📅 2025-yil 16-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 16-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 16 январь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 16 января 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 16 January 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
СХЕМАСИ
Олий таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида» 2023 йил 12 июндаги ПФ-93-сон Фармони ҳамда «Чирчиқ шаҳрида қишлоқ хўжалиги машинасозлиги кластерини ташкил этишни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 28 июлдаги ПҚ-335-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб олий таълим тизимида босқичма-босқич дуал таълим асосида ўқитишни йўлга қўйиш, шу жумладан, «Касб эгаси» дуал таълим тизимини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Олий таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
дуал таълим шакли жорий этиладиган олий таълим ташкилотларини тизимида олий таълим ташкилотлари бўлган вазирлик ва идоралар билан келишган ҳолда, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан белгилаш;
дуал таълимнинг назарий ва амалий қисми муддатларини ҳамкор корхона ва ташкилотлар билан келишилган ҳолда, олий таълим ташкилоти томонидан белгилаш;
таълим жараёнининг назарий қисмидаги талабалар иштирокини олий таълим ташкилотида тегишли профессор-ўқитувчи, ишлаб чиқариш билан боғлиқ амалий қисмидаги иштирокини эса корхонадан бириктирилган амалиёт раҳбари (устоз) томонидан мувофиқлаштириб бориш;
олий таълимда «Касб эгаси» дуал таълим тизимини ташкил этиш тартибини белгилаш.
3. Белгилансинки:
«Касб эгаси» дуал таълим тизими Савдо-саноат палатасининг онлайн платформаси асосида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг ахборот тизимига интеграция қилинган ҳолда ташкил этилади;
2025/2026 ўқув йилидан бошлаб «Касб эгаси» дуал таълим тизими биринчи босқичда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг 3 ва 4-курс талабалари учун жорий қилинади;
корхонада бўлиб ўтадиган амалий машғулотлар дастури олий таълим ташкилоти томонидан корхона ва Савдо-саноат палатаси билан келишилган ҳолда тасдиқланади;
«Касб эгаси» дуал таълим тизимида таълим жараёнини бевосита корхоналарда амалга оширган талабалар учун (йўлланма асосида) корхона томонидан ҳисобланадиган иш ҳақининг 2 миллион сўмгача бўлган қисми Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар ой учун қоплаб берилади.
Бунда иш ҳақини Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан қоплаш учун ажратиладиган маблағлар тегишли корхонанинг алоҳида ҳисобварағига ўтказилади.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
ҳар йили 1 февралга қадар дуал таълим ташкил этиладиган корхоналар, таълим йўналишлари ва олий таълим ташкилотлари бўйича Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатасига таклифлар киритсин;
ҳудуддаги олий таълим ташкилотларига дуал таълим тизимини ташкил этишда ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйишга кўмаклашсин.
5. Давлат олий таълим ташкилотларининг дуал таълим шакли бўйича қабул параметрларига таклифлар белгиланган тартибга мувофиқ тасдиқланади.
6. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, тизимида олий таълим ташкилотлари бўлган вазирликлар ва идоралар:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда дуал таълим жараёнларини ташкил этиш юзасидан ҳудуддаги йирик иш берувчилар, кластерлар ва олий таълим ташкилотлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишга кўмаклашсин;
дуал таълим ташкил этиладиган олий таълим ташкилотида ўқув-методик ҳужжатлар, шунингдек, ўқув жараёни жадвали тасдиқланишини таъминласин;
талабаларни белгиланган муддатларда олий таълим ташкилотидаги ўқув жараёнида иштирок этишини ва корхоналарда амалий машғулотлар билан бирга фаолият юритиш чораларини кўрсин;
олий таълим ташкилотларида дуал таълим жараёни ташкил этилиши устидан тизимли назорат ўрнатсин.
7. Савдо-саноат палатаси:
а) Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, тизимида олий таълим ташкилотлари бўлган вазирликлар ва идоралар билан биргаликда олий таълим ташкилотлари томонидан корхоналарда ҳар йили камида бир марта дуал таълим дастурлари бўйича талабалар иштирокида тарғибот учрашувлари ўтказилишини таъминласин;
б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:
ҳар йили 1 июнга қадар дуал таълим шаклида талабаларни қабул қиладиган корхоналар имкониятларини ўрганиш ва дуал таълим ташкил қилинадиган корхоналар рўйхатини эълон қилсин;
ҳар йили 1 сентябрга қадар дуал таълим шаклида ўқишга қабул қилинган талабаларни дуал таълим ташкил қилинадиган корхоналарга бириктириш бўйича корхона, талаба ва олий таълим ташкилоти ўртасида шартнома имзоланишини ташкил этсин;
дуал таълим ташкил қилинган корхоналарда талабалар учун яратилган шарт-шароитларнинг доимий мониторингини юритсин.
8. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги уч ой муддатда меҳнат қонунчилигига дуал таълим шаклида таҳсил олаётган талабаларнинг фаолиятини тартибга солиш, шу жумладан, талабалар ва бириктирилган амалиёт раҳбари (устоз)нинг мақоми ҳамда иш вақти давомийлигини белгилашга оид ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
9. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 16 январдаги 14-сон қарорига ИЛОВА
Олий таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом олий таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш тартибини белгилайди.
Ушбу Низом:
а) Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Банк-молия академияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим ташкилотлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритаётган хорижий олий таълим ташкилотларининг филиалларига нисбатан татбиқ этилмайди;
олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим ташкилотлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритаётган хорижий олий таълим ташкилотларининг филиаллари дуал таълимни ушбу Низом асосида ишлаб чиқилган ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган тартибга мувофиқ амалга ошириши мумкин;
б) нодавлат олий таълим ташкилотлари учун тавсиявий тусга эга ҳисобланади.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
дуал таълим — назарий қисми олий таълим ташкилотида, амалий қисми эса корхонада (иш жойида) ўтказиладиган таълим жараёни;
дуал таълим дастури — олий таълим ташкилоти ва корхонада талабанинг муайян таълим йўналиши (мутахассислик) бўйича билим олиши ҳамда унинг касбий билим ва кўникмаларини шакллантиришга қаратилган ўқув режаси, ўқув дастур (модул)лари, ўқув ва ишлаб чиқариш амалиёти дастурларидан иборат ҳужжатлар тўплами;
дуал таълим асосида ўқитиш — талабалар ўқув машғулотларини бир ҳафтада, қоида тариқасида, камида икки кун таълим дастурининг назарий қисмини олий таълим ташкилотида, қолган кунлари ишлаб чиқариш билан боғлиқ амалий қисмларини корхонада ўтказишларини назарда тутувчи ўқитиш усули;
«Касб эгаси» дуал таълим тизими — назарий қисми олий таълим ташкилотида, амалий қисми эса йўлланма асосида иш жойида ўтказиладиган ҳамда корхона томонидан иш ҳақи тўланадиган таълим жараёни;
ўқув режаси — ўқув жараёнининг барча таркибий қисмлари ва ўқитиладиган ўқув фанларининг соатлари миқдори, кетма-кетлиги, ўқув жараёни жадвали ва тингловчиларни аттестациядан ўтказиш муддатларини белгилайдиган ҳужжат;
корхона (ташкилот) — олий таълим ташкилоти билан дуал таълим асосида кадрлар тайёрлаш бўйича шартнома тузган юридик шахс;
иш жойи — дуал таълимда талабага корхонанинг ички тартиб-қоидалари, тегишли вазифалари ҳамда таълим дастурларига мувофиқ амалий кўникма ва малакаларни эгаллаш учун белгиланган иш ўрни;
амалиёт раҳбари (устоз) — таълим жараёнининг ишлаб чиқариш билан боғлиқ амалий қисмини ўтказиш учун корхона томонидан талаба(лар)га бириктирилган масъул ходим;
шартнома — корхона, олий таълим ташкилоти ва талаба ўртасида дуал таълимни амалга ошириш учун тузилган уч томонлама битим.
3. Дуал таълим шакли жорий этиладиган олий таълим ташкилотлари тизимида олий таълим ташкилотлари бўлган вазирликлар ва идоралар билан келишилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси (кейинги ўринларда — Палата) томонидан белгиланади.
4. Дуал таълим шакли бўйича таҳсил олаётган талаба бириктирилган корхона фаолияти тугатилганда дуал таълим шакли бўйича талабанинг ўқишини давом эттириш юзасидан бошқа корхона билан шартнома имзоланиши ёки талабанинг ўқиши мос таълим йўналиши (мутахассислик) бўйича кундузги, кечки, сиртқи ёки масофавий таълим шаклига ўтказилиши мумкин.
Қолган ҳолатларда талабалар ўқиши белгиланган тартибга мувофиқ кўчирилади.
2-боб. Дуал таълимнинг мақсади ва асосий вазифалари
5. Дуал таълимнинг мақсади қуйидагилардан иборат:
талабаларнинг назарий билимларини мустаҳкамлаш;
талабаларда таълим олаётган таълим йўналиши (мутахассислиги) бўйича амалий кўникмаларни шакллантириш;
талабалар учун ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, корхоналарда ишлаб чиқариш (шунингдек, ташкилий-бошқарув) фаолиятига оид тажрибаларни ўрганишни ташкил этиш;
талабаларнинг касбий ва ижодий қизиқишларини ривожлантириш;
битирувчиларнинг замонавий техника ва технологиялар билан ишлаши учун зарур амалий кўникма ва малакаларга эга бўлишини таъминлаш;
олий таълим ташкилоти ва корхонада ўқитиш, шунингдек, олий таълим ташкилотининг ўқув жараёнига янги ўқитиш технологияларини жорий этиш орқали талабаларнинг рақобатбардошлигини ошириш.
6. Дуал таълимнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
меҳнат бозори эҳтиёжларига, иқтисодиёт тармоқларини ва ривожланиш истиқболларига мос равишда мутахассислар тайёрлаш;
ижтимоий шерикликни такомиллаштириш;
олий таълим ташкилотининг таълим дастурлари мазмуни ва тузилмасининг мобиллигини таъминлаш;
ишлаб чиқариш шароитидаги касбий тажрибани ўргатиш учун талабаларга етарли шароит яратиш;
талабаларга ўқиш ва ишлаш имкониятларини яратиш.
7. Дуал таълим шакли тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
3-боб. Дуал таълимни ташкил этиш тартиби
8. Олий таълим тизимида дуал таълим ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема асосида ташкил этилади.
9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳар йили 1 февралга қадар дуал таълим ташкил этиладиган корхоналар, таълим йўналишлари ва олий таълим ташкилотлари бўйича Вазирликка ҳамда Палатага таклифлар киритади.
10. Давлат олий таълим ташкилотларининг дуал таълим шакли бўйича қабул параметрлари белгиланган тартибга мувофиқ тасдиқланади.
11. Палата Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:
ҳар йили 1 июнга қадар дуал таълим шаклида талабаларни қабул қиладиган корхоналар имкониятларини ўрганади ва дуал таълим ташкил қилиниши мумкин бўлган корхоналар рўйхатини эълон қилади;
ҳар йили 1 сентябрга қадар дуал таълим шаклида ўқишга қабул қилинган талабаларни дуал таълим ташкил қилинадиган корхоналарга бириктириш бўйича корхона, талаба ва олий таълим ташкилоти ўртасида шартномалар имзоланишини ташкил этади;
дуал таълим ташкил қилинган корхоналарда талабалар учун яратилган шарт-шароитларнинг доимий мониторингини юритади.
12. Давлат олий таълим ташкилотларига дуал таълим шакли бўйича талабалар ўқишга олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ қабул қилинади.
13. Дуал таълимни ташкил қилиш қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:
дуал таълим шакли асосида олий маълумотли кадрларни тайёрлашга бўлган талаб ва таклифларни ўрганиш;
дуал таълим ташкил этиладиган корхоналар ва олий таълим ташкилотлари рўйхатини шакллантириш;
дуал таълим ташкил этиладиган олий таълим ташкилотлари ва таълим йўналишлари (мутахассисликлар) рўйхатини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар ва идораларнинг иқтисодиёт тармоқларида олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжларидан келиб чиқиб шакллантириш;
дуал таълим дастурларини ишлаб чиқиш;
корхона, олий таълим ташкилоти ва талаба ўртасида уч томонлама шартнома тузиш;
корхоналарда кафедра филиалларини ташкил этиш;
талабаларни дуал таълим шакли бўйича ўқишга қабул қилиш;
дуал таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш.
14. Дуал таълим дастури белгиланган тартибда тасдиқланган малака талаблари асосида олий таълим ташкилоти томонидан корхона билан ҳамкорликда ўқув жараёни бошланишидан камида бир ой олдин ишлаб чиқилади.
15. Дуал таълимни жорий этиш бўйича корхона, олий таълим ташкилоти ҳамда талаба ўртасида расмийлаштириладиган шартномаларнинг намунаси Вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
16. Олий таълим ташкилотлари дуал таълим ташкил қилинаётган корхоналарда тегишли мутахассислик бўйича кафедра филиалларини ташкил этади.
17. Дуал таълимнинг назарий ва амалий қисми муддатлари ҳамкор корхона ва ташкилотлар билан келишилган ҳолда, олий таълим ташкилоти томонидан белгиланади.
Ўқув режасида талабаларнинг олий таълим ташкилотида таълим дастурининг назарий ва амалий қисмини, ишлаб чиқариш билан боғлиқ амалий қисмларини корхонада ўтказишлари назарда тутилади.
Ўқитишнинг давомийлиги кундузги таълим шакли бўйича тегишли таълим йўналишларидан кам бўлишига (кўп бўлиши мумкин) йўл қўйилмайди.
18. Таълим йўналиши (мутахассислик) хусусиятидан келиб чиқиб, талабаларни дуал таълим асосида ўқитиш бир ҳафтада камида икки кун таълим дастурининг назарий қисмини олий таълим ташкилотида, қолган кунлари эса ишлаб чиқариш билан боғлиқ амалий қисмларини корхонада ўтказиш орқали ёки амалиёт шаклида ҳам ташкил этилиши мумкин.
19. Дуал таълимнинг назарий қисми қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ олий таълим ташкилотида ҳар йили сентябрь ойининг биринчи ҳафтасидан бошлаб ташкил этилади.
20. Корхонанинг тегишли буйруғи асосида дуал таълим бўйича талаба(лар)га тажрибали ходимларидан амалиёт раҳбари (устоз) бириктирилади.
Амалиёт раҳбарига (устозга) корхона томонидан белгиланган тартибда қўшимча равишда меҳнатга ҳақ тўлаш тартиби жорий этилади.
Амалиёт раҳбарининг фаолияти корхона томонидан назорат қилинади.
21. Корхона томонидан талабаларга бириктириладиган ҳар бир амалиёт раҳбарига (устозга) тўғри келадиган талабалар ва иш ўринлари сони технологик жараёнларнинг мураккаблик даражасидан келиб чиқиб, олий таълим ташкилоти билан келишилган ҳолда белгиланади.
22. Дуал таълимнинг амалий қисми корхонада малакали ва тажрибали мутахассислар ҳамда профессор-ўқитувчилар томонидан ўқув йили мобайнида ташкил этилади.
Талабага дуал таълим жараёнида корхонадаги фаолияти учун корхона томонидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ иш ҳақи тўланади.
23. Дуал таълим жараёни олий таълим ташкилоти томонидан корхона билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган ўқув режаси ва ўқув жараёни жадвали асосида ташкил этилади.
Талабаларнинг таълим жараёни назарий қисмидаги иштироки олий таълим ташкилотида тегишли профессор-ўқитувчи томонидан, ишлаб чиқариш билан боғлиқ амалий қисмидаги иштироки эса корхонада амалиёт раҳбари (устоз) томонидан мувофиқлаштирилиб борилади.
Корхона талабаларнинг ишлаб чиқариш билан боғлиқ амалий қисмдаги иштироки юзасидан қўшимча қайд этиш ҳужжатларини юритиши мумкин.
24. Олий таълим ташкилоти ва корхона талабаларнинг иштироки, ўзлаштириши, ички тартиб-қоидаларга риоя этиши каби масалаларда маълумот алмашинувини йўлга қўяди.
25. Талабаларни баҳолаш ва якуний давлат аттестациясини ўтказиш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
26. Вазирлик дуал таълимни ташкил этишда қуйидагиларни амалга оширади:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар ва идоралар билан дуал таълим ташкил қилинадиган корхона ва олий таълим ташкилотида таълим жараёнини ташкил этиш юзасидан ҳамкорликни йўлга қўяди;
дуал таълим жараёнини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқади;
дуал таълимни ташкил этиш билан боғлиқ ўқув-методик таъминот ва норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш чораларини кўради;
олий таълим ташкилотларида дуал таълимнинг ташкил этилиши юзасидан мониторинг юритади.
4-боб. «Касб эгаси» дуал таълим тизимини ташкил этиш
27. Олий таълим ташкилотларида «Касб эгаси» дуал таълим тизими ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.
28. «Касб эгаси» дуал таълим тизимини ташкил этиш қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:
Палата томонидан ҳар йили 1 майга қадар корхоналарга «Касб эгаси» дуал таълимни ташкил этиш бўйича эълон берилади;
Ягона миллий меҳнат тизими платформасидаги иш берувчиларнинг шахсий кабинети орқали корхоналарнинг штат бирлиги ва бўш иш ўринлари Палатанинг онлайн платформасига реал вақт режимида бериб борилади;
Палата томонидан ҳар йили 20 июнга қадар корхоналарда қўшимча ишчи кучи ва уларнинг малакасига бўлган талаб шакллантирилади;
шакллантирилган иш ўринлари ва малака талаблари тўғрисида маълумотлар ҳар йили 1 июлга қадар Палатанинг онлайн платформасини Вазирликнинг ахборот тизимига интеграция қилиш орқали олий таълим ташкилотлари талабаларига етказилади;
корхонада бўлиб ўтадиган амалий машғулотлар дастури, ўқув жараёни жадвали, талабалар сони олий таълим ташкилоти, Палата ва корхона томонидан ҳар йили 15 июлга қадар платформада тасдиқланади;
олий таълим ташкилоти ҳар йили 1 августга қадар корхонада ўтказиладиган амалий машғулотларнинг тасдиқланган дастури асосида таълим йўналишлари бўйича мутахассислик фанларининг ўқув дастурларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритади;
ҳар йили 25 августга қадар олий таълим ташкилоти, корхона ва талаба ўртасида «Касб эгаси» дуал таълим тизимини ташкил этиш бўйича шартнома тузилади;
Палатанинг онлайн платформаси орқали талабалар томонидан танланган иш ўринлари бўйича электрон йўлланмалар ҳар йили 1 сентябрга қадар тегишли корхонага етказилади;
электрон йўлланма асосида таълим жараёнини бевосита корхоналарда амалга оширган талабалар учун корхона томонидан иш ҳақи ҳисобланади ва Палата томонидан тақдим этилган талабалар рўйхатига асосан тўланади;
корхона томонидан талабаларга ҳар ой учун ҳисобланган иш ҳақининг 2 миллион сўмгача бўлган қисми Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши учун Палатанинг онлайн платформасидан ариза берилади;
Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси уч кун муддатда ариза бўйича олий таълим ташкилотига сўров юборади.
29. Иш ҳақининг Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан қоплаш учун ажратиладиган маблағлар корхонанинг алоҳида ҳисобварағига ўтказилади.
Бунда ажратиладиган маблағлар корхонадаги масъул раҳбарнинг хулосасига мувофиқ олий таълим ташкилоти кенгашининг қарори асосида қоплаб бериш учун тавсия (ўн кун муддатда) этилади.
30. Корхонада ўтказиладиган амалий машғулотни ташкил этиш муддатлари олий таълим ташкилоти ва корхона томонидан келишилган ҳолда белгиланади ҳамда ўқув жараёни жадвалига белгиланган тартибда киритилади.
5-боб. Корхона, олий таълим ташкилоти ва талабаларнинг дуал таълим тизимини ташкил этиш бўйича вазифалари, ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари
31. Корхона:
олий таълим ташкилоти билан ҳамкорликда дуал таълим дастурини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, тасдиқлайди;
олий таълим ташкилоти билан биргаликда талабаларни ўқишга қабул қилингандан сўнг 1 сентябрга қадар дуал таълим бўйича тегишли шартномаларни расмийлаштиради;
дуал таълимда ўқитиш муддатларини ҳамда ташкилотга юборилаётган талабалар таркибини олий таълим ташкилоти билан келишади;
талабалар билан шартномалар тузади ва олий таълим ташкилоти билан келишилган муддатларда талабаларни қабул қилади;
ҳар бир талабага дуал таълим дастурининг ишлаб чиқариш билан боғлиқ амалий қисмини ўргатиш учун амалиёт раҳбарини (устозни) бириктиради;
бириктирилган амалиёт раҳбари (устоз) томонидан дуал таълим дастури, лавозим йўриқномалари ва мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлайди;
талабани ўзлаштирган мутахассислик бўйича натижаларини баҳолаш жараёнини ташкил этади;
якуний давлат аттестациясида қатнашади.
Корхона қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам бажариши мумкин.
32. Корхона қуйидаги ҳуқуқларга эга:
машғулотларнинг назарий қисми ўқитилиши юзасидан олий таълим ташкилотига мурожаат қилиш;
дуал таълим сифатини ошириш юзасидан олий таълим ташкилотига таклифлар бериш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш ва уларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш юзасидан таклифлар бериш;
бир нечта олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш.
Корхона қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
33. Корхонага қуйидаги мажбуриятлар юкланади:
машғулотларнинг амалий қисмини корхонада ўтказиш учун шароит яратиш;
талабаларни меҳнат қонунчилиги асосида ишга қабул қилиш;
талабаларни корхонада ишлаб чиқариш билан боғлиқ амалий қисми даврида аниқ иш жойи ва зарур жиҳозлар билан таъминлаш;
талабани корхонанинг тузилмаси бўйича барча бўлим функцияларини ўрганиш ва жараёнда бевосита (дублёр сифатида) иштирок этишларини таъминлаш;
талабаларни корхона устави, ички тартиб-қоидалари, тиббий (санитария), ёнгин хавфсизлиги қоидалари ҳамда бошқа талаблар билан таништириш;
талабаларнинг корхонадаги фаолияти давомида техника хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш;
талабаларга ўз уставига мувофиқ амалий жараёнларда қатнашишга рухсат бериш;
талабалар кундалиги юритилишини таъминлаш;
олий таълим ташкилоти билан биргаликда дуал таълим амалга оширганлиги бўйича ҳисоботларни тайёрлаш.
34. Олий таълим ташкилоти:
корхона билан биргаликда талабаларни ўқишга қабул қилингандан сўнг 1 сентябрга қадар дуал таълим бўйича тегишли шартномаларни расмийлаштиради;
корхона билан биргаликда тегишли таълим йўналиш (мутахассислик)лари бўйича масъул вазирликлар ва идоралар билан келишган ҳолда тасдиқланган таълим дастурлари асосида дуал таълим бўйича ўқув-методик ҳужжатларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
корхона билан дуал таълим дастури давомийлиги ҳамда талабаларнинг рўйхатини тасдиқлайди;
талаба ва корхона ўртасида дуал таълим бўйича тузилган шартномаларни рўйхатга олади;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ шартномаси мавжуд талабаларни дуал таълим бўйича гуруҳларга қабул қилишни ташкил этади;
дуал таълимни ташкил этиш, талабаларни корхонага юбориш, талабаларнинг ҳар бир гуруҳига масъул профессор-ўқитувчини буйруқ асосида бириктиради;
дуал таълим дастурини амалга оширишни таъминлайди;
корхона билан талабаларни баҳолашни ва якуний давлат аттестациясини белгиланган тартибда ташкил этади;
дуал таълдуал таълим бўйича тегишли вазирликлар ва идораларнинг буйруқлари ва кўрсатмаларини ўз вақтида бажаради.
Олий таълим ташкилоти қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам бажариши мумкин.
35. Олий таълим ташкилоти қуйидаги ҳуқуқларга эга:
дуал таълимнинг амалий қисмини ташкил этиш бўйича корхонага мурожаат қилиш;
дуал таълим сифатини ошириш юзасидан корхонага таклифлар бериш;
дуал таълим жараёнини ташкил этиш учун тузилган шартномаларга томонлар билан келишган ҳолда ўзгартиришлар киритиш;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз номидан юридик шахслар билан ваколати доирасида дуал таълимни ташкил этиш бўйича шартномалар ва бошқа ҳужжатлар тузиш;
дуал таълим бўйича тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан тушган маблағларни белгиланган тартибда сарфлаш.
Олий таълим ташкилоти қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
36. Олий таълим ташкилоти ўз зиммасига қуйидаги мажбуриятларни олади:
дуал таълим учун масъул профессор-ўқитувчилар фаолиятини назорат қилиш;
иқтисодиёт тармоқларида кадрларга бўлган реал эҳтиёж асосида дуал таълимни ташкил этиш бўйича ҳамкорликни ташкил этиш;
талабанинг амалиёт кундалигини назорат қилиш.
Олий таълим ташкилотига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.
37. Талабалар:
корхонанинг уставига мувофиқ иш жараёнларида белгиланган тартибда қатнашади;
ўқув машғулотларининг назарий ва амалий қисмида иштирок этади;
дуал таълим жараёни сўнггида якуний давлат аттестациясини топширади.
Талабалар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам бажариши мумкин.
38. Талабалар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
тегишли таълим йўналиши (мутахассислик) бўйича билим олиш;
ўқув, техника жиҳозлари ва воситаларидан, ўқув (ишлаб чиқариш) лаборатория хоналаридан, ахборот ресурс маркази ўқув зали ва адабиётлар фондидан, ёрдамчи хоналардан, спорт мажмуалари, олий таълим ташкилотига қарашли тиббий ва техник жиҳозлардан бепул фойдаланиш;
корхонада амалиёт базаларидан, корхонанинг моддий-техник базасидан фойдаланиш;
корхонадаги меҳнат ва жамоат ишларида қатнашиш;
дуал таълим вақтида корхонадан шартномага мувофиқ иш ҳақи олиш.
Талабалар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
39. Талабалар ўз зиммасига қуйидаги мажбуриятларни олади:
корхона ва олий таълим ташкилотида белгиланган тартиб ва қоидаларга риоя қилиш;
дуал таълим жараёнида олий таълим ташкилоти ва корхона томонидан берилган вазифаларни ўз вақтида бажариш;
талаба кундалигини ўз вақтида юритиб бориш ва ҳисоботларни топшириш;
корхонадаги фаолияти давомида меҳнат ва техника хавфсизлиги талабларига риоя қилиш.
Талабаларга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.
6-боб. Якунловчи қоидалар
40. Дуал таълимда таълим йўналиш (мутахассислик)лар бўйича тўлов-контракт миқдори бир талабани ўқитиш билан боғлиқ сарф-харажатлардан кам бўлмаган миқдорларда тегишли вазирликлар ва идораларнинг таклифлари асосида Вазирлик томонидан тасдиқланади.
41. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Олий таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Олий таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 1. Дуал таълим ташкил этиладиган корхоналар ва олий таълим ташкилотлари бўйича таклифлар тайёрлайди. 2. Таклифларни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ҳамда Савдо-саноат палатасига киритади. Ҳар йили 1 февралга қадар 2-босқич Савдо-саноат палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дуал таълим шаклида талабаларни қабул қиладиган корхоналар имкониятларини ўрганади ва дуал таълим ташкил қилинадиган корхоналар рўйхатини эълон қилади Ҳар йили 1 июнга қадар 3-босқич Олий таълим ташкилотлари, корхоналар Дуал таълим дастурларини ишлаб чиқади. Уқув жараёни бошланишидан камида бир ой олдин 4-босқич Олий таълим ташкилотлари Олий таълим ташкилотларида дуал таълимнинг назарий қисмини ташкил этади. Ҳар йили сентябрь ойининг биринчи ҳафтасидан бошлаб 5-босқич Олий таълим ташкилотлари, корхоналар ва талабалар Дуал таълимни амалга ошириш бўйича уч томонлама шартнома тузади. Ҳар йили 1 сентябрга қадар 6-босқич Корхоналар 1. Дуал таълимнинг амалий қисмини корхонада ташкил этади. 2. Талабага қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ иш ҳақи тўлайди. Уқув йили мобайнида 7-босқич Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 1. Дуал таълим жараёнини мувофиқлаштиради. 2. Дуал таълим ташкил қилинган корхоналарда талабалар учун яратилган шарт-шароитлар доимий мониторингини юритади. Ўқув йили мобайнида
Олий таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Олий таълим ташкилотларида «Касб эгаси» дуал таълим тизимини ташкил этиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Савдо-саноат палатаси, олий таълим ташкилоти, корхоналар, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 1. Савдо-саноат палатаси ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) корхоналарига дуал таълимни ташкил этиш бўйича эълон беради. Ҳар йили 1 майга қадар 2. Корхоналарнинг штат бирлиги ва бўш иш ўринларини Савдо-саноат палатасининг онлайн платформасига реал вақт режимида бериб боради. Доимий 3. Корхоналарда қўшимча ишчи кучи ва уларнинг малакасига бўлган талабни шакллантиради. Ҳар йили 20 июнга қадар 4. Иш ўринлари ва малака талаблари тўғрисида маълумотларни олий таълим ташкилотлари талабаларига етказади. Ҳар йили 1 июлга қадар 2-босқич Олий таълим ташкилоти, Савдо-саноат палатаси, корхоналар 1. Амалий машғулотлар дастури, ўқув жараёни жадвали ва талабалар сонини платформада тасдиқлайди. Ҳар йили 15 июлга қадар 2. Амалий машғулотлар дастури асосида таълим йўналишлари бўйича мутахассислик фанларининг ўқув дастурларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритади. Ҳар йили 1 августга қадар 3-босқич Савдо-саноат палатаси, олий таълим ташкилоти, корхоналар, талабалар 1. Олий таълим ташкилоти, корхона ва талаба ўртасида «Касб эгаси» дуал таълим тизими бўйича шартнома тузилади. Ҳар йили 25 августга қадар 2. Савдо-саноат палатасининг онлайн платформаси орқали талабалар томонидан танланган иш ўринлари бўйича электрон йўлланмаларни тегишли корхонага етказади. Ҳар йили 1 сентябрга кадар 4-босқич Олий таълим ташкилоти 1. Назарий машғулотларни олий таълим ташкилотида ташкил этади. 2. Назарий ўқув машғулотларни амалий машғулотлар уйғунлигини таъминлайди. Ўқув жараёни жадвалига мувофиқ 5-босқич Корхоналар 1. Амалий машғулотларни корхонада ташкил этади. 2. Иш ҳақини ҳисоблайди ва Савдо-саноат палатаси томонидан тақдим этилган талабалар рўйхатига асосан тўлайди. Ўқув йили мобайнида
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 16 январь,
14-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
SXEMASI
Oliy taʼlim tizimida dual taʼlimni tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Kambagʻallikni qisqartirishda tadbirkorlik subyektlari bilan oʻzaro manfaatli hamkorlik oʻrnatishga qaratilgan chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2023-yil 12-iyundagi PF-93-son Farmoni hamda “Chirchiq shahrida qishloq xoʻjaligi mashinasozligi klasterini tashkil etishni yanada jadallashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 28-iyuldagi PQ-335-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Savdo-sanoat palatasi hamda Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligining 2025/2026 oʻquv yilidan boshlab oliy taʼlim tizimida bosqichma-bosqich dual taʼlim asosida oʻqitishni yoʻlga qoʻyish, shu jumladan, “Kasb egasi” dual taʼlim tizimini tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oliy taʼlim tizimida dual taʼlimni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
dual taʼlim shakli joriy etiladigan oliy taʼlim tashkilotlarini tizimida oliy taʼlim tashkilotlari boʻlgan vazirlik va idoralar bilan kelishgan holda, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi tomonidan belgilash;
dual taʼlimning nazariy va amaliy qismi muddatlarini hamkor korxona va tashkilotlar bilan kelishilgan holda, oliy taʼlim tashkiloti tomonidan belgilash;
taʼlim jarayonining nazariy qismidagi talabalar ishtirokini oliy taʼlim tashkilotida tegishli professor-oʻqituvchi, ishlab chiqarish bilan bogʻliq amaliy qismidagi ishtirokini esa korxonadan biriktirilgan amaliyot rahbari (ustoz) tomonidan muvofiqlashtirib borish;
oliy taʼlimda “Kasb egasi” dual taʼlim tizimini tashkil etish tartibini belgilash.
3. Belgilansinki:
“Kasb egasi” dual taʼlim tizimi Savdo-sanoat palatasining onlayn platformasi asosida Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi hamda Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligining axborot tizimiga integratsiya qilingan holda tashkil etiladi;
2025/2026 oʻquv yilidan boshlab “Kasb egasi” dual taʼlim tizimi birinchi bosqichda Toshkent toʻqimachilik va yengil sanoat institutining 3 va 4-kurs talabalari uchun joriy qilinadi;
korxonada boʻlib oʻtadigan amaliy mashgʻulotlar dasturi oliy taʼlim tashkiloti tomonidan korxona va Savdo-sanoat palatasi bilan kelishilgan holda tasdiqlanadi;
“Kasb egasi” dual taʼlim tizimida taʼlim jarayonini bevosita korxonalarda amalga oshirgan talabalar uchun (yoʻllanma asosida) korxona tomonidan hisoblanadigan ish haqining 2 million soʻmgacha boʻlgan qismi Bandlikka koʻmaklashish davlat jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan har oy uchun qoplab beriladi.
Bunda ish haqini Bandlikka koʻmaklashish davlat jamgʻarmasi hisobidan qoplash uchun ajratiladigan mablagʻlar tegishli korxonaning alohida hisobvaragʻiga oʻtkaziladi.
4. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari:
har yili 1-fevralga qadar dual taʼlim tashkil etiladigan korxonalar, taʼlim yoʻnalishlari va oliy taʼlim tashkilotlari boʻyicha Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi hamda Savdo-sanoat palatasiga takliflar kiritsin;
hududdagi oliy taʼlim tashkilotlariga dual taʼlim tizimini tashkil etishda tashkilotlar bilan hamkorlikni yoʻlga qoʻyishga koʻmaklashsin.
5. Davlat oliy taʼlim tashkilotlarining dual taʼlim shakli boʻyicha qabul parametrlariga takliflar belgilangan tartibga muvofiq tasdiqlanadi.
6. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Savdo-sanoat palatasi, tizimida oliy taʼlim tashkilotlari boʻlgan vazirliklar va idoralar:
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari bilan birgalikda dual taʼlim jarayonlarini tashkil etish yuzasidan hududdagi yirik ish beruvchilar, klasterlar va oliy taʼlim tashkilotlari oʻrtasida hamkorlikni yoʻlga qoʻyishga koʻmaklashsin;
dual taʼlim tashkil etiladigan oliy taʼlim tashkilotida oʻquv-metodik hujjatlar, shuningdek, oʻquv jarayoni jadvali tasdiqlanishini taʼminlasin;
talabalarni belgilangan muddatlarda oliy taʼlim tashkilotidagi oʻquv jarayonida ishtirok etishini va korxonalarda amaliy mashgʻulotlar bilan birga faoliyat yuritish choralarini koʻrsin;
oliy taʼlim tashkilotlarida dual taʼlim jarayoni tashkil etilishi ustidan tizimli nazorat oʻrnatsin.
7. Savdo-sanoat palatasi:
a) Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, tizimida oliy taʼlim tashkilotlari boʻlgan vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oliy taʼlim tashkilotlari tomonidan korxonalarda har yili kamida bir marta dual taʼlim dasturlari boʻyicha talabalar ishtirokida targʻibot uchrashuvlari oʻtkazilishini taʼminlasin;
b) Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari bilan birgalikda:
har yili 1-iyunga qadar dual taʼlim shaklida talabalarni qabul qiladigan korxonalar imkoniyatlarini oʻrganish va dual taʼlim tashkil qilinadigan korxonalar roʻyxatini eʼlon qilsin;
har yili 1-sentabrga qadar dual taʼlim shaklida oʻqishga qabul qilingan talabalarni dual taʼlim tashkil qilinadigan korxonalarga biriktirish boʻyicha korxona, talaba va oliy taʼlim tashkiloti oʻrtasida shartnoma imzolanishini tashkil etsin;
dual taʼlim tashkil qilingan korxonalarda talabalar uchun yaratilgan shart-sharoitlarning doimiy monitoringini yuritsin.
8. Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi uch oy muddatda mehnat qonunchiligiga dual taʼlim shaklida tahsil olayotgan talabalarning faoliyatini tartibga solish, shu jumladan, talabalar va biriktirilgan amaliyot rahbari (ustoz)ning maqomi hamda ish vaqti davomiyligini belgilashga oid oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritsin.
9. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
10. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri K.A. Sharipov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 16-yanvardagi 14-son qaroriga ILOVA
Oliy taʼlim tizimida dual taʼlimni tashkil etish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom oliy taʼlim tizimida dual taʼlimni tashkil etish tartibini belgilaydi.
Ushbu Nizom:
a) Oʻzbekiston Respublikasi Sudyalar oliy kengashi huzuridagi Sudyalar oliy maktabi, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Davlat boshqaruvi akademiyasi, Bank-moliya akademiyasi, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Biznes va tadbirkorlik oliy maktabi, Huquqni muhofaza qilish akademiyasi, oliy harbiy va harbiylashtirilgan taʼlim tashkilotlari hamda Oʻzbekiston Respublikasi hududida faoliyat yuritayotgan xorijiy oliy taʼlim tashkilotlarining filiallariga nisbatan tatbiq etilmaydi;
oliy harbiy va harbiylashtirilgan taʼlim tashkilotlari hamda Oʻzbekiston Respublikasi hududida faoliyat yuritayotgan xorijiy oliy taʼlim tashkilotlarining filiallari dual taʼlimni ushbu Nizom asosida ishlab chiqilgan hamda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan kelishilgan tartibga muvofiq amalga oshirishi mumkin;
b) nodavlat oliy taʼlim tashkilotlari uchun tavsiyaviy tusga ega hisoblanadi.
2. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
dual taʼlim — nazariy qismi oliy taʼlim tashkilotida, amaliy qismi esa korxonada (ish joyida) oʻtkaziladigan taʼlim jarayoni;
dual taʼlim dasturi — oliy taʼlim tashkiloti va korxonada talabaning muayyan taʼlim yoʻnalishi (mutaxassislik) boʻyicha bilim olishi hamda uning kasbiy bilim va koʻnikmalarini shakllantirishga qaratilgan oʻquv rejasi, oʻquv dastur (modul)lari, oʻquv va ishlab chiqarish amaliyoti dasturlaridan iborat hujjatlar toʻplami;
dual taʼlim asosida oʻqitish — talabalar oʻquv mashgʻulotlarini bir haftada, qoida tariqasida, kamida ikki kun taʼlim dasturining nazariy qismini oliy taʼlim tashkilotida, qolgan kunlari ishlab chiqarish bilan bogʻliq amaliy qismlarini korxonada oʻtkazishlarini nazarda tutuvchi oʻqitish usuli;
“Kasb egasi” dual taʼlim tizimi — nazariy qismi oliy taʼlim tashkilotida, amaliy qismi esa yoʻllanma asosida ish joyida oʻtkaziladigan hamda korxona tomonidan ish haqi toʻlanadigan taʼlim jarayoni;
oʻquv rejasi — oʻquv jarayonining barcha tarkibiy qismlari va oʻqitiladigan oʻquv fanlarining soatlari miqdori, ketma-ketligi, oʻquv jarayoni jadvali va tinglovchilarni attestatsiyadan oʻtkazish muddatlarini belgilaydigan hujjat;
korxona (tashkilot) — oliy taʼlim tashkiloti bilan dual taʼlim asosida kadrlar tayyorlash boʻyicha shartnoma tuzgan yuridik shaxs;
ish joyi — dual taʼlimda talabaga korxonaning ichki tartib-qoidalari, tegishli vazifalari hamda taʼlim dasturlariga muvofiq amaliy koʻnikma va malakalarni egallash uchun belgilangan ish oʻrni;
amaliyot rahbari (ustoz) — taʼlim jarayonining ishlab chiqarish bilan bogʻliq amaliy qismini oʻtkazish uchun korxona tomonidan talaba(lar)ga biriktirilgan masʼul xodim;
shartnoma — korxona, oliy taʼlim tashkiloti va talaba oʻrtasida dual taʼlimni amalga oshirish uchun tuzilgan uch tomonlama bitim.
3. Dual taʼlim shakli joriy etiladigan oliy taʼlim tashkilotlari tizimida oliy taʼlim tashkilotlari boʻlgan vazirliklar va idoralar bilan kelishilgan holda, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Vazirlik) hamda Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi (keyingi oʻrinlarda — Palata) tomonidan belgilanadi.
4. Dual taʼlim shakli boʻyicha tahsil olayotgan talaba biriktirilgan korxona faoliyati tugatilganda dual taʼlim shakli boʻyicha talabaning oʻqishini davom ettirish yuzasidan boshqa korxona bilan shartnoma imzolanishi yoki talabaning oʻqishi mos taʼlim yoʻnalishi (mutaxassislik) boʻyicha kunduzgi, kechki, sirtqi yoki masofaviy taʼlim shakliga oʻtkazilishi mumkin.
Qolgan holatlarda talabalar oʻqishi belgilangan tartibga muvofiq koʻchiriladi.
2-bob. Dual taʼlimning maqsadi va asosiy vazifalari
5. Dual taʼlimning maqsadi quyidagilardan iborat:
talabalarning nazariy bilimlarini mustahkamlash;
talabalarda taʼlim olayotgan taʼlim yoʻnalishi (mutaxassisligi) boʻyicha amaliy koʻnikmalarni shakllantirish;
talabalar uchun tashkiliy-huquqiy shaklidan qatʼi nazar, korxonalarda ishlab chiqarish (shuningdek, tashkiliy-boshqaruv) faoliyatiga oid tajribalarni oʻrganishni tashkil etish;
talabalarning kasbiy va ijodiy qiziqishlarini rivojlantirish;
bitiruvchilarning zamonaviy texnika va texnologiyalar bilan ishlashi uchun zarur amaliy koʻnikma va malakalarga ega boʻlishini taʼminlash;
oliy taʼlim tashkiloti va korxonada oʻqitish, shuningdek, oliy taʼlim tashkilotining oʻquv jarayoniga yangi oʻqitish texnologiyalarini joriy etish orqali talabalarning raqobatbardoshligini oshirish.
6. Dual taʼlimning asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:
mehnat bozori ehtiyojlariga, iqtisodiyot tarmoqlarini va rivojlanish istiqbollariga mos ravishda mutaxassislar tayyorlash;
ijtimoiy sheriklikni takomillashtirish;
oliy taʼlim tashkilotining taʼlim dasturlari mazmuni va tuzilmasining mobilligini taʼminlash;
ishlab chiqarish sharoitidagi kasbiy tajribani oʻrgatish uchun talabalarga yetarli sharoit yaratish;
talabalarga oʻqish va ishlash imkoniyatlarini yaratish.
7. Dual taʼlim shakli toʻlov-kontrakt asosida amalga oshiriladi.
3-bob. Dual taʼlimni tashkil etish tartibi
8. Oliy taʼlim tizimida dual taʼlim ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq sxema asosida tashkil etiladi.
9. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari har yili 1-fevralga qadar dual taʼlim tashkil etiladigan korxonalar, taʼlim yoʻnalishlari va oliy taʼlim tashkilotlari boʻyicha Vazirlikka hamda Palataga takliflar kiritadi.
10. Davlat oliy taʼlim tashkilotlarining dual taʼlim shakli boʻyicha qabul parametrlari belgilangan tartibga muvofiq tasdiqlanadi.
11. Palata Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari bilan birgalikda:
har yili 1-iyunga qadar dual taʼlim shaklida talabalarni qabul qiladigan korxonalar imkoniyatlarini oʻrganadi va dual taʼlim tashkil qilinishi mumkin boʻlgan korxonalar roʻyxatini eʼlon qiladi;
har yili 1-sentabrga qadar dual taʼlim shaklida oʻqishga qabul qilingan talabalarni dual taʼlim tashkil qilinadigan korxonalarga biriktirish boʻyicha korxona, talaba va oliy taʼlim tashkiloti oʻrtasida shartnomalar imzolanishini tashkil etadi;
dual taʼlim tashkil qilingan korxonalarda talabalar uchun yaratilgan shart-sharoitlarning doimiy monitoringini yuritadi.
12. Davlat oliy taʼlim tashkilotlariga dual taʼlim shakli boʻyicha talabalar oʻqishga oliy taʼlim muassasalarining bakalavriatiga talabalarni oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq qabul qilinadi.
13. Dual taʼlimni tashkil qilish quyidagi bosqichlarni oʻz ichiga oladi:
dual taʼlim shakli asosida oliy maʼlumotli kadrlarni tayyorlashga boʻlgan talab va takliflarni oʻrganish;
dual taʼlim tashkil etiladigan korxonalar va oliy taʼlim tashkilotlari roʻyxatini shakllantirish;
dual taʼlim tashkil etiladigan oliy taʼlim tashkilotlari va taʼlim yoʻnalishlari (mutaxassisliklar) roʻyxatini Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari, vazirliklar va idoralarning iqtisodiyot tarmoqlarida oliy maʼlumotli kadrlarga boʻlgan ehtiyojlaridan kelib chiqib shakllantirish;
dual taʼlim dasturlarini ishlab chiqish;
korxona, oliy taʼlim tashkiloti va talaba oʻrtasida uch tomonlama shartnoma tuzish;
korxonalarda kafedra filiallarini tashkil etish;
talabalarni dual taʼlim shakli boʻyicha oʻqishga qabul qilish;
dual taʼlim dasturlari asosida kadrlar tayyorlashni yoʻlga qoʻyish.
14. Dual taʼlim dasturi belgilangan tartibda tasdiqlangan malaka talablari asosida oliy taʼlim tashkiloti tomonidan korxona bilan hamkorlikda oʻquv jarayoni boshlanishidan kamida bir oy oldin ishlab chiqiladi.
15. Dual taʼlimni joriy etish boʻyicha korxona, oliy taʼlim tashkiloti hamda talaba oʻrtasida rasmiylashtiriladigan shartnomalarning namunasi Vazirlik tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi bilan kelishilgan holda tasdiqlanadi.
16. Oliy taʼlim tashkilotlari dual taʼlim tashkil qilinayotgan korxonalarda tegishli mutaxassislik boʻyicha kafedra filiallarini tashkil etadi.
17. Dual taʼlimning nazariy va amaliy qismi muddatlari hamkor korxona va tashkilotlar bilan kelishilgan holda, oliy taʼlim tashkiloti tomonidan belgilanadi.
Oʻquv rejasida talabalarning oliy taʼlim tashkilotida taʼlim dasturining nazariy va amaliy qismini, ishlab chiqarish bilan bogʻliq amaliy qismlarini korxonada oʻtkazishlari nazarda tutiladi.
Oʻqitishning davomiyligi kunduzgi taʼlim shakli boʻyicha tegishli taʼlim yoʻnalishlaridan kam boʻlishiga (koʻp boʻlishi mumkin) yoʻl qoʻyilmaydi.
18. Taʼlim yoʻnalishi (mutaxassislik) xususiyatidan kelib chiqib, talabalarni dual taʼlim asosida oʻqitish bir haftada kamida ikki kun taʼlim dasturining nazariy qismini oliy taʼlim tashkilotida, qolgan kunlari esa ishlab chiqarish bilan bogʻliq amaliy qismlarini korxonada oʻtkazish orqali yoki amaliyot shaklida ham tashkil etilishi mumkin.
19. Dual taʼlimning nazariy qismi qonunchilik hujjatlariga muvofiq oliy taʼlim tashkilotida har yili sentabr oyining birinchi haftasidan boshlab tashkil etiladi.
20. Korxonaning tegishli buyrugʻi asosida dual taʼlim boʻyicha talaba(lar)ga tajribali xodimlaridan amaliyot rahbari (ustoz) biriktiriladi.
Amaliyot rahbariga (ustozga) korxona tomonidan belgilangan tartibda qoʻshimcha ravishda mehnatga haq toʻlash tartibi joriy etiladi.
Amaliyot rahbarining faoliyati korxona tomonidan nazorat qilinadi.
21. Korxona tomonidan talabalarga biriktiriladigan har bir amaliyot rahbariga (ustozga) toʻgʻri keladigan talabalar va ish oʻrinlari soni texnologik jarayonlarning murakkablik darajasidan kelib chiqib, oliy taʼlim tashkiloti bilan kelishilgan holda belgilanadi.
22. Dual taʼlimning amaliy qismi korxonada malakali va tajribali mutaxassislar hamda professor-oʻqituvchilar tomonidan oʻquv yili mobaynida tashkil etiladi.
Talabaga dual taʼlim jarayonida korxonadagi faoliyati uchun korxona tomonidan qonunchilik hujjatlariga muvofiq ish haqi toʻlanadi.
23. Dual taʼlim jarayoni oliy taʼlim tashkiloti tomonidan korxona bilan kelishilgan holda tasdiqlanadigan oʻquv rejasi va oʻquv jarayoni jadvali asosida tashkil etiladi.
Talabalarning taʼlim jarayoni nazariy qismidagi ishtiroki oliy taʼlim tashkilotida tegishli professor-oʻqituvchi tomonidan, ishlab chiqarish bilan bogʻliq amaliy qismidagi ishtiroki esa korxonada amaliyot rahbari (ustoz) tomonidan muvofiqlashtirilib boriladi.
Korxona talabalarning ishlab chiqarish bilan bogʻliq amaliy qismdagi ishtiroki yuzasidan qoʻshimcha qayd etish hujjatlarini yuritishi mumkin.
24. Oliy taʼlim tashkiloti va korxona talabalarning ishtiroki, oʻzlashtirishi, ichki tartib-qoidalarga rioya etishi kabi masalalarda maʼlumot almashinuvini yoʻlga qoʻyadi.
25. Talabalarni baholash va yakuniy davlat attestatsiyasini oʻtkazish qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.
26. Vazirlik dual taʼlimni tashkil etishda quyidagilarni amalga oshiradi:
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari, vazirliklar va idoralar bilan dual taʼlim tashkil qilinadigan korxona va oliy taʼlim tashkilotida taʼlim jarayonini tashkil etish yuzasidan hamkorlikni yoʻlga qoʻyadi;
dual taʼlim jarayonini takomillashtirish boʻyicha chora-tadbirlarni ishlab chiqadi;
dual taʼlimni tashkil etish bilan bogʻliq oʻquv-metodik taʼminot va normativ-huquqiy bazani mustahkamlash choralarini koʻradi;
oliy taʼlim tashkilotlarida dual taʼlimning tashkil etilishi yuzasidan monitoring yuritadi.
4-bob. “Kasb egasi” dual taʼlim tizimini tashkil etish
27. Oliy taʼlim tashkilotlarida “Kasb egasi” dual taʼlim tizimi ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq sxema asosida amalga oshiriladi.
28. “Kasb egasi” dual taʼlim tizimini tashkil etish quyidagi bosqichlarni oʻz ichiga oladi:
Palata tomonidan har yili 1-mayga qadar korxonalarga “Kasb egasi” dual taʼlimni tashkil etish boʻyicha eʼlon beriladi;
Yagona milliy mehnat tizimi platformasidagi ish beruvchilarning shaxsiy kabineti orqali korxonalarning shtat birligi va boʻsh ish oʻrinlari Palataning onlayn platformasiga real vaqt rejimida berib boriladi;
Palata tomonidan har yili 20-iyunga qadar korxonalarda qoʻshimcha ishchi kuchi va ularning malakasiga boʻlgan talab shakllantiriladi;
shakllantirilgan ish oʻrinlari va malaka talablari toʻgʻrisida maʼlumotlar har yili 1-iyulga qadar Palataning onlayn platformasini Vazirlikning axborot tizimiga integratsiya qilish orqali oliy taʼlim tashkilotlari talabalariga yetkaziladi;
korxonada boʻlib oʻtadigan amaliy mashgʻulotlar dasturi, oʻquv jarayoni jadvali, talabalar soni oliy taʼlim tashkiloti, Palata va korxona tomonidan har yili 15-iyulga qadar platformada tasdiqlanadi;
oliy taʼlim tashkiloti har yili 1-avgustga qadar korxonada oʻtkaziladigan amaliy mashgʻulotlarning tasdiqlangan dasturi asosida taʼlim yoʻnalishlari boʻyicha mutaxassislik fanlarining oʻquv dasturlariga tegishli oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritadi;
har yili 25-avgustga qadar oliy taʼlim tashkiloti, korxona va talaba oʻrtasida “Kasb egasi” dual taʼlim tizimini tashkil etish boʻyicha shartnoma tuziladi;
Palataning onlayn platformasi orqali talabalar tomonidan tanlangan ish oʻrinlari boʻyicha elektron yoʻllanmalar har yili 1-sentabrga qadar tegishli korxonaga yetkaziladi;
elektron yoʻllanma asosida taʼlim jarayonini bevosita korxonalarda amalga oshirgan talabalar uchun korxona tomonidan ish haqi hisoblanadi va Palata tomonidan taqdim etilgan talabalar roʻyxatiga asosan toʻlanadi;
korxona tomonidan talabalarga har oy uchun hisoblangan ish haqining 2 million soʻmgacha boʻlgan qismi Bandlikka koʻmaklashish davlat jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan qoplab berilishi uchun Palataning onlayn platformasidan ariza beriladi;
Bandlikka koʻmaklashish davlat jamgʻarmasi uch kun muddatda ariza boʻyicha oliy taʼlim tashkilotiga soʻrov yuboradi.
29. Ish haqining Bandlikka koʻmaklashish davlat jamgʻarmasi hisobidan qoplash uchun ajratiladigan mablagʻlar korxonaning alohida hisobvaragʻiga oʻtkaziladi.
Bunda ajratiladigan mablagʻlar korxonadagi masʼul rahbarning xulosasiga muvofiq oliy taʼlim tashkiloti kengashining qarori asosida qoplab berish uchun tavsiya (oʻn kun muddatda) etiladi.
30. Korxonada oʻtkaziladigan amaliy mashgʻulotni tashkil etish muddatlari oliy taʼlim tashkiloti va korxona tomonidan kelishilgan holda belgilanadi hamda oʻquv jarayoni jadvaliga belgilangan tartibda kiritiladi.
5-bob. Korxona, oliy taʼlim tashkiloti va talabalarning dual taʼlim tizimini tashkil etish boʻyicha vazifalari, huquqlari hamda majburiyatlari
31. Korxona:
oliy taʼlim tashkiloti bilan hamkorlikda dual taʼlim dasturini amalga oshirish boʻyicha chora-tadbirlar rejasini ishlab chiqib, tasdiqlaydi;
oliy taʼlim tashkiloti bilan birgalikda talabalarni oʻqishga qabul qilingandan soʻng 1-sentabrga qadar dual taʼlim boʻyicha tegishli shartnomalarni rasmiylashtiradi;
dual taʼlimda oʻqitish muddatlarini hamda tashkilotga yuborilayotgan talabalar tarkibini oliy taʼlim tashkiloti bilan kelishadi;
talabalar bilan shartnomalar tuzadi va oliy taʼlim tashkiloti bilan kelishilgan muddatlarda talabalarni qabul qiladi;
har bir talabaga dual taʼlim dasturining ishlab chiqarish bilan bogʻliq amaliy qismini oʻrgatish uchun amaliyot rahbarini (ustozni) biriktiradi;
biriktirilgan amaliyot rahbari (ustoz) tomonidan dual taʼlim dasturi, lavozim yoʻriqnomalari va majburiyatlarning bajarilishini taʼminlaydi;
talabani oʻzlashtirgan mutaxassislik boʻyicha natijalarini baholash jarayonini tashkil etadi;
yakuniy davlat attestatsiyasida qatnashadi.
Korxona qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa vazifalarni ham bajarishi mumkin.
32. Korxona quyidagi huquqlarga ega:
mashgʻulotlarning nazariy qismi oʻqitilishi yuzasidan oliy taʼlim tashkilotiga murojaat qilish;
dual taʼlim sifatini oshirish yuzasidan oliy taʼlim tashkilotiga takliflar berish;
normativ-huquqiy hujjatlarni takomillashtirish va ularning loyihalarini ishlab chiqish yuzasidan takliflar berish;
bir nechta oliy taʼlim tashkilotlari bilan hamkorlik qilish.
Korxona qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
33. Korxonaga quyidagi majburiyatlar yuklanadi:
mashgʻulotlarning amaliy qismini korxonada oʻtkazish uchun sharoit yaratish;
talabalarni mehnat qonunchiligi asosida ishga qabul qilish;
talabalarni korxonada ishlab chiqarish bilan bogʻliq amaliy qismi davrida aniq ish joyi va zarur jihozlar bilan taʼminlash;
talabani korxonaning tuzilmasi boʻyicha barcha boʻlim funksiyalarini oʻrganish va jarayonda bevosita (dublyor sifatida) ishtirok etishlarini taʼminlash;
talabalarni korxona ustavi, ichki tartib-qoidalari, tibbiy (sanitariya), yongin xavfsizligi qoidalari hamda boshqa talablar bilan tanishtirish;
talabalarning korxonadagi faoliyati davomida texnika xavfsizligi va mehnat muhofazasini taʼminlash;
talabalarga oʻz ustaviga muvofiq amaliy jarayonlarda qatnashishga ruxsat berish;
talabalar kundaligi yuritilishini taʼminlash;
oliy taʼlim tashkiloti bilan birgalikda dual taʼlim amalga oshirganligi boʻyicha hisobotlarni tayyorlash.
34. Oliy taʼlim tashkiloti:
korxona bilan birgalikda talabalarni oʻqishga qabul qilingandan soʻng 1-sentabrga qadar dual taʼlim boʻyicha tegishli shartnomalarni rasmiylashtiradi;
korxona bilan birgalikda tegishli taʼlim yoʻnalish (mutaxassislik)lari boʻyicha masʼul vazirliklar va idoralar bilan kelishgan holda tasdiqlangan taʼlim dasturlari asosida dual taʼlim boʻyicha oʻquv-metodik hujjatlarni ishlab chiqadi va tasdiqlaydi;
korxona bilan dual taʼlim dasturi davomiyligi hamda talabalarning roʻyxatini tasdiqlaydi;
talaba va korxona oʻrtasida dual taʼlim boʻyicha tuzilgan shartnomalarni roʻyxatga oladi;
qonunchilik hujjatlariga muvofiq shartnomasi mavjud talabalarni dual taʼlim boʻyicha guruhlarga qabul qilishni tashkil etadi;
dual taʼlimni tashkil etish, talabalarni korxonaga yuborish, talabalarning har bir guruhiga masʼul professor-oʻqituvchini buyruq asosida biriktiradi;
dual taʼlim dasturini amalga oshirishni taʼminlaydi;
korxona bilan talabalarni baholashni va yakuniy davlat attestatsiyasini belgilangan tartibda tashkil etadi;
dual taʼldual taʼlim boʻyicha tegishli vazirliklar va idoralarning buyruqlari va koʻrsatmalarini oʻz vaqtida bajaradi.
Oliy taʼlim tashkiloti qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa vazifalarni ham bajarishi mumkin.
35. Oliy taʼlim tashkiloti quyidagi huquqlarga ega:
dual taʼlimning amaliy qismini tashkil etish boʻyicha korxonaga murojaat qilish;
dual taʼlim sifatini oshirish yuzasidan korxonaga takliflar berish;
dual taʼlim jarayonini tashkil etish uchun tuzilgan shartnomalarga tomonlar bilan kelishgan holda oʻzgartirishlar kiritish;
Oʻzbekiston Respublikasi hududida oʻz nomidan yuridik shaxslar bilan vakolati doirasida dual taʼlimni tashkil etish boʻyicha shartnomalar va boshqa hujjatlar tuzish;
dual taʼlim boʻyicha toʻlov-kontrakt asosida oʻqitishdan tushadigan hamda qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalardan tushgan mablagʻlarni belgilangan tartibda sarflash.
Oliy taʼlim tashkiloti qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
36. Oliy taʼlim tashkiloti oʻz zimmasiga quyidagi majburiyatlarni oladi:
dual taʼlim uchun masʼul professor-oʻqituvchilar faoliyatini nazorat qilish;
iqtisodiyot tarmoqlarida kadrlarga boʻlgan real ehtiyoj asosida dual taʼlimni tashkil etish boʻyicha hamkorlikni tashkil etish;
talabaning amaliyot kundaligini nazorat qilish.
Oliy taʼlim tashkilotiga qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlar ham yuklanishi mumkin.
37. Talabalar:
korxonaning ustaviga muvofiq ish jarayonlarida belgilangan tartibda qatnashadi;
oʻquv mashgʻulotlarining nazariy va amaliy qismida ishtirok etadi;
dual taʼlim jarayoni soʻnggida yakuniy davlat attestatsiyasini topshiradi.
Talabalar qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa vazifalarni ham bajarishi mumkin.
38. Talabalar quyidagi huquqlarga ega:
tegishli taʼlim yoʻnalishi (mutaxassislik) boʻyicha bilim olish;
oʻquv, texnika jihozlari va vositalaridan, oʻquv (ishlab chiqarish) laboratoriya xonalaridan, axborot resurs markazi oʻquv zali va adabiyotlar fondidan, yordamchi xonalardan, sport majmualari, oliy taʼlim tashkilotiga qarashli tibbiy va texnik jihozlardan bepul foydalanish;
korxonada amaliyot bazalaridan, korxonaning moddiy-texnik bazasidan foydalanish;
korxonadagi mehnat va jamoat ishlarida qatnashish;
dual taʼlim vaqtida korxonadan shartnomaga muvofiq ish haqi olish.
Talabalar qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
39. Talabalar oʻz zimmasiga quyidagi majburiyatlarni oladi:
korxona va oliy taʼlim tashkilotida belgilangan tartib va qoidalarga rioya qilish;
dual taʼlim jarayonida oliy taʼlim tashkiloti va korxona tomonidan berilgan vazifalarni oʻz vaqtida bajarish;
talaba kundaligini oʻz vaqtida yuritib borish va hisobotlarni topshirish;
korxonadagi faoliyati davomida mehnat va texnika xavfsizligi talablariga rioya qilish.
Talabalarga qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlar ham yuklanishi mumkin.
6-bob. Yakunlovchi qoidalar
40. Dual taʼlimda taʼlim yoʻnalish (mutaxassislik)lar boʻyicha toʻlov-kontrakt miqdori bir talabani oʻqitish bilan bogʻliq sarf-xarajatlardan kam boʻlmagan miqdorlarda tegishli vazirliklar va idoralarning takliflari asosida Vazirlik tomonidan tasdiqlanadi.
41. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Oliy taʼlim tizimida dual taʼlimni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Oliy taʼlim tizimida dual taʼlimni tashkil etish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari 1. Dual taʼlim tashkil etiladigan korxonalar va oliy taʼlim tashkilotlari boʻyicha takliflar tayyorlaydi. 2. Takliflarni Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligiga hamda Savdo-sanoat palatasiga kiritadi. Har yili 1-fevralga qadar 2-bosqich Savdo-sanoat palatasi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari Dual taʼlim shaklida talabalarni qabul qiladigan korxonalar imkoniyatlarini oʻrganadi va dual taʼlim tashkil qilinadigan korxonalar roʻyxatini eʼlon qiladi Har yili 1-iyunga qadar 3-bosqich Oliy taʼlim tashkilotlari, korxonalar Dual taʼlim dasturlarini ishlab chiqadi. Uquv jarayoni boshlanishidan kamida bir oy oldin 4-bosqich Oliy taʼlim tashkilotlari Oliy taʼlim tashkilotlarida dual taʼlimning nazariy qismini tashkil etadi. Har yili sentabr oyining birinchi haftasidan boshlab 5-bosqich Oliy taʼlim tashkilotlari, korxonalar va talabalar Dual taʼlimni amalga oshirish boʻyicha uch tomonlama shartnoma tuzadi. Har yili 1-sentabrga qadar 6-bosqich Korxonalar 1. Dual taʼlimning amaliy qismini korxonada tashkil etadi. 2. Talabaga qonunchilik hujjatlariga muvofiq ish haqi toʻlaydi. Uquv yili mobaynida 7-bosqich Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Savdo-sanoat palatasi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari 1. Dual taʼlim jarayonini muvofiqlashtiradi. 2. Dual taʼlim tashkil qilingan korxonalarda talabalar uchun yaratilgan shart-sharoitlar doimiy monitoringini yuritadi. Oʻquv yili mobaynida
Oliy taʼlim tizimida dual taʼlimni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Oliy taʼlim tashkilotlarida “Kasb egasi” dual taʼlim tizimini tashkil etish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Savdo-sanoat palatasi, oliy taʼlim tashkiloti, korxonalar, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi 1. Savdo-sanoat palatasi ishlab chiqarish (xizmat koʻrsatish) korxonalariga dual taʼlimni tashkil etish boʻyicha eʼlon beradi. Har yili 1-mayga qadar 2. Korxonalarning shtat birligi va boʻsh ish oʻrinlarini Savdo-sanoat palatasining onlayn platformasiga real vaqt rejimida berib boradi. Doimiy 3. Korxonalarda qoʻshimcha ishchi kuchi va ularning malakasiga boʻlgan talabni shakllantiradi. Har yili 20-iyunga qadar 4. Ish oʻrinlari va malaka talablari toʻgʻrisida maʼlumotlarni oliy taʼlim tashkilotlari talabalariga yetkazadi. Har yili 1-iyulga qadar 2-bosqich Oliy taʼlim tashkiloti, Savdo-sanoat palatasi, korxonalar 1. Amaliy mashgʻulotlar dasturi, oʻquv jarayoni jadvali va talabalar sonini platformada tasdiqlaydi. Har yili 15-iyulga qadar 2. Amaliy mashgʻulotlar dasturi asosida taʼlim yoʻnalishlari boʻyicha mutaxassislik fanlarining oʻquv dasturlariga tegishli oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritadi. Har yili 1-avgustga qadar 3-bosqich Savdo-sanoat palatasi, oliy taʼlim tashkiloti, korxonalar, talabalar 1. Oliy taʼlim tashkiloti, korxona va talaba oʻrtasida “Kasb egasi” dual taʼlim tizimi boʻyicha shartnoma tuziladi. Har yili 25-avgustga qadar 2. Savdo-sanoat palatasining onlayn platformasi orqali talabalar tomonidan tanlangan ish oʻrinlari boʻyicha elektron yoʻllanmalarni tegishli korxonaga yetkazadi. Har yili 1-sentabrga kadar 4-bosqich Oliy taʼlim tashkiloti 1. Nazariy mashgʻulotlarni oliy taʼlim tashkilotida tashkil etadi. 2. Nazariy oʻquv mashgʻulotlarni amaliy mashgʻulotlar uygʻunligini taʼminlaydi. Oʻquv jarayoni jadvaliga muvofiq 5-bosqich Korxonalar 1. Amaliy mashgʻulotlarni korxonada tashkil etadi. 2. Ish haqini hisoblaydi va Savdo-sanoat palatasi tomonidan taqdim etilgan talabalar roʻyxatiga asosan toʻlaydi. Oʻquv yili mobaynida
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 16-yanvar,
14-son