📅 2025-yil 17-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 17-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 17 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 17 апреля 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 17 April 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ
СХЕМАСИ
Хоразм вилоятида янги меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш учун инвесторларга Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2024 — 2026 йилларда Хоразм вилоятининг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 15 ноябрдаги ПҚ-394-сон қарори ижросини таъминлаш, Хоразм вилоятига қўшимча инвестицияларни жалб қилиш, хусусий сектор учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида янги қурилган меҳмонхоналарга бир марталик давлат бюджетидан субсидия ажратиш орқали туризм инфратузилмасини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2024 — 2026 йилларда Хоразм вилоятининг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 15 ноябрдаги ПҚ-394-сон қарорининг 2 ва 3-бандларига мувофиқ Хоразм вилоятида инвесторлар томонидан фойдаланишга топширилган меҳмонхоналарнинг ҳар бир хонаси учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан қуйидаги миқдорларда бир марталик субсидия ажратилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин:
тоифасиз меҳмонхонадаги ҳар бир хона учун — 10 млн сўм;
1 юлдузли тоифага эга меҳмонхонадаги ҳар бир хона учун — 15 млн сўм;
2 юлдузли тоифага эга меҳмонхонадаги ҳар бир хона учун — 20 млн сўм;
3, 4 ёки 5 юлдузли тоифага эга меҳмонхона учун — Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Туризм йўналишидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш ва соҳада давлат бошқаруви тизимини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 27 июлдаги ПҚ-238-сон қарорида белгиланган миқдорларда.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Хоразм вилоятида янги меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш учун инвесторларга Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
субсидия ажратиладиган инвесторларга қўйиладиган талаблар;
субсидия олиш учун ариза бериш тартиби ҳамда тақдим этиладиган ҳужжатлар;
аризани кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш тартиби;
субсидия ажратишни рад этиш асослари;
субсидия сифатида ажратиладиган маблағларни инвесторларга ўтказиш тартиби
3. Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда ўн кун муддатда мазкур қарор билан тасдиқланган низомга мувофиқ давлат хизмати Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали жорий этилишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматларини кўрсатишнинг белгиланган тартибига риоя этилиши бўйича уларнинг фаолияти юзасидан, шу жумладан, ЯИДХП орқали доимий назорат ўрнатсин.
5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Туризм қўмитаси раиси А.Ў. Аққулов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 апрелдаги 233-сон қарорига ИЛОВА
Хоразм вилоятида янги меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш учун инвесторларга Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан субсидия ажратиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Вақтинчалик Низом (кейинги ўринларда — Низом) Хоразм вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2024 — 2026 йилларда Хоразм вилоятининг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 15 ноябрдаги ПҚ-394-сон қарорида белгиланган муддатларда инвесторлар томонидан янги меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш харажатларининг бир қисмини қоплаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан (кейинги ўринларда — Давлат бюджети) субсидия ажратиш тартибини белгилайди.
2. Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланади:
инвестор — меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш мақсадида инвестиция фаолияти объектларига ўз маблағлари, қарз ёки жалб қилинган бошқа инвестиция ресурсларини инвестиция қилувчи инвестиция фаолияти субъекти;
субсидия — инвесторларга меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш харажатларининг бир қисмини қоплаш мақсадида Давлат бюджетидан бир марта ажратиладиган маблағлар;
янги қурилган меҳмонхона — тасдиқланган лойиҳа асосида капитал бино ва иншоот сифатида қурилган ёки охирги ўн йилда меҳмонхона фондида мавжуд бўлмаган ҳолда қайта қурилган ёхуд қурилиш жараёнида ўзгартирилган лойиҳа бўйича жойлаштириш воситаси сифатида янги қурилиб ишга туширилган кўчмас мулк объекти, реконструкция қилинган меҳмонхона бундан мустасно.
3. Субсидия Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2024 — 2026 йилларда Хоразм вилоятининг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 15 ноябрдаги ПҚ-394-сон қарорида белгилан муддатларда мувофиқлик сертификати берилган янги ташкил этилган меҳмонхона учун унинг тоифаси ва хоналар сонидан қатъи назар ажратилади.
4. Субсидия қуйидаги миқдорларда ажратилади:
тоифасиз меҳмонхонадаги ҳар бир хона учун — 10 млн сўм;
1 юлдузли тоифага эга меҳмонхонадаги ҳар бир хона учун — 15 млн сўм;
2 юлдузли тоифага эга меҳмонхонадаги ҳар бир хона учун — 20 млн сўм.
Бунда меҳмонхона камида икки қаватдан иборат бўлиши лозим.
3, 4 ва 5 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналарга субсидия Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Туризм йўналишидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш ва соҳада давлат бошқаруви тизимини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 27 июлдаги ПҚ-238-сон қарорига мувофиқ ажратилади.
5. Инвестор субсидия олиш учун ариза тақдим этиш вақтида қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида назарда тутилган солиқ ва йиғимлар ҳамда туристик (меҳмонхона) йиғими бўйича қарздорлиги бўлмаслиги;
қайта ташкил этиш ёки тугатиш жараёнида бўлмаслиги;
фаолияти қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда вақтинча тўхтатилган бўлмаслиги;
суд қарори асосида тўловга қобилиятсиз деб эълон қилинган бўлмаслиги;
янги қурилган меҳмонхонага берилган мувофиқлик сертификати ҳамда ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатнинг (ерни ижарага олиш ҳужжатлари онлайн-аукцион савдолари орқали тақдим қилинган бўлса) мавжудлиги.
2-боб. Субсидия олиш учун ариза тақдим этиш ва уни кўриб чиқиш тартиби
6. Субсидия Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича ажратилади.
7. Инвестор ёки унинг вакили (ариза берувчи) субсидия олиш учун Давлат хизматлари марказига ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) Туризм қўмитасига (кейинги ўринларда — Қўмита) Низомга 2-иловага мувофиқ шаклда ариза билан мурожаат қилади.
8. Ариза ариза берувчи томонидан идентификация қилишнинг замонавий воситалари билан (электрон рақамли имзо, дактилоскопия, ягона идентификация тизимидаги логин ва пароль, мобил-ID ва бошқалар) тасдиқланади.
Ариза ЯИДХП орқали тўлдирилганда, ариза берувчининг электрон рақамли имзоси талаб этилмайди.
9. Инвесторга тегишли кўчмас мулкка доир ҳуқуқни белгилайдиган ҳужжатлар Қўмита томонидан «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали олиб ўрганилади.
10. Қўмита ариза келиб тушган кундан бошлаб ўн иш кунида унинг Низомда белгиланган талабларга мослигини ўрганиб чиқади.
11. Аризани кўриб чиқишда қўшимча, шу жумладан, жойига чиққан ҳолда ўрганишлар ўтказиш талаб этилса, Қўмита ариза берувчини ёзма шаклда ёки электрон ахборот тизими орқали хабардор қилган ҳолда, аризани кўриб чиқиш муддатини ўн иш кунигача узайтириши мумкин.
12. Қўмита аризани ўрганиб чиқиб, бир иш кунида субсидия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида (рад этиш асослари аниқ кўрсатилган ҳолда) қарор қабул қилади ҳамда қарорнинг электрон нусхасини қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир иш кунида Давлат хизматлари маркази (ўзи келган ҳолда мурожаат қилинганда) ёки ЯИДХП (электрон тарзда мурожаат қилинганда) орқали ариза берувчига юборади.
Субсидия бериш тўғрисидаги қарорда субсидия миқдори, меҳмонхона номи, юлдуз тоифаси (мавжуд бўлса) ва хоналар фонди, жойлашган жойи (почта манзили) ва унинг кадастр рақами, субсидия олаётган инвестор (юридик шахс) номи ва СТИР ҳамда тижорат банкидаги ҳисобварағи кўрсатилади.
Субсидия бериш тўғрисидаги қарор нусхаси қарор қабул қилинган кундан сўнг бир иш кунида Қўмита томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига (кейинги ўринларда — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги) юборилади.
13. Субсидия бериш қуйидаги асосларга кўра рад этилади:
аризада Низомга 2-иловада кўрсатилган маълумотлар тўлиқ кўрсатилмаганлиги ёки нотўғри кўрсатилганлиги;
ариза берувчи Низомнинг 3 ва 5-бандларида кўрсатилган талабларга жавоб бермаслиги;
меҳмонхона Хоразм вилояти ҳудудидан ташқарида жойлашганлиги.
Субсидия беришни ушбу бандда кўрсатилмаган асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.
14. Ариза берувчи субсидия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор нусхасини олган кундан бошлаб кўпи билан икки ой давомида қарорда кўрсатилган камчиликларни бартараф этиши ҳамда уларнинг бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда, Қўмитага такроран ариза билан мурожаат қилиши мумкин.
15. Ариза такроран тақдим этилган кундан бошлаб беш иш кунида қайта кўриб чиқилади. Бунда субсидия беришни янги асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.
16. Низомнинг 13-бандида кўрсатилган муддат тугагандан сўнг тақдим этилган ариза янги берилган деб ҳисобланади.
3-боб. Давлат бюджетидан субсидия ажратиш тартиби
17. Субсидия 2025-2026 йилларда Давлат бюджети параметрларида ушбу тадбирлар учун кўзда тутиладиган маблағлар доирасида ажратилади.
18. Субсидия ажратиш учун Қўмита Иқтисодиёт ва молия вазирлигига инвесторлар тўғрисидаги маълумотлар ва ажратилиши лозим бўлган маблағларнинг ҳисоб-китоби кўрсатилган буюртманомани тақдим этади.
19. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги буюртманомани уч иш кунида кўриб чиқади ҳамда маблағлар Қўмитанинг тегишли ғазна ҳисобварақларига ажратилишини таъминлайди.
20. Маблағлар келиб тушганидан сўнг беш иш кунида Қўмита уларни инвесторнинг тижорат банкларидаги ҳисобварақларига ўтказиб беради.
21. Йил якунида Қўмитанинг шахсий ғазна ҳисобварақларида фойдаланилмай қолган бюджет маблағлари тегишли молия йили якунига қадар Давлат бюджетига қайтарилади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
22. Субсидия бериш учун Давлат бюджетидан маблағ ажратилган инвесторлар рўйхати Қўмитанинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар миқдори ва қўшимча равишда ташкил этилаётган хоналар фонди тўғрисидаги маълумот ҳар ой якуни бўйича янгилаб борилади ҳамда ойлар ва инвесторлар кесимида акс эттирилади.
23. Инвестор субсидия олиш учун тақдим этилган маълумотлар ва ҳужжатларнинг тўғрилиги учун масъул ҳисобланади.
24. Қўмита субсидия бериш ишларини ташкил этиш, мувофиқлаштириш, мониторинг қилиш ва Давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг инвесторга етказилиши учун масъул ҳисобланади.
25. Меҳмонхона субсидия ажратилган даврдан бошлаб беш йилдан кам бўлмаган муддатда фаолият юритиши, тоифали меҳмонхона бўлган тақдирда, камида беш йил ушбу тоифани сақлаб қолиши лозим.
Қўмита ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган талабларга риоя этилиши ҳамда субсидиядан мақсадли фойдаланилиши юзасидан мониторинг юритади. Ушбу талабга риоя этилмаган тақдирда, Қўмита Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекциясига тақдимнома киритади ҳамда субсидия сифатида ажратилган маблағларнинг белгиланган тартибда инвестордан Давлат бюджетига қайтариш чораларини кўради.
Меҳмонхона тоифаси пасайган тақдирда, инвестор ажратилган субсидиядан пасайган тоифа учун белгиланган миқдор ўртасидаги фарқни Давлат бюджетига қайтаради.
26. Инвесторлар давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.
27. Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Хоразм вилоятида янги меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш учун инвесторларга Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомга 1-ИЛОВА
Хоразм вилоятида янги меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш учун инвесторларга Давлат бюджетидан субсидия ажратиш
Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Инвестор Туризм қўмитасига субсидия олиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали ариза тақдим этади. Ариза берувчининг хоҳишига кўра 2-босқич Туризм қўмитаси 1. Аризани ўрганиб чиқади. 10 иш кунида, қўшимча ўрганиш талаб этилганда — 20 иш кунида 2. Субсидия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда ариза берувчининг ЯИДХПдаги шахсий кабинетига юборади. 1 иш кунида 3-босқич Инвестор Субсидия беришни рад этиш тўғрисидаги қарорни олганда, қарорда кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш ва уларнинг бартараф этилганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни (маълумотларни) илова қилган ҳолда, Туризм қўмитасига такроран ЯИДХП орқали мурожаат қилади. 2 ойдан кўп бўлмаган муддатда 4-босқич Туризм қўмитаси 1. Ариза такроран тақдим этилганда, уни қайта кўриб чиқади. 5 иш кунида 2. Субсидия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганда, Иқтисодиёт ва молия вазирлигига субсидия ажратиш тўғрисида буюртманома юборади. 1 иш кунида 5-босқич Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Буюртманомани кўриб чиқади ва тегишли маблағларни Туризм қўмитасининг тегишли шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказади. 3 иш кунида 6-босқич Туризм қўмитаси Инвесторнинг тижорат банкидаги ҳисобварағига маблағларни ўтказиб беради. 5 иш кунида
Хоразм вилоятида янги меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш учун инвесторларга Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомга 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитасига Субсидия олиш тўғрисида АРИЗА _________________________________________________________________________________________ (юридик шахсни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномага мувофиқ ариза берувчининг тўлиқ номи) _________________________________________________________________________________________ (манзил, телефон, электрон почта) ______________________________________________________________ манзил бўйича рўйхатдан ўтган _________________________________________________________________________________________ (рўйхатдан ўтиш рақами, санаси, гувоҳнома берган орган номи) ______________________________________________________________________ манзилида жойлашган (вилоят, туман, шаҳар, кўча, бино рақами) меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан субсидия ажратишингизни сўрайман. Меҳмонхона хоналарининг сони: ____________________________________________________________ Мувофиқлик сертификати олинган сана ва рақами: _____________________________________________ Юридик шахснинг жойлашган почта манзили: _________________________________________________ СТИР: ___________________________________________________________________________________ Электрон почта манзили: ___________________________________________________________________ Банк ҳисобварағи: _________________________________________________________________________ Илова: _____ варақда __________________________________ ______ ________________ (ариза берувчининг лавозими, Ф.И.О.) ___________ (имзо) 20 ___ йил ____________
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 17 апрель,
233-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
VAQTINCHALIK NIZOM
SXEMASI
Xorazm viloyatida yangi mehmonxona qurish va uni jihozlash uchun investorlarga Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjetidan subsidiya ajratish tartibi toʻgʻrisidagi vaqtinchalik nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2024 — 2026-yillarda Xorazm viloyatining turizm salohiyatini yanada rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 15-noyabrdagi PQ-394-son qarori ijrosini taʼminlash, Xorazm viloyatiga qoʻshimcha investitsiyalarni jalb qilish, xususiy sektor uchun qulay shart-sharoitlar yaratish maqsadida yangi qurilgan mehmonxonalarga bir martalik davlat budjetidan subsidiya ajratish orqali turizm infratuzilmasini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2024 — 2026-yillarda Xorazm viloyatining turizm salohiyatini yanada rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 15-noyabrdagi PQ-394-son qarorining 2 va 3-bandlariga muvofiq Xorazm viloyatida investorlar tomonidan foydalanishga topshirilgan mehmonxonalarning har bir xonasi uchun Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjetidan quyidagi miqdorlarda bir martalik subsidiya ajratilishi belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin:
toifasiz mehmonxonadagi har bir xona uchun — 10 mln soʻm;
1 yulduzli toifaga ega mehmonxonadagi har bir xona uchun — 15 mln soʻm;
2 yulduzli toifaga ega mehmonxonadagi har bir xona uchun — 20 mln soʻm;
3, 4 yoki 5 yulduzli toifaga ega mehmonxona uchun — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Turizm yoʻnalishidagi islohotlarni yanada jadallashtirish va sohada davlat boshqaruvi tizimini samarali tashkil qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 27-iyuldagi PQ-238-son qarorida belgilangan miqdorlarda.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Xorazm viloyatida yangi mehmonxona qurish va uni jihozlash uchun investorlarga Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjetidan subsidiya ajratish tartibi toʻgʻrisidagi vaqtinchalik nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
subsidiya ajratiladigan investorlarga qoʻyiladigan talablar;
subsidiya olish uchun ariza berish tartibi hamda taqdim etiladigan hujjatlar;
arizani koʻrib chiqish va qaror qabul qilish tartibi;
subsidiya ajratishni rad etish asoslari;
subsidiya sifatida ajratiladigan mablagʻlarni investorlarga oʻtkazish tartibi
3. Oʻzbekiston Respublikasi Turizm qoʻmitasi Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda oʻn kun muddatda mazkur qaror bilan tasdiqlangan nizomga muvofiq davlat xizmati Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali joriy etilishini taʼminlasin.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi davlat organlari va boshqa tashkilotlar tomonidan davlat xizmatlarini koʻrsatishning belgilangan tartibiga rioya etilishi boʻyicha ularning faoliyati yuzasidan, shu jumladan, YIDXP orqali doimiy nazorat oʻrnatsin.
5. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda Turizm qoʻmitasi raisi A.Oʻ. Aqqulov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 17-apreldagi 233-son qaroriga ILOVA
Xorazm viloyatida yangi mehmonxona qurish va uni jihozlash uchun investorlarga Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjetidan subsidiya ajratish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Vaqtinchalik Nizom (keyingi oʻrinlarda — Nizom) Xorazm viloyatida Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2024 — 2026-yillarda Xorazm viloyatining turizm salohiyatini yanada rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 15-noyabrdagi PQ-394-son qarorida belgilangan muddatlarda investorlar tomonidan yangi mehmonxona qurish va uni jihozlash xarajatlarining bir qismini qoplash maqsadida Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjetidan (keyingi oʻrinlarda — Davlat budjeti) subsidiya ajratish tartibini belgilaydi.
2. Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllanadi:
investor — mehmonxona qurish va uni jihozlash maqsadida investitsiya faoliyati obyektlariga oʻz mablagʻlari, qarz yoki jalb qilingan boshqa investitsiya resurslarini investitsiya qiluvchi investitsiya faoliyati subyekti;
subsidiya — investorlarga mehmonxona qurish va uni jihozlash xarajatlarining bir qismini qoplash maqsadida Davlat budjetidan bir marta ajratiladigan mablagʻlar;
yangi qurilgan mehmonxona — tasdiqlangan loyiha asosida kapital bino va inshoot sifatida qurilgan yoki oxirgi oʻn yilda mehmonxona fondida mavjud boʻlmagan holda qayta qurilgan yoxud qurilish jarayonida oʻzgartirilgan loyiha boʻyicha joylashtirish vositasi sifatida yangi qurilib ishga tushirilgan koʻchmas mulk obyekti, rekonstruksiya qilingan mehmonxona bundan mustasno.
3. Subsidiya Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2024 — 2026-yillarda Xorazm viloyatining turizm salohiyatini yanada rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 15-noyabrdagi PQ-394-son qarorida belgilan muddatlarda muvofiqlik sertifikati berilgan yangi tashkil etilgan mehmonxona uchun uning toifasi va xonalar sonidan qatʼi nazar ajratiladi.
4. Subsidiya quyidagi miqdorlarda ajratiladi:
toifasiz mehmonxonadagi har bir xona uchun — 10 mln soʻm;
1 yulduzli toifaga ega mehmonxonadagi har bir xona uchun — 15 mln soʻm;
2 yulduzli toifaga ega mehmonxonadagi har bir xona uchun — 20 mln soʻm.
Bunda mehmonxona kamida ikki qavatdan iborat boʻlishi lozim.
3, 4 va 5 yulduzli toifaga ega mehmonxonalarga subsidiya Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Turizm yoʻnalishidagi islohotlarni yanada jadallashtirish va sohada davlat boshqaruvi tizimini samarali tashkil qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 27-iyuldagi PQ-238-son qaroriga muvofiq ajratiladi.
5. Investor subsidiya olish uchun ariza taqdim etish vaqtida quyidagi talablarga javob berishi lozim:
Oʻzbekiston Respublikasining Soliq kodeksida nazarda tutilgan soliq va yigʻimlar hamda turistik (mehmonxona) yigʻimi boʻyicha qarzdorligi boʻlmasligi;
qayta tashkil etish yoki tugatish jarayonida boʻlmasligi;
faoliyati qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda vaqtincha toʻxtatilgan boʻlmasligi;
sud qarori asosida toʻlovga qobiliyatsiz deb eʼlon qilingan boʻlmasligi;
yangi qurilgan mehmonxonaga berilgan muvofiqlik sertifikati hamda yer uchastkasiga boʻlgan huquqni tasdiqlovchi hujjatning (yerni ijaraga olish hujjatlari onlayn-auksion savdolari orqali taqdim qilingan boʻlsa) mavjudligi.
2-bob. Subsidiya olish uchun ariza taqdim etish va uni koʻrib chiqish tartibi
6. Subsidiya Nizomga 1-ilovaga muvofiq sxema boʻyicha ajratiladi.
7. Investor yoki uning vakili (ariza beruvchi) subsidiya olish uchun Davlat xizmatlari markaziga yoki Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) Turizm qoʻmitasiga (keyingi oʻrinlarda — Qoʻmita) Nizomga 2-ilovaga muvofiq shaklda ariza bilan murojaat qiladi.
8. Ariza ariza beruvchi tomonidan identifikatsiya qilishning zamonaviy vositalari bilan (elektron raqamli imzo, daktiloskopiya, yagona identifikatsiya tizimidagi login va parol, mobil-ID va boshqalar) tasdiqlanadi.
Ariza YIDXP orqali toʻldirilganda, ariza beruvchining elektron raqamli imzosi talab etilmaydi.
9. Investorga tegishli koʻchmas mulkka doir huquqni belgilaydigan hujjatlar Qoʻmita tomonidan “Elektron hukumat” tizimi idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali olib oʻrganiladi.
10. Qoʻmita ariza kelib tushgan kundan boshlab oʻn ish kunida uning Nizomda belgilangan talablarga mosligini oʻrganib chiqadi.
11. Arizani koʻrib chiqishda qoʻshimcha, shu jumladan, joyiga chiqqan holda oʻrganishlar oʻtkazish talab etilsa, Qoʻmita ariza beruvchini yozma shaklda yoki elektron axborot tizimi orqali xabardor qilgan holda, arizani koʻrib chiqish muddatini oʻn ish kunigacha uzaytirishi mumkin.
12. Qoʻmita arizani oʻrganib chiqib, bir ish kunida subsidiya berish yoki berishni rad etish toʻgʻrisida (rad etish asoslari aniq koʻrsatilgan holda) qaror qabul qiladi hamda qarorning elektron nusxasini qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran bir ish kunida Davlat xizmatlari markazi (oʻzi kelgan holda murojaat qilinganda) yoki YIDXP (elektron tarzda murojaat qilinganda) orqali ariza beruvchiga yuboradi.
Subsidiya berish toʻgʻrisidagi qarorda subsidiya miqdori, mehmonxona nomi, yulduz toifasi (mavjud boʻlsa) va xonalar fondi, joylashgan joyi (pochta manzili) va uning kadastr raqami, subsidiya olayotgan investor (yuridik shaxs) nomi va STIR hamda tijorat bankidagi hisobvaragʻi koʻrsatiladi.
Subsidiya berish toʻgʻrisidagi qaror nusxasi qaror qabul qilingan kundan soʻng bir ish kunida Qoʻmita tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligiga (keyingi oʻrinlarda — Iqtisodiyot va moliya vazirligi) yuboriladi.
13. Subsidiya berish quyidagi asoslarga koʻra rad etiladi:
arizada Nizomga 2-ilovada koʻrsatilgan maʼlumotlar toʻliq koʻrsatilmaganligi yoki notoʻgʻri koʻrsatilganligi;
ariza beruvchi Nizomning 3 va 5-bandlarida koʻrsatilgan talablarga javob bermasligi;
mehmonxona Xorazm viloyati hududidan tashqarida joylashganligi.
Subsidiya berishni ushbu bandda koʻrsatilmagan asoslar boʻyicha rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.
14. Ariza beruvchi subsidiya berishni rad etish toʻgʻrisidagi qaror nusxasini olgan kundan boshlab koʻpi bilan ikki oy davomida qarorda koʻrsatilgan kamchiliklarni bartaraf etishi hamda ularning bartaraf etilganligini tasdiqlovchi hujjatlarni ilova qilgan holda, Qoʻmitaga takroran ariza bilan murojaat qilishi mumkin.
15. Ariza takroran taqdim etilgan kundan boshlab besh ish kunida qayta koʻrib chiqiladi. Bunda subsidiya berishni yangi asoslar boʻyicha rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.
16. Nizomning 13-bandida koʻrsatilgan muddat tugagandan soʻng taqdim etilgan ariza yangi berilgan deb hisoblanadi.
3-bob. Davlat budjetidan subsidiya ajratish tartibi
17. Subsidiya 2025-2026-yillarda Davlat budjeti parametrlarida ushbu tadbirlar uchun koʻzda tutiladigan mablagʻlar doirasida ajratiladi.
18. Subsidiya ajratish uchun Qoʻmita Iqtisodiyot va moliya vazirligiga investorlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar va ajratilishi lozim boʻlgan mablagʻlarning hisob-kitobi koʻrsatilgan buyurtmanomani taqdim etadi.
19. Iqtisodiyot va moliya vazirligi buyurtmanomani uch ish kunida koʻrib chiqadi hamda mablagʻlar Qoʻmitaning tegishli gʻazna hisobvaraqlariga ajratilishini taʼminlaydi.
20. Mablagʻlar kelib tushganidan soʻng besh ish kunida Qoʻmita ularni investorning tijorat banklaridagi hisobvaraqlariga oʻtkazib beradi.
21. Yil yakunida Qoʻmitaning shaxsiy gʻazna hisobvaraqlarida foydalanilmay qolgan budjet mablagʻlari tegishli moliya yili yakuniga qadar Davlat budjetiga qaytariladi.
4-bob. Yakunlovchi qoidalar
22. Subsidiya berish uchun Davlat budjetidan mablagʻ ajratilgan investorlar roʻyxati Qoʻmitaning rasmiy veb-saytiga joylashtiriladi.
Davlat budjetidan ajratilgan mablagʻlar miqdori va qoʻshimcha ravishda tashkil etilayotgan xonalar fondi toʻgʻrisidagi maʼlumot har oy yakuni boʻyicha yangilab boriladi hamda oylar va investorlar kesimida aks ettiriladi.
23. Investor subsidiya olish uchun taqdim etilgan maʼlumotlar va hujjatlarning toʻgʻriligi uchun masʼul hisoblanadi.
24. Qoʻmita subsidiya berish ishlarini tashkil etish, muvofiqlashtirish, monitoring qilish va Davlat budjetidan ajratilgan mablagʻlarning investorga yetkazilishi uchun masʼul hisoblanadi.
25. Mehmonxona subsidiya ajratilgan davrdan boshlab besh yildan kam boʻlmagan muddatda faoliyat yuritishi, toifali mehmonxona boʻlgan taqdirda, kamida besh yil ushbu toifani saqlab qolishi lozim.
Qoʻmita ushbu bandning birinchi xatboshisida koʻrsatilgan talablarga rioya etilishi hamda subsidiyadan maqsadli foydalanilishi yuzasidan monitoring yuritadi. Ushbu talabga rioya etilmagan taqdirda, Qoʻmita Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamenti huzuridagi Davlat moliyaviy nazorati inspeksiyasiga taqdimnoma kiritadi hamda subsidiya sifatida ajratilgan mablagʻlarning belgilangan tartibda investordan Davlat budjetiga qaytarish choralarini koʻradi.
Mehmonxona toifasi pasaygan taqdirda, investor ajratilgan subsidiyadan pasaygan toifa uchun belgilangan miqdor oʻrtasidagi farqni Davlat budjetiga qaytaradi.
26. Investorlar davlat organlari va boshqa tashkilotlar xodimlarining xatti-harakatlari yuzasidan qonunchilikda belgilangan tartibda shikoyat qilishlari mumkin.
27. Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Xorazm viloyatida yangi mehmonxona qurish va uni jihozlash uchun investorlarga Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjetidan subsidiya ajratish tartibi toʻgʻrisidagi vaqtinchalik nizomga 1-ILOVA
Xorazm viloyatida yangi mehmonxona qurish va uni jihozlash uchun investorlarga Davlat budjetidan subsidiya ajratish
Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Investor Turizm qoʻmitasiga subsidiya olish uchun Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali ariza taqdim etadi. Ariza beruvchining xohishiga koʻra 2-bosqich Turizm qoʻmitasi 1. Arizani oʻrganib chiqadi. 10 ish kunida, qoʻshimcha oʻrganish talab etilganda — 20 ish kunida 2. Subsidiya berish yoki berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi hamda ariza beruvchining YIDXPdagi shaxsiy kabinetiga yuboradi. 1 ish kunida 3-bosqich Investor Subsidiya berishni rad etish toʻgʻrisidagi qarorni olganda, qarorda koʻrsatilgan kamchiliklarni bartaraf etish va ularning bartaraf etilganligini tasdiqlovchi tegishli hujjatlarni (maʼlumotlarni) ilova qilgan holda, Turizm qoʻmitasiga takroran YIDXP orqali murojaat qiladi. 2 oydan koʻp boʻlmagan muddatda 4-bosqich Turizm qoʻmitasi 1. Ariza takroran taqdim etilganda, uni qayta koʻrib chiqadi. 5 ish kunida 2. Subsidiya berish toʻgʻrisida qaror qabul qilinganda, Iqtisodiyot va moliya vazirligiga subsidiya ajratish toʻgʻrisida buyurtmanoma yuboradi. 1 ish kunida 5-bosqich Iqtisodiyot va moliya vazirligi Buyurtmanomani koʻrib chiqadi va tegishli mablagʻlarni Turizm qoʻmitasining tegishli shaxsiy gʻazna hisobvaragʻiga oʻtkazadi. 3 ish kunida 6-bosqich Turizm qoʻmitasi Investorning tijorat bankidagi hisobvaragʻiga mablagʻlarni oʻtkazib beradi. 5 ish kunida
Xorazm viloyatida yangi mehmonxona qurish va uni jihozlash uchun investorlarga Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjetidan subsidiya ajratish tartibi toʻgʻrisidagi vaqtinchalik nizomga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Turizm qoʻmitasiga Subsidiya olish toʻgʻrisida ARIZA _________________________________________________________________________________________ (yuridik shaxsni roʻyxatdan oʻtkazish toʻgʻrisidagi guvohnomaga muvofiq ariza beruvchining toʻliq nomi) _________________________________________________________________________________________ (manzil, telefon, elektron pochta) ______________________________________________________________ manzil boʻyicha roʻyxatdan oʻtgan _________________________________________________________________________________________ (roʻyxatdan oʻtish raqami, sanasi, guvohnoma bergan organ nomi) ______________________________________________________________________ manzilida joylashgan (viloyat, tuman, shahar, koʻcha, bino raqami) mehmonxona qurish va uni jihozlash uchun Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan subsidiya ajratishingizni soʻrayman. Mehmonxona xonalarining soni: ____________________________________________________________ Muvofiqlik sertifikati olingan sana va raqami: _____________________________________________ Yuridik shaxsning joylashgan pochta manzili: _________________________________________________ STIR: ___________________________________________________________________________________ Elektron pochta manzili: ___________________________________________________________________ Bank hisobvaragʻi: _________________________________________________________________________ Ilova: _____ varaqda __________________________________ ______ ________________ (ariza beruvchining lavozimi, F.I.O.) ___________ (imzo) 20 ___ yil ____________
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 17-aprel,
233-son