📅 2025-yil 9-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 9-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 9 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 9 апреля 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 9 April 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида» 2025 йил 24 февралдаги ПҚ-71-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ва ногиронлиги бўлган ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
ҳарбий хизматчиларга турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун тўлаб бериладиган ойлик пул компенсацияси миқдорини 20 фоизга ошириш;
2025 йил 1 июндан бошлаб қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган ипотека кредитларини ажратиш кўрсаткичлари асосида уй-жой билан таъминланадиган, календарь ҳисобида ўн йилдан ортиқ ҳарбий хизматни ўтаган ҳарбий хизматчиларга турар жой сотиб олиш (қуриш) учун ипотека кредити олинишида ажратиладиган дастлабки бадал миқдорини уй-жойнинг ҳисобланган қийматининг 35 фоизи миқдорида белгилаш;
ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ва ногиронлиги бўлган ҳарбий хизматчиларни биринчи навбатда турар жой билан таъминлаш, агар улар узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити асосида турар жой билан таъминланган бўлса, қайтарилмаган кредит миқдори ва кредит бўйича ҳисобланган фоизларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан тўлиқ қоплаб бериш.
2. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар раҳбарлари зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 9 апрелдаги 214-сон қарорига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига ҳамда ватан ҳимояси ва эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимларнинг оила аъзоларига турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўлаш тартиби тўғрисида» 2005 йил 25 июлдаги 169-сон қарорида :
а) 1-илованинг 1-бандида :
биринчи — тўртинчи хатбошилар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун пул компенсацияси контракт бўйича хизмат қилаётган, Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идоралари йўналиши бўйича турар жой билан таъминланмаган оддий аскар, сержант ва офицерлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларга амалдаги сарф-харажатлар доирасида (коммунал хизматлар ҳақи бундан мустасно):
Тошкент шаҳрида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 4,8 бараваригача миқдорда;
Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 3,6 бараваригача миқдорда;
Ўзбекистон Республикасининг бошқа шаҳарлари, туманлар марказлари ва аҳоли пунктларида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 2,4 бараваригача миқдорда тўланади»;
қуйидаги мазмундаги саккизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«2026 йилдан бошлаб ҳар йил ҳар ойлик пул компенсацияси тўловлари миқдори ҳудудлар кесимида турар жой ижарасининг бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда белгилаб борилади. Бунда турар жой ижарасининг бозор нархларини қайта белгилашда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитасининг ҳар йил 1 октябрь ҳолатига кўра солиқ органлари автоматлаштирилган ахборот тизимига ҳисобга қўйилган кўчмас мулк ижара шартномаси бўйича берган маълумоти асос ҳисобланади. Турар жой ижарасининг бозор қиймати мазкур Низомнинг 1-бандида кўрсатилган ҳар ойлик компенсация меъёрларидан кам миқдорларни ташкил этса, ҳар ойлик компенсациянинг ушбу Низомда белгиланган меъёрлари ўзгартирилмайди»;
б) 2-илованинг 8-бандида :
иккинчи — тўртинчи хатбошилар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун пул компенсацияси ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) оила аъзоларига, амалдаги сарф-харажатлар доирасида (коммунал хизматлар ҳақи бундан мустасно):
Тошкент шаҳрида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 4,8 бараваригача миқдорда;
Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 3,6 бараваригача миқдорда;
Ўзбекистон Республикасининг бошқа шаҳарлари, туманлари марказлари ва аҳоли пунктларида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 2,4 бараваригача миқдорда тўланади»;
қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«2026 йилдан бошлаб ҳар йил ҳар ойлик пул компенсацияси тўловлари миқдори ҳудудлар кесимида турар жой ижарасининг бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда белгилаб борилади. Бунда турар жой ижарасининг бозор нархларини қайта белгилашда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитасининг ҳар йил 1 октябрь ҳолатига кўра солиқ органлари автоматлаштирилган ахборот тизимига ҳисобга қўйилган кўчмас мулк ижара шартномаси бўйича берган маълумоти асос ҳисобланади. Турар жой ижарасининг бозор қиймати мазкур Низомнинг 8-бандида кўрсатилган ҳар ойлик компенсация меъёрларидан кам миқдорларни ташкил этса, ҳар ойлик компенсациянинг ушбу Низомда белгиланган меъёрлари ўзгартирилмайди».
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 августдаги 619-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига турар жой сотиб олиш (қуриш) учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари бериш тартиби тўғрисидаги низомда :
4-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«2025 йил 1 июндан бошлаб турар жой сотиб олиш (қуриш) учун ҳарбий хизматчилар томонидан ипотека кредити олинишида уларнинг оила таркибидан қатъи назар уй-жойнинг ҳисобланган қийматининг 25 фоизи (календарь ҳисобида ўн йилдан ортиқ ҳарбий хизматни ўтаган ҳарбий хизматчилар учун — 35 фоизи) миқдоридаги дастлабки бадал тегишли идоралар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва тегишли идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига киритилади.
Бунда сотиб олинадиган турар жойнинг шартномадаги қиймати уй-жойнинг ҳисобланган қийматидан кам бўлган тақдирда, дастлабки бадал шартномада кўрсатилган қийматнинг 25 фоизи (календарь ҳисобида ўн йилдан ортиқ ҳарбий хизматни ўтаган ҳарбий хизматчилар учун — 35 фоизи) миқдорида ажратилади»;
5-банднинг биринчи хатбошиси «25 фоизидан» сўзларидан кейин «(календарь ҳисобида ўн йилдан ортиқ ҳарбий хизматни ўтаган ҳарбий хизматчилар учун — 35 фоизидан)» сўзлари билан тўлдирилсин;
17-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Хизмат мажбуриятларини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари (ота-онаси, эри, хотини, фарзандлари, шунингдек, уларнинг қарамоғидаги шахслар) ва хизмат мажбуриятларини бажариш вақтида орттирилган касаллик, олинган шикастланиш (жароҳатланиш, ярадорлик) оқибатидаги ногиронлиги бўлган ҳарбий хизматчилар тегишли идоралар томонидан турар жой билан биринчи навбатда таъминланади. Агар ушбу шахслар тегишли идоралар томонидан узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити асосида турар жой билан таъминланган бўлса, қайтарилмаган кредит миқдори ва кредит бўйича ҳисобланган фоизлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилади»;
22-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«22. Ушбу Низомга мувофиқ ипотека кредити олган ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган асослар бўйича ҳарбий хизматдан бўшатилган ҳарбий хизматчилар (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 14 сентябрдаги ПҚ-694-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларини турар жой билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 4-бандида кўрсатилган шахслар ҳамда календарь ҳисобида ўн йил ва ундан ортиқ ҳарбий хизматни ўтаган ҳарбий хизматчилар бундан мустасно) тегишли идоралар томонидан киритилган дастлабки бадал суммасини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қайтарадилар».
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 9 апрель,
214-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
Harbiy xizmatchilarni ijtimoiy himoya qilish kuchaytirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining ayrim qarorlariga harbiy xizmatchilarni ijtimoiy himoya qilishni kuchaytirishga qaratilgan oʻzgartirish va qoʻshimcha kiritish toʻgʻrisida” 2025-yil 24-fevraldagi PQ-71-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, halok boʻlgan harbiy xizmatchilarning oila aʼzolari va nogironligi boʻlgan harbiy xizmatchilarni ijtimoiy himoya qilish kafolatlarini yanada kuchaytirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga quyidagilarni nazarda tutuvchi oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin:
harbiy xizmatchilarga turar joyni ijaraga olganlik (ijarada turganlik) uchun toʻlab beriladigan oylik pul kompensatsiyasi miqdorini 20 foizga oshirish;
2025-yil 1-iyundan boshlab qonunchilik hujjatlariga muvofiq tasdiqlanadigan ipoteka kreditlarini ajratish koʻrsatkichlari asosida uy-joy bilan taʼminlanadigan, kalendar hisobida oʻn yildan ortiq harbiy xizmatni oʻtagan harbiy xizmatchilarga turar joy sotib olish (qurish) uchun ipoteka krediti olinishida ajratiladigan dastlabki badal miqdorini uy-joyning hisoblangan qiymatining 35 foizi miqdorida belgilash;
halok boʻlgan harbiy xizmatchilarning oila aʼzolari va nogironligi boʻlgan harbiy xizmatchilarni birinchi navbatda turar joy bilan taʼminlash, agar ular uzoq muddatli imtiyozli ipoteka krediti asosida turar joy bilan taʼminlangan boʻlsa, qaytarilmagan kredit miqdori va kredit boʻyicha hisoblangan foizlarni Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti hisobidan toʻliq qoplab berish.
2. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlari tarkibiga kiruvchi vazirlik va idoralar rahbarlari zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 9-apreldagi 214-son qaroriga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlarining harbiy xizmatchilariga hamda vatan himoyasi va el-yurt tinchligi yoʻlida halok boʻlgan harbiy xizmatchilar va xodimlarning oila aʼzolariga turar joyni ijaraga olganlik (ijarada turganlik) uchun har oylik pul kompensatsiyasi toʻlash tartibi toʻgʻrisida” 2005-yil 25-iyuldagi 169-son qarorida :
a) 1-ilovaning 1-bandida :
birinchi — toʻrtinchi xatboshilar quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“turar joyni ijaraga olganlik (ijarada turganlik) uchun pul kompensatsiyasi kontrakt boʻyicha xizmat qilayotgan, Oʻzbekiston Respublikasi vazirliklari va idoralari yoʻnalishi boʻyicha turar joy bilan taʼminlanmagan oddiy askar, serjant va ofitserlar tarkibidagi harbiy xizmatchilarga amaldagi sarf-xarajatlar doirasida (kommunal xizmatlar haqi bundan mustasno):
Toshkent shahrida — bazaviy hisoblash miqdorining 4,8 baravarigacha miqdorda;
Nukus shahri va viloyatlar markazlarida — bazaviy hisoblash miqdorining 3,6 baravarigacha miqdorda;
Oʻzbekiston Respublikasining boshqa shaharlari, tumanlar markazlari va aholi punktlarida — bazaviy hisoblash miqdorining 2,4 baravarigacha miqdorda toʻlanadi”;
quyidagi mazmundagi sakkizinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“2026-yildan boshlab har yil har oylik pul kompensatsiyasi toʻlovlari miqdori hududlar kesimida turar joy ijarasining bozor narxlaridan kelib chiqqan holda belgilab boriladi. Bunda turar joy ijarasining bozor narxlarini qayta belgilashda Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Soliq qoʻmitasining har yil 1-oktabr holatiga koʻra soliq organlari avtomatlashtirilgan axborot tizimiga hisobga qoʻyilgan koʻchmas mulk ijara shartnomasi boʻyicha bergan maʼlumoti asos hisoblanadi. Turar joy ijarasining bozor qiymati mazkur Nizomning 1-bandida koʻrsatilgan har oylik kompensatsiya meʼyorlaridan kam miqdorlarni tashkil etsa, har oylik kompensatsiyaning ushbu Nizomda belgilangan meʼyorlari oʻzgartirilmaydi”;
b) 2-ilovaning 8-bandida :
ikkinchi — toʻrtinchi xatboshilar quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“turar joyni ijaraga olganlik (ijarada turganlik) uchun pul kompensatsiyasi halok boʻlgan harbiy xizmatchining (xodimning) oila aʼzolariga, amaldagi sarf-xarajatlar doirasida (kommunal xizmatlar haqi bundan mustasno):
Toshkent shahrida — bazaviy hisoblash miqdorining 4,8 baravarigacha miqdorda;
Nukus shahri va viloyatlar markazlarida — bazaviy hisoblash miqdorining 3,6 baravarigacha miqdorda;
Oʻzbekiston Respublikasining boshqa shaharlari, tumanlari markazlari va aholi punktlarida — bazaviy hisoblash miqdorining 2,4 baravarigacha miqdorda toʻlanadi”;
quyidagi mazmundagi oltinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“2026-yildan boshlab har yil har oylik pul kompensatsiyasi toʻlovlari miqdori hududlar kesimida turar joy ijarasining bozor narxlaridan kelib chiqqan holda belgilab boriladi. Bunda turar joy ijarasining bozor narxlarini qayta belgilashda Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Soliq qoʻmitasining har yil 1-oktabr holatiga koʻra soliq organlari avtomatlashtirilgan axborot tizimiga hisobga qoʻyilgan koʻchmas mulk ijara shartnomasi boʻyicha bergan maʼlumoti asos hisoblanadi. Turar joy ijarasining bozor qiymati mazkur Nizomning 8-bandida koʻrsatilgan har oylik kompensatsiya meʼyorlaridan kam miqdorlarni tashkil etsa, har oylik kompensatsiyaning ushbu Nizomda belgilangan meʼyorlari oʻzgartirilmaydi”.
2. Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 11-avgustdagi 619-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlarining harbiy xizmatchilariga turar joy sotib olish (qurish) uchun uzoq muddatli imtiyozli ipoteka kreditlari berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomda :
4-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“2025-yil 1-iyundan boshlab turar joy sotib olish (qurish) uchun harbiy xizmatchilar tomonidan ipoteka krediti olinishida ularning oila tarkibidan qatʼi nazar uy-joyning hisoblangan qiymatining 25 foizi (kalendar hisobida oʻn yildan ortiq harbiy xizmatni oʻtagan harbiy xizmatchilar uchun — 35 foizi) miqdoridagi dastlabki badal tegishli idoralar tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari va tegishli idoralarning budjetdan tashqari mablagʻlari hisobiga kiritiladi.
Bunda sotib olinadigan turar joyning shartnomadagi qiymati uy-joyning hisoblangan qiymatidan kam boʻlgan taqdirda, dastlabki badal shartnomada koʻrsatilgan qiymatning 25 foizi (kalendar hisobida oʻn yildan ortiq harbiy xizmatni oʻtagan harbiy xizmatchilar uchun — 35 foizi) miqdorida ajratiladi”;
5-bandning birinchi xatboshisi “25 foizidan” soʻzlaridan keyin “(kalendar hisobida oʻn yildan ortiq harbiy xizmatni oʻtagan harbiy xizmatchilar uchun — 35 foizidan)” soʻzlari bilan toʻldirilsin;
17-band quyidagi mazmundagi ikkinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“Xizmat majburiyatlarini bajarish vaqtida halok boʻlgan harbiy xizmatchilarning oila aʼzolari (ota-onasi, eri, xotini, farzandlari, shuningdek, ularning qaramogʻidagi shaxslar) va xizmat majburiyatlarini bajarish vaqtida orttirilgan kasallik, olingan shikastlanish (jarohatlanish, yaradorlik) oqibatidagi nogironligi boʻlgan harbiy xizmatchilar tegishli idoralar tomonidan turar joy bilan birinchi navbatda taʼminlanadi. Agar ushbu shaxslar tegishli idoralar tomonidan uzoq muddatli imtiyozli ipoteka krediti asosida turar joy bilan taʼminlangan boʻlsa, qaytarilmagan kredit miqdori va kredit boʻyicha hisoblangan foizlar Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti hisobidan toʻliq qoplab beriladi”;
22-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“22. Ushbu Nizomga muvofiq ipoteka krediti olgan va qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan asoslar boʻyicha harbiy xizmatdan boʻshatilgan harbiy xizmatchilar (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2007-yil 14-sentabrdagi PQ-694-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlari harbiy xizmatchilarini turar joy bilan taʼminlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomning 4-bandida koʻrsatilgan shaxslar hamda kalendar hisobida oʻn yil va undan ortiq harbiy xizmatni oʻtagan harbiy xizmatchilar bundan mustasno) tegishli idoralar tomonidan kiritilgan dastlabki badal summasini qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda qaytaradilar”.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 9-aprel,
214-son