📅 2025-yil 27-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 27-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 27 февраль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 27 февраля 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 27 February 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
ХАБАРНОМА ШАКЛИ
СТАНДАРТЛАР РЎЙХАТИ
СТАНДАРТЛАР РЎЙХАТИ
Техник регламентларни ишлаб чиқиш, уларни тасдиқлаш, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 28 февралдаги ПҚ-91-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Техник регламентларни ишлаб чиқиш, уларни тасдиқлаш, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
техник регламентларнинг тузилиши ва мазмуни;
техник регламентларни ишлаб чиқиш тартиби;
техник регламентларда давлат тили устуворлигини таъминлаш тартиби;
техник регламентларни экспертизадан ўтказиш тартиби;
техник регламентларга илова қилинадиган стандартлар рўйхатини шакллантириш ва уларни актуаллаштириш тартиботи;
техник регламентларнинг маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш тартиби;
техник регламентларни қайта кўриб чиқиш, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, бекор қилиш тартиби.
2. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори А.Р. Жуманазаров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 27 февралдаги 128-сон қарорига ИЛОВА
Техник регламентларни ишлаб чиқиш, уларни тасдиқлаш, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда бекор қилиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом техник регламентларни ишлаб чиқиш, уларни келишиш, тасдиқлаш, маълумотлар базасига киритиш, қайта кўриб чиқиш, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда бекор қилиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
Савдодаги техник тўсиқлар бўйича ахборот маркази (кейинги ўринларда — Ахборот маркази) — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Ўзбекистон стандартлар институти тузилмасида алоҳида бўлинма сифатида манфаатдор томонларни янги техник регламентлар ёки мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилларининг ишлаб чиқилаётганлиги ёхуд мавжуд техник регламентлар ва мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилларига ўзгартиришлар киритилаётганлиги тўғрисида ўз вақтида, уларни ишлаб чиқиш босқичида хабардор қилиб борувчи ахборот маркази;
стандарт — фаолиятнинг ҳар хил турларига ёки уларнинг натижаларига тааллуқли бўлган, умумий ва кўп марта фойдаланиш учун қоидаларни, умумий принципларни ёки тавсифларни белгилайдиган ҳамда муайян соҳада тартибга солишнинг энг мақбул даражасига эришишга қаратилган ҳужжат;
техник регламент — маҳсулот хавфсизлигининг қўлланилиши мажбурий бўлган тавсифлари ёки улар билан боғлиқ бўлган ишлаб чиқариш жараёнлари ва усуллари, қоидалар белгиланган ҳужжат;
техник регламентларни ишлаб чиқувчилар — техник регламентларни ишлаб чиқиш бўйича тасдиқланган дастур асосида техник регламентларни ва техник регламентларни қўллаш бўйича услубий тавсияларнинг ишлаб чиқилишини таъминловчи республика ижро этувчи ҳокимият органлари ёки хўжалик бирлашмалари.
2-боб. Техник регламентларнинг тузилиши ва мазмуни
3. Техник регламентлар унинг мазмунини ҳамда мазкур ҳужжат билан мажбурий талаблар белгиланаётган маҳсулот ёки маҳсулотлар гуруҳини акс эттирувчи қисқа номга эга бўлиши лозим.
4. Техник регламентлар лўнда, оддий ва равон тилда баён этилган бўлиши керак. Лойиҳалар матни турлича шарҳлаш ва талқин қилинишларга олиб келмаслиги керак. Лойиҳалар жумлалари расмий тил услубидан ва юридик атамалардан фойдаланилган ҳолда, умумий қабул қилинган грамматика, имло ва пунктуация қоидаларига мувофиқ тузилиши лозим.
5. Техник регламентда белгиланган талаблар техник жиҳатдан тартибга солишнинг асосий мақсадлари ва принципларига, моддий-техник базани ривожлантириш ва илмий-техник ривожланиш даражасига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига ва халқаро шартномаларга мувофиқ бўлиши керак.
Техник регламентларда тадбиркорлик субъектларининг товар бозори иштирокчиларига уларнинг бозорга киришига тўсқинлик қиладиган техник жиҳатдан тартибга солишнинг янги шартларини ўрнатадиган нормаларни белгилашга йўл қўйилмайди.
6. Техник регламентлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда халқаро (минтақавий) стандартлардан тўлиқ ёки қисман асос сифатида фойдаланилади, бундан халқаро (минтақавий) стандартлар ёки уларнинг бўлимлари техник регламентнинг Ўзбекистон Республикасининг «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуни билан белгиланган мақсадларга эришиш учун самарасиз ёхуд номувофиқ бўлган ҳоллар, шу жумладан, иқлимга оид ва географик ўзига хос хусусиятлар туфайли самарасиз ёки номувофиқ бўлган ҳоллар мустасно.
7. Техник регламентларда халқаро стандартлар ёки халқаро стандартлар билан уйғунлаштирилган миллий стандартлар матни тўлиқ ёки қисман келтирилиши ёки ушбу стандартларга ҳаволалар берилиши мумкин.
8. Техник регламентларда маҳсулотнинг зарар етказиш хавфи ва хатари даражаси ҳисобга олинган ҳолда хавфсизлигини таъминловчи зарурий талаблар белгиланади.
9. Техник регламентларда қуйидагилар:
қайси маҳсулотларга нисбатан хавфсизлик талаблари белгиланаётган бўлса, ўша маҳсулотларнинг ТИФ ТН кодлари кўрсатилган ҳолда тўлиқ рўйхати;
хавф даражаси ҳисобга олинган ҳолда аниқланадиган мувофиқликни баҳолаш қоидалари, шакллари ва тартиб-таомиллари белгиланиши лозим.
Техник регламентлар мувофиқликни тасдиқлаш схемаларини, берилган мувофиқлик сертификатининг амал қилиш муддатини узайтириш тартибини, атамаларга, ўрам, қадоқларга, тамғалашга ёки ёрлиқларга доир талабларни ва уларни қўллаш қоидаларини, синаш ва ўлчаш усулларининг бирлигини таъминловчи, шунингдек маҳсулот хавфсизлигини таъминлашга доир бошқа талабларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.
10. Техник регламентларда маҳсулотнинг конструкциясига ва бажарилишига доир талаблар бўлмаслиги керак, бундан маҳсулотнинг конструкциясига ва бажарилишига нисбатан инсоннинг ҳаётига ва соғлиғига зарар етказилиши хавфи даражаси ҳисобга олинган талаблар мавжуд эмаслиги сабабли маҳсулот хавфсизлиги таъминланмайдиган ҳоллар мустасно.
11. Техник регламентларда маҳсулотларни муомалага чиқариш шартлари белгиланади, бунда маҳсулотнинг техник регламентда белгиланган талабларга мувофиқлиги ва бу ҳақда истеъмолчига маълумот етказиш қоидалари ўрнатилади.
Хавф даражасини ҳисобга олган ҳолда белгиланадиган мувофиқликни баҳолаш қоидалари, шакллари ва тартиблари, шунингдек, мувофиқликни тасдиқлаш схемалари ва мувофиқлик белгисини қўллаш ўрнатилган тартибда тасдиқланган мувофиқликни баҳолаш қоидалари асосида белгиланади.
12. Техник регламентлар расмий эълон қилинган санадан эътиборан камида олти ой ўтгач амалга киритилади.
Техник регламентда уни амалга киритиш билан боғлиқ бўлган ўтиш даври вақтини белгиловчи муддати ва шартлар назарда тутилиши, ушбу давр мобайнида техник регламентнинг амалга киритилиши ҳамда маҳсулотнинг ишлаб чиқарилишига доир масалалар ҳисобга олиниши керак.
Агар техник регламентни қайта кўриб чиқиш якунларига кўра маҳсулотга доир техник талаблар ўзгармаган ёки аҳамиятсиз тарзда ўзгарган бўлса, ўтиш даври белгиланмайди.
Техник регламентларда ёки улар тасдиқланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ўтиш даврида техник регламентларнинг қўлланилишига оид бошқа шартлар ҳам кўрсатилиши мумкин.
13. Техник регламент лойиҳалари ушбу Низомга 1-иловада келтирилган Техник регламентларни ишлаб чиқиш, уларни тасдиқлаш, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда бекор қилиш схемасига асосан ишлаб чиқилади, тасдиқланади, ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади ҳамда бекор қилинади.
3-боб. Техник регламентларни ишлаб чиқиш
14. Техник регламентларни ишлаб чиқиш бўйича дастур лойиҳасига асослантирилган таклифлар республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари томонидан тегишли манфаатдор томонлар таклифларини ҳисобга олган ҳолда тайёрланади ва Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига (кейинги ўринларда — махсус ваколатли давлат органи) ҳар йилнинг 1 ноябрига қадар тақдим этилади.
15. Келиб тушган таклифлар таҳлили асосида махсус ваколатли давлат органи техник регламентларни ишлаб чиқиш дастури лойиҳасини тайёрлайди ва уни таклифлар келиб тушгач, 30 иш куни мобайнида Вазирлар Маҳкамасига киритади. Техник регламентларни ишлаб чиқиш дастурлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланади.
16. Техник регламентлар уларни ишлаб чиқиш бўйича тасдиқланган дастур асосида ишлаб чиқилади.
17. Техник регламент лойиҳалари уларни ишлаб чиқиш учун масъул қилиб белгиланган техник регламентларни ишлаб чиқувчилар томонидан ишлаб чиқилади.
Техник регламент лойиҳаларини тайёрлаш учун ишчи гуруҳлар тузилиши мумкин.
18. Техник регламентларни ишлаб чиқувчилар техник регламентларни ишлаб чиқиш билан бир вақтнинг ўзида уларни қўллаш бўйича услубий тавсиялар ҳам ишлаб чиқадилар. Ушбу тавсияларда техник регламентларда белгиланган мувофиқликни баҳолаш қоидалари, шакллари ва тартиб-таомиллари тушунтирилади ва улар ушбу регламентларнинг изчил қўлланилишини таъминлайди.
19. Техник регламентларни ишлаб чиқувчилар ўз веб-сайтларида ушбу Низомга 2-иловада келтирилган шаклдаги Техник регламентлар, уларга ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш ёхуд бекор қилиш лойиҳасининг ишлаб чиқилиши бошланганлиги (муҳокама қилиниши якунланганлиги) тўғрисидаги хабарномани жойлаштиради. Техник регламентлар лойиҳасининг ишлаб чиқилаётгани тўғрисидаги хабарнома манфаатдор тарафларни хабардор қилиш мақсадида Ахборот марказига тақдим этилиши лозим.
20. Техник регламентларни ишлаб чиқиш ёки техник регламентларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, маҳсулот импортига ёки экспортига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин бўлса ҳамда Ўзбекистон Республикаси томонидан чет давлатлар билан икки томонлама ёхуд кўп томонлама шартномалар тузилган бўлса, техник регламентларни ишлаб чиқувчилар техник регламентларни ишлаб чиқиш сабабларини ушбу давлатларнинг сўровига кўра тушунтириб бериши керак бўлади.
21. Техник регламентни ишлаб чиқишда техник регламентларни ишлаб чиқувчилар ўз веб-сайтида техник регламент лойиҳасининг икки ой муддатда муҳокама қилинишини ташкил қилади.
22. Техник регламент лойиҳаси юзасидан муҳокама тугагач, техник регламентларни ишлаб чиқувчилар уч иш куни ичида ўз веб-сайтида ушбу техник регламентлар, уларга ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш ёхуд бекор қилиш лойиҳаси бўйича муҳокама якунланганлиги тўғрисидаги хабарномани жойлаштиради ҳамда ушбу хабарномани Ахборот марказига тақдим этади.
Муҳокама натижаларига кўра ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ Техник регламентлар, уларга ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш ёхуд бекор қилиш лойиҳаси бўйича таклиф ва эътирозларни кўриб чиқиш жадвали шакллантирилади. Лойиҳа юзасидан Ахборот маркази манфаатдор тарафлар шарҳларини йўллаган бўлса, ушбу таклиф ва эътирозлар ҳам кўриб чиқилади ва жадвалга киритилади.
23. Техник регламентлар лойиҳалари ўн иш куни ичида келиб тушган таклифлар ва эътирозларни ҳисобга олган ҳолда қайта ишланади ҳамда экспертизадан ўтказиш мақсадида ваколатли ва (ёки) махсус ваколатли давлат органи ҳузурида белгиланган тартибда ташкил этилган Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссиясига (кейинги ўринларда — эксперт комиссияси) кўриб чиқиш учун юборилади.
4-боб. Техник регламентларни экспертизадан ўтказиш
24. Техник регламентларни эксперт комиссиялари томонидан экспертизадан ўтказиш Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 25 мартдаги 153-сон қарори билан тасдиқланган Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссияси тўғрисидаги низомга асосан амалга оширилади.
25. Техник регламентларни ишлаб чиқувчилар томонидан экспертиза натижалари бўйича қайтарилган техник регламент лойиҳаси берилган таклиф ва эътирозларни инобатга олган ҳолда, ўн иш куни мобайнида қайта кўриб чиқилади ва эксперт комиссиясига қайтадан киритилади.
26. Техник регламентларни ишлаб чиқувчилар эксперт комиссиясининг якуний хулосасини веб-сайтда эълон қилади, шунингдек, махсус ваколатли давлат органига ўз расмий веб-сайтларида эълон қилиши учун тақдим этади.
27. Техник регламент ва уни тасдиқлашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш, келишиш ва киритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг регламентида белгиланган тартибда амалга оширилади.
28. Техник регламент лойиҳалари тегишли вазирлик ва идораларга келишувга киритилганда хорижий тажриба асосидаги таҳлил бириктирилади.
29. Ушбу лойиҳа билан бир вақтда ишлаб чиқилган техник регламентларни қўллаш бўйича услубий тавсиялар техник регламентларни ишлаб чиқувчилар томонидан тасдиқланади.
5-боб. Техник регламентларда давлат тили устуворлигини таъминлаш тартиби
30. Техник регламентлар лойиҳалари давлат тилида тайёрланади ва қабул қилинади.
31. Техник регламентларда, шунингдек, унга илова қилинадиган ҳужжатларда давлат тилида мавжуд бўлган сўз ва атамалар ўрнига хорижий сўзларни қўллашга йўл қўйилмайди.
32. Техник регламентда маҳсулотларга ўрнатилаётган мажбурий хавфсизлик талаблари (ўров, тамғалаш ёки ёрлиқлар, уларни қўллаш қоидалари ва бошқалар) устувор равишда давлат тилида бўлиши мажбурий этиб белгиланади.
33. Техник регламентлар лойиҳаларида тегишли соҳага оид янги сўз ва атама биринчи марта қўлланадиган тақдирда, техник регламентни ишлаб чиқувчи таклиф этаётган янги сўз ва атамани қўллаш бўйича Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамалар комиссиясининг хулосасини олиши керак.
34. Техник регламентлар лойиҳалари матни давлат тили талабларига мослиги, имло, услубий, грамматик ва пунктуация қоидаларига мувофиқлиги юзасидан лингвистик экспертизадан ўтказилади.
6-боб. Техник регламентларга илова қилинадиган стандартлар рўйхатини шакллантириш ва уларни актуаллаштириш
35. Техник регламентларни ишлаб чиқувчилар техник регламентнинг якуний лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилгандан сўнг ўн иш куни ичида техник регламентлар талабларига риоя этилишини ихтиёрий равишда таъминловчи ўзаро боғлиқ стандартларни ҳамда техник регламентларда белгиланган маҳсулотларнинг мувофиқлигини баҳолаш учун зарур бўлган намуналар олиш, синаш ва ўлчаш усулларини белгиловчи стандартлар рўйхатини (кейинги ўринларда — стандартлар рўйхати) шакллантиради ва махсус ваколатли давлат органига тақдим этади.
36. Стандартлар рўйхати лойиҳалари техник регламент лойиҳасининг ҳар бир зарур таркибий элементлари учун қуйидаги устуворликларни ҳисобга олган ҳолда шакллантирилади:
халқаро стандартларга айнан ўхшаш (IDT) стандартлар;
халқаро стандартларга нисбатан модификацияланган (MOD) стандартлар;
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатларнинг стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш бўйича Давлатлараро кенгаши доирасида қабул қилинган стандартлар ёки минтақавий стандартлар асосида ишлаб чиқилган миллий стандартлар;
миллий стандартлар;
хорижий мамлакатларнинг стандартлари.
37. Стандартлар рўйхати лойиҳаларини ишлаб чиқишда техник регламентларни ишлаб чиқувчилар:
техник регламент талабларини таҳлил қилади ва техник регламентни техник жиҳатдан тартибга солиш объектлари ёки гуруҳлари рўйхатини, шунингдек, ҳар бир объект ёки техник регламентни техник тартибга солиш объектлари гуруҳи учун техник регламентда белгиланган талаблар рўйхатини тузади;
ушбу Низомнинг 36-бандида белгиланган устуворликларни ҳисобга олган ҳолда ушбу стандартларни қўллаш натижасида техник регламентлар талабларига мувофиқлигини таъминлаш ва техник тартибга солиш объектларининг техник регламентларга мувофиқлигини баҳолашда тадқиқотлар (синовлар) ўтказиш имкониятини аниқлаш мақсадида таҳлил қилади.
38. Стандартлар рўйхати ушбу Низомга 4 ва 5-иловага асосан Техник регламентлар талабларига риоя этилишини ихтиёрий равишда таъминловчи стандартлар ҳамда Техник регламентлар талабларини қўллаш ва бажариш ҳамда маҳсулотнинг мувофиқлигини баҳолаш (тасдиқлаш) учун зарур бўлган намуналар олиш, синаш ва ўлчаш усулларини белгиловчи стандартлар рўйхати жадвалларига тегишли стандартларга оид маълумотларни киритиш орқали шакллантирилади.
39. Техник регламентларни ишлаб чиқувчилар амалдаги техник регламентлар талабларига риоя этилишини таъминловчи стандартлар рўйхатини йилига камида бир маротаба кўриб чиқишни ҳамда зарур ҳолларда янгилаш бўйича асосланган таклифлар тайёрлаш ва махсус ваколатли давлат органига тақдим этилишини таъминлайди.
40. Махсус ваколатли давлат органи томонидан стандартлар рўйхати уларнинг техник регламент лойиҳасидаги кўрсаткичларга мувофиқлиги ва тўлиқ қамраб олинганлиги, шунингдек, стандартларнинг актуаллиги жиҳатидан кўриб чиқилади.
41. Техник регламент талаблари бевосита бажарилганда техник регламентлар талабларига риоя этилишини таъминловчи стандартлар рўйхати шакллантирилмайди.
42. Стандартлар рўйхати техник регламентда мувофиқликни баҳолаш талаблари мавжуд бўлмаган ҳолларда ёки маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқлигини баҳолаш синаш ва ўлчашларсиз амалга ошириладиган ҳолларда шакллантирилмайди.
43. Шакллантирилган стандартлар рўйхати Вазирлар Маҳкамасининг техник регламентларни тасдиқлаш тўғрисидаги қарори расмий эълон қилинган кундан бошлаб 30 иш куни ичида махсус ваколатли давлат органи раҳбари буйруғи билан тасдиқланади.
7-боб. Техник регламентларнинг маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш
44. Махсус ваколатли давлат органи Вазирлар Маҳкамасининг техник регламентни тасдиқлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан эътиборан беш иш кунида техник регламентни маълумотлар базасига киритади.
45. Техник регламентларнинг белгиланиши «UzTR» индексидан сўнг нуқта белгиси, Вазирлар Маҳкамасининг техник регламентни тасдиқлаш тўғрисидаги қарорининг тартиб рақами сўнг дефис белгиси ҳамда рўйхатга олинган тартиб рақами (уч хонали сон) ва икки нуқта билан ажратилган тасдиқланган йилидан иборат бўлади.
Мисол учун: «UzTR».191-001:2024.
Бунда амалдаги техник регламентлар қайта кўриб чиқилган ҳолларда уларнинг белгиланишига рўйхатга олинган тартиб рақами сақланган ҳолда тегишли ўзгартиришлар киритилади.
Тартиб рақами махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.
46. Техник регламентлар, уларга киритилган ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар ҳамда уларнинг кучга кириш санаси тўғрисидаги маълумотлар махсус ваколатли органнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
47. Махсус ваколатли давлат органи тасдиқланган техник регламентлар, уларга киритилган ўзгартириш ва (ёки) қўшимчаларни, шунингдек, техник регламентларга илова қилинадиган стандартлар рўйхати мавжуд бўлса, ушбу стандартлар рўйхатининг ўз расмий веб-сайтида жойлаштирилишини таъминлайди.
8-боб. Техник регламентларни қайта кўриб чиқиш, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, бекор қилиш
48. Техник регламентларни ишлаб чиқувчилар техник регламентларнинг долзарблиги ва Ўзбекистон Республикасининг «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Қонунининг 13-моддасида белгиланган мақсадларга мувофиқлиги нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилишини (текширилишини) таъминлайдилар.
Техник регламентлар:
кучга кирган кундан эътиборан;
техник регламентларни дастлабки тарзда қайта кўриб чиқиш натижаларига кўра уларга киритилган ўзгартиришлар ва (ёки) қўшимчалар кучга кирган кундан эътиборан;
тегишли ваколатли давлат органлари томонидан дастлабки тарзда қайта кўриб чиқиш натижаларига кўра улар ўзгаришсиз қолдирилганлиги тўғрисида ахборот тақдим этилган кундан эътиборан беш йилда камида бир марта қайта кўриб чиқилади.
49. Агар техник регламентларнинг қабул қилинишига сабаб бўлган ҳолатлар ёки сабаблар бошқа мавжуд бўлмаса ёхуд ўзгартирилган ҳолатлар ёки сабаблар савдога нисбатан камроқ чекловли таъсир кўрсатадиган усуллардан фойдаланишга имкон берса, техник регламентга тегишли ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилади ёки техник регламент бекор қилинади.
Қайта кўриб чиқиш (текшириш) натижалари бўйича хулосанинг нусхаси махсус ваколатли давлат органига тақдим этилади.
50. Техник регламентларга ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш техник регламентларни ишлаб чиқиш тартибида амалга оширилади.
Бунда амалдаги техник регламент ишлаб чиқувчилари томонидан махсус ваколатли давлат органига тегишли техник регламентга киритилиши режалаштирилаётган ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар юзасидан асослантирилган таклифлар киритилади.
51. Техник регламентлар Ўзбекистон Республикаси «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Қонунининг 13-моддасида белгиланган мақсадларга, моддий-техник базани ривожлантириш ва илмий-техник ривожланиш даражасига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси томонидан имзоланган халқаро шартномаларга мос келмаса, уларни қайта кўриб чиқиш (текшириш) хулосаси ёки махсус ваколатли давлат органининг хулосаси асосида ўрнатилган тартибда бекор қилинади.
9-боб. Якунловчи қоида
52. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Техник регламентларни ишлаб чиқиш, уларни тасдиқлаш, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Техник регламентларни ишлаб чиқиш, уларни тасдиқлаш, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда бекор қилиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Ижро муддати 1-босқич Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ёки хўжалик бирлашмалари Техник регламентларни ишлаб чиқиш бўйича таклифларни Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига (кейинги ўринларда — махсус ваколатли давлат органи) киритади Ҳар йили 1 ноябрга қадар 2-босқич Махсус ваколатли давлат органи Техник регламентларни ишлаб чиқиш бўйича таклифларни таҳлил қилади. Техник регламентларни ишлаб чиқиш дастури лойиҳасини тайёрлайди ва Вазирлар Маҳкамасига киритади Таклифлар келиб тушгач, 30 иш куни мобайнида 3-босқич Вазирлар Маҳкамаси Техник регламентларни ишлаб чиқиш дастурини тасдиқлайди - 4-босқич Техник регламентларни ишлаб чиқувчилар Техник регламент лойиҳасини ҳамда уларни қўллаш бўйича услубий тавсияларни ишлаб чиқади Тасдиқланган дастурда белгиланган муддатларда 5-босқич Техник регламентларни ишлаб чиқувчилар Белгиланган шаклдаги техник регламентлар лойиҳаси ишлаб чиқилиши бошланганлиги тўғрисидаги хабарномани ўз расмий веб-сайтларида жойлаштирадилар. Мазкур лойиҳа ишлаб чиқилаётгани тўғрисидаги хабарномани манфаатдор тарафларни хабардор қилиш мақсадида белгиланган тартибда Ахборот марказига жўнатадилар Лойиҳа ишлаб чиқилиши бошланган кундан эътиборан уч иш кунида 6-босқич Техник регламентларни ишлаб чиқувчилар Ўз расмий веб-сайтларида техник регламент лойиҳасини муҳокамага жойлаштирадилар Лойиҳа ишлаб чиқилгач, икки ой муддатга 7-босқич Техник регламентларни ишлаб чиқувчилар Ўз расмий веб-сайтларида белгиланган шаклдаги техник регламентлар лойиҳаси муҳокамаси якунланганлиги тўғрисидаги хабарномани жойлаштирадилар Уч иш куни мобайнида 8-босқич Техник регламентни ишлаб чиқувчилар, Эксперт комиссияси Техник регламент лойиҳасини экспертизадан ўтказиш учун белгиланган тартибда тузилган Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссиясига киритади Ўттиз кун муддатда 9-босқич Техник регламентни ишлаб чиқувчилар Техник регламент лойиҳасини идоралараро келишув учун тегишли вазирлик ва идораларга киритади - 10-босқич Техник регламентни ишлаб чиқувчилар Техник регламентнинг якуний лойиҳасини белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади - 11-босқич Техник регламентни ишлаб чиқувчилар Техник регламентларга илова қилинадиган стандартлар рўйхатини шакллантиради ва махсус ваколатли давлат органига тасдиқлаш учун киритади Ўн иш куни 12-босқич Махсус ваколатли давлат органи Вазирлар Маҳкамасининг техник регламентни тасдиқлаш тўғрисидаги қарори қабул қилингандан сўнг шакллантирилган стандартлар рўйхатини тасдиқлайди Ўттиз иш куни муддатда 13-босқич Махсус ваколатли давлат органи Вазирлар Маҳкамасининг техник регламентни тасдиқлаш тўғрисидаги қарори қабул қилингандан сўнг ушбу техник регламентни техник регламентларнинг маълумотлар базасига киритади Беш иш куни мобайнида
Техник регламентларни ишлаб чиқиш, уларни тасдиқлаш, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Техник регламентлар, уларга ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш ёхуд бекор қилиш лойиҳасининг ишлаб чиқилиши бошланганлиги (муҳокама қилиниши якунланганлиги) тўғрисида
1. Tеxник регламентлар, уларга ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш ёхуд бекор қилиш бўйича лойиҳа номи 2. Техник регламентлар, уларга ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш ёхуд бекор қилиш бўйича лойиҳани ишлаб чиқиш учун масъул орган 3. Техник регламентлар, уларга ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш ёхуд бекор қилиш бўйича лойиҳа объектлари 4. Техник регламентлар, уларга ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш ёхуд бекор қилиш бўйича лойиҳа мақсади 5. Техник регламентлар, уларга ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш ёхуд бекор қилиш лойиҳаси бўйича эътироз ва таклифларни (фикр-мулоҳазаларни) юбориш учун почта манзили, телефон рақамлари, электрон почта манзили 6. Техник регламентлар, уларга ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш ёхуд бекор қилиш бўйича лойиҳа муҳокамага жойланадиган сана (муҳокама қилиниши якунланган сана)
Техник регламентларни ишлаб чиқиш, уларни тасдиқлаш, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
Техник регламентлар, уларга ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш ёхуд бекор қилиш лойиҳаси бўйича таклиф ва эътирозларни кўриб чиқиш ЖАДВАЛИ _________________________________________________________________________________________________ техник регламент, уларга ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш ёхуд бекор қилиш лойиҳасининг номи Техник регламентнинг тегишли қисми, банди Таклиф ва эътирозларни тақдим этган ташкилот номи (хат рақами ва санаси, манзили мавжуд бўлганда), жисмоний шахснинг исми ва фамилияси, манзили (мавжуд бўлса) Таклиф ва эътирозлар Кўриб чиқиш натижаси 1 2 3 4
Техник регламентларни ишлаб чиқиш, уларни тасдиқлаш, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 4-ИЛОВА
Техник регламентлар талабларига риоя этилишини ихтиёрий равишда таъминловчи
Т/р Техник регламентнинг аниқ қисми, банди Стандартнинг белгиланиши Стандартнинг номланиши Изоҳ 1 2 3 4 5
Техник регламентларни ишлаб чиқиш, уларни тасдиқлаш, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 5-ИЛОВА
Техник регламентлар талабларини қўллаш ва бажариш ҳамда маҳсулотнинг мувофиқлигини баҳолаш (тасдиқлаш) учун зарур бўлган намуналар олиш, синаш ва ўлчаш усулларини белгиловчи
Т/р Техник регламентнинг аниқ қисми, банди Стандартнинг белгиланиши Стандартнинг номланиши Изоҳ 1 2 3 4 5
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 27 февраль,
128-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
XABARNOMA SHAKLI
STANDARTLAR ROʻYXATI
STANDARTLAR ROʻYXATI
Texnik reglamentlarni ishlab chiqish, ularni tasdiqlash, oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish hamda bekor qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasining “Texnik jihatdan tartibga solish toʻgʻrisida”gi Qonuni va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligining faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 28-fevraldagi PQ-91-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Texnik reglamentlarni ishlab chiqish, ularni tasdiqlash, oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish hamda bekor qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
texnik reglamentlarning tuzilishi va mazmuni;
texnik reglamentlarni ishlab chiqish tartibi;
texnik reglamentlarda davlat tili ustuvorligini taʼminlash tartibi;
texnik reglamentlarni ekspertizadan oʻtkazish tartibi;
texnik reglamentlarga ilova qilinadigan standartlar roʻyxatini shakllantirish va ularni aktuallashtirish tartiboti;
texnik reglamentlarning maʼlumotlar bazasini shakllantirish va yuritish tartibi;
texnik reglamentlarni qayta koʻrib chiqish, oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, bekor qilish tartibi.
2. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi direktori A.R. Jumanazarov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 27-fevraldagi 128-son qaroriga ILOVA
Texnik reglamentlarni ishlab chiqish, ularni tasdiqlash, oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish hamda bekor qilish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom texnik reglamentlarni ishlab chiqish, ularni kelishish, tasdiqlash, maʼlumotlar bazasiga kiritish, qayta koʻrib chiqish, oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish hamda bekor qilish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
Savdodagi texnik toʻsiqlar boʻyicha axborot markazi (keyingi oʻrinlarda — Axborot markazi) — Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligining Oʻzbekiston standartlar instituti tuzilmasida alohida boʻlinma sifatida manfaatdor tomonlarni yangi texnik reglamentlar yoki muvofiqlikni baholash tartib-taomillarining ishlab chiqilayotganligi yoxud mavjud texnik reglamentlar va muvofiqlikni baholash tartib-taomillariga oʻzgartirishlar kiritilayotganligi toʻgʻrisida oʻz vaqtida, ularni ishlab chiqish bosqichida xabardor qilib boruvchi axborot markazi;
standart — faoliyatning har xil turlariga yoki ularning natijalariga taalluqli boʻlgan, umumiy va koʻp marta foydalanish uchun qoidalarni, umumiy prinsiplarni yoki tavsiflarni belgilaydigan hamda muayyan sohada tartibga solishning eng maqbul darajasiga erishishga qaratilgan hujjat;
texnik reglament — mahsulot xavfsizligining qoʻllanilishi majburiy boʻlgan tavsiflari yoki ular bilan bogʻliq boʻlgan ishlab chiqarish jarayonlari va usullari, qoidalar belgilangan hujjat;
texnik reglamentlarni ishlab chiquvchilar — texnik reglamentlarni ishlab chiqish boʻyicha tasdiqlangan dastur asosida texnik reglamentlarni va texnik reglamentlarni qoʻllash boʻyicha uslubiy tavsiyalarning ishlab chiqilishini taʼminlovchi respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari yoki xoʻjalik birlashmalari.
2-bob. Texnik reglamentlarning tuzilishi va mazmuni
3. Texnik reglamentlar uning mazmunini hamda mazkur hujjat bilan majburiy talablar belgilanayotgan mahsulot yoki mahsulotlar guruhini aks ettiruvchi qisqa nomga ega boʻlishi lozim.
4. Texnik reglamentlar loʻnda, oddiy va ravon tilda bayon etilgan boʻlishi kerak. Loyihalar matni turlicha sharhlash va talqin qilinishlarga olib kelmasligi kerak. Loyihalar jumlalari rasmiy til uslubidan va yuridik atamalardan foydalanilgan holda, umumiy qabul qilingan grammatika, imlo va punktuatsiya qoidalariga muvofiq tuzilishi lozim.
5. Texnik reglamentda belgilangan talablar texnik jihatdan tartibga solishning asosiy maqsadlari va prinsiplariga, moddiy-texnik bazani rivojlantirish va ilmiy-texnik rivojlanish darajasiga, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi qonunchilik hujjatlariga va xalqaro shartnomalarga muvofiq boʻlishi kerak.
Texnik reglamentlarda tadbirkorlik subyektlarining tovar bozori ishtirokchilariga ularning bozorga kirishiga toʻsqinlik qiladigan texnik jihatdan tartibga solishning yangi shartlarini oʻrnatadigan normalarni belgilashga yoʻl qoʻyilmaydi.
6. Texnik reglamentlar loyihalarini ishlab chiqishda xalqaro (mintaqaviy) standartlardan toʻliq yoki qisman asos sifatida foydalaniladi, bundan xalqaro (mintaqaviy) standartlar yoki ularning boʻlimlari texnik reglamentning Oʻzbekiston Respublikasining “Texnik jihatdan tartibga solish toʻgʻrisida”gi Qonuni bilan belgilangan maqsadlarga erishish uchun samarasiz yoxud nomuvofiq boʻlgan hollar, shu jumladan, iqlimga oid va geografik oʻziga xos xususiyatlar tufayli samarasiz yoki nomuvofiq boʻlgan hollar mustasno.
7. Texnik reglamentlarda xalqaro standartlar yoki xalqaro standartlar bilan uygʻunlashtirilgan milliy standartlar matni toʻliq yoki qisman keltirilishi yoki ushbu standartlarga havolalar berilishi mumkin.
8. Texnik reglamentlarda mahsulotning zarar yetkazish xavfi va xatari darajasi hisobga olingan holda xavfsizligini taʼminlovchi zaruriy talablar belgilanadi.
9. Texnik reglamentlarda quyidagilar:
qaysi mahsulotlarga nisbatan xavfsizlik talablari belgilanayotgan boʻlsa, oʻsha mahsulotlarning TIF TN kodlari koʻrsatilgan holda toʻliq roʻyxati;
xavf darajasi hisobga olingan holda aniqlanadigan muvofiqlikni baholash qoidalari, shakllari va tartib-taomillari belgilanishi lozim.
Texnik reglamentlar muvofiqlikni tasdiqlash sxemalarini, berilgan muvofiqlik sertifikatining amal qilish muddatini uzaytirish tartibini, atamalarga, oʻram, qadoqlarga, tamgʻalashga yoki yorliqlarga doir talablarni va ularni qoʻllash qoidalarini, sinash va oʻlchash usullarining birligini taʼminlovchi, shuningdek mahsulot xavfsizligini taʼminlashga doir boshqa talablarni ham oʻz ichiga olishi mumkin.
10. Texnik reglamentlarda mahsulotning konstruksiyasiga va bajarilishiga doir talablar boʻlmasligi kerak, bundan mahsulotning konstruksiyasiga va bajarilishiga nisbatan insonning hayotiga va sogʻligʻiga zarar yetkazilishi xavfi darajasi hisobga olingan talablar mavjud emasligi sababli mahsulot xavfsizligi taʼminlanmaydigan hollar mustasno.
11. Texnik reglamentlarda mahsulotlarni muomalaga chiqarish shartlari belgilanadi, bunda mahsulotning texnik reglamentda belgilangan talablarga muvofiqligi va bu haqda isteʼmolchiga maʼlumot yetkazish qoidalari oʻrnatiladi.
Xavf darajasini hisobga olgan holda belgilanadigan muvofiqlikni baholash qoidalari, shakllari va tartiblari, shuningdek, muvofiqlikni tasdiqlash sxemalari va muvofiqlik belgisini qoʻllash oʻrnatilgan tartibda tasdiqlangan muvofiqlikni baholash qoidalari asosida belgilanadi.
12. Texnik reglamentlar rasmiy eʼlon qilingan sanadan eʼtiboran kamida olti oy oʻtgach amalga kiritiladi.
Texnik reglamentda uni amalga kiritish bilan bogʻliq boʻlgan oʻtish davri vaqtini belgilovchi muddati va shartlar nazarda tutilishi, ushbu davr mobaynida texnik reglamentning amalga kiritilishi hamda mahsulotning ishlab chiqarilishiga doir masalalar hisobga olinishi kerak.
Agar texnik reglamentni qayta koʻrib chiqish yakunlariga koʻra mahsulotga doir texnik talablar oʻzgarmagan yoki ahamiyatsiz tarzda oʻzgargan boʻlsa, oʻtish davri belgilanmaydi.
Texnik reglamentlarda yoki ular tasdiqlangan normativ-huquqiy hujjatlarda oʻtish davrida texnik reglamentlarning qoʻllanilishiga oid boshqa shartlar ham koʻrsatilishi mumkin.
13. Texnik reglament loyihalari ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan Texnik reglamentlarni ishlab chiqish, ularni tasdiqlash, oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish hamda bekor qilish sxemasiga asosan ishlab chiqiladi, tasdiqlanadi, oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritiladi hamda bekor qilinadi.
3-bob. Texnik reglamentlarni ishlab chiqish
14. Texnik reglamentlarni ishlab chiqish boʻyicha dastur loyihasiga asoslantirilgan takliflar respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari va xoʻjalik birlashmalari tomonidan tegishli manfaatdor tomonlar takliflarini hisobga olgan holda tayyorlanadi va Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligiga (keyingi oʻrinlarda — maxsus vakolatli davlat organi) har yilning 1-noyabriga qadar taqdim etiladi.
15. Kelib tushgan takliflar tahlili asosida maxsus vakolatli davlat organi texnik reglamentlarni ishlab chiqish dasturi loyihasini tayyorlaydi va uni takliflar kelib tushgach, 30 ish kuni mobaynida Vazirlar Mahkamasiga kiritadi. Texnik reglamentlarni ishlab chiqish dasturlari Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarorlari bilan tasdiqlanadi.
16. Texnik reglamentlar ularni ishlab chiqish boʻyicha tasdiqlangan dastur asosida ishlab chiqiladi.
17. Texnik reglament loyihalari ularni ishlab chiqish uchun masʼul qilib belgilangan texnik reglamentlarni ishlab chiquvchilar tomonidan ishlab chiqiladi.
Texnik reglament loyihalarini tayyorlash uchun ishchi guruhlar tuzilishi mumkin.
18. Texnik reglamentlarni ishlab chiquvchilar texnik reglamentlarni ishlab chiqish bilan bir vaqtning oʻzida ularni qoʻllash boʻyicha uslubiy tavsiyalar ham ishlab chiqadilar. Ushbu tavsiyalarda texnik reglamentlarda belgilangan muvofiqlikni baholash qoidalari, shakllari va tartib-taomillari tushuntiriladi va ular ushbu reglamentlarning izchil qoʻllanilishini taʼminlaydi.
19. Texnik reglamentlarni ishlab chiquvchilar oʻz veb-saytlarida ushbu Nizomga 2-ilovada keltirilgan shakldagi Texnik reglamentlar, ularga oʻzgartirish va (yoki) qoʻshimchalar kiritish yoxud bekor qilish loyihasining ishlab chiqilishi boshlanganligi (muhokama qilinishi yakunlanganligi) toʻgʻrisidagi xabarnomani joylashtiradi. Texnik reglamentlar loyihasining ishlab chiqilayotgani toʻgʻrisidagi xabarnoma manfaatdor taraflarni xabardor qilish maqsadida Axborot markaziga taqdim etilishi lozim.
20. Texnik reglamentlarni ishlab chiqish yoki texnik reglamentlarga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, mahsulot importiga yoki eksportiga sezilarli taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlsa hamda Oʻzbekiston Respublikasi tomonidan chet davlatlar bilan ikki tomonlama yoxud koʻp tomonlama shartnomalar tuzilgan boʻlsa, texnik reglamentlarni ishlab chiquvchilar texnik reglamentlarni ishlab chiqish sabablarini ushbu davlatlarning soʻroviga koʻra tushuntirib berishi kerak boʻladi.
21. Texnik reglamentni ishlab chiqishda texnik reglamentlarni ishlab chiquvchilar oʻz veb-saytida texnik reglament loyihasining ikki oy muddatda muhokama qilinishini tashkil qiladi.
22. Texnik reglament loyihasi yuzasidan muhokama tugagach, texnik reglamentlarni ishlab chiquvchilar uch ish kuni ichida oʻz veb-saytida ushbu texnik reglamentlar, ularga oʻzgartirish va (yoki) qoʻshimchalar kiritish yoxud bekor qilish loyihasi boʻyicha muhokama yakunlanganligi toʻgʻrisidagi xabarnomani joylashtiradi hamda ushbu xabarnomani Axborot markaziga taqdim etadi.
Muhokama natijalariga koʻra ushbu Nizomga 3-ilovaga muvofiq Texnik reglamentlar, ularga oʻzgartirish va (yoki) qoʻshimchalar kiritish yoxud bekor qilish loyihasi boʻyicha taklif va eʼtirozlarni koʻrib chiqish jadvali shakllantiriladi. Loyiha yuzasidan Axborot markazi manfaatdor taraflar sharhlarini yoʻllagan boʻlsa, ushbu taklif va eʼtirozlar ham koʻrib chiqiladi va jadvalga kiritiladi.
23. Texnik reglamentlar loyihalari oʻn ish kuni ichida kelib tushgan takliflar va eʼtirozlarni hisobga olgan holda qayta ishlanadi hamda ekspertizadan oʻtkazish maqsadida vakolatli va (yoki) maxsus vakolatli davlat organi huzurida belgilangan tartibda tashkil etilgan Texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi ekspert komissiyasiga (keyingi oʻrinlarda — ekspert komissiyasi) koʻrib chiqish uchun yuboriladi.
4-bob. Texnik reglamentlarni ekspertizadan oʻtkazish
24. Texnik reglamentlarni ekspert komissiyalari tomonidan ekspertizadan oʻtkazish Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 25-martdagi 153-son qarori bilan tasdiqlangan Texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi ekspert komissiyasi toʻgʻrisidagi nizomga asosan amalga oshiriladi.
25. Texnik reglamentlarni ishlab chiquvchilar tomonidan ekspertiza natijalari boʻyicha qaytarilgan texnik reglament loyihasi berilgan taklif va eʼtirozlarni inobatga olgan holda, oʻn ish kuni mobaynida qayta koʻrib chiqiladi va ekspert komissiyasiga qaytadan kiritiladi.
26. Texnik reglamentlarni ishlab chiquvchilar ekspert komissiyasining yakuniy xulosasini veb-saytda eʼlon qiladi, shuningdek, maxsus vakolatli davlat organiga oʻz rasmiy veb-saytlarida eʼlon qilishi uchun taqdim etadi.
27. Texnik reglament va uni tasdiqlashni nazarda tutuvchi normativ-huquqiy hujjat loyihasini tayyorlash, kelishish va kiritish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining reglamentida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
28. Texnik reglament loyihalari tegishli vazirlik va idoralarga kelishuvga kiritilganda xorijiy tajriba asosidagi tahlil biriktiriladi.
29. Ushbu loyiha bilan bir vaqtda ishlab chiqilgan texnik reglamentlarni qoʻllash boʻyicha uslubiy tavsiyalar texnik reglamentlarni ishlab chiquvchilar tomonidan tasdiqlanadi.
5-bob. Texnik reglamentlarda davlat tili ustuvorligini taʼminlash tartibi
30. Texnik reglamentlar loyihalari davlat tilida tayyorlanadi va qabul qilinadi.
31. Texnik reglamentlarda, shuningdek, unga ilova qilinadigan hujjatlarda davlat tilida mavjud boʻlgan soʻz va atamalar oʻrniga xorijiy soʻzlarni qoʻllashga yoʻl qoʻyilmaydi.
32. Texnik reglamentda mahsulotlarga oʻrnatilayotgan majburiy xavfsizlik talablari (oʻrov, tamgʻalash yoki yorliqlar, ularni qoʻllash qoidalari va boshqalar) ustuvor ravishda davlat tilida boʻlishi majburiy etib belgilanadi.
33. Texnik reglamentlar loyihalarida tegishli sohaga oid yangi soʻz va atama birinchi marta qoʻllanadigan taqdirda, texnik reglamentni ishlab chiquvchi taklif etayotgan yangi soʻz va atamani qoʻllash boʻyicha Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Atamalar komissiyasining xulosasini olishi kerak.
34. Texnik reglamentlar loyihalari matni davlat tili talablariga mosligi, imlo, uslubiy, grammatik va punktuatsiya qoidalariga muvofiqligi yuzasidan lingvistik ekspertizadan oʻtkaziladi.
6-bob. Texnik reglamentlarga ilova qilinadigan standartlar roʻyxatini shakllantirish va ularni aktuallashtirish
35. Texnik reglamentlarni ishlab chiquvchilar texnik reglamentning yakuniy loyihasi Vazirlar Mahkamasiga taqdim etilgandan soʻng oʻn ish kuni ichida texnik reglamentlar talablariga rioya etilishini ixtiyoriy ravishda taʼminlovchi oʻzaro bogʻliq standartlarni hamda texnik reglamentlarda belgilangan mahsulotlarning muvofiqligini baholash uchun zarur boʻlgan namunalar olish, sinash va oʻlchash usullarini belgilovchi standartlar roʻyxatini (keyingi oʻrinlarda — standartlar roʻyxati) shakllantiradi va maxsus vakolatli davlat organiga taqdim etadi.
36. Standartlar roʻyxati loyihalari texnik reglament loyihasining har bir zarur tarkibiy elementlari uchun quyidagi ustuvorliklarni hisobga olgan holda shakllantiriladi:
xalqaro standartlarga aynan oʻxshash (IDT) standartlar;
xalqaro standartlarga nisbatan modifikatsiyalangan (MOD) standartlar;
Mustaqil Davlatlar Hamdoʻstligiga aʼzo mamlakatlarning standartlashtirish, metrologiya va sertifikatlashtirish boʻyicha Davlatlararo kengashi doirasida qabul qilingan standartlar yoki mintaqaviy standartlar asosida ishlab chiqilgan milliy standartlar;
milliy standartlar;
xorijiy mamlakatlarning standartlari.
37. Standartlar roʻyxati loyihalarini ishlab chiqishda texnik reglamentlarni ishlab chiquvchilar:
texnik reglament talablarini tahlil qiladi va texnik reglamentni texnik jihatdan tartibga solish obyektlari yoki guruhlari roʻyxatini, shuningdek, har bir obyekt yoki texnik reglamentni texnik tartibga solish obyektlari guruhi uchun texnik reglamentda belgilangan talablar roʻyxatini tuzadi;
ushbu Nizomning 36-bandida belgilangan ustuvorliklarni hisobga olgan holda ushbu standartlarni qoʻllash natijasida texnik reglamentlar talablariga muvofiqligini taʼminlash va texnik tartibga solish obyektlarining texnik reglamentlarga muvofiqligini baholashda tadqiqotlar (sinovlar) oʻtkazish imkoniyatini aniqlash maqsadida tahlil qiladi.
38. Standartlar roʻyxati ushbu Nizomga 4 va 5-ilovaga asosan Texnik reglamentlar talablariga rioya etilishini ixtiyoriy ravishda taʼminlovchi standartlar hamda Texnik reglamentlar talablarini qoʻllash va bajarish hamda mahsulotning muvofiqligini baholash (tasdiqlash) uchun zarur boʻlgan namunalar olish, sinash va oʻlchash usullarini belgilovchi standartlar roʻyxati jadvallariga tegishli standartlarga oid maʼlumotlarni kiritish orqali shakllantiriladi.
39. Texnik reglamentlarni ishlab chiquvchilar amaldagi texnik reglamentlar talablariga rioya etilishini taʼminlovchi standartlar roʻyxatini yiliga kamida bir marotaba koʻrib chiqishni hamda zarur hollarda yangilash boʻyicha asoslangan takliflar tayyorlash va maxsus vakolatli davlat organiga taqdim etilishini taʼminlaydi.
40. Maxsus vakolatli davlat organi tomonidan standartlar roʻyxati ularning texnik reglament loyihasidagi koʻrsatkichlarga muvofiqligi va toʻliq qamrab olinganligi, shuningdek, standartlarning aktualligi jihatidan koʻrib chiqiladi.
41. Texnik reglament talablari bevosita bajarilganda texnik reglamentlar talablariga rioya etilishini taʼminlovchi standartlar roʻyxati shakllantirilmaydi.
42. Standartlar roʻyxati texnik reglamentda muvofiqlikni baholash talablari mavjud boʻlmagan hollarda yoki mahsulotning texnik reglamentlar talablariga muvofiqligini baholash sinash va oʻlchashlarsiz amalga oshiriladigan hollarda shakllantirilmaydi.
43. Shakllantirilgan standartlar roʻyxati Vazirlar Mahkamasining texnik reglamentlarni tasdiqlash toʻgʻrisidagi qarori rasmiy eʼlon qilingan kundan boshlab 30 ish kuni ichida maxsus vakolatli davlat organi rahbari buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.
7-bob. Texnik reglamentlarning maʼlumotlar bazasini shakllantirish va yuritish
44. Maxsus vakolatli davlat organi Vazirlar Mahkamasining texnik reglamentni tasdiqlash toʻgʻrisidagi qarori qabul qilingan kundan eʼtiboran besh ish kunida texnik reglamentni maʼlumotlar bazasiga kiritadi.
45. Texnik reglamentlarning belgilanishi “UzTR” indeksidan soʻng nuqta belgisi, Vazirlar Mahkamasining texnik reglamentni tasdiqlash toʻgʻrisidagi qarorining tartib raqami soʻng defis belgisi hamda roʻyxatga olingan tartib raqami (uch xonali son) va ikki nuqta bilan ajratilgan tasdiqlangan yilidan iborat boʻladi.
Misol uchun: “UzTR”.191-001:2024.
Bunda amaldagi texnik reglamentlar qayta koʻrib chiqilgan hollarda ularning belgilanishiga roʻyxatga olingan tartib raqami saqlangan holda tegishli oʻzgartirishlar kiritiladi.
Tartib raqami maxsus vakolatli davlat organi tomonidan belgilanadi.
46. Texnik reglamentlar, ularga kiritilgan oʻzgartirish va (yoki) qoʻshimchalar hamda ularning kuchga kirish sanasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar maxsus vakolatli organning rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.
47. Maxsus vakolatli davlat organi tasdiqlangan texnik reglamentlar, ularga kiritilgan oʻzgartirish va (yoki) qoʻshimchalarni, shuningdek, texnik reglamentlarga ilova qilinadigan standartlar roʻyxati mavjud boʻlsa, ushbu standartlar roʻyxatining oʻz rasmiy veb-saytida joylashtirilishini taʼminlaydi.
8-bob. Texnik reglamentlarni qayta koʻrib chiqish, oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, bekor qilish
48. Texnik reglamentlarni ishlab chiquvchilar texnik reglamentlarning dolzarbligi va Oʻzbekiston Respublikasining “Texnik jihatdan tartibga solish toʻgʻrisida”gi Qonunining 13-moddasida belgilangan maqsadlarga muvofiqligi nuqtai nazaridan qayta koʻrib chiqilishini (tekshirilishini) taʼminlaydilar.
Texnik reglamentlar:
kuchga kirgan kundan eʼtiboran;
texnik reglamentlarni dastlabki tarzda qayta koʻrib chiqish natijalariga koʻra ularga kiritilgan oʻzgartirishlar va (yoki) qoʻshimchalar kuchga kirgan kundan eʼtiboran;
tegishli vakolatli davlat organlari tomonidan dastlabki tarzda qayta koʻrib chiqish natijalariga koʻra ular oʻzgarishsiz qoldirilganligi toʻgʻrisida axborot taqdim etilgan kundan eʼtiboran besh yilda kamida bir marta qayta koʻrib chiqiladi.
49. Agar texnik reglamentlarning qabul qilinishiga sabab boʻlgan holatlar yoki sabablar boshqa mavjud boʻlmasa yoxud oʻzgartirilgan holatlar yoki sabablar savdoga nisbatan kamroq cheklovli taʼsir koʻrsatadigan usullardan foydalanishga imkon bersa, texnik reglamentga tegishli oʻzgartirishlar va qoʻshimchalar kiritiladi yoki texnik reglament bekor qilinadi.
Qayta koʻrib chiqish (tekshirish) natijalari boʻyicha xulosaning nusxasi maxsus vakolatli davlat organiga taqdim etiladi.
50. Texnik reglamentlarga oʻzgartirish va (yoki) qoʻshimchalar kiritish texnik reglamentlarni ishlab chiqish tartibida amalga oshiriladi.
Bunda amaldagi texnik reglament ishlab chiquvchilari tomonidan maxsus vakolatli davlat organiga tegishli texnik reglamentga kiritilishi rejalashtirilayotgan oʻzgartirish va (yoki) qoʻshimchalar yuzasidan asoslantirilgan takliflar kiritiladi.
51. Texnik reglamentlar Oʻzbekiston Respublikasi “Texnik jihatdan tartibga solish toʻgʻrisida”gi Qonunining 13-moddasida belgilangan maqsadlarga, moddiy-texnik bazani rivojlantirish va ilmiy-texnik rivojlanish darajasiga, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi tomonidan imzolangan xalqaro shartnomalarga mos kelmasa, ularni qayta koʻrib chiqish (tekshirish) xulosasi yoki maxsus vakolatli davlat organining xulosasi asosida oʻrnatilgan tartibda bekor qilinadi.
9-bob. Yakunlovchi qoida
52. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Texnik reglamentlarni ishlab chiqish, ularni tasdiqlash, oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish hamda bekor qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Texnik reglamentlarni ishlab chiqish, ularni tasdiqlash, oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish hamda bekor qilish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Ijro muddati 1-bosqich Respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari yoki xoʻjalik birlashmalari Texnik reglamentlarni ishlab chiqish boʻyicha takliflarni Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligiga (keyingi oʻrinlarda — maxsus vakolatli davlat organi) kiritadi Har yili 1-noyabrga qadar 2-bosqich Maxsus vakolatli davlat organi Texnik reglamentlarni ishlab chiqish boʻyicha takliflarni tahlil qiladi. Texnik reglamentlarni ishlab chiqish dasturi loyihasini tayyorlaydi va Vazirlar Mahkamasiga kiritadi Takliflar kelib tushgach, 30 ish kuni mobaynida 3-bosqich Vazirlar Mahkamasi Texnik reglamentlarni ishlab chiqish dasturini tasdiqlaydi - 4-bosqich Texnik reglamentlarni ishlab chiquvchilar Texnik reglament loyihasini hamda ularni qoʻllash boʻyicha uslubiy tavsiyalarni ishlab chiqadi Tasdiqlangan dasturda belgilangan muddatlarda 5-bosqich Texnik reglamentlarni ishlab chiquvchilar Belgilangan shakldagi texnik reglamentlar loyihasi ishlab chiqilishi boshlanganligi toʻgʻrisidagi xabarnomani oʻz rasmiy veb-saytlarida joylashtiradilar. Mazkur loyiha ishlab chiqilayotgani toʻgʻrisidagi xabarnomani manfaatdor taraflarni xabardor qilish maqsadida belgilangan tartibda Axborot markaziga joʻnatadilar Loyiha ishlab chiqilishi boshlangan kundan eʼtiboran uch ish kunida 6-bosqich Texnik reglamentlarni ishlab chiquvchilar Oʻz rasmiy veb-saytlarida texnik reglament loyihasini muhokamaga joylashtiradilar Loyiha ishlab chiqilgach, ikki oy muddatga 7-bosqich Texnik reglamentlarni ishlab chiquvchilar Oʻz rasmiy veb-saytlarida belgilangan shakldagi texnik reglamentlar loyihasi muhokamasi yakunlanganligi toʻgʻrisidagi xabarnomani joylashtiradilar Uch ish kuni mobaynida 8-bosqich Texnik reglamentni ishlab chiquvchilar, Ekspert komissiyasi Texnik reglament loyihasini ekspertizadan oʻtkazish uchun belgilangan tartibda tuzilgan Texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi ekspert komissiyasiga kiritadi Oʻttiz kun muddatda 9-bosqich Texnik reglamentni ishlab chiquvchilar Texnik reglament loyihasini idoralararo kelishuv uchun tegishli vazirlik va idoralarga kiritadi - 10-bosqich Texnik reglamentni ishlab chiquvchilar Texnik reglamentning yakuniy loyihasini belgilangan tartibda Vazirlar Mahkamasiga kiritadi - 11-bosqich Texnik reglamentni ishlab chiquvchilar Texnik reglamentlarga ilova qilinadigan standartlar roʻyxatini shakllantiradi va maxsus vakolatli davlat organiga tasdiqlash uchun kiritadi Oʻn ish kuni 12-bosqich Maxsus vakolatli davlat organi Vazirlar Mahkamasining texnik reglamentni tasdiqlash toʻgʻrisidagi qarori qabul qilingandan soʻng shakllantirilgan standartlar roʻyxatini tasdiqlaydi Oʻttiz ish kuni muddatda 13-bosqich Maxsus vakolatli davlat organi Vazirlar Mahkamasining texnik reglamentni tasdiqlash toʻgʻrisidagi qarori qabul qilingandan soʻng ushbu texnik reglamentni texnik reglamentlarning maʼlumotlar bazasiga kiritadi Besh ish kuni mobaynida
Texnik reglamentlarni ishlab chiqish, ularni tasdiqlash, oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish hamda bekor qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Texnik reglamentlar, ularga oʻzgartirish va (yoki) qoʻshimchalar kiritish yoxud bekor qilish loyihasining ishlab chiqilishi boshlanganligi (muhokama qilinishi yakunlanganligi) toʻgʻrisida
1. Texnik reglamentlar, ularga oʻzgartirish va (yoki) qoʻshimchalar kiritish yoxud bekor qilish boʻyicha loyiha nomi 2. Texnik reglamentlar, ularga oʻzgartirish va (yoki) qoʻshimchalar kiritish yoxud bekor qilish boʻyicha loyihani ishlab chiqish uchun masʼul organ 3. Texnik reglamentlar, ularga oʻzgartirish va (yoki) qoʻshimchalar kiritish yoxud bekor qilish boʻyicha loyiha obyektlari 4. Texnik reglamentlar, ularga oʻzgartirish va (yoki) qoʻshimchalar kiritish yoxud bekor qilish boʻyicha loyiha maqsadi 5. Texnik reglamentlar, ularga oʻzgartirish va (yoki) qoʻshimchalar kiritish yoxud bekor qilish loyihasi boʻyicha eʼtiroz va takliflarni (fikr-mulohazalarni) yuborish uchun pochta manzili, telefon raqamlari, elektron pochta manzili 6. Texnik reglamentlar, ularga oʻzgartirish va (yoki) qoʻshimchalar kiritish yoxud bekor qilish boʻyicha loyiha muhokamaga joylanadigan sana (muhokama qilinishi yakunlangan sana)
Texnik reglamentlarni ishlab chiqish, ularni tasdiqlash, oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish hamda bekor qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
Texnik reglamentlar, ularga oʻzgartirish va (yoki) qoʻshimchalar kiritish yoxud bekor qilish loyihasi boʻyicha taklif va eʼtirozlarni koʻrib chiqish JADVALI _________________________________________________________________________________________________ texnik reglament, ularga oʻzgartirish va (yoki) qoʻshimchalar kiritish yoxud bekor qilish loyihasining nomi Texnik reglamentning tegishli qismi, bandi Taklif va eʼtirozlarni taqdim etgan tashkilot nomi (xat raqami va sanasi, manzili mavjud boʻlganda), jismoniy shaxsning ismi va familiyasi, manzili (mavjud boʻlsa) Taklif va eʼtirozlar Koʻrib chiqish natijasi 1 2 3 4
Texnik reglamentlarni ishlab chiqish, ularni tasdiqlash, oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish hamda bekor qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 4-ILOVA
Texnik reglamentlar talablariga rioya etilishini ixtiyoriy ravishda taʼminlovchi
T/r Texnik reglamentning aniq qismi, bandi Standartning belgilanishi Standartning nomlanishi Izoh 1 2 3 4 5
Texnik reglamentlarni ishlab chiqish, ularni tasdiqlash, oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish hamda bekor qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 5-ILOVA
Texnik reglamentlar talablarini qoʻllash va bajarish hamda mahsulotning muvofiqligini baholash (tasdiqlash) uchun zarur boʻlgan namunalar olish, sinash va oʻlchash usullarini belgilovchi
T/r Texnik reglamentning aniq qismi, bandi Standartning belgilanishi Standartning nomlanishi Izoh 1 2 3 4 5
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 27-fevral,
128-son