UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 30-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 30 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 30 декабря 2024 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 30 December 2024 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Туроператорларнинг халқаро туризм ярмаркаси ва кўргазмаларидаги павильон ижараси харажатларини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 18 июлдаги ПФ-102-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 18 июлдаги ПФ-102-сон Фармони 1-бандининг «г» кичик бандига мувофиқ 2025 йил 1 январдан бошлаб фаолият бошлаганига 3 йилдан кўп бўлмаган туроператорларнинг халқаро туризм ярмарка ва кўргазмаларидаги павильон ижараси харажатининг 50 фоизи Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитасининг (кейинги ўринларда — Туризм қўмитаси) бюджетдан ташқари Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назар тутувчи Туроператорларнинг халқаро туризм ярмаркаси ва кўргазмаларидаги павильон ижараси харажатларини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

туроператорларнинг халқаро туризм ярмаркаси ва кўргазмаларидаги павильон ижараси харажатларини қоплаб бериш учун ариза бериш ва уни кўриб чиқиш тартиби;

харажатлар қоплаб бериладиган тадбиркорлик субъектларига қўйиладиган талаблар ҳамда харажатларни қоплаб беришни рад этиш асослари;

харажатларни қоплаб бериш учун Жамғарма маблағларини тадбиркорлик субъектларига ўтказиш тартиби.

3. Туризм қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда:

ушбу қарор билан тасдиқланган Низомга мувофиқ давлат хизмати Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали жорий этилишини таъминласин;

ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатлар кўриб чиқилишини кузатиб бориш имкониятини яратсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги давлат хизматларини кўрсатишнинг белгиланган тартибига риоя этилиши юзасидан, шу жумладан, ЯИДХП орқали доимий назорат ўрнатсин.

5. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон миллий ахборот агентлигига Туризм қўмитаси билан биргаликда фаолият бошлаганига 3 йилдан кўп бўлмаган туроператорлар учун халқаро туризм ярмаркаси ва кўргазмаларидаги павильон ижараси харажатининг 50 фоизини Жамғарма маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиш тавсия этилсин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 декабрдаги 918-сон қарорига ИЛОВА

Туроператорларнинг халқаро туризм ярмаркаси ва кўргазмаларидаги павильон ижараси харажатларини қоплаб бериш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом фаолият бошлаганига 3 йилдан кўп бўлмаган туроператорларнинг халқаро туризм ярмаркаси ва кўргазмаларидаги (кейинги ўринларда — ярмарка ва кўргазма) павильон ижараси харажатининг 50 фоизини Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитасининг (кейинги ўринларда — Қўмита) бюджетдан ташқари Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

туризм ярмаркаси (кўргазмаси) павильони — туризм соҳаси иштирокчилари ўз туристик маҳсулотлари ва хизматларини тарғиб қилиш ҳамда намойиш этишга мўлжалланган ярмарка (кўргазма) ташкил этиладиган мажмуа, иншоот ёки ер майдони;

туроператор — аризани топшириш жараёнида туристик маҳсулотни шакллантириш, тарғиб этиш ва реализация қилиш бўйича туристик фаолиятни амалга ошириш учун лицензия олганига 3 йилдан кўп бўлмаган юридик шахс;

халқаро туризм кўргазмаси — туризм соҳасида турли мамлакатлар ва тадбиркорлик субъектлари томондан ўз маданияти, маданий мероси, сайёҳлик имкониятлари ва меҳмонхона хизматларини намойиш этадиган ихтисослаштирилган халқаро кўргазма;

халқаро туризм ярмаркаси — туризм соҳасида турли мамлакатларнинг сайёҳлик компаниялари ҳамда туризм соҳасининг бошқа иштирокчилари томонидан ўз хизматлари ва маҳсулотларини харидорларга тақдим этишга ихтисослаштирилган халқаро даражада ўтказиладиган тадбир.

3. Туроператорнинг ярмарка ва кўргазмадаги павильон ижараси харажатининг 50 фоизи Жамғарма маблағлари ҳисобидан Қўмита томонидан ўтказиладиган танлов натижаларига кўра қопланади.

4. Павильон ижараси харажатининг бир қисми қопланадиган ярмарка ва кўргазманинг рўйхати Қўмита томонидан шакллантирилади.

5. Танлов ушбу Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ ўтказилади.

2-боб. Танловда иштирок этиш тартиби ва шартлари

6. Кўргазма ва ярмаркада иштирок этиш учун туроператор тадбирдан олтмиш календарь кун олдин давлат хизматлари маркази ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) Қўмита ҳузуридаги «Milliy PR-markazi» ДУКга (кейинги ўринларда — Марказ) ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги ариза билан мурожаат қилади. Бунда аризага ушбу Низомга 3-иловада кўрсатилган маълумотлар мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

7. Ариза ариза берувчи томонидан идентификация қилишнинг замонавий воситалари билан (электрон рақамли имзо, дактилоскопия, ягона идентификация тизимидаги логин ва парол, мобил-ID ва бошқалар) тасдиқланади.

Ариза ЯИДХП орқали тўлдирилганда, ариза берувчининг электрон рақамли имзоси талаб этилмайди.

8. Танловда қатнашиш учун туроператор куйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлиши;

аризани топшириш жараёнида туристик маҳсулотни шакллантириш, тарғиб этиш ва реализация қилиш бўйича туристик фаолиятни амалга ошириш учун лицензия олганига 3 йилдан кўп бўлмаслиги;

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ «кириш туризми» йўналиши бўйича тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши;

фаолияти қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда вақтинча тўхтатилган, шунингдек, қайта ташкил этиш ёки тугатиш жараёнида бўлмаслиги;

илгари ўтказилган кўргазма ва ярмаркада иштироки учун Қўмита олдида қарздорлиги мавжуд эмаслиги.

9. Марказ беш иш кунида аризаларни ушбу Низомнинг 8-банди талабларига мувофиқлиги юзасидан ўрганиб чиқиб, туроператорнинг танловда иштирок этишига рухсат бериш ёки уни рад этиш тўғрисида (рад этиш асослари аниқ кўрсатилган ҳолда) қарор қабул қилади ҳамда қарорнинг электрон нусхасини қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир иш кунида давлат хизматлари маркази (ўзи келган ҳолда мурожаат қилинганда) ёки ЯИДХП (электрон шаклда мурожаат қилинганда) орқали ариза берувчига юборади.

10. Аризани рад қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:

ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларда маълумотлар тўлиқ кўрсатилмаганлиги ёки нотўғри кўрсатилганлиги;

ариза ушбу Низомнинг 6-бандида белгиланган муддатдан кеч тақдим этилганлиги;

туроператор ушбу Низомнинг 8-бандида белгиланган талабларга жавоб бермаслиги.

Аризани ушбу бандда кўрсатилмаган асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.

3-боб. Туроператорларни танлаб олиш тартиби

11. Кўргазма ва (ёки) ярмаркада иштирок этувчи туроператор Қўмита раисининг буйруғи билан тасдиқланадиган махсус комиссия (кейинги ўринларда — комиссия) томонидан танлаб олинади.

Комиссия таркибига Қўмита раиси раҳбарлигида Қўмита, Марказ ва Ўзбекистон хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси мансабдор шахслари ва мутахассислари киритилади.

12. Марказ Комиссиянинг ишчи органи ҳисобланади.

13. Кўргазма ва (ёки) ярмаркада иштирок этувчи туроператорлар ариза рўйхатга олинган санадан бошлаб ўн беш иш кунида ушбу Низомга 3-иловада келтирилган балл тизимига мувофиқ танлади.

14. Комиссия танлов натижалари бўйича туроператорларга ярмарка ва кўргазмадаги павильон ижараси харажатининг бир қисмини қоплаб бериш тўғрисида қарор қабул қилади.

15. Марказ туроператорларни танлов натижалари тўғрисида бир иш кунида хабардор қилади. Бунда танловдан ўтмаган туроператорларга қабул қилинган қарорнинг асослари ҳақида маълум қилинади.

16. Марказ танлаб олинган туроператорлар ҳақидаги ахборотни www.uzbekistan.travel веб-сайтида, Қўмитанинг расмий веб-сайтида ҳамда Марказнинг ахборот ресурсларида уч иш кунида эълон қилади.

4-боб. Комиссиянинг иш тартиби

17. Комиссия фаолияти қарорларни масъулиятлилик, ошкоралик ва коллегиаллик асосида муҳокама қилиш ва қабул қилиш орқали амалга оширилади.

18. Комиссия ўз фаолиятида ушбу Низом ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.

19. Комиссия аъзосини алмаштиришга фақат Комиссия раисининг қарорига кўра йўл қўйилади.

20. Комиссия, агар унинг мажлисида комиссия аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашса (кворум), ўз вазифаларини амалга оширишда қонуний ҳуқуққа эга бўлади.

21. Комиссия аъзолари комиссия мажлиси ўтказиладиган жой, сана ва вақт ҳақида ўз вақтида хабардор қилиниши лозим. Комиссия аъзолари томонидан сиртдан овоз бериш ёки сўров йўли билан қарор қабул қилиниши мумкин.

22. Комиссия тақдим этилган ҳужжатларни (маълумотларни) ўрганиш, таҳлил қилиш, баҳолаш ҳамда унинг натижаларига кўра танлов ғолибларини аниқлаш бўйича қарор қабул қилиш вазифаларини бажаради.

Комиссия заруратга кўра танловга экспертларни жалб қилиши мумкин.

23. Комиссия аъзолари:

ушбу Низом ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этиши;

Комиссия мажлисларида шахсан иштирок этиши;

туроператорларнинг аризалари ва бошқа ҳужжатларида мавжуд бўлган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлашлари шарт.

24. Комиссияга комиссия раиси раҳбарлик қилади.

Комиссия раиси комиссия ишининг ташкил этилиши учун жавобгардир.

Комиссия раиси бўлмаган даврда унинг мажбуриятларини Комиссия раисининг ўринбосари бажаради.

25. Комиссия раиси:

Комиссиянинг ишига умумий раҳбарлик қилади;

Комиссия мажлисининг кун тартиби ва уни ўтказиш вақтини тасдиқлайди;

Комиссия мажлиси қонуний ҳуқуққа эгалигини эълон қилади ёки кворум мавжуд эмаслиги туфайли уни кўчириш тўғрисида қарор қабул қилади;

Комиссия мажлисига раислик қилади ва унинг баёнларини тасдиқлайди.

Комиссия раиси қонунчиликка мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам бажариши мумкин.

26. Комиссия қарори кворум мавжуд бўлганда, мажлисда қатнашаётган комиссия аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.

27. Овозлар тенг бўлган тақдирда, Комиссия раиси ҳал қилувчи овозга эга бўлади. Комиссия қарори мажлис баёни билан расмийлаштирилади, баён мажлисда иштирок этаётган барча комиссия аъзолари томонидан имзоланади.

28. Комиссия томонидан ўз ваколатлари доирасида қабул қилинадиган қарорлар барча танлов иштирокчилари учун мажбурийдир.

5-боб. Танлов натижалари бўйича шартнома тузиш

29. Марказ томонидан танловдан ўтган туроператор билан тегишли кўргазма ва (ёки) ярмаркада Қўмита жамғармаси маблағлари ҳисобидан унинг аризасида ва комиссия баённомасида кўрсатилган шартларда иштирок этиш тўғрисида уч томонлама шартнома тузади.

30. Агар туроператор ўз аризаси ва Комиссия мажлиси баёни шартларида шартнома тузишдан бош тортса, унга нисбатан танлов натижалари бекор қилинади.

31. Агар туроператор шартнома шартига кўра кўргазма ва (ёки) ярмаркада иштирок этишдан асоссиз равишда бош тортса, унинг кўргазма ва (ёки) ярмаркада иштирок этиши учун Қўмита жамғармаси ҳисобидан сарфланган маблағларни Марказга қоплаб беради.

6-боб. Якунловчи қоидалар

32. Туроператор Комиссия ва Марказ қарорлари ёки уларнинг ходимлари хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.

33. Ушбу Низомни қўллашда келиб чиқадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

34. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Туроператорларнинг халқаро туризм ярмаркаси ва кўргазмаларидаги павильон ижараси харажатларини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Туроператорнинг халқаро туризм ярмаркаси ва кўргазмаларидаги павильон ижараси харажатларини қоплаб бериш

Субъектлар Чора-тадбирлар Бажариш муддатлари Туроператор Халқаро кўргазма ва (ёки) ярмаркаларда иштирок этиш учун давлат хизматлари марказига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали «Milliy PR-markazi» ДУКга (кейинги ўринларда — Марказ) ариза билан мурожаат қилади. Белгиланган тадбирдан 60 календарь кун олдин Марказ 1. Аризани кўриб чиқади ва туроператорнинг танловда иштирок этишига рухсат бериш ёки танловда иштирок этишини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. 5 иш куни ичида 2. Қарорни давлат хизматлари маркази (ўзи келган ҳолда мурожаат қилинганда) ёки ЯИДХП (электрон тарзда мурожаат қилинганда) орқали ариза берувчига юборади. 1 иш куни ичида Махсус комиссия 1. Туроператорнинг ҳужжатларини ўрганади, таҳлил қилади ва баҳолайди. 2. Туроператорга ярмарка (кўргазма)даги павильон ижараси харажатининг бир қисмини қоплаб бериш тўғрисида қарор қабул қилади. 15 иш кун ичида Марказ 1. Қабул қилинган қарорни туроператорга юборади. 1 иш куни ичида 2. Танловдан ўтган туроператорлар ҳақидаги ахборотни www.uzbekistan.travel веб-сайтида, Қўмитанинг расмий веб-сайтида ва Марказнинг ахборот ресурсларида эълон қилади. 3 иш куни ичида

Туроператорларнинг халқаро туризм ярмаркаси ва кўргазмаларидаги павильон ижараси харажатларини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

НАМУНА «Milliy PR-markazi» ДУК АРИЗА 1. _______________________________________________________________________________________, (юридик шахсни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳнома бўйича ариза берувчининг тўлиқ исми) Рўйхатдан ўтган: _________________________________________________________________________________________, (манзил, телефон, факс, электрон почта) _________________________________________________________________________________________, Тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида гувоҳнома: _________________________________________________________________________________________, (рақами, рўйхатдан ўтказилган санаси, ваколатли органнинг номи) вакили _________________________________________________________________________________________, (лавозими, юридик шахс раҳбарининг Ф.И.О.) _________________________________________________________________________________________, (ярмарка/кўргазма номи) халқаро туризм ярмаркаси ва кўргазмасида иштирок этиш истагини билдиради ҳамда иловада кўрсатилган ҳужжатлар ва маълумотларни кўриб чиқишни сўрайди. 2. Ушбу ариза орқали кўргазма/ярмаркада иштирок этишимизни тасдиқлайман. Туроператорларнинг халқаро туризм ярмаркаси ва кўргазмаларидаги павильон ижараси харажатларини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом билан танишдим. 3. Аризага зарур ҳужжат ва маълумотлар илова қилинади _____. _________________________________________________________________________________________, (лавозими, ариза берувчи юридик шахс раҳбарнинг Ф.И.О.) _______________ (шахсий имзо) 20 _____ й. _____ _____________ (сана)

Туроператорларнинг халқаро туризм ярмаркаси ва кўргазмаларидаги павильон ижараси харажатларини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА

Халқаро туризм кўргазмаси ва ярмаркаларида иштирок этадиган туроператорларни танлашда баҳолаш мезони бўйича белгиланган баллар

Т/р Мезонлар Баллар I. Компания фаолиятига рақамли технологияларни жорий этиш 1. Расмий веб-сайтнинг мавжудлиги (веб-сайт дизайни ва ундаги маълумотларнинг тўлиқлиги) 0 — 3 2. Тўлиқ ишлайдиган веб-сайт саҳифаси тиллари сони Ҳар бир тил учун 1 балл (ўзбек ва рус тилидан ташқари) 3. Расмий веб-сайтда туристик хизматлар ва маҳсулотларни онлайн брон қилиш ва сотиш имкониятининг мавжудлиги (интернет-эквайринг) 0 — 2 II. Туристик хизматлар ва маҳсулотлар 1. Йўналишлар бўйича турпакетлар: * Ҳар бир турпакет 2 баллдан а) экотуризм; б) агротуризм; в) экстремал туризм; г) тиббиёт туризми; д) этнотуризм; е) MICE; ж) бошқалар 2. Турпакет доирасида инновацион технологиялардан фойдаланиш Ҳар бир турпакет учун қўшимча равишда 1 баллдан 3. «Туристик маҳалла», «Туристик қишлоқ» ёки «Туристик овул» мақомига эга бўлган жойлар учун турпакетлар Ҳар бир турпакет учун қўшимча равишда 1 баллдан III. Ходимлар ва маркетинг фаолияти 1. Йўналишлар бўйича касбий ва (ёки) олий маълумотга эга бўлган штатда ишловчилар сони: ** Ҳар бир ходим учун 2 баллдан а) туризм; б) маркетинг; в) гид-таржимон; г) меҳмонхона бизнеси д) туроператор ва туризм билан боғлиқ бошқа йўналишлар. 2. Штатда туризм билан боғлиқ «гид», «экскурсия етакчиси», «йўриқчи-йўл бошловчи» ва бошқалар бўйича малака сертификатига эга бўлган ходимлар сони ** Ҳар бир ходим учун 2 баллдан 3. Компаниянинг халқаро туризм веб-платформаларида мавжудлиги (Booking, Expedia, Trip.com, TakeTours ва бошқа халқаро веб-порталлар) Ҳар бир веб-портал учун 1 баллдан 4. Facebook, Instagram, YouTube, Twitter, WeChat ва бошқа ижтимоий тармоқларда фаоллиги (ижтимоий тармоқларда мавжуд бўлган обуначиларнинг сони) Ҳар 1000 обуначи учун 1 баллдан 5. Тасвирли ва матнли йўналиш ўртасида мувозанат мавжуд бўлган (50/50) тарқатма материаллар мавжудлиги (Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини акс эттирувчи брошюралар ва каталоглар) Ҳар бир тарқатма материал учун 1 баллдан

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 30 декабрь,

918-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.01.2025 й., 09/24/918/0047-сон; 17.03.2026 й., 09/26/105/0244-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

Turoperatorlarning xalqaro turizm yarmarkasi va koʻrgazmalaridagi pavilyon ijarasi xarajatlarini qoplab berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasida turizm infratuzilmasini yaxshilash va xorijiy turistlar oqimini yanada oshirishga qaratilgan qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2024-yil 18-iyuldagi PF-102-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasida turizm infratuzilmasini yaxshilash va xorijiy turistlar oqimini yanada oshirishga qaratilgan qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2024-yil 18-iyuldagi PF-102-son Farmoni 1-bandining “g” kichik bandiga muvofiq 2025-yil 1-yanvardan boshlab faoliyat boshlaganiga 3 yildan koʻp boʻlmagan turoperatorlarning xalqaro turizm yarmarka va koʻrgazmalaridagi pavilyon ijarasi xarajatining 50 foizi Oʻzbekiston Respublikasi Turizm qoʻmitasining (keyingi oʻrinlarda — Turizm qoʻmitasi) budjetdan tashqari Turizmni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) mablagʻlari hisobidan qoplab berilishi belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilarni nazar tutuvchi Turoperatorlarning xalqaro turizm yarmarkasi va koʻrgazmalaridagi pavilyon ijarasi xarajatlarini qoplab berish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

turoperatorlarning xalqaro turizm yarmarkasi va koʻrgazmalaridagi pavilyon ijarasi xarajatlarini qoplab berish uchun ariza berish va uni koʻrib chiqish tartibi;

xarajatlar qoplab beriladigan tadbirkorlik subyektlariga qoʻyiladigan talablar hamda xarajatlarni qoplab berishni rad etish asoslari;

xarajatlarni qoplab berish uchun Jamgʻarma mablagʻlarini tadbirkorlik subyektlariga oʻtkazish tartibi.

3. Turizm qoʻmitasi Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi va Adliya vazirligi bilan birgalikda bir oy muddatda:

ushbu qaror bilan tasdiqlangan Nizomga muvofiq davlat xizmati Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali joriy etilishini taʼminlasin;

YIDXPda davlat xizmatlari koʻrsatilishining har bir bosqichida murojaatlar koʻrib chiqilishini kuzatib borish imkoniyatini yaratsin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi davlat xizmatlarini koʻrsatishning belgilangan tartibiga rioya etilishi yuzasidan, shu jumladan, YIDXP orqali doimiy nazorat oʻrnatsin.

5. Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi, Oʻzbekiston milliy axborot agentligiga Turizm qoʻmitasi bilan birgalikda faoliyat boshlaganiga 3 yildan koʻp boʻlmagan turoperatorlar uchun xalqaro turizm yarmarkasi va koʻrgazmalaridagi pavilyon ijarasi xarajatining 50 foizini Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan qoplab berish tartibi toʻgʻrisida ommaviy axborot vositalari orqali keng yoritish tavsiya etilsin.

6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vaziri A.A. Abduxakimov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 30-dekabrdagi 918-son qaroriga ILOVA

Turoperatorlarning xalqaro turizm yarmarkasi va koʻrgazmalaridagi pavilyon ijarasi xarajatlarini qoplab berish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom faoliyat boshlaganiga 3 yildan koʻp boʻlmagan turoperatorlarning xalqaro turizm yarmarkasi va koʻrgazmalaridagi (keyingi oʻrinlarda — yarmarka va koʻrgazma) pavilyon ijarasi xarajatining 50 foizini Oʻzbekiston Respublikasi Turizm qoʻmitasining (keyingi oʻrinlarda — Qoʻmita) budjetdan tashqari Turizmni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) mablagʻlari hisobidan qoplab berish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

turizm yarmarkasi (koʻrgazmasi) pavilyoni — turizm sohasi ishtirokchilari oʻz turistik mahsulotlari va xizmatlarini targʻib qilish hamda namoyish etishga moʻljallangan yarmarka (koʻrgazma) tashkil etiladigan majmua, inshoot yoki yer maydoni;

turoperator — arizani topshirish jarayonida turistik mahsulotni shakllantirish, targʻib etish va realizatsiya qilish boʻyicha turistik faoliyatni amalga oshirish uchun litsenziya olganiga 3 yildan koʻp boʻlmagan yuridik shaxs;

xalqaro turizm koʻrgazmasi — turizm sohasida turli mamlakatlar va tadbirkorlik subyektlari tomondan oʻz madaniyati, madaniy merosi, sayyohlik imkoniyatlari va mehmonxona xizmatlarini namoyish etadigan ixtisoslashtirilgan xalqaro koʻrgazma;

xalqaro turizm yarmarkasi — turizm sohasida turli mamlakatlarning sayyohlik kompaniyalari hamda turizm sohasining boshqa ishtirokchilari tomonidan oʻz xizmatlari va mahsulotlarini xaridorlarga taqdim etishga ixtisoslashtirilgan xalqaro darajada oʻtkaziladigan tadbir.

3. Turoperatorning yarmarka va koʻrgazmadagi pavilyon ijarasi xarajatining 50 foizi Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan Qoʻmita tomonidan oʻtkaziladigan tanlov natijalariga koʻra qoplanadi.

4. Pavilyon ijarasi xarajatining bir qismi qoplanadigan yarmarka va koʻrgazmaning roʻyxati Qoʻmita tomonidan shakllantiriladi.

5. Tanlov ushbu Nizomga 1-ilovadagi sxemaga muvofiq oʻtkaziladi.

2-bob. Tanlovda ishtirok etish tartibi va shartlari

6. Koʻrgazma va yarmarkada ishtirok etish uchun turoperator tadbirdan oltmish kalendar kun oldin davlat xizmatlari markazi yoki Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) Qoʻmita huzuridagi “Milliy PR-markazi” DUKga (keyingi oʻrinlarda — Markaz) ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq shakldagi ariza bilan murojaat qiladi. Bunda arizaga ushbu Nizomga 3-ilovada koʻrsatilgan maʼlumotlar mavjudligini tasdiqlovchi hujjatlar ilova qilinadi.

7. Ariza ariza beruvchi tomonidan identifikatsiya qilishning zamonaviy vositalari bilan (elektron raqamli imzo, daktiloskopiya, yagona identifikatsiya tizimidagi login va parol, mobil-ID va boshqalar) tasdiqlanadi.

Ariza YIDXP orqali toʻldirilganda, ariza beruvchining elektron raqamli imzosi talab etilmaydi.

8. Tanlovda qatnashish uchun turoperator kuyidagi talablarga javob berishi lozim:

Oʻzbekiston Respublikasining rezidenti boʻlishi;

arizani topshirish jarayonida turistik mahsulotni shakllantirish, targʻib etish va realizatsiya qilish boʻyicha turistik faoliyatni amalga oshirish uchun litsenziya olganiga 3 yildan koʻp boʻlmasligi;

Oʻzbekiston Respublikasi qonunchiligiga muvofiq “kirish turizmi” yoʻnalishi boʻyicha tadbirkorlik faoliyatini amalga oshirishi;

faoliyati qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda vaqtincha toʻxtatilgan, shuningdek, qayta tashkil etish yoki tugatish jarayonida boʻlmasligi;

ilgari oʻtkazilgan koʻrgazma va yarmarkada ishtiroki uchun Qoʻmita oldida qarzdorligi mavjud emasligi.

9. Markaz besh ish kunida arizalarni ushbu Nizomning 8-bandi talablariga muvofiqligi yuzasidan oʻrganib chiqib, turoperatorning tanlovda ishtirok etishiga ruxsat berish yoki uni rad etish toʻgʻrisida (rad etish asoslari aniq koʻrsatilgan holda) qaror qabul qiladi hamda qarorning elektron nusxasini qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran bir ish kunida davlat xizmatlari markazi (oʻzi kelgan holda murojaat qilinganda) yoki YIDXP (elektron shaklda murojaat qilinganda) orqali ariza beruvchiga yuboradi.

10. Arizani rad qilish uchun quyidagilar asos boʻladi:

ariza va unga ilova qilingan hujjatlarda maʼlumotlar toʻliq koʻrsatilmaganligi yoki notoʻgʻri koʻrsatilganligi;

ariza ushbu Nizomning 6-bandida belgilangan muddatdan kech taqdim etilganligi;

turoperator ushbu Nizomning 8-bandida belgilangan talablarga javob bermasligi.

Arizani ushbu bandda koʻrsatilmagan asoslar boʻyicha rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.

3-bob. Turoperatorlarni tanlab olish tartibi

11. Koʻrgazma va (yoki) yarmarkada ishtirok etuvchi turoperator Qoʻmita raisining buyrugʻi bilan tasdiqlanadigan maxsus komissiya (keyingi oʻrinlarda — komissiya) tomonidan tanlab olinadi.

Komissiya tarkibiga Qoʻmita raisi rahbarligida Qoʻmita, Markaz va Oʻzbekiston xususiy sayyohlik tashkilotlari uyushmasi mansabdor shaxslari va mutaxassislari kiritiladi.

12. Markaz Komissiyaning ishchi organi hisoblanadi.

13. Koʻrgazma va (yoki) yarmarkada ishtirok etuvchi turoperatorlar ariza roʻyxatga olingan sanadan boshlab oʻn besh ish kunida ushbu Nizomga 3-ilovada keltirilgan ball tizimiga muvofiq tanladi.

14. Komissiya tanlov natijalari boʻyicha turoperatorlarga yarmarka va koʻrgazmadagi pavilyon ijarasi xarajatining bir qismini qoplab berish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

15. Markaz turoperatorlarni tanlov natijalari toʻgʻrisida bir ish kunida xabardor qiladi. Bunda tanlovdan oʻtmagan turoperatorlarga qabul qilingan qarorning asoslari haqida maʼlum qilinadi.

16. Markaz tanlab olingan turoperatorlar haqidagi axborotni www.uzbekistan.travel veb-saytida, Qoʻmitaning rasmiy veb-saytida hamda Markazning axborot resurslarida uch ish kunida eʼlon qiladi.

4-bob. Komissiyaning ish tartibi

17. Komissiya faoliyati qarorlarni masʼuliyatlilik, oshkoralik va kollegiallik asosida muhokama qilish va qabul qilish orqali amalga oshiriladi.

18. Komissiya oʻz faoliyatida ushbu Nizom va boshqa qonunchilik hujjatlariga amal qiladi.

19. Komissiya aʼzosini almashtirishga faqat Komissiya raisining qaroriga koʻra yoʻl qoʻyiladi.

20. Komissiya, agar uning majlisida komissiya aʼzolarining kamida uchdan ikki qismi qatnashsa (kvorum), oʻz vazifalarini amalga oshirishda qonuniy huquqqa ega boʻladi.

21. Komissiya aʼzolari komissiya majlisi oʻtkaziladigan joy, sana va vaqt haqida oʻz vaqtida xabardor qilinishi lozim. Komissiya aʼzolari tomonidan sirtdan ovoz berish yoki soʻrov yoʻli bilan qaror qabul qilinishi mumkin.

22. Komissiya taqdim etilgan hujjatlarni (maʼlumotlarni) oʻrganish, tahlil qilish, baholash hamda uning natijalariga koʻra tanlov gʻoliblarini aniqlash boʻyicha qaror qabul qilish vazifalarini bajaradi.

Komissiya zaruratga koʻra tanlovga ekspertlarni jalb qilishi mumkin.

23. Komissiya aʼzolari:

ushbu Nizom va boshqa qonunchilik hujjatlari talablariga rioya etishi;

Komissiya majlislarida shaxsan ishtirok etishi;

turoperatorlarning arizalari va boshqa hujjatlarida mavjud boʻlgan maʼlumotlarning sir saqlanishini taʼminlashlari shart.

24. Komissiyaga komissiya raisi rahbarlik qiladi.

Komissiya raisi komissiya ishining tashkil etilishi uchun javobgardir.

Komissiya raisi boʻlmagan davrda uning majburiyatlarini Komissiya raisining oʻrinbosari bajaradi.

25. Komissiya raisi:

Komissiyaning ishiga umumiy rahbarlik qiladi;

Komissiya majlisining kun tartibi va uni oʻtkazish vaqtini tasdiqlaydi;

Komissiya majlisi qonuniy huquqqa egaligini eʼlon qiladi yoki kvorum mavjud emasligi tufayli uni koʻchirish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi;

Komissiya majlisiga raislik qiladi va uning bayonlarini tasdiqlaydi.

Komissiya raisi qonunchilikka muvofiq boshqa vazifalarni ham bajarishi mumkin.

26. Komissiya qarori kvorum mavjud boʻlganda, majlisda qatnashayotgan komissiya aʼzolarining oddiy koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi.

27. Ovozlar teng boʻlgan taqdirda, Komissiya raisi hal qiluvchi ovozga ega boʻladi. Komissiya qarori majlis bayoni bilan rasmiylashtiriladi, bayon majlisda ishtirok etayotgan barcha komissiya aʼzolari tomonidan imzolanadi.

28. Komissiya tomonidan oʻz vakolatlari doirasida qabul qilinadigan qarorlar barcha tanlov ishtirokchilari uchun majburiydir.

5-bob. Tanlov natijalari boʻyicha shartnoma tuzish

29. Markaz tomonidan tanlovdan oʻtgan turoperator bilan tegishli koʻrgazma va (yoki) yarmarkada Qoʻmita jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan uning arizasida va komissiya bayonnomasida koʻrsatilgan shartlarda ishtirok etish toʻgʻrisida uch tomonlama shartnoma tuzadi.

30. Agar turoperator oʻz arizasi va Komissiya majlisi bayoni shartlarida shartnoma tuzishdan bosh tortsa, unga nisbatan tanlov natijalari bekor qilinadi.

31. Agar turoperator shartnoma shartiga koʻra koʻrgazma va (yoki) yarmarkada ishtirok etishdan asossiz ravishda bosh tortsa, uning koʻrgazma va (yoki) yarmarkada ishtirok etishi uchun Qoʻmita jamgʻarmasi hisobidan sarflangan mablagʻlarni Markazga qoplab beradi.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

32. Turoperator Komissiya va Markaz qarorlari yoki ularning xodimlari xatti-harakatlari yuzasidan qonunchilikda belgilangan tartibda shikoyat qilishi mumkin.

33. Ushbu Nizomni qoʻllashda kelib chiqadigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

34. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Turoperatorlarning xalqaro turizm yarmarkasi va koʻrgazmalaridagi pavilyon ijarasi xarajatlarini qoplab berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Turoperatorning xalqaro turizm yarmarkasi va koʻrgazmalaridagi pavilyon ijarasi xarajatlarini qoplab berish

Subyektlar Chora-tadbirlar Bajarish muddatlari Turoperator Xalqaro koʻrgazma va (yoki) yarmarkalarda ishtirok etish uchun davlat xizmatlari markaziga yoki Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali “Milliy PR-markazi” DUKga (keyingi oʻrinlarda — Markaz) ariza bilan murojaat qiladi. Belgilangan tadbirdan 60 kalendar kun oldin Markaz 1. Arizani koʻrib chiqadi va turoperatorning tanlovda ishtirok etishiga ruxsat berish yoki tanlovda ishtirok etishini rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. 5 ish kuni ichida 2. Qarorni davlat xizmatlari markazi (oʻzi kelgan holda murojaat qilinganda) yoki YIDXP (elektron tarzda murojaat qilinganda) orqali ariza beruvchiga yuboradi. 1 ish kuni ichida Maxsus komissiya 1. Turoperatorning hujjatlarini oʻrganadi, tahlil qiladi va baholaydi. 2. Turoperatorga yarmarka (koʻrgazma)dagi pavilyon ijarasi xarajatining bir qismini qoplab berish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. 15 ish kun ichida Markaz 1. Qabul qilingan qarorni turoperatorga yuboradi. 1 ish kuni ichida 2. Tanlovdan oʻtgan turoperatorlar haqidagi axborotni www.uzbekistan.travel veb-saytida, Qoʻmitaning rasmiy veb-saytida va Markazning axborot resurslarida eʼlon qiladi. 3 ish kuni ichida

Turoperatorlarning xalqaro turizm yarmarkasi va koʻrgazmalaridagi pavilyon ijarasi xarajatlarini qoplab berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

NAMUNA “Milliy PR-markazi” DUK ARIZA 1. _______________________________________________________________________________________, (yuridik shaxsni roʻyxatdan oʻtkazish toʻgʻrisidagi guvohnoma boʻyicha ariza beruvchining toʻliq ismi) Roʻyxatdan oʻtgan: _________________________________________________________________________________________, (manzil, telefon, faks, elektron pochta) _________________________________________________________________________________________, Tadbirkorlik subyekti sifatida roʻyxatdan oʻtganligi toʻgʻrisida guvohnoma: _________________________________________________________________________________________, (raqami, roʻyxatdan oʻtkazilgan sanasi, vakolatli organning nomi) vakili _________________________________________________________________________________________, (lavozimi, yuridik shaxs rahbarining F.I.O.) _________________________________________________________________________________________, (yarmarka/koʻrgazma nomi) xalqaro turizm yarmarkasi va koʻrgazmasida ishtirok etish istagini bildiradi hamda ilovada koʻrsatilgan hujjatlar va maʼlumotlarni koʻrib chiqishni soʻraydi. 2. Ushbu ariza orqali koʻrgazma/yarmarkada ishtirok etishimizni tasdiqlayman. Turoperatorlarning xalqaro turizm yarmarkasi va koʻrgazmalaridagi pavilyon ijarasi xarajatlarini qoplab berish tartibi toʻgʻrisidagi nizom bilan tanishdim. 3. Arizaga zarur hujjat va maʼlumotlar ilova qilinadi _____. _________________________________________________________________________________________, (lavozimi, ariza beruvchi yuridik shaxs rahbarning F.I.O.) _______________ (shaxsiy imzo) 20 _____ y. _____ _____________ (sana)

Turoperatorlarning xalqaro turizm yarmarkasi va koʻrgazmalaridagi pavilyon ijarasi xarajatlarini qoplab berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA

Xalqaro turizm koʻrgazmasi va yarmarkalarida ishtirok etadigan turoperatorlarni tanlashda baholash mezoni boʻyicha belgilangan ballar

T/r Mezonlar Ballar I. Kompaniya faoliyatiga raqamli texnologiyalarni joriy etish 1. Rasmiy veb-saytning mavjudligi (veb-sayt dizayni va undagi maʼlumotlarning toʻliqligi) 0 — 3 2. Toʻliq ishlaydigan veb-sayt sahifasi tillari soni Har bir til uchun 1 ball (oʻzbek va rus tilidan tashqari) 3. Rasmiy veb-saytda turistik xizmatlar va mahsulotlarni onlayn bron qilish va sotish imkoniyatining mavjudligi (internet-ekvayring) 0 — 2 II. Turistik xizmatlar va mahsulotlar 1. Yoʻnalishlar boʻyicha turpaketlar: * Har bir turpaket 2 balldan a) ekoturizm; b) agroturizm; v) ekstremal turizm; g) tibbiyot turizmi; d) etnoturizm; e) MICE; j) boshqalar 2. Turpaket doirasida innovatsion texnologiyalardan foydalanish Har bir turpaket uchun qoʻshimcha ravishda 1 balldan 3. “Turistik mahalla”, “Turistik qishloq” yoki “Turistik ovul” maqomiga ega boʻlgan joylar uchun turpaketlar Har bir turpaket uchun qoʻshimcha ravishda 1 balldan III. Xodimlar va marketing faoliyati 1. Yoʻnalishlar boʻyicha kasbiy va (yoki) oliy maʼlumotga ega boʻlgan shtatda ishlovchilar soni: ** Har bir xodim uchun 2 balldan a) turizm; b) marketing; v) gid-tarjimon; g) mehmonxona biznesi d) turoperator va turizm bilan bogʻliq boshqa yoʻnalishlar. 2. Shtatda turizm bilan bogʻliq “gid”, “ekskursiya yetakchisi”, “yoʻriqchi-yoʻl boshlovchi” va boshqalar boʻyicha malaka sertifikatiga ega boʻlgan xodimlar soni ** Har bir xodim uchun 2 balldan 3. Kompaniyaning xalqaro turizm veb-platformalarida mavjudligi (Booking, Expedia, Trip.com, TakeTours va boshqa xalqaro veb-portallar) Har bir veb-portal uchun 1 balldan 4. Facebook, Instagram, YouTube, Twitter, WeChat va boshqa ijtimoiy tarmoqlarda faolligi (ijtimoiy tarmoqlarda mavjud boʻlgan obunachilarning soni) Har 1000 obunachi uchun 1 balldan 5. Tasvirli va matnli yoʻnalish oʻrtasida muvozanat mavjud boʻlgan (50/50) tarqatma materiallar mavjudligi (Oʻzbekistonning turistik salohiyatini aks ettiruvchi broshyuralar va kataloglar) Har bir tarqatma material uchun 1 balldan

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2024-yil 30-dekabr,

918-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 18.01.2025-y., 09/24/918/0047-son; 17.03.2026-y., 09/26/105/0244-son)

lex.uz