📅 2025-yil 25-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 25-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 25 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 25 апреля 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 25 April 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ДАСТУРИ
НИЗОМ
Саноат тармоқларида фаолият юритаётган йирик корхоналар учун сервис хизматларини кўрсатишда маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш ва мутахассислар малакасини оширишни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан тўртинчи очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 30 августдаги ПФ-132-сон Фармонига мувофиқ йирик корхоналарга сервис хизматларини кўрсатишда маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш ва маҳаллий мутахассислар малакасини ошириш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Саноат тармоқларида фаолият юритаётган йирик тадбиркорлик субъектлари томонидан хорижда ишлаб чиқарилган юқори технологияли ускуна ва жиҳозларни ўрнатиш, созлаш, ишга тушириш ҳамда таъмирлаш бўйича импорт ўрнини босувчи сервис хизматларини кўрсатишда маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш дастури 1-иловага мувофиқ;
Маҳаллий мутахассисларнинг хориждаги юқори технологияли ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқариш заводларида малака оширишини ташкил этиш ҳамда корхонанинг малака ошириш харажатларини қоплаб бериш тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ташқи савдо ва ҳудудий саноатни ривожлантиришда тадбиркорлар бирлашмаларининг ролини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 14 мартдаги ПҚ-126-сон қарорига 3-иловада белгиланган тармоқ уюшмаларининг (кейинги ўринларда — тармоқ уюшмалари) маҳаллий мутахассисларнинг хориждаги юқори технологияли ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқариш заводларида малака оширишини ташкил этишдаги асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
хизматлар импорти таҳлили асосида иқтисодиёт тармоқлари кесимида доимий талаб юқори бўлган хизматлар рўйхатини шакллантириб бориш;
хориждаги юқори технологияли ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқариш заводлари, уларнинг маҳсулотларига оид маълумотлар базасини яратиш;
корхоналарнинг буюртмасига асосан хориждаги юқори технологияли ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқариш заводи билан маҳаллий мутахассисларни импорт ўрнини босувчи хизматлар кўрсатишга тайёрлаш (ўқитиш, ўргатиш) ва малакасини оширишни ташкил этиш бўйича музокаралар ўтказиш;
маҳаллий корхоналарга хорижда ишлаб чиқарилган юқори технологияли ускуна ва жиҳозларни ўрнатиш, созлаш, ишга тушириш ҳамда таъмирлаш бўйича импорт ўрнини босувчи сервис хизматлари кўрсатишни ташкил этиш ва йўлга қўйишда кўмаклашиш;
корхоналарнинг талаблари ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, берилган буюртманомаларига асосан, хориждаги юқори технологияли ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқариш заводларида маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш (ўқитиш, ўргатиш) ҳамда малакасини оширишни тизимли равишда ташкил этиб бориш;
хориждаги юқори технологияли ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқариш заводларида малака ошириб қайтган маҳаллий мутахассислар томонидан кўрсатиладиган импорт ўрнини босувчи хизматларнинг иқтисодий самарасини баҳолаб бориш.
3. Белгилансинки, маҳаллий мутахассисларнинг хориждаги юқори технологияли ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқариш заводларида малака ошириш билан боғлиқ харажатлари Савдога кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси маҳаллий мутахассисларнинг хориждаги юқори технологияли ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқариш заводларида малака оширишига масъул этиб белгилансин.
5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев ва Савдо-саноат палатаси раиси Д.А. Вахабов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 25 апрелдаги 259-сон қарорига 1-ИЛОВА
Саноат тармоқларида фаолият юритаётган йирик тадбиркорлик субъектлари томонидан хорижда ишлаб чиқарилган юқори технологияли ускуна ва жиҳозларни ўрнатиш, созлаш, ишга тушириш ҳамда таъмирлаш бўйича импорт ўрнини босувчи сервис хизматларини кўрсатишда маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш
Т/р Чора-тадбирлар Амалга ошириш механизми Ижро муддати Масъул ижрочилар 1. Хорижда ишлаб чиқарилган юқори технологияли ускуна ва жиҳозларни ўрнатиш, созлаш, ишга тушириш ҳамда таъмирлаш бўйича сервис хизматлари импортини таҳлил қилиш. 1. Ҳар чоракда хизматлар импорти таҳлили асосида иқтисодиёт тармоқлари кесимида доимий талаб юқори бўлган хизматлар рўйхатини шакллантириб бориш. 2. Импорт ўрнини босувчи хизматлар кўрсатиш бўйича маҳаллий кадрларга бўлган талаб ва эҳтиёжларни аниқлаш. 3. Хизматлар импорти таҳлили асосида талаб юқори бўлган хизматларни маҳаллийлаштириш бўйича аниқ лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиш. 2025 йил июнь Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, тармоқ уюшмалари 2. Йирик корхоналарга маҳаллий корхоналарнинг импорт ўрнини босувчи сервис хизматларини кўрсатиш фаолиятини кенгайтириш. 1. Йирик корхоналар ва уларга хизмат кўрсатувчи маҳаллий сервис корхоналари рўйхатини шакллантириш ва фаолиятини ўрганиш. 2. Талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда маҳаллий сервис корхоналарини ташкил этиш ёки мавжудларининг фаолиятини кенгайтиришга кўмаклашиш. 3. Хориждаги юқори технологияли ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқариш заводлари, уларга оид маълумотлар базасини яратиш. 2025 йил давомида Савдо-саноат палатаси, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, тармоқ уюшмалари 3. Хориждаги юқори технологияли ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқариш заводларида маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш (ўқитиш, ўргатиш) ва малакасини оширишни ташкил этиш. 1. Маҳаллий йирик корхоналар мутахассисларининг малакасини оширишини ташкил этиш бўйича талаб ва эҳтиёжларини ўрганиш. 2. Корхона талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, берилган буюртманомаларига асосан хориждаги юқори технологияли ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқариш заводлари билан маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш (ўқитиш, ўргатиш) ва малакасини оширишни ташкил этиш бўйича музокаралар ўтказиш. 3. Хорижий ҳамкорлар билан маҳаллий мутахассисларнинг малакасини оширишни ва импорт ўрнини босувчи хизматларни республикада ташкил қилиш бўйича келишувларга эришиш. 2025 йил июнь Савдо-саноат палатаси, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, тармоқ уюшмалари 4. Йирик корхоналар томонидан юқори технологик ускуна ва жиҳозларни харид қилиш шартномасини тузишда ва унда ишлаб чиқарувчи (сотувчи)нинг мажбуриятларини белгилашда ҳуқуқий ва амалий кўмаклашиш. Йирик корхоналар томонидан юқори технологик ускуна ва жиҳозларни харид қилиш шартномасида қуйидаги ишларни асбоб-ускуна ишлаб чиқарувчининг (сотувчининг) мажбурияти сифатида белгиланишига алоҳида эътибор қаратиш: шеф-монтаж (ўрнатиш); созлаш-ишга тушириш; шеф-монтаж (ўрнатиш), созлаш-ишга тушириш жараёнлари мобайнида маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш (ўқитиш, ўргатиш); кафолат муддати даврида сервис хизматлари кўрсатиш. Доимий Савдо-саноат палатаси, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, тармоқ уюшмалари 5. Хориждаги юқори технологияли ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқариш заводларида малака ошириб қайтган маҳаллий мутахассислар томонидан кўрсатиладиган импорт ўрнини босувчи хизматларнинг иқтисодий самарасини баҳолаб бориш. 1. Маҳаллий мутахассис томонидан кўрсатилган хизматлар нархининг хорижий давлатдаги (қоида тариқасида маҳаллий мутахассис малака оширган давлат) мутахассис томонидан кўрсатиладиган худди шу турдаги хизматлар нархи билан солиштириш. 2. Маҳаллий мутахассислар томонидан кўрсатилган импорт ўрнини босувчи хизматнинг сифат кафолати (юқори технологияли ускуна ва жиҳозларнинг ишлаш муддатининг узлуксизлик) даври ҳисобини юритиш. 3. Маҳаллий мутахассис фаолият юритаётган йирик корхонада алоҳида шартнома асосида хизматлар импорти амалга оширилмаганлигини таҳлил қилиш. 4. Маҳаллий мутахассис томонидан тайёрланган шогирд мутахассислар сони ҳамда уларнинг импорт ўрнини босувчи хизматлар кўрсатишни ўзлаштирганлигини аниқлаш. 2025 йил декабрь Тармоқ уюшмалари 6. Тармоқ уюшмалари томонидан баҳолаш натижаларининг йиллик мониторингини юритиб бориш. Йиллик мониторинг натижасида йирик корхонанинг келгусида малака оширишга юбориладиган маҳаллий мутахассисларини танлаш, малака ошириш дастурини ишлаб чиқиш, шунингдек, ходим билан тузилган меҳнат шартномаси шартларини қайта кўриб чиқишда фойдаланиш учун малака ошириш харажатлари қоплаб берилган маҳаллий мутахассислар фаолиятининг самарадорлиги тўғрисида таҳлилий маълумотларни Савдо-саноат палатасига киритиб бориш. Йил давомида Тармоқ уюшмалари, йирик корхоналар
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 25 апрелдаги 259-сон қарорига 2-ИЛОВА
Маҳаллий мутахассисларнинг хориждаги юқори технологияли ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқариш заводларида малака оширишини ташкил этиш ҳамда маҳаллий корхоналарнинг малака ошириш харажатларини қоплаб бериш тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом маҳаллий корхоналар мутахассисларининг хориждаги юқори технологияли ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқариш заводларида малака оширишини ташкил этиш ҳамда малака ошириш харажатларини қоплаб бериш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
импорт ўрнини босувчи хизматлар — маҳаллий корхона ёки маҳаллий мутахассис томонидан хорижда ишлаб чиқарилган юқори технологияли ускуна ва жиҳозларни ўрнатиш, созлаш, ишга тушириш ҳамда таъмирлаш бўйича кўрсатиладиган сервис хизматлари;
маҳаллий корхона — жами даромади календарь йил давомида 10 миллиард сўм ва ундан юқори бўлган ўрта ва йирик тадбиркорлик субъектлари;
малака ошириш дастури — маҳаллий корхона ва хориждаги юқори технологияли ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқариш заводи билан ҳамкорликда маҳаллий мутахассиснинг юқори технологияли ускуна ва жиҳозларни ўрнатиш, созлаш, ишга тушириш ҳамда таъмирлаш бўйича малакасини ошириш юзасидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар;
малака ошириш харажати — маҳаллий корхона томонидан хориждаги юқори технологияли ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқариш заводи ўртасида маҳаллий мутахассисни юқори технологияли ускуна ва жиҳозларни ўрнатиш, созлаш, ишга тушириш ҳамда таъмирлаш бўйича малака ошириш дастурига мувофиқ тузилган шартномага кўра тўлаб берилган харажат;
маҳаллий мутахассис — маҳаллий корхона билан ходим сифатида амалдаги меҳнат шартномасига эга бўлган, хориждаги юқори технологияли ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқариш заводида малака оширишга юбориладиган Ўзбекистон Республикаси фуқароси.
3. Маҳаллий мутахассисларнинг хорижда малака оширишларини ташкил этиш ва маҳаллий корхонанинг малака ошириш харажатларини қоплаш Савдога кўмаклашиш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Бунда ускуналарни харид қилиш шартномаларига мувофиқ уларни ишга тушириш, ходимларни ўқитиш ва ўргатиш хизматлари ускуналарни етказиб берувчи ҳамкор томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган ҳолатлар бундан мустасно.
2-боб. Маҳаллий мутахассисларнинг хориждаги юқори технологияли ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқариш заводларида малака ошириш тартиби
4. Маҳаллий корхона томонидан ишлаб чиқариш талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, хориждаги юқори технологияли ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқариш заводида маҳаллий мутахассисларни импорт ўрнини босувчи хизматлар кўрсатишга тайёрлаш (ўқитиш, ўргатиш) ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ташқи савдо ва ҳудудий саноатни ривожлантиришда тадбиркорлар бирлашмаларининг ролини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 14 мартдаги ПҚ-126-сон қарорига 3-иловада белгиланган тармоқ уюшмасига (кейинги ўринларда — тармоқ уюшмаси) буюртманома тақдим этилади.
5. Тармоқ уюшмаси маҳаллий корхонанинг буюртманомасига кўра хориждаги юқори технологияли ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқариш заводи билан маҳаллий мутахассисларни импорт ўрнини босувчи хизматлар кўрсатишга тайёрлаш (ўқитиш, ўргатиш) ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш бўйича томонлар иштирокида музокаралар ўтказишни ташкиллаштиради.
6. Музокаралар натижаси бўйича ўзаро келишувга мувофиқ маҳаллий корхона ҳамда хориждаги юқори технологияли ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқариш заводи ўртасида импорт ўрнини босувчи хизматлар кўрсатиш бўйича маҳаллий мутахассисларнинг малакасини ошириш мақсадида шартнома тузилади.
7. Маҳаллий корхона ҳамда хориждаги юқори технологияли ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқариш заводи билан ҳамкорликда малака ошириш дастури ишлаб чиқилади ва икки томонлама тасдиқланади.
8. Малака оширишга юбориладиган маҳаллий мутахассисларнинг маҳаллий корхона олдидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари амалдаги меҳнат қонунчилигига мувофиқ томонларнинг розилиги билан тузилган, шунингдек, меҳнат қонунчилигига зид бўлмаган муайян шартлар, шу жумладан, импорт ўрнини босувчи хизматлар кўрсатиш мажбурияти кабиларни ўз ичига олган меҳнат шартномасида белгиланади.
9. Малака оширишга юбориладиган маҳаллий мутахассислар хорижий тилларни бошланғич даражада билиш ва амалиётдан сўнг ўзи ишлаётган корхонада келгусида камида 2 йил ишлаб бериш шарти билан юборилади.
10. Тармоқ уюшмалари хорижда малака ошириб келган мутахассислар иштирокида ўз мутахассислиги бўйича «устоз-шогирд» анъаналари асосида маҳаллий корхоналарда ўқув курсларини ташкил этади.
3-боб. Маҳаллий корхоналарга хориждаги юқори технологияли ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқариш заводларида малака оширган маҳаллий мутахассисларнинг малака ошириш харажатларини қоплаб бериш тартиби
11. Маҳаллий корхона томонидан маҳаллий мутахассиснинг малака ошириш харажатларини қоплаб бериш тўғрисида тегишли тармоқ уюшмасига қуйидаги тасдиқловчи ҳужжатлар билан мурожаат қилинади:
маҳаллий корхона ва маҳаллий мутахассис ўртасида тузилган меҳнат шартномаси;
маҳаллий корхона ва хориждаги ишлаб чиқариш заводи билан импорт ўрнини босувчи хизматлар кўрсатиш бўйича маҳаллий мутахассисларнинг малакасини ошириш мақсадида тузилган шартнома;
тўлов амалга оширилганлиги, хизматлар кўрсатилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар.
12. Тармоқ уюшмалари томонидан маҳаллий корхоналарнинг маҳаллий мутахассиси малакасини ошириш харажатларини қоплаб бериш тўғрисидаги мурожаатлари умумлаштирилиб, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси (кейинги ўринларда — Савдо-саноат палатаси) орқали Жамғармага талабнома тақдим этилади.
13. Жамғарманинг ижро этувчи органи томонидан тармоқ уюшмалари тақдим этган талабнома келиб тушган кундан бошлаб 2 иш куни ичида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасига (кейинги ўринларда — Ғазначилик хизмати қўмитаси) тўлов топшириқномаси тақдим этилади.
14. Тармоқ уюшмалари Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасида кўзда тутилмаган «ўқув жараёни билан боғлиқ бўлмаган» маблағларни ажратиш учун талабнома тақдим этган тақдирда, Жамғарма ижро этувчи органи томонидан талабнома рад этилади.
15. Талабнома рад этилган тақдирда, бу ҳақида шу куннинг ўзида тегишли тармоқ уюшмасига асосланган хабарнома юборилади.
16. Ғазначилик хизмати қўмитаси томонидан Жамғарманинг ижрочи органи тақдим қилган тўлов топшириқномасига асосан Жамғарманинг шахсий ғазна ҳисобварағидан тегишли тармоқ уюшмаси ҳисобварағига белгиланган муддатда маблағ ўтказиб берилади.
4-боб. Хориждаги юқори технологияли ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқариш заводларида малака ошириб қайтган маҳаллий мутахассислар томонидан кўрсатиладиган импорт ўрнини босувчи хизматларнинг иқтисодий самарасини баҳолаш
17. Тармоқ уюшмалари томонидан хориждаги юқори технологияли ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқариш заводларида малака ошириб қайтган маҳаллий мутахассислар томонидан кўрсатиладиган импорт ўрнини босувчи хизматларнинг иқтисодий самараси қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:
маҳаллий мутахассис томонидан кўрсатилган хизматлар нархининг хорижий давлатдаги (қоида тариқасида маҳаллий мутахассис малака оширган давлат) мутахассис томонидан кўрсатиладиган худди шу турдаги хизматлар нархи билан солиштирма далолатномаси;
маҳаллий мутахассис томонидан ўрнатилган, созлаб ишга туширилган ёки таъмирланган юқори технологияли ускуна ва жиҳозларнинг ишлаш муддатининг узлуксизлиги даври;
корхонада маҳаллий мутахассис фаолият юритаётганда алоҳида шартнома асосида юқори технологияли ускуна ва жиҳозларни ўрнатиш, созлаш, ишга тушириш ҳамда таъмирлаш сервис хизматлари импорти амалга оширилмаганлиги;
маҳаллий мутахассис томонидан тайёрланган шогирд мутахассислар сони ҳамда уларнинг юқори технологияли ускуна ва жиҳозларни ўрнатиш, созлаш, ишга тушириш ҳамда таъмирлаш сервис хизматлари кўрсатишни ўзлаштирганлиги;
маҳаллий мутахассис томонидан кўрсатилган хизматларнинг иқтисодий самараси эътироф этилган муносабатлар (корхона томонидан моддий-маънавий рағбатлантиришлар, ташаккурнома ва бошқалар).
18. Тармоқ уюшмалари томонидан ушбу Низомда белгиланган мезонлар асосида баҳолаш натижалари йиллик мониторинги юритилади.
19. Тармоқ уюшмалари томонидан йиллик мониторинг натижасида малака ошириш харажатлари қоплаб берилган маҳаллий мутахассислар фаолиятининг самарадорлиги тўғрисида таҳлилий маълумотлар тайёрланади ва Савдо-саноат палатасига тақдим қилиб борилади.
20. Тармоқ уюшмалари томонидан йиллик мониторинг натижасида маҳаллий мутахассислар фаолиятининг самарадорлиги тўғрисида қабул қилинган хулоса қуйидагилар учун асос бўлиб хизмат қилади:
келгусида хориждаги юқори технологияли ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқариш заводларида маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш (ўқитиш, ўргатиш) ҳамда уларнинг малакасини оширишни самарали ташкил этишда;
келгусида малака оширишга юбориладиган маҳаллий мутахассисларни танлашда;
малака ошириш дастурларини ишлаб чиқишда;
ходим билан тузилган меҳнат шартномаси шартларини қайта кўриб чиқишда.
5-боб. Якунловчи қоидалар
21. Ушбу Низомдан фойдаланишда келиб чиқадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
22. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 25 апрель,
259-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
DASTURI
NIZOM
Sanoat tarmoqlarida faoliyat yuritayotgan yirik korxonalar uchun servis xizmatlarini koʻrsatishda mahalliy korxonalar ishtirokini kengaytirish va mutaxassislar malakasini oshirishni qoʻllab-quvvatlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining tadbirkorlar bilan toʻrtinchi ochiq muloqotida belgilangan vazifalarni amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 30-avgustdagi PF-132-son Farmoniga muvofiq yirik korxonalarga servis xizmatlarini koʻrsatishda mahalliy korxonalar ishtirokini kengaytirish va mahalliy mutaxassislar malakasini oshirish uchun qulay sharoitlar yaratish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
Sanoat tarmoqlarida faoliyat yuritayotgan yirik tadbirkorlik subyektlari tomonidan xorijda ishlab chiqarilgan yuqori texnologiyali uskuna va jihozlarni oʻrnatish, sozlash, ishga tushirish hamda taʼmirlash boʻyicha import oʻrnini bosuvchi servis xizmatlarini koʻrsatishda mahalliy korxonalar ishtirokini kengaytirish dasturi 1-ilovaga muvofiq;
Mahalliy mutaxassislarning xorijdagi yuqori texnologiyali uskuna va jihozlar ishlab chiqarish zavodlarida malaka oshirishini tashkil etish hamda korxonaning malaka oshirish xarajatlarini qoplab berish toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Tashqi savdo va hududiy sanoatni rivojlantirishda tadbirkorlar birlashmalarining rolini yanada oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 14-martdagi PQ-126-son qaroriga 3-ilovada belgilangan tarmoq uyushmalarining (keyingi oʻrinlarda — tarmoq uyushmalari) mahalliy mutaxassislarning xorijdagi yuqori texnologiyali uskuna va jihozlar ishlab chiqarish zavodlarida malaka oshirishini tashkil etishdagi asosiy vazifalari etib quyidagilar belgilansin:
xizmatlar importi tahlili asosida iqtisodiyot tarmoqlari kesimida doimiy talab yuqori boʻlgan xizmatlar roʻyxatini shakllantirib borish;
xorijdagi yuqori texnologiyali uskuna va jihozlar ishlab chiqarish zavodlari, ularning mahsulotlariga oid maʼlumotlar bazasini yaratish;
korxonalarning buyurtmasiga asosan xorijdagi yuqori texnologiyali uskuna va jihozlar ishlab chiqarish zavodi bilan mahalliy mutaxassislarni import oʻrnini bosuvchi xizmatlar koʻrsatishga tayyorlash (oʻqitish, oʻrgatish) va malakasini oshirishni tashkil etish boʻyicha muzokaralar oʻtkazish;
mahalliy korxonalarga xorijda ishlab chiqarilgan yuqori texnologiyali uskuna va jihozlarni oʻrnatish, sozlash, ishga tushirish hamda taʼmirlash boʻyicha import oʻrnini bosuvchi servis xizmatlari koʻrsatishni tashkil etish va yoʻlga qoʻyishda koʻmaklashish;
korxonalarning talablari va ehtiyojlaridan kelib chiqib, berilgan buyurtmanomalariga asosan, xorijdagi yuqori texnologiyali uskuna va jihozlar ishlab chiqarish zavodlarida mahalliy mutaxassislarni tayyorlash (oʻqitish, oʻrgatish) hamda malakasini oshirishni tizimli ravishda tashkil etib borish;
xorijdagi yuqori texnologiyali uskuna va jihozlar ishlab chiqarish zavodlarida malaka oshirib qaytgan mahalliy mutaxassislar tomonidan koʻrsatiladigan import oʻrnini bosuvchi xizmatlarning iqtisodiy samarasini baholab borish.
3. Belgilansinki, mahalliy mutaxassislarning xorijdagi yuqori texnologiyali uskuna va jihozlar ishlab chiqarish zavodlarida malaka oshirish bilan bogʻliq xarajatlari Savdoga koʻmaklashish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi mahalliy mutaxassislarning xorijdagi yuqori texnologiyali uskuna va jihozlar ishlab chiqarish zavodlarida malaka oshirishiga masʼul etib belgilansin.
5. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari J.A. Xodjayev va Savdo-sanoat palatasi raisi D.A. Vaxabov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 25-apreldagi 259-son qaroriga 1-ILOVA
Sanoat tarmoqlarida faoliyat yuritayotgan yirik tadbirkorlik subyektlari tomonidan xorijda ishlab chiqarilgan yuqori texnologiyali uskuna va jihozlarni oʻrnatish, sozlash, ishga tushirish hamda taʼmirlash boʻyicha import oʻrnini bosuvchi servis xizmatlarini koʻrsatishda mahalliy korxonalar ishtirokini kengaytirish
T/r Chora-tadbirlar Amalga oshirish mexanizmi Ijro muddati Masʼul ijrochilar 1. Xorijda ishlab chiqarilgan yuqori texnologiyali uskuna va jihozlarni oʻrnatish, sozlash, ishga tushirish hamda taʼmirlash boʻyicha servis xizmatlari importini tahlil qilish. 1. Har chorakda xizmatlar importi tahlili asosida iqtisodiyot tarmoqlari kesimida doimiy talab yuqori boʻlgan xizmatlar roʻyxatini shakllantirib borish. 2. Import oʻrnini bosuvchi xizmatlar koʻrsatish boʻyicha mahalliy kadrlarga boʻlgan talab va ehtiyojlarni aniqlash. 3. Xizmatlar importi tahlili asosida talab yuqori boʻlgan xizmatlarni mahalliylashtirish boʻyicha aniq loyiha takliflarini ishlab chiqish. 2025-yil iyun Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Savdo-sanoat palatasi, Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi, tarmoq uyushmalari 2. Yirik korxonalarga mahalliy korxonalarning import oʻrnini bosuvchi servis xizmatlarini koʻrsatish faoliyatini kengaytirish. 1. Yirik korxonalar va ularga xizmat koʻrsatuvchi mahalliy servis korxonalari roʻyxatini shakllantirish va faoliyatini oʻrganish. 2. Talab va ehtiyojdan kelib chiqqan holda mahalliy servis korxonalarini tashkil etish yoki mavjudlarining faoliyatini kengaytirishga koʻmaklashish. 3. Xorijdagi yuqori texnologiyali uskuna va jihozlar ishlab chiqarish zavodlari, ularga oid maʼlumotlar bazasini yaratish. 2025-yil davomida Savdo-sanoat palatasi, Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi, tarmoq uyushmalari 3. Xorijdagi yuqori texnologiyali uskuna va jihozlar ishlab chiqarish zavodlarida mahalliy mutaxassislarni tayyorlash (oʻqitish, oʻrgatish) va malakasini oshirishni tashkil etish. 1. Mahalliy yirik korxonalar mutaxassislarining malakasini oshirishini tashkil etish boʻyicha talab va ehtiyojlarini oʻrganish. 2. Korxona talab va ehtiyojlaridan kelib chiqib, berilgan buyurtmanomalariga asosan xorijdagi yuqori texnologiyali uskuna va jihozlar ishlab chiqarish zavodlari bilan mahalliy mutaxassislarni tayyorlash (oʻqitish, oʻrgatish) va malakasini oshirishni tashkil etish boʻyicha muzokaralar oʻtkazish. 3. Xorijiy hamkorlar bilan mahalliy mutaxassislarning malakasini oshirishni va import oʻrnini bosuvchi xizmatlarni respublikada tashkil qilish boʻyicha kelishuvlarga erishish. 2025-yil iyun Savdo-sanoat palatasi, Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi, tarmoq uyushmalari 4. Yirik korxonalar tomonidan yuqori texnologik uskuna va jihozlarni xarid qilish shartnomasini tuzishda va unda ishlab chiqaruvchi (sotuvchi)ning majburiyatlarini belgilashda huquqiy va amaliy koʻmaklashish. Yirik korxonalar tomonidan yuqori texnologik uskuna va jihozlarni xarid qilish shartnomasida quyidagi ishlarni asbob-uskuna ishlab chiqaruvchining (sotuvchining) majburiyati sifatida belgilanishiga alohida eʼtibor qaratish: shef-montaj (oʻrnatish); sozlash-ishga tushirish; shef-montaj (oʻrnatish), sozlash-ishga tushirish jarayonlari mobaynida mahalliy mutaxassislarni tayyorlash (oʻqitish, oʻrgatish); kafolat muddati davrida servis xizmatlari koʻrsatish. Doimiy Savdo-sanoat palatasi, Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi, tarmoq uyushmalari 5. Xorijdagi yuqori texnologiyali uskuna va jihozlar ishlab chiqarish zavodlarida malaka oshirib qaytgan mahalliy mutaxassislar tomonidan koʻrsatiladigan import oʻrnini bosuvchi xizmatlarning iqtisodiy samarasini baholab borish. 1. Mahalliy mutaxassis tomonidan koʻrsatilgan xizmatlar narxining xorijiy davlatdagi (qoida tariqasida mahalliy mutaxassis malaka oshirgan davlat) mutaxassis tomonidan koʻrsatiladigan xuddi shu turdagi xizmatlar narxi bilan solishtirish. 2. Mahalliy mutaxassislar tomonidan koʻrsatilgan import oʻrnini bosuvchi xizmatning sifat kafolati (yuqori texnologiyali uskuna va jihozlarning ishlash muddatining uzluksizlik) davri hisobini yuritish. 3. Mahalliy mutaxassis faoliyat yuritayotgan yirik korxonada alohida shartnoma asosida xizmatlar importi amalga oshirilmaganligini tahlil qilish. 4. Mahalliy mutaxassis tomonidan tayyorlangan shogird mutaxassislar soni hamda ularning import oʻrnini bosuvchi xizmatlar koʻrsatishni oʻzlashtirganligini aniqlash. 2025-yil dekabr Tarmoq uyushmalari 6. Tarmoq uyushmalari tomonidan baholash natijalarining yillik monitoringini yuritib borish. Yillik monitoring natijasida yirik korxonaning kelgusida malaka oshirishga yuboriladigan mahalliy mutaxassislarini tanlash, malaka oshirish dasturini ishlab chiqish, shuningdek, xodim bilan tuzilgan mehnat shartnomasi shartlarini qayta koʻrib chiqishda foydalanish uchun malaka oshirish xarajatlari qoplab berilgan mahalliy mutaxassislar faoliyatining samaradorligi toʻgʻrisida tahliliy maʼlumotlarni Savdo-sanoat palatasiga kiritib borish. Yil davomida Tarmoq uyushmalari, yirik korxonalar
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 25-apreldagi 259-son qaroriga 2-ILOVA
Mahalliy mutaxassislarning xorijdagi yuqori texnologiyali uskuna va jihozlar ishlab chiqarish zavodlarida malaka oshirishini tashkil etish hamda mahalliy korxonalarning malaka oshirish xarajatlarini qoplab berish toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom mahalliy korxonalar mutaxassislarining xorijdagi yuqori texnologiyali uskuna va jihozlar ishlab chiqarish zavodlarida malaka oshirishini tashkil etish hamda malaka oshirish xarajatlarini qoplab berish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
import oʻrnini bosuvchi xizmatlar — mahalliy korxona yoki mahalliy mutaxassis tomonidan xorijda ishlab chiqarilgan yuqori texnologiyali uskuna va jihozlarni oʻrnatish, sozlash, ishga tushirish hamda taʼmirlash boʻyicha koʻrsatiladigan servis xizmatlari;
mahalliy korxona — jami daromadi kalendar yil davomida 10 milliard soʻm va undan yuqori boʻlgan oʻrta va yirik tadbirkorlik subyektlari;
malaka oshirish dasturi — mahalliy korxona va xorijdagi yuqori texnologiyali uskuna va jihozlar ishlab chiqarish zavodi bilan hamkorlikda mahalliy mutaxassisning yuqori texnologiyali uskuna va jihozlarni oʻrnatish, sozlash, ishga tushirish hamda taʼmirlash boʻyicha malakasini oshirish yuzasidan amalga oshiriladigan chora-tadbirlar;
malaka oshirish xarajati — mahalliy korxona tomonidan xorijdagi yuqori texnologiyali uskuna va jihozlar ishlab chiqarish zavodi oʻrtasida mahalliy mutaxassisni yuqori texnologiyali uskuna va jihozlarni oʻrnatish, sozlash, ishga tushirish hamda taʼmirlash boʻyicha malaka oshirish dasturiga muvofiq tuzilgan shartnomaga koʻra toʻlab berilgan xarajat;
mahalliy mutaxassis — mahalliy korxona bilan xodim sifatida amaldagi mehnat shartnomasiga ega boʻlgan, xorijdagi yuqori texnologiyali uskuna va jihozlar ishlab chiqarish zavodida malaka oshirishga yuboriladigan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi.
3. Mahalliy mutaxassislarning xorijda malaka oshirishlarini tashkil etish va mahalliy korxonaning malaka oshirish xarajatlarini qoplash Savdoga koʻmaklashish jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) mablagʻlari hisobidan belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
Bunda uskunalarni xarid qilish shartnomalariga muvofiq ularni ishga tushirish, xodimlarni oʻqitish va oʻrgatish xizmatlari uskunalarni yetkazib beruvchi hamkor tomonidan amalga oshirilishi belgilab qoʻyilgan holatlar bundan mustasno.
2-bob. Mahalliy mutaxassislarning xorijdagi yuqori texnologiyali uskuna va jihozlar ishlab chiqarish zavodlarida malaka oshirish tartibi
4. Mahalliy korxona tomonidan ishlab chiqarish talab va ehtiyojlaridan kelib chiqib, xorijdagi yuqori texnologiyali uskuna va jihozlar ishlab chiqarish zavodida mahalliy mutaxassislarni import oʻrnini bosuvchi xizmatlar koʻrsatishga tayyorlash (oʻqitish, oʻrgatish) va ularning malakasini oshirishni tashkil etish boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Tashqi savdo va hududiy sanoatni rivojlantirishda tadbirkorlar birlashmalarining rolini yanada oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 14-martdagi PQ-126-son qaroriga 3-ilovada belgilangan tarmoq uyushmasiga (keyingi oʻrinlarda — tarmoq uyushmasi) buyurtmanoma taqdim etiladi.
5. Tarmoq uyushmasi mahalliy korxonaning buyurtmanomasiga koʻra xorijdagi yuqori texnologiyali uskuna va jihozlar ishlab chiqarish zavodi bilan mahalliy mutaxassislarni import oʻrnini bosuvchi xizmatlar koʻrsatishga tayyorlash (oʻqitish, oʻrgatish) va ularning malakasini oshirishni tashkil etish boʻyicha tomonlar ishtirokida muzokaralar oʻtkazishni tashkillashtiradi.
6. Muzokaralar natijasi boʻyicha oʻzaro kelishuvga muvofiq mahalliy korxona hamda xorijdagi yuqori texnologiyali uskuna va jihozlar ishlab chiqarish zavodi oʻrtasida import oʻrnini bosuvchi xizmatlar koʻrsatish boʻyicha mahalliy mutaxassislarning malakasini oshirish maqsadida shartnoma tuziladi.
7. Mahalliy korxona hamda xorijdagi yuqori texnologiyali uskuna va jihozlar ishlab chiqarish zavodi bilan hamkorlikda malaka oshirish dasturi ishlab chiqiladi va ikki tomonlama tasdiqlanadi.
8. Malaka oshirishga yuboriladigan mahalliy mutaxassislarning mahalliy korxona oldidagi huquq va majburiyatlari amaldagi mehnat qonunchiligiga muvofiq tomonlarning roziligi bilan tuzilgan, shuningdek, mehnat qonunchiligiga zid boʻlmagan muayyan shartlar, shu jumladan, import oʻrnini bosuvchi xizmatlar koʻrsatish majburiyati kabilarni oʻz ichiga olgan mehnat shartnomasida belgilanadi.
9. Malaka oshirishga yuboriladigan mahalliy mutaxassislar xorijiy tillarni boshlangʻich darajada bilish va amaliyotdan soʻng oʻzi ishlayotgan korxonada kelgusida kamida 2 yil ishlab berish sharti bilan yuboriladi.
10. Tarmoq uyushmalari xorijda malaka oshirib kelgan mutaxassislar ishtirokida oʻz mutaxassisligi boʻyicha “ustoz-shogird” anʼanalari asosida mahalliy korxonalarda oʻquv kurslarini tashkil etadi.
3-bob. Mahalliy korxonalarga xorijdagi yuqori texnologiyali uskuna va jihozlar ishlab chiqarish zavodlarida malaka oshirgan mahalliy mutaxassislarning malaka oshirish xarajatlarini qoplab berish tartibi
11. Mahalliy korxona tomonidan mahalliy mutaxassisning malaka oshirish xarajatlarini qoplab berish toʻgʻrisida tegishli tarmoq uyushmasiga quyidagi tasdiqlovchi hujjatlar bilan murojaat qilinadi:
mahalliy korxona va mahalliy mutaxassis oʻrtasida tuzilgan mehnat shartnomasi;
mahalliy korxona va xorijdagi ishlab chiqarish zavodi bilan import oʻrnini bosuvchi xizmatlar koʻrsatish boʻyicha mahalliy mutaxassislarning malakasini oshirish maqsadida tuzilgan shartnoma;
toʻlov amalga oshirilganligi, xizmatlar koʻrsatilganligini tasdiqlovchi hujjatlar.
12. Tarmoq uyushmalari tomonidan mahalliy korxonalarning mahalliy mutaxassisi malakasini oshirish xarajatlarini qoplab berish toʻgʻrisidagi murojaatlari umumlashtirilib, Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi (keyingi oʻrinlarda — Savdo-sanoat palatasi) orqali Jamgʻarmaga talabnoma taqdim etiladi.
13. Jamgʻarmaning ijro etuvchi organi tomonidan tarmoq uyushmalari taqdim etgan talabnoma kelib tushgan kundan boshlab 2 ish kuni ichida Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasiga (keyingi oʻrinlarda — Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasi) toʻlov topshiriqnomasi taqdim etiladi.
14. Tarmoq uyushmalari Jamgʻarmaning daromadlar va xarajatlar smetasida koʻzda tutilmagan “oʻquv jarayoni bilan bogʻliq boʻlmagan” mablagʻlarni ajratish uchun talabnoma taqdim etgan taqdirda, Jamgʻarma ijro etuvchi organi tomonidan talabnoma rad etiladi.
15. Talabnoma rad etilgan taqdirda, bu haqida shu kunning oʻzida tegishli tarmoq uyushmasiga asoslangan xabarnoma yuboriladi.
16. Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasi tomonidan Jamgʻarmaning ijrochi organi taqdim qilgan toʻlov topshiriqnomasiga asosan Jamgʻarmaning shaxsiy gʻazna hisobvaragʻidan tegishli tarmoq uyushmasi hisobvaragʻiga belgilangan muddatda mablagʻ oʻtkazib beriladi.
4-bob. Xorijdagi yuqori texnologiyali uskuna va jihozlar ishlab chiqarish zavodlarida malaka oshirib qaytgan mahalliy mutaxassislar tomonidan koʻrsatiladigan import oʻrnini bosuvchi xizmatlarning iqtisodiy samarasini baholash
17. Tarmoq uyushmalari tomonidan xorijdagi yuqori texnologiyali uskuna va jihozlar ishlab chiqarish zavodlarida malaka oshirib qaytgan mahalliy mutaxassislar tomonidan koʻrsatiladigan import oʻrnini bosuvchi xizmatlarning iqtisodiy samarasi quyidagi mezonlar asosida baholanadi:
mahalliy mutaxassis tomonidan koʻrsatilgan xizmatlar narxining xorijiy davlatdagi (qoida tariqasida mahalliy mutaxassis malaka oshirgan davlat) mutaxassis tomonidan koʻrsatiladigan xuddi shu turdagi xizmatlar narxi bilan solishtirma dalolatnomasi;
mahalliy mutaxassis tomonidan oʻrnatilgan, sozlab ishga tushirilgan yoki taʼmirlangan yuqori texnologiyali uskuna va jihozlarning ishlash muddatining uzluksizligi davri;
korxonada mahalliy mutaxassis faoliyat yuritayotganda alohida shartnoma asosida yuqori texnologiyali uskuna va jihozlarni oʻrnatish, sozlash, ishga tushirish hamda taʼmirlash servis xizmatlari importi amalga oshirilmaganligi;
mahalliy mutaxassis tomonidan tayyorlangan shogird mutaxassislar soni hamda ularning yuqori texnologiyali uskuna va jihozlarni oʻrnatish, sozlash, ishga tushirish hamda taʼmirlash servis xizmatlari koʻrsatishni oʻzlashtirganligi;
mahalliy mutaxassis tomonidan koʻrsatilgan xizmatlarning iqtisodiy samarasi eʼtirof etilgan munosabatlar (korxona tomonidan moddiy-maʼnaviy ragʻbatlantirishlar, tashakkurnoma va boshqalar).
18. Tarmoq uyushmalari tomonidan ushbu Nizomda belgilangan mezonlar asosida baholash natijalari yillik monitoringi yuritiladi.
19. Tarmoq uyushmalari tomonidan yillik monitoring natijasida malaka oshirish xarajatlari qoplab berilgan mahalliy mutaxassislar faoliyatining samaradorligi toʻgʻrisida tahliliy maʼlumotlar tayyorlanadi va Savdo-sanoat palatasiga taqdim qilib boriladi.
20. Tarmoq uyushmalari tomonidan yillik monitoring natijasida mahalliy mutaxassislar faoliyatining samaradorligi toʻgʻrisida qabul qilingan xulosa quyidagilar uchun asos boʻlib xizmat qiladi:
kelgusida xorijdagi yuqori texnologiyali uskuna va jihozlar ishlab chiqarish zavodlarida mahalliy mutaxassislarni tayyorlash (oʻqitish, oʻrgatish) hamda ularning malakasini oshirishni samarali tashkil etishda;
kelgusida malaka oshirishga yuboriladigan mahalliy mutaxassislarni tanlashda;
malaka oshirish dasturlarini ishlab chiqishda;
xodim bilan tuzilgan mehnat shartnomasi shartlarini qayta koʻrib chiqishda.
5-bob. Yakunlovchi qoidalar
21. Ushbu Nizomdan foydalanishda kelib chiqadigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
22. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 25-aprel,
259-son