UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 29-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 29 январь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 29 января 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 29 January 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Олий маълумотли кадрларга давлат буюртмасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Меҳнат ресурслари, бандлик ва аҳолини ишга жойлаштиришни ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда сифатли ва холисона баҳолаш, айниқса, меҳнат бозорига илк бор кириб келувчи меҳнатга лаёқатли ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг олий маълумотли кадрларга бўлган давлат буюртмасини Махсус электрон платформа (кейинги ўринларда — Платформа) орқали шакллантириш ҳамда Платформани Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тизимида ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Белгилансинки, 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб:

олий маълумотли кадрларга давлат буюртмаси Платформада жамланган маълумотлар ва меҳнат бозори талабини таҳлил қилиш асосида аниқланади;

кадрларга бўлган эҳтиёж 4 йиллик даврга ишлаб чиқилиб, ҳар йили меҳнат бозорининг ўзгариш тенденциялари, ҳудудларда ижтимоий соҳа муассасалари ва иқтисодиёт тармоқларини кадрлар билан таъминлашни инобатга олган ҳолда, Платформага тегишли тузатишлар киритиб борилади.

3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Олий маълумотли кадрларга давлат буюртмасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

давлат буюртмасини шакллантиришда маълумотларни жамлаш, қайта ишлаш ва буюртмани юқори турувчи органларга тақдим этиш;

иш берувчиларнинг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжини аниқлаш тартиби;

иқтисодиёт тармоқларини мутаносиб ривожлантириб бориш мақсадида давлат буюртмасини шакллантиришда устуворлик бериладиган йўналишларни аниқлаш.

4. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан биргаликда 2025 йилдан бошлаб 4 йиллик давр учун давлат буюртмаси параметрларини олий маълумотли кадрларга бўлган талаб прогнозига мувофиқ равишда тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига ҳар йили 1 майга қадар киритишни таъминласин.

5. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2025 йил 1 апрелга қадар ўзларига тегишли бўлган электрон маълумотлар базалари «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграцион платформаси орқали Платформага интеграция қилинишини таъминласин.

Бунда:

интеграция қилинадиган маълумотлар базалари рўйхатини Иқтисодиёт ва молия вазирлиги республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари билан келишган ҳолда шакллантиради;

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги «Ахборот технологиялари маркази» давлат унитар корхонаси Платформани ишга тушириш билан боғлиқ техник жараёнларни амалга ошириш, Платформа иштирокчилари ўртасида маълумотлар алмашинувини «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграцион платформаси орқали амалга ошириш ва шаффофликни таъминлаш бўйича масъул ҳисобланади.

6. Белгилансинки, олий маълумотли кадрларга давлат буюртмасини шакллантиришда Платформага қуйидаги маълумотлар киритиб борилади:

а) Солиқ қўмитаси томонидан:

иқтисодиёт тармоқларида расман банд бўлган аҳоли сони (иқтисодий фаолият турлари ва ҳудудлар кесимида);

давлат ва нодавлат олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг ўқишни тамомлагандан сўнг расман бандлиги тўғрисидаги маълумотларни (фаолият турлари кесимида);

б) Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан меҳнат ресурслари баланси, меҳнат бозорида мавжуд бўш иш ўринлари, иқтисодий фаолият турлари бўйича бандлик даражаси ҳақида;

в) Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан «Олий таълим жараёнларини бошқариш (HEMIS)» ахборот тизимида мавжуд битирувчилар ва олий таълим ташкилотлари тўғрисида;

г) Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан йирик ишлаб чиқариш объектлари ва қувватларини ишга тушириш ҳисобидан келгуси йилларда юзага келиши кутилаётган кадрларга бўлган эҳтиёж ҳақида;

д) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳудудларда амалга оширилаётган инвестиция дастурлари ҳамда ҳудуднинг ривожланиш истиқболларини инобатга олган ҳолда, келгуси йилларда юзага келиши кутилаётган кадрларга бўлган талаб тўғрисида;

е) республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳОкимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари томонидан ўз тизимларида келгуси йилларда юзага келиши кутилаётган кадрларга бўлган талаб тўғрисида.

7. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги давлат улуши мавжуд бўлмаган йирик иш берувчи корхоналарни уларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжини аниқлаш мақсадида Платформага улаш бўйича тарғибот ишларини амалга оширсин.

8. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги икки ой муддатда республика бўйича аҳоли бандлиги, бўш иш ўринлари ҳисобини юритиш, меҳнат бозорига кириб келувчи ёшларнинг ҳудудлар кесимида иш билан бандлигини таъминлаб бориш бўйича мавжуд механизмларни такомиллаштириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

9. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 январдаги 49-сон қарорига ИЛОВА

Олий маълумотли кадрларга давлат буюртмасини шакллантириш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом олий таълим учун олий маълумотли кадрларга давлат буюртмасини шакллантириш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

давлат буюртмаси — иқтисодиёт тармоқларининг олий маълумотли кадрларга бўлган талабидан келиб чиқиб, давлат гранти кўринишида ажратиладиган кадрларга бўлган буюртма;

кадрларга бўлган эҳтиёж — иқтисодиёт тармоқларининг олий маълумотли кадрларга бўлган талаби;

кадрлар буюртмачиси — келгуси йилларда ўз тизимини кадрлар билан таъминлаш учун буюртма берувчи ташкилот;

Платформа — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан юритиладиган, давлат буюртмасини шакллантиришда маълумотларни жамлаш, қайта ишлаш имонини берувчи рақамлаштирилган махсус электрон дастур;

табиий кетиш коэффициенти — соҳа ёки тармоқда ҳар йили табиий сабабларга кўра (пенсияга чиқиш, вафот этиш, кўчиб кетиш ва бошқалар) юзага келадиган кадрлар қўнимсизлиги кўрсаткичи.

3. Олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёж юзасидан тегишли таҳлиллар ўтказиш, олий таълим ташкилотида меҳнат бозорининг ўзгарувчан талабларига мослашувчан кадрларни тайёрлаш имкониятини ўрганиш ҳамда иш берувчиларнинг талабларига мос кадрларни тайёрлаш учун реал эҳтиёжни шакллантириш олий маълумотли кадрларга давлат буюртмасини шакллантиришнинг асосий мақсади ҳисобланади.

2-боб. Олий маълумотли кадрларга эҳтиёжни аниқлаш тартиби

4. Олий маълумотли кадрларга эҳтиёж Платформа орқали аниқланади.

5. Платформада қуйидаги маълумотлар шакллантирилади:

иқтисодий фаолият турлари кесимида иқтисодиёт тармоқларида расман банд бўлган аҳоли сони;

фаолият турлари кесимида давлат ва нодавлат олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг ўқишни тамомлагандан сўнг расман бандлиги;

меҳнат ресурслари баланси, меҳнат бозорида мавжуд бўш иш ўринлари, иқтисодий фаолият турлари бўйича бандлик даражаси;

республикада фаолият юритаётган давлат ва нодавлат ҳамда хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари битирувчилари сони;

олий таълим ташкилотлари бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари кесимида мавжуд қувватлар, профессор-ўқитувчилар таркиби ва ўқитиш учун моддий-техника базаси.

Шакллантирилган маълумотлар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан қайта ишлаб борилади.

6. Олий маълумотли кадрларга эҳтиёж ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ шакллантирилади.

7. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Платформага «Олий таълим жараёнларини бошқариш (HEMIS)» ахборот тизимини интеграция қилади ҳамда ҳар ўқув йили якуни бўйича 3 ой муддатда талабалар ва олий таълим ташкилотлари тўғрисидаги зарур маълумотларни бериб боради.

8. Солиқ қўмитаси:

ҳар йили 1 мартга қадар Платформага иқтисодиёт тармоқларида расман банд бўлган аҳоли сони (иқтисодий фаолият турлари ва ҳудудлар кесимида) тўғрисида;

ҳар йили 10 мартга қадар Платформага давлат ва нодавлат олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг ўқишни тамомлагандан сўнг расман бандлиги тўғрисидаги маълумотларни (фаолият турлари кесимида) киритади.

9. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳар йили 15 мартга қадар Платформага меҳнат ресурслари баланси, меҳнат бозорида мавжуд бўш иш ўринлари, иқтисодий фаолият турлари бўйича бандлик даражаси тўғрисидаги маълумотларни киритади.

10. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳар йили 1 мартга қадар йирик ишлаб чиқариш объектлари ва қувватларини ишга тушириш ҳисобидан келгуси йилларда юзага келиши кутилаётган кадрларга бўлган эҳтиёж тўғрисидаги маълумотларни киритади.

11. Вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳар йили 15 мартга қадар Платформага иш берувчиларнинг ўз тизимларида ҳамда тегишли ҳудудда келгуси йилларда юзага келиши кутилаётган кадрларга бўлган эҳтиёж бўйича маълумотларни киритади.

12. Шакллантирилган маълумотлар асосида аниқланган олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёждан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан олий таълим ташкилотларида ҳар 4 йилда давлат буюртмаси параметрларини шакллантиришда фойдаланилади ва вазирлик расмий веб-сайтига жойлаштирилиб борилади.

13. Давлат буюртмасини шакллантиришда кадрларга бўлган умумий эҳтиёж иш берувчилар томонидан тақдим этиладиган маълумотлар кесимида қуйидагича аниқланади:

иқтисодиёт тармоқлари кесимида мавжуд олий маълумотли кадрлар ҳамда соҳаларнинг ривожланиш стратегиялари бўйича келгуси йилларда яратиладиган иш ўринлари ва узоқ муддат (1 йилдан ортиқ) давомида бўш турган бўш иш ўринларини тўлдириш учун зарур бўлган кадрлар сони аниқланади;

ҳудудлар кесимида ижтимоий соҳа ва бошқа бюджет ташкилотларини барқарор равишда кадрлар билан таъминлаб бориш учун зарур бўлган кадрлар сони аниқланади.

Бунда соҳалар бўйича амалда фаолият юритаётган кадрлар таҳлили ўтказилиб, ҳар бир соҳа бўйича табиий кетиш коэффициенти қўлланилади.

Бунинг учун қуйидаги формуладан фойдаланилади:

ST = R + L + V + (MK*Tk)

ST — соҳа кесимида кадрларга бўлган умумий эҳтиёж;

R — ривожланиш стратегияларини амалга ошириш орқали яратиладиган янги иш ўринлари;

L — янги лойиҳалар (янги филиаллар, муассасалар ташкил этилиши) орқали ҳудудларда ташкил этиладиган янги иш ўринлари;

V — узоқ муддат (1 йилдан ортиқ) давомида бўш иш ўринлари;

МК — тармоқда амалда банд бўлган кадрлар сони;

Tk — соҳавий хусусиятлар ва мавжуд кадрлар таркибидан келиб чиқиб қўлланиладиган табиий кетиш коэффициенти.

Аниқланган соҳа талаби асос сифатида олиниб, макроиқтисодий таҳлиллар ўтказилади, бунда:

тегишли соҳа бўйича ҳудудлар кесимида амалда ўқиётган талабалар ва битирувчилар сони;

меҳнат бозорида тегишли соҳа бўйича мавжуд бўш иш ўринлари, ишсиз ҳисобланган кадрлар ва иш ўринларининг ўсиши (ёки қисқариши) тенденциялари ўрганиб чиқилиб, соҳавий умумий талабга тегишли тузатишлар киритилади ва тармоқларнинг ўрта муддатдаги реал эҳтиёжи аниқланади.

Бунда:

RST = ST — Т — Is

RST — соҳанинг ўрта муддатдаги (4 йиллик давр учун) кадрларга бўлган реал эҳтиёжи;

ST — соҳа кесимида кадрларга бўлган умумий эҳтиёж;

Т — ОТМларда амалда кадрларга бўлган талаб аниқланаётган йўналишлар бўйича таҳсил олаётган талабалар сони (ҳудудлар кесимида аниқланади);

Is — меҳнат бозорида кадрларга бўлган талаб аниқланаётган йўналишлар бўйича мос бўлган дипломга эга ишсизлар сони.

14. Соҳалар бўйича эҳтиёж умумлаштирилиб, олий маълумотли кадрларга бўлган давлат буюртмаси шакллантирилади.

Бунда ҳар йили умумий аниқланган эҳтиёжнинг 25 фоизидан кам бўлмаган қисмига давлат буюртмаси белгиланади.

15. Давлат буюртмаси асосида кадрлар давлат гранти асосида тайёрланади.

Меҳнат бозорини кадрлар билан таъминлашда барқарорликни таъминлаш мақсадида шакллантирилган эҳтиёж 4 йиллик даврда қопланиши кўзда тутилади.

4 йиллик даврга давлат буюртмаси асосида кадрлар тайёрлаш бўйича умумий параметрлар шакллантирилиб, ҳар йили қонунчиликда белгиланган муддатларда тегишли тузатиш киритиб борилади.

16. Давлат буюртмасини шакллантиришда умумий аниқланган эҳтиёждан қуйидагиларга устуворлик берилган ҳолда унга тегишли тузатишлар (кўпайтириш/камайтириш) киритилади:

таълим ва тиббиёт муассасаларини кадрлар билан тўлдириш;

давлат аҳамиятига эга бўлган лойиҳаларни кадрлар билан таъминлаш;

ҳудудларда саноат, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини кадрлар билан тўлдириш;

энергетика, кимё, автомобилсозлик каби стратегик соҳаларда кадрлар етишмовчилигининг олдини олиш.

17. Давлат буюртмаси параметрлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига тақдим этилади.

3-боб. Якунловчи қоидалар

18. Мазкур Низом асосида шакллантирилган маълумотлар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар порталида эълон қилиб борилади.

19. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

Олий маълумотли кадрларга давлат буюртмасини шакллантириш тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Олий маълумотли кадрларга эҳтиёжни аниқлашда маълумотларни шакллантириш ва жамлаш

Босқичлар Субъект Чора-тадбирлар Муддат 1-босқич Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Платформага «Олий таълим жараёнларини бошқариш (HEMIS)» ахборот тизимини интеграция қилади ҳамда талабалар ва олий таълим ташкилотлари тўғрисидаги зарур маълумотларни киритиб боради. Ўқув йили якуни бўйича 3 ой муддатда 2-босқич Солиқ қўмитаси 1. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг махсус электрон платформасига (платформа) иқтисодиёт тармоқларида расман банд бўлган аҳоли сони (иқтисодий фаолият турлари ва ҳудудлар кесимида) тўғрисида маълумотларни киритади. Ҳар йили 1 мартга қадар 2. Платформага давлат ва нодавлат олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг ўқишни тамомлагандан сўнг расман бандлиги тўғрисидаги маълумотларни (фаолият турлари кесимида) киритади. Ҳар йили 10 мартга қадар 3-босқич Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Меҳнат ресурслари баланси, меҳнат бозорида мавжуд бўш иш ўринлари, иқтисодий фаолият турлари бўйича бандлик даражаси тўғрисидаги маълумотларни платформага киритади. Ҳар йил 15 мартга қадар 4-босқич Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Йирик ишлаб чиқариш объектлари ва қувватларини ишга тушириш ҳисобига келгуси йилларда юзага келиши кутилаётган кадрларга бўлган эҳтиёж тўғрисида маълумотларни киритади. Ҳар йили 1 мартга қадар 5-босқич Вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Иш берувчиларнинг ўз тизимларида ҳамда тегишли ҳудудда келгуси йилларда юзага келиши кутилаётган кадрларга бўлган эҳтиёж бўйича маълумотларни платформага киритади. Ҳар йил 15 мартга қадар

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 29 январь,

49-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.01.2025 й., 09/25/49/0092-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

Oliy maʼlumotli kadrlarga davlat buyurtmasini shakllantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Mehnat resurslari, bandlik va aholini ishga joylashtirishni har tomonlama tahlil qilish hamda sifatli va xolisona baholash, ayniqsa, mehnat bozoriga ilk bor kirib keluvchi mehnatga layoqatli yoshlar bandligini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligining oliy maʼlumotli kadrlarga boʻlgan davlat buyurtmasini Maxsus elektron platforma (keyingi oʻrinlarda — Platforma) orqali shakllantirish hamda Platformani Iqtisodiyot va moliya vazirligi tizimida tashkil etish toʻgʻrisidagi takliflari maʼqullansin.

2. Belgilansinki, 2025/2026 oʻquv yilidan boshlab:

oliy maʼlumotli kadrlarga davlat buyurtmasi Platformada jamlangan maʼlumotlar va mehnat bozori talabini tahlil qilish asosida aniqlanadi;

kadrlarga boʻlgan ehtiyoj 4 yillik davrga ishlab chiqilib, har yili mehnat bozorining oʻzgarish tendensiyalari, hududlarda ijtimoiy soha muassasalari va iqtisodiyot tarmoqlarini kadrlar bilan taʼminlashni inobatga olgan holda, Platformaga tegishli tuzatishlar kiritib boriladi.

3. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oliy maʼlumotli kadrlarga davlat buyurtmasini shakllantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

davlat buyurtmasini shakllantirishda maʼlumotlarni jamlash, qayta ishlash va buyurtmani yuqori turuvchi organlarga taqdim etish;

ish beruvchilarning oliy maʼlumotli kadrlarga boʻlgan ehtiyojini aniqlash tartibi;

iqtisodiyot tarmoqlarini mutanosib rivojlantirib borish maqsadida davlat buyurtmasini shakllantirishda ustuvorlik beriladigan yoʻnalishlarni aniqlash.

4. Iqtisodiyot va moliya vazirligi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi bilan birgalikda 2025-yildan boshlab 4 yillik davr uchun davlat buyurtmasi parametrlarini oliy maʼlumotli kadrlarga boʻlgan talab prognoziga muvofiq ravishda tasdiqlash uchun Oʻzbekiston Respublikasi taʼlim tashkilotlariga qabul qilish boʻyicha davlat komissiyasiga har yili 1-mayga qadar kiritishni taʼminlasin.

5. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi, Soliq qoʻmitasi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari 2025-yil 1-aprelga qadar oʻzlariga tegishli boʻlgan elektron maʼlumotlar bazalari “Elektron hukumat” tizimining idoralararo integratsion platformasi orqali Platformaga integratsiya qilinishini taʼminlasin.

Bunda:

integratsiya qilinadigan maʼlumotlar bazalari roʻyxatini Iqtisodiyot va moliya vazirligi respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda xoʻjalik birlashmalari bilan kelishgan holda shakllantiradi;

Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi “Axborot texnologiyalari markazi” davlat unitar korxonasi Platformani ishga tushirish bilan bogʻliq texnik jarayonlarni amalga oshirish, Platforma ishtirokchilari oʻrtasida maʼlumotlar almashinuvini “Elektron hukumat” tizimining idoralararo integratsion platformasi orqali amalga oshirish va shaffoflikni taʼminlash boʻyicha masʼul hisoblanadi.

6. Belgilansinki, oliy maʼlumotli kadrlarga davlat buyurtmasini shakllantirishda Platformaga quyidagi maʼlumotlar kiritib boriladi:

a) Soliq qoʻmitasi tomonidan:

iqtisodiyot tarmoqlarida rasman band boʻlgan aholi soni (iqtisodiy faoliyat turlari va hududlar kesimida);

davlat va nodavlat oliy taʼlim tashkilotlari bitiruvchilarining oʻqishni tamomlagandan soʻng rasman bandligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni (faoliyat turlari kesimida);

b) Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi tomonidan mehnat resurslari balansi, mehnat bozorida mavjud boʻsh ish oʻrinlari, iqtisodiy faoliyat turlari boʻyicha bandlik darajasi haqida;

v) Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan “Oliy taʼlim jarayonlarini boshqarish (HEMIS)” axborot tizimida mavjud bitiruvchilar va oliy taʼlim tashkilotlari toʻgʻrisida;

g) Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi tomonidan yirik ishlab chiqarish obyektlari va quvvatlarini ishga tushirish hisobidan kelgusi yillarda yuzaga kelishi kutilayotgan kadrlarga boʻlgan ehtiyoj haqida;

d) Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari tomonidan hududlarda amalga oshirilayotgan investitsiya dasturlari hamda hududning rivojlanish istiqbollarini inobatga olgan holda, kelgusi yillarda yuzaga kelishi kutilayotgan kadrlarga boʻlgan talab toʻgʻrisida;

e) respublika va mahalliy ijro etuvchi hOkimiyat organlari hamda xoʻjalik birlashmalari tomonidan oʻz tizimlarida kelgusi yillarda yuzaga kelishi kutilayotgan kadrlarga boʻlgan talab toʻgʻrisida.

7. Iqtisodiyot va moliya vazirligi davlat ulushi mavjud boʻlmagan yirik ish beruvchi korxonalarni ularning kadrlarga boʻlgan ehtiyojini aniqlash maqsadida Platformaga ulash boʻyicha targʻibot ishlarini amalga oshirsin.

8. Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi ikki oy muddatda respublika boʻyicha aholi bandligi, boʻsh ish oʻrinlari hisobini yuritish, mehnat bozoriga kirib keluvchi yoshlarning hududlar kesimida ish bilan bandligini taʼminlab borish boʻyicha mavjud mexanizmlarni takomillashtirish boʻyicha takliflarni Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.

9. Iqtisodiyot va moliya vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

10. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 29-yanvardagi 49-son qaroriga ILOVA

Oliy maʼlumotli kadrlarga davlat buyurtmasini shakllantirish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom oliy taʼlim uchun oliy maʼlumotli kadrlarga davlat buyurtmasini shakllantirish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

davlat buyurtmasi — iqtisodiyot tarmoqlarining oliy maʼlumotli kadrlarga boʻlgan talabidan kelib chiqib, davlat granti koʻrinishida ajratiladigan kadrlarga boʻlgan buyurtma;

kadrlarga boʻlgan ehtiyoj — iqtisodiyot tarmoqlarining oliy maʼlumotli kadrlarga boʻlgan talabi;

kadrlar buyurtmachisi — kelgusi yillarda oʻz tizimini kadrlar bilan taʼminlash uchun buyurtma beruvchi tashkilot;

Platforma — Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan yuritiladigan, davlat buyurtmasini shakllantirishda maʼlumotlarni jamlash, qayta ishlash imonini beruvchi raqamlashtirilgan maxsus elektron dastur;

tabiiy ketish koeffitsiyenti — soha yoki tarmoqda har yili tabiiy sabablarga koʻra (pensiyaga chiqish, vafot etish, koʻchib ketish va boshqalar) yuzaga keladigan kadrlar qoʻnimsizligi koʻrsatkichi.

3. Oliy maʼlumotli kadrlarga boʻlgan ehtiyoj yuzasidan tegishli tahlillar oʻtkazish, oliy taʼlim tashkilotida mehnat bozorining oʻzgaruvchan talablariga moslashuvchan kadrlarni tayyorlash imkoniyatini oʻrganish hamda ish beruvchilarning talablariga mos kadrlarni tayyorlash uchun real ehtiyojni shakllantirish oliy maʼlumotli kadrlarga davlat buyurtmasini shakllantirishning asosiy maqsadi hisoblanadi.

2-bob. Oliy maʼlumotli kadrlarga ehtiyojni aniqlash tartibi

4. Oliy maʼlumotli kadrlarga ehtiyoj Platforma orqali aniqlanadi.

5. Platformada quyidagi maʼlumotlar shakllantiriladi:

iqtisodiy faoliyat turlari kesimida iqtisodiyot tarmoqlarida rasman band boʻlgan aholi soni;

faoliyat turlari kesimida davlat va nodavlat oliy taʼlim tashkilotlari bitiruvchilarining oʻqishni tamomlagandan soʻng rasman bandligi;

mehnat resurslari balansi, mehnat bozorida mavjud boʻsh ish oʻrinlari, iqtisodiy faoliyat turlari boʻyicha bandlik darajasi;

respublikada faoliyat yuritayotgan davlat va nodavlat hamda xorijiy oliy taʼlim tashkilotlari va ularning filiallari bitiruvchilari soni;

oliy taʼlim tashkilotlari bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklari kesimida mavjud quvvatlar, professor-oʻqituvchilar tarkibi va oʻqitish uchun moddiy-texnika bazasi.

Shakllantirilgan maʼlumotlar Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan qayta ishlab boriladi.

6. Oliy maʼlumotli kadrlarga ehtiyoj ushbu Nizomga ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq shakllantiriladi.

7. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi Platformaga “Oliy taʼlim jarayonlarini boshqarish (HEMIS)” axborot tizimini integratsiya qiladi hamda har oʻquv yili yakuni boʻyicha 3 oy muddatda talabalar va oliy taʼlim tashkilotlari toʻgʻrisidagi zarur maʼlumotlarni berib boradi.

8. Soliq qoʻmitasi:

har yili 1-martga qadar Platformaga iqtisodiyot tarmoqlarida rasman band boʻlgan aholi soni (iqtisodiy faoliyat turlari va hududlar kesimida) toʻgʻrisida;

har yili 10-martga qadar Platformaga davlat va nodavlat oliy taʼlim tashkilotlari bitiruvchilarining oʻqishni tamomlagandan soʻng rasman bandligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni (faoliyat turlari kesimida) kiritadi.

9. Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi har yili 15-martga qadar Platformaga mehnat resurslari balansi, mehnat bozorida mavjud boʻsh ish oʻrinlari, iqtisodiy faoliyat turlari boʻyicha bandlik darajasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni kiritadi.

10. Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi har yili 1-martga qadar yirik ishlab chiqarish obyektlari va quvvatlarini ishga tushirish hisobidan kelgusi yillarda yuzaga kelishi kutilayotgan kadrlarga boʻlgan ehtiyoj toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni kiritadi.

11. Vazirlik va idoralar, xoʻjalik birlashmalari, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari har yili 15-martga qadar Platformaga ish beruvchilarning oʻz tizimlarida hamda tegishli hududda kelgusi yillarda yuzaga kelishi kutilayotgan kadrlarga boʻlgan ehtiyoj boʻyicha maʼlumotlarni kiritadi.

12. Shakllantirilgan maʼlumotlar asosida aniqlangan oliy maʼlumotli kadrlarga boʻlgan ehtiyojdan Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan oliy taʼlim tashkilotlarida har 4 yilda davlat buyurtmasi parametrlarini shakllantirishda foydalaniladi va vazirlik rasmiy veb-saytiga joylashtirilib boriladi.

13. Davlat buyurtmasini shakllantirishda kadrlarga boʻlgan umumiy ehtiyoj ish beruvchilar tomonidan taqdim etiladigan maʼlumotlar kesimida quyidagicha aniqlanadi:

iqtisodiyot tarmoqlari kesimida mavjud oliy maʼlumotli kadrlar hamda sohalarning rivojlanish strategiyalari boʻyicha kelgusi yillarda yaratiladigan ish oʻrinlari va uzoq muddat (1 yildan ortiq) davomida boʻsh turgan boʻsh ish oʻrinlarini toʻldirish uchun zarur boʻlgan kadrlar soni aniqlanadi;

hududlar kesimida ijtimoiy soha va boshqa budjet tashkilotlarini barqaror ravishda kadrlar bilan taʼminlab borish uchun zarur boʻlgan kadrlar soni aniqlanadi.

Bunda sohalar boʻyicha amalda faoliyat yuritayotgan kadrlar tahlili oʻtkazilib, har bir soha boʻyicha tabiiy ketish koeffitsiyenti qoʻllaniladi.

Buning uchun quyidagi formuladan foydalaniladi:

ST = R + L + V + (MK*Tk)

ST — soha kesimida kadrlarga boʻlgan umumiy ehtiyoj;

R — rivojlanish strategiyalarini amalga oshirish orqali yaratiladigan yangi ish oʻrinlari;

L — yangi loyihalar (yangi filiallar, muassasalar tashkil etilishi) orqali hududlarda tashkil etiladigan yangi ish oʻrinlari;

V — uzoq muddat (1 yildan ortiq) davomida boʻsh ish oʻrinlari;

MK — tarmoqda amalda band boʻlgan kadrlar soni;

Tk — sohaviy xususiyatlar va mavjud kadrlar tarkibidan kelib chiqib qoʻllaniladigan tabiiy ketish koeffitsiyenti.

Aniqlangan soha talabi asos sifatida olinib, makroiqtisodiy tahlillar oʻtkaziladi, bunda:

tegishli soha boʻyicha hududlar kesimida amalda oʻqiyotgan talabalar va bitiruvchilar soni;

mehnat bozorida tegishli soha boʻyicha mavjud boʻsh ish oʻrinlari, ishsiz hisoblangan kadrlar va ish oʻrinlarining oʻsishi (yoki qisqarishi) tendensiyalari oʻrganib chiqilib, sohaviy umumiy talabga tegishli tuzatishlar kiritiladi va tarmoqlarning oʻrta muddatdagi real ehtiyoji aniqlanadi.

Bunda:

RST = ST — T — Is

RST — sohaning oʻrta muddatdagi (4 yillik davr uchun) kadrlarga boʻlgan real ehtiyoji;

ST — soha kesimida kadrlarga boʻlgan umumiy ehtiyoj;

T — OTMlarda amalda kadrlarga boʻlgan talab aniqlanayotgan yoʻnalishlar boʻyicha tahsil olayotgan talabalar soni (hududlar kesimida aniqlanadi);

Is — mehnat bozorida kadrlarga boʻlgan talab aniqlanayotgan yoʻnalishlar boʻyicha mos boʻlgan diplomga ega ishsizlar soni.

14. Sohalar boʻyicha ehtiyoj umumlashtirilib, oliy maʼlumotli kadrlarga boʻlgan davlat buyurtmasi shakllantiriladi.

Bunda har yili umumiy aniqlangan ehtiyojning 25 foizidan kam boʻlmagan qismiga davlat buyurtmasi belgilanadi.

15. Davlat buyurtmasi asosida kadrlar davlat granti asosida tayyorlanadi.

Mehnat bozorini kadrlar bilan taʼminlashda barqarorlikni taʼminlash maqsadida shakllantirilgan ehtiyoj 4 yillik davrda qoplanishi koʻzda tutiladi.

4 yillik davrga davlat buyurtmasi asosida kadrlar tayyorlash boʻyicha umumiy parametrlar shakllantirilib, har yili qonunchilikda belgilangan muddatlarda tegishli tuzatish kiritib boriladi.

16. Davlat buyurtmasini shakllantirishda umumiy aniqlangan ehtiyojdan quyidagilarga ustuvorlik berilgan holda unga tegishli tuzatishlar (koʻpaytirish/kamaytirish) kiritiladi:

taʼlim va tibbiyot muassasalarini kadrlar bilan toʻldirish;

davlat ahamiyatiga ega boʻlgan loyihalarni kadrlar bilan taʼminlash;

hududlarda sanoat, ishlab chiqarish va qishloq xoʻjaligi sohalarini kadrlar bilan toʻldirish;

energetika, kimyo, avtomobilsozlik kabi strategik sohalarda kadrlar yetishmovchiligining oldini olish.

17. Davlat buyurtmasi parametrlari Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi taʼlim tashkilotlariga qabul qilish boʻyicha davlat komissiyasiga taqdim etiladi.

3-bob. Yakunlovchi qoidalar

18. Mazkur Nizom asosida shakllantirilgan maʼlumotlar belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasining Ochiq maʼlumotlar portalida eʼlon qilib boriladi.

19. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladilar.

Oliy maʼlumotli kadrlarga davlat buyurtmasini shakllantirish toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Oliy maʼlumotli kadrlarga ehtiyojni aniqlashda maʼlumotlarni shakllantirish va jamlash

Bosqichlar Subyekt Chora-tadbirlar Muddat 1-bosqich Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi Platformaga “Oliy taʼlim jarayonlarini boshqarish (HEMIS)” axborot tizimini integratsiya qiladi hamda talabalar va oliy taʼlim tashkilotlari toʻgʻrisidagi zarur maʼlumotlarni kiritib boradi. Oʻquv yili yakuni boʻyicha 3 oy muddatda 2-bosqich Soliq qoʻmitasi 1. Iqtisodiyot va moliya vazirligining maxsus elektron platformasiga (platforma) iqtisodiyot tarmoqlarida rasman band boʻlgan aholi soni (iqtisodiy faoliyat turlari va hududlar kesimida) toʻgʻrisida maʼlumotlarni kiritadi. Har yili 1-martga qadar 2. Platformaga davlat va nodavlat oliy taʼlim tashkilotlari bitiruvchilarining oʻqishni tamomlagandan soʻng rasman bandligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni (faoliyat turlari kesimida) kiritadi. Har yili 10-martga qadar 3-bosqich Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi Mehnat resurslari balansi, mehnat bozorida mavjud boʻsh ish oʻrinlari, iqtisodiy faoliyat turlari boʻyicha bandlik darajasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni platformaga kiritadi. Har yil 15-martga qadar 4-bosqich Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi Yirik ishlab chiqarish obyektlari va quvvatlarini ishga tushirish hisobiga kelgusi yillarda yuzaga kelishi kutilayotgan kadrlarga boʻlgan ehtiyoj toʻgʻrisida maʼlumotlarni kiritadi. Har yili 1-martga qadar 5-bosqich Vazirlik va idoralar, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari Ish beruvchilarning oʻz tizimlarida hamda tegishli hududda kelgusi yillarda yuzaga kelishi kutilayotgan kadrlarga boʻlgan ehtiyoj boʻyicha maʼlumotlarni platformaga kiritadi. Har yil 15-martga qadar

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 29-yanvar,

49-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 30.01.2025-y., 09/25/49/0092-son)

lex.uz