📅 2025-yil 28-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 28-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 28 март · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 28 марта 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 28 March 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
СХЕМАСИ
КЎРСАТМА ХАТИ
ТАРКИБИ
РЎЙХАТИ
Давлат архитектура назоратини амалга оширишнинг янги механизмини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида
Аҳоли пунктларини реконструкция қилиш ва ободонлаштиришда, ижтимоий инфратузилма объектларини жойлаштиришда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлаш ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган иморатни аниқлаш ҳамда бартараф этиш чораларини кучайтириш, шунингдек, коммуникация тармоқлари ҳимоя ҳудудларидаги ноқонуний қурилмаларни бузиш билан боғлиқ суд қарорлари ижросини таъминлаш ва ушбу ҳудудларда келиб чиқиши мумкин бўлган фавқулодда ҳолатларни олдини олишга қаратилган зарур чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотларни аниқлаш ҳамда бартараф этишда давлат архитектура назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин ҳамда унинг кучга кириш санаси 2025 йил 27 июнь этиб белгилансин:
давлат архитектура назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби;
давлат архитектура назорати тадбирлари иштирокчилари, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;
ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш ва судларга даъво аризаларини киритиш тартиби.
2. Шаҳарсозлик соҳасидаги қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш ва ноқонуний қурилмаларни аниқлаш ҳамда бартараф қилишни ташкил этиш бўйича Республика комиссияси (кейинги ўринларда — Республика комиссияси) ташкил этилсин ҳамда унинг таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Қуйидагилар Республика комиссиясининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш бўйича ваколатли органларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш;
ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бартараф этиш билан боғлиқ суд ҳужжатларининг амалда ижро этилганлигини таҳлил қилиш;
шаҳарсозлик соҳасидаги қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан тегишли таклифлар ишлаб чиқиш;
суд қарорларига мувофиқ бузилиши белгиланган магистрал газ ўтказиш қувурлари, юқори кучланишли электр тармоғи, сув ва иссиқлик таъминоти тизимларининг (кейинги ўринларда — коммуникация тармоқлари) ҳимоя ҳудудларидаги ноқонуний қурилмаларни бартараф қилинишини ташкил этиш;
ҳар бир ноқонуний қурилманинг техник ҳолати, хавфсизлик талабларига мувофиқлигини ва ушбу ҳудуддаги аҳолининг ижтимоий ҳолатини ўрганиш ишларини ташкил этиш;
ноқонуний қурилмаларни бузиш билан боғлиқ харажатлар ва компенсациялар ажратиш бўйича таклифлар тайёрлаш.
3. Республика комиссияси икки ой муддатда коммуникация тармоқлари ҳимоя ҳудудларида жойлашган узоқ муддат давомида объектив сабабларга кўра бузилмасдан турган ҳар бир ноқонуний қурилмаларнинг ҳолатини ишчи гуруҳ тузган ҳолда ўрганиб чиқиб, уларни бартараф этиш юзасидан қисқа муддатли дастурни тасдиқласин.
4. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги:
бир ой муддатда Адлия вазирлиги билан «Notarius», Ички ишлар вазирлиги билан «E-maʼmuriy ish», Олий суд билан «Adolat», Кадастр агентлиги билан «UzKad» ахборот тизимларини «Shaffof Qurilish» миллий ахборот тизими билан интеграция қилинишини;
уч ой муддатда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги хабарларни юбориш, қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда тақдим этган шахсларни рағбатлантириш тартиби ҳақидаги низом лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминласин.
5. Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги давлат космик мониторинги доирасида ер участкаларининг олинган аэрокосмик суратларини Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига ҳар йили бир маротаба бепул тақдим этиб борсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 28 мартдаги 192-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотларни аниқлаш ҳамда бартараф этишда давлат архитектура назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом давлат архитектура назоратини амалга ошириш, ташкил этиш, ўтказиш, давлат архитектура назорати тадбирлари иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низом ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш билан боғлиқ жараёнга татбиқ этилмайди.
3. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:
бино — функционал мақсадига қараб одамлар яшаши ёки бўлишига ва ҳар хил турдаги ишлаб чиқариш жараёнларини бажаришга мўлжалланган, таянч, тўсма ёки ҳар иккала мақсадга хизмат қилувчи конструкциялардан иборат қурилиш тизими;
ваколатли орган — Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари;
видеотехника воситалари — видеокузатув ва тасвирга олиш техника воситалари ҳамда мобил қурилмалар;
давлат архитектура назорати — аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари, қоидалари ва стандартларига риоя этилиши устидан назорат қилиш, шу жумладан, ўзбошимчалик билан қурилган (қурилаётган) бино ва иншоотни (капитал бино ва иншоот, вақтинча ва енгил турдаги қурилмалар) аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган ваколатли орган томонидан амалга ошириладиган ҳаракатлар мажмуи;
енгил турдаги қурилмалар — енгил конструкциялардан иборат, ҳар томонлама ёпиқ ёки бир қисми очиқ, 0,5 метрдан чуқур бўлмаган ҳолатда тошдан ёки ғиштдан терилган пойдеворларга эга, тўлиқ ечиб олиш (доналаб ўпириб олиш) ва кўчириш имконияти мавжуд объектлар;
иншоот — ҳар хил турдаги ишлаб чиқариш жараёнларини амалга ошириш, моддий қимматликларни жойлаштириш ва сақлаш, одамларнинг вақтинча бўлиши (ҳаракатланиши), шунингдек, ускуналар ёки коммуникацияларни жойлаштириш (ўтказиш, улаш) учун мўлжалланган, таянч, тўсма ёки ҳар иккала мақсадга хизмат қилувчи конструкциялардан иборат ҳажмий, ясси ёки чизиқ тарзидаги қурилиш тизими;
капитал бино ва иншоот — объект барпо этилиши учун ер участкасига мулк, ижара ёки доимий фойдаланиш ҳуқуқи мавжуд бўлган, зарур рухсат берувчи ҳужжатлари олинган ҳамда муқим муҳандислик коммуникациялари ўтказилган (зарур бўлганда), шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этган ҳолда махсус мослаштирилган (чуқурлаштирилган ва бошқа ҳолатдаги) пойдеворларга ўрнатилган қурилиш тизими;
ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоот — қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ажратилган ер участкасида архитектура ва қурилиш соҳасидаги тегишли рухсат берувчи ҳужжатларсиз, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини бузган ҳолда, шу билан биргаликда, объект қурилиши назарда тутилмаган ер участкасида қурилаётган ёки қуриб бўлинган капитал ҳамда енгил конструкцияли бино ва иншоотлар, шу жумладан, ерости иншоотлари.
4. Юридик ва жисмоний шахслар, республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш давлат архитектура назоратининг асосий вазифаси ҳисобланади.
5. Ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотни бартараф этиш бўйича судларга даъво аризалари ваколатли орган томонидан киритилади.
6. Туман (шаҳар) ҳокимликлари ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотларни бартараф этиш ишларини ваколатли орган билан биргаликда ташкил қилади.
2-боб. Давлат архитектура назоратини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби
7. Ваколатли орган томонидан давлат архитектура назорати қуйидаги асосларга кўра ўтказилади:
мониторинг жараёнида шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши аниқланганда;
жисмоний ёки юридик шахслар томонидан шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги мурожаат келиб тушганда;
жисмоний ёки юридик шахсларга шаҳарсозлик фаолияти учун ажратилган ер майдонларида ўзбошимчалик билан қурилиш ишлари амалга оширилганлиги (ошираётганлиги) аниқланганда;
икки қаватдан юқори (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан баланд ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган якка тартибдаги уй-жойларни, шунингдек, 300 метр кубдан кўп ҳажмдаги нотурар бино ва иншоотлар лойиҳа ҳужжатларининг экспертизадан ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекцияларида (кейинги ўринларда — ҳудудий инспекциялар) рўйхатдан ўтказилмаганлиги аниқланганда;
икки қаватгача (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан паст ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метргача бўлган якка тартибдаги уй-жойларни, шунингдек, 300 метр кубдан кам ҳажмдаги нотурар бино ва иншоотлар қуриш лойиҳаси туман (шаҳар) қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлимлари билан келишилмаганда;
бино ва иншоотларнинг жойлаштирилиши ва қурилиши аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларига ҳамда бошқа шаҳарсозлик ҳужжатларга ёки мастер-режаларга мувофиқ бўлмаганда;
оммавий ахборот воситалари ёки бошқа ташқи манбаларда (ижтимоий тармоқлар ва веб-сайтларда) шаҳарсозликка оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинганда;
суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек, бошқа давлат органлари ва ташкилотлардан шаҳарсозликка оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида далолат берувчи ахборот келиб тушганда.
Ваколатли орган шаҳарсозликка оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, ҳужжатлар тўпламини шакллантириш, уларни ўз вақтида ва объектив кўриб чиқиш бўйича ҳужжатлар (маълумотлар) электрон ҳужжатлар алмашинуви «Shaffof Qurilish» миллий ахборот тизими (кейинги ўринларда — «Shaffof Qurilish» МАТ) орқали амалга оширилади.
8. Жисмоний ва юридик шахслар ўзбошимчалик билан қурилган (қурилаётган) бино ва иншоотларни видеотехника воситалари орқали қайд этиб фото — видео материалларни ваколатли органга кўриб чиқиш учун «Огоҳ фуқаро» платформаси орқали юборишлари мумкин.
Бунда келиб тушган мурожаатлар тегишлилигига кўра ваколатли органга «Огоҳ фуқаро» платформаси орқали автоматик тарзда юборилади.
9. Ҳудудий инспекциялар ўзбошимчалик билан қурилган (қурилаётган) бино ва иншоотлар тўғрисида «Shaffof Qurilish» МАТ орқали ваколатли органга хабарнома юбориши мумкин.
Бунда келиб тушган хабарнома тегишлилигига кўра ваколатли органга «Shaffof Qurilish» МАТ орқали автоматик тарзда юборилади.
10. Ваколатли орган давлат архитектура назорати тадбирларида ўз ваколатлари доирасидан четга чиқмаслиги ҳамда назорат предметига алоқадор бўлмаган ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилмаслиги лозим.
11. Ваколатли орган томонидан ҳар бир ўтказиладиган давлат архитектура назорати тадбирлари «Yagona davlat nazorati» ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор этган ҳолда амалга оширилади.
Бунда давлат архитектура назорати ташаббуси «Xavfni tahlil qilish» электрон тизими натижалари асосида билдирилади.
3-боб. Давлат архитектура назорати тадбирлари иштирокчилари, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
12. Давлат архитектура назоратини амалга оширувчи ваколатли орган, давлат архитектура назорат тадбири ўтказилаётган юридик шахснинг мансабдор шахси ёки унинг вакили ёхуд жисмоний шахс назорат тадбирининг иштирокчилари ҳисобланади.
13. Давлат архитектура назоратини амалга оширишда ваколатли орган ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
юридик ва жисмоний шахслардан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларини тасдиқлайдиган ҳужжатларни талаб қилиш;
давлат архитектура назоратини амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларни республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда юридик ва жисмоний шахслардан белгиланган тартибда сўраб олиш;
зарур ҳолларда давлат архитектура назорати тадбирларида юзага келган масалаларни тушунтириш учун махсус билимларга эга бўлган республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг мутахассисларини белгиланган тартибда жалб қилиш;
давлат архитектура назорати тадбирлари жараёнларини фото ва видеотасвирга тушириш, шунингдек, учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар)дан белгиланган тартибда фойдаланиш (учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар)дан фойдаланиш қонунчилик ҳужжатларида тақиқланган ҳоллар бундан мустасно);
давлат архитектура назорати масалаларида юридик ва жисмоний шахслардан зарур ахборотлар, маълумотлар ва тушунтиришлар олиш;
давлат архитектура назорати тадбирларини ўтказишда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларини ва жисмоний шахсларни давлат архитектура назорати билан боғлиқ масалаларда тушунтиришлар бериши учун чақириш;
давлат архитектура назоратини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган ҳаракатларнинг олдини олишда ёки уларни тўхтатишда, шунингдек, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахсларни аниқлашда ички ишлар органларига мурожаат қилиш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларига, шунингдек, жисмоний шахсларга давлат архитектура назорати соҳасида аниқланган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш ҳақида кўрсатмалар бериш.
Давлат архитектура назоратини амалга оширишда ваколатли орган қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
14. Давлат архитектура назоратини амалга оширишда ваколатли орган қуйидагиларга мажбур:
давлат архитектура назорати амалга оширилаётган юридик шахснинг мансабдор шахси ёки унинг вакилига ёхуд жисмоний шахсга ўз хизмат гувоҳномасини кўрсатиш;
юридик шахснинг мансабдор шахси ёки унинг вакилини ёхуд жисмоний шахсни давлат архитектура назорати мақсади ва уни амалга ошириш асослари билан таништириш;
юридик ва жисмоний шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
15. Давлат архитектура назорати тадбири ўтказилаётган юридик шахснинг мансабдор шахси (вакили) ёки жисмоний шахс қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ваколатли органнинг назорат масалаларига алоқаси бўлмаган талабларини бажармаслик;
ваколатли органга архитектура тўғрисидаги қонунчилик ижросига тааллуқли масалалар бўйича тушунтиришлар бериш;
ваколатли органнинг рухсати билан экспертиза ўтказишда иштирок этиш ва экспертга тушунтиришлар бериш ҳамда экспертнинг хулосаси билан танишиш;
давлат архитектура назорати материаллари билан танишиш ва назорат далолатномасини олиш;
ваколатли органнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан шикоят қилиш.
Давлат архитектура назорати амалга оширилаётган юридик шахснинг мансабдор шахси ёки жисмоний шахс қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
16. Давлат архитектура назорати тадбири ўтказилаётган юридик шахснинг мансабдор шахси (вакили) ёки жисмоний шахснинг мажбуриятлари:
ваколатли органнинг давлат архитектура назорати билан боғлиқ қонуний талабларини бажариш, уларнинг мансабдор шахсларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилмаслик;
ваколатли органга назорат билан боғлиқ ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш имкониятини яратиш;
назорат тадбирини ўтказувчининг талабига кўра шаҳарсозликка оид ҳужжатларни тақдим этиш;
юридик шахснинг мансабдор шахси ёки жисмоний шахс ўз зиммасига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.
4-боб. Ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш ва судларга даъво аризаларини киритиш тартиби
17. Қуйидагилар:
Ваколатли орган томонидан ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ;
ўзбошимчалик билан қурилган (қурилаётган) бино ва иншоотлар тўғрисидаги хабарнома ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ схема асосида берилади.
18. Ваколатли орган ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотларни мустақил равишда ёки бошқа органлар билан биргаликда аниқлаб боради.
19. Ваколатли орган «Огоҳ фуқаро» платформаси ҳамда «Shaffof Qurilish» МАТ орқали келиб тушган хабарномалар асосида бир иш куни ичида ушбу Низомда белгиланган тартибда назорат ишларини амалга ошириб, ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотлар мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлайди.
20. Ваколатли орган Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги томонидан давлат космик мониторинги доирасида олинган ва тақдим этилган аэрокосмик суратлар ёки уларнинг қайта ишланган маълумотларини таҳлил қилиб, ўзбошимчалик билан эгалланган ва ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотлар эҳтимоли юқори бўлган ҳудудларни белгилаб, «Shaffof Qurilish» МАТ орқали ҳудудий бўлинмаларга ўрганиб чиқиш учун юборади.
21. Ваколатли орган бир иш куни ичида:
аниқланган ҳолатлар бўйича «Shaffof Qurilish» МАТдан фойдаланган ҳолда, 5-бандда келтирилган асосларга кўра давлат архитектура назоратини ўтказади;
объектни қуриш учун қонунчиликда назарда тутилган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг мавжудлиги ҳамда қурилиш ишлари шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ тарзда амалга оширилаётганлиги (оширилганлиги)ни аниқлайди;
ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотни қурган шахсга мазкур қурилишнинг ноқонунийлиги ва унинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида батафсил тушунтириш бериб, объектни 15 кун ичида ихтиёрий равишда бартараф этиш тўғрисида ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шаклдаги кўрсатма хати беради ва шу куннинг ўзида тўпланган материалларни планшетдан фойдаланган ҳолда, «Shaffof Qurilish» МАТ орқали ваколатли органга юборади.
22. Ваколатли орган «Shaffof Qurilish» МАТ орқали келиб тушган ҳужжатларни бир иш куни ичида текшириб, аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан «E-maʼmuriy ish» АТ орқали Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ, маъмурий жазо чорасини қўллаш масаласини кўриб чиқади.
23. Маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарор ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотни тасарруф этишга нисбатан автоматик тарзда тақиқ қўйилиши учун «Shaffof Qurilish» МАТ орқали реал вақт режимида Кадастр агентлигининг «UzKAD» ахборот тизимига юборилади.
24. Ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотни аниқлаган ваколатли орган 15 кун муддат тугаганидан сўнг, икки иш куни мобайнида ихтиёрий бартараф этилганлигини жойига бориб текширади.
Ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоот ихтиёрий бартараф этилган тақдирда, бу ҳақида уни қурган шахс, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, уни аниқлаган ваколатли орган иштирокида далолатнома тузилади.
Далолатнома ваколатли орган томонидан бир иш куни ичида «Shaffof Qurilish» МАТга юборилади.
Ваколатли орган ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотнинг ихтиёрий бартараф этилганлиги тўғрисида маълумотни мол-мулкка қўйилган тақиқни олиб ташлаш учун Кадастр агентлигининг «UzKAD» ахборот тизимига «Shaffof Qurilish» МАТ орқали реал вақт режимида юборади.
25. Ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотни қурган шахс уни ўн беш кун муддат ичида ўз ҳисобидан бартараф этиши шарт.
Ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотни қурган шахс томонидан ушбу объектга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисида судга даъво берилган тақдирда, даъво берилган кундан бошлаб суднинг тегишли қарори кучга киргунга қадар ушбу объектнинг бартараф этилиши вақтинча тўхтатиб турилади.
26. Ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотни ихтиёрий равишда бартараф этиш учун берилган 15 кун муддат тугагандан сўнг, ихтиёрий бартараф этилмаган тақдирда, ваколатли орган «Shaffof Qurilish» МАТ орқали Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 212-моддаси учинчи қисмига мувофиқ, бино ва иншоотни бартараф этиш (бузиб ташлаш) тўғрисида даъво аризасини судга киритади.
27. Ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотни бартараф этиш тўғрисидаги даъво аризасига ушбу Низомнинг 19-бандида назарда тутилган кўрсатма хати, ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотнинг жойлашув схемаси, бино ва иншоотнинг фотосуратлари (камида тўрт томонидан туширилган) ҳамда процессуал қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳужжатлар илова қилинади.
28. Жарималардан тушадиган маблағлар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармасига ўтказилади ҳамда уларнинг 25 фоизгача қисми ваколатли органнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ходимларини моддий рағбатлантириш учун ажратилади.
5-боб. Давлат архитектура назоратини амалга оширувчи органларнинг ўзаро ҳамкорлиги
29. Ваколатли орган ўзига юкланган вазифаларни республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.
Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, мулкдорлар ва мулкдан фойдаланувчилар ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотни аниқлаш ва бартараф этишда ваколатли органга кўмаклашиши шарт.
6-боб. Якунловчи қоидалар
30. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотларни аниқлаш ҳамда бартараф этишда давлат архитектура назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисида низомга 1-ИЛОВА
Ваколатли орган томонидан ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш
Субъектлар Механизм Муддатлар Ваколатли орган ҳудудий бўлинмалари Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги томонидан давлат космик мониторинги доирасида олинган ва тақдим этилган аэрокосмик суратлар ёки уларнинг қайта ишланган маълумотларини таҳлил қилиб, ўзбошимчалик билан эгалланган ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотлар эҳтимоли юқори бўлган ҳудудларни белгилаб олади. Доимий Ваколатли орган ҳудудий бўлинмалари Ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотни қурган шахсга мазкур қурилишнинг ноқонунийлиги ва унинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида батафсил тушунтириш бериб, объектни 15 кун муддатда ихтиёрий равишда бартараф этиш тўғрисида кўрсатма хати беради ва тўпланган материалларни планшетдан фойдаланган ҳолда, «Shaffof Qurilish» МАТ орқали ваколатли органга юборади 1 иш куни ичида Ваколатли орган «Shaffof Qurilish» МАТ орқали келиб тушган ҳужжатларни текшириб, аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан «E-maʼmuriy ish» АТ орқали Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ, маъмурий жазо чорасини қўллаш масаласини кўриб чиқади. 1 иш куни ичида Ваколатли орган ҳудудий бўлинмалари Ўзининг кўрсатма хатида берилган 15 кунлик муддат тугаганидан сўнг, бино ва иншоот ихтиёрий бартараф этилганлигини жойига бориб текширади. Бино ва иншоот ихтиёрий бартараф этилган тақдирда, бу ҳақида уни қурган шахс, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ва ўзи иштирокида далолатнома тузади ва шу куннинг ўзида тўпланган материалларни планшетдан фойдаланган ҳолда, «Shaffof Qurilish» МАТ орқали ваколатли органга юборади. 15 кунлик муддат ўтган кундан кейин 2 иш куни мобайнида Ваколатли орган Ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотнинг ихтиёрий бартараф этилганлиги тўғрисида маълумотни ушбу мол-мулкка қўйилган тақиқни олиб ташлаш учун Кадастр агентлигининг «UzKAD» ахборот тизимига «Shaffof Qurilish» МАТ орқали реал вақт режимида юборади. Реал вақт режимида Ваколатли орган Ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоот бартараф этилмаган тақдирда, ваколатли орган «Shaffof Qurilish» МАТ орқали Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 212-моддаси учинчи қисмига мувофиқ қурилган бино ва иншоотни бартараф этиш (бузиб ташлаш) тўғрисидаги даъво аризасини судга киритади. Ихтиёрий бартараф этилмаган тақдирда
Ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотларни аниқлаш ҳамда бартараф этишда давлат архитектура назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисида низомга 2-ИЛОВА
Ўзбошимчалик билан қурилган (қурилаётган) бино ва иншоотлар тўғрисида «Shaffof Qurilish» МАТга хабарнома юбориш
Субъектлар Механизм Муддатлар Жисмоний ва юридик шахслар, Ўзбошимчалик билан қурилган (қурилаётган) бино ва иншоотларни видеотехника воситалари орқали қайд этиб фото-видео материалларни ваколатли органга кўриб чиқиш учун «Огоҳ фуқаро» платформаси орқали юборади. Ўз хоҳишига кўра Ҳудудий инспекциялар «Shaffof Qurilish» МАТ орқали ўзбошимчалик билан қурилган (қурилаётган) бино ва иншоотлар тўғрисида хабарнома беради. Доимий «Огоҳ фуқаро» платформаси Мурожаатлар тегишлилигига кўра ҳудудий бўлинмага юборилади. Автоматик тарзда «Shaffof Qurilish» МАТ Хабарнома тегишлилигига кўра ҳудудий бўлинмага автоматик тарзда юборилади Автоматик тарзда Ваколатли орган ҳудудий бўлинмалари Мурожаатлар бўйича ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотлар мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлайди. 1 иш куни ичида Ваколатли орган ҳудудий бўлинмалари Ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотни қурган шахсга мазкур қурилишнинг ноқонунийлиги ва унинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида батафсил тушунтириш бериб, объектни 15 кун муддатда ихтиёрий равишда бартараф этиш тўғрисида кўрсатма хати беради ва тўпланган материалларни планшетдан фойдаланган ҳолда, «Shaffof Qurilish» МАТ орқали ваколатли органга юборади 1 иш куни ичида Ваколатли орган «Shaffof Qurilish» МАТ орқали келиб тушган ҳужжатларни текшириб, аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан «E-maʼmuriy ish» АТ орқали Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ, маъмурий жазо чорасини қўллаш масаласини кўриб чиқади. 1 иш куни ичида Ваколатли орган ҳудудий бўлинмалари Ўзининг кўрсатма хатида берилган 15 кунлик муддат тугаганидан сўнг, бино ва иншоот ихтиёрий бартараф этилганлигини жойига бориб текширади. Бино ва иншоот ихтиёрий бартараф этилган тақдирда, бу ҳақида уни қурган шахс, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ва ўзи иштирокида далолатнома тузади ва шу куннинг ўзида тўпланган материалларни планшетдан фойдаланган ҳолда, «Shaffof Qurilish» МАТ орқали ваколатли органга юборади. 15 кунлик муддат ўтган кундан кейин 2 иш куни мобайнида Ваколатли орган Ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотнинг ихтиёрий бартараф этилганлиги тўғрисида маълумотни ушбу мол-мулкка қўйилган тақиқни олиб ташлаш учун Кадастр агентлигининг «UzKAD» ахборот тизимига «Shaffof Qurilish» МАТ орқали реал вақт режимида юборади. Реал вақт режимида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоот бартараф этилмаган тақдирда ваколатли орган «Shaffof Qurilish» МАТ орқали Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 212-моддаси учинчи қисмига мувофиқ қурилган бино ва иншоотни бузиб ташлаш тўғрисидаги даъво аризасини судга киритади. Ихтиёрий бартараф этилмаган тақдирда
Ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотларни аниқлаш ҳамда бартараф этишда давлат архитектура назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисида низомга 3-ИЛОВА
Ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотни ихтиёрий равишда бартараф этиш тўғрисидаги
______________________________________________________________________________ (Ваколатли орган) Ҳужжат тузилган сана: _________ 20___ й. «___»_______-сон Кимга _____________________________________________________________ Қурилиш объектининг номи __________________________________________ Объектнинг манзили ________________________________________________ Текширилган кунда бажарилаётган ишлар ______________________________ 1 Аниқланди 2 Берилган кўрсатмалар 3 Бартараф этиш учун муддат 4 Бажарилиши ҳақида белгилар Ваколатли орган Ф.И.О.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 28 мартдаги 192-сон қарорига 2-ИЛОВА
Шаҳарсозлик соҳасидаги қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш ва ноқонуний қурилмаларни аниқлаш ҳамда бартараф қилишни ташкил этиш бўйича Республика комиссияси
1. А.Ж. Раматов — Бош вазир ўринбосари, Республика комиссияси раҳбари 2. Ш.С. Хидоятов — қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири, Республика комиссияси раҳбарининг ўринбосари 3. С.И. Самадов — Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари, Республика комиссияси раҳбарининг ўринбосари (келишувга кўра) 4. Б.Т. Абдуллаев — ички ишлар вазири ўринбосари 5. И.И. Норқулов — иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари 6. А.А. Абдухакимов — экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири 7. Ш.Х. Шерматов — рақамли технологиялар вазири 8. Б.Б. Қудратхўжаев — фавқулодда вазиятлар вазири 9. Ж.Т. Мирзамахмудов — энергетика вазири 10. И.Р. Махкамов — транспорт вазири 11. А.Д. Ташқулов — адлия вазири 12. М.Э. Эгамбердиев — Мажбурий ижро бюроси директори (келишувга кўра) * 13. Ф.Ж. Пулатов — Кадастр агентлиги директори 14. С.Қ. Эшқувватов — Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси бошлиғи 15. Б.Қ. Юсупалиев — Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси 16. Ш.М. Қодиров — Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги директори 17. А.А. Аскаров — «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раиси в.б. 18. М.М. Ходжаев — «Ҳудудгазтаъминот» АЖ бошқаруви раиси 19. А.Х. Суванкулов — «Ўзсувтаъминот» АЖ бошқаруви раиси в.б. 20. А.Ш. Исаков — «Ўзтрансгаз» АЖ бошқаруви раиси 21. Лавозими бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари 22. Т.Н. Алиматов — Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари, комиссия котиби *
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 28 мартдаги 192-сон қарорига 3-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Якка тартибдаги уй-жой қурилиши тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2006 йил 30 декабрдаги 272-сон қарори .
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси иштирокида уй-жойлар қуришни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2009 йил 26 октябрдаги 280-сон қарорига 2-илованинг 1-банди .
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2012 йил 22 октябрдаги ПФ-4478-сон Фармони)» 2012 йил 29 декабрдаги 369-сон қарорига 1-илованинг 11-банди .
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2014 йил 7 январдаги 1-сон қарори)» 2014 йил 3 июндаги 138-сон қарорига илованинг 10-банди .
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳоли пунктларини қуришда шаҳарсозлик ва ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлашга, шунингдек, тадбиркорлик мақсадлари учун ер ажратиш тартибини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2017 йил 5 июлдаги 467-сон қарори .
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ерларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш борасида назоратни кучайтириш, геодезия ва картография фаолиятини такомиллаштириш, давлат кадастрлари юритишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 31 майдаги ПФ-5065-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 31 майдаги ПҚ-3024-сон қарори)» 2017 йил 29 августдаги 679-сон қарорига илованинг 9-банди .
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 9 октябрдаги ПФ-5199-сон Фармони)» 2017 йил 26 декабрдаги 1021-сон қарорига илованинг 10-банди .
8. Вазирлар Маҳкамасининг «Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2019 йил 30 мартдаги 265-сон қарорига 13-илованинг 7-банди .
9. Вазирлар Маҳкамасининг «Қурилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимининг тубдан такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2019 йил 14 июндаги 498-сон қарорига 1-илованинг 43-банди .
10. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 14 январдаги ПФ-5630-сон ва «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида» 2019 йил 17 январдаги ПФ-5635-сон фармонлари)» 2020 йил 14 апрелдаги 217-сон қарорига 2-илованинг 42-банди .
11. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 18 февралдаги ПФ-5938-сон Фармони)» 2020 йил 7 декабрдаги 772-сон қарорига илованинг 6-банди .
12. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021 — 2025 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида» 2020 йил 27 ноябрдаги ПФ-6119-сон Фармони)» 2021 йил 8 майдаги 290-сон қарорига илованинг 3-банди .
13. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон Қонуни)» 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 166-банди .
14. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги фаолияти ташкил этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2022 йил 22 апрелдаги 209-сон қарорига илованинг 9-банди .
15. Вазирлар Маҳкамасининг «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2022 йил 8 июлдаги 375-сон қарорига 1-илованинг 7-банди .
16. Вазирлар Маҳкамасининг «Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат бошқаруви тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2024 йил 24 февралдаги 100-сон қарорига илованинг 11-банди .
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 28 март,
192-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
SXEMASI
KOʻRSATMA XATI
TARKIBI
ROʻYXATI
Davlat arxitektura nazoratini amalga oshirishning yangi mexanizmini joriy qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Aholi punktlarini rekonstruksiya qilish va obodonlashtirishda, ijtimoiy infratuzilma obyektlarini joylashtirishda shaharsozlik toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlariga qatʼiy rioya etilishini taʼminlash hamda oʻzboshimchalik bilan qurilgan imoratni aniqlash hamda bartaraf etish choralarini kuchaytirish, shuningdek, kommunikatsiya tarmoqlari himoya hududlaridagi noqonuniy qurilmalarni buzish bilan bogʻliq sud qarorlari ijrosini taʼminlash va ushbu hududlarda kelib chiqishi mumkin boʻlgan favqulodda holatlarni oldini olishga qaratilgan zarur chora-tadbirlarni amalga oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshootlarni aniqlash hamda bartaraf etishda davlat arxitektura nazoratini amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin hamda uning kuchga kirish sanasi 2025-yil 27-iyun etib belgilansin:
davlat arxitektura nazoratini tashkil etish va amalga oshirish tartibi;
davlat arxitektura nazorati tadbirlari ishtirokchilari, ularning huquqlari va majburiyatlari;
oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshootlarni aniqlash hamda bartaraf etish va sudlarga daʼvo arizalarini kiritish tartibi.
2. Shaharsozlik sohasidagi qonun buzilishi holatlarining oldini olish va noqonuniy qurilmalarni aniqlash hamda bartaraf qilishni tashkil etish boʻyicha Respublika komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — Respublika komissiyasi) tashkil etilsin hamda uning tarkibi 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
Quyidagilar Respublika komissiyasining asosiy vazifalari etib belgilansin:
oʻzboshimchalik bilan qurilgan imoratlarni aniqlash hamda bartaraf etish boʻyicha vakolatli organlarning faoliyatini muvofiqlashtirib borish;
oʻzboshimchalik bilan qurilgan imoratlarni bartaraf etish bilan bogʻliq sud hujjatlarining amalda ijro etilganligini tahlil qilish;
shaharsozlik sohasidagi qonun buzilishi holatlarining oldini olish boʻyicha qonunchilikni takomillashtirish yuzasidan tegishli takliflar ishlab chiqish;
sud qarorlariga muvofiq buzilishi belgilangan magistral gaz oʻtkazish quvurlari, yuqori kuchlanishli elektr tarmogʻi, suv va issiqlik taʼminoti tizimlarining (keyingi oʻrinlarda — kommunikatsiya tarmoqlari) himoya hududlaridagi noqonuniy qurilmalarni bartaraf qilinishini tashkil etish;
har bir noqonuniy qurilmaning texnik holati, xavfsizlik talablariga muvofiqligini va ushbu hududdagi aholining ijtimoiy holatini oʻrganish ishlarini tashkil etish;
noqonuniy qurilmalarni buzish bilan bogʻliq xarajatlar va kompensatsiyalar ajratish boʻyicha takliflar tayyorlash.
3. Respublika komissiyasi ikki oy muddatda kommunikatsiya tarmoqlari himoya hududlarida joylashgan uzoq muddat davomida obyektiv sabablarga koʻra buzilmasdan turgan har bir noqonuniy qurilmalarning holatini ishchi guruh tuzgan holda oʻrganib chiqib, ularni bartaraf etish yuzasidan qisqa muddatli dasturni tasdiqlasin.
4. Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi:
bir oy muddatda Adliya vazirligi bilan “Notarius”, Ichki ishlar vazirligi bilan “E-maʼmuriy ish”, Oliy sud bilan “Adolat”, Kadastr agentligi bilan “UzKad” axborot tizimlarini “Shaffof Qurilish” milliy axborot tizimi bilan integratsiya qilinishini;
uch oy muddatda shaharsozlik toʻgʻrisidagi qonunchilikni buzish bilan bogʻliq huquqbuzarliklar toʻgʻrisidagi xabarlarni yuborish, qabul qilish, koʻrib chiqish hamda taqdim etgan shaxslarni ragʻbatlantirish tartibi haqidagi nizom loyihasini ishlab chiqib, Vazirlar Mahkamasiga kiritilishini taʼminlasin.
5. Raqamli texnologiyalar vazirligi huzuridagi Kosmik tadqiqotlar va texnologiyalar agentligi davlat kosmik monitoringi doirasida yer uchastkalarining olingan aerokosmik suratlarini Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligiga har yili bir marotaba bepul taqdim etib borsin.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 3-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
7. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.J. Ramatov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 28-martdagi 192-son qaroriga 1-ILOVA
Oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshootlarni aniqlash hamda bartaraf etishda davlat arxitektura nazoratini amalga oshirish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom davlat arxitektura nazoratini amalga oshirish, tashkil etish, oʻtkazish, davlat arxitektura nazorati tadbirlari ishtirokchilarining huquqlari va majburiyatlari, oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshootlarni aniqlash hamda bartaraf etish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizom oʻzboshimchalik bilan egallab olingan yer uchastkalariga hamda ularda qurilgan binolar va inshootlarga boʻlgan huquqlarni eʼtirof etish bilan bogʻliq jarayonga tatbiq etilmaydi.
3. Ushbu Nizomda quyidagi tushunchalardan foydalaniladi:
bino — funksional maqsadiga qarab odamlar yashashi yoki boʻlishiga va har xil turdagi ishlab chiqarish jarayonlarini bajarishga moʻljallangan, tayanch, toʻsma yoki har ikkala maqsadga xizmat qiluvchi konstruksiyalardan iborat qurilish tizimi;
vakolatli organ — Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi hamda uning hududiy boʻlinmalari;
videotexnika vositalari — videokuzatuv va tasvirga olish texnika vositalari hamda mobil qurilmalar;
davlat arxitektura nazorati — aholi punktlarining shaharsozlik hujjatlariga, shaharsozlik normalari, qoidalari va standartlariga rioya etilishi ustidan nazorat qilish, shu jumladan, oʻzboshimchalik bilan qurilgan (qurilayotgan) bino va inshootni (kapital bino va inshoot, vaqtincha va yengil turdagi qurilmalar) aniqlash va bartaraf etishga qaratilgan vakolatli organ tomonidan amalga oshiriladigan harakatlar majmui;
yengil turdagi qurilmalar — yengil konstruksiyalardan iborat, har tomonlama yopiq yoki bir qismi ochiq, 0,5 metrdan chuqur boʻlmagan holatda toshdan yoki gʻishtdan terilgan poydevorlarga ega, toʻliq yechib olish (donalab oʻpirib olish) va koʻchirish imkoniyati mavjud obyektlar;
inshoot — har xil turdagi ishlab chiqarish jarayonlarini amalga oshirish, moddiy qimmatliklarni joylashtirish va saqlash, odamlarning vaqtincha boʻlishi (harakatlanishi), shuningdek, uskunalar yoki kommunikatsiyalarni joylashtirish (oʻtkazish, ulash) uchun moʻljallangan, tayanch, toʻsma yoki har ikkala maqsadga xizmat qiluvchi konstruksiyalardan iborat hajmiy, yassi yoki chiziq tarzidagi qurilish tizimi;
kapital bino va inshoot — obyekt barpo etilishi uchun yer uchastkasiga mulk, ijara yoki doimiy foydalanish huquqi mavjud boʻlgan, zarur ruxsat beruvchi hujjatlari olingan hamda muqim muhandislik kommunikatsiyalari oʻtkazilgan (zarur boʻlganda), shaharsozlik normalari va qoidalariga rioya etgan holda maxsus moslashtirilgan (chuqurlashtirilgan va boshqa holatdagi) poydevorlarga oʻrnatilgan qurilish tizimi;
oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshoot — qonunchilik hujjatlariga muvofiq ajratilgan yer uchastkasida arxitektura va qurilish sohasidagi tegishli ruxsat beruvchi hujjatlarsiz, shaharsozlik normalari va qoidalarini buzgan holda, shu bilan birgalikda, obyekt qurilishi nazarda tutilmagan yer uchastkasida qurilayotgan yoki qurib boʻlingan kapital hamda yengil konstruksiyali bino va inshootlar, shu jumladan, yerosti inshootlari.
4. Yuridik va jismoniy shaxslar, respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari tomonidan shaharsozlik toʻgʻrisidagi qonunchilik talablariga rioya etilishini taʼminlash davlat arxitektura nazoratining asosiy vazifasi hisoblanadi.
5. Oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshootni bartaraf etish boʻyicha sudlarga daʼvo arizalari vakolatli organ tomonidan kiritiladi.
6. Tuman (shahar) hokimliklari oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshootlarni bartaraf etish ishlarini vakolatli organ bilan birgalikda tashkil qiladi.
2-bob. Davlat arxitektura nazoratini tashkil etish va oʻtkazish tartibi
7. Vakolatli organ tomonidan davlat arxitektura nazorati quyidagi asoslarga koʻra oʻtkaziladi:
monitoring jarayonida shaharsozlik toʻgʻrisidagi qonunchilikning buzilishi aniqlanganda;
jismoniy yoki yuridik shaxslar tomonidan shaharsozlik toʻgʻrisidagi qonunchilik buzilishi holatlari toʻgʻrisidagi murojaat kelib tushganda;
jismoniy yoki yuridik shaxslarga shaharsozlik faoliyati uchun ajratilgan yer maydonlarida oʻzboshimchalik bilan qurilish ishlari amalga oshirilganligi (oshirayotganligi) aniqlanganda;
ikki qavatdan yuqori (sokolni hisobga olmagan holda), balandligi yer yuzasidan 12 metrdan baland va (yoki) umumiy maydoni 500 kvadrat metrdan ortiq boʻlgan yakka tartibdagi uy-joylarni, shuningdek, 300 metr kubdan koʻp hajmdagi noturar bino va inshootlar loyiha hujjatlarining ekspertizadan hamda Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohasida nazorat qilish hududiy inspeksiyalarida (keyingi oʻrinlarda — hududiy inspeksiyalar) roʻyxatdan oʻtkazilmaganligi aniqlanganda;
ikki qavatgacha (sokolni hisobga olmagan holda), balandligi yer yuzasidan 12 metrdan past va (yoki) umumiy maydoni 500 kvadrat metrgacha boʻlgan yakka tartibdagi uy-joylarni, shuningdek, 300 metr kubdan kam hajmdagi noturar bino va inshootlar qurish loyihasi tuman (shahar) qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi boʻlimlari bilan kelishilmaganda;
bino va inshootlarning joylashtirilishi va qurilishi aholi punktlarining tasdiqlangan bosh rejalariga hamda boshqa shaharsozlik hujjatlarga yoki master-rejalarga muvofiq boʻlmaganda;
ommaviy axborot vositalari yoki boshqa tashqi manbalarda (ijtimoiy tarmoqlar va veb-saytlarda) shaharsozlikka oid huquqbuzarliklar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar eʼlon qilinganda;
sud, huquqni muhofaza qiluvchi organlar, shuningdek, boshqa davlat organlari va tashkilotlardan shaharsozlikka oid huquqbuzarliklar toʻgʻrisida dalolat beruvchi axborot kelib tushganda.
Vakolatli organ shaharsozlikka oid huquqbuzarliklarni aniqlash, hujjatlar toʻplamini shakllantirish, ularni oʻz vaqtida va obyektiv koʻrib chiqish boʻyicha hujjatlar (maʼlumotlar) elektron hujjatlar almashinuvi “Shaffof Qurilish” milliy axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — “Shaffof Qurilish” MAT) orqali amalga oshiriladi.
8. Jismoniy va yuridik shaxslar oʻzboshimchalik bilan qurilgan (qurilayotgan) bino va inshootlarni videotexnika vositalari orqali qayd etib foto — video materiallarni vakolatli organga koʻrib chiqish uchun “Ogoh fuqaro” platformasi orqali yuborishlari mumkin.
Bunda kelib tushgan murojaatlar tegishliligiga koʻra vakolatli organga “Ogoh fuqaro” platformasi orqali avtomatik tarzda yuboriladi.
9. Hududiy inspeksiyalar oʻzboshimchalik bilan qurilgan (qurilayotgan) bino va inshootlar toʻgʻrisida “Shaffof Qurilish” MAT orqali vakolatli organga xabarnoma yuborishi mumkin.
Bunda kelib tushgan xabarnoma tegishliligiga koʻra vakolatli organga “Shaffof Qurilish” MAT orqali avtomatik tarzda yuboriladi.
10. Vakolatli organ davlat arxitektura nazorati tadbirlarida oʻz vakolatlari doirasidan chetga chiqmasligi hamda nazorat predmetiga aloqador boʻlmagan hujjatlarni (axborotni) talab qilmasligi lozim.
11. Vakolatli organ tomonidan har bir oʻtkaziladigan davlat arxitektura nazorati tadbirlari “Yagona davlat nazorati” axborot tizimida roʻyxatga olish orqali Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakilni xabardor etgan holda amalga oshiriladi.
Bunda davlat arxitektura nazorati tashabbusi “Xavfni tahlil qilish” elektron tizimi natijalari asosida bildiriladi.
3-bob. Davlat arxitektura nazorati tadbirlari ishtirokchilari, ularning huquqlari va majburiyatlari
12. Davlat arxitektura nazoratini amalga oshiruvchi vakolatli organ, davlat arxitektura nazorat tadbiri oʻtkazilayotgan yuridik shaxsning mansabdor shaxsi yoki uning vakili yoxud jismoniy shaxs nazorat tadbirining ishtirokchilari hisoblanadi.
13. Davlat arxitektura nazoratini amalga oshirishda vakolatli organ oʻz vakolatlari doirasida quyidagi huquqlarga ega:
yuridik va jismoniy shaxslardan koʻchmas mulkka boʻlgan huquqlarini tasdiqlaydigan hujjatlarni talab qilish;
davlat arxitektura nazoratini amalga oshirish uchun zarur boʻlgan maʼlumotlarni respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, xoʻjalik birlashmalari hamda yuridik va jismoniy shaxslardan belgilangan tartibda soʻrab olish;
zarur hollarda davlat arxitektura nazorati tadbirlarida yuzaga kelgan masalalarni tushuntirish uchun maxsus bilimlarga ega boʻlgan respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda boshqa tashkilotlarning mutaxassislarini belgilangan tartibda jalb qilish;
davlat arxitektura nazorati tadbirlari jarayonlarini foto va videotasvirga tushirish, shuningdek, uchuvchisiz uchish apparatlari (dronlar)dan belgilangan tartibda foydalanish (uchuvchisiz uchish apparatlari (dronlar)dan foydalanish qonunchilik hujjatlarida taqiqlangan hollar bundan mustasno);
davlat arxitektura nazorati masalalarida yuridik va jismoniy shaxslardan zarur axborotlar, maʼlumotlar va tushuntirishlar olish;
davlat arxitektura nazorati tadbirlarini oʻtkazishda davlat organlari va boshqa tashkilotlar mansabdor shaxslarini va jismoniy shaxslarni davlat arxitektura nazorati bilan bogʻliq masalalarda tushuntirishlar berishi uchun chaqirish;
davlat arxitektura nazoratini amalga oshirishga toʻsqinlik qiladigan harakatlarning oldini olishda yoki ularni toʻxtatishda, shuningdek, shaharsozlik toʻgʻrisidagi qonunchilikni buzganlikda aybdor shaxslarni aniqlashda ichki ishlar organlariga murojaat qilish;
davlat organlari va boshqa tashkilotlar mansabdor shaxslariga, shuningdek, jismoniy shaxslarga davlat arxitektura nazorati sohasida aniqlangan qonun buzilish holatlarini bartaraf etish haqida koʻrsatmalar berish.
Davlat arxitektura nazoratini amalga oshirishda vakolatli organ qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
14. Davlat arxitektura nazoratini amalga oshirishda vakolatli organ quyidagilarga majbur:
davlat arxitektura nazorati amalga oshirilayotgan yuridik shaxsning mansabdor shaxsi yoki uning vakiliga yoxud jismoniy shaxsga oʻz xizmat guvohnomasini koʻrsatish;
yuridik shaxsning mansabdor shaxsi yoki uning vakilini yoxud jismoniy shaxsni davlat arxitektura nazorati maqsadi va uni amalga oshirish asoslari bilan tanishtirish;
yuridik va jismoniy shaxsning huquq va majburiyatlarini tushuntirish;
qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlar ham boʻlishi mumkin.
15. Davlat arxitektura nazorati tadbiri oʻtkazilayotgan yuridik shaxsning mansabdor shaxsi (vakili) yoki jismoniy shaxs quyidagi huquqlarga ega:
vakolatli organning nazorat masalalariga aloqasi boʻlmagan talablarini bajarmaslik;
vakolatli organga arxitektura toʻgʻrisidagi qonunchilik ijrosiga taalluqli masalalar boʻyicha tushuntirishlar berish;
vakolatli organning ruxsati bilan ekspertiza oʻtkazishda ishtirok etish va ekspertga tushuntirishlar berish hamda ekspertning xulosasi bilan tanishish;
davlat arxitektura nazorati materiallari bilan tanishish va nazorat dalolatnomasini olish;
vakolatli organning noqonuniy xatti-harakatlari yuzasidan shikoyat qilish.
Davlat arxitektura nazorati amalga oshirilayotgan yuridik shaxsning mansabdor shaxsi yoki jismoniy shaxs qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
16. Davlat arxitektura nazorati tadbiri oʻtkazilayotgan yuridik shaxsning mansabdor shaxsi (vakili) yoki jismoniy shaxsning majburiyatlari:
vakolatli organning davlat arxitektura nazorati bilan bogʻliq qonuniy talablarini bajarish, ularning mansabdor shaxslarining qonuniy faoliyatiga toʻsqinlik qilmaslik;
vakolatli organga nazorat bilan bogʻliq oʻrganish hamda tahlil qilish imkoniyatini yaratish;
nazorat tadbirini oʻtkazuvchining talabiga koʻra shaharsozlikka oid hujjatlarni taqdim etish;
yuridik shaxsning mansabdor shaxsi yoki jismoniy shaxs oʻz zimmasiga qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlarni ham olishi mumkin.
4-bob. Oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshootlarni aniqlash hamda bartaraf etish va sudlarga daʼvo arizalarini kiritish tartibi
17. Quyidagilar:
Vakolatli organ tomonidan oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshootlarni aniqlash hamda bartaraf etish ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq;
oʻzboshimchalik bilan qurilgan (qurilayotgan) bino va inshootlar toʻgʻrisidagi xabarnoma ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq sxema asosida beriladi.
18. Vakolatli organ oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshootlarni mustaqil ravishda yoki boshqa organlar bilan birgalikda aniqlab boradi.
19. Vakolatli organ “Ogoh fuqaro” platformasi hamda “Shaffof Qurilish” MAT orqali kelib tushgan xabarnomalar asosida bir ish kuni ichida ushbu Nizomda belgilangan tartibda nazorat ishlarini amalga oshirib, oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshootlar mavjud yoki mavjud emasligini aniqlaydi.
20. Vakolatli organ Kosmik tadqiqotlar va texnologiyalar agentligi tomonidan davlat kosmik monitoringi doirasida olingan va taqdim etilgan aerokosmik suratlar yoki ularning qayta ishlangan maʼlumotlarini tahlil qilib, oʻzboshimchalik bilan egallangan va oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshootlar ehtimoli yuqori boʻlgan hududlarni belgilab, “Shaffof Qurilish” MAT orqali hududiy boʻlinmalarga oʻrganib chiqish uchun yuboradi.
21. Vakolatli organ bir ish kuni ichida:
aniqlangan holatlar boʻyicha “Shaffof Qurilish” MATdan foydalangan holda, 5-bandda keltirilgan asoslarga koʻra davlat arxitektura nazoratini oʻtkazadi;
obyektni qurish uchun qonunchilikda nazarda tutilgan ruxsat etish xususiyatiga ega hujjatlarning mavjudligi hamda qurilish ishlari shaharsozlik toʻgʻrisidagi qonunchilikka muvofiq tarzda amalga oshirilayotganligi (oshirilganligi)ni aniqlaydi;
oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshootni qurgan shaxsga mazkur qurilishning noqonuniyligi va uning huquqiy oqibatlari haqida batafsil tushuntirish berib, obyektni 15 kun ichida ixtiyoriy ravishda bartaraf etish toʻgʻrisida ushbu Nizomga 3-ilovaga muvofiq shakldagi koʻrsatma xati beradi va shu kunning oʻzida toʻplangan materiallarni planshetdan foydalangan holda, “Shaffof Qurilish” MAT orqali vakolatli organga yuboradi.
22. Vakolatli organ “Shaffof Qurilish” MAT orqali kelib tushgan hujjatlarni bir ish kuni ichida tekshirib, aniqlangan huquqbuzarliklar yuzasidan “E-maʼmuriy ish” AT orqali Oʻzbekiston Respublikasining Maʼmuriy javobgarlik toʻgʻrisidagi kodeksiga muvofiq, maʼmuriy jazo chorasini qoʻllash masalasini koʻrib chiqadi.
23. Maʼmuriy jazo qoʻllash toʻgʻrisidagi qaror oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshootni tasarruf etishga nisbatan avtomatik tarzda taqiq qoʻyilishi uchun “Shaffof Qurilish” MAT orqali real vaqt rejimida Kadastr agentligining “UzKAD” axborot tizimiga yuboriladi.
24. Oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshootni aniqlagan vakolatli organ 15 kun muddat tugaganidan soʻng, ikki ish kuni mobaynida ixtiyoriy bartaraf etilganligini joyiga borib tekshiradi.
Oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshoot ixtiyoriy bartaraf etilgan taqdirda, bu haqida uni qurgan shaxs, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organi, uni aniqlagan vakolatli organ ishtirokida dalolatnoma tuziladi.
Dalolatnoma vakolatli organ tomonidan bir ish kuni ichida “Shaffof Qurilish” MATga yuboriladi.
Vakolatli organ oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshootning ixtiyoriy bartaraf etilganligi toʻgʻrisida maʼlumotni mol-mulkka qoʻyilgan taqiqni olib tashlash uchun Kadastr agentligining “UzKAD” axborot tizimiga “Shaffof Qurilish” MAT orqali real vaqt rejimida yuboradi.
25. Oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshootni qurgan shaxs uni oʻn besh kun muddat ichida oʻz hisobidan bartaraf etishi shart.
Oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshootni qurgan shaxs tomonidan ushbu obyektga nisbatan mulk huquqini eʼtirof etish toʻgʻrisida sudga daʼvo berilgan taqdirda, daʼvo berilgan kundan boshlab sudning tegishli qarori kuchga kirgunga qadar ushbu obyektning bartaraf etilishi vaqtincha toʻxtatib turiladi.
26. Oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshootni ixtiyoriy ravishda bartaraf etish uchun berilgan 15 kun muddat tugagandan soʻng, ixtiyoriy bartaraf etilmagan taqdirda, vakolatli organ “Shaffof Qurilish” MAT orqali Oʻzbekiston Respublikasi Fuqarolik kodeksining 212-moddasi uchinchi qismiga muvofiq, bino va inshootni bartaraf etish (buzib tashlash) toʻgʻrisida daʼvo arizasini sudga kiritadi.
27. Oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshootni bartaraf etish toʻgʻrisidagi daʼvo arizasiga ushbu Nizomning 19-bandida nazarda tutilgan koʻrsatma xati, oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshootning joylashuv sxemasi, bino va inshootning fotosuratlari (kamida toʻrt tomonidan tushirilgan) hamda protsessual qonunchilikda nazarda tutilgan boshqa hujjatlar ilova qilinadi.
28. Jarimalardan tushadigan mablagʻlar Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi faoliyatini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasiga oʻtkaziladi hamda ularning 25 foizgacha qismi vakolatli organning moddiy-texnik bazasini mustahkamlash va xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish uchun ajratiladi.
5-bob. Davlat arxitektura nazoratini amalga oshiruvchi organlarning oʻzaro hamkorligi
29. Vakolatli organ oʻziga yuklangan vazifalarni respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari, huquqni muhofaza qiluvchi organlar va boshqa tashkilotlar bilan oʻzaro hamkorlikda amalga oshiradi.
Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari, huquqni muhofaza qiluvchi organlar, mulkdorlar va mulkdan foydalanuvchilar oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshootni aniqlash va bartaraf etishda vakolatli organga koʻmaklashishi shart.
6-bob. Yakunlovchi qoidalar
30. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshootlarni aniqlash hamda bartaraf etishda davlat arxitektura nazoratini amalga oshirish tartibi toʻgʻrisida nizomga 1-ILOVA
Vakolatli organ tomonidan oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshootlarni aniqlash hamda bartaraf etish
Subyektlar Mexanizm Muddatlar Vakolatli organ hududiy boʻlinmalari Kosmik tadqiqotlar va texnologiyalar agentligi tomonidan davlat kosmik monitoringi doirasida olingan va taqdim etilgan aerokosmik suratlar yoki ularning qayta ishlangan maʼlumotlarini tahlil qilib, oʻzboshimchalik bilan egallangan hamda oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshootlar ehtimoli yuqori boʻlgan hududlarni belgilab oladi. Doimiy Vakolatli organ hududiy boʻlinmalari Oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshootni qurgan shaxsga mazkur qurilishning noqonuniyligi va uning huquqiy oqibatlari haqida batafsil tushuntirish berib, obyektni 15 kun muddatda ixtiyoriy ravishda bartaraf etish toʻgʻrisida koʻrsatma xati beradi va toʻplangan materiallarni planshetdan foydalangan holda, “Shaffof Qurilish” MAT orqali vakolatli organga yuboradi 1 ish kuni ichida Vakolatli organ “Shaffof Qurilish” MAT orqali kelib tushgan hujjatlarni tekshirib, aniqlangan huquqbuzarliklar yuzasidan “E-maʼmuriy ish” AT orqali Oʻzbekiston Respublikasining Maʼmuriy javobgarlik toʻgʻrisidagi kodeksiga muvofiq, maʼmuriy jazo chorasini qoʻllash masalasini koʻrib chiqadi. 1 ish kuni ichida Vakolatli organ hududiy boʻlinmalari Oʻzining koʻrsatma xatida berilgan 15 kunlik muddat tugaganidan soʻng, bino va inshoot ixtiyoriy bartaraf etilganligini joyiga borib tekshiradi. Bino va inshoot ixtiyoriy bartaraf etilgan taqdirda, bu haqida uni qurgan shaxs, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organi va oʻzi ishtirokida dalolatnoma tuzadi va shu kunning oʻzida toʻplangan materiallarni planshetdan foydalangan holda, “Shaffof Qurilish” MAT orqali vakolatli organga yuboradi. 15 kunlik muddat oʻtgan kundan keyin 2 ish kuni mobaynida Vakolatli organ Oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshootning ixtiyoriy bartaraf etilganligi toʻgʻrisida maʼlumotni ushbu mol-mulkka qoʻyilgan taqiqni olib tashlash uchun Kadastr agentligining “UzKAD” axborot tizimiga “Shaffof Qurilish” MAT orqali real vaqt rejimida yuboradi. Real vaqt rejimida Vakolatli organ Oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshoot bartaraf etilmagan taqdirda, vakolatli organ “Shaffof Qurilish” MAT orqali Oʻzbekiston Respublikasi Fuqarolik kodeksining 212-moddasi uchinchi qismiga muvofiq qurilgan bino va inshootni bartaraf etish (buzib tashlash) toʻgʻrisidagi daʼvo arizasini sudga kiritadi. Ixtiyoriy bartaraf etilmagan taqdirda
Oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshootlarni aniqlash hamda bartaraf etishda davlat arxitektura nazoratini amalga oshirish tartibi toʻgʻrisida nizomga 2-ILOVA
Oʻzboshimchalik bilan qurilgan (qurilayotgan) bino va inshootlar toʻgʻrisida “Shaffof Qurilish” MATga xabarnoma yuborish
Subyektlar Mexanizm Muddatlar Jismoniy va yuridik shaxslar, Oʻzboshimchalik bilan qurilgan (qurilayotgan) bino va inshootlarni videotexnika vositalari orqali qayd etib foto-video materiallarni vakolatli organga koʻrib chiqish uchun “Ogoh fuqaro” platformasi orqali yuboradi. Oʻz xohishiga koʻra Hududiy inspeksiyalar “Shaffof Qurilish” MAT orqali oʻzboshimchalik bilan qurilgan (qurilayotgan) bino va inshootlar toʻgʻrisida xabarnoma beradi. Doimiy “Ogoh fuqaro” platformasi Murojaatlar tegishliligiga koʻra hududiy boʻlinmaga yuboriladi. Avtomatik tarzda “Shaffof Qurilish” MAT Xabarnoma tegishliligiga koʻra hududiy boʻlinmaga avtomatik tarzda yuboriladi Avtomatik tarzda Vakolatli organ hududiy boʻlinmalari Murojaatlar boʻyicha oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshootlar mavjud yoki mavjud emasligini aniqlaydi. 1 ish kuni ichida Vakolatli organ hududiy boʻlinmalari Oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshootni qurgan shaxsga mazkur qurilishning noqonuniyligi va uning huquqiy oqibatlari haqida batafsil tushuntirish berib, obyektni 15 kun muddatda ixtiyoriy ravishda bartaraf etish toʻgʻrisida koʻrsatma xati beradi va toʻplangan materiallarni planshetdan foydalangan holda, “Shaffof Qurilish” MAT orqali vakolatli organga yuboradi 1 ish kuni ichida Vakolatli organ “Shaffof Qurilish” MAT orqali kelib tushgan hujjatlarni tekshirib, aniqlangan huquqbuzarliklar yuzasidan “E-maʼmuriy ish” AT orqali Oʻzbekiston Respublikasining Maʼmuriy javobgarlik toʻgʻrisidagi kodeksiga muvofiq, maʼmuriy jazo chorasini qoʻllash masalasini koʻrib chiqadi. 1 ish kuni ichida Vakolatli organ hududiy boʻlinmalari Oʻzining koʻrsatma xatida berilgan 15 kunlik muddat tugaganidan soʻng, bino va inshoot ixtiyoriy bartaraf etilganligini joyiga borib tekshiradi. Bino va inshoot ixtiyoriy bartaraf etilgan taqdirda, bu haqida uni qurgan shaxs, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organi va oʻzi ishtirokida dalolatnoma tuzadi va shu kunning oʻzida toʻplangan materiallarni planshetdan foydalangan holda, “Shaffof Qurilish” MAT orqali vakolatli organga yuboradi. 15 kunlik muddat oʻtgan kundan keyin 2 ish kuni mobaynida Vakolatli organ Oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshootning ixtiyoriy bartaraf etilganligi toʻgʻrisida maʼlumotni ushbu mol-mulkka qoʻyilgan taqiqni olib tashlash uchun Kadastr agentligining “UzKAD” axborot tizimiga “Shaffof Qurilish” MAT orqali real vaqt rejimida yuboradi. Real vaqt rejimida Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi Oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshoot bartaraf etilmagan taqdirda vakolatli organ “Shaffof Qurilish” MAT orqali Oʻzbekiston Respublikasi Fuqarolik kodeksining 212-moddasi uchinchi qismiga muvofiq qurilgan bino va inshootni buzib tashlash toʻgʻrisidagi daʼvo arizasini sudga kiritadi. Ixtiyoriy bartaraf etilmagan taqdirda
Oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshootlarni aniqlash hamda bartaraf etishda davlat arxitektura nazoratini amalga oshirish tartibi toʻgʻrisida nizomga 3-ILOVA
Oʻzboshimchalik bilan qurilgan bino va inshootni ixtiyoriy ravishda bartaraf etish toʻgʻrisidagi
______________________________________________________________________________ (Vakolatli organ) Hujjat tuzilgan sana: _________ 20___ y. “___”_______-son Kimga _____________________________________________________________ Qurilish obyektining nomi __________________________________________ Obyektning manzili ________________________________________________ Tekshirilgan kunda bajarilayotgan ishlar ______________________________ 1 Aniqlandi 2 Berilgan koʻrsatmalar 3 Bartaraf etish uchun muddat 4 Bajarilishi haqida belgilar Vakolatli organ F.I.O.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 28-martdagi 192-son qaroriga 2-ILOVA
Shaharsozlik sohasidagi qonun buzilishi holatlarining oldini olish va noqonuniy qurilmalarni aniqlash hamda bartaraf qilishni tashkil etish boʻyicha Respublika komissiyasi
1. A.J. Ramatov — Bosh vazir oʻrinbosari, Respublika komissiyasi rahbari 2. Sh.S. Xidoyatov — qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vaziri, Respublika komissiyasi rahbarining oʻrinbosari 3. S.I. Samadov — Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokurori oʻrinbosari, Respublika komissiyasi rahbarining oʻrinbosari (kelishuvga koʻra) 4. B.T. Abdullayev — ichki ishlar vaziri oʻrinbosari 5. I.I. Norqulov — iqtisodiyot va moliya vazirining birinchi oʻrinbosari 6. A.A. Abduxakimov — ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vaziri 7. Sh.X. Shermatov — raqamli texnologiyalar vaziri 8. B.B. Qudratxoʻjayev — favqulodda vaziyatlar vaziri 9. J.T. Mirzamaxmudov — energetika vaziri 10. I.R. Maxkamov — transport vaziri 11. A.D. Tashqulov — adliya vaziri 12. M.E. Egamberdiyev — Majburiy ijro byurosi direktori (kelishuvga koʻra) * 13. F.J. Pulatov — Kadastr agentligi direktori 14. S.Q. Eshquvvatov — Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohasida nazorat qilish inspeksiyasi boshligʻi 15. B.Q. Yusupaliyev — Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi raisi 16. Sh.M. Qodirov — Kosmik tadqiqotlar va texnologiyalar agentligi direktori 17. A.A. Askarov — “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ boshqaruvi raisi v.b. 18. M.M. Xodjayev — “Hududgaztaʼminot” AJ boshqaruvi raisi 19. A.X. Suvankulov — “Oʻzsuvtaʼminot” AJ boshqaruvi raisi v.b. 20. A.Sh. Isakov — “Oʻztransgaz” AJ boshqaruvi raisi 21. Lavozimi boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlari 22. T.N. Alimatov — Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vaziri oʻrinbosari, komissiya kotibi *
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 28-martdagi 192-son qaroriga 3-ILOVA
Vazirlar Mahkamasining oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanayotgan ayrim qarorlari
1. Vazirlar Mahkamasining “Yakka tartibdagi uy-joy qurilishi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2006-yil 30-dekabrdagi 272-son qarori .
2. Vazirlar Mahkamasining “Qishloq joylarda namunaviy loyihalar asosida “Qishloq qurilish invest” injiniring kompaniyasi ishtirokida uy-joylar qurishni tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2009-yil 26-oktabrdagi 280-son qaroriga 2-ilovaning 1-bandi .
3. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekistonda fermerlik faoliyatini tashkil qilishni yanada takomillashtirish va uni rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2012-yil 22-oktabrdagi PF-4478-son Farmoni)” 2012-yil 29-dekabrdagi 369-son qaroriga 1-ilovaning 11-bandi .
4. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining “Koʻchmas mulkka boʻlgan huquqlarni davlat roʻyxatidan oʻtkazish tartibini takomillashtirish toʻgʻrisida” 2014-yil 7-yanvardagi 1-son qarori)” 2014-yil 3-iyundagi 138-son qaroriga ilovaning 10-bandi .
5. Vazirlar Mahkamasining “Aholi punktlarini qurishda shaharsozlik va yer toʻgʻrisidagi qonun hujjatlariga qatʼiy rioya etilishini taʼminlashga, shuningdek, tadbirkorlik maqsadlari uchun yer ajratish tartibini yanada takomillashtirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2017-yil 5-iyuldagi 467-son qarori .
6. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Yerlarni muhofaza qilish va ulardan oqilona foydalanish borasida nazoratni kuchaytirish, geodeziya va kartografiya faoliyatini takomillashtirish, davlat kadastrlari yuritishni tartibga solish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 31-maydagi PF-5065-son Farmoni va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Yer resurslari, geodeziya, kartografiya va davlat kadastri davlat qoʻmitasi faoliyatini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 31-maydagi PQ-3024-son qarori)” 2017-yil 29-avgustdagi 679-son qaroriga ilovaning 9-bandi .
7. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish, qishloq xoʻjaligi ekin maydonlaridan samarali foydalanish tizimini tubdan takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 9-oktabrdagi PF-5199-son Farmoni)” 2017-yil 26-dekabrdagi 1021-son qaroriga ilovaning 10-bandi .
8. Vazirlar Mahkamasining “Moddiy madaniy meros obyektlarini muhofaza qilish va ulardan foydalanishga oid ayrim normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida” 2019-yil 30-martdagi 265-son qaroriga 13-ilovaning 7-bandi .
9. Vazirlar Mahkamasining “Qurilish sohasida davlat boshqaruvi tizimining tubdan takomillashtirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2019-yil 14-iyundagi 498-son qaroriga 1-ilovaning 43-bandi .
10. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Davlat aktivlarini boshqarish, monopoliyaga qarshi kurashishni tartibga solish tizimini va kapital bozorini tubdan takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 14-yanvardagi PF-5630-son va “2017 — 2021-yillarda Oʻzbekiston Respublikasini rivojlantirishning beshta ustuvor yoʻnalishi boʻyicha Harakatlar strategiyasini “Faol investitsiyalar va ijtimoiy rivojlanish yili”da amalga oshirishga oid Davlat dasturi toʻgʻrisida” 2019-yil 17-yanvardagi PF-5635-son farmonlari)” 2020-yil 14-apreldagi 217-son qaroriga 2-ilovaning 42-bandi .
11. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Jamiyatda ijtimoiy-maʼnaviy muhitni sogʻlomlashtirish, mahalla institutini yanada qoʻllab-quvvatlash hamda oila va xotin-qizlar bilan ishlash tizimini yangi darajaga olib chiqish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 18-fevraldagi PF-5938-son Farmoni)” 2020-yil 7-dekabrdagi 772-son qaroriga ilovaning 6-bandi .
12. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi qurilish tarmogʻini modernizatsiya qilish, jadal va innovatsion rivojlantirishning 2021 — 2025-yillarga moʻljallangan strategiyasini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2020-yil 27-noyabrdagi PF-6119-son Farmoni)” 2021-yil 8-maydagi 290-son qaroriga ilovaning 3-bandi .
13. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasining “Normativ-huquqiy hujjatlar toʻgʻrisida” 2021-yil 20-apreldagi OʻRQ-682-son Qonuni)” 2022-yil 4-apreldagi 153-son qaroriga ilovaning 166-bandi .
14. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Turizm va madaniy meros vazirligi huzuridagi Madaniy meros agentligi faoliyati tashkil etilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida” 2022-yil 22-apreldagi 209-son qaroriga ilovaning 9-bandi .
15. Vazirlar Mahkamasining “Yer munosabatlarida tenglik va shaffoflikni taʼminlash, yerga boʻlgan huquqlarni ishonchli himoya qilish va ularni bozor aktiviga aylantirish tizimi takomillashtirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2022-yil 8-iyuldagi 375-son qaroriga 1-ilovaning 7-bandi .
16. Vazirlar Mahkamasining “Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohasida davlat boshqaruvi tizimi takomillashtirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” 2024-yil 24-fevraldagi 100-son qaroriga ilovaning 11-bandi .
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 28-mart,
192-son