UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 24-aprel · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Adliya vaziri

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 24 апрель · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Адлия вазири

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 24 апреля 2025 г. · Документы министерств и ведомств · Министр юстиции

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 24 April 2025 · Ministry and agency documents · Adliya vaziri

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг

буйруғи

НАМУНАВИЙ УСЛУБИЁТ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказиш бўйича намунавий услубиётни тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуни , Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 16 августдаги ПФ-111-сон «Ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг барқарорлигини таъминлаш, сифати ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 22 январдаги 29-сон «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг илмий асосланганлик даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:

1. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказиш бўйича намунавий услубиёт иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2025 йил 24 апрелдаги 8-мҳ-сон буйруғига ИЛОВА

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказиш бўйича

Мазкур Намунавий услубиёт норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказишни ташкил этиш, унда фойдаланиладиган тадқиқот усуллари ҳамда илмий экспертиза натижалари бўйича хулосани тузиш ва расмийлаштириш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Намунавий услубиётда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

илмий экспертиза — илмий экспертизани ўтказувчи ташкилот томонидан мазкур Намунавий услубиётнинг 2-бандида белгиланган мақсадларда ўтказиладиган экспертиза тури;

илмий экспертизани ўтказувчи ташкилот — илмий экспертизадан ўтказувчи ташкилотларнинг электрон реестрига киритилган ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини (бундан буён матнда лойиҳа деб юритилади) илмий экспертизадан ўтказувчи давлат экспертлик илмий-тадқиқот муассасалари, давлат илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда давлат олий таълим муассасалари;

илмий экспертиза натижалари бўйича хулоса (бундан буён матнда экспертиза хулосаси деб юритилади) — қонунчилик ҳужжатлари ва ушбу Намунавий услубиёт талабларига мувофиқ расмийлаштирилган ҳамда ўтказилган илмий экспертиза натижаларини акс эттирувчи ҳужжат;

ишлаб чиқувчи — лойиҳаларни ишлаб чиқувчи ёки тайёрлашни амалга оширувчи орган (ташкилот);

илмий экспертиза усуллари — экспертиза предметига кирадиган тегишли элементларни тадқиқ этиш (билиш)нинг илмий усуллари ва воситалари;

илмий экспертизани ўтказувчи ташкилотларнинг электрон реестри (бундан буён матнда Реестр деб юритилади) — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан лойиҳаларни илмий экспертизадан ўтказувчи ташкилотларнинг электрон реестри.

2. Илмий экспертизанинг мақсадлари қуйидагилардан иборат:

ижтимоий муносабатларни белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган нормаларни норматив-ҳуқуқий ҳужжатда белгилаш зарурати, унинг самарадорлиги, тадбиркорлик фаолияти, атроф-муҳит, инсон ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликларига таъсирини замонавий илм-фан ютуқлари нуқтаи назаридан илмий асосланганлигини ўрганиш;

ижтимоий муносабатлардан келиб чиқаётган муаммоларга лойиҳада таклиф этилаётган ечимлар шаклан ва мазмунан илмий услубларга мувофиқ ишлаб чиқилганлигини атрофлича баҳолаш;

қонун ижодкорлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш жараёнларининг самарадорлигини ошириш ва илмий жиҳатдан асосланганлигини таъминлаш.

2-боб. Илмий экспертизани ташкил этиш

3. Илмий экспертиза илмий экспертизани ўтказувчи ташкилотнинг малакали ходимлари (бундан буён матнда эксперт деб юритилади) томонидан ўтказилади.

Катта ҳажмга ёки соҳалараро хусусиятга эга бўлган лойиҳалар бир неча экспертлардан иборат таркибдаги эксперт комиссияси томонидан илмий экспертизадан ўтказилиши мумкин. Бунда, илмий экспертизани ўтказувчи ташкилот раҳбарининг буйруғи билан эксперт комиссияси тузилади.

4. Заруратга кўра, илмий экспертизани ўтказувчи ташкилот илмий экспертизани ўтказиш учун бошқа илмий-тадқиқот ташкилотлари ва муассасаларидан экспертларни, шунингдек зарур билим ва малакага эга бўлган хорижий мутахассисларни жалб этиши мумкин.

Илмий-тадқиқот ташкилотлари ва муассасаларидан экспертлар жалб этилганда, улар олдига аниқ вазифалар қўйилиши ва ўз хулосасини бериши лозим бўлган масалалар белгиланиши лозим.

5. Лойиҳани турли илм-фан соҳалари бўйича тадқиқ этишга зарурат мавжуд бўлса, лойиҳа комплекс илмий экспертизадан ўтказилиши мумкин.

Комплекс илмий экспертиза, қоида тариқасида, турли соҳалардаги экспертларни (экспертлар гуруҳларини) ўз ичига олган ва ушбу Намунавий услубиётнинг 3-бандида белгиланган тартибда шакллантириладиган эксперт комиссияси томонидан ўтказилади.

6. Лойиҳа илмий экспертизани ўтказувчи ташкилотга келиб тушган кундан бошлаб етти кун ичида илмий экспертизадан ўтказилади ҳамда экспертиза хулосаси ишлаб чиқувчига электрон тизим орқали тақдим этилади.

3-боб. Илмий экспертизани ўтказишда фойдаланиладиган тадқиқот усуллари

7. Илмий экспертиза қуйидаги тадқиқот усулларидан фойдаланган ҳолда ўтказилиши мумкин:

қиёсий-ҳуқуқий таҳлил;

лингвистик таҳлил;

тарихий таҳлил;

моделлаштириш ва вазиятли таҳлил;

интервью олиш;

«ақлий ҳужум»;

давра суҳбати;

сўровнома ўтказиш.

Лойиҳани илмий экспертизадан ўтказишда бошқа тадқиқот усулларидан ҳам фойдаланилиши мумкин.

8. Қиёсий-ҳуқуқий таҳлил усули лойиҳани қонунчиликнинг ўхшаш ёки умумий хусусиятга эга бўлган ҳуқуқий нормалари билан таққослаган ҳолда таҳлил қилишни назарда тутади.

Лойиҳани қиёсий-ҳуқуқий таҳлил усули билан тадқиқ этиш ягона ҳуқуқ ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлашга йўналтирилган бўлиб, нафақат таққосланаётган ҳуқуқ нормалари, балки улардаги баён қилиш усуллари, тамойиллари ва атамалар туркумларини ҳам қамраб олади.

9. Лингвистик таҳлил усули лойиҳанинг матни давлат тили қоидалари ва талабларига, шунингдек расмий тилнинг талабларига ва баён этиш услубиётига мувофиқлигини текширишга қаратилган тадқиқотни назарда тутади.

10. Тарихий таҳлил усули лойиҳаларни тегишли масала бўйича қонунчиликнинг ривожланиши ва ўзгаришини сиёсий, иқтисодий ёки ижтимоий вазиятнинг ўзгариши билан, ислоҳотларга ёхуд тегишли нормаларнинг ишлаб чиқилиши ёки уларга ўзгартиришлар киритилишига эҳтиёжни келтириб чиқарган бошқа ҳолатлар билан ўзаро боғлиқликда ўрганишни назарда тутади.

Лойиҳани тадқиқ этишда унинг ретроспектив (тарихий-тадрижий) таҳлили амалга оширилади. Бунда кўриб чиқилаётган лойиҳадан олдин қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг кўриб чиқилаётган лойиҳа мазмунига қай даражада таъсир кўрсатганлигини, шунингдек лойиҳада қўлланилаётган аввалги ҳуқуқий воситалар ҳозирги вазиятга ва жамиятнинг долзарб эҳтиёжларига қай даража мос келиш-келмаслигини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.

11. Моделлаштириш ва вазиятли таҳлил усули норматив-ҳуқуқий ҳужжатни муайян вазиятларга қўлланила олишини тадқиқ қилиш ҳамда нормаларнинг тегишли ижтимоий жараёнлар билан қай даражада ўзаро боғлана олишининг истиқболларини аниқлаш имконини берадиган таҳлилий ёндашувни назарда тутиб, муайян муносабатлар тизимини ва вазият ривожланишининг турлича сценарийларини яратишга қаратилган.

Лойиҳани ушбу усул билан тадқиқ этиш гипотетик моделларни ва турли сценарийларни қуриш орқали ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги эҳтимолий муаммоларни тартибга солинаётган ижтимоий муносабатлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда бўлиши мумкин бўлган зиддиятлар билан ўзаро алоқадорлигини аниқлаш ва таҳлил қилишни, шунингдек жорий этилаётган ҳуқуқ нормаларининг амалда қўлланила олишини ва самарадорлигини баҳолашни назарда тутади.

12. Интервью олиш усули илмий экспертиза мақсадлари учун зарур бўлган маълумотларни тўплаш ва сифатли ахборотни (миқдорий кўрсаткичлар билан ўлчаб бўлмайдиган маълумотларни) олишни назарда тутади.

Лойиҳани ушбу усул билан тадқиқ этишда нафақат тегишли соҳада билим ва тажрибага эга бўлган олимлар, мутахассислар ва амалиётчилар, балки лойиҳанинг тартибга солиш таъсири қаратилган манфаатдор томонлар ва субъектлар интервью берувчи сифатида иштирок этиши мумкин.

Ушбу усул интервью берувчи билан бевосита мулоқот қилиш орқали лойиҳанинг муаммоли жиҳатларини аниқлаш, оқибатларини баҳолаш, шунингдек малакали мутахассислар ва манфаатдор томонларнинг қарашлари, фикрлари ва тажрибалари билан танишиш имконини беради.

13. «Ақлий ҳужум» усули чекланган вақт доирасида энг сифатли ва тезкор ечим топиш учун маълум бир муаммони жамоавий муҳокама қилиш орқали ғоялар (фикрлар) яратишни назарда тутади.

«Ақлий ҳужум» иштирокчилари сифатида илмий экспертизани ўтказувчи ташкилот экспертлари ёки бошқа мутахассислар иштирок этишлари мумкин, бунда улар билан аниқ бир масала бўйича ўзаро қарама-қарши ечим ва фикрлар алмашинилади.

14. Давра суҳбати усули лойиҳани, ундаги муаммолар ва ноаниқликларни, шунингдек юзага келиши мумкин бўлган оқибатларни ҳар томонлама ва чуқурроқ баҳолаш мақсадида мутахассислар, юристлар ва давлат органлари, бизнес, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда бошқа манфаатдор томонлар иштирокида муҳокама қилишдан иборат.

Давра суҳбати семинар, учрашув, форум, конференция шаклида ёки иштирокчиларнинг билдирилган мавзу бўйича олдиндан тайёрланган маъруза билан чиқишларини ҳамда муҳокама якунлари бўйича тегишли хулоса ва тавсияларни шакллантиришни назарда тутувчи бошқа шаклларда ўтказилади.

15. Сўровнома ўтказиш усули лойиҳанинг муҳим жиҳатларига оид саволлар ёрдамида ва илмий асосланган усуллар асосида маълумотлар йиғишни назарда тутади.

Сўровнома ўтказишда респондентлар доираси, уларга киритиладиган саволлар моҳияти ва сони тадқиқот натижаларининг ишончлилигини ва объективлигини таъминлаш заруратидан келиб чиқиб белгиланади.

4-боб. Экспертиза хулосасини тузиш ва расмийлаштириш

16. Илмий экспертиза натижалари бўйича мазкур Намунавий услубиётнинг иловасига мувофиқ шаклда экспертиза хулосаси тузилади.

17. Экспертиза хулосаси тавсиявий хусусиятга эга бўлиб, хулоса ишлаб чиқувчи томонидан кўриб чиқилади.

18. Экспертиза хулосасида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) экспертиза хулосасининг санаси ва рақами;

2) ишлаб чиқувчининг тўлиқ номи;

3) лойиҳани илмий экспертизадан ўтказиш учун юборилган хатнинг санаси ва рақами;

4) илмий экспертизани ўтказган, шу жумладан қўшимча жалб этилган экспертлар тўғрисидаги маълумотлар (экспертларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, илмий даражаси (агар мавжуд бўлса), илмий унвони (агар мавжуд бўлса), лавозими);

5) лойиҳа тўғрисидаги ахборот, жумладан:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг тури;

лойиҳанинг тўлиқ номи;

лойиҳанинг таркибий тузилиши, шу жумладан қисмлар, бўлимлар, боблар, параграфлар, моддалар, бандлар ва иловалар сони тўғрисидаги маълумот;

лойиҳа илмий экспертизадан ўтказиш учун юборилганда, унга илова қилинган ҳужжатлар ва таҳлилий материаллар рўйхати;

6) илмий экспертизани ўтказишда қўлланилган тадқиқот усули (усуллари);

7) хулоса беришда фойдаланилган манбалар;

8) лойиҳанинг тартибга солиш предмети, шу жумладан лойиҳа билан ҳал этилиши лозим бўлган муаммоли масалаларнинг тавсифи;

9) норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш орқали муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича маълум бўлган ва самарали ҳисобланган, шу жумладан турли тарихий босқичларда ёки хорижий амалиётда қўлланилган усуллар, механизмлар ва ёндашувларнинг тавсифи;

10) лойиҳа матнининг давлат тили қоидалари ва талабларига, шунингдек расмий тилнинг талабларига мувофиқлиги;

11) қуйидагиларни баҳолаш натижалари:

норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинишининг илмий асосланганлиги, шу жумладан тартибга солиш усулининг норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш орқали ҳал этилаётган муаммоларга ечим ва ёндашув сифатида тўғри танланганлиги ва мақбуллиги (адекватлиги), шунингдек ҳуқуқий тартибга солиш шаклининг тўғри танланганлиги;

лойиҳанинг Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимидаги бўлажак ўрнини, унинг табиати, тамойиллари ва тартибга солиш механизмларига мувофиқлиги, шунингдек лойиҳада назарда тутилаётган масалаларнинг тегишли соҳада мамлакатни ривожлантириш концепция ва стратегиялари, замонавий ёндашувларга мослиги;

қонун лойиҳасининг тўғридан-тўғри амал қилиши имкониятлари;

12) қуйидагиларни таҳлил қилиш натижалари:

тегишли соҳада қонунчиликнинг тарихий ривожланишини ва буни лойиҳа мазмунига таъсири, шунингдек лойиҳада қўлланилаётган ҳуқуқий воситалар ҳозирги вазиятга ва жамиятнинг долзарб эҳтиёжларига қай даража мос келиши;

лойиҳа матнининг мантиқий-мазмунан тўкислиги, шу жумладан фойдаланилган сўзлар, тузилмавий бирликлар ва жумлаларнинг аниқлиги, бир маънолилиги ва мазмунан тушунарлилиги;

13) лойиҳани, шунингдек лойиҳа билан тартибга солинадиган соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар;

14) илмий экспертизани ўтказиш давомида аниқланган, норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш натижасида юзага келиши мумкин бўлган бошқа масалалар таҳлили;

15) илмий экспертизадан ўтказиш натижалари бўйича хулоса (илмий асосланган, етарли даражада илмий асосланмаган, илмий асосланмаган) .

19. Экспертиза хулосаси аниқ ва лўнда баён этилиши лозим.

Экспертиза хулосасида баён этиладиган маълумотлар катта ҳажмда бўлса, улар экспертиза хулосасининг ажралмас қисми ҳисобланган иловада келтирилиши мумкин.

Экспертиза хулосасига асослантирилмаган фикр ва мулоҳазалар, шунингдек назарий (мураккаб) мулоҳазалар ҳамда лойиҳани тартибга солиш предмети доирасидан четга чиқадиган мулоҳазалардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Хулосалар ва тавсиялар, қоида тариқасида, умумийдан (концептуалдан) хусусийга қараб кетма-кетликда, шунингдек лойиҳа матни баён этилишининг кетма-кетлигидан келиб чиқиб баён этилади.

20. Илмий экспертиза натижаларига кўра эксперт томонидан қуйидаги хулосалардан бири берилади:

лойиҳа илмий асосланган ;

лойиҳа етарли даражада илмий асосланмаган ;

лойиҳа илмий асосланмаган .

21. Илмий экспертиза натижаларига кўра қуйидагидан бири аниқланган тақдирда, лойиҳа илмий асосланмаган деб топилади:

1) норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш зарурати илмий асосланмаган, шу жумладан норматив-ҳуқуқий тартибга солиш механизми норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш орқали ҳал этилаётган муаммоларга ечим ёки ёндашув сифатида нотўғри танланган ёки номақбул бўлса, шунингдек ҳуқуқий тартибга солиш шакли нотўғри танланган бўлса;

2) лойиҳа ёки унинг айрим нормалари ҳуқуқнинг умумий асосларига, инсоннинг умумэътироф этилган ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш кафолатларига ва ҳуқуқ-тартибот асосларига мувофиқ келмаса;

3) лойиҳа ёки унинг айрим нормалари Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий тизимига (унинг асослари ва тартибга солиш механизмларига) мувофиқ келмаса ва унга жорий этилиши (интеграция қилиниши) мумкин бўлмаса ёхуд лойиҳа ёки унинг айрим нормалари ўзи мансуб бўлган ҳуқуқ соҳасининг асослари, тамойиллари, атамалар туркуми ва тартибга солиш механизмларига мувофиқ бўлмаса;

4) лойиҳа ёки унинг айрим нормалари Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ривожланиши тенденцияларига мувофиқ келмаса, башарти ушбу номувофиқликни экспертиза хулосаси тавсияларига мувофиқ бартараф этилиши норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш заруратининг йўқолишига ёки лойиҳанинг концептуал ўзгаришига олиб келса;

5) лойиҳанинг қабул қилиниши ва амалга оширилиши у тартибга соладиган ижтимоий муносабатларда салбий оқибатларга олиб келса, бундан муаммони бошқача йўл билан ҳал этиш имкони бўлмаган ва бунда лойиҳада таклиф этилаётган ҳуқуқий тартибга солиш чораларининг афзалликлари кутилаётган салбий оқибатлардан устунлиги ишлаб чиқувчи томонидан асосланган ва ҳар бир салбий таъсирни камайтириш ёки юмшатиш бўйича етарли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган ҳолатлар мустасно;

6) лойиҳада янги ҳуқуқий нормаларни жорий этиш заруратини асослантиришга ёки лойиҳа орқали ҳал этилаётган муаммо ва таклиф этилаётган ҳуқуқий тартибга солиш чораси ўртасидаги ўзаро сабаб-оқибат боғланишни аниқлашга имкон бермайдиган бошқа камчиликлар мавжуд бўлса ёхуд ишлаб чиқувчи томонидан жорий этиш таклиф этилаётган янги нормалар давлат ва жамият ривожланишининг умумий қонуниятларига зид бўлиб, илмий жиҳатдан асослантирилиши мумкин бўлмаса.

22. Агар ушбу Намунавий услубиётнинг 18-бандида назарда тутилган барча ҳолатларни текшириш, баҳолаш ва таҳлил қилиш натижалари бўйича эксперт ижобий хулосага келса ҳамда мазкур Намунавий услубиётнинг 21-бандида назарда тутилган ҳолатлар аниқланмаса, лойиҳа илмий асосланган деб топилади.

23. Агар ушбу Намунавий услубиётнинг 18-бандида назарда тутилган ҳолатлардан ҳеч бўлмаганда биттасини текшириш, баҳолаш ва таҳлил қилиш натижаларига кўра эксперт ижобий хулосага келмаса ёки Намунавий услубиётнинг 21-бандида назарда тутилган ҳолатлардан бири мавжудлиги аниқланса, башарти лойиҳани илмий асосланмаган деб топиш учун мазкур Намунавий услубиётнинг 21-бандида назарда тутилган асослар мавжуд бўлмаса, лойиҳа етарли даражада илмий асосланмаган деб топилади.

5-боб. Якуний қоида

24. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги вазирлик ва идораларнинг лойиҳаларни илмий экспертизадан ўтказиш фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 22 январдаги 29-сон «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг илмий асосланганлик даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва ушбу Намунавий услубиётга асосан мувофиқлаштириб боради.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказиш бўйича намунавий услубиётга ИЛОВА

(Илмий экспертизадан ўтказган ташкилот номи) ИЛМИЙ ЭКСПЕРТИЗА НАТИЖАЛАРИ БЎЙИЧА ЭКСПЕРТ ХУЛОСАСИ «___» йил «____» _________даги «____»-сон 1. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқувчининг тўлиқ номи: _________________________________________________________________________________________ 2. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси тўғрисидаги ахборот: _________________________________________________________________________________________ 3. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини илмий экспертизадан ўтказиш учун юборилган хатнинг санаси ва рақами: _________________________________________________________________________________________ 4. Илмий экспертизани ўтказган, шу жумладан қўшимча жалб этилган экспертлар тўғрисидаги маълумотлар (экспертларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, илмий даражаси (агар мавжуд бўлса), илмий унвони (агар мавжуд бўлса), лавозими): _________________________________________________________________________________________ 5. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси тўғрисидаги ахборот: _________________________________________________________________________________________ 6. Илмий экспертизани ўтказишда қўлланилган тадқиқот усули (усуллари): _________________________________________________________________________________________ 7. Хулоса беришда фойдаланилган манбалар: _________________________________________________________________________________________ 8. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг тартибга солиш предмети, шу жумладан лойиҳа билан ҳал этилиши лозим бўлган муаммоли масалаларнинг тавсифи: _________________________________________________________________________________________ 9. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш орқали муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича маълум бўлган ва самарали ҳисобланган, шу жумладан турли тарихий босқичларда ёки хорижий амалиётда қўлланилган усуллар, механизмлар ва ёндашувларнинг тавсифи: _________________________________________________________________________________________ 10. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси матнининг давлат тили қоидалари ва талабларига, шунингдек расмий тилнинг талабларига мувофиқлиги: _________________________________________________________________________________________ 11. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини баҳолаш натижалари: _________________________________________________________________________________________ 12. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини таҳлил қилиш натижалари: _________________________________________________________________________________________ 13. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини такомиллаштириш бўйича таклифлар: _________________________________________________________________________________________ 14. Бошқа масалалар таҳлили: _________________________________________________________________________________________ 15. Илмий экспертизадан ўтказиш натижалари бўйича хулоса (илмий асосланган, етарли даражада илмий асосланмаган, илмий асосланмаган) : _________________________________________________________________________________________ Экспертлар: __________________________ _________________________ (лавозими, илмий даражаси) (Ф.И.О.) Раҳбар: __________________________ _________________________ (лавозими, илмий даражаси) (Ф.И.О.)

Вазир А. ТАШКУЛОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 24 апрель,

8-мҳ-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.04.2025 й., 10/25/3620/0382-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirining

buyrugʻi

NAMUNAVIY USLUBIYOT

Normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini ilmiy ekspertizadan oʻtkazish boʻyicha namunaviy uslubiyotni tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasining “Normativ-huquqiy hujjatlar toʻgʻrisida”gi Qonuni , Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2024-yil 16-avgustdagi PF-111-son “Ijtimoiy munosabatlarni huquqiy tartibga solishning barqarorligini taʼminlash, sifati va samaradorligini oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi Farmoni va Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 22-yanvardagi 29-son “Normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarining ilmiy asoslanganlik darajasini oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq buyuraman:

1. Normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini ilmiy ekspertizadan oʻtkazish boʻyicha namunaviy uslubiyot ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2025-yil 24-apreldagi 8-mh-son buyrugʻiga ILOVA

Normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini ilmiy ekspertizadan oʻtkazish boʻyicha

Mazkur Namunaviy uslubiyot normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini ilmiy ekspertizadan oʻtkazishni tashkil etish, unda foydalaniladigan tadqiqot usullari hamda ilmiy ekspertiza natijalari boʻyicha xulosani tuzish va rasmiylashtirish tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Namunaviy uslubiyotda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

ilmiy ekspertiza — ilmiy ekspertizani oʻtkazuvchi tashkilot tomonidan mazkur Namunaviy uslubiyotning 2-bandida belgilangan maqsadlarda oʻtkaziladigan ekspertiza turi;

ilmiy ekspertizani oʻtkazuvchi tashkilot — ilmiy ekspertizadan oʻtkazuvchi tashkilotlarning elektron reyestriga kiritilgan va normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini (bundan buyon matnda loyiha deb yuritiladi) ilmiy ekspertizadan oʻtkazuvchi davlat ekspertlik ilmiy-tadqiqot muassasalari, davlat ilmiy-tadqiqot muassasalari hamda davlat oliy taʼlim muassasalari;

ilmiy ekspertiza natijalari boʻyicha xulosa (bundan buyon matnda ekspertiza xulosasi deb yuritiladi) — qonunchilik hujjatlari va ushbu Namunaviy uslubiyot talablariga muvofiq rasmiylashtirilgan hamda oʻtkazilgan ilmiy ekspertiza natijalarini aks ettiruvchi hujjat;

ishlab chiquvchi — loyihalarni ishlab chiquvchi yoki tayyorlashni amalga oshiruvchi organ (tashkilot);

ilmiy ekspertiza usullari — ekspertiza predmetiga kiradigan tegishli elementlarni tadqiq etish (bilish)ning ilmiy usullari va vositalari;

ilmiy ekspertizani oʻtkazuvchi tashkilotlarning elektron reyestri (bundan buyon matnda Reyestr deb yuritiladi) — Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi tomonidan loyihalarni ilmiy ekspertizadan oʻtkazuvchi tashkilotlarning elektron reyestri.

2. Ilmiy ekspertizaning maqsadlari quyidagilardan iborat:

ijtimoiy munosabatlarni belgilashga, oʻzgartirishga yoki bekor qilishga qaratilgan normalarni normativ-huquqiy hujjatda belgilash zarurati, uning samaradorligi, tadbirkorlik faoliyati, atrof-muhit, inson hayoti, huquq va erkinliklariga taʼsirini zamonaviy ilm-fan yutuqlari nuqtai nazaridan ilmiy asoslanganligini oʻrganish;

ijtimoiy munosabatlardan kelib chiqayotgan muammolarga loyihada taklif etilayotgan yechimlar shaklan va mazmunan ilmiy uslublarga muvofiq ishlab chiqilganligini atroflicha baholash;

qonun ijodkorligi, huquqni qoʻllash amaliyoti, islohotlarni huquqiy taʼminlash jarayonlarining samaradorligini oshirish va ilmiy jihatdan asoslanganligini taʼminlash.

2-bob. Ilmiy ekspertizani tashkil etish

3. Ilmiy ekspertiza ilmiy ekspertizani oʻtkazuvchi tashkilotning malakali xodimlari (bundan buyon matnda ekspert deb yuritiladi) tomonidan oʻtkaziladi.

Katta hajmga yoki sohalararo xususiyatga ega boʻlgan loyihalar bir necha ekspertlardan iborat tarkibdagi ekspert komissiyasi tomonidan ilmiy ekspertizadan oʻtkazilishi mumkin. Bunda, ilmiy ekspertizani oʻtkazuvchi tashkilot rahbarining buyrugʻi bilan ekspert komissiyasi tuziladi.

4. Zaruratga koʻra, ilmiy ekspertizani oʻtkazuvchi tashkilot ilmiy ekspertizani oʻtkazish uchun boshqa ilmiy-tadqiqot tashkilotlari va muassasalaridan ekspertlarni, shuningdek zarur bilim va malakaga ega boʻlgan xorijiy mutaxassislarni jalb etishi mumkin.

Ilmiy-tadqiqot tashkilotlari va muassasalaridan ekspertlar jalb etilganda, ular oldiga aniq vazifalar qoʻyilishi va oʻz xulosasini berishi lozim boʻlgan masalalar belgilanishi lozim.

5. Loyihani turli ilm-fan sohalari boʻyicha tadqiq etishga zarurat mavjud boʻlsa, loyiha kompleks ilmiy ekspertizadan oʻtkazilishi mumkin.

Kompleks ilmiy ekspertiza, qoida tariqasida, turli sohalardagi ekspertlarni (ekspertlar guruhlarini) oʻz ichiga olgan va ushbu Namunaviy uslubiyotning 3-bandida belgilangan tartibda shakllantiriladigan ekspert komissiyasi tomonidan oʻtkaziladi.

6. Loyiha ilmiy ekspertizani oʻtkazuvchi tashkilotga kelib tushgan kundan boshlab yetti kun ichida ilmiy ekspertizadan oʻtkaziladi hamda ekspertiza xulosasi ishlab chiquvchiga elektron tizim orqali taqdim etiladi.

3-bob. Ilmiy ekspertizani oʻtkazishda foydalaniladigan tadqiqot usullari

7. Ilmiy ekspertiza quyidagi tadqiqot usullaridan foydalangan holda oʻtkazilishi mumkin:

qiyosiy-huquqiy tahlil;

lingvistik tahlil;

tarixiy tahlil;

modellashtirish va vaziyatli tahlil;

intervyu olish;

“aqliy hujum”;

davra suhbati;

soʻrovnoma oʻtkazish.

Loyihani ilmiy ekspertizadan oʻtkazishda boshqa tadqiqot usullaridan ham foydalanilishi mumkin.

8. Qiyosiy-huquqiy tahlil usuli loyihani qonunchilikning oʻxshash yoki umumiy xususiyatga ega boʻlgan huquqiy normalari bilan taqqoslagan holda tahlil qilishni nazarda tutadi.

Loyihani qiyosiy-huquqiy tahlil usuli bilan tadqiq etish yagona huquq ijodkorligi va huquqni qoʻllash amaliyotini taʼminlashga yoʻnaltirilgan boʻlib, nafaqat taqqoslanayotgan huquq normalari, balki ulardagi bayon qilish usullari, tamoyillari va atamalar turkumlarini ham qamrab oladi.

9. Lingvistik tahlil usuli loyihaning matni davlat tili qoidalari va talablariga, shuningdek rasmiy tilning talablariga va bayon etish uslubiyotiga muvofiqligini tekshirishga qaratilgan tadqiqotni nazarda tutadi.

10. Tarixiy tahlil usuli loyihalarni tegishli masala boʻyicha qonunchilikning rivojlanishi va oʻzgarishini siyosiy, iqtisodiy yoki ijtimoiy vaziyatning oʻzgarishi bilan, islohotlarga yoxud tegishli normalarning ishlab chiqilishi yoki ularga oʻzgartirishlar kiritilishiga ehtiyojni keltirib chiqargan boshqa holatlar bilan oʻzaro bogʻliqlikda oʻrganishni nazarda tutadi.

Loyihani tadqiq etishda uning retrospektiv (tarixiy-tadrijiy) tahlili amalga oshiriladi. Bunda koʻrib chiqilayotgan loyihadan oldin qabul qilingan normativ-huquqiy hujjatlar va ularning koʻrib chiqilayotgan loyiha mazmuniga qay darajada taʼsir koʻrsatganligini, shuningdek loyihada qoʻllanilayotgan avvalgi huquqiy vositalar hozirgi vaziyatga va jamiyatning dolzarb ehtiyojlariga qay daraja mos kelish-kelmasligini oʻrganish muhim ahamiyat kasb etadi.

11. Modellashtirish va vaziyatli tahlil usuli normativ-huquqiy hujjatni muayyan vaziyatlarga qoʻllanila olishini tadqiq qilish hamda normalarning tegishli ijtimoiy jarayonlar bilan qay darajada oʻzaro bogʻlana olishining istiqbollarini aniqlash imkonini beradigan tahliliy yondashuvni nazarda tutib, muayyan munosabatlar tizimini va vaziyat rivojlanishining turlicha ssenariylarini yaratishga qaratilgan.

Loyihani ushbu usul bilan tadqiq etish gipotetik modellarni va turli ssenariylarni qurish orqali huquqni qoʻllash amaliyotidagi ehtimoliy muammolarni tartibga solinayotgan ijtimoiy munosabatlar hamda boshqa normativ-huquqiy hujjatlarda boʻlishi mumkin boʻlgan ziddiyatlar bilan oʻzaro aloqadorligini aniqlash va tahlil qilishni, shuningdek joriy etilayotgan huquq normalarining amalda qoʻllanila olishini va samaradorligini baholashni nazarda tutadi.

12. Intervyu olish usuli ilmiy ekspertiza maqsadlari uchun zarur boʻlgan maʼlumotlarni toʻplash va sifatli axborotni (miqdoriy koʻrsatkichlar bilan oʻlchab boʻlmaydigan maʼlumotlarni) olishni nazarda tutadi.

Loyihani ushbu usul bilan tadqiq etishda nafaqat tegishli sohada bilim va tajribaga ega boʻlgan olimlar, mutaxassislar va amaliyotchilar, balki loyihaning tartibga solish taʼsiri qaratilgan manfaatdor tomonlar va subyektlar intervyu beruvchi sifatida ishtirok etishi mumkin.

Ushbu usul intervyu beruvchi bilan bevosita muloqot qilish orqali loyihaning muammoli jihatlarini aniqlash, oqibatlarini baholash, shuningdek malakali mutaxassislar va manfaatdor tomonlarning qarashlari, fikrlari va tajribalari bilan tanishish imkonini beradi.

13. “Aqliy hujum” usuli cheklangan vaqt doirasida eng sifatli va tezkor yechim topish uchun maʼlum bir muammoni jamoaviy muhokama qilish orqali gʻoyalar (fikrlar) yaratishni nazarda tutadi.

“Aqliy hujum” ishtirokchilari sifatida ilmiy ekspertizani oʻtkazuvchi tashkilot ekspertlari yoki boshqa mutaxassislar ishtirok etishlari mumkin, bunda ular bilan aniq bir masala boʻyicha oʻzaro qarama-qarshi yechim va fikrlar almashiniladi.

14. Davra suhbati usuli loyihani, undagi muammolar va noaniqliklarni, shuningdek yuzaga kelishi mumkin boʻlgan oqibatlarni har tomonlama va chuqurroq baholash maqsadida mutaxassislar, yuristlar va davlat organlari, biznes, jamoat tashkilotlari vakillari hamda boshqa manfaatdor tomonlar ishtirokida muhokama qilishdan iborat.

Davra suhbati seminar, uchrashuv, forum, konferensiya shaklida yoki ishtirokchilarning bildirilgan mavzu boʻyicha oldindan tayyorlangan maʼruza bilan chiqishlarini hamda muhokama yakunlari boʻyicha tegishli xulosa va tavsiyalarni shakllantirishni nazarda tutuvchi boshqa shakllarda oʻtkaziladi.

15. Soʻrovnoma oʻtkazish usuli loyihaning muhim jihatlariga oid savollar yordamida va ilmiy asoslangan usullar asosida maʼlumotlar yigʻishni nazarda tutadi.

Soʻrovnoma oʻtkazishda respondentlar doirasi, ularga kiritiladigan savollar mohiyati va soni tadqiqot natijalarining ishonchliligini va obyektivligini taʼminlash zaruratidan kelib chiqib belgilanadi.

4-bob. Ekspertiza xulosasini tuzish va rasmiylashtirish

16. Ilmiy ekspertiza natijalari boʻyicha mazkur Namunaviy uslubiyotning ilovasiga muvofiq shaklda ekspertiza xulosasi tuziladi.

17. Ekspertiza xulosasi tavsiyaviy xususiyatga ega boʻlib, xulosa ishlab chiquvchi tomonidan koʻrib chiqiladi.

18. Ekspertiza xulosasida quyidagilar koʻrsatilishi kerak:

1) ekspertiza xulosasining sanasi va raqami;

2) ishlab chiquvchining toʻliq nomi;

3) loyihani ilmiy ekspertizadan oʻtkazish uchun yuborilgan xatning sanasi va raqami;

4) ilmiy ekspertizani oʻtkazgan, shu jumladan qoʻshimcha jalb etilgan ekspertlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (ekspertlarning familiyasi, ismi, otasining ismi, ilmiy darajasi (agar mavjud boʻlsa), ilmiy unvoni (agar mavjud boʻlsa), lavozimi);

5) loyiha toʻgʻrisidagi axborot, jumladan:

normativ-huquqiy hujjatning turi;

loyihaning toʻliq nomi;

loyihaning tarkibiy tuzilishi, shu jumladan qismlar, boʻlimlar, boblar, paragraflar, moddalar, bandlar va ilovalar soni toʻgʻrisidagi maʼlumot;

loyiha ilmiy ekspertizadan oʻtkazish uchun yuborilganda, unga ilova qilingan hujjatlar va tahliliy materiallar roʻyxati;

6) ilmiy ekspertizani oʻtkazishda qoʻllanilgan tadqiqot usuli (usullari);

7) xulosa berishda foydalanilgan manbalar;

8) loyihaning tartibga solish predmeti, shu jumladan loyiha bilan hal etilishi lozim boʻlgan muammoli masalalarning tavsifi;

9) normativ-huquqiy hujjat qabul qilish orqali muammoli masalalarni hal etish boʻyicha maʼlum boʻlgan va samarali hisoblangan, shu jumladan turli tarixiy bosqichlarda yoki xorijiy amaliyotda qoʻllanilgan usullar, mexanizmlar va yondashuvlarning tavsifi;

10) loyiha matnining davlat tili qoidalari va talablariga, shuningdek rasmiy tilning talablariga muvofiqligi;

11) quyidagilarni baholash natijalari:

normativ-huquqiy hujjat qabul qilinishining ilmiy asoslanganligi, shu jumladan tartibga solish usulining normativ-huquqiy hujjat qabul qilish orqali hal etilayotgan muammolarga yechim va yondashuv sifatida toʻgʻri tanlanganligi va maqbulligi (adekvatligi), shuningdek huquqiy tartibga solish shaklining toʻgʻri tanlanganligi;

loyihaning Oʻzbekiston Respublikasi huquqiy tizimidagi boʻlajak oʻrnini, uning tabiati, tamoyillari va tartibga solish mexanizmlariga muvofiqligi, shuningdek loyihada nazarda tutilayotgan masalalarning tegishli sohada mamlakatni rivojlantirish konsepsiya va strategiyalari, zamonaviy yondashuvlarga mosligi;

qonun loyihasining toʻgʻridan-toʻgʻri amal qilishi imkoniyatlari;

12) quyidagilarni tahlil qilish natijalari:

tegishli sohada qonunchilikning tarixiy rivojlanishini va buni loyiha mazmuniga taʼsiri, shuningdek loyihada qoʻllanilayotgan huquqiy vositalar hozirgi vaziyatga va jamiyatning dolzarb ehtiyojlariga qay daraja mos kelishi;

loyiha matnining mantiqiy-mazmunan toʻkisligi, shu jumladan foydalanilgan soʻzlar, tuzilmaviy birliklar va jumlalarning aniqligi, bir maʼnoliligi va mazmunan tushunarliligi;

13) loyihani, shuningdek loyiha bilan tartibga solinadigan sohadagi qonunchilikni takomillashtirish boʻyicha takliflar;

14) ilmiy ekspertizani oʻtkazish davomida aniqlangan, normativ-huquqiy hujjatni qabul qilish natijasida yuzaga kelishi mumkin boʻlgan boshqa masalalar tahlili;

15) ilmiy ekspertizadan oʻtkazish natijalari boʻyicha xulosa (ilmiy asoslangan, yetarli darajada ilmiy asoslanmagan, ilmiy asoslanmagan) .

19. Ekspertiza xulosasi aniq va loʻnda bayon etilishi lozim.

Ekspertiza xulosasida bayon etiladigan maʼlumotlar katta hajmda boʻlsa, ular ekspertiza xulosasining ajralmas qismi hisoblangan ilovada keltirilishi mumkin.

Ekspertiza xulosasiga asoslantirilmagan fikr va mulohazalar, shuningdek nazariy (murakkab) mulohazalar hamda loyihani tartibga solish predmeti doirasidan chetga chiqadigan mulohazalardan foydalanishga yoʻl qoʻyilmaydi.

Xulosalar va tavsiyalar, qoida tariqasida, umumiydan (konseptualdan) xususiyga qarab ketma-ketlikda, shuningdek loyiha matni bayon etilishining ketma-ketligidan kelib chiqib bayon etiladi.

20. Ilmiy ekspertiza natijalariga koʻra ekspert tomonidan quyidagi xulosalardan biri beriladi:

loyiha ilmiy asoslangan ;

loyiha yetarli darajada ilmiy asoslanmagan ;

loyiha ilmiy asoslanmagan .

21. Ilmiy ekspertiza natijalariga koʻra quyidagidan biri aniqlangan taqdirda, loyiha ilmiy asoslanmagan deb topiladi:

1) normativ-huquqiy hujjatni qabul qilish zarurati ilmiy asoslanmagan, shu jumladan normativ-huquqiy tartibga solish mexanizmi normativ-huquqiy hujjat qabul qilish orqali hal etilayotgan muammolarga yechim yoki yondashuv sifatida notoʻgʻri tanlangan yoki nomaqbul boʻlsa, shuningdek huquqiy tartibga solish shakli notoʻgʻri tanlangan boʻlsa;

2) loyiha yoki uning ayrim normalari huquqning umumiy asoslariga, insonning umumeʼtirof etilgan huquq va erkinliklarini taʼminlash kafolatlariga va huquq-tartibot asoslariga muvofiq kelmasa;

3) loyiha yoki uning ayrim normalari Oʻzbekiston Respublikasining huquqiy tizimiga (uning asoslari va tartibga solish mexanizmlariga) muvofiq kelmasa va unga joriy etilishi (integratsiya qilinishi) mumkin boʻlmasa yoxud loyiha yoki uning ayrim normalari oʻzi mansub boʻlgan huquq sohasining asoslari, tamoyillari, atamalar turkumi va tartibga solish mexanizmlariga muvofiq boʻlmasa;

4) loyiha yoki uning ayrim normalari Oʻzbekiston Respublikasi qonunchiligini va huquqni qoʻllash amaliyotini rivojlanishi tendensiyalariga muvofiq kelmasa, basharti ushbu nomuvofiqlikni ekspertiza xulosasi tavsiyalariga muvofiq bartaraf etilishi normativ-huquqiy hujjatni qabul qilish zaruratining yoʻqolishiga yoki loyihaning konseptual oʻzgarishiga olib kelsa;

5) loyihaning qabul qilinishi va amalga oshirilishi u tartibga soladigan ijtimoiy munosabatlarda salbiy oqibatlarga olib kelsa, bundan muammoni boshqacha yoʻl bilan hal etish imkoni boʻlmagan va bunda loyihada taklif etilayotgan huquqiy tartibga solish choralarining afzalliklari kutilayotgan salbiy oqibatlardan ustunligi ishlab chiquvchi tomonidan asoslangan va har bir salbiy taʼsirni kamaytirish yoki yumshatish boʻyicha yetarli chora-tadbirlar ishlab chiqilgan holatlar mustasno;

6) loyihada yangi huquqiy normalarni joriy etish zaruratini asoslantirishga yoki loyiha orqali hal etilayotgan muammo va taklif etilayotgan huquqiy tartibga solish chorasi oʻrtasidagi oʻzaro sabab-oqibat bogʻlanishni aniqlashga imkon bermaydigan boshqa kamchiliklar mavjud boʻlsa yoxud ishlab chiquvchi tomonidan joriy etish taklif etilayotgan yangi normalar davlat va jamiyat rivojlanishining umumiy qonuniyatlariga zid boʻlib, ilmiy jihatdan asoslantirilishi mumkin boʻlmasa.

22. Agar ushbu Namunaviy uslubiyotning 18-bandida nazarda tutilgan barcha holatlarni tekshirish, baholash va tahlil qilish natijalari boʻyicha ekspert ijobiy xulosaga kelsa hamda mazkur Namunaviy uslubiyotning 21-bandida nazarda tutilgan holatlar aniqlanmasa, loyiha ilmiy asoslangan deb topiladi.

23. Agar ushbu Namunaviy uslubiyotning 18-bandida nazarda tutilgan holatlardan hech boʻlmaganda bittasini tekshirish, baholash va tahlil qilish natijalariga koʻra ekspert ijobiy xulosaga kelmasa yoki Namunaviy uslubiyotning 21-bandida nazarda tutilgan holatlardan biri mavjudligi aniqlansa, basharti loyihani ilmiy asoslanmagan deb topish uchun mazkur Namunaviy uslubiyotning 21-bandida nazarda tutilgan asoslar mavjud boʻlmasa, loyiha yetarli darajada ilmiy asoslanmagan deb topiladi.

5-bob. Yakuniy qoida

24. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi vazirlik va idoralarning loyihalarni ilmiy ekspertizadan oʻtkazish faoliyatini Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 22-yanvardagi 29-son “Normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarining ilmiy asoslanganlik darajasini oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qarori va ushbu Namunaviy uslubiyotga asosan muvofiqlashtirib boradi.

Normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini ilmiy ekspertizadan oʻtkazish boʻyicha namunaviy uslubiyotga ILOVA

(Ilmiy ekspertizadan oʻtkazgan tashkilot nomi) ILMIY EKSPERTIZA NATIJALARI BOʻYICHA EKSPERT XULOSASI “___” yil “____” _________dagi “____”-son 1. Normativ-huquqiy hujjat loyihasini ishlab chiquvchining toʻliq nomi: _________________________________________________________________________________________ 2. Normativ-huquqiy hujjat loyihasi toʻgʻrisidagi axborot: _________________________________________________________________________________________ 3. Normativ-huquqiy hujjat loyihasini ilmiy ekspertizadan oʻtkazish uchun yuborilgan xatning sanasi va raqami: _________________________________________________________________________________________ 4. Ilmiy ekspertizani oʻtkazgan, shu jumladan qoʻshimcha jalb etilgan ekspertlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (ekspertlarning familiyasi, ismi, otasining ismi, ilmiy darajasi (agar mavjud boʻlsa), ilmiy unvoni (agar mavjud boʻlsa), lavozimi): _________________________________________________________________________________________ 5. Normativ-huquqiy hujjat loyihasi toʻgʻrisidagi axborot: _________________________________________________________________________________________ 6. Ilmiy ekspertizani oʻtkazishda qoʻllanilgan tadqiqot usuli (usullari): _________________________________________________________________________________________ 7. Xulosa berishda foydalanilgan manbalar: _________________________________________________________________________________________ 8. Normativ-huquqiy hujjat loyihasining tartibga solish predmeti, shu jumladan loyiha bilan hal etilishi lozim boʻlgan muammoli masalalarning tavsifi: _________________________________________________________________________________________ 9. Normativ-huquqiy hujjat qabul qilish orqali muammoli masalalarni hal etish boʻyicha maʼlum boʻlgan va samarali hisoblangan, shu jumladan turli tarixiy bosqichlarda yoki xorijiy amaliyotda qoʻllanilgan usullar, mexanizmlar va yondashuvlarning tavsifi: _________________________________________________________________________________________ 10. Normativ-huquqiy hujjat loyihasi matnining davlat tili qoidalari va talablariga, shuningdek rasmiy tilning talablariga muvofiqligi: _________________________________________________________________________________________ 11. Normativ-huquqiy hujjat loyihasini baholash natijalari: _________________________________________________________________________________________ 12. Normativ-huquqiy hujjat loyihasini tahlil qilish natijalari: _________________________________________________________________________________________ 13. Normativ-huquqiy hujjat loyihasini takomillashtirish boʻyicha takliflar: _________________________________________________________________________________________ 14. Boshqa masalalar tahlili: _________________________________________________________________________________________ 15. Ilmiy ekspertizadan oʻtkazish natijalari boʻyicha xulosa (ilmiy asoslangan, yetarli darajada ilmiy asoslanmagan, ilmiy asoslanmagan) : _________________________________________________________________________________________ Ekspertlar: __________________________ _________________________ (lavozimi, ilmiy darajasi) (F.I.O.) Rahbar: __________________________ _________________________ (lavozimi, ilmiy darajasi) (F.I.O.)

Vazir A. TASHKULOV

Toshkent sh.,

2025-yil 24-aprel,

8-mh-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 26.04.2025-y., 10/25/3620/0382-son)

lex.uz