📅 2025-yil 15-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 15-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 15 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 15 апреля 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 15 April 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Ўзбекистон Республикасида маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишда технологик жараёнларни экологик сертификатлаш тизимини жорий этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 31 майдаги ПФ-81-сон Фармони ижросини таъминлаш, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқликни таъминлаш, давлат экологик назоратининг муқобил механизмларини татбиқ этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг (кейинги ўринларда — Экология вазирлиги):
Ўзбекистон Республикасида маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишда технологик жараёнлар учун «Яшил сертификат» экологик сертификатлаштириш (кейинги ўринларда — экологик сертификатлаштириш) тизимини жорий этиш;
«Яшил сертификат» экологик сертификатлаштириш тизими асосида корхоналарнинг «Тор Green Uzbekistan» рейтинг тизимини йўлга қўйиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
2. Маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишда технологик жараёнларни «Яшил сертификат» экологик сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки:
а) Экология вазирлиги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишда технологик жараёнларни экологик сертификатлаштириш соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади;
б) «Яшил сертификат» ягона реестри Экология вазирлиги томонидан юритилади;
в) «Яшил сертификат» ягона реестрига киритилмаган сертификат ҳақиқий эмас деб ҳисобланади;
г) экологик сертификатлаштириш қуйидаги талабларга жавоб берган ва белгиланган тартибда аккредитациядан ўтган юридик шахслар (кейинги ўринларда — экологик сертификатлаштириш органи) томонидан амалга оширилади:
ушбу юридик шахсда меҳнат шартномаси асосида фаолият юритувчи, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида уч йил иш стажига эга бўлган камида беш нафар мутахассиснинг мавжудлиги;
баҳоланаётган объектнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатида белгиланган мажбурий кўрсаткичларни аниқлашни таъминлайдиган, белгиланган тартибда аккредитациядан ўтказилган ўз синов лабораторияси мавжудлиги;
д) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишда технологик жараёнлар экологик сертификатлаштириш объекти ҳисобланади;
е) 2025 йил 1 октябрдан бошлаб:
атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифаларига мансуб фаолият турларининг экологик оқибатлари тўғрисидаги баёнотдан кейинги босқичларда экологик норматив лойиҳаларини давлат экологик экспертизасидан ўтказиш учун ушбу фаолият турларининг технологик жараёнлари амалдаги «Яшил сертификат»га эга бўлиши;
техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги тасдиқланиши мажбурий бўлган Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган маҳсулотга мувофиқлик сертификати берилиши учун ушбу маҳсулотни ишлаб чиқариш технологик жараёнининг амалдаги «Яшил сертификати» мавжуд бўлиши мажбурий ҳисобланади;
ж) тижорат банкларига хўжалик юритувчи субъектларда ишлаб чиқариш жараёнларининг экологик сертификатлаштириш талабларига мувофиқлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқаришни технологик модернизация қилишга «Яшил» кредит линияларини очиш тавсия этилади;
з) «Тор Green Uzbekistan» рейтинг тизимида хўжалик юритувчи субъектларнинг мурожаатига асосан ихтиёрий равишда иштирок этилади;
и) мазкур қарор кучга кирган кундан бошлаб ўн икки ой мобайнида технологик жараёнларни экологик сертификатлаштириш мақсадида шартнома тузган хўжалик юритувчи субъектлар учун сертификатлаштириш ишлари бепул (100 фоиз чегирма қўллаган ҳолда) амалга оширилади.
4. Экология вазирлиги:
а) икки ой муддатда «Тор Green Uzbekistan» рейтинги бўйича баҳолаш қоидалари ва мезонларини тасдиқласин;
б) уч ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қуйидагиларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда киритсин:
хўжалик юритувчи субъектлар учун экологик сертификатлаштириш жорий этилишини рағбатлантириш бўйича қўшимча чораларни белгилаш;
давлат харидларини амалга оширишда «Яшил сертификат»га эга маҳсулот ва хизматларнинг устуворлигини таъминлаш;
экологик сертификатлаштириш тизими талабларига риоя этмаганлик учун жавобгарликни белгилаш;
в) олти ой муддатда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва хизматларни кўрсатишда атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлашга доир талаблар асосида технологик жараёнларни экологик сертификатлаштириш миллий стандартининг белгиланган тартибда тасдиқланишини таъминласин.
5. Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги доимий равишда:
а) экологик сертификатлаштириш тизимида экологик сертификатлаштириш органларини аккредитациядан ўтказишда ушбу қарор билан белгиланган талабларнинг бажарилишини;
б) миллий аккредитация тизимининг экологик сертификатлаштириш органлари аккредитацияси бўйича тегишли техник қўмита таркибига Экология вазирлиги вакиллари киритилишини;
в) экологик сертификатлаштириш органларини аккредитациядан ўтказиш жараёнида Экология вазирлиги ҳузуридаги Давлат экологик сертификатлаштириш ва стандартлаштириш маркази вакилларининг баҳоловчилар ва техник экспертлар таркибига (кейинги ўринларда — экспертлар таркиби) киритилишини таъминласин.
Бунда:
ҳар бир вакилнинг бир йилдан ортиқ экспертлар таркибида иштирок этишига йўл қўйилмайди;
экспертлар таркибининг камида 50 фоизи шаффоф танлов асосида белгиланган тартибда жалб этилган мустақил экспертлардан иборат бўлади ҳамда овоз бериш жараёнида овозлар тенг бўлганда уларга устуворлик берилади.
6. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига Экология вазирлиги билан биргаликда ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти кенг ёритилиши ва оммавий ахборот воситаларида жойлаштирилиши, экологик сертификатлаштириш тартиботлари ва талабларини оммалаштиришга йўналтирилган мавзули туркум кўрсатувлар доимий равишда чиқарилиши тавсия этилсин.
8. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
9. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ҳамда Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 апрелдаги 230-сон қарорига ИЛОВА
Маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишда технологик жараёнларни «Яшил сертификат» экологик сертификатлаштириш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишда технологик жараёнларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини чеклаш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлаш бўйича талаблар асосида «Яшил сертификат» экологик сертификатлаштириш (кейинги ўринларда — экологик сертификатлаштириш) тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланади:
ариза берувчи — «Яшил сертификат»ни олиш учун мурожаат қилган хўжалик юритувчи субъект;
инспекция назорати — «Яшил сертификат» берилган технологик жараённинг белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлаш мақсадида даврий тартибда амалга ошириладиган баҳолаш жараёни;
технологик жараён — хом ашё, ярим тайёр маҳсулот ёки маҳсулотдан фойдаланган ҳолда муайян турдаги хом ашё, ярим тайёр маҳсулот ёки маҳсулот ишлаб чиқариш ёхуд бир турдаги хизмат кўрсатиш жараёни;
«Яшил сертификат» — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишда технологик жараёнларнинг атроф-муҳитга бўлган таъсири норматив-ҳуқуқий ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлайдиган ҳужжат;
«Яшил сертификат» экологик сертификатлаштириш тизими — маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва хизматларни кўрсатишда технологик жараёнларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга мувофиқлигини баҳолашга асосланган экологик сертификатлаштириш тизими.
3. Экологик сертификатлаштириш ишлари белгиланган тартибда аккредитациядан ўтган юридик шахслар (кейинги ўринларда — Экологик сертификатлаштириш органи) томонидан амалга оширилади.
4. Экологик сертификатлаштириш ишлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ариза берувчи билан Экологик сертификатлаштириш органи ўртасида тузилган шартномага асосан амалга оширилади.
2-боб. Экологик сертификатлаштириш ишларини амалга ошириш тартиби
5. Экологик сертификатлаштириш ишлари қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
экологик сертификатлаштириш учун аризаларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш натижасида экологик сертификатлаштириш ишларини амалга ошириш ёки оширмаслик ҳақида қарор қабул қилиш;
экологик сертификатлаштириш дастурини келишилган ҳолда тасдиқлаш ва экологик сертификатлаштириш бўйича шартнома тузиш;
экологик сертификатлаштириш учун технологик жараёнларнинг мувофиқлигини баҳолаш (кейинги ўринларда — мувофиқликни баҳолаш);
«Яшил сертификат» ва мувофиқлик белгисидан фойдаланиш тўғрисида келишув битимини имзолаш ҳамда «Яшил сертификат»ни бериш ёки беришни рад этиш;
даврий тартибда инспекция назоратини амалга ошириш.
6. Экологик сертификатлаштириш ишлари ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схема бўйича амалга оширилади.
7. Экологик сертификатлаштириш учун ариза мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ шаклда ариза берувчи томонидан Экологик сертификатлаштириш органига бевосита, почта ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали тақдим этилиши мумкин.
8. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
аризада келтирилган технологик жараёнларга оид экологик норматив ҳужжатлар ҳамда улар бўйича давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосалари;
аризада келтирилган технологик жараёнларга оид атроф-муҳитга ташламалар миқдори бўйича аккредитациядан ўтган синов лабораториясининг баённомалари (мавжуд бўлса).
9. Ариза берувчи аризанинг тўғри тўлдирилиши, унда кўрсатилган маълумотлар ҳамда тақдим этилган ҳужжатларнинг ишончлилиги ва ҳаққонийлиги учун жавобгар ҳисобланади.
10. Ариза келиб тушган куннинг ўзида Экологик сертификатлаштириш органи томонидан рўйхатга олинади.
11. Аризани қабул қилиш ва кўриб чиқиш жараёнида ушбу Низомнинг 8-бандида кўрсатилмаган бошқа маълумотлар ва ҳужжатларнинг талаб қилинишига йўл қўйилмайди.
12. Экологик сертификатлаштириш органи ариза рўйхатга олинган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва экологик сертификатлаштириш ишларини амалга ошириш ёки оширмаслик ҳақида қарор қабул қилиб, бу ҳақида ариза берувчини хабардор қилади.
Ҳужжатлар ушбу Низомнинг 8-банди талабларига жавоб бермаган тақдирда, Экологик сертификатлаштириш органи экологик сертификатлаштириш ишларини амалга оширмаслик ҳақида қарор қабул қилиб, бу ҳақида ариза берувчини хабардор қилади.
Ариза берувчи ҳужжатлар билан боғлиқ камчиликларни бартараф этиши ҳамда тегишли ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни қайта тақдим этиши мумкин.
13. Экологик сертификатлаштириш органи экологик сертификатлаштириш ишларини амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда, бир иш куни мобайнида технологик жараёнларнинг мувофиқлигини баҳолаш ишлари бўйича шартнома (кейинги ўринларда — шартнома) лойиҳасини ишлаб чиқади ва ариза берувчига тақдим этади.
Шартномага экологик сертификатлаштириш ишларини амалга ошириш дастури (кейинги ўринларда — дастур) лойиҳаси илова қилиниши шарт.
14. Экологик сертификатлаштириш ишлари ариза берувчи томонидан шартномада кўрсатилган тўлов шартлари бажарилган кундан бошлаб дастурга мувофиқ, бироқ ўттиз иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.
Бунда Экологик сертификатлаштириш органи мувофиқликни баҳолаш мақсадида:
эксперт гуруҳи таркибини;
мувофиқликни баҳолаш амалга ошириладиган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар рўйхатини;
мувофиқликни баҳолаш муддатлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган дастурни тасдиқлайди.
15. Экологик сертификатлаштириш қиймати шартномага мувофиқ белгиланади.
16. Мувофиқликни баҳолаш камерал ўрганиш, технологик жараённинг аудити ҳамда атроф-муҳитга ташламаларнинг миқдорини ўлчов воситалари ёрдамида аниқлаш жараёнларини қамраб олади. Бунда:
камерал ўрганиш Экологик сертификатлаштириш органи сўровига мувофиқ ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида хўжалик юритувчи субъектнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда кўрсатилган талабларни бажариш ҳолатини баҳолаш орқали;
технологик жараён аудити экологик сертификатлаштириш доирасида хўжалик юритувчи субъектга тегишли технологик жараённинг атроф-муҳитга бўлган реал таъсирини ҳамда тақдим этилган ҳужжатлардаги ҳолатни корхонадаги амалиёт билан таққослаган ҳолда жойига чиқиб ўрганиш орқали амалга оширилади.
17. Ариза берувчи аризада келтирилган технологик жараёнга оид атроф-муҳитга ташламалар тури ва миқдори тўғрисида аккредитациядан ўтган синов лабораториясининг баённомаларини тақдим этган тақдирда, экологик сертификатлаштириш жараёнида атроф-муҳитга ташламаларнинг миқдорини ўлчов воситалари ёрдамида қўшимча аниқлаш талаб этилмайди.
Бунда баённомалар ариза берувчи томонидан тақдим этилган кундан бошлаб, кўпи билан ўттиз календарь кун олдин расмийлаштирилган бўлиши лозим.
18. Мувофиқликни баҳолаш якуни бўйича экспертлар гуруҳи томонидан бир иш куни мобайнида тегишли хулоса (кейинги ўринларда — мувофиқликни баҳолаш хулосаси) расмийлаштирилади ва экспертлар гуруҳи раҳбари томонидан тасдиқланади.
Мувофиқликни баҳолаш хулосасида муайян технологик жараённинг экологик сертификатлаштириш миллий стандарти талабларига жиддий ва (ёки) жиддий бўлмаган номувофиқликлари асослантирилиб, аниқ баён этилади.
19. Қуйидагилар жиддий номувофиқлик деб ҳисобланади:
ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш фаолиятига берилган давлат экологик экспертизаси ижобий хулосасидаги атроф-муҳитни ифлослантириш манбаларининг тури, сони ва жойлашуви ҳақиқатда ўз тасдиғини топмаслиги;
давлат экологик экспертизаси ижобий хулосасида белгиланган атмосфера ҳавосига чиқариладиган ташламаларнинг, ерусти сув объектлари ёки жой рельефига ифлослантирувчи моддалар оқоваларини оқизишнинг, ишлаб чиқариш ва истеъмол чиқиндилари ҳосил бўлиши ҳамда уларни жойлаштиришнинг йўл қўйиладиган чекланган экологик нормативларига риоя этилмаганлиги ёки риоя этилиши ўз тасдиғини топмаслиги;
коммунал-экологик нормативларда белгиланган, коммунал канализация тармоқларига ифлослантирувчи моддаларни оқизишнинг йўл қўйиладиган нормативларига риоя этилмаганлиги ёки риоя этилиши ўз тасдиғини топмаслиги;
ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардан фойдаланиш соҳасидаги қонунчилик талабларининг бузилиши.
20. Экологик сертификатлаштириш органи раҳбари ҳамда ушбу органнинг мувофиқликни баҳолашда иштирок этмаган камида икки экспертидан ташкил топган Экологик сертификатлаштириш органи кенгаши (кейинги ўринларда — Кенгаш) мувофиқликни баҳолаш хулосасини икки иш кунида кўриб чиқиб, қуйидагилардан бирини амалга оширади:
а) мувофиқликни баҳолашда жиддий номувофиқликлар аниқланмаган тақдирда, мувофиқликни баҳолаш хулосасини маъқуллайди ва «Яшил сертификат»ни бериш тўғрисида қарор қабул қилади;
б) мувофиқликни баҳолашда жиддий номувофиқликлар аниқланган тақдирда, ариза берувчига уларни бартараф қилиш учун олтмиш иш кунидан ортиқ бўлмаган муддат бериш тўғрисида қарор қабул қилади.
Жиддий номувофиқликлар белгиланган муддатларда бартараф қилинмаган тақдирда, «Яшил сертификат»ни беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади;
в) қуйидаги ҳолларда мувофиқликни баҳолаш хулосасини қайта кўриб чиқиш учун қайтариш тўғрисида қарор қабул қилади:
баҳолаш жараёни тартиб-таомиллари бузилганда;
технологик жараёнга нисбатан белгиланган мезонлар нотўғри талқин қилинганда;
номувофиқликларни нотўғри малакаланганда.
Кенгашнинг қарорлари йиғилиш баёни билан расмийлаштирилади.
21. Экологик сертификатлаштириш органи раҳбари Кенгаш йиғилишининг баёнига асосан бир иш куни мобайнида «Яшил сертификат»ни бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
22. «Яшил сертификат»ни бериш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, икки иш кунида «Яшил сертификат» расмийлаштирилади ва ариза берувчига тақдим этилади.
23. Мувофиқликни баҳолашда аниқланган жиддий бўлмаган номувофиқликларни бартараф қилиш бўйича ариза берувчи томонидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, Экологик сертификатлаштириш органи билан келишилган ҳолда тасдиқланган тақдирда, тегишли технологик жараён экологик сертификатлаштирилиши мумкин.
Бироқ, ушбу номувофиқликлар келгуси инспекция назорати тартибидаги баҳолаш жараёнига қадар бартараф этилмаган тақдирда, улар жиддий номувофиқлик деб ҳисобланади ва «Яшил сертификат» бекор қилинади.
24. Мувофиқликни баҳолаш якунлари бўйича номувофиқликлар аниқланган ва уларни бартараф қилиш учун қўшимча муддат берилган тақдирда, уларнинг бартараф қилинганлигини баҳолаш ишлари мазкур Низомнинг 16 — 22-бандларига асосан қайтадан ўтказилади. Бунда қайта баҳолаш ишлари учун алоҳида тўлов ундирилмайди.
25. «Яшил сертификат»ни бериш фақатгина мувофиқликни баҳолаш якунлари бўйича аниқланган номувофиқликлар белгиланган муддатда ёки тўлиқ бартараф қилинмаган тақдирда рад этилиши мумкин.
3-боб. Экологик сертификатлаштирилган технологик жараённинг даврий инспекция назорати
26. Экологик сертификатлаштирилган технологик жараённинг даврий инспекция назорати (кейинги ўринларда — инспекция назорати) навбат асосида ёки навбатдан ташқари ўтказилади.
Навбатдаги инспекция назорати «Яшил сертификат» берилган вақтдан бошлаб унинг амал қилиш даврида ҳар ўн икки ойда бир маротаба ўтказилади.
27. Қуйидагилар навбатдан ташқари инспекция назоратини ўтказиш учун асос ҳисобланади:
ишлаб чиқариш технологик жараёнларида, фойдаланилаётган хом ашё таркибида, ташламалар, оқовалар, чиқиндилар пайдо бўлиши манбаларида, уларнинг нормативларида ва норматив ҳужжатларида, объектнинг жойлашувида ўзгаришлар юз бериши;
экологик сертификатлаштирилган объект томонидан экологик сертификатлаштириш миллий стандарти талаблари бузилганлиги тўғрисида шикоят келиб тушиши;
хўжалик юритувчи субъект фаолиятининг суд тартибида тўхтатилиши.
Бошқа ҳолатларда навбатдан ташқари инспекция назоратининг ўтказилишига йўл қўйилмайди.
28. Инспекция назорати якунлари бўйича номувофиқликлар аниқланган тақдирда, уларни бартараф қилиш учун Экологик сертификатлаштириш органи томонидан олтмиш иш кунидан ортиқ бўлмаган муддат белгиланади, мазкур Низомнинг 23-бандида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.
29. Инспекция назорати якунлари бўйича аниқланган номувофиқликлар бартараф қилинганлиги бўйича баҳолаш ишлари мазкур Низомнинг 24-бандига мувофиқ қайтадан ўтказилади.
30. Инспекция назорати ўтказилиши учун тўлов ундирилмайди, ушбу Низомнинг 40-бандида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.
4-боб. «Яшил сертификат»нинг амал қилиш муддатини вақтинча тўхтатиб туриш, уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш
31. «Яшил сертификат» беш йил муддатга берилади ва «Яшил сертификат» ягона реестрида рўйхатдан ўтказилган тақдирда ҳақиқий ҳисобланади.
32. «Яшил сертификат» амал қилиш даври мобайнида серияли ишлаб чиқариладиган маҳсулот ёки кўрсатилган хизматга нисбатан ҳақиқий ҳисобланади.
33. «Яшил сертификат» давлат тили ва инглиз тилида расмийлаштирилади.
«Яшил сертификат» бланкаси шакли Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан тасдиқланади.
34. Қуйидаги ҳолатларда «Яшил сертификат»нинг амал қилиши муддатидан аввал бекор қилинади:
инспекция назорати ёки инспекция назорати якунлари бўйича аниқланган номувофиқликлар бартараф қилинганлигини қайта баҳолаш «Яшил сертификат» эгаси айби билан белгиланган муддатда ўтказилмаганда;
инспекция назорати якунлари бўйича аниқланган номувофиқликлар белгиланган муддатда бартараф қилинмаганда;
Экологик сертификатлаштириш объекти ёки «Яшил сертификат» эгасининг фаолияти тўхтатилганда ёхуд қайта ташкил этилганда (ташкилий-ҳуқуқий шаклининг ўзгариши бундан мустасно);
мазкур Низомнинг 39-бандида назарда тутилган ўзгаришлардан бири рўй берган тақдирда, амалдаги «Яшил сертификат»нинг эгаси ушбу ўзгариш рўй берган вақтдан бошлаб бир ой муддатда «Яшил сертификат»ни қайта расмийлаштириш тўғрисида мурожаат қилмаганда.
35. Инспекция назорати якунлари бўйича номувофиқликлар аниқланган тақдирда, «Яшил сертификат»нинг амал қилиши номувофиқликларни бартараф қилиш учун белгиланган муддатга вақтинча тўхтатилади.
Бунда белгиланган муддатда номувофиқликлар бартараф этилган тақдирда, «Яшил сертификат»нинг амал қилиш муддати қайта тикланади.
36. «Яшил сертификат»нинг амал қилишини муддатидан аввал бекор қилиш, вақтинча тўхтатиш ва қайта тиклаш тўғрисидаги қарорларнинг шакли Экологик сертификатлаштириш органи томонидан белгиланади.
37. Экологик сертификатлаштириш органининг «Яшил сертификат»нинг амал қилишини муддатидан аввал бекор қилиш, вақтинча тўхтатиш ва қайта тиклаш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан бошлаб уч иш кунида асосли сабаблари кўрсатилган ҳолда, «Яшил сертификат» эгасига, шунингдек, «Яшил сертификат» ягона реестрига тегишли ёзувлар киритилишини таъминлаш мақсадида Экология вазирлигига етказилади.
Бунда «Яшил сертификат»нинг асл нусхаси «Яшил сертификат» эгаси томонидан тегишли қарор олинган кундан бошлаб ўн иш куни мобайнида Экологик сертификатлаштириш органига қайтарилиши лозим.
38. Бекор қилинган «Яшил сертификат» Экологик сертификатлаштириш органи томонидан йўқ қилинади ва бу ҳақида тегишли далолатнома тузилади.
39. «Яшил сертификат»нинг эгаси қайта ташкил этилган, унинг номи, почта манзили ёки экологик сертификатлаштириш объектининг жойлашган жойи ўзгарган тақдирда, ушбу ўзгаришлар тўғрисида «Яшил сертификат»нинг асл нусхасини илова қилган ҳолда, ўн иш куни мобайнида Экологик сертификатлаштириш органини хабардор қилиши лозим.
40. Мазкур Низомнинг 39-бандида назарда тутилган ўзгаришлардан бири рўй берган тақдирда, «Яшил сертификат»нинг эгаси ушбу ўзгариш рўй берган вақтдан бошлаб бир ой муддатда «Яшил сертификат»ни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши мумкин.
Экологик сертификатлаштириш объектининг жойлашган жойи ўзгарган тақдирда, Экологик сертификатлаштириш органи мазкур Низомга мувофиқ (навбатдан ташқари ёки ўз муддатига кўра даврий) шартнома асосида инспекция назоратини ўтказади ҳамда унинг натижаси бўйича «Яшил сертификат»ни қайта расмийлаштириш ёки расмийлаштирмаслик тўғрисида қарор қабул қилади.
«Яшил сертификат» эгаси қайта ташкил этилганда ёки унинг почта манзили, номи ўзгарганда инспекция назоратини ўтказиш талаб этилмайди.
41. Агар хўжалик юритувчи субъект «Яшил сертификат»нинг ҳуқуқий вориси бўлмаса, экологик сертификатлаштириш мазкур Низомда назарда тутилган талаблар асосида қайта амалга оширилади.
5-боб. «Яшил сертификат» ягона реестрини юритиш тартиби
42. Экология вазирлиги Экологик сертификатлаштириш органлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида «Яшил сертификат» ягона реестирини юритади, доимий равишда янгилаб боради ҳамда уни ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштиради.
Бунда «Яшил сертификат» ягона реестири тегишли маълумотлар Экология вазирлигига келиб тушган кундан бошлаб уч иш кунидан кечикмаган ҳолда янгиланиши лозим.
43. «Яшил сертификат» ягона реестирида амалдаги, бекор қилинган, амал қилиши вақтинча тўхтатилган, амал қилиш муддатидан илгари бекор қилинган ҳамда амал қилиш муддати якунланган «Яшил сертификат»лар бўйича қуйидагилар:
«Яшил сертификат» берилган хўжалик юритувчи субъектнинг номи, манзили, солиқ тўловчининг идентификация рақами;
«Яшил сертификат» объекти, берилган санаси, рўйхатдан ўтган рақами ва амал қилиш муддати;
«Яшил сертификат»нинг ҳолати (амалдалиги, амал қилиш муддати якунланганлиги ёки бекор қилинганлиги, амал қилиши вақтинча тўхтатилганлиги, амал қилиш муддатидан илгари бекор қилинганлиги, қабул қилинган бундай қарорнинг рақами ва санаси) акс эттирилади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
44. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
45. «Яшил сертификат» эгаси Экологик сертификатлаш органининг уни бекор қилиш тўғрисидаги қароридан норози бўлган тақдирда, суд органларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
46. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишда технологик жараёнларни «Яшил сертификат» экологик сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишда технологик жараёнларни «Яшил сертификат» экологик сертификатлаштириш
Босқичлар Масъуллар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Ариза берувчи Экологик сертификатлаштириш органига бевосита, почта ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали Экологик сертификатлаштириш учун ариза тақдим этиш. Заруратга кўра 2-босқич Экологик сертификатлаштириш органи 1. Аризани рўйхатга олиш ва кўриб чиқиш. 1. Ариза келиб тушган куннинг ўзида. 2. Кўриб чиқиш натижалари бўйича Экологик сертификатлаштириш ишларини амалга ошириш ёки оширмаслик ҳақида қарор қабул қилиш ва ариза берувчини хабардор қилиш. 2. Ариза тақдим этилган кундан кейинги 1 иш куни мобайнида. 3. Экологик сертификатлаштириш ишларини амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда: технологик жараёнларнинг мувофиқлигини баҳолаш бўйича шартнома лойиҳасини ариза берувчига тақдим этиш; эксперт гуруҳининг таркибини тузиш; мувофиқликни баҳолаш амалга ошириладиган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар рўйхатини тузиш; мувофиқликни баҳолаш ишларини амалга ошириш муддатлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган, экологик сертификатлаштириш дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш. 3. Экологик сертификатлаштириш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан кейинги 1 иш куни мобайнида. 3-босқич Ариза берувчи Шартномада назарда тутилган тўлов шартларини бажариш. Шартномада белгиланган муддатда 4-босқич Экологик сертификатлаштириш органи Экологик сертификатлаштириш ишларини амалга ошириш (камерал ўрганиш, технологик жараённинг аудити ҳамда атроф-муҳитга ташламаларнинг миқдорини ўлчов воситалари ёрдамида аниқлаш). Шартнома тўлов шартлари бажарилган кундан кейинги 30 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда 5-босқич Экологик сертификатлаштириш органи Экологик сертификатлаштириш учун технологик жараённинг мувофиқлигини баҳолаш ишлари якунлари бўйича мувофиқликни баҳолаш хулосасини расмийлаштириш ва тасдиқлаш. Мувофиқликни баҳолаш ишлари якунланган кундан кейинги 1 иш куни мобайнида 6-босқич Экологик сертификатлаштириш органи 1. Мувофиқликни баҳолаш хулосасини кўриб чиқиш: а) мувофиқликни баҳолаш хулосасини маъқуллаш тўғрисида қарор ва унга асосан мувофиқликни баҳолашда жиддий номувофиқликлар аниқланмаган тақдирда, «Яшил сертификат»ни бериш тўғрисида қарор қабул қилиш; б) мувофиқликни баҳолашда жиддий номувофиқликлар аниқланган тақдирда, ариза берувчи томонидан уларни бартараф қилиш учун олтмиш иш кунидан ортиқ бўлмаган муайян муддат бериш тўғрисида қарор қабул қилиш. 2. Қабул қилинган қарор бўйича Кенгашнинг йиғилиш баённомасини расмийлаштириш. Мувофиқликни баҳолаш хулосаси тасдиқланган кундан кейинги 2 иш куни мобайнида 7-босқич Экологик сертификатлаштириш органи 1. «Яшил сертификат»ни бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш. 2. «Яшил сертификат»ни расмийлаштириш, ариза берувчига тақдим этиш. 1. Кенгашнинг йиғилиш баённомаси расмийлаштирилган кундан кейинги 1 иш кунида. 3. «Яшил сертификат» ягона реестрига киритиш учун Экология вазирлигига тегишли маълумотларни тақдим этиш. 2. Қарор қабул қилинган кундан кейинги 2 иш куни мобайнида 8-босқич Экология вазирлиги Расмийлаштирилган «Яшил сертификат»ни «Яшил сертификат» ягона реестрига киритиш. «Яшил сертификат» расмийлаштирилгани тўғрисида маълумотлар келиб тушган кундан бошлаб 3 иш куни мобайнида
Маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишда технологик жараёнларни «Яшил сертификат» экологик сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Технологик жараёнларни «Яшил сертификат» экологик сертификатлаштириш учун АРИЗА 1. _______________________________________________________________________________________ (хўжалик юритувчи субъектнинг тўлиқ номи) _____________________________________________________даги қуйидаги технологик жараёнларнинг _____________ (маҳсулот ишлаб чиқариш / хизмат кўрсатиш) атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда келтирилган талабларга мувофиқлигини баҳолаш ҳамда «Яшил сертификат» экологик сертификатлаштириш учун ушбу аризани қабул қилишингизни сўрайди. 2. Технологик жараёнлар: а) __________________________________________________________; б) __________________________________________________________; в) __________________________________________________________; … 3. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади: ушбу аризада келтирилган технологик жараёнларга оид экологик норматив ҳужжатлар (ифлослантирувчи моддаларнинг атмосферага чиқариладиган йўл қўйиладиган чекланган ташламаларининг экологик нормативлари, ифлослантирувчи моддаларни оқова сувлар билан ер усти ҳавзалари ёки жой рельефига оқизишнинг йўл қўйиладиган чекланган миқдори, чиқиндилар ҳосил бўлиши ва жойлаштирилиши) ҳамда улар бўйича давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосалари; аризада келтирилган технологик жараёнларга оид атроф-муҳитга ташламалар миқдори бўйича аккредитациядан ўтган синов лабораториясининг баённомалари * . 4. Хўжалик юритувчи субъект тўғрисида қўшимча маълумотлар: СТИР: _____________________________________________________ Давлат рўйхатидан ўтказиш рақами: _____________________________________________________ Жойлашган жойи (почта манзили): _____________________________________________________ Телефон рақами: _____________________________________________________ Хўжалик юритувчи субъект раҳбари: ____________ __________________________ (имзо) (Ф.И.О)
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 15 апрель,
230-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
Oʻzbekiston Respublikasida mahsulotlarni ishlab chiqarish va xizmatlar koʻrsatishda texnologik jarayonlarni ekologik sertifikatlash tizimini joriy etish toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish sohasini transformatsiya qilish va vakolatli davlat organi faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 31-maydagi PF-81-son Farmoni ijrosini taʼminlash, xoʻjalik yurituvchi subyektlar faoliyatida atrof-muhitni muhofaza qilish va tabiiy resurslardan oqilona foydalanish sohasidagi normativ-huquqiy hujjatlar hamda texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga muvofiqlikni taʼminlash, davlat ekologik nazoratining muqobil mexanizmlarini tatbiq etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligining (keyingi oʻrinlarda — Ekologiya vazirligi):
Oʻzbekiston Respublikasida mahsulotlarni ishlab chiqarish va xizmatlar koʻrsatishda texnologik jarayonlar uchun “Yashil sertifikat” ekologik sertifikatlashtirish (keyingi oʻrinlarda — ekologik sertifikatlashtirish) tizimini joriy etish;
“Yashil sertifikat” ekologik sertifikatlashtirish tizimi asosida korxonalarning “Tor Green Uzbekistan” reyting tizimini yoʻlga qoʻyish toʻgʻrisidagi takliflari maʼqullansin.
2. Mahsulotlarni ishlab chiqarish va xizmatlar koʻrsatishda texnologik jarayonlarni “Yashil sertifikat” ekologik sertifikatlashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Belgilansinki:
a) Ekologiya vazirligi mahsulotlarni ishlab chiqarish va xizmatlar koʻrsatishda texnologik jarayonlarni ekologik sertifikatlashtirish sohasidagi vakolatli davlat organi hisoblanadi;
b) “Yashil sertifikat” yagona reyestri Ekologiya vazirligi tomonidan yuritiladi;
v) “Yashil sertifikat” yagona reyestriga kiritilmagan sertifikat haqiqiy emas deb hisoblanadi;
g) ekologik sertifikatlashtirish quyidagi talablarga javob bergan va belgilangan tartibda akkreditatsiyadan oʻtgan yuridik shaxslar (keyingi oʻrinlarda — ekologik sertifikatlashtirish organi) tomonidan amalga oshiriladi:
ushbu yuridik shaxsda mehnat shartnomasi asosida faoliyat yurituvchi, atrof-muhitni muhofaza qilish sohasida uch yil ish stajiga ega boʻlgan kamida besh nafar mutaxassisning mavjudligi;
baholanayotgan obyektning texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatida belgilangan majburiy koʻrsatkichlarni aniqlashni taʼminlaydigan, belgilangan tartibda akkreditatsiyadan oʻtkazilgan oʻz sinov laboratoriyasi mavjudligi;
d) Oʻzbekiston Respublikasi hududida mahsulotlarni ishlab chiqarish va xizmatlar koʻrsatishda texnologik jarayonlar ekologik sertifikatlashtirish obyekti hisoblanadi;
e) 2025-yil 1-oktabrdan boshlab:
atrof-muhitga taʼsir koʻrsatishning I va II toifalariga mansub faoliyat turlarining ekologik oqibatlari toʻgʻrisidagi bayonotdan keyingi bosqichlarda ekologik normativ loyihalarini davlat ekologik ekspertizasidan oʻtkazish uchun ushbu faoliyat turlarining texnologik jarayonlari amaldagi “Yashil sertifikat”ga ega boʻlishi;
texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga muvofiqligi tasdiqlanishi majburiy boʻlgan Oʻzbekiston Respublikasida ishlab chiqarilgan mahsulotga muvofiqlik sertifikati berilishi uchun ushbu mahsulotni ishlab chiqarish texnologik jarayonining amaldagi “Yashil sertifikati” mavjud boʻlishi majburiy hisoblanadi;
j) tijorat banklariga xoʻjalik yurituvchi subyektlarda ishlab chiqarish jarayonlarining ekologik sertifikatlashtirish talablariga muvofiqligini taʼminlash maqsadida ishlab chiqarishni texnologik modernizatsiya qilishga “Yashil” kredit liniyalarini ochish tavsiya etiladi;
z) “Tor Green Uzbekistan” reyting tizimida xoʻjalik yurituvchi subyektlarning murojaatiga asosan ixtiyoriy ravishda ishtirok etiladi;
i) mazkur qaror kuchga kirgan kundan boshlab oʻn ikki oy mobaynida texnologik jarayonlarni ekologik sertifikatlashtirish maqsadida shartnoma tuzgan xoʻjalik yurituvchi subyektlar uchun sertifikatlashtirish ishlari bepul (100 foiz chegirma qoʻllagan holda) amalga oshiriladi.
4. Ekologiya vazirligi:
a) ikki oy muddatda “Tor Green Uzbekistan” reytingi boʻyicha baholash qoidalari va mezonlarini tasdiqlasin;
b) uch oy muddatda manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda quyidagilarni nazarda tutuvchi normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini Vazirlar Mahkamasiga belgilangan tartibda kiritsin:
xoʻjalik yurituvchi subyektlar uchun ekologik sertifikatlashtirish joriy etilishini ragʻbatlantirish boʻyicha qoʻshimcha choralarni belgilash;
davlat xaridlarini amalga oshirishda “Yashil sertifikat”ga ega mahsulot va xizmatlarning ustuvorligini taʼminlash;
ekologik sertifikatlashtirish tizimi talablariga rioya etmaganlik uchun javobgarlikni belgilash;
v) olti oy muddatda Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi, manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda mahsulotlarni ishlab chiqarish va xizmatlarni koʻrsatishda atrof-muhitga salbiy taʼsirni kamaytirish hamda tabiiy resurslardan oqilona foydalanishni taʼminlashga doir talablar asosida texnologik jarayonlarni ekologik sertifikatlashtirish milliy standartining belgilangan tartibda tasdiqlanishini taʼminlasin.
5. Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi doimiy ravishda:
a) ekologik sertifikatlashtirish tizimida ekologik sertifikatlashtirish organlarini akkreditatsiyadan oʻtkazishda ushbu qaror bilan belgilangan talablarning bajarilishini;
b) milliy akkreditatsiya tizimining ekologik sertifikatlashtirish organlari akkreditatsiyasi boʻyicha tegishli texnik qoʻmita tarkibiga Ekologiya vazirligi vakillari kiritilishini;
v) ekologik sertifikatlashtirish organlarini akkreditatsiyadan oʻtkazish jarayonida Ekologiya vazirligi huzuridagi Davlat ekologik sertifikatlashtirish va standartlashtirish markazi vakillarining baholovchilar va texnik ekspertlar tarkibiga (keyingi oʻrinlarda — ekspertlar tarkibi) kiritilishini taʼminlasin.
Bunda:
har bir vakilning bir yildan ortiq ekspertlar tarkibida ishtirok etishiga yoʻl qoʻyilmaydi;
ekspertlar tarkibining kamida 50 foizi shaffof tanlov asosida belgilangan tartibda jalb etilgan mustaqil ekspertlardan iborat boʻladi hamda ovoz berish jarayonida ovozlar teng boʻlganda ularga ustuvorlik beriladi.
6. Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi va Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasiga Ekologiya vazirligi bilan birgalikda ushbu qarorning mazmun-mohiyati keng yoritilishi va ommaviy axborot vositalarida joylashtirilishi, ekologik sertifikatlashtirish tartibotlari va talablarini ommalashtirishga yoʻnaltirilgan mavzuli turkum koʻrsatuvlar doimiy ravishda chiqarilishi tavsiya etilsin.
8. Ushbu qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy oʻtgach kuchga kiradi.
9. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.J. Ramatov hamda Oʻzbekiston Respublikasi ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vaziri A.A. Abduxakimov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 15-apreldagi 230-son qaroriga ILOVA
Mahsulotlarni ishlab chiqarish va xizmatlar koʻrsatishda texnologik jarayonlarni “Yashil sertifikat” ekologik sertifikatlashtirish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi hududida mahsulotlarni ishlab chiqarish va xizmatlar koʻrsatishda texnologik jarayonlarning atrof-muhitga salbiy taʼsirini cheklash va tabiiy resurslardan oqilona foydalanishni taʼminlash boʻyicha talablar asosida “Yashil sertifikat” ekologik sertifikatlashtirish (keyingi oʻrinlarda — ekologik sertifikatlashtirish) tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllanadi:
ariza beruvchi — “Yashil sertifikat”ni olish uchun murojaat qilgan xoʻjalik yurituvchi subyekt;
inspeksiya nazorati — “Yashil sertifikat” berilgan texnologik jarayonning belgilangan talablarga muvofiqligini tasdiqlash maqsadida davriy tartibda amalga oshiriladigan baholash jarayoni;
texnologik jarayon — xom ashyo, yarim tayyor mahsulot yoki mahsulotdan foydalangan holda muayyan turdagi xom ashyo, yarim tayyor mahsulot yoki mahsulot ishlab chiqarish yoxud bir turdagi xizmat koʻrsatish jarayoni;
“Yashil sertifikat” — Oʻzbekiston Respublikasi hududida ishlab chiqarish va xizmatlar koʻrsatishda texnologik jarayonlarning atrof-muhitga boʻlgan taʼsiri normativ-huquqiy hamda texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarda belgilangan talablarga muvofiqligini tasdiqlaydigan hujjat;
“Yashil sertifikat” ekologik sertifikatlashtirish tizimi — mahsulotlarni ishlab chiqarish va xizmatlarni koʻrsatishda texnologik jarayonlarning atrof-muhitni muhofaza qilish va tabiiy resurslardan oqilona foydalanish sohasidagi normativ-huquqiy hamda texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarda belgilangan talablarga muvofiqligini baholashga asoslangan ekologik sertifikatlashtirish tizimi.
3. Ekologik sertifikatlashtirish ishlari belgilangan tartibda akkreditatsiyadan oʻtgan yuridik shaxslar (keyingi oʻrinlarda — Ekologik sertifikatlashtirish organi) tomonidan amalga oshiriladi.
4. Ekologik sertifikatlashtirish ishlari qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda ariza beruvchi bilan Ekologik sertifikatlashtirish organi oʻrtasida tuzilgan shartnomaga asosan amalga oshiriladi.
2-bob. Ekologik sertifikatlashtirish ishlarini amalga oshirish tartibi
5. Ekologik sertifikatlashtirish ishlari quyidagi bosqichlarda amalga oshiriladi:
ekologik sertifikatlashtirish uchun arizalarni qabul qilish va koʻrib chiqish natijasida ekologik sertifikatlashtirish ishlarini amalga oshirish yoki oshirmaslik haqida qaror qabul qilish;
ekologik sertifikatlashtirish dasturini kelishilgan holda tasdiqlash va ekologik sertifikatlashtirish boʻyicha shartnoma tuzish;
ekologik sertifikatlashtirish uchun texnologik jarayonlarning muvofiqligini baholash (keyingi oʻrinlarda — muvofiqlikni baholash);
“Yashil sertifikat” va muvofiqlik belgisidan foydalanish toʻgʻrisida kelishuv bitimini imzolash hamda “Yashil sertifikat”ni berish yoki berishni rad etish;
davriy tartibda inspeksiya nazoratini amalga oshirish.
6. Ekologik sertifikatlashtirish ishlari ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxema boʻyicha amalga oshiriladi.
7. Ekologik sertifikatlashtirish uchun ariza mazkur Nizomga 2-ilovaga muvofiq shaklda ariza beruvchi tomonidan Ekologik sertifikatlashtirish organiga bevosita, pochta yoki Internet jahon axborot tarmogʻi orqali taqdim etilishi mumkin.
8. Arizaga quyidagi hujjatlar ilova qilinadi:
arizada keltirilgan texnologik jarayonlarga oid ekologik normativ hujjatlar hamda ular boʻyicha davlat ekologik ekspertizasining ijobiy xulosalari;
arizada keltirilgan texnologik jarayonlarga oid atrof-muhitga tashlamalar miqdori boʻyicha akkreditatsiyadan oʻtgan sinov laboratoriyasining bayonnomalari (mavjud boʻlsa).
9. Ariza beruvchi arizaning toʻgʻri toʻldirilishi, unda koʻrsatilgan maʼlumotlar hamda taqdim etilgan hujjatlarning ishonchliligi va haqqoniyligi uchun javobgar hisoblanadi.
10. Ariza kelib tushgan kunning oʻzida Ekologik sertifikatlashtirish organi tomonidan roʻyxatga olinadi.
11. Arizani qabul qilish va koʻrib chiqish jarayonida ushbu Nizomning 8-bandida koʻrsatilmagan boshqa maʼlumotlar va hujjatlarning talab qilinishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
12. Ekologik sertifikatlashtirish organi ariza roʻyxatga olingan kundan boshlab bir ish kuni mobaynida taqdim etilgan hujjatlarni koʻrib chiqadi va ekologik sertifikatlashtirish ishlarini amalga oshirish yoki oshirmaslik haqida qaror qabul qilib, bu haqida ariza beruvchini xabardor qiladi.
Hujjatlar ushbu Nizomning 8-bandi talablariga javob bermagan taqdirda, Ekologik sertifikatlashtirish organi ekologik sertifikatlashtirish ishlarini amalga oshirmaslik haqida qaror qabul qilib, bu haqida ariza beruvchini xabardor qiladi.
Ariza beruvchi hujjatlar bilan bogʻliq kamchiliklarni bartaraf etishi hamda tegishli ariza va unga ilova qilinadigan hujjatlarni qayta taqdim etishi mumkin.
13. Ekologik sertifikatlashtirish organi ekologik sertifikatlashtirish ishlarini amalga oshirish toʻgʻrisida qaror qabul qilgan taqdirda, bir ish kuni mobaynida texnologik jarayonlarning muvofiqligini baholash ishlari boʻyicha shartnoma (keyingi oʻrinlarda — shartnoma) loyihasini ishlab chiqadi va ariza beruvchiga taqdim etadi.
Shartnomaga ekologik sertifikatlashtirish ishlarini amalga oshirish dasturi (keyingi oʻrinlarda — dastur) loyihasi ilova qilinishi shart.
14. Ekologik sertifikatlashtirish ishlari ariza beruvchi tomonidan shartnomada koʻrsatilgan toʻlov shartlari bajarilgan kundan boshlab dasturga muvofiq, biroq oʻttiz ish kunidan ortiq boʻlmagan muddatda amalga oshiriladi.
Bunda Ekologik sertifikatlashtirish organi muvofiqlikni baholash maqsadida:
ekspert guruhi tarkibini;
muvofiqlikni baholash amalga oshiriladigan texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar roʻyxatini;
muvofiqlikni baholash muddatlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan dasturni tasdiqlaydi.
15. Ekologik sertifikatlashtirish qiymati shartnomaga muvofiq belgilanadi.
16. Muvofiqlikni baholash kameral oʻrganish, texnologik jarayonning auditi hamda atrof-muhitga tashlamalarning miqdorini oʻlchov vositalari yordamida aniqlash jarayonlarini qamrab oladi. Bunda:
kameral oʻrganish Ekologik sertifikatlashtirish organi soʻroviga muvofiq ariza beruvchi tomonidan taqdim etilgan hujjatlar asosida xoʻjalik yurituvchi subyektning atrof-muhitni muhofaza qilish va tabiiy resurslardan oqilona foydalanish sohasidagi normativ-huquqiy va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarda koʻrsatilgan talablarni bajarish holatini baholash orqali;
texnologik jarayon auditi ekologik sertifikatlashtirish doirasida xoʻjalik yurituvchi subyektga tegishli texnologik jarayonning atrof-muhitga boʻlgan real taʼsirini hamda taqdim etilgan hujjatlardagi holatni korxonadagi amaliyot bilan taqqoslagan holda joyiga chiqib oʻrganish orqali amalga oshiriladi.
17. Ariza beruvchi arizada keltirilgan texnologik jarayonga oid atrof-muhitga tashlamalar turi va miqdori toʻgʻrisida akkreditatsiyadan oʻtgan sinov laboratoriyasining bayonnomalarini taqdim etgan taqdirda, ekologik sertifikatlashtirish jarayonida atrof-muhitga tashlamalarning miqdorini oʻlchov vositalari yordamida qoʻshimcha aniqlash talab etilmaydi.
Bunda bayonnomalar ariza beruvchi tomonidan taqdim etilgan kundan boshlab, koʻpi bilan oʻttiz kalendar kun oldin rasmiylashtirilgan boʻlishi lozim.
18. Muvofiqlikni baholash yakuni boʻyicha ekspertlar guruhi tomonidan bir ish kuni mobaynida tegishli xulosa (keyingi oʻrinlarda — muvofiqlikni baholash xulosasi) rasmiylashtiriladi va ekspertlar guruhi rahbari tomonidan tasdiqlanadi.
Muvofiqlikni baholash xulosasida muayyan texnologik jarayonning ekologik sertifikatlashtirish milliy standarti talablariga jiddiy va (yoki) jiddiy boʻlmagan nomuvofiqliklari asoslantirilib, aniq bayon etiladi.
19. Quyidagilar jiddiy nomuvofiqlik deb hisoblanadi:
ishlab chiqarish yoki xizmat koʻrsatish faoliyatiga berilgan davlat ekologik ekspertizasi ijobiy xulosasidagi atrof-muhitni ifloslantirish manbalarining turi, soni va joylashuvi haqiqatda oʻz tasdigʻini topmasligi;
davlat ekologik ekspertizasi ijobiy xulosasida belgilangan atmosfera havosiga chiqariladigan tashlamalarning, yerusti suv obyektlari yoki joy relyefiga ifloslantiruvchi moddalar oqovalarini oqizishning, ishlab chiqarish va isteʼmol chiqindilari hosil boʻlishi hamda ularni joylashtirishning yoʻl qoʻyiladigan cheklangan ekologik normativlariga rioya etilmaganligi yoki rioya etilishi oʻz tasdigʻini topmasligi;
kommunal-ekologik normativlarda belgilangan, kommunal kanalizatsiya tarmoqlariga ifloslantiruvchi moddalarni oqizishning yoʻl qoʻyiladigan normativlariga rioya etilmaganligi yoki rioya etilishi oʻz tasdigʻini topmasligi;
oʻsimlik va hayvonot dunyosi obyektlarini muhofaza qilish va ulardan foydalanish hamda muhofaza etiladigan tabiiy hududlardan foydalanish sohasidagi qonunchilik talablarining buzilishi.
20. Ekologik sertifikatlashtirish organi rahbari hamda ushbu organning muvofiqlikni baholashda ishtirok etmagan kamida ikki ekspertidan tashkil topgan Ekologik sertifikatlashtirish organi kengashi (keyingi oʻrinlarda — Kengash) muvofiqlikni baholash xulosasini ikki ish kunida koʻrib chiqib, quyidagilardan birini amalga oshiradi:
a) muvofiqlikni baholashda jiddiy nomuvofiqliklar aniqlanmagan taqdirda, muvofiqlikni baholash xulosasini maʼqullaydi va “Yashil sertifikat”ni berish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi;
b) muvofiqlikni baholashda jiddiy nomuvofiqliklar aniqlangan taqdirda, ariza beruvchiga ularni bartaraf qilish uchun oltmish ish kunidan ortiq boʻlmagan muddat berish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
Jiddiy nomuvofiqliklar belgilangan muddatlarda bartaraf qilinmagan taqdirda, “Yashil sertifikat”ni berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilinadi;
v) quyidagi hollarda muvofiqlikni baholash xulosasini qayta koʻrib chiqish uchun qaytarish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi:
baholash jarayoni tartib-taomillari buzilganda;
texnologik jarayonga nisbatan belgilangan mezonlar notoʻgʻri talqin qilinganda;
nomuvofiqliklarni notoʻgʻri malakalanganda.
Kengashning qarorlari yigʻilish bayoni bilan rasmiylashtiriladi.
21. Ekologik sertifikatlashtirish organi rahbari Kengash yigʻilishining bayoniga asosan bir ish kuni mobaynida “Yashil sertifikat”ni berish yoki berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
22. “Yashil sertifikat”ni berish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda, ikki ish kunida “Yashil sertifikat” rasmiylashtiriladi va ariza beruvchiga taqdim etiladi.
23. Muvofiqlikni baholashda aniqlangan jiddiy boʻlmagan nomuvofiqliklarni bartaraf qilish boʻyicha ariza beruvchi tomonidan chora-tadbirlar rejasi ishlab chiqilib, Ekologik sertifikatlashtirish organi bilan kelishilgan holda tasdiqlangan taqdirda, tegishli texnologik jarayon ekologik sertifikatlashtirilishi mumkin.
Biroq, ushbu nomuvofiqliklar kelgusi inspeksiya nazorati tartibidagi baholash jarayoniga qadar bartaraf etilmagan taqdirda, ular jiddiy nomuvofiqlik deb hisoblanadi va “Yashil sertifikat” bekor qilinadi.
24. Muvofiqlikni baholash yakunlari boʻyicha nomuvofiqliklar aniqlangan va ularni bartaraf qilish uchun qoʻshimcha muddat berilgan taqdirda, ularning bartaraf qilinganligini baholash ishlari mazkur Nizomning 16 — 22-bandlariga asosan qaytadan oʻtkaziladi. Bunda qayta baholash ishlari uchun alohida toʻlov undirilmaydi.
25. “Yashil sertifikat”ni berish faqatgina muvofiqlikni baholash yakunlari boʻyicha aniqlangan nomuvofiqliklar belgilangan muddatda yoki toʻliq bartaraf qilinmagan taqdirda rad etilishi mumkin.
3-bob. Ekologik sertifikatlashtirilgan texnologik jarayonning davriy inspeksiya nazorati
26. Ekologik sertifikatlashtirilgan texnologik jarayonning davriy inspeksiya nazorati (keyingi oʻrinlarda — inspeksiya nazorati) navbat asosida yoki navbatdan tashqari oʻtkaziladi.
Navbatdagi inspeksiya nazorati “Yashil sertifikat” berilgan vaqtdan boshlab uning amal qilish davrida har oʻn ikki oyda bir marotaba oʻtkaziladi.
27. Quyidagilar navbatdan tashqari inspeksiya nazoratini oʻtkazish uchun asos hisoblanadi:
ishlab chiqarish texnologik jarayonlarida, foydalanilayotgan xom ashyo tarkibida, tashlamalar, oqovalar, chiqindilar paydo boʻlishi manbalarida, ularning normativlarida va normativ hujjatlarida, obyektning joylashuvida oʻzgarishlar yuz berishi;
ekologik sertifikatlashtirilgan obyekt tomonidan ekologik sertifikatlashtirish milliy standarti talablari buzilganligi toʻgʻrisida shikoyat kelib tushishi;
xoʻjalik yurituvchi subyekt faoliyatining sud tartibida toʻxtatilishi.
Boshqa holatlarda navbatdan tashqari inspeksiya nazoratining oʻtkazilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
28. Inspeksiya nazorati yakunlari boʻyicha nomuvofiqliklar aniqlangan taqdirda, ularni bartaraf qilish uchun Ekologik sertifikatlashtirish organi tomonidan oltmish ish kunidan ortiq boʻlmagan muddat belgilanadi, mazkur Nizomning 23-bandida nazarda tutilgan holatlar bundan mustasno.
29. Inspeksiya nazorati yakunlari boʻyicha aniqlangan nomuvofiqliklar bartaraf qilinganligi boʻyicha baholash ishlari mazkur Nizomning 24-bandiga muvofiq qaytadan oʻtkaziladi.
30. Inspeksiya nazorati oʻtkazilishi uchun toʻlov undirilmaydi, ushbu Nizomning 40-bandida nazarda tutilgan holatlar bundan mustasno.
4-bob. “Yashil sertifikat”ning amal qilish muddatini vaqtincha toʻxtatib turish, uni bekor qilish va qayta rasmiylashtirish
31. “Yashil sertifikat” besh yil muddatga beriladi va “Yashil sertifikat” yagona reyestrida roʻyxatdan oʻtkazilgan taqdirda haqiqiy hisoblanadi.
32. “Yashil sertifikat” amal qilish davri mobaynida seriyali ishlab chiqariladigan mahsulot yoki koʻrsatilgan xizmatga nisbatan haqiqiy hisoblanadi.
33. “Yashil sertifikat” davlat tili va ingliz tilida rasmiylashtiriladi.
“Yashil sertifikat” blankasi shakli Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi tomonidan tasdiqlanadi.
34. Quyidagi holatlarda “Yashil sertifikat”ning amal qilishi muddatidan avval bekor qilinadi:
inspeksiya nazorati yoki inspeksiya nazorati yakunlari boʻyicha aniqlangan nomuvofiqliklar bartaraf qilinganligini qayta baholash “Yashil sertifikat” egasi aybi bilan belgilangan muddatda oʻtkazilmaganda;
inspeksiya nazorati yakunlari boʻyicha aniqlangan nomuvofiqliklar belgilangan muddatda bartaraf qilinmaganda;
Ekologik sertifikatlashtirish obyekti yoki “Yashil sertifikat” egasining faoliyati toʻxtatilganda yoxud qayta tashkil etilganda (tashkiliy-huquqiy shaklining oʻzgarishi bundan mustasno);
mazkur Nizomning 39-bandida nazarda tutilgan oʻzgarishlardan biri roʻy bergan taqdirda, amaldagi “Yashil sertifikat”ning egasi ushbu oʻzgarish roʻy bergan vaqtdan boshlab bir oy muddatda “Yashil sertifikat”ni qayta rasmiylashtirish toʻgʻrisida murojaat qilmaganda.
35. Inspeksiya nazorati yakunlari boʻyicha nomuvofiqliklar aniqlangan taqdirda, “Yashil sertifikat”ning amal qilishi nomuvofiqliklarni bartaraf qilish uchun belgilangan muddatga vaqtincha toʻxtatiladi.
Bunda belgilangan muddatda nomuvofiqliklar bartaraf etilgan taqdirda, “Yashil sertifikat”ning amal qilish muddati qayta tiklanadi.
36. “Yashil sertifikat”ning amal qilishini muddatidan avval bekor qilish, vaqtincha toʻxtatish va qayta tiklash toʻgʻrisidagi qarorlarning shakli Ekologik sertifikatlashtirish organi tomonidan belgilanadi.
37. Ekologik sertifikatlashtirish organining “Yashil sertifikat”ning amal qilishini muddatidan avval bekor qilish, vaqtincha toʻxtatish va qayta tiklash toʻgʻrisidagi qarori qabul qilingan kundan boshlab uch ish kunida asosli sabablari koʻrsatilgan holda, “Yashil sertifikat” egasiga, shuningdek, “Yashil sertifikat” yagona reyestriga tegishli yozuvlar kiritilishini taʼminlash maqsadida Ekologiya vazirligiga yetkaziladi.
Bunda “Yashil sertifikat”ning asl nusxasi “Yashil sertifikat” egasi tomonidan tegishli qaror olingan kundan boshlab oʻn ish kuni mobaynida Ekologik sertifikatlashtirish organiga qaytarilishi lozim.
38. Bekor qilingan “Yashil sertifikat” Ekologik sertifikatlashtirish organi tomonidan yoʻq qilinadi va bu haqida tegishli dalolatnoma tuziladi.
39. “Yashil sertifikat”ning egasi qayta tashkil etilgan, uning nomi, pochta manzili yoki ekologik sertifikatlashtirish obyektining joylashgan joyi oʻzgargan taqdirda, ushbu oʻzgarishlar toʻgʻrisida “Yashil sertifikat”ning asl nusxasini ilova qilgan holda, oʻn ish kuni mobaynida Ekologik sertifikatlashtirish organini xabardor qilishi lozim.
40. Mazkur Nizomning 39-bandida nazarda tutilgan oʻzgarishlardan biri roʻy bergan taqdirda, “Yashil sertifikat”ning egasi ushbu oʻzgarish roʻy bergan vaqtdan boshlab bir oy muddatda “Yashil sertifikat”ni qayta rasmiylashtirish toʻgʻrisida ariza berishi mumkin.
Ekologik sertifikatlashtirish obyektining joylashgan joyi oʻzgargan taqdirda, Ekologik sertifikatlashtirish organi mazkur Nizomga muvofiq (navbatdan tashqari yoki oʻz muddatiga koʻra davriy) shartnoma asosida inspeksiya nazoratini oʻtkazadi hamda uning natijasi boʻyicha “Yashil sertifikat”ni qayta rasmiylashtirish yoki rasmiylashtirmaslik toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
“Yashil sertifikat” egasi qayta tashkil etilganda yoki uning pochta manzili, nomi oʻzgarganda inspeksiya nazoratini oʻtkazish talab etilmaydi.
41. Agar xoʻjalik yurituvchi subyekt “Yashil sertifikat”ning huquqiy vorisi boʻlmasa, ekologik sertifikatlashtirish mazkur Nizomda nazarda tutilgan talablar asosida qayta amalga oshiriladi.
5-bob. “Yashil sertifikat” yagona reyestrini yuritish tartibi
42. Ekologiya vazirligi Ekologik sertifikatlashtirish organlari tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlar asosida “Yashil sertifikat” yagona reyestirini yuritadi, doimiy ravishda yangilab boradi hamda uni oʻzining rasmiy veb-saytiga joylashtiradi.
Bunda “Yashil sertifikat” yagona reyestiri tegishli maʼlumotlar Ekologiya vazirligiga kelib tushgan kundan boshlab uch ish kunidan kechikmagan holda yangilanishi lozim.
43. “Yashil sertifikat” yagona reyestirida amaldagi, bekor qilingan, amal qilishi vaqtincha toʻxtatilgan, amal qilish muddatidan ilgari bekor qilingan hamda amal qilish muddati yakunlangan “Yashil sertifikat”lar boʻyicha quyidagilar:
“Yashil sertifikat” berilgan xoʻjalik yurituvchi subyektning nomi, manzili, soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami;
“Yashil sertifikat” obyekti, berilgan sanasi, roʻyxatdan oʻtgan raqami va amal qilish muddati;
“Yashil sertifikat”ning holati (amaldaligi, amal qilish muddati yakunlanganligi yoki bekor qilinganligi, amal qilishi vaqtincha toʻxtatilganligi, amal qilish muddatidan ilgari bekor qilinganligi, qabul qilingan bunday qarorning raqami va sanasi) aks ettiriladi.
6-bob. Yakunlovchi qoidalar
44. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
45. “Yashil sertifikat” egasi Ekologik sertifikatlash organining uni bekor qilish toʻgʻrisidagi qaroridan norozi boʻlgan taqdirda, sud organlariga murojaat qilish huquqiga ega.
46. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Mahsulotlarni ishlab chiqarish va xizmatlar koʻrsatishda texnologik jarayonlarni “Yashil sertifikat” ekologik sertifikatlashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Mahsulotlarni ishlab chiqarish va xizmatlar koʻrsatishda texnologik jarayonlarni “Yashil sertifikat” ekologik sertifikatlashtirish
Bosqichlar Masʼullar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Ariza beruvchi Ekologik sertifikatlashtirish organiga bevosita, pochta yoki Internet jahon axborot tarmogʻi orqali Ekologik sertifikatlashtirish uchun ariza taqdim etish. Zaruratga koʻra 2-bosqich Ekologik sertifikatlashtirish organi 1. Arizani roʻyxatga olish va koʻrib chiqish. 1. Ariza kelib tushgan kunning oʻzida. 2. Koʻrib chiqish natijalari boʻyicha Ekologik sertifikatlashtirish ishlarini amalga oshirish yoki oshirmaslik haqida qaror qabul qilish va ariza beruvchini xabardor qilish. 2. Ariza taqdim etilgan kundan keyingi 1 ish kuni mobaynida. 3. Ekologik sertifikatlashtirish ishlarini amalga oshirish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda: texnologik jarayonlarning muvofiqligini baholash boʻyicha shartnoma loyihasini ariza beruvchiga taqdim etish; ekspert guruhining tarkibini tuzish; muvofiqlikni baholash amalga oshiriladigan texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar roʻyxatini tuzish; muvofiqlikni baholash ishlarini amalga oshirish muddatlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan, ekologik sertifikatlashtirish dasturini ishlab chiqish va tasdiqlash. 3. Ekologik sertifikatlashtirish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan kundan keyingi 1 ish kuni mobaynida. 3-bosqich Ariza beruvchi Shartnomada nazarda tutilgan toʻlov shartlarini bajarish. Shartnomada belgilangan muddatda 4-bosqich Ekologik sertifikatlashtirish organi Ekologik sertifikatlashtirish ishlarini amalga oshirish (kameral oʻrganish, texnologik jarayonning auditi hamda atrof-muhitga tashlamalarning miqdorini oʻlchov vositalari yordamida aniqlash). Shartnoma toʻlov shartlari bajarilgan kundan keyingi 30 ish kunidan ortiq boʻlmagan muddatda 5-bosqich Ekologik sertifikatlashtirish organi Ekologik sertifikatlashtirish uchun texnologik jarayonning muvofiqligini baholash ishlari yakunlari boʻyicha muvofiqlikni baholash xulosasini rasmiylashtirish va tasdiqlash. Muvofiqlikni baholash ishlari yakunlangan kundan keyingi 1 ish kuni mobaynida 6-bosqich Ekologik sertifikatlashtirish organi 1. Muvofiqlikni baholash xulosasini koʻrib chiqish: a) muvofiqlikni baholash xulosasini maʼqullash toʻgʻrisida qaror va unga asosan muvofiqlikni baholashda jiddiy nomuvofiqliklar aniqlanmagan taqdirda, “Yashil sertifikat”ni berish toʻgʻrisida qaror qabul qilish; b) muvofiqlikni baholashda jiddiy nomuvofiqliklar aniqlangan taqdirda, ariza beruvchi tomonidan ularni bartaraf qilish uchun oltmish ish kunidan ortiq boʻlmagan muayyan muddat berish toʻgʻrisida qaror qabul qilish. 2. Qabul qilingan qaror boʻyicha Kengashning yigʻilish bayonnomasini rasmiylashtirish. Muvofiqlikni baholash xulosasi tasdiqlangan kundan keyingi 2 ish kuni mobaynida 7-bosqich Ekologik sertifikatlashtirish organi 1. “Yashil sertifikat”ni berish yoki berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilish. 2. “Yashil sertifikat”ni rasmiylashtirish, ariza beruvchiga taqdim etish. 1. Kengashning yigʻilish bayonnomasi rasmiylashtirilgan kundan keyingi 1 ish kunida. 3. “Yashil sertifikat” yagona reyestriga kiritish uchun Ekologiya vazirligiga tegishli maʼlumotlarni taqdim etish. 2. Qaror qabul qilingan kundan keyingi 2 ish kuni mobaynida 8-bosqich Ekologiya vazirligi Rasmiylashtirilgan “Yashil sertifikat”ni “Yashil sertifikat” yagona reyestriga kiritish. “Yashil sertifikat” rasmiylashtirilgani toʻgʻrisida maʼlumotlar kelib tushgan kundan boshlab 3 ish kuni mobaynida
Mahsulotlarni ishlab chiqarish va xizmatlar koʻrsatishda texnologik jarayonlarni “Yashil sertifikat” ekologik sertifikatlashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Texnologik jarayonlarni “Yashil sertifikat” ekologik sertifikatlashtirish uchun ARIZA 1. _______________________________________________________________________________________ (xoʻjalik yurituvchi subyektning toʻliq nomi) _____________________________________________________dagi quyidagi texnologik jarayonlarning _____________ (mahsulot ishlab chiqarish / xizmat koʻrsatish) atrof-muhitni muhofaza qilish va tabiiy resurslardan foydalanish sohasidagi normativ-huquqiy va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarda keltirilgan talablarga muvofiqligini baholash hamda “Yashil sertifikat” ekologik sertifikatlashtirish uchun ushbu arizani qabul qilishingizni soʻraydi. 2. Texnologik jarayonlar: a) __________________________________________________________; b) __________________________________________________________; v) __________________________________________________________; … 3. Arizaga quyidagi hujjatlar ilova qilinadi: ushbu arizada keltirilgan texnologik jarayonlarga oid ekologik normativ hujjatlar (ifloslantiruvchi moddalarning atmosferaga chiqariladigan yoʻl qoʻyiladigan cheklangan tashlamalarining ekologik normativlari, ifloslantiruvchi moddalarni oqova suvlar bilan yer usti havzalari yoki joy relyefiga oqizishning yoʻl qoʻyiladigan cheklangan miqdori, chiqindilar hosil boʻlishi va joylashtirilishi) hamda ular boʻyicha davlat ekologik ekspertizasining ijobiy xulosalari; arizada keltirilgan texnologik jarayonlarga oid atrof-muhitga tashlamalar miqdori boʻyicha akkreditatsiyadan oʻtgan sinov laboratoriyasining bayonnomalari * . 4. Xoʻjalik yurituvchi subyekt toʻgʻrisida qoʻshimcha maʼlumotlar: STIR: _____________________________________________________ Davlat roʻyxatidan oʻtkazish raqami: _____________________________________________________ Joylashgan joyi (pochta manzili): _____________________________________________________ Telefon raqami: _____________________________________________________ Xoʻjalik yurituvchi subyekt rahbari: ____________ __________________________ (imzo) (F.I.O)
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 15-aprel,
230-son