UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 22-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 22 январь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 22 января 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 22 January 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича биотехник тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш, шунингдек, ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича тизимли комплекс чора-тадбирлар амалга оширилишини тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича биотехник тадбирларни (кейинги ўринларда — биотехник тадбирлар) ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

биотехник тадбирларни ўтказиш мақсади ва усуллари;

биотехник тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш тартиби;

биотехник тадбирлар ўтказиладиган ҳудудлар ҳамда уларни ўтказиш бўйича талаблар;

биотехник тадбирларни ўтказиш якунларини мониторинг қилиш ва уларнинг натижалари тўғрисидаги маълумотномани расмийлаштириш;

биотехник тадбирларни молиялаштириш тартиби.

2. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги:

2025 йил 1 апрелга қадар ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича биотехник тадбирларни ўтказиш тўғрисидаги маълумотлар атроф табиий муҳит давлат мониторинги тизимининг ягона геоахборот маълумотлар базасида юритилишини таъминласин;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни уч ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин;

биотехник тадбирларни ўтказувчи субъектлар томонидан биотехник тадбирларнинг белгиланган тартибда ва муддатларда самарали ўтказилиши бўйича профилактика ва назорат чора-тадбирларини амалга оширсин;

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва расмий веб-сайтларда кенг ёритилишини ташкил этсин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 22 январдаги 31-сон қарорига ИЛОВА

Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича биотехник тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича биотехник тадбирларни ўтказиш тартибини белгилайди.

Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича биотехник тадбирлар (кейинги ўринларда — биотехник тадбирлар) ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ ўтказилади.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

биотехник тадбирлар — ёввойи ҳайвонларни сақлаб қолиш, тиклаш ва такрор кўпайтиришга, уларнинг яшаш муҳитини, урчиш жойлари ва кўчиб ўтиш йўлларини сақлаб қолишга, ов қилиш ва балиқ овлаш жойлари маҳсулдорлигини оширишга қаратилган, илмий асосланган тадбирлар мажмуи;

биотехник тадбирларни ўтказиш объектлари — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий ёки вақтинча, табиий эркин шароитда қуруқликда ҳамда сувда яшайдиган ёввойи ҳайвонлар (сут эмизувчилар, судралиб юрувчилар, қушлар, балиқлар);

биотехник тадбирларни ўтказиш режалаштирилган ҳудуд — давлат қўриқхоналари, мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналари, биологик (зоологик) буюртма қўриқхоналари, табиий питомниклар, балиқ хўжалиги зоналари, биосфера резерватлари, овчилик хўжаликлари, ўрмон-овчилик хўжаликлари, хусусий овчилик хўжаликлари ва овчилик хўжалигини юритиш учун якка тартибдаги тадбиркорларга ҳамда овчилар жамоат бирлашмаларига бириктирилган ер участкалари, давлат ўрмон фонди участкалари, сув ҳавзаларининг акваториялари;

биотехник тадбирларни ўтказувчи субъектлар — давлат қўриқхоналари, мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналари, биологик (зоологик) буюртма қўриқхоналари, табиий питомниклар, балиқ хўжалиги зоналари, биосфера резерватлари, овчилик хўжаликлари, ўрмон-овчилик хўжаликлари, хусусий овчилик хўжаликлари ва овчилик хўжалигини юритувчи якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда овчилар жамоат бирлашмалари;

биологик чиқиндилар — ёввойи ҳайвонларнинг жасадлари, қисмлари ва ички аъзоларидан ҳосил бўлган ветеринария-санитария жиҳатидан хавфли чиқиндилар ва озиқа қолдиқлари;

биотехник қурилмалар — сунъий яратилган уялар, инлар, ҳимоя бошпаналари, озиқлантириш пунктлари ва майдончалари, кўчма ва муқим охурлар, лотоклар, махсус жиҳозланган сув ичиладиган жойлар ва сиғимлар, қўшимча мавсумий озиқлантириш учун дағал хашак, дон экинлари, кепак ва бошқа ширали озиқа қўшимчаларини, туз бўлакларини сақлашга мўлжалланган ёпиқ типдаги енгил конструкцияли бинолар;

озиқа маҳсулотлари — ёввойи ҳайвонларни қўшимча озиқлантириш учун тайёрланган ем-хашак (бир йиллик ва кўп йиллик ўтлар, хашаки ёввойи илдизмевали, картошкали ўсимликлар) дағал хашак, дон экинлари, кепак ҳамда бошқа озиқа қўшимчалар ва туз бўлаклари.

3. Биотехник тадбирлар биотехник тадбирларни ўтказувчи давлат органларининг бюджетдан ташқари маблағлари, хусусий овчилик хўжаликлари ва овчилик хўжалигини юритувчи якка тартибдаги тадбиркорлар, овчилар жамоат бирлашмаларининг ўз маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

2-боб. Биотехник тадбирларни ўтказиш мақсади ва усуллари

4. Қуйидагилар биотехник тадбирларни ўтказишнинг мақсади ҳисобланади:

ёввойи ҳайвонларнинг хилма-хил турларини, табиий галалари ва тўдалари бир бутлигини таъминлаш;

ёввойи ҳайвонларнинг яшаш муҳити, бўлиши, яшаши ва урчиш жойларини, уларнинг кўчиб ўтиш йўлларини сақлаб қолиш ва муҳофаза қилиш чораларини амалга ошириш;

ов қилиш мақсадида фойдаланиладиган ёввойи ҳайвонлар (овчилик ресурслари) сони табиий кўпайиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда ов қилиш ва балиқ овлаш жойлари маҳсулдорлигини ошириш;

ов қилиш жойларида ов тузиш лойиҳаларига асосан инсон ва табиий омиллар таъсирида муқим яшаш жойларидан ғойиб бўлган ёввойи ҳайвон турларини аввалги яшаган муҳитига қайтариш ва уларни ярим эркин шароитларда кўпайтириш;

ёввойи ҳайвонларнинг ҳарорат кескин ўзгариши ҳамда ўта ноқулай келган об-ҳаво шароитлар оқибатида табиий яшаш муҳитидан ўзга муҳитга тушиб қолишини, овқат излаб кўчиб юришини ҳамда нобуд бўлишини олдини олиш, ҳаёт фаолияти барқарорлигини таъминлаш мақсадида қўшимча мавсумий озиқлантириш;

ёввойи ҳайвонларнинг ҳимояланиши, хилма-хил турларини, табиий галаларини ва тўдаларини табиий шароитларда кўпайтириш учун уялар ва инлар қуришига қулай шароитларни яратиш;

ёввойи ҳайвонларни юқумли касалликлардан ҳимоя қилиш бўйича тегишли карантин ва ветеринария, даволаш-профилактика тадбирларини ўтказиш;

табиий офатлар оқибатида фалокатга учраган ёки ўзи учун нотабиий шароитга тушиб қолган ёввойи ҳайвонларни қутқариш чораларини кўриш;

экологик ва овчилик туризмини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш.

5. Биотехник тадбирлар қуйидаги усулларда ўтказилади:

ёввойи ҳайвонларни қўшимча озиқлантириш учун иҳота ва озиқабоп экинларни, бута ва ўсимликларни экиш;

биотехник қурилмаларни қуриш, шу жумладан, ҳароратнинг кескин ўзгариши ҳамда ўта ноқулай келган об-ҳаво шароитларида ёввойи ҳайвонлар тўпланадиган жойларда вақтинча озиқлантириш пунктларини ва майдончаларини ташкил қилиш;

ёввойи ҳайвонларнинг мавжуд табиий сув ичадиган жойларини тиклаш;

озиқа маҳсулотлари захираларини тайёрлаш ва сунъий озиқлантириш пунктларини ва майдончаларини ташкил этиш, кўчма охурларни ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб ўтиш йўллари ва кўчиб юриш эҳтимоли бор жойларга қўйиб чиқиш;

дарахт, буталар ва бошқа ўсимликларнинг кўчатларини зич экиш йўли билан ёввойи ҳайвонларнинг ҳимояланиши учун уя, ин ва бошпаналар яратиш имкониятларини ошириш, улар бўладиган ва яшайдиган ҳудудлардаги дов-дарахтларни қуриган шох-шаббалардан тозалаш (буташ) ҳамда ҳар 2-3 йилда ёшартириш ишларини амалга ошириш;

табиий питомниклар, балиқ хўжалиги зоналари сув ҳавзаларини сувости ўсимликларидан тозалаш (ўриш), сув ҳавзаларининг кислород режимини таъминлаш, сув ҳавзаларидан олинган балиқларнинг ўрнини тўлдириш учун сув ҳавзаларини ҳар йили балиқ чавоқлари билан балиқлантириш;

фалокатга учраган ва ўзи учун нотабиий ёки ноқулай атроф-муҳит шароитларига тушиб қолган ёввойи ҳайвонларни қутқариш чораларини кўриш;

инсон учун хавфли касалликларни тарқатувчилар бўлган, унинг хўжалик фаолиятига зарар етказадиган ҳамда ёввойи ҳайвонларнинг табиий уяларини ва инларини, биотехник қурилмаларни бузадиган, бошқа ёввойи ҳайвонларга мўлжалланган озиқани еб қўядиган айрим турдаги ёввойи ҳайвонларнинг сонини тартибга солиш (тутиб олиш, отиш) (кейинги ўринларда — ёввойи ҳайвонлар сонини тартибга солиш);

ёввойи ҳайвонларни юқумли касалликлардан ҳимоя қилиш бўйича тегишли карантин ва ветеринария, даволаш-профилактика чора-тадбирларини амалга ошириш ҳамда биологик чиқиндиларни зарарсизлантириш.

Биотехник тадбирлар ҳудудларнинг табиий иқлим ва об-ҳаво шароитларини ҳамда айрим ёввойи ҳайвон турларининг яшаш муҳитини инобатга олган ҳолда, бошқа усуллар билан ҳам ўтказилиши мумкин.

3-боб. Биотехник тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва келишиш тартиби

6. Биотехник тадбирларни ўтказувчи субъектлар келгуси йил учун ҳар йили 1 декабрга қадар биотехник тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган ҳудудларни белгилайди ҳамда биотехник тадбирлар режасини ишлаб чиқади.

7. Биотехник тадбирларни ўтказувчи субъектлар биотехник тадбирлар режасини ишлаб чиқишда ушбу Низомнинг 5-бандида назарда тутилган усулларга кўра, биотехник тадбирларни ўтказиш объектлари турларининг тарқалиши, популяциялари ҳолати ўрганилади, уларнинг сони ва сифат кўрсаткичлари аниқланади, шунингдек, амалга оширилиши режалаштирилган ишларнинг ҳажми ва йўналишлари, бажариш муддатларини белгилайди.

8. Биотехник тадбирлар режасини ишлаб чиқишда:

ҳайвонот дунёси объектларини давлат томонидан ҳисобга олиш, улардан фойдаланиш ҳажмларини ҳисобга олиш ва давлат кадастри маълумотлари;

атроф табиий муҳит давлат мониторинги доирасида амалга оширилган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардаги ва ўрмон фонди ерларидаги ҳайвонот дунёси мониторинги, овчилик ресурсларининг ва улар яшаш муҳитининг давлат мониторинги маълумотлари ҳам инобатга олинади.

9. Биотехник тадбирларни ўтказувчи субъектлар биотехник тадбирлар режасини ишлаб чиқиш учун шартнома асосида ихтисослашган ва илмий-тадқиқот ташкилотларини, тегишли мутахассисларни ҳамда халқаро экспертларни шартнома асосида жалб қилиши мумкин.

10. Биотехник тадбирларни ўтказувчи субъектлар келгуси йил учун ишлаб чиқилган биотехник тадбирлар режасини ҳар йили 10 январга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари (кейинги ўринларда — ҳудудий экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари) билан келишиш учун тақдим этади.

11. Ҳудудий экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари беш иш кунида биотехник тадбирлар режасини кўриб чиқиб, келишиб беради ёки асослантирилган ҳолда рад этади.

Рад этган тақдирда, рад этиш сабаблари ва мазкур сабабларни бартараф этиб, биотехник тадбирлар режасини такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиш мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда, биотехник тадбирларни ўтказувчи субъектни ёзма шаклда хабардор қилади.

12. Биотехник тадбирлар режасини келишиб бериш қуйидаги асосларга кўра рад этилади:

биотехник тадбирларни ўтказувчи субъектлар томонидан тақдим этилган биотехник тадбирлар режасидаги маълумотлар тўлиқ тақдим этилмаганда, шунингдек, унга илова қилинган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда;

биотехник тадбирлар режаси дастлабки кўрсатилган камчиликларни бартараф этмасдан такроран тақдим этилганда.

13. Биотехник тадбирларни ўтказувчи субъектлар биотехник тадбирлар режасини келишиб бериш рад этилганлиги ҳақидаги ёзма хабарнома олинган кундан эътиборан ўн беш иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда такроран келишиб бериш учун ҳудудий экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органларига тақдим этади.

14. Ҳудудий экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари қайта ишланган ҳамда камчиликлар бартараф этилган биотехник тадбирлар режасини олинган кундан эътиборан беш иш кунидан ошмайдиган муддатда такроран кўриб чиқиб, келишиб беради.

15. Биотехник тадбирлар режасини кўриб чиққанлик ёки такроран кўриб чиққанлик ҳамда келишиб берганлик учун йиғим ундирилмайди.

16. Биотехник тадбирлар режасини қайта кўриб чиқишда камчиликларни бартараф этиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилмаган янги асослар билан рад этилишига йўл қўйилмайди.

17. Биотехник тадбирларни ўтказувчи субъектлар томонидан давлат қўриқхоналари, мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналари, биологик (зоологик) буюртма қўриқхоналар, давлат табиат ёдгорликларининг қўриқлама зоналарида, табиий питомникларда, балиқ хўжалиги зоналарида, биосфера резерватларининг буфер зоналарида биотехник тадбирларни ўтказиш режаси зарур ҳолларда ердан фойдаланувчилар, ер эгалари, ижарачилари ва мулкдорлар билан келишган ҳолда ўтказилиши керак.

18. Биотехник тадбирларни ўтказувчи субъектлар биотехник тадбирлар ўтказиладиган ҳудудларда Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармалари ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг ҳудудий бошқармалари билан ҳамкорликда инсон ва ҳайвонлар учун умумий ва келиб чиқиш хавфи юқори бўлган касалликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириши лозим.

4-боб. Биотехник тадбирлар ўтказиладиган ҳудудлар

19. Биотехник тадбирларни ўтказувчи субъектлар томонидан биотехник тадбирлар қуйидаги ҳудудларда ўтказилади:

биологик хилма-хилликни сақлаш, ёввойи ҳайвонларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ёввойи ҳайвон турларининг барқарор яшашини таъминлаш, табиий кўпайиш шароитларини яхшилаш мақсадида давлат қўриқхоналарининг, мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналарининг, биологик (зоологик) буюртма қўриқхоналарининг, давлат табиат ёдгорликларининг қўриқлама зоналарида, табиий питомникларда, балиқ хўжалиги зоналари, биосфера резерватларининг буфер зоналарида;

овчилик ресурсларини муҳофаза қилиш, улардан оқилона, барқарор фойдаланиш ва ов қилиш жойларининг маҳсулдорлигини ошириш, овчилик ресурсларининг кўпайиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида овчилик хўжаликларининг, ўрмон-овчилик хўжаликларининг, хусусий овчилик хўжаликларининг ҳудудларида ва якка тартибдаги тадбиркорларга ҳамда овчилар жамоат бирлашмаларига бириктирилган ов қилиш ва балиқ овлаш жойларида.

Бунда мазкур банднинг иккинчи хатбошисида назарда тутилган биотехник тадбирлар давлат қўриқхоналарини, мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналарини, биологик (зоологик) буюртма қўриқхоналарини, табиий питомникларни, балиқ хўжалиги зоналарини, биосфера резерватларини бошқариш режаларининг ташкилий, табиатни муҳофаза қилиш, техникавий ва бошқа йўналишидаги тадбирлари таркибида ўтказилади.

20. Давлат қўриқхоналари, мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналари, биологик (зоологик) буюртма қўриқхоналарининг қўриқлама зоналари, табиий питомниклар, балиқ хўжалиги зоналари, биосфера резерватларининг буфер зоналари ҳудудидаги ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва мулкдорлар биотехник тадбирларни ўтказувчи субъектларга биотехник тадбирларни ўтказишда амалий ёрдам кўрсатишлари мумкин.

21. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги бириктирилган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда биотехник тадбирларни амалга оширади (овчилик хўжалиги фаолиятини юритиш учун берилган ов қилиш жойлари бундан мустасно).

22. Зарур ҳолларда, биотехник тадбирларни ўтказувчи субъектлар ушбу Низомнинг 5-банди иккинчи — еттинчи хатбошиларида назарда тутилган биотехник тадбирларни, шу жумладан, ёввойи ҳайвонларнинг сонини ҳар йилги ҳисобга олиш ишларини амалга оширишга жамоатчилик экология назоратчиларини, овчилар жамоат бирлашмалари аъзоларини ҳамда шартнома асосида биотехник тадбирларни ўтказиш режалаштирилган ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолини жалб этишлари мумкин.

5-боб. Биотехник тадбирларни ўтказиш бўйича талаблар

23. Биотехник тадбирларни ўтказиш даврида биотехник тадбирларни ўтказувчи субъектлар:

ер, тупроқ, атмосфера ҳавосини, сув, ўрмон, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид муносабатларни тартибга солувчи қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларга қатъий риоя этиши;

биотехник қурилмаларни халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятга молик умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан, темир йўллардан (ёввойи ҳайвонларнинг автомобиль йўллари ва темир йўлларни тўсиқсиз кесиб ўтишини таъминлайдиган, махсус иншоотлар билан жиҳозланган ерусти ёки ерости ўтиш жойлари бундан мустасно) ҳамда юқори кучланишли электр тармоқларидан 500 метрдан кам бўлмаган масофада барпо этиши;

хўжалик фаолиятини амалга ошириш ёки ов қилиш жараёнида нобуд бўлган ёввойи ҳайвонларнинг ташландиқ жасадларини, уларнинг қисмлари ва ички аъзоларидан ҳосил бўлган биологик чиқиндиларини ветеринария талабларига асосан зарарсизлантириш чораларини кўриши;

ёввойи ҳайвонлар орасида касалланиш ёки ёппасига ўлим ҳолатлари кузатилган тақдирда, зудлик билан ҳудудий давлат ветеринария хизмати органларини хабардор қилиши;

давлат ветеринария томонидан амалга оширилган профилактика тадбирлари, ҳайвонлар (қушлар) орасида келиб чиққан касаллик ва унинг оқибатидаги ўлим ҳолатлари юзасидан йиллик маълумот тақдим этиб бориши;

фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келган, шунингдек, эскирган биотехник қурилмаларни бузиб ташлаш чораларини кўриши;

биотехник қурилмаларнинг, сайёҳлик ва экскурсия қатнов йўналишларининг (экосўқмоқлар), сайёҳларнинг тўхташ ва дам олиш жойлари, кўргазма майдончаларининг, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва тарғиб этиш учун ажратилган махсус майдонларнинг ҳолати ўрганилиб, уларни таъмирлаш, тиклаш ёки янгиларини яратиш ёхуд тугатиш масалаларини ҳал этиши лозим.

24. Ёввойи ҳайвонларни қўшимча озиқлантириш мавсуми тугагандан сўнг биотехник тадбирларни ўтказувчи субъектлар юқумли касалликлар ўчоқлари пайдо бўлишининг олдини олиш мақсадида ёввойи ҳайвонларни озиқлантириш пунктлари ва майдончалари, кўчма ва муқим охурлар, лотоклар ҳамда уларнинг атрофлари биологик чиқиндилардан тозаланишини, ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига кўра мажбурий равишда зарарсизлантирилишини (юқумсизлантирилишини) таъминлаши зарур.

6-боб. Биотехник тадбирларни ўтказиш якунларини мониторинг қилиш

25. Биотехник тадбирларни ўтказувчи субъектлар биотехник тадбирлар ўтказиш якунланган кундан бошлаб беш иш кунидан кечикмай, бу ҳақида ҳудудий экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органини хабардор қилади.

26. Ҳудудий экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органи биотехник тадбирларни ўтказиш якунланганлиги ҳақидаги хабарнома олинган кундан бошлаб етти иш кунидан кечиктирмай, биотехник тадбирларни ўтказган субъектлар иштирокида биотехник тадбирлар натижаларини бевосита улар ўтказилган ҳудудда мониторинг қилади.

27. Ҳудудий экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари ўтказилган биотехник тадбирлар натижалари мониторингини амалга ошириш учун ихтисослашган илмий-тадқиқот ташкилотларини, тегишли мутахассисларни ҳамда экспертларни жалб этиши, техник воситалардан, шу жумладан, фото ва видео қайд этиш воситаларидан фойдаланиши мумкин.

28. Биотехник тадбирларни ўтказиш мониторинги натижалари икки нусхада маълумотнома билан расмийлаштирилади ҳамда маълумотноманинг бир нусхаси биотехник тадбирларни ўтказган субъектга тақдим этилади.

29. Маълумотномада биотехник тадбирлар режасига кўра биотехник тадбирлар ўтказилган ҳудуднинг номи, биотехник тадбирларни ўтказиш объектлари турларига нисбатан режалаштирилган ва амалда бажарилган ишларнинг ҳажми ва йўналишлари, ижро муддатлари, биотехник тадбирларни ўтказишга қўйилган талабларнинг бажарилиши атрофлича таҳлил қилинади.

30. Ҳудудий экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари ҳар йили 10 февралдан кечиктирмай, биотехник тадбирларни ўтказган субъектлар кесимида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига биотехник тадбирларни ўтказиш якунлари мониторинги натижалари тўғрисидаги умумлаштирилган ҳисоботларни тақдим этадилар.

7-боб. Якунловчи қоидалар

31. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича биотехник тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича биотехник тадбирларни ўтказиш

Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Биотехник тадбирларни ўтказувчи субъектлар 1. Биотехник тадбирларни ўтказиш режалаштирилган ҳудудни белгилайди, биотехник тадбирлар режасини ишлаб чиқади. Ҳар йили 1 декабрга қадар 2. Биотехник тадбирлар режасини ҳудудий экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органларига тақдим этади. Ҳар йили 10 январга қадар 2-босқич Ҳудудий экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари Биотехник тадбирлар режасини кўриб чиқиб, келишиб беради ёки асослантирилган ҳолда рад этади. Беш иш куни 3-босқич Биотехник тадбирларни ўтказувчи субъектлар Биотехник тадбирлар режасини такроран кўриб чиқиш учун тақдим этади. Ўн беш иш куни 4-босқич Ҳудудий экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари Биотехник тадбирлар режасини такроран кўриб чиқади. Беш иш куни 5-босқич Биотехник тадбирларни ўтказувчи субъектлар 1. Биотехник тадбирларни ўтказади. Белгиланган муддатларда 2. Биотехник тадбирларни ўтказиш якунлангани ҳақида ҳудудий экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органини хабардор қилади. Биотехник тадбирлар якуни билан беш иш кунида 6-босқич Ҳудудий экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари 1. Биотехник тадбирларни ўтказган субъектлар иштирокида биотехник тадбирлар натижаларини бевосита улар ўтказилган ҳудудда мониторинг қилади. Хабарнома олинган кундан бошлаб етти иш кунида 2. Биотехник тадбирларни ўтказиш мониторинги натижаларини маълумотнома билан икки нусхада расмийлаштиради, бир нусхасини биотехник тадбирларни ўтказган субъектга тақдим этади. Маълумотнома расмийлаштирилган кунда 7-босқич Ҳудудий экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига биотехник тадбирларни ўтказган субъектлар кесимида биотехник тадбирларни ўтказиш якунлари мониторинги натижалари тўғрисидаги умумлаштирилган ҳисоботларни тақдим этади. Ҳар йили 10 февралдан кечиктирмай

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 22 январь,

31-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.01.2025 й., 09/25/31/0069-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

Hayvonot dunyosini muhofaza qilish va undan oqilona foydalanish boʻyicha biotexnik tadbirlarni oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasining “Hayvonot dunyosini muhofaza qilish va undan foydalanish toʻgʻrisida”gi Qonuni ijrosini taʼminlash, shuningdek, hayvonot dunyosini muhofaza qilish va undan oqilona foydalanish boʻyicha tizimli kompleks chora-tadbirlar amalga oshirilishini tartibga solish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Hayvonot dunyosini muhofaza qilish va undan oqilona foydalanish boʻyicha biotexnik tadbirlarni (keyingi oʻrinlarda — biotexnik tadbirlar) oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

biotexnik tadbirlarni oʻtkazish maqsadi va usullari;

biotexnik tadbirlar rejasini ishlab chiqish, kelishish va tasdiqlash tartibi;

biotexnik tadbirlar oʻtkaziladigan hududlar hamda ularni oʻtkazish boʻyicha talablar;

biotexnik tadbirlarni oʻtkazish yakunlarini monitoring qilish va ularning natijalari toʻgʻrisidagi maʼlumotnomani rasmiylashtirish;

biotexnik tadbirlarni moliyalashtirish tartibi.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi:

2025-yil 1-aprelga qadar hayvonot dunyosini muhofaza qilish va undan oqilona foydalanish boʻyicha biotexnik tadbirlarni oʻtkazish toʻgʻrisidagi maʼlumotlar atrof tabiiy muhit davlat monitoringi tizimining yagona geoaxborot maʼlumotlar bazasida yuritilishini taʼminlasin;

manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni uch oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin;

biotexnik tadbirlarni oʻtkazuvchi subyektlar tomonidan biotexnik tadbirlarning belgilangan tartibda va muddatlarda samarali oʻtkazilishi boʻyicha profilaktika va nazorat chora-tadbirlarini amalga oshirsin;

Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi hamda Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi bilan birgalikda ushbu qarorning mazmun-mohiyati ommaviy axborot vositalari, ijtimoiy tarmoqlar va rasmiy veb-saytlarda keng yoritilishini tashkil etsin.

3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vaziri A.A. Abduxakimov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 22-yanvardagi 31-son qaroriga ILOVA

Hayvonot dunyosini muhofaza qilish va undan oqilona foydalanish boʻyicha biotexnik tadbirlarni oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom hayvonot dunyosini muhofaza qilish va undan oqilona foydalanish boʻyicha biotexnik tadbirlarni oʻtkazish tartibini belgilaydi.

Hayvonot dunyosini muhofaza qilish va undan oqilona foydalanish boʻyicha biotexnik tadbirlar (keyingi oʻrinlarda — biotexnik tadbirlar) ushbu Nizomga ilovadagi sxemaga muvofiq oʻtkaziladi.

2. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

biotexnik tadbirlar — yovvoyi hayvonlarni saqlab qolish, tiklash va takror koʻpaytirishga, ularning yashash muhitini, urchish joylari va koʻchib oʻtish yoʻllarini saqlab qolishga, ov qilish va baliq ovlash joylari mahsuldorligini oshirishga qaratilgan, ilmiy asoslangan tadbirlar majmui;

biotexnik tadbirlarni oʻtkazish obyektlari — Oʻzbekiston Respublikasi hududida doimiy yoki vaqtincha, tabiiy erkin sharoitda quruqlikda hamda suvda yashaydigan yovvoyi hayvonlar (sut emizuvchilar, sudralib yuruvchilar, qushlar, baliqlar);

biotexnik tadbirlarni oʻtkazish rejalashtirilgan hudud — davlat qoʻriqxonalari, majmua (landshaft) buyurtma qoʻriqxonalari, biologik (zoologik) buyurtma qoʻriqxonalari, tabiiy pitomniklar, baliq xoʻjaligi zonalari, biosfera rezervatlari, ovchilik xoʻjaliklari, oʻrmon-ovchilik xoʻjaliklari, xususiy ovchilik xoʻjaliklari va ovchilik xoʻjaligini yuritish uchun yakka tartibdagi tadbirkorlarga hamda ovchilar jamoat birlashmalariga biriktirilgan yer uchastkalari, davlat oʻrmon fondi uchastkalari, suv havzalarining akvatoriyalari;

biotexnik tadbirlarni oʻtkazuvchi subyektlar — davlat qoʻriqxonalari, majmua (landshaft) buyurtma qoʻriqxonalari, biologik (zoologik) buyurtma qoʻriqxonalari, tabiiy pitomniklar, baliq xoʻjaligi zonalari, biosfera rezervatlari, ovchilik xoʻjaliklari, oʻrmon-ovchilik xoʻjaliklari, xususiy ovchilik xoʻjaliklari va ovchilik xoʻjaligini yurituvchi yakka tartibdagi tadbirkorlar hamda ovchilar jamoat birlashmalari;

biologik chiqindilar — yovvoyi hayvonlarning jasadlari, qismlari va ichki aʼzolaridan hosil boʻlgan veterinariya-sanitariya jihatidan xavfli chiqindilar va oziqa qoldiqlari;

biotexnik qurilmalar — sunʼiy yaratilgan uyalar, inlar, himoya boshpanalari, oziqlantirish punktlari va maydonchalari, koʻchma va muqim oxurlar, lotoklar, maxsus jihozlangan suv ichiladigan joylar va sigʻimlar, qoʻshimcha mavsumiy oziqlantirish uchun dagʻal xashak, don ekinlari, kepak va boshqa shirali oziqa qoʻshimchalarini, tuz boʻlaklarini saqlashga moʻljallangan yopiq tipdagi yengil konstruksiyali binolar;

oziqa mahsulotlari — yovvoyi hayvonlarni qoʻshimcha oziqlantirish uchun tayyorlangan yem-xashak (bir yillik va koʻp yillik oʻtlar, xashaki yovvoyi ildizmevali, kartoshkali oʻsimliklar) dagʻal xashak, don ekinlari, kepak hamda boshqa oziqa qoʻshimchalar va tuz boʻlaklari.

3. Biotexnik tadbirlar biotexnik tadbirlarni oʻtkazuvchi davlat organlarining budjetdan tashqari mablagʻlari, xususiy ovchilik xoʻjaliklari va ovchilik xoʻjaligini yurituvchi yakka tartibdagi tadbirkorlar, ovchilar jamoat birlashmalarining oʻz mablagʻlari hamda qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtiriladi.

2-bob. Biotexnik tadbirlarni oʻtkazish maqsadi va usullari

4. Quyidagilar biotexnik tadbirlarni oʻtkazishning maqsadi hisoblanadi:

yovvoyi hayvonlarning xilma-xil turlarini, tabiiy galalari va toʻdalari bir butligini taʼminlash;

yovvoyi hayvonlarning yashash muhiti, boʻlishi, yashashi va urchish joylarini, ularning koʻchib oʻtish yoʻllarini saqlab qolish va muhofaza qilish choralarini amalga oshirish;

ov qilish maqsadida foydalaniladigan yovvoyi hayvonlar (ovchilik resurslari) soni tabiiy koʻpayishi uchun qulay shart-sharoitlar yaratish hamda ov qilish va baliq ovlash joylari mahsuldorligini oshirish;

ov qilish joylarida ov tuzish loyihalariga asosan inson va tabiiy omillar taʼsirida muqim yashash joylaridan gʻoyib boʻlgan yovvoyi hayvon turlarini avvalgi yashagan muhitiga qaytarish va ularni yarim erkin sharoitlarda koʻpaytirish;

yovvoyi hayvonlarning harorat keskin oʻzgarishi hamda oʻta noqulay kelgan ob-havo sharoitlar oqibatida tabiiy yashash muhitidan oʻzga muhitga tushib qolishini, ovqat izlab koʻchib yurishini hamda nobud boʻlishini oldini olish, hayot faoliyati barqarorligini taʼminlash maqsadida qoʻshimcha mavsumiy oziqlantirish;

yovvoyi hayvonlarning himoyalanishi, xilma-xil turlarini, tabiiy galalarini va toʻdalarini tabiiy sharoitlarda koʻpaytirish uchun uyalar va inlar qurishiga qulay sharoitlarni yaratish;

yovvoyi hayvonlarni yuqumli kasalliklardan himoya qilish boʻyicha tegishli karantin va veterinariya, davolash-profilaktika tadbirlarini oʻtkazish;

tabiiy ofatlar oqibatida falokatga uchragan yoki oʻzi uchun notabiiy sharoitga tushib qolgan yovvoyi hayvonlarni qutqarish choralarini koʻrish;

ekologik va ovchilik turizmini rivojlantirish uchun qulay shart-sharoitlar yaratish.

5. Biotexnik tadbirlar quyidagi usullarda oʻtkaziladi:

yovvoyi hayvonlarni qoʻshimcha oziqlantirish uchun ihota va oziqabop ekinlarni, buta va oʻsimliklarni ekish;

biotexnik qurilmalarni qurish, shu jumladan, haroratning keskin oʻzgarishi hamda oʻta noqulay kelgan ob-havo sharoitlarida yovvoyi hayvonlar toʻplanadigan joylarda vaqtincha oziqlantirish punktlarini va maydonchalarini tashkil qilish;

yovvoyi hayvonlarning mavjud tabiiy suv ichadigan joylarini tiklash;

oziqa mahsulotlari zaxiralarini tayyorlash va sunʼiy oziqlantirish punktlarini va maydonchalarini tashkil etish, koʻchma oxurlarni yovvoyi hayvonlarning koʻchib oʻtish yoʻllari va koʻchib yurish ehtimoli bor joylarga qoʻyib chiqish;

daraxt, butalar va boshqa oʻsimliklarning koʻchatlarini zich ekish yoʻli bilan yovvoyi hayvonlarning himoyalanishi uchun uya, in va boshpanalar yaratish imkoniyatlarini oshirish, ular boʻladigan va yashaydigan hududlardagi dov-daraxtlarni qurigan shox-shabbalardan tozalash (butash) hamda har 2-3 yilda yoshartirish ishlarini amalga oshirish;

tabiiy pitomniklar, baliq xoʻjaligi zonalari suv havzalarini suvosti oʻsimliklaridan tozalash (oʻrish), suv havzalarining kislorod rejimini taʼminlash, suv havzalaridan olingan baliqlarning oʻrnini toʻldirish uchun suv havzalarini har yili baliq chavoqlari bilan baliqlantirish;

falokatga uchragan va oʻzi uchun notabiiy yoki noqulay atrof-muhit sharoitlariga tushib qolgan yovvoyi hayvonlarni qutqarish choralarini koʻrish;

inson uchun xavfli kasalliklarni tarqatuvchilar boʻlgan, uning xoʻjalik faoliyatiga zarar yetkazadigan hamda yovvoyi hayvonlarning tabiiy uyalarini va inlarini, biotexnik qurilmalarni buzadigan, boshqa yovvoyi hayvonlarga moʻljallangan oziqani yeb qoʻyadigan ayrim turdagi yovvoyi hayvonlarning sonini tartibga solish (tutib olish, otish) (keyingi oʻrinlarda — yovvoyi hayvonlar sonini tartibga solish);

yovvoyi hayvonlarni yuqumli kasalliklardan himoya qilish boʻyicha tegishli karantin va veterinariya, davolash-profilaktika chora-tadbirlarini amalga oshirish hamda biologik chiqindilarni zararsizlantirish.

Biotexnik tadbirlar hududlarning tabiiy iqlim va ob-havo sharoitlarini hamda ayrim yovvoyi hayvon turlarining yashash muhitini inobatga olgan holda, boshqa usullar bilan ham oʻtkazilishi mumkin.

3-bob. Biotexnik tadbirlar rejasini ishlab chiqish, tasdiqlash va kelishish tartibi

6. Biotexnik tadbirlarni oʻtkazuvchi subyektlar kelgusi yil uchun har yili 1-dekabrga qadar biotexnik tadbirlar oʻtkazilishi rejalashtirilgan hududlarni belgilaydi hamda biotexnik tadbirlar rejasini ishlab chiqadi.

7. Biotexnik tadbirlarni oʻtkazuvchi subyektlar biotexnik tadbirlar rejasini ishlab chiqishda ushbu Nizomning 5-bandida nazarda tutilgan usullarga koʻra, biotexnik tadbirlarni oʻtkazish obyektlari turlarining tarqalishi, populyatsiyalari holati oʻrganiladi, ularning soni va sifat koʻrsatkichlari aniqlanadi, shuningdek, amalga oshirilishi rejalashtirilgan ishlarning hajmi va yoʻnalishlari, bajarish muddatlarini belgilaydi.

8. Biotexnik tadbirlar rejasini ishlab chiqishda:

hayvonot dunyosi obyektlarini davlat tomonidan hisobga olish, ulardan foydalanish hajmlarini hisobga olish va davlat kadastri maʼlumotlari;

atrof tabiiy muhit davlat monitoringi doirasida amalga oshirilgan muhofaza etiladigan tabiiy hududlardagi va oʻrmon fondi yerlaridagi hayvonot dunyosi monitoringi, ovchilik resurslarining va ular yashash muhitining davlat monitoringi maʼlumotlari ham inobatga olinadi.

9. Biotexnik tadbirlarni oʻtkazuvchi subyektlar biotexnik tadbirlar rejasini ishlab chiqish uchun shartnoma asosida ixtisoslashgan va ilmiy-tadqiqot tashkilotlarini, tegishli mutaxassislarni hamda xalqaro ekspertlarni shartnoma asosida jalb qilishi mumkin.

10. Biotexnik tadbirlarni oʻtkazuvchi subyektlar kelgusi yil uchun ishlab chiqilgan biotexnik tadbirlar rejasini har yili 10-yanvarga qadar Qoraqalpogʻiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi, Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi viloyatlar va Toshkent shahar boshqarmalari (keyingi oʻrinlarda — hududiy ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlari) bilan kelishish uchun taqdim etadi.

11. Hududiy ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlari besh ish kunida biotexnik tadbirlar rejasini koʻrib chiqib, kelishib beradi yoki asoslantirilgan holda rad etadi.

Rad etgan taqdirda, rad etish sabablari va mazkur sabablarni bartaraf etib, biotexnik tadbirlar rejasini takroran koʻrib chiqish uchun taqdim etish mumkin boʻlgan muddat koʻrsatilgan holda, biotexnik tadbirlarni oʻtkazuvchi subyektni yozma shaklda xabardor qiladi.

12. Biotexnik tadbirlar rejasini kelishib berish quyidagi asoslarga koʻra rad etiladi:

biotexnik tadbirlarni oʻtkazuvchi subyektlar tomonidan taqdim etilgan biotexnik tadbirlar rejasidagi maʼlumotlar toʻliq taqdim etilmaganda, shuningdek, unga ilova qilingan hujjatlarda notoʻgʻri yoki buzib koʻrsatilgan maʼlumotlar mavjud boʻlganda;

biotexnik tadbirlar rejasi dastlabki koʻrsatilgan kamchiliklarni bartaraf etmasdan takroran taqdim etilganda.

13. Biotexnik tadbirlarni oʻtkazuvchi subyektlar biotexnik tadbirlar rejasini kelishib berish rad etilganligi haqidagi yozma xabarnoma olingan kundan eʼtiboran oʻn besh ish kunidan ortiq boʻlmagan muddatda takroran kelishib berish uchun hududiy ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlariga taqdim etadi.

14. Hududiy ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlari qayta ishlangan hamda kamchiliklar bartaraf etilgan biotexnik tadbirlar rejasini olingan kundan eʼtiboran besh ish kunidan oshmaydigan muddatda takroran koʻrib chiqib, kelishib beradi.

15. Biotexnik tadbirlar rejasini koʻrib chiqqanlik yoki takroran koʻrib chiqqanlik hamda kelishib berganlik uchun yigʻim undirilmaydi.

16. Biotexnik tadbirlar rejasini qayta koʻrib chiqishda kamchiliklarni bartaraf etish toʻgʻrisidagi xabarnomada koʻrsatilmagan yangi asoslar bilan rad etilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

17. Biotexnik tadbirlarni oʻtkazuvchi subyektlar tomonidan davlat qoʻriqxonalari, majmua (landshaft) buyurtma qoʻriqxonalari, biologik (zoologik) buyurtma qoʻriqxonalar, davlat tabiat yodgorliklarining qoʻriqlama zonalarida, tabiiy pitomniklarda, baliq xoʻjaligi zonalarida, biosfera rezervatlarining bufer zonalarida biotexnik tadbirlarni oʻtkazish rejasi zarur hollarda yerdan foydalanuvchilar, yer egalari, ijarachilari va mulkdorlar bilan kelishgan holda oʻtkazilishi kerak.

18. Biotexnik tadbirlarni oʻtkazuvchi subyektlar biotexnik tadbirlar oʻtkaziladigan hududlarda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish qoʻmitasi, viloyatlar va Toshkent shahar veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish boshqarmalari hamda Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasining hududiy boshqarmalari bilan hamkorlikda inson va hayvonlar uchun umumiy va kelib chiqish xavfi yuqori boʻlgan kasalliklarning oldini olishga qaratilgan chora-tadbirlarni amalga oshirishi lozim.

4-bob. Biotexnik tadbirlar oʻtkaziladigan hududlar

19. Biotexnik tadbirlarni oʻtkazuvchi subyektlar tomonidan biotexnik tadbirlar quyidagi hududlarda oʻtkaziladi:

biologik xilma-xillikni saqlash, yovvoyi hayvonlarning, shu jumladan, Oʻzbekiston Respublikasi Qizil kitobiga kiritilgan yovvoyi hayvon turlarining barqaror yashashini taʼminlash, tabiiy koʻpayish sharoitlarini yaxshilash maqsadida davlat qoʻriqxonalarining, majmua (landshaft) buyurtma qoʻriqxonalarining, biologik (zoologik) buyurtma qoʻriqxonalarining, davlat tabiat yodgorliklarining qoʻriqlama zonalarida, tabiiy pitomniklarda, baliq xoʻjaligi zonalari, biosfera rezervatlarining bufer zonalarida;

ovchilik resurslarini muhofaza qilish, ulardan oqilona, barqaror foydalanish va ov qilish joylarining mahsuldorligini oshirish, ovchilik resurslarining koʻpayishi uchun qulay shart-sharoitlar yaratish maqsadida ovchilik xoʻjaliklarining, oʻrmon-ovchilik xoʻjaliklarining, xususiy ovchilik xoʻjaliklarining hududlarida va yakka tartibdagi tadbirkorlarga hamda ovchilar jamoat birlashmalariga biriktirilgan ov qilish va baliq ovlash joylarida.

Bunda mazkur bandning ikkinchi xatboshisida nazarda tutilgan biotexnik tadbirlar davlat qoʻriqxonalarini, majmua (landshaft) buyurtma qoʻriqxonalarini, biologik (zoologik) buyurtma qoʻriqxonalarini, tabiiy pitomniklarni, baliq xoʻjaligi zonalarini, biosfera rezervatlarini boshqarish rejalarining tashkiliy, tabiatni muhofaza qilish, texnikaviy va boshqa yoʻnalishidagi tadbirlari tarkibida oʻtkaziladi.

20. Davlat qoʻriqxonalari, majmua (landshaft) buyurtma qoʻriqxonalari, biologik (zoologik) buyurtma qoʻriqxonalarining qoʻriqlama zonalari, tabiiy pitomniklar, baliq xoʻjaligi zonalari, biosfera rezervatlarining bufer zonalari hududidagi yer egalari, yerdan foydalanuvchilar, ijarachilar va mulkdorlar biotexnik tadbirlarni oʻtkazuvchi subyektlarga biotexnik tadbirlarni oʻtkazishda amaliy yordam koʻrsatishlari mumkin.

21. Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi biriktirilgan muhofaza etiladigan tabiiy hududlarda biotexnik tadbirlarni amalga oshiradi (ovchilik xoʻjaligi faoliyatini yuritish uchun berilgan ov qilish joylari bundan mustasno).

22. Zarur hollarda, biotexnik tadbirlarni oʻtkazuvchi subyektlar ushbu Nizomning 5-bandi ikkinchi — yettinchi xatboshilarida nazarda tutilgan biotexnik tadbirlarni, shu jumladan, yovvoyi hayvonlarning sonini har yilgi hisobga olish ishlarini amalga oshirishga jamoatchilik ekologiya nazoratchilarini, ovchilar jamoat birlashmalari aʼzolarini hamda shartnoma asosida biotexnik tadbirlarni oʻtkazish rejalashtirilgan hududda istiqomat qiluvchi aholini jalb etishlari mumkin.

5-bob. Biotexnik tadbirlarni oʻtkazish boʻyicha talablar

23. Biotexnik tadbirlarni oʻtkazish davrida biotexnik tadbirlarni oʻtkazuvchi subyektlar:

yer, tuproq, atmosfera havosini, suv, oʻrmon, oʻsimlik va hayvonot dunyosini muhofaza qilish va ulardan foydalanishga oid munosabatlarni tartibga soluvchi qonun va boshqa qonunchilik hujjatlari talablarga qatʼiy rioya etishi;

biotexnik qurilmalarni xalqaro, davlat va mahalliy ahamiyatga molik umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllaridan, temir yoʻllardan (yovvoyi hayvonlarning avtomobil yoʻllari va temir yoʻllarni toʻsiqsiz kesib oʻtishini taʼminlaydigan, maxsus inshootlar bilan jihozlangan yerusti yoki yerosti oʻtish joylari bundan mustasno) hamda yuqori kuchlanishli elektr tarmoqlaridan 500 metrdan kam boʻlmagan masofada barpo etishi;

xoʻjalik faoliyatini amalga oshirish yoki ov qilish jarayonida nobud boʻlgan yovvoyi hayvonlarning tashlandiq jasadlarini, ularning qismlari va ichki aʼzolaridan hosil boʻlgan biologik chiqindilarini veterinariya talablariga asosan zararsizlantirish choralarini koʻrishi;

yovvoyi hayvonlar orasida kasallanish yoki yoppasiga oʻlim holatlari kuzatilgan taqdirda, zudlik bilan hududiy davlat veterinariya xizmati organlarini xabardor qilishi;

davlat veterinariya tomonidan amalga oshirilgan profilaktika tadbirlari, hayvonlar (qushlar) orasida kelib chiqqan kasallik va uning oqibatidagi oʻlim holatlari yuzasidan yillik maʼlumot taqdim etib borishi;

foydalanish uchun yaroqsiz holga kelgan, shuningdek, eskirgan biotexnik qurilmalarni buzib tashlash choralarini koʻrishi;

biotexnik qurilmalarning, sayyohlik va ekskursiya qatnov yoʻnalishlarining (ekosoʻqmoqlar), sayyohlarning toʻxtash va dam olish joylari, koʻrgazma maydonchalarining, atrof-muhitni muhofaza qilish va targʻib etish uchun ajratilgan maxsus maydonlarning holati oʻrganilib, ularni taʼmirlash, tiklash yoki yangilarini yaratish yoxud tugatish masalalarini hal etishi lozim.

24. Yovvoyi hayvonlarni qoʻshimcha oziqlantirish mavsumi tugagandan soʻng biotexnik tadbirlarni oʻtkazuvchi subyektlar yuqumli kasalliklar oʻchoqlari paydo boʻlishining oldini olish maqsadida yovvoyi hayvonlarni oziqlantirish punktlari va maydonchalari, koʻchma va muqim oxurlar, lotoklar hamda ularning atroflari biologik chiqindilardan tozalanishini, veterinariya, veterinariya-sanitariya qoidalari va normalariga koʻra majburiy ravishda zararsizlantirilishini (yuqumsizlantirilishini) taʼminlashi zarur.

6-bob. Biotexnik tadbirlarni oʻtkazish yakunlarini monitoring qilish

25. Biotexnik tadbirlarni oʻtkazuvchi subyektlar biotexnik tadbirlar oʻtkazish yakunlangan kundan boshlab besh ish kunidan kechikmay, bu haqida hududiy ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organini xabardor qiladi.

26. Hududiy ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organi biotexnik tadbirlarni oʻtkazish yakunlanganligi haqidagi xabarnoma olingan kundan boshlab yetti ish kunidan kechiktirmay, biotexnik tadbirlarni oʻtkazgan subyektlar ishtirokida biotexnik tadbirlar natijalarini bevosita ular oʻtkazilgan hududda monitoring qiladi.

27. Hududiy ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlari oʻtkazilgan biotexnik tadbirlar natijalari monitoringini amalga oshirish uchun ixtisoslashgan ilmiy-tadqiqot tashkilotlarini, tegishli mutaxassislarni hamda ekspertlarni jalb etishi, texnik vositalardan, shu jumladan, foto va video qayd etish vositalaridan foydalanishi mumkin.

28. Biotexnik tadbirlarni oʻtkazish monitoringi natijalari ikki nusxada maʼlumotnoma bilan rasmiylashtiriladi hamda maʼlumotnomaning bir nusxasi biotexnik tadbirlarni oʻtkazgan subyektga taqdim etiladi.

29. Maʼlumotnomada biotexnik tadbirlar rejasiga koʻra biotexnik tadbirlar oʻtkazilgan hududning nomi, biotexnik tadbirlarni oʻtkazish obyektlari turlariga nisbatan rejalashtirilgan va amalda bajarilgan ishlarning hajmi va yoʻnalishlari, ijro muddatlari, biotexnik tadbirlarni oʻtkazishga qoʻyilgan talablarning bajarilishi atroflicha tahlil qilinadi.

30. Hududiy ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlari har yili 10-fevraldan kechiktirmay, biotexnik tadbirlarni oʻtkazgan subyektlar kesimida Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligiga biotexnik tadbirlarni oʻtkazish yakunlari monitoringi natijalari toʻgʻrisidagi umumlashtirilgan hisobotlarni taqdim etadilar.

7-bob. Yakunlovchi qoidalar

31. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Hayvonot dunyosini muhofaza qilish va undan oqilona foydalanish boʻyicha biotexnik tadbirlarni oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Hayvonot dunyosini muhofaza qilish va undan oqilona foydalanish boʻyicha biotexnik tadbirlarni oʻtkazish

Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Biotexnik tadbirlarni oʻtkazuvchi subyektlar 1. Biotexnik tadbirlarni oʻtkazish rejalashtirilgan hududni belgilaydi, biotexnik tadbirlar rejasini ishlab chiqadi. Har yili 1-dekabrga qadar 2. Biotexnik tadbirlar rejasini hududiy ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlariga taqdim etadi. Har yili 10-yanvarga qadar 2-bosqich Hududiy ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlari Biotexnik tadbirlar rejasini koʻrib chiqib, kelishib beradi yoki asoslantirilgan holda rad etadi. Besh ish kuni 3-bosqich Biotexnik tadbirlarni oʻtkazuvchi subyektlar Biotexnik tadbirlar rejasini takroran koʻrib chiqish uchun taqdim etadi. Oʻn besh ish kuni 4-bosqich Hududiy ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlari Biotexnik tadbirlar rejasini takroran koʻrib chiqadi. Besh ish kuni 5-bosqich Biotexnik tadbirlarni oʻtkazuvchi subyektlar 1. Biotexnik tadbirlarni oʻtkazadi. Belgilangan muddatlarda 2. Biotexnik tadbirlarni oʻtkazish yakunlangani haqida hududiy ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organini xabardor qiladi. Biotexnik tadbirlar yakuni bilan besh ish kunida 6-bosqich Hududiy ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlari 1. Biotexnik tadbirlarni oʻtkazgan subyektlar ishtirokida biotexnik tadbirlar natijalarini bevosita ular oʻtkazilgan hududda monitoring qiladi. Xabarnoma olingan kundan boshlab yetti ish kunida 2. Biotexnik tadbirlarni oʻtkazish monitoringi natijalarini maʼlumotnoma bilan ikki nusxada rasmiylashtiradi, bir nusxasini biotexnik tadbirlarni oʻtkazgan subyektga taqdim etadi. Maʼlumotnoma rasmiylashtirilgan kunda 7-bosqich Hududiy ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi organlari Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligiga biotexnik tadbirlarni oʻtkazgan subyektlar kesimida biotexnik tadbirlarni oʻtkazish yakunlari monitoringi natijalari toʻgʻrisidagi umumlashtirilgan hisobotlarni taqdim etadi. Har yili 10-fevraldan kechiktirmay

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 22-yanvar,

31-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 24.01.2025-y., 09/25/31/0069-son)

lex.uz