UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 31-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 31 январь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 31 января 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 31 January 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

СХЕМАСИ

РЕЖАСИ

Давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 22 августдаги ПҚ-357-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 22 августдаги ПҚ-357-сон қарорига асосан 2023 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотларининг (кейинги ўринларда — давлат органлари) расмий веб-сайтлари ва порталларини «Ягона дарча» тамойили асосида ўз ичига олувчи Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати портали ягона платформаси (кейинги ўринларда — Ягона платформа) ишга туширилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар:

Давлат органларининг расмий веб-сайтлари фаолиятини «Ягона дарча» тамойили асосида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати порталида йўлга қўйиш, юритиш, улардаги ахборот долзарблиги ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда Ҳукумат порталида жойлаштириладиган ахборотни давлат органлари томонидан тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Ягона платформага давлат органларининг расмий веб-сайтларини ўтказиш режаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Белгилансинки:

а) «UZINFOCOM» давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор» масъулияти чекланган жамияти Ягона платформа оператори ҳисобланади;

б) Давлат органларининг Ягона платформага ўтказиладиган веб-сайтлари фаолиятини техник қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш бўйича сарф-харажатлар белгиланган тартибда тасдиқланган тарифларга мувофиқ давлат органлари билан Ягона платформа оператори ўртасида тузиладиган шартнома асосида мазкур давлат органларининг бюджетдан ташқари маблағлари, Давлат бюджети маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Бунда давлат органларининг веб-сайтлари фаолиятини техник қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга хизмат кўрсатишдан тушадиган маблағлар Ягона платформа оператори томонидан Ягона платформани такомиллаштириш, техник қуллаб-қувватлаш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун йўналтиради;

в) 2025 йил 1 мартдан бошлаб давлат органларининг расмий веб-сайтлари фақатгина Ягона платформада юритилади. Бунда янги ташкил этилган давлат органлари ўзларининг расмий веб-сайтлари фаолиятини ташкил этилган санадан бошлаб бир ой муддатда Ягона платформада йўлга қўяди;

г) давлат органлари раҳбарлари давлат органларининг расмий веб-сайтлари Ягона платформада юритилиши учун шахсан масъул ҳисобланади.

4. Давлат органлари:

ушбу қарорга 2-илова билан белгиланган муддатларда ўз расмий веб-сайтларининг Ягона платформага ўтказилишини таъминласин;

расмий веб-сайт Ягона платформага ўтказилганидан сўнг бир ҳафта муддатда эски расмий веб-сайтлар домен манзилларини ҳамда веб-сайт ва ундаги маълумотларни сақлаб қолган ҳолда, Ягона платформадаги расмий веб-сайтлар манзилига йўналтирсин ёки уларнинг фаолиятини тўхтатсин;

Ягона платформа оператори билан Ягона платформага ўтказилган веб-сайтлар фаолиятини техник қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга хизмат кўрсатишни, шунингдек, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўз ичига олувчи шартномани тузиш чораларини кўрсин.

5. «Киберхавфсизлик маркази» давлат унитар корхонаси Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда Ягона платформани ҳар олти ойда беғараз асосда киберхавфсизлик талабларига мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказиб борсин ҳамда киберхавфсизликни таъминлаш бўйича доимий мониторингни амалга оширсин.

6. Рақамли технологиялар вазирлиги:

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда «UZINFOCOM» давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор» масъулияти чекланган жамияти томонидан Ягона платформани такомиллаштириш, техник қўллаб-қувватлаш ва унинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрсатиладиган хизматлар тарифларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

Ягона платформага жойлаштириладиган маълумотлар турлари, жойлаштириш даврийлиги ва бошқа талаблар акс этган рўйхатини уч ой муддатда ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

7. Ягона платформа оператори бир ой муддатда Ягона платформани «Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг Рақамли ҳукуматнинг маълумотларни қайта ишлаш марказида жойлаштирсин ва уни ахборот хавфсизлиги талаблари даражасида геозахиралаш чораларини кўрсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.

9. Рақамли технологиялар вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 январдаги 54-сон қарорига 1-ИЛОВА

Давлат органларининг расмий веб-сайтлари фаолиятини «Ягона дарча» тамойили асосида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати порталида йўлга қўйиш, юритиш, улардаги ахборот долзарблиги ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда Ҳукумат порталида жойлаштириладиган ахборотни давлат органлари томонидан тақдим этиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом «Ягона дарча» тамойили асосида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати портали ягона платформасида давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтларини жойлаштириш, юритиш ҳамда улардаги ахборотнинг долзарблиги ва хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати портали ягона платформасида жойлаштириш учун давлат органлари томонидан ахборотни тақдим этиш тартибини белгилайди.

2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати таркибига кирмайдиган давлат органлари мазкур Низомга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати портали ягона платформасида расмий веб-сайтларини жойлаштириш ва юритиш учун мурожаат қилишлари мумкин.

3. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ташкилот кабинети — давлат органининг расмий веб-сайтини бошқаришга оид маълумотлар ва ҳужжатларни шакллантириш ва юритиш учун Ягона платформадаги саҳифа;

технологик йўриқнома — ахборот тизимларидаги маълумотларни (ахборот ресурсларини) ўзаро алмашишни интеграция қилиш орқали маълумотларни тақдим этиш ва қабул қилишни тартибга солувчи технологик ҳужжат.

Ягона платформа — Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати портали ягона платформаси;

Ягона платформа оператори — «UZINFOCOM» давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор» масъулияти чекланган жамияти;

ягона платформани юритувчи — давлат органларининг Ягона платформада жойлашган расмий веб-сайтларни юритиш учун масъул ходими.

4. Давлат органлари тегишли ахборотни Ягона платформада ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ шакллантиради ва юритади.

2-боб. Ягона платформада рўйхатдан ўтиш ва ундан фойдаланиш

5. Ягона платформадан фойдаланиш ва уни юритиш Ягона идентификация тизими OnelD (кейинги ўринларда — ЯИТ) орқали, ахборот алмашинувлари эса Электрон ҳукуматнинг идоралараро маълумотлар узатиш тармоғи орқали амалга оширилади.

6. Ягона платформани юритувчи ЯИТ орқали рўйхатдан ўтади.

7. Ягона платформани юритувчи давлат органининг ички ҳужжатлари билан белгиланади. Ягона платформани юритувчи тайинланганда (ўзгарганда), давлат органи икки кун муддатда Ягона платформани юритувчи тўғрисидаги маълумотларни мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ шаклда Ягона платформа операторига тақдим этади.

8. Ягона платформани юритувчи давлат органининг расмий веб-сайтига жойлаштирилиши лозим бўлган маълумотларни тўплаш, умумлаштириш ва жойлаштиришга масъул ҳисобланади.

Бунда давлат органларининг тегишли таркибий бўлинмалари расмий веб-сайтга жойлаштириш учун тегишли маълумотларни ички ҳужжатларда белгиланган муддатларда Ягона платформани юритувчига тақдим этишлари шарт.

9. Ягона платформага уланган давлат органларига расмий веб-сайтларни юритиш имконини берувчи ёпиқ бўлим ҳисобланган ташкилот кабинети ҳамда Ягона платформани юритувчи учун Ягона платформа тизимига кириш имконияти яратилади.

10. Ягона платформани юритувчи тўғрисидаги маълумотлар Ягона платформада шакллантирилади ва юритилади.

11. Ягона платформа оператори давлат органлари томонидан расмий веб-сайтларни юритиш жараёнларини доимий мониторинг қилиб боради.

12. Ягона платформа оператори Ягона платформани жорий этиш, унга техник хизмат кўрсатиш, уни янада такомиллаштириш, шунингдек, унинг узлуксиз ва хавфсиз ишлаши учун масъул ҳисобланади.

13. Ягона платформа оператори доимий равишда Ягона платформада жойлаштирилган ахборотларнинг йўқ қилиниши, тўсиб қўйилиши, қалбакилаштирилишининг ҳамда бошқа шакллардаги рухсатсиз аралашувларнинг олдини олишга қаратилган чоралар кўриб боради.

3-боб. Ягона платформада расмий веб-сайтларни юритиш

14. Давлат органининг Ягона платформада жойлаштирилган расмий веб-сайти Ягона платформани юритувчи томонидан юритилади.

15. Ташкилот кабинетида Ягона платформани юритувчи томонидан расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириш учун қўшимча ходимларга ишлаш имконияти яратилиши мумкин. Бунда жойлаштириладиган маълумотларнинг тўғрилиги ва ишончлиги учун масъулият Ягона платформани юритувчиси зиммасида бўлади.

16. Давлат органларининг расмий веб-сайтларини Ягона платформада юритиш учун ташкилот Ягона платформа оператори томонидан ишлаб чиқиладиган ва фойдаланувчи кабинетида жойлаштириладиган Ягона платформа билан ишлаш бўйича йўриқнома асосида амалга оширилади.

17. Давлат органлари ўзларининг Ягона платформада жойлаштирилган расмий веб-сайтларидаги маълумотларнинг долзарблигини мунтазам равишда таъминлайди.

18. Ягона платформада жойлаштирилган расмий веб-сайтлар қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилган ҳолда юритилиши ҳамда уларда жойлаштирилаётган маълумотлар Ўзбекистон Республикасининг давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар бўлмаслиги керак.

19. Ягона платформани юритувчи Ягона платформада давлат органининг расмий веб-сайтини ахборот хавфсизлиги талабларига риоя қилган ҳолда юритиш бўйича тегишли чораларни кўриши ва таъминлаши лозим.

20. Ягона платформа оператори Ягона платформанинг киберхавфсизлик талабларига мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказилишини таъминлайди.

21. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси давлат органлари томонидан расмий веб-сайтлар ўз вақтида янгиланиб борилиши юзасидан назоратни амалга оширади ҳамда ўтказилган назорат натижаларини таҳлил қилади ва умумлаштиради, аниқланган камчиликлар ва қоидабузарликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма тайёрлайди, уларга тегишли чораларни кўриш бўйича давлат органларига киритади.

4-боб. Ягона платформани бошқа электрон ахборот тизимлари билан ўзаро интеграция қилиш

22. Ягона платформада давлат органларининг ахборот тизимлари билан ахборот алмашинуви технологик йўриқнома асосида Ягона платформа оператори томонидан амалга оширилади.

23. Давлат органлари Ягона платформага интеграция қилиш орқали тақдим этилаётган маълумотларнинг долзарблиги ва ишончлигини таъминлайди.

5-боб. Давлат органлари томонидан Ягона платформада ахборотни жойлаштириш учун тақдим этиш

24. Ягона платформага жойлаштирилиши лозим бўлган ахборот давлат органининг ахборот хизматлари томонидан умумлаштирилади ва Ягона платформа операторига тақдим этиб борилади.

25. Давлат органлари доимий равишда Ягона платформадаги маълумотларнинг долзарблиги ва янгилаб борилишини таъминлайди.

26. Ягона платформага Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатда келтирилган ахборотлар жойлаштирилади.

27. Ягона платформага жойлаштириш учун давлат органлари томонидан тақдим этилиши лозим бўлган маълумотлар Ягона платформа оператори томонидан мунтазам равишда шакллантирилиб борилади.

28. Ягона платформага жойлаштириш учун тақдим этиладиган ахборот долзарб, ҳаққоний, яхлит, аниқ ва мавзу блоклари бўйича тақсимланган бўлиши керак.

29. Ягона платформада жойлаштириш учун тақдим этиладиган ахборотда давлат, ҳарбий ёки хизмат сири ҳисобланадиган маълумотлар ёхуд қонунчиликка мувофиқ фойдаланилиши чекланган бошқа маълумотлар бўлмаслиги керак.

30. Ягона платформага жойлаштириш учун тақдим этиладиган ахборот давлат ва қорақалпоқ тилларида тақдим этилиши керак. Шу билан бирга, ахборотларнинг бошқа тиллардаги мазмуни бир хил ёхуд қисқартирилган талқинлари бўлиши мумкин.

31. Ягона платформага жойлаштириш учун ахборот ушбу Низомга 3-иловада келтирилган схемага мувофиқ тақдим этилади.

32. Ягона платформага жойлаштирилиши лозим бўлган ахборот давлат органининг тегишли таркибий ва ҳудудий бўлинмалари томонидан тайёрланади ҳамда давлат органининг ахборот хизматига тақдим этилади.

33. Давлат органи ахборот хизмати ўзининг Ягона платформадаги расмий веб-сайтига маълумотларни ўз вақтида жойлаштириб борилишини таъминлайди. Бунда Ҳукумат доирасида амалга оширилаётган ишлар ва тадбирлар тўғрисидаги ахборотларни расмий веб-сайтда жойлаштирилишидан аввал Бош вазир матбуот хизмати билан келишилган ҳолда, амалга оширилиши лозим.

6-боб. Ягона платформада ахборотни жойлаштириш учун тақдим этиладиган маълумотларни келишиш

34. Давлат органининг ахборот хизмати давлат органининг ички ҳужжатларида белгиланган муддатларда таркибий ва ҳудудий бўлинмалар томонидан тақдим этилган ахборотни кўриб чиқади, умумлаштиради ҳамда давлат органи раҳбари билан келишган (имзоланган) ҳолда, Ягона платформа операторига тақдим этиб боради.

35. Ягона платформа оператори давлат органи томонидан тақдим этилган ахборотни умумлаштиради ва тегишлилиги бўйича Бош вазир матбуот хизмати билан келишишга киритади.

36. Бош вазир матбуот хизмати Ягона платформа оператори томонидан Ягона платформага жойлаштириш учун киритилган ахборотларни бир иш кунида келишиб беради.

37. Ягона платформа оператори Бош вазир матбуот хизмати билан келишилган ахборотларни Ягона платформанинг тегишли бўлимларига жойлаштиради.

7-боб. Якунловчи қоидалар

38. Ягона платформа оператори Ягона платформанинг ишлаши, ахборот хавфсизлигининг таъминланиши, тизимдаги шахсга доир маълумотларга рухсатсиз киришнинг олдини олиш учун масъул ҳисобланади.

39. Ягона платформа оператори Ягона платформа тизимининг функционаллиги, хавфсизлиги ва долзарблигини таъминлаш учун ишончли техник ёрдам ва мунтазам янгиланишларни амалга ошириб боради.

40. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Давлат органларининг расмий веб-сайтлари фаолиятини «Ягона дарча» тамойили асосида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати порталида йўлга қўйиш, юритиш, улардаги ахборот долзарблиги ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда Ҳукумат порталида жойлаштириладиган ахборотни давлат органлари томонидан тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Давлат органлари томонидан тегишли маълумотларни Ягона платформада жойлаштирилган расмий веб-сайтларда шакллантириш ва юритиш

Босқичлар Масъуллар Чора-тадбирлар Муддат 1-босқич Давлат органи 1. Ягона платформа оператори билан шартнома имзолайди. 5 иш кунида 2. Ички идоравий ҳужжат билан Ягона платформани юритувчи масъул ходимни ва расмий веб-сайтга маълумотларни жойлаштириш учун Ягона платформани юритувчига тақдим этадиган тегишли таркибий бўлинмаларни тасдиқлайди. 2 иш кунида 3. Ягона платформани юритувчи Ягона идентификация тизими орқали рўйхатдан ўтишини таъминлайди. Доимий 4. Ягона платформани юритувчи масъул ходим тасдиқланганда ёки ўзгарганда, Ягона платформа операторига намунадаги хат билан у ҳақидаги маълумотни тақдим этади. 1 иш кунида 2-босқич Ягона платформа оператори Ягона платформани юритувчи ҳақидаги маълумот келиб тушганидан сўнг Ягона платформада тегишли давлат органи учун тизимга кириш имкониятини яратади. 2 иш кунида 3-босқич Давлат органи Давлат органининг ички ҳужжат билан тасдиқланган масъуллар томонидан тақдим этилган маълумотларни умумлаштиради ва уларнинг белгиланган муддатларда Ягона платформадаги расмий веб-сайтга жойлаштириш ҳамда маълумотларни долзарблигини таъминлайди. Доимий

Давлат органларининг расмий веб-сайтлари фаолиятини «Ягона дарча» тамойили асосида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати порталида йўлга қўйиш, юритиш, улардаги ахборот долзарблиги ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда Ҳукумат порталида жойлаштириладиган ахборотни давлат органлари томонидан тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

(ташкилотнинг расмий бланкасида) 20___ й. «____» ___________ _____-сон «UZINFOCOM» давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор» масъулияти чекланган жамияти Ташкилотнинг Давлат органларининг ягона ахборот ресурслари платформасида тегишли маълумотларни жойлаштириш учун масъул ходими тўғрисида маълумот Ташкилот масъул ходими тўғрисида маълумот Ф.И.О. Лавозими Бўлинма Хизмат телефон рақами id.egov.uz тизимидаги логин Ушбу аризада тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилигини тасдиқлайман. Аризада тақдим этилган маълумотлардаги ўзгаришлар юзасидан ўз вақтида хабар бериш мажбуриятни ўз зиммамга оламан. Ташкилот раҳбари Лавозими (Ф.И.О.) Имзо Муҳр Масъул ходими Лавозими (Ф.И.О.) Имзо

Давлат органларининг расмий веб-сайтлари фаолиятини «Ягона дарча» тамойили асосида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати порталида йўлга қўйиш, юритиш, улардаги ахборот долзарблиги ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда Ҳукумат порталида жойлаштириладиган ахборотни давлат органлари томонидан тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА

Ягона платформага жойлаштириш учун ахборотларни тақдим этиш

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 январдаги 54-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ягона платформага давлат органларининг расмий веб-сайтларини ўтказиш

Т/р Давлат органи Муддат I. Қўмиталар 1. Давлат захираларини бошқариш қўмитаси Бир ой муддатда 2. Ғазначилик хизмати қўмитаси 3. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси 4. Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси 5. Автомобиль йўллари қўмитаси 6. Туризм қўмитаси 7. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси 8. Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси II. Агентликлар 9. Кадастр агентлиги Икки ой муддатда 10. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги 11. Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги 12. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги 13. Агросаноатни ривожлантириш агентлиги 14. Фуқаро авиацияси агентлиги 15. Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги 16. Ўрмон хўжалиги агентлиги 17. Гидрометеорология хизмати агентлиги 18. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги 19. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги 20. Инновацион ривожланиш агентлиги 21. Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги 22. Кинематография агентлиги 23. «Ўзархив» агентлиги 24. Персоналлаштириш агентлиги 25. Мудофаа саноати агентлиги III. Инспекциялар 26. Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси Уч ой муддатда 27. Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси 28. Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси 29. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси 30. Транспорт назорати инспекцияси IV. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари 31. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг туман(шаҳар)лари ҳокимликлари Уч ой муддатда

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 январдаги 54-сон қарорига 3-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартишлар

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат порталига ахборотларни тақдим этиш ва жойлаштириш тартиби тўғрисида» 2009 йил 21 апрелдаги 116-сон қарорида :

а) 1-бандда :

учинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

тўртинчи хатбоши учинчи хатбоши деб ҳисоблансин;

б) 2-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Интерактив давлат хизматлари кўрсатишни ҳисобга олган ҳолда Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2012 йил 30 декабрдаги 378-сон қарорига 2-илова 4-бандининг «в» кичик банди чиқариб ташлансин.

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида лойиҳа бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 29 августдаги ПҚ-3245-сон қарори)» 2017 йил 20 ноябрдаги 925-сон қарорига илова 3-бандининг «б» кичик банди чиқариб ташлансин.

4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон Қонуни)» 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илова 215-бандининг «а» кичик банди чиқариб ташлансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 31 январь,

54-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.02.2025 й., 09/25/54/0099-сон; 26.11.2025 й., 09/25/740/1090-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

SXEMASI

REJASI

Davlat organlari va tashkilotlarining rasmiy veb-saytlari faoliyatini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2022-2023-yillarda axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohasini yangi bosqichga olib chiqish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 22-avgustdagi PQ-357-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2022-2023-yillarda axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohasini yangi bosqichga olib chiqish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 22-avgustdagi PQ-357-son qaroriga asosan 2023-yil 1-yanvardan boshlab davlat organlari va tashkilotlarining (keyingi oʻrinlarda — davlat organlari) rasmiy veb-saytlari va portallarini “Yagona darcha” tamoyili asosida oʻz ichiga oluvchi Oʻzbekiston Respublikasi Hukumati portali yagona platformasi (keyingi oʻrinlarda — Yagona platforma) ishga tushirilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilar:

Davlat organlarining rasmiy veb-saytlari faoliyatini “Yagona darcha” tamoyili asosida Oʻzbekiston Respublikasi Hukumati portalida yoʻlga qoʻyish, yuritish, ulardagi axborot dolzarbligi va xavfsizligini taʼminlash hamda Hukumat portalida joylashtiriladigan axborotni davlat organlari tomonidan taqdim etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;

Yagona platformaga davlat organlarining rasmiy veb-saytlarini oʻtkazish rejasi 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

3. Belgilansinki:

a) “UZINFOCOM” davlat axborot tizimlarini yaratish va qoʻllab-quvvatlash boʻyicha yagona integrator” masʼuliyati cheklangan jamiyati Yagona platforma operatori hisoblanadi;

b) Davlat organlarining Yagona platformaga oʻtkaziladigan veb-saytlari faoliyatini texnik qoʻllab-quvvatlash hamda ularga xizmat koʻrsatish boʻyicha sarf-xarajatlar belgilangan tartibda tasdiqlangan tariflarga muvofiq davlat organlari bilan Yagona platforma operatori oʻrtasida tuziladigan shartnoma asosida mazkur davlat organlarining budjetdan tashqari mablagʻlari, Davlat budjeti mablagʻlari hamda qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtiriladi.

Bunda davlat organlarining veb-saytlari faoliyatini texnik qoʻllab-quvvatlash hamda ularga xizmat koʻrsatishdan tushadigan mablagʻlar Yagona platforma operatori tomonidan Yagona platformani takomillashtirish, texnik qullab-quvvatlash va axborot xavfsizligini taʼminlash uchun yoʻnaltiradi;

v) 2025-yil 1-martdan boshlab davlat organlarining rasmiy veb-saytlari faqatgina Yagona platformada yuritiladi. Bunda yangi tashkil etilgan davlat organlari oʻzlarining rasmiy veb-saytlari faoliyatini tashkil etilgan sanadan boshlab bir oy muddatda Yagona platformada yoʻlga qoʻyadi;

g) davlat organlari rahbarlari davlat organlarining rasmiy veb-saytlari Yagona platformada yuritilishi uchun shaxsan masʼul hisoblanadi.

4. Davlat organlari:

ushbu qarorga 2-ilova bilan belgilangan muddatlarda oʻz rasmiy veb-saytlarining Yagona platformaga oʻtkazilishini taʼminlasin;

rasmiy veb-sayt Yagona platformaga oʻtkazilganidan soʻng bir hafta muddatda eski rasmiy veb-saytlar domen manzillarini hamda veb-sayt va undagi maʼlumotlarni saqlab qolgan holda, Yagona platformadagi rasmiy veb-saytlar manziliga yoʻnaltirsin yoki ularning faoliyatini toʻxtatsin;

Yagona platforma operatori bilan Yagona platformaga oʻtkazilgan veb-saytlar faoliyatini texnik qoʻllab-quvvatlash hamda ularga xizmat koʻrsatishni, shuningdek, tomonlarning huquq va majburiyatlarini oʻz ichiga oluvchi shartnomani tuzish choralarini koʻrsin.

5. “Kiberxavfsizlik markazi” davlat unitar korxonasi Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda Yagona platformani har olti oyda begʻaraz asosda kiberxavfsizlik talablariga muvofiqligi yuzasidan ekspertizadan oʻtkazib borsin hamda kiberxavfsizlikni taʼminlash boʻyicha doimiy monitoringni amalga oshirsin.

6. Raqamli texnologiyalar vazirligi:

Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birgalikda ikki oy muddatda “UZINFOCOM” davlat axborot tizimlarini yaratish va qoʻllab-quvvatlash boʻyicha yagona integrator” masʼuliyati cheklangan jamiyati tomonidan Yagona platformani takomillashtirish, texnik qoʻllab-quvvatlash va uning axborot xavfsizligini taʼminlash boʻyicha koʻrsatiladigan xizmatlar tariflarini ishlab chiqsin va tasdiqlasin;

Yagona platformaga joylashtiriladigan maʼlumotlar turlari, joylashtirish davriyligi va boshqa talablar aks etgan roʻyxatini uch oy muddatda ishlab chiqib, tasdiqlash uchun Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.

7. Yagona platforma operatori bir oy muddatda Yagona platformani “Raqamli hukumat loyihalarini boshqarish markazi” davlat muassasasining Raqamli hukumatning maʼlumotlarni qayta ishlash markazida joylashtirsin va uni axborot xavfsizligi talablari darajasida geozaxiralash choralarini koʻrsin.

8. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 3-ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritilsin.

9. Raqamli texnologiyalar vazirligi boshqa manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

10. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi raqamli texnologiyalar vaziri Sh.X. Shermatov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 31-yanvardagi 54-son qaroriga 1-ILOVA

Davlat organlarining rasmiy veb-saytlari faoliyatini “Yagona darcha” tamoyili asosida Oʻzbekiston Respublikasi Hukumati portalida yoʻlga qoʻyish, yuritish, ulardagi axborot dolzarbligi va xavfsizligini taʼminlash hamda Hukumat portalida joylashtiriladigan axborotni davlat organlari tomonidan taqdim etish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom “Yagona darcha” tamoyili asosida Oʻzbekiston Respublikasi Hukumati portali yagona platformasida davlat organlari va tashkilotlarining rasmiy veb-saytlarini joylashtirish, yuritish hamda ulardagi axborotning dolzarbligi va xavfsizligini taʼminlash, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Hukumati portali yagona platformasida joylashtirish uchun davlat organlari tomonidan axborotni taqdim etish tartibini belgilaydi.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumati tarkibiga kirmaydigan davlat organlari mazkur Nizomga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Hukumati portali yagona platformasida rasmiy veb-saytlarini joylashtirish va yuritish uchun murojaat qilishlari mumkin.

3. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

tashkilot kabineti — davlat organining rasmiy veb-saytini boshqarishga oid maʼlumotlar va hujjatlarni shakllantirish va yuritish uchun Yagona platformadagi sahifa;

texnologik yoʻriqnoma — axborot tizimlaridagi maʼlumotlarni (axborot resurslarini) oʻzaro almashishni integratsiya qilish orqali maʼlumotlarni taqdim etish va qabul qilishni tartibga soluvchi texnologik hujjat.

Yagona platforma — Oʻzbekiston Respublikasi Hukumati portali yagona platformasi;

Yagona platforma operatori — “UZINFOCOM” davlat axborot tizimlarini yaratish va qoʻllab-quvvatlash boʻyicha yagona integrator” masʼuliyati cheklangan jamiyati;

yagona platformani yurituvchi — davlat organlarining Yagona platformada joylashgan rasmiy veb-saytlarni yuritish uchun masʼul xodimi.

4. Davlat organlari tegishli axborotni Yagona platformada ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq shakllantiradi va yuritadi.

2-bob. Yagona platformada roʻyxatdan oʻtish va undan foydalanish

5. Yagona platformadan foydalanish va uni yuritish Yagona identifikatsiya tizimi OnelD (keyingi oʻrinlarda — YAIT) orqali, axborot almashinuvlari esa Elektron hukumatning idoralararo maʼlumotlar uzatish tarmogʻi orqali amalga oshiriladi.

6. Yagona platformani yurituvchi YAIT orqali roʻyxatdan oʻtadi.

7. Yagona platformani yurituvchi davlat organining ichki hujjatlari bilan belgilanadi. Yagona platformani yurituvchi tayinlanganda (oʻzgarganda), davlat organi ikki kun muddatda Yagona platformani yurituvchi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni mazkur Nizomga 2-ilovaga muvofiq shaklda Yagona platforma operatoriga taqdim etadi.

8. Yagona platformani yurituvchi davlat organining rasmiy veb-saytiga joylashtirilishi lozim boʻlgan maʼlumotlarni toʻplash, umumlashtirish va joylashtirishga masʼul hisoblanadi.

Bunda davlat organlarining tegishli tarkibiy boʻlinmalari rasmiy veb-saytga joylashtirish uchun tegishli maʼlumotlarni ichki hujjatlarda belgilangan muddatlarda Yagona platformani yurituvchiga taqdim etishlari shart.

9. Yagona platformaga ulangan davlat organlariga rasmiy veb-saytlarni yuritish imkonini beruvchi yopiq boʻlim hisoblangan tashkilot kabineti hamda Yagona platformani yurituvchi uchun Yagona platforma tizimiga kirish imkoniyati yaratiladi.

10. Yagona platformani yurituvchi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Yagona platformada shakllantiriladi va yuritiladi.

11. Yagona platforma operatori davlat organlari tomonidan rasmiy veb-saytlarni yuritish jarayonlarini doimiy monitoring qilib boradi.

12. Yagona platforma operatori Yagona platformani joriy etish, unga texnik xizmat koʻrsatish, uni yanada takomillashtirish, shuningdek, uning uzluksiz va xavfsiz ishlashi uchun masʼul hisoblanadi.

13. Yagona platforma operatori doimiy ravishda Yagona platformada joylashtirilgan axborotlarning yoʻq qilinishi, toʻsib qoʻyilishi, qalbakilashtirilishining hamda boshqa shakllardagi ruxsatsiz aralashuvlarning oldini olishga qaratilgan choralar koʻrib boradi.

3-bob. Yagona platformada rasmiy veb-saytlarni yuritish

14. Davlat organining Yagona platformada joylashtirilgan rasmiy veb-sayti Yagona platformani yurituvchi tomonidan yuritiladi.

15. Tashkilot kabinetida Yagona platformani yurituvchi tomonidan rasmiy veb-saytlarda maʼlumotlarni joylashtirish uchun qoʻshimcha xodimlarga ishlash imkoniyati yaratilishi mumkin. Bunda joylashtiriladigan maʼlumotlarning toʻgʻriligi va ishonchligi uchun masʼuliyat Yagona platformani yurituvchisi zimmasida boʻladi.

16. Davlat organlarining rasmiy veb-saytlarini Yagona platformada yuritish uchun tashkilot Yagona platforma operatori tomonidan ishlab chiqiladigan va foydalanuvchi kabinetida joylashtiriladigan Yagona platforma bilan ishlash boʻyicha yoʻriqnoma asosida amalga oshiriladi.

17. Davlat organlari oʻzlarining Yagona platformada joylashtirilgan rasmiy veb-saytlaridagi maʼlumotlarning dolzarbligini muntazam ravishda taʼminlaydi.

18. Yagona platformada joylashtirilgan rasmiy veb-saytlar qonunchilik hujjatlari talablariga rioya etilgan holda yuritilishi hamda ularda joylashtirilayotgan maʼlumotlar Oʻzbekiston Respublikasining davlat sirlari yoki qonun bilan qoʻriqlanadigan boshqa sirni tashkil etuvchi maʼlumotlar boʻlmasligi kerak.

19. Yagona platformani yurituvchi Yagona platformada davlat organining rasmiy veb-saytini axborot xavfsizligi talablariga rioya qilgan holda yuritish boʻyicha tegishli choralarni koʻrishi va taʼminlashi lozim.

20. Yagona platforma operatori Yagona platformaning kiberxavfsizlik talablariga muvofiqligi yuzasidan ekspertizadan oʻtkazilishini taʼminlaydi.

21. Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi huzuridagi Axborotlashtirish va telekommunikatsiyalar sohasida nazorat inspeksiyasi davlat organlari tomonidan rasmiy veb-saytlar oʻz vaqtida yangilanib borilishi yuzasidan nazoratni amalga oshiradi hamda oʻtkazilgan nazorat natijalarini tahlil qiladi va umumlashtiradi, aniqlangan kamchiliklar va qoidabuzarliklarni bartaraf etish yuzasidan koʻrsatma tayyorlaydi, ularga tegishli choralarni koʻrish boʻyicha davlat organlariga kiritadi.

4-bob. Yagona platformani boshqa elektron axborot tizimlari bilan oʻzaro integratsiya qilish

22. Yagona platformada davlat organlarining axborot tizimlari bilan axborot almashinuvi texnologik yoʻriqnoma asosida Yagona platforma operatori tomonidan amalga oshiriladi.

23. Davlat organlari Yagona platformaga integratsiya qilish orqali taqdim etilayotgan maʼlumotlarning dolzarbligi va ishonchligini taʼminlaydi.

5-bob. Davlat organlari tomonidan Yagona platformada axborotni joylashtirish uchun taqdim etish

24. Yagona platformaga joylashtirilishi lozim boʻlgan axborot davlat organining axborot xizmatlari tomonidan umumlashtiriladi va Yagona platforma operatoriga taqdim etib boriladi.

25. Davlat organlari doimiy ravishda Yagona platformadagi maʼlumotlarning dolzarbligi va yangilab borilishini taʼminlaydi.

26. Yagona platformaga Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlanadigan roʻyxatda keltirilgan axborotlar joylashtiriladi.

27. Yagona platformaga joylashtirish uchun davlat organlari tomonidan taqdim etilishi lozim boʻlgan maʼlumotlar Yagona platforma operatori tomonidan muntazam ravishda shakllantirilib boriladi.

28. Yagona platformaga joylashtirish uchun taqdim etiladigan axborot dolzarb, haqqoniy, yaxlit, aniq va mavzu bloklari boʻyicha taqsimlangan boʻlishi kerak.

29. Yagona platformada joylashtirish uchun taqdim etiladigan axborotda davlat, harbiy yoki xizmat siri hisoblanadigan maʼlumotlar yoxud qonunchilikka muvofiq foydalanilishi cheklangan boshqa maʼlumotlar boʻlmasligi kerak.

30. Yagona platformaga joylashtirish uchun taqdim etiladigan axborot davlat va qoraqalpoq tillarida taqdim etilishi kerak. Shu bilan birga, axborotlarning boshqa tillardagi mazmuni bir xil yoxud qisqartirilgan talqinlari boʻlishi mumkin.

31. Yagona platformaga joylashtirish uchun axborot ushbu Nizomga 3-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq taqdim etiladi.

32. Yagona platformaga joylashtirilishi lozim boʻlgan axborot davlat organining tegishli tarkibiy va hududiy boʻlinmalari tomonidan tayyorlanadi hamda davlat organining axborot xizmatiga taqdim etiladi.

33. Davlat organi axborot xizmati oʻzining Yagona platformadagi rasmiy veb-saytiga maʼlumotlarni oʻz vaqtida joylashtirib borilishini taʼminlaydi. Bunda Hukumat doirasida amalga oshirilayotgan ishlar va tadbirlar toʻgʻrisidagi axborotlarni rasmiy veb-saytda joylashtirilishidan avval Bosh vazir matbuot xizmati bilan kelishilgan holda, amalga oshirilishi lozim.

6-bob. Yagona platformada axborotni joylashtirish uchun taqdim etiladigan maʼlumotlarni kelishish

34. Davlat organining axborot xizmati davlat organining ichki hujjatlarida belgilangan muddatlarda tarkibiy va hududiy boʻlinmalar tomonidan taqdim etilgan axborotni koʻrib chiqadi, umumlashtiradi hamda davlat organi rahbari bilan kelishgan (imzolangan) holda, Yagona platforma operatoriga taqdim etib boradi.

35. Yagona platforma operatori davlat organi tomonidan taqdim etilgan axborotni umumlashtiradi va tegishliligi boʻyicha Bosh vazir matbuot xizmati bilan kelishishga kiritadi.

36. Bosh vazir matbuot xizmati Yagona platforma operatori tomonidan Yagona platformaga joylashtirish uchun kiritilgan axborotlarni bir ish kunida kelishib beradi.

37. Yagona platforma operatori Bosh vazir matbuot xizmati bilan kelishilgan axborotlarni Yagona platformaning tegishli boʻlimlariga joylashtiradi.

7-bob. Yakunlovchi qoidalar

38. Yagona platforma operatori Yagona platformaning ishlashi, axborot xavfsizligining taʼminlanishi, tizimdagi shaxsga doir maʼlumotlarga ruxsatsiz kirishning oldini olish uchun masʼul hisoblanadi.

39. Yagona platforma operatori Yagona platforma tizimining funksionalligi, xavfsizligi va dolzarbligini taʼminlash uchun ishonchli texnik yordam va muntazam yangilanishlarni amalga oshirib boradi.

40. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Davlat organlarining rasmiy veb-saytlari faoliyatini “Yagona darcha” tamoyili asosida Oʻzbekiston Respublikasi Hukumati portalida yoʻlga qoʻyish, yuritish, ulardagi axborot dolzarbligi va xavfsizligini taʼminlash hamda Hukumat portalida joylashtiriladigan axborotni davlat organlari tomonidan taqdim etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Davlat organlari tomonidan tegishli maʼlumotlarni Yagona platformada joylashtirilgan rasmiy veb-saytlarda shakllantirish va yuritish

Bosqichlar Masʼullar Chora-tadbirlar Muddat 1-bosqich Davlat organi 1. Yagona platforma operatori bilan shartnoma imzolaydi. 5 ish kunida 2. Ichki idoraviy hujjat bilan Yagona platformani yurituvchi masʼul xodimni va rasmiy veb-saytga maʼlumotlarni joylashtirish uchun Yagona platformani yurituvchiga taqdim etadigan tegishli tarkibiy boʻlinmalarni tasdiqlaydi. 2 ish kunida 3. Yagona platformani yurituvchi Yagona identifikatsiya tizimi orqali roʻyxatdan oʻtishini taʼminlaydi. Doimiy 4. Yagona platformani yurituvchi masʼul xodim tasdiqlanganda yoki oʻzgarganda, Yagona platforma operatoriga namunadagi xat bilan u haqidagi maʼlumotni taqdim etadi. 1 ish kunida 2-bosqich Yagona platforma operatori Yagona platformani yurituvchi haqidagi maʼlumot kelib tushganidan soʻng Yagona platformada tegishli davlat organi uchun tizimga kirish imkoniyatini yaratadi. 2 ish kunida 3-bosqich Davlat organi Davlat organining ichki hujjat bilan tasdiqlangan masʼullar tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlarni umumlashtiradi va ularning belgilangan muddatlarda Yagona platformadagi rasmiy veb-saytga joylashtirish hamda maʼlumotlarni dolzarbligini taʼminlaydi. Doimiy

Davlat organlarining rasmiy veb-saytlari faoliyatini “Yagona darcha” tamoyili asosida Oʻzbekiston Respublikasi Hukumati portalida yoʻlga qoʻyish, yuritish, ulardagi axborot dolzarbligi va xavfsizligini taʼminlash hamda Hukumat portalida joylashtiriladigan axborotni davlat organlari tomonidan taqdim etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

(tashkilotning rasmiy blankasida) 20___ y. “____” ___________ _____-son “UZINFOCOM” davlat axborot tizimlarini yaratish va qoʻllab-quvvatlash boʻyicha yagona integrator” masʼuliyati cheklangan jamiyati Tashkilotning Davlat organlarining yagona axborot resurslari platformasida tegishli maʼlumotlarni joylashtirish uchun masʼul xodimi toʻgʻrisida maʼlumot Tashkilot masʼul xodimi toʻgʻrisida maʼlumot F.I.O. Lavozimi Boʻlinma Xizmat telefon raqami id.egov.uz tizimidagi login Ushbu arizada taqdim etilgan maʼlumotlarning ishonchliligini tasdiqlayman. Arizada taqdim etilgan maʼlumotlardagi oʻzgarishlar yuzasidan oʻz vaqtida xabar berish majburiyatni oʻz zimmamga olaman. Tashkilot rahbari Lavozimi (F.I.O.) Imzo Muhr Masʼul xodimi Lavozimi (F.I.O.) Imzo

Davlat organlarining rasmiy veb-saytlari faoliyatini “Yagona darcha” tamoyili asosida Oʻzbekiston Respublikasi Hukumati portalida yoʻlga qoʻyish, yuritish, ulardagi axborot dolzarbligi va xavfsizligini taʼminlash hamda Hukumat portalida joylashtiriladigan axborotni davlat organlari tomonidan taqdim etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA

Yagona platformaga joylashtirish uchun axborotlarni taqdim etish

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 31-yanvardagi 54-son qaroriga 2-ILOVA

Yagona platformaga davlat organlarining rasmiy veb-saytlarini oʻtkazish

T/r Davlat organi Muddat I. Qoʻmitalar 1. Davlat zaxiralarini boshqarish qoʻmitasi Bir oy muddatda 2. Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasi 3. Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish qoʻmitasi 4. Ipakchilik va jun sanoatini rivojlantirish qoʻmitasi 5. Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi 6. Turizm qoʻmitasi 7. Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi 8. Millatlararo munosabatlar va xorijdagi vatandoshlar masalalari boʻyicha qoʻmitasi II. Agentliklar 9. Kadastr agentligi Ikki oy muddatda 10. Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi 11. Xorijiy investitsiyalarni jalb etish agentligi 12. Oʻsimliklar karantini va himoyasi agentligi 13. Agrosanoatni rivojlantirish agentligi 14. Fuqaro aviatsiyasi agentligi 15. Kosmik tadqiqotlar va texnologiyalar agentligi 16. Oʻrmon xoʻjaligi agentligi 17. Gidrometeorologiya xizmati agentligi 18. Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligi 19. Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligi 20. Innovatsion rivojlanish agentligi 21. Bilim va malakalarni baholash agentligi 22. Kinematografiya agentligi 23. “Oʻzarxiv” agentligi 24. Personallashtirish agentligi 25. Mudofaa sanoati agentligi III. Inspeksiyalar 26. Axborotlashtirish va telekommunikatsiyalar sohasida nazorat inspeksiyasi Uch oy muddatda 27. Davlat asillik darajasi nazorati inspeksiyasi 28. Suv xoʻjaligi obyektlari xavfsizligini va suvdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi 29. Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohasida nazorat qilish inspeksiyasi 30. Transport nazorati inspeksiyasi IV. Mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari 31. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahrining tuman(shahar)lari hokimliklari Uch oy muddatda

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 31-yanvardagi 54-son qaroriga 3-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartishlar

1. Vazirlar Mahkamasining “Internet tarmogʻida Oʻzbekiston Respublikasining Hukumat portaliga axborotlarni taqdim etish va joylashtirish tartibi toʻgʻrisida” 2009-yil 21-apreldagi 116-son qarorida :

a) 1-bandda :

uchinchi xatboshi chiqarib tashlansin;

toʻrtinchi xatboshi uchinchi xatboshi deb hisoblansin;

b) 2-ilova oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

2. Vazirlar Mahkamasining “Interaktiv davlat xizmatlari koʻrsatishni hisobga olgan holda Internet tarmogʻida Oʻzbekiston Respublikasining Hukumat portali faoliyatini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2012-yil 30-dekabrdagi 378-son qaroriga 2-ilova 4-bandining “v” kichik bandi chiqarib tashlansin.

3. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish haqida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohasida loyiha boshqaruvi tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 29-avgustdagi PQ-3245-son qarori)” 2017-yil 20-noyabrdagi 925-son qaroriga ilova 3-bandining “b” kichik bandi chiqarib tashlansin.

4. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasining “Normativ-huquqiy hujjatlar toʻgʻrisida” 2021-yil 20-apreldagi OʻRQ-682-son Qonuni)” 2022-yil 4-apreldagi 153-son qaroriga ilova 215-bandining “a” kichik bandi chiqarib tashlansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 31-yanvar,

54-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 01.02.2025-y., 09/25/54/0099-son; 26.11.2025-y., 09/25/740/1090-son)

lex.uz