UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 10-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 10 март · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 10 марта 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 10 March 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

МЕЗОНЛАРИ

Олий таълим ташкилотларида талабаларга грантларни тақдим этиш ва қайта тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида» 2024 йил 24 майдаги ПФ-81-сон Фармони ҳамда «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 23 сентябрдаги ПҚ-330-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, таълим грантларини иқтидорга йўналтириш, грант квоталарининг тақсимланишида рақобат муҳитини яратиш ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Олий таълим ташкилотларида талабаларга грантларни тақдим этиш ва қайта тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

таълим грантини иккинчи ва ундан юқори курс талабалари учун уларнинг сонидан келиб чиқиб, олий таълим ташкилоти ректори (директори) томонидан тўлиқ таълим гранти ва тўлиқ бўлмаган таълим грантига ажратиш ҳамда табақалаштирилган тарзда қайта тақсимлаш;

таълим грантини ҳар ўқув йили якунлангандан сўнг бакалавриат таълим йўналиши (магистратура мутахассислиги), таълим тили ва курслар кесимида табақалаштирилган тарзда алоҳида қайта тақсимлаш;

таълим грантини табақалаштирилган тарзда қайта тақсимлаш натижасига кўра таълим грантини олувчи талабалар рўйхатини олий таълим ташкилоти кенгашининг қарори билан тасдиқлаш.

2. Белгилаб қўйилсинки, вазирлик ва идоралар ўз тизимидаги олий таълим ташкилотлари учун ажратиладиган бюджет маблағлари ҳажмини ушбу қарорга мувофиқ ҳисоблайди ва навбатдаги молия йили учун Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан мазкур мақсадлар учун ажратиладиган маблағлар доирасида тақсимлайди.

3. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 10 мартдаги 149-сон қарорига ИЛОВА

Олий таълим ташкилотларида талабаларга грантларни тақдим этиш ва қайта тақсимлаш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом таълим грантларини иккинчи ва ундан кейинги курсларда юқори академик ўзлаштириш кўрсаткичларига эришган ва Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган ижтимоий фаол талабалар ўртасида олий таълим ташкилотлари томонидан табақалаштирилган тарзда қайта тақсимлаш ҳамда қўшимча грант тақдим этиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:

Академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш бўйича комиссия — таълим грантига талабгорларнинг академик ўзлаштириш кўрсаткичларини аниқлаш учун олий таълим ташкилоти ректори (директори) томонидан ўқув ишлари бўйича проректор (директор ўринбосари) раислигида 9 нафардан кам бўлмаган таркибда тузиладиган комиссия;

Ижтимоий фаолликни аниқлаш бўйича комиссия — таълим грантига талабгорларнинг ижтимоий фаоллигини аниқлаш учун олий таълим ташкилоти ректори (директори) томонидан ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор (директор ўринбосари) раислигида 9 нафардан кам бўлмаган таркибда тузиладиган комиссия;

Махсус комиссия — Академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш бўйича комиссия ҳамда Ижтимоий фаолликни аниқлаш бўйича комиссия томонидан тақдим этилган натижаларни умумлаштириб, кўриб чиқиш учун олий таълим ташкилоти ректори (директори) раислигида 9 нафардан кам бўлмаган таркибда ташкил этиладиган комиссия;

таълим грантининг базавий сони — олий таълим ташкилотининг тегишли бакалавриат таълим йўналишига (магистратура мутахассислигига) кириш имтиҳонлари натижасига кўра давлат гранти асосида 1-курсга талабаликка тавсия этилган абитуриентлар сонига тенг грант ўрни;

таълим грантига талабгор — олий таълим ташкилотининг таълим гранти ажратилган бакалавриат таълим йўналиши (магистратура мутахассислиги) бўйича иккинчи ва ундан кейинги курсларда таҳсил олаётган, таълим грантини қайта тақсимлашда иштирок этиш истагини билдирган талаба;

тўлиқ таълим гранти — бир ўқув йили учун берилиб, ўқитиш харажати Давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб бериладиган ва умумий тартибдаги стипендия билан таъминланадиган таълим гранти;

тўлиқ бўлмаган таълим гранти — бир ўқув йили учун берилиб, тўлов-контракт суммасининг 50 фоизи Давлат бюджетидан қоплаб бериладиган ва умумий тартибдаги стипендия билан таъминланмайдиган таълим гранти;

GPA (Grade Point Average) — таълим олувчининг дастур бўйича ўзлаштирган балларининг ўртача қиймати;

қўшимча давлат гранти — олий таълим ташкилотларининг бакалавриат таълим йўналишларида муайян ўқув йили якуни бўйича GPA кўрсаткичи 4 ва ундан юқори бўлган, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан белгиланадиган тоифадаги талабаларнинг (кейинги ўринларда — белгиланган тоифадаги талабалар) навбатдаги ўқув йили учун ўқитиш харажати Давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб бериладиган ва умумий тартибдаги стипендия билан таъминланадиган грант;

олий таълим ташкилоти гранти — молиявий мустақиллик берилган олий таълим ташкилотлари томонидан уларда бакалавриат таълим йўналишлари бўйича таҳсил олувчи белгиланган тоифадаги талабаларнинг GPA кўрсаткичи 3,3 дан 4 гача бўлганда, уларнинг навбатдаги ўқув йили учун белгиланган тўлов-контракт суммасининг 20 фоиздан 80 фоизгача бўлган қисмини ушбу олий таълим ташкилотининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланадиган грант.

3. Ушбу Низом қабул жараёнлари ҳамда қабул параметрларини шакллантириш ва белгилаш алоҳида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тартибга солинадиган олий таълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди.

4. Таълим гранти сони иккинчи ва ундан кейинги курслар учун бакалавриат таълим йўналиши (магистратура мутахассислиги), таълим тили ва курслар кесимида талабалар сонидан келиб чиқиб, олий таълим ташкилоти ректори (директори) томонидан тўлиқ таълим гранти ва тўлиқ бўлмаган таълим грантига ажратилади. Бунда:

тўлиқ таълим гранти — таълим гранти базавий сонининг 50 фоизидан кам бўлмаган миқдорда;

тўлиқ бўлмаган таълим гранти — таълим гранти базавий сонининг тўлиқ таълим грантидан қолган қисмининг икки баравари миқдорида белгиланади.

Тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган таълим грантларининг ўзаро нисбати ўқув йили якунланишидан камида олти ой олдин олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

5. Таълим грантлари ўқув йили якунлангандан сўнг бакалавриат таълим йўналиши (магистратура мутахассислиги), таълим тили ва курслар кесимида табақалаштирилган тарзда алоҳида қайта тақсимланади.

Таълим грантларини табақалаштирилган тарзда қайта тақсимлаш жараёни босқичларининг аниқ муддатлари ўқув йилининг давомийлигидан келиб чиқиб, олий таълим ташкилоти ректори (директори) томонидан белгиланади ва ўқув йили якунлангунга қадар эълон қилинади.

6. Академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш бўйича комиссия, Ижтимоий фаолликни аниқлаш бўйича комиссия ҳамда Махсус комиссия таркибига жамоатчилик вакиллари ҳам жалб қилинади.

7. Таълим гранти асосида таҳсил олган талабаларнинг грант ўрни таълим грантини табақалаштирилган тарзда қайта тақсимлашда қуйидаги ҳолатларда инобатга олинмайди:

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўқиши давлат гранти асосида тикланиши мумкин бўлган талабалар четлаштирилганда;

талаба белгиланган тартибда академик таътил олганда;

талаба академик мобиллик дастурлари асосида ҳамкор олий таълим ташкилотида таҳсил олиш учун бир ўқув йилидан кўп бўлмаган муддатга кетганда.

Ушбу бандда кўрсатилган тоифага кирувчи талабалар белгиланган тартибда ва муддатларда ўқишни давом эттириш учун қайтганда, навбатдаги таълим грантларини табақалаштирилган тарзда қайта тақсимлашда иштирок этиши мумкин.

8. Олий таълим ташкилотларида таълим грантини қайта тақсимлаш мазкур Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

9. Ижтимоий реестрга киритилган оилалар фарзандлари мазкур Низомда қайд этилган грантлардан фақат биттаси бўйича талабгор бўлиш ҳуқуқига эга.

10. Бакалавриат таълим йўналишларига ажратилган давлат гранти асосидаги қабул параметрларига нисбатан 10 фоизгача бўлган миқдорда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан белгиланадиган тоифадаги абитуриентлар (кейинги ўринларда — белгиланган тоифадаги абитуриентлар) учун давлат гранти асосидаги қўшимча қабул параметрлари ажратилади.

Белгиланган тоифадаги абитуриентлар учун ажратиладиган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларининг бакалавриат таълим йўналишлари кесимидаги тақсимоти Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси (кейинги ўринларда — Давлат комиссияси) томонидан тасдиқланади.

Бунда муайян бакалавриат таълим йўналиши бўйича давлат грантига ўтиш балининг 80 фоизи ва ундан юқори балл тўплаган белгиланган тоифадаги абитуриентлар ажратилган давлат гранти асосидаги қабул параметрлари доирасида, баллар кетма-кетлигига қатъий риоя қилинган ҳолда талабаликка тавсия этилади.

Мазкур имтиёз абитуриент рўйхатдан ўтишда танлаган биринчи бакалавриат таълим йўналишига ҳамда ушбу таълим йўналишига киришда Давлат комиссияси томонидан давлат грантига белгиланган минимал ўтиш бали ва ундан юқори балл тўплаган абитуриентларга нисбатан қўлланилади.

11. Белгиланган тоифадаги талабалар учун 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида фанларни ўзлаштиришнинг ўртача кўрсаткичи (GPA (grade point average) кўрсаткичи) «3,5» ва ундан юқори бўлган талабаларга кейинги ўқув йили учун фоизсиз таълим кредити ажратилади.

2-боб. Таълим грантини табақалаштирилган тартибда қайта тақсимлаш тартиби

12. Таълим грантига талабгорлар учун олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайтида онлайн рўйхатдан ўтиш ва эришган ютуқларини асословчи ҳужжатларни юклаш имконияти яратилади.

13. Таълим грантига талабгорлардан жорий ўқув йилида ўзлаштириш кўрсаткичи бўйича GPA кўрсаткичи 3,5 ва ундан юқори бўлиши талаб этилади.

Ўзлаштириш кўрсаткичи бўйича муайян ўқув йилидаги GPA кўрсаткичи 3,5 дан паст бўлган талабаларнинг таълим грантини табақалаштирилган тарзда қайта тақсимлашда иштирок этишига рухсат этилмайди.

Талабаларнинг ўзлаштириш кўрсаткичи бўйича муайян ўқув йилидаги GPA кўрсаткичи 3,5 дан паст бўлганлиги сабабли вакант қолган таълим гранти ўринлари кейинги ўқув йили учун ўтказиладиган таълим грантининг қайта тақсимотида инобатга олинади.

Талабаларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг HEMIS — Олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими орқали шакллантирилади. Бунда талабаларнинг GPA кўрсаткичи юздан бир улушда ҳисобланади.

14. Академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш бўйича комиссия томонидан таълим грантига талабгорларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари ҳисоблаб чиқилади ва мутаносиб тарзда 80 баллик мезонда баҳоланади ҳамда ушбу комиссия баёни билан расмийлаштирилади.

Бунда талабаларнинг академик ўзлаштириш кўрсаткичи талабаларнинг GPA кўрсаткичини « 16» сонига кўпайтириш орқали аниқланади.

15. Таълим грантига талабгорларнинг ижтимоий фаоллик кўрсаткичи мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ баҳолаш мезонига асосан Ижтимоий фаолликни аниқлаш бўйича комиссия томонидан аниқланади ва 20 баллик мезонда баҳоланиб, ушбу комиссия баёни билан расмийлаштирилади.

Бунда талабаларнинг ижтимоий фаоллик кўрсаткичи мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ баҳолаш мезонига асосан ҳисобланган натижани «5» сонига бўлиш орқали аниқланади.

16. Академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш бўйича комиссия ҳамда Ижтимоий фаолликни аниқлаш бўйича комиссия томонидан таълим грантига талабгорларни баҳолаш натижалари ҳар йили 1 августга қадар Махсус комиссияга тақдим этилади.

17. Тақдим этилган маълумотлар асосида Махсус комиссия томонидан таълим грантига талабгорларнинг натижалари умумлаштирилиб, уларнинг рўйхати баллар кетма-кетлиги бўйича шакллантирилади.

Таълим грантига талабгорларнинг энг кўп тўплаши мумкин бўлган максимал балл 100 баллни ташкил этади.

18. Белгиланган таълим гранти ўринлари доирасида танлов чегарасида бир хил натижа кўрсатган талабгорларнинг академик ўзлаштириш кўрсаткичига устуворлик берилади.

Белгиланган таълим гранти ўринлари доирасида танлов чегарасида ҳам, талабгорларнинг академик ўзлаштириш кўрсаткичида ҳам бир хил натижа аниқланган ҳолатда мазкур талабгорлар учун ўзлаштирилган семестрларда ўтилган мутахассислик фанларидан тест синовлари ўтказилади.

Бунда тест синовларини ўтказиш муддатлари ва тартиби, тест саволлари сони ва баҳолаш мезонлари олий таълим ташкилоти ректори (директори) томонидан белгиланади.

19. Академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш бўйича комиссия, Ижтимоий фаолликни аниқлаш бўйича комиссия ҳамда Махсус комиссиянинг фаолияти натижалари (талабгорларнинг аниқланган кўрсаткичлари) мунтазам равишда олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.

20. Таълим грантини қайта тақсимлаш жараёнларидан норози бўлган талабгорлар учун ҳар бир кўрсаткич бўйича натижалар эълон қилингандан сўнг 48 соат давомида олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайти орқали апелляция бериш имконияти яратилади.

Апелляция аризалари уч кун муддат ичида кўриб чиқилади.

21. Махсус комиссия муайян ўқув йили учун таълим грантига талабгор талабаларнинг олий таълим ташкилоти ректори (директори) томонидан белгиланган таълим грантлари (тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган таълим грантлари) ўрнига мос равишда (баллар кетма-кетлигига қатъий риоя қилган ҳолда) шакллантирилган рўйхатини тасдиқлаш учун ҳар йили 15 августга қадар олий таълим ташкилоти кенгашига киритади.

22. Олий таълим ташкилоти кенгаши Махсус комиссия томонидан тақдим этилган рўйхат ва унга тегишли бўлган ҳужжатларни кўриб чиқиб, ҳар йили 20 августга қадар таълим грантини олувчи талабалар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилади.

23. Олий таълим ташкилоти кенгашининг қарорига асосан таълим грантини олувчи талабалар рўйхати ҳар йили 25 августга қадар олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Олий таълим ташкилоти кенгашининг қарори ушбу талабаларга тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган таълим грантларини бериш бўйича олий таълим ташкилоти ректорининг (директорининг) буйруқларини расмийлаштиришга асос бўлади.

3-боб. Олий таълим ташкилотларида талабаларга қўшимча давлат грантини тақдим этиш тартиби

24. Давлат олий таълим ташкилотларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга кириб, муайян ўқув йили бўйича GPA кўрсаткичи 4 ва ундан юқори бўлган, белгиланган тоифадаги талабаларга навбатдаги ўқув йили учун қўшимча давлат гранти тақдим этилади.

Бунда талабгорлар ўз аризалари билан ҳар йили 20 июлга қадар олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайти орқали рўйхатдан ўтади.

25. Рўйхатдан ўтган талабгорларнинг аризалари ҳар йили 25 июлга қадар:

Академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш бўйича комиссия томонидан GPA кўрсаткичи 4 ва ундан юқори эканлиги;

Ижтимоий фаолликни аниқлаш бўйича комиссия томонидан ҳақиқатда талабгорнинг белгиланган тоифадаги талаба эканлиги кўриб чиқилиб, баҳоланади.

26. Академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш бўйича комиссия ҳамда Ижтимоий фаолликни аниқлаш бўйича комиссия аризаларни кўриб чиқиш ва баҳолаш натижаларини ҳар йили 1 августга қадар Махсус комиссияга тақдим этади.

27. Махсус комиссия талабгорларнинг маълумотларини умумлаштириб, қўшимча давлат грантига тавсия этиладиган талабалар рўйхатини ҳар йили 20 августга қадар олий таълим ташкилоти ректорига (директорига) тақдим этади.

28. Махсус комиссиянинг тавсияси талабаларга қўшимча давлат грантини бериш бўйича олий таълим ташкилоти ректорининг (директорининг) буйруғини расмийлаштиришга асос бўлади.

29. Қўшимча давлат гранти тақдим этилган талабалар ҳар йили 5 сентябрга қадар олий таълим ташкилоти томонидан хабардор қилинади.

4-боб. Молиявий мустақиллик берилган олий таълим ташкилотларида талабаларга грант тақдим этиш тартиби

30. Молиявий мустақиллик берилган олий таълим ташкилотининг бакалавриат таълим йўналишига 2024/2025 ўқув йилидан ўқишга кириб, муайян ўқув йили бўйича GPA кўрсаткичи 3,3 дан 4 гача бўлган белгиланган тоифадаги талабаларга навбатдаги ўқув йили учун олий таълим ташкилоти гранти тақдим этилади.

Бунда молиявий мустақиллик берилган олий таълим ташкилотлари ҳар йили ўзларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 1 млрд сўмгача бўлган миқдорда олий таълим ташкилоти грантини тақдим этади.

31. Олий таълим ташкилоти грантига талабгорлар ўз аризалари билан ҳар йили 20 июлга қадар олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайти орқали рўйхатдан ўтади.

32. Рўйхатдан ўтган талабгорларнинг аризалари ҳар йили 25 июлга қадар:

Академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш бўйича комиссия томонидан GPA кўрсаткичи 3,3 дан ва 4 гача эканлиги;

Ижтимоий фаолликни аниқлаш бўйича комиссия томонидан ҳақиқатда талабгорнинг белгиланган тоифадаги талаба эканлиги кўриб чиқилиб, баҳоланади.

33. Академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш бўйича комиссия ҳамда Ижтимоий фаолликни аниқлаш бўйича комиссия аризаларни кўриб чиқиш ва баҳолаш натижаларини ҳар йили 1 августга қадар Махсус комиссияга тақдим этади.

34. Махсус комиссия талабгорларнинг маълумотларини умумлаштириб, олий таълим ташкилоти грантига тавсия этиладиган талабалар рўйхатини ҳар йили 20 августга қадар олий таълим ташкилоти ректорига (директорига) тақдим этади.

35. Махсус комиссиянинг тавсияси талабаларга олий таълим ташкилоти гранти бериш бўйича олий таълим ташкилоти ректорининг (директорининг) буйруғини расмийлаштиришга асос бўлади.

36. Олий таълим ташкилоти гранти тақдим этилган талабалар ҳар йили 5 сентябрга қадар олий таълим ташкилоти томонидан хабардор қилинади.

Бунда олий таълим ташкилоти гранти тақдим этилган талабанинг GPA кўрсаткичи:

3,3 — 3,39 бўлганда — тўлов-контракт суммасининг 20 фоизи;

3,4 — 3,49 бўлганда — тўлов-контракт суммасининг 30 фоизи;

3,5 — 3,59 бўлганда — тўлов-контракт суммасининг 40 фоизи;

3,6 — 3,69 бўлганда — тўлов-контракт суммасининг 50 фоизи;

3,7 — 3,79 бўлганда — тўлов-контракт суммасининг 60 фоизи;

3,8 — 3,89 бўлганда — тўлов-контракт суммасининг 70 фоизи;

3,9 — 3,99 бўлганда — тўлов-контракт суммасининг 80 фоизи миқдоридаги қисми ушбу олий таълим ташкилотининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

5-боб. Якунловчи қоида

37. Ушбу Низомни қўллаш жараёнида юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

Олий таълим ташкилотларида талабаларга грантлар тақдим этиш ва қайта тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Олий таълим ташкилотларида таълим грантини қайта тақсимлаш

Босқичлар Субъект Чора-тадбирлар Муддат 1-босқич Талабгор (талаба) Олий таълим ташкилоти расмий веб-сайтида рўйхатдан ўтади. Олий таълим ташкилоти томонидан белгиланган муддатда 2-босқич Академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш бўйича комиссия, Ижтимоий фаолликни аниқлаш бўйича комиссия 1. Талабгорнинг ўзлаштириш кўрсаткичини баҳолайди. 2. Талабгорнинг ижтимоий фаоллик кўрсаткичини баҳолайди. Олий таълим ташкилоти томонидан белгиланган муддатда 3-босқич Академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш бўйича комиссия, Ижтимоий фаолликни аниқлаш бўйича комиссия Талабгорни баҳолаш натижаларини Махсус комиссияга тақдим этади. Ҳар йили 1 августга қадар 4-босқич Махсус комиссия Талабгорнинг умумий натижасини шакллантириб, олий таълим ташкилоти кенгашига киритади. Ҳар йили 15 августга қадар 5-босқич Олий таълим ташкилоти кенгаши Таълим грантини олувчи талабалар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилади. Ҳар йили 20 августга қадар 6-босқич Олий таълим ташкилоти Таълим грантини олувчи талабалар рўйхатини олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайтида эълон қилади. Ҳар йили 25 августга қадар

Олий таълим ташкилотларида талабаларга грантлар тақдим этиш ва қайта тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Олий таълим ташкилотларида таълим грантига талабгорларнинг ижтимоий фаоллигини аниқлаш бўйича баҳолаш

Т/р Кўрсаткичлар Балл 1. Китобхонлик маданияти 0 — 20 2. «5 муҳим ташаббус» доирасидаги тўгаракларда фаол иштироки 0 — 20 3. Талабанинг академик ўзлаштириши 0 — 10 4. Талабанинг олий таълим ташкилотининг ички тартиб қоидалари ва Одоб-ахлоқ кодексига риоя этиши 0 — 5 5. Халқаро, республика, вилоят миқёсидаги кўрик-танлов, фан олимпиадалари ва спорт мусобақаларида эришган натижалари 0 — 10 6. Талабанинг дарсларга тўлиқ ва кечикмасдан келиши 0 — 5 7. Талабаларнинг «Маърифат дарслари»даги фаол иштироки 0 — 10 8. Волонтёрлик ва жамоат ишларидаги фаоллиги 0 — 5 9. Театр ва музей, хиёбон, кино, тарихий қадамжоларга ташрифлар 0 — 5 10. Талабаларнинг спорт билан шуғулланиши ва соғлом турмуш тарзига амал қилиши 0 — 5 11. Маънавий-маърифий соҳага оид бошқа йўналишлардаги фаоллиги 0 — 5 Жами балл: 100

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 10 март,

149-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.03.2025 й., 09/25/149/0238-сон; 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

MEZONLARI

Oliy taʼlim tashkilotlarida talabalarga grantlarni taqdim etish va qayta taqsimlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oliy taʼlim tashkilotlariga oʻqishga qabul qilish va davlat buyurtmasini joylashtirish tizimini takomillashtirish toʻgʻrisida” 2024-yil 24-maydagi PF-81-son Farmoni hamda “Kambagʻallikdan farovonlik sari” dasturini amalga oshirish boʻyicha birinchi navbatdagi chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2024-yil 23-sentabrdagi PQ-330-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, taʼlim grantlarini iqtidorga yoʻnaltirish, grant kvotalarining taqsimlanishida raqobat muhitini yaratish va yoshlarni ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oliy taʼlim tashkilotlarida talabalarga grantlarni taqdim etish va qayta taqsimlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

taʼlim grantini ikkinchi va undan yuqori kurs talabalari uchun ularning sonidan kelib chiqib, oliy taʼlim tashkiloti rektori (direktori) tomonidan toʻliq taʼlim granti va toʻliq boʻlmagan taʼlim grantiga ajratish hamda tabaqalashtirilgan tarzda qayta taqsimlash;

taʼlim grantini har oʻquv yili yakunlangandan soʻng bakalavriat taʼlim yoʻnalishi (magistratura mutaxassisligi), taʼlim tili va kurslar kesimida tabaqalashtirilgan tarzda alohida qayta taqsimlash;

taʼlim grantini tabaqalashtirilgan tarzda qayta taqsimlash natijasiga koʻra taʼlim grantini oluvchi talabalar roʻyxatini oliy taʼlim tashkiloti kengashining qarori bilan tasdiqlash.

2. Belgilab qoʻyilsinki, vazirlik va idoralar oʻz tizimidagi oliy taʼlim tashkilotlari uchun ajratiladigan budjet mablagʻlari hajmini ushbu qarorga muvofiq hisoblaydi va navbatdagi moliya yili uchun Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetidan mazkur maqsadlar uchun ajratiladigan mablagʻlar doirasida taqsimlaydi.

3. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri K.A. Sharipov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 10-martdagi 149-son qaroriga ILOVA

Oliy taʼlim tashkilotlarida talabalarga grantlarni taqdim etish va qayta taqsimlash tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom taʼlim grantlarini ikkinchi va undan keyingi kurslarda yuqori akademik oʻzlashtirish koʻrsatkichlariga erishgan va Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi boʻlgan ijtimoiy faol talabalar oʻrtasida oliy taʼlim tashkilotlari tomonidan tabaqalashtirilgan tarzda qayta taqsimlash hamda qoʻshimcha grant taqdim etish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi tushunchalardan foydalaniladi:

Akademik oʻzlashtirish koʻrsatkichini aniqlash boʻyicha komissiya — taʼlim grantiga talabgorlarning akademik oʻzlashtirish koʻrsatkichlarini aniqlash uchun oliy taʼlim tashkiloti rektori (direktori) tomonidan oʻquv ishlari boʻyicha prorektor (direktor oʻrinbosari) raisligida 9 nafardan kam boʻlmagan tarkibda tuziladigan komissiya;

Ijtimoiy faollikni aniqlash boʻyicha komissiya — taʼlim grantiga talabgorlarning ijtimoiy faolligini aniqlash uchun oliy taʼlim tashkiloti rektori (direktori) tomonidan yoshlar masalalari va maʼnaviy-maʼrifiy ishlar boʻyicha prorektor (direktor oʻrinbosari) raisligida 9 nafardan kam boʻlmagan tarkibda tuziladigan komissiya;

Maxsus komissiya — Akademik oʻzlashtirish koʻrsatkichini aniqlash boʻyicha komissiya hamda Ijtimoiy faollikni aniqlash boʻyicha komissiya tomonidan taqdim etilgan natijalarni umumlashtirib, koʻrib chiqish uchun oliy taʼlim tashkiloti rektori (direktori) raisligida 9 nafardan kam boʻlmagan tarkibda tashkil etiladigan komissiya;

taʼlim grantining bazaviy soni — oliy taʼlim tashkilotining tegishli bakalavriat taʼlim yoʻnalishiga (magistratura mutaxassisligiga) kirish imtihonlari natijasiga koʻra davlat granti asosida 1-kursga talabalikka tavsiya etilgan abituriyentlar soniga teng grant oʻrni;

taʼlim grantiga talabgor — oliy taʼlim tashkilotining taʼlim granti ajratilgan bakalavriat taʼlim yoʻnalishi (magistratura mutaxassisligi) boʻyicha ikkinchi va undan keyingi kurslarda tahsil olayotgan, taʼlim grantini qayta taqsimlashda ishtirok etish istagini bildirgan talaba;

toʻliq taʼlim granti — bir oʻquv yili uchun berilib, oʻqitish xarajati Davlat budjetidan toʻliq qoplab beriladigan va umumiy tartibdagi stipendiya bilan taʼminlanadigan taʼlim granti;

toʻliq boʻlmagan taʼlim granti — bir oʻquv yili uchun berilib, toʻlov-kontrakt summasining 50 foizi Davlat budjetidan qoplab beriladigan va umumiy tartibdagi stipendiya bilan taʼminlanmaydigan taʼlim granti;

GPA (Grade Point Average) — taʼlim oluvchining dastur boʻyicha oʻzlashtirgan ballarining oʻrtacha qiymati;

qoʻshimcha davlat granti — oliy taʼlim tashkilotlarining bakalavriat taʼlim yoʻnalishlarida muayyan oʻquv yili yakuni boʻyicha GPA koʻrsatkichi 4 va undan yuqori boʻlgan, Ijtimoiy himoya milliy agentligi hamda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan belgilanadigan toifadagi talabalarning (keyingi oʻrinlarda — belgilangan toifadagi talabalar) navbatdagi oʻquv yili uchun oʻqitish xarajati Davlat budjetidan toʻliq qoplab beriladigan va umumiy tartibdagi stipendiya bilan taʼminlanadigan grant;

oliy taʼlim tashkiloti granti — moliyaviy mustaqillik berilgan oliy taʼlim tashkilotlari tomonidan ularda bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari boʻyicha tahsil oluvchi belgilangan toifadagi talabalarning GPA koʻrsatkichi 3,3 dan 4 gacha boʻlganda, ularning navbatdagi oʻquv yili uchun belgilangan toʻlov-kontrakt summasining 20 foizdan 80 foizgacha boʻlgan qismini ushbu oliy taʼlim tashkilotining budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan qoplanadigan grant.

3. Ushbu Nizom qabul jarayonlari hamda qabul parametrlarini shakllantirish va belgilash alohida qonunchilik hujjatlariga muvofiq tartibga solinadigan oliy taʼlim tashkilotlariga nisbatan tatbiq etilmaydi.

4. Taʼlim granti soni ikkinchi va undan keyingi kurslar uchun bakalavriat taʼlim yoʻnalishi (magistratura mutaxassisligi), taʼlim tili va kurslar kesimida talabalar sonidan kelib chiqib, oliy taʼlim tashkiloti rektori (direktori) tomonidan toʻliq taʼlim granti va toʻliq boʻlmagan taʼlim grantiga ajratiladi. Bunda:

toʻliq taʼlim granti — taʼlim granti bazaviy sonining 50 foizidan kam boʻlmagan miqdorda;

toʻliq boʻlmagan taʼlim granti — taʼlim granti bazaviy sonining toʻliq taʼlim grantidan qolgan qismining ikki baravari miqdorida belgilanadi.

Toʻliq va toʻliq boʻlmagan taʼlim grantlarining oʻzaro nisbati oʻquv yili yakunlanishidan kamida olti oy oldin oliy taʼlim tashkilotining rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.

5. Taʼlim grantlari oʻquv yili yakunlangandan soʻng bakalavriat taʼlim yoʻnalishi (magistratura mutaxassisligi), taʼlim tili va kurslar kesimida tabaqalashtirilgan tarzda alohida qayta taqsimlanadi.

Taʼlim grantlarini tabaqalashtirilgan tarzda qayta taqsimlash jarayoni bosqichlarining aniq muddatlari oʻquv yilining davomiyligidan kelib chiqib, oliy taʼlim tashkiloti rektori (direktori) tomonidan belgilanadi va oʻquv yili yakunlangunga qadar eʼlon qilinadi.

6. Akademik oʻzlashtirish koʻrsatkichini aniqlash boʻyicha komissiya, Ijtimoiy faollikni aniqlash boʻyicha komissiya hamda Maxsus komissiya tarkibiga jamoatchilik vakillari ham jalb qilinadi.

7. Taʼlim granti asosida tahsil olgan talabalarning grant oʻrni taʼlim grantini tabaqalashtirilgan tarzda qayta taqsimlashda quyidagi holatlarda inobatga olinmaydi:

qonunchilik hujjatlariga muvofiq oʻqishi davlat granti asosida tiklanishi mumkin boʻlgan talabalar chetlashtirilganda;

talaba belgilangan tartibda akademik taʼtil olganda;

talaba akademik mobillik dasturlari asosida hamkor oliy taʼlim tashkilotida tahsil olish uchun bir oʻquv yilidan koʻp boʻlmagan muddatga ketganda.

Ushbu bandda koʻrsatilgan toifaga kiruvchi talabalar belgilangan tartibda va muddatlarda oʻqishni davom ettirish uchun qaytganda, navbatdagi taʼlim grantlarini tabaqalashtirilgan tarzda qayta taqsimlashda ishtirok etishi mumkin.

8. Oliy taʼlim tashkilotlarida taʼlim grantini qayta taqsimlash mazkur Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

9. Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalar farzandlari mazkur Nizomda qayd etilgan grantlardan faqat bittasi boʻyicha talabgor boʻlish huquqiga ega.

10. Bakalavriat taʼlim yoʻnalishlariga ajratilgan davlat granti asosidagi qabul parametrlariga nisbatan 10 foizgacha boʻlgan miqdorda Ijtimoiy himoya milliy agentligi hamda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan belgilanadigan toifadagi abituriyentlar (keyingi oʻrinlarda — belgilangan toifadagi abituriyentlar) uchun davlat granti asosidagi qoʻshimcha qabul parametrlari ajratiladi.

Belgilangan toifadagi abituriyentlar uchun ajratiladigan davlat granti asosidagi qabul koʻrsatkichlarining bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari kesimidagi taqsimoti Oʻzbekiston Respublikasi taʼlim tashkilotlariga qabul qilish boʻyicha davlat komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — Davlat komissiyasi) tomonidan tasdiqlanadi.

Bunda muayyan bakalavriat taʼlim yoʻnalishi boʻyicha davlat grantiga oʻtish balining 80 foizi va undan yuqori ball toʻplagan belgilangan toifadagi abituriyentlar ajratilgan davlat granti asosidagi qabul parametrlari doirasida, ballar ketma-ketligiga qatʼiy rioya qilingan holda talabalikka tavsiya etiladi.

Mazkur imtiyoz abituriyent roʻyxatdan oʻtishda tanlagan birinchi bakalavriat taʼlim yoʻnalishiga hamda ushbu taʼlim yoʻnalishiga kirishda Davlat komissiyasi tomonidan davlat grantiga belgilangan minimal oʻtish bali va undan yuqori ball toʻplagan abituriyentlarga nisbatan qoʻllaniladi.

11. Belgilangan toifadagi talabalar uchun 2024/2025 oʻquv yilidan boshlab oliy taʼlim muassasalarida fanlarni oʻzlashtirishning oʻrtacha koʻrsatkichi (GPA (grade point average) koʻrsatkichi) “3,5” va undan yuqori boʻlgan talabalarga keyingi oʻquv yili uchun foizsiz taʼlim krediti ajratiladi.

2-bob. Taʼlim grantini tabaqalashtirilgan tartibda qayta taqsimlash tartibi

12. Taʼlim grantiga talabgorlar uchun oliy taʼlim tashkilotining rasmiy veb-saytida onlayn roʻyxatdan oʻtish va erishgan yutuqlarini asoslovchi hujjatlarni yuklash imkoniyati yaratiladi.

13. Taʼlim grantiga talabgorlardan joriy oʻquv yilida oʻzlashtirish koʻrsatkichi boʻyicha GPA koʻrsatkichi 3,5 va undan yuqori boʻlishi talab etiladi.

Oʻzlashtirish koʻrsatkichi boʻyicha muayyan oʻquv yilidagi GPA koʻrsatkichi 3,5 dan past boʻlgan talabalarning taʼlim grantini tabaqalashtirilgan tarzda qayta taqsimlashda ishtirok etishiga ruxsat etilmaydi.

Talabalarning oʻzlashtirish koʻrsatkichi boʻyicha muayyan oʻquv yilidagi GPA koʻrsatkichi 3,5 dan past boʻlganligi sababli vakant qolgan taʼlim granti oʻrinlari keyingi oʻquv yili uchun oʻtkaziladigan taʼlim grantining qayta taqsimotida inobatga olinadi.

Talabalarning oʻzlashtirish koʻrsatkichlari Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligining HEMIS — Oliy taʼlim jarayonlarini boshqarish axborot tizimi orqali shakllantiriladi. Bunda talabalarning GPA koʻrsatkichi yuzdan bir ulushda hisoblanadi.

14. Akademik oʻzlashtirish koʻrsatkichini aniqlash boʻyicha komissiya tomonidan taʼlim grantiga talabgorlarning oʻzlashtirish koʻrsatkichlari hisoblab chiqiladi va mutanosib tarzda 80 ballik mezonda baholanadi hamda ushbu komissiya bayoni bilan rasmiylashtiriladi.

Bunda talabalarning akademik oʻzlashtirish koʻrsatkichi talabalarning GPA koʻrsatkichini “ 16” soniga koʻpaytirish orqali aniqlanadi.

15. Taʼlim grantiga talabgorlarning ijtimoiy faollik koʻrsatkichi mazkur Nizomga 2-ilovaga muvofiq baholash mezoniga asosan Ijtimoiy faollikni aniqlash boʻyicha komissiya tomonidan aniqlanadi va 20 ballik mezonda baholanib, ushbu komissiya bayoni bilan rasmiylashtiriladi.

Bunda talabalarning ijtimoiy faollik koʻrsatkichi mazkur Nizomga 2-ilovaga muvofiq baholash mezoniga asosan hisoblangan natijani “5” soniga boʻlish orqali aniqlanadi.

16. Akademik oʻzlashtirish koʻrsatkichini aniqlash boʻyicha komissiya hamda Ijtimoiy faollikni aniqlash boʻyicha komissiya tomonidan taʼlim grantiga talabgorlarni baholash natijalari har yili 1-avgustga qadar Maxsus komissiyaga taqdim etiladi.

17. Taqdim etilgan maʼlumotlar asosida Maxsus komissiya tomonidan taʼlim grantiga talabgorlarning natijalari umumlashtirilib, ularning roʻyxati ballar ketma-ketligi boʻyicha shakllantiriladi.

Taʼlim grantiga talabgorlarning eng koʻp toʻplashi mumkin boʻlgan maksimal ball 100 ballni tashkil etadi.

18. Belgilangan taʼlim granti oʻrinlari doirasida tanlov chegarasida bir xil natija koʻrsatgan talabgorlarning akademik oʻzlashtirish koʻrsatkichiga ustuvorlik beriladi.

Belgilangan taʼlim granti oʻrinlari doirasida tanlov chegarasida ham, talabgorlarning akademik oʻzlashtirish koʻrsatkichida ham bir xil natija aniqlangan holatda mazkur talabgorlar uchun oʻzlashtirilgan semestrlarda oʻtilgan mutaxassislik fanlaridan test sinovlari oʻtkaziladi.

Bunda test sinovlarini oʻtkazish muddatlari va tartibi, test savollari soni va baholash mezonlari oliy taʼlim tashkiloti rektori (direktori) tomonidan belgilanadi.

19. Akademik oʻzlashtirish koʻrsatkichini aniqlash boʻyicha komissiya, Ijtimoiy faollikni aniqlash boʻyicha komissiya hamda Maxsus komissiyaning faoliyati natijalari (talabgorlarning aniqlangan koʻrsatkichlari) muntazam ravishda oliy taʼlim tashkilotining rasmiy veb-saytida eʼlon qilib boriladi.

20. Taʼlim grantini qayta taqsimlash jarayonlaridan norozi boʻlgan talabgorlar uchun har bir koʻrsatkich boʻyicha natijalar eʼlon qilingandan soʻng 48 soat davomida oliy taʼlim tashkilotining rasmiy veb-sayti orqali apellyatsiya berish imkoniyati yaratiladi.

Apellyatsiya arizalari uch kun muddat ichida koʻrib chiqiladi.

21. Maxsus komissiya muayyan oʻquv yili uchun taʼlim grantiga talabgor talabalarning oliy taʼlim tashkiloti rektori (direktori) tomonidan belgilangan taʼlim grantlari (toʻliq va toʻliq boʻlmagan taʼlim grantlari) oʻrniga mos ravishda (ballar ketma-ketligiga qatʼiy rioya qilgan holda) shakllantirilgan roʻyxatini tasdiqlash uchun har yili 15-avgustga qadar oliy taʼlim tashkiloti kengashiga kiritadi.

22. Oliy taʼlim tashkiloti kengashi Maxsus komissiya tomonidan taqdim etilgan roʻyxat va unga tegishli boʻlgan hujjatlarni koʻrib chiqib, har yili 20-avgustga qadar taʼlim grantini oluvchi talabalar roʻyxatini tasdiqlash toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

23. Oliy taʼlim tashkiloti kengashining qaroriga asosan taʼlim grantini oluvchi talabalar roʻyxati har yili 25-avgustga qadar oliy taʼlim tashkilotining rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.

Oliy taʼlim tashkiloti kengashining qarori ushbu talabalarga toʻliq va toʻliq boʻlmagan taʼlim grantlarini berish boʻyicha oliy taʼlim tashkiloti rektorining (direktorining) buyruqlarini rasmiylashtirishga asos boʻladi.

3-bob. Oliy taʼlim tashkilotlarida talabalarga qoʻshimcha davlat grantini taqdim etish tartibi

24. Davlat oliy taʼlim tashkilotlarining bakalavriat taʼlim yoʻnalishlariga oʻqishga kirib, muayyan oʻquv yili boʻyicha GPA koʻrsatkichi 4 va undan yuqori boʻlgan, belgilangan toifadagi talabalarga navbatdagi oʻquv yili uchun qoʻshimcha davlat granti taqdim etiladi.

Bunda talabgorlar oʻz arizalari bilan har yili 20-iyulga qadar oliy taʼlim tashkilotining rasmiy veb-sayti orqali roʻyxatdan oʻtadi.

25. Roʻyxatdan oʻtgan talabgorlarning arizalari har yili 25-iyulga qadar:

Akademik oʻzlashtirish koʻrsatkichini aniqlash boʻyicha komissiya tomonidan GPA koʻrsatkichi 4 va undan yuqori ekanligi;

Ijtimoiy faollikni aniqlash boʻyicha komissiya tomonidan haqiqatda talabgorning belgilangan toifadagi talaba ekanligi koʻrib chiqilib, baholanadi.

26. Akademik oʻzlashtirish koʻrsatkichini aniqlash boʻyicha komissiya hamda Ijtimoiy faollikni aniqlash boʻyicha komissiya arizalarni koʻrib chiqish va baholash natijalarini har yili 1-avgustga qadar Maxsus komissiyaga taqdim etadi.

27. Maxsus komissiya talabgorlarning maʼlumotlarini umumlashtirib, qoʻshimcha davlat grantiga tavsiya etiladigan talabalar roʻyxatini har yili 20-avgustga qadar oliy taʼlim tashkiloti rektoriga (direktoriga) taqdim etadi.

28. Maxsus komissiyaning tavsiyasi talabalarga qoʻshimcha davlat grantini berish boʻyicha oliy taʼlim tashkiloti rektorining (direktorining) buyrugʻini rasmiylashtirishga asos boʻladi.

29. Qoʻshimcha davlat granti taqdim etilgan talabalar har yili 5-sentabrga qadar oliy taʼlim tashkiloti tomonidan xabardor qilinadi.

4-bob. Moliyaviy mustaqillik berilgan oliy taʼlim tashkilotlarida talabalarga grant taqdim etish tartibi

30. Moliyaviy mustaqillik berilgan oliy taʼlim tashkilotining bakalavriat taʼlim yoʻnalishiga 2024/2025 oʻquv yilidan oʻqishga kirib, muayyan oʻquv yili boʻyicha GPA koʻrsatkichi 3,3 dan 4 gacha boʻlgan belgilangan toifadagi talabalarga navbatdagi oʻquv yili uchun oliy taʼlim tashkiloti granti taqdim etiladi.

Bunda moliyaviy mustaqillik berilgan oliy taʼlim tashkilotlari har yili oʻzlarining budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan 1 mlrd soʻmgacha boʻlgan miqdorda oliy taʼlim tashkiloti grantini taqdim etadi.

31. Oliy taʼlim tashkiloti grantiga talabgorlar oʻz arizalari bilan har yili 20-iyulga qadar oliy taʼlim tashkilotining rasmiy veb-sayti orqali roʻyxatdan oʻtadi.

32. Roʻyxatdan oʻtgan talabgorlarning arizalari har yili 25-iyulga qadar:

Akademik oʻzlashtirish koʻrsatkichini aniqlash boʻyicha komissiya tomonidan GPA koʻrsatkichi 3,3 dan va 4 gacha ekanligi;

Ijtimoiy faollikni aniqlash boʻyicha komissiya tomonidan haqiqatda talabgorning belgilangan toifadagi talaba ekanligi koʻrib chiqilib, baholanadi.

33. Akademik oʻzlashtirish koʻrsatkichini aniqlash boʻyicha komissiya hamda Ijtimoiy faollikni aniqlash boʻyicha komissiya arizalarni koʻrib chiqish va baholash natijalarini har yili 1-avgustga qadar Maxsus komissiyaga taqdim etadi.

34. Maxsus komissiya talabgorlarning maʼlumotlarini umumlashtirib, oliy taʼlim tashkiloti grantiga tavsiya etiladigan talabalar roʻyxatini har yili 20-avgustga qadar oliy taʼlim tashkiloti rektoriga (direktoriga) taqdim etadi.

35. Maxsus komissiyaning tavsiyasi talabalarga oliy taʼlim tashkiloti granti berish boʻyicha oliy taʼlim tashkiloti rektorining (direktorining) buyrugʻini rasmiylashtirishga asos boʻladi.

36. Oliy taʼlim tashkiloti granti taqdim etilgan talabalar har yili 5-sentabrga qadar oliy taʼlim tashkiloti tomonidan xabardor qilinadi.

Bunda oliy taʼlim tashkiloti granti taqdim etilgan talabaning GPA koʻrsatkichi:

3,3 — 3,39 boʻlganda — toʻlov-kontrakt summasining 20 foizi;

3,4 — 3,49 boʻlganda — toʻlov-kontrakt summasining 30 foizi;

3,5 — 3,59 boʻlganda — toʻlov-kontrakt summasining 40 foizi;

3,6 — 3,69 boʻlganda — toʻlov-kontrakt summasining 50 foizi;

3,7 — 3,79 boʻlganda — toʻlov-kontrakt summasining 60 foizi;

3,8 — 3,89 boʻlganda — toʻlov-kontrakt summasining 70 foizi;

3,9 — 3,99 boʻlganda — toʻlov-kontrakt summasining 80 foizi miqdoridagi qismi ushbu oliy taʼlim tashkilotining budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan qoplab beriladi.

5-bob. Yakunlovchi qoida

37. Ushbu Nizomni qoʻllash jarayonida yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

Oliy taʼlim tashkilotlarida talabalarga grantlar taqdim etish va qayta taqsimlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Oliy taʼlim tashkilotlarida taʼlim grantini qayta taqsimlash

Bosqichlar Subyekt Chora-tadbirlar Muddat 1-bosqich Talabgor (talaba) Oliy taʼlim tashkiloti rasmiy veb-saytida roʻyxatdan oʻtadi. Oliy taʼlim tashkiloti tomonidan belgilangan muddatda 2-bosqich Akademik oʻzlashtirish koʻrsatkichini aniqlash boʻyicha komissiya, Ijtimoiy faollikni aniqlash boʻyicha komissiya 1. Talabgorning oʻzlashtirish koʻrsatkichini baholaydi. 2. Talabgorning ijtimoiy faollik koʻrsatkichini baholaydi. Oliy taʼlim tashkiloti tomonidan belgilangan muddatda 3-bosqich Akademik oʻzlashtirish koʻrsatkichini aniqlash boʻyicha komissiya, Ijtimoiy faollikni aniqlash boʻyicha komissiya Talabgorni baholash natijalarini Maxsus komissiyaga taqdim etadi. Har yili 1-avgustga qadar 4-bosqich Maxsus komissiya Talabgorning umumiy natijasini shakllantirib, oliy taʼlim tashkiloti kengashiga kiritadi. Har yili 15-avgustga qadar 5-bosqich Oliy taʼlim tashkiloti kengashi Taʼlim grantini oluvchi talabalar roʻyxatini tasdiqlash toʻgʻrisidagi qarorni qabul qiladi. Har yili 20-avgustga qadar 6-bosqich Oliy taʼlim tashkiloti Taʼlim grantini oluvchi talabalar roʻyxatini oliy taʼlim tashkilotining rasmiy veb-saytida eʼlon qiladi. Har yili 25-avgustga qadar

Oliy taʼlim tashkilotlarida talabalarga grantlar taqdim etish va qayta taqsimlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Oliy taʼlim tashkilotlarida taʼlim grantiga talabgorlarning ijtimoiy faolligini aniqlash boʻyicha baholash

T/r Koʻrsatkichlar Ball 1. Kitobxonlik madaniyati 0 — 20 2. “5 muhim tashabbus” doirasidagi toʻgaraklarda faol ishtiroki 0 — 20 3. Talabaning akademik oʻzlashtirishi 0 — 10 4. Talabaning oliy taʼlim tashkilotining ichki tartib qoidalari va Odob-axloq kodeksiga rioya etishi 0 — 5 5. Xalqaro, respublika, viloyat miqyosidagi koʻrik-tanlov, fan olimpiadalari va sport musobaqalarida erishgan natijalari 0 — 10 6. Talabaning darslarga toʻliq va kechikmasdan kelishi 0 — 5 7. Talabalarning “Maʼrifat darslari”dagi faol ishtiroki 0 — 10 8. Volontyorlik va jamoat ishlaridagi faolligi 0 — 5 9. Teatr va muzey, xiyobon, kino, tarixiy qadamjolarga tashriflar 0 — 5 10. Talabalarning sport bilan shugʻullanishi va sogʻlom turmush tarziga amal qilishi 0 — 5 11. Maʼnaviy-maʼrifiy sohaga oid boshqa yoʻnalishlardagi faolligi 0 — 5 Jami ball: 100

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 10-mart,

149-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 14.03.2025-y., 09/25/149/0238-son; 02.02.2026-y., 09/26/35/0101-son)

lex.uz