📅 2025-yil 25-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 25-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 25 февраль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 25 февраля 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 25 February 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
Расмий статистикани тайёрлаш ва тарқатиш жараёнларига аутсорсинг механизмларини жорий этиш тўғрисида
Статистика кузатувларини самарали ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Расмий статистикани тайёрловчилар томонидан статистика кузатувларини амалга ошириш жараёнига статистика кузатувчиларини аутсорсинг шартлари асосида жалб этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
статистика кузатувларини аутсорсинг шартлари асосида ташкил этиш;
аутсорсинг хизматларига нарх белгилаш тартиби;
аутсорсинг хизматини кўрсатувчи статистика кузатувчисини танлаш, шартнома тузиш ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби;
статистика кузатувчиси ва буюртмачининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари;
аутсорсинг хизматини кўрсатиш мониторингини юритиш.
3. Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси расмий статистикани бошқа тайёрловчилар билан биргаликда:
статистика нашрларининг кенг доирадаги фойдаланувчиларга етказилишини таъминлаш мақсадида расмий статистикани тарқатиш жараёнларига аутсорсинг механизмларини жорий этган ҳолда, нашрлар савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари жалб этилишини йўлга қўйсин;
2025 йил 1 апрелга қадар норасмий сектор, шу жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлар фаолияти бўйича танланма кузатувларни синов тариқасида аутсорсинг механизмлари асосида ташкил этиш натижалари бўйича Статистика кенгашига таклифлар киритсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу қарорнинг моҳияти ва аҳамияти соҳа иштирокчиларига кенг тушунтирилишини таъминласин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 25 февралдаги 116-сон қарорига ИЛОВА
Расмий статистикани тайёрловчилар томонидан статистика кузатувларини амалга ошириш жараёнига статистика кузатувчиларини аутсорсинг шартлари асосида жалб этиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом расмий статистикани тайёрловчилар томонидан расмий статистика соҳасида статистика кузатувларини амалга ошириш жараёнига консалтинг компаниялари, олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтларини (кейинги ўринларда — статистика кузатувчилари) аутсорсинг асосида жалб этиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
аутсорсинг — расмий статистика соҳасидаги айрим статистика кузатувларини амалга ошириш фаолиятини шартнома асосида статистика кузатувчисига ўтказиш;
буюртмачи — расмий статистикани тайёрловчилар;
кузатув услубиёти — статистика кузатувини амалга ошириш жараёнида фойдаланиладиган усуллар, қоидалар ва принциплар тизими;
расмий статистикани тайёрловчилар — миллий статистика тизимининг бир қисми бўлган, статистика маълумотларини расмий статистика соҳасидаги статистика дастурларига мувофиқ тайёрлайдиган республика ижро этувчи ҳокимият органлари;
статистика кузатувлари — расмий статистикани тайёрловчилар томонидан статистика услубиётларидан фойдаланган ҳолда, статистика мақсадларида амалга ошириладиган ҳамда респондентларнинг индивидуал ва бошқа маълумотларини бирламчи тўплаш жараёнлари статистика кузатувлари, статистика ҳисоботи ва танланма статистика кузатуви бўлиши мумкин;
статистика кузатувчиси — расмий статистикани тайёрловчиларга шартнома асосида аутсорсинг хизматини кўрсатувчи консалтинг компанияси, олий таълим муассасаси ёки илмий-тадқиқот институти;
талабгор — ушбу Низомга мувофиқ расмий статистикани тайёрловчиларга аутсорсинг асосида хизмат кўрсатиш бўйича танловда иштирок этиш истагини билдирган статистика кузатувчиси.
2-боб. Статистика кузатувларини аутсорсинг шартлари асосида ташкил этиш
3. Буюртмачи томонидан статистика кузатувчиси ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ танланади.
4. Расмий статистикани тайёрловчилар Статистика дастури доирасида амалга ошириладиган статистика кузатувларининг, шунингдек, Статистика дастурига киритилмаган статистика кузатувларининг (рўйхатга олиш, бир марталик ҳисобга олиш, танланма сўровлар) тўлиқ ёки бир қисмини аутсорсинг шартлари асосида амалга оширишлари мумкин (статистика ҳисоботлари ва статистика ҳисоботларини тақдим этишнинг онлайн тизимидан (еStat) фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган танланма статистика кузатувлари бундан мустасно).
5. Статистика кузатувларини амалга ошириш учун статистика кузатувчиларини аутсорсинг шартлари асосида жалб этиш ишлари расмий статистикани тайёрловчилар томонидан ўз ваколатлари доирасида мустақил равишда аниқланади ва ташкил этилади.
6. Аутсорсинг асосида ташкил этиладиган статистика кузатувлари республика бўйича ялпи ёки маълум бир ҳудуд, тармоқ, соҳа ва йўналишлар бўйича танланма усулда амалга оширилиши мумкин.
Аутсорсинг асосида ташкил этиладиган статистика кузатувлари кўлами расмий статистикани тайёрловчилар томонидан ўз ваколатлари доирасида мустақил равишда белгиланади.
7. Аутсорсинг шартлари асосида амалга ошириладиган статистика кузатувлари расмий статистикани тайёрловчилар томонидан тасдиқланадиган статистика кузатувлари шакллари асосида амалга оширилади (зарур ҳолларда, статистика кузатувчиси кузатув шакли бланкаси билан ўзаро келишилган шартнома асосида таъминланади).
8. Аутсорсинг шартлари асосида амалга ошириладиган статистика кузатувларида респондентлар ва уй хўжаликлари ихтиёрий асосда иштирок этади.
3-боб. Аутсорсинг хизматларига нарх белгилаш тартиби
9. Аутсорсинг хизматларига ҳақ тўлаш миқдорлари буюртмачи томонидан тегишли статистика кузатувини амалга ошириш учун сарфланадиган барча харажатлар (иш ҳақи, иш ҳақига ажратма, моддий ва бошқа харажатлар) суммасидан келиб чиқиб, шартнома асосида белгиланади.
Бунда иқтисодий самарадорликни ошириш мақсадида статистика кузатувчиси томонидан статистика кузатувини амалга ошириш учун тўланадиган ҳақ миқдори ушбу статистика кузатувини амалга ошириш учун буюртмачи томонидан бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан сарфланадиган барча харажатлардан ошиб кетмаслиги керак.
4-боб. Статистика кузатувчисини танлаш, шартнома тузиш ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби
10. Аутсорсинг хизматини кўрсатувчи статистика кузатувчисини танлаш, аутсорсинг хизматларига нарх белгилаш ва шартнома тузиш жараёнлари давлат харидлари соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
11. Статистика кузатувларини аутсорсинг шартлари асосида амалга оширишни режалаштираётган талабгорларга нисбатан қуйидаги талаблар қўйилади:
шартнома тузиш учун қонуний ҳуқуққа эгалиги;
шартномани бажариш учун зарур техник, моддий, кадрлар ресурсларининг ҳамда бошқа ресурсларнинг мавжудлиги;
солиқ қарзи мавжуд эмаслиги;
ўзига нисбатан жорий этилган банкротлик тартиб-таомилларининг мавжуд эмаслиги;
инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрида қайд этилмаганлиги.
Талабгорнинг таклифи талабларга мос келмаганлиги тўғрисидаги қарорни ушбу қарор қабул қилинган кунда талабгорнинг шахсий кабинетига юборади.
12. Агар таклиф Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуни ва харид ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлса, у харид комиссияси томонидан расмийлаштирилган деб топилади.
13. Дастлабки электрон баённома расмийлаштирилган кунда давлат харидларининг электрон тизимида муҳокама қилиш учун икки иш кунига жойлаштирилади.
Икки иш куни ичида талабгорлар томонидан натижалар бўйича эътирозлар тушмаган бўлса, бу тўғрисида харид комиссиясининг тегишли мажлисининг электрон баённомаси расмийлаштирилади ва давлат буюртмачиси билан ғолиб деб топилган талабгор ўртасида шартнома тузилади.
14. Буюртмачи томонидан харид комиссиясига тақдим этилган эътирозлар юзасидан муҳокама натижалари тўғрисидаги ахборот асосида харид комиссияси тегишли мажлисининг электрон баённомаси расмийлаштирилади ва баённома имзоланган кундан бошлаб уч иш куни ичида давлат харидларининг электрон тизимига жойлаштирилади.
15. Статистика кузатувчисини танлаш натижалари асосида ғолиб аниқланган вақтдан бошлаб буюртмачи ва талабгор ўртасида ўн иш кундан кечиктирмасдан шартнома тузилади.
Бунда шартнома статистика кузатувини амалга ошириш даврийлигидан келиб чиққан ҳолда ва ушбу кузатувни амалга ошириш учун ажратилган маблағлар доирасида тузилади.
16. Статистика кузатувчисини танлаш натижаларига кўра шартнома электрон шаклда тузилади ҳамда Шартномаларнинг ягона реестрига киритилади.
17. Статистика кузатувчисини танлаш натижаларига кўра тузилган шартномага мувофиқ статистика кузатувини амалга ошириш учун ажратилган маблағнинг 15 фоизи олдиндан ўтказиб берилади, қолган 85 фоизи ҳақиқатда кузатувни амалга ошириш натижаси буюртмачига тақдим қилингандан кейинги ойнинг 10-санасига қадар ўтказилади.
5-боб. Статистика кузатувчисини ҳамда буюртмачининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
18. Статистика кузатувчиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
статистика кузатувини амалга ошириш бўйича буюртмачи томонидан белгиланган тартиб, яъни кузатувларни амалга ошириш услубиёти, мақсади, вазифалари ва қоидалари билан танишиш;
буюртмачидан статистика кузатуви амалга ошириладиган ҳудуд, кузатувга жалб этиладиган респондентлар сони ва рўйхати ҳамда кузатувни якунлаш муддати тўғрисидаги маълумотларни олиш;
кўрсатилган хизматлар учун тўловни шартномада белгиланган миқдор ва муддатда талаб қилиш;
хизматлар таннархининг ўзгариши муносабати билан шартномага ўзгартириш киритиш таклифи билан чиқиш;
буюртмачидан шартнома шартларининг бажарилишини талаб қилиш;
Статистика кузатувчиси қонунчилик ҳужжатларига ҳамда шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
19. Статистика кузатувчисининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:
статистика кузатувини амалга ошириш услубиёти, мақсади, вазифалари ва қоидаларига қатъий риоя қилиш (статистика кузатувларини амалга ошириш усуллари буюртмачи томонидан республика бўйича ялпи ёки маълум бир ҳудуд, тармоқ, соҳа ва йўналишлар бўйича танланма усулда ўтказилиши белгиланиши мумкин);
штатида етарли иш тажрибасига ва кўникмага эга ходимлар бўлиши (энг камида 1 та иқтисодий, статистика ёки социология мутахассислигига эга олий маълумотли ҳамда камида 3 йил иш стажига эга ходим бўлиши);
статистика кузатувчиси ходимларини статистика кузатувини амалга ошириш тартиби ва тамойиллари, мақсади, вазифалари, аҳамияти, ташкилий ҳамда услубий асослари бўйича билимга эга бўлиши учун ҳар икки йилда Миллий статистика қўмитасининг ҳузуридаги Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институтида малакасини ошириш;
статистика кузатувини ташкил этиш ва амалга оширишда, буюртмачи томонидан статистика кузатуви амалга оширилиши белгиланган ҳудуд, кузатувга жалб этиладиган респондентлар сони тўлиқ қамраб олинишини таъминлаш ҳамда кузатувни якунлаш муддатига қатъий риоя қилиш;
статистика кузатувини амалга оширишда меҳнат муҳофазаси қоидаларига қатъий амал қилиш;
статистика кузатувини белгиланган тартибда ва муддатларда сифатли ташкил этиш ҳамда амалга ошириш, кузатув натижалари бўйича маълумотларни буюртмачига белгиланган муддатда тақдим қилиш;
тақдим этилган маълумотлар тўлиқ бўлмаган, сифатсиз ёки белгиланган талабларга жавоб бермаган ҳолларда, буюртмачи томонидан қайтарилган маълумотларни зудлик билан бартараф этиш ва тузатиш киритилган маълумотларни буюртмачига қайта тақдим этиш (муддат буюртмачи билан келишган ҳолда);
статистика кузатувини амалга ошириш даврида ёки кузатув тугагандан кейин ҳам белгиланган тартибда ахборот махфийлигига (бирламчи маълумотларнинг, шунингдек, шахсга доир маълумотларнинг ошкор этилмаслигига) қатъий риоя этиш;
шартномани бекор қилиш ҳақида буюртмачини икки ой олдин ёзма равишда огоҳлантириши, ушбу муддат тугагунига қадар эса буюртмачининг тегишли хизматларини узлуксиз ташкил этишни таъминлаши лозим.
Статистика кузатувчига қонунчилик ҳужжатларига ва шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.
20. Аутсорсингга топширилган статистика кузатувларининг статистика кузатувчиси томонидан бошқа статистика кузатувчисига берилиши тақиқланади.
21. Буюртмачи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
статистика кузатувлари аутсорсинг шартлари асосида ташкил этилишини мустақил белгилаш;
статистика кузатувчилари танловини ўтказиш ва мақбул номзодларни танлаб олиш;
статистика кузатувчилари томонидан статистика кузатувларини амалга оширишда аутсорсинг шартларига қатъий риоя этилиши ҳолатини ўрганиб бориш;
статистика кузатувини амалга ошираётган статистика кузатувчисидан кузатувнинг сифати ва самарадорлигини юқори даражада бўлишини талаб қилиш;
статистика кузатувчисининг фаолиятига аралашмаган ҳолда, статистика кузатувчиси томонидан амалга оширилаётган статистика кузатуви сифатининг кузатув ўтказиш услубиётига мувофиқлигини мониторинг қилиш ва танланма асосида мустақил ўрганиш (текшириш);
статистика кузатувчисидан статистика кузатувини белгиланган тартибда ва муддатларда ташкил этиш ҳамда амалга оширишни, кузатув натижалари бўйича маълумотларни белгиланган муддатда тақдим этишини талаб қилиш;
статистика кузатувчилари томонидан бажарилган ишларни қабул қилиш;
тақдим этилган маълумотлар тўлиқ бўлмаган, сифатсиз ёки белгиланган талабларга жавоб бермаган ҳолларда, ушбу камчиликларни бартараф этиш учун маълумотларни статистика кузатувчисига қайтариш ва ундан камчиликларни бартараф этишни талаб этиш;
статистика кузатувчиси томонидан статистика кузатувини амалга ошириш даврида ёки кузатув тугагандан кейин ҳам белгиланган тартибда ахборот махфийлигига риоя этишини ва уларнинг ошкор этилишига йўл қўймаслигини кафолатлашни талаб қилиш.
22. Буюртмачи мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:
аутсорсинг шартлари асосида ташкил этиладиган статистика кузатувларини амалга ошириш услубиётини ишлаб чиқиш, кузатувлар ҳажмини ва кузатиш муддатини белгилаш;
статистика кузатувчисини статистика кузатувини амалга ошириш тартиблари, мақсади, вазифалари, аҳамияти, ташкилий ва услубий асослари билан таништириш бўйича ўқитиш;
статистика кузатувчисини электрон қурилма (планшет) орқали амалга ошириладиган статистика кузатуви шакли бўйича дастурий маҳсулот билан таъминлаш;
статистика кузатувчисини статистика кузатуви амалга ошириладиган ҳудуд, кузатувга жалб этиладиган респондентлар сони ва рўйхати ҳамда кузатувни якунлаш муддати тўғрисидаги маълумотлар ҳамда кузатувни амалга ошириш услубиёти билан таъминлаш;
кўрсатилган хизматлар учун шартномада белгиланган миқдор ва муддатда тўловни амалга ошириш.
Буюртмачи томонидан статистика кузатувларига жалб этиладиган респондентлар рўйхатини тузишда зарур ҳолларда (кузатувда иштирок этишдан бош тортиш, манзилда бўлмаслик ва бошқалар) уларни алмаштириш имконини берувчи қўшимча захира рўйхат ҳам шакллантирилиши кўзда тутилиши лозим.
23. Аутсорсинг хизматларини ташкил этишда қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши бўйича буюртмачи ва статистика кузатувчиси масъул ҳисобланади.
6-боб. Аутсорсинг хизмати кўрсатилиши юзасидан назорат ва мониторингни амалга ошириш
24. Аутсорсинг хизмати кўрсатилиши юзасидан назорат ва мониторинг буюртмачи томонидан шартномада белгиланган шартларда ва муддатларда амалга оширилади.
25. Аутсорсинг хизмати кўрсатилиши юзасидан мониторинг буюртмачи ташкил этадиган комиссия (кейинги ўринларда — комиссия) томонидан амалга оширилади.
26. Комиссия таркиби буюртмачи томонидан тасдиқланади.
Комиссия таркибига статистика соҳасида етарли тажрибага эга бўлган камида уч нафар мутахассис киритилиши лозим.
27. Комиссия:
аутсорсинг хизмати кўрсатилиши юзасидан доимий мониторинг юритади, жумладан, статистика кузатуви амалга оширилган респондентлар ўртасида танлов асосида сўровномалар ўтказади;
мониторинг натижаларидан келиб чиқиб, буюртмачи ва статистика кузатувчисига тегишли таклиф ва тавсиялар киритади;
статистика кузатувчисининг фаолиятига аралашмаган ҳолда, статистика кузатувчиси томонидан амалга оширилаётган статистика кузатуви сифатининг кузатув ўтказиш услубиётига мувофиқлигини мониторинг қилади.
7-боб. Якунловчи қоидалар
28. Буюртмачи кузатув натижалари бўйича статистика кузатувчиси томонидан тақдим этилган маълумотлардан расмий статистика маълумотларини шакллантириш мақсадида фойдаланади.
29. Аутсорсинг ўтказиш давомида юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
Расмий статистикани тайёрловчилар томонидан статистика кузатувларини амалга ошириш жараёнига статистика кузатувчиларини аутсорсинг шартлари асосида жалб этиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Муддатлар 1-босқич Буюртмачи 1. Тоқ сонли ва камида беш нафар аъзодан иборат таркибда харид комиссиясини тузади. 2. Харид комиссиясининг ҳар бир аъзосига давлат харидларининг электрон тизимида шахсий кабинет очади. 3. Статистика кузатувчисини танлаш тўғрисида қарор қабул қилади. Заруратга кўра 2-босқич Буюртмачи Харид ҳужжатлари, шартнома ва статистика кузатувчисини танлаш ҳақидаги эълоннинг матнини ишлаб чиқиб, Харид комиссиясига келишиш учун электрон шаклда тақдим этади. Статистика кузатувчисини танлаш тўғрисида қарор қабул қилинганидан сўнг уч иш куни давомида 3-босқич Харид комиссияси Харид ҳужжатлари, шартнома ва статистика кузатувчисини танлаш ҳақидаги эълоннинг матнини кўриб чиқади ва келишилган ҳужжатларни буюртмачига юборади. Уч иш куни давомида 4-босқич Буюртмачи 1. Харид комиссияси билан келишилган харид ҳужжатларини электрон рақамли имзо билан тасдиқлайди. 2. Харид ҳужжатлари, шунингдек, статистика кузатувчисини танлаш ҳақидаги эълонни давлат харидларининг электрон тизимига жойлаштиради. 1. Бир иш куни ичида 2. Талабгорларнинг таклифларини қабул қилиш муддати тугашидан камида беш иш кунидан олдин 5-босқич Талабгор Электрон таклифни ўзининг шахсий кабинети орқали тақдим этади. Эълонда кўрсатилган муддатдан кечиктирмай 6-босқич Давлат харидларининг электрон тизими 1. Таклиф этилаётган нархнинг бошланғич нархга мувофиқлигини ва электрон майдонларнинг тўлдирилганлигини, бириктирилган файлларнинг мавжудлигини текширади. 2. Таклиф этилаётган нарх бошланғич нархдан юқори бўлса, тўлдирилиши мажбурий бўлган майдонлар тўлдирилмаган бўлса ёки бириктирилиши мажбурий бўлган файллар мавжуд бўлмаса, рад этиш сабабини кўрсатган ҳолда талабгорнинг таклифини рад этади. 3. Таклиф талабларга мос келмаганлиги тўғрисидаги қарорни талабгорнинг шахсий кабинетига юборади. Таклифларни қабул қилиш муддати тугагунига қадар Қарор қабул қилинган кунда 7-босқич Давлат харидларининг электрон тизими 1. Танлаш тўғрисидаги таклифнинг миқдорий кўрсаткичларини, шу жумладан, нарх қисмини баҳолайди. 2. Таклифларни кўриб чиқиш ҳамда баҳолаш натижалари бўйича дастлабки электрон баённомани шакллантиради. Таклифлар бериш тугаган пайтдан эътиборан ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатда Автоматик тарзда 8-босқич Харид комиссияси аъзолари Дастлабки электрон баённомани электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда имзолайди. Таклифлар бериш тугаган пайтдан эътиборан ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатда 9-босқич Давлат харидларининг электрон тизими 1. Дастлабки электрон баённомани муҳокама учун жойлаштиради. 2. Электрон баённома муҳокамасини ўтказади. Автоматик тарзда Икки иш куни ичида 10-босқич Харид комиссияси Талабгорлардан танлов ўтказиш натижалари бўйича эътирозлар тушмаган бўлса, бу ҳақда тегишли электрон баённома расмийлаштиради. Икки иш куни ичида 11-босқич Буюртмачи Ғолиб деб топилган талабгор билан электрон шаклда шартнома тузади. Ўн иш куни ичида 12-босқич Давлат харидларининг электрон тизими Тузилган шартнома тўғрисидаги маълумотларни Шартномаларнинг ягона реестрига жойлаштиради. Автоматик тарзда
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 25 февраль,
116-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
Rasmiy statistikani tayyorlash va tarqatish jarayonlariga autsorsing mexanizmlarini joriy etish toʻgʻrisida
Statistika kuzatuvlarini samarali tashkil etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Rasmiy statistikani tayyorlovchilar tomonidan statistika kuzatuvlarini amalga oshirish jarayoniga statistika kuzatuvchilarini autsorsing shartlari asosida jalb etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
statistika kuzatuvlarini autsorsing shartlari asosida tashkil etish;
autsorsing xizmatlariga narx belgilash tartibi;
autsorsing xizmatini koʻrsatuvchi statistika kuzatuvchisini tanlash, shartnoma tuzish va hisob-kitoblarni amalga oshirish tartibi;
statistika kuzatuvchisi va buyurtmachining huquq hamda majburiyatlari;
autsorsing xizmatini koʻrsatish monitoringini yuritish.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Milliy statistika qoʻmitasi rasmiy statistikani boshqa tayyorlovchilar bilan birgalikda:
statistika nashrlarining keng doiradagi foydalanuvchilarga yetkazilishini taʼminlash maqsadida rasmiy statistikani tarqatish jarayonlariga autsorsing mexanizmlarini joriy etgan holda, nashrlar savdosi bilan shugʻullanuvchi tadbirkorlik subyektlari jalb etilishini yoʻlga qoʻysin;
2025-yil 1-aprelga qadar norasmiy sektor, shu jumladan, yakka tartibdagi tadbirkorlar faoliyati boʻyicha tanlanma kuzatuvlarni sinov tariqasida autsorsing mexanizmlari asosida tashkil etish natijalari boʻyicha Statistika kengashiga takliflar kiritsin.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Milliy statistika qoʻmitasi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda ushbu qarorning mohiyati va ahamiyati soha ishtirokchilariga keng tushuntirilishini taʼminlasin.
5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 25-fevraldagi 116-son qaroriga ILOVA
Rasmiy statistikani tayyorlovchilar tomonidan statistika kuzatuvlarini amalga oshirish jarayoniga statistika kuzatuvchilarini autsorsing shartlari asosida jalb etish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom rasmiy statistikani tayyorlovchilar tomonidan rasmiy statistika sohasida statistika kuzatuvlarini amalga oshirish jarayoniga konsalting kompaniyalari, oliy taʼlim muassasalari va ilmiy-tadqiqot institutlarini (keyingi oʻrinlarda — statistika kuzatuvchilari) autsorsing asosida jalb etish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
autsorsing — rasmiy statistika sohasidagi ayrim statistika kuzatuvlarini amalga oshirish faoliyatini shartnoma asosida statistika kuzatuvchisiga oʻtkazish;
buyurtmachi — rasmiy statistikani tayyorlovchilar;
kuzatuv uslubiyoti — statistika kuzatuvini amalga oshirish jarayonida foydalaniladigan usullar, qoidalar va prinsiplar tizimi;
rasmiy statistikani tayyorlovchilar — milliy statistika tizimining bir qismi boʻlgan, statistika maʼlumotlarini rasmiy statistika sohasidagi statistika dasturlariga muvofiq tayyorlaydigan respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari;
statistika kuzatuvlari — rasmiy statistikani tayyorlovchilar tomonidan statistika uslubiyotlaridan foydalangan holda, statistika maqsadlarida amalga oshiriladigan hamda respondentlarning individual va boshqa maʼlumotlarini birlamchi toʻplash jarayonlari statistika kuzatuvlari, statistika hisoboti va tanlanma statistika kuzatuvi boʻlishi mumkin;
statistika kuzatuvchisi — rasmiy statistikani tayyorlovchilarga shartnoma asosida autsorsing xizmatini koʻrsatuvchi konsalting kompaniyasi, oliy taʼlim muassasasi yoki ilmiy-tadqiqot instituti;
talabgor — ushbu Nizomga muvofiq rasmiy statistikani tayyorlovchilarga autsorsing asosida xizmat koʻrsatish boʻyicha tanlovda ishtirok etish istagini bildirgan statistika kuzatuvchisi.
2-bob. Statistika kuzatuvlarini autsorsing shartlari asosida tashkil etish
3. Buyurtmachi tomonidan statistika kuzatuvchisi ushbu Nizomga ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq tanlanadi.
4. Rasmiy statistikani tayyorlovchilar Statistika dasturi doirasida amalga oshiriladigan statistika kuzatuvlarining, shuningdek, Statistika dasturiga kiritilmagan statistika kuzatuvlarining (roʻyxatga olish, bir martalik hisobga olish, tanlanma soʻrovlar) toʻliq yoki bir qismini autsorsing shartlari asosida amalga oshirishlari mumkin (statistika hisobotlari va statistika hisobotlarini taqdim etishning onlayn tizimidan (yeStat) foydalangan holda amalga oshiriladigan tanlanma statistika kuzatuvlari bundan mustasno).
5. Statistika kuzatuvlarini amalga oshirish uchun statistika kuzatuvchilarini autsorsing shartlari asosida jalb etish ishlari rasmiy statistikani tayyorlovchilar tomonidan oʻz vakolatlari doirasida mustaqil ravishda aniqlanadi va tashkil etiladi.
6. Autsorsing asosida tashkil etiladigan statistika kuzatuvlari respublika boʻyicha yalpi yoki maʼlum bir hudud, tarmoq, soha va yoʻnalishlar boʻyicha tanlanma usulda amalga oshirilishi mumkin.
Autsorsing asosida tashkil etiladigan statistika kuzatuvlari koʻlami rasmiy statistikani tayyorlovchilar tomonidan oʻz vakolatlari doirasida mustaqil ravishda belgilanadi.
7. Autsorsing shartlari asosida amalga oshiriladigan statistika kuzatuvlari rasmiy statistikani tayyorlovchilar tomonidan tasdiqlanadigan statistika kuzatuvlari shakllari asosida amalga oshiriladi (zarur hollarda, statistika kuzatuvchisi kuzatuv shakli blankasi bilan oʻzaro kelishilgan shartnoma asosida taʼminlanadi).
8. Autsorsing shartlari asosida amalga oshiriladigan statistika kuzatuvlarida respondentlar va uy xoʻjaliklari ixtiyoriy asosda ishtirok etadi.
3-bob. Autsorsing xizmatlariga narx belgilash tartibi
9. Autsorsing xizmatlariga haq toʻlash miqdorlari buyurtmachi tomonidan tegishli statistika kuzatuvini amalga oshirish uchun sarflanadigan barcha xarajatlar (ish haqi, ish haqiga ajratma, moddiy va boshqa xarajatlar) summasidan kelib chiqib, shartnoma asosida belgilanadi.
Bunda iqtisodiy samaradorlikni oshirish maqsadida statistika kuzatuvchisi tomonidan statistika kuzatuvini amalga oshirish uchun toʻlanadigan haq miqdori ushbu statistika kuzatuvini amalga oshirish uchun buyurtmachi tomonidan budjet va budjetdan tashqari mablagʻlar hisobidan sarflanadigan barcha xarajatlardan oshib ketmasligi kerak.
4-bob. Statistika kuzatuvchisini tanlash, shartnoma tuzish va hisob-kitoblarni amalga oshirish tartibi
10. Autsorsing xizmatini koʻrsatuvchi statistika kuzatuvchisini tanlash, autsorsing xizmatlariga narx belgilash va shartnoma tuzish jarayonlari davlat xaridlari sohasidagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.
11. Statistika kuzatuvlarini autsorsing shartlari asosida amalga oshirishni rejalashtirayotgan talabgorlarga nisbatan quyidagi talablar qoʻyiladi:
shartnoma tuzish uchun qonuniy huquqqa egaligi;
shartnomani bajarish uchun zarur texnik, moddiy, kadrlar resurslarining hamda boshqa resurslarning mavjudligi;
soliq qarzi mavjud emasligi;
oʻziga nisbatan joriy etilgan bankrotlik tartib-taomillarining mavjud emasligi;
insofsiz ijrochilarning yagona reyestrida qayd etilmaganligi.
Talabgorning taklifi talablarga mos kelmaganligi toʻgʻrisidagi qarorni ushbu qaror qabul qilingan kunda talabgorning shaxsiy kabinetiga yuboradi.
12. Agar taklif Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat xaridlari toʻgʻrisida”gi Qonuni va xarid hujjatlari talablariga muvofiq boʻlsa, u xarid komissiyasi tomonidan rasmiylashtirilgan deb topiladi.
13. Dastlabki elektron bayonnoma rasmiylashtirilgan kunda davlat xaridlarining elektron tizimida muhokama qilish uchun ikki ish kuniga joylashtiriladi.
Ikki ish kuni ichida talabgorlar tomonidan natijalar boʻyicha eʼtirozlar tushmagan boʻlsa, bu toʻgʻrisida xarid komissiyasining tegishli majlisining elektron bayonnomasi rasmiylashtiriladi va davlat buyurtmachisi bilan gʻolib deb topilgan talabgor oʻrtasida shartnoma tuziladi.
14. Buyurtmachi tomonidan xarid komissiyasiga taqdim etilgan eʼtirozlar yuzasidan muhokama natijalari toʻgʻrisidagi axborot asosida xarid komissiyasi tegishli majlisining elektron bayonnomasi rasmiylashtiriladi va bayonnoma imzolangan kundan boshlab uch ish kuni ichida davlat xaridlarining elektron tizimiga joylashtiriladi.
15. Statistika kuzatuvchisini tanlash natijalari asosida gʻolib aniqlangan vaqtdan boshlab buyurtmachi va talabgor oʻrtasida oʻn ish kundan kechiktirmasdan shartnoma tuziladi.
Bunda shartnoma statistika kuzatuvini amalga oshirish davriyligidan kelib chiqqan holda va ushbu kuzatuvni amalga oshirish uchun ajratilgan mablagʻlar doirasida tuziladi.
16. Statistika kuzatuvchisini tanlash natijalariga koʻra shartnoma elektron shaklda tuziladi hamda Shartnomalarning yagona reyestriga kiritiladi.
17. Statistika kuzatuvchisini tanlash natijalariga koʻra tuzilgan shartnomaga muvofiq statistika kuzatuvini amalga oshirish uchun ajratilgan mablagʻning 15 foizi oldindan oʻtkazib beriladi, qolgan 85 foizi haqiqatda kuzatuvni amalga oshirish natijasi buyurtmachiga taqdim qilingandan keyingi oyning 10-sanasiga qadar oʻtkaziladi.
5-bob. Statistika kuzatuvchisini hamda buyurtmachining huquqlari va majburiyatlari
18. Statistika kuzatuvchisi quyidagi huquqlarga ega:
statistika kuzatuvini amalga oshirish boʻyicha buyurtmachi tomonidan belgilangan tartib, yaʼni kuzatuvlarni amalga oshirish uslubiyoti, maqsadi, vazifalari va qoidalari bilan tanishish;
buyurtmachidan statistika kuzatuvi amalga oshiriladigan hudud, kuzatuvga jalb etiladigan respondentlar soni va roʻyxati hamda kuzatuvni yakunlash muddati toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni olish;
koʻrsatilgan xizmatlar uchun toʻlovni shartnomada belgilangan miqdor va muddatda talab qilish;
xizmatlar tannarxining oʻzgarishi munosabati bilan shartnomaga oʻzgartirish kiritish taklifi bilan chiqish;
buyurtmachidan shartnoma shartlarining bajarilishini talab qilish;
Statistika kuzatuvchisi qonunchilik hujjatlariga hamda shartnomaga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
19. Statistika kuzatuvchisining majburiyatlari quyidagilardan iborat:
statistika kuzatuvini amalga oshirish uslubiyoti, maqsadi, vazifalari va qoidalariga qatʼiy rioya qilish (statistika kuzatuvlarini amalga oshirish usullari buyurtmachi tomonidan respublika boʻyicha yalpi yoki maʼlum bir hudud, tarmoq, soha va yoʻnalishlar boʻyicha tanlanma usulda oʻtkazilishi belgilanishi mumkin);
shtatida yetarli ish tajribasiga va koʻnikmaga ega xodimlar boʻlishi (eng kamida 1 ta iqtisodiy, statistika yoki sotsiologiya mutaxassisligiga ega oliy maʼlumotli hamda kamida 3 yil ish stajiga ega xodim boʻlishi);
statistika kuzatuvchisi xodimlarini statistika kuzatuvini amalga oshirish tartibi va tamoyillari, maqsadi, vazifalari, ahamiyati, tashkiliy hamda uslubiy asoslari boʻyicha bilimga ega boʻlishi uchun har ikki yilda Milliy statistika qoʻmitasining huzuridagi Kadrlar malakasini oshirish va statistik tadqiqotlar institutida malakasini oshirish;
statistika kuzatuvini tashkil etish va amalga oshirishda, buyurtmachi tomonidan statistika kuzatuvi amalga oshirilishi belgilangan hudud, kuzatuvga jalb etiladigan respondentlar soni toʻliq qamrab olinishini taʼminlash hamda kuzatuvni yakunlash muddatiga qatʼiy rioya qilish;
statistika kuzatuvini amalga oshirishda mehnat muhofazasi qoidalariga qatʼiy amal qilish;
statistika kuzatuvini belgilangan tartibda va muddatlarda sifatli tashkil etish hamda amalga oshirish, kuzatuv natijalari boʻyicha maʼlumotlarni buyurtmachiga belgilangan muddatda taqdim qilish;
taqdim etilgan maʼlumotlar toʻliq boʻlmagan, sifatsiz yoki belgilangan talablarga javob bermagan hollarda, buyurtmachi tomonidan qaytarilgan maʼlumotlarni zudlik bilan bartaraf etish va tuzatish kiritilgan maʼlumotlarni buyurtmachiga qayta taqdim etish (muddat buyurtmachi bilan kelishgan holda);
statistika kuzatuvini amalga oshirish davrida yoki kuzatuv tugagandan keyin ham belgilangan tartibda axborot maxfiyligiga (birlamchi maʼlumotlarning, shuningdek, shaxsga doir maʼlumotlarning oshkor etilmasligiga) qatʼiy rioya etish;
shartnomani bekor qilish haqida buyurtmachini ikki oy oldin yozma ravishda ogohlantirishi, ushbu muddat tugaguniga qadar esa buyurtmachining tegishli xizmatlarini uzluksiz tashkil etishni taʼminlashi lozim.
Statistika kuzatuvchiga qonunchilik hujjatlariga va shartnomaga muvofiq boshqa majburiyatlar ham yuklanishi mumkin.
20. Autsorsingga topshirilgan statistika kuzatuvlarining statistika kuzatuvchisi tomonidan boshqa statistika kuzatuvchisiga berilishi taqiqlanadi.
21. Buyurtmachi quyidagi huquqlarga ega:
statistika kuzatuvlari autsorsing shartlari asosida tashkil etilishini mustaqil belgilash;
statistika kuzatuvchilari tanlovini oʻtkazish va maqbul nomzodlarni tanlab olish;
statistika kuzatuvchilari tomonidan statistika kuzatuvlarini amalga oshirishda autsorsing shartlariga qatʼiy rioya etilishi holatini oʻrganib borish;
statistika kuzatuvini amalga oshirayotgan statistika kuzatuvchisidan kuzatuvning sifati va samaradorligini yuqori darajada boʻlishini talab qilish;
statistika kuzatuvchisining faoliyatiga aralashmagan holda, statistika kuzatuvchisi tomonidan amalga oshirilayotgan statistika kuzatuvi sifatining kuzatuv oʻtkazish uslubiyotiga muvofiqligini monitoring qilish va tanlanma asosida mustaqil oʻrganish (tekshirish);
statistika kuzatuvchisidan statistika kuzatuvini belgilangan tartibda va muddatlarda tashkil etish hamda amalga oshirishni, kuzatuv natijalari boʻyicha maʼlumotlarni belgilangan muddatda taqdim etishini talab qilish;
statistika kuzatuvchilari tomonidan bajarilgan ishlarni qabul qilish;
taqdim etilgan maʼlumotlar toʻliq boʻlmagan, sifatsiz yoki belgilangan talablarga javob bermagan hollarda, ushbu kamchiliklarni bartaraf etish uchun maʼlumotlarni statistika kuzatuvchisiga qaytarish va undan kamchiliklarni bartaraf etishni talab etish;
statistika kuzatuvchisi tomonidan statistika kuzatuvini amalga oshirish davrida yoki kuzatuv tugagandan keyin ham belgilangan tartibda axborot maxfiyligiga rioya etishini va ularning oshkor etilishiga yoʻl qoʻymasligini kafolatlashni talab qilish.
22. Buyurtmachi majburiyatlari quyidagilardan iborat:
autsorsing shartlari asosida tashkil etiladigan statistika kuzatuvlarini amalga oshirish uslubiyotini ishlab chiqish, kuzatuvlar hajmini va kuzatish muddatini belgilash;
statistika kuzatuvchisini statistika kuzatuvini amalga oshirish tartiblari, maqsadi, vazifalari, ahamiyati, tashkiliy va uslubiy asoslari bilan tanishtirish boʻyicha oʻqitish;
statistika kuzatuvchisini elektron qurilma (planshet) orqali amalga oshiriladigan statistika kuzatuvi shakli boʻyicha dasturiy mahsulot bilan taʼminlash;
statistika kuzatuvchisini statistika kuzatuvi amalga oshiriladigan hudud, kuzatuvga jalb etiladigan respondentlar soni va roʻyxati hamda kuzatuvni yakunlash muddati toʻgʻrisidagi maʼlumotlar hamda kuzatuvni amalga oshirish uslubiyoti bilan taʼminlash;
koʻrsatilgan xizmatlar uchun shartnomada belgilangan miqdor va muddatda toʻlovni amalga oshirish.
Buyurtmachi tomonidan statistika kuzatuvlariga jalb etiladigan respondentlar roʻyxatini tuzishda zarur hollarda (kuzatuvda ishtirok etishdan bosh tortish, manzilda boʻlmaslik va boshqalar) ularni almashtirish imkonini beruvchi qoʻshimcha zaxira roʻyxat ham shakllantirilishi koʻzda tutilishi lozim.
23. Autsorsing xizmatlarini tashkil etishda qonunchilik hujjatlari talablariga rioya etilishi boʻyicha buyurtmachi va statistika kuzatuvchisi masʼul hisoblanadi.
6-bob. Autsorsing xizmati koʻrsatilishi yuzasidan nazorat va monitoringni amalga oshirish
24. Autsorsing xizmati koʻrsatilishi yuzasidan nazorat va monitoring buyurtmachi tomonidan shartnomada belgilangan shartlarda va muddatlarda amalga oshiriladi.
25. Autsorsing xizmati koʻrsatilishi yuzasidan monitoring buyurtmachi tashkil etadigan komissiya (keyingi oʻrinlarda — komissiya) tomonidan amalga oshiriladi.
26. Komissiya tarkibi buyurtmachi tomonidan tasdiqlanadi.
Komissiya tarkibiga statistika sohasida yetarli tajribaga ega boʻlgan kamida uch nafar mutaxassis kiritilishi lozim.
27. Komissiya:
autsorsing xizmati koʻrsatilishi yuzasidan doimiy monitoring yuritadi, jumladan, statistika kuzatuvi amalga oshirilgan respondentlar oʻrtasida tanlov asosida soʻrovnomalar oʻtkazadi;
monitoring natijalaridan kelib chiqib, buyurtmachi va statistika kuzatuvchisiga tegishli taklif va tavsiyalar kiritadi;
statistika kuzatuvchisining faoliyatiga aralashmagan holda, statistika kuzatuvchisi tomonidan amalga oshirilayotgan statistika kuzatuvi sifatining kuzatuv oʻtkazish uslubiyotiga muvofiqligini monitoring qiladi.
7-bob. Yakunlovchi qoidalar
28. Buyurtmachi kuzatuv natijalari boʻyicha statistika kuzatuvchisi tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlardan rasmiy statistika maʼlumotlarini shakllantirish maqsadida foydalanadi.
29. Autsorsing oʻtkazish davomida yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
Rasmiy statistikani tayyorlovchilar tomonidan statistika kuzatuvlarini amalga oshirish jarayoniga statistika kuzatuvchilarini autsorsing shartlari asosida jalb etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Buyurtmachi 1. Toq sonli va kamida besh nafar aʼzodan iborat tarkibda xarid komissiyasini tuzadi. 2. Xarid komissiyasining har bir aʼzosiga davlat xaridlarining elektron tizimida shaxsiy kabinet ochadi. 3. Statistika kuzatuvchisini tanlash toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. Zaruratga koʻra 2-bosqich Buyurtmachi Xarid hujjatlari, shartnoma va statistika kuzatuvchisini tanlash haqidagi eʼlonning matnini ishlab chiqib, Xarid komissiyasiga kelishish uchun elektron shaklda taqdim etadi. Statistika kuzatuvchisini tanlash toʻgʻrisida qaror qabul qilinganidan soʻng uch ish kuni davomida 3-bosqich Xarid komissiyasi Xarid hujjatlari, shartnoma va statistika kuzatuvchisini tanlash haqidagi eʼlonning matnini koʻrib chiqadi va kelishilgan hujjatlarni buyurtmachiga yuboradi. Uch ish kuni davomida 4-bosqich Buyurtmachi 1. Xarid komissiyasi bilan kelishilgan xarid hujjatlarini elektron raqamli imzo bilan tasdiqlaydi. 2. Xarid hujjatlari, shuningdek, statistika kuzatuvchisini tanlash haqidagi eʼlonni davlat xaridlarining elektron tizimiga joylashtiradi. 1. Bir ish kuni ichida 2. Talabgorlarning takliflarini qabul qilish muddati tugashidan kamida besh ish kunidan oldin 5-bosqich Talabgor Elektron taklifni oʻzining shaxsiy kabineti orqali taqdim etadi. Eʼlonda koʻrsatilgan muddatdan kechiktirmay 6-bosqich Davlat xaridlarining elektron tizimi 1. Taklif etilayotgan narxning boshlangʻich narxga muvofiqligini va elektron maydonlarning toʻldirilganligini, biriktirilgan fayllarning mavjudligini tekshiradi. 2. Taklif etilayotgan narx boshlangʻich narxdan yuqori boʻlsa, toʻldirilishi majburiy boʻlgan maydonlar toʻldirilmagan boʻlsa yoki biriktirilishi majburiy boʻlgan fayllar mavjud boʻlmasa, rad etish sababini koʻrsatgan holda talabgorning taklifini rad etadi. 3. Taklif talablarga mos kelmaganligi toʻgʻrisidagi qarorni talabgorning shaxsiy kabinetiga yuboradi. Takliflarni qabul qilish muddati tugaguniga qadar Qaror qabul qilingan kunda 7-bosqich Davlat xaridlarining elektron tizimi 1. Tanlash toʻgʻrisidagi taklifning miqdoriy koʻrsatkichlarini, shu jumladan, narx qismini baholaydi. 2. Takliflarni koʻrib chiqish hamda baholash natijalari boʻyicha dastlabki elektron bayonnomani shakllantiradi. Takliflar berish tugagan paytdan eʼtiboran oʻn ish kunidan koʻp boʻlmagan muddatda Avtomatik tarzda 8-bosqich Xarid komissiyasi aʼzolari Dastlabki elektron bayonnomani elektron raqamli imzodan foydalangan holda imzolaydi. Takliflar berish tugagan paytdan eʼtiboran oʻn ish kunidan koʻp boʻlmagan muddatda 9-bosqich Davlat xaridlarining elektron tizimi 1. Dastlabki elektron bayonnomani muhokama uchun joylashtiradi. 2. Elektron bayonnoma muhokamasini oʻtkazadi. Avtomatik tarzda Ikki ish kuni ichida 10-bosqich Xarid komissiyasi Talabgorlardan tanlov oʻtkazish natijalari boʻyicha eʼtirozlar tushmagan boʻlsa, bu haqda tegishli elektron bayonnoma rasmiylashtiradi. Ikki ish kuni ichida 11-bosqich Buyurtmachi Gʻolib deb topilgan talabgor bilan elektron shaklda shartnoma tuzadi. Oʻn ish kuni ichida 12-bosqich Davlat xaridlarining elektron tizimi Tuzilgan shartnoma toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni Shartnomalarning yagona reyestriga joylashtiradi. Avtomatik tarzda
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 25-fevral,
116-son