UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 8-aprel · Markaziy bank hujjatlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 8 апрель · Марказий банк ҳужжатлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 8 апреля 2025 г. · Документы Центрального банка

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 8 April 2025 · Central Bank documents

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг

Қарори

НИЗОМ

Банкларга ўрнатиладиган макропруденциал нормативлар ҳамда улар томонидан бериладиган кредитлар (микроқарзлар) бўйича тўловларнинг энг юқори қийматларига доир талаблар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг « Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида »ги ва « Банклар ва банк фаолияти тўғрисида »ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:

1. Банкларга ўрнатиладиган макропруденциал нормативлар ҳамда улар томонидан бериладиган кредитлар (микроқарзлар) бўйича тўловларнинг энг юқори қийматларига доир талаблар тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2025 йил 8 апрелдаги 7/3-сон қарорига ИЛОВА

Банкларга ўрнатиладиган макропруденциал нормативлар ҳамда улар томонидан бериладиган кредитлар (микроқарзлар) бўйича тўловларнинг энг юқори қийматларига доир талаблар тўғрисидаги

Мазкур Низом банкларга, шу жумладан микромолия банкларига (бундан буён матнда банк деб юритилади) қўйиладиган макропруденциал нормативлар ҳамда улар томонидан жисмоний шахсларга бериладиган кредитлар (микроқарзлар) бўйича тўловларнинг энг юқори қийматларига доир талабларни белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Банкларга ўрнатиладиган макропруденциал нормативларга қуйидагилар киради:

қарз юки кўрсаткичи;

қарзнинг даромадга нисбати кўрсаткичи;

кредитнинг гаровга нисбати кўрсаткичи;

кредитлар (микроқарзлар) кесимида тўпланиш (концентрация) коэффициентлари.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

қарз берувчи — банк, микромолия ташкилоти, ломбард, микромолия ташкилоти фаолиятини амалга оширувчи тўлов ташкилоти, товар истеъмол кредитларини берувчи ташкилот;

қарз олувчи — банкка кредит (микроқарз) олиш учун мурожаат қилган жисмоний шахс, шу жумладан ўзини ўзи банд қилган шахс;

кредит (микроқарз) — банк томонидан қарз олувчига тўловлилик, муддатлилик, қайтариш, шунингдек шартномада назарда тутилган ҳолларда муайян мақсадлар учун фойдаланиш шартлари асосида бериладиган пул маблағлари, шу жумладан қайта тикланадиган кредит линияси ва кредит карта (овердрафт);

қайта тикланадиган кредит линияси — қарз олувчининг банк билан тузилган кредит шартномасининг амал қилиш муддати давомида қарздорлик тўланганда шартномада белгиланган лимит тикланиши натижасида ундан кўп маротаба фойдаланиш имконини берувчи кредит (микроқарз) тури;

кредит карта (овердрафт) — қайта тикланадиган кредит линияси шаклида қарз олувчига банк карталари орқали бериладиган кредит (микроқарз) тури;

кредитни қайта молиялаштириш — қарз олувчининг бошқа қарз берувчилардан олган кредитини (микроқарзини) сўндириш мақсадида банк томонидан мақбул шартлар асосида кредит (микроқарз) берилиши;

қарз юки кўрсаткичи — қарз олувчининг кредит (микроқарзлари) бўйича ўртача ойлик тўловлари миқдорининг унинг ўртача ойлик даромади миқдорига бўлган нисбати;

қарзнинг даромадга нисбати кўрсаткичи — қарз олувчининг истеъмол кредитлари ва(ёки) микроқарзлари бўйича жами асосий қарз (лимит) миқдорининг мазкур қарз олувчи ўртача ойлик даромади миқдорига нисбати;

кредит (микроқарз) шартномаси бўйича тўловлар — кредитнинг (микроқарзнинг) асосий қарзи, фоизлар, шартномани тузиш вақтида маълум бўлган бошқа тўловлар, шу жумладан учинчи шахс фойдасига тўланадиган тўловлар, агар бундай тўловлар шартнома шартларидан келиб чиқадиган бўлса;

ўртача ойлик тўловлар миқдори — қарз олувчининг кредит (микроқарз) бериш тўғрисида банк ва бошқа қарз берувчилар томонидан кўриб чиқилаётган мурожаати (мурожаатлари) ҳамда унинг барча қарз берувчилар билан тузилган кредит (микроқарз) шартномалари, шунингдек қарз олувчи кафил ва/ёки биргаликда қарз олувчи сифатида иштирок этадиган кредит (микроқарз) шартномалари бўйича тўловларнинг ўртача ойлик қиймати;

ўртача ойлик даромадлар миқдори — қарз олувчининг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги, шунингдек пенсия ва бошқа даромадларининг ўртача ойлик миқдори;

биргаликда қарз олувчи — қарз олувчи билан кредит (микроқарз) ва унинг фоизлари бўйича ойлик тўловларда қатнашувчи, шунингдек кредит (микроқарз) бўйича солидар жавоб берувчи шахс.

2-боб. Банклар томонидан қарз олувчиларга бериладиган кредитлар (микроқарзлар) бўйича уларнинг қарз юки кўрсаткичига оид талаблар

1-§. Қарз юки кўрсаткичига доир талаблар

3. Банк томонидан қарз олувчига (биргаликда қарз олувчиларга) кредит (микроқарз) берилишида унинг (уларнинг) қарз юки кўрсаткичи 50 фоиздан ошмаслиги лозим, бундан мазкур банднинг учинчи ва тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолатлар мустасно.

Банк томонидан қарз олувчиларга берилган, бироқ сўндирилмаган барча кредитлар (микроқарзлар) сонининг:

энг кўпи билан 15 фоизигача банк томонидан қарз олувчиларга (бундан мазкур банднинг тўртинчи хатбошисида кўрсатилган қарз олувчилар мустасно) кредитлар (микроқарзлар)беришда уларнинг қарз юки кўрсаткичи 100 фоизгача бўлиши мумкин;

энг кўпи билан 15 фоизигача ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида биринчи марта рўйхатдан ўтганига банкка мурожаат қилган санадан олдинги олти ойдан ошмаган қарз олувчиларга даромад олишга йўналтирилган фаолияти учун кредитлар (микроқарзлар) беришда уларнинг қарз юки кўрсаткичи инобатга олинмаслиги ва (ёки) ҳисобланмаслиги мумкин.

Бунда, мазкур Низомнинг 4-бандида кўрсатилган кредитлар банк томонидан қарз олувчиларга берилган, бироқ сўндирилмаган барча кредитларнинг (микроқарзларнинг) сонини аниқлашда инобатга олинмайди.

4. Қарз юки кўрсаткичига доир талаблар қуйидаги кредитларни беришда татбиқ этилмайди:

якка тартибдаги тадбиркорларга бериладиган кредитлар;

оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида бериладиган кредитлар;

таълим кредитлари.

5. Қарз юки кўрсаткичи ҳар бир қарз олувчига банк томонидан:

кредит (микроқарз) беришга ёки кредит (микроқарз) лимитини оширишга (бундан буён матнда кредит (микроқарз) бериш деб юритилади);

мазкур банк томонидан аввал берилган кредит (микроқарз) бўйича ўртача ойлик тўловлар миқдорини оширишга (бундан шартномада белгиланган ўзгарувчан фоиз ставкаси ошиши муносабати билан тўловлар миқдорининг оширилиши ҳолатлари мустасно) ҳамда муддатни узайтиришга;

бошқа қарз берувчининг кредитга (микроқарзга) доир ҳуқуқларини (талабларини) сотиб олиш ёки кредитни қайта молиялаштиришга доир қарор қабул қилинганда ҳисобланиши лозим, бундан мазкур Низомнинг 3-банди тўртинчи хатбошисида кўрсатилган ҳолат мустасно.

6. Банк томонидан бошқа қарз берувчининг кредитга (микроқарзга) доир ҳуқуқлари (талаблари) сотиб олинаётганда ёки кредит қайта молиялаштирилаётганда, қарз юки кўрсаткичи ҳисоб-китобида қарз олувчининг амалдаги кредит (микроқарз) бўйича ўртача ойлик тўловлари такроран ҳисобга олинмайди.

2-§. Қарз олувчининг ўртача ойлик тўловлари миқдорини аниқлаш

7. Ўртача ойлик тўловлар миқдори ҳисоб-китобига қуйидаги тўловлар киритилади:

банк ва бошқа қарз берувчилар томонидан келиб тушганига уч иш кунидан ошмаган кредит (микроқарз) бериш тўғрисида кўриб чиқилаётган мурожаат бўйича ўртача ойлик тўловлар;

қарз юки кўрсаткичини ҳисоблаш санасида қарз олувчининг барча қарз берувчилар билан тузилган кредит (микроқарз) шартномаси, шу жумладан мазкур Низомнинг 4-бандида назарда тутилган кредит шартномаси, шунингдек қарз олувчи биргаликда қарз олувчи сифатида иштирок этган тақдирда, ҳар бир кредит (микроқарз) шартномаси бўйича ўртача ойлик тўловлар;

банк томонидан кредит (микроқарз) бериш ёки мазкур банк томонидан аввал берилган кредит (микроқарз) бўйича ўртача ойлик тўловлар миқдорини ошириш ҳамма муддатни узайтириш тўғрисида кўриб чиқилаётган мурожаатда биргаликда қарз олувчи назарда тутилган тақдирда, қарз юки кўрсаткичини ҳисоблаш санасида биргаликда қарз олувчининг барча қарз берувчилар билан тузилган ҳамда амалда бўлган ҳар бир кредит (микроқарз) шартномаси бўйича ўртача ойлик тўловлар;

қарз олувчи кафиллик шартномасига мувофиқ кафил сифатида иштирок этган ҳар бир кредит (микроқарз) шартномаси бўйича ўртача ойлик тўловлар, агар қарз юки кўрсаткичини ҳисоблаш санасида улар бўйича 30 кундан ортиқ муддати ўтган тўловлари мавжуд бўлса.

Бунда, ипотека кредити бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун берилган субсидиялар ҳисобидан амалга ошириладиган ойлик тўловлар суммаси мазкур ипотека кредити бўйича ўртача ойлик тўловлар суммасидан чегирилиши мумкин.

8. Ўртача ойлик тўловлар миқдорини аниқлашда берилаётган кредит (микроқарз) шартномасига асосан уни сўндириш муддати:

микроқарз бўйича 36 ойдан ошган тақдирда, мазкур микроқарз бўйича барча тўловлар 36 ойга тенг миқдорда (аннуитет усулида);

ипотека кредити (бундан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (бундан буён матнда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги деб юритилади) маблағлари ҳисобидан қайта молиялаштириладиган ипотека кредитлари мустасно) бўйича 180 ойдан ошган тақдирда, мазкур кредит бўйича барча тўловлар 180 ойга тенг миқдорда (аннуитет усулида);

мазкур банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида белгиланган кредитдан (микроқарздан) бошқа турдаги кредит (бундан қайта тикланадиган кредит линияси ва кредит карта (овердрафт) мустасно) бўйича 60 ойдан ошган тақдирда, ушбу кредит бўйича барча тўловлар 60 ойга тенг миқдорда (аннуитет усулида) тақсимланади.

Бунда, мазкур банднинг иккинчи — тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган кредит (микроқарз) шартномаларига асосан уларни сўндириш муддати мос равишда 36, 180 ва 60 ойга тенг ёки ундан кам бўлса, қарз юки ҳисоб-китобида ўртача ойлик тўловлар миқдорини аниқлашда улар бўйича барча тўловлар мос равишда шартномада белгиланган ойлар сонига тенг миқдорда тақсимланади.

9. Банк томонидан қарз олувчига қайта тикланадиган кредит линияси ва кредит карта (овердрафт) бериш тўғрисида мурожаат кўриб чиқилаётганда ўртача ойлик тўловлар миқдорини аниқлашда қайта тикланадиган кредит линияси ва кредит карта (овердрафт) лимитининг 8 фоизи олинади.

10. Мазкур Низомнинг 7-бандида кўрсатилган кредит (микроқарз) шартномаси (шартномалари) бўйича (бундан қайта тикланадиган кредит линияси ва кредит карта (овердрафт) мустасно) ўртача ойлик тўловлар қуйидагиларнинг йиғиндисини ўз ичига олади:

асосий қарзнинг қолдиқ суммаси ва унга ҳисобланадиган фоизлар, воситачилик ҳақи ва бошқа тўловлар йиғиндисининг шартнома (шартномалар) амал қилиши тугашига қадар қолган ойлар сонига нисбати;

муддати ўтган қарздорликлар (муддати ўтган асосий қарз ва фоизлар), шу жумладан ҳисобланган ва муддати узайтирилган фоизлар, ҳисобланган пеня (мавжуд бўлса) ва ҳисобдан чиқарилган кредитлар (микроқарзлар).

Бунда, қарз олувчи барча қарз берувчилардан олган ва амалда бўлган қайта тикланадиган кредит линияси ва кредит карта (овердрафт) бўйича ўртача ойлик тўловлар ҳисоб-китоби қуйидагиларнинг йиғиндисини ўз ичига олади:

қарз юки кўрсаткичини ҳисоблаш санасида қайта тикланадиган кредит линияси ва кредит карта (овердрафт) лимитининг 8 фоизи;

муддати ўтган қарздорликлар ва ҳисобланган пеня (мавжуд бўлса).

11. Банк ўртача ойлик тўловлар миқдорини ўзининг ахборот тизимлари, кредит бюроси томонидан тақдим этиладиган кредит ҳисоботидан ва бошқа расмий манбалардан олган маълумотлардан фойдаланган ҳолда ҳисоблаб чиқади.

12. Қарз юки (қарзнинг даромадга нисбати) кўрсаткичини ҳисоблаш ва кредит (микроқарз) берилиши ўртасидаги вақт оралиғи 3 иш кунидан ошмаслиги керак.

3-§. Қарз олувчининг ўртача ойлик даромадлари миқдорини аниқлаш

13. Қарз олувчининг ўртача ойлик даромадлари миқдорини ҳисоблаш мақсадида банк қарз олувчи банкка мурожаат қилган санадан олдинги камида 6 ой учун узлуксиз,бироқ 12 ойдан ошмаган муддат учун ойлик даромадларининг ўртача арифметик қийматини аниқлайди (бундан мазкур Низомнинг 17-банди биринчи хатбошисида белгиланган ҳолатлар мустасно).

Бунда, банк томонидан ўртача ойлик даромадлар миқдорини ҳисоблаш мақсадида:

12 ой ва ундан ортиқ муддат ичида даромадга эга қарз олувчилар учун — қарз юки (қарзнинг даромадга нисбати) ҳисоб-китоб қилинаётган ойдан олдинги 12 ой ичида олинган барча даромадларнинг ўн иккидан бир қисми;

тегишли равишда 6 ой ва ундан ортиқ, бироқ 11 ойдан ошмаган муддат ичида даромадга эга қарз олувчилар учун — қарз юки (қарзнинг даромадга нисбати) ҳисоб-китоб қилинаётган ойдан олдинги 6 ва ундан ортиқ ойлар учун олинган даромадларнинг олтидан бир қисми (тегишли равишда еттидан бир қисми, саккиздан бир қисми, тўққиздан бир қисми, ўндан бир қисми, ўн бирдан бир қисми) олинади.

14. Банк қарз олувчининг ушбу давр учун ойлик даромадларининг медиана қийматини аниқлаш орқали қарз олувчининг ўртача ойлик даромадлар миқдорини ҳисоблаши мумкин. Бунда, мазкур қиймат ушбу Низомнинг 13-бандида белгиланган арифметик қийматдан кичикроқ бўлса, банк уни қарз юки (қарзнинг даромадга нисбати) кўрсаткичи ҳисоб-китобида қарз олувчининг ўртача ойлик даромадлари миқдори сифатида ҳисобга олиши мумкин.

15. Банк томонидан кўриб чиқилаётган кредит (микроқарз) бериш ҳақидаги мурожаатда биргаликда қарз олувчи назарда тутилган бўлса, унинг даромадлари ҳам ўртача ойлик даромад ҳисоб-китобига киритилиши мумкин.

16. Қарз юки (қарзнинг даромадга нисбати) ҳисоб-китобида меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ва бошқа тегишли қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ иш берувчи томонидан иш ўрни (лавозими) сақланган давр, жумладан меҳнат таътили даври даромад олинган давр (даромадда узилиш бўлмаган давр) сифатида инобатга олинади.

17. Меҳнат қонунчилигига мувофиқ мавсумий ишларни бажарадиган қарз олувчиларнинг ўртача ойлик даромадлари миқдорини ҳисоблашда банк ушбу қарз олувчилар томонидан сўнгги 6 ой ичида камида 3 ойи учун узлуксиз олинган даромадларининг олтидан бир қисмини аниқлайди.

Мавсумий ишларни бажарадиган қарз олувчиларнинг 6 ой ва ундан ортиқ, бироқ 12 ойдан ошмаган муддат учун даромадларининг ўртача миқдори мазкур Низомнинг 13-банди учинчи ва тўртинчи хатбошиларига мувофиқ аниқланади.

18. Банк қарз олувчи ва биргаликда қарз олувчининг ўртача ойлик даромадларини аниқлашда мазкур Низомнинг 19-бандида белгиланган ҳужжат ва маълумотлар билан тасдиқланган даромадларни ва (ёки) мазкур қарз олувчи ва биргаликда қарз олувчининг банк ҳисобварақларига тушган тушумларини инобатга олади. Бунда, қарз олувчининг бир манбадан олган даромадлари такроран ҳисобга олинмайди.

19. Банк қарз олувчининг ва (ёки) биргаликда қарз олувчининг даромадларини аниқлашда қуйидаги тасдиқловчи ҳужжат ва маълумотлардан фойдаланади:

иш ҳақи тўғрисидаги тасдиқланган маълумотлар;

пенсия миқдори тўғрисидаги маълумотлар;

фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия бадаллари тўғрисидаги маълумотлар;

тўланган солиқлар тўғрисидаги, шу жумладан давлат солиқ хизмати органлари томонидан тасдиқланган жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация маълумотлари;

фоизлар, дивидендлар, мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар тўғрисидаги маълумотлар.

Бунда, қарз олувчининг даромадлари солиқлар чегирилиб ташланган ҳолда ҳисобга олинади.

20. Мазкур Низомнинг 18-бандига мувофиқ қарз олувчининг ўртача ойлик даромадларини аниқлаш имконияти мавжуд бўлмаса, банк мазкур қарз олувчи банкка мурожаат қилган санадан олдинги 18 ойлик давр ичида асосий қарзи тўлиқ тўланган кредит (микроқарз) бўйича мазкур давр ичидаги тўловларнинг камида 6 ой, бироқ 12 ойдан ошмаган узлуксиз муддат давомида тўловлари (бундан қайта тикланадиган кредит линия бўйича тўловлар мустасно) тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланиши мумкин.

Бунда, қарз юки (қарзнинг даромадга нисбати) кўрсаткичи ҳисоб-китобида қарз олувчининг ўртача ойлик даромади сифатида қарз олувчининг кредит (микроқарз) бўйича ўртача ойлик тўловлари ўртача арифметик қиймати миқдорининг 50 фоизи олинади.

21. Банк томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маблағлари ҳисобидан қайта молиялаштириладиган ипотека кредитларини беришда мазкур Низомнинг 18-бандига мувофиқ қарз олувчининг ўртача ойлик даромадларини аниқлаш имконияти мавжуд бўлмаса ёки даромадлар етарли бўлмаса, қарз олувчининг ўртача ойлик даромадларини аниқлашда банк бошқа маълумотлардан фойдаланиши мумкин. Бунда, банк мазкур маълумотларнинг ҳаққонийлигини текшириш чораларини кўриши лозим.

22. Банк қарз олувчининг ўртача ойлик даромадларини аниқлашда қарз олувчи томонидан тақдим этилган ва/ёки ўзининг ахборот тизимлари, кредит бюроси томонидан тақдим этиладиган ахборотлар ва бошқа расмий манбалардан олган маълумотлардан фойдаланади.

4-§. Қарз юки ўсишини чеклаш меъёри

23. Банк томонидан қарз олувчига бериладиган кредит (микроқарз) бўйича фоиз тўловлари ҳамда бошқа тўловлар (бундан асосий қарз тўловлари, шартнома шартларини бажармаганлик учун қўлланиладиган жавобгарлик чоралари мустасно) йиғиндиси кредитнинг (микроқарзнинг) асосий қарз қолдиғига нисбатан кунлик 0,25 фоиздан ошмаслиги лозим.

Бунда, мазкур банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган бошқа тўловлар қайси давр учун ундириладиган бўлса, кунлик фоиз ҳисоб-китобида шу даврдаги кунларга тенг миқдорда тақсимланади.

24. Кредит (микроқарз) бўйича асосий қарздан ташқари барча тўловлар, шу жумладан фоизлар, воситачилик ҳақлари, неустойка (жарима, пеня), жавобгарликнинг бошқа чоралари йиғиндиси йилига қарз миқдорининг 50 фоизидан кўпини ташкил этиши мумкин эмас .

Бунда, қарз миқдори деганда:

кредит (микроқарз) (бундан қайта тикланадиган кредит линияси ва кредит карта (овердрафт) мустасно) шартномасининг муддати 12 ойга тенг ёки ундан кам бўлганда шартнома бўйича берилган кредитнинг (микроқарзнинг) миқдори;

қайта тикланадиган кредит линияси ёки кредит карта (овердрафт) лимитидан 12 ойга тенг бўлган даврда ҳақиқатда фойдаланилган сумма шартномада белгиланган лимитдан ошмаган тақдирда, мазкур ҳақиқатда фойдаланилган сумма;

қайта тикланадиган кредит линияси ёки кредит карта (овердрафт) лимитидан 12 ойга тенг бўлган даврда ҳақиқатда фойдаланилган суммалар йиғиндиси шартномада белгиланган лимитдан ошган тақдирда, шартномада белгиланган лимит;

кредит (микроқарз) (бундан қайта тикланадиган кредит линияси ва кредит карта (овердрафт) мустасно) шартномасининг муддати 12 ойдан кўп бўлганда 12 ойга тенг бўлган даврнинг бошидаги кредит (микроқарз) асосий қарзининг қолдиғи;

12 ойга тенг бўлган давр ичида кредитнинг (микроқарзнинг) асосий қарз миқдори ошганда, ушбу миқдор ошган санадан бошлаб кейинги давр учун ошган кредит (микроқарз) асосий қарзининг қолдиғи тушунилади.

Мазкур банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган чеклов қуйидаги тартибда ҳисоб-китоб қилинади:

∑ тўловлар ≤ ∑ қолдиқ i х кунлар_сони i х 50 % муддат

Бунда,

қолдиқ i — i давр учун кредит (микроқарз) асосий қисмининг ошмай турган қолдиғи;

кунлар_сони i — i даврдаги кредит (микроқарз) асосий қисмининг қолдиғи ошмай турган кунлар сони;

i давр — кредит (микроқарз) қолдиғи ошмай турган муддат;

тўловлар — кредит (микроқарз) бўйича асосий қарздан ташқари барча тўловлар, шу жумладан фоизлар, воситачилик ҳақи, неустойка (жарима, пеня), жавобгарликнинг бошқа чоралари;

муддат — 365 (366) кун ёки кредит (микроқарз) шартномаси муддати 12 ойдан кам бўлганда унинг муддати кун ҳисобида.

Кредит (микроқарз) шартномаси бўйича кредитнинг (микроқарзнинг) асосий қарзидан ташқари тўланадиган барча тўловларни ҳисоблашда мазкур Низомнинг иловасида келтирилган мисоллардан фойдаланилади.

2 1 -боб. Қарзнинг даромадга нисбати кўрсаткичига қўйиладиган талаблар

24 1 . Қарзнинг даромадга нисбати кўрсаткичи қарз олувчига (биргаликда қарз олувчиларга) банк томонидан:

истеъмол кредити ва (ёки) микроқарз беришга ёки лимитини оширишга;

мазкур банк томонидан аввал берилган истеъмол кредити ва (ёки) микроқарз бўйича ўртача ойлик тўловлар миқдорини оширишга (бундан шартномада белгиланган ўзгарувчан фоиз ставкаси ошиши муносабати билан тўловлар миқдорининг оширилиши ҳолатлари мустасно);

истеъмол кредити ва (ёки) микроқарз муддатини узайтиришга;

бошқа қарз берувчининг истеъмол кредити ва (ёки) микроқарзга доир ҳуқуқларини(талабларини) сотиб олиш ёки кредитни қайта молиялаштиришга доир қарор қабул қилинганда ҳисобланиши лозим. Бунда қарз олувчининг ҳуқуқлари (талаблари) сотиб олинаётган ёки кредит қайта молиялаштирилаётган амалдаги истеъмол кредити ва (ёки) микроқарз бўйича ўртача ойлик тўловлари такроран ҳисобга олинмайди.

24 2 . Қарзнинг даромадга нисбати кўрсаткичи ҳисоб-китобига қуйидагилар киритилади:

банк ва бошқа қарз берувчилар томонидан келиб тушганига уч иш кунидан ошмаган истеъмол кредити ва (ёки) микроқарз бериш тўғрисида кўриб чиқилаётган мурожаат бўйича асосий қарз (лимит) суммаси;

қарзнинг даромадга нисбати кўрсаткичини ҳисоблаш санасида қарз олувчининг барча қарз берувчилар билан тузилган истеъмол кредити ва (ёки) микроқарз шартномалари бўйича асосий қарз (лимит) қолдиқ суммалари;

қарзнинг даромадга нисбати кўрсаткичини ҳисоблаш санасида қарз олувчи истеъмол кредити ва (ёки) микроқарз шартномалари бўйича биргаликда қарз олувчи сифатида иштирок этган тақдирда, ҳар бир шартнома бўйича асосий қарз (лимит) қолдиқ суммалари;

қарз олувчи кафиллик шартномасига мувофиқ кафил сифатида иштирок этган ҳар бир истеъмол кредити ва (ёки) микроқарз шартномаси бўйича тўловлар, қарзнинг даромадга нисбати кўрсаткичини ҳисоблаш санасида улар бўйича 30 кундан ортиқ муддати ўтган тўловлари мавжуд бўлса.

24 3 . Қарзнинг даромадга нисбати кўрсаткичи ҳисоб-китобида ўртача ойлик даромад миқдори мазкур Низомнинг 2-боби 3-параграфига мувофиқ аниқланади.

24 4 . 2026 йил 1 мартдан бошлаб мазкур Низомнинг 19-бандида белгиланган ҳужжат ва маълумотлар билан тасдиқланган даромадлардан фойдаланган ҳолда қарз олувчининг (биргаликда қарз олувчининг) ўртача ойлик даромадларини аниқлаш имконияти:

мавжуд бўлса, қарзнинг даромадга нисбати кўрсаткичи 8 баробардан;

мавжуд бўлмаса, қарзнинг даромадга нисбати кўрсаткичи 5 баробардан ошмаслиги лозим, бундан ўзини ўзи банд қилган шахс бўлган қарз олувчилар мустасно.

24 5 . 2026 йил 1 мартдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахс бўлган қарз олувчилар учун қарзнинг даромадга нисбати кўрсаткичи 8 баробардан ошмаслиги лозим.

Банк томонидан қарз олувчиларга берилган, бироқ сўндирилмаган барча кредитлар(микроқарзлар) сонининг энг кўпи билан 15 фоизигача ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида биринчи марта рўйхатдан ўтганига банкка мурожаат қилган санадан олдинги олти ойдан ошмаган қарз олувчиларга даромад олишга йўналтирилган фаолияти учун кредитлар(микроқарзлар) беришда уларнинг қарзнинг даромадга нисбати кўрсаткичи инобатга олинмаслиги ва (ёки) ҳисобланмаслиги мумкин.

24 6 . Қарзнинг даромадга нисбати кўрсаткичига доир талаблар қуйидагиларга татбиқ этилмайди:

якка тартибдаги тадбиркорларга бериладиган кредитлар;

таълим кредитлари.

3-боб. Кредитнинг гаровга нисбати кўрсаткичига қўйиладиган талаблар

25. Банк томонидан қарз олувчига автомобил сотиб олиш учун кредит (бундан буён матнда автокредит деб юритилади) ва ипотека кредити берилишида кредитнинг гаровга нисбати кўрсаткичи ҳисобланиши лозим.

26. Кредитнинг гаровга нисбати кўрсаткичи кредит суммасининг гаровнинг қийматига нисбати орқали ҳисоб-китоб қилинади, бунда:

кредит суммаси — кредитнинг сўндирилмаган қолдиғи ва қарздор томонидан кредитнинг фойдаланилмаган қисмини ўз ичига олади. Бунда, кредит суммаси ушбу кредит бўйича яратилган захиралар чегирилмасдан, мазкур кредит бўйича таъминот сифатида қарз берувчи банкда шакллантирилган, шунингдек шартнома шартлари ўз вақтида бажарилмаганда ҳеч қандай шартларсиз кредитни сўндиришга йўналтирилиши мумкин бўлган депозитлар чегирилган ҳолда ҳисобланади;

гаров қиймати — келажакдаги йўқотишларни ўз ичига олган ҳолда бозор нархлари асосида шаклланган ва бозор нархидан ошиб кетмаган ҳамда баҳолаш ташкилоти томонидан баҳоланган ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа тартибда аниқланган ҳолда таъминот сифатида расмийлаштирилган гаров шартномасида кўрсатилган мулк нархидир.

27. Кредитнинг гаровга нисбати кўрсаткичи ҳисоб-китобида гаров қиймати банк томонидан дастлабки келишилган гаров қийматидан ошмаган миқдорда акс эттирилади.

Бунда, кредитнинг гаровга нисбати кўрсаткичи ҳисоб-китобида гаров қийматининг дастлабки баҳоланган қиймати:

камайтириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки нинг талаби мавжуд бўлганда;

доимий равишда пасайишига олиб келган фавқулодда ҳолатлар ва/ёки кутилмаган ҳодисалар юз берганда;

шубҳасиз ўзгаришига олиб келадиган ҳолатлар юзага келганда ўзгартирилиши мумкин.

28. Кредит бўйича гаров предметини баҳолаш ва қайта баҳолаш Ўзбекистон Республикасининг «Баҳолаш фаолияти тўғрисида»ги Қонуни ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

29. Кредитнинг гаровга нисбати кўрсаткичи ҳисоб-китобида:

автокредит бўйича — кредит ҳисобига сотиб олинган ва унинг таъминоти сифатида гаровга олинган автомобилнинг гаров қиймати;

ипотека кредити бўйича — кредит ҳисобига сотиб олинган ва унинг таъминоти сифатида гаровга олинган кўчмас мулк гаров қиймати олинади.

30. Банк томонидан қарз олувчига автокредит бўйича кредитнинг гаровга нисбати кўрсаткичи 75 фоиздан ошмаслиги лозим.

Банк томонидан қарз олувчига бериладиган ипотека кредити (бундан мазкур банднинг учинчи хатбошисида кўрсатилган ипотека кредитлари мустасно) бўйича кредитнинг гаровга нисбати кўрсаткичи 80 фоиздан ошмаслиги лозим.

Мазкур Низомнинг 18-бандига мувофиқ қарз олувчининг ўртача ойлик даромадларини аниқлаш имконияти мавжуд бўлса, банк томонидан ушбу қарз олувчига Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маблағлари ҳисобидан қайта молиялаштириладиган ипотека кредити бўйича кредитнинг гаровга нисбати 85 фоиздан ошмаслиги лозим.

Банк томонидан қарз олувчига:

автокредит беришда мазкур банк томонидан қарз олувчиларга берилган, бироқ сўндирилмаган барча автокредитлар сонининг энг кўпи билан 15 фоизигача бўлган миқдорида кредитнинг гаровга нисбати кўрсаткичи 75 фоиздан;

ипотека кредитини беришда мазкур банк томонидан қарз олувчиларга берилган, бироқ сўндирилмаган барча ипотека кредитлари сонининг энг кўпи билан 15 фоизигача бўлган миқдорида кредитнинг гаровга нисбати кўрсаткичи мазкур банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида белгиланган меъёрлардан ортиши мумкин, бундан мазкур Низомнинг 18-бандига мувофиқ қарз олувчининг ўртача ойлик даромадларини аниқлаш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолда бериладиган ипотека кредитлари мустасно.

4-боб. Кредитлар (микроқарзлар) кесимида тўпланиш (концентрация) коэффициентларига доир талаблар

31. Банк томонидан (бундан микромолия банки мустасно) қарз олувчиларга берилган, бироқ сўндирилмаган:

микроқарзлар улуши (бундан мазкур банднинг учинчи хатбошида кўрсатилган кредит карта (овердрафт) мустасно) банкнинг жами кредит портфелининг 25 фоизидан;

овердрафтлар ҳамда мазкур Низомнинг 32-бандида кўрсатилган хусусиятларга мос бўлган кредит карталар улуши банкнинг жами кредит портфелининг 25 фоизидан;

автокредитлар улуши банкнинг жами кредит портфелининг 25 фоизидан ошмаслиги лозим.

32. Мазкур Низом мақсадларида кредит картаси қуйидаги хусусиятларга жавоб бериши лозим:

қарздорликни сўндириш бўйича тўловлар жадвали қатъий ўрнатилмаганлиги;

қарздорлик бўйича фоизлар ҳисобланмайдиган имтиёзли давр камида 45 кундан иборат бўлиши;

олинган маблағлар ҳисобига банк картасидан бошқа банк карталарига (банк ҳисобварағига ёки электрон ҳамёнга) пул ўтказмаларини амалга ошириш ҳамда нақд пул ечиб олиш учун қўшимча ҳақ ундирилиши;

олинган маблағлар ҳисобига нақд пул ечиб олинганда, мазкур ечилган сумма бўйича имтиёзли давр тўхтатилиши;

қарздорликни сўндиришда минимал ойлик тўлов мавжудлиги.

33. Мазкур Низомнинг 31-банди иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган талабларга мувофиқ бўлмаган банклар 2029 йилнинг 1 январига қадар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан келишилган муддатларда босқичма-босқич ушбу белгиланган меъёр талабларга мувофиқлаштириши лозим.

5-боб. Якуний қоида

34. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади .

Банкларга ўрнатиладиган макропруденциал нормативлар ҳамда улар томонидан бериладиган кредитлар (микроқарзлар) бўйича тўловларнинг энг юқори қийматларига доир талаблар тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Кредит (микроқарз) бўйича асосий қарздан ташқари тўланадиган барча тўловларни ҳисоблаш бўйича мисоллар

1) кредит (микроқарз) шартномасининг муддати 12 ойга тенг ёки ундан кам бўлганда:

кредит (микроқарз) бўйича барча тўловлар ≤ шартнома бўйича берилган кредитнинг (микроқарзнинг) миқдори х 50%

2) кредит (микроқарз) шартномасининг муддати 12 ойдан кўп бўлганда:

кредит (микроқарз) бўйича 12 ойга тенг бўлган давр ичида барча тўловлар ≤ 12 ойга тенг бўлган даврнинг бошига кредит (микроқарз) асосий қарзининг қолдиғи х 50%

3) 12 ойга тенг бўлган давр ичида кредитнинг (микроқарзнинг) асосий қарз миқдори ошганда:

Бунда, тўловларнинг энг кўп миқдори:

а) Х давр учун:

Х даврнинг дастлабки уч ойи учун: 10 000 000 х 90 кун (янв. — 31 кун, фев. — 28 кун, мар.— 31 кун) х 50% = 1 232876,71 365 + Х даврнинг кейинги тўққиз ойи учун: 15 000 000 х 275 кун (апр. — 30 кун, ..., дек. — 31 кун) х 50% = 5 650684,93; 365 = 6 883561,64;

b) Y давр учун: 7 500 000 = 15 000 000 (12 ойга тенг бўлган даврнинг бошига қолдиқ) х 50%;

d) Z давр учун: 5 000 000 = 10 000 000 (12 ойга тенг бўлган даврнинг бошига қолдиқ) х 50%.

Раис Т. ИШМЕТОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 8 апрель,

7/3-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.04.2025 й., 10/25/3618/0378-сон; 20.12.2025 й., 10/25/3618-1/1187-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki Boshqaruvining

Qarori

NIZOM

Banklarga oʻrnatiladigan makroprudensial normativlar hamda ular tomonidan beriladigan kreditlar (mikroqarzlar) boʻyicha toʻlovlarning eng yuqori qiymatlariga doir talablar toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasining “ Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki toʻgʻrisida ”gi va “ Banklar va bank faoliyati toʻgʻrisida ”gi qonunlariga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvi qaror qiladi:

1. Banklarga oʻrnatiladigan makroprudensial normativlar hamda ular tomonidan beriladigan kreditlar (mikroqarzlar) boʻyicha toʻlovlarning eng yuqori qiymatlariga doir talablar toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oydan keyin kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2025-yil 8-apreldagi 7/3-son qaroriga ILOVA

Banklarga oʻrnatiladigan makroprudensial normativlar hamda ular tomonidan beriladigan kreditlar (mikroqarzlar) boʻyicha toʻlovlarning eng yuqori qiymatlariga doir talablar toʻgʻrisidagi

Mazkur Nizom banklarga, shu jumladan mikromoliya banklariga (bundan buyon matnda bank deb yuritiladi) qoʻyiladigan makroprudensial normativlar hamda ular tomonidan jismoniy shaxslarga beriladigan kreditlar (mikroqarzlar) boʻyicha toʻlovlarning eng yuqori qiymatlariga doir talablarni belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Banklarga oʻrnatiladigan makroprudensial normativlarga quyidagilar kiradi:

qarz yuki koʻrsatkichi;

qarzning daromadga nisbati koʻrsatkichi;

kreditning garovga nisbati koʻrsatkichi;

kreditlar (mikroqarzlar) kesimida toʻplanish (konsentratsiya) koeffitsiyentlari.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

qarz beruvchi — bank, mikromoliya tashkiloti, lombard, mikromoliya tashkiloti faoliyatini amalga oshiruvchi toʻlov tashkiloti, tovar isteʼmol kreditlarini beruvchi tashkilot;

qarz oluvchi — bankka kredit (mikroqarz) olish uchun murojaat qilgan jismoniy shaxs, shu jumladan oʻzini oʻzi band qilgan shaxs;

kredit (mikroqarz) — bank tomonidan qarz oluvchiga toʻlovlilik, muddatlilik, qaytarish, shuningdek shartnomada nazarda tutilgan hollarda muayyan maqsadlar uchun foydalanish shartlari asosida beriladigan pul mablagʻlari, shu jumladan qayta tiklanadigan kredit liniyasi va kredit karta (overdraft);

qayta tiklanadigan kredit liniyasi — qarz oluvchining bank bilan tuzilgan kredit shartnomasining amal qilish muddati davomida qarzdorlik toʻlanganda shartnomada belgilangan limit tiklanishi natijasida undan koʻp marotaba foydalanish imkonini beruvchi kredit (mikroqarz) turi;

kredit karta (overdraft) — qayta tiklanadigan kredit liniyasi shaklida qarz oluvchiga bank kartalari orqali beriladigan kredit (mikroqarz) turi;

kreditni qayta moliyalashtirish — qarz oluvchining boshqa qarz beruvchilardan olgan kreditini (mikroqarzini) soʻndirish maqsadida bank tomonidan maqbul shartlar asosida kredit (mikroqarz) berilishi;

qarz yuki koʻrsatkichi — qarz oluvchining kredit (mikroqarzlari) boʻyicha oʻrtacha oylik toʻlovlari miqdorining uning oʻrtacha oylik daromadi miqdoriga boʻlgan nisbati;

qarzning daromadga nisbati koʻrsatkichi — qarz oluvchining isteʼmol kreditlari va(yoki) mikroqarzlari boʻyicha jami asosiy qarz (limit) miqdorining mazkur qarz oluvchi oʻrtacha oylik daromadi miqdoriga nisbati;

kredit (mikroqarz) shartnomasi boʻyicha toʻlovlar — kreditning (mikroqarzning) asosiy qarzi, foizlar, shartnomani tuzish vaqtida maʼlum boʻlgan boshqa toʻlovlar, shu jumladan uchinchi shaxs foydasiga toʻlanadigan toʻlovlar, agar bunday toʻlovlar shartnoma shartlaridan kelib chiqadigan boʻlsa;

oʻrtacha oylik toʻlovlar miqdori — qarz oluvchining kredit (mikroqarz) berish toʻgʻrisida bank va boshqa qarz beruvchilar tomonidan koʻrib chiqilayotgan murojaati (murojaatlari) hamda uning barcha qarz beruvchilar bilan tuzilgan kredit (mikroqarz) shartnomalari, shuningdek qarz oluvchi kafil va/yoki birgalikda qarz oluvchi sifatida ishtirok etadigan kredit (mikroqarz) shartnomalari boʻyicha toʻlovlarning oʻrtacha oylik qiymati;

oʻrtacha oylik daromadlar miqdori — qarz oluvchining mehnatga haq toʻlash tarzidagi, shuningdek pensiya va boshqa daromadlarining oʻrtacha oylik miqdori;

birgalikda qarz oluvchi — qarz oluvchi bilan kredit (mikroqarz) va uning foizlari boʻyicha oylik toʻlovlarda qatnashuvchi, shuningdek kredit (mikroqarz) boʻyicha solidar javob beruvchi shaxs.

2-bob. Banklar tomonidan qarz oluvchilarga beriladigan kreditlar (mikroqarzlar) boʻyicha ularning qarz yuki koʻrsatkichiga oid talablar

1-§. Qarz yuki koʻrsatkichiga doir talablar

3. Bank tomonidan qarz oluvchiga (birgalikda qarz oluvchilarga) kredit (mikroqarz) berilishida uning (ularning) qarz yuki koʻrsatkichi 50 foizdan oshmasligi lozim, bundan mazkur bandning uchinchi va toʻrtinchi xatboshilarida koʻrsatilgan holatlar mustasno.

Bank tomonidan qarz oluvchilarga berilgan, biroq soʻndirilmagan barcha kreditlar (mikroqarzlar) sonining:

eng koʻpi bilan 15 foizigacha bank tomonidan qarz oluvchilarga (bundan mazkur bandning toʻrtinchi xatboshisida koʻrsatilgan qarz oluvchilar mustasno) kreditlar (mikroqarzlar)berishda ularning qarz yuki koʻrsatkichi 100 foizgacha boʻlishi mumkin;

eng koʻpi bilan 15 foizigacha oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida birinchi marta roʻyxatdan oʻtganiga bankka murojaat qilgan sanadan oldingi olti oydan oshmagan qarz oluvchilarga daromad olishga yoʻnaltirilgan faoliyati uchun kreditlar (mikroqarzlar) berishda ularning qarz yuki koʻrsatkichi inobatga olinmasligi va (yoki) hisoblanmasligi mumkin.

Bunda, mazkur Nizomning 4-bandida koʻrsatilgan kreditlar bank tomonidan qarz oluvchilarga berilgan, biroq soʻndirilmagan barcha kreditlarning (mikroqarzlarning) sonini aniqlashda inobatga olinmaydi.

4. Qarz yuki koʻrsatkichiga doir talablar quyidagi kreditlarni berishda tatbiq etilmaydi:

yakka tartibdagi tadbirkorlarga beriladigan kreditlar;

oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish dasturlari doirasida beriladigan kreditlar;

taʼlim kreditlari.

5. Qarz yuki koʻrsatkichi har bir qarz oluvchiga bank tomonidan:

kredit (mikroqarz) berishga yoki kredit (mikroqarz) limitini oshirishga (bundan buyon matnda kredit (mikroqarz) berish deb yuritiladi);

mazkur bank tomonidan avval berilgan kredit (mikroqarz) boʻyicha oʻrtacha oylik toʻlovlar miqdorini oshirishga (bundan shartnomada belgilangan oʻzgaruvchan foiz stavkasi oshishi munosabati bilan toʻlovlar miqdorining oshirilishi holatlari mustasno) hamda muddatni uzaytirishga;

boshqa qarz beruvchining kreditga (mikroqarzga) doir huquqlarini (talablarini) sotib olish yoki kreditni qayta moliyalashtirishga doir qaror qabul qilinganda hisoblanishi lozim, bundan mazkur Nizomning 3-bandi toʻrtinchi xatboshisida koʻrsatilgan holat mustasno.

6. Bank tomonidan boshqa qarz beruvchining kreditga (mikroqarzga) doir huquqlari (talablari) sotib olinayotganda yoki kredit qayta moliyalashtirilayotganda, qarz yuki koʻrsatkichi hisob-kitobida qarz oluvchining amaldagi kredit (mikroqarz) boʻyicha oʻrtacha oylik toʻlovlari takroran hisobga olinmaydi.

2-§. Qarz oluvchining oʻrtacha oylik toʻlovlari miqdorini aniqlash

7. Oʻrtacha oylik toʻlovlar miqdori hisob-kitobiga quyidagi toʻlovlar kiritiladi:

bank va boshqa qarz beruvchilar tomonidan kelib tushganiga uch ish kunidan oshmagan kredit (mikroqarz) berish toʻgʻrisida koʻrib chiqilayotgan murojaat boʻyicha oʻrtacha oylik toʻlovlar;

qarz yuki koʻrsatkichini hisoblash sanasida qarz oluvchining barcha qarz beruvchilar bilan tuzilgan kredit (mikroqarz) shartnomasi, shu jumladan mazkur Nizomning 4-bandida nazarda tutilgan kredit shartnomasi, shuningdek qarz oluvchi birgalikda qarz oluvchi sifatida ishtirok etgan taqdirda, har bir kredit (mikroqarz) shartnomasi boʻyicha oʻrtacha oylik toʻlovlar;

bank tomonidan kredit (mikroqarz) berish yoki mazkur bank tomonidan avval berilgan kredit (mikroqarz) boʻyicha oʻrtacha oylik toʻlovlar miqdorini oshirish hamma muddatni uzaytirish toʻgʻrisida koʻrib chiqilayotgan murojaatda birgalikda qarz oluvchi nazarda tutilgan taqdirda, qarz yuki koʻrsatkichini hisoblash sanasida birgalikda qarz oluvchining barcha qarz beruvchilar bilan tuzilgan hamda amalda boʻlgan har bir kredit (mikroqarz) shartnomasi boʻyicha oʻrtacha oylik toʻlovlar;

qarz oluvchi kafillik shartnomasiga muvofiq kafil sifatida ishtirok etgan har bir kredit (mikroqarz) shartnomasi boʻyicha oʻrtacha oylik toʻlovlar, agar qarz yuki koʻrsatkichini hisoblash sanasida ular boʻyicha 30 kundan ortiq muddati oʻtgan toʻlovlari mavjud boʻlsa.

Bunda, ipoteka krediti boʻyicha foiz xarajatlarining bir qismini qoplash uchun berilgan subsidiyalar hisobidan amalga oshiriladigan oylik toʻlovlar summasi mazkur ipoteka krediti boʻyicha oʻrtacha oylik toʻlovlar summasidan chegirilishi mumkin.

8. Oʻrtacha oylik toʻlovlar miqdorini aniqlashda berilayotgan kredit (mikroqarz) shartnomasiga asosan uni soʻndirish muddati:

mikroqarz boʻyicha 36 oydan oshgan taqdirda, mazkur mikroqarz boʻyicha barcha toʻlovlar 36 oyga teng miqdorda (annuitet usulida);

ipoteka krediti (bundan Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi (bundan buyon matnda Iqtisodiyot va moliya vazirligi deb yuritiladi) mablagʻlari hisobidan qayta moliyalashtiriladigan ipoteka kreditlari mustasno) boʻyicha 180 oydan oshgan taqdirda, mazkur kredit boʻyicha barcha toʻlovlar 180 oyga teng miqdorda (annuitet usulida);

mazkur bandning ikkinchi va uchinchi xatboshilarida belgilangan kreditdan (mikroqarzdan) boshqa turdagi kredit (bundan qayta tiklanadigan kredit liniyasi va kredit karta (overdraft) mustasno) boʻyicha 60 oydan oshgan taqdirda, ushbu kredit boʻyicha barcha toʻlovlar 60 oyga teng miqdorda (annuitet usulida) taqsimlanadi.

Bunda, mazkur bandning ikkinchi — toʻrtinchi xatboshilarida koʻrsatilgan kredit (mikroqarz) shartnomalariga asosan ularni soʻndirish muddati mos ravishda 36, 180 va 60 oyga teng yoki undan kam boʻlsa, qarz yuki hisob-kitobida oʻrtacha oylik toʻlovlar miqdorini aniqlashda ular boʻyicha barcha toʻlovlar mos ravishda shartnomada belgilangan oylar soniga teng miqdorda taqsimlanadi.

9. Bank tomonidan qarz oluvchiga qayta tiklanadigan kredit liniyasi va kredit karta (overdraft) berish toʻgʻrisida murojaat koʻrib chiqilayotganda oʻrtacha oylik toʻlovlar miqdorini aniqlashda qayta tiklanadigan kredit liniyasi va kredit karta (overdraft) limitining 8 foizi olinadi.

10. Mazkur Nizomning 7-bandida koʻrsatilgan kredit (mikroqarz) shartnomasi (shartnomalari) boʻyicha (bundan qayta tiklanadigan kredit liniyasi va kredit karta (overdraft) mustasno) oʻrtacha oylik toʻlovlar quyidagilarning yigʻindisini oʻz ichiga oladi:

asosiy qarzning qoldiq summasi va unga hisoblanadigan foizlar, vositachilik haqi va boshqa toʻlovlar yigʻindisining shartnoma (shartnomalar) amal qilishi tugashiga qadar qolgan oylar soniga nisbati;

muddati oʻtgan qarzdorliklar (muddati oʻtgan asosiy qarz va foizlar), shu jumladan hisoblangan va muddati uzaytirilgan foizlar, hisoblangan penya (mavjud boʻlsa) va hisobdan chiqarilgan kreditlar (mikroqarzlar).

Bunda, qarz oluvchi barcha qarz beruvchilardan olgan va amalda boʻlgan qayta tiklanadigan kredit liniyasi va kredit karta (overdraft) boʻyicha oʻrtacha oylik toʻlovlar hisob-kitobi quyidagilarning yigʻindisini oʻz ichiga oladi:

qarz yuki koʻrsatkichini hisoblash sanasida qayta tiklanadigan kredit liniyasi va kredit karta (overdraft) limitining 8 foizi;

muddati oʻtgan qarzdorliklar va hisoblangan penya (mavjud boʻlsa).

11. Bank oʻrtacha oylik toʻlovlar miqdorini oʻzining axborot tizimlari, kredit byurosi tomonidan taqdim etiladigan kredit hisobotidan va boshqa rasmiy manbalardan olgan maʼlumotlardan foydalangan holda hisoblab chiqadi.

12. Qarz yuki (qarzning daromadga nisbati) koʻrsatkichini hisoblash va kredit (mikroqarz) berilishi oʻrtasidagi vaqt oraligʻi 3 ish kunidan oshmasligi kerak.

3-§. Qarz oluvchining oʻrtacha oylik daromadlari miqdorini aniqlash

13. Qarz oluvchining oʻrtacha oylik daromadlari miqdorini hisoblash maqsadida bank qarz oluvchi bankka murojaat qilgan sanadan oldingi kamida 6 oy uchun uzluksiz,biroq 12 oydan oshmagan muddat uchun oylik daromadlarining oʻrtacha arifmetik qiymatini aniqlaydi (bundan mazkur Nizomning 17-bandi birinchi xatboshisida belgilangan holatlar mustasno).

Bunda, bank tomonidan oʻrtacha oylik daromadlar miqdorini hisoblash maqsadida:

12 oy va undan ortiq muddat ichida daromadga ega qarz oluvchilar uchun — qarz yuki (qarzning daromadga nisbati) hisob-kitob qilinayotgan oydan oldingi 12 oy ichida olingan barcha daromadlarning oʻn ikkidan bir qismi;

tegishli ravishda 6 oy va undan ortiq, biroq 11 oydan oshmagan muddat ichida daromadga ega qarz oluvchilar uchun — qarz yuki (qarzning daromadga nisbati) hisob-kitob qilinayotgan oydan oldingi 6 va undan ortiq oylar uchun olingan daromadlarning oltidan bir qismi (tegishli ravishda yettidan bir qismi, sakkizdan bir qismi, toʻqqizdan bir qismi, oʻndan bir qismi, oʻn birdan bir qismi) olinadi.

14. Bank qarz oluvchining ushbu davr uchun oylik daromadlarining mediana qiymatini aniqlash orqali qarz oluvchining oʻrtacha oylik daromadlar miqdorini hisoblashi mumkin. Bunda, mazkur qiymat ushbu Nizomning 13-bandida belgilangan arifmetik qiymatdan kichikroq boʻlsa, bank uni qarz yuki (qarzning daromadga nisbati) koʻrsatkichi hisob-kitobida qarz oluvchining oʻrtacha oylik daromadlari miqdori sifatida hisobga olishi mumkin.

15. Bank tomonidan koʻrib chiqilayotgan kredit (mikroqarz) berish haqidagi murojaatda birgalikda qarz oluvchi nazarda tutilgan boʻlsa, uning daromadlari ham oʻrtacha oylik daromad hisob-kitobiga kiritilishi mumkin.

16. Qarz yuki (qarzning daromadga nisbati) hisob-kitobida mehnat toʻgʻrisidagi qonunchilik va boshqa tegishli qonunchilik hujjatlariga muvofiq ish beruvchi tomonidan ish oʻrni (lavozimi) saqlangan davr, jumladan mehnat taʼtili davri daromad olingan davr (daromadda uzilish boʻlmagan davr) sifatida inobatga olinadi.

17. Mehnat qonunchiligiga muvofiq mavsumiy ishlarni bajaradigan qarz oluvchilarning oʻrtacha oylik daromadlari miqdorini hisoblashda bank ushbu qarz oluvchilar tomonidan soʻnggi 6 oy ichida kamida 3 oyi uchun uzluksiz olingan daromadlarining oltidan bir qismini aniqlaydi.

Mavsumiy ishlarni bajaradigan qarz oluvchilarning 6 oy va undan ortiq, biroq 12 oydan oshmagan muddat uchun daromadlarining oʻrtacha miqdori mazkur Nizomning 13-bandi uchinchi va toʻrtinchi xatboshilariga muvofiq aniqlanadi.

18. Bank qarz oluvchi va birgalikda qarz oluvchining oʻrtacha oylik daromadlarini aniqlashda mazkur Nizomning 19-bandida belgilangan hujjat va maʼlumotlar bilan tasdiqlangan daromadlarni va (yoki) mazkur qarz oluvchi va birgalikda qarz oluvchining bank hisobvaraqlariga tushgan tushumlarini inobatga oladi. Bunda, qarz oluvchining bir manbadan olgan daromadlari takroran hisobga olinmaydi.

19. Bank qarz oluvchining va (yoki) birgalikda qarz oluvchining daromadlarini aniqlashda quyidagi tasdiqlovchi hujjat va maʼlumotlardan foydalanadi:

ish haqi toʻgʻrisidagi tasdiqlangan maʼlumotlar;

pensiya miqdori toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

fuqarolarning jamgʻarib boriladigan pensiya badallari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

toʻlangan soliqlar toʻgʻrisidagi, shu jumladan davlat soliq xizmati organlari tomonidan tasdiqlangan jismoniy shaxsning jami yillik daromadi toʻgʻrisidagi deklaratsiya maʼlumotlari;

foizlar, dividendlar, mol-mulkni ijaraga berishdan olingan daromadlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar.

Bunda, qarz oluvchining daromadlari soliqlar chegirilib tashlangan holda hisobga olinadi.

20. Mazkur Nizomning 18-bandiga muvofiq qarz oluvchining oʻrtacha oylik daromadlarini aniqlash imkoniyati mavjud boʻlmasa, bank mazkur qarz oluvchi bankka murojaat qilgan sanadan oldingi 18 oylik davr ichida asosiy qarzi toʻliq toʻlangan kredit (mikroqarz) boʻyicha mazkur davr ichidagi toʻlovlarning kamida 6 oy, biroq 12 oydan oshmagan uzluksiz muddat davomida toʻlovlari (bundan qayta tiklanadigan kredit liniya boʻyicha toʻlovlar mustasno) toʻgʻrisidagi maʼlumotlardan foydalanishi mumkin.

Bunda, qarz yuki (qarzning daromadga nisbati) koʻrsatkichi hisob-kitobida qarz oluvchining oʻrtacha oylik daromadi sifatida qarz oluvchining kredit (mikroqarz) boʻyicha oʻrtacha oylik toʻlovlari oʻrtacha arifmetik qiymati miqdorining 50 foizi olinadi.

21. Bank tomonidan Iqtisodiyot va moliya vazirligi mablagʻlari hisobidan qayta moliyalashtiriladigan ipoteka kreditlarini berishda mazkur Nizomning 18-bandiga muvofiq qarz oluvchining oʻrtacha oylik daromadlarini aniqlash imkoniyati mavjud boʻlmasa yoki daromadlar yetarli boʻlmasa, qarz oluvchining oʻrtacha oylik daromadlarini aniqlashda bank boshqa maʼlumotlardan foydalanishi mumkin. Bunda, bank mazkur maʼlumotlarning haqqoniyligini tekshirish choralarini koʻrishi lozim.

22. Bank qarz oluvchining oʻrtacha oylik daromadlarini aniqlashda qarz oluvchi tomonidan taqdim etilgan va/yoki oʻzining axborot tizimlari, kredit byurosi tomonidan taqdim etiladigan axborotlar va boshqa rasmiy manbalardan olgan maʼlumotlardan foydalanadi.

4-§. Qarz yuki oʻsishini cheklash meʼyori

23. Bank tomonidan qarz oluvchiga beriladigan kredit (mikroqarz) boʻyicha foiz toʻlovlari hamda boshqa toʻlovlar (bundan asosiy qarz toʻlovlari, shartnoma shartlarini bajarmaganlik uchun qoʻllaniladigan javobgarlik choralari mustasno) yigʻindisi kreditning (mikroqarzning) asosiy qarz qoldigʻiga nisbatan kunlik 0,25 foizdan oshmasligi lozim.

Bunda, mazkur bandning birinchi xatboshisida nazarda tutilgan boshqa toʻlovlar qaysi davr uchun undiriladigan boʻlsa, kunlik foiz hisob-kitobida shu davrdagi kunlarga teng miqdorda taqsimlanadi.

24. Kredit (mikroqarz) boʻyicha asosiy qarzdan tashqari barcha toʻlovlar, shu jumladan foizlar, vositachilik haqlari, neustoyka (jarima, penya), javobgarlikning boshqa choralari yigʻindisi yiliga qarz miqdorining 50 foizidan koʻpini tashkil etishi mumkin emas .

Bunda, qarz miqdori deganda:

kredit (mikroqarz) (bundan qayta tiklanadigan kredit liniyasi va kredit karta (overdraft) mustasno) shartnomasining muddati 12 oyga teng yoki undan kam boʻlganda shartnoma boʻyicha berilgan kreditning (mikroqarzning) miqdori;

qayta tiklanadigan kredit liniyasi yoki kredit karta (overdraft) limitidan 12 oyga teng boʻlgan davrda haqiqatda foydalanilgan summa shartnomada belgilangan limitdan oshmagan taqdirda, mazkur haqiqatda foydalanilgan summa;

qayta tiklanadigan kredit liniyasi yoki kredit karta (overdraft) limitidan 12 oyga teng boʻlgan davrda haqiqatda foydalanilgan summalar yigʻindisi shartnomada belgilangan limitdan oshgan taqdirda, shartnomada belgilangan limit;

kredit (mikroqarz) (bundan qayta tiklanadigan kredit liniyasi va kredit karta (overdraft) mustasno) shartnomasining muddati 12 oydan koʻp boʻlganda 12 oyga teng boʻlgan davrning boshidagi kredit (mikroqarz) asosiy qarzining qoldigʻi;

12 oyga teng boʻlgan davr ichida kreditning (mikroqarzning) asosiy qarz miqdori oshganda, ushbu miqdor oshgan sanadan boshlab keyingi davr uchun oshgan kredit (mikroqarz) asosiy qarzining qoldigʻi tushuniladi.

Mazkur bandning birinchi xatboshisida nazarda tutilgan cheklov quyidagi tartibda hisob-kitob qilinadi:

∑ toʻlovlar ≤ ∑ qoldiq i x kunlar_soni i x 50 % muddat

Bunda,

qoldiq i — i davr uchun kredit (mikroqarz) asosiy qismining oshmay turgan qoldigʻi;

kunlar_soni i — i davrdagi kredit (mikroqarz) asosiy qismining qoldigʻi oshmay turgan kunlar soni;

i davr — kredit (mikroqarz) qoldigʻi oshmay turgan muddat;

toʻlovlar — kredit (mikroqarz) boʻyicha asosiy qarzdan tashqari barcha toʻlovlar, shu jumladan foizlar, vositachilik haqi, neustoyka (jarima, penya), javobgarlikning boshqa choralari;

muddat — 365 (366) kun yoki kredit (mikroqarz) shartnomasi muddati 12 oydan kam boʻlganda uning muddati kun hisobida.

Kredit (mikroqarz) shartnomasi boʻyicha kreditning (mikroqarzning) asosiy qarzidan tashqari toʻlanadigan barcha toʻlovlarni hisoblashda mazkur Nizomning ilovasida keltirilgan misollardan foydalaniladi.

2 1 -bob. Qarzning daromadga nisbati koʻrsatkichiga qoʻyiladigan talablar

24 1 . Qarzning daromadga nisbati koʻrsatkichi qarz oluvchiga (birgalikda qarz oluvchilarga) bank tomonidan:

isteʼmol krediti va (yoki) mikroqarz berishga yoki limitini oshirishga;

mazkur bank tomonidan avval berilgan isteʼmol krediti va (yoki) mikroqarz boʻyicha oʻrtacha oylik toʻlovlar miqdorini oshirishga (bundan shartnomada belgilangan oʻzgaruvchan foiz stavkasi oshishi munosabati bilan toʻlovlar miqdorining oshirilishi holatlari mustasno);

isteʼmol krediti va (yoki) mikroqarz muddatini uzaytirishga;

boshqa qarz beruvchining isteʼmol krediti va (yoki) mikroqarzga doir huquqlarini(talablarini) sotib olish yoki kreditni qayta moliyalashtirishga doir qaror qabul qilinganda hisoblanishi lozim. Bunda qarz oluvchining huquqlari (talablari) sotib olinayotgan yoki kredit qayta moliyalashtirilayotgan amaldagi isteʼmol krediti va (yoki) mikroqarz boʻyicha oʻrtacha oylik toʻlovlari takroran hisobga olinmaydi.

24 2 . Qarzning daromadga nisbati koʻrsatkichi hisob-kitobiga quyidagilar kiritiladi:

bank va boshqa qarz beruvchilar tomonidan kelib tushganiga uch ish kunidan oshmagan isteʼmol krediti va (yoki) mikroqarz berish toʻgʻrisida koʻrib chiqilayotgan murojaat boʻyicha asosiy qarz (limit) summasi;

qarzning daromadga nisbati koʻrsatkichini hisoblash sanasida qarz oluvchining barcha qarz beruvchilar bilan tuzilgan isteʼmol krediti va (yoki) mikroqarz shartnomalari boʻyicha asosiy qarz (limit) qoldiq summalari;

qarzning daromadga nisbati koʻrsatkichini hisoblash sanasida qarz oluvchi isteʼmol krediti va (yoki) mikroqarz shartnomalari boʻyicha birgalikda qarz oluvchi sifatida ishtirok etgan taqdirda, har bir shartnoma boʻyicha asosiy qarz (limit) qoldiq summalari;

qarz oluvchi kafillik shartnomasiga muvofiq kafil sifatida ishtirok etgan har bir isteʼmol krediti va (yoki) mikroqarz shartnomasi boʻyicha toʻlovlar, qarzning daromadga nisbati koʻrsatkichini hisoblash sanasida ular boʻyicha 30 kundan ortiq muddati oʻtgan toʻlovlari mavjud boʻlsa.

24 3 . Qarzning daromadga nisbati koʻrsatkichi hisob-kitobida oʻrtacha oylik daromad miqdori mazkur Nizomning 2-bobi 3-paragrafiga muvofiq aniqlanadi.

24 4 . 2026-yil 1-martdan boshlab mazkur Nizomning 19-bandida belgilangan hujjat va maʼlumotlar bilan tasdiqlangan daromadlardan foydalangan holda qarz oluvchining (birgalikda qarz oluvchining) oʻrtacha oylik daromadlarini aniqlash imkoniyati:

mavjud boʻlsa, qarzning daromadga nisbati koʻrsatkichi 8 barobardan;

mavjud boʻlmasa, qarzning daromadga nisbati koʻrsatkichi 5 barobardan oshmasligi lozim, bundan oʻzini oʻzi band qilgan shaxs boʻlgan qarz oluvchilar mustasno.

24 5 . 2026-yil 1-martdan boshlab oʻzini oʻzi band qilgan shaxs boʻlgan qarz oluvchilar uchun qarzning daromadga nisbati koʻrsatkichi 8 barobardan oshmasligi lozim.

Bank tomonidan qarz oluvchilarga berilgan, biroq soʻndirilmagan barcha kreditlar(mikroqarzlar) sonining eng koʻpi bilan 15 foizigacha oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida birinchi marta roʻyxatdan oʻtganiga bankka murojaat qilgan sanadan oldingi olti oydan oshmagan qarz oluvchilarga daromad olishga yoʻnaltirilgan faoliyati uchun kreditlar(mikroqarzlar) berishda ularning qarzning daromadga nisbati koʻrsatkichi inobatga olinmasligi va (yoki) hisoblanmasligi mumkin.

24 6 . Qarzning daromadga nisbati koʻrsatkichiga doir talablar quyidagilarga tatbiq etilmaydi:

yakka tartibdagi tadbirkorlarga beriladigan kreditlar;

taʼlim kreditlari.

3-bob. Kreditning garovga nisbati koʻrsatkichiga qoʻyiladigan talablar

25. Bank tomonidan qarz oluvchiga avtomobil sotib olish uchun kredit (bundan buyon matnda avtokredit deb yuritiladi) va ipoteka krediti berilishida kreditning garovga nisbati koʻrsatkichi hisoblanishi lozim.

26. Kreditning garovga nisbati koʻrsatkichi kredit summasining garovning qiymatiga nisbati orqali hisob-kitob qilinadi, bunda:

kredit summasi — kreditning soʻndirilmagan qoldigʻi va qarzdor tomonidan kreditning foydalanilmagan qismini oʻz ichiga oladi. Bunda, kredit summasi ushbu kredit boʻyicha yaratilgan zaxiralar chegirilmasdan, mazkur kredit boʻyicha taʼminot sifatida qarz beruvchi bankda shakllantirilgan, shuningdek shartnoma shartlari oʻz vaqtida bajarilmaganda hech qanday shartlarsiz kreditni soʻndirishga yoʻnaltirilishi mumkin boʻlgan depozitlar chegirilgan holda hisoblanadi;

garov qiymati — kelajakdagi yoʻqotishlarni oʻz ichiga olgan holda bozor narxlari asosida shakllangan va bozor narxidan oshib ketmagan hamda baholash tashkiloti tomonidan baholangan yoki qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa tartibda aniqlangan holda taʼminot sifatida rasmiylashtirilgan garov shartnomasida koʻrsatilgan mulk narxidir.

27. Kreditning garovga nisbati koʻrsatkichi hisob-kitobida garov qiymati bank tomonidan dastlabki kelishilgan garov qiymatidan oshmagan miqdorda aks ettiriladi.

Bunda, kreditning garovga nisbati koʻrsatkichi hisob-kitobida garov qiymatining dastlabki baholangan qiymati:

kamaytirish yuzasidan Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki ning talabi mavjud boʻlganda;

doimiy ravishda pasayishiga olib kelgan favqulodda holatlar va/yoki kutilmagan hodisalar yuz berganda;

shubhasiz oʻzgarishiga olib keladigan holatlar yuzaga kelganda oʻzgartirilishi mumkin.

28. Kredit boʻyicha garov predmetini baholash va qayta baholash Oʻzbekiston Respublikasining “Baholash faoliyati toʻgʻrisida”gi Qonuni hamda boshqa qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

29. Kreditning garovga nisbati koʻrsatkichi hisob-kitobida:

avtokredit boʻyicha — kredit hisobiga sotib olingan va uning taʼminoti sifatida garovga olingan avtomobilning garov qiymati;

ipoteka krediti boʻyicha — kredit hisobiga sotib olingan va uning taʼminoti sifatida garovga olingan koʻchmas mulk garov qiymati olinadi.

30. Bank tomonidan qarz oluvchiga avtokredit boʻyicha kreditning garovga nisbati koʻrsatkichi 75 foizdan oshmasligi lozim.

Bank tomonidan qarz oluvchiga beriladigan ipoteka krediti (bundan mazkur bandning uchinchi xatboshisida koʻrsatilgan ipoteka kreditlari mustasno) boʻyicha kreditning garovga nisbati koʻrsatkichi 80 foizdan oshmasligi lozim.

Mazkur Nizomning 18-bandiga muvofiq qarz oluvchining oʻrtacha oylik daromadlarini aniqlash imkoniyati mavjud boʻlsa, bank tomonidan ushbu qarz oluvchiga Iqtisodiyot va moliya vazirligining mablagʻlari hisobidan qayta moliyalashtiriladigan ipoteka krediti boʻyicha kreditning garovga nisbati 85 foizdan oshmasligi lozim.

Bank tomonidan qarz oluvchiga:

avtokredit berishda mazkur bank tomonidan qarz oluvchilarga berilgan, biroq soʻndirilmagan barcha avtokreditlar sonining eng koʻpi bilan 15 foizigacha boʻlgan miqdorida kreditning garovga nisbati koʻrsatkichi 75 foizdan;

ipoteka kreditini berishda mazkur bank tomonidan qarz oluvchilarga berilgan, biroq soʻndirilmagan barcha ipoteka kreditlari sonining eng koʻpi bilan 15 foizigacha boʻlgan miqdorida kreditning garovga nisbati koʻrsatkichi mazkur bandning ikkinchi va uchinchi xatboshilarida belgilangan meʼyorlardan ortishi mumkin, bundan mazkur Nizomning 18-bandiga muvofiq qarz oluvchining oʻrtacha oylik daromadlarini aniqlash imkoniyati mavjud boʻlmagan holda beriladigan ipoteka kreditlari mustasno.

4-bob. Kreditlar (mikroqarzlar) kesimida toʻplanish (konsentratsiya) koeffitsiyentlariga doir talablar

31. Bank tomonidan (bundan mikromoliya banki mustasno) qarz oluvchilarga berilgan, biroq soʻndirilmagan:

mikroqarzlar ulushi (bundan mazkur bandning uchinchi xatboshida koʻrsatilgan kredit karta (overdraft) mustasno) bankning jami kredit portfelining 25 foizidan;

overdraftlar hamda mazkur Nizomning 32-bandida koʻrsatilgan xususiyatlarga mos boʻlgan kredit kartalar ulushi bankning jami kredit portfelining 25 foizidan;

avtokreditlar ulushi bankning jami kredit portfelining 25 foizidan oshmasligi lozim.

32. Mazkur Nizom maqsadlarida kredit kartasi quyidagi xususiyatlarga javob berishi lozim:

qarzdorlikni soʻndirish boʻyicha toʻlovlar jadvali qatʼiy oʻrnatilmaganligi;

qarzdorlik boʻyicha foizlar hisoblanmaydigan imtiyozli davr kamida 45 kundan iborat boʻlishi;

olingan mablagʻlar hisobiga bank kartasidan boshqa bank kartalariga (bank hisobvaragʻiga yoki elektron hamyonga) pul oʻtkazmalarini amalga oshirish hamda naqd pul yechib olish uchun qoʻshimcha haq undirilishi;

olingan mablagʻlar hisobiga naqd pul yechib olinganda, mazkur yechilgan summa boʻyicha imtiyozli davr toʻxtatilishi;

qarzdorlikni soʻndirishda minimal oylik toʻlov mavjudligi.

33. Mazkur Nizomning 31-bandi ikkinchi va uchinchi xatboshilarida koʻrsatilgan talablarga muvofiq boʻlmagan banklar 2029-yilning 1-yanvariga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki bilan kelishilgan muddatlarda bosqichma-bosqich ushbu belgilangan meʼyor talablarga muvofiqlashtirishi lozim.

5-bob. Yakuniy qoida

34. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi .

Banklarga oʻrnatiladigan makroprudensial normativlar hamda ular tomonidan beriladigan kreditlar (mikroqarzlar) boʻyicha toʻlovlarning eng yuqori qiymatlariga doir talablar toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Kredit (mikroqarz) boʻyicha asosiy qarzdan tashqari toʻlanadigan barcha toʻlovlarni hisoblash boʻyicha misollar

1) kredit (mikroqarz) shartnomasining muddati 12 oyga teng yoki undan kam boʻlganda:

kredit (mikroqarz) boʻyicha barcha toʻlovlar ≤ shartnoma boʻyicha berilgan kreditning (mikroqarzning) miqdori x 50%

2) kredit (mikroqarz) shartnomasining muddati 12 oydan koʻp boʻlganda:

kredit (mikroqarz) boʻyicha 12 oyga teng boʻlgan davr ichida barcha toʻlovlar ≤ 12 oyga teng boʻlgan davrning boshiga kredit (mikroqarz) asosiy qarzining qoldigʻi x 50%

3) 12 oyga teng boʻlgan davr ichida kreditning (mikroqarzning) asosiy qarz miqdori oshganda:

Bunda, toʻlovlarning eng koʻp miqdori:

a) X davr uchun:

X davrning dastlabki uch oyi uchun: 10 000 000 x 90 kun (yanv. — 31 kun, fev. — 28 kun, mar.— 31 kun) x 50% = 1 232876,71 365 + X davrning keyingi toʻqqiz oyi uchun: 15 000 000 x 275 kun (apr. — 30 kun, ..., dek. — 31 kun) x 50% = 5 650684,93; 365 = 6 883561,64;

b) Y davr uchun: 7 500 000 = 15 000 000 (12 oyga teng boʻlgan davrning boshiga qoldiq) x 50%;

d) Z davr uchun: 5 000 000 = 10 000 000 (12 oyga teng boʻlgan davrning boshiga qoldiq) x 50%.

Rais T. ISHMETOV

Toshkent sh.,

2025-yil 8-aprel,

7/3-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 23.04.2025-y., 10/25/3618/0378-son; 20.12.2025-y., 10/25/3618-1/1187-son)

lex.uz