UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 11-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 11 март · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 11 марта 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 11 March 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Корпоратив буюртмачиларнинг тадбиркорлик субъектлари билан кооперация алоқаларини ўрнатиши ва давлат харидлари жараёнида ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

Давлат харидларида кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича яхлит ва шаффоф тизимни яратиш, унга тадбиркорлик субъектларини кенг жалб этиш ҳамда импорт ўрнини босадиган кенг турдаги маҳсулот турларининг ўзлаштирилишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан тўртинчи очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 30 августдаги ПФ-132-сон Фармонига мувофиқ:

янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида тадбиркорлик субъектлари билан кооперация алоқаларини ўрнатиш орқали кафолатланган тарзда харид қилишнинг замонавий тизимини жорий қилиш;

давлат харидларини амалга оширишда товарнинг ўзлаштириш даражасидан келиб чиқиб, ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш тизимини йўлга қўйиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Корпоратив буюртмачиларнинг тадбиркорлик субъектлари билан кооперация алоқаларини ўрнатиш ва ушбу жараёнда давлат харидларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

корпоратив буюртмачилар томонидан импорт қилиниши режалаштирилган маҳсулотлар рўйхатини шакллантириш ва эълон қилиш;

кооперация алоқаларини ўрнатиш учун тадбиркорлик субъектлари таклифларини қабул қилиш тартиби ва уларни баҳолаш мезонларини белгилаш;

тадбиркорлик субъекти билан кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича битим тузиш;

кооперация алоқаларини ўрнатган тадбиркорларнинг маҳсулотларини давлат буюртмачиларига сотиш имкониятларини яратиш.

3. Белгилансинки, «Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази» МЧЖ кичик тадбиркорлик субъектларига кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқишга кўмаклашади.

4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, «Ўзбекэкспертиза» АЖ билан биргаликда уч ой муддатда кооперация алоқаларини ўрнатиш учун давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида очилган алоҳида саҳифага зарур бўлган маълумотлар интеграция қилинишини таъминласин.

5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ энг яхши таклифларни танлаш ва тендер савдоларида (корпоратив буюртмачилар томонидан тижорат мақсадларида қайта сотиш ёки шу мақсадларда товарлардан ишлаб чиқаришда фойдаланиш учун амалга ошириладиган давлат харидларидан ташқари) ишлаб чиқарувчиларнинг таклифларини баҳолашда «балл усули»дан фойдаланганда уларга қўшимча балл бериш тизими жорий этилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан биргаликда уч ой муддатда Маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга маҳаллий корхоналар томонидан бажариладиган ишлар ва кўрсатиладиган хизматлар учун сертификатларни бериш бўйича тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

7. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 майдаги 276-сон қарори билан тасдиқланган Давлат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 11 мартдаги 159-сон қарорига 1-ИЛОВА

Корпоратив буюртмачиларнинг тадбиркорлик субъектлари билан кооперация алоқаларини ўрнатиш ва ушбу жараёнда давлат харидларини амалга ошириш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом корпоратив буюртмачилар билан тадбиркорлик субъектлари ўртасида ихтиёрийлик асосида кооперация алоқаларини ўрнатиш ва ушбу жараёнда давлат харидларини амалга ошириш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича алоҳида саҳифа (кейинги ўринларда — алоҳида саҳифа) — корпоратив буюртмачилар томонидан импорт қилиниши режалаштирилган маҳсулотлар (товарлар, ишлар ва хизматлар) (кейинги ўринларда — маҳсулотлар) рўйхатини эълон қилиш, тадбиркорлик субъектлари томонидан талабгор сифатида қатнашиш сўровини юбориш ҳамда кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича битимни рўйхатдан ўтказиш, тегишли шартномаларни тузиш имконини берадиган давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида очилган махсус саҳифа;

кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича битим (кейинги ўринларда — битим) — корпоратив буюртмачининг кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича комиссия томонидан кооперация алоқаларини ўрнатиш учун қабул қилинган қарорига мувофиқ корпоратив буюртмачи ва тадбиркорлик субъекти ўртасида маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни кафолатли харид қилиш юзасидан ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида тузиладиган ҳужжат;

кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича комиссия (кейинги ўринларда — комиссия) — корпоратив буюртмачи томонидан кооперация алоқаларини ўрнатиш мақсадида шакллантириладиган, кооперация алоқаларини ўрнатиш учун талабгор(лар)нинг таклифларини кўриб чиқиш ва унинг натижаларига кўра кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича қарор қабул қилиш ваколатига эга ҳамда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш жараёнларини мониторинг қилиш ҳуқуқи берилган ишчи орган;

маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулот (товар) тўғрисидаги сертификат — Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 28 октябрдаги 712-сон қарори билан тасдиқланган Маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ белгиланган тартибда берилган маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг ишлаб чиқарувчисини тасдиқловчи ҳужжат, шу жумладан, электрон шаклдаги ҳужжат;

кооперация алоқаларини ташкил этишга кўмаклашувчи ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда — Ишчи гуруҳ) — республиканинг импорт таркиби ва номенклатурасини таҳлил қилиш, маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича таҳлилий маълумотлар тайёрлаш, корпоратив буюртмачиларга манзилли таклифлар тақдим этиш ҳамда тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвесторларни кооперацияга жалб қилиш ҳамда битим тузган тадбиркорлик субъектларига кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат тармоқларида кооперация алоқаларини жадаллаштиришнинг янги тизимини жорий этиш бўйича масъулиятини янада ошириш тўғрисида» 2019 йил 24 августдаги ПҚ-4426-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган Маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича доимий асосда фаолият кўрсатувчи ишчи гуруҳ;

мониторинг — битим доирасида тадбиркорлик субъекти томонидан маҳсулотни ишлаб чиқариш бўйича зиммасига олган мажбуриятларнинг бажарилишини ўрганиб бориш бўйича комиссия томонидан ўтказиладиган комплекс тадбирлар;

талабгор — кооперация алоқаларини ўрнатиш истагини билдирган тадбиркорлик субъекти.

3. Кооперация алоқаларини ўрнатиш қуйидаги тамойилга асосланади:

асосланганлик;

кафолатли харид қилиш шартномаларини тузиш учун ажратилган маблағлардан оқилона ва тежамкор фойдаланиш;

кафолатли харид қилиш шартномаларини тузиш жараёнида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг тижорат сирига оид ахборотларни ошкор этмаслик;

ҳалол рақобат;

масъулиятлилик;

коррупцияга йўл қўймаслик;

талабгорларни аниқлаш жараёнида тенг имкониятлар яратиш.

2-боб. Кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича комиссия ва кооперация алоқаларини ташкил этишга кўмаклашувчи ишчи гуруҳ

4. Кооперация алоқаларини ўрнатиш учун корпоратив буюртмачининг бошқарув органлари қарорига мувофиқ бошқарув ходимлари орасидан камида беш нафар аъзодан иборат таркибда комиссия тузилади.

Корпоратив буюртмачи комиссияга экспертларни, шунингдек, бошқа манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ўзининг юқори турувчи ташкилоти вакилларини жалб этиши мумкин.

Комиссиянинг тезкор фаолиятини ташкиллаштириш комиссияда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмаган масъул котиб томонидан амалга оширилади.

5. Комиссия ишига раис раҳбарлик қилади, у комиссия мажлисларини чақиради ва олиб боради, овозга қўйишни ва комиссия томонидан қабул қилинган қарорларни эълон қилади, шунингдек, комиссия мажлисларининг электрон баённомаларини электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда имзолайди.

Комиссия раиси йўқлигида унинг вазифаларини ўринбосари бажаради.

6. Корпоратив буюртмачи комиссиянинг ҳар бир аъзосига ва масъул котибига ўз вазифаларини амалга ошириш учун алоҳида саҳифада шахсий кабинет очади.

7. Комиссиянинг ваколатига киритилган масалаларни кўриб чиқиш учун комиссиянинг аъзолари ва масъул котибининг мулоқот қилиши давлат харидлари бўйича алоҳида саҳифада ёпиқ чат орқали амалга оширилади.

8. Комиссиянинг ҳар бир аъзоси ўзининг шахсий кабинети орқали овоз беришда ёқлаб овоз бериши ёки қарши овоз бериши шарт.

9. Комиссия мажлисида аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этиши лозим, ҳар бир мажлисда қабул қилинган қарор бўйича баённомалар алоҳида саҳифада шакллантирилади.

10. Ишчи гуруҳ:

кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича жойлаштирилган маълумотларни ҳамда республиканинг импорт таркиби ва номенклатурасини таҳлил қилиб, ўз ҳудудида маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича таҳлилий маълумотлар тайёрлайди ҳамда корпоратив буюртмачиларга манзилли таклифлар тақдим этади;

тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, хорижий инвесторларни кооперация алоқаларини ўрнатишга жалб қилади, улар учун семинарлар, конференциялар ва бошқа тадбирларни ташкил этади;

тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйишда муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этишда ёрдам бериш ва ишлаб чиқариш жараёнидаги муаммоларни мунтазам равишда ўрганиш ҳамда ҳал этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқади;

тузилган битимларни амалга оширишга кўмаклашади;

кооперация алоқаларини ўрнатиш учун зарур ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашади;

тадбиркорлик субъектларини қонунчиликда белгиланган имкониятлар ҳақида хабардор қилиб боради.

Бунда тадбиркорлик субъектлари ишлаб чиқариш жараёнида мавжуд муаммоларни ва таклифларни кўрсатган ҳолда Ишчи гуруҳга мурожаат қилишлари мумкин.

11. Ишчи гуруҳ корпоратив буюртмачиларнинг кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича жойлаштирган маълумотларини ва республиканинг импорт таркиби ва номенклатураси юзасидан таҳлилий маълумотларни алоҳида саҳифада очилган шахсий кабинет орқали ҳар чоракда эълон қилиб боради.

Бунда Ишчи гуруҳга шахсий кабинет орқали ўз ҳудудида жойлашган корпоратив буюртмачиларга маҳсулотлар кесимида манзилли таклифларни тақдим этиш имконияти яратилади.

12. Ишчи гуруҳдан алоҳида саҳифа орқали таклифлар келиб тушганда, корпоратив буюртмачи таклифларни ўн иш куни ичида кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади.

Бунда қабул қилинган қарор алоҳида саҳифа орқали Ишчи гуруҳга тақдим этилади.

3-боб. Кооперация алоқаларини ўрнатиш

13. Корпоратив буюртмачилар билан тадбиркорлик субъектлари ўртасида кооперация алоқаларини ўрнатиш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

14. Корпоратив буюртмачилар кооперация алоқаларини ўрнатиш мақсадида импорт қилиниши режалаштирилган маҳсулотлар рўйхатини алоҳида саҳифада шакллантиради ва ҳар чоракда янгилаб боради.

15. Корпоратив буюртмачилар алоҳида саҳифага импорт асосида харид қилиниши режалаштирилган маҳсулотларнинг рўйхатини ҳар бир маҳсулот кесимида қуйидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда жойлаштиради:

корпоратив буюртмачининг номи ва манзили;

маҳсулот етказиб бериладиган ҳудуд;

маҳсулотни йиллик харид қилиш ҳажми;

маҳсулотни етказиб бериш муддати;

маҳсулотнинг ҳар бир бирлиги учун максимал харид нархи;

маҳсулот хусусияти ва техник параметрлари тўғрисидаги маълумотлар;

маҳсулотнинг стандарт талаби, зарур ҳолларда лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга бошқа ҳужжат ёки сертификат талаб қилиниши тўғрисидаги маълумотлар.

Бунда корпоратив буюртмачилар зарур бўлганда маҳсулотнинг ўзига хос хоссаларидан ёки хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, иштирокчиларга қўшимча талаблар белгилаши мумкин.

16. Корпоратив буюртмачилар алоҳида саҳифада жойлаштирган маълумотларни ўзларининг шахсий кабинети орқали ҳар чорак якунидан сўнг кейинги ойнинг ўнинчи санасига қадар янгилаб боради.

17. Тадбиркорлик субъекти кооперация алоқаларини ўрнатиш мақсадида талабгор сифатида қатнашиш учун алоҳида саҳифада жойлаштирилган маълумотларга мувофиқ ўз таклифини тақдим этади.

Бунда тадбиркорлик субъекти томонидан аввал ўзида ишлаб чиқарилмаган янги турдаги маҳсулот бўйича таклифига ушбу Низомнинг 18-бандида кўрсатилган ҳужжатларга қўшимча равишда бизнес лойиҳа тақдим этилиши талаб қилинади.

18. Талабгор корпоратив буюртмачилар томонидан алоҳида саҳифа орқали импорт қилиниши режалаштирилган маҳсулотни танлаган ҳолда, кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича ушбу Низомнинг 15-бандида кўрсатилган маълумотларга асосан ўз таклифларини электрон шаклда тақдим этади.

Бунда талабгор ушбу Низомга 2-иловада келтирилган шаклда маълумотларни тўлдириши ҳамда қуйидаги ҳужжатларни илова қилиши талаб этилади:

конструкторлик ҳужжатлари, фотосуратлар ва/ёки чизмалар (агар мавжуд бўлса);

битимни амалга ошириш натижасида ишлаб чиқариш режалаштирилган маҳсулот бир бирлиги нархи ҳамда маҳаллийлаштириш даражаси прогнози бўйича дастлабки ҳисоб-китоблари (бир бирлик маҳсулот нархи бўйича ишлаб чиқариш харажатлари, шу жумладан, хомашё сотиб олиш, ишлаб чиқариш ходимларининг иш ҳақи ва бошқа харажатлар ёйилмаси кўрсатилиши лозим);

режалаштирилган ва/ёки ҳақиқий ҳисоб-китоблар (харажатларнинг батафсил ҳисоб-китоблари);

ишлаб чиқаришни ташкил этиш жадвали (битимни амалга оширишда янги маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил этиш жадвали, шу жумладан, иш босқичлари, ишлаб чиқаришнинг режалаштирилган бошланиш санаси, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати).

19. Алоҳида саҳифада талабгор таклифида электрон майдонларнинг тўлдирилганлиги ҳамда бириктирилган файлларнинг мавжудлиги автомат тарзда текширилади.

20. Талабгор кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича таклиф беришдан олдин алоҳида саҳифадан фойдаланган ҳолда маҳсулотни ишлаб чиқариш билан боғлиқ тушунтиришлар бериши тўғрисида корпоратив буюртмачига сўров юборишга ҳақли. Корпоратив буюртмачи беш иш куни ичида лойиҳага алоқадор бўлган барча сўровларига аниқ ва тўлиқ жавоб бериши шарт.

21. Талабгор битта маҳсулотга фақат битта таклиф беришга ҳақли.

22. Алоҳида саҳифада талабгор томонидан танланган маҳсулот бўйича кооперация алоқаларини ўрнатиш учун бошқа тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз таклифларини бериш имкониятини яратиш мақсадида ўн иш кунига ушбу Низомнинг 15-бандида кўрсатиб ўтилган маълумотлар асосида автомат тарзда эълон шакллантирилади.

23. Талабгор тақдим этилаётган ахборот ва ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги ҳамда тўғрилиги учун жавобгар бўлади.

24. Кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича таклифларни қабул қилиш алоҳида саҳифада берилган эълонда кўрсатилган муддатда якунланади.

25. Кооперация алоқаларини ўрнатиш учун талабгор(лар)ни баҳолаш қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилади:

техник-иқтисодий асослар ёки техник-иқтисодий ҳисоб-китобнинг мавжудлиги;

кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича битимни амалга ошириш учун етарли молиявий ресурсларнинг (шу жумладан, кредит) мавжудлиги;

маҳсулотнинг бир бирлик нархи;

ишлаб чиқариш базасининг мавжудлиги ёки шакллантириш имконияти асосланганлиги;

ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг кафолат муддати;

маҳсулотнинг маҳаллийлаштириш даражасининг режалаштирилаётган улуши прогнози.

26. Комиссия тадбиркорлик субъект(лар)и томонидан тақдим қилинган ҳужжатларнинг ушбу Низом талабларига мувофиқлиги юзасидан кўриб чиқади, кўриб чиқиш натижаларига кўра камчиликлар аниқланмаган тақдирда, электрон тизим ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ белгиланган мезонлар асосида таклифларнинг баҳолаш жараёнини автомат тарзда амалга оширади.

Камчиликлар аниқланган мезонлар бўйича электрон тизим баҳолашни амалга оширмайди. Бунда талабгорни баҳолаш натижаларига кўра у билан битим тузилган тақдирда, баҳолаш мезонлари бўйича талабгорнинг таклифлари битим шартларида акс эттирилади.

27. Кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича талабгор(лар)нинг таклиф(лар)ини кўриб чиқиш таклифлар бериш тугаган муддатдан эътиборан ўн иш кунидан ошиши мумкин эмас.

28. Кооперация алоқаларини ўрнатиш учун битта таклиф олинган бўлса ҳам, комиссия томонидан кўриб чиқилиши ва корпоратив буюртмачи тадбиркорлик субъекти билан белгиланган тартибда битим тузиши мумкин.

29. Таклиф(лар)ни баҳолаш натижаларига кўра комиссия энг юқори балл тўплаган талабгор(лар) билан кооперация алоқаларини ўрнатиш ёки уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича талабгор(лар) таклиф(лар)ини рад этишнинг аниқ сабаблари ушбу Низомнинг 9-бандида назарда тутилган баённомада кўрсатилади.

30. Расмийлаштирилган баённома талабгор(лар)нинг шахсий кабинетига автомат тарзда юборилади.

31. Корпоратив буюртмачи тадбиркорлик субъект(лар)и билан баённома расмийлаштирилган кундан бошлаб ўн иш куни ичида битим шартларини ўзаро келишган ҳолда, алоҳида саҳифада электрон шаклда уни имзолайди.

Битимга маҳсулотни ўзлаштириш босқичлари кўрсатилган режа-график илова қилиниб, тасдиқланади.

32. Битим шартларида қуйидагилар назарда тутилади:

ишлаб чиқаришни ташкил этиш жадвали, битимни амалга ошириш доирасида маҳсулотни ишлаб чиқариш босқичлари (иш босқичлари, ишлаб чиқаришнинг режалаштирилган бошланиш санаси ва тайёр маҳсулот ҳажми аниқ кўрсатилади);

маҳсулот нархи ва йиллар кесимида ишлаб чиқариш ҳамда кафолатли харид қилиш ҳажми;

инфляция даражаси ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ўзгариши муносабати билан битим доирасида ишлаб чиқарилиши режалаштирилган маҳсулот нархини тарафлар келишувига кўра, нарх ўзгартирилиши шартлари (ажратилган маблағлар доирасида);

комиссия томонидан битим шартларини бажариш жараёни устидан ҳар ойда мониторинг ўтказиш ва маҳсулот ишлаб чиқиш жараёнининг ҳолатини баҳолаш;

қонунчиликка ва битим шартларига риоя этилиши устидан мониторинг ўтказиш доирасида аниқланган камчиликлар тадбиркорлик субъекти томонидан бартараф этилишини талаб қилиш;

тарафлар келишувига мувофиқ корпоратив буюртмачи тадбиркорлик субъектига кооперация алоқаларини ўрнатиш ва ишлаб чиқариш жараёнларини ташкил этишда ташкилий, техник ва бошқа зарур кўмакни кўрсатиш (кўмак турлари ва шартлари тарафларнинг ўзаро келишувига кўра белгиланади);

битим шартлари битим тарафлари томонидан бузилган тақдирда, битимни белгиланган тартибда бекор қилиш.

Битим тарафлари қонунчиликда ва битимда назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ва мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

33. Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан қўшимча битим корпоратив буюртмачи ва тадбиркорлик субъект(лар)ининг ўзаро келишуви асосида алоҳида саҳифадан фойдаланган ҳолда тузилади.

34. Битимнинг қуйидаги шартларини қайта кўриб чиқишга йўл қўйилади:

маҳсулотни етказиб бериш ҳажмини 10 фоиздан кўп бўлмаган миқдорга оширишга;

битим бўйича етказиб бериладиган ҳар қандай маҳсулотни тегишли функционал хусусиятлари ва сифати нисбатан яхшиланган маҳсулотга алмаштиришга (битимда белгиланган маҳсулотнинг асосий техник хусусиятлари ҳақидаги минимал талаблардан кам бўлмаган ҳолда).

Бунда битимни бажаришдан бир тарафлама бош тортишга ёки битимнинг шартларини бир тарафлама ўзгартиришга йўл қўйилмайди, қонунчиликда ёки битимда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

35. Битим имзолангандан сўнг тадбиркорлик субъекти:

комиссия томонидан ўтказиладиган мониторинг доирасида сўралган ҳужжатларни тақдим этиши ва ишлаб чиқариш жараёнини ўрганиш учун зарур шарт-шароит яратиши;

комиссиянинг мониторинг натижалари бўйича ёзма эътирозлари бўйича тегишли тушунтиришлар бериши;

ишлаб чиқарилган маҳсулотлар намуналари билан корпоратив буюртмачини таништириши шарт.

36. Тадбиркорлик субъекти ишлаб чиқариш режалаштирилган маҳсулотнинг маҳаллийлаштириш даражасини шартномага мувофиқлигини таъминлайди ва охирги импорт шартнома нархидан юқори бўлмаган нархларда етказиб бериш учун зарур чораларни кўради.

37. Корпоратив буюртмачи ва кооперация алоқаларини ўрнатган тадбиркорлик субъекти ўртасидаги битим шартлари асосида улар ўртасида маҳсулот етказиб бериш бўйича кафолатли харид қилиш шартномаси алоҳида саҳифадан фойдаланган ҳолда тузилади ва ушбу шартнома белгиланган тартибда шартномаларнинг ягона реестрига киритилади.

Бунда, маҳсулотни етказиб бериш бўйича кафолатли харид қилиш шартномасини тузиш учун қуйидагилар талаб этилади:

маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулот тўғрисидаги сертификат мавжуд бўлиши;

кафолатли харид қилиш шартномаси ва унга қўшимча келишув лойиҳаларининг суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш минг (бюджет буюртмачилари учун олти минг) бараваридан ошганда Ўзбекистон Республикаси Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги ҳузуридаги «Лойиҳалар ва харидлар самарадорлигини ошириш маркази» ДМда экспертизадан ўтказилиши.

Ушбу талаблар бажарилган вақтдан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмасдан корпоратив буюртмачи ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйган тадбиркорлик субъекти ўртасида электрон шаклда кафолатли харид қилиш шартномаси тузилади.

38. Корпоратив буюртмачилар кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича битимда белгиланган ҳажмларда ва шартларда ишлаб чиқариладиган маҳсулот бўйича 5 йил муддатга (фармацевтика маҳсулотлари бўйича 10 йил муддатга) кафолатли харид қилиш шартномасини (офтейк шартномани) тузади.

Бунда кафолатли харид қилиш шартномасини бажаришдан бир тарафлама бош тортишга ёки кафолатли харид қилиш шартномасининг шартларини бир тарафлама ўзгартиришга йўл қўйилмайди, қонунчиликда ёки шартномада назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

39. Кафолатли харид қилиш шартномаси тарафлари қонунчиликда ва шартномада назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ва мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

4-боб. Кооперация алоқаларини ўрнатган кичик тадбиркорларнинг маҳсулотларини давлат буюртмачиларига сотиш имкониятлари

40. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 15 ноябрдаги ПҚ-366-сон қарорига мувофиқ давлат иштирокидаги йирик корхоналар билан кооперация алоқаларини ўрнатган кичик тадбиркорлик субъектлари алоҳида саҳифадан фойдаланган ҳолда 2026 йил 1 январга қадар маҳаллийлаштирган маҳсулотини давлат буюртмачилари билан бир молия йили давомида жами 10 миллиард сўмгача қийматда тўғридан-тўғри шартномаларни электрон шаклда тузади ҳамда ушбу шартномалар шартномаларнинг ягона реестрига киритилади.

Бунда Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги томонидан давлат иштирокидаги йирик корхоналар билан кооперация алоқаларини ўрнатган кичик тадбиркорлик субъектларининг реестри ҳамда кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат буюртмачилари билан бир молия йили давомида жами 10 миллиард сўмгача қийматда тузилган шартномалар реестри ва ҳисоби алоҳида саҳифада юритилади.

41. Бюджет буюртмачилари томонидан алоҳида саҳифада тузиладиган шартномавий мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг давлат молиясини бошқариш ахборот тизимида (кейинги ўринларда — ДМБАТ) етарли маблағлар мавжуд бўлганда шартнома суммасига банд қўйилади.

42. Алоҳида саҳифада шартнома намунавий шакл асосида электрон шакллантирилади ва томонларнинг шахсий кабинетларига электрон шаклда имзолаш учун юборилади.

43. Алоҳида саҳифада бюджет буюртмачилари томонидан тузилган шартнома бўйича маълумотлар автомат тарзда ДМБАТга юборилади.

44. Шартномалар тузилганлиги тўғрисидаги ахборот ДМБАТда қабул қилинганидан сўнг автомат тарзда рўйхатдан ўтказилади ёки ҳисобга олинади.

45. Алоҳида саҳифада корпоратив буюртмачи ва кичик тадбиркорлик субъекти ўртасида тузилган электрон шартнома бўйича тўлов ундирилмайди.

5-боб. Якунловчи қоидалар

46. Бюджет буюртмачилари ва ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари кооперация алоқаларини ўрнатиш учун мазкур Низом қоидаларидан фойдаланиши мумкин.

47. Ишлаб чиқариб билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари учун алоҳида саҳифадан фойдаланган ҳолда бошқа ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари билан кооперация алоқаларини ўрнатиш юзасидан эълон жойлаштириш ва иҳтиёрий муддатга кафолатли харид қилиш шартномаларини тузиш имконияти яратилади.

48. Ушбу Низом талабларига риоя этилишининг давлат назорати қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.

49. Битим тарафлари ўртасида келиб чиққан низолар музокаралар йўли билан ҳал этилади. Келишувга эришилмаган ҳолларда низолар суд тартибида ҳал қилинади.

50. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Корпоратив буюртмачиларнинг тадбиркорлик субъектлари билан кооперация алоқаларини ўрнатиш ва ушбу жараёнда давлат харидларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Корпоратив буюртмачилар билан тадбиркорлик субъектлари ўртасида кооперация алоқаларини ўрнатиш

Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Муддатлар 1-босқич Корпоратив буюртмачи 1. Тоқ сонли ва камида беш нафар аъзодан иборат таркибда комиссия тузади. 2. Комиссиянинг ҳар бир аъзосига ва масъул котибига давлат харидларининг электрон тизимида шахсий кабинет очади. Заруратга кўра 2-босқич Корпоратив буюртмачи И мпорт қилиниши режалаштирилган маҳсулотлар рўйхатини шакллантиради ва янгилаб боради. Ҳ ар чорак да 3-босқич Ишчи гуруҳ К ооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича жойлаштирган маълумотлари ва республика нинг импорт таркиби ва номенклатураси юзасидан таҳлилий маълумотлар тайёрлайди, корпоратив буюртмачиларга маҳсулотлар кесимида манзилли таклифларни тақдим этади. Ҳ ар чорак да 4 -босқич Корпоратив буюртмачи Манзилли таклифларни кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади. Ў н иш куни ичида 5-босқич Т адбиркорлик субъекти Тегишли маҳсулотни ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган тушунтиришлар сўрайди. Заруратга кўра 6 -босқич Корпоратив буюртмачи Т адбиркорлик субъектидан сўров келиб тушганда, сўровга тушунтиришлар беради. Сўров келиб тушган кундан бошлаб беш иш куни ичида 7 -босқич Тадбиркорлик субъекти К ооперация алоқаларни ўрнатиш мақсадида талабгор сифатида қатнашиш учун ўз таклифини тақдим этади. Ўз хоҳишига кўра 8 -босқич Алоҳида саҳифа Кооперация алоқаларини ўрнатиш учун эълонни автомат тарзда шакллантиради. Таклиф тақдим этилганидан эътиборан ўн иш кунига 9 -босқич Комиссия 1. Талабгор(лар) томонидан берилган т аклифларни белгиланган тартибда к ў риб чиқади ва таққослайди. 2. Кооперация алоқаларини ўрнатиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Таклифлар бериш тугаган муддат дан эътиборан ўн иш куни ичида 10 -босқич Алоҳида саҳифа Комиссия қарор қабул қил и нган кунда баҳолаш натижаларини автомат тарз да электрон баённомада қайд этади. Автомат тарзда 11 -босқич Корпоратив буюртмачи Кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича энг юқори балл тўплаган талабгор ( лар ) билан электрон шаклда битим тузади. Баённома тузилган кундан эътиборан ўн иш кунида 12 -босқич Комиссия 1. Битим шартларини бажариш жараёнини мониторинг қилиб боради. 2. Камчиликлар аниқланганда тадбиркорлик субъектига ушбу камчиликларни бартараф этишни талаб қилади. Ҳар ойда 13 -босқич Т адбиркорлик субъекти Мониторинг натижаларига мувофиқ тушунтиришлар беради ва ишлаб чиқариш жараёнларини ташкил қилади. Доимий 14 -босқич Корпоратив буюртмачи ва тадбиркорлик субъекти Зарурат туғилганда битим шартлари қайта кўриб чиқилади Тегишли ҳолатларда 15 -босқич Т адбиркорлик субъекти 1. Маҳсулотни ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. 2. Маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулот тўғрисидаги сертификатни белгиланган тартибда олади. Битимда белгиланган муддат ичида 16 -босқич Корпоратив буюртмачи Битим доирасида кафолатли харид қилиш шартномаси ва унга қ ў шимча келишув лойиҳаларининг суммаси БҲМнинг йигирма беш минг бараваридан (бюджет буюртмачилари учун БҲМнинг олти минг) ошганда Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги ҳузуридаги «Лойиҳалар ва харидлар самарадорлигини ошириш маркази» давлат муассасасида экспертизадан ў тказади. Заруратга кўра 17 -босқич Корпоратив буюртмачи ва тадбиркорлик субъекти Белгиланган талаблар бажарилганда корпоратив буюртмачи ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйган тадбиркорлик субъекти ўртасида кафолатланган харид қилиш шартнома си тузилади. Уч иш кунидан кечиктирмасдан

Корпоратив буюртмачиларнинг тадбиркорлик субъектлари билан кооперация алоқаларини ўрнатиш ва ушбу жараёнда давлат харидларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича талабгорнинг таклифлари

1. Талабгор ҳақида маълумот Талабгорнинг тўлиқ номи , ташкилий-ҳуқуқий шакли ва СТИР Талабгорнинг иқтисодий фаолият тури Талабгорнинг давлат рўйхатидан ўткази лган санаси Талабгорнинг ижро э тувчи органи раҳбари Талабго р ёки унинг вакиллари билан боғланиш учун маълумотлар (иш телефо нлари рақамлари, мобил телефон рақамлари , э лектрон почта манзил лари) Охирги 3 йил давомида тўланган солиқлар миқдори (агар мавжуд бўлса) Т алабгор нинг мавжуд иш тажрибаси ҳақида маълумот Қўшимча маълумотлар ( мавжуд бўл ган ҳолларда тўлдирилади) 2. Битим бўйича ишлаб чиқарилиши режалаштирилган маҳсулот ҳақида маълумот Соҳа Маҳсулот номи ва ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси коди (ТИФ ТН) Д авлат харидлари соҳасида фойдаланиладиган т оварларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) ягона миллий классификатори коди Маҳсулот нинг техник х усусиятлари Ишлаб чиқариш қуввати ҳажми 1 - йил — _______; 2 - йил — _______; … Ариза берилган санадаги маҳсулотларнинг бозор нархлари (Олинган маълумот манбалари кўрсати лади ) Ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш санаси (битим имзолангандан кейин) 3. Талабгор томонидан кооперация алоқаларини ўрнатиш орқали ишлаб чиқарилиши режалаштирган маҳсулот ва бошқа баҳоланадиган мезонлар ҳақида маълумот Техник-иқтисодий асослар ёки техник-иқтисодий ҳисоб-китоб 1. Намунавий маҳсулот ишлаб чиқарилган. 2. Конструкторлик ҳужжатлари, чизмалар, спецификациялар мавжуд. 3 . Илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмалари мавжуд. Кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича битимни амалга ошириш учун етарлича молиявий ресурсларнинг мавжудлиги 1. Ўз маблағлари. 2. Жалб қилинган маблағлар (кредит ва бошқалар). 3 . Қўшимча маблағлар талаб этилади. Маҳсулотнинг бир бирлик нархи 1. _____________. (Корпоратив буюртмачи томонидан белгиланган нархдан паст) 2 . _____________. (Корпоратив буюртмачи томонидан белгиланган нарх билан тенг) 3 . _____________. (Корпоратив буюртмачи томонидан белгиланган нархдан юқори) Ишлаб чиқариш базасининг мавжудлиги 1. Ўз ишлаб чиқариш базаси. 2. Ўз ишлаб чиқариш базаси ва ижарага олинган ишлаб чиқариш базаси. 3 . Ижарага олинган ишлаб чиқариш базаси . 4 . Ижарага олинган ишлаб чиқариш базаси ва ишлаб чиқариш базаси талаб қилинади . 5 . Ишлаб чиқариш базаси талаб қилинади. И шлаб чиқариладиган маҳсулотнинг кафолат муддати 1. 4 йилдан юқори. 2. 3 йилдан 4 йилгача. 3. 2 йилдан 3 йилгача. 4. 1 йилдан 2 йилгача. 5. 1 йилгача. Маҳсулотни маҳаллийлаштириш даражасининг режалаштирилаётган улуши прогнози 1. 91 — 100 фоиз. 2. 81 — 90 фоиз. 3. 71 — 80 фоиз. 4. 61 — 70 фоиз. 5. 51 — 60 фоиз. 6. 41 —50 фоиз. 7. 40 фоиздан паст.

Корпоратив буюртмачиларнинг тадбиркорлик субъектлари билан кооперация алоқаларини ўрнатиш ва ушбу жараёнда давлат харидларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА

Кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича талабгорларни баҳолаш

Мезонлар 20 балл 10 балл 1 балл Техник-иқтисодий асослар ёки техник-иқтисодий ҳисоб-китоб Намунавий маҳсулот ишлаб чиқарилганлиги Конструкторлик ҳужжатлари, чизмалар, спецификациялар мавжудлиги Илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмаларининг мавжудлиги Кооперация алоқаларини ўрнатиш бўйича битимни амалга ошириш учун етарлича молиявий ресурсларнинг мавжудлиги Ўз маблағлари Жалб қилинган маблағлар (кредит ва бошқалар) Қўшимча маблағлар талаб этилади Маҳсулотнинг нархи Буюртмачи томонидан белгиланган нархдан паст Буюртмачи томонидан белгиланган нарх билан тенг Буюртмачи томонидан белгиланган нархдан юқори Мезонлар 10 балл 8 балл 6 балл 4 балл 0 балл Ишлаб чиқариш базасининг мавжудлиги Ўз ишлаб чиқариш базаси Ўз ишлаб чиқариш базаси ва ижарага олинган ишлаб чиқариш базаси И жарага олинган ишлаб чиқариш базаси Ижарага олинган ишлаб чиқариш базаси ва ишлаб чиқариш базаси талаб қилинади И шлаб чиқариш базаси талаб қилинади И шлаб чиқариладиган маҳсулотнинг кафолат муддати 4 йилдан юқори 3 йилдан 4 йилгача 2 йилдан 3 йилгача 1 йилдан 2 йилгача 1 йилгача Мезонлар 20 балл 18 балл 16 балл 14 балл 12 балл 10 балл 8 балл Маҳсулотни маҳаллийлаштириш даражасининг режалаштирилаётган улуши прогнози 91 — 100 фоиз 81 — 90 фоиз 71 — 80 фоиз 61 — 70 фоиз 51 — 60 фоиз 41 — 50 фоиз 40 фоиздан паст бўлса

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 11 мартдаги 159-сон қарорига 2-ИЛОВА

Давлат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. Қуйидаги мазмундаги 95 1 -банд билан тўлдирилсин:

«95 1 . Танлаш таклифларини балл усулидан фойдаланган ҳолда баҳолашда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тақдим этилган таклифларга маҳаллийлаштириш даражасига мутаносиб равишда қўшимча балл берилади.

Бунда қўшимча баллар ишлаб чиқарувчи томонидан тўпланган балларнинг 15 фоизидан ҳисоб-китоб қилинади.

Маҳаллийлаштириш даражаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 28 октябрдаги 712-сон қарори билан тасдиқланган Маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ аниқланади.

Давлат харидлари электрон тизими ишлаб чиқарувчига бериладиган қўшимча балларни автоматик равишда ҳисоблайди ва электрон баённомада қайд этади.

Агар ишлаб чиқарувчи томонидан тақдим этилган нарх таклифи бошқа иштирокчилар томонидан таклиф этилган энг паст нархнинг 15 фоизидан юқори бўлса, қўшимча баллар берилмайди.

Қўшимча баллар қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

ҚБ = ТБ * 15 % * МД,

бу ерда:

ҚБ — қўшимча баллар;

ТБ — ишлаб чиқарувчи томонидан тўпланган баллар;

МД — маҳаллийлаштириш даражаси (фоизда)».

2. 105 ва 167-бандларида «жалб этишни» сўзларидан кейин «ва халқаро рейтингларни олишни» сўзлари билан тўлдирилсин.

3. Қуйидаги мазмундаги 155 1 -банд билан тўлдирилсин:

«155 1 . Тендер таклифларини балл усулидан фойдаланган ҳолда баҳолашда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тақдим этилган таклифларга маҳаллийлаштириш даражасига мутаносиб равишда қўшимча балл берилади.

Бунда қўшимча баллар ишлаб чиқарувчи томонидан тўпланган балларнинг 15 фоизидан ҳисоб-китоб қилинади.

Маҳаллийлаштириш даражаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 28 октябрдаги 712-сон қарори билан тасдиқланган Маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ аниқланади.

Давлат харидлари электрон тизими ишлаб чиқарувчига бериладиган қўшимча балларни автоматик равишда ҳисоблайди ва электрон баённомада қайд этади.

Агар ишлаб чиқарувчи томонидан тақдим этилган нарх таклифи бошқа иштирокчилар томонидан таклиф этилган энг паст нархнинг 15 фоизидан юқори бўлса, қўшимча баллар берилмайди.

Қўшимча баллар қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

ҚБ = ТБ * 15 % * МД,

бу ерда:

ҚБ — қўшимча баллар;

ТБ — ишлаб чиқарувчи томонидан тўпланган баллар;

МД — маҳаллийлаштириш даражаси (фоизда)».

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 11 март,

159-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.03.2025 й., 09/25/159/0250-сон; 21.07.2026 й., 09/26/393/0764-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

Korporativ buyurtmachilarning tadbirkorlik subyektlari bilan kooperatsiya aloqalarini oʻrnatishi va davlat xaridlari jarayonida ishlab chiqaruvchilarni ragʻbatlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Davlat xaridlarida kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish boʻyicha yaxlit va shaffof tizimni yaratish, unga tadbirkorlik subyektlarini keng jalb etish hamda import oʻrnini bosadigan keng turdagi mahsulot turlarining oʻzlashtirilishini har tomonlama qoʻllab-quvvatlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining tadbirkorlar bilan toʻrtinchi ochiq muloqotida belgilangan vazifalarni amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 30-avgustdagi PF-132-son Farmoniga muvofiq:

yangi turdagi mahsulotlarni ishlab chiqarishni yoʻlga qoʻyish maqsadida tadbirkorlik subyektlari bilan kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish orqali kafolatlangan tarzda xarid qilishning zamonaviy tizimini joriy qilish;

davlat xaridlarini amalga oshirishda tovarning oʻzlashtirish darajasidan kelib chiqib, ishlab chiqaruvchilarni ragʻbatlantirish tizimini yoʻlga qoʻyish belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Korporativ buyurtmachilarning tadbirkorlik subyektlari bilan kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish va ushbu jarayonda davlat xaridlarini amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

korporativ buyurtmachilar tomonidan import qilinishi rejalashtirilgan mahsulotlar roʻyxatini shakllantirish va eʼlon qilish;

kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish uchun tadbirkorlik subyektlari takliflarini qabul qilish tartibi va ularni baholash mezonlarini belgilash;

tadbirkorlik subyekti bilan kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish boʻyicha bitim tuzish;

kooperatsiya aloqalarini oʻrnatgan tadbirkorlarning mahsulotlarini davlat buyurtmachilariga sotish imkoniyatlarini yaratish.

3. Belgilansinki, “Kichik biznesga koʻmaklashish markazi” MCHJ kichik tadbirkorlik subyektlariga kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish boʻyicha biznes loyihalarini ishlab chiqishga koʻmaklashadi.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi Raqamli texnologiyalar vazirligi, Davlat aktivlarini boshqarish agentligi, “Oʻzbekekspertiza” AJ bilan birgalikda uch oy muddatda kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish uchun davlat xaridlari boʻyicha maxsus axborot portalida ochilgan alohida sahifaga zarur boʻlgan maʼlumotlar integratsiya qilinishini taʼminlasin.

5. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq eng yaxshi takliflarni tanlash va tender savdolarida (korporativ buyurtmachilar tomonidan tijorat maqsadlarida qayta sotish yoki shu maqsadlarda tovarlardan ishlab chiqarishda foydalanish uchun amalga oshiriladigan davlat xaridlaridan tashqari) ishlab chiqaruvchilarning takliflarini baholashda “ball usuli”dan foydalanganda ularga qoʻshimcha ball berish tizimi joriy etiladi.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi bilan birgalikda uch oy muddatda Mahalliy ishlab chiqarilgan tovarlarni aniqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga mahalliy korxonalar tomonidan bajariladigan ishlar va koʻrsatiladigan xizmatlar uchun sertifikatlarni berish boʻyicha tegishli oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritishni nazarda tutuvchi qaror loyihasini Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.

7. Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 20-maydagi 276-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat xaridlarini amalga oshirish bilan bogʻliq tartib-taomillarni tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ilovaga muvofiq oʻzgartirishlar kiritilsin.

8. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 11-martdagi 159-son qaroriga 1-ILOVA

Korporativ buyurtmachilarning tadbirkorlik subyektlari bilan kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish va ushbu jarayonda davlat xaridlarini amalga oshirish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom korporativ buyurtmachilar bilan tadbirkorlik subyektlari oʻrtasida ixtiyoriylik asosida kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish va ushbu jarayonda davlat xaridlarini amalga oshirish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish boʻyicha alohida sahifa (keyingi oʻrinlarda — alohida sahifa) — korporativ buyurtmachilar tomonidan import qilinishi rejalashtirilgan mahsulotlar (tovarlar, ishlar va xizmatlar) (keyingi oʻrinlarda — mahsulotlar) roʻyxatini eʼlon qilish, tadbirkorlik subyektlari tomonidan talabgor sifatida qatnashish soʻrovini yuborish hamda kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish boʻyicha bitimni roʻyxatdan oʻtkazish, tegishli shartnomalarni tuzish imkonini beradigan davlat xaridlari boʻyicha maxsus axborot portalida ochilgan maxsus sahifa;

kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish boʻyicha bitim (keyingi oʻrinlarda — bitim) — korporativ buyurtmachining kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish boʻyicha komissiya tomonidan kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish uchun qabul qilingan qaroriga muvofiq korporativ buyurtmachi va tadbirkorlik subyekti oʻrtasida mahsulotlar ishlab chiqarish va ularni kafolatli xarid qilish yuzasidan huquq va majburiyatlarni belgilash, oʻzgartirish yoki bekor qilish toʻgʻrisida tuziladigan hujjat;

kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish boʻyicha komissiya (keyingi oʻrinlarda — komissiya) — korporativ buyurtmachi tomonidan kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish maqsadida shakllantiriladigan, kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish uchun talabgor(lar)ning takliflarini koʻrib chiqish va uning natijalariga koʻra kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish boʻyicha qaror qabul qilish vakolatiga ega hamda ishlab chiqarishni yoʻlga qoʻyish jarayonlarini monitoring qilish huquqi berilgan ishchi organ;

mahalliy ishlab chiqarilgan mahsulot (tovar) toʻgʻrisidagi sertifikat — Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 28-oktabrdagi 712-son qarori bilan tasdiqlangan Mahalliy ishlab chiqarilgan tovarlarni aniqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq belgilangan tartibda berilgan mahalliy ishlab chiqarilgan mahsulotlarning ishlab chiqaruvchisini tasdiqlovchi hujjat, shu jumladan, elektron shakldagi hujjat;

kooperatsiya aloqalarini tashkil etishga koʻmaklashuvchi ishchi guruh (keyingi oʻrinlarda — Ishchi guruh) — respublikaning import tarkibi va nomenklaturasini tahlil qilish, mahalliy ishlab chiqarishni yoʻlga qoʻyish boʻyicha tahliliy maʼlumotlar tayyorlash, korporativ buyurtmachilarga manzilli takliflar taqdim etish hamda tadbirkorlik subyektlari va xorijiy investorlarni kooperatsiyaga jalb qilish hamda bitim tuzgan tadbirkorlik subyektlariga koʻmaklashish maqsadida Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Davlat va xoʻjalik boshqaruvi hamda mahalliy ijroiya hokimiyati organlarining ishlab chiqarishni mahalliylashtirish va sanoat tarmoqlarida kooperatsiya aloqalarini jadallashtirishning yangi tizimini joriy etish boʻyicha masʼuliyatini yanada oshirish toʻgʻrisida” 2019-yil 24-avgustdagi PQ-4426-son qaroriga muvofiq tashkil etilgan Mahalliylashtirish va sanoatda kooperatsiya aloqalarini kengaytirish masalalari boʻyicha doimiy asosda faoliyat koʻrsatuvchi ishchi guruh;

monitoring — bitim doirasida tadbirkorlik subyekti tomonidan mahsulotni ishlab chiqarish boʻyicha zimmasiga olgan majburiyatlarning bajarilishini oʻrganib borish boʻyicha komissiya tomonidan oʻtkaziladigan kompleks tadbirlar;

talabgor — kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish istagini bildirgan tadbirkorlik subyekti.

3. Kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish quyidagi tamoyilga asoslanadi:

asoslanganlik;

kafolatli xarid qilish shartnomalarini tuzish uchun ajratilgan mablagʻlardan oqilona va tejamkor foydalanish;

kafolatli xarid qilish shartnomalarini tuzish jarayonida ochiqlik va shaffoflikni taʼminlash, shuningdek, tadbirkorlik subyektlarining tijorat siriga oid axborotlarni oshkor etmaslik;

halol raqobat;

masʼuliyatlilik;

korrupsiyaga yoʻl qoʻymaslik;

talabgorlarni aniqlash jarayonida teng imkoniyatlar yaratish.

2-bob. Kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish boʻyicha komissiya va kooperatsiya aloqalarini tashkil etishga koʻmaklashuvchi ishchi guruh

4. Kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish uchun korporativ buyurtmachining boshqaruv organlari qaroriga muvofiq boshqaruv xodimlari orasidan kamida besh nafar aʼzodan iborat tarkibda komissiya tuziladi.

Korporativ buyurtmachi komissiyaga ekspertlarni, shuningdek, boshqa manfaatdor vazirliklar, idoralar va oʻzining yuqori turuvchi tashkiloti vakillarini jalb etishi mumkin.

Komissiyaning tezkor faoliyatini tashkillashtirish komissiyada ovoz berish huquqiga ega boʻlmagan masʼul kotib tomonidan amalga oshiriladi.

5. Komissiya ishiga rais rahbarlik qiladi, u komissiya majlislarini chaqiradi va olib boradi, ovozga qoʻyishni va komissiya tomonidan qabul qilingan qarorlarni eʼlon qiladi, shuningdek, komissiya majlislarining elektron bayonnomalarini elektron raqamli imzodan foydalangan holda imzolaydi.

Komissiya raisi yoʻqligida uning vazifalarini oʻrinbosari bajaradi.

6. Korporativ buyurtmachi komissiyaning har bir aʼzosiga va masʼul kotibiga oʻz vazifalarini amalga oshirish uchun alohida sahifada shaxsiy kabinet ochadi.

7. Komissiyaning vakolatiga kiritilgan masalalarni koʻrib chiqish uchun komissiyaning aʼzolari va masʼul kotibining muloqot qilishi davlat xaridlari boʻyicha alohida sahifada yopiq chat orqali amalga oshiriladi.

8. Komissiyaning har bir aʼzosi oʻzining shaxsiy kabineti orqali ovoz berishda yoqlab ovoz berishi yoki qarshi ovoz berishi shart.

9. Komissiya majlisida aʼzolarining kamida uchdan ikki qismi ishtirok etishi lozim, har bir majlisda qabul qilingan qaror boʻyicha bayonnomalar alohida sahifada shakllantiriladi.

10. Ishchi guruh:

kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish boʻyicha joylashtirilgan maʼlumotlarni hamda respublikaning import tarkibi va nomenklaturasini tahlil qilib, oʻz hududida mahsulotlarni ishlab chiqarishni yoʻlga qoʻyish boʻyicha tahliliy maʼlumotlar tayyorlaydi hamda korporativ buyurtmachilarga manzilli takliflar taqdim etadi;

tadbirkorlik subyektlari, shu jumladan, xorijiy investorlarni kooperatsiya aloqalarini oʻrnatishga jalb qiladi, ular uchun seminarlar, konferensiyalar va boshqa tadbirlarni tashkil etadi;

tadbirkorlik subyektlarining ishlab chiqarish faoliyatini yoʻlga qoʻyishda muammolarni aniqlash, ularni bartaraf etishda yordam berish va ishlab chiqarish jarayonidagi muammolarni muntazam ravishda oʻrganish hamda hal etish boʻyicha chora-tadbirlarni ishlab chiqadi;

tuzilgan bitimlarni amalga oshirishga koʻmaklashadi;

kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish uchun zarur hujjatlarni tayyorlashda koʻmaklashadi;

tadbirkorlik subyektlarini qonunchilikda belgilangan imkoniyatlar haqida xabardor qilib boradi.

Bunda tadbirkorlik subyektlari ishlab chiqarish jarayonida mavjud muammolarni va takliflarni koʻrsatgan holda Ishchi guruhga murojaat qilishlari mumkin.

11. Ishchi guruh korporativ buyurtmachilarning kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish boʻyicha joylashtirgan maʼlumotlarini va respublikaning import tarkibi va nomenklaturasi yuzasidan tahliliy maʼlumotlarni alohida sahifada ochilgan shaxsiy kabinet orqali har chorakda eʼlon qilib boradi.

Bunda Ishchi guruhga shaxsiy kabinet orqali oʻz hududida joylashgan korporativ buyurtmachilarga mahsulotlar kesimida manzilli takliflarni taqdim etish imkoniyati yaratiladi.

12. Ishchi guruhdan alohida sahifa orqali takliflar kelib tushganda, korporativ buyurtmachi takliflarni oʻn ish kuni ichida koʻrib chiqadi va tegishli qaror qabul qiladi.

Bunda qabul qilingan qaror alohida sahifa orqali Ishchi guruhga taqdim etiladi.

3-bob. Kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish

13. Korporativ buyurtmachilar bilan tadbirkorlik subyektlari oʻrtasida kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

14. Korporativ buyurtmachilar kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish maqsadida import qilinishi rejalashtirilgan mahsulotlar roʻyxatini alohida sahifada shakllantiradi va har chorakda yangilab boradi.

15. Korporativ buyurtmachilar alohida sahifaga import asosida xarid qilinishi rejalashtirilgan mahsulotlarning roʻyxatini har bir mahsulot kesimida quyidagi maʼlumotlarni koʻrsatgan holda joylashtiradi:

korporativ buyurtmachining nomi va manzili;

mahsulot yetkazib beriladigan hudud;

mahsulotni yillik xarid qilish hajmi;

mahsulotni yetkazib berish muddati;

mahsulotning har bir birligi uchun maksimal xarid narxi;

mahsulot xususiyati va texnik parametrlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

mahsulotning standart talabi, zarur hollarda litsenziya, ruxsat etish xususiyatiga ega boshqa hujjat yoki sertifikat talab qilinishi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar.

Bunda korporativ buyurtmachilar zarur boʻlganda mahsulotning oʻziga xos xossalaridan yoki xususiyatlaridan kelib chiqqan holda, ishtirokchilarga qoʻshimcha talablar belgilashi mumkin.

16. Korporativ buyurtmachilar alohida sahifada joylashtirgan maʼlumotlarni oʻzlarining shaxsiy kabineti orqali har chorak yakunidan soʻng keyingi oyning oʻninchi sanasiga qadar yangilab boradi.

17. Tadbirkorlik subyekti kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish maqsadida talabgor sifatida qatnashish uchun alohida sahifada joylashtirilgan maʼlumotlarga muvofiq oʻz taklifini taqdim etadi.

Bunda tadbirkorlik subyekti tomonidan avval oʻzida ishlab chiqarilmagan yangi turdagi mahsulot boʻyicha taklifiga ushbu Nizomning 18-bandida koʻrsatilgan hujjatlarga qoʻshimcha ravishda biznes loyiha taqdim etilishi talab qilinadi.

18. Talabgor korporativ buyurtmachilar tomonidan alohida sahifa orqali import qilinishi rejalashtirilgan mahsulotni tanlagan holda, kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish boʻyicha ushbu Nizomning 15-bandida koʻrsatilgan maʼlumotlarga asosan oʻz takliflarini elektron shaklda taqdim etadi.

Bunda talabgor ushbu Nizomga 2-ilovada keltirilgan shaklda maʼlumotlarni toʻldirishi hamda quyidagi hujjatlarni ilova qilishi talab etiladi:

konstruktorlik hujjatlari, fotosuratlar va/yoki chizmalar (agar mavjud boʻlsa);

bitimni amalga oshirish natijasida ishlab chiqarish rejalashtirilgan mahsulot bir birligi narxi hamda mahalliylashtirish darajasi prognozi boʻyicha dastlabki hisob-kitoblari (bir birlik mahsulot narxi boʻyicha ishlab chiqarish xarajatlari, shu jumladan, xomashyo sotib olish, ishlab chiqarish xodimlarining ish haqi va boshqa xarajatlar yoyilmasi koʻrsatilishi lozim);

rejalashtirilgan va/yoki haqiqiy hisob-kitoblar (xarajatlarning batafsil hisob-kitoblari);

ishlab chiqarishni tashkil etish jadvali (bitimni amalga oshirishda yangi mahsulot ishlab chiqarishni tashkil etish jadvali, shu jumladan, ish bosqichlari, ishlab chiqarishning rejalashtirilgan boshlanish sanasi, tayyor mahsulot ishlab chiqarish quvvati).

19. Alohida sahifada talabgor taklifida elektron maydonlarning toʻldirilganligi hamda biriktirilgan fayllarning mavjudligi avtomat tarzda tekshiriladi.

20. Talabgor kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish boʻyicha taklif berishdan oldin alohida sahifadan foydalangan holda mahsulotni ishlab chiqarish bilan bogʻliq tushuntirishlar berishi toʻgʻrisida korporativ buyurtmachiga soʻrov yuborishga haqli. Korporativ buyurtmachi besh ish kuni ichida loyihaga aloqador boʻlgan barcha soʻrovlariga aniq va toʻliq javob berishi shart.

21. Talabgor bitta mahsulotga faqat bitta taklif berishga haqli.

22. Alohida sahifada talabgor tomonidan tanlangan mahsulot boʻyicha kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish uchun boshqa tadbirkorlik subyektlari tomonidan oʻz takliflarini berish imkoniyatini yaratish maqsadida oʻn ish kuniga ushbu Nizomning 15-bandida koʻrsatib oʻtilgan maʼlumotlar asosida avtomat tarzda eʼlon shakllantiriladi.

23. Talabgor taqdim etilayotgan axborot va hujjatlarning haqiqiyligi hamda toʻgʻriligi uchun javobgar boʻladi.

24. Kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish boʻyicha takliflarni qabul qilish alohida sahifada berilgan eʼlonda koʻrsatilgan muddatda yakunlanadi.

25. Kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish uchun talabgor(lar)ni baholash quyidagi mezonlar asosida amalga oshiriladi:

texnik-iqtisodiy asoslar yoki texnik-iqtisodiy hisob-kitobning mavjudligi;

kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish boʻyicha bitimni amalga oshirish uchun yetarli moliyaviy resurslarning (shu jumladan, kredit) mavjudligi;

mahsulotning bir birlik narxi;

ishlab chiqarish bazasining mavjudligi yoki shakllantirish imkoniyati asoslanganligi;

ishlab chiqariladigan mahsulotning kafolat muddati;

mahsulotning mahalliylashtirish darajasining rejalashtirilayotgan ulushi prognozi.

26. Komissiya tadbirkorlik subyekt(lar)i tomonidan taqdim qilingan hujjatlarning ushbu Nizom talablariga muvofiqligi yuzasidan koʻrib chiqadi, koʻrib chiqish natijalariga koʻra kamchiliklar aniqlanmagan taqdirda, elektron tizim ushbu Nizomga 3-ilovaga muvofiq belgilangan mezonlar asosida takliflarning baholash jarayonini avtomat tarzda amalga oshiradi.

Kamchiliklar aniqlangan mezonlar boʻyicha elektron tizim baholashni amalga oshirmaydi. Bunda talabgorni baholash natijalariga koʻra u bilan bitim tuzilgan taqdirda, baholash mezonlari boʻyicha talabgorning takliflari bitim shartlarida aks ettiriladi.

27. Kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish boʻyicha talabgor(lar)ning taklif(lar)ini koʻrib chiqish takliflar berish tugagan muddatdan eʼtiboran oʻn ish kunidan oshishi mumkin emas.

28. Kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish uchun bitta taklif olingan boʻlsa ham, komissiya tomonidan koʻrib chiqilishi va korporativ buyurtmachi tadbirkorlik subyekti bilan belgilangan tartibda bitim tuzishi mumkin.

29. Taklif(lar)ni baholash natijalariga koʻra komissiya eng yuqori ball toʻplagan talabgor(lar) bilan kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish yoki uni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

Kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish boʻyicha talabgor(lar) taklif(lar)ini rad etishning aniq sabablari ushbu Nizomning 9-bandida nazarda tutilgan bayonnomada koʻrsatiladi.

30. Rasmiylashtirilgan bayonnoma talabgor(lar)ning shaxsiy kabinetiga avtomat tarzda yuboriladi.

31. Korporativ buyurtmachi tadbirkorlik subyekt(lar)i bilan bayonnoma rasmiylashtirilgan kundan boshlab oʻn ish kuni ichida bitim shartlarini oʻzaro kelishgan holda, alohida sahifada elektron shaklda uni imzolaydi.

Bitimga mahsulotni oʻzlashtirish bosqichlari koʻrsatilgan reja-grafik ilova qilinib, tasdiqlanadi.

32. Bitim shartlarida quyidagilar nazarda tutiladi:

ishlab chiqarishni tashkil etish jadvali, bitimni amalga oshirish doirasida mahsulotni ishlab chiqarish bosqichlari (ish bosqichlari, ishlab chiqarishning rejalashtirilgan boshlanish sanasi va tayyor mahsulot hajmi aniq koʻrsatiladi);

mahsulot narxi va yillar kesimida ishlab chiqarish hamda kafolatli xarid qilish hajmi;

inflyatsiya darajasi va mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdori oʻzgarishi munosabati bilan bitim doirasida ishlab chiqarilishi rejalashtirilgan mahsulot narxini taraflar kelishuviga koʻra, narx oʻzgartirilishi shartlari (ajratilgan mablagʻlar doirasida);

komissiya tomonidan bitim shartlarini bajarish jarayoni ustidan har oyda monitoring oʻtkazish va mahsulot ishlab chiqish jarayonining holatini baholash;

qonunchilikka va bitim shartlariga rioya etilishi ustidan monitoring oʻtkazish doirasida aniqlangan kamchiliklar tadbirkorlik subyekti tomonidan bartaraf etilishini talab qilish;

taraflar kelishuviga muvofiq korporativ buyurtmachi tadbirkorlik subyektiga kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish va ishlab chiqarish jarayonlarini tashkil etishda tashkiliy, texnik va boshqa zarur koʻmakni koʻrsatish (koʻmak turlari va shartlari taraflarning oʻzaro kelishuviga koʻra belgilanadi);

bitim shartlari bitim taraflari tomonidan buzilgan taqdirda, bitimni belgilangan tartibda bekor qilish.

Bitim taraflari qonunchilikda va bitimda nazarda tutilgan boshqa huquqlarga va majburiyatlarga ham ega boʻlishi mumkin.

33. Qonunchilik hujjatlariga muvofiq bitimga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish yuzasidan qoʻshimcha bitim korporativ buyurtmachi va tadbirkorlik subyekt(lar)ining oʻzaro kelishuvi asosida alohida sahifadan foydalangan holda tuziladi.

34. Bitimning quyidagi shartlarini qayta koʻrib chiqishga yoʻl qoʻyiladi:

mahsulotni yetkazib berish hajmini 10 foizdan koʻp boʻlmagan miqdorga oshirishga;

bitim boʻyicha yetkazib beriladigan har qanday mahsulotni tegishli funksional xususiyatlari va sifati nisbatan yaxshilangan mahsulotga almashtirishga (bitimda belgilangan mahsulotning asosiy texnik xususiyatlari haqidagi minimal talablardan kam boʻlmagan holda).

Bunda bitimni bajarishdan bir taraflama bosh tortishga yoki bitimning shartlarini bir taraflama oʻzgartirishga yoʻl qoʻyilmaydi, qonunchilikda yoki bitimda nazarda tutilgan hollar bundan mustasno.

35. Bitim imzolangandan soʻng tadbirkorlik subyekti:

komissiya tomonidan oʻtkaziladigan monitoring doirasida soʻralgan hujjatlarni taqdim etishi va ishlab chiqarish jarayonini oʻrganish uchun zarur shart-sharoit yaratishi;

komissiyaning monitoring natijalari boʻyicha yozma eʼtirozlari boʻyicha tegishli tushuntirishlar berishi;

ishlab chiqarilgan mahsulotlar namunalari bilan korporativ buyurtmachini tanishtirishi shart.

36. Tadbirkorlik subyekti ishlab chiqarish rejalashtirilgan mahsulotning mahalliylashtirish darajasini shartnomaga muvofiqligini taʼminlaydi va oxirgi import shartnoma narxidan yuqori boʻlmagan narxlarda yetkazib berish uchun zarur choralarni koʻradi.

37. Korporativ buyurtmachi va kooperatsiya aloqalarini oʻrnatgan tadbirkorlik subyekti oʻrtasidagi bitim shartlari asosida ular oʻrtasida mahsulot yetkazib berish boʻyicha kafolatli xarid qilish shartnomasi alohida sahifadan foydalangan holda tuziladi va ushbu shartnoma belgilangan tartibda shartnomalarning yagona reyestriga kiritiladi.

Bunda, mahsulotni yetkazib berish boʻyicha kafolatli xarid qilish shartnomasini tuzish uchun quyidagilar talab etiladi:

mahalliy ishlab chiqarilgan mahsulot toʻgʻrisidagi sertifikat mavjud boʻlishi;

kafolatli xarid qilish shartnomasi va unga qoʻshimcha kelishuv loyihalarining summasi bazaviy hisoblash miqdorining yigirma besh ming (budjet buyurtmachilari uchun olti ming) baravaridan oshganda Oʻzbekiston Respublikasi Sanoat kooperatsiyasi va davlat xaridlari agentligi huzuridagi “Loyihalar va xaridlar samaradorligini oshirish markazi” DMda ekspertizadan oʻtkazilishi.

Ushbu talablar bajarilgan vaqtdan boshlab uch ish kunidan kechiktirmasdan korporativ buyurtmachi va ishlab chiqarishni yoʻlga qoʻygan tadbirkorlik subyekti oʻrtasida elektron shaklda kafolatli xarid qilish shartnomasi tuziladi.

38. Korporativ buyurtmachilar kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish boʻyicha bitimda belgilangan hajmlarda va shartlarda ishlab chiqariladigan mahsulot boʻyicha 5 yil muddatga (farmatsevtika mahsulotlari boʻyicha 10 yil muddatga) kafolatli xarid qilish shartnomasini (ofteyk shartnomani) tuzadi.

Bunda kafolatli xarid qilish shartnomasini bajarishdan bir taraflama bosh tortishga yoki kafolatli xarid qilish shartnomasining shartlarini bir taraflama oʻzgartirishga yoʻl qoʻyilmaydi, qonunchilikda yoki shartnomada nazarda tutilgan hollar bundan mustasno.

39. Kafolatli xarid qilish shartnomasi taraflari qonunchilikda va shartnomada nazarda tutilgan boshqa huquqlarga va majburiyatlarga ham ega boʻlishi mumkin.

4-bob. Kooperatsiya aloqalarini oʻrnatgan kichik tadbirkorlarning mahsulotlarini davlat buyurtmachilariga sotish imkoniyatlari

40. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Aholini kichik va oʻrta biznesga keng jalb qilishning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 15-noyabrdagi PQ-366-son qaroriga muvofiq davlat ishtirokidagi yirik korxonalar bilan kooperatsiya aloqalarini oʻrnatgan kichik tadbirkorlik subyektlari alohida sahifadan foydalangan holda 2026-yil 1-yanvarga qadar mahalliylashtirgan mahsulotini davlat buyurtmachilari bilan bir moliya yili davomida jami 10 milliard soʻmgacha qiymatda toʻgʻridan-toʻgʻri shartnomalarni elektron shaklda tuzadi hamda ushbu shartnomalar shartnomalarning yagona reyestriga kiritiladi.

Bunda Sanoat kooperatsiyasi va davlat xaridlari agentligi tomonidan davlat ishtirokidagi yirik korxonalar bilan kooperatsiya aloqalarini oʻrnatgan kichik tadbirkorlik subyektlarining reyestri hamda kichik tadbirkorlik subyektlari tomonidan davlat buyurtmachilari bilan bir moliya yili davomida jami 10 milliard soʻmgacha qiymatda tuzilgan shartnomalar reyestri va hisobi alohida sahifada yuritiladi.

41. Budjet buyurtmachilari tomonidan alohida sahifada tuziladigan shartnomaviy majburiyatlarning bajarilishini taʼminlash maqsadida Iqtisodiyot va moliya vazirligining davlat moliyasini boshqarish axborot tizimida (keyingi oʻrinlarda — DMBAT) yetarli mablagʻlar mavjud boʻlganda shartnoma summasiga band qoʻyiladi.

42. Alohida sahifada shartnoma namunaviy shakl asosida elektron shakllantiriladi va tomonlarning shaxsiy kabinetlariga elektron shaklda imzolash uchun yuboriladi.

43. Alohida sahifada budjet buyurtmachilari tomonidan tuzilgan shartnoma boʻyicha maʼlumotlar avtomat tarzda DMBATga yuboriladi.

44. Shartnomalar tuzilganligi toʻgʻrisidagi axborot DMBATda qabul qilinganidan soʻng avtomat tarzda roʻyxatdan oʻtkaziladi yoki hisobga olinadi.

45. Alohida sahifada korporativ buyurtmachi va kichik tadbirkorlik subyekti oʻrtasida tuzilgan elektron shartnoma boʻyicha toʻlov undirilmaydi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

46. Budjet buyurtmachilari va ishlab chiqarish bilan shugʻullanuvchi tadbirkorlik subyektlari kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish uchun mazkur Nizom qoidalaridan foydalanishi mumkin.

47. Ishlab chiqarib bilan shugʻullanuvchi tadbirkorlik subyektlari uchun alohida sahifadan foydalangan holda boshqa ishlab chiqaruvchi tadbirkorlik subyektlari bilan kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish yuzasidan eʼlon joylashtirish va ihtiyoriy muddatga kafolatli xarid qilish shartnomalarini tuzish imkoniyati yaratiladi.

48. Ushbu Nizom talablariga rioya etilishining davlat nazorati qonunchilikka muvofiq amalga oshiriladi.

49. Bitim taraflari oʻrtasida kelib chiqqan nizolar muzokaralar yoʻli bilan hal etiladi. Kelishuvga erishilmagan hollarda nizolar sud tartibida hal qilinadi.

50. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Korporativ buyurtmachilarning tadbirkorlik subyektlari bilan kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish va ushbu jarayonda davlat xaridlarini amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Korporativ buyurtmachilar bilan tadbirkorlik subyektlari oʻrtasida kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish

Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Korporativ buyurtmachi 1. Toq sonli va kamida besh nafar aʼzodan iborat tarkibda komissiya tuzadi. 2. Komissiyaning har bir aʼzosiga va masʼul kotibiga davlat xaridlarining elektron tizimida shaxsiy kabinet ochadi. Zaruratga koʻra 2-bosqich Korporativ buyurtmachi I mport qilinishi rejalashtirilgan mahsulotlar roʻyxatini shakllantiradi va yangilab boradi. H ar chorak da 3-bosqich Ishchi guruh K ooperatsiya aloqalarini oʻrnatish boʻyicha joylashtirgan maʼlumotlari va respublika ning import tarkibi va nomenklaturasi yuzasidan tahliliy maʼlumotlar tayyorlaydi, korporativ buyurtmachilarga mahsulotlar kesimida manzilli takliflarni taqdim etadi. H ar chorak da 4 -bosqich Korporativ buyurtmachi Manzilli takliflarni koʻrib chiqadi va tegishli qaror qabul qiladi. Oʻ n ish kuni ichida 5-bosqich T adbirkorlik subyekti Tegishli mahsulotni ishlab chiqarish bilan bogʻliq boʻlgan tushuntirishlar soʻraydi. Zaruratga koʻra 6 -bosqich Korporativ buyurtmachi T adbirkorlik subyektidan soʻrov kelib tushganda, soʻrovga tushuntirishlar beradi. Soʻrov kelib tushgan kundan boshlab besh ish kuni ichida 7 -bosqich Tadbirkorlik subyekti K ooperatsiya aloqalarni oʻrnatish maqsadida talabgor sifatida qatnashish uchun oʻz taklifini taqdim etadi. Oʻz xohishiga koʻra 8 -bosqich Alohida sahifa Kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish uchun eʼlonni avtomat tarzda shakllantiradi. Taklif taqdim etilganidan eʼtiboran oʻn ish kuniga 9 -bosqich Komissiya 1. Talabgor(lar) tomonidan berilgan t akliflarni belgilangan tartibda k oʻ rib chiqadi va taqqoslaydi. 2. Kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish yoki rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. Takliflar berish tugagan muddat dan eʼtiboran oʻn ish kuni ichida 10 -bosqich Alohida sahifa Komissiya qaror qabul qil i ngan kunda baholash natijalarini avtomat tarz da elektron bayonnomada qayd etadi. Avtomat tarzda 11 -bosqich Korporativ buyurtmachi Kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish boʻyicha eng yuqori ball toʻplagan talabgor ( lar ) bilan elektron shaklda bitim tuzadi. Bayonnoma tuzilgan kundan eʼtiboran oʻn ish kunida 12 -bosqich Komissiya 1. Bitim shartlarini bajarish jarayonini monitoring qilib boradi. 2. Kamchiliklar aniqlanganda tadbirkorlik subyektiga ushbu kamchiliklarni bartaraf etishni talab qiladi. Har oyda 13 -bosqich T adbirkorlik subyekti Monitoring natijalariga muvofiq tushuntirishlar beradi va ishlab chiqarish jarayonlarini tashkil qiladi. Doimiy 14 -bosqich Korporativ buyurtmachi va tadbirkorlik subyekti Zarurat tugʻilganda bitim shartlari qayta koʻrib chiqiladi Tegishli holatlarda 15 -bosqich T adbirkorlik subyekti 1. Mahsulotni ishlab chiqarishni yoʻlga qoʻyadi. 2. Mahalliy ishlab chiqarilgan mahsulot toʻgʻrisidagi sertifikatni belgilangan tartibda oladi. Bitimda belgilangan muddat ichida 16 -bosqich Korporativ buyurtmachi Bitim doirasida kafolatli xarid qilish shartnomasi va unga q oʻ shimcha kelishuv loyihalarining summasi BHMning yigirma besh ming baravaridan (budjet buyurtmachilari uchun BHMning olti ming) oshganda Sanoat kooperatsiyasi va davlat xaridlari agentligi huzuridagi “Loyihalar va xaridlar samaradorligini oshirish markazi” davlat muassasasida ekspertizadan oʻ tkazadi. Zaruratga koʻra 17 -bosqich Korporativ buyurtmachi va tadbirkorlik subyekti Belgilangan talablar bajarilganda korporativ buyurtmachi va ishlab chiqarishni yoʻlga qoʻygan tadbirkorlik subyekti oʻrtasida kafolatlangan xarid qilish shartnoma si tuziladi. Uch ish kunidan kechiktirmasdan

Korporativ buyurtmachilarning tadbirkorlik subyektlari bilan kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish va ushbu jarayonda davlat xaridlarini amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish boʻyicha talabgorning takliflari

1. Talabgor haqida maʼlumot Talabgorning toʻliq nomi , tashkiliy-huquqiy shakli va STIR Talabgorning iqtisodiy faoliyat turi Talabgorning davlat roʻyxatidan oʻtkazi lgan sanasi Talabgorning ijro e tuvchi organi rahbari Talabgo r yoki uning vakillari bilan bogʻlanish uchun maʼlumotlar (ish telefo nlari raqamlari, mobil telefon raqamlari , e lektron pochta manzil lari) Oxirgi 3 yil davomida toʻlangan soliqlar miqdori (agar mavjud boʻlsa) T alabgor ning mavjud ish tajribasi haqida maʼlumot Qoʻshimcha maʼlumotlar ( mavjud boʻl gan hollarda toʻldiriladi) 2. Bitim boʻyicha ishlab chiqarilishi rejalashtirilgan mahsulot haqida maʼlumot Soha Mahsulot nomi va tashqi iqtisodiy faoliyat tovar nomenklaturasi kodi (TIF TN) D avlat xaridlari sohasida foydalaniladigan t ovarlarning (ishlarning, xizmatlarning) yagona milliy klassifikatori kodi Mahsulot ning texnik x ususiyatlari Ishlab chiqarish quvvati hajmi 1 - yil — _______; 2 - yil — _______; … Ariza berilgan sanadagi mahsulotlarning bozor narxlari (Olingan maʼlumot manbalari koʻrsati ladi ) Ishlab chiqarishni yoʻlga qoʻyish sanasi (bitim imzolangandan keyin) 3. Talabgor tomonidan kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish orqali ishlab chiqarilishi rejalashtirgan mahsulot va boshqa baholanadigan mezonlar haqida maʼlumot Texnik-iqtisodiy asoslar yoki texnik-iqtisodiy hisob-kitob 1. Namunaviy mahsulot ishlab chiqarilgan. 2. Konstruktorlik hujjatlari, chizmalar, spetsifikatsiyalar mavjud. 3 . Ilmiy-tadqiqot va tajriba-konstruktorlik ishlanmalari mavjud. Kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish boʻyicha bitimni amalga oshirish uchun yetarlicha moliyaviy resurslarning mavjudligi 1. Oʻz mablagʻlari. 2. Jalb qilingan mablagʻlar (kredit va boshqalar). 3 . Qoʻshimcha mablagʻlar talab etiladi. Mahsulotning bir birlik narxi 1. _____________. (Korporativ buyurtmachi tomonidan belgilangan narxdan past) 2 . _____________. (Korporativ buyurtmachi tomonidan belgilangan narx bilan teng) 3 . _____________. (Korporativ buyurtmachi tomonidan belgilangan narxdan yuqori) Ishlab chiqarish bazasining mavjudligi 1. Oʻz ishlab chiqarish bazasi. 2. Oʻz ishlab chiqarish bazasi va ijaraga olingan ishlab chiqarish bazasi. 3 . Ijaraga olingan ishlab chiqarish bazasi . 4 . Ijaraga olingan ishlab chiqarish bazasi va ishlab chiqarish bazasi talab qilinadi . 5 . Ishlab chiqarish bazasi talab qilinadi. I shlab chiqariladigan mahsulotning kafolat muddati 1. 4 yildan yuqori. 2. 3 yildan 4 yilgacha. 3. 2 yildan 3 yilgacha. 4. 1 yildan 2 yilgacha. 5. 1 yilgacha. Mahsulotni mahalliylashtirish darajasining rejalashtirilayotgan ulushi prognozi 1. 91 — 100 foiz. 2. 81 — 90 foiz. 3. 71 — 80 foiz. 4. 61 — 70 foiz. 5. 51 — 60 foiz. 6. 41 —50 foiz. 7. 40 foizdan past.

Korporativ buyurtmachilarning tadbirkorlik subyektlari bilan kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish va ushbu jarayonda davlat xaridlarini amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA

Kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish boʻyicha talabgorlarni baholash

Mezonlar 20 ball 10 ball 1 ball Texnik-iqtisodiy asoslar yoki texnik-iqtisodiy hisob-kitob Namunaviy mahsulot ishlab chiqarilganligi Konstruktorlik hujjatlari, chizmalar, spetsifikatsiyalar mavjudligi Ilmiy-tadqiqot va tajriba-konstruktorlik ishlanmalarining mavjudligi Kooperatsiya aloqalarini oʻrnatish boʻyicha bitimni amalga oshirish uchun yetarlicha moliyaviy resurslarning mavjudligi Oʻz mablagʻlari Jalb qilingan mablagʻlar (kredit va boshqalar) Qoʻshimcha mablagʻlar talab etiladi Mahsulotning narxi Buyurtmachi tomonidan belgilangan narxdan past Buyurtmachi tomonidan belgilangan narx bilan teng Buyurtmachi tomonidan belgilangan narxdan yuqori Mezonlar 10 ball 8 ball 6 ball 4 ball 0 ball Ishlab chiqarish bazasining mavjudligi Oʻz ishlab chiqarish bazasi Oʻz ishlab chiqarish bazasi va ijaraga olingan ishlab chiqarish bazasi I jaraga olingan ishlab chiqarish bazasi Ijaraga olingan ishlab chiqarish bazasi va ishlab chiqarish bazasi talab qilinadi I shlab chiqarish bazasi talab qilinadi I shlab chiqariladigan mahsulotning kafolat muddati 4 yildan yuqori 3 yildan 4 yilgacha 2 yildan 3 yilgacha 1 yildan 2 yilgacha 1 yilgacha Mezonlar 20 ball 18 ball 16 ball 14 ball 12 ball 10 ball 8 ball Mahsulotni mahalliylashtirish darajasining rejalashtirilayotgan ulushi prognozi 91 — 100 foiz 81 — 90 foiz 71 — 80 foiz 61 — 70 foiz 51 — 60 foiz 41 — 50 foiz 40 foizdan past boʻlsa

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 11-martdagi 159-son qaroriga 2-ILOVA

Davlat xaridlarini amalga oshirish bilan bogʻliq tartib-taomillarni tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida nizomga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar

1. Quyidagi mazmundagi 95 1 -band bilan toʻldirilsin:

“95 1 . Tanlash takliflarini ball usulidan foydalangan holda baholashda mahalliy ishlab chiqaruvchilar tomonidan taqdim etilgan takliflarga mahalliylashtirish darajasiga mutanosib ravishda qoʻshimcha ball beriladi.

Bunda qoʻshimcha ballar ishlab chiqaruvchi tomonidan toʻplangan ballarning 15 foizidan hisob-kitob qilinadi.

Mahalliylashtirish darajasi Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 28-oktabrdagi 712-son qarori bilan tasdiqlangan Mahalliy ishlab chiqarilgan tovarlarni aniqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq aniqlanadi.

Davlat xaridlari elektron tizimi ishlab chiqaruvchiga beriladigan qoʻshimcha ballarni avtomatik ravishda hisoblaydi va elektron bayonnomada qayd etadi.

Agar ishlab chiqaruvchi tomonidan taqdim etilgan narx taklifi boshqa ishtirokchilar tomonidan taklif etilgan eng past narxning 15 foizidan yuqori boʻlsa, qoʻshimcha ballar berilmaydi.

Qoʻshimcha ballar quyidagi formula asosida hisoblanadi:

QB = TB * 15 % * MD,

bu yerda:

QB — qoʻshimcha ballar;

TB — ishlab chiqaruvchi tomonidan toʻplangan ballar;

MD — mahalliylashtirish darajasi (foizda)”.

2. 105 va 167-bandlarida “jalb etishni” soʻzlaridan keyin “va xalqaro reytinglarni olishni” soʻzlari bilan toʻldirilsin.

3. Quyidagi mazmundagi 155 1 -band bilan toʻldirilsin:

“155 1 . Tender takliflarini ball usulidan foydalangan holda baholashda mahalliy ishlab chiqaruvchilar tomonidan taqdim etilgan takliflarga mahalliylashtirish darajasiga mutanosib ravishda qoʻshimcha ball beriladi.

Bunda qoʻshimcha ballar ishlab chiqaruvchi tomonidan toʻplangan ballarning 15 foizidan hisob-kitob qilinadi.

Mahalliylashtirish darajasi Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 28-oktabrdagi 712-son qarori bilan tasdiqlangan Mahalliy ishlab chiqarilgan tovarlarni aniqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq aniqlanadi.

Davlat xaridlari elektron tizimi ishlab chiqaruvchiga beriladigan qoʻshimcha ballarni avtomatik ravishda hisoblaydi va elektron bayonnomada qayd etadi.

Agar ishlab chiqaruvchi tomonidan taqdim etilgan narx taklifi boshqa ishtirokchilar tomonidan taklif etilgan eng past narxning 15 foizidan yuqori boʻlsa, qoʻshimcha ballar berilmaydi.

Qoʻshimcha ballar quyidagi formula asosida hisoblanadi:

QB = TB * 15 % * MD,

bu yerda:

QB — qoʻshimcha ballar;

TB — ishlab chiqaruvchi tomonidan toʻplangan ballar;

MD — mahalliylashtirish darajasi (foizda)”.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 11-mart,

159-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 18.03.2025-y., 09/25/159/0250-son; 21.07.2026-y., 09/26/393/0764-son)

lex.uz