UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 11-fevral · Prezident qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 11 февраль · Президент қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 11 февраля 2025 г. · Постановления Президента

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 11 February 2025 · Presidential resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қарори

ТАРКИБИ

НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ

НИЗОМ

СХЕМАСИ

МЕЗОНЛАРИ

РЎЙХАТИ

ТАРКИБИ

Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

«Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган мақсадларга эришиш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда устувор ижтимоий, инфратузилма ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни танлаб олиш, лойиҳаолди ҳужжатларини сифатли тайёрлаш ва баҳолаш, лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш, мониторинг ва постмониторинг тизимларини тубдан такомиллаштириш мақсадида:

1. 2025 йилда халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қуйидаги мақсадли кўрсаткичлар белгилансин:

давлат кафолати остида жалб қилинадиган кредитлар ҳисобидан 5,26 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни ўзлаштириш;

кафолатланмаган кредитлар ҳисобидан 2,76 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни ўзлаштириш;

6,17 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини ўрганиш.

2. Мазкур қарорнинг 1-бандида кўрсатилган мақсадли кўрсаткичларга эришишни таъминлаш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари (кейинги ўринларда — ХМИ/ХҲМТ) иштирокидаги инвестиция лойиҳалари билан ишлаш бўйича Фавқулодда штаб 1-иловага мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий штаблари 1.1-иловага мувофиқ ташкил этилсин.

Фавқулодда штабнинг вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

амалга оширилаётган лойиҳаларни (давлат кафолати остида ва давлат кафолатисиз) жадаллаштириш;

тендер натижаларига кўра лойиҳалар доирасида иқтисод қилинган маблағларни самарали ишлатиш юзасидан таклифларни кўриб чиқиш;

лойиҳалар доирасида маҳаллий контентни оширишга қаратилган манзилли ишларни ташкил қилиш;

ХМИ/ХҲМТнинг Ўзбекистон Республикасидаги вакиллари иштирокида лойиҳалар амалга оширилиши масалаларини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш ва уларнинг ҳудудларга ташрифларини ташкил этиш;

бажарилаётган ишларни қатъий назоратга олиш ва доимий равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб бориш.

3. 2025 йилда Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокидаги лойиҳалар доирасида 1,1 миллиард АҚШ доллари (шундан 660 миллион АҚШ доллари давлат кафолатисиз), Ислом тараққиёт банки иштирокидаги лойиҳалар доирасида 1 миллиард АҚШ доллари (шундан 630 миллион АҚШ доллари давлат кафолатисиз) ўзлаштириш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Бош вазир ўринбосари Ж. Ходжаев Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, тегишли вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки ҳамда бошқа ХМИ/ХҲМТ вакиллари иштирокида ҳар йили 1 сентябрга қадар жойига чиққан ҳолда туман (шаҳар)лар кесимида 5 миллион АҚШ долларидан ва вилоятлар кесимида 50 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган (давлат кафолати остида ва давлат кафолатисиз) лойиҳалар портфелини шакллантириш тизимини йўлга қўйсин.

4. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати) номидан ва Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш тўғрисидаги молиявий (қарз, кредит) битимлар давлат ташқи қарзи учун белгиланган йиллик чекланган миқдорларга ва Ўзбекистон Республикасининг инвестиция дастурига мувофиқ ушбу қарорда белгиланган тартибда тузилади;

давлат ташқи қарзини жалб қилиш режалаштирилаётган янги инвестиция лойиҳалари рўйхатига фақат ушбу қарорда белгиланган тартибда лойиҳани баҳолаш ҳужжатлари ишлаб чиқилган лойиҳалар киритилади;

Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг инвестиция дастурига киритилган ХМИ/ХҲМТ иштирокидаги инвестиция лойиҳалари бўйича молиявий (қарз, кредит, ташқи беғараз кўмак) битимлар юзасидан ҳуқуқий хулосаларни Ҳукуматнинг алоҳида қарорини қабул қилмасдан тақдим этади;

давлат ташқи қарзи ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича молиявий (қарз, кредит) битимлар, қайта кредитлаш тўғрисидаги битимлар ва ташқи қарз жалб этиш доирасидаги бошқа битимларни имзолаш ваколати Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан берилади;

Ўзбекистон Республикаси (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати) номидан ХМИ/ХҲМТга лойиҳани молиялаштириш ёки унга ўзгартириш киритиш бўйича тегишли сўровнома Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ёки тегишли ХМИда Ўзбекистон Республикаси томонидан белгиланган бошқарувчи ёхуд унинг ўринбосари томонидан юборилади.

Бунда концепцияси тасдиқланмаган лойиҳаларни молиялаштириш учун ХМИ/ХҲМТга сўровнома Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишган ҳолда юборилади.

5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки ҳамда бошқа ХМИ/ХҲМТ иштирокидаги лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш доирасида:

а) ХМИ/ХҲМТ иштирокидаги инвестиция лойиҳалари вазирлик ва идораларнинг тасдиқланган ривожлантириш стратегиялари асосида ишлаб чиқилади;

б) Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вазирлик ва идоралар томонидан таклиф этилган лойиҳани баҳолаш ҳужжатларини ишлаб чиқишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги қўшма хулосасини кўриб чиқиш учун ўн беш иш куни муддатида Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясига (кейинги ўринларда — Ҳукумат комиссияси) киритади;

в) Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг лойиҳани баҳолаш ҳужжати бўйича ижобий хулосалари Ҳукумат комиссияси томонидан лойиҳани навбатдаги йил учун Инвестиция дастурининг давлат ташқи қарзини жалб этиш режалаштирилаётган инвестиция лойиҳалари рўйхатига киритиш учун асос бўлади.

Бунда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирликларидан бири ижобий хулоса тақдим қилмаган ҳолларда, лойиҳани ижро этувчи вазирлик ва идора (кейинги ўринларда — Лойиҳани ижро этувчи агентлик) томонидан Ҳукумат комиссиясига ахборот берилади;

г) Ҳукумат комиссияси томонидан маъқуллаган лойиҳалар бўйича лойиҳани баҳолаш ҳужжатлари Лойиҳани ижро этувчи агентликлар томонидан ишлаб чиқилади;

д) давлат ташқи қарзи Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қайтариладиган ва лойиҳа концепцияси тасдиқланган лойиҳаларнинг лойиҳани баҳолаш ҳужжатларини ишлаб чиқиш харажатлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

е) Ҳисоб палатаси, Бош прокуратура, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Лойиҳани ижро этувчи агентликларнинг баҳолаш гуруҳлари тасдиқлаган харидларнинг баҳолаш ҳужжатлари тендер техник топшириғига ва тегишли ХМИ/ХҲМТнинг харид тартиб-таомилларига мувофиқлиги юзасидан танланма текширувни доимий равишда амалга ошириб боради.

6. Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш, мониторинг ва постмониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

7. Белгилансинки, ХМИ/ХҲМТ маблағларини жалб қилган ҳолда амалга оширилаётган лойиҳаларни тайёрлаш, мувофиқлаштириш ва самарали бажариш, шу жумладан, харидлар ва шартномаларни ўз вақтида амалга ошириш ҳамда лойиҳаларнинг мақсадли натижаларига эришишни таъминлаш учун шахсий жавобгарлик Лойиҳани ижро этувчи агентликлар ва ҳудуд раҳбарларига юкланади.

8. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг ХМИ/ХҲМТ иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳларини тузиш амалиётини 2025 йил 1 мартдан бошлаб босқичма-босқич тугатиш ва лойиҳаларнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш бўйича барча функцияларни Лойиҳани ижро этувчи агентликларнинг тегишли бўлинмаларига юклаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

9. Лойиҳани ижро этувчи агентликларга лойиҳадан кўзланган натижаларга эришишни таъминлаш мақсадида ушбу қарорда ҳамда ХМИ/ХҲМТ билан тузилган тегишли молиявий битимларда белгиланган тартибда харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш ва шартномаларни бошқариш учун маҳаллий ва халқаро экспертларни, шу жумладан, ихтисослаштирилган ташкилотларни жалб этишга рухсат берилсин.

10. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги марказий аппарати тузилмасида ХМИ/ХҲМТ билан ҳамкорлик масалаларига масъул вазирнинг ўринбосари лавозими киритилсин.

11. Белгилансинки, харидлар қатнашчиларининг таклифларини баҳолаш мақсадида Лойиҳани ижро этувчи агентлик раҳбарининг буйруғига мувофиқ баҳолаш гуруҳи тузилади ва унинг таркибига мажбурий тарзда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакиллари ва қоидага кўра, лойиҳа доирасида жалб этилган харидлар бўйича халқаро ва (ёки) маҳаллий маслаҳатчи киритилиши лозим.

12. Давлат активларини бошқариш агентлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2025 йил якунига қадар давлат иштирокидаги корхоналарнинг инвестиция лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси давлат кафолатисиз бозор шартларида молиялаштиришни назарда тутган ҳолда, ҳар бир корхонанинг беш йиллик ривожланиш стратегиялари ишлаб чиқилишини таъминласин.

13. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги:

ХМИ/ХҲМТлар ва Лойиҳани ижро этувчи агентликлар билан биргаликда лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этувчи мутахассисларни тайёрлаш бўйича доимий ўқув курсларини ташкил этсин;

2025 йил 1 июнга қадар Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда «Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назорат ва мониторинг қилиш» автоматлаштирилган ахборот тизимини белгиланган тартибда ахборот ва киберхавфсизлик талабларига мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказиб, ХМИ/ХҲМТ томонидан молиялаштириладиган лойиҳалар доирасида электрон харидларни амалга ошириш бўйича махсус ахборот порталини ишга туширсин ҳамда рақамли харид тартиб-қоидаларига ўтилишини таъминласин;

давлат ташқи қарзи ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳалар (лойиҳа қиймати, қарз миқдори, шартлари ва лойиҳа мақсадлари), тендерларнинг натижалари тўғрисидаги Лойиҳани ижро этувчи агентликларнинг маълумотлари вазирликнинг махсус ахборот порталида жойлаштирилишини таъминлаб борсин;

Адлия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда давлат ташқи қарзи ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳалар билан боғлиқ ташкилий-бошқарув жараёнларни такомиллаштириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда вазирлик ва идоралар ҳузурида ташкил этилган илмий-техник кенгашлар фаолиятини тартибга солиш бўйича регламент ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин. Бунда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбари илмий-техник кенгашлар раҳбари этиб белгиланиши назарда тутилсин.

14. Белгилансинки, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш учун лойиҳаларни (дастурлар) амалга ошириш бўйича музокараларда қатнашиш учун Ҳукумат делегацияси таркибини шакллантириш, музокара ўтказиш, маблағларни жалб этиш бўйича масъул ҳисобланади. Бунда, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги вакили мажбурий тарзда делегация таркибига киритилади.

15. Ўзбекистон Республикасининг Халқаро молия институтларидаги бошқарувчилари ва уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасидан Халқаро молия институтларидаги бошқарувчи идораси вазифалари юкланган вазирлик ва идоралар рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 4-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

17. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги:

бир ой муддатда харид ҳужжатларидан фойдаланиш ҳамда шартномаларни рўйхатга олиш тартибларини ишлаб чиқиб белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш учун Адлия вазирлигига киритсин;

уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

18. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб инвестициялар, саноат ва савдо вазири Л.Ш. Қудратов белгилансин.

Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ж.А. Ходжаев ва Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 11 февралдаги ПҚ-51-сон қарорига 1-ИЛОВА

Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги инвестиция лойиҳалари билан ишлаш бўйича Фавқулодда штаб

1. А.Н. Арипов — Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Фавқулодда штаб раҳбари 2. Н.Т. Йўлдошев — Бош прокурор, Фавқулодда штаб раҳбарининг ўринбосари 3. Ж.А. Ходжаев — Бош вазир ўринбосари, Фавқулодда штаб раҳбарининг ўринбосари 4. Ш.А. Вафаев — Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ижрочи директори, Фавқулодда штаб раҳбарининг ўринбосари 5. А.А. Абдухакимов — экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири 6. Ш.С. Хидоятов — қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири 7. Лавозими бўйича — инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари 8. С.А. Садуллаев — иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари 9. Ж.Х. Каршибаев — иқтисодиёт ва молия вазири маслаҳатчиси 10. Т.Ю. Рапиков — Вазирлар Маҳкамаси котибият мудири 11. Лавозими бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари 12. Лавозими бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 11 февралдаги ПҚ-51-сон қарорига 1.1.-ИЛОВА

Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги инвестиция лойиҳалари билан ишлаш бўйича ҳудудий штабларнинг

1. Лавозими бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари 2. Лавозими бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг инвестициялар, саноат ва савдо масалалари бўйича ўринбосарлари , Ҳудудий штаб раҳбари ўринбосари 3. Лавозими бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорлари, Ҳудудий штаб раҳбарининг ўринбосари 4. Лавозими бўйича — Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари 5. Лавозими бўйича — туман (шаҳар) ҳокимлари 6. Лавозими бўйича — Савдо-саноат палатаси туман (шаҳар) бўлими раҳбарлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 11 февралдаги ПҚ-51-сон қарорига 2-ИЛОВА

Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш, мониторинг ва постмониторинг қилиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолати остида ёки Ўзбекистон Республикаси (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати) номидан жалб этиладиган халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг (кейинги ўринларда — ХМИ/ХҲМТ) қарзлари (кредитлари) ҳисобидан тўлиқ ёки қисман молиялаштириладиган лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

халқаро молия институтлари (ХМИ) — Ўзбекистон Республикаси аъзо бўлган ҳамда давлатлараро битимлар асосида ташкил этилган молиявий ва иқтисодий ташкилотлар;

хорижий ҳукумат молия ташкилотлари (ХҲМТ) — хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, шу жумладан, давлат банклари ва ривожланиш жамғармалари ҳамда экспорт-импорт агентликлари ва хорижий тижорат банклари;

Тармоқ илмий-техник кенгаши (ТИТК) — ижро этувчи агентликнинг лойиҳани амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлигини баҳоловчи коллегиал органи. Агар ТИТК бўлмаса, унинг функциялари ушбу Низомга мувофиқ ижро этувчи агентлик томонидан ташкил этилган коллегиал орган томонидан амалга оширилади;

имзоловчи — ХМИ/ХҲМТ билан молиявий ёки қарз битим имзолашга ваколатли вазирлик, идора ёки ташкилотларнинг раҳбари ёки раҳбар ўринбосари;

ҳамкорлик стратегияси (дастури) — ҳамкорлик, молиялаштириш ва қўллаб-қувватлашнинг асосий устувор йўналишларини ўз ичига олган, муайян давр учун Ўзбекистон Республикасининг ХМИ/ХҲМТ билан ҳамкорлигининг асосий йўналишларини белгиловчи ХМИ/ХҲМТ дастури;

битимлар — Ўзбекистон Республикаси/Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан ёки Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолати остида ХМИ/ХҲМТ билан имзоланадиган қарз (молия) ва лойиҳа битимлари, шунингдек, қайта кредитлаш тўғрисидаги битимлар, молиявий келишувлар, субсидиар битимлар, ташқи беғараз кўмак битимлари, ҳуқуқ ва талабларни топшириш тўғрисидаги битимлар;

лойиҳани тайёрлаш учун аванс — ХМИ/ХҲМТ иштирокидаги лойиҳаларни тайёрлаш учун тақдим этилган ХМИ/ХҲМТ қарз маблағлари;

харид агенти — ХМИ/ХҲМТ харид тамойиллари ва қоидаларига мувофиқ харидларни амалга оширишга ихтисослашган компания (ташкилот). Харид агентлари танлов усуллари, ХМИ/ХҲМТ харид тамойиллари ва қоидаларига мувофиқ танланиши мумкин;

лойиҳани баҳолаш ҳужжати (ЛБҲ) — техник, иқтисодий, молиявий, ҳуқуқий, операцион, институционал параметрлар ва мақсадли натижаларни баҳоловчи, ХМИ/ХҲМТ методологияси асосида тайёрланган ҳамда ХМИ/ХҲМТ иштирокидаги лойиҳанинг прогноз параметрларини белгиловчи лойиҳаолди ҳужжат;

қарз музокаралари — Ўзбекистон Республикасининг ваколатли вакиллари ва ХМИ/ХҲМТ ўртасида молиявий ҳамда лойиҳа битимлари лойиҳалари, ХМИ/ХҲМТ томонидан тақдим этиладиган молиялаштириш шартлари ва ЛБҲ келишиладиган музокаралар;

харид қилиш режаси — сотиб олинадиган шартнома пакетларининг қисқача тавсифи, қўллаш назарда тутилган харид қилиш усуллари рўйхати, харажатлар сметалари, ишларни бажариш жадваллари. Лойиҳа бўйича хариднинг дастлабки режаси лойиҳани амалга оширишнинг камида дастлабки ўн саккиз ойини ҳисобга олган ҳолда тайёрланиши ва қарз музокаралари давомида ХМИ/ХҲМТ билан келишилган бўлиши ва зарур ҳолларда, ҳукумат ва ХМИ/ХҲМТ ўртасидаги молиялаштириш шартномаларига мувофиқ янгиланиши керак;

харидлар — бу харидга бўлган эҳтиёжни аниқлашдан бошланадиган ва харид режасини ишлаб чиқиш, унинг ўзига хос хусусиятларини (талабларни) белгилаш, лойиҳа учун ажратилган маблағлар ҳажмини кўриб чиқиш, иштирокчини танлаш, ғолиб иштирокчи билан шартнома тузиш ва шартномани бошқариш билан давом этадиган товарлар, ишлар ва хизматларни олиш учун олдиндан харидларни ўз ичига олган жараён. Кафолат муддатининг охирги санаси харид жараёни тугаган сана ҳисобланади;

олдиндан харид — ХМИ/ХҲМТ билан молиялаштириш тўғрисидаги битим имзолангунга қадар товарлар, ишлар ва (ёки) хизматларни етказиб берувчиларни танлаш учун амалга ошириладиган харидлар;

ижро этувчи агентлик — ХМИ/ХҲМТ иштирокида лойиҳани амалга ошириш учун масъул бўлган давлат органлари, бюджет ташкилотлари ва бошқа юридик шахслар;

лойиҳани амалга ошириш гуруҳи (ЛАОГ) — ижро этувчи агентлик томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ва ХМИ/ХҲМТ билан тузилган битимлар шартларига мувофиқ лойиҳани амалга ошириш учун ташкил этиладиган бўлинма (ташкилот);

Ҳукумат комиссияси — Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси;

ХМИ/ХҲМТ харид тамойиллари ва қоидалари — лойиҳа доирасида ишлар, товарлар ва хизматлар харидини ташкил этиш ва амалга ошириш учун ХМИ/ХҲМТ қоидалари ва талаблари кўрсатилган, ХМИ/ХҲМТ томонидан тасдиқланган принциплар ва қоидалар тўплами;

лойиҳа ҳужжатлари — лойиҳанинг тасдиқланган баҳоловчи ҳужжатлари асосида ишлаб чиқилган меъморий, қурилиш ва шаҳарсозлик, техник ечимлар ва қурилишнинг тахминий нархини ўз ичига олган ҳужжатлар;

ретроактив молиялаштириш — қарз олувчи (ижро этувчи агентлик), Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар (Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолларда) ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қарз битими кучга киргунга қадар амалга оширилган ва ХМИ/ХҲМТ билан келишилган харажатларни қоплаш воситаси. Ретроактив молиялаштиришни талаб қиладиган товарлар, ишлар ва хизматлар ХМИ/ХҲМТ харид сиёсати ва тартиб-қоидаларига мувофиқ харид қилиниши керак;

лойиҳани бошқариш қўлланмаси (ЛБҚ) — лойиҳани амалга ошириш қоидалари, усуллари, тавсиялари ва тартибларини белгилайдиган ҳужжат, шу жумладан:

лойиҳанинг батафсил тавсифи ва уни амалга ошириш тартиби;

лойиҳани мониторинг қилиш, баҳолаш, ҳисобот бериш ва бошқариш тартиблари;

лойиҳа доирасида маблағ ажратиш, молиявий бошқарув, аудит ва харидларни амалга ошириш тартиби;

техник ёрдам — ХМИ/ХҲМТ ёки бошқа донорлар томонидан тажриба-қурилиш ишлари, илмий ёки бошқа тадқиқотлар ўтказиш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, маслаҳат хизматларини кўрсатиш, асбоб-ускуналар ва технологияларни харид қилиш ва бошқа мақсадлар учун товарлар, ишлар, хизматлар ва (ёки) молиявий кўринишида тақдим этиладиган мақсадли грант маблағлари;

эслатма ёзуви, меморандум ва баённома — ХМИ/ХҲМТ томонидан тайёргарлик ва баҳолаш миссиялари якунлари бўйича тайёрланган ҳужжатлар;

фавқулодда вазият — кенг кўламда инсоний, моддий, иқтисодий ва экологик йўқотишларга олиб келувчи потенциал табиий ҳодисалар, соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги фавқулодда вазиятлар, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар, можародан кейинги вазиятлар билан боғлиқ кутилмаган ҳолатлар.

2-боб. ХМИ/ХҲМТ билан ҳамкорлик стратегияларини (дастурларини) шакллантириш тартиби

3. Ҳамкорлик стратегиялари (дастурлари) Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда ХМИ/ХҲМТ томонидан қабул қилинади ҳамда ислоҳотларнинг устувор йўналишларини ҳамда ижтимоий сектор, инфратузилма ва коммуникацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, иқтисодий рақобатбардошликни ошириш ва экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган инвестиция лойиҳаларини қамраб олади.

4. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ХМИ/ХҲМТ билан ҳамкорлик стратегиялари ва инвестиция дастурлари бўйича ташаббус билдириш, тайёрлаш, амалга ошириш ва мониторинг қилиш жараёнида давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш учун жавоб беради.

5. Ижро этувчи агентликлар Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига ҳар йили 1 мартдан кечиктирмасдан ХМИ/ХҲМТ билан биргаликда ҳамкорлик стратегиялари (дастурлари) доирасида ишлаб чиқилаётган, имзоланган, амалга оширилаётган ва амалга оширилган лойиҳалар ҳолати тўғрисидаги жамланма ҳисоботни ўз вақтида тақдим этиш учун жавобгар ҳисобланади.

6. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги 15 апрелга қадар тақдим қилинган ҳисоботлар асосида лойиҳалар доирасида комплекс ўрганиш ўтказади ва тизимли муаммолар ҳамда лойиҳаларни жадаллаштириш юзасидан тегишли таклифларни Ҳукумат комиссиясига қарор қабул қилиш учун киритади.

7. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги вазирлик ва идоралар талабига биноан ХМИ/ХҲМТ билан ҳамкорлик стратегияларига (дастурларига) киритиш ва муҳокама қилиш учун ишлаб чиқилаётган инвестиция лойиҳалари рўйхатини шакллантиради.

3-боб. ХМИ/ХҲМТ иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини шакллантириш тартиби

8. Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокида инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш ва амалга ошириш ушбу Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.

Бунда инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш вазирлик ва идоранинг тасдиқланган ривожлантириш стратегияси асосида амалга оширилади.

9. Ҳар йили 1 майга қадар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тараққиёт ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишларини белгилаб берувчи миллий стратегияда белгиланган устувор мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, келгуси уч йилга давлат ташқи қарзи ҳисобидан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун йиллик лимитлар бўйича прогнозлар ва устувор йўналишларни Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига тақдим этади.

10. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги тегишли вазирлик ва идораларга лойиҳа концепцияларини тақдим этиш бўйича сўровни ҳар йили 5 майга қадар юборади.

11. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳар йили 15 августга қадар йиллик лимитлар бўйича прогнозлар ва устувор йўналишлар доирасида тегишли вазирлик ва идоралардан ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ лойиҳа концепциясининг (дастлабки лойиҳани баҳоловчи ҳужжатлар) тузилишига кўра лойиҳа концепцияларини қабул қилади. Келиб тушган лойиҳа концепциялари вазирликнинг расмий веб-саҳифасида эълон қилинади ва ўн кун давомида жамоатчилик муҳокамаси ўтказилади.

12. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги лойиҳа концепцияларини биргаликда жамоатчилик муҳокамасида билдирилган фикрларни инобатга олган ҳолда кўриб чиқиб, ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ лойиҳа концепцияларини устуворлик бўйича баҳолаш мезонларига асосан жамланма лойиҳалар рўйхатини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун Ҳукумат комиссиясига ҳар йили 30 сентябргача қўшма хулосаси орқали тақдим этади. Бунда:

лойиҳаларнинг умумий қиймати уч йиллик прогноз лимитлар ҳажмидан ошмайди;

лойиҳаларнинг тараққиёт ва амалга оширилаётган ислоҳотлар асосий йўналишларини белгилаб берувчи миллий стратегияда белгиланган мақсадларга мослиги, лойиҳанинг иқтисодий самарадорлиги ва ижтимоий аҳамиятидан келиб чиқиб, уни амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги белгиланади.

13. Амалга ошириш учун таклиф этилаётган ва истиқболли лойиҳаларнинг жамланма рўйхати Ҳукумат комиссияси томонидан ҳар йили 1 декабрга қадар тасдиқланади.

Ҳукумат комиссияси томонидан тасдиқланган лойиҳаларнинг жамланма рўйхати навбатдаги Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурининг лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш талаб этиладиган инвестиция лойиҳалари рўйхатини акс этувчи иловасига киритилади.

Жамланма рўйхатга киритилган инвестиция лойиҳалари бўйича ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ лойиҳани баҳолаш ҳужжати тузилишига асосан ягона ЛБҲ ишлаб чиқилади.

14. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар дастурига киритилган давлат қарзи ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳалар рўйхатига ўзгартиришлар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги қўшма хулосаси асосида Ҳукумат комиссияси томонидан киритилади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги қўшма хулосаси мавжуд бўлмаган лойиҳаларни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар дастурига киритишга йўл қўйилмайди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирликларидан бири ижобий хулоса тақдим қилмаган ҳолларда, ижро этувчи агентлик томонидан Ҳукумат комиссиясига ахборот берилади.

15. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ёки тегишли ХМИда Ўзбекистон Республикаси томонидан белгиланган бошқарувчи ёки унинг ўринбосари Ҳукумат комиссияси томонидан тасдиқланган амалга ошириш учун таклиф этилаётган ва истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш учун ХМИ/ХҲМТга сўровнома юборади.

Концепцияси тасдиқланмаган лойиҳаларни молиялаштириш учун ХМИ/ХҲМТга сўровнома Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишган ҳолда юборилади.

16. ЛБҲ ишлаб чиқиш мақсадида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ижро этувчи агентлик билан биргаликда ХМИ/ХҲМТ тайёргарлик ва баҳолаш миссияларини ташкил этиш учун жавобгар ҳисобланади.

Тайёргарлик ва баҳолаш миссиялари доирасида ижро этувчи агентлик ХМИ/ХҲМТ талабига биноан керакли маълумотлар тақдим этилишини таъминлайди. Агар сўралган маълумотлар махфий бўлса, ижро этувчи агентлик ХМИ/ХҲМТ билан махфийлик шартномасини имзолайди.

ижро этувчи агентлик раҳбари ёки унинг ваколатли вакили инвестиция лойиҳаси доирасида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги вакиллари билан биргаликда барча ХМИ/ХҲМТ миссияларида мажбурий тарзда қатнашади, миссиялар якунлари бўйича тайёрланган ҳужжатлар юзасидан ўз хулосалари ва тавсияларини (эслатма ёзуви, меморандум, баённома) уч иш куни ичида тақдим этади.

ХМИ/ХҲМТ томонидан тайёргарлик ва баҳолаш миссиялари якунлари бўйича тайёрланган ҳужжатларга (эслатма ёзуви, меморандум, баённома) Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан шарҳлар тақдим этилмаган ҳолларда, ушбу ҳужжатлар ўн иш кунидан кейин тасдиқланган (қабул қилинган) ҳисобланади.

17. ХМИ/ХҲМТ иштирокидаги лойиҳаларнинг тайёрланиши, баҳоланиши ва амалга оширилиши устидан назорат ижро этувчи агентлик раҳбари, зарурат бўлганда манфаатдор вазирликлар, идоралар, ТИТК, лойиҳа ва илмий-тадқиқот институтлари экспертларини жалб этган ҳолда амалга оширилади.

ЛБҲда қайд қилинган техник-технологик ечимлар ва қиймат параметрлари бўйича ижро этувчи агентлиги, ТИТК ва лойиҳани ишлаб чиқишда қатнашаётган лойиҳа институти жавобгар ҳисобланади.

18. Лойиҳани тайёрлаш ХМИ/ХҲМТнинг ташқи беғараз кўмак маблағлари, аванс қарз маблағлари, ижро этувчи агентликнинг ўз маблағлари, шунингдек, ушбу мақсадлар учун назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари (Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда) ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши мумкин.

Агар ХМИ/ХҲМТ лойиҳани тайёрлаш учун техник ёрдам маблағларини ажратса, ижро этувчи агентлик техник ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битимни ёки ХМИ/ХҲМТ қоидалари ва тартибларида назарда тутилган бошқа шунга ўхшаш ҳужжатни имзолайди ва ҳужжат нусхаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига рўйхатга олиш учун юборилади.

Ижро этувчи агентликлар лойиҳани тайёрлаш учун аванс ёки ретроактив молиялаштириш усулини танлаган ҳолда рухсат этилган харажатлар қиймати ва рўйхати ХМИ/ХҲМТ, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан келишилади. ХМИ/ХҲМТ қоидалари ғазначилик ҳисобварақларидан фойдаланишни назарда тутмаган ҳолларда ижро этувчи агентликларга ХМИ/ХҲМТ учун мақбул бўлган тижорат банкида лойиҳа мақсадлари учун махсус ҳисобварақларини очишга рухсат берилади. ЛБҲни ишлаб чиқиш ижро этувчи агентлик томонидан ХМИ/ХҲМТ билан биргаликда ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ амалга оширилади. ЛБҲ ижро этувчи агентликнинг ТИТК томонидан тасдиқланиши шарт.

Лойиҳанинг дастлабки қиймати қурилишнинг тахминий қиймати, товарларни (ишларни ва хизматларни) харид қилиш харажатлари, шунингдек, лойиҳани тайёрлаш ва амалга ошириш билан боғлиқ бошқа харажатлар, шу жумладан, ХМИ/ХҲМТ методологиясига мувофиқ жисмоний ва (ёки) нарх ўзгариши харажатларини қоплаш учун захира яратиш асосида шакллантирилади.

ЛБҲда кўзда тутилган захира миқдори ХМИ/ХҲМТ томонидан қўлланиладиган методологияга мувофиқ шакллантирилади ва қурилиш ишларининг ҳажмини ёки харид қилинган товарлар миқдорини ёки товарларнинг (ишлар ва хизматларнинг) ҳақиқий қийматини ўзгартириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун ишлатилади.

19. Жалб қилинган қарз маблағларининг 80 фоизидан ортиғи тижорат банклари ёки бошқа молия ташкилотлари орқали қайта молиялаштириладиган кредит линияларини тақдим этишга, шунингдек, институционал ривожланиш лойиҳалари (бюджетни қўллаб-қувватлаш лойиҳалари), натижага асосланган молиялаштириш инструменти орқали жалб қилинадиган лойиҳалар ва дастур учун ЛБҲ талаб этилмайди.

20. ЛБҲни ишлаб чиқиш билан бир қаторда ижро этувчи агентлиги ташқи беғараз кўмак маблағлари, аванс қарз маблағлари, ретроактив молиялаштириш, ижро этувчи агентликнинг ўз маблағлари ёки ушбу мақсадлар учун назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари (Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда) ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилиши мумкин бўлган лойиҳа-смета, харид ҳужжатлари ва атроф-муҳитга таъсир тўғрисидаги ариза (АТТА) лойиҳасини тайёрлаши мумкин.

Бунда АТТА Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан келишилиши шарт.

21. ЛБҲни кўриб чиқиш ва баҳолаш Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан бир вақтнинг ўзида йигирма беш иш куни муддатда амалга оширилади. Бунда:

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги — лойиҳани амалга ошириш иқтисодий мақсадга, тасдиқланган инвестиция сиёсатининг устувор йўналишларига, техник иқтисодий ечимлар, натижалар матрицаси ҳамда ХМИ/ХҲМТ билан ҳамкорлик стратегиясига (дастурига) мувофиқлигини баҳолайди;

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги — жалб этилаётган қарз маблағларини тўлаш учун маблағ манбаларини аниқлаш, шунингдек, назарда тутилган бюджет маблағларини қўшимча солиқ ва божхона имтиёзларини бериш мақсадга мувофиқлиги ва ҳажмлари бўйича экспертизадан ўтказади.

Бунда:

ЛБҲни техник-технологик ечимлар, ускуналар нархлари, қурилиш қиймати, молиявий-иқтисодий самарадорлиги бўйича белгиланган муддат ичида экспертизадан ўтказиш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан «Лойиҳа ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУК Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури маблағлари ҳисобидан жалб этилиши мумкин.

ХМИ/ХҲМТ иштирокидаги лойиҳалар бўйича ишлар, товарлар ва хизматлар учун нархлар ушбу мақсадлар учун қўлланиладиган ХМИ/ХҲМТ методологиясига мувофиқ ЛБҲда аниқланади.

Ижро этувчи агентлиги ХМИ/ХҲМТ иштирокидаги лойиҳалар доирасида ЛБҲ, ЛБҲни тайёрлаш ва товарлар, ишлар ва хизматлар нархларини аниқлаш учун ХМИ/ХҲМТга мақбул бўлган лойиҳалаш ташкилотлари ва консалтинг компанияларини жалб қилиш ҳуқуқига эга.

22. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ЛБҲ бўйича хулосалари ва ЛБҲ Ҳукумат комиссияси йиғилишида кўриб чиқиш учун киритилади ҳамда лойиҳани Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурига киритиш учун асос бўлади.

23. Инвестиция, саноат ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги шарҳлари/мулоҳазаларини ҳисобга олган якуний ЛБҲ Ҳукумат комиссияси йиғилишининг баёни билан тасдиқланади.

Лойиҳанинг тасдиқланган ЛБҲси ҳар бир бетида ЛБҲ тасдиқланган Ҳукумат комиссияси баёни рақами ва санаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг штемпели билан мажбурий белги қўйилади.

24. Тасдиқланган ЛБҲ ва ХМИ/ХҲМТ билан Қарз битими имзоланиши инвестиция лойиҳани Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурининг ташқи давлат қарзи жалб қилинган ҳолда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларнинг манзилли рўйхатига киритиш учун асос бўлади.

25. ЛБҲда жалб этилаётган қарз (кредит)ни бюджет ажратмалари ҳисобидан сўндиришни кўзда тутган ҳолда, тасдиқланган ЛБҲнинг бир нусхаси ижро этувчи агентлик томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлигига берилади.

26. Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурига киритилмаган ХМИ/ХҲМТ иштирокидаги лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг алоҳида қарори асосида амалга оширилади.

4-боб. Лойиҳани амалга оширишда ижро этувчи агентликнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

27. Лойиҳаларнинг ўз вақтида ва самарали тайёрланишини ва амалга оширилишини таъминлаш ижро этувчи агентлик таркибидаги бўлинмага ва/ёки ЛАОГга юклатилиши мумкин.

ХМИ/ХҲМТ билан имзоланадиган битимларда лойиҳани амалга ошириш мақсадида ЛАОГ ташкил этиш, белгиланган ҳолларда ижро этувчи агентлиги таркибида алоҳида юридик шахс ёки бўлинма сифатида ЛАОГ ташкил қилиниши мумкин.

28. Бир хил турдаги лойиҳаларни (мақсадлари, вазифалари, мавзуси, таркиби, молиялаштириш манбалари ва бошқалар бўйича ўхшаш) амалга ошириш учун ХМИ/ХҲМТ билан келишилган ҳолда бирлаштирилган ЛАОГ ташкил қилиниши мумкин. Битта ХМИ/ХҲМТ томонидан молиялаштириладиган лойиҳани амалга ошириш функциялари ҳам жорий ишлар ҳажмидан келиб чиқиб мавжуд ЛАОГга юкланиши мумкин.

29. ЛАОГ фаолияти Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

30. Ижро этувчи агентлик таркибидаги бўлинма ва ЛАОГнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва ваколатли органларда экспертизадан ўтказишни ташкил этиш;

лойиҳанинг қарз ва молиявий битимлар ҳамда ЛБҲга мувофиқ амалга оширилишини, шунингдек, лойиҳаларни амалга оширишнинг барча босқичларида қарорларнинг ўз вақтида қабул қилинишини таъминлаш;

шартномалар мониторинги ва ижросини, молиявий ва бошқа ресурслардан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш;

ўз ваколатлари доирасида ХМИ/ХҲМТ иштирокида амалга ошириладиган лойиҳа бўйича ХМИ/ХҲМТ билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

ХМИ/ХҲМТ билан келишилган шакл ва таркиб бўйича ҳисобот ва маълумотларни сўров бўйича тақдим этиш.

31. Юкланган асосий вазифаларга мувофиқ ижро этувчи агентлик таркибидаги бўлинма ва/ёки ЛАОГ қуйидаги ҳуқуқларга эга:

маслаҳатчи сифатида юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш;

лойиҳани амалга ошириш масалалари бўйича давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлардан белгиланган тартибда ахборот олиш;

лойиҳаларни амалга оширишдаги муаммоли масалаларни аниқлаш ва уларни ҳал этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш учун давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар, ХМИ/ХҲМТ ва бошқа ижро этувчи агентлик вакиллари билан учрашувлар ташкил этиш ва ўтказиш.

Ижро этувчи агентлик таркибидаги бўлинма ва/ёки ЛАОГ қонунчилик ҳужжатларида, шунингдек, ХМИ/ХҲМТ қоидалари ва тартиб-таомилларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

32. Ижро этувчи агентлик таркибидаги бўлинма ва/ёки ЛАОГ қуйидаги мажбуриятларга эга:

молия битимлари талабларига, ХМИ/ХҲМТ қоидалари ва тартиб-таомилларига, Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига риоя этиш. Агар ХМИ/ХҲМТ тартиб-таомилларида Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, унда ХМИ/ХҲМТ тартиб-таомиллари қўлланилади;

ижро этувчи агентликнинг лойиҳа мақсадларига зид бўлмаган фармойишлари, буйруқлари, қарорлари, топшириқларини бажариш;

жалб этилган маслаҳатчилар, юқори малакали мутахассислар ишига кўмаклашиш ва мувофиқлаштириш;

лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ маълумотларнинг махфийлигини сақлаш;

белгиланган тартибда иш юритиш, лойиҳани амалга ошириш ва якунлаш билан боғлиқ ҳужжатларни сақлаш, лойиҳа тугагандан сўнг эса ҳужжатларни белгиланган тартибда сақлаш учун ижро этувчи агентликка топшириш;

Ижро этувчи агентлик таркибидаги бўлинма ва/ёки ЛАОГ қонунчилик ҳужжатларида, шунингдек, ХМИ/ХҲМТ қоидалари ва тартиб-таомилларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларни ҳам ўз зиммасига олади.

33. Ижро этувчи агентлик таркибидаги бўлинма ва/ёки ЛАОГ ўзига юкланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши, шунингдек, лойиҳани амалга ошириш масалаларига оид тайёрланган ҳужжатлар ва бошқа маълумотларнинг ишончлилиги ва сифати учун жавобгардир.

34. Ижро этувчи агентлик таркибидаги бўлинма ва/ёки ЛАОГ ҳар ой Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига лойиҳанинг амалга оширилишига тўсқинлик қиладиган ҳолат ва масалаларни батафсил тавсифловчи ишларнинг бориши тўғрисидаги маълумотларни, уларни ҳал қилиш бўйича таклифларни, шунингдек, ҳисоботлар ва бошқа керакли маълумотларни тақдим этади.

35. Ижро этувчи агентликнинг раҳбари лойиҳани бошқариш қўлланмасини, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, лойиҳани ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, шунингдек, ижро этувчи агентлик таркибидаги бўлинма ва/ёки ЛАОГнинг самарали ишлашини таъминлаш учун жавобгардир.

36. Ижро этувчи агентлик таркибидаги бўлинма ва/ёки ЛАОГ ходимлари иш самарадорлигини баҳолаш натижалари асосида ишдан бўшатилиши мумкин.

Бунда ЛАОГнинг асосий ходимлари (менежер, харидлар, молиявий бошқарув бўйича ходимлар) билан шартномани бекор қилиш ҳолатлари тўғрисида (сабабларини тегишли тушунтириш билан) ушбу шартномани бекор қилиш санасидан икки ҳафта олдин ХМИ/ХҲМТ ва Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига хабар берилиши керак.

37. Ижро этувчи агентлик таркибидаги бўлинма ва/ёки ЛАОГ ходимларининг иш самарадорлигини баҳолаш ҳар чоракда Инвестиция, саноат ва савдо вазирлиги томонидан ХМИ/ХҲМТ билан келишилган ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади.

38. ЛАОГлар фаолиятини мувофиқлаштириш учун масъул бўлган «Ўзсувтаъминот» АЖ лойиҳа офиси, Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш маркази ҳамда Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази раҳбари лавозимига номзодларни тайинлаш ва уларни лавозимдан озод этиш Ҳукумат комиссияси билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

5-боб. Лойиҳа бўйича қарз музокараларини ўтказиш, битимларни имзолаш ва маблағлар ажратиш тартиби

39. Лойиҳа бўйича музокаралар ўтказиш ёки молиявий шартларни муҳокама қилиш мақсадида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Ўзбекистон Республикаси делегациясини шакллантиради ва Ўзбекистон Республикаси номидан ХМИ/ХҲМТ номига қарз бўйича музокара ўтказиш муддатлари, делегация таркиби ва ваколатлари мақбуллиги тўғрисида хат юборади.

Ижро этувчи агентлик раҳбари ёки ваколатли ўринбосари қарз бўйича музокаралар ўтказиш учун делегация раҳбари сифатида тайинланади.

Делегация раҳбари музокаралар баённомасини, ХМИ/ХҲМТ тартиб-таомилларига мувофиқ бошқа ҳужжатларни (кейинги ўринларда — лойиҳа бўйича ҳужжатлар) имзолаш ваколатига эга. Музокаралар баённомаси музокараларнинг сўнгги кунида икки томонлама имзоланади.

Ижро этувчи агентлик қарз музокаралари баённомасини имзолашидан олдин ваколатли экспертиза органлари билан ЛБҲ келишиб олинишини таъминлайди.

Агар ХМИ/ХҲМТ қоидаларига мувофиқ қарз бўйича музокараларни ўтказишдан олдин молиявий шартларнинг мақбуллиги тўғрисидаги шаклни ёки ХМИ/ХҲМТ кредитларини тақдим этиш шартларига оид бошқа ҳужжатларни юбориш талаб этилса, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ХМИ/ХҲМТдан тегишли шаклларни олгандан кейин уч кун ичида шартларни қабул қилиш тўғрисида хулоса юборади ва (ёки) имзо чекувчилар томонидан тегишли шаклларни имзоланишида амалий ёрдам кўрсатади.

40. Битимлар Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири берган ваколатга мувофиқ белгиланган шахс томонидан имзоланади.

Қарз битимларини имзолаш учун қўшимча равишда Ҳукумат қарори талаб қилинмайди.

41. Қарз битими ХМИ/ХҲМТ тамойиллари ва қоидаларига мувофиқ имзоланади.

Масъул вазирликлар ва идоралар ўн кун ичида битим лойиҳалари бўйича эътирозларини ва (ёки) ижобий хулосаларини тақдим этадилар. Битим лойиҳаларининг якуний матнлари ХМИ/ХҲМТ билан музокаралар якунлари бўйича шакллантирилади.

42. Ижро этувчи агентлик ХМИ/ХҲМТ билан лойиҳаларни амалга ошириш доирасида ижро этувчи агентлик номидан битимлар, шартномалар ва бошқа ҳужжатларни ўз вақтида имзолаш учун жавобгардир.

43. Ижро этувчи агентлик ер участкаларини олиб қўйиш, уйларни, бошқа қурилишларни, иншоотларни ёки кўчатларни бузиш, коррупцияга қарши курашиш ва шартномаларда кўрсатилган бошқа масалалар бўйича компенсация тўлаш бўйича ХМИ/ХҲМТ тамойилларига ва қоидаларига риоя этилишини таъминлайди.

44. Агар лойиҳада қайта кредитлаш тўғрисидаги шартнома имзоланиши назарда тутилган бўлса, ижро этувчи агентлик унинг тайёрланишини ва зарур бўлса, уни имзолашдан олдин ХМИ/ХҲМТ билан келишилишини таъминлайди.

45. Ижро этувчи агентлик имзоланган битимлар доирасида барча мажбуриятларни тўлиқ қабул қилади ва қабул қилинган барча мажбуриятларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши учун жавобгар ҳисобланади.

46. Ижро этувчи агентлик, шунингдек, раҳбари шартномани имзолаган вазирлик, идора ёки ташкилот, агар қарз битимида бошқача келишилмаган бўлса, шартнома имзоланганидан кейин тўқсон кун ичида унинг кучга кириши учун зарур бўлган барча шартларнинг бажарилишини таъминлайди. Шартнома кучга кириш муддатларининг кейинги узайтирилиши ижро этувчи агентлик сўровига мувофиқ Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ХМИ/ХҲМТга жорий муддатлар тугашидан камида икки ҳафта олдин тақдим этилиши керак.

47. Қарз ва молиявий битимлари, қайта кредитлаш тўғрисидаги битим, лойиҳа битими, субсидиар шартнома, ҳуқуқ ва талабларни топшириш тўғрисидаги шартнома, хат-битимлар, давлат кафолатлари бўйича, шунингдек, кучга кириши учун юридик хулоса шарт бўлган бошқа битимлар бўйича юридик хулосалар Адлия вазирлиги томонидан тақдим этилади.

Адлия вазирлиги ижро этувчи агентликнинг сўрови рўйхатдан ўтказилгандан сўнг Ҳукуматнинг лойиҳа бўйича алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжатисиз икки ҳафта муддатда юридик хулоса беради.

48. Ижро этувчи агентлик юридик хулоса олинган кундан бошлаб бир ҳафта ичида шартномаларнинг имзоланган нусхалари ва тегишли ҳуқуқий хулосаларни Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига тақдим этилишини таъминлайди.

49. ХМИ/ХҲМТ ҳисобварағидан қарз (кредит) маблағларини ечиш мақсадида ижро этувчи агентлик ХМИ/ХҲМТ ҳисобварағидан қарз (кредит) маблағларини ечиш учун ваколатли шахсларнинг имзо намуналарини ХМИ/ХҲМТ томонидан тасдиқланган шаклда Иқтисодиёт ва молия вазирлигига киритади.

50. Агар лойиҳада қайта кредитлаш тўғрисидаги битимни имзолаш кўзда тутилган бўлса, ижро этувчи агентлик зарурат туғилганида, ХМИ/ХҲМТ билан келишишни таъминлайди.

51. ХМИ/ХҲМТ қарз маблағларини олиш учун аризалар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тегишли аризаларни имзолаш ваколати берилган шахслар томонидан расмийлаштирилади.

6-боб. Харид қилиш тартиби

52. Харид қилиш жараёни Ўзбекистон Республикаси ва ХМИ/ХҲМТ ўртасида имзоланган тегишли битимлар билан тартибга солинади. Хариднинг аниқ усуллари ва тартибларини тавсифловчи амалдаги қоидалар ёки харид бўйича қўлланмалар битимларда белгиланган тартибда кўрсатилади.

53. ХМИ/ХҲМТ харид қилиш тартиб-таомилларининг шартлари ва талаблари миллий қонунчилик, қоидалар ва тартиб-таомиллардан, агар улар ўртасида зиддият юзага келса, устун туради.

54. Ижро этувчи агентлик лойиҳалар доирасида харид агентларининг иштирокига қарамай, харидларни амалга ошириш ва техник қарорлар қабул қилиш учун жавобгардир. Харид агентлари барча масала бўйича қарорларни ижро этувчи агентлик билан келишади ва унга ҳисобот беради.

55. Маҳаллий назорат органлари томонидан ўтказиладиган ҳар қандай аудит ХМИ/ХҲМТ харид талабларининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиши керак.

56. Маҳаллий корхоналар тўғридан-тўғри тўловларни амалга ошириш назарда тутилган, ХМИ/ХҲМТ иштирокидаги лойиҳалар доирасида тузилган контрактлар бўйича хорижий валюта олиш ҳуқуқига эга.

57. ХМИ/ХҲМТ тартиб-таомилларида молиявий битимни имзолашдан олдин ва/ёки кейин харидни амалга ошириш назарда тутилган бўлса, ижро этувчи агентлик харидлар режасини Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан келишган ҳолда харидларни амалга ошириши мумкин.

58. Харид тартиб-таомилларига риоя этилиши, харид иштирокчилари таклифларини холис баҳолаш ва белгиланган мезонларга мувофиқлигини таъминлаш ижро этувчи агентлигининг биринчи раҳбари зиммасига шахсан юклатилади.

59. Харидлар қатнашчиларининг таклифларини баҳолаш мақсадида ижро этувчи агентлик раҳбарининг буйруғига мувофиқ баҳолаш гуруҳи аъзоларининг (аъзолар сони тоқ ва камида 5 нафар бўлган) рўйхати тасдиқланади.

Баҳолаш гуруҳи таркибига мажбурий тарзда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги вакиллари ва лойиҳа доирасида жалб этилган харидлар бўйича халқаро маслаҳатчи киритилади.

Баҳолаш гуруҳининг баҳолаш натижалари бўйича ҳисоботлари ижро этувчи агентлик раҳбари томонидан тасдиқланади.

Харид натижалари ХМИ/ХҲМТ билан келишилиб, таклифларни баҳолаш натижалари уч кун ичида ижро этувчи агентлик томонидан махсус порталларда ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги расмий сайтида ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

60. Ўтказилган харидлар тартиб-таомиллари натижалари бўйича тузилган шартномалар экспертизадан ўтказилмасдан, кейинчалик мониторинг қилиш мақсадида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида ҳисобга олинган санадан кучга киради.

61. Ижро этувчи агентлик шартномалар тузилган санадан бошлаб икки кун ичида уларни ҳисобга олиш мақсадида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги электрон порталида рўйхатга қўяди.

Тузилган шартномаларга қўшимча шартномалар қайтадан харид тартиб-таомилларини амалга оширмасдан, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан келишилган ҳолда ҳамда ХМИ/ХҲМТ розилиги билан қуйидаги ҳолларда тузилади:

шартнома шартларида назарда тутилган ўзгартиришлар киритилганда;

ишлар ҳажми ва (ёки) контракт қиймати тузилган дастлабки шартнома умумий ҳажми ва (ёки) умумий қийматининг 15 фоизидан ошмаган миқдорда ўзгарганда.

Тузилган шартномаларга қўшимча шартномалар мониторинг ўтказиш мақсадларида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги электрон порталида рўйхатга қўйилади.

62. Мазкур Низом билан назарда тутилган харид тартиб-таомиллари ХМИ/ХҲМТ грант маблағлари иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасидаги харидларга нисбатан жорий этилади.

63. Мазкур Низом билан назарда тутилган харидлар тартиб-таомиллари ХМИ/ХҲМТ маблағларини қайта молиялаштираётган тижорат банклари ва бошқа молиявий ташкилотлар томонидан бенефициар танлайдиган лойиҳалар доирасидаги харидларга қўлланмайди.

7-боб. ХМИ/ХҲМТ иштирокидаги лойиҳаларни мониторинг қилиш тартиби

64. Ишлаб чиқилаётган, амалга оширилаётган ва тугалланган лойиҳалар устидан мониторинг олиб борилиши лозим.

Бунда лойиҳа мониторинги бу — ахборотни тўплаш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш ва ҳисобот бериш жараёни, шу жумладан, лойиҳанинг жисмоний ва молиявий ривожланишини кузатиш ҳисобланади. Мониторингни ташкил этиш учун Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги вазирликлар, идоралар, халқаро ташкилотлар ва консалтинг компаниялари мутахассисларини жалб қилиш ҳуқуқига эга.

Мониторинг билан боғлиқ тадбирлар лойиҳани бошқариш бўйича қўлланмада акс эттирилган, томонлар томонидан келишилган бўлиши ва (ёки) Инвестиция, саноат ва савдо вазирлиги талабига биноан амалга оширилиши керак.

65. Мониторинг қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:

лойиҳаларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши ва мақсадли натижаларга эришишни таъминлаш;

давлат бошқаруви органлари, инвестиция жараёнининг бошқа иштирокчилари фаолиятини мувофиқлаштириш, лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ўз вақтида ҳал этиш учун уларнинг жавобгарлигини ошириш;

барча босқичларда лойиҳаларни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган масалаларни аниқлаш ва ўрганиш ҳамда уларни ҳал этиш бўйича тезкор чоралар кўриш;

лойиҳаларни муваффақиятли ва ўз вақтида амалга ошириш ва молиялаштириш учун зарур бўлган барча чораларни кўриш;

ХМИ/ХҲМТ олдидаги мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлашда кўмаклашиш.

66. Мониторинг Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан қуйидагиларни таҳлил қилиш ва умумлаштириш орқали амалга оширилади:

лойиҳани бошқариш бўйича қўлланма, харид режалари, тармоқ жадваллари, натижалар матрицаси ва бошқа лойиҳа ҳужжатларининг амалга оширилиши тўғрисидаги маълумотлар;

Ижро этувчи агентликлар томонидан тақдим этиладиган лойиҳанинг амалга оширилиши тўғрисидаги ҳисоботлар;

марказлаштирилган манбалар ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларни ўз вақтида молиялаштиришни таъминлаш масалалари бўйича ахборот.

67. Лойиҳалар амалга оширилишининг йиғма таҳлили, шунингдек, қўшимча таҳлилий маълумотлари асосида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги:

тенденцияларни ўрганади, лойиҳаларни амалга оширишдаги тўсиқларни аниқлайди, имтиёзлар ва преференциялар тизимининг самарадорлигини таҳлил қилади;

инвестиция фаолиятининг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқади;

инвестиция жараёни самарадорлигини ошириш учун зарур бўлган ҳукумат қарорларини тайёрлаш ишларини ташкил этади;

вазирликлар, идоралар, ташкилотлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш жараёнида муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли тайёрлаш ва амалга оширишни таъминлаш учун зарур бўлган бошқа тадбирларни ташкил этади;

ХМИ/ХҲМТ билан мунтазам равишда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг жорий ҳолатини, шу жумладан, уларни амалга ошириш жараёнида юзага келган муаммоларни муҳокама қилади.

68. Мониторинг натижалари ҳар чоракда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан Ҳукумат комиссиясига киритилади.

8-боб. Лойиҳани якунлаш тартиби

69. Ижро этувчи агентлик лойиҳа якунланган санадан бошлаб бир йил ичида лойиҳа якунлангани тўғрисида ҳисобот тайёрлайди ҳамда ҳисоботни ХМИ/ХҲМТга Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва Иқтисодиёт ва молия вазирлигига юборади.

70. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги лойиҳа бўйича бажарилган чора-тадбирларни ўрганиш учун, шу жумладан, бошқа вазирлик, идора ва лойиҳа институтларидан жалб этилган мутахассисларни юборади ва ўрганиш натижалари бўйича ижро этувчи агентликка лойиҳа якунлангани тўғрисидаги ҳисоботга хулоса беради ҳамда натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот тақдим этади.

71. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги 1 декабргача фойдаланишга топширилган лойиҳалар ичидан постмониторинг ўтказиладиган лойиҳалар рўйхати, постмониторинг ўтказиш учун масъул бўлган вазирлик ва идоралар вакиллари, муддати, мақсадли кўрсаткичлари, баҳолаш услуби ва бошқа талабларни Ҳукумат комиссиясига тасдиқлаш учун киритади.

72. ХМИ/ХҲМТ томонидан лойиҳани амалга ошириш натижаларини мустақил баҳолашда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва ижро этувчи агентлик ходимлари мустақил баҳолаш бўйича миссияни қўллаб-қувватлайдилар ва унинг ишида бевосита иштирок этадилар.

73. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги инвестиция лойиҳаси амалга оширилганидан кейин 5 йилдан кечикмасдан лойиҳанинг мақсадли кўрсаткичларини баҳолаб боради ва мақсадли кўрсаткичларга эришилмаганлигининг сабабларини таҳлил қилади.

9-боб. Тасдиқланган лойиҳаларга ўзгартириш (қўшимча)лар киритиш тартиби

74. Лойиҳалар бўйича тасдиқланган ЛБҲга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш қуйидаги ҳолларда Ҳукумат комиссияси қарорига асосан амалга оширилади:

лойиҳани амалга ошириш учун жалб қилинган кредитлар ва бошқа молиявий маблағларга хизмат кўрсатишда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш параметрларининг ўзгариши;

лойиҳани молиялаштириш манбаларига ўзгартиришлар ва (ёки) қўшимчалар киритилиши;

лойиҳанинг асосий параметрлари ёки асосий техник ва технологик ечимларининг ўзгариши;

лойиҳа қийматининг тасдиқланган лойиҳа параметрларига нисбатан 20 фоиздан кўпроқ ошиши.

Лойиҳалар бўйича ЛБҲга қуйидаги ҳолларда ўзгартиришлар киритилмайди:

лойиҳаларни амалга ошириш якунлари бўйича;

лойиҳа номини ўзгартириш мақсадида;

лойиҳа қиймати пасайганда;

лойиҳанинг молиявий харажатлар миқдори, уни амалга ошириш муддатини узайтириш ёки қарз маблағларини тақдим этиш шартларини ўзгартириш сабабли лойиҳа қиймати 20 фоиздан ошганда;

лойиҳанинг умумий қийматини ўзгартирмасдан лойиҳа таркибий қисмларининг ёки харажатлар тоифалари, лойиҳа таркибий қисмларини молиялаштириш манбалари ва улуши ўзгарган тақдирда, шунингдек, лойиҳа таркибий қисмлари ёки харажатлар тоифалари ўртасида қайта тақсимланганда, лойиҳадаги иқтисод қилинган маблағлардан фойдаланилганда.

75. Ижро этувчи агентликка лойиҳанинг ЛБҲ ва ЛБҚда тақдим этилган харажатлар параметрлари ва техник ва технологик ечимлар учун жавобгарлик юкланади.

76. Лойиҳаларни амалга ошириш муддатларини узайтириш (қарзларни қайтариш), харажатлар тоифалари, лойиҳа таркибий қисмлари ўртасида қайта тақсимлаш, лойиҳа бўйича тежалган маблағлардан фойдаланиш, фойдаланилмаган қарз маблағларини бекор қилиш, лойиҳа ҳужжатлари ва молиявий битимларга ўзгартиришлар киритиш масалаларини ҳал қилиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

Ижро этувчи агентлик хат билан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига, шу жумладан, нархлар ва харажатлар кўрсатилган барча батафсил маълумотларни, Иқтисодиёт ва молия вазирлигига — лойиҳани амалга ошириш муддатини узайтириш ҳамда жалб қилинган кредитларга хизмат кўрсатиш учун тўланган маблағлар миқдорига кейинчалик таъсир кўрсатадиган қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилган тақдирда таклифлар киритади;

Инвестиция, саноат ва савдо вазирлиги ижро этувчи агентликдан сўров келиб тушган кундан бошлаб беш иш куни ичида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва бошқа вазирлик ва идоралар томонидан ижро этувчи агентликнинг сўрови кўриб чиқилишида ёрдам беради;

агар томонларнинг ушбу масала бўйича позициялари бир-бирига мос келадиган бўлса, ваколатли вакил келишувларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси (Ўзбекистон Республикаси ҳукумати) номидан тегишли сўровномани ХМИ/ХҲМТга юборади;

агар томонларнинг позициялари турлича бўлса, ижро этувчи агентлик масалани кўриб чиқиш учун Ҳукумат комиссиясига киритади;

Ҳукумат комиссияси сўров келиб тушган кундан бошлаб беш иш куни ичида, агар ижро этувчи агентлик таклифи мақбул бўлса, розилик тўғрисидаги тегишли резолюцияни тақдим этади ва зарур ҳолларда имзо чекувчи ёки Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига (ХМИ/ХҲМТ талабларига мувофиқ) ХМИ/ХҲМТга тегишли сўров йўллаш тўғрисида топшириқ беради.

Имзоловчи ўзгартириш ва қўшимчалар лойиҳалари келиб тушган санадан эътиборан беш иш куни ичида лойиҳа бўйича келишувларга ва тегишли ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчаларни расмийлаштиради.

77. Қарз битимларига, қайта кредитлаш тўғрисидаги битимларга, лойиҳа битимига, субсидия битимига, ҳуқуқ ва талабларни делегация қилиш тўғрисидаги битимга, шунингдек, юридик хулоса бериш ХМИ/ХҲМТ қоидалари ва тартиб-таомилларига мувофиқ шарт бўлган бошқа битимларга ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги ҳуқуқий хулоса Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ, алоҳида Ҳукумат қарори талаб қилинмасдан ХМИ/ХҲМТ учун мақбул бўлган шаклда имзо чекувчи сўровномаси асосида тақдим этилади.

10-боб. Фавқулодда вазиятлар тартиблари

78. Ушбу тартиблар фавқулодда вазиятларда оператив ва молиявий тезкор жавобларни талаб қиладиган ва амалга ошириладиган ташаббуслар ва ҳаракатлар тўпламидир. Улар тадбирларни тайёрлаш, баҳолаш, амалга ошириш ва якунлаш, амалга оширилаётган операциялар, дастурлар ва фавқулодда вазиятларга жавоб бериш лойиҳаларининг ҳар қандай жиҳатини назорат қилиш ва (ёки) қўллаб-қувватлаш бўйича барча тадбирларга нисбатан қўлланади.

79. Фавқулодда вазиятлар дастурлари ва лойиҳалари юқори устуворликка эга бўлган моддий бойликларни тиклашни қўллаб-қувватлаш ва инсон, моддий, иқтисодий ва экологик йўқотишларга олиб келган фавқулодда вазиятлар натижасида иқтисодий, ижтимоий ва бошқарув фаолиятини тиклашни қўллаб-қувватлаш учун амалга оширилади. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш лойиҳалари, шунингдек, кенг кўламли инсон, моддий, иқтисодий ва экологик йўқотишларни юмшатадиган ва келажакдаги фавқулодда вазиятларга чидамлилигини оширадиган офатлардан кейинги шошилинч чораларни қўллаб-қувватлайди. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш даврида бажарилиши мумкин бўлмаган узоқ муддатли таъмирлаш ва тиклаш тадбирлари ушбу Низомда назарда тутилган фавқулодда ёки анъанавий инвестиция лойиҳаларини қўшимча молиялаштириш орқали қўллаб-қувватланиши мумкин.

80. Фавқулодда вазият юзага келган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш бўйича бошқарув қўмитаси раиси ва аъзолари (кейинги ўринларда — Бошқарув қўмитаси) тасдиқланади. Бошқарув қўмитасининг вазифаларига қуйидагилар киради:

кундалик фаолиятни мувофиқлаштириш учун фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича масъул вазирлик (идора)ни тайинлаш;

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва табиий офатдан зарар кўрган секторлар вакилларини табиий офат оқибатларини баҳолаш бўйича қўшма гуруҳга (ТООББҚГ) тайинлаш;

фавқулодда вазият натижасида етказилган зарар ва йўқотишлар тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш чора-тадбирлари ва дастурларининг жамланма рўйхатини, уларнинг тахминий қийматини ва таклиф этилаётган молиялаштириш манбаларини кўриб чиқиш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этишнинг йиғма режасини ишлаб чиқишда тегишли раҳбарликни таъминлаш, шу жумладан:

фавқулодда вазиятларни бартараф этишнинг консолидациялашган режасини (ФАБКР) тасдиқлаш;

ФАБКРни молиялаштириш билан боғлиқ ХМИ/ХҲМТ билан келишувларни тасдиқлаш.

81. Фавқулодда вазиятларни бошқариш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳи (ФВБЛАОГ) Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Инвестиция, саноат ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва зарар кўрган секторлар таркибидаги фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун масъул вазирлик (идора) томонидан мавжуд бўлинмалардан максимал даражада фойдаланиб, тезкор маълумотларни тўплашни, зарарни, йўқотишларни ва уларнинг қийматини баҳолашни, шунингдек, таклиф этилаётган харид ва амалга ошириш механизмларини қўллаб-қувватлайди.

82. ФВБЛАОГ табиий офатлар оқибатларини баҳолаш гуруҳини (ТООБГ) ташкил этади, унинг таркибига вазирлик ва идоралар вакиллари, шунингдек, жалб этилган халқаро ва маҳаллий мутахассислар киради. ТООБГ жамоаси фавқулодда вазиятлар тўғрисидаги ҳисоботни, зарар кўрган тармоқлар ва ҳудудлар бўйича зарар ва йўқотишларни батафсил баҳолаш бўйича ҳисоботни тайёрлайди ва зарар ва йўқотишларнинг умумий ҳажмини, шунингдек, тавсия этилган дастурлар ва қайта тиклаш (қайта қуриш) лойиҳалари учун харажатлар сметасини умумлаштирувчи хулосани шакллантиради.

83. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ТООБГ хулосасини олгандан кейин бир ҳафта ичида баҳолайди ва Бошқарув қўмитасига юборади, шунингдек, эҳтиёжлар ёки харажатлар сметаси ўзгарган тақдирда, ҳар ҳафта Бошқарув қўмитасига янгиланган маълумотларни тақдим этади.

84. Бошқарув қўмитаси таклиф этилаётган тикланиш ва реабилитация тадбирларининг долзарблигини, уларнинг тахминий нархини, шунингдек, молиялаштиришнинг потенциал манбаларини кўриб чиқади ва Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги орқали ХМИ/ХҲМТ иштирокининг кўлами ва даражаси ҳамда мослашувчан амалга ошириш тартиб-қоидаларини қўллашни мувофиқлаштиради.

85. Фавқулодда вазиятларни бартараф этишда ва уни молиялаштиришда иштирок этиш учун ХМИ/ХҲМТ билан келишилганидан сўнг фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун масъул вазирлик (идора) ХМИ/ХҲМТ билан келишилган ҳолда Бошқарув қўмитасига қуйидагиларни назарда тутувчи фавқулодда вазиятларни бартараф этиш режасини тақдим этади:

лойиҳа харажатлари миқдори;

керакли товарлар, ишлар ва хизматлар ҳажми ва қийматининг тахминий тақсимоти;

техник-иқтисодий параметрлар;

фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш тўғрисидаги битим лойиҳалари ва шартнома учун таклиф қилинган имзо чекувчилар рўйхати.

Қарз олиш учун ХМИ/ХҲМТ аризаларини кўриб чиқиш жараёнида фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун масъул вазирлик (идора), шунингдек, иштирок этувчи ташкилот ХМИ/ХҲМТ билан лойиҳаларни харид, ажратиш ва амалга оширишнинг мослашувчан механизмларини муҳокама қилади ва мувофиқлаштиради. Улар, хусусан, қуйидаги дастурларни ўз ичига олиши мумкин:

аванс харидлари, ретроактив молиялаштириш ва ариза (таклифлар)ни тайёрлашнинг мослашувчан муддатлари;

харид агентлари ва лойиҳаларни бошқариш бўйича маслаҳатчилардан фойдаланиш;

товарлар, ишлар ва хизматлар хариди бўйича асосий келишувлар ва шартномалар;

олдиндан жалб қилинган ва (ёки) дастлабки квалификациядан ўтган малакали маслаҳатчилар, етказиб берувчилар ва пудратчилар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш;

одатда кам баҳоли, хатар даражаси паст ва мураккаб бўлмаган товарлар, ишлар ёки хизматларни тақдим этиш учун нархларни таққослашга асосланган котировкалардан фойдаланиш;

кичик иш ҳажмларини бажариш учун шартномалар орқали жамоатчилик иштирокини таъминлаш;

мажбурий ҳисоблаш — ўз ходимлари ва жиҳозларидан фойдаланадиган давлат идоралари (ташкилотлари) билан шартномалар тузиш.

Шартномалар ва харажатларни ретроактив молиялаштириш, шунингдек, келишилган давлат тиклаш ва харажатлар дастурларини молиялаштириш учун аванс тўловлари ХМИ/ХҲМТ тартибларига мувофиқ фавқулодда вазиятларни бартараф этиш лойиҳалари (қарзлари) учун ишлатилиши мумкин.

86. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун масъул вазирлик/идора ХМИ/ХҲМТ билан келишилган шартномаларни имзолашни таъминлайди.

87. Адлия вазирлиги имзоланган шартномаларни олгандан кейин бир ҳафта ичида ҳуқуқий хулосалар беради.

88. Фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш учун масъул вазирлик (идора) имзоланган битимларни ва уларга илова қилинган ҳуқуқий хулосалар Бошқарув қўмитасига юборилишини таъминлайди.

89. Мазкур Низомнинг 85 — 88-бандларида келтирилган жараёнлар билан бирга фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун масъул вазирлик (идора) ва ХМИ/ХҲМТ ҳисобот, мониторинг ва баҳолаш ҳажмини мувофиқлаштиради ва лойиҳани бошқариш бўйича қўлланмани ишлаб чиқади ҳамда Бошқарув қўмитаси томонидан лойиҳа тасдиқланганидан кейин бир ой ичида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан тасдиқлашга тақдим этилади.

90. Лойиҳани амалга ошириш босқичида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Бошқарув қўмитасига йиғма консолидациялашган ойлик ва чораклик ҳисоботларни тақдим этади, зарур ҳолларда, ҳафталик ва ойлик маълумотларни янгилайди.

91. Фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш лойиҳалари доирасида тузилган барча шартномалар беш иш куни ичида белгиланган тартибда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида рўйхатдан ўтиш учун тақдим этилиши керак.

11-боб. Якунловчи қоидалар

92. ХМИ/ХҲМТ миссиялари ёки вакиллари учрашувларининг иш жадваллари ижро этувчи агентлик томонидан тузилади ва натижалар бўйича ижро этувчи агентлик вазирликлар, идоралар ва ташкилотларни улар билан режалаштирилган учрашувлар тўғрисида хабардор қилади.

93. Агар ХМИ/ХҲМТ миссиялар ёки вакилларининг ташрифини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси бюджети ҳисобидан молиялаштирилса, учрашувлар ва қабуллар жадвали тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

94. Қарз битими, қайта кредитлаш тўғрисидаги шартнома, лойиҳа шартномаси, субсидиар шартнома, ҳуқуқ ва талабларни топшириш тўғрисидаги шартнома, хат-битимлар ва бошқа битимларни (кейинги ўринларда — лойиҳа бўйича шартномалар) имзолаган вазирлик ва идоралар раҳбарлари ушбу Низомда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси номидан лойиҳа бўйича шартномага ўзгартиришлар, қўшимчалар ва аниқликлар киритиш тўғрисида ҳужжатларни имзолаш ваколатига эга.

95. Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш учун лойиҳаларни (дастурлар) амалга ошириш бўйича барча сўровлар, қарз муҳокамаларида қатнашиш учун Ҳукумат делегацияси таркибини шакллантириш ва уларни ХМИ/ХҲМТга тақдим этиш ҳамда бошқа масалалар Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ваколати ҳисобланади.

96. Халқаро беғараз техник ёрдам, грант ва (ёки) лойиҳаларни молиялаштиришда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ солиқлар, йиғимлар ва божхона имтиёзлари қўлланади. Мазкур имтиёзлар бўйича ҳисобланган маблағлар суммаси халқаро ҳамкорлар иштирокидаги лойиҳаларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг қўшган ҳиссаси ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва халқаро қонунчилик ўртасида тафовут юзага келган ҳолатларда халқаро қонунчилик устунлик қилади, шунингдек, ХМИ/ХҲМТ томонидан имзоланган шартномалар халқаро шартномаларга тенглаштирилади ва миллий қонунчиликдан устун туради.

Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш, мониторинг ва постмониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокида инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш ва амалга ошириш

Босқичлар Тадбирлар номи Масъул ижрочилар Муддатлар 1-босқич (Лойиҳани шакллантириш) Лойиҳа концепциясини ишлаб чиқиш Ижро этувчи агентлик Зарур бўлганда Лойиҳа концепциясини тармоқ илмий-техник кенгаши (кейинги ўринларда — ТИТК) билан келишиш Ижро этувчи агентлик Сўров олингандан кейин 10 кун муддатда Лойиҳа концепциясини халқ депутатлари Кенгаши билан келишиш Ижро этувчи агентлик Бир ой муддатда Лойиҳа концепциясининг миллий ва тармоқ устуворликларига мувофиқлигини Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан биргаликда баҳолаш Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Киритилган санадан бошлаб 20 кун муддатда Истиқболли деб топилган лойиҳа концепциясига Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг камчиликларни бартараф этиш тўғрисидаги хулосалари асосида тузатиш киритиш Ижро этувчи агентлик Тавсия берилган кундан бошлаб 15 кун муддатда Лойиҳа концепциясини Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг қўшма экспертиза хулосасига асосан Ҳукумат комиссиясига тасдиқлаш учун киритиш Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ижобий хулоса берилган кун Ҳукумат комиссияси томонидан лойиҳа концепциясини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш Ҳукумат комиссияси Киритилган санадан бошлаб 15 иш кунида 2-босқич (Лойиҳанинг баҳоловчи ҳужжатларини тасдиқлаш жараёни) Лойиҳани ишлаб чиқиш учун Ижро этувчи агентликнинг ваколатли вакилини тайинлаш ва (ёки) ЛАОГ шакллантириш (зарур бўлган ҳолатда) Ижро этувчи агентлик Ўрнатилган муддатда ЛБҲ лойиҳасини ишлаб чиқиш учун техник топшириқни ХМИ/ХҲМТ билан биргаликда тайёрлаш Ижро этувчи агентлик, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Ўрнатилган муддатда 4-иловага мувофиқ ЛБҲ лойиҳасини ХМИ/ХҲМТ билан биргаликда тайёрлаш Ижро этувчи агентлик, ХМИ/ХҲМТ Ўрнатилган муддатда ЛБҲ лойиҳасини ТИТК билан келишиш Ижро этувчи агентлик, ТИТК 20 иш кунида ЛБҲни экспертизадан ўтказиш Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги («Лойиҳа ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУК — зарур бўлган ҳолатда) 25 иш кунида ЛБҲ юзасидан камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсияга асосан ўзгартирилган ЛБҲни экспертизага қайта киритиш Ижро этувчи агентлик 30 иш кунида Экспертиза ижобий хулосаларига асосан Ҳукумат комиссияси томонидан ЛБҲни тасдиқлаш Ҳукумат комиссияси Киритилган санадан бошлаб 20 иш кунида Давлат ташқи қарзи ҳисобидан имзоланадиган янги лойиҳалар рўйхатига киритиш Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Ҳар йилнинг 1 декабрига қадар 3-босқич (Қарз битимини имзолаш жараёни) Кредит шартномаси шартларини кўриб чиқиш, музокаралар олиб бориш ва ХМИ/ХҲМТ билан биргаликда баён имзолаш Ўзбекистон Республикаси делегацияси Ўрнатилган муддатда ХМИ/ҲХМТ директорлар Кенгаши томонидан лойиҳани тасдиқлаш ХМИ/ҲХМТ Ўрнатилган муддатда Ҳукумат ва ХМИ/ХҲМТ ўртасида қарз битимини имзолаш Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, ваколатли вазирлик (идора), ХМИ/ХҲМТ Давлат ташқи қарзи учун ўрнатилган лимитлар доирасида (ўрнатилган муддатда) ХМИ/ХҲМТга Ҳукумат номидан қарз битими бўйича юридик хулоса тақдим этиш Адлия вазирлиги, Ижро этувчи агентлик Сўров киритилгандан сўнг икки ҳафта ичида 4-босқич (Лойиҳалаштириш ва консалтинг хизматларини кўрсатиш учун компаниялар, пудратчилар ва технологик ускуналар етказиб берувчилар ўртасида ғолибларни аниқлаш жараёни) Харидлар режасини ишлаб чиқиш, ХМИ/ХҲМТ билан келишиш Ижро этувчи агентлик Бир ҳафта муддатда Харидлар тўғрисидаги ҳужжатларини ишлаб чиқиш Ижро этувчи агентлик ХМИ/ХҲМТ билан келишилган жадвалга мувофиқ 14 кун ичида Харид ҳужжатларини тасдиқлаш ва эълон қилиш Ижро этувчи агентлик, ХМИ/ХҲМТ, Баҳолаш гуруҳи ХМИ/ХҲМТ билан келишилган жадвалга мувофиқ 10 кун ичида Харид иштирокчиларининг таклифларини қабул қилиш Ижро этувчи агентлик Тендер ҳужжатларига мувофиқ Келиб тушган таклифларни баҳолаш Ижро этувчи агентлик Баҳолаш гуруҳи 30 кун ичида Таклифларни баҳолаш ҳисоботи натижаларини ХМИ/ХҲМТ билан келишиш Ижро этувчи агентлик Баҳолаш гуруҳи ХМИ/ХҲМТ билан келишилган жадвалга мувофиқ Шартномадан олдинги музокараларни ўтказиш, шартнома лойиҳасини келишиш ва имзолаш Ижро этувчи агентлик, ХМИ/ХҲМТ 10 кун ичида Шартнома бўйича ХМИ/ХҲМТ нинг розилигини олиш ХМИ/ХҲМТ ХМИ/ХҲМТ билан келишилган жадвалга мувофиқ Шартномани Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида рўйхатдан ўтказиш Ижро этувчи агентлик 2 кун ичида 5-босқич (Мониторинг) Давлат ташқи қарзи ҳисобидан молиялаштириладиган ишлаб чиқилаётган, имзоланган, амалга ошириладиган ва амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича йиғма ҳисоботни Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига кўриб чиқиш учун тақдим этиш Ижро этувчи агентлик, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Ҳар ойда Тегишли битимлар доирасида келишилган барча ҳисоботларни кўриб чиқиш учун ХМИ/ХҲМТга тақдим этиш Ижро этувчи агентлик, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, ХМИ/ХҲМТ Ҳар чоракда 6-босқич (Лойиҳани якунлаш ва постмониторинг) Лойиҳани ишга тушириш тўғрисида Давлат қабул комиссиясининг далолатномасини расмийлаштириш Ижро этувчи агентлик Лойиҳа бўйича барча ишлар амалга оширилгандан кейин 90 кун Лойиҳа якунлари бўйича ҳисоботни шакллантириш ва Ҳукумат комиссиясига киритиш Ижро этувчи агентлик, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Лойиҳа бўйича барча ишлар амалга оширилгандан кейин 90 кун Ишга туширилган лойиҳаларнинг натижадорлигини баҳолаб бориш Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ижро этувчи агентлик Ҳар йил якуни билан (5 йил давомида)

Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш, мониторинг ва постмониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Лойиҳа концепцияси (лойиҳанинг дастлабки баҳолаш ҳужжатлари) тузилиши

I. Стратегик салоҳияти

Мамлакат салоҳияти

Саноат ва институционал салоҳият

Лойиҳани амалга ошириш натижасида эришиладиган мақсад ва ютуқлар

II. Лойиҳанинг мақсади

Лойиҳанинг мақсади

Лойиҳанинг манфаатдор томонлари

Амалга оширилган шунга ўхшаш лойиҳалар таҳлили

III. Лойиҳанинг тавсифи

Лойиҳа таркибий қисмлари

Лойиҳа қиймати ва молиялаштириш манбалари

Лойиҳа доирасида жалб этиладиган қарз маблағларини қайтариш манбалари

IV. Лойиҳани баҳолаш

Техник асосланишни баҳолаш

Дастлабки иқтисодий ва молиявий таҳлил

Ижтимоий жиҳатлар

V. Лойиҳанинг асосий хатарлари

Лойиҳа хатарларини умумий баҳолаш ва уларни камайтириш чоралари

I бўлимда саноат ва институционал хусусиятлар, лойиҳанинг асосий мақсад ва вазифалари, лойиҳанинг миллий тараққиёт стратегияларига мувофиқлиги, лойиҳани тайёрлаш асослари, лойиҳа иштирокчилари ва бошқалар кўрсатилиши керак.

II бўлимда лойиҳанинг асосий муаммолари, афзалликлари ва камчиликлари таҳлил қилинади.

III бўлимда лойиҳанинг жойлашуви, ҳажми ва таркибий қисмлари, харажатларнинг таркибий қисмлари, молиялаштириш ташкилотлари ва харажатлар тоифаси бўйича тақсимланиши кўрсатилиши керак.

IV бўлим таклиф этилаётган лойиҳа билан боғлиқ техник асосларни, операцион ва молиявий таҳлилни (лойиҳанинг соф жорий қийматини ҳисоблаш, даромаднинг молиявий-иқтисодий даражаси ва бошқалар) ўз ичига олади. Ушбу бўлимда, шунингдек, лойиҳанинг ижтимоий жиҳатлари, унинг манфаатдор томонларга таъсири ва миллий сиёсат ва ХМИ/ХҲМТ сиёсатига мувофиқлиги баҳоланади.

Концепцияда, шунингдек, шунга ўхшаш лойиҳалар ва натижалар матрицаси билан таққослаганда қувват бирлигига лойиҳанинг бирлик қиймати ҳисоб-китоблари кўрсатилиши керак:

Лойиҳани амалга ошириш натижасида эришиш режалаштирилган натижаларнинг дастлабки матрицаси Лойиҳанинг мақсадли кўрсаткичлари Ўлчов бирлиги Давр (йил бўйича) 20__ 20__ 20__ 20__ 20__ …

V бўлимда лойиҳа бўйича тахминий хатарлар, шунингдек, уларни камайтириш бўйича стратегиялар/чоралар таклиф қилиниши керак.

Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш, мониторинг ва постмониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА

Лойиҳа концепцияларини устуворлик бўйича баҳолаш

Т/р. Баҳолаш мезонлари Балл I. Миллий даража: 1. Миллий тараққиёт стратегияси ва дастурларига мос келиши 10 2. Ҳудудларнинг тенг ривожланиши кўзда тутилганлиги 10 3. Лойиҳанинг ижтимоий-иқтисодий таъсир даражаси 10 II. Тармоқ даражаси: 1. Лойиҳанинг тармоқ стратегияси ва дастурлари билан ҳамоҳанглиги 10 III. Ҳужжат сифати: 1. Лойиҳа концепцияси лойиҳанинг мақсадлари, вазифалари ва натижаларини аниқ тавсифлайди (ўлчанадиган натижалар матрицасига мувофиқ) 20 2. Лойиҳанинг узоқ муддатли истиқболдаги таъсирини баҳолаш (иқтисодий, ижтимоий, экологик ва бошқа мезонлар) 15 3. Лойиҳа қийматини компонентлар бўйича асослаш (қувват бирлигига лойиҳанинг бирлик қийматини ҳисоблаш) ва танланган молиялаштириш манбаи 15 4. Лойиҳа хатарларини баҳолаш 10 Натижа 100

Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш, мониторинг ва постмониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 4-ИЛОВА

Лойиҳани баҳолаш ҳужжатининг тузилиши

I. Лойиҳа паспорти

Ушбу бўлимда таклиф этилаётган лойиҳанинг асосий хусусиятлари: номи, амалга ошириш жойи, асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари, қуввати, кўлами кўрсаткичлари, компонентлари, лойиҳани молиялаштириш манбаи, шартлари ва механизми, афзалликлари ҳамда камчиликлари, лойиҳанинг асосий хатарлари ва бошқа маълумотлар акс эттирилади.

II. Лойиҳанинг стратегик салоҳияти

Мамлакат салоҳияти

Саноат ва институционал салоҳият

Лойиҳанинг стратегияларга (дастурлар, концепциялар) мослиги

Лойиҳанинг муайян тармоқ, ҳудуд ва соҳага қўшиши мумкин бўлган ҳиссаси ва таъсири, лойиҳани амалга ошириш зарурлиги.

Ушбу бўлимда лойиҳа амалга ошириладиган мамлакат, саноати, институционал салоҳият ва хусусиятлари таҳлили, лойиҳанинг миллий тараққиёт стратегияларига, тармоқ дастурлари ва концепцияларига мувофиқлиги, лойиҳанинг тармоқ, ҳудуд ва соҳага ҳиссаси ва таъсирини баҳолаш, лойиҳани тайёрлаш асослари, лойиҳа иштирокчилари ва бошқалар кўрсатилади.

III. Лойиҳанинг мақсади

Лойиҳанинг мақсади ва вазифалари

Лойиҳа стратегияси

Лойиҳанинг манфаатдор томонлари

Амалга оширилган шунга ўхшаш лойиҳалар таҳлили.

Ушбу бўлимда лойиҳанинг асосий мақсад ва вазифалари, афзалликлари ва камчиликлари, асосий тўсиқлар, лойиҳани амалга ошириш стратегияси ва унда иштирок этувчи манфаатдор томонлар, тармоқда амалга оширилган олдинги инвестиция лойиҳаларидан олинган сабоқлар ва лойиҳалар натижалари таҳлил қилинади.

IV. Лойиҳанинг тавсифи

Лойиҳанинг таркибий қисмлари

Лойиҳа қиймати ва молиялаштириш манбалари.

Ушбу бўлимда лойиҳанинг жойлашуви, ҳажми ва таркибий қисмлари, харажатларнинг таркибий қисмлари, миқдори ҳамда нарх шаклланиши, молиялаштириш ташкилотлари ва харажатлар тоифаси бўйича тақсимланиши кўрсатилади.

V. Лойиҳани амалга ошириш

Лойиҳани амалга ошириш бўйича институционал чора ва тадбирлар

Натижалар мониторинги ва баҳолаш механизми

Лойиҳа барқарорлиги

Лойиҳа объекти тайёрлиги ва объектга рухсатномалар мавжудлиги.

Ушбу бўлимда лойиҳани амалга оширишни ташкил этиш масалалари ва лойиҳани амалга оширишда ҳар бир манфаатдор томоннинг уни амалга оширишдаги ўрнига мувофиқ инсон, техник ва молиявий ресурслар билан таъминланганлиги, лойиҳани мониторинг қилиш ва баҳолаш механизмлари кўриб чиқилади.

VI. Лойиҳани баҳолаш

Техник асосланишни баҳолаш

Харидлар

Иқлим ўзгариши ва табиий офатларнинг лойиҳага таъсири

Ижро агентлигининг молиявий бошқарув салоҳиятини баҳолаш, қарз маблағларини тўлаш

Иқтисодий ва молиявий таҳлил

Ижтимоий жиҳатлар (шу жумладан ижтимоий ҳимоя)

Лойиҳанинг атроф-муҳитга таъсири ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш.

Ушбу бўлимда таклиф этилаётган лойиҳа билан боғлиқ техник асослилик, яъни тармоқнинг жорий ҳолатини баҳолаш, эҳтиёжларни ўрганиш ва лойиҳа қувватлари тавсифи ҳамда лойиҳанинг зарур ресурслар билан таъминланганлигини ўрганиш; техник ечимларнинг тавсифи, технологиялар ва асбоб-ускуналарни танлаш таҳлили, лойиҳа доирасида технология ва асбоб-ускуналар маржинал нарх кўрсаткичининг асосланганлиги; бош режаларнинг тавсифи, асосий архитектура-қурилиш ечимлари, қурилиш майдончасининг хусусиятлари, лойиҳанинг зарур муҳандислик инфратузилма билан таъминланганлиги, лойиҳа ечимларининг шаҳарсозлик нормаларига мувофиқлиги таҳлили, лойиҳада белгиланган қурилиш-монтаж ишларининг ҳамда кўриб чиқилаётган таклифларга асосланган хизматларнинг максимал қиймати аввал амалга оширилган ўхшаш лойиҳалар ёки бирлик нархларига таққослаган ҳолда шакллантирилади, шунингдек жисмоний ҳажмлар (BOQ)/қабул қилинган дизайн қарорлари, чизмалар ва диаграммаларга мувофиқ акс эттирилади.

Шунингдек, бўлимда харидларни амалга ошириш режаси ва механизми, лойиҳани амалга ошириш жадвали акс эттирилади.

Бўлим лойиҳанинг иқтисодий ва молиявий таҳлилини (лойиҳа самарадорлиги кўрсаткичларини, шу жумладан, инвестицион ва операцион харажатларни ҳамда иқтисодий фойдани баҳолаш, лойиҳа ва ишлаб чиқариш кучларини оптимал жойлаштириш ва бошқалар) ўз ичига олади. Бундан ташқари, ушбу бўлимда лойиҳанинг ижтимоий ва экологик жиҳатлари, унинг манфаатдор томонларга таъсири ва миллий сиёсат ва ХМИ/ХҲМТ сиёсатига мувофиқлиги баҳоланади.

VII. Лойиҳанинг асосий хатарлари

Лойиҳа хатарларини умумий баҳолаш ва уларни камайтириш чоралари.

Ушбу бўлимда лойиҳа бўйича тахминий хатарлар, жумладан операцион, техник, молиявий, иқлим ўзгариши ва табиий офатлар билан боғлиқ хатарлар таҳлили, шунингдек, уларни камайтириш бўйича стратегиялар/чоралар таклиф қилинади.

VIII. Иловалар

Лойиҳани бошқариш бўйича қўлланма

Лойиҳа бўйича харидларни баҳолаш ва режалаштириш

Лойиҳани амалга ошириш бўйича маслаҳатчилар учун дастлабки техник топшириқлар

Лойиҳа объектини (бино ва иншоот, ер) ажратиш тўғрисидаги қарорлар

Муҳандислик-геологик тадқиқотлар, (зарур ҳолларда)

Муҳандислик тармоқларини улаш учун техник шартлар

Давлат экологик экспертизаси хулосаси (зарур ҳолларда)

Бошқа зарур ҳужжатлар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 11 февралдаги ПҚ-51-сон қарорига 3-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикасининг халқаро молия институтларидаги бошқарувчилари ва уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасидан халқаро молия институтларидаги бошқарувчи идораси вазифалари юкланган вазирлик ва идоралар

Т/р Халқаро молия институтлари Ўзбекистон Республикасидан бошқарувчи Ўзбекистон Республикасидан бошқарувчи ўринбосари Бошқарувчи идора 1. Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров Марказий банк раиси Т.А. Ишметов Марказий банк 2. Жаҳон банки гуруҳи Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари (лавозими бўйича) Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги 3. Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари И.И. Норқулов Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги 4. Осиё инфратузилма инвестициялари банки Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Л.Ш. Кудратов Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари И.Ў. Умрзаков Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги 5. Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари (лавозими бўйича) Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги 6. Ислом тараққиёт банки гуруҳи Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Л.Ш. Кудратов Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ижрочи директори Ш.А. Вафаев Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги 7. Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев Қишлоқ хўжалиги вазири И.Ю. Абдурахмонов Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 8. Евроосиё тараққиёт банки Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Х.Ф. Тешабаев Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги 9. Янги тараққиёт банки инвестициялар, саноат ва савдо вазири Л.Ш. Кудратов инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари в.б. Ш.Х. Гуламов Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 11 февралдаги ПҚ-51-сон қарорига 4-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 июлдаги «Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3857-сон қарорининг 1-банди ва қарорга илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 30 мартдаги «Жаҳон банки иштирокидаги «Ўзбекистон бинолари учун тоза энергия» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-106-сон қарорида :

а) 2-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Лойиҳанинг самарали амалга оширилиши учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан дастлабки босқичларда ушбу соҳада тажрибага эга бўлган халқаро консультантлар жалб қилинади ҳамда юридик шахс сифатида Лойиҳани амалга ошириш гуруҳи ташкил этилади;»

еттинчи-саккизинчи хатбошилари чиқариб ташлансин;

б) 5-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«5. Белгилансинки:

Лойиҳани амалга оширишнинг дастлабки босқичларида (модернизация қилинадиган объектларда коммунал хизматларни тўлаш бўйича харажатлар учун маҳаллий бюджетлардан ажратиладиган маблағларнинг иқтисод қилинган қисми шакллангунга қадар) қарз маблағларининг ўзлаштирилган қисми бўйича фоиз тўловлари давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади;

модернизация қилинадиган объектларда коммунал хизматларни тўлаш бўйича харажатлар учун маҳаллий бюджетлардан ажратиладиган маблағларнинг иқтисод қилинган қисмини доимий тарзда Лойиҳани қайта молиялаштириш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ўтказиб берилади.

Бунда, коммунал хизматларни тўлаш бўйича харажатлар учун маблағларнинг иқтисод қилинган қисми объектларга ўрнатилган норматив миқдорларга нисбатан ҳисоблансин.»

в) 7-бандда :

«а» кичик банди биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«а) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги»;

«а» кичик банди учинчи хатбошисидаги «органлар» сўзи «орган» сўзи билан алмаштирилсин;

«б» кичик бандидаги «Жамғарма» сўзи «Иқтисодиёт ва молия вазирлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;

г) 8-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;

д) 10-банди учинчи хатбошисидаги «Энергетика вазирлиги» сўзлари «Иқтисодиёт ва молия вазирлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;

е) 11-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«11. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазирнинг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров белгилансин»;

ж) 1-иловада :

2-банди «2-компонент: Лойиҳа доирасида техник кўмак бериш, персоналлар салоҳиятини ошириш ҳамда унинг амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш» устунидаги «Жамғарманинг» сўзи «Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг» сўзлари билан алмаштирилсин;

изоҳ қисмининг иккинчи хатбошисидаги «Энергетика вазирлигига» сўзлари «Иқтисодиёт ва молия вазирлигига» сўзлари билан алмаштирилсин;

з) 4-илова матни қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«Жаҳон банки иштирокидаги «Ўзбекистон бинолари учун тоза энергия» лойиҳасининг амалга оширилишини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро комиссия

1 И.И. Норқулов — иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари, Комиссия раиси ; 2 Н.Қ. Холмуродов — инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг биринчи ўринбосари; 3 Ф.М. Ташпулатов — соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари; 4 Т.К. Комилов — мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари;».

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2025 йил 11 февраль,

ПҚ-51-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.02.2025 й., 07/25/51/0129-сон; 16.09.2025 й., 07/25/285/0831-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining

qarori

TARKIBI

NAMUNAVIY TARKIBI

NIZOM

SXEMASI

MEZONLARI

ROʻYXATI

TARKIBI

Xalqaro moliya institutlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlari ishtirokidagi loyihalarni tayyorlash va amalga oshirish mexanizmlarini takomillashtirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida

“Oʻzbekiston — 2030” strategiyasida belgilangan maqsadlarga erishish uchun xalqaro moliya institutlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlarining mablagʻlaridan foydalanish samaradorligini oshirish hamda ustuvor ijtimoiy, infratuzilma va atrof-muhitni muhofaza qilish va yashil iqtisodiyotni rivojlantirishga qaratilgan loyihalarni tanlab olish, loyihaoldi hujjatlarini sifatli tayyorlash va baholash, loyihalarni amalga oshirishni jadallashtirish, monitoring va postmonitoring tizimlarini tubdan takomillashtirish maqsadida:

1. 2025-yilda xalqaro moliya institutlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlari ishtirokidagi loyihalarni amalga oshirish boʻyicha quyidagi maqsadli koʻrsatkichlar belgilansin:

davlat kafolati ostida jalb qilinadigan kreditlar hisobidan 5,26 milliard AQSH dollari miqdoridagi mablagʻlarni oʻzlashtirish;

kafolatlanmagan kreditlar hisobidan 2,76 milliard AQSH dollari miqdoridagi mablagʻlarni oʻzlashtirish;

6,17 milliard AQSH dollari miqdoridagi istiqbolli investitsiya loyihalarini amalga oshirish imkoniyatlarini oʻrganish.

2. Mazkur qarorning 1-bandida koʻrsatilgan maqsadli koʻrsatkichlarga erishishni taʼminlash uchun xalqaro moliya institutlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlari (keyingi oʻrinlarda — XMI/XHMT) ishtirokidagi investitsiya loyihalari bilan ishlash boʻyicha Favqulodda shtab 1-ilovaga muvofiq, Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar hududiy shtablari 1.1-ilovaga muvofiq tashkil etilsin.

Favqulodda shtabning vazifalari etib quyidagilar belgilansin:

amalga oshirilayotgan loyihalarni (davlat kafolati ostida va davlat kafolatisiz) jadallashtirish;

tender natijalariga koʻra loyihalar doirasida iqtisod qilingan mablagʻlarni samarali ishlatish yuzasidan takliflarni koʻrib chiqish;

loyihalar doirasida mahalliy kontentni oshirishga qaratilgan manzilli ishlarni tashkil qilish;

XMI/XHMTning Oʻzbekiston Respublikasidagi vakillari ishtirokida loyihalar amalga oshirilishi masalalarini har chorakda muhokama qilib borish va ularning hududlarga tashriflarini tashkil etish;

bajarilayotgan ishlarni qatʼiy nazoratga olish va doimiy ravishda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasiga axborot kiritib borish.

3. 2025-yilda Yevropa tiklanish va taraqqiyot banki ishtirokidagi loyihalar doirasida 1,1 milliard AQSH dollari (shundan 660 million AQSH dollari davlat kafolatisiz), Islom taraqqiyot banki ishtirokidagi loyihalar doirasida 1 milliard AQSH dollari (shundan 630 million AQSH dollari davlat kafolatisiz) oʻzlashtirish belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

Bosh vazir oʻrinbosari J. Xodjayev Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi, tegishli vazirlik va idoralar, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari bilan birgalikda Yevropa tiklanish va taraqqiyot banki, Islom taraqqiyot banki hamda boshqa XMI/XHMT vakillari ishtirokida har yili 1-sentabrga qadar joyiga chiqqan holda tuman (shahar)lar kesimida 5 million AQSH dollaridan va viloyatlar kesimida 50 million AQSH dollaridan kam boʻlmagan (davlat kafolati ostida va davlat kafolatisiz) loyihalar portfelini shakllantirish tizimini yoʻlga qoʻysin.

4. Belgilansinki:

Oʻzbekiston Respublikasi (Oʻzbekiston Respublikasi Hukumati) nomidan va Oʻzbekiston Respublikasining kafolati ostida tashqi qarzlarni jalb qilish toʻgʻrisidagi moliyaviy (qarz, kredit) bitimlar davlat tashqi qarzi uchun belgilangan yillik cheklangan miqdorlarga va Oʻzbekiston Respublikasining investitsiya dasturiga muvofiq ushbu qarorda belgilangan tartibda tuziladi;

davlat tashqi qarzini jalb qilish rejalashtirilayotgan yangi investitsiya loyihalari roʻyxatiga faqat ushbu qarorda belgilangan tartibda loyihani baholash hujjatlari ishlab chiqilgan loyihalar kiritiladi;

Adliya vazirligi Oʻzbekiston Respublikasining investitsiya dasturiga kiritilgan XMI/XHMT ishtirokidagi investitsiya loyihalari boʻyicha moliyaviy (qarz, kredit, tashqi begʻaraz koʻmak) bitimlar yuzasidan huquqiy xulosalarni Hukumatning alohida qarorini qabul qilmasdan taqdim etadi;

davlat tashqi qarzi hisobidan amalga oshiriladigan loyihalar boʻyicha moliyaviy (qarz, kredit) bitimlar, qayta kreditlash toʻgʻrisidagi bitimlar va tashqi qarz jalb etish doirasidagi boshqa bitimlarni imzolash vakolati Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri tomonidan beriladi;

Oʻzbekiston Respublikasi (Oʻzbekiston Respublikasi Hukumati) nomidan XMI/XHMTga loyihani moliyalashtirish yoki unga oʻzgartirish kiritish boʻyicha tegishli soʻrovnoma Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi yoki tegishli XMIda Oʻzbekiston Respublikasi tomonidan belgilangan boshqaruvchi yoxud uning oʻrinbosari tomonidan yuboriladi.

Bunda konsepsiyasi tasdiqlanmagan loyihalarni moliyalashtirish uchun XMI/XHMTga soʻrovnoma Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishgan holda yuboriladi.

5. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq Yevropa tiklanish va taraqqiyot banki, Islom taraqqiyot banki hamda boshqa XMI/XHMT ishtirokidagi loyihalarni tayyorlash va amalga oshirish doirasida:

a) XMI/XHMT ishtirokidagi investitsiya loyihalari vazirlik va idoralarning tasdiqlangan rivojlantirish strategiyalari asosida ishlab chiqiladi;

b) Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligi vazirlik va idoralar tomonidan taklif etilgan loyihani baholash hujjatlarini ishlab chiqishning maqsadga muvofiqligi toʻgʻrisidagi qoʻshma xulosasini koʻrib chiqish uchun oʻn besh ish kuni muddatida Investitsiyalarni jalb qilish, sanoatni rivojlantirish va savdoni tartibga solish masalalari boʻyicha Hukumat komissiyasiga (keyingi oʻrinlarda — Hukumat komissiyasi) kiritadi;

v) Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligining loyihani baholash hujjati boʻyicha ijobiy xulosalari Hukumat komissiyasi tomonidan loyihani navbatdagi yil uchun Investitsiya dasturining davlat tashqi qarzini jalb etish rejalashtirilayotgan investitsiya loyihalari roʻyxatiga kiritish uchun asos boʻladi.

Bunda Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirliklaridan biri ijobiy xulosa taqdim qilmagan hollarda, loyihani ijro etuvchi vazirlik va idora (keyingi oʻrinlarda — Loyihani ijro etuvchi agentlik) tomonidan Hukumat komissiyasiga axborot beriladi;

g) Hukumat komissiyasi tomonidan maʼqullagan loyihalar boʻyicha loyihani baholash hujjatlari Loyihani ijro etuvchi agentliklar tomonidan ishlab chiqiladi;

d) davlat tashqi qarzi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan qaytariladigan va loyiha konsepsiyasi tasdiqlangan loyihalarning loyihani baholash hujjatlarini ishlab chiqish xarajatlari Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti va qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan amalga oshiriladi;

e) Hisob palatasi, Bosh prokuratura, Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligi Loyihani ijro etuvchi agentliklarning baholash guruhlari tasdiqlagan xaridlarning baholash hujjatlari tender texnik topshirigʻiga va tegishli XMI/XHMTning xarid tartib-taomillariga muvofiqligi yuzasidan tanlanma tekshiruvni doimiy ravishda amalga oshirib boradi.

6. Xalqaro moliya institutlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlari ishtirokidagi loyihalarni tayyorlash va amalga oshirish, monitoring va postmonitoring qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

7. Belgilansinki, XMI/XHMT mablagʻlarini jalb qilgan holda amalga oshirilayotgan loyihalarni tayyorlash, muvofiqlashtirish va samarali bajarish, shu jumladan, xaridlar va shartnomalarni oʻz vaqtida amalga oshirish hamda loyihalarning maqsadli natijalariga erishishni taʼminlash uchun shaxsiy javobgarlik Loyihani ijro etuvchi agentliklar va hudud rahbarlariga yuklanadi.

8. Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligining XMI/XHMT ishtirokidagi loyihalarni amalga oshirish guruhlarini tuzish amaliyotini 2025-yil 1-martdan boshlab bosqichma-bosqich tugatish va loyihalarning samarali amalga oshirilishini taʼminlash boʻyicha barcha funksiyalarni Loyihani ijro etuvchi agentliklarning tegishli boʻlinmalariga yuklash toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.

9. Loyihani ijro etuvchi agentliklarga loyihadan koʻzlangan natijalarga erishishni taʼminlash maqsadida ushbu qarorda hamda XMI/XHMT bilan tuzilgan tegishli moliyaviy bitimlarda belgilangan tartibda xarid qilish tartib-taomillarini amalga oshirish va shartnomalarni boshqarish uchun mahalliy va xalqaro ekspertlarni, shu jumladan, ixtisoslashtirilgan tashkilotlarni jalb etishga ruxsat berilsin.

10. Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi markaziy apparati tuzilmasida XMI/XHMT bilan hamkorlik masalalariga masʼul vazirning oʻrinbosari lavozimi kiritilsin.

11. Belgilansinki, xaridlar qatnashchilarining takliflarini baholash maqsadida Loyihani ijro etuvchi agentlik rahbarining buyrugʻiga muvofiq baholash guruhi tuziladi va uning tarkibiga majburiy tarzda Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi, Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligi vakillari va qoidaga koʻra, loyiha doirasida jalb etilgan xaridlar boʻyicha xalqaro va (yoki) mahalliy maslahatchi kiritilishi lozim.

12. Davlat aktivlarini boshqarish agentligi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birgalikda 2025-yil yakuniga qadar davlat ishtirokidagi korxonalarning investitsiya loyihalarini Oʻzbekiston Respublikasi davlat kafolatisiz bozor shartlarida moliyalashtirishni nazarda tutgan holda, har bir korxonaning besh yillik rivojlanish strategiyalari ishlab chiqilishini taʼminlasin.

13. Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi:

XMI/XHMTlar va Loyihani ijro etuvchi agentliklar bilan birgalikda loyihalarni amalga oshirishda ishtirok etuvchi mutaxassislarni tayyorlash boʻyicha doimiy oʻquv kurslarini tashkil etsin;

2025-yil 1-iyunga qadar Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda “Investitsiya loyihalarini amalga oshirishni nazorat va monitoring qilish” avtomatlashtirilgan axborot tizimini belgilangan tartibda axborot va kiberxavfsizlik talablariga muvofiqligi yuzasidan ekspertizadan oʻtkazib, XMI/XHMT tomonidan moliyalashtiriladigan loyihalar doirasida elektron xaridlarni amalga oshirish boʻyicha maxsus axborot portalini ishga tushirsin hamda raqamli xarid tartib-qoidalariga oʻtilishini taʼminlasin;

davlat tashqi qarzi hisobidan amalga oshirilayotgan loyihalar (loyiha qiymati, qarz miqdori, shartlari va loyiha maqsadlari), tenderlarning natijalari toʻgʻrisidagi Loyihani ijro etuvchi agentliklarning maʼlumotlari vazirlikning maxsus axborot portalida joylashtirilishini taʼminlab borsin;

Adliya vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birgalikda uch oy muddatda davlat tashqi qarzi hisobidan amalga oshiriladigan loyihalar bilan bogʻliq tashkiliy-boshqaruv jarayonlarni takomillashtirish boʻyicha takliflarni Vazirlar Mahkamasiga kiritsin;

Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birgalikda uch oy muddatda vazirlik va idoralar huzurida tashkil etilgan ilmiy-texnik kengashlar faoliyatini tartibga solish boʻyicha reglament ishlab chiqib, tasdiqlash uchun Vazirlar Mahkamasiga kiritsin. Bunda tegishli vazirlik va idoralar rahbari ilmiy-texnik kengashlar rahbari etib belgilanishi nazarda tutilsin.

14. Belgilansinki, Iqtisodiyot va moliya vazirligi Davlat budjeti taqchilligini moliyalashtirish uchun loyihalarni (dasturlar) amalga oshirish boʻyicha muzokaralarda qatnashish uchun Hukumat delegatsiyasi tarkibini shakllantirish, muzokara oʻtkazish, mablagʻlarni jalb etish boʻyicha masʼul hisoblanadi. Bunda, Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi vakili majburiy tarzda delegatsiya tarkibiga kiritiladi.

15. Oʻzbekiston Respublikasining Xalqaro moliya institutlaridagi boshqaruvchilari va ularning oʻrinbosarlari, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasidan Xalqaro moliya institutlaridagi boshqaruvchi idorasi vazifalari yuklangan vazirlik va idoralar roʻyxati 3-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

16. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining ayrim qarorlariga 4-ilovaga muvofiq oʻzgartirishlar kiritilsin.

17. Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi:

bir oy muddatda xarid hujjatlaridan foydalanish hamda shartnomalarni roʻyxatga olish tartiblarini ishlab chiqib belgilangan tartibda roʻyxatdan oʻtkazish uchun Adliya vazirligiga kiritsin;

uch oy muddatda qonunchilik hujjatlariga ushbu qarordan kelib chiqadigan oʻzgartirish va qoʻshimchalar toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritsin.

18. Mazkur qarorning ijrosini samarali tashkil qilishga masʼul va shaxsiy javobgar etib investitsiyalar, sanoat va savdo vaziri L.Sh. Qudratov belgilansin.

Qaror ijrosini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vaziri A.N. Aripov va Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosarlari J.A. Xodjayev va J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 11-fevraldagi PQ-51-son qaroriga 1-ILOVA

Xalqaro moliya institutlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlari ishtirokidagi investitsiya loyihalari bilan ishlash boʻyicha Favqulodda shtab

1. A.N. Aripov — Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri, Favqulodda shtab rahbari 2. N.T. Yoʻldoshev — Bosh prokuror, Favqulodda shtab rahbarining oʻrinbosari 3. J.A. Xodjayev — Bosh vazir oʻrinbosari, Favqulodda shtab rahbarining oʻrinbosari 4. Sh.A. Vafayev — Oʻzbekiston tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasi ijrochi direktori, Favqulodda shtab rahbarining oʻrinbosari 5. A.A. Abduxakimov — ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vaziri 6. Sh.S. Xidoyatov — qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vaziri 7. Lavozimi boʻyicha — investitsiyalar, sanoat va savdo vaziri oʻrinbosari 8. S.A. Sadullayev — iqtisodiyot va moliya vaziri oʻrinbosari 9. J.X. Karshibayev — iqtisodiyot va moliya vaziri maslahatchisi 10. T.Yu. Rapikov — Vazirlar Mahkamasi kotibiyat mudiri 11. Lavozimi boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlari 12. Lavozimi boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar prokurorlari

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 11-fevraldagi PQ-51-son qaroriga 1.1.-ILOVA

Xalqaro moliya institutlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlari ishtirokidagi investitsiya loyihalari bilan ishlash boʻyicha hududiy shtablarning

1. Lavozimi boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlari 2. Lavozimi boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi investitsiyalar, sanoat va savdo vaziri, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlarining investitsiyalar, sanoat va savdo masalalari boʻyicha oʻrinbosarlari , Hududiy shtab rahbari oʻrinbosari 3. Lavozimi boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar prokurorlari, Hududiy shtab rahbarining oʻrinbosari 4. Lavozimi boʻyicha — Iqtisodiyot va moliya vazirligining hududiy boshqarmalari boshliqlari 5. Lavozimi boʻyicha — tuman (shahar) hokimlari 6. Lavozimi boʻyicha — Savdo-sanoat palatasi tuman (shahar) boʻlimi rahbarlari

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 11-fevraldagi PQ-51-son qaroriga 2-ILOVA

Xalqaro moliya institutlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlari ishtirokidagi loyihalarni tayyorlash va amalga oshirish, monitoring va postmonitoring qilish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasining davlat kafolati ostida yoki Oʻzbekiston Respublikasi (Oʻzbekiston Respublikasi Hukumati) nomidan jalb etiladigan xalqaro moliya institutlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlarining (keyingi oʻrinlarda — XMI/XHMT) qarzlari (kreditlari) hisobidan toʻliq yoki qisman moliyalashtiriladigan loyihalarni tayyorlash va amalga oshirish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

xalqaro moliya institutlari (XMI) — Oʻzbekiston Respublikasi aʼzo boʻlgan hamda davlatlararo bitimlar asosida tashkil etilgan moliyaviy va iqtisodiy tashkilotlar;

xorijiy hukumat moliya tashkilotlari (XHMT) — xorijiy hukumat moliya tashkilotlari, shu jumladan, davlat banklari va rivojlanish jamgʻarmalari hamda eksport-import agentliklari va xorijiy tijorat banklari;

Tarmoq ilmiy-texnik kengashi (TITK) — ijro etuvchi agentlikning loyihani amalga oshirishning maqsadga muvofiqligini baholovchi kollegial organi. Agar TITK boʻlmasa, uning funksiyalari ushbu Nizomga muvofiq ijro etuvchi agentlik tomonidan tashkil etilgan kollegial organ tomonidan amalga oshiriladi;

imzolovchi — XMI/XHMT bilan moliyaviy yoki qarz bitim imzolashga vakolatli vazirlik, idora yoki tashkilotlarning rahbari yoki rahbar oʻrinbosari;

hamkorlik strategiyasi (dasturi) — hamkorlik, moliyalashtirish va qoʻllab-quvvatlashning asosiy ustuvor yoʻnalishlarini oʻz ichiga olgan, muayyan davr uchun Oʻzbekiston Respublikasining XMI/XHMT bilan hamkorligining asosiy yoʻnalishlarini belgilovchi XMI/XHMT dasturi;

bitimlar — Oʻzbekiston Respublikasi/Oʻzbekiston Respublikasi Hukumati nomidan yoki Oʻzbekiston Respublikasining davlat kafolati ostida XMI/XHMT bilan imzolanadigan qarz (moliya) va loyiha bitimlari, shuningdek, qayta kreditlash toʻgʻrisidagi bitimlar, moliyaviy kelishuvlar, subsidiar bitimlar, tashqi begʻaraz koʻmak bitimlari, huquq va talablarni topshirish toʻgʻrisidagi bitimlar;

loyihani tayyorlash uchun avans — XMI/XHMT ishtirokidagi loyihalarni tayyorlash uchun taqdim etilgan XMI/XHMT qarz mablagʻlari;

xarid agenti — XMI/XHMT xarid tamoyillari va qoidalariga muvofiq xaridlarni amalga oshirishga ixtisoslashgan kompaniya (tashkilot). Xarid agentlari tanlov usullari, XMI/XHMT xarid tamoyillari va qoidalariga muvofiq tanlanishi mumkin;

loyihani baholash hujjati (LBH) — texnik, iqtisodiy, moliyaviy, huquqiy, operatsion, institutsional parametrlar va maqsadli natijalarni baholovchi, XMI/XHMT metodologiyasi asosida tayyorlangan hamda XMI/XHMT ishtirokidagi loyihaning prognoz parametrlarini belgilovchi loyihaoldi hujjat;

qarz muzokaralari — Oʻzbekiston Respublikasining vakolatli vakillari va XMI/XHMT oʻrtasida moliyaviy hamda loyiha bitimlari loyihalari, XMI/XHMT tomonidan taqdim etiladigan moliyalashtirish shartlari va LBH kelishiladigan muzokaralar;

xarid qilish rejasi — sotib olinadigan shartnoma paketlarining qisqacha tavsifi, qoʻllash nazarda tutilgan xarid qilish usullari roʻyxati, xarajatlar smetalari, ishlarni bajarish jadvallari. Loyiha boʻyicha xaridning dastlabki rejasi loyihani amalga oshirishning kamida dastlabki oʻn sakkiz oyini hisobga olgan holda tayyorlanishi va qarz muzokaralari davomida XMI/XHMT bilan kelishilgan boʻlishi va zarur hollarda, hukumat va XMI/XHMT oʻrtasidagi moliyalashtirish shartnomalariga muvofiq yangilanishi kerak;

xaridlar — bu xaridga boʻlgan ehtiyojni aniqlashdan boshlanadigan va xarid rejasini ishlab chiqish, uning oʻziga xos xususiyatlarini (talablarni) belgilash, loyiha uchun ajratilgan mablagʻlar hajmini koʻrib chiqish, ishtirokchini tanlash, gʻolib ishtirokchi bilan shartnoma tuzish va shartnomani boshqarish bilan davom etadigan tovarlar, ishlar va xizmatlarni olish uchun oldindan xaridlarni oʻz ichiga olgan jarayon. Kafolat muddatining oxirgi sanasi xarid jarayoni tugagan sana hisoblanadi;

oldindan xarid — XMI/XHMT bilan moliyalashtirish toʻgʻrisidagi bitim imzolangunga qadar tovarlar, ishlar va (yoki) xizmatlarni yetkazib beruvchilarni tanlash uchun amalga oshiriladigan xaridlar;

ijro etuvchi agentlik — XMI/XHMT ishtirokida loyihani amalga oshirish uchun masʼul boʻlgan davlat organlari, budjet tashkilotlari va boshqa yuridik shaxslar;

loyihani amalga oshirish guruhi (LAOG) — ijro etuvchi agentlik tomonidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda va XMI/XHMT bilan tuzilgan bitimlar shartlariga muvofiq loyihani amalga oshirish uchun tashkil etiladigan boʻlinma (tashkilot);

Hukumat komissiyasi — Investitsiyalarni jalb qilish, sanoatni rivojlantirish va savdoni tartibga solish masalalari boʻyicha Hukumat komissiyasi;

XMI/XHMT xarid tamoyillari va qoidalari — loyiha doirasida ishlar, tovarlar va xizmatlar xaridini tashkil etish va amalga oshirish uchun XMI/XHMT qoidalari va talablari koʻrsatilgan, XMI/XHMT tomonidan tasdiqlangan prinsiplar va qoidalar toʻplami;

loyiha hujjatlari — loyihaning tasdiqlangan baholovchi hujjatlari asosida ishlab chiqilgan meʼmoriy, qurilish va shaharsozlik, texnik yechimlar va qurilishning taxminiy narxini oʻz ichiga olgan hujjatlar;

retroaktiv moliyalashtirish — qarz oluvchi (ijro etuvchi agentlik), Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti va budjetdan tashqari jamgʻarmalar (Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishilgan hollarda) hamda qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan qarz bitimi kuchga kirgunga qadar amalga oshirilgan va XMI/XHMT bilan kelishilgan xarajatlarni qoplash vositasi. Retroaktiv moliyalashtirishni talab qiladigan tovarlar, ishlar va xizmatlar XMI/XHMT xarid siyosati va tartib-qoidalariga muvofiq xarid qilinishi kerak;

loyihani boshqarish qoʻllanmasi (LBQ) — loyihani amalga oshirish qoidalari, usullari, tavsiyalari va tartiblarini belgilaydigan hujjat, shu jumladan:

loyihaning batafsil tavsifi va uni amalga oshirish tartibi;

loyihani monitoring qilish, baholash, hisobot berish va boshqarish tartiblari;

loyiha doirasida mablagʻ ajratish, moliyaviy boshqaruv, audit va xaridlarni amalga oshirish tartibi;

texnik yordam — XMI/XHMT yoki boshqa donorlar tomonidan tajriba-qurilish ishlari, ilmiy yoki boshqa tadqiqotlar oʻtkazish, kadrlarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish, maslahat xizmatlarini koʻrsatish, asbob-uskunalar va texnologiyalarni xarid qilish va boshqa maqsadlar uchun tovarlar, ishlar, xizmatlar va (yoki) moliyaviy koʻrinishida taqdim etiladigan maqsadli grant mablagʻlari;

eslatma yozuvi, memorandum va bayonnoma — XMI/XHMT tomonidan tayyorgarlik va baholash missiyalari yakunlari boʻyicha tayyorlangan hujjatlar;

favqulodda vaziyat — keng koʻlamda insoniy, moddiy, iqtisodiy va ekologik yoʻqotishlarga olib keluvchi potensial tabiiy hodisalar, sogʻliqni saqlash, oziq-ovqat xavfsizligi sohasidagi favqulodda vaziyatlar, ishlab chiqarishdagi baxtsiz hodisalar, mojarodan keyingi vaziyatlar bilan bogʻliq kutilmagan holatlar.

2-bob. XMI/XHMT bilan hamkorlik strategiyalarini (dasturlarini) shakllantirish tartibi

3. Hamkorlik strategiyalari (dasturlari) Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti bilan kelishilgan holda XMI/XHMT tomonidan qabul qilinadi hamda islohotlarning ustuvor yoʻnalishlarini hamda ijtimoiy sektor, infratuzilma va kommunikatsiyalarni rivojlantirishni qoʻllab-quvvatlash, iqtisodiy raqobatbardoshlikni oshirish va ekologik barqarorlikni taʼminlashga qaratilgan investitsiya loyihalarini qamrab oladi.

4. Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi XMI/XHMT bilan hamkorlik strategiyalari va investitsiya dasturlari boʻyicha tashabbus bildirish, tayyorlash, amalga oshirish va monitoring qilish jarayonida davlat organlari faoliyatini muvofiqlashtirish uchun javob beradi.

5. Ijro etuvchi agentliklar Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligiga har yili 1-martdan kechiktirmasdan XMI/XHMT bilan birgalikda hamkorlik strategiyalari (dasturlari) doirasida ishlab chiqilayotgan, imzolangan, amalga oshirilayotgan va amalga oshirilgan loyihalar holati toʻgʻrisidagi jamlanma hisobotni oʻz vaqtida taqdim etish uchun javobgar hisoblanadi.

6. Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi 15-aprelga qadar taqdim qilingan hisobotlar asosida loyihalar doirasida kompleks oʻrganish oʻtkazadi va tizimli muammolar hamda loyihalarni jadallashtirish yuzasidan tegishli takliflarni Hukumat komissiyasiga qaror qabul qilish uchun kiritadi.

7. Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi vazirlik va idoralar talabiga binoan XMI/XHMT bilan hamkorlik strategiyalariga (dasturlariga) kiritish va muhokama qilish uchun ishlab chiqilayotgan investitsiya loyihalari roʻyxatini shakllantiradi.

3-bob. XMI/XHMT ishtirokidagi investitsiya loyihalarini shakllantirish tartibi

8. Xalqaro moliya institutlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlari ishtirokida investitsiya loyihalarini ishlab chiqish, kelishish va amalga oshirish ushbu Nizomga 1-ilovadagi sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

Bunda investitsiya loyihalarini ishlab chiqish vazirlik va idoraning tasdiqlangan rivojlantirish strategiyasi asosida amalga oshiriladi.

9. Har yili 1-mayga qadar Iqtisodiyot va moliya vazirligi taraqqiyot va amalga oshirilayotgan islohotlarning asosiy yoʻnalishlarini belgilab beruvchi milliy strategiyada belgilangan ustuvor maqsad va vazifalardan kelib chiqib, kelgusi uch yilga davlat tashqi qarzi hisobidan investitsiya loyihalarini amalga oshirish uchun yillik limitlar boʻyicha prognozlar va ustuvor yoʻnalishlarni Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligiga taqdim etadi.

10. Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi tegishli vazirlik va idoralarga loyiha konsepsiyalarini taqdim etish boʻyicha soʻrovni har yili 5-mayga qadar yuboradi.

11. Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi har yili 15-avgustga qadar yillik limitlar boʻyicha prognozlar va ustuvor yoʻnalishlar doirasida tegishli vazirlik va idoralardan ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq loyiha konsepsiyasining (dastlabki loyihani baholovchi hujjatlar) tuzilishiga koʻra loyiha konsepsiyalarini qabul qiladi. Kelib tushgan loyiha konsepsiyalari vazirlikning rasmiy veb-sahifasida eʼlon qilinadi va oʻn kun davomida jamoatchilik muhokamasi oʻtkaziladi.

12. Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligi loyiha konsepsiyalarini birgalikda jamoatchilik muhokamasida bildirilgan fikrlarni inobatga olgan holda koʻrib chiqib, ushbu Nizomga 3-ilovaga muvofiq loyiha konsepsiyalarini ustuvorlik boʻyicha baholash mezonlariga asosan jamlanma loyihalar roʻyxatini koʻrib chiqish va tasdiqlash uchun Hukumat komissiyasiga har yili 30-sentabrgacha qoʻshma xulosasi orqali taqdim etadi. Bunda:

loyihalarning umumiy qiymati uch yillik prognoz limitlar hajmidan oshmaydi;

loyihalarning taraqqiyot va amalga oshirilayotgan islohotlar asosiy yoʻnalishlarini belgilab beruvchi milliy strategiyada belgilangan maqsadlarga mosligi, loyihaning iqtisodiy samaradorligi va ijtimoiy ahamiyatidan kelib chiqib, uni amalga oshirish maqsadga muvofiqligi belgilanadi.

13. Amalga oshirish uchun taklif etilayotgan va istiqbolli loyihalarning jamlanma roʻyxati Hukumat komissiyasi tomonidan har yili 1-dekabrga qadar tasdiqlanadi.

Hukumat komissiyasi tomonidan tasdiqlangan loyihalarning jamlanma roʻyxati navbatdagi Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiya dasturining loyihaoldi va loyiha hujjatlarini ishlab chiqish, kelishish va tasdiqlash talab etiladigan investitsiya loyihalari roʻyxatini aks etuvchi ilovasiga kiritiladi.

Jamlanma roʻyxatga kiritilgan investitsiya loyihalari boʻyicha ushbu Nizomga 4-ilovaga muvofiq loyihani baholash hujjati tuzilishiga asosan yagona LBH ishlab chiqiladi.

14. Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar dasturiga kiritilgan davlat qarzi hisobidan amalga oshiriladigan loyihalar roʻyxatiga oʻzgartirishlar Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi qoʻshma xulosasi asosida Hukumat komissiyasi tomonidan kiritiladi. Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi qoʻshma xulosasi mavjud boʻlmagan loyihalarni Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar dasturiga kiritishga yoʻl qoʻyilmaydi.

Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirliklaridan biri ijobiy xulosa taqdim qilmagan hollarda, ijro etuvchi agentlik tomonidan Hukumat komissiyasiga axborot beriladi.

15. Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi yoki tegishli XMIda Oʻzbekiston Respublikasi tomonidan belgilangan boshqaruvchi yoki uning oʻrinbosari Hukumat komissiyasi tomonidan tasdiqlangan amalga oshirish uchun taklif etilayotgan va istiqbolli loyihalarni moliyalashtirish uchun XMI/XHMTga soʻrovnoma yuboradi.

Konsepsiyasi tasdiqlanmagan loyihalarni moliyalashtirish uchun XMI/XHMTga soʻrovnoma Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishgan holda yuboriladi.

16. LBH ishlab chiqish maqsadida Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi ijro etuvchi agentlik bilan birgalikda XMI/XHMT tayyorgarlik va baholash missiyalarini tashkil etish uchun javobgar hisoblanadi.

Tayyorgarlik va baholash missiyalari doirasida ijro etuvchi agentlik XMI/XHMT talabiga binoan kerakli maʼlumotlar taqdim etilishini taʼminlaydi. Agar soʻralgan maʼlumotlar maxfiy boʻlsa, ijro etuvchi agentlik XMI/XHMT bilan maxfiylik shartnomasini imzolaydi.

ijro etuvchi agentlik rahbari yoki uning vakolatli vakili investitsiya loyihasi doirasida Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi vakillari bilan birgalikda barcha XMI/XHMT missiyalarida majburiy tarzda qatnashadi, missiyalar yakunlari boʻyicha tayyorlangan hujjatlar yuzasidan oʻz xulosalari va tavsiyalarini (eslatma yozuvi, memorandum, bayonnoma) uch ish kuni ichida taqdim etadi.

XMI/XHMT tomonidan tayyorgarlik va baholash missiyalari yakunlari boʻyicha tayyorlangan hujjatlarga (eslatma yozuvi, memorandum, bayonnoma) Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan sharhlar taqdim etilmagan hollarda, ushbu hujjatlar oʻn ish kunidan keyin tasdiqlangan (qabul qilingan) hisoblanadi.

17. XMI/XHMT ishtirokidagi loyihalarning tayyorlanishi, baholanishi va amalga oshirilishi ustidan nazorat ijro etuvchi agentlik rahbari, zarurat boʻlganda manfaatdor vazirliklar, idoralar, TITK, loyiha va ilmiy-tadqiqot institutlari ekspertlarini jalb etgan holda amalga oshiriladi.

LBHda qayd qilingan texnik-texnologik yechimlar va qiymat parametrlari boʻyicha ijro etuvchi agentligi, TITK va loyihani ishlab chiqishda qatnashayotgan loyiha instituti javobgar hisoblanadi.

18. Loyihani tayyorlash XMI/XHMTning tashqi begʻaraz koʻmak mablagʻlari, avans qarz mablagʻlari, ijro etuvchi agentlikning oʻz mablagʻlari, shuningdek, ushbu maqsadlar uchun nazarda tutilgan Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti va budjetdan tashqari jamgʻarmalar mablagʻlari (Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishilgan holda) hamda qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan amalga oshirilishi mumkin.

Agar XMI/XHMT loyihani tayyorlash uchun texnik yordam mablagʻlarini ajratsa, ijro etuvchi agentlik texnik yordam koʻrsatish toʻgʻrisidagi bitimni yoki XMI/XHMT qoidalari va tartiblarida nazarda tutilgan boshqa shunga oʻxshash hujjatni imzolaydi va hujjat nusxasi Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligiga roʻyxatga olish uchun yuboriladi.

Ijro etuvchi agentliklar loyihani tayyorlash uchun avans yoki retroaktiv moliyalashtirish usulini tanlagan holda ruxsat etilgan xarajatlar qiymati va roʻyxati XMI/XHMT, Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi bilan kelishiladi. XMI/XHMT qoidalari gʻaznachilik hisobvaraqlaridan foydalanishni nazarda tutmagan hollarda ijro etuvchi agentliklarga XMI/XHMT uchun maqbul boʻlgan tijorat bankida loyiha maqsadlari uchun maxsus hisobvaraqlarini ochishga ruxsat beriladi. LBHni ishlab chiqish ijro etuvchi agentlik tomonidan XMI/XHMT bilan birgalikda ushbu Nizomga 4-ilovaga muvofiq amalga oshiriladi. LBH ijro etuvchi agentlikning TITK tomonidan tasdiqlanishi shart.

Loyihaning dastlabki qiymati qurilishning taxminiy qiymati, tovarlarni (ishlarni va xizmatlarni) xarid qilish xarajatlari, shuningdek, loyihani tayyorlash va amalga oshirish bilan bogʻliq boshqa xarajatlar, shu jumladan, XMI/XHMT metodologiyasiga muvofiq jismoniy va (yoki) narx oʻzgarishi xarajatlarini qoplash uchun zaxira yaratish asosida shakllantiriladi.

LBHda koʻzda tutilgan zaxira miqdori XMI/XHMT tomonidan qoʻllaniladigan metodologiyaga muvofiq shakllantiriladi va qurilish ishlarining hajmini yoki xarid qilingan tovarlar miqdorini yoki tovarlarning (ishlar va xizmatlarning) haqiqiy qiymatini oʻzgartirish bilan bogʻliq xarajatlarni qoplash uchun ishlatiladi.

19. Jalb qilingan qarz mablagʻlarining 80 foizidan ortigʻi tijorat banklari yoki boshqa moliya tashkilotlari orqali qayta moliyalashtiriladigan kredit liniyalarini taqdim etishga, shuningdek, institutsional rivojlanish loyihalari (budjetni qoʻllab-quvvatlash loyihalari), natijaga asoslangan moliyalashtirish instrumenti orqali jalb qilinadigan loyihalar va dastur uchun LBH talab etilmaydi.

20. LBHni ishlab chiqish bilan bir qatorda ijro etuvchi agentligi tashqi begʻaraz koʻmak mablagʻlari, avans qarz mablagʻlari, retroaktiv moliyalashtirish, ijro etuvchi agentlikning oʻz mablagʻlari yoki ushbu maqsadlar uchun nazarda tutilgan Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti va budjetdan tashqari jamgʻarmalar mablagʻlari (Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishilgan holda) hamda qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtirilishi mumkin boʻlgan loyiha-smeta, xarid hujjatlari va atrof-muhitga taʼsir toʻgʻrisidagi ariza (ATTA) loyihasini tayyorlashi mumkin.

Bunda ATTA Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi bilan kelishilishi shart.

21. LBHni koʻrib chiqish va baholash Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan bir vaqtning oʻzida yigirma besh ish kuni muddatda amalga oshiriladi. Bunda:

Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi — loyihani amalga oshirish iqtisodiy maqsadga, tasdiqlangan investitsiya siyosatining ustuvor yoʻnalishlariga, texnik iqtisodiy yechimlar, natijalar matritsasi hamda XMI/XHMT bilan hamkorlik strategiyasiga (dasturiga) muvofiqligini baholaydi;

Iqtisodiyot va moliya vazirligi — jalb etilayotgan qarz mablagʻlarini toʻlash uchun mablagʻ manbalarini aniqlash, shuningdek, nazarda tutilgan budjet mablagʻlarini qoʻshimcha soliq va bojxona imtiyozlarini berish maqsadga muvofiqligi va hajmlari boʻyicha ekspertizadan oʻtkazadi.

Bunda:

LBHni texnik-texnologik yechimlar, uskunalar narxlari, qurilish qiymati, moliyaviy-iqtisodiy samaradorligi boʻyicha belgilangan muddat ichida ekspertizadan oʻtkazish uchun Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan “Loyiha va import kontraktlarini kompleks ekspertiza qilish markazi” DUK Oʻzbekiston Respublikasining ijtimoiy va ishlab chiqarish infratuzilmasini rivojlantirish dasturi mablagʻlari hisobidan jalb etilishi mumkin.

XMI/XHMT ishtirokidagi loyihalar boʻyicha ishlar, tovarlar va xizmatlar uchun narxlar ushbu maqsadlar uchun qoʻllaniladigan XMI/XHMT metodologiyasiga muvofiq LBHda aniqlanadi.

Ijro etuvchi agentligi XMI/XHMT ishtirokidagi loyihalar doirasida LBH, LBHni tayyorlash va tovarlar, ishlar va xizmatlar narxlarini aniqlash uchun XMI/XHMTga maqbul boʻlgan loyihalash tashkilotlari va konsalting kompaniyalarini jalb qilish huquqiga ega.

22. Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligining LBH boʻyicha xulosalari va LBH Hukumat komissiyasi yigʻilishida koʻrib chiqish uchun kiritiladi hamda loyihani Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiya dasturiga kiritish uchun asos boʻladi.

23. Investitsiya, sanoat va savdo vazirligi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi sharhlari/mulohazalarini hisobga olgan yakuniy LBH Hukumat komissiyasi yigʻilishining bayoni bilan tasdiqlanadi.

Loyihaning tasdiqlangan LBHsi har bir betida LBH tasdiqlangan Hukumat komissiyasi bayoni raqami va sanasi hamda Vazirlar Mahkamasining shtempeli bilan majburiy belgi qoʻyiladi.

24. Tasdiqlangan LBH va XMI/XHMT bilan Qarz bitimi imzolanishi investitsiya loyihani Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiya dasturining tashqi davlat qarzi jalb qilingan holda amalga oshiriladigan investitsiya loyihalarning manzilli roʻyxatiga kiritish uchun asos boʻladi.

25. LBHda jalb etilayotgan qarz (kredit)ni budjet ajratmalari hisobidan soʻndirishni koʻzda tutgan holda, tasdiqlangan LBHning bir nusxasi ijro etuvchi agentlik tomonidan Iqtisodiyot va moliya vazirligiga beriladi.

26. Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiya dasturiga kiritilmagan XMI/XHMT ishtirokidagi loyihalar Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining alohida qarori asosida amalga oshiriladi.

4-bob. Loyihani amalga oshirishda ijro etuvchi agentlikning huquqlari va majburiyatlari

27. Loyihalarning oʻz vaqtida va samarali tayyorlanishini va amalga oshirilishini taʼminlash ijro etuvchi agentlik tarkibidagi boʻlinmaga va/yoki LAOGga yuklatilishi mumkin.

XMI/XHMT bilan imzolanadigan bitimlarda loyihani amalga oshirish maqsadida LAOG tashkil etish, belgilangan hollarda ijro etuvchi agentligi tarkibida alohida yuridik shaxs yoki boʻlinma sifatida LAOG tashkil qilinishi mumkin.

28. Bir xil turdagi loyihalarni (maqsadlari, vazifalari, mavzusi, tarkibi, moliyalashtirish manbalari va boshqalar boʻyicha oʻxshash) amalga oshirish uchun XMI/XHMT bilan kelishilgan holda birlashtirilgan LAOG tashkil qilinishi mumkin. Bitta XMI/XHMT tomonidan moliyalashtiriladigan loyihani amalga oshirish funksiyalari ham joriy ishlar hajmidan kelib chiqib mavjud LAOGga yuklanishi mumkin.

29. LAOG faoliyati Oʻzbekiston Respublikasi qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.

30. Ijro etuvchi agentlik tarkibidagi boʻlinma va LAOGning asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:

loyiha hujjatlarini ishlab chiqish va vakolatli organlarda ekspertizadan oʻtkazishni tashkil etish;

loyihaning qarz va moliyaviy bitimlar hamda LBHga muvofiq amalga oshirilishini, shuningdek, loyihalarni amalga oshirishning barcha bosqichlarida qarorlarning oʻz vaqtida qabul qilinishini taʼminlash;

shartnomalar monitoringi va ijrosini, moliyaviy va boshqa resurslardan samarali va maqsadli foydalanishni taʼminlash;

oʻz vakolatlari doirasida XMI/XHMT ishtirokida amalga oshiriladigan loyiha boʻyicha XMI/XHMT bilan oʻzaro hamkorlik qilish;

XMI/XHMT bilan kelishilgan shakl va tarkib boʻyicha hisobot va maʼlumotlarni soʻrov boʻyicha taqdim etish.

31. Yuklangan asosiy vazifalarga muvofiq ijro etuvchi agentlik tarkibidagi boʻlinma va/yoki LAOG quyidagi huquqlarga ega:

maslahatchi sifatida yuqori malakali mutaxassislarni jalb qilish;

loyihani amalga oshirish masalalari boʻyicha davlat boshqaruvi organlari, mahalliy davlat hokimiyati organlari va boshqa tashkilotlardan belgilangan tartibda axborot olish;

loyihalarni amalga oshirishdagi muammoli masalalarni aniqlash va ularni hal etish chora-tadbirlarini ishlab chiqish uchun davlat boshqaruvi organlari, mahalliy davlat hokimiyati organlari va boshqa tashkilotlar, XMI/XHMT va boshqa ijro etuvchi agentlik vakillari bilan uchrashuvlar tashkil etish va oʻtkazish.

Ijro etuvchi agentlik tarkibidagi boʻlinma va/yoki LAOG qonunchilik hujjatlarida, shuningdek, XMI/XHMT qoidalari va tartib-taomillarida nazarda tutilgan boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

32. Ijro etuvchi agentlik tarkibidagi boʻlinma va/yoki LAOG quyidagi majburiyatlarga ega:

moliya bitimlari talablariga, XMI/XHMT qoidalari va tartib-taomillariga, Oʻzbekiston Respublikasi qonunchilik hujjatlariga rioya etish. Agar XMI/XHMT tartib-taomillarida Oʻzbekiston Respublikasi qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilganidan boshqacha qoidalar belgilangan boʻlsa, unda XMI/XHMT tartib-taomillari qoʻllaniladi;

ijro etuvchi agentlikning loyiha maqsadlariga zid boʻlmagan farmoyishlari, buyruqlari, qarorlari, topshiriqlarini bajarish;

jalb etilgan maslahatchilar, yuqori malakali mutaxassislar ishiga koʻmaklashish va muvofiqlashtirish;

loyihani amalga oshirish bilan bogʻliq maʼlumotlarning maxfiyligini saqlash;

belgilangan tartibda ish yuritish, loyihani amalga oshirish va yakunlash bilan bogʻliq hujjatlarni saqlash, loyiha tugagandan soʻng esa hujjatlarni belgilangan tartibda saqlash uchun ijro etuvchi agentlikka topshirish;

Ijro etuvchi agentlik tarkibidagi boʻlinma va/yoki LAOG qonunchilik hujjatlarida, shuningdek, XMI/XHMT qoidalari va tartib-taomillarida nazarda tutilgan boshqa majburiyatlarni ham oʻz zimmasiga oladi.

33. Ijro etuvchi agentlik tarkibidagi boʻlinma va/yoki LAOG oʻziga yuklangan vazifalarning oʻz vaqtida va sifatli bajarilishi, shuningdek, loyihani amalga oshirish masalalariga oid tayyorlangan hujjatlar va boshqa maʼlumotlarning ishonchliligi va sifati uchun javobgardir.

34. Ijro etuvchi agentlik tarkibidagi boʻlinma va/yoki LAOG har oy Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligiga loyihaning amalga oshirilishiga toʻsqinlik qiladigan holat va masalalarni batafsil tavsiflovchi ishlarning borishi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni, ularni hal qilish boʻyicha takliflarni, shuningdek, hisobotlar va boshqa kerakli maʼlumotlarni taqdim etadi.

35. Ijro etuvchi agentlikning rahbari loyihani boshqarish qoʻllanmasini, loyiha hujjatlarini ishlab chiqish, loyihani oʻz vaqtida va sifatli amalga oshirish, shuningdek, ijro etuvchi agentlik tarkibidagi boʻlinma va/yoki LAOGning samarali ishlashini taʼminlash uchun javobgardir.

36. Ijro etuvchi agentlik tarkibidagi boʻlinma va/yoki LAOG xodimlari ish samaradorligini baholash natijalari asosida ishdan boʻshatilishi mumkin.

Bunda LAOGning asosiy xodimlari (menejer, xaridlar, moliyaviy boshqaruv boʻyicha xodimlar) bilan shartnomani bekor qilish holatlari toʻgʻrisida (sabablarini tegishli tushuntirish bilan) ushbu shartnomani bekor qilish sanasidan ikki hafta oldin XMI/XHMT va Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligiga xabar berilishi kerak.

37. Ijro etuvchi agentlik tarkibidagi boʻlinma va/yoki LAOG xodimlarining ish samaradorligini baholash har chorakda Investitsiya, sanoat va savdo vazirligi tomonidan XMI/XHMT bilan kelishilgan hujjatlarga muvofiq amalga oshiriladi.

38. LAOGlar faoliyatini muvofiqlashtirish uchun masʼul boʻlgan “Oʻzsuvtaʼminot” AJ loyiha ofisi, Suv xoʻjaligida xorijiy investitsiya loyihalarini amalga oshirish markazi hamda Oziq-ovqat va qishloq xoʻjaligi sohasida strategik rivojlanish va tadqiqotlar xalqaro markazi rahbari lavozimiga nomzodlarni tayinlash va ularni lavozimdan ozod etish Hukumat komissiyasi bilan kelishilgan holda amalga oshiriladi.

5-bob. Loyiha boʻyicha qarz muzokaralarini oʻtkazish, bitimlarni imzolash va mablagʻlar ajratish tartibi

39. Loyiha boʻyicha muzokaralar oʻtkazish yoki moliyaviy shartlarni muhokama qilish maqsadida Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi Oʻzbekiston Respublikasi delegatsiyasini shakllantiradi va Oʻzbekiston Respublikasi nomidan XMI/XHMT nomiga qarz boʻyicha muzokara oʻtkazish muddatlari, delegatsiya tarkibi va vakolatlari maqbulligi toʻgʻrisida xat yuboradi.

Ijro etuvchi agentlik rahbari yoki vakolatli oʻrinbosari qarz boʻyicha muzokaralar oʻtkazish uchun delegatsiya rahbari sifatida tayinlanadi.

Delegatsiya rahbari muzokaralar bayonnomasini, XMI/XHMT tartib-taomillariga muvofiq boshqa hujjatlarni (keyingi oʻrinlarda — loyiha boʻyicha hujjatlar) imzolash vakolatiga ega. Muzokaralar bayonnomasi muzokaralarning soʻnggi kunida ikki tomonlama imzolanadi.

Ijro etuvchi agentlik qarz muzokaralari bayonnomasini imzolashidan oldin vakolatli ekspertiza organlari bilan LBH kelishib olinishini taʼminlaydi.

Agar XMI/XHMT qoidalariga muvofiq qarz boʻyicha muzokaralarni oʻtkazishdan oldin moliyaviy shartlarning maqbulligi toʻgʻrisidagi shaklni yoki XMI/XHMT kreditlarini taqdim etish shartlariga oid boshqa hujjatlarni yuborish talab etilsa, Iqtisodiyot va moliya vazirligi XMI/XHMTdan tegishli shakllarni olgandan keyin uch kun ichida shartlarni qabul qilish toʻgʻrisida xulosa yuboradi va (yoki) imzo chekuvchilar tomonidan tegishli shakllarni imzolanishida amaliy yordam koʻrsatadi.

40. Bitimlar Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri bergan vakolatga muvofiq belgilangan shaxs tomonidan imzolanadi.

Qarz bitimlarini imzolash uchun qoʻshimcha ravishda Hukumat qarori talab qilinmaydi.

41. Qarz bitimi XMI/XHMT tamoyillari va qoidalariga muvofiq imzolanadi.

Masʼul vazirliklar va idoralar oʻn kun ichida bitim loyihalari boʻyicha eʼtirozlarini va (yoki) ijobiy xulosalarini taqdim etadilar. Bitim loyihalarining yakuniy matnlari XMI/XHMT bilan muzokaralar yakunlari boʻyicha shakllantiriladi.

42. Ijro etuvchi agentlik XMI/XHMT bilan loyihalarni amalga oshirish doirasida ijro etuvchi agentlik nomidan bitimlar, shartnomalar va boshqa hujjatlarni oʻz vaqtida imzolash uchun javobgardir.

43. Ijro etuvchi agentlik yer uchastkalarini olib qoʻyish, uylarni, boshqa qurilishlarni, inshootlarni yoki koʻchatlarni buzish, korrupsiyaga qarshi kurashish va shartnomalarda koʻrsatilgan boshqa masalalar boʻyicha kompensatsiya toʻlash boʻyicha XMI/XHMT tamoyillariga va qoidalariga rioya etilishini taʼminlaydi.

44. Agar loyihada qayta kreditlash toʻgʻrisidagi shartnoma imzolanishi nazarda tutilgan boʻlsa, ijro etuvchi agentlik uning tayyorlanishini va zarur boʻlsa, uni imzolashdan oldin XMI/XHMT bilan kelishilishini taʼminlaydi.

45. Ijro etuvchi agentlik imzolangan bitimlar doirasida barcha majburiyatlarni toʻliq qabul qiladi va qabul qilingan barcha majburiyatlarning sifatli va oʻz vaqtida bajarilishi uchun javobgar hisoblanadi.

46. Ijro etuvchi agentlik, shuningdek, rahbari shartnomani imzolagan vazirlik, idora yoki tashkilot, agar qarz bitimida boshqacha kelishilmagan boʻlsa, shartnoma imzolanganidan keyin toʻqson kun ichida uning kuchga kirishi uchun zarur boʻlgan barcha shartlarning bajarilishini taʼminlaydi. Shartnoma kuchga kirish muddatlarining keyingi uzaytirilishi ijro etuvchi agentlik soʻroviga muvofiq Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan XMI/XHMTga joriy muddatlar tugashidan kamida ikki hafta oldin taqdim etilishi kerak.

47. Qarz va moliyaviy bitimlari, qayta kreditlash toʻgʻrisidagi bitim, loyiha bitimi, subsidiar shartnoma, huquq va talablarni topshirish toʻgʻrisidagi shartnoma, xat-bitimlar, davlat kafolatlari boʻyicha, shuningdek, kuchga kirishi uchun yuridik xulosa shart boʻlgan boshqa bitimlar boʻyicha yuridik xulosalar Adliya vazirligi tomonidan taqdim etiladi.

Adliya vazirligi ijro etuvchi agentlikning soʻrovi roʻyxatdan oʻtkazilgandan soʻng Hukumatning loyiha boʻyicha alohida normativ-huquqiy hujjatisiz ikki hafta muddatda yuridik xulosa beradi.

48. Ijro etuvchi agentlik yuridik xulosa olingan kundan boshlab bir hafta ichida shartnomalarning imzolangan nusxalari va tegishli huquqiy xulosalarni Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligiga taqdim etilishini taʼminlaydi.

49. XMI/XHMT hisobvaragʻidan qarz (kredit) mablagʻlarini yechish maqsadida ijro etuvchi agentlik XMI/XHMT hisobvaragʻidan qarz (kredit) mablagʻlarini yechish uchun vakolatli shaxslarning imzo namunalarini XMI/XHMT tomonidan tasdiqlangan shaklda Iqtisodiyot va moliya vazirligiga kiritadi.

50. Agar loyihada qayta kreditlash toʻgʻrisidagi bitimni imzolash koʻzda tutilgan boʻlsa, ijro etuvchi agentlik zarurat tugʻilganida, XMI/XHMT bilan kelishishni taʼminlaydi.

51. XMI/XHMT qarz mablagʻlarini olish uchun arizalar Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan tegishli arizalarni imzolash vakolati berilgan shaxslar tomonidan rasmiylashtiriladi.

6-bob. Xarid qilish tartibi

52. Xarid qilish jarayoni Oʻzbekiston Respublikasi va XMI/XHMT oʻrtasida imzolangan tegishli bitimlar bilan tartibga solinadi. Xaridning aniq usullari va tartiblarini tavsiflovchi amaldagi qoidalar yoki xarid boʻyicha qoʻllanmalar bitimlarda belgilangan tartibda koʻrsatiladi.

53. XMI/XHMT xarid qilish tartib-taomillarining shartlari va talablari milliy qonunchilik, qoidalar va tartib-taomillardan, agar ular oʻrtasida ziddiyat yuzaga kelsa, ustun turadi.

54. Ijro etuvchi agentlik loyihalar doirasida xarid agentlarining ishtirokiga qaramay, xaridlarni amalga oshirish va texnik qarorlar qabul qilish uchun javobgardir. Xarid agentlari barcha masala boʻyicha qarorlarni ijro etuvchi agentlik bilan kelishadi va unga hisobot beradi.

55. Mahalliy nazorat organlari tomonidan oʻtkaziladigan har qanday audit XMI/XHMT xarid talablarining oʻziga xos xususiyatlarini hisobga olishi kerak.

56. Mahalliy korxonalar toʻgʻridan-toʻgʻri toʻlovlarni amalga oshirish nazarda tutilgan, XMI/XHMT ishtirokidagi loyihalar doirasida tuzilgan kontraktlar boʻyicha xorijiy valyuta olish huquqiga ega.

57. XMI/XHMT tartib-taomillarida moliyaviy bitimni imzolashdan oldin va/yoki keyin xaridni amalga oshirish nazarda tutilgan boʻlsa, ijro etuvchi agentlik xaridlar rejasini Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi bilan kelishgan holda xaridlarni amalga oshirishi mumkin.

58. Xarid tartib-taomillariga rioya etilishi, xarid ishtirokchilari takliflarini xolis baholash va belgilangan mezonlarga muvofiqligini taʼminlash ijro etuvchi agentligining birinchi rahbari zimmasiga shaxsan yuklatiladi.

59. Xaridlar qatnashchilarining takliflarini baholash maqsadida ijro etuvchi agentlik rahbarining buyrugʻiga muvofiq baholash guruhi aʼzolarining (aʼzolar soni toq va kamida 5 nafar boʻlgan) roʻyxati tasdiqlanadi.

Baholash guruhi tarkibiga majburiy tarzda Oʻzbekiston Respublikasi Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligi, Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi vakillari va loyiha doirasida jalb etilgan xaridlar boʻyicha xalqaro maslahatchi kiritiladi.

Baholash guruhining baholash natijalari boʻyicha hisobotlari ijro etuvchi agentlik rahbari tomonidan tasdiqlanadi.

Xarid natijalari XMI/XHMT bilan kelishilib, takliflarni baholash natijalari uch kun ichida ijro etuvchi agentlik tomonidan maxsus portallarda hamda Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi rasmiy saytida hamda ommaviy axborot vositalarida eʼlon qilinadi.

60. Oʻtkazilgan xaridlar tartib-taomillari natijalari boʻyicha tuzilgan shartnomalar ekspertizadan oʻtkazilmasdan, keyinchalik monitoring qilish maqsadida Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligida hisobga olingan sanadan kuchga kiradi.

61. Ijro etuvchi agentlik shartnomalar tuzilgan sanadan boshlab ikki kun ichida ularni hisobga olish maqsadida Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi elektron portalida roʻyxatga qoʻyadi.

Tuzilgan shartnomalarga qoʻshimcha shartnomalar qaytadan xarid tartib-taomillarini amalga oshirmasdan, Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi bilan kelishilgan holda hamda XMI/XHMT roziligi bilan quyidagi hollarda tuziladi:

shartnoma shartlarida nazarda tutilgan oʻzgartirishlar kiritilganda;

ishlar hajmi va (yoki) kontrakt qiymati tuzilgan dastlabki shartnoma umumiy hajmi va (yoki) umumiy qiymatining 15 foizidan oshmagan miqdorda oʻzgarganda.

Tuzilgan shartnomalarga qoʻshimcha shartnomalar monitoring oʻtkazish maqsadlarida Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi elektron portalida roʻyxatga qoʻyiladi.

62. Mazkur Nizom bilan nazarda tutilgan xarid tartib-taomillari XMI/XHMT grant mablagʻlari ishtirokida amalga oshirilayotgan loyihalar doirasidagi xaridlarga nisbatan joriy etiladi.

63. Mazkur Nizom bilan nazarda tutilgan xaridlar tartib-taomillari XMI/XHMT mablagʻlarini qayta moliyalashtirayotgan tijorat banklari va boshqa moliyaviy tashkilotlar tomonidan benefitsiar tanlaydigan loyihalar doirasidagi xaridlarga qoʻllanmaydi.

7-bob. XMI/XHMT ishtirokidagi loyihalarni monitoring qilish tartibi

64. Ishlab chiqilayotgan, amalga oshirilayotgan va tugallangan loyihalar ustidan monitoring olib borilishi lozim.

Bunda loyiha monitoringi bu — axborotni toʻplash, qayta ishlash, tahlil qilish va hisobot berish jarayoni, shu jumladan, loyihaning jismoniy va moliyaviy rivojlanishini kuzatish hisoblanadi. Monitoringni tashkil etish uchun Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi vazirliklar, idoralar, xalqaro tashkilotlar va konsalting kompaniyalari mutaxassislarini jalb qilish huquqiga ega.

Monitoring bilan bogʻliq tadbirlar loyihani boshqarish boʻyicha qoʻllanmada aks ettirilgan, tomonlar tomonidan kelishilgan boʻlishi va (yoki) Investitsiya, sanoat va savdo vazirligi talabiga binoan amalga oshirilishi kerak.

65. Monitoring quyidagi maqsadlarda amalga oshiriladi:

loyihalarning oʻz vaqtida va samarali amalga oshirilishi va maqsadli natijalarga erishishni taʼminlash;

davlat boshqaruvi organlari, investitsiya jarayonining boshqa ishtirokchilari faoliyatini muvofiqlashtirish, loyihalarni amalga oshirish bilan bogʻliq masalalarni oʻz vaqtida hal etish uchun ularning javobgarligini oshirish;

barcha bosqichlarda loyihalarni amalga oshirishga toʻsqinlik qiladigan masalalarni aniqlash va oʻrganish hamda ularni hal etish boʻyicha tezkor choralar koʻrish;

loyihalarni muvaffaqiyatli va oʻz vaqtida amalga oshirish va moliyalashtirish uchun zarur boʻlgan barcha choralarni koʻrish;

XMI/XHMT oldidagi majburiyatlarning bajarilishini taʼminlashda koʻmaklashish.

66. Monitoring Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi tomonidan quyidagilarni tahlil qilish va umumlashtirish orqali amalga oshiriladi:

loyihani boshqarish boʻyicha qoʻllanma, xarid rejalari, tarmoq jadvallari, natijalar matritsasi va boshqa loyiha hujjatlarining amalga oshirilishi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

Ijro etuvchi agentliklar tomonidan taqdim etiladigan loyihaning amalga oshirilishi toʻgʻrisidagi hisobotlar;

markazlashtirilgan manbalar hisobidan amalga oshirilayotgan loyihalarni oʻz vaqtida moliyalashtirishni taʼminlash masalalari boʻyicha axborot.

67. Loyihalar amalga oshirilishining yigʻma tahlili, shuningdek, qoʻshimcha tahliliy maʼlumotlari asosida Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi:

tendensiyalarni oʻrganadi, loyihalarni amalga oshirishdagi toʻsiqlarni aniqlaydi, imtiyozlar va preferensiyalar tizimining samaradorligini tahlil qiladi;

investitsiya faoliyatining normativ-huquqiy bazasini takomillashtirish boʻyicha taklif va tavsiyalar ishlab chiqadi;

investitsiya jarayoni samaradorligini oshirish uchun zarur boʻlgan hukumat qarorlarini tayyorlash ishlarini tashkil etadi;

vazirliklar, idoralar, tashkilotlar va mahalliy davlat hokimiyati organlari bilan birgalikda loyihalarni tayyorlash va amalga oshirish jarayonida muammoli masalalarni hal etish boʻyicha takliflar tayyorlaydi;

loyihalarni oʻz vaqtida va sifatli tayyorlash va amalga oshirishni taʼminlash uchun zarur boʻlgan boshqa tadbirlarni tashkil etadi;

XMI/XHMT bilan muntazam ravishda amalga oshirilayotgan loyihalarning joriy holatini, shu jumladan, ularni amalga oshirish jarayonida yuzaga kelgan muammolarni muhokama qiladi.

68. Monitoring natijalari har chorakda Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi tomonidan Hukumat komissiyasiga kiritiladi.

8-bob. Loyihani yakunlash tartibi

69. Ijro etuvchi agentlik loyiha yakunlangan sanadan boshlab bir yil ichida loyiha yakunlangani toʻgʻrisida hisobot tayyorlaydi hamda hisobotni XMI/XHMTga Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi va Iqtisodiyot va moliya vazirligiga yuboradi.

70. Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi loyiha boʻyicha bajarilgan chora-tadbirlarni oʻrganish uchun, shu jumladan, boshqa vazirlik, idora va loyiha institutlaridan jalb etilgan mutaxassislarni yuboradi va oʻrganish natijalari boʻyicha ijro etuvchi agentlikka loyiha yakunlangani toʻgʻrisidagi hisobotga xulosa beradi hamda natijalari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasiga axborot taqdim etadi.

71. Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi 1-dekabrgacha foydalanishga topshirilgan loyihalar ichidan postmonitoring oʻtkaziladigan loyihalar roʻyxati, postmonitoring oʻtkazish uchun masʼul boʻlgan vazirlik va idoralar vakillari, muddati, maqsadli koʻrsatkichlari, baholash uslubi va boshqa talablarni Hukumat komissiyasiga tasdiqlash uchun kiritadi.

72. XMI/XHMT tomonidan loyihani amalga oshirish natijalarini mustaqil baholashda Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi va ijro etuvchi agentlik xodimlari mustaqil baholash boʻyicha missiyani qoʻllab-quvvatlaydilar va uning ishida bevosita ishtirok etadilar.

73. Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi investitsiya loyihasi amalga oshirilganidan keyin 5 yildan kechikmasdan loyihaning maqsadli koʻrsatkichlarini baholab boradi va maqsadli koʻrsatkichlarga erishilmaganligining sabablarini tahlil qiladi.

9-bob. Tasdiqlangan loyihalarga oʻzgartirish (qoʻshimcha)lar kiritish tartibi

74. Loyihalar boʻyicha tasdiqlangan LBHga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish quyidagi hollarda Hukumat komissiyasi qaroriga asosan amalga oshiriladi:

loyihani amalga oshirish uchun jalb qilingan kreditlar va boshqa moliyaviy mablagʻlarga xizmat koʻrsatishda Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetini qoʻllab-quvvatlash parametrlarining oʻzgarishi;

loyihani moliyalashtirish manbalariga oʻzgartirishlar va (yoki) qoʻshimchalar kiritilishi;

loyihaning asosiy parametrlari yoki asosiy texnik va texnologik yechimlarining oʻzgarishi;

loyiha qiymatining tasdiqlangan loyiha parametrlariga nisbatan 20 foizdan koʻproq oshishi.

Loyihalar boʻyicha LBHga quyidagi hollarda oʻzgartirishlar kiritilmaydi:

loyihalarni amalga oshirish yakunlari boʻyicha;

loyiha nomini oʻzgartirish maqsadida;

loyiha qiymati pasayganda;

loyihaning moliyaviy xarajatlar miqdori, uni amalga oshirish muddatini uzaytirish yoki qarz mablagʻlarini taqdim etish shartlarini oʻzgartirish sababli loyiha qiymati 20 foizdan oshganda;

loyihaning umumiy qiymatini oʻzgartirmasdan loyiha tarkibiy qismlarining yoki xarajatlar toifalari, loyiha tarkibiy qismlarini moliyalashtirish manbalari va ulushi oʻzgargan taqdirda, shuningdek, loyiha tarkibiy qismlari yoki xarajatlar toifalari oʻrtasida qayta taqsimlanganda, loyihadagi iqtisod qilingan mablagʻlardan foydalanilganda.

75. Ijro etuvchi agentlikka loyihaning LBH va LBQda taqdim etilgan xarajatlar parametrlari va texnik va texnologik yechimlar uchun javobgarlik yuklanadi.

76. Loyihalarni amalga oshirish muddatlarini uzaytirish (qarzlarni qaytarish), xarajatlar toifalari, loyiha tarkibiy qismlari oʻrtasida qayta taqsimlash, loyiha boʻyicha tejalgan mablagʻlardan foydalanish, foydalanilmagan qarz mablagʻlarini bekor qilish, loyiha hujjatlari va moliyaviy bitimlarga oʻzgartirishlar kiritish masalalarini hal qilish quyidagi tartibda amalga oshiriladi:

Ijro etuvchi agentlik xat bilan Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligiga, shu jumladan, narxlar va xarajatlar koʻrsatilgan barcha batafsil maʼlumotlarni, Iqtisodiyot va moliya vazirligiga — loyihani amalga oshirish muddatini uzaytirish hamda jalb qilingan kreditlarga xizmat koʻrsatish uchun toʻlangan mablagʻlar miqdoriga keyinchalik taʼsir koʻrsatadigan qoʻshimchalar va oʻzgartirishlar kiritilgan taqdirda takliflar kiritadi;

Investitsiya, sanoat va savdo vazirligi ijro etuvchi agentlikdan soʻrov kelib tushgan kundan boshlab besh ish kuni ichida Iqtisodiyot va moliya vazirligi va boshqa vazirlik va idoralar tomonidan ijro etuvchi agentlikning soʻrovi koʻrib chiqilishida yordam beradi;

agar tomonlarning ushbu masala boʻyicha pozitsiyalari bir-biriga mos keladigan boʻlsa, vakolatli vakil kelishuvlarga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi (Oʻzbekiston Respublikasi hukumati) nomidan tegishli soʻrovnomani XMI/XHMTga yuboradi;

agar tomonlarning pozitsiyalari turlicha boʻlsa, ijro etuvchi agentlik masalani koʻrib chiqish uchun Hukumat komissiyasiga kiritadi;

Hukumat komissiyasi soʻrov kelib tushgan kundan boshlab besh ish kuni ichida, agar ijro etuvchi agentlik taklifi maqbul boʻlsa, rozilik toʻgʻrisidagi tegishli rezolyutsiyani taqdim etadi va zarur hollarda imzo chekuvchi yoki Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligiga (XMI/XHMT talablariga muvofiq) XMI/XHMTga tegishli soʻrov yoʻllash toʻgʻrisida topshiriq beradi.

Imzolovchi oʻzgartirish va qoʻshimchalar loyihalari kelib tushgan sanadan eʼtiboran besh ish kuni ichida loyiha boʻyicha kelishuvlarga va tegishli hujjatlarga oʻzgartirish va qoʻshimchalarni rasmiylashtiradi.

77. Qarz bitimlariga, qayta kreditlash toʻgʻrisidagi bitimlarga, loyiha bitimiga, subsidiya bitimiga, huquq va talablarni delegatsiya qilish toʻgʻrisidagi bitimga, shuningdek, yuridik xulosa berish XMI/XHMT qoidalari va tartib-taomillariga muvofiq shart boʻlgan boshqa bitimlarga oʻzgartirish va qoʻshimchalar toʻgʻrisidagi huquqiy xulosa Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi tomonidan qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq, alohida Hukumat qarori talab qilinmasdan XMI/XHMT uchun maqbul boʻlgan shaklda imzo chekuvchi soʻrovnomasi asosida taqdim etiladi.

10-bob. Favqulodda vaziyatlar tartiblari

78. Ushbu tartiblar favqulodda vaziyatlarda operativ va moliyaviy tezkor javoblarni talab qiladigan va amalga oshiriladigan tashabbuslar va harakatlar toʻplamidir. Ular tadbirlarni tayyorlash, baholash, amalga oshirish va yakunlash, amalga oshirilayotgan operatsiyalar, dasturlar va favqulodda vaziyatlarga javob berish loyihalarining har qanday jihatini nazorat qilish va (yoki) qoʻllab-quvvatlash boʻyicha barcha tadbirlarga nisbatan qoʻllanadi.

79. Favqulodda vaziyatlar dasturlari va loyihalari yuqori ustuvorlikka ega boʻlgan moddiy boyliklarni tiklashni qoʻllab-quvvatlash va inson, moddiy, iqtisodiy va ekologik yoʻqotishlarga olib kelgan favqulodda vaziyatlar natijasida iqtisodiy, ijtimoiy va boshqaruv faoliyatini tiklashni qoʻllab-quvvatlash uchun amalga oshiriladi. Favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish loyihalari, shuningdek, keng koʻlamli inson, moddiy, iqtisodiy va ekologik yoʻqotishlarni yumshatadigan va kelajakdagi favqulodda vaziyatlarga chidamliligini oshiradigan ofatlardan keyingi shoshilinch choralarni qoʻllab-quvvatlaydi. Favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish davrida bajarilishi mumkin boʻlmagan uzoq muddatli taʼmirlash va tiklash tadbirlari ushbu Nizomda nazarda tutilgan favqulodda yoki anʼanaviy investitsiya loyihalarini qoʻshimcha moliyalashtirish orqali qoʻllab-quvvatlanishi mumkin.

80. Favqulodda vaziyat yuzaga kelgan taqdirda, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan favqulodda vaziyat oqibatlarini bartaraf etish boʻyicha boshqaruv qoʻmitasi raisi va aʼzolari (keyingi oʻrinlarda — Boshqaruv qoʻmitasi) tasdiqlanadi. Boshqaruv qoʻmitasining vazifalariga quyidagilar kiradi:

kundalik faoliyatni muvofiqlashtirish uchun favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish boʻyicha masʼul vazirlik (idora)ni tayinlash;

Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi va tabiiy ofatdan zarar koʻrgan sektorlar vakillarini tabiiy ofat oqibatlarini baholash boʻyicha qoʻshma guruhga (TOOBBQG) tayinlash;

favqulodda vaziyat natijasida yetkazilgan zarar va yoʻqotishlar toʻgʻrisidagi hisobotlarni koʻrib chiqish va tasdiqlash;

favqulodda vaziyat oqibatlarini bartaraf etish chora-tadbirlari va dasturlarining jamlanma roʻyxatini, ularning taxminiy qiymatini va taklif etilayotgan moliyalashtirish manbalarini koʻrib chiqish;

favqulodda vaziyatlarni bartaraf etishning yigʻma rejasini ishlab chiqishda tegishli rahbarlikni taʼminlash, shu jumladan:

favqulodda vaziyatlarni bartaraf etishning konsolidatsiyalashgan rejasini (FABKR) tasdiqlash;

FABKRni moliyalashtirish bilan bogʻliq XMI/XHMT bilan kelishuvlarni tasdiqlash.

81. Favqulodda vaziyatlarni boshqarish boʻyicha loyihalarni amalga oshirish guruhi (FVBLAOG) Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Investitsiya, sanoat va savdo vazirligi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi va zarar koʻrgan sektorlar tarkibidagi favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish uchun masʼul vazirlik (idora) tomonidan mavjud boʻlinmalardan maksimal darajada foydalanib, tezkor maʼlumotlarni toʻplashni, zararni, yoʻqotishlarni va ularning qiymatini baholashni, shuningdek, taklif etilayotgan xarid va amalga oshirish mexanizmlarini qoʻllab-quvvatlaydi.

82. FVBLAOG tabiiy ofatlar oqibatlarini baholash guruhini (TOOBG) tashkil etadi, uning tarkibiga vazirlik va idoralar vakillari, shuningdek, jalb etilgan xalqaro va mahalliy mutaxassislar kiradi. TOOBG jamoasi favqulodda vaziyatlar toʻgʻrisidagi hisobotni, zarar koʻrgan tarmoqlar va hududlar boʻyicha zarar va yoʻqotishlarni batafsil baholash boʻyicha hisobotni tayyorlaydi va zarar va yoʻqotishlarning umumiy hajmini, shuningdek, tavsiya etilgan dasturlar va qayta tiklash (qayta qurish) loyihalari uchun xarajatlar smetasini umumlashtiruvchi xulosani shakllantiradi.

83. Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi TOOBG xulosasini olgandan keyin bir hafta ichida baholaydi va Boshqaruv qoʻmitasiga yuboradi, shuningdek, ehtiyojlar yoki xarajatlar smetasi oʻzgargan taqdirda, har hafta Boshqaruv qoʻmitasiga yangilangan maʼlumotlarni taqdim etadi.

84. Boshqaruv qoʻmitasi taklif etilayotgan tiklanish va reabilitatsiya tadbirlarining dolzarbligini, ularning taxminiy narxini, shuningdek, moliyalashtirishning potensial manbalarini koʻrib chiqadi va Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi va Iqtisodiyot va moliya vazirligi orqali XMI/XHMT ishtirokining koʻlami va darajasi hamda moslashuvchan amalga oshirish tartib-qoidalarini qoʻllashni muvofiqlashtiradi.

85. Favqulodda vaziyatlarni bartaraf etishda va uni moliyalashtirishda ishtirok etish uchun XMI/XHMT bilan kelishilganidan soʻng favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish uchun masʼul vazirlik (idora) XMI/XHMT bilan kelishilgan holda Boshqaruv qoʻmitasiga quyidagilarni nazarda tutuvchi favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish rejasini taqdim etadi:

loyiha xarajatlari miqdori;

kerakli tovarlar, ishlar va xizmatlar hajmi va qiymatining taxminiy taqsimoti;

texnik-iqtisodiy parametrlar;

favqulodda vaziyatlar oqibatlarini bartaraf etish toʻgʻrisidagi bitim loyihalari va shartnoma uchun taklif qilingan imzo chekuvchilar roʻyxati.

Qarz olish uchun XMI/XHMT arizalarini koʻrib chiqish jarayonida favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish uchun masʼul vazirlik (idora), shuningdek, ishtirok etuvchi tashkilot XMI/XHMT bilan loyihalarni xarid, ajratish va amalga oshirishning moslashuvchan mexanizmlarini muhokama qiladi va muvofiqlashtiradi. Ular, xususan, quyidagi dasturlarni oʻz ichiga olishi mumkin:

avans xaridlari, retroaktiv moliyalashtirish va ariza (takliflar)ni tayyorlashning moslashuvchan muddatlari;

xarid agentlari va loyihalarni boshqarish boʻyicha maslahatchilardan foydalanish;

tovarlar, ishlar va xizmatlar xaridi boʻyicha asosiy kelishuvlar va shartnomalar;

oldindan jalb qilingan va (yoki) dastlabki kvalifikatsiyadan oʻtgan malakali maslahatchilar, yetkazib beruvchilar va pudratchilar bilan toʻgʻridan-toʻgʻri shartnomalar tuzish;

odatda kam baholi, xatar darajasi past va murakkab boʻlmagan tovarlar, ishlar yoki xizmatlarni taqdim etish uchun narxlarni taqqoslashga asoslangan kotirovkalardan foydalanish;

kichik ish hajmlarini bajarish uchun shartnomalar orqali jamoatchilik ishtirokini taʼminlash;

majburiy hisoblash — oʻz xodimlari va jihozlaridan foydalanadigan davlat idoralari (tashkilotlari) bilan shartnomalar tuzish.

Shartnomalar va xarajatlarni retroaktiv moliyalashtirish, shuningdek, kelishilgan davlat tiklash va xarajatlar dasturlarini moliyalashtirish uchun avans toʻlovlari XMI/XHMT tartiblariga muvofiq favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish loyihalari (qarzlari) uchun ishlatilishi mumkin.

86. Favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish uchun masʼul vazirlik/idora XMI/XHMT bilan kelishilgan shartnomalarni imzolashni taʼminlaydi.

87. Adliya vazirligi imzolangan shartnomalarni olgandan keyin bir hafta ichida huquqiy xulosalar beradi.

88. Favqulodda vaziyatlar oqibatlarini bartaraf etish uchun masʼul vazirlik (idora) imzolangan bitimlarni va ularga ilova qilingan huquqiy xulosalar Boshqaruv qoʻmitasiga yuborilishini taʼminlaydi.

89. Mazkur Nizomning 85 — 88-bandlarida keltirilgan jarayonlar bilan birga favqulodda vaziyatlarni bartaraf etish uchun masʼul vazirlik (idora) va XMI/XHMT hisobot, monitoring va baholash hajmini muvofiqlashtiradi va loyihani boshqarish boʻyicha qoʻllanmani ishlab chiqadi hamda Boshqaruv qoʻmitasi tomonidan loyiha tasdiqlanganidan keyin bir oy ichida Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi tomonidan tasdiqlashga taqdim etiladi.

90. Loyihani amalga oshirish bosqichida Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi Boshqaruv qoʻmitasiga yigʻma konsolidatsiyalashgan oylik va choraklik hisobotlarni taqdim etadi, zarur hollarda, haftalik va oylik maʼlumotlarni yangilaydi.

91. Favqulodda vaziyatlar oqibatlarini bartaraf etish loyihalari doirasida tuzilgan barcha shartnomalar besh ish kuni ichida belgilangan tartibda Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligida roʻyxatdan oʻtish uchun taqdim etilishi kerak.

11-bob. Yakunlovchi qoidalar

92. XMI/XHMT missiyalari yoki vakillari uchrashuvlarining ish jadvallari ijro etuvchi agentlik tomonidan tuziladi va natijalar boʻyicha ijro etuvchi agentlik vazirliklar, idoralar va tashkilotlarni ular bilan rejalashtirilgan uchrashuvlar toʻgʻrisida xabardor qiladi.

93. Agar XMI/XHMT missiyalar yoki vakillarining tashrifini tashkil etish Oʻzbekiston Respublikasi budjeti hisobidan moliyalashtirilsa, uchrashuvlar va qabullar jadvali tasdiqlash uchun Vazirlar Mahkamasiga kiritiladi.

94. Qarz bitimi, qayta kreditlash toʻgʻrisidagi shartnoma, loyiha shartnomasi, subsidiar shartnoma, huquq va talablarni topshirish toʻgʻrisidagi shartnoma, xat-bitimlar va boshqa bitimlarni (keyingi oʻrinlarda — loyiha boʻyicha shartnomalar) imzolagan vazirlik va idoralar rahbarlari ushbu Nizomda belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasi nomidan loyiha boʻyicha shartnomaga oʻzgartirishlar, qoʻshimchalar va aniqliklar kiritish toʻgʻrisida hujjatlarni imzolash vakolatiga ega.

95. Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti taqchilligini moliyalashtirish uchun loyihalarni (dasturlar) amalga oshirish boʻyicha barcha soʻrovlar, qarz muhokamalarida qatnashish uchun Hukumat delegatsiyasi tarkibini shakllantirish va ularni XMI/XHMTga taqdim etish hamda boshqa masalalar Iqtisodiyot va moliya vazirligining vakolati hisoblanadi.

96. Xalqaro begʻaraz texnik yordam, grant va (yoki) loyihalarni moliyalashtirishda Oʻzbekiston Respublikasi qonunchiligiga muvofiq soliqlar, yigʻimlar va bojxona imtiyozlari qoʻllanadi. Mazkur imtiyozlar boʻyicha hisoblangan mablagʻlar summasi xalqaro hamkorlar ishtirokidagi loyihalarni amalga oshirishda Oʻzbekiston Respublikasining qoʻshgan hissasi hisoblanadi.

Oʻzbekiston Respublikasi qonunchiligi va xalqaro qonunchilik oʻrtasida tafovut yuzaga kelgan holatlarda xalqaro qonunchilik ustunlik qiladi, shuningdek, XMI/XHMT tomonidan imzolangan shartnomalar xalqaro shartnomalarga tenglashtiriladi va milliy qonunchilikdan ustun turadi.

Xalqaro moliya institutlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlari ishtirokidagi loyihalarni tayyorlash va amalga oshirish, monitoring va postmonitoring qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Xalqaro moliya institutlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlari ishtirokida investitsiya loyihalarini ishlab chiqish, kelishish va amalga oshirish

Bosqichlar Tadbirlar nomi Masʼul ijrochilar Muddatlar 1-bosqich (Loyihani shakllantirish) Loyiha konsepsiyasini ishlab chiqish Ijro etuvchi agentlik Zarur boʻlganda Loyiha konsepsiyasini tarmoq ilmiy-texnik kengashi (keyingi oʻrinlarda — TITK) bilan kelishish Ijro etuvchi agentlik Soʻrov olingandan keyin 10 kun muddatda Loyiha konsepsiyasini xalq deputatlari Kengashi bilan kelishish Ijro etuvchi agentlik Bir oy muddatda Loyiha konsepsiyasining milliy va tarmoq ustuvorliklariga muvofiqligini Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan birgalikda baholash Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi Kiritilgan sanadan boshlab 20 kun muddatda Istiqbolli deb topilgan loyiha konsepsiyasiga Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligining kamchiliklarni bartaraf etish toʻgʻrisidagi xulosalari asosida tuzatish kiritish Ijro etuvchi agentlik Tavsiya berilgan kundan boshlab 15 kun muddatda Loyiha konsepsiyasini Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligining qoʻshma ekspertiza xulosasiga asosan Hukumat komissiyasiga tasdiqlash uchun kiritish Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi Ijobiy xulosa berilgan kun Hukumat komissiyasi tomonidan loyiha konsepsiyasini koʻrib chiqish va tasdiqlash Hukumat komissiyasi Kiritilgan sanadan boshlab 15 ish kunida 2-bosqich (Loyihaning baholovchi hujjatlarini tasdiqlash jarayoni) Loyihani ishlab chiqish uchun Ijro etuvchi agentlikning vakolatli vakilini tayinlash va (yoki) LAOG shakllantirish (zarur boʻlgan holatda) Ijro etuvchi agentlik Oʻrnatilgan muddatda LBH loyihasini ishlab chiqish uchun texnik topshiriqni XMI/XHMT bilan birgalikda tayyorlash Ijro etuvchi agentlik, Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi Oʻrnatilgan muddatda 4-ilovaga muvofiq LBH loyihasini XMI/XHMT bilan birgalikda tayyorlash Ijro etuvchi agentlik, XMI/XHMT Oʻrnatilgan muddatda LBH loyihasini TITK bilan kelishish Ijro etuvchi agentlik, TITK 20 ish kunida LBHni ekspertizadan oʻtkazish Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi (“Loyiha va import kontraktlarini kompleks ekspertiza qilish markazi” DUK — zarur boʻlgan holatda) 25 ish kunida LBH yuzasidan kamchiliklarni bartaraf etish boʻyicha tavsiyaga asosan oʻzgartirilgan LBHni ekspertizaga qayta kiritish Ijro etuvchi agentlik 30 ish kunida Ekspertiza ijobiy xulosalariga asosan Hukumat komissiyasi tomonidan LBHni tasdiqlash Hukumat komissiyasi Kiritilgan sanadan boshlab 20 ish kunida Davlat tashqi qarzi hisobidan imzolanadigan yangi loyihalar roʻyxatiga kiritish Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi Har yilning 1-dekabriga qadar 3-bosqich (Qarz bitimini imzolash jarayoni) Kredit shartnomasi shartlarini koʻrib chiqish, muzokaralar olib borish va XMI/XHMT bilan birgalikda bayon imzolash Oʻzbekiston Respublikasi delegatsiyasi Oʻrnatilgan muddatda XMI/HXMT direktorlar Kengashi tomonidan loyihani tasdiqlash XMI/HXMT Oʻrnatilgan muddatda Hukumat va XMI/XHMT oʻrtasida qarz bitimini imzolash Iqtisodiyot va moliya vazirligi, vakolatli vazirlik (idora), XMI/XHMT Davlat tashqi qarzi uchun oʻrnatilgan limitlar doirasida (oʻrnatilgan muddatda) XMI/XHMTga Hukumat nomidan qarz bitimi boʻyicha yuridik xulosa taqdim etish Adliya vazirligi, Ijro etuvchi agentlik Soʻrov kiritilgandan soʻng ikki hafta ichida 4-bosqich (Loyihalashtirish va konsalting xizmatlarini koʻrsatish uchun kompaniyalar, pudratchilar va texnologik uskunalar yetkazib beruvchilar oʻrtasida gʻoliblarni aniqlash jarayoni) Xaridlar rejasini ishlab chiqish, XMI/XHMT bilan kelishish Ijro etuvchi agentlik Bir hafta muddatda Xaridlar toʻgʻrisidagi hujjatlarini ishlab chiqish Ijro etuvchi agentlik XMI/XHMT bilan kelishilgan jadvalga muvofiq 14 kun ichida Xarid hujjatlarini tasdiqlash va eʼlon qilish Ijro etuvchi agentlik, XMI/XHMT, Baholash guruhi XMI/XHMT bilan kelishilgan jadvalga muvofiq 10 kun ichida Xarid ishtirokchilarining takliflarini qabul qilish Ijro etuvchi agentlik Tender hujjatlariga muvofiq Kelib tushgan takliflarni baholash Ijro etuvchi agentlik Baholash guruhi 30 kun ichida Takliflarni baholash hisoboti natijalarini XMI/XHMT bilan kelishish Ijro etuvchi agentlik Baholash guruhi XMI/XHMT bilan kelishilgan jadvalga muvofiq Shartnomadan oldingi muzokaralarni oʻtkazish, shartnoma loyihasini kelishish va imzolash Ijro etuvchi agentlik, XMI/XHMT 10 kun ichida Shartnoma boʻyicha XMI/XHMT ning roziligini olish XMI/XHMT XMI/XHMT bilan kelishilgan jadvalga muvofiq Shartnomani Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligida roʻyxatdan oʻtkazish Ijro etuvchi agentlik 2 kun ichida 5-bosqich (Monitoring) Davlat tashqi qarzi hisobidan moliyalashtiriladigan ishlab chiqilayotgan, imzolangan, amalga oshiriladigan va amalga oshirilayotgan loyihalar boʻyicha yigʻma hisobotni Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligiga koʻrib chiqish uchun taqdim etish Ijro etuvchi agentlik, Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi Har oyda Tegishli bitimlar doirasida kelishilgan barcha hisobotlarni koʻrib chiqish uchun XMI/XHMTga taqdim etish Ijro etuvchi agentlik, Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi, XMI/XHMT Har chorakda 6-bosqich (Loyihani yakunlash va postmonitoring) Loyihani ishga tushirish toʻgʻrisida Davlat qabul komissiyasining dalolatnomasini rasmiylashtirish Ijro etuvchi agentlik Loyiha boʻyicha barcha ishlar amalga oshirilgandan keyin 90 kun Loyiha yakunlari boʻyicha hisobotni shakllantirish va Hukumat komissiyasiga kiritish Ijro etuvchi agentlik, Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi Loyiha boʻyicha barcha ishlar amalga oshirilgandan keyin 90 kun Ishga tushirilgan loyihalarning natijadorligini baholab borish Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Ijro etuvchi agentlik Har yil yakuni bilan (5 yil davomida)

Xalqaro moliya institutlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlari ishtirokidagi loyihalarni tayyorlash va amalga oshirish, monitoring va postmonitoring qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Loyiha konsepsiyasi (loyihaning dastlabki baholash hujjatlari) tuzilishi

I. Strategik salohiyati

Mamlakat salohiyati

Sanoat va institutsional salohiyat

Loyihani amalga oshirish natijasida erishiladigan maqsad va yutuqlar

II. Loyihaning maqsadi

Loyihaning maqsadi

Loyihaning manfaatdor tomonlari

Amalga oshirilgan shunga oʻxshash loyihalar tahlili

III. Loyihaning tavsifi

Loyiha tarkibiy qismlari

Loyiha qiymati va moliyalashtirish manbalari

Loyiha doirasida jalb etiladigan qarz mablagʻlarini qaytarish manbalari

IV. Loyihani baholash

Texnik asoslanishni baholash

Dastlabki iqtisodiy va moliyaviy tahlil

Ijtimoiy jihatlar

V. Loyihaning asosiy xatarlari

Loyiha xatarlarini umumiy baholash va ularni kamaytirish choralari

I boʻlimda sanoat va institutsional xususiyatlar, loyihaning asosiy maqsad va vazifalari, loyihaning milliy taraqqiyot strategiyalariga muvofiqligi, loyihani tayyorlash asoslari, loyiha ishtirokchilari va boshqalar koʻrsatilishi kerak.

II boʻlimda loyihaning asosiy muammolari, afzalliklari va kamchiliklari tahlil qilinadi.

III boʻlimda loyihaning joylashuvi, hajmi va tarkibiy qismlari, xarajatlarning tarkibiy qismlari, moliyalashtirish tashkilotlari va xarajatlar toifasi boʻyicha taqsimlanishi koʻrsatilishi kerak.

IV boʻlim taklif etilayotgan loyiha bilan bogʻliq texnik asoslarni, operatsion va moliyaviy tahlilni (loyihaning sof joriy qiymatini hisoblash, daromadning moliyaviy-iqtisodiy darajasi va boshqalar) oʻz ichiga oladi. Ushbu boʻlimda, shuningdek, loyihaning ijtimoiy jihatlari, uning manfaatdor tomonlarga taʼsiri va milliy siyosat va XMI/XHMT siyosatiga muvofiqligi baholanadi.

Konsepsiyada, shuningdek, shunga oʻxshash loyihalar va natijalar matritsasi bilan taqqoslaganda quvvat birligiga loyihaning birlik qiymati hisob-kitoblari koʻrsatilishi kerak:

Loyihani amalga oshirish natijasida erishish rejalashtirilgan natijalarning dastlabki matritsasi Loyihaning maqsadli koʻrsatkichlari Oʻlchov birligi Davr (yil boʻyicha) 20__ 20__ 20__ 20__ 20__ …

V boʻlimda loyiha boʻyicha taxminiy xatarlar, shuningdek, ularni kamaytirish boʻyicha strategiyalar/choralar taklif qilinishi kerak.

Xalqaro moliya institutlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlari ishtirokidagi loyihalarni tayyorlash va amalga oshirish, monitoring va postmonitoring qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA

Loyiha konsepsiyalarini ustuvorlik boʻyicha baholash

T/r. Baholash mezonlari Ball I. Milliy daraja: 1. Milliy taraqqiyot strategiyasi va dasturlariga mos kelishi 10 2. Hududlarning teng rivojlanishi koʻzda tutilganligi 10 3. Loyihaning ijtimoiy-iqtisodiy taʼsir darajasi 10 II. Tarmoq darajasi: 1. Loyihaning tarmoq strategiyasi va dasturlari bilan hamohangligi 10 III. Hujjat sifati: 1. Loyiha konsepsiyasi loyihaning maqsadlari, vazifalari va natijalarini aniq tavsiflaydi (oʻlchanadigan natijalar matritsasiga muvofiq) 20 2. Loyihaning uzoq muddatli istiqboldagi taʼsirini baholash (iqtisodiy, ijtimoiy, ekologik va boshqa mezonlar) 15 3. Loyiha qiymatini komponentlar boʻyicha asoslash (quvvat birligiga loyihaning birlik qiymatini hisoblash) va tanlangan moliyalashtirish manbai 15 4. Loyiha xatarlarini baholash 10 Natija 100

Xalqaro moliya institutlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlari ishtirokidagi loyihalarni tayyorlash va amalga oshirish, monitoring va postmonitoring qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 4-ILOVA

Loyihani baholash hujjatining tuzilishi

I. Loyiha pasporti

Ushbu boʻlimda taklif etilayotgan loyihaning asosiy xususiyatlari: nomi, amalga oshirish joyi, asosiy texnik-iqtisodiy koʻrsatkichlari, quvvati, koʻlami koʻrsatkichlari, komponentlari, loyihani moliyalashtirish manbai, shartlari va mexanizmi, afzalliklari hamda kamchiliklari, loyihaning asosiy xatarlari va boshqa maʼlumotlar aks ettiriladi.

II. Loyihaning strategik salohiyati

Mamlakat salohiyati

Sanoat va institutsional salohiyat

Loyihaning strategiyalarga (dasturlar, konsepsiyalar) mosligi

Loyihaning muayyan tarmoq, hudud va sohaga qoʻshishi mumkin boʻlgan hissasi va taʼsiri, loyihani amalga oshirish zarurligi.

Ushbu boʻlimda loyiha amalga oshiriladigan mamlakat, sanoati, institutsional salohiyat va xususiyatlari tahlili, loyihaning milliy taraqqiyot strategiyalariga, tarmoq dasturlari va konsepsiyalariga muvofiqligi, loyihaning tarmoq, hudud va sohaga hissasi va taʼsirini baholash, loyihani tayyorlash asoslari, loyiha ishtirokchilari va boshqalar koʻrsatiladi.

III. Loyihaning maqsadi

Loyihaning maqsadi va vazifalari

Loyiha strategiyasi

Loyihaning manfaatdor tomonlari

Amalga oshirilgan shunga oʻxshash loyihalar tahlili.

Ushbu boʻlimda loyihaning asosiy maqsad va vazifalari, afzalliklari va kamchiliklari, asosiy toʻsiqlar, loyihani amalga oshirish strategiyasi va unda ishtirok etuvchi manfaatdor tomonlar, tarmoqda amalga oshirilgan oldingi investitsiya loyihalaridan olingan saboqlar va loyihalar natijalari tahlil qilinadi.

IV. Loyihaning tavsifi

Loyihaning tarkibiy qismlari

Loyiha qiymati va moliyalashtirish manbalari.

Ushbu boʻlimda loyihaning joylashuvi, hajmi va tarkibiy qismlari, xarajatlarning tarkibiy qismlari, miqdori hamda narx shakllanishi, moliyalashtirish tashkilotlari va xarajatlar toifasi boʻyicha taqsimlanishi koʻrsatiladi.

V. Loyihani amalga oshirish

Loyihani amalga oshirish boʻyicha institutsional chora va tadbirlar

Natijalar monitoringi va baholash mexanizmi

Loyiha barqarorligi

Loyiha obyekti tayyorligi va obyektga ruxsatnomalar mavjudligi.

Ushbu boʻlimda loyihani amalga oshirishni tashkil etish masalalari va loyihani amalga oshirishda har bir manfaatdor tomonning uni amalga oshirishdagi oʻrniga muvofiq inson, texnik va moliyaviy resurslar bilan taʼminlanganligi, loyihani monitoring qilish va baholash mexanizmlari koʻrib chiqiladi.

VI. Loyihani baholash

Texnik asoslanishni baholash

Xaridlar

Iqlim oʻzgarishi va tabiiy ofatlarning loyihaga taʼsiri

Ijro agentligining moliyaviy boshqaruv salohiyatini baholash, qarz mablagʻlarini toʻlash

Iqtisodiy va moliyaviy tahlil

Ijtimoiy jihatlar (shu jumladan ijtimoiy himoya)

Loyihaning atrof-muhitga taʼsiri va atrof-muhitni muhofaza qilish.

Ushbu boʻlimda taklif etilayotgan loyiha bilan bogʻliq texnik asoslilik, yaʼni tarmoqning joriy holatini baholash, ehtiyojlarni oʻrganish va loyiha quvvatlari tavsifi hamda loyihaning zarur resurslar bilan taʼminlanganligini oʻrganish; texnik yechimlarning tavsifi, texnologiyalar va asbob-uskunalarni tanlash tahlili, loyiha doirasida texnologiya va asbob-uskunalar marjinal narx koʻrsatkichining asoslanganligi; bosh rejalarning tavsifi, asosiy arxitektura-qurilish yechimlari, qurilish maydonchasining xususiyatlari, loyihaning zarur muhandislik infratuzilma bilan taʼminlanganligi, loyiha yechimlarining shaharsozlik normalariga muvofiqligi tahlili, loyihada belgilangan qurilish-montaj ishlarining hamda koʻrib chiqilayotgan takliflarga asoslangan xizmatlarning maksimal qiymati avval amalga oshirilgan oʻxshash loyihalar yoki birlik narxlariga taqqoslagan holda shakllantiriladi, shuningdek jismoniy hajmlar (BOQ)/qabul qilingan dizayn qarorlari, chizmalar va diagrammalarga muvofiq aks ettiriladi.

Shuningdek, boʻlimda xaridlarni amalga oshirish rejasi va mexanizmi, loyihani amalga oshirish jadvali aks ettiriladi.

Boʻlim loyihaning iqtisodiy va moliyaviy tahlilini (loyiha samaradorligi koʻrsatkichlarini, shu jumladan, investitsion va operatsion xarajatlarni hamda iqtisodiy foydani baholash, loyiha va ishlab chiqarish kuchlarini optimal joylashtirish va boshqalar) oʻz ichiga oladi. Bundan tashqari, ushbu boʻlimda loyihaning ijtimoiy va ekologik jihatlari, uning manfaatdor tomonlarga taʼsiri va milliy siyosat va XMI/XHMT siyosatiga muvofiqligi baholanadi.

VII. Loyihaning asosiy xatarlari

Loyiha xatarlarini umumiy baholash va ularni kamaytirish choralari.

Ushbu boʻlimda loyiha boʻyicha taxminiy xatarlar, jumladan operatsion, texnik, moliyaviy, iqlim oʻzgarishi va tabiiy ofatlar bilan bogʻliq xatarlar tahlili, shuningdek, ularni kamaytirish boʻyicha strategiyalar/choralar taklif qilinadi.

VIII. Ilovalar

Loyihani boshqarish boʻyicha qoʻllanma

Loyiha boʻyicha xaridlarni baholash va rejalashtirish

Loyihani amalga oshirish boʻyicha maslahatchilar uchun dastlabki texnik topshiriqlar

Loyiha obyektini (bino va inshoot, yer) ajratish toʻgʻrisidagi qarorlar

Muhandislik-geologik tadqiqotlar, (zarur hollarda)

Muhandislik tarmoqlarini ulash uchun texnik shartlar

Davlat ekologik ekspertizasi xulosasi (zarur hollarda)

Boshqa zarur hujjatlar.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 11-fevraldagi PQ-51-son qaroriga 3-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro moliya institutlaridagi boshqaruvchilari va ularning oʻrinbosarlari, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasidan xalqaro moliya institutlaridagi boshqaruvchi idorasi vazifalari yuklangan vazirlik va idoralar

T/r Xalqaro moliya institutlari Oʻzbekiston Respublikasidan boshqaruvchi Oʻzbekiston Respublikasidan boshqaruvchi oʻrinbosari Boshqaruvchi idora 1. Xalqaro valyuta jamgʻarmasi Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov Markaziy bank raisi T.A. Ishmetov Markaziy bank 2. Jahon banki guruhi Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov Investitsiyalar, sanoat va savdo vaziri oʻrinbosari (lavozimi boʻyicha) Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi 3. Osiyo taraqqiyot banki Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari J.A. Xodjayev Iqtisodiyot va moliya vazirining birinchi oʻrinbosari I.I. Norqulov Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi 4. Osiyo infratuzilma investitsiyalari banki Investitsiyalar, sanoat va savdo vaziri L.Sh. Kudratov Iqtisodiyot va moliya vaziri oʻrinbosari I.Oʻ. Umrzakov Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi 5. Yevropa tiklanish va taraqqiyot banki Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari J.A. Xodjayev Investitsiyalar, sanoat va savdo vaziri oʻrinbosari (lavozimi boʻyicha) Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi 6. Islom taraqqiyot banki guruhi Investitsiyalar, sanoat va savdo vaziri L.Sh. Kudratov Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasi ijrochi direktori Sh.A. Vafayev Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi 7. Qishloq xoʻjaligini rivojlantirish xalqaro jamgʻarmasi Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari J.A. Xodjayev Qishloq xoʻjaligi vaziri I.Yu. Abduraxmonov Qishloq xoʻjaligi vazirligi 8. Yevroosiyo taraqqiyot banki Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari J.A. Xodjayev investitsiyalar, sanoat va savdo vaziri oʻrinbosari X.F. Teshabayev Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi 9. Yangi taraqqiyot banki investitsiyalar, sanoat va savdo vaziri L.Sh. Kudratov investitsiyalar, sanoat va savdo vaziri oʻrinbosari v.b. Sh.X. Gulamov Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 11-fevraldagi PQ-51-son qaroriga 4-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirishlar

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2018-yil 16-iyuldagi “Xalqaro moliya institutlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlari ishtirokidagi loyihalarni tayyorlash va amalga oshirish samaradorligini oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi PQ-3857-son qarorining 1-bandi va qarorga ilova oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2023-yil 30-martdagi “Jahon banki ishtirokidagi “Oʻzbekiston binolari uchun toza energiya” loyihasini amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi PQ-106-son qarorida :

a) 2-bandning uchinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Loyihaning samarali amalga oshirilishi uchun Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan dastlabki bosqichlarda ushbu sohada tajribaga ega boʻlgan xalqaro konsultantlar jalb qilinadi hamda yuridik shaxs sifatida Loyihani amalga oshirish guruhi tashkil etiladi;”

yettinchi-sakkizinchi xatboshilari chiqarib tashlansin;

b) 5-bandi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“5. Belgilansinki:

Loyihani amalga oshirishning dastlabki bosqichlarida (modernizatsiya qilinadigan obyektlarda kommunal xizmatlarni toʻlash boʻyicha xarajatlar uchun mahalliy budjetlardan ajratiladigan mablagʻlarning iqtisod qilingan qismi shakllangunga qadar) qarz mablagʻlarining oʻzlashtirilgan qismi boʻyicha foiz toʻlovlari davlat budjeti hisobidan qoplab beriladi;

modernizatsiya qilinadigan obyektlarda kommunal xizmatlarni toʻlash boʻyicha xarajatlar uchun mahalliy budjetlardan ajratiladigan mablagʻlarning iqtisod qilingan qismini doimiy tarzda Loyihani qayta moliyalashtirish maqsadida Iqtisodiyot va moliya vazirligiga oʻtkazib beriladi.

Bunda, kommunal xizmatlarni toʻlash boʻyicha xarajatlar uchun mablagʻlarning iqtisod qilingan qismi obyektlarga oʻrnatilgan normativ miqdorlarga nisbatan hisoblansin.”

v) 7-bandda :

“a” kichik bandi birinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon qilinsin:

“a) Iqtisodiyot va moliya vazirligi”;

“a” kichik bandi uchinchi xatboshisidagi “organlar” soʻzi “organ” soʻzi bilan almashtirilsin;

“b” kichik bandidagi “Jamgʻarma” soʻzi “Iqtisodiyot va moliya vazirligi” soʻzlari bilan almashtirilsin;

g) 8-bandi oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin;

d) 10-bandi uchinchi xatboshisidagi “Energetika vazirligi” soʻzlari “Iqtisodiyot va moliya vazirligi” soʻzlari bilan almashtirilsin;

e) 11-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“11. Mazkur qarorning ijrosini samarali tashkil qilishga masʼul va shaxsiy javobgar etib Bosh vazirning oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov belgilansin”;

j) 1-ilovada :

2-bandi “2-komponent: Loyiha doirasida texnik koʻmak berish, personallar salohiyatini oshirish hamda uning amalga oshirilishini qoʻllab-quvvatlash” ustunidagi “Jamgʻarmaning” soʻzi “Iqtisodiyot va moliya vazirligining” soʻzlari bilan almashtirilsin;

izoh qismining ikkinchi xatboshisidagi “Energetika vazirligiga” soʻzlari “Iqtisodiyot va moliya vazirligiga” soʻzlari bilan almashtirilsin;

z) 4-ilova matni quyidagi tahrirda bayon qilinsin:

“Jahon banki ishtirokidagi “Oʻzbekiston binolari uchun toza energiya” loyihasining amalga oshirilishini muvofiqlashtirish boʻyicha idoralararo komissiya

1 I.I. Norqulov — iqtisodiyot va moliya vazirining birinchi oʻrinbosari, Komissiya raisi ; 2 N.Q. Xolmurodov — investitsiyalar, sanoat va savdo vazirining birinchi oʻrinbosari; 3 F.M. Tashpulatov — sogʻliqni saqlash vazirining oʻrinbosari; 4 T.K. Komilov — maktabgacha va maktab taʼlimi vazirining oʻrinbosari;”.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV

Toshkent sh.,

2025-yil 11-fevral,

PQ-51-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 12.02.2025-y., 07/25/51/0129-son; 16.09.2025-y., 07/25/285/0831-son)

lex.uz