda umumlashtirib, har yili 20-iyunga qadar Vazirlikka taqdim etadi.

10. Vazirlik hududiy boshqarmalar tomonidan taqdim etilgan davlat MTTlari roʻyxati asosida kelgusi moliya yilida autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirish tashkil etiladigan davlat MTTlari sonini hududlar kesimida har yili 15-iyulga qadar belgilaydi va kelgusi moliya yilida zarur mablagʻlarni rejalashtirish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligiga taqdim etadi.

11. Vazirlik autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirish tashkil etiladigan davlat MTTlarining belgilangan soni, roʻyxati va tegishli maʼlumotlarni har yili 5-avgustga qadar Vazirlik huzuridagi “Taʼlim sohasida ovqatlantirishni tashkil etish va nazorat qilish markazi” davlat muassasasiga (keyingi oʻrinlarda — Markaz) taqdim etadi.

4-bob. “Yagona mavsumiy taomnoma”ni ishlab chiqish va narxlarni shakllantirish

12. “Yagona mavsumiy taomnoma” tarbiyalanuvchilarni sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga muvofiq tayyor taomlarning vazni, narxi, tarkibidagi mahsulotlar miqdorlari, texnologik kartalarni oʻz ichiga olgan holda, toʻrt fasl uchun respublika miqyosida qoʻllaniladi.

“Yagona mavsumiy taomnoma” Vazirlik hamda Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi tomonidan har yili 1-iyulga qadar ishlab chiqiladi va tasdiqlanadi.

13. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari har yili 20-avgustga qadar “Yagona mavsumiy taomnoma”da koʻrsatilgan oziq-ovqat mahsulotlarining har biri boʻyicha joriy yil toʻrt mavsum uchun oʻrtacha haqiqiy bozor narxlarini (qoʻshilgan qiymat soligʻi bilan) Vazirlikka tasdiqlangan holda taqdim etadi.

14. Vazirlik “Yagona mavsumiy taomnoma”da koʻrsatilgan oziq-ovqat mahsulotlarining meʼyorlari va taqdim etilgan narxlari (qoʻshilgan qiymat soligʻi bilan) asosida Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri boʻyicha bir nafar tarbiyalanuvchini bir kunda sogʻlom ovqatlantirish narxini har bir mavsum boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligiga kiritadi.

Bunda “Yagona mavsumiy taomnoma”da koʻrsatilgan oziq-ovqat mahsulotlarning meʼyorlari va taqdim etilgan narxlari asosida har bir mavsum uchun belgilanadigan bir nafar tarbiyalanuvchini bir kunda sogʻlom ovqatlantirish narxlarini belgilashda, tegishli mavsum uchun tuzilgan har bir “Yagona mavsumiy taomnoma”ning oʻrtacha narxlari olinadi.

15. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi Vazirlik tomonidan kiritilgan bir nafar tarbiyalanuvchini bir kunda sogʻlom ovqatlantirish narxini kelgusi moliya yili uchun isteʼmol narxlari indeksining eng yuqori koeffitsiyentidan kam boʻlmagan miqdorga oshirgan holda, kelgusi moliya yili uchun narxni belgilaydi.

16. Moliya yili davomida oziq-ovqat mahsulotlari narxlari alohida holatlarda oshganda, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklarining narxlar oshganligining aniq sabablari koʻrsatilgan takliflariga koʻra davlat MTTlarining bir nafar tarbiyalanuvchisining bir kunda sogʻlom ovqatlantirish narxi Vazirlik hamda Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan qayta koʻrib chiqilishi mumkin.

5-bob. Autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etish uchun davlat xaridlarini amalga oshirish

17. Autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etish uchun davlat xaridlarini amalga oshirish bilan bogʻliq tartib-taomillar Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat xaridlari toʻgʻrisida”gi Qonuni , Vazirlar Mahkamasining “Davlat xaridlarini amalga oshirish bilan bogʻliq tartib-taomillarni tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida” 2022-yil 20-maydagi 276-son qarori va ushbu Nizom talablari asosida tashkil etiladi va amalga oshiriladi.

18. Markaz autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etish uchun tanlovni (tenderni) tashkil etish uchun Xarid komissiyasi tarkibini tasdiqlaydi.

19. Kelgusi moliya yili uchun davlat MTTlarida autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etish boʻyicha xarid jarayonlari joriy moliya yilining 25-dekabriga qadar amalga oshiriladi.

Bunda, zaruratga koʻra, joriy yil uchun davlat MTTlarida autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etish boʻyicha xarid jarayonlari joriy moliya yili davomida ham amalga oshirilishi mumkin.

20. Autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etish boʻyicha xarid hujjatlari, shu jumladan, baholash mezonlari hamda davlat xaridlari bilan bogʻliq boshqa hujjatlar Markaz tomonidan ishlab chiqiladi va tasdiqlanadi.

Bunda autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etish boʻyicha davlat xaridlari bir yoki bir nechta davlat buyurtmachilari (tuman, shahar), shuningdek, bir yoki bir nechta davlat MTTlari kesimida amalga oshirilishi mumkin.

21. Ishtirokchining sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etish uchun xizmat koʻrsatish ustama haqi miqdori boʻyicha taklifi davlat xaridi narxi sifatida qabul qilinadi hamda uning miqdori 30 (oʻttiz) foizdan koʻp va 15 (oʻn besh) foizdan kam boʻlishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

22. Ishtirokchiga nisbatan quyidagi talablar qoʻyiladi:

umumiy ovqatlanish xizmatini koʻrsatish boʻyicha kamida ikki yillik tajribaga ega boʻlish;

tanlovda (tenderda) ishtirok etish uchun ariza berilgan kundan kamida bir oy oldin tegishli tashkilotlardan soliq qarzdorligi, toʻlovlar, boshqa majburiy toʻlovlar va moliyaviy sanksiyalarning mavjud emasligi;

insofsiz ijrochilarning yagona reyestrida qayd etilmagan boʻlishi;

tanlovda (tenderda) ishtirok etish uchun texnik topshiriq va tanlov (tender) hujjatlari talablariga mosligi;

sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etish yuzasidan taomlar tayyorlash texnologiyasi boʻyicha kamida ikki yillik ish tajribasiga ega boʻlgan malakali mutaxassislarga (muhandis-texnolog, diyetolog, oshpazlar) ega boʻlishi.

23. Xarid komissiyasi tomonidan xarid qilish tartib-taomili natijalariga koʻra gʻolib sifatida belgilangan ishtirokchi bilan davlat buyurtmachisi oʻrtasida keyingi moliya yili uchun elektron shartnoma imzolanadi.

Bunda moliya yilidan keyingi yilga oʻtuvchi shartnomalarda shartnoma muddati 12 (oʻn ikki) oy etib belgilanadi.

24. Xarid komissiyasi qarori bilan xarid qilish hujjatlarida va taklifda koʻrsatilgan mezonlarga muvofiq autsorserning taklifidan keyingi eng maqbul taklifni taqdim etgan ishtirokchi sifatida eʼtirof etilgan zaxiradagi gʻolib aniqlanishi mumkin.

25. Davlat xaridlarini amalga oshirish jarayoni yakunlanmagan yoki tanlov (tender) oʻtkazilmagan deb hisoblangan taqdirda, shuningdek, autsorser bilan shartnoma bekor qilinganda, ushbu davlat MTTlarida autsorser aniqlangunga qadar belgilangan tartibda ovqatlantirish anʼanaviy usulida tashkil etilishi mumkin.

Bunda oshxona xodimlari bilan mehnat qonunchiligiga muvofiq muddatli (autsorser aniqlangunga qadar) mehnat shartnomasi tuziladi.

6-bob. Autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etish

26. Sogʻlom ovqatlantirish autsorsing usulida tashkil etiladigan davlat MTTlarining autsorser bilan tuziladigan shartnoma umumiy miqdori (12 oyga) quyidagicha hisoblanadi:

Shm = RT * (Os(qish) * Nm(qish) + Os(bahor) * Nm(bahor) +

+ Os(yoz) * Nm(yoz) + Os(kuz) * Nm(kuz)) * Um * 5 * 4,2

Shm — sogʻlom ovqatlantirish autsorsing usulida tashkil etiladigan davlat MTTning autsorser bilan tuziladigan shartnoma umumiy miqdori;

RT — sogʻlom ovqatlantirish autsorsing usulida tashkil etiladigan davlat MTTlarining roʻyxatdagi tarbiyalanuvchilar soni;

Os — tegishli mavsum boʻyicha (qish, bahor, yoz, kuz) oylar soni;

Nm — tegishli mavsum boʻyicha (qish, bahor, yoz, kuz) bir nafar tarbiyalanuvchini bir kunda sogʻlom ovqatlantirish narxi;

Um — autsorser uchun belgilangan ustama haq miqdori, koeffitsiyent hisobida olinadi (misol uchun, ustama haq miqdori 30 foizni tashkil qilsa, formulada 1,30 koeffitsiyent etib qoʻllaniladi).

Bunda moliya yilidan keyingi yilga oʻtuvchi shartnomalarda tegishli yilning koʻrsatkichlari inobatga olingan holda, kelgusi yil uchun qoʻshimcha kelishuv tuziladi.

Shartnomaning umumiy summasi davlat MTTlarining joriy va kelgusi moliya yili uchun shakllantiriladigan budjet va budjetdan tashqari (ota-onalar toʻlovlari hisobidan shakllantiriladigan) mablagʻlari boʻyicha xarajatlar smetasida toʻliq rejalashtiriladi.

Shartnomada koʻrsatilgan maʼlumotlar shartnoma belgilangan tartibda imzolangan kundan keyingi 3 (uch) ish kuni ichida davlat buyurtmachisining markazlashgan moliya-buxgalteriya xizmati tomonidan axborot tizimiga kiritiladi.

27. Davlat MTTlarida yilning mavsumidan kelib chiqib, “Yagona mavsumiy taomnoma”da koʻrsatilgan taomlar tanlanadi. Bunda:

a) autsorser tomonidan “Yagona mavsumiy taomnoma”da koʻrsatilgan kunlik taomlar kamida ikki ish kunidan oldin axborot tizimi orqali tanlanadi;

b) tegishli ish kunida:

nonushta tayyorlash uchun tarbiyalanuvchilar soni axborot tizimi roʻyxatida bir kun oldingi belgilangan tarbiyalanuvchilar soni doirasida autsorser tomonidan rejalashtiriladi;

soat 07.00 dan 09.00 ga qadar axborot tizimida qayd etilgan tarbiyalanuvchilarning davomatidan kelib chiqib, davlat MTTlarida tushlik va ikkinchi tushlik tashkil etiladi;

v) autsorser tomonidan tegishli ish kunida davlat MTTlari tarbiyalanuvchilari uchun “Yagona mavsumiy taomnoma” asosida axborot tizimi orqali tayyorlanadigan taomlar belgilanmagan taqdirda, axborot tizimi tomonidan navbatdagi kunlik taomlar avtomatik ravishda tanlanadi va autsorser tomonidan ushbu taomlar tayyorlanishi majburiy hisoblanadi;

g) davlat MTTlari direktori autsorser tomonidan “Yagona mavsumiy taomnoma” asosida tanlangan kunlik taomlar toʻgʻrisidagi maʼlumotni axborot tizimi orqali nazorat qiladi va bu haqidagi maʼlumotlarni Brakeraj komissiyasiga taqdim etadi.

28. “Yagona mavsumiy taomnoma”da tayyor taomlar vazni, narxi, sarflangan mahsulotlar turi va ularning miqdorlari koʻrsatiladi.

29. Autsorser tomonidan olib kelinayotgan barcha turdagi oziq-ovqat mahsulotlari, tez ayniydigan oziq-ovqat mahsulotlari hamda tayyorlab berilayotgan tayyor taomlar sifati, vazni, tarkibining “Yagona mavsumiy taomnoma”ga muvofiqligi davlat MTTlari xodimlari hamda tarbiyalanuvchilarning ota-onalaridan tashkil topgan davlat MTTlarining Brakeraj komissiyasi tomonidan nazorat qilinadi.

Davlat MTTlari direktorining Brakeraj komissiyasini tasdiqlash toʻgʻrisidagi buyrugʻi har yil uchun alohida qabul qilinadi.

Davlat MTTlari tibbiyot xodimi Brakeraj komissiyasining raisi boʻlib, uning tarkibiga tarbiyachi, oshpaz, davlat MTTlari kasaba uyushmasi qoʻmitasi raisi va tarbiyalanuvchilarning ota-onalari yoki ularning oʻrnini bosuvchi shaxslar vakillari aʼzo sifatida kiritiladi.

30. Brakeraj komissiyasi har ish kuni autsorser tomonidan yetkazib berilgan tayyor taomlar sifatini oʻrganib chiqadi hamda nazorat yakunlari boʻyicha maʼlumotlarni ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq shaklda yuritiladigan “Tayyor taomlar sifatini nazorat qilish boʻyicha brakeraj daftari”da har kuni qayd etib boradi.

31. Brakeraj daftari oziq-ovqat mahsulotlarining sifati, taʼmi, kunlik sinama olinganligi, ovqatni tarqatishga ruxsat berilganligi haqidagi maʼlumotlar belgilangan tartibda toʻldirilib, har kuni davlat MTTlari tibbiyot xodimining imzosi bilan tasdiqlanadi.

32. Brakeraj komissiyasi aʼzolari tomonidan brakeraj daftari yuritilishining doimiy monitoringi olib boriladi. Brakeraj daftarining birinchi sahifasida Brakeraj komissiyasini tasdiqlash haqidagi buyruqdan koʻchirma boʻlishi, daftar raqamlangan, ip oʻtkazib tikilgan, davlat MTTlari direktori tomonidan imzolangan va muhrlangan boʻlishi shart.

33. Autsorser tomonidan sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga amal qilish holatini oʻrganish hamda kunlik sinamalar olish davlat MTTlari tibbiyot xodimi zimmasiga yuklanadi.

Davlat MTTlarida tarbiyalanuvchilarning xavfsiz ovqatlanishini taʼminlash maqsadida ushbu Nizomga 3-ilovaga muvofiq shakldagi davlat MTTlariga keltirilgan xom oziq-ovqat mahsulotlari sifati haqidagi maʼlumotlar va 4-ilovaga muvofiq shakldagi tez ayniydigan oziq-ovqat mahsulotlarini qayd etish daftari axborot tizimida davlat MTTlari tibbiyot xodimi tomonidan yuritiladi.

34. Tarbiyalanuvchilarni sogʻlom ovqatlantirish umumiy tipda yoki guruh xonalarida tashkil etilganda, tayyor taomlar “Yagona mavsumiy taomnoma”da belgilangan miqdorlarda va sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga mos ravishda boʻlishini taʼminlashga davlat MTTlari direktori masʼul hisoblanadi.

35. Jamoatchilik nazorati va ota-onalar tomonidan autsorserning koʻrsatilayotgan xizmati yuzasidan taklif va shikoyatlar “QR-Feedback” axborot tizimiga kiritib borilishi mumkin.

36. Autsorser tomonidan shartnoma umumiy summasining kamida 3 (uch) foizidan kam boʻlmagan miqdorda u xizmat koʻrsatayotgan davlat MTTlariga investitsiya kiritilishi zarur.

Bunda investitsiya shartnoma tuzilgan sanadan boshlab 6 (olti) oy muddat ichida toʻliq hajmda kiritilishi lozim.

Investitsiya mablagʻlari davlat MTTlarining, birinchi navbatda, davlat MTTlari oshxonasining moddiy-texnik bazasini mustahkamlash, taʼmirlash va boshqa ishlariga, keyinchalik davlat MTTlarining boshqa zarur muammolarini hal qilish uchun sarflanadi hamda ushbu tovar-moddiy boyliklar belgilangan tartibda davlat MTTlari balansiga kirim qilinadi.

37. Autsorserga davlat MTTlarining ishlab chiqarish xonalari, asbob-uskunalari, idish-tovoqlari va mebel tekin foydalanishga beriladi.

38. Oshxona va oshxona jihozlarini taʼmirlash, oʻz xodimlari ish haqi, ularning majburiy tibbiy koʻrikdan oʻtishi, malaka oshirishi, oshpazlar kiyimi, oshxonada ishlatiladigan zararsizlantiruvchi va yuvish vositalari bilan taʼminlash ishlari autsorser tomonidan amalga oshiriladi.

39. Davlat MTTlarida autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirish faoliyatini yurituvchi oshpazlarining malakasini oshirish jarayoni Vazirlik tomonidan vakolatli idoralar bilan birgalikda ishlab chiqilgan oʻquv rejasi va dasturi asosida tashkil etiladi.

40. Autsorser tomonidan koʻrsatilgan xizmatlar uchun toʻlovlar tarbiyalanuvchilarning haqiqatda davlat MTTlariga kelgan kunlari sonidan kelib chiqib hisob-kitob qilinadi.

Davlat buyurtmachisi tomonidan autsorserga autsorsing xizmatlari boʻyicha “Yagona mavsumiy taomnoma” asosida bir nafar tarbiyalanuvchini bir kunda sogʻlom ovqatlantirish uchun belgilangan narx va unga nisbatan olingan ustama haq miqdori toʻlab beriladi.

41. Autsorser har oʻn kunda davlat MTTlari direktori tomonidan tasdiqlangan taomnoma nusxalari, koʻrsatilgan xizmatlar boʻyicha hisobvaraq-faktura hujjatlari hamda buyurtmani tegishli tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimining markazlashtirilgan moliya-buxgalteriya xizmatiga taqdim etadi.

Davlat buyurtmachisi yuqorida qayd etilgan maʼlumotlar asosida autsorserga koʻrsatgan xizmatlari uchun tegishli mablagʻlarni xizmat koʻrsatilgan oydan keyingi oyning 15-sanasiga qadar oʻtkazib beradi.

42. Autsorsing usulida ovqatlantirish tashkil etiladigan davlat MTTlarida tarbiyalanuvchilarni ovqatlantirish Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari, ota-onalar toʻlovdan tushgan tushumlar, homiylik mablagʻlari, qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobiga moliyalashtiriladi.

Bunda autsorsing usulida ovqatlantirish tashkil etilgan davlat MTTlarida oshpaz, oshxona ishchilari shtat birliklari nazarda tutilmaydi.

43. Autsorser tomonidan shartnoma va investitsiya majburiyatlari toʻliq bajarilganda, oʻz faoliyati sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga muvofiq amalga oshirilganda, davlat buyurtmachisi hamda autsorser bilan tuzilgan shartnoma xarid komissiyasi qaroriga koʻra uzaytirilishi mumkin. Bunda:

autsorser tomonidan taklif etilgan ustama haq miqdori oʻzgartirishsiz qoldiriladi;

autsorser bilan shartnomani ikki yildan ortiq uzaytirish mumkin emas.

44. Davlat MTTlari xodimlarining ushbu davlat MTTlarida ovqatlanish autsorser bilan xodim oʻrtasida tuzilgan shartnomaga muvofiq toʻlov asosida tashkil etiladi.

7-bob. Autsorser va davlat buyurtmachisining huquq va majburiyatlari

45. Autsorser quyidagi huquqlarga ega:

davlat MTTlarida har kunlik haqiqatda boʻlgan tarbiyalanuvchilar soniga qarab ularni ovqatlantirish uchun ehtiyojdan oshmagan holda foydalaniladigan kommunal xizmatlar uchun sarflanadigan xarajatlar davlat MTTlariga ajratilgan budjet mablagʻlari doirasida qoplanishini talab qilish;

davlat MTTlari oshxonasining ishlab chiqarish xonalari, asbob-uskunalari, idish-tovoqlari, mebelidan shartnoma amal qilish davrida tekin foydalanish va ularning ishchi holatda saqlanishini nazorat qilish;

davlat MTTlariga koʻrsatgan xizmatlari uchun toʻlovni oʻz vaqtida olish;

davlat MTTlarida haqiqatda koʻrsatilgan xizmatlar boʻyicha tomonlar oʻrtasida imzolanib, tasdiqlangan dalolatnoma asosida toʻlovni amalga oshirish yuzasidan murojaat qilish.

Autsorser qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

46. Autsorserga quyidagi majburiyatlar yuklanadi:

xarid qilinayotgan oziq-ovqat mahsulotlari va foydalaniladigan jihozlarning sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga muvofiqligini taʼminlash;

tarbiyalanuvchilarni sogʻlom ovqatlantirish xizmatini davlat MTTlari oshxonasining oʻzida toʻliq va sifatli tashkil etish;

taomlarni amaldagi sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga hamda ovqat tayyorlash texnologiyasiga toʻliq amal qilgan holda tayyorlash;

taomlar tayyorlash texnologiyasi boʻyicha soha mutaxassislari (muhandis-texnolog, diyetolog, oshpazlar) bilan taʼminlash;

“Yagona mavsumiy taomnoma” boʻyicha tayyor taomlarning vazni, tarkibidagi mahsulotlar miqdori toʻgʻri boʻlishini hamda texnologik kartalarning toʻgʻri yuritilishini taʼminlash;

texnologik jihozlar va asbob-uskunalarini muntazam ravishda joriy taʼmirlab borish;

Monitoring guruhi, hududiy boshqarma hamda davlat buyurtmachisi tomonidan oʻtkaziladigan monitoring jarayonlariga toʻsqinlik qilmaslik va soʻralgan maʼlumotlarni oʻz vaqtida taqdim qilish;

shartnoma umumiy summasining kamida 3 (uch) foizi miqdorida xizmat koʻrsatayotgan davlat MTTlariga investitsiya kiritish;

oshpazlarni belgilangan tartibda tibbiy koʻrikdan oʻtgan holda ishga qabul qilishni va oʻz mablagʻlari hisobidan ularning har uch yilda kamida bir marta malaka oshirishini taʼminlash.

Autsorserga qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlar ham yuklanishi mumkin.

47. Davlat buyurtmachisi quyidagi huquqlarga ega:

autsorsing usulida ovqatlantirish uchun qoʻyilgan talablar bajarilishini hamda tayyor taomlar sifatining “Yagona mavsumiy taomnoma”ga muvofiqligini monitoring qilishda ishtirok etish;

xarid qilinayotgan oziq-ovqat mahsulotlari va tayyorlanayotgan taomlar, ularda foydalaniladigan texnologik sanitariya normalari, qoidalari va gigiyena normativlariga mosligini, oshxonalar xodimlarining sanitariya-gigiyena tadbirlari va epidemiyaga qarshi tadbirlar bajarilishiga rioya etilishini tasdiqlangan rejaga asosan nazorat qilish.

Davlat buyurtmachisi qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

48. Davlat buyurtmachisiga quyidagi majburiyatlar yuklanadi:

autsorserning xizmat koʻrsatish bilan bogʻliq kommunal xizmatlari xarajatlarini belgilangan normalar asosida davlat MTTlariga ajratilgan budjet mablagʻlari doirasida qoplash;

autsorserga texnologik jihozlar, oshxona va omborxonalar, asbob-uskunalar, idish-tovoqlar va mebellardan ijara shartnomasi asosida vaqtincha foydalanish uchun nol stavkada topshirish va ularning ishchi holatda saqlanishini nazorat qilish;

koʻrsatilgan xizmatlar uchun shartnomada belgilangan miqdor va muddatda toʻlovni amalga oshirish.

Davlat buyurtmachisiga qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa majburiyatlar ham yuklanishi mumkin.

8-bob. Monitoring guruhi

49. Autsorserning majburiyatlari bajarilishi yuzasidan Vazirlik tomonidan Monitoring guruhi tashkil etiladi.

Monitoring guruhi tarkibi Vazirlik, Markaz, Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi, hududiy boshqarmalar, tuman (shahar) iqtisodiyot va moliya boʻlimlari, Oʻzbekiston Autsorsing xizmatlari koʻrsatuvchi korxonalar uyushmasi, tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimi vakillaridan shakllantiriladi.

Monitoring guruhi Vazirlik tomonidan tasdiqlanadigan monitoring yuritish reja-jadvaliga muvofiq gʻolib deb topilgan autsorser majburiyatlarining bajarilishi yuzasidan monitoring yuritadi.

50. Monitoring guruhi autsorser “Yagona mavsumiy taomnoma” hamda sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlari asosida faoliyat yuritayotgani, tayyor taomlarning vazni, narxi, tarkibidagi mahsulotlar miqdorlari, taom tayyorlashda texnologik kartalardan foydalanayotgani, kiritilgan investitsiya miqdori va narxi, texnologik jihozlar va asbob-uskunalarini muntazam ravishda joriy taʼmirlab borilishi yuzasidan monitoring oʻtkazadi.

51. Monitoring guruhi monitoring oʻtkazish jarayonida autsorser tomonidan yoʻl qoʻyilgan kamchiliklar boʻyicha belgilangan tartibda dalolatnoma rasmiylashtiradi hamda Markazga taqdim etadi.

52. Markaz Monitoring guruhi tomonidan taqdim etilgan dalolatnomadagi kamchiliklarni oʻrganib chiqqan holda, aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish toʻgʻrisida autsorserga ogohlantirish beradi.

53. Ogohlantirishda belgilangan muddat davomida autsorser tomonidan kamchiliklar bartaraf etilmagan taqdirda, xarid komissiyasi autsorser bilan shartnomani bir tomonlama bekor qilish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi va davlat buyurtmachisiga yuboradi.

Autsorser bilan shartnomani bir tomonlama bekor qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilinganda, shartnoma tuzish va unga doir majburiyatlarni bajarish huquqi zaxiradagi gʻolibga oʻtadi. Bunda zaxiradagi gʻolib autsorser tomonidan taklif etilgan ustama haq miqdorida shartnoma tuzishi yoki shartnoma tuzishni rad etishi mumkin.

54. Autsorsing usulida ovqatlantirishni tashkil etish boʻyicha monitoring 5-ilovadagi sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

55. Davlat buyurtmachisi monitoring natijalari yuzasidan autsorser shartnomadagi majburiyatlarni bajarmagan yoki lozim darajada bajarmagan taqdirda, aniqlangan kamchiliklar toʻgʻrisida hududiy boshqarmalarga mazkur holatlar boʻyicha maʼlumot kiritadi, hududiy boshqarmalar kiritilgan maʼlumotlarni umumlashtirgan holda Vazirlik hamda Markazga taqdim etadi.

56. Monitoring guruhi “QR-Feedback” axborot tizimiga jamoatchilik nazorati va ota-onalardan kelib tushgan shikoyat va takliflarni muvofiqlashtirib boradi hamda oʻrganish natijasi toʻgʻrisida Markazga doimiy ravishda maʼlumot kiritib boradi.

9-bob. Yakunlovchi qoida

57. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi.

Davlat maktabgacha taʼlim tashkilotlarida autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Autsorsing usulida ovqatlantirishni tashkil etish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimlari Autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etish uchun tavsiya etiladigan maktabgacha taʼlim tashkilotlari roʻyxatini shakllantirib, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar maktabgacha va maktab taʼlimi boshqarmalariga taqdim etadi. Roʻyxatda har bir tashkilotning quvvati, tarbiyalanuvchilar soni, oshxonasining holati (taʼmirtalabligi, sanitariya-gigiyena va jihozlarining holati hamda boshqalar) toʻgʻrisidagi maʼlumotlar aks ettiriladi. Har yili 10-iyunga qadar 2-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar maktabgacha va maktab taʼlimi boshqarmalari Tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimlari tomonidan taqdim etilgan autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirish tashkil etiladigan davlat MTTlari roʻyxatini va tegishli maʼlumotlarni oʻrganib chiqqan holda umumlashtirib, Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligiga taqdim etadi. Har yili 20-iyunga qadar 3-bosqich Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoatchilik salomatligi qoʻmitasi Tarbiyalanuvchilarni sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga muvofiq tayyor taomlarning vazni, narxi, tarkibidagi mahsulotlar miqdorlari, texnologik kartalarni oʻz ichiga olgan holda, toʻrt fasl uchun “Yagona mavsumiy taomnoma” hamda texnologik kartasini ishlab chiqadi va tasdiqlaydi. Har yili 1-iyulga qadar 4-bosqich Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi Hududiy boshqarmalar tomonidan taqdim etilgan davlat MTTlari roʻyxati asosida kelgusi moliya yilida autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirish tashkil etiladigan davlat MTTlari sonini hududlar kesimida belgilaydi va Iqtisodiyot va moliya vazirligiga taqdim etadi. Har yili 15-iyulga qadar 5-bosqich Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi Autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirish tashkil etiladigan davlat MTTlarining belgilangan soni, roʻyxati va tegishli maʼlumotlarni Taʼlim sohasida ovqatlantirishni tashkil etish va nazorat qilish markaziga taqdim etadi. Har yili 5-avgustga qadar 6-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari “Yagona mavsumiy taomnoma”da koʻrsatilgan oziq-ovqat mahsulotlarining har biri boʻyicha joriy yil toʻrt mavsumi uchun oʻrtacha bozor narxlarini (qoʻshilgan qiymat soligʻi bilan) Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligiga tasdiqlangan holda taqdim etadi. Har yili 20-avgustga qadar 7-bosqich Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi “Yagona mavsumiy taomnoma”da koʻrsatilgan oziq-ovqat mahsulotlarining meʼyorlari va taqdim etilgan narxlari (qoʻshilgan qiymat soligʻi bilan) asosida Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri boʻyicha bir nafar tarbiyalanuvchini bir kunda sogʻlom ovqatlantirish narxini har bir mavsum boʻyicha Iqtisodiyot va moliya vazirligiga kiritadi. Har yili 15-sentabrga qadar 8-bosqich Iqtisodiyot va moliya vazirligi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi tomonidan kiritilgan bir nafar tarbiyalanuvchini bir kunda sogʻlom ovqatlantirish narxini kelgusi moliya yili uchun isteʼmol narxlari indeksining eng yuqori koeffitsiyentidan kam boʻlmagan miqdorga oshirgan holda, kelgusi moliya yili uchun bir nafar tarbiyalanuvchini bir kunda sogʻlom ovqatlantirish narxini belgilaydi. Har yili 1-oktabrga qadar 9-bosqich Taʼlim sohasida ovqatlantirishni tashkil etish va nazorat qilish markazi Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat xaridlari toʻgʻrisida”gi Qonunining asosiy prinsiplariga qatʼiy rioya etgan holda, davlat xaridlarini amalga oshiradi. Har yili 15-dekabrga qadar (zaruratga koʻra yil davomida) 10-bosqich Tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimlari Gʻolib autsorserlar aniqlangan bayonnomalariga muvofiq belgilangan tartibda shartnomalar tuzadi. Har yili 25-dekabrga qadar (zaruratga koʻra yil davomida)

Davlat maktabgacha taʼlim tashkilotlarida autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Davlat maktabgacha taʼlim tashkilotlarida tayyor taomlar sifatini nazorat qilish boʻyicha brakeraj daftari

Tayyor ovqatning nomlanishi Baholanishi Sinama olingan vaqti Tibbiyot xodimining ruxsati Imzo taomnomaning bajarilishi sifati ovqat tayyorlash texnologiyasiga rioya qilinganligi 20___ yil ____ ___________ Nonushta Tushlik Ikkinchi tushlik Kechki ovqat 20___ yil ____ __________ Nonushta Tushlik Ikkinchi tushlik Kechki ovqat

Davlat maktabgacha taʼlim tashkilotlarida autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA

Davlat maktabgacha taʼlim tashkilotlariga keltirilgan xom oziq-ovqat mahsulotlari sifati haqidagi

Autsorser (tashkilot nomi) Mahsulot keltirilgan sana Mahsulot nomi Miqdori (kg, litr, dona) Baholash Brakeraj komissiyasi ruxsati Brakeraj komissiyasi aʼzosi imzosi mahsulot sifatini organoleptik usulda baholash sifatsizlik alomatlarini izohlash

Davlat maktabgacha taʼlim tashkilotlarida autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 4-ILOVA

Davlat maktabgacha taʼlim tashkilotlarida sifati tez ayniydigan oziq-ovqat mahsulotlarini nazorat qilish boʻyicha daftar

T/r Autsorser (tashkilot nomi) Mahsulotning kelgan vaqti va sanasi Sifati tez ayniydigan mahsulotlar va ularning miqdori (kg, litr, dona) Sifati haqida maʼlumot Foydalanish muddatining oxirgi sanasi va vaqti Imzo 1. 2. 3. 4. 5. ...

Davlat maktabgacha taʼlim tashkilotlarida autsorsing usulida sogʻlom ovqatlantirishni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 5-ILOVA

Autsorsing usulida ovqatlantirishni tashkil etish boʻyicha monitoring yuritish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi Monitorning yuritish yuzasidan reja-jadvalni tasdiqlaydi hamda hududiy boshqarmalar va davlat buyurtmachilariga taqdim etadi. Har chorakda 2-bosqich Monitoring guruhi Gʻolib deb topilgan autsorserning majburiyatlari bajarilishi yuzasidan har chorakda monitoring yuritadi. Har chorakda 3-bosqich Monitoring guruhi Autsorser tomonidan tayyorlab berilayotgan taomlarning “Yagona mavsumiy taomnoma”ga, sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga muvofiqligini hamda kiritilgan investitsiya majburiyatlari ijrosini oʻrganadi. Kamchiliklar aniqlangan taqdirda, belgilangan tartibda dalolatnoma rasmiylashtiradi va Taʼlim sohasida ovqatlantirishni tashkil etish va nazorat qilish markaziga maʼlumot kiritadi. Yil davomida zaruratga koʻra 4 bosqich Taʼlim sohasida ovqatlantirishni tashkil etish va nazorat qilish markazi Aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish boʻyicha muddatni belgilaydi va bu haqda autsorserga ogohlantirish beradi. Yil davomida zaruratga koʻra 5-bosqich Xarid komissiyasi Ogohlantirishda belgilangan muddat davomida autsorser tomonidan kamchiliklar bartaraf etilmagan taqdirda, autsorser bilan shartnomani bir tomonlama bekor qilish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi hamda tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimlariga yuboradi. Yil davomida zaruratga koʻra 6-bosqich Tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimlari Xarid komissiyasi qaroriga asosan amaldagi autsorser bilan shartnomani bekor qiladi va zaxiradagi gʻolib bilan shartnoma tuzadi. Yil davomida zaruratga koʻra

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 6-yanvardagi 1-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb eʼtirof etilayotgan ayrim qarorlari

1. Vazirlar Mahkamasining “Davlat maktabgacha taʼlim tashkilotlarida sogʻlom ovqatlantirish tizimini yanada takomillashtirish toʻgʻrisida” 2019-yil 25-iyuldagi 626-son qarorining 2-bandi uchinchi xatboshisi va 2-ilovasi .

2. Vazirlar Mahkamasining “Davlat maktabgacha taʼlim tashkilotlarida sogʻlom ovqatlantirish tizimini takomillashtirishning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 30-iyundagi 407-son qarori .

3. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Koronavirus pandemiyasini yumshatish, aholining sanitariya-epidemiologik osoyishtaligi va salomatligini saqlash tizimini tubdan takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 25-iyuldagi PF-6035-son Farmoni)” 2021-yil 19-noyabrdagi 694-son qaroriga 1-ilovaning 65-bandi “v” kichik bandi .

4. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasining “Normativ-huquqiy hujjatlar toʻgʻrisida” 2021-yil 20-apreldagi OʻRQ-682-son Qonuni)” 2022-yil 4-apreldagi 153-son qaroriga ilovaning 674-bandi “b” kichik bandi .

5. Vazirlar Mahkamasining “Savdo va xizmat koʻrsatish sohasida jamoatchilik nazorati samaradorligini oshirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2022-yil 12-maydagi 255-son qaroriga 3-ilovaning 22-bandi .

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 6-yanvar,

1-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 10.01.2025-y., 09/25/1/0020-son; 15.10.2026-y., 09/26/563/1041-son)

lex.uz