📅 2025-yil 11-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 11-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 11 февраль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 11 февраля 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 11 February 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
РЎЙХАТИ
Умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитишда тадбиркорлик субъектларини жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини хорижий тил ва замонавий касбларга ўқитиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 2 февралдаги ПҚ-53-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини касб-ҳунарга йўналтириш, мактабга тадбиркорлик субъектларини манфаатли ҳамкорлик асосида жалб этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 2 февралдаги ПҚ-53-сон қарорида тадбиркорлик субъектлари ва ҳунармандларни умумий ўрта таълим муассасаларига (кейинги ўринларда — мактаблар) жалб қилиш орқали ўқувчиларни касб-ҳунарларга ўқитишни ташкил этишнинг йўналишлари белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитишда умумий ўрта таълим муассасалари ва тадбиркорлик субъектларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
умумий ўрта таълим муассасалари ва тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорлик йўналишлари;
умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитишни ташкил этиш тартиби;
тадбиркорлар томонидан мактабларда касб-ҳунар тўгаракларини ташкил этиш асослари;
умумий ўрта таълим муассасаларининг бўш турган биноларини тадбиркорларга ижарага беришда умумий ўрта таълим муассасаси ва тадбиркорларнинг мажбуриятлари.
3. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги:
2025 йилдан бошлаб ўқувчиларни уларнинг иқтидори ва қизиқишларига мос касб-ҳунарга йўналтириш, замонавий касблар билан яқиндан таништириш мақсадида 8-синф ўқувчилари учун Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда саноат, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, агротехнология соҳаларидаги корхона ва ташкилотларга экскурсиялар ташкил этсин;
ҳар йили 1 апрелга қадар келгуси ўқув йилида касб-ҳунарга ўқитиш жорий этиладиган мактаблар рўйхатини шакллантирсин ва тасдиқласин;
ҳар йили 1 майга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишган ҳолда, ўқувчиларни дарсдан бўш вақтларида касб-ҳунарга ўқитиш жорий этиладиган мактабларга тегишли бўш биноларнинг манзилли рўйхатини шакллантириб, Савдо-саноат палатаси ва Давлат активларини бошқариш агентлигига тақдим этсин;
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан биргаликда 2024/2025 ўқув йили якунига қадар мактаблар битирувчиларини эгаллайдиган касб-ҳунари бўйича амалий имтиҳондан ўтказиш ва уларга электрон сертификат бериш тартибини жорий этиш чораларини кўрсин;
ўқувчиларни дарсдан ташқари вақтларида касб-ҳунарга ўқитишда тадбиркорларни жалб қилиш амалиётини 2025/2026 ўқув йилида тажриба-синов тариқасида Сирдарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ўтказиб, тажриба-синов натижаларидан келиб чиққан ҳолда, ушбу амалиётни бошқа ҳудудларда ҳам жорий этиш юзасидан таклифларни 2026 йил 1 июлга қадар Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
4. Савдо-саноат палатаси:
ҳар йили 1 июнга қадар «20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис» дастури (кейинги ўринларда — Дастур) иштирокчиларига мактабларнинг бўш бинолари тўғрисидаги маълумотларни етказиш;
ҳар йили 1 июлга қадар мактаблар билан ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича ҳамкорлик қилиш истагини билдирган Дастур иштирокчилари рўйхатини шакллантириш ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдим этиш;
Дастур иштирокчиларининг фаолиятини ташкил этишга кўмаклашиш чораларини кўрсин.
5. Давлат активларини бошқариш агентлиги ўқувчиларни дарсдан бўш вақтларида касб-ҳунарга ўқитиш истагини билдирган Дастур иштирокчиси сертификатига эга бўлмаган тадбиркорларга мактабларнинг бўш биноларини белгиланган тартибда «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали ижарага бериш чораларини кўрсин.
6. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги:
Савдо-саноат палатаси билан биргаликда ҳар йили 1 августга қадар ўқувчиларни дарсдан бўш вақтларида касб-ҳунарга ўқитиш истагини билдирган Дастур иштирокчиси сертификатига эга бўлган тадбиркорлар ва мактаблар ўртасида бўш бинони текин фойдаланишга бериш тўғрисида шартнома тузишга кўмаклашсин;
икки ой муддатда йирик жиҳозлар билан таъминланадиган, мавжуд устахоналари жорий таъмирланадиган ва енгил типдаги устахоналар қуриладиган мактаблар ҳамда харид қилинадиган жиҳоз, асбоб-ускуна ва хомашё материаллари рўйхатларини шакллантирсин ва тасдиқласин.
7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
касб-ҳунар ўқитиш ташкил этилган мактабларни маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан зарур жиҳоз ва хомашё билан таъминлаш;
тадбиркорлик субъектлари томонидан касб-ҳунарга ўқитиш ташкил этилган мактабларнинг 10-11-синф ўқувчиларини уларнинг ота-онаси ёки ўрнини босувчи шахслардан бирини хабардор қилиш асосида касб-ҳунарга ўқитиш жараёнида меҳнат қонунчилигига мувофиқ тадбиркорлик субъектларида белгиланган ойлик иш ҳақининг камида 50 фоизи миқдорида иш ҳақи олишни ташкил этиш чораларини кўрсин.
8. Белгилансинки, мактабларнинг бино ва иншоотларидан фойдаланишда қуйидагилар тақиқланади:
бино ва иншоотларни хусусийлаштириш;
ўқувчиларнинг соғлиғи ва хавфсизлигига салбий таъсир қилувчи тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш;
бинолар ва иншоотлар, шу жумладан, ерости иншоотларини қуриш (енгил конструкцияли иншоотлар бундан мустасно);
кўнгилочар, умумий овқатланиш ва савдо объектларини ташкил этиш.
9. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
10. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Х.У. Умарова зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 11 февралдаги 78-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитишда умумий ўрта таълим муассасалари ва тадбиркорлик субъектларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитишда умумий ўрта таълим муассасалари (кейинги ўринларда — мактаблар) билан тадбиркорлик субъектлари ва ҳунармандларнинг (кейинги ўринларда — тадбиркорлар) ўзаро ҳамкорлик қилиш тартибини белгилайди.
2. Мактаблар ва тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорлик қуйидаги йўналишларда амалга оширилади:
биринчи йўналиш — Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) томонидан «Бизнес ва касб-ҳунарга ўқитиш» йўналиши жорий этилган мактабларга тадбиркорларнинг мутахассислари ёки ҳунармандлар касбий таълим устаси лавозимига (ўриндошлик асосида) жалб этилади;
иккинчи йўналиш — мактабнинг бўш биноси «20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис» дастури (кейинги ўринларда — Дастур) иштирокчиларига амалий мономарказни ташкил қилиш учун ўқувчиларни дарслардан бўш вақтларида касб-ҳунарга ўқитиш шарти билан тўғридан-тўғри шартнома асосида уч йилгача бўлган муддатга текин фойдаланишга берилади.
Бунда мактаб томонидан текин фойдаланишга бериладиган бўш бинодан келгусида мактаб эҳтиёжи (ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури, объектдан самарали фойдаланиш бўйича тармоқ жадвали, ўқувчилар сони коэффициентига нисбатан ортиб бориши) юзага келганда, текин фойдаланишга бериш муддати уч йилдан кам этиб белгиланиши мумкин;
учинчи йўналиш — Дастур иштирокчиси сертификатига эга бўлмаган тадбиркорларга ўқувчиларни дарсдан бўш вақтларида касб-ҳунарга ўқитиш ва тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали мактабнинг бўш биноси ижарага берилади.
3. Мактаблар билан тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорлик асосида ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитиш жараёнида фойдаланиладиган жиҳозлар ўқитиладиган касб-ҳунарнинг турига қараб, мазкур Низомга иловага мувофиқ Умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитиш устахоналарида фойдаланиладиган жиҳозларнинг рўйхати асосида шакллантирилади.
2-боб. Ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитишни ташкил этиш
4. «Бизнес ва касб-ҳунарга ўқитиш» йўналиши 10-11-синфларда жорий этилади.
Мазкур йўналишда ўқитиладиган касб-ҳунар турлари жорий ўқув йилидан олдинги ўқув йилининг 9-синф битирувчилари ўртасида ўтказилган сўровнома натижасига кўра аниқланади.
5. Ўтказилган сўровнома натижасига кўра синфлар касб-ҳунар турларига ажратилади.
Бунда ўқувчиларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб, синфлар касб-ҳунар турлари бўйича қайта тақсимланади.
Синфлар қайта тақсимланганда, уларнинг сони мактабдаги мавжуд синфлар сонидан ошмаслиги лозим.
6. «Бизнес ва касб-ҳунарга ўқитиш» йўналиши жорий этиладиган мактаблар рўйхати касб-ҳунарга ўқитиш бўйича яратилган шароитлар, шу жумладан, уларнинг жиҳозланганлиги ва малакали мутахассисларнинг мавжудлигини инобатга олиб, Вазирлик томонидан тасдиқланади.
7. Вазирлик ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан касбларнинг ўқув режаси ва дастурлари ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
8. Касблар ҳар бир 10-11-синфда ҳафтасига 3 соатдан — жами 6 соат ўқитилиб, бир синфда кўпи билан иккита касб ўргатилади.
Синфдаги ўқувчилар бир касбни танлаганда, уларнинг сони 25 нафар ва ундан ортиқ бўлса, мазкур касб икки гуруҳга бўлиб ўқитилади.
Бир синфдаги ўқувчилар иккита касбни танлаганда, уларнинг сонидан қатъи назар, машғулотлар касб турлари бўйича икки гуруҳга бўлиб ўқитилади.
3-боб. Тадбиркорлар томонидан мактабларда касб-ҳунарга ўқитиш учун тўгаракларни ташкил этиш
9. Тадбиркорлар томонидан мактабларда ўқувчиларни дарсдан ташқари бўш вақтларида «устоз-шогирд» анъанаси асосида бепул касб-ҳунарга ўқитиш учун тўгараклар (кейинги ўринларда — касб тўгараклари) ташкил этилади.
10. Касб тўгаракларига касбга қизиқиши бўлган 7 — 11-синф ўқувчилари жалб этилади.
11. Касб тўгаракларини ташкил этган тадбиркорлар ўқувчиларнинг хавфсизлиги ва ижтимоий тенглигини таъминлаш, тўгарак учун зарур жиҳозлар ва хомашё билан таъминлаш мажбуриятини олади.
4-боб. Мактабнинг бўш турган биносини тадбиркорга фойдаланишга бериш
12. Вазирлик Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишган ҳолда, ҳар йили 1 майга қадар касб тўгараклари учун мактабларнинг бўш бинолари манзилли рўйхатини шакллантириб, Савдо-саноат палатаси ва Давлат активларини бошқариш агентлигига тақдим этади.
13. Савдо-саноат палатаси мактабларнинг текин фойдаланишга бериладиган бинолари тўғрисида ўзининг расмий веб-сайтида, оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда эълон беради.
14. Савдо-саноат палатаси ҳар йили 1 июнга қадар мактабларда касб тўгаракларини ташкил этиш истагини билдирган Дастур иштирокчиларига мактабларнинг бўш бинолари тўғрисидаги маълумотларни етказади.
15. Савдо-саноат палатаси ҳар йили 1 июлга қадар мактабларда касб тўгаракларини ташкил этиш истагини билдирган Дастур иштирокчилари рўйхатини шакллантириб, Вазирликка тақдим этади.
16. Вазирлик рўйхатни тегишлилиги бўйича мактабларга етказади.
17. Мактаблар ҳар йили 1 августга қадар Дастур иштирокчиси бўлган тадбиркорлар билан мактабларда касб тўгаракларини ташкил этиш истагини билдирганда, касб тўгаракларини ташкил этиш ва тадбиркорлик фаолиятини юритишда бинони текин фойдаланишга бериш бўйича 3 йилгача бўлган муддатга тўғридан-тўғри икки томонлама шартнома тузади.
Бир вақтнинг ўзида Дастур иштирокчиларидан бир нечтаси томонидан таклиф этилаётган мактабда амалий мономарказ ҳамда ўқувчилар учун касб тўгаракларини ташкил этиш истаги билдирилганда, ўқувчилар манфаатлари устунлиги ҳамда мактаб жойлашган ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши бўйича драйвер йўналишлар инобатга олинган ҳолда, Вазирлик ва Савдо-саноат палатаси ўзаро келишиб, битта тадбиркорни танлаб беради.
18. Мактаб биносини текин фойдаланишга ёки ижарага олувчи тадбиркорга қуйидаги талаблар қўйилади:
тадбиркорлик субъектининг давлат рўйхатидан ўтганлиги;
ўқувчиларнинг соғлиғи ва ўқишига салбий таъсир қилмайдиган фаолият билан шуғулланиши;
мактабда ташкил этиши назарда тутилган касб тўгараклари бўйича малакали мутахассисларга эга эканлиги.
19. Томонлар ўртасида тузиладиган шартнома шартларига қуйидагилар мажбурий тарзда киритилиши лозим:
тадбиркорлик субъекти ва мактабнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитиш шартлари ва тартиби;
тузилган шартнома муддати якунланганидан кейин мактаб мулкини қайтариш ҳолати ва тартиби;
мактабнинг олинган мулкини тиклаш ва таъмирлаш бўйича мажбуриятлар;
коммунал хизматлар учун тўловларни амалга ошириш шакллари ва тартиби.
20. Мактабнинг касб тўгараклари учун ажратилган биноси (хонаси) жиҳозланган (асбоб-ускуналар билан таъминланган) бўлса, улардан фойдаланиш бўйича белгиланган тартибда алоҳида пулли ижара шартномаси тузилади.
Бунда асбоб-ускуналар Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 декабрдаги 660-сон қарори билан тасдиқланган Давлат мулкини ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ ижарага берилади.
Шартномада жиҳозларнинг сони, ишчи ҳолати, фойдаланиш шартлари, жиҳозларнинг сақланиши ва ишчи ҳолатда бўлиши бўйича тадбиркорнинг жавобгарлиги аниқ кўрсатилиши шарт.
21. Шартноманинг амал қилиш муддатида тадбиркорга берилган бинодан фойдаланишига ва қонуний фаолиятига мактаб ёки бошқа ташкилотлар томонидан тўсқинлик қилиш тақиқланади (форс-мажор ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно).
22. Тадбиркор шартнома асосида олган бинони (унинг бир қисми), учинчи шахсларга (ижарага) берилишига ёки гаровга қўйилишига йўл қўйилмайди.
5-боб. Мактаб ҳамда тадбиркорнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
23. Мактаб қуйидаги ҳуқуқларга эга:
тадбиркор томонидан ташкил этиладиган касб тўгараги билан бевосита танишиш;
ўқувчиларга ўзаро тенг, адолатли, профессионал тарзда касб ўргатилишини, уларнинг хавфсизлиги ва касб тўгаракларида қатнашишини назорат қилиш.
24. Мактаб:
тадбиркорни электр ва коммуникация тармоқларига уланиши учун шароит яратиши;
тадбиркор томонидан ташкил этилган касб тўгараклари дарсларига бошқа шахслар (ўқувчилар)нинг халақит қилмаслигини таъминлаши;
тадбиркор томонидан хомашё олиб кириш ва тайёр маҳсулотларни олиб чиқиш учун дарс жараёнларига халақит қилмайдиган йўналишларни ташкил этиши;
тадбиркорнинг тўлиқ қонуний фаолият юритиши учун зарур шароитларни яратиши лозим.
Мактабга қонунчилик ҳужжатларига ҳамда тадбиркор билан тузилган шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.
25. Тадбиркор қуйидаги ҳуқуқларга эга:
мактабда ўқув жараёнига салбий таъсир кўрсатмаган ҳолда ҳамда касб тўгаракларидан ташқари вақтларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш;
ажратилган бинодан тўлиқ фойдаланиш;
касб тўгаракларини ташкил этишда ўқув семинарларини ўтказиш ва бизнес кейслар тақдим этиш;
ўқувчиларга «устоз-шогирд» анъанаси бўйича устоз бириктириш;
бинога зарар етказмаган ҳолда, тадбиркорлик фаолияти ва маҳсулотлари рекламасини жойлаштириш;
мактабнинг барча ўқувчилари, ота-оналар, кенг жамоатчилик учун дарсларга халақит қилмаган ҳолда, кўргазмалар ва маҳорат дарслари ташкил этиши;
фаол ўқувчиларни рағбатлантириш;
маҳсулотни сотиш ёки кўрсатилган хизматдан олинган даромад ҳисобидан ўқувчилар (уларнинг ота-онаси ёки васий розилиги) билан тузилган меҳнат шартномасига асосан ўқувчи меҳнатига ҳақ тўлаш.
26. Тадбиркор:
касб тўгаракларини мактаб билан келишган ҳолда ташкил этиши;
мактабда ўрнатилган ички тартиб-қоидаларга риоя қилиши;
натижага йўналтирилган касб тўгаракларини ташкил этиши;
касб тўгаракларини малакали ходимлар билан таъминлаши;
ўқувчиларнинг иқтидори, ижодий қобилияти ва қизиқишларини рўёбга чиқаришда кўмаклашиши;
ўқувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаши;
ўргатиладиган касб турлари бўйича жиҳозлар ва хомашё билан таъминлаши;
жиҳозлардан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш ҳамда жиҳозлар ва маҳсулотларни асраб-авайлаши;
текин фойдаланиш ёки ижарага олинган бинонинг конструкциясини асл ҳолда сақлаш, ер майдонлари ҳолати бузилишининг олдини олиши;
коммунал хизматлар учун алоҳида ҳисоблагичлар ўрнатган ҳолда, тўловларни ўз вақтида амалга ошириши лозим.
Тадбиркор зиммасига қонунчилик ҳужжатларига ҳамда Мактаб билан тузилган шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.
6-боб. Якунловчи қоидалар
27. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
28. Мактаб мулкини ижарага беришда вужудга келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида ва ижара шартномасида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитишда умумий ўрта таълим муассасалари ва тадбиркорлик субъектларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитиш устахоналарида фойдаланиладиган жиҳозларнинг
Т/р Жиҳозлар номи I. Йирик жиҳозлар 1. Тикув машинаси (кўп тармоқли) 2. Ёғочларга ишлов берувчи токарлик дастгоҳи 3. Арраловчи дастгоҳ (столда ишлаш учун) 4. Автомобиль двигатели 5. Автомобиль диагностика аппарати 6. Автомобиль юриш қисмлари намунаси 7. Автомобиль кўтаргич (гидравлик) 8. Компьютер тўплами 9. 3D принтер 10. Электрон доска 11. Рангли принтер 12. Фотоаппарат (Canon) 13. Тикув машинаси (оверлог) 14. Автомобиль шиналарини мувозанатлаш дастгоҳи 15. Пайвандлаш трансформатори II. Кичик жиҳозлар 16. Мольберт 17. Манекенлар (болалар, аёллар, эркаклар учун) 18. Дазмол (дазмол тахтаси билан) 19. Масштабли чизғич 20. Метр (ёғочли) 21. Тасмали ўлчагич 22. Игна ва ангишвона 23. Қайчи тўплами 24. Игна (тикув машиналари учун) 25. Тик турадиган тош ойна (170х60) 26. Бичиш столи (100 х 200) 27. Андава 28. Ёғоч ўймакорлиги учун асбоблар жамламаси (20 номдаги ўйиш ускуналари ва пардоз асбоблари) 29. Кўргазмали қуроллар (усталар томонидан яратилган асарлар) 30. Дурадгорлик асбоблари жамламаси 31. Циркуль 32. Электр тешиш асбоби (электродрель) 33. Ўткирлаш учун дастгоҳ 34. Пармаловчи дастгоҳ (столда ишлаш учун) 35. Махсус кийим (ўқитувчи ва ўқувчилар учун) 36. Шахсий буюмларни сақлаш учун шкаф 37. Чилангарлик асбоблари ва турли хил мосламаларни сақлаш учун тортмалар билан жиҳозланган шкаф 38. Машинадан олиб ташланган блок ўрнатиладиган махсус кўргазма стенди 39. Ички ёнув двигателининг кўргазма стенди 40. Қисмларни ювиш ускунаси 41. Қисмларни пуфлаш учун компрессор 42. Захира қисмларни сақлаш учун жавон 43. Маиший ва иш қолдиқларини сақлаш учун қутилар 44. Турли ўлчамдаги бураб очиш ва қотириш мосламалари тўплами 45. Темирни қисиш дастгоҳи (тиска) 46. Болғалар 47. Омбурлар тўплами 48. Подшипник ҳалқаларини ечиш учун универсал ингичка илгакли ечгич (шестерна) 49. Клапан ечгич 50. Инжекторлар тизимини тозалаш мажмуаси 51. Мой фильтрини ечгич 52. Пайвандлаш аппарати 53. Авточилангарлик асбоблари тўплами 54. Ҳимоя ғилофи (руль, ўриндиқ ва бошқа қисмлар учун) 55. Диодли ускуна 56. Лампали ускуна 57. Электр кабель 58. Ўт ўчиргич 59. Алмаштириладиган подшипниклар тўплами 60. Стопор шайбасини қўювчи ва олувчи ускуна 61. Мой идиш 62. Махсус кийим 63. Махсус оёқ кийим (металл таглиги мавжуд бўлган) 64. Ҳаво пуркагич 65. Сартарошлик анжомлари 66. Тароқлар тўплами 67. Универсал сартарошлик махсус курсилари (гидравлик ва оёқ учун таглик) 68. Ойна 69. Сув иситиш мосламаси 70. Анжомлар учун жавон (касб турлари бўйича) 71. Кир ювиш машинаси 72. Соч дазмоллаш ускунаси 73. Сочиқ қуритиш мосламаси 74. Сочиқлар 75. Тиббиёт қутиси 76. Соч бўяш асбоблари 77. Кесиш (резка) дастгоҳи 78. Кавшарлаш (пайка) дастгоҳи 79. Босим билан ҳаво юбориш дастгоҳи (компрессор) 80. Электр токи сақлагичи (UPS) 81. Электр тармоғи фильтри («пилот») 82. Принтер (3 таси 1 да) 83. Челак 84. Сирли тоғора 85. Қолип 86. Ганч пичоғи 87. Искана 88. Шутургардон 89. Электрон доска 90. Тикув игнаси 91. Махсус стол 92. Кетмон 93. Хаскаш 94. Белкурак 95. Суғориш идиши (лейка) 96. Қўлқоп 97. Пичоқ ва қайчилар 98. Игналар 99. Ангишвона 100. Тўғноғичлар 101. Кашта тикиш учун махсус ускуналар 102. Чўткалар (кисточка) 103. Доска 104. Кашта тикиш машинаси 105. Шурупларни қотириш ва бўшатиш ускунаси 106. Кийимлар жавони (қизлар ва ўғил болалар) 107. Чарм қирқувчи махсус пичоқ ёки қайчи 108. Махсус бигизлар 109. Пойабзал қолиплари 110. Мих суғуриш учун омбур 111. Косибчилик тикув машинаси 112. Кўргазмали воситалар учун жавон 113. Кулолчилик чархи 114. Махсус кулолчилик иш столи (1 та стол,1 та стул) 115. Кулолчилик асбоблари 116. Лойни ивитиш учун узун тоғора 117. Қуритиш учун жавон 118. Қуруқ лой сақлаш учун қути 119. Қоришма сақланадиган сирланган идиш (10 литр) 120. Сув сақлаш учун сирланган идиш (10 литр) 121. Ўқувчилар учун кулолчилик дастгоҳи 122. Қуритиш печкаси (муфелли печь) 123. Ошхона жавони 124. Ошхона буюмлари тўплами 125. Крем учун махсус қопчалар 126. Электр токли печка 127. Шарбат тайёрлагич 128. Гўшт қиймалагич 129. Ультра тўлқинли иситгич 130. Аралаштириш мосламаси (миксер) 131. Махсус музлаткич 132. Идиш ювиш мосламаси (раковина) 133. Ошхона тарозиси 134. Қолиплар тўплами 135. Хамир ёйиш учун ёғочли дастгоҳ (ўқлов тахта) 136. Болалар, аёллар, эркаклар манекенлари 137. Масштабли чизғич (линейка) 138. Тахтали метр (100 см) 139. Қайчилар тўплами 140. Иш учун дастакли қайчилар 141. Дурадгорлик асбоблари жамланмаси 142. Арраловчи дастгоҳ (столда ишлаш учун) 143. Ҳар хил диаметрли парма 144. Пармаловчи дастгоҳ учун исканжа 145. Исканжали дурадгорлик столи (оёқ ости таглиги билан) 146. Мебель йиғиш асбоблари жамланмаси 147. Пичоқлар тўплами 148. Ошхона жиҳозлари 149. Идишлар тўплами 150. Идиш ювиш учун қўлқоп тўплами 151. Тахтакач тўплами 152. Миллий таомлар ошпази учун махсус кийим 153. Электр печкаси 154. Музлаткич 155. Қиздириб елимлаш ускунаси (фен паяльник) 156. Қувват блоки (блок питания) 157. Платани ушлаб тургич 158. Тандир 159. Стол (хамир учун) 160. Супра гиламча 161. Элак (турли ўлчамда) 162. Хамир маҳсулотларини ёйиш учун ёғоч таёқ (ўқлов) 163. Нон ёпиш ускуналари (енгча, рапида) 164. Нонни хамири устига безак бериш ускунаси (нонпар) 165. Нон сават 166. Хамир қориш учун тоғора 167. Турли ўлчамдаги идишлар (касблар бўйича) 168. Электр токини мувозанатлаштиргич (стабилизатор) 169. Селфи таёқчаси 170. Махсус чилангарлик столи (тискаси билан) 171. 1, 2-ўлчамдаги қувур учун бураб очиш ва қотириш мосламалари 172. Ранда 173. Металлга ишлов бериш дастгоҳи (фреза дастгоҳи) 174. Пардозлаш дастгоҳи (силлиқлаш) 175. Болт ва гайкаларни ечиш учун бураб очиш ва қотириш мосламалар тўплами 176. Пармалаш патрони 177. Чархлаш учун тоштахта 178. Белги қўядиган плита 179. Стол усти чархлаш дастгоҳи (таглиги билан) 180. Стол усти пармалаш дастгоҳи (таглиги билан) 181. Ярим тайёр маҳсулот учун жавон (стеллаж) 182. Деталларни ташиш учун арава 183. Қувур эгиш мосламаси 184. Асбоблар учун металл шкаф 185. Фотоаппарат учун ёритгич 186. Ғилдирак қотиргич 187. Кўтаргич (домкрат, 3 т.) 188. Шиналарни мувозанатлаш учун тирагич 189. Шиналарни ямаш учун махсус печь 190. Электр токини ўлчагич (тестер) 191. Ҳимоя кўзойнаги 192. Газда кесадиган асбоб-ускуналар 193. Диэлектрик гиламча 194. Ҳимоя ниқоби 195. Пайвандловчи учун асбоблар мажмуи 196. Заррабин (лупа) 197. Металл бўлмаган материалларни газ оловида пайвандлаш жиҳози 198. Аргонли электр ёйи ёрдамида пайвандлаш жиҳози 199. Карбонат ангидрид гази (CO 2 ) ёрдамида пайвандлаш жиҳози 200. Қисқич ускуналари (струбсина) 201. Пластмассани пайвандлаш аппарати 202. Пайвандлаш автомати 203. Пайвандлаш тўғрилагичи (выпрямитель) 204. Пайвандлаш ярим автомати 205. Пайвандловчининг махсус кийими (пойабзал, куртка, шим, қалин матоли енглар) 206. Универсал чархлаш дастгоҳи 207. Пайвандлаш ишлари учун махсус дастгоҳ 208. Деталларни сиқиш ва бўшатиш учун тиргак 209. Пайванд чокларини текшириш учун андоза, қолип 210. Кўргазмали қуроллар (плакатлар ва схемалар) 211. Контакт йўли билан аниқ (кичик жой) пайвандлаш машинаси 212. Соч олиш учун фартук
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 11 февралдаги 78-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сон қарори билан тасдиқланган Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомнинг 29-банди иккинчи хатбошисидаги ««Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик» фанлари» сўзлари ««Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик» ва «Касбий таълим» фанлари» сўзлари билан алмаштирилсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 декабрдаги 660-сон қарори билан тасдиқланган Давлат мулкини ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг 18-бандида :
а) қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 2 февралдаги ПҚ-53-сон қарорига асосан умумий ўрта таълим муассасаларининг бўш биноларини «20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис» дастури иштирокчиларига амалий мономарказни ташкил қилиш ва кейинчалик ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитиш учун тўғридан-тўғри шартнома асосида текин фойдаланишга беришга рухсат этилади»;
б) учинчи хатбоши тўртинчи хатбоши деб ҳисоблансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 11 февраль,
78-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
ROʻYXATI
Umumiy oʻrta taʼlim muassasalarida oʻquvchilarni kasb-hunarga oʻqitishda tadbirkorlik subyektlarini jalb etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Umumiy oʻrta taʼlim muassasalari oʻquvchilarini xorijiy til va zamonaviy kasblarga oʻqitish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2024-yil 2-fevraldagi PQ-53-son qarori ijrosini taʼminlash hamda umumiy oʻrta taʼlim muassasalari oʻquvchilarini kasb-hunarga yoʻnaltirish, maktabga tadbirkorlik subyektlarini manfaatli hamkorlik asosida jalb etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2024-yil 2-fevraldagi PQ-53-son qarorida tadbirkorlik subyektlari va hunarmandlarni umumiy oʻrta taʼlim muassasalariga (keyingi oʻrinlarda — maktablar) jalb qilish orqali oʻquvchilarni kasb-hunarlarga oʻqitishni tashkil etishning yoʻnalishlari belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oʻquvchilarni kasb-hunarga oʻqitishda umumiy oʻrta taʼlim muassasalari va tadbirkorlik subyektlarining oʻzaro hamkorlik qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
umumiy oʻrta taʼlim muassasalari va tadbirkorlar oʻrtasidagi hamkorlik yoʻnalishlari;
umumiy oʻrta taʼlim muassasalari oʻquvchilarni kasb-hunarga oʻqitishni tashkil etish tartibi;
tadbirkorlar tomonidan maktablarda kasb-hunar toʻgaraklarini tashkil etish asoslari;
umumiy oʻrta taʼlim muassasalarining boʻsh turgan binolarini tadbirkorlarga ijaraga berishda umumiy oʻrta taʼlim muassasasi va tadbirkorlarning majburiyatlari.
3. Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi:
2025-yildan boshlab oʻquvchilarni ularning iqtidori va qiziqishlariga mos kasb-hunarga yoʻnaltirish, zamonaviy kasblar bilan yaqindan tanishtirish maqsadida 8-sinf oʻquvchilari uchun Savdo-sanoat palatasi bilan hamkorlikda sanoat, ishlab chiqarish, xizmat koʻrsatish, agrotexnologiya sohalaridagi korxona va tashkilotlarga ekskursiyalar tashkil etsin;
har yili 1-aprelga qadar kelgusi oʻquv yilida kasb-hunarga oʻqitish joriy etiladigan maktablar roʻyxatini shakllantirsin va tasdiqlasin;
har yili 1-mayga qadar Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hamda Toshkent shahar hokimliklari bilan kelishgan holda, oʻquvchilarni darsdan boʻsh vaqtlarida kasb-hunarga oʻqitish joriy etiladigan maktablarga tegishli boʻsh binolarning manzilli roʻyxatini shakllantirib, Savdo-sanoat palatasi va Davlat aktivlarini boshqarish agentligiga taqdim etsin;
Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi bilan birgalikda 2024/2025 oʻquv yili yakuniga qadar maktablar bitiruvchilarini egallaydigan kasb-hunari boʻyicha amaliy imtihondan oʻtkazish va ularga elektron sertifikat berish tartibini joriy etish choralarini koʻrsin;
oʻquvchilarni darsdan tashqari vaqtlarida kasb-hunarga oʻqitishda tadbirkorlarni jalb qilish amaliyotini 2025/2026 oʻquv yilida tajriba-sinov tariqasida Sirdaryo, Xorazm viloyatlari va Toshkent shahrida oʻtkazib, tajriba-sinov natijalaridan kelib chiqqan holda, ushbu amaliyotni boshqa hududlarda ham joriy etish yuzasidan takliflarni 2026-yil 1-iyulga qadar Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.
4. Savdo-sanoat palatasi:
har yili 1-iyunga qadar “20 ming tadbirkor — 500 ming malakali mutaxassis” dasturi (keyingi oʻrinlarda — Dastur) ishtirokchilariga maktablarning boʻsh binolari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni yetkazish;
har yili 1-iyulga qadar maktablar bilan oʻquvchilarni kasb-hunarga oʻqitish boʻyicha hamkorlik qilish istagini bildirgan Dastur ishtirokchilari roʻyxatini shakllantirish va Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligiga taqdim etish;
Dastur ishtirokchilarining faoliyatini tashkil etishga koʻmaklashish choralarini koʻrsin.
5. Davlat aktivlarini boshqarish agentligi oʻquvchilarni darsdan boʻsh vaqtlarida kasb-hunarga oʻqitish istagini bildirgan Dastur ishtirokchisi sertifikatiga ega boʻlmagan tadbirkorlarga maktablarning boʻsh binolarini belgilangan tartibda “E-auksion” elektron savdo platformasi orqali ijaraga berish choralarini koʻrsin.
6. Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi:
Savdo-sanoat palatasi bilan birgalikda har yili 1-avgustga qadar oʻquvchilarni darsdan boʻsh vaqtlarida kasb-hunarga oʻqitish istagini bildirgan Dastur ishtirokchisi sertifikatiga ega boʻlgan tadbirkorlar va maktablar oʻrtasida boʻsh binoni tekin foydalanishga berish toʻgʻrisida shartnoma tuzishga koʻmaklashsin;
ikki oy muddatda yirik jihozlar bilan taʼminlanadigan, mavjud ustaxonalari joriy taʼmirlanadigan va yengil tipdagi ustaxonalar quriladigan maktablar hamda xarid qilinadigan jihoz, asbob-uskuna va xomashyo materiallari roʻyxatlarini shakllantirsin va tasdiqlasin.
7. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari:
kasb-hunar oʻqitish tashkil etilgan maktablarni mahalliy budjet mablagʻlari hisobidan zarur jihoz va xomashyo bilan taʼminlash;
tadbirkorlik subyektlari tomonidan kasb-hunarga oʻqitish tashkil etilgan maktablarning 10-11-sinf oʻquvchilarini ularning ota-onasi yoki oʻrnini bosuvchi shaxslardan birini xabardor qilish asosida kasb-hunarga oʻqitish jarayonida mehnat qonunchiligiga muvofiq tadbirkorlik subyektlarida belgilangan oylik ish haqining kamida 50 foizi miqdorida ish haqi olishni tashkil etish choralarini koʻrsin.
8. Belgilansinki, maktablarning bino va inshootlaridan foydalanishda quyidagilar taqiqlanadi:
bino va inshootlarni xususiylashtirish;
oʻquvchilarning sogʻligʻi va xavfsizligiga salbiy taʼsir qiluvchi tadbirkorlik faoliyati bilan shugʻullanish;
binolar va inshootlar, shu jumladan, yerosti inshootlarini qurish (yengil konstruksiyali inshootlar bundan mustasno);
koʻngilochar, umumiy ovqatlanish va savdo obyektlarini tashkil etish.
9. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar va qoʻshimcha kiritilsin.
10. Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
11. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri X.U. Umarova zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 11-fevraldagi 78-son qaroriga 1-ILOVA
Oʻquvchilarni kasb-hunarga oʻqitishda umumiy oʻrta taʼlim muassasalari va tadbirkorlik subyektlarining oʻzaro hamkorlik qilish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom oʻquvchilarni kasb-hunarga oʻqitishda umumiy oʻrta taʼlim muassasalari (keyingi oʻrinlarda — maktablar) bilan tadbirkorlik subyektlari va hunarmandlarning (keyingi oʻrinlarda — tadbirkorlar) oʻzaro hamkorlik qilish tartibini belgilaydi.
2. Maktablar va tadbirkorlar oʻrtasidagi hamkorlik quyidagi yoʻnalishlarda amalga oshiriladi:
birinchi yoʻnalish — Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Vazirlik) tomonidan “Biznes va kasb-hunarga oʻqitish” yoʻnalishi joriy etilgan maktablarga tadbirkorlarning mutaxassislari yoki hunarmandlar kasbiy taʼlim ustasi lavozimiga (oʻrindoshlik asosida) jalb etiladi;
ikkinchi yoʻnalish — maktabning boʻsh binosi “20 ming tadbirkor — 500 ming malakali mutaxassis” dasturi (keyingi oʻrinlarda — Dastur) ishtirokchilariga amaliy monomarkazni tashkil qilish uchun oʻquvchilarni darslardan boʻsh vaqtlarida kasb-hunarga oʻqitish sharti bilan toʻgʻridan-toʻgʻri shartnoma asosida uch yilgacha boʻlgan muddatga tekin foydalanishga beriladi.
Bunda maktab tomonidan tekin foydalanishga beriladigan boʻsh binodan kelgusida maktab ehtiyoji (ijtimoiy-iqtisodiy rivojlantirish dasturi, obyektdan samarali foydalanish boʻyicha tarmoq jadvali, oʻquvchilar soni koeffitsiyentiga nisbatan ortib borishi) yuzaga kelganda, tekin foydalanishga berish muddati uch yildan kam etib belgilanishi mumkin;
uchinchi yoʻnalish — Dastur ishtirokchisi sertifikatiga ega boʻlmagan tadbirkorlarga oʻquvchilarni darsdan boʻsh vaqtlarida kasb-hunarga oʻqitish va tadbirkorlik faoliyatini yuritish uchun “E-auksion” elektron savdo platformasi orqali maktabning boʻsh binosi ijaraga beriladi.
3. Maktablar bilan tadbirkorlar oʻrtasidagi hamkorlik asosida oʻquvchilarni kasb-hunarga oʻqitish jarayonida foydalaniladigan jihozlar oʻqitiladigan kasb-hunarning turiga qarab, mazkur Nizomga ilovaga muvofiq Umumiy oʻrta taʼlim muassasalarida oʻquvchilarni kasb-hunarga oʻqitish ustaxonalarida foydalaniladigan jihozlarning roʻyxati asosida shakllantiriladi.
2-bob. Oʻquvchilarni kasb-hunarga oʻqitishni tashkil etish
4. “Biznes va kasb-hunarga oʻqitish” yoʻnalishi 10-11-sinflarda joriy etiladi.
Mazkur yoʻnalishda oʻqitiladigan kasb-hunar turlari joriy oʻquv yilidan oldingi oʻquv yilining 9-sinf bitiruvchilari oʻrtasida oʻtkazilgan soʻrovnoma natijasiga koʻra aniqlanadi.
5. Oʻtkazilgan soʻrovnoma natijasiga koʻra sinflar kasb-hunar turlariga ajratiladi.
Bunda oʻquvchilarning qiziqishlaridan kelib chiqib, sinflar kasb-hunar turlari boʻyicha qayta taqsimlanadi.
Sinflar qayta taqsimlanganda, ularning soni maktabdagi mavjud sinflar sonidan oshmasligi lozim.
6. “Biznes va kasb-hunarga oʻqitish” yoʻnalishi joriy etiladigan maktablar roʻyxati kasb-hunarga oʻqitish boʻyicha yaratilgan sharoitlar, shu jumladan, ularning jihozlanganligi va malakali mutaxassislarning mavjudligini inobatga olib, Vazirlik tomonidan tasdiqlanadi.
7. Vazirlik hamda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan kasblarning oʻquv rejasi va dasturlari ishlab chiqiladi va tasdiqlanadi.
8. Kasblar har bir 10-11-sinfda haftasiga 3 soatdan — jami 6 soat oʻqitilib, bir sinfda koʻpi bilan ikkita kasb oʻrgatiladi.
Sinfdagi oʻquvchilar bir kasbni tanlaganda, ularning soni 25 nafar va undan ortiq boʻlsa, mazkur kasb ikki guruhga boʻlib oʻqitiladi.
Bir sinfdagi oʻquvchilar ikkita kasbni tanlaganda, ularning sonidan qatʼi nazar, mashgʻulotlar kasb turlari boʻyicha ikki guruhga boʻlib oʻqitiladi.
3-bob. Tadbirkorlar tomonidan maktablarda kasb-hunarga oʻqitish uchun toʻgaraklarni tashkil etish
9. Tadbirkorlar tomonidan maktablarda oʻquvchilarni darsdan tashqari boʻsh vaqtlarida “ustoz-shogird” anʼanasi asosida bepul kasb-hunarga oʻqitish uchun toʻgaraklar (keyingi oʻrinlarda — kasb toʻgaraklari) tashkil etiladi.
10. Kasb toʻgaraklariga kasbga qiziqishi boʻlgan 7 — 11-sinf oʻquvchilari jalb etiladi.
11. Kasb toʻgaraklarini tashkil etgan tadbirkorlar oʻquvchilarning xavfsizligi va ijtimoiy tengligini taʼminlash, toʻgarak uchun zarur jihozlar va xomashyo bilan taʼminlash majburiyatini oladi.
4-bob. Maktabning boʻsh turgan binosini tadbirkorga foydalanishga berish
12. Vazirlik Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hamda Toshkent shahar hokimliklari bilan kelishgan holda, har yili 1-mayga qadar kasb toʻgaraklari uchun maktablarning boʻsh binolari manzilli roʻyxatini shakllantirib, Savdo-sanoat palatasi va Davlat aktivlarini boshqarish agentligiga taqdim etadi.
13. Savdo-sanoat palatasi maktablarning tekin foydalanishga beriladigan binolari toʻgʻrisida oʻzining rasmiy veb-saytida, ommaviy axborot vositalarida va ijtimoiy tarmoqlarda eʼlon beradi.
14. Savdo-sanoat palatasi har yili 1-iyunga qadar maktablarda kasb toʻgaraklarini tashkil etish istagini bildirgan Dastur ishtirokchilariga maktablarning boʻsh binolari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni yetkazadi.
15. Savdo-sanoat palatasi har yili 1-iyulga qadar maktablarda kasb toʻgaraklarini tashkil etish istagini bildirgan Dastur ishtirokchilari roʻyxatini shakllantirib, Vazirlikka taqdim etadi.
16. Vazirlik roʻyxatni tegishliligi boʻyicha maktablarga yetkazadi.
17. Maktablar har yili 1-avgustga qadar Dastur ishtirokchisi boʻlgan tadbirkorlar bilan maktablarda kasb toʻgaraklarini tashkil etish istagini bildirganda, kasb toʻgaraklarini tashkil etish va tadbirkorlik faoliyatini yuritishda binoni tekin foydalanishga berish boʻyicha 3 yilgacha boʻlgan muddatga toʻgʻridan-toʻgʻri ikki tomonlama shartnoma tuzadi.
Bir vaqtning oʻzida Dastur ishtirokchilaridan bir nechtasi tomonidan taklif etilayotgan maktabda amaliy monomarkaz hamda oʻquvchilar uchun kasb toʻgaraklarini tashkil etish istagi bildirilganda, oʻquvchilar manfaatlari ustunligi hamda maktab joylashgan hududning ijtimoiy-iqtisodiy rivojlanishi boʻyicha drayver yoʻnalishlar inobatga olingan holda, Vazirlik va Savdo-sanoat palatasi oʻzaro kelishib, bitta tadbirkorni tanlab beradi.
18. Maktab binosini tekin foydalanishga yoki ijaraga oluvchi tadbirkorga quyidagi talablar qoʻyiladi:
tadbirkorlik subyektining davlat roʻyxatidan oʻtganligi;
oʻquvchilarning sogʻligʻi va oʻqishiga salbiy taʼsir qilmaydigan faoliyat bilan shugʻullanishi;
maktabda tashkil etishi nazarda tutilgan kasb toʻgaraklari boʻyicha malakali mutaxassislarga ega ekanligi.
19. Tomonlar oʻrtasida tuziladigan shartnoma shartlariga quyidagilar majburiy tarzda kiritilishi lozim:
tadbirkorlik subyekti va maktabning huquq va majburiyatlari;
oʻquvchilarni kasb-hunarga oʻqitish shartlari va tartibi;
tuzilgan shartnoma muddati yakunlanganidan keyin maktab mulkini qaytarish holati va tartibi;
maktabning olingan mulkini tiklash va taʼmirlash boʻyicha majburiyatlar;
kommunal xizmatlar uchun toʻlovlarni amalga oshirish shakllari va tartibi.
20. Maktabning kasb toʻgaraklari uchun ajratilgan binosi (xonasi) jihozlangan (asbob-uskunalar bilan taʼminlangan) boʻlsa, ulardan foydalanish boʻyicha belgilangan tartibda alohida pulli ijara shartnomasi tuziladi.
Bunda asbob-uskunalar Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 14-dekabrdagi 660-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat mulkini ijaraga berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq ijaraga beriladi.
Shartnomada jihozlarning soni, ishchi holati, foydalanish shartlari, jihozlarning saqlanishi va ishchi holatda boʻlishi boʻyicha tadbirkorning javobgarligi aniq koʻrsatilishi shart.
21. Shartnomaning amal qilish muddatida tadbirkorga berilgan binodan foydalanishiga va qonuniy faoliyatiga maktab yoki boshqa tashkilotlar tomonidan toʻsqinlik qilish taqiqlanadi (fors-major va qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan holatlar bundan mustasno).
22. Tadbirkor shartnoma asosida olgan binoni (uning bir qismi), uchinchi shaxslarga (ijaraga) berilishiga yoki garovga qoʻyilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
5-bob. Maktab hamda tadbirkorning huquq va majburiyatlari
23. Maktab quyidagi huquqlarga ega:
tadbirkor tomonidan tashkil etiladigan kasb toʻgaragi bilan bevosita tanishish;
oʻquvchilarga oʻzaro teng, adolatli, professional tarzda kasb oʻrgatilishini, ularning xavfsizligi va kasb toʻgaraklarida qatnashishini nazorat qilish.
24. Maktab:
tadbirkorni elektr va kommunikatsiya tarmoqlariga ulanishi uchun sharoit yaratishi;
tadbirkor tomonidan tashkil etilgan kasb toʻgaraklari darslariga boshqa shaxslar (oʻquvchilar)ning xalaqit qilmasligini taʼminlashi;
tadbirkor tomonidan xomashyo olib kirish va tayyor mahsulotlarni olib chiqish uchun dars jarayonlariga xalaqit qilmaydigan yoʻnalishlarni tashkil etishi;
tadbirkorning toʻliq qonuniy faoliyat yuritishi uchun zarur sharoitlarni yaratishi lozim.
Maktabga qonunchilik hujjatlariga hamda tadbirkor bilan tuzilgan shartnomaga muvofiq boshqa majburiyatlar ham yuklanishi mumkin.
25. Tadbirkor quyidagi huquqlarga ega:
maktabda oʻquv jarayoniga salbiy taʼsir koʻrsatmagan holda hamda kasb toʻgaraklaridan tashqari vaqtlarda tadbirkorlik faoliyati bilan shugʻullanish;
ajratilgan binodan toʻliq foydalanish;
kasb toʻgaraklarini tashkil etishda oʻquv seminarlarini oʻtkazish va biznes keyslar taqdim etish;
oʻquvchilarga “ustoz-shogird” anʼanasi boʻyicha ustoz biriktirish;
binoga zarar yetkazmagan holda, tadbirkorlik faoliyati va mahsulotlari reklamasini joylashtirish;
maktabning barcha oʻquvchilari, ota-onalar, keng jamoatchilik uchun darslarga xalaqit qilmagan holda, koʻrgazmalar va mahorat darslari tashkil etishi;
faol oʻquvchilarni ragʻbatlantirish;
mahsulotni sotish yoki koʻrsatilgan xizmatdan olingan daromad hisobidan oʻquvchilar (ularning ota-onasi yoki vasiy roziligi) bilan tuzilgan mehnat shartnomasiga asosan oʻquvchi mehnatiga haq toʻlash.
26. Tadbirkor:
kasb toʻgaraklarini maktab bilan kelishgan holda tashkil etishi;
maktabda oʻrnatilgan ichki tartib-qoidalarga rioya qilishi;
natijaga yoʻnaltirilgan kasb toʻgaraklarini tashkil etishi;
kasb toʻgaraklarini malakali xodimlar bilan taʼminlashi;
oʻquvchilarning iqtidori, ijodiy qobiliyati va qiziqishlarini roʻyobga chiqarishda koʻmaklashishi;
oʻquvchilarning xavfsizligini taʼminlashi;
oʻrgatiladigan kasb turlari boʻyicha jihozlar va xomashyo bilan taʼminlashi;
jihozlardan ehtiyotkorlik bilan foydalanish hamda jihozlar va mahsulotlarni asrab-avaylashi;
tekin foydalanish yoki ijaraga olingan binoning konstruksiyasini asl holda saqlash, yer maydonlari holati buzilishining oldini olishi;
kommunal xizmatlar uchun alohida hisoblagichlar oʻrnatgan holda, toʻlovlarni oʻz vaqtida amalga oshirishi lozim.
Tadbirkor zimmasiga qonunchilik hujjatlariga hamda Maktab bilan tuzilgan shartnomaga muvofiq boshqa majburiyatlar ham yuklanishi mumkin.
6-bob. Yakunlovchi qoidalar
27. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.
28. Maktab mulkini ijaraga berishda vujudga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida va ijara shartnomasida belgilangan tartibda koʻrib chiqiladi.
Oʻquvchilarni kasb-hunarga oʻqitishda umumiy oʻrta taʼlim muassasalari va tadbirkorlik subyektlarining oʻzaro hamkorlik qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Umumiy oʻrta taʼlim muassasalarida oʻquvchilarni kasb-hunarga oʻqitish ustaxonalarida foydalaniladigan jihozlarning
T/r Jihozlar nomi I. Yirik jihozlar 1. Tikuv mashinasi (koʻp tarmoqli) 2. Yogʻochlarga ishlov beruvchi tokarlik dastgohi 3. Arralovchi dastgoh (stolda ishlash uchun) 4. Avtomobil dvigateli 5. Avtomobil diagnostika apparati 6. Avtomobil yurish qismlari namunasi 7. Avtomobil koʻtargich (gidravlik) 8. Kompyuter toʻplami 9. 3D printer 10. Elektron doska 11. Rangli printer 12. Fotoapparat (Canon) 13. Tikuv mashinasi (overlog) 14. Avtomobil shinalarini muvozanatlash dastgohi 15. Payvandlash transformatori II. Kichik jihozlar 16. Molbert 17. Manekenlar (bolalar, ayollar, erkaklar uchun) 18. Dazmol (dazmol taxtasi bilan) 19. Masshtabli chizgʻich 20. Metr (yogʻochli) 21. Tasmali oʻlchagich 22. Igna va angishvona 23. Qaychi toʻplami 24. Igna (tikuv mashinalari uchun) 25. Tik turadigan tosh oyna (170x60) 26. Bichish stoli (100 x 200) 27. Andava 28. Yogʻoch oʻymakorligi uchun asboblar jamlamasi (20 nomdagi oʻyish uskunalari va pardoz asboblari) 29. Koʻrgazmali qurollar (ustalar tomonidan yaratilgan asarlar) 30. Duradgorlik asboblari jamlamasi 31. Sirkul 32. Elektr teshish asbobi (elektrodrel) 33. Oʻtkirlash uchun dastgoh 34. Parmalovchi dastgoh (stolda ishlash uchun) 35. Maxsus kiyim (oʻqituvchi va oʻquvchilar uchun) 36. Shaxsiy buyumlarni saqlash uchun shkaf 37. Chilangarlik asboblari va turli xil moslamalarni saqlash uchun tortmalar bilan jihozlangan shkaf 38. Mashinadan olib tashlangan blok oʻrnatiladigan maxsus koʻrgazma stendi 39. Ichki yonuv dvigatelining koʻrgazma stendi 40. Qismlarni yuvish uskunasi 41. Qismlarni puflash uchun kompressor 42. Zaxira qismlarni saqlash uchun javon 43. Maishiy va ish qoldiqlarini saqlash uchun qutilar 44. Turli oʻlchamdagi burab ochish va qotirish moslamalari toʻplami 45. Temirni qisish dastgohi (tiska) 46. Bolgʻalar 47. Omburlar toʻplami 48. Podshipnik halqalarini yechish uchun universal ingichka ilgakli yechgich (shesterna) 49. Klapan yechgich 50. Injektorlar tizimini tozalash majmuasi 51. Moy filtrini yechgich 52. Payvandlash apparati 53. Avtochilangarlik asboblari toʻplami 54. Himoya gʻilofi (rul, oʻrindiq va boshqa qismlar uchun) 55. Diodli uskuna 56. Lampali uskuna 57. Elektr kabel 58. Oʻt oʻchirgich 59. Almashtiriladigan podshipniklar toʻplami 60. Stopor shaybasini qoʻyuvchi va oluvchi uskuna 61. Moy idish 62. Maxsus kiyim 63. Maxsus oyoq kiyim (metall tagligi mavjud boʻlgan) 64. Havo purkagich 65. Sartaroshlik anjomlari 66. Taroqlar toʻplami 67. Universal sartaroshlik maxsus kursilari (gidravlik va oyoq uchun taglik) 68. Oyna 69. Suv isitish moslamasi 70. Anjomlar uchun javon (kasb turlari boʻyicha) 71. Kir yuvish mashinasi 72. Soch dazmollash uskunasi 73. Sochiq quritish moslamasi 74. Sochiqlar 75. Tibbiyot qutisi 76. Soch boʻyash asboblari 77. Kesish (rezka) dastgohi 78. Kavsharlash (payka) dastgohi 79. Bosim bilan havo yuborish dastgohi (kompressor) 80. Elektr toki saqlagichi (UPS) 81. Elektr tarmogʻi filtri (“pilot”) 82. Printer (3 tasi 1 da) 83. Chelak 84. Sirli togʻora 85. Qolip 86. Ganch pichogʻi 87. Iskana 88. Shuturgardon 89. Elektron doska 90. Tikuv ignasi 91. Maxsus stol 92. Ketmon 93. Xaskash 94. Belkurak 95. Sugʻorish idishi (leyka) 96. Qoʻlqop 97. Pichoq va qaychilar 98. Ignalar 99. Angishvona 100. Toʻgʻnogʻichlar 101. Kashta tikish uchun maxsus uskunalar 102. Choʻtkalar (kistochka) 103. Doska 104. Kashta tikish mashinasi 105. Shuruplarni qotirish va boʻshatish uskunasi 106. Kiyimlar javoni (qizlar va oʻgʻil bolalar) 107. Charm qirquvchi maxsus pichoq yoki qaychi 108. Maxsus bigizlar 109. Poyabzal qoliplari 110. Mix sugʻurish uchun ombur 111. Kosibchilik tikuv mashinasi 112. Koʻrgazmali vositalar uchun javon 113. Kulolchilik charxi 114. Maxsus kulolchilik ish stoli (1 ta stol,1 ta stul) 115. Kulolchilik asboblari 116. Loyni ivitish uchun uzun togʻora 117. Quritish uchun javon 118. Quruq loy saqlash uchun quti 119. Qorishma saqlanadigan sirlangan idish (10 litr) 120. Suv saqlash uchun sirlangan idish (10 litr) 121. Oʻquvchilar uchun kulolchilik dastgohi 122. Quritish pechkasi (mufelli pech) 123. Oshxona javoni 124. Oshxona buyumlari toʻplami 125. Krem uchun maxsus qopchalar 126. Elektr tokli pechka 127. Sharbat tayyorlagich 128. Goʻsht qiymalagich 129. Ultra toʻlqinli isitgich 130. Aralashtirish moslamasi (mikser) 131. Maxsus muzlatkich 132. Idish yuvish moslamasi (rakovina) 133. Oshxona tarozisi 134. Qoliplar toʻplami 135. Xamir yoyish uchun yogʻochli dastgoh (oʻqlov taxta) 136. Bolalar, ayollar, erkaklar manekenlari 137. Masshtabli chizgʻich (lineyka) 138. Taxtali metr (100 sm) 139. Qaychilar toʻplami 140. Ish uchun dastakli qaychilar 141. Duradgorlik asboblari jamlanmasi 142. Arralovchi dastgoh (stolda ishlash uchun) 143. Har xil diametrli parma 144. Parmalovchi dastgoh uchun iskanja 145. Iskanjali duradgorlik stoli (oyoq osti tagligi bilan) 146. Mebel yigʻish asboblari jamlanmasi 147. Pichoqlar toʻplami 148. Oshxona jihozlari 149. Idishlar toʻplami 150. Idish yuvish uchun qoʻlqop toʻplami 151. Taxtakach toʻplami 152. Milliy taomlar oshpazi uchun maxsus kiyim 153. Elektr pechkasi 154. Muzlatkich 155. Qizdirib yelimlash uskunasi (fen payalnik) 156. Quvvat bloki (blok pitaniya) 157. Platani ushlab turgich 158. Tandir 159. Stol (xamir uchun) 160. Supra gilamcha 161. Elak (turli oʻlchamda) 162. Xamir mahsulotlarini yoyish uchun yogʻoch tayoq (oʻqlov) 163. Non yopish uskunalari (yengcha, rapida) 164. Nonni xamiri ustiga bezak berish uskunasi (nonpar) 165. Non savat 166. Xamir qorish uchun togʻora 167. Turli oʻlchamdagi idishlar (kasblar boʻyicha) 168. Elektr tokini muvozanatlashtirgich (stabilizator) 169. Selfi tayoqchasi 170. Maxsus chilangarlik stoli (tiskasi bilan) 171. 1, 2-oʻlchamdagi quvur uchun burab ochish va qotirish moslamalari 172. Randa 173. Metallga ishlov berish dastgohi (freza dastgohi) 174. Pardozlash dastgohi (silliqlash) 175. Bolt va gaykalarni yechish uchun burab ochish va qotirish moslamalar toʻplami 176. Parmalash patroni 177. Charxlash uchun toshtaxta 178. Belgi qoʻyadigan plita 179. Stol usti charxlash dastgohi (tagligi bilan) 180. Stol usti parmalash dastgohi (tagligi bilan) 181. Yarim tayyor mahsulot uchun javon (stellaj) 182. Detallarni tashish uchun arava 183. Quvur egish moslamasi 184. Asboblar uchun metall shkaf 185. Fotoapparat uchun yoritgich 186. Gʻildirak qotirgich 187. Koʻtargich (domkrat, 3 t.) 188. Shinalarni muvozanatlash uchun tiragich 189. Shinalarni yamash uchun maxsus pech 190. Elektr tokini oʻlchagich (tester) 191. Himoya koʻzoynagi 192. Gazda kesadigan asbob-uskunalar 193. Dielektrik gilamcha 194. Himoya niqobi 195. Payvandlovchi uchun asboblar majmui 196. Zarrabin (lupa) 197. Metall boʻlmagan materiallarni gaz olovida payvandlash jihozi 198. Argonli elektr yoyi yordamida payvandlash jihozi 199. Karbonat angidrid gazi (CO 2 ) yordamida payvandlash jihozi 200. Qisqich uskunalari (strubsina) 201. Plastmassani payvandlash apparati 202. Payvandlash avtomati 203. Payvandlash toʻgʻrilagichi (vipryamitel) 204. Payvandlash yarim avtomati 205. Payvandlovchining maxsus kiyimi (poyabzal, kurtka, shim, qalin matoli yenglar) 206. Universal charxlash dastgohi 207. Payvandlash ishlari uchun maxsus dastgoh 208. Detallarni siqish va boʻshatish uchun tirgak 209. Payvand choklarini tekshirish uchun andoza, qolip 210. Koʻrgazmali qurollar (plakatlar va sxemalar) 211. Kontakt yoʻli bilan aniq (kichik joy) payvandlash mashinasi 212. Soch olish uchun fartuk
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 11-fevraldagi 78-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirishlar va qoʻshimcha
1. Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 15-martdagi 140-son qarori bilan tasdiqlangan Umumiy oʻrta taʼlim toʻgʻrisidagi nizomning 29-bandi ikkinchi xatboshisidagi ““Chaqiruvga qadar boshlangʻich tayyorgarlik” fanlari” soʻzlari ““Chaqiruvga qadar boshlangʻich tayyorgarlik” va “Kasbiy taʼlim” fanlari” soʻzlari bilan almashtirilsin.
2. Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 14-dekabrdagi 660-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat mulkini ijaraga berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomning 18-bandida :
a) quyidagi mazmundagi uchinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2024-yil 2-fevraldagi PQ-53-son qaroriga asosan umumiy oʻrta taʼlim muassasalarining boʻsh binolarini “20 ming tadbirkor — 500 ming malakali mutaxassis” dasturi ishtirokchilariga amaliy monomarkazni tashkil qilish va keyinchalik oʻquvchilarni kasb-hunarga oʻqitish uchun toʻgʻridan-toʻgʻri shartnoma asosida tekin foydalanishga berishga ruxsat etiladi”;
b) uchinchi xatboshi toʻrtinchi xatboshi deb hisoblansin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 11-fevral,
78-son