UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 4-fevral · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 4 февраль · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Мактабгача ва мактаб таълими вазири

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 4 февраля 2025 г. · Документы министерств и ведомств · Министр дошкольного и школьного образования

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 4 February 2025 · Ministry and agency documents · Maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирининг

буйруғи

«5 — 9-синф ўқувчиларининг билимлари сифатини назорат қилишнинг рейтинг тизими тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 декабрдаги ПФ-269-сон « Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида »ги ва 2023 йил 26 майдаги ПФ-79-сон « Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида »ги фармонларига мувофиқ буюраман:

1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг 2010 йил 8 июндаги 23, 11/ҚҚ-сон «5 — 9-синф ўқувчиларининг билимлари сифатини назорат қилишнинг рейтинг тизими тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорга (рўйхат рақами 2117, 2010 йил 25 июнь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 26-27-сон, 215-модда) иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради

Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2025 йил 4 февралдаги 1-мҳ-сон буйруғига ИЛОВА

«5 — 9-синф ўқувчиларининг билимлари сифатини назорат қилишнинг рейтинг тизими тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. Буйруқда :

1) буйруқнинг номидаги «5 — 9-синф» деган сўзлар «5 — 11-синф» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

2) буйруқнинг муқаддимасидаги «Таълим тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 9-сон, 225-модда) ва «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 11-12-сон, 295-модда) қонунларига» деган сўзлар «Таълим тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26-майдаги ПФ-79-сон «Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

3) 1-банддаги «5 — 9-синф» деган сўзлар «5 — 11-синф» деган сўзлар билан алмаштирилсин.

2. Низомда :

1) низомнинг номидаги «5 — 9-синф» деган сўзлар «5 — 11-синф» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

2) низомнинг муқаддимаси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Мазкур Низом давлат умумий ўрта таълим муассасаларида (бундан буён матнда умумий ўрта таълим муассасалари деб юритилади) 5 — 11-синф ўқувчиларининг билимларини баҳолаш ва уларнинг рейтингини аниқлаш тартибини белгилайди.»;

3) 1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«1. Умумий ўрта таълим муассасаларида 5 — 11-синф ўқувчиларининг (бундан буён матнда ўқувчилар деб юритилади) билимлари сифатини назорат қилишнинг рейтинг тизими (бундан буён матнда рейтинг тизими деб юритилади) Умумий ўрта таълим давлат таълим стандартининг (бундан буён матнда Давлат таълим стандарти деб юритилади) таркибий қисми ҳисобланади.»;

4) 6-банднинг олтинчи хатбошисидаги «Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб вазирлигининг (бундан буён матнда вазирлик деб юритилади)» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

5) қуйидаги мазмундаги 6 1 -банд билан тўлдирилсин:

«6 1 . Умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларнинг билими форматив ва сумматив усулларда ҳам баҳоланиши мумкин.

Форматив баҳолаш — дарс машғулотлари давомида ўқувчилар фаолиятини кузатиш ҳамда уларнинг билим ва кўникмаларини ўлчаш ҳамда натижани яхшилаш учун кўрсатмалар бериш жараёни ҳисобланади.

Сумматив баҳолаш — таълим жараёнининг муайян бир даври (чорак, ярим йил ёки ўқув йили) ёки босқич (ўқув фанининг боб, бўлими) якунида ўқувчининг ўзлаштирган билими ва амалий кўникма даражасини ўқитувчи ва вазирлик томонидан аниқлаш ва баҳолаш усули ҳисобланади.

Ўқувчиларнинг билимини форматив ва сумматив усулларда баҳолаш жорий этиладиган умумий ўрта таълим муассасалари рўйхати вазирлик томонидан тасдиқланади.»;

6) қуйидаги мазмундаги IV 1 -боб билан тўлдирилсин:

« IV 1 . Умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларнинг билимини форматив ва сумматив усулларда баҳолаш

18 1 . Форматив баҳолаш мезонлари ўқув фанининг хусусиятлари ва унга ажратилган соатлардан келиб чиқиб, ўқитувчи томонидан мустақил белгиланади.

Форматив баҳо бир чорак (ўқув режа асосида ўқув фанларига ажратилган ҳафталик соат сонидан келиб чиқиб, ярим йиллик ва йиллик бўлиши мумкин) давомида 1 баллдан 10 баллгача қўйиб борилган балларнинг ўрта арифметигидан шакллантирилади.

Ҳар бир ўқувчи бир чорак давомида (ярим йиллик, йиллик) камида 4 марта ўқитувчи томонидан форматив баҳоланиши керак.

18 2 . Сумматив баҳолаш боб бўйича сумматив баҳолаш ҳамда чорак бўйича сумматив баҳолашни ўз ичига олади.

Ҳар бир ўқув фани бўйича сумматив баҳолаш учун тест топшириқлари шакли (ўқув фани мазмуни, таркиби, саволлар сони, топшириқлар тури, вақт меъёрлари) вазирлик томонидан белгиланади.

18 3 . Боб ва чорак бўйича сумматив баҳолаш учун назорат материаллари ва уларнинг спецификациялари, силлабуслари ва баҳолаш мезонлари вазирлик томонидан умумий ўрта таълим муассасаларига ҳар ўқув йили давомида тақдим этилади.

Бунда, вазирлик томонидан ўқувчилар учун назорат материаллари ва ўқитувчилар учун баҳолаш мезонлари э-мактаб электрон журналига жойлаштирилади.

Ўқитувчилар баҳолаш жараёнларини ўтказиш вақтида назорат материалларига баҳолаш мезонларидан чиқмаган ҳолда янги назорат материалларини яратиш, берилган назорат материалларига ўзгартиришлар киритиши мумкин.

18 4 . Боб бўйича сумматив баҳолаш ўқувчининг ўқув фанлари боби ҳамда бўлимларининг ўзлаштириш даражасини аниқлаш ва баҳолаш усули ҳисобланади.

Боб бўйича сумматив баҳолаш жараёни ўқув режаси асосида ўқув фанларига ажратилган ҳафталик соатдан келиб чиқиб, 1 мартадан 3 мартагача ўтказилиши мумкин (ҳафтасига 1-2 соатгача ажратилган ўқув фанлари бўйича 1 марта, 3-4 соатгача ажратилган ўқув фанлари учун 2 марта, 5 ва ундан ортиқ соат ажратилган ўқув фанлари учун 3 марта). Боб бўйича сумматив баҳолашга барча турдаги ёзма ишлар, амалий иш, лаборатория иши, лойиҳа иши, ижодий иш, оғзаки жавоб талаб этувчи топшириқлар киради.

18 5 . Чорак бўйича сумматив баҳолаш ўқувчининг ўзлаштирган билим ҳамда амалий кўникмаси даражасини аниқлаш ва баҳолаш усули ҳисобланиб, ҳар чорак якунида ўтказилади.

Чорак бўйича сумматив баҳолаш ўқув фанлари учун ажратилган ҳафталик соатлардан келиб чиқиб (ҳар чоракда, ярим йилда, бир ўқув йилида бир маротаба) ўтказилади. Бунда, битта синфда бир ўқув куни мобайнида 3 та ўқув фанларидан кўп бўлмаган ҳолда баҳолаш ўтказилади.

Чорак бўйича сумматив баҳолаш жараёнлари марказлашган ҳолда белгиланган ўқув фанларидан вазирлик томонидан ёзма ёки компьютерда ўтказилиши мумкин.

18 6 . Ўқувчининг чораклик баҳоси (максимал 100 балл) қуйидагича шаклланади:

10 балл чорак давомида форматив баҳолаш (ўқитувчи томонидан баҳоланади);

50 балл чорак давомидаги боб бўйича сумматив баҳолаш (ўқитувчи томонидан баҳоланади);

40 балл чорак охирида чорак бўйича сумматив баҳолаш (ўқитувчи ёки вазирлик томонидан баҳоланади).

18 7 . Ўқувчининг ўқув йили давомида тўплаган баллари қуйидаги тақсимот асосида баҳо шаклига ўтказилади (конвертация қилинади):

86 — 100 5 аъло 66 — 85 4 яхши 30 — 65 3 қониқарли 0 — 29 2 қониқарсиз

18 8 . Сумматив баҳолашни ўтказиш жараёнида ўқувчиларнинг аудиториядан чиқиши, бир-бири билан гаплашиши, ўзга ўқувчининг ишини кўчириши, ўзи билан дарсликлар, ўқув-услубий қўлланмалар, луғатлар, маълумотномалар ва бошқа адабиётлар, конспектлар, электрон ва қоғоз шаклдаги шпаргалкалар, калькуляторлар, алоқа воситалари (шу жумладан, уяли алоқа воситаси), аудио-, фото- ва видео-ёзув қурилмалари ҳамда бошқа ахборот-коммуникация воситаларини олиб кириши ва улардан фойдаланиши тақиқланади.

Фаннинг хусусиятидан келиб чиқиб, сумматив баҳолаш жараёнини ўтказишда тегишли фан бўйича масъул педагог томонидан калькулятордан фойдаланишга нисбатан истиснолар белгиланиши мумкин.

18 9 . Сумматив баҳолаш жараёнида қатнаша олмаган ёки 30 фоиздан паст натижа қайд этган ўқувчилар учун қуйидаги ҳолларда қайта топшириш жараёнларида иштирок этишга йўл қўйилади:

узрли сабабларга кўра (ўқувчининг ёки яқин қариндошининг бетоблиги (тиббий маълумотнома асосида), йўл-транспорт ҳодисаси, яқин қариндошининг вафоти, яқин қариндошининг никоҳ тузиши, республика ёки халқаро олимпиада ва танловларда умумий ўрта таълим муассасаси номидан иштирок этганлиги, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлиши сабабли) сумматив баҳолашда қатнашмаган ўқувчиларга қайта топширишда уларнинг олган баллари қўйилади;

узрсиз сабабларга кўра сумматив баҳолашда қатнашмаган, ушбу Низомнинг 18 8 -банди биринчи хатбошисида кўрсатилган талабларни бузган ёки сумматив баҳолашда 30 фоиздан паст натижа қайд этган ўқувчиларнинг максимал бали 65 фоиздан ошмаган ҳолда баҳоланади.».

Вазир Х. УМАРОВА

Тошкент ш.,

2025 йил 4 февраль,

1-мҳ-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.02.2025 й., 10/25/2117-2/0107-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi maktabgacha va maktab taʼlimi vazirining

buyrugʻi

“5 — 9-sinf oʻquvchilarining bilimlari sifatini nazorat qilishning reyting tizimi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida”gi qarorga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2022-yil 21-dekabrdagi PF-269-son “ Yangi Oʻzbekiston maʼmuriy islohotlarini amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida ”gi va 2023-yil 26-maydagi PF-79-son “ Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi hamda uning tizimidagi tashkilotlar faoliyatini samarali tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida ”gi farmonlariga muvofiq buyuraman:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi hamda Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Davlat test markazining 2010-yil 8-iyundagi 23, 11/QQ-son “5 — 9-sinf oʻquvchilarining bilimlari sifatini nazorat qilishning reyting tizimi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida”gi qarorga (roʻyxat raqami 2117, 2010-yil 25-iyun) (Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2010-y., 26-27-son, 215-modda) ilovaga muvofiq oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.

2. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi

Oʻzbekiston Respublikasi maktabgacha va maktab taʼlimi vazirining 2025-yil 4-fevraldagi 1-mh-son buyrugʻiga ILOVA

“5 — 9-sinf oʻquvchilarining bilimlari sifatini nazorat qilishning reyting tizimi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida”gi qarorga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar

1. Buyruqda :

1) buyruqning nomidagi “5 — 9-sinf” degan soʻzlar “5 — 11-sinf” degan soʻzlar bilan almashtirilsin;

2) buyruqning muqaddimasidagi “Taʼlim toʻgʻrisida”gi (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Axborotnomasi, 1997-y., 9-son, 225-modda) va “Kadrlar tayyorlash milliy dasturi toʻgʻrisida”gi (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Axborotnomasi, 1997-y., 11-12-son, 295-modda) qonunlariga” degan soʻzlar “Taʼlim toʻgʻrisida”gi Qonuni, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2023-yil 26-maydagi PF-79-son “Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi hamda uning tizimidagi tashkilotlar faoliyatini samarali tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi Farmoni” degan soʻzlar bilan almashtirilsin;

3) 1-banddagi “5 — 9-sinf” degan soʻzlar “5 — 11-sinf” degan soʻzlar bilan almashtirilsin.

2. Nizomda :

1) nizomning nomidagi “5 — 9-sinf” degan soʻzlar “5 — 11-sinf” degan soʻzlar bilan almashtirilsin;

2) nizomning muqaddimasi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Mazkur Nizom davlat umumiy oʻrta taʼlim muassasalarida (bundan buyon matnda umumiy oʻrta taʼlim muassasalari deb yuritiladi) 5 — 11-sinf oʻquvchilarining bilimlarini baholash va ularning reytingini aniqlash tartibini belgilaydi.”;

3) 1-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“1. Umumiy oʻrta taʼlim muassasalarida 5 — 11-sinf oʻquvchilarining (bundan buyon matnda oʻquvchilar deb yuritiladi) bilimlari sifatini nazorat qilishning reyting tizimi (bundan buyon matnda reyting tizimi deb yuritiladi) Umumiy oʻrta taʼlim davlat taʼlim standartining (bundan buyon matnda Davlat taʼlim standarti deb yuritiladi) tarkibiy qismi hisoblanadi.”;

4) 6-bandning oltinchi xatboshisidagi “Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligining” degan soʻzlar “Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab vazirligining (bundan buyon matnda vazirlik deb yuritiladi)” degan soʻzlar bilan almashtirilsin;

5) quyidagi mazmundagi 6 1 -band bilan toʻldirilsin:

“6 1 . Umumiy oʻrta taʼlim muassasalarida oʻquvchilarning bilimi formativ va summativ usullarda ham baholanishi mumkin.

Formativ baholash — dars mashgʻulotlari davomida oʻquvchilar faoliyatini kuzatish hamda ularning bilim va koʻnikmalarini oʻlchash hamda natijani yaxshilash uchun koʻrsatmalar berish jarayoni hisoblanadi.

Summativ baholash — taʼlim jarayonining muayyan bir davri (chorak, yarim yil yoki oʻquv yili) yoki bosqich (oʻquv fanining bob, boʻlimi) yakunida oʻquvchining oʻzlashtirgan bilimi va amaliy koʻnikma darajasini oʻqituvchi va vazirlik tomonidan aniqlash va baholash usuli hisoblanadi.

Oʻquvchilarning bilimini formativ va summativ usullarda baholash joriy etiladigan umumiy oʻrta taʼlim muassasalari roʻyxati vazirlik tomonidan tasdiqlanadi.”;

6) quyidagi mazmundagi IV 1 -bob bilan toʻldirilsin:

“ IV 1 . Umumiy oʻrta taʼlim muassasalarida oʻquvchilarning bilimini formativ va summativ usullarda baholash

18 1 . Formativ baholash mezonlari oʻquv fanining xususiyatlari va unga ajratilgan soatlardan kelib chiqib, oʻqituvchi tomonidan mustaqil belgilanadi.

Formativ baho bir chorak (oʻquv reja asosida oʻquv fanlariga ajratilgan haftalik soat sonidan kelib chiqib, yarim yillik va yillik boʻlishi mumkin) davomida 1 balldan 10 ballgacha qoʻyib borilgan ballarning oʻrta arifmetigidan shakllantiriladi.

Har bir oʻquvchi bir chorak davomida (yarim yillik, yillik) kamida 4-marta oʻqituvchi tomonidan formativ baholanishi kerak.

18 2 . Summativ baholash bob boʻyicha summativ baholash hamda chorak boʻyicha summativ baholashni oʻz ichiga oladi.

Har bir oʻquv fani boʻyicha summativ baholash uchun test topshiriqlari shakli (oʻquv fani mazmuni, tarkibi, savollar soni, topshiriqlar turi, vaqt meʼyorlari) vazirlik tomonidan belgilanadi.

18 3 . Bob va chorak boʻyicha summativ baholash uchun nazorat materiallari va ularning spetsifikatsiyalari, sillabuslari va baholash mezonlari vazirlik tomonidan umumiy oʻrta taʼlim muassasalariga har oʻquv yili davomida taqdim etiladi.

Bunda, vazirlik tomonidan oʻquvchilar uchun nazorat materiallari va oʻqituvchilar uchun baholash mezonlari e-maktab elektron jurnaliga joylashtiriladi.

Oʻqituvchilar baholash jarayonlarini oʻtkazish vaqtida nazorat materiallariga baholash mezonlaridan chiqmagan holda yangi nazorat materiallarini yaratish, berilgan nazorat materiallariga oʻzgartirishlar kiritishi mumkin.

18 4 . Bob boʻyicha summativ baholash oʻquvchining oʻquv fanlari bobi hamda boʻlimlarining oʻzlashtirish darajasini aniqlash va baholash usuli hisoblanadi.

Bob boʻyicha summativ baholash jarayoni oʻquv rejasi asosida oʻquv fanlariga ajratilgan haftalik soatdan kelib chiqib, 1-martadan 3-martagacha oʻtkazilishi mumkin (haftasiga 1-2 soatgacha ajratilgan oʻquv fanlari boʻyicha 1-marta, 3-4 soatgacha ajratilgan oʻquv fanlari uchun 2-marta, 5 va undan ortiq soat ajratilgan oʻquv fanlari uchun 3-marta). Bob boʻyicha summativ baholashga barcha turdagi yozma ishlar, amaliy ish, laboratoriya ishi, loyiha ishi, ijodiy ish, ogʻzaki javob talab etuvchi topshiriqlar kiradi.

18 5 . Chorak boʻyicha summativ baholash oʻquvchining oʻzlashtirgan bilim hamda amaliy koʻnikmasi darajasini aniqlash va baholash usuli hisoblanib, har chorak yakunida oʻtkaziladi.

Chorak boʻyicha summativ baholash oʻquv fanlari uchun ajratilgan haftalik soatlardan kelib chiqib (har chorakda, yarim yilda, bir oʻquv yilida bir marotaba) oʻtkaziladi. Bunda, bitta sinfda bir oʻquv kuni mobaynida 3 ta oʻquv fanlaridan koʻp boʻlmagan holda baholash oʻtkaziladi.

Chorak boʻyicha summativ baholash jarayonlari markazlashgan holda belgilangan oʻquv fanlaridan vazirlik tomonidan yozma yoki kompyuterda oʻtkazilishi mumkin.

18 6 . Oʻquvchining choraklik bahosi (maksimal 100 ball) quyidagicha shakllanadi:

10 ball chorak davomida formativ baholash (oʻqituvchi tomonidan baholanadi);

50 ball chorak davomidagi bob boʻyicha summativ baholash (oʻqituvchi tomonidan baholanadi);

40 ball chorak oxirida chorak boʻyicha summativ baholash (oʻqituvchi yoki vazirlik tomonidan baholanadi).

18 7 . Oʻquvchining oʻquv yili davomida toʻplagan ballari quyidagi taqsimot asosida baho shakliga oʻtkaziladi (konvertatsiya qilinadi):

86 — 100 5 aʼlo 66 — 85 4 yaxshi 30 — 65 3 qoniqarli 0 — 29 2 qoniqarsiz

18 8 . Summativ baholashni oʻtkazish jarayonida oʻquvchilarning auditoriyadan chiqishi, bir-biri bilan gaplashishi, oʻzga oʻquvchining ishini koʻchirishi, oʻzi bilan darsliklar, oʻquv-uslubiy qoʻllanmalar, lugʻatlar, maʼlumotnomalar va boshqa adabiyotlar, konspektlar, elektron va qogʻoz shakldagi shpargalkalar, kalkulyatorlar, aloqa vositalari (shu jumladan, uyali aloqa vositasi), audio-, foto- va video-yozuv qurilmalari hamda boshqa axborot-kommunikatsiya vositalarini olib kirishi va ulardan foydalanishi taqiqlanadi.

Fanning xususiyatidan kelib chiqib, summativ baholash jarayonini oʻtkazishda tegishli fan boʻyicha masʼul pedagog tomonidan kalkulyatordan foydalanishga nisbatan istisnolar belgilanishi mumkin.

18 9 . Summativ baholash jarayonida qatnasha olmagan yoki 30 foizdan past natija qayd etgan oʻquvchilar uchun quyidagi hollarda qayta topshirish jarayonlarida ishtirok etishga yoʻl qoʻyiladi:

uzrli sabablarga koʻra (oʻquvchining yoki yaqin qarindoshining betobligi (tibbiy maʼlumotnoma asosida), yoʻl-transport hodisasi, yaqin qarindoshining vafoti, yaqin qarindoshining nikoh tuzishi, respublika yoki xalqaro olimpiada va tanlovlarda umumiy oʻrta taʼlim muassasasi nomidan ishtirok etganligi, Oʻzbekiston Respublikasidan tashqarida boʻlishi sababli) summativ baholashda qatnashmagan oʻquvchilarga qayta topshirishda ularning olgan ballari qoʻyiladi;

uzrsiz sabablarga koʻra summativ baholashda qatnashmagan, ushbu Nizomning 18 8 -bandi birinchi xatboshisida koʻrsatilgan talablarni buzgan yoki summativ baholashda 30 foizdan past natija qayd etgan oʻquvchilarning maksimal bali 65 foizdan oshmagan holda baholanadi.”.

Vazir X. UMAROVA

Toshkent sh.,

2025-yil 4-fevral,

1-mh-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 05.02.2025-y., 10/25/2117-2/0107-son)

lex.uz