UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 21-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 21 февраль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 21 февраля 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 21 February 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг «Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларига ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини қўллаш асослари ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари;

жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларига бир йўла бериладиган нафақанинг миқдори, уни тайинлаш ва тўлаш тартиби.

2. Белгилансинки:

жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларига ногиронлик пенсиясини ёхуд уларнинг оила аъзоларига ва қарамоғида бўлган шахсларга боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини тайинлаш ҳамда тўлаш қонунчиликда белгиланган тартибда;

ҳимоя қилинувчи шахсларга бир йўла бериладиган нафақани тўлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан;

ҳимоя қилинувчи шахсларга жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан етказилган мулкий зарарнинг ўрнини қоплаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Олий суд, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигининг ҳисоб-китобларига кўра 2025 йилдан бошлаб ҳар йили жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларига бир йўла бериладиган нафақани тўлаш билан боғлиқ харажатларни Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин ҳамда 2025 йил учун тегишли маблағларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига ўтказиб берилишини таъминласин.

4. Ушбу қарор 2025 йил 1 апрелдан эътиборан кучга киради.

5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 февралдаги 103-сон қарорига ИЛОВА

Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг «Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процесси бошқа иштирокчиларининг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга қаратилган бир йўла бериладиган нафақани тайинлаш ва тўлаш тартибини белгилайди.

Ушбу Низом талаблари хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида тан жароҳати олган ҳарбий хизматчиларга (ходимларга) ёки ҳалок бўлган (вафот этган) ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) оила аъзоларига нафақа тўлаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини таъминловчи орган — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, унинг ҳудудий бўлинмалари;

ҳимоя қилинувчи шахс — ўзига нисбатан белгиланган тартибда ҳимояни амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 4-моддасида назарда тутилган шахслар;

ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилувчи орган — жиноят ишини юритаётган, терговга қадар текширувни амалга ошираётган, суриштирув, дастлабки тергов органлари ва суд.

3. Қуйидагилар ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини қўллашга асос ҳисобланади:

ҳимоя қилинувчи шахснинг жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан ҳалок бўлганлиги (вафот этганлиги);

ҳимоя қилинувчи шахс жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан унга ногиронликни келтириб чиқарувчи тан жароҳати етказилганлиги ёки унинг соғлиғига бошқача зиён етказилганлиги;

ҳимоя қилинувчи шахс жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан унга ногиронликни келтириб чиқармайдиган тан жароҳати етказилганлиги ёки унинг соғлиғига бошқача зиён етказилганлиги;

ҳимоя қилинувчи шахсга жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан мулкий зарар етказилганлиги.

2-боб. Ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари

4. Ҳимоя қилинувчи шахс жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан ҳалок бўлган (вафот этган) тақдирда, ҳалок бўлган (вафот этган) шахснинг оила аъзоларига ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилувчи органнинг қарорига кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бир йўла бериладиган нафақа тўланади.

Бунда ҳалок бўлган (вафот этган) шахснинг оила аъзолари таркибига марҳумнинг отаси (онаси), фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида никоҳи қайд этилган эри (хотини), болалари, шу жумладан, васийликка (ҳомийликка) олинган болалари, ўз оиласига эга бўлмаган ака-укалари, опа-сингиллари киритилади.

5. Ҳимоя қилинувчи шахс жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан унга ногиронликни келтириб чиқарувчи тан жароҳати етказилган ёки унинг соғлиғига бошқача зиён етказилган тақдирда, ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилувчи органнинг қарорига кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бир йўла бериладиган нафақа тўланади ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда ногиронлик пенсияси ёки нафақаси тайинланади.

Бунда ногиронликнинг гуруҳи, сабаби ва муддати тегишли тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан аниқланади.

6. Ҳимоя қилинувчи шахс жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан унга ногиронликни келтириб чиқармайдиган тан жароҳати етказилган ёки унинг соғлиғига бошқача зиён етказилган тақдирда, ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилувчи органнинг қарорига кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бир йўла бериладиган нафақа тўланади.

7. Ҳимоя қилинувчи шахсга жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан мулкий зарар етказилган тақдирда, ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилувчи органнинг қарорига кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади, кейинчалик ушбу маблағлар ҳимоя қилинувчи шахсга мулкий зарар етказилишида айбдор бўлган шахсдан ундирилади.

8. Бир йўла бериладиган нафақа ҳимоя қилинувчи шахснинг ўзига ёки ҳимоя қилинувчи шахс жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан ҳалок бўлган (вафот этган) тақдирда, ушбу Низомнинг 4-банди иккинчи хатбошисида белгиланган шахсларга ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича тўланади.

3-боб. Бир йўла бериладиган нафақани тайинлаш ва тўлаш тартиби

9. Ҳимоя қилинувчи шахс ушбу Низомнинг 3-бандидаги асослардан бири ёки бир нечтаси юзага келган тақдирда, ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилувчи органга ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги ёзма ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.

Бунда ҳимоя қилинувчи шахс жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан ҳалок бўлган (вафот этган) тақдирда, ариза ушбу Низомнинг 4-банди иккинчи хатбошисида кўрсатилган ҳимоя қилинувчи шахснинг оила аъзолари томонидан берилади. Агар ҳимоя қилинувчи шахснинг оила аъзолари вояга етмаган, муомала лаёқати чекланган деб топилган, шунингдек, соғлиғининг ҳолати, ёши ва бошқа сабабларга кўра ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини шахсан ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлмаган шахслар бўлса, ариза ушбу шахсларнинг қонуний вакили томонидан берилади.

Оммавий ахборот воситалари, ташкилотлар ва мансабдор шахсларнинг ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилувчи органга берган хабарлари ҳам ҳимоя қилинувчи шахсга нисбатан ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини қўллаш учун асос бўлиши мумкин.

10. Ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилувчи орган ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини қўллаш ҳақидаги аризани (хабарни) олганидан сўнг, уч сутка ичида:

ушбу Низомнинг 3-бандида кўрсатилган асослар ҳимоя қилинувчи шахснинг жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан вужудга келганлигини аниқлаши;

ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини қўллаш ҳақида ёки уларни қўллашни рад этиш тўғрисида қарор (ажрим) қабул қилиши шарт.

11. Ижтимоий ҳимоя чорасини қўллаш тўғрисида қарор (ажрим) чиқаришда ҳимоя қилинувчи шахс, шунингдек, унинг оила аъзолари ушбу Низомга мувофиқ бир йўла бериладиган турли нафақаларни олиш ҳуқуқига эга бўлса, уларга ушбу нафақалардан фақат ўзлари танлаган биттаси берилади.

12. Ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини қўллаш тўғрисидаги қарорда (ажримда) бир йўла бериладиган нафақа тўлашнинг асослари, нафақани қабул қилувчининг шахсини тасдиқловчи маълумотлар кўрсатилади.

13. Ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини қўллашни рад этиш тўғрисидаги қарор (ажрим) асослантирилган бўлиши лозим.

14. Ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини қўллаш тўғрисидаги қарор (ажрим) ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини таъминловчи органга ижро этиш учун, шунингдек, ўзига нисбатан ушбу қарор (ажрим) чиқарилган шахсга бир сутка ичида почта орқали юборилади.

Ижтимоий ҳимоя чораларини қўллаш тўғрисидаги қарор (ажрим) қабул қилинганидан сўнг бир сутка ичида ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини таъминловчи орган нафақани қабул қилувчининг шахсига оид маълумотларни (фамилияси, исми, отасининг исми, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, туғилган куни ва телефон рақами) ҳамда унга тайинланган нафақа тури ва тўлиқ миқдори тўғрисидаги маълумотларни ҳамда қарорнинг (ажримнинг) электрон нусхасини «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали юборади.

Ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини таъминловчи орган томонидан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига маълумотлар келиб тушган кундан уч сутка ичида ушбу тизим орқали нафақани қабул қилувчи шахснинг мобиль телефон рақамига бир йўла бериладиган нафақа ажратилганлиги тўғрисида хабар юборилади.

15. Ҳимоя қилинувчи шахсга тайинланган бир йўла бериладиган нафақани бериш бўйича электрон тўлов қайдномалари тизимда автоматик равишда шакллантирилади ва АТ «Халқ банки» туман (шаҳар) бўлимига (филиалига) кейинги ойнинг 4-санасига қадар юборилади.

16. Ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини таъминловчи орган нафақа учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган тегишли маблағларни АТ «Халқ банки» туман (шаҳар) бўлимига (филиалига) кейинги ойнинг 5-санасига қадар ўтказиб боради.

17. АТ «Халқ банки» туман (шаҳар) бўлими (филиали) тўлов ойининг:

4-санасидан 27-санасига қадар бир йўла бериладиган нафақа олувчиларга нафақа пулини тўлайди;

30-санасига қадар нафақа тўланганлиги тўғрисида ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини таъминловчи органга маълумот тақдим этади;

30-санасига қадар тўланмаган маблағларни тегишлилигига кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига қайтаради ҳамда электрон маълумот тақдим этади.

18. Нафақа тўлови бўйича АТ «Халқ банки» туман (шаҳар) бўлимлари (филиаллари) кўрсатадиган хизматлари учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини таъминловчи орган билан АТ «Халқ банки» ўртасида тузиладиган шартнома асосида ҳақ тўланади.

4-боб. Бир йўла бериладиган нафақанинг миқдори

19. Ҳимоя қилинувчи шахс жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан ҳалок бўлган (вафот этган) тақдирда, ҳалок бўлган (вафот этган) шахснинг оила аъзоларига базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида ҳар бирига тенг улушда бир йўла бериладиган нафақа тўланади.

Бунда бир йўла бериладиган нафақа миқдори ҳалок бўлган (вафот этган) шахснинг ушбу Низомнинг 4-банди иккинчи хатбошисида кўрсатилган оила аъзолари ўртасида тенг тақсимланади.

20. Ҳимоя қилинувчи шахс жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан унга ногиронликни келтириб чиқарувчи тан жароҳати ёки унинг соғлиғига бошқача зиён етказилган тақдирда, ногиронлик гуруҳига кўра қуйидагича бир йўла бериладиган нафақа тўланади:

I гуруҳ — базавий ҳисоблаш миқдорининг 80 баравари миқдорида;

II гуруҳ — базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 баравари миқдорида;

III гуруҳ — базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида.

21. Ҳимоя қилинувчи шахсга жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан ногиронликни келтириб чиқармайдиган тан жароҳати ёки унинг соғлиғига бошқача зиён етказилган тақдирда, суд-тиббий экспертизасининг хулосаси асосида аниқланган тан жароҳатининг оғирлигига ҳамда унинг соғлиғига бошқача зиён етказилганлигига қараб қуйидагича бир йўла бериладиган нафақа тўланади:

оғир даража — базавий ҳисоблаш миқдорининг 35 баравари миқдорида;

ўрта даража — базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида;

соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига олиб келган енгил даража — базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари миқдорида.

22. Ижтимоий ҳимоя чораларини қўллаш тўғрисидаги қарор (ажрим) ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини таъминловчи орган томонидан уни олган кунидан бошлаб ўн сутка ичида ижро этилиши лозим.

23. Ҳимоя қилинувчи шахс жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан унга ногиронликни келтириб чиқарувчи ёки ўлимга сабаб бўлган тан жароҳати ёки унинг соғлиғига бошқача зиён етказилган тақдирда, ушбу Низомнинг 19 — 21-бандларида кўрсатилган бир йўла бериладиган нафақани олиш ҳуқуқи ногиронлик ёки ўлим фактини ёхуд соғлиққа етказилган зиённи белгилаш пайтидан бошлаб вужудга келади.

24. Ҳимоя қилинувчи шахсга бир йил ичида тан жароҳати ёки соғлиғига бошқача зиён етказилиши оқибатида унинг ногиронлиги ёки ўлими факти белгилангандан сўнг, ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини таъминловчи орган қуйидагиларни тўлайди:

ҳимоя қилинувчи шахсга — ногиронлик гуруҳига мос равишда, ушбу Низомнинг 20-бандида кўрсатилган бир йўла бериладиган нафақа миқдори ва унга ушбу Низомнинг 21-банди асосида аввал тўланган бир йўла бериладиган нафақа миқдори ўртасидаги фарқ;

ҳимоя қилинувчи шахснинг оила аъзоларига — ушбу Низомнинг 19-бандида кўрсатилган бир йўла бериладиган нафақа миқдори билан ҳимоя қилинувчи шахсга ушбу Низомнинг 20 ёки 21-бандларига мувофиқ аввал тўланган бир йўла бериладиган нафақа миқдори ўртасидаги фарқ.

Ушбу банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилган суммани олиш учун тегишинча ҳимоя қилинувчи шахс ёки унинг оила аъзоларидан бири ушбу Низомнинг 9-бандига мувофиқ ариза билан мурожаат қилади.

25. Ушбу Низомнинг 24-банди иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилган тегишли фарқни тўлаш ҳимоя қилинувчи шахснинг (унинг оила аъзоларидан бирининг) аризасига кўра «Рақамли ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали олинган қуйидаги маълумотлар асосида ўн сутка ичида ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини таъминловчи орган раҳбарининг қарори билан амалга оширилади:

ногиронликни тасдиқловчи маълумотнома;

ҳимоя қилинувчи шахснинг вафоти тўғрисидаги гувоҳнома маълумотлари;

ҳалок бўлган (вафот этган) ҳимоя қилинувчи шахснинг оила аъзоларининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотлари.

Бунда ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилувчи орган томонидан тегишли суммадаги нафақа қайта тайинланганлиги тўғрисида алоҳида қарор қабул қилиниб, ушбу Низомнинг 14 — 18-бандларида белгиланган тартибда нафақа тўлови амалга оширилади.

26. Бир йўла бериладиган нафақанинг миқдори ўлим кунидаги, тан жароҳати етказилган (майиб бўлиш) ёки унинг соғлиғига бошқача зиён етказилган ҳолларда эса мазкур зиён етказилган кунда белгиланган базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиққан ҳолда, ушбу фактни тасдиқловчи ҳужжатлар асосида белгиланади.

27. Бир йўла бериладиган нафақани тўлаш ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини таъминловчи орган томонидан ҳимоя қилинувчи шахс тўғрисидаги маълумотларнинг махфийлигига риоя қилинган ҳолда амалга оширилади.

28. Бир йўла берилган нафақа ҳақидаги маълумот ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилувчи органнинг сўрови бўйича тақдим этилади.

29. Бир йўла бериладиган нафақани тўлаш масалалари бўйича ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилувчи орган ва ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини таъминловчи органнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.

5-боб. Якунловчи қоидалар

30. Бир йўла бериладиган нафақа Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 369-моддаси биринчи қисми 7-бандига мувофиқ солиққа тортилмайди ва ундан ушлаб қолишлар амалга оширилмайди.

31. Бир йўла бериладиган нафақани асоссиз ва ноқонуний тўлаш ҳолатлари аниқланган тақдирда, ариза берувчига тўланган нафақа миқдори суд тартибида ундирилади.

32. Бир йўла бериладиган нафақани тўлаш ва етказиб бериш харажатларини молиялаштириш (ташкилотларнинг банк хизматлари учун харажатлари бундан мустасно) Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

30. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Ҳимоя қилинувчи шахсга (ҳимоя қилинувчи шахс жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан ҳалок бўлган (вафот этган) тақдирда, унинг оила аъзоларига) бир йўла бериладиган нафақа тайинлаш ва тўлаш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич 1. Ҳимоя қилинувчи шахс, ҳимоя қилинувчи шахснинг оила аъзоларидан бири (унинг қонуний вакили) 1. Низомнинг 3-бандидаги асослардан бири ёки бир нечтаси юзага келган тақдирда, ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилувчи органга ёзма ариза билан мурожаат қилади. Ўз хоҳишига кўра 2. Оммавий ахборот воситалари, ташкилотлар ва мансабдор шахслар 2. Оммавий ахборот воситалари, ташкилотлар ва мансабдор шахслар ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилувчи органга хабар беради. 2-босқич Ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилувчи орган 1. Низомнинг 3-бандидаги асослар ҳимоя қилинувчи шахснинг жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан вужудга келганлигини аниқлайди. 2. Ҳимоя қилинувчи шахс жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан ҳалок бўлган (вафот этган) бўлса, унинг оила аъзолари таркибини аниқлайди. 3. Ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини қўллаш ҳақида ёки уларни қўллашни рад этиш тўғрисида қарор (ажрим) қабул қилади. Аризани (хабарни) олганидан сўнг 3 сутка ичида 4. Ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини қўллаш тўғрисидаги қарорни (ажримни) ижтимоий ҳимоя чораларини таъминловчи органга ижро этиш учун, шунингдек, ўзига нисбатан қарор (ажрим) чиқарилган шахсга почта орқали юборади. Қарор (ажрим) чиқарилгандан сўнг 1 сутка ичида 3-босқич Ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини таъминловчи орган 1. Нафақани қабул қилувчининг шахсига доир маълумотларни (фамилияси, исми, отасининг исми, ЖШШИР, туғилган куни ва телефон рақами) ҳамда унга тайинланган нафақа тури ва тўлиқ миқдори тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек, қарорнинг (ажримнинг) нусхасини «Ижтимоий ҳимоя реестри» АТга юборади. Қарор (ажрим) чиқарилгандан сўнг 1 сутка ичида 2. «Ижтимоий ҳимоя реестри» АТ орқали нафақани қабул қилувчи шахснинг мобил телефон рақамига бир йўла бериладиган нафақа ажратилганлиги тўғрисида хабар юборади. Маълумотлар келиб тушган кундан сўнг 3 сутка ичида 3. Ҳимоя қилинувчи шахсга тайинланган бир йўла бериладиган нафақани бериш бўйича электрон тўлов қайдномаларини тизимда шакллантиради. Автоматик тарзда 4. Электрон тўлов қайдномаларини АТ «Халқ банки» туман (шаҳар) бўлимига (филиалига) юборади. Кейинги ойнинг 4-санасига қадар 5. Нафақа учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган тегишли маблағларни АТ «Халқ банки» туман (шаҳар) бўлимининг (филиалининг) махсус ҳисобварағига ўтказиб юборади. Ойнинг 5-санасига қадар 4-босқич АТ «Халқ банки» туман (шаҳар) бўлими (филиали) 1. Бир йўла бериладиган нафақани олувчиларга нафақа пулини тўлайди. Ойнинг 4-санасидан 27-санасига қадар 2. Нафақа тўланганлиги тўғрисида ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини таъминловчи органга маълумот тақдим этади. Ойнинг 30-санасига қадар

Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

____________________________________________________________ (ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилувчи орган) Қуйидаги манзилда яшаган фуқаро ______________________ Маҳалла _____________________________________________ Кўча (мавзе) _________________________________________ Хонадон _____________________________________________ ЖШШИР ____________________________________________ томонидан ___________________________________________ (ариза берувчининг Ф.И.О.) АРИЗА Сиздан жиноят процессида иштирок этганим муносабати билан менга нисбатан тан жароҳати ёки соғлиғимга бошқача зиён етказилганлиги (шахс вафот этганда, _______________________ жиноят процессида иштирок этиши муносабати билан ҳалок бўлганлиги (вафот этганлиги) муносабати билан қонунчиликда белгиланган қуйидаги бир марталик нафақани тайинлаш ва унинг тўлаб берилишида амалий ёрдам беришингизни сўрайман: □ ҳалок бўлган (вафот этган) шахснинг оила аъзоларига бир йўла бериладиган нафақа; □ ногиронликни келтириб чиқарувчи тан жароҳати етказилган ёки соғлиғига бошқача зиён етказилган шахсга бир йўла бериладиган нафақа; □ ногиронликни келтириб чиқармайдиган тан жароҳати етказилган ёки соғлиғига бошқача зиён етказилган шахсга бир йўла бериладиган нафақа. Аризага қуйидагиларни илова қиламан: □ шахснинг ҳалок бўлганлиги (вафот этганлиги) ва/ёки тан жароҳати етказилганлиги ёки соғлиғига бошқача зиён етказилганлигини тасдиқловчи маълумот. Бошқа ҳужжатлар: _________________________________________________________________________________________ Аризани кўриб чиқиш тўғрисидаги хабарни қуйида келтирилган телефон рақамига: +998_________ ёки ________________ электрон почтага юборишингизни сўрайман. _________________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________ АТ «Халқ банки»да менинг номимга ижтимоий карта очилмаган бўлса, АТ «Халқ банки»да номимга янги банк картасини очишда амалий ёрдам беришингизни сўрайман. Мурожаат қилувчининг имзоси: _______________ Сана: 20 ___ йил «___» _______________ Аризани рўйхатдан ўтказдим: _____________________________ (ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилувчи органнинг масъул ходими)

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 21 февраль,

103-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.02.2025 й., 09/25/103/0171-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

Jabrlanuvchilarni, guvohlarni va jinoyat protsessining boshqa ishtirokchilarini ijtimoiy himoya qilishni taʼminlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasining “Jabrlanuvchilarni, guvohlarni va jinoyat protsessining boshqa ishtirokchilarini himoya qilish toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Jabrlanuvchilarni, guvohlarni va jinoyat protsessining boshqa ishtirokchilarini ijtimoiy himoya qilishni taʼminlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

jabrlanuvchilar, guvohlar va jinoyat protsessining boshqa ishtirokchilariga ijtimoiy himoya qilish choralarini qoʻllash asoslari hamda ijtimoiy himoya qilish choralari;

jabrlanuvchilar, guvohlar va jinoyat protsessining boshqa ishtirokchilariga bir yoʻla beriladigan nafaqaning miqdori, uni tayinlash va toʻlash tartibi.

2. Belgilansinki:

jabrlanuvchilar, guvohlar va jinoyat protsessining boshqa ishtirokchilariga nogironlik pensiyasini yoxud ularning oila aʼzolariga va qaramogʻida boʻlgan shaxslarga boquvchisini yoʻqotganlik pensiyasi yoki nafaqasini tayinlash hamda toʻlash qonunchilikda belgilangan tartibda;

himoya qilinuvchi shaxslarga bir yoʻla beriladigan nafaqani toʻlash bilan bogʻliq xarajatlarni moliyalashtirish Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan;

himoya qilinuvchi shaxslarga jinoyat protsessida ishtirok etishi munosabati bilan yetkazilgan mulkiy zararning oʻrnini qoplash bilan bogʻliq xarajatlarni moliyalashtirish Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hamda qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan amalga oshiriladi.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi Oliy sud, Bosh prokuratura va Ichki ishlar vazirligining hisob-kitoblariga koʻra 2025-yildan boshlab har yili jabrlanuvchilar, guvohlar va jinoyat protsessining boshqa ishtirokchilariga bir yoʻla beriladigan nafaqani toʻlash bilan bogʻliq xarajatlarni Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutsin hamda 2025-yil uchun tegishli mablagʻlarning Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligiga oʻtkazib berilishini taʼminlasin.

4. Ushbu qaror 2025-yil 1-apreldan eʼtiboran kuchga kiradi.

5. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 21-fevraldagi 103-son qaroriga ILOVA

Jabrlanuvchilarni, guvohlarni va jinoyat protsessining boshqa ishtirokchilarini ijtimoiy himoya qilishni taʼminlash tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasining “Jabrlanuvchilarni, guvohlarni va jinoyat protsessining boshqa ishtirokchilarini himoya qilish toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq jabrlanuvchilarni, guvohlarni va jinoyat protsessi boshqa ishtirokchilarining ijtimoiy himoyasini taʼminlashga qaratilgan bir yoʻla beriladigan nafaqani tayinlash va toʻlash tartibini belgilaydi.

Ushbu Nizom talablari xizmat majburiyatlarini bajarish chogʻida tan jarohati olgan harbiy xizmatchilarga (xodimlarga) yoki halok boʻlgan (vafot etgan) harbiy xizmatchilarning (xodimlarning) oila aʼzolariga nafaqa toʻlash bilan bogʻliq munosabatlarga nisbatan tatbiq etilmaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

ijtimoiy himoya qilish choralarini taʼminlovchi organ — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi, uning hududiy boʻlinmalari;

himoya qilinuvchi shaxs — oʻziga nisbatan belgilangan tartibda himoyani amalga oshirish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan Oʻzbekiston Respublikasining “Jabrlanuvchilarni, guvohlarni va jinoyat protsessining boshqa ishtirokchilarini himoya qilish toʻgʻrisida”gi Qonunining 4-moddasida nazarda tutilgan shaxslar;

himoya qilishni taʼminlash toʻgʻrisida qaror qabul qiluvchi organ — jinoyat ishini yuritayotgan, tergovga qadar tekshiruvni amalga oshirayotgan, surishtiruv, dastlabki tergov organlari va sud.

3. Quyidagilar ijtimoiy himoya qilish choralarini qoʻllashga asos hisoblanadi:

himoya qilinuvchi shaxsning jinoyat protsessida ishtirok etishi munosabati bilan halok boʻlganligi (vafot etganligi);

himoya qilinuvchi shaxs jinoyat protsessida ishtirok etishi munosabati bilan unga nogironlikni keltirib chiqaruvchi tan jarohati yetkazilganligi yoki uning sogʻligʻiga boshqacha ziyon yetkazilganligi;

himoya qilinuvchi shaxs jinoyat protsessida ishtirok etishi munosabati bilan unga nogironlikni keltirib chiqarmaydigan tan jarohati yetkazilganligi yoki uning sogʻligʻiga boshqacha ziyon yetkazilganligi;

himoya qilinuvchi shaxsga jinoyat protsessida ishtirok etishi munosabati bilan mulkiy zarar yetkazilganligi.

2-bob. Ijtimoiy himoya qilish choralari

4. Himoya qilinuvchi shaxs jinoyat protsessida ishtirok etishi munosabati bilan halok boʻlgan (vafot etgan) taqdirda, halok boʻlgan (vafot etgan) shaxsning oila aʼzolariga himoya qilishni taʼminlash toʻgʻrisida qaror qabul qiluvchi organning qaroriga koʻra Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan bir yoʻla beriladigan nafaqa toʻlanadi.

Bunda halok boʻlgan (vafot etgan) shaxsning oila aʼzolari tarkibiga marhumning otasi (onasi), fuqarolik holati dalolatnomalarini yozish organlarida nikohi qayd etilgan eri (xotini), bolalari, shu jumladan, vasiylikka (homiylikka) olingan bolalari, oʻz oilasiga ega boʻlmagan aka-ukalari, opa-singillari kiritiladi.

5. Himoya qilinuvchi shaxs jinoyat protsessida ishtirok etishi munosabati bilan unga nogironlikni keltirib chiqaruvchi tan jarohati yetkazilgan yoki uning sogʻligʻiga boshqacha ziyon yetkazilgan taqdirda, himoya qilishni taʼminlash toʻgʻrisida qaror qabul qiluvchi organning qaroriga koʻra Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan bir yoʻla beriladigan nafaqa toʻlanadi hamda qonunchilikda belgilangan tartibda nogironlik pensiyasi yoki nafaqasi tayinlanadi.

Bunda nogironlikning guruhi, sababi va muddati tegishli tibbiy-ijtimoiy ekspert komissiyalari tomonidan aniqlanadi.

6. Himoya qilinuvchi shaxs jinoyat protsessida ishtirok etishi munosabati bilan unga nogironlikni keltirib chiqarmaydigan tan jarohati yetkazilgan yoki uning sogʻligʻiga boshqacha ziyon yetkazilgan taqdirda, himoya qilishni taʼminlash toʻgʻrisida qaror qabul qiluvchi organning qaroriga koʻra Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan bir yoʻla beriladigan nafaqa toʻlanadi.

7. Himoya qilinuvchi shaxsga jinoyat protsessida ishtirok etishi munosabati bilan mulkiy zarar yetkazilgan taqdirda, himoya qilishni taʼminlash toʻgʻrisida qaror qabul qiluvchi organning qaroriga koʻra Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari va qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan qoplanadi, keyinchalik ushbu mablagʻlar himoya qilinuvchi shaxsga mulkiy zarar yetkazilishida aybdor boʻlgan shaxsdan undiriladi.

8. Bir yoʻla beriladigan nafaqa himoya qilinuvchi shaxsning oʻziga yoki himoya qilinuvchi shaxs jinoyat protsessida ishtirok etishi munosabati bilan halok boʻlgan (vafot etgan) taqdirda, ushbu Nizomning 4-bandi ikkinchi xatboshisida belgilangan shaxslarga ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq sxema boʻyicha toʻlanadi.

3-bob. Bir yoʻla beriladigan nafaqani tayinlash va toʻlash tartibi

9. Himoya qilinuvchi shaxs ushbu Nizomning 3-bandidagi asoslardan biri yoki bir nechtasi yuzaga kelgan taqdirda, himoya qilishni taʼminlash toʻgʻrisida qaror qabul qiluvchi organga ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq shakldagi yozma ariza bilan murojaat qilishga haqli.

Bunda himoya qilinuvchi shaxs jinoyat protsessida ishtirok etishi munosabati bilan halok boʻlgan (vafot etgan) taqdirda, ariza ushbu Nizomning 4-bandi ikkinchi xatboshisida koʻrsatilgan himoya qilinuvchi shaxsning oila aʼzolari tomonidan beriladi. Agar himoya qilinuvchi shaxsning oila aʼzolari voyaga yetmagan, muomala layoqati cheklangan deb topilgan, shuningdek, sogʻligʻining holati, yoshi va boshqa sabablarga koʻra oʻz huquqlari, erkinliklari va qonuniy manfaatlarini shaxsan himoya qilish imkoniyatiga ega boʻlmagan shaxslar boʻlsa, ariza ushbu shaxslarning qonuniy vakili tomonidan beriladi.

Ommaviy axborot vositalari, tashkilotlar va mansabdor shaxslarning himoya qilishni taʼminlash toʻgʻrisida qaror qabul qiluvchi organga bergan xabarlari ham himoya qilinuvchi shaxsga nisbatan ijtimoiy himoya qilish choralarini qoʻllash uchun asos boʻlishi mumkin.

10. Himoya qilishni taʼminlash toʻgʻrisida qaror qabul qiluvchi organ ijtimoiy himoya qilish choralarini qoʻllash haqidagi arizani (xabarni) olganidan soʻng, uch sutka ichida:

ushbu Nizomning 3-bandida koʻrsatilgan asoslar himoya qilinuvchi shaxsning jinoyat protsessida ishtirok etishi munosabati bilan vujudga kelganligini aniqlashi;

ijtimoiy himoya qilish choralarini qoʻllash haqida yoki ularni qoʻllashni rad etish toʻgʻrisida qaror (ajrim) qabul qilishi shart.

11. Ijtimoiy himoya chorasini qoʻllash toʻgʻrisida qaror (ajrim) chiqarishda himoya qilinuvchi shaxs, shuningdek, uning oila aʼzolari ushbu Nizomga muvofiq bir yoʻla beriladigan turli nafaqalarni olish huquqiga ega boʻlsa, ularga ushbu nafaqalardan faqat oʻzlari tanlagan bittasi beriladi.

12. Ijtimoiy himoya qilish choralarini qoʻllash toʻgʻrisidagi qarorda (ajrimda) bir yoʻla beriladigan nafaqa toʻlashning asoslari, nafaqani qabul qiluvchining shaxsini tasdiqlovchi maʼlumotlar koʻrsatiladi.

13. Ijtimoiy himoya qilish choralarini qoʻllashni rad etish toʻgʻrisidagi qaror (ajrim) asoslantirilgan boʻlishi lozim.

14. Ijtimoiy himoya qilish choralarini qoʻllash toʻgʻrisidagi qaror (ajrim) ijtimoiy himoya qilish choralarini taʼminlovchi organga ijro etish uchun, shuningdek, oʻziga nisbatan ushbu qaror (ajrim) chiqarilgan shaxsga bir sutka ichida pochta orqali yuboriladi.

Ijtimoiy himoya choralarini qoʻllash toʻgʻrisidagi qaror (ajrim) qabul qilinganidan soʻng bir sutka ichida ijtimoiy himoya qilish choralarini taʼminlovchi organ nafaqani qabul qiluvchining shaxsiga oid maʼlumotlarni (familiyasi, ismi, otasining ismi, jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami, tugʻilgan kuni va telefon raqami) hamda unga tayinlangan nafaqa turi va toʻliq miqdori toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni hamda qarorning (ajrimning) elektron nusxasini “Ijtimoiy himoya yagona reyestri” axborot tizimi orqali yuboradi.

Ijtimoiy himoya qilish choralarini taʼminlovchi organ tomonidan “Ijtimoiy himoya yagona reyestri” axborot tizimiga maʼlumotlar kelib tushgan kundan uch sutka ichida ushbu tizim orqali nafaqani qabul qiluvchi shaxsning mobil telefon raqamiga bir yoʻla beriladigan nafaqa ajratilganligi toʻgʻrisida xabar yuboriladi.

15. Himoya qilinuvchi shaxsga tayinlangan bir yoʻla beriladigan nafaqani berish boʻyicha elektron toʻlov qaydnomalari tizimda avtomatik ravishda shakllantiriladi va AT “Xalq banki” tuman (shahar) boʻlimiga (filialiga) keyingi oyning 4-sanasiga qadar yuboriladi.

16. Ijtimoiy himoya qilish choralarini taʼminlovchi organ nafaqa uchun Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan ajratilgan tegishli mablagʻlarni AT “Xalq banki” tuman (shahar) boʻlimiga (filialiga) keyingi oyning 5-sanasiga qadar oʻtkazib boradi.

17. AT “Xalq banki” tuman (shahar) boʻlimi (filiali) toʻlov oyining:

4-sanasidan 27-sanasiga qadar bir yoʻla beriladigan nafaqa oluvchilarga nafaqa pulini toʻlaydi;

30-sanasiga qadar nafaqa toʻlanganligi toʻgʻrisida ijtimoiy himoya qilish choralarini taʼminlovchi organga maʼlumot taqdim etadi;

30-sanasiga qadar toʻlanmagan mablagʻlarni tegishliligiga koʻra Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetiga qaytaradi hamda elektron maʼlumot taqdim etadi.

18. Nafaqa toʻlovi boʻyicha AT “Xalq banki” tuman (shahar) boʻlimlari (filiallari) koʻrsatadigan xizmatlari uchun qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda ijtimoiy himoya qilish choralarini taʼminlovchi organ bilan AT “Xalq banki” oʻrtasida tuziladigan shartnoma asosida haq toʻlanadi.

4-bob. Bir yoʻla beriladigan nafaqaning miqdori

19. Himoya qilinuvchi shaxs jinoyat protsessida ishtirok etishi munosabati bilan halok boʻlgan (vafot etgan) taqdirda, halok boʻlgan (vafot etgan) shaxsning oila aʼzolariga bazaviy hisoblash miqdorining 100 baravari miqdorida har biriga teng ulushda bir yoʻla beriladigan nafaqa toʻlanadi.

Bunda bir yoʻla beriladigan nafaqa miqdori halok boʻlgan (vafot etgan) shaxsning ushbu Nizomning 4-bandi ikkinchi xatboshisida koʻrsatilgan oila aʼzolari oʻrtasida teng taqsimlanadi.

20. Himoya qilinuvchi shaxs jinoyat protsessida ishtirok etishi munosabati bilan unga nogironlikni keltirib chiqaruvchi tan jarohati yoki uning sogʻligʻiga boshqacha ziyon yetkazilgan taqdirda, nogironlik guruhiga koʻra quyidagicha bir yoʻla beriladigan nafaqa toʻlanadi:

I guruh — bazaviy hisoblash miqdorining 80 baravari miqdorida;

II guruh — bazaviy hisoblash miqdorining 70 baravari miqdorida;

III guruh — bazaviy hisoblash miqdorining 50 baravari miqdorida.

21. Himoya qilinuvchi shaxsga jinoyat protsessida ishtirok etishi munosabati bilan nogironlikni keltirib chiqarmaydigan tan jarohati yoki uning sogʻligʻiga boshqacha ziyon yetkazilgan taqdirda, sud-tibbiy ekspertizasining xulosasi asosida aniqlangan tan jarohatining ogʻirligiga hamda uning sogʻligʻiga boshqacha ziyon yetkazilganligiga qarab quyidagicha bir yoʻla beriladigan nafaqa toʻlanadi:

ogʻir daraja — bazaviy hisoblash miqdorining 35 baravari miqdorida;

oʻrta daraja — bazaviy hisoblash miqdorining 30 baravari miqdorida;

sogʻliqning qisqa muddatga yomonlashuviga olib kelgan yengil daraja — bazaviy hisoblash miqdorining 25 baravari miqdorida.

22. Ijtimoiy himoya choralarini qoʻllash toʻgʻrisidagi qaror (ajrim) ijtimoiy himoya qilish choralarini taʼminlovchi organ tomonidan uni olgan kunidan boshlab oʻn sutka ichida ijro etilishi lozim.

23. Himoya qilinuvchi shaxs jinoyat protsessida ishtirok etishi munosabati bilan unga nogironlikni keltirib chiqaruvchi yoki oʻlimga sabab boʻlgan tan jarohati yoki uning sogʻligʻiga boshqacha ziyon yetkazilgan taqdirda, ushbu Nizomning 19 — 21-bandlarida koʻrsatilgan bir yoʻla beriladigan nafaqani olish huquqi nogironlik yoki oʻlim faktini yoxud sogʻliqqa yetkazilgan ziyonni belgilash paytidan boshlab vujudga keladi.

24. Himoya qilinuvchi shaxsga bir yil ichida tan jarohati yoki sogʻligʻiga boshqacha ziyon yetkazilishi oqibatida uning nogironligi yoki oʻlimi fakti belgilangandan soʻng, ijtimoiy himoya qilish choralarini taʼminlovchi organ quyidagilarni toʻlaydi:

himoya qilinuvchi shaxsga — nogironlik guruhiga mos ravishda, ushbu Nizomning 20-bandida koʻrsatilgan bir yoʻla beriladigan nafaqa miqdori va unga ushbu Nizomning 21-bandi asosida avval toʻlangan bir yoʻla beriladigan nafaqa miqdori oʻrtasidagi farq;

himoya qilinuvchi shaxsning oila aʼzolariga — ushbu Nizomning 19-bandida koʻrsatilgan bir yoʻla beriladigan nafaqa miqdori bilan himoya qilinuvchi shaxsga ushbu Nizomning 20 yoki 21-bandlariga muvofiq avval toʻlangan bir yoʻla beriladigan nafaqa miqdori oʻrtasidagi farq.

Ushbu bandning ikkinchi va uchinchi xatboshilarida nazarda tutilgan summani olish uchun tegishincha himoya qilinuvchi shaxs yoki uning oila aʼzolaridan biri ushbu Nizomning 9-bandiga muvofiq ariza bilan murojaat qiladi.

25. Ushbu Nizomning 24-bandi ikkinchi va uchinchi xatboshilarida nazarda tutilgan tegishli farqni toʻlash himoya qilinuvchi shaxsning (uning oila aʼzolaridan birining) arizasiga koʻra “Raqamli hukumat” tizimi idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali olingan quyidagi maʼlumotlar asosida oʻn sutka ichida ijtimoiy himoya qilish choralarini taʼminlovchi organ rahbarining qarori bilan amalga oshiriladi:

nogironlikni tasdiqlovchi maʼlumotnoma;

himoya qilinuvchi shaxsning vafoti toʻgʻrisidagi guvohnoma maʼlumotlari;

halok boʻlgan (vafot etgan) himoya qilinuvchi shaxsning oila aʼzolarining shaxsini tasdiqlovchi hujjat maʼlumotlari.

Bunda himoya qilishni taʼminlash toʻgʻrisida qaror qabul qiluvchi organ tomonidan tegishli summadagi nafaqa qayta tayinlanganligi toʻgʻrisida alohida qaror qabul qilinib, ushbu Nizomning 14 — 18-bandlarida belgilangan tartibda nafaqa toʻlovi amalga oshiriladi.

26. Bir yoʻla beriladigan nafaqaning miqdori oʻlim kunidagi, tan jarohati yetkazilgan (mayib boʻlish) yoki uning sogʻligʻiga boshqacha ziyon yetkazilgan hollarda esa mazkur ziyon yetkazilgan kunda belgilangan bazaviy hisoblash miqdoridan kelib chiqqan holda, ushbu faktni tasdiqlovchi hujjatlar asosida belgilanadi.

27. Bir yoʻla beriladigan nafaqani toʻlash ijtimoiy himoya qilish choralarini taʼminlovchi organ tomonidan himoya qilinuvchi shaxs toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning maxfiyligiga rioya qilingan holda amalga oshiriladi.

28. Bir yoʻla berilgan nafaqa haqidagi maʼlumot himoya qilishni taʼminlash toʻgʻrisida qaror qabul qiluvchi organning soʻrovi boʻyicha taqdim etiladi.

29. Bir yoʻla beriladigan nafaqani toʻlash masalalari boʻyicha himoya qilishni taʼminlash toʻgʻrisida qaror qabul qiluvchi organ va ijtimoiy himoya qilish choralarini taʼminlovchi organning harakatlari (harakatsizligi) ustidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda shikoyat qilinishi mumkin.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

30. Bir yoʻla beriladigan nafaqa Oʻzbekiston Respublikasi Soliq kodeksining 369-moddasi birinchi qismi 7-bandiga muvofiq soliqqa tortilmaydi va undan ushlab qolishlar amalga oshirilmaydi.

31. Bir yoʻla beriladigan nafaqani asossiz va noqonuniy toʻlash holatlari aniqlangan taqdirda, ariza beruvchiga toʻlangan nafaqa miqdori sud tartibida undiriladi.

32. Bir yoʻla beriladigan nafaqani toʻlash va yetkazib berish xarajatlarini moliyalashtirish (tashkilotlarning bank xizmatlari uchun xarajatlari bundan mustasno) Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.

30. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Jabrlanuvchilarni, guvohlarni va jinoyat protsessining boshqa ishtirokchilarini ijtimoiy himoya qilishni taʼminlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Himoya qilinuvchi shaxsga (himoya qilinuvchi shaxs jinoyat protsessida ishtirok etishi munosabati bilan halok boʻlgan (vafot etgan) taqdirda, uning oila aʼzolariga) bir yoʻla beriladigan nafaqa tayinlash va toʻlash

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich 1. Himoya qilinuvchi shaxs, himoya qilinuvchi shaxsning oila aʼzolaridan biri (uning qonuniy vakili) 1. Nizomning 3-bandidagi asoslardan biri yoki bir nechtasi yuzaga kelgan taqdirda, himoya qilishni taʼminlash toʻgʻrisida qaror qabul qiluvchi organga yozma ariza bilan murojaat qiladi. Oʻz xohishiga koʻra 2. Ommaviy axborot vositalari, tashkilotlar va mansabdor shaxslar 2. Ommaviy axborot vositalari, tashkilotlar va mansabdor shaxslar himoya qilishni taʼminlash toʻgʻrisida qaror qabul qiluvchi organga xabar beradi. 2-bosqich Himoya qilishni taʼminlash toʻgʻrisida qaror qabul qiluvchi organ 1. Nizomning 3-bandidagi asoslar himoya qilinuvchi shaxsning jinoyat protsessida ishtirok etishi munosabati bilan vujudga kelganligini aniqlaydi. 2. Himoya qilinuvchi shaxs jinoyat protsessida ishtirok etishi munosabati bilan halok boʻlgan (vafot etgan) boʻlsa, uning oila aʼzolari tarkibini aniqlaydi. 3. Ijtimoiy himoya qilish choralarini qoʻllash haqida yoki ularni qoʻllashni rad etish toʻgʻrisida qaror (ajrim) qabul qiladi. Arizani (xabarni) olganidan soʻng 3 sutka ichida 4. Ijtimoiy himoya qilish choralarini qoʻllash toʻgʻrisidagi qarorni (ajrimni) ijtimoiy himoya choralarini taʼminlovchi organga ijro etish uchun, shuningdek, oʻziga nisbatan qaror (ajrim) chiqarilgan shaxsga pochta orqali yuboradi. Qaror (ajrim) chiqarilgandan soʻng 1 sutka ichida 3-bosqich Ijtimoiy himoya qilish choralarini taʼminlovchi organ 1. Nafaqani qabul qiluvchining shaxsiga doir maʼlumotlarni (familiyasi, ismi, otasining ismi, JSHSHIR, tugʻilgan kuni va telefon raqami) hamda unga tayinlangan nafaqa turi va toʻliq miqdori toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni, shuningdek, qarorning (ajrimning) nusxasini “Ijtimoiy himoya reyestri” ATga yuboradi. Qaror (ajrim) chiqarilgandan soʻng 1 sutka ichida 2. “Ijtimoiy himoya reyestri” AT orqali nafaqani qabul qiluvchi shaxsning mobil telefon raqamiga bir yoʻla beriladigan nafaqa ajratilganligi toʻgʻrisida xabar yuboradi. Maʼlumotlar kelib tushgan kundan soʻng 3 sutka ichida 3. Himoya qilinuvchi shaxsga tayinlangan bir yoʻla beriladigan nafaqani berish boʻyicha elektron toʻlov qaydnomalarini tizimda shakllantiradi. Avtomatik tarzda 4. Elektron toʻlov qaydnomalarini AT “Xalq banki” tuman (shahar) boʻlimiga (filialiga) yuboradi. Keyingi oyning 4-sanasiga qadar 5. Nafaqa uchun Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan ajratilgan tegishli mablagʻlarni AT “Xalq banki” tuman (shahar) boʻlimining (filialining) maxsus hisobvaragʻiga oʻtkazib yuboradi. Oyning 5-sanasiga qadar 4-bosqich AT “Xalq banki” tuman (shahar) boʻlimi (filiali) 1. Bir yoʻla beriladigan nafaqani oluvchilarga nafaqa pulini toʻlaydi. Oyning 4-sanasidan 27-sanasiga qadar 2. Nafaqa toʻlanganligi toʻgʻrisida ijtimoiy himoya qilish choralarini taʼminlovchi organga maʼlumot taqdim etadi. Oyning 30-sanasiga qadar

Jabrlanuvchilarni, guvohlarni va jinoyat protsessining boshqa ishtirokchilarini ijtimoiy himoya qilishni taʼminlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

____________________________________________________________ (himoya qilishni taʼminlash toʻgʻrisida qaror qabul qiluvchi organ) Quyidagi manzilda yashagan fuqaro ______________________ Mahalla _____________________________________________ Koʻcha (mavze) _________________________________________ Xonadon _____________________________________________ JSHSHIR ____________________________________________ tomonidan ___________________________________________ (ariza beruvchining F.I.O.) ARIZA Sizdan jinoyat protsessida ishtirok etganim munosabati bilan menga nisbatan tan jarohati yoki sogʻligʻimga boshqacha ziyon yetkazilganligi (shaxs vafot etganda, _______________________ jinoyat protsessida ishtirok etishi munosabati bilan halok boʻlganligi (vafot etganligi) munosabati bilan qonunchilikda belgilangan quyidagi bir martalik nafaqani tayinlash va uning toʻlab berilishida amaliy yordam berishingizni soʻrayman: □ halok boʻlgan (vafot etgan) shaxsning oila aʼzolariga bir yoʻla beriladigan nafaqa; □ nogironlikni keltirib chiqaruvchi tan jarohati yetkazilgan yoki sogʻligʻiga boshqacha ziyon yetkazilgan shaxsga bir yoʻla beriladigan nafaqa; □ nogironlikni keltirib chiqarmaydigan tan jarohati yetkazilgan yoki sogʻligʻiga boshqacha ziyon yetkazilgan shaxsga bir yoʻla beriladigan nafaqa. Arizaga quyidagilarni ilova qilaman: □ shaxsning halok boʻlganligi (vafot etganligi) va/yoki tan jarohati yetkazilganligi yoki sogʻligʻiga boshqacha ziyon yetkazilganligini tasdiqlovchi maʼlumot. Boshqa hujjatlar: _________________________________________________________________________________________ Arizani koʻrib chiqish toʻgʻrisidagi xabarni quyida keltirilgan telefon raqamiga: +998_________ yoki ________________ elektron pochtaga yuborishingizni soʻrayman. _________________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________ AT “Xalq banki”da mening nomimga ijtimoiy karta ochilmagan boʻlsa, AT “Xalq banki”da nomimga yangi bank kartasini ochishda amaliy yordam berishingizni soʻrayman. Murojaat qiluvchining imzosi: _______________ Sana: 20 ___ yil “___” _______________ Arizani roʻyxatdan oʻtkazdim: _____________________________ (himoya qilishni taʼminlash toʻgʻrisida qaror qabul qiluvchi organning masʼul xodimi)

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 21-fevral,

103-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 24.02.2025-y., 09/25/103/0171-son)

lex.uz