UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 10-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 10 январь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 10 января 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 10 January 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

Вазирлар Маҳкамасининг «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2021 йил 24 ноябрдаги 709-сон қарорига қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг « Ер тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида » 2023 йил 23 октябрдаги ЎРҚ-871-сон ва « Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибининг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида » 2024 йил 9 октябрдаги ЎРҚ-973-сон қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 18 январдаги ПФ-15-сон Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 18 январдаги ПФ-15-сон Фармони билан 2024 йил 1 мартдан бошлаб қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари ижарачиларига ижарага берилган ер участкалари бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини ер участкасидан фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ҳолда бошқа шахсга ўтказишга (қайта ижарага беришга) рухсат берилганлиги;

Вазирлар Маҳкамасининг «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2021 йил 24 ноябрдаги 709-сон қарорида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасини қайта ижарага бериш (бошқа шахсга ўтказиш) кўчмас мулкка оид битимларни расмийлаштириш тартибида амалга оширилиши ва нотариал тартибда тасдиқланиши белгилаганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2021 йил 24 ноябрдаги 709-сон қарорига иловага мувофиқ қуйидагиларни назарда тутувчи қўшимчалар киритилсин:

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасининг ижарачиси ерни ижарага олиш шартномаси бўйича ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларини ер участкасидан асосий фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ҳолда, бошқа шахсга ўтказиш (қайта ижарага бериш) бўйича битимни расмийлаштириш учун нотариал идорага ўзи келиб мурожаат қилиши;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаси бошқа шахсга фақат тўлиқ ҳажмда қайта ижарага берилиши ҳамда ерни ижарага олиш шартномаси бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар ижара муддатининг қолган даврига расмийлаштирилиши.

3. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда илғор хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, ер участкасидан фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ҳолда, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасининг бир қисмига нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятларни бошқа шахсга ўтказиш (қайта ижарага бериш) бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 10 январдаги 6-сон қарорига ИЛОВА

Вазирлар Маҳкамасининг «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2021 йил 24 ноябрдаги 709-сон қарорига киритилаётган қўшимчалар

1. Қуйидаги мазмундаги 3 4 -банд билан тўлдирилсин:

«3 4 . Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасини ер участкасидан асосий фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ҳолда бошқа шахсга ўтказиш бўйича нотариал идорага мурожаат қилиш, битимни расмийлаштириш, ер участкасини бошқа шахсга фақат тўлиқ ҳажмда қайта ижарага бериш ҳамда ерни ижарага олиш шартномаси бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларни ижара муддатининг қолган даврига расмийлаштириш тартибини назарда тутувчи Ер участкасига бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларни бошқа шахсга ўтказиш (қайта ижарага бериш) тартиби тўғрисидаги низом 3 3 -иловага мувофиқ тасдиқлансин»;

2. Қуйидаги мазмундаги 3 3 -илова билан тўлдирилсин:

«Ер участкасига бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларни бошқа шахсга ўтказиш (қайта ижарага бериш) тартиби тўғрисидаги

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом ер участкасига бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларни бошқа шахсга ўтказиш (қайта ижарага бериш) тартибини белгилайди.

2. Ушбу низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги;

ер участкаси — ер фондининг қайд этилган чегарага, майдонга, жойлашиш манзилига, ҳуқуқий режимга ҳамда давлат ер кадастрида акс эттириладиган бошқа хусусиятларига эга бўлган қисми;

ижарага олувчи — ер ўзига ижара ҳуқуқи асосида бириктирилган ва ер участкаси мавжуд бўлган юридик ёки жисмоний шахс (фермер хўжалиги, агрокластер, кооперация, деҳқон хўжалиги ва бошқа тадбиркорлик субъектлари);

қайта ижарага олувчи — амалдаги ижарага олувчидан ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини олувчи юридик ёки жисмоний шахс (фермер хўжалиги, агрокластер, кооперация, деҳқон хўжалиги ва бошқа тадбиркорлик субъектлари);

UZKAD тизими — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Кадастр ва рўйхатдан ўтказишнинг интеграциялашган ахборот тизими.

3. Ер участкаси қайта ижарага олувчига кўчмас мулкларни бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги битимларни расмийлаштириш тартибида ўтказилади (қайта ижарага берилади).

2-боб. Ер участкасининг ижара ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказишга доир асосий талаблар

4. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаси қайта ижарага олувчига қуйидаги талаб асосида ўтказилади (қайта ижарага берилади):

ижарага олувчи ер участкасидан камида уч йил давомида, ушбу банднинг учинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолларда эса, камида беш йил давомида ўзи фойдаланган бўлиши шарт. Ушбу муддат ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб ҳисобланади;

юридик шахсларга электрон онлайн-аукцион савдолари, очиқ электрон танлов ёки танлов ўтказмасдан давлат органларининг қарорлари билан тўғридан-тўғри ижарага берилган ер участкаларини қайта ижарага олувчига ўтказишга (қайта ижарага беришга) ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб беш йилдан кейин йўл қўйилади;

ижарага олувчи очиқ электрон танлов натижаларига кўра ер участкасини ижара муддати бўйича тенг тақсимланадиган қўшимча тўловларни ёки электрон онлайн-аукцион савдолари натижаларига кўра бўлиб-бўлиб тўлаш назарда тутилган тўловларни бир йўла тўлиқ тўлаши шарт;

ер участкаси ҳамда ушбу ер участкаси бўйича ижарага олувчининг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари ер участкасидан фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ҳолда тўлиқ қайта ижарага олувчига ўтказилади;

ижарага олувчи қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини қайта ижарага олувчига ўтказишда (қайта ижарага беришда), қайта ижарага олувчи юридик шахс бўлиши талаб этилади, деҳқон хўжалигини юритиш учун ажратилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бундан мустасно.

5. Жисмоний ва юридик шахслар электрон онлайн-аукцион савдолари орқали ижарага олган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларига нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятларни ижара муддатининг қолган муддатига қайта ижарага олувчига ўтказиши (қайта ижарага бериши) мумкин.

6. Ижарага олувчи томонидан ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар нотариал идорага (нотариусга) тақдим этилади.

7. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини қайта ижарага беришда нотариал идорага (нотариусга) ер участкасига доир қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

ер участкасининг ижарага олиш шартномаси;

ер участкасининг ижарага олиш шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжат (реестрдан кўчирма, давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи гувоҳнома);

ер участкасини ижарага олиш шартномаси тузилишига асос бўлган очиқ электрон танлов ёки электрон-онлайн аукцион савдолари натижасида тузилган баённома ёхуд ваколатли давлат органларининг қарорлари;

ер участкаси қайта ўлчовдан ўтказилиб, ўлчов натижасига кўра ваколатли органнинг ижобий хулосаси (агар мавжуд бўлса).

8. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини қайта ижарага беришда, нотариус томонидан қайта ижарага олувчига ер участкасини қайта ўлчовдан ўтказиш юзасидан давлат хизматидан фойдаланиш ҳамда ваколатли органнинг ижобий хулосасини олиш тавсия этилади.

Бунда қайта ижарага олувчи ушбу таклифни рад этган тақдирда, ер участкасини бошқа шахсга ўтказишга доир нотариал тасдиқланадиган битимга ер участкасининг ижара шартномасида кўрсатилган ер участкаси майдони ва амалдаги майдонидан фарқ қилган ҳамда ушбу ер участкасида ноқонуний қурилма (лар) қурилган ҳолларда, жавобгарликни қайта ижарага олувчи ўз зиммасига олиши юзасидан тегишли банд киритилади.

9. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасини қайта ижарага беришда, нотариал идорага (нотариусга) ер участкасига доир қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

ер участкасининг ижарага олиш шартномаси;

ер участкасини ижарага олиш шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжат (реестрдан кўчирма, давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи гувоҳнома);

ер участкасининг ижарага олиш шартномаси тузилишига асос бўлган электрон-онлайн аукцион савдолари натижасида тузилган баённома.

3-боб. Қайта ижарага олувчининг ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари

10. Ер участкасини қайта ижарага олувчига ўтказишда (қайта ижарага беришда) ер участкасининг ижара шартномаси давлат рўйхатидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибида ўтказилади.

11. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасини қайта ижарага олувчига ўтказиш (қайта ижарага бериш) юзасидан нотариал тасдиқланган битимга мувофиқ қайта ижарага олувчи жисмоний шахс бўлса, у шартнома имзолаш учун берилган ўн иш куни ичида ўзининг ягона таъсисчилигида ташкил этилган фермер хўжалиги ёки бошқа юридик шахс тўғрисидаги ахборотни ёхуд деҳқон хўжалиги давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида деҳқон хўжаликларининг ягона давлат реестридан кўчирмани давлат рўйхатидан ўтказувчи тегишли кадастр органига бевосита ёки электрон шаклда юборади.

12. Қайта ижарага олувчи томонидан мазкур Низомнинг 11-бандига мувофиқ юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги ахборот ёки деҳқон хўжаликларининг ягона давлат реестридан кўчирмани тақдим этгандан сўнг кадастр органлари томонидан қайта ижарага олувчининг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи уч иш куни ичида давлат рўйхатидан ўтказилади.

Бунда қайта ижарага олувчи томонидан мазкур Низомнинг 11-бандида белгиланган талаблар бажарилмаган тақдирда, кадастр органлари томонидан қайта ижарага олувчининг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказишни рад этишга асос ҳисобланади.

13. Кадастр органлари томонидан қайта ижарага олувчининг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг ер участкасининг ижарага олувчиси ўзгарганлиги тўғрисидаги ахборот (ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос бўлган ҳужжат илова қилинган ҳолда) тегишли туман (шаҳар) ҳокимлигига электрон шаклда юборилади.

4-боб. Якунловчи қоидалар

14. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

15. Мазкур низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар».

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 10 январь,

6-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.01.2025 й., 09/25/6/0023-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

Vazirlar Mahkamasining “Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkalarini ijaraga berish tartibiga doir normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida” 2021-yil 24-noyabrdagi 709-son qaroriga qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkalarini ijaraga berish tartibini takomillashtirishga qaratilgan qoʻshimchalar kiritish haqida

Oʻzbekiston Respublikasining “ Yer toʻgʻrisidagi qonunchilik takomillashtirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida ” 2023-yil 23-oktabrdagi OʻRQ-871-son va “ Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkalarini ijaraga berish tartibining takomillashtirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida ” 2024-yil 9-oktabrdagi OʻRQ-973-son qonunlari hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkalarini ijaraga berish tartibini takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2024-yil 18-yanvardagi PF-15-son Farmoniga muvofiq Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkalarini ijaraga berish tartibini takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2024-yil 18-yanvardagi PF-15-son Farmoni bilan 2024-yil 1-martdan boshlab qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkalari ijarachilariga ijaraga berilgan yer uchastkalari boʻyicha oʻz huquq va majburiyatlarini yer uchastkasidan foydalanish maqsadini oʻzgartirmagan holda boshqa shaxsga oʻtkazishga (qayta ijaraga berishga) ruxsat berilganligi;

Vazirlar Mahkamasining “Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkalarini ijaraga berish tartibiga doir normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida” 2021-yil 24-noyabrdagi 709-son qarorida qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkasini qayta ijaraga berish (boshqa shaxsga oʻtkazish) koʻchmas mulkka oid bitimlarni rasmiylashtirish tartibida amalga oshirilishi va notarial tartibda tasdiqlanishi belgilaganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Vazirlar Mahkamasining “Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkalarini ijaraga berish tartibiga doir normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida” 2021-yil 24-noyabrdagi 709-son qaroriga ilovaga muvofiq quyidagilarni nazarda tutuvchi qoʻshimchalar kiritilsin:

qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkasining ijarachisi yerni ijaraga olish shartnomasi boʻyicha oʻz huquqlari va majburiyatlarini yer uchastkasidan asosiy foydalanish maqsadini oʻzgartirmagan holda, boshqa shaxsga oʻtkazish (qayta ijaraga berish) boʻyicha bitimni rasmiylashtirish uchun notarial idoraga oʻzi kelib murojaat qilishi;

qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkasi boshqa shaxsga faqat toʻliq hajmda qayta ijaraga berilishi hamda yerni ijaraga olish shartnomasi boʻyicha huquq va majburiyatlar ijara muddatining qolgan davriga rasmiylashtirilishi.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi Adliya vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birgalikda uch oy muddatda ilgʻor xorijiy davlatlar tajribasidan kelib chiqib, yer uchastkasidan foydalanish maqsadini oʻzgartirmagan holda, qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkasining bir qismiga nisbatan huquq va majburiyatlarni boshqa shaxsga oʻtkazish (qayta ijaraga berish) boʻyicha Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritsin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari J.A. Xodjayev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 10-yanvardagi 6-son qaroriga ILOVA

Vazirlar Mahkamasining “Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkalarini ijaraga berish tartibiga doir normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida” 2021-yil 24-noyabrdagi 709-son qaroriga kiritilayotgan qoʻshimchalar

1. Quyidagi mazmundagi 3 4 -band bilan toʻldirilsin:

“3 4 . Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkasini yer uchastkasidan asosiy foydalanish maqsadini oʻzgartirmagan holda boshqa shaxsga oʻtkazish boʻyicha notarial idoraga murojaat qilish, bitimni rasmiylashtirish, yer uchastkasini boshqa shaxsga faqat toʻliq hajmda qayta ijaraga berish hamda yerni ijaraga olish shartnomasi boʻyicha huquq va majburiyatlarni ijara muddatining qolgan davriga rasmiylashtirish tartibini nazarda tutuvchi Yer uchastkasiga boʻlgan huquq va majburiyatlarni boshqa shaxsga oʻtkazish (qayta ijaraga berish) tartibi toʻgʻrisidagi nizom 3 3 -ilovaga muvofiq tasdiqlansin”;

2. Quyidagi mazmundagi 3 3 -ilova bilan toʻldirilsin:

“Yer uchastkasiga boʻlgan huquq va majburiyatlarni boshqa shaxsga oʻtkazish (qayta ijaraga berish) tartibi toʻgʻrisidagi

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom yer uchastkasiga boʻlgan huquq va majburiyatlarni boshqa shaxsga oʻtkazish (qayta ijaraga berish) tartibini belgilaydi.

2. Ushbu nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

vakolatli organ — Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi;

yer uchastkasi — yer fondining qayd etilgan chegaraga, maydonga, joylashish manziliga, huquqiy rejimga hamda davlat yer kadastrida aks ettiriladigan boshqa xususiyatlariga ega boʻlgan qismi;

ijaraga oluvchi — yer oʻziga ijara huquqi asosida biriktirilgan va yer uchastkasi mavjud boʻlgan yuridik yoki jismoniy shaxs (fermer xoʻjaligi, agroklaster, kooperatsiya, dehqon xoʻjaligi va boshqa tadbirkorlik subyektlari);

qayta ijaraga oluvchi — amaldagi ijaraga oluvchidan yer uchastkasiga boʻlgan ijara huquqini oluvchi yuridik yoki jismoniy shaxs (fermer xoʻjaligi, agroklaster, kooperatsiya, dehqon xoʻjaligi va boshqa tadbirkorlik subyektlari);

UZKAD tizimi — Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Kadastr agentligining Kadastr va roʻyxatdan oʻtkazishning integratsiyalashgan axborot tizimi.

3. Yer uchastkasi qayta ijaraga oluvchiga koʻchmas mulklarni boshqa shaxsga oʻtkazish haqidagi bitimlarni rasmiylashtirish tartibida oʻtkaziladi (qayta ijaraga beriladi).

2-bob. Yer uchastkasining ijara huquqini boshqa shaxsga oʻtkazishga doir asosiy talablar

4. Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkasi qayta ijaraga oluvchiga quyidagi talab asosida oʻtkaziladi (qayta ijaraga beriladi):

ijaraga oluvchi yer uchastkasidan kamida uch yil davomida, ushbu bandning uchinchi xatboshisida nazarda tutilgan hollarda esa, kamida besh yil davomida oʻzi foydalangan boʻlishi shart. Ushbu muddat ijara huquqi davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan paytdan boshlab hisoblanadi;

yuridik shaxslarga elektron onlayn-auksion savdolari, ochiq elektron tanlov yoki tanlov oʻtkazmasdan davlat organlarining qarorlari bilan toʻgʻridan-toʻgʻri ijaraga berilgan yer uchastkalarini qayta ijaraga oluvchiga oʻtkazishga (qayta ijaraga berishga) ijara huquqi davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan paytdan boshlab besh yildan keyin yoʻl qoʻyiladi;

ijaraga oluvchi ochiq elektron tanlov natijalariga koʻra yer uchastkasini ijara muddati boʻyicha teng taqsimlanadigan qoʻshimcha toʻlovlarni yoki elektron onlayn-auksion savdolari natijalariga koʻra boʻlib-boʻlib toʻlash nazarda tutilgan toʻlovlarni bir yoʻla toʻliq toʻlashi shart;

yer uchastkasi hamda ushbu yer uchastkasi boʻyicha ijaraga oluvchining oʻz huquq va majburiyatlari yer uchastkasidan foydalanish maqsadini oʻzgartirmagan holda toʻliq qayta ijaraga oluvchiga oʻtkaziladi;

ijaraga oluvchi qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkasiga boʻlgan ijara huquqini qayta ijaraga oluvchiga oʻtkazishda (qayta ijaraga berishda), qayta ijaraga oluvchi yuridik shaxs boʻlishi talab etiladi, dehqon xoʻjaligini yuritish uchun ajratilgan qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlar bundan mustasno.

5. Jismoniy va yuridik shaxslar elektron onlayn-auksion savdolari orqali ijaraga olgan qishloq xoʻjaligiga moʻljallanmagan yer uchastkalariga nisbatan huquq va majburiyatlarni ijara muddatining qolgan muddatiga qayta ijaraga oluvchiga oʻtkazishi (qayta ijaraga berishi) mumkin.

6. Ijaraga oluvchi tomonidan yer uchastkasiga boʻlgan huquqni tasdiqlovchi hujjatlar notarial idoraga (notariusga) taqdim etiladi.

7. Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkalarini qayta ijaraga berishda notarial idoraga (notariusga) yer uchastkasiga doir quyidagi hujjatlar taqdim etiladi:

yer uchastkasining ijaraga olish shartnomasi;

yer uchastkasining ijaraga olish shartnomasi davlat roʻyxatidan oʻtkazilganligini tasdiqlovchi hujjat (reyestrdan koʻchirma, davlat roʻyxatidan oʻtkazilganligini tasdiqlovchi guvohnoma);

yer uchastkasini ijaraga olish shartnomasi tuzilishiga asos boʻlgan ochiq elektron tanlov yoki elektron-onlayn auksion savdolari natijasida tuzilgan bayonnoma yoxud vakolatli davlat organlarining qarorlari;

yer uchastkasi qayta oʻlchovdan oʻtkazilib, oʻlchov natijasiga koʻra vakolatli organning ijobiy xulosasi (agar mavjud boʻlsa).

8. Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkalarini qayta ijaraga berishda, notarius tomonidan qayta ijaraga oluvchiga yer uchastkasini qayta oʻlchovdan oʻtkazish yuzasidan davlat xizmatidan foydalanish hamda vakolatli organning ijobiy xulosasini olish tavsiya etiladi.

Bunda qayta ijaraga oluvchi ushbu taklifni rad etgan taqdirda, yer uchastkasini boshqa shaxsga oʻtkazishga doir notarial tasdiqlanadigan bitimga yer uchastkasining ijara shartnomasida koʻrsatilgan yer uchastkasi maydoni va amaldagi maydonidan farq qilgan hamda ushbu yer uchastkasida noqonuniy qurilma (lar) qurilgan hollarda, javobgarlikni qayta ijaraga oluvchi oʻz zimmasiga olishi yuzasidan tegishli band kiritiladi.

9. Qishloq xoʻjaligiga moʻljallanmagan yer uchastkasini qayta ijaraga berishda, notarial idoraga (notariusga) yer uchastkasiga doir quyidagi hujjatlar taqdim etiladi:

yer uchastkasining ijaraga olish shartnomasi;

yer uchastkasini ijaraga olish shartnomasi davlat roʻyxatidan oʻtkazilganligini tasdiqlovchi hujjat (reyestrdan koʻchirma, davlat roʻyxatidan oʻtkazilganligini tasdiqlovchi guvohnoma);

yer uchastkasining ijaraga olish shartnomasi tuzilishiga asos boʻlgan elektron-onlayn auksion savdolari natijasida tuzilgan bayonnoma.

3-bob. Qayta ijaraga oluvchining yer uchastkasiga boʻlgan ijara huquqini davlat roʻyxatidan oʻtkazishning oʻziga xos xususiyatlari

10. Yer uchastkasini qayta ijaraga oluvchiga oʻtkazishda (qayta ijaraga berishda) yer uchastkasining ijara shartnomasi davlat roʻyxatidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda koʻchmas mulkni davlat roʻyxatidan oʻtkazish tartibida oʻtkaziladi.

11. Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkasini qayta ijaraga oluvchiga oʻtkazish (qayta ijaraga berish) yuzasidan notarial tasdiqlangan bitimga muvofiq qayta ijaraga oluvchi jismoniy shaxs boʻlsa, u shartnoma imzolash uchun berilgan oʻn ish kuni ichida oʻzining yagona taʼsischiligida tashkil etilgan fermer xoʻjaligi yoki boshqa yuridik shaxs toʻgʻrisidagi axborotni yoxud dehqon xoʻjaligi davlat roʻyxatidan oʻtkazilganligi toʻgʻrisida dehqon xoʻjaliklarining yagona davlat reyestridan koʻchirmani davlat roʻyxatidan oʻtkazuvchi tegishli kadastr organiga bevosita yoki elektron shaklda yuboradi.

12. Qayta ijaraga oluvchi tomonidan mazkur Nizomning 11-bandiga muvofiq yuridik shaxs davlat roʻyxatidan oʻtkazilganligi toʻgʻrisidagi axborot yoki dehqon xoʻjaliklarining yagona davlat reyestridan koʻchirmani taqdim etgandan soʻng kadastr organlari tomonidan qayta ijaraga oluvchining qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkasiga boʻlgan ijara huquqi uch ish kuni ichida davlat roʻyxatidan oʻtkaziladi.

Bunda qayta ijaraga oluvchi tomonidan mazkur Nizomning 11-bandida belgilangan talablar bajarilmagan taqdirda, kadastr organlari tomonidan qayta ijaraga oluvchining qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkasiga boʻlgan ijara huquqini davlat roʻyxatidan oʻtkazishni rad etishga asos hisoblanadi.

13. Kadastr organlari tomonidan qayta ijaraga oluvchining qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkasiga boʻlgan ijara huquqi davlat roʻyxatidan oʻtkazilgandan soʻng yer uchastkasining ijaraga oluvchisi oʻzgarganligi toʻgʻrisidagi axborot (huquqni davlat roʻyxatidan oʻtkazish uchun asos boʻlgan hujjat ilova qilingan holda) tegishli tuman (shahar) hokimligiga elektron shaklda yuboriladi.

4-bob. Yakunlovchi qoidalar

14. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

15. Mazkur nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar”.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 10-yanvar,

6-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 13.01.2025-y., 09/25/6/0023-son)

lex.uz