📅 2025-yil 31-yanvar · Boshqa hujjatlar · Konstitutsiyaviy sudi
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 31-yanvar · Boshqa hujjatlar · Konstitutsiyaviy sudi
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 31 январь · Бошқа ҳужжатлар · Конституциявий суди
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 31 января 2025 г. · Другие документы · Конституционного суда
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 31 January 2025 · Other documents · Konstitutsiyaviy sudi
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг
қарори
Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги Қонуни 8, 9, 10-моддалари иккинчи қисмининг Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига оид нормаларига шарҳ бериш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди (бундан буён матнда — Конституциявий суд) раислик қилувчи М. Абдусаломов, судьялар А. Гафуров, К. Камилов, Ж. Балкибаева, К. Давлетова, Р. Исмайлов, А. Рахимов ва А. Рахмановдан иборат таркибда, катта эксперт У. Гиязовнинг котиблигида, тараф вакиллари — Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Ш. Полванов, судьялари У. Холов, Ш. Саидов, Д. Исраилова, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси (бундан буён матнда — Савдо-саноат палатаси) вакиллари Н. Сапарниязов, Ж. Носировларнинг иштирокида, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг (бундан буён матнда — Олий суд) мурожаати бўйича Ўзбекистон Республикаси «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунининг (бундан буён матнда — «Давлат божи тўғрисида»ги Қонун) 8 , 9 , 10-моддалари иккинчи қисмининг Савдо-саноат палатасига оид нормаларига шарҳ бериш тўғрисидаги ишни очиқ суд мажлисида кўриб чиқди.
Конституциявий суд судья К. Давлетованинг маърузасини, Олий суд, Савдо-саноат палатаси ва тегишли давлат органлари вакилларининг тушунтиришларини ҳамда Конституциявий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзоларининг фикрларини эшитиб, иш материалларини ўрганиб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
Олий суд, Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2023 йил ва 2024 йилнинг 9 ойи давомида судларга киритилган даъво аризалар (аризалар) юзасидан давлат божи ундирилишига оид суд амалиётини умумлаштириб, таҳлил қилган. Шу давр давомида республика бўйича фуқаролик ишлари бўйича, иқтисодий ва маъмурий судлар томонидан Савдо-саноат палатасининг палата аъзолари манфаатида киритилган даъво аризалари (аризалар) қаноатлантириш рад этилиши натижасида 57 та ҳолатда 223 708 440 сўм давлат божи Савдо-саноат палатасидан, 6 179 та ҳолатда 40 815 919 954,1 сўм давлат божи, манфаатида ариза киритилган Савдо-саноат палата аъзоларидан ундирилган. Судларда бундай икки хил амалиётнинг шаклланишига «Давлат божи тўғрисида»ги Қонуни 8 , 9 , 10-моддаларининг иккинчи қисмидаги Савдо-саноат палатасига оид нормаларни турлича талқин этилиши ва зиддиятли қўлланилиши сабаб бўлган. Мазкур Қонун нормаларини бир хилда талқин қилиниши ва қўлланилишини таъминлаш мақсадида, Олий суд Конституциявий судга мурожаат қилиб, «Давлат божи тўғрисида»ги Қонун 8 , 9 , 10-моддалари иккинчи қисмининг Савдо-саноат палатасига оид нормаларига расмий шарҳ беришни сўраган.
Суд мажлисида Олий суд, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Конституциявий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари вакилларининг фикрлари ва тушунтиришлари эшитилди.
Конституциявий суд, Олий суднинг мурожаати ва унга илова қилинган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, суд мажлисида иштирок этган тараф вакилларининг фикрларини эшитиб, «Давлат божи тўғрисида»ги Қонуни 8 , 9 , 10-моддалари иккинчи қисмининг Савдо-саноат палатасига оид нормаларига шарҳ беришни лозим деб топди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 133-моддаси биринчи қисмининг 5-банди , «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонуни 4-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига мувофиқ, Конституциявий суд Конституция ва қонун нормаларига шарҳ беради.
Конституциявий қонуннинг 85-моддаси иккинчи қисмига биноан Конституциявий судга Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларини расмий шарҳлаш ҳақидаги мурожаатда Конституцияда ва қонунда уларнинг амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилишига олиб келган ноаниқликлар мавжудлигига доир важлар ҳамда далиллар кўрсатилган бўлиши керак.
Олий суднинг мурожаатида келтирилишича, Савдо-саноат палатаси томонидан палата аъзоларининг манфаатини кўзлаб судларга киритилган даъво аризалар юзасидан давлат божи ундирилишига оид суд амалиёти умумлаштирилган. Унга кўра, 2023 йил ва 2024 йилнинг 9 ойида Савдо-саноат палатаси томонидан ўз аъзоларининг манфаатларини кўзлаб иқтисодий судларга тақдим этилган 59 883 та даъво аризасининг 2 967 тасини қаноатлантириш рад этилган ва 36 643 092 823,3 сўм давлат божи манфаати кўзланиб даъво киритилган тадбиркорлик субъектларидан ундирилган бўлса, 2024 йилнинг 9 ойида 2 та ҳолатда жами 35 408 440 сўм давлат божи Савдо-саноат палатаси ҳисобидан ундирилган. Шу давр мобайнида маъмурий судларга тақдим этилган 940 та даъво аризанинг 462 тасини қаноатлантириш рад этилган бўлиб, 407 та қарор билан 1 068 814 000 сўм давлат божи манфаати кўзланиб даъво киритилган палата аъзоларидан ундирилган бўлса, 55 та суд қарори билан 188 300 000 сўм Савдо-саноат палатаси ҳисобидан ундирилган.
Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан эса 2023 йил ва 2024 йилнинг 9 ойи давомида палата аъзолари манфаатида тақдим этилган 350 945 та даъво аризасининг 2 807 тасини қаноатлантириш рад этилган ва барча ҳолатда 3 104 013 130,8 сўм давлат божи манфаати кўзланиб даъво киритилган палата аъзоси ҳисобидан ундирилган.
«Давлат божи тўғрисида»ги Қонуни 8-моддаси биринчи қисмининг 14-банди , шунингдек, 9 ва 10-моддалари биринчи қисмининг 2-бандларига асосан, Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари — палата аъзоларининг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар бўйича фуқаролик ишлари бўйича, иқтисодий ва маъмурий судларда давлат божини тўлашдан озод қилинган.
«Давлат божи тўғрисида»ги Қонуни 8 , 9 , 10-моддаларининг иккинчи қисмида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи шу шахслардан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилиши белгиланган.
Мазкур Қонун нормалари судлар томонидан турлича талқин қилинаётганлиги кўринади. Масалан, айрим маъмурий ва иқтисодий судлар томонидан Савдо-саноат палатаси аъзоларининг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар бўйича даъво талаблари қаноатлантиришдан рад этилганда Қонуннинг 9 , 10-моддалари иккинчи қисмига асосан давлат божини Савдо-саноат палатаси ҳисобидан ундирилган бўлса, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан эса давлат божи манфаати кўзланиб даъво киритилган палата аъзолари ҳисобидан ундирилган.
«Давлат божи тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддасига мувофиқ, ваколатли муассасаларга ва (ёки) мансабдор шахсларга мурожаат қилаётган ва ўзига нисбатан юридик аҳамиятга молик ҳаракат ва (ёки) ҳужжатлар бериш амалга ошириладиган юридик ва жисмоний шахслар давлат божини тўловчилардир.
Судларга даъво ариза (ариза) беришда давлат божини тўлаш асослари ва тартиби, уни тўлашни кечиктириш, тўлашдан озод қилиш тартиби ҳамда давлат божини қайтариш тартиби «Давлат божи тўғрисида»ги Қонун нормалари билан белгиланган.
«Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги Қонуни 21-моддасининг иккинчи қисмига кўра, Палата аъзоларининг манфаатларини кўзлаб судларга давлат божи тўламасдан даъволар тақдим этиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
Мазкур Қонуннинг 35-моддасига кўра, Палата ўз аъзоларининг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.
Олий суднинг мурожаатида «Давлат божи тўғрисида»ги Қонуни 8 , 9 , 10-моддаларининг иккинчи қисмида Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари талабларини қаноатлантириш рад этилган тақдирда, давлат божи ундиришда ноаниқликнинг мавжудлиги ва бу амалиётда қонун нормасининг нотўғри талқин қилинишига ва қўлланилишига олиб келаётганлиги кўрсатилган.
Конституциявий қонуннинг 85-моддаси биринчи қисмига биноан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларини расмий шарҳлаш уларда нормаларнинг амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилишига олиб келган ноаниқликлар топилган тақдирда амалга оширилади. Шунингдек, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 55-моддасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий шарҳлаш норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ноаниқликлар топилган, у амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилган тақдирда амалга оширилиши белгиланган.
«Давлат божи тўғрисида»ги Қонуннинг 8 , 9 , 10-моддалари давлат божини тўлашдан озод қилиш масаласига тааллуқли бўлиб, фуқаролик ишлари бўйича, иқтисодий ва маъмурий судларда давлат божини тўлашдан озод қилиш тартибини белгилайди.
«Давлат божи тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддаси биринчи қисмининг 14-бандига кўра, Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари — палата аъзоларининг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилинган. Мазкур модданинг иккинчи қисмида , ушбу модда биринчи қисмининг 14-бандида кўрсатилган шахсларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи шу шахслардан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилади.
«Давлат божи тўғрисида»ги Қонуннинг 9-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига кўра, Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари — палата аъзоларининг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар юзасидан иқтисодий судларда давлат божини тўлашдан озод қилинган. Мазкур модданинг иккинчи қисмида , ушбу модда биринчи қисмининг 2-бандида кўрсатилган шахсларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи шу шахслардан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилиши назарда тутилган.
«Давлат божи тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига кўра, Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари — давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан палата аъзоларининг манфаатларини кўзлаб берилган аризалар бўйича маъмурий судларда давлат божини тўлашдан озод қилинган. Мазкур модданинг иккинчи қисмида , ушбу модда биринчи қисмининг 2-бандида кўрсатилган шахсларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи шу шахслардан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилиши белгиланган.
Қонун ҳужжатларида давлат божини тўлашдан озод этилган давлат органлари ва бошқа органлар, шунингдек ташкилотлар томонидан юридик шахслар ва фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб тақдим этилган даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган ёки улар қисман қаноатлантирилган тақдирда, давлат божи манфаатлари кўзланиб даъво тақдим этилган шахслардан даъво талабларининг қаноатлантирилиши рад этилган қисмига мутаносиб равишда ундирилиши белгиланган.
«Давлат божи тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддасида давлат божини ундиришнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланган. Мазкур модданинг йигирма тўртинчи қисмида давлат божи тўлашдан озод қилинган давлат органлари ҳамда бошқа шахслар томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб билдирилган талабларини қаноатлантириш рад этилган ёки улар қисман қаноатлантирилган тақдирда, давлат божи ариза қайси шахсларнинг манфаатларини кўзлаб тақдим этилган бўлса, шу шахслардан даъво талабларининг қаноатлантирилиши рад этилган қисмига мутаносиб равишда ундирилиши белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118-моддаси еттинчи қисмида , давлат божи тўлашдан озод қилинган давлат органлари ҳамда бошқа шахслар томонидан юридик шахслар ва фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб тақдим этилган даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган ёки улар қисман қаноатлантирилган тақдирда, давлат божи манфаатлари кўзланиб даъво тақдим этилган шахслардан даъво талабларининг қаноатлантирилиши рад этилган қисмига мутаносиб равишда ундирилади, деб белгиланган. Худди шундай нормалар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 138-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 115-моддаси бешинчи қисмларида ҳам мустаҳкамланган.
Юқорида кўрсатилган ҳолатлардан келиб чиқиб, «Давлат божи тўғрисида»ги Қонуннинг 8 , 9 , 10-моддалари иккинчи қисмининг Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари — палата аъзоларининг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар ва аризалар бўйича, Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармаларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи шу шахслардан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилади деган норма, давлат божи ариза қайси шахсларнинг манфаатларини кўзлаб тақдим этилган бўлса, шу шахслардан даъво талабларининг қаноатлантирилиши рад этилган қисмига мутаносиб равишда ундирилишини назарда тутади, деган хулосага олиб келади.
«Давлат божи тўғрисида»ги Қонуни 19-моддасининг йигирма тўртинчи қисми билан ушбу Қонуннинг 8 , 9 , 10-моддалари иккинчи қисмининг Савдо-саноат палатасига оид нормаларини қўллашда судлар томонидан Савдо-саноат палатаси томонидан судларга киритилган даъво аризалар (аризалар) бўйича талабларни қаноатлантириш рад этилган ёки улар қисман қаноатлантирилган ҳолатларда давлат божи ундиришда турлича амалиёт шаклланган.
Юқорида кўрсатилган Қонун нормаларининг бир хилда қўлланилишини таъминлаш, шунингдек, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг нормаларига асосан «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунни янада такомиллаштириш масаласини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ кўринади.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 133-моддаси биринчи қисмининг 5-банди , «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонуни 4-моддаси биринчи қисмининг 4-банди , 67 , 69 , 70 , 72 ва 85-моддаларига асосан, Конституциявий суд қарор қилди:
1. «Давлат божи тўғрисида»ги Қонуни 8 , 9 , 10-моддалари иккинчи қисмининг Савдо-саноат палатасига оид нормаларига қуйидаги мазмунда шарҳ берилсин:
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари — палата аъзоларининг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволари (аризалар) бўйича «...кўрсатилган шахсларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи шу шахслардан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилади» деган нормани, давлат божи ариза қайси шахсларнинг манфаатларини кўзлаб тақдим этилган бўлса, шу шахслардан даъво талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган қисмига мутаносиб равишда ундирилади, деб тушуниш лозим.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунни янада такомиллаштириш масаласини кўриб чиқиш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ушбу қарори «Халқ сўзи» газетаси, «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами», Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базаси ва Конституциявий суднинг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
4. Мазкур қарор қатъий, унинг устидан шикоят қилиниши мумкин эмас ва у расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди
Тошкент ш.,
2025 йил 31 январь,
КСҚ-2-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudining
qarori
Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat boji toʻgʻrisida”gi Qonuni 8, 9, 10-moddalari ikkinchi qismining Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasiga oid normalariga sharh berish haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudi (bundan buyon matnda — Konstitutsiyaviy sud) raislik qiluvchi M. Abdusalomov, sudyalar A. Gafurov, K. Kamilov, J. Balkibayeva, K. Davletova, R. Ismaylov, A. Raximov va A. Raxmanovdan iborat tarkibda, katta ekspert U. Giyazovning kotibligida, taraf vakillari — Oʻzbekiston Respublikasi Oliy sudi raisining oʻrinbosari Sh. Polvanov, sudyalari U. Xolov, Sh. Saidov, D. Israilova, Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi (bundan buyon matnda — Savdo-sanoat palatasi) vakillari N. Saparniyazov, J. Nosirovlarning ishtirokida, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy sudining (bundan buyon matnda — Oliy sud) murojaati boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi “Davlat boji toʻgʻrisida”gi Qonunining (bundan buyon matnda — “Davlat boji toʻgʻrisida”gi Qonun) 8 , 9 , 10-moddalari ikkinchi qismining Savdo-sanoat palatasiga oid normalariga sharh berish toʻgʻrisidagi ishni ochiq sud majlisida koʻrib chiqdi.
Konstitutsiyaviy sud sudya K. Davletovaning maʼruzasini, Oliy sud, Savdo-sanoat palatasi va tegishli davlat organlari vakillarining tushuntirishlarini hamda Konstitutsiyaviy sud huzuridagi Ilmiy-maslahat kengashi aʼzolarining fikrlarini eshitib, ish materiallarini oʻrganib chiqib, quyidagilarni aniqladi:
Oliy sud, Savdo-sanoat palatasi va uning hududiy boshqarmalari tomonidan 2023-yil va 2024-yilning 9 oyi davomida sudlarga kiritilgan daʼvo arizalar (arizalar) yuzasidan davlat boji undirilishiga oid sud amaliyotini umumlashtirib, tahlil qilgan. Shu davr davomida respublika boʻyicha fuqarolik ishlari boʻyicha, iqtisodiy va maʼmuriy sudlar tomonidan Savdo-sanoat palatasining palata aʼzolari manfaatida kiritilgan daʼvo arizalari (arizalar) qanoatlantirish rad etilishi natijasida 57 ta holatda 223 708 440 soʻm davlat boji Savdo-sanoat palatasidan, 6 179 ta holatda 40 815 919 954,1 soʻm davlat boji, manfaatida ariza kiritilgan Savdo-sanoat palata aʼzolaridan undirilgan. Sudlarda bunday ikki xil amaliyotning shakllanishiga “Davlat boji toʻgʻrisida”gi Qonuni 8 , 9 , 10-moddalarining ikkinchi qismidagi Savdo-sanoat palatasiga oid normalarni turlicha talqin etilishi va ziddiyatli qoʻllanilishi sabab boʻlgan. Mazkur Qonun normalarini bir xilda talqin qilinishi va qoʻllanilishini taʼminlash maqsadida, Oliy sud Konstitutsiyaviy sudga murojaat qilib, “Davlat boji toʻgʻrisida”gi Qonun 8 , 9 , 10-moddalari ikkinchi qismining Savdo-sanoat palatasiga oid normalariga rasmiy sharh berishni soʻragan.
Sud majlisida Oliy sud, Savdo-sanoat palatasi, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Senatining Sud-huquq masalalari va korrupsiyaga qarshi kurashish qoʻmitasi, Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi, Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi, Inson huquqlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Milliy markazi va Konstitutsiyaviy sud huzuridagi Ilmiy-maslahat kengashi aʼzolari vakillarining fikrlari va tushuntirishlari eshitildi.
Konstitutsiyaviy sud, Oliy sudning murojaati va unga ilova qilingan hujjatlarni oʻrganib chiqib, sud majlisida ishtirok etgan taraf vakillarining fikrlarini eshitib, “Davlat boji toʻgʻrisida”gi Qonuni 8 , 9 , 10-moddalari ikkinchi qismining Savdo-sanoat palatasiga oid normalariga sharh berishni lozim deb topdi.
Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi 133-moddasi birinchi qismining 5-bandi , “Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisida”gi Konstitutsiyaviy qonuni 4-moddasi birinchi qismining 4-bandiga muvofiq, Konstitutsiyaviy sud Konstitutsiya va qonun normalariga sharh beradi.
Konstitutsiyaviy qonunning 85-moddasi ikkinchi qismiga binoan Konstitutsiyaviy sudga Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlari normalarini rasmiy sharhlash haqidagi murojaatda Konstitutsiyada va qonunda ularning amaliyotda notoʻgʻri yoki ziddiyatli tarzda qoʻllanilishiga olib kelgan noaniqliklar mavjudligiga doir vajlar hamda dalillar koʻrsatilgan boʻlishi kerak.
Oliy sudning murojaatida keltirilishicha, Savdo-sanoat palatasi tomonidan palata aʼzolarining manfaatini koʻzlab sudlarga kiritilgan daʼvo arizalar yuzasidan davlat boji undirilishiga oid sud amaliyoti umumlashtirilgan. Unga koʻra, 2023-yil va 2024-yilning 9 oyida Savdo-sanoat palatasi tomonidan oʻz aʼzolarining manfaatlarini koʻzlab iqtisodiy sudlarga taqdim etilgan 59 883 ta daʼvo arizasining 2 967 tasini qanoatlantirish rad etilgan va 36 643 092 823,3 soʻm davlat boji manfaati koʻzlanib daʼvo kiritilgan tadbirkorlik subyektlaridan undirilgan boʻlsa, 2024-yilning 9 oyida 2 ta holatda jami 35 408 440 soʻm davlat boji Savdo-sanoat palatasi hisobidan undirilgan. Shu davr mobaynida maʼmuriy sudlarga taqdim etilgan 940 ta daʼvo arizaning 462 tasini qanoatlantirish rad etilgan boʻlib, 407 ta qaror bilan 1 068 814 000 soʻm davlat boji manfaati koʻzlanib daʼvo kiritilgan palata aʼzolaridan undirilgan boʻlsa, 55 ta sud qarori bilan 188 300 000 soʻm Savdo-sanoat palatasi hisobidan undirilgan.
Fuqarolik ishlari boʻyicha sudlar tomonidan esa 2023-yil va 2024-yilning 9 oyi davomida palata aʼzolari manfaatida taqdim etilgan 350 945 ta daʼvo arizasining 2 807 tasini qanoatlantirish rad etilgan va barcha holatda 3 104 013 130,8 soʻm davlat boji manfaati koʻzlanib daʼvo kiritilgan palata aʼzosi hisobidan undirilgan.
“Davlat boji toʻgʻrisida”gi Qonuni 8-moddasi birinchi qismining 14-bandi , shuningdek, 9 va 10-moddalari birinchi qismining 2-bandlariga asosan, Savdo-sanoat palatasi va uning hududiy boshqarmalari — palata aʼzolarining manfaatlarini koʻzlab qilingan daʼvolar boʻyicha fuqarolik ishlari boʻyicha, iqtisodiy va maʼmuriy sudlarda davlat bojini toʻlashdan ozod qilingan.
“Davlat boji toʻgʻrisida”gi Qonuni 8 , 9 , 10-moddalarining ikkinchi qismida Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi va uning hududiy boshqarmalari talablarini qanoatlantirish toʻliq yoki qisman rad etilgan taqdirda, davlat boji shu shaxslardan talablarning qanoatlantirilishi rad etilgan miqdoriga mutanosib ravishda undirilishi belgilangan.
Mazkur Qonun normalari sudlar tomonidan turlicha talqin qilinayotganligi koʻrinadi. Masalan, ayrim maʼmuriy va iqtisodiy sudlar tomonidan Savdo-sanoat palatasi aʼzolarining manfaatlarini koʻzlab qilingan daʼvolar boʻyicha daʼvo talablari qanoatlantirishdan rad etilganda Qonunning 9 , 10-moddalari ikkinchi qismiga asosan davlat bojini Savdo-sanoat palatasi hisobidan undirilgan boʻlsa, fuqarolik ishlari boʻyicha sudlar tomonidan esa davlat boji manfaati koʻzlanib daʼvo kiritilgan palata aʼzolari hisobidan undirilgan.
“Davlat boji toʻgʻrisida”gi Qonunning 4-moddasiga muvofiq, vakolatli muassasalarga va (yoki) mansabdor shaxslarga murojaat qilayotgan va oʻziga nisbatan yuridik ahamiyatga molik harakat va (yoki) hujjatlar berish amalga oshiriladigan yuridik va jismoniy shaxslar davlat bojini toʻlovchilardir.
Sudlarga daʼvo ariza (ariza) berishda davlat bojini toʻlash asoslari va tartibi, uni toʻlashni kechiktirish, toʻlashdan ozod qilish tartibi hamda davlat bojini qaytarish tartibi “Davlat boji toʻgʻrisida”gi Qonun normalari bilan belgilangan.
“Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi toʻgʻrisida”gi Qonuni 21-moddasining ikkinchi qismiga koʻra, Palata aʼzolarining manfaatlarini koʻzlab sudlarga davlat boji toʻlamasdan daʼvolar taqdim etish, davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlarining, mahalliy davlat hokimiyati organlarining qarorlari, ular mansabdor shaxslarining harakatlari (harakatsizligi) ustidan shikoyat qilish huquqiga ega.
Mazkur Qonunning 35-moddasiga koʻra, Palata oʻz aʼzolarining majburiyatlari boʻyicha javob bermaydi.
Oliy sudning murojaatida “Davlat boji toʻgʻrisida”gi Qonuni 8 , 9 , 10-moddalarining ikkinchi qismida Savdo-sanoat palatasi va uning hududiy boshqarmalari talablarini qanoatlantirish rad etilgan taqdirda, davlat boji undirishda noaniqlikning mavjudligi va bu amaliyotda qonun normasining notoʻgʻri talqin qilinishiga va qoʻllanilishiga olib kelayotganligi koʻrsatilgan.
Konstitutsiyaviy qonunning 85-moddasi birinchi qismiga binoan Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlari normalarini rasmiy sharhlash ularda normalarning amaliyotda notoʻgʻri yoki ziddiyatli tarzda qoʻllanilishiga olib kelgan noaniqliklar topilgan taqdirda amalga oshiriladi. Shuningdek, “Normativ-huquqiy hujjatlar toʻgʻrisida”gi Qonunning 55-moddasida normativ-huquqiy hujjatlarni rasmiy sharhlash normativ-huquqiy hujjatda noaniqliklar topilgan, u amaliyotda notoʻgʻri yoki ziddiyatli tarzda qoʻllanilgan taqdirda amalga oshirilishi belgilangan.
“Davlat boji toʻgʻrisida”gi Qonunning 8 , 9 , 10-moddalari davlat bojini toʻlashdan ozod qilish masalasiga taalluqli boʻlib, fuqarolik ishlari boʻyicha, iqtisodiy va maʼmuriy sudlarda davlat bojini toʻlashdan ozod qilish tartibini belgilaydi.
“Davlat boji toʻgʻrisida”gi Qonunning 8-moddasi birinchi qismining 14-bandiga koʻra, Savdo-sanoat palatasi va uning hududiy boshqarmalari — palata aʼzolarining manfaatlarini koʻzlab qilingan daʼvolar yuzasidan fuqarolik ishlari boʻyicha sudlarda davlat bojini toʻlashdan ozod qilingan. Mazkur moddaning ikkinchi qismida , ushbu modda birinchi qismining 14-bandida koʻrsatilgan shaxslarning talablarini qanoatlantirish toʻliq yoki qisman rad etilgan taqdirda, davlat boji shu shaxslardan talablarning qanoatlantirilishi rad etilgan miqdoriga mutanosib ravishda undiriladi.
“Davlat boji toʻgʻrisida”gi Qonunning 9-moddasi birinchi qismining 2-bandiga koʻra, Savdo-sanoat palatasi va uning hududiy boshqarmalari — palata aʼzolarining manfaatlarini koʻzlab qilingan daʼvolar yuzasidan iqtisodiy sudlarda davlat bojini toʻlashdan ozod qilingan. Mazkur moddaning ikkinchi qismida , ushbu modda birinchi qismining 2-bandida koʻrsatilgan shaxslarning talablarini qanoatlantirish toʻliq yoki qisman rad etilgan taqdirda, davlat boji shu shaxslardan talablarning qanoatlantirilishi rad etilgan miqdoriga mutanosib ravishda undirilishi nazarda tutilgan.
“Davlat boji toʻgʻrisida”gi Qonunning 10-moddasi birinchi qismining 2-bandiga koʻra, Savdo-sanoat palatasi va uning hududiy boshqarmalari — davlat boshqaruvi organlarining, maʼmuriy-huquqiy faoliyatni amalga oshirishga vakolatli boʻlgan boshqa organlarning, fuqarolar oʻzini oʻzi boshqarish organlarining, ular mansabdor shaxslarining qarorlari, harakatlari (harakatsizligi) ustidan palata aʼzolarining manfaatlarini koʻzlab berilgan arizalar boʻyicha maʼmuriy sudlarda davlat bojini toʻlashdan ozod qilingan. Mazkur moddaning ikkinchi qismida , ushbu modda birinchi qismining 2-bandida koʻrsatilgan shaxslarning talablarini qanoatlantirish toʻliq yoki qisman rad etilgan taqdirda, davlat boji shu shaxslardan talablarning qanoatlantirilishi rad etilgan miqdoriga mutanosib ravishda undirilishi belgilangan.
Qonun hujjatlarida davlat bojini toʻlashdan ozod etilgan davlat organlari va boshqa organlar, shuningdek tashkilotlar tomonidan yuridik shaxslar va fuqarolarning manfaatlarini koʻzlab taqdim etilgan daʼvo talablarini qanoatlantirish rad etilgan yoki ular qisman qanoatlantirilgan taqdirda, davlat boji manfaatlari koʻzlanib daʼvo taqdim etilgan shaxslardan daʼvo talablarining qanoatlantirilishi rad etilgan qismiga mutanosib ravishda undirilishi belgilangan.
“Davlat boji toʻgʻrisida”gi Qonunning 19-moddasida davlat bojini undirishning oʻziga xos xususiyatlari belgilangan. Mazkur moddaning yigirma toʻrtinchi qismida davlat boji toʻlashdan ozod qilingan davlat organlari hamda boshqa shaxslar tomonidan yuridik va jismoniy shaxslarning manfaatlarini koʻzlab bildirilgan talablarini qanoatlantirish rad etilgan yoki ular qisman qanoatlantirilgan taqdirda, davlat boji ariza qaysi shaxslarning manfaatlarini koʻzlab taqdim etilgan boʻlsa, shu shaxslardan daʼvo talablarining qanoatlantirilishi rad etilgan qismiga mutanosib ravishda undirilishi belgilangan.
Shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy protsessual kodeksining 118-moddasi yettinchi qismida , davlat boji toʻlashdan ozod qilingan davlat organlari hamda boshqa shaxslar tomonidan yuridik shaxslar va fuqarolarning manfaatlarini koʻzlab taqdim etilgan daʼvo talablarini qanoatlantirish rad etilgan yoki ular qisman qanoatlantirilgan taqdirda, davlat boji manfaatlari koʻzlanib daʼvo taqdim etilgan shaxslardan daʼvo talablarining qanoatlantirilishi rad etilgan qismiga mutanosib ravishda undiriladi, deb belgilangan. Xuddi shunday normalar Oʻzbekiston Respublikasi Fuqarolik protsessual kodeksining 138-moddasi va Oʻzbekiston Respublikasi Maʼmuriy sud ishlarini yuritish toʻgʻrisidagi kodeksining 115-moddasi beshinchi qismlarida ham mustahkamlangan.
Yuqorida koʻrsatilgan holatlardan kelib chiqib, “Davlat boji toʻgʻrisida”gi Qonunning 8 , 9 , 10-moddalari ikkinchi qismining Savdo-sanoat palatasi va uning hududiy boshqarmalari — palata aʼzolarining manfaatlarini koʻzlab qilingan daʼvolar va arizalar boʻyicha, Savdo-sanoat palatasi va uning hududiy boshqarmalarning talablarini qanoatlantirish toʻliq yoki qisman rad etilgan taqdirda, davlat boji shu shaxslardan talablarning qanoatlantirilishi rad etilgan miqdoriga mutanosib ravishda undiriladi degan norma, davlat boji ariza qaysi shaxslarning manfaatlarini koʻzlab taqdim etilgan boʻlsa, shu shaxslardan daʼvo talablarining qanoatlantirilishi rad etilgan qismiga mutanosib ravishda undirilishini nazarda tutadi, degan xulosaga olib keladi.
“Davlat boji toʻgʻrisida”gi Qonuni 19-moddasining yigirma toʻrtinchi qismi bilan ushbu Qonunning 8 , 9 , 10-moddalari ikkinchi qismining Savdo-sanoat palatasiga oid normalarini qoʻllashda sudlar tomonidan Savdo-sanoat palatasi tomonidan sudlarga kiritilgan daʼvo arizalar (arizalar) boʻyicha talablarni qanoatlantirish rad etilgan yoki ular qisman qanoatlantirilgan holatlarda davlat boji undirishda turlicha amaliyot shakllangan.
Yuqorida koʻrsatilgan Qonun normalarining bir xilda qoʻllanilishini taʼminlash, shuningdek, yangi tahrirdagi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasining normalariga asosan “Davlat boji toʻgʻrisida”gi Qonunni yanada takomillashtirish masalasini koʻrib chiqish maqsadga muvofiq koʻrinadi.
Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi 133-moddasi birinchi qismining 5-bandi , “Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisida”gi Konstitutsiyaviy qonuni 4-moddasi birinchi qismining 4-bandi , 67 , 69 , 70 , 72 va 85-moddalariga asosan, Konstitutsiyaviy sud qaror qildi:
1. “Davlat boji toʻgʻrisida”gi Qonuni 8 , 9 , 10-moddalari ikkinchi qismining Savdo-sanoat palatasiga oid normalariga quyidagi mazmunda sharh berilsin:
Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi va uning hududiy boshqarmalari — palata aʼzolarining manfaatlarini koʻzlab qilingan daʼvolari (arizalar) boʻyicha “...koʻrsatilgan shaxslarning talablarini qanoatlantirish toʻliq yoki qisman rad etilgan taqdirda, davlat boji shu shaxslardan talablarning qanoatlantirilishi rad etilgan miqdoriga mutanosib ravishda undiriladi” degan normani, davlat boji ariza qaysi shaxslarning manfaatlarini koʻzlab taqdim etilgan boʻlsa, shu shaxslardan daʼvo talablarning qanoatlantirilishi rad etilgan qismiga mutanosib ravishda undiriladi, deb tushunish lozim.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisiga “Davlat boji toʻgʻrisida”gi Qonunni yanada takomillashtirish masalasini koʻrib chiqish tavsiya etilsin.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudining ushbu qarori “Xalq soʻzi” gazetasi, “Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami”, Oʻzbekiston Respublikasi qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi va Konstitutsiyaviy sudning rasmiy veb-saytida eʼlon qilinsin.
4. Mazkur qaror qatʼiy, uning ustidan shikoyat qilinishi mumkin emas va u rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudi
Toshkent sh.,
2025-yil 31-yanvar,
KSQ-2-son