📅 2025-yil 26-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 26-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 26 февраль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 26 февраля 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 26 February 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
РЎЙХАТИ
Ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланишда содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг «Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланишда содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланишда содир этиладиган ҳуқуқбузарликларни аниқлаш;
ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланишда содир этиладиган ҳуқуқбузарликларда молиявий санкцияларни ҳисоб-китоб қилиш ва қўллаш тартиби.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорлари 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи И.А. Ниматуллаев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 26 февралдаги 121-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланишда содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланишда содир этилган ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйган хўжалик юритувчи субъектларга (юридик шахслар, шунингдек, юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахслар) нисбатан ҳуқуқий таъсир чораси сифатида молиявий санкциялар қўллаш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ваколатли орган — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси;
Давлат энергетика реестрига киритилган субъектлар — йилига беш юз ҳамда ундан ортиқ тонна шартли ёқилғини ва (ёки) икки юз эллик ва ундан ортиқ тонна мотор ёқилғисидан фойдаланадиган юридик шахслар;
ёқилғи — хом нефть, учувчан нефть, оғир нефть ва бошқа нефть маҳсулотлари, суюлтирилган углеводород гази, табиий газ, шунингдек, ёқилғи сифатида фойдаланиладиган кўмир, кокс ва бошқа маҳсулотлар;
ёқилғи-энергетика ресурслари — табиий ва бошқа манбалардан ишлаб чиқариладиган ёқилғи ва энергиянинг барча турлари йиғиндиси;
ёқилғи-энергетика ресурсларини беҳуда сарфлаш — ёқилғи-энергия ресурслари қурилмаларини ҳамда двигателларни ишлаб чиқариш зарурати бўлмаган ҳолда, жиҳозларнинг унумсиз ёки самарасиз ишлаши оқибатида ёқилғи-энергия ресурсларининг тўғридан-тўғри исроф қилиниши;
ёқилғи-энергетика ресурсларини ишлаб чиқарувчилар — ёқилғи-энергетика ресурсларининг бир ёки бир нечта турларини ишлаб чиқарувчи юридик ва жисмоний шахслар;
ёқилғи-энергетика ресурсларини узатиш тизими оператори — ёқилғи-энергетика ресурсларининг бир ёки бир нечта турларини қабул қилиш ва етказиб бериш билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектлар;
ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш — ёқилғи-энергетика ресурсларининг асоссиз сарфланишини бартараф этишга ва уларнинг энг мақбул турларидан фойдаланишга қаратилган тадбирлар;
назорат тадбирлари — ёқилғи-энергия ресурсларини беҳуда сарфлаш, улардан ноқонуний ва самарасиз, шунингдек, қонунчиликда белгилаган фойдаланиш қоидаларига зид равишда фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш юзасидан давлат назоратини амалга ошириш доирасида ҳамда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўтказиладиган барча турдаги текширувлар;
самарасиз фойдаланиш — ёқилғи-энергетика ресурсларини ҳосил қилиш ва сарфлаш соҳасида маҳсулот ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишда ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширмасдан бевосита ёқилғи-энергетика ресурслари нобудгарчилигига йўл қўйилиши;
таъминотчи — ёқилғи-энергетика ресурсларининг бир ёки бир нечта турларини фойдаланувчиларга етказиб бериш (сотиш) фаолияти билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектлар;
хўжалик юритувчи субъект — юридик шахс, шунингдек, юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахс;
фойдаланувчи — ёқилғи-энергетика ресурсларининг бир ёки бир нечта турларидан фойдаланувчи юридик ёки жисмоний шахс;
энергия аудити — фойдаланилган ёқилғи-энергетика ресурслари ва энергия самарадорлиги кўрсаткичлари тўғрисидаги ишончли маълумотларни тўплашга, уларга ишлов беришга ҳамда уларни таҳлил қилишга, шунингдек, хулоса тайёрлашга қаратилган фаолият;
энергияни тежаш ва энергия самарадорлиги кўрсаткичлари — юридик ва жисмоний шахсларнинг энергияни тежаш ва энергия самарадорлигига доир тадбирларни амалга ошириш чоғидаги фаолияти натижаларини тавсифловчи кўрсаткичлар;
энергияни тежаш — ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланишда энергия сарфини маҳсулот ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш ҳажмини қисқартирмаган ҳолда камайтиришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий, техник, технологик, иқтисодий ва бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш.
3. Ўзбекистон Республикасининг «Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланиш билан боғлиқ қуйидаги:
нефть, газ конденсати, нефть маҳсулотлари ва суюлтирилган углеводород газидан фойдаланишдаги ҳуқуқбузарликлар;
табиий газдан фойдаланишдаги ҳуқуқбузарликлар;
электр энергиясидан фойдаланишдаги ҳуқуқбузарликлар;
иссиқлик энергиясидан фойдаланишдаги ҳуқуқбузарликлар;
сертификатлаштирилмаган энергетика ускуналари, энергия таъминоти тармоқлари ва тизимларининг элементларидан фойдаланишдаги ҳуқуқбузарликлар;
ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчиларини энергетика текширувлари ва экспертизасидан ўтказишда содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланганда ваколатли орган томонидан ҳуқуқий таъсир чораси сифатида молиявий санкциялар қўлланилади.
2-боб. Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаш
4. Ишлаб чиқарувчи, етказиб берувчи ҳамда сотувчилар томонидан сифати белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаган нефть, газ конденсати, нефть маҳсулотлари ва суюлтирилган углеводород газини реализация қилишда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ваколатли орган томонидан назорат тадбирлари доирасида ишлаб чиқарувчиларнинг омборларидаги, ёқилғи ва газ ташиш транспорт воситасидаги, ёқилғи ва газ қуйиш шохобчаларининг сиғимларидаги нефть ва нефть маҳсулотларидан намуна олиш механизмларини белгилайдиган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари асосида намуналар олиш орқали аниқланади.
Бунда намуна олишдан олдин тегишли объектларда сақланаётган, ташилаётган, реализация қилинаётган маҳсулотлар миқдори аниқланади ва хўжалик ҳисоб-китоб дафтарлари (баланси) билан таққосланади.
Намуналар аккредитациядан ўтган мувофиқликни баҳолаш идоралари томонидан назорат харидлари шаклида ваколатли орган билан келишилган ҳолда олиниши мумкин. Бунда аккредитациядан ўтган лабораториянинг синовлар натижалари баённомасидаги хулосалардан ваколатли орган текширувларни ўтказиш ҳамда қоидабузарлик содир этилганлиги ҳолатини аниқлашда фойдаланади.
Сифати белгиланган талабларга мувофиқ эмас деб топилган, яъни техник регламент ва стандарт талабларига мос келмаган маҳсулотларнинг реализация қилиниши тўхтатилади.
Сифати бузилган маҳсулотнинг ҳажм ёки вазн бирлигидаги миқдори сақланаётган цистерна ва резервуардаги ҳақиқий миқдорини белгиланган талаблар асосида ўлчаш йўли билан аниқланади. Унинг қийматини аниқлашда хўжалик юритувчи субъектнинг хўжалик ҳисоб-китоб дафтарларида (балансида) турган қиймат асос қилиб олинади.
Ёқилғи қуйиш шохобчаларининг резервуарларида сақланаётган маҳсулотлар сифатсиз деб топилган тақдирда, реализация қилинган сифатсиз маҳсулотларнинг ҳақиқий ҳажми (миқдори) сифатсиз маҳсулот сақланаётган цистерна ёки резервуарга маҳсулот охирги маротаба қабул қилинганидан сўнг ташкил этган миқдоридан қолдиқ миқдорни чегириб ташлаш йўли орқали аниқланади.
Бунда ваколатли орган томонидан қўлланиладиган молиявий санкция миқдори реализация қилинган сифатсиз маҳсулотлар ҳажмидан (вазнидан) келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилинади.
Цистерна ва резервуарда сақланаётган сифатсиз маҳсулотлар уларнинг сифатини тиклашга, маҳсулот сифатини тиклашнинг имкони бўлмаган тақдирда, қайта ишлашга юборилади.
Бунда барча харажатлар сифатни тиклашга ёки қайта ишлашга юборилаётган маҳсулотлар сифати бузилишига йўл қўйган хўжалик юритувчи субъект ҳисобидан амалга оширилади.
Қуйидагилар нефть, газ конденсати, нефть маҳсулотлари ва суюлтирилган углеводород газининг сифат кўрсатгичлари бузилиши ҳисобланади:
нефть маҳсулотларининг турларини (маркаларини) аралаштириш ёки уларга ҳар хил қўшимчаларни қўшиш;
нефть маҳсулотларининг белгиланган сифати сақланишини таъминлашда уларнинг сақлаш объектларида маҳсулотларнинг турлари алмашганда, тегишли резервуарларнинг тозалигини таъминлаш ва уларни тўлдиришга тайёрлаш, нефть ва нефть маҳсулотларини қадоқлаш, маркировкалаш, ташиш ва сақлаш, нефть базаларини ишлатиш қоидаларини белгиловчи техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мос келмаслиги;
нефть ва нефть маҳсулотларининг ҳар қайси русуми (маркаси) алоҳида қабул қилиш ва тарқатиш имконини берувчи технологик қувур узатгичлар билан таъминланмаган резервуарларда сақланиши;
нефть, нефть маҳсулотлари ва суюлтирилган газни ташишда (транспорт орқали ташишда) ташиш қоидаларига риоя этилмаслиги, нефть маҳсулотларининг сифатини белгиловчи паспортсиз ва (ёки) автоцистерналарни пломбаламасдан ташилиши;
резервуарлар ва улардаги ускуналарнинг герметиклиги таъминланмаганлиги сабабли нефть ва нефть маҳсулотларига атмосфера ёғинлари ва чанг тушишига йўл қўйилиши;
қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолатлар.
5. Нефть маҳсулотлари ва суюлтирилган углеводород газини қонунчиликда белгиланган тартибда сертификатлаштиришдан ўтказилмаган ҳамда белгиланган тартибда тамғаланмаган назорат ўлчов асбоблари ва ёқилғи тарқатиш ускуналари орқали етказиб бериш, шунингдек, назорат ўлчов асбобларига ташқаридан бевосита таъсир кўрсатишда ҳуқуқбузарлик ҳолатларини аниқлаш ваколатли органнинг ходимлари томонидан назорат тадбирлари доирасида ишлаб чиқарувчи, етказиб берувчи ҳамда сотувчиларга тегишли темир йўл ва автотарозилар, автоцистерна, тиркамали агрегатлар, ёқилғи тарқатиш, мой тарқатиш ва газ тарқатиш устунлари (диспенсерлар) ҳамда бошқа қуйиш-тўкиш ускуналарининг қуйиш меъёрларини корхона раҳбари ёки унинг масъул вакиллари иштирокида текшириш орқали қайд қилинади.
Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан маҳсулотлар етказиб берилишида метрология текширувидан ўтказилмаган, даврий қиёслаш муддати ўтган, тамғаланмаган, носоз ва ўлчаш хатолиги норматив ҳужжатларга мос келмайдиган темир йўл ва автотарози, автоцистерна, тиркамали агрегатлар, ёқилғи тарқатиш, мой тарқатиш ва газ тарқатиш устунларидан (диспенсер) ҳамда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат синовларидан ўтмаган ва тури тасдиқланмаган ёки метрологик аттестациядан ўтказилмаган газ тарқатиш устунларидан (диспенсер), ҳисоблагичлардан ва бошқа қурилмалардан фойдаланиш ҳолатлари ҳуқуқбузарлик сифатида белгиланади.
Қуйидагилар ҳисоблагичга бевосита таъсир кўрсатиш деб ҳисобланади:
етказиб берувчи ҳамда сотувчиларнинг темир йўл ва автотарозилари, ёқилғи тарқатиш, мой тарқатиш ва газ тарқатиш устунлари ва бошқа қуйиш-тўкиш ускуналарига қўйилган тамғаларни бузилиши;
етказиб берувчи ҳамда сотувчиларнинг темир йўл ва авто тарозилари, ёқилғи тарқатиш, мой тарқатиш ва газ тарқатиш устунлари ва бошқа қуйиш-тўкиш ускуналари орқали етказиб берилаётган миқдорларни намунавий ўлчагич ва тарози тошлари ёрдамида ўлчаш орқали нефть маҳсулотлари ва суюлтирилган углеводород газини кам қуйиш ҳолатлари аниқланиши ҳамда автоцистерна ва тиркамали агрегатларга ўрнатилган сатҳ ўлчов чеклагичлари жойлашувининг ўзгартирилиши (Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги хулосаси асосида баҳоланади), яъни уларга инсон омили орқали ташқи таъсир кўрсатилиши;
ёқилғи тарқатиш, мой тарқатиш ва газ тарқатиш устунларининг маҳсулот миқдорини ўлчаш ускунасига ташқи таъсир кўрсатиш;
ёқилғи тарқатиш, мой тарқатиш ва газ тарқатиш устунларига (диспенсер) рухсат этилмаган модем ёки бошқа алоқа воситаларини рухсатсиз улаш ёхуд қурилмаларга қонунчиликка зид равишда ташқи таъсир кўрсатиш.
Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган тақдирда, ҳисоб-китоблар охирги текширув ўтказилган даврдан бошлаб мазкур ускуналар орқали етказиб берилган маҳсулотларни миқдор кўрсаткичлари асосида ҳисоб-китоб қилинади.
6. Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш соҳасидаги давлат назорати органларининг тегишли рухсатномаси ва хулосасисиз табиий газдан фойдаланиш қурилмаларида синов-созлаш ишларини амалга оширишда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ваколатли орган томонидан ўтказиладиган назорат тадбирлари доирасида аниқланади.
Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан табиий газдан фойдаланиш қурилмаларида тегишли хулосасиз синов-созлаш ишлари амалга оширилганлиги аниқланган тақдирда, ушбу хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан амалга оширилган синов-созлаш ишларининг шартнома баҳосидан келиб чиқиб, молиявий санкция қўлланилади, шунингдек, амалга оширилаётган барча ишлар тўхтатилиб, хўжалик юритувчи субъектларнинг қурилмалари газ тармоғидан узиб қўйилади.
Синов-созлаш ишлари нархини аниқлаш имкони бўлмаганда, ушбу ишлар ҳажми уларнинг ўртача бозор қийматидан келиб чиқиб, ҳисоб-китоб қилинади.
Хўжалик юритувчи субъектга нисбатан молиявий санкция қўлланилиши, тармоқда ёки қурилмада ўтказиладиган синов-созлаш ишлари учун ваколатли органнинг хулосасини олиш мажбуриятидан озод этмайди.
7. Магистрал газ қувурлари ва газ тақсимлаш тармоқлари орқали табиий газни қабул қилиш, ташиш ва етказиб беришда белгиланган нормадан ортиқча технологик йўқотишларга йўл қўйиш, мазкур ҳолат уларнинг ҳаракатсизлиги натижасида юзага келганлигини аниқлашда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ваколатли орган томонидан аниқланади.
Ваколатли орган ҳар чорак якуни билан кейинги ойнинг 15-санасига қадар бир йилда 100 минг ва ундан ортиқ куб метр табиий газдан фойдаланувчилар тўғрисидаги маълумотни (ойлик табиий газ истеъмоли тўғрисидаги маълумот) газ узатиш ва газ таъминоти корхоналаридан сўров йўли билан олади ҳамда мазкур маълумотлар бўйича қабул қилинган, ташилган ва етказиб берилган табиий газ ҳажмларини ҳудудлар (объектлар) кесимида таҳлил қилади.
Ваколатли орган томонидан сўралган маълумотлар бирламчи ҳужжатлар билан биргаликда газ узатиш ва газ таъминоти ташкилотлари томонидан тақдим этилиши зарур.
Таҳлил давомида хўжалик юритувчи субъектларнинг технологик йўқотишлари қонунчилик ва норматив ҳужжатларда белгиланган технологик йўқотишлар меъёрларига мувофиқлиги ўрганиб чиқилади.
Табиий газни қабул қилиш, ташиш ва етказиб беришда технологик йўқотишларга белгиланган меъёрлардан ортиқча йўл қўйилганлиги махсус ускуна, жиҳозлар ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа усуллар билан ҳам аниқланади. Мазкур ҳолат ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланади.
Йўқотилган газ миқдори ҳамда унинг қиймати магистрал газ қувурлари ва газ тақсимлаш тармоқлари бўйлаб ўрнатилган ҳисоблагичларнинг кўрсатгичлари, хўжалик юритувчи субъектларнинг хўжалик ҳисоботлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган бошқа нормативлар асосида ҳисоблаб чиқилади.
8. Реактив қувват компенсацияси бўйича ишларни ташкил этиш тартибини бузиш ёки унга риоя этмаслик билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ваколатли орган ходимлари томонидан ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг биллинг тизими орқали аниқланади.
Ваколатли орган ходимлари электр энергиясидан самарасиз фойдаланиш, реактив энергиясини компенсация қилмаслик ҳолати хўжалик юритувчи субъектлар иштирокида назорат тадбирлар давомида хар ойлик фойдаланилган актив ва реактив энергия миқдорларидан қувват коэффициенти аниқланиб, қонунчилик ва норматив ҳужжатларда белгиланган миқдорига нисбатан пасайганлиги ўрганилади.
Ўрганиш натижасига кўра қувват коэффициенти белгиланган нормалардан пасайганлиги аниқланган тақдирда, хўжалик юритувчи субъект томонидан ҳуқуқбузарлик ҳолати содир этилган деб топилади ҳамда аниқланган ҳолат юзасидан хўжалик юритувчи субъект иштирокида далолатнома расмийлаштирилади.
Электр энергиясининг миқдори текширув қамраб олган давр мобайнида қувват коэффициентининг норматив қийматига нисбатан пасайган ойларда электр энергиясининг қўшимча технологик йўқотишлари ҳисоб-китоблар бўйича аниқланади.
9. Ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчилари томонидан электр ёритгичлардан қонунчиликда белгиланган нормалардан ортиқча, ишлаб чиқариш зарурати бўлмаган ҳолда фойдаланиш, шунингдек, ҳудудларни куннинг ёруғ даври давомида мақсадсиз ёритишда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ваколатли орган томонидан ўтказиладиган назорат тадбирлари давомида аниқланади.
Бунда электр энергиясининг миқдори электр таъминоти шартномаси расмийлаштирилган кундан далолатнома расмийлаштирилган кунга қадар, бироқ даъво муддатидан ортиқ бўлмаган муддатда электр ёритгичлар қувватидан келиб чиқиб, суткасига 12 соат ишлаши инобатга олиниб ҳисобланади.
Қуйидаги ҳолатлар ишлаб чиқариш зарурати бўлмаган ҳолда электр ёритгичлардан фойдаланиш ҳисобланади:
ишлаб чиқариш жараёни тўхтатилганда, цех, омборхона ва (ёки) маъмурий биноларда электр ёритгичларни ёқиқ туриши;
иш вақти бўлмаган пайтда иш жойларини норматив ҳужжатларда белгиланган меъёрлардан ортиқ ёритиш;
иш жойларида табиий ёруғлик етарли бўлган ҳолатларда электр ёритгичлардан фойдаланиш;
электр ёритгичларни норматив ҳужжатларда белгиланган меъёрлардан катта қувватда ўрнатиш ва ҳудудда ҳаддан ташқари ёруғлик яратиш.
Электр ёритгичлардан фойдаланишда меъёрлар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан белгиланади.
10. Энергия истеъмолчиларига сифат кўрсаткичлари миллий стандарт талабларига жавоб бермайдиган электр энергияси етказиб беришда ҳуқуқбузарлик ҳолатларини ваколатли орган жисмоний ва юридик шахслар томонидан келиб тушган мурожаатларга, электр тармоқларида содир бўлган аварияларга ва бошқа таҳлилларга асосан назорат тадбирларини ўтказиш орқали аниқлайди.
Электр энергиясининг сифат кўрсаткичлари (кучланиш, частота) техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган нормалардан оғган ҳолда электр энергияси етказиб берилиши, сифат кўрсаткичлари белгиланган стандарт талабларига жавоб бермайдиган электр энергияси етказиб берилиши деб ҳисобланади ва бу тўғрисида тегишли далолатнома расмийлаштирилади.
Сифат кўрсаткичлари (кучланиш, частота) миллий стандарт талабларига жавоб бермайдиган электр энергиясини етказиб бериш ҳолатлари электр энергиясини ишлаб чиқарувчи корхонада аниқланса, молиявий санкция уларнинг ҳисоблагичларида кўрсатилган даврда аниқланган электр энергияси ҳажмини ишлаб чиқарувчи хўжалик юритувчи субъектлари ва электр энергиясини узатувчи ёки тақсимловчи хўжалик юритувчи субъектлари билан тузилган шартномада кўрсатилган ҳар бир кВт соат учун белгиланган тариф асосида ҳисоблаб чиқилади.
Сифат кўрсаткичлари (кучланиш, частота) белгиланган стандарт талабларига жавоб бермайдиган электр энергиясини етказиб бериш ҳолатлари электр энергиясини узатиш тизими операторларида аниқланган тақдирда, молиявий санкция уларнинг ҳисоблагичларида кўрсатилган даврда аниқланган электр энергиясини узатувчи хўжалик юритувчи субъект ва электр энергиясини тақсимловчи хўжалик юритувчи субъект ўртасида тузилган шартномада ҳар бир кВт соат учун белгиланган тариф асосида сифатсиз етказиб берилган электр энергиясининг қиймати ҳисоблаб чиқилади.
Таъминотчи корхонада сифат кўрсаткичлари (кучланиш, частота) миллий стандарт талабларига жавоб бермайдиган электр энергиясини етказиб бериш ҳолати аниқланганда, молиявий санкция электр энергиясини тақсимловчи хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисоблагичларида кўрсатилган даврда аниқланган электр энергиясини тақсимловчи хўжалик юритувчи субъектлар ва электр энергияси фойдаланувчилари ўртасида тузилган шартномада ҳар бир кВт соат учун белгиланган тариф асосида сифатсиз етказиб берилган электр энергиясининг қиймати ҳисоблаб чиқилади.
Сифат кўрсаткичлари (кучланиш, частота) миллий стандарт талабларига жавоб бермайдиган электр энергияси етказиб беришда бир нечта корхонанинг айбдорлиги аниқланган тақдирда, электр энергиясини ишлаб чиқарувчи, узатувчи ёки таъминотчи корхоналарнинг ҳар бирига белгиланган стандарт талабларига жавоб бермайдиган етказиб берилган электр энергиясига мутаносиб равишда жарима белгиланади.
Барча ҳолатларда молиявий санкция ҳисоб-китоблари электр энергияси миқдорининг ҳар бир ҳолатига кўра электр энергиясини қабул қилиб олувчи нуқталарига ўрнатилган электр энергиясини ҳисобга олиш ускуналари хотирасида ва (ёки) электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими маълумотларини сақлаш базасида сақланган сифат меъёрларининг бузилган даврлари бўйича ҳисоб-китоб қилинади, ҳисоблагичларда сифатсиз электр энергияси етказиб берилган даврни аниқлашнинг имкони бўлмаган ҳолларда, молиявий санкциялар бир ойлик даврга нисбатан ҳисоблаб чиқилади.
11. Йилига беш юз ҳамда ундан ортиқ тонна шартли ёқилғини ва (ёки) икки юз эллик ҳамда ундан ортиқ тонна мотор ёқилғисини истеъмол қиладиган ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчилари томонидан иситиш тармоқларидан иссиқ сув, буғ ва буғ конденсатининг асоссиз равишда сарфланиши, хусусан, иссиқ сувнинг сирқиб тўкилиши, иссиқлик ва буғ қувурларидан, иссиқликдан фойдаланувчи ускуналардан, иссиқлик тармоқларидан иссиқлик изоляциясисиз фойдаланишда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ваколатли орган томонидан ўтказиладиган назорат тадбирларида кўздан кечириш орқали аниқланади.
Иситиш тармоқларида иссиқ сувнинг сирқиб тўкилиши ҳамда иссиқлик ва буғ қувурларидан, иссиқликдан фойдаланувчи ускуналардан, иссиқлик тармоқларидан иссиқлик изоляциясисиз фойдаланиш иссиқлик энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳисобланади.
Иситиш тармоқларидан иссиқ сувнинг сирқиб тўкилиши натижасида йўқотиладиган иссиқ сувнинг миқдори инструментал ва ҳисоблаш усулларда қуйидаги формулалар асосида ҳисобланади:
Инструментал усулда:
G=A*24*P (тонна)
Бунда:
G — иссиқ сувнинг миқдори, тонна;
A — иситиш тармоқларида иссиқ сувнинг сирқиб тўкилиши орқали ўлчов асбоблари билан аниқланган 1 соат давомида йўқотилаётган иссиқ сув миқдори, тонна/соат;
24 — иситиш тизимидан йўқотилаётган иссиқ сувнинг сирқиб тўкилиш вақти, соат (иситиш тизимини суткада 24 соат давомида ишлаш ҳисобидан);
P — иситиш тизимидан йўқотилаётган иссиқ сувнинг сирқиб тўкилиш даври, кун. (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимлари томонидан иситиш мавсуми бошланиши тўғрисидаги чиқарилган қарорда белгиланган санадан қоида бузилиши ҳолати аниқланган санагача бўлган давр).
Ҳисоблаш усулида:
G =7,76*10 -3 *d 2 *√H*n, (тонна)
Бунда:
G — иссиқ сувнинг миқдори, тонна;
7,76 — сув сарфини ўлчашнинг доимий коэффициенти;
d — қувур диаметри ёки ундан иссиқ сув оқиб чиқадиган тешикнинг эквивалент диаметри, мм;
Н — қувурдаги тешикдан оқиб тушадиган иссиқ сув босими, м;
n — қувурдан иссиқ сув оққан муддат, соат.
Иситиш тармоқларидан иссиқ сувнинг сирқиб тўкилиши аниқланганда, йўқотилган иссиқлик энергияси ва қўлланиладиган жарима миқдори қуйидаги формула орқали ҳисобланади:
Q = G*(t иссиқ с - t совуқ с )*10 -3 *С*3 (сўм)
Бунда:
Q — ҳисобланган жарима миқдори, сўм;
G — сирқиб тўкилган иссиқ сувнинг миқдори, тонна;
t иссиқ с. — сирқиб тўкилаётган иссиқ сув ҳарорати, 0 С;
t совуқ с — совуқ сув ҳарорати, 0 С (ҚМҚ 2.04.01-98 «Биноларнинг ички водопроводи ва канализацияси»га асосан +5 0 С деб қабул қилинади);
С — бир Гкал иссиқлик энергиясининг амалдаги тарифи, сўм;
3 — йўқотилган иссиқлик энергияси қийматининг 3 баравар жарима миқдори.
Иссиқлик ва буғ қувурларидан, иссиқликдан фойдаланувчи ускуналардан, иссиқлик тармоқларидан иссиқлик изоляциясисиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда, йўқотилган иссиқлик энергияси ва қўлланиладиган жарима миқдори иссиқлик энергиясини ишлаб чиқиш ва узатиш учун ёқилғи, электр энергияси, иссиқлик энергияси ва сув сарфларининг меъёрларини ҳамда иссиқлик юкламаларини, шунингдек, технологик йўқотишларни аниқлашга оид қонунчилик ҳужжатларига асосан ҳисобланади.
Молиявий санкциялар текширилаётган хўжалик юритувчи субъектлар ва иссиқлик таъминоти фаолиятини амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъект ўртасида тузилган шартномада белгиланган нарх (тариф) асосида ҳисобланади.
Иссиқлик энергияси текширилаётган хўжалик юритувчи субъектлар томондан ўз манбаи орқали ишлаб чиқарилганда, молиявий санкциялар мазкур корхона томонидан 1 Гкал иссиқлик энергияси таннархи бўйича ҳисобланади.
Ушбу ҳисоб-китоблар мавжуд бўлмаганда, хўжалик юритувчи субъектдан тегишли маълумотлар олинади ва молиявий санкциялар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан тасдиқланган иссиқлик энергияси нархлари (тарифлари) бўйича ҳисобланади.
12. Ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчилари томонидан иссиқликдан фойдаланувчи ускуналардан ва иссиқлик тармоқларидан техник жиҳатдан фойдаланиш қоидаларида белгиланган талабларга жавоб бермайдиган техник ҳолатда фойдаланишда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ваколатли орган томонидан ўтказиладиган назорат тадбирларида кўздан кечириш орқали аниқланади.
Иссиқликдан фойдаланувчи қурилмада фойдаланилган, иссиқлик тармоқларидан узатилган иссиқлик энергиясининг ўртача ойлик миқдори (Гкал) иссиқлик энергиясини ҳисобга олиш ускунаси ёки ҳисобга олишни назорат қилиш ускунасидан олинган кўрсаткичларга, ҳисобга олиш ускунасидан кўрсаткичларни олиш имкони бўлмаган тақдирда, ушбу қурилманинг паспортдаги ёки хўжалик юритувчи субъектда мавжуд бўлган маълумотларга асосан аниқланади.
Иссиқлик энергияси текширилаётган хўжалик юритувчи субъект томондан ўз манбаи орқали ишлаб чиқарилганда, молиявий санкциялар мазкур хўжалик юритувчи субъекти томонидан 1 Гкал иссиқлик энергияси таннархи бўйича ҳисобланади.
Ушбу ҳисоб-китоблар мавжуд бўлмаганда, хўжалик юритувчи субъектдан тегишли маълумотлар олинади ва молиявий санкциялар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими томонидан тасдиқланган иссиқлик энергияси нархлар (тарифлар) бўйича ҳисобланади.
13. Иссиқлик таъминоти ташкилоти томонидан норматив ҳужжатларда ёки иссиқлик таъминоти шартномасида назарда тутилган иссиқлик энергияси сифат кўрсаткичларидан четга чиқишдаги ҳуқуқбузарлик ҳолатлари истеъмолчилар томонидан келиб тушган мурожаатларга асосан ваколатли орган томонидан назорат тадбирларини ўтказиш ёки таҳлилий ўрганишлар орқали аниқланади.
Фойдаланувчи ва иссиқлик таъминоти корхонаси мансублик чегарасига ўрнатилган иссиқлик энергиясини ҳисобга олиш ускунасидан иссиқ сув ёки буғнинг босим ва ҳарорат кўрсаткичлари олинади.
Ушбу кўрсаткичлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган кўрсаткичлардан ортиб ёки камайиб кетганлиги ҳолати аниқланган тақдирда, ҳуқуқбузарлик сифатида далолатнома расмийлаштирилади.
Фойдаланувчига сифатсиз етказиб берилган иссиқлик энергияси даври иссиқлик энергиясини ҳисобга олиш ускунасининг хотирасидаги маълумотлардан олинади, иссиқлик энергиясини ҳисобга олиш ускунасидан сифатсиз етказиб берилган иссиқлик энергияси даврини аниқлаш имкони бўлмаган тақдирда, фойдаланувчи ва иссиқлик таъминоти ўртасида тузилган шартномада кўрсатиб ўтилган иссиқлик юкламаси миқдорининг сифат кўрсаткичлари бузилган давр олинади.
14. Ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчилари томонидан сертификатлаштирилмаган энергетика ускуналаридан, энергия таъминоти тармоқлари ва тизимларининг элементларидан фойдаланишда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ваколатли орган томонидан ўтказиладиган назорат тадбирлари давомида мавжуд ҳужжатларни ва ускуналарни кўздан кечириш, улардаги маълумотларни солиштириш орқали аниқланади.
Энергетика ускуналаридан, энергия таъминоти тармоқларидан фойдаланишдаги қонунчилик ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан белгиланган талабларга жавоб бермайдиган техник ҳолат ва тизимларнинг элементларидан сертификатлаштирилмаган ҳолда фойдаланиш ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.
Назорат тадбирлари давомида ускуналарнинг паспорти, белгиланган тартибда сертификатланганлиги бўйича ҳужжатлар Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига тақдим этилади, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг хулосасига мувофиқ қониқарсиз техник ҳолатдаги энергетика ускуналари ва энергия таъминоти тармоқлари сертификатлашдан ўтказилмаганлиги ҳолатлари аниқланади.
Энергетика ускуналаридан, энергия таъминоти тармоқларидан фойдаланишда қонунчилик ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан белгиланган талабларга жавоб бермайдиган қониқарсиз техник ҳолат ва тизимларнинг элементларидан сертификатлаштирилмаган ҳолда фойдаланиш қонунчиликда белгиланган бошқа назорат механизмлари орқали ҳам аниқланиши мумкин.
Назорат тадбирлари натижалари бўйича объектида текширувлар ўтказилган хўжалик юритувчи субъектга камчиликларни бартараф этиш бўйича ваколатли орган томонидан бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатма юборилади ҳамда қоидабузарлик ҳолати аниқланганлиги юзасидан тегишли далолатнома расмийлаштирилади.
15. Давлат энергетика реестрига киритилган ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчилари томонидан белгиланган муддатларда мажбурий энергетика текширувларини ўтказмаслик ёки улар томонидан мажбурий энергетика текширувлари натижасида белгиланган чора-тадбирларни бажармаслик бўйича ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ваколатли орган томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида мавжуд ҳужжатларни ва ускуналарни кўздан кечириш, улардаги маълумотларни солиштириш орқали аниқланади.
Ваколатли органнинг ҳудудий бошқармалари томонидан белгиланган муддатларда мажбурий энергия аудитини ўтказмаган ҳамда энергия аудити натижаси бўйича энергия аудиторларнинг ҳисоботига асосан ташкилий-техник чора-тадбирлар режасининг белгиланган муддатларда бажарилишини таъминламаган Давлат энергетика реестрига киритилган субъектларга ҳар йилнинг учинчи чораги якуни бўйича огоҳлантириш хати юборилади.
Йил якуни билан мажбурий энергия аудитини ўтказмаган ҳамда энергия аудити натижаси бўйича энергия аудиторларининг ҳисоботига асосан ташкилий-техник чора-тадбирлар режасининг бажарилишини таъминламаган Давлат энергетика реестрига киритилган субъектлар рўйхати кейинги йил январь ойининг 15-санасига қадар ваколатли органнинг ҳудудий бошқармалари томонидан шакллантирилиб, ваколатли органга тақдим этилади.
Молиявий санкция қиймати қуйидаги формула орқали аниқланади:
J = (Y E × T E ) + (Y G × T G ) × 3% (сўм) 12
Бунда:
J — қўлланиладиган жарима миқдори, сўм.
Y E — йиллик электр энергияси истеъмоли, кВт соат;
Y G — йиллик табиий газ истеъмоли, куб метр;
T E — амалдаги 1 кВт соат электр энергияси тарифи, сўм;
T G — амалдаги 1 куб метр табиий газнинг тарифи, сўм.
3-боб. Молиявий санкцияларни қўллаш тартиби
16. Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкциялар хўжалик юритувчи субъект аниқланган ҳуқуқбузарликдаги айбини тан олганда ваколатли орган томонидан қўлланилади.
17. Молиявий санкциялар энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш соҳасидаги давлат назоратини амалга ошириш доирасида ўтказиладиган назорат тадбирлари асосида қўлланилади. Бунда ваколатли органнинг ваколатли шахслари томонидан назорат тадбирларини ўтказиш давомида аниқланган ҳуқуқбузарлик тўғрисида 3 нусхада далолатнома тузилади.
18. Ваколатли органнинг ходимлари тузган далолатномалар тегишлича ваколатли органнинг мансабдор шахси ва хўжалик юритувчи субъект (юридик шахс бўлганда унинг вакили) томонидан имзоланади.
Бунда ваколатли органнинг ходимлари томонидан назорат тадбирлари давомида хўжалик юритувчи субъектининг фаолиятида қонунчиликда белгиланган ҳуқуқбузарликларнинг бир нечта тури аниқланса, барча ҳуқуқбузарлик ҳолатлари битта далолатномада акс эттирилади ва ҳар битта ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда алоҳида жавобгарликка тортиш чоралари қўлланилади.
19. Хўжалик юритувчи субъектларнинг раҳбари ёхуд у томонидан ваколат берилган шахс далолатномага имзо қўйган ҳолда танишишдан ва йўл қўйилган ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан тушунтириш беришдан бош тортиши ёки бошқача тарзда далолатнома билан танишишдан бўйин товлаш ҳолатлари ҳуқуқбузарликни аниқлаш ва расмийлаштиришнинг кейинги жараёнларининг тўхтатилишига асос бўлмайди.
Бунда хўжалик юритувчи субъект (унинг вакили) далолатномани имзолашдан бош тортган тақдирда, ваколатли органнинг ходими ушбу ҳолатни кўрсатилган далолатномага илова қилинадиган видеоёзув ёрдамида ёки икки нафар холис ҳозирлигида тасдиқлаши керак. Холислар ўзининг ҳозирлигида амалга оширилган ҳаракатлар, уларнинг мазмуни ва натижаларини далолатномада тасдиқлаши шарт.
20. Ваколатли органнинг ходимлари томонидан ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланишда аниқланган ҳуқуқбузарликлар тўғрисида расмийлаштирилган далолатноманинг бир нусхаси хўжалик юритувчи субъектининг мансабдор шахсига топширилиши керак.
Хўжалик юритувчи субъектнинг раҳбари ёки у томонидан ваколат берилган шахс аниқланган ҳуқуқбузарликлар тўғрисида расмийлаштирилган далолатнома нусхасини олишдан бош тортган тақдирда, ваколатли орган ходимлари «далолатнома нусхасини олишдан бош тортганлиги ҳақида» далолатнома расмийлаштиради ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисида расмийлаштирилган далолатнома нусхаси почта алоқа воситалари орқали объектида текширув ўтказилган хўжалик юритувчи субъектга юборилади.
Аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисида расмийлаштирилган далолатноманинг нусхасини олишдан бош тортганлик ҳақидаги далолатномани расмийлаштиришда холислар иштироки талаб этилмайди.
21. Ваколатли органнинг ходимлари томонидан тузилган далолатномалар ҳамда ваколатли орган томонидан қабул қилинган қарор молиявий санкциялар қўллаш учун асос ҳисобланади.
Бунда ваколатли органнинг ходимлари томонидан расмийлаштирилган далолатномада бир нечта турдаги ҳуқуқбузарлик ҳолати акс эттирилган бўлса, ваколатли органнинг қабул қилган қарорида мазкур ҳуқуқбузарликлар таснифи ҳамда уни содир этганлик учун қўлланиладиган молиявий санкциялар тўлиқ акс эттирилади.
22. Молиявий санкцияларни қўллаш учун асос бўлган ҳуқуқбузарлик аниқланганлиги тўғрисида далолатнома расмийлаштирилган кундан эътиборан беш иш куни ичида ваколатли орган жарима солиш тўғрисида қарор қабул қилади. Жарима солиш тўғрисидаги қарор ваколатли органнинг биринчи раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланади ва уч иш кунидан кечиктирмай ҳуқуқбузарга юборилади.
23. Молиявий санкциялар бўйича ҳисоб-китоб қилинадиган жарима миқдори ёқилғи-энергетика ресурсларининг амалдаги қийматидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
24. Хўжалик юритувчи субъектлар ваколатли органнинг ҳуқуқий таъсир чораси сифатида молиявий санкцияларни қўллаш тўғрисидаги қарори устидан белгиланган тартибда юқори турувчи органга ёки судга мурожаат қилишга ҳақли.
Молиявий санкцияни қўллаш тўғрисидаги қарор устидан шикоят берилганда, унинг ижроси тўхтатиб турилади.
Ваколатли органнинг молиявий санкцияни қўллаш тўғрисидаги қарори суд томонидан бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, ундирилган маблағлар, шу жумладан, молиявий санкция ҳамда пеня йўналтирилган манбалар (тегишли бюджет ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ва бошқалар) ҳисобидан ўн беш кун муддатда мутаносиб равишда қайтарилади.
Ушбу банднинг учинчи хатбошисид а белгиланган муддатда қайтарилмаган маблағлар суммасига нисбатан кечиктирилган ҳар бир календарь кун учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банки асосий ставкасининг уч юздан бирига тенг миқдорида фоиз тўланади.
25. Ваколатли орган томонидан қабул қилинган қарор ижросини тўхтатиб туришга қонунчиликка мувофиқ тегишли суднинг қонуний кучга кирган қарори ёки ажрими асосида йўл қўйилади.
26. Ушбу Низомда назарда тутилган молиявий санкцияларни қўллаш бўйича қарор қабул қилингандан сўнг тан олинган ҳуқуқбузарлик бўйича молиявий санкцияни қўллаш тўғрисидаги қарор ҳуқуқбузарнинг танловига кўра қуйидаги шакллардан бирида ихтиёрий ижро этилиши мумкин:
ваколатли органнинг молиявий санкцияни қўллаш тўғрисидаги қарори топширилган кундан бошлаб бир ой муддатда молиявий санкция миқдорининг эллик фоизини ихтиёрий равишда тўлаш шарти билан молиявий санкциянинг қолган қисмини тўлашдан озод этиш;
қўлланилган молиявий санкция суммасини олти ой давомида тенг миқдорларда бўлиб-бўлиб тўлаш. Бунда ҳуқуқбузар молиявий санкцияни қўллаш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб бир ой давомида молиявий санкция миқдорининг камида олтидан бир қисмидан иборат дастлабки тўловни тўлаганда, молиявий санкцияни бўлиб-бўлиб тўлаш тартиби автоматик равишда амал қилади.
Ҳуқуқбузар ҳуқуқбузарликни тан олмаган ёки ваколатли органнинг қароридан норози бўлган ёхуд ваколатли органнинг молиявий санкцияни қўллаш тўғрисидаги қарорини ихтиёрий равишда ижро этмаган тақдирда, унга нисбатан молиявий санкцияни қўллаш тўғрисидаги масала ваколатли органнинг мурожаати асосида суд тартибида ҳал этилади.
27. Биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган хўжалик юритувчи субъект йўл қўйилган ҳуқуқбузарликни ихтиёрий равишда бартараф этган ва етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қоплаган бўлса, молиявий санкция қўлланилмайди.
28. Ваколатли органнинг қарори асосида қўлланилган молиявий санкциялар бир ой муддатда, ушбу Низомнинг 32-бандидаги ҳолатларда олти ой муддатда тўлаб берилмаган тақдирда, молиявий санкциялар ваколатли орган томонидан суд тартибида ундирилади.
Бунда ваколатли орган жаримани ундириш тўғрисидаги аризани судга белгиланган тартибда ўн иш куни ичида киритади. Суднинг жаримани ундириш тўғрисидаги қонуний кучга кирган қарори қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
29. Хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан ушбу Низомда назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун ҳуқуқий таъсир чораси сифатида молиявий санкциялар қўлланилиши, қонунчиликда назарда тутилган бошқа жавобгарликдан озод этмайди.
30. Хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораси сифатида молиявий санкцияларни қўлланилиши, улар томонидан қонунчиликка хилоф хатти-ҳаракатларни содир этганлик натижасида етказилган тўғридан-тўғри зарарни тўлиқ қоплашдан озод этмайди.
31. Ушбу Низомга мувофиқ ёқилғи-энергетика ресурсларидан, нефть маҳсулотлари, газ, электр ва иссиқлик энергиясидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун қўлланилган маъмурий жарималар ва молиявий санкцияларнинг 50 фоизи Давлат бюджетига ўтказилади, қолган 50 фоизи ваколатли органнинг ихтиёрида қолади.
32. Хўжалик юритувчи субъектга нисбатан унинг охирги ҳисобот санасидаги жорий активлари қийматининг 20 фоизидан ортиқ бўлган молиявий санкция қўлланилган тақдирда, хўжалик юритувчи субъектга молиявий санкция қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб олти ой мобайнида жарима миқдорини ҳар ойда бўлиб-бўлиб тўлаш имкони берилади.
4-боб. Якунловчи қоида
33. Ушбу Низом талаблари бузганликда айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 26 февралдаги 121-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун иқтисодий жазоларни қўллаш тўғрисида» 1994 йил 9 мартдаги 124-сон қарори .
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш ва баъзиларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2004 йил 16 сентябрдаги 430-сон қарорига 2-илованинг 2-банди .
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида («Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилганлиги ҳамда уларнинг молиявий жавобгарлиги эркинлаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 10 октябрдаги ЎРҚ-59-сон Қонуни)» 2006 йил 10 ноябрдаги 235-сон қарорига 1-илованинг 5-банди .
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат бюджетининг ғазна ижроси тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2007 йил 28 февралдаги ПҚ-594-сон қарори) 2007 йил 26 июндаги 129-сон қарорига илованинг 1-банди .
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Солиқ имтиёзлари тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш ва баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2009 йил 17 июндаги 168-сон қарорига 1-илованинг 1-банди .
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига маблағлар ажратишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2010 йил 2 апрелдаги 62-сон қарорига 2-илованинг 4-банди .
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Электр энергетикаси тўғрисида» 2009 йил 30 сентябрдаги ЎРҚ-225-сон қонуни)» 2010 йил 17 майдаги 92-сон қарорига илованинг 1-банди .
8. Вазирлар Маҳкамасининг «Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат бошқаруви тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2024 йил 24 февралдаги 100-сон қарорига илованинг 1-банди .
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 26 февраль,
121-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
ROʻYXATI
Yoqilgʻi-energetika resurslaridan foydalanishda sodir etilgan huquqbuzarliklar uchun xoʻjalik yurituvchi subyektlarga nisbatan huquqiy taʼsir choralarini qoʻllash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasining “Energiyani tejash, undan oqilona foydalanish va energiya samaradorligini oshirish toʻgʻrisida”gi Qonuni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Yoqilgʻi-energetika resurslaridan foydalanishda sodir etilgan huquqbuzarliklar uchun xoʻjalik yurituvchi subyektlarga nisbatan huquqiy taʼsir choralarini qoʻllash tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
yoqilgʻi-energetika resurslaridan foydalanishda sodir etiladigan huquqbuzarliklarni aniqlash;
yoqilgʻi-energetika resurslaridan foydalanishda sodir etiladigan huquqbuzarliklarda moliyaviy sanksiyalarni hisob-kitob qilish va qoʻllash tartibi.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlari 2-ilovaga muvofiq oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda Elektr energiyasi, neft mahsulotlari va gazdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi boshligʻi I.A. Nimatullayev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 26-fevraldagi 121-son qaroriga 1-ILOVA
Yoqilgʻi-energetika resurslaridan foydalanishda sodir etilgan huquqbuzarliklar uchun xoʻjalik yurituvchi subyektlarga nisbatan huquqiy taʼsir choralarini qoʻllash tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom yoqilgʻi-energetika resurslaridan foydalanishda sodir etilgan huquqbuzarliklarni aniqlash va huquqbuzarliklarga yoʻl qoʻygan xoʻjalik yurituvchi subyektlarga (yuridik shaxslar, shuningdek, yuridik shaxs tashkil etmagan holda tadbirkorlik faoliyatini amalga oshirayotgan jismoniy shaxslar) nisbatan huquqiy taʼsir chorasi sifatida moliyaviy sanksiyalar qoʻllash tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
vakolatli organ — Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Elektr energiyasi, neft mahsulotlari va gazdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi;
Davlat energetika reyestriga kiritilgan subyektlar — yiliga besh yuz hamda undan ortiq tonna shartli yoqilgʻini va (yoki) ikki yuz ellik va undan ortiq tonna motor yoqilgʻisidan foydalanadigan yuridik shaxslar;
yoqilgʻi — xom neft, uchuvchan neft, ogʻir neft va boshqa neft mahsulotlari, suyultirilgan uglevodorod gazi, tabiiy gaz, shuningdek, yoqilgʻi sifatida foydalaniladigan koʻmir, koks va boshqa mahsulotlar;
yoqilgʻi-energetika resurslari — tabiiy va boshqa manbalardan ishlab chiqariladigan yoqilgʻi va energiyaning barcha turlari yigʻindisi;
yoqilgʻi-energetika resurslarini behuda sarflash — yoqilgʻi-energiya resurslari qurilmalarini hamda dvigatellarni ishlab chiqarish zarurati boʻlmagan holda, jihozlarning unumsiz yoki samarasiz ishlashi oqibatida yoqilgʻi-energiya resurslarining toʻgʻridan-toʻgʻri isrof qilinishi;
yoqilgʻi-energetika resurslarini ishlab chiqaruvchilar — yoqilgʻi-energetika resurslarining bir yoki bir nechta turlarini ishlab chiqaruvchi yuridik va jismoniy shaxslar;
yoqilgʻi-energetika resurslarini uzatish tizimi operatori — yoqilgʻi-energetika resurslarining bir yoki bir nechta turlarini qabul qilish va yetkazib berish bilan shugʻullanuvchi xoʻjalik yurituvchi subyektlar;
yoqilgʻi-energetika resurslaridan oqilona foydalanish — yoqilgʻi-energetika resurslarining asossiz sarflanishini bartaraf etishga va ularning eng maqbul turlaridan foydalanishga qaratilgan tadbirlar;
nazorat tadbirlari — yoqilgʻi-energiya resurslarini behuda sarflash, ulardan noqonuniy va samarasiz, shuningdek, qonunchilikda belgilagan foydalanish qoidalariga zid ravishda foydalanish holatlarini aniqlash yuzasidan davlat nazoratini amalga oshirish doirasida hamda qonunchilik hujjatlariga muvofiq oʻtkaziladigan barcha turdagi tekshiruvlar;
samarasiz foydalanish — yoqilgʻi-energetika resurslarini hosil qilish va sarflash sohasida mahsulot ishlab chiqarish, ishlarni bajarish va xizmatlar koʻrsatishda yoqilgʻi-energetika resurslarini tejash boʻyicha chora-tadbirlarni amalga oshirmasdan bevosita yoqilgʻi-energetika resurslari nobudgarchiligiga yoʻl qoʻyilishi;
taʼminotchi — yoqilgʻi-energetika resurslarining bir yoki bir nechta turlarini foydalanuvchilarga yetkazib berish (sotish) faoliyati bilan shugʻullanuvchi xoʻjalik yurituvchi subyektlar;
xoʻjalik yurituvchi subyekt — yuridik shaxs, shuningdek, yuridik shaxs tashkil etmagan holda tadbirkorlik faoliyatini amalga oshirayotgan jismoniy shaxs;
foydalanuvchi — yoqilgʻi-energetika resurslarining bir yoki bir nechta turlaridan foydalanuvchi yuridik yoki jismoniy shaxs;
energiya auditi — foydalanilgan yoqilgʻi-energetika resurslari va energiya samaradorligi koʻrsatkichlari toʻgʻrisidagi ishonchli maʼlumotlarni toʻplashga, ularga ishlov berishga hamda ularni tahlil qilishga, shuningdek, xulosa tayyorlashga qaratilgan faoliyat;
energiyani tejash va energiya samaradorligi koʻrsatkichlari — yuridik va jismoniy shaxslarning energiyani tejash va energiya samaradorligiga doir tadbirlarni amalga oshirish chogʻidagi faoliyati natijalarini tavsiflovchi koʻrsatkichlar;
energiyani tejash — yoqilgʻi-energetika resurslaridan foydalanishda energiya sarfini mahsulot ishlab chiqarish, ishlarni bajarish va xizmatlar koʻrsatish hajmini qisqartirmagan holda kamaytirishga qaratilgan tashkiliy-huquqiy, texnik, texnologik, iqtisodiy va boshqa chora-tadbirlarni amalga oshirish.
3. Oʻzbekiston Respublikasining “Energiyani tejash, undan oqilona foydalanish va energiya samaradorligini oshirish toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq xoʻjalik yurituvchi subyektlar tomonidan yoqilgʻi-energetika resurslaridan foydalanish bilan bogʻliq quyidagi:
neft, gaz kondensati, neft mahsulotlari va suyultirilgan uglevodorod gazidan foydalanishdagi huquqbuzarliklar;
tabiiy gazdan foydalanishdagi huquqbuzarliklar;
elektr energiyasidan foydalanishdagi huquqbuzarliklar;
issiqlik energiyasidan foydalanishdagi huquqbuzarliklar;
sertifikatlashtirilmagan energetika uskunalari, energiya taʼminoti tarmoqlari va tizimlarining elementlaridan foydalanishdagi huquqbuzarliklar;
yoqilgʻi-energetika resurslari isteʼmolchilarini energetika tekshiruvlari va ekspertizasidan oʻtkazishda sodir etilgan huquqbuzarlik holatlari aniqlanganda vakolatli organ tomonidan huquqiy taʼsir chorasi sifatida moliyaviy sanksiyalar qoʻllaniladi.
2-bob. Energiyani tejash, undan oqilona foydalanish va energiya samaradorligini oshirish sohasidagi huquqbuzarliklarni aniqlash
4. Ishlab chiqaruvchi, yetkazib beruvchi hamda sotuvchilar tomonidan sifati belgilangan talablarga muvofiq boʻlmagan neft, gaz kondensati, neft mahsulotlari va suyultirilgan uglevodorod gazini realizatsiya qilishda huquqbuzarlik holatlari vakolatli organ tomonidan nazorat tadbirlari doirasida ishlab chiqaruvchilarning omborlaridagi, yoqilgʻi va gaz tashish transport vositasidagi, yoqilgʻi va gaz quyish shoxobchalarining sigʻimlaridagi neft va neft mahsulotlaridan namuna olish mexanizmlarini belgilaydigan texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablari asosida namunalar olish orqali aniqlanadi.
Bunda namuna olishdan oldin tegishli obyektlarda saqlanayotgan, tashilayotgan, realizatsiya qilinayotgan mahsulotlar miqdori aniqlanadi va xoʻjalik hisob-kitob daftarlari (balansi) bilan taqqoslanadi.
Namunalar akkreditatsiyadan oʻtgan muvofiqlikni baholash idoralari tomonidan nazorat xaridlari shaklida vakolatli organ bilan kelishilgan holda olinishi mumkin. Bunda akkreditatsiyadan oʻtgan laboratoriyaning sinovlar natijalari bayonnomasidagi xulosalardan vakolatli organ tekshiruvlarni oʻtkazish hamda qoidabuzarlik sodir etilganligi holatini aniqlashda foydalanadi.
Sifati belgilangan talablarga muvofiq emas deb topilgan, yaʼni texnik reglament va standart talablariga mos kelmagan mahsulotlarning realizatsiya qilinishi toʻxtatiladi.
Sifati buzilgan mahsulotning hajm yoki vazn birligidagi miqdori saqlanayotgan sisterna va rezervuardagi haqiqiy miqdorini belgilangan talablar asosida oʻlchash yoʻli bilan aniqlanadi. Uning qiymatini aniqlashda xoʻjalik yurituvchi subyektning xoʻjalik hisob-kitob daftarlarida (balansida) turgan qiymat asos qilib olinadi.
Yoqilgʻi quyish shoxobchalarining rezervuarlarida saqlanayotgan mahsulotlar sifatsiz deb topilgan taqdirda, realizatsiya qilingan sifatsiz mahsulotlarning haqiqiy hajmi (miqdori) sifatsiz mahsulot saqlanayotgan sisterna yoki rezervuarga mahsulot oxirgi marotaba qabul qilinganidan soʻng tashkil etgan miqdoridan qoldiq miqdorni chegirib tashlash yoʻli orqali aniqlanadi.
Bunda vakolatli organ tomonidan qoʻllaniladigan moliyaviy sanksiya miqdori realizatsiya qilingan sifatsiz mahsulotlar hajmidan (vaznidan) kelib chiqib hisob-kitob qilinadi.
Sisterna va rezervuarda saqlanayotgan sifatsiz mahsulotlar ularning sifatini tiklashga, mahsulot sifatini tiklashning imkoni boʻlmagan taqdirda, qayta ishlashga yuboriladi.
Bunda barcha xarajatlar sifatni tiklashga yoki qayta ishlashga yuborilayotgan mahsulotlar sifati buzilishiga yoʻl qoʻygan xoʻjalik yurituvchi subyekt hisobidan amalga oshiriladi.
Quyidagilar neft, gaz kondensati, neft mahsulotlari va suyultirilgan uglevodorod gazining sifat koʻrsatgichlari buzilishi hisoblanadi:
neft mahsulotlarining turlarini (markalarini) aralashtirish yoki ularga har xil qoʻshimchalarni qoʻshish;
neft mahsulotlarining belgilangan sifati saqlanishini taʼminlashda ularning saqlash obyektlarida mahsulotlarning turlari almashganda, tegishli rezervuarlarning tozaligini taʼminlash va ularni toʻldirishga tayyorlash, neft va neft mahsulotlarini qadoqlash, markirovkalash, tashish va saqlash, neft bazalarini ishlatish qoidalarini belgilovchi texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga mos kelmasligi;
neft va neft mahsulotlarining har qaysi rusumi (markasi) alohida qabul qilish va tarqatish imkonini beruvchi texnologik quvur uzatgichlar bilan taʼminlanmagan rezervuarlarda saqlanishi;
neft, neft mahsulotlari va suyultirilgan gazni tashishda (transport orqali tashishda) tashish qoidalariga rioya etilmasligi, neft mahsulotlarining sifatini belgilovchi pasportsiz va (yoki) avtotsisternalarni plombalamasdan tashilishi;
rezervuarlar va ulardagi uskunalarning germetikligi taʼminlanmaganligi sababli neft va neft mahsulotlariga atmosfera yogʻinlari va chang tushishiga yoʻl qoʻyilishi;
qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa holatlar.
5. Neft mahsulotlari va suyultirilgan uglevodorod gazini qonunchilikda belgilangan tartibda sertifikatlashtirishdan oʻtkazilmagan hamda belgilangan tartibda tamgʻalanmagan nazorat oʻlchov asboblari va yoqilgʻi tarqatish uskunalari orqali yetkazib berish, shuningdek, nazorat oʻlchov asboblariga tashqaridan bevosita taʼsir koʻrsatishda huquqbuzarlik holatlarini aniqlash vakolatli organning xodimlari tomonidan nazorat tadbirlari doirasida ishlab chiqaruvchi, yetkazib beruvchi hamda sotuvchilarga tegishli temir yoʻl va avtotarozilar, avtotsisterna, tirkamali agregatlar, yoqilgʻi tarqatish, moy tarqatish va gaz tarqatish ustunlari (dispenserlar) hamda boshqa quyish-toʻkish uskunalarining quyish meʼyorlarini korxona rahbari yoki uning masʼul vakillari ishtirokida tekshirish orqali qayd qilinadi.
Xoʻjalik yurituvchi subyektlar tomonidan mahsulotlar yetkazib berilishida metrologiya tekshiruvidan oʻtkazilmagan, davriy qiyoslash muddati oʻtgan, tamgʻalanmagan, nosoz va oʻlchash xatoligi normativ hujjatlarga mos kelmaydigan temir yoʻl va avtotarozi, avtotsisterna, tirkamali agregatlar, yoqilgʻi tarqatish, moy tarqatish va gaz tarqatish ustunlaridan (dispenser) hamda qonunchilik hujjatlariga muvofiq davlat sinovlaridan oʻtmagan va turi tasdiqlanmagan yoki metrologik attestatsiyadan oʻtkazilmagan gaz tarqatish ustunlaridan (dispenser), hisoblagichlardan va boshqa qurilmalardan foydalanish holatlari huquqbuzarlik sifatida belgilanadi.
Quyidagilar hisoblagichga bevosita taʼsir koʻrsatish deb hisoblanadi:
yetkazib beruvchi hamda sotuvchilarning temir yoʻl va avtotarozilari, yoqilgʻi tarqatish, moy tarqatish va gaz tarqatish ustunlari va boshqa quyish-toʻkish uskunalariga qoʻyilgan tamgʻalarni buzilishi;
yetkazib beruvchi hamda sotuvchilarning temir yoʻl va avto tarozilari, yoqilgʻi tarqatish, moy tarqatish va gaz tarqatish ustunlari va boshqa quyish-toʻkish uskunalari orqali yetkazib berilayotgan miqdorlarni namunaviy oʻlchagich va tarozi toshlari yordamida oʻlchash orqali neft mahsulotlari va suyultirilgan uglevodorod gazini kam quyish holatlari aniqlanishi hamda avtotsisterna va tirkamali agregatlarga oʻrnatilgan sath oʻlchov cheklagichlari joylashuvining oʻzgartirilishi (Texnik jihatdan tartibga solish agentligi xulosasi asosida baholanadi), yaʼni ularga inson omili orqali tashqi taʼsir koʻrsatilishi;
yoqilgʻi tarqatish, moy tarqatish va gaz tarqatish ustunlarining mahsulot miqdorini oʻlchash uskunasiga tashqi taʼsir koʻrsatish;
yoqilgʻi tarqatish, moy tarqatish va gaz tarqatish ustunlariga (dispenser) ruxsat etilmagan modem yoki boshqa aloqa vositalarini ruxsatsiz ulash yoxud qurilmalarga qonunchilikka zid ravishda tashqi taʼsir koʻrsatish.
Huquqbuzarlik holatlari aniqlangan taqdirda, hisob-kitoblar oxirgi tekshiruv oʻtkazilgan davrdan boshlab mazkur uskunalar orqali yetkazib berilgan mahsulotlarni miqdor koʻrsatkichlari asosida hisob-kitob qilinadi.
6. Energiyani tejash, undan oqilona foydalanish va energiya samaradorligini oshirish sohasidagi davlat nazorati organlarining tegishli ruxsatnomasi va xulosasisiz tabiiy gazdan foydalanish qurilmalarida sinov-sozlash ishlarini amalga oshirishda huquqbuzarlik holatlari vakolatli organ tomonidan oʻtkaziladigan nazorat tadbirlari doirasida aniqlanadi.
Xoʻjalik yurituvchi subyektlar tomonidan tabiiy gazdan foydalanish qurilmalarida tegishli xulosasiz sinov-sozlash ishlari amalga oshirilganligi aniqlangan taqdirda, ushbu xoʻjalik yurituvchi subyektlarga nisbatan amalga oshirilgan sinov-sozlash ishlarining shartnoma bahosidan kelib chiqib, moliyaviy sanksiya qoʻllaniladi, shuningdek, amalga oshirilayotgan barcha ishlar toʻxtatilib, xoʻjalik yurituvchi subyektlarning qurilmalari gaz tarmogʻidan uzib qoʻyiladi.
Sinov-sozlash ishlari narxini aniqlash imkoni boʻlmaganda, ushbu ishlar hajmi ularning oʻrtacha bozor qiymatidan kelib chiqib, hisob-kitob qilinadi.
Xoʻjalik yurituvchi subyektga nisbatan moliyaviy sanksiya qoʻllanilishi, tarmoqda yoki qurilmada oʻtkaziladigan sinov-sozlash ishlari uchun vakolatli organning xulosasini olish majburiyatidan ozod etmaydi.
7. Magistral gaz quvurlari va gaz taqsimlash tarmoqlari orqali tabiiy gazni qabul qilish, tashish va yetkazib berishda belgilangan normadan ortiqcha texnologik yoʻqotishlarga yoʻl qoʻyish, mazkur holat ularning harakatsizligi natijasida yuzaga kelganligini aniqlashda huquqbuzarlik holatlari vakolatli organ tomonidan aniqlanadi.
Vakolatli organ har chorak yakuni bilan keyingi oyning 15-sanasiga qadar bir yilda 100 ming va undan ortiq kub metr tabiiy gazdan foydalanuvchilar toʻgʻrisidagi maʼlumotni (oylik tabiiy gaz isteʼmoli toʻgʻrisidagi maʼlumot) gaz uzatish va gaz taʼminoti korxonalaridan soʻrov yoʻli bilan oladi hamda mazkur maʼlumotlar boʻyicha qabul qilingan, tashilgan va yetkazib berilgan tabiiy gaz hajmlarini hududlar (obyektlar) kesimida tahlil qiladi.
Vakolatli organ tomonidan soʻralgan maʼlumotlar birlamchi hujjatlar bilan birgalikda gaz uzatish va gaz taʼminoti tashkilotlari tomonidan taqdim etilishi zarur.
Tahlil davomida xoʻjalik yurituvchi subyektlarning texnologik yoʻqotishlari qonunchilik va normativ hujjatlarda belgilangan texnologik yoʻqotishlar meʼyorlariga muvofiqligi oʻrganib chiqiladi.
Tabiiy gazni qabul qilish, tashish va yetkazib berishda texnologik yoʻqotishlarga belgilangan meʼyorlardan ortiqcha yoʻl qoʻyilganligi maxsus uskuna, jihozlar hamda qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa usullar bilan ham aniqlanadi. Mazkur holat huquqbuzarlik sifatida baholanadi.
Yoʻqotilgan gaz miqdori hamda uning qiymati magistral gaz quvurlari va gaz taqsimlash tarmoqlari boʻylab oʻrnatilgan hisoblagichlarning koʻrsatgichlari, xoʻjalik yurituvchi subyektlarning xoʻjalik hisobotlari hamda qonunchilik hujjatlari bilan belgilangan boshqa normativlar asosida hisoblab chiqiladi.
8. Reaktiv quvvat kompensatsiyasi boʻyicha ishlarni tashkil etish tartibini buzish yoki unga rioya etmaslik bilan bogʻliq huquqbuzarlik holatlari vakolatli organ xodimlari tomonidan hududiy elektr tarmoqlari korxonasining billing tizimi orqali aniqlanadi.
Vakolatli organ xodimlari elektr energiyasidan samarasiz foydalanish, reaktiv energiyasini kompensatsiya qilmaslik holati xoʻjalik yurituvchi subyektlar ishtirokida nazorat tadbirlar davomida xar oylik foydalanilgan aktiv va reaktiv energiya miqdorlaridan quvvat koeffitsiyenti aniqlanib, qonunchilik va normativ hujjatlarda belgilangan miqdoriga nisbatan pasayganligi oʻrganiladi.
Oʻrganish natijasiga koʻra quvvat koeffitsiyenti belgilangan normalardan pasayganligi aniqlangan taqdirda, xoʻjalik yurituvchi subyekt tomonidan huquqbuzarlik holati sodir etilgan deb topiladi hamda aniqlangan holat yuzasidan xoʻjalik yurituvchi subyekt ishtirokida dalolatnoma rasmiylashtiriladi.
Elektr energiyasining miqdori tekshiruv qamrab olgan davr mobaynida quvvat koeffitsiyentining normativ qiymatiga nisbatan pasaygan oylarda elektr energiyasining qoʻshimcha texnologik yoʻqotishlari hisob-kitoblar boʻyicha aniqlanadi.
9. Yoqilgʻi-energetika resurslari isteʼmolchilari tomonidan elektr yoritgichlardan qonunchilikda belgilangan normalardan ortiqcha, ishlab chiqarish zarurati boʻlmagan holda foydalanish, shuningdek, hududlarni kunning yorugʻ davri davomida maqsadsiz yoritishda huquqbuzarlik holatlari vakolatli organ tomonidan oʻtkaziladigan nazorat tadbirlari davomida aniqlanadi.
Bunda elektr energiyasining miqdori elektr taʼminoti shartnomasi rasmiylashtirilgan kundan dalolatnoma rasmiylashtirilgan kunga qadar, biroq daʼvo muddatidan ortiq boʻlmagan muddatda elektr yoritgichlar quvvatidan kelib chiqib, sutkasiga 12 soat ishlashi inobatga olinib hisoblanadi.
Quyidagi holatlar ishlab chiqarish zarurati boʻlmagan holda elektr yoritgichlardan foydalanish hisoblanadi:
ishlab chiqarish jarayoni toʻxtatilganda, sex, omborxona va (yoki) maʼmuriy binolarda elektr yoritgichlarni yoqiq turishi;
ish vaqti boʻlmagan paytda ish joylarini normativ hujjatlarda belgilangan meʼyorlardan ortiq yoritish;
ish joylarida tabiiy yorugʻlik yetarli boʻlgan holatlarda elektr yoritgichlardan foydalanish;
elektr yoritgichlarni normativ hujjatlarda belgilangan meʼyorlardan katta quvvatda oʻrnatish va hududda haddan tashqari yorugʻlik yaratish.
Elektr yoritgichlardan foydalanishda meʼyorlar qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohasidagi normativ hujjatlar bilan belgilanadi.
10. Energiya isteʼmolchilariga sifat koʻrsatkichlari milliy standart talablariga javob bermaydigan elektr energiyasi yetkazib berishda huquqbuzarlik holatlarini vakolatli organ jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan kelib tushgan murojaatlarga, elektr tarmoqlarida sodir boʻlgan avariyalarga va boshqa tahlillarga asosan nazorat tadbirlarini oʻtkazish orqali aniqlaydi.
Elektr energiyasining sifat koʻrsatkichlari (kuchlanish, chastota) texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarda belgilangan normalardan ogʻgan holda elektr energiyasi yetkazib berilishi, sifat koʻrsatkichlari belgilangan standart talablariga javob bermaydigan elektr energiyasi yetkazib berilishi deb hisoblanadi va bu toʻgʻrisida tegishli dalolatnoma rasmiylashtiriladi.
Sifat koʻrsatkichlari (kuchlanish, chastota) milliy standart talablariga javob bermaydigan elektr energiyasini yetkazib berish holatlari elektr energiyasini ishlab chiqaruvchi korxonada aniqlansa, moliyaviy sanksiya ularning hisoblagichlarida koʻrsatilgan davrda aniqlangan elektr energiyasi hajmini ishlab chiqaruvchi xoʻjalik yurituvchi subyektlari va elektr energiyasini uzatuvchi yoki taqsimlovchi xoʻjalik yurituvchi subyektlari bilan tuzilgan shartnomada koʻrsatilgan har bir kVt soat uchun belgilangan tarif asosida hisoblab chiqiladi.
Sifat koʻrsatkichlari (kuchlanish, chastota) belgilangan standart talablariga javob bermaydigan elektr energiyasini yetkazib berish holatlari elektr energiyasini uzatish tizimi operatorlarida aniqlangan taqdirda, moliyaviy sanksiya ularning hisoblagichlarida koʻrsatilgan davrda aniqlangan elektr energiyasini uzatuvchi xoʻjalik yurituvchi subyekt va elektr energiyasini taqsimlovchi xoʻjalik yurituvchi subyekt oʻrtasida tuzilgan shartnomada har bir kVt soat uchun belgilangan tarif asosida sifatsiz yetkazib berilgan elektr energiyasining qiymati hisoblab chiqiladi.
Taʼminotchi korxonada sifat koʻrsatkichlari (kuchlanish, chastota) milliy standart talablariga javob bermaydigan elektr energiyasini yetkazib berish holati aniqlanganda, moliyaviy sanksiya elektr energiyasini taqsimlovchi xoʻjalik yurituvchi subyektlarning hisoblagichlarida koʻrsatilgan davrda aniqlangan elektr energiyasini taqsimlovchi xoʻjalik yurituvchi subyektlar va elektr energiyasi foydalanuvchilari oʻrtasida tuzilgan shartnomada har bir kVt soat uchun belgilangan tarif asosida sifatsiz yetkazib berilgan elektr energiyasining qiymati hisoblab chiqiladi.
Sifat koʻrsatkichlari (kuchlanish, chastota) milliy standart talablariga javob bermaydigan elektr energiyasi yetkazib berishda bir nechta korxonaning aybdorligi aniqlangan taqdirda, elektr energiyasini ishlab chiqaruvchi, uzatuvchi yoki taʼminotchi korxonalarning har biriga belgilangan standart talablariga javob bermaydigan yetkazib berilgan elektr energiyasiga mutanosib ravishda jarima belgilanadi.
Barcha holatlarda moliyaviy sanksiya hisob-kitoblari elektr energiyasi miqdorining har bir holatiga koʻra elektr energiyasini qabul qilib oluvchi nuqtalariga oʻrnatilgan elektr energiyasini hisobga olish uskunalari xotirasida va (yoki) elektr energiyasini hisobga olish va nazorat qilishning avtomatlashtirilgan tizimi maʼlumotlarini saqlash bazasida saqlangan sifat meʼyorlarining buzilgan davrlari boʻyicha hisob-kitob qilinadi, hisoblagichlarda sifatsiz elektr energiyasi yetkazib berilgan davrni aniqlashning imkoni boʻlmagan hollarda, moliyaviy sanksiyalar bir oylik davrga nisbatan hisoblab chiqiladi.
11. Yiliga besh yuz hamda undan ortiq tonna shartli yoqilgʻini va (yoki) ikki yuz ellik hamda undan ortiq tonna motor yoqilgʻisini isteʼmol qiladigan yoqilgʻi-energetika resurslari isteʼmolchilari tomonidan isitish tarmoqlaridan issiq suv, bugʻ va bugʻ kondensatining asossiz ravishda sarflanishi, xususan, issiq suvning sirqib toʻkilishi, issiqlik va bugʻ quvurlaridan, issiqlikdan foydalanuvchi uskunalardan, issiqlik tarmoqlaridan issiqlik izolyatsiyasisiz foydalanishda huquqbuzarlik holatlari vakolatli organ tomonidan oʻtkaziladigan nazorat tadbirlarida koʻzdan kechirish orqali aniqlanadi.
Isitish tarmoqlarida issiq suvning sirqib toʻkilishi hamda issiqlik va bugʻ quvurlaridan, issiqlikdan foydalanuvchi uskunalardan, issiqlik tarmoqlaridan issiqlik izolyatsiyasisiz foydalanish issiqlik energiyasidan foydalanish sohasidagi huquqbuzarliklar hisoblanadi.
Isitish tarmoqlaridan issiq suvning sirqib toʻkilishi natijasida yoʻqotiladigan issiq suvning miqdori instrumental va hisoblash usullarda quyidagi formulalar asosida hisoblanadi:
Instrumental usulda:
G=A*24*P (tonna)
Bunda:
G — issiq suvning miqdori, tonna;
A — isitish tarmoqlarida issiq suvning sirqib toʻkilishi orqali oʻlchov asboblari bilan aniqlangan 1 soat davomida yoʻqotilayotgan issiq suv miqdori, tonna/soat;
24 — isitish tizimidan yoʻqotilayotgan issiq suvning sirqib toʻkilish vaqti, soat (isitish tizimini sutkada 24 soat davomida ishlash hisobidan);
P — isitish tizimidan yoʻqotilayotgan issiq suvning sirqib toʻkilish davri, kun. (Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, Toshkent shahar va viloyatlar hokimlari tomonidan isitish mavsumi boshlanishi toʻgʻrisidagi chiqarilgan qarorda belgilangan sanadan qoida buzilishi holati aniqlangan sanagacha boʻlgan davr).
Hisoblash usulida:
G =7,76*10 -3 *d 2 *√H*n, (tonna)
Bunda:
G — issiq suvning miqdori, tonna;
7,76 — suv sarfini oʻlchashning doimiy koeffitsiyenti;
d — quvur diametri yoki undan issiq suv oqib chiqadigan teshikning ekvivalent diametri, mm;
N — quvurdagi teshikdan oqib tushadigan issiq suv bosimi, m;
n — quvurdan issiq suv oqqan muddat, soat.
Isitish tarmoqlaridan issiq suvning sirqib toʻkilishi aniqlanganda, yoʻqotilgan issiqlik energiyasi va qoʻllaniladigan jarima miqdori quyidagi formula orqali hisoblanadi:
Q = G*(t issiq s - t sovuq s )*10 -3 *S*3 (soʻm)
Bunda:
Q — hisoblangan jarima miqdori, soʻm;
G — sirqib toʻkilgan issiq suvning miqdori, tonna;
t issiq s. — sirqib toʻkilayotgan issiq suv harorati, 0 S;
t sovuq s — sovuq suv harorati, 0 S (QMQ 2.04.01-98 “Binolarning ichki vodoprovodi va kanalizatsiyasi”ga asosan +5 0 S deb qabul qilinadi);
S — bir Gkal issiqlik energiyasining amaldagi tarifi, soʻm;
3 — yoʻqotilgan issiqlik energiyasi qiymatining 3 baravar jarima miqdori.
Issiqlik va bugʻ quvurlaridan, issiqlikdan foydalanuvchi uskunalardan, issiqlik tarmoqlaridan issiqlik izolyatsiyasisiz foydalanish holatlari aniqlanganda, yoʻqotilgan issiqlik energiyasi va qoʻllaniladigan jarima miqdori issiqlik energiyasini ishlab chiqish va uzatish uchun yoqilgʻi, elektr energiyasi, issiqlik energiyasi va suv sarflarining meʼyorlarini hamda issiqlik yuklamalarini, shuningdek, texnologik yoʻqotishlarni aniqlashga oid qonunchilik hujjatlariga asosan hisoblanadi.
Moliyaviy sanksiyalar tekshirilayotgan xoʻjalik yurituvchi subyektlar va issiqlik taʼminoti faoliyatini amalga oshiruvchi xoʻjalik yurituvchi subyekt oʻrtasida tuzilgan shartnomada belgilangan narx (tarif) asosida hisoblanadi.
Issiqlik energiyasi tekshirilayotgan xoʻjalik yurituvchi subyektlar tomondan oʻz manbai orqali ishlab chiqarilganda, moliyaviy sanksiyalar mazkur korxona tomonidan 1 Gkal issiqlik energiyasi tannarxi boʻyicha hisoblanadi.
Ushbu hisob-kitoblar mavjud boʻlmaganda, xoʻjalik yurituvchi subyektdan tegishli maʼlumotlar olinadi va moliyaviy sanksiyalar Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlari tomonidan tasdiqlangan issiqlik energiyasi narxlari (tariflari) boʻyicha hisoblanadi.
12. Yoqilgʻi-energetika resurslari isteʼmolchilari tomonidan issiqlikdan foydalanuvchi uskunalardan va issiqlik tarmoqlaridan texnik jihatdan foydalanish qoidalarida belgilangan talablarga javob bermaydigan texnik holatda foydalanishda huquqbuzarlik holatlari vakolatli organ tomonidan oʻtkaziladigan nazorat tadbirlarida koʻzdan kechirish orqali aniqlanadi.
Issiqlikdan foydalanuvchi qurilmada foydalanilgan, issiqlik tarmoqlaridan uzatilgan issiqlik energiyasining oʻrtacha oylik miqdori (Gkal) issiqlik energiyasini hisobga olish uskunasi yoki hisobga olishni nazorat qilish uskunasidan olingan koʻrsatkichlarga, hisobga olish uskunasidan koʻrsatkichlarni olish imkoni boʻlmagan taqdirda, ushbu qurilmaning pasportdagi yoki xoʻjalik yurituvchi subyektda mavjud boʻlgan maʼlumotlarga asosan aniqlanadi.
Issiqlik energiyasi tekshirilayotgan xoʻjalik yurituvchi subyekt tomondan oʻz manbai orqali ishlab chiqarilganda, moliyaviy sanksiyalar mazkur xoʻjalik yurituvchi subyekti tomonidan 1 Gkal issiqlik energiyasi tannarxi boʻyicha hisoblanadi.
Ushbu hisob-kitoblar mavjud boʻlmaganda, xoʻjalik yurituvchi subyektdan tegishli maʼlumotlar olinadi va moliyaviy sanksiyalar Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimi tomonidan tasdiqlangan issiqlik energiyasi narxlar (tariflar) boʻyicha hisoblanadi.
13. Issiqlik taʼminoti tashkiloti tomonidan normativ hujjatlarda yoki issiqlik taʼminoti shartnomasida nazarda tutilgan issiqlik energiyasi sifat koʻrsatkichlaridan chetga chiqishdagi huquqbuzarlik holatlari isteʼmolchilar tomonidan kelib tushgan murojaatlarga asosan vakolatli organ tomonidan nazorat tadbirlarini oʻtkazish yoki tahliliy oʻrganishlar orqali aniqlanadi.
Foydalanuvchi va issiqlik taʼminoti korxonasi mansublik chegarasiga oʻrnatilgan issiqlik energiyasini hisobga olish uskunasidan issiq suv yoki bugʻning bosim va harorat koʻrsatkichlari olinadi.
Ushbu koʻrsatkichlar qonunchilik hujjatlarida belgilangan koʻrsatkichlardan ortib yoki kamayib ketganligi holati aniqlangan taqdirda, huquqbuzarlik sifatida dalolatnoma rasmiylashtiriladi.
Foydalanuvchiga sifatsiz yetkazib berilgan issiqlik energiyasi davri issiqlik energiyasini hisobga olish uskunasining xotirasidagi maʼlumotlardan olinadi, issiqlik energiyasini hisobga olish uskunasidan sifatsiz yetkazib berilgan issiqlik energiyasi davrini aniqlash imkoni boʻlmagan taqdirda, foydalanuvchi va issiqlik taʼminoti oʻrtasida tuzilgan shartnomada koʻrsatib oʻtilgan issiqlik yuklamasi miqdorining sifat koʻrsatkichlari buzilgan davr olinadi.
14. Yoqilgʻi-energetika resurslari isteʼmolchilari tomonidan sertifikatlashtirilmagan energetika uskunalaridan, energiya taʼminoti tarmoqlari va tizimlarining elementlaridan foydalanishda huquqbuzarlik holatlari vakolatli organ tomonidan oʻtkaziladigan nazorat tadbirlari davomida mavjud hujjatlarni va uskunalarni koʻzdan kechirish, ulardagi maʼlumotlarni solishtirish orqali aniqlanadi.
Energetika uskunalaridan, energiya taʼminoti tarmoqlaridan foydalanishdagi qonunchilik va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar bilan belgilangan talablarga javob bermaydigan texnik holat va tizimlarning elementlaridan sertifikatlashtirilmagan holda foydalanish huquqbuzarlik hisoblanadi.
Nazorat tadbirlari davomida uskunalarning pasporti, belgilangan tartibda sertifikatlanganligi boʻyicha hujjatlar Texnik jihatdan tartibga solish agentligiga taqdim etiladi, Texnik jihatdan tartibga solish agentligining xulosasiga muvofiq qoniqarsiz texnik holatdagi energetika uskunalari va energiya taʼminoti tarmoqlari sertifikatlashdan oʻtkazilmaganligi holatlari aniqlanadi.
Energetika uskunalaridan, energiya taʼminoti tarmoqlaridan foydalanishda qonunchilik va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar bilan belgilangan talablarga javob bermaydigan qoniqarsiz texnik holat va tizimlarning elementlaridan sertifikatlashtirilmagan holda foydalanish qonunchilikda belgilangan boshqa nazorat mexanizmlari orqali ham aniqlanishi mumkin.
Nazorat tadbirlari natijalari boʻyicha obyektida tekshiruvlar oʻtkazilgan xoʻjalik yurituvchi subyektga kamchiliklarni bartaraf etish boʻyicha vakolatli organ tomonidan bajarilishi majburiy boʻlgan yozma koʻrsatma yuboriladi hamda qoidabuzarlik holati aniqlanganligi yuzasidan tegishli dalolatnoma rasmiylashtiriladi.
15. Davlat energetika reyestriga kiritilgan yoqilgʻi-energetika resurslari isteʼmolchilari tomonidan belgilangan muddatlarda majburiy energetika tekshiruvlarini oʻtkazmaslik yoki ular tomonidan majburiy energetika tekshiruvlari natijasida belgilangan chora-tadbirlarni bajarmaslik boʻyicha huquqbuzarlik holatlari vakolatli organ tomonidan oʻtkazilgan nazorat tadbirlari davomida mavjud hujjatlarni va uskunalarni koʻzdan kechirish, ulardagi maʼlumotlarni solishtirish orqali aniqlanadi.
Vakolatli organning hududiy boshqarmalari tomonidan belgilangan muddatlarda majburiy energiya auditini oʻtkazmagan hamda energiya auditi natijasi boʻyicha energiya auditorlarning hisobotiga asosan tashkiliy-texnik chora-tadbirlar rejasining belgilangan muddatlarda bajarilishini taʼminlamagan Davlat energetika reyestriga kiritilgan subyektlarga har yilning uchinchi choragi yakuni boʻyicha ogohlantirish xati yuboriladi.
Yil yakuni bilan majburiy energiya auditini oʻtkazmagan hamda energiya auditi natijasi boʻyicha energiya auditorlarining hisobotiga asosan tashkiliy-texnik chora-tadbirlar rejasining bajarilishini taʼminlamagan Davlat energetika reyestriga kiritilgan subyektlar roʻyxati keyingi yil yanvar oyining 15-sanasiga qadar vakolatli organning hududiy boshqarmalari tomonidan shakllantirilib, vakolatli organga taqdim etiladi.
Moliyaviy sanksiya qiymati quyidagi formula orqali aniqlanadi:
J = (Y E × T E ) + (Y G × T G ) × 3% (soʻm) 12
Bunda:
J — qoʻllaniladigan jarima miqdori, soʻm.
Y E — yillik elektr energiyasi isteʼmoli, kVt soat;
Y G — yillik tabiiy gaz isteʼmoli, kub metr;
T E — amaldagi 1 kVt soat elektr energiyasi tarifi, soʻm;
T G — amaldagi 1 kub metr tabiiy gazning tarifi, soʻm.
3-bob. Moliyaviy sanksiyalarni qoʻllash tartibi
16. Energiyani tejash, undan oqilona foydalanish va energiya samaradorligini oshirish sohasidagi huquqbuzarliklar uchun moliyaviy sanksiyalar xoʻjalik yurituvchi subyekt aniqlangan huquqbuzarlikdagi aybini tan olganda vakolatli organ tomonidan qoʻllaniladi.
17. Moliyaviy sanksiyalar energiyani tejash, undan oqilona foydalanish va energiya samaradorligini oshirish sohasidagi davlat nazoratini amalga oshirish doirasida oʻtkaziladigan nazorat tadbirlari asosida qoʻllaniladi. Bunda vakolatli organning vakolatli shaxslari tomonidan nazorat tadbirlarini oʻtkazish davomida aniqlangan huquqbuzarlik toʻgʻrisida 3 nusxada dalolatnoma tuziladi.
18. Vakolatli organning xodimlari tuzgan dalolatnomalar tegishlicha vakolatli organning mansabdor shaxsi va xoʻjalik yurituvchi subyekt (yuridik shaxs boʻlganda uning vakili) tomonidan imzolanadi.
Bunda vakolatli organning xodimlari tomonidan nazorat tadbirlari davomida xoʻjalik yurituvchi subyektining faoliyatida qonunchilikda belgilangan huquqbuzarliklarning bir nechta turi aniqlansa, barcha huquqbuzarlik holatlari bitta dalolatnomada aks ettiriladi va har bitta huquqbuzarlik holati boʻyicha qonunchilikda belgilangan tartibda alohida javobgarlikka tortish choralari qoʻllaniladi.
19. Xoʻjalik yurituvchi subyektlarning rahbari yoxud u tomonidan vakolat berilgan shaxs dalolatnomaga imzo qoʻygan holda tanishishdan va yoʻl qoʻyilgan huquqbuzarlik holati yuzasidan tushuntirish berishdan bosh tortishi yoki boshqacha tarzda dalolatnoma bilan tanishishdan boʻyin tovlash holatlari huquqbuzarlikni aniqlash va rasmiylashtirishning keyingi jarayonlarining toʻxtatilishiga asos boʻlmaydi.
Bunda xoʻjalik yurituvchi subyekt (uning vakili) dalolatnomani imzolashdan bosh tortgan taqdirda, vakolatli organning xodimi ushbu holatni koʻrsatilgan dalolatnomaga ilova qilinadigan videoyozuv yordamida yoki ikki nafar xolis hozirligida tasdiqlashi kerak. Xolislar oʻzining hozirligida amalga oshirilgan harakatlar, ularning mazmuni va natijalarini dalolatnomada tasdiqlashi shart.
20. Vakolatli organning xodimlari tomonidan yoqilgʻi-energetika resurslaridan foydalanishda aniqlangan huquqbuzarliklar toʻgʻrisida rasmiylashtirilgan dalolatnomaning bir nusxasi xoʻjalik yurituvchi subyektining mansabdor shaxsiga topshirilishi kerak.
Xoʻjalik yurituvchi subyektning rahbari yoki u tomonidan vakolat berilgan shaxs aniqlangan huquqbuzarliklar toʻgʻrisida rasmiylashtirilgan dalolatnoma nusxasini olishdan bosh tortgan taqdirda, vakolatli organ xodimlari “dalolatnoma nusxasini olishdan bosh tortganligi haqida” dalolatnoma rasmiylashtiradi va huquqbuzarlik holatlari toʻgʻrisida rasmiylashtirilgan dalolatnoma nusxasi pochta aloqa vositalari orqali obyektida tekshiruv oʻtkazilgan xoʻjalik yurituvchi subyektga yuboriladi.
Aniqlangan huquqbuzarlik holatlari toʻgʻrisida rasmiylashtirilgan dalolatnomaning nusxasini olishdan bosh tortganlik haqidagi dalolatnomani rasmiylashtirishda xolislar ishtiroki talab etilmaydi.
21. Vakolatli organning xodimlari tomonidan tuzilgan dalolatnomalar hamda vakolatli organ tomonidan qabul qilingan qaror moliyaviy sanksiyalar qoʻllash uchun asos hisoblanadi.
Bunda vakolatli organning xodimlari tomonidan rasmiylashtirilgan dalolatnomada bir nechta turdagi huquqbuzarlik holati aks ettirilgan boʻlsa, vakolatli organning qabul qilgan qarorida mazkur huquqbuzarliklar tasnifi hamda uni sodir etganlik uchun qoʻllaniladigan moliyaviy sanksiyalar toʻliq aks ettiriladi.
22. Moliyaviy sanksiyalarni qoʻllash uchun asos boʻlgan huquqbuzarlik aniqlanganligi toʻgʻrisida dalolatnoma rasmiylashtirilgan kundan eʼtiboran besh ish kuni ichida vakolatli organ jarima solish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. Jarima solish toʻgʻrisidagi qaror vakolatli organning birinchi rahbari yoki uning oʻrinbosari tomonidan imzolanadi va uch ish kunidan kechiktirmay huquqbuzarga yuboriladi.
23. Moliyaviy sanksiyalar boʻyicha hisob-kitob qilinadigan jarima miqdori yoqilgʻi-energetika resurslarining amaldagi qiymatidan kelib chiqqan holda belgilanadi.
24. Xoʻjalik yurituvchi subyektlar vakolatli organning huquqiy taʼsir chorasi sifatida moliyaviy sanksiyalarni qoʻllash toʻgʻrisidagi qarori ustidan belgilangan tartibda yuqori turuvchi organga yoki sudga murojaat qilishga haqli.
Moliyaviy sanksiyani qoʻllash toʻgʻrisidagi qaror ustidan shikoyat berilganda, uning ijrosi toʻxtatib turiladi.
Vakolatli organning moliyaviy sanksiyani qoʻllash toʻgʻrisidagi qarori sud tomonidan bekor qilingan yoki haqiqiy emas deb topilgan taqdirda, undirilgan mablagʻlar, shu jumladan, moliyaviy sanksiya hamda penya yoʻnaltirilgan manbalar (tegishli budjet va budjet tashkilotlarining budjetdan tashqari jamgʻarmalari va boshqalar) hisobidan oʻn besh kun muddatda mutanosib ravishda qaytariladi.
Ushbu bandning uchinchi xatboshisid a belgilangan muddatda qaytarilmagan mablagʻlar summasiga nisbatan kechiktirilgan har bir kalendar kun uchun Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki asosiy stavkasining uch yuzdan biriga teng miqdorida foiz toʻlanadi.
25. Vakolatli organ tomonidan qabul qilingan qaror ijrosini toʻxtatib turishga qonunchilikka muvofiq tegishli sudning qonuniy kuchga kirgan qarori yoki ajrimi asosida yoʻl qoʻyiladi.
26. Ushbu Nizomda nazarda tutilgan moliyaviy sanksiyalarni qoʻllash boʻyicha qaror qabul qilingandan soʻng tan olingan huquqbuzarlik boʻyicha moliyaviy sanksiyani qoʻllash toʻgʻrisidagi qaror huquqbuzarning tanloviga koʻra quyidagi shakllardan birida ixtiyoriy ijro etilishi mumkin:
vakolatli organning moliyaviy sanksiyani qoʻllash toʻgʻrisidagi qarori topshirilgan kundan boshlab bir oy muddatda moliyaviy sanksiya miqdorining ellik foizini ixtiyoriy ravishda toʻlash sharti bilan moliyaviy sanksiyaning qolgan qismini toʻlashdan ozod etish;
qoʻllanilgan moliyaviy sanksiya summasini olti oy davomida teng miqdorlarda boʻlib-boʻlib toʻlash. Bunda huquqbuzar moliyaviy sanksiyani qoʻllash toʻgʻrisidagi qaror topshirilgan kundan boshlab bir oy davomida moliyaviy sanksiya miqdorining kamida oltidan bir qismidan iborat dastlabki toʻlovni toʻlaganda, moliyaviy sanksiyani boʻlib-boʻlib toʻlash tartibi avtomatik ravishda amal qiladi.
Huquqbuzar huquqbuzarlikni tan olmagan yoki vakolatli organning qaroridan norozi boʻlgan yoxud vakolatli organning moliyaviy sanksiyani qoʻllash toʻgʻrisidagi qarorini ixtiyoriy ravishda ijro etmagan taqdirda, unga nisbatan moliyaviy sanksiyani qoʻllash toʻgʻrisidagi masala vakolatli organning murojaati asosida sud tartibida hal etiladi.
27. Birinchi marta huquqbuzarlik sodir etgan xoʻjalik yurituvchi subyekt yoʻl qoʻyilgan huquqbuzarlikni ixtiyoriy ravishda bartaraf etgan va yetkazilgan zararning oʻrnini toʻliq qoplagan boʻlsa, moliyaviy sanksiya qoʻllanilmaydi.
28. Vakolatli organning qarori asosida qoʻllanilgan moliyaviy sanksiyalar bir oy muddatda, ushbu Nizomning 32-bandidagi holatlarda olti oy muddatda toʻlab berilmagan taqdirda, moliyaviy sanksiyalar vakolatli organ tomonidan sud tartibida undiriladi.
Bunda vakolatli organ jarimani undirish toʻgʻrisidagi arizani sudga belgilangan tartibda oʻn ish kuni ichida kiritadi. Sudning jarimani undirish toʻgʻrisidagi qonuniy kuchga kirgan qarori qonunchilikda belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
29. Xoʻjalik yurituvchi subyektlarga nisbatan ushbu Nizomda nazarda tutilgan huquqbuzarliklarni sodir etganlik uchun huquqiy taʼsir chorasi sifatida moliyaviy sanksiyalar qoʻllanilishi, qonunchilikda nazarda tutilgan boshqa javobgarlikdan ozod etmaydi.
30. Xoʻjalik yurituvchi subyektlarga nisbatan huquqiy taʼsir chorasi sifatida moliyaviy sanksiyalarni qoʻllanilishi, ular tomonidan qonunchilikka xilof xatti-harakatlarni sodir etganlik natijasida yetkazilgan toʻgʻridan-toʻgʻri zararni toʻliq qoplashdan ozod etmaydi.
31. Ushbu Nizomga muvofiq yoqilgʻi-energetika resurslaridan, neft mahsulotlari, gaz, elektr va issiqlik energiyasidan foydalanish qoidalarini buzganlik uchun qoʻllanilgan maʼmuriy jarimalar va moliyaviy sanksiyalarning 50 foizi Davlat budjetiga oʻtkaziladi, qolgan 50 foizi vakolatli organning ixtiyorida qoladi.
32. Xoʻjalik yurituvchi subyektga nisbatan uning oxirgi hisobot sanasidagi joriy aktivlari qiymatining 20 foizidan ortiq boʻlgan moliyaviy sanksiya qoʻllanilgan taqdirda, xoʻjalik yurituvchi subyektga moliyaviy sanksiya qoʻllash toʻgʻrisida qaror qabul qilingan kundan boshlab olti oy mobaynida jarima miqdorini har oyda boʻlib-boʻlib toʻlash imkoni beriladi.
4-bob. Yakunlovchi qoida
33. Ushbu Nizom talablari buzganlikda aybdor shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladilar.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 26-fevraldagi 121-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanayotgan ayrim qarorlari
1. Vazirlar Mahkamasining “Yoqilgʻi-energetika resurslaridan foydalanish qoidalarini buzganlik uchun iqtisodiy jazolarni qoʻllash toʻgʻrisida” 1994-yil 9-martdagi 124-son qarori .
2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash va baʼzilariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” 2004-yil 16-sentabrdagi 430-son qaroriga 2-ilovaning 2-bandi .
3. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida (“Tadbirkorlik subyektlarini huquqiy himoya qilish tizimi takomillashtirilganligi hamda ularning moliyaviy javobgarligi erkinlashtirilganligi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” Oʻzbekiston Respublikasining 2006-yil 10-oktabrdagi OʻRQ-59-son Qonuni)” 2006-yil 10-noyabrdagi 235-son qaroriga 1-ilovaning 5-bandi .
4. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Davlat budjetining gʻazna ijrosi tizimini yanada rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2007-yil 28-fevraldagi PQ-594-son qarori) 2007-yil 26-iyundagi 129-son qaroriga ilovaning 1-bandi .
5. Vazirlar Mahkamasining “Soliq imtiyozlari tartibga solinishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish va baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2009-yil 17-iyundagi 168-son qaroriga 1-ilovaning 1-bandi .
6. Vazirlar Mahkamasining “Vazirliklar, davlat qoʻmitalari va idoralarning budjetdan tashqari jamgʻarmalariga mablagʻlar ajratishni tartibga solish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2010-yil 2-apreldagi 62-son qaroriga 2-ilovaning 4-bandi .
7. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasining “Elektr energetikasi toʻgʻrisida” 2009-yil 30-sentabrdagi OʻRQ-225-son qonuni)” 2010-yil 17-maydagi 92-son qaroriga ilovaning 1-bandi .
8. Vazirlar Mahkamasining “Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohasida davlat boshqaruvi tizimi takomillashtirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” 2024-yil 24-fevraldagi 100-son qaroriga ilovaning 1-bandi .
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 26-fevral,
121-son